Jaloliddin Rumiy. Ma’naviy masnaviy. Birinchi daftar (01). Xutba. Naynoma

08    Бу – «Маснавий» китоби; Аллоҳ таолога етишиш ва Унга яқийнлик сирларини очишда унинг усули дин усулларининг усулидир; у Аллоҳннг буюк фиқҳидир, у Аллоҳнинг ёрқин шариатидир ва Аллоҳнинг очиқ-ошкор ҳужжатидир; Унинг «нури худди бир токча устидаги чироқ» нури мисолидирким, субҳ нуридан ҳам мунавварроқдир; У жонларнинг дарахтзорлари ва булоқлари сероб жаннатидир, улар орасида бир булоқ борки, уни Тарийқат ўғлонлари Салсабил дейдилар, мақом эгалари ва каромат соҳиблари учун у «яхшироқ мартаба», «энг яхши маскан ва энг гўзал истироҳатгоҳ бўлур»

033
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи дафтар
Форсийдан Сулаймон РАҲМОН таржимаси
08

ХУТБА

БИСМИЛЛАҲИР-РОҲМАНИР-РОҲИЙМ

Бу – «Маснавий» китоби; Аллоҳ таолога етишиш ва Унга яқийнлик сирларини очишда унинг усули дин усулларининг усулидир; у Аллоҳннг буюк фиқҳидир, у Аллоҳнинг ёрқин шариатидир ва Аллоҳнинг очиқ-ошкор ҳужжатидир; Унинг «нури худди бир токча устидаги чироқ»1 нури мисолидирким, субҳ нуридан ҳам мунавварроқдир; У жонларнинг дарахтзорлари ва булоқлари сероб жаннатидир, улар орасида бир булоқ борки, уни Тарийқат ўғлонлари Салсабил дейдилар, мақом эгалари ва каромат соҳиблари учун у «яхшироқ мартаба»2, «энг яхши маскан ва энг гўзал истироҳатгоҳ бўлур»3; «(Ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар унда еб-ичадилар»4, ҳурлар эса ундан завқ ва баҳра оладилар. У бамисоли Мисрдаги Нил дарёсидир, сабр эгалари учун у шароб мисоли, Фиръавн қавми ва кофирлар учун эса ҳасрату ғам-ғуссадир. Ўзи айтганидек, Аллоҳ «… кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади»5. Бу юракларга малҳам бўлгувчи, ғам-ғуссаларни кетказгувчи, «улуғ, итоатли мирзолар (фаришталар) қўллари»6 билан битилган, «таҳоратли пок кишилар»дан7 бошқаларнинг ушлаши ҳаром этилган, «олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмайдиган»,8 ризқ-рўзни мўл-кўл қилгувчи, ахлоқни поклагувчи ва яхшилагувчи Қуръони карим маъноларини кашф этгувчи китобдир. Унга (Қуръонга — тарж.) Парвардигори Оламнинг Ўзи назар ташлаб туради, «Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир»9. Бу китобга Аллоҳ таолонинг Ўзи берган лақаблар – сифатлар ҳам бор. Биз шу ози билан кифояланамиз, зеро, оз кўпга далолат қилади. Томчида денгиз акс этади. Бир ҳовуч дон катта хирмондан дарак беради.

Буларни ожиз банда, Аллоҳ таоло раҳматига муҳтож қул, Муҳаммад ўғли Муҳаммад Ҳусайн ўғли Балхий айтмоқда, Аллоҳ унинг айтганларини даргоҳида қабул этсин: мен руҳи вужудимда макон топган, менинг бугунги ва эртанги куним захираси бўлмиш саййидим, таянчим ва эътимодли кишим илтимосига биноан, қисқа-қисқа, аммо сермаъно ғаройиботлар ва нодиротларни, сара иборатларни, далолатларнинг дурларини, зоҳидлар тариқатини, обидлар гулистонини ўз ичига олган «Маснавий» манзумаларини назм этмоққа уриндим.

Бу зот қудратли орифлар шайхи, ҳидоят аҳли ва яқийнларнинг имоми, тақводорлар халоскори, қалблар ва ақллар муҳофизи, Аллоҳ халқ қилган зотлар ичида омонат халифа ва мумтоз банда, Унинг Ўз пайғамбарига васиятлари тажассуми ва Ўз мустафоси олдида Унинг хилватгоҳи, Арш хазинасининг калити, Ер дафинасининг амини, фазилатлар отаси, Ҳусом ал Ҳақ ва ла дин (Ҳусомиддин – Ҳақ ва дин қиличи – тарж.), Ҳасан ўғли Муҳаммад ўғли Ҳасан, Ахий (биродар — тарж.) Турк ўғли10 сифатида машҳур, давр Абу Язиди11, замона Жунайди12, сиддиқ ўғлининг сиддиқ ўғли сиддиқ, розияллоҳу анҳу, келиб чиқиши Урмавий бўлган, «Хуфтонда курд эдим, бомдодда арабга айландим» деган мукаррам бир шайхга дахлдордир, Аллоҳ унинг ва аҳли оиласи арвоҳи руҳини шод қилсин. Унинг салафлари нечоғли хушнуд, халафлари нечоғли хушбахтдирлар. Унинг порлоқ насл-насаби олдида қуёш ўз ридосини кияди, чақноқ шон-шуҳрати олдида юлдузлар шуъласи хира тортади. Унинг даргоҳи унга юз ўгиргувчилар учун иқбол қибласи, Аллоҳ раҳматидан умидвор элчилар учун атрофини айланиб зиёрат қиладиган умид Каъбаси бўлиб қолди. Токи ҳар кеч юлдузлар чақнаб кўринар экан, токи ҳар тонгда Шарқ машъаласи юз кўрсатиб чиқиб турар экан, раббоний, руҳоний, осмоний, арший- нуроний кўз билан кўргувчилар учун; сукут ила назар солгувчилар, ғойибона иштирок этгувчилар, жандапўш маликлар; қабилаларнинг шарофатли зотлари, фазилатли ҳамсуҳбат биродарлар, ҳужжату далолат мунавварлари учун уни Аллоҳнинг Ўзи паноҳида асрасин. Омин, ё Роббул оламийн. Бу дуо ижобат бўлгай, зеро у бутун мавжудотни қамраб олган дуодир. Аллоҳу Аҳадга ҳамду санолар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммадга, унинг қавми ва аҳли оиласига Аллоҳ раҳмати ёғилсин. «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот энг яхши ишончли вакилдир»13.

———-
1 Қуръонга ишора: «Аллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб – йўқдан бор қилиб тургувчидир). У Зот нурининг (мўъмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир». (Нур сураси, 35-оят).
2 Қуръонга ишора: «Қачон уларга (инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?» дейдилар (яъни, бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўъминларнинг устидан куладилар)». (Марям сураси, 73-оят).
3 Қуръонга ишора: «Жаннат эгалари эса у КУНда энг яхши маскан ва энг гўзал истироҳатгоҳларда бўлурлар». Фурқон сураси, 24-оят).
4 Қуръонга ишора: «Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофувр – Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма – бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар». (Инсон сураси, 5-6-оятлар).
5 Қуръонга ишора: «Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?» дейдилар. Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни Ҳақ йўлга ҳидоят қилади». (Бақара сураси, 26-оят».
6 Қуръонга ишора: «Улуғ, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул Маҳфуздан кўчириб битилгандир)». (Абаса сураси, 15-16-оят».
7 Қуръонга ишора: «Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар». (Воқеа сураси, 79-оят).
8 Қуръонга ишора: «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир». (Фусиллат сураси, 42-оят).
9 Қуръонга ишора: «(Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман (яъни, ўшанда ҳам менга берган ваъдаларингизга хиёнат қилган эдингиз. Демак, мен сизларга унинг инисини ҳам ишониб топширолмайман. Лекин мен ёлғиз Аллоҳнинг сақлашига ишонаман холос). Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир». (Юсуф сураси, 64-оят).
10 Бу ерда мавлоно Румийнинг суюкли шогирди, «Маънавий маснавий»ни ёзишга уни даъват этган ва бу асарни оққа кўчиришда қатнашган Чалабий Низомиддин, яъни, Шайх Ҳусомиддин Чалабий назарда тутилган.
11 Боязид – машҳур шайх, сўфий ва валий Боязид Бистомий;
12 Жунайд – Мансур Халложнинг муршиди, авлиё даражасидаги сўфий Жунайд Бағдодий.(Тарж.)
13 Қуръонга ишора: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида, бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!» дедилар». (Ол-и Имрон сураси, 173-оят).

[НАЙНОМА]

БИСМИЛЛАҲИР-РОҲМАНИР-РОҲИЙМ

Тингла, най неларни ҳикоят айлар,1
Қай айролиқлардан шикоят айлар:

«Мени кесдилару қамишзоримдан,
Зор йиғлар эркагу аёл зоримдан.

Истарман айролиқ тилган бир бағир,
Иштиёқим дардин айтгали бир-бир.

Кимки ўз аслидан йироқ тушса гар,
Яна ўз рўзғори васлини излар.

Ҳар бир жамиятда нола қилдим мен,
Шоду ношодларнинг жуфти бўлдим мен.

Ҳар кимса ўзича бўлди менга ёр,
Аммо изламади ичимдан асрор.

Сирим ўз ноламдан эмасдир йироқ,
Нур ҳам эмас кўзу қулоққа бироқ.

————
1 Маснавийнинг биринчи байти Румий ҳазратлари расулуллоҳ ҳадиси деб билган «Мўъминнинг мисоли найнинг мисолига ўхшайди, то унинг ичи ғовак бўлмагунча, ундан яхши овоз чиқмайди» ва «Мўъмин – мизхор, ичи бўш бўлса, нола қилади» деган ҳикматларга ишора этади.

Тан жондан, жон тандан яширин эмас,
Лек жонни кўрмоққа ноил эмас кас».

Най оҳи ел эмас, ўтлиғ бир садо,
Кимдаки шу ўт йўқ, бўлсин у адо!

Найдаги бу олов Ишқ оловидир,
Майдаги бу қайнов Ишқ қайновидир.

Ёрдан юз бурганнинг улфатидир най,
Пардамизни йиртар пардаси атай.

Ким кўрди най каби заҳару малҳам?
Ким кўрди най каби улфату ҳамдам?

Най қонли йўллардан ҳиссалар сўйлар,
Най Мажнун ишқидан қиссалар сўйлар.

Бундай ҳушга беҳуш энг яқин маҳрам,
Тилнинг харидори қулоқдир ҳар дам.

Бизнинг ғамимизда кеч бўлар кунлар,
Биздек ёниб ўтар, ҳеч бўлар кунлар.

Кунлар ўтса, айтгил: «Ўтавер!», бок1 йўқ,
Фақат сен ўтма, ҳей, сен каби пок йўқ.

Балиқдан ўзга Ҳақ сувига тўйгай,
Кимки ризқсиз, унинг кунлари куйгай.

Пишиқ зот ҳолини ғўр кимса билмас,
Гапни қисқа қилдик, омон бўл, хуллас.

———-
1 Бок – қўрқиш.

Эй, ўғлон, кишан уз, озод бўл, токай
Сийму зарлар сени занжирбанд этгай?

Дарёга кўза сол, қанча сув сиғар?
Йиғса, у бир кунлик ризқингни йиғар.

Очкўзнинг кўзию кўзаси тўлмас,
Қаноатсиз садаф дури кўп бўлмас.

Кимнингки ёқаси ишқдан чок эрур,
Ҳирсдан пок эрур у, айбдан пок эрур.

Шодлан, эй, хушсавдо1 – ҳабиб ишқимиз,
Барча иллатларга табиб ишқимиз.

Сендан даво топгай ор-номусимиз,
Сен – Афлотунимиз, Жолинусимиз.

Ишқ билан тупроқ тан осмон бўладир,
Тоғлар ҳам рақс тушиб, чаққон бўладир.

Эй, ошиқлар, Турнинг жони Ишқ бўлди,
Тур маст бўлди, «Мусо ҳушсиз йиқилди».2

———-
1 Хушсавдо – ижобий эҳтирос, ишқ, ҳирс, шайдолик.
2 Қуръонга ишора: «Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ (Мен унга кўринаман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди». («Аъроф» сураси, 143-оят).

Гар дамсоз1 лабига лабимни қўйсам,
Най айтган гапларни айтардим мен ҳам.

Магар тилдошидан айрилса қай кас,
Юз наво чалса ҳам, тилсиздир у, бас.

Қачон гул қуриса, қурир гулистон,
Булбул ҳам саргузашт айтмас ҳеч қачон.

Барча маъшуқдиру ошиқ пардадир,
Тирик маъшуқдиру ошиқ мурдадир.2

Ишқ парво қилмаса кимга, хойнаҳой,
Қанотсиз қушдир у, аҳволига вой!

Қандоқ билай, не бор олду ўнгимда,
Ёр нури бўлмаса олду ўнгимда?3

Ишқ истарки, бу сўз ич-ичдан келсин,
Ойна сир очмасдан ахир, не қилсин?

Биласанми, нечун кўрсатмас ойнанг?
Чунки артилмаган, юзин босган чанг.4

———
1 Дамсоз – ҳамдам, ҳамдард, улфат. Бу ерда Аллоҳ назарда тутилади.
2 Қуръонга ишора: «Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина (мангудир), ҳукм Унинг (ҳукмидир) ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар». (Қасас сураси, 88-оят). Ва яна: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи – Ўзигина боқий-мангу қолур. (Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).
3 Қуръонга ишора: «Мўъмин ва мўъминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб ) кетаётганини кўрадиган КУНни (эсланг)! (Ўша КУНда уларга дейилур): «Сизлар учун бугунги хушхабар – остидан дарёлар оқиб турадиган (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!» («Ҳадид» сураси 12-оят).
4 Маъноси: қалбинг, руҳинг ойнаси покланмаган, шунинг учун илоҳий оламдан – маънавиятдан бехабарсан. (Тарж.) 2Қазо – тақдир, ёзмиш. Лавҳул Маҳфузда Аллоҳ томонидан ёзиб қўйилган, рўй бериши муқаррар воқеа-ҳодисалар.

02

033
JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi daftar
Forsiydan Sulaymon RAHMON tarjimasi
08

XUTBA

BISMILLAHIR-ROHMANIR-ROHIYM

Bu – «Masnaviy» kitobi; Alloh taologa yetishish va Unga yaqiynlik sirlarini ochishda uning usuli din usullarining usulidir; u Allohnng buyuk fiqhidir, u Allohning yorqin shariatidir va Allohning ochiq-oshkor hujjatidir; Uning «nuri xuddi bir tokcha ustidagi chiroq»1 nuri misolidirkim, subh nuridan ham munavvarroqdir; U jonlarning daraxtzorlari va buloqlari serob jannatidir, ular orasida bir buloq borki, uni Tariyqat o’g’lonlari Salsabil deydilar, maqom egalari va karomat sohiblari uchun u «yaxshiroq martaba»2, «eng yaxshi maskan va eng go’zal istirohatgoh bo’lur»3; «(Hayoti-dunyodan Alloh taoloning amru farmonlariga itoat qilib o’tgan) yaxshilar unda yeb-ichadilar»4, hurlar esa undan zavq va bahra oladilar. U bamisoli Misrdagi Nil daryosidir, sabr egalari uchun u sharob misoli, Fir’avn qavmi va kofirlar uchun esa hasratu g’am-g’ussadir. O’zi aytganidek, Alloh «… ko’plarni adashtiradi va ko’plarni haq yo’lga hidoyat qiladi»5. Bu yuraklarga malham bo’lguvchi, g’am-g’ussalarni ketkazguvchi, «ulug’, itoatli mirzolar (farishtalar) qo’llari»6 bilan bitilgan, «tahoratli pok kishilar»dan7 boshqalarning ushlashi harom etilgan, «oldidan ham, ortidan ham (hech qanday) botil-nohaqlik kelmaydigan»,8 rizq-ro’zni mo’l-ko’l qilguvchi, axloqni poklaguvchi va yaxshilaguvchi Qur’oni karim ma’nolarini kashf etguvchi kitobdir. Unga (Qur’onga — tarj.) Parvardigori Olamning O’zi nazar tashlab turadi, «Zotan, Alloh eng yaxshi saqlaguvchidir va U Zot mehribonlarning mehribonrog’idir» 9. Bu kitobga Alloh taoloning O’zi bergan laqablar – sifatlar ham bor. Biz shu ozi bilan kifoyalanamiz, zero, oz ko’pga dalolat qiladi. Tomchida dengiz aks etadi. Bir hovuch don katta xirmondan darak beradi.

Bularni ojiz banda, Alloh taolo rahmatiga muhtoj qul, Muhammad o’g’li Muhammad Husayn o’g’li Balxiy aytmoqda, Alloh uning aytganlarini dargohida qabul etsin: men ruhi vujudimda makon topgan, mening bugungi va ertangi kunim zaxirasi bo’lmish sayyidim, tayanchim va e’timodli kishim iltimosiga binoan, qisqa-qisqa, ammo serma’no g’aroyibotlar va nodirotlarni, sara iboratlarni, dalolatlarning durlarini, zohidlar tariqatini, obidlar gulistonini o’z ichiga olgan «Masnaviy» manzumalarini nazm etmoqqa urindim.

Bu zot qudratli oriflar shayxi, hidoyat ahli va yaqiynlarning imomi, taqvodorlar xaloskori, qalblar va aqllar muhofizi, Alloh xalq qilgan zotlar ichida omonat xalifa va mumtoz banda, Uning O’z payg’ambariga vasiyatlari tajassumi va O’z mustafosi oldida Uning xilvatgohi, Arsh xazinasining kaliti, Yer dafinasining amini, fazilatlar otasi, Husom al Haq va la din (Husomiddin – Haq va din qilichi – tarj.), Hasan o’g’li Muhammad o’g’li Hasan, Axiy (birodar — tarj.) Turk o’g’li10 sifatida mashhur, davr Abu Yazidi11, zamona Junaydi12, siddiq o’g’lining siddiq o’g’li siddiq, roziyallohu anhu, kelib chiqishi Urmaviy bo’lgan, «Xuftonda kurd edim, bomdodda arabga aylandim» degan mukarram bir shayxga daxldordir, Alloh uning va ahli oilasi arvohi ruhini shod qilsin. Uning salaflari nechog’li xushnud, xalaflari nechog’li xushbaxtdirlar. Uning porloq nasl-nasabi oldida quyosh o’z ridosini kiyadi, chaqnoq shon-shuhrati oldida yulduzlar shu’lasi xira tortadi. Uning dargohi unga yuz o’girguvchilar uchun iqbol qiblasi, Alloh rahmatidan umidvor elchilar uchun atrofini aylanib ziyorat qiladigan umid Ka’basi bo’lib qoldi. Toki har kech yulduzlar chaqnab ko’rinar ekan, toki har tongda Sharq mash’alasi yuz ko’rsatib chiqib turar ekan, rabboniy, ruhoniy, osmoniy, arshiy- nuroniy ko’z bilan ko’rguvchilar uchun; sukut ila nazar solguvchilar, g’oyibona ishtirok etguvchilar, jandapo’sh maliklar; qabilalarning sharofatli zotlari, fazilatli hamsuhbat birodarlar, hujjatu dalolat munavvarlari uchun uni Allohning O’zi panohida asrasin. Omin, yo Robbul olamiyn. Bu duo ijobat bo’lgay, zero u butun mavjudotni qamrab olgan duodir. Allohu Ahadga hamdu sanolar bo’lsin. Sayyidimiz Muhammadga, uning qavmi va ahli oilasiga Alloh rahmati yog’ilsin. «Bizga yolg’iz Allohning O’zi kifoya, U Zot eng yaxshi ishonchli vakildir»13.

———-
1 Qur’onga ishora: «Alloh osmonlar va Yerning nuridir (ya’ni, ularning barchasini yoritib, ko’zga ko’rsatib – yo’qdan bor qilib turguvchidir). U Zot nurining (mo»min banda qalbidagi) misoli xuddi bir tokcha, uning ustida bir chiroq, bu chiroq bir shisha ichida, u shisha go’yo bir dur yulduzga o’xshaydi. U (chiroq) na sharqiy va na g’arbiy bo’lmagan (balki zaminning qoq markazidagi) muborak zaytun daraxtining (moyidan) yoqilur. Uning moyi (tiniq musaffoligidan) garchi unga olov tegmasa-da, (atrofni) yoritib yuborgudek. (Olov tekkach esa) nur ustiga nur (bo’lur). Alloh o’zining (bu) nuriga O’zi xohlagan kishilarni hidoyat qilur. Alloh odamlar (ibrat olishlari) uchun (mana shunday) misollar keltirur. Alloh barcha narsani bilguvchidir». (Nur surasi,
35-oyat).

2 Qur’onga ishora: «Qachon ularga (insonlarga) ochiq-ravshan bo’lgan oyatlarimiz tilovat qilinsa, kofir bo’lgan kimsalar iymon keltirgan zotlarga: «Qaysi guruh yaxshiroq martaba va go’zalroq majlisda?» deydilar (ya’ni, boy-badavlat mushriklar faqir va miskin mo»minlarning ustidan kuladilar)». (Maryam surasi, 73-oyat).
3 Qur’onga ishora: «Jannat egalari esa u KUNda eng yaxshi maskan va eng go’zal istirohatgohlarda bo’lurlar». Furqon surasi,
24-oyat).

4 Qur’onga ishora: «Albatta (hayoti-dunyodan Alloh taoloning amru farmonlariga itoat qilib o’tgan) yaxshilar (jannatda) mizoji-aralashmasi kofuvr – Allohning (yaxshi) bandalari ichadigan (jannatiy) chashma – bo’lgan maykosalardan (may) ichurlar. Ular u (chashmani o’zlari xohlagan joydan) chiqarib-oqizib olurlar». (Inson surasi, 5-6-oyatlar).
5 Qur’onga ishora: «Alloh chivin yoki undan-da haqir narsalar haqida masal aytishdan hech tortinmaydi. Iymonli kishilar uning (masalning) haqiqatan Parvardigorlari tarafidan ekanini biladilar. Kofirlar esa: «Buni misol qilish bilan Alloh nima demoqchi?» deydilar. Bu masal sabab (Alloh) ko’plarni adashtiradi va ko’plarni Haq yo’lga hidoyat qiladi». (Baqara surasi, 26-oyat».
6 Qur’onga ishora: «Ulug’, itoatli mirzolar (ya’ni, farishtalar) qo’llari bilan (Lavhul Mahfuzdan ko’chirib bitilgandir)». (Abasa surasi, 15-16-oyat».
7 Qur’onga ishora: «Uni faqat tahoratli – pok kishilargina ushlarlar». (Voqea surasi, 79-oyat).
8 Qur’onga ishora: «Unga oldidan ham, ortidan ham (hech qanday) botil-nohaqlik kelmas (ya’ni Qur’oni karimning hech qaysi tomonidan biron kitob yo hujjat kelib uni botil qila olmas, chunki u) hikmat va hamdu sano egasi tomonidan nozil qilingandir». (Fusillat surasi, 42-oyat).
9 Qur’onga ishora: «(Ya’qub) dedi: «Men uni sizlarga ishonmayman. Magar ilgari uning birodarini ishonganimdek ishonaman (ya’ni, o’shanda ham menga bergan va’dalaringizga xiyonat qilgan edingiz. Demak, men sizlarga uning inisini ham ishonib topshirolmayman. Lekin men yolg’iz Allohning saqlashiga ishonaman xolos). Zotan, Alloh eng yaxshi saqlaguvchidir va U Zot mehribonlarning mehribonrog’idir». (Yusuf surasi, 64-oyat).
10 Bu yerda mavlono Rumiyning suyukli shogirdi, «Ma’naviy masnaviy»ni yozishga uni da’vat etgan va bu asarni oqqa ko’chirishda qatnashgan Chalabiy Nizomiddin, ya’ni, Shayx Husomiddin Chalabiy nazarda tutilgan.
11 Boyazid – mashhur shayx, so’fiy va valiy Boyazid Bistomiy;
12 Junayd – Mansur Xallojning murshidi, avliyo darajasidagi so’fiy Junayd Bag’dodiy.(Tarj.)
13 Qur’onga ishora: «Unday zotlarga ayrim kimsalar: «Quraysh odamlari sizlarga qarshi (sanoqsiz lashkar) to’plagan, qo’rqingiz!» deganlarida, bu gap ularning iymonlarini ziyoda qildi va: «Bizga yolg’iz Allohning O’zi kifoya. U Zot eng yaxshi ishonchli vakildir!» dedilar». (Ol-i Imron surasi, 173-oyat).

[NAYNOMA]

BISMILLAHIR-ROHMANIR-ROHIYM

Tingla, nay nelarni hikoyat aylar,1
Qay ayroliqlardan shikoyat aylar:

«Meni kesdilaru qamishzorimdan,
Zor yig’lar erkagu ayol zorimdan.

Istarman ayroliq tilgan bir bag’ir,
Ishtiyoqim dardin aytgali bir-bir.

Kimki o’z aslidan yiroq tushsa gar,
Yana o’z ro’zg’ori vaslini izlar.

Har bir jamiyatda nola qildim men,
Shodu noshodlarning jufti bo’ldim men.

Har kimsa o’zicha bo’ldi menga yor,
Ammo izlamadi ichimdan asror.

Sirim o’z nolamdan emasdir yiroq,
Nur ham emas ko’zu quloqqa biroq.

————
1 Masnaviyning birinchi bayti Rumiy hazratlari rasululloh hadisi deb bilgan «Mo»minning misoli nayning misoliga  o’xshaydi, to uning ichi g’ovak bo’lmaguncha, undan yaxshi ovoz chiqmaydi» va «Mo»min – mizxor, ichi bo’sh bo’lsa, nola qiladi» degan hikmatlarga ishora etadi.

Tan jondan, jon tandan yashirin emas,
Lek jonni ko’rmoqqa noil emas kas».

Nay ohi yel emas, o’tlig’ bir sado,
Kimdaki shu o’t yo’q, bo’lsin u ado!

Naydagi bu olov Ishq olovidir,
Maydagi bu qaynov Ishq qaynovidir.

Yordan yuz burganning ulfatidir nay,
Pardamizni yirtar pardasi atay.

Kim ko’rdi nay kabi zaharu malham?
Kim ko’rdi nay kabi ulfatu hamdam?

Nay qonli yo’llardan hissalar so’ylar,
Nay Majnun ishqidan qissalar so’ylar.

Bunday hushga behush eng yaqin mahram,
Tilning xaridori quloqdir har dam.

Bizning g’amimizda kech bo’lar kunlar,
Bizdek yonib o’tar, hech bo’lar kunlar.

Kunlar o’tsa, aytgil: «O’taver!», bok1 yo’q,
Faqat sen o’tma, hey, sen kabi pok yo’q.

Baliqdan o’zga Haq suviga to’ygay,
Kimki rizqsiz, uning kunlari kuygay.

Pishiq zot holini g’o’r kimsa bilmas,
Gapni qisqa qildik, omon bo’l, xullas.

———-
1 Bok – qo’rqish.

Ey, o’g’lon, kishan uz, ozod bo’l, tokay
Siymu zarlar seni zanjirband etgay?

Daryoga ko’za sol, qancha suv sig’ar?
Yig’sa, u bir kunlik rizqingni yig’ar.

Ochko’zning ko’ziyu ko’zasi to’lmas,
Qanoatsiz sadaf duri ko’p bo’lmas.

Kimningki yoqasi ishqdan chok erur,
Hirsdan pok erur u, aybdan pok erur.

Shodlan, ey, xushsavdo1 – habib ishqimiz,
Barcha illatlarga tabib ishqimiz.

Sendan davo topgay or-nomusimiz,
Sen – Aflotunimiz, Jolinusimiz.

Ishq bilan tuproq tan osmon bo’ladir,
Tog’lar ham raqs tushib, chaqqon bo’ladir.

Ey, oshiqlar, Turning joni Ishq bo’ldi,
Tur mast bo’ldi, «Muso hushsiz yiqildi».2

———-
1 Xushsavdo – ijobiy ehtiros, ishq, hirs, shaydolik.
2 Qur’onga ishora: «Qachonki Muso (va’dalashgan) vaqtimizda (Tur tog’iga) kelib, Parvardigori unga (bevosita) so’zlagach, u: «Parvardigorim, menga (jamolingni) ko’rsatgin, Senga bir qaray», dedi. (Alloh) aytdi: «Sen Meni (bu dunyoda) hargiz ko’rolmaysan. Ammo mana bu toqqa boq (Men  unga ko’rinaman). Bas, agar u (Men ko’ringanimda) o’rnashgan joyida tura olsa, sen ham Meni ko’rajaksan». Qachonki Parvardigori u toqqa ko’ringan edi, uni mayda-mayda qilib tashladi va (bu holni ko’rgan) Muso hushsiz holda yiqildi». («A’rof» surasi, 143-oyat).

Gar damsoz1 labiga labimni qo’ysam,
Nay aytgan gaplarni aytardim men ham.

Magar tildoshidan ayrilsa qay kas,
Yuz navo chalsa ham, tilsizdir u, bas.

Qachon gul qurisa, qurir guliston,
Bulbul ham sarguzasht aytmas hech qachon.

Barcha ma’shuqdiru oshiq pardadir,
Tirik ma’shuqdiru oshiq murdadir.2

Ishq parvo qilmasa kimga, xoynahoy,
Qanotsiz qushdir u, ahvoliga voy!

Qandoq bilay, ne bor oldu o’ngimda,
Yor nuri bo’lmasa oldu o’ngimda?3

Ishq istarki, bu so’z ich-ichdan kelsin,
Oyna sir ochmasdan axir, ne qilsin?

Bilasanmi, nechun ko’rsatmas oynang?
Chunki artilmagan, yuzin bosgan chang.4

———
1 Damsoz – hamdam, hamdard, ulfat. Bu yerda Alloh nazarda tutiladi.
2 Qur’onga ishora: «Alloh bilan birga boshqa biron «iloh»ga iltijo qilmang! Hech qanday iloh yo’q, magar Uning O’zigina (mangudir), hukm Uning (hukmidir) va (barchalaringiz) yolg’iz Unga qaytarilursizlar». (Qasas surasi, 88-oyat). Va yana: «(Yer) yuzidagi barcha jonzot foniydir.
Buyuklik va karam sohibi bo’lgan Parvardigoringizning yuzi – O’zigina boqiy-mangu qolur. (Rahmon surasi, 26-27-oyatlar).

3 Qur’onga ishora: «Mo»min va mo»minalarning oldilarida va o’ng tomonlarida nurlari (ya’ni, qilgan yaxshi amallari va nomai a’mollari yo’llarini yoritib ) ketayotganini ko’radigan KUNni (eslang)! (O’sha KUNda ularga deyilur): «Sizlar uchun bugungi xushxabar – ostidan daryolar oqib turadigan (sizlar) mangu qoladigan jannatlardir. Bu ulug’ baxtning o’zidir!» («Hadid» surasi 12-oyat).
4 Ma’nosi: qalbing, ruhing oynasi poklanmagan, shuning uchun ilohiy olamdan – ma’naviyatdan bexabarsan. (Tarj.) 2Qazo – taqdir, yozmish. Lavhul Mahfuzda Alloh tomonidan yozib qo’yilgan, ro’y berishi muqarrar voqea-hodisalar.

02

(Tashriflar: umumiy 2 293, bugungi 1)

Izoh qoldiring