Abdurauf Fitrat. Oila

09815 май — Бутунжаҳон оила куни

   Фитратнинг “Оила” асари том маънода ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлувчи тарбиявий асардир. Лекин унда педагогик-дидактик услуб эмас, жанговар чорлов услуби устун. Фитрат учун юксак ахлоқийлик эрк ва эрксеварлик билан мустаҳкам боғлиқ. Туркистон ва туркистонликни озод кўриш, яъни миллий мустақиллик мафкураси китобнинг руҳига сингдириб юборилган. Уни ўқиган киши нафақат ахлоқий фазилатлар нималардан иборат ва уларга қандай эришиш кераклигини, балки миллий озодлик, шахсий эркинлик нима-ю, уни қандай қилиб қўлга киритиш мумкинлигини англаб олади.

03

7Фитрат Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг машҳур вакилларидан, янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан, усули жадид мактабларининг назариётчиси ва амалиётчиси, драматург, носир, шоир ва олим. У маданиятимиз тарихида шоир ва носир, драматург ва публицист, тилшунос ва адабиётшунос, тарихчи ва файласуф, санъатшунос ва жамоат арбоби сифатида қолган. 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра Навоий мукофоти ва Мустақиллик ордени билан тақдирланди.

Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат 1886 йил Бухорода зиёли оилада туғилган. Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқиган. Фитрат араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган.

Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланган бўлиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолган. У асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлган. Мустафо биби Шарқ адабиётини яхши билгани туфайли Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби улкан шоирларнинг ғазалларидан хабардор бўлган. Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган.

Туркияда ташкил топган «Бухоро таълими маорифи» уюшмасида фаоллик кўрсатган. Унинг илк шеърий тўплами 1911 йилда «Сайҳа» («Чорлов») номи билан шу ерда чоп этилган. «Сайёҳи ҳинди», «Мунозара» каби асарлари ҳам шу йилларда Туркияда босилган. 1909-1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар билан суғорилган қатор асарлар ёзган. У Туркиядаги таҳсили даврида ўзига Фитрат (зукко, доно, билимдон) деб тахаллус олган.

Фитрат ижодининг бошланиши Туркистонда инқилобий ҳаракатлар кучайган, Шарқ уйғонган даврларга тўғри келади. У 1913 йили форс-тожик тилида яратган «Мунозара» асарида Бухоро амирлигининг диний жаҳолат ва хурофот орқасида бошқа мамлакатлардан орқада қолгани сабабларини очиб ташлайди. Бу даврда Оврўпо фани ва маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлигининг муҳим йўналишини ташкил этган.

Фитрат 1917 йили Февраль инқилобидан кейин «Ҳуррият» газетасини ташкил этиб, унда халқни истиқлол учун курашга даъват этувчи шеър ва мақолаларини эълон қилган. Унинг «Ҳуррият» газетасида босилган «Юрт қайғуси» номли шеър ва сочмаларида Туркистоннинг ҳурлиги учун курашга бел боғлаган лирик қаҳрамоннинг «Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!» деган даъвати баралла эшитилади.

Фитрат фақат етук шоир, публицист ва ҳикоянависгина эмас, балки етук драматург сифатида ҳам адабиётимиз ва маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Унинг «Қон», «Бегижон», «Темур сағанаси», «Ўғизхон», «Або Муслим», «Ҳинд ихтилочилари», «Чин севиш» каби драмаларида миллий мустақиллик учун кураш ғояси ёрқин ифодасини топган.

1922 йили нашр этилган «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламида Чўлпон, Элбек шеърлари билан бирга, Фитратнинг бир қатор шеърий асарлари ҳам илк бор ўзбек ўқувчисига ҳавола этилган. У мазкур тўпламга кирган «Миррих юлдузига», «Беҳбудийнинг сағанасини излаб», «Шарқ», «Шоир» каби шеърларида миллатпарвар ва ватанпарварлик позициясида қатъий турганини яна бир бор намойиш этиб, Октябрдан кейинги воқеаларнинг ғайриинсоний моҳиятини фош этади. Шоир ижоди ва дунёқарашидаги ана шу ҳол кейин ҳам сусаймай, «Абулфайзхон», «Арслон» ва «Восеъ қўзғолони», «Шайтоннинг тангрига исёни» каби драмаларида янада чуқур ўз ифодасини топди. Унинг «Қиёмат» каби ҳикояларида диний фанатизм ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўлган куч сифатида фош этилади.

Фитрат йирик адабиётшунос олим сифатида ҳам бир қанча асарлар яратган. Жумладан, «Адабиёт қоидалари», «Аруз ҳақида» каби илмий рисолалари «Эски ўзбек адабиёти намуналари» сингари тазкиралари ўзбек адабиётшунослиги фанининг шаклланишида муҳим роль ўйнади. Шунингдек, унинг Умар Хайём, Фирдавсий, Навоий, Бедил ҳақидаги тадқиқотлари адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Фитрат Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби ўндан ортиқ мумтоз адабиёт вакиллари ҳақида ҳам мақолалар ёзган. Шу тарзда уларнинг адабиётимиз тарихида ўрни ва аҳамиятини белгилаб ҳам берган.

Фитрат, айни пайтда, давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам фаол хизмат қилган. Жумладан, 1921-1923 йилларда Бухоро Халқ Жумҳуриятида маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилган. 1923-1924 йилларда эса фрунзечилар томонидан қувғин қилинган шоир Москвадаги Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланган, маърузалар ўқиган. Фитратнинг ўзбек тили грамматикасига оид дарсликлари 1925-1930 йилларда беш марта чоп этилган. Тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича олиб борган тадқиқотлари учун Фитратга ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб профессор унвони берилган.

Фитрат ҳам мустабид тузум тазйиқи остида 1937 йилда ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрда Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ёзувчилар билан бирга отиб ташланган. Фитрат гарчи 60-йилларда оқланган бўлса ҳам, фақат истиқлол даврига келиб рўшнолик юзини кўрди. Бу даврга келиб унинг «Чин севиш» тўплами нашр этилди. Шунингдек, сўнгги йилларда унинг кўп жилдлик «Танланган асарлар»и чоп этилмоқда. Энг муҳими, фитратшунослик илми авж олиб, ўнлаб диссертациялар, юзлаб илмий мақола ва рисолалар яратилди.

1991 йил 25 сентябрда Фитратга вафотидан кейин ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари учун Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

Фитрат номида Тошкент ва Буxорода кўчалар, мактаблар бор. Туғилган шаҳрида ёдгорлик музейи очилган, xиёбон барпо этилган, 1996 йили таваллудининг 110 йиллиги мамлакат миқёсида нишонланди. Фитрат Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра Навоий мукофоти ва Мустақиллик ордени билан такдирланди.

Асарлари:
«Сайха» («Фарёд» 1912, илк шеърий тўплами), «Учқун», «Шеърлар, Достон», «Менинг туним», «Шарқ», «Йигит», «Бир оз кул», «Мирриx юлдузига» (1922, «Гўзал юлдуз, еримизнинг энг кадрли тувғони» мисраси билан бошланади. Бу шеър истиқлол рухи билан суғорилган, салкам 70 йил давомида миллатчилик руҳидаги асар сифатида бахоланган бўлиб, унда сотқин, иккиюзламачи, золим одамлар қораланган), «Мунозара» (С. Айний «бу асар давр тараққиётига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатди», деб баҳолаган асар), «Юрт кайғуси», «Қиёмат» (Хикоя қахрамони Почамир «Нима қилган бўлсам яратганнинг иродаси билан қилганман. Яратган менинг барча қилмишларимдан воқиф-ку, бу ерда ҳисоб-китоб килиб ўтиришнинг нима кераги бор» — деган), «Бегижон» (1916), «Або Муслим» (1916) «Темур сағанаси» (1918), «Ўғузxон» (1919), «Чин севиш», «Арслон» (1925), «Абулфайзxон», «Ҳинд иxтилолчилари» (1923, Берлин, Русия истибдодига қарши курашга чорловчи асар) каби драматик асарлари, «Адабиёт қоидалари» (1926, Адабиёт муаллимлари ва адабиёт ҳаваслилари учун ко‘лланма), «XВИ асрдан сўнгги ўзбек адабиётига бир қараш», «Фирдавсий замони ва мухити», «Аҳмад Яссавий», «Навоийнинг форсий шоирлиги ва унинг форсий девони тўғрисида», «Бедил» (илк тадқиқот), «Машраб», «Форс шоири Умар Хайём», «Ўзбек шоири Турди», «Ҳибатул хақойик» каби тадқиқот ва мақолалари, «Ўзбек адабиёти намуналари» (1928), «Аруз хақида» (1935), «Ҳинд саёҳи қиссаси» (1912), «Тилимиз» (1919) каби асарлари, «Ёпишмаган гажаклар» (1929, «Бойбўлатовга очиқ xат». Унда Фитрат Бойбўлатовга қарата «Азизим, Ўрта Осиёнинг оламга маълум бир маданияти бўлғон, бу маданиятнинг туркий асарлари қолган. Бу асарларнинг ҳаммасига бирдан «аxлат» лар дейиш сизнинг муҳокамангизнинг кирлигидан чиққан янги бир истилох бўлса керак» деган фикрларни баён этган. У Фитратнинг ўзига нисбатан панисломист, пантуркист, ўтмишни қўмсовчи ва унинг меросини тарғиб қилувчи комфирка ва социализмнинг душмани, миллатчи деган туҳматни ёпиштирувчиларга қарши раддия, очиқ xат сифатида эълон килинган мақоласидир), «Иттифок этайлик» (1917, унда Фитрат «…Қўлни — қўлга берайлик, ҳақ йўлинда, дин йўлинда, миллат йўлинда жадидимиз, қадимимиз, мулламиз, бойимиз ва авомимиз бир ерга тўпланайлик, бир-биримизга кўмакчи ва мададкор бўлайлик» деган эди), «Сиёсий ҳоллар», «Муxторият», «Туркистонда руслар», «Англиз ва Туркистон», «Шарк сиёсати» каби публицистик маколалари, «Меърож» (хикоя), «Оқ мозор», «Қийшиқ эшон», «Ҳинд сайёҳи баёноти» (форс-тожикча, 1912), «Раҳбари нажот» (1915), «Оила» (1916), «Вайрон бўлган қабрлар», «Амир Олимxон» рисоласи.

03

09«Оила» асарида оилавий хаётнинг ислоҳотидан баҳс юритилиб, адиб нажот йўлларини ахтаради. Фитратнинг оилага нисбатан қарашлари заминини Қуръонда шу масала бўйича олға сурилган фикр ва ғоялар ташкил этади. Шунинг учун хам бу китоб ўз вақтида тараққийпарвар ёшлар томонидан самимий қарши олинган. Оила асосини тўғри қурмасдан ва ёш авлодни тўлақонли тўғри йўлда тарбияламасдан туриб, жамиятни ислоҳ қилиш, унинг ривожини тарққиёт сари йўналтириш мумкин эмас. Охир оқибатда миллат тақдири унинг оиласининг холатига боғлиқ. Бу ғоя Фитрат асарида ўз ифодасини топган: “Хар бир миллатнинг саодати ва иззати албатта шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик анашу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қайерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат хам шунча кучли ва муаззам бўлади.” Оила, Фитратниннг талқинида, уч муҳим компонентдан иборат:

1)Эр.
2)Хотин.
3)Фарзандлар.

Анашу уч компонентнинг хар бири нозик, спецефик жиҳатларга эга. Чунки, эр ва хотин учун оила қуриш асосий муаммо бўлиши билан бирга, бу масала ўзининг мухим қирраларига хам эга. Фитрат оиланинг хуқуқий асосларини ёритиб, беришдан аввал, масаланинг ғоят муҳим томонларини хам ёдда сақлайди. Хаётнинг фарзандлар шаклида давом этиши, Фитрат назарида, фақат оила эмас, балки миллатнинг хам куч-қудратини, шаън-шавкатини билдирувчи омилдир: “Масалан, Белгияликлар ва инглизларни олиб кўрайлик, хар иккала миллат аъзолари ишчан ва харакатчандир. Лекин кўз олдимизга уларни келтириб, мухокама қилсак, кўрамизки, инглиз миллати белгия халқидан юз баробар кўпроқ куч ва шавкати эътиборга эгадир. Қизиғи шундаки, инглиз ва белгиялик миллатлар ўртасида илму-амал ва саъй харакатда фарқ йўқ.Унда шавкату шон ва иззат бобида шунча фарқ қаердан? Бу саволнинг жавобини хар иккала миллатнинг умумий сонидан топса бўлади, яъни инглиз милатининг ахолиси 44 минг, белгияликлар эса 7,5 мингга етади. Шунинг учун хам инглиз миллатининг умумий саъй-харакати ва амали белгияликнинг саъй-харакати ва амалидан бир неча маротаба унумлидир. Инглиз миллатининг кучи ва иззати, эътибори хам ана шу саъй ва амаллариннинг натижасидир. Шундан келиб чиқиб, Овропа хукмдорлари ўз миллатларининг сонини кўпайтиришга харакат қиладилар. Овропа олими ўз халқининг нуфузига путур етса,: “Эй! Мамлакатимизнинг шарафи ва эътибори қолмаяпти, Миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун фарзанд етиштирингиз,”- дея дод солади”.

Кўрамизки, оила ва фарзанд масаласи эркак ё аёлнинг хусусий масаласи эмас. Фарзанд нафақат ота-она хаётининг давоми балки айни пайтда миллатнинг хам, иқтидори, обрў ва эътиборини белгилайдиган занжир халқасидир. Миллат эса ватан, мамлакатнинг юраги, демак, миллат сон жиҳатидан қанчалик кўп бўлса у яшаётган ватанининг хам куч-кудрати шу қадар зиёд булиши табиий.

Оила масаласи:

1) Миллат.
2) Мамлакат.
3) Кишилик жамияти,

деган учликни таъминлаб турувчи мухим бир халқадир.

Фитрат талқинида сон, миқдор сифат дегани эмас, халқнинг сони кўп бўлиши, аммо уни ташкил этувчи кишилар ишёқмас, тебса-табранмас кишилар хам бўлиши мумкин.Ўз саодати, келажаги, яхши яшаши, осуда хаёт эгаси бўлишлик ўша миллат кишисининг харакатчанлигига хам боғлиқлигини айтади.” Қайси миллатнинг номоёндалари ғайратли, шижоатли бўлсалар, қўл оёғи кучли ва чаққон, хамма аъзолари соғ ва фаол иззат ва эътибор сохиби бўладилар” дея таъкидлаб ўтади. Фитрат миллатнинг сифати унинг миқдори билан хам боғлиқ томонларини англатган. Бунинг учун қайғурган хам. Оилада миллатнинг қадри ва шаънини белгиловчи харакатлар, аввало эр ва хотиннинг иффат, диёнати билан боғлиқ эканини хаётий мисоллар билан англатади.

  “ОИЛА” АСАРИДАГИ АХЛОҚИЙЛИК
ва миллий ўзликни  англаш масалалари

03

Абдурауф Фитратнинг ахлоқий қарашлари, миллий ўзликни англаш ҳақидаги ғоялари асосан ўзининг “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” номли асарида берилган. Ушбу асар 1914 йилда ёзилган. “Оила” асари ўша давр шиддатини ўзида мужассамлаштирган асар ҳисобланади. У ўзгача бир шиддатли услуб билан ёзилган. Сабаби, ўша давр шиддати қайсидир маънода бадиий асарларга ҳам кўчганди. “Оила” асарида ҳам танқидий руҳ, ҳам даъват руҳи кучли. Фитрат она Туркистонни озод кўришни истайди, бунинг учун ҳар бир туркистонлик оила, ахлоқ, аъмол ва эрк ўчоғи бўлмоғи лозим. Мутафаккир янги оилани ана шу тартибда қуришга даъват этади. Ҳар жиҳатдан соғлом бўлган оила етиштирган фарзандларгина миллатни юксакка кўтара олишини, уни истибдоддан қутқаришини айтади: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир. Лекин ана шу қурол-аслаҳамиз синиб, занг босиб чириб кетган. Шундай қуроллар билан бу дунёда бизга на саодат ва на роҳат бор…”, — дейди алам билан Фитрат.

Дарҳақиқат, давлатимиз келажаги ҳам, ривожланган мамлакатлар орасида тутган мавқеи ва салоҳияти ҳам, дунёқараши, билими, ақл-заковати, Ватан, жамият ва оила олдидаги бурчи ва масъулиятини теран англаши, бугунги авлодга боғлиқдир. Зеро билим ва касб-ҳунарга қизиқиш, ота-онага хурмат, дўстга садоқат, меҳр-шафқат, ҳалоллик ва поклик каби ахлоқий фазилатлар оилада шаклланади ва сайқал топади.
Абдурауф Фитратнинг “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” асари оиланинг пайдо бўлиши, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, оилада амал қилинадиган ички тартиб ва қоидаларга бағишланган. Айниқса, асарнинг “Уйланиш ёки уйланмаслик хусусида”, “Қалин (пули) ва тўй қандай бўлиши лозимлиги ҳақида”, “Эр-хотиннинг қандай яшамоқликлари хусусида”, “Оиланинг маишати ва идораси” қисмларида бу масалалар хусусида атрофлича фикр юритилган.

Абдурауф Фитрат ушбу асарида ҳар бир янги оила учун қўлланма вазифасини ўташи мумкин бўлган масалаларни ёритади. У ватанпарварлик ва миллатпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, китобнинг биринчи қисмига, маълум маънода меъёрий дастуриламал тарзида тартиб беради. Ундан ҳар бир янги оила қурмоқчи бўлган туркистонлик кичик ҳажмдаги ахлоқий-маиший, гигиеник-саломатлик қомуси сифатида фойдаланиши мумкин эди. Бундан ташқари, асарда оиланинг моддий томонлари, ташкил топгандан бошлаб, бузилишигача бўлган ҳолатларнинг ахлоқий асослари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтади. Бу жиҳатларни ўша давр нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак жуда ижобий жиҳат ҳисобланади. Чунки, бу даврда Туркистонда хали медицина унчалик ривожланмаган, кишиларнинг турмуш маданияти ҳам у қадар юқори эмас эди. Фитрат кўплаб хорижий давлатларда бўлганлиги сабабли, у ердаги ижобий, ўрганиш зарур бўлган, турмуш тарзига оид жуда кўп тажриба ортирган эди.

Эр-хотин ва фарзандлардан иборат, бир шахс бошчилигида, бирга яшовчилар, Фитратнинг фикрича, оилани ташкил этади. Асарда ҳар бир оила манфаатини химоя қилиш мақсадида турли қонунлар ишлаб чиқилгани, улар «манзил тадбир» (рўзғор тебратиш тадбири) деб аталгани таъкидланади. Шу маънода, муайян мамлакат аҳолиси ахлоқсизлик оқибатида оилавий муносабатларини заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл берса, шу миллатнинг саодати ҳам, ҳаёти ҳам шубҳа остида қолади.

Оилада аёлларга муносабат ҳақида тўхталиб, Фитрат қуйидаги ривоятни келтиради: “Ойша (р.а.) ривоят қиладилар. Набий алайҳиссалом дедилар: “Энг комил мўминлар хушҳулқ ва оиласи билан лутф ила муносабат қиладиганлардир. Ўз хотинларига мардикарим яхшилик қилади ва мардилаим ёмонлик”. Фитрат назарида мамлакат тақдири ва истиқболи баркамол фарзандларни тарбиялаш билангина белгиланмайди. Мазкур асарда миллатнинг маърифатпарварлиги аёлларга бўлган муносабатда ҳам ёрқин намоён бўлиши қайта-қайта таъкидланган.

Китобнинг иккинчи қисми фарзанд тарбиясига бағишланган. Фитрат ҳам тарбияни анъанавий йўналишда талқин этади: жисмоний тарбия, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Ана шу уч тарбия уйғунлигида ҳақиқий инсон камол топади, деб ҳисоблайди муаллиф. Китобнинг бу қисмида Фитрат, маълум маънода, ўзига хос ахлоқий тарбия назариясини тақдим қилади. У ихтиёр эркинлиги муаммосини майл тушунчаси орқали ўртага ташлайди: бахт майли, фаолият майли, алоқа майли, бошқаларга меҳр-муҳаббат майли ва ҳ.к. Буларнинг ҳаммасида ҳам инсонни жамият аъзоси сифатида, ижтимоий мавжудот сифатида олиб қарайди. Шунингдек, у иззат-нафс, айниқса, ирода масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. “Ирода ва ихтиёр” сарлавҳаси остидаги кичик бобда Фитрат фарзандни иродали қилиб тарбиялашга даъват этади, ирода тарбиясининг тўрт банддан иборат қоида-бос-қичларини таклиф этади. Болани иродали қилиб тарбиялашда ота-онанинг зўри эмас, балки болага бериладиган муайян эркинлик муҳим эканини таъкидлайди. “Ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуқлари” бобида ҳам балоғатга етган фарзанднинг эркинлик даражаси ҳақида фикр юритилади.

Муаллиф миллат тақдирини, унинг бахт-саодатини жамиятдаги оилавий муносабатлар камоли билан боғлайди. Унинг фикрига кўра, дунёда иззат ва саодат толиби бўлмаган бирорта қавм йўқ. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунчалик кучли ва мустаҳкам бўлади. Фитрат миллат камчилиги сифатида иқтисодий саводсизликни келтиради. Масалан, “Қалин (пули) ва тўй қандай бўлиши лозимлиги ҳақида” деб номланган бобида бизнинг одамлар бутун умр йиққан мол-дунёсини бир кунлик тўйга сарфлашини, қаердаги бемаза орзу-ҳавасларга берилиб исрофгарчиликларга йўл қўйишини қаттиқ танқид қилади. Мутафаккир тўйни кичик даврада исрофгарчиликсиз ўтказиб, ундан қолган маблағни ёшларни илм олишларига, соғликларга сарфлашларини таъкидлайди. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, Фитаратнинг ушбу фикрлари хали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Сабаби, бугун ҳам жамиятимизда бемани орзу-хаваслар деб, исрофгарчиликларга кўп пул сарфлаётган кимсалар хали ҳам мавжуд. Иқтисодий саводсизлик кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаришини ҳам муаллиф алоҳида таъкидлайди. Масалан, ҳамма пул тўйга сарфлангандан кейин ёш оилалар рўзғор тебратишга қийналади. Қарз-хавола қилиб ўтказилган тўйни қарзлари тўланадими ёки рўзғор тебратиладими. Бу каби муаммолар бугун ҳам йўқ эмас.

Умуман олганда, Фитратнинг “Оила” асари том маънода ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлувчи тарбиявий асардир. Лекин унда педагогик-дидактик услуб эмас, жанговар чорлов услуби устун. Фитрат учун юксак ахлоқийлик эрк ва эрксеварлик билан мустаҳкам боғлиқ. Туркистон ва туркистонликни озод кўриш, яъни миллий мустақиллик мафкураси китобнинг руҳига сингдириб юборилган. Уни ўқиган киши нафақат ахлоқий фазилатлар нималардан иборат ва уларга қандай эришиш кераклигини, балки миллий озодлик, шахсий эркинлик нима-ю, уни қандай қилиб қўлга киритиш мумкинлигини англаб олади. Шу боис мутафаккир-жадид Абдурауф Фитратнинг “Оила” асари Туркистон миллий Уйғонишида бениҳоя катта рол ўйнади, дейиш мумкин. Айни пайтда у ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ажойиб ахлоқий-маърифий рисола сифатида алоҳида эътиборга молик.
Фитратнинг ахлоқий қарашларининг долзарблиги шундаки у ўз даврини ахлоқий ҳаётини ўзгартирмоқчи ва инсонларни ўз даврининг миллий озодлик ғоясига чорлайди. Унинг бизга қолдирган мероси чинакамига бизнинг амалий фаолиятимизга тўғри келадиган ахлоқий онгимизни, ўзимизни тутишимиз, хатти-ҳаракатларимиз, муомала одобларимизни яхшилаш ва бойитишга катта хисса қўшади. Фитратниг “Оила” асари ўз даврининг ва бугунги кун инсониятининг маънавий дунёсини бойитишда катта рол ўйнайди.

Мақола Наманган Муҳандислик Педагогика Институти саҳифасидан олинди

АБДУРАУФ ФИТРАТНИНГ «ОИЛА» АСАРИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
09

Abdurauf Fitrat. Oila

087

(Tashriflar: umumiy 581, bugungi 4)

Izoh qoldiring