Ro’zai ramazon (Ramazon ro’zasi haqida)

0456 июн — Рамазон ойининг биринчи куни

    Ҳижрий тақвимнинг 9-ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларидадир. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.

РАМАЗОН ОЙИ ХУСУСИДА
Рамазон рўзаси ҳақида
Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган
08

САВОЛ: Рамазон нима дегани, унинг рўзаси қачон фарз қилинган?
ЖАВОБ: Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг 9-ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Рамазон дегани “рамз” сўзидан олинган бўлиб, “қизимоқ”, “қизиб чўғ бўлмоқ”, “куйдирмоқ” маъноларидадир. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.
Рамазон рўзаси Пайҳамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623-йили 7-февралга тўғри келса керак, валлоҳу аълам.
Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Айтганимиздек, Рамазон ҳам “жуда иссиқ”, “куйдирадиган иссиқ” деганидир. Шояд, Рамазонда рўза тутганларнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлса!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар.

САВОЛ: Рамазон ойи бошқа ойлардан нимаси билан фарқ қилади?
ЖАВОБ: Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:
1.Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди. У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:
شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
2.Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.
3.Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.
4.Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.
5.Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган. Таровеҳ намозлари масжидларда омматан ўқилиши, жамоат бўлиб дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!
6.Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!
7.Рамазон Қуръон ойидир. Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум.
8.Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор. Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.
9.Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир. Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.

САВОЛ: Рамазон рўзаси фарз бўлмасдан аввал ҳам рўза тутиш фарз бўлганми? Аввалги Пайғамбарларнинг умматларига рўза тутиш фарз бўлганми?
ЖАВОБ: Албатта рўза тутиш фарз бўлган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар берилади:
يا أيّها الذين آمنوا كتب عليكم الصيام كما كتب على الذين من قبلكم لعلكم تتقون
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183-оят).
Демак, Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган Пайғамбарларнинг умматларига ўзига яраша рўза фарз қилинган экан. Баъзи умматларнинг рўзаси 50 кун бўлган.
Мусулмонларга ҳали Рамазон рўзаси фарз қилинмасдан аввал Ашуро куни рўза тутишга буюрилган эди. Рамазон рўзаси фарз қилингандан сўнг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من شاء صامه ومن شاء تركه
“Ким хоҳласа, у кун рўза тутади, ким хоҳласа, рўза тутмайди”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

САВОЛ: Рамазон рўзасини тутишнинг ҳукми нима?
ЖАВОБ: Рамазон рўзасини тутиш Китоб, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган фарздир.
Аллоҳ таолонинг Китобига келадиган бўлсак, унда Бақара сурасининг Рамазон рўзасининг фарз қилиниши Бақара сурасининг 183-185-оятларида ўз аксини топган. Жумладан, унда қуйидагилар баён этилган:
يا أيّها الذين آمنوا كتب عليكم الصيام كما كتب على الذين من قبلكم لعلكم تتقون
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183-оят).
شهر رمضان الذى أنزل فيه القرآن هدىً للناس وبيّنات من الهدى والفرقان فمن شهد منكم الشهر فليصمه
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят).
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ислом беш устунга бино қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик келтирмоқлик; намоз ўқимоқлик; закот бермоқлик; Рамазон рўзасини тутмоқлик; Байтуллоҳни ҳаж қилмоқликдир”, деган маънодаги ҳадиси шарифлари машҳурдир.
Уммати Муҳаммадий рўзанинг фарз эканлигига ижмоъ қилганлар. Чунки у Исломнинг асосий устунларидан биридир, диннинг зарурий амаллари сирасидандир.
Бинобарин, рўзани инкор қилган кимса Ислом дини доирасидан чиққан кофир ҳисобланади. Ҳатто, мазҳабимизнинг фиқҳий китобларида ошкоро рўза тутмасдан, рўзани ва мусулмонларни менсимасдан кундузи еб-ичиб юрган, рўза тутаётганларни масхара қиладиган, аммо ўзини мусулмонман, деган одамни аввалига ҳибс қилинади, агар ақлини йиғиб, тавба қилмаса, қатлга буюрилади, деб зикр қилинади. Бу Шофиъий мазҳабида ҳам шу тарзда олинган.

САВОЛ. Намозда, масалан, шарт, рукн кабилар борлиги маълум. Рўзада ҳам шарт ва рукнлар борми?
ЖАВОБ. Рўзанинг фиқҳга кўра сабаби, шарти, рукни ва ҳукми мавжуд.
Рўзанинг сабаби Рамазон ойига етиб келишдир. Яъни, Рамазон ойига гувоҳ бўлиш.
Рўзанинг шарти: мусулмон ва ақли жойида бўлиш ва балоғатга етган бўлиш, рўзани адо этиш учун эса саломат ва муқим бўлиш шартдир.
Рўзанинг рукни эса рўзани очадиган нарсалардан сақланишдир.
Рўзанинг фиқҳдаги ҳукми шуки, уни бажариб зиммадан соқит қилиш ва бажарганига савоб олиш бор .

САВОЛ: Рамазон рўзаси кимларга фарз?
ЖАВОБ: Рамазон рўзаси мусулмон одамга, ақлли инсонга, балоғатга етганга, соғлом ва муқим одамга, ҳайзу нифосдан пок аёлга фарздир.
Демак, кофирга лозим эмас. Ақлидан зойил бўлган мажнунга фарз эмас. Балоғатга етмаган ёш болага рўза фарз эмас.
Касал соғайганидан сўнг қазо рўза тутиб беради. Шунингдек, мусофир юртига келганидан кейин, аёл ҳайзу нифосдан тозалангандан сўнг рўза тутадилар, тутмаган рўзанинг қазосини тутиб берадилар. Ҳомиладор ёки сут эмизувчи аёл ўзларига ва болаларига зиён етмайдиган бўлганда, рўза тутадилар, ўтказиб юборган рўзаларининг қазосини тутадилар. Улуғ ёшдаги бобо ёки момо рўза тутишга қийналадиган бўлсалар рўза тутмай қўя қоладилар. Унинг ўрнига фидя берадилар. Қийналмайдиган бўлсалар, рўзаларини (ёки қазосини) тутадилар. Шунингдек, тузалмайдиган касалмандлар фидя берадилар. Оғир иш ишлайдиганлар ҳам рўза тутмасликлари мумкин.

САВОЛ: Рўзанинг фарзлигини билмасдан мусулмон одамнинг рўза тутмасдан юриш мумкинми?
ЖАВОБ: Исломий амаллар йўлга қўйилган, кўпчилиги мусулмонларни ташкил қиладиган давлатларда рўзанинг фарзлигини билмасдан юриш узр ҳисобланмайди. Ота-оналар болаларига ўргатишлари, масжидларда маърузалар бўлиши, матбуотда, телеканалларда Рамазон ҳақида айтиб турилиши бундай узрнинг инобатга олинмаслигига далил бўлади.
Имоми Аъзам мазҳабига кўра кофирлар юртида, кўпчилиги куфр аҳли бўлган давлатларда яшаётган мусулмонга, агар рўза ва намознинг фарзлигини билдирадиган манба ва даъватлар етиб бормаса, унга рўза ва намозни билмасдан юриши узр бўлади. Лекин, бугунги кунда бундай ҳолатлар жуда камдир. Ҳамма ерда телевидения ва матбуот мусулмонлар ҳақида, уларнинг рўзаси ва намози ҳақида билдиришлар бериб турибди.

САВОЛ: Рўзанинг фазилатлари ҳақидаги ҳадиси шарифлардан гапириб берсангиз?
ЖАВОБ: Ислом шариатидаги ҳар бир ибодат ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Уларнинг фазилатлари қайта-қайта таъкидланган. Жумладан, рўзанинг фазилати баён қилинган юзлаб ҳадиси шарифлар муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Улардан энг машҳурларини келтирамиз:
1.Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган:
كلّ عمل ابن آدم له الا الصيام فانه لى وأنا أجزى به
“Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!”. Имом Аҳмад, Муслим ва Насоийлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоятлари.
2.Абу Умома разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдимда, сўрадим, дейдилар: “Мени жаннатга киритадиган амални менга буюринг?”. Ул зоти шариф дедилар:
عليك بالصوم فانه لا عدل (مثل) له
“Ўзингга рўзани лозим тут. Чунки унга тенг келадиган бирорта амал йўқ”.
Сўнг иккинчи марта ул зот олдига келиб шундай деганимда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ўзингга рўзани лозим тут!” дедилар. Имом Аҳмад ва Насоий ривояти. Уни Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
3.Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳу ривоят қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
ان للجنة بابا يقال له الريّان يقال يوم القيامة أين الصايمون فاذا دخل آخرهم أغلق ذلك الباب
“Албатта жаннатда бир эшик бор. Унга ар-Райён дейилади. Қиёмат кунида одамларга қарата: “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Бас, уларнинг (рўздорларнинг) охиргиси ўша эшикдан кириб бўлганида, ушбу эшик ёпилади”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
4.Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақийлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кириши арафасида мана бундай марҳамат қилган эканлар:
قد جاءكم شهر مبارك أفترض عليكم صيامه تفتح فيه ابواب الجنة وتغلق فيه ابواب الجحيم وتغلّ فيه الشياطين فيه ليلة خير من ألف شهر من حرم خيرها فقد حرم
“Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!”.
5.Имом Аҳмад ва сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можжа) Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деган эканлар:
من صام رمضان ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه
“Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”.

САВОЛ: Рамазон рўзасини била туриб, имконияти бўла туриб, тутмайдиганларга шариатимизда қандай қаралган?
ЖАВОБ: Рамазон рўзаси фарз амалдир. Демак, уни бажармаслик оғир гуноҳ эканлиги барчага маълум. Имом Заҳабий айтганидек, ҳеч қандай узрсиз Рамазон рўзасини тутмаслик зинокордан ҳам, ароқхўрдан ҳам оғир гуноҳкордир. Ундай одамнинг кофир бўлиб кетиш хавфи бор, наъузу биллоҳ. Ҳатто, мазҳабимизнинг фиқҳий китобларида ошкоро рўза тутмасдан, рўзани ва мусулмонларни менсимасдан, уларни масхара қилиб, кундузи еб-ичиб юрган, аммо ўзини мусулмонман, деган одамни ҳибсга, тавба қилмаса, кейин қатлга буюрилади, деб зикр қилинади.
Рамазон рўзасининг бир кунининг ўрнини бошқа ҳеч нарса босаолмайди. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:
من أفطر يوما من رمضان من غير عذر ولا مرض لم يقضه صوم الدهر وام صامه
“Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир куни очиқ юрса, (рўза тутмай ўтказса), унинг қазосини умр бўйи тутган рўзаси тўлдира олмайди”.

САВОЛ: Рамазон рўзаси ўғил-қизларга қайси ёшдан фарз бўлади? Балоғатга етишнинг шаръий ҳолати борми ва унга маълум ёш белгиланганми?
ЖАВОБ: Шариатимиздаги ҳар бир буюрилган амал инсон мусулмон ҳолида балоғатга етганида лозим бўлади. Ёш болаларга шариат ҳеч нарса буюрмайди. Шунингдек, у жинни бўлмаслиги ҳам керак. Имом Ҳоким саҳиҳ деб, шунингдек, Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ деганлар:
رفع القلم عن ثلاثة: عن النائم حتى يستيقظ، وعن الصغير حتى يكبر، وعن المجنون حتى يفيق
“Уч нафар одамдан қалам (шариат ҳукми) кўтарилган: Ухлаб ётган одамдан то уйғонгунча, ёш боладан то катта бўлгунча, жиннидан то соғайгунча”.
Демак, балоғатга етишнинг ҳолати ва вақтини билиш ҳам жуда муҳимдир.
Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда, яъни, Имоми Аъзам мазҳабларида балоғатга етишнинг энг эрта вақти ўғил бола учун ўн икки ёш, қиз бола учун эса тўққиз ёш, деб олинган. Саҳобийи киромлардан Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос разийаллоҳу анҳумонинг оталари ўн икки ёшларида вояга етганликлари ҳадис ва тарих китобларидан маълум бўлади.
Ўғил болаларнинг балоғатга етишлари уларнинг эҳтилом бўлишлари, ҳомиладор қилишга қодир бўлишлари, баданларига туклар ўсиб чиқиши билан билинади. Қиз болаларники эса эҳтилом бўлишлари, ҳайз кўришлари, ҳомиладор бўлишга қодир бўлишлари билан белгиланган.
Тўрт мазҳаб уламоларининг иттифоқий фатволарига кўра, балоғатга етишнинг энг кеч вақти ўғил ва қизга ўн беш ёшдир. Уҳуд жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умар разийаллоҳу анҳуга ўн тўрт ёш бўлганлари учун жангда қатнашишга ижозат бермаганлар. Хандақ жангида эса у ўн беш ёшида эди. Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ижозат берганлар. (Байҳақий ва Ибн Ҳиббонлар саҳиҳ деб ривоят қилган). Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, Халифа Умар ибн Абдулазиз ўз амалдорларига балоғат ёшини ўн беш деб белгиланганлигини ёзиб юборган экан. Одатда инсон ўн беш ёшларида вояга етиб улгуради. Шунинг учун фақиҳларимиз томонидан охирги вақти қилиб, шу ёш белгиланган.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи саҳобий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг қавлига суяниб, йигитларнинг балоғатга етишининг энг кеч ёши ўн тўққиз, қизларники эса ўн еттидир, ҳам деган эканлар. (“Мухтасар ал-Виқоя”нинг “Китоб ал-ҳажр” қисми охирида).
Шундай қилиб, мўъмин ва мўъмина балоғатга етганидан Рамазон рўзасини бир кунини ҳам қолдирмасдан тута бошлаши лозим. Рамазоннинг ўртасида ёки бир куни қолган бўлса ҳам балоғатга етса, ўша қолганини тутиш фарз бўлади. Агар Рамазон ойининг кундузи балоғатга етиб қолса, шу кунининг қазосини тутиб бермайди, холос. Кофир одам кундузи мусулмон бўлса ҳам шу кунининг қазосини тутиб бермайди. Эртасига рўза фарз бўлади. Рамазон рўзасига бепарво бўлиб, уни ўтказиб юборганлар кунма-кун қазосини тутиб беришлари керак.
Бола эрталаб, тонг отганидан сўнг, чоштгоҳгача балоғатга етса ва рўзага ният қилиб, рўзани бошласа, ўша кунги рўзаси нафл бўлади. Эртанги кундан бошланган рўзаси фарз ҳисобига ўтади. (“аз-Захоир ал-ашрафиййа”).

САВОЛ: Ёш болалар рўза тутса бўладими? Уларга рўза туттирса, уларни қийнаб қўйган бўлмайдими? Болаларни қачондан бери рўзага ўргатиш даркор?
ЖАВОБ: Қийналмайдиган ёш болаларга рўза туттирса, уларни қийнаган бўлмайди.
Ёш болаларни рўзага ўргатиш асло уларни қийнаб қўйиш эмасдир. Болаларнинг шунга қодир бўлганларини, касалманд бўлмаган болаларни, ёзнинг узун кунларидан бошқа кунларда уларни рўзага ўргатишга тарғиб бор. Саҳобаи киромлар болаларини рўзага ўргатар эдилар. Тобиъийнлардан Ибн Сирийн ва Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийлар болаларни рўза тутишларини мустаҳаб дер эдилар.
Жумладан, Рубаййиъ бинти Муъаввиз разийаллоҳу анҳо айтадилар: Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунида рўза тутишни (ҳали Рамазон фарз бўлмасдан аввал Ашуро куни рўза тутиш мажбурий эди) буюрган эдилар. Шунда биз рўза тутар эдик. Ёш болаларимизни ҳам рўза туттирар эдик. Масжидга борганимизда, болаларимиз учун жундан ўйинчоқлар тайёрлаб олган эдик. Агар болаларимиз очликдан йиғлагудек бўлсалар, уларга ўйинчоқларни берар, то ифторгача алданиб ўтирар эдилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти, шунингдек, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Байҳақий ва Таҳовийлар ҳам ривоят қилганлар).
Бошқа бир ҳадиси шарифда (Имом Абу Довуднинг Амр ибн Шуайбдан, у эса отасидан, у эса бобосидан қилган ривояти) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مروا أولادكم بالصلاة وهم أبناء سبع سنين واضربوهم عليها وهم أبناء عشر سنين وفرقوا بينهم في المضاجع
“Болаларингизни етти ёшда намозга буюринг, ўн ёшда эса ўрганмаса калтаклаб бўлса-да, намоз ўқишга чақиринг, қиз ва ўғил болаларни шу ёшидан бошқа-бошқа жойда ётиринг”, деб буюрган эдилар. Бу ҳадис одамлар орасида жуда машҳурдир. Мазкур ҳадисни яна Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким эса саҳиҳ деб ривоят қилган.
Демак, болаларни етти ёшдан ўтганларида рўзага ҳам ўргатиб бориш даркор. Аммо, бу амри истиҳбобиййа бўлиб, шунга амал қилса савоб, амал қилмаса гуноҳ йўқдир. Зотан, шаръан болаларга ҳали таклифи илоҳий бўлган эмас. Ўн ёш эса қизларнинг балоғатга етиш вақти, ўғил болаларнинг балоғатга яқинлашиб қолган давридир. Бинобарин, уларни бу ёшларида ибодатга ўргатиш масъулияти янада ортади. Уларнинг ётоқларини ҳам бошқа-бошқа қилиш керак бўлади.
Шуни унутмаслик керакки, ёш болаларга рўза туттирилганда уларга жисмоний зарар бўлмаслиги шартдир.
Шунинг учун Имом Шофиъий: “Болалар тоқатлари етгандагина рўзага буюрилиши мумкин”, деганлар. Унинг асҳоблари болалар учун буни ўн ёш деб белгилаган бўлсалар, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўн икки ёш деб белгилаган. Имом Аҳмад ўн ёшда болалар рўза тутишлари керак, деган фикрни билдирган. Имом Авзоъий эса болалар қийналмай кетма-кет уч кун рўза тутадиган бўлсалар, рўза тутаверганлари маъқул, деган экан. Имом Молик эса болалар умуман рўза тутмагани маъқул, деган экан.

САВОЛ: Ёш болалар рўза тутса, уларга зарар етадиган бўлса, уларни рўза тутишдан манъ қилиш мумкинми?
ЖАВОБ: Албатта, мумкин, балки лозимдир. Чунки, рўза аслида балоғатга етгандан сўнг вожиб бўлади. Ёш болаларга ҳам рўза тутишни ўргатиш эса уларга зарар етмайдиган бўлсагина мумкин. Ёш болаларнинг рўза тутишлари мустаҳабдир, холос. Зотан, Аллоҳ таоло рўза тутиш агар катталарга зарар қиладиган бўлса, уларга ҳам рўза тутмасликка рухсат беради. Болаларнинг агар хусусий моллари бўлса, Аллоҳ таоло валийларига ўша бойвачча болаларга тасарруф қилиш учун қўлларига бермасликка буюради. Чунки, улар нотўғри сарф қилиб қўйишлари мумкин.

САВОЛ: Рамазон ойида кечаси хотини билан яқинлик қилса, бўладими? Баъзилар хотини билан бирга ётилмайди, деб ўйлашади? Ўзи рўзада кечаси хотинига яқинлик қилишдан ҳам қайтарилганми?
ЖАВОБ: Рамазон ойи кечаларида хотини билан яқинлик қилса, жимоъ қилса, албатта, бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг ўзи рухсат берган:
أحلّ لكم ليلة الصيام الرفث الى نسائكم هنّ لباس لكم وانتم لباس لهنّ
“Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинган. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз”. (Бақара сураси, 187-оят).
Демак, Рамазонда ва бошқа ҳар қандай рўзада кечалари хотини билан қовушиш мумкин. Фақат икки хил рўзада бу мумкин эмас.
Биринчиси, Рамазон ойида ва бошқа вақтда ҳам, кимки масжидда эътикоф ўтирган бўлса, у кечалари хотини билан яқинлик қила олмайди. Буни Аллоҳ таолонинг ўзи буюрган:
ولا تباشروهنّ وانتم عاكفون فى المساجد
“Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қовушмангиз!”. (Бақара сураси, 187-оят).
Иккинчиси, зиҳор каффорати учун тутилаётган рўзада кечаси ҳам хотини билан қовушишга рухсат йўқ.
Зиҳор бу хотинининг талоқни боғлаш мумкин бўлган аъзосини ўзининг маҳрамларидан бирининг қараш ҳаром қилинган аъзосига ўхшатишдир. Масалан, хотинини ўз онасига ўхшатди ва зиҳор ният қилди. Ана шунда у бу бўлмағур гапнинг жазоси учун каффорат тўлайди. Аввал қул озод қилади, қодир бўлмаса, ана энди икки ой давомида пайдар-пай рўза тутади. Орада узулишлар мутлақо бўлмаслиги керак. Бунга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискиннинг қорнини тўйдиради.
Зиҳор каффоратида рўза тутганда кечаси ҳам хотини билан яқинлик қилиб бўлмаслигини Аллоҳ таолонинг ўзи айтган:
فمن لم يجد فصيام شهرين متتابعين من قبل ان يتمآسّا
“Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишларидан илгари (зиммасида) пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир”. (Мужодала сураси, 4-оят).

САВОЛ: Мен бир қишлоққа борганимда Рамазоннинг охирги ҳафтаси эди. У ердагилар ўша кунларнинг бирида жамоат бўлиб тўрт ракъат намоз ўқишар эканлар. Бу “қазойи умрий” деб аталар экан, у қазо бўлиб кетган, ўтган барча намозларга каффорат бўлар эмиш. Яна ортиғи билан ота-оналаримизнинг ҳам намозларига каффорат бўлар эмиш. Бунга мен унчалик ишонганим йўқ. Шунда у ернинг имоми бу нарса китобларда борлиги, унга доир ҳадиси шариф ҳам мавжудлигини айтиб қолди. Шу нарса ҳақида тўхталсангиз?
ЖАВОБ: Бу ҳақда батафсил тўхталмасак бўлмайди.
Тўғри, “қазойи умрий” деган намоз ҳақида китобларда зикрлар учрайди. Жумладан, “Зод ул-лабиб”, “Авроди роҳати обидин”, “Фатовойи Вожидуддин Насафий”, “Мифтоҳ ул-жинон”, “Анис ул-воизин”, “Дуррат ун-носиҳин”, “Мажмуъ ул-латойиф” каби китобларда мазкурдир. Уларда келишича, “қазойи умрий”нинг икки хил кўриниши бор. Рамазон ойининг охирги жумъасида беш вақт намозни азону иқомат билан жамоат бўлиб ўқилади. Жаҳрий намозлар қироати жаҳрий, махфий намозлар қироати махфий ўқилади. Ниятида: “Ўтган умримдаги жами қазо намозларига каффорат бўладиган тўрт ракъат фарз намоз ўқийман”, дейилади. Баъзилар эса тўрт ракъат нафлни жамоат бўлиб ўқийдилар. Ниятида эса: “Ўтган жами умримдаги қазо бўлган намозларимга каффорат бўладиган тўрт ракъатли нафл намозини ўқийман”, дейдилар.
Бунга Ҳазрати Али, Халаф ибн Айюб, Шайх Рукниддин сингари зотлардан нақллар келтиришади. Уларда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ деган эканлар: “Кимнинг қазо намозлари бўлса, уларнинг қанчалигини билмаса, жумъа куни бир салом билан тўрт ракъат нафл намоз ўқисин, ҳар ракъатида сураи фотиҳадан сўнг етти марта “Оят ул-курсий”, ўн беш марта “Инна аътойнака-л-кавсар”ни ўқисин. Шунда унинг етти юз йиллик қазо намози бўлса-да, уларга каффорат бўлади”. Саҳобаи киромлар: “Инсоннинг умри етмиш ёки саксон бўлар. Бунчалик дейишнинг маъноси нима?”, дейишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзининг намози, ота-онасининг намозлари, фарзандларининг намозлари ҳам бор-ку!”, дедилар.
Баъзи бир нодонлар юқоридаги китобларга алданиб, юқоридаги ривоятларга учиб, намозларини қасдан ҳам тарк қилар эканлар, наъузу биллоҳи мин золика!
Баъзи бировларнинг мана шундай қилиб юришлари, улар келтираётган ривоятлари бир неча жиҳатдан ботилдир.
Биринчидан, энг катта хато ва нодонлик намозларни қасдан тарк қилишдир. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда иймон билан куфрнинг орасидаги фарқ намоз ўқиш ёки уни тарк қилишда эканлиги очиқ баён этилган. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимиз уламолари якдиллик билан шунга қарор қилганларки, намозни қасдан тарк қилиш куфрдир!
Иккинчидан, Рамазонда ўқилган битта фарз намоз (нафлларни гапириш ортиқча) Рамазондан бошқа вақтдаги бир неча намозлар ўрнига ўтади, дейиш иккинчи қабоҳатдир:
“Фатовойи Баззозиййа”да келган: “Бир одам фақат Рамазонда намоз ўқиса ва “мана шу менга етарлидир” деса ёки “шунинг ўзи ҳам кўпдир”, деса ёки “бу ўқиганларим Рамазондан бошқа вақтлардаги етмиштасининг ўрнини босади” деса, кофир бўлади”.
“Фусули Имодий”да келган: “Кимки фақат Рамазонда намоз ўқиса-ю, “Мана шу менга етарлидир. Чунки, Рамазонда ўқилган намозлар етмиш баробарига ортади, ҳали бу зиёда ҳам бўлиб қолади” деса, кофир бўлади”.
Мана шу хилдаги фатволар Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фатоволари бўлмиш “Хизонат ул-муфтиййин”, “Жомиъ ул-фусулайн”, “Фатовойи Оламгириййа” каби асарларда ўз аксини топган.
Тўғри, ҳадиси шарифда Рамазонда қилинган ибодатга етмиш ҳисса савоби берилиши айтилган. Аммо, бу фақат савоб берилишидир. Бошқа намознинг ўрнини босиши ёки ўрнига ўтиши эмасдир. Зотан, бир намоз у ёқда турсин, минг намоз ҳам битта намознинг ўрнига ўта олмайди, унинг ўрнини боса олмайди.
Учинчидан, қазо бўлган намоз фақат у ўқилсагина зиммасидан соқит бўлади. Бошқа ҳеч нарса унинг ўрнини боса олмайди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:
من نسى صلوة فليصلّ اذا ذكرها لا كفارة لها الا ذلك
“Кимки бирор намозни унутиб қолдирса, уни эслаган вақтида ўқисин. Унга мана шундан бошқа каффорат йўқдир”.
Мазкур ҳадисни Имом Бухорий Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапига Аллоҳ таолонинг оятидан далил ҳам келтирган:
من نسى الصلوة فليصلّها اذا ذكرها فانّ الله يقول: «أقم الصلوة لذكرى».
“Кимки бир намозни унутса, бас, уни эслаганида ўқиб олсин. Зеро, албатта Аллоҳ таоло айтади: “Намозни менинг зикрим учун қоим қил!”.
Бунга ўхшаш ҳадиси шарифларни сунан соҳиблари – Имом Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа ҳамда Табароний, Дориқутний каби муҳаддислар ҳам ривоят қилганлар.
Тўртинчидан, юқорида айтилган тўрт ракъат намоз билан ота-оналарнинг, фарзандларнинг намозлари ҳам соқит бўлади, деб эътиқод қилиш ҳам ботилдир. Тўғри, бировга қилган ибодатнинг савобини бағишлаш мумкин. У ота-она бўладими, ажнабий бўладими, ибодатнинг савоби аталса, унга етиб боради. Бу аҳли суннат вал-жамоат эътиқодидир. Аммо, бировнинг намозини ўқилмайди, унинг рўзасини тутилмайди. Биров учун намоз ўқилса, рўза тутилса, ундан намоз ёки рўза соқит бўлиб қолмайди. Зотан, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:
لا يصلى احد عن احد ولا يصوم احد عن احد
“Биров биров номидан намоз ўқий олмайди. Биров биров номидан рўза тута олмайди”. Буни Имом Насоий саҳиҳ иснод билан Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Имом Абдурраззоқ ҳам Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган.
Бешинчидан, юқоридаги намозни масжидда қазоларимиз учун деб ўқишлари ёки нафл сифатида жамоат бўлиб ўқишлари ҳам бўлмағур ишдир. Чунки, бу амаллари макруҳи таҳримий эканлигини фақиҳларимиз таъкидлашган. Чунки, инсон гуноҳларини яшириши, уларни ошкоро қилмаслиги вожибдир. Қазо намозим бор, деб масжидга келиб намоз ўқишдан қайтарганлар. Нафл намозларни эса жамоат бўлиб ўқишдан жумла фақиҳлар манъ қилганлар.
Олтинчидан, бундай намоз, яъни тўрт ракъат намоз билан жумла қазо намозлар соқит бўлиб кетади, деган гап Ислом фиқҳининг мўътабар китобларида зикр этилмаган. Жумладан, “Баззозиййа”, “Қозийхон”, “Хулоса”, “Захира”, “Заҳириййа”, “Муҳит”, “Мабсут”, “Ҳидоя” ва унинг шарҳлари, “Виқоя” ва унинг шарҳлари, “Канз уд-дақойиқ” ва унинг шарҳлари, “Дурр ул-мухтор” ва унинг шарҳи “Радд ул-муҳтор”, Имом Муҳаммаднинг “Жомиъ ул-кабир ва “Жомиъ ус-сағир”лари, шунингдек, Имом аз-Зайлаъий, Ҳоким аш-шаҳид, Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Имом ат-Таҳовий, Имом ал-Кархий, Имом ал-Қудурий ва шунга ўхшаш мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларининг мўътабар асарларида ҳеч нарса айтилмаган. Агар бу нарсанинг асли бор бўлганда, халққа шу фойдали бўлганда, мана бу зотлар ўзларининг асарларида уни баён қилишга, фазилатларини зикр қилишга шошилган бўлардилар. Мана шундай фазилатдан бебаҳра ва ғафлатда қолмаган бўлардилар. Ҳатто мазҳабимиздаги барча масъалаларни олишга, зикр этишга ҳаракат қилган “Жомиъ ур-румуз” ва “Хизотан ур-ривоёт” каби фиқҳий китобларимизда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Ҳатто, фазилатли намозларни зикр қилишга тамоми эҳтимом ва ҳаракат қилган, бу борада заиф ривоятларга суянишни ҳам тарк қилмаган “Иҳё ал-улум ад-дин” соҳиби Имом ал-Ғаззолий ҳам мазкур намоз ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган.
Еттинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гаплар ёзилган китобларнинг ҳаммаси заиф ва ҳеч қаерда эътибори йўқ китоблардир. Мавлоно Алий ул-қори, Ибн Нужайм ал-Мисрий, Ибн Обидийн аш-Шомий, Ибн Камол Пошшо каби мазҳабимизнинг мутааххирийн олимлари орасида энг улуғлари мўътабар матнлар, мўътамад шарҳлар, эътиборли фатоволардан бошқа асарларга фиқҳий масъалаларда суяниб бўлмаслигини, тафсир ва ҳадислар борасида эса фақатгина уларнинг ўз аҳли – муфассир ва муҳаддислардан олиниши лозимлигини баён этганлар.
Саккизинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гапларнинг далили сифатида келтирилган ҳадислар мўътабар саҳиҳ ҳадис китобларида келтирилмаган. “Сиҳҳоҳи ситта”, яъни олтита саҳиҳ тўпламда ҳам, “Сиҳҳоҳи тисъа”, яъни тўққизта саҳиҳ тўпламда ҳам улар ривоят этилмаган.
Тўққизинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар йўқ бўлади, деган гапларга далил қилиниб келтирилган ҳадиси шарифларнинг асли бўлмагани, исноди маълум эмаслиги, ровийлари йўқлиги ва ҳоллари маълум эмаслиги сабабли мазкур ҳадислар эътибордан соқитдир. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак: “Иснод диндандир”, Суфён ас-Саврий: “Иснод мўъминнинг қуролидир”, Имом аш-Шофиъий: “Иснодсиз ҳадис тунда ўтин терадиган мисолидир”, деганлар. Бинобарин, ҳадис деб зикр этилган ҳар қандай гап олинавермайди.
Ўнинчидан, юқоридаги тўрт ракъатли намоз билан жами ўтган қазолар соқит қилинади, деган гапларга далил сифатида келтирилган ҳадиснамо ибораларни Мавлоно Алий ул-қори, Имом ас-Саховий, Имом Зайниддин ал-Ироқий, Имом аз-Зарқоний, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, Шайх Абдулазиз Деҳлавий сингари ҳадисшунос алломалар мавзуъ-тўқима деб таъкидлаганлар. Мавзуъ ҳадисларни ривоят қилиш ҳам, уларга амал қилиш ҳам ҳаромлиги маълумдир.
Шуни таъкидлаш лозимки, Каъбанинг ичида тўрт ракъат намоз ўқиш ҳам умрлик қазоларга каффорат бўлади, деган ҳадиснамо гап ҳам мавзуълигини ҳадисшунос олимлар зикр қилганлар.
Баъзи бировлар Масжиди Ҳаром ва Масжиди Набавийда намозлар савоби бир неча бора кўпайиши ҳақидаги саҳиҳ ҳадиси шарифларни ҳам суи истеъмол қилаётганини эшитиб қолмоқдамиз. Яъни, улар ҳажга боришиб бир неча кунлик қазо намозларини ўқишиб: “Мана, намознинг фазилатлари бу ерларда ортади, энди, қазо бўлиб кетган намозларимиздан қутилдик”, деб ҳаждан келишаётган экан. Аҳмоқлик бундан ўтмас! Зотан, ҳадисшунос олимларимиз бундай эътиқод инсонни куфрга олиб боришини ҳам таъкидлаганлар. Шуни унутмаслик керакки, савоб берилиши бошқа нарса, амални қилиш бошқа нарсадир. Қазоларни ўқиш фарздир. Бу аҳли суннат вал-жамоатнинг иттифоқи билан бўлган ижмоъдир. Қазоларни ҳар бирини ўқимасдан унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

САВОЛ: Ҳибсда ётган одам қандай рўза тутади?
ЖАВОБ: Ҳибсда ётган одам Рамазоннинг киришини, кирганлигини ишончли одамларда эшитса, рўза тутишни бошлаб, эшитганига асосланиб тугатаверади.
Агар ишончли хабарчи бўлмаса у таҳарро қилади, яъни ақлини ишлатиб, қасд қилиб, Рамазоннинг киришини ғолиб гумонини олиб, рўза тутишни бошлайверади. Шундай ҳолатда Рамазоннинг киришини аниқ билгунча Ҳанафийлар унинг нафл рўза деб ният қилиб тутишини айтадилар. Зотан, нафл рўза деб тутса ҳам Рамазондан ҳисоб бўлаверади. Чунки, мусофир ва касалдан ташқари кимки Рамазон ойида нима деб рўза тутса ҳам Рамазон рўзасидан ҳисоб бўлади.
Таҳарро қилиб рўза тутганда Рамазондан аввалроқ рўзани бошлаб юбориш ёки кейинроқ бошлаш эҳтимоли бор. Сўнг шундай қилганини билиб қолса, нима қилади? Ҳанафий уламолари уни қиблани топишда таҳарро қилганга ўхшатганлар. Яъни, қасд қилиб рўзани бошладими, энди уни қайтариб ўтирмайди. Мана шу тутган рўзаси кифоя қилади. Бу худди ҳожилар арафа кунини аниқ белгилай олмаганларида Арафот майдонида иштибоҳ билан турганларига ва бу кифоя қилишига ҳам ўхшайди. Баъзи уламолар ҳайит куни рўза тутиб қўйгани учун ўша куннинг рўзасини қайта тутади, дейдилар.
Энди, маҳбусликда куннинг отиши ва ботишини билмаслик ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳам уламоларимиз таҳарро билан, яъни ақлини ишлатиб, куннинг отиши ва ботишини белгилаб, рўза тутаверади, деганлар. Имом Нававий: “Агар кейинчалик кечаси рўза тутгани маълум бўлиб қолса, ўша рўзасини қазо сифатида қайта кундузи тутиш вожиб бўлади”, деган эканлар.

САВОЛ: Рамазон ойида одамлар умрага кетишади. Шу шартми? Бошқа вақтда умрага борса бўлмайдими?
ЖАВОБ: Рамазонда умрага бориш шарт эмас, балки шу ойда бориш бошқа ойларда умрага боришдан кўра афзалдир. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойидаги умра битта ҳаж билан тенг бўлади”, деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Ибн Аббос р.а.дан ривоятлари).
Ҳажга борганда одамлар умра ҳам қилиб келишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан сўнг тўрт марта умра (ҳаммаси Зулқаъда ойида) қилганлари ривоят қилинган. Аммо, ҳаж мавсими кунлари, яъни арафа ва ундан кейинги тўрт кунида умра қилиш макруҳдир. Бу Ҳазрати Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан нақл қилинган.
Демак, Рамазон ойида умрага боришга ҳаракат қилиш керак. Ҳажга борганда ҳам уни ғанимат билмоқ керак.

САВОЛ: Ҳадиси шарифларда Рамазон ойида шайтонлар занжирланади, дейилган. Ундай бўлса, нима учун баъзи одамлар шайтоний ишларини бу муборак ойда ҳам қилаверадилар? Намоз ўқимайдилар, ўғирлик қиладилар.
ЖАВОБ: Аввало шуни билмоқ керакки, Аллоҳ таоло ва унинг Расули айтган нарса ҳеч қачон воқеъликка хилоф бўлмайди. Бироқ, шундай бўлиб қолса, нима қиламиз. Унда оят ёки ҳадисни биз фаҳмлаган маънода эмас, таъвил қилиб тушинишга ҳаракат қиламиз. Чунки, биз оят ва ҳадис маъносини тўғри тушунмаётган, хато фаҳмлаётган бўлиб чиқамиз.
Аввал саволда айтилган ҳадиси шарифларни кўриб чиқайлик:
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг иттифоқи билан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар:
أذا دخل رمضان فتحت أبواب السماء ( أو الجنة أو الرحمة) وغلقت أبواب جهنم وسلسلت الشياطين
“Қачон Рамазон кирса, осмон (жаннат ёки раҳмат) эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирланади”.
Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақийлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса бундай дейилади:
قد جاءكم شهر مبارك أفترض عليكم صيامه تفتح فيه أبواب الجنة وتغلق فيه أبواب الجحيم وتغلّ فيه الشياطين…
“Сизларга муборак ой келиб турибди. Сизларга унинг рўзаси фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, у ойда шайтонлар занжирланади…”.
Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар:
تغلق أبواب النار وتفتح أبواب الجنة وتصفد فيه الشياطين
“Дўзах эшиклари қулфланади, жаннат эшиклари очилади ва у ойда шайтонлар кишанланади”.
Имом Термизий ва Ибн Можжалар ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса бундоқ дейилган:
اذا كان اوّل ليلة من شهر رمضان صفدت الشياطين ومردة الجنّ…
“Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади”.
Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилган яна бир ҳадис матни қуйидагича:
تفتح فيه أبواب السماء وتغلق فيه أبواب الجحيم وتغلّ فيه مردة الشياطين
“У ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва у ойда исёнкор шайтонлар боғлаб ташланади”.
Уламоларимиз мазкур ҳадисларни бундай тушунтиришган:
-Шайтонларнинг барчаси кишанланмайди, балки охирги ҳадисларда айтилаётгандек, исёнкор (қувватли) шайтонларгина кишанланади.
-Шайтонлар фақатгина ихлосли мўъмин бандалар, мухлис рўзадорлар учун кишанланади.
-Шайтонлар қаерга кишанланади, қаерга боғланади? Улар фосиқ ва гуноҳкорларга боғлаб қўйилади.
-Шайтонлар кишанланади, лекин уларнинг иғво ва васвасалари боғланмайди.
-Шайтонлар кишанланади, шунинг учун уларнинг васвасалари бошқа ойлардагидек кучли бўлмайди.

САВОЛ. Рамазоннинг ҳурматини қилиб, рўзадор бўлмаса ҳам, емай-ичмай юрадиганлар бор, деб эшитдим. Улар кимлар?
ЖАВОБ. Ўн хил одамга рамазон ойининг рўзасини ҳурмат қилиш вожиб бўлиб, улар рўзадор бўлмаса ҳам кечгача имсок қилиб, яъни еб-ичмай юришлари лозим бўлади.
-Мусофир кун аввалида еб-ичиб, кейин ўз юртига кириб келса.
-Касал кун аввалида еб-ичиб, кейин тузалиб қолса.
-Ёш бола кундуз куни балоғатга етиб қолса.
-Ҳайз кўрган аёлнинг ҳайз муддати кундузи тўхтаса.
-Нифос кўрган аёлнинг нифос муддати кундузи тўхтаса.
-Кофир кимса кундузи мусулмон бўлса.
-Жинни кундузи соғайиб кетса.
-Ҳомиладор аёл кун аввалида еб-ичиб, кечқурунгача болага ёки ўзига зарар етмайдиган бўлса.
-Сут эмизувчи аёл кун аввалида еб-ичиб, кечқурунгача болага ёки ўзига зарар етмайдиган бўлса.
-Тонг отмади ёки кун ботмади деб еб-ичса ва унинг акси маълум бўлиб қолса.

Манба: http://islom.uz/

07

(Tashriflar: umumiy 213, bugungi 1)

Izoh qoldiring