Majdiddin Bag’dodiy. Ruboiylar & Xurshid Davron. «Shahidlar shohi yoxud Najmiddin Kubro tushlari» qissasidan

077    Шайх Кубро бўлиб ўтган машъум воқеадан сўнг шогирдидан қолган қоғозлар ичидан чиққан бир рубоийни эслаб, унсиз ларзага тушди. Бу рубоийни неча марта ўқимасин, ҳар гал унинг вужудида титроқ аралаш бир азоб зоҳир бўларди. “Наҳотки Маждиддиннинг ўзи ҳам қисматини олдиндан билган бўлса?” – дея ўйларкан, шогирдининг рубоийсини мунавваш ҳол шивирлаб ўқирди…

Маждиддин Бағдодий
РУБОИЙЛАР
Эргаш Очилов таржималари
027

047Беназир шоигирдлар тарбиялагани сабаб «Валитарош»  номи билан машҳур шайх Нажмиддин Кубронинг иқтидорли шогирди Маждиддин Бағдодий (1150-1217) турли манбаларнинг хабар беришича, Хоразмнинг Бағдодак деган қасабасида туғилган. Тўлиқ исми ва кунияти — Абусаид Маждиддин Шараф ибн Муайяд ибн Абулфатҳ Бағдодий. Машҳур табиб сифатида ҳукмдорлар саройида катта мавқега эга бўлган.

Маждиддиннинг кўнглига кутилмаганда илоҳий ишқ учқуни тушиб, Нажмиддин Куброга мурид бўлади ва унинг қўл остида 15 йил риёзат чекиб, «сулуклар қилди, олий маротиб ҳосил қилиб, буюк мақомларга қадам қўйди» (Алишер Навоий таърифи). XIII аср тасаввуфи тараққиётига катта таъсир кўрсатган Маждиддин Бағдодий Марказий Осиё ва Шимолий Форс ўлкасида шуҳрат қозонган. «Сафар рисоласи», «Туҳфат ул-барара» («Яхшилар совғаси») каби тасаввуфга оид асарлари ва сўфиёна рубоийлари мавжуд.

Ривоятларга қараганда, ҳусну малоҳатда ўз даврининг Юсуфи бўлган Маждиддин Хоразмда ваъз айтар экан, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси гўзал Туркон хотун ҳам унинг ваъз мажлисларида иштирок этар, баъзида шайхнинг зиёратига ҳам борар экан. Бу ҳол одамлар орасида малика ва шайхнинг бир-бирига муҳаббати ҳақидаги ғийбатларнинг тўқилишига сабаб бўлган. Бир куни Хоразмшоҳнинг мастлигидан фойдаланган душманлар ўз мақсадларига эришадилар: «Онанг ўзидан анча ёш шайхнинг никоҳига кирган», — деб туҳмат қиладилар. Хоразмшоҳ дарғазаб бўлиб, Маждиддинни Амударёга чўктириб ўлдириш тўғрисида фармон беради.

Эрон сафарида қўлга киритганимиз «Рубоийнома» тўпламида Маждиддин Бағдодийнинг яна 20 та рубоийсига дуч келдик. Улардан 8 таси таниқли рус олими Е.Э. Бертельс тадқиқотида келтирган рубоийлар ичида учраса, 12 таси янгидир. Шундай қилиб, шайх-шоирнинг 26 та рубоийсига эга бўлдик. Бу рубоийлар Маждиддин Бағдодийнинг оташин шоир бўлганлиги, ишқу маърифатни юксак пардаларда тараннум этганлигидан далолат беради.

027

1

Шам бўлса юзинг, кўйида парвона ўзим,
Дардингга қариндош дил-у, бегона ўзим.
Бўйнингда узалган ўша соч занжирини
Ташла мени гарданимга — девона ўзим!

2

Ишқ шабнамидан хоки башар гил бўлди,
Юз фитнаю шўр* жаҳонда ҳосил бўлди.
Жон томирига урдилар ишқ наштарини,
Томди-ю бир қатра, оти — дил бўлди*.
_________
* Шўр — ғавғо, тўполон.
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга хам нисбат берилади.

3

Кўнглимда фироқ туфайли минг қайғу бу кун,
Умр ипига чарх солди тугун узра тугун.
Ғам устига ғам қўшма бузиб аҳдни яна,
Кўнглимда фироқ туфайли минг қайғу бу кун.

4

Ул баҳри муҳитга кирмак истар кўнглим,
Ё чўксам-у, ё инжуга тўлса қўйним.
Этсайдим адо — ишинг хатарли гарчи,
Ишқ рангига эврилса юзим ё бўйним…

5

Дунёси тугаб, қоронғулик келса сиқиб,
Бошлар кўтарилганда мазорларни йиқиб,
Бечора шаҳид таним ҳам ўз қонига ғарқ,
Тўзони қиёмат ичра келмасми чиқиб…

6

Ёр кокилининг куфридан* иймон ёғилар
Ҳам нўшлабидан* чашмаи ҳайвон* ёғилар.
Ул каклиги хушхиром каби раъносан,
Юрсанг, қадамингнинг чангидан жон ёғилар!*
___________
* Куфр — тасаввуфда бу дунё зулмати. Яна: ваҳдатнинг касратда маҳв бўлиши. Ҳақиқий куфр абадий фанодир хам дейдилар.
* Нўшлаб — ширинлаб; маҳбуба.
* Чашмаи ҳайвон — тириклик булоғи, оби ҳаёт.
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга хам нисбат берилади.

7

Эй, ўзини ишқ ичра билувчи якто,
Таън этма кўриб тириклигимни, зеро,
Мавжудлигим ишқ туфайли, жонни этдим —
Ул ёрни мушоҳада қилай деб пайдо.

8

Зулфи* дея минг дилда қиёмат қўпди,
Бир торини ким топди-ю, тутди, ўпди:
Ҳар кимсаки, топди — топди давлат буюк,
Ҳар кимсаки, топмади — ўшал дард топди…
___________
* Зулф — ишқдаги энг юқори имкон даражаси, эришиш ниҳоятда қийин бўлган илоҳий хақиқат тимсоли. Зулф яна куфр зулматига ишора.

9

Ёр хаста кўнгилни бегумон хоҳлайди.
Сўрдим: не учун ўшал чунон хоҳлайди?
Ул дамки, кўзимни йўлига тиксам зор,
Келтирдики мужда: ўша жон хоҳлайди…

10

Ишқ йўлида ким бошни фидо деб билмас,
Мот этмаса ушшоқни — ўшал комилмас.
Кўйингда аниқ рутбаси* бўлмас кишининг,
То бошдан-оёқ амалларингни қилмас.
__________
* Рутба — унвон, мартаба, даража.

11

Пок этгали тийнатимни* машғул эсаме,
Кўк кийгучиларга* бошу бедил эсаме,
Майхўрга бўлибман энди бир дўсти асир,
Май сотгучиларга кошки бир қул эсаме!
___________
* Тийнат — хулқ, феъл.
* Бу ерда кўк кийгувчилар деганда тариқатда муайян даражага етишгани белгиси сифатида кўк хирқа кийиб юрадиган сўфийлар кўзда тутилган.

12

Бир тийғи жафо қолган эмас, зебо ёр,
То урмаган ўлса уни дилга минг бор.
Мен тавба этарман ишқидан ҳар лаҳза,
Минг тавбани бир ноз ила айлар бекор.

13

Сўйла, эй кўнгил, англамиш асрорини ким?
Сўйла, эй қулоқ, тингламиш гуфторини* ким?
Кўрсатса-да маъшуқ кеча-кундуз ҳуснин,
Сўйла, эй нигоҳ, илғамиш дийдорини ким?*
__________
* Гуфтор — сўз, сўзлаш, гапириш.
* Бу рубоий Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади.

14

Чарх, ойу кун орзуйи висолингда сенинг,
Сарву гулу лола қулдир олдингда сенинг,
Покиза малакларнинг арвоҳи мудом
Абжад ўқишар лавҳи хаёлингда сенинг*.
__________
* Мисранинг маъноси: Ҳар лаҳза ошиқлик дарсини ўқишади.

15

Эй, нусхасисан илоҳий номани ўзинг,
Ҳақ ҳуснининг ойинасидир нурли юзинг.
Йўқ ҳеч не жаҳрнда сендан ташқарида,
Ҳар не тиласанг, ўзингдадир — кўрса кўзинг.

16

Гар ёр мени ўз итим, дея лутф этар,
Ё инидан учган ўз қушим, деб атар.
Ҳар ном ила тилга олса-да, хушҳолман,
Ўзимники деган шу сўзи менга етар!

17

Ишқ олди мендан дилни ҳам, дунёни ҳам,
Ақлим-ку йўқ эрди, қўймади савдони ҳам.
Дедим: дилу дунё бўлмаса, дин бордир,
Ўлим сели оқизди-ю-кетди они ҳам…

18

Собит кишиларки, остонингда яшар,
Йўлингда шаҳид бўлишса, жонингда яшар.
Ул оби ҳаёт ҳам бу қадар тиргузмас,
Ишқингдан олиб жон, дўстлар ёнингда яшар.

19

То жоним бор — бўлай сенинг посбонинг,
Манзилу макон менга азиз остонинг.
То бир куни содиқ итларинг зумрасида
Олсанг мени тилга, бас, бу жон қурбонинг!

20

Ёр зулфи аро тушса агар битта тугун,
Юз битта жароҳат пайдо дилда шу кун.
Ул дилда-ю, дил қони кўзимда қотмиш,
Ул бахт гули кўксимда юз очмайди нечун?!

21

Эй ёр, биласанми, дедим, ошиқлик ила:
Бечора кўзим менинг нега ёшга тўла?
Пайдо бўлади икки кўзимнинг қаъридан
Ширин лабинг орзусида дарё бир йўла.

22

Ҳар кимсаки, бўлса бандаликдан озод,
Бўлмас ғамдан ғамгин-у, шодликдан шод.
Кўнгилни назаргоҳ, айлаган Оллоҳдан —
Айри тушиб, у умрини этган барбод.

23

Ким бўлса агар яхши-ёмондан огоҳ,
Ҳар яхши-ёмондан қўлини тортар, оҳ.
Дил бор эди-ю илгари, минг андиша,
Энди бариси «ло илоҳа иллаллоҳ».

24

Лутфингдан эмасдир ноумид ҳеч инсон,
Ким топса сени мангу ҳаётдир эҳсон.
Қай заррага бир лаҳза лутф этган эсанг,
Юксалди у зарра минг қуёшдан чандон*.
____________
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

25

Зар хавфи йироқдир бу жаҳон дарвешидан,
Тиғ даҳшати лозим эмас ошиқ кишидан.
Эй, бош олишимдан чўчийсан мунча —
Ҳақ ошиғи холимасми бош ташвишидан?!

26

Жон ичра мен ишқингни ниҳон қилганман,
Дардингни севиб, маҳрами жон қилганман.
Дунё ғамидан кечмаса, бу дил бирлан
Сен ҳақда мусоҳиба қачон қилганман?!

Хуршид ДАВРОН
«ШАҲИДЛАР ШОҲИ ЁХУД НАЖМИДДИН
КУБРО ТУШЛАРИ» ҚИССАСИДАН
044

051Шайх Кубро олдидаги китобга бош эгиб тургани билан кўзлари юмуқ эди. У Замахшарий тафсирини ёддан биларди. Шайх шаҳар остонасида қонхўр ғайридинлар галаси турганидан, эрта-индин шаҳар забт этилишидан, ҳатто сўнгги жангда шаҳид кетишидан ҳам хабардор, шу қутлуғ айём яқинлашаётганини ич-ичидан туйиб руҳий устози китоби олдида тиз чўкиб ўтирганча, ул улуғ зотга ғойибона ташаккурлар айтар, Мовароуннаҳр тупроғига мўру малахдек ёпирилиб кирган куффорларнинг кирдикорлари айрим кимсалар худбинлиги, бадният орзуларга қул бўлгани туфайли бўлаётгани учун ёлғиз ўзи гуноҳкордек марҳаматли Тангридан узри-маъзур сўрар эди.

Шайх Кубро бир умр зўравонлик, зулм душмани бўлди. Чунки ҳамма ҳаром нарса мана шу зўравонлик, зулм ва жаҳолат туфайли эмасми?! Унинг йўли улуғ сўфийлар йўлининг давоми эди. Бу йўл ҳам машаққатли, ҳам шарафли йўлдир. Иншооллоҳ, уни шогирдлари давом эттиражак.

Алҳақ, Мовароуннаҳру-Хуросоннинг кўп азаматли ўғлонлари унинг хонақоси остонасидан ҳатлаб, унга иқтидо этдилар. Шайх уларнинг ҳар бирини фарзанддек азиз кўрди, аммо қаттиққўл отадек уларнинг йигитларга хос қайсарликларини букиб, ҳар бирининг кўнглига йўл топди, уларнинг беозор, аммо хира кўнгил ойналарини ёз осмонидек мусаффо этди, уларда ўз булутларини суздирди, юлдузлару ою қуёшини порлатди. Тариқат йўли – Ҳақни таниш йўлидан ҳеч қачон қайрилмасликлари учун уларнинг иродаларини ҳам турмуш, ҳам илм, ҳам тариқат синовлари билан тоблади, тобларкан, тасаввуф на русум, на улум, балки эҳтиёж эканини, агар русум бўлганда эди, ҳаракат билан қўлга киритмоқ мумкинлигини, агар илм бўлганда, таълим билан ҳосил қилишини, Оллоҳ мулкига эса на русум ва на илм билан кириб бўлмаслигини уқтирди. Бу шогирдларнинг ҳар бири битта йўлдан юрар, аммо ҳар бирининг ўз манзили тайин эди.

Ўнлаб шогирдлари ичида Маждиддин Бағдодий билан Сайфиддин Бохарзийга унинг бўлакча бир меҳру-муносабати бор эди. айниқса, Хоразмнинг Бағдодак мавзесидан бўлган Маждиддинга. Маждиддин аввал ҳеч кўрилмаган қисқа бир муддатда муршидлик ҳуқуқи – ижозат олишга мушарраф бўлди. Шайх Кубро даргоҳига илк қадам қўйганида, у ҳис-ҳаяжонга ўта мойил йигит эди. Шайх уни худди боғбон ноёб гул кўчатини эҳтиётлаб ўстиргандек, қунт ва сабр билан парваришлади. Аммо бари бир шогирди табиатида ҳаяжон устунлигича қолаверди. Валитарош унинг бу ҳаяжони асосий мақсадга эришишда ҳалақит беришидан қўрқарди. Аммо Маждиддиннинг ўзи ҳам охир-оқибат буни англади, ҳаяжонини жиловлаб, ундан моҳирлик билан фойдаланди. Бошқалар минг машаққат билан етишадиган ҳолга мана шу ҳаяжон туфайли оний лаҳзада эришадиган бўлди.

Мана шу ҳаяжони туфайли сўфийликнинг олий санъати – ғайб ул-лисонни эгаллади. Ў, қандай гўзал сатрлар битиши мумкин эди у! Водариғким, қисмати қора экан…

Шайх Кубро бўлиб ўтган машъум воқеадан сўнг шогирдидан қолган қоғозлар ичидан чиққан бир рубоийни эслаб, унсиз ларзага тушди. Бу рубоийни неча марта ўқимасин, ҳар гал унинг вужудида титроқ аралаш бир азоб зоҳир бўларди. “Наҳотки Маждиддиннинг ўзи ҳам қисматини олдиндан билган бўлса?” – дея ўйларкан, шогирдининг рубоийсини мунавваш ҳол шивирлаб ўқирди:

Дар баҳри муҳит ғўта хоҳам хўрдан,
Ё ғарқа, шудан, ё гуҳаре овардан.
Кори ту мухотар аст, хоҳам кардан,
Ё сурх кунам рўйи зи ту, ё гардан!

(Мазмуни: Баҳри муҳит аро шўнғисам дейман, ё ғарқ бўлмоқ, ёки гавҳар келтирмоқ истайман. Сенинг ишинг хатарлидир, бажо қилсам дейман, ё юзингни ол этсам ва ёки бўйнимни).

Маждиддин табобатда ҳам беқиёс эди. У кўп кишиларни, шу жумладан устозини ҳам оғир дарддан халос этди. Ҳатто шу йўлдан борганида ҳам у ўз даврининг Синосига айланиши мумкин эди. Афсус, минг бор афсуским, Маждиддин устозининг кўп гапларини уқмоқни истамади. Ўзини дунё эгалари деб билган султонларнинг касофатли саройларига борди, салтанат ишларига аралашди, бунинг оқибатида эрта нобуд бўлди.

Маждиддиннинг лисон ул-ғайб – шеъриятдаги иқтидори кундан-кун кучайиб борди, салтанатда унинг номи оғиздан-оғизга ўтиб, тўрт тарафга таралди. Тўрт томондан унинг ҳузурига муршиди муқтадолик тилаб шогирдлар кела бошладилар. Нишопурлик машҳур сўфий Фаридуддин Аттор ҳам Маждиддин Нишопурда бўлганида ўзини унинг муриди деб билди, неча вақт унинг хизматида ўтирди.

Бадфеъл Туркон хотун ёш шайх довруғини эшитиши заҳоти уни ўз ҳузурига чорлади. Биринчи суҳбатдаёқ Маждиддин Бағдодий малика эътиборини қозонишга эришди. Унинг шеърларидаги ақл ва эҳтирос бу дили қаттол аёлни ром этди. Шайхнинг кўзларидаги  ёшлик олови унинг қарилик фаслининг совуқларида дийдираган юрагини илитгандек бўлди. Қиш пайти музлаб ётган биёбонда адашган йўлчи тўсатдан олдидан чиққан гулхан устига ўзини ташлагандек, малика ҳам зулмату фисқ-фужурдан иборат ҳаётига думли юлдуздек отилиб кирган шайхнинг этагини маҳкам ушлаб олди. Шайх ҳам маликани тақводорлик йўлига бошлаш ниятида у билан мунтазам суҳбатлар қурарди. Устига устак, Маждиддиннинг Хоразмшоҳ саройида мунший ва дабир бўлиб хизмат қиладиган биродари Баҳоуддин Бағдодий инисининг малика назарида кучайиб бораётган эътиборидан фойдаланиб, саройдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ўз таъсир доирасини кенгайтиришни истар, шу ниятда ёш шайхни Туркон хотун ҳузурига тез-тез келиши учун турли баҳонаю сабаблар ўйлаб топарди.

Шогирдининг саройга серқатнов бўлиб қолганидан ташвишланган Шайх Кубро уни ҳузурига чорлаб, панд-насиҳат беришга уринди.

— Бўтам, — деди у, — бу дунёда ўзини зўр деб билганларнинг кўзи кўр бўлади. Мен сизга дунё-ю охират яхшилигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатига эргашишда, неъматнинг тўла ва мукаммал бўлишини неъмат берувчидан миннатдор бўлишда деб ўргатдим. Тинчлик ва фароғат излаган қалбингиз йўли подшоҳларни тарк этиш, узлатла чекиниш, деб сабоқ бердим. Ахир Пири Ансорий “Султонлардан барҳазар бўлинг ва уларнинг навозишидан қўрқинг!” – демаганмидилар?! Алданишдан сақланинг! Сақланинг!

— Устоз, — деди шунда Маждиддин, —  сабоқларингиз қулоғимда, Оллоҳнинг номи тилимда, ҳидоят афсари дилимда. Сиз барча подшоҳларни ўз дабдабаси билан овора бўлиб, ўзларидан ҳам, ўзларида содир бўлаётган нарсалардан ҳам бехабар, деб айтганларингиз эсимда. Шу сабаб уларнинг кўзини очмоқни ният қилдим. Муҳтарама малика ўз гуноҳларидан хижолатда, ўғли бўлмиш султони замонни шу йўлга ундаш истагида. Шариату диннинг пойдевори сабр билан ишонч, деб айтардингиз, ҳазратим. Сабр ва ишонч ила шу йўлдан борай…

Шайх Кубро кўз юмиб, бош чайқади ва алам билан пичирлади:

— Бўтам, султонларни нафс бошқаради. Сўзларингиз нафс уйғонгунча кор қилғай, уйғонса, унутгайлар…

Шайх шу сўзни айтди-ю, шогирдига панд-насиҳат кор қилмаслигини англаб, индамай хонақоҳига кириб кетди. Орадан оз вақт ўтмай, бир куни, оқшом дарвешлар суҳбатида Маждиддин устозига шукроналар айтмоқ бўлиб, шундай деди:

— Туш кўрдим. Биз дарё соҳилидаги қумлоқда ётган тухумлар эмишмиз. Ҳазрати шайхимиз қуш бўлиб учиб келмишлар. Ул киши бизни тухум ичидан ташқарига чиқардилар. Чиқибмизу шайхимизни соҳилда қолдириб, ёмон болалардек дарёга қараб югурибмиз…

Шайх Кубро шогирдининг сўзларини эшитиб, оғир ўйга толди. Кейин суҳбат охиригача гапирмай, Маждиддинга ўқтин-ўқтин тикилаверди ва ниҳоят маҳзун аҳволда оғиз очди:

— Бўтам, кароматли туш кўрибсиз. Бу туш сизни дарёда нобуд бўлишингизга ишоратдур.

Маждиддин Бағдодий устозининг бу сўзини эшитиб, қўрқиб кетди. Нима қилишини билмай, индамай чиқиб кетди. Бир неча кун унинг дараги бўлмади. Охири шайх хизматида юрган Саъдиддин Ҳамавийдан устозининг вақти хуш бўлган пайтда ўзига хабар беришни ўтинди. Шундай хабар етиши билан оёқяланг ҳолда шайх хонақоҳи пойгагига келиб тўхтади. Нажмиддин Кубро уни ичкарига чорлади.

— Бўтам, — деб нап бошлади одатдагидек Шайх Кубро, — имонингиз пок, ишончингиз мустаҳкам, ҳақиқат йўлидан юрдингиз. Аммо сиз бошингиздан айрилурсиз ва танангиз дарёда ғарқ бўлиб, нобуд бўлгайсиз… Буни ўзга эмас, ўзингиз каромат қилдингиз, мен уни еткурдим, холос.

Маждиддин устозининг сўзларини индамай эшитди. Шайхнинг босиқ овозида унга нисбатан на ачиниш, на ризолик туйғуси бор эди:

— Ул туш сизнинг нобуд бўлишингизга ишора бўлса, сизнинг ўлимингиз Хоразм сардорлари бошига тушадиган фалокатларга ишорадур. Хоразм хароб бўлғай, Гурганж сувга ғарқ бўлғай.

Шайх шундай деди-ю, бошини эгди, ичида нималарнидир пичирлаб ўқий бошлади. Маждиддин ўзини устози оёғи остига ташлади. Нажмиддин Кубро шогирдининг бошини силашга қўл чўзди-ю, қўли муаллақ қолди. Бу иши шогирдига нисбатан зулм бўлажагини англаб, қўлини тортди.

Машъум каромат тез кунларда амалга ошди. Маждиддин Бағдодий малика Туркон хотун эътиборини тўла қозониб олаётганини кўрган саройдаги айрим ҳасадчилар Муҳаммад Хоразмшоҳга ёш шайх битган шеърлардаги муҳаббат туйғулари маликага қаратилгани ҳақида ёлғон-яшиқ гапларни етказдилар. Хоразмшоҳнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Аммо қўшин ва девонда онасининг уруғ-аймоқлари барқарор эканини билгани учун қатъий ҳаракат қилишдан чўчиб, аламини ичига ютди. Аммо кунлардан бир кун саройдаги базм авжига чиқиб, Хоразмшоҳ қаттиқ маст бўлиб қолганини кўриб, Бағдодийнинг душманлари сўнгги ҳийлани ишга солдилар. Улар Хоразмшоҳ қулоғига: “Онанингиз – муҳтарама малика Имом Абуҳошим мазҳабига, энг даҳшатлиси Маждиддин Бағдодийдек ёш кимса никоҳига ўтдилар”, — деб ёлғон сўзни қуйдилар. Бадмаст ҳукмдор ғазабланганидан қиличини суғуриб, олдида турган май тўла мешни парча-парча қилиб ташлади. Сўнг “Шу заҳотиёқ Маждиддин Бағдодийни тутиб, бошини танидан жудо қилинг! Жасадини дарёга ташлаб, балиқларга ем қилинг!” – дея бақирди. Қора кийинган навкарлар гуруҳи Хоразмшоҳ амрини амалга ошириш учун саройдан от чоптириб чиққанида Гурганж аҳли уйқуда эди.

Тонгда ҳузурига фарёд солиб келган Баҳоуддин Бағдодийдан бу машъум хабарни эшитган шайх  ғамгин шивирлади:

— Ё Оллоҳ, кароматинг тўғри чиқди… Маждиддин дарёда нобуд бўлди.

Сўнг бошини саждага қўйди ва узоқ ибодат билан машғул бўлди. Бошини саждадан кўтаргач, ўрнидан туриб шогирдларига қарата айтди:

— Ҳазрати Иззатдан фарзандим қони эвазига тавонлик тиладим. Тилагим ижобат бўлғай…

Хонақоҳда айтилган бу сўзлар тезда хуфиялар томонидан Хоразмшоҳ қулоғига етказилди. Султоннинг ўзи тунги қилмишидан ғоятда пушаймон эди, унинг қулоғига қуйилган гап туҳмат экан. Боз устига онасининг қаттиқ ранжиганидан ҳам хабар топиб, нима қилишини билмай ўтирарди. Шайх Кубронинг сўзларини эшитиб, қўрқиб кетди. Сўнг ҳузуридаги одамлардан маслаҳат тилади. Бирор арзирли гап чиқмагач, бир қарорга келди. Пиёда юриб шайх хонақоҳига етди. Ёнидаги мулозимларнинг бири тиллаю кумуш уюлган баркаш, иккинчиси қиличу кафанлик матони кўтариб олган эди. Муҳаммад Хоразмшоҳ пойгакда тўхтаб, бошини яланғочлади, сўнг:

— Агар товон тиласангиз, мана зар, агар қасос тиласангиз, мана қиличу мана бошим, — деди.

Шайх Кубро ўтирган жойидан қўзғалмади. Сўнг олдидаги лавҳда турган китобга кафтини қўйиб, оғиз очди:
— Кона фи ал-китоби мастуран…

Муҳаммад Хоразмшоҳнинг анграйиб турганини кўриб, қайтарди:

— Ҳукм улуғ китобда қайд этилган. Зулм қилишнинг, одамларга озор беришдан тийилмасликнинг товони ҳам зулм кўриш, озор чекиш. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмайди. Жазо яқин…

Муҳаммад Хоразмшоҳ ғазабини ичига ютди, қаҳрдан лаблари титраса-да, ўзини қўлга олди ва кескин бурилиб, шошилинч саройга қайтди. Ўша куни яна саҳаргача тўйиб ичди. У Шайх Кубронинг “Жазо яқин” деган сўзини базм давомида қайта-қайта эслар, ҳар сафар ичидан чиқишга уринган ғазаб алангасини шароб сели билан ўчирарди. Наҳотки, шайх мамлакат сарҳадларида пайдо бўлган мўғул лашкарларини назарда тутаётган бўлса? Наҳотки шайх жазо мана шу лашкарлар ҳукмдори ғайридин Чингизхон томонидан бўлажагини айтаётган бўлса?! Йўқ, йўқ, унга тенг келадиган султон на шарқда, на мағрибда бор! Ҳали у бадбахт халифани жазосини беради, ўз ҳукмини тан олдирмагунча қўймайди, керак бўлса, Бағдодга ҳам қўшин бошлаб боради. Чингизхон дегани ким бўпти?! Бир четда – дунёдан узоқ ва бехабар ҳолда яшаган қашшоқларнинг ҳукмдори-да!

Аммо шайхнинг гапларини ўйларкан, Хоразмшоҳ ичида қўрқув… йўқ, йўқ, қўрқув эмас, кейинги пайтларда тобора кучайиб бораётган шубҳа ва гумон ғимирлаб, ўзига тинчлик бермаётганини сезарди. Қўрқув ҳам, шубҳаю-гумон ҳам илондек совуқ бир нарса. Ҳақиқатан ҳам Муҳаммад Хоразмшоҳга тенг келадиган ҳукмдор на машриқда, на мағрибда бор эди. Аммо сўнгги йилларда юрагини тобора сиқувга солаётган совуқ илон оғуси ўзи билан баробар итоатидаги салтанатини ҳам ҳалок этажагидан у бехабар эди…

Орадан саноқсиз йиллар, кўп асрлар ўтади. Хоразмда Шайх Кубро ҳақида ғаройиб қиссалар, ажойиб ривоятлар, ҳикматомуз нақллар тўқилади. Уларнинг орасида шайхнинг эрта жувонмарг бўлган шогирди ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб ривоятлар ҳам бўлади. Мана шуларнинг бири:

Эмишким, Бағдод шаҳрида бир яҳудий  бева аёл ёшгина ўғлони билан яшар экан. Аёлнинг касби табибчилик экан. Бир куни бева аёл туш кўрибди. Тушида оппоқ кийинган, сиймосидан нур ёғилиб турган чол унга шундай дебди: “Ўрнингдан тургин-да, ўғлингни олиб Хоразм мулкига отлан. Ўша ерда Шайх Кубро исмли бир мўътабар авлиё яшайди. Ўғлингни унинг қўлига топшир. Ягона Оллоҳ ҳаққи гувоҳлик бераман: ўғлингнинг камоли ўша шайх билан бўлажак, ўн йилдан сўнг фарзандинг довруғи оламни тутажак!”

Бева аёл уйғонгач, ҳовли-жойини сотиб, ўғли билан Хоразм томон йўл олибди. Гурганжга етиб келгач, Шайх Кубро хонақоҳини излаб борибди. Аёл остонага етар-етмай, Шайх Кубро унга пешвоз чиқибди ва айтибдиким: “Мен сизларни ўша сен туш кўрган кундан буён кутаман”. Аёл шайхнинг валийлигига иқрор бўлиб, ҳангу  манг бўлибди. Сўнг фарзандини шайх қўлига топширибди.

Аму жўшиб оқаверибди, кунлар ўтаверибди. Шайх тарбиясига кирган бола ҳам улғайиб бораверибди. Устози нима ишга буюрмасин, бўйин товламай бажарибди. Бева аёл бир куни келиб кўрса, ўғли ҳожатхонани тозалаётган экан. “Мен шу ниятда ўғлимни шайх тарбиясига берганмидим, наҳотки ўғлимнинг камоли учун шу иш жоиз бўлса? Яхшиси, унга ўз касбимни ўргатганим маъқул эмасми?!” – деб ўйлабди, тушида айтилган кароматга шубҳа қилибди. Худди ўша пайт қаршисида Шайх Кубро пайдо бўлиб айтибди: “Шубҳа қилма, эй хотун! Ҳеч қандай меҳнатнинг уяти йўқдур, инонки, ўғлингни камолатини ҳали кўражаксан!”

Яна кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтибди. Ўғлон онасидан табобатни, устозидан қолган барча илмни қунт билан ўрганиб камолга етишибди. Идроки етилиб, ислом динини қабул қилибди. Шайх унга Маждиддин деб ном берибди.

Маждиддин ўз устозига садоқат билан хизмат қилар, садоқатда унга тенглашадиган мурид топилмас экан. Шу садоқати туфайли устозининг беқиёс меҳрини қозониб, шу меҳр туфайли иши ривож топиб бораркан, унинг шон-шуҳрати чор-атрофга ёйила бошлабди.

Аммо тўсатдан душманлар Хоразм мулкига бостириб кириб, Гурганжни қамал қилибди. Қамал узоқ давом этибди. Душман қанча уринмасин, шаҳарни ололмабди. Шунда душман Амударёдаги бандни бузиб, шаҳарни сувсиз қолдирибди.

Бир куни Шайх Кубро Маждиддиндан таҳорат учун сув келтиришни сўрабди. Маждиддин қараса, хонақоҳда сув қолмаган экан. Чор-атрофни излаб ҳам сув тополмабди. Аммо устозининг сўзини мудом бажаришга кўниккан шогирд сувсиз қайтишни истамабди. Шу сабабдан у устозига айтмай, девор ошиб Амударё томонга жўнабди. Аммо ёғийлар уни дарё соҳилида тутиб олиб, бошини танасидан жудо қилибдилар.

Таҳоратга сув олиб келиш учун кетган Маждиддинни кутган Шайх Кубро бу ҳолдан бехабар шогирдини сақирибди. Бир чақирибди, дарак йўқ эмиш. Икки чақирибди, дарак йўқ эмиш. Ниҳоят безовталаниб: “Ҳой Маждиддин, ўликмисан-тирикмисан, қайда бўлма, қай ҳолда бўлма, тезроқ етиб кел!” – деб чорлабди. Бу чорловни эшитган Маждиддин ўрнидан туриб, бир қўлида кесилган бошини, иккинчи қўлида сув тўла кўзани кўтариб устози ҳузурига етиб келган экан.

Бу ғаройиб ривоят Шайх Кубро азамати ҳақидагина эмас, шогирднинг устозига бўлган эътиқоди ҳақида ҳамдир.

Хуршид Давроннинг «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари» асарини тўлиқ ўқинг:

047

Majdiddin Bag’dodiy
RUBOIYLAR
Ergash Ochilov tarjimalari
027

047Benazir shoigirdlar tarbiyalagani sabab «Valitarosh» nomi bilan mashhur shayx Najmiddin Kubroning iqtidorli shogirdi Majdiddin Bag’dodiy (1150-1217) turli manbalarning xabar berishicha, Xorazmning Bag’dodak degan qasabasida tug’ilgan. To’liq ismi va kuniyati — Abusaid Majdiddin Sharaf ibn Muayyad ibn Abulfath Bag’dodiy. Mashhur tabib sifatida hukmdorlar saroyida katta mavqega ega bo’lgan.

Majdiddinning ko’ngliga kutilmaganda ilohiy ishq uchquni tushib, Najmiddin Kubroga murid bo’ladi va uning qo’l ostida 15 yil riyozat chekib, «suluklar qildi, oliy marotib hosil qilib, buyuk maqomlarga qadam qo’ydi» (Alisher Navoiy ta’rifi). XIII asr tasavvufi taraqqiyotiga katta ta’sir ko’rsatgan Majdiddin Bag’dodiy Markaziy Osiyo va Shimoliy Fors o’lkasida shuhrat qozongan. «Safar risolasi», «Tuhfat ul-barara» («Yaxshilar sovg’asi») kabi tasavvufga oid asarlari va so’fiyona ruboiylari mavjud.

Rivoyatlarga qaraganda, husnu malohatda o’z davrining Yusufi bo’lgan Majdiddin Xorazmda va’z aytar ekan, Muhammad Xorazmshohning onasi go’zal Turkon xotun ham uning va’z majlislarida ishtirok etar, ba’zida shayxning ziyoratiga ham borar ekan. Bu hol odamlar orasida malika va shayxning bir-biriga muhabbati haqidagi g’iybatlarning to’qilishiga sabab bo’lgan. Bir kuni Xorazmshohning mastligidan foydalangan dushmanlar o’z maqsadlariga erishadilar: «Onang o’zidan ancha yosh shayxning nikohiga kirgan», — deb tuhmat qiladilar. Xorazmshoh darg’azab bo’lib, Majdiddinni Amudaryoga cho’ktirib o’ldirish to’g’risida farmon beradi.

Eron safarida qo’lga kiritganimiz «Ruboiynoma» to’plamida Majdiddin Bag’dodiyning yana 20 ta ruboiysiga duch keldik. Ulardan 8 tasi taniqli rus olimi YE.E. Bertel`s tadqiqotida keltirgan ruboiylar ichida uchrasa, 12 tasi yangidir. Shunday qilib, shayx-shoirning 26 ta ruboiysiga ega bo’ldik. Bu ruboiylar Majdiddin Bag’dodiyning otashin shoir bo’lganligi, ishqu ma’rifatni yuksak pardalarda tarannum etganligidan dalolat beradi.

027

1

Sham bo’lsa yuzing, ko’yida parvona o’zim,
Dardingga qarindosh dil-u, begona o’zim.
Bo’yningda uzalgan o’sha soch zanjirini
Tashla meni gardanimga — devona o’zim!

2

Ishq shabnamidan xoki bashar gil bo’ldi,
Yuz fitnayu sho’r* jahonda hosil bo’ldi.
Jon tomiriga urdilar ishq nashtarini,
Tomdi-yu bir qatra, oti — dil bo’ldi*.
_________
* Sho’r — g’avg’o, to’polon.
* Bu ruboiy Abusaid Abulxayrga xam nisbat beriladi.

3

Ko’nglimda firoq tufayli ming qayg’u bu kun,
Umr ipiga charx soldi tugun uzra tugun.
G’am ustiga g’am qo’shma buzib ahdni yana,
Ko’nglimda firoq tufayli ming qayg’u bu kun.

4

Ul bahri muhitga kirmak istar ko’nglim,
YO cho’ksam-u, yo injuga to’lsa qo’ynim.
Etsaydim ado — ishing xatarli garchi,
Ishq rangiga evrilsa yuzim yo bo’ynim…

5

Dunyosi tugab, qorong’ulik kelsa siqib,
Boshlar ko’tarilganda mazorlarni yiqib,
Bechora shahid tanim ham o’z qoniga g’arq,
To’zoni qiyomat ichra kelmasmi chiqib…

6

Yor kokilining kufridan* iymon yog’ilar
Ham no’shlabidan* chashmai hayvon* yog’ilar.
Ul kakligi xushxirom kabi ra’nosan,
Yursang, qadamingning changidan jon yog’ilar!*
___________
* Kufr — tasavvufda bu dunyo zulmati. Yana: vahdatning kasratda mahv bo’lishi. Haqiqiy kufr abadiy fanodir xam deydilar.
* No’shlab — shirinlab; mahbuba.
* Chashmai hayvon — tiriklik bulog’i, obi hayot.
* Bu ruboiy Abusaid Abulxayrga xam nisbat beriladi.

7

Ey, o’zini ishq ichra biluvchi yakto,
Ta’n etma ko’rib tirikligimni, zero,
Mavjudligim ishq tufayli, jonni etdim —
Ul yorni mushohada qilay deb paydo.

8

Zulfi* deya ming dilda qiyomat qo’pdi,
Bir torini kim topdi-yu, tutdi, o’pdi:
Har kimsaki, topdi — topdi davlat buyuk,
Har kimsaki, topmadi — o’shal dard topdi…
___________
* Zulf — ishqdagi eng yuqori imkon darajasi, erishish nihoyatda qiyin bo’lgan ilohiy xaqiqat timsoli. Zulf yana kufr zulmatiga ishora.

9

Yor xasta ko’ngilni begumon xohlaydi.
So’rdim: ne uchun o’shal chunon xohlaydi?
Ul damki, ko’zimni yo’liga tiksam zor,
Keltirdiki mujda: o’sha jon xohlaydi…

10

Ishq yo’lida kim boshni fido deb bilmas,
Mot etmasa ushshoqni — o’shal komilmas.
Ko’yingda aniq rutbasi* bo’lmas kishining,
To boshdan-oyoq amallaringni qilmas.
__________
* Rutba — unvon, martaba, daraja.

11

Pok etgali tiynatimni* mashg’ul esame,
Ko’k kiyguchilarga* boshu bedil esame,
Mayxo’rga bo’libman endi bir do’sti asir,
May sotguchilarga koshki bir qul esame!
___________
* Tiynat — xulq, fe’l.
* Bu yerda ko’k kiyguvchilar deganda tariqatda muayyan darajaga yetishgani belgisi sifatida ko’k xirqa kiyib yuradigan so’fiylar ko’zda tutilgan.

12

Bir tiyg’i jafo qolgan emas, zebo yor,
To urmagan o’lsa uni dilga ming bor.
Men tavba etarman ishqidan har lahza,
Ming tavbani bir noz ila aylar bekor.

13

So’yla, ey ko’ngil, anglamish asrorini kim?
So’yla, ey quloq, tinglamish guftorini* kim?
Ko’rsatsa-da ma’shuq kecha-kunduz husnin,
So’yla, ey nigoh, ilg’amish diydorini kim?*
__________
* Guftor — so’z, so’zlash, gapirish.
* Bu ruboiy Abu Ali ibn Sinoga ham nisbat beriladi.

14

Charx, oyu kun orzuyi visolingda sening,
Sarvu gulu lola quldir oldingda sening,
Pokiza malaklarning arvohi mudom
Abjad o’qishar lavhi xayolingda sening*.
__________
* Misraning ma’nosi: Har lahza oshiqlik darsini o’qishadi.

15

Ey, nusxasisan ilohiy nomani o’zing,
Haq husnining oyinasidir nurli yuzing.
Yo’q hech ne jahrnda sendan tashqarida,
Har ne tilasang, o’zingdadir — ko’rsa ko’zing.

16

Gar yor meni o’z itim, deya lutf etar,
YO inidan uchgan o’z qushim, deb atar.
Har nom ila tilga olsa-da, xushholman,
O’zimniki degan shu so’zi menga yetar!

17

Ishq oldi mendan dilni ham, dunyoni ham,
Aqlim-ku yo’q erdi, qo’ymadi savdoni ham.
Dedim: dilu dunyo bo’lmasa, din bordir,
O’lim seli oqizdi-yu-ketdi oni ham…

18

Sobit kishilarki, ostoningda yashar,
Yo’lingda shahid bo’lishsa, joningda yashar.
Ul obi hayot ham bu qadar tirguzmas,
Ishqingdan olib jon, do’stlar yoningda yashar.

19

To jonim bor — bo’lay sening posboning,
Manzilu makon menga aziz ostoning.
To bir kuni sodiq itlaring zumrasida
Olsang meni tilga, bas, bu jon qurboning!

20

Yor zulfi aro tushsa agar bitta tugun,
Yuz bitta jarohat paydo dilda shu kun.
Ul dilda-yu, dil qoni ko’zimda qotmish,
Ul baxt guli ko’ksimda yuz ochmaydi nechun?!

21

Ey yor, bilasanmi, dedim, oshiqlik ila:
Bechora ko’zim mening nega yoshga to’la?
Paydo bo’ladi ikki ko’zimning qa’ridan
Shirin labing orzusida daryo bir yo’la.

22

Har kimsaki, bo’lsa bandalikdan ozod,
Bo’lmas g’amdan g’amgin-u, shodlikdan shod.
Ko’ngilni nazargoh, aylagan Ollohdan —
Ayri tushib, u umrini etgan barbod.

23

Kim bo’lsa agar yaxshi-yomondan ogoh,
Har yaxshi-yomondan qo’lini tortar, oh.
Dil bor edi-yu ilgari, ming andisha,
Endi barisi «lo iloha illalloh».

24

Lutfingdan emasdir noumid hech inson,
Kim topsa seni mangu hayotdir ehson.
Qay zarraga bir lahza lutf etgan esang,
Yuksaldi u zarra ming quyoshdan chandon*.
____________
* Bu ruboiy Abusaid Abulxayrga ham nisbat beriladi.

25

Zar xavfi yiroqdir bu jahon darveshidan,
Tig’ dahshati lozim emas oshiq kishidan.
Ey, bosh olishimdan cho’chiysan muncha —
Haq oshig’i xolimasmi bosh tashvishidan?!

26

Jon ichra men ishqingni nihon qilganman,
Dardingni sevib, mahrami jon qilganman.
Dunyo g’amidan kechmasa, bu dil birlan
Sen haqda musohiba qachon qilganman?!

Xurshid DAVRON
«SHAHIDLAR SHOHI YOXUD NAJMIDDIN
KUBRO TUSHLARI» QISSASIDAN
044

051Shayx Kubro oldidagi kitobga bosh egib turgani bilan ko’zlari yumuq edi. U Zamaxshariy tafsirini yoddan bilardi. Shayx shahar ostonasida qonxo’r g’ayridinlar galasi turganidan, erta-indin shahar zabt etilishidan, hatto so’nggi jangda shahid ketishidan ham xabardor, shu qutlug’ ayyom yaqinlashayotganini ich-ichidan tuyib ruhiy ustozi kitobi oldida tiz cho’kib o’tirgancha, ul ulug’ zotga g’oyibona tashakkurlar aytar, Movarounnahr tuprog’iga mo’ru malaxdek yopirilib kirgan kufforlarning kirdikorlari ayrim kimsalar xudbinligi, badniyat orzularga qul bo’lgani tufayli bo’layotgani uchun yolg’iz o’zi gunohkordek marhamatli Tangridan uzri-ma’zur so’rar edi.

Shayx Kubro bir umr zo’ravonlik, zulm dushmani bo’ldi. Chunki hamma harom narsa mana shu zo’ravonlik, zulm va jaholat tufayli emasmi?! Uning yo’li ulug’ so’fiylar yo’lining davomi edi. Bu yo’l ham mashaqqatli, ham sharafli yo’ldir. Inshoolloh, uni shogirdlari davom ettirajak.

Alhaq, Movarounnahru-Xurosonning ko’p azamatli o’g’lonlari uning xonaqosi ostonasidan hatlab, unga iqtido etdilar. Shayx ularning har birini farzanddek aziz ko’rdi, ammo qattiqqo’l otadek ularning yigitlarga xos qaysarliklarini bukib, har birining ko’ngliga yo’l topdi, ularning beozor, ammo xira ko’ngil oynalarini yoz osmonidek musaffo etdi, ularda o’z bulutlarini suzdirdi, yulduzlaru oyu quyoshini porlatdi. Tariqat yo’li – Haqni tanish yo’lidan hech qachon qayrilmasliklari uchun ularning irodalarini ham turmush, ham ilm, ham tariqat sinovlari bilan tobladi, toblarkan, tasavvuf na rusum, na ulum, balki ehtiyoj ekanini, agar rusum bo’lganda edi, harakat bilan qo’lga kiritmoq mumkinligini, agar ilm bo’lganda, ta’lim bilan hosil qilishini, Olloh mulkiga esa na rusum va na ilm bilan kirib bo’lmasligini uqtirdi. Bu shogirdlarning har biri bitta yo’ldan yurar, ammo har birining o’z manzili tayin edi.

O’nlab shogirdlari ichida Majdiddin Bag’dodiy bilan Sayfiddin Boxarziyga uning bo’lakcha bir mehru-munosabati bor edi. ayniqsa, Xorazmning Bag’dodak mavzesidan bo’lgan Majdiddinga. Majdiddin avval hech ko’rilmagan qisqa bir muddatda murshidlik huquqi – ijozat olishga musharraf bo’ldi. Shayx Kubro dargohiga ilk qadam qo’yganida, u his-hayajonga o’ta moyil yigit edi. Shayx uni xuddi bog’bon noyob gul ko’chatini ehtiyotlab o’stirgandek, qunt va sabr bilan parvarishladi. Ammo bari bir shogirdi tabiatida hayajon ustunligicha qolaverdi. Valitarosh uning bu hayajoni asosiy maqsadga erishishda halaqit berishidan qo’rqardi. Ammo Majdiddinning o’zi ham oxir-oqibat buni angladi, hayajonini jilovlab, undan mohirlik bilan foydalandi. Boshqalar ming mashaqqat bilan yetishadigan holga mana shu hayajon tufayli oniy lahzada erishadigan bo’ldi.

Mana shu hayajoni tufayli so’fiylikning oliy san’ati – g’ayb ul-lisonni egalladi. O’, qanday go’zal satrlar bitishi mumkin edi u! Vodarig’kim, qismati qora ekan…

Shayx Kubro bo’lib o’tgan mash’um voqeadan so’ng shogirdidan qolgan qog’ozlar ichidan chiqqan bir ruboiyni eslab, unsiz larzaga tushdi. Bu ruboiyni necha marta o’qimasin, har gal uning vujudida titroq aralash bir azob zohir bo’lardi. “Nahotki Majdiddinning o’zi ham qismatini oldindan bilgan bo’lsa?” – deya o’ylarkan, shogirdining ruboiysini munavvash hol shivirlab o’qirdi:

Dar bahri muhit g’o’ta xoham xo’rdan,
YO g’arqa, shudan, yo guhare ovardan.
Kori tu muxotar ast, xoham kardan,
YO surx kunam ro’yi zi tu, yo gardan!

(Mazmuni: Bahri muhit aro sho’ng’isam deyman, yo g’arq bo’lmoq, yoki gavhar keltirmoq istayman. Sening ishing xatarlidir, bajo qilsam deyman, yo yuzingni ol etsam va yoki bo’ynimni).

Majdiddin tabobatda ham beqiyos edi. U ko’p kishilarni, shu jumladan ustozini ham og’ir darddan xalos etdi. Hatto shu yo’ldan borganida ham u o’z davrining Sinosiga aylanishi mumkin edi. Afsus, ming bor afsuskim, Majdiddin ustozining ko’p gaplarini uqmoqni istamadi. O’zini dunyo egalari deb bilgan sultonlarning kasofatli saroylariga bordi, saltanat ishlariga aralashdi, buning oqibatida erta nobud bo’ldi.

Majdiddinning lison ul-g’ayb – she’riyatdagi iqtidori kundan-kun kuchayib bordi, saltanatda uning nomi og’izdan-og’izga o’tib, to’rt tarafga taraldi. To’rt tomondan uning huzuriga murshidi muqtadolik tilab shogirdlar kela boshladilar. Nishopurlik mashhur so’fiy Fariduddin Attor ham Majdiddin Nishopurda bo’lganida o’zini uning muridi deb bildi, necha vaqt uning xizmatida o’tirdi.

Badfe’l Turkon xotun yosh shayx dovrug’ini eshitishi zahoti uni o’z huzuriga chorladi. Birinchi suhbatdayoq Majdiddin Bag’dodiy malika e’tiborini qozonishga erishdi. Uning she’rlaridagi aql va ehtiros bu dili qattol ayolni rom etdi. Shayxning ko’zlaridagi yoshlik olovi uning qarilik faslining sovuqlarida diydiragan yuragini ilitgandek bo’ldi. Qish payti muzlab yotgan biyobonda adashgan yo’lchi to’satdan oldidan chiqqan gulxan ustiga o’zini tashlagandek, malika ham zulmatu fisq-fujurdan iborat hayotiga dumli yulduzdek otilib kirgan shayxning etagini mahkam ushlab oldi. Shayx ham malikani taqvodorlik yo’liga boshlash niyatida u bilan muntazam suhbatlar qurardi. Ustiga ustak, Majdiddinning Xorazmshoh saroyida munshiy va dabir bo’lib xizmat qiladigan birodari Bahouddin Bag’dodiy inisining malika nazarida kuchayib borayotgan e’tiboridan foydalanib, saroydagi o’rnini mustahkamlash, o’z ta’sir doirasini kengaytirishni istar, shu niyatda yosh shayxni Turkon xotun huzuriga tez-tez kelishi uchun turli bahonayu sabablar o’ylab topardi.

Shogirdining saroyga serqatnov bo’lib qolganidan tashvishlangan Shayx Kubro uni huzuriga chorlab, pand-nasihat berishga urindi.

— Bo’tam, — dedi u, — bu dunyoda o’zini zo’r deb bilganlarning ko’zi ko’r bo’ladi. Men sizga dunyo-yu oxirat yaxshiligini Rasululloh alayhissalomning sunnatiga ergashishda, ne’matning to’la va mukammal bo’lishini ne’mat beruvchidan minnatdor bo’lishda deb o’rgatdim. Tinchlik va farog’at izlagan qalbingiz yo’li podshohlarni tark etish, uzlatla chekinish, deb saboq berdim. Axir Piri Ansoriy “Sultonlardan barhazar bo’ling va ularning navozishidan qo’rqing!” – demaganmidilar?! Aldanishdan saqlaning! Saqlaning!

— Ustoz, — dedi shunda Majdiddin, — saboqlaringiz qulog’imda, Ollohning nomi tilimda, hidoyat afsari dilimda. Siz barcha podshohlarni o’z dabdabasi bilan ovora bo’lib, o’zlaridan ham, o’zlarida sodir bo’layotgan narsalardan ham bexabar, deb aytganlaringiz esimda. Shu sabab ularning ko’zini ochmoqni niyat qildim. Muhtarama malika o’z gunohlaridan xijolatda, o’g’li bo’lmish sultoni zamonni shu yo’lga undash istagida. Shariatu dinning poydevori sabr bilan ishonch, deb aytardingiz, hazratim. Sabr va ishonch ila shu yo’ldan boray…

Shayx Kubro ko’z yumib, bosh chayqadi va alam bilan pichirladi:

— Bo’tam, sultonlarni nafs boshqaradi. So’zlaringiz nafs uyg’onguncha kor qilg’ay, uyg’onsa, unutgaylar…

Shayx shu so’zni aytdi-yu, shogirdiga pand-nasihat kor qilmasligini anglab, indamay xonaqohiga kirib ketdi. Oradan oz vaqt o’tmay, bir kuni, oqshom darveshlar suhbatida Majdiddin ustoziga shukronalar aytmoq bo’lib, shunday dedi:

— Tush ko’rdim. Biz daryo sohilidagi qumloqda yotgan tuxumlar emishmiz. Hazrati shayximiz qush bo’lib uchib kelmishlar. Ul kishi bizni tuxum ichidan tashqariga chiqardilar. Chiqibmizu shayximizni sohilda qoldirib, yomon bolalardek daryoga qarab yuguribmiz…

Shayx Kubro shogirdining so’zlarini eshitib, og’ir o’yga toldi. Keyin suhbat oxirigacha gapirmay, Majdiddinga o’qtin-o’qtin tikilaverdi va nihoyat mahzun ahvolda og’iz ochdi:

— Bo’tam, karomatli tush ko’ribsiz. Bu tush sizni daryoda nobud bo’lishingizga ishoratdur.

062Majdiddin Bag’dodiy ustozining bu so’zini eshitib, qo’rqib ketdi. Nima qilishini bilmay, indamay chiqib ketdi. Bir necha kun uning daragi bo’lmadi. Oxiri shayx xizmatida yurgan Sa’diddin Hamaviydan ustozining vaqti xush bo’lgan paytda o’ziga xabar berishni o’tindi. Shunday xabar yetishi bilan oyoqyalang holda shayx xonaqohi poygagiga kelib to’xtadi. Najmiddin Kubro uni ichkariga chorladi.

— Bo’tam, — deb nap boshladi odatdagidek Shayx Kubro, — imoningiz pok, ishonchingiz mustahkam, haqiqat yo’lidan yurdingiz. Ammo siz boshingizdan ayrilursiz va tanangiz daryoda g’arq bo’lib, nobud bo’lgaysiz… Buni o’zga emas, o’zingiz karomat qildingiz, men uni yetkurdim, xolos.

Majdiddin ustozining so’zlarini indamay eshitdi. Shayxning bosiq ovozida unga nisbatan na achinish, na rizolik tuyg’usi bor edi:

— Ul tush sizning nobud bo’lishingizga ishora bo’lsa, sizning o’limingiz Xorazm sardorlari boshiga tushadigan falokatlarga ishoradur. Xorazm xarob bo’lg’ay, Gurganj suvga g’arq bo’lg’ay.

Shayx shunday dedi-yu, boshini egdi, ichida nimalarnidir pichirlab o’qiy boshladi. Majdiddin o’zini ustozi oyog’i ostiga tashladi. Najmiddin Kubro shogirdining boshini silashga qo’l cho’zdi-yu, qo’li muallaq qoldi. Bu ishi shogirdiga nisbatan zulm bo’lajagini anglab, qo’lini tortdi.

Mash’um karomat tez kunlarda amalga oshdi. Majdiddin Bag’dodiy malika Turkon xotun e’tiborini to’la qozonib olayotganini ko’rgan saroydagi ayrim hasadchilar Muhammad Xorazmshohga yosh shayx bitgan she’rlardagi muhabbat tuyg’ulari malikaga qaratilgani haqida yolg’on-yashiq gaplarni yetkazdilar. Xorazmshohning qattiq jahli chiqdi. Ammo qo’shin va devonda onasining urug’-aymoqlari barqaror ekanini bilgani uchun qat’iy harakat qilishdan cho’chib, alamini ichiga yutdi. Ammo kunlardan bir kun saroydagi bazm avjiga chiqib, Xorazmshoh qattiq mast bo’lib qolganini ko’rib, Bag’dodiyning dushmanlari so’nggi hiylani ishga soldilar. Ular Xorazmshoh qulog’iga: “Onaningiz – muhtarama malika Imom Abuhoshim mazhabiga, eng dahshatlisi Majdiddin Bag’dodiydek yosh kimsa nikohiga o’tdilar”, — deb yolg’on so’zni quydilar. Badmast hukmdor g’azablanganidan qilichini sug’urib, oldida turgan may to’la meshni parcha-parcha qilib tashladi. So’ng “Shu zahotiyoq Majdiddin Bag’dodiyni tutib, boshini tanidan judo qiling! Jasadini daryoga tashlab, baliqlarga yem qiling!” – deya baqirdi. Qora kiyingan navkarlar guruhi Xorazmshoh amrini amalga oshirish uchun saroydan ot choptirib chiqqanida Gurganj ahli uyquda edi.

Tongda huzuriga faryod solib kelgan Bahouddin Bag’dodiydan bu mash’um xabarni eshitgan shayx g’amgin shivirladi:

— YO Olloh, karomating to’g’ri chiqdi… Majdiddin daryoda nobud bo’ldi.

So’ng boshini sajdaga qo’ydi va uzoq ibodat bilan mashg’ul bo’ldi. Boshini sajdadan ko’targach, o’rnidan turib shogirdlariga qarata aytdi:

— Hazrati Izzatdan farzandim qoni evaziga tavonlik tiladim. Tilagim ijobat bo’lg’ay…

Xonaqohda aytilgan bu so’zlar tezda xufiyalar tomonidan Xorazmshoh qulog’iga yetkazildi. Sultonning o’zi tungi qilmishidan g’oyatda pushaymon edi, uning qulog’iga quyilgan gap tuhmat ekan. Boz ustiga onasining qattiq ranjiganidan ham xabar topib, nima qilishini bilmay o’tirardi. Shayx Kubroning so’zlarini eshitib, qo’rqib ketdi. So’ng huzuridagi odamlardan maslahat tiladi. Biror arzirli gap chiqmagach, bir qarorga keldi. Piyoda yurib shayx xonaqohiga yetdi. Yonidagi mulozimlarning biri tillayu kumush uyulgan barkash, ikkinchisi qilichu kafanlik matoni ko’tarib olgan edi. Muhammad Xorazmshoh poygakda to’xtab, boshini yalang’ochladi, so’ng:

— Agar tovon tilasangiz, mana zar, agar qasos tilasangiz, mana qilichu mana boshim, — dedi.

Shayx Kubro o’tirgan joyidan qo’zg’almadi. So’ng oldidagi lavhda turgan kitobga kaftini qo’yib, og’iz ochdi:
— Kona fi al-kitobi masturan…

Muhammad Xorazmshohning angrayib turganini ko’rib, qaytardi:

— Hukm ulug’ kitobda qayd etilgan. Zulm qilishning, odamlarga ozor berishdan tiyilmaslikning tovoni ham zulm ko’rish, ozor chekish. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaydi. Jazo yaqin…

Muhammad Xorazmshoh g’azabini ichiga yutdi, qahrdan lablari titrasa-da, o’zini qo’lga oldi va keskin burilib, shoshilinch saroyga qaytdi. O’sha kuni yana sahargacha to’yib ichdi. U Shayx Kubroning “Jazo yaqin” degan so’zini bazm davomida qayta-qayta eslar, har safar ichidan chiqishga uringan g’azab alangasini sharob seli bilan o’chirardi. Nahotki, shayx mamlakat sarhadlarida paydo bo’lgan mo’g’ul lashkarlarini nazarda tutayotgan bo’lsa? Nahotki shayx jazo mana shu lashkarlar hukmdori g’ayridin Chingizxon tomonidan bo’lajagini aytayotgan bo’lsa?! Yo’q, yo’q, unga teng keladigan sulton na sharqda, na mag’ribda bor! Hali u badbaxt xalifani jazosini beradi, o’z hukmini tan oldirmaguncha qo’ymaydi, kerak bo’lsa, Bag’dodga ham qo’shin boshlab boradi. Chingizxon degani kim bo’pti?! Bir chetda – dunyodan uzoq va bexabar holda yashagan qashshoqlarning hukmdori-da!

Ammo shayxning gaplarini o’ylarkan, Xorazmshoh ichida qo’rquv… yo’q, yo’q, qo’rquv emas, keyingi paytlarda tobora kuchayib borayotgan shubha va gumon g’imirlab, o’ziga tinchlik bermayotganini
sezardi. Qo’rquv ham, shubhayu-gumon ham ilondek sovuq bir narsa. Haqiqatan ham Muhammad Xorazmshohga teng keladigan hukmdor na mashriqda, na mag’ribda bor edi. Ammo so’nggi yillarda yuragini tobora siquvga solayotgan sovuq ilon og’usi o’zi bilan
barobar itoatidagi saltanatini ham halok etajagidan u bexabar edi…

Oradan sanoqsiz yillar, ko’p asrlar o’tadi. Xorazmda Shayx Kubro haqida g’aroyib qissalar, ajoyib rivoyatlar, hikmatomuz naqllar to’qiladi. Ularning orasida shayxning erta juvonmarg bo’lgan shogirdi haqida hikoya qiluvchi ko’plab rivoyatlar ham bo’ladi. Mana shularning biri:

Emishkim, Bag’dod shahrida bir yahudiy beva ayol yoshgina o’g’loni bilan yashar ekan. Ayolning kasbi tabibchilik ekan. Bir kuni beva ayol tush ko’ribdi. Tushida oppoq kiyingan, siymosidan nur yog’ilib turgan chol unga shunday debdi: “O’rningdan turgin-da, o’g’lingni olib Xorazm mulkiga otlan. O’sha yerda Shayx Kubro ismli bir mo»tabar avliyo yashaydi. O’g’lingni uning qo’liga topshir. Yagona Olloh haqqi guvohlik beraman: o’g’lingning kamoli o’sha shayx bilan bo’lajak, o’n yildan so’ng farzanding dovrug’i olamni tutajak!”

Beva ayol uyg’ongach, hovli-joyini sotib, o’g’li bilan Xorazm tomon yo’l olibdi. Gurganjga yetib kelgach, Shayx Kubro xonaqohini izlab boribdi. Ayol ostonaga yetar-yetmay, Shayx Kubro unga peshvoz chiqibdi va aytibdikim: “Men sizlarni o’sha sen tush ko’rgan kundan buyon kutaman”. Ayol shayxning valiyligiga iqror bo’lib, hangu mang bo’libdi. So’ng farzandini shayx qo’liga topshiribdi.

Amu jo’shib oqaveribdi, kunlar o’taveribdi. Shayx tarbiyasiga kirgan bola ham ulg’ayib boraveribdi. Ustozi nima ishga buyurmasin, bo’yin tovlamay bajaribdi. Beva ayol bir kuni kelib ko’rsa, o’g’li hojatxonani tozalayotgan ekan. “Men shu niyatda o’g’limni shayx tarbiyasiga berganmidim, nahotki o’g’limning kamoli uchun shu ish joiz bo’lsa? Yaxshisi, unga o’z kasbimni o’rgatganim ma’qul emasmi?!” – deb o’ylabdi, tushida aytilgan karomatga shubha qilibdi. Xuddi o’sha payt qarshisida Shayx Kubro paydo bo’lib aytibdi: “Shubha qilma, ey xotun! Hech qanday mehnatning uyati yo’qdur, inonki, o’g’lingni kamolatini hali ko’rajaksan!”

Yana kunlar ketidan oylar, oylar ketidan yillar o’tibdi. O’g’lon onasidan tabobatni, ustozidan qolgan barcha ilmni qunt bilan o’rganib kamolga yetishibdi. Idroki yetilib, islom dinini qabul qilibdi. Shayx unga Majdiddin deb nom beribdi.

Majdiddin o’z ustoziga sadoqat bilan xizmat qilar, sadoqatda unga tenglashadigan murid topilmas ekan. Shu sadoqati tufayli ustozining beqiyos mehrini qozonib, shu mehr tufayli ishi rivoj topib borarkan, uning shon-shuhrati chor-atrofga yoyila boshlabdi.

Ammo to’satdan dushmanlar Xorazm mulkiga bostirib kirib, Gurganjni qamal qilibdi. Qamal uzoq davom etibdi. Dushman qancha urinmasin, shaharni ololmabdi. Shunda dushman Amudaryodagi
bandni buzib, shaharni suvsiz qoldiribdi.

Bir kuni Shayx Kubro Majdiddindan tahorat uchun suv keltirishni so’rabdi. Majdiddin qarasa, xonaqohda suv qolmagan ekan. Chor-atrofni izlab ham suv topolmabdi. Ammo ustozining so’zini mudom bajarishga ko’nikkan shogird suvsiz qaytishni istamabdi. Shu sababdan u ustoziga aytmay, devor oshib Amudaryo tomonga jo’nabdi. Ammo yog’iylar uni daryo sohilida tutib olib, boshini tanasidan judo qilibdilar.

Tahoratga suv olib kelish uchun ketgan Majdiddinni kutgan Shayx Kubro bu holdan bexabar shogirdini saqiribdi. Bir chaqiribdi, darak yo’q emish. Ikki chaqiribdi, darak yo’q emish. Nihoyat bezovtalanib: “Hoy Majdiddin, o’likmisan-tirikmisan, qayda bo’lma, qay holda bo’lma, tezroq yetib kel!” – deb chorlabdi. Bu chorlovni eshitgan Majdiddin o’rnidan turib, bir qo’lida kesilgan boshini, ikkinchi qo’lida suv to’la ko’zani ko’tarib ustozi huzuriga yetib kelgan ekan.

Bu g’aroyib rivoyat Shayx Kubro azamati haqidagina emas, shogirdning ustoziga bo’lgan e’tiqodi haqida hamdir.

047

(Tashriflar: umumiy 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring