Ibrohim Haqqul. Asrori Halloj

Ashampoo_Snap_2016.11.10_16h07m04s_004_.png    Тасаввуф ташаббуси билан дин, адабиёт, мусиқа ва фалсафада мисли кўрилмаган яқинлик, ўзаро ҳамкорлик юзага келган эди. Аммо айрим масалалар хусусидаги тортишувлар, инкорни инкорлар муросасиз курашга ҳам йўл очарди. Шундай курашларнинг қурбонларидан бири дунёга донг таратган мутасаввиф, мутафаккир ижодкор Мансур Ҳаллож эди.

АСРОРИ ҲАЛЛОЖ
Иброҳим Ҳаққул
032

Эй кўнгил, Мансур «Анал-ҳақ» сўзлади,
Ҳақ эди, Ҳақни деди, Ҳақ сўзлади.

Насимий

I

Ashampoo_Snap_2016.11.10_16h10m24s_005_.pngБу оламда фақат ақлли, маънан кучли ва эркин одам —шижоатли Шахс билангина ҳамма нарсани очиқ-ойдин гаплашиш мумкин. Ҳаётга мустақил назари йўқ, мустақил мушоҳада қобилиятидан маҳрум кимса ҳеч вақт ўз фикр-қарашига соҳиб бўлолмайди. У ҳамма билган нарсани билади, ҳамма кўниккан майл ва кайфиятларга кўмилиб яшайди, турғунлик, якранглик асло унинг жонига тегмайди. Қадимда бундай кишиларга нисбатан «ҳайвони нотиқа» ибораси қўлланган.

Қаердаки ҳақиқат ахтариш бошланса, ўша жойда ҳамиша янги ҳаёт барқ уради. Тасаввуф айни шу тарзда одамлар онгини ўзгартириш ва ҳаётга янгилик олиб кириш мақсади билан майдонга чиққан таълимотдир. Шунинг учун тасаввуф аҳли бошданоқ қаттиқ қаршиликка учраган, бири биридан оғир ва қийноқли синовларга дуч келган. Улар Ишқ ва Маърифат байроғини баланд кўтарганча таъқибда яшаган, ҳибсхоналарга тиқилган, ўлим жазосига ҳукм этилган. Орифга ҳам, ошиқ ва дарвешга ҳам авом қарши турган. Баъзан жаҳолат, баъзан сиёсат халқу халойиқни ҳақиқат йўлидан чалғитиш, гоҳида қайтаришга эришган. Аммо бу чалғиш ва қайтишлар узоққа чўзилмаган. Чунки тасаввуф олами тўхтовсиз равишда Тариқат, Маърифат, Ҳақиқат дарғалари билан бойиб, кучайиб борган. Вақт ўтиши билан башарият ислом тасаввуфига бошқача қизиқиш, ўзгача эҳтиромда қарай бошлаган. Тасаввуфда жорий қилинган маънавий-руҳий тажрибалар энг аввало диққатни инсонга қаратар, уни ўзининг илоҳий моҳиятини мушоҳада этишга илҳомлантирарди. Тасаввуф инсоннинг Оллоҳга тобелигига алоҳида урғу бераркан, инсоннинг инсонга қарам ва муҳтожлиги тушунчаларини тубдан ислоҳ айлашни ҳам тарғиб қиларди. Бу гап ҳуррият, эркинлик, тенглик каби ақидаларга ҳам дахлдор эди. Буюк тариқатчиларнинг бирлари гўзал ахлоқ сирлари тадқиқи билан машғул бўлса, бошқа бировлари нафс, руҳ ва қалб тасфиясидан баҳс юритарди. «Нафсини таниган — Раббини танир» деган ҳақиқатга қизиқиш бағоят оммалашиб борарди. Тасаввуф ташаббуси билан дин, адабиёт, мусиқа ва фалсафада мисли кўрилмаган яқинлик, ўзаро ҳамкорлик юзага келган эди. Аммо айрим масалалар хусусидаги тортишувлар, инкорни инкорлар муросасиз курашга ҳам йўл очарди. Шундай курашларнинг қурбонларидан бири дунёга донг таратган мутасаввиф, мутафаккир ижодкор Мансур Ҳаллож эди.

У ҳижрий 224, мелодий 857 йилда Эроннинг Байзо ўлкасида туғилган. Ҳалложнинг таваллуд топган жойи гоҳ Нишопур, гоҳ Марв ёки Рай деб қайд этилса-да, унинг она диёри Байзо эканини эътироф этган олимларнинг сони кўпчиликни ташкил қилади. Бобоси Муҳаммад исмли бир мажусий бўлган экан.

Мансурнинг болалиги Байзода кечган. У сабийлигидаёқ Қуръон мутолаасида салоҳият кўрсатган. Ўспиринлигида эса Басра, Бағдод, Ироқ каби шаҳарларга бориб илм ўрганган. Бир неча маротаба Маккани зиёрат этган ва шу сафарлар чоғида каромат зоҳир қилган. Масалан, Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарида келтирилган бир ҳикоятда нақл қилинишича, Мансур Ҳаллож етмиш муриди билан бир тунда Байти Мақдисга етиб боради. Қарашса, ҳаммаёқ зим-зиё, қандиллар ўчган. «Бу қандиллар қачон ёнади?» деб сўрашганда, «Саҳарга яқин», дейишибди. Шунда Ҳаллож «Саҳаргача ҳали анча бор-ку», дея шаҳодат бармоғи билан ишорат қилиб «Оллоҳ» деганда тўрт юз қандил бирданига чароғон бўлиб кетган экан. Ўша ердаги роҳиблар ундан «Сен қайси диндансан?» деб сўраганда, «Ҳанафий мазҳабиданман. Муҳаммад алайҳиссалом умматиман. Ҳанафийларнинг ҳам энг кичигиман…», дея жавоб берган экан. Бунда Мансурнинг исломиятга садоқати ва буюк эҳтироми яққол кўринади.

Мансур Ҳалложнинг қисмати башарият тарихидаги энг фожиали ва энг қайғули бир қисматдир. Мусулмон оламида унга ўхшаб кўпчиликни дарғазаб қилган ва кўпчиликнинг қаҳрига йўлиққан бошқа бир шахс топилмаса керак. Айрим сўфийлар ҳисобга олинмаганда, шариатчилар сингари тариқат аҳли ҳам уни хуш кўрмасди. Мутасаввиф олим Суламий «Табақот»ида машойихларнинг аксарияти Ҳалложни рад ва инкор этганини ёзади. Дарҳақиқат, Маккий, Наҳржурий, Жунайд Бағдодий каби бир вақтлар унга яқин бўлган зотлар ҳам ундан юз буришган. Ҳаллож ҳали ҳибсга олинмасданоқ тамоман яккаланган. Унинг бошига турли томондан таъна, танқид ва маломат тошлари ёғиларди. Фақиҳлар уни нубувват ва илоҳийликни иддао қилган дея айблашарди, муътазила вакиллари — ҳуққабозликда, имомия мансублари эса зиндиқликда қоралашарди. Аксарият мусулмонларнинг назарида у ўлим жазосига маҳкум кофир эди. Подшолик одамлари унинг ҳар бир сўзини, дўст ва шогирдларига ёзган мактубларини тафтишдан ўтказарди. Буларга у айтарли парво қилмас, ҳар бир кори ҳолга фано нигоҳи ила қарарди.

Тарихий маълумотларга кўра, Ҳалложнинг бир мактуби давлат маъмурларининг қўлига тушади. Хатнинг бошланишиёқ ўқиганларни дарғазаб этади. Мактуб Ҳалложга кўрсатилганда, «Ҳа, бу менинг хатим», дейди. «Сен билан фикрдош бошқа кишилар ҳам борми?» деб сўрашганда, у «Албатта, бор. Ибн Ато, Абу Муҳаммад ал-Журайрий, Абубакр Шиблий», дея бир неча кишининг номини айтади. Маъмурлар шу зотлар билан ҳам бориб учрашади. Журайрий мактубдаги сўзларни ўқиркан, «Бу — қатлни вожиб айлайдиган куфр эрур», дейди. Шиблий эса «Буни айтганга қарши турмоқ зарур», деб ўзини четга тортади. Ибн Ато Мансурга маслакдошлигини яширмагани боис вазир Ҳомид ибн ал-Аббоснинг қаҳрига учраб, қатл этилади. Аммо орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай вазир ҳам фожиали ҳалок бўлади.

Мансурга яқинлик, унинг фикр ва ирфоний тушунчаларига хайрихоҳлик ўзини ўзи бало ва мусибатларга гирифтор айлаш билан баб-баробар эди. Ибн Таймиянинг ёзишича, бир вақтлар ўзи ташаббус кўрсатиб Мансурни куёв қилган Абу Ёқуб Наҳржурий Ҳалложга зиндиқлик айби қўйилишини эшитибоқ қизини ундан ажратиб олади. Хуллас, бири иккинчисига ўхшамайдиган қийинчиликлар, кетма-кет берилган зарбалар, жоҳилликдан туғилган таҳқирлар Ќаллож шахсини букиб, парчалаб ташлаши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Чунки Ҳаллож танлаган ва инонган йўл — маърифатдаги янги йўл, янги тажриба эди. У, илоҳий ирода соҳиби қаҳр-ғазабни меҳр билан, жаҳолат ва ёвузликни маърифат билан енгишга ўзини қодир сезарди. Умрининг энг таҳликали дамларида ҳам ҳақлигини англатиш ва исботлашга уриниб шундай деган эди: «Агар Оллоҳни танимасангиз, яратганларини танинг. Мен ўша яратиқман. Мен Ҳақман. Чунки мен Ҳақ ила бақо бўлдим. Агар мени ўлдирсалар, аёқ ва қўлларимни чормих этсалар ҳам бу фикрдан воз кечмасман». Ҳалложнинг ўзига ишончи ана шундай юксак эди.

Айрим сўфийларнинг эътирофи бўйича, тавҳид дарахтини ўтқазган Боязид Бистомийдир. Ҳаллож эса уни қони ила суғорган. «Ҳалложнинг кесилган томирларидан оққан қондан тупроқ устида «Оллоҳ! Оллоҳ!» сўзлари ҳосил бўлмиш», дейди Ибн Арабий.

Албатта, Мансур Ҳаллождек жасур ва енгилмас шахслар ниҳоятда кам туғилади. Шунинг учун уларни жазолаш, қатл айлаш билан мурод ҳосил бўлмайди. Инсоният ўзи сезиб, гоҳо сезмасдан ана шундай комил кишиларнинг маслак ва мардлигига боғланади, ўзи истасин-истамасин, тинимсиз уларни хотирлайди, хотирламаса, фаолият ва маърифий тажрибаларига суянмаса, эркин яшаш, эркин фикрлаш, ҳаётнинг бағоят мураккаб ва қалтис муаммоларини ҳал қилишда нимадир халақит бераётгандай, нимадир етишмаётгандай бўлаверади. Тўғри, уларнинг жаҳон миқёсидаги хизматини бировлар англайди, бировлар умуман англамайди, кимлардир шарафлайди, кимлардир камситади… Хуллас, иқрор ва инкор, эътироф ва эътироз тортишувлари тўхтамайди. Баъзан эса замонлар, даврлар, асрлар ўтгани сайин оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратиш қийинлашади. Мансур Ҳалложнинг ҳаёти ва фаолияти ҳам ушбу ҳақиқатнинг бир исботидир.

II

Тахминан ўн икки ёшда экан, Мансур Байзодаги машҳур бир дарвеш билан учрашади. Қисқа фурсатли суҳбатда дарвеш унинг кўнглида унутилмас таассурот пайдо этади. Ундан эшитгани ривоят эса Мансурнинг хотирасига муҳрланиб қолган эди.

Ёш бир йигит Қуръон қироатида зўр маҳорат касб этибди. Буни эшитган бир шайх ўша йигитни ахтариб топибди.

— Менга хабар етдиким, сен тунларингни ҳам Қуръони карим оятларини тиловат қилиш билан ўтказар эмишсан. Шундайми?
— Ҳа, худди шундай, — дебди ўспирин.

Шайх айтибди:
— Ўғлим, бугун тунда мени тасаввурингда ҳозир тут ва намозда Қуръонни менга ўқиётгандай ўқигил!

Албатта, йигит розилик билдирибди. Эртаси куни Шайх яна йигитнинг ҳузурига ташриф буюрибди.

— Хўш, менинг айтганимни қилдингми? — деб сўрабди у.
— Ҳа, қилдим. Бироқ Қуръоннинг ярмини қироат айлашга ҳам кучим етмади. Негадир мени бошқача ҳолат таъқиб эта бошлади, — дебди қори йигит.

— Ўғлим, ундай бўлса, Қуръонни шахсан ҳазрати Пайғамбаримиздан тинглаган асҳобдан қайси бирларинидир кўз ўнгингга келтириб, унга ўқигил. Аммо эҳтиёт бўл, улар Қуръон ўқишингни эшитурлар.

Тиловатда оёғинг куймасин.
— Иншооллоҳ, худди шундай қилурмен, устоз.

Шайх эртасига йигитни яна сўроқлаб келганда савол-сўроқни кутмасдан у дебди:

— Устоз, бутун тун мобайнида Қуръоннинг тўртдан бирини қироат қилишга ҳам куч-мадорим етмади.
— Унда, — дебди Шайх, — бу кеча Қуръонни хаёлан ҳазрати Пайғамбарнинг ўзларига ўқигил!

Боз оқшом кечиб, субҳ келибди. Улар учрашишибди. Йигит Шайхга энди Қуръоннинг бир жузъидан ортиғига куч топмаганини айтибди. Шайх ундан бунинг сабабини сўраганда аниқ жавоб бера олмабди. Шайх яна топшириқ берибди:

— Бу кеча яхшилаб тайёргарлик кўргил. Қуръонни худди Жаброил қошида ўқиётгандай ўқигил!

Йигит обдон ҳозирлик кўрибди. Бироқ, қанча уринмасин, бор-йўғи бир неча оятни ўқишдан нарига ўта олмабди… Буни эшитган Шайх навбатдаги кўрсатмани берибди:
— Болам, тун кириши билан Оллоҳга тавба-тазарру этгил. Ва билки, Унинг ҳузурида бўлурсен. Унинг каломини Ўзига ўқурсен. Бағоят тадбирли бўл. Зеро, Қуръон ўқишдан мақсад маъно-моҳиятга шўнғимоқдир…

Яна бир тун ўтибди. Эртаси куни йигитнинг ҳолини билиш учун Шайх бошқа бировни жўнатибди. У келиб кўрсаки, йигит хасталанганмиш. Орадан бир кун ўтказиб Шайх ҳол сўрашга келганида кўзларидан ёшлар оқизиб йигит шундай сўзларни айтган экан:

— Устоз, Оллоҳ сизга кўпдан-кўп хайру эҳсон ато қилсин. Ўтган кеча мен ўзимнинг бир ёлғончи эканлигимни билдим. Шу вақтга қадар янглиш ва ёлғондан Қуръон тиловат қилиб юрганимни англадим. Ҳақ ҳузурида Қуръон тиловат қилаётганимни тасаввур этарканман, беҳад ғариб бир ҳолга тушдим… Ҳатто «Ийяка наъбуду» дейишдан уялдим. Чунки У менинг сўзимда ёлғон борлигини биларди…

Ушбу ҳикоятни Мансур муридларга нақл этиб, Қуръон моҳиятини мушоҳада қилиш, ундаги маъно ва ҳақиқатларнинг сир-асрорини ўзлаштириш нақадар қийин, нақадар машаққатли амал эканини қайта-қайта таъкидларди. Қуръондаги ҳар бир сўз, ҳар ибора, ҳар бир оҳанг ва маъно ҳатто ўликнинг ҳам жисмига жон бағишлашга қодир эканлигига Мансур шубҳасиз ишонар, Қуръон нурлари ёғилган юрак дарёдай теран, мусаффо ва мунаввар бўлишига асло шак келтирмасди. Мансур Қуръони каримни илоҳий қудрат, маънавий-руҳоний ғолибият, жамики мавжудотга меҳру муҳаббат китоби деб биларди. У дунёдаги барча боқий гўзаллик ва латофатнинг тамалини Қуръондан топган ва ўрганган эди. Аммо шундай тенгсиз, шундай буюк ва муқаддас Китоб ҳукмларига бўйинсунган, унда баён этилган диний, ахлоқий, маърифий талаблар билан тарбия топган мусулмонлар орасида нечун бунчалар маҳдудлик, нодонлик, қолоқлик, фикрий тарқоқлик, ҳар турли мазҳаб талашувлари мавжудлигини Мансур мутлақо ҳазм айлай олмасди. Шунинг учун у онги ва қалбини зулмат қоплаган, тафаккур меҳнатидан йироқ кимсаларнинг диндорлигига иштибоҳ билан қарар, диний туйғу, диний тарбиянинг истиқболини илоҳий ишқдан айри тарзда тасаввур қилмасди. Илоҳий ишқ сирларини кашф этишда ҳам, суҳбат, мактуб, шеърий ва насрий асарларида уни талқин қилганида ҳам Ҳаллож, биринчи навбатда, Қуръоний ҳақиқат ва кўрсатмаларга суянарди. Шу маънода машҳур француз шарқшуноси Л. Массинъоннинг «Қуръон тили ва услуби ҳали мурғак ёшдан бошлабоқ иймон завқини ахтарган Ҳалложнинг мистик ҳаяжон ва туйғуларига қанот бағишламишдир» деган фикрлари алоҳида диққатга молик. Ҳаллож Қуръони каримдан шу қадар таъсирланиб, шу даражада унга қаттиқ берилганки, унинг Қуръонга ички бир таслимият ҳолида айтган гаплари ҳатто қаҳр ва қарғиш билан қаршиланган экан. Ибн Арабийнинг маълумот беришича, кунлардан бир кун устози Амр ибн Усмон ал-Маккий Ҳалложнинг ёнига келиб, ундан «Не иш ила машғулсен?» деб сўраганида у «Қуръонга мухолифат қилурмен», дебди. Буни тўғри маънода тушунган Маккий уни қарғаган экан.

Бошқа бир ривоятга кўра, Маккий Ҳалложни лаънатлаб, «Агар қўлимдан келса, уни ўзим ўлдирардим», дебди. Бу қаҳрнинг сабаби сўралганда у «Мен Қуръондан бир оят ўқиган эдим. Ҳаллож «Мен ҳам худди шундай сўзларни ёза олурман ва айта билурман», дея шаккоклик қилди», деган эмиш. Маккий ва Ҳаллож муносабатига доир бундай ҳикоят ва ривоятлар бир жойга жамланиб ўзаро қиёсланса, улар Ҳалложни қоралаш, бадном этиш, янада аниқроғи, уни дин асосларини бузишга қасд қилган бир кофир қиёфасида кўрсатиш мақсадида тўқилганига шубҳа қолмайди. Бунинг учун Абу Наср Саррожнинг мана бу сўзлари билан танишиш етарли деб ўйлаймиз: «Маккийнинг исми ҳуруфга доир бир китоби бор эди. Бу китоб талабаларидан бирининг қўлига тегди. У китобни олиб кетди. Амр Усмон бундан хабардор бўлгач, дедики: «Уни олганнинг қўл-оёқлари кесилиб, бўйни узилгай!» Дерларки, Маккийнинг ўша китобини сўроқсиз олиб кетган Ҳусайн Ҳаллож эмиш…»

Абдулқодир Гилоний ҳазратлари «Агар мен Мансур Ҳалложнинг замонида яшаганда эдим, уни қўлидан тутиб омон сақлаган бўлурдим», деган экан. Хожа Али Рометаний эса, «Агар ер юзида Хожа Абдухолиқ фарзандларидин бири бўлса эрди, Мансур ҳаргиз дорга осилмас эди», демишлар. Эҳтимол, шундай бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо масалага кенгроқ назар ташланса, Мансур Ҳаллож таҳсил олган ва суҳбатдош бўлган шайхлар ҳам чин ориф ва валилар эканини эътироф этиш керак бўлади. Булар: Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий, Амр бин Усмон Маккий, Абу Ёқуб Ақто, Жунайд Бағдодий…

Бағдод халифаси машойихлардан бирига «Эй беадаб!» деганида у «Ярим кун Жунайд била суҳбат тутибмен, нечук мени беадаб дегайлар, яъни ҳар кишиким ярим кун Жунайд била суҳбат тутмиш, ондин тарки адаб келмагай», деган экан. Абу Жаъфар Ҳаддоднинг эътирофи бўйича, «Агар ақл киши суратига кирса эрди, Жунайд сурати бўлгай эрди». Лекин «товус ул-уламо» номи ила донг таратган шу беназир зот билан ҳам Ҳаллож тил топиша олмаган эди.

Мансур Ҳалложнинг ўлими ва ўлдирилиш сабаблари тўғрисида хилма-хил фикр-мулоҳазалар айтилган. Ва улар шу қадар бир-биридан фарқлидирки, қанчалик уринманг, Ҳалложнинг асл қиёфасини тасаввур эта олмайсиз.

Абу Райҳон Беруний ёзади: «Ал-Ҳаллож дастлаб имом Маҳдийга даъват этиб, Маҳдий Дайломдаги Толиқон шаҳридан чиқади, деб даъво қилди. Уни тутиб халққа кўрсатиш учун Бағдодга олиб келдилар, зиндонга ташладилар. Ниҳоят, у ҳийла ишлатиб, зиндондан халос бўлди. У найрангбоз ва ҳунарманд, ҳар бир одамнинг эътиқод ва мазҳабига аралашиб кетадиган киши эди…»

Бир одам ҳақида бунчалик кўп, бунчалик ранг-баранг айбномалар тўқилишига ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Нега бунча қаҳр ва ғазаб? Нега бу қадар нафрат ва маломат? «Китоби ахбор ул-Ҳаллож»да ҳикоя қилинишича, Абдуллоҳ Тоҳир ал-Аздий Бағдоднинг чорсусида бир яҳудий билан жанжаллашиб, уни «кўппак» дея ҳақоратлабди. Шу пайт уларнинг ёнидан ўтиб қолган Ҳаллож унга қараб «Итини озорлама!» деб-да, илгарилаб кетибди. Ишларини тугатиб бўлгач, Аздий Ҳалложнинг ҳузурига борибди. Уни кўрибоқ Ҳаллож юзини тескари бурибди. Аздий узр сўрабди. Унинг узрини қабул қилган Ҳаллож дебди: «Азизим! Динлар Оллоҳникидир. Ҳар дин ила бир тоифа одамни машғул этар. Улардан ҳар бири ўзларининг иродалари танлаган динни эмас, ўзларига белгиланган динни излайди… Шуни билгилки, яҳудийлик, насронийлик, ислом ва бошқа динлар ўхшаш унвонлар, ўхшаш номлардир, аммо ҳаммасининг мақсади бир, ўзгармасдир».

Албатта, ушбу сўзлар билан ўаллож динларнинг бирлигига эмас, улардаги умумий ғояларнинг ўхшашлигига диққатни жалб этган. Бироқ буюк мутасаввифнинг бундай фикрларини ҳамма ҳам тўғри тушунавермаганидек, уларни нотўғри талқин қилувчиларнинг сони жуда кўп бўлган. Қолаверса, давр ва замони савиясидан юксалган, илоҳий замон туйғуси билан яшаган шахсларни жаҳолат ва гумроҳлик қадам-бақадам таъқиб этган.

III

Тарихдан маълумки, Мансур Ҳалложнинг ҳаёти ва ирфоний фаолияти зулм, жаҳолат, фикрий зўравонлик хуруж айлаган бир даврга тўғри келган. Ал-Мутаваккил халифалик мартабасига эришганидан сўнг «нақлчи» уламонинг давлат миқёсида катта нуфуз соҳиби бўлиши билан кўп иш ва ҳаракатлар ағдар-тўнтар бўлиб кетган эди. Халифа жаҳмия, қадария, мутаъзила сингари оқимларга қарши курашда ана шу уламоларнинг ёрдамига таянади. Натижада ҳадис олимлари каломчилар устидан тўлиқ ғалаба қозонади. Давлатнинг қўли етадиган ҳамма жойдан улар қувилади. Халифа эса бутун вилоят ва ўлкаларга амру фармонлар юбориб, калом илми билан машғул бўлувчиларнинг барчасини ўлимга маҳкум этишини эълон этади. Унинг бу сиёсати кейин келган ҳукмдорлар томонидан давом эттирилиб, ниҳоят IX асрнинг охирги ўн йиллигида фалсафа ва калом китобларини сотиш батамом таъқиқланади. Жомеларда, жамоат йиғиладиган бошқа жойларда фаолият кўрсатувчи халқ воизларининг чиқишларига ҳам барҳам берилади. Бироқ бу тадбирларнинг ҳеч бири ижтимоий беқарорлик ва сиёсий зиддиятларнинг ўртадан кўтарилишига ёрдам беролмасди. Ал-Мутаваккил вафотидан токи 954 йилда бувайхиларнинг Бағдодда иқтидорга соҳиб бўлгунларига қадар кечган вақт мобайнида сиёсий Қалаёнлар кучайиб боради. Карматийлар ҳаракатининг бошланиши эса давлат учун катта хавф туғдирган офатнинг айни ўзи саналарди. Халифага уюштирилган суиқасддан кейин улкан миқёсли шубҳа ва таъқиб муҳити яратилдики, номи «қора рўйхат»га тушган тариқат арбобларидан бири Мансур Ҳаллож эди. Унинг номи ушбу рўйхатдан четда қолиши асло мумкин эмасди. Зеро, Атоулло Таддин қайд қилганидек, «Ҳаллож Аббосий халифалиги даврини жабр ва зулмкорлик, ахлоқий-маънавий емирилиш даври деб биларди». Халифа вазирлари орасида айниқса Ибн Фрот Ҳалложнинг ашаддий душмани ҳисобланарди. У Ҳалложнинг номини эшитишга ҳам тоқат қилолмасди. Асосий мақсади эса қандоқ қилиб бўлмасин тезроқ унинг пайини қирқиш ва овозини бутунлай ўчириш эди. Мол-давлат тўплаш ҳирсига мағлуб бу фосиқу золимнинг энг севимли машғулоти пора олиш, халқни талаш эди. У порахўрликнинг усул ва сирларини шунчалик пухта эгаллаган эдики, унинг танобини тортишга ҳатто халифанинг ўзи ҳам чора излашга мажбур бўлган эди. Ибн Фрот олим ва ижодкорларни жинидан баттар ёмон кўрарди. Уларни ҳақоратлайдиган ёхуд камситадиган ҳар бир ишни у қойиллатиб бажарар ва бундан ҳузурланарди. Шариат вакиллари ана шундай амалдорларнинг топшириқларини бажаришга маҳкум малай ва улар қўлидаги қўғирчоқ эди. Шунинг учун Ҳалложга қўйиладиган айблар ҳам жуда жиддий ва ваҳимали бўлиши лозим эди. Зеро, халқни аёвсиз талаган ва эзган Аббосий халифаси амалдорларининг қилмишларини жасорат ила фош айлаган буюк бир ориф ва ҳақ йўлчисининг ўлими шариат вакиллари учун эмас, балки сиёсат пешволари учун зарур эди. Ҳалложшунос олим

Ўзтуркнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳалложнинг қотили шариат эмас, сиёсатдир. Шариатни тамсил этганлар эса ушбу жиноятга шунчаки восита қилинган».

Ҳаллож ҳаёт чоғларида юзага чиққан мунозара-тортишувлар унинг вафотидан сўнг ҳам қизғин давом этган. Айниқса, тасаввуфга, аҳли тариқатга ёмон назарда қаровчилар ўалложнинг ҳол ва ҳақиқатларини таҳқирлаш билан чегараланмасдан унинг асарларини ҳам йўққа чиқаришга уринганлар. Шулардан бири Ибн Таймийя бўлиб, у «Мен Ҳалложга нисбат берилган бир қанча асарлар, рисолалар ва парчаларни кўрдим, ҳеч шубҳасизки, уларнинг барчаси Ҳаллож учун атай тўқилган нарсалардир», дейди. Ҳолбуки, Мансур Ҳаллож назмда ҳам, насрда ҳам эътиборга молик асарларни мерос қолдирган.

Шарқнинг кўп мутафаккир санъаткорларида, жумладан, Алишер Навоийда ҳам инсон қалби ва кўнглини ҳатто Каъбадан-да улуғу муқаддас билишга чорловчи фикрлар бор. Навоий «Ҳайрат ул-аброр»да:

Каъбаки оламнинг ўлуб қибласи,
Қадри йўқ андоқки, кўнгил Каъбаси, —

дейди. Бироқ бундай фикрни биринчилардан бўлиб айтиш ва теранликдан кўра саёзликни хуш кўргувчи кимсалар онгига сингдириш биз ўйлаганчалик осон кечмаган. Ҳаллож «Ба жойи адойи ҳаж, назару зиёрати Каъбаи дил кофи аст» — «Ҳаж зиёрати ўрнида дил Каъбасини зиёрат қилиш кифоядир», дегани учун Бағдодда ғавғо қўзғалган. У карматийларга издошлик қилиб Каъбани вайрон этишга ундаётир дея айбланган. Салтанат ҳукмфармоларидан бири шу гапи учун Ҳалложни бемалол қатл айлашга кўрсатма берган.

Ҳалложнинг адабий мероси пароканда ҳолда қолиб кетган, албатта. Анча муддатларгача уларни эркин ўқиш ва тарғиб қилиш имкониятлари ҳам чекланган. Лекин унинг шогирдлари, мухлис ва тарафдорлари бу асарларнинг тақдирига бефарқ қарамаган.

Тасаввуф илмининг улкан билимдони Ҳужвирий ҳали ёшлик чоғлариданоқ Мансур Ҳалложнинг ҳаёти, шахси ва ҳол сирлари билан қизиққан. Унинг мактуб ва шеърларини тўплаган. Рисола ва маъвизаларни ахтарган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Ҳалложнинг порлоқ рамзли шеър ва асарлари бордир. Фуру (шуъбалар, тармоқлар) хусусида мукаммал сўзлари мавжуд. Мен… унга мансуб эллик парча асарни Бағдодда ва шаҳар атрофида кўрдим. Айримларини эса Ҳузистон, Форис ва Хуросонда қўлга киритдим… Буларнинг баъзиси жуда кучли, айримлари ниҳоятда заиф, яна бири ғоятда содда, бошқа бирлари эса кўп тубан ва аҳамиятсиз эди». Ҳужвирий Ҳалложнинг фикрларини шарҳлаш учун махсус асар ҳам яратади. У дастлаб икки Ҳаллож бўлганини, улардан бири бағдодлик Мулҳид Ҳасан бин Мансур Ҳаллож, иккинчиси Ҳусайн бин Мансур Ҳаллож эканини маълум қилади. Унинг эътирофи бўйича, Ҳаллож борасида ихтилофга берилган мутасаввифлар дини, мазҳабини қоралаш мақсади ила уни тарк этмаган, балки ҳол ва ҳол сирлари сабабидан тарк ва танқид қилган. Хуллас, Ҳужвирий ҳалложшунослик соҳасида жиддий изланиш олиб боради ва «Китоб фи шарҳи калом ил-Ҳаллож» деган асар битади. Умуман, у Ҳалложга қўйилган айб ва туҳматларни қатъиян рад айлайди. Ҳужвирий ёзади: «…зоҳирбин баъзи кимсалар уни (Ҳалложни — И.Ҳ.) кофир дейишмоқда, уни рад ва инкор этишмоқда. Ҳолларини эса гуноҳга, ҳуққабозлик ва сеҳрбозликка нисбат бераётирлар. Улар Ҳусайн Мансур Ҳаллож билан Ҳасан бин Мансур Ҳалложни бир-биридан фарқлай олмаётирлар. Кейинги Ҳаллож бағдодлик бўлиб, Муҳаммад бин Закариёнинг устози, Абу Сайид Карматийнинг йўлдоши эди».

Ҳасан бин Мансур Ҳалложнинг издошлари Бағдод ёнида бир жамоат ташкил қилиб, унга «Ҳалложий» номини берган ва Мансур Ҳалложга боғлиқлик даъвоси ила ўзларининг зиндиқликларини оқлаш ғарази учун унинг сўзларидан далил сифатида фойдаланган экан.

Ҳужвирий номдор замондошларидан баъзиларининг Мансур Ҳалложга юксак назар билан қараганликларини ҳам баён этиб ўтган. Чунончи, Истаҳрий Ҳалложни аввал зуҳдда катта ютуққа эришган, сўнг қадам-бақадам ишқда илгарилаган, хайрли ишлар билан шуғулланиб, нафсоний завқ ва лаззат бахш этувчи нарсалардан ўзини тийишга қодир шахс дея ҳисоблаган. Ва муроқаба мақомига юксалган Мансур башарий сифатлардан тамоман фориғ бўлгач, ўазрат Исода бўлганидек, унга ҳам Оллоҳнинг руҳи ҳулул этган, шундан кейин у ўзига ўзи итоат айловчи феълини — Оллоҳ феъли, ҳар қандай амрни — Оллоҳ амри деб билувчи қурб мақомига кўтарилганини таъкидлаган.

Ҳужвирийнинг Ҳалложга муҳаббати қанчалик юқори бўлмасин, уни сон-саноқсиз ғанимлари ва асоссиз таънаю маломатлардан нечоғли қатъият ила муҳофаза этмасин, у барибир ҳақиқатни хаспўшламасдан, ошкор айлашга содиқ қолади.

Ҳужвирийга кўра, Ҳалложнинг ҳамма сўз ва фикрларига тобе бўлиш, уларни тўғрига чиқариш мақбул эмас. «Чунки Мансур ҳолида тамкин соҳиби эмас, билъакс мағлуб ва мажзуб эди… Ҳолида фитналар ҳам мавжуд эди».

Шунингдек, унинг йўли тўғрилик талабларига тўла-тўкис мувофиқ келмаганидек, ҳолида бир барқарорлик ҳам бўлмаган. Ҳол ва ҳиссиёт беқарорлиги ила муршидлик вазифасини бажариш ва бошқаларни ўзининг ортидан эргаштириш душвор бир ишдир.

«Ҳазрати Абдуқодир Гилоний манқабалари» китобида маълумот берилишича, Шайхдан Мансур Ҳаллож ҳақида сўраганларида, «У бир қанот эди, даъво туфайли кенг узайган эди, шариат қиличи уни қирқиб ташлади», деган экан.

Азизиддин Насафийнинг ёзишича, Юсуф Ҳамадоний «Агар Ҳусайн бин Мансур маърифатни етарли даражада билса эди, «Анал — Ҳақ» ўрнида «Анал — туроб» (Мен тупроқман)» дерди», деган экан. Бу фикрларда Ҳалложнинг сайри сулукда бир жойга тақалиб қолиб, янада юқори мартабаларга юксала олмаганига ишорат бор. Аммо Ҳалложнинг ҳолини камситиш йўқ.

Ҳалложга душманлик билан қараган Ибн Таймийя «Ҳалложнинг ҳолларини билган Оллоҳ валийларидан ҳеч бири уни буюк дея қабул этмаган ва ҳурмат ҳам қилмаган», дейдики, бу мутлақо нотўғри ҳукм. Бу ўринда Шайх Абусаид Абулхайрнинг Ҳаллож «улви ҳолдадир ва анинг замонида машриқдан мағрибгача анингдек йўқ эрди», деган сўзларини эслатиш кифоя.

IV

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида ёзади: «Мавлоно Жалолиддин Румий сўзларида манқулдирки, Шайх Мансур Ҳаллож нури юз эллик йилдин сўнгра Шайх Фаридуддин Аттор руҳиға тажалли қилди ва анинг мураббийси бўлибдур».

Мансур Ҳалложнинг кўнглида порлаган ишқ ва маърифат нури Мавлоно Румийни ҳам ўзига жазб айлаган эди. «Девони кабир»да ҳам, «Маснавий»да ҳам Мавлоно ўнлаб мисраларда ул зотнинг камолини мадҳ этади. Насимий ҳам Ҳалложнинг муҳиби ва мафтуни эди. Ҳаллож ҳақиқий ишқ ва ошиқлик рамзи, унинг ҳоли «дор севгиси»ни тамсил этарди. Унинг ижоди Шарқнинг кўп илғор шоир ва адиблари учун илҳом, таъсир манбаи ҳисобланади.

Ҳаллож илоҳий ишқ майидан сармастлик ҳолатларини, мушоҳада ва муроқаба асносида юзага келган маъноларни гўзал шаклларда ифодалашга қодир истеъдод эди. Унинг «Китоб ут-тавосин» асари тасаввуф адабиётининг насрда битилган энг диққатга молик намуналаридандир. Ўн бир бўлимдан таркиб топган ушбу китоб Ҳалложнинг фикр дунёси, ирфоний қарашлари борасида анча кенг ва аниқ тасаввур беради. Хусусан, унинг ҳазрат Пайғамбар мадҳ этилган, Оллоҳ ва Шайтон мунозараси ёритилган ҳамда маърифат таърифи берилган саҳифалари мутасаввиф ижодкорлар томонидан қизиқиб ўқилиши билан бир қаторда, умуман тасаввуф илми ривожига ҳам муайян даражада туртки бўлган. «Анал — Ҳақ» иборасини Ҳаллож қачон ва қаерда тилга олган?» — деган саволга ҳозиргача аниқ бир жавоб йўқ. Айрим тадқиқотчилар Ҳаллож «Анал-Ҳақ» демаган, унинг ўлимига «Тавосин»даги баъзи сўзлари сабаб бўлганини айтишган. Демак, Ҳалложнинг мухолиф ва ғанимлари унинг асл мақсадини бузиб талқин қилган. «Мен кўп ҳайрон қолурмен: баданидаги бир қилнинг қандай қилиб қора ёки оқ бўлишини билмаган, борлиқни яратиб камолга етказганни қандай билмоғи мумкин?!» Бу — орифнинг ҳайрати. Бу — Ҳалложнинг сўзлари. Шундай фикрдаги кишида худолик даъвоси бўладими?!

Олмониялик таниқли шарқшунос ва тасаввуфшунос олима А.Шиммел ёзади: «Ҳалложнинг шеъри тасаввуфий кечинмаларнинг ниҳоятда нозик ва жонли бир ифодасидир. Уларнинг тили жуда нафис. Ҳаллож шеърларида энг кўп қўлланган тимсоллар — қадаҳ ва шароб, ҳилол, маст этувчи тасаввуфий шодлик косаси, маъшуқа, жон қуши кабилардир. Унинг деярли барча шеърлари теран диний ва тасаввуфий маъно ҳамда сирларга тўлиқдир». Саноий, Яссавий, Аттор, Румий, Насимий, Машраб каби ижодкорларнинг асарларини ана шу тимсол, маъно ва сирли ҳиссиётлардан ажратиб тасаввур этишнинг асло имкони йўқ. Тириклик файзи ва ҳаёт гўзалликларини қадрлай билган, кўнгли ҳассос барча «ибн ул-вақт», яъни вақт фарзандларига ўхшаб Ҳаллож ҳам шеъриятни севган. Унинг шеърлари ҳақида Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам юксак фикрлар айтилган.

Мансур Ҳалложнинг ҳаёт тарихи — ғоятда мураккаб, қайғули, бироқ ибратли тарих. У, албатта, ишқ учун, маърифат ва маслак учун инсоннинг қатл этилишига дастлаб инонмаган. Орифни маърифатдан бошқа яна нима муҳофаза этмоғи мумкин, деб ўйлаган. Жаҳолат ва ёвузлик ҳақиқат қаршисида кучсиз бўлиб кўринган унга. У «Анал — Ҳақ» деганида «Мен доимо мавжудман, Ҳаққа фоний бўлган ошиқнинг умри ҳам боқийдир» демоқчи бўлган. Бу ҳақда Жалолиддин Румий мана нима деган: «Анал — Ҳақ» дейиш улуғ бир камтаринликдир. Бунинг ўрнига «Мен Ҳақнинг қулиман» деган киши икки борлиқни — ўзи ва Тангрининг мавжудлигини тасдиқлаган бўлади. Ҳолбуки, «Мен Ҳақман» деган ўз борлиғини йўқ қилгани учун «Анал — Ҳақ» демоқда. Яъни, мен йўқман, барчаси Удир. Оллоҳдан бошқа борлиқ йўқдир. Бу сўзда камтаринлик кўпроқ эмасми?»

Ахир, Оллоҳ сифатлари билан безаниб, илоҳий ирода соҳиби бўлиш инсонни нафсоний иллат ва башарий ожизликлардан қутқазадиган энг олий нажот ва саодат-ку! Умрини маърифат ва ҳақиқат равнақига бағишлаган Ҳаллождай ориф зотни ўн уч йиллик қамоқдан сўнг ваҳшийларча қатл этиш шартмиди?
007

Бир вақтлар муридларидан бири Ҳаллождан «Ориф кимдур?» деб сўраганида у бундай жавоб берган экан: «Ориф улдирки, уч юз тўққизда Зулқаъда ойининг йигирма тўртида сешанба куни они Бағдоддаги Бобу тоғига элтгайлар ва аёқ-илкин кесгайлар, кўзин ўйгайлар, дорга осгайлар, танин куйдириб, кулин кўкка совургайлар».
Ажабки, ана шу кун етиб келади ва ана ўша ориф Мансур Ҳалложнинг ўзи бўлиб чиқади.

Демак, шундай қабиҳ ва қонли бир иш воқе этилишини Ҳаллож идроки илоҳий ила аввалдан сезган. Ибтидодаёқ интиҳони бехато фаҳмлагани боис у ўлимдан қутулиб қолишга эмас, балки ажалдан ҳам бешафқат қийноқ ва азоблардан тезроқ фориғ бўлишга чоғланган. Жаҳолат, нодонлик ва зўравонлик муҳити унинг дил розларини эшитмас, эшитса ҳам англамас эди. Мансур эса шу чиркин, бадбўй муҳит пешволарига «Оллоҳ менинг қонимни сизларга ҳалол этди. Мени қатл айлангиз… Энди ҳақиқий бир дин мужоҳиди янглиғ ҳаракат қилинг…», деб уларни рағбатлантирарди.

Ҳалложнинг басират кўзи очиқ, руҳи ёруғ эди. Зулм ва жаҳолат зулматига кўникишни истамасди у. Инсонни ўлдириш — уни енгиш эмаслигини у тўла-тўкис англар, шу боис кўнглида ишқ ва виждон шуъласи барқ урар эди. Унда дор қўрқувидан асар ҳам сезилмас — у озод ориф, маст ошиқ эди. Унинг борлиғи марҳамат ва шафқат, ҳиммат ва саховат билан тўлиб-тошганидан барча ҳайрон эди. Уни дор майдонига олиб кетишга келганларида «Оллоҳим, менинг зоҳирий борлиғимни маънавий борлиғингга йўқ этдинг… Мени ўлдиришга элтаётганларнинг барига марҳамат кўрсат», дея хайри дуо қилган экан Ҳаллож.

Ана ўша кундан буён Мансур Ҳаллож барҳаёт. Унинг Ҳаққа садоқати ва илҳомбахш жасорати инсоният қалбида нақшланган энг гўзал, энг ибратли достондир.

3l5cbOftKug.jpgASRORI HALLOJ
Ibrohim Haqqul
032

Ey ko’ngil, Mansur «Anal-haq» so’zladi,
Haq edi, Haqni dedi, Haq so’zladi.

Nasimiy

I

04Bu olamda faqat aqlli, ma’nan kuchli va erkin odam —shijoatli Shaxs bilangina hamma narsani ochiq-oydin gaplashish mumkin. Hayotga mustaqil nazari yo’q, mustaqil mushohada qobiliyatidan mahrum kimsa hech vaqt o’z fikr-qarashiga sohib bo’lolmaydi. U hamma bilgan narsani biladi, hamma ko’nikkan mayl va kayfiyatlarga ko’milib yashaydi, turg’unlik, yakranglik aslo uning joniga tegmaydi. Qadimda bunday kishilarga nisbatan «hayvoni notiqa» iborasi qo’llangan.

Qaerdaki haqiqat axtarish boshlansa, o’sha joyda hamisha yangi hayot barq uradi. Tasavvuf ayni shu tarzda odamlar ongini o’zgartirish va hayotga yangilik olib kirish maqsadi bilan maydonga chiqqan ta’limotdir. Shuning uchun tasavvuf ahli boshdanoq qattiq qarshilikka uchragan, biri biridan og’ir va qiynoqli sinovlarga duch kelgan. Ular Ishq va Ma’rifat bayrog’ini baland ko’targancha ta’qibda yashagan, hibsxonalarga tiqilgan, o’lim jazosiga hukm etilgan. Orifga ham, oshiq va darveshga ham avom qarshi turgan. Ba’zan jaholat, ba’zan siyosat xalqu xaloyiqni haqiqat yo’lidan chalg’itish, gohida qaytarishga erishgan. Ammo bu chalg’ish va qaytishlar uzoqqa cho’zilmagan. Chunki tasavvuf olami to’xtovsiz ravishda Tariqat, Ma’rifat, Haqiqat darg’alari bilan boyib, kuchayib borgan. Vaqt o’tishi bilan bashariyat islom tasavvufiga boshqacha qiziqish, o’zgacha ehtiromda qaray boshlagan. Tasavvufda joriy qilingan ma’naviy-ruhiy tajribalar eng avvalo diqqatni insonga qaratar, uni o’zining ilohiy mohiyatini mushohada etishga ilhomlantirardi. Tasavvuf insonning Ollohga tobeligiga alohida urg’u berarkan, insonning insonga qaram va muhtojligi tushunchalarini tubdan isloh aylashni ham targ’ib qilardi. Bu gap hurriyat, erkinlik, tenglik kabi aqidalarga ham daxldor edi. Buyuk tariqatchilarning birlari go’zal axloq sirlari tadqiqi bilan mashg’ul bo’lsa, boshqa birovlari nafs, ruh va qalb tasfiyasidan bahs yuritardi. «Nafsini tanigan — Rabbini tanir» degan haqiqatga qiziqish bag’oyat ommalashib borardi. Tasavvuf tashabbusi bilan din, adabiyot, musiqa va falsafada misli ko’rilmagan yaqinlik, o’zaro hamkorlik yuzaga kelgan edi. Ammo ayrim masalalar xususidagi tortishuvlar, inkorni inkorlar murosasiz kurashga ham yo’l ochardi. Shunday kurashlarning qurbonlaridan biri dunyoga dong taratgan mutasavvif, mutafakkir ijodkor Mansur Halloj edi.

U hijriy 224, melodiy 857 yilda Eronning Bayzo o’lkasida tug’ilgan. Hallojning tavallud topgan joyi goh Nishopur, goh Marv yoki Ray deb qayd etilsa-da, uning ona diyori Bayzo ekanini e’tirof etgan olimlarning soni ko’pchilikni tashkil qiladi. Bobosi Muhammad ismli bir majusiy bo’lgan ekan.

Mansurning bolaligi Bayzoda kechgan. U sabiyligidayoq Qur’on mutolaasida salohiyat ko’rsatgan. O’spirinligida esa Basra, Bag’dod, Iroq kabi shaharlarga borib ilm o’rgangan. Bir necha marotaba Makkani ziyorat etgan va shu safarlar chog’ida karomat zohir qilgan. Masalan, Abdurahmon Jomiyning «Nafahot ul-uns» asarida keltirilgan bir hikoyatda naql qilinishicha, Mansur Halloj yetmish muridi bilan bir tunda Bayti Maqdisga yetib boradi. Qarashsa, hammayoq zim-ziyo, qandillar o’chgan. «Bu qandillar qachon yonadi?» deb so’rashganda, «Saharga yaqin», deyishibdi. Shunda Halloj «Sahargacha hali ancha bor-ku», deya shahodat barmog’i bilan ishorat qilib «Olloh» deganda to’rt yuz qandil birdaniga charog’on bo’lib ketgan ekan. O’sha yerdagi rohiblar undan «Sen qaysi dindansan?» deb so’raganda, «Hanafiy mazhabidanman. Muhammad alayhissalom ummatiman. Hanafiylarning ham eng kichigiman…», deya javob bergan ekan. Bunda Mansurning islomiyatga sadoqati va buyuk ehtiromi yaqqol ko’rinadi.

Mansur Hallojning qismati bashariyat tarixidagi eng fojiali va eng qayg’uli bir qismatdir. Musulmon olamida unga o’xshab ko’pchilikni darg’azab qilgan va ko’pchilikning qahriga yo’liqqan boshqa bir shaxs topilmasa kerak. Ayrim so’fiylar hisobga olinmaganda, shariatchilar singari tariqat ahli ham uni xush ko’rmasdi. Mutasavvif olim Sulamiy «Tabaqot»ida mashoyixlarning aksariyati Hallojni rad va inkor etganini yozadi. Darhaqiqat, Makkiy, Nahrjuriy, Junayd Bag’dodiy kabi bir vaqtlar unga yaqin bo’lgan zotlar ham undan yuz burishgan. Halloj hali hibsga olinmasdanoq tamoman yakkalangan. Uning boshiga turli tomondan ta’na, tanqid va malomat toshlari yog’ilardi. Faqihlar uni nubuvvat va ilohiylikni iddao qilgan deya ayblashardi, mu’tazila vakillari — huqqabozlikda, imomiya mansublari esa zindiqlikda qoralashardi. Aksariyat musulmonlarning nazarida u o’lim jazosiga mahkum kofir edi. Podsholik odamlari uning har bir so’zini, do’st va shogirdlariga yozgan maktublarini taftishdan o’tkazardi. Bularga u aytarli parvo qilmas, har bir kori holga fano nigohi ila qarardi.

Tarixiy ma’lumotlarga ko’ra, Hallojning bir maktubi davlat ma’murlarining qo’liga tushadi. Xatning boshlanishiyoq o’qiganlarni darg’azab etadi. Maktub Hallojga ko’rsatilganda, «Ha, bu mening xatim», deydi. «Sen bilan fikrdosh boshqa kishilar ham bormi?» deb so’rashganda, u «Albatta, bor. Ibn Ato, Abu Muhammad al-Jurayriy, Abubakr Shibliy», deya bir necha kishining nomini aytadi. Ma’murlar shu zotlar bilan ham borib uchrashadi. Jurayriy maktubdagi so’zlarni o’qirkan, «Bu — qatlni vojib aylaydigan kufr erur», deydi. Shibliy esa «Buni aytganga qarshi turmoq zarur», deb o’zini chetga tortadi. Ibn Ato Mansurga maslakdoshligini yashirmagani bois vazir Homid ibn al-Abbosning qahriga uchrab, qatl etiladi. Ammo oradan hech qancha fursat o’tmay vazir ham fojiali halok bo’ladi.

Mansurga yaqinlik, uning fikr va irfoniy tushunchalariga xayrixohlik o’zini o’zi balo va musibatlarga giriftor aylash bilan bab-barobar edi. Ibn Taymiyaning yozishicha, bir vaqtlar o’zi tashabbus ko’rsatib Mansurni kuyov qilgan Abu Yoqub Nahrjuriy Hallojga zindiqlik aybi qo’yilishini eshitiboq qizini undan ajratib oladi. Xullas, biri ikkinchisiga o’xshamaydigan qiyinchiliklar, ketma-ket berilgan zarbalar, johillikdan tug’ilgan tahqirlar Ќalloj shaxsini bukib, parchalab tashlashi kerak edi. Lekin bunday bo’lmadi. Chunki Halloj tanlagan va inongan yo’l — ma’rifatdagi yangi yo’l, yangi tajriba edi. U, ilohiy iroda sohibi qahr-g’azabni mehr bilan, jaholat va yovuzlikni ma’rifat bilan yengishga o’zini qodir sezardi. Umrining eng tahlikali damlarida ham haqligini anglatish va isbotlashga urinib shunday degan edi: «Agar Ollohni tanimasangiz, yaratganlarini taning. Men o’sha yaratiqman. Men Haqman. Chunki men Haq ila baqo bo’ldim. Agar meni o’ldirsalar, ayoq va qo’llarimni chormix etsalar ham bu fikrdan voz kechmasman». Hallojning o’ziga ishonchi ana shunday yuksak edi.

Ayrim so’fiylarning e’tirofi bo’yicha, tavhid daraxtini o’tqazgan Boyazid Bistomiydir. Halloj esa uni qoni ila sug’organ. «Hallojning kesilgan tomirlaridan oqqan qondan tuproq ustida «Olloh! Olloh!» so’zlari hosil bo’lmish», deydi Ibn Arabiy.

Albatta, Mansur Hallojdek jasur va yengilmas shaxslar nihoyatda kam tug’iladi. Shuning uchun ularni jazolash, qatl aylash bilan murod hosil bo’lmaydi. Insoniyat o’zi sezib, goho sezmasdan ana shunday komil kishilarning maslak va mardligiga bog’lanadi, o’zi istasin-istamasin, tinimsiz ularni xotirlaydi, xotirlamasa, faoliyat va ma’rifiy tajribalariga suyanmasa, erkin yashash, erkin fikrlash, hayotning bag’oyat murakkab va qaltis muammolarini hal qilishda nimadir xalaqit berayotganday, nimadir yetishmayotganday bo’laveradi. To’g’ri, ularning jahon miqyosidagi xizmatini birovlar anglaydi, birovlar umuman anglamaydi, kimlardir sharaflaydi, kimlardir kamsitadi… Xullas, iqror va inkor, e’tirof va e’tiroz tortishuvlari to’xtamaydi. Ba’zan esa zamonlar, davrlar, asrlar o’tgani sayin oqni qoradan, rostni yolg’ondan ajratish qiyinlashadi. Mansur Hallojning hayoti va faoliyati ham ushbu haqiqatning bir isbotidir.

II

Taxminan o’n ikki yoshda ekan, Mansur Bayzodagi mashhur bir darvesh bilan uchrashadi. Qisqa fursatli suhbatda darvesh uning ko’nglida unutilmas taassurot paydo etadi. Undan eshitgani rivoyat esa Mansurning xotirasiga muhrlanib qolgan edi.

Yosh bir yigit Qur’on qiroatida zo’r mahorat kasb etibdi. Buni eshitgan bir shayx o’sha yigitni axtarib topibdi.

— Menga xabar yetdikim, sen tunlaringni ham Qur’oni karim oyatlarini tilovat qilish bilan o’tkazar emishsan. Shundaymi?
— Ha, xuddi shunday, — debdi o’spirin.

Shayx aytibdi:
— O’g’lim, bugun tunda meni tasavvuringda hozir tut va namozda Qur’onni menga o’qiyotganday o’qigil!

Albatta, yigit rozilik bildiribdi. Ertasi kuni Shayx yana yigitning huzuriga tashrif buyuribdi.

— Xo’sh, mening aytganimni qildingmi? — deb so’rabdi u.
— Ha, qildim. Biroq Qur’onning yarmini qiroat aylashga ham kuchim yetmadi. Negadir meni boshqacha holat ta’qib eta boshladi, — debdi qori yigit.

— O’g’lim, unday bo’lsa, Qur’onni shaxsan hazrati Payg’ambarimizdan tinglagan as’hobdan qaysi birlarinidir ko’z o’ngingga keltirib, unga o’qigil. Ammo ehtiyot bo’l, ular Qur’on o’qishingni eshiturlar.

Tilovatda oyog’ing kuymasin.
— Inshoolloh, xuddi shunday qilurmen, ustoz.

Shayx ertasiga yigitni yana so’roqlab kelganda savol-so’roqni kutmasdan u debdi:

— Ustoz, butun tun mobaynida Qur’onning to’rtdan birini qiroat qilishga ham kuch-madorim yetmadi.
— Unda, — debdi Shayx, — bu kecha Qur’onni xayolan hazrati Payg’ambarning o’zlariga o’qigil!

Boz oqshom kechib, subh kelibdi. Ular uchrashishibdi. Yigit Shayxga endi Qur’onning bir juz’idan ortig’iga kuch topmaganini aytibdi. Shayx undan buning sababini so’raganda aniq javob bera olmabdi. Shayx yana topshiriq beribdi:

— Bu kecha yaxshilab tayyorgarlik ko’rgil. Qur’onni xuddi Jabroil qoshida o’qiyotganday o’qigil!

Yigit obdon hozirlik ko’ribdi. Biroq, qancha urinmasin, bor-yo’g’i bir necha oyatni o’qishdan nariga o’ta olmabdi… Buni eshitgan Shayx navbatdagi ko’rsatmani beribdi:
— Bolam, tun kirishi bilan Ollohga tavba-tazarru etgil. Va bilki, Uning huzurida bo’lursen. Uning kalomini O’ziga o’qursen. Bag’oyat tadbirli bo’l. Zero, Qur’on o’qishdan maqsad ma’no-mohiyatga sho’ng’imoqdir…

Yana bir tun o’tibdi. Ertasi kuni yigitning holini bilish uchun Shayx boshqa birovni jo’natibdi. U kelib ko’rsaki, yigit xastalanganmish. Oradan bir kun o’tkazib Shayx hol so’rashga kelganida ko’zlaridan yoshlar oqizib yigit shunday so’zlarni aytgan ekan:

— Ustoz, Olloh sizga ko’pdan-ko’p xayru ehson ato qilsin. O’tgan kecha men o’zimning bir yolg’onchi ekanligimni bildim. Shu vaqtga qadar yanglish va yolg’ondan Qur’on tilovat qilib yurganimni angladim. Haq huzurida Qur’on tilovat qilayotganimni tasavvur etarkanman, behad g’arib bir holga tushdim… Hatto «Iyyaka na’budu» deyishdan uyaldim. Chunki U mening so’zimda yolg’on borligini bilardi…

Ushbu hikoyatni Mansur muridlarga naql etib, Qur’on mohiyatini mushohada qilish, undagi ma’no va haqiqatlarning sir-asrorini o’zlashtirish naqadar qiyin, naqadar mashaqqatli amal ekanini qayta-qayta ta’kidlardi. Qur’ondagi har bir so’z, har ibora, har bir ohang va ma’no hatto o’likning ham jismiga jon bag’ishlashga qodir ekanligiga Mansur shubhasiz ishonar, Qur’on nurlari yog’ilgan yurak daryoday teran, musaffo va munavvar bo’lishiga aslo shak keltirmasdi. Mansur Qur’oni karimni ilohiy qudrat, ma’naviy-ruhoniy g’olibiyat, jamiki mavjudotga mehru muhabbat kitobi deb bilardi. U dunyodagi barcha boqiy go’zallik va latofatning tamalini Qur’ondan topgan va o’rgangan edi. Ammo shunday tengsiz, shunday buyuk va muqaddas Kitob hukmlariga bo’yinsungan, unda bayon etilgan diniy, axloqiy, ma’rifiy talablar bilan tarbiya topgan musulmonlar orasida nechun bunchalar mahdudlik, nodonlik, qoloqlik, fikriy tarqoqlik, har turli mazhab talashuvlari mavjudligini Mansur mutlaqo hazm aylay olmasdi. Shuning uchun u ongi va qalbini zulmat qoplagan, tafakkur mehnatidan yiroq kimsalarning dindorligiga ishtiboh bilan qarar, diniy tuyg’u, diniy tarbiyaning istiqbolini ilohiy ishqdan ayri tarzda tasavvur qilmasdi. Ilohiy ishq sirlarini kashf etishda ham, suhbat, maktub, she’riy va nasriy asarlarida uni talqin qilganida ham Halloj, birinchi navbatda, Qur’oniy haqiqat va ko’rsatmalarga suyanardi. Shu ma’noda mashhur frantsuz sharqshunosi L. Massin’onning «Qur’on tili va uslubi hali murg’ak yoshdan boshlaboq iymon zavqini axtargan Hallojning mistik hayajon va tuyg’ulariga qanot bag’ishlamishdir» degan fikrlari alohida diqqatga molik. Halloj Qur’oni karimdan shu qadar ta’sirlanib, shu darajada unga qattiq berilganki, uning Qur’onga ichki bir taslimiyat holida aytgan gaplari hatto qahr va qarg’ish bilan qarshilangan ekan. Ibn Arabiyning ma’lumot berishicha, kunlardan bir kun ustozi Amr ibn Usmon al-Makkiy Hallojning yoniga kelib, undan «Ne ish ila mashg’ulsen?» deb so’raganida u «Qur’onga muxolifat qilurmen», debdi. Buni to’g’ri ma’noda tushungan Makkiy uni qarg’agan ekan.

Boshqa bir rivoyatga ko’ra, Makkiy Hallojni la’natlab, «Agar qo’limdan kelsa, uni o’zim o’ldirardim», debdi. Bu qahrning sababi so’ralganda u «Men Qur’ondan bir oyat o’qigan edim. Halloj «Men ham xuddi shunday so’zlarni yoza olurman va ayta bilurman», deya shakkoklik qildi», degan emish. Makkiy va Halloj munosabatiga doir bunday hikoyat va rivoyatlar bir joyga jamlanib o’zaro qiyoslansa, ular Hallojni qoralash, badnom etish, yanada aniqrog’i, uni din asoslarini buzishga qasd qilgan bir kofir qiyofasida ko’rsatish maqsadida to’qilganiga shubha qolmaydi. Buning uchun Abu Nasr Sarrojning mana bu so’zlari bilan tanishish yetarli deb o’ylaymiz: «Makkiyning ismi hurufga doir bir kitobi bor edi. Bu kitob talabalaridan birining qo’liga tegdi. U kitobni olib ketdi. Amr Usmon bundan xabardor bo’lgach, dediki: «Uni olganning qo’l-oyoqlari kesilib, bo’yni uzilgay!» Derlarki, Makkiyning o’sha kitobini so’roqsiz olib ketgan Husayn Halloj emish…»

Abdulqodir Giloniy hazratlari «Agar men Mansur Hallojning zamonida yashaganda edim, uni qo’lidan tutib omon saqlagan bo’lurdim», degan ekan. Xoja Ali Rometaniy esa, «Agar yer yuzida Xoja Abduxoliq farzandlaridin biri bo’lsa erdi, Mansur hargiz dorga osilmas edi», demishlar. Ehtimol, shunday bo’lishi ham mumkin edi. Ammo masalaga kengroq nazar tashlansa, Mansur Halloj tahsil olgan va suhbatdosh bo’lgan shayxlar ham chin orif va valilar ekanini e’tirof etish kerak bo’ladi. Bular: Sahl bin Abdulloh Tustariy, Amr bin Usmon Makkiy, Abu Yoqub Aqto, Junayd Bag’dodiy…

Bag’dod xalifasi mashoyixlardan biriga «Ey beadab!» deganida u «Yarim kun Junayd bila suhbat tutibmen, nechuk meni beadab degaylar, ya’ni har kishikim yarim kun Junayd bila suhbat tutmish, ondin tarki adab kelmagay», degan ekan. Abu Ja’far Haddodning e’tirofi bo’yicha, «Agar aql kishi suratiga kirsa erdi, Junayd surati bo’lgay erdi». Lekin «tovus ul-ulamo» nomi ila dong taratgan shu benazir zot bilan ham Halloj til topisha olmagan edi.

Mansur Hallojning o’limi va o’ldirilish sabablari to’g’risida xilma-xil fikr-mulohazalar aytilgan. Va ular shu qadar bir-biridan farqlidirki, qanchalik urinmang, Hallojning asl qiyofasini tasavvur eta olmaysiz.

Abu Rayhon Beruniy yozadi: «Al-Halloj dastlab imom Mahdiyga da’vat etib, Mahdiy Daylomdagi Toliqon shahridan chiqadi, deb da’vo qildi. Uni tutib xalqqa ko’rsatish uchun Bag’dodga olib keldilar, zindonga tashladilar. Nihoyat, u hiyla ishlatib, zindondan xalos bo’ldi. U nayrangboz va hunarmand, har bir odamning e’tiqod va mazhabiga aralashib ketadigan kishi edi…»

Bir odam haqida bunchalik ko’p, bunchalik rang-barang aybnomalar to’qilishiga hayron qolmaslikning iloji yo’q. Nega buncha qahr va g’azab? Nega bu qadar nafrat va malomat? «Kitobi axbor ul-Halloj»da hikoya qilinishicha, Abdulloh Tohir al-Azdiy Bag’dodning chorsusida bir yahudiy bilan janjallashib, uni «ko’ppak» deya haqoratlabdi. Shu payt ularning yonidan o’tib qolgan Halloj unga qarab «Itini ozorlama!» deb-da, ilgarilab ketibdi. Ishlarini tugatib bo’lgach, Azdiy Hallojning huzuriga boribdi. Uni ko’riboq Halloj yuzini teskari buribdi. Azdiy uzr so’rabdi. Uning uzrini qabul qilgan Halloj debdi: «Azizim! Dinlar Ollohnikidir. Har din ila bir toifa odamni mashg’ul etar. Ulardan har biri o’zlarining irodalari tanlagan dinni emas, o’zlariga belgilangan dinni izlaydi… Shuni bilgilki, yahudiylik, nasroniylik, islom va boshqa dinlar o’xshash unvonlar, o’xshash nomlardir, ammo hammasining maqsadi bir, o’zgarmasdir».

Albatta, ushbu so’zlar bilan o’alloj dinlarning birligiga emas, ulardagi umumiy g’oyalarning o’xshashligiga diqqatni jalb etgan. Biroq buyuk mutasavvifning bunday fikrlarini hamma ham to’g’ri tushunavermaganidek, ularni noto’g’ri talqin qiluvchilarning soni juda ko’p bo’lgan. Qolaversa, davr va zamoni saviyasidan yuksalgan, ilohiy zamon tuyg’usi bilan yashagan shaxslarni jaholat va gumrohlik qadam-baqadam ta’qib etgan.

III

Tarixdan ma’lumki, Mansur Hallojning hayoti va irfoniy faoliyati zulm, jaholat, fikriy zo’ravonlik xuruj aylagan bir davrga to’g’ri kelgan. Al-Mutavakkil xalifalik martabasiga erishganidan so’ng «naqlchi» ulamoning davlat miqyosida katta nufuz sohibi bo’lishi bilan ko’p ish va harakatlar ag’dar-to’ntar bo’lib ketgan edi. Xalifa jahmiya, qadariya, muta’zila singari oqimlarga qarshi kurashda ana shu ulamolarning yordamiga tayanadi. Natijada hadis olimlari kalomchilar ustidan to’liq g’alaba qozonadi. Davlatning qo’li yetadigan hamma joydan ular quviladi. Xalifa esa butun viloyat va o’lkalarga amru farmonlar yuborib, kalom ilmi bilan mashg’ul bo’luvchilarning barchasini o’limga mahkum etishini e’lon etadi. Uning bu siyosati keyin kelgan hukmdorlar tomonidan davom ettirilib, nihoyat IX asrning oxirgi o’n yilligida falsafa va kalom kitoblarini sotish batamom ta’qiqlanadi. Jomelarda, jamoat yig’iladigan boshqa joylarda faoliyat ko’rsatuvchi xalq voizlarining chiqishlariga ham barham beriladi. Biroq bu tadbirlarning hech biri ijtimoiy beqarorlik va siyosiy ziddiyatlarning o’rtadan ko’tarilishiga yordam berolmasdi. Al-Mutavakkil vafotidan toki 954 yilda buvayxilarning Bag’dodda iqtidorga sohib bo’lgunlariga qadar kechgan vaqt mobaynida siyosiy Qalayonlar kuchayib boradi. Karmatiylar harakatining boshlanishi esa davlat uchun katta xavf tug’dirgan ofatning ayni o’zi sanalardi. Xalifaga uyushtirilgan suiqasddan keyin ulkan miqyosli shubha va ta’qib muhiti yaratildiki, nomi «qora ro’yxat»ga tushgan tariqat arboblaridan biri Mansur Halloj edi. Uning nomi ushbu ro’yxatdan chetda qolishi aslo mumkin emasdi. Zero, Atoullo Taddin qayd qilganidek, «Halloj Abbosiy xalifaligi davrini jabr va zulmkorlik, axloqiy-ma’naviy yemirilish davri deb bilardi». Xalifa vazirlari orasida ayniqsa Ibn Frot Hallojning ashaddiy dushmani hisoblanardi. U Hallojning nomini eshitishga ham toqat qilolmasdi. Asosiy maqsadi esa qandoq qilib bo’lmasin tezroq uning payini qirqish va ovozini butunlay o’chirish edi. Mol-davlat to’plash hirsiga mag’lub bu fosiqu zolimning eng sevimli mashg’uloti pora olish, xalqni talash edi. U poraxo’rlikning usul va sirlarini shunchalik puxta egallagan ediki, uning tanobini tortishga hatto xalifaning o’zi ham chora izlashga majbur bo’lgan edi. Ibn Frot olim va ijodkorlarni jinidan battar yomon ko’rardi.
Ularni haqoratlaydigan yoxud kamsitadigan har bir ishni u qoyillatib bajarar va bundan huzurlanardi. Shariat vakillari ana shunday amaldorlarning topshiriqlarini bajarishga mahkum malay va ular qo’lidagi qo’g’irchoq edi. Shuning uchun Hallojga qo’yiladigan ayblar ham juda jiddiy va vahimali bo’lishi lozim edi. Zero, xalqni ayovsiz talagan va ezgan Abbosiy xalifasi amaldorlarining qilmishlarini jasorat ila fosh aylagan buyuk bir orif va haq yo’lchisining o’limi shariat vakillari uchun emas, balki siyosat peshvolari uchun zarur edi. Hallojshunos olim

O’zturkning so’zlari bilan aytganda, «Hallojning qotili shariat emas, siyosatdir. Shariatni tamsil etganlar esa ushbu jinoyatga shunchaki vosita qilingan».

Halloj hayot chog’larida yuzaga chiqqan munozara-tortishuvlar uning vafotidan so’ng ham qizg’in davom etgan. Ayniqsa, tasavvufga, ahli tariqatga yomon nazarda qarovchilar o’allojning hol va haqiqatlarini tahqirlash bilan chegaralanmasdan uning asarlarini ham yo’qqa chiqarishga uringanlar. Shulardan biri Ibn Taymiyya bo’lib, u «Men Hallojga nisbat berilgan bir qancha asarlar, risolalar va parchalarni ko’rdim, hech shubhasizki, ularning barchasi Halloj uchun atay to’qilgan narsalardir», deydi. Holbuki, Mansur Halloj nazmda ham, nasrda ham e’tiborga molik asarlarni meros qoldirgan.

Sharqning ko’p mutafakkir san’atkorlarida, jumladan, Alisher Navoiyda ham inson qalbi va ko’nglini hatto Ka’badan-da ulug’u muqaddas bilishga chorlovchi fikrlar bor. Navoiy «Hayrat ul-abror»da:

Ka’baki olamning o’lub qiblasi,
Qadri yo’q andoqki, ko’ngil Ka’basi, —

deydi. Biroq bunday fikrni birinchilardan bo’lib aytish va teranlikdan ko’ra sayozlikni xush ko’rguvchi kimsalar ongiga singdirish biz o’ylaganchalik oson kechmagan. Halloj «Ba joyi adoyi haj, nazaru ziyorati Ka’bai dil kofi ast» — «Haj ziyorati o’rnida dil Ka’basini ziyorat qilish kifoyadir», degani uchun Bag’dodda g’avg’o qo’zg’algan. U karmatiylarga izdoshlik qilib Ka’bani vayron etishga undayotir deya ayblangan. Saltanat hukmfarmolaridan biri shu gapi uchun Hallojni bemalol qatl aylashga ko’rsatma bergan.

Hallojning adabiy merosi parokanda holda qolib ketgan, albatta. Ancha muddatlargacha ularni erkin o’qish va targ’ib qilish imkoniyatlari ham cheklangan. Lekin uning shogirdlari, muxlis va tarafdorlari bu asarlarning taqdiriga befarq qaramagan.

Tasavvuf ilmining ulkan bilimdoni Hujviriy hali yoshlik chog’laridanoq Mansur Hallojning hayoti, shaxsi va hol sirlari bilan qiziqqan. Uning maktub va she’rlarini to’plagan. Risola va ma’vizalarni axtargan. Bu haqda uning o’zi shunday deydi: «Hallojning porloq ramzli she’r va asarlari bordir. Furu (shu’balar, tarmoqlar) xususida mukammal so’zlari mavjud. Men… unga mansub ellik parcha asarni Bag’dodda va shahar atrofida ko’rdim. Ayrimlarini esa Huziston, Foris va Xurosonda qo’lga kiritdim… Bularning ba’zisi juda kuchli, ayrimlari nihoyatda zaif, yana biri g’oyatda sodda, boshqa birlari esa ko’p tuban va ahamiyatsiz edi». Hujviriy Hallojning fikrlarini sharhlash uchun maxsus asar ham yaratadi. U dastlab ikki Halloj bo’lganini, ulardan biri bag’dodlik Mulhid Hasan bin Mansur Halloj, ikkinchisi Husayn bin Mansur Halloj ekanini ma’lum qiladi. Uning e’tirofi bo’yicha, Halloj borasida ixtilofga berilgan mutasavviflar dini, mazhabini qoralash maqsadi ila uni tark etmagan, balki hol va hol sirlari sababidan tark va tanqid qilgan. Xullas, Hujviriy hallojshunoslik sohasida jiddiy izlanish olib boradi va «Kitob fi sharhi kalom il-Halloj» degan asar bitadi. Umuman, u Hallojga qo’yilgan ayb va tuhmatlarni qat’iyan rad aylaydi. Hujviriy yozadi: «…zohirbin ba’zi kimsalar uni (Hallojni — I.H.) kofir deyishmoqda, uni rad va inkor etishmoqda. Hollarini esa gunohga, huqqabozlik va sehrbozlikka nisbat berayotirlar. Ular Husayn Mansur Halloj bilan Hasan bin Mansur Hallojni bir-biridan farqlay olmayotirlar. Keyingi Halloj bag’dodlik bo’lib, Muhammad bin Zakariyoning ustozi, Abu Sayid Karmatiyning yo’ldoshi edi».

Hasan bin Mansur Hallojning izdoshlari Bag’dod yonida bir jamoat tashkil qilib, unga «Hallojiy» nomini bergan va Mansur Hallojga bog’liqlik da’vosi ila o’zlarining zindiqliklarini oqlash g’arazi uchun uning so’zlaridan dalil sifatida foydalangan ekan.

Hujviriy nomdor zamondoshlaridan ba’zilarining Mansur Hallojga yuksak nazar bilan qaraganliklarini ham bayon etib o’tgan. Chunonchi, Istahriy Hallojni avval zuhdda katta yutuqqa erishgan, so’ng qadam-baqadam ishqda ilgarilagan, xayrli ishlar bilan shug’ullanib, nafsoniy zavq va lazzat baxsh etuvchi narsalardan o’zini tiyishga qodir shaxs deya hisoblagan. Va muroqaba maqomiga yuksalgan Mansur bashariy sifatlardan tamoman forig’ bo’lgach, o’azrat Isoda bo’lganidek, unga ham Ollohning ruhi hulul etgan, shundan keyin u o’ziga o’zi itoat aylovchi fe’lini — Olloh fe’li, har qanday amrni — Olloh amri deb biluvchi qurb maqomiga ko’tarilganini ta’kidlagan.

Hujviriyning Hallojga muhabbati qanchalik yuqori bo’lmasin, uni son-sanoqsiz g’animlari va asossiz ta’nayu malomatlardan nechog’li qat’iyat ila muhofaza etmasin, u baribir haqiqatni xaspo’shlamasdan, oshkor aylashga sodiq qoladi.

Hujviriyga ko’ra, Hallojning hamma so’z va fikrlariga tobe bo’lish, ularni to’g’riga chiqarish maqbul emas. «Chunki Mansur holida tamkin sohibi emas, bil’aks mag’lub va majzub edi… Holida fitnalar ham mavjud edi».

Shuningdek, uning yo’li to’g’rilik talablariga to’la-to’kis muvofiq kelmaganidek, holida bir barqarorlik ham bo’lmagan. Hol va hissiyot beqarorligi ila murshidlik vazifasini bajarish va boshqalarni o’zining ortidan ergashtirish dushvor bir ishdir.

«Hazrati Abduqodir Giloniy manqabalari» kitobida ma’lumot berilishicha, Shayxdan Mansur Halloj haqida so’raganlarida, «U bir qanot edi, da’vo tufayli keng uzaygan edi, shariat qilichi uni qirqib tashladi», degan ekan.

Aziziddin Nasafiyning yozishicha, Yusuf Hamadoniy «Agar Husayn bin Mansur ma’rifatni yetarli darajada bilsa edi, «Anal — Haq» o’rnida «Anal — turob» (Men tuproqman)» derdi», degan ekan. Bu fikrlarda Hallojning sayri sulukda bir joyga taqalib qolib, yanada yuqori martabalarga yuksala olmaganiga ishorat bor. Ammo Hallojning holini kamsitish yo’q.

Hallojga dushmanlik bilan qaragan Ibn Taymiyya «Hallojning hollarini bilgan Olloh valiylaridan hech biri uni buyuk deya qabul etmagan va hurmat ham qilmagan», deydiki, bu mutlaqo noto’g’ri hukm. Bu o’rinda Shayx Abusaid Abulxayrning Halloj «ulvi holdadir va aning zamonida mashriqdan mag’ribgacha aningdek yo’q erdi», degan so’zlarini eslatish kifoya.

IV

Alisher Navoiy «Nasoyim ul-muhabbat» asarida yozadi: «Mavlono Jaloliddin Rumiy so’zlarida manquldirki, Shayx Mansur Halloj nuri yuz ellik yildin so’ngra Shayx Fariduddin Attor ruhig’a tajalli qildi va aning murabbiysi bo’libdur».

Mansur Hallojning ko’nglida porlagan ishq va ma’rifat nuri Mavlono Rumiyni ham o’ziga jazb aylagan edi. «Devoni kabir»da ham, «Masnaviy»da ham Mavlono o’nlab misralarda ul zotning kamolini madh etadi. Nasimiy ham Hallojning muhibi va maftuni edi. Halloj haqiqiy ishq va oshiqlik ramzi, uning holi «dor sevgisi»ni tamsil etardi. Uning ijodi Sharqning ko’p ilg’or shoir va adiblari uchun ilhom, ta’sir manbai hisoblanadi.

Halloj ilohiy ishq mayidan sarmastlik holatlarini, mushohada va muroqaba asnosida yuzaga kelgan ma’nolarni go’zal shakllarda ifodalashga qodir iste’dod edi. Uning «Kitob ut-tavosin» asari tasavvuf adabiyotining nasrda bitilgan eng diqqatga molik namunalaridandir. O’n bir bo’limdan tarkib topgan ushbu kitob Hallojning fikr dunyosi, irfoniy qarashlari borasida ancha keng va aniq tasavvur beradi. Xususan, uning hazrat Payg’ambar madh etilgan, Olloh va Shayton munozarasi yoritilgan hamda ma’rifat ta’rifi berilgan sahifalari mutasavvif ijodkorlar tomonidan qiziqib o’qilishi bilan bir qatorda, umuman tasavvuf ilmi rivojiga ham muayyan darajada turtki bo’lgan. «Anal — Haq» iborasini Halloj qachon va qaerda tilga olgan?» — degan savolga hozirgacha aniq bir javob yo’q. Ayrim tadqiqotchilar Halloj «Anal-Haq» demagan, uning o’limiga «Tavosin»dagi ba’zi so’zlari sabab bo’lganini aytishgan. Demak, Hallojning muxolif va g’animlari uning asl maqsadini buzib talqin qilgan. «Men ko’p hayron qolurmen: badanidagi bir qilning qanday qilib qora yoki oq bo’lishini bilmagan, borliqni yaratib kamolga yetkazganni qanday bilmog’i mumkin?!» Bu — orifning hayrati. Bu — Hallojning so’zlari. Shunday fikrdagi kishida xudolik da’vosi bo’ladimi?!

Olmoniyalik taniqli sharqshunos va tasavvufshunos olima A.Shimmel yozadi: «Hallojning she’ri tasavvufiy kechinmalarning nihoyatda nozik va jonli bir ifodasidir. Ularning tili juda nafis. Halloj she’rlarida eng ko’p qo’llangan timsollar — qadah va sharob, hilol, mast etuvchi tasavvufiy shodlik kosasi, ma’shuqa, jon qushi kabilardir. Uning deyarli barcha she’rlari teran diniy va tasavvufiy ma’no hamda sirlarga to’liqdir». Sanoiy, Yassaviy, Attor, Rumiy, Nasimiy, Mashrab kabi ijodkorlarning asarlarini ana shu timsol, ma’no va sirli hissiyotlardan ajratib tasavvur etishning aslo imkoni yo’q. Tiriklik fayzi va hayot go’zalliklarini qadrlay bilgan, ko’ngli hassos barcha «ibn ul-vaqt», ya’ni vaqt farzandlariga o’xshab Halloj ham she’riyatni sevgan. Uning she’rlari haqida Sharqda ham, G’arbda ham yuksak fikrlar aytilgan.

Mansur Hallojning hayot tarixi — g’oyatda murakkab, qayg’uli, biroq ibratli tarix. U, albatta, ishq uchun, ma’rifat va maslak uchun insonning qatl etilishiga dastlab inonmagan. Orifni ma’rifatdan boshqa yana nima muhofaza etmog’i mumkin, deb o’ylagan. Jaholat va yovuzlik haqiqat qarshisida kuchsiz bo’lib ko’ringan unga. U «Anal — Haq» deganida «Men doimo mavjudman, Haqqa foniy bo’lgan oshiqning umri ham boqiydir» demoqchi bo’lgan. Bu haqda Jaloliddin Rumiy mana nima degan: «Anal — Haq» deyish ulug’ bir kamtarinlikdir. Buning o’rniga «Men Haqning quliman» degan kishi ikki borliqni — o’zi va Tangrining mavjudligini tasdiqlagan bo’ladi. Holbuki, «Men Haqman» degan o’z borlig’ini yo’q qilgani uchun «Anal — Haq» demoqda. Ya’ni, men yo’qman, barchasi Udir. Ollohdan boshqa borliq yo’qdir. Bu so’zda kamtarinlik ko’proq emasmi?»

Axir, Olloh sifatlari bilan bezanib, ilohiy iroda sohibi bo’lish insonni nafsoniy illat va bashariy ojizliklardan qutqazadigan eng oliy najot va saodat-ku! Umrini ma’rifat va haqiqat ravnaqiga bag’ishlagan Hallojday orif zotni o’n uch yillik qamoqdan so’ng vahshiylarcha qatl etish shartmidi?
007

Bir vaqtlar muridlaridan biri Hallojdan «Orif kimdur?» deb so’raganida u bunday javob bergan ekan: «Orif uldirki, uch yuz to’qqizda Zulqa’da oyining yigirma to’rtida seshanba kuni oni Bag’doddagi Bobu tog’iga eltgaylar va ayoq-ilkin kesgaylar, ko’zin o’ygaylar, dorga osgaylar, tanin kuydirib, kulin ko’kka sovurgaylar».
Ajabki, ana shu kun yetib keladi va ana o’sha orif Mansur Hallojning o’zi bo’lib chiqadi.

Demak, shunday qabih va qonli bir ish voqe etilishini Halloj idroki ilohiy ila avvaldan sezgan. Ibtidodayoq intihoni bexato fahmlagani bois u o’limdan qutulib qolishga emas, balki ajaldan ham beshafqat qiynoq va azoblardan tezroq forig’ bo’lishga chog’langan. Jaholat, nodonlik va zo’ravonlik muhiti uning dil rozlarini eshitmas, eshitsa ham anglamas edi. Mansur esa shu chirkin, badbo’y muhit peshvolariga «Olloh mening qonimni sizlarga halol etdi. Meni qatl aylangiz… Endi haqiqiy bir din mujohidi yanglig’ harakat qiling…», deb ularni rag’batlantirardi.

Hallojning basirat ko’zi ochiq, ruhi yorug’ edi. Zulm va jaholat zulmatiga ko’nikishni istamasdi u. Insonni o’ldirish — uni yengish emasligini u to’la-to’kis anglar, shu bois ko’nglida ishq va vijdon shu’lasi barq urar edi. Unda dor qo’rquvidan asar ham sezilmas — u ozod orif, mast oshiq edi. Uning borlig’i marhamat va shafqat, himmat va saxovat bilan to’lib-toshganidan barcha hayron edi. Uni dor maydoniga olib ketishga kelganlarida «Ollohim, mening zohiriy borlig’imni ma’naviy borlig’ingga yo’q etding… Meni o’ldirishga eltayotganlarning bariga marhamat ko’rsat», deya xayri duo qilgan ekan Halloj.

Ana o’sha kundan buyon Mansur Halloj barhayot. Uning Haqqa sadoqati va ilhombaxsh jasorati insoniyat qalbida naqshlangan eng go’zal, eng ibratli dostondir.

002

(Tashriflar: umumiy 3 058, bugungi 1)

2 izoh

  1. Mansuri Xalloj xaqlarida yozilgan bitiklarni oʻqidim. Bilmay yurganimni bildim.
    Raxmat Ibrohim domla

Izoh qoldiring