Shayx Najmiddin Kubro. Ruboiylar.

011
Машҳур шайх, йирик тасаввуф олими, халқ қаҳрамони ва оташнафас шоир Нажмиддин Кубро (1145—1221) Хива яқинидаги ҳозирги Саёт қишлоғида туғилган. Унинг тўлиқ исми — Аҳмад ибн Умар Абулжанноб Нажмиддин ал-Кубро ал-Хивақий ал-Хоразмий. «Шайхи валийтарош» — «Авлиёлар етиштирадиган шайх» номи билан шуҳрат қозонган бу улуғ инсон тасаввуфдаги машҳур кубравия тариқатига асос солган. Бу тариқат аҳллари хуфия зикрни тарғиб этганлар. Кубравия таълимоти асосан Марказий Осиё ва қисман Эронга тарқалган (Шайх Кубронинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот олишни истасангиз,Хуршид Давроннинг «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари» асарини мана бу саҳифада ўқинг).

Шайх Нажмиддин Кубронинг ўнга яқин асарлари фанга маълум. Унинг, айниқса, «Ал-усул ал-ашара» («Ўнта усул»), «Фавойиҳ ул-жамол ва фавотиҳ ул-жалол» («Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи»), «Рисолат ул-ҳоиф ул-ҳоим ан лавмат ил-лоим» («Қўрқувчи овворалар ва маломат этгувчи маломатийлар ҳақида»), «Тафсир», «Шарҳ ус-сунна вал-масолик» («Сунна ва эзгуликлар шарҳи») китоблари машҳур. Кубро ўз асарларини асосан араб тилида ёзган. Фақат бошловчи сўфийлар учун қўлланма сифатида яратилган «Фи одоб ус-соликин» («Соликлар одоби ҳақида») асари ва рубоийларини форсийда битган. Инглиз шарқшуноси Ж.С.Тримингэм «Соликлар одоби ҳақида» асари тасаввуфнинг эронийлашувида муҳим босқич бўлганлигини қайд этади.

Нажмиддин Кубро ислом аҳкомлари ва тасаввуф талабларини халқ ўртасида назарий жиҳатдан тарғиб-ташвиқ қилиш билангина кифояланмай, ўзининг мардона хатти-ҳаракати билан уни амалда ҳам кўрсатади. Гап шундаки, мўғул галалари Хоразм тупроғига бостириб келганида у бошқа ўлкалардан келган муридларининг бегона заминда ўлиб кетишларини истамай, уларни туғилган юртларига жўнатиб юборади, ўзи эса шаҳар мудофаасига отланади. Шогирдларининг бирга кетиш тўғрисидаги таклифларига жавобан: «Мен шу ерда шаҳид бўламан. Менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ!» — дейди ва қўлига шамшир тутиб, қўйнига тош тўлдириб, ёв қаршисига чиқади. Уларга тош отади, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Душманлар унга камондан ўқ узадилар. Ўқлардан бири Шайхнинг кўкрагига санчилади. Шаҳид бўлаётган пайтда у душман қўлидан байроғини тортиб олиб, шу даражада маҳкам сиқиб ушлаганки, ўн киши бўлиб ҳам унинг қўлидан байроқни олишолмагач, бармоқларини кесишга мажбур бўлишган.

Баъзи бир тадқиқотчилар Кубронинг «Рубоийлар» китоби ҳам мавжудлиги тўғрисида маълумот берган бўлсалар-да, бу ноёб тўплам ҳали топилган эмас. Биз фақат атоқли шарқшунос Е.Э.Бертельс томонидан Кубро қаламига мансублиги тахмин қилиниб, турли тазкира ва баёзлардан танлаб олинган ва олимнинг «Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти» китобида келтирилган 25 та рубоийгагина эгамиз[1]. Эронда нашр этилган «Рубоийнома» тўпламида ҳам шайх-шоирнинг 8 та рубоийси келтирилган бўлиб, улардан фақат биттаси Е.Э. Бертельс келтирган рубоийлар орасида учрамайди[2]. Демак, ҳозиргача бизга буюк ватандошимиз ижодига тегишли 26 та рубоий маълум.

Бу рубоийлар нисбатан қисқа фурсат ичида уч марта ўзбек тилига ўгирилди. Дастлаб Жамол Камол уларни анъанавий вазни ва мумтоз услубини сақлаган ҳолда ўзбекчалаштирди[3]. Кейин Нажмиддин Кубро таваллудининг 850 йиллиги муносабати билан Матназар Абдулҳаким бу рубоийларнинг янги таржимасини амалга оширди[4].

Нажмиддин Кубро қаламига мансуб рубоийлар, асосан, тасаввуф дунёқараши тарғибига — Ҳақиқатни излаш, Оллоҳга бўлган ишқни куйлаш, Ҳақ йўлига даъват қилиш, Оллоҳ муҳаббатини қозониш мақсадида тариқатга кирган соликнинг ҳол ва мақомотнинг турли босқичларидаги ўй ва кечинмалари, ранжу изтиробларини тасвирлаш, сўфий-дарвешларни улуғлаш, Ҳақнинг мазҳари бўлмиш маъшуқа гўзаллигини таъриф-тавсиф этиш, гоҳ висол умиди, гоҳ ҳижрон азобидаги ошиқ ҳолатини ифодалашга бағишланган. Бу рубоийларда ишқни тарк этиш тилаги, бутхонага майл, шаҳид бўлиш орзуси, фақру фано ва бошқа тасаввуфий ҳолат-кечинмалар хусусида ҳам сўз боради.

——————————
1. Бертельс Е.Э. Четверостишия шейха Наджм ад-дина Кубра // Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. — Москва, 1965. стр. 324-328.
2. Рубоийнома. Гузидаи рубоиёт аз Рўдакий Самарқандий то имрўз. — Теҳрон, 1372 (ҳижрий). С. 189-190; 449.
3. 333 рубоий (Форсийдан Ж.Камол таржималари). — Тошкент, 1991. 49-53-бетлар.
4. Шайх Нажмиддин Кубро. Жамолинг менга бас. Рубоийлар (Форсийдан М. Абдулҳаким таржимаси). — Тошкент, 1994.

98

Шайх Нажмиддин Кубро
РУБОИЙЛАР
Жамол Камол таржималари

1

Чун ҳар неки нўқ… йўқдир у — боди ҳавас,
Чун ҳар неки бор, бори — нуқсону шикаст.
Билгилки, у йўқ деганлари — бор, ҳаёт,
Билгилки, у бор демишлари — йўқ, абас…

2

Йўлингда самар ҳадис ва афсона эмиш,
Кўйингда кезиб эл бари девона эмиш,
Савдойинг ила мен каби минг дилсўхта
Каъба саримас, озими бутхона эмиш…

3

Хошоки, кўнгил сендин жудолиғ истар,
Бир ўзгаси бирла ошнолиғ истар.
Ҳар кимсаки дўсти бор — кечар меҳрингдин
Кўйингдаки ким кечар — гадолиғ истар…

4

Чун ҳақ ва талаб йўлига кирмоқ жоиз,
Дунё этагин тутиб, югурмок жоиз.
Кўрмоққа ўзингни саъй этгил, зеро,
Олам кўзи бирлан уни кўрмоқ жоиз…

5

Ишқ етса кўнгилга, дилга у дард айлар,
Дарди дили мард мардни боз мард айлар.
Ўз оташи ишқида ёнар ул, вале
Дўзахни чу ўзгалар учун сард айлар…

6

Эй васлинг ўлиб маойина душмани дил.
Ким елга учармиш ул ҳама хирмани дил.
Ул дамки санамлар юзига термулсанг,
Билгилки, гуноҳ остидадир гардани дил.

7

Ул бода ичиб демасмен: ҳушёр бўлайин,
Бул мастлиғ аро наинки бедор бўлайин.
Бир жоми тажаллийи жамолинг менга бас,
Йўқлигу борликдин безор бўлайин…

8

Чун нонга чекиб тоату тақвои,
Сўнг супрада ит олдига қўйсам они,
Ул ит агарчи оч эрур, зиндоний,
Номус юзидан оғзига олмас они…

9

Эй дил, диёнатда ажаб расвосен,
Инсоф била айт, ишққа нечук ошносен?
Ишқ оташи тез эрур, сендек сув эмас,
Тупроқ чу бошингтак-ки етар, билгосен…

10

Ай тун, қоронғу тун, саҳар бўлгайсен,
Бу дарди дилимга сен самар бўлгайсен.
Ай субҳ, отланиб келарсан, оё
Мақсуди дилим сари хабар бўлгайсен…

11

Ул дев ичимдадир, чу пинҳон эрмас,
Ким бош кўтариб юрмаги осон эрмас.
Иймонини минг мартаба талқин қилдим,
Ул кофир ўзи, асли мусулмон эрмас…

12

Ҳар лаҳза бу мардонаю фарзона кўнгил,
Ёнгай сенинг ишқинг била жонона кўнгил.
Бир лаҳза муҳаббат майини тарк этсам,
Тўлгай шу жигар қонига паймона кўнгил…

13

Бул шўху паришонлигимиз боиси ул,
Ошуфтаю ҳайронлигимиз боиси ул.
Ҳар кокили торига неча дил бойлаб,
Чун ғунчаи хандонлигимиз боиси ул…

14

Дарвеш элига айлама таъна: хор улар,
Ҳар нечаки бор улар, чунин бор улар.
Билмоқ тилагинг эса улар аслида ким —
Олам майини буюрки, хуммор улар…

15

Юзинг, малагим, оламоройи ҳама,
Васлинг туну кун, бас, таманнойи ҳама.
Хушдир менга эл олдида оҳлар уришим,
Лек элга ёқар оҳи ҳама, войи ҳама…

16

Бир кун кўрасенки, мен бежондирмен,
Теграмда халойиқ тўла афғондирмен.
Қабрим бошига келиб ўтиргил, айтгил:
Ўлдирдим ўзим, вале пушаймондирмен…

17

Васлинг ила толеим фузундир кечаси,
Ҳажринг била бори дийда хундир кечаси.
Ай, зулфинг ўлиб мисоли кун сўнггида шом,
Вой, икки юзинг мисоли кундир кечаси…

18

Софий бўлибон бир кеча нолои — гирён,
Қўзғол ба ҳазрати худованди жаҳон,
Қон-ёш тўкибон қўлингга ханжар олгил,
Сўнг ургил уни ўзингга, тарк эт макон…

19

Чун шарбати ишқинг била дил маст бўлгай,
Ҳам ҳажру фироқинг ила ул паст бўлгай.
Илкинг узатиб, сен бу йиқилганни кўтар,
Нест бўлган ўшал тан ва кўнгил ҳаст бўлгай.

20

Ул силсиламўи оҳудин қўрқармен,
Ул нозу карашма, кулгудин қўрқармен.
Ҳар кимсаки кўрқадир ёмон кўзлардин,
Мен бечора шу чашми жодудин қўрқармен…

21

Ҳар неча умрга меҳри жон бўлди талаб,
Пайдо ва ниҳонга бегумон бўлди талаб.
Кўнгил эшигин очдию лекин кўргил —
Ул қайдаю бизга не макон бўлди талаб…

22

Ой юзли санамларки, чу офтоб сийна,
Ул асли чигиллардин эмиш, ўйлагин-а .
Кўнгил олишар ва жонга ханжар солишар,
Ул жумла бало бўлса алардин не гина…

23

Эй розиқи мору мўру зоғу булбул,
Кул бўлди ҳама ул сенга бўлганлар қул.
Ит панжасига баҳона берган сенсан,
Сендадир ўша не қилса тотору мўғул.

24

Ҳар сабзаки сув яқосида юз очмиш,
Бир руҳи фариштадир магар, кўз очмиш.
Бир хоки паривашки, ёмон қўйма қадам.
Бу гўшаки чун лолаву наргис очмиш…

25

То аҳли фақирга ҳамнишин этмишсен,
Бемунису толеи забун этмишсен.
Ким бунга етишдим сенга ошнолиғ ила.
Айтгил, нега инчунин этмишсен…

98

Шайх Нажмиддин Кубро
РУБОИЙЛАР
Матназар Абдулҳаким таржималари.

Огоҳ бўл ҳамиша, бу жаҳондир бор-йўқ,
Ҳеч нарса йўқ унда, кемтиги зинҳор йўқ,
Йўқ десалар, бор деб уни қил исбот,
Бор десалар, айла дадил инкор «йўқ»!

* * *

Эй гўзали қоши камон, ёй элнинг,
Орзу, умнд, азобисан, ой, элнинг.
Ҳолима вой эл каби севсам гар мен,
Гар мен каби севса, ҳолига вой элнинг.

* * *

Дил шу қадар мафтуну фарзона бизим,
Тарк этмас ани дилбари жанона бизим.
Оҳ, ҳаммага ишқ майи қуюлган вақтда
Дил қонига ботқизилди паймона бизим.

* * *

Банд бўлса агар йил бўйи бир зиндонға
Оч ётса мудом тўйгунича то жонға,
Нонга битиб ибодатимни берсам,
Жирканиб ит тиш урмагай ул нонға.

* * *

Юрмак учун ҳақ йўлига етмак шарт,
Бошқасидан кўзни юмиб кетмак шарт.
Элга шифо бахш эту, оч кўзларини,
Олам ҳама — Ул… Унга назар этмак шарт.

98

Нажмиддин Кубро
РУБОИЙЛАР
Эргаш Очилов таржималари

1

Ҳар нарсаки, йўқми — йўқ ўшал мисли шамол,
Ҳар нарсаки, борми — оқибат топди завол.
Бор нарсани оламда гумон эт йўқ деб,
Йўқ нарсани бор дебон бироқ айла хаёл…[5]

2

Йўлингда ақл ҳадис ва афсона топар,
Кўйинг сари йўл мардуми девона топар.
Савдойинг ила мен каби минг дилсўхта
Каъбадан илик тортар-у, бутхона[6] топар.

3

Ё Раб, ўзинг асра, дил жудолик истар,
Сендин кечиб, ўзга-ла ошнолик истар.
Ишқингдин илик тортса — тутар дўст кимни?
Кўйингдан оёқ тортса — хатолик истар.

4

Ҳақ йўлига ҳар лаҳза саъй этмак лозим,
Дунёдан этак тортмаг-у, кетмак лозим.
Дийдангни давола, зеро, олам ҳама — Ул,
Кўрмак Уни — асрорига етмак лозим.

5

Ошиқ кишининг кўнгли тўла дард бўлгай,
Дил дарди билан мард яна ҳам мард бўлгай.
Ўз ишқи ўтида у ёнаркан, бул дам
Дўзах ўти ўзгалар учун сард (7а) бўлгай.

6

Эй дийда, ўзингсан бегумон душмани дил,
Сен боис учар елга ҳама хирмани дил.
Бас, солма назар бегона юзларга сира
Журм[7] остида қолмасин, десанг, гардани дил.

7

Ул бодани ичмадимки, ҳушёр ўлсам,
Ул маст эмасман дағи бедор ўлсам.
Тарк этсам адам бирла вужудни, тонг йўқ,
Бир жилваи ҳуснинг ила хуммор ўлсам.

8

Нақш этсам-у тоатимни парча нонга,
Берсам уни итга — ётибон зиндонга,
Келган эса-да очлигидан афғонга,
Урмас тишини номус этиб ул нонга.

9

Эй дил, бу қадар муфлис[8] экансан, расво,
Сен лойиқи тоза ишқ эмассан асло.
Шиддатли алангадир бу ишқ — эрмас сув,
Ул ишқ ила булҳавас[9] бўлолмас ошно.

10

Эй тун, ҳадемай саҳарга айлангайсан,
Бул дарди дилим қувишга шайлангайсан.
Мақсуд сари етказишга дилни балки,
Эй тонг, ўзинг, бешубҳа, сайлангайсан.

11

Пинҳон эмас асло — ичда бир дев бордир,
Бошини кўтармоғи унинг душвордир.
Иймонини минг мартаба талқин қилдим,
Ул асли азал муслим эмас, куффордир.

12

Ишқингни бу мардонаю фарзона кўнгил,
Бир сония тарк этмади, жонона, кўнгил.
Ишқ бодасини қўлимда тутган лаҳза
Лиқ тўлди жигар қонига паймона, кўнгил.

13

Сендан ҳама шўхлик ва паришонлигимиз,
Сендан ҳама ошуфтаю ҳайронлигимиз,
Ҳар торига кокилингни дил бойлашимиз,
Сендан ҳама ғунча каби хандонлигимиз.

14

Дарвеш элига айлама таънаки, улар
Қандай туғилган эса — шундай ўлар.
Бир олам зар бергил-у, ол бир арпа —
Билмоқчи эсанг кимлигини асли улар.

15

Бир талъати моҳки, оламоройи ҳама,
Васли кеча-кундуз таманнойи ҳама.
Гар эл каби суймаса мени — вой менга,
Лек ҳаммани суйса мен каби — войи ҳама.

16

Бир кун кўрасанки, жон танимдан кетган,
Бошимга фиғон чекиб халойиқ етган.
Кошки келиб бошимда ўтирсанг, айтсанг:
Ўлдирган ўзим, ўзим пушаймон этган…

17

Васлингдан ўлиб дил фирўз[10] тун охирида,
Ҳажрингдан ўлиб дидадўз[11] тун охирида,
Эй, кокили кун сўштида тундек зулмат,
В-эй, орази худди кундуз тун охирида.

18

Сўфий бўлиб, айла бир кеча оҳу фиғон,
Дунёни яратган ҳаққи, қўзғол шу замон:
Ханжарни қўлингга ол-у, эт ўзни шаҳид,
Ёр васлини истаса, нетар жисмни жон…

19

Ишқинг майини ичиб, бу дил маст бўлгай,
Ҳажринг ғамини чекиб, у, бил, паст бўлгай.
Бир боқсанг агар — кўйингда тупроқ бўлган
Жонсиз танага жон яна пайваст бўлгай!

20

Ҳар кимки, қилар кўргали ул юзни талаб,
Енгиб ғурурини, айласин ўзни талаб.
Ул қайда-ю, биз қайда — кўринг қисматни:
Сомон бўлибмиз қилиб юлдузни талаб…

21

Ул моҳлиқоларки, асил юрти Чигил[12],
Тупроқми асоси ёки нур, сўйла-чи, гил?
Кўнглингни олиб қўлга, қилар қасд жонга,
Воҳ, бу не балоки, этди ҳолимни чигил.

22

Сунбул сочидан мен бегумон қўрқарман,
Хатти хушу феъли беомон — қўрқарман.
Халқ қўрқса ёмон кўздан агар, мен шўрлик
Яхши кўзидан ёрнинг ёмон қўрқарман.

23

Ҳар сабзаки, сувнинг бўйидан жой олмиш,
Ул талъати ҳур аксини ёдга солмиш.
Хорлик била лолалар уза қўйма қадам,
Ул лола санам вужудидан тимсолмиш.

24

Бандашта фақирликни шиор этмишсан,
Ҳам ёрсизу маҳрамсизу зор этмишсан,
Бас, қайси ибодатим учун мен бирлан
Дўстлик ва яқинлик ихтиёр этмишсан.

25

Сенсан икки оламни яратган Бирубор,
Кўйингда ўлиб бандаларинг хоку ғубор.
Сендан улашиш ризқини ҳар жонзотнинг,
Сендан яратиш — хоҳи мўғул, хоҳи тотор…

26

Ёр ишқини ким кўкси аро жо қилди,
Ҳар икки жаҳон мулкини пайдо қилди.
Ким васлидан огоҳлик топса бир дам,
Гар ўлса-да, хун ҳаққини адо қилди…

—————————

5. Бу рубоий Умар Хайёмга ҳам нисбат берилади.
6. Бутхона — лоҳут оламига ишора, яъни вахдати кулл бўлиб, аҳадият зотининг мазҳарияти маъносида ҳам келади.
7а.— Сард совуқ
7б. Журм — гуноҳ, айб.
8. Муфлис — бечора, бенаво; бефаҳм.
9. Булҳавас — енгилтак, беқарор.
10. Фирўз — бахтли, киши.
11. Дидадўз — интизор.
12. Чигил — қадимги туркий қабилалардан бирининг номи. Чигил қизлари ўз гўзалликлари билан машҳур бўлганлар.

(Tashriflar: umumiy 805, bugungi 1)

1 izoh

  1. Iloji bo’lsa Najmiddin Kubro yaratgan «Latoyif nazaryasi» haqida batafsilroq yoritishingizni so’ragan bo’lardim. Raxmat

Izoh qoldiring