Ahmad Shomluning zamonaviy fors she’riyati haqidagi tanqidiy qarashlari.

09
Аҳмад Шомлу ХХ асрда ижод қилган Эрон шоирларининг энг ёрқин вакилларидан бири ва форс шеъриятидаги модерн шеър — оқ шеър (“шеъри сапид”) асосчисидир. Шоир  сизга тақдим этилаётган мақолада,менинг назаримда,Аҳмад Шомлунинг анча баҳсли фикру мулоҳазаларни баён этилган. Аҳмад Шамлунинг замонавий шеър ҳақидаги кўп фикрларини тасдиқлаган ҳолда унинг асосий «хато»сини кўрсатишни истайман: Шоир энг аввало, ўзи асос солган оқ шеър (“шеъри сапид”) ни қатъиятли ҳимоячиси сифатида эски шеърий анъаналарни кескин рад этади. Менинг назаримда, янгилик шеърни қофиясиз, нуқта-вергулсиз ёзишда эмас, янгилик шоир салоҳиятида намоён бўлади. Аҳмад Шомлунинг салоҳияти Эрон шеъриятида оқ шеър (“шеъри сапид”) ни пойидор этган бўлса, Эркин Воҳидов, Жамол Камол салоҳияти хору забун бўлган ғазалга қайтадан жон бағишлади. Ҳатто Эркин Воҳидов, Жамол Камолдан кейин ҳалигача ҳеч ким улар чиққан довоннинг яқинига йўламаган бўлса-да, бу яна менинг фикримни тасдиқлайди: гап шоир салоҳиятида. Адабиётни четдан келган бирон бир «изм» эмас, янги тафаккур билан кириб келган салоҳиятли ижодкор янгилайди ва бу янгиланиш бари бир қаердадир ўша эски анъаналарга суянган бўлади. Ҳатто Аҳмад Шамлунинг ижоди ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. Унинг янги шеъри форс шеъриятига замонага хос мавзуларни олиб кирган бўлса-да, шеърий оҳангларида,ифодаларида эски шеър жило бериб туради. Бунинг сабаби эса битта: тилда,шоирнинг она тилида.Зеро, ҳар бир халқнинг тили ўзида асрий ранглару оҳангларни садоқат билан асрайди. Тил ўзининг қадимий заминига таянган ижодкоргагина табиийлик бағишлайди. Бугун ўзбек адабиётида янги йўлларни излаётган шоиру носирлар мана шу ҳақиқатни унутмасликларини истардим.
Оқ шеъру сарбаст шеърни беҳад яхши кўрадиган мухлис сифатида айта оламанки, Аҳмад Шомлунинг эски ва янги шеър  хусусидаги қарашлари акс этган мақола шеърият хусусида ўйлашга мажбур этадиган ажойиб мақоладир.

Хуршид Даврон

022

Салоҳий Муқаддам, Баҳора Содот Бузарий
АҲМАД ШОМЛУНИНГ ЗАМОНАВИЙ ФОРС ШЕЪРИЯТИ ҲАҚИДАГИ ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАРИ

Бу мақолада Аҳмад Шомлунинг айтган ва ёзганларига асосланган ҳолда унинг замонавий форс шеърияти ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари тадқиқ қабзасига олинди. Шомлу шеъриятни ҳаётнинг ажралмас қисми деб билади ва уни аниқ таърифлаб бўлмайди, деган фикрдадир. У шеърга таъриф беришда фақатгина вазн ва хаёлий (тасаввур) сўзларнинг ўзинигина, айниқса замонавий форс шеърияти учун етарли эмас деб ҳисоблайди. Шомлунинг назарида шеър билан назмнинг фарқи бор: биринчиси, моҳирлик ва топилма эвазига яратилган асар, иккинчиси топилма бўлмаган ва ғайри ихтиёрий санъатдир. Ҳақиқий шеър тасаввур, ижод маҳсули ва илҳомнинг бир кўриниши бўлиб, шоир қалбининг энг нозик қатларида вужудга келади. Шомлу вазнни шеърнинг асосий ва муҳим хусусияти деб ҳисобламайди. У ғазал шаклини бугунги ҳаётимиз моҳиятига мос эмас деб ҳисоблайди ва кўпроқ эркин шеър тарафдоридир.

Муқаддима

Аҳмад Шомлу замонавий шоирларнинг энг йирикларидан бири ҳисобланиб, оқ шеър (“шеъри сапид”) асосчиси ҳамдир. Шу билан бирга замонавий шеърият ҳақида ўз қарашлари мавжуд бўлиб, мазкур мақолада унинг ана шу фикр ва мулоҳазалари татқиқ этилади.

Шеър ҳаётдан ажралган алоҳида нарса эмас

“Мен ҳеч қачон шеър бевосита ҳаётий асар эмаслигини тасаввур ҳам қилаолмайман ёки уни ҳаёт зарбалари ва дардларидан ажралган алоҳида нарса ҳам деб билмайман. Аслида эса шеър ана шу зарбаларнинг акс садоси деб ўйлайман.”1
Умуман олганда, шеър мутлақ ҳассос туйғудан туғилгандир, демак шеър шоир ички кечинмалари асосида яралган асардир. Шомлу шеърга ўзига хос таъриф бермайди: “Ундан ташқари шеърга аниқ таъриф беришига шубҳа қиламан, чунки то шу кунгача ҳеч ким шеърга аниқ ва муайян таъриф бераолган эмас. Берилган таърифларнинг ҳаммаси ҳам умумий тўқилган. Ҳеч иккиланмасдан қайси асар “шеър” эмас, ёки қайси асар “бўш шеър” деб айтиш мумкин; аммо ҳеч қачон “шеър нима” деб айтиб бўлмайди. Вазн, тахайюл (тасаввур) ва бошқа сўз- лардан иборат таърифлар Саъдий, Пажмон, Ҳамидий, Ҳазин Лоҳижий ва булардан бошқа шоирлар шеърлари учун етарли бўлган, аммо Нимо ёки бошқача қилиб айтганда, Нимога ўхшаш шоирлар шеърини бу мезонлар билан ўлчаб бўлмайди.”2
Шомлу айтганидек, “янги шеър”ни (шеъре нўу”) таърифлаб Хўжа Насир ва Шамс Қайснинг берган таърифлари етарли эмас, албатта бугунги шеърни яхши баҳолайди ва қиёсий адабиётда кўтарилган ҳамда шубҳасиз таъсирланувчи ва таъсир этувчи масалаларга тасдиқ бармоқларини босади:
“Бизнинг бугунги шеър – кенг қамровли, юқори даражали ва кўнгилга ёқадиган ва юракни титратувчи шеър бўлиб, таъсирланувчи ҳудудлардан ўтиб, таъсир этувчи босқичга қадам қўйди, аммо ҳақиқатдан кўз юммаслик керак: бу шеър асрлар давомида уйқу ва хушгузаронликда ўтказди, ўзининг бедорлик ва огоҳлиги борасида эса кўп ҳолда бошқа мамлакат ва тилларда ижод этган 30- 50-нчи йилларнинг йирик шоирларидан миннатдор бўлиш керак. Ҳақиқий шеърларни бизга ўргатган устозлар мажбурият йўлларини ҳам кўрсатиб бердилар. Элюар, Вурко, Неруда ва Хьюс каби шоирлар бизни турли тиллар имкониятлари ва бу қоидаларнинг ҳар хил босқичлари билан таништирдилар. Энг муҳими қасида, ғазал ва рубоийнинг тор деворларидан бизни юксакликларга кўтардилар. Шундай кенгликлар узра кўз илғамас олисликлардан, ҳатто Ҳофиз ва Мавлавийлар каби буюк устозларни ҳам янги қарашлар орқали ва Ажам шеърияти меъёрларидан бошқа мезонлар воситасида таниш ва билишда ҳам уларнинг ҳидояти ва тарбияти олдида мажбуриятлимиз”3.
Бизнинг назаримизда, ўша Шомлу айтганидек, Ғарб адабиёти мактабларининг шоирлари кўрсатган таъсирини кўрмасликка олиш ҳеч мумкин эмас, чунончи символизм мактаби ва француз адабиётининг Нимо Юшичга кўрсатган таъсирини ҳам кўрмасликнинг имкони йўқ.
Шомлу назм ва шеър ўртасидаги фарқни эътироф этади ва бу борада ажиб бир ўхшатиш (ташбиҳ)ни келтиради: “Наср худди оқ ва қора сурат сингаридир, назм рангли сурат ва шеър эса наққошликка ўхшайди. Ҳеч ким назмни шеър ўрнига ейишга мажбур этиши керак эмас”.4
“Назм ҳунармандлик асари, шеър эса санъатдир. Булар бир-биридан фарқ қилувчи икки нарсадир. Назм ёки унинг техникаси предметни қамраб олувчи илм маҳсулидир ва ўй-фикр ҳамда унинг техник томонларини эгаллаб олиш меҳнат воситасида эришилган бўлади; шеър эса бундай эмас. Шоирликка ўргатиб бўлмайди. Бир шоир учун шеър вужудга келтириш ихтиёрий амал эмас, “балки ҳаётнинг оний бир лаҳзасининг тажаллийсидир”.5
Ҳақиқий шеър – ўй фикр, хаёлот ва ижодкорлик шеъри бўлиб, илҳомнинг бир туридир. Бинобарин шеър шоир вужудининг энг чуқур қатларида унади, унинг зеҳни ва қалбида жўшади, охир оқибат ташқарига отилади.
Шомлу ўзини шеър дунёсининг шайдоси деб билади:
“Шеър доим келавермайди. Бизнинг уйимиз шундай бир сарзаминдаки, у ерда булутлар фақат баъзи пайтлардагина ёғадилар. Шунинг учун то булутлар пайдо бўлгунга қадар тезда пақир ва тоғора, ҳамда қўл остида бўлган нарсаларни ёмғир сувини тўплаш учун очиқ ҳавога қўйиб қўямиз”.6
Бошқа бир жойда ёзади:
“Шеърни шоир куйламайди, то у ёки бу маънодаги айёрликдан фойдаланиш ихтиёри унга келмагунча . Ҳақиқат шундаки, шеър шоир жони овозининг акс садосидир; шунингдек, қандайдир серташвиш васваса билан шоирни ўраб чирмаб олади ва уни ёзишга мажбур этади; гўёки аввалдан тартибсиз равишда эшилган сўзлар, тасвирлар, оҳанглар ва ритмлар билан”.7
Шомлу шеърнинг туғилиш онларини шундай тавсифлайди: “Шеърнинг туғилиш они қайғу-ғам таъсиридан, баъзан руҳнинг муҳитдан ўта чуқур, узоқ ғойиблигидан ва тўсатдан ёзишга эҳтиёж сезишдандир”.8
Яна асл шеърни сунъий шеърдан қуйидагича фарқлайди:
“Шеър ёки ўзаро контакт ютуқлари унинг атрофидаги жаҳон билан шоир хислатидир, ёки сунъий қочириш маҳсули. Биринчи навбатда, шеър табиий равишда туғилади ёки ҳамла қилади, булоқдек қайнайди; иккинчи навбатда, сунъий туғдириш (кесерево усули) йўли билан дунёга келтирилади, ёхуд челак ва насос билан қудуқ тагидан тортиб олинади. Биринчи гуруҳ шеър, эҳтиёжига мос барча хусусиятларни ўзида мужассамлайди; аммо иккинчи гуруҳ шеър, безак-тузаклар ҳамда турли эътиборларга муҳтождир то оёққа тургунча, яъни уни эътироф этиб, уни қабул қилгунча ва унга муҳаббат қўйгунча”.9
Шомлу бошқа бир жойда айтади: “Қайноқ шеър ер тагидаги булоқдан отилиб чиқади, мен уни фақат ўқувчига етказаман холос, айнан почтальон бир хатни етказгандек”. У ўзини ўз шеърларининг яхши шарҳловчиси деб билмайди. “Дўстлар менинг ўз шеърларимнинг энг ёмон шарҳловчиси эканлигимга ишонадилар, мен буни жиддий айтаётибман”.10
Шомлу асл шеърни ёлғизлик қаъридан чиқаётган доди-фарёд деб тушунади:
“Шеър ўз табиатига кўра танҳолик қаъридан чиқаётган нидодир, чунки шоир дунёси шундай индивидуаль дунёки, ҳатто сон-саноқсиз маддоҳлар ҳам тасаввурга хилоф равишда , фақат унинг дардли ғами ва кечинмасини кўпроқ билишни ҳаддан зиёд ошириб юборадилар”.11
Шомлу ташқи оҳангдорликдан кўра, ички оҳангдорлик ва шеър маънодорлиги ҳақида кўпроқ қайғуради. Шунинг учун вазн ва қофияни “ғубор” деб атайди. Ва у ҳақда мутлақ фикрлаш тоза ва асл шеърни хиралаштириб қўяди.
“Мен шеърни эгаллаб олдим ва истайманки, вазн ва қофия ғубори, унинг шаффофлигини хиралаштирмасин. Кўза албатта жуда қимматбаҳо бўлиши мумкин, аммо бизнинг ташналигимизни ундаги сув қондирадику! Улар эса кўзанинг нақши ҳақида кўпроқ қайғурадилар, чунки ташна эмаслар ёки кўзафурушдирлар ёхуд ҳеч бўлмаса сувга чанқоқ бўлганлар овозини чиқарадилар, холос”.12
У бошқа бир жойда, вазнни шеър учун зарурий ва асосий омил деб ҳисобламаслигини очиқ баён этади ва ҳатто унга маҳдудловчи омил деб қарайди.
“Мен асло вазнга шеър учун зарур ва асосий компонент ва ё имтиёзли хусусият сифатида қарамайман, балки аксинча вазнни қўллаш мажбурияти шоир зеҳнини тўғри йўлдан чалғитишига қатъий ишонаман, чунки вазн чорасизликдан ва фақат сўзларнинг бир қисмидангина фойдаланишга имкон беради, холос, яъни бошқа кўпгина муҳим сўзлар эшик орқасида қолиб кетади. Ваҳоланки, айнан вазнга сиғмаган ўша сўзлар ўзаро даъво ёки талаш жараёнида шоир зеҳнининг ижодий йўналишида бўлса тўғри бўларди”.13
Шомлу қофия ҳақида вазминлик билан мулоҳаза юритади:
“Қофиядан умидли топшириқларни олиш мумкин, яъни қофия воситасида ўқувчи эътиборини тезда фикрда пишиб етилган асосий ва махсус сўзга қаратиш мумкин. Айнан шу сўзнинг ўз пайти ва ўрнида келиши ҳам шеърнинг мусиқийлик таъсирини ўтказишда жуда катта ёрдам беради. Ҳатто айтиш мумкинки, баъзи ўринларда шеър қурилишининг бутун оғирлигини ўз елкасига олади”.14
Шомлу муҳим бир масалани ўртага қўяди: янги шеър қадимги форсий шеър ортидан сайр қилиб юрди ва форс шеърининг безовта денгиз мавжлари бир замонлар тин олиб, заифлашиб қолган эди ва машрута15 шеъри, ундан сўнг янги шеър туфайли унинг баданига янги жон кирди. Бинобарин, қадимги (кўҳна) шеър бугунги Эроннинг янги шеъри ва адабий маданиятининг ўзига хос гаровидир.
“Тўғриси янги шеър қадимий форс шеърининг айнан ўзи ва мантиқий давомидир ва асоси қадимий шеърга таянади. Ана шу кичик бир далил туфайли Эроннинг новатор шоирлари ҳозирги пайтда ҳам форс мумтоз (классик) адабиётининг ажралмас қисми ҳисобланади.16
Шомлу жавоб берган савол бундай эди:
— Маълум мақсадга йўналтирилган шеър ҳақиқий маънодаги шеър ҳисобланадими?
“Бирон мақсадни кўзлаган шеър балчиққа ботган одамнинг ундан қутулишига ўхшайди, наинки фақат ўзидан, ундай ва бундай шеърларнинг ўқувчига бирон нарса бериши амри маҳол. Ўз-ўзидан маълумки, сиёсий ёки ақидавий шиор шеър эканлигига даъво қилаолмайди, аммо шеър ҳар қандай хабар ва хитоб маъноларини ўзида ташиши мумкин. Менинг фикримча, агар шеърда бирон масаланинг тугуни ёки муаммоси бўлмаса, дарҳақиқат “Одамс” сақичига ўхшаб қолади: чайналади, бироқ уни чайнаётган кишига, яъни чайновчига ҳеч қандай амалий кўмак етказмайди, бошқача қилиб айтилса, маънавий ёрдам бераолмайди.17
Шафиъий Кадканий шеър оҳангдорлиги (мусиқийлиги) борасида айтганидек, яхши шеър маълум омилларга эгадир ва албатта номаълум омиллар ва маълум бўлмаган омиллар баъзида шеърда асосий қисмни ташкил этади. Шомлунинг эътиқоди бўйича ҳам, санъат соҳалари, жумладан шеър маълум усул ва қоидага бўйсунмаганлиги учун илмий ҳисобланмайди, шунинг учун унга таъриф ҳам бериб бўлмайди. Шафиъий ҳам худди шундай дейди, яъни номаълум омилларни изоҳлаб бўлмайди. Одам уни ҳис қилади ва ўз замирида уни абадий топади. Шу билан бирга Шомлу танқиддаги шахс усули ва дидини муҳим кўрсаткичлардан бири деб билади:
“Шеърни таърифлаб бўлмаса ҳам, у ҳақда маълум тасаввурга эгамиз, чунки унинг етарли даражада таъсири бор. Гарчанд билиш, англаш, идрок, табъий зийраклик ва бошқа зарурий ҳиссиётлар турли кишиларда тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада бир-биридан фарқ қилади”.18
Шомлу қадимий (кўҳна) шеърда ишқ масаласига афсуски сал кейинроқ назар ташлаган, яъни фақат мажозий ва ҳаётий ошиқона шеърларни кўрган. Ваҳоланки, ишқ форсий шеъриятда энг юқорги мавқеларни эгаллайди.
Даставвал бу борада Шомлунинг ўзидан эшитамиз: “Қадимий шеъриятда ишқ такрорий ҳодиса бўлган, маъшуқ ёки маъшуқа бир бутун мавжуд бўлиб, ўзгартириб бўлмайдиган даражада тасвирланади. Ишқ ҳаётбахш ва такомил берувчи нарса эмас эди. У шундай нарса эдики, ҳаяжонли бахтсиз ошиқни ҳамма нарсадан маҳрум қилиб, дарбадарлик куйига солиши керак эди. Ошиқ ўзига озор берувчи мажнун бўлса, маъшуқ ўзгага озор берувчи бир девона эди. Ваҳоланки, бу борада айтиш мумкинки, дунё яратилишининг боиси бўлганидек, ишқ жаҳон адабиётининг меҳваридир. Ишқ бутун оламнинг ганжи бўлиб, турли йўсунлар воситасида зуҳурга эришади.
Шомлу янги шеърни (“шеъре нўу”) ҳимоя қилиб, шу даражада олдинга кетадики, ҳатто аруз вазнига баҳо беришни тилга нисбатан ҳурматсизлик деб билади, унинг ортидан яна қадимги сараланган (тоза) сўзлардан ёки қадимги сўз шаклларидан фойдаланиш ўринсиз эканлигини таъкидлайди. Гарчи бу қараш ва фикрлар бироз кескинроқ туюлса-да! Шомлунинг нуқтаи назари бўйича, шеърга таъриф беришда унга жиддий эътибор лозим.
“Аруз вазнига ортиқча баҳо беришнинг натижаси тилга нисбатан ҳурматсизликдир. “Ҳаргиз” сўзини “ҳагрез” деб ўзгартириши ва “ҳануз” сўзини “нуз” тарзида қисқартириш, уч сўзлик жумлани шоир иродасига бўйинсиндириб, беш-олти сўзга кўпайтириб, уни мураккаблаштириб баён этиш, нима ният учун ва қаерга бориш учун қилинади?! Бунга ҳам майли ва хўп дейлик, бироқ сўзни вазн катакчасига қамаб қўйилса, шеърининг ҳис-туйғуни ҳаяжонга келтириш ва воқеани кескинлаштирувчи имкониятлари ўз-ўзидан йўқолади-ку! Дарвоқе, шеър етарли даражада бу имтиёзлардан баҳраманд бўлиши керак”.19
Шунингдек бошқа бир жойда ёзади:
“Мен асло вазнни шеърнинг мажбурий ва асосий элементи деб ўйламайман, аксинча вазн шоир зеҳнини чалғитганлиги ҳамда сўзларнинг маҳдудлик миқдорини ўзига тортиб олганлиги боис, кўпгина керакли сўзларни бўғиб қўяди. Ваҳоланки, бу вазнда ишлатилишига имкон ва йўл топа олмаган ана шу сўзлар шоир зеҳни, ақли ва ижодий жараёни замирида бўлгани маъқул.”20
Шомлу вазнни шоир зеҳни, идроки ва шеър табиий жараёнининг асосий йўналишдан четга оғиши, яъни унинг табиий туғилиши деб билади, аммо қофияни қабул қилади:
“Қофия гоҳида жуда гўзал ва чиройлик бўлади. Қофия аниқ таъсир этиш ва уқтиришга ёрдам беради. Айниқса маълум мақсадни кўзда тутганлиги учун тезда эътиборни шоир назарда тутган муайян сўзга тортади, бу эса мақсадни аниқ етказишга кўмаклашади. Менинг назаримда шу жиҳатдан қофия ўзига хос аҳамиятга эга”.21
Бинобарин, Шомлу янги эркин шеърни ҳам қофия билан бирга янги тарзда, усулда қабул қилади ва шундай қўлланишини ёки куйланишини ёқтиради.
Шомлу оқ шеър (“шеъре сапид”) ва эркин шеърни (“шеъре озод”) бугунги шеър — замонавий шеър деб ҳисоблайди ва вазнни янги эркин шеърда (“шеъре нўве озод”) қўлланилишини гўзал ва чиройли деб маъқуллайди.
“Эркин шеърларда ҳам вазн бор. Вазн бизнинг ҳис- туйғу ва фикрларимизнинг садосидир. Омма садо воситасида тезроқ бизга ўзини яқин олади. Мен ўзим баъзан не-не машаққатлар ва баъзан эса осонлик билан шеърим мавзуларига қараб вазн танлайман. Шунга қарамай, менинг шеърларимнинг аксарият қисми тажриба эди, холос. Мен ўз шеърларимнинг ҳаммасини ҳам ёқтиравермайман. Халқ шеър афсун, сеҳр деганда минг марта ҳақлидир. Аммо шу хайрихоҳлик афсун, сеҳр, сўз, шакл, таъбир ҳолати, жумла тузиш, тил хусусиятлари ва бошқа шунга ўхшаш кабилар нуқтаи назаридан халққа яқин бўлиш керак. Шеър халқни ўзидан қочирмаслиги, аксинча биринчи навбатда ўзига тортиши, жалб ва жазб қилиши керак”.22
Шомлу фақат шеърнинг “жони” ҳақида қайғуради:
“Ҳар қандай ҳолатда ҳам мен учун биринчи галда аҳамиятли нарса шеърнинг “жони” дир, яъни сўзнинг самимийлиги, маҳорат ва санъатлар. Шоирнинг потенциал қудратига биноан таниш ёки нотаниш шакллардан кўпини ҳаётга татбиқ эта олиши ва ўқувчини “шеър мана шу” деб ишонтира олишини назарда тутмоқдаман. Агар шеър ўша юқорида эслатилган фазилатлардан холи бўлса, бошқа айтадиган гапи бўлмаса, демак сенинг қўлингга тутган нарса, сиз айтгандек, машҳур Жўйо 23 бобонинг фирибгарлиги маҳсули бўлиб, сафсатабозлик ва бошқа турли найранглар воситада ўзини “шоир” деган лақаб билан сазовор айлашдан бошқа нарса эмас”.24
Шомлунинг шеър ҳақидаги қарашларини таҳлил этиш жараёнидан сўнг ғазал тузилиши моделига келамиз. У ҳеч қандай сабабга кўра шеърнинг бу тузилишини бугунги кунда шеърда қўлланилаётган андоза деб билмайди. Ваҳоланки бугунги кунда эса замонавий шеърда уларнинг яхши намуналари пайдо бўлмоқда: Али Муаллим ва Шафиъий Кадканийларнинг ғазаллари сингари.
“Ғазал бизнинг замонамизнинг шеъри эмас. Бу бизнинг биринчи ва ҳам охирги хулосамиз, ғазал ўзига хос жиҳозларга эга. Унга божхона керак ва ҳам рухсатнома. Тил эса замонга ҳамқадам равишда илгарилаб бормоқда ва кенгаймоқда, аммо ғазал-чи? Йўқ. Ғазалда ҳеч нарса коровондан тезроқ юрмайди. Машинага ғазал маҳдудиятлигидан бошқа йўл йўқ ва у ерда охирги транспорт воситаси кажава ва макондир.”
Шомлу ғазал ҳақидаги суҳбатларидан бирида айтади:
“Шеър буюк санъатлардандир. Санъатлар шоҳидир, аммо мен айтаман, “ғазал бизнинг давр шеъри эмас ёки бизнинг даврда ғазал умри поёнига етди. Бу айтилган фикрга бошқа қўшимча қилолмайман. Эҳтимол ҳануз ҳатто биринчи лирик шоир ва мўъжизакор Ҳофизнинг қудрати ё имкониятини яхши тушунишимиз керакдир. Бу мўъжизакор шоир ўз умри давомида меҳр-шафқатсиз, харобкорлик, хунрезлик ва маъносизлик асридаги энг жўшқин ва жасур шахс, на қайғу-аламли ишратчи ва на хуштор майхўр, на профессионал фосиқ бўлган. Демак, менинг мақсадим ғазалдан, унинг асосини ташкил этувчи ғазалнинг формаси ва шакли ҳам эмас. Бу сийқаси чиққан ғазалгўйликнинг ўйинидир.25
Шомлу янги шеърни (“шеъре нўу”) кабул қилаолмаган кишилар қаршисида тик туради: “Шеър ҳозирги замонда топилган топилмадир ва ғазал тўқувчилар, ғазалгўйлар ва маъракагирлар(26)нинг уриниш ва ҳаракатлари ҳам энди беҳуда ҳаракат ва уринишлардир”.27
Шомлу оқ шеър (“шеъре сапид”) ҳақида ёзади.
“Оқ шеър вазн ва қофия, безак ва зийнат жиҳатидан эҳтимол тўлиқ таъминланишни талаб қилмас, лекин ундан маҳрумдир ва эҳтимол ундан маҳрум ҳам бўла олмас, аммо зоҳиран тўлиқ таъминлангандек қилиб кўрсатади ўзини. Оқ шеър мусиқага эҳтиёж сезмайдиган бир рақсдир. Дарҳақиқат оқ шеър шундай шеърки, шеър шаклига киришни истамайди. Шеър бўлиш ва ҳаётга татбиқ этилиши учун ўзининг рангсиз тузилишини – зеҳний ва мавҳумий шаклини талаб этади: ҳар қандай қўшимча нарсалар, ҳар қандай қофия билан бегоналардек ва бефарқдек қилиб кўрсатади ўзини.28
Шунингдек фараз қилади:
“Менинг назаримда, оқ шеър жуда катта машаққат эвазига яратиладиган шеърнинг бир тури бўлиб ҳисобланиши мумкин. Агар рақиблар даъво қилса, оқ шеър шеърнинг бир тури ҳам бўлиб ҳисоблана олмаслиги мумкин; улар ҳақдирлар ва шеър сўзини ишлатиш, уни ҳатто зарурат юзасидан аташ ҳам бўлмаган. Оқ шеър вазн ва қофия, безак ва зийнат жиҳатдан эҳтимол тўлиқ таъминланиши талаб қилмаса керак, лекин ундан маҳрумдир ва эҳтимол ундан маҳрум бўлмаслиги ҳам мумкин, бироқ зоҳиран тўлиқ таъминлангандек кўрсатади. Билмайман, тағин”.29
Шомлу эркин шеърга (“шеъре озод”) шундай таъриф беради:
“Мен эркин шеър деганда шеърнинг бир турини назарда тутаман, худди рубоий ё ғазал шеърнинг бир тури бўлганидек. Эркин шеър, шундай шеърки, унинг вазни қадимги форс шеъри вазнидан кўра мукаммалроқдир; аруз баҳрининг биргина шаклида, “афоил” мажмуаси ҳаммаси эмас, балки унинг бутун мажмуаси тўлиқ ҳолда эмас, фақат бир бўлагидан фойлдаланилади. Эркин шеърда фикр мутаносиб ритм либосида ўз қадларига озодона уйғунлашади ва агар муваққат қарзга олинган либос тор келиб қолса ўз қаддини унга мослаб тарошлашга ажбур бўлмайди. Агар бунинг акси бўлса, кенг либос унинг ҳолатига мос тушиши учун белбоғ ва саллани ўзига ўраши керак”.30
Эркин шеърда қофиянинг роли ҳақида ҳам ишонч билан баён этади: “Эркин шеърда (“шеъре озод”) қофия ҳам дил хоҳиши ёки мажбурий равишда келтирилмайди ва шеър кўринишининг бир қисми эмас, балки унинг сийратидан ачитқи олади. Эркин шеърдаги қофияда ҳам вазндек сўз ва баён усули билан фикр мавжуд, лекин унда йирик безак жиҳозлари ва зийнатлаш воситалари зоҳир эмас: ҳисоб юзасидан ўрнига жойлашади ва шубҳасиз гўзал ва чиройлидир, чунки фойдалидир.
Эркин шеър – Нимо шеъридир ва Нимонинг “Ишончли қуш” (“Мурғе омин”) шеъри эркин шеърнинг мукаммал, жуда ажойиб ва беназир намунасидир”.31
Шомлу ўзини Нимо Юшичнинг издоши деб билади, аммо ўз шеърини ундан фарқ қилади деб таништиради. Ва унинг тақлидчиси эмасман, дейди:
“Мен шеърни Нимодан ўргандим. Агар мен у ўргатган билан қаноатланганимда, чекланганимда, унинг даражасига ҳам етардим, натижада сиз бугун иккита Нимога эга бўлардингиз. Тўғри, Нимо гапини айтди, ишини бажарди. Тақлидчиси эса энди нима дейиши мумкин?”32
Шомлу дарҳақиқат, Нимони (“шеъре нўу” нинг асосчиси сифатида) ўзига хос тарзда жуда қаттиқ ҳурмат қилади. Ваҳоланки, Ферейдун Таваллулий сингари кишилар фикр-мулоҳаза қилмай, сўраб-суруштирмай ўзини “шеъре нўв”нинг асосчиси ва Нимо шеърини эса ёлсиз ва думсиз шердек маъносиз сўз, деб атайди.
Ахевон Солес бўлса Аҳмад Шомлу билан ҳамоҳанг бўлиб дейди: Нимонинг янгиликлари (янги услуби) улар (қадимгилар) методининг мантиқий кенгайиши ва ёйилишидир, яъни Нимо илгарги шеърнинг шакл ва санъатларини инкор қилмай, балки янги шакл ва тузилишини қадимги қолипларга солиб, унга қўшимча қилди (“Нимо Юшичнинг янгиликлари ва эстетик қарашлари”).
Шундай қилиб, Аҳмад Шомлунинг янги шеър (“шеъре нўу”) ҳақида жиддий эътибор берадиган ҳамда адабий танқидчиликда фойдаланишга арзийдиган фикр ва қарашлари мавжуд. Унинг назария ва қарашлари асосли ва пухтадир.

08

Манбалар:

1. Жалолий, Беҳруз. Учинчи ривоятдаги канарейка. -Теҳрон: “Рузгор”,1383 ҳ.ш.
2. Ҳаририй, Носир. Санъат ва адабиёт ҳақида. Аҳмад Шомлу билан суҳбат. -Теҳрон: “Нигоҳ”, 1385 ҳ.ш.
3. Шомлу, Аҳмад. Болохонадан кўчага. – Теҳрон: “Тус” нашри, 1375ҳ.ш.
4. Соҳиб Ихтиёрий, Беҳруз. Аҳмад Шомлу – Оқшом ва ошиқлар шоири. -Теҳрон: “Ҳирманд” нашри, 1381 ҳ.ш.
5. А.Пошоий. Сенинг шеърларинг номи. 2-жилд. -Теҳрон: “Солес”,1382 ҳ.ш.
6. Мўжобий, Жавод. Аҳмад Шомлуни англаш. -Теҳрон: “Қатра”, 1381– ҳ.ш.
7. Муҳаммад Али Муҳаммад. Аҳмад Шомлу, Маҳмуд Давлатободий ва Ахевон Солес билан суҳбат. -Теҳрон: “Рузгор”, 1383 – ҳ.ш.

Форс тилидан Ҳазратқулов Жалил Эшонқул ўғли таржимаси

08

ИЗОҲЛАР

1 Жалолий. Учинчи ривоятдаги канарейка, 115-б.
2 Соҳиб Ихтиёрий. Аҳмад Шомлу –оқшом ва ошиқлар шоири, 81-бет.
3 Ўша асар, 89-бет.
4 Пошоий. Сенинг шеърларинг номи, 679 – бет.
5 Ўша асар, 759- бет.
6 Ўша асар, 68- бет.
7 Муҳаммад Али. Аҳмад Шомлу, Махмуд Давлатободий ва Меҳди Ахиван Солес билан суҳбат, 44- бет.
8 Ҳаририй. Санъат ва адабиёт ҳақида, 59-бет.
9 Ўша асар, 64- бет.
10 Ўша асар, 69-бет.
11 Ўша асар, 114-бет.
12 Пошоий. Сенинг шеърларинг номи, 679 — бет.
13 Ҳаририй. Санъат ва адабиёти ҳақида, 52- бет.
14 Ўша асар, 59-бет.
15 Машрута – конститутцион. (ХХ асрнинг бошларида Эронда конститутцион инқилоб содир бўлиб,
мамлакатда конституцион монархия ўрнатилган эди. Шунга ишора).
16 Муҳаммад Али. Аҳмад Шомлу, Маҳмуд Давлатободий ва Меҳди Ахевон Солес билан суҳбат, 60-бет.
17 Ўша асар, 64-бет.
18 Ҳаририй. Санъат ва адабиёт ҳақида, 24-бет.
19 Ўша асар, 173-бет.
20 Соҳиб Ихтиёрий. Аҳмад Шомлу -оқшом ва ошиқлар шоири, 76- бет.
21 Ўша асар, 77 — бет.
22 Пошоий. Сенинг шеърларинг номи, 621-бет.
23 Жўйо бобонинг фирибгарлиги ҳақидаги афсонага ишора.
24 Ҳаририй. Санъат ва адабиёт ҳақида, 177-бет.
25 Шомлу. Болхонадан кўчагача, 8-бет.
26 Кўча ва майдонларда тамошо кўрсатиб, шеър айтиб юрувчи артистлар.
27 Соҳиб Ихтиёрий. Аҳмад – оқшом ва ошиқлар шоири, 80-бет.
28 Ўша асар, 92-бет.
29 Мўжобий. Аҳмад Шомлуни англаш, 406-бет.
30 Ўша асар, 406- бет.
31 Ўша асар.
32 Ҳаририй. Санъат ва адабиёт ҳақида, 72-бет.

(Tashriflar: umumiy 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring