Artur Rembo. She’rlar

001    1985 йили Париж шаҳри марказида бир  тантанали маросим бўлиб ўтди. Шу куни Франциянинг ўша пайтдаги президенти Франсуа Миттеран узоқ йиллик орзусини амалга оширди — халқ томонидан бир зум ҳам унитилмаган, аммо эъзозланмай келаётган бир фаранг шоирига мамлакат пойтахтининг қоқ марказида тикланган ҳайкални тақдим   этди. Ҳайкал умрининг асосий қисмини қурол ва одам сотиш шуғулланган, инсоний турмуш мезонларига зид ҳаёт кечиргани билан эмас, шеърлари билан ном қолдирган, шеъриятдаги символизмнинг асосчиси Артур Рембо эди…

     37 йиллик умри давомида Артур Рембо шундай қизғин ва ақлга сиғмас саргузашларга тўла ҳаёт йўлини босиб ўтдики, унинг ўзи айтганидек «айрим қариялар мен билан солиштирганда ҳали тили чиқмаган гўдакдан фарқи йўқ» эди. Унинг бу гапи лоф эмас, айни ҳақиқат эканлигига ишониш учун шоирнинг ҳаётига назар ташлаш кифоя.

Артур РЕМБО
ШЕЪРЛАР
Гулбаҳор Сатторова таржималари
045

07 Артур Рембо — жаҳон адабиётидаги символизм оқимининг  энг ёрқин намояндаларидан бири. У 1854 йилнинг 20 октябрида Франциянинг шимолидаги Арденлер провинциясидаги Шарлевиль шаҳарчасида туғилган. Унинг отаси Фредерик Рембо зобит, онаси Мари-Катрин-Витали Кюиф эса бадавлат зодагонлар оиласига мансуб бўлган.

Отаси онасини тўрт нафар болалари билан ташлаб кетган пайтда Артур эндигина тўрт ёшни қаршилаганди. Онаси уни 8 ёшида махсус таълим тизимига эга бўлган Россат мактабига ўқишга беради. Кейинчалик, бошқа уйга кўчиб ўтганликлари муносабати билан унинг ўқишини диний таълим қўшиб ўқитиладиган Шарлевиль лицейига ўтказишади. Мазкур билим даргоҳида  муаллими Аристенинг қўллаб-қувватлашлари туфайли шеърлар машқ қила бошлайди.

Ўша даврда ёзган “Сағирларнинг Янги йил туҳфаси” (“Les Etrennes des Orphelins”) номли илк шеъри “Revue Pour Tous” журналида чоп этилгач, анча шов-шувларга сабаб бўлади. Бу орада Жорж Изамбар билан танишиб қолади ва унинг фикрларидан ғоят таъсирланган ёш шоир “Офелья”, “Оҳангар”, “Таассурот”, “Қуёш ва вужуд” каби беназир шеърларини битади.

Айни даврда ҳукм сурган ижтимоий-сиёсий вазият, тибиий-ки, Рембонинг руҳиятига ҳам таъсир ўтказмай қолмасди. Париж Коммунасининг қўзғолиши ва Франция-Пруссия уруши авж олган айни лаҳзаларда унинг давр нафаси билан йўғрилган “Уч бўса” номли шеъри Францияда чиқадиган La Charge журналида эълон қилинади.

У ҳали 16 ёшидаёқ оиласидаги келишмовчиликлар туфайли уйидан қочиб, Парижга кетади. Шу тақлид яна икки маротаба қочиб кетишига қарамай, паришон ва афтода бир ҳолда уйига қайтиб келади. Шоир ана шундай алғов-далғов ҳаёт ва руҳий зиддиятлар исканжасида шеърлар ёзар, Парижнинг машҳур кафеларида ўша давр санъати ва сиёсати ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этарди. Натижада у ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўяди. Энг охирги марта уйидан қочганида, у мактуб ва шеърлар орқали танишган дўсти Пол Верленнинг уйидан қўним топади.

Айни шу даврда ёзган шеърлари етуклик поғонасига кўтарилиб, жаҳон адабиёти дурдоналарига айланади. Унинг илк шеърий тўплами 1873 йилда “Жаҳаннамда бир мавсум” (“Une Saison En Enfer”) номи билан нашрдан чиқади. Кейинги “Дўзахдаги ёз”, “Равшанлик” каби асарлари ўқувчилар томонидан зўр қизиқиш билан қарши олинади. Унинг йигирма ёшида ёзган “Сархуш кема” шеъри шоир ижодининг гултожи бўлиб қолди.

Бу икки шахс (Рембо ва Верлен)  ўртасида бошланган ишқий можаролар узоқ давом этиб, Пол Верленнинг қамоққа тушиши билан якунланади. Олдинги бемаъни ҳаётидан қутилишни истаган Рембо Европа бўйлаб пиёда саёҳатга отланади. 1976 йил майида  эса у Голландия калониал армиясига оддий аскар сифатида ёлланиб Индонезияга боради, аммо, тез орада  қочиб, яширинча  ватанига қайтади.

У 1878 йилда Марселдан Искандарияга кетади, кейинчалик бир муддат Кипрда яшайди. Ўзи ишлаётган ташкилот ёпилгач, яна саргузашт излаб  Африкага йўл олади. 11 йил мобайнида Миср, Ҳабашистон ва Яманда қаҳва,ширинликлар, тери, қурол-аслаҳа ва одам сотиш билан шуғулланади.

Рембо ўнг оёғидаги оғриқ кучайиб бораётгани туфайли 1891 йилнинг февралида Францияга қайтади. Бу ерда оёғида хавфли ўсма борлиги аниқлангач, тиббий муоложадан сўнг оёғидан ажралади. 1891 йилнинг 10 ноябрида шифохонада вафот этади. Қабри Шарлевиль шаҳарчасида.

045

ОФЕЛЬЯ
09
I

Юлдузлари ухлаган, сассиз бир зулмат
Тўлқин узра Офелья – улкан нилуфар,
Сузадир ёпинчиғи кўпикли ҳилқат…
Оҳ, у “овчи қувурлар” куйига оқар!

Минг йилдирки, Офелья ҳануз паришон,
Сув юзида кафан каби сузиб юрар.
Минг йилдирки, кеча-кундуз анбарфишон,
Ҳузунли эртагини елларга сўйлар.

Соллона ёпинчиғин сувларга ёйган,
Ул оппоқ сийнасидан шамоллар ўпмиш.
Елкасига мажнунтол шохини эгган,
Йиғламоқда уйқули тақдирга қамиш.

Атрофида ғамгусор нилуфаргуллар,
“Олха”нинг уйқусин қочирар Офелья.
Ногаҳонда нам шоҳин силкитса толлар,
Бузилгай юлдузлар куйлаган ария.

II

Сен, эй сўлғин Офелья, қор каби гўзал!
Сувларга келин бўлдинг кўҳлик чоғингда!
Норвегия чўққисида эсган шамол
Гўё аччиқ бир ҳурликдир димоғингда:

Тўзғитмиш рангпар қуюқ кокилларингни,
Улғаярдинг тушларнинг йўналишида.
Тинглар эдинг борлиқнинг қўшиқларини
Оғочлар, кечаларнинг товланишида .

Энди телба денгизларнинг бўғиқ саси
Бу ширин гўдакнинг кўксига урилар.
Апрелнинг тонгида, ҳориган бир отлиқ
Пойингга тиз чўкканча сассиз ўтирар.

Само! Ишқ! Ҳурлик! Бу қандай туш Телба Қиз!
Қуёшнинг тиғида қор каби эридинг.
Қизгина! Ўргатдинг ишқни бизга сассиз,
Ўша мовий кўзларинг-ла сўзлар эдинг.

III

Ҳазин куйлагай машшоқ: Ойдин кечада,
Офельягинам, гул-чечаклар тўпларсан.
Мангу сузавер шундай оқ либосингда,
Тўлқинлар тебратган бешикда ухларсан.

УНЛИЛАР

“A” – қора, “Э” – оқ, “И” – қизил, “У” – яшил, “О” – мовий; Унлилар!
Айтадурман бир куни туғилишингиз ҳақида
Қоронғу ороллар, қора пашшаларга ўхшар “А”
Бадбўй ва ёқимсиз ҳидлар узра қўниб-учарлар!

Қир чечаги, буғ, пар, чодир каби оппоқдир “Э”лар!
Мисоли ўткир муз найзаси, оқ отли шаҳзода
Қонли “И”, у – қизғалдоқ, ол дудоқ, қирмизи бода
Айрилиқлар, пушмонликлар, ғазаб ёнма-ён келар!

Яшил “У”, атроф-муҳит, зангор денгизлар тўлқини
Ўтлоқларнинг гуркираши, ажинларнинг босқини –
Алкимёнинг кенг манглайга тамға урган ёлқини!

Илоҳий най – “О”, ажнабий суҳбат, кулгуларидур
Малакларнинг, очунлар қаърига чўмган сукутдур
– Сен эй, ОМЕГА, “О” – кўзингдан таралган мовий нур!

ВОҚЕЛИК

Мовий ёз оқшомларида, бепарво кезарман,
Пойимда ғичирлар намхушлик, салқин далада
бошоқларидан тутиб, пояларни эзарман,
Ювиб тозалайди тақир бошимни шабада.

На бир сўз, на бир туйғу, адоғи йўқ шундай туш
Юрагимда жўш урар битмас севги умиди,
Барига қўл силтаб кетарман мисоли дарвеш
Табиат қўйнида, гўё бир малак-ла, бахтли.

ҚИР ТАНГРИСИНИНГ БОШИ

Ичида ўпичлар ухлаган
Кўркам чечаклар-ла безанмиш,
Япроқларни нақшинкор ўйган
Жавоҳир сандиғи – олтин бош.

О, садаф тишли Қир Тангриси
Қирмизи чечакларни тотар!
Оғзида шароб, қон қутқуси
Ўз кулгусидан чатнаб кетар.

Қочар япроқлар орасидан
Юракда қаҳқаҳа қўрқинчи
Бекинаркан ўз қорасидан
Ўрмонларнинг олтин ўпичи.

САРХУШ КЕМА

Ўлик сувларидан кечаётгандим дарёнинг,
Боқдим, етакчиларим арқонимни кесмишлар.
Чирилдоқ ҳиндулар нишонга олмоқлик учун,
Барчасин олиб ола устунларга қоқмишлар.

Менга нима, ирқлар аҳамиятли эмасди,
Пахта, буғдой, Нилерландия ва Англияга.
Кемамда шовқин-сурон, тасир-тусирлар тинди,
Олиб кетди мени сув кўнглим тусаган ерга.

Долға тинган маҳал, телбадек тўлқинлар узра
Чопдим, гўдак ақли каби ҳайратда, ўтган қиш
Оролларнинг қора либосин ечган бир кунда.
Ер юзи ҳеч бундайин алғов-далғов бўлмамиш!

Денгизда кучли ҳаяжонла очдим кўзимни,
Ўлим карвонининг тўфони чиқди қаршимга
Замбуруғдан енгил, роса ўн кеча, беписанд:
Боқмадим фонарларнинг телбавор кўзларига.

Болалар хушлаган нордон олмалардан тотли,
Қарағай кемамга оқизган ям-яшил сувлар.
На шароб доғи, на бир қусуқ, бари ювилди,
Палубам – темир, рул неки бор вайрон саросар!

Ўша пайт кўмилдим буткул денгиз гирдобига,
Ичу сиртим сутдай оқ кўпикдан, юлдузлардан
Ёрганим кўм-кўк мовийликнинг туби-домига
Бир ўлик оқиб ўтар, паришон бу ҳоллардан.

Сўнг бирдан мовийликни қоплар шундайин ёғду
Чақмоқнинг чақинида, тарам-тарам бир парда,
Ичкиликдан кучли, мусиқадан жарангдор бу
Орзу, аччиқ ва қизил, кўпирар денгизларда!

Кўрдим чақмоқ зарбидан чатнаган осмонларни,
Гирдоблар, қуюнларни мендан сўранг оқшомни,
Каптар галаси каби тўзғиган эрта тонгни.
Кўрдим ҳатто инсонга сирли бўлган бир дамни!

Қуёшни кўрдим, пастда, қонли бир маросимда,
Ёймиш нурларин узун, сафсар ранг лахталарга.
Эски драма саҳнасига ўхшар гўё, чексиз,
Ҳайқириб узоқлашган тўлқинлар, лаҳзаларга!

Зангор кечани кўрдим, ялт-юлт ёнган қорларни,
Оппоқ ўпичлар чиқар гоҳ денгизнинг кўзига.
Кетма-кет уйғонарди, фосфорлар, мовий, сариқ,
Ноёб шарбатлар оқар қайтиб бот-бот изига!

Сузгич буқалар каби қояларга шоҳ урган
Тўфонлар судраб юрди ойлаб мени ҳар ёнга.
Кутмадим Биби Марямнинг қутлуғ ташрифидан
Қутурган денгизларнинг келишини имонга!

Ўлкалар кўрдим антиқа, гулу чечагига
Кўзлар қамашар, юзи инсон кўзлари йўлбарс.
Чексизликка чўзилган улкан камалаклари
Қорамол суруви боғланган тизгинга қиёс!

Ботқоқликлар кўрдим, бепоён, виқ-виқ қайнаган,
Қамишзорда чириган жуда улкан аждарҳо,
Мўътадил ҳавода ҳам сувлар камаяр бирдан,
Чексизликлар шариллаб тўкилар гирдобларга!

О, кумуш қуёш, маржон осмон, садаф тўлқинлар,
Жирканч ўлакса уюмидан кўллар булғанчиқ.
Ҳашоратлар кемирган, дев илонлар йиқилар
Эгилган дарахтлардан, қорайиб ҳиди анқиб.

Анграйиб қоларди болалар мовий сувларда
Ўша олтин, ўша кумуш балиқларни кўрса гар.
Юрдим оппоқ кўпиклар узра уйқуларимда,
Гоҳо қанотимда бир беҳишт шамоли эсар.

Баъзан жонимга тегар, қутубу қитъаси ҳам,
Денгиз шалоплаб қуршар, чайқатар эди бот-бот.
Заъфарон чечакларни тўшар тўрт тарафимга,
Тиз чўккан аёл каби тўхтаб қолардим ҳайҳот!

Чайқалган бир орол узра ваҳший кушларнинг
Бол рангли кўзлари, чуғурлари, аҳлатлари.
Оқшом эса чириган ипларимдан уюм-уюм
Ўлимталар тушарди ухлаб қолган сингари.

Мен, у сув ўтлар ўсган кўлларда ётган кема —
Шундай зарбла отилдим қуш учмас кенглик томон.
Қирғоқ бўйлаб сузаркан, сувда сарҳуш жисмимга,
Жангчиларнинг кемаси эътиборсиз умуман.

Қуршалдим туманларга, эгасиз ва дарбадар,
Ёриб чиқдим қаршига қирмизи само сари
Палубамда шоирга турли махсус емаклар:
Қуёш ўтлари-ю, гўзаллик медузалари!

Чопдим, тутам-тутам нурларга ўралган кемам,
Телба кемам, ортда буғдойранг денгиз отлари.
Жавзонинг қуёшида тўкиларди шовуллаб,
Жизғанак вакуумга кўм-кўк бир само қаъри!

Титрардим узоқлардан ингроқ товуши келса,
Тўлғонган Бегемотлар, қўрқинчли Гирдобларнинг
Аммо мен, ўша мовий дунёлар дарбадари,
Аввалги ҳисларини соғиндим Европанинг!

Юлдуз қучган ороллар, қитъалар кўрдим жўшқин,
Кўк тоқида кезарсан истаганча, беминнат.
У адоқсиз кечада бекиниб ухлайсанми?
Миллионларча олтин қуш, сен эй, Келажак Қудрат!

Етар энди шунча йиғлаганларим, бас, тўйдим!
Субҳидам, қуёш, ой – бари оғриқ, бўш, тубсиз.
Ишқнинг изтироби тўлмиш ичимга, сарҳушман,
Ёрилсин энди бу кема, олсин мени денгиз!

Кўнглим Европанинг лойқа, совуқ, чуқурликда
Тўпланиб қолган сувида, анқиган, оқшом вақти
Сувнинг бўйида чўккалаган ғамгин бир бола
Суздирар қоғоз кемасин май капалагидек.

Мен сиз билан саёҳат қилдим сармаст, тўлқинлар,
Пахта юкли кемалар ортида кезолмайман.
Тўйдиролмас мени байроқлару, йўлбошчилар,
Маҳкум кемаларининг сувида сузолмайман.

ЖАҲАННАМДА БИР МАВСУМ

Янглишмасам, бир пайтлар ҳаётим — олдига
бутун кўнгиллар дастурхондай очилган, йўлларига
бутун шароблар тўкиб-сочилган бир зиёфат эди.
Бир оқшомда Гўзалликни изза қилдим – қайрилиб
қарамайдиган бўлди – аяб ўтирмадим мен ҳам.
Намойишга чиқдим адолатга қарши.
Бош олиб қочдим. Эй сеҳргарлар, эй, сиз бахтсизлик,
эй нафрат, хазинам сизга омонат!
Жазм қилдим, сўндирдим ичимдаги инсоний ҳисларнинг
барчасин. Бир йиртқич ҳайвон важоҳати билан ташландим
бўғмоқлик учун жами шодликнинг устига.
Жаллодларни чақирдим, ғажийин дея ўлаётиб кунданинг
бандларини. Чақирдим ўлатларни бўғсинлар дедим, қон ичида,
қум ичида мени. Мусибатга сиғиндим. Бўғзимга қадар ботдим балчиққа.
Ҳақоратнинг аёзида қурутдим ўзимни.
Умид қила-қила охир енгдим телбаликни.
Баҳорнинг менга келтирган жирканч бир девона қаҳқаҳасидир бу.
Шундай деркан, бир оз аввал, шу пайт боқдим-ки, қиқирлаб кулгим
келаётганди, ўйладим, эҳтимол яна бошқатдан орзу қила бошлайман.
Рўё эмиш, магар-ки, ўша калитнинг номи маълум бўлди – мен туш кўраётгандим.
“Сен йиртқич ҳайвон бўлишинг керак…” Фалон-писмадон…
Бақир-чақир қила бошлади бошимни бу васвасалар билан
айлантирган шайтон.
“Ордона қолсин бу нафсинг, худбинлигинг,
барча кечирилмас гуноҳларинг.”
Оҳ, жонимдан ўтди, болалаб кетган шайтон, маккор назар,
сен учига чиққан пасткашликларнинг ғоя муаллифи ва
ўргатувчиси, бу иш учун солиқ тўламаслик тарафдорисан,
сен учун қўпордим лаънати кундалигимдан бу омадсиз варақларни.

001    1985 yili Parij shahri markazida bir tantanali marosim bo’lib o’tdi. Shu kuni Frantsiyaning o’sha paytdagi prezidenti Fransua Mitteran uzoq yillardan buyon amalga oshirmoqchi bo’lgan orzusiga — xalq tomonidan bir zum ham unitilmagan, ammo e’zozlanmay kelayotgan bir farang shoiriga haykal qo’yish marosimida ishtirok etdi. Haykal umrining asosiy qismini qurol va odam sotish shug’ullangan, insoniy turmush mezonlariga zid hayot kechirgani bilan emas, she’rlari bilan nom qoldirgan, she’riyatdagi simvolizmning asoschisi Artur Rembo edi…37 yillik umri davomida Artur Rembo shunday qizg’in va aqlga sig’mas sarguzashlarga to’la hayot yo’lini bosib o’tdiki, uning o’zi aytganidek «ayrim qariyalar men bilan solishtirganda hali tili chiqmagan go’dakdan farqi yo’q» edi. Uning bu gapi lof emas, ayni haqiqat ekanligiga ishonish uchun shoirning hayotiga nazar tashlash kifoya.

Artur REMBO
SHE’RLAR
Gulbahor Sattorova tarjimalari
045

07 Artur Rembo — jahon adabiyotidagi simvolizm oqimining eng yorqin namoyandalaridan biri. U 1854 yilning 20 oktyabrida Frantsiyaning shimolidagi Ardenler provintsiyasidagi Sharlevil` shaharchasida tug’ilgan. Uning otasi Frederik Rembo zobit, onasi Mari-Katrin-Vitali Kyuif esa badavlat zodagonlar oilasiga mansub bo’lgan.

Otasi onasini to’rt nafar bolalari bilan tashlab ketgan paytda Artur endigina to’rt yoshni qarshilagandi. Onasi uni 8 yoshida maxsus ta’lim tizimiga ega bo’lgan Rossat maktabiga o’qishga beradi. Keyinchalik, boshqa uyga ko’chib o’tganliklari munosabati bilan uning o’qishini diniy ta’lim qo’shib o’qitiladigan Sharlevil` litseyiga o’tkazishadi. Mazkur bilim dargohida muallimi Aristening qo’llab-quvvatlashlari tufayli she’rlar mashq qila boshlaydi.

O’sha davrda yozgan “Sag’irlarning Yangi yil tuhfasi” (“Les Etrennes des Orphelins”) nomli ilk she’ri “Revue Pour Tous” jurnalida chop etilgach, ancha shov-shuvlarga sabab bo’ladi. Bu orada Jorj Izambar bilan tanishib qoladi va uning fikrlaridan g’oyat ta’sirlangan yosh shoir “Ofelya”, “Ohangar”, “Taassurot”, “Quyosh va vujud” kabi benazir she’rlarini bitadi.

Ayni davrda hukm surgan ijtimoiy-siyosiy vaziyat, tibiiy-ki, Remboning ruhiyatiga ham ta’sir o’tkazmay qolmasdi. Parij Kommunasining qo’zg’olishi va Frantsiya-Prussiya urushi avj olgan ayni lahzalarda uning davr nafasi bilan yo’g’rilgan “Uch bo’sa” nomli she’ri Frantsiyada chiqadigan La Charge jurnalida e’lon qilinadi.

U hali 16 yoshidayoq oilasidagi kelishmovchiliklar tufayli uyidan qochib, Parijga ketadi. Shu taqlid yana ikki marotaba qochib ketishiga qaramay, parishon va aftoda bir holda uyiga qaytib keladi. Shoir ana shunday alg’ov-dalg’ov hayot va ruhiy ziddiyatlar iskanjasida she’rlar yozar, Parijning mashhur kafelarida o’sha davr san’ati va siyosati haqidagi qizg’in bahs-munozaralarda ishtirok etardi. Natijada u ichkilik va giyohvandlikka ruju qo’yadi. Eng oxirgi marta uyidan qochganida, u maktub va she’rlar orqali tanishgan do’sti Pol Verlenning uyidan qo’nim topadi.

Ayni shu davrda yozgan she’rlari yetuklik pog’onasiga ko’tarilib, jahon adabiyoti durdonalariga aylanadi. Uning ilk she’riy to’plami 1873 yilda “Jahannamda bir mavsum” (“Une Saison En Enfer”) nomi bilan nashrdan chiqadi. Keyingi “Do’zaxdagi yoz”, “Ravshanlik” kabi asarlari o’quvchilar tomonidan zo’r qiziqish bilan qarshi olinadi. Uning yigirma yoshida yozgan “Sarxush kema” she’ri shoir ijodining gultoji bo’lib qoldi.

Bu ikki shaxs (Rembo va Verlen) o’rtasida boshlangan ishqiy mojarolar uzoq davom etib, Pol Verlenning qamoqqa tushishi bilan yakunlanadi. Oldingi bema’ni hayotidan qutilishni istagan Rembo Yevropa bo’ylab piyoda sayohatga otlanadi. 1976 yil mayida esa u Gollandiya kalonial armiyasiga oddiy askar sifatida yollanib Indoneziyaga boradi, ammo, tez orada qochib, yashirincha vataniga qaytadi.

U 1878 yilda Marseldan Iskandariyaga ketadi, keyinchalik bir muddat Kiprda yashaydi. O’zi ishlayotgan tashkilot yopilgach, yana sarguzasht izlab Afrikaga yo’l oladi. 11 yil mobaynida Misr, Habashiston va Yamanda qahva,shirinliklar, teri, qurol-aslaha va odam sotish bilan shug’ullanadi.

Rembo o’ng oyog’idagi og’riq kuchayib borayotgani tufayli 1891 yilning fevralida Frantsiyaga qaytadi. Bu yerda oyog’ida xavfli o’sma borligi aniqlangach, tibbiy muolojadan so’ng oyog’idan ajraladi. 1891 yilning 10 noyabrida shifoxonada vafot etadi. Qabri Sharlevil` shaharchasida.

045

OFELYA
09
I

Yulduzlari uxlagan, sassiz bir zulmat
To’lqin uzra Ofel`ya – ulkan nilufar,
Suzadir yopinchig’i ko’pikli hilqat…
Oh, u “ovchi quvurlar” kuyiga oqar!

Ming yildirki, Ofel`ya hanuz parishon,
Suv yuzida kafan kabi suzib yurar.
Ming yildirki, kecha-kunduz anbarfishon,
Huzunli ertagini yellarga so’ylar.

Sollona yopinchig’in suvlarga yoygan,
Ul oppoq siynasidan shamollar o’pmish.
Yelkasiga majnuntol shoxini eggan,
Yig’lamoqda uyquli taqdirga qamish.

Atrofida g’amgusor nilufargullar,
“Olxa”ning uyqusin qochirar Ofel`ya.
Nogahonda nam shohin silkitsa tollar,
Buzilgay yulduzlar kuylagan ariya.

II

Sen, ey so’lg’in Ofel`ya, qor kabi go’zal!
Suvlarga kelin bo’lding ko’hlik chog’ingda!
Norvegiya cho’qqisida esgan shamol
Go’yo achchiq bir hurlikdir dimog’ingda:

To’zg’itmish rangpar quyuq kokillaringni,
Ulg’ayarding tushlarning yo’nalishida.
Tinglar eding borliqning qo’shiqlarini
Og’ochlar, kechalarning tovlanishida .

Endi telba dengizlarning bo’g’iq sasi
Bu shirin go’dakning ko’ksiga urilar.
Aprelning tongida, horigan bir otliq
Poyingga tiz cho’kkancha sassiz o’tirar.

Samo! Ishq! Hurlik! Bu qanday tush Telba Qiz!
Quyoshning tig’ida qor kabi eriding.
Qizgina! O’rgatding ishqni bizga sassiz,
O’sha moviy ko’zlaring-la so’zlar eding.

III

Hazin kuylagay mashshoq: Oydin kechada,
Ofel`yaginam, gul-chechaklar to’plarsan.
Mangu suzaver shunday oq libosingda,
To’lqinlar tebratgan beshikda uxlarsan.

UNLILAR

“A” – qora, “E” – oq, “I” – qizil, “U” – yashil, “O” – moviy;  Unlilar!
Aytadurman bir kuni tug’ilishingiz haqida
Qorong’u orollar, qora pashshalarga o’xshar “A”
Badbo’y va yoqimsiz hidlar uzra qo’nib-ucharlar!

Qir chechagi, bug’, par, chodir kabi oppoqdir “E”lar!
Misoli o’tkir muz nayzasi, oq otli shahzoda
Qonli “I”, u – qizg’aldoq, ol dudoq, qirmizi boda
Ayriliqlar, pushmonliklar, g’azab yonma-yon kelar!

Yashil “U”, atrof-muhit, zangor dengizlar to’lqini
O’tloqlarning gurkirashi, ajinlarning bosqini –
Alkimyoning keng manglayga tamg’a urgan yolqini!

Ilohiy nay – “O”, ajnabiy suhbat, kulgularidur
Malaklarning, ochunlar qa’riga cho’mgan sukutdur
– Sen ey, OMEGA, “O” – ko’zingdan taralgan moviy nur!

VOQELIK

Moviy yoz oqshomlarida, beparvo kezarman,
Poyimda g’ichirlar namxushlik, salqin dalada
boshoqlaridan tutib, poyalarni ezarman,
Yuvib tozalaydi taqir boshimni shabada.

Na bir so’z, na bir tuyg’u, adog’i yo’q shunday tush
Yuragimda jo’sh urar bitmas sevgi umidi,
Bariga qo’l siltab ketarman misoli darvesh
Tabiat qo’ynida, go’yo bir malak-la, baxtli.

QIR TANGRISINING BOSHI

Ichida o’pichlar uxlagan
Ko’rkam chechaklar-la bezanmish,
Yaproqlarni naqshinkor o’ygan
Javohir sandig’i – oltin bosh.

O, sadaf tishli Qir Tangrisi
Qirmizi chechaklarni totar!
Og’zida sharob, qon qutqusi
O’z kulgusidan chatnab ketar.

Qochar yaproqlar orasidan
Yurakda qahqaha qo’rqinchi
Bekinarkan o’z qorasidan
O’rmonlarning oltin o’pichi.

SARXUSH KEMA

O’lik suvlaridan kechayotgandim daryoning,
Boqdim, yetakchilarim arqonimni kesmishlar.
Chirildoq hindular nishonga olmoqlik uchun,
Barchasin olib ola ustunlarga qoqmishlar.

Menga nima, irqlar ahamiyatli emasdi,
Paxta, bug’doy, Nilerlandiya va Angliyaga.
Kemamda shovqin-suron, tasir-tusirlar tindi,
Olib ketdi meni suv ko’nglim tusagan yerga.

Dolg’a tingan mahal, telbadek to’lqinlar uzra
Chopdim, go’dak aqli kabi hayratda, o’tgan qish
Orollarning qora libosin yechgan bir kunda.
Yer yuzi hech bundayin alg’ov-dalg’ov bo’lmamish!

Dengizda kuchli hayajonla ochdim ko’zimni,
O’lim karvonining to’foni chiqdi qarshimga
Zamburug’dan yengil, rosa o’n kecha, bepisand:
Boqmadim fonarlarning telbavor ko’zlariga.

Bolalar xushlagan nordon olmalardan totli,
Qarag’ay kemamga oqizgan yam-yashil suvlar.
Na sharob dog’i, na bir qusuq, bari yuvildi,
Palubam – temir, rul neki bor vayron sarosar!

O’sha payt ko’mildim butkul dengiz girdobiga,
Ichu sirtim sutday oq ko’pikdan, yulduzlardan
Yorganim ko’m-ko’k moviylikning tubi-domiga
Bir o’lik oqib o’tar, parishon bu hollardan.

So’ng birdan moviylikni qoplar shundayin yog’du
Chaqmoqning chaqinida, taram-taram bir parda,
Ichkilikdan kuchli, musiqadan jarangdor bu
Orzu, achchiq va qizil, ko’pirar dengizlarda!

Ko’rdim chaqmoq zarbidan chatnagan osmonlarni,
Girdoblar, quyunlarni mendan so’rang oqshomni,
Kaptar galasi kabi to’zg’igan erta tongni.
Ko’rdim hatto insonga sirli bo’lgan bir damni!

Quyoshni ko’rdim, pastda, qonli bir marosimda,
Yoymish nurlarin uzun, safsar rang laxtalarga.
Eski drama sahnasiga o’xshar go’yo, cheksiz,
Hayqirib uzoqlashgan to’lqinlar, lahzalarga!

Zangor kechani ko’rdim, yalt-yult yongan qorlarni,
Oppoq o’pichlar chiqar goh dengizning ko’ziga.
Ketma-ket uyg’onardi, fosforlar, moviy, sariq,
Noyob sharbatlar oqar qaytib bot-bot iziga!

Suzgich buqalar kabi qoyalarga shoh urgan
To’fonlar sudrab yurdi oylab meni har yonga.
Kutmadim Bibi Maryamning qutlug’ tashrifidan
Quturgan dengizlarning kelishini imonga!

O’lkalar ko’rdim antiqa, gulu chechagiga
Ko’zlar qamashar, yuzi inson ko’zlari yo’lbars.
Cheksizlikka cho’zilgan ulkan kamalaklari
Qoramol suruvi bog’langan tizginga qiyos!

Botqoqliklar ko’rdim, bepoyon, viq-viq qaynagan,
Qamishzorda chirigan juda ulkan ajdarho,
Mo»tadil havoda ham suvlar kamayar birdan,
Cheksizliklar sharillab to’kilar girdoblarga!

O, kumush quyosh, marjon osmon, sadaf to’lqinlar,
Jirkanch o’laksa uyumidan ko’llar bulg’anchiq.
Hashoratlar kemirgan, dev ilonlar yiqilar
Egilgan daraxtlardan, qorayib hidi anqib.

Angrayib qolardi bolalar moviy suvlarda
O’sha oltin, o’sha kumush baliqlarni ko’rsa gar.
Yurdim oppoq ko’piklar uzra uyqularimda,
Goho qanotimda bir behisht shamoli esar.

Ba’zan jonimga tegar, qutubu qit’asi ham,
Dengiz shaloplab qurshar, chayqatar edi bot-bot.
Za’faron chechaklarni to’shar to’rt tarafimga,
Tiz cho’kkan ayol kabi to’xtab qolardim hayhot!

Chayqalgan bir orol uzra vahshiy kushlarning
Bol rangli ko’zlari, chug’urlari, ahlatlari.
Oqshom esa chirigan iplarimdan uyum-uyum
O’limtalar tushardi uxlab qolgan singari.

Men, u suv o’tlar o’sgan ko’llarda yotgan kema —
Shunday zarbla otildim qush uchmas kenglik tomon.
Qirg’oq bo’ylab suzarkan, suvda sarhush jismimga,
Jangchilarning kemasi e’tiborsiz umuman.

Qurshaldim tumanlarga, egasiz va darbadar,
Yorib chiqdim qarshiga qirmizi samo sari
Palubamda shoirga turli maxsus yemaklar:
Quyosh o’tlari-yu, go’zallik meduzalari!

Chopdim, tutam-tutam nurlarga o’ralgan kemam,
Telba kemam, ortda bug’doyrang dengiz otlari.
Javzoning quyoshida to’kilardi shovullab,
Jizg’anak vakuumga ko’m-ko’k bir samo qa’ri!

Titrardim uzoqlardan ingroq tovushi kelsa,
To’lg’ongan Begemotlar, qo’rqinchli Girdoblarning
Ammo men, o’sha moviy dunyolar darbadari,
Avvalgi hislarini sog’indim Yevropaning!

Yulduz quchgan orollar, qit’alar ko’rdim jo’shqin,
Ko’k toqida kezarsan istagancha, beminnat.
U adoqsiz kechada bekinib uxlaysanmi?
Millionlarcha oltin qush, sen ey, Kelajak Qudrat!

Yetar endi shuncha yig’laganlarim, bas, to’ydim!
Subhidam, quyosh, oy – bari og’riq, bo’sh, tubsiz.
Ishqning iztirobi to’lmish ichimga, sarhushman,
Yorilsin endi bu kema, olsin meni dengiz!

Ko’nglim Yevropaning loyqa, sovuq, chuqurlikda
To’planib qolgan suvida, anqigan, oqshom vaqti
Suvning bo’yida cho’kkalagan g’amgin bir bola
Suzdirar qog’oz kemasin may kapalagidek.

Men siz bilan sayohat qildim sarmast, to’lqinlar,
Paxta yukli kemalar ortida kezolmayman.
To’ydirolmas meni bayroqlaru, yo’lboshchilar,
Mahkum kemalarining suvida suzolmayman.

JAHANNAMDA BIR MAVSUM

Yanglishmasam, bir paytlar hayotim — oldiga
butun ko’ngillar dasturxonday ochilgan, yo’llariga
butun sharoblar to’kib-sochilgan bir ziyofat edi.
Bir oqshomda Go’zallikni izza qildim – qayrilib
qaramaydigan bo’ldi – ayab o’tirmadim men ham.
Namoyishga chiqdim adolatga qarshi.
Bosh olib qochdim. Ey sehrgarlar, ey, siz baxtsizlik,
ey nafrat, xazinam sizga omonat!
Jazm qildim, so’ndirdim ichimdagi insoniy hislarning
barchasin. Bir yirtqich hayvon vajohati bilan tashlandim
bo’g’moqlik uchun jami shodlikning ustiga.
Jallodlarni chaqirdim, g’ajiyin deya o’layotib kundaning
bandlarini. Chaqirdim o’latlarni bo’g’sinlar dedim, qon ichida,
qum ichida meni. Musibatga sig’indim. Bo’g’zimga qadar botdim balchiqqa.
Haqoratning ayozida qurutdim o’zimni.
Umid qila-qila oxir yengdim telbalikni.
Bahorning menga keltirgan jirkanch bir devona qahqahasidir bu.
Shunday derkan, bir oz avval, shu payt boqdim-ki, qiqirlab kulgim
kelayotgandi, o’yladim, ehtimol yana boshqatdan orzu qila boshlayman.
Ro’yo emish, magar-ki, o’sha kalitning nomi ma’lum bo’ldi – men tush ko’rayotgandim.
“Sen yirtqich hayvon bo’lishing kerak…” Falon-pismadon…
Baqir-chaqir qila boshladi boshimni bu vasvasalar bilan
aylantirgan shayton.
“Ordona qolsin bu nafsing, xudbinliging,
barcha kechirilmas gunohlaring.”
Oh, jonimdan o’tdi, bolalab ketgan shayton, makkor nazar,
sen uchiga chiqqan pastkashliklarning g’oya muallifi va
o’rgatuvchisi, bu ish uchun soliq to’lamaslik tarafdorisan,
sen uchun qo’pordim la’nati kundaligimdan bu omadsiz varaqlarni.

07

(Tashriflar: umumiy 634, bugungi 1)

Izoh qoldiring