Ramazon hayitingiz muborak bo’lsin, azizlar!

077

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Азиз юртдошлар, Сизларни Рамазон ҳайити муносабати билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин. Якунига етаётган раҳмат ва мағфират ойи – Рамазони шариф она юртимиз учун ҳар қачонгидан ҳам файзу футуҳли, барокотли бўлганидан умид қиламиз. Бу шарофатли ойда қилган ибодатларимиз, тавба-тазарруларимиз қалбларимиздаги ғуборларимизни ювди, ихлосимизни оширди, нафсимизни жиловлашга, янада саховатли бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам фидойи ва камарбаста бўлишга, эзгу амалларимизни кўпайтиришга ўргатди.
Энди ҳам поклик ва мурувват кўрсатишни сақлаб қолиб,ғамиша меҳр-оқибатли ва саховатли бўлишда давом этайлик, гуноҳли, ғаразли ишлардан, ёмонлик ва ёвузликлардан йироқ бўлиб, мустақиллик неъмати ҳамда ушбу саодатли кунларнинг қадрига етиб, унинг шукронасини қилиб, яхшилик, эзгу ишларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қилишлик барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарз амаллардан бўлиб қолсин.

Азизлар, Рамазон ҳайити шодлик ва ҳуррамлик айёми, бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатли, ҳусни муомалада бўлайлик, гина-кудуратни унутиб, ҳайит шарофати туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак ҳайит кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик. Ушбу кунда ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз, ёру-биродарларимизни зиёрат этиш, беморлар ва кўнгли ярим кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва руҳий тасалли бериш кўп савобли амаллардандир.
Бугун Рамазон ҳайити арафасида улуғ айём барча юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз. Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар!

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring