O’zbekistonning Islom sivilizatsiyasi rivojiga qo’shgan hissasi.

09Ушбу маърузада Мовароуннаҳр фарзандлари бўлмиш буюк мусулмон олимларнинг илмий мероси ҳақида жуда ҳам қисқа маълумотларни тақдим қилиш ниятидамиз. Албатта, бу уриниш баъзи сарлавҳалардан иборат бўлади, холос. Чунки Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий мероси ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилганда ҳам камлик қилишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол кетиришимиз мумкин. Улуғ ватандошларимиздан бири Нажмуддийн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафийнинг «Ал-Қанд фии зикри уламаи Самарқанд» номли китобида Самарқандга тегишли бир минг ўнта олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Албатта, мазкур китобда унинг муаллифига маълум бўлган ва ундан олдин яшаб ўтган уламолар ҳақида маълумот берилган, холос.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИСЛОМ ТАМАДДУНИ
РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

07

07Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн! Вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ала Алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биринчи ҳижрий асрда Мовароуннаҳр диёрини Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом нури билан мунаввар қилди. Бу диёр аҳлининг кўпчилиги Исломни очиқ қалб билан қабул қилди. Уларнинг Исломи гўзал бўлди. Зотан Аллоҳ таолонинг Ўзи бу диёр одамларини уларга берган ажойиб табиат ва қобилиятларга мос ва уларнинг ривожига омил бўлувчи қиёматгача боқий қолувчи дини Исломга ҳидоят қилган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг Ислом динига кириши уларнинг кўплаб қобилиятларининг очилишига, ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида ўзларининг пешқадамликларини исбот қилишга олиб келди.

Тез орада Исломнинг турли соҳа ва илмлари бўйича Мовароуннаҳрлик номояндалар етишиб чиқа бошладилар. Бу ҳаракат тезлик билан ривож топди ва турли илмларда умумдунё миқёсидаги буюк алломалар етишиб чиқа бошлади. Шу тариқа Мовароуннаҳрда Ислом дини ва Исломий илмлар ривожи бошланди. Тез орада Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби шаҳарларнинг номи исломий шаҳарлар сифатида бутун дунёга танилди.

Мовароуннаҳрдан ўша вақтда мавжуд бўлган барча илмлар бўйича етук алломалар чиқибгина қолмасдан, балки бир қанча янги илмларга асос солган улуғ зотлар ҳам етишиб чиқдилар. Ушбу ҳолатнинг ўзи Мовароуннаҳр аҳолисининг инсоният тарихига, илм, фан, маданият ривожи тарихига киришига Аллоҳнинг қиёматгача боқий дини Ислом сабаб бўлганининг ёрқин далилидир.

Ислом юртимизнинг бошқа бурчакларида ҳам тарқалиб, ерли аҳоли Исломни яхши ўзлаштириб олди. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр топар эди.

Шунинг учун ҳам аслида қобилиятли бўлган Мовароуннаҳр диёри аҳолиси Исломда ўзининг муроди-мақсади ва ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётнинг барча соҳаларида улкан муваффақиятларга эришди. Ислом сояси остида бу диёр гуллаб-яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадам халқларидан бирига айланди.

Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахслар айни Ислом даврида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (сивилизатсия) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.

Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шулки, илму-фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тарақиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузим, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Талаби илмни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенгалаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди.

Энг муҳими, Исломда булар қуруқ гап ва ташвиқот учун кўтарилган шиор бўлмади. Одамларни алдаш учун эълон қилинган дастур ҳам бўлмади. Аксинча ҳақиқий амалий ҳақиқат бўлди. Бу соҳада ҳам исломий бағри кенглик кўрсатилди. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар ким меҳнатига яраша қадрланди. Шунинг учун ҳам аслида ўтроқ, қобилиятли бўлган юртимиз аҳолиси ичидан буюк алломалар чиқди. Илмнинг турли соҳаларида дунёга донғи кетган алломаларимиз айни Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтда яшаб-ижод қилганлар.

Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга бўлмай бир бутун нарса деб қараганидек, илмга ҳам бир бутун ҳақиқат деб қараган. Диний илмлар ёки дунёвий илмлар, деган айирмачилик бўлмаган. Илм даргоҳларида турли дарслар ўқитилган. Уламолар ҳар бир илмдан имконият борича хабардор бўлишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг маълум бир соҳада машҳур ва пешқадам бўлишларига турли илмларнинг бирида қилган кашфиёти ёки ёзган китобининг нодирлиги сабаб бўлган холос. Агар машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари билан яхшироқ танишиб чиқилса бу ҳақиқат аниқ намоён бўлади.

Биргина мисолни олайлик: Абу Али ибн Сино асли файласуф бўлган, Илми Калом билан машғул бўлган. Қуръоннинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У киши қолдирган асарлар рўйхатига бир назар солган одам буни дарҳол сезади. Лекин, фалсафий баҳслардан дам олиш вақтларида тиб билан ҳам шуғулланган.

Шундан кўриниб турибдики, назарий илмлар амалий-тажрибий илмларга қараганда етакчилик қилган. Исломда назарий илмлар бошида Аллоҳнинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига тегишли илмлар туради. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш бошқа илмларнинг ривож топишига ҳам туртки бўлади.

Бу ҳақиқатни юртимиз тарихида ҳам кўриш мумкин. Ўша тараққиёт даврида Қуръон ва Суннат илмлари кучли ривожланган, уларга амал қилишга эътибор катта бўлган.

Шунинг учун кескин тараққиётга эришилган. Айни ўша пайтда исломий илмлар бўйича буюк имомлар етишиб чиққанлар ва ўзларининг беқиёс асарларини битганлар.

Ушбу маърузада Мовароуннаҳр фарзандлари бўлмиш буюк мусулмон олимларнинг илмий мероси ҳақида жуда ҳам қисқа маълумотларни тақдим қилиш ниятидамиз.

Албатта, бу уриниш баъзи сарлавҳалардан иборат бўлади, холос. Чунки Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий мероси ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилганда ҳам камлик қилишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Тасаввур қилиш учун биргина мисол кетиришимиз мумкин. Улуғ ватандошларимиздан бири Нажмуддийн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафийнинг «Ал-Қанд фии зикри уламаи Самарқанд» номли китобида Самарқандга тегишли бир минг ўнта олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Албатта, мазкур китобда унинг муаллифига маълум бўлган ва ундан олдин яшаб ўтган уламолар ҳақида маълумот берилган, холос. Аммо у билмаган ва ундан кейин Самарқандда ўтган уламоларнинг сонини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам худди шу гапларни такрорлашимиз мумкин.

Биз қуйидаги сатрларда баъзи илмлар бўйича Мовароуннаҳр уламолари қолдирган илмий меросдан намуналар зикр қилишга ҳаракат қиламиз.

АҚОИД ИЛМИ

Мовароуннаҳр исломий илмларнинг шоҳи бўлмиш ақоид илмининг улуғ алломалари ватанидир. Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг икки имомидан бири ҳам айнан шу ватан фарзандидир. Албатта, Мовароуннаҳрда ақоид илми тарихи, уламолари ва улар қолдирган илмий мерос ҳақида бир неча китоблар битса бўлади. Аммо биз улардан баъзиларини намуна сифатида қисқача зикр қилиб ўтамиз.

ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ислом оламида ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган. У кишига мусулмонлар жумҳури томонидан олий унвонлар берилган:

«Аламул Ҳуда» — ҳидоят байроғи.
2. «Имомул Ҳуда» — ҳидоят имоми.
3. «Мусаҳҳиҳи ақийдати аҳлис сунна» — Аҳли санна ақийдасини тўғрилагувчи.
4. «Имомул Мутакаллимийн» — Мутакаллимларнинг имоми.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни уламолар жуда ҳам юқори баҳолаганлар ва у кишининг аҳлис сунна вал жамоа ақийдавий мазҳаби икки имомидан бири эканини доимо таъкидлаб келганлар.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ бир қанча китоблар ёзган.

1. Китобур радди ала ал-Каъбий ал-Мўътазилий.
2. Китоб авҳомул Мўтазила.
3. Китобур радди ала ал-мўътазила.
4. Китобур радди ала ал-Қаромита.
5. Китобур радди ала-ар-Рофиза.
6. Китобут тавҳид.
7. Китобул жадал.
8. Маъохизуш шарийъа.
9. Радди ал-Усулил хамса ли Аби Муҳаммад Боҳилий.
10. Китобул мақулоти.
11. Таъвилоту аҳлис сунна китоблари шулар жумласидандир.

Афсуслар бўлсинким, Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвийлоту аҳлис сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши аҳли Сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб қувватлаган.

«Кашфуз зунуни ан асомий ал-кутуби вал фунун» китобининг соҳиби Ҳожи Халифа «Таъвийлоту аҳлис сунна» тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади: «У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки, бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди».

«Китобут тавҳид» чоп этилган ва ўрганилган.

«Таъвийлоту аҳлис сунна» тафсирининг ярими мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни биладилар. Аммо ушбу сатрларнинг котиби Ливиядаги Исломга даъват куллияси кутубхонасида бу китобнинг бангаладешлик олим томонидан чоп этилган тўлиқ нусхасини кўрган.

«Китобул мақулоти»нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда. Қўлёзманинг қаердалиги ва рақамлари ҳам маълум.

НАЖМУДДИН АБУ ҲАФС НАСАФИЙ

Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан кўзга кўринган ақоид илми уламоларидан бири Нажмуддин Абу Ҳафс Самарқандий Насафий раҳматуллоҳи алайҳдир (460 (1068) — 537 (1142).

Нажмуддин Абу Хафс Насафий ўз замонаси ва келажак даврларнинг ҳам улуғ фаҳиҳи, табиатшуноси, тилшунос ва муаррихи эди. Алломанинг мукаммал исми — Умар ибн Муҳаммад ибн Луқмон ан-Нафасий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир.

Бизга алломанинг «Манзилат ан-Насафия фил Хилофият», «Ақоиду Нафасий», «Ал-явоқит фил мавоқит», «Зиллат ал Қори» асарлари етиб келган.

Абу Ҳафс Насафийнинг «Ақоиду Нафасий» асари уламолар орасида катта шуҳрат қозонди. Бу китобга кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. 768 йилда улуғ олим Алломаи Тафтазоний «Ақоид ан-Нафасий»га шарҳ битди. Бу шарҳ «Шарҳи ақоиди Нафасий» номи билан маълумдир.

АЛЛОМА ТАФТАЗОНИЙ

Мотуридия ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган олимларидан диёримиздан етишиб чиққан кўплаб уламоларидан бири Саъдуддин Масъуд ибн Умар раҳматуллоҳи алайҳдир (722 (1322)-792 (1390)).

Тафтазоний тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, илми калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича замонининг пешқадами эди.

Алломаи Тафтазоний мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, натижада унгача яшаб ўтган олимлар «Мутақаддимин», ундан кейингилари эса «мутааххирин» деб атала бошланди.

Алломадан мерос бўлиб қолган асарларининг айримларини қайд қиламиз:

1. «Таҳзиб ал мантиқ вал калом».
2. «Иршодул Ҳодий».
3. «Шарҳ талхис».
4. «Мақосидут Толибин фи илмил калом».
5. «Шарҳу ақоидин Насафий».
6. «Ат талвиҳ фи кашфи ҳақоиқ ат-танқиҳ».
7. «Китоб ал арбаъин».
8. «Китобул фатаво ал-Ҳанафия».
9. «Шарҳул Ғаззий».
10. «Кашфул асрор ва уддатул аброр».
11. «Шарҳул мифтоҳ лис Саккокий».
12. «Шарҳу мунтаҳас суаали вал амали фи илмай ал-Усули вал Жадали».
13. «Ат-таркиб ал жамил»,
14. «Таркиб ғариб ва тартиб ажиб»,
15. «Баҳс ал-муштарак»,
16. «Шарҳ ал кашшоф»,
17. «Шарҳу шамсиятил Котибий фил мантиқ».
18. «Шарҳу Навобиғул Калим» ва бошқа бир қанча китоб ва рисолалар.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири «Шарҳу Ақоиди Насафий» номли асаридир.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бу китоби ўз давридаги ақийда илми борасидаги илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир.

Имом Мотуридийнинг мазҳаби намояндаларидан қуйидаги уламоларнинг фақат номларини зикр қилиш билан чекланамиз:

1. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ал-Ҳаким Самарқандий. (340 ҳ – 951 м.да вафот этган).
2. Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъид Растағфаний.
3. Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий. (390 ҳ. – 999 м.да вафот қилган).
4. Имом Абу Лайс Бухорий.
5. Фахрул Ислом Баздавий.
6. Абу Муъийн Насафий.

ТАФСИР ИЛМИ

Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

1. Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий.

Бу улуғ имом Хоразмнинг Замахшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топганлар ва 538 ҳижрий санада вафот этганлар. У зот туғилган юртларида дафн қилинганлар. (Замахшар қишлоғи ҳозирги Туркманистон жумҳурияти Тошҳовуз шаҳридан 30 чақирим узоқликда жойлашган).

Имом Замахшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилганлари ва энг машҳур муаллафотларидан бири «Кашшоф ан ҳақоиқи ва уйунил ақовили фи вужуҳит таъвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.

2. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий.

У зот Имом Ҳодий номли билан машҳур бўлганлар, 373 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилганлар. Тафсир китобларини эса «Баҳрул улум» деб номлаганлар ва бу тафсир «Тафсир бил маъсур» тоифасидандир.

3. Имом Фаҳриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайин Розий.

У киши 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар. У кишининг «Мафотийҳул ғайб» номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606 ҳижрий санада вафот этганлар.

4. Имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий.

Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади). Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар.

Имом Насафий ўзларининг «Мадорикут танзил» номли тафсир китобларини таълиф қилишда Имом Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсирларидан истиъфода қилганлар. Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламо ва толиб илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.

Бундан ташқари Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нўъмоний», «Тафсир Тибён», «Тафсир Мавлоно Чархий» каби маҳаллий луғатларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа луғатларда ёзилган.

ҲАДИС ИЛМИ

Аллоҳ таоло юртимизни Ислом нури билан мунаввар қилганда, баъзи саҳобаи киромларга Нисо ва Марв каби шаҳарларда истиқомат қилишларини насиб этди. Албатта, саҳоба розияллоҳу анҳумлар бор жойда ҳадис дарслари уюштирилади. Одамлар теварак атрофдан улар бор жойга кела бошладилар.

Натижада яхшигина ҳадис мактаби ташкил топди. Кейинчалик, бу мактаб Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий каби етук алломалар, буюк муҳаддисларни тарбиялаб етиштирди. Нисодан эса энг мўътабр олти ҳадис китоби (“Сиҳоҳи ситта”)нинг бирини тузган Имом Насаий етишиб чиқдилар.

Марв ва Насодан кейин ҳадис илми бошқа ўлкаларга ҳам тарқалади. Турли жойлардан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар. Уларни номма-ном санаб чиқиш мушкул, фақат энг машҳурларидан баъзиларини зикр қилиш билан кифояланамиз.

Юқорида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий ва Имом Насаийларни айтиб ўтдик. Улар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий Самарқандийларни ҳам бутун Ислом олами ҳадис илмининг пешволари деб тан олган.

Умуман ҳадис илми бўйича ҳеч бир мусулмон юрти бизнинг юртимиз олдига туша олмайди. Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийларнинг китоблари. Шулардан учтаси–Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаийлар юртимиз фарзандларидир.

Олтинчи ўрнига учта китоб даъвогарлик қилади. Улардан бирининг эгаси бўлмиш Имом Доримий Самарқандий ҳам юртимиздан чиққан.

Албатта, бундоқ натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлавермайди. Ўша вақтдаги илмий муҳит, турли ҳадис мактаблари орасидаги ўзаро мусобақа, устоз ва толиби илмларнинг кўплиги тараққиётга ўз ҳиссасини қўшган. Шунчалик буюк имомларнинг етитшиб чиқиши, ўз-ўзидан, яъни пойдеворсиз, асоссиз, керакли омилларсиз бўлмайди. Шунчалик мўътабар китобларнинг пайдо бўлиши тасодифан эмас.

ИМОМ БУХОРИЙ

Бу буюк имомнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн ал Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорий.

Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада Жума намозидан кейин, 194 ҳижрий йилнинг, Шаввол ойидан ўн уч кеча қолганда, Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.

Имом Бухорийнинг болалик йиллари аосан илм талабида ўтди. Кейин кўплаб диёрларга сафар қилиб илм олдилар ва ҳадис жамладилар.

Аллоҳ таоло Имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси ўлароқ у кишининг шуҳратларини бутун дунёга тарқатди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин – мусулмонлар қалблари тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқдалар. У кишининг мақтовида айтилган ва ёзилган гапларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ бўлса керак. Биз улардан баъзиларини тақдим этиш ила кифояланамиз.
Аҳмад ибн Сайёр Марвазий: «Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра Жўъфий Абу Абдуллоҳ илм талаб қилди. Одамлар ила мажлис қурди. Ҳадис излаб сафар қилди ва унда моҳир бўлди. У гўзал маърифатли, яхши ҳофизали эди ва фақиҳлик ҳам қиларди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Хуросон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш кишини етиштирмаган».

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол: «Менимча, аҳли исломлар барчаси жамланиб Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини таъйин қилмоқчи бўлсалар эплай олмайдилар».

Имом Бухорий ҳақида имом Субкий айтадилар: «У мусулмонларнинг имоми, муваҳҳидларнинг ўрнаги, мўминларнинг шайхи, Пайғамбарлар саййиди ҳадислари суянчиғи, дин низоми муҳофизи ва Жомеъус Саҳиҳнинг соҳибидир».

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус Саҳиҳ» китобларида фақатгина саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилганлари ҳақида гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ – ойдин айтганлар ва бошқа уламоларни бу гапни қўллаб – қувватлаганлар.

Хатиб Боғдодий ўз санади ила Иброҳим бин Маъқалдан ривоят қилади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб саҳиҳларни ҳам тарк қилдим» деганини эшитдим».

Имом Бухорий ўта парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлайдиган зот эдилар. Ҳадисларни таҳоратли ва поклик ҳолдагина ривоят қилар эдилар.

Хатиб Боғдодий ўзининг «Тарихи Боғдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилади:
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий менга «Саҳиҳ китобимга олдин ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб бирорта ҳадис киритмаганман», деди».

Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий «Тарихул Ислом» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Аммо Бухорийнинг «Жомеъус Саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. У китоб бизнинг вақтимизда одамлар учун энг олий санаддир. Ўттиз йилдан буён уни эшитиш олий мақом эканлигидан хурсанд бўлиб юрадилар. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам ул китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди».

«Саҳиҳул Бухорий»нинг уламолар, муҳаддислар ва фиқҳийлар мазҳаблари ва ижтиҳодлари турли бўлишига қарамай барчалари бараварига чуқур ўрганганлари, таҳлил ва шарҳ қилганлари, мухтасар ва ҳошиялар ёзганларидан билиб олинса ҳам бўлади. Уларни таърифлаш ва ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзишга тўғри келади.

Замондош уламоларда дотор Абдулғани Абдулхолиқ ўзининг «Имом Бухорий ва унинг саҳиҳи» номли асарида «Саҳиҳул Бухорий»га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган.

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган мутахассисларнинг тадқиқотлари натижасида у зотнинг қаламига мансуб китобларнинг рўйхати тузилган. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ.
2. Ал-Адаб ал-Муфрад.
3. Ат-Тарих ал-Кабир.
4. Ат-Тарих Ал-Авсат.
5. Ат-Тарих Ас-Сағир.
6. Китобуз Зуафо.
7. Китобус сунан фил фиқҳ.
8. Холқу афъолул ибод.
9. Ал — Асмаа ва Куний.
10. Ал-Қироату холфал имом.
11. Китобул ҳибати.
12. Рафъул ядайни Фис Солати.
13. Биррул Волидайни.
14. Ал-Жомеъ ал-Кабир.
15. Ал-Муснад ал-Кабир.
16. Ат-Тафсир ал-Кабир.
17. Китобул Ашриба.
18. Асомис Саҳоба.
19. Ал-Ваҳдон.
20. Китобул Мабсут.
21. Китобул илал.
22. Китобул Фавоид.
23. Китобул Қазоёс Саҳобати ват Тобеъийн.
24. Машийхатул Бухорий.

Турли манбаларда, «Табақотуш Шофеъийя» ва «Фатҳул Борий»нинг муқаддимасида Имом Бухорий бир оз араб тилида шеър ҳам ёзганлари ҳақида маълумот берилган ва ўша шеърлардан намуналар келтирилган.

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ

Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашга Буғ қишлоқида 209 ҳижрий санада таваллуд топдилар.

Имом Термизийнинг китоблари “Сунани Термизий” “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим” китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар.

У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида, зарбул-масаллар битилганини айтадилар.

Шогирдларидан яна бирлари: “Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Ийсо Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди”, деб айтади.

Ибн Атийя: “Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушинарлироқ”-деб айтадилар. “Нима учун?”-деб сўралганда, Атийя: “Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади халос”-деб айтган эканлар.

Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса “Сунан” китоблари китобларининг чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган китобдир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг “Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобларини сифатлаб: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар”, деб айтадилар.

У зотдан бизга қуйидаги китоблар мерос бўлиб қолди:

1. “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”, бу китоб “Саҳиҳ ат-Термизий” номи билан машҳурдир.
2. “Шамоилун Набавия”.
3. “Илалул муфрад”.
4. “Илалу фий охири жомиъ”.
5. “Китобу Зуҳд”.
6. “Китобут Тарих”.
7. “Асмоу Саҳоба”.
8. “Асмо ва куна”.
9. “Китобу фий асари мавқуфа”.

Имом ат-Термизийни “Саҳиҳ” китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.

ИМОМ НАСАИЙ

Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар.

Бу зот китоби “Саҳиҳ” деб тан олинган олти имомнинг биридир. Имом Насаий илм талаб қилиб Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқдилар. Сўнгра Мисрда “ал-Қанадийл” номли машҳур китоб бозори бўлган тор кўчада яшадилар.

У зотнинг сифатларини зикр қилиб Дорақутний айтадиларки: “Абу Абдураҳмон ҳадис илмида эсга олинганларнинг муқаддами эдилар”.

Ибн ал-Асийр “Жомиъ ул-Усул” китобида: “Насаий Шофеъий мазҳабида эдилар ва Шофеъий мазҳабида “Ҳаж” китоблари бор», деган.

У киши тақволи, талабчан бўлиб Довуд пайғамбарни рўзасида давомли эдилар”, деб айтадилар. Бу зот ровийларни ўз вақтида жароҳатлаб, ўз вақтида таъдил этардилар. Шунинг учун журҳ ва таъдиллари уламолар орасида эътиборлидир.
Имом Насаий таълиф этган китоблари қуйидагилар:

1. “Сунани кубро ва суғро”.
2. “Хасоису фий фазли Али ибн Абу Толиб ва оли байт”.
3. “Китобу зуафо вал матрукийн”.
4. “Маносику Насаий”.
5. “Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Али ибн Аби Толиб”.

Имом Насаийнинг “ас-Сунан ал-Кубро” китоблари аввалига кўпгина заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган эди. Кейин эса, заиф ҳадисларни олиб ташлаб, саҳиҳларини қолдирганлар ва бу китобларнинг “ал-Мужтабаъ” деб номлаганлар. Мазкур китоб бизнинг вақтимизгача етиб келган.

ИМОМ ДОРИМИЙ

Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий ад-Доримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга келдилар.

Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий айтадилар: “Имом Доримий ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эдилар. У зотнинг ёдлашлик зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёда зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир”.

Имом Доримий биринчи илмий ишларини Самарқандда бошладилар. Хуросондаги уламолар ҳузурида ҳам бўлдилар. Ундан кейин Ироқ, Шом, Миср, Макка, Мадина юртларида бўлиб, у ерлик уламолардан ҳам фойдаландилар. Ҳадис илмидаги қилган асосий ҳаракатлари Самарқандда зоҳир бўлди.

Имом Доримийнинг энг машҳур китоблари “Сунани Доримий” бўлиб, бу китоб мўътабар олти китобнинг биридир, ҳам дейилган. Уламолар “Саҳиҳ китоб” эгалари, деб бешта имомга иттифоқ қилдилар. Булар Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаийлардир, лекин олтинчисига ихтилофлар бор. Баъзилари “Сунани Ибн Можа” ва яна баъзилар “Муваттоъи Молик” дейишса, бошқалари “Сунани Доримий” дейишади.

“Сунани Доримий”нинг олтинчи китобликка ҳақли эканига далил шуки, у иснодда заиф кишиларнинг озлиги, жумҳур уламолардан ажрамаганлиги, инкор этилган гапларнинг топилмаслиги жиҳатидан ажралиб туради.
Имом Доримий ҳадис илми билан чегараланиб қолганлари йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эдилар. Бу зот “Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира” деб номланган фиқҳ китоби муаллифидирлар. Ва яна Қуръони Каримнинг баъзи жузларига тафсир ёзганлар, лекин тафсирлари бизгача етиб келмаган.

Имом Доримийнинг ушбу “Сунан” китоблари 3465та ҳадисни ўз ичига олгандир.

Имом Доримий Марв шаҳрида 255 ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни вафот этдилар. Арафа–Жума кунида дафн қилиндилар.

УСУЛУЛ ФИҚҲ ИЛМИ

Фиқҳ илмининг асоси «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Зероки у фиқҳ масъалаларнинг манбаъидир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар.
«Усулул фиқҳ» илми уламоларининг диққат эътиборини доимо ўзига жалб қилиб келди. Улар бу соҳада ҳанузгача ўз қийматини йўқотмаган кўплаб асарлар таълиф этдилар.

Сўнг «Усулул фиқҳ» икки йўналишда бўлалди.
Биринчи: Мутакаллимлар йўналишида.
Иккинчи: Ҳанафий мазҳаби уламоларининг йўналишидир.

Усулул фиқҳ илмини ривожланишида Ўрта осиёлик уламоларнинг ҳам ҳиссалари катта. Ўрта осиёлик уламолар асосан иккинчи йўналишда қалам тебратганлар. Уларнинг баъзилари мутакаллимлар йўналишида ва ўзида икки йўналишни ҳам бирлаштирган асарлар ҳам таълиф этганлар. Қуйида улардан энг машҳурларининг номларини зикр этамиз.

1. Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур ал-Мотурудий (333-ҳижрий санада вафот этганлар).

Имом Мотуридий «Усулул фиқҳ» соҳасида биринчи қалам тебратган уламолардан ҳисобланади. У киши «Усулул фиқҳ» соҳасида икки китоб; «Китобул жадал», «Китобу маъохизуш шарийъа» асарларини таълиф этганлар.

2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Ийсо ал-Қозий ад-Дабусий.

Бу аллома Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари орасида жойлашган Дабус қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Дабусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидирлар.

Имом Абу Зайд ад-Дабусий ислом шариатига тааллуқли кўпгина асарлар ёздилар. Улар орасида «Китобул асрор», «Китобул амадул ақсо», «ан-Нузум фил фатво» китоблар машҳурдир.

Имом Дабусийнинг «Тақвиймул адилла» китоблари усулул фиқҳга доир бўлиб Ҳанафий уламоларининг йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир. Уламолар бу асарларни зўр қизиқиш билан ўрганиб, кундалик фаолиятларида ундан истифода этганлар ва унга шарҳлар ёзганлар.

Имом Дабусийнинг ватандоши имом Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий мазкур асарга шарҳ ёзган уламолардан биридирлар.

3. Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавий.

Самарқандда таълим олдилар ва шуҳрт қозондилар. Имом Баздавий Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сардори ҳисобланадилар. Икки жилдли «ал-Мабсут», «ал-Жомеъ ал-Кабир» ва «ал-Жомеъ ас-Сағийр»нинг шарҳлари имом Баздавийнинг муаллифотларидандир. Шунингдек имом Баздавий тафсир ҳам ёзганлар.

Фахрул ислом имом Баздавий 482-ҳижрий санасининг Ражаб ойида Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар. Имом Баздавий Самарқандда дафн қилинганлар.

Имом Баздавий ўзларининг «Усулул фиқҳ» соҳасидаги китобларини «Усулул Баздавий» деб атаганлар. «Кашфуз зунун» китоби муаллифининг ёзишича «Усулул Баздавий» ўзида нодир масалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир.
«Усулул Баздавий»га кўплаб шарҳлар битилган. Мулло котиб Чалапий ўзларининг китобларида «Усулул Баздавий»нинг ўндан ортиқ шарҳини зикр қилдилар.

Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийнинг «Кашфул асрор» китоблари «Усулул Баздавий» нинг шарҳлари орасида энг мўътабаридир.

4. Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин ан-Насафий.

У киши Насаф (Қарши) шаҳрида туғилдилар. Имом Абдуллоҳ ан-Насафий Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор ал-Курдий Ҳамудиддин аз-Зарир Бадриддин Хавоҳарзода каби алломалардан фиқҳ илмини таълим олдилар.

Имом Насафийга «Усулул фиқҳ» борасидаги китоблари катта шуҳрат келтирди. Улар орасида «ал-Манор» ёки «Манорул анвор» деб аталган китоблари «Усулул фиқҳ» соҳасидаги таълифотлар орасида муътабар бўлиб унга 25 та шарҳ ёзилган.
Бу шарҳлар ичида шайх Шужоиддин Ҳиббатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний қаламига мансуб «Табсийротул асрор фий шарҳил манор» китоби алоҳида ажралиб туради.

5. Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Бухоро шаҳрида туғилиб вояга етдилар. Боболари имом  Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Садруш шарийъани тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар. Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий «Мухтасарул Виқоя», «ал-Вишоҳ», «Таъдиятул улум», каби қимматбаҳо асарларни мерос қолдирдилар.

Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий мазҳабидаги машҳур «Усулул фиқҳ» олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «ат-Танқийҳ» деб аталган китоблари «Усулул фиқҳ» соҳасида мўътабар китоблардан ҳисобланади.

Имом Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий 747- ҳижрий йили Бухоро шаҳрида вафот этдилар. Имомнинг мақбаралари Бухоро шаҳридадир.

6. Аллома Саъдуддийн Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний.

Аллома Тафтазонийнинг «ат-Талвийҳ фий кашфи ҳақоиқ ат-Танқийҳ» китоблари имом Садруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг асарларига шарҳ бўлиб, бу турдаги муътамад китоблардан бири ҳисобланади. «Усулул фиқҳ» илми билан шуғулланишни ирода этган ҳар бир шахс албатта мазкур асарга мурожаат этди.

Ўрта Осиёлик машҳур муфассир ва муҳаддислар орасида имом ар-Розий, имом ас-Сархасий, имом Ахсикатий, имом Хуқандий каби «Усулул фиқҳ» илми билан ҳам шуғулланиб, унинг баъзи қоидаларини ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшган муфассир ва муҳаддислар ҳам бор.

Бу келтирилган барча далиллар «Усулул фиқҳ» илмини пайдо бўлиши ва муҳим диний илмлардан бири сифатида шаклланишда Ўрта Осиёлик уламоларнинг хизматлари улканлигига гувоҳлик беради.

ФУРУЪУЛ ФИҚҲ ИЛМИ

Фуруъу усулнинг муқобилига ишлатилиб шохобча маъносини англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса турли фиқҳий бобларга оид масалаларни жамлаб китоб қилинади. Одатда фуруъул фиқҳ китоблари уч қисмдан иборат бўлади. Ибодот – муомалот — оила ва бошқа нарсалар низоми ва жиноёт.

Ибодатларда таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид шаръий ҳукмлар ўрганилади.

Муомалотда асосан савдо сотиқ, турли молиявий алоқалар, мерос, васият, вақф, қулларга оид ишлар каби масалалар ўрганилади.

Оила низомида никоҳ, талоқ, идда, ҳазона, нафақа каби масалаларга эътибор қаратилади.

Жиноятларда эса, маст бўлиб, зино қилиш, одам ўлдириш, бировга тан жароҳати етказиш ва шунга ўхшаша жиноятларни аниқлаш ва уларга таъйин қилинадиган шаръий жазолар ҳақида сўз боради.

Албатта, таом, шароб, ҳалол –ҳаром каби шахсий ҳаётдаги масалалар ҳақида ҳам алоҳида боблар бўлади.

Шунингдек, кишиларнинг ташқи ва ички алоқаларига боғлиқ хавфсизликни сақлаш, мудофа, асирлар, ўлжа каби нарсларга оид ҳукмларда ҳам фиқҳ фуруъларида ўрганилади. Мовароуннаҳр фуқаҳолари Ислом оламига донг таратган фуруъул фиқҳ китоблари билан ҳам алоҳида ажралиб турадилар.

1. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (587 ҳижрий йилда вафот этган).

У кишининг лақаби Маликул Уламо бўлган. Асосан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийда ўқиган. Устозининг барча китобларини, хусусан, «Туҳфатул фуқаҳо» китобини яхшилаб ўрганган ва кейинроқ уни «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» ном ила шарҳ қилган.

Тадқиқиотчилар «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»ни «Туҳфатул фуқаҳо»нинг энг яхши шарҳи дейишади. «Туҳфатул фуқаҳо» эса «Мухтасари Қудурий»га қўшимча қўшиб, яхшилаб тартибга солинган китоб бўлган.

Аммо «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»га эътибор билан назар соладиган бўлсак, у урфга айланиб қолган шарҳларга ўхшамаслигини кўрамиз. Унда аслнинг матнини сўзма сўз келтириб шарҳ қилиш услубига эргашилмаган. Имом Косоний ўз китобида «Туҳфатул фуқаҳо»нинг тартибига риоя қилмасдан, боб ва фаслларни янгидан тартибга солган.

«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»нинг соҳиби ўз китобининг аввалида ҳамду санодан кейин фиқҳ илмининг фазли ҳақида мухтасар маълумот бериб бир оят ва Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва бошқа муҳаддислар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган «Аллоҳга динда фақиҳ бўлишдак бирор нарса ила ибодат қилинмаган. Албатта, бир фақиҳ шайтон зиддига минг обиддан кўра шиддатлироқдир», деган ҳадисни келтирган.

«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» барча уламоларнинг таҳсини ва мақтовига мушарраф бўлган, катта шуҳрат қозонган китобдир. Жумладан, Ҳожи Халифа ўзининг «Кашфи зунун»ида «Бу китоб исми жисмига монанддир», деган.
«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» кўп марталаб чоп этилган ва кенг тарқалган китобдир.

2. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий фуруъул фиқҳдаги энг машҳур уламолардан биридир.

Имом Сарахсий 483 ҳ.с.да Фарғона шаҳрида вафот этган. У киши фиқҳ, усул ва ҳадис бўйича катта ва машҳур олим бўлган. Ҳанафий уламолар имом Сарахсийни соҳиби мазҳабдан ривоят бўлмаган масалаларда мужтаҳидлардан деб ҳиоблайдилар. У киши кўп китобларини, жумладан, дунёга машҳур «Мабсут» номли китобларини ҳам Ўзгандаги зиндонда ўтириб ёзган. У киши Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвонийнинг шогирдларидандир.

Имом Сарахсий кўплаб китоблар ёзган. Ўша китобларнинг ичида «Мабсут», «Усул» ва «ан-Нукат» китоблари жуда ҳам машҳурдир.

«Шарҳу Сияри Кабир» китоби имом Сарахсийнинг имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг «ас-Сияр ал-Кабир» китобига ёзган шарҳидир.

3. Бурҳониддин Али бин Абу Бакр Абдужалол ал-Маржоний раҳматуллоҳи алайҳи.

У киши Мовароуннаҳр тупроғининг таниқли фақиҳларидан биридир. Аллома Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида таввалуд топди. Бухоройи шариф мадрасасида таҳсили илм қилди. У Ислом фиқҳи асосларига доир бир неча илмий асарлар муаллифидир.

Улар орасида машҳурроғи «Бидоят ал мубтадий» ҳисобланади. Олим кейинчалик бу китобига «Кифоят ал мунтаҳий» номли саккиз жилддан иборат шарҳ ёзди. Унинг қаламига мансуб «Ҳидоя» ҳам мухтасар шарҳдир. Бу шарҳ Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва Туркия минтақаларига кенг тарқалгандир. «Ҳидоя» кўплаб Шарқ мамлакатларида фиқҳ бўйича асосий қўлланма саналади.

«Ал-мунтаҳо», «Наҳрул мазҳаб», «Ал тажнис вал мазид», «Мухторатул нозил», «Китобул фароиз» каби китоблар Ислом дунёсида муътабар уламолар тарафидан тан олинган машҳур асарлар бўлиб, улар улуғ аллома Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансубдир.

«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳнинг энг муҳим китобларидан бири бўлиб мислсиз шуҳрат қозонгандир.

Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Бидоятул мубтадий» китобини икки марта шарҳ қилган. Биринчи шарҳни «Кифоятул мунтаҳий» деб номлаган ва ёзиб битиргандан сўнг чўзилиб кетганини, кўпчиликка малол келишини эътиборга олиб қисқароқ шарҳ қилган ва унга «Ҳидоя» номини қўйган.

Шайх Акмалидиннинг айтишларича «Ҳидоя»нинг соҳиби бу китобни ўн уч йил давомида тасниф қилган ва ўша муддатда доимо рўза тутиб юрган. Шу билан бирга рўза тутаётганини бировга билдирмасликка ҳаракат қилган. У кишиннг зуҳди ва тақвоси туфайли китоби ҳаммага мақбул бўлган.

Мовароуннаҳр фақиҳлари фиқҳнинг турли соҳаларида бутун Ислом оламига манзур бўлган ҳозиргача фойдаланиб келинаётган китоблар ёзганлар. Имконимиз чегараланган бўлгани учун мазкур китоблардан баъзи фатвога оидларининг номини эслаш билан чегараланамиз.

— Фатво китоблари;
— Фатавои Қозихон.

Бу китобнинг муаллифи имом Фахриддин Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний Ҳанафий (592 ҳ с.да вафот этган).
— «Навозил»

Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (383 ҳижрий санада вафот этган).
— Захийратул Фатавий.

Имом Бурҳониддийн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (616 ҳижрий санада вафот этган).
— Хулосатул Фатава.
Имом Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашийд Бухорий (542 ҳижрий санада вафот этган).

ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ

Мовароуннаҳрда бошқа илмлар билан бир қаторда ислом фалсафаси ҳам ривожланган эди. Бу юртдан дунёга машҳур ва улкан илмий мерос қолдирган файласуфлар етишиб чиқди. Биз улардан фақат иккитаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

ФОРОБИЙ

Абу Наср Фаробий Ўтрор шаҳрида 256-257 ҳижрий санада туғилди.
Форбий турли илмларни яхши ўзлаштирган мавсуъий олим эди. У фалсафа, мантиқ, илоҳиёт, ахлоқ, сиёсат, фалакиёт, кимиё, мусиқо ва бошқа илимларга оид ўнлаб китобларни ёзган.
Абу Наср Форобий машҳур мутаржим Абу Башир Матта билан биргаликда Арасту (Аристотел) асарларини таржима қилди ва уни доҳиёна шарҳлар ила бойитди.
Шундан кейин унга «ал-Муаллим ас-соний» («Иккинчи муаллим») ва Шарқ Арастуси унвони берилди. Абу Наср Форобий илм истаб Самарқанд, Бухоро, Ҳирот, Mазна, Ҳаррон, Шом ва яна кўплаб мусулмон шаҳарларида бўлди.
Абу Наср Форобий 336 ҳижрий йилда Дамашқ яқинидаги қишлоқларнинг бирида вафот этди.
Абу Наср Форобий 260дан зиёд илмий иш яратди. Улардан айримлари қуйидагилардир:

1. «Рисола фи Аъза ил Инсон»,
2. «Рисола фи Аъза ал-Ҳайвон»,
3. «Рисола фир Радди ала Жолинус фима Наказа фиҳа Аристотелис»,
4. «Китобун фи Арои аҳл ил-Мадинатил Фазила»,
5. «Рисола фил Миллатил-фазила»,
6. «Таълиқот»,
7. «Рисола фи Таҳсил ис Саодат»,
8. «Рисола уюн ул-Масоил»,
9. «Рисола ал-Муфаррақот»,
10. «Рисола фи Маснил ақл» ва ҳоказо.

Форбийнинг китоблари икки турга тақсимланади. Биринчиси фалсафа ва бошқа соҳаларда ёзган китоблари. Иккинчиси Афлотун, Арасту ва уларга эргашганларнинг китобларига ёзган шарҳлари. Баъзи тадқиқотчилар мазкур китобларнинг сони қирқ донага етганини айтадилар.
Унинг «ал-Жамъу байна раъйай ал-Ҳакимайни Афлотун ал-Илоҳий ва Арастутолис» — Икки ҳаким – Афлотун илоҳий Арастуларнинг фикрларни жамлаш деб аталган китоб Форбийнинг бу борада олиб борган ҳакатининг гултожи ҳисобланади.

ИБН СИНО

Башарият тан олган ўрта аср улуғ қомусий олими. Абу Али Ибн Сино 380 ҳижрий йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилди.
Ибн Сино Абу Райҳон Беруний, Абулхайр ал Хаммар кабилар билан замондош эди. У Хоразм пайтахти Урганчда яшаган пайтида ўн икки йил муттасил улар билан алоқада бўлиб турди.
Айнан шу ерда Ибн Сино ўзининг машҳур китоби «Қонун фит-тиб» («Тиббиёт қонуни») ва яна кўплаб асарларини яратишга киришди. Бу китоблар ўрта асрнинг мумтоз меросигина бўлмай, бизнинг кунларимизда ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ.
Улуғ алломанинг «Китоб аш-шифо», «Китобу лисани араб», «Китобул инсаф», «Уржуза фит-тиб» ва яна бошқа кўплаб асарлари фикримизнинг далилидир.
Ибн Сино фалсафага Форобийнинг китоблари орқали кириб келган. Аммо Арастунинг «Метафизика» номли китобини ўқиб тушуна олмаган ва фалсафани тарк этган.
Ибн Синонинг ёзган китоблари илм – маърифатнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Унинг таълиф қилган китобларининг сони икки юздан ортиб кетган. Шунинг учун ҳам тарихчилар Ибн Синонинг китобларини турли илмларга тақсимлаб ўрганадилар.
Фалсафага оид китоблар:

1. «аш-Шифо» — асл нусха қўлёзмаси ўн саккиз жуздан иборат.
2. «ан-Нажот» — аввал зикр қилинган китобнинг мухтасари.
3. «ал-Ишоротул Ислоҳия».
4. «Ҳикматул аруз».
5. «Уйунул ҳикмати».

Мантиққа оид китоблар:

6. «ал-Мужаз ал-Кабир фил мантиқ».
7. «ал-Авсат фил мантиқ».
8. «ас-Сағир фил мантиқ».
9. Мантиқ ҳақидаги узун қасида.

Тибга оид китоблар:

10. «ал-Қонун фит тиб».
11. «ал-Уржуза фит тиб» ва бошқалар.

Тасаввуфга оид китоблар:

12. «Ҳикматул мавт».
13. «Рисола».
14. «Ҳайй ибн Яқазон».
15. «ал-Ҳикматул Машриқия».

Шу билан бирга зуҳд ва тасаввуфга оид бир қанча ажойиб қасидалари бор.
Турли илмларга оид китоблар:
Ибн Синонинг кимиё, мусиқа, фалакиёт, тил, адабиёт, шеърга оид кўплаб китоблари мавжуд. Тадқиқотчилар унинг араб тилидаги шеърларини юқори баҳолайдилар.

ТАСАВВУФ ИЛМИ

Мовароуннаҳрда барча исломий илмлар билан бирга тасаввуф илми ҳам ривожланган. Бу юртнинг фарзандлари бир неча сўфийлик тарийқатларига асос солганлар, уларнинг орасидан тасаввуфнинг буюк номояндалари етишиб чиққан.

Яссавия тарийқати.

Бу тарийқат улуғ мутасаввиф Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳининг номлари билан аталгандир. У киши 562 ҳижрий санада вафот этганлар.

Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳи шайх Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан бўлганлар. У киши Бухорода таҳсили илм қилганлар. Яссавийлик тарийқати силсила жиҳатидан нақшбандийликка алоқадордир. Бу тарийқатда зикр жаҳрий бўлади.

Нақшбандия тарийқати.

Бу тарийқат шоҳ нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши 717 ҳижрий санада Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида дунёга келганлар. Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи 791 ҳижрий сананинг Рабийъул Аввал ойининг учинчи куни душанбага ўтар кечаси вафот этдилар.

Шайх Абдуллоҳ Деҳлавий нақшбандия тарийқати ҳақида қуйидагиларни ёзганлар: «Бу тарийқат Ҳақ таолонинг ҳузурида доимий ҳозирликдир, Ислом ақийдасини, аҳли сунна ва жамоа ақийдасини мустаҳкамлашдир ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир».

Уламолар Муҳаммад Мурод Ўзбакийдан нақшбандия тарийқати ҳақида айтган қуйидаги гапларини ривоят қиладилар: «У саҳобаи киромларнинг асл ҳолича, зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмай қолган тарийқатидир. У ботинда ҳам, зоҳирда ҳам барча ҳаракот ва саканотларда суннатга ва азийматга комили илтизом қилган, бидъат ва рухсатдан батамом четда бўлган ҳолда ибодатда бардавом бўлишдан иборатдир».

Шайх Амин Алоуддин Нақшбандий ўзининг «Нақшбандия тарийқати недир» номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Муҳақиқ уламолар нақшбандия тарийқати ҳақида қуйидаги хулосаларни таъкидлайдилар: «Нақшбандия тасаввуфи ўртача ва мўътадилдир. У сулукдаги мўътадиллик, шариатга эргашиш, тарийқатнинг осонлиги билан ажралиб туради. У хусусан дин уламолари ичида кенг тарқалган. Нақшбандий сўфийнинг қалби Аллоҳ билан, жисми банда билан.

Бу тарийқатдаги назарни ўзига тортадиган энг муҳим нарса сокинлик, риёдан холий бўлмайдиган бақир чақир, тараннум ва самоълардан узоқдалигидир.

Нақшбандий зокир намоздан кейин, пок ҳолида, қиблага қараб ўтириб олиб, тилини танглайига теккизиб, қалби тил ҳаракати ила бирлашиб Аллоҳни зикр қилади».

Мовароунаҳрда кўплаб тасаввуф машойихлари туғилиб ўсганлар ва ўзларининг улуғ илмий меросларини қолдирганлар. Баъзиларининг номларини зикр қилиб ўтамиз.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Бухоройи шарифнинг Ғиждувонида 515 ҳижрий -1121 милодий санада туғилганлар ва ўша ерда 595 ҳижрий -1199 милодий санада вафот этганлар.

Хожа Ориф Ревгарий раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Ревгарда 560 ҳижрий -1165 милодий санада таваллуд топганлар ва ўша ерда 660 ҳижрий -1212 милодий санада вафот этганлар.

Хожа Маҳмуд Фағнавий раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Бухородан уч фарсах узоқдаги Фағна деган жойда туғилганлар. Аммо таваллуд саналари маълум эмас. У зот ўзлари туғилган юртда 717 ҳижрий -1317 милодий санада вафот этганлар.

Хожа Али Ромитаний раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Ромитанда 591 ҳижрий -1194 милодий санада туғилганлар ва 721 ҳижрий — 1321 милодий санада вафот топганлар.

Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зотнинг Саммосда туғулганлари маълум бўлса ҳам қайси йили туғилганлари номаълум. Вафотлари эса Саммосда 755 ҳижрий -1354 милодий санада бўлган.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида 718 ҳижрий -1318 милодий санада дунёга келдилар ва худди ўша ерда 791 ҳижрий -1389 милодий санада дунёни тарк этдилар.

Хожа Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи.

Бу зот Ғазнанинг Чарх қишлоғида туғилган. Туғилган санас маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратлари 851 ҳижрий -1447 милодий санада ҳозирги Душанба шаҳрида вафот этганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи.
Бу зот Тошкентнинг Боғистон даҳасида 806 ҳижрий -1404 милодий санада дунёга келганлар. 893 ҳижрий -1490 милодий санада вафот топганлар.

Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи Самарқанднинг Имкана деган жойида 918 ҳижрий — 1512 милодий санада таваллуд топганлар. У кишининг вафотлари ўзлари туғилиб ўсган юртда 1008 ҳижрий — 1599 милодий санада бўлган.

Ватанимиз пойтахти Тошкентни Ислом Маданияти Пойтахти деб эълон қилиниши муносабати ила жамланиб турганимиз боиси ушбу улуғ шаҳар аҳолисидан чиққан мусулмон уламоларнинг илмий мероми ҳақида ҳам икки оғиз сўзлаб ўтишга ижозат бергайсиз.

Тошкент исломий манбаларда «Шош» номи билан зикр қилинган. Шош шаҳари ва унинг уламолари ҳақида кўплаб китобларда маълумотлар бор. Биз эълон қилган тандовда иштирок этиш ниятида тадқиқот олиб борган аҳли илмларимиздан бирлари 102 тадан ортиқ Шоший олимларни топиб, уларнинг илмий меросларини рўйхатини тузди.
Биз чегараланган имкониятдан келиб чиқиб бир-икки олим ҳақида қисыа маълумот бериш ила кифояланамиз.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил ал Қаффол аш-Шоший раҳматуллоҳи алайҳ (191-336 ҳ.с.).

Бул зот ҳақида ибн Халликан раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Вафоятул аъён» китобида шундай ёзади: «Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил ал Қаффол аш-Шоший ўз замонасидаги барча олимларнинг имоми эди. У бир вақтнинг ўзида ҳам фақҳ, ҳам муҳаддис, ҳам тилшунос эди. Мовароуннаҳрнинг шофеъии уламолари орасида ҳеч ким у билан баҳслаша олмасди. Аллома ўзидан сўнг қатор машҳур асарлар қолдирди. Шофеий мазҳабини ўз юртида ёйишда фақиҳлар орасида биринчилардан бўлиб «Ал жадал ал-ҳасан» китобини ёзди».

Қаффол Шоший раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги асарларнинг муаллифидир:
«Жавомиул калим».
«Абадул қозий», «Илмул жадал».
«Маҳосинуш шариъа».

Имом Қаффол аш-Шоший раҳматуллоҳи алайҳ Тошкент шаҳридаги Мовароуннаҳр мусулмонлари Идораси ёнидаги «Ҳазрати Имом», деб аталувчи мавзега дафн этилгандир.

Имом ал Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший раҳматуллоҳи алайҳ.

Бу зот Тошкент шаҳрида туғилди ва шу ерда камол топди. Кўп мамлакатларга сафар қилди, Пайғамбар алайҳиссалому васаллам ҳадисларини жамъ қилди. Ҳаётининг катта бир қисмини Самарқандда кечирди. Улуғ олим хусусан Абу Ийса Термизийнинг «Суннат» китобларидан ўзлаштирди.

Имом ал Ҳайсам ибн Қулайб Шоший раҳматуллоҳи алайҳ ҳадислар тўпламини «Ал-муснад ал кабир», деб номлади. Ҳижрий 335 йилда вафот этди.

Имом ал Ҳайсам ибн Қулайб Шоший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Муснад» асари асосида илмий ишлар қилган мовароуннаҳрлик қатор уламоларнинг номлари тарих зарварақларида битилгандир. Улар: Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал Барқаний ал-Хаваразамий, Иброҳим ибн Маъқал ан-Насафий, Нуйма ибн Ҳаммад ал-Марвазий, Ҳофиз ал Хоразимий, Жамолуддин ан-Насоийлар ҳисобланади.

Ҳозиргача илмий-фиқҳий доираларда Усулул фиқҳ илмида «Усулуш Шоший» номли китоб машҳур бўлиб келмоқда. Бу китобни Ислом оламининг машриқидаги кўпгина диёрларда дарслик сифатида ҳозир ҳам ўқитилмоқда. «Усулуш Шоший» китобининг муаллифи кимлиги ҳақида турли фикрлар бор эди. Ҳозирда бу китобнинг муаллифи Низомиддийн Муҳаммадазийз Шоший экани аниқланди.

БОШҚА ИЛМЛАР

Мовароуннаҳрлик алломалар фақат исломий илмлардагина эмас, бошқа турли илмлар бўйича ҳам пешқадам бўлишган. Улар наҳв, сарф, балоғат, луғатшунослик, тиббиёт, сайдала, жуғрофия, тарих, ўсимликшунослик, фалакиёт, математика, алгебра, кимё, физика ва бошқа илмлардан ўзларининг улкан илмий меросларини қолдирганлар. Намуна учун улардан баъзиларини зикр қиламиз;

— Физика.
Мусулмонларнинг энг машҳур физик олимларидан бири мовароуннаҳрлик Абу Райҳон Берунийдир. У ўзининг аниқ илмий баҳслари орқали турли нарсаларнинг оғирлигини тақдирлаш, ернинг ҳажмини ўлчаш, шафақнинг хусусиятларини, қуёш тутилишини ва бошқа табиий ҳодисаларни ўрганишга муяссар бўлди.
Берунийнинг илмий кашфиётлари олдида ғарбликлар ҳам ҳайрон қолишди. Ҳатто шарқшунослардан Эдвард Саху Беруний ҳақида, у тарихдаги энг улкан ақл эгасидир, деган. Беруний нарсаларнинг зичлигини ўрганиш бўйича ясаган асбоб бу соҳадаги энг биринчи асбоб ҳисобланади.

— Кимиё.
Ғарблик олимлар кимиё илми мусулмонлар томонидан тўлақонли илм ҳолатига кетирилганлигини бир овоздан таъкидлайдилар. Авваллари кимиёга оид нарсаларни худди сеҳргарликка ўхшатиб сирли равишда олиб борилар экан. Мусулмонлар уни илмий тажрибага бўйсинадиган илм эканини исбот қилганлар.
369 ҳ.с. (976 м.с.)да вафот этган Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразимий ўзининг «Мафотийҳул улум» номли китобида кимиёвий тажрибаларда ишлатиладиган моддаларнинг кўпларини васф қилиб чиққан.

— Фалакиёт.
Дунёда энг кўп донг таратган илми фалакнинг мусулмон олимларидан бири Мирзо Улуғбекдир. Улуғбек асос солган расдахона оддий расадхона эмас, балки, буюк франсуз тарихчиси Волтер таъкидлаганидек, фалакиёкшунослик академияси эди. У ерда бу илмга тегишли турли маълумотлар, олимлар йиғилди ва кенг миқёсда илмий баҳслар олиб борилди. Расадхонада ишлатиладиган асбоблар яратилди.
Улуғбекнинг «Зижжи Кўрагоний»си фалакиёт илмидаги нодир илмий қимматга молик асардир. Унинг бу соҳада етишган натижаларига ҳозирги энг тараққий этган асбоблар билан қуролланган фалакиёт олимлари ҳам кўп нарсани қўша олганлари йўқ.
Иккинчи бир ватандошимиз Аҳмад Фарғоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам фалакиёт бўйича оламшумул кашфиётлар қилган. У ернинг думолоқ шаклда эканлигини кашф қилгани, қуёш тутилишини биринчи марта олдиндан ҳисоблаб чиқиб айтгани ва бошқа кашфиётлари бутун дунёда довруғини тарқатган.
Аҳмад Фарғоний қушёнинг ва юлдузларнинг ҳаракат йўналишини энг аниқ билган олимдир. У ернинг мустақим чизиғи узунлигини биринчи бўлиб аниқлаган олимдир.
Аҳмад Фарғоний юлдузларнинг ораларидаги масофани ва уларнинг ҳажмини аниқлаб жадвал тузган олимдир. Ана шу жадвалдан барча фалакиётшунослар, жумладан, Оврополиклар илми фалак «асосчиси» деб юрадиган Коперник ҳам фойдаланган.
Аҳмад Фарғонийнинг кўплаб илмий асарларидан бири бўлган «Жавомиъу илмин Нужум» номли китоби лотин тилига бир неча бор таржима қилинган. У кишини ғарбликлар «ал-Фраганус» деб атайдилар.
Дунёга илми фалакдан устозлик қилган мусулмонлардан бири аллома Абу Райҳон Беруний раҳматуллоҳи алайҳидир. У кишининг турли аниқ-тажрибий илмлар бўйича ёзган кўплаб китобларидан кирқ бештаси фалакиёт илмига бағишлангандир.
Америка қитъаси борлигига илмий назарий ишора қилган олим ҳам Абу Райҳон Берунийдир. Коперникдан қариб беш юз йил илгари оламнинг маркази ер эмас, қушёдир деган илмий хулосани айтган олим ҳам Абу Райҳон Берунийдир.
Шунингдек, ер қуёш атрофида айланишини биринчи бор тасдиқлаган олим ҳам Абу Райҳон Берунийдир. Бу илмий ҳақиқатларни бошқаларга, Абу Райҳон Берунийдан беш юз йил кейин туғилганларга нисбат бериш ҳақиқатни қайси кўчасига тўғри келишини бир ўйлаб қўйиш керак бўлади.

— Илми ҳисоб.
Мовароуннаҳрлик мусулмон олим Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразимий ҳиндий рақамлар асосида ҳамма учун қулай бўлган ҳозирги ҳамма ишлатаётган рақамларни ишлатишни йўлга қўйди. У киши бир китоб ёзиб унда аввал ҳиндий ҳисоб низомини баён қилди. Кейин эса уни амалга татбиқ қилиш бўйича ўз услубларини мисоллар билан кўрсатди. Ҳаммага ҳисоб китоб юритишни таълим берди. Айниқса мерос бўлишни жуда ҳам аниқ қилиб кўрсатди.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразимий ёзган китоблар ичида энг машҳурларидан бири «ал-Жабр ва ал-Муқобала» бўлиб, бу китоб илми ҳисобдаги Оврополиклар ҳозирда Алгебра номи билан атайдиган фанга асос бўлди. Зотан Алгебра арабча ал-Жабрнинг овропочалаштирилган талаффузидир. Бу китоб ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб бутун Овропода дарслик вазифасини ўтаган.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразимий ҳисоб усулларини, жамлаш, тақсимлаш, кўпайтириш, бўлиш ва каср чиқариш каби илми ҳисобни баён қилувчи бошқа бир китоби ўн иккинчи асрда испан ва лотин тилларига таржима қилинди.
Бу китобни 1143 йилда олмон тилига таржима қилинди. Ана ўша вақтдан бошлаб олмонлар у кишини Алгорезимус номи ила атай бошладилар ва лотин тилида у зотнинг шанига ва назарияларига атаб шеърлар айтдилар. У кишининг бошқа китоблари ҳам лотин ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Олмониялик олима Зигред Хунке хоним Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразимийга бағишланган сатрларида жумладан қуйидагиларни ёзади:
«Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразимий ғарбга фақат ададларни ва ҳисобнигина ўргатиб қолмади, балки, турли математик масалаларни ечишни ҳам ўргатди. Ҳозиргача Алгоритм ҳисоб қоидаси унинг номи билан аталади.
Унинг Испания, Олмония ва Англиядаги ҳисоб услубини тарқатиш учун кураш олиб борган тарафдорлари хоразимийлар (алгоризимикер) номи билан аталадилар».
Бошқа бир хоразмлик олим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразимий раҳматуллоҳ алайҳи ҳам илми ҳисоб бўйича улуғ кашфиётлар қилган. Бизнинг бу борада батафсил баҳс юритишга имконимиз йўқлиги туфайли у кишининг фақат битта кашфиётлари ҳақида қисқача сўз юритамиз.
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразимий раҳматуллоҳ алайҳи 976 мелодий санада ўзининг «Мафотийҳул улум» номли китобларида ҳисоб амалиётларида ўнликларда бўш жой қолса кичкина доира шаклидаги аломат қўйишини таклиф қилди. У киши ўша доирани «сифр», яъни, «ҳеч нарса» деб номлади.
Худди мана шу «сифр» назарияси инсониятнинг илмлар бўйича энг буюк назарияларидан бири ҳисобланади. Бу нарсани бизда ўрисларга эргашиб «нол» дейилади. Бу ҳам «ҳеч нарса» маъносини беради. Овропо халқлари ҳам Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразимий раҳматуллоҳ алайҳининг «сифр»ини таржима қилиб, «зеро» дейдилар.
Оврополик тарихчилардан жаноб Эйр «сифр» назарияси ҳақида қуйидагиларни айтади:
«Албатта, «сифр» назарияси мусулмонлар Оврополикларга тақдим қилган энг улкан илмий ҳадиялардан бири ҳисобланади. «Сифр» аломати ҳисобни тўғрилаш борасидаги энг улуғ қадамдир.
Ҳақиқатда «нол» бўлмаса ҳисоб китоб қилиш мумкин эмас ҳолига келиб қолади. Бу кашфиётнинг қадри электр ҳисоблаш машиналари-компютерлар чиққанда яна ҳам ортди. Ҳозир улардаги ҳамма нарса айнан «нол»нинг асосида амалга оширилади. Ҳамма рақамларнинг асосида «нол» бўлади. Унинг баъзи қисмини ишлатиб, баъзисини ишлатмаслик йўли билан қолган рақамлар барпо қилинади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ҳозирда ватанимиздан чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва қолдирган илмий меросларини ўрганиш, халқ оммасига етказиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу анжуманимиз ҳам бу борадаги муҳим ишлардан бири ҳисобланади. Биз аввал ҳам таъкидланганидек, фақат қисқа ишоралар билан чекландик. Аммо улуғ олимларимизнинг шахслари ва илмий мерослари ҳақида катта-катта китоблар битилган ва яна битилади деган умиддамиз.
Сўзимнинг охирида ушбу анжуман ташкилотчиларига ўзимнинг самимий ташаккурларимини изҳор қиламан ва барчангизга фақат яхшиликлар тилаб қоламан.
Аллоҳ ўтган улуғ алломаларимизнинг жойларини жаннатдан қилсин!
Илм-маърифат ва фан-маданият йўлида қилган амалларининг савобини кўпайтиб берсин!
Бизларни ҳам улага муносиб набиралар бўлишимизни насиб этсин!

Омийн!

2007 йил

02Ushbu ma’ruzada Movarounnahr farzandlari bo‘lmish buyuk musulmon olimlarning ilmiy merosi haqida juda ham qisqa ma’lumotlarni taqdim qilish niyatidamiz. Albatta, bu urinish ba’zi sarlavhalardan iborat bo‘ladi, xolos. Chunki Movarounnahr diyoridan yetishib chiqqan buyuk olimlarning ilmiy merosi haqida ko‘p jildlik kitoblar yozilganda ham kamlik qilishini hammamiz yaxshi bilamiz.

Tasavvur qilish uchun birgina misol ketirishimiz mumkin. Ulug‘ vatandoshlarimizdan biri Najmuddiyn Umar ibn Muhammad ibn Ahmad Nasafiyning “Al-Qand fii zikri ulamai Samarqand” nomli kitobida Samarqandga tegishli bir ming o‘nta olimning tarjimai holi keltirilgan. Albatta, mazkur kitobda uning muallifiga ma’lum bo‘lgan va undan oldin yashab o‘tgan ulamolar haqida ma’lumot berilgan, xolos.

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf
O‘ZBЕKISTONNING ISLOM TAMADDUNI
RIVOJIGA QO‘SHGAN HISSASI

07

07Bismillahir rohmanir rohiym

Alhamdu lillahi Robbil olamiyn! Vassolatu vassalamu ala xoyri xolqihi Muhammadin va ala Alihi va as’habihi ajma’iyn!

Alloh subhanahu va taolo birinchi hijriy asrda Movarounnahr diyorini O‘zining oxirgi va mukammal dini Islom nuri bilan munavvar qildi. Bu diyor ahlining ko‘pchiligi Islomni ochiq qalb bilan qabul qildi. Ularning Islomi go‘zal bo‘ldi. Zotan Alloh taoloning O‘zi bu diyor odamlarini ularga bergan ajoyib tabiat va qobiliyatlarga mos va ularning rivojiga omil bo‘luvchi qiyomatgacha boqiy qoluvchi dini Islomga hidoyat qilgan edi. Movarounnahr aholisining Islom diniga kirishi ularning ko‘plab qobiliyatlarining ochilishiga, hayotning ko‘plab jabhalarida o‘zlarining peshqadamliklarini isbot qilishga olib keldi.

Tez orada Islomning turli soha va ilmlari bo‘yicha Movarounnahrlik nomoyandalar yetishib chiqa boshladilar. Bu harakat tezlik bilan rivoj topdi va turli ilmlarda umumdunyo miqyosidagi buyuk allomalar yetishib chiqa boshladi. Shu tariqa Movarounnahrda Islom dini va Islomiy ilmlar rivoji boshlandi. Tez orada Buxoro, Samarqand, Termiz, Nasaf kabi shaharlarning nomi islomiy shaharlar sifatida butun dunyoga tanildi.

Movarounnahrdan o‘sha vaqtda mavjud bo‘lgan barcha ilmlar bo‘yicha yetuk allomalar chiqibgina qolmasdan, balki bir qancha yangi ilmlarga asos solgan ulug‘ zotlar ham yetishib chiqdilar. Ushbu holatning o‘zi Movarounnahr aholisining insoniyat tarixiga, ilm, fan, madaniyat rivoji tarixiga kirishiga Allohning qiyomatgacha boqiy dini Islom sabab bo‘lganining yorqin dalilidir.

Islom yurtimizning boshqa burchaklarida ham tarqalib, yerli aholi Islomni yaxshi o‘zlashtirib oldi. Alloh taoloning oxirgi va mukammal dini bo‘lmish Islomda kishilarni irqi, millati, yashash joyi, tiliga qarab ajratish yo‘q edi. Hamma ixlosiga, e’tiqodiga, qilgan mehnatiga yarasha qadr topar edi.

Shuning uchun ham aslida qobiliyatli bo‘lgan Movarounnahr diyori aholisi Islomda o‘zining murodi-maqsadi va halovatini topdi. Islom tufayli hayotning barcha sohalarida ulkan muvaffaqiyatlarga erishdi. Islom soyasi ostida bu diyor gullab-yashnadi. Xalq esa o‘sha vaqtdagi dunyoning peshqadam xalqlaridan biriga aylandi.

Agar tarixga diqqat bilan nazar soladigan bo‘lsak, hayotning barcha sohalarida ko‘zga ko‘ringan arboblar, dunyoga dong‘i ketgan buyuk shaxslar ayni Islom davrida, islomiy hayot soyasida voyaga yetganlar. Butun olamga fan, madaniyat, hazorat (sivilizatsiya) markazlari sifatida tanilgan shaharlarimiz ham o‘sha vaqtda tilga tushgan.

Dunyo tarixidagi oddiy haqiqatlarning biri shulki, ilmu-fansiz hech bir yurt, hech bir xalq, hech qanday jamiyat taraqiyotga erisha olmaydi. Islom madaniyatining gullab-yashnashi, musulmon o‘lkalarining jahon tarixi ko‘rmagan taraqqiyotga erishishi, yurtlarning obod, xalqlarining peshqadam bo‘lishi ham Islom dinining ilm-fanga bo‘lgan o‘ta yaxshi munosabatidan edi. Dunyoda hech bir din, tuzim, falsafa yoki harakat ilm talab qilishni ibodat darajasiga ko‘targan emas. Talabi ilmni har bir erkak va ayol uchun beshikdan lahadgacha farz qilgan emas. Ulamolarning siyohini shahidlar qoniga tengalashtirgan emas. Islom esa aynan shu ishlarni qildi.

Eng muhimi, Islomda bular quruq gap va tashviqot uchun ko‘tarilgan shior bo‘lmadi. Odamlarni aldash uchun e’lon qilingan dastur ham bo‘lmadi. Aksincha haqiqiy amaliy haqiqat bo‘ldi. Bu sohada ham islomiy bag‘ri kenglik ko‘rsatildi. Kim bo‘lishidan qat’iy nazar, har kim mehnatiga yarasha qadrlandi. Shuning uchun ham aslida o‘troq, qobiliyatli bo‘lgan yurtimiz aholisi ichidan buyuk allomalar chiqdi. Ilmning turli sohalarida dunyoga dong‘i ketgan allomalarimiz ayni Islom madaniyati gullab-yashnagan paytda yashab-ijod qilganlar.

Islom inson hayotini diniy va dunyoviy hayotga bo‘lmay bir butun narsa deb qaraganidek, ilmga ham bir butun haqiqat deb qaragan. Diniy ilmlar yoki dunyoviy ilmlar, degan ayirmachilik bo‘lmagan. Ilm dargohlarida turli darslar o‘qitilgan. Ulamolar har bir ilmdan imkoniyat boricha xabardor bo‘lishga harakat qilganlar. Ularning ma’lum bir sohada mashhur va peshqadam bo‘lishlariga turli ilmlarning birida qilgan kashfiyoti yoki yozgan kitobining nodirligi sabab bo‘lgan xolos. Agar mashhur allomalarning tarjimai hollari bilan yaxshiroq tanishib chiqilsa bu haqiqat aniq namoyon bo‘ladi.

Birgina misolni olaylik: Abu Ali ibn Sino asli faylasuf bo‘lgan, Ilmi Kalom bilan mashg‘ul bo‘lgan. Qur’onning ba’zi juzlariga tafsir yozgan. U kishi qoldirgan asarlar ro‘yxatiga bir nazar solgan odam buni darhol sezadi. Lekin, falsafiy bahslardan dam olish vaqtlarida tib bilan ham shug‘ullangan.

Shundan ko‘rinib turibdiki, nazariy ilmlar amaliy-tajribiy ilmlarga qaraganda yetakchilik qilgan. Islomda nazariy ilmlar boshida Allohning kalomiga, Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning sunnatiga tegishli ilmlar turadi. Qur’oni Karim va hadisi sharifni o‘rganish boshqa ilmlarning rivoj topishiga ham turtki bo‘ladi.

Bu haqiqatni yurtimiz tarixida ham ko‘rish mumkin. O‘sha taraqqiyot davrida Qur’on va Sunnat ilmlari kuchli rivojlangan, ularga amal qilishga e’tibor katta bo‘lgan.

Shuning uchun keskin taraqqiyotga erishilgan. Ayni o‘sha paytda islomiy ilmlar bo‘yicha buyuk imomlar yetishib chiqqanlar va o‘zlarining beqiyos asarlarini bitganlar.

Ushbu ma’ruzada Movarounnahr farzandlari bo‘lmish buyuk musulmon olimlarning ilmiy merosi haqida juda ham qisqa ma’lumotlarni taqdim qilish niyatidamiz.

Albatta, bu urinish ba’zi sarlavhalardan iborat bo‘ladi, xolos. Chunki Movarounnahr diyoridan yetishib chiqqan buyuk olimlarning ilmiy merosi haqida ko‘p jildlik kitoblar yozilganda ham kamlik qilishini hammamiz yaxshi bilamiz.
Tasavvur qilish uchun birgina misol ketirishimiz mumkin. Ulug‘ vatandoshlarimizdan biri Najmuddiyn Umar ibn Muhammad ibn Ahmad Nasafiyning “Al-Qand fii zikri ulamai Samarqand” nomli kitobida Samarqandga tegishli bir ming o‘nta olimning tarjimai holi keltirilgan. Albatta, mazkur kitobda uning muallifiga ma’lum bo‘lgan va undan oldin yashab o‘tgan ulamolar haqida ma’lumot berilgan, xolos. Ammo u bilmagan va undan keyin Samarqandda o‘tgan ulamolarning sonini Alloh taoloning O‘zigina biladi. Movarounnahrning boshqa shaharlari haqida ham xuddi shu gaplarni takrorlashimiz mumkin.

Biz quyidagi satrlarda ba’zi ilmlar bo‘yicha Movarounnahr ulamolari qoldirgan ilmiy merosdan namunalar zikr qilishga harakat qilamiz.

AQOID ILMI

Movarounnahr islomiy ilmlarning shohi bo‘lmish aqoid ilmining ulug‘ allomalari vatanidir. Ahli sunna va jamoa aqiydaviy mazhabining ikki imomidan biri ham aynan shu vatan farzandidir. Albatta, Movarounnahrda aqoid ilmi tarixi, ulamolari va ular qoldirgan ilmiy meros haqida bir necha kitoblar bitsa bo‘ladi. Ammo biz ulardan ba’zilarini namuna sifatida qisqacha zikr qilib o‘tamiz.

IMOM ABU MANSUR AL-MOTURIDIY

Imom Abu Mansur Muhammad ibn Muhammad ibn Mahmud al-Moturidiy Samarqandda tug‘ilib, o‘sib, ta’lim olib, ijod qilib, shu yerning o‘zida 333 hijriy sanada vafot etgan.

Imom Abu Mansur Moturidiy rahmatullohi alayhning islom olamida va ahli ilm ichidagi martabalari juda ham yuqori bo‘lgan. U kishiga musulmonlar jumhuri tomonidan oliy unvonlar berilgan:

“Alamul Huda” — hidoyat bayrog‘i.
2. “Imomul Huda” — hidoyat imomi.
3. “Musahhihi aqiydati ahlis sunna” — Ahli sanna aqiydasini to‘g‘rilaguvchi.
4. “Imomul Mutakallimiyn” — Mutakallimlarning imomi.

Imom Abu Mansur Moturidiy rahmatullohi alayhni ulamolar juda ham yuqori baholaganlar va u kishining ahlis sunna val jamoa aqiydaviy mazhabi ikki imomidan biri ekanini doimo ta’kidlab kelganlar.
Imom Abu Mansur al-Moturidiy rahmatullohi alayh bir qancha kitoblar yozgan.

1. Kitobur raddi ala al-Ka’biy al-Mo‘taziliy.
2. Kitob avhomul Mo‘tazila.
3. Kitobur raddi ala al-mo‘tazila.
4. Kitobur raddi ala al-Qaromita.
5. Kitobur raddi ala-ar-Rofiza.
6. Kitobut tavhid.
7. Kitobul jadal.
8. Ma’oxizush shariy’a.
9. Raddi al-Usulil xamsa li Abi Muhammad Bohiliy.
10. Kitobul maquloti.
11. Ta’vilotu ahlis sunna kitoblari shular jumlasidandir.

Afsuslar bo‘lsinkim, Imom Abu Mansur Moturidiy rahmatullohi alayhning kitoblaridan faqat uch donasigina bizgacha yetib kelgan.

Imom Abu Mansur Moturidiy rahmatullohi alayhi o‘zining “Ta’viylotu ahlis sunna” nomli tafsirida mo‘tazila, xavorij, rofiza, karromiy, jahmiy, mushabbiha, munajjim, folbin va boshqalarning fikrlarini munoqasha qilgan va hammalariga raddiya bergan. U kishi ahli Sunna va jamoaning mazhabini qo‘llab quvvatlagan.

“Kashfuz zununi an asomiy al-kutubi val funun” kitobining sohibi Hoji Xalifa “Ta’viylotu ahlis sunna” tafsiri haqida quyidagilarni yozadi: “U biror kitob teng kela olmaydigan kitobdir. Balki, bu fan bo‘yicha yozilgan kitoblarning birortasi unga yaqin ham kela olmaydi”.

“Kitobut tavhid” chop etilgan va o‘rganilgan.

“Ta’viylotu ahlis sunna” tafsirining yarimi misrlik olimlar tomonidan chop etilgan va ko‘pchilik faqat shuni biladilar. Ammo ushbu satrlarning kotibi Liviyadagi Islomga da’vat kulliyasi kutubxonasida bu kitobning bangaladeshlik olim tomonidan chop etilgan to‘liq nusxasini ko‘rgan.

“Kitobul maquloti”ning qo‘lyozmasi Istanbuldagi kutubxonalardan birida saqlanmoqda. Qo‘lyozmaning qayerdaligi va raqamlari ham ma’lum.

NAJMUDDIN ABU HAFS NASAFIY

Movarounnahrdan yetishib chiqqan ko‘zga ko‘ringan aqoid ilmi ulamolaridan biri Najmuddin Abu Hafs Samarqandiy Nasafiy rahmatullohi alayhdir (460 (1068) — 537 (1142).

Najmuddin Abu Xafs Nasafiy o‘z zamonasi va kelajak davrlarning ham ulug‘ fahihi, tabiatshunosi, tilshunos va muarrixi edi. Allomaning mukammal ismi — Umar ibn Muhammad ibn Luqmon an-Nafasiy al-Moturidiy as-Samarqandiydir.

Bizga allomaning “Manzilat an-Nasafiya fil Xilofiyat”, “Aqoidu Nafasiy”, “Al-yavoqit fil mavoqit”, “Zillat al Qori” asarlari yetib kelgan.

Abu Hafs Nasafiyning “Aqoidu Nafasiy” asari ulamolar orasida katta shuhrat qozondi. Bu kitobga ko‘plab sharh va hoshiyalar yozilgan. 768 yilda ulug‘ olim Allomai Taftazoniy “Aqoid an-Nafasiy”ga sharh bitdi. Bu sharh “Sharhi aqoidi Nafasiy” nomi bilan ma’lumdir.

ALLOMA TAFTAZONIY

Moturidiya aqiydaviy mazhabining ko‘zga ko‘ringan olimlaridan diyorimizdan yetishib chiqqan ko‘plab ulamolaridan biri Sa’duddin Mas’ud ibn Umar rahmatullohi alayhdir (722 (1322)-792 (1390)).

Taftazoniy taxallusi bilan mashhur bo‘lgan ulkan alloma nahv, sarf, mantiq, ritorika, ilmi kalom, fiqh, tafsir va boshqa ilm sohalari bo‘yicha zamonining peshqadami edi.

Allomai Taftazoniy musulmon ulamolari orasida shu qadar keng shuhrat qozondiki, natijada ungacha yashab o‘tgan olimlar “Mutaqaddimin”, undan keyingilari esa “mutaaxxirin” deb atala boshlandi.

Allomadan meros bo‘lib qolgan asarlarining ayrimlarini qayd qilamiz:

1. “Tahzib al mantiq val kalom”.
2. “Irshodul Hodiy”.
3. “Sharh talxis”.
4. “Maqosidut Tolibin fi ilmil kalom”.
5. “Sharhu aqoidin Nasafiy”.
6. “At talvih fi kashfi haqoiq at-tanqih”.
7. “Kitob al arba’in”.
8. “Kitobul fatavo al-Hanafiya”.
9. “Sharhul G‘azziy”.
10. “Kashful asror va uddatul abror”.
11. “Sharhul miftoh lis Sakkokiy”.
12. “Sharhu muntahas suaali val amali fi ilmay al-Usuli val Jadali”.
13. “At-tarkib al jamil”,
14. “Tarkib g‘arib va tartib ajib”,
15. “Bahs al-mushtarak”,
16. “Sharh al kashshof”,
17. “Sharhu shamsiyatil Kotibiy fil mantiq”.
18. “Sharhu Navobig‘ul Kalim” va boshqa bir qancha kitob va risolalar.

Allomai Taftazoniy rahmatullohi alayhning bizgacha yetib kelgan va hozirgacha ko‘pchilik tomonidan katta e’tibor bilan o‘rganib kelinayotgan kitoblaridan biri “Sharhu Aqoidi Nasafiy” nomli asaridir.

Allomai Taftazoniy rahmatullohi alayhning bu kitobi o‘z davridagi aqiyda ilmi borasidagi ilmiy bahslarning samarasini aks ettirgan kitobdir.

Imom Moturidiyning mazhabi namoyandalaridan quyidagi ulamolarning faqat nomlarini zikr qilish bilan cheklanamiz:

1. Abul Qosim Is’hoq ibn Muhammad ibn Ismoil al-Hakim Samarqandiy. (340 h – 951 m.da vafot etgan).
2. Imom Abul Hasan Ali ibn Sa’id Rastag‘faniy.
3. Imom Abu Muhammad Abdulkarim ibn Muso Bazdaviy. (390 h. – 999 m.da vafot qilgan).
4. Imom Abu Lays Buxoriy.
5. Faxrul Islom Bazdaviy.
6. Abu Mu’iyn Nasafiy.

TAFSIR ILMI

Movarounnahrdan ulkan mufassirlar yetishib chiqdilar va shuhratlari butun jahonga taraldi. Ulardan ba’zilarini zikr qilib o‘tamiz:

1. Imom Jorulloh Abul Qosim Mahmud ibn Umar ibn Muhammad ibn Umar Zamaxshariy.

Bu ulug‘ imom Xorazmning Zamaxshar qishlog‘ida 467 hijriy sanada tavallud topganlar va 538 hijriy sanada vafot etganlar. U zot tug‘ilgan yurtlarida dafn qilinganlar. (Zamaxshar qishlog‘i hozirgi Turkmaniston jumhuriyati Toshhovuz shahridan 30 chaqirim uzoqlikda joylashgan).

Imom Zamaxshariy turli ilmlarga doir ko‘plab kitoblar tasnif qilganlari va eng mashhur muallafotlaridan biri “Kashshof an haqoiqi va uyunil aqovili fi vujuhit ta’vil” nomli tafsir kitobi bo‘lib, u ko‘pchilikka “Kashshof” nomi bilan mashhurdir.

2. Imom Abu Lays Nasr ibn Muhammad ibn Ahmad ibn Ibrohim Samarqandiy.

U zot Imom Hodiy nomli bilan mashhur bo‘lganlar, 373 hijriy sanada vafot etganlar. Imom Abu Lays Samarqandiy ko‘plab kitoblar ta’lif qilganlar. Tafsir kitoblarini esa “Bahrul ulum” deb nomlaganlar va bu tafsir “Tafsir bil ma’sur” toifasidandir.

3. Imom Fahriddin Abu Abdulloh Muhammad ibn Umar ibn Husayin Roziy.

U kishi 534 hijriy sanada Ray shahrida tavallud topganlar va umrlarining ko‘p qismini Xorazmda o‘tkazganlar. U kishining “Mafotiyhul g‘ayb” nomli tafsir kitoblari ilm ahli o‘rtasida oyatlar orasidagi munosabatlarni va suralar o‘rtasidagi bog‘lanishlarni bayon qilish va boshqa bir qancha imtiyozlari bilan mashhur bo‘lgan. Imom Roziy 606 hijriy sanada vafot etganlar.

4. Imom Abul Barokot Abdulloh ibn Ahmad ibn Mahmud Nasafiy.

Bu ulug‘ imom Nasaf shahrida tavallud topganlar. (Nasaf shahri hozir Qarshi deb nomlanadi). Imom Nasafiy 701 hijriy sanada vafot etganlar.

Imom Nasafiy o‘zlarining “Madorikut tanzil” nomli tafsir kitoblarini ta’lif qilishda Imom Zamaxshariyning “Kashshof” tafsirlaridan isti’foda qilganlar. Imom Nasafiyning “Madorikut tanzil” nomli bu kitoblari hozirgi kunimizgacha ulamo va tolib ilmlar orasida zo‘r e’tibor bilan shuhrat topib kelmoqda va ko‘pgina Islom o‘quv yurtlarida qo‘llanma sifatida ishlatib kelinmoqda.

Bundan tashqari Movarounnahrda “Itqon”, “Tafsiri No‘moniy”, “Tafsir Tibyon”, “Tafsir Mavlono Charxiy” kabi mahalliy lug‘atlarda ta’lif qilingan ko‘plab tafsirlar mavjud. Ular tojik, o‘zbek, tatar va boshqa lug‘atlarda yozilgan.

HADIS ILMI

Alloh taolo yurtimizni Islom nuri bilan munavvar qilganda, ba’zi sahobai kiromlarga Niso va Marv kabi shaharlarda istiqomat qilishlarini nasib etdi. Albatta, sahoba roziyallohu anhumlar bor joyda hadis darslari uyushtiriladi. Odamlar tevarak atrofdan ular bor joyga kela boshladilar.

Natijada yaxshigina hadis maktabi tashkil topdi. Keyinchalik, bu maktab Is’hoq ibn Rohavayh al-Marvaziy va Abdulloh ibn Muborak al-Marvaziy kabi yetuk allomalar, buyuk muhaddislarni tarbiyalab yetishtirdi. Nisodan esa eng mo‘tabr olti hadis kitobi (“Sihohi sitta”)ning birini tuzgan Imom Nasaiy yetishib chiqdilar.

Marv va Nasodan keyin hadis ilmi boshqa o‘lkalarga ham tarqaladi. Turli joylardan buyuk muhaddislar yetishib chiqdilar. Ularni nomma-nom sanab chiqish mushkul, faqat eng mashhurlaridan ba’zilarini zikr qilish bilan kifoyalanamiz.

Yuqorida Is’hoq ibn Rohavayh al-Marvaziy, Abdulloh ibn Muborak al-Marvaziy va Imom Nasaiylarni aytib o‘tdik. Ular bilan bir qatorda Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Imom Dorimiy Samarqandiylarni ham butun Islom olami hadis ilmining peshvolari deb tan olgan.

Umuman hadis ilmi bo‘yicha hech bir musulmon yurti bizning yurtimiz oldiga tusha olmaydi. Dunyo bo‘yicha eng mo‘tabar hadis kitoblari oltita bo‘lib, shundan beshtasiga hamma yakdil ittifoq qilgan. Bular Imom Buxoriy, Imom Muslim, Imom Abu Dovud, Imom Termiziy va Imom Nasaiylarning kitoblari. Shulardan uchtasi–Imom Buxoriy, Imom Termiziy va Imom Nasaiylar yurtimiz farzandlaridir.

Oltinchi o‘rniga uchta kitob da’vogarlik qiladi. Ulardan birining egasi bo‘lmish Imom Dorimiy Samarqandiy ham yurtimizdan chiqqan.

Albatta, bundoq natijalarga erishish o‘z-o‘zidan bo‘lavermaydi. O‘sha vaqtdagi ilmiy muhit, turli hadis maktablari orasidagi o‘zaro musobaqa, ustoz va tolibi ilmlarning ko‘pligi taraqqiyotga o‘z hissasini qo‘shgan. Shunchalik buyuk imomlarning yetitshib chiqishi, o‘z-o‘zidan, ya’ni poydevorsiz, asossiz, kerakli omillarsiz bo‘lmaydi. Shunchalik mo‘tabar kitoblarning paydo bo‘lishi tasodifan emas.

IMOM BUXORIY

Bu buyuk imomning to‘liq ismlari Abu Abdulloh Muhammad ibn Abul Hasan Ismoil ibn Ibrohim ibn al Mug‘iyra ibn Bardizba Jo‘fiy Buxoriy.

Imom Buxoriy ilmli, ahli fazl va solih oilada Juma namozidan keyin, 194 hijriy yilning, Shavvol oyidan o‘n uch kecha qolganda, Buxoro shahrida dunyoga keldilar.

Imom Buxoriyning bolalik yillari aosan ilm talabida o‘tdi. Keyin ko‘plab diyorlarga safar qilib ilm oldilar va hadis jamladilar.

Alloh taolo Imom Buxoriyga katta fazl va sharaf ato qildi. Ilm yo‘lida qilgan xizmatlari samarasi o‘laroq u kishining shuhratlarini butun dunyoga tarqatdi. Imom Buxoriy asrlar osha mo‘min – musulmonlar qalblari to‘ridan joy olib, ularning maqtovlariga va ulug‘lashlariga musharraf bo‘lib kelmoqdalar. U kishining maqtovida aytilgan va yozilgan gaplarni to‘liq keltirishning iloji yo‘q bo‘lsa kerak. Biz ulardan ba’zilarini taqdim etish ila kifoyalanamiz.
Ahmad ibn Sayyor Marvaziy: “Muhammad ibn Ismoil ibn Ibrohim ibn Mug‘iyra Jo‘fiy Abu Abdulloh ilm talab qildi. Odamlar ila majlis qurdi. Hadis izlab safar qildi va unda mohir bo‘ldi. U go‘zal ma’rifatli, yaxshi hofizali edi va faqihlik ham qilardi”.

Imom Ahmad ibn Hanbal: “Xuroson Muhammad ibn Ismoilga o‘xshash kishini yetishtirmagan”.

Muso ibn Horun Hammol: “Menimcha, ahli islomlar barchasi jamlanib Muhammad ibn Ismoilga o‘xshash yana bir kishini ta’yin qilmoqchi bo‘lsalar eplay olmaydilar”.

Imom Buxoriy haqida imom Subkiy aytadilar: “U musulmonlarning imomi, muvahhidlarning o‘rnagi, mo‘minlarning shayxi, Payg‘ambarlar sayyidi hadislari suyanchig‘i, din nizomi muhofizi va Jome’us Sahihning sohibidir”.

Imom Buxoriy o‘zlarining “Jome’us Sahih” kitoblarida faqatgina sahih hadislarga e’timod qilganlari haqida gaplar keragidan ham ko‘p. Bu haqiqatni u kishining o‘zlari ochiq – oydin aytganlar va boshqa ulamolarni bu gapni qo‘llab – quvvatlaganlar.

Xatib Bog‘dodiy o‘z sanadi ila Ibrohim bin Ma’qaldan rivoyat qiladi:
“Muhammad ibn Ismoil Buxoriyning «Jome’” kitobimga sahihdan boshqani kiritmadim. Cho‘zilib ketmasin deb sahihlarni ham tark qildim» deganini eshitdim».

Imom Buxoriy o‘ta parhezkor va Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning hadislarini ulug‘laydigan zot edilar. Hadislarni tahoratli va poklik holdagina rivoyat qilar edilar.

Xatib Bog‘dodiy o‘zining “Tarixi Bog‘dod” kitobida Muhammad ibn Yusuf Firabriydan rivoyat qiladi:
Muhammad ibn Ismoil Buxoriy menga “Sahih kitobimga oldin g‘usl qilib, ikki rak’at namoz o‘qimay turib birorta hadis kiritmaganman”, dedi».

Hofiz Shamsiddin Zahabiy “Tarixul Islom” kitobida quyidagilarni yozadi:
“Ammo Buxoriyning «Jome’us Sahih”i Alloh taoloning kitobidan keyingi Islomning eng ulug‘ va afzal kitobidir. U kitob bizning vaqtimizda odamlar uchun eng oliy sanaddir. O‘ttiz yildan buyon uni eshitish oliy maqom ekanligidan xursand bo‘lib yuradilar. Bugun qanday bo‘lishini o‘zingiz bilib olavering. Agar bir odam ul kitobni eshitish uchun ming farsax yo‘l yursa, safari zoye bo‘lmaydi».

“Sahihul Buxoriy”ning ulamolar, muhaddislar va fiqhiylar mazhablari va ijtihodlari turli bo‘lishiga qaramay barchalari baravariga chuqur o‘rganganlari, tahlil va sharh qilganlari, muxtasar va hoshiyalar yozganlaridan bilib olinsa ham bo‘ladi. Ularni ta’riflash va o‘rganish uchun alohida kitoblar yozishga to‘g‘ri keladi.

Zamondosh ulamolarda dotor Abdulg‘ani Abdulxoliq o‘zining “Imom Buxoriy va uning sahihi” nomli asarida “Sahihul Buxoriy”ga bog‘liq sharh, hoshiya va muxtasarlardan bir yuz o‘ttiz bittasini keltirgan.

Imom Buxoriyning hayoti va ijodini o‘rgangan mutaxassislarning tadqiqotlari natijasida u zotning qalamiga mansub kitoblarning ro‘yxati tuzilgan. Ular quyidagilardan iborat:

1. Al-Jome’ as-Sahih.
2. Al-Adab al-Mufrad.
3. At-Tarix al-Kabir.
4. At-Tarix Al-Avsat.
5. At-Tarix As-Sag‘ir.
6. Kitobuz Zuafo.
7. Kitobus sunan fil fiqh.
8. Xolqu af’olul ibod.
9. Al — Asmaa va Kuniy.
10. Al-Qiroatu xolfal imom.
11. Kitobul hibati.
12. Raf’ul yadayni Fis Solati.
13. Birrul Volidayni.
14. Al-Jome’ al-Kabir.
15. Al-Musnad al-Kabir.
16. At-Tafsir al-Kabir.
17. Kitobul Ashriba.
18. Asomis Sahoba.
19. Al-Vahdon.
20. Kitobul Mabsut.
21. Kitobul ilal.
22. Kitobul Favoid.
23. Kitobul Qazoyos Sahobati vat Tobe’iyn.
24. Mashiyxatul Buxoriy.

Turli manbalarda, “Tabaqotush Shofe’iyya” va “Fathul Boriy”ning muqaddimasida Imom Buxoriy bir oz arab tilida she’r ham yozganlari haqida ma’lumot berilgan va o‘sha she’rlardan namunalar keltirilgan.

IMOM TЕRMIZIY

Imom Abu Iyso Muhammad ibn Iyso ibn Savra ibn Muso ibn Zahhok as-Sulmiy az-Zaririy al-Bug‘iy Termiziy hozirgi Termiz shahridan olti farsax uzoqlikda joylashga Bug‘ qishloqida 209 hijriy sanada tavallud topdilar.

Imom Termiziyning kitoblari “Sunani Termiziy” “Sahih Buxoriy” va “Sahih Muslim” kitoblaridan keyingi o‘rinlarda turadi. U zot hadisni jamlashlikda va uni aniqlashda, yodlashda va zikr qilishda alohida bir maqomga ega edilar.

U kishining shogirdlaridan bo‘lgan Abu Sa’d Idriysiy ustozlarini sifatlab, yodlashlari, zehnlari to‘g‘risida, zarbul-masallar bitilganini aytadilar.

Shogirdlaridan yana birlari: “Imom Buxoriy vafotlaridan keyin Xurosonda Abu Iyso Termiziydek ilmda, zehnda, taqvoda, zohidlikda biror kishi topilmas edi”, deb aytadi.

Ibn Atiyya: “Mening huzurimda Imom Buxoriy va Muslimning kitoblariga qaraganda Imom Termiziyning kitoblari nurliroq va tushinarliroq”-deb aytadilar. “Nima uchun?”-deb so‘ralganda, Atiyya: “Chunki ikkita Imomning kitoblaridan faqatgina ilm va ma’rifat ahllarigina foydalana olishadi xalos”-deb aytgan ekanlar.

Imom Termiziy ko‘p kitoblarning muallifidir. Ayniqsa “Sunan” kitoblari kitoblarining chiroyli, foydasi ko‘p bo‘lib, takror so‘zlari oz, chiroyli tartibda yozilgan kitobdir. Abu Ali Mansur ibn Abdulloh Xolidiy Imom Termiziyning “Jomi’ as-Sahih” kitoblarini sifatlab: “Kimning uyida mana shu kitob bo‘lsa, go‘yoki uyida Payg‘ambarimiz gapirayotgandek bo‘ladilar”, deb aytadilar.

U zotdan bizga quyidagi kitoblar meros bo‘lib qoldi:

1. “al-Jomi’ as-Sahih”, bu kitob “Sahih at-Termiziy” nomi bilan mashhurdir.
2. “Shamoilun Nabaviya”.
3. “Ilalul mufrad”.
4. “Ilalu fiy oxiri jomi’”.
5. “Kitobu Zuhd”.
6. “Kitobut Tarix”.
7. “Asmou Sahoba”.
8. “Asmo va kuna”.
9. “Kitobu fiy asari mavqufa”.

Imom at-Termiziyni “Sahih” kitoblariga ko‘plab sharh va muxtasarlar yozilgan.

IMOM NASAIY

Imom, hofiz, shayxulislom Ahmad ibn Shu’ayb ibn Ali ibn Sinon ibn Bahr ibn Dinor Abu Abdulloh Xurosoniy Nasaiy hijratning 215 yili Xurosonning shaharlaridan biri bo‘lgan Nisoda dunyoga keldilar.

Bu zot kitobi “Sahih” deb tan olingan olti imomning biridir. Imom Nasaiy ilm talab qilib Xuroson, Hijoz, Misr, Iroq, Arabiston yarim oroli, Shom kabi yurtlarni kezib chiqdilar. So‘ngra Misrda “al-Qanadiyl” nomli mashhur kitob bozori bo‘lgan tor ko‘chada yashadilar.

U zotning sifatlarini zikr qilib Doraqutniy aytadilarki: “Abu Abdurahmon hadis ilmida esga olinganlarning muqaddami edilar”.

Ibn al-Asiyr “Jomi’ ul-Usul” kitobida: “Nasaiy Shofe’iy mazhabida edilar va Shofe’iy mazhabida “Haj” kitoblari bor», degan.

U kishi taqvoli, talabchan bo‘lib Dovud payg‘ambarni ro‘zasida davomli edilar”, deb aytadilar. Bu zot roviylarni o‘z vaqtida jarohatlab, o‘z vaqtida ta’dil etardilar. Shuning uchun jurh va ta’dillari ulamolar orasida e’tiborlidir.
Imom Nasaiy ta’lif etgan kitoblari quyidagilar:

1. “Sunani kubro va sug‘ro”.
2. “Xasoisu fiy fazli Ali ibn Abu Tolib va oli bayt”.
3. “Kitobu zuafo val matrukiyn”.
4. “Manosiku Nasaiy”.
5. “Jam’u musnad Molik ibn Anas va musnad Ali ibn Abi Tolib”.

Imom Nasaiyning “as-Sunan al-Kubro” kitoblari avvaliga ko‘pgina zaif hadislarni ham o‘z ichiga olgan edi. Keyin esa, zaif hadislarni olib tashlab, sahihlarini qoldirganlar va bu kitoblarning “al-Mujtaba’” deb nomlaganlar. Mazkur kitob bizning vaqtimizgacha yetib kelgan.

IMOM DORIMIY

Hofiz Abu Muhammad Abdulloh ibn Abdurrahmon ibn Fazl ibn Bahrom ibn Abdussamad Tamimiy Samarqandiy ad-Dorimiy 182 hijriy sanada Samarqand shahrida dunyoga keldilar.

Muhammad ibn Ibrohim ibn Mansur Sheroziy aytadilar: “Imom Dorimiy aqlda, fahmda, fazlda, dinda yetuk edilar. U zotning yodlashlik zehnlari, halimliklari, bosiqliklari, tirishqoqliklari, dunyoda zohidliklari, ibodatlari zarbulmasal qilingandir”.

Imom Dorimiy birinchi ilmiy ishlarini Samarqandda boshladilar. Xurosondagi ulamolar huzurida ham bo‘ldilar. Undan keyin Iroq, Shom, Misr, Makka, Madina yurtlarida bo‘lib, u yerlik ulamolardan ham foydalandilar. Hadis ilmidagi qilgan asosiy harakatlari Samarqandda zohir bo‘ldi.

Imom Dorimiyning eng mashhur kitoblari “Sunani Dorimiy” bo‘lib, bu kitob mo‘tabar olti kitobning biridir, ham deyilgan. Ulamolar “Sahih kitob” egalari, deb beshta imomga ittifoq qildilar. Bular Buxoriy, Muslim, Termiziy, Abu Dovud, Nasaiylardir, lekin oltinchisiga ixtiloflar bor. Ba’zilari “Sunani Ibn Moja” va yana ba’zilar “Muvatto’i Molik” deyishsa, boshqalari “Sunani Dorimiy” deyishadi.

“Sunani Dorimiy”ning oltinchi kitoblikka haqli ekaniga dalil shuki, u isnodda zaif kishilarning ozligi, jumhur ulamolardan ajramaganligi, inkor etilgan gaplarning topilmasligi jihatidan ajralib turadi.
Imom Dorimiy hadis ilmi bilan chegaralanib qolganlari yo‘q, balki tafsir, fiqh kabi ilmlarda ham yetuk olimlardan edilar. Bu zot “Bisavmi mustahoza val mutahayyira” deb nomlangan fiqh kitobi muallifidirlar. Va yana Qur’oni Karimning ba’zi juzlariga tafsir yozganlar, lekin tafsirlari bizgacha yetib kelmagan.

Imom Dorimiyning ushbu “Sunan” kitoblari 3465ta hadisni o‘z ichiga olgandir.

Imom Dorimiy Marv shahrida 255 hijriy sana, Zulhijja oyining sakkizinchi kuni vafot etdilar. Arafa–Juma kunida dafn qilindilar.

USULUL FIQH ILMI

Fiqh ilmining asosi “Usulul fiqh” muhim ilmlardan biridir. Zeroki u fiqh mas’alalarning manba’idir. Fuqaholar mujtahidlarning shariat ahkomlarini qay tariqa istinbot etganlarini mazkur ilm orqali bilib oladilar.
“Usulul fiqh” ilmi ulamolarining diqqat e’tiborini doimo o‘ziga jalb qilib keldi. Ular bu sohada hanuzgacha o‘z qiymatini yo‘qotmagan ko‘plab asarlar ta’lif etdilar.

So‘ng “Usulul fiqh” ikki yo‘nalishda bo‘laldi.
Birinchi: Mutakallimlar yo‘nalishida.
Ikkinchi: Hanafiy mazhabi ulamolarining yo‘nalishidir.

Usulul fiqh ilmini rivojlanishida O‘rta osiyolik ulamolarning ham hissalari katta. O‘rta osiyolik ulamolar asosan ikkinchi yo‘nalishda qalam tebratganlar. Ularning ba’zilari mutakallimlar yo‘nalishida va o‘zida ikki yo‘nalishni ham birlashtirgan asarlar ham ta’lif etganlar. Quyida ulardan eng mashhurlarining nomlarini zikr etamiz.

1. Imom Muhammad ibn Muhammad Abu Mansur al-Moturudiy (333-hijriy sanada vafot etganlar).

Imom Moturidiy “Usulul fiqh” sohasida birinchi qalam tebratgan ulamolardan hisoblanadi. U kishi “Usulul fiqh” sohasida ikki kitob; “Kitobul jadal”, “Kitobu ma’oxizush shariy’a” asarlarini ta’lif etganlar.

2. Abu Zayd Ubaydulloh ibn Umar ibn Iyso al-Qoziy ad-Dabusiy.

Bu alloma Samarqand va Buxoro shaharlari orasida joylashgan Dabus qishlog‘ida tavallud topdilar. Imom Dabusiy “Ilmul xilof” ilmining asoschisidirlar.

Imom Abu Zayd ad-Dabusiy islom shariatiga taalluqli ko‘pgina asarlar yozdilar. Ular orasida “Kitobul asror”, “Kitobul amadul aqso”, “an-Nuzum fil fatvo” kitoblar mashhurdir.

Imom Dabusiyning “Taqviymul adilla” kitoblari usulul fiqhga doir bo‘lib Hanafiy ulamolarining yo‘nalishida yozilgan asarlar orasida mashhurdir. Ulamolar bu asarlarni zo‘r qiziqish bilan o‘rganib, kundalik faoliyatlarida undan istifoda etganlar va unga sharhlar yozganlar.

Imom Dabusiyning vatandoshi imom Faxrul Islom Ali ibn Muhammad al-Bazdaviy mazkur asarga sharh yozgan ulamolardan biridirlar.

3. Imom Ali ibn Muhammad ibn Abdulkarim Faxrul Islom Bazdaviy.

Samarqandda ta’lim oldilar va shuhrt qozondilar. Imom Bazdaviy Hanafiy mazhabi ulamolarining sardori hisoblanadilar. Ikki jildli “al-Mabsut”, “al-Jome’ al-Kabir” va “al-Jome’ as-Sag‘iyr”ning sharhlari imom Bazdaviyning muallifotlaridandir. Shuningdek imom Bazdaviy tafsir ham yozganlar.

Faxrul islom imom Bazdaviy 482-hijriy sanasining Rajab oyida Kesh (Shahrisabz) shahrida foniy dunyodan boqiy olamga rihlat qildilar. Imom Bazdaviy Samarqandda dafn qilinganlar.

Imom Bazdaviy o‘zlarining “Usulul fiqh” sohasidagi kitoblarini “Usulul Bazdaviy” deb ataganlar. “Kashfuz zunun” kitobi muallifining yozishicha “Usulul Bazdaviy” o‘zida nodir masalalarni to‘plagan ahamiyatli kitoblardan biridir.
“Usulul Bazdaviy”ga ko‘plab sharhlar bitilgan. Mullo kotib Chalapiy o‘zlarining kitoblarida “Usulul Bazdaviy”ning o‘ndan ortiq sharhini zikr qildilar.

Imom Alouddin Abdulaziz ibn Ahmad Buxoriyning “Kashful asror” kitoblari “Usulul Bazdaviy” ning sharhlari orasida eng mo‘tabaridir.

4. Imom Abul Barakot Abdulloh ibn Ahmad ibn Mahmud Hofiziddin an-Nasafiy.

U kishi Nasaf (Qarshi) shahrida tug‘ildilar. Imom Abdulloh an-Nasafiy Shamsul aimma Muhammad ibn Abdusattor al-Kurdiy Hamudiddin az-Zarir Badriddin Xavoharzoda kabi allomalardan fiqh ilmini ta’lim oldilar.

Imom Nasafiyga “Usulul fiqh” borasidagi kitoblari katta shuhrat keltirdi. Ular orasida “al-Manor” yoki “Manorul anvor” deb atalgan kitoblari “Usulul fiqh” sohasidagi ta’lifotlar orasida mu’tabar bo‘lib unga 25 ta sharh yozilgan.
Bu sharhlar ichida shayx Shujoiddin Hibbatulloh ibn Ahmad Turkistoniy qalamiga mansub “Tabsiyrotul asror fiy sharhil manor” kitobi alohida ajralib turadi.

5. Imom Sodrush shariy’a Ubaydulloh ibn Mas’ud Buxoriy Buxoro shahrida tug‘ilib voyaga yetdilar. Bobolari imom Tojushshariy’a Mahmud ibn Sadrush shariy’ani tarbiyalari natijasida mashhur alloma bo‘lib yetishdilar. Imom Ubaydulloh ibn Mas’ud Buxoriy “Muxtasarul Viqoya”, “al-Vishoh”, “Ta’diyatul ulum”, kabi qimmatbaho asarlarni meros qoldirdilar.

Imom Ubaydulloh ibn Mas’ud Hanafiy mazhabidagi mashhur “Usulul fiqh” olimlaridan biridirlar. Bu imomning “at-Tanqiyh” deb atalgan kitoblari “Usulul fiqh” sohasida mo‘tabar kitoblardan hisoblanadi.

Imom Sadrush shariy’a Ubaydulloh ibn Mas’ud Buxoriy 747- hijriy yili Buxoro shahrida vafot etdilar. Imomning maqbaralari Buxoro shahridadir.

6. Alloma Sa’duddiyn Mas’ud ibn Umar at-Taftazoniy.

Alloma Taftazoniyning “at-Talviyh fiy kashfi haqoiq at-Tanqiyh” kitoblari imom Sadrush shariy’a Ubaydulloh ibn Mas’udning asarlariga sharh bo‘lib, bu turdagi mu’tamad kitoblardan biri hisoblanadi. “Usulul fiqh” ilmi bilan shug‘ullanishni iroda etgan har bir shaxs albatta mazkur asarga murojaat etdi.

O‘rta Osiyolik mashhur mufassir va muhaddislar orasida imom ar-Roziy, imom as-Sarxasiy, imom Axsikatiy, imom Xuqandiy kabi “Usulul fiqh” ilmi bilan ham shug‘ullanib, uning ba’zi qoidalarini ishlab chiqishga salmoqli hissa qo‘shgan mufassir va muhaddislar ham bor.

Bu keltirilgan barcha dalillar “Usulul fiqh” ilmini paydo bo‘lishi va muhim diniy ilmlardan biri sifatida shakllanishda O‘rta Osiyolik ulamolarning xizmatlari ulkanligiga guvohlik beradi.

FURU’UL FIQH ILMI

Furu’u usulning muqobiliga ishlatilib shoxobcha ma’nosini anglatadi. Usulda fiqhiy ahkomlarni istinbot qilish qoidalari ustida ish boradi. Furu’da esa turli fiqhiy boblarga oid masalalarni jamlab kitob qilinadi. Odatda furu’ul fiqh kitoblari uch qismdan iborat bo‘ladi. Ibodot – muomalot — oila va boshqa narsalar nizomi va jinoyot.

Ibodatlarda tahorat, namoz, zakot, ro‘za va haj masalalariga oid shar’iy hukmlar o‘rganiladi.

Muomalotda asosan savdo sotiq, turli moliyaviy aloqalar, meros, vasiyat, vaqf, qullarga oid ishlar kabi masalalar o‘rganiladi.

Oila nizomida nikoh, taloq, idda, hazona, nafaqa kabi masalalarga e’tibor qaratiladi.

Jinoyatlarda esa, mast bo‘lib, zino qilish, odam o‘ldirish, birovga tan jarohati yetkazish va shunga o‘xshasha jinoyatlarni aniqlash va ularga ta’yin qilinadigan shar’iy jazolar haqida so‘z boradi.

Albatta, taom, sharob, halol –harom kabi shaxsiy hayotdagi masalalar haqida ham alohida boblar bo‘ladi.

Shuningdek, kishilarning tashqi va ichki aloqalariga bog‘liq xavfsizlikni saqlash, mudofa, asirlar, o‘lja kabi narslarga oid hukmlarda ham fiqh furu’larida o‘rganiladi. Movarounnahr fuqaholari Islom olamiga dong taratgan furu’ul fiqh kitoblari bilan ham alohida ajralib turadilar.

1. Alouddin Abu Bakr ibn Mas’ud ibn Ahmad Kosoniy (587 hijriy yilda vafot etgan).

U kishining laqabi Malikul Ulamo bo‘lgan. Asosan Muhammad ibn Ahmad ibn Abu Ahmad Samarqandiyda o‘qigan. Ustozining barcha kitoblarini, xususan, “Tuhfatul fuqaho” kitobini yaxshilab o‘rgangan va keyinroq uni “Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’” nom ila sharh qilgan.

Tadqiqiotchilar “Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’”ni “Tuhfatul fuqaho”ning eng yaxshi sharhi deyishadi. “Tuhfatul fuqaho” esa “Muxtasari Quduriy”ga qo‘shimcha qo‘shib, yaxshilab tartibga solingan kitob bo‘lgan.

Ammo “Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’”ga e’tibor bilan nazar soladigan bo‘lsak, u urfga aylanib qolgan sharhlarga o‘xshamasligini ko‘ramiz. Unda aslning matnini so‘zma so‘z keltirib sharh qilish uslubiga ergashilmagan. Imom Kosoniy o‘z kitobida “Tuhfatul fuqaho”ning tartibiga rioya qilmasdan, bob va fasllarni yangidan tartibga solgan.

“Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’”ning sohibi o‘z kitobining avvalida hamdu sanodan keyin fiqh ilmining fazli haqida muxtasar ma’lumot berib bir oyat va Buxoriy, Termiziy, Ibn Moja va boshqa muhaddislar Ibn Abbos roziyallohu anhudan rivoyat qilgan “Allohga dinda faqih bo‘lishdak biror narsa ila ibodat qilinmagan. Albatta, bir faqih shayton ziddiga ming obiddan ko‘ra shiddatliroqdir”, degan hadisni keltirgan.

“Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’” barcha ulamolarning tahsini va maqtoviga musharraf bo‘lgan, katta shuhrat qozongan kitobdir. Jumladan, Hoji Xalifa o‘zining “Kashfi zunun”ida “Bu kitob ismi jismiga monanddir”, degan.
“Badoi’us Sanoi’ fii tartibish Sharoi’” ko‘p martalab chop etilgan va keng tarqalgan kitobdir.

2. Imom Abu Bakr Muhammad ibn Abu Sahl Saraxsiy furu’ul fiqhdagi eng mashhur ulamolardan biridir.

Imom Saraxsiy 483 h.s.da Farg‘ona shahrida vafot etgan. U kishi fiqh, usul va hadis bo‘yicha katta va mashhur olim bo‘lgan. Hanafiy ulamolar imom Saraxsiyni sohibi mazhabdan rivoyat bo‘lmagan masalalarda mujtahidlardan deb hioblaydilar. U kishi ko‘p kitoblarini, jumladan, dunyoga mashhur “Mabsut” nomli kitoblarini ham O‘zgandagi zindonda o‘tirib yozgan. U kishi Shamsul Aimma Abdulaziz Halvoniyning shogirdlaridandir.

Imom Saraxsiy ko‘plab kitoblar yozgan. O‘sha kitoblarning ichida “Mabsut”, “Usul” va “an-Nukat” kitoblari juda ham mashhurdir.

“Sharhu Siyari Kabir” kitobi imom Saraxsiyning imom Muhammad ibn Hasan Shayboniyning “as-Siyar al-Kabir” kitobiga yozgan sharhidir.

3. Burhoniddin Ali bin Abu Bakr Abdujalol al-Marjoniy rahmatullohi alayhi.

U kishi Movarounnahr tuprog‘ining taniqli faqihlaridan biridir. Alloma Farg‘ona viloyatining Rishton qishlog‘ida tavvalud topdi. Buxoroyi sharif madrasasida tahsili ilm qildi. U Islom fiqhi asoslariga doir bir necha ilmiy asarlar muallifidir.

Ular orasida mashhurrog‘i “Bidoyat al mubtadiy” hisoblanadi. Olim keyinchalik bu kitobiga “Kifoyat al muntahiy” nomli sakkiz jilddan iborat sharh yozdi. Uning qalamiga mansub “Hidoya” ham muxtasar sharhdir. Bu sharh Movarounnahr, Hindiston va Turkiya mintaqalariga keng tarqalgandir. “Hidoya” ko‘plab Sharq mamlakatlarida fiqh bo‘yicha asosiy qo‘llanma sanaladi.

“Al-muntaho”, “Nahrul mazhab”, “Al tajnis val mazid”, “Muxtoratul nozil”, “Kitobul faroiz” kabi kitoblar Islom dunyosida mu’tabar ulamolar tarafidan tan olingan mashhur asarlar bo‘lib, ular ulug‘ alloma Burhoniddin al-Marg‘iloniy rohmatullohi alayhi qalamiga mansubdir.

“Hidoya” hanafiy fiqhning eng muhim kitoblaridan biri bo‘lib mislsiz shuhrat qozongandir.

Imom Burhoniddin al-Marg‘iloniy rohmatullohi alayhi o‘zining “Bidoyatul mubtadiy” kitobini ikki marta sharh qilgan. Birinchi sharhni “Kifoyatul muntahiy” deb nomlagan va yozib bitirgandan so‘ng cho‘zilib ketganini, ko‘pchilikka malol kelishini e’tiborga olib qisqaroq sharh qilgan va unga “Hidoya” nomini qo‘ygan.

Shayx Akmalidinning aytishlaricha “Hidoya”ning sohibi bu kitobni o‘n uch yil davomida tasnif qilgan va o‘sha muddatda doimo ro‘za tutib yurgan. Shu bilan birga ro‘za tutayotganini birovga bildirmaslikka harakat qilgan. U kishinng zuhdi va taqvosi tufayli kitobi hammaga maqbul bo‘lgan.

Movarounnahr faqihlari fiqhning turli sohalarida butun Islom olamiga manzur bo‘lgan hozirgacha foydalanib kelinayotgan kitoblar yozganlar. Imkonimiz chegaralangan bo‘lgani uchun mazkur kitoblardan ba’zi fatvoga oidlarining nomini eslash bilan chegaralanamiz.

— Fatvo kitoblari;
— Fatavoi Qozixon.

Bu kitobning muallifi imom Faxriddin Hasan ibn Mansur O‘zgandiy Farg‘oniy Hanafiy (592 h s.da vafot etgan).
— “Navozil”

Abu Lays Nasr ibn Muhammad ibn Ahmad ibn Ibrohim Samarqandiy (383 hijriy sanada vafot etgan).
— Zaxiyratul Fataviy.

Imom Burhoniddiyn Mahmud ibn Ahmad ibn Abdulaziz ibn Umar ibn Moza Buxoriy (616 hijriy sanada vafot etgan).
— Xulosatul Fatava.
Imom Tohir ibn Ahmad ibn Abdurrashiyd Buxoriy (542 hijriy sanada vafot etgan).

ISLOM FALSAFASI

Movarounnahrda boshqa ilmlar bilan bir qatorda islom falsafasi ham rivojlangan edi. Bu yurtdan dunyoga mashhur va ulkan ilmiy meros qoldirgan faylasuflar yetishib chiqdi. Biz ulardan faqat ikkitasi haqida qisqacha to‘xtalib o‘tamiz.

FOROBIY

Abu Nasr Farobiy O‘tror shahrida 256-257 hijriy sanada tug‘ildi.
Forbiy turli ilmlarni yaxshi o‘zlashtirgan mavsu’iy olim edi. U falsafa, mantiq, ilohiyot, axloq, siyosat, falakiyot, kimiyo, musiqo va boshqa ilimlarga oid o‘nlab kitoblarni yozgan.
Abu Nasr Forobiy mashhur mutarjim Abu Bashir Matta bilan birgalikda Arastu (Aristotel) asarlarini tarjima qildi va uni dohiyona sharhlar ila boyitdi.
Shundan keyin unga “al-Muallim as-soniy” (“Ikkinchi muallim”) va Sharq Arastusi unvoni berildi. Abu Nasr Forobiy ilm istab Samarqand, Buxoro, Hirot, Mazna, Harron, Shom va yana ko‘plab musulmon shaharlarida bo‘ldi.
Abu Nasr Forobiy 336 hijriy yilda Damashq yaqinidagi qishloqlarning birida vafot etdi.
Abu Nasr Forobiy 260dan ziyod ilmiy ish yaratdi. Ulardan ayrimlari quyidagilardir:

1. “Risola fi A’za il Inson”,
2. «Risola fi A’za al-Hayvon»,
3. “Risola fir Raddi ala Jolinus fima Nakaza fiha Aristotelis”,
4. “Kitobun fi Aroi ahl il-Madinatil Fazila”,
5. “Risola fil Millatil-fazila”,
6. “Ta’liqot”,
7. “Risola fi Tahsil is Saodat”,
8. “Risola uyun ul-Masoil”,
9. “Risola al-Mufarraqot”,
10. “Risola fi Masnil aql” va hokazo.

Forbiyning kitoblari ikki turga taqsimlanadi. Birinchisi falsafa va boshqa sohalarda yozgan kitoblari. Ikkinchisi Aflotun, Arastu va ularga ergashganlarning kitoblariga yozgan sharhlari. Ba’zi tadqiqotchilar mazkur kitoblarning soni qirq donaga yetganini aytadilar.
Uning “al-Jam’u bayna ra’yay al-Hakimayni Aflotun al-Ilohiy va Arastutolis” — Ikki hakim – Aflotun ilohiy Arastularning fikrlarni jamlash deb atalgan kitob Forbiyning bu borada olib borgan hakatining gultoji hisoblanadi.

IBN SINO

Bashariyat tan olgan o‘rta asr ulug‘ qomusiy olimi. Abu Ali Ibn Sino 380 hijriy yilda Buxoro yaqinidagi Afshona qishlog‘ida tug‘ildi.
Ibn Sino Abu Rayhon Beruniy, Abulxayr al Xammar kabilar bilan zamondosh edi. U Xorazm paytaxti Urganchda yashagan paytida o‘n ikki yil muttasil ular bilan aloqada bo‘lib turdi.
Aynan shu yerda Ibn Sino o‘zining mashhur kitobi “Qonun fit-tib” (“Tibbiyot qonuni”) va yana ko‘plab asarlarini yaratishga kirishdi. Bu kitoblar o‘rta asrning mumtoz merosigina bo‘lmay, bizning kunlarimizda ham o‘z qimmatini yo‘qotgani yo‘q.
Ulug‘ allomaning “Kitob ash-shifo”, “Kitobu lisani arab”, “Kitobul insaf”, “Urjuza fit-tib” va yana boshqa ko‘plab asarlari fikrimizning dalilidir.
Ibn Sino falsafaga Forobiyning kitoblari orqali kirib kelgan. Ammo Arastuning “Metafizika” nomli kitobini o‘qib tushuna olmagan va falsafani tark etgan.
Ibn Sinoning yozgan kitoblari ilm – ma’rifatning barcha sohalarini qamrab olgan edi. Uning ta’lif qilgan kitoblarining soni ikki yuzdan ortib ketgan. Shuning uchun ham tarixchilar Ibn Sinoning kitoblarini turli ilmlarga taqsimlab o‘rganadilar.
Falsafaga oid kitoblar:

1. “ash-Shifo” — asl nusxa qo‘lyozmasi o‘n sakkiz juzdan iborat.
2. “an-Najot” — avval zikr qilingan kitobning muxtasari.
3. “al-Ishorotul Islohiya”.
4. “Hikmatul aruz”.
5. “Uyunul hikmati”.

Mantiqqa oid kitoblar:

6. “al-Mujaz al-Kabir fil mantiq”.
7. “al-Avsat fil mantiq”.
8. “as-Sag‘ir fil mantiq”.
9. Mantiq haqidagi uzun qasida.

Tibga oid kitoblar:

10. “al-Qonun fit tib”.
11. “al-Urjuza fit tib” va boshqalar.

Tasavvufga oid kitoblar:

12. “Hikmatul mavt”.
13. “Risola”.
14. “Hayy ibn Yaqazon”.
15. “al-Hikmatul Mashriqiya”.

Shu bilan birga zuhd va tasavvufga oid bir qancha ajoyib qasidalari bor.
Turli ilmlarga oid kitoblar:
Ibn Sinoning kimiyo, musiqa, falakiyot, til, adabiyot, she’rga oid ko‘plab kitoblari mavjud. Tadqiqotchilar uning arab tilidagi she’rlarini yuqori baholaydilar.

TASAVVUF ILMI

Movarounnahrda barcha islomiy ilmlar bilan birga tasavvuf ilmi ham rivojlangan. Bu yurtning farzandlari bir necha so‘fiylik tariyqatlariga asos solganlar, ularning orasidan tasavvufning buyuk nomoyandalari yetishib chiqqan.

Yassaviya tariyqati.

Bu tariyqat ulug‘ mutasavvif Xoja Ahmad Yassaviy rahmatullohi alayhining nomlari bilan atalgandir. U kishi 562 hijriy sanada vafot etganlar.

Xoja Ahmad Yassaviy rahmatullohi alayhi shayx Yusuf Hamadoniyning xalifalaridan bo‘lganlar. U kishi Buxoroda tahsili ilm qilganlar. Yassaviylik tariyqati silsila jihatidan naqshbandiylikka aloqadordir. Bu tariyqatda zikr jahriy bo‘ladi.

Naqshbandiya tariyqati.

Bu tariyqat shoh naqshband ismi bilan mashhur bo‘lgan Muhammad ibn Muhammad Bahouddin Buxoriy rahmatullohi alayhiga nisbat beriladi. U kishi 717 hijriy sanada Buxoro yaqinidagi Qasri Orifon qishlog‘ida dunyoga kelganlar. Shoh Naqshband rahmatullohi alayhi 791 hijriy sananing Rabiy’ul Avval oyining uchinchi kuni dushanbaga o‘tar kechasi vafot etdilar.

Shayx Abdulloh Dehlaviy naqshbandiya tariyqati haqida quyidagilarni yozganlar: “Bu tariyqat Haq taoloning huzurida doimiy hozirlikdir, Islom aqiydasini, ahli sunna va jamoa aqiydasini mustahkamlashdir va Nabiy sollallohu alayhi vasallamning sunnatlariga ergashishdir”.

Ulamolar Muhammad Murod O‘zbakiydan naqshbandiya tariyqati haqida aytgan quyidagi gaplarini rivoyat qiladilar: “U sahobai kiromlarning asl holicha, ziyoda ham, nuqson ham bo‘lmay qolgan tariyqatidir. U botinda ham, zohirda ham barcha harakot va sakanotlarda sunnatga va aziymatga komili iltizom qilgan, bid’at va ruxsatdan batamom chetda bo‘lgan holda ibodatda bardavom bo‘lishdan iboratdir”.

Shayx Amin Alouddin Naqshbandiy o‘zining “Naqshbandiya tariyqati nedir” nomli kitobida quyidagilarni yozadi: «Muhaqiq ulamolar naqshbandiya tariyqati haqida quyidagi xulosalarni ta’kidlaydilar: «Naqshbandiya tasavvufi o‘rtacha va mo‘tadildir. U sulukdagi mo‘tadillik, shariatga ergashish, tariyqatning osonligi bilan ajralib turadi. U xususan din ulamolari ichida keng tarqalgan. Naqshbandiy so‘fiyning qalbi Alloh bilan, jismi banda bilan.

Bu tariyqatdagi nazarni o‘ziga tortadigan eng muhim narsa sokinlik, riyodan xoliy bo‘lmaydigan baqir chaqir, tarannum va samo’lardan uzoqdaligidir.

Naqshbandiy zokir namozdan keyin, pok holida, qiblaga qarab o‘tirib olib, tilini tanglayiga tekkizib, qalbi til harakati ila birlashib Allohni zikr qiladi».

Movarounahrda ko‘plab tasavvuf mashoyixlari tug‘ilib o‘sganlar va o‘zlarining ulug‘ ilmiy meroslarini qoldirganlar. Ba’zilarining nomlarini zikr qilib o‘tamiz.

Xoja Abdulxoliq G‘ijduvoniy rahmatullohi alayhi.

Bu zot Buxoroyi sharifning G‘ijduvonida 515 hijriy -1121 milodiy sanada tug‘ilganlar va o‘sha yerda 595 hijriy -1199 milodiy sanada vafot etganlar.

Xoja Orif Revgariy rahmatullohi alayhi.

Bu zot Revgarda 560 hijriy -1165 milodiy sanada tavallud topganlar va o‘sha yerda 660 hijriy -1212 milodiy sanada vafot etganlar.

Xoja Mahmud Fag‘naviy rahmatullohi alayhi.

Bu zot Buxorodan uch farsax uzoqdagi Fag‘na degan joyda tug‘ilganlar. Ammo tavallud sanalari ma’lum emas. U zot o‘zlari tug‘ilgan yurtda 717 hijriy -1317 milodiy sanada vafot etganlar.

Xoja Ali Romitaniy rahmatullohi alayhi.

Bu zot Romitanda 591 hijriy -1194 milodiy sanada tug‘ilganlar va 721 hijriy — 1321 milodiy sanada vafot topganlar.

Muhammad Bobo Sammosiy rahmatullohi alayhi.

Bu zotning Sammosda tug‘ulganlari ma’lum bo‘lsa ham qaysi yili tug‘ilganlari noma’lum. Vafotlari esa Sammosda 755 hijriy -1354 milodiy sanada bo‘lgan.

Xoja Muhammad Bahouddin Naqshband rahmatullohi alayhi.

Bu zot Buxoroi sharifning Qasri Orifonida 718 hijriy -1318 milodiy sanada dunyoga keldilar va xuddi o‘sha yerda 791 hijriy -1389 milodiy sanada dunyoni tark etdilar.

Xoja Ya’qub Charxiy rahmatullohi alayhi.

Bu zot G‘aznaning Charx qishlog‘ida tug‘ilgan. Tug‘ilgan sanas ma’lum emas. Mavlono Ya’qub Charxiy hazratlari 851 hijriy -1447 milodiy sanada hozirgi Dushanba shahrida vafot etganlar.

Xoja Ubaydulloh Ahror rahmatullohi alayhi.
Bu zot Toshkentning Bog‘iston dahasida 806 hijriy -1404 milodiy sanada dunyoga kelganlar. 893 hijriy -1490 milodiy sanada vafot topganlar.

Xojagiy Muhammad Imkanagiy rahmatullohi alayhi.

Hazrati Xojagiy Muhammad Imkanagiy rahmatullohi alayhi Samarqandning Imkana degan joyida 918 hijriy — 1512 milodiy sanada tavallud topganlar. U kishining vafotlari o‘zlari tug‘ilib o‘sgan yurtda 1008 hijriy — 1599 milodiy sanada bo‘lgan.

Vatanimiz poytaxti Toshkentni Islom Madaniyati Poytaxti deb e’lon qilinishi munosabati ila jamlanib turganimiz boisi ushbu ulug‘ shahar aholisidan chiqqan musulmon ulamolarning ilmiy meromi haqida ham ikki og‘iz so‘zlab o‘tishga ijozat bergaysiz.

Toshkent islomiy manbalarda “Shosh” nomi bilan zikr qilingan. Shosh shahari va uning ulamolari haqida ko‘plab kitoblarda ma’lumotlar bor. Biz e’lon qilgan tandovda ishtirok etish niyatida tadqiqot olib borgan ahli ilmlarimizdan birlari 102 tadan ortiq Shoshiy olimlarni topib, ularning ilmiy meroslarini ro‘yxatini tuzdi.
Biz chegaralangan imkoniyatdan kelib chiqib bir-ikki olim haqida qisыa ma’lumot berish ila kifoyalanamiz.

Abu Bakr Muhammad ibn Ismoil al Qaffol ash-Shoshiy rahmatullohi alayh (191-336 h.s.).

Bul zot haqida ibn Xallikan rahmatullohi alayh o‘zining “Vafoyatul ayon” kitobida shunday yozadi: “Abu Bakr Muhammad ibn Ismoil al Qaffol ash-Shoshiy o‘z zamonasidagi barcha olimlarning imomi edi. U bir vaqtning o‘zida ham faqh, ham muhaddis, ham tilshunos edi. Movarounnahrning shofe’ii ulamolari orasida hech kim u bilan bahslasha olmasdi. Alloma o‘zidan so‘ng qator mashhur asarlar qoldirdi. Shofeiy mazhabini o‘z yurtida yoyishda faqihlar orasida birinchilardan bo‘lib «Al jadal al-hasan” kitobini yozdi».

Qaffol Shoshiy rahmatullohi alayh quyidagi asarlarning muallifidir:
“Javomiul kalim”.
“Abadul qoziy”, “Ilmul jadal”.
“Mahosinush shari’a”.

Imom Qaffol ash-Shoshiy rahmatullohi alayh Toshkent shahridagi Movarounnahr musulmonlari Idorasi yonidagi “Hazrati Imom”, deb ataluvchi mavzega dafn etilgandir.

Imom al Haysam ibn Kulayb ash-Shoshiy rahmatullohi alayh.

Bu zot Toshkent shahrida tug‘ildi va shu yerda kamol topdi. Ko‘p mamlakatlarga safar qildi, Payg‘ambar alayhissalomu vasallam hadislarini jam’ qildi. Hayotining katta bir qismini Samarqandda kechirdi. Ulug‘ olim xususan Abu Iysa Termiziyning “Sunnat” kitoblaridan o‘zlashtirdi.

Imom al Haysam ibn Qulayb Shoshiy rahmatullohi alayh hadislar to‘plamini “Al-musnad al kabir”, deb nomladi. Hijriy 335 yilda vafot etdi.

Imom al Haysam ibn Qulayb Shoshiy rahmatullohi alayhning “Musnad” asari asosida ilmiy ishlar qilgan movarounnahrlik qator ulamolarning nomlari tarix zarvaraqlarida bitilgandir. Ular: Abu Bakr Ahmad ibn Muhammad al Barqaniy al-Xavarazamiy, Ibrohim ibn Ma’qal an-Nasafiy, Nuyma ibn Hammad al-Marvaziy, Hofiz al Xorazimiy, Jamoluddin an-Nasoiylar hisoblanadi.

Hozirgacha ilmiy-fiqhiy doiralarda Usulul fiqh ilmida “Usulush Shoshiy” nomli kitob mashhur bo‘lib kelmoqda. Bu kitobni Islom olamining mashriqidagi ko‘pgina diyorlarda darslik sifatida hozir ham o‘qitilmoqda. “Usulush Shoshiy” kitobining muallifi kimligi haqida turli fikrlar bor edi. Hozirda bu kitobning muallifi Nizomiddiyn Muhammadaziyz Shoshiy ekani aniqlandi.

BOSHQA ILMLAR

Movarounnahrlik allomalar faqat islomiy ilmlardagina emas, boshqa turli ilmlar bo‘yicha ham peshqadam bo‘lishgan. Ular nahv, sarf, balog‘at, lug‘atshunoslik, tibbiyot, saydala, jug‘rofiya, tarix, o‘simlikshunoslik, falakiyot, matematika, algebra, kimyo, fizika va boshqa ilmlardan o‘zlarining ulkan ilmiy meroslarini qoldirganlar. Namuna uchun ulardan ba’zilarini zikr qilamiz;

— Fizika.
Musulmonlarning eng mashhur fizik olimlaridan biri movarounnahrlik Abu Rayhon Beruniydir. U o‘zining aniq ilmiy bahslari orqali turli narsalarning og‘irligini taqdirlash, yerning hajmini o‘lchash, shafaqning xususiyatlarini, quyosh tutilishini va boshqa tabiiy hodisalarni o‘rganishga muyassar bo‘ldi.
Beruniyning ilmiy kashfiyotlari oldida g‘arbliklar ham hayron qolishdi. Hatto sharqshunoslardan Edvard Saxu Beruniy haqida, u tarixdagi eng ulkan aql egasidir, degan. Beruniy narsalarning zichligini o‘rganish bo‘yicha yasagan asbob bu sohadagi eng birinchi asbob hisoblanadi.

— Kimiyo.
G‘arblik olimlar kimiyo ilmi musulmonlar tomonidan to‘laqonli ilm holatiga ketirilganligini bir ovozdan ta’kidlaydilar. Avvallari kimiyoga oid narsalarni xuddi sehrgarlikka o‘xshatib sirli ravishda olib borilar ekan. Musulmonlar uni ilmiy tajribaga bo‘ysinadigan ilm ekanini isbot qilganlar.
369 h.s. (976 m.s.)da vafot etgan Muhammad ibn Ahmad al-Xorazimiy o‘zining “Mafotiyhul ulum” nomli kitobida kimiyoviy tajribalarda ishlatiladigan moddalarning ko‘plarini vasf qilib chiqqan.

— Falakiyot.
Dunyoda eng ko‘p dong taratgan ilmi falakning musulmon olimlaridan biri Mirzo Ulug‘bekdir. Ulug‘bek asos solgan rasdaxona oddiy rasadxona emas, balki, buyuk fransuz tarixchisi Volter ta’kidlaganidek, falakiyokshunoslik akademiyasi edi. U yerda bu ilmga tegishli turli ma’lumotlar, olimlar yig‘ildi va keng miqyosda ilmiy bahslar olib borildi. Rasadxonada ishlatiladigan asboblar yaratildi.
Ulug‘bekning “Zijji Ko‘ragoniy”si falakiyot ilmidagi nodir ilmiy qimmatga molik asardir. Uning bu sohada yetishgan natijalariga hozirgi eng taraqqiy etgan asboblar bilan qurollangan falakiyot olimlari ham ko‘p narsani qo‘sha olganlari yo‘q.
Ikkinchi bir vatandoshimiz Ahmad Farg‘oniy rahmatullohi alayhi ham falakiyot bo‘yicha olamshumul kashfiyotlar qilgan. U yerning dumoloq shaklda ekanligini kashf qilgani, quyosh tutilishini birinchi marta oldindan hisoblab chiqib aytgani va boshqa kashfiyotlari butun dunyoda dovrug‘ini tarqatgan.
Ahmad Farg‘oniy qushyoning va yulduzlarning harakat yo‘nalishini eng aniq bilgan olimdir. U yerning mustaqim chizig‘i uzunligini birinchi bo‘lib aniqlagan olimdir.
Ahmad Farg‘oniy yulduzlarning oralaridagi masofani va ularning hajmini aniqlab jadval tuzgan olimdir. Ana shu jadvaldan barcha falakiyotshunoslar, jumladan, Ovropoliklar ilmi falak “asoschisi” deb yuradigan Kopernik ham foydalangan.
Ahmad Farg‘oniyning ko‘plab ilmiy asarlaridan biri bo‘lgan “Javomi’u ilmin Nujum” nomli kitobi lotin tiliga bir necha bor tarjima qilingan. U kishini g‘arbliklar “al-Fraganus” deb ataydilar.
Dunyoga ilmi falakdan ustozlik qilgan musulmonlardan biri alloma Abu Rayhon Beruniy rahmatullohi alayhidir. U kishining turli aniq-tajribiy ilmlar bo‘yicha yozgan ko‘plab kitoblaridan kirq beshtasi falakiyot ilmiga bag‘ishlangandir.
Amerika qit’asi borligiga ilmiy nazariy ishora qilgan olim ham Abu Rayhon Beruniydir. Kopernikdan qarib besh yuz yil ilgari olamning markazi yer emas, qushyodir degan ilmiy xulosani aytgan olim ham Abu Rayhon Beruniydir.
Shuningdek, yer quyosh atrofida aylanishini birinchi bor tasdiqlagan olim ham Abu Rayhon Beruniydir. Bu ilmiy haqiqatlarni boshqalarga, Abu Rayhon Beruniydan besh yuz yil keyin tug‘ilganlarga nisbat berish haqiqatni qaysi ko‘chasiga to‘g‘ri kelishini bir o‘ylab qo‘yish kerak bo‘ladi.

— Ilmi hisob.
Movarounnahrlik musulmon olim Muhammad ibn Muso al-Xorazimiy hindiy raqamlar asosida hamma uchun qulay bo‘lgan hozirgi hamma ishlatayotgan raqamlarni ishlatishni yo‘lga qo‘ydi. U kishi bir kitob yozib unda avval hindiy hisob nizomini bayon qildi. Keyin esa uni amalga tatbiq qilish bo‘yicha o‘z uslublarini misollar bilan ko‘rsatdi. Hammaga hisob kitob yuritishni ta’lim berdi. Ayniqsa meros bo‘lishni juda ham aniq qilib ko‘rsatdi.
Muhammad ibn Muso al-Xorazimiy yozgan kitoblar ichida eng mashhurlaridan biri “al-Jabr va al-Muqobala” bo‘lib, bu kitob ilmi hisobdagi Ovropoliklar hozirda Algebra nomi bilan ataydigan fanga asos bo‘ldi. Zotan Algebra arabcha al-Jabrning ovropochalashtirilgan talaffuzidir. Bu kitob o‘rta asrlarda lotin tiliga tarjima qilinib butun Ovropoda darslik vazifasini o‘tagan.
Muhammad ibn Muso al-Xorazimiy hisob usullarini, jamlash, taqsimlash, ko‘paytirish, bo‘lish va kasr chiqarish kabi ilmi hisobni bayon qiluvchi boshqa bir kitobi o‘n ikkinchi asrda ispan va lotin tillariga tarjima qilindi.
Bu kitobni 1143 yilda olmon tiliga tarjima qilindi. Ana o‘sha vaqtdan boshlab olmonlar u kishini Algorezimus nomi ila atay boshladilar va lotin tilida u zotning shaniga va nazariyalariga atab she’rlar aytdilar. U kishining boshqa kitoblari ham lotin va boshqa tillarga tarjima qilingan.
Olmoniyalik olima Zigred Xunke xonim Muhammad ibn Muso al-Xorazimiyga bag‘ishlangan satrlarida jumladan quyidagilarni yozadi:
«Muhammad ibn Muso al-Xorazimiy g‘arbga faqat adadlarni va hisobnigina o‘rgatib qolmadi, balki, turli matematik masalalarni yechishni ham o‘rgatdi. Hozirgacha Algoritm hisob qoidasi uning nomi bilan ataladi.
Uning Ispaniya, Olmoniya va Angliyadagi hisob uslubini tarqatish uchun kurash olib borgan tarafdorlari xorazimiylar (algorizimiker) nomi bilan ataladilar».
Boshqa bir xorazmlik olim Muhammad ibn Ahmad ibn Yusuf al-Xorazimiy rahmatulloh alayhi ham ilmi hisob bo‘yicha ulug‘ kashfiyotlar qilgan. Bizning bu borada batafsil bahs yuritishga imkonimiz yo‘qligi tufayli u kishining faqat bitta kashfiyotlari haqida qisqacha so‘z yuritamiz.
Muhammad ibn Ahmad ibn Yusuf al-Xorazimiy rahmatulloh alayhi 976 melodiy sanada o‘zining “Mafotiyhul ulum” nomli kitoblarida hisob amaliyotlarida o‘nliklarda bo‘sh joy qolsa kichkina doira shaklidagi alomat qo‘yishini taklif qildi. U kishi o‘sha doirani “sifr”, ya’ni, “hech narsa” deb nomladi.
Xuddi mana shu “sifr” nazariyasi insoniyatning ilmlar bo‘yicha eng buyuk nazariyalaridan biri hisoblanadi. Bu narsani bizda o‘rislarga ergashib “nol” deyiladi. Bu ham “hech narsa” ma’nosini beradi. Ovropo xalqlari ham Muhammad ibn Ahmad ibn Yusuf al-Xorazimiy rahmatulloh alayhining “sifr”ini tarjima qilib, “zero” deydilar.
Ovropolik tarixchilardan janob Eyr “sifr” nazariyasi haqida quyidagilarni aytadi:
“Albatta, «sifr” nazariyasi musulmonlar Ovropoliklarga taqdim qilgan eng ulkan ilmiy hadiyalardan biri hisoblanadi. “Sifr” alomati hisobni to‘g‘rilash borasidagi eng ulug‘ qadamdir.
Haqiqatda “nol” bo‘lmasa hisob kitob qilish mumkin emas holiga kelib qoladi. Bu kashfiyotning qadri elektr hisoblash mashinalari-kompyuterlar chiqqanda yana ham ortdi. Hozir ulardagi hamma narsa aynan “nol”ning asosida amalga oshiriladi. Hamma raqamlarning asosida “nol” bo‘ladi. Uning ba’zi qismini ishlatib, ba’zisini ishlatmaslik yo‘li bilan qolgan raqamlar barpo qilinadi.
Allohga shukrlar bo‘lsinkim, hozirda vatanimizdan chiqqan buyuk allomalarning hayoti va qoldirgan ilmiy meroslarini o‘rganish, xalq ommasiga yetkazish ishlari olib borilmoqda. Ushbu anjumanimiz ham bu boradagi muhim ishlardan biri hisoblanadi. Biz avval ham ta’kidlanganidek, faqat qisqa ishoralar bilan cheklandik. Ammo ulug‘ olimlarimizning shaxslari va ilmiy meroslari haqida katta-katta kitoblar bitilgan va yana bitiladi degan umiddamiz.
So‘zimning oxirida ushbu anjuman tashkilotchilariga o‘zimning samimiy tashakkurlarimini izhor qilaman va barchangizga faqat yaxshiliklar tilab qolaman.
Alloh o‘tgan ulug‘ allomalarimizning joylarini jannatdan qilsin!
Ilm-ma’rifat va fan-madaniyat yo‘lida qilgan amallarining savobini ko‘paytib bersin!
Bizlarni ham ulaga munosib nabiralar bo‘lishimizni nasib etsin!

Omiyn!

2007 yil

03
022

(Tashriflar: umumiy 7 377, bugungi 1)

Izoh qoldiring