Aleksandr Kuprin. Moviy yulduz. Sharq rivoyati

055    Венециялик буюк скрипкачи ва бастакор Никколо Паганини сеҳр-ли скрипка эвазига Иблисга иймонини сотганлиги ҳақидаги ривоятни ким ҳам билмайди? Ҳаттоки ҳамма нарсадан шубҳаланувчи, даҳрий ва ҳажвчи бўлган атоқли шоир Ҳенрих Ҳейне ҳам бу афсонага ишонган. Лекин бу келишувда ким ютиб чиққанлиги – инсонми ёки унинг душманими – бу ҳеч кимсага аён эмас. Венгриядаги кўчманчи лўлилар орасида бир ғалати ривоят юради. Бунга ишонасизми йўқми – ўзингизга ҳавола.

Александр КУПРИН
ИККИ ШАРҚ РИВОЯТИ
Абдунаби Абдулқодир таржимаси
05

022 Александр Иванович Куприн [1870.26.8 (7.9), Варовчат ш. — 1938.25.8, Ленинград] — рус ёзувчиси. Дастлабки асарларида камбағаллар ҳаётини, кишиларнинг оғир турмуш тарзини реалистик тасвирлаган («Офат» қиссаси,1896). Ижодида ижтимоий-танқидий кайфиятларнинг кучайиши «Яккама-якка олишув» (1905), «Ўра» (1909—15) қиссаларида акс этган. Нафис ифодаланган образларнинг хилма-хиллиги, лирик ҳолатлари «Олеся» (1898), «Гамбринус» (1907), «Ёқут кўзли билагузук» (1911) каби қисса ва ҳикояларида мужассамлашган. «Листригонлар» очерклар туркуми (1907— 11) бор. 1919—37 йилларда муҳожирликда (асосан, Парижда) яшаб,«Юнкерлар» (1928-32), «Жанета» (1932-33) қиссаларини, бир қанча очерк ва ҳикояларни яратди. Уларнинг кўпчилиги эсдаликлар асосида ёзилган. Унинг кўпгина асарлари бўйича сценарийлар ёзилиб, экранлаштирилган. Асарлари чет тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

05

МОВИЙ ЮЛДУЗ
Шарқ ривояти

Қадим замонларда ўтиб бўлмас даралар, улкан қоялар ва қалин ўрмонлар қуршовида бутун дунёдан ажралиб қолган ясси тоғ тепаликларидан бирида чорвачилик билан кун кечирувчи тинчгина халқ осойишта яшаркан. Темир совутларга бурканган, бегона, бақувват ва дароз одамлар жанубдан бу ерларга қачон ва қандай қилиб келиб қолганликлари номаълум.

Кашф қилинган мамлакатнинг иқлими – мўътадил, тупроқлари унумдор, суви лаззатли, одамлари эса беозор эканлиги келгинди жоҳил сипоҳийларга жуда ёқиб қолди ва шу ерларда умрбод қолишга қарор қилдилар. Бу ерларни босиб олишга эҳтиёж йўқ эди, чунки одамлари уруш, қурол-яроғ нималигини билмас, қалбларида ёвузликдан асар ҳам йўқ эди. Маҳаллий аҳолини забт этиш шундан иборат бўлдики, келгиндилар бор-йўғи оғир темир совутларини ечиб, шу ерли чиройли қизларга уйландилар ва ўзлари барпо қилган янги давлатнинг бошлиғи этиб йўлбошчилари бўлмиш олижаноб ва дов-юрак Эрнни қўйдилар. Унга қиролларга хос чексиз ҳукмронлик қилиш ва тахтни ворисига қолдириш ҳуқуқини бердилар. Ўша замонларда бу нарсалар мумкин эди.

Шундан буён минг йилларча вақт ўтди. Ўша сипоҳийларнинг авлодлари маҳаллий аҳоли билан шу даражада қўшилиб кетдики, бора-бора улар орасида тилларида ҳам, ташқи қиёфаларида ҳам фарқ йўқолиб кетди. Сипоҳий-рицарлар сиймоларидан асар ҳам қолмади. Ҳатто қироллар томонидан ҳам унутилган қадимий тилдан эса фақат тантанали маросимлару сарой удумларида аҳён-аҳёнда мўътабар ҳиссиётларини билдирмоқчи бўлганларидагина фойдаланардилар. Эрн Биринчи, Буюк Эрн, Муқаддас Эрн ҳақидаги хотиралар эса халқ томонидан яратилган гўзал афсоналар орқали, худди ҳиндуларнинг Гайаватаси, Финнларнинг Вейнемейнени, русларнинг Владимир Биринчи, яҳудийларнинг Мусо, французларнинг Шарлеман ҳақидаги ривоятлари каби абадий хотира бўлиб қолди.
Айнан мана шу доно Эрн Эрнотерра аҳолисини буғдой ва сабзавот етиштиришга, темирни қайта ишлашга ўргатди. Ёзувни, санъатни жорий қилди. Дин асосларини, қонунни киритди; дин – Худога ибодат қилиш – тушунарсиз тилда дуо ўқишдан иборат бўлиб, қонун эса биргина асосга – Эрнотеррада ҳеч ким ёлғон гапирмаслигига таянди. Тахтга ўтирган кунидан бошлаб ҳуқуқ ва бурч бобида эркаклар ва аёлларга тенглик жорий этилиб, ҳар қандай унвон ва имтиёзни бекор қилинди. Қирол ўзи эса “Халқнинг биринчи хизматкори” деган унвонни олди.

Буюк Эрн тахт ворислиги ҳақида қонун киритди: унга кўра қизми, ўғилми, тўнғич фарзанд ворислик ҳуқуқига эга бўлиб, севган одами билангина турмуш қурарди. Ва ниҳоят, Эрн Биринчи ўзлари туғилиб ўсган маданий мамлакатларда кенг тарқалган бузуқлик, ёвузлик каби иллатлар бу юртга ҳам кириб келмаслиги чораларини кўриб, ўзлари келган ёлғизоёқ йўлни ҳам йўқ қилиб ташлади.
Мана шу Эрн авлоди қиролларининг ўз халқига оталарча ғамхўрлиги, донолик ва эзгулик асосида юртни бошқариши туфайли Эрнотерра гуллаб-яшнаб кетди, халқ эса осойишта ва фаровон ҳаётга эришди. Бу мамлакат халқи на жиноят, на уруш нималигини билмай, муҳтожлик кўрмасдан минг йил давомида тинч ҳаёт кечириб келди.

Бу қадимий қироллик саройида Эрн Биринчига тегишли қандайдир буюмлар: унинг совутлари, дубулғаси, қиличи, найзаси ва ов қуроллари хонасида деворга ўйиб ёзилган бир неча тушунарсиз сўзлар эсдалик сифатида қолганди. Эрнотерраликларнинг ҳозирги авлодларидан биронтаси ҳам бу буюмларни кўтара олмас ва ёзувларни ўқий олмас эди. Шунингдек, унинг уч хил расми: майда мозаика билан ишланган ён томондан кўриниши, бўёқда ишланган олд томондан кўриниши, учинчиси – мармардан ишланган хайкалчаси ёдгорлик бўлиб қолганди.

Ҳар уччала портрет меҳр билан юксак санъат даражасида ишланган бўлса-да ўз халқини ранжитувчи бир томони бор эди. У ҳам бўлса қиролнинг ўта хунук, ҳатто бадбашара кўриниши эди. Аммо шундай бўлса-да, юз ифодаларида на ёвузлик, на ёқимсизлик кўринмасди. Эрнотерраликлар ўзларига хос бўлган гўзалликлари билан фахрланишар, биринчи қиролларини эса афсонавий қалб гўзаллиги учун қадрлар, ташқи қиёфасидаги хунукликни эса айб деб ҳисобламасдилар.

Ирсият қонунларининг ўзига яраша инжиқликлари бор. Айрим ҳолларда бола на ўз ота-онасига, на бобо ва бувиларига ўхшамайди-да, узоқ ўтмишдаги аждодларидан бирига ўхшаб кетиши мумкин. Эрнлар сулоласи солномачилари қайд қилишларича, улар авлодида вақти-вақти билан ўта хунук болалар туғилган бўлиб, кейинчалик бундай ҳолатлар камдан-кам учрайдиган воқеага айланган. Тўғрисини айтиш керакки, хунук туғилган шаҳзодалар ажойиб қалб соҳиблари: яхши хулқли, ақлли, раҳмдил ва хушчақчақ бўлганлар. Тақдир тақозоси билан шаҳзодаларнинг бундай хунук кўринишлари гўзаллик ва нафосатнинг фарқига борувчи эрнотерраликлар орасига нифоқ сола олмаган.

Саховатли қирол Эрн XXIII ўзининг ажойиб гўзаллиги билан ажралиб турар, мамлакатдаги энг гўзал қизни эҳтирос билан севиб қолиб уйланганди. Узоқ вақт улар фарзанд кўрмади – деярли ўн йил. Севимли қиролича яқинда она бўлишини билган халқ бу янгиликни қанчалик шодиёна кутиб олганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қирол тахтни бевосита ўз зурриётига қолдираётгани оиласини ҳам, халқини ҳам шодлигига шодлик қўшди. Олти ойдан сўнг қиролича эсон-омон қутулиб, дунёга малика Эрн XIII келганлигини эшитган қирол бу хабарни хушнуд кутиб олди. Ўша куни малика соғлиги учун қадаҳ кўтармаган одам қолмади.

Фақат сарой аҳли хурсанд эмасди. Эндигина туғилган чақалоқни қўлига олган доя алам билан бош чайқаб қўйди. Қироличага олиб келганларида чақалоқни кўриб, қўлларини ёйганча хитоб қилди:
–Эй, Худойим-э, бунчалар хунук бўлмаса! – дея йиғлаб юборди. Бир оз ўзига келгач, қўлларини чақалоқ томон узатиб:
–Болагинамни менга беринглар, бечоранинг хунуклиги меҳримни камайтирмайди, аксинча, ўн чандон оширади, – деди.
Қирол ҳам жуда хафа бўлиб:
– Бунчаям пешонаси шўр бўлмаса! Сулоламизда бадбашара шаҳзодалар бўлганлигини эшитгандик, лекин бундай хунук маликанинг Эрнлар авлодида туғилиши биринчи марта юз бериши! Худодан илтижо қиламиз, зора бунинг эвазига қалби гўзал, ақл-ҳушли бўлиб улғайса.

Маликанинг хунуклигини эшитган халқ ҳам худди шундай илтижо қилди.
Шу аснода малика кун сайин улғайиб, соат сайин хунуклашиб борарди. Ўзининг хунуклигини тушунмаган гўдак тўйиб-тўйиб ухлар, овқат ер, қувноқ ва беташвиш ҳаёт кечирарди. Уч ёшга тўлай деганда у ўз бобокалони Буюк Эрнга жудаям ўхшашлиги равшан бўлиб қолди. Шу ёшда у ўзининг энг яхши сифатларини: беозор, сабр-тоқатли, атрофидагиларга меҳрибон, ғамхўр, зийрак ва хушмуомала эканлигини намойиш этди.

Ўша пайтларда бир кун қиролича қирол ҳузурига кириб:
–Подшоҳим ва рафиқим! Малол келмаса, қизимиз учун бир илтифот кўрсатишингизни сўрамоқчи эдим, – деди.
–Севикли рафиқам, биласиз-ку, сиздан ҳеч нарсани дариғ тутмайман.
–Қизимиз ўсиб-улғайиб келаяпти. Кўринишидан Худо унга ёшига номуносиб ажойиб ақл-идрок ато қилган. Бир кунмас бир кун ўзининг юз қиёфаси хунук эканлигини билиб қолиши муқаррар. Бу унга умрбод ғам-алам келтиришидан хавотирдаман.
–Сиз ҳақсиз, рафиқам. Қизимиз муқаррар тарзда дуч келиши мумкин бўлган бу тақдир зарбасини қандай йўл билан олдини олиш мумкин?
–Фикрим сизга аҳмоқона туюлса ҳам, ғазабингиз келмасин, подшоҳим. Қизимиз ҳеч қачон кўзгуга қарамаслиги чорасини кўришимиз керак. Мабодо бирорта одам ёвузлик қилибми ёки ихтиёрсизми, унинг хунуклиги ҳақида ўзига айтадиган бўлса-да, кўзгуда ўзини кўрмагунча буни билмасдан юриши мумкин.
–Шунинг учун нимани хоҳлардингиз?
–Ҳа… Эрнотеррада бирорта ҳам кўзгу қолдирмаслик керак!

Қирол ўйланиб қолди. Кейин:
–Бу нарса халқимиз учун катта йўқотиш бўлади. Буюк аждодим чиқарган қонунга кўра юртимизда эркак ҳам, аёл ҳам башанг кийинишни яхши кўради. Халқимизнинг қирол ва оиласига бўлган садоқатини ҳам яхши биламиз ва бу йўқотишни чидам билан қарши олишига аминман. Қиролликда бирорта ҳам кўзгу қолдирмасдан йўқ қилиб юбориш ҳақида шу бугуноқ Фармон бераман.
Қирол ўз халқига ишониб адашмаганди, чунки халқ яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам қирол оиласи билан ҳамжиҳат эди. Халқ фармонни ҳамдардлик билан кутиб олди ва барча кўзгуларни, ҳатто синиғини ҳам, қолдирмай давлат соқчиларига тўплаб берди. Тўғри, айрим ҳазилкашлар сочларини ҳурпайтириб, юзларига лой суртиб қизиқчилик қилишди. Лекин халқ кулар экан, гарчи ҳажв қилиб кулса ҳам, қирол хавотир олмаса ҳам бўлади. Масаланинг муҳим томони яна шундаки, мамлакатнинг барча сувлари тез оқувчи тоғ дарёлари ва жилғаларидан иборат бўлиб, бирор нарса сувда акс этмасди.

Малика Эрна ўн беш ёшга яқинлашиб қолди. У чидамли ва бақувват бўлиб ўсди. Бўйи узун, энг дароз эркак ҳам унинг елкасидан келарди. У каштачиликда ҳам, арфа чалишда ҳам жуда маҳоратли эди. Тўп отишда унга тенг келадигани йўқ эди. Тошдан-тошга худди кийикдек чаққон сакрарди. Унинг юзидан эзгулик, ҳамдардлик, адолат, илиқлик ва қувонч нурлари доим таралиб турарди. Беморларга, кексаларга, бева-бечораларга ёрдам бериб чарчамасди. Жароҳатларни қандай боғлашни, қандай ўт-ўланлар малҳам бўлишини яхши биларди. Йиқилган, майиб бўлганлар унинг меҳрибон қўлларидан шифо топарди. Халқ уни ҳаддан ташқари севар, доим изидан дуо қиларди. Лекин зийрак Эрна кўпинча унга ачиниб қараётганликларини, билинтирмасдан ҳамдардлик қилаётганликларини сезиб қоларди.
“Балки мен бошқаларга ўхшамасман?” дея хаёл қиларди ва ҳузуридаги хизматчи аёллардан сўраб қоларди:
–Айтинглар-чи, ҳурматли дугоналарим, чиройлиманми ёки йўқми?

Эрнотеррада ҳеч ким ёлғон гапирмаслиги сабабли сарой хонимлари самимият билан жавоб қайтаришарди:
–Сизни гўзал деб бўлмаса ҳам, сўзсиз дунёдаги барча қиз ва аёллардан кўра ёқимлироқ, ақллироқ, хушфеълроқсиз. Ҳатто сизга уйланадиган одам ҳам худди шундай дейиши мумкин, бунга ишонинг. Аёл латофати ҳақида биз аёллар унчалик фарқига бормаймиз.
Эрнанинг ташқи қиёфаси ҳақида мулоҳаза юритиш улар учун мушкул эканлиги аён. На бўй-басти, на гавда ва юз тузилиши эрнотерралик аёлларга мутлақо ўхшамасди.

Эрна ўн беш ёшга тўлган кунни саройда зўр зиёфат ва базм билан нишонлашди – мамлакат қонунига кўра қиз бола шу ёшда балоғатга етган ҳисобланарди. Эртасига эрталаб раҳмдил малика саватчасига зиёфатдан ортган тансиқ ширинликлардан солиб билагига осганча тўрт чақирим нарида турадиган севикли энагасини кўргани жўнади. Эрта тонгдаги сайр ва ёқимли тоза тоғ ҳавоси унга одатдагидек қувонч келтирмади. Унинг фикру ҳаёли кечаги базмда кузатганлари ҳақида эди. Унинг қалби тоғ чўққиларидаги абадий қорликлардек оппоқ ва тоза эди, лекин ўткир нигоҳлари, аёлларга хос сезгирлиги ва навқирон ёши унга кўп нарсаларни билдириб қўйди. Рақс тушаётган йигит ва қизларнинг бир-бирларига сирли қараб қўйишлари унинг назаридан четда қолмади. Бу нигоҳлар бевосита унга қаратилмаган бўлса-да, ҳурмат ифодаси бўлган табассум ва таъзимларда итоат, садоқат ва назокат кўринарди. Аммо уларнинг ҳар бирига ачиниш ҳисси соя ташлаб турарди. Наҳотки жирканч, бадбашара бўлсам ва бу ҳақда менга айтишга ҳеч ким журъат эта олмаса?

Шундай ғамгин хаёлларга ботганча Эрна энагасининг уйига етиб келди ва эшикни тақиллатди. Жавоб бўлмагач, эшикни очиб (бу мамлакатда қулф нима эканлигини билишмасди) ичкарига кирди. Илгари ҳам ҳеч ким йўқлигида ичкарига кириб энагани кутиб ўтирарди.

Дераза ёнида ғамгин хаёлларга берилганча дам олиб ўтираркан, беихтиёр атрофдаги таниш жиҳозларга кўз ташлади ва бирдан унинг эътибори энагаси доим яшириб юрадиган қутичасига тушди. Энагаси бу қутичада ўзининг болалиги, ёшлиги, биринчи муҳаббати, эрга текканлиги, саройдаги ҳаёти билан боғлиқ турли майда-чуйдаларни: рангли тошлар, арзон тақинчоқлар, кашталар, тангачалар ва узукчаларни сақлаб юрарди. Малика ҳали болалик чоғиданоқ қутичани титкилашни яхши кўрар ва улар билан боғлиқ хотираларини энагасидан қайта-қайта эшитарди. Нима сабабдан бу қутича кўз тушадиган жойда турганига ажабланди. Малика доим кўргиси келганда қутичани энагаси берар ва кўриб бўлгач, чиройли матога авайлаб ўрар ва яшириб қўярди.

“Балки энага шошиб ташқарига чиққан-у, қутичани яшириш эсидан чиққан бўлса керак”, деб ўйлади малика ва столга яқинроқ ўтириб қутичани тиззасига қўйди. Ичидаги таниш нарсаларни бепарволик билан битта-битта олиб этагига сола бошлади. Қутичанинг тагига етганда қийшиқ бурчакли катта ясси бир синиқ парча кўринди. Уни қўлига олиб кўздан кечирди. Бир томони қизил бўлиб, бошқа томони кумушранг, ялтироқ ва гўё чуқурроқ эди. Тикилиб қараганди, хонанинг супурги тираб қўйилган бурчаги кўринди… Бироз бурганида хонадаги эски жавон, яна бироз бурганида… жудаям хунук бир башара кўриндики, бундай башарани у тасаввур ҳам қилолмасди.

Қошини тепага кўтарганди, бадбашара ҳам уни такрорлади. Бошини қийшайтирганди – у ҳам шундай қилди. Қўлини лабларига теккизди – синиқ парчада ҳам шу ҳаракат такрорланди. Эрна энди тушуниб етди: қўлидаги парчадан унинг ўзи унга қараб турарди. Қўлидаги кўзгу тушиб кетди, қўллари билан кўзларини яширганча алам билан столга бошини урди.
Шу дақиқада энага қайтиб келди. Маликани, очиқ қутичани ва синиқ кўзгу парчаларини кўрди-ю, гап нимада эканлигини тушунди. Эрна қаршисига тиз чўкканча мулойим сўзларни гапира бошлади. Малика кескин ўрнидан туриб, қаддини ростлади ва кўз ёшисиз, лекин қаҳрли тарзда бармоғи билан кўзгуни кўрсатиб:
–Ҳаммасини сўзлаб бер,– дея буйруқ берди.

Унинг овози қатъиятли янгради. Буни кутмаган содда аёл йўқ дейишга ботина олмади: бадбашара, лекин олийжаноб шаҳзодалар ҳақида, бадбашара қиз туққан қироличанинг ғам-андуҳларию меҳр-шафқати ҳақида, қандай қилибтақдир зарбасидан қизини қутқармоқчи бўлгани ва кўзгуларни йўқотиш тўғрисидаги қиролнинг фармони ҳақида батафсил сўзлаб берди. У ўзининг аҳмоқона ожизлигини айтиб сочини юлар, севикли Эрнани мусибатга қўйган шу бир парча тақиқланган кўзгуни қутичасига яшириб қўйган кунига лаънатлар ўқирди.

Уни эшитиб бўлгач, малика ғамгин табассум билан:
–Эрнотаррада ҳеч ким ёлғон гапирмайди!– деб қўйди.

У ташқарига чиқди. Ташвишга тушган энага ортидан чиқмоқчи бўлганди, Эрна уни кескин тўхтатди:
– Қол, шу ерда!
Энага бўйсунди. Қандай йўқ дея оларди? Уни эмиб катта бўлган кичкина Эрнанинг овози эмасди бу, балки аждодлари минг йилдан бери ҳукмдор бўлиб келаётган мағрур маликанинг буйруғи эди.

Эгри-бугри тоғ йўлларидан, тик жар ёқасидан ўтиб бораркан, бахти қаро Эрнанинг ҳарир кўк кўйлаги этакларини шамол ҳилпиратар, жар остида оқаётган дарёнинг гувиллаши қулоғига кирмас, атрофидаги ёввойи табиат қўшиғини эшитмасди. Болалигидан таниш бўлган бу ёлғизоёқ йўлда бораркан, қалби ҳам ёлғизликдан, ҳам бошига тушган мусибатдан азият чекарди. Қалбида нималар кечаётгани ҳақида ким ҳам айтиб бера оларди? Балки, ўзига ўхшаш, тақдир зарбасига учраган бирорта бошқа бир малика бўлганда тушунган бўлармиди?..

Йўлда кетаркан, кескин бурилишга дуч келди. Улкан қоялар кўчкиси йўлни тўсиб қўйган, бу ваҳший тўсиқларни олиб ташлашнинг иложи йўқ эди. Пастдан эса қандайдир тушуниб бўлмас товуш эшитилди. Малика жарга энгашиб, қулоқ сола бошлади. Шундоққина оёғи остидаги жар тубидан кимдир инграб ёрдам сўрарди. Шунда у ўз қайғусини ҳам унутиб, юрак амрига бўйсунганча пастга отилди. Худди кийикдек қоядан-қояга, тошдан-тошга сакраб тегирмон тоши катталигидек майдончага тушди. Бу ердан энди на тепага, на пастга тушишнинг иложи йўқ эди, лекин Эрна бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмади.

Инграётган одамнинг овози қўл етгудек жойдан келаётганди. Ярми сувга тегиб турган тош устига ётиб пастга қараганди, ўткир қоя учига осилиб қолган одамни кўрди. У бир қўли билан қояни, бир қўли билан омонатгина ўсган дарахт шохини ушлаб олган, чап оёғи учини тош ёриғига тираган, ўнг оёғи эса муаллақ турарди. Кийимига қараганда у Эрнотерралик эмасди, чунки малика унинг ипакдан тикилган кийимларию чарм этик пошнасидаги шпорларни ва зарҳал камарни умрида кўрмаганди.
–Ҳой! Мусофир! Бардам бўлинг, ҳозир ёрдам бераман, – деб қичқирди Эрна.

Нотаниш инграганча бошини кўтариб, силкитиб қўйди. Малика унга қандай ёрдам бериши мумкин? Пастроққа тушишнинг иложи йўқ, ҳам фойдасиз. Эҳ, арқон бўлганда эди!.. Улар орасидаги масофа икки одам бўйича келарди. Нима қилиш керак?

Бирдан маликага ажойиб бир фикр келди. Бундай фикр хавфли вазиятларда жасур ва мард инсонлардагина пайдо бўлади. Малика ўйлаб-нетиб ўтирмай эгнидаги ажойиб кўйлагини шартта ечди-ю, қўллари ва тишлари ёрдамида узун-узун бўлакларга бўлиб, арқон эша бошлади. Кўйлак бўлакларини бир-бирига қаттиқ боғлаб, пишиқлигини текшириб кўрди-да, бесўнақай тош устига ётиб, оёқ-қўллари шилинганига қарамай, бир учини осилиб турган нотаниш одамга ташлади. Хайрият, арқон узунгина бўлиб,,, йигит уни камарига боғлади. Малика уни аста-секин тепага торта бошлади. Йигит эса, маликага енгил бўлиши учун қоянинг бўртиб турган жойларига оёқ-қўлларини тираб тепага интиларди. Боши ва кўкраги Эрна турган майдончага етай деганда йигит куч-қуввати тугади, малика зўр бериб, машаққат билан уни баландга тортиб чиқарди.

Майдонча жудаям тор эди, малика ўтирган жойида йигитнинг бошини кўкрагига босиб, ҳолсизланган танасини қўллари билан ўраб олди.
–Кимсан эй, сеҳрли мавжудот? – оқариб кетган лабларини зўрға қимирлатиб сўради йигит. – Тангри юборган фариштамисан? Ёки шу тоғларнинг меҳрибон парисимисан? Балки маъжусий илоҳалардан биримисан?

Малика унинг тилини тушунмади, аммо мулойимлик билан, миннатдорчилик изҳор қилиб турган қора кўзлари ҳамма гапни билдириб турарди. Лекин шу ондаёқ йигитнинг киприклари юмилиб, юзи ўликдек оқариб кетди ва маликанинг кўкрагига бош қўйганча хушини йўқотди. Малика эса қимирлай олмас, кўкрагида беҳуш ётган йигитнинг юзидан мовий кўзларини узолмасди.

Малика ўзича фикрлай бошлади.
“Бу бахти қаро йўловчи худди менга ва аждодим Буюк Эрнга ўхшаш хунук экан. Менимча ҳар уччаламизнинг тупроғимиз бир жойдан олинган бўлса керак. Гўзал Эрнотерраликларга қиёслаганда биз уччаламиз шундай бадбашарамизки, бу нарса бизни яхшиликка олиб бормаса керак. Лекин нима сабабдан йигитнинг менга боққан нигоҳлари шунчалик ёқимли? Кечаги базмда рақс тушаётган йигит ва қизларнинг раҳми келгандек қараганлари жудаям аянчли эмасми? Бу нигоҳларнинг липиллаб турган шамчироқ билан қуёшдек фарқи бор-ку. Нима сабабдан томирларимдаги қон гупиллаб уриб кетди, нима сабабдан ёноқларим ловуллаб, юрагим гурсилламоқда, нега ҳаяжондан борлиғим қувончга тўлди? Эй, Парвардигор! Сен мени шунчалик хунук қилиб яратганлигинг учун нолиганим йўқ. Шу йигит учун мен дунёдаги барча қизлардан ҳам гўзалроқ бўлиб кўринишни истардим!”

Шу пайт тепадан овозлар эшитила бошлади. Тўғри, маликанинг қатъий буйруғидан кейин энага анчагача ўзига келолмади, лекин ўзини ўнглаб олгач, дарҳол унинг изидан югурди. Унинг тошдан-тошга сакраб жарлик тубига ошиққанлигини, нотаниш кимсанинг инграб ёрдамга чақирганлигини эшитди-ю, гап нимадалигини тушуниб етди. Дарҳол қишлоққа югуриб ҳаммани оёққа турғазди: кимдир арқон, кимдир нарвон ва таёқ олиб жар ёқасига югуришди. Ҳушдан кетиб ётган йўловчини соғ-омон тепага тортиб олишди. Энага эса маликага ўз кийимларини чилвирга боғлаб туширди. Шундан сўнг маликанинг буйруғи билан мусофирни саройга олиб боришди ва энг яхши хонага жойлаштиришди. Унинг бир қанча жойи қаттиқ лат еган ва қўли чиққанди. Уни маликанинг ўзи даволай бошлади. Бунга ҳеч ким ажабланмади, чунки маликанинг раҳмдиллиги, табибликдан ҳам яхшигина хабардорлигини ҳамма биларди. Гарчи йигит хунук бўлса-да, аслзода оиладан эканлиги сезилиб турарди.

Шу воқеадан сўнг нима бўлганлигини батафсил гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак? Эрнанинг узлуксиз парвариши натижасида у тезда оёққа туриб кетди, хотираси тикланди ва ўз халоскорини кўриб завқ-шавққа тўлди. Малика кириб келишини у интизорлик билан кутар, Эрна ҳам ундан ҳеч ажралгиси келмасди. Қандай қилиб бир-бирининг тилини ўрганганлигини айтмайсизми? Кунлардан бир кун Эрна мусофир йигит тилидан “амо!” деган ёқимли сўзни эшитгач, қувонч ва уятдан қизариб, тортинчоқлик билан шивирлаб ўша сўзни такрорлади. “Амо”, яъни “севаман” деган сўз, айниқса, биринчи бўса билан ҳадя этилса, буни тушунмайдиган қиз дунёда бормикан?

Энг яхши тил ўқитувчиси – севгидир. Йигит тузалгач, малика билан бирга сарой боғида сайр қила бошлашди. Шу аснода улар бир-бирларини яхши билиб олишди. Эрна қутқарган йигит бой ва қудратли Франция давлатини бошқараётган қиролнинг ягона ўғли бўлиб, исми Шарль экан. Саёҳат ва саргузаштларга ўчлиги уни ўтиб бўлмас Эрнатерра тоғларига келиб қолишига сабаб бўлган. Қўрқоқ кузатувчилари уни ташлаб кетишгач, қоядан йиқилитб, ўлишига бир баҳя қолган. У чақалоқлигида буюк француз башоратчиси Нострадамус тузиб берган мунажжимлар жадвали ҳақида айтиб беришни ҳам унутмади. Башоратда шундай сўзлар бор экан:
“… шимоли-шарқ томондаги ёввойи тоғларда катта фалокатга йўлиқасан, кейин эса мовий юлдуз умрбод ҳаётингни ёритиб туради”

Эрна ҳам Шарлга ўз мамлакати ва қирол оиласи тарихини сўзлаб берди. Ҳатто, бир куни Буюк Эрннинг қурол-яроғларини ҳам фахрланиб кўрсатди. Шарль уларни эҳтиром билан кўриб чиқди. Қиролнинг қиличини олиб бир неча зарб усулларини енгилгина намойиш қилди. Эрнанинг Буюк аждоди суратини кўриб, гўзаллик, донолик ва улуғлик унга хос эканлигини айтиб ўтди. Эрн Биринчи томонидан деворга ўйиб ёзилган хатни ўқиб қувонч билан айёрона жилмайиб қўйди.
–Нега кулаяпсиз, шаҳзода?– дея хавотирланиб сўради малика.
–Азизам Эрна,– дея унинг қўлини ўпиб жавоб берди Шарль,– бунинг сабабини албатта айтаман, лекин бироз кейинроқ.

Тез орада Шарль қирол ва қироличадан қизларига уйланишга изн сўради, чунки малика уни аллақачон дилдан севиб қолганини биларди. Улар никоҳга рози бўлишди. Балоғатга етган Эрнотерра қизлари ўзлари ёқтирган йигитга турмушга чиқиш эркинлигидан тўла фойдаланар, шаҳзода эса ўз одоби, олийжаноблиги ва обрў-эътибори билан маликага қаллиқ бўлишга лойиқ эди.
Унаштириш муносабати билан саройда ҳам, ахлоқ орасида ҳам тантанали байрам ўтказилиб, кексаю ёш хурсандчилик қилди. Фақат она қироличагина маъюс ҳолда ўз хонасида ўтирар ва “Шўрликлар! Уларнинг болалари ҳам бадбашара бўлиб туғилсалар керак…”– дея ғамгин ўйларга борарди.

Ўша байрам кунлари Эрна қаллиғи билан рақс тушаётганларни кузатар экан, унга қараб:
–Севгилим! Сени деб Эрнетерралик аёлларнинг энг хунугига ўхшашни истардим,– деди.
–Бундай балодан Худонинг ўзи асрасин,– дея чўчиб жавоб берди Шарль.– Сен жуда чиройлисан.
–Йўқ,– дея маъюсгина эътироз билдирди Эрна.– Менга тасалли бермай қўяқол, азизим. Нуқсонларимни ўзим яхши биламан: оёқларим жудаям узун, товонларим ва қўлларим жудаям кичкина, белим юқорироқда, ҳаддан ташқари катта кўзларим ажойиб сариқ рангда эмас, балки ёқимсиз мовий рангда, лабларим эса ясси эмас, дўрдоқ, худди камонга ўхшаш қийшиқ.
Лекин Шарль маликанинг кўкимтир томирлари кўриниб турган узун бармоқли оппоқ қўлларини тинмасдан ўпар, нафис сўзлар билан эркалар ва рақсга тушаётганларга қараб телбаларча қаҳқаҳа уриб куларди.

Ниҳоят байрамлар тугади. Қирол билан қиролича бахтли жуфтликка оқ фотиҳа беришди, қимматбаҳо совға-саломлар ҳадя қилиб йўлга кузатиб қўйишди. (Унга қадар оқ кўнгил Эрнотерраликлар бир ой давомида йўлларни текислаб, дарё ва жарликларга вақтинча кўприклар ўрнатиб қўйишганди). Бир ой ўтгач Шарль келин билан бирга аждодлари барпо қилган пойтахтга кириб келишди.
Маълумки, овоза ҳар қандай учқур отидан ҳам тез тарқалади. Ўзининг софдиллиги, соддалиги ва саҳовати билан халқ орасида шуҳрат қозонган валиаҳдни кутиб олишга буюк Парижнинг барча аҳолиси чиқди. Нафақат эркаклар, ҳатто аёллар ҳам бир оғиздан Эрнани мамлакатнинг, бинобарин, бутун дунёнинг энг гўзал аёли, деб тан олди. Сарой дарвозаси олдида қиролнинг ўзи бўлажак келинини кутиб олди ва пешонасидан ўпиб деди:
–Болагинам, гўзаллигингни мақтайми ёки саховатингними – билолмай қолдим, менимча, ҳар соҳада камолга етгансан…
Унга кўрсатилган ҳурмат ва илтифотни камтарлик билан кутиб олган Эрна эса ўзича:
“Бадбашаралар юртига келишим насиб этгани жуда яхши бўлди, ҳар ҳолда рашк балосидан қутуламан”,– деб ўйларди.
Бу ишонч уни узоқ вақтлар тарк этмади. Сайёр ашулачилару маддоҳлар маликанинг чиройи ва хулқ-атворини кўкларга кўтариб, жаҳонга жар солиб юришди, рицарлар эса кўзлари рангига тақлид қилиб мовий ранг либосларни афзал кўришди.

Орадан бир йил ўтиб Шарль ва Эрнанинг осойишталик билан кечираётган бахтли ҳаётига яна бир қувонч қўшилди: улар жуда соғлом ва антиқа ўғил кўришди. Эрна ўғлини биринчи марта эрига кўрсатар экан, тортинибгина деди:
–Севгилим! Сизга айтишга уялиб турибман, лекин: ўғлимиз жудаям чиройли, у сизгаям, менгаям ўхшаб кетади лекин ҳамюртларимизнинг бирортасига ҳам ўхшамайди. Ёки меҳрдан кўзим қамашдимикан?
Бунга жавобан Шарль қувонч билан кулиб қўйди:
–Маликам, доно Эрннинг ов қуроллари сақланадиган хона деворидаги ёзув маъносини кейин айтиб бераман деганим эсингдами?
–Энди эшит. У қадимий лотин тилида бўлиб, қуйидаги маънони билдиради: “Мамлакатимдаги барча эркаклар – ақлли, вафодор ва меҳнаткаш; аёллари – пок, самимий ва зийрак. Аммо –уларни Худонинг ўзи ёрлақасин – аёллар ҳам, эркаклар ҳам – бадбашара”.

ҚИСМАТ ВА ОМАД
Шарқ ривояти

Бундан кўп йиллар муқаддам кичкина, лекин фаровон бир шаҳарда гилам, фил суяги, зираворлар ва атиргул мойи савдоси билан шуғулланувчи савдогар яшаган экан. У ақлли, одобли, художўй ва ҳалол одам бўлиб, ибрат бўларли даражада саранжом-саришталик билан иш юритгани сабабли кўпчилик ўртасида ишонч ва обрў-эътибор қозонган экан.
Бир кун савдогарнинг омади келиб, жуда катта миқдордаги олтинли қумни арзон-гаров сотиб олиб, қимматроққа сотиш имкони пайдо бўпти ва агар шу ишни амалга оширса, бойлиги уч баробар кўпайиши мумкин экан. Аммо бунинг учун қўлидаги бор нақд пулларини тўплаб, қарзга берганларини ундириб, барча молларини тездан сотиб, барча маблағларини жамлаши зарур эди. У бўлажак ишидан келадиган фойда ва зарарларни чамалаб, агар шум толе тўғаноқ бўлмаса, жуда катта фойда олиши мумкинлигини ўйлаб, барча бойлигини қўрқмасдан шунга сарфлашга қарор қилипти.
Шундай қилиб, савдогар ҳақиқий хожаларга муносиб равишда оиласидагиларни бунга аралаштитрмасдан бир ҳафта ичида зарур тайёргарлигини кўрипти. Хайрли кун бўлган чаҳоршанбанинг эрта тонгида туриб, тўнғич ўғлига шундай депти:
– Сариқ байтални ўзингга, юк ортиладиган хачирни эса менга эгарла.

Ўғил ота гапини икки қилмасликка одатланган бўлиб, ҳеч нарса сўрамасдан айтганларини бажарипти. Отаси берган хуржунни эгарга ташлаб боғлаб қўйипти. Йўлга чиқишдан олдин ота-бола дуо ўқиб, саҳар пайтида ота олинда, ўғил орқада уйдан жўнаб кетишипти.
Улар йўлини бахт юлдузи ёритипти. Барча савдо ва пул ишлари тез орада катта фойда билан якунланипти. Доимо омад кулиб турганидан савдогар ўзича хавотир олиб, тез-тез “Худо хоҳласа”, “Худо ярлақаса” деб шивирлаб қўярмиш.

Йўлда кетаётиб у, фаранг шаҳзодаси испан қиролининг қизига уйлангани шарофати билан зеб-зийнат буюмлари нарх-навоси жуда ҳам қимматлашиб кетганини эшитипти. Шу сабабли молларини мўлжалидан ҳам қиммат нархда катта ширинкомалар олиб насияга сотипти. Харидорлар ҳам барчаси ўзига тўқ, сўзининг устидан чиқадиган, ҳалол одамлар бўлиб, қарзларини ўз вақтида тўлашипти ва ота-бола зудлик билан яна йўлга чиқишипти.
Эсон-омон ишларини битирган савдогар тўғри денгиз бўйидаги ажойиб шаҳарга йўл олипти. Олдин буюртма берилган олтинли қумлари аллақачон етиб келган экан. Ишлари зўр кетаётганидан қувонган савдогар баъзан соқолини силаб “Иншоолоҳ” деб шивирлаб қўяркан.

Денгиз бўйигача бир кунлик йўл қолганда ота-бола овқатланиш ва тунаб қолиш мақсадида карвонсарой томон бурилишипти. Ҳар доимгидек савдогар хуржунни ўз елкасига олиб ошхонага, ўғил эса отларнинг эгар-жабдуқларини ечиб ем бериш учун отхонага йўл олипти. Кейин иккаласи таҳорат олиб, намоз ўқишипти ва камтарона дастурхон атрофига ўтиришипти.
Кечки овқатни тугатишга улгурмасларидан ошхонага исқирт ки-йимларда, шубҳали бир тўда одамлар бақириб-чақириб кириб келишипти. Улар май талаб қилишипти ва маст-аласт бўлиб олиб, бақириб ашула айтишипти, пайдарпай май ичишипти. Бироздан сўнг бир-бирларини сўкиб, ҳақорат қилиб жанжал бошлашипти, жанжал муштлашувга айланипти: унда-бунда пичоқ ҳам ялтираб кўринипти.
–Ёмондан нарироқ юрайлик,– деб савдогар юзига фотиҳа тортипти.– Мен сенга қарашиб юбораман.

Қоронғуликда тездан отларни эгарлаб йўлга чиқишипти. Карвонсаройдан эшитилиб турган шовқин-сурон, дарғазаб овозлар эшитилмай қолгунга қадар шошиб, тўхтамдан юришипти. Овозлар тинганда савдогар хачирни тўхтатиб, эгарни пайпаслапти ва ўғлига бу-юрипти:
–Тўхта, орқага қайтамиз!
Сабрсизлик билан хачирни орқага буриб, устма-уст қамчи урганча карвонсарой томон ошиқипти, ўғли кетидан эргашипти.
Карвонсаройга кириб, ошхонани қарашса ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит эмиш. Чироқлар ёниб турган эмиш-у, лекин ҳеч ким кўринмасмиш. Диққат қилиб қарашса ерда мурдалар ётипти, ҳаммаёқ қон. Хўжайинни, хизматкорларни чақириб кўришипти. Лекин жавоб йўқ. Балки, пичоқбозликдан қўрқиб, ўрмонга қочиб кетишгандир.
Савдогар юганни ўғлига ташлапти-ю, югурганча зинадан чиқиб хонага кирипти ва яқиндагина ўзлари овқатланган жойдаги курси остига энгашипти.
Ўғли қараса отаси хуржунни кўтариб елкасига оляпти. Ана шундагина хуржунни эсдан чиқариб қолдирганларини ўғли тушунипти.
Савдогар ҳовлига чиқиб ўғлига ҳеч нарса демасдан хуржунни хачирга ортиб, қамчи қайиши билан эгарга маҳкам боғлаб қўйипти.

Узоқ йўл юришипти. Миршаблар қаҳвахонага кириб, орқаларидан қувиб келмаяптимикин, ушлаб олиб қозига судрамасмикин деган қўрқувга тушибдилар. Қозидан худо сақласин. Айбинг борми, йўқми, деб суриштириб ўтирмайди, умрбод қутулмайсан, охирги сариқ чақангни олмагунча қўймайди.
Тонг саҳарга яқин улар икки четида қалин дарахтлар ўсиб ётган жилғага етиб боришипти. Отларни дарахтга боғлаб таҳорат олибдилар. Ота ўғлига қараб:
–Хуржунни олиб кетимдан юр,–дебди.
Ўзганинг нигоҳи тушмайдиган кичик бир ялангликка чиқишгач савдогар тўхтаб:
–Ўтир,– дебди.

Ўтиришибди. Ота хуржунни ҳар иккала кўзини очиб ичидаги нарсаларни икки тўпга ажратибди. Теппа-тенг қилиб олмос, дур-жавоҳирлар, феруза, ёқут ҳар бирини катта-кичиклигига қараб тенг бўлиб чиқипти. Тилла тангалар, бадавлат бадавийларнинг банкдаги чекларини ҳам тенг бўлипти Тақсимлаб бўлгач, ўғлига депти:
– Бу иккита тенг улуш. Биттаси – сеники. Хоҳлаганингни олиб қопингга сол, отинг эгарига маҳкам қилиб боғла. Отингга миниб ҳозироқ йўлга туш. Кетаётган йўлимиздан тўппа-тўғрига юрасан, беш дақиқача юрганингдан сўнг йўл иккига айрилади – чапга юрасан – шу йўл уйимизга яқинроқ. Эсингда тут, сен энди уйнинг энг каттасисан. Ҳаётингни ўзинг хоҳлагандек, ўзинг билганча йўлга сол. Сенга маслаҳат ҳам, оқ фотиҳа ҳам шу. Яхши бор. Йўлингда учраган биринчи қишлоққа етгунча орқангга қарама. Узоқ муддат уйга қайтолмайман. Балки, умуман қайтмасман.
Ўғил ота сўзларини сукут билан тинглагач, унинг оёғига йиқилиб ерни ўпди, ўрнидан турди-ю, ўгирилиб отга минди ва дарахтлар орасида кўздан ғойиб бўлди.
Савдогар ва ўғли ҳақида ҳозирча шу.

Буюк мамлакатнинг пойтахти бўлган ажойиб ва шон-шуҳратли шаҳарда тантанали байрам арафаси эди. Шу сабабли эрта тонгдан барча аҳоли – қудратли ва олийҳиммат ҳукмдордан тортиб то мардикоргача қатъий тарзда рўза тутишга амал қиларди. То кеч кириб оқни қорадан фарқлаш мумкин бўлмай қолгунга қадар барча ўзини овқат ейишдан тияр, ташна бўлганларга эса фақат тоза сувда оғзини ча-йишга рухсат бериларди. Кечқурун эса барча тўкин-сочин дастурхон атрофида тўпланиб, ноз-неъматлардан, лаззатли таомлардан баҳраманд бўлишарди.
Шунингдек, бу мамлакатда қадимдан қолган яхши бир одат бўлиб, ўша кеч ҳар ким ўз уйига бева-бечораю етим-есирларни, йўқсилларни, ёлғиз қолган кексалару адашган мусофирларни таклиф қилиши мумкин эди. Бу одатга хашаматли қасрлари эгалари бўлган бой-бадавлат фуқаролар ҳам, эски кулбаларда яшовчи камбағаллар ҳам амал қилар эдилар.
Шаҳарнинг энг мўътабар ва машҳур одамларидан бири хуфтон намозидан сўнг мачитдан чиқиб атрофидаги ёру биродарларига бундай мурожаат қилипти:
– Дўстларим! – депти у. – Илтимосимни ерда қолдирманглар. Кўчада учраган бева-бечораларни уйимга олиб келинглар. Улар қанчалик бечораҳол, ожиз ва муҳтож бўлса-да, мен уларни катта ҳурмат ва эътибор билан кутиб оламан.

Бу одам беқиёс даражада бой-бадавлат бўлиб, унинг сонсиз карвонлари мамлакатнинг энг ичкарисигача – Буюк дарёнинг юқори оқимларигача борар: елканли кемалари дунё бўйлаб барча уммонларни кезар, зилол сувли фавворалари бўлган соя-салқин боғ-роғлар билан ўралган хашаматли уйлари ҳаммани ҳайратга солар экан. Гарчи бойлиги унга иззат-ҳурмат келтирган бўлса-да, энг муҳими, маънавий фазилатлари – ҳақгўйлиги, яхши ишлари ва оқиллиги билан барчанинг обрў-эътиборини қозонган экан. Бева-бечораларга сахийлик билан хайр-эҳсон улашар, ўзганинг бошига иш тушганда, омади кетганда ёрдамга тайёр, доно маслаҳатлари билан энг қийин аҳволга тушганларни ҳам қутқарар, ҳатто Оллоҳнинг ердаги сояси бўлган ҳукмдор ҳам ундан маслаҳат сўрар экан.
Шу сабабли дўстлари унинг илтимосини жон-дилдан қабул қилишиб, таъзим қилганча тарқалишибди.

Улардан бири алоҳида таъкидлаб:
– Эй, эзгуликлар булоғи, камбағалларнинг саховатли ҳомийси, дуру гавҳарлар билимдони! Ҳар бир эътиқодли мусулмон тез-тез бориб турадиган ҳаммомдан қайтган хизматкорларим айтганларини илтифот қилиб эшит.
Ўша ҳаммомга, ҳатто бизни фаровон шаҳарда ҳам тиқилиб ётган гадойлардан ҳам қашшоқ бир мункиллаган чол келди. Бор нарсаси: жулдур кийими, чарм хуржундан иборат – тўрва халтасию эски чориғидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.

Ҳаммомдан чиқиб ечиниш жойига келса тўрва халтаси билан чориғини кимдир ўғирлаб кетипти, балки бирорта ҳазилкаш олган бўлиши ҳам мумкин. Бечора фақат жулдур кийимда қолипти. Буни кўрган одамларнинг барчаси хафа бўлиб жаҳли чиқибди. Шуниси ғалатики, чолнинг жаҳли чиқиши ўрнига қувониб кулиб юборибди. У қўлларини кўкка кўтариб чин қалбидан Худога ва ўз қисматига шукроналар айтипти, ҳамду санолар ўқипти. Бундан атрофдагилар ҳайрон бўлиб, хижолат чекканча ўзларини четга олишибди. Гарчи у одам сал ғалатироқ кўринса-да, тўғрисини айтсам, у чол телба эмасмикан деб ҳам ўйладим.
Аслзода одам бошини чайқатганча деди:
– У телбами ёки табаррук одамми – биз билмаймиз. Дўстим, уни тезроқ ҳузуримга олиб кел. Азиз меҳмоним бўлади, дастурхон тўрига ўтқазаман.

Мана, кеч кириб байрам дастурхони ёзиладиган пайти келди. Пойтахтнинг барча уйларида чироқлар ёқилиб, хушбўй таомларни – палов, қовурилган жўжалар, зираворларнинг ёқимли ҳиди ҳаммаёқни тутиб кетипти. Шунда аслзоданинг уйига ўша кекса гадони бошлаб келишибди. Уй эгаси ўзи уни кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, зиёфат бўладиган хонага олиб кириб, дастурхон тўрига ўтқазипти. Таомларни хизматкорлар қўлидан олиб, энг лаззатли бўлакларини меҳмонга солиб берипти. Кўрсатилган иззат-ҳурматдан чолнинг боши осмонга етиб, юзларидан нур ёғилибди. Меҳмоннинг бу аҳволини кўрган хўжайининг меҳри товланиб, ундан сўрапти:
– Эй, марҳаматли отагинам, бирор-бир истагинг бўлса айт, мен бажо келтирай.
Чол ёрқин табассум билан жавоб берибди:
–Барча фарзандларинг ва невараларингни менга кўрсат, фотиҳа берай.
Аслзоданинг вояга етган тўртта фарзанди ва учта невараси кириб чол ҳузурида тиз чўкишипти. Чол эса уларнинг бошини силаб, фотиҳа берипти. Бу қадимий маросим тугагач, уй эгаси чолдан фотиҳа беришини сўрапти. Чол унга фотиҳа берипти, қучоқлаб юз-кўзларидан ўпипти.

Тиз чўкиб ўтирган уй эгаси ҳаяжонланиб ўрнидан турипти ва чолга мурожаат қилиб:
–Отагинам, сиздан минг бор узр сўрайман, айбга қўшмайсиз, сизга бир саволим бор. Уйимга кирганингиздан бери нуроний юзингиздан кўзимни узолмайман. Дунёда гўё сиздан бошқа яқин одамим йўқдай. Эслаб кўр, отагинам, сен билан илгари бирон ерда учрашганмидик?
–Бажонидил сени кечираман, ўғлим,– жавоб берипти чол, табассум билан.– Ўз навбатида мен ҳам сенга савол бермоқчиман! Кичкина жилға бўйидаги серсоя дарахтзор ёдингдами? Дарахтга боғлаб қўйилган хачир билан сариқ байтал-чи, ота-бола хуржундан қимматбаҳо дуру гавҳарларни, тиллаларни тенг бўлганимизни эслайсанми?

Шунда савдогар қариянинг оёқларига йиқилиб ер ўпибди ва ўрнидан туриб хитоб қилибди:
–Эй севикли отам, сизни бу ерларга келтирган Оллоҳга хамду санолар бўлсин! Мана, шу уй сизники, мен, ўғилларим, неваларим барчамиз сизнинг хизматингизда, сизнинг қулингизмиз.
Ота-бола қучоқлашиб, узоқ вақт кўзларидан қувонч ёшлари аримабди. Бир мунча вақт ўтиб ўзларига келгач, савдогар одоб билан отасидан сўрапти:
–Эй ҳурматли отам, айтинг-чи, ўша тонгда барча бойлигингизни бўлишиб иккаламиз икки томонга қараб умрбод бўлмаса ҳам, узоқ муддатга ажралиб кетганимизга сабаб нима?

Қария жавоб берди:
– Гап бундоқ: эсингда бўлса биз иш билан уйдан чиққач, омадимиз юришиб кетдаверди. Ёдингдами, доим мен “Иншооллоҳ” деб такрорлардим. Омад юз ўгирмасин деб қўрққандим ўшанда. Карвонсаройга қайтиб барча-барчанинг кўз олдида қолган бойлигимизга ҳеч ким тегмаганини кўриб, бу тақдирнинг бизга берган охирги омади бўлса керак деб ўйладим, чунки инсонга омад доим кулиб боқавермайди. Омадсизлик ва бахтсизлик бизни таъқиб қилмасин дедим. Сени ва оиламизни шу балолардан даф қилай ва ўзим гирифтор бўлақолай, деган мақсадда қилдим шу ишни…

Эскидан бир гап бор: фақат ахмоқларгина момақалдироқ пайтида дарахт остига яширинади… Айрилиқ мени не кўйга солганини кўриб турибсан. Зийраклик билан иш қилганимни энди билгандирсан?

Бу гапларни эътибор билан тинглаб турганлар қарияга эҳтиром билан таъзим қилдилар. Унинг зийрак ақли, донолигига, оиласига бўлган меҳрига қойил қолдилар.
Меҳмонларнинг энг кекса ва ҳурматлиларидан бири сўради:
–Эй, тоғамнинг меҳрибон акаси, нима сабабдан бугун гадой халтангни ўғирлатгач, йиғлаш ўрнига шод-хуррам бўлиб қувондинг? Беадаблик билан берган саволимга жаҳлинг чиқмасин. Лозим топсанг, жавоб бер.

Қария ёқимли табассум билан жавоб берибди:
–Мен шунинг учун шод-хуррам бўлдимки, ўша лаҳзада шум тақдир мени таъқид қилишдан чарчаганлигини тушундим. Ўзинг ўйлаб кўр: бу дунёда гадой бўла туриб халтасини ўғирлатган одамдан кўра қашшоқ ва омадсиз инсон борми? Пешонамга бундан-да оғир қисмат ёзилиши мумкинми? Бу борада хато кетмаганимни кўриб турибсан. Шу бугуннинг ўзидаёқ ўғлимни, невара-чевараларимни топиб олдим-ку. Энди қолган умримни хавотир олмасдан, уларнинг бошига оғир қисмат тоши тушмасин дея, қувонч ва меҳр қуршовида осо-йишта ўтказиш насиб этсин, иншооллоҳ!

Меҳмонлар яна унга таъзим қилишди ва бир овоздан:
–Омад эмас, қисмат муҳим экан,– деб таъкидлашди.

045

Aleksandr KUPRIN
IKKI SHARQ RIVOYATI
Abdunabi Abdulqodir tarjimasi
05

Kuprin Aleksandr Ivanovich [1870.26.8 (7.9), Varovchat sh. — 1938.25.8, Leningrad] — rus yozuvchisi. Dastlabki asarlarida kambag’allar hayotini, kishilarning og’ir turmush tarzini realistik tasvirlagan («Ofat» qissasi,1896). Ijodida ijtimoiy-tanqidiy kayfiyatlarning kuchayishi «Yakkama-yakka olishuv» (1905), «O’ra» (1909—15) qissalarida aks etgan. Nafis ifodalangan obrazlarning xilma-xilligi, lirik holatlari «Olesya» (1898), «Gambrinus» (1907), «Yoqut ko’zli bilaguzuk» (1911) kabi qissa va hikoyalarida mujassamlashgan. «Listrigonlar» ocherklar turkumi (1907— 11) bor. 1919—37 yillarda muhojirlikda (asosan, Parijda) yashab,«Yunkerlar» (1928-32), «Janeta» (1932-33) qissalarini, bir qancha ocherk va hikoyalarni yaratdi. Ularning ko’pchiligi esdaliklar asosida yozilgan. Uning ko’pgina asarlari bo’yicha stsenariylar yozilib, ekranlashtirilgan. Asarlari chet tillarga, shu jumladan, o’zbek tiliga ham tarjima qilingan.

05

MOVIY YULDUZ
Sharq rivoyati

Qadim zamonlarda o‘tib bo‘lmas daralar, ulkan qoyalar va qalin o‘rmonlar qurshovida butun dunyodan ajralib qolgan yassi tog‘ tepaliklaridan birida chorvachilik bilan kun kechiruvchi tinchgina xalq osoyishta yasharkan. Temir sovutlarga burkangan, begona, baquvvat va daroz odamlar janubdan bu yerlarga qachon va qanday qilib kelib qolganliklari noma’lum.
Kashf qilingan mamlakatning iqlimi – mo‘‘tadil, tuproqlari unumdor, suvi lazzatli, odamlari esa beozor ekanligi kelgindi johil sipohiylarga juda yoqib qoldi va shu yerlarda umrbod qolishga qaror qildilar. Bu yerlarni bosib olishga ehtiyoj yo‘q edi, chunki odamlari urush, qurol-yarog‘ nimaligini bilmas, qalblarida yovuzlikdan asar ham yo‘q edi. Mahalliy aholini zabt etish shundan iborat bo‘ldiki, kelgindilar bor-yo‘g‘i og‘ir temir sovutlarini yechib, shu yerli chiroyli qizlarga uylandilar va o‘zlari barpo qilgan yangi davlatning boshlig‘i etib yo‘lboshchilari bo‘lmish olijanob va dov-yurak Ernni qo‘ydilar. Unga qirollarga xos cheksiz hukmronlik qilish va taxtni vorisiga qoldirish huquqini berdilar. O‘sha zamonlarda bu narsalar mumkin edi.
Shundan buyon ming yillarcha vaqt o‘tdi. O‘sha sipohiylarning avlodlari mahalliy aholi bilan shu darajada qo‘shilib ketdiki, bora-bora ular orasida tillarida ham, tashqi qiyofalarida ham farq yo‘qolib ketdi. Sipohiy-ritsarlar siymolaridan asar ham qolmadi. Hatto qirollar tomonidan ham unutilgan qadimiy tildan esa faqat tantanali marosimlaru saroy udumlarida ahyon-ahyonda mo‘‘tabar hissiyotlarini bildirmoqchi bo‘lganlaridagina foydalanardilar. Ern Birinchi, Buyuk Ern, Muqaddas Ern haqidagi xotiralar esa xalq tomonidan yaratilgan go‘zal afsonalar orqali, xuddi hindularning Gayavatasi, Finnlarning Veynemeyneni, ruslarning Vladimir Birinchi, yahudiylarning Muso, frantsuzlarning Sharleman haqidagi rivoyatlari kabi abadiy xotira bo‘lib qoldi.
Aynan mana shu dono Ern Ernoterra aholisini bug‘doy va sabzavot yetishtirishga, temirni qayta ishlashga o‘rgatdi. Yozuvni, san’atni joriy qildi. Din asoslarini, qonunni kiritdi; din – Xudoga ibodat qilish – tushunarsiz tilda duo o‘qishdan iborat bo‘lib, qonun esa birgina asosga – Ernoterrada hech kim yolg‘on gapirmasligiga tayandi. Taxtga o‘tirgan kunidan boshlab huquq va burch bobida erkaklar va ayollarga tenglik joriy etilib, har qanday unvon va imtiyozni bekor qilindi. Qirol o‘zi esa “Xalqning birinchi xizmatkori” degan unvonni oldi.
Buyuk Ern taxt vorisligi haqida qonun kiritdi: unga ko‘ra qizmi, o‘g‘ilmi, to‘ng‘ich farzand vorislik huquqiga ega bo‘lib, sevgan odami bilangina turmush qurardi. Va nihoyat, Ern Birinchi o‘zlari tug‘ilib o‘sgan madaniy mamlakatlarda keng tarqalgan buzuqlik, yovuzlik kabi illatlar bu yurtga ham kirib kelmasligi choralarini ko‘rib, o‘zlari kelgan yolg‘izoyoq yo‘lni ham yo‘q qilib tashladi.
Mana shu Ern avlodi qirollarining o‘z xalqiga otalarcha g‘amxo‘rligi, donolik va ezgulik asosida yurtni boshqarishi tufayli Ernoterra gullab-yashnab ketdi, xalq esa osoyishta va farovon hayotga erishdi. Bu mamlakat xalqi na jinoyat, na urush nimaligini bilmay, muhtojlik ko‘rmasdan ming yil davomida tinch hayot kechirib keldi.
Bu qadimiy qirollik saroyida Ern Birinchiga tegishli qandaydir buyumlar: uning sovutlari, dubulg‘asi, qilichi, nayzasi va ov qurollari xonasida devorga o‘yib yozilgan bir necha tushunarsiz so‘zlar esdalik sifatida qolgandi. Ernoterraliklarning hozirgi avlodlaridan birontasi ham bu buyumlarni ko‘tara olmas va yozuvlarni o‘qiy olmas edi. Shuningdek, uning uch xil rasmi: mayda mozaika bilan ishlangan yon tomondan ko‘rinishi, bo‘yoqda ishlangan old tomondan ko‘rinishi, uchinchisi – marmardan ishlangan xaykalchasi yodgorlik bo‘lib qolgandi.
Har uchchala portret mehr bilan yuksak san’at darajasida ishlangan bo‘lsa-da o‘z xalqini ranjituvchi bir tomoni bor edi. U ham bo‘lsa qirolning o‘ta xunuk, hatto badbashara ko‘rinishi edi. Ammo shunday bo‘lsa-da, yuz ifodalarida na yovuzlik, na yoqimsizlik ko‘rinmasdi. Ernoterraliklar o‘zlariga xos bo‘lgan go‘zalliklari bilan faxrlanishar, birinchi qirollarini esa afsonaviy qalb go‘zalligi uchun qadrlar, tashqi qiyofasidagi xunuklikni esa ayb deb hisoblamasdilar.
Irsiyat qonunlarining o‘ziga yarasha injiqliklari bor. Ayrim hollarda bola na o‘z ota-onasiga, na bobo va buvilariga o‘xshamaydi-da, uzoq o‘tmishdagi ajdodlaridan biriga o‘xshab ketishi mumkin. Ernlar sulolasi solnomachilari qayd qilishlaricha, ular avlodida vaqti-vaqti bilan o‘ta xunuk bolalar tug‘ilgan bo‘lib, keyinchalik bunday holatlar kamdan-kam uchraydigan voqeaga aylangan. To‘g‘risini aytish kerakki, xunuk tug‘ilgan shahzodalar ajoyib qalb sohiblari: yaxshi xulqli, aqlli, rahmdil va xushchaqchaq bo‘lganlar. Taqdir taqozosi bilan shahzodalarning bunday xunuk ko‘rinishlari go‘zallik va nafosatning farqiga boruvchi ernoterraliklar orasiga nifoq sola olmagan.
Saxovatli qirol Ern XXIII o‘zining ajoyib go‘zalligi bilan ajralib turar, mamlakatdagi eng go‘zal qizni ehtiros bilan sevib qolib uylangandi. Uzoq vaqt ular farzand ko‘rmadi – deyarli o‘n yil. Sevimli qirolicha yaqinda ona bo‘lishini bilgan xalq bu yangilikni qanchalik shodiyona kutib olganligini tasavvur qilish qiyin emas. Qirol taxtni bevosita o‘z zurriyotiga qoldirayotgani oilasini ham, xalqini ham shodligiga shodlik qo‘shdi. Olti oydan so‘ng qirolicha eson-omon qutulib, dunyoga malika Ern XIII kelganligini eshitgan qirol bu xabarni xushnud kutib oldi. O‘sha kuni malika sog‘ligi uchun qadah ko‘tarmagan odam qolmadi.
Faqat saroy ahli xursand emasdi. Endigina tug‘ilgan chaqaloqni qo‘liga olgan doya alam bilan bosh chayqab qo‘ydi. Qirolichaga olib kelganlarida chaqaloqni ko‘rib, qo‘llarini yoygancha xitob qildi:
–Ey, Xudoyim-e, bunchalar xunuk bo‘lmasa! – deya yig‘lab yubordi. Bir oz o‘ziga kelgach, qo‘llarini chaqaloq tomon uzatib:
–Bolaginamni menga beringlar, bechoraning xunukligi mehrimni kamaytirmaydi, aksincha, o‘n chandon oshiradi, – dedi.
Qirol ham juda xafa bo‘lib:
– Bunchayam peshonasi sho‘r bo‘lmasa! Sulolamizda badbashara shahzodalar bo‘lganligini eshitgandik, lekin bunday xunuk malikaning Ernlar avlodida tug‘ilishi birinchi marta yuz berishi! Xudodan iltijo qilamiz, zora buning evaziga qalbi go‘zal, aql-hushli bo‘lib ulg‘aysa.
Malikaning xunukligini eshitgan xalq ham xuddi shunday iltijo qildi.
Shu asnoda malika kun sayin ulg‘ayib, soat sayin xunuklashib borardi. O‘zining xunukligini tushunmagan go‘dak to‘yib-to‘yib uxlar, ovqat yer, quvnoq va betashvish hayot kechirardi. Uch yoshga to‘lay deganda u o‘z bobokaloni Buyuk Ernga judayam o‘xshashligi ravshan bo‘lib qoldi. Shu yoshda u o‘zining eng yaxshi sifatlarini: beozor, sabr-toqatli, atrofidagilarga mehribon, g‘amxo‘r, ziyrak va xushmuomala ekanligini namoyish etdi.
O‘sha paytlarda bir kun qirolicha qirol huzuriga kirib:
–Podshohim va rafiqim! Malol kelmasa, qizimiz uchun bir iltifot ko‘rsatishingizni so‘ramoqchi edim, – dedi.
–Sevikli rafiqam, bilasiz-ku, sizdan hech narsani darig‘ tutmayman.
–Qizimiz o‘sib-ulg‘ayib kelayapti. Ko‘rinishidan Xudo unga yoshiga nomunosib ajoyib aql-idrok ato qilgan. Bir kunmas bir kun o‘zining yuz qiyofasi xunuk ekanligini bilib qolishi muqarrar. Bu unga umrbod g‘am-alam keltirishidan xavotirdaman.
–Siz haqsiz, rafiqam. Qizimiz muqarrar tarzda duch kelishi mumkin bo‘lgan bu taqdir zarbasini qanday yo‘l bilan oldini olish mumkin?
–Fikrim sizga ahmoqona tuyulsa ham, g‘azabingiz kelmasin, podshohim. Qizimiz hech qachon ko‘zguga qaramasligi chorasini ko‘rishimiz kerak. Mabodo birorta odam yovuzlik qilibmi yoki ixtiyorsizmi, uning xunukligi haqida o‘ziga aytadigan bo‘lsa-da, ko‘zguda o‘zini ko‘rmaguncha buni bilmasdan yurishi mumkin.
–Shuning uchun nimani xohlardingiz?
–Ha… Ernoterrada birorta ham ko‘zgu qoldirmaslik kerak!
Qirol o‘ylanib qoldi. Keyin:
–Bu narsa xalqimiz uchun katta yo‘qotish bo‘ladi. Buyuk ajdodim chiqargan qonunga ko‘ra yurtimizda erkak ham, ayol ham bashang kiyinishni yaxshi ko‘radi. Xalqimizning qirol va oilasiga bo‘lgan sadoqatini ham yaxshi bilamiz va bu yo‘qotishni chidam bilan qarshi olishiga aminman. Qirollikda birorta ham ko‘zgu qoldirmasdan yo‘q qilib yuborish haqida shu bugunoq Farmon beraman.
Qirol o‘z xalqiga ishonib adashmagandi, chunki xalq yaxshi kunlarda ham, yomon kunlarda ham qirol oilasi bilan hamjihat edi. Xalq farmonni hamdardlik bilan kutib oldi va barcha ko‘zgularni, hatto sinig‘ini ham, qoldirmay davlat soqchilariga to‘plab berdi. To‘g‘ri, ayrim hazilkashlar sochlarini hurpaytirib, yuzlariga loy surtib qiziqchilik qilishdi. Lekin xalq kular ekan, garchi hajv qilib kulsa ham, qirol xavotir olmasa ham bo‘ladi. Masalaning muhim tomoni yana shundaki, mamlakatning barcha suvlari tez oquvchi tog‘ daryolari va jilg‘alaridan iborat bo‘lib, biror narsa suvda aks etmasdi.
Malika Erna o‘n besh yoshga yaqinlashib qoldi. U chidamli va baquvvat bo‘lib o‘sdi. Bo‘yi uzun, eng daroz erkak ham uning yelkasidan kelardi. U kashtachilikda ham, arfa chalishda ham juda mahoratli edi. To‘p otishda unga teng keladigani yo‘q edi. Toshdan-toshga xuddi kiyikdek chaqqon sakrardi. Uning yuzidan ezgulik, hamdardlik, adolat, iliqlik va quvonch nurlari doim taralib turardi. Bemorlarga, keksalarga, beva-bechoralarga yordam berib charchamasdi. Jarohatlarni qanday bog‘lashni, qanday o‘t-o‘lanlar malham bo‘lishini yaxshi bilardi. Yiqilgan, mayib bo‘lganlar uning mehribon qo‘llaridan shifo topardi. Xalq uni haddan tashqari sevar, doim izidan duo qilardi. Lekin ziyrak Erna ko‘pincha unga achinib qarayotganliklarini, bilintirmasdan hamdardlik qilayotganliklarini sezib qolardi.
“Balki men boshqalarga o‘xshamasman?” deya xayol qilardi va huzuridagi xizmatchi ayollardan so‘rab qolardi:
–Aytinglar-chi, hurmatli dugonalarim, chiroylimanmi yoki yo‘qmi?
Ernoterrada hech kim yolg‘on gapirmasligi sababli saroy xonimlari samimiyat bilan javob qaytarishardi:
–Sizni go‘zal deb bo‘lmasa ham, so‘zsiz dunyodagi barcha qiz va ayollardan ko‘ra yoqimliroq, aqlliroq, xushfe’lroqsiz. Hatto sizga uylanadigan odam ham xuddi shunday deyishi mumkin, bunga ishoning. Ayol latofati haqida biz ayollar unchalik farqiga bormaymiz.
Ernaning tashqi qiyofasi haqida mulohaza yuritish ular uchun mushkul ekanligi ayon. Na bo‘y-basti, na gavda va yuz tuzilishi ernoterralik ayollarga mutlaqo o‘xshamasdi.

Erna o‘n besh yoshga to‘lgan kunni saroyda zo‘r ziyofat va bazm bilan nishonlashdi – mamlakat qonuniga ko‘ra qiz bola shu yoshda balog‘atga yetgan hisoblanardi. Ertasiga ertalab rahmdil malika savatchasiga ziyofatdan ortgan tansiq shirinliklardan solib bilagiga osgancha to‘rt chaqirim narida turadigan sevikli enagasini ko‘rgani jo‘nadi. Erta tongdagi sayr va yoqimli toza tog‘ havosi unga odatdagidek quvonch keltirmadi. Uning fikru hayoli kechagi bazmda kuzatganlari haqida edi. Uning qalbi tog‘ cho‘qqilaridagi abadiy qorliklardek oppoq va toza edi, lekin o‘tkir nigohlari, ayollarga xos sezgirligi va navqiron yoshi unga ko‘p narsalarni bildirib qo‘ydi. Raqs tushayotgan yigit va qizlarning bir-birlariga sirli qarab qo‘yishlari uning nazaridan chetda qolmadi. Bu nigohlar bevosita unga qaratilmagan bo‘lsa-da, hurmat ifodasi bo‘lgan tabassum va ta’zimlarda itoat, sadoqat va nazokat ko‘rinardi. Ammo ularning har biriga achinish hissi soya tashlab turardi. Nahotki jirkanch, badbashara bo‘lsam va bu haqda menga aytishga hech kim jur’at eta olmasa?
Shunday g‘amgin xayollarga botgancha Erna enagasining uyiga yetib keldi va eshikni taqillatdi. Javob bo‘lmagach, eshikni ochib (bu mamlakatda qulf nima ekanligini bilishmasdi) ichkariga kirdi. Ilgari ham hech kim yo‘qligida ichkariga kirib enagani kutib o‘tirardi.
Deraza yonida g‘amgin xayollarga berilgancha dam olib o‘tirarkan, beixtiyor atrofdagi tanish jihozlarga ko‘z tashladi va birdan uning e’tibori enagasi doim yashirib yuradigan qutichasiga tushdi. Enagasi bu qutichada o‘zining bolaligi, yoshligi, birinchi muhabbati, erga tekkanligi, saroydagi hayoti bilan bog‘liq turli mayda-chuydalarni: rangli toshlar, arzon taqinchoqlar, kashtalar, tangachalar va uzukchalarni saqlab yurardi. Malika hali bolalik chog‘idanoq qutichani titkilashni yaxshi ko‘rar va ular bilan bog‘liq xotiralarini enagasidan qayta-qayta eshitardi. Nima sababdan bu quticha ko‘z tushadigan joyda turganiga ajablandi. Malika doim ko‘rgisi kelganda qutichani enagasi berar va ko‘rib bo‘lgach, chiroyli matoga avaylab o‘rar va yashirib qo‘yardi.
“Balki enaga shoshib tashqariga chiqqan-u, qutichani yashirish esidan chiqqan bo‘lsa kerak”, deb o‘yladi malika va stolga yaqinroq o‘tirib qutichani tizzasiga qo‘ydi. Ichidagi tanish narsalarni beparvolik bilan bitta-bitta olib etagiga sola boshladi. Qutichaning tagiga yetganda qiyshiq burchakli katta yassi bir siniq parcha ko‘rindi. Uni qo‘liga olib ko‘zdan kechirdi. Bir tomoni qizil bo‘lib, boshqa tomoni kumushrang, yaltiroq va go‘yo chuqurroq edi. Tikilib qaragandi, xonaning supurgi tirab qo‘yilgan burchagi ko‘rindi… Biroz burganida xonadagi eski javon, yana biroz burganida… judayam xunuk bir bashara ko‘rindiki, bunday basharani u tasavvur ham qilolmasdi.
Qoshini tepaga ko‘targandi, badbashara ham uni takrorladi. Boshini qiyshaytirgandi – u ham shunday qildi. Qo‘lini lablariga tekkizdi – siniq parchada ham shu harakat takrorlandi. Erna endi tushunib yetdi: qo‘lidagi parchadan uning o‘zi unga qarab turardi. Qo‘lidagi ko‘zgu tushib ketdi, qo‘llari bilan ko‘zlarini yashirgancha alam bilan stolga boshini urdi.
Shu daqiqada enaga qaytib keldi. Malikani, ochiq qutichani va siniq ko‘zgu parchalarini ko‘rdi-yu, gap nimada ekanligini tushundi. Erna qarshisiga tiz cho‘kkancha muloyim so‘zlarni gapira boshladi. Malika keskin o‘rnidan turib, qaddini rostladi va ko‘z yoshisiz, lekin qahrli tarzda barmog‘i bilan ko‘zguni ko‘rsatib:
–Hammasini so‘zlab ber,– deya buyruq berdi.
Uning ovozi qat’iyatli yangradi. Buni kutmagan sodda ayol yo‘q deyishga botina olmadi: badbashara, lekin oliyjanob shahzodalar haqida, badbashara qiz tuqqan qirolichaning g‘am-anduhlariyu mehr-shafqati haqida, qanday qilibtaqdir zarbasidan qizini qutqarmoqchi bo‘lgani va ko‘zgularni yo‘qotish to‘g‘risidagi qirolning farmoni haqida batafsil so‘zlab berdi. U o‘zining ahmoqona ojizligini aytib sochini yular, sevikli Ernani musibatga qo‘ygan shu bir parcha taqiqlangan ko‘zguni qutichasiga yashirib qo‘ygan kuniga la’natlar o‘qirdi.
Uni eshitib bo‘lgach, malika g‘amgin tabassum bilan:
–Ernotarrada hech kim yolg‘on gapirmaydi!– deb qo‘ydi.
U tashqariga chiqdi. Tashvishga tushgan enaga ortidan chiqmoqchi bo‘lgandi, Erna uni keskin to‘xtatdi:
– Qol, shu yerda!
Enaga bo‘ysundi. Qanday yo‘q deya olardi? Uni emib katta bo‘lgan kichkina Ernaning ovozi emasdi bu, balki ajdodlari ming yildan beri hukmdor bo‘lib kelayotgan mag‘rur malikaning buyrug‘i edi.

Egri-bugri tog‘ yo‘llaridan, tik jar yoqasidan o‘tib borarkan, baxti qaro Ernaning harir ko‘k ko‘ylagi etaklarini shamol hilpiratar, jar ostida oqayotgan daryoning guvillashi qulog‘iga kirmas, atrofidagi yovvoyi tabiat qo‘shig‘ini eshitmasdi. Bolaligidan tanish bo‘lgan bu yolg‘izoyoq yo‘lda borarkan, qalbi ham yolg‘izlikdan, ham boshiga tushgan musibatdan aziyat chekardi. Qalbida nimalar kechayotgani haqida kim ham aytib bera olardi? Balki, o‘ziga o‘xshash, taqdir zarbasiga uchragan birorta boshqa bir malika bo‘lganda tushungan bo‘larmidi?..
Yo‘lda ketarkan, keskin burilishga duch keldi. Ulkan qoyalar ko‘chkisi yo‘lni to‘sib qo‘ygan, bu vahshiy to‘siqlarni olib tashlashning iloji yo‘q edi. Pastdan esa qandaydir tushunib bo‘lmas tovush eshitildi. Malika jarga engashib, quloq sola boshladi. Shundoqqina oyog‘i ostidagi jar tubidan kimdir ingrab yordam so‘rardi. Shunda u o‘z qayg‘usini ham unutib, yurak amriga bo‘ysungancha pastga otildi. Xuddi kiyikdek qoyadan-qoyaga, toshdan-toshga sakrab tegirmon toshi kattaligidek maydonchaga tushdi. Bu yerdan endi na tepaga, na pastga tushishning iloji yo‘q edi, lekin Erna bu haqda o‘ylab ham o‘tirmadi.
Ingrayotgan odamning ovozi qo‘l yetgudek joydan kelayotgandi. Yarmi suvga tegib turgan tosh ustiga yotib pastga qaragandi, o‘tkir qoya uchiga osilib qolgan odamni ko‘rdi. U bir qo‘li bilan qoyani, bir qo‘li bilan omonatgina o‘sgan daraxt shoxini ushlab olgan, chap oyog‘i uchini tosh yorig‘iga tiragan, o‘ng oyog‘i esa muallaq turardi. Kiyimiga qaraganda u Ernoterralik emasdi, chunki malika uning ipakdan tikilgan kiyimlariyu charm etik poshnasidagi shporlarni va zarhal kamarni umrida ko‘rmagandi.
–Hoy! Musofir! Bardam bo‘ling, hozir yordam beraman, – deb qichqirdi Erna.
Notanish ingragancha boshini ko‘tarib, silkitib qo‘ydi. Malika unga qanday yordam berishi mumkin? Pastroqqa tushishning iloji yo‘q, ham foydasiz. Eh, arqon bo‘lganda edi!.. Ular orasidagi masofa ikki odam bo‘yicha kelardi. Nima qilish kerak?
Birdan malikaga ajoyib bir fikr keldi. Bunday fikr xavfli vaziyatlarda jasur va mard insonlardagina paydo bo‘ladi. Malika o‘ylab-netib o‘tirmay egnidagi ajoyib ko‘ylagini shartta yechdi-yu, qo‘llari va tishlari yordamida uzun-uzun bo‘laklarga bo‘lib, arqon esha boshladi. Ko‘ylak bo‘laklarini bir-biriga qattiq bog‘lab, pishiqligini tekshirib ko‘rdi-da, beso‘naqay tosh ustiga yotib, oyoq-qo‘llari shilinganiga qaramay, bir uchini osilib turgan notanish odamga tashladi. Xayriyat, arqon uzungina bo‘lib,,, yigit uni kamariga bog‘ladi. Malika uni asta-sekin tepaga torta boshladi. Yigit esa, malikaga yengil bo‘lishi uchun qoyaning bo‘rtib turgan joylariga oyoq-qo‘llarini tirab tepaga intilardi. Boshi va ko‘kragi Erna turgan maydonchaga yetay deganda yigit kuch-quvvati tugadi, malika zo‘r berib, mashaqqat bilan uni balandga tortib chiqardi.
Maydoncha judayam tor edi, malika o‘tirgan joyida yigitning boshini ko‘kragiga bosib, holsizlangan tanasini qo‘llari bilan o‘rab oldi.
–Kimsan ey, sehrli mavjudot? – oqarib ketgan lablarini zo‘rg‘a qimirlatib so‘radi yigit. – Tangri yuborgan farishtamisan? Yoki shu tog‘larning mehribon parisimisan? Balki ma’jusiy ilohalardan birimisan?
Malika uning tilini tushunmadi, ammo muloyimlik bilan, minnatdorchilik izhor qilib turgan qora ko‘zlari hamma gapni bildirib turardi. Lekin shu ondayoq yigitning kipriklari yumilib, yuzi o‘likdek oqarib ketdi va malikaning ko‘kragiga bosh qo‘ygancha xushini yo‘qotdi. Malika esa qimirlay olmas, ko‘kragida behush yotgan yigitning yuzidan moviy ko‘zlarini uzolmasdi.
Malika o‘zicha fikrlay boshladi.
“Bu baxti qaro yo‘lovchi xuddi menga va ajdodim Buyuk Ernga o‘xshash xunuk ekan. Menimcha har uchchalamizning tuprog‘imiz bir joydan olingan bo‘lsa kerak. Go‘zal Ernoterraliklarga qiyoslaganda biz uchchalamiz shunday badbasharamizki, bu narsa bizni yaxshilikka olib bormasa kerak. Lekin nima sababdan yigitning menga boqqan nigohlari shunchalik yoqimli? Kechagi bazmda raqs tushayotgan yigit va qizlarning rahmi kelgandek qaraganlari judayam ayanchli emasmi? Bu nigohlarning lipillab turgan shamchiroq bilan quyoshdek farqi bor-ku. Nima sababdan tomirlarimdagi qon gupillab urib ketdi, nima sababdan yonoqlarim lovullab, yuragim gursillamoqda, nega hayajondan borlig‘im quvonchga to‘ldi? Ey, Parvardigor! Sen meni shunchalik xunuk qilib yaratganliging uchun noliganim yo‘q. Shu yigit uchun men dunyodagi barcha qizlardan ham go‘zalroq bo‘lib ko‘rinishni istardim!”
Shu payt tepadan ovozlar eshitila boshladi. To‘g‘ri, malikaning qat’iy buyrug‘idan keyin enaga anchagacha o‘ziga kelolmadi, lekin o‘zini o‘nglab olgach, darhol uning izidan yugurdi. Uning toshdan-toshga sakrab jarlik tubiga oshiqqanligini, notanish kimsaning ingrab yordamga chaqirganligini eshitdi-yu, gap nimadaligini tushunib yetdi. Darhol qishloqqa yugurib hammani oyoqqa turg‘azdi: kimdir arqon, kimdir narvon va tayoq olib jar yoqasiga yugurishdi. Hushdan ketib yotgan yo‘lovchini sog‘-omon tepaga tortib olishdi. Enaga esa malikaga o‘z kiyimlarini chilvirga bog‘lab tushirdi. Shundan so‘ng malikaning buyrug‘i bilan musofirni saroyga olib borishdi va eng yaxshi xonaga joylashtirishdi. Uning bir qancha joyi qattiq lat yegan va qo‘li chiqqandi. Uni malikaning o‘zi davolay boshladi. Bunga hech kim ajablanmadi, chunki malikaning rahmdilligi, tabiblikdan ham yaxshigina xabardorligini hamma bilardi. Garchi yigit xunuk bo‘lsa-da, aslzoda oiladan ekanligi sezilib turardi.
Shu voqeadan so‘ng nima bo‘lganligini batafsil gapirib o‘tirishga hojat bo‘lmasa kerak? Ernaning uzluksiz parvarishi natijasida u tezda oyoqqa turib ketdi, xotirasi tiklandi va o‘z xaloskorini ko‘rib zavq-shavqqa to‘ldi. Malika kirib kelishini u intizorlik bilan kutar, Erna ham undan hech ajralgisi kelmasdi. Qanday qilib bir-birining tilini o‘rganganligini aytmaysizmi? Kunlardan bir kun Erna musofir yigit tilidan “amo!” degan yoqimli so‘zni eshitgach, quvonch va uyatdan qizarib, tortinchoqlik bilan shivirlab o‘sha so‘zni takrorladi. “Amo”, ya’ni “sevaman” degan so‘z, ayniqsa, birinchi bo‘sa bilan hadya etilsa, buni tushunmaydigan qiz dunyoda bormikan?
Eng yaxshi til o‘qituvchisi – sevgidir. Yigit tuzalgach, malika bilan birga saroy bog‘ida sayr qila boshlashdi. Shu asnoda ular bir-birlarini yaxshi bilib olishdi. Erna qutqargan yigit boy va qudratli Frantsiya davlatini boshqarayotgan qirolning yagona o‘g‘li bo‘lib, ismi Sharl ekan. Sayohat va sarguzashtlarga o‘chligi uni o‘tib bo‘lmas Ernaterra tog‘lariga kelib qolishiga sabab bo‘lgan. Qo‘rqoq kuzatuvchilari uni tashlab ketishgach, qoyadan yiqilitb, o‘lishiga bir bahya qolgan. U chaqaloqligida buyuk frantsuz bashoratchisi Nostradamus tuzib bergan munajjimlar jadvali haqida aytib berishni ham unutmadi. Bashoratda shunday so‘zlar bor ekan:
“… shimoli-sharq tomondagi yovvoyi tog‘larda katta falokatga yo‘liqasan, keyin esa moviy yulduz umrbod hayotingni yoritib turadi”
Erna ham Sharlga o‘z mamlakati va qirol oilasi tarixini so‘zlab berdi. Hatto, bir kuni Buyuk Ernning qurol-yarog‘larini ham faxrlanib ko‘rsatdi. Sharl ularni ehtirom bilan ko‘rib chiqdi. Qirolning qilichini olib bir necha zarb usullarini yengilgina namoyish qildi. Ernaning Buyuk ajdodi suratini ko‘rib, go‘zallik, donolik va ulug‘lik unga xos ekanligini aytib o‘tdi. Ern Birinchi tomonidan devorga o‘yib yozilgan xatni o‘qib quvonch bilan ayyorona jilmayib qo‘ydi.
–Nega kulayapsiz, shahzoda?– deya xavotirlanib so‘radi malika.
–Azizam Erna,– deya uning qo‘lini o‘pib javob berdi Sharl,– buning sababini albatta aytaman, lekin biroz keyinroq.
Tez orada Sharl qirol va qirolichadan qizlariga uylanishga izn so‘radi, chunki malika uni allaqachon dildan sevib qolganini bilardi. Ular nikohga rozi bo‘lishdi. Balog‘atga yetgan Ernoterra qizlari o‘zlari yoqtirgan yigitga turmushga chiqish erkinligidan to‘la foydalanar, shahzoda esa o‘z odobi, oliyjanobligi va obro‘-e’tibori bilan malikaga qalliq bo‘lishga loyiq edi.
Unashtirish munosabati bilan saroyda ham, axloq orasida ham tantanali bayram o‘tkazilib, keksayu yosh xursandchilik qildi. Faqat ona qirolichagina ma’yus holda o‘z xonasida o‘tirar va “Sho‘rliklar! Ularning bolalari ham badbashara bo‘lib tug‘ilsalar kerak…”– deya g‘amgin o‘ylarga borardi.
O‘sha bayram kunlari Erna qallig‘i bilan raqs tushayotganlarni kuzatar ekan, unga qarab:
–Sevgilim! Seni deb Erneterralik ayollarning eng xunugiga o‘xshashni istardim,– dedi.
–Bunday balodan Xudoning o‘zi asrasin,– deya cho‘chib javob berdi Sharl.– Sen juda chiroylisan.
–Yo‘q,– deya ma’yusgina e’tiroz bildirdi Erna.– Menga tasalli bermay qo‘yaqol, azizim. Nuqsonlarimni o‘zim yaxshi bilaman: oyoqlarim judayam uzun, tovonlarim va qo‘llarim judayam kichkina, belim yuqoriroqda, haddan tashqari katta ko‘zlarim ajoyib sariq rangda emas, balki yoqimsiz moviy rangda, lablarim esa yassi emas, do‘rdoq, xuddi kamonga o‘xshash qiyshiq.
Lekin Sharl malikaning ko‘kimtir tomirlari ko‘rinib turgan uzun barmoqli oppoq qo‘llarini tinmasdan o‘par, nafis so‘zlar bilan erkalar va raqsga tushayotganlarga qarab telbalarcha qahqaha urib kulardi.
Nihoyat bayramlar tugadi. Qirol bilan qirolicha baxtli juftlikka oq fotiha berishdi, qimmatbaho sovg‘a-salomlar hadya qilib yo‘lga kuzatib qo‘yishdi. (Unga qadar oq ko‘ngil Ernoterraliklar bir oy davomida yo‘llarni tekislab, daryo va jarliklarga vaqtincha ko‘priklar o‘rnatib qo‘yishgandi). Bir oy o‘tgach Sharl kelin bilan birga ajdodlari barpo qilgan poytaxtga kirib kelishdi.
Ma’lumki, ovoza har qanday uchqur otidan ham tez tarqaladi. O‘zining sofdilligi, soddaligi va sahovati bilan xalq orasida shuhrat qozongan valiahdni kutib olishga buyuk Parijning barcha aholisi chiqdi. Nafaqat erkaklar, hatto ayollar ham bir og‘izdan Ernani mamlakatning, binobarin, butun dunyoning eng go‘zal ayoli, deb tan oldi. Saroy darvozasi oldida qirolning o‘zi bo‘lajak kelinini kutib oldi va peshonasidan o‘pib dedi:
–Bolaginam, go‘zalligingni maqtaymi yoki saxovatingnimi – bilolmay qoldim, menimcha, har sohada kamolga yetgansan…
Unga ko‘rsatilgan hurmat va iltifotni kamtarlik bilan kutib olgan Erna esa o‘zicha:
“Badbasharalar yurtiga kelishim nasib etgani juda yaxshi bo‘ldi, har holda rashk balosidan qutulaman”,– deb o‘ylardi.
Bu ishonch uni uzoq vaqtlar tark etmadi. Sayyor ashulachilaru maddohlar malikaning chiroyi va xulq-atvorini ko‘klarga ko‘tarib, jahonga jar solib yurishdi, ritsarlar esa ko‘zlari rangiga taqlid qilib moviy rang liboslarni afzal ko‘rishdi.
Oradan bir yil o‘tib Sharl va Ernaning osoyishtalik bilan kechirayotgan baxtli hayotiga yana bir quvonch qo‘shildi: ular juda sog‘lom va antiqa o‘g‘il ko‘rishdi. Erna o‘g‘lini birinchi marta eriga ko‘rsatar ekan, tortinibgina dedi:
–Sevgilim! Sizga aytishga uyalib turibman, lekin: o‘g‘limiz judayam chiroyli, u sizgayam, mengayam o‘xshab ketadi lekin hamyurtlarimizning birortasiga ham o‘xshamaydi. Yoki mehrdan ko‘zim qamashdimikan?
Bunga javoban Sharl quvonch bilan kulib qo‘ydi:
–Malikam, dono Ernning ov qurollari saqlanadigan xona devoridagi yozuv ma’nosini keyin aytib beraman deganim esingdami?
–Endi eshit. U qadimiy lotin tilida bo‘lib, quyidagi ma’noni bildiradi: “Mamlakatimdagi barcha erkaklar – aqlli, vafodor va mehnatkash; ayollari – pok, samimiy va ziyrak. Ammo –ularni Xudoning o‘zi yorlaqasin – ayollar ham, erkaklar ham – badbashara”.

QISMAT VA OMAD
Sharq rivoyati

Bundan ko‘p yillar muqaddam kichkina, lekin farovon bir shaharda gilam, fil suyagi, ziravorlar va atirgul moyi savdosi bilan shug‘ullanuvchi savdogar yashagan ekan. U aqlli, odobli, xudojo‘y va halol odam bo‘lib, ibrat bo‘larli darajada saranjom-sarishtalik bilan ish yuritgani sababli ko‘pchilik o‘rtasida ishonch va obro‘-e’tibor qozongan ekan.
Bir kun savdogarning omadi kelib, juda katta miqdordagi oltinli qumni arzon-garov sotib olib, qimmatroqqa sotish imkoni paydo bo‘pti va agar shu ishni amalga oshirsa, boyligi uch barobar ko‘payishi mumkin ekan. Ammo buning uchun qo‘lidagi bor naqd pullarini to‘plab, qarzga berganlarini undirib, barcha mollarini tezdan sotib, barcha mablag‘larini jamlashi zarur edi. U bo‘lajak ishidan keladigan foyda va zararlarni chamalab, agar shum tole to‘g‘anoq bo‘lmasa, juda katta foyda olishi mumkinligini o‘ylab, barcha boyligini qo‘rqmasdan shunga sarflashga qaror qilipti.
Shunday qilib, savdogar haqiqiy xojalarga munosib ravishda oilasidagilarni bunga aralashtitrmasdan bir hafta ichida zarur tayyorgarligini ko‘ripti. Xayrli kun bo‘lgan chahorshanbaning erta tongida turib, to‘ng‘ich o‘g‘liga shunday depti:
– Sariq baytalni o‘zingga, yuk ortiladigan xachirni esa menga egarla.
O‘g‘il ota gapini ikki qilmaslikka odatlangan bo‘lib, hech narsa so‘ramasdan aytganlarini bajaripti. Otasi bergan xurjunni egarga tashlab bog‘lab qo‘yipti. Yo‘lga chiqishdan oldin ota-bola duo o‘qib, sahar paytida ota olinda, o‘g‘il orqada uydan jo‘nab ketishipti.
Ular yo‘lini baxt yulduzi yoritipti. Barcha savdo va pul ishlari tez orada katta foyda bilan yakunlanipti. Doimo omad kulib turganidan savdogar o‘zicha xavotir olib, tez-tez “Xudo xohlasa”, “Xudo yarlaqasa” deb shivirlab qo‘yarmish.
Yo‘lda ketayotib u, farang shahzodasi ispan qirolining qiziga uylangani sharofati bilan zeb-ziynat buyumlari narx-navosi juda ham qimmatlashib ketganini eshitipti. Shu sababli mollarini mo‘ljalidan ham qimmat narxda katta shirinkomalar olib nasiyaga sotipti. Xaridorlar ham barchasi o‘ziga to‘q, so‘zining ustidan chiqadigan, halol odamlar bo‘lib, qarzlarini o‘z vaqtida to‘lashipti va ota-bola zudlik bilan yana yo‘lga chiqishipti.
Eson-omon ishlarini bitirgan savdogar to‘g‘ri dengiz bo‘yidagi ajoyib shaharga yo‘l olipti. Oldin buyurtma berilgan oltinli qumlari allaqachon yetib kelgan ekan. Ishlari zo‘r ketayotganidan quvongan savdogar ba’zan soqolini silab “Inshooloh” deb shivirlab qo‘yarkan.
Dengiz bo‘yigacha bir kunlik yo‘l qolganda ota-bola ovqatlanish va tunab qolish maqsadida karvonsaroy tomon burilishipti. Har doimgidek savdogar xurjunni o‘z yelkasiga olib oshxonaga, o‘g‘il esa otlarning egar-jabduqlarini yechib yem berish uchun otxonaga yo‘l olipti. Keyin ikkalasi tahorat olib, namoz o‘qishipti va kamtarona dasturxon atrofiga o‘tirishipti.
Kechki ovqatni tugatishga ulgurmaslaridan oshxonaga isqirt ki-yimlarda, shubhali bir to‘da odamlar baqirib-chaqirib kirib kelishipti. Ular may talab qilishipti va mast-alast bo‘lib olib, baqirib ashula aytishipti, paydarpay may ichishipti. Birozdan so‘ng bir-birlarini so‘kib, haqorat qilib janjal boshlashipti, janjal mushtlashuvga aylanipti: unda-bunda pichoq ham yaltirab ko‘rinipti.
–Yomondan nariroq yuraylik,– deb savdogar yuziga fotiha tortipti.– Men senga qarashib yuboraman.
Qorong‘ulikda tezdan otlarni egarlab yo‘lga chiqishipti. Karvonsaroydan eshitilib turgan shovqin-suron, darg‘azab ovozlar eshitilmay qolgunga qadar shoshib, to‘xtamdan yurishipti. Ovozlar tinganda savdogar xachirni to‘xtatib, egarni paypaslapti va o‘g‘liga bu-yuripti:
–To‘xta, orqaga qaytamiz!
Sabrsizlik bilan xachirni orqaga burib, ustma-ust qamchi urgancha karvonsaroy tomon oshiqipti, o‘g‘li ketidan ergashipti.
Karvonsaroyga kirib, oshxonani qarashsa hammayoq suv quygandek jim-jit emish. Chiroqlar yonib turgan emish-u, lekin hech kim ko‘rinmasmish. Diqqat qilib qarashsa yerda murdalar yotipti, hammayoq qon. Xo‘jayinni, xizmatkorlarni chaqirib ko‘rishipti. Lekin javob yo‘q. Balki, pichoqbozlikdan qo‘rqib, o‘rmonga qochib ketishgandir.
Savdogar yuganni o‘g‘liga tashlapti-yu, yugurgancha zinadan chiqib xonaga kiripti va yaqindagina o‘zlari ovqatlangan joydagi kursi ostiga engashipti.
O‘g‘li qarasa otasi xurjunni ko‘tarib yelkasiga olyapti. Ana shundagina xurjunni esdan chiqarib qoldirganlarini o‘g‘li tushunipti.
Savdogar hovliga chiqib o‘g‘liga hech narsa demasdan xurjunni xachirga ortib, qamchi qayishi bilan egarga mahkam bog‘lab qo‘yipti.
Uzoq yo‘l yurishipti. Mirshablar qahvaxonaga kirib, orqalaridan quvib kelmayaptimikin, ushlab olib qoziga sudramasmikin degan qo‘rquvga tushibdilar. Qozidan xudo saqlasin. Aybing bormi, yo‘qmi, deb surishtirib o‘tirmaydi, umrbod qutulmaysan, oxirgi sariq chaqangni olmaguncha qo‘ymaydi.
Tong saharga yaqin ular ikki chetida qalin daraxtlar o‘sib yotgan jilg‘aga yetib borishipti. Otlarni daraxtga bog‘lab tahorat olibdilar. Ota o‘g‘liga qarab:
–Xurjunni olib ketimdan yur,–debdi.
O‘zganing nigohi tushmaydigan kichik bir yalanglikka chiqishgach savdogar to‘xtab:
–O‘tir,– debdi.
O‘tirishibdi. Ota xurjunni har ikkala ko‘zini ochib ichidagi narsalarni ikki to‘pga ajratibdi. Teppa-teng qilib olmos, dur-javohirlar, feruza, yoqut har birini katta-kichikligiga qarab teng bo‘lib chiqipti. Tilla tangalar, badavlat badaviylarning bankdagi cheklarini ham teng bo‘lipti Taqsimlab bo‘lgach, o‘g‘liga depti:
– Bu ikkita teng ulush. Bittasi – seniki. Xohlaganingni olib qopingga sol, oting egariga mahkam qilib bog‘la. Otingga minib hoziroq yo‘lga tush. Ketayotgan yo‘limizdan to‘ppa-to‘g‘riga yurasan, besh daqiqacha yurganingdan so‘ng yo‘l ikkiga ayriladi – chapga yurasan – shu yo‘l uyimizga yaqinroq. Esingda tut, sen endi uyning eng kattasisan. Hayotingni o‘zing xohlagandek, o‘zing bilgancha yo‘lga sol. Senga maslahat ham, oq fotiha ham shu. Yaxshi bor. Yo‘lingda uchragan birinchi qishloqqa yetguncha orqangga qarama. Uzoq muddat uyga qaytolmayman. Balki, umuman qaytmasman.
O‘g‘il ota so‘zlarini sukut bilan tinglagach, uning oyog‘iga yiqilib yerni o‘pdi, o‘rnidan turdi-yu, o‘girilib otga mindi va daraxtlar orasida ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
Savdogar va o‘g‘li haqida hozircha shu.
Buyuk mamlakatning poytaxti bo‘lgan ajoyib va shon-shuhratli shaharda tantanali bayram arafasi edi. Shu sababli erta tongdan barcha aholi – qudratli va oliyhimmat hukmdordan tortib to mardikorgacha qat’iy tarzda ro‘za tutishga amal qilardi. To kech kirib oqni qoradan farqlash mumkin bo‘lmay qolgunga qadar barcha o‘zini ovqat yeyishdan tiyar, tashna bo‘lganlarga esa faqat toza suvda og‘zini cha-yishga ruxsat berilardi. Kechqurun esa barcha to‘kin-sochin dasturxon atrofida to‘planib, noz-ne’matlardan, lazzatli taomlardan bahramand bo‘lishardi.
Shuningdek, bu mamlakatda qadimdan qolgan yaxshi bir odat bo‘lib, o‘sha kech har kim o‘z uyiga beva-bechorayu yetim-esirlarni, yo‘qsillarni, yolg‘iz qolgan keksalaru adashgan musofirlarni taklif qilishi mumkin edi. Bu odatga xashamatli qasrlari egalari bo‘lgan boy-badavlat fuqarolar ham, eski kulbalarda yashovchi kambag‘allar ham amal qilar edilar.
Shaharning eng mo‘‘tabar va mashhur odamlaridan biri xufton namozidan so‘ng machitdan chiqib atrofidagi yoru birodarlariga bunday murojaat qilipti:
– Do‘stlarim! – depti u. – Iltimosimni yerda qoldirmanglar. Ko‘chada uchragan beva-bechoralarni uyimga olib kelinglar. Ular qanchalik bechorahol, ojiz va muhtoj bo‘lsa-da, men ularni katta hurmat va e’tibor bilan kutib olaman.
Bu odam beqiyos darajada boy-badavlat bo‘lib, uning sonsiz karvonlari mamlakatning eng ichkarisigacha – Buyuk daryoning yuqori oqimlarigacha borar: yelkanli kemalari dunyo bo‘ylab barcha ummonlarni kezar, zilol suvli favvoralari bo‘lgan soya-salqin bog‘-rog‘lar bilan o‘ralgan xashamatli uylari hammani hayratga solar ekan. Garchi boyligi unga izzat-hurmat keltirgan bo‘lsa-da, eng muhimi, ma’naviy fazilatlari – haqgo‘yligi, yaxshi ishlari va oqilligi bilan barchaning obro‘-e’tiborini qozongan ekan. Beva-bechoralarga saxiylik bilan xayr-ehson ulashar, o‘zganing boshiga ish tushganda, omadi ketganda yordamga tayyor, dono maslahatlari bilan eng qiyin ahvolga tushganlarni ham qutqarar, hatto Ollohning yerdagi soyasi bo‘lgan hukmdor ham undan maslahat so‘rar ekan.
Shu sababli do‘stlari uning iltimosini jon-dildan qabul qilishib, ta’zim qilgancha tarqalishibdi.
Ulardan biri alohida ta’kidlab:
– Ey, ezguliklar bulog‘i, kambag‘allarning saxovatli homiysi, duru gavharlar bilimdoni! Har bir e’tiqodli musulmon tez-tez borib turadigan hammomdan qaytgan xizmatkorlarim aytganlarini iltifot qilib eshit.
O‘sha hammomga, hatto bizni farovon shaharda ham tiqilib yotgan gadoylardan ham qashshoq bir munkillagan chol keldi. Bor narsasi: juldur kiyimi, charm xurjundan iborat – to‘rva xaltasiyu eski chorig‘idan boshqa hech narsasi yo‘q.
Hammomdan chiqib yechinish joyiga kelsa to‘rva xaltasi bilan chorig‘ini kimdir o‘g‘irlab ketipti, balki birorta hazilkash olgan bo‘lishi ham mumkin. Bechora faqat juldur kiyimda qolipti. Buni ko‘rgan odamlarning barchasi xafa bo‘lib jahli chiqibdi. Shunisi g‘alatiki, cholning jahli chiqishi o‘rniga quvonib kulib yuboribdi. U qo‘llarini ko‘kka ko‘tarib chin qalbidan Xudoga va o‘z qismatiga shukronalar aytipti, hamdu sanolar o‘qipti. Bundan atrofdagilar hayron bo‘lib, xijolat chekkancha o‘zlarini chetga olishibdi. Garchi u odam sal g‘alatiroq ko‘rinsa-da, to‘g‘risini aytsam, u chol telba emasmikan deb ham o‘yladim.
Aslzoda odam boshini chayqatgancha dedi:
– U telbami yoki tabarruk odammi – biz bilmaymiz. Do‘stim, uni tezroq huzurimga olib kel. Aziz mehmonim bo‘ladi, dasturxon to‘riga o‘tqazaman.
Mana, kech kirib bayram dasturxoni yoziladigan payti keldi. Poytaxtning barcha uylarida chiroqlar yoqilib, xushbo‘y taomlarni – palov, qovurilgan jo‘jalar, ziravorlarning yoqimli hidi hammayoqni tutib ketipti. Shunda aslzodaning uyiga o‘sha keksa gadoni boshlab kelishibdi. Uy egasi o‘zi uni kutib olib, hurmatini joyiga qo‘yib, ziyofat bo‘ladigan xonaga olib kirib, dasturxon to‘riga o‘tqazipti. Taomlarni xizmatkorlar qo‘lidan olib, eng lazzatli bo‘laklarini mehmonga solib beripti. Ko‘rsatilgan izzat-hurmatdan cholning boshi osmonga yetib, yuzlaridan nur yog‘ilibdi. Mehmonning bu ahvolini ko‘rgan xo‘jayining mehri tovlanib, undan so‘rapti:
– Ey, marhamatli otaginam, biror-bir istaging bo‘lsa ayt, men bajo keltiray.
Chol yorqin tabassum bilan javob beribdi:
–Barcha farzandlaring va nevaralaringni menga ko‘rsat, fotiha beray.
Aslzodaning voyaga yetgan to‘rtta farzandi va uchta nevarasi kirib chol huzurida tiz cho‘kishipti. Chol esa ularning boshini silab, fotiha beripti. Bu qadimiy marosim tugagach, uy egasi choldan fotiha berishini so‘rapti. Chol unga fotiha beripti, quchoqlab yuz-ko‘zlaridan o‘pipti.
Tiz cho‘kib o‘tirgan uy egasi hayajonlanib o‘rnidan turipti va cholga murojaat qilib:
–Otaginam, sizdan ming bor uzr so‘rayman, aybga qo‘shmaysiz, sizga bir savolim bor. Uyimga kirganingizdan beri nuroniy yuzingizdan ko‘zimni uzolmayman. Dunyoda go‘yo sizdan boshqa yaqin odamim yo‘qday. Eslab ko‘r, otaginam, sen bilan ilgari biron yerda uchrashganmidik?
–Bajonidil seni kechiraman, o‘g‘lim,– javob beripti chol, tabassum bilan.– O‘z navbatida men ham senga savol bermoqchiman! Kichkina jilg‘a bo‘yidagi sersoya daraxtzor yodingdami? Daraxtga bog‘lab qo‘yilgan xachir bilan sariq baytal-chi, ota-bola xurjundan qimmatbaho duru gavharlarni, tillalarni teng bo‘lganimizni eslaysanmi?
Shunda savdogar qariyaning oyoqlariga yiqilib yer o‘pibdi va o‘rnidan turib xitob qilibdi:
–Ey sevikli otam, sizni bu yerlarga keltirgan Ollohga xamdu sanolar bo‘lsin! Mana, shu uy sizniki, men, o‘g‘illarim, nevalarim barchamiz sizning xizmatingizda, sizning qulingizmiz.
Ota-bola quchoqlashib, uzoq vaqt ko‘zlaridan quvonch yoshlari arimabdi. Bir muncha vaqt o‘tib o‘zlariga kelgach, savdogar odob bilan otasidan so‘rapti:
–Ey hurmatli otam, ayting-chi, o‘sha tongda barcha boyligingizni bo‘lishib ikkalamiz ikki tomonga qarab umrbod bo‘lmasa ham, uzoq muddatga ajralib ketganimizga sabab nima?
Qariya javob berdi:
– Gap bundoq: esingda bo‘lsa biz ish bilan uydan chiqqach, omadimiz yurishib ketdaverdi. Yodingdami, doim men “Inshoolloh” deb takrorlardim. Omad yuz o‘girmasin deb qo‘rqqandim o‘shanda. Karvonsaroyga qaytib barcha-barchaning ko‘z oldida qolgan boyligimizga hech kim tegmaganini ko‘rib, bu taqdirning bizga bergan oxirgi omadi bo‘lsa kerak deb o‘yladim, chunki insonga omad doim kulib boqavermaydi. Omadsizlik va baxtsizlik bizni ta’qib qilmasin dedim. Seni va oilamizni shu balolardan daf qilay va o‘zim giriftor bo‘laqolay, degan maqsadda qildim shu ishni… Eskidan bir gap bor: faqat axmoqlargina momaqaldiroq paytida daraxt ostiga yashirinadi… Ayriliq meni ne ko‘yga solganini ko‘rib turibsan. Ziyraklik bilan ish qilganimni endi bilgandirsan?
Bu gaplarni e’tibor bilan tinglab turganlar qariyaga ehtirom bilan ta’zim qildilar. Uning ziyrak aqli, donoligiga, oilasiga bo‘lgan mehriga qoyil qoldilar.
Mehmonlarning eng keksa va hurmatlilaridan biri so‘radi:
–Ey, tog‘amning mehribon akasi, nima sababdan bugun gadoy xaltangni o‘g‘irlatgach, yig‘lash o‘rniga shod-xurram bo‘lib quvonding? Beadablik bilan bergan savolimga jahling chiqmasin. Lozim topsang, javob ber.
Qariya yoqimli tabassum bilan javob beribdi:
–Men shuning uchun shod-xurram bo‘ldimki, o‘sha lahzada shum taqdir meni ta’qid qilishdan charchaganligini tushundim. O‘zing o‘ylab ko‘r: bu dunyoda gadoy bo‘la turib xaltasini o‘g‘irlatgan odamdan ko‘ra qashshoq va omadsiz inson bormi? Peshonamga bundan-da og‘ir qismat yozilishi mumkinmi? Bu borada xato ketmaganimni ko‘rib turibsan. Shu bugunning o‘zidayoq o‘g‘limni, nevara-chevaralarimni topib oldim-ku. Endi qolgan umrimni xavotir olmasdan, ularning boshiga og‘ir qismat toshi tushmasin deya, quvonch va mehr qurshovida oso-yishta o‘tkazish nasib etsin, inshoolloh!
Mehmonlar yana unga ta’zim qilishdi va bir ovozdan:
–Omad emas, qismat muhim ekan,– deb ta’kidlashdi.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2011 yil, 4-son.

04

(Tashriflar: umumiy 111, bugungi 1)

Izoh qoldiring