ISHID — islom dushmani

077

Бутун дунё халқлари диққат марказида турган – “Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД)” террорчи ташкилоти ваҳшиёна ҳаракатларини ҳамон давом эттирмоқда. Мусулмон уламолари томонидан ушбу террорчи ташкилотнинг қабиҳ ниятлари Ислом динига мутлақо зид экани кўп таъкидланди. Бироқ шунга ҳам қарамай, айрим жоҳил кимсалар ИШИДни қўллаётгани ёки унинг сафида жанг қилишга отланаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.

04
ИШИД – ИСЛОМ ДУШМАНИ
Айдарбек Тулепов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
011

Бутун дунё халқлари диққат марказида турган – “Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД)” террорчи ташкилоти ваҳшиёна ҳаракатларини ҳамон давом эттирмоқда. Мусулмон уламолари томонидан ушбу террорчи ташкилотнинг қабиҳ ниятлари Ислом динига мутлақо зид экани кўп таъкидланди. Бироқ шунга ҳам қарамай, айрим жоҳил кимсалар ИШИДни қўллаётгани ёки унинг сафида жанг қилишга отланаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.

2014 йил 31 август куни муҳтарам Президентимиз “Шаҳидлар хотираси” хиёбонидаги суҳбатда бундай ёвуз кучларга қарши маърифий курашда имом-хатиблар шижоат билан ҳаракат қилишларини алоҳида таъкидладилар.

Шу боис, ИШИДнинг фаолияти динимиз таълимотига умуман тескари эканини халққа тушунтириш ва уларнинг кирдикорларини фош этишда имом-хатиблар янада журъатли бўлиши зарурлиги талаб этилади.


“Халифалик»ми ёки харобалик?

“Ироқ ва Шом Ислом давлати (ИШИД)” ташкилоти “халифалик қуриш” шиори остида ҳокимиятни қўлга киритишни мақсад қилган. Бу ташкилот “халифалик” иддаоси билан зўравонлик ва зулм ўтказиш каби малъун ишларни қилмоқда. ИШИДнинг ваҳшийларча ҳаракати, мусулмонлар ва турли миллат-элатларни шафқатсизларча қатл қилиши уларнинг асл башарасини очиб берди. Яъни, уларнинг мақсади “халифалик қуриш” эмас, балки дунёни хароб қилиш орқали разил ва қора ниятига етишдир.

Уруш-жанжалларни, қон тўкиш­ларни Аллоҳ таоло ҳаром қилган ойларда ҳам ИШИД жангларини тўхтатмагани сўзимизнинг яққол исботидир. Бу йил Ироқ ва Сурияда Қурбон ҳайитини нишонлаш ўрнига, ғаламисларнинг фитнаси авж олди. Қўштирноқ ичидаги Ислом давлати қўпорув ишларини кучайтирди.

Жорий йилнинг июль ойида ИШИДнинг раҳбари Абу Бакр Бағдодий ўзини “халифа” деб эълон қилди ва бир хутбасида: “Албатта, мен сизларнинг яхшингиз бўлмасам-да, сизларга волий қилиндим”, деди. Шу ерда савол туғилади: “Бағдодийни ким умматга волий қилди? Уммат унинг жиноятчи тўдасидан иборатмиди?

Бағдодий ўзи ким? Унинг асли исми Иброҳим ибн Аввод ибн Иброҳим Бадрий бўлиб, 1971 йилда Ироқнинг Сомарро шаҳрида туғилган, насл-насаби тўғрисида турли шубҳали фикр­лар тарқалган. У салафийлик жиҳоди ғоясини илгари сурган ва “жиҳодчилар тўда”сига бош бўлган.

Бағдод уламоларидан Холид ал-Абидий бундай дейди: “Бағдодийнинг Мосул шаҳри “Нурий” масжидидаги хутбаси унинг дин илмидан буткул бехабар эканини кўрсатди. У хутба қоидаларини қўпол тарзда бузди”.

Бағдодий жума хутбасида шунча кўп хато қилдики, нўноқ талаба ҳам бунча хато қилмайди. Хуллас, ал-Бағдодийнинг шариат ва Ислом тарихидан билимга эга эмаслиги аён бўлди.

Шунингдек, ИШИД аъзолари ҳам бирор олимдан таълим олишмаган. Улар турли манбалардан олган маълумотларини ўз қинғир йўлларига мос тарзда шарҳлашмоқда. Масалан, одамларни қатл этиш, ёшларни қул қилиш, аёлларни мажбуран эрга бериш ва ўз тўдабошиларини халифа, босқин билан эгаллаган ҳудудларини “Ислом давлати” дейиш ва бошқалар.

Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадисларига кўра, ўттиз йиллик халифалик тугаб, ундан кейинги подшоҳлик, амирликлар давом этган. Ислом тарихидаги умавийлар, аббосийлар, усмонийлар давлатлари “халифалик” деб аталган бўлсада, аслида улар амирлик ёки империя эди.

Энди эса халифалик тузишнинг шаръан ва мантиқан асло имкони йўқ. Бирор ҳудудни босиб олган бир тўда ғаламисларнинг “халифалик” даъвосини қилиши ёки байъат олиши динимиз таълимотига зид. Зеро, Ҳазрати Умар (разияллоҳу анҳу): “Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди”, деганлар.

ИШИД Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир ўтказмоқда. Шунингдек, Африка, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё­даги 15 дан ортиқ бузғунчи гуруҳлар ИШИДнинг хатти-ҳаракатларини хаспўшламоқда.

Афсуски, ИШИД таркибига қўшилаётган нодон кишиларнинг сони камаймаяпти, булар орасида ёшларимиз ҳам борлиги жуда хавотирли ҳолат. Энг ажаб­ланарлиси, охирги пайтларда зўравонларга қўшилаётган аёл-қизлар сони ҳам оз эмас. ИШИД ўзининг интернетдаги ижтимоий тармоқлари орқали Ғарб мамлакатларидан ҳам ёшларни ўз сафига қўшишга эришди.

Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши ўз баёнотида, ИШИД энг ваҳший террорчи ташкилот, унинг Исломга умуман алоқаси йўқ, ҳатто улар инсон зотидан эмас, деб таъкид­лади ҳамда “Ислом давлати” эълон қилган “халифалик»ни шаръан ботил деб фатво берди. Жумладан, мазкур кенгаш раиси аллома Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир ИШИД таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботишяпти. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деди.

“Бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш учун, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда”.
Ислом Каримов

Адашган фирқалар издоши

ИШИД ўз қарашларига танқидий муносабатда бўлган ва ўзларига эргашмаганни кофирга чиқариши билан энг биринчи адашган оқим хорижийларнинг ботил ақидасига суянмоқда. Шунингдек, улар мусулмон диёрларида ўрнатилган тартибни куфрга чиқариш билан хорижийлар ақидасини қайта тикламоқчи бўлишяпти. ИШИДнинг даъвосига кўра, гўёки барча ислом диёрлари, ҳатто Макка ва Мадина шаҳарлари ҳам дорул ислом эмас, балки дорул ҳарб эмиш!

Бундай қараш яна бир адашган фирқа – азрақия ақидаси билан ҳам бир хил. Улар ҳам ўзлари яшаётган жойдан бошқа ерларни дорул куфр дейишган. Энг даҳшатлиси, бошқа мусулмонларнинг қони ва молини ўзларига ҳалол санашган. Бугунги ИШИД ҳам хорижийлар ва азрақийлар қилган фасод ишларни такрорламоқда. ИШИД ўзини ёқламайдиган минглаб кишилар ва йирик уламоларни кофирга чиқариб, уларни ҳалок қилди. Масалан, шу йил 14 июнь куни ИШИД ўзига хайрихоҳ бўлмаган 12 нафар уламони Мосул шаҳридаги “ал-Исро” масжиди ёнида намойишкорона қатл этди.

Ислом манбаларида, мусулмонни кофирга чиқариш оғир гуноҳ экани кўп таъкидланган. Қуръони каримда “…Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – деманг!..” (Нисо, 94), дейилган.

Муҳаммад (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири ўшандай (яъни, кофир) бўлади” (Имом Бухорий). Ибн Нажим: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб, ғулуга кетганлар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига зиддир”, деб таъкидлаган.

Ҳазрати Ойша (розияллоҳу анҳо): “Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ”, деганлар. Муфассир олим Жалолиддин Суютий эса: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан барорбардир”, деб таъкидлаганлар.

Бир ривоятда Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган бир одамни ўлдириб қўйганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деса ҳам ўлдирдингми?” деб сўрадилар. Усома: “У қўрққанидан, хавфсираб айтди”, деди. Шунда У зот: “Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?” деб қаттиқ танбеҳ бердилар.


Мўминни қасддан ўлдирганнинг жазоси –жаҳаннам!

ИШИД ғаразли мақсади йўлида инсон ҳаётига суиқасд қилиш ва турли вайронкор ишларни амалга оширмоқда. Масалан, Сурияда бўлаётган террор оқибатида юз мингга яқин одам ҳаётдан кўз юмди, миллионлаб киши нотавон бўлди. Сурия ҳукумати ва курд аскарлари орасига худкушлар кириб, ўзини портлатиши оқибатида бир неча юзлаб кишилар қурбон бўлди. Улар таълим даргоҳларини ёндириб, масжид­ларни портлатиб юбораётгани жуда даҳшатли ҳолат. Бундай қўпорувчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир.

Ислом ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган.

Қуръони каримда: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), дейилган.

Мўминни қасддан ўлдиришни хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Бундай жиноятчига олий жазо – жаҳаннамда абадий колиш, Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлиш тайин қилинган.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

Ҳатто бир ривоятда айтилишича, душман томондаги бир аёлнинг ўлдирилишидан Расулуллоҳ қаттиқ ранжиганлар. Шунда У зот: “Мен аёлларни ўлдиришдан қайтаргандим. Ахир у урушмаганди-ку!”, деганлар.

Демак, ИШИД “Ислом давлати қуриш” ҳақида қанча лоф урмасин, қилаётган ишлари орқали бу даъвоси нақадар ёлғон экани, тагида ифлос нияти борлиги фош бўлди. Яратган Парвардигор бу ишлардан бохабар, ояти каримада “(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!” (Иброҳим, 42), деб таъкидланган.

033

Қора байроқларни кўрсангиз…

Миср муфтийси доктор Али Жума бундай дейди: “Албатта, “Ироқ ва Шом Ислом давлати” тўсатдан пайдо бўлгани йўқ. Уларнинг сифатлари Исломнинг қадимги манбаларида Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)нинг сўзларида баён қилинган. Ҳазрат Алининг айтган сўзларини Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазий “ал-Фитан (Фитналар)” номли китобида қуйи­дагича келтиради:

“Қачон қора байроқларни кўрсангиз, ерни лозим тутинг. Қўлларингиз ва оёқларингизни қимирлатманг. Сўнг заиф бир қавм зоҳир бўлур. Улар эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалб­лари темирнинг зангига ўхшайди. Улар мол-мулк соҳибларидир. Аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари лақабдир. Нисбатлари эса қиш­лоқ-шаҳарларигадир. Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар…”

Имом Бухорий устози Нуайм Ибн Ҳаммод ривоят қилган Ҳазрати Алининг ушбу гаплари ИШИДга нисбатан айтилгандек. Чунки бундан қуйидагиларни фаҳмласа бўлади:

– “қачон қора байроқларни кўрсангиз”, яъни ИШИДнинг байроғи қора;

– “ерни лозим тутинг”, яъни маконингизда туринг, уларга эргашманг;

– “қўл ва оёқларингизни қимирлатманг”, яъни уларга моддий-маънавий ёрдам берманг;

– “сўнг заиф бир қавм зоҳир бўлур, улар эътиборга сазовор эмаслар”, бу ердаги “заиф” ислом маърифатида, хулқ-атворда ва динга амал қилишда заиф маъносида;

– “уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди”, яъни улар одамларни оммавий қатл қилдилар, шафқатсиз азоб бердилар;

– “улар мол-мулк соҳибларидир”, яъни улар Сурия ва Ироқ ҳудудида катта мол-мулкка эгалик қилишга ҳаракат қилмоқда;

– “аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар”, ИШИД аҳдга вафо қилмай, элчи қилиб юборилганлар ва матбуот ходимларига берилган аҳдни бузди;

– “ҳаққа чақирурлар”, ИШИД ҳам ўзини Исломга чақираётган қилиб кўрсатади;

– “лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар”, аҳли ҳақ бўлиш учун танланган йўл ҳар жиҳатдан тўғри бўлиши керак;

– “исмлари лақабдир”, ИШИД раҳбари – “Абу Бакр” деб аталмоқда;

–“нисбатлари қишлоқ-шаҳарларигадир”, масалан: Бағдодий каби;

– “сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради”, яъни жангариларнинг сочлари ана шундай, осилиб тушган;

– “улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар”, келгусида ИШИД ичида ўзаро ихтилофлар чиқиб, бўлиниб, йўқ бўлиб кетишига ишорадир.

Имом – халқ пешвоси эканини доим ҳис этиши керак

Имом – халқ пешвоси эканини юрагидан ҳис қилиб, виждонан ишлаши керак. Агар қавмидан бирор бузғунчи чиқса ёки бирор ёш жувонмарг бўлса, албатта, имом-хатибнинг айби бор. Чунки, у меҳроб ва минбар меросхўри бўлиб, масжид ҳудудида яшайдиган ҳар бир инсон эътиқоди софлиги учун халқ ва Холиқ олдида жавобгар. Шунинг учун имом-хатиб қавмнинг ақидаси тўғри бўлиши учун тинмай меҳнат қилиши шарт.

Шундай экан, имомлар бутун вужуди билан масъулиятни ҳис этиб, ИШИД каби ғаламисларнинг ғоясига қарши курашиши ва мусулмонларни тўғри йўлга бошлаши зарур. Шу нуқтаи назардан имом-хатибларга қуйидагиларни тавсия этамиз:

Биринчи, уруш-жанжаллар қаерда бўлмасин, у Ғарбдами ёки Осиёдами, имом-хатиб бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Гарчи юртимиз уруш ўчоқларидан йироқ бўлса-да, бу хатарнинг олди олинмаса, унинг тафти етиб келади. Чунки ҳозирги глобаллашув даврида интернет орқали дунёнинг бир четида туриб, нариги томонидаги одамга ўз ғоясини сингдирса бўлади. Масалан, ИШИД қисқа муддатда, 80 дан зиёд мамлакатдан келган 30 мингдан ортиқ илмсиз кимсаларни ўз сафига оғдира олди.

Иккинчи, ИШИД “халифалик қуриш” ёки “Ислом давлати” ниқобидаги ғояларини интернет орқали бутун дунёга кенг тарқатмоқ­да. “Араб баҳори” ҳам шундай йўл билан уюштирилгани ҳаммага маълум. Энди ИШИД ўз ғоялари­ни шундай тарқатишга уринмоқда. Улар жанг майдонидаги ўта таъсирли лавҳаларни интернетга жойлаштириб, тарафдорларини кўпайтирмоқда. Шунинг учун имом-хатиблар “халифалик қуриш” шаръан ва мантиқан асло мумкин эмаслиги ва уларнинг иддаосига эргашиш бутун мусулмон уламолар наздида ботил эканини ҳужжат-далиллар асосида халққа етказиши зарур.

Учинчи, шу йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида муҳтарам Президентимиз уламолар билан суҳбатда бундай тўс-тўполонларнинг сабабларини, фожиали оқибатларини чуқур анг­лашда ҳамда ёт ғояларнинг асл юзини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда уламолар ва имомларнинг янада жонбозлик кўрсатишини алоҳида қайд этдилар. Бегуноҳ одамнинг қонини тўкиш ҳаромлиги, мусулмонни кофирга чиқариш оғир гуноҳлиги ва ислом диёрларидан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигини имом-хатиблар ёшларга ҳужжат-далиллар ва жонли мисоллар билан тушунтириб, тўғри йўлга солишлари лозим.

Бундай фитналарнинг ортига теран кўз билан боқиш керак. Жангарилар ва уларнинг “халифа”сини ўйнатаётган учинчи қўл парда ортида ҳаракат қилмоқда. Икки томонни низо ва курашлар гирдобига ташлаб, бундан усталик билан ўз ғаразли мақсади йўлида фойдаланаётган учинчи қўл ҳақида бир неча йил олдин Президентимиз: “Бундай нозик дамларда учинчи қўлнинг маккорона, пинҳоний ҳаракатини унутмайлик! Уларнинг тегирмонига сув қуймайлик”, дея огоҳлантирган эдилар. Шунинг учун ҳам бундай мураккаб замонда имом-хатиб­лар эл ишончини оқлашлари даркор.

Зеро, ўзаро ихтилофлар, инсонларнинг қирпичоқ бўлиши, Ислом тарихидаги халифалик, жиҳод, ҳижрат каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш, Ислом ва мусулмонларни ёмонотлик қилиб кўрсатиш ортида фақат ва фақат ана шу учинчи қўлнинг манфаатлари ётганини барча, айниқса, имом-хатиблар зинҳор унутмасликлари керак.

Манба: http://muslim.uz

011

(Tashriflar: umumiy 1 383, bugungi 1)

Izoh qoldiring