Abdurauf Fitrat. Najot yo’li (2).

007Йирик давлат арбоби, шоир ва олим, носир ва драматург, маърифатпарвар Абдурауф Фитрат таваллудининг 130 йиллиги олдидан

    Шуни билиш лозимки, Аллоҳнинг энг буюк неъмати ҳам, икки дунё саодатига бошлагувчи ҳам ақлдир. Юқорида биз батафсил баён қилганимиздек, одамзод махлуқлардан жисман кичик ва куч жиҳатидан заиф қилиб яратилган бўлса ҳам, аммо ҳазрати Холиқи ҳаким инсонни улардан улуғ ва қувватли қилиб яратган. Чунки инсонга ҳаёт майдонининг ягона қуроли бўлган АҚЛни берган.

Абдурауф ФИТРАТ
НАЖОТ ЙЎЛИ
АҚЛ ВА ИЛМЛАР ХУСУСИДА

045

АҚЛ

011 Шуни билиш лозимки, Аллоҳнинг энг буюк неъмати ҳам, икки дунё саодатига бошлагувчи ҳам ақлдир. Юқорида биз батафсил баён қилганимиздек, одамзод махлуқлардан жисман кичик ва куч жиҳатидан заиф қилиб яратилган бўлса ҳам, аммо ҳазрати Холиқи ҳаким инсонни улардан улуғ ва қувватли қилиб яратган. Чунки инсонга ҳаёт майдонининг ягона қуроли бўлган АҚЛни берган. Одамлар даставвал даррандалар ҳужуми, иссиқ-совуқ, очлик ва чанқоқликдан ҳамиша қўрқиб, азоб чекиб изтиробда яшардилар. Бориб-бориб ақл йўлбошчилигида ҳаммадан устун ва ғолиб чиқдилар. «Инни жоилу фил арзи халифа тун»69 мазмунидаги ояти кариманинг ҳукми билан инсон ер юзининг мутлақ султонига айланди. Агар маозоллоҳ70 ақл бўлмаганда инсон ҳаёт майдонида мағлуб бўларди. Мағлубият ва чекиниш эса йўқ бўлишнинг биринчи поғонасидир. Натижада инсон нобуд бўларди ва олам саҳифаларида одамдан ном-нишон ҳам қолмасди. Шундай экан, «дунё саодатининг раҳбари» ақлдир.

Арабистон ерлари бутпарастлик зулматига ғарқ бўлиб кетган замонларда ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ томонидан расуллик мақомига эришгандан сўнг у арабларни ақлий далиллар билан Худои воҳид — ягона Аллоҳ ибодатига далолат этди. Уларнинг ёлғон ва хато эътиқодларини тўғри ва қатъий сўзлар билан инкор этиб, ботилга чиқарди. Улардан баъзилари дарров расолатпаноҳга ишониб, ота-боболарининг динларини тарк этдилар. Булар хулафои рошидин71 ва баъзи асҳоби киромийлар72 эдилар. Ажабо, булар нима учун бир неча минг йиллик динларини тарк этиб, ислом динига кирдилар.

Ҳазрати Расули акрамдан улар пулу мол ёки мансаб талаб қилдиларми? Асло. Ёки Пайғамбардан қўрқдиларми? Йўқ. Ёки ислом душманлари айтганларидек, ҳазрати Расул алайҳиссалом сохта Пайғамбар эди-ю, улар унинг шериклари бўлганми? Ҳеч қачон… Шундай экан, нима учун улар қадимий динларини тарк этдилар?

Жавоб: Сабаби шу эдики, ислом ҳақ дин бўлиб, уларнинг эътиқодлари ботил эди. Улар ёлғондан ҳақни ажратиб, ёлғонни тарк этдилар. Хўш, ҳақиқатни ёлғондан қандай қилиб ажратиб олдилар? Албатта, ақл воситаси билан!

Абужаҳл73 ва Абулаҳаб74га ўхшаган араблар ҳазрат Пайғамбар таклифи ва даъватларини рад этдилар, зеро ҳасад ва адоват уларнинг ақл ва тафаккур ойналарини қоплаб олган эди, улар ҳақиқат ва ёлғон фарқига бормадилар ва жаҳолатда қолдилар. Худо кўрсатмасин-у, ақл бўлмаганда ё одамларнинг ақллари ҳасад ва адоват зулматида қолиб кетганда эди, бирон-бир одам ислом динини қабул қилмаган ва бугун ер юзида милйўн-милйўн мусулмон ҳам бўлмаган бўларди. Шундай экан, охират саодатининг раҳбари ҳам ақл экан. Дунё ва охират саодатига бизни бошловчи нарса, албатта, Аллоҳнинг энг буюк неъмати — ақл бўлади. Модомики, одамлар ва махлуқлар ўртасидаги фарқ шу саодати дорайнга етишишда экан ва икки олам саодатига ақл бошлар экан, айтиш мумкинки, агарда ақл бўлмаганда одам бундай саодатга муяссар бўлмасди ва ночор махлуқ даражасига тушарди. Дини мубини ислом фақат ақлга буюк мартабани берган. Агарда Қуръони каримни мутолаа этсангиз, ҳар саҳфасида ақлга, идрок ва тафаккур қилишга амр этилганлиги, мушрикларни эса ақлсизлик ва фикр юритмасликлари учун мазаммат қилинганлигини кўрамиз. Жумладан, «Аллоҳ ўз оятларини одамларга баён қилади, токи улар тафаккур этсинлар»75.

«Аллоҳ ўзининг ҳукмлари ва далилларини баён қилди, токи сизлар тафаккур ва тааққул (идрок) билан фарқ қилинг»76.

«Аллоҳ осмондан ёмғир юбориб, қуруб ётган ерларни кўкаламзор қилди. Шунинг ўзи оқиллар учун Аллоҳнинг борлигига етарли далилдир», — дейдилар77. Бу оятдаги «фурқон» сўзига баъзи муфассирлар «Қуръон» деб шарҳ берганлар, лекин бу тафсир тўғри эмас, зеро оятнинг боши «Назала алайка ал-китоб»дан мурод Қуръондир»78 деган маънини ифодалайди. Агарда «фурқон» сўзининг маъноси ҳам «Қуръон» бўлганда такрор келарди, бундай такрорлар Қуръони каримнинг балоғатидан далолат бермайди. «Фурқон» сўзининг маъноси «фарқ этувчи»дир. Масалан, «Вама анзална ала абадна явм ал-фурқона»79 деган оятдан мурод ёмон озуқадир. Бу оятда «фурқон»дан мурод ақлдир, ақл ҳақни ботилдан ажратади. Бу ҳолатда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Эй Муҳаммад! Аллоҳ Қуръони каримни сенга нозил қилди, ундан олдин Таврот ва Инжилни нозил этган эди. Буларнинг ҳаммасини одамларга ҳидоят учун юборди, одамларга ақл берди, ақл орқали ҳақ бўлган китобларни юборди, токи шу китобларга қараб ёлғон ақидаларнинг фарқига борсинлар. Шу китоблар ҳидоятига ва ўз ақлларининг далолатига илтифот этмайдиганлар эса қаттиқ азобга гирифтор бўладилар».

«Худо унга ақл ато этган киши нажот топади» («Жомеъ ус-сағир»дан). «Ҳар бир ишнинг фатвосини ақлингдан сўра, гарчи муфтийлар фатво берсалар ҳам (яъни муфтийлар фатволарини билиб-билмай ижро этмагин)». «Савоб иш — бу ақл рози бўлган ва виждон ундан сокин бўлган ишдир. Гуноҳ эса бу ақл ундан рози бўлмаган ва виждон ундан азоб тортганидир. Агар муфтийлар сенга фатво берсалар ҳам», — дейилган «Ал-жомеъ ус-сағир»да.

Энди сўзни фазилати ҳар бир кишига маълум бўлган ҳужжат ул-ислом Ғаззолий80 га берамиз. Жаноби имом «Мезонул-амал» («Амаллар тарозиси») номли китобида ақлнинг шарафи ва буюклигини бир мақолада баён қилади. Имом сўзларини мухтасар келтирамиз: «Инсонийликнинг энг шарафлик ва буюклик даражаси унинг ақлидир. Ақлнинг шарафи ва азиматига ҳам ақлий, ҳам нақлий ва ҳиссий далиллар мавжуд. Аллоҳ ҳамма махлуқотлардан олдин ақлни яратиб, деди: «Яқин кел». Ақл яқин келди. Деди: «Орқага кет!» Ақл орқага борди (яъни фармонбардор эканлигини кўрсатди). Кейин Аллоҳ деди: «Эй ақл, жалолим ва иззатим ҳаққи қасамки, сендан карамлироқ махлуқ яратмадим. Мен одамларни сен сабабли забт этаман, савобларини ва азобларини бераман».

Ақлий далил қуйидагича: Ақл саодати дорайннинг ягона раҳбаридир, шунинг учун у, албатта, аъзам ва шарафли бўлади. Ақл орқали инсон Аллоҳнинг халифасига айланди. Ақл орқали одам Аллоҳга яқинлашди, унинг ҳидояти орқали ўз динларини комил этди. Шунинг учун ҳазрат Пайғамбар айтадики, «кимнинг ақли йўқ экан, демак, дини ҳам йўқ». Бошқа жойда буюради: «Ҳеч бир кишининг мусулмонлигига унинг ақлини текшириб туриб хурсанд бўлманг». Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Али разияллоҳу анҳуга буюрганки, агар одамлар ҳайрат мақомлари орқали Аллоҳга яқинлашсалар, сен ўз ақлинг воситасида яқинлик пайдо қил, токи бу дунёда одамлар орасида ва охиратда Аллоҳ ҳузурида мартабанг улуғ бўлсин.

Ҳиссий далил шуки, инсон махлуқларнинг энг заифи бўлса ҳам, махлуқларнинг энг кучлиси ҳам ундан қўрқади. Инсонни ҳамма махлуқотдан ҳам ғолиб ва сарафроз этган қувват ақл бўлади. Имом Ғаззолий «Иҳё ал-улум»81 китобида ҳам ақлнинг шарафи ва азимати ҳақида мақола битиб, уни ҳадис ва оятлар билан исбот этган.
Афсус, рисоламиз ҳажмига бу мақола сиғмайди, бўлмаса уни бу жойда келтириб, муҳтарам ўқувчиларимизга ҳавола этардик. Жаноби Имом ақлнинг шарафини исботлаш учун санаб ўтган ҳадисларнинг иккитасини шу ўринда келтирамиз. Ойша разияллоҳу анҳу айтадиларки, ҳазрати Расули акрамдан сўрадим: «Ё Расулуллоҳ, бу дунёда одамнинг фазилати қай нарсада намоён бўлади? Дедиларки: «Ақлда». Яна сўрадим: «Охиратда-чи?» Яна «Ақлда!» деб жавоб бердилар.

Абу Саид ал-Хадрий82дан ривоят қилинадики, Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Ҳар бир нарсанинг такягоҳи (суянчиғи) мавжуд, мўъминларнинг такягоҳи уларнинг ақлларидир. Демак, уларнинг ибодатлари ҳам ақлларига яраша бўлади. Эшитмадингизми, фожирлар дўзахга дохил бўлган вақтларида айтадиларки, агар биз ҳақ сўзларни эшитиб, ақлимизни ишлатганимизда бугун дўзахилар орасида бўлмаган бўлар эдик».

Энди яна мақсадимизга қайтсак. Шу муқаддимадан ақлнинг Аллоҳ ато этган шариф неъмат, Аллоҳга яқинлаштирувчи восита ва икки дунё саодатига етакловчи эканлиги маълум бўлди. Аммо ақл ўзи қанақа бўлади? Ақл икки хил бўлади: 1. Ақли фитрий. 2. Ақли касбий. Ақли фитрий — бу Аллоҳнинг инсон табиатига аввалдан берган ақлидир, яъни ҳар бир фард (индивид) аввалдан ҳақиқатни билиши мумкин. Аммо ақли касбий илм олиш ва тажриба орттириш жараёнида ҳосил бўлади, яъни одам ўзининг фитрий-табиий ақлини илм қоидалари ва тажрибалар асосида кенгайтириб, зийнат берса, ақли касбий ҳосил қилади.

Масалан, бир эмизикли гўдакка эътибор берсак. Бу гўдак янги туғилган пайтида ҳам ёзиш истеъдодига эгадир, ле-кин амалда ёзолмайди. Бориб-бориб у улғаяди, саъй-ҳаракат қилади, фитрий истеъдоди кучини ҳаракатга келтириб яхши котиб бўлади. Ақли фитрий ва ақли касбий масъ алалари ана шулардан иборат. Ҳар ким фитратан ҳақиқатни билишга қодир бўлади, лекин билим билан туғилмайди. Агар жаҳду ҳаракат қилиб ва илм ўрганиб тажриба ҳосил қилса, ақли касбий соҳиби бўлиши мумкин.

Натижа: Ҳар бир киши солиҳ амалларга машғул бўлиши лозим. Солиҳ амаллар эса ахлоқий фазилатларни тарбиялаш билан бўлади. Ахлоқ фазилатлари тўрт асос: ҳикмат, иффат, шижоат, адолатдан иборат. Ҳикмат ақлий қувватнинг ислоҳи натижасидир…

Энди биз илм, таҳсили илм ва унинг фойдалари ҳақида суҳбат қиламиз. Сизларга маълумки, одамларнинг ҳаёт ғоялари бу икки дунёнинг саодатидир, унга бошловчи эса ақли комил экан. Шуни ҳам билдикки, (киши) касбий ақлнинг таҳсили, унинг тарбияси орқали комил ақлга эришиш мумкин. Бас, илм олмоқ ва таҳсили илм қилмоқ зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Ўз ақли ёрдамида икки дунё саодатига етмоқчи бўлган одам таҳсили илм қилмоқдан бошқа чораси қолмайди.

Зотан, мукаммал динимиз ислом, биз эса унинг фармонларини бажармоққа мажбурмиз, бизга илм олишни амр этиб: «Жоҳиллар билан олимлар баробар бўла олмаслар»83 деган (Қуръони каримда). Қози Байзовий бу оятни икки хил тафсир қилади. Аввал калиманинг тўғри маъносини келтиради, бунда оятнинг маъноси шуки, агар одам олим бўлса, Аллоҳдан қўрқади (зеро, қўрқув барча нарсанинг асли ва ғайри аслини фарқлаганда пайдо бўлади). Сўнг бу калимани кўчма маънода ўқийди, яъни бунда, албатта, Аллоҳ олимларга таъзим қилади (яъни уларни улуғлайди), деган маъно келиб чиқади. Шу ҳар икки тафсирни қай бирини ихтиёр қилсангиз ҳам илмнинг иззату шарафи ва ҳақиқий уламоларнинг юқори мартабада эканликлари кўз олдингизда зоҳир бўлади…

Эй Муҳаммад, «Ё Раббим, менинг илмимни зиёда қил!» — деб айт84. Диққат қилинг-а, Аллоҳ, ўз ҳабибига «илм талабини қил» деб амр қилмоқда. Бундан ҳам юқори шарафга эга бўлган нарса бўлса, айтингчи, ўша нима экан?! «Илм олишнинг камайиб кетиши, жаҳолатнинг ўрин олиши, хамир85 ичишнинг авж олиши, зинонинг кўпайиши қиёмат аломатларидандир», — дейилган Имом Бухорийнинг «Китоб ал-илм»86ида. Ҳазрати Расули акрам алайҳивасаллам шу ҳадисда яна изҳор қилдиларки, оламнинг низоми ва интизоми ҳам ақл бўлмаганида хароб бўларди деб…

Ҳар ким илм талабида йўлга чиқса, Худованд унга жаннатга йўл очади. Ёки: «Эҳсонларнинг энг мақбули мусулмон кишининг илм олиши ва мусулмон биродарига илм ўргатишидир», — дейдилар Набий алайҳиссалом. Бу ҳадиси шарифни эса Али ибни Абутолиб (Анас ибни Молик87), Ҳусайн ибн Ос88, Ибн Умар89, Ибн Масъуд90 ва Абу Саид91 ҳазратлари, Аллоҳ улардан рози бўлсин, ривоят қилганларки, Пайғамбар (с.а.в.) «Мен илм фазилатини ибодат фазилатидан ҳам ортиқ кўраман», — деб айтган эканлар.

Олимнинг обиддан устунлиги мени орангизда камтаринларингиздан устунлигимга ўхшайди, зеро, ҳазрати Худованд, унинг малоикалари, само аҳли ва заминда маскан тутган жамики нарсалар одамларга хайрли илм ўргатган кишига раҳмат айтиб турадилар. Диққат қилинг-а! Ҳазрати Пайғамбар бу дунёда зарбу Зайд92 ғавғосини қилмоқдан бошқа ҳеч бир иш билан шуғулланмайдиганларни эмас, балки одамларни тўғри йўлга бошловчи олимларни мадҳ этарди. Бу ислом динида илмнинг мавқеи нақадар баландлигини кўрсатади ва мўъмин мусулмонлар илм таҳсили йўлида ҳаракат қилишлари лозимлигини исботлайди.

Аммо: «Илмнинг турлари кўп, биз қайси бири билан машғул бўлишимиз жойиз?» — деб айтишингиз мумкин.

Жавоб бераман: ҳақиқатда илм турлари кўп, баъзиларидан нафъ ҳам йўқ. Бироқ мақсадимиз икки дунё саодати экан, бу дунё ва охиратда фойда келтирадиган илмларни талаб қилишимиз, бу дунё ва охиратда фойдаси бўлмаган ишларни тарк этишимиз лозим. Зеро, «Аллоҳдан фойдали илм талаб қилиб, нафъи бўлмаган илмдан омон қолиш учун Аллоҳдан мадад сўранг», — дейилади ҳадисда.

Энди биз фойдали илмлардан баъзиларини зикр этмоқчимиз. Илм умуман, икки қисмдан иборат: илми нақлий ва илми ақлий. Илми нақлий ҳам ўз навбатида диний ва дунёвий илмларга бўлинади. Аввал илми нақлийнинг биринчи қисми бўлган диний илмларни зикр қиламиз.

ТАФСИР ИЛМИ

Маълумки, Қуръони карим араб тилида унинг шеваларига мос ҳолда нозил бўлган. Саодат асрида яшаган араблар бу китобнинг таркиби ва жузъий маъноларидан хабардор эдилар. Улар «Қуръон» нозил бўлган вақтда яшаганлари учун нозил бўлиш сабабларини ҳам билардилар. Баъзи маъноларни тушунмай қолсалар, дарров соҳибшариат алайҳиссалом ҳузурига келиб мушкилотларини, иштибоҳларини ҳал қилиб кетардилар. Шу хусусда Расулуллоҳдан эшитганларини ёдлаб ўзлаштириб олардилар. Ҳазрати Пайғамбар вафотларидан кейин ҳам бир муддат шу тариқа Қуръони карим ҳукмлари ва маъноларини тушунишга ҳаракат қилардилар. Лекин, бора-бора ислом уммати тафсир китоблари ва илмига эҳтиёж сездилар. Бунинг бир неча сабаблари бор эди. Биринчидан, араблар, бир томондан, Рум мамлакатлари, бошқа томондан, Ажам ўлкаларини фатҳ этиб, араб бўлмаган халқлар билан аралашиб кетдилар. Тиллари ҳам омухта бўлиб кетди. Шунинг учун ҳам араб оммаси Қуръоннинг баъзи маъноларини тушунмай қолди.

Иккинчидан, ислом дини оламга ёйилиб кетди. Рум, Эрон ва Туркистон халқлари тўда-тўда бўлиб дини мубинга кирардилар. Энди мусулмон бўлганлар араб тилини ўргансалар ҳам Қуръон ҳукмларини охиригача тушуниш бахтидан маҳрум эдилар. Ваҳоланки, ўзларининг муқаддас китоблари бўлмиш Қуръони карим ҳақиқатларини билиш орзусида эдилар. Ўша давр олимлари ҳам замон эҳтиёжига эътибор назари билан қарамасликлари мумкин эмас эди.

Учинчидан, халойиқ Пайғамбарнинг муборак забонидан узоқликлари сабаб Расули акрамнинг тарбияси таъсиридан четда қолиб кетардилар. Бошқача қилиб айтганда, одамлар ахлоқ салобатлари ва қалбларининг поклигини йўқотардилар. Ислом уламолари агар баъзи Қуръон оятларининг тафсирига айтилган ҳадислар ва хабарлар йиғиб олиниб, китоб шаклига келтирилмаса, ёлғон ривоятлар билан аралашиб, ислом миллатининг таназзулига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини тушуниб етдилар. Ана шу учинчи мулоҳаза ислом уламоларини ҳиммат камарини белларига боғлаб, ҳазрат Пайғамбар томонидан Қуръон оятларининг тафсири учун айтилган ҳадис ва хабарларни йиғиб олиб, таҳқиқ қилиб китоб шаклига келтиришларига мажбур этди. Лекин бу тафсирлар ҳам Пайғамбар ҳадисларидан иборат эди, холос. Яъни бундай тафсир соҳиблари бирор-бир оят ҳақида ўзлари бир сўз айтмасдилар, балки ҳазрати Расулнинг муайян бир оят ҳақида айтган гапларини ёзиб олардилар. Мазкур тафсирлар ҳадис китобларининг бир тури эди, олимлар бундай тафсирни «тафсир бар ривоят» (яъни ривоят ила келтирилган тафсир) деб атаганлар. Ибн Аббос93 ва «Тафсири Табарий»94 шундай тафсирлардан ҳисобланади. Ислом уламолари томонидан яратилган биринчи тафсир ана шу «тафсир бар ривоят» эди. Ислом аҳли бир муддат шу тафсирлар билан қаноатланди. Лекин бора-бора замона ўзгариб, омманинг эҳтиёжлари ҳам ўзгарди. Бир томондан, ғайрисаҳиҳ ва мавзули ҳадислар тафсирлар таркибига кирса, бошқа томондан, ислом маданияти тараққий топиб, сарфу наҳв, баён, маоний ва бадиий илмлар ривожланиб, алоҳида фанлар сифатида шаклландилар. Аҳли ислом ўзларининг диний қоидалари ва ҳукмларини ақлнинг муаззам қонунлари асосида татбиқ қилишни орзу қилдилар. Бинобарин, ислом уламолари замона ўзгаришларини назарга олган ҳолда тафсир илмининг аввалги шаклини ўзгартирдилар. Энди улар Қуръон маъноларини шарҳлаш учун масъулиятни сезган ҳолда ақлларини ишга солдилар. Ҳар бир муфассир Қуръони карим маъноларини лисоний қоидалар ва ақлларининг кучи ёрдамида тафсир қилардилар. Бундай тафсирларни «тафсир бид-дироят» (ақлий тафсир) дейдилар. Байзовий95, Замаҳшарий96, «Тафсири кабир»97 ва ҳозирги кунгача бўлган тафсирлар шундай тафсирлардан ҳисобланади.

Энди кўрайликчи, тафсир илмининг таҳсилидан нима фойда бор экан? Биз мусулмонларнинг ҳамма диний аҳкомларимиз Қуръони каримда йиғилган. Мусулмон эканмизми, Куръони каримга амал қилишимиз вожибдир. Мен юқорида Қуръон ҳукмлари бизни икки дунё саодатига етказади, деб муфассал баён қилдим. Қуръон ҳукмларини билмоқ ва уларга мувофиқ амал қилмоқ Қуръони карим маъноларини тушунишимизга боғлиқдир. Қуръони карим маъноларини билмоқ учун тафсир ўқимоқ шарт. Шунинг учун тафсир ўқимоқ ҳам бу дунё ва ҳам охиратда бизга катта фойдалар беради. Бинобарин, тафсир таҳсили бизга ниҳоятда зарурдир. Афсус, биз туркистонлилар азиз умримизнинг йигирма йилини илм олиш йўлида сарф қиламиз-у, аммо бу шариф фандан баҳраманд бўлмаймиз.

Бу илми шариф икки қисмдан: 1. Ривоятул-ҳадис, яъни ҳадис ривоятлари илми. 2. Дироятул-ҳадис, яъни ҳадис усули илмидан иборатдир. Ҳадиснинг луғавий маъноси «сўз» демакдир, лекин дин уламолари ҳазрати Пайғамбар сўзлари, амаллари тақририни (ёзиб олинганларини) ҳадис деб айтганлар. Масалан, ҳадис китобларини ўқисангиз, Пайғамбар ҳазратлари фалон сўзларни айтганлар, бошқа жойда фалон саҳоба бир иш қилганда Пайғамбар манъ этмай сукут сақладилар, дея маълумот оласизлар.

Ҳадис илми саҳоба ва тобеъинлар замонларида бир мукаммал илм шаклига кирмаган эди. Бу илм олимлари билган ҳадисларини санадлари98 билан шогирдларига айтиб берганлар. Шогирдлари ўз навбатида ёдлаб, хотираларида сақлаганлар. Бора-бора замон ўзгарди, яҳудийликдан мусулмонликка ўтган одамлар ўзларининг хурофот ва қадим афсоналарини ҳам Пайғамбар ҳадислари суратида тузиб, одамларга ўқиб берардилар, баъзилари эса шахсий манфаатларини ўйлаб ҳадисларни ўзлари тўқиб чиқарардилар. Ислом олимлари бу ишнинг оқибати ёмон бўлишини тушуниб, иложини қидира бошладилар. Улар саҳиҳ (тўғри) бўлган ҳадисларни йиғиб, санад ва иснодлари99 билан китоб шаклига келтирдилар. Ҳадис илмининг матни юзага келди. Уламолар бунга ҳам қаноатланмай, саҳиҳ ҳадислар мавзули ҳадислар билан аралашиб кетмаслиги учун ҳадис илми усулини ўйлаб чиқдилар. Бу олимларнинг энг буюк ва мўътабари — Абдуллоҳ Муҳаммад ибни Исмоил Бухорий бўлиб, 194-санада таваллуд топиб, 256 ҳижрий йили вафот этгандир. Имом Бухорий 62 йил муборак умр кечирганлар.

Мазкур имомнинг маноқиби кўпдир. Ҳадис илмининг арбоби Ражоъ ибни Маржий100 «Имом Бухорийнинг фазилати эркакларнинг аёлларга бўлган фазилатларига баробардир», — дейди. Муҳаммад ибни Исҳоқ101 айтади: «Мен бу кўк гумбаз остида Имом Бухорийдек ҳадис олимини кўрмадим». Олимнинг ҳадислар китоби «Саҳиҳи Бухорий» номи билан машҳур. Имом Бухорий китобида етти минг икки юз етмишта ҳадисни зикр қилган, лекин баъзи ҳадислар такрор келган. Агар ана шу такрор бўлган ҳадисларни ҳисобидан чиқариб ташласак, тўрт минги қолади. Имом Бухорий шу тўрт минг ҳадисни 16 йил давомида олти юз минг ҳадис ичидан ажратиб олиб китобига киритган». Барча олимлар ҳадислар китоби «Саҳиҳи Бухорий»ни Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар диний китоблардан, деб санаб келадилар.

Таажжублиси шундаки, ўша замонда Бухоро олимлари бу улуғ Имомни кофир деб Бухородан ҳайдаганлар, Имом жаноблари Самарқанд (нинг Хартанг мавзеи)га келиб қайғу ва алам билан вафот этганлар.

Алҳосил, ислом олимлари вақт ўтиши билан илми ҳадисни ривожлантирдилар, бу илмни ўрганмоқ юқорида айтилган далиллар туфайли бизга зарур ва лозимдир.

ФИҚҲ ИЛМИ ВА УСУЛИ

Шуни билиш лозимки, бани Одам маданийут-табъ102дир, яъни азалдан ўз ҳамжинслари билан бир қишлоқ, қасаба ёки шаҳарларда биргаликда жамоат бўлиб яшашга мажбурдир. Аксар махлуқларга ўхшаб тоғ ва чўлларда ёлғиз яшаб юриш инсон табиатига зиддир. Кўп махлуқпар ўзаро ёрдам ва мададга эҳтиёж сезмайдилар. Ҳар қайси махлуқ танҳо ўзи овқатини ёки ётиш жойини топа олади. Мисол учун қушларнинг энг кичиги ва заифи чумчуқни кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳақир жонивор кичкина тирноқлари ва заиф қанотлари билан бир умр ўз ҳаётини бировнинг ёрдамисиз ўтказади.

Лекин биз одамлар уларга нисбатан ҳар қадамда бошқаларнинг мададларига муҳтожмиз. Масалан, дастурхонимиз устида турган мана шу нону чойни олиб кўринг-а: бировнинг ёрдамисиз шуларга эга бўламизми? Ёки булар осмондан тушганми? Асло бундай эмас!

Балки фалон тожир бир жойдан темир олиб келган, бир темирчи уни сотиб олиб, тер тўкиб омочу қўш ясаган, бошқа биров ҳўкиз ва омочни олган, бир неча киши кеча-кундуз меҳнат қилиб уруғни ерга сепган, вақт ўтгач, деҳқон буғдойни ўриб, хирмон қилиб, минг заҳмат билан буғдойни майдалаб ун қилган, бозорга олиб чиқиб сотган, биров сотиб олиб сўнг фалон нонвойга сотган. Нонвой кўкрагини оловга бериб нон қилиб сотганда сиз уни олиб келгансиз… Энди сизнинг бир луқма нонингиз учун қанча ҳамжинсларингиз саргардон бўлганлигини тушунгандирсиз?! Агар бошқаларнинг ёрдами бўлмаса, шу нонни қаердан олар эдингиз? Биргина нон эмас, балки кийим-кечак, оилангизнинг бошқа эҳтиёжларини ҳам олиб кўринг-а. Қанча одамнинг меҳнати бир нарса учун сарф бўлган! Шуларни эътиборга олиб айтамизки, одамлар табиатан жамият бўлиб яшашга мажбурлар. Барча мамлакатлар, миллатлар, ҳукуматлар шу табиий қонун натижасида майдонга келгандир. Одамлар мамлакат ва шаҳарларда жамоат бўлиб яшаганларидан сўнг қавму жамоаларга бўлиниб кетдилар. Бу қавмларнинг аъзолари бир-бирлари билан муайян муносабат ва муомалада бўладилар. Масалан, мен сиздан фалон миқдорда қарз олганман, сиз молингизни фалон миқдорга сотасиз ва ҳоказо… шундай бўлиши ҳам мумкинки, бу муносабат ва муомала мобайнида бизлар бир-бирларимизга жаҳл қилиб, урушиб ва ҳатто ўлдиришдан ҳам тоймаслигимиз мумкин.

Мошоллоҳ! Бир мамлакат ичида шундай тартибсизлик жорий бўлса, шубҳасиз, бу жамият тарқоқ ҳолга келади ва миллат инқирозга учрайди. Бас, аҳоли ўртасидаги муносабат ва муомалаларни тартибга соладиган қонунлар лозим, токи ўртамизда тушунмовчилик пайдо бўлиб, жамиятимиз паришон бўлмасин. Қуръони каримнинг баъзи ҳукмлари ва Наби (с.а.в.) ҳадислари одамларнинг ўзаро муносабат ва муомалаларини тартибга соладилар. Бунинг мажмуасини «муомалот»103 дейдилар.

Инсон табиат қонунларининг ҳукми сабаб ҳамиша ўз манфаатларини ўйлайди. Манфаатни таъминлаш учун ҳаракат қилади. Инсофли ва иқтидорли одамлар ўз манфаатларини шаръий (қонуний) йўл билан таъминлашни хоҳлайдилар. Аммо шундайлар ҳам борки, манфаатларини тўғри йўл билан эмас, балки жаҳл, ўғрилик ва ношаръий воситалар билан амалга ошириб, ахлоққа зид ишлар билан машғул бўладилар. Қайси қавм ичида шундай одамлар кўп бўлса, бундай қавм ҳалокатга маҳкумдир. Шундай экан, бундай ишлардан бизни манъ қилмоқ учун қонун лозимдир.

Қуръони каримнинг баъзи оятлари ва ҳадислар шундай ношаръий муносабатларни манъ қилиб, гуноҳкорларга жазо белгилайди. Буни олимлар истилоҳан «Уқубот»104 дейдилар.

Маълумки, одамзотнинг умри чегараланган, ҳамма бирин-кетин ўзини ажал панжасига топширади. Шу тариқа милйўн-милйўн одам ҳар йили ўлимга дуч келади. Одамзот шу талафот ўрнини тўлдирмаса, ерда одамдан насл қолмас эди. Ҳазрати Парвардигори ҳаким бу талафотни таваллуд қонуни билан тартибга солади. Одамлар таваллул ва таносул105 соясида абадий инқироздан сақланадилар. Улар ўртасидаги эр-хотинлик муносабатлари шу ҳикмат асосида жорий бўлгандир. Бироқ бу иш ўз ихтиёрларида қолсалар, ўзларининг нафсоний ҳислари боис фасод ва паришонликда қолиб кетадилар. Шунинг учун ҳам одамлар ўртасида муборак никоҳнинг фойдалари жорий бўлган. Никоҳ ҳақида нозил бўлган Қуръони каримнинг баъзи оятлари ва баъзи ҳадиси шарифлар шариат ҳукмларининг «Манкуҳот»106 мажмуасини ташкил қилади.

Одамлар ибтидодан бугунги кунгача бир муқаддас ғайбий кучга ибодат қилиб келганлар. Башарият жамиятида ибодатнинг кўп фойдалари мавжуд: ҳақиқий ибодат руҳга таскин беради. Ибодат ахлоқни муҳофаза қилади. Ибодат оламни низомга киритиш учун мадад беради ва башарият жамиятида унинг мавқеи жуда баланддир, лекин ҳар бир қавмнинг ўзига хос ибодати ва ҳукмлари мавжуд. Ибодатимизнинг шакли ва ҳукмларини тартибга соладиган оят ва ҳадислар «Ибодат» мажмуасини ташкил қилади. Аҳли ислом саҳобалар ва тобеъинлар даврида бу тўрт қонунларни (муомалот, уқубот, манокаҳот ва ибодатни) Қуръони карим оятлари ва Наби (с.а.в.) ҳадисларидан келиб чиқиб тузган эдилар, лекин шу хусусда алоҳида китоблари йўқ эди.

Вақт ўтиши билан аҳли исломнинг ижтимоий аҳволи ўзгариб кетди, олимлар замон эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур бўлган ҳукмларни, Қуръон ва ҳадиси шарифдан қиёс107 ва ижмо108 усулини ишлатиб китоблар ёздилар, натижада фиқҳ илми юзага келди. Мусулмонлар турли хил тушунмовчиликларга дуч келмасинлар деб, уламолар ҳукм чиқариш йўлини кўрсатиши учун фиқҳ илми усулини ҳам кашф қилдилар. Бу илмда биринчи бўлиб қалам юргизган олим Имом Шофеий109 бўлади. Мазкур имом фиқҳ илмига оид китобининг муқаддимасида фиқҳ усули қоидаларини зикр этиб ўтган.

Бора-бора фақиҳлар бу илмни ривожлантириб, мустақил бир илм шаклига келтирдилар. Ҳанафия110 ва Шофеия мазҳаби111 фақиҳлари бир-бирларига муқобил асарлар яратдилар. Шундан маълумки, уламолар фиқҳ илмини замона тақозоси билан тартиб берганлар.

Жамиятда ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни билиб муҳофаза қилмоғимиз, ибодатимизнинг қоидалари ва тартиботини билмоқ учун фиқҳ илмига муҳтожмиз. Фиқҳ илмини билмоқчи бўлган одам фиқҳ усулини ҳам яхши ўрганмоғи зарур. Зеро, фиқҳ ҳукмларини, фиқҳ усулу қоидаларини ўрганмасдан туриб татбиқ этиш — бу кўр-кўрона тақлиддан бошқа нарса эмас.

КАЛОМ ИЛМИ

Бу дунёда кўз олдимиздан ўтиб турадиган жамики ҳодисалар, коинотдаги рўй бераётган ғаройиботлар томошаси бизни чуқур ўй-фикрларга солмаслиги мумкин эмас. Офтоб чўкиб, бутун оламни тун зулмати қоплайди, ой чиқиб заминга табассумини таратиб, латиф бир манзара ҳосил қилади. Баҳор келиб, атроф келинлик либосига бурканиб, сабза-гул ҳид таратади. Қиш етиб келадию буларнинг барчасини супуриб ташлаб, қор кўрпасини ёпади. Инсон ўзига ато қилинган илоҳий неъмат бўлган ақли билан буларни томоша қилишгагина қаноатланмай, балки ушбу ҳодисаларнинг сабабини таҳлил қилиб, қатъий қарорга келадики, буларнинг бари бесабаб эмас, балки коинотнинг устози, бирор-бир Холиқи мавжуддир?! Бу оламнинг яратгувчилик ва коинот устози ким ва унинг жойи қаерда? Шу саволга жавоб беришга инсоннинг ақли ожиз қолиб, одамларнинг баъзи гуруҳлари хатодан ўзларини махлуқпарастликка, одампарастликка, оташпарастликка солдилар. Қуръони карим баёнотининг бир қисми шу фикримизни дафъ қилиб, Вожиб таоло112 ва унинг сифатларини бизга баён қилиб беради: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, дея мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг. Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръони каримдан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўй бўлсангиз»113.

«Кофирлар гумон қиладиларки, Аллоҳнинг фарзанди бор деб. Унинг фарзанди ҳам, шериги ҳам йўқдир, агар шериги бўлганда, уларнинг ҳар қайсиси ўзи яратган махлуқотлар хайринигина ўйлаб бир-бири билан жанг қилар, бири ғолиб келардию, олам вайрон бўларди»114.

Қуръони карим шу икки оят билан Вожиб таолонинг мавжудлиги ва ягоналиги, шериги йўқлиги тўғрисида таълим бериб, бу оятлар орқали Худованднинг Ҳай(боқий)лиги, Олимлиги, Эшитувчи ва Кўрувчи, Қодир ва Муридлигини бизга тушунтириб беради. Аммо шу ўринда Қуръон ҳукмларини Аллоҳ Расули орқали нозил қилган экан, биз, аввало, ҳазрати Пайғамбарнинг набилигига ва Қуръони каримнинг ҳақлигига иймон келтирган бўлишимиз шарт. Бу икки матлабни Қуръони карим қуйидаги оятлар билан исбот қилади: «Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) муфассал китобдир». Ёки «уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (эй Муҳаммад): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб, шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!»115

Яна бир андиша ҳам борки, башарият доимо шу фикр билан машғулдир; одам ўзининг умри давомида ажал панжасига учраган дўстлари ва яқинларини кўп кўради ва ўзининг ҳам бир куни шунга гирифтор бўлишини тушунади. Сўнг ночор фикр қиладики, кетганлар қаерга кетадилар? Биз ҳам борсак қаерга борамиз? Бечора одам ана шу матлабни тушунишдан фикри ва ақдини тамоман ожиз топади!

Ҳазрати вожибул-вужуднинг ўзи бу саволга ҳам самовий Китоби орқали жавоб бериб, бизни ҳайрат ва баҳсдан халос қилади: «Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса, унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унгада истаган нарсасини берурмиз. Ва шукур қилғувчиларни муносиб мукофотлаймиз»116.

«Улар айтадиларки, бизни ўлгандан кейин ким ҳам тирилтира оларди? Айт, эй Муҳаммад, сизни йўқдан бор қилиб яратган Зот», — деб117.

Шу Қуръоний ҳукмлар мажмуасини «ислом ақойидлари» деб атайдилар. Буларни билиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Аҳли ислом асри саодатда Ақойиддан Қуръони карим ва Пайғамбардан таълим олардилар. Рисолат паноҳдан сўнг мазкур ҳукмларни саҳоба олимлар Пайғамбардан қай тарзда таълим олган бўлсалар, шундай қилиб бошқаларга ўргатардилар. Ушбу таълим силсиласи то тобеъинлар даврларигача шу хилда эди. Ҳижрий 100 санага ҳам етмасдан мўътазилийлар118 жамоаси пайдо бўлди ва эътиқод масъалаларини юнонларнинг фалсафий қарашлари билан аралаштириб аср олимлари билан баъзи масъалаларда ихтилоф чиқардилар. Ҳатто ораларида қаттиқ баҳслар ҳам бўлиб ўтди, натижада эса мўътазилийлар ғолиб чиқдилар.

Айтадиларки, эътизолия мазҳабининг асосчиси ва соҳиби Восил ибн Аъто119 деб, лекин бу ривоят саҳиҳ эмас. Бу мазҳабнинг ваъзхони, асосчиси имом Абуҳошим Абдуллоҳ ибни Муҳаммад ибни ал-Ҳанифа ибни Али ибни Абутолиб120 бўладики, Ибн Аъто унинг бир шогирди эди. Восил ибн Аъто имом Абуҳошимдан сўнг имом Ҳасан Басрий121 га шогирд бўлиб, ундан фазлу маърифатни ўрганди. Лекин охирида унинг мажлисига эътироз билдириб, эътизол (гўшанишин, узлатий) лақабини олди. Восил ибн Аъто 51 йил умр кўриб, 131 санада122 вафот этди. Агар бу киши ҳақиқатан муътазилий воизи бўлмаганда эди (лекин илгари бўлган эди), аҳли суннат олимлари бу ҳақида баҳс юритмас, эътиқодини рад этмас эдилар. Шундан сўнг мўътазилийлар тоифаси «Калом илми»ни яратдилар. Аҳли суннатга мухолиф бўлган бу эътизол арбобларининг таълимоти ақлий далиллар асосида исботлаб, кенг ва атрофлича тушунтиришдан иборат эди. Эътизол арбоблари ўзларининг матлабларини ақлий далиллар билан исботларди, бинобарин, уларнинг сўзлари ҳар бир эшитувчига таъсир қилиб, маъқул келарди. Аммо аҳли суннат олимлари нақлий далиллар билан мўътазилийларни мулзам қилмоқчи бўлдилар, бу мумкин бўлмасди, чунки одамларда ақлий далилларга рағбат кучлидир. Зотан, Қуръони карим ҳам ўзининг матлабларини ақлий далиллар воситасида исбот қилади. Аҳли суннат эса буни эътиборга олмади, ўзининг қадимий маслакларидан бош тортди, натижада мағлуб бўлиб, майдонда мўьтазилий уламоларнинг ўзлари қолдилар. Мўътазилийларнинг ишлари кундан-кун ривож топиб шу даражага етдики, 220 санада123 имом Аҳмад Ҳанбал124ни мўътазилий мазҳабига дохил бўлмагани учунгина халифа Муътасим Аббосий125 амри билан таъқиб қилиб, ушлаб ҳибс қилдилар. Ал-Восиқ Биллоҳи Аббосий126 халифалиги замонида (228 сана) аҳли суннат ва аҳли жамоанинг Аҳмад ибни Абу Наср номли улуғ бир олимини халифа амри билан қатл қилиб, калласини Бағдод дарвозасига осиб қўйдилар. Шундан сўнг аҳли суннат ортиқ мухолифлик қилмасдан хоҳлаб-ҳоҳламай мўътазилий мазҳабини қабул қилди.

Бу мазҳаб камол топиб ривожланиб кетаверди, то шайх Абул Ҳасан Ашъарий127 майдонга чиқмагунча ҳеч ким мўътазилийларга ошкор гапира олмасди. Шайх Абул Ҳасан Ашъарий Абу Али Алжабоий Мўътазилий128нинг биринчи шогирдларидан эди. 40 йил мўътазилий мазҳабининг тарафдори эди, бироқ бир муносабат билан устози ва унинг ораларида ихтилоф пайдо бўлиб, устози ҳузуридан чиқиб кетди. 15 кун уйдан чиқмай, аҳли суннат ақойидига оид китоб ёзди. Бу китобда мўътазилийларнинг эътиқод ва таълимотини ақлан кескин рад этди. Китобни ёзиб тугатгач, бир куни халқ масжидга тўпланиб турган вақтда ғайрат билан минбарга чиқиб, тўлиб-тошиб мўътазилия мазҳабининг ботил эканлигини эълон қилди ва ёзган китобини одамларга ўқисинлар, деб тарқатди. Бу муҳим воқеа 300 санада129 воқеъ бўлиб, мўътазилий мазҳабига кучли зарба берилди. Шундан кейин мазкур мазҳаб халқ назаридан қолиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Ашъарий мазҳабини қабул қилардилар. Шу шайхнинг ғайрати ва ҳиммати туфайли мўътазилий мазҳаби барҳам топиб, аҳли суннат тазйиқдан халос бўлди. Ажабланарлиси шуки, аҳли суннат жамоасининг баъзи бир олимлари ўша вақтда шайх Ашъарийни кофирликда айблаб, қатл қилинишини талаб қилдилар.

Мазкур муқаддимадан маълум бўлганидек, то 300 ҳижрий йилгача аҳли суннат ақойидларини мудофаа ва муҳофаза қиладиган илми калом йўқ эди. Илми каломнинг бу қисмини шайх Ашъарий илмий муомалага киритди. Бир муддат шайх Ашъарийнинг ушбу усули аҳли ислом орасида жорий қилиниб равнақ топди, бора-бора ислом уламолари юнон фалсафасини калом илмига киритдилар, юнон назариётидаги инкор ва раддиялар туфайли калом илми баҳсталаб бўлиб қолди. Бу тариқа илми каломни биринчи бўлиб имом Ғаззолий ёзди. Аста-секин замон ўтиши билан ислом уламолари калом илми таркибига юнон фалсафаси матлабларини киритиб, мураккаб бир маъжун130 тайёрладилар. Бизнинг орамизда машҳур ва мўътабар бўлган калом китоби шу қабилдаги асардир.

Энди мақсадимизга қайтсак, калом илми биз учун лозимми ё йўқми? Баъзи бир фақиҳлар калом илми таҳсили ҳаром дейдилар, ҳатто Имоми Аъзамдан131 ривоят қиладиларки, у ўғлига калом илмини ўқишни манъ қилган экан. Имом Абу Юсуфдан132: «Калом илми олимларининг орқасидан туриб намоз ўқиш дуруст эмас» деган нақл мавжуд. Имом Шофеъий буюрган: «Мен калом илми олимларини жазолашга фатво бераман». Бошқа кўпгина фиқҳ олимлари ҳам шу имомлар изидан бориб, калом илми ҳаққига шу каби ҳукмлар чиқарганлар. Лекин камина юқорида арз этган маълумотга кўра, махсус аҳли суннатга тегишли калом илмини имом Ашъарий 300 санада замон тақозоси билан тартиб бериб ёзган эди. Имоми Аъзам 150 санада133, Имом Шофеъий 204 санада134 вафот этганлар, бинобарин айтиш мумкинки, бу имомлар имом Ашъарий томонидан замона талабига биноан кейинчалик ёзилган калом илмини кўрмаганлар. Бас, уларнинг танқидлари бу илмга нисбатан эмас, балки улар манъ қилган илм мўътазилий жамоаси томонидан ботил мазҳаб билан тарқатилган ва унинг ривожи учунгина яратилган калом илмидир.

Қани кўрайликчи, бугун орамизда жорий қилинган калом илмини ўқишимиз зарурмикан ёки йўқ? Аллома Ибн Халдун135 ўзининг машҳур «Муқаддима»сида калом илми хусусида узун мақола битиб, шундай хулосага келадики, бизнинг замонамиздаги илм толибларига калом илми лозим эмас, зеро, Аллоҳни инкор этувчи даҳрий ва ибтидоий одамлар ҳозирда йўқдир. Калом илми эса шуларнинг фикрларини рад этиш учун вужудга келган илм эди136. Агар бу илмни ўрганишдан мақсад мўътазилийлар ва юнон фалсафасини рад этиш бўлса, бунга ҳам ҳожат йўқ, чунки бугунги кунда мўътазилийлар ҳам, Арасту137 ва Афлотун138нинг мухлислари ҳам қолмаганлар139. Бундан ташқари қадим сафсаталар ҳикматини эътиборга олган кимса дунёга келишни хоҳламайди. Аммо бу илмдан мақсад Вожиб таолонинг зоти ва сифатлари, набилик амри ва қиёмат кунини ақлий далиллар ҳамда қатъий ҳужжатлар асосида исботлаш бўлса, уни ўрганиш лозимдир. Энди иккинчи қисм нақлий илмларнинг баёнига киришамиз.

ЛИСОНИЙ ИЛМЛАР

Жамият тарихи эса уч қисмга бўлинади:

1. Илм ва адабиёт тарихи.
2. Табиий тарих.
3. Сиёсий тарих.

Илм ва адабиёт тарихи олимлар ва шоирлар тоифаларини, илмларнинг турлари, даражаларини ва ўрганиш усулларини текширади. Табиий тарих махлуқотларнинг истеъдоду қобилияти ва жонзотларнинг хосиятлари ҳақида маълумот беради.

Такрор ва такрор айтдикки, диний ва ижтимоий таълимотимиз Қуръони карим ва ҳадисларда мавжуддир. Қуръони карим ва ҳадислар эса араб тилидадир. Яна шариъатга оид аксар китобларимизни олимлар араб тилида ёзганлар. Бинобарин, шуларни тушунмоқ ва билмоқ учун араб тилининг сарфу наҳвини ўрганишимиз зарур. Лекин бу етарли эмас, балки Қуръони карим маъноларини чуқур тушунишимиз учун балоғат илми140, илми баён141 ва илми бадеъ142 ни ҳам билишимиз лозим. Бу илмларни ўрганишимиз зарур эканлигига шак-шубҳа йўқдир. Лекин, шуни ҳам унутмаслик лозимки, бу илмларни ўрганиш шундай (ҳиссий) лаззат олиш учун эмас, балки зарурат юзасидан, олий диний маълумот олиш учун керак бўлади. Араб тилини диний илмларга эга бўлиш учун ўрганиш зарур. Бир умр араб тилини ўрганиб, диний илмларни ўзлаштирмаган одамлар адашганлардир. Бундай кишилар намоз ўқиш учун таҳорат қиламан, деб, таҳорат билан овора бўлиб, намозини қазо қилган кишига ўхшайдилар.

Энди, ҳурматли ўқувчи, нақлий илмларнинг иккинчи қисмига шарҳ берамиз.

ТАРИХ ИЛМИ

Тарих илми ўтган қавмларнинг умумий аҳволини биз-ларга ибрат ва дастуруламал қилиб нақл ва муҳокама этади. Бу илм, аввало, икки қисмдан иборат:

1.Муқаддас тарих.
2.Маданият143 тарихи.

Муқаддас тарих — анбиёлар аҳволи ва ҳазрати Пайғамбаримиз сийратларини бизга тушунтиради.

Жамият тарихи эса уч қисмга бўлинади:

1. Илм ва адабиёт тарихи.
2. Табиий тарих.
3. Сиёсий тарих.

Илм ва адабиёт тарихи олимлар ва шоирлар тоифаларини, илмларнинг турлари, даражаларини ва ўрганиш усулларини текширади. Табиий тарих махлуқотларнинг истеъдоду қобилияти ва жонзотларнинг хосиятлари ҳақида маълумот беради.

Сиёсий тарих икки қисмдир:

1. Умумий тарих.
2. Хусусий-маҳаллий тарих.

Умумий тарих оламнинг яратилиш вақтидан ҳозиргача дунёда пайдо бўлиб йўқ бўлган давлатлар, халқу миллатлар, уларнинг ҳаёт кечиришлари, тузумлари, йўқолиб кетиш сабаблари ҳақида фикр юритади.
Хусусий тарих бир давлат ёки халқ тарихининг пайдо бўлиб, инқирозга учраш сабабларини ўрганади.
Тарих жуда қадимий бир илмдир. Юнонлилар энг биринчи бўлиб тарих ёзган қавмлардан ҳисобланади. Ислом зуҳур топиб тараққий этгандан сўнг уламоларимиз бу илмда ҳам анча саъй-ҳаракат кўрсатиб китоблар ёзганлар. Ҳатто тарих илмини ислоҳ қилиб фойда бахш этувчи фанга айлантирганлар ҳам мусулмон олимлари бўладилар. Аҳли исломларнинг тарих илмида ҳам маҳоратлари юксак бўлган, улар фойдали ва қимматбаҳо, тарихга оид асарларни ёзиб қолдирганлар.

«Тарихи Абулфидо»144, «Тарихи Ибн Халдун»145, «Тарихи Табарий»146 шулар жумласидандир. Шу учта муаззам китоб ҳам араб тилидадир. Бу асарларни фарангликлар (оврўпаликлар) ўз тилларига таржима қилганлар. Қайси миллат яшашни (равнақу тараққиётни) истаса, тарихини билиши лозим бўлади. Зеро, тарих бир кўзгуга ўхшайди, ҳар бир қавм ўзининг аҳволи ва ижтимоий ҳаёт қоидаларини унда кўриб, яхшини ёмондан фарқ қиладиган бўлади. Равшанроқ тушунтирсак, яъни қайси миллат юксалиш фикрида бўлса, ўтган қавмлар тарихига мурожаат қилади, уларни ҳалокатга етказган сабабларни билиб, уларни тарк этиб, бирон-бир миллатнинг ривожи ва тараққиётига сабаб бўлган қонунлар бўлса, уларни қабул қилади. Шунинг учун ҳам Ҳақ жалла ва аъло Қуръони каримнинг бир қисмида ўтган қавмларининг тарихини беради. Агар бу илмда зарар бўлганда эди, Худованди карим Қуръонда унга жой бермасди. Тарих илмининг зарурлиги ҳақида мана шу оятни келтиришимиз кифоя қилади: «Эй Муҳаммад, уларга тарихдан ҳикоя қил, токи ўтган қавмлар ҳақида (одамлар) билиб олиб, ўйласинлар ва ибрат олсинлар»147.

ЖЎҒРОФИЯ

Жўғрофия — ер юзи ва ундаги аҳолининг аҳволини ўрганади. Бу илм ҳам жуда қадимдир. Ислом уламолари уни юнонлилардан ўргандилар. Кўп олимлар жаҳд ва ҳаракатлар қилиб бу илмни ислоҳ этиб ривожлантирдилар. Ислом уламоларининг баъзилари бу илмнинг ривожи ва тараққиёти учун Бағдоддан Чингача саёҳат қилиб, маълумотлар йиғиб бу илмни бойитдилар. Шундай олимларнинг баъзиларини зикр этамиз. Аллома Абу Исҳоқ Истахрий148 340 йили олам бўйлаб саёҳат этиб, жўғрофия илмига оид «Китобул-ақолим» («Иқлимлар ҳақида китоб») номли асар ёзди. Фаранг олимлари қадимий жўғрофияга оид бу асарни энг мўътабар ҳисоблаб, ўз тилларига ўгирганлар. Ибн Ҳавқал ал-Маъсулий149 28 йил саёҳат қилиб 350 йили «Ал- масолик ва ал-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар») номли хусусий жўғрофияга оид, яъни Арабистон қитъаси ҳақида баҳс юритувчи асарини ёзди. Алломаи шариф Идрисий150 493 йили таваллуд топиб, 576 йили вафот этган, жўғрофия илмининг буюк намояндаларидан саналади. Рум, Миср, Андалус, Марокаш, Фаронса ва Ингилитар (Британия)га саёҳат қилиб Сажилиё (Сицилия)га келиб, шу ернинг подшоҳига кумушдан ер куррасини ясаб берган ва жўғрофияга оид «Нусҳатул-муштоқ фи ахборил-офоқ» номли асар ҳам ёзган. Хулласи калом, ислом уламолари жўғрофия фанининг ривожига катта ҳисса қўшганлар, ислом алломаларининг кўплари бу илм билан шуғулланганлар. Биз шуларни зикр этганимиз кифоя.

Энди жўғрофия фани бизга керакми-йўқми деган саволга келсак, шуни айтишим лозимки, биринчидан, бир мулк тижоратини ривожлантириш учун бу илмни ўрганишимиз зарур. Иккинчидан, шу нарса маълумки, одамлар тараққиётга мойил бўладилар. Фитрату ақллари тақозоси билан икки дунё саодатига ноил бўлиш учун ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам одамлар аксар халқларнинг тарихи, ишлари ва ижтимоий қоидаларини билиб, ўзларига ибрат кўзгуси қилиб оладилар, миллатларнинг таназзул ва йўқ бўлишига олиб келган сабаблардан ҳазар қилиб, қайси қавм майдонга келиб тараққий этган бўлса, шу қавмнинг ривожланиш воситаларини билиб олиб, унинг йўлини танлайдилар. Шуни эътиборга олиб, Қуръони мажидда Худованди таоло ва аъло буюради: «Ўтган қавмлар қилмишларининг оқибатини билмоқ учун булар саёҳат қилмайдиларми?»151

«Эй мусулмонлар, албатта, сизлардан олдин қавмлар бўлган, ўрталарида қоида ва қонунлар бор эди, бас, сизлар саёҳат қилинглар. Пайғамбаримиз сўзларига кирмаган қавмларнинг ҳоллари нима бўлганлигини кўринглар»152.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло бу оятлар билан бизга ибрат олиш учун саёҳат қилишга буюради. Лекин бундай саёҳатларни жўғрофия илмини билмасдан амалга ошириш қийин. Иккинчидан, маълумки, саёҳат ҳар бир кишига ҳам тўғри келмайди. Шунда саёҳатга қодир бўлмаган киши бир жойда туриб Аллоҳ амрини бажараман деса, тарих ва жўғрофияни яхши билиши лозим.

Энди ақяий илмларнинг баёнига ўтамиз. Ақлий илмлар инсон фаолияти ва кашфиётларининг натижасидир. Бу илмлар умумий ва хусусий бўлмайди, яъни бу илмлардан бирини насроний илми, бирини мусулмонлар илми деб атаб ҳам бўлмайди. Бу илмлар инсоний илмлар, ҳар бир инсон жинси ва мазҳабидан қатъи назар улардан баҳраманд бўлиши мумкин. Бу илмларнинг умумий ҳайъатини ҳикмат дейдилар, у уч қисмдан иборат.

1. Табиий илм.
2. Риёзий илм.
3. Фалсафий илм.

Табиий илм ўз навбатида бир неча қисмдан иборат:

1. Табобат илми.
2. Табиий ҳикмат илми.
3. Наботот илми.
4. Махлуқот илми.
5. Маъданлар илми.

ТАБОБАТ ИЛМИ

Бу илмлар мажмуаси инсон аъзоларининг касалликлари ва уларнинг даволаниши йўлларини бизга тушунтиради ва бир неча қисмга бўлинади:

Илмул-амроз (касалликлар ҳақидаги илм);
Илми муфрадоти адвия (доришунослик илми, дорилар ҳақидаги илм);

Илми ташриҳ (инсон аъзоларини ўргатувчи илм, анатомия);
Илми ансож (жисмоний тарбия илми);
Илми манофеъул-аъзо (инсон аъзоларининг манфаатлари).

Илмул-амроз инсонда учрайдиган касалликларнинг шакли ва мушкилотларини ўргатади. Муфрадоти адвия илми дорилар тайёрлаш ва уларни истеъмол қилиш ҳақида баҳс юритади. Ташриҳ илми инсон аъзоларининг тузилиши, таркиби ҳақидаги фандир. Фарангларнинг бугунги кунда барчани ҳайрон қолдирган жарроҳлик фанлари ана шу илм соясида шакллангандир. Ансож илми инсон баданининг тарбияси тўғрисида сўз юритади. Манофеъул-аъзо илми эса ҳар бир аъзонинг вазифа ва хизматларини изоҳлаб беради. Тиббий илмнинг мазкур учта қисми бизга очиқ-ойдин шуни кўрсатадики, Ҳазрати Холиқ инсон вужудидаги ҳар бир зарра ва узвни беҳуда ва бефойда қилиб яратмаган ва қодир Аллоҳнинг ҳикматига иймонимиз комилдир.

Табобат илмини ислом уламолари юнон ва ҳиндлардан олиб, шу қадар ривожлантириб такомиллаштирганларки, бугунги донишманд фаранг ҳакимлари ҳам уларнинг номларини камоли эҳтиром билан тилга оладилар. Ифтихоримиз бўлган ислом оламининг собиқ табиблари ҳозирги Туркистон табибларига ўхшаб, катта оналаридан ўрганмаганлар, уларнинг табобати ҳозиргиларникига ўхшаб шарбатфурушлиқдан иборат эмасди, балки табобат илмини таҳсил олиш, тадрис қилиш орқали эгаллаганлар. Уларнинг фикри доим шу илм билан банд бўлган. Табиблар бу соҳада янги бир кашфиёт қилиш, ё янги даволаш усулларини топиш, ё шу илмда китоб ёзиш хаёлида юрганлар. Энди фикримизнинг исботи ва қориларимиз мулоҳазаларини ойдинлаштириш учун машҳур ислом табибларининг баъзиларини зикр қиламиз.

Аллома Абу Бакр Розий153 ислом дунёсида табобат илмининг асосчиси ва сардорларидан бири. У 240 ҳижрий санада Рай, ҳозирги Эроннинг пойтахти Теҳронда таваллуд топиб, илм ва фан таҳсили учун Шом, Ироқ, Андалусия, Мисрга сафарлар қилиб, бир муддат Бағдодда, бир муддат Райда табиблик қилган. Бухорода ҳам амир Мансур ибн Исмоил саройида бош табиблик қилиб, шу ерда машҳур асарларидан бири «Ал-куношул-Мансурий»ни Амир Мансур154 номига атаб ёзган. Ҳакимлик илмининг ҳар бир соҳасида маҳорат соҳиби бўлиб, уларга оид китоблар ёзиб қолдирган. Розий чечак ва қизамиққа қарши тиббий тадқиқот олиб борган биринчи табиб бўлиб ҳисобланади, бу касалликларга оид ёзган рисоласи бугунгача Фарангистонда эътиборли ва машҳурдир. Бу аллома 180дан зиёд китоб ёзиб қолдирган. Китобларининг аксари тиб ҳақидадир. Машҳур асарларидан «Ал-ҳовий» (уч жилддан иборат) тиб илми ҳақида, «Ҳайъатул-олам» коинот илмига оид, «Ал-Мансурий» тибга оид китобларини фаранглар ўз тилларига ўгирганлар. Бу машҳур табиб 320 ҳижрий санада вафот этган. Бу олимни ҳам баъзи «азизлар» кофир деб эълон қилганлар.

Абулҳасан Али ибн Ризвон Мисрий155 ҳам ислом (олами) табибларининг биринчиларидан эди. Отаси бир камбағал нонвой бўлган. Ибн Ризвон Мисрда таҳсили илм қилиб, аввал нужум илмида маҳоратини тамом кўрсатиб дарс бера бошлади, шу илм орқасидан тирикчилик қилди. Кейин илми тиб таҳсилига машғул бўлиб, замонасининг буюк табибига айланди. Тиб илми, ҳикмат ва фалсафа илмларига оид 80 адад китоб ёзиб қолдирган.

Ибн Синонинг номи билан қиёматгача фахрлансак арзийди. У 370 йили156 Ромитан туманида оламга келган. 18 ёшида замонасининг ҳамма илмларини ўрганиб, тиб ва ҳикмат илмида қўли баланд олим бўлган. Худо берган ақлу заковати бунга гувоҳдир. Юздан ортиқ ёзган китобларининг аксари тиб ва ҳикмат илмига оиддир. Баъзи асарларини оврўпаликлар таржима қилганлар. Хусусан, «Ал- қонун» асари яқингача тиббий мактабларида дарслик сифатида ўқитиларди. Бухоронинг баъзи муллароқлари шундай фазилатларга эга бўлган инсонни ҳам кофир деганлар. Сино уларга жавобан айтибди:

Куфри чу мане газофу осон набувад,
Маҳкамтар аз иймони ман иймон набувад.
Дар даҳр чу ман якеву он ҳам кофир,
Бас дар ҳама даҳр як мусулмон набувад.

Яъни:

Мани куфрим беҳудаю осон бўлмайди,
Иймонимдек маҳкам иймон бўлмайди.
Даҳр аро танҳо мену у ҳам кофир бўлса,
Бас, даҳр аро бир мусулмон бўлмайди.

Ибн Сино 428 йили157 рамазон ойида Ҳамадонда вафот этган. Мусулмонлар орасида табобат илмининг эътибор ва шарафи шу даражада бўлганки, нафақат ислом олимлари, балки Ҳазрати фахри коинот алайҳи афзал-уттаҳҳиёт ҳам бу илмга катта аҳамият берганлар.

«Худованд дард берган, илло унинг давосини ҳам бергандир», деган Саҳиҳи Бухорий «Китоб ат-тибб»да158.

Муслим эса «Ҳар бир дарднинг давоси бор. Қачон давосини топса, Аллоҳ изни билан офият топажак», деб ёзган «Китоб ус-салом»159ида.

«Жомеъ ус-саҳиҳ»да (айтилишича) «Ҳазрати Расули акрамдан сўрадилар: «Модомики, ҳар бир иш қазо ҳукми ила содир бўлади, бас, беморларни даво қилиш нимага керак?» Ҳазрат жавоб бердиларки, «Даво ҳам қазо ҳукмида Худонинг амри билан нафъ беражак», деган ҳадис бор.

Бизда табобатнинг йўқлигидан бечора миллатимизнинг зое бўлиб кетаётгани (турли касалликларга йўлиқиши) йилдан-йил кўпайиб кетмоқдаки, бу андиша кишини ларзага солади. Минг хил касалликлар орамизда бемалол кўпайиб бормоқда. Жуда кўп ёшларимиз сил ва иситма ҳужумидан оёқдан йиқилиб, жаҳонни ҳайрон қолдирмоқдалар. Қанчадан-қанча дилкаш гўдаклар шамоллаш ва чечакдан жон бериб, ота-боболарининг юрагини пора- пора қилмоқда. Айниқса, ёз ойларида шаҳарларда ва қишлоқларда даволаниш иштиёқида юрган, иссиғини (иситмасини) табибларга очиб кўрсатаётганларнинг қанчаси ширин жонларидан маҳрум бўлмоқдалар. Муҳаммаднинг юзлаб умматлари жароҳатларига малҳам бўладиган дори орзусидадирлар, уларнинг чеккан нолаи оҳларидан малоикалар қалбига ҳам изтироб тушади.

Сиз бир марта заҳмат чекиб Бухоро қишлоқларини кезиб чиқсангиз, баланд қасрлар, дилочар манзиллар, фараҳбахш боғлар, жаннатмакон ерларнинг одамсизликдан хароб бўлиб шўразорларга айланиб ётганини кўрасиз.

Нечун ҳам биз бухоролиларнинг аҳволига кўз ёш тўкилмасинки, қачон ҳар бир қозоқ ўзининг туялари, ҳар битта чўпон қўйларнинг ҳисобини, ҳолини билса-ю, бизнинг ҳукуматимиз эса раиятининг сонидан ва ҳолидан бехабар бўлса?! Шунинг учун ҳар йили табобатнинг йўқлигидан зое бўлиб кетаётганларнинг ададини бизга маълум қилмайдилар. Аммо тараққий этган мамлакатларда одат бундай эмас, уларнинг ҳукумати махсус дафтарларда раиятнинг сонини ҳисоблаб, таваллуд топган ва вафот этганларни қайд қилиб турадилар. Ҳар йили бу ҳисобларни текшириб, рўзномаларда эълон қиладилар. Агар бу йил ўтган йилга қараганда кўпроқ одам ўлган бўлса, ё туғилиш камайган бўлса, шу давлатнинг катгалари изтироб ва хавотирга тушиб, унинг сабабларини қидириб, бартараф этишга тушадилар. Биз бечора бухоролилар ҳар йили ватанимизнинг мингларча авлодини тупроққа топширамиз-у, аммо бир кишининг ҳам юраги куймайди…

«Сизларнинг ҳар бирингиз ўз тобеъларингизга нигоҳбондирсизлар. Сизларнинг ҳар бирингиз итоатингиздагилар аҳволи учун Аллоҳ олдида масъулдирсизлар», — деган Бухорий «Китобул-истиҳроз»160ида. Шу ҳадисдан маълум бўладики, ҳакимларимиз бу табибсизликдан бизга етаётган талафотлар учун Аллоҳ ҳузурида ҳисоб берадилар. Бас, бу жиҳатларни тезроқ эътибор назарларига олиб, мамлакатимизни ва миллатимизни табибсизлик балосидан халос қилиш уларга лозимдир.

Биз мамлакатимизда табибларни кўпайтириш хусусидаги фикрларимизни «Ҳинд сайёҳи»161 асаримизда ёзган эдик, бу жойда такрорлашни лозим кўрмадик.

КИМЁ ИЛМИ

Жисмлар ҳақидаги илмдир. Уларнинг табиати ва хосиятларини бизга тушунтиради. Бу илм фаранглар табобат илмининг ҳар бир соҳаларига ҳайратомуз катта дахли бор.

ТАБИАТ ИЛМИ

Коинотдаги жисмларнинг мавжудлик сабаблари ҳақида баҳс қилади. Фарангларда юзага келган ва келаётган ҳар бир фан шу илмга боғлиқ. Уларнинг онаси шу илмдир.

ИЛМИ НАБОТОТ

Ўсимликларнинг турли навълари, хосиятлари, уларни ўстириш ва озиқланиши ҳақида баҳс юритади.

МАХЛУҚОТ ИЛМИ

Турли хил махлуқлар, уларнинг табиатлари ва хосиятлари ҳақида маълумот беради.

МАЪДАНЛАР ИЛМИ

Маъданларнинг келиб чиқиши, навълари ва хосиятлари ҳақида баҳс қиладиган илмдир.

Энди кўрайлик-чи, табиий илмларни ўрганиш бизга лозимми ёки йўқ? Асар(имиз)нинг бошиданоқ доим ва такроран айтиб келяпмизки, «Одамнинг ҳаётий ғояси икки дунё саодатига эришишдир». Қайси қавм шундай саодатга эришишни хоҳламаса, махлуқлардан фарқи бўлмас. Охират саодатига эришиш учун иймони комил ва солиҳ амал даркор, дунё саодати эса саъй-ҳаракатни талаб қилади…

Дунё саодатига эришиш учун қандай ҳаракат қилиш лозим? Оврўпа халқларининг аҳволи бизга ибрат бўладир. Улар ниҳоятда тез тараққий йўлига кириб бардам қадам ташлайдилар; поездлар, тайёралар ишлаб чиқариб, бир ҳафталик йўлни бир неча соатда босиб ўтадилар. Телеграфлари орқали ер юзидаги ахборотни бир кечада билиб оладилар. Олдин телеграф учун ҳам сим ва ёғочга муҳтож эдилар. Бугун эса ҳеч қандай сим ва ёғочсиз кўзга кўринмайдиган воситалар билан олам аҳволидан хабардор бўладилар. Шундай кашфиётларни ҳам кам деб билиб, янги- янги ихтироларга қўл урадилар. Бизни ҳайрат ва таажжубда қолдирмоқдалар. Уларнинг энг кичик бойлари ҳам бизнинг бойларимиздан ўн баробар кўп бойликка эга. Улар орасида шундай давлатдорлар борки, хоҳласалар Бухорони сотиб оладилар. Шунча буюкликларга қарамай, улар билан юзма-юз ўтириб: «Сизлар роса тараққий этгансизлар» десангиз, жавоб берадиларки: башарият ҳали гўдаклик давридадир. Бу тараққиётимиз жуда нисбий, инсон қудрати кўп нарсаларга қодир. Олдинги одамлардан бизнинг фарқимиз шуки, улар ўзларини олим ва иқтидорли деб билган. Бизлар эса шунча таҳқиқ ва тадқиқдан сўнг ўзимизни жоҳил ва ожиз эканлигимизни билдик. Шундай экан, башариятни гўдаклик ва нодонликдан қутқариш учун ҳаракат қилмоғимиз зарур: Оврўпа халқларининг тараққиёт мартабалари шунчалик.

Шу нарса ҳам муқаррарки, инсон инсонлиги учун ҳам ё тараққий этиши лозим, ёки инқирозга дуч келиши даркор. Тараққий йўлидан юрмаган жамоа ўз ҳолида ҳамиша бир хил бўла олмайди, яъни кун сайин кўрсаткичлари пасайиб кетади. Айтишингиз мумкинки, биз бухоролилар тараққиёт йўлига кирмасдан ҳам яшаяпмиз-ку, деб. Жавоб берамиз: ҳаётимиз касалманд одамнинг ҳаётига ўхшайди. Кун сайин жисмимиз заиф ва қонимиз камайиб боради. Шу ҳолда бирон-бир билимдон табиб олдига бориб дору-дармон олмасак, бугун ёки эрта ўлим топишимизга шубҳа йўқ. Бугун ҳаммага маълумки, биз олам саҳнасида яшаяпмиз. Лекин яна юз йил шундай яшашимиз мумкинлигини ақлан ва амалан исбот қилиб берадиган одам борми? Бир мулоҳаза қилинглар-а, миллатимиздан ҳар йили минглаб одам турли касалликлардан нобуд бўлмоқдалар, наслимизнинг баракасиям қолмаяпти, ҳар йили бойларимизнинг кўпи касод бўлмоқдалар, тижоратимиз ўзгаларнинг қўлига ўтмоқда; ҳар йили минглаб таноб обод ерларимизни шўр босиб, қишлоқларимиз хароб бўлиб, уккиларнинг уяларига айланмоқда! «Ҳовуздан ҳам томчилаб сув олсалар қуриб кетади» деган машҳур бир масал бор. Ҳар куни шунча зарар кўра туриб, яна юз йил яшай олишимиз мумкинлигини ким айта олади? Миллий ҳаётимиздан ё воз кечишимиз лозим, ёки бошқа миллатлар сингари тараққий қилишимиз керак!

Ажабо, қандай қилиб тараққиётга эришамиз? Тараққиёт йўлини излаб топиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Чунки бошқа миллатлар узоқ йиллар тажриба ва тадқиқ этиб башарият учун тараққиёт йўлини очганлар. Улар босиб ўтган йўл билан юришимиз керак. Диққат қилсангиз, уларнинг динларини қабул қилинг, демаймиз. Биз мусулмонмиз ва то абадгача мусулмон бўлиб қоламиз, фақат дунёвий ишларимизни тартибга келтириш учун уларнинг йўлидан боришимиз зарур, бошқа иложимиз йўқ. Сизга ҳам маълумки, тижорату зироат, фабрикалар қуриш, поезд ясашнинг ўрганиш дин ва эътиқодга ҳеч алоқаси йўқ. Улар ҳамма тараққий асбобларини табиий илмлар ёрдамида қўлга киритганлар. Бас, бизга ҳам табиий илмларнинг таҳсили лозим ва зарур. Бундан ташқари айтдикки, табиий илмлар диний эътиқодларимизни ҳам камол даражасига кўтаради.

«У ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган зотдир. У ердаги ҳар бир мевани иккитадан жуфт-жуфти (яъни, эркак-урғочи) билан яратди, у кечани кундуз устига ёяр. Албатта, бу (мисолларда) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир»162. Бошқа оятларни ҳам келтириб, фикримни тушунтиришдан олдин ҳурматли қориларнинг диққатини шу оятнинг бир жумласига жалб қилмоқчиман. Бу шариф жумлаларнинг маъноси шулким, ўсимлик ҳам ҳамма махлуқлар сингари урғочи ва эркакдан иборат, бир-бирлари билан қўшилиб ҳомила пайдо қилади ва насл беради. Лекин ҳурматли муфассирларимиз (шарҳловчиларимиз) ўсимликларнинг таваллуди ва таносилини ақлларига сиғдира олмайдилар. Шунинг учун ҳам бу ояти каримани таъвил қилиб, зоҳирий маъносини берганлар. «Завжайн»163 калимасини «синфайн»164 деб тафсир қилганлар. Бу ҳолда ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади: «Аллоҳ ҳар бир мева ва ўтларни навъ-навълари билан яратган, бири ширин, бири аччиқ бири оқ, бошқаси қора». Ақли солим эгалари озгина диққат қилиб бу тафсирнинг хатолигини тушунадилар. Аммо наботот илмидан хабари бор одам, яхши биладики, ўтлар ҳам махлуқларга ўхшаб урғочи ва эркак қилиб яратилган. Улар бу ояти карима маъносини зоҳирий маъносига қараб чиқармайдилар, бу эса табиий илмларнинг фойдасидандир. Ўз матлабимизга қайтиб бошқа оятларни зикр қиламиз: «Аллоҳ осмондан сув — ёмғир, қор ёғдириб, уни ердаги булоқларга чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қурур, бас, сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатга, бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордур»165.

«Айтгин, эй Муҳаммад, ерда ва осмонда бўлган ҳикматларни кўриб ва илоҳий қудратнинг камолига иймон келтиринглар»166.

Шу ояти карима бизга буюрадики, ер ва осмонда мавжуд бўлган илоҳий кучларни тадқиқ қилиб, уларнинг фитрий қоида ва қонунларини кашф этиб, Аллоҳнинг илм ва қудрати камолини мушоҳада этайлик ва шу восита орқали иймонимизни комил этайлик. Табиий илмлар бизларга хилқатнинг илоҳий қонунларини тушунтириб, иймонимизни комил қилади.

Бунча гапни ўзи тўқиб чиқаряпти, деб ўйламанглар. Кўпгина ислом уламолари шу хусусда анча китоблар ёзганлар. Лекин бизлар ғафлатда қолиб, уларни ўқишдан маҳрум бўлганмиз. Жумладан, фазилатлари ошкор бўлган Имом Ғаззолий «Мезон ул-амал» китобининг бир муфассал мақоласида бизнинг мавзуимизни шарҳлаган. Хотирингизни жам қилмоқ учун уни (Имом келтирган оятни) қисқача таржима қиламан. Имом: «Агар сен табиий илмлар воситасида ўзингга тадқиқ назари билан қарасанг: гўшт, суяк, пай, томирларингни билиб олсанг, хизматингда бўлган жозиба, ҳазм қилиш, мосика (инстинкт), дофиа қувваларингни мулоҳаза қилиб кўрсанг, уларнинг вазифалари қанақалигини, қай тартиб ва интизом билан бу вазифаларни бажараётганларини кўрардинг», — деб ёзади. Ояти кариманинг маъноси шулдир. Бу масалага бир мисол билан шарҳ берамиз. Тасаввур қилинг, икки кишидан бири олим ва фоқиҳ, иккинчиси жоҳил ва саводсиз. Фараз қилингки, уларнинг иккови ҳам Имом Аъзамга эътиқод қўйган. Лекин жоҳил киши Имом Аъзам фазилатларини бошқалардан эшитиб эътиқод қилган. Аммо фоқиҳ одам Имом сўзларини китобларидан мутолаа қилиб, ҳарфма-ҳарф таҳлил ва тадқиқ қилган, муаллифнинг мартаба ва даражасини мушоҳада қилган. Фоқиҳ одамнинг Имом Аъзамга нисбатан эътиқоди жоҳилга нисбатан кучли ва тўғрироқ эканлигига шак-шубҳа қолмайди. Аллоҳга иймон келтиришда ҳам табиий илмлар уламолари бошқалардан шу билан фарқ қиладилар. Имом Ғаззолий сўзлари шу ерда тугайди… Табиий илмларнинг зарурлигига шубҳангиз қолмади деб ўйлаб, мен яна ўз мақсадимга қайтсам…

РИЁЗИЙ ИЛМЛАР

Илмнинг бу бўлими тўртга бўлинади.

1. Ҳисоб.
2. Жабр.
3. Ҳандаса.
4. Ҳайъат.

Ҳисоб илми сонларнинг ёзилиши, санаш, масалаларнинг ечиш усулларини тушунтиради. Бу илмнинг қанчалик зарурлигига ҳеч бир шубҳа йўқдир, зеро биз маданиятли бир халқмиз. Ваҳшийларга ўхшаб тоғу саҳроларда ҳаёт кечирмаймиз. Бинобарин, бир-биримиз билан муомала, олди-берди қилишга мажбурмиз. Бир жамоанинг муомала ва олди-бердиси ҳисоб илмисиз ғоят мушкулдир. Хусусан, тижоратда ҳисоб илми бўлмаса хатарлидир. Ҳар йили бизнинг тожирларимиз кўраётган зарарларнинг бир қисми дафтардорлик илмининг йўқлигидандир, чунки у ҳисоб илмининг бир қисмидир. Бизнинг мамлакатимиздаги кўп тожирларнинг ҳисоб дафтарларини на ўзлари, на мирзалари, на шериклари, алҳосил, Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг давлатларининг бир қисмини мирзалари ва бошқа бир қисмини гумашталар чўнтакларига урадилар. Бой бобонинг ўзлари эса икки-уч йилдан сўнг ғалвир сувдан қуруқ чиққандек қуп-қуруқ бўлиб, ишдан қўл тортиб уйда ўтириб қоладилар. Биз Бухоронинг қанчадан-қанча тожирларини таниймизки, уларнинг мирзалари бугун хўжайинларидан кўра давлатмандроқ бўлиб юрибдилар! Буларнинг барига ҳисоб илмини ва фароиз илмини билмаслик сабабдир. Фараз илмини ҳисоб илмини билмасдан туриб ўрганиб бўлмайди.

Жабр илми ҳисоб илми қоидаларини умумий ва мухтасар ҳолда ифодалаб, ҳисоб ҳукмларини осонлаштиради. Бу илмни Муҳаммад ибн Мусо167 деган ислом олими кашф этган. Оврўпалилар мазкур илмни мусулмонлардан олганлар. Бу илм ҳисоб илмининг охирги босқичи бўлиб, уни ўрганиш зарурдир.

Ҳандаса. Ашёларнинг шакли, масоҳати, узунлигини ўргатадиган илм. Маданий халқлар бу илмни ҳам билишлари шарт.

Ҳайъат (астрономия) — самовий буржларнинг шакллари, кучи, узоқ-яқинликлари, ҳаракатларини ўрганувчи фан. Ислом олимлари бу илмнинг тараққиёти учун жуда кўп ҳаракат қилганлар. Бу илмни билмоқ инсон иймонини комил қилади. Ҳатто бу хусусда баъзи уламолар: «Бу илмни билмаганлар илоҳий қудратнинг баркамоллигини тушунмайдилар», — деганлар.

«Кимки ташриҳ илми ва ҳайъатни билмаса Аллоҳни таниб олишда ҳам ожиздир. Зотан, Қуръони карим ҳам шу маънони таъкидлайди», — деб ёзади Имом Ғаззолий.

«Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) аломатлар борлиги шубҳасиздир»168, — дейилган Қуръони каримда.

Самовий жисмларнинг яратилиши ҳақида фикр ҳосил қилиш ва илоҳий қудратнинг камолини англаш учун инсонга ҳайъат илмини ўрганиш зарурдир.

ФАЛСАФИЙ ИЛМЛАР

Энди ақлий илмларнинг учинчи қисми, илмлар мажмуасининг охири бўлган фалсафий илмлар хусусида баҳс юритамиз. Бу илм тўрт қисмга бўлинади:

1) руҳ илми;
2) ахлоқ илми;
3) илоҳиёт;
4) мантиқ.

Руҳ илми. Ҳазрати Парвардигор башар тоифасини неъмати азим бўлмиш ақлга мушарраф этган, шунинг баробарида инсоннинг дунё ва коинотдаги ҳамма ҳодисалардан бепарво, лоқайд қолиши мумкин эмас. Одам табиатан ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини тамоман билгиси келади. Масалан, мен бир дўстимнинг ҳузурида ўтирган вақтимда, ўнта бир жойдан муҳрланган мактуб келсаю дўстим мендан пинҳона уни ўқиш билан машғул бўлса, мен у мактубнинг мазмунидан бехабар қолиб, тасвирлаб бўлмайдиган изтиробда қоламан. Бундай ҳолат ҳаммада турли хил тарзда содир бўлади. Инсон биргина мактубнинг мазмунини билмаганлигидан шунча изтиробга тушар экан, унинг рўпарасида содир бўлаётган бу дунё ҳодисаларидан изтиробга тушмаслиги амри маҳолдир. Масалан, ал-ассабоҳ169 дунёнинг бир тарафидан доира шаклидаги бир жисм баландга кўтарилиб, оламни мунаввар қилади ва бир неча соатдан сўнг бошқа тарафга қараб ботиб кетади-да, дунёни ғариблар бахтидек қоп-қора қилади. Ажабо, бу доирасимон жисм нима эди? Бу қоронғулик қаердан?

Қиш фаслида ер юзини қаттиқ жисмлар қоплаб, қор ёғади. Кўз билан кўриб бўлмайдиган бир қувват аъзои баданимни титратади. Бир неча ўтин ёқиб, ўзимни оловга тутсам, асли ҳолатимга қайтаман. Бу қандай асрор экан? Кеча тануманд170 ва соғлом эдим, еб-ичардим. Бугун вужудимда ҳарорат кўтарилган, қўлим ишдан, ўзим ейишдан қолдим. Бу ўзгаришнинг сабаби нимада?

Хулоса шуки, одам ҳар бир ҳодисани кўриб, савол бермаслиги ва унинг ҳақиқатини билиши учун майл, ғайрати бўлмаслиги мумкин эмас. Шу сабабдан башарият узоқ йиллардан буён оламдаги ҳодисаларни татбиқ қилиб, ҳосил бўлиш сабабларини билиб, бу саъй-ҳаракатларининг натижасида табиий илмлар вужудга келди. Лекин одамнинг мушкулларни писанд қилмас табиати булар билан кифояланмасдан, аввалгидек ҳаракат ва қидирувдадир. Масалан, табиий илмлар жумласидан бўлган ташриҳ илми аъзои баданимизнинг тузилиши, таркиби, тартибини бизга ўргатади. Манофеъул аъзо илми эса ҳар бир аъзоимизнинг вазифа ва хизматларини баён қилади. Бу икки илм бизга одамнинг териси, гўшти, суяк ва томирлари ҳақида баҳс юритади. Агар одам фақат шу тери ва гўштлардан иборат бўлганида эди, мен манофеъул аъзо илми билан қаноатланардим. Ваҳоланки, шубҳасиз, одамнинг вужудида тери, гўшт ва суяклардан ташқари яна бошқа нарса ҳам борки, бизнинг тириклигимиз ҳам шундан, шу нарса баданимиздан парвоз қилиб чиқиб кетса, жисмимиз сасиб кетган бир лоша171 га айланиб қолади. Бу нарса руҳдир.

Ажабо, бу руҳнинг ўзи нимадир, у қандай ҳолда? Одамлар бу муаммоларни қайта-қайта кўриб чиқиб, тафаккур ва идрок қилиб изландиларки, бу тафаккурот ва изланишларнинг натижаси «Руҳ ҳолатининг илми»дир. Уламолар бу илмни шу хилда тушунтирадилар: Руҳ илми руҳдаги ўзгаришлар, ундаги ҳодисалар мавзуида баҳс қилади. Бу илмнинг фойдаси нафсни маърифатга етказади, нафс маърифати эса вожибдир: «Сизнинг нафсингизда ҳамма сир ва ҳикматлар мавжуддир, уларнинг ҳар бири вожиб Таолонинг исботига далил ва кифоядир. Бас, нега сизлар ўз нафсингизга тадқиқ назари билан қарамайсизлар?» 172

«Ўз нафсини таниган одам ўзининг илоҳини танибди. Лекин одам ўз нафсини таниш билан қаноатланмайди. Хотирасига бизга руҳни ким берган, бизнинг вазифамиз нимадан иборат, деган фикрлар келади. Шундай қилиб, илоҳий ақл илми ва ахлоқ илми шу саволлар натижасида шаклланган», — дейди Имом Али173.

Илоҳиёт илми Вожиб таолонинг вужуди ва сифатларини бизга ақлан тушунтиради. Албатга, биз Вожиб таолонинг вужуди ва сифатларини ақлимиз билан билишимиз лозим.

Илми калом ва табиий илмлар хусусида юргизган баҳсларимизда келтирилган оятларнинг ҳаммасидан шуни тушуниш мумкинки, Вожиб таолонинг вужудини ақл кўзи билан билмоқ керак. Мақсадимизни шу бир оят билан исбот қиламиз: «Ахир Парвардигори томонидан аниқ-равшан ҳужжатга (яъни Қуръонга) эга бўлган киши қилган ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар каби бўлурми?»174 Ушбу оят бизга тушунтирадики, Аллоҳнинг ягоналигини, ваҳдониятини илм орқали, ақл ҳукми орқали билмоқ лозим!

Ахлоқ илми. Ахлоқ башариятнинг ҳақиқий вазифалари ҳақида бизга таълим беради. Одамзод маданий жамоа бўлганликларидан ўзларининг ҳамжинслари билан бир жойда яшашга мажбур. Улар бир-бирлари билан ночор муомала ва алоқада бўладилар. Лекин ҳар ким ўз шахсий манфаатларини юқори қўяди ва алалаксар175 уларнинг манфаатлари бир-бирлариникига тўғри келмайди, хилоф келади. Масалан, фалончи шахс ўз манфаатини бошқа бир шахснинг зарари эвазига кўради, у шахс эса яна бошқа бир шахс манфаатини ўз зарари эвазига кўради. Бу манфаатларнинг бир-бирига хилоф келишигина, адоват, ҳасад ва душманликка сабаб бўлади. Шу боисдан одамлар бирбирларига душман бўлиб, уруш ва жанжаллар қилишиб, икки дунё саодатига эришишдан маҳрум бўлиб қоладилар. Бас, бу ерда одамларни бу хил бемуносабатликлардан манъ қилиб, ижобий фазилатлардан, инсоннинг бошқа вазифалари ҳам борлигидан таълим бериш учун бир қонун лозим. Шу қонунлар мажмуаси ахлоқ илмидир. Бас, шундай экан, уни ўрганишга шубҳа қолмаган бўлса керак.

Мантиқ илми тафаккур тарзини ва муҳокама қилиш қоидаларини ўргатади. Маълумки, тафаккур этмаслик ва муҳокама қила билмаслик диний, ижтимоий ва шахсий ҳаётимизга жуда кўп зарарлар келтиради. Бинобарин, шу зарарларнинг биронтасига дучор бўлишни хоҳламаган одам мантиқ илмини билиши керак. Масалан, равшанроқ арз қилиб айтсам, инсоннинг ҳар бир қилган иши, албатта, бир муҳокаманинг натижаси бўлади, ҳеч бир аҳд, ҳеч бир иш муҳокамасиз ижро этилмайди. Бу матлабимни бир неча мисоллар билан тушунтирсам:

Мисол. Таом емоқчи бўлган одам шундай муҳокама қилади: «Мен очман, оч одам таом ейиши керак, демак мен ҳам овқатланишим керак».

Мисол. Хаёлида касбу кор бўлган одамнинг хотирасига бир муҳокама келади: «Менинг яшашга майлим, истагим бор. Ҳар бир одамга касб лозимдир, демак, менга ҳам касб лозим».

Мисол. Ибодат илоҳий амаллардан ҳисобланади, илоҳий амрни адо этиш вожиб эканми, бас, ибодат қилиш лозимдир.

Мисол. Ватан бизнинг валинеъматимиз ва мураббийимиздир, ҳар бир валинеъмат ва мураббийга хизмат қилиш лозим, бас, ватанга хизмат бурчдир.

Айтганимиздек, муҳокамасиз ҳеч бир иш бўлмайди, лекин баъзи бир одат тусига кирган ишларни муҳокама қилишдан одам ғофил қолади. Масалан, оч қолган одам дарҳол таом ейди. Биз келтирган мисолдаги муҳокама миясига келган-келмаганлигидан асло воқиф бўлмайди. Шубҳа йўқки, оч одамда муҳокама ҳосил бўлади, лекин ҳар куни неча бор оч қолиб, неча бор таом ейиши сабабли зеҳни бу муҳокамага одат бўлиб қолган. Шунинг учун у мазкур муҳокамадан бехабар қолади.

Ҳеч бир иш муҳокамасиз бўлмаслигини билганимиздан кейин, нега энди одамлар баъзи носавоб ишларни қилиб, унинг натижасида бирор шахс ё бирор нарса зарар кўради, деган савол туғилади.

Мисоллардан билдикки, муҳокама ҳеч бўлмаганда учта қазия176дан ҳосил бўлади. Биринчи мисолимизни таҳлил этсак: «мен очман» — биринчи собит ва маълум қазиядир; «ҳар бир оч одам таом ейиши лозим» — иккинчи қазия, бу ҳам маълум нарса. Ва шу икки қазия ўртасида итоат мавжуд. «Шундай экан, мен таом ейишим керак» — бу аввалги қазиянинг натижаси, учинчи қазиядир. Бу қазия олдинги икки қазиядан олдин номаълум бўлиб, улардан кейин маълум бўлган. Қазия — бу бир ҳукм бўлиб, у ҳеч бўлмаганда икки фикр ўртасида пайдо бўлади. Масалан, «мен очман» — бу бир қазияки, «мен» — бу биринчи фикр ва «очман» — иккинчи фикрдир. Бу изоҳлардан маълум бўладики, тўғри муҳокама қилиш учун учта шарт мавжуд бўлади: 1. Фикр ва ҳукмларнинг рост бўлишлиги; бу шартни исбот дейдилар. 2. Қазияларнинг тартибини билмоқлик. Бу шартни истиқомат дейдилар. 3. Тартиб тезлиги.

ХУЛОСА

Шу шартларнинг бири бўлмаса ҳам одам ғалат муҳокама қилиб, хато қилади ва зарар кўради. Бу матлабимизни бир мисол билан изоҳлаймиз. Мисол исботи бўлмаган кишининг муҳокамаси.
Бухорода таҳсил усули бизга оталаримиздан қолган. Оталаримиздан қолган нарсани ўзгартириш нораводир. Бас, Бухорода таҳсил олишни ҳам ўзгартириш нораводир.

Бир тўйда 50 минг танга сарфлаш Бухоро бойларининг одати. Бухоро бойларининг ҳар бир одатига риоя этиш мен учун лозимдир. Бас, бир тўйда 50 минг танга сарф қилишим шарт.

Бу икки мисолда биринчи қазия тўғри. Аммо иккинчи қазия ботилдир. Шунинг учун учинчи қазия, ҳукм ҳам ботил бўлади. Ва унга амал қилса, албатта, зарар кўради. Бунинг чораси тўғри маълумотга эга бўлишдир.

Кейинги мисолдаги муҳокамада истиқомат йўқ. «Баъзи шайхлар валиъуллоҳ177дир. Ҳар бир валиъуллоҳга мурид бўлиш савобдир. Бас, ҳар бир шайхга мурид бўлиш савоб». Бу мисолда биринчи ва иккинчи қазиялар тўғри. Лекин, уларнинг тартибида камчилик бор, яъни улар орасидаги алоқа, муносабат, боғланиш йўқ, бу эса учинчи ҳукм учун шартдир. Шунинг учун натижа, яъни учинчи қазия ботил ва ҳар ким унга амал қилса, зарар кўради. Бу жиҳатдан чораси мантиқни тушунишдадир.

Юқоридагиларга бир даража хулоса қилсак: одамлар бир иш қилсалар, муҳокама қиладилар. Муҳокамалари нотўғри бўлса, носавоб ишларни қилиб зарар кўрадилар. Бас, ҳар ким муҳокамаси нотўғри бўлишини хоҳламаса, муҳокамаси тўғри бўлишига диққат қилсин. Унинг тўғри бўлиши учун учта шарт даркор:

1) исбот;
2) истиқомат;
3) суръат.

Исботни ўрганиш учун саҳиҳ маълумот олишни билиш зарур. Истиқоматни ўрганиш мантиқни тушуниш билан бўлади. Ҳар хил илмларни ўрганиб, саҳиҳ маълумотга соҳиб бўлсангиз, мантиқни ҳам тушуниб олсангиз, учинчи шарт суръат ўз-ўзидан ҳосил бўлади. Мантиқ илмининг лозимлиги учун шунча изоҳ кифоя қилади.

Шу ергача нодир илмларнинг асосийларини арз қилдик. Ҳозирги илмлар тамоман буларга ўхшамайди. Маданиятли мамлакатларда таҳсилга сазовор илмлар бисёр ва замон талабига қараб яна кўпаяди, зеро башар тараққиётининг онаси илм ва фандир.

Одамлар тараққий этарканлар, илмлар ҳам кўпаяверади. Аммо, сиз айтишингиз мумкинки, «биз фақатгина шу наҳв, сарф, мантиқ ва ақойид илмларини ўзлаштириш учун йигирма йил зўр берамиз, шунда ҳам бу тўрт хил илмни тамоман қўлга киритолмаймиз-ку, сен санаган илмларни биз қандай қилиб ўрганамиз?» Жавобим шуки, тўғри, сиз 20 йилда 2—3 та илмларни қўлга киритолмайсиз, лекин маданиятли мамлакатларда бир етти ёшлик гўдак мактабга бориб, 16 йил муддатида буларнинг ҳаммасини ўзлаштиради. Сабаб? Сабаби шуки, уларнинг илм олиш услублари мукаммал, сизники эса ноқис!.. Албатта, шунча илмни ўзлаштириш учун махсус усул ва муайян чегара мавжуд. Лекин ҳозирча шулар билан кифояланаман. Агар толеъ менга ёр бўлиб, саодат мададкор бўлса, сизни шу илмлар таҳсили билан машғуллигингизни кўрсам, камоли мамнуният билан бу хусусда ҳам бир мақола ёзиб, бу масъалани сизга арз этаман.

ИЗОҲЛАР

69.«Инни жоилу фил арзи халифатун» — «Албатта мен ер юзида халифа килиб юборгувчидирман».
70.Маозоллоҳ — Худо паноҳ берсин.
71.Хулафои рошидин — ҳақ йўлидаги халифалар: Абубакир, Умар, Усмон ва Али.
72.Асҳоби киромийлар — Пайғамбарнинг иззат-икромга эга бўлган суҳбатдошлари.
73.Абужаҳл — исломни қабул қилишдан бош тортган қабила бош- лиғи.
74.Абулаҳаб — Қуръони каримда номи зикр қилинган кофирлар- дан бири.
75.Қуръони карим, Бақара сураси, 266-оят (тарж.).
76.Қуръони карим, Бақара сураси, 269-оят (тарж.).
77.Қуръони карим, Рум сураси, 24-оят (тарж.).
78.«Назала алайка ал-китоб»дан мурод Қуръондир» — «Сенга ки- тоб нозил қилинди» сўзларидан мурод Қуръондир».
79.«Вама анзална ала абадно явм ал-фурқона» — «Бу (китоб)ни ибодат қилиш учун, фарқлаш кунини билдириш учун юбордик».
80.Имом Ғаззолий — Ал-Ғаззолий, Абу Ҳамид Муҳаммад бин Муҳаммад ат-Тусий (1058—1111 йй. яшаган). Илоҳиётшунос, файласуф, шофеий мазҳабининг фоқиҳи.
81.«Иҳё ал-улум» — асарнинг тўлиқ номи «Иҳё улум ад-дин» («Диний илмларнинг тирилиши»)дир. Тўрт жилддан иборат бу асар Имом Ғаззолийнинг асосий асари бўлиб, унда барча ақдий ва нақлий илмларнинг таърифи ва таснифи берилган. «Иҳё улум ад-дин»дан лавҳалар ўзбек тилида ҳам чоп этилган.
82.Абу Саид ал-Хадрий — пайғамбар саҳобаларидан (тарж.).
83.Қуръони карим, Фотир сураси, 22-оят (тарж.).
84.Қуръони карим, Таҳо сураси, 114-оят (тарж.).
85.Хамир — манъ қилинган ичимликлар.
86.«Китоб ал-илм» — илм ҳақидаги ҳадислар мажмуи.
87.Анас ибн Молик — Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобаларидан, лақаби Абу Ҳамза. Тахминан 710 йили 100 ёшида вафот этган.
88.Ҳусайн ибн Ос — Пайғамбарнинг саҳобаларидан.
89.Ибн Умар — Умар 11 бин Абдулазиз (681—720 йй.), Умавия халифаси (717-720 йй.).
90.Ибн Масъуд — Абдуллоҳ ибн Масъуд, пайғамбар саҳобаларидан, 652 йили вафот этган.
91.Абу Саид — 82-изоҳга қаранг.
92.Зарбу Зайд — Зайд урди.
93.Ибн Аббос (тафсири) — Абдуллоҳ бин Аббос «Таржумон ал- Қуръон» номи билан машҳур бўлган. Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг қариндоши. У 686 йили вафот этган (тарж.).
94.«Тафсири Табарий» — асарнинг асл номи «Жомиъ ул-баёни ан- таъвил ал-Қуръон» бўлиб, муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жаррир ат-Табарийдир. У 923 йил Бағдодда вафот этган. Асарнинг арабча матни 1903 йили Қоҳирада нашр этилган. Сомоний амири Мансур бинни Нуҳ фармони билан араб тилидаги матни тожик тилида ал-Балъамий томонидан ўгирилиб қайта ишланган. «Тафсири Табарий» шу таржима оркали шуҳрат топган.
95.Қози Байзовий — Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байзовий, Қуръон муфассири ва шореҳи, 1286 йили вафот этган.
96.Замаҳшарий томонидан яратилган Тафсир.
97.«Тафсири кабир» — улуғ тафсир, «Тафсири Ҳусайний» назарда тутилган.
98.Санад — ҳужжат, далил.
99.Иснод — асос, тиргак.
100.Ражоъ ибни Маржий — муҳаддис олим (тарж.).
101.Муҳаммад иби Исҳоқ — Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ (704—768 й.), араб тарихчиси. Муҳаммад пайғамбар тўғрисида биринчилардан асар ёзган. Унинг асари мисрлик олим Ибни Ҳишом таҳририда «Расулуллоҳ сийратлари ҳақида китоб» номи билан бизгача етиб келган (тарж.).
102.Маданийут-табъ — жамоа бўлиб яшашга одатланиш, шаҳар тартиботи.
103.Муомалот — муомалалар, алоқа ўрнатиш.
104.Уқубот — азоб бериш, жазо.
105.Таваллул ва таносул — туғилган ҳолида наслан қандай бўлса, шундай қоладилар.
106.Манкуҳот — манкуҳ нарсалар.
107.Қиёс — ҳадисларнинг саҳиҳлигини аниқлаш усулларидан бири.
108.Ижмо — фиқҳ усули.
109.Имом Шофеий — Имом Абу Муҳаммад бин Идрис (767—820 йй. яшаган). Фақиҳ ва муҳаддис. Шофеия мазҳабининг асосчиси (тарж.).
110.Ҳанафия ан-Нўъмон бин Собит ал-Имом Аъзам (699—767 йй. яшаган). Фақиҳ ва муҳаддис. Ҳанафия мазҳабининг асосчиси (тарж.).
111.Шофеия мазҳаби — Имом Шофеий издошлари.
112.Вожиб таоло — Тангри таоло, Аллоҳ.
113.Қуръони карим, Бақара сураси, 21—23-оятлар (тарж.).
114.Қуръони карим, Бақара сураси, 116-оят (тарж.).
115.Қуръони карим, Юнус сураси, 38-оят; Ал-Исроъ сураси, 38- оятлар мазмуни (тарж.).
116.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 145-оят (тарж.).
117.Қурьони карим, Юнус сураси, 31-оят (тарж.).
118.Мўътазилий — жудо бўлганлар, ажрашганлар. VII-IX асрларда катта роль ўйнаган диний-сиёсий ҳаракат. Ал-Ҳасан ал-Басрий маҳфилидан унинг шогирдлари Восил бин Ато (748 й. вафот этган) ва Амр бин Убайд (761 й. ўлган) «ажрашиб» ўз таълимотларига асос солганлар. Муфассал қаранг: Ислом. Энциклопедический словарь. — М.: Наука, 1991 с. 175-176 (тарж.).
119.Восил ибн Аъто — мўътазилия ҳаракатининг асосчиларидан (тарж.).
120.Абу Ҳошим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал Ҳанифа ибн Али ибни Абутолиб — Ҳасан ал-Басрий шогирдларидан. Фитрат фикрича, мўътазилия ҳаракатининг асосчиларидан (тарж.).
121.Ҳасан Басрий — Абу Саид ибн Абул Ҳасан Жаъфар ал-Басрий (642-728 йй.) (тарж.).
122.Ҳижрий 131 йили — милодий 748 йил (тарж.).
123.Ҳижрнй 220 йили — милодий 835-836 йил (тарж.).
124.Аҳмад Ҳанбал — Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад бин Ҳанбал ибн Муҳаммад Шайбоний (780—855й.) Ҳанбалия номидаги диний-сиёсий ҳаракат ва мазҳаб асосчиси (тарж.).
125.Муътасим (биллоҳи) Аббосий — Ал-Муътасим аббосий халифаларидан, 813 йили вафот этган (тарж.).
126.Ал-Восиқ Биллоҳи — аббосийлардан, 813-847 йиллари халифа бўлган (тарж.).
127.Абул Ҳасан Ашъарий — тўлиқ номи Абул Ҳасан Али ибн Исмоил. 873—935 йй. яшаган, калом ҳаракатининг намояндаларидан (тарж.).
128.Абу Али Апжабоий Мўътазилий — мўътазилия ҳаракатининг намояндаларидан. 915 йили вафот этган (тарж.).
129.Ҳижрий 300 йил — милодий 912/13 йилларга мувофиқ (тарж.).
130.Маъжун — дори.
131.Имом Аъзам — Улу-имом, Ан-Нўъмон бин Собит ал-Ҳанафийнинг тахаллуси (тарж.).
132.Имом Абу Юсуф — Яъқуб бин Иброҳим ал-Куфи ал-Ансорий. 731-804 йилларда яшаган фақиҳ ва имом, энг биринчи қози ул-қуззот (тарж.).
133.150 ҳижрий йили — милодий 767 йил (тарж.).
134.204 ҳижрий йили — милодий 819/20 йил (тарж.).
135.Ибн Халдун — Абдураҳмон Абу Зайд ибн Муҳаммад ибн Халдун. Тунис ва Ал-Жазоирда яшаган буюк мутафаккир. «Китоб ул-ибар» — «Ибратли намуналар» китобининг муаллифи.
136.Ибн Халдун муқаддимасидан лавҳалар. Г. Музаффарзода таржимасида босилган. Қаранг: Ўзбекистонда ижтимоий фикр, 1998 й., 1-сон. 158—161-бетлар.
137.Арасту — буюк юнон файласуфи Аристотель (милоддан аввалги 384—322 йй. яшаган). Платоннинг шогирди, унинг академиясида қатнашган, лекин охири устози таълимотини танқид қилган (тарж.).
138.Афлотун — юнон файласуфи Платон (милоддан аввалги 428— 347 йй. яшаган)нинг шарқона номи. Сократ (Суқрот)нинг шогирди. Афинада академияга асос солган Платонизм таълимотининг асосчиси (тарж.).
139.Арасту ва Афлотуннинг мухлислари қолмаган, дейиш билан XX аср бошларидаги Бухоро шароитида мўьтазилий мазҳабига эътиқод қилувчилар йўқ, демоқчи. Арасту ва Афлотунга муносабатда Фитрат кейинчалик бу алломалар меросини ўргангани ва замона тақозоси билан талқин қилгани унинг асарларидан маълум.
140.Балоғат илми — араб филологиясидаги поэтика масалаларини ўрганувчи илм.
141.Илми баён — ифода хусусидаги илм.
142.Илми бадеъ — бадиий санъатлар.
143.«Маданият» сўзи бу ўринда «культура» маъносида эмас, балки бу арабча сўзнинг (мадина — шаҳар) лисоний хусусиятларидан келиб чиқиб, шаҳарда яшовчи аҳоли, яъни жамият маъносида келади.
144.Тарихи Абулфидо» — Исмоил ибн Али Абулфидо (1273—1331 йилларда яшаган), араб тарихчиси ва географи. «Мухтасар фи тарих ал-башар» (Башариятнинг қисқача тарихи) ва «Тақвим ал-булдон» (Мамлакатлар тартиби) асарларнинг муаллифи (тарж.).
145.«Тарихи Ибн Халдун» — Абдураҳмон Абу Зайд ибн Муҳаммад ибн Халдуннинг «Китоб ал-ибар» ва унинг «муқаддима»си назарда тутилмоқда (тарж.).
146.«Тарихи Табарий» — Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жаррир ат-Табарийнинг «Тарих ар-русул вал-мулук» (пайғамбар ва подшолар тарихи) номли асари. Ислом давлатлари тарихини 915 йилгача баён қилган. Асар сомонийлар вазири ал-Балъамий томонидан тожик тилига таржима этилиб, қайта ишланган (тарж.).
147.Қуръони карим, Аъроф сураси, 175—176-оятлар мазмуни берилган (тарж.).
148.Абу Исҳоқ Истахрий — Абу Исҳоқ ал-Фориси ал-Истахрий (тах- минан 850—934 йй.), араб географи, асли эронлик. 930—933 йиллари кўп саёҳатлардан кейин «Китоб ал-масолик мамолик» (Йўллар ҳақида китоб) номли асарини ёзган. Китоб 950 йилдан кейин шуҳрат қозо- ниб, кейинчалик географлар учун бирламчи манба бўлган (тарж.).
149.Ибн Хавқал ал-Маъсулий — араб сайёҳи. «Ал-масолик ва ал-ма- молик» («Йўллар ва мамлакатлар») номли асарнинг муаллифи (тарж.).
150.Идрисий — Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Идрисий (1110-1165 йй.) араб географи ва сайёҳи. Мароккода оламга келиб, Қартобада таҳсил олган. Кўп саёҳатлардан сўнг Палермога Сицилия қироли Рожер II (1130—1154 йй.) саройига келиб, унинг амри билан асарлар ёзган (тарж.).
151.Қуръони карим, Муҳаммад сураси, 10-оят (тарж.).
152.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 8-оят (тарж.).
153.Абу Бакр Розий — Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё 865 йили Райда туғилган, 934 йили вафот этган. Қомусий олим, файласуф ва табиб. Рай ва Бағдодда шифохоналар бошлиғи бўлган. Тиб илмидаги кўп кашфиётлар унинг номи билан боғлиқ (тарж.).
154.Амир Мансур ибн Исмоил — сомоний амирларидан (тарж.).
155.Абул Ҳасан Али ибн Ризвон Мисрий — фалакиёт ва тиб олими, файласуф (тарж.).
156.370 ҳижрий йили милодий 912/13 йилга мувофиқ (тарж.).
157.428 ҳижрий йили — милодий 1036/37 йил (тарж.).
158.«Китоб ат-тибб» — Имом Бухорийнинг шу мавзудаги ҳадислар мажмуи. «Ас-саҳиҳ ал-Бухорий» тўплами таркибига кирган (тарж.).
159.«Китоб ус-салом» — Имом Муслимнинг шу мавзудаги ҳадислар мажмуи (тарж.).
160.«Китобул-истиҳрож» — Имом Бухорийнинг ҳадислар мажмуи (тарж.).
161.«Ҳинд сайёҳи баёноти»нинг матни ҳақида қаранг: Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 1-жилд. —Т.: «Маънавият», 2000.
162.Қуръони карим, Раъд сураси, 3-оят (тарж.).
163.Завжайн — икки хотин.
164.Синфайн — икки жинс вакиллари.
165.Қуръони карим, Зумар сураси, 21-оят (тарж.).
166.Қуръони карим, Юнус сураси, 101-оят (тарж.).
167.Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий — 783—850 йй. яшаган.
168.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 190-оят (тарж.).
169.Ал-ассабоҳ — сабоҳда, эрталаб.
170.Тануманд — тан-жони бутун.
171.Лоша — яғир эшак.
172.Қуръони карим, Зориёт сураси, 20—21-оятлар (тарж.).
173.Имом Али ибни Ҳусайн, 710 йилда вафот этган (тарж.).
174.Қуръони карим, Муҳаммад сураси, 14-оят (тарж.).
175.Алалаксар — оқибатда, аксарият.
176.Қазия — ҳукм (мантиқ илмининг истилоҳи сифатида).
177.Валиъуллоҳ — Аллоҳнинг волийси (улуғ бандаси).

ДАВОМИ БОР

09

Abdurauf FITRAT
NAJOT YO’LI
AQL VA LMLAR XUSUSIDA

045

AQL

011 Shuni bilish lozimki, Allohning eng buyuk ne’mati ham, ikki dunyo saodatiga boshlaguvchi ham aqldir. Yuqorida biz batafsil bayon qilganimizdek, odamzod maxluqlardan jisman kichik va kuch jihatidan zaif qilib yaratilgan bo’lsa ham, ammo hazrati Xoliqi hakim insonni ulardan ulug’ va quvvatli qilib yaratgan. Chunki insonga hayot maydonining yagona quroli bo’lgan AQLni bergan. Odamlar dastavval darrandalar hujumi, issiq-sovuq, ochlik va chanqoqlikdan hamisha qo’rqib, azob chekib iztirobda yashardilar. Borib-borib aql yo’lboshchiligida hammadan ustun va g’olib chiqdilar. «Inni joilu fil arzi xalifa tun»69 mazmunidagi oyati karimaning hukmi bilan inson yer yuzining mutlaq sultoniga aylandi. Agar maozolloh70 aql bo’lmaganda inson hayot maydonida mag’lub bo’lardi. Mag’lubiyat va chekinish esa yo’q bo’lishning birinchi pog’onasidir. Natijada inson nobud bo’lardi va olam sahifalarida odamdan nom-nishon ham qolmasdi. Shunday ekan, «dunyo saodatining rahbari» aqldir.

Arabiston yerlari butparastlik zulmatiga g’arq bo’lib ketgan zamonlarda hazrat Payg’ambar alayhissalom Alloh tomonidan rasullik maqomiga erishgandan so’ng u arablarni aqliy dalillar bilan Xudoi vohid — yagona Alloh ibodatiga dalolat etdi. Ularning yolg’on va xato e’tiqodlarini to’g’ri va qat’iy so’zlar bilan inkor etib, botilga chiqardi. Ulardan ba’zilari darrov rasolatpanohga ishonib, ota-bobolarining dinlarini tark etdilar. Bular xulafoi roshidin71 va ba’zi as’hobi kiromiylar72 edilar. Ajabo, bular nima uchun bir necha ming yillik dinlarini tark etib, islom diniga kirdilar.

Hazrati Rasuli akramdan ular pulu mol yoki mansab talab qildilarmi? Aslo. Yoki Payg’ambardan qo’rqdilarmi? Yo’q. Yoki islom dushmanlari aytganlaridek, hazrati Rasul alayhissalom soxta Payg’ambar edi-yu, ular uning sheriklari bo’lganmi? Hech qachon… Shunday ekan, nima uchun ular qadimiy dinlarini tark etdilar?

Javob: Sababi shu ediki, islom haq din bo’lib, ularning e’tiqodlari botil edi. Ular yolg’ondan haqni ajratib, yolg’onni tark etdilar. Xo’sh, haqiqatni yolg’ondan qanday qilib ajratib oldilar? Albatta, aql vositasi bilan!

Abujahl73 va Abulahab74ga o’xshagan arablar hazrat Payg’ambar taklifi va da’vatlarini rad etdilar, zero hasad va adovat ularning aql va tafakkur oynalarini qoplab olgan edi, ular haqiqat va yolg’on farqiga bormadilar va jaholatda qoldilar. Xudo ko’rsatmasin-u, aql bo’lmaganda yo odamlarning aqllari hasad va adovat zulmatida qolib ketganda edi, biron-bir odam islom dinini qabul qilmagan va bugun yer yuzida milyo’n-milyo’n musulmon ham bo’lmagan bo’lardi. Shunday ekan, oxirat saodatining rahbari ham aql ekan. Dunyo va oxirat saodatiga bizni boshlovchi narsa, albatta, Allohning eng buyuk ne’mati — aql bo’ladi. Modomiki, odamlar va maxluqlar o’rtasidagi farq shu saodati doraynga yetishishda ekan va ikki olam saodatiga aql boshlar ekan, aytish mumkinki, agarda aql bo’lmaganda odam bunday saodatga muyassar bo’lmasdi va nochor maxluq darajasiga tushardi. Dini mubini islom faqat aqlga buyuk martabani bergan. Agarda Qur’oni karimni mutolaa etsangiz, har sahfasida aqlga, idrok va tafakkur qilishga amr etilganligi, mushriklarni esa aqlsizlik va fikr yuritmasliklari uchun mazammat qilinganligini ko’ramiz. Jumladan, «Alloh o’z oyatlarini odamlarga bayon qiladi, toki ular tafakkur etsinlar»75.

«Alloh o’zining hukmlari va dalillarini bayon qildi, toki sizlar tafakkur va taaqqul (idrok) bilan farq qiling»76.

«Alloh osmondan yomg’ir yuborib, qurub yotgan yerlarni ko’kalamzor qildi. Shuning o’zi oqillar uchun Allohning borligiga yetarli dalildir», — deydilar77. Bu oyatdagi «furqon» so’ziga ba’zi mufassirlar «Qur’on» deb sharh berganlar, lekin bu tafsir to’g’ri emas, zero oyatning boshi «Nazala alayka al-kitob»dan murod Qur’ondir»78 degan ma’nini ifodalaydi. Agarda «furqon» so’zining ma’nosi ham «Qur’on» bo’lganda takror kelardi, bunday takrorlar Qur’oni karimning balog’atidan dalolat bermaydi. «Furqon» so’zining ma’nosi «farq etuvchi»dir. Masalan, «Vama anzalna ala abadna yavm al-furqona»79 degan oyatdan murod yomon ozuqadir. Bu oyatda «furqon»dan murod aqldir, aql haqni botildan ajratadi. Bu holatda oyatning ma’nosi quyidagicha bo’ladi: «Ey Muhammad! Alloh Qur’oni karimni senga nozil qildi, undan oldin Tavrot va Injilni nozil etgan edi. Bularning hammasini odamlarga hidoyat uchun yubordi, odamlarga aql berdi, aql orqali haq bo’lgan kitoblarni yubordi, toki shu kitoblarga qarab yolg’on aqidalarning farqiga borsinlar. Shu kitoblar hidoyatiga va o’z aqllarining dalolatiga iltifot etmaydiganlar esa qattiq azobga giriftor bo’ladilar».

«Xudo unga aql ato etgan kishi najot topadi» («Jome’ us-sag’ir»dan). «Har bir ishning fatvosini aqlingdan so’ra, garchi muftiylar fatvo bersalar ham (ya’ni muftiylar fatvolarini bilib-bilmay ijro etmagin)». «Savob ish — bu aql rozi bo’lgan va vijdon undan sokin bo’lgan ishdir. Gunoh esa bu aql undan rozi bo’lmagan va vijdon undan azob tortganidir. Agar muftiylar senga fatvo bersalar ham», — deyilgan «Al-jome’ us-sag’ir»da.

Endi so’zni fazilati har bir kishiga ma’lum bo’lgan hujjat ul-islom G’azzoliy80 ga beramiz. Janobi imom «Mezonul-amal» («Amallar tarozisi») nomli kitobida aqlning sharafi va buyukligini bir maqolada bayon qiladi. Imom so’zlarini muxtasar keltiramiz: «Insoniylikning eng sharaflik va buyuklik darajasi uning aqlidir. Aqlning sharafi va azimatiga ham aqliy, ham naqliy va hissiy dalillar mavjud. Alloh hamma maxluqotlardan oldin aqlni yaratib, dedi: «Yaqin kel». Aql yaqin keldi. Dedi: «Orqaga ket!» Aql orqaga bordi (ya’ni farmonbardor ekanligini ko’rsatdi). Keyin Alloh dedi: «Ey aql, jalolim va izzatim haqqi qasamki, sendan karamliroq maxluq yaratmadim. Men odamlarni sen sababli zabt etaman, savoblarini va azoblarini beraman».

Aqliy dalil quyidagicha: Aql saodati doraynning yagona rahbaridir, shuning uchun u, albatta, a’zam va sharafli bo’ladi. Aql orqali inson Allohning xalifasiga aylandi. Aql orqali odam Allohga yaqinlashdi, uning hidoyati orqali o’z dinlarini komil etdi. Shuning uchun hazrat Payg’ambar aytadiki, «kimning aqli yo’q ekan, demak, dini ham yo’q». Boshqa joyda buyuradi: «Hech bir kishining musulmonligiga uning aqlini tekshirib turib xursand bo’lmang». Hazrat Payg’ambar alayhissalom hazrat Ali raziyallohu anhuga buyurganki, agar odamlar hayrat maqomlari orqali Allohga yaqinlashsalar, sen o’z aqling vositasida yaqinlik paydo qil, toki bu dunyoda odamlar orasida va oxiratda Alloh huzurida martabang ulug’ bo’lsin.

Hissiy dalil shuki, inson maxluqlarning eng zaifi bo’lsa ham, maxluqlarning eng kuchlisi ham undan qo’rqadi. Insonni hamma maxluqotdan ham g’olib va sarafroz etgan quvvat aql bo’ladi. Imom G’azzoliy «Ihyo al-ulum»81 kitobida ham aqlning sharafi va azimati haqida maqola bitib, uni hadis va oyatlar bilan isbot etgan.
Afsus, risolamiz hajmiga bu maqola sig’maydi, bo’lmasa uni bu joyda keltirib, muhtaram o’quvchilarimizga havola etardik. Janobi Imom aqlning sharafini isbotlash uchun sanab o’tgan hadislarning ikkitasini shu o’rinda keltiramiz. Oysha raziyallohu anhu aytadilarki, hazrati Rasuli akramdan so’radim: «YO Rasululloh, bu dunyoda odamning fazilati qay narsada namoyon bo’ladi? Dedilarki: «Aqlda». Yana so’radim: «Oxiratda-chi?» Yana «Aqlda!» deb javob berdilar.

Abu Said al-Xadriy82dan rivoyat qilinadiki, Payg’ambar alayhissalom aytganlar: «Har bir narsaning takyagohi (suyanchig’i) mavjud, mo»minlarning takyagohi ularning aqllaridir. Demak, ularning ibodatlari ham aqllariga yarasha bo’ladi. Eshitmadingizmi, fojirlar do’zaxga doxil bo’lgan vaqtlarida aytadilarki, agar biz haq so’zlarni eshitib, aqlimizni ishlatganimizda bugun do’zaxilar orasida bo’lmagan bo’lar edik».

Endi yana maqsadimizga qaytsak. Shu muqaddimadan aqlning Alloh ato etgan sharif ne’mat, Allohga yaqinlashtiruvchi vosita va ikki dunyo saodatiga yetaklovchi ekanligi ma’lum bo’ldi. Ammo aql o’zi qanaqa bo’ladi? Aql ikki xil bo’ladi: 1. Aqli fitriy. 2. Aqli kasbiy. Aqli fitriy — bu Allohning inson tabiatiga avvaldan bergan aqlidir, ya’ni har bir fard (individ) avvaldan haqiqatni bilishi mumkin. Ammo aqli kasbiy ilm olish va tajriba orttirish jarayonida hosil bo’ladi, ya’ni odam o’zining fitriy-tabiiy aqlini ilm qoidalari va tajribalar asosida kengaytirib, ziynat bersa, aqli kasbiy hosil qiladi.
Masalan, bir emizikli go’dakka e’tibor bersak. Bu go’dak yangi tug’ilgan paytida ham yozish iste’dodiga egadir, le-kin amalda yozolmaydi. Borib-borib u ulg’ayadi, sa’y-harakat qiladi, fitriy iste’dodi kuchini harakatga keltirib yaxshi kotib bo’ladi. Aqli fitriy va aqli kasbiy mas’ alalari ana shulardan iborat. Har kim fitratan haqiqatni bilishga qodir bo’ladi, lekin bilim bilan tug’ilmaydi. Agar jahdu harakat qilib va ilm o’rganib tajriba hosil qilsa, aqli kasbiy sohibi bo’lishi mumkin.

Natija: Har bir kishi solih amallarga mashg’ul bo’lishi lozim. Solih amallar esa axloqiy fazilatlarni tarbiyalash bilan bo’ladi. Axloq fazilatlari to’rt asos: hikmat, iffat, shijoat, adolatdan iborat. Hikmat aqliy quvvatning islohi natijasidir…

Endi biz ilm, tahsili ilm va uning foydalari haqida suhbat qilamiz. Sizlarga ma’lumki, odamlarning hayot g’oyalari bu ikki dunyoning saodatidir, unga boshlovchi esa aqli komil ekan. Shuni ham bildikki, (kishi) kasbiy aqlning tahsili, uning tarbiyasi orqali komil aqlga erishish mumkin. Bas, ilm olmoq va tahsili ilm qilmoq zarurligi o’z-o’zidan ma’lum bo’ladi. O’z aqli yordamida ikki dunyo saodatiga yetmoqchi bo’lgan odam tahsili ilm qilmoqdan boshqa chorasi qolmaydi.

Zotan, mukammal dinimiz islom, biz esa uning farmonlarini bajarmoqqa majburmiz, bizga ilm olishni amr etib: «Johillar bilan olimlar barobar bo’la olmaslar»83 degan (Qur’oni karimda). Qozi Bayzoviy bu oyatni ikki xil tafsir qiladi. Avval kalimaning to’g’ri ma’nosini keltiradi, bunda oyatning ma’nosi shuki, agar odam olim bo’lsa, Allohdan qo’rqadi (zero, qo’rquv barcha narsaning asli va g’ayri aslini farqlaganda paydo bo’ladi). So’ng bu kalimani ko’chma ma’noda o’qiydi, ya’ni bunda, albatta, Alloh olimlarga ta’zim qiladi (ya’ni ularni ulug’laydi), degan ma’no kelib chiqadi. Shu har ikki tafsirni qay birini ixtiyor qilsangiz ham ilmning izzatu sharafi va haqiqiy ulamolarning yuqori martabada ekanliklari ko’z oldingizda zohir bo’ladi…

Ey Muhammad, «YO Rabbim, mening ilmimni ziyoda qil!» — deb ayt84. Diqqat qiling-a, Alloh, o’z habibiga «ilm talabini qil» deb amr qilmoqda. Bundan ham yuqori sharafga ega bo’lgan narsa bo’lsa, aytingchi, o’sha nima ekan?! «Ilm olishning kamayib ketishi, jaholatning o’rin olishi, xamir85 ichishning avj olishi, zinoning ko’payishi qiyomat alomatlaridandir», — deyilgan Imom Buxoriyning «Kitob al-ilm»86ida. Hazrati Rasuli akram alayhivasallam shu hadisda yana izhor qildilarki, olamning nizomi va intizomi ham aql bo’lmaganida xarob bo’lardi deb…

Har kim ilm talabida yo’lga chiqsa, Xudovand unga jannatga yo’l ochadi. Yoki: «Ehsonlarning eng maqbuli musulmon kishining ilm olishi va musulmon birodariga ilm o’rgatishidir», — deydilar Nabiy alayhissalom. Bu hadisi sharifni esa Ali ibni Abutolib (Anas ibni Molik87), Husayn ibn Os88, Ibn Umar89, Ibn Mas’ud90 va Abu Said91 hazratlari, Alloh ulardan rozi bo’lsin, rivoyat qilganlarki, Payg’ambar (s.a.v.) «Men ilm fazilatini ibodat fazilatidan ham ortiq ko’raman», — deb aytgan ekanlar.

Olimning obiddan ustunligi meni orangizda kamtarinlaringizdan ustunligimga o’xshaydi, zero, hazrati Xudovand, uning maloikalari, samo ahli va zaminda maskan tutgan jamiki narsalar odamlarga xayrli ilm o’rgatgan kishiga rahmat aytib turadilar. Diqqat qiling-a! Hazrati Payg’ambar bu dunyoda zarbu Zayd92 g’avg’osini qilmoqdan boshqa hech bir ish bilan shug’ullanmaydiganlarni emas, balki odamlarni to’g’ri yo’lga boshlovchi olimlarni madh etardi. Bu islom dinida ilmning mavqei naqadar balandligini ko’rsatadi va mo»min musulmonlar ilm tahsili yo’lida harakat qilishlari lozimligini isbotlaydi.

Ammo: «Ilmning turlari ko’p, biz qaysi biri bilan mashg’ul bo’lishimiz joyiz?» — deb aytishingiz mumkin.

Javob beraman: haqiqatda ilm turlari ko’p, ba’zilaridan naf’ ham yo’q. Biroq maqsadimiz ikki dunyo saodati ekan, bu dunyo va oxiratda foyda keltiradigan ilmlarni talab qilishimiz, bu dunyo va oxiratda foydasi bo’lmagan ishlarni tark etishimiz lozim. Zero, «Allohdan foydali ilm talab qilib, naf’i bo’lmagan ilmdan omon qolish uchun Allohdan madad so’rang», — deyiladi hadisda.

Endi biz foydali ilmlardan ba’zilarini zikr etmoqchimiz. Ilm umuman, ikki qismdan iborat: ilmi naqliy va ilmi aqliy. Ilmi naqliy ham o’z navbatida diniy va dunyoviy ilmlarga bo’linadi. Avval ilmi naqliyning birinchi qismi bo’lgan diniy ilmlarni zikr qilamiz.

TAFSIR ILMI

Ma’lumki, Qur’oni karim arab tilida uning shevalariga mos holda nozil bo’lgan. Saodat asrida yashagan arablar bu kitobning tarkibi va juz’iy ma’nolaridan xabardor edilar. Ular «Qur’on» nozil bo’lgan vaqtda yashaganlari uchun nozil bo’lish sabablarini ham bilardilar. Ba’zi ma’nolarni tushunmay qolsalar, darrov sohibshariat alayhissalom huzuriga kelib mushkilotlarini, ishtibohlarini hal qilib ketardilar. Shu xususda Rasulullohdan eshitganlarini yodlab o’zlashtirib olardilar. Hazrati Payg’ambar vafotlaridan keyin ham bir muddat shu tariqa Qur’oni karim hukmlari va ma’nolarini tushunishga harakat qilardilar. Lekin, bora-bora islom ummati tafsir kitoblari va ilmiga ehtiyoj sezdilar. Buning bir necha sabablari bor edi. Birinchidan, arablar, bir tomondan, Rum mamlakatlari, boshqa tomondan, Ajam o’lkalarini fath etib, arab bo’lmagan xalqlar bilan aralashib ketdilar. Tillari ham omuxta bo’lib ketdi. Shuning uchun ham arab ommasi Qur’onning ba’zi ma’nolarini tushunmay qoldi.

Ikkinchidan, islom dini olamga yoyilib ketdi. Rum, Eron va Turkiston xalqlari to’da-to’da bo’lib dini mubinga kirardilar. Endi musulmon bo’lganlar arab tilini o’rgansalar ham Qur’on hukmlarini oxirigacha tushunish baxtidan mahrum edilar. Vaholanki, o’zlarining muqaddas kitoblari bo’lmish Qur’oni karim haqiqatlarini bilish orzusida edilar. O’sha davr olimlari ham zamon ehtiyojiga e’tibor nazari bilan qaramasliklari mumkin emas edi.

Uchinchidan, xaloyiq Payg’ambarning muborak zabonidan uzoqliklari sabab Rasuli akramning tarbiyasi ta’siridan chetda qolib ketardilar. Boshqacha qilib aytganda, odamlar axloq salobatlari va qalblarining pokligini yo’qotardilar. Islom ulamolari agar ba’zi Qur’on oyatlarining tafsiriga aytilgan hadislar va xabarlar yig’ib olinib, kitob shakliga keltirilmasa, yolg’on rivoyatlar bilan aralashib, islom millatining tanazzuliga sabab bo’lishi ehtimoldan xoli emasligini tushunib yetdilar. Ana shu uchinchi mulohaza islom ulamolarini himmat kamarini bellariga bog’lab, hazrat Payg’ambar tomonidan Qur’on oyatlarining tafsiri uchun aytilgan hadis va xabarlarni yig’ib olib, tahqiq qilib kitob shakliga keltirishlariga majbur etdi. Lekin bu tafsirlar ham Payg’ambar hadislaridan iborat edi, xolos. Ya’ni bunday tafsir sohiblari biror-bir oyat haqida o’zlari bir so’z aytmasdilar, balki hazrati Rasulning muayyan bir oyat haqida aytgan gaplarini yozib olardilar. Mazkur tafsirlar hadis kitoblarining bir turi edi, olimlar bunday tafsirni «tafsir bar rivoyat» (ya’ni rivoyat ila keltirilgan tafsir) deb ataganlar. Ibn Abbos93 va «Tafsiri Tabariy»94 shunday tafsirlardan hisoblanadi. Islom ulamolari tomonidan yaratilgan birinchi tafsir ana shu «tafsir bar rivoyat» edi. Islom ahli bir muddat shu tafsirlar bilan qanoatlandi. Lekin bora-bora zamona o’zgarib, ommaning ehtiyojlari ham o’zgardi. Bir tomondan, g’ayrisahih va mavzuli hadislar tafsirlar tarkibiga kirsa, boshqa tomondan, islom madaniyati taraqqiy topib, sarfu nahv, bayon, maoniy va badiiy ilmlar rivojlanib, alohida fanlar sifatida shakllandilar. Ahli islom o’zlarining diniy qoidalari va hukmlarini aqlning muazzam qonunlari asosida tatbiq qilishni orzu qildilar. Binobarin, islom ulamolari zamona o’zgarishlarini nazarga olgan holda tafsir ilmining avvalgi shaklini o’zgartirdilar. Endi ular Qur’on ma’nolarini sharhlash uchun mas’uliyatni sezgan holda aqllarini ishga soldilar. Har bir mufassir Qur’oni karim ma’nolarini lisoniy qoidalar va aqllarining kuchi yordamida tafsir qilardilar. Bunday
tafsirlarni «tafsir bid-diroyat» (aqliy tafsir) deydilar. Bayzoviy95, Zamahshariy96, «Tafsiri kabir»97 va hozirgi kungacha bo’lgan tafsirlar shunday tafsirlardan hisoblanadi.

Endi ko’raylikchi, tafsir ilmining tahsilidan nima foyda bor ekan? Biz musulmonlarning hamma diniy ahkomlarimiz Qur’oni karimda yig’ilgan. Musulmon ekanmizmi, Kur’oni karimga amal qilishimiz vojibdir. Men yuqorida Qur’on hukmlari bizni ikki dunyo saodatiga yetkazadi, deb mufassal bayon qildim. Qur’on hukmlarini bilmoq va ularga muvofiq amal qilmoq Qur’oni karim ma’nolarini tushunishimizga bog’liqdir. Qur’oni karim ma’nolarini bilmoq uchun tafsir o’qimoq shart. Shuning uchun tafsir o’qimoq ham bu dunyo va ham oxiratda bizga katta foydalar beradi. Binobarin, tafsir tahsili bizga nihoyatda zarurdir. Afsus, biz turkistonlilar aziz umrimizning yigirma yilini ilm olish yo’lida sarf qilamiz-u, ammo bu sharif fandan bahramand bo’lmaymiz.

Bu ilmi sharif ikki qismdan: 1. Rivoyatul-hadis, ya’ni hadis rivoyatlari ilmi. 2. Diroyatul-hadis, ya’ni hadis usuli ilmidan iboratdir. Hadisning lug’aviy ma’nosi «so’z» demakdir, lekin din ulamolari hazrati Payg’ambar so’zlari, amallari taqririni (yozib olinganlarini) hadis deb aytganlar. Masalan, hadis kitoblarini o’qisangiz, Payg’ambar hazratlari falon so’zlarni aytganlar, boshqa joyda falon sahoba bir ish qilganda Payg’ambar man’ etmay sukut saqladilar, deya ma’lumot olasizlar.

Hadis ilmi sahoba va tobe’inlar zamonlarida bir mukammal ilm shakliga kirmagan edi. Bu ilm olimlari bilgan hadislarini sanadlari98 bilan shogirdlariga aytib berganlar. Shogirdlari o’z navbatida yodlab, xotiralarida saqlaganlar. Bora-bora zamon o’zgardi, yahudiylikdan musulmonlikka o’tgan odamlar o’zlarining xurofot va qadim afsonalarini ham Payg’ambar hadislari suratida tuzib, odamlarga o’qib berardilar, ba’zilari esa shaxsiy manfaatlarini o’ylab hadislarni o’zlari to’qib chiqarardilar. Islom olimlari bu ishning oqibati yomon bo’lishini tushunib, ilojini qidira boshladilar. Ular sahih (to’g’ri) bo’lgan hadislarni yig’ib, sanad va isnodlari99 bilan kitob shakliga keltirdilar. Hadis ilmining matni yuzaga keldi. Ulamolar bunga ham qanoatlanmay, sahih hadislar mavzuli hadislar bilan aralashib ketmasligi uchun hadis ilmi usulini o’ylab chiqdilar. Bu olimlarning eng buyuk va mo»tabari — Abdulloh Muhammad ibni Ismoil Buxoriy bo’lib, 194-sanada tavallud topib, 256 hijriy yili vafot etgandir. Imom Buxoriy 62 yil muborak umr kechirganlar.

Mazkur imomning manoqibi ko’pdir. Hadis ilmining arbobi Rajo’ ibni Marjiy100 «Imom Buxoriyning fazilati erkaklarning ayollarga bo’lgan fazilatlariga barobardir», — deydi. Muhammad ibni Is’hoq101 aytadi: «Men bu ko’k gumbaz ostida Imom Buxoriydek hadis olimini ko’rmadim». Olimning hadislar kitobi «Sahihi Buxoriy» nomi bilan mashhur. Imom Buxoriy kitobida yetti ming ikki yuz yetmishta hadisni zikr qilgan, lekin ba’zi hadislar takror kelgan. Agar ana shu takror bo’lgan hadislarni hisobidan chiqarib tashlasak, to’rt mingi qoladi. Imom Buxoriy shu to’rt ming hadisni 16 yil davomida olti yuz ming hadis ichidan ajratib olib kitobiga kiritgan». Barcha olimlar hadislar kitobi «Sahihi Buxoriy»ni Qur’oni karimdan keyingi eng mo»tabar diniy kitoblardan, deb sanab keladilar.

Taajjublisi shundaki, o’sha zamonda Buxoro olimlari bu ulug’ Imomni kofir deb Buxorodan haydaganlar, Imom janoblari Samarqand (ning Xartang mavzei)ga kelib qayg’u va alam bilan vafot etganlar.

Alhosil, islom olimlari vaqt o’tishi bilan ilmi hadisni rivojlantirdilar, bu ilmni o’rganmoq yuqorida aytilgan dalillar tufayli bizga zarur va lozimdir.

FIQH ILMI VA USULI

Shuni bilish lozimki, bani Odam madaniyut-tab’102dir, ya’ni azaldan o’z hamjinslari bilan bir qishloq, qasaba yoki shaharlarda birgalikda jamoat bo’lib yashashga majburdir. Aksar maxluqlarga o’xshab tog’ va cho’llarda yolg’iz yashab yurish inson tabiatiga ziddir. Ko’p maxluqpar o’zaro yordam va madadga ehtiyoj sezmaydilar. Har qaysi maxluq tanho o’zi ovqatini yoki yotish joyini topa oladi. Misol uchun qushlarning eng kichigi va zaifi chumchuqni ko’z oldingizga keltiring. Bu haqir jonivor kichkina tirnoqlari va zaif qanotlari bilan bir umr o’z hayotini birovning yordamisiz o’tkazadi.

Lekin biz odamlar ularga nisbatan har qadamda boshqalarning madadlariga muhtojmiz. Masalan, dasturxonimiz ustida turgan mana shu nonu choyni olib ko’ring-a: birovning yordamisiz shularga ega bo’lamizmi? Yoki bular osmondan tushganmi? Aslo bunday emas!

Balki falon tojir bir joydan temir olib kelgan, bir temirchi uni sotib olib, ter to’kib omochu qo’sh yasagan, boshqa birov ho’kiz va omochni olgan, bir necha kishi kecha-kunduz mehnat qilib urug’ni yerga sepgan, vaqt o’tgach, dehqon bug’doyni o’rib, xirmon qilib, ming zahmat bilan bug’doyni maydalab un qilgan, bozorga olib chiqib sotgan, birov sotib olib so’ng falon nonvoyga sotgan. Nonvoy ko’kragini olovga berib non qilib sotganda siz uni olib kelgansiz… Endi sizning bir luqma noningiz uchun qancha hamjinslaringiz sargardon bo’lganligini tushungandirsiz?! Agar boshqalarning yordami bo’lmasa, shu nonni qaerdan olar edingiz? Birgina non emas, balki kiyim-kechak, oilangizning boshqa ehtiyojlarini ham olib ko’ring-a. Qancha odamning mehnati bir narsa uchun sarf bo’lgan! Shularni e’tiborga olib aytamizki, odamlar tabiatan jamiyat bo’lib yashashga majburlar. Barcha mamlakatlar, millatlar, hukumatlar shu tabiiy qonun natijasida maydonga kelgandir. Odamlar mamlakat va shaharlarda jamoat bo’lib yashaganlaridan so’ng qavmu jamoalarga bo’linib ketdilar. Bu qavmlarning a’zolari bir-birlari bilan muayyan munosabat va muomalada bo’ladilar. Masalan, men sizdan falon miqdorda qarz olganman, siz molingizni falon miqdorga sotasiz va hokazo… shunday bo’lishi ham mumkinki, bu munosabat va muomala mobaynida bizlar bir-birlarimizga jahl qilib, urushib va hatto o’ldirishdan ham toymasligimiz mumkin.

Mosholloh! Bir mamlakat ichida shunday tartibsizlik joriy bo’lsa, shubhasiz, bu jamiyat tarqoq holga keladi va millat inqirozga uchraydi. Bas, aholi o’rtasidagi munosabat va muomalalarni tartibga soladigan qonunlar lozim, toki o’rtamizda tushunmovchilik paydo bo’lib, jamiyatimiz parishon bo’lmasin. Qur’oni karimning ba’zi hukmlari va Nabi (s.a.v.) hadislari odamlarning o’zaro munosabat va muomalalarini tartibga soladilar. Buning majmuasini «muomalot»103 deydilar.

Inson tabiat qonunlarining hukmi sabab hamisha o’z manfaatlarini o’ylaydi. Manfaatni ta’minlash uchun harakat qiladi. Insofli va iqtidorli odamlar o’z manfaatlarini shar’iy (qonuniy) yo’l bilan ta’minlashni xohlaydilar. Ammo shundaylar ham borki, manfaatlarini to’g’ri yo’l bilan emas, balki jahl, o’g’rilik va noshar’iy vositalar bilan amalga oshirib, axloqqa zid ishlar bilan mashg’ul bo’ladilar. Qaysi qavm ichida shunday odamlar ko’p bo’lsa, bunday qavm halokatga mahkumdir. Shunday ekan, bunday ishlardan bizni man’ qilmoq uchun qonun lozimdir.

Qur’oni karimning ba’zi oyatlari va hadislar shunday noshar’iy munosabatlarni man’ qilib, gunohkorlarga jazo belgilaydi. Buni olimlar istilohan «Uqubot»104 deydilar.

Ma’lumki, odamzotning umri chegaralangan, hamma birin-ketin o’zini ajal panjasiga topshiradi. Shu tariqa milyo’n-milyo’n odam har yili o’limga duch keladi. Odamzot shu talafot o’rnini to’ldirmasa, yerda odamdan nasl qolmas edi. Hazrati Parvardigori hakim bu talafotni tavallud qonuni bilan tartibga soladi. Odamlar tavallul va tanosul105 soyasida abadiy inqirozdan saqlanadilar. Ular o’rtasidagi er-xotinlik munosabatlari shu hikmat asosida joriy bo’lgandir. Biroq bu ish o’z ixtiyorlarida qolsalar, o’zlarining nafsoniy hislari bois fasod va parishonlikda qolib ketadilar. Shuning uchun ham odamlar o’rtasida muborak nikohning foydalari joriy bo’lgan. Nikoh haqida nozil bo’lgan Qur’oni karimning ba’zi oyatlari va ba’zi hadisi shariflar shariat hukmlarining «Mankuhot»106 majmuasini tashkil qiladi.

Odamlar ibtidodan bugungi kungacha bir muqaddas g’aybiy kuchga ibodat qilib kelganlar. Bashariyat jamiyatida ibodatning ko’p foydalari mavjud: haqiqiy ibodat ruhga taskin beradi. Ibodat axloqni muhofaza qiladi. Ibodat olamni nizomga kiritish uchun madad beradi va bashariyat jamiyatida uning mavqei juda balanddir, lekin har bir qavmning o’ziga xos ibodati va hukmlari mavjud. Ibodatimizning shakli va hukmlarini tartibga soladigan oyat va hadislar «Ibodat» majmuasini tashkil qiladi. Ahli islom sahobalar va tobe’inlar davrida bu to’rt qonunlarni (muomalot, uqubot, manokahot va ibodatni) Qur’oni karim oyatlari va Nabi (s.a.v.) hadislaridan kelib chiqib tuzgan edilar, lekin shu xususda alohida kitoblari yo’q edi.

Vaqt o’tishi bilan ahli islomning ijtimoiy ahvoli o’zgarib ketdi, olimlar zamon ehtiyojidan kelib chiqib, zarur bo’lgan hukmlarni, Qur’on va hadisi sharifdan qiyos107 va ijmo108 usulini ishlatib kitoblar yozdilar, natijada fiqh ilmi yuzaga keldi. Musulmonlar turli xil tushunmovchiliklarga duch kelmasinlar deb, ulamolar hukm chiqarish yo’lini ko’rsatishi uchun fiqh ilmi usulini ham kashf qildilar. Bu ilmda birinchi bo’lib qalam yurgizgan olim Imom Shofeiy109 bo’ladi. Mazkur imom fiqh ilmiga oid kitobining muqaddimasida fiqh usuli qoidalarini zikr etib o’tgan.

Bora-bora faqihlar bu ilmni rivojlantirib, mustaqil bir ilm shakliga keltirdilar. Hanafiya110 va Shofeiya mazhabi111 faqihlari bir-birlariga muqobil asarlar yaratdilar. Shundan ma’lumki, ulamolar fiqh ilmini zamona taqozosi bilan tartib berganlar.

Jamiyatda o’zimizning haq-huquqlarimizni bilib muhofaza qilmog’imiz, ibodatimizning qoidalari va tartibotini bilmoq uchun fiqh ilmiga muhtojmiz. Fiqh ilmini bilmoqchi bo’lgan odam fiqh usulini ham yaxshi o’rganmog’i zarur. Zero, fiqh hukmlarini, fiqh usulu qoidalarini o’rganmasdan turib tatbiq etish — bu ko’r-ko’rona taqliddan boshqa narsa emas.

KALOM ILMI

Bu dunyoda ko’z oldimizdan o’tib turadigan jamiki hodisalar, koinotdagi ro’y berayotgan g’aroyibotlar tomoshasi bizni chuqur o’y-fikrlarga solmasligi mumkin emas. Oftob cho’kib, butun olamni tun zulmati qoplaydi, oy chiqib zaminga tabassumini taratib, latif bir manzara hosil qiladi. Bahor kelib, atrof kelinlik libosiga burkanib, sabza-gul hid taratadi. Qish yetib keladiyu bularning barchasini supurib tashlab, qor ko’rpasini yopadi. Inson o’ziga ato qilingan ilohiy ne’mat bo’lgan aqli bilan bularni tomosha qilishgagina qanoatlanmay, balki ushbu hodisalarning sababini tahlil qilib, qat’iy qarorga keladiki, bularning bari besabab emas, balki koinotning ustozi, biror-bir Xoliqi mavjuddir?! Bu olamning yaratguvchilik va koinot ustozi kim va uning joyi qaerda? Shu savolga javob berishga insonning aqli ojiz qolib, odamlarning ba’zi guruhlari xatodan o’zlarini maxluqparastlikka, odamparastlikka, otashparastlikka soldilar. Qur’oni karim bayonotining bir qismi shu fikrimizni daf’ qilib, Vojib taolo112 va uning sifatlarini bizga bayon qilib beradi: «Ey insonlar, sizlarni va sizlardan ilgari o’tganlarni taqvo egalari bo’lishingiz uchun yaratgan Parvardigoringizga ibodat qilingiz. U zot sizlar uchun yerni qarorgoh, osmonni tom qilib qo’ydi va osmondan suv tushirib, uning yordamida sizlarga rizq bo’lsin, deya mevalar chiqardi. Bas, bilib turib o’zgalarni Allohga tenglashtirmang. Agar biz bandamizga tushirgan narsadan (Qur’oni karimdan) shak-shubhada bo’lsangiz, u holda shunga o’xshagan birgina sura keltiring va Allohdan o’zga guvohlaringizni chaqiring, agar rostgo’y bo’lsangiz»113.

«Kofirlar gumon qiladilarki, Allohning farzandi bor deb. Uning farzandi ham, sherigi ham yo’qdir, agar sherigi bo’lganda, ularning har qaysisi o’zi yaratgan maxluqotlar xayrinigina o’ylab bir-biri bilan jang qilar, biri g’olib kelardiyu, olam vayron bo’lardi»114.

Qur’oni karim shu ikki oyat bilan Vojib taoloning mavjudligi va yagonaligi, sherigi yo’qligi to’g’risida ta’lim berib, bu oyatlar orqali Xudovandning Hay(boqiy)ligi, Olimligi, Eshituvchi va Ko’ruvchi, Qodir va Muridligini bizga tushuntirib beradi. Ammo shu o’rinda Qur’on hukmlarini Alloh Rasuli orqali nozil qilgan ekan, biz, avvalo, hazrati Payg’ambarning nabiligiga va Qur’oni karimning haqligiga iymon keltirgan bo’lishimiz shart. Bu ikki matlabni Qur’oni karim quyidagi oyatlar bilan isbot qiladi: «Ushbu Qur’on Allohdan o’zga birov tomonidan to’qilgan bo’lishi mumkin emas. Balki U butun olamlar Parvardigori tomonidan kelgan va (haq ekanligiga) shak-shubha bo’lmagan o’zidan avvalgi (Tavrot, Injil kabi) mufassal kitobdir». Yoki «uni (Muhammad) to’qib chiqargan», deydilarmi?! Ayting (ey Muhammad): «U holda agar rostgo’y bo’lsangizlar, Allohdan o’zga kuchingiz yetgan barcha butlarni (yordamga) chorlab, shu (Qur’on)ga o’xshash birgina sura keltiringizlar!»115

Yana bir andisha ham borki, bashariyat doimo shu fikr bilan mashg’uldir; odam o’zining umri davomida ajal panjasiga uchragan do’stlari va yaqinlarini ko’p ko’radi va o’zining ham bir kuni shunga giriftor bo’lishini tushunadi. So’ng nochor fikr qiladiki, ketganlar qaerga ketadilar? Biz ham borsak qaerga boramiz? Bechora odam ana shu matlabni tushunishdan fikri va aqdini tamoman ojiz topadi!

Hazrati vojibul-vujudning o’zi bu savolga ham samoviy Kitobi orqali javob berib, bizni hayrat va bahsdan xalos qiladi: «Har bir jon faqat Allohning izni bilan va aniq belgilab qo’yilgan muddatda o’ladi. Kim dunyo savobini istasa, unga o’sha istagan narsasini berurmiz. Kim oxirat savobini istasa, ungada istagan narsasini berurmiz. Va shukur qilg’uvchilarni munosib mukofotlaymiz»116.

«Ular aytadilarki, bizni o’lgandan keyin kim ham tiriltira olardi? Ayt, ey Muhammad, sizni yo’qdan bor qilib yaratgan Zot», — deb117.

Shu Qur’oniy hukmlar majmuasini «islom aqoyidlari» deb ataydilar. Bularni bilish har bir musulmon uchun vojibdir. Ahli islom asri saodatda Aqoyiddan Qur’oni karim va Payg’ambardan ta’lim olardilar. Risolat panohdan so’ng mazkur hukmlarni sahoba olimlar Payg’ambardan qay tarzda ta’lim olgan bo’lsalar, shunday qilib boshqalarga o’rgatardilar. Ushbu ta’lim silsilasi to tobe’inlar davrlarigacha shu xilda edi. Hijriy 100 sanaga ham yetmasdan mo»taziliylar118 jamoasi paydo bo’ldi va e’tiqod mas’alalarini yunonlarning falsafiy qarashlari bilan aralashtirib asr olimlari bilan ba’zi mas’alalarda ixtilof chiqardilar. Hatto oralarida qattiq bahslar ham bo’lib o’tdi, natijada esa mo»taziliylar g’olib chiqdilar.

Aytadilarki, e’tizoliya mazhabining asoschisi va sohibi Vosil ibn A’to119 deb, lekin bu rivoyat sahih emas. Bu mazhabning va’zxoni, asoschisi imom Abuhoshim Abdulloh ibni Muhammad ibni al-Hanifa ibni Ali ibni Abutolib120 bo’ladiki, Ibn A’to uning bir shogirdi edi. Vosil ibn A’to imom Abuhoshimdan so’ng imom Hasan Basriy121 ga shogird bo’lib, undan fazlu ma’rifatni o’rgandi. Lekin oxirida uning majlisiga e’tiroz bildirib, e’tizol (go’shanishin, uzlatiy) laqabini oldi. Vosil ibn A’to 51 yil umr ko’rib, 131 sanada122 vafot etdi. Agar bu kishi haqiqatan mu’taziliy voizi bo’lmaganda edi (lekin ilgari bo’lgan edi), ahli sunnat olimlari bu haqida bahs yuritmas, e’tiqodini rad etmas edilar. Shundan so’ng mo»taziliylar toifasi «Kalom ilmi»ni yaratdilar. Ahli sunnatga muxolif bo’lgan bu e’tizol arboblarining ta’limoti aqliy dalillar asosida isbotlab, keng va atroflicha tushuntirishdan iborat edi. E’tizol arboblari o’zlarining matlablarini aqliy dalillar bilan isbotlardi, binobarin, ularning so’zlari har bir eshituvchiga ta’sir qilib, ma’qul kelardi. Ammo ahli sunnat olimlari naqliy dalillar bilan mo»taziliylarni mulzam qilmoqchi bo’ldilar, bu mumkin bo’lmasdi, chunki odamlarda aqliy dalillarga rag’bat kuchlidir. Zotan, Qur’oni karim ham o’zining matlablarini aqliy dalillar vositasida isbot qiladi. Ahli sunnat esa buni e’tiborga olmadi, o’zining qadimiy maslaklaridan bosh tortdi, natijada mag’lub bo’lib, maydonda mo’`taziliy ulamolarning o’zlari qoldilar. Mo»taziliylarning ishlari kundan-kun rivoj topib shu darajaga yetdiki, 220 sanada123 imom Ahmad Hanbal124ni mo»taziliy mazhabiga doxil bo’lmagani uchungina xalifa Mu’tasim Abbosiy125 amri bilan ta’qib qilib, ushlab hibs qildilar. Al-Vosiq Billohi Abbosiy126 xalifaligi zamonida (228 sana) ahli sunnat va ahli jamoaning Ahmad ibni Abu Nasr nomli ulug’ bir olimini xalifa amri bilan qatl qilib, kallasini Bag’dod darvozasiga osib qo’ydilar. Shundan so’ng ahli sunnat ortiq muxoliflik qilmasdan xohlab-hohlamay mo»taziliy mazhabini qabul qildi.

Bu mazhab kamol topib rivojlanib ketaverdi, to shayx Abul Hasan Ash’ariy127 maydonga chiqmaguncha hech kim mo»taziliylarga oshkor gapira olmasdi. Shayx Abul Hasan Ash’ariy Abu Ali Aljaboiy Mo»taziliy128ning birinchi shogirdlaridan edi. 40 yil mo»taziliy mazhabining tarafdori edi, biroq bir munosabat bilan ustozi va uning oralarida ixtilof paydo bo’lib, ustozi huzuridan chiqib ketdi. 15 kun uydan chiqmay, ahli sunnat aqoyidiga oid kitob yozdi. Bu kitobda mo»taziliylarning e’tiqod va ta’limotini aqlan keskin rad etdi. Kitobni yozib tugatgach, bir kuni xalq masjidga to’planib turgan vaqtda g’ayrat bilan minbarga chiqib, to’lib-toshib mo»taziliya mazhabining botil ekanligini e’lon qildi va yozgan kitobini odamlarga o’qisinlar, deb tarqatdi. Bu muhim voqea 300 sanada129 voqe’ bo’lib, mo»taziliy mazhabiga kuchli zarba berildi. Shundan keyin mazkur mazhab xalq nazaridan qolib, odamlar guruh-guruh bo’lib Ash’ariy mazhabini qabul qilardilar. Shu shayxning g’ayrati va himmati tufayli mo»taziliy mazhabi barham topib, ahli sunnat tazyiqdan xalos bo’ldi. Ajablanarlisi shuki, ahli sunnat jamoasining ba’zi bir olimlari o’sha vaqtda shayx Ash’ariyni kofirlikda ayblab, qatl qilinishini talab qildilar.

Mazkur muqaddimadan ma’lum bo’lganidek, to 300 hijriy yilgacha ahli sunnat aqoyidlarini mudofaa va muhofaza qiladigan ilmi kalom yo’q edi. Ilmi kalomning bu qismini shayx Ash’ariy ilmiy muomalaga kiritdi. Bir muddat shayx Ash’ariyning ushbu usuli ahli islom orasida joriy qilinib ravnaq topdi, bora-bora islom ulamolari yunon falsafasini kalom ilmiga kiritdilar, yunon nazariyotidagi inkor va raddiyalar tufayli kalom ilmi bahstalab bo’lib qoldi. Bu tariqa ilmi kalomni birinchi bo’lib imom G’azzoliy yozdi. Asta-sekin zamon o’tishi bilan islom ulamolari kalom ilmi tarkibiga yunon falsafasi matlablarini kiritib, murakkab bir ma’jun130 tayyorladilar. Bizning oramizda mashhur va mo»tabar bo’lgan kalom kitobi shu qabildagi asardir.

Endi maqsadimizga qaytsak, kalom ilmi biz uchun lozimmi yo yo’qmi? Ba’zi bir faqihlar kalom ilmi tahsili harom deydilar, hatto Imomi A’zamdan131 rivoyat qiladilarki, u o’g’liga kalom ilmini o’qishni man’ qilgan ekan. Imom Abu Yusufdan132: «Kalom ilmi olimlarining orqasidan turib namoz o’qish durust emas» degan naql mavjud. Imom Shofe’iy buyurgan: «Men kalom ilmi olimlarini jazolashga fatvo beraman». Boshqa ko’pgina fiqh olimlari ham shu imomlar izidan borib, kalom ilmi haqqiga shu kabi hukmlar chiqarganlar. Lekin kamina yuqorida arz etgan ma’lumotga ko’ra, maxsus ahli sunnatga tegishli kalom ilmini imom Ash’ariy 300 sanada zamon taqozosi bilan tartib berib yozgan edi. Imomi A’zam 150 sanada133, Imom Shofe’iy 204 sanada134 vafot etganlar, binobarin aytish mumkinki, bu imomlar imom Ash’ariy tomonidan zamona talabiga binoan keyinchalik yozilgan kalom ilmini ko’rmaganlar. Bas, ularning tanqidlari bu ilmga nisbatan emas, balki ular man’ qilgan ilm mo»taziliy jamoasi tomonidan botil mazhab bilan tarqatilgan va uning rivoji uchungina yaratilgan kalom ilmidir.

Qani ko’raylikchi, bugun oramizda joriy qilingan kalom ilmini o’qishimiz zarurmikan yoki yo’q? Alloma Ibn Xaldun135 o’zining mashhur «Muqaddima»sida kalom ilmi xususida uzun maqola bitib, shunday xulosaga keladiki, bizning zamonamizdagi ilm toliblariga kalom ilmi lozim emas, zero, Allohni inkor etuvchi dahriy va ibtidoiy odamlar hozirda yo’qdir. Kalom ilmi esa shularning fikrlarini rad etish uchun vujudga kelgan ilm edi136. Agar bu ilmni o’rganishdan maqsad mo»taziliylar va yunon falsafasini rad etish bo’lsa, bunga ham hojat yo’q, chunki bugungi kunda mo»taziliylar ham, Arastu137 va Aflotun138ning muxlislari ham qolmaganlar139. Bundan tashqari qadim safsatalar hikmatini e’tiborga olgan kimsa dunyoga kelishni xohlamaydi. Ammo bu ilmdan maqsad Vojib taoloning zoti va sifatlari, nabilik amri va qiyomat kunini aqliy dalillar hamda qat’iy hujjatlar asosida isbotlash bo’lsa, uni o’rganish lozimdir. Endi ikkinchi qism naqliy ilmlarning bayoniga kirishamiz.

LISONIY ILMLAR

Jamiyat tarixi esa uch qismga bo’linadi:

1. Ilm va adabiyot tarixi.
2. Tabiiy tarix.
3. Siyosiy tarix.

Ilm va adabiyot tarixi olimlar va shoirlar toifalarini, ilmlarning turlari, darajalarini va o’rganish usullarini tekshiradi. Tabiiy tarix maxluqotlarning iste’dodu qobiliyati va jonzotlarning xosiyatlari haqida ma’lumot beradi.

Takror va takror aytdikki, diniy va ijtimoiy ta’limotimiz Qur’oni karim va hadislarda mavjuddir. Qur’oni karim va hadislar esa arab tilidadir. Yana shari’atga oid aksar kitoblarimizni olimlar arab tilida yozganlar. Binobarin, shularni tushunmoq va bilmoq uchun arab tilining sarfu nahvini o’rganishimiz zarur. Lekin bu yetarli emas, balki Qur’oni karim ma’nolarini chuqur tushunishimiz uchun balog’at ilmi140, ilmi bayon141 va ilmi bade’142 ni ham bilishimiz lozim. Bu ilmlarni o’rganishimiz zarur ekanligiga shak-shubha yo’qdir. Lekin, shuni ham unutmaslik lozimki, bu ilmlarni o’rganish shunday (hissiy) lazzat olish uchun emas, balki zarurat yuzasidan, oliy diniy ma’lumot olish uchun kerak bo’ladi. Arab tilini diniy ilmlarga ega bo’lish uchun o’rganish zarur. Bir umr arab tilini o’rganib, diniy ilmlarni o’zlashtirmagan odamlar adashganlardir. Bunday kishilar namoz o’qish uchun tahorat qilaman, deb, tahorat bilan ovora bo’lib, namozini qazo qilgan kishiga o’xshaydilar.

Endi, hurmatli o’quvchi, naqliy ilmlarning ikkinchi qismiga sharh beramiz.

TARIX ILMI

Tarix ilmi o’tgan qavmlarning umumiy ahvolini biz-larga ibrat va dasturulamal qilib naql va muhokama etadi. Bu ilm, avvalo, ikki qismdan iborat:

1.Muqaddas tarix.
2.Madaniyat143 tarixi.

Muqaddas tarix — anbiyolar ahvoli va hazrati Payg’ambarimiz siyratlarini bizga tushuntiradi.

Jamiyat tarixi esa uch qismga bo’linadi:

1. Ilm va adabiyot tarixi.
2. Tabiiy tarix.
3. Siyosiy tarix.

Ilm va adabiyot tarixi olimlar va shoirlar toifalarini, ilmlarning turlari, darajalarini va o’rganish usullarini tekshiradi. Tabiiy tarix maxluqotlarning iste’dodu qobiliyati va jonzotlarning xosiyatlari haqida ma’lumot beradi.

Siyosiy tarix ikki qismdir:

1. Umumiy tarix.
2. Xususiy-mahalliy tarix.

Umumiy tarix olamning yaratilish vaqtidan hozirgacha dunyoda paydo bo’lib yo’q bo’lgan davlatlar, xalqu millatlar, ularning hayot kechirishlari, tuzumlari, yo’qolib ketish sabablari haqida fikr yuritadi.
Xususiy tarix bir davlat yoki xalq tarixining paydo bo’lib, inqirozga uchrash sabablarini o’rganadi.
Tarix juda qadimiy bir ilmdir. Yunonlilar eng birinchi bo’lib tarix yozgan qavmlardan hisoblanadi. Islom zuhur topib taraqqiy etgandan so’ng ulamolarimiz bu ilmda ham ancha sa’y-harakat ko’rsatib kitoblar yozganlar. Hatto tarix ilmini isloh qilib foyda baxsh etuvchi fanga aylantirganlar ham musulmon olimlari bo’ladilar. Ahli islomlarning tarix ilmida ham mahoratlari yuksak bo’lgan, ular foydali va qimmatbaho, tarixga oid asarlarni yozib qoldirganlar.

«Tarixi Abulfido»144, «Tarixi Ibn Xaldun»145, «Tarixi Tabariy»146 shular jumlasidandir. Shu uchta muazzam kitob ham arab tilidadir. Bu asarlarni farangliklar (ovro’paliklar) o’z tillariga tarjima qilganlar. Qaysi millat yashashni (ravnaqu taraqqiyotni) istasa, tarixini bilishi lozim bo’ladi. Zero, tarix bir ko’zguga o’xshaydi, har bir qavm o’zining ahvoli va ijtimoiy hayot qoidalarini unda ko’rib, yaxshini yomondan farq qiladigan bo’ladi. Ravshanroq tushuntirsak, ya’ni qaysi millat yuksalish fikrida bo’lsa, o’tgan qavmlar tarixiga murojaat qiladi, ularni halokatga yetkazgan sabablarni bilib, ularni tark etib, biron-bir millatning rivoji va taraqqiyotiga sabab bo’lgan qonunlar bo’lsa, ularni qabul qiladi. Shuning uchun ham Haq jalla va a’lo Qur’oni karimning bir qismida o’tgan qavmlarining tarixini beradi. Agar bu ilmda zarar bo’lganda edi, Xudovandi karim Qur’onda unga joy bermasdi. Tarix ilmining zarurligi haqida mana shu oyatni keltirishimiz kifoya qiladi: «Ey Muhammad, ularga tarixdan hikoya qil, toki o’tgan qavmlar haqida (odamlar) bilib olib, o’ylasinlar va ibrat olsinlar»147.

JO’G’ROFIYA

Jo’g’rofiya — yer yuzi va undagi aholining ahvolini o’rganadi. Bu ilm ham juda qadimdir. Islom ulamolari uni yunonlilardan o’rgandilar. Ko’p olimlar jahd va harakatlar qilib bu ilmni isloh etib rivojlantirdilar. Islom ulamolarining ba’zilari bu ilmning rivoji va taraqqiyoti uchun Bag’doddan Chingacha sayohat qilib, ma’lumotlar yig’ib bu ilmni boyitdilar. Shunday olimlarning ba’zilarini zikr etamiz. Alloma Abu Is’hoq Istaxriy148 340 yili olam bo’ylab sayohat etib, jo’g’rofiya ilmiga oid «Kitobul-aqolim» («Iqlimlar haqida kitob») nomli asar yozdi. Farang olimlari qadimiy jo’g’rofiyaga oid bu asarni eng mo»tabar hisoblab, o’z tillariga o’girganlar. Ibn Havqal al-Ma’suliy149 28 yil sayohat qilib 350 yili «Al- masolik va al-mamolik» («Yo’llar va mamlakatlar») nomli xususiy jo’g’rofiyaga oid, ya’ni Arabiston qit’asi haqida bahs yurituvchi asarini yozdi. Allomai sharif Idrisiy150 493 yili tavallud topib, 576 yili vafot etgan, jo’g’rofiya ilmining buyuk namoyandalaridan sanaladi. Rum, Misr, Andalus, Marokash, Faronsa va Ingilitar (Britaniya)ga sayohat qilib Sajiliyo (Sitsiliya)ga kelib, shu yerning podshohiga kumushdan yer kurrasini yasab bergan va jo’g’rofiyaga oid «Nus’hatul-mushtoq fi axboril-ofoq» nomli asar ham yozgan. Xullasi kalom, islom ulamolari jo’g’rofiya fanining rivojiga katta hissa qo’shganlar, islom allomalarining ko’plari bu ilm bilan shug’ullanganlar. Biz shularni zikr etganimiz kifoya.

Endi jo’g’rofiya fani bizga kerakmi-yo’qmi degan savolga kelsak, shuni aytishim lozimki, birinchidan, bir mulk tijoratini rivojlantirish uchun bu ilmni o’rganishimiz zarur. Ikkinchidan, shu narsa ma’lumki, odamlar taraqqiyotga moyil bo’ladilar. Fitratu aqllari taqozosi bilan ikki dunyo saodatiga noil bo’lish uchun harakat qiladilar. Shuning uchun ham odamlar aksar xalqlarning tarixi, ishlari va ijtimoiy qoidalarini bilib, o’zlariga ibrat ko’zgusi qilib oladilar, millatlarning tanazzul va yo’q bo’lishiga olib kelgan sabablardan hazar qilib, qaysi qavm maydonga kelib taraqqiy etgan bo’lsa, shu qavmning rivojlanish vositalarini bilib olib, uning yo’lini tanlaydilar. Shuni e’tiborga olib, Qur’oni majidda Xudovandi taolo va a’lo buyuradi: «O’tgan qavmlar qilmishlarining oqibatini bilmoq uchun bular sayohat qilmaydilarmi?»151

«Ey musulmonlar, albatta, sizlardan oldin qavmlar bo’lgan, o’rtalarida qoida va qonunlar bor edi, bas, sizlar sayohat qilinglar. Payg’ambarimiz so’zlariga kirmagan qavmlarning hollari nima bo’lganligini ko’ringlar»152.
Shunday qilib, Alloh taolo bu oyatlar bilan bizga ibrat olish uchun sayohat qilishga buyuradi. Lekin bunday sayohatlarni jo’g’rofiya ilmini bilmasdan amalga oshirish qiyin. Ikkinchidan, ma’lumki, sayohat har bir kishiga ham to’g’ri kelmaydi. Shunda sayohatga qodir bo’lmagan kishi bir joyda turib Alloh amrini bajaraman desa, tarix va jo’g’rofiyani yaxshi bilishi lozim.

Endi aqyaiy ilmlarning bayoniga o’tamiz. Aqliy ilmlar inson faoliyati va kashfiyotlarining natijasidir. Bu ilmlar umumiy va xususiy bo’lmaydi, ya’ni bu ilmlardan birini nasroniy ilmi, birini musulmonlar ilmi deb atab ham bo’lmaydi. Bu ilmlar insoniy ilmlar, har bir inson jinsi va mazhabidan qat’i nazar ulardan bahramand bo’lishi mumkin. Bu ilmlarning umumiy hay’atini hikmat deydilar, u uch qismdan iborat.

1. Tabiiy ilm.
2. Riyoziy ilm.
3. Falsafiy ilm.

Tabiiy ilm o’z navbatida bir necha qismdan iborat:

1. Tabobat ilmi.
2. Tabiiy hikmat ilmi.
3. Nabotot ilmi.
4. Maxluqot ilmi.
5. Ma’danlar ilmi.

TABOBAT ILMI

Bu ilmlar majmuasi inson a’zolarining kasalliklari va ularning davolanishi yo’llarini bizga tushuntiradi va bir necha qismga bo’linadi:

Ilmul-amroz (kasalliklar haqidagi ilm);
Ilmi mufradoti adviya (dorishunoslik ilmi, dorilar haqidagi ilm);

Ilmi tashrih (inson a’zolarini o’rgatuvchi ilm, anatomiya);
Ilmi ansoj (jismoniy tarbiya ilmi);
Ilmi manofe’ul-a’zo (inson a’zolarining manfaatlari).

Ilmul-amroz insonda uchraydigan kasalliklarning shakli va mushkilotlarini o’rgatadi. Mufradoti adviya ilmi dorilar tayyorlash va ularni iste’mol qilish haqida bahs yuritadi. Tashrih ilmi inson a’zolarining tuzilishi, tarkibi haqidagi fandir. Faranglarning bugungi kunda barchani hayron qoldirgan jarrohlik fanlari ana shu ilm soyasida shakllangandir. Ansoj ilmi inson badanining tarbiyasi to’g’risida so’z yuritadi. Manofe’ul-a’zo ilmi esa har bir a’zoning vazifa va xizmatlarini izohlab beradi. Tibbiy ilmning mazkur uchta qismi bizga ochiq-oydin shuni ko’rsatadiki, Hazrati Xoliq inson vujudidagi har bir zarra va uzvni behuda va befoyda qilib yaratmagan va qodir Allohning hikmatiga iymonimiz komildir.

Tabobat ilmini islom ulamolari yunon va hindlardan olib, shu qadar rivojlantirib takomillashtirganlarki, bugungi donishmand farang hakimlari ham ularning nomlarini kamoli ehtirom bilan tilga oladilar. Iftixorimiz bo’lgan islom olamining sobiq tabiblari hozirgi Turkiston tabiblariga o’xshab, katta onalaridan o’rganmaganlar, ularning tabobati hozirgilarnikiga o’xshab sharbatfurushliqdan iborat emasdi, balki tabobat ilmini tahsil olish, tadris qilish orqali egallaganlar. Ularning fikri doim shu ilm bilan band bo’lgan. Tabiblar bu sohada yangi bir kashfiyot qilish, yo yangi davolash usullarini topish, yo shu ilmda kitob yozish xayolida yurganlar. Endi fikrimizning isboti va qorilarimiz mulohazalarini oydinlashtirish uchun mashhur islom tabiblarining ba’zilarini zikr qilamiz.

Alloma Abu Bakr Roziy153 islom dunyosida tabobat ilmining asoschisi va sardorlaridan biri. U 240 hijriy sanada Ray, hozirgi Eronning poytaxti Tehronda tavallud topib, ilm va fan tahsili uchun Shom, Iroq, Andalusiya, Misrga safarlar qilib, bir muddat Bag’dodda, bir muddat Rayda tabiblik qilgan. Buxoroda ham amir Mansur ibn Ismoil saroyida bosh tabiblik qilib, shu yerda mashhur asarlaridan biri «Al-kunoshul-Mansuriy»ni Amir Mansur154 nomiga atab yozgan. Hakimlik ilmining har bir sohasida mahorat sohibi bo’lib, ularga oid kitoblar yozib qoldirgan. Roziy chechak va qizamiqqa qarshi tibbiy tadqiqot olib borgan birinchi tabib bo’lib hisoblanadi, bu kasalliklarga oid yozgan risolasi bugungacha Farangistonda e’tiborli va mashhurdir. Bu alloma 180dan ziyod kitob yozib qoldirgan. Kitoblarining aksari tib haqidadir. Mashhur asarlaridan «Al-hoviy» (uch jilddan iborat) tib ilmi haqida, «Hay’atul-olam» koinot ilmiga oid, «Al-Mansuriy» tibga oid kitoblarini faranglar o’z tillariga o’girganlar. Bu mashhur tabib 320 hijriy sanada vafot etgan. Bu olimni ham ba’zi «azizlar» kofir deb e’lon qilganlar.

Abulhasan Ali ibn Rizvon Misriy155 ham islom (olami) tabiblarining birinchilaridan edi. Otasi bir kambag’al nonvoy bo’lgan. Ibn Rizvon Misrda tahsili ilm qilib, avval nujum ilmida mahoratini tamom ko’rsatib dars bera boshladi, shu ilm orqasidan tirikchilik qildi. Keyin ilmi tib tahsiliga mashg’ul bo’lib, zamonasining buyuk tabibiga aylandi. Tib ilmi, hikmat va falsafa ilmlariga oid 80 adad kitob yozib qoldirgan.

Ibn Sinoning nomi bilan qiyomatgacha faxrlansak arziydi. U 370 yili156 Romitan tumanida olamga kelgan. 18 yoshida zamonasining hamma ilmlarini o’rganib, tib va hikmat ilmida qo’li baland olim bo’lgan. Xudo bergan aqlu zakovati bunga guvohdir. Yuzdan ortiq yozgan kitoblarining aksari tib va hikmat ilmiga oiddir. Ba’zi asarlarini ovro’paliklar tarjima qilganlar. Xususan, «Al- qonun» asari yaqingacha tibbiy maktablarida darslik sifatida o’qitilardi. Buxoroning ba’zi mullaroqlari shunday fazilatlarga ega bo’lgan insonni ham kofir deganlar. Sino ularga javoban aytibdi:

Kufri chu mane gazofu oson nabuvad,
Mahkamtar az iymoni man iymon nabuvad.
Dar dahr chu man yakevu on ham kofir,
Bas dar hama dahr yak musulmon nabuvad.

Ya’ni:

Mani kufrim behudayu oson bo’lmaydi,
Iymonimdek mahkam iymon bo’lmaydi.
Dahr aro tanho menu u ham kofir bo’lsa,
Bas, dahr aro bir musulmon bo’lmaydi.

Ibn Sino 428 yili157 ramazon oyida Hamadonda vafot etgan. Musulmonlar orasida tabobat ilmining e’tibor va sharafi shu darajada bo’lganki, nafaqat islom olimlari, balki Hazrati faxri koinot alayhi afzal-uttahhiyot ham bu ilmga katta ahamiyat berganlar.

«Xudovand dard bergan, illo uning davosini ham bergandir», degan Sahihi Buxoriy «Kitob at-tibb»da158.

Muslim esa «Har bir dardning davosi bor. Qachon davosini topsa, Alloh izni bilan ofiyat topajak», deb yozgan «Kitob us-salom»159ida.

«Jome’ us-sahih»da (aytilishicha) «Hazrati Rasuli akramdan so’radilar: «Modomiki, har bir ish qazo hukmi ila sodir bo’ladi, bas, bemorlarni davo qilish nimaga kerak?» Hazrat javob berdilarki, «Davo ham qazo hukmida Xudoning amri bilan naf’ berajak», degan hadis bor.

Bizda tabobatning yo’qligidan bechora millatimizning zoe bo’lib ketayotgani (turli kasalliklarga yo’liqishi) yildan-yil ko’payib ketmoqdaki, bu andisha kishini larzaga soladi. Ming xil kasalliklar oramizda bemalol ko’payib bormoqda. Juda ko’p yoshlarimiz sil va isitma hujumidan oyoqdan yiqilib, jahonni hayron qoldirmoqdalar. Qanchadan-qancha dilkash go’daklar shamollash va chechakdan jon berib, ota-bobolarining yuragini pora- pora qilmoqda. Ayniqsa, yoz oylarida shaharlarda va qishloqlarda davolanish ishtiyoqida yurgan, issig’ini (isitmasini) tabiblarga ochib ko’rsatayotganlarning qanchasi shirin jonlaridan mahrum bo’lmoqdalar. Muhammadning yuzlab ummatlari jarohatlariga malham bo’ladigan dori orzusidadirlar, ularning chekkan nolai ohlaridan maloikalar qalbiga ham iztirob tushadi.

Siz bir marta zahmat chekib Buxoro qishloqlarini kezib chiqsangiz, baland qasrlar, dilochar manzillar, farahbaxsh bog’lar, jannatmakon yerlarning odamsizlikdan xarob bo’lib sho’razorlarga aylanib yotganini ko’rasiz.

Nechun ham biz buxorolilarning ahvoliga ko’z yosh to’kilmasinki, qachon har bir qozoq o’zining tuyalari, har bitta cho’pon qo’ylarning hisobini, holini bilsa-yu, bizning hukumatimiz esa raiyatining sonidan va holidan bexabar bo’lsa?! Shuning uchun har yili tabobatning yo’qligidan zoe bo’lib ketayotganlarning adadini bizga ma’lum qilmaydilar. Ammo taraqqiy etgan mamlakatlarda odat bunday emas, ularning hukumati maxsus daftarlarda raiyatning sonini hisoblab, tavallud topgan va vafot etganlarni qayd qilib turadilar. Har yili bu hisoblarni tekshirib, ro’znomalarda e’lon qiladilar. Agar bu yil o’tgan yilga qaraganda ko’proq odam o’lgan bo’lsa, yo tug’ilish kamaygan bo’lsa, shu davlatning katgalari iztirob va xavotirga tushib, uning sabablarini qidirib, bartaraf etishga tushadilar. Biz bechora buxorolilar har yili vatanimizning minglarcha avlodini tuproqqa topshiramiz-u, ammo bir kishining ham yuragi kuymaydi…

«Sizlarning har biringiz o’z tobe’laringizga nigohbondirsizlar. Sizlarning har biringiz itoatingizdagilar ahvoli uchun Alloh oldida mas’uldirsizlar», — degan Buxoriy «Kitobul-istihroz»160ida. Shu hadisdan ma’lum bo’ladiki, hakimlarimiz bu tabibsizlikdan bizga yetayotgan talafotlar uchun Alloh huzurida hisob beradilar. Bas, bu jihatlarni tezroq e’tibor nazarlariga olib, mamlakatimizni va millatimizni tabibsizlik balosidan xalos qilish ularga lozimdir.

Biz mamlakatimizda tabiblarni ko’paytirish xususidagi fikrlarimizni «Hind sayyohi»161 asarimizda yozgan edik, bu joyda takrorlashni lozim ko’rmadik.

KIMYO ILMI

Jismlar haqidagi ilmdir. Ularning tabiati va xosiyatlarini bizga tushuntiradi. Bu ilm faranglar tabobat ilmining har bir sohalariga hayratomuz katta daxli bor.

TABIAT ILMI

Koinotdagi jismlarning mavjudlik sabablari haqida bahs qiladi. Faranglarda yuzaga kelgan va kelayotgan har bir fan shu ilmga bog’liq. Ularning onasi shu ilmdir.

ILMI NABOTOT

O’simliklarning turli nav’lari, xosiyatlari, ularni o’stirish va oziqlanishi haqida bahs yuritadi.

MAXLUQOT ILMI

Turli xil maxluqlar, ularning tabiatlari va xosiyatlari haqida ma’lumot beradi.

MA’DANLAR ILMI

Ma’danlarning kelib chiqishi, nav’lari va xosiyatlari haqida bahs qiladigan ilmdir.

Endi ko’raylik-chi, tabiiy ilmlarni o’rganish bizga lozimmi yoki yo’q? Asar(imiz)ning boshidanoq doim va takroran aytib kelyapmizki, «Odamning hayotiy g’oyasi ikki dunyo saodatiga erishishdir». Qaysi qavm shunday saodatga erishishni xohlamasa, maxluqlardan farqi bo’lmas. Oxirat saodatiga erishish uchun iymoni komil va solih amal darkor, dunyo saodati esa sa’y-harakatni talab qiladi…

Dunyo saodatiga erishish uchun qanday harakat qilish lozim? Ovro’pa xalqlarining ahvoli bizga ibrat bo’ladir. Ular nihoyatda tez taraqqiy yo’liga kirib bardam qadam tashlaydilar; poezdlar, tayyoralar ishlab chiqarib, bir haftalik yo’lni bir necha soatda bosib o’tadilar. Telegraflari orqali yer yuzidagi axborotni bir kechada bilib oladilar. Oldin telegraf uchun ham sim va yog’ochga muhtoj edilar. Bugun esa hech qanday sim va yog’ochsiz ko’zga ko’rinmaydigan vositalar bilan olam ahvolidan xabardor bo’ladilar. Shunday kashfiyotlarni ham kam deb bilib, yangi- yangi ixtirolarga qo’l uradilar. Bizni hayrat va taajjubda qoldirmoqdalar. Ularning eng kichik boylari ham bizning boylarimizdan o’n barobar ko’p boylikka ega. Ular orasida shunday davlatdorlar borki, xohlasalar Buxoroni sotib oladilar. Shuncha buyukliklarga qaramay, ular bilan yuzma-yuz o’tirib: «Sizlar rosa taraqqiy etgansizlar» desangiz, javob beradilarki: bashariyat hali go’daklik davridadir. Bu taraqqiyotimiz juda nisbiy, inson qudrati ko’p narsalarga qodir. Oldingi odamlardan bizning farqimiz shuki, ular o’zlarini olim va iqtidorli deb bilgan. Bizlar esa shuncha tahqiq va tadqiqdan so’ng o’zimizni johil va ojiz ekanligimizni bildik. Shunday ekan, bashariyatni go’daklik va nodonlikdan qutqarish uchun harakat qilmog’imiz zarur: Ovro’pa xalqlarining taraqqiyot martabalari shunchalik.

Shu narsa ham muqarrarki, inson insonligi uchun ham yo taraqqiy etishi lozim, yoki inqirozga duch kelishi darkor. Taraqqiy yo’lidan yurmagan jamoa o’z holida hamisha bir xil bo’la olmaydi, ya’ni kun sayin ko’rsatkichlari pasayib ketadi. Aytishingiz mumkinki, biz buxorolilar taraqqiyot yo’liga kirmasdan ham yashayapmiz-ku, deb. Javob beramiz: hayotimiz kasalmand odamning hayotiga o’xshaydi. Kun sayin jismimiz zaif va qonimiz kamayib boradi. Shu holda biron-bir bilimdon tabib oldiga borib doru-darmon olmasak, bugun yoki erta o’lim topishimizga shubha yo’q. Bugun hammaga ma’lumki, biz olam sahnasida yashayapmiz. Lekin yana yuz yil shunday yashashimiz mumkinligini aqlan va amalan isbot qilib beradigan odam bormi? Bir mulohaza qilinglar-a, millatimizdan har yili minglab odam turli kasalliklardan nobud bo’lmoqdalar, naslimizning barakasiyam qolmayapti, har yili boylarimizning ko’pi kasod bo’lmoqdalar, tijoratimiz o’zgalarning qo’liga o’tmoqda; har yili minglab tanob obod yerlarimizni sho’r bosib, qishloqlarimiz xarob bo’lib, ukkilarning uyalariga aylanmoqda! «Hovuzdan ham tomchilab suv olsalar qurib ketadi» degan mashhur bir masal bor. Har kuni shuncha zarar ko’ra turib, yana yuz yil yashay olishimiz mumkinligini kim ayta oladi? Milliy hayotimizdan yo voz kechishimiz lozim, yoki boshqa millatlar singari taraqqiy qilishimiz kerak!

Ajabo, qanday qilib taraqqiyotga erishamiz? Taraqqiyot yo’lini izlab topish haqida o’ylamasa ham bo’ladi. Chunki boshqa millatlar uzoq yillar tajriba va tadqiq etib bashariyat uchun taraqqiyot yo’lini ochganlar. Ular bosib o’tgan yo’l bilan yurishimiz kerak. Diqqat qilsangiz, ularning dinlarini qabul qiling, demaymiz. Biz musulmonmiz va to abadgacha musulmon bo’lib qolamiz, faqat dunyoviy ishlarimizni tartibga keltirish uchun ularning yo’lidan borishimiz zarur, boshqa ilojimiz yo’q. Sizga ham ma’lumki, tijoratu ziroat, fabrikalar qurish, poezd yasashning o’rganish din va e’tiqodga hech aloqasi yo’q. Ular hamma taraqqiy asboblarini tabiiy ilmlar yordamida qo’lga kiritganlar. Bas, bizga ham tabiiy ilmlarning tahsili lozim va zarur. Bundan tashqari aytdikki, tabiiy ilmlar diniy e’tiqodlarimizni ham kamol darajasiga ko’taradi.

«U yerni yoyiq qilib yaratib, unda tog’lar va daryolar paydo qilgan zotdir. U yerdagi har bir mevani ikkitadan juft-jufti (ya’ni, erkak-urg’ochi) bilan yaratdi, u kechani kunduz ustiga yoyar. Albatta, bu (misollarda) tafakkur qiladigan qavm uchun oyat-ibratlar bordir»162. Boshqa oyatlarni ham keltirib, fikrimni tushuntirishdan oldin hurmatli qorilarning diqqatini shu oyatning bir jumlasiga jalb qilmoqchiman. Bu sharif jumlalarning ma’nosi shulkim, o’simlik ham hamma maxluqlar singari urg’ochi va erkakdan iborat, bir-birlari bilan qo’shilib homila paydo qiladi va nasl beradi. Lekin hurmatli mufassirlarimiz (sharhlovchilarimiz) o’simliklarning tavalludi va tanosilini aqllariga sig’dira olmaydilar. Shuning uchun ham bu oyati karimani ta’vil qilib, zohiriy ma’nosini berganlar. «Zavjayn»163 kalimasini «sinfayn»164 deb tafsir qilganlar. Bu holda oyati karimaning ma’nosi quyidagicha bo’ladi: «Alloh har bir meva va o’tlarni nav’-nav’lari bilan yaratgan, biri shirin, biri achchiq biri oq, boshqasi qora». Aqli solim egalari ozgina diqqat qilib bu tafsirning xatoligini tushunadilar. Ammo nabotot ilmidan xabari bor odam, yaxshi biladiki, o’tlar ham maxluqlarga o’xshab urg’ochi va erkak qilib yaratilgan. Ular bu oyati karima ma’nosini zohiriy ma’nosiga qarab chiqarmaydilar, bu esa tabiiy ilmlarning foydasidandir. O’z matlabimizga qaytib boshqa oyatlarni zikr qilamiz: «Alloh osmondan suv — yomg’ir, qor yog’dirib, uni yerdagi buloqlarga chashmalar qilib oqizib qo’yganini ko’rmadingizmi? So’ngra u (suv)ning yordamida rango-rang ekin-tikin chiqarur, so’ngra u qurur, bas, siz uni sarg’aygan holda ko’rursiz, so’ngra (Alloh) uni xas-xashakka aylantirur. Albatga, bunda aql egalari uchun eslatma-ibrat bordur»165.

«Aytgin, ey Muhammad, yerda va osmonda bo’lgan hikmatlarni ko’rib va ilohiy qudratning kamoliga iymon keltiringlar»166.

Shu oyati karima bizga buyuradiki, yer va osmonda mavjud bo’lgan ilohiy kuchlarni tadqiq qilib, ularning fitriy qoida va qonunlarini kashf etib, Allohning ilm va qudrati kamolini mushohada etaylik va shu vosita orqali iymonimizni komil etaylik. Tabiiy ilmlar bizlarga xilqatning ilohiy qonunlarini tushuntirib, iymonimizni komil qiladi.

Buncha gapni o’zi to’qib chiqaryapti, deb o’ylamanglar. Ko’pgina islom ulamolari shu xususda ancha kitoblar yozganlar. Lekin bizlar g’aflatda qolib, ularni o’qishdan mahrum bo’lganmiz. Jumladan, fazilatlari oshkor bo’lgan Imom G’azzoliy «Mezon ul-amal» kitobining bir mufassal maqolasida bizning mavzuimizni sharhlagan. Xotiringizni jam qilmoq uchun uni (Imom keltirgan oyatni) qisqacha tarjima qilaman. Imom: «Agar sen tabiiy ilmlar vositasida o’zingga tadqiq nazari bilan qarasang: go’sht, suyak, pay, tomirlaringni bilib olsang, xizmatingda bo’lgan joziba, hazm qilish, mosika (instinkt), dofia quvvalaringni mulohaza qilib ko’rsang, ularning vazifalari qanaqaligini, qay tartib va intizom bilan bu vazifalarni bajarayotganlarini ko’rarding», — deb yozadi. Oyati karimaning ma’nosi shuldir. Bu masalaga bir misol bilan sharh beramiz. Tasavvur qiling, ikki kishidan biri olim va foqih, ikkinchisi johil va savodsiz. Faraz qilingki, ularning ikkovi ham Imom A’zamga e’tiqod qo’ygan. Lekin johil kishi Imom A’zam fazilatlarini boshqalardan eshitib e’tiqod qilgan. Ammo foqih odam Imom so’zlarini kitoblaridan mutolaa qilib, harfma-harf tahlil va tadqiq qilgan, muallifning martaba va darajasini mushohada qilgan. Foqih odamning Imom A’zamga nisbatan e’tiqodi johilga nisbatan kuchli va to’g’riroq ekanligiga shak-shubha qolmaydi. Allohga iymon keltirishda ham tabiiy ilmlar ulamolari boshqalardan shu bilan farq qiladilar. Imom G’azzoliy so’zlari shu yerda tugaydi… Tabiiy ilmlarning zarurligiga shubhangiz qolmadi deb o’ylab, men yana o’z maqsadimga qaytsam…

RIYOZIY ILMLAR

Ilmning bu bo’limi to’rtga bo’linadi.

1. Hisob.
2. Jabr.
3. Handasa.
4. Hay’at.

Hisob ilmi sonlarning yozilishi, sanash, masalalarning yechish usullarini tushuntiradi. Bu ilmning qanchalik zarurligiga hech bir shubha yo’qdir, zero biz madaniyatli bir xalqmiz. Vahshiylarga o’xshab tog’u sahrolarda hayot kechirmaymiz. Binobarin, bir-birimiz bilan muomala, oldi-berdi qilishga majburmiz. Bir jamoaning muomala va oldi-berdisi hisob ilmisiz g’oyat mushkuldir. Xususan, tijoratda hisob ilmi bo’lmasa xatarlidir. Har yili bizning tojirlarimiz ko’rayotgan zararlarning bir qismi daftardorlik ilmining yo’qligidandir, chunki u hisob ilmining bir qismidir. Bizning mamlakatimizdagi ko’p tojirlarning hisob daftarlarini na o’zlari, na mirzalari, na sheriklari, alhosil, Xudodan boshqa hech kim bilmaydi. Shuning uchun ham ularning davlatlarining bir qismini mirzalari va boshqa bir qismini gumashtalar cho’ntaklariga uradilar. Boy boboning o’zlari esa ikki-uch yildan so’ng g’alvir suvdan quruq chiqqandek qup-quruq bo’lib, ishdan qo’l tortib uyda o’tirib qoladilar. Biz Buxoroning qanchadan-qancha tojirlarini taniymizki, ularning mirzalari bugun xo’jayinlaridan ko’ra davlatmandroq bo’lib yuribdilar! Bularning bariga hisob ilmini va faroiz ilmini bilmaslik sababdir. Faraz ilmini hisob ilmini bilmasdan turib o’rganib bo’lmaydi.

Jabr ilmi hisob ilmi qoidalarini umumiy va muxtasar holda ifodalab, hisob hukmlarini osonlashtiradi. Bu ilmni Muhammad ibn Muso167 degan islom olimi kashf etgan. Ovro’palilar mazkur ilmni musulmonlardan olganlar. Bu ilm hisob ilmining oxirgi bosqichi bo’lib, uni o’rganish zarurdir.

Handasa. Ashyolarning shakli, masohati, uzunligini o’rgatadigan ilm. Madaniy xalqlar bu ilmni ham bilishlari shart.

Hay’at (astronomiya) — samoviy burjlarning shakllari, kuchi, uzoq-yaqinliklari, harakatlarini o’rganuvchi fan. Islom olimlari bu ilmning taraqqiyoti uchun juda ko’p harakat qilganlar. Bu ilmni bilmoq inson iymonini komil qiladi. Hatto bu xususda ba’zi ulamolar: «Bu ilmni bilmaganlar ilohiy qudratning barkamolligini tushunmaydilar», — deganlar.

«Kimki tashrih ilmi va hay’atni bilmasa Allohni tanib olishda ham ojizdir. Zotan, Qur’oni karim ham shu ma’noni ta’kidlaydi», — deb yozadi Imom G’azzoliy.

«Osmonlar va yerning yaralishida hamda kecha va kunduzning almashinib turishida aql egalari uchun (bir yaratuvchi va boshqarib turguvchi Zot mavjud ekanligiga) alomatlar borligi shubhasizdir»168, — deyilgan Qur’oni karimda.

Samoviy jismlarning yaratilishi haqida fikr hosil qilish va ilohiy qudratning kamolini anglash uchun insonga hay’at ilmini o’rganish zarurdir.

FALSAFIY ILMLAR

Endi aqliy ilmlarning uchinchi qismi, ilmlar majmuasining oxiri bo’lgan falsafiy ilmlar xususida bahs yuritamiz. Bu ilm to’rt qismga bo’linadi:

1) ruh ilmi;
2) axloq ilmi;
3) ilohiyot;
4) mantiq.

Ruh ilmi. Hazrati Parvardigor bashar toifasini ne’mati azim bo’lmish aqlga musharraf etgan, shuning barobarida insonning dunyo va koinotdagi hamma hodisalardan beparvo, loqayd qolishi mumkin emas. Odam tabiatan har bir narsaning haqiqatini tamoman bilgisi keladi. Masalan, men bir do’stimning huzurida o’tirgan vaqtimda, o’nta bir joydan muhrlangan maktub kelsayu do’stim mendan pinhona uni o’qish bilan mashg’ul bo’lsa, men u maktubning mazmunidan bexabar qolib, tasvirlab bo’lmaydigan iztirobda qolaman. Bunday holat hammada turli xil tarzda sodir bo’ladi. Inson birgina maktubning mazmunini bilmaganligidan shuncha iztirobga tushar ekan, uning ro’parasida sodir bo’layotgan bu dunyo hodisalaridan iztirobga tushmasligi amri maholdir. Masalan, al-assaboh169 dunyoning bir tarafidan doira shaklidagi bir jism balandga ko’tarilib, olamni munavvar qiladi va bir necha soatdan so’ng boshqa tarafga qarab botib ketadi-da, dunyoni g’ariblar baxtidek qop-qora qiladi. Ajabo, bu doirasimon jism nima edi? Bu qorong’ulik qaerdan?

Qish faslida yer yuzini qattiq jismlar qoplab, qor yog’adi. Ko’z bilan ko’rib bo’lmaydigan bir quvvat a’zoi badanimni titratadi. Bir necha o’tin yoqib, o’zimni olovga tutsam, asli holatimga qaytaman. Bu qanday asror ekan? Kecha tanumand170 va sog’lom edim, yeb-ichardim. Bugun vujudimda harorat ko’tarilgan, qo’lim ishdan, o’zim yeyishdan qoldim. Bu o’zgarishning sababi nimada?

Xulosa shuki, odam har bir hodisani ko’rib, savol bermasligi va uning haqiqatini bilishi uchun mayl, g’ayrati bo’lmasligi mumkin emas. Shu sababdan bashariyat uzoq yillardan buyon olamdagi hodisalarni tatbiq qilib, hosil bo’lish sabablarini bilib, bu sa’y-harakatlarining natijasida tabiiy ilmlar vujudga keldi. Lekin odamning mushkullarni pisand qilmas tabiati bular bilan kifoyalanmasdan, avvalgidek harakat va qidiruvdadir. Masalan, tabiiy ilmlar jumlasidan bo’lgan tashrih ilmi a’zoi badanimizning tuzilishi, tarkibi, tartibini bizga o’rgatadi. Manofe’ul a’zo ilmi esa har bir a’zoimizning vazifa va xizmatlarini bayon qiladi. Bu ikki ilm bizga odamning terisi, go’shti, suyak va tomirlari haqida bahs yuritadi. Agar odam faqat shu teri va go’shtlardan iborat bo’lganida edi, men manofe’ul a’zo ilmi bilan qanoatlanardim. Vaholanki, shubhasiz, odamning vujudida teri, go’sht va suyaklardan tashqari yana boshqa narsa ham borki, bizning tirikligimiz ham shundan, shu narsa badanimizdan parvoz qilib chiqib ketsa, jismimiz sasib ketgan bir losha171 ga aylanib qoladi. Bu narsa ruhdir.

Ajabo, bu ruhning o’zi nimadir, u qanday holda? Odamlar bu muammolarni qayta-qayta ko’rib chiqib, tafakkur va idrok qilib izlandilarki, bu tafakkurot va izlanishlarning natijasi «Ruh holatining ilmi»dir. Ulamolar bu ilmni shu xilda tushuntiradilar: Ruh ilmi ruhdagi o’zgarishlar, undagi hodisalar mavzuida bahs qiladi. Bu ilmning foydasi nafsni ma’rifatga yetkazadi, nafs ma’rifati esa vojibdir: «Sizning nafsingizda hamma sir va hikmatlar mavjuddir, ularning har biri vojib Taoloning isbotiga dalil va kifoyadir. Bas, nega sizlar o’z nafsingizga tadqiq nazari bilan qaramaysizlar?» 172

«O’z nafsini tanigan odam o’zining ilohini tanibdi. Lekin odam o’z nafsini tanish bilan qanoatlanmaydi. Xotirasiga bizga ruhni kim bergan, bizning vazifamiz nimadan iborat, degan fikrlar keladi. Shunday qilib, ilohiy aql ilmi va axloq ilmi shu savollar natijasida shakllangan», — deydi Imom Ali173.

Ilohiyot ilmi Vojib taoloning vujudi va sifatlarini bizga aqlan tushuntiradi. Albatga, biz Vojib taoloning vujudi va sifatlarini aqlimiz bilan bilishimiz lozim.

Ilmi kalom va tabiiy ilmlar xususida yurgizgan bahslarimizda keltirilgan oyatlarning hammasidan shuni tushunish mumkinki, Vojib taoloning vujudini aql ko’zi bilan bilmoq kerak. Maqsadimizni shu bir oyat bilan isbot qilamiz: «Axir Parvardigori tomonidan aniq-ravshan hujjatga (ya’ni Qur’onga) ega bo’lgan kishi qilgan yomon amali o’ziga chiroyli ko’ringan va havoyi nafsiga ergashgan kimsalar kabi bo’lurmi?»174 Ushbu oyat bizga tushuntiradiki, Allohning yagonaligini, vahdoniyatini ilm orqali, aql hukmi orqali bilmoq lozim!

Axloq ilmi. Axloq bashariyatning haqiqiy vazifalari haqida bizga ta’lim beradi. Odamzod madaniy jamoa bo’lganliklaridan o’zlarining hamjinslari bilan bir joyda yashashga majbur. Ular bir-birlari bilan nochor muomala va aloqada bo’ladilar. Lekin har kim o’z shaxsiy manfaatlarini yuqori qo’yadi va alalaksar175 ularning manfaatlari bir-birlarinikiga to’g’ri kelmaydi, xilof keladi. Masalan, falonchi shaxs o’z manfaatini boshqa bir shaxsning zarari evaziga ko’radi, u shaxs esa yana boshqa bir shaxs manfaatini o’z zarari evaziga ko’radi. Bu manfaatlarning bir-biriga xilof kelishigina, adovat, hasad va dushmanlikka sabab bo’ladi. Shu boisdan odamlar birbirlariga dushman bo’lib, urush va janjallar qilishib, ikki dunyo saodatiga erishishdan mahrum bo’lib qoladilar. Bas, bu yerda odamlarni bu xil bemunosabatliklardan man’ qilib, ijobiy fazilatlardan, insonning boshqa vazifalari ham borligidan ta’lim berish uchun bir qonun lozim. Shu qonunlar majmuasi axloq ilmidir. Bas, shunday ekan, uni o’rganishga shubha qolmagan bo’lsa kerak.

Mantiq ilmi tafakkur tarzini va muhokama qilish qoidalarini o’rgatadi. Ma’lumki, tafakkur etmaslik va muhokama qila bilmaslik diniy, ijtimoiy va shaxsiy hayotimizga juda ko’p zararlar keltiradi.Binobarin, shu zararlarning birontasiga duchor bo’lishni xohlamagan odam mantiq ilmini bilishi kerak. Masalan, ravshanroq arz qilib aytsam, insonning har bir qilgan ishi, albatta, bir muhokamaning natijasi bo’ladi, hech bir ahd, hech bir ish muhokamasiz ijro etilmaydi. Bu matlabimni bir necha misollar bilan tushuntirsam:

Misol. Taom yemoqchi bo’lgan odam shunday muhokama qiladi: «Men ochman, och odam taom yeyishi kerak, demak men ham ovqatlanishim kerak».

Misol. Xayolida kasbu kor bo’lgan odamning xotirasiga bir muhokama keladi: «Mening yashashga maylim, istagim bor. Har bir odamga kasb lozimdir, demak, menga ham kasb lozim».

Misol. Ibodat ilohiy amallardan hisoblanadi, ilohiy amrni ado etish vojib ekanmi, bas, ibodat qilish lozimdir.

Misol. Vatan bizning valine’matimiz va murabbiyimizdir, har bir valine’mat va murabbiyga xizmat qilish lozim, bas, vatanga xizmat burchdir.

Aytganimizdek, muhokamasiz hech bir ish bo’lmaydi, lekin ba’zi bir odat tusiga kirgan ishlarni muhokama qilishdan odam g’ofil qoladi. Masalan, och qolgan odam darhol taom yeydi. Biz keltirgan misoldagi muhokama miyasiga kelgan-kelmaganligidan aslo voqif bo’lmaydi. Shubha yo’qki, och odamda muhokama hosil bo’ladi, lekin har kuni necha bor och qolib, necha bor taom yeyishi sababli zehni bu muhokamaga odat bo’lib qolgan. Shuning uchun u mazkur muhokamadan bexabar qoladi.

Hech bir ish muhokamasiz bo’lmasligini bilganimizdan keyin, nega endi odamlar ba’zi nosavob ishlarni qilib, uning natijasida biror shaxs yo biror narsa zarar ko’radi, degan savol tug’iladi.

Misollardan bildikki, muhokama hech bo’lmaganda uchta qaziya176dan hosil bo’ladi. Birinchi misolimizni tahlil etsak: «men ochman» — birinchi sobit va ma’lum qaziyadir; «har bir och odam taom yeyishi lozim» — ikkinchi qaziya, bu ham ma’lum narsa. Va shu ikki qaziya o’rtasida itoat mavjud. «Shunday ekan, men taom yeyishim kerak» — bu avvalgi qaziyaning natijasi, uchinchi qaziyadir. Bu qaziya oldingi ikki qaziyadan oldin noma’lum bo’lib, ulardan keyin ma’lum bo’lgan. Qaziya — bu bir hukm bo’lib, u hech bo’lmaganda ikki fikr o’rtasida paydo bo’ladi. Masalan, «men ochman» — bu bir qaziyaki, «men» — bu birinchi fikr va «ochman» — ikkinchi fikrdir. Bu izohlardan ma’lum bo’ladiki, to’g’ri muhokama qilish uchun uchta shart mavjud bo’ladi: 1. Fikr va hukmlarning rost bo’lishligi; bu shartni isbot deydilar. 2. Qaziyalarning tartibini bilmoqlik. Bu shartni istiqomat deydilar. 3. Tartib tezligi.

XULOSA

Shu shartlarning biri bo’lmasa ham odam g’alat muhokama qilib, xato qiladi va zarar ko’radi. Bu matlabimizni bir misol bilan izohlaymiz. Misol isboti bo’lmagan kishining muhokamasi.
Buxoroda tahsil usuli bizga otalarimizdan qolgan. Otalarimizdan qolgan narsani o’zgartirish noravodir. Bas, Buxoroda tahsil olishni ham o’zgartirish noravodir.

Bir to’yda 50 ming tanga sarflash Buxoro boylarining odati. Buxoro boylarining har bir odatiga rioya etish men uchun lozimdir. Bas, bir to’yda 50 ming tanga sarf qilishim shart.

Bu ikki misolda birinchi qaziya to’g’ri. Ammo ikkinchi qaziya botildir. Shuning uchun uchinchi qaziya, hukm ham botil bo’ladi. Va unga amal qilsa, albatta, zarar ko’radi. Buning chorasi to’g’ri ma’lumotga ega bo’lishdir.

Keyingi misoldagi muhokamada istiqomat yo’q. «Ba’zi shayxlar vali’ulloh177dir. Har bir vali’ullohga murid bo’lish savobdir. Bas, har bir shayxga murid bo’lish savob». Bu misolda birinchi va ikkinchi qaziyalar to’g’ri. Lekin, ularning tartibida kamchilik bor, ya’ni ular orasidagi aloqa, munosabat, bog’lanish yo’q, bu esa uchinchi hukm uchun shartdir. Shuning uchun natija, ya’ni uchinchi qaziya botil va har kim unga amal qilsa, zarar ko’radi. Bu jihatdan chorasi mantiqni tushunishdadir.

Yuqoridagilarga bir daraja xulosa qilsak: odamlar bir ish qilsalar, muhokama qiladilar. Muhokamalari noto’g’ri bo’lsa, nosavob ishlarni qilib zarar ko’radilar. Bas, har kim muhokamasi noto’g’ri bo’lishini xohlamasa, muhokamasi to’g’ri bo’lishiga diqqat qilsin. Uning to’g’ri bo’lishi uchun uchta shart darkor:

1) isbot;
2) istiqomat;
3) sur’at.

Isbotni o’rganish uchun sahih ma’lumot olishni bilish zarur. Istiqomatni o’rganish mantiqni tushunish bilan bo’ladi. Har xil ilmlarni o’rganib, sahih ma’lumotga sohib bo’lsangiz, mantiqni ham tushunib olsangiz, uchinchi shart sur’at o’z-o’zidan hosil bo’ladi. Mantiq ilmining lozimligi uchun shuncha izoh kifoya qiladi.

Shu yergacha nodir ilmlarning asosiylarini arz qildik. Hozirgi ilmlar tamoman bularga o’xshamaydi. Madaniyatli mamlakatlarda tahsilga sazovor ilmlar bisyor va zamon talabiga qarab yana ko’payadi, zero bashar taraqqiyotining onasi ilm va fandir.

Odamlar taraqqiy etarkanlar, ilmlar ham ko’payaveradi. Ammo, siz aytishingiz mumkinki, «biz faqatgina shu nahv, sarf, mantiq va aqoyid ilmlarini o’zlashtirish uchun yigirma yil zo’r beramiz, shunda ham bu to’rt xil ilmni tamoman qo’lga kiritolmaymiz-ku, sen sanagan ilmlarni biz qanday qilib o’rganamiz?» Javobim shuki, to’g’ri, siz 20 yilda 2—3 ta ilmlarni qo’lga kiritolmaysiz, lekin madaniyatli mamlakatlarda bir yetti yoshlik go’dak maktabga borib, 16 yil muddatida bularning hammasini o’zlashtiradi. Sabab? Sababi shuki, ularning ilm olish uslublari mukammal, sizniki esa noqis!.. Albatta, shuncha ilmni o’zlashtirish uchun maxsus usul va muayyan chegara mavjud. Lekin hozircha shular bilan kifoyalanaman. Agar tole’ menga yor bo’lib, saodat madadkor bo’lsa, sizni shu ilmlar tahsili bilan mashg’ulligingizni ko’rsam, kamoli mamnuniyat bilan bu xususda ham bir maqola yozib, bu mas’alani sizga arz etaman.

IZOHLAR

69.«Inni joilu fil arzi xalifatun» — «Albatta men yer yuzida xalifa kilib yuborguvchidirman».
70.Maozolloh — Xudo panoh bersin.
71.Xulafoi roshidin — haq yo’lidagi xalifalar: Abubakir, Umar, Usmon va Ali.
72.As’hobi kiromiylar — Payg’ambarning izzat-ikromga ega bo’lgan suhbatdoshlari.
73.Abujahl — islomni qabul qilishdan bosh tortgan qabila bosh- lig’i.
74.Abulahab — Qur’oni karimda nomi zikr qilingan kofirlar- dan biri.
75.Qur’oni karim, Baqara surasi, 266-oyat (tarj.).
76.Qur’oni karim, Baqara surasi, 269-oyat (tarj.).
77.Qur’oni karim, Rum surasi, 24-oyat (tarj.).
78.«Nazala alayka al-kitob»dan murod Qur’ondir» — «Senga ki- tob nozil qilindi» so’zlaridan murod Qur’ondir».
79.«Vama anzalna ala abadno yavm al-furqona» — «Bu (kitob)ni ibodat qilish uchun, farqlash kunini bildirish uchun yubordik».
80.Imom G’azzoliy — Al-G’azzoliy, Abu Hamid Muhammad bin Muhammad at-Tusiy (1058—1111 yy. yashagan). Ilohiyotshunos, faylasuf, shofeiy mazhabining foqihi.
81.«Ihyo al-ulum» — asarning to’liq nomi «Ihyo ulum ad-din» («Diniy ilmlarning tirilishi»)dir. To’rt jilddan iborat bu asar Imom G’azzoliyning asosiy asari bo’lib, unda barcha aqdiy va naqliy ilmlarning ta’rifi va tasnifi berilgan. «Ihyo ulum ad-din»dan lavhalar o’zbek tilida ham chop etilgan.
82.Abu Said al-Xadriy — payg’ambar sahobalaridan (tarj.).
83.Qur’oni karim, Fotir surasi, 22-oyat (tarj.).
84.Qur’oni karim, Taho surasi, 114-oyat (tarj.).
85.Xamir — man’ qilingan ichimliklar.
86.«Kitob al-ilm» — ilm haqidagi hadislar majmui.
87.Anas ibn Molik — Muhammad payg’ambarning sahobalaridan, laqabi Abu Hamza. Taxminan 710 yili 100 yoshida vafot etgan.
88.Husayn ibn Os — Payg’ambarning sahobalaridan.
89.Ibn Umar — Umar 11 bin Abdulaziz (681—720 yy.), Umaviya xalifasi (717-720 yy.).
90.Ibn Mas’ud — Abdulloh ibn Mas’ud, payg’ambar sahobalaridan, 652 yili vafot etgan.
91.Abu Said — 82-izohga qarang.
92.Zarbu Zayd — Zayd urdi.
93.Ibn Abbos (tafsiri) — Abdulloh bin Abbos «Tarjumon al- Qur’on» nomi bilan mashhur bo’lgan. Muhammad payg’ambar (s.a.v.)ning qarindoshi. U 686 yili vafot etgan (tarj.).
94.«Tafsiri Tabariy» — asarning asl nomi «Jomi’ ul-bayoni an- ta’vil al-Qur’on» bo’lib, muallifi Abu Ja’far Muhammad ibn Jarrir at-Tabariydir. U 923 yil Bag’dodda vafot etgan. Asarning arabcha matni 1903 yili Qohirada nashr etilgan. Somoniy amiri Mansur binni Nuh farmoni bilan arab tilidagi matni tojik tilida al-Bal’amiy tomonidan o’girilib qayta ishlangan. «Tafsiri Tabariy» shu tarjima orkali shuhrat topgan.
95.Qozi Bayzoviy — Abdulloh ibn Umar al-Bayzoviy, Qur’on mufassiri va shorehi, 1286 yili vafot etgan.
96.Zamahshariy tomonidan yaratilgan Tafsir.
97.«Tafsiri kabir» — ulug’ tafsir, «Tafsiri Husayniy» nazarda tutilgan.
98.Sanad — hujjat, dalil.
99.Isnod — asos, tirgak.
100.Rajo’ ibni Marjiy — muhaddis olim (tarj.).
101.Muhammad ibi Is’hoq — Abu Abdulloh Muhammad ibn Is’hoq (704—768 y.), arab tarixchisi. Muhammad payg’ambar to’g’risida birinchilardan asar yozgan. Uning asari misrlik olim Ibni Hishom tahririda «Rasululloh siyratlari haqida kitob» nomi bilan bizgacha yetib kelgan (tarj.).
102.Madaniyut-tab’ — jamoa bo’lib yashashga odatlanish, shahar tartiboti.
103.Muomalot — muomalalar, aloqa o’rnatish.
104.Uqubot — azob berish, jazo.
105.Tavallul va tanosul — tug’ilgan holida naslan qanday bo’lsa, shunday qoladilar.
106.Mankuhot — mankuh narsalar.
107.Qiyos — hadislarning sahihligini aniqlash usullaridan biri.
108.Ijmo — fiqh usuli.
109.Imom Shofeiy — Imom Abu Muhammad bin Idris (767—820 yy. yashagan). Faqih va muhaddis. Shofeiya mazhabining asoschisi (tarj.).
110.Hanafiya an-No»mon bin Sobit al-Imom A’zam (699—767 yy. yashagan). Faqih va muhaddis. Hanafiya mazhabining asoschisi (tarj.).
111.Shofeiya mazhabi — Imom Shofeiy izdoshlari.
112.Vojib taolo — Tangri taolo, Alloh.
113.Qur’oni karim, Baqara surasi, 21—23-oyatlar (tarj.).
114.Qur’oni karim, Baqara surasi, 116-oyat (tarj.).
115.Qur’oni karim, Yunus surasi, 38-oyat; Al-Isro’ surasi, 38- oyatlar mazmuni (tarj.).
116.Qur’oni karim, Oli Imron surasi, 145-oyat (tarj.).
117.Qur`oni karim, Yunus surasi, 31-oyat (tarj.).
118.Mo»taziliy — judo bo’lganlar, ajrashganlar. VII-IX asrlarda katta rol` o’ynagan diniy-siyosiy harakat. Al-Hasan al-Basriy mahfilidan uning shogirdlari Vosil bin Ato (748 y. vafot etgan) va Amr bin Ubayd (761 y. o’lgan) «ajrashib» o’z ta’limotlariga asos solganlar. Mufassal qarang: Islom. Entsiklopedicheskiy slovar`. — M.: Nauka, 1991 s. 175-176 (tarj.).
119.Vosil ibn A’to — mo»taziliya harakatining asoschilaridan (tarj.).
120.Abu Hoshim Abdulloh ibn Muhammad ibn al Hanifa ibn Ali ibni Abutolib — Hasan al-Basriy shogirdlaridan. Fitrat fikricha, mo»taziliya harakatining asoschilaridan (tarj.).
121.Hasan Basriy — Abu Said ibn Abul Hasan Ja’far al-Basriy (642-728 yy.) (tarj.).
122.Hijriy 131 yili — milodiy 748 yil (tarj.).
123.Hijrny 220 yili — milodiy 835-836 yil (tarj.).
124.Ahmad Hanbal — Imom Abu Abdulloh Ahmad bin Hanbal ibn Muhammad Shayboniy (780—855y.) Hanbaliya nomidagi diniy-siyosiy harakat va mazhab asoschisi (tarj.).
125.Mu’tasim (billohi) Abbosiy — Al-Mu’tasim abbosiy xalifalaridan, 813 yili vafot etgan (tarj.).
126.Al-Vosiq Billohi — abbosiylardan, 813-847 yillari xalifa bo’lgan (tarj.).
127.Abul Hasan Ash’ariy — to’liq nomi Abul Hasan Ali ibn Ismoil. 873—935 yy. yashagan, kalom harakatining namoyandalaridan (tarj.).
128.Abu Ali Apjaboiy Mo»taziliy — mo»taziliya harakatining namoyandalaridan. 915 yili vafot etgan (tarj.).
129.Hijriy 300 yil — milodiy 912/13 yillarga muvofiq (tarj.).
130.Ma’jun — dori.
131.Imom A’zam — Ulu-imom, An-No»mon bin Sobit al-Hanafiyning taxallusi (tarj.).
132.Imom Abu Yusuf — Ya’qub bin Ibrohim al-Kufi al-Ansoriy. 731-804 yillarda yashagan faqih va imom, eng birinchi qozi ul-quzzot (tarj.).
133.150 hijriy yili — milodiy 767 yil (tarj.).
134.204 hijriy yili — milodiy 819/20 yil (tarj.).
135.Ibn Xaldun — Abdurahmon Abu Zayd ibn Muhammad ibn Xaldun. Tunis va Al-Jazoirda yashagan buyuk mutafakkir. «Kitob ul-ibar» — «Ibratli namunalar» kitobining muallifi.
136.Ibn Xaldun muqaddimasidan lavhalar. G. Muzaffarzoda tarjimasida bosilgan. Qarang: O’zbekistonda ijtimoiy fikr, 1998 y., 1-son. 158—161-betlar.
137.Arastu — buyuk yunon faylasufi Aristotel` (miloddan avvalgi 384—322 yy. yashagan). Platonning shogirdi, uning akademiyasida qatnashgan, lekin oxiri ustozi ta’limotini tanqid qilgan (tarj.).
138.Aflotun — yunon faylasufi Platon (miloddan avvalgi 428— 347 yy. yashagan)ning sharqona nomi. Sokrat (Suqrot)ning shogirdi. Afinada akademiyaga asos solgan Platonizm ta’limotining asoschisi (tarj.).
139.Arastu va Aflotunning muxlislari qolmagan, deyish bilan XX asr boshlaridagi Buxoro sharoitida mo’`taziliy mazhabiga e’tiqod qiluvchilar yo’q, demoqchi. Arastu va Aflotunga munosabatda Fitrat keyinchalik bu allomalar merosini o’rgangani va zamona taqozosi bilan talqin qilgani uning asarlaridan ma’lum.
140.Balog’at ilmi — arab filologiyasidagi poetika masalalarini o’rganuvchi ilm.
141.Ilmi bayon — ifoda xususidagi ilm.
142.Ilmi bade’ — badiiy san’atlar.
143.«Madaniyat» so’zi bu o’rinda «kul`tura» ma’nosida emas, balki bu arabcha so’zning (madina — shahar) lisoniy xususiyatlaridan kelib chiqib, shaharda yashovchi aholi, ya’ni jamiyat ma’nosida keladi.
144.Tarixi Abulfido» — Ismoil ibn Ali Abulfido (1273—1331 yillarda yashagan), arab tarixchisi va geografi. «Muxtasar fi tarix al-bashar» (Bashariyatning qisqacha tarixi) va «Taqvim al-buldon» (Mamlakatlar tartibi) asarlarning muallifi (tarj.).
145.«Tarixi Ibn Xaldun» — Abdurahmon Abu Zayd ibn Muhammad ibn Xaldunning «Kitob al-ibar» va uning «muqaddima»si nazarda tutilmoqda (tarj.).
146.«Tarixi Tabariy» — Abu Ja’far Muhammad ibn Jarrir at-Tabariyning «Tarix ar-rusul val-muluk» (payg’ambar va podsholar tarixi) nomli asari. Islom davlatlari tarixini 915 yilgacha bayon qilgan. Asar somoniylar vaziri al-Bal’amiy tomonidan tojik tiliga tarjima etilib, qayta ishlangan (tarj.).
147.Qur’oni karim, A’rof surasi, 175—176-oyatlar mazmuni berilgan (tarj.).
148.Abu Is’hoq Istaxriy — Abu Is’hoq al-Forisi al-Istaxriy (tax- minan 850—934 yy.), arab geografi, asli eronlik. 930—933 yillari ko’p sayohatlardan keyin «Kitob al-masolik mamolik» (Yo’llar haqida kitob) nomli asarini yozgan. Kitob 950 yildan keyin shuhrat qozo- nib, keyinchalik geograflar uchun birlamchi manba bo’lgan (tarj.).
149.Ibn Xavqal al-Ma’suliy — arab sayyohi. «Al-masolik va al-ma- molik» («Yo’llar va mamlakatlar») nomli asarning muallifi (tarj.).
150.Idrisiy — Abdulloh Muhammad ibn Muhammad al-Idrisiy (1110-1165 yy.) arab geografi va sayyohi. Marokkoda olamga kelib, Qartobada tahsil olgan. Ko’p sayohatlardan so’ng Palermoga Sitsiliya qiroli Rojer II (1130—1154 yy.) saroyiga kelib, uning amri bilan asarlar yozgan (tarj.).
151.Qur’oni karim, Muhammad surasi, 10-oyat (tarj.).
152.Qur’oni karim, Oli Imron surasi, 8-oyat (tarj.).
153.Abu Bakr Roziy — Abu Bakr Muhammad ibn Zakariyo 865 yili Rayda tug’ilgan, 934 yili vafot etgan. Qomusiy olim, faylasuf va tabib. Ray va Bag’dodda shifoxonalar boshlig’i bo’lgan. Tib ilmidagi ko’p kashfiyotlar uning nomi bilan bog’liq (tarj.).
154.Amir Mansur ibn Ismoil — somoniy amirlaridan (tarj.).
155.Abul Hasan Ali ibn Rizvon Misriy — falakiyot va tib olimi, faylasuf (tarj.).
156.370 hijriy yili milodiy 912/13 yilga muvofiq (tarj.).
157.428 hijriy yili — milodiy 1036/37 yil (tarj.).
158.«Kitob at-tibb» — Imom Buxoriyning shu mavzudagi hadislar majmui. «As-sahih al-Buxoriy» to’plami tarkibiga kirgan (tarj.).
159.«Kitob us-salom» — Imom Muslimning shu mavzudagi hadislar majmui (tarj.).
160.«Kitobul-istihroj» — Imom Buxoriyning hadislar majmui (tarj.).
161.«Hind sayyohi bayonoti»ning matni haqida qarang: Abdurauf Fitrat. Tanlangan asarlar. 1-jild. —T.: «Ma’naviyat», 2000.
162.Qur’oni karim, Ra’d surasi, 3-oyat (tarj.).
163.Zavjayn — ikki xotin.
164.Sinfayn — ikki jins vakillari.
165.Qur’oni karim, Zumar surasi, 21-oyat (tarj.).
166.Qur’oni karim, Yunus surasi, 101-oyat (tarj.).
167.Muhammad ibn Muso al-Xorazmiy — 783—850 yy. yashagan.
168.Qur’oni karim, Oli Imron surasi, 190-oyat (tarj.).
169.Al-assaboh — sabohda, ertalab.
170.Tanumand — tan-joni butun.
171.Losha — yag’ir eshak.
172.Qur’oni karim, Zoriyot surasi, 20—21-oyatlar (tarj.).
173.Imom Ali ibni Husayn, 710 yilda vafot etgan (tarj.).
174.Qur’oni karim, Muhammad surasi, 14-oyat (tarj.).
175.Alalaksar — oqibatda, aksariyat.
176.Qaziya — hukm (mantiq ilmining istilohi sifatida).
177.Vali’ulloh — Allohning voliysi (ulug’ bandasi).

DAVOMI BOR

09

(Tashriflar: umumiy 806, bugungi 1)

Izoh qoldiring