Mavlaviy Hindistoniy haqida ikki maqola & Mavlaviy Hoji Hindistoniy. Vahhobiylar tarixi

02
ХХ асрнинг узлуксиз қатоғонлари не-не олиму фозилларнинг умрига зомин бўлди. Бу улуғ зотларнинг ўзлари билан бирга илмий мерослари ҳам қатоғон қилинди. Куйдирилди, кўмилди, сувларга оқизилди. Аммо бу мунаввар сиймоларнинг номини халқнинг ёдидан чиқариб ташлашнинг иложи бўлмади. Ана шундай улуғ зотлардан бири Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний ҳазратлари эди. Илм аҳли бу кишини «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» сингари номлар билан эъзозлаб тилга оладилар. Зеро, бу зот ўз даврининг забардаст олими эди.

02
Алишер НАЗАР
ҲИНДИСТОНИЙ КИМ ЭДИ?
021

09ХХ асрнинг узлуксиз қатоғонлари не-не олиму фозилларнинг умрига зомин бўлди. Бу улуғ зотларнинг ўзлари билан бирга илмий мерослари ҳам қатоғон қилинди. Куйдирилди, кўмилди, сувларга оқизилди. Аммо бу мунаввар сиймоларнинг номини халқнинг ёдидан чиқариб ташлашнинг иложи бўлмади. Ана шундай улуғ зотлардан бири Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний ҳазратлари эди. Илм аҳли бу кишини «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» сингари номлар билан эъзозлаб тилга оладилар. Зеро, бу зот ўз даврининг забардаст олими эди.

Асли исми Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли бўлган бу аллома 1892 йилда Қўқон музофотига қарашли Чорбоғ қишлоғида туғилган. Унинг ота-оналари ҳам илмли, маърифатли кишилар бўлиб, фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган. Шунинг учун ҳам Муҳаммаджон ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. Дастлаб Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, кейинчалик Афғонистоннинг Балх ва Мозори Шариф шаҳарларида сабоқ олган. Сўнгра улуғ устозларининг тавсияларига биноан Ҳиндистонга сафар қилади ва Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил илм ўрганади. Унинг Ҳиндистоний тахаллусини олиши шундан бошланган. У зот ўз эсдаликларида қайд этадики: “Мен йигирма йил дунё кезиб илм ўргандим”.

Шу ўринда бир гапни айтиш керак. Сўнгги йилларда ҳар хил ялтироқ шиорларни ўзларига байроқ қилиб олган чаламуллалар, гуруҳлар, тўдалар пайдо бўлди. Сўриштириб келсангиз, бу “уламолар” ўрта мактабни базўр тамомлаганлар. Лекин бошқаларга дин номидан гапирадилар, керак бўлса фатво берадилар. Ваҳоланки, щз даврида дин номидан минбарга чиққан бизнинг уламоларимиз йигирма йиллаб илм ўрганишган. Муҳаммаджон Ҳиндистоний ёзадилар: «Мен бирор кишининг саволига жавоб берган бўлсам ёки бирор ривоятни айтган бўлсам, Парвардигор олдида масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда айтганман».

Дарҳақиқат, Муҳаммаджон домла узоқ йиллар илм ўрганиш учун хориж юртларни кезиб чиқди. Ниҳоят, домлани 1929 йил юрт соғинчи, ота-она ва қариндош-уруғ дийдори яна ватанга қайтарди. Бироқ уни ватанда маъшум тақдирнинг аччиқ синовлари кутиб турган эди. Чунки бу пайт — юртда “йилт” этган нур борки, сўндирилаётган рутубатли кунлар эди. Табиийки, Муҳаммаджон домла ҳам шўро айғоқчиларининг эътиборидан четда қолмади. Тошдай қаттиқ кунларнинг бирида уни шўро маҳкамасига олиб боришди. “Сен синфий душмансан! Руҳоний муллосан!», дейишди. Илму ирфонда беназр, жилд-жилд китобларни деярли ёддан биладиган зот кимга “синфий душман” эканини билмай ҳайрон эди. Лекин начора, Муҳаммаджон домлани бир йилга озодликдан маҳрум қилдилар.

Муҳаммаджон домла 1933 йили қамоқдан қайтгач, фитналардан йироқ бўлиш учун тез-тез яшаш жойини ўзгартириб туришга мажбур бўлди. Домла Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига қарашли Аблиғ қишлоғига кўчиб келди. Бироқ шўро соқчилари ҳамма жойда зийрак эди. “Бунақа диндор, хурофотчи одамларга бизнинг орамизда жой йўқ!” дейишиб, мавжуд партия жонкуярлари домлани қишлоқдан чиқариб юборишди. Муҳаммаджон домла таваккал қилиб Тошкент шаҳар тасарруфидаги “Оқ йўл” колхозига кўчиб келиб, кассирлик қила бошлади. Аммо бу иш ҳам узоққа чўзилмади. Домла илму салоҳияти ортидан яна тўзоққа тушди. Унга бу сафар «хорижий давлатларда ўқиган» деган айб қўйилди ва уч йилга озодликдан маҳрум қилишди. Бу сафар у Россиянинг Свердловск вилоятидаги маҳбуслар лагерида қарағай кесишга маҳкум бўлди.

Бу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Навбатдаги жазо муддатини ўтаб қайтган Муҳаммаджон домла энди урушга сафарбар этилди. У 1942 йили урушда қаттиқ жароҳатлангач, Россиянинг совуқ меҳнат лагерларидан бирига юборилди ва бу маъшум жойларда 1946 йилгача қолиб кетди.

Урушдан кейинги йилларда диний эътиқод масаласида бироз юмшоқ сиёсат бошлангандек бўлди. Унда-мунда масжидлар ҳам очилгандек эди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқариларди.

Бир куни Муҳаммаджон домла идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат қилади. У киши домланинг илму одобини обдон синовдан ўтказгач, иш юритиш учун Тожикистонга юборишини айтадилар. Муҳаммаджон домла иккиланмай рози бўлади. Домла Тожикистонга боргач, яшашга уй-жойи бўлмаганидан Мавлоно Яъқуб Чархий қабристонидаги масжидда яшай бошладилар. Аммо шум қатоғон бу ерга ҳам домлани излаб келган эди.

Муҳаммаджон домланинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўқир экансиз, беихтиёр ёқа ушлайсиз: нима, шўроларнинг бу кишини таъқиб қилишдан бошқа иши йўқмиди? Аммо ўша давр воқелигига назар ташлар экансиз, ҳа, шўроларнинг Муҳаммаджон домла ва домлага ўхшаган зотларни таъқиб этишдан-да муҳимроқ иши йўқ эди. Чунки миллатнинг уйғониши, миллий тарихнинг тилга кириши ҳукмрон мафкуранинг сохта қиёфасини фош этиб қўйиши мумкин эди. Нима бўлса бўлсин, миллат ўз дини ва тарихини билмаса бўлди. Ана шундагина бундай халқни мутеликда ушлаб турса бўлади. Акс ҳолда… Ана шу жиҳати билан мамлакатнинг ичидаги интелектуал салоҳиятли кишилар ташқи душмандан юз чандон хатарли эди. Шунинг учун уларни мутассил қатоғон қилиб туриш керак эди.

Шундай қилиб, Муҳаммаджон домла 1949 йилда “мавжуд сиёсий тузумга қарши” деган айб билан йигирма беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу сафар уни Қозоғистондаги меҳнат лагерларидан бирига жўнатишди. Умрининг тенг ярмини илм ўрганишга сарфлаган, мумтоз адабиёт, тарих, фиқҳ ва ақида илмларида тенгсиз аллома яна инсон зоти чидаб бўлмас оғир меҳнатларга мажбур этилди. Бироқ бу сафар домла шунчаки бўйин эгмади. У Москвага тинимсиз аризалар ёзди. Натижада домланинг барча илмий, ижодий фаолияти тафтиш этилиб, тўрт йилу уч ой деганда озодликка чиқарилди.

Муҳаммаджон домла навбатдаги сургундан қайтиб Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида таржимон бўлиб ишлай бошлади. Домла ана шу бўлимда икки йил араб тилидаги китобларни форс ва ўзбек тилларига ўгириш билан машғул бўлди. Хусусан, шу йилларда у Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларини араб тилидан форс тилига, Имом Барзанжийнинг «Мавлудун набий» асарини ўзбек тилига, Имом Бусирийнинг «Қасидаи Бурда» асарини форс тилига, араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасини ўзбек тилига таржима қилди.

Бироқ тинимсиз таъқиб ва тазийқлар, меҳнат лагерларидаги оғир ҳаёт, машъум уруш балолари аста-секин ўз асоратларини намоён эта бошлаган эди. Домланинг кўзлари хиралашиб қолди. Шифокорлар у кишига мутассил китоб билан шуғулланиш зарарли деб ташхис қўйдилар. Шундан сўнг домла эндиликда тўплаган илмини бошқаларга бериш мавриди келганини англаб, бир қанча китоблар тасниф этишга муваффақ бўлди. Жумладан, домла Қуръони каримнинг маънавий таржимаси — «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон» китобини тасниф этди. Бу муборак китоб Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддинов томонидан 2006 йилда нашрга тайёрланиб “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилди. Бобомиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас- саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Аъзамнинг «Фиқҳи акбар», Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи Мулло”, Муҳаммад Фазлул- имом Хайриободийнинг “Мирқотул-мантиқ” асарларини шарҳ қилдилар. «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилди. Айниқса, домланинг Абдулқодир Бедил ғазаллари шарҳи таҳсинга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Муҳаммаджон домланинг илмий маърузалари юзлаб магнит тасмаларига шогирдлари томонидан ёзиб олинди. Бу маъруза ва суҳбатлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, тасаввуф, адабиёт ва одоб-ахлоқ ҳақидадир.

Домла Муҳаммаджон Ҳиндистоний ҳазратларининг илму маърифатга қўшган ҳиссасидан ташқари, яна бир муҳим хизматлари бор. У киши бизнинг бугунги давримизда содир бўлаётган айрим муаммоларни бундан 25-30 йиллар аввал айтган ва бунинг олдини олишга бел боғлаган зотлардан бири эди.

Маълумки, дунё миқёсида диний терроризм, экстремизм деган атамалар ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўла бошлаган эди. Айнан шу йилларда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида бир қанча қуролли хуружлар ҳам амалга оширилди. Миср, Иордания ва Сурия сингари мамлакатларда жангари диний ғоялар билан заҳарланган гуруҳлар турли хил иддаолар билан чиқиб, бу ғалаёнлар натижасида юзлаб бегуноҳ инсонлар нобуд бўлди. Энг ёмони, бундай зарарли ғоялар муқаддас ислом дини номи билан боғланиб, бошқа мусулмон ўлкаларга ҳам “экспорт” қилина бошланди. Минг афсуски, бу ғоялар бизнинг ўлкаларга ҳам аллақачон етиб келган ва ҳатто, айрим ҳиссиётли кишиларни “тузоқ”қа тушириб ҳам бўлган эди. Мана шу хавфни вақтида сезган Муҳаммаджон домла бундай оқимларни, фирқаларни кескин қоралай бошлади. Энг муҳими, бундай оқимларнинг байроқ қилиб олган ғояларидаги фиқиҳий, ақидавий хатоларини илмий асосда фош этишга киришди. Натижада, Муҳаммаджон домлага қарши бўлган гуруҳлар пайдо бўлди. Улар домлани гоҳ ақлдан озганликда, гоҳ ҳукумат билан муросасозликда айблай бошладилар. Ҳатто улар шу даражада адабсизликка боришдики, домлани “устига Қуръон ортилган эшак” дейишди. Бутун умрини илм устида ўтказаётган алломани “жоҳил”, “кофир” дейишгача борди. Алам қиладигани шуки, Муҳаммаджон домлани бу қадар ҳақоратлаётган ва маломат қилаётган бу кимсаларнинг бари бир вақтлар домладан илм ўрганган “шогирдлар” эди.

Ўша вақтларда бу ноқобил шогирдлар домлани тинимсиз “жиҳод” қилишга ундарди. Дину диёнатни ўртага қўйиб, айрим мамлакатлардаги воқеаларни домлага ўрнак қилиб кўрсатарди. Уни Аллоҳ таолонинг энг муҳим фарзларидан бирини адо этмаётганликда айбларди. Ваҳоланки, бу ташвиқотлар сиртдан қараганда жўялироқдек кўринсада, аммо унинг замирида динни, иймонни ҳимоя қилиш эмас, аксинча, айрим гуруҳларнинг манфаатлари яширинган эди. Мақсад домланинг халқ ичидаги обру-эътиборидан, нуфузидан фойдаланиб ўз режаларини амалга ошириш эди. Муҳаммаджон домла ана шу ялтироқ чақириқларнинг ортидаги бу манфур режаларни басират кўзи билан аллақачон англаб етганди. Шунинг учун ҳам домла йўлдан озган бу “шогирдлар”нинг ақидасини тўғрилаш йўлида кўп азият чекди, маломатларга қолди.

Муҳаммаджон домла ана шундай ноқобил шогирдларидан бирига мактуб йўллаб, (бу мактуб ҳамон сақланмоқда) унда шундай ёзадилар: “Сен афғон мужоҳидларини “улар ҳақиқий жиҳод қилмоқдалар”, деб мақтайсан. Бироқ уларнинг жиҳоди — мусулмонлар масжидларининг бузилиши, намоз ўқийдиганларнинг ўлдирилиши, одамлар молларининг ғорат қилиниши, аёллар ва болаларнинг қатл қилиниши, ғайридинлардан пул ундириш ва биродарларини ўлдиришдан иборатдир. Наҳотки шу муқаддас жиҳод бўлса? Асло унда эмас! Бу муқаддас қадамжоларни вайрон этиш ва муқаддас буюмларни йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Чунончи, Қандаҳорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эски аболари, яъни, махсус уст кийимлари сақланарди — уни ёқиб юборишди улар! Наҳот шу муқаддас жиҳод? Ҳошо ва калло — Аллоҳ асрасин, йўқ-йўқ! Агар улар мусулмонлар бўлсалар, бу дунёда намуна бўлгулик ҳеч вақо йўқ экан!”

Ўтган асрнинг ошкоралик йилларига келиб, Марказий Осиёдаги радикал гуруҳлар фаолияти яна-да жонланиб кетди. Хориждаги айрим сиёсий гуруҳлар минтақадаги бошбошдоқликдан унумли фойдаланиб қолиш учун ҳеч нарсани аямаётган эди. Ана шундай бир вазиятда Муҳаммаджон домла тасниф этаётган китобларида, маърузаларида кишиларга “ҳар қандай муваффақият сабр ва шукр қилиш неъмати билан барқарор бўлишини” бот-бот такрорлар эди. Бундан ғазабланган тўдалар домлани “шрик”да айблаб чиқишди. Бу айбловга қарши Муҳаммаджон домла юқоридаги мактубда шундай жумлаларни ёзади: “Билгилки, биз масжидларимиз даҳрийлар масканига айланган, ошкора намоз ўқиб бўлмайдиган замонларни кўрдик. Бундан ҳатто марҳумлар ҳам азият чекишди. Чунки ҳеч ким, ҳатто имом ҳам уларга жаноза ўқий олмасди. Жаноза ўқишга журъат этган имом эртасигаёқ қамоққа олиниши мумкин эди. Эндиликда яратган Эгам одамларнинг аҳволини ўзгартирган. Ҳамма ҳадиксирамай масжидга боради, жамоат бўлиб намоз ўқийди. Бу Аллоҳнинг марҳамати эмасми? Сен эса бизнинг шу кунларга етганимиз учун “Аллоҳга шукр!” дейишимизни ҳам айбга санайсан. Сен у замонларни кўрмагансан, туғилмаган бўлсанг ҳам эҳтимол. Ва яна беҳаёлигинг ва ақлсизлигингга бориб, давлатга раҳмат айтишни, бу кунлар учун шукр қилишни “ширк” деб биласан. Сенингча, булар Аллоҳнинг марҳамати эмасми? “Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан” эканига ишонмайсанми? Шунча балоларни бошдан кечирдимки, ҳозирги куним учун Парвардигорга ҳар қанча шукр қилсам оз”.

Домланинг мазкур танбеҳларини ўқир экансиз, беихтиёр бу гаплар бизнинг давримиз учун айтиб кетилгандек туюлади. Зеро, ҳозирда ҳам билиб-билмай кимларнингдир “тегрмонига сув қуйиб” юрган кишилар йўқ эмас. Ўзларини “алломаи замон” чоғлаб, бошқаларни ёппасига куфрда, кофирликда айблаб юрганлардан ҳам кўз юмолмаймиз. Аммо бундай кимсаларга бир ҳақиқатни айтишимиз мумкин: Муҳаммаджон домлага, яъни, устозига беҳурматлик қилган, у кишини замонасига шукр қилгани учун ширкда айблаган, куч билан, қурол билан мамлакатни мусулмонободга айлантириб ташламоқчи бўлган “шогирдлар”нинг аксарияти ҳозирда йўқ. Чунки Муҳаммаджон домла уларнинг саъи-ҳаракатларини кўриб, бу ишлари ортидан яқин келажакда жувонмарг бўлишларини каромат қилган эдилар. Худди шундай бўлди. Бу аччиқ тарих ҳар биримизга ибрат бўлиши керак.

Дарҳақиқат, Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла 1989 йил 97 ёшларида оламдан кўз юмдилар. Домланинг содиқ шогирдларидан бири бу кунларни шундай эслайди: “Домла бизни бир умрга тарк этишларидан икки кун олдин айтдиларки, “Шу оқшом Мавлоно Яъқуби Чархийни туш кўрибман. Мавлоно тахти равон устида юриб, олдимга келиб дедилар: «Эй Мавлавийи Қўқандий, тахт устига чиқ, бирга гулистонга сайрга чиқамиз. Азизларим, хаёлимда у дунё сари сафар қилаётгандайман. Агар қўлларингдан келса, мани шу бузургворнинг ёнларига дафн қилинглар ва қабрим бошига мана бу рубоийни ёзиб қўйинглар:

Биродарлар, Худо учун қабримни зиёрат этинг,
Менинг ночор ҳолимга раҳмат ила назар қилинг.
Яшнаган ҳаётнинг охири надоматдир,
Худони доим эслангу ғафлатдан ҳазар қилинг”.

Бу азиз зот ўзи истаганидек Мавлоно Яъқуби Чархий мозорига дафн этилдилар. Ўйлаймизки, шубҳасиз 20-асрнинг ютук алломаларидан бири бўлган Муҳаммаджон Ҳиндистоний домланинг илмий-ижодий фаолияти тадқиқотчиларимиз томонидан ҳали кўп ўрганилади.

02
Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ
МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ
021

ҲАЁТ ЙЎЛИ

Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли (Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний) 1310 ҳижрий — 1892 милодий йилда Қўқон музофотига қарашли Хожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида туғилган. Унинг ота-оналари ҳам илмли, маърифатли кишилар бўлиб, фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган.
Ўн тўрт ёшда саводхон ва ҳофизи Қуръон бўлиб етишган Муҳаммаджоннинг қобилияти ва илмга иштиёқи баланд бўлган. Шу боис у Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, сўнгра Балх ва Мозори Шарифда устозлардан сабоқ олади. Сўнгра улуғ устозларидан бири бўлган Қози Мирмуҳаммад домланинг тавсиялари билан илмини давом эттириш учун Ҳиндистонга сафар қилади. Бу мамлакатнинг Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил ўқиб, хатми кутуб қилади.

Илм талабида, изланишда бўлиб, ўн беш йил ота-оналари билан кўришолмайдилар. Ҳиндистонда ўқиб юрган кезлари иттифоқо поездда ҳаж сафарига йўл олган оталари билан учрашиб қоладилар ва ҳаж зиёратида у кишига ҳамроҳлик қиладилар. Ота-бола биргаликда бу улуғ ибодатни тўкис адо этганларида, тақдир экан, оталари Ҳижозда вафот этади. Падари бузрукворидан ажраб колган Муҳаммаджон Ҳиндистонга қайтади ва яна бир йил илм ўқиб, мадрасани тамомлайди. Сўнгра отасининг васиятига биноан волидасини зиёрат қилиш учун она юрти Қўконга қараб равона бўлади. Не-не машакқатлар билан Қўқондаги ҳовлисига келса, оналари ҳам дунёдан ўтган экан. Кейинчалик бу вокеани эслаб: «Ман волидамдан ўн етти ёшда жудо бўлғон эканман. Шундан кейин ман кўролмадим, ман келғонимга пушаймон едим. Дилимда волидамға хизмат қилолмағонлигимнинг ҳасрати то Қиёмат қолди. Бу жойда гўё мусофирга ўхшаб қолдим», — деб афсус-надомат чекади.

Ҳиндистонда ўқиб келганлиги ва забардаст олим бўлгани учун домлани «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» номлари билан ҳурматлашади. Қўқонда туғилганликлари учун у кишига Қўқондий нисбаси ҳам берилган. Унинг юртига қайтиб келгандан кейинги ҳаёти мураккаб бир вазиятда ўтади. Домла ўттиз беш ёшларга кириб қолган милодий 1929 йил бўлиб, мамлакатда очарчилик бошланган, диндорларга зуғум ўтказилаётган бир давр эди. У киши шундай бир шароитда 1928 йилдан 1946 йилга кадар Ўзбекистон ҳудудида, ундан кейин эса умрининг охири 1989 йилга қадар Душанбе шаҳрида истиқомат килган.

1929 йилда икки болали бир бева аёлга уйланган. Ундан кейин ташвишли кунлари бошланади. 1942 йили урушға кетгунига қадар «руҳоний мулло», «хорижий давлатларда ўкиган» каби айбловлар билан икки марта қамалиб чиқади. Жон сақлаш ва фитналардан йироқ бўлиш мақсадида аҳли аёллари билан тез-тез бошқа жойларга кўчиб туради. 1942 йили урушда қатнашиб, жароҳатлангач, меҳнат лагерига хизматга юборилади. 1946 йилда урушдан ногирон бўлиб Қўконга қайтиб келади. Қама-камалар ва уруш сабабли Қозоғистон, Белорусия ва Россиянинг бир неча шаҳарларида бўлади.

Урушдан кейин динга бир оз эркинлик берилиб, масжидлар очилгандек эди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқарилар эди. Муҳаммаджон домла 1946 йили шу идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат этганида у кишини хизмат қилиш учун Тожикистонга юборишади. Домланинг яшашга уй-жойи бўлмагани учун Тожикистон қозиси у кишини Мавлоно Чархий мазоротига мутаваллий вазифасига жўнатади. Тожикистондаги ҳаёти шу тариқа бошлангач, домлани 1949 йили Хожа Яъқуб масжидига имомликка ўтказишади. Лекин бу ерда ҳам йигирма беш йилга қамашади. Аллоҳнинг иродаси экан, Москвага арз этиб, тўрт йилу уч ойда озодликка чиқадилар.

1954-1955 йилларда Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлаб, араб тилидаги китобларни форс тилига ўгириш билан машғул бўлади. Айнан ана шу йиллардан кейин домланинг ҳаётида бир оз эркинлик бошланади. У зот умрининг охирига қадар юзлаб ўзбек, тожик, қирғиз ва бошқа миллат вакилларига диний илмларнинг деярли барча соҳаларидан, мантиқ, адабиёт ва шеършунослик илмларидан сабоқ берган. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа республикалардан олимлар ва шоирлар у кишининг зиёратига бориб, суҳбатларидан баҳраманд бўлишган. Домла тўқсон етти ёшга кириб ҳам шогирдларига дарс беришни, илм-ижод билан шуғулланишни канда қилмаган. У киши илмдаги ҳар бир масалага жиддий ёндашган: «Мен бирор киши саволига жавоб берган бўлсам, ёки бирор ривоятни айтган бўлсам, Парвардигор олдида масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда айтганман», — деб таъкидлар экан домла.

Яна бир муҳим масала — домла мусулмонларнинг ҳар хил оқимларга, тафриқа бўлинишларига кескин қаршилик қилган. Юртимизда аҳли суннат вал-жамоат ақидаси, Имом Аъзам мазҳаби, Нақшбандия тариқати пойдор бўлиши учун бор илми ва куч-қувватини сарфлаган. Бугунги кунда у кишининг шогирдлари ҳам устоз изидан бориб, диний барқарорлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқдалар.

Шогирдларидан бошқа оқимларга кириб кетганларни аёвсиз танқид қилган ҳатто «оқ» қилганлари ҳам бўлган. “Мен Раҳматулло Алломадан бошқани дуойи бад қилмадим. Чунки у ҳам сизлар каби адабсизлик қилиб ҳаддан ошган эди. Жувонмарг бўлди”, дейдилар бир мунозара мактубларида. Шогирдаларидан анчагина илмга эга бўлган ва ваҳҳобийлик йўлини тутган Абдували Қори деган киши хақида ҳам оғир гаплар айтгани, ҳатто ундан “воз кечган”и ҳақидаги суҳбат махсус дискда ёзиб олинган. Домланинг қолган шогирдлари эса бугунги кунда ваҳхобийлик ва бошқа оқимларга қарши курашиб, аҳли суннат ва жамоат эътиқодини ҳимоя қилиб келмоқдалар. Бунга Ўзбекистон ва бошқа республикаларда бош имом бўлиб келаётган ўнлаб фаол шогирдларини мисол қилиб келтириш мумкин. Ҳиндистонийнинг «ваҳхобийлар» билан қилган мунозараларидан, магнитафон тасмаси ва дискдаги маърузаларидан маълум бўладики, Домла совет даврида, аниқроғи 1970-1990 йилларда шаклланиб келаётган «ваҳхобийлар» тоифасига қарши курашган, уларнинг йўли нотўғри эканини илмий исботлаб берган ва юртимизда тинчлик, осойишталик учун жонини фидо қилган. Домланинг ваҳҳобийлар билан килган мунозарасига гувоҳ бўлганларнинг бир қисми ҳали тирик. Мана шу гувоҳлар ва домланинг шогирдлари билан суҳбат қилиш ҳамда у кишининг магнит тасмасида ёзиб олинган маърузаларини эшитиш орқали Домла фаолиятига тўғри баҳо бериш мумкин. Чунки, қўшни республика ва баъзи хорижлик олимларнинг мақолаларида домла ҳақида тахминий ва чалкаш маълумотлар кўзга ташланади.

Баъзилар домланинг шогирдлари ичида ваҳҳобийлик йўлини танлаб кетганлари бўлгани учун асоссиз у кишини маломат қиладилар. Аслида бундай танқид тўғри эмас. Домла ҳеч қачон уларни «ваҳҳобий бўл», деган эмас. Аксинча, уларни маломат қилиб, улардан воз кечгани айни ҳақиқатку?! Марҳамат, бу ҳақда у кишининг магнит тасмасига ёзилган маърузаларини эшитиб кўринг, шунда ўзингиз ҳам тегишли хулса чиқарасиз. Қолаверса, тарихга назар ташланг.

Маълумки, Ҳазрат пайғамбар алайҳиссалом даврида ҳам у кишига байъат қилиб, иймон келтириб айниб кетган кишилар кўп бўлган. Улар орасида пайғамбар алайҳиссалом ёнида ва хонадонида юрганлар ҳам бўлган. Ҳатто ваҳий котиби бўлган бир одамнинг диндан чиқиб кетгани маълум. Улуғ дин пешволари, мазҳаб имомлари ва таниқли уламоларнинг ҳам шогирдлари ичида айниб, чизиғдан чиқиб кетганларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Инсон мураккаб хилқат. Уларни бир қолипда ушлаб туришнинг иложи йўқ. Зеро ҳар бир инсоннинг бошқасига асло ўхшамаган ўзига хос фитрати, феъл ва атвори бўлади. Баъзан ўз фарзандингизни бошқаролмай қоласиз. Ваҳоланки, домла юзлаб шогирдларини ҳанафий мазҳаб ва мотуридия эътиқодида тарбият қилиб етиштирганлар.

Бугунги кунда ислом ниқоби остидаги ноўрин «жиҳод»лардан ташвиш чекяпмиз. Чунки, «жиҳод» деган тушунчани нотўғри талқин қилганлар бор. Аммо эътибор берсак, Ҳиндистоний Домла ўша пайтлардаёқ дунёдаги маъносиз жиҳодларни, жумладан, Афғонистондаги урушни ҳам қаттиқ танқид қилган. У зот бу борада бир ваҳҳобий билан қилган мунозарасида шундай дейди: «Сен афғон мужоҳидларини «улар ҳақиқий жиҳод қилмоқдалар», деб мақтайсан. Бирок уларнинг жиҳоди — мусулмонлар масжидларининг бузилиши, намоз ўқийдиганларнинг ўлдирилиши, одамлар молларининг ғорат қилиниши, аёллар ва болаларнинг қатл қилиниши, ғайридинлардан пул ундириш ва биродарларини ўлдиришдан иборатдир. Наҳотки шу муқаддас жиҳод бўлса? Асло унда эмас! Бу муқаддас қадамжоларни вайрон этиш ва муқаддас буюмларни йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Чунончи, Қандаҳорда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эски аболари, яъни махсус уст кийимлари сақланарди — уни ёқиб юборишди улар! Наҳот шу муқаддас жиҳод? Ҳошо ва калло — Аллоҳ асрасин, йўқ-йўқ! Агар улар мусулмонлар бўлсалар, бу дунёда намуна бўлгулик ҳеч вақо йўқ экан!

Домла Имоми Аъзам мазҳаби ва нақшбандия тариқатига мансуб талаба сифатида Хориж мадрасаларида ўқиб юрган кезлари замонасининг улуғ қутбларидан Мулло Фақир деган нақшбандий шайхига мурид бўлиб, у зотдан олган зикр вазифаларини адо этиб юрган. Кейинчалик домла ўз хотираларида устозини эҳтиром билан тилга олиб, ажиб ҳолатлари ва каромотлари ҳақида ҳикоя қилиб берган . У зотдан сўнг домла Душанбеда яшаган кезлари Ўрта Осиёда машҳур ва маълум бўлган улуғ валий, нақшбандий шайхи Абдурраҳмонжон Эшон алайҳирраҳма ҳазратларига қўл беради яъни тариқатда шогирдлари бўлади. қилади. Бу икки улуғ зот, яъни пир ва мурид ўртасида ғоят самимий муносабат, Аллоҳ ризолиги учун меҳр-муҳаббат ва садоқат ришталари боғланади.

Домланинг душанбелик шогирдларидан ҳожи Исмоил Пирмуҳаммадзода устози ҳақидаги хотираларида шундай дейди: «…Саҳар чоғи эди. Умрнинг сўнгги соатлари яқинлашарди. Бизни бир умрга тарк этишдан икки кун олдин устоз дедилар:
— Шу оқшом Мавлоно Яъқуби Чархийни туш кўрибман. Мавлоно тахти равон устида юриб, олдимга келиб дедилар: «Эй Мавлавийи Қўқандий, тахт устига чиқ, бирга гулистонга сайрга чиқамиз…». Бир лаҳза хомушликдан сўнг устоз дедилар:
— Азизларим! Хаёлимда у дунё сари сафар қилаётгандайман. Агар қўлларингдан келса, мани шу бузургворнинг ёнларига дафн қилинглар ва қабрим бошига мана бу рубоийни ёзиб қўйинглар!

Бародарон, Худоро, ба хокам гузар кунед,
Ба ҳоли табоҳи ман ба раҳмат назар кунед!
Нашъунамои зиндаги охир надомат аст,
Ёде аз Худо кунеду зи ғафлат ҳазар кунед.

Мазмуни:

Биродарлар, Худоучун қабримни зиёрат этинг,
Менинг ночор ҳолимга раҳмат ила назар қилинг.
Яшнаган ҳаётнинг охири надоматдир,
Худони доим эслангу гафлатдан ҳазар қилинг.

Устознинг айтганларича бўлди…» .

Вафотларидан сал олдин, яъни, «1989 йил охирлари — ноябрда аллома инсон — Ҳожи Муҳаммаджон Қўқондий (Ҳиндистоний) ҳазратларининг юз ёшга яқинлашаётганлари муносабати билан бутун Марказий Осиёда тантанали нишонлаш учун ҳар тарафлама тайёргарлик ишлари давом этарди. Афсуски, анжуманга саноқли кунлар қолганда ҳазрат оламдан кўз юмдилар. Айтишларига қараганда, у киши билан видолашувга икки юз минг нафардан зиёд кишилар келишган. Устоз аллома Душанбе яқинидаги Мавлоно Яъқуби Чархий мозорига дафн этилдилар».

Ҳиндистоний домланинг ҳаёт ва ижоди билан бугунги кунда бир қанча хорижлик олимлар қизиқишмоқда ва тадқиқотлар олиб боришмоқда. Интернет сайтларида ҳам инглиз, немис, тожик рус ва бошқа тилларида кўплаб мақолалар эълон қилинмоқда. Жумладан: 2002 йилда WWW.сепtrasia.ru сайтида журналист Неонилла Ямполскаянинг Петербург архивида сақланаётган Марказий Осиёга доир диний-илмий қўлёзмалар ҳақида петербурглик шарқшунос, РАН шарқшунослик институтининг Санк-Петерпургдаги филиали директори, тарих фанлари доктори Ефим Резван билан суҳбат эълон қилинган. Суҳбат чогида Мавлавий Ҳиндистонийнинг диний-маърифий, маданий мероси хақида ҳам сўз борган. Шарқшунос олим У кишининг ҳаёт йўли ва ижодий фаолиятига объектив баҳо бераркан, Ҳиндистоний ҳозирги кунда муқаддас динимиз ақидалари ва Куръон оятларини нотўғри талқин қилиб кенг жамоатчилик фикрини чалғитаётган ваҳҳобийлик оқими ҳаракатларини илк бор аниқлаган ва уларга қарши курашга биринчилардан бўлиб бел боғлаганлигини эътироф этган. Қуйида ушбу мақоланинг айнаи Ҳиндистоний домлага тегишили бўлган қисми таржима қилинди.

— … Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари ва петербурглик шарқшуносларнинг диний масалалардаги илмий ишлари айнан шу ерда сақланади. Булар орасида эътиборга молик жиддий лойиҳалардан бири Ҳиндистоний мероси билан боғлиқ.
— Ўйлайманки, бу инсон ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Демак, Ҳиндистоний ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
— Ҳиндистоний Фарғона водийси ва Тожикистонда катта мавқега эга бўлган ҳанафий мазҳабидаги йирик уламолардан бири эди. Унинг ҳақиқий исми шарифи — Муҳаммаджон Рустамов. У 1892 йили Қўқон атрофидаги қишлоқларнинг бирида туғилган. Даставвал, Бухорода, кейинчалик Кашмирдаги мадрасада таҳсил олади. Айнан шу ерда урду ва ҳинди тилларини ўзлаштирди. 1928 йили Ҳиндистоний домла ҳаж килиб, бир йилдан сўнг она юртига қайтади. Қатоғон йилларида, 1933 йилдан бошлаб у уч марта ҳибсга олинган. Салкам 8 йиллик умри сургунда ўтган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Беларуссиянинг Минск шаҳри остонасида бўлиб ўтган жангларнинг бирида жароҳатланади. Уйга қайтгандан сўнг 50 йиллар ўртаси ва умрининг охирига қадар у Душанбе шаҳридаги Мавлоно Чархий масжидида имомлик килган. Қазоси етгач ўша ҳудудга дафн этилган.
Тахминан 50-йиллар охирида Ҳиндистоний бир нечта мусулмон ёшлари гуруҳига сабоқ бера бошлайди. Унинг норасмий мактабида таҳсил олишни истовчилар сони кун сайин ортиб борган. Ҳиндистоний жуда кўплаб диний асарларга шарҳлар ёзган. Бироқ унинг энг салмоқли иши ўзбек тилидаги олти жилддан иборат Қуръони каримнинг тафсири бўлган. Ҳиндистоний ушбу китоб «талаба ёшлар ва бу муқаддас китобни тушунишда кийинчиликка учраётган оддий кишилар учун ёздим», деб таъкидлаганлар. Шунингдек, (Ҳиндистоний домла бу китобни) 1966 йилда Мисрда қатл қилинган Саййид Қутбнинг ислом радикаллари орасида кенг тарқалган «Қуръон сояси остида» («Под сенью Корана») номли китобдаги мавжуд ақидаларга қарши жавоб тарзида ёзилган. Қолаверса, Ҳиндистонийнинг бошқа ўзбек ва тожик тилидаги таржима, тафсир ва бадиий-тарбиявий аҳамиятга эга асарлари ҳам сақланиб қолган. Буларнинг орасида аудио ва видео ёзувлар орқали қилган маърузалари, талаба ёшлар билан қилган суҳбат ҳамда баҳс-мунозаралари ҳозир ҳам кўпчиликнинг қизиқишини уйғотиши шубҳасиз.

Умрининг сўнги йилларида Ҳиндистоний Марказий Осиё мусулмонлари орасида юз бераётган парокандаликдан қаттиқ ташвишга тушади. Ҳиндистонийнинг фикрича, бунинг сабаби эндигина минтақага кириб келаётган ваҳҳобийлик оқимининг тарғиб-ташвиқ қилина бошланганлиги туфайли юз бераётган эди. Шу боис, у ўзининг собиқ шогирдлари билан бу борада тез-тез баҳслашиб туради. У Қуръони Каримдаги айрим оятларнинг шифобахшлигини ва маййитлар руҳига Қуръон ўқишнинг савоби етмайди деювчиларни, авлиёлар зиёратини инкор қилувчиларни ва шунга ўхшаш эътиқодли кишиларни қаттиқ танқид қилади. Яъни мавжуд аҳли суннат вал жамоат эътиқодини ҳимоя қилади.

Ҳиндистоний рақибларининг сиёсий қизиқишларини умуман ҳазм қила олмасди. Айниқса, «кичик жиход»га ўхшаш қарашларга (жумладан, Чор Россияси давридаги Дўкчи Эшон қўзғолони)га мутлақо қарши чиққан. Унинг фикрича, муваффақият қозониш эҳтимоли мавжуд бўлгандагина бу ишга қўл уриш мумкин. Акс ҳолда кучли рақиб қўлида бегуноҳ мусулмонлар ҳам азият чекишини, бу эса харакатсизликдан ҳам ёмонроқ гуноҳ эканлигини айтади. Кўриниб турибдики, Ҳиндистоний биринчилардан бўлиб Марказий Осиёда эндигина тарқала бошлаган ваҳҳобийлик ҳаракатини пайқаган ва бунга қарши курашган.

Бугунги кунда Ҳиндистонийнинг мероси шахсий ва давлат архивларида сақданмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон архивларида сакланувчи бу асарлар етарли даражада ўрганилмаган ва қайта чоп этилмаган. Бирок, ўзбекистонлик исломшунос Бахтиёр Бобожонов бу йўлда кўп изланишлар қилмокда. Ҳозирда россиялик олимлар ҳам бу борада баҳоли қудрат иш олиб бормоқдалар. Петербург архивида Ҳиндистонийнинг кўп йиллик меҳнати сингган китоб ва ҳужжатлари мавжуд. Бироқ буларни шунчаки интернетда жойлаштиришнинг ўзи камлик қилади. Биз катта бир лойиҳага қўл урдик. Шу боис, биз ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз моддий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезмоқдамиз.

Замондошларнинг устоз аллома ҳақидаги хотираларини ўқиб, у зотнинг беназир олим, ҳар қандай вазиятда иймон-эътиқодида собит, юртпарвар ва миллатпарвар бир инсон эканлигига амин бўламиз. Аллоҳ охиратларини обод қилсин!

ҚОЛДИРГАН МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

Аллома устоздан қолган меросни уч қисмга тақсимлаш мумкин:
А) Ёзган асарлари: Қуръони Каримнинг маънавий таржимаси — «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон» китоби; Бу китоб оз нусхада бўлсада, 2006 йил «Мовароуннаҳр» нашриётида чоп этилган бўлиб халқимизни баҳраманд этди.
Баъзи муносабатлар билан ёзилган ўзбекча ва форсча шеърлар, айрим қайдлар;

Б) Таржималари: 1954-1955 йилларда Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлаб, араб тилидан форс тилига ўгирган китоблари;
Қуръон, ҳадис, фиқҳ, илми маъоний, мантиқ, илми калом, сарфу наҳв ва бошқа фанлардан ўзлари учун таржима қилган кўчирмалар;
Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларининг араб тилидан форс тилига ўгирилган таржимаси;
Имом Барзанжийнинг «Мавлудун набий» асарининг ўзбек тилидаги таржимаси;
Имом Бусирийнинг «Қасидаи Бурда» асарининг форс тилидаги таржимаси;
Араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасининг ўзбек тилидаги таржимаси; Усмон Ўшийнинг «Қасидаи Омолий» асарининг форсча таржимаси;

В) Видео кассета ва магнитофон тасмасига ёзиб олинган маърузалар, илмий суҳбатлар. Бу маъруза ва суҳбатлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, тасаввуф, адабиёт ва одоб-ахлоқ ҳақидадир. Жумладан, Муҳаммаджон домла Имом Бухорийнинг» Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» ҳадислар тўпламини, Марғинонийнинг «Ҳидоя», Имом Аъзамнинг «Фиқҳи акбар», Абдураҳмон Жомийнинг «Шарҳи Мулло», Абдулқодир Бедил ғазаллари ҳамда Муҳаммад Фазлул-имом Хайриободийнинг «Мирқотул-мантиқ» асари шарҳини, шунингдек «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилиб, магнит тасмасига ёздирганлар. ИншоАллоҳ, юртимиздан чиққан бу улуғ алломанинг келажакда барча маънавий меросини имкон даражасида нашр қилиб, халқимизни баҳраманд этиш ниятидамиз. Менимча ҳам домланинг илмий ва адабий меросларини тезроқ нашр қилиш керак. Чунки улуғ алломанинг ҳаётлари, айтган ҳар бир сўзлари, ёзган ва таълим берган китоблари фақат ота-боболаримиздан қолган ҳақиқий диний таълимотни, Имом Мотрудий ақидасини, Имом Аъзам мазҳабини ва Нақшбандий тариқатини тарғиб қилишга қаратилганини юртимиздаги барча уламолар эътироф этадилар.

Бугунги кунда ёшларимиз ўртасида адашишлар, ҳар хил оқимларга кириб кетишлар, билиб-билмай ўз жонини қурбон қилишлар содир бўлаётган бир пайтда, халқимизга, айниқса диний таълимга қизиқаётган ёшларга у кишининг асарларини, нодир ўгитларини тезроқ етказиш айни муддао бўлади деб ўйлайман. Аллоҳ муваффақ айласин!

02
Мавлавий  Ҳиндистоний
ВАҲҲОБИЙЛАР ТАРИХИ
Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ таржимаси
021

Бизни ҳидоятга — ушбу тўғри йўлга бошлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Агар У ҳидоятга бошламаганда биз ҳидоятга эришмаган бўлардик. Аллоҳнинг элчисига салоту саломлар бўлсин!

Мусулмон биродарларга маълум бўлсинки, ваҳҳобийлик ҳижрий 1200 (1785-86) Мадинаи мунавваранинг шарқидаги Нажд тоғларини макон тутган жоҳил араблар орасида пайдо бўлгандир. Бу ном уларнинг йўлдан озган раҳбарлари, бузғунчилар (мазҳаби хавориж) таълимотига эргашган Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг исмига нисбат берилур. Мазкур жамоани шул сабабдан «Ваҳҳобийа» деб аташ мумкинки, улар гумроҳ Ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг қабиҳ, сохта таълимотига эътиқод қўйганлар. Ушбу машҳур Нажда тоғи теварагида яшагувчи ва бу маслакка ихлос қўйган ҳар бир кишини «ваҳҳобий» атамоқ лозим. Бу киши (Ибн Абд ал-Ваҳҳоб) арабларнинг Бани Тамим қабиласидандир. У бошланғич маълумот олиш учун Мадинаи Мунавварага борган эди. Бир қанча муддатдан сўнг муқаддас Маккага отланди, ва у ердаги уламолар қўлида ўқиди. Шайх Сулаймон ал-Курдий ва Шайх Муҳаммад Ҳаёти Синдий (ал-) Ҳанафийларга бир оз вақт шогирд бўлди. Кўп ўтмай мазкур устозлар англайдиларки, Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг қалбида разолат ва гумроҳлик илдиз отмоқда, зотан унинг сўзларида ва хулқ-атворида шайтон васвасаси акс этмоқда эди. Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг устозлари узоқ кенгашиб, бошқа шогирдларига у билан мулоқотда бўлишни ман этдилар. Ва дедиларки, яқин фурсатларда у буткул йўлдан озади ва у туфайли кўп жоҳилу оми бандалар кулфатда қоладилар. Оқибат шундай бўлади ҳам, ул устозлар янглишмаган эдилар.

Унинг отаси тақводор уламолардан эди. У ўғлига (Ибн Абд ал-Ваҳҳобга) танбеҳ берди, ўзга фарзандларини ундан тўсди. Укаси Сулаймон ибн Абд ал-Ваҳҳоб ҳам акасининг даъватларини рад этди ва унга эргашмади. Кунларнинг бирида у акасидан сўрадики: «Эй Муҳаммад, динда ва исломда нечта аркон бор?» Ул жавоб қилди: «Бешта». Шунда Сулаймон деди: «Сен эса уларни олтита (аркон) қилгансан, зеро, ким менинг тарафимда бўлмаса, демакки, у — мусулмон эмас, деб даъво қилурсан».

Икки биродар мунозараси шу тариқа давом этавергач, Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб қўрқди, «Укам Муҳаммад мени ўлдириб қўйиши мумкин», деб ўйлади. Шундан сўнг Сулаймон Маккага йўл олди. Етиб боргани заҳоти акасига мактуб ёзиб, унга кўп насиҳат қилди. Аммо бундан наф чиқмади. Айни мақсадда ҳанбалий уламолари ҳам Ибн Абд ал-Ваҳҳобга кўп сонли номалар жўнатиб, унинг бадбин маолагини муҳокама қилганлар, сабабики, у ўзининг шу мазҳабга садоқат изҳор этиши билан машҳур эди.

Кунларнинг бирида бир олим уни саволга тутди: «Аллоҳ Таоло рамазон ойининг бир кечасида қанча бандасини жаҳаннам азобидан қутқаради?» Ул жавоб берди: «Юз минг бандасини. Ривоятлардан бирида айтилишича, улар рамазон ойидаги энг сўнгги рўза куни халос этиладилар». Олим деди: «Сенинг мингга яқин тарафдорларинг бор. Бошқаларда эса — йўқ. Шундай бўлса-да, сен қолганларни мусулмон деб тан олмайсан. Хўш, шундан сўнг сени ким деб аташ мумкин?» Ибн Абд ал-Ваҳҳоб ҳайратга тушди ва жавобан лом-мим ҳам дея олмади. Ҳижрий 1206 (1791-1792) йилда Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб вафот этди.

У иблисона маслагини ёйишга қарор қилади ва кўп одамларни йўлдан оздиради. Наждага яқин бўлгани боис, у аввал Мадинаи мунавварага борди ва одамларни юз ўгириб, ягона Худога сиғинишга даъват эта бошлайди. У ҳаммани кўпхудоли(мушрик) эканига ишонтирмоқчи бўларди.

Вақт ўтиши билан у ўз таълимотига одамларни эргаштиришга муваффақ бўлди. Ҳатто бир рисола ёздики, у «Кашф аш-шубуҳат ан Холиқ ал-арзи ва-с-самавот» (Ер ва осмонларни яратган Зотдан шубҳаларнинг кашф (даф) этилиши) деб аталади. Мазкур рисолада у барча мусулмонларни кофир (ғайридин) деб эълон қилди. Кофирларга нисбатан айтилган Қуръон оятларини у художўй мусулмонларга қарата айблов мазмунида шарҳ қиларди. Кўплаб дайди ва майхўр кимсалар унга итоат этардилар. У ўзини шак-шубҳасиз мужтаҳид ҳисобларди, бироқ устози Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Курдий уни рад этди ва даъватларига жавобан дедики: «У бузғунчи хаворижлардандир, чунки у барча мусулмонларни кофир деб билади».

Ҳазрати Али (тўртинчи халифа) каррамАллоҳу важҳаҳудан шундай ривоят қилинади. Бул жаноб демишларки, Аллоҳнинг Қуръонда келтирилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтгин: Сизларга қилган амаллари юзасидан энг кўп зиён кўрадиган кишиларнинг хабарини берайинми? Улар бу дунёда ҳаётидаёқ сайъ-ҳаракатлари ботил (йўқ) бўлиб кетган, ўзлари эса чиройли ( фойдали) иш қилаяпман, деб ҳисоблайдиган кимсалардир. («Каҳф» сураси, 103-104-оятлар) деган сўзлари барча мусулмонларни кофирга чиқаргувчи бузғунчилар ҳақидадир.

Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг мазҳаби 1143 ҳижрийда (1730-1731) намоён бўлди, кейинроқ атроф-музофотга танилди. 1150 (1737-1738) йилдан сўнг Нажд мамлакати чеккасидаги ад-Диръийа қишлоғининг амири ал-Ваҳҳоб мазҳабининг мухлиси бўлди. Муҳаммад ибн Сауд исмли бул амир Ваҳҳобийани тараққий эттирмоқ мақсадида уни бутун ад-Диръийа аҳлига жорий этди. Муҳаммад ибн Сауд арабларнинг Мусайлиматул — Каззоб қабиласидан эди. Кўп фурсат ўтмай ад-Диръийа ва унинт атрофида яшовчи ҳамма аҳоли Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобга эргашдилар. Теваракдаги саҳройилар ҳам ушбу мазҳабни қабул қилдилар. Уларнинг барчаси саводсиз жоҳил кишилар эди, диннинг буйруқларини улар ҳеч билмасдилар.

Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб баъзан бу кишиларга айтардики: «Мен сизларни тавҳидга даъват қилурман». Баъзи пайтларда эса шундай дерди: «Мен ўз даъватларим ила сизларни ширкдан тўсаман». Бул сўзлар билан ул бир тоифани адаштирар, бошқа одамларни эса кўпхудоли (мушрик) деб эълон қиларди. Ул айтардики, мушрикни ўлдирган киши жаннатга киради. Шу тариқа у одамларни ўлдиришни рағбатлантирди. Бу жоҳиллар эса Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобни бир пайғамбар каби қабул этдилар ва унинг амрисиз ҳеч бир ишга қўл урмадилар. Ул қандай амр бермасин, Муҳаммад ибн Сауд дарҳол ижро қилар эди.

Улар мусулмонлардан бирини ўлдирсалар, дарҳол унинг мол-мулкини талон қилур эдилар. Бешдан бир ҳисса Муҳаммад бин Саудга берилар, қолгани ўртада тақсим этиларди. Улар бир қабилани бўйсундиргач, бошқасига кўз тикардилар. Шу йўл билан уларнинг мамлакатлари кенгайди, кўп сонли қўшинга эга бўлдилар. Бу орада ҳаж мавсуми келди. Бул гумроҳлар ҳаж қилмоқчи бўлдилар. Ўша вақтларда Маккаи мукаррама амири Сауд ибн Саид эди. Улар (Ваҳҳобийлар) Маккага элчи юбориб, ҳаж зиёратини адо этмоқ учун рухсат беришини талаб қилдилар. Аммо уларнинг қасдлари фақат ҳаж қилмоқ эмас, балки сохта ақийдаларини икки муқаддас шаҳар (Макка ва Мадина) аҳли орасига ёймоқ ҳам эди. Бундан аввал улар, то ўзлари ҳаж қилгани боргунларича аҳолини бузиб, йўлдан оздирмоқ ниятида ўттиз нафар уламоларини икки муқаддас шаҳарга жўнатдилар. Макка ва Мадина аҳли Нажд теварагида шундай таълимот пайдо бўлгани хусусида эшитган эди, аммо бу таълимотнинг ҳақикатини билмас эдилар. Ул уламолар муқаддас Маккага келганларида, амир икки муқаддас шаҳар уламоларига ваҳҳобий олимлари ила мунозара қилишни амр этди. Ваҳҳобийлар келтирган даъво ва ҳужжатларнинг барчасини Макка уламолари эшитдилар. У ҳужжатларнинг бари кулги қистатадиган, “ўргимчак уясидек» заиф бошка мусулмонларни кофирга чиқаришга қаратилган масалалардан иборат эди. Бу икки муқаддас шаҳар уламоларининг гумроҳликлар билиниб қолди. Улар ваҳҳобийлар ҳужжатларининг ботиллигини исботлаб, уларни даф этишдан ожиз бўлдилар. Бундан огоҳ бўлган Макка амири шариат пешволарига буюрдики: «Ваҳҳобийларнинг кофирлигига фатво берингиз, токи халқ буни билсин». Шундан сўнг у ваҳҳобийларни тутиб, зиндонга ташлашга буйруқ берди. Бир гуруҳ одамлар ваҳҳобийларни тутиб, қамадилар. Бир гуруҳи эса қочиб Диръийага кетди. Бу ернинг халқи ваҳҳобийларни воқеалардан хабардор қилиб турар, улар эса мақсадларига етиш учун кутиб турардилар.

Ҳижрий 1184 санада (1770-1771) Макка амири вафот этгач, унинг укаси Сауд бин Саид амир бўлди. Ваҳҳобийлар ҳаж қилиш учун яна рухсат сўрадилар. Макка амири ижозат бермади. Ваҳҳобийлар ҳайрон бўлдилар.

Кейин ушбу Макка ҳукмдорининг ҳукмронлик даври тугади ва унинг ўрнига укаси Аҳмад ибн Сауд ўтирди. Шундан сўнг ад-Диръийа амири Муҳаммад ибн Сауд яна ҳаж зиёратига ижозат талаб қилиш учун ваҳҳобийлардан бир гуруҳ уламони Маккага жўнатади. Макка ҳукмдори улардаги дину диёнатни билиш мақсадида, икки муқаддас шаҳар уламоларига уларни диний синов ва сўроққа тутишга буйруқ берди. Маълум бўлдики, уларнинг бари динни бузган зиндиқ экан. Ушбу мунозарадан сўнг Макка амири ваҳҳобийларнинг ҳаж қилишларига изн бермади, улар маҳрум бўлиб қайтиб кетдилар.

Бир қанча вақт ўтиб макка ҳукумат Аҳмад бин Сауд амакисининг авлодидан бўлган Масрур ибн Мусоидга қолди. Унинг ҳукмдорлик йилларида ваҳҳобийлар яна ҳаж қилишга рухсат сўрай бошладилар. Макка ҳукмдори, агар улар шиалар (рофизийлар) каби солиқ ва бож тўласалар, ижозат беражагини айтди. Уламолар унга ваҳҳобийларга мингта яхши от миқдорида бож солишни маслаҳат бердилар. Ваҳҳобийлар бу қадар нарса беришнинг уддасидан чиқмадилар.

Ҳижрий 1202 санада (1787-1788) Макка амири вафот этиб, ҳукумат унинг Ғолиб ибн Мусоид қўлига ўтди. Бу пайтлар Туркияда Султон Салим халифа эди. Макка ҳукмдори Ҳижоз ва унинг атрофида ҳукмронлик қиларди. Ваҳҳобийлар яна ҳаж учун ижозат талаб қилдилар. Макка амири яна рад этди. Шунинг билан бирга, ваҳҳобийлар устига қўшин юборди. Аммо 1205 ҳижрийдан 1220 санагача (1790-1806) давом этган бу урушда ваҳҳобийларни маҳв этиб бўлмади. Чунки улар бу пайтга келиб анча куч тўплаган эдилар. Улар ҳатто икки муқаддас шаҳарни, Яман ва араб саҳросидаги бошқа ҳудудларни фатҳ этишга муваффақ бўлдилар. Атроф-музофотдаги қабилаларни улар ўзларига итоат этдирдилар. Кексалар ёшларга асло раҳм қилмасдан ўлдирар эди. Ваҳҳобийларнинг зулмидан ҳеч ким омон қолмади. Одамларнинг пайғамбарларни васила қилишдан, Исломга хизмати сингган марҳум сиймоларнинг қабрларини зиёрат қилишдан ман қилдилар. Шом ва Миср тарафдан ҳажга келадиганларга монелик қилардилар.

Бу ҳол 1227 (1812-1813) йилгача давом этди. Бу орада Туркияда Султон Салимнинг укаси Султон Маҳмуд Ғозий (1223-1255/1808-1839) тахтга ўтирган эди. У Миср ҳукмдори Муҳаммад Али пошога қўшин тўплаб, бузғунчиларга ҳужум қилишни ва икки муқаддас шаҳардан уларни қувиб чиқаришни амр этди. Султон Муҳаммад Али лашкар тўплади ва ваҳҳобийларга зарба бериб, икки муқаддас шаҳарни улардан тозалади. Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобни асирга олиб, халифа Султон Маҳмуд Ғозийга жўнатди. Халифа бу гумроҳни осиб ўлдирди ва икки муқаддас шаҳарни уларнинг касофатидан қутқарди.

МАКТУБ
(Бир ваҳҳобий кимсанинг маломатларига жавоб)

Бизни иймон ва ислом билан шарафлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга дуруду саловотларимиз бўлсин!

Ҳамду санодан сўнг эй муҳтарам тингловчилар! Бу мулоҳазаларни тингланг ва улар устида фикр юргизинг! Муаллифнинг мулоҳазаларидан билиб оласизки, одоб ва ахлоқ меъёрларини ақалли ҳидламаган, бунинг устига ўта такаббур бўлганлари ҳолда илм излайдиган кимсаларни таърифлашга қуйидаги ҳадис жуда мос тушади: «Агар ҳаё бўлмаса, нима истасанг қил, каллангга келган гапни айтавер”.

Тассуфки, сен бизнинг таржимаи ҳолимизни билмайсан, биплганингда талабчанроқ бўлардинг. Мен умрим бўйи, гўё одамлар орасида Совет давлатига қарши фитна қўзғашда айбланиб, уч марта озодликдан маҳрум қилиндим. Биринчи марта мени бир йилга қамадилар, иккинчи марта — уч йилга, учинчи марта — йигирма беш йилга, «Давлатга қарши фаолиятим» учун шунча жазо олдим! Сен эса мени жиҳодга чорлайсан. Шундоқ насиҳат қиласанки, гўё мен жоҳил бандаман. Ҳолбуки, мен йигирма йил дунё кезиб илм олдим; хўш, мени «жоҳил» деб атаётган сенда қанча илм бор? Суф сенга, сенга таълим берганга ҳам!

Сен яна жар соласанки, гўё мен Аллоҳнинг ғазабига мустаҳиқман. Ваҳоланки, ғайб илмига даъво қилиб, ўзинг Аллоҳнинг ғазабига муносиб бўлдинг, мен эмас. Сен мени гоҳ машъала тутган сўқирга ўхшатасан, гоҳ устига китоб юкланган эшакка. Инсон кофирга ҳам бундай хитоб қилмайди. Маълум бўладики, сен мени ҳатто мусулмон ҳам ҳисобламайсан. Куфр ва ислом Яратган ҳузурида (фақат Рўзи маҳшарда) аён бўлажак. Аллоҳга шукрки, мен исломнинг беш фарзини адо этдим сен эса ҳали тўла адо этмадинг.

Сен ўз мулоҳазаларингни «Бизни ҳақ йўлга бошлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб бошлайсан. Бунинг ўрнига «Бизни ҳақ йўлдан тойдирган Тангрига ҳамдлар бўлсин», деб бошласанг маъқулроқ бўларди. Сен ўта беҳаёлигингдан менга хитоб қилиб: “Сен ўз илмингга амал қилмайсан», дединг. Шу беандишалигинг, тарбиясизлигинг билан яна ўзингни «дин фарзларини адо этяпман», деб ҳисоблайсанми? Бу ақлу донишинг билан йиғлашинг керак!

Эй мужоҳид! Билгилки, биз масжидларимиз даҳрийлар масканига айланган, ошкора намоз ўқиб бўлмайдиган замонларни кўрдик. Бундан ҳатто марҳумлар ҳам азият чекишди, чунки ҳеч ким, ҳатто имом ҳам уларга жаноза ўқий олмасди, жаноза ўқишга журъат этган имом эртасигаёқ қамоққа олиниши мумкин эди.

Эндиликда Яратган Эгам одамларнинг аҳволини ўзгартирган: ҳамма ҳадиксирамай масжидга боради, жамоат бўлиб намоз ўқийди. Бу Аллоҳнинг марҳамати эмасми? Сен эса бизнинг шу кунларга етганимиз учун «Аллоҳга шукр!» дейишимизни ҳам айбга санайсан. Сен у замонларни кўрмагансан, туғилмаган бўлсанг ҳам эҳтимол. Ва яна ва ақлсизлигингта бориб, давлатга раҳмат айтишни, бу кунлар учун шукр қилишни ширк деб биласан. Сенингча, булар Аллоҳнинг марҳамати эмасми? «Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллохдан» эканига ишонмайсанми? Шунча балоларни бошдан кечирдимки, ҳозирги куним учун Парвардигорга ҳар қанча шукр қилсам оз.

Дукчи Эшонни жиҳод қилгани учун улуғлаганингдан мен яна ҳам кўпроқ ҳайратга тушдим. Кошки бундай жиҳод қилмаса кўп яхши бўларди! У пайтлар сен бу дунёда йўқ эдинг. Мен эсам бу жиҳоддан яхши бохабарман. Бечора Дукчи Эшонни сенга ўхшаш жоҳил муридлари гангитганлар, «Бош кўтарайлик! Қўшинимиз адади 70 минг кишига етди. Бир ҳамла билан Андижонни фатҳ эта оламиз!» деб саннайверганлар. Ҳолбуки, уларнинг қўлларида таёқ, болта ва тешадан ўзга қурол йўқ эди. Тун ярмида улар Мингтепа қишлоғидан чиқиб, Андижондаги рус аскарларининг казармаларига ҳужум қилишди. Соқчиларни ўлдириб, дарвозани очишди ва икки юз чоғли рус аскари ухлаб ётган казармага бостириб киришди. Улар дарҳол уйғониб, оёққа турдилар ва осмонга қараб ўқ уза бошладилар. Ўша етмиш минг нафар мужоҳид саросимага тушиб, «қоч-қоч» деб ўнггу сўлига қарамай қочишди. Бу мужоҳидлар боёқиш Дукчи Эшонни балога қолдириб, пардай тўзғиди. Эшон атрофига боқиб, қарасаки, етти халифасидан бўлак ҳеч зоғ қолмабди. У ҳам қочиш фурсати етганини англади ва Қошғар томонга қочди.

Хўш, бу жиҳоднинг оқибати нима бўлди? Оқ подшодан «Мингтепа аҳли қатлиом қилинсин!», деган фармон келди; ўрис аскарлари Андижондан чиқиб, тепаликдан Мингтепа аҳолисини, жумладан аёллар ва болаларни ҳам отиб ўлдира бошладилар. Минглаб одамлар қирилди, бутун қишлоққа ўт қўйилди.

Андижон уламоси қолган аҳолини афв этишини сўраб оқ подшога мактуб ёзди. Масковдан неча кун деганда ниҳоят афвнома етиб келди, шундан сўнг Мингтепа номини Марҳамат деб ўзгартирдилар. Ўйланг-чи, Аллоҳ шундай жиҳод қилишни буюрганми? Йўқ, буюрмаган! Чунки бу кўр-кўрона ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Қуръондаги мазкур оят устида фикр юритинг: (Эй мўминлар), улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан сизлар Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиган (аммо) Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қурқувга соласизлар. Аллоҳ йўлида ниманики сарф қилсангиз, сизларга тўлиқ, комил қилиб қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас. («Анфол» сураси, 60-оят).

Сизлар кўр-кўрона жиҳодга, болта кўтариб жанг қилишга даъват этасиз. Ўзининг ва бегуноҳ қанча одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлган Дукчи Эшонга ўхшаманг! Зеро, Аллоҳнинг шундай амри бор: «Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни (ўзингиз) халокатга ташламанг. Эҳсон-яхшилик қилинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади. («Бақара» сураси, 195-оят) Шундай экан, аввал душманга қарши қуролингни ҳозирлаб қўй!

Дин йўлида жиҳод неча қисмдан иборат эканини биласанми? Агар унинг бир қисми — кофирларга қарши жанг майдонида жиҳод қилиш бўлса, иккинчиси — нафси амморани ёмон хулқлардан ва поклашдир. Жаноби Расулуллоҳ ушбу иккинчи қисмни «Жиҳоди акбар» (Буюк жиҳод) деб атаган эдилар. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мен «Тил билан жиҳод» ҳам қилдим ва бунинг учун неча бор озодликдан маҳрум этилдим. Мен одамларга дин илмини ўргатдим, улардан қанчасини жаҳолатдан халос қилдим, ёмон хулқларини ўзгартирдим.

Ўйлашимча, сен менинг суҳбатларимда бўлмагансан ва нафсинг ёмон одатларга одатланиб қолган. Афсус, сен билан юзма-юз кўришиб, мунозара қилмаганмиз. Мен сенга жуда ишончли жавоблар берган бўлардим. Нимадан қўрқасан? Сен деворнинг нариги тарафида ҳураётган итга ўхшайсан. Кўзларингни юмгин-да, ўзинг ҳақингда (зарарли одатларинг хусусида) фикр қил. Ўйлайманки, менга чаплаётган ёмон хулқларнинг барини ўзингда кўрасан! Қани, бўл! Агар эр йигит бўлсанг, кўчага чиқиб, одамларни бундай маъносиз ғазотга бошла! Асло бундай «жасорат» сендан содир бўлмайди.

Юқорпида айтганимдек, сен деворнинг нариги тарафидан шовқин соласан. Нодонлигингдан ҳайратга тушаман, зеро сен мантиқсиз нутқларингни, худди Қуръон ўқиётгандай, «Аллоҳ номи билан…», «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки…» деб бошлайсан. Сен мени давлатга содиқликда ва у билан дўстона муносабатларда айбламокдасан. Сизларнинг фитна ва фасодларингиз туфайли ҳалиги мажлисда иштирок этганимда, сен мени ўз фирқангни бошлиғи ситфатида кўрсатма бердинг. Мен уларга «Ваҳҳобий» эмаслигимни ( ҳанафий мазҳабига мансублигимни) далиллаб бердим.

Модомики, давлатни мақтаган эканман, тўғри қилганман! Зеро, давлат, юқорида эслатганимдек, бир пайтлар биздан тортиб олиниб, кофирлар масканига айлантирилган масжидларни қайтадан очди. Жаноби Расулуллоҳ «Мен одил ҳукмдор даврида туғилганман», деб фахланиб гапирардилар. Ғайридин шаънига мақтов айтиш, агар у адолатли бўлса, жоиздир. Хусусан, Шайх Саъдий шундай ёзади:

Гар соҳиби — Нўширвон бўлса,
Бундай даврга шарафлар бўлсин!

Яъни: агар Аллоҳнинг Пайғамбари Нўширавони Одил даври билан ифтихор килган экан, мен ҳам бу давр билан фахрланишим керак.

Энди мен ҳақвимда айтганларинг ва ёзганларинг тўғрисида атрофлича мулоҳаза қил! Сен шундай ёзгансан: «Қуръонни бошидан адоғигача шунчаки ёдлаб, унга чин маънода эътиқод қилмайсан!» Бундай ёзишингга сабаб шуки, сен Қуръондағи ҳалол ва ҳаром ҳамда наҳи мункарни (буйруқлар ва тақиқларни) билмайсан. «Аллоҳдан нафсимиз шарридан ва амалларимиз ёмонлгидан паноҳ тилаймиз».

Сен мени «иймонсиз», дединг. Аммо шуни билки:
Мендай одамни кофирга чиқариш осон эмас,
Менинг иймонидек собит иймон йўқдир!

Расулуллоҳдан ривоят қилинган ушбу ҳадисни эшитганмисан: «мўъмин кишини кофирга чиқарадиган кимсанинг ўзи кофир бўлиб қолади». Мазкур ҳадисга мувофиқ сен ўзинг кофир бўлдинг.

Сен афғон мужоҳидларини «улар ҳақиқий жиҳод қилмоқдалар», деб мақтайсан. Бироқ уларнинг жиҳоди — мусулмонлар масжидларининг бузилиши, намоз ўқийдиганларнинг ўлдирилиши, одамлар молларининг ғорат қилиниши, аёллар ва болаларнинг қатл қилиниши, ғайридинлардан пул ундириш ва биродарларини ўлдиришдан иборатдир. Наҳотки шу муқаддас жиҳод бўлса? Асло унда эмас! Бу муқаддас қадамжоларни вайрон этиш ва муқаддас буюмларни йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Чунончи, Қандаҳорда Расулуллоҳнинг (соллАллоҳу алайҳи васаллам) эски аболари яъни махсус уст кийимлари сақланарди — уни ёқиб юборишди улар! Наҳот шу муқаддас жиҳод? Ҳошо ва калло — Аллоҳ асрасин, йўқ-йўқ! Агар улар мусулмонлар бўлсалар, бу дунёда намуна бўлгулик ҳеч вақо йўқ экан! Нега улар Нажибуллоҳнинг тинчлик сулҳини қабул қилишмайди? Ахир Қуръонда айтилган-ку: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар сулҳга — тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил! Албатта Унинг Ўзи Эшитгувчи, Билгувчидир.

(«Анфол» сураси, 61- оят) Ушбу оятда Пайғамбаримизга ўгит қилинмоқдаки, агар кофирлар сулҳ тузишга рағбат кўрсатсалар, сиз ҳам рағбат билдиринг, деб. Агар ҳатто сиз ҳам Афғонистон аҳлини кофирлар деб эътироф этсангиз, юқорида эслатилган қарор ўзгармасдир! Зеро, Қуръонда шундай дейилади: «Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор, ҳаддан ошувчи бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас» («Бақара» сураси,189 — оят).

Эй, насиҳатгўй! Менга насиҳат қилар экансан, баъзан «Бу ишларингдан тавба қил, охир пушаймон бўласан» ёки «хатоларингни эътироф қил», дейсан, гоҳида «кўп фисқу фасод қилма» деб хитоб қиласан. Гоҳида қиёматда азобга мубтало бўлишимдан хабар бериб, Парвардигорнинг ишига аралашасан.

Энди Сен айт-чи, ўзинг гуноҳлардан мутлақо пок ва маъсуммисан? Илоҳий ваҳий келгандек гўёки сен ўзингни пайғамбар деб биласан. Рўзи маҳшарда одамларнинг иши қандай якун топиши сенга аён бўлдими? Бу даъватларингга ўзинг амал қилганингда яхшироқ бўлур эди. Сен, ғайб илмини даъво қилганинг ҳолда, ўзингни мусулмон ҳисоблайсанми? Ахир Қодири Мухторнинг (Қуръонда) амри бор: «Айт (Эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Осмонлару ерда Аллохдан бошқа бирон кимса ғайбни билмас. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сезмаслар. («Намл» сураси,65-оят). Сен бўлсанг доим мени Аллоҳнинг азоби билан қўрқитасан. Ҳазир бўл; Аллоҳнинг азоби кимга етади — сенгами ёки менга? Қуръонда айтилганку: «…Аллоҳ ўз амрини сизларга, келтиргунча кутиб туринг…» («Тавба» сураси, 24- оят)), деб.

Бошда мен кофирлардан кўп ситам чекдим, бироқ, таассуфки, сен буни билмайсан. Билганингда эди, мени аяган, менга бу қадар бўҳтон қилмаган ва мендан нафратланмаган бўлардинг. Зотан Аллоҳ шундай амр этади: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар, чунки, баъзи гумонлар гунохдир…» («Ҳужурот» сураси, 12-оят). Жаноби Пайғамбаримиз эса «Мўъминлар ҳақида яхши гумонда бўлинг», деб буюрганлар. Бу ҳадисга амал қилганингда ва менинг сўзларимни тўғри тушунганингда, яхшироқ бўларди.

Сени қилмишларинг тушида иблисни кўрган одам воқеасини эслатади. Иблис ҳалиги кишига жуда гўзал кўринибди. У дебдики: «Сен шу қадар гўзал махлукот экансанку. Одамлар, бундан бехабар ҳолда сени ҳаммомлар деворларида жирканч ва қўрқинчли ҳолда тасвирлашади». Иблис жавоб берибди: «Бу менинг тасвирим эмас. Лекин Менинг сувратим душман қўлидаги қалам билан чизилишини сен билмайсанми?!
Дастлаб мен сенга жавоб ёзишни хоҳламагандим, ахир айтилган-ку «Аҳмоқларга сукут билан жавоб беринг», деб. Аммо кейин сукутим «аломати ризо» бўлиб қолмасин, деб ўйладим. Эндиги гапларим мухтасар бўлади ва хотима ўрнида сенга шундай дейман. Сен мени «Қуръоннинг бир неча оятларига иймон келтирмагансан», деб айблайсан. Худди шу сўзларинг билан сен диндан чиқасан. Мен сен ҳақингда тавфиқ тилаб дуо қилмайман. Сен мени «Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлгур», деб дуойи бад қилганинг каби мен ҳам сени «Шу дунёда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлгин, одамлар кўрсин», деб дуойи бад қиламан. Ва Аллоҳ саййидул мурсалин — пайғамбаримизнинг ҳурматидан дуомизни ва орзуларимизни ижобат қилади, деб умид қиламиз.Омин…»
Сўзимни Абдулқодир Бедилнинг ушбу байти билан якунлайман:

Амалинг мукофотидан ғофил бўлиб яшама,
Қўлинг билан қилган ишинг ўз бошингга етар…

Мен Худодан нима тилаган бўлсам ноумид қилмади. Унга муяссар қилди. Аввало Худо Қуръонни тўлиқ ёд олишга муяссар қилди. Кейин илм истадим уни берди. Кейин ҳаж қилишни орзу қилдим унга ҳам муяссар қилди. Энди узоқ умр кўриб яшаяпман. Буни мен истаган эмасдим, бу ҳақда отам дуо қилган эдилар. Мен Раҳматулло Алломадан бошқани дуойи бад қилмадим. Чунки у ҳам сизлар каби адабсизлик қилиб ҳаддан ошган эди. Жувонмарг бўлди . Сизлар ҳақингизда ҳам дуойбадим ижобат бўлишини умид қиламан. Албатта, Аллоҳ интиқом олувчи Ғолибдир. Ва тавфиқ Аллоҳдандир.

Ушбу мақола Б.М. Бобожонов, А.К. Мўминов ва А. Фон Кюгельгенларнинг “Диспуты мусульманских религиозных авторитетов в Центральной Азии в ХХ веке. Алматы «Дайк-Пресс» 2007. китобидан таржима қилинди

05

02
Alisher NAZAR
HINDISTONIY KIM EDI?
021

XX asrning uzluksiz qatog’onlari ne-ne olimu fozillarning umriga zomin bo’ldi. Bu ulug’ zotlarning o’zlari bilan birga ilmiy meroslari ham qatog’on qilindi. Kuydirildi, ko’mildi, suvlarga oqizildi. Ammo bu munavvar siymolarning nomini xalqning yodidan chiqarib tashlashning iloji bo’lmadi. Ana shunday ulug’ zotlardan biri Mavlaviy hoji Hindistoniy hazratlari edi. Ilm ahli bu kishini «Hoji Hindistoniy», «Mavlaviy Hindistoniy», «Hoji domullo», «Hazrati Mavlaviy» singari nomlar bilan e’zozlab tilga oladilar. Zero, bu zot o’z davrining zabardast olimi edi.

Asli ismi Muhammadjon mullo Rustam o’g’li bo’lgan bu alloma 1892 yilda Qo’qon muzofotiga qarashli Chorbog’ qishlog’ida tug’ilgan. Uning ota-onalari ham ilmli, ma’rifatli kishilar bo’lib, farzandlarining yoshlikdanoq ilm olishiga jiddiy e’tibor berishgan. Shuning uchun ham Muhammadjon o’n to’rt yoshida hofizi Qur’on bo’lib yetishgan. Dastlab Qo’qon va Buxoro madrasalarida, keyinchalik Afg’onistonning Balx va Mozori Sharif shaharlarida saboq olgan. So’ngra ulug’ ustozlarining tavsiyalariga binoan Hindistonga safar qiladi va Ajmir shahridagi «Usmoniya» madrasasida yana sakkiz yil ilm o’rganadi. Uning Hindistoniy taxallusini olishi shundan boshlangan. U zot o’z esdaliklarida qayd etadiki: “Men yigirma yil dunyo kezib ilm o’rgandim”.

Shu o’rinda bir gapni aytish kerak. So’nggi yillarda har xil yaltiroq shiorlarni o’zlariga bayroq qilib olgan chalamullalar, guruhlar, to’dalar paydo bo’ldi. So’rishtirib kelsangiz, bu “ulamolar” o’rta maktabni bazo’r tamomlaganlar. Lekin boshqalarga din nomidan gapiradilar, kerak bo’lsa fatvo beradilar. Vaholanki, shz davrida din nomidan minbarga chiqqan bizning ulamolarimiz yigirma yillab ilm o’rganishgan. Muhammadjon Hindistoniy yozadilar: «Men biror kishining savoliga javob bergan bo’lsam yoki biror rivoyatni aytgan bo’lsam, Parvardigor oldida mas’uliyatni to’la his etgan holda aytganman».

Darhaqiqat, Muhammadjon domla uzoq yillar ilm o’rganish uchun xorij yurtlarni kezib chiqdi. Nihoyat, domlani 1929 yil yurt sog’inchi, ota-ona va qarindosh-urug’ diydori yana vatanga qaytardi. Biroq uni vatanda ma’shum taqdirning achchiq sinovlari kutib turgan edi. Chunki bu payt — yurtda “yilt” etgan nur borki, so’ndirilayotgan rutubatli kunlar edi. Tabiiyki, Muhammadjon domla ham sho’ro ayg’oqchilarining e’tiboridan chetda qolmadi. Toshday qattiq kunlarning birida uni sho’ro mahkamasiga olib borishdi. “Sen sinfiy dushmansan! Ruhoniy mullosan!», deyishdi. Ilmu irfonda benazr, jild-jild kitoblarni deyarli yoddan biladigan zot kimga “sinfiy dushman” ekanini bilmay hayron edi. Lekin nachora, Muhammadjon domlani bir yilga ozodlikdan mahrum qildilar.

Muhammadjon domla 1933 yili qamoqdan qaytgach, fitnalardan yiroq bo’lish uchun tez-tez yashash joyini o’zgartirib turishga majbur bo’ldi. Domla Toshkent viloyatining Ohangaron tumaniga qarashli Ablig’ qishlog’iga ko’chib keldi. Biroq sho’ro soqchilari hamma joyda ziyrak edi. “Bunaqa dindor, xurofotchi odamlarga bizning oramizda joy yo’q!” deyishib, mavjud partiya jonkuyarlari domlani qishloqdan chiqarib yuborishdi. Muhammadjon domla tavakkal qilib Toshkent shahar tasarrufidagi “Oq yo’l” kolxoziga ko’chib kelib, kassirlik qila boshladi. Ammo bu ish ham uzoqqa cho’zilmadi. Domla ilmu salohiyati ortidan yana to’zoqqa tushdi. Unga bu safar «xorijiy davlatlarda o’qigan» degan ayb qo’yildi va uch yilga ozodlikdan mahrum qilishdi. Bu safar u Rossiyaning Sverdlovsk viloyatidagi mahbuslar lagerida qarag’ay kesishga mahkum bo’ldi.

Bu orada Ikkinchi jahon urushi boshlandi. Navbatdagi jazo muddatini o’tab qaytgan Muhammadjon domla endi urushga safarbar etildi. U 1942 yili urushda qattiq jarohatlangach, Rossiyaning sovuq mehnat lagerlaridan biriga yuborildi va bu ma’shum joylarda 1946 yilgacha qolib ketdi.

Urushdan keyingi yillarda diniy e’tiqod masalasida biroz yumshoq siyosat boshlangandek bo’ldi. Unda-munda masjidlar ham ochilgandek edi. O’sha paytlar O’rta Osiyo va Qozog’iston musulmonlari diniy idorasi Toshkentda joylashgan bo’lib, butun mintaqada diniy ishlar shu yerdan boshqarilardi.

Bir kuni Muhammadjon domla idoraning muftiysi Eshon Boboxonovga ish so’rab murojaat qiladi. U kishi domlaning ilmu odobini obdon sinovdan o’tkazgach, ish yuritish uchun Tojikistonga yuborishini aytadilar. Muhammadjon domla ikkilanmay rozi bo’ladi. Domla Tojikistonga borgach, yashashga uy-joyi bo’lmaganidan Mavlono Ya’qub Charxiy qabristonidagi masjidda yashay boshladilar. Ammo shum qatog’on bu yerga ham domlani izlab kelgan edi.

Muhammadjon domlaning hayoti va ilmiy faoliyatini o’qir ekansiz, beixtiyor yoqa ushlaysiz: nima, sho’rolarning bu kishini ta’qib qilishdan boshqa ishi yo’qmidi? Ammo o’sha davr voqeligiga nazar tashlar ekansiz, ha, sho’rolarning Muhammadjon domla va domlaga o’xshagan zotlarni ta’qib etishdan-da muhimroq ishi yo’q edi. Chunki millatning uyg’onishi, milliy tarixning tilga kirishi hukmron mafkuraning soxta qiyofasini fosh etib qo’yishi mumkin edi. Nima bo’lsa bo’lsin, millat o’z dini va tarixini bilmasa bo’ldi. Ana shundagina bunday xalqni mutelikda ushlab tursa bo’ladi. Aks holda… Ana shu jihati bilan mamlakatning ichidagi intelektual salohiyatli kishilar tashqi dushmandan yuz chandon xatarli edi. Shuning uchun ularni mutassil qatog’on qilib turish kerak edi.

Shunday qilib, Muhammadjon domla 1949 yilda “mavjud siyosiy tuzumga qarshi” degan ayb bilan yigirma besh yilga ozodlikdan mahrum etildi. Bu safar uni Qozog’istondagi mehnat lagerlaridan biriga jo’natishdi. Umrining teng yarmini ilm o’rganishga sarflagan, mumtoz adabiyot, tarix, fiqh va aqida ilmlarida tengsiz alloma yana inson zoti chidab bo’lmas og’ir mehnatlarga majbur etildi. Biroq bu safar domla shunchaki bo’yin egmadi. U Moskvaga tinimsiz arizalar yozdi. Natijada domlaning barcha ilmiy, ijodiy faoliyati taftish etilib, to’rt yilu uch oy deganda ozodlikka chiqarildi.

Muhammadjon domla navbatdagi surgundan qaytib Tojikiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining qo’lyozmalar bo’limida tarjimon bo’lib ishlay boshladi. Domla ana shu bo’limda ikki yil arab tilidagi kitoblarni fors va o’zbek tillariga o’girish bilan mashg’ul bo’ldi. Xususan, shu yillarda u Zamaxshariyning «Navobig’ul kalim» hamda «Maqomoti Zamaxshariy» asarlarini arab tilidan fors tiliga, Imom Barzanjiyning «Mavludun nabiy» asarini o’zbek tiliga, Imom Busiriyning «Qasidai Burda» asarini fors tiliga, arab shoiri Farazdaqning Imom Zaynul Obidinga bag’ishlangan qasidasini o’zbek tiliga tarjima qildi.

Biroq tinimsiz ta’qib va taziyqlar, mehnat lagerlaridagi og’ir hayot, mash’um urush balolari asta-sekin o’z asoratlarini namoyon eta boshlagan edi. Domlaning ko’zlari xiralashib qoldi. Shifokorlar u kishiga mutassil kitob bilan shug’ullanish zararli deb tashxis qo’ydilar. Shundan so’ng domla endilikda to’plagan ilmini boshqalarga berish mavridi kelganini anglab, bir qancha kitoblar tasnif etishga muvaffaq bo’ldi. Jumladan, domla Qur’oni karimning ma’naviy tarjimasi — «Bayonul Furqon fi tarjimatil Qur’on» kitobini tasnif etdi. Bu muborak kitob O’zbekiston Fanlar Akademiyasi ilmiy xodimi, zahmatkash olim Sayfiddin Rafiddinov tomonidan 2006 yilda nashrga tayyorlanib “Movarounnahr” nashriyotida chop etildi. Bobomiz Imom Buxoriyning “Al-jomi’ as- sahih” hadislar to’plamini, Burhoniddin Marg’inoniyning “Hidoya”, Imom A’zamning «Fiqhi akbar», Abdurahmon Jomiyning “Sharhi Mullo”, Muhammad Fazlul- imom Xayriobodiyning “Mirqotul-mantiq” asarlarini sharh qildilar. «Usuli Shoshiy», «Nurul anvor» va «Muxtasari maoniy» kabi asarlarni o’zbek va fors tillariga tarjima qildi. Ayniqsa, domlaning Abdulqodir Bedil g’azallari sharhi tahsinga sazovor bo’ldi. Bundan tashqari, Muhammadjon domlaning ilmiy ma’ruzalari yuzlab magnit tasmalariga shogirdlari tomonidan yozib olindi. Bu ma’ruza va suhbatlar, tafsir, hadis, fiqh, islom tarixi, tasavvuf, adabiyot va odob-axloq haqidadir.

Domla Muhammadjon Hindistoniy hazratlarining ilmu ma’rifatga qo’shgan hissasidan tashqari, yana bir muhim xizmatlari bor. U kishi bizning bugungi davrimizda sodir bo’layotgan ayrim muammolarni bundan 25-30 yillar avval aytgan va buning oldini olishga bel bog’lagan zotlardan biri edi.

Ma’lumki, dunyo miqyosida diniy terrorizm, ekstremizm degan atamalar o’tgan asrning 80-yillarida paydo bo’la boshlagan edi. Aynan shu yillarda Yaqin Sharq va Shimoliy Afrika davlatlarida bir qancha qurolli xurujlar ham amalga oshirildi. Misr, Iordaniya va Suriya singari mamlakatlarda jangari diniy g’oyalar bilan zaharlangan guruhlar turli xil iddaolar bilan chiqib, bu g’alayonlar natijasida yuzlab begunoh insonlar nobud bo’ldi. Eng yomoni, bunday zararli g’oyalar muqaddas islom dini nomi bilan bog’lanib, boshqa musulmon o’lkalarga ham “eksport” qilina boshlandi. Ming afsuski, bu g’oyalar bizning o’lkalarga ham allaqachon yetib kelgan va hatto, ayrim hissiyotli kishilarni “tuzoq”qa tushirib ham bo’lgan edi. Mana shu xavfni vaqtida sezgan Muhammadjon domla bunday oqimlarni, firqalarni keskin qoralay boshladi. Eng muhimi, bunday oqimlarning bayroq qilib olgan g’oyalaridagi fiqihiy, aqidaviy xatolarini ilmiy asosda fosh etishga kirishdi. Natijada, Muhammadjon domlaga qarshi bo’lgan guruhlar paydo bo’ldi. Ular domlani goh aqldan ozganlikda, goh hukumat bilan murosasozlikda ayblay boshladilar. Hatto ular shu darajada adabsizlikka borishdiki, domlani “ustiga Qur’on ortilgan eshak” deyishdi. Butun umrini ilm ustida o’tkazayotgan allomani “johil”, “kofir” deyishgacha bordi. Alam qiladigani shuki, Muhammadjon domlani bu qadar haqoratlayotgan va malomat qilayotgan bu kimsalarning bari bir vaqtlar domladan ilm o’rgangan “shogirdlar” edi.

O’sha vaqtlarda bu noqobil shogirdlar domlani tinimsiz “jihod” qilishga undardi. Dinu diyonatni o’rtaga qo’yib, ayrim mamlakatlardagi voqealarni domlaga o’rnak qilib ko’rsatardi. Uni Alloh taoloning eng muhim farzlaridan birini ado etmayotganlikda ayblardi. Vaholanki, bu tashviqotlar sirtdan qaraganda jo’yaliroqdek ko’rinsada, ammo uning zamirida dinni, iymonni himoya qilish emas, aksincha, ayrim guruhlarning manfaatlari yashiringan edi. Maqsad domlaning xalq ichidagi obru-e’tiboridan, nufuzidan foydalanib o’z rejalarini amalga oshirish edi. Muhammadjon domla ana shu yaltiroq chaqiriqlarning ortidagi bu manfur rejalarni basirat ko’zi bilan allaqachon anglab yetgandi. Shuning uchun ham domla yo’ldan ozgan bu “shogirdlar”ning aqidasini to’g’rilash yo’lida ko’p aziyat chekdi, malomatlarga qoldi.

Muhammadjon domla ana shunday noqobil shogirdlaridan biriga maktub yo’llab, (bu maktub hamon saqlanmoqda) unda shunday yozadilar: “Sen afg’on mujohidlarini “ular haqiqiy jihod qilmoqdalar”, deb maqtaysan. Biroq ularning jihodi — musulmonlar masjidlarining buzilishi, namoz o’qiydiganlarning o’ldirilishi, odamlar mollarining g’orat qilinishi, ayollar va bolalarning qatl qilinishi, g’ayridinlardan pul undirish va birodarlarini o’ldirishdan iboratdir. Nahotki shu muqaddas jihod bo’lsa? Aslo unda emas! Bu muqaddas qadamjolarni vayron etish va muqaddas buyumlarni yo’q qilishdan boshqa narsa emas. Chunonchi, Qandahorda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning eski abolari, ya’ni, maxsus ust kiyimlari saqlanardi — uni yoqib yuborishdi ular! Nahot shu muqaddas jihod? Hosho va kallo — Alloh asrasin, yo’q-yo’q! Agar ular musulmonlar bo’lsalar, bu dunyoda namuna bo’lgulik hech vaqo yo’q ekan!”

O’tgan asrning oshkoralik yillariga kelib, Markaziy Osiyodagi radikal guruhlar faoliyati yana-da jonlanib ketdi. Xorijdagi ayrim siyosiy guruhlar mintaqadagi boshboshdoqlikdan unumli foydalanib qolish uchun hech narsani ayamayotgan edi. Ana shunday bir vaziyatda Muhammadjon domla tasnif etayotgan kitoblarida, ma’ruzalarida kishilarga “har qanday muvaffaqiyat sabr va shukr qilish ne’mati bilan barqaror bo’lishini” bot-bot takrorlar edi. Bundan g’azablangan to’dalar domlani “shrik”da ayblab chiqishdi. Bu ayblovga qarshi Muhammadjon domla yuqoridagi maktubda shunday jumlalarni yozadi: “Bilgilki, biz masjidlarimiz dahriylar maskaniga aylangan, oshkora namoz o’qib bo’lmaydigan zamonlarni ko’rdik. Bundan hatto marhumlar ham aziyat chekishdi. Chunki hech kim, hatto imom ham ularga janoza o’qiy olmasdi. Janoza o’qishga jur’at etgan imom ertasigayoq qamoqqa olinishi mumkin edi. Endilikda yaratgan Egam odamlarning ahvolini o’zgartirgan. Hamma hadiksiramay masjidga boradi, jamoat bo’lib namoz o’qiydi. Bu Allohning marhamati emasmi? Sen esa bizning shu kunlarga yetganimiz uchun “Allohga shukr!” deyishimizni ham aybga sanaysan. Sen u zamonlarni ko’rmagansan, tug’ilmagan bo’lsang ham ehtimol. Va yana behayoliging va aqlsizligingga borib, davlatga rahmat aytishni, bu kunlar uchun shukr qilishni “shirk” deb bilasan. Seningcha, bular Allohning marhamati emasmi? “Yaxshilik ham, yomonlik ham Allohdan” ekaniga ishonmaysanmi? Shuncha balolarni boshdan kechirdimki, hozirgi kunim uchun Parvardigorga har qancha shukr qilsam oz”.

Domlaning mazkur tanbehlarini o’qir ekansiz, beixtiyor bu gaplar bizning davrimiz uchun aytib ketilgandek tuyuladi. Zero, hozirda ham bilib-bilmay kimlarningdir “tegrmoniga suv quyib” yurgan kishilar yo’q emas. O’zlarini “allomai zamon” chog’lab, boshqalarni yoppasiga kufrda, kofirlikda ayblab yurganlardan ham ko’z yumolmaymiz. Ammo bunday kimsalarga bir haqiqatni aytishimiz mumkin: Muhammadjon domlaga, ya’ni, ustoziga behurmatlik qilgan, u kishini zamonasiga shukr qilgani uchun shirkda ayblagan, kuch bilan, qurol bilan mamlakatni musulmonobodga aylantirib tashlamoqchi bo’lgan “shogirdlar”ning aksariyati hozirda yo’q. Chunki Muhammadjon domla ularning sa’i-harakatlarini ko’rib, bu ishlari ortidan yaqin kelajakda juvonmarg bo’lishlarini karomat qilgan edilar. Xuddi shunday bo’ldi. Bu achchiq tarix har birimizga ibrat bo’lishi kerak.

Darhaqiqat, Muhammadjon Hindistoniy domla 1989 yil 97 yoshlarida olamdan ko’z yumdilar. Domlaning sodiq shogirdlaridan biri bu kunlarni shunday eslaydi: “Domla bizni bir umrga tark etishlaridan ikki kun oldin aytdilarki, “Shu oqshom Mavlono Ya’qubi Charxiyni tush ko’ribman. Mavlono taxti ravon ustida yurib, oldimga kelib dedilar: «Ey Mavlaviyi Qo’qandiy, taxt ustiga chiq, birga gulistonga sayrga chiqamiz. Azizlarim, xayolimda u dunyo sari safar qilayotgandayman. Agar qo’llaringdan kelsa, mani shu buzurgvorning yonlariga dafn qilinglar va qabrim boshiga mana bu ruboiyni yozib qo’yinglar:

Birodarlar, Xudo uchun qabrimni ziyorat eting,
Mening nochor holimga rahmat ila nazar qiling.
Yashnagan hayotning oxiri nadomatdir,
Xudoni doim eslangu g’aflatdan hazar qiling”.

Bu aziz zot o’zi istaganidek Mavlono Ya’qubi Charxiy mozoriga dafn etildilar. O’ylaymizki, shubhasiz 20-asrning yutuk allomalaridan biri bo’lgan Muhammadjon Hindistoniy domlaning ilmiy-ijodiy faoliyati tadqiqotchilarimiz tomonidan hali ko’p o’rganiladi.

02
Sayfiddin SAYFULLOH
MAVLAVIY HINDISTONIY
021

HAYOT YO’LI

07Shayx Muhammadjon mullo Rustam o’g’li (Mavlaviy hoji Hindistoniy) 1310 hijriy — 1892 milodiy yilda Qo’qon muzofotiga qarashli Xoja Muhammad Valiy qabristoniga yaqin Chorbog’ qishlog’ida tug’ilgan. Uning ota-onalari ham ilmli, ma’rifatli kishilar bo’lib, farzandlarining yoshlikdanoq ilm olishiga jiddiy e’tibor berishgan.
O’n to’rt yoshda savodxon va hofizi Qur’on bo’lib yetishgan Muhammadjonning qobiliyati va ilmga ishtiyoqi baland bo’lgan. Shu bois u Qo’qon va Buxoro madrasalarida, so’ngra Balx va Mozori Sharifda ustozlardan saboq oladi. So’ngra ulug’ ustozlaridan biri bo’lgan Qozi Mirmuhammad domlaning tavsiyalari bilan ilmini davom ettirish uchun Hindistonga safar qiladi. Bu mamlakatning Ajmir shahridagi «Usmoniya» madrasasida yana sakkiz yil o’qib, xatmi kutub qiladi.

Ilm talabida, izlanishda bo’lib, o’n besh yil ota-onalari bilan ko’risholmaydilar. Hindistonda o’qib yurgan kezlari ittifoqo poezdda haj safariga yo’l olgan otalari bilan uchrashib qoladilar va haj ziyoratida u kishiga hamrohlik qiladilar. Ota-bola birgalikda bu ulug’ ibodatni to’kis ado etganlarida, taqdir ekan, otalari Hijozda vafot etadi. Padari buzrukvoridan ajrab kolgan Muhammadjon Hindistonga qaytadi va yana bir yil ilm o’qib, madrasani tamomlaydi. So’ngra otasining vasiyatiga binoan volidasini ziyorat qilish uchun ona yurti Qo’konga qarab ravona bo’ladi. Ne-ne mashakqatlar bilan Qo’qondagi hovlisiga kelsa, onalari ham dunyodan o’tgan ekan. Keyinchalik bu vokeani eslab: «Man volidamdan o’n yetti yoshda judo bo’lg’on ekanman. Shundan keyin man ko’rolmadim, man kelg’onimga pushaymon yedim. Dilimda volidamg’a xizmat qilolmag’onligimning hasrati to Qiyomat qoldi. Bu joyda go’yo musofirga o’xshab qoldim», — deb afsus-nadomat chekadi.

Hindistonda o’qib kelganligi va zabardast olim bo’lgani uchun domlani «Hoji Hindistoniy», «Mavlaviy Hindistoniy», «Hoji domullo», «Hazrati Mavlaviy» nomlari bilan hurmatlashadi. Qo’qonda tug’ilganliklari uchun u kishiga Qo’qondiy nisbasi ham berilgan. Uning yurtiga qaytib kelgandan keyingi hayoti murakkab bir vaziyatda o’tadi. Domla o’ttiz besh yoshlarga kirib qolgan milodiy 1929 yil bo’lib, mamlakatda ocharchilik boshlangan, dindorlarga zug’um o’tkazilayotgan bir davr edi. U kishi shunday bir sharoitda 1928 yildan 1946 yilga kadar O’zbekiston hududida, undan keyin esa umrining oxiri 1989 yilga qadar Dushanbe shahrida istiqomat kilgan.

1929 yilda ikki bolali bir beva ayolga uylangan. Undan keyin tashvishli kunlari boshlanadi. 1942 yili urushg’a ketguniga qadar «ruhoniy mullo», «xorijiy davlatlarda o’kigan» kabi ayblovlar bilan ikki marta qamalib chiqadi. Jon saqlash va fitnalardan yiroq bo’lish maqsadida ahli ayollari bilan tez-tez boshqa joylarga ko’chib turadi. 1942 yili urushda qatnashib, jarohatlangach, mehnat lageriga xizmatga yuboriladi. 1946 yilda urushdan nogiron bo’lib Qo’konga qaytib keladi. Qama-kamalar va urush sababli Qozog’iston, Belorusiya va Rossiyaning bir necha shaharlarida bo’ladi.

Urushdan keyin dinga bir oz erkinlik berilib, masjidlar ochilgandek edi. O’sha paytlar O’rta Osiyo va Qozog’iston musulmonlari diniy idorasi Toshkentda joylashgan bo’lib, butun mintaqada diniy ishlar shu yerdan boshqarilar edi. Muhammadjon domla 1946 yili shu idoraning muftiysi Eshon Boboxonovga ish so’rab murojaat etganida u kishini xizmat qilish uchun Tojikistonga yuborishadi. Domlaning yashashga uy-joyi bo’lmagani uchun Tojikiston qozisi u kishini Mavlono Charxiy mazorotiga mutavalliy vazifasiga jo’natadi. Tojikistondagi hayoti shu tariqa boshlangach, domlani 1949 yili Xoja Ya’qub masjidiga imomlikka o’tkazishadi. Lekin bu yerda ham yigirma besh yilga qamashadi. Allohning irodasi ekan, Moskvaga arz etib, to’rt yilu uch oyda ozodlikka chiqadilar.

1954-1955 yillarda Tojikiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining qo’lyozmalar bo’limida ishlab, arab tilidagi kitoblarni fors tiliga o’girish bilan mashg’ul bo’ladi. Aynan ana shu yillardan keyin domlaning hayotida bir oz erkinlik boshlanadi. U zot umrining oxiriga qadar yuzlab o’zbek, tojik, qirg’iz va boshqa millat vakillariga diniy ilmlarning deyarli barcha sohalaridan, mantiq, adabiyot va she’rshunoslik ilmlaridan saboq bergan. O’zbekiston, Tojikiston, Qirg’iziston va boshqa respublikalardan olimlar va shoirlar u kishining ziyoratiga borib, suhbatlaridan bahramand bo’lishgan. Domla to’qson yetti yoshga kirib ham shogirdlariga dars berishni, ilm-ijod bilan shug’ullanishni kanda qilmagan. U kishi ilmdagi har bir masalaga jiddiy yondashgan: «Men biror kishi savoliga javob bergan bo’lsam, yoki biror rivoyatni aytgan bo’lsam, Parvardigor oldida mas’uliyatni to’la his etgan holda aytganman», — deb ta’kidlar ekan domla.

Yana bir muhim masala — domla musulmonlarning har xil oqimlarga, tafriqa bo’linishlariga keskin qarshilik qilgan. Yurtimizda ahli sunnat val-jamoat aqidasi, Imom A’zam mazhabi, Naqshbandiya tariqati poydor bo’lishi uchun bor ilmi va kuch-quvvatini sarflagan. Bugungi kunda u kishining shogirdlari ham ustoz izidan borib, diniy barqarorlik va osoyishtalikni ta’minlashga xizmat qilmoqdalar.

Shogirdlaridan boshqa oqimlarga kirib ketganlarni ayovsiz tanqid qilgan hatto «oq» qilganlari ham bo’lgan. “Men Rahmatullo Allomadan boshqani duoyi bad qilmadim. Chunki u ham sizlar kabi adabsizlik qilib haddan oshgan edi. Juvonmarg bo’ldi”, deydilar bir munozara maktublarida. Shogirdalaridan anchagina ilmga ega bo’lgan va vahhobiylik yo’lini tutgan Abduvali Qori degan kishi xaqida ham og’ir gaplar aytgani, hatto undan “voz kechgan”i haqidagi suhbat maxsus diskda yozib olingan. Domlaning qolgan shogirdlari esa bugungi kunda vahxobiylik va boshqa oqimlarga qarshi kurashib, ahli sunnat va jamoat e’tiqodini himoya qilib kelmoqdalar. Bunga O’zbekiston va boshqa respublikalarda bosh imom bo’lib kelayotgan o’nlab faol shogirdlarini misol qilib keltirish mumkin. Hindistoniyning «vahxobiylar» bilan qilgan munozaralaridan, magnitafon tasmasi va diskdagi ma’ruzalaridan ma’lum bo’ladiki, Domla sovet davrida, aniqrog’i 1970-1990 yillarda shakllanib kelayotgan «vahxobiylar» toifasiga qarshi kurashgan, ularning yo’li noto’g’ri ekanini ilmiy isbotlab bergan va yurtimizda tinchlik, osoyishtalik uchun jonini fido qilgan. Domlaning vahhobiylar bilan kilgan munozarasiga guvoh bo’lganlarning bir qismi hali tirik. Mana shu guvohlar va domlaning shogirdlari bilan suhbat qilish hamda u kishining magnit tasmasida yozib olingan ma’ruzalarini eshitish orqali Domla faoliyatiga to’g’ri baho berish mumkin. Chunki, qo’shni respublika va ba’zi xorijlik olimlarning maqolalarida domla haqida taxminiy va chalkash ma’lumotlar ko’zga tashlanadi.

Ba’zilar domlaning shogirdlari ichida vahhobiylik yo’lini tanlab ketganlari bo’lgani uchun asossiz u kishini malomat qiladilar. Aslida bunday tanqid to’g’ri emas. Domla hech qachon ularni «vahhobiy bo’l», degan emas. Aksincha, ularni malomat qilib, ulardan voz kechgani ayni haqiqatku?! Marhamat, bu haqda u kishining magnit tasmasiga yozilgan ma’ruzalarini eshitib ko’ring, shunda o’zingiz ham tegishli xulsa chiqarasiz. Qolaversa, tarixga nazar tashlang.

Ma’lumki, Hazrat payg’ambar alayhissalom davrida ham u kishiga bay’at qilib, iymon keltirib aynib ketgan kishilar ko’p bo’lgan. Ular orasida payg’ambar alayhissalom yonida va xonadonida yurganlar ham bo’lgan. Hatto vahiy kotibi bo’lgan bir odamning dindan chiqib ketgani ma’lum. Ulug’ din peshvolari, mazhab imomlari va taniqli ulamolarning ham shogirdlari ichida aynib, chizig’dan chiqib ketganlariga ko’plab misollar keltirish mumkin. Inson murakkab xilqat. Ularni bir qolipda ushlab turishning iloji yo’q. Zero har bir insonning boshqasiga aslo o’xshamagan o’ziga xos fitrati, fe’l va atvori bo’ladi. Ba’zan o’z farzandingizni boshqarolmay qolasiz. Vaholanki, domla yuzlab shogirdlarini hanafiy mazhab va moturidiya e’tiqodida tarbiyat qilib yetishtirganlar.

Bugungi kunda islom niqobi ostidagi noo’rin «jihod»lardan tashvish chekyapmiz. Chunki, «jihod» degan tushunchani noto’g’ri talqin qilganlar bor. Ammo e’tibor bersak, Hindistoniy Domla o’sha paytlardayoq dunyodagi ma’nosiz jihodlarni, jumladan, Afg’onistondagi urushni ham qattiq tanqid qilgan. U zot bu borada bir vahhobiy bilan qilgan munozarasida shunday deydi: «Sen afg’on mujohidlarini «ular haqiqiy jihod qilmoqdalar», deb maqtaysan. Birok ularning jihodi — musulmonlar masjidlarining buzilishi, namoz o’qiydiganlarning o’ldirilishi, odamlar mollarining g’orat qilinishi, ayollar va bolalarning qatl qilinishi, g’ayridinlardan pul undirish va birodarlarini o’ldirishdan iboratdir. Nahotki shu muqaddas jihod bo’lsa? Aslo unda emas! Bu muqaddas qadamjolarni vayron etish va muqaddas buyumlarni yo’q qilishdan boshqa narsa emas. Chunonchi, Qandahorda Rasulullohning (sollallohu alayhi vasallam) eski abolari, ya’ni maxsus ust kiyimlari saqlanardi — uni yoqib yuborishdi ular! Nahot shu muqaddas jihod? Hosho va kallo — Alloh asrasin, yo’q-yo’q! Agar ular musulmonlar bo’lsalar, bu dunyoda namuna bo’lgulik hech vaqo yo’q ekan!

Domla Imomi A’zam mazhabi va naqshbandiya tariqatiga mansub talaba sifatida Xorij madrasalarida o’qib yurgan kezlari zamonasining ulug’ qutblaridan Mullo Faqir degan naqshbandiy shayxiga murid bo’lib, u zotdan olgan zikr vazifalarini ado etib yurgan. Keyinchalik domla o’z xotiralarida ustozini ehtirom bilan tilga olib, ajib holatlari va karomotlari haqida hikoya qilib bergan . U zotdan so’ng domla Dushanbeda yashagan kezlari O’rta Osiyoda mashhur va ma’lum bo’lgan ulug’ valiy, naqshbandiy shayxi Abdurrahmonjon Eshon alayhirrahma hazratlariga qo’l beradi ya’ni tariqatda shogirdlari bo’ladi. qiladi. Bu ikki ulug’ zot, ya’ni pir va murid o’rtasida g’oyat samimiy munosabat, Alloh rizoligi uchun mehr-muhabbat va sadoqat rishtalari bog’lanadi.

Domlaning dushanbelik shogirdlaridan hoji Ismoil Pirmuhammadzoda ustozi haqidagi xotiralarida shunday deydi: «…Sahar chog’i edi. Umrning so’nggi soatlari yaqinlashardi. Bizni bir umrga tark etishdan ikki kun oldin ustoz dedilar:
— Shu oqshom Mavlono Ya’qubi Charxiyni tush ko’ribman. Mavlono taxti ravon ustida yurib, oldimga kelib dedilar: «Ey Mavlaviyi Qo’qandiy, taxt ustiga chiq, birga gulistonga sayrga chiqamiz…». Bir lahza xomushlikdan so’ng ustoz dedilar:
— Azizlarim! Xayolimda u dunyo sari safar qilayotgandayman. Agar qo’llaringdan kelsa, mani shu buzurgvorning yonlariga dafn qilinglar va qabrim boshiga mana bu ruboiyni yozib qo’yinglar!

Barodaron, Xudoro, ba xokam guzar kuned,
Ba holi tabohi man ba rahmat nazar kuned!
Nash’unamoi zindagi oxir nadomat ast,
Yode az Xudo kunedu zi g’aflat hazar kuned.

Mazmuni:

Birodarlar, Xudouchun qabrimni ziyorat eting,
Mening nochor holimga rahmat ila nazar qiling.
Yashnagan hayotning oxiri nadomatdir,
Xudoni doim eslangu gaflatdan hazar qiling.

Ustozning aytganlaricha bo’ldi…» .

Vafotlaridan sal oldin, ya’ni, «1989 yil oxirlari — noyabrda alloma inson — Hoji Muhammadjon Qo’qondiy (Hindistoniy) hazratlarining yuz yoshga yaqinlashayotganlari munosabati bilan butun Markaziy Osiyoda tantanali nishonlash uchun har taraflama tayyorgarlik ishlari davom etardi. Afsuski, anjumanga sanoqli kunlar qolganda hazrat olamdan ko’z yumdilar. Aytishlariga qaraganda, u kishi bilan vidolashuvga ikki yuz ming nafardan ziyod kishilar kelishgan. Ustoz alloma Dushanbe yaqinidagi Mavlono Ya’qubi Charxiy mozoriga dafn etildilar».

Hindistoniy domlaning hayot va ijodi bilan bugungi kunda bir qancha xorijlik olimlar qiziqishmoqda va tadqiqotlar olib borishmoqda. Internet saytlarida ham ingliz, nemis, tojik rus va boshqa tillarida ko’plab maqolalar e’lon qilinmoqda. Jumladan: 2002 yilda WWW.septrasia.ru saytida jurnalist Neonilla Yampolskayaning Peterburg arxivida saqlanayotgan Markaziy Osiyoga doir diniy-ilmiy qo’lyozmalar haqida peterburglik sharqshunos, RAN sharqshunoslik institutining Sank-Peterpurgdagi filiali direktori, tarix fanlari doktori Yefim Rezvan bilan suhbat e’lon qilingan. Suhbat chogida Mavlaviy Hindistoniyning diniy-ma’rifiy, madaniy merosi xaqida ham so’z borgan. Sharqshunos olim U kishining hayot yo’li va ijodiy faoliyatiga ob’ektiv baho berarkan, Hindistoniy hozirgi kunda muqaddas dinimiz aqidalari va Kur’on oyatlarini noto’g’ri talqin qilib keng jamoatchilik fikrini chalg’itayotgan vahhobiylik oqimi harakatlarini ilk bor aniqlagan va ularga qarshi kurashga birinchilardan bo’lib bel bog’laganligini e’tirof etgan. Quyida ushbu maqolaning aynai Hindistoniy domlaga tegishili bo’lgan qismi tarjima qilindi.

— … Peterburgdagi Sharq qo’lyozmalari va peterburglik sharqshunoslarning diniy masalalardagi ilmiy ishlari aynan shu yerda saqlanadi. Bular orasida e’tiborga molik jiddiy loyihalardan biri Hindistoniy merosi bilan bog’liq.
— O’ylaymanki, bu inson haqida hamma ham bilavermaydi. Demak, Hindistoniy haqida to’xtalib o’tsangiz?
— Hindistoniy Farg’ona vodiysi va Tojikistonda katta mavqega ega bo’lgan hanafiy mazhabidagi yirik ulamolardan biri edi. Uning haqiqiy ismi sharifi — Muhammadjon Rustamov. U 1892 yili Qo’qon atrofidagi qishloqlarning birida tug’ilgan. Dastavval, Buxoroda, keyinchalik Kashmirdagi madrasada tahsil oladi. Aynan shu yerda urdu va hindi tillarini o’zlashtirdi. 1928 yili Hindistoniy domla haj kilib, bir yildan so’ng ona yurtiga qaytadi. Qatog’on yillarida, 1933 yildan boshlab u uch marta hibsga olingan. Salkam 8 yillik umri surgunda o’tgan. Ikkinchi jahon urushida qatnashib, Belarussiyaning Minsk shahri ostonasida bo’lib o’tgan janglarning birida jarohatlanadi. Uyga qaytgandan so’ng 50 yillar o’rtasi va umrining oxiriga qadar u Dushanbe shahridagi Mavlono Charxiy masjidida imomlik kilgan. Qazosi yetgach o’sha hududga dafn etilgan.
Taxminan 50-yillar oxirida Hindistoniy bir nechta musulmon yoshlari guruhiga saboq bera boshlaydi. Uning norasmiy maktabida tahsil olishni istovchilar soni kun sayin ortib borgan. Hindistoniy juda ko’plab diniy asarlarga sharhlar yozgan. Biroq uning eng salmoqli ishi o’zbek tilidagi olti jilddan iborat Qur’oni karimning tafsiri bo’lgan. Hindistoniy ushbu kitob «talaba yoshlar va bu muqaddas kitobni tushunishda kiyinchilikka uchrayotgan oddiy kishilar uchun yozdim», deb ta’kidlaganlar. Shuningdek, (Hindistoniy domla bu kitobni) 1966 yilda Misrda qatl qilingan Sayyid Qutbning islom radikallari orasida keng tarqalgan «Qur’on soyasi ostida» («Pod sen`yu Korana») nomli kitobdagi mavjud aqidalarga qarshi javob tarzida yozilgan. Qolaversa, Hindistoniyning boshqa o’zbek va tojik tilidagi tarjima, tafsir va badiiy-tarbiyaviy ahamiyatga ega asarlari ham saqlanib qolgan. Bularning orasida audio va video yozuvlar orqali qilgan ma’ruzalari, talaba yoshlar bilan qilgan suhbat hamda bahs-munozaralari hozir ham ko’pchilikning qiziqishini uyg’otishi shubhasiz.

Umrining so’ngi yillarida Hindistoniy Markaziy Osiyo musulmonlari orasida yuz berayotgan parokandalikdan qattiq tashvishga tushadi. Hindistoniyning fikricha, buning sababi endigina mintaqaga kirib kelayotgan vahhobiylik oqimining targ’ib-tashviq qilina boshlanganligi tufayli yuz berayotgan edi. Shu bois, u o’zining sobiq shogirdlari bilan bu borada tez-tez bahslashib turadi. U Qur’oni Karimdagi ayrim oyatlarning shifobaxshligini va mayyitlar ruhiga Qur’on o’qishning savobi yetmaydi deyuvchilarni, avliyolar ziyoratini inkor qiluvchilarni va shunga o’xshash e’tiqodli kishilarni qattiq tanqid qiladi. Ya’ni mavjud ahli sunnat val jamoat e’tiqodini himoya qiladi.

Hindistoniy raqiblarining siyosiy qiziqishlarini umuman hazm qila olmasdi. Ayniqsa, «kichik jixod»ga o’xshash qarashlarga (jumladan, Chor Rossiyasi davridagi Do’kchi Eshon qo’zg’oloni)ga mutlaqo qarshi chiqqan. Uning fikricha, muvaffaqiyat qozonish ehtimoli mavjud bo’lgandagina bu ishga qo’l urish mumkin. Aks holda kuchli raqib qo’lida begunoh musulmonlar ham aziyat chekishini, bu esa xarakatsizlikdan ham yomonroq gunoh ekanligini aytadi. Ko’rinib turibdiki, Hindistoniy birinchilardan bo’lib Markaziy Osiyoda endigina tarqala boshlagan vahhobiylik harakatini payqagan va bunga qarshi kurashgan.

Bugungi kunda Hindistoniyning merosi shaxsiy va davlat arxivlarida saqdanmoqda. O’zbekiston va Tojikiston arxivlarida saklanuvchi bu asarlar yetarli darajada o’rganilmagan va qayta chop etilmagan. Birok, o’zbekistonlik islomshunos Baxtiyor Bobojonov bu yo’lda ko’p izlanishlar qilmokda. Hozirda rossiyalik olimlar ham bu borada baholi qudrat ish olib bormoqdalar. Peterburg arxivida Hindistoniyning ko’p yillik mehnati singgan kitob va hujjatlari mavjud. Biroq bularni shunchaki internetda joylashtirishning o’zi kamlik qiladi. Biz katta bir loyihaga qo’l urdik. Shu bois, biz va o’zbekistonlik hamkasblarimiz moddiy qo’llab-quvvatlashga ehtiyoj sezmoqdamiz.

Zamondoshlarning ustoz alloma haqidagi xotiralarini o’qib, u zotning benazir olim, har qanday vaziyatda iymon-e’tiqodida sobit, yurtparvar va millatparvar bir inson ekanligiga amin bo’lamiz. Alloh oxiratlarini obod qilsin!

QOLDIRGAN MA’NAVIY MEROSI

Alloma ustozdan qolgan merosni uch qismga taqsimlash mumkin:
A) Yozgan asarlari: Qur’oni Karimning ma’naviy tarjimasi — «Bayonul Furqon fi tarjimatil Qur’on» kitobi; Bu kitob oz nusxada bo’lsada, 2006 yil «Movarounnahr» nashriyotida chop etilgan bo’lib xalqimizni bahramand etdi.
Ba’zi munosabatlar bilan yozilgan o’zbekcha va forscha she’rlar, ayrim qaydlar;

B) Tarjimalari: 1954-1955 yillarda Tojikiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining qo’lyozmalar bo’limida ishlab, arab tilidan fors tiliga o’girgan kitoblari;
Qur’on, hadis, fiqh, ilmi ma’oniy, mantiq, ilmi kalom, sarfu nahv va boshqa fanlardan o’zlari uchun tarjima qilgan ko’chirmalar;
Zamaxshariyning «Navobig’ul kalim» hamda «Maqomoti Zamaxshariy» asarlarining arab tilidan fors tiliga o’girilgan tarjimasi;
Imom Barzanjiyning «Mavludun nabiy» asarining o’zbek tilidagi tarjimasi;
Imom Busiriyning «Qasidai Burda» asarining fors tilidagi tarjimasi;
Arab shoiri Farazdaqning Imom Zaynul Obidinga bag’ishlangan qasidasining o’zbek tilidagi tarjimasi; Usmon O’shiyning «Qasidai Omoliy» asarining forscha tarjimasi;

V) Video kasseta va magnitofon tasmasiga yozib olingan ma’ruzalar, ilmiy suhbatlar. Bu ma’ruza va suhbatlar, tafsir, hadis, fiqh, islom tarixi, tasavvuf, adabiyot va odob-axloq haqidadir. Jumladan, Muhammadjon domla Imom Buxoriyning» Al-jomi’ as-sahih» hadislar to’plamini, Marg’inoniyning «Hidoya», Imom A’zamning «Fiqhi akbar», Abdurahmon Jomiyning «Sharhi Mullo», Abdulqodir Bedil g’azallari hamda Muhammad Fazlul-imom Xayriobodiyning «Mirqotul-mantiq» asari sharhini, shuningdek «Usuli Shoshiy», «Nurul anvor» va «Muxtasari maoniy» kabi asarlarni o’zbek va fors tillariga tarjima qilib, magnit tasmasiga yozdirganlar. InshoAlloh, yurtimizdan chiqqan bu ulug’ allomaning kelajakda barcha ma’naviy merosini imkon darajasida nashr qilib, xalqimizni bahramand etish niyatidamiz. Menimcha ham domlaning ilmiy va adabiy meroslarini tezroq nashr qilish kerak. Chunki ulug’ allomaning hayotlari, aytgan har bir so’zlari, yozgan va ta’lim bergan kitoblari faqat ota-bobolarimizdan qolgan haqiqiy diniy ta’limotni, Imom Motrudiy aqidasini, Imom A’zam mazhabini va Naqshbandiy tariqatini targ’ib qilishga qaratilganini yurtimizdagi barcha ulamolar e’tirof etadilar.

Bugungi kunda yoshlarimiz o’rtasida adashishlar, har xil oqimlarga kirib ketishlar, bilib-bilmay o’z jonini qurbon qilishlar sodir bo’layotgan bir paytda, xalqimizga, ayniqsa diniy ta’limga qiziqayotgan yoshlarga u kishining asarlarini, nodir o’gitlarini tezroq yetkazish ayni muddao bo’ladi deb o’ylayman. Alloh muvaffaq aylasin!

02
Mavlaviy Hindistoniy
VAHHOBIYLAR TARIXI
Sayfiddin SAYFULLOH tarjimasi
021

Bizni hidoyatga — ushbu to’g’ri yo’lga boshlagan Allohga hamdu sanolar bo’lsin! Agar U hidoyatga boshlamaganda biz hidoyatga erishmagan bo’lardik. Allohning elchisiga salotu salomlar bo’lsin!

Musulmon birodarlarga ma’lum bo’lsinki, vahhobiylik hijriy 1200 (1785-86) Madinai munavvaraning sharqidagi Najd tog’larini makon tutgan johil arablar orasida paydo bo’lgandir. Bu nom ularning yo’ldan ozgan rahbarlari, buzg’unchilar (mazhabi xavorij) ta’limotiga ergashgan Muhammad ibn Abd al-Vahhobning ismiga nisbat berilur. Mazkur jamoani shul sababdan «Vahhobiya» deb atash mumkinki, ular gumroh Ibn Abd al-Vahhobning qabih, soxta ta’limotiga e’tiqod qo’yganlar. Ushbu mashhur Najda tog’i tevaragida yashaguvchi va bu maslakka ixlos qo’ygan har bir kishini «vahhobiy» atamoq lozim. Bu kishi (Ibn Abd al-Vahhob) arablarning Bani Tamim qabilasidandir. U boshlang’ich ma’lumot olish uchun Madinai Munavvaraga borgan edi. Bir qancha muddatdan so’ng muqaddas Makkaga otlandi, va u yerdagi ulamolar qo’lida o’qidi. Shayx Sulaymon al-Kurdiy va Shayx Muhammad Hayoti Sindiy (al-) Hanafiylarga bir oz vaqt shogird bo’ldi. Ko’p o’tmay mazkur ustozlar anglaydilarki, Muhammad ibn Abd al-Vahhobning qalbida razolat va gumrohlik ildiz otmoqda, zotan uning so’zlarida va xulq-atvorida shayton vasvasasi aks etmoqda edi. Muhammad ibn Abd al-Vahhobning ustozlari uzoq kengashib, boshqa shogirdlariga u bilan muloqotda bo’lishni man etdilar. Va dedilarki, yaqin fursatlarda u butkul yo’ldan ozadi va u tufayli ko’p johilu omi bandalar kulfatda qoladilar. Oqibat shunday bo’ladi ham, ul ustozlar yanglishmagan edilar.

Uning otasi taqvodor ulamolardan edi. U o’g’liga (Ibn Abd al-Vahhobga) tanbeh berdi, o’zga farzandlarini undan to’sdi. Ukasi Sulaymon ibn Abd al-Vahhob ham akasining da’vatlarini rad etdi va unga ergashmadi. Kunlarning birida u akasidan so’radiki: «Ey Muhammad, dinda va islomda nechta arkon bor?» Ul javob qildi: «Beshta». Shunda Sulaymon dedi: «Sen esa ularni oltita (arkon) qilgansan, zero, kim mening tarafimda bo’lmasa, demakki, u — musulmon emas, deb da’vo qilursan».

Ikki birodar munozarasi shu tariqa davom etavergach, Muhammad ibn Abd al-Vahhob qo’rqdi, «Ukam Muhammad meni o’ldirib qo’yishi mumkin», deb o’yladi. Shundan so’ng Sulaymon Makkaga yo’l oldi. Yetib borgani zahoti akasiga maktub yozib, unga ko’p nasihat qildi. Ammo bundan naf chiqmadi. Ayni maqsadda hanbaliy ulamolari ham Ibn Abd al-Vahhobga ko’p sonli nomalar jo’natib, uning badbin maolagini muhokama qilganlar, sababiki, u o’zining shu mazhabga sadoqat izhor etishi bilan mashhur edi.

Kunlarning birida bir olim uni savolga tutdi: «Alloh Taolo ramazon oyining bir kechasida qancha bandasini jahannam azobidan qutqaradi?» Ul javob berdi: «Yuz ming bandasini. Rivoyatlardan birida aytilishicha, ular ramazon oyidagi eng so’nggi ro’za kuni xalos etiladilar». Olim dedi: «Sening mingga yaqin tarafdorlaring bor. Boshqalarda esa — yo’q. Shunday bo’lsa-da, sen qolganlarni musulmon deb tan olmaysan. Xo’sh, shundan so’ng seni kim deb atash mumkin?» Ibn Abd al-Vahhob hayratga tushdi va javoban lom-mim ham deya olmadi. Hijriy 1206 (1791-1792) yilda Muhammad ibn Abd al-Vahhob vafot etdi.

U iblisona maslagini yoyishga qaror qiladi va ko’p odamlarni yo’ldan ozdiradi. Najdaga yaqin bo’lgani bois, u avval Madinai munavvaraga bordi va odamlarni yuz o’girib, yagona Xudoga sig’inishga da’vat eta boshlaydi. U hammani ko’pxudoli(mushrik) ekaniga ishontirmoqchi bo’lardi.

Vaqt o’tishi bilan u o’z ta’limotiga odamlarni ergashtirishga muvaffaq bo’ldi. Hatto bir risola yozdiki, u «Kashf ash-shubuhat an Xoliq al-arzi va-s-samavot» (Yer va osmonlarni yaratgan Zotdan shubhalarning kashf (daf) etilishi) deb ataladi. Mazkur risolada u barcha musulmonlarni kofir (g’ayridin) deb e’lon qildi. Kofirlarga nisbatan aytilgan Qur’on oyatlarini u xudojo’y musulmonlarga qarata ayblov mazmunida sharh qilardi. Ko’plab daydi va mayxo’r kimsalar unga itoat etardilar. U o’zini shak-shubhasiz mujtahid hisoblardi, biroq ustozi Muhammad ibn Sulaymon al-Kurdiy uni rad etdi va da’vatlariga javoban dediki: «U buzg’unchi xavorijlardandir, chunki u barcha musulmonlarni kofir deb biladi».

Hazrati Ali (to’rtinchi xalifa) karramAllohu vajhahudan shunday rivoyat qilinadi. Bul janob demishlarki, Allohning Qur’onda keltirilgan: «(Ey Muhammad alayhissalom), aytgin: Sizlarga qilgan amallari yuzasidan eng ko’p ziyon ko’radigan kishilarning xabarini berayinmi? Ular bu dunyoda hayotidayoq say’-harakatlari botil (yo’q) bo’lib ketgan, o’zlari esa chiroyli ( foydali) ish qilayapman, deb hisoblaydigan kimsalardir. («Kahf» surasi, 103-104-oyatlar) degan so’zlari barcha musulmonlarni kofirga chiqarguvchi buzg’unchilar haqidadir.

Muhammad ibn Abd al-Vahhobning mazhabi 1143 hijriyda (1730-1731) namoyon bo’ldi, keyinroq atrof-muzofotga tanildi. 1150 (1737-1738) yildan so’ng Najd mamlakati chekkasidagi ad-Dir’iya qishlog’ining amiri al-Vahhob mazhabining muxlisi bo’ldi. Muhammad ibn Saud ismli bul amir Vahhobiyani taraqqiy ettirmoq maqsadida uni butun ad-Dir’iya ahliga joriy etdi. Muhammad ibn Saud arablarning Musaylimatul — Kazzob qabilasidan edi. Ko’p fursat o’tmay ad-Dir’iya va unint atrofida yashovchi hamma aholi Muhammad ibn Abd al-Vahhobga ergashdilar. Tevarakdagi sahroyilar ham ushbu mazhabni qabul qildilar. Ularning barchasi savodsiz johil kishilar edi, dinning buyruqlarini ular hech bilmasdilar.

Muhammad ibn Abd al-Vahhob ba’zan bu kishilarga aytardiki: «Men sizlarni tavhidga da’vat qilurman». Ba’zi paytlarda esa shunday derdi: «Men o’z da’vatlarim ila sizlarni shirkdan to’saman». Bul so’zlar bilan ul bir toifani adashtirar, boshqa odamlarni esa ko’pxudoli (mushrik) deb e’lon qilardi. Ul aytardiki, mushrikni o’ldirgan kishi jannatga kiradi. Shu tariqa u odamlarni o’ldirishni rag’batlantirdi. Bu johillar esa Muhammad ibn Abd al-Vahhobni bir payg’ambar kabi qabul etdilar va uning amrisiz hech bir ishga qo’l urmadilar. Ul qanday amr bermasin, Muhammad ibn Saud darhol ijro qilar edi.

Ular musulmonlardan birini o’ldirsalar, darhol uning mol-mulkini talon qilur edilar. Beshdan bir hissa Muhammad bin Saudga berilar, qolgani o’rtada taqsim etilardi. Ular bir qabilani bo’ysundirgach, boshqasiga ko’z tikardilar. Shu yo’l bilan ularning mamlakatlari kengaydi, ko’p sonli qo’shinga ega bo’ldilar. Bu orada haj mavsumi keldi. Bul gumrohlar haj qilmoqchi bo’ldilar. O’sha vaqtlarda Makkai mukarrama amiri Saud ibn Said edi. Ular (Vahhobiylar) Makkaga elchi yuborib, haj ziyoratini ado etmoq uchun ruxsat berishini talab qildilar. Ammo ularning qasdlari faqat haj qilmoq emas, balki soxta aqiydalarini ikki muqaddas shahar (Makka va Madina) ahli orasiga yoymoq ham edi. Bundan avval ular, to o’zlari haj qilgani borgunlaricha aholini buzib, yo’ldan ozdirmoq niyatida o’ttiz nafar ulamolarini ikki muqaddas shaharga jo’natdilar. Makka va Madina ahli Najd tevaragida shunday ta’limot paydo bo’lgani xususida eshitgan edi, ammo bu ta’limotning haqikatini bilmas edilar. Ul ulamolar muqaddas Makkaga kelganlarida, amir ikki muqaddas shahar ulamolariga vahhobiy olimlari ila munozara qilishni amr etdi. Vahhobiylar keltirgan da’vo va hujjatlarning barchasini Makka ulamolari eshitdilar. U hujjatlarning bari kulgi qistatadigan, “o’rgimchak uyasidek» zaif boshka musulmonlarni kofirga chiqarishga qaratilgan masalalardan iborat edi. Bu ikki muqaddas shahar ulamolarining gumrohliklar bilinib qoldi. Ular vahhobiylar hujjatlarining botilligini isbotlab, ularni daf etishdan ojiz bo’ldilar. Bundan ogoh bo’lgan Makka amiri shariat peshvolariga buyurdiki: «Vahhobiylarning kofirligiga fatvo beringiz, toki xalq buni bilsin». Shundan so’ng u vahhobiylarni tutib, zindonga tashlashga buyruq berdi. Bir guruh odamlar vahhobiylarni tutib, qamadilar. Bir guruhi esa qochib Dir’iyaga ketdi. Bu yerning xalqi vahhobiylarni voqealardan xabardor qilib turar, ular esa maqsadlariga yetish uchun kutib turardilar.

Hijriy 1184 sanada (1770-1771) Makka amiri vafot etgach, uning ukasi Saud bin Said amir bo’ldi. Vahhobiylar haj qilish uchun yana ruxsat so’radilar. Makka amiri ijozat bermadi. Vahhobiylar hayron bo’ldilar.

Keyin ushbu Makka hukmdorining hukmronlik davri tugadi va uning o’rniga ukasi Ahmad ibn Saud o’tirdi. Shundan so’ng ad-Dir’iya amiri Muhammad ibn Saud yana haj ziyoratiga ijozat talab qilish uchun vahhobiylardan bir guruh ulamoni Makkaga jo’natadi. Makka hukmdori ulardagi dinu diyonatni bilish maqsadida, ikki muqaddas shahar ulamolariga ularni diniy sinov va so’roqqa tutishga buyruq berdi. Ma’lum bo’ldiki, ularning bari dinni buzgan zindiq ekan. Ushbu munozaradan so’ng Makka amiri vahhobiylarning haj qilishlariga izn bermadi, ular mahrum bo’lib qaytib ketdilar.

Bir qancha vaqt o’tib makka hukumat Ahmad bin Saud amakisining avlodidan bo’lgan Masrur ibn Musoidga qoldi. Uning hukmdorlik yillarida vahhobiylar yana haj qilishga ruxsat so’ray boshladilar. Makka hukmdori, agar ular shialar (rofiziylar) kabi soliq va boj to’lasalar, ijozat berajagini aytdi. Ulamolar unga vahhobiylarga mingta yaxshi ot miqdorida boj solishni maslahat berdilar. Vahhobiylar bu qadar narsa berishning uddasidan chiqmadilar.

Hijriy 1202 sanada (1787-1788) Makka amiri vafot etib, hukumat uning G’olib ibn Musoid qo’liga o’tdi. Bu paytlar Turkiyada Sulton Salim xalifa edi. Makka hukmdori Hijoz va uning atrofida hukmronlik qilardi. Vahhobiylar yana haj uchun ijozat talab qildilar. Makka amiri yana rad etdi. Shuning bilan birga, vahhobiylar ustiga qo’shin yubordi. Ammo 1205 hijriydan 1220 sanagacha (1790-1806) davom etgan bu urushda vahhobiylarni mahv etib bo’lmadi. Chunki ular bu paytga kelib ancha kuch to’plagan edilar. Ular hatto ikki muqaddas shaharni, Yaman va arab sahrosidagi boshqa hududlarni fath etishga muvaffaq bo’ldilar. Atrof-muzofotdagi qabilalarni ular o’zlariga itoat etdirdilar. Keksalar yoshlarga aslo rahm qilmasdan o’ldirar edi. Vahhobiylarning zulmidan hech kim omon qolmadi. Odamlarning payg’ambarlarni vasila qilishdan, Islomga xizmati singgan marhum siymolarning qabrlarini ziyorat qilishdan man qildilar. Shom va Misr tarafdan hajga keladiganlarga monelik qilardilar.

Bu hol 1227 (1812-1813) yilgacha davom etdi. Bu orada Turkiyada Sulton Salimning ukasi Sulton Mahmud G’oziy (1223-1255/1808-1839) taxtga o’tirgan edi. U Misr hukmdori Muhammad Ali poshoga qo’shin to’plab, buzg’unchilarga hujum qilishni va ikki muqaddas shahardan ularni quvib chiqarishni amr etdi. Sulton Muhammad Ali lashkar to’pladi va vahhobiylarga zarba berib, ikki muqaddas shaharni ulardan tozaladi. Muhammad ibn Abd al-Vahhobni asirga olib, xalifa Sulton Mahmud G’oziyga jo’natdi. Xalifa bu gumrohni osib o’ldirdi va ikki muqaddas shaharni ularning kasofatidan qutqardi.

MAKTUB
(Bir vahhobiy kimsaning malomatlariga javob)

Bizni iymon va islom bilan sharaflantirgan Alloh taologa hamdu sanolar, Payg’ambarimiz Muhammad alayhissalotu vassalomga durudu salovotlarimiz bo’lsin!

Hamdu sanodan so’ng ey muhtaram tinglovchilar! Bu mulohazalarni tinglang va ular ustida fikr yurgizing! Muallifning mulohazalaridan bilib olasizki, odob va axloq me’yorlarini aqalli hidlamagan, buning ustiga o’ta takabbur bo’lganlari holda ilm izlaydigan kimsalarni ta’riflashga quyidagi hadis juda mos tushadi: «Agar hayo bo’lmasa, nima istasang qil, kallangga kelgan gapni aytaver”.

Tassufki, sen bizning tarjimai holimizni bilmaysan, biplganingda talabchanroq bo’larding. Men umrim bo’yi, go’yo odamlar orasida Sovet davlatiga qarshi fitna qo’zg’ashda ayblanib, uch marta ozodlikdan mahrum qilindim. Birinchi marta meni bir yilga qamadilar, ikkinchi marta — uch yilga, uchinchi marta — yigirma besh yilga, «Davlatga qarshi faoliyatim» uchun shuncha jazo oldim! Sen esa meni jihodga chorlaysan. Shundoq nasihat qilasanki, go’yo men johil bandaman. Holbuki, men yigirma yil dunyo kezib ilm oldim; xo’sh, meni «johil» deb atayotgan senda qancha ilm bor? Suf senga, senga ta’lim berganga ham!

Sen yana jar solasanki, go’yo men Allohning g’azabiga mustahiqman. Vaholanki, g’ayb ilmiga da’vo qilib, o’zing Allohning g’azabiga munosib bo’lding, men emas. Sen meni goh mash’ala tutgan so’qirga o’xshatasan, goh ustiga kitob yuklangan eshakka. Inson kofirga ham bunday xitob qilmaydi. Ma’lum bo’ladiki, sen meni hatto musulmon ham hisoblamaysan. Kufr va islom Yaratgan huzurida (faqat Ro’zi mahsharda) ayon bo’lajak. Allohga shukrki, men islomning besh farzini ado etdim sen esa hali to’la ado etmading.

Sen o’z mulohazalaringni «Bizni haq yo’lga boshlagan Allohga hamdlar bo’lsin», deb boshlaysan. Buning o’rniga «Bizni haq yo’ldan toydirgan Tangriga hamdlar bo’lsin», deb boshlasang ma’qulroq bo’lardi. Sen o’ta behayoligingdan menga xitob qilib: “Sen o’z ilmingga amal qilmaysan», deding. Shu beandishaliging, tarbiyasizliging bilan yana o’zingni «din farzlarini ado etyapman», deb hisoblaysanmi? Bu aqlu donishing bilan yig’lashing kerak!

Ey mujohid! Bilgilki, biz masjidlarimiz dahriylar maskaniga aylangan, oshkora namoz o’qib bo’lmaydigan zamonlarni ko’rdik. Bundan hatto marhumlar ham aziyat chekishdi, chunki hech kim, hatto imom ham ularga janoza o’qiy olmasdi, janoza o’qishga jur’at etgan imom ertasigayoq qamoqqa olinishi mumkin edi.

Endilikda Yaratgan Egam odamlarning ahvolini o’zgartirgan: hamma hadiksiramay masjidga boradi, jamoat bo’lib namoz o’qiydi. Bu Allohning marhamati emasmi? Sen esa bizning shu kunlarga yetganimiz uchun «Allohga shukr!» deyishimizni ham aybga sanaysan. Sen u zamonlarni ko’rmagansan, tug’ilmagan bo’lsang ham ehtimol. Va yana va aqlsizligingta borib, davlatga rahmat aytishni, bu kunlar uchun shukr qilishni shirk deb bilasan. Seningcha, bular Allohning marhamati emasmi? «Yaxshilik ham, yomonlik ham Alloxdan» ekaniga ishonmaysanmi? Shuncha balolarni boshdan kechirdimki, hozirgi kunim uchun Parvardigorga har qancha shukr qilsam oz.

Dukchi Eshonni jihod qilgani uchun ulug’laganingdan men yana ham ko’proq hayratga tushdim. Koshki bunday jihod qilmasa ko’p yaxshi bo’lardi! U paytlar sen bu dunyoda yo’q eding. Men esam bu jihoddan yaxshi boxabarman. Bechora Dukchi Eshonni senga o’xshash johil muridlari gangitganlar, «Bosh ko’taraylik! Qo’shinimiz adadi 70 ming kishiga yetdi. Bir hamla bilan Andijonni fath eta olamiz!» deb sannayverganlar. Holbuki, ularning qo’llarida tayoq, bolta va teshadan o’zga qurol yo’q edi. Tun yarmida ular Mingtepa qishlog’idan chiqib, Andijondagi rus askarlarining kazarmalariga hujum qilishdi. Soqchilarni o’ldirib, darvozani ochishdi va ikki yuz chog’li rus askari uxlab yotgan kazarmaga bostirib kirishdi. Ular darhol uyg’onib, oyoqqa turdilar va osmonga qarab o’q uza boshladilar. O’sha yetmish ming nafar mujohid sarosimaga tushib, «qoch-qoch» deb o’nggu so’liga qaramay qochishdi. Bu mujohidlar boyoqish Dukchi Eshonni baloga qoldirib, parday to’zg’idi. Eshon atrofiga boqib, qarasaki, yetti xalifasidan bo’lak hech zog’ qolmabdi. U ham qochish fursati yetganini angladi va Qoshg’ar tomonga qochdi.

Xo’sh, bu jihodning oqibati nima bo’ldi? Oq podshodan «Mingtepa ahli qatliom qilinsin!», degan farmon keldi; o’ris askarlari Andijondan chiqib, tepalikdan Mingtepa aholisini, jumladan ayollar va bolalarni ham otib o’ldira boshladilar. Minglab odamlar qirildi, butun qishloqqa o’t qo’yildi.

Andijon ulamosi qolgan aholini afv etishini so’rab oq podshoga maktub yozdi. Maskovdan necha kun deganda nihoyat afvnoma yetib keldi, shundan so’ng Mingtepa nomini Marhamat deb o’zgartirdilar. O’ylang-chi, Alloh shunday jihod qilishni buyurganmi? Yo’q, buyurmagan! Chunki bu ko’r-ko’rona o’z joniga qasd qilish bilan barobar. Qur’ondagi mazkur oyat ustida fikr yuriting: (Ey mo’minlar), ular uchun qo’lingizdan kelganicha kuch-quvvat va egarlangan otlarni tayyorlab qo’yingizki, bu bilan sizlar Allohning dushmanini, o’z dushmaningizni va ulardan boshqa o’zingiz bilmaydigan (ammo) Alloh biladigan boshqa birovlarni ham qurquvga solasizlar. Alloh yo’lida nimaniki sarf qilsangiz, sizlarga to’liq, komil qilib qaytarilur. Sizlarga zulm qilinmas. («Anfol» surasi, 60-oyat).

Sizlar ko’r-ko’rona jihodga, bolta ko’tarib jang qilishga da’vat etasiz. O’zining va begunoh qancha odamlarning halokatiga sabab bo’lgan Dukchi Eshonga o’xshamang! Zero, Allohning shunday amri bor: «Allohning yo’lida nafaqa qiling. O’zingizni (o’zingiz) xalokatga tashlamang. Ehson-yaxshilik qiling. Albatta, Alloh yaxshilik qiluvchilarni sevadi. («Baqara» surasi, 195-oyat) Shunday ekan, avval dushmanga qarshi qurolingni hozirlab qo’y!

Din yo’lida jihod necha qismdan iborat ekanini bilasanmi? Agar uning bir qismi — kofirlarga qarshi jang maydonida jihod qilish bo’lsa, ikkinchisi — nafsi ammorani yomon xulqlardan va poklashdir. Janobi Rasululloh ushbu ikkinchi qismni «Jihodi akbar» (Buyuk jihod) deb atagan edilar. Allohga hamd bo’lsinki, men «Til bilan jihod» ham qildim va buning uchun necha bor ozodlikdan mahrum etildim. Men odamlarga din ilmini o’rgatdim, ulardan qanchasini jaholatdan xalos qildim, yomon xulqlarini o’zgartirdim.

O’ylashimcha, sen mening suhbatlarimda bo’lmagansan va nafsing yomon odatlarga odatlanib qolgan. Afsus, sen bilan yuzma-yuz ko’rishib, munozara qilmaganmiz. Men senga juda ishonchli javoblar bergan bo’lardim. Nimadan qo’rqasan? Sen devorning narigi tarafida hurayotgan itga o’xshaysan. Ko’zlaringni yumgin-da, o’zing haqingda (zararli odatlaring xususida) fikr qil. O’ylaymanki, menga chaplayotgan yomon xulqlarning barini o’zingda ko’rasan! Qani, bo’l! Agar er yigit bo’lsang, ko’chaga chiqib, odamlarni bunday ma’nosiz g’azotga boshla! Aslo bunday «jasorat» sendan sodir bo’lmaydi.

Yuqorpida aytganimdek, sen devorning narigi tarafidan shovqin solasan. Nodonligingdan hayratga tushaman, zero sen mantiqsiz nutqlaringni, xuddi Qur’on o’qiyotganday, «Alloh nomi bilan…», «Allohga hamdlar bo’lsinki…» deb boshlaysan. Sen meni davlatga sodiqlikda va u bilan do’stona munosabatlarda ayblamokdasan. Sizlarning fitna va fasodlaringiz tufayli haligi majlisda ishtirok etganimda, sen meni o’z firqangni boshlig’i sitfatida ko’rsatma berding. Men ularga «Vahhobiy» emasligimni ( hanafiy mazhabiga mansubligimni) dalillab berdim.

Modomiki, davlatni maqtagan ekanman, to’g’ri qilganman! Zero, davlat, yuqorida eslatganimdek, bir paytlar bizdan tortib olinib, kofirlar maskaniga aylantirilgan masjidlarni qaytadan ochdi. Janobi Rasululloh «Men odil hukmdor davrida tug’ilganman», deb faxlanib gapirardilar. G’ayridin sha’niga maqtov aytish, agar u adolatli bo’lsa, joizdir. Xususan, Shayx Sa’diy shunday yozadi:

Gar sohibi — No’shirvon bo’lsa,
Bunday davrga sharaflar bo’lsin!

Ya’ni: agar Allohning Payg’ambari No’shiravoni Odil davri bilan iftixor kilgan ekan, men ham bu davr bilan faxrlanishim kerak.

Endi men haqvimda aytganlaring va yozganlaring to’g’risida atroflicha mulohaza qil! Sen shunday yozgansan: «Qur’onni boshidan adog’igacha shunchaki yodlab, unga chin ma’noda e’tiqod qilmaysan!» Bunday yozishingga sabab shuki, sen Qur’ondag’i halol va harom hamda nahi munkarni (buyruqlar va taqiqlarni) bilmaysan. «Allohdan nafsimiz sharridan va amallarimiz yomonlgidan panoh tilaymiz».

Sen meni «iymonsiz», deding. Ammo shuni bilki:
Menday odamni kofirga chiqarish oson emas,
Mening iymonidek sobit iymon yo’qdir!

Rasulullohdan rivoyat qilingan ushbu hadisni eshitganmisan: «mo»min kishini kofirga chiqaradigan kimsaning o’zi kofir bo’lib qoladi». Mazkur hadisga muvofiq sen o’zing kofir bo’lding.

Sen afg’on mujohidlarini «ular haqiqiy jihod qilmoqdalar», deb maqtaysan. Biroq ularning jihodi — musulmonlar masjidlarining buzilishi, namoz o’qiydiganlarning o’ldirilishi, odamlar mollarining g’orat qilinishi, ayollar va bolalarning qatl qilinishi, g’ayridinlardan pul undirish va birodarlarini o’ldirishdan iboratdir. Nahotki shu muqaddas jihod bo’lsa? Aslo unda emas! Bu muqaddas qadamjolarni vayron etish va muqaddas buyumlarni yo’q qilishdan boshqa narsa emas. Chunonchi, Qandahorda Rasulullohning (sollAllohu alayhi vasallam) eski abolari ya’ni maxsus ust kiyimlari saqlanardi — uni yoqib yuborishdi ular! Nahot shu muqaddas jihod? Hosho va kallo — Alloh asrasin, yo’q-yo’q! Agar ular musulmonlar bo’lsalar, bu dunyoda namuna bo’lgulik hech vaqo yo’q ekan! Nega ular Najibullohning tinchlik sulhini qabul qilishmaydi? Axir Qur’onda aytilgan-ku: «(Ey Muhammad alayhissalom), agar ular sulhga — tinchlikka moyil bo’lsalar, sen ham moyil bo’l. Va Allohga tavakkul qil! Albatta Uning O’zi Eshitguvchi, Bilguvchidir.

(«Anfol» surasi, 61- oyat) Ushbu oyatda Payg’ambarimizga o’git qilinmoqdaki, agar kofirlar sulh tuzishga rag’bat ko’rsatsalar, siz ham rag’bat bildiring, deb. Agar hatto siz ham Afg’oniston ahlini kofirlar deb e’tirof etsangiz, yuqorida eslatilgan qaror o’zgarmasdir! Zero, Qur’onda shunday deyiladi: «Sizga urush qilayotganlarga qarshi Allohning yo’lida urush qiling. Va tajovuzkor, haddan oshuvchi bo’lmang. Albatta, Alloh tajovuzkor bo’lganlarni xush ko’rmas» («Baqara» surasi,189 — oyat).

Ey, nasihatgo’y! Menga nasihat qilar ekansan, ba’zan «Bu ishlaringdan tavba qil, oxir pushaymon bo’lasan» yoki «xatolaringni e’tirof qil», deysan, gohida «ko’p fisqu fasod qilma» deb xitob qilasan. Gohida qiyomatda azobga mubtalo bo’lishimdan xabar berib, Parvardigorning ishiga aralashasan.

Endi Sen ayt-chi, o’zing gunohlardan mutlaqo pok va ma’summisan? Ilohiy vahiy kelgandek go’yoki sen o’zingni payg’ambar deb bilasan. Ro’zi mahsharda odamlarning ishi qanday yakun topishi senga ayon bo’ldimi? Bu da’vatlaringga o’zing amal qilganingda yaxshiroq bo’lur edi. Sen, g’ayb ilmini da’vo qilganing holda, o’zingni musulmon hisoblaysanmi? Axir Qodiri Muxtorning (Qur’onda) amri bor: «Ayt (Ey Muhammad alayhissalom): «Osmonlaru yerda Alloxdan boshqa biron kimsa g’aybni bilmas. Ular qachon qayta tirilishlarini ham sezmaslar. («Naml» surasi,65-oyat). Sen bo’lsang doim meni Allohning azobi bilan qo’rqitasan. Hazir bo’l; Allohning azobi kimga yetadi — sengami yoki menga? Qur’onda aytilganku: «…Alloh o’z amrini sizlarga, keltirguncha kutib turing…» («Tavba» surasi, 24- oyat)), deb.

Boshda men kofirlardan ko’p sitam chekdim, biroq, taassufki, sen buni bilmaysan. Bilganingda edi, meni ayagan, menga bu qadar bo’hton qilmagan va mendan nafratlanmagan bo’larding. Zotan Alloh shunday amr etadi: «Ey mo’minlar, ko’p gumonlardan chetlaninglar, chunki, ba’zi gumonlar gunoxdir…» («Hujurot» surasi, 12-oyat). Janobi Payg’ambarimiz esa «Mo»minlar haqida yaxshi gumonda bo’ling», deb buyurganlar. Bu hadisga amal qilganingda va mening so’zlarimni to’g’ri tushunganingda, yaxshiroq bo’lardi.

Seni qilmishlaring tushida iblisni ko’rgan odam voqeasini eslatadi. Iblis haligi kishiga juda go’zal ko’rinibdi. U debdiki: «Sen shu qadar go’zal maxlukot ekansanku. Odamlar, bundan bexabar holda seni hammomlar devorlarida jirkanch va qo’rqinchli holda tasvirlashadi». Iblis javob beribdi: «Bu mening tasvirim emas. Lekin Mening suvratim dushman qo’lidagi qalam bilan chizilishini sen bilmaysanmi?!
Dastlab men senga javob yozishni xohlamagandim, axir aytilgan-ku «Ahmoqlarga sukut bilan javob bering», deb. Ammo keyin sukutim «alomati rizo» bo’lib qolmasin, deb o’yladim. Endigi gaplarim muxtasar bo’ladi va xotima o’rnida senga shunday deyman. Sen meni «Qur’onning bir necha oyatlariga iymon keltirmagansan», deb ayblaysan. Xuddi shu so’zlaring bilan sen dindan chiqasan. Men sen haqingda tavfiq tilab duo qilmayman. Sen meni «Allohning g’azabiga duchor bo’lgur», deb duoyi bad qilganing kabi men ham seni «Shu dunyoda Allohning g’azabiga duchor bo’lgin, odamlar ko’rsin», deb duoyi bad qilaman. Va Alloh sayyidul mursalin — payg’ambarimizning hurmatidan duomizni va orzularimizni ijobat qiladi, deb umid qilamiz.Omin…»
So’zimni Abdulqodir Bedilning ushbu bayti bilan yakunlayman:

Amaling mukofotidan g’ofil bo’lib yashama,
Qo’ling bilan qilgan ishing o’z boshingga yetar…

Men Xudodan nima tilagan bo’lsam noumid qilmadi. Unga muyassar qildi. Avvalo Xudo Qur’onni to’liq yod olishga muyassar qildi. Keyin ilm istadim uni berdi. Keyin haj qilishni orzu qildim unga ham muyassar qildi. Endi uzoq umr ko’rib yashayapman. Buni men istagan emasdim, bu haqda otam duo qilgan edilar. Men Rahmatullo Allomadan boshqani duoyi bad qilmadim. Chunki u ham sizlar kabi adabsizlik qilib haddan oshgan edi. Juvonmarg bo’ldi . Sizlar haqingizda ham duoybadim ijobat bo’lishini umid qilaman. Albatta, Alloh intiqom oluvchi G’olibdir. Va tavfiq Allohdandir.

Ushbu maqola B.M. Bobojonov, A.K. Mo’minov va A. Fon Kyugel genlarning “Disputi musul`manskix religioznix avtoritetov v Sentral`noy Azii v XX veke. Almati «Dayk-Press» 2007. kitobidan tarjima qilindi

05

(Tashriflar: umumiy 6 331, bugungi 1)

7 izoh

  1. Assalom alekum va rohmatulloh bu bayonotni tayyorlab nashr qilib juda yahshi qilibsizlar. Eski haq mustahkam aqidali ustozlarning Huddi Domla Hindistoniyga oxshagan olimlarning hayot laridan koproq tayyorlab borsanglar yana ham yahshi bolardi alloh rozi bolsin sizlardan alloh ishlaringga rivoj bersin!!!

  2. RAHMAT MAVLAVIY HINDISTONIY HAQLARIDA KIMSANI XUDO HIDOYAT QILSIN VA TO’G’RI YO’LDAN ADASHTIRMASIN YANA BIRBOR RAHMAT MAN BU MA’LUMOTNI NECHA OYDAN BUYON AXTARAMAN XUDOGA HAMD BULSIN TOPDIM

  3. Рахмат молумотларинг учун оллох рози булсин ижодларинга омад тилаб коламан бунданам купрок хаетларини еритишларингни умид килиб коламан ишларинга ривож тилайман

  4. Ассалому алайкум сизлардан оллох рози булсин буюк сиймоларни хаёти ва ижодларини оммага етказмокчи экансин, узи ёрдам берсин бунданда купрок малумотлар кутиб коламиз домлани хаётларини китоб килиб чикарилар илтимос.

  5. рахмат. Алла Таала ыраазы болсун. Иштериңизге ийгилик. Алла Таала туура жолунан адаштырбасын.

Izoh qoldiring