Antuan de Sent-Ekzyuperi: Abadiyat sari parvoz

012

Таниқли француз адиби  Антуан де Сент-Экзюпери  ҳалок бўлганига 70 йил тўлди

“Ҳар қандай касб улуғворлиги, аввало, инсонларни бирлаштира олишида намоён бўлади», деб ёзган эди ўзида икки ноёб истеъдод – ёзувчилик ва учувчиликни мужассам этган машҳур француз ёзувчиси Антуан де Сент-Экзюпери. Асарларида асл инсоний туйғулар — олижаноблик, эзгуликни куйлаган, “Кичик шаҳзода ҳақида эртак”, “Одамлар сайёраси, “Жанубий почта”, “Ҳарбий учувчи”, “Гаровдаги кишига мактуб” каби ажойиб китоблар муаллифи, юраги жўшқин туйғулар билан ёнган учувчи сўнгги парвозидан қайтмайди… Антуан Сент-Экзюперининг ижоди, ҳаёт йўли ҳар бир авлод ўқувчисини қизиқтириб келади. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолада иродали, истеъдодли, ҳаётсевар, романтик адиб ҳақида ҳикоя қилинади.

09
АНТУАН ДЕ СЕНТ-ЭКЗЮПЕРИ: АБАДИЯТ САРИ ПАРВОЗ
Луижи Бакколонинг “Стория иллюстрата”(Милан) журналида босилган мақоласи асосида
Маъсума Аҳмедова тайёрлаган
001

091900 йилнинг 29 июнида Франциянинг Лион шаҳрида ўғил дунёга келади. Беланчаги узра ҳозир бўлган фаришталар унинг ғайритабиий қисматини башорат қиладилар. Фаришталар яна унинг парвозларга иштиёқи кучли бўлишини ҳам илова қиладилар…

Эртакларни севган ва ўзи ҳам кичик шаҳзода ҳақида ажойиб эртакни ҳикоя қилган Антуан Сент-Экзюпери ўзининг бахтиёр болалиги ҳақида баҳс этганида шодон кечмишини меҳрибон фаришта туҳфаси дея фахрланиши бежиз эмасди. Гарчанд Антуан тўрт ёшлигида отаси вафот этган бўлса-да, болалиги бахтиёр кечди. Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ла-Моль ва Амберьёга яқин Сен-Морис қалъаларида бола қувноқ ва ҳар бир нарсага қизиқувчан бўлиб ўсди. Антуан рангтасвир ва шеъриятга эрта ихлос қўйди. Бироқ у ҳаммасидан ҳам саргузаштлар ва ҳар хил механизмларни яхши кўрди, ҳаттоки елканли велосипедни ҳам ихтиро қилди. Албатта, бу велосипеднинг қаноти йўқ, у уча олмас эди.

Фазо билан илк учрашув

Антуан меҳрибон бўлиб вояга етди. Опаси Симона, укасининг инидан тушиб кетган полапон қушларни қандай парвариш қилганини, сичқончаларга ғамхўрлигини хотирлайди. “Оила, табиат оғушида, — деб ёзади Симона, — кўҳна уй, боғдаги дарахтлар, ойдин кечалар Тониони нозиктабиат, олижаноб қалб эгаси бўлиб улғайишига замин бўлди”.

Симона ўзининг машҳур укаси ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Симонанинг ҳикоялари орасида айниқса бир воқеа диққатга сазовор. Бир куни Антуан уйга: “У ўлди! Ўлиб қолди!” дея бақирганча кириб келади. Маълум бўлишича, у акаси Франсуа билан мотор “ихтиро” қиладилар. Бир пайт ана шу “ихтиро” портлаб кетади. Портлаган мотор парчаси Франсуанинг пешонасига тегиб, яралайди. Мотор, елканли велосипед Сент-Экзюперининг ҳаётга чанқоқлигидан, қондош биродари учун азоб чекиши, қайғуриши, олижаноблиги, таъсирчанлиги ва катта қалбидан далолат беради.

1909 йилга келиб ана шу беташвиш, сокин манзара ўзгаради. Антуан энди беташвиш болалиги билан хайрлашишига тўғри келади: уни Ле-Манедаги Нотр-Дам де Сен-Круа иезуитлар коллежига ўқишга жўнатадилар. Бола ўзини тенгқурлари орасида бегона ҳис қилди. У оламда иккита сайёра борлигини, бири ўзига ва ҳаммага тегишлилиги, назокат, қаҳрамонлик, эртак, шеърият ва орзу-хаёллар ҳукм сурган иккинчиси бўлса, — фақат ёлғиз ўзигагина тегишили эканини эрта англаб етади. Антуан коллежда ортиқча қунт-иштиёқсиз ўқийди, ахир унинг учун яшамоқ – аста-аста туғилмоқ демак эди. Ўша вақтдаги барча мактаб ўқувчилари сингари у ҳам шеърлар ёзар, имтиҳонларни танбеҳларсиз, лекин мақтовларсиз топширарди. Елканли велосипеди унинг эсидан чиқмаган эди. 1912 йил Антуан илк бора фазо билан рўбарў келди (ўша даврда таниқли бўлган француз авиатори Ведрин уни Амберьё узра самога олиб чиқади). Антуан бошқа тарбияланувчилардан тартибсизликка нисбатан ғалати иштиёқи билан ажралиб турарди. Масалан, йиғиштириб қўйилган тўшак унинг ғашини келтирарди. “Батартиблик, — деб опаси Симона,- унинг ҳаёт тугалланишини англатарди”.

Болаликнинг ишончли қалъасидан ажралган Сент-Экзюпери ўзида мулоқотга, дўстликка кучли эҳтиёж сезарди. “Дўстлик, — деб ёзади у кейинроқ, — инсон енгил нафас олиши мумкин бўлган тоғ чўққиси демакдир”. Шундай бўладики, унинг ҳаётда бари яқин дўстларидан жудо бўлиш, айрилиш азобини тортишига тўғри келади. 1917 йилда биринчи марта жудолик алами кўксини тилка-пора қилиб юборади. Болаликда сичқончаларни бирга парвариш қилган, биргаликда мотор кашф этган акаси Франсуа ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача мардона тура олади ва худди Антуандан ўз ожизлиги учун авф сўрагандай дейди:” Қўрқма, мен унга халақит қилолмаяпман, ахир бу менинг вужудим, руҳим эмас”. Ака-укалар руҳ қудратига катта аҳамият берардилар: бадан – қул, гарчанд қул баъзида ўз хўжасига исён кўтариб турса-да, руҳ – эга…

Почтачи учувчи

009Сент-Экзюпери коллежни тугатгач, денгизчи бўлиш ниятида, ўзини синаб кўради, бироқ омади чопмайди. Сўнгра кутилмаганда яқинларини ҳайратда қолдириб, Париждаги нафис санъат мактабининг архитектура бўлимига ўқишга киради. 1921 йилда бирдан ҳарбий хизмат муддатининг кечиктирилишини ихтиёрий тарзда рад этади ва авиацияда хизмат қилишга рухсат беришларини сўрайди . Уни Страсбург қароргоҳида жойлаштирилган авиаполкка тайинлашади. Ва ниҳоят Сент-Экзюперига ҳақиқий самолет беришади, у ҳарбий учувчи бўлади. Буржадаги 34-авиаполкда хизмат қилаётганида дастлабки ҳалокат рўй беради. Э-ҳе, у яна неча-неча ҳалокатларга дуч келади-ю… Ҳаттоки фаромушхотир учувчи Сент-Экзюпери ҳақида афсона ҳам пайдо бўлади. Бироқ дўстларининг гувоҳлик беришларича, Сент-Экс (полкдошлари уни шундай деб атардилар) довюрак, шартта ўзини хатарга урадиган таваккалчи бўлган “Агарда у кичкина айб қилган бўлса, -дейди Сент-Экзюперининг сўнгги командири, — ҳавода чалғиб, адашгани учун эмас, балки унга ерда ҳаддан ортиқ батафсил тушунтиришганлари учун хаёли бўлиниб, хатога йўл қўярди”.

Сент-Экзюпери ғалати учувчи эди. У ҳарбий хизматни, уставга биноан интизомга риоя қилишни ёқтирмасди. Антуан шунчаки учишни яхши кўрар, хавфли топшириқларга бажонидил рози бўларди. Умуман, у одамларни жуда яхши кўрарди. Учувчилик касби унга одамлар билан руҳан бирга бўлишдай ноёб имкониятни берганди.

Ниҳоят ҳарбий хизмат ҳам тугайди, иш излашга тўғри келади. Сент-Экзюпери оиласи аслзодалар наслидан бўлса-да, унчалик бой эмасди. Отаси бир умр суғурта аганти вазифасида ишлаган эди. 1923 йилдан бошлаб Сент-Экзюперининг кейинги ҳаёти – авиация билан мажбуран хайрлашиш ва яна унга қувонч билан қайтиб келишдан иборат бўлди. Черепица заводида хизматчи, 1924 йилда механик, сўнгра юк автомобилларини сотиш бўйича “Сорэр” фирмасининг савдо агенти, 1926 йилда ”Латекоэр” компаниясининг почта йўналишида фуқаролик учувчиси ва бошловчи ёзувчи (Сент-Экзюперининг илк ҳикояси “Учувчи” 1926 йилда “Навир д’Аржан” журналида босилган).

Сент-Экзюпери 1927-29 йилларда Кап-Жуби аэродромига раҳбарлик қилади (Шимолий Африка). Ўша ерда биринчи “Жанубий почта” романини яратиш ғояси туғилди. Роман 1929 йилда нашр этилади ва тез орада довруқ қозонади. Сўнгра у Аргентинада, “Аэропоста-Аргентина” компаниясининг почта йўналишида хизмат қилади.

Бу иш Сент-Экзюперига ёқиб тушади: кутилмаганда кишиларга номаълум, ширин умидларни элтади. Одамларнинг истак-хоҳишлари йўлида тун оғушида юксакларда парвоз этади. Кишиларга хизмат қилиш – мана, Сент-Экзюперининг ҳаётий ақидаси. Ажойиб “мулоқот”га киришиш имконияти. Тунги парвозлар жозибаси. “Мен тунги парвозлар шоҳлигида яшаяпман, — деб ёзади у. – Худди ибодатхонадан паноҳ топганим сингари тун кириб келишини ҳис қиламан ва ўзим ана шу манзара ичида ғарқ бўламан…”

1930 йил Сент –Экзюперига омадли келади. Анд тоғларида фалокатга учраган дўсти, машҳур учувчи Анри Гийоме омон қолади. Сент-Экзюпери беш кун мобайнида тоғлар узра хавф-хатар билан олишиб, парвоз қилади, Гийоме эса ҳамиша ўзини-ўзи енгиб, пастга, одамлар томон интилади. У қайсарлик билан ўзига-ўзи: “Агар тўхтаб қолсам, аблаҳ бўлайин!”-дея таъкидлаганича пастга энади. Гийоме шу тариқа ҳалокатдан қутулиб чиқади ва омон қолади. Дўстини илк бора Сент-Экзюпери қарши олади ва Гийоменинг ана шу сўзларини “Одамлар сайёраси” асарида келтиради: “Худо ҳаққи, менинг ўрнимда ҳайвон ҳам бунга чидаш беролмасди”. Йигит дегани ана шундай довюрак ва иродали бўлиши керак, деб ҳисоблаган ёзувчи.

Кўкда учган ва китоблар ёзган ёзувчи

022Унинг дўстларига нисбатан меҳр, фахр-ифтихор лиммо-лим юрагида аёлларга ҳам жой бор эди. Ўша 1930 йилда Антуан “хаёл қудратидан яралган ажойиб хилқат” – Консуэло Санчин билан танишади. Консуэло унга турмушга чиқади. Аёл соҳибжамол эди, буни оилавий альбомда сарғайиб кетган суратлар тасдиқлайди. Бироқ Сент-Экзюперини самодан ерга тушириш на Консулонинг, на меҳрибон онасининг ва на опа-сингилларининг қўлларидан келади.

1931 йил ёзувчининг иккинчи романи “Тунги парвоз” нашрдан чиқади. Роман “Фемина” адабий мукофоти билан тақдирланади. Ушбу роман Сент-Экзюперига шон-шуҳрат дарвозасини очиб беради. Лекин Сент-Экзюпери шуҳратга ўч эмас, унга интилмасди. Парвозлар унинг жону дили, ҳаёти эди. Фуқаролик авиациясининг толмас тарғиботчиси, синовчи-учувчи, рекордчи – гарчанд бу борада омадлари мўл бўлмаса-да, бу унинг ҳаёт йўли эди. Сент-Экзюпери 1935 йилда Париж-Сайгон йўналиши бўйича узоқ масофада рекорд қўйишга ҳаракат қилади (ўшанда бу масофани учиб ўтиш учун нақ 87 соат вақт кетарди), бироқ, афсуски, унинг самолети Ливия саҳролари устида ҳалокатга учрайди. Шунда у механик Прево билан бирга худди Гийоме Анд тоғларида қилгани сингари тўғри карвон йўли томон – одамларга пешвоз юрадилар. Унинг учун ўз жасурлигини ва одамлар бирдамлигини синаб кўриш ҳам азобли, ҳам тотли эди. Бироқ авиакомпаниядагилар бундай ўзбошимча учувчининг бундай хатти-ҳаракатларидан бошлари кўкка етмасди. Албатта, авиакомпаниянинг амалий мақсадлари ҳамда Сент-Экзюперининг романтик, шоирона истак-майлларини сира уйғунлаштириб бўлмас эди. У ўзига-ўзи ва стихияларга кўкрак бериб, дадил пешвоз бороркан, у барибир қалбан ўша Сен-Морис қалъасидаги кичик хаёлпараст, иезуитлар коллежининг қулоқсиз талабаси бўлиб қолган эди.

1936 йил. Испанияда фуқаролар уруши кетаётган эди. Сент-Экзюпери Парижда чиқадиган “Энтрансижан” ва “Пари-Суар” газеталарининг мухбири сифатида фронтга жўнайди. Сиёсатдан йироқ ёзувчи кўз олдида рўй бераётган воқеаларнинг тагига етишга, фашистларни фош этишга ҳаракат қилади. У бир вақтнинг ўзида авиация техникасида ўз билимларини такомиллаштиради ва янги самолетларни синаб кўради.

У нима учун учар эди? Зеро тез-тез муҳтож бўлиб турса-да, пул учун учармиди? Ёки шуҳрат орттириш учунми? Йўқ, ахир ҳамма уни малакали учувчи ҳамда машҳур ёзувчи деб биларди. Афтидан, Сент-Экзюперини кўкда парвоз қилишга қизғин эҳтирос, эҳтимол, биздан ҳам кўра фақат ўзигагина тушунарли бўлган ҳиссиёт етаклаган бўлса ажаб эмас: ёзувчи ҳаётни севар, наздида парвозлар том маънода унинг бутун ҳаётини ўзида ифода этарди. У ўлимдан чўчимас, ажал билан ўйнашар, ўлим замиридан болалик сайёрасини изларди.

Йўқ, Сент-Экзюпери парвозлардан на шон-шуҳрат, на пул-бойлик излади. У1938 йилда Нью-Йоркдан – Оловли Ерга учишни ният қилди. Ёзувчининг биографи Марсель Мижонинг айтишича, ҳамма дўстлари уни бу фикридан қайтаришга уринадилар, ахир ўша пайтлар бу ғирт анахронизм, мантиққа тўғри келмайдиган мақсад эди. “Пан-Америкэн эйруэйз” авиакомпаниясининг мунтазам рейсларини масофаси анчайин узун эди. Бироқ Сент-Экзюпери ўз сўзида туриб олади. Бироқ яна унинг омади келмайди, самолети Веракрусдаги (Гватемала) аэродромда аранг ҳавога кўтарилиб, ҳалокатга учрайди. Учувчи саккиз кунгача ҳушига келмайди.

Сент-Экзюпери ана шу ҳалокатлар аро ёзишда давом этади. У бу борада, ижодда омадсизлик, ҳалокат нималигини билмайди. 1939 йилда нашрда чиққан “Одамлар сайёраси” асари Франция академиясининг роман учун белгиланган катта мукофотига сазовор бўлади.

Эзгулик ҳимояси учун

Ўша йил Европада яна уруш аланга олади. Сент-Экзюпери урушни ёмон кўрарди. Шундай бўлса-да, у “бари ўзи учун қадрли бўлган нарсаларни ҳимоя қилиш”га аҳд қилади. Таниқли адабиётшунос Жан Жиродо Сент-Экзюперининг ҳаётини сақлаб қолиш учун унга ҳарбий тарғибот идорасидан иш таклиф этади. Ёзувчи-учувчининг жавоби қатъий бўлади: “ Мен урушдан кейин бемалол ейман, деб мураббо асраб ўтирадиган донолар тоифасига кирмайман”.

Бироқ унинг учишга қайтиш тўғрисидаги қувончи кўпга чўзилмайди, ҳафсаласи пир бўлади. Сент-Экзюперини парвозлар учун яроқсиз деб топишади ва уни узоқ разведка авиақисмига, Шампандаги 2/33 гуруҳига ишга тайинлашади. У барибир ахири парвоз этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ахир у тажрибали, кўплардан кўра жасурроқ эди-да. Лекин шуни унутмаслик керакки, бу вақтга келиб, Сент-Экзюперининг саломатлиги жиддий оқсаётган эди. Шу ўринда бир нарсани қайд этиш жоиз: бошқалардан кўра унинг ҳаёти қаҳрамонлик фалсафасига йўғрилган эди.

1940 йилда Аррасга қилинган разведка-қидирув парвозидан сўнг, Сент-Экзюперининг номи Франция Ҳарбий ҳаво кучлари буйруғида қайд қилинади, ушбу буйруққа бионан у орден билан тақдирланиши керак бўлади. Бироқ бу иш амалга ошмайди, орадан бир неча ой ўтиб, француз армияси таназзулга юз тутади. Армиянинг мағлубиятидан Сент-Экзюпери бутунлай ўзини йўқотади. У ўша кунлари самодан ерга қараб, “мессершмиттлар”дан қўрқув ичида немис колонналарига йўл бўшатган қариялар, аёллар ва болаларга қарата ўқ узаётган аскарларни кўради, — шунда болаликдан буён қалбидан жой олган бари гўзал туйғулар, қаҳрамонлик хаёллари ҳар томонга тўзиб кетади. “ Тун мен учун, — деб ёзади у, — улуғвор қиёфасини йўқотди. Бу манзара энди шунчаки телба-тескари тартибсизликдан бошқа нарса бўлмай қолди”.

2/33 гуруҳи Жазойирга ўтказилади. Сент-Экзюпери ҳарбий хизматдан озод бўлгач, Францияга қайтади. Сўнгра истило қилинган ватанидан АҚШга жўнайди. У ерда “Ҳарбий учувчи” ва “Гаровдаги кишига мактублар” деган ажойиб қиссаларини битади.

Ўша Франция учун машъум йилларда Сент-Экзюпери ҳарбий довулга рўбарў келган аксарият адабиёт аҳли сингари аввалига ўз мўлжалини йўқотиб қўяди. Петэн Францияси билан де Голл Франциясидан бировини танлаш керак эди. Сент-Экзюпери гарчанд кўп томонлама де Голл тарафдори бўлмаса-да, “курашаётган Франция”ни танлайди, негаки у ҳақиқий воқеликдан кўра одамларни ва ўз қарашларини кўпроқ яхши кўрарди.

1943 йилда Сент-Экзюпери авиацияга қайтишга қарор қилади. Бу ният унинг саломатлиги ва ёшида ўз жонига ўзи қасд қилиш билан баравар эди. Барибир у нима қилиб бўлмасин, ўз мақсадига эришади. Ахири Американинг 7-армиясига қўшиб берилган “ўз”ининг узоққа разведка қилиш-қидирув 2/33 гуруҳи сафига тушишга муваффақ бўлади. У июлдаёқ Марсга (Тунис) етиб келади, иккита разведка қилувчи парвозни амалга оширади. Лекин у иккинчи парвози пайти (31 июль) қўниш пайти хатога йўл қўяди. Сент-Экзюпери 35 ёшгача бўлган учувчиларгагина учишга рухсат этилган Америка тезучар “лайтнинг”да учарди. Ўшанда унинг ёши 43 да эди. 31 июлда юз берган воқеа “кекса ва ишончсиз” учувчини парвозлардан четлатиш учун баҳона бўлади Сент-Экзюперини захирага ўтказишади.

Афтидан, унинг учун уруш тугаганга ўхшарди. У Жазойирга жўнайди, жаҳон адабиётига дурдона бўлиб кирган, ажойиб “Кичик шаҳзода ҳақида эртак” асарини давом эттиради, яна ўзи “ижодимнинг чўққиси бўлади” деб айтган, аммо уни тугата олмаган “Ҳарбий истеҳком” асари устида ишлай бошлайди. У жанговар дўстларидан олисда яшашга қийналмоқда эди. Учувчи дўстларига яқинлашиш умидида француз ҳарбий қўмондонлигидаги эски танишларини ишга солади.

Сўнгги парвоз

011Сент-Экзюпери ерда яшай олмай, самодан ўзига ўлим излаган деган афсона шу тариқа пайдо бўлган эди. Ҳақиқатан, панада иш битиришни, таниш-билишчиликни хуш кўрмайдиган ёзувчи кутилмаганда нима қилиб бўлса ҳам ҳаракатдаги армияга ишга ўтишга интилади. У бирдан ўзининг графлик насли, унвонини эслаб қолади. Америка генерали Икерсни чинакамига таъқиб қилишга ўтади, ҳатто бутун ҳафтани уни кутиб, қабулхонасида ўтказади. Жанговар постда жон бериш хаёли уни фазога қайтишга бор кучи билан жалб этганмикин, деган фикр ҳам пайдо бўлади беихтиёр кишида. Ахир у сўнгги мактубларидан бирида шундай ёзган-да: “Нақ тўрт марта ҳалок бўлаёздим, энди менга барибир”.

Лекин бор ҳақиқат анча мураккаброқ, балки оддийроқ бўлса ажаб эмас. “Ажалим яқин”, деган фикр, афтидан, уни таъқиб қилганга ўхшайди. Бироқ биз мактуб ва асарларидан таниган, билганимиз Сент-Экзюпери унга интилмаган бўлиши мумкин эмасди. Адиб ҳаётни жуда севарди, лекин ўша лаҳзада яшаш маъносини айнан душманга қарши жангда кўрганга ўхшайди.

Сент-Экзюперига атиги беш марта учишга рухсат берилади. У бунга яна уч марта учишни сўраб олади. Нима учун ҳеч ким уни тўхтатишга уринмайди? Нима учун қўмондонлик унга шундай осонгина пешвоз чиқади? Командир ва Сент-Экзюперининг мухлиси Гавуаль тўққизинчи парвозга ўйламасдан розилик бергани учун то умри охирига қадар ўзини кечиролмайди. Афтидан, ҳеч ким Сент-Экзюеперига, унинг темир иродасига қарши боролмаган кўринади.

Нима бўлмасин, қўмондонлик ўзи билмаган ҳолда Сент-Экзюпери ҳалокатига сабабчи бўлади. У 1944 йилнинг 31 июлида эрталаб соат 8.30 да Корсика аэродромидан ўзининг тўққизинчи ва сўнгги парвози учун отланади. Учувчига берилган буйруқ қуйидаги мазмунда эди: “Лиондан шарқ томонни аэросуратга тушириш”. Сент-Экзюпери болалиги кечган шаҳар узра “лайтнинг”да 10 минг баландликда соатига 600 километр тезлик билан уча бошлайди. Пастда қадрдон ерлар қалқиб туради: Сен-Морис қалъаси, хуррам ва беташвиш болалги кечган кўҳна истироҳат боғи… Сент-Экзюпери ўтмишга қайтади…

У кўкда парвоз қилар, дўстлари кўнгилларида эса турли хаёллар бир-бири билан курашарди. Сўнгра улар бир овоздан бир нарсани, Сент-Экзюперини қайтиб келмаслигини олдиндан кўнгиллари сезганини айтадилар. Яқиндагина Гавуаль уни учиш фикридан қайтаришга уринган эди. Сент-Экзюпери, унга, биринчиси ё тўққизинчисими, барибир парвозда йўқ бўлиш қисматимга ёзилган, деб жавоб берган. Кейин у Гавуалга қўлёзмалар солинган жуздонни беради ва буни бир одамга топширишини илтимос қилади. “Сиздан илтимос қиламан. Агар бажаролмасангиз…” – Сент-Экзюпери гапини тугатолмайди, ёшга тўлган кўзларини яшириш учун тескари бурилади.

У кўкка кўтарилгач, лейтенант Дарье, аккумуляторларга қўшимча қувват бериш учун генераторни текширишни унутгани эсига тушади. Ҳеч ким Сент-Экзюпери душманнинг қирувчи самолетига дуч келиши мумкинлигини ўйламайди. 10 минг метр баландликдаги “лайтнинг”га етиб бўлмасди. Дўстлари Сент-Экзюперининг осмонга кўтарилган заҳоти кислородни қўйиш одати борлигини билардилар. У 44 ёшда, юраги ҳам ёшлик пайтларидагидай эмасди. Агар кислород етмай қолса ёки нотекис узатилса, учувчи бундай баландликда ҳушини йўқотиши турган гап. Шунингдек, ҳамма Сент-Экзюпери бундан олдинги топшириқдан битта моторда қайтгани, бунинг устига-устак, мўлжални йўқотиб, Генуя устига келиб қолганини эслаб қоладилар. Ўшанда душман учувчилари унинг машинасини ўзларининг ўқув самолетлари деб ўйлаганлари учун ҳам уриб туширмагандилар.

Орадан тўрт соат ўтади. Сент-Экзюпери қайтмайди. Радиолокацион станцияга қўнғироқ қилишади, жавоб кўнгилсиз бўлади. Соат 14.30 га келиб учувчининг ёқилғиси тугаганлиги аён бўлади. Сент-Экзюпери энди ортига қайтиб келолмас эди. Бироқ дўстлар анчагача умид қилиб кутадилар. Чунки осмонда душман самолетлари қайд қилинмаган эди (урушдан кейин, ўлжа қилиб олинган ҳужжатларни таҳлил қилиш пайтида 1944 йил 31 июль куни Германия ҳарбий ҳаво кучлари фронтнинг бу участкасида бўлмаганлиги аён бўлади), эҳтимол Сент-Экс Франция ва Швейцариянинг қаеригадир қўнгандир?

Унинг самолети парчаларини ҳам топмайдилар. Сент-Экзюпери худди афсонавий ярим маъбуд сингари самода ном-нишонсиз ғойиб бўлган эди. Унинг ҳалокати сири ҳозирга қадар тўла, аниқ-равшан очилмади. Ёзувчи ҳақида китоб ёзган, Сент-Экзюперининг дўсти Жюль Руа бир вазиятни таъкидлаб ўтади. Ёзувчи ғайришуурий ҳолда ўзини-ўзи ҳалок этиши мумкин эмас эди, чунки учувчилар парвоз чоғида ҳеч қачон бундай йўл тутмайдилар. Яна инсоннинг асосий фазилати – ор-номус деб билган Сент-Эксюперидай чапдаст ва жасур учувчи асло бундай қилмаган бўларди.

08

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring