Abdurauf Fitrat. Najot yo’li (5.Yakuni).

008 Йирик давлат арбоби, шоир ва олим, носир ва драматург, маърифатпарвар Абдурауф Фитрат таваллудининг 130 йиллигига

    Бугун ислом аҳли ўртасидаги ихтилофлар душманлик тусини олган, турли мазҳаб тобеълари бошқа мазҳабдагиларни «кофир» дейди. Лекин уларнинг ҳаммалари мазҳабидан қатъи назар, «ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-расулуллоҳ» дейди. Ажабо, уларнинг ўртасидаги бу душманликни йўқотиб, қандай қилиб биродарликни ўрнатиш мумкин? Менинг назаримда, бу иш жуда ҳам қийин эмасдек кўринади. Масьалани шиа ва сунний мазҳаблари мисолида кўриб чиқамиз..

Абдурауф ФИТРАТ
НАЖОТ ЙЎЛИ (5)
044

ОИЛА ВАЗИФАСИ*

041Бу олам даражама-даража такомиллаша борган. Ҳар бир иш хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, аста-секин ривожланиб, аста-секин таназзулга юз тутади. Бинобарин, нафсингизни ислоҳ этишга муваффақ бўлсангиз, ул вақтда оила вазифаси сиз учун осон кечади. Оила вазифасига оилани ташкил қилиш киради. Биз шу ерда оилани ташкил этиш ва бошқариш хусусида андак баҳс юритамиз.

Шуни билиш керакки, табиатдаги барча мавжудотда икки хил мавжудият бор: бири — шахсий мавжудият, иккинчиси, навъий мавжудиятдир. Шахсий мавжудиятнинг муддати нисбатан қисқа бўлиб, коинотда унчалик аҳамиятга эга эмас. Аммо навъий мавжудият барқарор ва муҳимдир.

Масалан, Эшмат, Тошматларнинг мавжудияти неча йилдан буён йўқ ва бу махлуқларнинг бўлган-бўлмагани муҳим эмас. Аммо уларнинг навъий мавжудиятлари, инсоний ҳаётлари борки, то қиёматга қадар барқарордир ва нисбатан коинотга муҳим таъсир ўтказиб туради.

Жаноби Холиқу ҳаким бу мавжудиятларнинг ҳифзи ҳимояси учун алоҳида қонунларни тайин этган. Еб-ичиш ва ухлаш шахсий мавжудиятни сақлаб туради. Таносул ва насл бериш эса навъий мавжудиятни ҳимоя қилади.

Биз бу илоҳий қонунларнинг ҳар бирига тобе бўлишга мажбурмиз. Агар билфарз уларнинг бирортасига амал қилмасак, шахсимиз ёки навъимиз, табиатимиз зарар кўради. Масъалан, фалончи еб-ичмаса ва ухламаса, шубҳасиз, андак фурсатдан сўнг ҳалок бўлади. Шунинг учун барча одамлар, ё уларнинг кўпчилиги таносул ва таваллуд қоидаларини тарк этишса, башарнинг навъий мавжудияти маҳв бўлади, яъни одам насли барҳам топади.

Яна шу ҳам маълумки, роҳат ва озодликда тааллукдорлик бўлмайди. Танҳо, бирор одамга боғланмаган киши, ҳаётнинг анча аламу ташвишларидан халос бўлган ва умрини роҳат, осудаликда ўтказиши мумкин. Лекин оилали одамларга бу бахт камроқ насиб этади. Шундай одамларнинг ихтиёри ўзида бўлганда эди, яккаликнинг роҳатини тааллуқдорлик меҳнатига алмаштирмас эдилар. Яъни ҳеч ким хотин олиш фикрини хаёлига ҳам яқин йўлатмасди.

Шу сабабдан одам насли аста-секин йўқолиб борарди ёки бўлмасди. Яратувчи ҳазрат ҳакимнинг ҳикматлари бениҳоя, бу таҳликали йўлни одамларга фойдали қилиб боғлаб қўйган. Эркагу аёлнинг табиатига шаҳватни қўшиб, уларни бир-биридан лаззат олувчи қилган, шу лаззат учун улар бир-бирларини ихтиёр қиладилар, натижада таваллуд ва насл давом этади.

Шаҳвоний қувватнинг берилиш ҳикматларидан бири ана шудир. Аммо, биз китобимизнинг аввалида арз қилган эдикки, одамлар бу қувватларини ифрот даражасигача тушириб, баъзи бир беҳаёлар бировларнинг номусини поймол қилиб ҳам юриши мумкин.

Қодир Аллоҳ бу хатарнинг олдини олиш чораларини тайин қилганки, бу чора суннати сания (маъқул), яъни никоҳдир. Никоҳнинг жорий этилиши шаҳвоний қувватни боғлаб, бир маромга солиб туради…

Бу хусусда Имом Бухорий жуда кўп ҳадислар ривоят қилган, уларда шундай дейилади: «Эй ёшлар, агар қудратингиз етса уйланинг. Зеро, уйланиш кўзингизни гуноҳдан сақлайди, порсолигингизга сабаб бўлади. Агар уйланишга қудратингиз етмаса, рўза тутинг, рўза тутмоқлик шаҳвоний қувватни заиф қилади ва кишини ҳаромга юришдан асрайди».

Шу муқаддимадан маълум бўладики, ҳар бир қудрати бор кишига уйланиш лозим экан, шу илоҳий қонунга хилоф борган киши билсинки, Аллоҳ розилиги ва башарият манфаатига қарши борибди… Мана шу тўғридаги ҳадислардан ҳам бу маълум бўлади: «Уйланинг ва фарзандлар кўринг, мен қиёматда умматимнинг кўплиги билан фахрланай».

«Аллоҳ ҳаққики, мен сизлардан кўра тақводор ва иймонлироқман, лекин мен рўза тутиб, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Кимки менинг қилганларимга хилоф чиқса, у одам мендан эмас».

«Сизлардан баттарроғингиз уйланишга қудрати бўлиб, уйланмай юрганингиздир. Аёлдор кишининг ўқиган икки ракаат намози аёли бўлмаган кишининг етмиш ракаат ўқиган намозидан афзалдир».
«Сизлардан баттарларингиз уйланмаган кишилардир, энг паст табиатлиларингиз эса уйланмай ўлиб кетганлардир».

Чунончи, арз қилдикки, уйланишдан мақсад навъий мавжудиятни давом этгиришдан иборатдир, яъни инсон номини боқий қилдиришдир. Бироқ бунга хотин олиш ҳар кимга осон бўлгандагина эришиш мумкин. Аммо бизнинг мамлакатимизда уйланиш шу қадар қийинки, бу хайрли ишни ҳар ким ҳам орзу қилавермайди.

Аввало, қизнинг отаси қизининг хуни баҳосида нақд пул талаб қилади. Шунга илова тарзида ҳеч бир муносабатсиз бир олам ҳарир, кимхоб ва шунга ўхшаш нарсалар талаб қилади. Сўнгра уйланиш орзусида бўлган эркак юзтадан ортиқ ё камроқ одам чақириб, уларга ошу нон қилишга ва келганларга тўн кийдиришга мажбур бўлади. Бу харажатлар учун камида ўн минг танга бемалол кетади. Шу сабабдан миллатимизнинг бир қисми хотин ололмай, бу дунёдан кўз юмиб кетмоқда ва наслимиз кундан-кунга камайиб бормоқда.

Агар бу шум одат давом этаверса, наслимиз қолмай номимиз дунё саҳифасидан ўчиб кетади, деб қўрқаман. Ваҳоланки, бу каби муносабатсизликларни ислом дини қатъиян манъ қилади. Бу ҳақда «Жомеъ ус-сағир»да қуйидаги ҳадислар келган: «Никоҳнинг афзали унинг осонлигидадир», «Никоҳида оғирлиги кам бўлган аёлда хайру барака кўпдир».

Бизнинг орамизда илоҳий аҳкомларнинг ҳикматини тушуниб етмаган одамлар анча кўпдир. Шу боис улар хотин олишни фақат махлуқий шаҳватни қондириш учун деб ўйлайдилар. Шундан фақатгина ўзининг ҳавою нафси учун ҳар куни янги хотин олиб, аввалгисини талоқ қиладилар ёки хору зор ва муҳтож қилиб ташлаб қўядилар.

Бу хилдаги одамлар фақат махлуқий шаҳватларини ўйлаб иш кўрадилар, ҳеч бир нарсада одил Аллоҳ таолодан қўрқмайдилар. Ҳа, бир нечта хотинга уйланиш бизнинг шариатимизда бор, лекин шу шарт биланки, агар ҳаммаларига тенг муомала қила олса… «…Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)…»255

Ҳадисда эса қуйидагилар айтилган: «Икки хотини бўлган эркак хотинлари ўртасида адолат қилолмаса (яъни уларнинг бирига зулм ўткизса), қиёматда яримта тана билан ҳозир бўлади».

Шуларни билганимиздан кейин яна бир нарсага диққатингизни қаратмоқчиманки, уйланмоқчи бўлган одам ўзига монанд, ҳар жиҳатдан ўзига баробар хотинга уйланиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз айтганларки: «Хотинга тўртта нарсага қараб уйланадилар: молига, насабига, жамоли ва динига. Бас, сен диндор хотинга уйлан». Энди биз шу ҳадиси шарифдаги ҳикматларни муҳокама қиламиз.

Аввало, молига қараб уйлангин, дейилган. Эркак киши никоҳига ўзининг мол-мулкига тенг келадиган мол-мулкли аёлга уйланиши керак. Камбағал оилада ўсган қизларнинг аксари тўғри тарбия ва таълим ололмай, бутун ахлоқий фазилатлардан маҳрум қолган бўладилар. Хусусан, рўзғор тутишни билмасдан кўпгина нохушликларга сабаб бўлишлари мумкин.

Иккинчидан, насабига қараб уйланиш керак, яъни хотинининг насаби эриникидан паст бўлмаса яхши бўлади.

Чунки паст тоифадаги одамларнинг ахлоқи яхши бўлмайди, ахлоқий камчиликлар ирсий йўл билан ҳам ўтар экан. Шунинг учун ота-онанинг бадахлоқлиги ва паст фитрати ирсий йўл билан қизларига ҳам ўтади. Шундай қизларга уйланган кишининг хатарлари олдинда бўлади. Эрнинг ҳаётини заҳарга айлантирадилар, оила номусини сақлашга ожизлик қиладилар, ахлоқларидаги фасодлар уларнинг фарзандларига ҳам ўтади.

Учинчи ўринда ҳусну жамол туради. Юқорида арз қилганимиздек, Аллоҳ таоло эр-хотинни насл қолдириш учун жорий қилган. Бу мақсадга эрнинг хотинига майли бўлсагина эришилади. Агар хотинининг зоҳирий ҳусни жамоли бўлмаса, эркакнинг унга рағбати бўлмайди, у билан яқинлик қилишни ҳам хоҳламайди, бу сабабдан наслга нуқсон етади. Яна шундай бўлиши ҳам мумкинки, чор-ночор шаҳвоний рағбатини қондириш учун ҳаром йўлларга юриб, дунёю охиратини куйдиради.

Тўртинчи талаб — диндорлик. Маълумки, шахс (феъл) одамлардан болалик чоғидан турли одатни қабул қила бошлайди. Фазлу камол аҳли қўлида тарбия кўрган бола фазилат ва камолга ошно бўлади, беҳаё ва бадкирдорлар орасида ўсган гўдак эса катта бўлса, ўзи ҳам беҳаё ва бадкирдор бўлади. Шуни ҳисобга олиб бир фаранг ҳукамоси: «Бани одамнинг барча гўдакларини менинг тарбиямга берилса, ҳозирги олам шаклини ўзгартириб юборардим», — деган экан.

Тарбия фани уламолари бир овоздан айтадиларки, тарбия натижасида ҳосил бўлган одатлар инсонни тамоман одамийлик табиатидан чиқариб юбормайди. Яна шу ҳам маълумки, ҳар бир бола гўдаклигидан онасининг тарбиясига маҳкум.

Бинобарин, биз дастлабки тарбияни ўз онамиздан оламиз, бу оналар башариятнинг тарбиячиларидир дегани, агар улар диндор бўлсалар, фарзандлари ҳам диндор бўлади, шунинг учун уйланмоқчи бўлган одам диндор хотинга уйланишга ҳаракат қилиши керак. Аммо шу диндор сўзини ҳамма ҳам тўғри тушунавермайди. Бу сўзнинг ҳақиқий маъноси нима?

Диндорлик башариятнинг саодат мартабаларининг бири бўлиб, касбий ақлга, яъни илмга таянган бўлади. Равшанроқ айтадиган бўлсак, диндорлик Аллоҳга фармонбардорлиқдир. Илоҳий амрларга итоат этишнинг икки шарти бор. Аввало, коинотнинг холиқи бўлмиш Аллоҳни яхшилаб таниб олиш лозим, сўнг унинг Қуръони каримда мавжуд бўлган барча амрларини билиш керак. Шу икки шартсиз илм ҳосил бўлмайди, шундан ҳам биз диндорликнинг асоси илм дедик.

Мен буларни айтишимдан нима ҳожат? Бу ҳақда Қуръони каримда тушунарли қилиб: «…Аллоҳдан қўрқиш олимларга хос» дейилган ва бу оятни Пайғамбаримиз ушбу ҳадислари билан тўлдирганлар: «Дин бу ақлдир, ақли бўлмаган одамнинг дини ҳам йўқ». Бу гаплар бир минг уч юз йил аввал айтилган. Шундай экан, уйланшда ана шу тўртинчи шарт, яъни илмли бўлиш зарурий шартдир.

Уйланиш ниятида юрган эркакни тасаввур қилинг: у топган тўртга қизнинг бири пулдор, бири калонзода, учинчиси соҳибжамол ва сўнггиси олим ва диндор. Бу эркак учун қай бирини танлаш савоб? Яъни бу тўрт қизнинг қайси бирини никоҳига олсин? Мазкур ҳадисга биноан олим ва диндор бўлганни никоҳига олиши керак. Бошқаларидан келадиган манфаатлар гумон, тўртинчиси эса аввалдан мавжуддир. Айнан ана шу жиҳатлар айтилган ҳадисда маъносини топган.

Ҳозир эса хотинларнинг ижтимоий мавқеи ва уларга қилинадиган муошарат одоби ҳақида бир оз суҳбатлашсак.

Жамиятда аёлларнинг мартабаси улуғдир. Шу аёллар бизни қатра сув ҳолимизда отамизнинг пушти камаридан олиб, тўққиз ой раҳмида кўтариб, минг хил мушкулотлардан ўтадилар. Шу аёллар бир парча ожиз гўштлигимизда бизни меҳр-муҳаббат оғушига олиб, узоқ йиллар уйқуни уйқу демай тарбия қиладилар.

Бизнинг тарбиячиларимиз, табибларимиз, муаллимларимиз ҳам шу аёлларимиздир. Улғайиб вояга етганимиздан сўнг шу аёлларнинг бири бизга йўлдош бўлиб, шодлигу ғамимизга шерик бўлади, рўзғоримизни бошқаради, турмушимиз юкини енгиллатади, бизни минг хил ҳаромдан тўсади; хуллас, ҳаётимизнинг мушфиқ мудири, ахлоқимизнинг муҳофазаси бу аёллар, чунки биз отамиз сулбидан жудо бўлиб, яралиб, то умримизнинг сўнгги дақиқаларигача аёлларнинг ҳиммати ва ёрдамига муҳтожмиз.

Ҳаётнинг муқаррар қонунлари жумласига ҳар бир ва зифанинг ҳаққи, ҳар бир хизматнинг мукофоти бўлиши шартлиги киради. Яъни ҳар кимнинг менга нисбатан вазифаси бўлса, менинг зиммамда у учун ҳақ ҳам бўлиши лозим. Ойдинроқ қилиб тушунтирсам, ҳар ким менга хизмат қилиб, фойда келтирса, ажр ва мукофотини ҳам талаб қилади.

Бу қонун бенуқсон, комил қонун бўлиб, илоҳий адолатга мувофиқдир. Унга хилоф бориш зулм билан баробар бўлади. Бас, шубҳа қолмадики, бизга саноқсиз хизмат кўрсатиб фойда келтирган аёлларга биз ҳам муко фотларини беришимиз керак, ҳурматларини қилиб, уларни хушнуд қилишимиз шарт. Чунончи, бизга бу Ҳазрат вожиб таоло томонидан Қуръони каримда амр қилинган:

«…Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор»256.

«Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар»257.

Биргина шу оятнинг аҳамияти шунчалик каттаки, унинг тафсири бир китобга сиғмайди. Фаранг уламолари ва ҳукамолари юзлаб китоблар ёзиб, эру хотин ҳуқуқлари хусусида шу оятдан ҳам қатъийроқ бирор-бир қонун ўйлаб топганлари йўқ.

Ҳа, хотинлар барча ҳуқуқ ва вазифаларда бизлар билан баробардирлар. Сиз агар: «Ёзган шу оятингдан раёсат ҳаққи эркакларга берилган экан, қандай қилиб аёллар биз билан барча ҳуқуқда баробар бўларкан?» — дерсиз. Гарчи раёсат ва сардорликнинг номи улуғ бўлса ҳам, лекин ҳақиқатда меҳнат ва машаққатдан ўзга нарса эмас. Бир жамоатнинг раиси ва сардори ўша жамоатнинг хизматкори деган гапдир. Қўй чўпон учун эмас, балки чўпон қўйнинг хизматидадир. Бир жамоатнинг раиси Аллоҳ тарафидан ўзига тобеъларни саодат йўлига бошлаш учун бу йўлда уларнинг бошига тушадиган турли қийинчиликларнинг барини ўз зиммасига олишга маъмур этилган. Раис Аллоҳ тарафидан унга тобеъларнинг осойишта ва тинчлигини таъминлашга маҳкум этилган. У тобеъларига етадиган ҳар бир зарарнинг олдини олиш учун ҳаракат қилишга ҳам шаръан, ҳам ақлан мажбурдир. Бир жамоатнинг бошига тушадиган ҳар бир кулфат, балолар учун раис ҳам одамлар олдида, ҳам Аллоҳ олдида масъул бўлиб, ҳисобот беради.

Одамиятнинг латиф қисми бўлмиш аёллар, албатта, бу қадар қийинчиликларга тоқат қилолмас эдилар. Шуларни эътиборга олган ҳолда Аллоҳ раёсат ҳаққини эркакларга берган. Агар диққат қилсак, аслида бу аёлларга кўрсатилган буюк меҳрибонликдир, уларнинг баланд даражаларига далилдир. Энди ўзимизга савол берсак: биз аёлларимизга илоҳий амрларга мувофиқ муомала қиламизми?

Ҳайҳот… Бизнинг аёлларимизга қилаётган муомаламиз ислом таълимотига бутунлай зиддир. Одамлар ўз ҳайвонларига раво кўрмаган жабру зулмни биз аёлларимизга қиламиз. Ер юзида энг беқадр махлуқлар бизнинг мамлакатимиздаги аёллардир. Бу латиф хилқатлар елкаларидаги шунча хизматларига қарамасдан, таҳқиру дашном ва калтак зарби остида қолганлар. Бизнинг мулкимизда «хотин» деган сўз турли зулму ситамга ва бемурувватликка лойиқ бўлиб қолган. Биз бу латиф жинсни, башариятнинг муборак бир қисмини дунёдаги барча фасодларнинг сабаби, жаҳаннам ўтини деб ҳисоблаймиз.

Диққат қилинг-а, Исо Масиҳнинг эшагини258, асҳоби Каҳфнинг итини259 ва Солиҳ Пайғамбарнинг туясини260 жаннатий деб ҳисоблаган ҳолда хотинимиз бечорани жаҳаннам оташи деб санаймиз. Яъни оналаримиз бўлмиш аёллар гуруҳини тўрт оёқлилардан ҳам пастроқ кўрамиз. Соддалик ва хабарсизликни кўрингки, шу феъл-атворимизни шариатга мувофиқдеб ўйлаймиз. Афсус… минг марта афсус, мубин ислом дини бу хилдаги зулм ва бедодликдан пок ва холидир. Ислом дини эркагу аёлни барча ҳуқуқ ва вазифаларда баробар қилди, фақат риёсат хизматини эркакларга қолдирди, яъни эркакларни аёлларга посбон қилди. Ислом дини бизни доимо бундай ношойиста хатти-ҳаракатлардан манъ қилади. Юқорида мисол келтирилган оят ва ҳадислар шу муддаомизнинг исботи бўлса, лекин инкор этувчиларга бирон-бир ўрин қолмаслиги учун яна бир нечта илоҳий амрларни зикр қиламиз: «Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир»261.

Ушбу оятни қуйидаги ҳадислар билан тўлдирамиз: «Худованди таборак ва таоло сизларга аёлларга яхши муомалада бўлинг, деб амр қилади, зеро, улар оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир».

«Сизлардан яхшироғингиз аёлларингизга яхши муомалада бўлганингиздир».

«Сизларнинг яхшироғингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганлардир. Менинг аҳли аёлимга қиладиган муомалам сизнинг аҳли аёлингизга қиладиган муомалангиздан кўра яхшироқдир. Аҳли аёлига яхши муомалада бўладиганлар мурувватли ва жавонмард инсонлардир, уларга ёмон муомалада бўлганлар эса пасттабиат ва нокасдирлар».

Аёллар ҳаққига ислом динида ворид бўлган олий ҳукмлар ана шулардир. Энди ҳам бирор сўз денг-чи! Энди ҳам аёлларни жаҳаннам ўтини дейсизми? Энди ҳам аёлларни махлуқдан баттар санайсизми? Энди ҳам аёлларимиз дашному калтакка лойиқми? Мен шунча гапдан кейин сизларнинг фикрингиз ўзгаришини ва зулмни тарк этишингизни орзу қиламан. Зеро, мен аниқ биламанки, сизлар ўзингизни жону дилингиз билан ислом фармонларига бўйсунувчи, деб биласиз. Лекин бугунгача аёллар хусусида диний ҳукмларни билмасдингиз ва уларга нисбатан ношойиста ҳаракатларни жоиз деб билдингиз.

Ҳозир бу масъала хусусида билиб олганингиздан сўнг, шубҳа йўқки, Қуръони каримга хилоф бўлган ҳар бир ишни дарҳол тарк қилсангиз керак. Зотан, агар шу умидворлик бўлмаганда эди, мен бир қисм умримни ушбу рисолани ёзишга сарф қилмаган бўлар эдим.

АВЛОД ТАРБИЯСИ

Авлод тарбияси оиладаги вазифалардан биридир. Бу масъала ҳаёт биносининг пойдевори бўлганлиги сабабли ниҳоятда муҳим ва анча мушкулдир.

Бу баҳсни уддасидан чиқиб юритишга менинг қаламим ожизлик қилади. Мен ҳатго бу баҳсни бошлашга жасорат ҳам кўрсатолмаган бўлар эдим, лекин не қилайки, жим ўтирадиган замон эмас. …Маъхуд 262 қаландар каби мен ҳам «дам ғанимат» деб билганимча ёзмоқчиман, бу масъалани яхшироқ билганлар ёзганларимни атрофлича ислоҳ қилишар, деб ўйлайман.

Ҳаётнинг умумий жадалгоҳида инсоннинг ўрни буюк. Ҳар бир одам улғайгач, бахт-саодатини таъминлаш учун бу жадалгоҳга кириб курашишга мажбур. Бу кураш майдонида ўзида уч нарсани мужассамлаштирган инсонгина ғолибликка эришиши мумкин.

Бу уч нарса: тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқдан иборат. Шу уч нарсанинг биттасидан ҳам маҳрум бўлган одам бу курашда мағлуб бўлиб чиқиши муқаррар. Бошқа ибора билан айтганда, бахт-саодат жисмонан соғлом, соғлом фикрли ва чиройли хулқли инсонга насиб этади, шу жиҳатларга эга бўлган кишилар турли хил бадбахтликларни муносиб кутиб оладилар. Бас, фарзандининг бахтсиз бўлишини истамаган ҳар бир ота уни мустақил ҳаётга қўйиб юборишдан олдин шу мазкур учта аслаҳа билан қуроллантириб қўйиши керак. Тарбиянинг маҳсули ҳам шундай, яъни одамни тарбия қилиш уни жисмонан, фикран ва хулқан камолга етказиб, саодатга эришишга қобил қилишдан иборат. Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача тарбия олиш қобилиятига эга бўлса-да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир.

Шунда ҳар бир маданий тоифа гўдакларни тарбияси хусусида жиддий бош қотириб, сарфи ҳиммат қиладилар. Улар истиқболларининг саодатли ёки фалокатли бўлишини ёш авлод тарбиясига боғлиқ ҳолда кўрадилар. Улар бир қавмнинг тарбиясига етган озгина нуқсон бориб-бориб катта зарарга сабаб бўлади, деб аниқ ишонадилар.

Чунончи, юқорида арз қилганимиздек тарбия уч қисмдан иборат:  1) бадан тарбияси;  2) фикр тарбияси;  3) ахлоқ тарбияси.

БАДАН ТАРБИЯСИ

Бадан тарбия — баданни соғлом ва кучли ҳамда аъзоларни мукаммал даражага етказишдан иборат, бусиз бахт-саодатга эришиб бўлмайди. Одамзод бутун умри давомида сиҳат ва қувватга муҳтож бўлмаслиги амри маҳолдир.

Ҳаммолдан тортиб ҳукмдоргача тасаввур қилинг, агар уларнинг куч-қувватларига ёки бирор аъзоларига халал етса, қўллари ишга бормай бошқаларга муҳтож бўлиб қоладилар. Бас, фарзандимиз оламга келиши билан уларнинг бадан тарбияси учун ҳиммат камаримизни боғлашимиз зарур.

Болаларнинг бадан тарбияси, энг аввало, оналарнинг вазифасига киради. Ҳатто фарзанднинг ота пушти камаридан онасининг раҳмига ўтган ибтидоий давридан бошлаб она фарзандининг соғлиғини муҳофаза қилиши лозим. Зеро, бола тўққиз ой онанинг қорнида тарбия топади, бинобарин, онага теккан ҳар хил беморликларга у ҳам ҳиссаманд бўлади.

Биноанлайҳ, оналар ҳомиладорлик вақтларида турли ишларда ва еб-ичишда парҳез қилишлари зарур. Ҳомила дунёга келгач, гўдак парвариши уларнинг сутлари орқали бўлади, шунинг учун улар соғлиқларини авайлаб, турли касалликлардан узоқда бўлиб юрсинлар-ки, токи ўша касалликларнинг уруғи сут орқали маъсум гўдакларига ўтиб, уларнинг соғлиғига ҳам хатар солмасин, акс ҳолда оналарнинг эҳтиётсизлиги туфайли гўдак баъзан нобуд бўлиб, унинг қони онанинг бўйнига тушади. Гўдакнинг овқатланишига ҳам жуда эътибор бериш керак. Ҳар бир жонзот умрининг давомийлиги емишига боғлиқ. Ҳар бир жонзотнинг гуркираб ўсишига олаётган таоми ҳам сабаб. Шунинг учун оналар гўдакларига тез ҳазм бўлувчи мазали таомларни бериб, муайян бир вақтларда овқатлантиришлари зарур. Овқатланишда интизом ва вақт бўлмаса, одамни меъда касалликларига ва турли касалликларга олиб келади. Бола йиғламаслиги учун қўлига бир парча ҳолва ёки бир бурда нон бериб қўйишлик унинг овқатланиш низомини бузади ва турфа касалликларга сабаб бўлади.

Ҳаёт учун, аввало, ҳаво зарурдир, беш-олти соат таом емай ўтириш осон, лекин ҳавосиз бир дақиқа ҳам яшаб бўлмайди. Болаларнинг ўтириб-туриш жойларида ҳаво мусаффо, турли ҳидлардан тоза бўлиши зарур. Шундан Фаранг ва Русия ҳукумати болалар учун чорбоғлар, баҳаво майдонлар барпо қилганлар. Бундан ташқари, болалар ўқийдиган мактабларда ўйин ва танаффус учун фараҳбахш боғлар яратилган.

Ҳаракат ҳамма учун, айниқса, болалар учун жуда зарурдир. Маълумки, болалар тез суръатда катта бўладилар. Ҳаракат ана шу ривожланишни осонлаштиради, шунинг учун болаларни ўйинга машғул қилиш фойдалидир. Ўйин уларга зарар етказмайди, балки бир жойда ўтиришнинг зарари кўп тегади. Ўйиндан болани манъ қилиш уларни ҳаракатдан қолдириб, ўсишига халал бериб, заиф, нимжон қилиб қўяди. Ота-оналар фарзандларини доим ўйинга тарғиб қилиб, бир жойда ўтиришдан манъ қилишлари керак. Аммо уларнинг ўйинлари одоб ва ахлоққа зид ўйинлар бўлмаслиги шарт. Жадид мактабларида болалар учун илмий йўналтирилган ўйинлар жорий қилинган. Болаларни доим ўйиндан манъ қилиб, калтак зарбида қолдиришнинг зараридан боланинг жисман ривожланиши сусаяди.

Шулар қаторида тозалик ҳам саломатлик учун муҳим шартларнинг биридир. Биз юқорида тозаликнинг қанчалик зарурлигини тоқат қадар арз қилган эдик, бу ерда эса муҳтарам ўқувчиларимизга бир қадар айтиб ўтмоқчимизки, тозалик катталар учун қай даражада шарт бўлса, ёш болалар учун эса ўн баробар кўпроқ зарурдир. Бу зарурият икки тарафлама: аввало, болалар катталарга нисбатан касалга тез чалинувчан бўладилар, уларга ёпишган ҳар бир ифлослик катталарга етган ифлосликдан кўра ўн баробар хатарлидир. Иккинчидан, боланинг гўдаклигидан тозалигига эътибор берилса, уларни ифлосликдан ҳазар қилишга ўргатилса, бориб-бориб тозалик уларнинг кундалик одатига айланиб қолади. Аксинча, агар болаликларида ифлосликка ўргансалар, катга бўлганларидан кейин ҳам бу ҳол авж олиб, одамларнинг нафратига сабаб бўлади.

Бас, ота-оналар, муаллимлар болаларнинг юз-қўлини доим совунлаб ювиб, ҳар таҳоратда тишларини мисвок қилдириб, кийимларини тез-тез алмаштириб туришлари лозим, улар мумкин қадар чивин ва пашшасиз уйларда яшашлари керак. Зеро, биз ҳифзу сиҳат бобида арз қилган эдикки, чивину пашша ва бошқа ҳашаротлар касал ташувчи воситалар бўлиб ҳисобланади.

Биз тарафдори бўлган жадид мактабларида бунинг учун бизни кофир ҳисоблайдилар, ўқувчиларнинг саломатлиги ва роҳатини шу тариқа муҳофаза қиладилар. Энди бизнинг эски услубдаги мактабларимизда шу шароитлар мавжудми? Бизнинг бечора маъсум гўдакларимиз офтоб тушмайдиган қоронғу, бадҳаво, сассиқ хоналарда махлуқлар каби тиқилиб олиб, хас-ҳашак устида ўтириб, саккиз- тўққиз соат давомида дарс ўқийдилар, бунинг устига ҳар куни бир жоҳил муаллимнинг қўлидан мушт, калтак еб, гоҳ бошлар ёрилади, гоҳ оёқлари қонаб, мажруҳ бўлиб, ранглари кўкариб, саккиз йилни шу зайлда ўтказадилар. Шунинг учун мактабни қамоқдан озод бўлган маҳбус каби бемор, суст, беғайрат ва ифлосликларича битирадилар.

Ана шулар сабабли бизнинг миллатимиз ҳаммадан орқада қолгандир.

ФИКР ТАРБИЯСИ

Фикр тарбияси одамнинг ақлини камолга етказиш ва бахт-саодатга етишиши учун қобилиятли қилиб тарбиялашдир. Одам ақли тўғри ва яхши муҳокама эта олсагина камолга етган ҳисобланади. Муҳокаманинг ўзи нима? Муҳокама маълум ҳукмлардан мажҳул ҳукмларни ажрата билишдир.

Масъалан, «ватанга хизмат қилиш вожиб» деган ҳукм мажҳулдир (яъни, мавҳум). Бу ҳукмнинг маълум бўлишлиги учун иккита маълум ҳукмлар бўлиши керак, мисол учун «ватан бизнинг валинеъматимиз», «валинеъматга хизмат қилиш вожиб», «шундай экан, ватанга хизмат вожибдир».

Яна бошқа бир мисол келтирамиз: «Башарият орасида меҳр ва муҳаббат даркордир». Бу ҳукм мавҳум ҳукм бўлиб, уни ойдинлаштириш учун иккита маълум ҳукмлар бўлиши шарт. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин: «Одамлар бир-бирларига биродарлар ёки қон-қариндошлар». «Қариндошлар орасида муҳаббат ва меҳр бўлиши керак». «Шундай экан, одамлар орасида ҳам меҳр-муҳаббат бўлиши шарт».

Шу икки мисолдан маълум бўладики, ҳар муҳокама уч ҳукмдан: иккита маълум, уларнинг хулосаси эса мавҳум ҳукмлардан ҳосил бўлади. Баҳсимизнинг бошида ақлнинг комиллиги тўғри мулоҳаза юритиш, деб айтдик. Тўғри муҳокама юритиш учун киши уч нарсани билиши шарт: 1) исбот; 2) истиқомат; 3) суръат.

Исбот бу маълум ҳукмларнинг рост ва тўғри бўлишлиги; истиқомат маълум ҳукмларнинг мажҳул ҳукмларга мантиқан тўғри ва изчил кўчиши; суръат эса — тўғри ва маълум ҳукмларнинг бетўхтов, батартиб ва тезлик билан мажҳул ҳукмларга кўчишига айтилади. Кимда шу ҳукмларнинг биттаси бўлмаса, ё умуман, муҳокама қилолмайди ёки ғалат, яъни ноқис муҳокама қилади. Бинобарин, у одам умри давомида қайси бир ишга қўл урмасин, доим ёки кўпинча, ноқулай вазиятларга тушиб қолади. Фикрий тарбия хусусида ана шу учта жиҳатни эътибордан четга чиқармаслик зарур.

Аввало, болаларга фикрлашда исбот бўлишини ўргатинг, яъни уларга доим тўғри, рост маълумотлар беринг ва хотираларида беасос, ботил фикрларнинг жой олишига йўл қўйманг, акс ҳолда улғайганларидан кейин ҳам ана шу беасос фикрларга тартиб бериб нотўғри муҳокама қиладилар, натижада хато йўлларга кириб қолиб зарар кўрадилар.

Ота-оналаримиз ва муаллимларимиз бизга гўдаклигимиздан Кўҳиқоф париларининг ҳужумидан сўзлаб, калламизни пуч, бемаъно хаёлларга тўлдириб келадилар. Шунинг учун биз улғайганимизда мушук юрса ҳам, биронбир садо чиқса ҳам ваҳимага тушиб, шу ваҳима, қўрқувдан касал бўламиз.

Иккинчидан, болаларга фикрлашда истиқомат қилишни ўргатинг, яъни маълум фикрларни мажҳул фикрларга тўғри ўтказсинлар, маълум фикрлар асосида хулоса қилаётганларида нотўғри хулосага келмасинлар. Бунинг учун болаларни муҳокама қилишга ўргатинг, ёмоннинг ёмонлигини, яхшининг яхшилигини муҳокама қилиб, исботлаб уларга тушунтиринг, уларнинг кўр-кўрона тақлид қилмасликларига доим эътибор беринг. Маданий халқлар мактабларида болаларга ҳисоб илми, тарих, ашёлар дарси, жуғрофия ва бошқа дарслардан таълим беришларининг боиси шу икки мақсад (яъни, фикрлашда исбот ва истиқоматни ўргатиш) учундир. Бахтга қарши, бизнинг мактабларимизда бу илмларнинг ҳеч бири ўқитилмайди. Илова учун биз гўдакларимизни муҳокамадан маҳрум қилдириб, барча ишни мушту калтак зарби остида қолдирамиз.

Масъалан, болага дарсингни қил, тирноғингни ол, қимор ўйнама, намозингни қолдирма, деб айтамиз. Лекин қай тарзда? Менинг айтганларимни бажармасанг, калтак ейсан, деймиз. Бу буйруғимиз худди кўрга «ҳассангни ташлаб, шу йўлга тушиб кетавер, агар йўлда тошга урилиб йиқилсанг, ўлдирамиз», — дейиш билан баробар-ку.

Сиз ўзингиз, аввало, мулоҳаза қилинг: бола намоз ўқимасликни, дарс тайёрламаслик ва тирноқ олмасликнинг зарарини билмаса, қандай қилиб айтганларингизни самимий қабул қилсин. Ҳа, болалигида калтакдан қўрқиб амал қилади, аммо улғайиб калтак зарби хотирасидан буткул чиқиб кетгач, ўзи хоҳлаганча иш кўради, сиз қил деганни қилмай, қилма деганингизни қила бошлайди. Мана шу жабру зулмингизнинг «фойдаси» бўлади. Аммо сиз намоз ўқимаслик, қимор ўйнаш, дарс тайёрламаслик, тирноқ олмасликларнинг зарарини, ёмонлигини ширин тил билан тушунтирсангиз ва уни яхши ишларга рағбатлантириб, ёмон ишлардан нафратлантира олсангиз, айтганларингизни ўзи хоҳлаб бажаради ҳам дийдорингиздан безор бўлмайди.

Мана қаранг, бу хусусда ҳазрат Расул алайҳиссалом нима деганлар: «Аҳком таълимини осонлаштирингиз, таълимни мушкуллаштирмаган ҳолда башорат беринг (яъни ўргатаётган ҳар бир нарсанинг моддий ва маънавий томонларини тушунтиринг), одамларни илм олишдан без дирманг». «Аллоҳ мени ўзимнинг ва бошқаларнинг ҳам ишларини қийинлаштириш учун эмас, балки осон таълим беришим учун юборгандир».

Учинчидан, муҳокамадан суръатни ўрганиш даркор. Бу мақсад бирон-бир ортиқча ишни талаб қилмайди, бола агар фикрлашда исбот ва истиқомат қилишни билса, суръат ўз-ўзидан ҳосил бўлади.

АХЛОҚ ТАРБИЯСИ

Ахлоқ тарбияси инсонни комил, чиройли ахлоқ эгаси, жамиятга фойдаси тегадиган аъзо қилиб шакллантиришдан иборат.

Болаларга ахлоқий тарбия беришдан аввал уларнинг жисмоний ва фикрий тарбияларига эътибор бериб, сўнг ахлоқ қоидаларини тушунтириб, яхши амалларга одатлантириб, ёмон амаллардан қайтариб туринг.

Бу хусусда Шайх Саъдийнинг маслаги263дан яхшироқ маслак йўқ, яъни ахлоқ қоидалари жажжи ҳикоячаларда баён этилган. Шу қикоячаларни болаларга ўқиб бериб, биргаликда улар билан муҳокама қилинг, яхшининг фойдаси ва ёмоннинг зарарини хотираларига қуйиб боринг. Аммо ахлоқ тарбияси учун бунинг ўзи кифоя қилмайди, бунда бир муҳим шарт мавжудки, энг аввало, ўша шартга қатъий риоя қилиш керак, акс ҳолда, ҳар қандай сайъ-ҳаракат зое кетади.

Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан (яъни, атрофдан) оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олгандек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар. Яъни, уйда ота- оналаридан, мактабда синфдош ва муаллимларидан, кўчада ўртокдаридан кўрган одат ва ахлоқларни тезда ўзлаштириб, шу ахлоқ билан юрадилар. Болалар уйда ота-оналаридан, мактабда ўқитувчиларидан ахлоққа хилоф бўлган одат ва ишларни кўрмасликлари ахлоқий тарбия ҳисобланади. Мактаб ўқитувчилари, энг аввало, ўзлари чиройли ахлоқ соҳиблари бўлишлари шарт ва бадахлоқ болаларни мактабга қўймасликлари керак, токи уларнинг фасоди бошқаларга юқмасин. Шу ўринда уйимиздаги аҳволдан қатъи назар, мактабларимиздаги аҳволга назар ташласак, уларда шу муҳим қоидаларга риоя қилинадими? Шармандаларча жавоб берамизки, йўқ!

Маданий халқлар фарзандларининг ахлоқий тарбиясига катта аҳамият берадилар. Бузуқ ахлоқ эгаларини муаллимлик у ёқда турсин, ҳатто мактаб остонасидан ичкарига ўтказишмайди, қоровулликка ҳам қабул қилишмайди, болаларнинг ахлоқига зид китобларни ҳам киритишмайди.

Аммо биз бечораларчи, бу тарбиявий парҳезнинг ҳаммасидан маҳруммиз, болаларимизнинг тарбиячи ва муаллимлари ахлоқсиздирлар, болаларимизга ўқийдиган китобларимиз бадахлоқ, уларнинг маънавий ҳаётини куйдирувчи заҳардир. Шуниси ажабланарлики, фарзандларининг ахлоқсиз бўлишини хоҳламаган ота-оналар хурсандлик билан ўз маъсум гўдакларини зикри шароб ва ишқий ҳикояларга тўла аҳлоқсиз китобларни ўқитадиган мактабларга олиб бориб, уларнинг келажагини куйдирадилар. Шу ерда ўзимнинг бошимдан ўтган бир воқеани айтиб берсам.

Бола эдим, бир куни мактабдан уйга қайтиб келаётсам, кўчада бир эркак девоналарга ўхшаб оғзидан кўпиги келиб, афт-башарасига қон сапчиб, юришга мадори келмай турибди. Раиснинг иккита мулозими келиб, уни қўлтиғидан ушлаб судраб олиб кетишди, орқасидан бир тўда одам эргашиб кетди. Бу одамга нима қилган, деб сўрасам, у шароб ичиб маст бўлган, уни муҳтасибга жазосини бериш учун олиб кетишяпти, деб жавоб беришди. Уйга келиб шу воқеани дадамга айтиб берувдим, дадам: «нега сен мастнинг кетидан эргашиб юрибсан» деб узун калтак билан таъзиримни берди. Шундан бир ҳафта ўтгач, мактабдан келдим, дадам «келчи, мактабдан домлангдан ўрганганингни ўқиб бер» — деб сўраб қолди. Китобни варақлаб ўша куни ўтган ғазалимизни очиб ўқиб бердим:

Гул бе рухи ёр хуш набошад,
Бе бода баҳор хуш набошад.

(Гул ёрнинг жамолисиз хуш бўлмас,
Баҳор эса бодасиз хуш бўлмас.)

Бу сафар дадам мени мақтадилар. Ҳанузгача ҳайратланаманки, мен ўқиган дарс дадамга айтиб берган воқеадан минг марта баттар эди-ку. Зеро, бу ғазал нафақат шароб хўрликдан сабоқ эди, балки унда ошиқ ва маъшуқликка ҳам даъват бор эди. Бас, дадамнинг мен айтиб берган воқеадан ранжиб, ўқиб берган шеъримдан хурсанд бўлишининг сабаби нима эди?

Мана, мактабларимизнинг аҳволи, мана, болаларимизга берадиган тарбиямиз, яна биз уларнинг солиҳ бўлишларини хоҳлаймиз. Ҳайҳот! То мактаб шу аҳволда бўлар экан, то дарс шунақа давом этаркан, болаларимиз дарддан халос бўлолмайдилар!

Аммо сиз: «сен таърифлаган бу китоблар ва ғазалларнинг ҳар бири бир тасаввуфий маънони беради», — деб айтишингиз мумкин. Масъалан, шаробдан мурод — илоҳий ишқ, маъшуқа дегани — ҳазрати Вожибут-таолодир.

Жавобим шуки, бу пинҳоний маъноларни болалар у ёқда турсин, ҳатто муаллимлар ҳам тушунмайди. Улар бу ғазаллардан фақат шаробхўрлик ва маъшуқабозликни тушунишади ва ахлоқлари бузилади, вассалом.

ТУРЛИ ВАЗИФАЛАР

Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар қайси дин, қайси мазҳаб, қайси қавм, қайси миллатда бўлмасинлар, бир отанинг фарзандлари, бир жинснинг авлодлари, бошқача қилиб айтсак, бир-бирларига биродардирлар!

Шундай экан, бир-бирларига шарт қўймай, муҳаббатли ва шафқатли бўлишлари керак. Яъни ўрталарида «умумий биродарлик»ни барпо этишлари керак.

Башариятнинг дунёвий саодати умумий биродарлик бўлмаса камол топмайди. Лекин одамлар минг йиллардан то ҳозиргача гоҳо махлуқий эҳтирослар тақозосида, гоҳо нотўғри, ёмон муҳокамалар сабабли жамиятдаги алоқаларни, умумий биродарликни вайрон қилиб, биродарларининг қонини дарё-дарё қилиб оқизадилар, уйларининг кулини кўкка совурадилар.

Ҳанузгача пушаймон бўлмай, бир-бирларини батамом қириб битириш учун ҳар куни турли хил янги-янги қуроллар ишлаб чиқиб, башариятни таҳликага солмоқдалар. Неча минг йиллардан буён давом этиб келаётган бу биродаркушликнинг сабаби иккита: 1) ҳирс; 2) нотўғри, хато муҳокамалар.

Ибтидоий даврдан то ҳозиргача бўлаётган жанглар ё бирор-бир мамлакатга эга бўлиш, яъни босқинчилик, ё диний ихтилофлар сабабли кечмоқда. Бир халқнинг юртига эга чиқиш мақсадида жанг қилиш ва милйўнлаб жонларнинг қонини тўкиш ҳирсдан бошқа нарса эмас. Аммо диний ихтилофлар сабабли жанг қилиш хато муҳокамаларнинг оқибатидир. Зеро, маълумки, дин инсонларнинг саодатини таъмин этиш учун буюрилган, агар одамлар тақдир лажомини ўз иродаларидан ташқарига ташлаб, ақлу илм юзасидан тафаккур қилиб муҳокама қилсалар, энг фойдали динни танлаб қабул қилган ва биродаркушликни тўхтатган бўлардилар.

Шу ҳам маълум ва муқаррарки, ҳирс ва хато муҳокама одамзотнинг нуқсонларидир. Бани башар то ҳирсга ва тақлидга мубтало эканлар, ўртада умумий биродарликни пайдо қилолмайдилар. Аммо ҳақиқий камолга етишиб, ҳақни ботилдан, фойдани зарардан фарқлай олсалар, ҳирс ва тақлид асоратидан халос бўлолсалар, у вақтда ўрталарида умумий биродарликни барпо эта оладилар. Зеро, дунёвий саодатнинг сўнгги нуқтаси ҳам умумий саодатдир.

Кўп замонлардан буён самовий динлар ҳам баъзан мутафаккирлар ва замона оқиллари одамларни умумий биродарликка тарғиб қилиб келмоқдалар, лекин инсоният бу савоб таклифга илтифот назарини ташлагани йўқ. Динларнинг комили бўлмиш мубин ислом дини ҳам жиддийлик билан «ҳақиқий биродарликка» даъват қилиб келмоқда. Ҳатто ҳеч бир замонда ҳеч қайси дин, ҳеч бир мутафаккир «умумий биродарликка» ислом динидан кўра яхшироқ даъват қилолмаган. Зеро, бошқа динлар ва замон уламолари умумий биродарликни мавҳум ва мубҳам назариётларда мадҳу сано қилдилар-у, бироқ ҳеч бирлари бу мақсадга эришиш учун муайян йўл кўрсата олмадилар. Аксинча, ислом дини бу буюк матлаб йўлини тўғри ва яхши қилиб очиб, кўрсатиб берди, агар тамоми одамзот шу тўғри йўлга дохил бўлса, муҳаққақки, башарият умумий саодатга нойил бўлар эди.

Ислом дини умумий биродарликни барпо қилиш учун қандай йўл кўрсатган экан? Умумий биродарлик инсон камолотининг натижаси бўлганлиги учун тадрижий қонунга, яъни аста-секин, даражама-даража ривожланишга бўйсунади.

Халқлар ўртасида умумий биродарликни бирданига ташкил қилмоқчи бўлган одам хато қилади ва ҳаракати беҳуда кетади. Бу саодат биносини бирданига қуриб бўлмайди. Шунинг учун ислом дини белгилаган йўл башариятни тадрижан (яъни, даражама-даража) умумий биродарликка нойил қилади. Ислом дини ҳар бир одамдан комил иймон ва яхши амалларни талаб қиладй.

«Албатта, иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни барқарор қилур»264.

Одамлар комил иймонга эришиб, солиҳ амаллар қилиб юрсалар, Ҳақ таоло ушбу оятга биноан, уларнинг дилига бир умумий муҳаббатни, меҳрни соладики, бу эса умумий биродарликка замин бўлади. Комил иймон ва яхши амалларингиз орқасидан умумий биродарликка замин ҳосил бўлгач, хатти-ҳаракатларимизнинг йўналиши тайин бўлади, биз шу йўналишдан четга чиқмасак, шубҳасиз, башариятни умумий саодатга етказамиз. Ушбу мақсад учун ислом дини тайин этган йўл қуйидаги фармонлардан маълум бўлади. Аввало, ўз нафсингизни дўст тутиб, ҳимоя қилинг дейилади…

«Ўзингизни ўзингиз таҳликага солманг»265, — дейилган Қуръони каримда. Сўнгра ота-онангизга муҳаббатли бўлингиз, уларни ранжитмангиз, дейилган.

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт»266.

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик»267.

Ундан кейин хотинларга яхшилик қилишни, уларга бесабаб зулм ва мурувватсизлик кўрсатмаслик буюрилган. Мен бу ҳақда ўтган бобларда қайта-қайта мисоллар келтирган бўлсам ҳам, бу жойда ҳам гап узилиб қолмаслиги учун қуйидаги икки оятни келтираман: «… Агар аёлларингизга чиройли муомала қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз (ўзингизга яхшидир)268.

«У Зот сизлар ҳамдам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир»269.

Бани одам бу илоҳий амрларни жон қулоғи билан эшитиб, бўйсуниб, хонадонида самимий муҳаббатни барпо қила олса, ўнта қўни-қўшни, қариндош-уруғ ўртасида ҳам меҳр-оқибат ўрнатиш буюрилади. Бу тўғрида ҳам бир қанча ҳадис ва оятлар келган.

«Ҳазрат Пайғамбар уч бор қасам ичиб айтдилар: «Аллоҳ ҳаққи мўъмин бўлолмайди». Саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, ким мўъмин бўлолмайди?» Ҳазрат: «Қўшнисига жафо кўрсатган одам», — дедилар.

«Жаброил менга доим қўшнининг ҳақини адо этишликни буюрарди, ҳатто мен қўшнида ҳам мерос ҳақи бормикан, деб ўйлардим», — деганлар ҳазрат Расулуллоҳ.

Қариндош-уруғларнинг ҳаққини ҳам адо этиб, одам уларга нисбатан меҳрибон бўлиши керак. «(Эй, Муҳаммад), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!»270

«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур…»271

Мана шу нажотбахш илоҳий амрларга амал қилишни қилгандан сўнг ислом дини одамларни умумий миллий муҳаббат пайдо қилишга чақиради, яъни бир мамлакат аҳли бир-бирлари ва бошқа халқлар билан ўртада биродарликни ўрнатиб, бир-бирларини ҳеч ранжитмасликка буюради. Имом Бухорий Пайғамбаримиздан ривоят қилади: «Бир-бирингизга ҳасад қилманг, сотаётган молингизнинг қасддан баҳосини оширманг, бир-бировингизга душманлик қилманг, ораларингизда меҳру муҳаббатни канда қилманг. Эй, Худонинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинг».

Ҳар бир миллат ана шу олий ҳукмга амал қилса, навбат диний биродарликка келади. Бунда Қуръони карим ҳукмига мувофиқ барча аҳли ислом миллатидан, рангидан қатъи назар, бир-бирларига дўсту меҳрибон бўлишлари лозим бўлади. «Мўъминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға- инилардир…»272

«Мўъминга тили ва қўли билан озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир», — дейилган Пайғамбаримиз ҳадисларида.

Мусулмонлар ўртасида ҳақиқий биродарлик қарор топганидан сўнг улар диний ҳукмларга биноан умумий биродарликни барпо қилиш учун ҳаракат қилишлари зарур бўлади. Гапимизнинг исботи учун қуйидаги ҳадислар кифоя қилади: «Раҳм қилгувчиларга Аллоҳ раҳм қилади. Замин аҳлига раҳм қилингки, токи Аллоҳ сизга раҳм қилсин».

«Бу дунёда одамларга азоб берган одамни Аллоҳ ҳам, албатга, азоблайди».

Шу тариқа ислом дини умумбашарий саодат йўлини тайин қилади. Мен аминманки, агар бутун дунёнинг донолари ҳаракат қилсалар ҳам бундан яхшироқ йўл топа олмайдилар. Ҳа, ислом дини инсониятнинг саодат йўли ва умумий биродарлик йўналишини мана шундай гўзал этиб тайинлаган.

Лекин ўзимизни мусулмон билиб, дин тайин этган йўлдан фарсах-фарсах орқада қолганимизга қандай чора кўриш керак? Мулоҳаза қилинг-а, ислом дини бизни, аввало, шахсимизга муҳаббат, кейин ота-онамизга, кейин оиламизга, кейин қариндош-уруғга, сўнгра миллатимизга, диндошларимизга ва охирида умумий башарий биродарликка чақиряпти Лекин биз буларнинг қай бирига амал қиляпмиз? Қайси биримиз қўшнимизга озор бермаганмиз? Кайси биримиз ҳамшаҳарларимизга муҳаббатли бўлганмиз?

Ҳа, ислом дини диний биродарликни умумий биродарликка чиқиш учун поя, поғона қилган, умумбашарий биродарликка эришиш учун ўртада диний биродарликни барқарор қилиш керак. Аммо бизнинг давримизда нафақат ҳамма мусулмонлар, балки бир шаҳарнинг аҳолиси бир-бирига душман. Ислом дини бизни диний ихтилофлардан қайтариб турганда уламоларимиз шиа, сунний, зайдий 273, ваҳобий, мўьтазилий, исмоилий каби етмиш иккита мазҳабни ташкил қилиб, уларнинг ҳар бири етмиш битта мазҳабга тобеълар билан талашиб-тортишиб, бир-бирларини дабдаба ва тантана билан жаҳаннамга равона қиладилар.

Ажабо, динимиз бир, қибламиз бир, Пайғамбаримиз бир, Худойимиз бир бўлса, «шунча мазҳабга нима ҳожат бор? Нега уларнинг ҳар бири бошқасини кофир санайди?

Гапимиз асл мавзудан қайтиб, нозик бир йўлга кириб қолди. Бу масъала шу қадар муҳимки, бир-икки сатр ёзган билан тамом бўлмайди. Бинобарин, у баҳсимиз мавзуига кириб келган экан, қисқача бўлса-да, исбот қилишга ҳаракат қиламиз, аммо бизнинг мамлакатимизда шиа ва сунний мазҳабларидан бошқаси бўлмаганлиги сабабли муҳокамамизни ҳам шу икки мазҳаб ҳақида юритамиз.

Юқорида айтганимдек, бир диннинг тобеьлари, хусусан, бир юртнинг аҳолиси шиа ва сунний унвонлари остида бир-бирларига душманлик қилишлари шаръан гуноҳдир. «Ва барчангиз Аллоҳнинг арконига боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга бергаи неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйдию сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» 274.

«Эй мўъминлар, тўда ҳолда исломга кирингиз! (Яъни исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баьзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта. Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир» 275.

«Нозил қилган нарсам (Қурьони карим)га иймон келтирингиз. Уни биринчи инкор қилувчилардан бўлмангиз.  Ва оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирманглар… Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар» 276.

Ушбу оятларнинг мазмунини қуйида Имом Бухорий келтирган ҳадис янада тўлдиради: «Қуръон ҳукмлари хусусида ихтилоф қилмангки, зеро сиздан аввалги ўтганлар диний аҳкомлар хусусида ихтилоф қилганликлари сабабли ҳалок қилингандирлар».

Ажабланарлиси яна шуки, уламоларимизга бу нифоқ ва ажралишлар ҳам кифоя қилмай, яқинда қадим ва жадид номлари остила яна бир ихтилофни ихтиро қилдилар. Миллатимизнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган шунча ижтимоий жароҳатлар устига яна бир заҳарли ханжарни санчдилар.

Хилма-хил йўлларда юрган бу жанобларга биз Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан жавоб берамиз: «Шиа ва сунний ёки қадим ва жадид номлари остида келиб чиқаётган низо ва ихтилофларнинг барчаси шариатга хилофдир ва бизни гуноҳқор қилгувчидир».

Шу ўринда баъзи қориларимиз айтишлари мумкинки, низо ва бўлинишларимиз яхши эмас экан, ижтимоий ҳаётимизнинг бадбахтлик сабаблари ҳам шу ихтилоф ва низодир. Лекин нима қилмоқ керак? Бугун суннийлар билан шиалар баъзи мазҳаб масъалаларида, қадимлар ва жадидлар эса баъзи ижгимоий қоидаларда келишмайдилар, ихтилоф қиладилар, уларнинг ҳеч бири қарши тарафнинг раъйини қабул қилмайди, шунинг учун миллат ўртасида мухолифат ва низо қолаверади.

Сизларнинг ана шу эътиборларингизга ҳам Қуръони карим жавоб беради: «Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва Охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз» 277.

«Сизлар бу (ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур…» 278

Устод ул-муҳаққиҳ Имом Ғаззолий «Ал-қистоси-л- мустақим» 279 номли китобида устод ва яширин мазҳабларнинг бирида бўлган шогирднинг ўрталарида бўлиб ўтган мунозарани келтиради. Баҳснинг охирида ўша шогирд устодидан ихтилоф масъаласини ҳам сўрайди. Имом жавоб берибди. Шогирднинг «Халойиқни ихтилофотлардан қандай қилиб халос қилиш мумкмн?» — деган саволига Имом: «Агар одамлар менинг сўзларимни тинглашганда эди, бу ихтилофларга Қуръони карим ёрдамида барҳам берардик, лекин бунинг учун улар менинг гапларимни эшитишларидан бошқа чора йўқ», — деб жавоб берибди.

Имом Ғаззолий ҳам шу жавобнинг тарафдори эканлигини билдиради-ю, лекин афсус билан бунинг иложи бўлмаслигига икрор бўлади.

Воқеан, исломдаги бу ихтилофлар қадим замонлардан буён давом этиб келади, илдиз отиб кетган, мазҳабларнинг тобеъларини бир доирага киритиш маҳол иш, бироқ бундан маъюс бўлиб, қўл силташ ярамайди, зеро, даъват қилиш билан иш битмаса ҳам, лекин уларни ислоҳ қилиб камайтириш мумкин.

Бугун ислом аҳли ўртасидаги ихтилофлар душманлик тусини олган, турли мазҳаб тобеълари бошқа мазҳабдагиларни «кофир» дейди. Лекин уларнинг ҳаммалари мазҳабидан қатъи назар, «ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-расулуллоҳ» дейди. Ажабо, уларнинг ўртасидаги бу душманликни йўқотиб, қандай қилиб биродарликни ўрнатиш мумкин? Менинг назаримда, бу иш жуда ҳам қийин эмасдек кўринади. Масьалани шиа ва сунний мазҳаблари мисолида кўриб чиқамиз.

Мамлакатимизда мавжуд бўлган бу икки жамоа доимо бир-бирларига мушоҳада қиладилар, уларнинг ҳар бири мусулмонга жабру зулмни истамайди, ўзларини мусулмон деб биладилар, қиблалари бир — Каъба, Пайғамбарлари — Муҳаммад алайҳиссалом, Китоблари — Қуръон, ягона Аллоҳга ибодат қиладилар Энди Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукмларига назар ташлайлик-чи, шу икки жамоанинг бир-бирларига кофир дейишлари тўғримикан?

«…Ва бу ҳаётий дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўъмин эмассан!» деманглар!»

Ҳазраги Имом Бухорий ушбу ҳадисни келтирганлар: «Биз қарайдиган қиблага қараб, биз каби намоз ўқийдиган ва сўйилган қурбонликларимизни ейдиган киши мусулмондирки, Худо ва Расулига иймон келтирган, бас, сиз унинг аҳд қилган иймонига халал берманг».

Шу хусусиятлардан келиб чиқиб масъала ечимига қарайдиган бўлсак, ҳамма исломий мазҳабларга назар ташласак, уларнинг тобеъларини кофир деб бўлмайди. Кофир деб бўлмайди, деган бир вақтда уларга бир-бировларининг қонини тўкиши жоизми? Асло ҳам жоиз эмас! «Ким қасддан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир».  Мазкур оятлар мазмунини қуйидаги Имом Бухорий келтирган ҳадислар тўлдириб келади: «…Агар икки мусулмон қилич ялонғочлаб, бир-бирига хамла қилса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахга тушадир». «Ё Расулуллоҳ. ўлдирган-ку майлия, ўлган нега тушгайдир», — деганимда, «У ҳам шеригини ўлдирмоққа жазм қилгандир», — деганлар, деб ривоят қилади Абу Бакр.

«Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир».

«Мусулмонга дашном бериш фисқ, ўлдириш эса куфрдир».

Масьалани яхшилаб тушунтирган бўлсам керак, деб ўйлайман Энди яна бир савол қолди. Бир-бировимизга дўст-биродар бўлишимиз учун шуларнинг барчасига риоя қилишимиз лозимми? Албатта, лозимдир!

Мўьминлар бир-бирларига биродардирлар, деб яна қайтаряпмиз. Ҳамма мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатьи назар бир-бирлари билан биродор бўлсаларгина умумбашарий саодат йўлида ҳаракат қилишга вақт етиб келади. Шунда мусулмонлар ҳеч бир кавмга нафрат қилмайдилар, безор бўлмайдилар, ҳеч ким билан хусуматлашмайдилар, балки ҳиммат камарини боғлаб, ақлий далиллар ва илму ҳикмат ҳамроҳлигида ҳақ йўлда бардавом бўладилар. Ислом динининг ғояси мана шундан иборат. Ҳазрат Пайғамбарнинг «Раҳматул-оламин» эканлигинииг маьноси ҳам шунда.

Тўғри йўлга ҳидоят қилувчиларга раҳмат ва мақтовлар бўлсин! Омин!

ИЗОҲЛАР

  • Бобда Фитрат оила ҳақидаги умумий исломий ақидаларни бериш билан чекланган, кейинроқ бу хусусда махсус тўхталиш лозимлигини англаб, алоҳида рисола битган.
    255.Куръони карим, Нисо сураси, 30-оят.
    256.Куръони карим, Бақара сураси, 228-оят.
    257.Куръони карим, Нисо сураси, 34-оят.
    258.Исо Масиҳ эшаги — бу ҳайвон пайғамбар Исонинг доим хизматида бўлгани «Инжил»нинг кўп жойларида зикр этилган.
    259.Асҳоби Каҳф ити, асҳоби Каҳф — Ғор дўстлари қиссаси Куръони карим (Каҳф сураси)да келтирилган бўлиб, уғша золим ҳоким истибдодидан дини иймонларини сақлаб қолишлари учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир Каҳф — ғорга паноҳ тортиб кириши, у жойда уч юз йил қолиб кетишганидир. Шунда улар билан бирга чўпоннинг ити ҳам кирган экан.
    260.Солиҳ пайғамбарнинг туяси. Бу қисса ҳам Куръони каримнинг кўп сураларида келтирилган. Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми — Самут ундан ҳақ пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантиради ва уни сўймай, ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар. Самут қавми туяни сўйганда жазога мустаҳиқ бўлган.
    261.Қуръони карим, Нисо сураси, 128-оят.
    262.Маъхуд — Машрабнинг издошлари бўлган қирқ қаландардан бири.
    263.Маслаги — бу ерда: йўли, усули.
    264.Қуръони карим, Марям сураси, 96-оят.
    265.Қуръони карим, Бақара сураси, 195-оят.
    266.Қурьони карим, Исро сураси, 23-оят.
    267.Қурьони карим, Анкабут сураси, 8-оят.
    268.Қурьони карим, Нисо сураси, 128-оят.
    269.Қуръони карим, Рум сураси, 21-оят.
    270.Қурьони карим, Ал-Исроъ сураси, 26-оят.
    271.Қурьони карим, Нахл сураси, 90-оят.
    272.Қурьони карим, Ҳужурот сураси, 10-оят.
    273 Зайдий — исломдаги мазҳаблардан бири
    274 Қуръони карим, Оли Имрон сураси 103-105 оятлар
    275 Қуръони карим, Бақара сураси 208-209 оятлар
    276 Қуръони карим, Бақара сураси 41-42 оятлар
    277 Қуръони карим, Нисо сураси 59-оят
    278 Қуръони карим, Шўро сураси 10-оят
    279 «Ал-қистоси-л- мустақим» (Аниқ тарози) — Имом Ғаззолийнинг ваҳдати вужуд ҳақидаги асари

Рисоланинг тўлиқ матнини саҳифа қуйисида мутолаа қилинг

008 Yirik davlat arbobi, shoir va olim, nosir va dramaturg, ma’rifatparvar Abdurauf Fitrat tavalludining 130 yilligiga

Abdurauf FITRAT
NAJOT YO’LI (5)
044

OILA VAZIFASI*

041Bu olam darajama-daraja takomillasha borgan. Har bir ish xoh yaxshi, xoh yomon bo’lsin, asta-sekin rivojlanib, asta-sekin tanazzulga yuz tutadi. Binobarin, nafsingizni isloh etishga muvaffaq bo’lsangiz, ul vaqtda oila vazifasi siz uchun oson kechadi. Oila vazifasiga oilani tashkil qilish kiradi. Biz shu yerda oilani tashkil etish va boshqarish xususida andak bahs yuritamiz.

Shuni bilish kerakki, tabiatdagi barcha mavjudotda ikki xil mavjudiyat bor: biri — shaxsiy mavjudiyat, ikkinchisi, nav’iy mavjudiyatdir. Shaxsiy mavjudiyatning muddati nisbatan qisqa bo’lib, koinotda unchalik ahamiyatga ega emas. Ammo nav’iy mavjudiyat barqaror va muhimdir.

Masalan, Eshmat, Toshmatlarning mavjudiyati necha yildan buyon yo’q va bu maxluqlarning bo’lgan-bo’lmagani muhim emas. Ammo ularning nav’iy mavjudiyatlari, insoniy hayotlari borki, to qiyomatga qadar barqarordir va nisbatan koinotga muhim ta’sir o’tkazib turadi.

Janobi Xoliqu hakim bu mavjudiyatlarning hifzi himoyasi uchun alohida qonunlarni tayin etgan. Yeb-ichish va uxlash shaxsiy mavjudiyatni saqlab turadi. Tanosul va nasl berish esa nav’iy mavjudiyatni himoya qiladi.

Biz bu ilohiy qonunlarning har biriga tobe bo’lishga majburmiz. Agar bilfarz ularning birortasiga amal qilmasak, shaxsimiz yoki nav’imiz, tabiatimiz zarar ko’radi. Mas’alan, falonchi yeb-ichmasa va uxlamasa, shubhasiz, andak fursatdan so’ng halok bo’ladi. Shuning uchun barcha odamlar, yo ularning ko’pchiligi tanosul va tavallud qoidalarini tark etishsa, basharning nav’iy mavjudiyati mahv bo’ladi, ya’ni odam nasli barham topadi.

Yana shu ham ma’lumki, rohat va ozodlikda taallukdorlik bo’lmaydi. Tanho, biror odamga bog’lanmagan kishi, hayotning ancha alamu tashvishlaridan xalos bo’lgan va umrini rohat, osudalikda o’tkazishi mumkin. Lekin oilali odamlarga bu baxt kamroq nasib etadi. Shunday odamlarning ixtiyori o’zida bo’lganda edi, yakkalikning rohatini taalluqdorlik mehnatiga almashtirmas edilar. Ya’ni hech kim xotin olish fikrini xayoliga ham yaqin yo’latmasdi.

Shu sababdan odam nasli asta-sekin yo’qolib borardi yoki bo’lmasdi. Yaratuvchi hazrat hakimning hikmatlari benihoya, bu tahlikali yo’lni odamlarga foydali qilib bog’lab qo’ygan. Erkagu ayolning tabiatiga shahvatni qo’shib, ularni bir-biridan lazzat oluvchi qilgan, shu lazzat uchun ular bir-birlarini ixtiyor qiladilar, natijada tavallud va nasl davom etadi.

Shahvoniy quvvatning berilish hikmatlaridan biri ana shudir. Ammo, biz kitobimizning avvalida arz qilgan edikki, odamlar bu quvvatlarini ifrot darajasigacha tushirib, ba’zi bir behayolar birovlarning nomusini poymol qilib ham yurishi mumkin.

Qodir Alloh bu xatarning oldini olish choralarini tayin qilganki, bu chora sunnati saniya (ma’qul), ya’ni nikohdir. Nikohning joriy etilishi shahvoniy quvvatni bog’lab, bir maromga solib turadi…

Bu xususda Imom Buxoriy juda ko’p hadislar rivoyat qilgan, ularda shunday deyiladi: «Ey yoshlar, agar qudratingiz yetsa uylaning. Zero, uylanish ko’zingizni gunohdan saqlaydi, porsoligingizga sabab bo’ladi. Agar uylanishga qudratingiz yetmasa, ro’za tuting, ro’za tutmoqlik shahvoniy quvvatni zaif qiladi va kishini haromga yurishdan asraydi».

Shu muqaddimadan ma’lum bo’ladiki, har bir qudrati bor kishiga uylanish lozim ekan, shu ilohiy qonunga xilof borgan kishi bilsinki, Alloh roziligi va bashariyat manfaatiga qarshi boribdi… Mana shu to’g’ridagi hadislardan ham bu ma’lum bo’ladi: «Uylaning va farzandlar ko’ring, men qiyomatda ummatimning ko’pligi bilan faxrlanay».

«Alloh haqqiki, men sizlardan ko’ra taqvodor va iymonliroqman, lekin men ro’za tutib, namoz o’qiyman, uxlayman va uylanaman. Kimki mening qilganlarimga xilof chiqsa, u odam mendan emas».

«Sizlardan battarrog’ingiz uylanishga qudrati bo’lib, uylanmay yurganingizdir. Ayoldor kishining o’qigan ikki rakaat namozi ayoli bo’lmagan kishining yetmish rakaat o’qigan namozidan afzaldir».
«Sizlardan battarlaringiz uylanmagan kishilardir, eng past tabiatlilaringiz esa uylanmay o’lib ketganlardir».

Chunonchi, arz qildikki, uylanishdan maqsad nav’iy mavjudiyatni davom etgirishdan iboratdir, ya’ni inson nomini boqiy qildirishdir. Biroq bunga xotin olish har kimga oson bo’lgandagina erishish mumkin. Ammo bizning mamlakatimizda uylanish shu qadar qiyinki, bu xayrli ishni har kim ham orzu qilavermaydi.

Avvalo, qizning otasi qizining xuni bahosida naqd pul talab qiladi. Shunga ilova tarzida hech bir munosabatsiz bir olam harir, kimxob va shunga o’xshash narsalar talab qiladi. So’ngra uylanish orzusida bo’lgan erkak yuztadan ortiq yo kamroq odam chaqirib, ularga oshu non qilishga va kelganlarga to’n kiydirishga majbur bo’ladi. Bu xarajatlar uchun kamida o’n ming tanga bemalol ketadi. Shu sababdan millatimizning bir qismi xotin ololmay, bu dunyodan ko’z yumib ketmoqda va naslimiz kundan-kunga kamayib bormoqda.

Agar bu shum odat davom etaversa, naslimiz qolmay nomimiz dunyo sahifasidan o’chib ketadi, deb qo’rqaman. Vaholanki, bu kabi munosabatsizliklarni islom dini qat’iyan man’ qiladi. Bu haqda «Jome’ us-sag’ir»da quyidagi hadislar kelgan: «Nikohning afzali uning osonligidadir», «Nikohida og’irligi kam bo’lgan ayolda xayru baraka ko’pdir».

Bizning oramizda ilohiy ahkomlarning hikmatini tushunib yetmagan odamlar ancha ko’pdir. Shu bois ular xotin olishni faqat maxluqiy shahvatni qondirish uchun deb o’ylaydilar. Shundan faqatgina o’zining havoyu nafsi uchun har kuni yangi xotin olib, avvalgisini taloq qiladilar yoki xoru zor va muhtoj qilib tashlab qo’yadilar.

Bu xildagi odamlar faqat maxluqiy shahvatlarini o’ylab ish ko’radilar, hech bir narsada odil Alloh taolodan qo’rqmaydilar. Ha, bir nechta xotinga uylanish bizning shariatimizda bor, lekin shu shart bilanki, agar hammalariga teng muomala qila olsa… «…Sizlar uchun nikohi halol bo’lgan ayollarga ikkita, uchta, to’rttadan uylanaveringlar. Endi agar (ular orasida) adolat qila olmaslikdan qo’rqsangiz, bir ayolga (uylaning)…»255

Hadisda esa quyidagilar aytilgan: «Ikki xotini bo’lgan erkak xotinlari o’rtasida adolat qilolmasa (ya’ni ularning biriga zulm o’tkizsa), qiyomatda yarimta tana bilan hozir bo’ladi».

Shularni bilganimizdan keyin yana bir narsaga diqqatingizni qaratmoqchimanki, uylanmoqchi bo’lgan odam o’ziga monand, har jihatdan o’ziga barobar xotinga uylanishi kerak. Zero, Payg’ambarimiz aytganlarki: «Xotinga to’rtta narsaga qarab uylanadilar: moliga, nasabiga, jamoli va diniga. Bas, sen dindor xotinga uylan». Endi biz shu hadisi sharifdagi hikmatlarni muhokama qilamiz.

Avvalo, moliga qarab uylangin, deyilgan. Erkak kishi nikohiga o’zining mol-mulkiga teng keladigan mol-mulkli ayolga uylanishi kerak. Kambag’al oilada o’sgan qizlarning aksari to’g’ri tarbiya va ta’lim ololmay, butun axloqiy fazilatlardan mahrum qolgan bo’ladilar. Xususan, ro’zg’or tutishni bilmasdan ko’pgina noxushliklarga sabab bo’lishlari mumkin.

Ikkinchidan, nasabiga qarab uylanish kerak, ya’ni xotinining nasabi erinikidan past bo’lmasa yaxshi bo’ladi.

Chunki past toifadagi odamlarning axloqi yaxshi bo’lmaydi, axloqiy kamchiliklar irsiy yo’l bilan ham o’tar ekan. Shuning uchun ota-onaning badaxloqligi va past fitrati irsiy yo’l bilan qizlariga ham o’tadi. Shunday qizlarga uylangan kishining xatarlari oldinda bo’ladi. Erning hayotini zaharga aylantiradilar, oila nomusini saqlashga ojizlik qiladilar, axloqlaridagi fasodlar ularning farzandlariga ham o’tadi.

Uchinchi o’rinda husnu jamol turadi. Yuqorida arz qilganimizdek, Alloh taolo er-xotinni nasl qoldirish uchun joriy qilgan. Bu maqsadga erning xotiniga mayli bo’lsagina erishiladi. Agar xotinining zohiriy husni jamoli bo’lmasa, erkakning unga rag’bati bo’lmaydi, u bilan yaqinlik qilishni ham xohlamaydi, bu sababdan naslga nuqson yetadi. Yana shunday bo’lishi ham mumkinki, chor-nochor shahvoniy rag’batini qondirish uchun harom yo’llarga yurib, dunyoyu oxiratini kuydiradi.

To’rtinchi talab — dindorlik. Ma’lumki, shaxs (fe’l) odamlardan bolalik chog’idan turli odatni qabul qila boshlaydi. Fazlu kamol ahli qo’lida tarbiya ko’rgan bola fazilat va kamolga oshno bo’ladi, behayo va badkirdorlar orasida o’sgan go’dak esa katta bo’lsa, o’zi ham behayo va badkirdor bo’ladi. Shuni hisobga olib bir farang hukamosi: «Bani odamning barcha go’daklarini mening tarbiyamga berilsa, hozirgi olam shaklini o’zgartirib yuborardim», — degan ekan.

Tarbiya fani ulamolari bir ovozdan aytadilarki, tarbiya natijasida hosil bo’lgan odatlar insonni tamoman odamiylik tabiatidan chiqarib yubormaydi. Yana shu ham ma’lumki, har bir bola go’dakligidan onasining tarbiyasiga mahkum.

Binobarin, biz dastlabki tarbiyani o’z onamizdan olamiz, bu onalar bashariyatning tarbiyachilaridir degani, agar ular dindor bo’lsalar, farzandlari ham dindor bo’ladi, shuning uchun uylanmoqchi bo’lgan odam dindor xotinga uylanishga harakat qilishi kerak. Ammo shu dindor so’zini hamma ham to’g’ri tushunavermaydi. Bu so’zning haqiqiy ma’nosi nima?

Dindorlik bashariyatning saodat martabalarining biri bo’lib, kasbiy aqlga, ya’ni ilmga tayangan bo’ladi. Ravshanroq aytadigan bo’lsak, dindorlik Allohga farmonbardorliqdir. Ilohiy amrlarga itoat etishning ikki sharti bor. Avvalo, koinotning xoliqi bo’lmish Allohni yaxshilab tanib olish lozim, so’ng uning Qur’oni karimda mavjud bo’lgan barcha amrlarini bilish kerak. Shu ikki shartsiz ilm hosil bo’lmaydi, shundan ham biz dindorlikning asosi ilm dedik.

Men bularni aytishimdan nima hojat? Bu haqda Qur’oni karimda tushunarli qilib: «…Allohdan qo’rqish olimlarga xos» deyilgan va bu oyatni Payg’ambarimiz ushbu hadislari bilan to’ldirganlar: «Din bu aqldir, aqli bo’lmagan odamning dini ham yo’q». Bu gaplar bir ming uch yuz yil avval aytilgan. Shunday ekan, uylanshda ana shu to’rtinchi shart, ya’ni ilmli bo’lish zaruriy shartdir.

Uylanish niyatida yurgan erkakni tasavvur qiling: u topgan to’rtga qizning biri puldor, biri kalonzoda, uchinchisi sohibjamol va so’nggisi olim va dindor. Bu erkak uchun qay birini tanlash savob? Ya’ni bu to’rt qizning qaysi birini nikohiga olsin? Mazkur hadisga binoan olim va dindor bo’lganni nikohiga olishi kerak. Boshqalaridan keladigan manfaatlar gumon, to’rtinchisi esa avvaldan mavjuddir. Aynan ana shu jihatlar aytilgan hadisda ma’nosini topgan.

Hozir esa xotinlarning ijtimoiy mavqei va ularga qilinadigan muosharat odobi haqida bir oz suhbatlashsak.

Jamiyatda ayollarning martabasi ulug’dir. Shu ayollar bizni qatra suv holimizda otamizning pushti kamaridan olib, to’qqiz oy rahmida ko’tarib, ming xil mushkulotlardan o’tadilar. Shu ayollar bir parcha ojiz go’shtligimizda bizni mehr-muhabbat og’ushiga olib, uzoq yillar uyquni uyqu demay tarbiya qiladilar.

Bizning tarbiyachilarimiz, tabiblarimiz, muallimlarimiz ham shu ayollarimizdir. Ulg’ayib voyaga yetganimizdan so’ng shu ayollarning biri bizga yo’ldosh bo’lib, shodligu g’amimizga sherik bo’ladi, ro’zg’orimizni boshqaradi, turmushimiz yukini yengillatadi, bizni ming xil haromdan to’sadi; xullas, hayotimizning mushfiq mudiri, axloqimizning muhofazasi bu ayollar, chunki biz otamiz sulbidan judo bo’lib, yaralib, to umrimizning so’nggi daqiqalarigacha ayollarning himmati va yordamiga muhtojmiz.

Hayotning muqarrar qonunlari jumlasiga har bir va zifaning haqqi, har bir xizmatning mukofoti bo’lishi shartligi kiradi. Ya’ni har kimning menga nisbatan vazifasi bo’lsa, mening zimmamda u uchun haq ham bo’lishi lozim. Oydinroq qilib tushuntirsam, har kim menga xizmat qilib, foyda keltirsa, ajr va mukofotini ham talab qiladi.

Bu qonun benuqson, komil qonun bo’lib, ilohiy adolatga muvofiqdir. Unga xilof borish zulm bilan barobar bo’ladi. Bas, shubha qolmadiki, bizga sanoqsiz xizmat ko’rsatib foyda keltirgan ayollarga biz ham muko fotlarini berishimiz kerak, hurmatlarini qilib, ularni xushnud qilishimiz shart. Chunonchi, bizga bu Hazrat vojib taolo tomonidan Qur’oni karimda amr qilingan:

«…Va yaxshi amallarda ular (ayollar) uchun zimmalaridagi erlari oldidagi burchlari barobarida huquqlari ham bor»256.

«Erkaklar xotinlari ustida rahbardirlar»257.

Birgina shu oyatning ahamiyati shunchalik kattaki, uning tafsiri bir kitobga sig’maydi. Farang ulamolari va hukamolari yuzlab kitoblar yozib, eru xotin huquqlari xususida shu oyatdan ham qat’iyroq biror-bir qonun o’ylab topganlari yo’q.

Ha, xotinlar barcha huquq va vazifalarda bizlar bilan barobardirlar. Siz agar: «Yozgan shu oyatingdan rayosat haqqi erkaklarga berilgan ekan, qanday qilib ayollar biz bilan barcha huquqda barobar bo’larkan?» — dersiz. Garchi rayosat va sardorlikning nomi ulug’ bo’lsa ham, lekin haqiqatda mehnat va mashaqqatdan o’zga narsa emas. Bir jamoatning raisi va sardori o’sha jamoatning xizmatkori degan gapdir. Qo’y cho’pon uchun emas, balki cho’pon qo’yning xizmatidadir. Bir jamoatning raisi Alloh tarafidan o’ziga tobe’larni saodat yo’liga boshlash uchun bu yo’lda ularning boshiga tushadigan turli qiyinchiliklarning barini o’z zimmasiga olishga ma’mur etilgan. Rais Alloh tarafidan unga tobe’larning osoyishta va tinchligini ta’minlashga mahkum etilgan. U tobe’lariga yetadigan har bir zararning oldini olish uchun harakat qilishga ham shar’an, ham aqlan majburdir. Bir jamoatning boshiga tushadigan har bir kulfat, balolar uchun rais ham odamlar oldida, ham Alloh oldida mas’ul bo’lib, hisobot beradi.

Odamiyatning latif qismi bo’lmish ayollar, albatta, bu qadar qiyinchiliklarga toqat qilolmas edilar. Shularni e’tiborga olgan holda Alloh rayosat haqqini erkaklarga bergan. Agar diqqat qilsak, aslida bu ayollarga ko’rsatilgan buyuk mehribonlikdir, ularning baland darajalariga dalildir. Endi o’zimizga savol bersak: biz ayollarimizga ilohiy amrlarga muvofiq muomala qilamizmi?

Hayhot… Bizning ayollarimizga qilayotgan muomalamiz islom ta’limotiga butunlay ziddir. Odamlar o’z hayvonlariga ravo ko’rmagan jabru zulmni biz ayollarimizga qilamiz. Yer yuzida eng beqadr maxluqlar bizning mamlakatimizdagi ayollardir. Bu latif xilqatlar yelkalaridagi shuncha xizmatlariga qaramasdan, tahqiru dashnom va kaltak zarbi ostida qolganlar. Bizning mulkimizda «xotin» degan so’z turli zulmu sitamga va bemuruvvatlikka loyiq bo’lib qolgan. Biz bu latif jinsni, bashariyatning muborak bir qismini dunyodagi barcha fasodlarning sababi, jahannam o’tini deb hisoblaymiz.

Diqqat qiling-a, Iso Masihning eshagini258, as’hobi Kahfning itini259 va Solih Payg’ambarning tuyasini260 jannatiy deb hisoblagan holda xotinimiz bechorani jahannam otashi deb sanaymiz. Ya’ni onalarimiz bo’lmish ayollar guruhini to’rt oyoqlilardan ham pastroq ko’ramiz. Soddalik va xabarsizlikni ko’ringki, shu fe’l-atvorimizni shariatga muvofiqdeb o’ylaymiz. Afsus… ming marta afsus, mubin islom dini bu xildagi zulm va bedodlikdan pok va xolidir. Islom dini erkagu ayolni barcha huquq va vazifalarda barobar qildi, faqat riyosat xizmatini erkaklarga qoldirdi, ya’ni erkaklarni ayollarga posbon qildi. Islom dini bizni doimo bunday noshoyista xatti-harakatlardan man’ qiladi. Yuqorida misol keltirilgan oyat va hadislar shu muddaomizning isboti bo’lsa, lekin inkor etuvchilarga biron-bir o’rin qolmasligi uchun yana bir nechta ilohiy amrlarni zikr qilamiz: «Agar ayollaringizga chiroyli muomala qilsangiz va Allohdan qo’rqsangiz (o’zingizga yaxshidir). Zero, Alloh qilayotgan amallaringizdan xabardor bo’lgan Zotdir»261.

Ushbu oyatni quyidagi hadislar bilan to’ldiramiz: «Xudovandi taborak va taolo sizlarga ayollarga yaxshi muomalada bo’ling, deb amr qiladi, zero, ular onalaringiz, qizlaringiz va xolalaringizdir».

«Sizlardan yaxshirog’ingiz ayollaringizga yaxshi muomalada bo’lganingizdir».

«Sizlarning yaxshirog’ingiz ahli ayoliga yaxshi muomalada bo’lganlardir. Mening ahli ayolimga qiladigan muomalam sizning ahli ayolingizga qiladigan muomalangizdan ko’ra yaxshiroqdir. Ahli ayoliga yaxshi muomalada bo’ladiganlar muruvvatli va javonmard insonlardir, ularga yomon muomalada bo’lganlar esa pasttabiat va nokasdirlar».

Ayollar haqqiga islom dinida vorid bo’lgan oliy hukmlar ana shulardir. Endi ham biror so’z deng-chi! Endi ham ayollarni jahannam o’tini deysizmi? Endi ham ayollarni maxluqdan battar sanaysizmi? Endi ham ayollarimiz dashnomu kaltakka loyiqmi? Men shuncha gapdan keyin sizlarning fikringiz o’zgarishini va zulmni tark etishingizni orzu qilaman. Zero, men aniq bilamanki, sizlar o’zingizni jonu dilingiz bilan islom farmonlariga bo’ysunuvchi, deb bilasiz. Lekin bugungacha ayollar xususida diniy hukmlarni bilmasdingiz va ularga nisbatan noshoyista harakatlarni joiz deb bildingiz.

Hozir bu mas’ala xususida bilib olganingizdan so’ng, shubha yo’qki, Qur’oni karimga xilof bo’lgan har bir ishni darhol tark qilsangiz kerak. Zotan, agar shu umidvorlik bo’lmaganda edi, men bir qism umrimni ushbu risolani yozishga sarf qilmagan bo’lar edim.

AVLOD TARBIYASI

Avlod tarbiyasi oiladagi vazifalardan biridir. Bu mas’ala hayot binosining poydevori bo’lganligi sababli nihoyatda muhim va ancha mushkuldir.

Bu bahsni uddasidan chiqib yuritishga mening qalamim ojizlik qiladi. Men hatgo bu bahsni boshlashga jasorat ham ko’rsatolmagan bo’lar edim, lekin ne qilayki, jim o’tiradigan zamon emas. …Ma’xud 262 qalandar kabi men ham «dam g’animat» deb bilganimcha yozmoqchiman, bu mas’alani yaxshiroq bilganlar yozganlarimni atroflicha isloh qilishar, deb o’ylayman.

Hayotning umumiy jadalgohida insonning o’rni buyuk. Har bir odam ulg’aygach, baxt-saodatini ta’minlash uchun bu jadalgohga kirib kurashishga majbur. Bu kurash maydonida o’zida uch narsani mujassamlashtirgan insongina g’oliblikka erishishi mumkin.

Bu uch narsa: tansihatlik, sog’lom fikr va yaxshi axloqdan iborat. Shu uch narsaning bittasidan ham mahrum bo’lgan odam bu kurashda mag’lub bo’lib chiqishi muqarrar. Boshqa ibora bilan aytganda, baxt-saodat jismonan sog’lom, sog’lom fikrli va chiroyli xulqli insonga nasib etadi, shu jihatlarga ega bo’lgan kishilar turli xil badbaxtliklarni munosib kutib oladilar. Bas, farzandining baxtsiz bo’lishini istamagan har bir ota uni mustaqil hayotga qo’yib yuborishdan oldin shu mazkur uchta aslaha bilan qurollantirib qo’yishi kerak. Tarbiyaning mahsuli ham shunday, ya’ni odamni tarbiya qilish uni jismonan, fikran va xulqan kamolga yetkazib, saodatga erishishga qobil qilishdan iborat. Garchi har bir inson beshikdan to qabrgacha tarbiya olish qobiliyatiga ega bo’lsa-da, lekin uni bolalikdan tarbiyalash ta’sirliroq va juda muhimdir.

Shunda har bir madaniy toifa go’daklarni tarbiyasi xususida jiddiy bosh qotirib, sarfi himmat qiladilar. Ular istiqbollarining saodatli yoki falokatli bo’lishini yosh avlod tarbiyasiga bog’liq holda ko’radilar. Ular bir qavmning tarbiyasiga yetgan ozgina nuqson borib-borib katta zararga sabab bo’ladi, deb aniq ishonadilar.

Chunonchi, yuqorida arz qilganimizdek tarbiya uch qismdan iborat: 1) badan tarbiyasi; 2) fikr tarbiyasi; 3) axloq tarbiyasi.

BADAN TARBIYASI

Badan tarbiya — badanni sog’lom va kuchli hamda a’zolarni mukammal darajaga yetkazishdan iborat, busiz baxt-saodatga erishib bo’lmaydi. Odamzod butun umri davomida sihat va quvvatga muhtoj bo’lmasligi amri maholdir.

Hammoldan tortib hukmdorgacha tasavvur qiling, agar ularning kuch-quvvatlariga yoki biror a’zolariga xalal yetsa, qo’llari ishga bormay boshqalarga muhtoj bo’lib qoladilar. Bas, farzandimiz olamga kelishi bilan ularning badan tarbiyasi uchun himmat kamarimizni bog’lashimiz zarur.

Bolalarning badan tarbiyasi, eng avvalo, onalarning vazifasiga kiradi. Hatto farzandning ota pushti kamaridan onasining rahmiga o’tgan ibtidoiy davridan boshlab ona farzandining sog’lig’ini muhofaza qilishi lozim. Zero, bola to’qqiz oy onaning qornida tarbiya topadi, binobarin, onaga tekkan har xil bemorliklarga u ham hissamand bo’ladi.

Binoanlayh, onalar homiladorlik vaqtlarida turli ishlarda va yeb-ichishda parhez qilishlari zarur. Homila dunyoga kelgach, go’dak parvarishi ularning sutlari orqali bo’ladi, shuning uchun ular sog’liqlarini avaylab, turli kasalliklardan uzoqda bo’lib yursinlar-ki, toki o’sha kasalliklarning urug’i sut orqali ma’sum go’daklariga o’tib, ularning sog’lig’iga ham xatar solmasin, aks holda onalarning ehtiyotsizligi tufayli go’dak ba’zan nobud bo’lib, uning qoni onaning bo’yniga tushadi. Go’dakning ovqatlanishiga ham juda e’tibor berish kerak. Har bir jonzot umrining davomiyligi yemishiga bog’liq. Har bir jonzotning gurkirab o’sishiga olayotgan taomi ham sabab. Shuning uchun onalar go’daklariga tez hazm bo’luvchi mazali taomlarni berib, muayyan bir vaqtlarda ovqatlantirishlari zarur. Ovqatlanishda intizom va vaqt bo’lmasa, odamni me’da kasalliklariga va turli kasalliklarga olib keladi. Bola yig’lamasligi uchun qo’liga bir parcha holva yoki bir burda non berib qo’yishlik uning ovqatlanish nizomini buzadi va turfa kasalliklarga sabab bo’ladi.

Hayot uchun, avvalo, havo zarurdir, besh-olti soat taom yemay o’tirish oson, lekin havosiz bir daqiqa ham yashab bo’lmaydi. Bolalarning o’tirib-turish joylarida havo musaffo, turli hidlardan toza bo’lishi zarur. Shundan Farang va Rusiya hukumati bolalar uchun chorbog’lar, bahavo maydonlar barpo qilganlar. Bundan tashqari, bolalar o’qiydigan maktablarda o’yin va tanaffus uchun farahbaxsh bog’lar yaratilgan.

Harakat hamma uchun, ayniqsa, bolalar uchun juda zarurdir. Ma’lumki, bolalar tez sur’atda katta bo’ladilar. Harakat ana shu rivojlanishni osonlashtiradi, shuning uchun bolalarni o’yinga mashg’ul qilish foydalidir. O’yin ularga zarar yetkazmaydi, balki bir joyda o’tirishning zarari ko’p tegadi. O’yindan bolani man’ qilish ularni harakatdan qoldirib, o’sishiga xalal berib, zaif, nimjon qilib qo’yadi. Ota-onalar farzandlarini doim o’yinga targ’ib qilib, bir joyda o’tirishdan man’ qilishlari kerak. Ammo ularning o’yinlari odob va axloqqa zid o’yinlar bo’lmasligi shart. Jadid maktablarida bolalar uchun ilmiy yo’naltirilgan o’yinlar joriy qilingan. Bolalarni doim o’yindan man’ qilib, kaltak zarbida qoldirishning zararidan bolaning jisman rivojlanishi susayadi.

Shular qatorida tozalik ham salomatlik uchun muhim shartlarning biridir. Biz yuqorida tozalikning qanchalik zarurligini toqat qadar arz qilgan edik, bu yerda esa muhtaram o’quvchilarimizga bir qadar aytib o’tmoqchimizki, tozalik kattalar uchun qay darajada shart bo’lsa, yosh bolalar uchun esa o’n barobar ko’proq zarurdir. Bu zaruriyat ikki taraflama: avvalo, bolalar kattalarga nisbatan kasalga tez chalinuvchan bo’ladilar, ularga yopishgan har bir ifloslik kattalarga yetgan ifloslikdan ko’ra o’n barobar xatarlidir. Ikkinchidan, bolaning go’dakligidan tozaligiga e’tibor berilsa, ularni ifloslikdan hazar qilishga o’rgatilsa, borib-borib tozalik ularning kundalik odatiga aylanib qoladi. Aksincha, agar bolaliklarida ifloslikka o’rgansalar, katga bo’lganlaridan keyin ham bu hol avj olib, odamlarning nafratiga sabab bo’ladi.

Bas, ota-onalar, muallimlar bolalarning yuz-qo’lini doim sovunlab yuvib, har tahoratda tishlarini misvok qildirib, kiyimlarini tez-tez almashtirib turishlari lozim, ular mumkin qadar chivin va pashshasiz uylarda yashashlari kerak. Zero, biz hifzu sihat bobida arz qilgan edikki, chivinu pashsha va boshqa hasharotlar kasal tashuvchi vositalar bo’lib hisoblanadi.

Biz tarafdori bo’lgan jadid maktablarida buning uchun bizni kofir hisoblaydilar, o’quvchilarning salomatligi va rohatini shu tariqa muhofaza qiladilar. Endi bizning eski uslubdagi maktablarimizda shu sharoitlar mavjudmi? Bizning bechora ma’sum go’daklarimiz oftob tushmaydigan qorong’u, badhavo, sassiq xonalarda maxluqlar kabi tiqilib olib, xas-hashak ustida o’tirib, sakkiz- to’qqiz soat davomida dars o’qiydilar, buning ustiga har kuni bir johil muallimning qo’lidan musht, kaltak yeb, goh boshlar yoriladi, goh oyoqlari qonab, majruh bo’lib, ranglari ko’karib, sakkiz yilni shu zaylda o’tkazadilar. Shuning uchun maktabni qamoqdan ozod bo’lgan mahbus kabi bemor, sust, beg’ayrat va iflosliklaricha bitiradilar.

Ana shular sababli bizning millatimiz hammadan orqada qolgandir.

FIKR TARBIYASI

Fikr tarbiyasi odamning aqlini kamolga yetkazish va baxt-saodatga yetishishi uchun qobiliyatli qilib tarbiyalashdir. Odam aqli to’g’ri va yaxshi muhokama eta olsagina kamolga yetgan hisoblanadi. Muhokamaning o’zi nima? Muhokama ma’lum hukmlardan majhul hukmlarni ajrata bilishdir.

Mas’alan, «vatanga xizmat qilish vojib» degan hukm majhuldir (ya’ni, mavhum). Bu hukmning ma’lum bo’lishligi uchun ikkita ma’lum hukmlar bo’lishi kerak, misol uchun «vatan bizning valine’matimiz», «valine’matga xizmat qilish vojib», «shunday ekan, vatanga xizmat vojibdir».

Yana boshqa bir misol keltiramiz: «Bashariyat orasida mehr va muhabbat darkordir». Bu hukm mavhum hukm bo’lib, uni oydinlashtirish uchun ikkita ma’lum hukmlar bo’lishi shart. Ular quyidagilar bo’lishi mumkin: «Odamlar bir-birlariga birodarlar yoki qon-qarindoshlar». «Qarindoshlar orasida muhabbat va mehr bo’lishi kerak». «Shunday ekan, odamlar orasida ham mehr-muhabbat bo’lishi shart».

Shu ikki misoldan ma’lum bo’ladiki, har muhokama uch hukmdan: ikkita ma’lum, ularning xulosasi esa mavhum hukmlardan hosil bo’ladi. Bahsimizning boshida aqlning komilligi to’g’ri mulohaza yuritish, deb aytdik. To’g’ri muhokama yuritish uchun kishi uch narsani bilishi shart: 1) isbot; 2) istiqomat; 3) sur’at.

Isbot bu ma’lum hukmlarning rost va to’g’ri bo’lishligi; istiqomat ma’lum hukmlarning majhul hukmlarga mantiqan to’g’ri va izchil ko’chishi; sur’at esa — to’g’ri va ma’lum hukmlarning beto’xtov, batartib va tezlik bilan majhul hukmlarga ko’chishiga aytiladi. Kimda shu hukmlarning bittasi bo’lmasa, yo umuman, muhokama qilolmaydi yoki g’alat, ya’ni noqis muhokama qiladi. Binobarin, u odam umri davomida qaysi bir ishga qo’l urmasin, doim yoki ko’pincha, noqulay vaziyatlarga tushib qoladi. Fikriy tarbiya xususida ana shu uchta jihatni e’tibordan chetga chiqarmaslik zarur.

Avvalo, bolalarga fikrlashda isbot bo’lishini o’rgating, ya’ni ularga doim to’g’ri, rost ma’lumotlar bering va xotiralarida beasos, botil fikrlarning joy olishiga yo’l qo’ymang, aks holda ulg’ayganlaridan keyin ham ana shu beasos fikrlarga tartib berib noto’g’ri muhokama qiladilar, natijada xato yo’llarga kirib qolib zarar ko’radilar.

Ota-onalarimiz va muallimlarimiz bizga go’dakligimizdan Ko’hiqof parilarining hujumidan so’zlab, kallamizni puch, bema’no xayollarga to’ldirib keladilar. Shuning uchun biz ulg’ayganimizda mushuk yursa ham, bironbir sado chiqsa ham vahimaga tushib, shu vahima, qo’rquvdan kasal bo’lamiz.

Ikkinchidan, bolalarga fikrlashda istiqomat qilishni o’rgating, ya’ni ma’lum fikrlarni majhul fikrlarga to’g’ri o’tkazsinlar, ma’lum fikrlar asosida xulosa qilayotganlarida noto’g’ri xulosaga kelmasinlar. Buning uchun bolalarni muhokama qilishga o’rgating, yomonning yomonligini, yaxshining yaxshiligini muhokama qilib, isbotlab ularga tushuntiring, ularning ko’r-ko’rona taqlid qilmasliklariga doim e’tibor bering. Madaniy xalqlar maktablarida bolalarga hisob ilmi, tarix, ashyolar darsi, jug’rofiya va boshqa darslardan ta’lim berishlarining boisi shu ikki maqsad (ya’ni, fikrlashda isbot va istiqomatni o’rgatish) uchundir. Baxtga qarshi, bizning maktablarimizda bu ilmlarning hech biri o’qitilmaydi. Ilova uchun biz go’daklarimizni muhokamadan mahrum qildirib, barcha ishni mushtu kaltak zarbi ostida qoldiramiz.

Mas’alan, bolaga darsingni qil, tirnog’ingni ol, qimor o’ynama, namozingni qoldirma, deb aytamiz. Lekin qay tarzda? Mening aytganlarimni bajarmasang, kaltak yeysan, deymiz. Bu buyrug’imiz xuddi ko’rga «hassangni tashlab, shu yo’lga tushib ketaver, agar yo’lda toshga urilib yiqilsang, o’ldiramiz», — deyish bilan barobar-ku.

Siz o’zingiz, avvalo, mulohaza qiling: bola namoz o’qimaslikni, dars tayyorlamaslik va tirnoq olmaslikning zararini bilmasa, qanday qilib aytganlaringizni samimiy qabul qilsin. Ha, bolaligida kaltakdan qo’rqib amal qiladi, ammo ulg’ayib kaltak zarbi xotirasidan butkul chiqib ketgach, o’zi xohlagancha ish ko’radi, siz qil deganni qilmay, qilma deganingizni qila boshlaydi. Mana shu jabru zulmingizning «foydasi» bo’ladi. Ammo siz namoz o’qimaslik, qimor o’ynash, dars tayyorlamaslik, tirnoq olmasliklarning zararini, yomonligini shirin til bilan tushuntirsangiz va uni yaxshi ishlarga rag’batlantirib, yomon ishlardan nafratlantira olsangiz, aytganlaringizni o’zi xohlab bajaradi ham diydoringizdan bezor bo’lmaydi.

Mana qarang, bu xususda hazrat Rasul alayhissalom nima deganlar: «Ahkom ta’limini osonlashtiringiz, ta’limni mushkullashtirmagan holda bashorat bering (ya’ni o’rgatayotgan har bir narsaning moddiy va ma’naviy tomonlarini tushuntiring), odamlarni ilm olishdan bez dirmang». «Alloh meni o’zimning va boshqalarning ham ishlarini qiyinlashtirish uchun emas, balki oson ta’lim berishim uchun yuborgandir».

Uchinchidan, muhokamadan sur’atni o’rganish darkor. Bu maqsad biron-bir ortiqcha ishni talab qilmaydi, bola agar fikrlashda isbot va istiqomat qilishni bilsa, sur’at o’z-o’zidan hosil bo’ladi.

AXLOQ TARBIYASI

Axloq tarbiyasi insonni komil, chiroyli axloq egasi, jamiyatga foydasi tegadigan a’zo qilib shakllantirishdan iborat.

Bolalarga axloqiy tarbiya berishdan avval ularning jismoniy va fikriy tarbiyalariga e’tibor berib, so’ng axloq qoidalarini tushuntirib, yaxshi amallarga odatlantirib, yomon amallardan qaytarib turing.

Bu xususda Shayx Sa’diyning maslagi263dan yaxshiroq maslak yo’q, ya’ni axloq qoidalari jajji hikoyachalarda bayon etilgan. Shu qikoyachalarni bolalarga o’qib berib, birgalikda ular bilan muhokama qiling, yaxshining foydasi va yomonning zararini xotiralariga quyib boring. Ammo axloq tarbiyasi uchun buning o’zi kifoya qilmaydi, bunda bir muhim shart mavjudki, eng avvalo, o’sha shartga qat’iy rioya qilish kerak, aks holda, har qanday say’-harakat zoe ketadi.

Bolalar axloqiy tarbiyani muhitdan (ya’ni, atrofdan) oladilar, boshqacha qilib aytganda, bolalar suvga o’xshaydilar, suv idishning shaklini olgandek, bolalar ham muhitning odob-axloqini qabul qiladilar. Ya’ni, uyda ota- onalaridan, maktabda sinfdosh va muallimlaridan, ko’chada o’rtokdaridan ko’rgan odat va axloqlarni tezda o’zlashtirib, shu axloq bilan yuradilar. Bolalar uyda ota-onalaridan, maktabda o’qituvchilaridan axloqqa xilof bo’lgan odat va ishlarni ko’rmasliklari axloqiy tarbiya hisoblanadi. Maktab o’qituvchilari, eng avvalo, o’zlari chiroyli axloq sohiblari bo’lishlari shart va badaxloq bolalarni maktabga qo’ymasliklari kerak, toki ularning fasodi boshqalarga yuqmasin. Shu o’rinda uyimizdagi ahvoldan qat’i nazar, maktablarimizdagi ahvolga nazar tashlasak, ularda shu muhim qoidalarga rioya qilinadimi? Sharmandalarcha javob beramizki, yo’q!

Madaniy xalqlar farzandlarining axloqiy tarbiyasiga katta ahamiyat beradilar. Buzuq axloq egalarini muallimlik u yoqda tursin, hatto maktab ostonasidan ichkariga o’tkazishmaydi, qorovullikka ham qabul qilishmaydi, bolalarning axloqiga zid kitoblarni ham kiritishmaydi.

Ammo biz bechoralarchi, bu tarbiyaviy parhezning hammasidan mahrummiz, bolalarimizning tarbiyachi va muallimlari axloqsizdirlar, bolalarimizga o’qiydigan kitoblarimiz badaxloq, ularning ma’naviy hayotini kuydiruvchi zahardir. Shunisi ajablanarliki, farzandlarining axloqsiz bo’lishini xohlamagan ota-onalar xursandlik bilan o’z ma’sum go’daklarini zikri sharob va ishqiy hikoyalarga to’la ahloqsiz kitoblarni o’qitadigan maktablarga olib borib, ularning kelajagini kuydiradilar. Shu yerda o’zimning boshimdan o’tgan bir voqeani aytib bersam.

Bola edim, bir kuni maktabdan uyga qaytib kelayotsam, ko’chada bir erkak devonalarga o’xshab og’zidan ko’pigi kelib, aft-basharasiga qon sapchib, yurishga madori kelmay turibdi. Raisning ikkita mulozimi kelib, uni qo’ltig’idan ushlab sudrab olib ketishdi, orqasidan bir to’da odam ergashib ketdi. Bu odamga nima qilgan, deb so’rasam, u sharob ichib mast bo’lgan, uni muhtasibga jazosini berish uchun olib ketishyapti, deb javob berishdi. Uyga kelib shu voqeani dadamga aytib beruvdim, dadam: «nega sen mastning ketidan ergashib yuribsan» deb uzun kaltak bilan ta’zirimni berdi. Shundan bir hafta o’tgach, maktabdan keldim, dadam «kelchi, maktabdan domlangdan o’rganganingni o’qib ber» — deb so’rab qoldi. Kitobni varaqlab o’sha kuni o’tgan g’azalimizni ochib o’qib berdim:

Gul be ruxi yor xush naboshad,
Be boda bahor xush naboshad.

(Gul yorning jamolisiz xush bo’lmas,
Bahor esa bodasiz xush bo’lmas.)

Bu safar dadam meni maqtadilar. Hanuzgacha hayratlanamanki, men o’qigan dars dadamga aytib bergan voqeadan ming marta battar edi-ku. Zero, bu g’azal nafaqat sharob xo’rlikdan saboq edi, balki unda oshiq va ma’shuqlikka ham da’vat bor edi. Bas, dadamning men aytib bergan voqeadan ranjib, o’qib bergan she’rimdan xursand bo’lishining sababi nima edi?

Mana, maktablarimizning ahvoli, mana, bolalarimizga beradigan tarbiyamiz, yana biz ularning solih bo’lishlarini xohlaymiz. Hayhot! To maktab shu ahvolda bo’lar ekan, to dars shunaqa davom etarkan, bolalarimiz darddan xalos bo’lolmaydilar!

Ammo siz: «sen ta’riflagan bu kitoblar va g’azallarning har biri bir tasavvufiy ma’noni beradi», — deb aytishingiz mumkin. Mas’alan, sharobdan murod — ilohiy ishq, ma’shuqa degani — hazrati Vojibut-taolodir.

Javobim shuki, bu pinhoniy ma’nolarni bolalar u yoqda tursin, hatto muallimlar ham tushunmaydi. Ular bu g’azallardan faqat sharobxo’rlik va ma’shuqabozlikni tushunishadi va axloqlari buziladi, vassalom.

TURLI VAZIFALAR

Hech shubha yo’qki, odamlar qaysi din, qaysi mazhab, qaysi qavm, qaysi millatda bo’lmasinlar, bir otaning farzandlari, bir jinsning avlodlari, boshqacha qilib aytsak, bir-birlariga birodardirlar!

Shunday ekan, bir-birlariga shart qo’ymay, muhabbatli va shafqatli bo’lishlari kerak. Ya’ni o’rtalarida «umumiy birodarlik»ni barpo etishlari kerak.

Bashariyatning dunyoviy saodati umumiy birodarlik bo’lmasa kamol topmaydi. Lekin odamlar ming yillardan to hozirgacha goho maxluqiy ehtiroslar taqozosida, goho noto’g’ri, yomon muhokamalar sababli jamiyatdagi aloqalarni, umumiy birodarlikni vayron qilib, birodarlarining qonini daryo-daryo qilib oqizadilar, uylarining kulini ko’kka sovuradilar.

Hanuzgacha pushaymon bo’lmay, bir-birlarini batamom qirib bitirish uchun har kuni turli xil yangi-yangi qurollar ishlab chiqib, bashariyatni tahlikaga solmoqdalar. Necha ming yillardan buyon davom etib kelayotgan bu birodarkushlikning sababi ikkita: 1) hirs; 2) noto’g’ri, xato muhokamalar.

Ibtidoiy davrdan to hozirgacha bo’layotgan janglar yo biror-bir mamlakatga ega bo’lish, ya’ni bosqinchilik, yo diniy ixtiloflar sababli kechmoqda. Bir xalqning yurtiga ega chiqish maqsadida jang qilish va milyo’nlab jonlarning qonini to’kish hirsdan boshqa narsa emas. Ammo diniy ixtiloflar sababli jang qilish xato muhokamalarning oqibatidir. Zero, ma’lumki, din insonlarning saodatini ta’min etish uchun buyurilgan, agar odamlar taqdir lajomini o’z irodalaridan tashqariga tashlab, aqlu ilm yuzasidan tafakkur qilib muhokama qilsalar, eng foydali dinni tanlab qabul qilgan va birodarkushlikni to’xtatgan bo’lardilar.

Shu ham ma’lum va muqarrarki, hirs va xato muhokama odamzotning nuqsonlaridir. Bani bashar to hirsga va taqlidga mubtalo ekanlar, o’rtada umumiy birodarlikni paydo qilolmaydilar. Ammo haqiqiy kamolga yetishib, haqni botildan, foydani zarardan farqlay olsalar, hirs va taqlid asoratidan xalos bo’lolsalar, u vaqtda o’rtalarida umumiy birodarlikni barpo eta oladilar. Zero, dunyoviy saodatning so’nggi nuqtasi ham umumiy saodatdir.

Ko’p zamonlardan buyon samoviy dinlar ham ba’zan mutafakkirlar va zamona oqillari odamlarni umumiy birodarlikka targ’ib qilib kelmoqdalar, lekin insoniyat bu savob taklifga iltifot nazarini tashlagani yo’q. Dinlarning komili bo’lmish mubin islom dini ham jiddiylik bilan «haqiqiy birodarlikka» da’vat qilib kelmoqda. Hatto hech bir zamonda hech qaysi din, hech bir mutafakkir «umumiy birodarlikka» islom dinidan ko’ra yaxshiroq da’vat qilolmagan. Zero, boshqa dinlar va zamon ulamolari umumiy birodarlikni mavhum va mubham nazariyotlarda madhu sano qildilar-u, biroq hech birlari bu maqsadga erishish uchun muayyan yo’l ko’rsata olmadilar. Aksincha, islom dini bu buyuk matlab yo’lini to’g’ri va yaxshi qilib ochib, ko’rsatib berdi, agar tamomi odamzot shu to’g’ri yo’lga doxil bo’lsa, muhaqqaqki, bashariyat umumiy saodatga noyil bo’lar edi.

Islom dini umumiy birodarlikni barpo qilish uchun qanday yo’l ko’rsatgan ekan? Umumiy birodarlik inson kamolotining natijasi bo’lganligi uchun tadrijiy qonunga, ya’ni asta-sekin, darajama-daraja rivojlanishga bo’ysunadi.

Xalqlar o’rtasida umumiy birodarlikni birdaniga tashkil qilmoqchi bo’lgan odam xato qiladi va harakati behuda ketadi. Bu saodat binosini birdaniga qurib bo’lmaydi. Shuning uchun islom dini belgilagan yo’l bashariyatni tadrijan (ya’ni, darajama-daraja) umumiy birodarlikka noyil qiladi. Islom dini har bir odamdan komil iymon va yaxshi amallarni talab qilady.

«Albatta, iymon keltirib yaxshi amallar qilgan zotlar uchun Rahmon do’stlikni barqaror qilur»264.

Odamlar komil iymonga erishib, solih amallar qilib yursalar, Haq taolo ushbu oyatga binoan, ularning diliga bir umumiy muhabbatni, mehrni soladiki, bu esa umumiy birodarlikka zamin bo’ladi. Komil iymon va yaxshi amallaringiz orqasidan umumiy birodarlikka zamin hosil bo’lgach, xatti-harakatlarimizning yo’nalishi tayin bo’ladi, biz shu yo’nalishdan chetga chiqmasak, shubhasiz, bashariyatni umumiy saodatga yetkazamiz. Ushbu maqsad uchun islom dini tayin etgan yo’l quyidagi farmonlardan ma’lum bo’ladi. Avvalo, o’z nafsingizni do’st tutib, himoya qiling deyiladi…

«O’zingizni o’zingiz tahlikaga solmang»265, — deyilgan Qur’oni karimda. So’ngra ota-onangizga muhabbatli bo’lingiz, ularni ranjitmangiz, deyilgan.

«Parvardigoringiz yolg’iz Uning O’ziga ibodat qilishlaringizni hamda ota-onaga yaxshilik qilishlaringizni amr etdi. Agar ularning (ota-onangizning) birovi yoki har ikkisi sening qo’l ostingda keksalik yoshiga yetsalar, ularga qarab «uf» tortma va ularning (so’zlarini) qaytarma! Ularga doimo yaxshi so’z ayt»266.

«Biz insonni ota-onasiga yaxshilik qilishga buyurdik»267.

Undan keyin xotinlarga yaxshilik qilishni, ularga besabab zulm va muruvvatsizlik ko’rsatmaslik buyurilgan. Men bu haqda o’tgan boblarda qayta-qayta misollar keltirgan bo’lsam ham, bu joyda ham gap uzilib qolmasligi uchun quyidagi ikki oyatni keltiraman: «… Agar ayollaringizga chiroyli muomala qilsangiz va Allohdan qo’rqsangiz (o’zingizga yaxshidir)268.

«U Zot sizlar hamdam bo’lishingiz uchun o’zlaringizdan juftlar yaratishi va o’rtalaringizda oshnolik va mehr-muhabbat paydo qilishidir»269.

Bani odam bu ilohiy amrlarni jon qulog’i bilan eshitib, bo’ysunib, xonadonida samimiy muhabbatni barpo qila olsa, o’nta qo’ni-qo’shni, qarindosh-urug’ o’rtasida ham mehr-oqibat o’rnatish buyuriladi. Bu to’g’rida ham bir qancha hadis va oyatlar kelgan.

«Hazrat Payg’ambar uch bor qasam ichib aytdilar: «Alloh haqqi mo»min bo’lolmaydi». Sahobalar so’radilar: «YO Rasululloh, kim mo»min bo’lolmaydi?» Hazrat: «Qo’shnisiga jafo ko’rsatgan odam», — dedilar.

«Jabroil menga doim qo’shnining haqini ado etishlikni buyurardi, hatto men qo’shnida ham meros haqi bormikan, deb o’ylardim», — deganlar hazrat Rasululloh.

Qarindosh-urug’larning haqqini ham ado etib, odam ularga nisbatan mehribon bo’lishi kerak. «(Ey, Muhammad), qavmi-qarindoshga, miskin va yo’lovchiga (xayru ehson qilish bilan) haqlarini ado eting va isrofgarchilikka yo’l qo’ymang!»270

«Albatta, Alloh adolatga, chiroyli amallar qilishga va qavm-qarindoshga yaxshilik qilishga buyurar hamda buzuqlik, yomon ishlar va zo’ravonliklardan qaytarur…»271

Mana shu najotbaxsh ilohiy amrlarga amal qilishni qilgandan so’ng islom dini odamlarni umumiy milliy muhabbat paydo qilishga chaqiradi, ya’ni bir mamlakat ahli bir-birlari va boshqa xalqlar bilan o’rtada birodarlikni o’rnatib, bir-birlarini hech ranjitmaslikka buyuradi. Imom Buxoriy Payg’ambarimizdan rivoyat qiladi: «Bir-biringizga hasad qilmang, sotayotgan molingizning qasddan bahosini oshirmang, bir-birovingizga dushmanlik qilmang, oralaringizda mehru muhabbatni kanda qilmang. Ey, Xudoning bandalari, bir-biringizga birodar bo’ling».

Har bir millat ana shu oliy hukmga amal qilsa, navbat diniy birodarlikka keladi. Bunda Qur’oni karim hukmiga muvofiq barcha ahli islom millatidan, rangidan qat’i nazar, bir-birlariga do’stu mehribon bo’lishlari lozim bo’ladi. «Mo»minlar hech shak-shubhasiz og’a- inilardir…»272

«Mo»minga tili va qo’li bilan ozor bermagan kishi haqiqiy musulmondir», — deyilgan Payg’ambarimiz hadislarida.

Musulmonlar o’rtasida haqiqiy birodarlik qaror topganidan so’ng ular diniy hukmlarga binoan umumiy birodarlikni barpo qilish uchun harakat qilishlari zarur bo’ladi. Gapimizning isboti uchun quyidagi hadislar kifoya qiladi: «Rahm qilguvchilarga Alloh rahm qiladi. Zamin ahliga rahm qilingki, toki Alloh sizga rahm qilsin».

«Bu dunyoda odamlarga azob bergan odamni Alloh ham, albatga, azoblaydi».

Shu tariqa islom dini umumbashariy saodat yo’lini tayin qiladi. Men aminmanki, agar butun dunyoning donolari harakat qilsalar ham bundan yaxshiroq yo’l topa olmaydilar. Ha, islom dini insoniyatning saodat yo’li va umumiy birodarlik yo’nalishini mana shunday go’zal etib tayinlagan.

Lekin o’zimizni musulmon bilib, din tayin etgan yo’ldan farsax-farsax orqada qolganimizga qanday chora ko’rish kerak? Mulohaza qiling-a, islom dini bizni, avvalo, shaxsimizga muhabbat, keyin ota-onamizga, keyin oilamizga, keyin qarindosh-urug’ga, so’ngra millatimizga, dindoshlarimizga va oxirida umumiy bashariy birodarlikka chaqiryapti Lekin biz bularning qay biriga amal qilyapmiz? Qaysi birimiz qo’shnimizga ozor bermaganmiz? Kaysi birimiz hamshaharlarimizga muhabbatli bo’lganmiz?

Ha, islom dini diniy birodarlikni umumiy birodarlikka chiqish uchun poya, pog’ona qilgan, umumbashariy birodarlikka erishish uchun o’rtada diniy birodarlikni barqaror qilish kerak. Ammo bizning davrimizda nafaqat hamma musulmonlar, balki bir shaharning aholisi bir-biriga dushman. Islom dini bizni diniy ixtiloflardan qaytarib turganda ulamolarimiz shia, sunniy, zaydiy 273, vahobiy, mo’`taziliy, ismoiliy kabi yetmish ikkita mazhabni tashkil qilib, ularning har biri yetmish bitta mazhabga tobe’lar bilan talashib-tortishib, bir-birlarini dabdaba va tantana bilan jahannamga ravona qiladilar.

Ajabo, dinimiz bir, qiblamiz bir, Payg’ambarimiz bir, Xudoyimiz bir bo’lsa, «shuncha mazhabga nima hojat bor? Nega ularning har biri boshqasini kofir sanaydi?

Gapimiz asl mavzudan qaytib, nozik bir yo’lga kirib qoldi. Bu mas’ala shu qadar muhimki, bir-ikki satr yozgan bilan tamom bo’lmaydi. Binobarin, u bahsimiz mavzuiga kirib kelgan ekan, qisqacha bo’lsa-da, isbot qilishga harakat qilamiz, ammo bizning mamlakatimizda shia va sunniy mazhablaridan boshqasi bo’lmaganligi sababli muhokamamizni ham shu ikki mazhab haqida yuritamiz.

Yuqorida aytganimdek, bir dinning tobe`lari, xususan, bir yurtning aholisi shia va sunniy unvonlari ostida bir-birlariga dushmanlik qilishlari shar’an gunohdir. «Va barchangiz Allohning arkoniga bog’laningiz va bo’linmangiz! Hamda Allohning sizlarga bergai ne’matini eslang: bir-biringizga dushman bo’lgan paytlaringizda dillaringizni oshno qilib qo’ydiyu sizlar Uning ne’mati sabab birodarlarga aylandingiz. Aniq hujjatlar kelganidan keyin bo’linib ketgan va bir-birlari bilan ixtilof qilib talashib-tortishgan kimsalar kabi bo’lmangiz! Ana undaylar uchun ulug’ azob bordir» 274.

«Ey mo»minlar, to’da holda islomga kiringiz! (Ya’ni islomning ba’zi hukmlariga itoat qilib, ba`zilariga itoat qilmaydigan kimsalardan bo’lmangiz!) Va shaytonning izidan ergashmanglar! Agar sizlarga ochiq hujjatlar kelganidan keyin ham toyilsangiz, bilingki, albatta. Alloh qudratli, hikmatli zotdir» 275.

«Nozil qilgan narsam (Qur`oni karim)ga iymon keltiringiz. Uni birinchi inkor qiluvchilardan bo’lmangiz. Va oyatlarimni qiymati oz narsalarga almashtirmanglar… Haqni botilga aralashtirmanglar va bilgan holingizda haqni berkitmanglar» 276.

Ushbu oyatlarning mazmunini quyida Imom Buxoriy keltirgan hadis yanada to’ldiradi: «Qur’on hukmlari xususida ixtilof qilmangki, zero sizdan avvalgi o’tganlar diniy ahkomlar xususida ixtilof qilganliklari sababli halok qilingandirlar».

Ajablanarlisi yana shuki, ulamolarimizga bu nifoq va ajralishlar ham kifoya qilmay, yaqinda qadim va jadid nomlari ostila yana bir ixtilofni ixtiro qildilar. Millatimizning o’limiga sabab bo’lishi mumkin bo’lgan shuncha ijtimoiy jarohatlar ustiga yana bir zaharli xanjarni sanchdilar.

Xilma-xil yo’llarda yurgan bu janoblarga biz Qur’oni karim va hadisi sharif hukmi bilan javob beramiz: «Shia va sunniy yoki qadim va jadid nomlari ostida kelib chiqayotgan nizo va ixtiloflarning barchasi shariatga xilofdir va bizni gunohqor qilguvchidir».

Shu o’rinda ba’zi qorilarimiz aytishlari mumkinki, nizo va bo’linishlarimiz yaxshi emas ekan, ijtimoiy hayotimizning badbaxtlik sabablari ham shu ixtilof va nizodir. Lekin nima qilmoq kerak? Bugun sunniylar bilan shialar ba’zi mazhab mas’alalarida, qadimlar va jadidlar esa ba’zi ijgimoiy qoidalarda kelishmaydilar, ixtilof qiladilar, ularning hech biri qarshi tarafning ra’yini qabul qilmaydi, shuning uchun millat o’rtasida muxolifat va nizo qolaveradi.

Sizlarning ana shu e’tiborlaringizga ham Qur’oni karim javob beradi: «Ey mo»minlar, Allohga itoat qilingiz va Payg’ambarga hamda o’zlaringizdan bo’lgan (ya’ni musulmon) hokimlarga bo’ysuningiz! Bordiyu biron narsa haqida talashib qolsangiz — agar haqiqatan Allohga va Oxirat kuniga ishonsangiz, u narsani Allohga va Payg’ambariga qaytaringiz» 277.

«Sizlar bu (hayoti dunyoda kofirlar bilan) ixtilof qilgan har bir narsaning hukmi (Qiyomat kunida) Allohga qaytarilur va U zot kim haq, kim nohaq ekanligini ajratib berur…» 278

Ustod ul-muhaqqih Imom G’azzoliy «Al-qistosi-l- mustaqim» 279 nomli kitobida ustod va yashirin mazhablarning birida bo’lgan shogirdning o’rtalarida bo’lib o’tgan munozarani keltiradi. Bahsning oxirida o’sha shogird ustodidan ixtilof mas’alasini ham so’raydi. Imom javob beribdi. Shogirdning «Xaloyiqni ixtilofotlardan qanday qilib xalos qilish mumkmn?» — degan savoliga Imom: «Agar odamlar mening so’zlarimni tinglashganda edi, bu ixtiloflarga Qur’oni karim yordamida barham berardik, lekin buning uchun ular mening gaplarimni eshitishlaridan boshqa chora yo’q», — deb javob beribdi.

Imom G’azzoliy ham shu javobning tarafdori ekanligini bildiradi-yu, lekin afsus bilan buning iloji bo’lmasligiga ikror bo’ladi.

Voqean, islomdagi bu ixtiloflar qadim zamonlardan buyon davom etib keladi, ildiz otib ketgan, mazhablarning tobe’larini bir doiraga kiritish mahol ish, biroq bundan ma’yus bo’lib, qo’l siltash yaramaydi, zero, da’vat qilish bilan ish bitmasa ham, lekin ularni isloh qilib kamaytirish mumkin.

Bugun islom ahli o’rtasidagi ixtiloflar dushmanlik tusini olgan, turli mazhab tobe’lari boshqa mazhabdagilarni «kofir» deydi. Lekin ularning hammalari mazhabidan qat’i nazar, «la ilaha illalloh Muhammadur-rasululloh» deydi. Ajabo, ularning o’rtasidagi bu dushmanlikni yo’qotib, qanday qilib birodarlikni o’rnatish mumkin? Mening nazarimda, bu ish juda ham qiyin emasdek ko’rinadi. Mas`alani shia va sunniy mazhablari misolida ko’rib chiqamiz.

Mamlakatimizda mavjud bo’lgan bu ikki jamoa doimo bir-birlariga mushohada qiladilar, ularning har biri musulmonga jabru zulmni istamaydi, o’zlarini musulmon deb biladilar, qiblalari bir — Ka’ba, Payg’ambarlari — Muhammad alayhissalom, Kitoblari — Qur’on, yagona Allohga ibodat qiladilar Endi Qur’oni karim va hadisi sharif hukmlariga nazar tashlaylik-chi, shu ikki jamoaning bir-birlariga kofir deyishlari to’g’rimikan?

«…Va bu hayotiy dunyoning narsasini istab sizlarga salom bergan kishiga: «Sen mo»min emassan!» demanglar!»

Hazragi Imom Buxoriy ushbu hadisni keltirganlar: «Biz qaraydigan qiblaga qarab, biz kabi namoz o’qiydigan va so’yilgan qurbonliklarimizni yeydigan kishi musulmondirki, Xudo va Rasuliga iymon keltirgan, bas, siz uning ahd qilgan iymoniga xalal bermang».

Shu xususiyatlardan kelib chiqib mas’ala yechimiga qaraydigan bo’lsak, hamma islomiy mazhablarga nazar tashlasak, ularning tobe’larini kofir deb bo’lmaydi. Kofir deb bo’lmaydi, degan bir vaqtda ularga bir-birovlarining qonini to’kishi joizmi? Aslo ham joiz emas! «Kim qasddan bir mo»minni o’ldirsa, uning jazosi jahannam bo’lib, o’sha joyda abadiy qolajak. Va u Allohning g’azabi va la’natiga duchor bo’lgan, Alloh uning uchun ulug’ azobni tayyorlab qo’ygandir». Mazkur oyatlar mazmunini quyidagi Imom Buxoriy keltirgan hadislar to’ldirib keladi: «…Agar ikki musulmon qilich yalong’ochlab, bir-biriga xamla qilsa, o’ldirgan ham, o’lgan ham do’zaxga tushadir». «YO Rasululloh. o’ldirgan-ku mayliya, o’lgan nega tushgaydir», — deganimda, «U ham sherigini o’ldirmoqqa jazm qilgandir», — deganlar, deb rivoyat qiladi Abu Bakr.

«Qo’li bilan va tili bilan o’zgalarga ozor bermagan kishi musulmondir».

«Musulmonga dashnom berish fisq, o’ldirish esa kufrdir».

Mas`alani yaxshilab tushuntirgan bo’lsam kerak, deb o’ylayman Endi yana bir savol qoldi. Bir-birovimizga do’st-birodar bo’lishimiz uchun shularning barchasiga rioya qilishimiz lozimmi? Albatta, lozimdir!

Mo’`minlar bir-birlariga birodardirlar, deb yana qaytaryapmiz. Hamma musulmonlar qaysi mazhabda bo’lishlaridan qat`i nazar bir-birlari bilan birodor bo’lsalargina umumbashariy saodat yo’lida harakat qilishga vaqt yetib keladi. Shunda musulmonlar hech bir kavmga nafrat qilmaydilar, bezor bo’lmaydilar, hech kim bilan xusumatlashmaydilar, balki himmat kamarini bog’lab, aqliy dalillar va ilmu hikmat hamrohligida haq yo’lda bardavom bo’ladilar. Islom dinining g’oyasi mana shundan iborat. Hazrat Payg’ambarning «Rahmatul-olamin» ekanliginiig ma`nosi ham shunda.

To’g’ri yo’lga hidoyat qiluvchilarga rahmat va maqtovlar bo’lsin! Omin!

IZOHLAR

  • Bobda Fitrat oila haqidagi umumiy islomiy aqidalarni berish bilan cheklangan, keyinroq bu xususda maxsus to’xtalish lozimligini anglab, alohida risola bitgan.
    255.Kur’oni karim, Niso surasi, 30-oyat.
    256.Kur’oni karim, Baqara surasi, 228-oyat.
    257.Kur’oni karim, Niso surasi, 34-oyat.
    258.Iso Masih eshagi — bu hayvon payg’ambar Isoning doim xizmatida bo’lgani «Injil»ning ko’p joylarida zikr etilgan.
    259.As’hobi Kahf iti, as’hobi Kahf — G’or do’stlari qissasi Kur’oni karim (Kahf surasi)da keltirilgan bo’lib, ug’sha zolim hokim istibdodidan dini iymonlarini saqlab qolishlari uchun o’z jonlarini fido qilgan yigitlarning bir Kahf — g’orga panoh tortib kirishi, u joyda uch yuz yil qolib ketishganidir. Shunda ular bilan birga cho’ponning iti ham kirgan ekan.
    260.Solih payg’ambarning tuyasi. Bu qissa ham Kur’oni karimning ko’p suralarida keltirilgan. Rivoyat qilishlaricha, Solih payg’ambarning qavmi — Samut undan haq payg’ambar ularning ko’z o’nglarida bir xarsang toshni tirik tuyaga aylantiradi va uni so’ymay, o’ldirmay o’z holiga tashlab qo’yishlarini buyuradilar. Aks holda boshlariga balo kelishi haqida ularni ogohlantiradilar. Samut qavmi tuyani so’yganda jazoga mustahiq bo’lgan.
    261.Qur’oni karim, Niso surasi, 128-oyat.
    262.Ma’xud — Mashrabning izdoshlari bo’lgan qirq qalandardan biri.
    263.Maslagi — bu yerda: yo’li, usuli.
    264.Qur’oni karim, Maryam surasi, 96-oyat.
    265.Qur’oni karim, Baqara surasi, 195-oyat.
    266.Qur`oni karim, Isro surasi, 23-oyat.
    267.Qur`oni karim, Ankabut surasi, 8-oyat.
    268.Qur`oni karim, Niso surasi, 128-oyat.
    269.Qur’oni karim, Rum surasi, 21-oyat.
    270.Qur`oni karim, Al-Isro’ surasi, 26-oyat.
    271.Qur`oni karim, Naxl surasi, 90-oyat.
    272.Qur`oni karim, Hujurot surasi, 10-oyat.
    273 Zaydiy — islomdagi mazhablardan biri
    274 Qur’oni karim, Oli Imron surasi 103-105 oyatlar
    275 Qur’oni karim, Baqara surasi 208-209 oyatlar
    276 Qur’oni karim, Baqara surasi 41-42 oyatlar
    277 Qur’oni karim, Niso surasi 59-oyat
    278 Qur’oni karim, Sho’ro surasi 10-oyat
    279 «Al-qistosi-l- mustaqim» (Aniq tarozi) — Imom G’azzoliyning vahdati vujud haqidagi asari

Risolaning to’liq matnini sahifa quyisida mutolaa qiling

Abdurauf Fitrat. Najot  yo»li

07

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring