Andre Morua. Qaytish. Hikoya.

morua

    Асл исми Эмиль Соломон Вильгельм Эрзог (Émile-Salomon-Wilhelm Herzog) бўлган атоқли франсуз адибини адабиёт ихлосмандлари унинг адабий тахаллуси бўлмиш Андре Моруа (André Maurois) номи билан танишади. У 1885 йилда туғилиб,1967 йилда дунёдан кўз юмган.
Андре Моруа,энг аввало, бадиий биографиянавислик йўлида ижод қилган. Хусусан,унинг Перси Биш Шелли,Жорж Байрон,Оноре де Бальзак,Жорж Санд, ота-ўғил Дюмалар,Виктор Ҳюго ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган романлари жуда машҳур.
Адиб кичик ҳажмдаги писихологик ҳикоялар ёзиш билан ҳам шуғулланган. Бугун сизга ана шу ҳикояларнинг бирини тақдим этамиз.

80

Андре Моруа
ҚАЙТИШ
Ҳикоя

Бу воқеа француз асирларини Германиядан — тутқинликдан олиб қайтаётган поездда бошланган эди. Ўн кишилик купеда ўн икки киши тиқилишган. Улар уйлари, оилаларини кўриш имкони туғилганидан ғоят ҳаяжонда. Деярли ҳаммаларининг ҳам фикру хаёлини энг аввало рафиқалари банд этган. Айримларининг кўнглида умид учқунлари чақнар, баъзилари эса хавотирланиб ўйлар эди: “Рафиқам аввалгидай вафодор ва содиқмикин? Узундан-узоқ танҳолик йўлларида қандай ўзгаришлар рўй берди экан? У билан ҳаётни давом эттириш мумкин бўлармикин?”
Бола-чақалилар, ҳарҳолда, анча хотиржам. Уларнинг рафиқалари бола тарбияси билан кун ўтказгандир. Бу учрашув ўнғайсизлиги болалар қувончи туфайли енгил кўчса ажабмас…
Купенинг бир бурчагида баланд бўйли, қотмадан келган, кўзлари чақноқ, француздан кўра кўпроқ испанга ўхшаш киши ўтирар эди. Ўзини Рено Леймари деб таништирган бу одам шардейлик бўлиб, Перигорда яшарди. Тун оғушида илгарилаётган поезднинг бир маромдаги тарақа-туруқини паровоз гудоги бўлиб турар, Рено эса рўпарасидаги ҳамроҳи билан гаплашиб борарди.

— Сатурнен, уйланганмисан?
— Бўлмасам-чи! Урушдан икки йил аввал уйланганман, икки болам бор эди. Хотинимнинг исми Марта. Суратини кўрсатайми?

Паст бўйли, юзи чандиқ, аммо қувноқ Сатурнен ички чўнтагидан титилиб кетган катмончани олиб, йиртиқ бир сурат чиқарди-да, ифтихор билан Ренога узатди…

— О, жуда чиройли экан, — деди Леймари. — Шундоқ гўзалнинг олдига ҳеч хавотирланмасдан қайтяпсанми?
— Нега энди хавотирланай?
— Чунки, хотининг жуда чиройли, шунча вақт ўзи ёлғиз қолди, атрофида эса бошқа эркаклар бор… — деди Леймари.
— Кулгимни қистатяпсан! Менинг Мартам шундайки… манман деган йигитга ҳам қарамайди. Биз шундай бахтиёр эдикки… Беш йил мобайнида менга ёзган хатларини кўрганингда борми?..
— Э-э… бу хатлар! Мен ҳам шунақа илиқ хатлардан озмунчасини олдимми! Аммо, барибир, ташвишдаман.
— Қизиқ, хотинингга ишонмайсанми?
— Ишонишга ишонаманку-я, тўғрироғи — ишонардим. Олти йил бирга яшаб, сираям сан-манга бормаганмиз.
— Хўш?..
— Э, оғайни, бу — одамнинг табиатига боғлиқ… Мен боқибеғамликка ишонмайдиган одамлар тоифасиданман. Ўз-ўзимга доимо: “Эленнинг тенги эмасман, у гўзал, жуда ақлли, одобли” деб келганман. Ростданам хотиним жуда билимдон, қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ҳар қанақа матодан шундайин кўйлак тикадики, ҳамманинг ҳаваси келади. Оддий кулбани жиҳозлашга киришса борми, нақ жаннат қилиб юборади… Шуларни ўйлаб туриб ўзимга-ўзим дейман: ахир юртимизда келгиндилар қанча йил изғиб юришди. Улар орасида мендан кўра истараси иссиқроқлари бўлгандир-ку… Қишлоқнинг энг гўзал аёли — Элен шулар эътиборини ўзига жалб этмадимикин?..
— Нима бўпти? Агар у сени севса…
— Шундайку-я, оғайни, беш йил ёлғизликни тасаввур қила оласанми? Элен Шардейда мусофир. Шардей менинг юртим, унинг бу ерда ҳеч кими йўқ. Шундай бўлгач, йўлдан тойиши ҳеч гап эмас-да…
— Э-э, жуда ғалати экансан-ку, эсинг жойидами ўзи? Хўп, бирор нарса юз берди ҳам дейлик. Ҳаётда нималар бўлмаяпти, ахир! Менга қара, агар бирор кимса: “Сенинг Мартанг…” деб оғиз очиши билан мен унга: “Оғзингни юм. Хотин меники, буни уруш дейдилар; у ёлғиз эди; энди эса тинчлик. Биз ҳаётни қайтадан бошлаймиз”, — деган бўлар эдим.
— Мен сендақа эмасман-да, — деди Леймари. — Агар қайтганимдан кейин бирор нарса сезсам борми…
— Унда нима қиласан, хотинингни ўлдирасанми?! Тентак экансан-ку!
— Йўқ, унга қўлимни ҳам теккизмайман. Ҳатто бир оғиз гапирмайман. Аммо ўша заҳотиёқ ғойиб бўламан. Узоқларга кетиб қоламан, номимни ўзгартириб яшайман. Уй-жой — ҳаммасини унга қолдириб кетаман. Менга ҳеч нарса керак эмас, қўлимда ҳунарим бор… Ҳаётимни тамомила ўзгартириб юбораман. Билмадим, бу балки телбаликдир, аммо табиатим шундай. Менга бахт бутун бўлса, ёинки…
Поезд узоқ гудок чалиб, релсларни шарақлатиб вокзалга кириб келди. Икки суҳбатдош жим бўлиб қолишди.
Шардей оқсоқоли қишлоқ ўқитувчиси эди. У жуда кўнгилчан ва эҳтиёткор одам. Рено Леймари поездда қайтиб келаётганлиги ҳақида у министрликдан хабар олдию, ўзи бориб Эленга айтишга аҳд қилди. Оқсоқол борганида Элен боғда куймаланиб юрган эди. Бу — қишлоқнинг энг хушманзара боғларидан бўлиб, эшикнинг икки томонини атиргуллар безаб турарди.

— Леймари хоним, сизни яхши биламан, эрининг қайтиб келаётганидан огоҳ қилиб қўйиш лозим бўлган аёллардан эмассиз. Аммо, шуни айтишим керакки, хатти-ҳаракатингиз, одобингиз билан бутун қишлоқ аҳлининг ҳурматига сазовор бўлгансиз. Ҳатто оғзига келганини аямай, ҳар қандай аёлни бадном қиладиган ғийбатчи хотин-халажлар ҳам сизни ёмонлашга сўз тополмаяптилар.

— Бирор нарса топишар, оқсоқол, — деди Элен жилмайиб.

— Мен ҳам шундай бўлар, деб ўйлаган эдим, ҳа ўйлаган эдим!… Аммо сиз уларни ҳам ром қилиб қўйдингиз. Мен сизнинг қувончингизни ўз кўзим билан кўргани келдим. Шуниси ҳам борки, унинг келишига ҳозирлик кўришингиз керак, Леймари хоним. Турмуш оғир, ҳаммамизнинг аҳволимиз маълум: ҳар куни дастурхон тузай олмаймиз-ку…
— Жуда яхши қилибсиз, жаноби оқсоқол. Мен Ренони шундайин кутиб олайки!.. Йигирманчи августда дедингизми? Поезд соат нечаларда келаркин? Билмайсизми?
— Министрликдан хабар қилишларича, соат йигирма учда йўлга чиқади. Бу поездлар жуда имиллаб юради… Тевьер вокзалида поезддан тушса, бу ергача Рено яна тўрт километр пиёда босади. Менимча, у тушда етиб келса керак.
— Мен уни кутиб олишга шундоқ ҳозирлик кўрайки, жаноби оқсоқол, шоҳона бир дастурхон тузайки… Шундоқ хушхабарни келтирганингиз учун мингдан-минг раҳмат сизга.
— Шардейда сизни ҳамма ҳурмат қилади, жонидан севади, деса ҳам бўлади. Сиз асли бу ерлик эмассиз, аммо ҳамма сизни ҳамқишлоқ деб билади.

Ниҳоят оқсоқол хайрлашиб чиқиб кетди.

Элен Леймари эри келишидан бир кун аввал бутун уйни саранжом-саришталади: полларни ярақлатиб, дераза пардаларини эскирган ленталаригача янгилади. Кейин қишлоқ сартарошиникига бориб, сочини жингалак қилиб келди. Туни билан бошига сетка кийиб ётди. Сал-пал ухладими-йўқми, яна азонлаб туриб олди. Сўнг, кийимларини бир-бир кўздан кечирди. Узоқ ёлғизлик даврида бир марта ҳам кийилмаган, ўзи севган шоҳи ич кўйлагини ажратиб қўйди. “Қайси кўйлагимни кийсамикин, бир вақтлар эрим ёқтирган зарҳал йўлли ҳаворанг кўйлагим қалай экан?” Аммо уни кийиб кўргач, дарҳол ечиб ташлади: ўтган йиллар давомида шунчалик озиб кетганидан, кўйлак халпиллаб, беллари осилиб қолган эди. Йўқ, ўзи тиккан қора кўйлагини кия қолади: ёқасини бежаб, белига рангдор белбоғ тақади.
Дастурхон тузашга киришишдан аввал, Элен эри ёқтирган таомларни эслашга ҳаракат қилди. 1945 йил Францияда ҳали аҳвол оғир эди. Бирини топсанг, бири йўқ… Эри эса шоколадни ёқтирарди. Шоколад топиб бўлармишми? Яхшиямки, кичкинагина шахсий хўжалиги бор. Шу туфайли товуқлар тухум бериб туради. Эри доимо: “Қуймоқни ҳеч ким сендек мазали тайёрлай олмайди” деб мақтарди. Рено яхна гўштни, қизартириб пиширилган олмани ҳам хуш кўргучи эди. Лекин шардейлик қассоб икки кундан бери дўконни очмай қўйди… Элен ўтган куни сўйилган товуғини яхшилаб қовурди. Қўшни қишлоқдаги дўкончи яширинча шоколад сотар экан, деб қўшнисидан эшитган эди, бориб-келишга аҳд қилди. “Соат саккизда кетсам, тўққизгача қайтиб келаман… Кетгунимча дастурхон тузаб қўйсам, келгандан кейин фақат ошхонада банд бўламан”, ўйлади Элен ва ишга киришиб кетди. У жуда ҳаяжонланган, шу билан бирга, беҳад шод эди. Ҳаво шунақа ҳам яхши эдики… назарида ҳеч қачон офтоб бунчалар чарақламагандек… Элен ширин хаёллар билан дастурхон тузашга тушди.

“Қизил катак оқ дастурхонни ёзаман. Тўйимиздан кейинги илк бор ёзган дастурхонимиз шу. Пушти ликопчаларнинг гуллари Ренога жуда ёқарди… Бир шиша вино ва гуллар қўяман. Ахир у столда гул бўлишини қанчалар яхши кўрарди: “Гулларни ҳаммадан ҳам чиройли дасталайсан”, — дерди такрор-такрор.

Элен уч хил гул: оқ мойчечак, қизил лола, бинафшани дасталади, шинамгина безатилган хонани ўзи узоқ томоша қилди.
Ростданам ҳамма нарса жойида эди.
Не-не бахтиқароликларга дучор бўлган Рено шунча жудоликдан кейин уй-жойи ва хотинини ўша-ўшалигича кўриб қувониб кетса керак… Деразанинг бу томонидан туриб Элен катта тошойнага қаради. Озгина озганини айтмаса, ўзи ҳам деярли ўзгармабди. У бахтиёрликдан гангиб қолаётганини ҳис қиларди…

“Етар! — деди ўзига-ўзи, — тезроқ бора қолай… Соат неча бўлдийкин? Вой, тўққиздан ошибди-ку! Бу ишлар ўйлаганимдан кўра кўпроқ вақтимни олибди-да. Поезд соат ўн иккиларда келади, деган эди оқсоқол. Мен ундан аввал қайтаман”. Сўнг, уйдан шошилинч чиқиб кетди…
Леймарилар уйи қишлоқ чеккасида бўлгани учун ҳам кўзлари чақноқ, ориқ солдатнинг боғ томон ўтганини ҳеч ким кўрмади. У чарақлаган офтобу хушбахтликдан, асаларининг ғўнғиллашидан гулларга мафтун боқиб, бир муддат мастона туриб қолди. Кейин оҳистагина чақирди:

— Элен!

Ҳеч ким жавоб бермади. У яна бир неча бор: “Элен! Элен!” деб чақирди. Жавоб бўлмагач, хаёли қочиб, дераза ёнига борди: икки киши учун тузалган дастурхон, гул ва винони кўриб юраги гупиллаб уриб кетди. У бир муддат деворга суяниб қолди.
“Ё раббим! Хотиним ёлғиз эмас экан!” — ўйлади Рено.
Бир соат кейин Элен қайтиб келганида қўшниси унга:
— Ренони кўрдим, у чопиб кетаётган экан. Шунча чақирсам ҳам қайрилиб қарамади, — деди.
— Чопиб кетаётувди, дейсизми? Қайси томонга кетаётувди?
— Тевьер вокзали тарафга.
Элен аввал оқсоқолникига югурди, у ҳеч нарсадан хабарсиз эди.
— Жуда қўрқаяпман, шундай қўрқаяпманки, оқсоқол жаноблари. Унинг феъли тор, жуда рашкчи. Икки кишилик дастурхон тузалганини кўриб… ўзини кутаётганлигимни билмаган. Ҳозирнинг ўзидаёқ уни топиш керак, оқсоқол жаноблари, топиш керак! У энди бутунлай қайтиб келмаслиги мумкин. Мен уни шундай севаманки!..
Оқсоқол вокзалга велосипедчи юборди, полициячиларни огоҳлантирди, аммо Рено Леймари ғойиб бўлган эди. Элен иссиқдан сўлиган гуллар ва тузалган дастурхон ёнида туни билан туз тотмай тонг оттирди.
Орадан бир кун, бир ҳафта, бир ой ҳам ўтди. Бу бахтсиз кундан сўнг яна қанча йиллар ҳам ўтдики, эридан ҳамон дарак йўқ…
Рено ўқигач қайтиб келар, деган умидда бу ҳикояни ёздим.

Француз тилидан Назира ЮСУПОВА таржимаси

(Tashriflar: umumiy 83, bugungi 1)

Izoh qoldiring