Alber Kamyu. Fiqralar

Ashampoo_Snap_2016.10.07_22h31m17s_010_.png      Камюнинг асарлари устида баҳс, мунозара эса ҳали-ҳануз тингани йўқ ва анча-мунча давом этиши, миллионлаб кишилар дунёқарашига, фикрлаш тарзига таъсир кўрсатиши аниқ. Ҳаётнинг мазмуни, ўзи инсон бу дунёга нима учун келади, унинг вазифаси нимадан иборат, яшашдан мақсад нима, деган саволларга жавоб топишни истаган одам албатта Камюни ўқиб чиқиши шарт. Камю асарларини ўқиган одам ҳаётга бошқача кўз билан қарашни бошлайди. Зеро, бу ҳаётда инсоннинг вазифаси фақат ейиш-ичишдангина иборат эмас…

АЛЬБЕР КАМЮ
ФИҚРАЛАР
Бекзод Ўктам тайёрлаган
07

camus-po.jpg«Европа виждони», «Ақллар ҳукмдори» деган сифатларга лойиқ кўрилган француз адиби, файласуф Альбер Камю фикрлари, қарашлари жамиятда диний эътиқод сусайган, сиёсий ва бошқа инқирозлар авж олган даврда шаклланди. Унинг ҳаёти бир текисда ўтгани йўқ, болалик йиллари кечган Биринчи жаҳон уруши унинг ҳаётига кескин таъсир кўрсатмаган бўлса-да, ўша вақтда Франция мустамлакаси бўлган Жазоирнинг қашшоқ канораси, камбағал ёшлик ва бокс билан шуғулланиб юрган авжи шижоатли вақтида сил касалига чалиниши, турли адиб ва файласуфларнинг асарлари, кейинчалик Франция фашистлар томонидан босиб олингач, ўзи аъзо бўлган Қаршилик ҳаракати, тинимсиз ижод ва мушоҳада унинг дунёқарашига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Камюнинг «Ҳаёт яшашга арзийдими ёки йўқми?» деган биргина саволининг ўзиёқ шу вақтгача баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Шу саволнинг ўзи ҳақида соатлаб, кунлаб баҳс қилиш мумкин. Бу фикрни кескин рад этиш эмас, Камю ғоялари билан атрофлича танишиш керак, шунда бу гап бежиз айтилмаганини англаш мумкин.
«Сизиф ҳақида асотир» асарида одамнинг ҳаётини Сизиф ҳақидаги афсонага ўхшатади. Афсонавий Сизиф жуда айёр, алдоқчи одам бўлган. У худоларнинг ҳам, одамларнинг ҳам қонунларини тан олмаган. Шунинг учун у нариги дунёда мангу бир азобга маҳкум этилган: каттакон тошни думалатиб, тоғнинг тепасига олиб чиқади, чўққига етиб боргач, тош тушиб кетади. Сизиф уни яна думалатиб, олиб чиқади, тош яна тушиб кетади ва бу жараён тинимсиз давом этаверади. Аслида бани башарнинг пешонасига битилган ёзиқ бу…
Инсон ҳаётининг маънисизлиги Камюнинг «Бегона» (ўзбек тилига Аҳмад Аъзам таржима қилган) асарида яққол кўзга ташланади. Асар қаҳрамони Мерсо ҳеч нарсага қизиқмайди ва ҳеч кимга меҳр қўймайди. Ҳатто қариялар уйида яшайдиган онасига ҳам бефарқ. «Бугун онам ўлди. Ё кечамикан, билмайман» дея бошланади асар. Мерсо онасининг вафотини бутунлай бефарқ қабул қилиб, барча зарур маросимларни ҳам бефарқлик билан бажаради. Баъзида кўришиб турадиган аёлга нисбатан ҳам ҳирсий муносабатдан ташқари ҳеч қандай ҳис-туйғу сезмайди.
Мерсо одамлар ичида ўзини бегона ҳисоблайди. Ундаги ягона илиқ муносабат фақат табиатга нисбатан сақланиб қолган. У табиатни бутун қалби билан яхши кўради. Фақат шу ҳис-туйғу уни яшашга даъват этади.
Кунлардан бир куни Мерсо денгиз бўйига ҳеч қандай ниятсиз ўзи билан қурол кўтариб боради. Бу қуролни нима учун ишлатишни тасаввур қилмаган Мерсо денгиз бўйида юрган бир арабни отиб ўлдиради. Унинг устидан бошланган суд жараёнида Мерсо бу хатти-ҳаракатини ҳеч қандай сабаб билан тушунтириб бермайди.
Камю судда қатнашган жамиятнинг ҳар хил табақаларини кўрсатиб, уларнинг ахлоқсиз ички қиёфасини очиб беради. Мерсо бу жамият унинг учун бегона бўлгани каби бу жамиятнинг барча аъзолари ҳам бир-бирига бегоналигини ҳис қилиб борасиз.
Камю одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг кўтарилиши ва бунинг натижасида одамлар бир-биридан бегоналашиб қолишини ва натижада ҳар бир инсон ёлғизланиб қолишини яққол очиб беради.
Ўлимга ҳукм қилинган Мерсо охирги тавба-тазаррудан бош тортади. Барча одамлар ўлимга маҳкум қилинган экан, яшашнинг ҳеч қандай мазмуни йўқ, дейди.
Асардаги барча воқеалар шунчалик «сирли» (балки мавҳум) ва ғалати кечадики, мутолаа жараёнида Мерсони буткул айбдор қилиб қўя олмайсиз. Гарчи онасининг ўлимига бефарқлик қилган ва бир одамни отиб ўлдирган бўлса-да. Нега 5 марта ўқ уздинг, деган саволга жавоб бер(ол)маган Мерсода онасининг ўлими ва ўзининг бефарқлиги ана шундай «портлаш»ни юзага келтирмадимикан, деган ўйга борасиз. Асар сўнгида ўзингиз билмай Мерсога хайрихоҳлик қила бошлайсиз. Қонун бўйича унга тўғри ҳукм чиқарилган бўлса-да, бу ҳукмда қандайдир адолатсизлик борлигини ҳис қиласиз…
Камюнинг асарлари устида баҳс, мунозара эса ҳали-ҳануз тингани йўқ ва анча-мунча давом этиши, миллионлаб кишилар дунёқарашига, фикрлаш тарзига таъсир кўрсатиши аниқ. Ҳаётнинг мазмуни, ўзи инсон бу дунёга нима учун келади, унинг вазифаси нимадан иборат, яшашдан мақсад нима, деган саволларга жавоб топишни истаган одам албатта Камюни ўқиб чиқиши шарт. Камю асарларини ўқиган одам ҳаётга бошқача кўз билан қарашни бошлайди. Зеро, бу ҳаётда инсоннинг вазифаси фақат ейиш-ичишдангина иборат эмас…

07

«ИСЁН ҚИЛАЁТГАН ОДАМ» КИТОБИДАН
Назар Эшонқул таржимаси

08иронта ҳам санъаткор воқеликка охиригача дош беролмайди», дейди Ницше. Бу ҳақиқат, бироқ биронта ҳам санъаткор воқеликни четлаб ўтолмаслиги ҳам ҳақиқат.

* * *

Писарёв моддий фойда бермайдиган эстетикани тан олмади. «Рус Рафаэли бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлиш фойдалироқдир», дерди у. У ҳатто Шекспирга ҳам этик тиктирмоқчи бўлди. Кейинчалик машҳур ва катта шоир бўлиб етишган нигилист Некрасов «Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ менга афзал» деган эди. Санъатни «тарбия воситаси»га айлантирмоқчи бўлган Толстой қарашлари ҳаммага маълум. Улуғ Пётр саъй-ҳаракати билан Петербургдаги Ёзги боққа келтирилган ва Италия қуёшида пишган, мармари ҳозиргача ярақлаб турган Венера ва Апполондан эса Инқилобий Россия бутунлай юз ўгирди. Қашшоқлик баъзида беҳисоб бойликни кўрганда ана шундай бурнини жийиради.

* * *

Аслида санъаткор Шекспир билан этикдўз Шекспир ўртасидаги баҳсдан шу нарса маълум бўлдики, этик тикаётган паллада эмас, Шекспирни ўқиётган паллада инсон гўзаллик билан юзма-юз келади.

* * *

…англанган дунё — янгиланаётган дунёдир.

* * *

Санъат воқелик билан баҳслашади, бироқ ундан буткул четлашмайди.

* * *

Кимки роман ёзаётган ёки ўқиётган бўлса, моҳиятан ғалати ҳолатга дуч келади. Асли ғирт уйдирмадан иборат бу воқеаларга инсон нега бунчалик эҳтиёж, ташналик сезади?! Агар бу ғалати эҳтиёжга ёзувчи ёки ўқувчидан қониқарлироқ жавоб олинган тақдирда ҳам имоним комилки, барибир одамзот яна шу уйдирма билан ўз эҳтиёжини қондиришда давом этаверади ва унга бўлган қизиқишига заррача путур етмайди.

* * *

Хўш, биз роман ўқиш билан хаёлимизни нимадан олиб қочамиз? Қора турмуш ташвишлариданми? Бироқ ҳаётда етишмовчилик нималигини тасаввур қилолмайдиган одамлар ҳам бойлигини санашу ҳашамлардан ортган пайтлари роман ўқийди-ку?

* * *

Бир куни Бальзак сиёсат ва дунё тақдири ҳақидаги узундан-узун маърузасини шундай сўзлар билан тугатган: «Энди жиддий масала ҳақида гаплашсак».

* * *

Одамлар шу дунёда яшашга маҳкум этилганлар ва ундан айри яшашни ҳеч қачон тасаввур қилолмайдилар. Ўз маконида дарбадарлик ва қувғинга гирифтор бўлган бу ҳуркак мавжудот ўзи яшаётган дунёни абадий унутишни эмас, аксинча, уни яна ҳам кўпроқ ўзиники қилиб олишни истайди.

* * *

Моҳият эса ҳамиша ҳам юз кўрсатмайди — у маълум бир тушунчага ҳеч қачон сиғмайди. Шу нуқтаи назардан қарасак, ҳаёт шаклсиздир. У ўз шаклини излаб, тийиқсиз оқаётган дарёга ўхшайди. Бунинг акси ўлароқ одам ҳаётда ўзини шоҳ деб ҳис қилиш учун бетиним шакл излайди. Жиллақурса бирон-бир тирик мавжудот одам хоҳлаган шаклга кирганда эди, инсон дунё билан абадий сулҳ тузган бўлур эди.

* * *

Шаклпарастлик қиёфасиз ижодни дунёга келтиради.

КАМЮНИНГ НОБЕЛЬ МАЪРУЗАСИДАН

Санъат мен учун — ёлғиз ижодкорнинг эрмаги эмас. У мен учун, умумий азоб-уқубатлар ва қувончларнинг қамровли манзарасини чизиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир этиш усулидир.

* * *

Ҳар бир авлод ўзини дунёни қайта қуришга масъул, деб ҳисоблайди. Мен мансуб бўлган авлод эса бундай қилолмаслигини билади. Бироқ унинг вазифаси, эҳтимол, ундан каттароқдир. Бу вазифа ер курраси йўқ бўлиб кетишига халал беришдан иборат.

04

ALBER KAMYU
FIQRALAR
Bekzod O’ktam tayyorlagan
07

«Yevropa vijdoni», «Aqllar hukmdori» degan sifatlarga loyiq ko’rilgan frantsuz adibi, faylasuf Alber Kamyu fikrlari, qarashlari jamiyatda diniy e’tiqod susaygan, siyosiy va boshqa inqirozlar avj olgan davrda shakllandi. Uning hayoti bir tekisda o’tgani yo’q, bolalik yillari kechgan Birinchi jahon urushi uning hayotiga keskin ta’sir ko’rsatmagan bo’lsa-da, o’sha vaqtda Frantsiya mustamlakasi bo’lgan Jazoirning qashshoq kanorasi, kambag’al yoshlik va boks bilan shug’ullanib yurgan avji shijoatli vaqtida sil kasaliga chalinishi, turli adib va faylasuflarning asarlari, keyinchalik Frantsiya fashistlar tomonidan bosib olingach, o’zi a’zo bo’lgan Qarshilik harakati, tinimsiz ijod va mushohada uning dunyoqarashiga o’z ta’sirini o’tkazmasdan qolmadi.
Kamyuning «Hayot yashashga arziydimi yoki yo’qmi?» degan birgina savolining o’ziyoq shu vaqtgacha bahs-munozaralarga sabab bo’lib keladi. Shu savolning o’zi haqida soatlab, kunlab bahs qilish mumkin. Bu fikrni keskin rad etish emas, Kamyu g’oyalari bilan atroflicha tanishish kerak, shunda bu gap bejiz aytilmaganini anglash mumkin.
«Sizif haqida asotir» asarida odamning hayotini Sizif haqidagi afsonaga o’xshatadi. Afsonaviy Sizif juda ayyor, aldoqchi odam bo’lgan. U xudolarning ham, odamlarning ham qonunlarini tan olmagan. Shuning uchun u narigi dunyoda mangu bir azobga mahkum etilgan: kattakon toshni dumalatib, tog’ning tepasiga olib chiqadi, cho’qqiga yetib borgach, tosh tushib ketadi. Sizif uni yana dumalatib, olib chiqadi, tosh yana tushib ketadi va bu jarayon tinimsiz davom etaveradi. Aslida bani basharning peshonasiga bitilgan yoziq bu…
Inson hayotining ma’nisizligi Kamyuning «Begona» (o’zbek tiliga Ahmad A’zam tarjima qilgan) asarida yaqqol ko’zga tashlanadi. Asar qahramoni Merso hech narsaga qiziqmaydi va hech kimga mehr qo’ymaydi. Hatto qariyalar uyida yashaydigan onasiga ham befarq. «Bugun onam o’ldi. YO kechamikan, bilmayman» deya boshlanadi asar. Merso onasining vafotini butunlay befarq qabul qilib, barcha zarur marosimlarni ham befarqlik bilan bajaradi. Ba’zida ko’rishib turadigan ayolga nisbatan ham hirsiy munosabatdan tashqari hech qanday his-tuyg’u sezmaydi.
Merso odamlar ichida o’zini begona hisoblaydi. Undagi yagona iliq munosabat faqat tabiatga nisbatan saqlanib qolgan. U tabiatni butun qalbi bilan yaxshi ko’radi. Faqat shu his-tuyg’u uni yashashga da’vat etadi.
Kunlardan bir kuni Merso dengiz bo’yiga hech qanday niyatsiz o’zi bilan qurol ko’tarib boradi. Bu qurolni nima uchun ishlatishni tasavvur qilmagan Merso dengiz bo’yida yurgan bir arabni otib o’ldiradi. Uning ustidan boshlangan sud jarayonida Merso bu xatti-harakatini hech qanday sabab bilan tushuntirib bermaydi.
Kamyu sudda qatnashgan jamiyatning har xil tabaqalarini ko’rsatib, ularning axloqsiz ichki qiyofasini ochib beradi. Merso bu jamiyat uning uchun begona bo’lgani kabi bu jamiyatning barcha a’zolari ham bir-biriga begonaligini his qilib borasiz.
Kamyu odamlar o’rtasidagi mehr-oqibatning ko’tarilishi va buning natijasida odamlar bir-biridan begonalashib qolishini va natijada har bir inson yolg’izlanib qolishini yaqqol ochib beradi.
O’limga hukm qilingan Merso oxirgi tavba-tazarrudan bosh tortadi. Barcha odamlar o’limga mahkum qilingan ekan, yashashning hech qanday mazmuni yo’q, deydi.
Asardagi barcha voqealar shunchalik «sirli» (balki mavhum) va g’alati kechadiki, mutolaa jarayonida Mersoni butkul aybdor qilib qo’ya olmaysiz. Garchi onasining o’limiga befarqlik qilgan va bir odamni otib o’ldirgan bo’lsa-da. Nega 5 marta o’q uzding, degan savolga javob ber(ol)magan Mersoda onasining o’limi va o’zining befarqligi ana shunday «portlash»ni yuzaga keltirmadimikan, degan o’yga borasiz. Asar so’ngida o’zingiz bilmay Mersoga xayrixohlik qila boshlaysiz. Qonun bo’yicha unga to’g’ri hukm chiqarilgan bo’lsa-da, bu hukmda qandaydir adolatsizlik borligini his qilasiz…
Kamyuning asarlari ustida bahs, munozara esa hali-hanuz tingani yo’q va ancha-muncha davom etishi, millionlab kishilar dunyoqarashiga, fikrlash tarziga ta’sir ko’rsatishi aniq. Hayotning mazmuni, o’zi inson bu dunyoga nima uchun keladi, uning vazifasi nimadan iborat, yashashdan maqsad nima, degan savollarga javob topishni istagan odam albatta Kamyuni o’qib chiqishi shart. Kamyu asarlarini o’qigan odam hayotga boshqacha ko’z bilan qarashni boshlaydi. Zero, bu hayotda insonning vazifasi faqat yeyish-ichishdangina iborat emas…

07

«ISYON QILAYOTGAN ODAM» KITOBIDAN
Nazar Eshonqul tarjimasi

08ironta ham san’atkor voqelikka oxirigacha dosh berolmaydi», deydi Nitshe. Bu haqiqat, biroq bironta ham san’atkor voqelikni chetlab o’tolmasligi ham haqiqat.

* * *

Pisaryov moddiy foyda bermaydigan estetikani tan olmadi. «Rus Rafaeli bo’lgandan ko’ra rus etikdo’zi bo’lish foydaliroqdir», derdi u. U hatto Shekspirga ham etik tiktirmoqchi bo’ldi. Keyinchalik mashhur va katta shoir bo’lib yetishgan nigilist Nekrasov «Pushkindan ko’ra bir burda pishloq menga afzal» degan edi. San’atni «tarbiya vositasi»ga aylantirmoqchi bo’lgan Tolstoy qarashlari hammaga ma’lum. Ulug’ Pyotr sa’y-harakati bilan Peterburgdagi Yozgi boqqa keltirilgan va Italiya quyoshida pishgan, marmari hozirgacha yaraqlab turgan Venera va Appolondan esa Inqilobiy Rossiya butunlay yuz o’girdi. Qashshoqlik ba’zida behisob boylikni ko’rganda ana shunday burnini jiyiradi.

* * *

Aslida san’atkor Shekspir bilan etikdo’z Shekspir o’rtasidagi bahsdan shu narsa ma’lum bo’ldiki, etik tikayotgan pallada emas, Shekspirni o’qiyotgan pallada inson go’zallik bilan yuzma-yuz keladi.

014

* * *

…anglangan dunyo — yangilanayotgan dunyodir.

* * *

San’at voqelik bilan bahslashadi, biroq undan butkul chetlashmaydi.

* * *

Kimki roman yozayotgan yoki o’qiyotgan bo’lsa, mohiyatan g’alati holatga duch keladi. Asli g’irt uydirmadan  iborat bu voqealarga inson nega bunchalik ehtiyoj, tashnalik sezadi?! Agar bu g’alati ehtiyojga yozuvchi yoki o’quvchidan qoniqarliroq javob olingan taqdirda ham imonim komilki, baribir odamzot yana shu uydirma bilan o’z ehtiyojini qondirishda davom etaveradi va unga bo’lgan qiziqishiga zarracha putur yetmaydi.

* * *

Xo’sh, biz roman o’qish bilan xayolimizni nimadan olib qochamiz? Qora turmush tashvishlaridanmi? Biroq hayotda yetishmovchilik nimaligini tasavvur qilolmaydigan odamlar ham boyligini sanashu hashamlardan ortgan paytlari roman o’qiydi-ku?

* * *

Bir kuni Balzak siyosat va dunyo taqdiri haqidagi uzundan-uzun ma’ruzasini shunday so’zlar bilan tugatgan: «Endi jiddiy masala haqida gaplashsak».

* * *

Odamlar shu dunyoda yashashga mahkum etilganlar va undan ayri yashashni hech qachon tasavvur qilolmaydilar. O’z makonida darbadarlik va quvg’inga giriftor bo’lgan bu hurkak mavjudot o’zi yashayotgan dunyoni abadiy unutishni emas, aksincha, uni yana ham ko’proq o’ziniki qilib olishni istaydi.

* * *

Mohiyat esa hamisha ham yuz ko’rsatmaydi — u ma’lum bir tushunchaga hech qachon sig’maydi. Shu nuqtai  nazardan qarasak, hayot shaklsizdir. U o’z shaklini izlab, tiyiqsiz oqayotgan daryoga o’xshaydi. Buning aksi o’laroq odam hayotda o’zini shoh deb his qilish uchun betinim shakl izlaydi. Jillaqursa biron-bir tirik mavjudot odam xohlagan shaklga kirganda edi, inson dunyo bilan abadiy sulh tuzgan bo’lur edi.

* * *

Shaklparastlik qiyofasiz ijodni dunyoga keltiradi.

KAMYUNING NOBEL  MA’RUZASIDAN

San’at men uchun — yolg’iz ijodkorning ermagi emas. U men uchun, umumiy azob-uqubatlar va quvonchlarning qamrovli manzarasini chizish orqali iloji boricha ko’proq odamlarga ta’sir etish usulidir.

* * *

Har bir avlod o’zini dunyoni qayta qurishga mas’ul, deb hisoblaydi. Men mansub bo’lgan avlod esa bunday qilolmasligini biladi. Biroq uning vazifasi, ehtimol, undan kattaroqdir. Bu vazifa yer kurrasi yo’q bo’lib ketishiga xalal berishdan iborat.

04

(Tashriflar: umumiy 287, bugungi 1)

Izoh qoldiring