«Бишнав аз най…» 1-3 қисм

nay

«БИШНАВ АЗ НАЙ…»
(Мавлоно Румий ҳазратларининг «Маснавийи маънавий» асари юзасидан)

Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,
Аз жудойиҳо шикоят мекунад.

I

“Бишнав” – “тингла” демакдир. Мавлоно, “тингла!” дейиш билан, бизга ҳам ўгит бермоқда, ҳам инсон қалбини гапиртирмоқда. Тингламоқ – илм олишнинг дастлабки босқичидир. Вақтики, талаба тингламадими, у мударрис сабоқларидан бебаҳра қолади. Нафақат тинглаш, балки башариятга неъмат қилиб берилган “кўриш”, “ҳис қилиш” каби сезгилар ҳаётдан ибрат олиш, хулоса чиқариш ва умр давомида ҳақ ила ботилни фарқлаши учундир. Дастлабки маънога кўра, “бишнав” сўзи – орифнинг маъруфга хитоби.
Яратган маърифатнинг, маънавиятнинг эгаси, буюк тарбиячидир. Борлиқ Уники ва ҳеч бир жон Ундан пинҳон эмас. Онгимиздан тортиб моддий ҳаётимизга қадар содир бўлаётган барча ўзгаришлар, ҳаётдан олган ибрат ва англаган ҳақиқатларимиз ёрдамида юзага келади. Ишоратлар Тангри таоло томонидан берилган таълим бўлса, уларни қабул қилиш – кўриш, эшитиш, ҳис қила олиш сингари неъматлар билан ҳосил бўлади.
Тинглаш – нафақат эшитиш, дунёни идрок этиш, ишоратларни фаҳмлаш, илоҳий таълимни қабул қилиш билан ўлчанади. Бизнинг сезги аъзоларимиз, маърифатни, ташқи олам ҳодисотларини қалбга йўллагувчи восита ёхуд унга ўрнатилган даричадир. Улардан бири беркилса, кўнгилга келиб қуюлувчи ҳикмат нурлари-да, биттага камаяди. “Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Улар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179)2.
Оятда келтирилган “қалб”, “кўз”, “қулоқ” ўз вазифасини бажармаса, улар қийматсиз жисмга айланади. Қуръони каримнинг “тинглаш” билан боғлиқ жуда кўплаб оятлари бор: “… Ва эшитдик ва итоат этдик (эй Роббимиз), мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар” (Бақара, 285)3. Илоҳий каломни тинглаш орқали инсон ҳидоят топади. Демак, ушбу маънода тинглаш – ожизликни тан олиш, Яратувчи олдида таслим бўлиш ва Унга итоат қилиш ҳам экан.
“Тинглаш” кимларга хос? Дастлаб, толибларга хослигини айтдик. Сабоқ – муаллимдан, уни ўзлаштириш эса – талабалардан. Сўзламоқ – бермоқ бўлса, тингламоқ – олмоқдир. Бермоқ, олмоқдан ҳамиша устун туради. Тинглаш жараёни, тингловчининг даврадаги ўрни, мавқеини ҳам кўрсатмоқда. Ҳақ таоло неъмат ато этувчи, берувчи; инсоният уларни қабул қилиб олувчи, яъни тинглагувчидирлар. Тинглаш сифати, бандасининг Яратган олдида ожизлигига ҳам ишора қилади. “У инсонни нутфадан яратди”(Наҳл, 4).4
“Тингламоқ” – улуғ зот ҳисобланган пайғамбарлар, валийлар, пири комилларга ҳам хосдир. Лекин уларнинг тинглаши билан оддий кишилар тинглашида катта фарқ бор. Бу улуғ зотлар, одатда нималарни тинглайдилар? Толиб сифатида Ҳақ амрини, башариятга юборилган табиб сифатида дард аҳлининг дардини, шикоятларини тинглайдилар. Шу боис, шикаста қалбларга малҳам қўювчи табибларга ўхшайдилар. Бир қўллари самога бўй чўзган бўлса, бири заминга туташгандир. Ҳақдан олиб халққа етказувчи, халқникини Ҳақ сари олиб чиқа олувчи қилиб яратилган. Илло, ҳар бир иш азалдан Унга маълум. Аммо, улар (валийлар) Аллоҳ ва Унинг бандалари ўртасидаги кўприк ёхуд бир ришта, воситадирлар.
“Бишнав аз най…” , “тингла найдин…” – яъни орифдан, сенга Ҳақ каломидан сўзлагувчи пири комилдан бир ибратли ҳикоят тинглагин. У сенга ҳикоят қилар экан, жудоликлардан шикоят қилади. Най нима? Пишган қамишдан кесиб ясалган чолғу асбоби; қайсики хом қамиш бунга ярамайди. Бу дунёда инсонларнинг ҳам баъзиси хом, баъзиси пишган. Улар орасида най каби майин ва ёқимли, мунгли ёки шўх садолар таратувчилари мавжуд. Гўё қамишлар орасидан най ясамоққа саралаб олинганлари бўлганидек, инсонлар орасида Аллоҳ томонидан пайғамбарликка, валийликка, муршидликка сайланганлари бор. Бундай зотлар фақат Ҳақ амри билангина ўзларидан ёқимли куй чиқаради башариятни илоҳий наво воситасида қиёматга қадар тарбия қилади. Ягона вазифаси – инсонларни Ҳақ йўлида иршод қилиш, ҳидоятга чақириш. Ҳазрат Жалолиддин Румий “Найнома”да:

“Дар наёбад ҳоли пухта ҳеч хом,
Пас сухан кўтоҳ бояд, вассалом”, –

“хом киши пухта (етилган, камолга эришаётган) ҳолидан ҳеч нарса топмаса, ундан ибрат ола билмас экан, сўзни калта қилгин, вассалом”, – дейди. Табиатан инсонларнинг феъл-атвори, дунёқарашлари турлича бўлганидан, уларнинг даражалари, жамият ўрнида тутган ўрни ҳам бир-биридан фарқланади. Шу боис, одамларнинг даражасига, дунёқарашига кўра муомалада бўлиш керак.

II

“Тангла найдин”. Оллоҳ таъоло пайғамбарларнинг барчасига ўз ҳукмларини эшиттирмоқдан ўзга йўл билан нозил этмади. Яъни ҳар бир пайғамбарнинг ер юзидаги баъсоти (яратилиши) айни “самъ” воситасида юз кўрсатди.
Абдулбоқий Гулпинарли шарҳида: “Маснавий” шориҳлари айтдиларки: Қуръони Азимуш-шаън қандай “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланса, яъни “би” билан бошланган бўлса, Ҳазрати Мавлоно афандимиз ҳам “Маснавийи маънавий”ларини “би” ила бошлаганлар. Бу ердаги “би” “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” кабидир”, – дейилади.
Аллоҳ таъолонинг 99 гўзал исмларидан бири “Самийъ” (У ҳамма нарсани эшитувчи), яна бири эса “Басийр” (У ҳамма нарсани кўрувчи. Унга ҳамма иш аён)дир. Қуръон оятларида ҳам, Асмои ҳуснада ҳам “Самийъ” сўзи “Басийр”дан ҳамиша олдин келган.
“Яратган Роббинг номи билан ўқи”(Алақ, 1).Ойша (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)га ваҳийнинг келиши энг аввал ўнгидан келувчи тушлар орқали бўлган. Кўрган тушлари худди тонг ёришишидек бўлиб кўринарди. Сўнг у кишига ёлғизлик чиройли кўрсатилди. У киши Ҳиро ғорига борар ва бир неча кун ибодат қилардилар. Озуқаларини ҳам олардилар. Озиқлари тугаса Хадичанинг олдига келиб яна олиб кетардилар. Охири шу ерда у кишига ҳақ келди. Бир фаришта келиб “Ўқи” деди. “Расулуллоҳ (с.а.в.)айтадилар: “Мен ўқишни билмайман”. Кейин фаришта мени ушлаб қисди, ҳаттоки қийналдим, сўнг мени қўйиб юбориб “Ўқи”, деди. Мен яна “Мен ўқишни билмайман” дедим. У яна мени иккинчи марта қаттиқ сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юбориб “Ўқи”, деди. Мен яна “Мен ўқишни билмайман” дедим. У мени ушлаб учинчи марта сиқди, ҳаттоки қийналиб кетдим, сўнг қўйиб юборди ва: “Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни лахта қондан яратган, ўқи сенинг Роббинг карамлидир, У қалам билан таълим бергандир”. (Алақ 1-5) оятларини ўқиди. Расулуллоҳ (с.а.в.) қалбларида қўрқув билан Хадичанинг олдига қайтиб келиб: “Мени ўраб қўйинглар”, дедилар. У кишини ўраб қўйди. Пайғамбаримиздан қўрқув кетди. Сўнг Хадичага: “Менга нима бўлди?”, деб бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга бирор нарса бўлишидан қўрқяпман”, дедилар. Шунда Хадича у кишига: “Йўқ сиз хурсанд бўлинг, Аллоҳга қасамки, У сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймайди. Сиз қариндошлик ришталарини боғлайсиз, ростгўйсиз, ёрдам берасиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз ва етимларнинг бошини силайсиз”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна Ойша (р.а.) айтадилар: “Қуръондан нозил бўлган энг аввалги оят “Яратган Роббинг номи билан ўқи ” оятидир”. Ҳоким ўз саҳиҳларида келтирган, Икрима ва Ҳусан (р.а.) лар айтади: “Қуръондан энг аввал нозил бўлган нарса “Бисмиллаҳир роҳманир роҳимдир”, у Маккада нозил бўлган биринчи оятдир”.
Муҳаммад ибн Ибод ибн Жаъфар ал Маҳзумий (р.а.) баъзи уломалардан ривоят қиладиларки: “Аллоҳ Расулуллоҳ (с.а.в.) га нозил қилган аввалги оят “Алақ” сурасининг 1-5 оятлари бўлиб, Ҳиро ғорида нозил қилинган. Суранинг қолган қисми эса Аллоҳ хоҳлаганча муддатдан кейин нозил бўлган”.
Ҳадислардан маълумки, дастлаб Ҳақ таъоло пайғамбарларга ваҳийлар юборган. Жумладан ҳазрат Расули акрам (с.а.в.) га ҳам турли шаклларда ваҳий нозил бўлади ва кейинчалик “иқро” дея ўқишга ваҳийни такрорлашга буюрилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўқимоқдан илгари Жаброил (а.с.)нинг Аллоҳ томонидан етказиб бераётган (Ҳақ) каломини тингладилар.
“У қалам билан илм ўргатгандир”(Алақ, 4). Ваҳийни қабул қилдилар, таълим олдилар ва шундан сўнг нозил этилаётган оятларни ўқидилар. Таълим олишнинг аввали, тингламоқ эканлигини шу ердан ҳам фаҳмласа бўлади.
Мавлоно ҳазратларининг “Маснавийи маънавий” асари ҳам “бишнав” дея бошланиши бежиз эмас. “Бишнав” сўзи жамъи инсониятни илоҳий калом, Ҳақ томонидан берилган Қуръони карим оятларини тинглашга ундамоқда. Чунки, “Маснавий” Калом ва ҳадиси шарифлар таъсирида юзага келган бўлиб, оятларни тафсир этувчи бир китобдир. Шу боис унга “Паҳлавий тилидаги Қуръон” сифати берилган. Мавлоно “Маснавий”си Қуръон эмас, аммо Каломдан сўзлагувчидир. Бу худди “Авлиё Худо эмас, Худодан жудо эмас” ҳикматига ўхшаб кетади.
“Бишнав аз най” –“Тингла найдин”. Шарҳловчилар “най”ни инсони комилга, Одам (а.с.)га, пайғамбаримиз Расулуллоҳ(с.а.в.)га, валий ва орифларга, баъзилар эса Мавлоно ҳазратларининг ўзларига ҳам нисбат беришган.
Абдулбоқий Гулпинарли шарҳида: “Тингла бу найни. Бу ердаги найдан мақсад оддий найдир. Чунки най ҳақиқатан қамишдир ва унга пуфлангани замон, чиққан садо ҳақиқатан ҳам бир нола, афғонга ўхшаб кетади. Аммо тингла бу найни, дея хитоб қилишлари, у найга эмас, бу най учундир. Яъни ўзларига хитоб қилаётирлар. Бу най нималардан шикоят қилади. Нега ўзларини най демоқдалар?…” дейилади.
Суави Камол шарҳида эса “най” ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.)га қиёс этилганлиги шундай баён қилинади: “Карл Маркс у ҳар нарсага тепадан боққан тарзда сенга “англатилган ҳикоятдир” дер. Билинган бир “мен”дир чунки у Билинган “сен”га истеҳзо ила яқинлашишга хижолат чекмайди. Мавлоно эса “менлик”, “сенлик” даъвосини қилмоқдадир. Буни “бишнав” дея тушунтира бошлайди. Унинг даъвоси “мен”ини исботламоқ ва ҳамсуҳбатини ўз хоҳишига кўра янги шаклга солиш эмас. Балки Мавлоно мақсадини фақат най яхши ифодалай олиши учундирки, “Маснавий”сининг илк 18 байтида “най”нинг шикоятини беришни муносиб кўради; ўз китобининг кириш қисмини ҳам “най” тимсоли билан бошлайди. Мавлонодан кейин “Маснавий”ни тушуниш ва тушунтириш учун шарҳ қилишни истаганлар шу важҳдан “най”нинг нима эканлиги устида мулоҳаза юритганлар. Мисол учун, Анкарави Русуҳи Дадага кўра “най” калимаси абжад ҳисобида 60 га тенг келади. Бу сонда “син” ҳарфи ётган бўлиб, “син” – Пайғамбаримиз (с.а.в.) рамзларидир. Анқаравийга кўра, Мавлоно “Бишнав” у “Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни тингла” деган фикрни айтмоқчи бўлгандир. Ичи бўш, тамомила дунёдан (мосуво) кечган “най” у томондан хабар бераркан, инсони комилнинг ҳам тимсоли бўлиб келади.”
Обидин Пошшо шарҳини табдил этган Асқар Маҳкамнинг “Маснавий” шарҳида “най” – ориф тимсолидир. “Мазкур байтда орифнинг, комил инсоннинг найга нисбатан ташбиҳ бўлинишида жуда кўп муносабатлар мавжуд. Улардан баъзиларини эслатиб қўйиш ўринлидир: биринчидан, най одатда қамишдан ясалади. Қамиш кесилмасидан бурун доимо нашъу намода ҳаёт кечиради. Кесилгандан сўнг қурийди. Комил инсоннинг руҳи ҳам арвоҳ оламида (руҳлар дунёсида) бениҳоят маънавий лаззатлар ичида яшайди. Ғаддор ва қуп-қуруқ бўлган дунёга келгач, айни зилол сувдек руҳлар оламидан жудо бўлади, гўё сувсизликдан қурий бошлайди. Иккинчидан, найдан ошиқона, лаззатбахш садолар таралади: ориф инсондан ҳам ошиқона ва орифона сўзлар зуҳур этади. Учинчидан най ноласи тингловчи ишқини зиёда айлайди. Орифнинг ҳам калимот, ҳикмат ва оёти тингловчи ишқини ошириб, қалбини адам ва изтиробдан озод этади. Тўртинчидан, найнинг овози ва садосидан кўп ҳолларда ажиб бир ҳикоя, бир буюк ишқ можароси ҳис қилинади. Ориф сўзидан ҳам аксар чоғларда ҳақиқий ошиқларнинг олий аҳволлари ва олами лоҳутнинг асрори улувияси (руҳоният оламининг илоҳий сирлари) тингланади. Бешинчидан, найнинг санъати зоҳирий жисмида эмас, балки унинг ичидадир. Орифнинг камолоти ҳам ботиндир. Олтинчидан, қомати тўғридир. Орифнинг ҳам ҳолати тўғри ва хулқи каримдир. Еттинчидан, най қамишликдан кесилгач, ўз оламидан жудо бўлди, яъни ғарибдир. Арвоҳ оламидан айрилган ориф ҳам дунёда ғарибдир. Саккизинчи, найнинг ичи ҳар нарсадан холи, бўм-бўш, ёлғиз найчининг ишқига тўлгандир. Ориф ҳам нечук ғиллу ғашликдан бегона, қалби эса Раббоний ишқ билан безангандир. Тўққизинчи, най кесилганидан сўнг, ўз-ўзича ошиқона садо чиқара олмайди; уста бир найчининг дамига (нафасига) эҳтиёжи бор. Ориф ҳам улуғвор бир силсилага ворис бўлгани сабабидан бир файзбахш зотга дамсоздир”.

III

Шумер тилидан форсчага ўзлашган “на” ёки “най”, “қамиш”, найза маъноларини англатувчи чолғу асбобининг энг қадимий номланишидир. Арабларда пуфлаб чалинадиган чолғуларнинг барча тури учун қўлланиладиган “мизмар” сўзи най учун ҳам қўлланилади. Туркчада эса ҳалигача “най” сифатида ёдга олинади. Европа ўлкаларида шунга ўхшаш номлар, жумладан “наийу” номи билан юритилади. Форсча “чалиш”, “ижро этиш” маъносини берувчи “задан” сўзидан бирлашиб таркиб топган “найзадан” ўзлашиб, най ижрочиси оламида ҳозирги кунимизда ҳам қўлланилаётган “найзон” сўзига бориб тақалади. Айни дамда арабча истилоҳидан ҳосил бўлган “найи” сўзи ҳам қўлланилади. Шумерларда м. авв. 5000 йиллардан бери қўлланиб келаётган бу чолғу асбобига оид қўлимиздаги энг қадимий топилма, м.авв 2800-3000 йиллардан қолган бугун Америка Филоделфия музейида сақланган найдир.
Ҳазрат Мавлонога кўра оҳанг Аллоҳнинг лисонидир. Қайси миллат, қайси тилда бўлишидан қатъи назар инсонлар мусиқа ёрдамида туйғуларини жунбушга келтира оладилар. Ҳеч бир санъат инсон руҳига мусиқачалик тўғридан тўғри йўл топа олмайди. Оҳангни юқори пардаси бир маънавий покланиш, фараҳланиш ва юксалишга олиб боради. Руҳни кир ва занглардан покланиши каби, унга ботган тиканлардан тозалаб, даволайди. Наво билан тозаланмаган руҳ юксалмайди, аксинча тубан эҳтирослар билан аралашиб кирланади ва ўтмаслашади. Тўғри оҳанг инсонга ҳайвоний ҳисларини эслатишни тўхтатиб, унга “сўнгсиз борлиқ” ни ҳис эттиради, сездиради. Бу сезги билан уни Унга яқинлаштиради. Бунда энг таъсирчан овоз найнинг садосидир.
Ҳазрат Мавлононинг фалсафасида най, “инсони комил”нинг рамзидир ва ишқ дардини англатиб туради. Юзи сарғайган, ичи бўшаган, бағри доғланиб, ўйиб олинган, фақат танҳо Яратувчининг пуфлаши билан ҳаёт бўлган (тирилган), айни инсон каби ўз юртини соғинган ва илма тешик бўлган сийнасидан чиққан фарёд ва нолалари билан инсонларга сирлар пичирлаган бир дўстдир.
Най икки томони очиқ, цилиндр кўринишидаги асбобдир. Пуфланадиган жойи – бош қисмидан ҳаво киргизилиб, овоз чиқарилади. Кирган ҳаво қамишнинг ичкарисидаги толаларни пайдо қилиши табиий каналчаларга таъсир қилиб, титрашни юзага келтиради. Овознинг сифатли чиқиши учун қамишнинг керагидан ортиқ қалин диаметрли ёки ингичка диаметрли бўлиши тўғри эмас. Баъзи тажрибасиз най пуфловчилари жуда қалин қамишларнинг яхши овоз чиқармаслигини ҳалигача тушунмайдилар.
Қамиш диаметри ортиши билан қамишнинг териси ҳам ортади. Агар кичик найларда жуда қалин диаметрли қамиш ишлатилса, ингичка товуш октавасидаги овозлар чиройли чиқмайди. Най ясашда энг яхши қамишлар Самандаги ўлкаларда етишган қамишлардир. Ўлкамиз ташқарисидаги Нил дарёси ва Суриянинг баъзи ерларида ҳам най қамиши ўсади. Най ясаладиган қамиш минглаб қамиш ичкарисидан машаққат ила танлаб олинмоқда. Қамишлар октябрь – сентябрь ойларида кесилади. Бу ойларда кесилган қамишлар етилган ва сувга қонган бўлади. Кесиладиган қамишларнинг тартибли бўлиши, қобиқларининг сарғайиши бўғим ораларининг 7-8 см.бўлмаган шаклда бир-бирларидан тенг узоқликда бўлишига ҳаракат қилиш, қамишни исроф қилмаслик жуда ингичка ва пишиши керак бўлган қамишларнинг кесилмаслиги учун, қамиш кесадиган кишининг ўлчови бўлиши ўта муҳимдир. Қамиш танланаркан, жуда қалин этлилари яхши эмас. Ташқи юзи жонли, порлоқ ва доғсиз қамишлар най ясашга энг маъқул қамишлардир. Най ясаладиган қамишларнинг 9 бўғим устида ўлчов олиш керак. Олтинчи бўғимда 2 та, еттинчи бўғимда 2 ва саккизинчи бўғимда 2 шаклида туйнуклар очилади. Қамишларда бўғим оралиқлар умуман илдиз томонидан бўғимлар зич ва тартиблидир. Бу қамишлар етарлича сифатли овоз чиқара олади.
Най билан танишиш учун, найнинг нималигини айтган Мавлоно “Маснавий”сининг кириш қисмидан ўрин олган 18 байтига назар солишимиз керак бўлади. Тингла, найдин, зеро у бир нарсаларни тушунтирмоқда. Мавлононинг чақириғини берилиб тингласак ўргана оламиз. “Айрилиқлардан шикоят қилади”. Найнинг дарди бизнинг дардимиздир. Чунки, биз инсонлар нега бу дунёда яратилдик, нега бу дунёга қозиқлардек ўрнашдик? Бу дунё фонийдир ва биз ҳам яратилиш эътибори билан билсак ҳам, билмасак ҳам боқий оламга бўлган соғинчни эшитмоқдамиз. Най дейдики: Мени қамишликдан айирганларидан бери ноламдан эркагу аёл бўлган барчани йиғлатди. Найнинг дарди жудоликнинг; асл ватанининг фарқига етишни англатади. Инсонларнинг баъзилари буни билади. Одатий тахминга кўра бу дунё асл ватандир. Худди шундай Платоннинг метафорик ўлчовида занжирли асирларнинг кўриб турган сояларни ҳақиқий деб билганлари каби, инсонларнинг ҳам катта бир қисми дунёни чин дея ҳисоблайдилар. Най эса фарёд қилиб инсонларга ҳақиқатни билдиришга, эшиттиришга ҳаракат қилади. Найни най қилган ҳақиқат ишқи билан, ҳақиқат ҳикоясидир. Найнинг ҳикояти қамишнинг қўпорилиши билан бошланади.
Албатта, най тимсоли инсони комилга ўхшаб кетади. Унинг ташқи ҳолатига эътибор берсак – адил. Камолот соҳибларининг ҳар бир қилган ишлари эгриликдан, ғирромликдан холи, қоматлари ҳам “алиф” сингаридир. Най – офтобда қизариб пишган қамишдан ясалган. Аллоҳнинг дўстлари ҳам ишқ оловида тобланибгина хослар мақомига етган бандалардандир. Қамиш, жуда мустаҳкам ўсимлик; уни эгиш қийин. Ҳақ йўлида юрган кишиларни ҳам зинҳор енгиб бўлмайди. Қанчалик маломат тошлари келиб тегмасин, Аллоҳ у зотлар қадрини баланд, қоматларини тик қилиб қўяди. Чунки ишлари ҳам, сўзлари ҳам, диллари ҳам пок бўлган кимсалардир. Ўзларини поклик ила зийнатлаган, Роббидан пинҳона қўрқадиган, дунёда тавозеъ билан юрадиган, ҳар қандай ҳолатида сабрли, шукрли бўла олувчи; азият етганида “саломатлик бўлсин” дейдиган кишилардир. Фурқон сурасининг 63-оятида гўзал бир таъриф келтирилган: “Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир”.
Ер юзига зиё тарқатувчи бу инсонларнинг қисқача сифатларини санаб ўтиш мумкин.

Зоҳирий сифатилари:
Ҳамиша очиқ юзли, кишилар кўрганда қалблари юмшайди(Улар табиий равишда юзларида ҳамиша табассум ила хоксор турадилар);
Ширинсўз, ширинсуханли(Беҳуда ва бемаза гаплардан ўзларини тиядилар, ҳаё қиладилар. Улар ҳар қандай бемаза сўзларга нисбатан ҳам ширинсўзлилик билан жавоб қайтарувчи ёки сукут сақловчидирлар);
Оғир-вазмин табиатли(Яъни, енгил-елпи ҳаракатда бўлмайдилар. Мулоҳаза ила шошилмай, тафаккур ила фикр юритадилар, ҳаракат қиладилар. Суҳбатда ҳам, амалда ҳам ҳамиша меъёрни ушлайдилар);
Пок нигоҳли(Нигоҳларини ҳамиша пок тутадилар. Улар нигоҳларидан фақатгина қалбга зиё олиб кирувчи нарсаларга, кишиларга нисбатан фойдаланиб, турли ёмонликлардан асрайдилар);
Хоксор(Ҳамиша ожизликларини унутмаган ҳолда, мақтовлардан ҳаё қиладилар. Мақтовга лойиқ Зот – Яратганнинг Ўзи. Бандаси эса, Уни мақтагувчи. Бундай кишилар бировдан ўзлари ҳақида яхши бир гап эшитганда, бошлари ерга киргудек бўлиб, уялиб кетадилар. Аллоҳ таолодан ҳаё қиладилар. Ва ҳар доим “мен” деб эмас, хоксорлик ила “биз” деб сўзлайдилар);

Ботиний сифатлари:
Қалблари пок (Биров ҳақида ёмон гумонда бўлмайдилар. Қалбни дунё ҳавасларидан пок тутиб, уни Ҳақ йўлига боғлай олган кишилардир);
Кечиримли(Зинҳор гина сақламайдилар. Бировнинг айби ва хатосини (Ҳақ йўлида) дарҳол кечириб, унутиб юборадилар. Ўзлари эса қалб билан ҳисоблашадилар; инсон қалбини азиз санайдилар);
Ўзгаларга яхшилик тиловчи(Ҳамиша инсонларни, ҳатто уларга душманлик қилганларнинг ҳам ҳаққиларига инсоф тилаб, ғойибона дуойи хайр қиладилар);
Тақволи(Пинҳона Роббидан қўрқадилар. Ҳаром саналган ҳар қандай нарсадан парҳез қиладилар. Хоҳ у таом бўлсин, хоҳ у сўз, хоҳ у амал);
Шукрли ва чиройли сабр этувчи(Яхши ёки унинг учун ёмон бўлсин, ҳар бир неъматни меҳр-муҳаббат билан қабул қиладилар. Борида ҳам, йўғида ҳам шукр қиладилар ва синовларга чиройли сабр қилиб турадилар);
Парвона ўзини ўтга ургани каби, зиё истовчи қалблар ҳам, бундай улуғ кишилар суҳбатига интилади. Чунки улардан илм, зиё, файз етади халққа. Най сингари қалбда ишқ-муҳаббат оташини ёқадилар. Инсоният яратилгандан бери ишқ ичра яшайди. Моддий оламга бир назар солсак, аввалу охири ишқдан иборатдир. Бу борлиқ, ҳамма нарса – одамзод учун.
“У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир», деб айт” (Фуссилат,10);
“Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ”(Анбиё,16).
“Маснавий”га безак бўлган ҳикоятлар, Қуръондаги ҳикоятлар, пайғамбарлар ҳақидаги ибратли қиссаларни эслатади. Бу табиий. Чунки, Мавлоно “Маснавий”си ва унинг олами Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан йироқ нарса эмас. Бизга най тилидан ҳикоят сўзлаётган Мавлоно, Каломуллоҳни тафсир қилаётганга ўхшайди. “Маснавий”нинг ҳар бир ҳикояти қайсидир сурага бориб тақалади ёки албатта бир оятни ёдга солади. Асарнинг пурҳикматлилиги ҳам шунда. Биз фақатгина Мавлоно ҳикматларининг моҳиятини илғашимиз ҳамда уларга амал қилиб боришимиз керак. Ўшанда “Маснавий”ни англаган бўламиз, бу асарни англаган инсон эса, шубҳасиз оятлар маъносини тушуниш калитига сазовор бўлган бўлади.

Давоми бор…

Бухорий тайёрлади.

Matn www.uzislam.com dan olindi

(Tashriflar: umumiy 412, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring