Abdurahmon Jomiy. G’azallar, qit’alar, ruboiylar

жомий

Саҳифа мутафаккир, аллома Абдураҳмон Жомий таваллудининг 600 йиллигига бағишланади.

Абдураҳмон Жомий асарлари ўзбек халқи орасида қадимдан маълум ва машҳур бўлган, таржима қилинган, қизиқиб ўқилган ва тингланган, мактаблар ва мадрасаларда ўқитилган. Сизга тақдим этилаётган ғазалларни таржима қилган Ш. Шомуҳаммедовнинг ўзи тан олиб ёзганидек, «Жомийнинг асарларидан бўлган ҳар қандай етук таржима ҳам оригинал (аслият) олдида нурсиз соядек туюлади».

09

077Абдураҳмон Жомий (тахаллуси; асл исми Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад) (1414.07.11, Жом – 1492.08.11, Ҳирот) – форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечиришган. Жомий мадраса ёшидан анча эрта Ҳиротдаги “Дилкаш” (Навоий маълумотига кўра “Низомия”) мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлида таҳсил олган.

Шу даврдаёқ у араб тилини мукаммал ўргана бошлаган. Кейинроқ Жомий ўз билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида буюк фалаккиётшунос Қозизода Румий, Али Қушчи, фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс кабилардан таълим олади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалаккиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини ҳам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танила бошлайди. Абдураҳмон Жомий Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. У ўзига Шайх Саъдиддин Қошғарий (вафоти-1456)ни пир қилиб танлайди. Ҳиротнинг жоме масжидида унинг суҳбатларини тинглайди. Саъдиддин Қошғатий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди. Жомий машҳур суфийлар билан яқиндан мулоқотда булади.

Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг асарларини чуқур мутолаа қилади. Ўзининг мутасаввифлик фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси – Хўжа Аҳрор билан яқин мунособатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман ўзини “Маломатия” тариқатига мансуб деб ҳисобласада, асарларида Нақшбандга ихлоси баланд экани кўриниб турарди. Жомий Хуросонда темурийлардан Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Абу Саид ва Ҳусайн Бойқаро подшоҳлиги даврида яшади. Хуросонда Ҳирот тахтига арбоб саройдан кетса, халқ ва мамлакат аҳволи янада оғирлашишини у яхши тушунар эди. Жомий ўз асарларини форс-тожик тилида ёзган, араб тилини ҳам яхши билган. Хоразмлик тилшунос Ибн ал-Ҳожибнинг араб тили наҳв (синтаксис)и ҳақидаги “Ал-Кофия” дарслигига 1492 йилда ғоятда яхши шарҳ битган. Бу китоб Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида сўнгги вақтларгача мадрасаларда араб тилидан қўлланма бўлиб келди. Алишер Навоий маълумотига кўра, Жомий туркий тилни ҳам яхши билган.

Абдураҳмон Жомийдан улкан ва ранг-баранг адабий илмий мерос қолган. Баъзи олимлар Жомий асарларининг умумий сони юзга яқин деб тахмин қиладилар. Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида унинг 38 асарини номма-ном санаб ўтган. Жомий асарлари фалсафа, тасаввуф, тилшунослик, адабиётшунослик, санъат соҳаларига ҳамда назм ва насрнинг ҳар хил жанрларига оид бўлган. Жомийнинг ижодий фаолияти кўп қиррали бўлса ҳам у Шарқ халқлари маданияти тарихида кўпроқ даҳо шоир ва мутафаккир – олим сифатида танилган. Бу жиҳатдан унинг насрий ва назмий мероси ғоят диққатга сазовордир. Сўнгги аср адабиётшунослари ҳақли равишда уни форс-тожик адабиётининг илк тараққиёт даврдаги (Х-ХV- асрлар) буюк мутафаккир ижодкор деб атайдилар. Жомий асарларининг бир қисми диний ва фалсафий мазмунга эга бўлиб, уларда шоир ислом дини ва шарқ фалсафасининг бир қатор масалаларини ўз қарашича талқин этади, тасаввуфнинг ХV-асрдаги йирик арбоби сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади. Бунга унинг

• “Нақши фусус” (“Маънолар нақши”),
• “Шавоҳиди нубувва” (“Пайғамбарликка далиллар”),
• “Шарҳи қасидайи “Тоия” (“Радифда “то” ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи”),
• “Нақди нусус” (“Матнни танқид”),
• “Шарҳи қасидайи “Хамрия” (“Хамрия” қасидаси шарҳи”),
• “Нақшбандия таълимоти ҳақида рисола”,
• “Воҳид” атамаси ҳақида рисола”,
• “Зикр” шартлари ҳақида рисола”,
• “Ҳаж қилиш йўллари ҳақида рисола”

каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин. Жомий фалсафанинг асосини тасаввуфий ғоялар ташкил этади деб ҳисоблайди. Ҳамма нарсани яратган ягона Худо гўзал машуқага ўхшаган бўлиб, мингларча ойнада турли қиёфа ва кўринишда намоён бўлади. У Юнон файласуфи Плотит жилоланиш (“Эмонация) фалсафасини давом эттиради ва янада ривожлантиради. Унинг фикрича, дунёдаги ҳамма нарсалар келиб чиқиши ва моҳияти эътибори билан илоҳийдир.

Жомийнинг “Лужжат ул-асрор” (“Сирлар денгизи”, 1475), “Ашиат ул-ламоат” “Ялтираган нур”, 1476) диний-фалсафий қасидаси Ибн Синога бағишланган. Достонларида халқ оммасининг энг яхши орзу умидларини куйлаган. Ети достондан иборат “Ҳафт авранг” (“Етти тахт” ёки “Катта айиқ”, 1480-87)даги “Силсилат уз-заҳаб” (“Олтин занжир”, 1472”), “Туҳват ул-аҳрор” (“Нуронийлар туҳфаси”, 1481-82), “Сибҳат ул-аброр” (“Тақводорлар тасбеҳи”, 1482-83) достонларида юксак хулқ-атвор мезонларини тарғиб қилган, кишиларни маърифатга, юртпарварликка, тўғрилик, инсоф ва имонга чақирган. “Юсуф ва Зулайҳо” (1483), “Лайли ва Мажнун” (1484), “Саломон ва Абсол” (1479-80) достонлари ишқий мавзуда. “Хиродномайи Искандарий” достони (1485) Низомийнинг “Искандарнома”сига тақлидан ёзилган. ХVIII аср охири ХIХ асрнинг бошларида Муҳаммад Ризо Огаҳий Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”сини ўзбек тилига таржима қилган.

Адабиётшунос ва тилшунос олим сифатида ҳам Жомий хизмати улкандир. У ўзининг “Баҳористон” асарида форс-тожик адабиётининг бир қанча намоёндалари ва Навоий ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унинг “Рисолаи аруз” асари аруз ҳақидаги энг мукаммал қўлланмалардан биридир. Жомий “Нафаҳот ул-унс” асарини ёзиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввиф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 нафари аёллардир.

Ушбу асарни Навоий маълум бир тўлдиришлар билан ўзбек тилига таржима қилган. Жомий фақат машҳур суфийлар ҳақида маълумот бериш билан чекланмай, қатор шоир ва адибларнинг ҳаёти ва ижодига ҳам тўхталади. Навоий бу асарни ўзбек тилига “Насоим ул-муҳаббат” (“Муҳаббат шабадалари”) номи билан таржима қилар экан, уни ўзбек шоирлари ва адиблари ҳақидаги маълумотлар билан тўлдиради. Жомий муаммо ҳақида 4 рисола (“Рисолаи муаммойи кабир”, “Рисолаи муаммойи мутавассит”, “Рисолаи муаммойи сағир”, “Рисолаи муаммойи мазмум”), рубоийлар шарҳи, қофия ҳақида иккита рисола ёзган, машҳур қасидаларнинг бир қанчаларига алоҳида алоҳида шарҳлар битган.

Жомий мусиқа соҳасида ҳам катта обрўга эга бўлиб, “Нақши Мулла” (“Нақши Имома”) асари муаллифидир. Шарқ мусиқа илми тарихида Жомийнинг “Рисолаи мусиқа”си ҳам алоҳида ўрин тутади. Рисола кириш, икки йирик қисм – “илми таълиф” ва “илми ийқоъ” ҳамда хотимадан ташкил топган бўлиб, улар ўз ичига 23 фаслни қанраб олган. Жомий ўзининг мусиқий назарий ва мусиқий-нафис қарашларида Абу Наср Фаробий, Абу Али ибн Сино, Сафиюддин Урмавий ва Абдулқодир Мароғийларнинг мумтоз анъаналарини давом эттирган. Асосий диққатини ўша давр амалиёти билан боғлиқ бўлган парда(лаб) тизимлари ( жинс, “Ўн икки мақом”, шуъба ва бошқа) ҳамда усул (ритм) масалаларига қаратган. Жомийнинг мусиқавий тафаккури адабий-бадиий ижодида ҳам ўз ифодасини топган.

Абдураҳмон Жомий 1472-йили ҳажга боради. Бу сафари вақтида Сабзовор, Бастом, Доҳмон Ҳамадон, Бағдод, Дамашқ, Табриз каби бир қанча шаҳарларда бўлади.

Абдураҳмон Жомийнинг бир қанча асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган. “Кофия шарҳи рисоласи”, “Шарҳи Мулло” (ёки “Мулло Жомий”) Марказий Осиё ва Идил (Волга) бўйи татарлари мадрасаларида араб тили граматикасидан дарслик сифатида ўқитилган.
Самарқанд шаҳрида Жомий ҳайкали ўрнатилган.

011
АБДУРАҲМОН ЖОМИЙ
ҒАЗАЛЛАР, ҚИТЪАЛАР, РУБОИЙЛАР
09

ҒАЗАЛЛАР

Доманинг кўкламдаги гул япроғидан покроқ,
Ғунчадек кўнглим-чи, шавқингдан яқоси чокроқ.

Остонанг-ку бировлар тупроғидан пок эди,
Энди кўз ёшим билан ювганда бўлди покроқ.

Юзлаб ошиқни ҳалок этдинг тиғинг кўрсатмайин,
Ошиқ ўлдирмакда йўқдир сенча шўх—чолокроқ.

Сен-ку мен тортган аламдан шодсан, кулмакдасан,
Гар қувонсанг мен бўлурман бунданам ғамнокроқ.

Яхшиларга севгучилар қонини тўкмак ҳалол,
Бизни ўлдирган ўзинг, э ҳаммадан бебокроқ.

Кипригим-ла сув сепиб, бағрим ўти-ла қиздирай,
Бўлмасин нопок қонимдан йўлинг намнокроқ.

Минган отингнинг туёғидан ўпай, биз ёнга сур,
Йўлларингда кўп кишилар хоку Жомий хокроқ.

* * *

Гоҳ дилимда, гоҳ кўзимда тут макон,
Иккиси ҳам сенга жо, эй жонажон.

Қоматинг тубий кабидир жилвагар,
Бу менинг бахтим эрур, эй ёри жон.

Кўзларимга сурма келтирди сабо,
Бу оёғинг гардидандир бир нишон.

Мен демасманким қулинг деб бил мени.
Под(и)шоҳга қулнинг аҳволи аён.

Дилдан олмоқ истадим ишқинг ўқин,
Чиқмагай лекин бу дилдан ҳеч қачон.

Икки зулфингни намоён айладинг.
Оч юзинг, кўрсат жамолингни бу он.

Даргоҳингдан маҳрум этмоқдан кўра,
Яхшиси Жомийни ўлдир шул замон.

* * *

Ёр кетди, фикру ёди нақшаи хотир эрур,
Гарчи суратда эмас, сийратда ул ҳозир эрур.

Зоҳиру ботинда ошиқ дўстини кўргай фақат,
Ушбу сўзим ботин аҳли олдида зоҳир эрур.

Дўст ҳузурида турибсан, эй кўнгил ҳушёр бўл,
Ҳар тарафга боқма, бод, жонон сенга нозик эрур.

Ишқ ташвишидан ўзга юкни фикрим хушламас,
Чунки бундан ўзга юк ошиқ учун оғир эрур.

Бенаво ошиқ тушунгач сабру тоқат завқини,
Ҳар жафога собиру ҳар жабрга шокир эрур.

Сен у лабни энг ниҳон сирнинг ниҳони қил фараз,
Адл уни топмокқа ожиз, қанчаким ўткир эрур.

Ул парипайкарни қилди сўз фусуни бирла ром,
Деса бўлгай Жомийни шоир эмас, соҳир эрур.

* * *

Ишқинг ғамида жоно, доим ишим фиғондир,
Дил кетди энди жоннинг кетмоғи ҳам аёндир.

Дилдан не ҳам сўрарсан, унда ғаму алам кўп,
Кўз ҳолига ўзинг боқ, қон ёшлари равондир.

Аввал қарор айлаб, буздинг кейин қароринг,
Менда у беқарорлик қандай эса, ҳамондир.

Вомиқга бир энлик хат ишқ узри-чун кифоя,
Узрога хат керакмас, ҳусни ўзи жаҳондир.

Эй, кўз ёшим, ювмагил чангларни сен юзимдан,
Чопқир бедовга мингган ёр чангидан нишондир.

Сийнамда ўстирибмиш ҳижрон туман тиканлар,
Менга шунинг ўзи бас, шу — менга бўстондир.

Ғам дарди қуйқасига, Жомий, қапоат этгил,
Шодлик тиниқ шароби сенга нуқул зиёндир.

* * .*

Не сабабдандир, нигоро, бунчалик нозу итоб?
Не сабабдан хаста дилларга азобинг беҳисоб?

Сенга арзим бор, азизим чоптириб от, ўтма тез,
Бағри тош дилбар мени кўргач надандир бу шитоб?

Сен дединг: «Ўксинма, киргумдир тушингга бир кеча».
Уйқусизман, туш ўзи қандай бўлур, бергил жавоб?

Ўт ва сувда ғарқ бўлган нотавонинг бўлмасам,
Не учун дил тўла ўтдир, не учун кўзда хуноб?

Сендан айру бир қимир этмоққа-ку йўқдир кучим,
Билмадимки, не учун қалбимда бунча изтироб?

Мадрасадан ҳажга, ё майхонага борсаммикин,
Айт-чи, эй йўлловчи пирим, дай бири бўлгай савоб?

Поклик ҳақинда, Жомий, лоф урарсан то бакай,
Бунга не боис сенинг жандангни булғатмиш шароб?

* * *

Қайси ёқут лаб ғамида кўзларимдир дурфишон?
Қайси гулруҳ ёдида конли ёшим бўлмиш равон?

Ҳар туни тонг отқуча кўйингда касбим ноладир.
Лоақал томдан туриб, сўрғилки ким айлар фиғон?

Ой юзингни тушда кўрсам деб қилур ҳар ким ҳавас,
Қайси уйғоқ кўз бу давлатга етаркан, қайси он?

Ғинг демасман, гарчи солдинг жонима юз доғлар,
Кимки кўрса ўз-ўзидан бўлгай аҳволим аён.

Эшигинг олдида қон дарё бўлиб оқмоқда, боқ,
Сен сўраб билгилки, қайси хастадан оқди бу қон?

Кўзларингдек эй пари бемордирман, гоҳ-гоҳ
Бир қиё боқгил, сўра, ким деб, бу зору нотавон.

Жомийнинг номини, мутриб, тангри ҳакқи, куйлама,
Тингламас куйингни, гар сезса сўзимдан бир нишон.

* * *

Келди жавлон пайти, шўхи шаҳсуворим қайдадир?
Ҳар киши ёри билан, билмамки ёрим қайдадир?

Ёр дийдори билан ҳар бир киши хурсанддир,
Мен нега ғам ёридирман, ғамгусорим қайдадир?

Токи нозик жилвасидан ҳар гўзал бўлсин хижил,
Ноз ила бир жилва этсин, гулузорим қайдадир?

Тобакай санқиб кезарман кўча-кўйда беқарор,
Жонга ором бергучи сабру қарорим қайдадир?

Бир умр тупроқ ўлиб, йўлида чекдим мен фиғон,
Бир йўла ҳам айтмади, ул хору зорим қайдадир?

Этагига нораво мендек ғубор, борми биров,
То йўқотсин кўз ёши-ла бу ғуборим қайдадир?

Жомий ёридан йироқ, хуш бўлгай аммо гоҳида,
Айтса эрди кошки, ул интизорим қайдадир?

ҚИТЪАЛАР

Қаноат давлати соясинда, бил,
Ҳимматим тамадан кетолди йироқ.
Амал бирла молдан ҳирсимни уздим,
Тама соясидан заҳмат яхшироқ.

*.* *

Пўлатдан бир парча тиш билан узмоқ,
Тирноқ билан тошда аринлар қазмоқ,
Жаҳаннам ўтига бош билан кириш,
Кўзлар милки билан олов — чўғ териш,
Юз тева юкини бўйинга илиб,
Шарқдан то Ғарбгача югуриб- елиб
Бормоқлик Жомийга енгилроқ, жўра,
Пастлар миннатини тортгандан кўра.

* * *

Ўзингдаи ақли паст бирла ҳамсуҳбат
Бўлмагил, оқиллар йиғмас паст сўзин.
Ақллироққа ҳам кўп шилқим бўлма,
У ҳам баландроқда тиккандир кўзин.

* * *

Дилдан ғам тугунин ечиб ташлайди
Хушовоз куйчида бўлса маҳорат.
Бемаъни такрору бемаъни чўзиш,
Ғазални «Ғ»сидан килади ғорат.
Жигар қони билан битилган сўзда,
Охир бошдан-оёқ қолмас фасоҳат.

* * *

Дилим бегона-ю ваҳшат чўлида,
Бирорта ошно ҳосил қилмади.
Умрда вафога кўп тиришди-ю,
Жафо топди, вафо ҳосил қилмади.
Бойлик топаман деб кимё билан,
Жонни берди, сафо ҳосил қилмади.
Бор-йўғин кимёга сарф этди, аммо
Кимёдан ҳам кимё ҳосил қилмади.

* * *

Шеър девони эмас бу, балки Жомий
Сахийларча ёзмиш тўкин дастурхон.
Нокасларга мадҳу ҳажвдан бўлак,
Не маъно истасанг бунда фаровон.

РУБОИЙЛАР

Ҳар кўзки, юзингга бодқа бирор он,
Сўнгра жудо бўлса, тинмай тўкар қон.
Васлингга етолмай тирик юрибман,
Нечук мени тирик қолдирди ҳижрон.

* * *

Тезроқ қайт, дил дарднок бўлди ғамингдан,
Сабр кўйлагим чок-чок бўлди ғамингдан.
Қон билан аралаш ерга қорилдим,
Бу ошиғинг ҳалок бўлди ғамингдан.

* * *

Кўзларда аён экансану, билмабман,
Сийнамда ниҳон экансану, билмабман.
Бутун жаҳон бўйлаб сени излабман,
Ўзинг бир жаҳон экансану, билмабман.

*.* *

Сабр шохи ҳосил этса, не ажаб,
Заҳмат ниҳоятга етса, не ажаб.
Вужуд хулосаси — дил ўша жойда
Тану бош ҳам унга етса, не ажаб.

* * *

Лабингни ҳар киши кўрганда жон дер,
Чеҳрангни кўрганлар моҳи тобон дер.
Хулласи, бир жаҳон ҳуснинг бор экан,
Ким қаеринг кўрса, шундан нишон дер.

* * *

Кетдинг, дилим қилди бу ғам ранжида,
Ҳам хотирим килди ситам ранжида.
Бир кун яшамоқ ҳам сенингсиз мушкул,
Эт энди гўримга қадам ранжида.

* * *

Бўлайлик дил хаста ҳам сийналар чок,
Ҳаётда доимо пок бўлайлик, пок.
Хокистар бўлайлик ишнинг бошидан,
Чунки охири ҳам хок бўлурмиз, хок.

* * *

Эй юзлари гулгун, лаби тоза май,
Ҳеч лаззат билмадим висолинг кўрмай.
Қўлларим бўйнингда туморинг бўлсун,
Гар десанг замона кинасин билмай.

* * *

Қоп йиғлайман, сендан тутмайман пинҳон,
Нима учун ахир кўзларим гирён?
Висолингда кўнгил бўлса ҳам шодмон,
Жудолик ваҳмидан яна дилим қон.

* * *

Э соғар, пасткашлар қўлидан бирпас,
Ажралгач, ёрим-ла бўлдинг ҳамнафас.
Бўсасин етказиб менинг лабимга,
Лабингдан лабимга лаззат берсанг бас.

* * *

Ман ҳижрон ғамида, дил юзингдан шод,
Тан ҳижрон ғамида, дил юзингдан шод.
Токай кўзим тўкар надомат билан
Қон ҳижрон ғамида, дил юзингдан шод.

* * *

Юз йиллик шодлигим олмишдир ғаминг,
Лоладек доғ дилдан кетмас аламинг.
Доғингда бир куни кирсам тупроққа,
Лола бўлиб унар дилдан ситаминг.

* * *

Сўзим чигиллик ой ғамида ҳар дам,
Ул меҳрсиз менга ўтказди ситам.
Топмайин дунёда сирдош бир маҳрам,
Сирдошларим фақат қоғоз ва қалам.

* * *

Васлига арзимас бўлсам на қилай,
Бўлмаса бир сирдош кимсам на қилай?
Қолиб кетдинг унинг кўйида дерлар,
Дилимга бас келолмасам на қилай?

022

(Tashriflar: umumiy 10 067, bugungi 1)

9 izoh

  1. .хазрат Абдурахмон Жомий.хар сузи Доно дуру гавхар шеьрият оламин нафис дурдонаси..нозик таьб калб эгаси ..шеьрлари жону дилим

  2. Дустлар жон деб сотиб олардим хазрат Жомий китобларини хеч ерда йук минг афсус

  3. Jomiy Xazratlarini Bayakkarashma zulayxo deb boshlanuvchi g’azallarini qayerdan topsam bo’ladi

  4. Хазрат Жомий буюк устоз аллома юксак истеьдод эгаси нафис нозик хис туйгуларга калби лиммо лим тулган инсон буюк суз устаси суз гавхарини хар битта ипга терган

  5. Азиз давримизнинг Хуршиди!! Ёзувлар уммонидан марваридлар топиб, биздай дуру гавҳар қидирувчиларга сочиб юрганингиз янада баракотли бўлсин! Эҳтиром ила Тошпулат Саидаҳмедов!

  6. Ajoyib.Tashakkur sizlarga.Ushbu sayt orqali barcha kerakli ma’lumotlarni topamiz.Alhamdulillah!!!

Izoh qoldiring