Ayzek Azimov. Koinot oqimlari (2)

Ashampoo_Snap_2017.03.13_15h40m37s_001_.png    Айзек Азимовнинг диққатингизга ҳавола этилаётган машҳур романи «Коинот оқимлари» 1952 йилда ёзилган. Шуниси ажабланарлики, бу асарда кўрсатилган ижтимоий  муаммолар Ўзбекистоннинг собиқ Шўролар давридаги пахта яккаҳокимлиги билан боғлиқ қийинчиликларига жуда ҳамоҳанг.

Айзек АЗИМОВ
КОИНОТ ОҚИМЛАРИ (2)
Озод Мўъмин Хўжа таржимаси
005

ОЛИЙЗОТ ХОНИМ

002Самия бир нарсани яхши биларди: Самия Файф қизининг илм билан шуғулланишига, Саркнинг оқсуяк олийзот хонимларининг асосий вазифаси — жамиятда дабдаба билан кўзга ташланиб юриши ва иккитадан кам бўлмаган (лекин кўп ҳам эмас) сарклик сквайрни дунёга келтиришдан иборат, деб билувчилар, ғижиниб боқардилар.
Улар қизнинг олдига келиб:
— Самия, сиз ҳақиқатан ҳам китоб ёзяпсизми? — деб сўрашарди ва кўрсатишни илтимос қилишарди, сўнг қиқирлаб кулардилар.
Булар аёллар эди. Эркаклар эса ўзларининг ширин сўзлари, ўтли нигоҳлари ёки қизнинг нозик белидан бир мартагина қучиб, Самияни бундай аҳмоқгарчиликдан қайтариш ҳамда унинг диққатини ҳақиқий муҳим ишларга жалб этиш мумкин, деган ақидалари билан янада жирканчроқ кўринардилар.
Бунинг бошланганига анча бўлганди. Кўпчилик киртни фақат зарурий нарсагина деб ҳисобласа-да, Самия эсини танигандан бери унга бутун меҳр-муҳаббатини бағишлаганди. Кирт! Матоларнинг энг олийси!
Кимёвий томондан у фақат целлюлозанинг бир тури эди. Кимёгарлар бу ҳақда ҳатто қасам ичишлари мумкин эди. Бироқ, ўзларининг барча асбоб-ускуналари-ю, назариялари билан, нега бутун Галактика қаъридаги барча сайёралар орасида Флоринада, фақат Флоринада целлюлозанинг киртга айланишини тушунтириб беролмасдилар. Ҳамма бало физик ҳолатда, дердилар улар. Аммо улардан, киртнинг целлюлозадан фарқи нима, деб сўранг-чи, оғизларига талқон солиб олардилар.
Қачонлардир у кирт толаларининг жилосидан ҳайратланиб, ўз энагасидан сўраганди:
— Эна, нега у ялтирайди?
— Чунки, у — кирт, Самия бегим.
— Эна, нега бошқа нарсалар бунчалик ялтирамайди?
— Бошқа нарсалар кирт эмас, Самия бегим.
Хуллас, бор савол-жавоб шунақа бўларди. Бу мавзуга бағишланган икки жилдлик рисола уч йилгина аввал чоп этилганди. Қиз уни диққат билан ўқиб чиқди. Ундан чиқарилган хулоса энага фикри билан бир хил эди. Кирт — бу кирт, чунки у кирт.
Тўғри, кирт ўз-ўзича ялтирамасди, махсус усул қўллаб тўқилса, қуёш нурида исталган ранг ёки биратўла камалакнинг барча рангларида товланарди. Бошқа бир усул эса толага олмос жилосини берарди. Оддийгина ишлов бериш орқали матони 600 градусгача чидамли ва барча кимёвий моддаларга нисбатан инерт ҳолига келтириш мумкин эди. Толалардан юпқа мато тўқиш учун уни ўта ингичка ипга ҳам айлантирардилар, бу толаларнинг мустаҳкамлигига ҳеч бир пўлат қотишма тенглашолмасди. Одамзотга маълум бўлган нарсаларнинг ичида кирт ўзининг турли-туман жабҳаларда ва жуда кенг қўлланилиши билан ажралиб турарди. Агар кирт бунчалик қиммат бўлмаганида уни беҳисоб техника соҳаларида қўлланилувчи шиша, пластмасса ёки металл ўрнига ишлатиш мумкин эди. У оптик асбобларда ягона ипли хоч сифатида, гиператомли юритгичларда ишлатилувчи гидрохрон қолиплар учун, хуллас, қайси жабҳада темир ҳаддан зиёд мўрт ва оғир деб ҳисобланса, ўша ерда хизмат қиларди.
Лекин кирт оз эди, жуда ҳам оз эди. Кирт хирмонининг асосий қисми Галактикадаги энг антиқа кийимлар тикилувчи матоларга сарф бўларди. Флорина миллионлаб сайёралардаги аслзодаларни кийинтирарди, шунинг учун етиштирилган ҳосил жуда оз-оздан тарқатиларди.
Самиянинг ёши улғайгач, у отасига мурожаат қилди.
— Дада, кирт нима?
— У — нон билан ёғ, Самия.
— Мен учунми?
— Фақат сен учун эмас, Самия. У — бутун Сарк учун нон билан ёғ.
Қиз Галактикадаги ҳар бир сайёра ўз ерида кирт ўстиришга уриниб кўрганини билиб олди. Аввалига, Сарк ким кирт уруғини ўғирлаган бўлса, уни ўлим жазосига ҳукм қилиш ҳақида қонун чиқарди. Бироқ, бу контрабандани тўхтатолмади ва Сарк қонунни бекор қилиш лозимлигини англаб етди. Энди, ҳар бир кимса, у қаердан келган бўлмасин, кирт уруғини сотиб олиши мумкин эди, лекин кирт матосининг оғирлиги нархида пул тўлаши шарт эди. Чунки, Галактикадаги Флоринадан бошқа сайёрада кирт ўрнига оддийгина оппоқ, жозибасиз, толаси бўш, бефойда пахта ўсиб чиқарди.
Минг хил усул қўллаб кўрилганди. Флорина тупроғидан намуналар олинди. Флорина қуёши нурлари спектр ини берувчи сунъий ёруғлик манбалари қурилди. Тупроқларга Флорина бактериялари юқтирилди. Кирт эса пинак бузмай оппоқ, жозибасиз, толаси бўш ва оддий пахта бўлиб ўсиб чиқаверди.
Беш йилдирки, Самия Файф қизи кирт ҳақида, яъни у ўсаётган сайёра, уни ундираётган кишилар тўғрисида китоб битишни орзу қиларди.
Бу орзу атрофдагиларнинг масхараомуз кулгусига сабаб бўлса ҳам, Самия учун эзгу ният эди. У Флоринага учаман деб туриб олди. Флоринада қиз бутун мавсумни далада ўтказиб, сўнгра фабрикадаги ишларни кузатмоқчи эди. У истардики…
Унинг нималарни исташ-истамаслигининг нима фарқи бор? Қизга қайтиш буюрилганди. Ҳозир унинг Саркка учишдан бўлак иложи йўқ. Лекин, — у — Самия Файф қизи, Флоринага албатта қайтади. Балки бир кун, балки икки кун, балки бир ҳафтадан сўнг!
Самия, Флорина то кичкина илғар-илғамас пуфакчадек бўлиб кўрингунча иллюминатордан қараб турди…

***

— Хоним, сиз ўз бўлмангизга кирмайсизми?
Қиз капитан Рейстига қарадида, киноя билан жавоб берди:
—Капитан, яна қандай буйруқлар олдингиз? Мабодо, мен асира эмасманми?
— Йўқ, албатта. Бу фақат эҳтиёткорлик. Учишимиз арафасида фазо бекати негадир бўм-бўш эди. Эҳтимол, анави флориналик яна кимнидир ўлдирган бўлса, фазо бекати бўлинмаси ҳам назоратчиларга қўшилиб жиноятчини қидираётгандир.
— Бунга менинг қандай дахлим бор?
— Менимча, кемамизга бегона шахслар кириб олишган.
— Нега?
— Ҳозирча, бу менга номаълум.
— Капитан, сиз буларни тўқиб чиқаряпсиз.
— Унчалик эмас, хоним. Бизнинг қувват ўлчагичларимиз Флорина қуёши буржи, яъни сайёравий масофалар ичида функцияларини бажаролмас эдилар, ҳозир эса аниқ ишлаяптилар ва назаримда, эҳтиёт қисмлар омборидан ортиқча иссиқлик тараляпти.
— Жиддий гапиряпсизми?
— Таралаётган қувватнинг катталиги, икки киши вужудидан чиқиши мумкин бўлган иссиқлик миқдорига тенг.
— Бу балки, кимдир ўчиришни унутиб қўйган иситиш қурилмасидир.
— Хоним, бизнинг эҳтиёт қувватларимиз заррача ишлатилмаган. Ҳар ҳолда, биз текширув ўтказишга тайёрмиз, бироқ аввал сиз ўз бўлмангизга киришингиз керак.
Қиз индамай бош ирғади-да, ичкарига кириб кетди.

***

Назоратчилар кийимидаги Мирлин Теренс кўчада Новвойни, Рикни ва Валонани бирга кўриб қолганида тез ва кескин ҳаракат қилиш лозимлигини англади. Унинг бошқа иложи йўқ эди: қўлига қуролни олган заҳоти Новвой тил тортмай ҳалок бўлди ва ерга қулади.
Кейин, халойиқ орасида ғала-ғовур кўтарилиб, Рик билан Валона оломон ичида йўқолиб кетдилар. Юқорида эса ҳақиқий назоратчиларнинг учар машиналари калхатдек чарх ура бошлади, у эса нима қилишни билолмай гангиб қолди.
Аввалига у Рик билан Валонага етиб олмоқчи бўлди, бироқ бу режадан тезда воз кечишга тўғри келди. Эсини йўқотган оломон орасидан ўтиб бўлармиди? Бунинг устига хавф катта, уни бирпасда тутиб олардилар! Резидент қарама-қарши томонга — новвойхонага қараб йўл олди.
У эрта тонгда назорат станциясига яқинлашди. Зерикиб ўтирган ёлғизгина навбатчида беэътиборлик билан қаҳр-ғазабнинг аралашмасидан иборат кайфият зоҳир эди. Теренсга ўз шахсини ва иш жойини тасдиқлаш буюрилди. Резидент чўнтагидан ҳужжат ўрнига шаҳар атрофидаги қандайдир ярим хароба кулбадан суғуриб олган пластмасса бўлагини чиқарди.
У назоратчининг бошига ана шу бўлак билан туширди ва унинг кийимлари билан қуролини ечиб олди. У, назоратчи ҳушини йўқотдигина эмас, ўлганини ҳам сезиб унча ташвишланмади, чунки шундоқ ҳам жиноятлари кўпайиб қолганди.
У ҳамон озодликда юрар, назорат олий судининг занглаган машинаси уни қидириб бекорга ғирчилларди.
Теренс новвойхонага яқинлашди. Новвойнинг остонада турган кекса ёрдамчиси назоратчининг даҳшатли кийимини кўриб, чинқирди-да, ўзини лип этиб дўконга урди. Резидент унга отилиб, хамир юқи ёқасидан ушлаб тортди.
— Новвой қани?
Чол лабларини жуфтлади-ю, аммо товуш чиқаролмади.
— Гапир. Икки дақиқа илгари мен одам ўлдирдим. Яна бир кишини гумдон қилиш менга ҳеч гап эмас.
— Шафқат қилинг, жаноб! Мен билмайман.
— Билмасанг, ўласан.
— У менга ҳеч нарса демади. Мен фақат унинг Вотекс ва қандайдир фазовий кема тўғрисида гапирганини эшитиб қолдим.
Теренс уни итариб юборди.
Демак, Новвой уларга патта олиб берган. Кема кутиб туради. Рик билан Валона ўша ёққа йўл олишган. Бормасликларининг иложи йўқ. Аммо қандай қилиб у — Резидент, куппа-кундузи ҳеч кимга билинтирмай фазо бекатига боради?… Вазият жуда мушкул эди. Агар у Рикдан, яъни Сарк истибдодига қаратилган катта қудратли қуролдан айрилса, унинг ҳаёти саркликлар учун пашша умридек арзимас бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозир энг аҳамиятлиси Рик…
Шунинг учун, у назоратчилар ўзлари каби кийинган кимсани қидиришаётгани, ҳаво машиналари ҳамон учиб юришган бўлса-да, асло ҳаяжонланмай кўчага чиқди.
Теренсга манзил маълум эди. Флоринанинг фазо бекатлари орасида фақат биттагинаси оддий саёҳатчиларга, камбағалроқ саркликларга, флориналик хизматчиларга ва Флоринага рухсат олишга муваффақ бўлган ўзга сайёраликларга мўлжалланган.
Бекат дарбозаси ёнида турган текширувчи яқинлашиб келаётган Теренсга қизиқсиниб қараб турарди.
— Салом, жаноб, — деди у. Унинг товушида журъатсизлик оҳанги сезилиб турарди. — Шаҳарда катта ғалаён бўляптими?
Теренс қармоққа илинмади. У шляпасининг қайрилган айвонини пастроққа тушириб, кўйлагининг юқори тугмасини тақиб олди.
— Бу ердан Вотексга йўл олган икки киши — эркак ва аёл ўтмадими? — сўради у дўқ аралаш.
Текширувчи ҳайратга тушди. У бир томоқ қириб олди-да, итоаткорона сўз қотди:
— Ўтди, офицер. Ярим соатча бўлди. Балки ундан камроқдир. — У бирдан қизарди. — Уларнинг анави… ишларга алоқаси йўқми? Офицер, уларнинг паттаси жойида эди. Мен бегоналарни тегишли рухсатномасиз ўтказмайман.
Теренс унга бошқа эътибор қилмади. Тегишли рухсатнома! Новвой уни бир кечада топибди. “О, Галактика!”, ўйлади у, Транторнинг жосуслари Сарк маъмурияти орасига шунчалик даражада кириб олишганми?
— Уларнинг исми қандай экан?
— Харет ва Ханса Барн.
— Кема учиб кетдими? Тез айт!
— Йўқ, жаноб.
— У қайси майдонда?
— Ўн еттинчида.
Кеманинг асосий эшиги олдида офицер кийимидаги сайёралараро парвоз хизматчиси турарди. Теренс ҳарсиллаб нафас олар экан, хизматчини саволга тутди:
— Кемага Харет ва Ханса Берн чиқишдими?
— Йўқ, чиқишмади, — деди совуққонлик билан офицер. У сарклик бўлгани учун назоратчи — бор-йўғи махсус кийимли оддий одам эди.
— Наҳотки, чиқишмаган бўлса? — бетоқатлибетоқатлик билан қайта сўради Теренс.
— Айтдим бор гапни. Биз уларни кутмаймиз. Кема жадвал бўйича учади. Теренс яна текширувчининг ёнига қайтди.
— Улар учиб кетишдими?
— Учиб кетишди? Ким, ўзи улар, жаноб?
— Барнлар. Вотексдан келганлар. Улар кемага чиқишмабди. Орқага қайтиб кетишмадими?
— Бу ердан ҳеч ким чиқмади, жаноб!
— Улар ўтиб кетишган пайтдан бери бирон-бир кема учмадими? Текширувчи жадвалга қаради.
— Учди, — деди у. — “Довюрак” кемаси. — Ва тутоқиб турган назоратчининг кайфиятини яхшилаш ниятида қўшимча маълумот берди. — “Довюрак” махсус рейс билан олийзот Самия Файф қизини Флоринадан Саркка олиб кетяпти.
Теренс шошилмай нари кетди. Умуман иложи йўқ ишларни амалга оширсанг, бошқа ҳар қандай мўъжиза ҳақиқатга айланади. Рик билан Валона фазо бекатига киришган. Улар қўлга тушишмаган, акс ҳолда буни текширувчи билган бўларди. Улар патталарига ёзилган кемага чиқишмаган. Улар бекатдан ҳам қайтиб ўтишмаган. Ўша дамдан бери учган якка-ю ягона кема — “Довюрак”. Демак, Рик ва Валона ўша кемага чиқиб олиштан. Улар ё асирга тушишган, ё беркиниб ётишибди.
Иккала тахминнинг маъноси бир. Агар улар беркинишган бўлишса ҳам, бари-бир тез орада асирга айланардилар. Замонавий кемаларга яшириниб олишнинг иложи йўқлигини фақат флориналик деҳқон қиз билан эси оғган кишигина билмайди. Аммо, энг ҳайратланарлиси шуки, улар шунча фазовий кемаларнинг ичидан келиб-келиб Сквайр Файфнинг қизи учаётганини танлашибди!

СКВАЙР

Сквайр Файф Саркнинг энг биринчи кишиси эди, шунинг учун тикка туришни ёқтирмасди. Унинг елкалари кенг, боши, шубҳасиз, катта бўлиб, фақат оёқлари калта эди, оёқлар катта оғирликни кўтариб юрганликлари учун лапангларди.
Худди шунинг учун Буюк Сквайр стол ортида ўтирар, уни бошқа ҳолатда қизи, шахсий хизматкори, то вафотига қадар, хотинидан бўлак ҳеч ким кўрмаган эди.
Сквайр ўзини бошқаларга фақат шу алфозда кўрсатарди. Унинг юзида бирон-бир ифода сезилмас, калта-калта бармоқли катта ва кучли қўллари сирти силлиқ, усти бўм-бўш — на қоғоз, на эшитиш асбоби, на бир безак қўйилган стол қиррасини оҳиста ушлаб турарди.
У ўзининг рангпар, балиқ гўштидек оппоқ юзли котибига фақат механик ёрдамчилар ва флориналик хизматчиларга нисбатан ишлатиладиган махсус, ҳиссиз оҳангда сўз қотди:
— Хўш, таклифларимнинг ҳаммаси қабул қилиндими? Котиб ҳам худди шундек ҳиссизлик билан жавоб берди:
— Сквайр Борт айтдики, аввалги ишлар юзасидан олган мажбуриятлари уни соат учдан олдинроқ келишга имкон бермас экан.
— Сиз унга қандай жавоб қилдингиз?
— Бу мақсадга асло мувофиқ келмайди, дедим.
— Натижа қандай бўлди?
— У ўз вақтида шу ерда бўлади, жаноб. Бошқалар эса сўзсиз розилик билдиришди.
Файф жилмайди. Буюк Сквайрлар ўз мустақилликларини жуда эъзозлайдилар.
У кута бошлади. Хона катта — жой ҳаммага етарди. Ушоқдеккина радиоактив нурланиш учқунчасига эга бўлган, минг йилдан бери тўхтамаган катта вақт ўлчагич — хронометр совуққонлик билан аниқ вақтни кўрсатиб турарди.
Минг йил ичида у нималарни кўрмади. У ўзининг биринчи дақиқаларини санаётганда, Сарк — шаҳарлари инсон қўли билан қурилган, эски сайёралар орасида ўзининг шубҳали алоқалари мавжудлиги билан ажралиб турган янги ошиён эди. Вақт ўлчагич ўша пайтларда ғиштдан қурилган эски бинонинг деворида осиғлиқ турарди, у ғиштлар аллақачон уваланиб, тупроққа қоришиб кетган. Бу орада Саркнинг аскарлари беш-олтита қўшни сайёраларни босиб олди, бир қанча вақт улар устидан ҳукмронлик қилдилар. Беш юз йил аввал, у тинч даврни ўлчаётган вақтда, Сарк ўзига энг яқин сайёра бўлган Флоринада ҳисобсиз бойлик мавжудлигинн кашф қилди. Сўнгра иккита муваффақиятли уруш рўй берди ва тантанали равишда ғалаба сулҳига қўл қўйилди. Сарк ўзининг бошқа мустамлакаларидан воз кечиб, бор чангалини Флоринага ботирди, натижада у шунчалик буюк кучга айландики, ҳатто Трантор ҳам бас келолмай қолди.
Флорина барча давлатларга, шунингдек, Транторга ҳам керак эди. Ўтган бир неча юз йилликлар мобайнида Флорина — коинотдан турли очкўз қўллар интилаётган ёқимли ўлжа эди. Уни биринчи бўлиб Сарк чангаллади. Сарк бу ўлжани қўлдан чиқаришдан кўра, Бутун Галактика Урушини бошлашга тайёр эди.
Трантор буни биларди!
Вақт ўлчагичнинг бир текисдаги унсиз мақоми Сквайрнинг онгида худди шу нақаротни қайтараётгандек эди.
Вақт —2.23 эди.

***

Бир йилча аввал ҳам бу бошлиқларнинг учрашуви бўлиб ўтганди. Ўшанда, Сайёра юзасидаги қитъаларга эгалик қилаётган Сквайрлар ҳозиргидек уч ўлчамли тасвирда учрашгандилар.
Сквайр Руненинг ҳақиқий вужуди ҳозирги пайтда сайёра шари юзасининг қарама-қарши томонидаги тун қаърига чўккан ягона қитъада эди. Файфнинг катта хонасида унинг тасвирини ўраб турган тўғри тўрт бурчак шаклдаги фазо тиббий ёруғликка нисбатан совуқроқ нур билан ёритилганди.
Бу катта хонада ҳақиқий вужуди ёки тасвири билан Саркнинг барча эгалари йиғилганди. Руне — хўппа семиз, қип-қизил, устига-устак, кал эди. Балле эса сочлари оқ, юзларини ажин босган, қоқсуяк одам эди. Стиннинг упа-элик суртилган, бир оз қизартирилган юзларида кучдан қолган, бироқ ўзини бардам кўрсатишга уринаётган одамнинг жонсиз табассуми мунғайиб турар, Борт бўлса ўзининг икки кундан бери олинмаган соқоли ва ифлос тирноқлари билан саришталикка ёқтирмайдиган, тозаликка бефарқлик билан қарайдиган кимса тасаввурини берарди.
Бешовлон Буюк Сквайр эди.
Улар Саркдаги уч поғонали бошқарув кучларининг энг юқориси ҳисобланардилар. Пасткиси — Флоринанинг Фуқаролик Хизмати — энг мустаҳкам ҳисобланиб, Саркдаги айрим олийзот хонадонларнинг муваффақиятлари ёки инқирозлари унга таъсир ўтказмас эди. Аслини олганда айни шу Хизмат бошқарув ўқини мойлаб, ғилдирагини айлантирарди. Ундан юқорида, отамерос қолувчи Давлат Бошлиғи (ғоят безиён кимса) томонидан тайинланувчи Вазирлар ва департамент бошлиқлари турардилар. Уларнинг, шу хусусда Бошлиқнинг ҳам бор-йўқ хизмати фақат расмий қоғозларга ўз исм-шарифларини чекишдан иборат эди. Ва ниҳоят, мана булар — бешта қитъани ўзаро бўлишиб олган кишилар — сўнгги поғона эдилар. Улар кирт савдоси билан шуғулланувчи хонадонлар бошлиғи эдилар. Саркда амалга ўтириш ҳам, сиёсатни қандай юритиш ҳам фақат пулга боғлиқ эди. Улар пулдор одамлар эдилар. Беш кишининг ичида энг бадавлати Файф ҳисобланарди…
Ўтган галдаги учрашувда Сквайр Файф Галактикада бадавлатлик бўйича иккинчи ўринда турувчи сайёранинг (биринчиликни, ярим миллион оламлардан бож ва хирож олиб турувчи Трантор эгалларди) ўзидан бошқа хўжайинларига шундай деганди:
— Мен жуда ғалати хабар олдим. Қарши бўлмасангиз, уни ўқиб бераман. — У ҳаяжонланиб, ўзининг майин овози билан ўқий бошлади: «Сиз — Саркнинг Буюк Сквайрисиз. Бойлигингиз ва амалингиз барчаникидан аъло. Бироқ бу амал ва бойликнинг таги омонат. Сиз, балки, бутун умр дунёдаги кирт етиштиришнинг ягона хўжайини бўлиб қоламан деб ўйлаётгандирсиз. Бироқ ўзингиздан сўраб кўринг: Флорина яна қанча яшайди? Эҳ! Чексизми?.. Йўқ! Флорина эртагаёқ ҳалок бўлиши мумкин. Бунга менинг дахлим йўқ, лекин у шундай рўй берадики, сиз бунинг на олдини ололасиз, на бирор чора топасиз. Флорина ҳалокати тўғрисида ўйлаб кўринг. Шунингдек, ўз бойлигингиз ва таъсирингизнинг йўқолиб бўлгани ҳақида ҳам фикр юритинг. Ҳали ўйлашга вақт бор, лекин кўп эмас.
Агар пайсалласангиз, мен бутун Галактикага бу ҳақда хабар қиламан, ва айниқса, бутун Флоринага унинг ҳалокати яқинлиги тўғрисидаги ҳақиқатни етказаман. Шундан сўнг сизда на кирт, на амал, на бойлик қолади. Бу нарсалар менда ҳам бўлмайди, лекин мен азоб чекмайман, чунки уларга ўрганмаганман.
Талабим шу: мулкингизнинг катта қисмини менга берасиз. Шундан сўнг, ўзингизда қолган мулкка бехавотир эгалик қилишингиз мумкин. Бу, ҳар ҳолда, ҳечдан кўра яхшироқ. Шундай қилсангиз, Флорина мангу яшайди, сиз эса жуда дабдабали бўлмаса ҳам, анча яхши ҳаёт кечирасиз».
— Аломат мактуб, — тугатди Сквайр Файф. — Имзо йўқ, оҳанги эса, эшитганингиздек, такаббурона ҳамда жуда ғайритабиий. Хўш, Сквайрлар, сиз бу хат тўғрисида нима дейсиз?
— Шуниси аниқки, бу хатни телбанамо одам ёзган. — Руненинг қип-қизил юзида норозилик ифодаланди. — У худди тарихий роман битишга ўрганаётган кишига ўхшайди. Тўғрисини айтсам, Файф, қитъалар мухториятини бузиб, шундай бўлмағур нарса туфайли нега бизни безовта қилганингизни асло тушуна олмадим.
Файф калта бармоқларини мушт қилиб тугди.
— Мен сизларни бир телбанинг хатини ўқиб бериш учун йиғганим йўқ. Буни яхши англаётган бўлсангиз керак. Олдимизда жиддий муаммо туғилганга ўхшайди. Нега энди бу иш фақат менга тегишли бўлиши керак? Албатта, мен Сквайрларнинг энг бадавлатиман, бироқ мен кирт савдосининг фақат учдан бир қисмини бошқараман. Қолган қисми эса сизларники. Ушбу хабар битилган номани бир нусха ёзиш нима-ю, беш нусха тайёрлаш нима?!
— Кўп гап — эшакка юк, — ғўлдиради Борт. — Мен ҳам бу хатнинг бир нусхасини олдим ва ишончим комил, қолганларда ҳам бу мактуб мавжуд. Биласизми, мен ўзимдаги нусхани нима қилдим? Ташлаб юбордим. Қаерга? Ахлатга! Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман. Бўпти. Тугата қолайлик. Мен чарчадим.
Унинг қўли алоқани узиш ва Файфнинг хонасидаги тасвирни ўчириш тугмасига чўзилди.
— Шошманг, Борт! — Файфнинг кескин товуши янгради. — Ўчирмай туринг. Гапим ҳали тугамади. Кўриладиган чора-тадбир ва чиқариладиган қарорлар маслаҳатида иштирок этмасликни истамасангиз керак. Ишончим комил, истамайсиз.
— Сквайр Борт, сабр қилиб турайлик-чи, — маслаҳатомуз, юмшоққина сўз қотди Руне, лекин унинг кичик, ёғ босган кўзлари асло мулойим эмасди. — Сквайр Файф арзимас нарсага бунчалар қаттиқ безовталанаётганига ғоят таажжубдаман.
— Хўш, — деди Балле қуруққина қилиб, — балки, Файф бизга нома битган дўстимизда Транторнинг Флоринага уюштиражак ҳужуми ҳақида маълумот берар, деб ўйлаётгандир.
— Фу, — жаҳл билан сўз қотди Файф. — У кимки, бу нарсадан хабардор бўлсин? Бизнинг хуфияларимиз ўз ишига пишиқ, ишонаверинг. У биздан уруш талаб қилар экан, ҳужумни қандай қилиб тўхтатади? Йўқ. У Флоринанинг ҳалокати ҳақида сўз юритар экан, сиёсий инқироз эмас, табиий фалокат тўғрисида гапираётганга ўхшайди.
— Бу ғирт телбалик, — деди Стин.
— Ростданми? — эътироз билдирди Файф. — Демак, сиз охирги икки ҳафта мобайнидаги воқеалар мағзини чақолмабсиз!
— Қандай воқеалар? — сўради Борт.
— Бир коинот тадқиқотчиси йўқолган. Бундан ҳамманинг хабари бор. Сиз, унинг йўқолиб қолиши олдидан Саркдаги базага юборган хабарини ўқидингизми?
— Менга кўрсатишганди. Аҳамият бермадим.
— Бошқалар-чи? — Файф навбатма-навбат ўтирганларга нигоҳ ташлади. — Бир ҳафта илгариги хат-хабарларни эслай оласизми?
— Мен ўқидим, — деди Руне. — Менинг эсимда. Ҳақиқатан ҳам, хабарда ҳалокат ҳақида сўз юритилганди. Сиз шуни кўзда тутяпсизми?
— Менга қаранг, — чинқираёзди Стин, — у ерда турли нохуш шамалар кўп, маъно эса умуман йўқ. Бу ҳақда гаплашиш асло шарт эмас.
— Иложимиз йўқ, Стин, — деди Файф. — Биз бу ҳақда яна гаплашишимиз лозим. Коинот тадқиқотчиси Флоринанинг ҳалокати тўғрисида хабар қилган. У йўқолган заҳотиёқ, биз яна Флоринага хавф солинаётганлиги ҳақидаги мактубни олдик. Наҳотки, бу тасодиф бўлса?
— Сиз, коинот тадқиқотчиси дўқ-пўписали хатлар юборган демоқчимисиз? —шивирлади қария Балле.
— Эҳтимоли кам. Нега энди у аввалига ўз номини очиқ кўрсатди-ю, кейин яширди?
— Аввалига, — жавоб берди Балле, — у бизлар билан эмас, маҳаллий бошлиқлар билан мулоқотда бўлган.
— Шундай ҳам бўлсин. Бироқ, товламачи фақат ўз қурбони билангина музокарага киришади.
— Хўш, у ҳолда нима?
— У йўқолди. Коинот тадқиқотчисини софдил деб ҳисоблайлик. У юборган хавфли маълумотлар ярамас кимсаларнинг қўлига тушиб қолган, ана ўшалар бизга дўқ-пўписа қилиб, қўрқитмоқчи бўлишди.
— Хўш, улар ким?
Файф оромкурсига суяниб маъюслашди-да, сезилар-сезилмас сўз қотди.
— Сиз жиддий савол бераяпсизми? Бу ахир кундай равшанку. У — Трантор!
— Трантор!
— Нега ажабланасиз? Флоринага эга чиқишга бундан яхшироқ усул борми? Трантор ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидан бири шу-ку. Бирон уруш-пурушсиз ниятга етиш, айни муддао эмасми? Агар биз ушбу пўписа таъсирига тушсак, Флоринадан ажраламиз. Улар бизга бирон нарса қолдиришга ваъда беришмоқда, бироқ уни қанча вақт асрашга қурбимиз етаркин? Бошқа томондан, хатга эътибор қилмадик дейлик, айни пайтда бундан бошқа иложимиз йўқ. У ҳолда, Трантор флориналиклар орасида қиёмат қойим яқинлиги тўғрисида миш-миш тарқатади. Натижа маълум — одамлар ваҳимага тушишади, бунинг орқасидан эса ҳалокат югуриб келади! Эртага қиёмат қойим бўлади, деб ишонган кимсани қайси куч ишлашга мажбур эта олади? Кирт терилмайди. Хирмонлар бўшайди. Трантор эса кун-уззукун Флоринада тўполон чиқишини пойлаяпти. Агар Сарк кирт етказиб туришни эплолмас экан, улар ўзларича тартиб деб атайдиган ҳолатни сақлаш учун бор кучларини ташлайдилар. Галактиканинг бошқа озод дунёлари эса кирт туфайли тил тишлаб тураберадилар. Айниқса, Трантор киртга бўлган яккаҳокимликни тугатишга, баҳони пасайтиришга қарор қилса, лом-мим демайдилар. Кейинчалик, албатта ваъдалар унутилади, бироқ бу пайтда кеч бўлади. Ягона мантиқий хулоса шу: Трантор Флоринани эгаллаб олиши мумкин. Агар, улар бошқа йўлдан борсалар, яъни тўғридан-тўғри ҳужум уюштирсалар, Трантор тасарруфига ўтмаган бутун озод Галактика ўзларини келгусида сақлаш учун ҳам биз томонга ўтадилар.
— Бу нарсаларга коинот тадқиқотчисининг қандай алоқаси бор? — сўради Руне. — Агар тахминингиз тўғри бўлса, сиз буни очиқроқ тушунтиришингиз лозим.
— Тахминим тўғри. Коинот тадқиқотчилари одатда бетайин бўладилар, бу тадқиқотчи эса аҳмоқона хомхаёлини ўртага ташлаяпти. Трантор буни эълон қилолмайди, акс ҳолда Коинот Тадқиқоти Бюроси унинг дабдаласини чиқариши турган гап. Бироқ, агар улар тадқиқотчини ушлаб олиб, қандайдир тафсилотларни билиб олишган бўлса, бу нарса уларга — номутахассис кишиларга катта аҳамиятга молик ҳодисадек туюлган тахминни аниқлаш имконини беради. Улар ана шу уйдирмага ҳақиқат тўнини кийдириб, ундан фойдаланишади. Илмийнамо миш-мишлар тарқалгач, Бюронинг рад жавоблари бу ёлғонга қарши курашда етарли кучга эга бўлмай қолди. Лекин биз хавфдан ўз вақтида хабар топдик. Эплолсак, коинот тадқиқотчисини топамиз. Биз, барча ўзимиз билган Трантор жосусларини ўзларига сездирмай синчиклаб кузатиб боришимиз зарур. Шу йўл билан уларнинг мақсадларини аниқлаш мумкин. Флоринадаги сайёра ҳалокати тўғрисида пайдо бўлган ҳар қандай миш-мишни таг-туги билан қуритиш лозим. Биринчи шивир-шивирдаёқ биз кескин ҳаракат қилмоғимиз даркор. Ҳозирча, анавиларнинг кейинги юришини кузатамиз…

***

Бу суҳбат бир йил аввал бўлиб ўтганди. Улар тарқалишди, шундан сўнг Сквайр Файф ҳаётида ҳеч вақт дуч келмаган сирли, кутилмаган муваффақиятсизлик рўй берди.
Иккинчи юриш қилишмади. Ҳеч ким бошқа ҳеч қандай хат-хабар олмади. Коинот тадқиқотчиси топилмади, Трантор эса сохта қидиришларини давом эттира берарди. Флоринада қиёмат-қойим яқинлиги тўғрисидаги миш-мишлардан асар ҳам йўқ эди. Кирт терими ва қайта ишланиши ҳар доимдагидек бекаму-кўст борарди.
Файф яна мажлис чақирди. Сквайрлар ўз вақтида пайдо бўлдилар. Биринчи навбатда лаблари қимтилган, икки-уч кундан бери олинмаган соқолини бир чеккаси синган қалин тирноғи билан қашлаётган Борт етиб келди. Кейин, юзидаги упа-эликни ҳозиргина ювиб ташлаган, рангпар, касалвон Стин ўз ўрнини эгаллади. Сўнгра, вужудини чарчоқ ҳамда лоқайдлик қамраб, ияклари ичига ботган, ёстиққа суянган Балле косадаги сути билан бирга пайдо бўлди. Охирги навбатда, икки дақиқага кечикиб, нимадандир норози қиёфада лаблари нам Руне етиб келди. Файф сўз бошлади:
— Сквайрлар! Ўтган гал мен сирли ва узоқ келажакда рўй бериши мумкин бўлган хавф тўғрисида гапиргандим. Мен янглишган эканман. Хавф мавжуд, лекин у биздан узоқ эмас экан. У жуда, жуда ҳам яқин. Мен нима ҳақда сўзлаётганимдан ҳар бирингиз хабардорсиз. Қолганлар ҳам тез орада буни биладилар.
— Сиз нима тўғрисвда гапиряпсиз ўзи? — кескин сўради Борт.
— Давлат миқёсидаги хиёнат ҳақида!

ҚОЧҚОҚ

Мирли Теренс фазо бекатини тарк этгач, ниҳоят Пастки Шаҳарга тушиб олди. У нейротаёқни маҳкам ушлаб, назоратчиларга хос такаббурлик ва ўзига ишонч билан қадам ташларди. Кўчалар бўм-бўш. Маҳаллий халқ кулбаларга яшириниб олган. Бу қайтага яхши. Уни ҳеч ким безовта қилмайди. Ҳеч ким уни флориналикларга хос оқ юзига тузукроқ назар ташлаш учун тўхтатмайди. Сабаби, у қопқора, кумуш тугмали хос кийимда.
Бироқ энди назоратчилик қиёфасидан чиқиш зарур.
Шу дамдан бошлаб, у Флоринанинг ҳеч бир ерида бехавотир юра олмайди. Назоратчининг жонига қасд қилиш — буюк жиноят, ҳатто эллик йилдан кейин ҳам, агар шу вақтгача омон-эсон қолса, қидирув ишлари кенг кўламда давом этаберади. Демак, Флоринани тарк этиши керак.
Қандай қилиб?
У шундай таваккал қилиши керакки, ақли-ҳуши жойида одам бундай қила олмасин…
У яна Юқори Шаҳарга йўналди. Резидент чиққан лифтнинг эшиклари ёпилар экан, у назоратчилар бўлинмаси айни шу кўчага қараб келаётганини пайқади. Демак, кенг кўламли қидирув бошланибди.
У Юқори Шаҳарнинг ташқари кўчасига чиқди. Бу ерда уни — Мирлин Теренсни беркитиб туриши мумкин бўлган устунлар, темир-бетон қотишма йўқ эди.
Бирон-бир назоратчи кўринмас, ёнидан ўтаётган сквайрлар унга парво қилишмасди. У Юқори Шаҳар бино, кўчаларининг жойлашиши тўғрисида мавҳум тасаввурга эга эди. Шу атрофда истироҳат боғи бўлиши керак. Энг оддийси —дуч келган кимсадан йўлни сўраш, кейингиси баландроқ бинога кўтарилиб пастга қараб кўриш эди. Биринчиси асло мумкин эмас. Назоратчига кўрсатмаларнинг зарурияти йўқ. Иккинчиси ҳаддан ташқари хавфли. Бино ичида назоратчи тез кўзга ташланади.
Қачонлардир унинг кўзи Юқори Шаҳар харитасига тушиб қолганди. У ўша билими бўйича тахминан йўл танлади. Бу тўғри бўлиб чиқди. Теренс тез орада истироҳат боғига етди.
Флорина иқлимининг мўътадиллиги туфайли истироҳат боғи доимо яшил либосда эди. У ерда ўтлоқлар, дарахтзорлар, қоятошлар ичига кириб кетган ғорлар ҳамда тилла балиқлар сузиб юрадиган кичкина ҳовузча билан болалар чўмиладиган каттароқ ҳовуз мавжуд эди. Кечалари, то ёмғир ёғгунга қадар ранг-баранг нурлар жилва сочиб ўйнар, одамлар рақсга тушишар, уч ўлчамли кино томоша қилишар, дарахтзор ичидаги сўқмоқларда эса ёшлар жуфт-жуфт бўлиб сайр этишарди.
Теренс ярим соатча сандирақлаб юрди. Унга ҳеч ким эътибор қилмас, бирор киши назар ташламасди. Агар эртага манави ёнидан ўтаётган сквайрлардан “Сиз кеча истироҳат боғида назоратчини кўрдингизми?” деб сўрашса, уларнинг кўзлари ҳайратдан чақчаяди. Бу савол, улардан сўқмоқдан сакраб ўтган чигирткани пайқадингизми деб сўраш билан баробар.
Шу пайт унинг назари ўзи излаётган кимсага тушди.
Сквайр! У бир чеккада у ёқ-бу ёққа юрар, оғзидаги сигара тутунини тез-тез ичига тортарди. Сквайр чекиб бўлиб, сигара қолдиғини қоя ёриғига тиқди, қолдиқ бир нафасдан кейин лов этиб ёнди-ю, кулга айланди. У соатига қаради. Теренс ундан кўзини узиб атрофни кузатди. Ҳеч ким йўқ. Айни муддао!
У сквайрга тез яқинлашар экан, нейтротаёқни чиқарди. Сквайр буни кўришга ҳам улгурмади. Таёқ оҳиста визиллади ва сквайр шу ондаёқ қотди-қолди-да, ерга қулади.
Атрофда ҳеч ким пайдо бўлмади. Теренс кўзлари чақчайиб, қотиб қолган жасадни яқин орадаги ғорнинг ичига олиб кирди-да, бир амаллаб ечинтирди. У ўзининг тер шимган, чанг юққан кийимини ечиб ташлади ва Сквайрнинг уст-бошини кийиб олди. Унинг танаси умрида биринчи марта кирт матосини ҳис қилди.
Теренс уст-бошдан ташқари қалпоқчани ҳам кийди. Бу нарса ҳозирги вақтда ёшлар ичида расмдан чиқиб қолаёзганди, лекин баъзи бирлар, бахтига мана бу сквайр ҳам, ҳамон бош яланг юришга ўрганишмаганди. Теренснинг сочлари оқ бўлгани учун қалпоқча билан уларни беркитиш шарт эди. Акс ҳолда флориналик эканлиги сезилиб қоларди.
Кейин у тўппонча қувватини энг юқори қийматга тўғрилади-да, учини сквайрга йўналтирди. Бир оздан сўнг жасаддан фақат бир ҳовуч кул қолди – бу иш қидирувни мушкуллаштиради.
У назоратчи кийимини ҳам ёқди, кул ичидан қорайиб қолган кумуш ҳалқалар ва тугмаларни териб олди. Бу ҳам қидирувни мушкуллаштиради.
У истироҳот боғидан чиқди-да, яна ярим соатча сандирақлаб юрди.
Хўш, энди нима қилиш керак?
У ўртасида кичкинагина фаввора отилиб турган ҳовуз олдида тўхтади. Майда зарраларга парчаланиб тушаётган сувда ранго-ранг камалак жилоланарди. У ботаётган қуёшга орқасини ўтирганча панжарага суяниб турар экан, қорайиб кетган кумуш тугмаларни оҳиста, битталаб ҳовузга ташлади. Кейин Пастки Шаҳар ҳақида ўй сура бошлади ва қалбида пайдо бўлаётган афсус-надоматлар йўқолдилар.
Теренс ўз ҳаракатларининг табиийроқ чиқишига интилар экан, эгнидаги кийим чўнтакларини титкилаб чиқди. Ясси калитлар шодаси, майда пуллар ва шахсий гувоҳнома чиқди. (Ё Сарк, бу нарса ҳатто сквайрларда ҳам бор экан! Бироқ, улар уни дуч келган назоратчига кўрсатишлари шарт эмас.)
Теренснинг янги номи Алстэр Димон экан. Балки бу ном керак бўлмас. Димонни шахсан танувчи кимсани учратиб қолиш эҳтимоли жуда кам, лекин бу нарсани эътибордан четда қолдириш мумкин эмас.
Ёши 29 да экан. Ғордаги қилган ишидан Теренснинг қалби ғашланди, бироқ бу узоққа чўзилмади. Сквайр — бу сквайр. Уларнинг буйруғи билан қанчадан-қанча 29 ёшли флориналиклар ҳалок бўлмаган дейсиз?! Ким бунинг ҳисобини билади?!
У чўнтак титкилашда давом этди. Бу гал яхта-кема ҳайдовчиси гувоҳномаси топилди. Ҳамма бадавлат саркликларнинг яхталари бор, барчалари уни бошқаришни биладилар. Бу ҳозир расм бўлган… Кейин бир нечта сарк қоғоз пули чиқди. Керак бўлиб қолиши мумкин.
У новвойхонада овқатлангандан бери туз тотмаганини эслади. Шу заҳотиёқ унда ажойиб фикр уйғонди: яхта-кема жойида турибди, эгаси эса асфаласофилинга кетган. Демак, яхта ўзиники! 29-ангар, 9-бекатда турар экан. Жуда соз…
Айтгандай, 9-бекат қаерда экан? Теренс бу ҳақда умуман ҳеч нарса билмасди.
У ҳовуз атрофидаги панжарага бошини қўйди. Нима қилсин? Нима қилиш керак?
Тепасида жаранглаган товуш уни сескантириб юборди.
— Кечирасиз, — деди кимдир, — мазангиз қочдими?
Теренс бошини кўтарди. Гапираётган қари сквайр экан. У ичига хушбўй барглар ўралган узун папирос чекар, қўлидаги тилла билагузугидан эса ярқ этиб чақнаётган қандайдир катта яшил тош осилиб турарди.
— Мен дам оляпман, — деди Резидент. — Айланиб юриб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолибман. Мажлисга кечикмасам бўлди ҳали.
У қўполроқ қилиб қўл силкиди. Теренс саркча талаффузда сўзлашишни ўрнига қўярди — ҳар ҳолда улар билан жуда кўп мулоқотда бўлган, бироқ буни бўрттирмасликка интиларди. Етишмовчиликдан кўра бўрттириш кўзга яққолроқ ташланади.
У Теренсга ғалатироқ қарамаяптими? Балки кийими ёпишиб турмаётибдими? Резидент дарҳол сўз қотди:
— Тўхтанг! Назаримда адашиб қолгандекман. Ёрдам беролмайсизми? Менга 9-бекат керак эди. Қарайлик-чи… У атрофга аланглади.
— Қаранг. Бу Реккет кўчаси. Сиз тўғри Триффис кўчасига тушиб, чапга қайилсангиз, бекатгача юриб боришингиз мумкин, — у беихтиёр қўли билан йўналишни кўрсатди.
Теренс жилмайди.
— Жуда тўғри. Мен хаёлпарастликни йиғиштириб, ўз фикрларимни жамлаб олишим лозим. Раҳмат, жаноб.
— Сиз менинг харитамни олишингиз мумкин.
— Катта раҳмат, керак эмас, — деди Теренс қўл силкиб ундан узоқлашар экан.
Сквайр унинг ортидан қараб қолди.
Балки, эртага, ғордаги куйдирилган жасад қолдиқлари топилиб, қидирув бошланганда, сквайр ҳозирги учрашувни албатта эслайди. У мана бундай дейиши мумкин: “У қандайдир ғалатироқ эди. Гаплари пойинтар-сойинтар, қаерда юрганини ўзи билмасди. Унинг Триффис кўчаси қаердалигини билмаслигига ҳам кафил бўла оламан”.
Бу эртага бўладиган гап.
У сквайр кўрсатган тарафга шахдам қадамлар билан юриб кетди. “Триффис кўчаси” деб ёзилган ялтироқ, зарғалдоқ рангда жилоланаётган бинога ёпиштирилган белгига етгач, чапга қайрилди.
9-бекат спорт кийимидаги, учли қалпоқча ва юқориси шишиб турадиган иштон кийган ёш-ялангга тўлган эди. Теренсга ҳамма унга тикилиб қараётгандек туюлар, бироқ аслида ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди. Атрофда эса унга номаълум турли атамаларга тўла гангур-гунгур суҳбатлар ҳукмрон эди.
— У 26-ангарни топиб, унга яқинлашишидан олдин бир қанча дақиқа кутиб турди. Унинг учун, ангар ичига кирганда, қўшни ангарда Алстэр Димонни танийдиган бирор кимса бўлиши ва унинг Димон яхтасига чиқиб олган Теренсни кўриб қолиб, ҳайратга тушиши асло керак эмас эди.
Ниҳоят, у узун-узун яхталар чўзилиб турган ангарга кирди.
Хўш, энди нима қилсин?
Охирги 12 соат ичида у уч кишини ўлдирди. У аввалига Флорина резидентлигидан назоратчиликка, сўнгра сквайрликка кўтарилди. Пастки Шаҳардан Юқорига, Юқоридан эса Фазо бекатига борди. Барча белгиларга қараганда, унинг яхтаси, Галактиканинг мана шу қисмидаги ҳар қандай сайёрага бехавотир элтувчи, ишончли кемаси бор.
Бироқ, бошқа муаммо ҳам бор.
У яхта бошқаришни билмайди.
У жуда чарчаган ва ўлгудай оч эди. Бу ерга келишга келди, лекин энди нима қилсин? У фазо чегарасида турибди, бироқ у ёғига қандай ўтсин?
Ҳозирги дамда назоратчилар Пастки Шаҳарни тити-пити қилиб, Теренснинг у ерда йўқ эканлигига ишонч ҳосил қилишгандир. Флориналик ҳам журъат этиши мумкин экан, деган фикр уларнинг қовоқ каллаларига келгач, Юқорини қидиришга тушишади. Куйдирилган жасадни топишгач эса, қидирув янги йўналишга ўтади-назоратчилар сохта сквайрни излашни бошлашади. Ва уни топадилар. У боши берк кўчанинг энг охирига бориб, деворга орқаси билан суяниб олади-да, кута бошлайди. Унинг қўлидан фақат шу келади: кутиш, кутиш… то қуваётганларнинг товушлари баландроқ, яна баландроқ чиққунча ва исковичлар охир-оқибатда унга ташлангунларига қадар кутиш.
36 соат илгари ихтиёрида унинг бутун ҳаётидаги энг буюк имконият мавжуд эди. Энди бу имконият йўқ. Тез орада эса ҳаёти ҳам йўқлик гирдобига чўкиши мумкин.

КАПИТАН

— Хоним, сизнинг улар билан ёлғиз қолишингиз, менимча ножоиз.
— Уларда қурол борми, капитан?
— Йўқ, албатта. Бироқ, улар ўзларини яхши тутадилар деб ўйлаш ҳам тўғри эмас.
— Йўқса нега уларни қўрқитяпсиз? Сиз у бечораларни тўппонча таққан давангир фазогирлар орасига тиқиб қўйганингизни мен асло унутмайман.
— Агар отангиз, мен сизни икки ашаддий жиноятчи олдида қўриқчиларсиз қўйиб қўйганимни билиб қолсалар, мен нима деган одам бўламан, хоним?
— Ашаддий жиноятчи! Ё Буюк Коинот!
Ўз сайёрасидан қочмоқчи бўлган ва келиб-келиб Саркка учаётган кемага беркиниб олган икки бечораҳол одам ашаддий жиноятчи бўлдими?!
Капитан бўшашди.
— Майли, хоним. Лекин бу суҳбатда ҳеч бўлмаганда мен ўзим қатнашишим зарур. Мен тўппонча таққан давангир йигит эмасман. Акс ҳолда… — У ўз товушига қатъийлик оҳангларини қўшди. — Акс ҳолда, мен илтимосингизни қондира олмайман.
— Жуда соз. Лекин, билиб қўйинг, улар сизни деб очиқ-ёриқ гапириша олишмаса, яна бирон-бир кемада капитанлик қиламан деб умид қилманг. Мен бунинг чорасини кўраман.

***

Самия бўлмага кириши билан, Валона тезда Рикнинг кўзларини беркитди.
— Унинг эси паст, хоним. У сизнинг Олийзот Хоним эканлигингизни билмайди. У сизга тик қараши мумкин.
— Сиз флориналикмисиз, яхши қиз? — сўради Самия. Валона бош чайқади.
— Биз Вотекс сайёрасиданмиз.
— Сиз чўчиманг. Флориналик бўлсангиз ҳам ҳеч ким сизни хафа қилмайди.
— Биз вотексликмиз.
— У ҳолда нега йигитнинг кўзларини беркитдингиз?
— Олийзот Хонимга тик қараш мумкин эмас.
— Вотекслик бўлса ҳамми?
Валона индамади.
—Фақат флориналикларга Олийзот Хонимга тик қараш мумкин эмас. Демак, сиз флориналик эканлигингизни тан олдингиз, —таъкидлади Самия.
Валона жонҳолатда сўз қотди:
— У флориналик эмас!
— Сиз-чи?
— Мен флориналикман. У — йўқ. Унга ҳеч нарса қилманг! У чиндан ҳам бизнинг сайёралик эмас. Уни кунлардан бир кун Флоринадан топиб олишган. Мен унинг қаерлик эканини билмайман, лекин у флориналик эмас.
Самия ҳайрат билан боқди.
— Яхши, мен у билан сўзлашиб кўраман. Яхши йигит, исмингиз нима?
— Рик. Менимча, Рик.
— Сиз флориналикмисиз?
— Йўқ. Мен кемада эдим. Мен бу ерларга бошқа жойлардан келганман. — Рик нигоҳини Самиядан узолмас, бироқ қиз билан бирга кичкинагина шинам кемани кўраётгандек эди. — Мен Флоринага кемада келганман, авваллари эса ўзга сайёрада яшаганман.
— Қайси сайёрада?
Эсдаликлар жуда тор ҳаёл томирлари бўйлаб оғриниб келардилар. Ниҳоят, Рик қичқириб юборди, бу қичқириқдан ўзи ҳам қувнаб кетди.
— Ер! Мен Ердан келганман!
Рик Валонага қайрилиб, унинг тирсакларидан ушлаб олди.
— Лона, уларга айт, мен Ердан келганман! Ҳа, ҳа! Ердан келганман.
Хавотирга тушган Валонанинг кўзлари катталашди.
— Хоним, биз уни топиб олганимизда умуман эси йўқ эди. У юришни ҳам, гапиришни ҳам, кийинишни ҳам билмасди. Ҳеч нима қилолмасди. Ўша пайтдан бери аста-секин эслаб, ёдига тушириб келяпти. — Қиз чўчинқираб капитанга қараб қўйди.
— Унинг Ердан келганлиги ҳақиқатмикан?
— Бу жуда ғаройиб ҳодиса, — деди Самия аёлларга хос романтик руҳга берилар экан. — Ишончим комил… Яхши қиз, нега у топилганда бунчалик ожиз бўлган? У ярадормиди?
— Докторнинг айтишича, Рик руҳият зонди таъсирига учратилган.
— Руҳият зонди! — Самия енгил жирканиш ҳисларини туйди. — Демак, у жинни бўлганми? — У ўрнидан туриб, ишончсизлик билан Рикка қаради.
Рик сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Тўхтанг.
— Хоним, илтимос. Ҳамма нарса аниқланди, — деди капитан, эшикни очар экан. — Йигитларим уларни тинчлантиришади.
— Хоним! Хоним! — қичқирди Рик. — Мен буни исботлашим мумкин! Мен Ерликман! Самия иккиланиб тўхтади.
— Эшитайлик-чи, у нима деркин.
Рик қизариб кетган, қаттиқ ҳаяжонда эди. У эслашга тиришаётганидан лаблари жилмаяётгандек ҳолда қотиб қолганди.
— Ер менинг ёдимда. У радиоактив эди. Таъқиқ майдонлари ва тунлари уфқда жилоланувчи зангори ёғдулар ҳам эсимда. Тупроқ нурланган, ҳеч нарса ўсмасди. Одамлар яшаши учун жуда кам жой қолганди. Худди мана шунинг учун мен коинот тадқиқотчиси касбини танлагандим. Мана шунинг учун доимо фазо қаърида эдим. Чунки сайёрамиз жонсиз эди.
— Кетдик, капитан. У алдаяпти, — деди Самия.
Бироқ, капитан Рейсти оғзини очганча, қотиб қолганди.
— Радиактив сайёра? — ғўлдиради у, — у бу нарсаларни қаердан билган экан?
— Сайёра қандай қилиб радиоактив ва кимсасиз бўлиб қолиши мумкин? — ҳайрон бўлди Самия.
— Худди шундай сайёра мавжуд. У — Ер.
— У — Ер! — деди Рик ҳам ишонч ва ғурур билан. — Галактикадаги энг қадимий макон. Инсоният мана шу сайёрада вужудга келган.
— Худди шундай! — шивирлади капитан. У тўсатдан Рикка яқинлашди.
— Яна нималар ёдингда бор?
— Асосан, кема, — деди Рик, — Ва коинот тадқиқи.
— Демак, бу гаплар ростми? — деди ҳамон ҳайрати тарқалмаган Самия, — у ҳолда, нега унга руҳият зонди билан таъсир кўрсатишган?
— Хўш, ўзга сайёраликмисан ёки бошқамисан, менга айт-чи! — деди капитан Рейсти. — Сени нега руҳият зонди таъсирига дучор қилишган?
Рик хижолат тортгандек ерга боқди.
— Ҳаммангиз шу гапни айтаяпсиз. Ҳаттоки Лона ҳам. Мен бу ифода қандай маъно англатишини ҳам билмайман… Мен кемада эдим… Катта хавф мавжудлигини аниқладим. Ишончим комил. Бу хавф Флоринага йўналган эди, бошқа нарсалар эсимда йўқ.
— Сайёрага йўналган хавф? — Самия нигоқини капитанга қаратди.
— Ҳа. Оқимларда хавф бор эди.
— Қандай оқимларда? — сўради капитан.
— Коинот оқимларида.
Капитан икки қўлини кенг ёйди-да, пастга туширди.
— Бу ғирт ақлсизлик!
— Йўқ, йўқ! Майли, давом этсин! — Самиянинг кўзлари чақнар, оғзи ҳиёл очилиб қолганди. — Коинот оқимлари нима дегани?
— Турли элементлар, — мавҳум жавоб берди Рик. У яқинда бу нарсани Валонага тушунтирганди. Яна қайтаргиси келмади. У келаётган фикрларни тез-тез, пала-партиш қилиб тушунтиришга интилди:
— Мен Саркдаги маҳаллий идорага хабар юбордим. Бу менинг аниқ эсимда. Флоринага катта хавф йўналганди. Ҳа. Фақат Флоринага эмас, бутун Галактикага. Жуда эҳтиёткорлик зарур эди.
— Негадир, — давом этди у, — менинг хабарим Саркдаги қандайдир бир хизматчи қўлига тушибди. Билмадим, бу қандай рўй берди экан. Лекин катта англашилмовчилик бўлган… Мен хабарни маҳаллий Бюрога махсус тўлқин узунлигида юборганимга ишончим комил эди. Сиз нима деб ўйлайсиз, субрадио тўлқинларини бошқалар тутиши мумкинми? — Рик “субрадио” деган сўзни осонгина эслаганига ортиқча ажабланмади. — Ҳар қолда, мен Саркка қўнганимда, кутиб туришган экан.
У узоқ ва чуқур ўйга чўмди. Капитан бу сукутни бузмади.
— Ким кутиб турган экан? Ким? — сўради чидолмай Самия.
— Бил… билмадим. Эслай олмаяпман. Бу учрашув Бюрода рўй бермаганди. Саркнинг бошқа бир ерида эди. У киши билан сўзлашганим эсимда. Унинг хавфдан хабари бор эди. У худди шу хақда гапирди. Ишончим комил. Биз стол атрофида ўтирдик. Стол менинг ёдимда. У менга қарама-қарши томонда ўтирарди. Буларнинг ҳаммаси Коинот сингари аниқ-таниқ эсимда. Биз сўзлашардик. Назаримда, мен муфассал жавоб беришни истамадим. Ишончим комил. Мен аввал Бюрода гапирмоқчи бўлгандим. Ўшанда у…
— Нима қилди? — шоширди Рикни Самия.
— У нимадир қилди. У… Йўқ, бу ёғи ёдимда эмас. Ҳеч нарса эслолмаяпман! Рик охирги ифодани қичқириб айтди ва ҳамма сукутга чўмди. Лекин сукунатни капитаннинг қўлидаги алоқа қурилмасининг ғинғиллаши бузди.
— Капитан учун Саркдан хабар бор. Ўта махфий. Шахсан қабул қилинсин.
Алоқа қурилмасидан қизил рангдаги ҳарфлар битилган юпқа ва шаффоф зарқоғоз оҳиста чиқа бошлади. Самия капитаннинг қўлига энгашди.
“Икки флориналик беркиниб, ноқонуний равишда кемангизга чиқиб олишган. Уларни тезда ушланг. Уларнинг бири ўзини флориналик бўлмаган коинот тадқиқотчиси деб таништиради. Уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрманг. Сиз бу одамларга бошингиз билан жавоб берасиз. Уларни хавфсизлик хизматига топширишингиз лозим. Ўта махфий. Ўта шошилинч”.

ИЗҚУВАР

Тўрт Буюк Сквайр — ҳаммалари Сквайр Файфга турлича нигоҳ билан қарадилар. Борт жаҳл аралаш, Руне кулимсираб, Балле афсусланиб, Стин эса чўчинқираган ҳолда.
Биринчи бўлиб Руне гап бошлади:
— Давлатга хиёнат! Сиз бизни бу ифода билан қўрқитмоқчимисиз? Аниқроқ айтинг! Кимга хиёнат қилинибди? Бортгами? Менгами? Ким қандай хиёнатга йўл қўйибди? Бутун Сарк ҳаққи, Файф, бундай мажлислар менинг ҳаловатимни, уйқумни бузяпти!
— Мендаги маълумотлар бир умрга сизни уйқунгизни қочириб қўйиши мумкин, — жавоб берди Файф. — Мен бирор кимсага нисбатан бўлган хиёнатни эмас, Руне, Саркка қилинган хиёнатни кўзда тутяпман.
— Саркка хиёнат? — деди Борт. — Сарк дегани нима, у ахир, биз эмасми?
— Уни нима десангиз, денг. Оддий саркликлар ишонувчи бирор сўз билан атанг.
— Мен тушунолмаяпман, — иҳради Стин. — Сиз ҳаммангиз бир-бирингазга гап бермаслик пайидасиз. Етар, бас! Бу сафсатабозликни йиғиштирайлик.
— Мен Стиннинг таклифига қўшиламан, — деди Балле.
Файф сўз қотди:
— Мен сизга бор гапни айтишни истайман. Сиз Флоринада рўй берган тартибсизликлар тўғрисида эшитган бўлсангиз керак. Демак…
Кутилмаганда коинот тадқиқига оид китоблар талаб қилинган. Кейин катта ёшли назоратчига ҳужум қилинган. Унинг бош суяги пачоқланиб, икки соат ўтгач, вафот этган. Жиноятчилар изига тушилгач, улар Трантор жосусининг хилватгоҳи олдида ғойиб бўлишган. Сўнгра яна бир назоратчи ўлдирилган, қотил унинг кийимини эгаллаб қочган, бир неча соат ўтгач, ўз навбатида Трантор жосуси ҳам йўқ қилинган.
— Агар энг охирги ахборотни эшитмоқчи бўлсангиз, — деди Файф нутқини тугатишга тараддудланар экан, — бу арзимас хабарларга мана буни ҳам қўшиб қўйинг: бир неча соат илгари Флоринадаги истироҳат боғида жасад, аниқроғи, жасад қолдиқлари топилган.
Менда суяклар тузилишини тадқиқ қилган тиббиёт ходимларининг илмий хулосаси бор. Суяклар назоратчининг ҳам эмас, флориналикники ҳам эмас. Улар сарклик кишиники.
Стин қичқириб юборди: “Йўғ-е!”. Балле хиралашиб қолган кўзларини катта-катта очди; Руненинг ўз қиёфаси жойлашган тўғри тўрт бурчакли ҳажмга қандайдир жилва бағишлаб турган тилла тишлари лаблари ортига беркинди. Борт эса қотиб қолганга ўхшарди.
— Давом этаман, — деди Файф. — Саркликни ўлдирган одам, у ерда қолган кулни ўша саркликнинг ёндирилган кийим-кечаклари қолдиғи ва қотилликни ўз жонига қасд қилиш ёхуд қандайдир душманлик натижаси деб ўйлашсин, деган умидда бўлган. Кул таркибини тадқиқ қилиш, саркликларнинг киртдан тикилган кийимининг назоратчиларнинг целлюлитдан иборат махсус кийимидан фарқлаб бериши мумкинлигини қотил билмаган.
Демак, Юқори шаҳарнинг қаеридадир сарклик кийимидаги Резидент беркиниб ётибди. Бу флориналик назоратчи қиёфасида узоқ юриш хавф-хатардан ҳоли этмаслигини сезиб, сквайр қиёфасига кирган. Бу ишни ўзи амалга ошира олиши мумкин бўлган ягона усул билан бажарган.
— У қўлга тушганми? — хириллади Борт.
— Йўқ, ҳали ушланмаган.
— Нега? Сарк ҳаққи, нега?
— У қўлга тушади, — деди бефарқлик билан Файф. — Ҳозир бизнинг муҳимроқ ишларимиз бор. Унинг жинояти бошқа муаммолар олдида ҳолва.
— Мақсадга ўтинг! — талаб қилди Рик.
— Сабр таги — сариқ олтин. Аввало айтинг-чи, ўтган йили коинот тадқиқотчисининг йўқолгани эсингиздами? Бу ҳодисалар бир-бирига боғлиқ. Ҳамма иш Флорина кутубхонасидан коинот тадқиқига оид китобларни сўрашдан бошланганди-ку!.. Мен кутубхонадаги можарода қатнашган уч кишини тасвирлашдан бошламоқчиман, сўзларимни бўлмай туришингизни илтимос қиламан.
Биринчиси — Резидент. Учликнинг энг хавфлиси. Саркдаги хизмати бўйича ишончли ва идрокли кимса деган фикр уйғотган. Афсуски, у ўз истеъдодини бизга қарши ишлатибди. Тўрт кишининг ўлимига, шубҳасиз, у айбдор. Бу иш ҳар қандай кимса учун юқори натижа.
Иккинчи шахс — аёл киши. У оддий меҳнаткаш, чиройли эмас ва саводсизроқ. Бироқ, унинг ота-онаси, агар эсингизда бўлса, бундан йигирма йил илгари осонлик билан бостирилган кулгили деҳқонлар фитнасини уюштирган “Кирт диллари” уюшмасининг аъзоси бўлганлар. Энди, эса энг ғаройиб ҳисобланувчи учинчи кишига ўтаман.
Биз фақат унинг охирги ўн ярим ой мобайнидаги ҳаёти тўғрисида маълумотгагина эгамиз. У Флорина пайтахти яқинидаги қишлоқдан ғирт телба ҳолида топиб олинган. Бу пайтда, у на юришни, на гапиришни, ҳаттоки на овқат ейишни билмас эди. Унинг коинот тадқиқотчиси йўқолгандан сўнг бир неча ҳафта ўтгач пайдо бўлганига диққат қилинг. Ва бир неча ой давомида гапиришга ва ҳатто кирт фабрикасида ишлашга ўрганиб олганига ҳам эътибор беринг. Қайси телба бундай тез эс- ҳушини йиғиб олади? Бунинг сабаби битта — у руҳият зонди таъсирига учратилган.
Бу ишни фақат Саркда ёки Флоринадаги Юқори шаҳарда бажариш мумкин. Тадқиқотнинг тўлиқ бўлиши учун Юқори шаҳардаги барча табобатхоналар текшириб чиқилган. Шундан сўнг одамларимиздан бири ушбу телба пайдо бўлгандан кейин вафот этган барча докторларнинг ёзувларини қараб чиқиш ҳам лозим, деган фикрга келган. Мен бу кимсанинг юқорироқ лавозимга кўтарилишига ёрдам бераман. Натижада, табобатхоналарнинг бирида телба ҳақидаги ёзувларни топдик. У олти ой илгари соғлиғини текширтириш учун олиб келинган. Уни учликдаги иккинчи киши — аёл олиб келган. Бу хуфиёна қилинган бўлса керак. Доктор телбани текшириб, унинг руҳият зонди таъсирида эканлигини аниқлаган.
Шу ерда қизиқ бир ҳолат бор. Доктор Юқори ва Пастки шаҳарларда ҳам табобатхона очганларнинг бири эди. Бу ҳаёлпараст маҳаллий аҳоли ҳам биринчи даражали тиббий ёрдамга лойиқ деб ҳисоблаган. У ҳаддан ташқари пишиқ-пухта бўлгани учун иккала табобатхонага, қайтараман, иккала табобатхонага келувчилар ҳақидаги маълумотларни, уларнинг флориналик ёхуд сарклик бўлишларидан қатъий назар, эринмай ёзиб борган. Хуллас, бояги айтган одамимиз бир табобатхонадаги ёзувларни иккинчи табобатхонадаги нусхалари билан солиштирган. Натижа қандай дейсизми? Анави телба ҳақидаги ёзувнинг нусхаси топилмаган! Бу ёзув Юқори Шаҳар табобатхонасидагина мавжуд бўлган. Пасткида-чи? Ўша одам флориналик эди, чунки уни флориналик аёл олиб келган, у соғлиғини Пастки шаҳарда текширтирган — буларнинг барчаси дафтарга битилган. Энди савол туғилади: бу ёзувнинг у ердаги нусхаси қаерда?
Бунга фақат биргина жавоб берилиши мумкин. Кимдир унинг бошқа нусхаси борлигини билмай туриб йўқ қилган. Бу ҳақда кейинроқ сўз очаман…
Телба ҳақида хавфсизлик хизматига маълум қилиш даркорлиги тўғрисидаги ёзув докторнинг қоғозларида қайд этилган. Тўғри тадбир мўлжалланган, чунки руҳият зондининг қўлланилиши ё жиноятчиликка, ё бузуқликка ишора. Лекин, ахборот тегишли жойга етказилмай қолган. Бир ҳафта ўтар-ўтмас бахтсиз ҳодиса туфайли ўша доктор ҳалок бўлган. Бу ўта детектив воқеа, шундай эмасми?
Энди бу ҳодисага бошқа томондан назар ташлайлик. Яъни, телбани унутайлик-да, коинот тадқиқотчисини эслайлик. Ёдингизда бўлса, тадқиқотчи ҳақидаги илк хабар, унинг кемасининг сайёрага қўнишга тайёрланаётганлиги тўғрисидаги ахборотнинг Транспорт Бюросига юборилиши билан боғлиқ эди. Кейинроқ, унинг бундан аввалги юборган хабари ҳам мавжудлиги аниқланганди.
Ўшанда коинот тадқиқотчиси ҳадеганда қўнабермади. Яқин фазода излари ҳам топилмади. Бунинг устига, унинг юборган хабари йўқолган. ЮКТБ бизни бу хабарни беркитишда айблади. Хавфсизлик хизматимиз эса бу хабарни ташвиқот мақсадида атайин тўқиб чиқарилган уйдирма, деб ҳисоблади. Ҳозирги пайтда, мен иккала томоннинг ноҳақлигига амин бўляпман. Ҳақиқатда ҳам, хабар юборилган, лекин у Сарк ҳукуматига етиб келмагаи.
Тасаввур қилайлик, бирон-бир кимса, унга ҳозирча Икс деб ном берайлик, Транспорт бюроси дафтарларини ўқиш имкониятига эга. Ўша Икс маълум вақтда коинот тадқиқотчисининг ахборотномасидан воқиф бўлади. Шундан сўнг, у тадқиқотчи кемасига махфий субрадиохабар юбориб, уни унча кўзга илинмас шахсий фазо бекатига йўналтиради. Икс коинот тадқиқотчисини ўша ерда кутиб олади. Телба тадқиқотчи шу заҳотиёқ дилидаги гапларни тўкиб сола бошлайди. Унинг сўзлари қанчалик бетайин, телбанамо, томдан тараша тушгандек бўлмасин, Икс улардан ўзининг ташвиқот мақсадларида фойдаланиш мумкинлигини англайди. У ўзининг дўқ-пўписали мактубларини бизга — Буюк Сквайрларга жўнатади. Илгари мен Транторга тўнкаган айб-мақсадлар уники билан мос тушади. Агар биз у билан келиша олмасак, у Флоринада ҳалокат ҳақида миш-миш тарқатиб, бутун ишлаб чиқаришни издан чиқаришни ва бизни таслим этишни ният қилган.
Икс коинот тадқиқотчисини ўлдириши мумкин эди, бироқ, менимча, тадқиқотчи унга ахборот манбаи сифатида кейинроқ ҳам керак эди, чунки у коинот тадқиқи бўйича ҳеч вақони тушунмас, ўз дўқ-пўписасини усиз асослай олмасди, ёки мабодо енгилган тақдирда, тадқиқотчи эвазига қутулиб кетишни ўйлаб қўйганди. Хуллас, нияти қандай бўлишидан қатъий назар, у руҳият зондини ишлатади. Бундан сўнг, унинг ихтиёрида ўжар коинот тадқиқотчиси эмас, беозоргина телба пайдо бўлади. Маълум муддат ўтгач, унинг эс-ҳуши жойига келиши мумкин эди.
Хўш, кейин-чи? Шундай қилиш керак эдики, бутун йил бўйи лавозимли кишиларнинг битта-яримтаси уни кўриб қолмасин. Шунинг учун, у даҳоларча оддий йўл танлайди. У ўз асирини Флоринага олиб ўтади, коинот тадқиқотчиси у ерда кирт фабрикасида ишловчи эси ярим ишчига айланади.
Менимча, ўтган йил давомида Икс ёки унинг ишончли вакили, коинот тадқиқотчиси «ташланган» жойга бориб унинг соғлиғи ва хавфсизлигидан хабар олиб турган. Ана шундай сафарларнинг бирида, у телбани докторга кўрсатилганини билиб қолади, тиббиёт вакили эса албатта бу ҳақда юқорига хабар қилиш зарурлигини англайди Шунинг учун, ўша доктор ҳалок бўлади, касаллик варақаси Пастки Шаҳар табобатхонасидан йўқолади. Бу Икснинг биринчи хатоси эди, у яна қаердадир бу ёзувларнннг нусхаси мавжуд бўлиши эҳтимоли борлигини ўйлаб ҳам кўрмаганди.
Шундай вақтда Икс яна бир хатога йўл қўяди. Телбанинг эс-ҳуши тезликда қайта бошлайди, маҳаллий Резидент эса унинг гаплари шунчаки валдираш эмаслигини дарҳол англайди. Балки, телбани докторга кўрсатган қиз, унинг руҳият зонди таъсирига дучор этилганлигини Резидентга айтгандир. Бу фақат гумон.
Бор-йўқ воқеа мана шундан иборат.
Файф кучли қўлларини бирлаштириб тингловчилардан жавоб кутди.
— Менинг фикри ожизимча, — деди Балле оҳиста, — сиз бир йил илгаригидек, куракда турмайдиган воқеани тўқиб чиқардингиз. Гапларингизнинг ўндан тўққизи гумон.
— Ҳаммаси уйдирма! — деди кескин Борт.
— Икс деганингиз ким? — сўради Стин. — Сиз унинг кимлигини аниқламагунингизча, гапларингиз асоссиздир. — У эснар экан, бармоқлари билан оғзини тўсди.
— Ҳар ҳолда, орангиздаги бир киши гап нимада эканлигини яхши билади! — қичкирди Файф. — Гап Икс шахси ҳақида кетяпти. Агар менинг мулоҳазам тўғри бўлса, Икс — ушбу хислатларга эга шахс. Энг аввало Икс — кузатув бўлими билан боғланган киши. У — товламачиликни кенг миқёсда уюштира олувчи шахс. У — коинот тадқиқотчисини Саркдан Флоринага бирон-бир қийинчиликсиз жўната олувчи кимса.
У — докторни “бахтсиз тасодиф”га учрата олган кимса. У — дуч келган оддий киши эмас. Демак, у Буюк Сквайр бўлиши керак. Шундай эмасми?
Борт ўрнидан туриб кетди. Стин жазавага тушиб кулди. Руненинг ёғ босган кўзлари ёна бошладилар. Балле эса оҳиста бош чайқади.
— Коинот ҳаққи, Файф, кимни айблаяпсиз? — чийиллади Борт.
— Ҳозирча ҳеч кимни, — Файф пинагини бузмасди, — алоҳида олганда ҳеч кимни. Келинг, ўйлаб кўрайлик. Биз беш кишимиз. Икснинг қилган ишини Саркда ҳеч ким бажара олмайди. Бу фақат бизнинг қўлимиздан келади. Бу фикрни исботлаш шарт эмас. Лекин беш кишининг қайси бири айбдор? Энг аввало, мен эмасман.
— Биз сизнинг сўзларингизга бирон-бир исботсиз ишонишимиз керак, шундайми? — заҳарҳанда қилди Руне.
— Сиз менинг сўзимга ишонишингиз шарт эмас, — эътироз билдирди Файф. — Айтилган ишлардан фақат менинг манфаатдорлигим йўқ. Икс кирт саноатини ўз назоратига олмоқчи. Менда бундай назорат бор. Флорина ерларининг учдан бири қонунан меники. Завод, фабрикаларим, фазовий кемаларим қўшилмаси шунчалик кучлики, агар истасам ҳаммангизни кирт саноатидан сиқиб чиқара оламан. Бунинг учун товламачилик, дўқ-пўписа қилишим зарур эмас. Бошқаларда эса манфаатдорлик бор. Масалан, Руненинг ихтиёрида фақат энг кичик қитъа мавжуд. Унинг ҳиссаси ҳамманикидан кам. Бу ҳол унга ёқмайди, мен яхши биламан. У менинг гапимни инкор қилолмайди. Балле тагли-тахтли зотлардан. Унинг аждодлари маълум давр Саркка ҳукмронлик қилишган. Бу нарсаларни у ёддан чиқармаган бўлиши керак. Бортга эса кенгаш пайтида доимо камчилик томонда қолиши ва натижада ўз ерларида истаганича қамчи ва тўппонча сиёсатини ўтказолмаслиги ёқмайди. Стин бўлса исрофгар, моддий томондан қийин аҳволда. Маблағ топиш зарурияти — кучли зарурият. Бор-йўқ манфаатдорлик — мана шулардан иборат. Кўролмаслик. Амалпарастлик. Очкўзлик. Обрўга интилиш. Хўш, қайси бирингиз шу ишга қўл урдингиз?
Балленинг кўзларида жаҳл учқунлари чақнади.
— Сиз биздан шубҳаланяпсизми? Кимданлигини аниқ айтинг?!
— Бу муҳим эмас. Бизнинг якдиллик билан ҳаракат қилишимиз лозимлиги айтилган биринчи мажлисимиз Иксни чўчитиб юборган. Икс мажлисда иштирок этган. Икс бизларнинг орамизда, у якдиллик билан ҳаракат қилиш ўзи учун мағлубият эканлигини англаган.
Биз якдил бўлишимиз лозим. Икснинг орамиздалигини ҳисобга олганда, бунинг биргина бехатар йўли бор. Биз қитъалар мухториятини тугатишимиз керак. Мухторият ҳозирги шароитда ортиқча дабдаба ва ҳатто даҳмазадир, чунки Икснинг найранглари фақат бизнинг иқтисодий тушкунлигимиз ёки ишларимизга Транторнинг аралашуви билан тугайди. Мен, ишонишим мумкин бўлган ягона одамман, шунинг учун, бугундан бошлаб бирлашган Саркнинг бошлиғиман. Розимисиз?
Улар ўринларидан туриб кетдилар, қўлларини пахса қилиб қичқира бошладилар. Бироқ, афсуски, жисмонан ҳеч нарса қила олмасдилар. Файф жилмайди. Уларнинг ҳар бири ўз қитъасида эди. У ўз столи олдида ўтириб, оғизлари кўпикланаётганларни кузатиши мумкин эди.
— Сизнинг бошқа иложингиз йўқ. Биринчи мажлисимиздан бери ўтган йил давомида керакли тайёргарликни кўриб қўйганман. Сиз бу ерда, йиғилишда иштирок этаётган пайтингизда, менга содиқ ҳарбийлар барча кема қўшинмаларини эгаллаб олдилар.
— Хиёнат! — баб-баробар қичқиришди улар.
— Қитъалар мухториятига хиёнат, — эътироз билдирди Файф. — Саркка содиқликдир. Йигирма тўрт соатдан кейин мен Икснинг ким эканлигини аниқлайман. Боядан бери гапирилаётган коинот тадқиқотчиси менинг қўлимда.
Файф ҳиринглади.
— Қайси биримиз Икс эканмиз, деб ҳайрон бўляпсизми? Хотиржам бўлинг, ҳозир буни орамиздан кимдир билади. Бир кундан сўнг бошқалар ҳам бундан воқиф бўладилар. Жаноблар, эсингизда турсин: сизда куч йўқ. Ҳарбий кемалар фақат менга бўйсунадилар. Хайр, бўлмаса.
У хайрлашиш ишорасини қилди.

ЯХТА ҲАЙДОВЧИСИ

Оғзининг бир чеккасига ўчиб қолаёзган сигарета қистириб олиб олган Хенро оҳиста қадам ташларди.
У банд қилинган ҳар бир ангарнинг олдида тўхтар, ичкарига синчиклаб назар ташларди.
26-ангарга у жуда қизиқиб қолди. Пастак панжара ортидан сўз қотди:
— Сквайр?
Ичкаридан чиқиб келган сквайрнинг кўриниши жуда антиқа эди. Энг аввало унинг эгнида спорт кийими йўқ эди. Иккинчидан, унинг соқоли анчадан бери олинмаган, бошидаги кўримсиз қалпоқча беўхшов кийилган, гўё у юзини беркитишга тиришаётгандек эди. Ниҳоят, у сквайрларга хос бўлмаган ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиларди.
— Мен Маркис Ҳенроман. Бу сизнинг яхтангизми, жаноб?
— Ҳа, меники. — Бу сўзлар оҳиста, зўриқиб айтилди.
— Ичкарига кирсам майлими?
Сквайр иккиланиб йўл берди. Ҳенро ичкарига қадам ташлади.
— Кемангизнинг юриткичи қанақа, жаноб?
— Нега сўраяпсиз?
— Очиғини айтсам, мен янги кема сотиб олмоқчиман.
— Сизни ана шу яхта қизиқтиряптими?
— Билмадим. Аниқ айтолмайман, балки нархи тўғри келса, ўйлаб кўрарман. Бироқ, не бўлса ҳам, агар йўқ демасангиз, мен юриткични ва бошқарув қисмларини кўздан кечирмоқчийдим.
Сквайр ўйланиб қолди.
— Истамасангиз, ўзингиз биласиз. — Хенро кетмоқчи бўлиб ортига бурилди.
— Балки сотарман, — деди сквайр. — Майли, кемага киришингиз мумкин.
— Раҳмат. Йўлни кўрсатасизми?
Сквайр чўнтакларини титкилаб бир даста калит чиқарди-да, ташриф буюрувчига тутди.
— Ўзингиз кираверинг, жаноб.
Ҳенро дастани олиб, калитлардан кема белгиларини излай бошлади. Кема эгаси унга ёрдам берай демасди.
— Мана бу бўлса керак, — деди у ниҳоят.
Эшик оҳиста, шовқинсиз очилди ва Ҳенро қоронғуликка қадам қўйди…
Мирлин Теренснинг бошқа бир иложи йўқ эди. У Димоннинг кемаси атрофида нима қилишни билмай уч соат юрди. Энди бўлса манави киши келиб кемани текширяпти. У билан мулоқот қилиш ғирт аҳмоқгарчилик. Бир оздан сўнг, у Мирлин Теренснинг қаллоблик қилаётганини билиб қолади.
Бу темир-терсакнинг ичидан овқат топилгани, ҳар ҳолда яхши бўлди. Хира харидор кема ичида изғиётганидан фойдаланиб, Теренс консерваланган гўшт ва меваларни паққос тушира бошлади. Кейин маза қилиб сув ичди. Ошхонанинг рўпарасида душ бор экан. Уни ичкаридан қулфлаб, яхшилаб ювиниб олди. Бошини сиқаётган қалпоқчани қисқа вақтга бўлса ҳам ечиш роҳат бахш этди. Жавондан янги кийимлар топди. Ниҳоят, Ҳенро қайтиб чиқди.
— Айтинг-чи, мен бу кемани ҳайдаб кўрсам, қаршилик қилмайсизми?
— Бемалол, Сиз бу хилдаги тойчоқларни бошқара оласизми? — сўради Теренс ясама бепарволик билан.
— Ҳайдолсам керак, — деди харидор жилмаяр экан. — Мен ҳозирги барча хилдаги кемаларни жиловлай оламан. Ҳар ҳолда, назорат минорасидан рухсат сўрашни ўз зиммамга юкламоқчиман. Мана, менинг яхта ҳайдашга ҳуқуқ берувчи ҳужжатим, парвоздан олдин кўриб олинг…
Бир оз ўтиб улар фазо қаърига чиқдилар. Аввалига, яхта ҳайдовчисининг узун-узун, ингичка бармоқлари бошқариш тугмаларини ўйнар экан, экрандаги юлдузлар у ёқ, бу ёққа бориб-келиб турдилар. Кейин, экран юзасини зарғалдоқ сайёранинг бир бўлаги эгаллаб олди.
— Ёмон эмас, — деди Хенро. — Димон, сиз кемага яхши қарар экансиз. Яхта унча катта бўлмаса ҳам, афзал томонлари кўп экан.
— Истасангиз, унинг тезлигини ва бошқарувчанлигини текширишингиз мумкин, — деди эҳтиёткорлик билан Теренс. — Қаршилигим йўқ.
— Жуда соз. Сизнингча, қайси томонга йўл олса яхши бўлади? Агар… — У иккиланиб турди-да, сўзини давом этдирди: — Саркка боришга қалайсиз?
Теренснинг нафас олиши сезилар-сезилмас тезлашди. У мўъжизалар оламига тушиб қолганига ишонгиси келарди.
— Йўқ дейишга асосим йўқ, Ҳенро! — жавоб қилди у шавқ билан.
— Демак, Саркка кетдик.
Флоринанинг экрандаги тасвири тезлик ошган сари кичрая бошлади…
Теренс жуда оғир, кўз олди хиралашган ҳолда уйғонди. Бир неча дақиқа атроф-борлиқни яхши ҳис қила олмади.
— Ухлаб қолибман-а, — деди у эснар экан.
— Шунақага ўхшайди. Мана, Саркка ҳам етиб келдик. — Ҳенро экрандаги яримойга ишора қилди.
— Қачон қўнамиз?
— Тахминан бир соат бор.
Тўсатдан Теренс Ҳенронинг қўйнида кул ранг металл жисмни — игна-милтиқнинг мўъжаз тумшуғини кўриб қолди.
— Ўзи нима гап? — сўради Теренс ўрнидан туришга чоғланар экан.
— Ўтиринг, — деди босиқ оҳангда Ҳенро. У бошқа қўлида қалпоқча ушлаб турарди. Теренс беихтиёр қўлини бошига югуртирди, бармоқлари ёрқин сочларни ҳис қилди.
— Ҳа, — аниқ хулоса чиқарди Ҳенро. — Бу яққол кўриниб турибди. Сиз флориналиксиз.
Теренс индамай олдига қараб тура берди.
— Сизнинг маҳаллий киши эканлигингизни, бечора Димоннинг кемасига чиқишдан аввал ҳам билгандим. Сизнинг асосий хатоингиз шу бўлдики, Резидент, сиз яхши ташкил этилган полиция кучларини бетиним алдаб юра оламан, деб ўйлабсиз. Совуққонлик билан бирор кимсани, айтайлик, Димонни ўлдирган одам қандай ҳиссиётга чулғанади, Резидент?
— Мен уни қасддан танлаганим йўқ, — хириллади Теренс. Унинг нафас олиши тезлашди. У аччиқ алам ва жаҳл билан ғўлдиради: — Сиз, саркликлар, миллионлаб флориналикларни шу хусусда, аёлларни, болаларни ҳам ўлдиргансиз. Уларнинг қони сизга бойлик келтирди. Бу яхта…
— Димон хизматкор эмас, хўжайин сифатида туғилгани учун айбдор эмас, — деди Ҳенро. — Агар, сиз сарклик бўлсангиз нима қилардингиз? Бутун мол-мулкингиздан воз кечиб кирт майдонида жавлон уриб ишлармидингиз?
— Ундай бўлса, отиб ташланг! — қичқирди Теренс. — Нимани кутяпсиз?
— Шошиб қаёққа ҳам борардим. Менинг вақтим кўп. Ҳикояни тугатиб олай. Хуллас, ўлдирилган киши ва қотилнинг шахслари ҳақида бизнинг аниқ маълумотимиз йўқ эди, бироқ менда баъзи гумонлар мавжуд эди. Мен жиноятчини Саркка етказиб келаман, деб Хавфсизлик Хизматини ишонтирдим. Бу ишни бирон-бир тўполонсиз, тинч бажараман, деб айтдим. Сўзимнинг устидан чиққанимга амин бўлгандирсиз. Тан олишим керак, аввалига, мен роса иккиландим, сиз-қидирилаётган кимсамисиз ёки йўқми. Сиз бекат майдонида оддий кийимда юрардингиз. Бу ўтакетган дидсизлик. Ҳеч ким, махсус кийимсиз, ўзини яхта ҳайдовчиси қилиб кўрсатмайди, деб ўйладим.
Сизни атайин кўз-кўз қилиб қўйишган, сиз қидирувни чалғитиш мақсадида қамоққа олинишни истаяпсиз, деб ҳам ўйладим.
Мен иккиланиб, сизни турли йўллар билан синаб кўрдим. Мутлақо зарурияти бўлмаган ҳолларда калитларни танлай бошладим. Ҳаво алмаштириладиган тирқишларнинг ўнг томонидан ҳеч қачон кемага чиқилмайди, билиб қўйинг, бундай кемалар умуман йўқ. Эшиклар доимо чап томонда жойлашадилар. Менинг хато қилганимдан ҳайрон бўлмадингиз. Асло!
Кейин, мен сиздан, кемангиз Флоринадан Саркка олти соатда бора оладими, деб сўрадим. Ҳа, дедингиз. Бу ажойиб янгилик! Ахир, энг тез учиш муддати тўққиз соатдан кўпроқ-ку!
Шундан сўнг, сиз кўз-кўз қилинаётган одам эмассиз, деган хулосага келдим. Сизнинг билимсизлигингиз ҳаддан ташқари эди… Айтгандай, нега буларни эринмай ҳикоя қилаётганимни биласизми? — тўсатдан юмшади Ҳенро.
Теренс индамади.
— Биринчидан, — деди Ҳенро, — сизнинг қийналаётганингизни кўриш менга ҳузур бахш этади. Мен қотилларни ёқтирмайман, айниқса, саркликларни ўлдирган флориналикларни. Менга сизни тирик тутиб келиш буюрилган, бироқ кўрсатмаларда жиноятчини яйратиб-қувнатиб бориш ҳақида гап-сўз йўқ. Иккинчидан, сиз шарт-шароит билан танишишингиз керак, чунки кема Саркка қўнгач, кейинги қадамларни ўзингиз ташлашингиз зарур.
Теренс унга ярқ этиб қаради.
— Тушунолмадим.
— Хавфсизлик Хизмати келаётганингиздан хабардор. Биз сайёра атмосферасидан чиқишимиз биланоқ, Флорина бўлими бу ҳақда ахборот берган.
— Барибир тушунолмадим, — деди умидсиз оҳангда Теренс.
— Айтаяпман-ку: сизни Саркда кутишяпти. Лекин, мен унинг Хавфсизлик Хизматини эмас… Транторнинг одамларини кўзда тутяпман.

МУРТАД

Кофе ичиш мобайнида Эбл қаршисида ўтирган Жунцга охирги 36 соат мобайнида рўй берган воқеаларни айтиб берди.
Жунцни ҳайрат қамради. У яримлаб қолган пиёласини четга қўйиб сўз қотди:
— Айтайлик, улар барча кемалар орасида келиб-келиб худди шунисига яширинишга муваффақ бўлишган бўлсин. Бироқ, уларни билмасликлари ҳам мумкин-ку. Кема қўнаётган пайтда, ўз одамларингизни юборсангиз…
— Э-э! Ўзингиз яхши биласиз: замонавий кемаларда иссиқ жонни сезмаслик мумкин эмас.
— Балки мумкиндир. Асбоблар, албатта, хато қилмайдилар, бироқ одамлар тўғрисида бундай дея олмайман.
— Бундай ўйласангиз, хато қиласиз. Менга етиб келган маълумотга кўра, шу дақиқада коинот тадқиқотчиси кириб олган кема Саркка яқинлашяпти, Сквайр Файф эса бошқа Буюк Сквайрларни чақириб мажлис қуряпти. Бундай қитъалараро бўладиган мажлис Галактика кенгликларида юлдузлар қанчалик сийрак учраса шунчалик камдан-кам уюштирилади. Бу тасодифми? Жуда ғалати тасодиф!
— Буларнинг ҳаммасини қандай билдингиз?
— “Ҳаммаси” нима деганингиз?
— Ҳаммасими? Айтайлик, коинот тадқиқотчисининг қандай ва қачон беркинганини, Резидентнинг қандай қилиб таъқибдан қочиб улгурганини. Сиз мени алдаяпсиз.
— Қимматли Жунц!
— Сиз ўз кишиларингизнинг мендан яширинча коинот тадқиқотчисини кузатганликларини тан олдингиз. Сиз тасодифлардан сақлаш учун мени зиён-заҳматсиз оҳистагина четга чиқариш тадбирларини ҳам кўриб қўйдингиз.
— Ўтган тун бўйи мен баъзи бир хуфияларим билан алоқада бўлиб турдим…
— Бу маълумотларни фақат Сарк ҳукумати аъзоси билан мулоқотга кириша оладиган кишигина қўлга киритиши мумкин.
— Ҳа, албатта… Бир киши бор, у менинг энг зўр хуфияларимдан. У Саркнинг Хавфсизлик Хизматида ишлайди. Айтгандай, у ҳозир Резидентини бу ерга олиб келяпти.
— Резидент ушланган деяётган эдингиз-ку.
— Ҳа. Хавфсизлик Хизмати томонидан. Менинг хуфиям Хавфсизликнинг ҳам хуфияси.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Ҳозирча билмайман. Резидентни олиб келайлик-чи, кейин кўрамиз. Мен фақат бир нарсани аниқ биламан, у бекатга қўнади. Бироқ, сквайрлар ҳам Резидентга орзиқиб кўз тикиб туришибди. Асосий масала — унинг кимга насиб қилишида!
Ўзга сайёралар элчихоналари бутун Галактикада хусусий майдонларига эга бўлишга ҳақли эдилар. Амалда эса, фақат Трантор элчихоналари бундай ҳуқуқдан фойдалана олардилар.
Трантор элчихонаси майдони тахминан бир миль квадратни эгаллаган, бу ерни махсус кийимли, Трантор белгисини таққан назоратчилар қўриқлардилар. Бу майдонга саркликлар фақат таклифнома орқалигина кира олар, қуролланган сарклик эса қорасини ҳам кўрсатолмасди. Назоратчилар ортида бутун куч-қудратларини бирлаштирган миллиондан ортиқ сайёралар уюшмаси турарди. Элчихонага тақдид қилишга қеч кимнинг юраги бетламасди.
У ҳатто Саркнинг фазо бекатларини инкор этиб, Трантор билан тўғридан-тўғри алоқа қиларди. “Сайёра фазоси” билан “Озод фазо”ни чегаралаб турувчи юз миля баландликка Транторнинг “Она кема”си келиб турар, ундан ҳавода ҳам учишга мўлжалланган, қанотли кичкина Гирокемалар элчихона ҳудудидаги майдонга келиб-кетиб турардилар. Хавф-хатар хабари янграгач, ҳавога элчихонанинг қирувчи тайёралари кўтарилди. Игнатўпнинг ёқимсиз тумшуғи осмонга қаратилди. Энергетик ҳимоя экранлари кўтарилиб қўйилди.
— Бошпана сўрайман! Қўнишга рухсат бермасангиз, мени икки дақиқадан сўнг уриб туширишади.
— Сиз кимсиз?
— Менга элчини чақиринг! — қисқа тўлқинли радио шиғиллади ва яна асабий чинқироқ товуш янгради: — Бу ерда ким бор? Бўлди, мен пастлаяпман! Бир сония ҳам кутолмайман деяпман-ку!
Гирокема тиккасига одатдагидан анча юқори тезлик билан пастга йўналди, чунки бошқарувчининг қўллари даҳшатдан қалтирарди. Ўн дақиқалардан сўнг етиб келган Сарк кемаларининг эскадрильяси икки соатча хавф солиб тургач, қўриқчиликни бас қилди.

***

Улар овқатланардилар: яъни Эбл, Салим Жунц ва янги кимса — Сквайр Стин. Эбл ўзини бамайлихотир тутишга интилар, Буюк Сквайрга нима учун бошпана зарур бўлиб қолгани сабабини сўрашга истиҳола қиларди. Май ичишга ўтилгач, ниҳоят Стиннинг ўзи гап бошлади.
— Мен ўз қитъамни нега тарк этганимга ажабланмаяпсизми?
— Ҳақиқатдан сира тушунмаяпман, — тасдиқлади Эбл, — Нега Сквайр Стин Сарк кемаларидан қочишга мажбур бўлди?
— Бугун қитъалараро мажлис ўтказилди.
— Ростданми? — ясама ажабланди Эбл.
У мажлис тафсилотларини пинак бузмай тинглади.
— У бизга йигирма тўрт соатлик муҳлат берди, — ғазабланди, гапини якунлар экан Стин. — Бироқ, ҳали ўн олти соат бор! Ҳа!
— Демак, сиз Икссиз! — қичқириб юборди Жунц, у бутун ҳикоя давомида бетоқатланиб ўтирганди. — Ҳа, ҳа, сиз — Икссиз! Сиз қўлга тушишдан чўчиб, бу ерга учиб келгансиз. Бу жуда зўр иш бўлибди! Эбл, мана сизга коинот тадқиқотчиси тўғрисидаги гапнинг исботи. Биз уларни ўз одамимизни қайтаришга мажбур қиламиз.
— Тўхтанг! Етар! Ақлдан озибсиз? Бас қилинг! Гапиришга қўясизми, йўқми… Жаноби олийлари, бу кишини ҳеч эслай олмаяпман.
— Сквайр, бу жаноб — доктор Салим Жунц бўладилар.
— Менга қаранг, доктор Салим Жунц, мен умримда анави сиз айтаётган эси пастни ёки коинот тадқиқотчисини кўрмаганман, билмайман ҳам… Мен — Икс эмасман. Тўғриси! Мени аҳмоқона ҳарф билан аташни бас қилсангиз, ғоят миннатдор бўлардим. Наҳотки, сиз Файфнинг кулгили уйдирмасига ишондингиз! У бизни аҳмоқ ва эси паст деб ҳисоблайди. Ҳа! У эси пастлар ва коинот тадқиқотчилари ҳақидаги бемаъни сафсатани тўқиб чиқарган. Агар, гўёки ўнталаб назоратчиларни гумдон қилиб юрувчи флориналик Файфнинг ясама малла соч кийиб олган жосуси бўлиб чиқса, асло ажабланмайман. Гапнинг пўсткалласи: ҳеч қандай Икс йўқ, бироқ Файф тўхтатилмаса, у эртагаёқ бутун субрадиони турли фитналар ҳақидаги хабарларга тўлдириб ташлайди, сўнг фавқулодда ҳолат жорий этишга чақиради ва, ниҳоят, ўзини Доҳий деб эълон қилади. Мана, беш юз йилдирки, Саркда Доҳий йўқ, лекин бу нарса Файфни тўхтатолмайди. У Асосий Қонун — конституцияни ҳам менсимайди… Мажлис тугаши биланоқ, мен ўзимнинг шахсий фазо бекатимни текширишни буюрдим, ва биласизми, уни Файфнинг одамлари ишғол қилишга улгуршибди. Бу қитъалар мухторияти қонунининг жуда қўпол бузилишидир. Бу, ахир, пасткашлик эмасми? Бироқ, у — ярамас айёр тулки бўлгани билан, унчалик ақлли эмас. У битта-яримтамизнинг қочишимиздан чўчиб, фазо бекатларини қўриқлашни буюрибди, аммо… Стин мийиғида жилмайиб, ҳиринглади, унинг ҳаёлига гиробекатларни назорат қилиш келмабди. У сайёрада асло қочишга жой йўқ, деб ўйлаган бўлса керак. Трантор элчихонасини унутибди. Шундай қилиб, мен ҳузурингиздаман.
— Сиз оилангизни ташлаб келибсиз, — деди оҳиста Эбл. — Файф сизга қарши ҳар қандай қуролни ишлатиши мумкинлигини ўйламадингизми?
— Ўйладим, бироқ мен барча севикли кишиларимни гирокемага тиқа олмасдим. — Стин қизаргандек бўлди. — Файф уларга тегишга жазм қила олмайди! Бундан ташқари, мен эртага ўз қитъамга қайтаман.
— Қандай қилиб? — сўради Эбл.
Сквайр бир зум унга саросима билан боқди-да, ингичка лабларини очди:
— Жаноби олийлари, мен иттифоқ тузишни таклиф қиламан. Сиз, Трантор Сарк билан асло қизиқмайди, дея олмайсиз. Сиз, Сарк конституциясининг ўзгариши Трантор аралашувига сабаб бўлади, деб Файфга аниқ-таниқ айтсангиз ҳам керак.
Эбл узун-узун бармоқларини бирлаштирди-да, уларга тикилиб қолди.
— Сквайр Стин, сиз ҳақиқатан ҳам ўз кучларингизни Трантор билан бирлаштиришни истаётганингизга ишона олмайман.
Стиннинг енгил жилмайиш ифодалаган чеҳрасига бир сониягина кучли нафрат кўланка солди.
— Файфдан кўра Трантор дуруст! — хитоб қилди у.
— Мен куч билан таҳдид солишни истамайман. Биз воқеалар ривожини бир оз кутиб тура олмаймизми?
— Йўқ, йўқ, — қичқираёзди Стин. — Бир кун хам кутиш мумкин эмас. Агар, масалани ҳозир, тезда ҳал қилмасангиз, кейин кеч бўлади. Вақт ўтиши билан унинг обрў сақлаб ортга қайтиши қийинлашади. Ҳозир сиз менга ёрдам берсангиз, қолган Буюк Сквайрлар бизга қўшилишади. Агар бир кунгина ҳаялласак, Файфнинг ташвиқот машинаси ишлай бошлайди. Менга эса қочоқ деган тамға босилади.
— Агар ундан биз коинот тадқиқотчиси билан суҳбатлашишга рухсат сўрасак-чи?
— Нима фойда? У икки хил ўйин бошлайди. У, бизга, флориналик эси паст-коинот тадқиқотчисидир, дейди, сизга эса, коинот тадқиқотчиси — бу флориналик эси паст деб жавоб қилади. Сиз у кишини билмайсиз. У жуда даҳшатли одам!
Эбл мулоҳаза юрита бошлади. У бармоқлари билан столни оҳиста урганча қандайдир қўшиқни аста хиргойи қиларди. Ниҳоят, у сўз қотди:
— Резидент бизнинг қўлимизга тушди. Хабарингиз борми?
— Қанақа Резидент?
— Назоратчилар билан бир саркликни ўлдирган кимсани айтяпман.
— А? Ростданми? Бутун Саркни ишғол қилишга тайёрланаётган Файф учун бунинг қизиғи бор дейсизми?
— Ҳа. Ҳамма гап Резидентнинг бизнинг қўлимизда эканлигида эмас, балки уни қандай ушлаганимизда. Назаримда Сквайр Файф гапларимга қулоқ тутади, тутган-да ҳам қўл қовуштириб тутади.
Салим Жунц қария Эблни таниган чоғдан бери биринчи марта унинг товушидаги совуққонлик камайганини ва қониқиш, ҳаттоки шодлик оҳанглари пайдо бўлганини ҳис қилди.

ТУТҚУН

Зоти олий Самия Файф қизи, ниҳоят, ўз хоҳишларини ифода этишни тўхтатиб, оддий сарклик аёл каби ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ўтди.
— Истаган кемани кутиб олишга менинг ҳаққим бор, — деди у ғазаб аралаш.
Бекат бошлиғи аниқ жавоб қайтарди.
— Хоним, биз сизни асло хафа қилмоқчи эмасмиз. Ҳамма гап шундаки, биз Сквайрдан, яъни, отангиздан алоҳида топшириқ олганмиз: сизга бу кемани кутиб олишга асло изн бермаслигимиз зарур.
— Балки, сиз менга бекатни тарк этишни ҳам буюрарсиз?
— Йўқ, хоним. Сизни бекатдан ҳайдаш ҳақида топшириқ бўлмади. Истасангиз, қолишингиз мумкин. Лекин, кема қўнувчи қудуқларга яқинлашсангиз, сизни ҳибсга олишга мажбурмиз.
У кетди. Самия бекат дарбозаси олдида тўхтаган ўзининг ҳашамдор машинасида қолаберди.
Отасининг бу иши ўтакетган виждонсизлик эди. У қизига доимо ёш боладек қарайди. Мана бугун ҳам…

***

…Самия отасига руҳият зонди таъсирига дучор қилинган коинот тадқиқотчиси ва Флоринага таҳдид қилаётган хавф тўғрисида сўз очиши биланоқ, отаси унинг гапини кескин бўлди:
— Унинг коинот тадқиқотчиси эканлигини қаердан биласан?
— Унинг ўзи айтди.
— Хавфнинг қандай хилдалигини гапирмадими?
— Уни билмайди. У руҳият зонди таъсирига дучор қилинган. Бунинг ахир энг яхши исбот эканлигани кўрмаяпсизми? У ҳаддан зиёд нарсаларни билган. Бу, албатта, кимгадир ёқмаган! — Қизнинг товуши беихтиёр пасайди. — Агар унинг фикр-ғоялари нотўғри бўлганда, руҳият зондини ишлатишга зарурат туғилмасди.
— Ундай бўлса, нега уни ўлдиришмабди?
— Сиз Хавфсизлик Хизматига айтиб, у билан гаплашишга ижозат олиб берсангиз эди, шу нарсани аниқлардим. У менга ишонади. Буни биламан. Хавфсизлик Хизмати ҳам ундан менчалик кўп ахборот ололмаса керак. Дада, буйруқ беринг, мен у билан сўзлашай. Бу жуда муҳим.
Файф қизининг муштум қилиб тугилган қўлларини меҳр билан ушлади-да, жилмайди.
— Кейинроқ, Самия. Ҳозир эмас. Тез орада қўлимизга учинчи одам тушиши лозим. Ўшанда, балки имконият туғилар.
— Учинчи одам? Флориналик қотил эмасми?
— Худди ўша. Уни олиб келаётган кема бир соатлардан сўнг қўнади.
— Унгача коинот тадқиқотчиси билан флориналик аёлга ҳеч нарса таҳдид қилмайдими?
— Йўқ.
— Яхши. У ҳолда мен кемани кутиб оламан.
— У кимсанинг келаётгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмаслиги керак. Сенинг боришинг ножоиз.
— Нима қилибди?
— Самия, мен сенга давлат сиёсатини тушунтириб беролмайман.
— Сиёсатми, фи! — Қиз энгашиб отасининг қоқ пешонасидан ўпди-да, кўздан ғойиб бўлди. Ҳозир эса қиз бекат майдонидаги машинасида ожизона ўтирар эди. Ниҳоят у тушдан кейинги ёрқин нурли осмонда қора нуқта пайдо бўлганини, унинг катталашаётганини сезди.

***

Самия тугмани босиб ғаладондан бинокль олди. Уни кўзларига тутди ва осмондаги қора нуқта катталашиб, кичкинагина кеманинг шакл-шамойилига айланди.

***

Экраннинг бутун юзасини Сарк эгаллаб турарди.
— Фазо бекати қаттиқ қўриқланмайди, — деди Ҳенро, кемани бошқарар экан. — Бу таклифни ҳам мен киритдим. Ҳар қандай нооддий кутиб олиш Транторни шубҳалантириши мумкин, деб айтдим. Яна айтдимки, Трантор қанчалик ҳақиқий аҳволни билмаса, биз шунчалик муваффақият қозонамиз.
— Саркми, Транторми, — деди хўмрайиб Теренс, — нима фарқи бор?
— Сиз учун фарқи катта. Мен шарқий дарбоза яқинидаги қудуққа қўнаман. Шу заҳотиёқ сиз кема тумшуғидаги эҳтиёт эшикдан чиқинг ва дарбоза томон жадалланг, фақат шошманг. Агар тўсиқ учраса, ўз билганингизча иш қилинг. Сиз буни қотирасиз, ўтган воқеалар айтиб турибди. Дарбоза яқинида сизни машина кутиб туради, бирор элчихонага етиб оласиз…
Ҳенро совуққина илжайди.
— Қочганингизни билишгач, энг ёмон ҳолда, мени сотқин сифатида отиб ташлашлари мумкин. Агар мени беҳуш ҳолда топишса, фақатгина ишдан ҳайдашади — бундай аҳмоқнинг кимга кераги бор. Айни шу ҳол мен учун маъқулроқ. Шунинг учун, кетишингиздан олдин менга нисбатан нейротаёқ ишлатинг. Улар қўна бошладилар. Иллюминатордан Сарк шаҳрининг баъзи белгиларини пайқаш мумкин эди.
— Ўзбошимчалик, — қўшимча қилди Ҳенро, — бу яхши оқибатга олиб келмаслигини тушунсангиз керак. Сизда икки йўл бор: ё Трантор, ёки Сквайрлар. Агар бир соатдан сўнг Трантор ихтиёрида бўлмасангиз, сиз барибир кечгача Сквайрлар қўлига тушасиз. Унда ҳолингиз не кечишини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Буни ўзингиз жуда яхши биласиз…
Экранда бекат намоён бўлди. Бироқ Ҳенро энди унга қарамай қўйган, қўллари бошқариш тугмаларини илдам босиб, кемани қўндиришга тайёрларди.
Кема пастдан бир милл юқориликда оҳиста айланар экан, дум томони билан Сарк юзасига яқинлаша бошлади.
Қудуқдан юзларча ярд юқорида юритгичлар чийиллашга тушдилар. Теренс юмшоқ, гидравлик пружинали ўриндиққа жойлашганига қарамай бутун вужуди билан кема титрашини ҳис қиларди. Боши айланарди.
— Таёқни олинг. Тез! Ҳар бир сония ҳисобда, эҳтиёт эшик орқангиздан ёпилади. Бизни кутиб турганлар асосий эшик нега очилмаётганига беш дақиқалардан сўнг ажаблана бошлайдилар, яна беш дақиқа бу ерга киришга кетади, яна беш дақиқа эса сизни топишга сарф бўлади. Ихтиёрингизда ўн беш дақиқа бор: сиз бекатдан чиқиб машинага ўтиришга улгуришингиз лозим…
Теренс Сарк кузинннг совуқ ҳавосини ҳис қилди. У ушбу совуқ иқлимда йиллаб яшади, лекин Флоринанинг иссиқ ва юмшоқ оби-ҳавосида буни унутибди. Тўсатдан миясида хотиралар жонлана бошлади, гўёки у сквайрлар сайёрасини тарк этмагандай эди.
Лекин Теренс ҳозир қочоқ эди, унга сквайрни ўлдиришдек буюк жиноят тамғаси босилганди.
Унинг кемадан чиққанини ҳеч ким кўрмадимикан?
Теренс қалпоқчасига қўл теккизиб қўйди — у бошини қулоқларигача беркитиб турарди. Бўйнига осиғлиқ ялтироқ ва текис медальонга назар ташлади —уни Ҳенро алоҳида белги сифатида берганди. Транторликлар худди шу медальон орқали уни таниб олишлари керак.
Теренснинг уни ечиб ташлаб, қандайдир бошқа кемага амаллаб чиқиб олиш имкони бор эди. У Саркни бир амаллаб тарк этиши мумкин. Бир амаллаб қутулиб қолиши ҳам эҳтимол.
Бироқ, ҳаммаси «амаллаб»! Охирги нуқтага етганини у қалбан ҳис қиларди. Ҳа, Ҳенро тўғри айтди: ё Трантор, ёки Сарк! У Трантордан чўчир ҳамда нафратланарди, лекин ўзга иложи йўқ: у асло Саркни танлай олмайди.
— Ҳей, менга қаранг! — ёшгина аёл ҳашаматли машина деразасидан унга қараб турарди. — Бу ёққа келинг.
Теренс яқинлашди.
— Сиз ҳозиргина қўнган кемада келдингизми?
У сукут сақлашни лозим кўрди.
— Нега индамайсиз?
— Ҳа… — деди зўрға Теренс. — У ҳолда ўтиринг.
Аёл машина эшигини очди. Машннанинг ички қисми яна ҳам ҳашамдор эди.
— Сиз бошқарув гуруҳиданмисиз?
“ Синаяпти!”, ўйлади Теренс. Шунинг учун хотиржам жавоб қилди:
— Сиз менинг кимлигимни биласиз. — Қўллари билан бир сониягина медальонга ишора қилди.
Машина кескин бурилди.
Қўриқланаётган дарбоза яқинида Теренс юмшоқ, кирт ғилофли ўриндиққа сингиб кетай деди. Лекин хавотирга ўрин йўқ эди. Унинг нажоткори хотиржамона буйруқ берди:
— Бу киши мен билан кетяпти. Мен Самия Файф қизи бўламан.
Ҳориб-чарчаб турган Теренсга бу сўзларнинг маъноси кеч етиб борди. У жонҳолатда олдинга интилганида машина экспресс-йўл бўйлаб соатига юзлаб милни ташкил қилувчи катта тезликда учиб борарди.
Уларнинг чиқиб кетишганини бекат майдонида турган ишчи кўрди. Ва ўша заҳотиёқ камзули ёқасига бир нималар деди. Кўп ўтмай бекатдан ташқарида кетаётган машинадаги Трантор хуфияларидан бири шеригига алам билан юзланди:
— Медальонли киши ҳозиргина ҳашаматли машинада бекатни тарк этибди. Машина олийзот хоним Самия Файф қизиники экан. Биз чапак чалиб қолаверибмиз. О, Буюк Коинот, энди нима қиламиз?
— Таъқиб қилаверамиз.
— Бироқ, олийзот хоним…
— У менга ҳеч ким эмас. Сенга ҳам шундай бўлиши лозим. Йўқса, бу ерда нима қилиб юрибсан?
— Сквайрлар қотили хоним билан бирга кетаётгани аниқ эмас-ку. Балки, бу бизни кузатиш жойнмиздан кетишимиз учун қилинган найрангдир?
— Файф бизни йўқотиш учун ўз қизини юбормайди. Бир гуруҳ назоратчилар бемалол етади.
— Балки у Самия эмасдир…
— Ким бўлишидан қатъий назар, олға! Тезроқ! Яна тезроқ!..

***

— Сиз билан гаплашиб олишим керак, — деди қиз.
— Мен тайёрман.
— Сиз қотилликда айбланаётган флориналикни олиб келган кемадансиз-а?
— “Ҳа”, дедим-ку.
— Жуда соз. Мен сизни бу ерга ҳеч ким ҳалақит қилмаслиги учун олиб келдим. Айтингчи, флориналик йўлда сўроқ қилиндими?
“Бундай соддалик ёлғондан бўла олмайди”, ўйлади Теренс. Самия ҳақиқатдан ҳам уни танимайди.
У эҳтиёткорона жавоб қилди:
— Ҳа.
— Сиз сўроқда иштирок этдингизми?
— Ҳа.
— Яхши. Мен шундайдир, деб ўйлагандим. Айтгандай, нега сиз кемани шошилинч тарк этдингиз?
— Мен махсус ахборот олиб боришим керак…
У яна нима дейишни билмай каловланди. Қиз дарҳол бу гапни илиб олди.
— Менинг дадамгами? Хавотир олманг. Мен сизнинг ёнингизни оламан. Буйруғимни бажарди, дейман.
— Майли, хоним.
Унинг “хоним” деб айтган сўзи, ҳаттоки ўзини ҳам ҳайратга солди. Қиз, мамлакатдаги энг олийзотлардан эди, ўзи эса флориналик. Лекин назоратчиларни ўлдира олган одам осонлик билан сквайрларни асфаласофилинга жўнатиши мумкин, бу ишни бажарган кимса эса ҳеч чўчимай олийзот хоним юзига тик боқа олади.
У қизга синовчан ва ўткир нигоҳ ташлади.
Қиз гўзалликда беқиёс эди. Бундай чиройдан баҳраманд бўлиш учун бутун ҳаётини қурбон қилса ҳам арзирди.
Шу дақиқада, у сквайрни ўлдириш унча катта жиноят эмаслигини англади.
У нима қилаётганини ҳам билмай қолди. Қизнинг нозик навниҳол танаси унинг қучоғига тушди. У қаршилик кўрсатишга уриниб, бир сониягина қичқиришга улгурди холос. Теренс ғунча лаблардан чиқаётган оҳни ўз лаблари билан ўчирди…
Машинанинг эшиги очилиб, Теренснинг орқасига совуқ шабада уфурганда, қизнинг қўллари унинг елкаларини қучиб турарди.
Жаҳлдан тутоққан сарклик Теренсни машинадан тортиб чиқарар экан, Самия индамай, оғзини очганча ҳайратда қотиб қолди.
— Шундай қиз шунга йўл қўйса-я, — ғўлдиради сарклик. — Йўл қўйса-я…
Самия беҳолгина четга сурилди-да, юзларини икки қўли билан чангаллаб олди, ранги оқарди.
— Қизни нима қиламиз?
— Ҳеч нарса.
— У бизни кўрди-ку. Биз бир миль юрмасимиздан, бутун сайёра орқамиздан изга тушади.
— Сен олийзот хонимни ўлдирмоқчимисан?
— Йўқ. Лекин, биз унинг машинасини бузиб қўйишимиз мумкин. Қиз яқин орадаги радиофонга етиб боргунча, биз қочишга улгурамиз.
— Керак эмас, — хуфия машина ичига энгашди. — Хоним, менинг асло вақтим йўқ. Эшитяпсизми?
Қиз ғиқ этмади.
— Сўзларимни қулоғингизга қуйиб олинг. Бахтли дақиқаларингизда халақит қилиб қўйганим учун узр, бироқ мен сизнинг холатингизни стереофотоаппарат орқали суратга тушириб улгурдим. Англадингизми? — хуфия шеригига юзланди. — Хоним бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса айтмайдилар. Резидент, биз билан юринг.
Теренс бўшашиб улар ортидан кетди.
У машинадаги ранги оқариб, ғамгин бўлиб қолган чеҳрага қайта қарай олмади. Энди не бўлса ҳам, у мўъжиза яратди. У Саркнинг энг мағрур, энг гўзал хонимидан бўса олди, унинг нозик, юмшоқ ва ширин лабларининг ҳароратини туйди.

АЙБЛАНУВЧИ

Эбл ўзининг шахсий ҳаётида мавҳум дипломатик гапларни ишлатмасликни афзал кўрарди. Алоқа нури орқали Файф билан сўзлашар экан, ўзини бир қадаҳ май олдида ўтирган мўйсафиддек тутди.
— Сизни топиш қийин бўлди, Файф.
Файф жилмайди. У хотиржам ва бепарводек эди.
— Мен банд эдим, Эбл.
— Бундан оз-моз хабарим бор.
— Номини айтдими?
— Қисман. Стин биз билан етти соатча бўлди.
— Биламан. Бу менинг хатоим. Сиз уни бизга қайтарасизми?
— Бундай қилолмасак керак.
— У жиноятчи.
Эбл мийиғида кулиб қўйди-да, шаффоф ва тиниқ май ичидан чиқаётган пуфакчаларга боқиб қадаҳни чеккароққа суриб қўйди.
— Менимча, уни сиёсий қочоқ, деб аташ мумкин. Коинот қонуни бўйича, у Трантор ерида дахлсиздир.
— Ҳукуматингиз сизни қўллаб-қувватлайдими?
— Бунга шубҳам йўқ, Файф. Мен қирқ йилча ватандан четда хизмат қилдим, Трантор нимани маъқуллайди, нимадан норози бўлади, буларни жуда яхши биламан.
— Назаримда, сизнинг таклифингиз борга ўхшайди…
— Ҳа. Сизнинг қўлингизда бизнинг одам бор.
— У ким?
— Коинот тадқиқотчиси. Трантор мулкига қарашли Ер сайёрасининг вакили. Менда Стин бор, сизда эса ерлик. Қандайдир маънода мувозанатда турибмиз. Сиз ўз режаларингизни амалга оширишни бошламай, ультиматумингиз тугамай ва давлат тўнтаришингиз рўй бермай туриб, кирт масаласини ҳал қилиб олсак бўларди.
— Бунга асло ҳожат йўқ. Ҳозирги вақтда рўй бераётган ҳодисалар Саркнинг ички ишидир. Ҳеч қандай сиёсий воқеалар кирт саноатига таъсир қилмайди деб кафил бўла оламан. Назаримда, бу Транторнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қаноатлантирса керак.
Эбл ўйга толганча сўз қотди:
— Бизда яна бир сиёсий қочоқ борга ўхшайди. Антиқа ҳодиса. Айтгандай, у — флориналик Резидент. Ўзини Мирлин Теренс деб атаяпти.
Файфнинг кўзларида ўт чақнади.
— Бизда шундай шубҳа бор эди. Сарк ҳаққи, Эбл, сайёрамиз ишларига Транторнинг очиқдан-очиқ аралашишининг чеки-чегараси бўлиши керак. Сиз ўғирлаган одам — қотил. Унга сиёсий бошпана беришга ҳаққингиз йўқ.
— Бу одам сизга керакми?
— Уни алмаштиришни таклиф қилмоқчимисиз? Нима истайсиз?
— Эслатиб ўтилган мажлиснинг бутун мазмуни керак.
— Битта флориналик қотил учун-а? Албатта, йўқ!
— Бироқ, Резидентнинг қўлга тушиш тарихи жуда қизиқ. Бунинг шахсан сиз учун катта аҳамияти бор…

***

— Мен бу мажлисда ўз хоҳишим билан қатнашаётганим йўқ, — хўмрайиб сўз қотди Файф. — Шунинг учун, сизларга бирор нима дейишни асло истамайман. Мен фақат эшитмоқчиман.
— Назаримда, биринчи сўзни Стин олмоқчи, — деди Эбл.
Стин дарҳол қичқира бошлади:
— Файф! Сиз мени Транторга мурожаат қилишга мажбур этдингиз! Сиз мухторият қонунини буздингиз. Бунинг учун мендан яхшилик кутманг. Мен Сквайр Файф каби изқувар номига эга бўлмоқчи эмасман, балки менда бундай истеъдод йўқдир, лекин мен мантиқий фикр юритишга қодирман. Ҳа! Мен ўйлаб кўрдим. Кеча бизга Файф ўзи «Икс» деб атаётган сирли бир жиноятчи ҳақида гапирди. Хулосам шундай: Бу уйдирмадан мақсад Саркда фавқулодда ҳолат эълон қилишдир. У мени алдай олмади!
— Демак, ҳеч қандай Икс йўқми? — сўради хотиржамлик билан Файф. — Унда сиз нега қочдингиз? Бу ахир ким гуноҳкорлигини айтиб турибди-ку!
— Ҳали шунақами? — қичқирди яна Стин. — Мен ўзим ўт қўювчи бўлмасам ҳам, ёнғин тушган уйдан қочишим мумкинми, йўқми?..
— Ҳа, мен энди сукут сақламайман. Барча ўй-фикрларимни ошкор этаман. Икс кимлигини ҳам айтишим мумкин! Менинг бир нарсага шубҳам йўқ: сотқинлик қилган Буюк Сквайрларнинг бири. Уларнинг ичида энг хабардор киши ким? Ким коинот тадқиқотчиси билан боғлиқ воқеадан қолганларни қўрқитиш учун, Файф диктатурасига хизмат қилувчи «бирлашиш» учун фойдаланишга интилди? Мен сизга Икснинг ҳақиқий номини ошкор этаман. — Стин ўрнидан турди, боши тасвир ҳажмининг юқорисига тегиб қолгани учун теп-текис кўринарди. У кўрсаткич бармоғи билан ишора қилди. — Ана Икс! У — Сквайр Файф! Коинот тадқиқотчисини ўша топган. У биринчи мажлисдаги ўзининг аҳмоқона уйдирмалари билан бизга таъсир қилолмаганини кўриб, уни қаергадир беркитиб қўйганди, энди эса, ҳарбий тўнтариш тайёрлаб, уни яна юзага чиқарибди!
Файф энсаси қотганча Эблга юзланди.
— У гапини тугатдими? Агар шундай бўлса, унга айтинг: гаплари ҳар қандай виждонли, ор-номусли одам учун қаттиқ ҳақоратдир.
— Стин кўнглидаги гапни айтди, — жавоб берди Эбл. — Келинг, муддаога ўтайлик. Биз коинот тадқиқотчисини кўришни истаймиз.
— Қўлимизда ўзини коинот тадқиқотчиси деб атаётган ақли ноқис кимса бор. Яхши, мен уни олиб келишни буюраман.

***

Бундай воқеалар Валона Марчнинг тушига хеч кирмаган эди. Улар сайёрага қўнганларига бир кундан ошганига қарамай, у ҳамон тинмай ҳайратланарди. Ҳатто Рикни тиқиб қўйишган алоҳида қамоқхоналар эртакдагидек ажойиб туюларди. Тугмани боссанг жўмракдан сув тушади. Деворлардан эса иссиқлик тарқалади. Ташқаридаги ҳавонинг совуқлиги эса, янада ажаблантирарди: ҳаво ҳам шунчалик паст ҳароратли бўладими? У билан мулоқотда бўлаётган ҳар бир кимса эса жуда пўрим кийинганди.
Мана энди уни катта ва ёруғ хонага олиб келишди. Бу ерда бир қанча одамлар бор экан. Биттаси ўта жиддий, қовоғи солиниб стол ортида ўтирар, бошқаси анча ёши улуғ, серажин бўлиб оромкурсини эгаллаганди. Ва яна уч киши…
Уларнинг бири Резидент эди!
Қиз жонҳолатда унга отилди.
— Резидент! Резидент!
Валона унинг танасини босиб-янчиб ўтиб кетди.
Оёқлари Резидент ўтирган оғир оромкурсини сезмади ҳам. У титраётган қўлларини оҳиста узатди. Қиз йигитни аниқ-таниқ кўриб турган бўлса-да, улар ҳеч нарсани ҳис қилмадилар.
Валона оҳ урди-да, ерга қулади. Резидент беихтиёр уни ушлаб қолиш учун қўлларини чўзди, бироқ қўллар барибир қизни тутиб қололмасдилар.
Бир оздан сўнг, Валона оромкурсида ўтирар, Рик қўлларини ушлаб олган, серажин қария эса унга энгашиб турарди.
— Қўрқманг, жонгинам. Бу фақат тасвир. Худди фотосуратга ўхшаш. Қиз Резидентга ишора қилди.
— У ҳозир бу ерда йўқми?
— Бу уч ўлчамли тасвир, Лона, — гапга аралашди тўсатдан Рик. — Резидент ҳозир бошқа ерда ўтирибди, бироқ биз уни шу хонада кўряпмиз.
Валона бошини лиқиллатди. Рик буни тасдиқлаётган экан, демак, шундай бўлиши керак. Қиз ерга қараб олди. У, айни пайтда ҳам бор, ҳам йўқ одамларга боқишга жазм қила олмасди.
Эбл коинот тадқиқотчиси Рикка юзланди.
— Сиз уч ўлчамли тасвирни биласизми?
— Ҳа, жаноб.
Бугунги кун Рик учун ҳам ажабланарли эди, бироқ бундан Валона чексиз ҳайратланаётган бўлса, Рик борган сари ўзига таниш ҳаёт ичига кириб борарди.
— Қаердан биласиз?
— Аниқ айтолмайман. Илгари билардим. Ҳамма нарса эсимдан чиқмасдан аввал.
— Эътибор қилинг, Файф! — деди Эбл. — Сизнинг ақли ноқис флориналик одамингиз, уч ўлчамли тасвир ҳақида етарли маълумотга эга экан.
— Назаримда, уни яхшилаб тайёрлашган, — чўрт кесди Файф.
— Уни Саркка келгандан бери сўроқ қилишдими?
— Албатта.
— Натижа қандай?
— Янгилик йўқ.
Эбл яна Рикка юзланди.
— Сизнинг исмингиз нима?
— Мени Рик деб аташларигина ёдимда бор, — хотиржамлик билан деди у.
— Бу ердагилардан кимларни танийсан?
Рик ҳаммага бир-бир қараб чиқди.
— Фақат Резидентни. Валонани ҳам албатта.
— Бу киши, — деди Эбл Файфга ишора қилиб, — Сквайрдир. Унга бутун бошли бир сайёра қарайди. Сиз у ҳақда нима дея оласиз?
— Мен ерликман, — жавоб берди Рик. — Мен унга қарам эмасман.
— Қулоқ солинг, Рик, — деди яна Эбл. — Ҳозир мен сизга бир воқеани айтиб бераман. Сиз бутун вужудингиз билан тингланг ва ўйлаб кўринг. Қайта-қайта ўйланг! Мени тушуняпсизми?
Рик «ҳа» дегандай бош силкиди.
Эбл шошилмай рўй берган ҳодисаларни ҳикоя қила бошлади. У келаётган хавф ҳақидаги хабар, уни кимдир тутиб олгани, Рикнинг Икс билан учрашуви, руҳият зонди, қандай қилиб Рикни топиб олишгани-ю, боқишгани, ҳамда унинг касаллигини аниқлаган, сўнгра ҳалок бўлган доктор ва бошқа воқеалар тўғрисида сўзлаб берди.
— Мана, бор-йўқ ҳикоя шу, Рик. Сиз шулардан хабардормисиз?
— Ҳикоянгизнинг охирги қисми ёдимда бор, — деди оҳиста Рик. — Сўнгги бир неча кун… Ўтган воқеаларнинг ҳам баъзилари эсимга келай деяпти-ю, бироқ… жуда ноаниқ…
— Сиз ўтган воқеаларни эслашингиз мумкинми? Флоринага таҳдид қилаётган хавфни ёдингизга тушира оласизми?
— Ҳа, ҳа. Айни шу нарса эсимда.
— Кейин-чи? Сиз Саркка қўндингиз ва бир киши билан учрашдингиз.
— Йўқ. Бошқа эслай олмайман! — ингради Рик.
— Сиз урининг! Урининг!
Рик ранглари оқариб, юзларидан тер қуйиларкан Эблга боқди.
— Мен бир сўзни эсладим.
— Қандай сўз, Рик?
— Унинг маъниси йўқ.
— Барибир айтинг.
— Бу сўз стол билан боглиқ. Жуда-жуда мавҳум… Мен ўтирардим. Бошқа бир кимса ҳам ўтирарди. Кейин у ўрнидан турди-да, менга юқоридан пастга қаради. Шу пайт сўз янгради.
Эбл ўзини босиб яна сўради.
— Қандай сўз?
Рик муштларини тугиб пичирлади:
— Файф!

АЙБЛОВЧИ

— Бу томошани бас қилайлик! — бўкирди Файф.
— Нега энди томоша бўларкан? — бақираёзди Эбл.
— Бўлмаса нима? Сиз Флоринага йўналган хавф ҳақида суҳбатлашамиз деганингиз учун мен бу учрашувга розилик бергандим. Агар мажлисда қораловчи ва қози сифатида ўтирган сотқинлар ва қотиллар мени суд қшгишларини билганимда гаплашиб ҳам ўтирмасдим.
Эбл совуққина мулозимат қилди.
— Бу суд эмас, Сквайр. Доктор Жунц ЮКТБ аъзосини қутқаргани келган — бу унинг ҳуқуқи ва бурчи. Мен алғов-далғов пайтларда Трантор манфаатларини ҳимоя қилиш ниятида ташриф буюрганман. Мана бу киши — Рик эса, йўқолган коинот тадқиқотчиси эканига менинг ҳеч қандай шубҳам йўқ. Агар сиз Рикни текшириш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун доктор Жунц ихтиёрига топширсангиз, мажлиснинг бу қисмини дарҳол тугатамиз. Бундан кейин ҳам сизнинг ёрдамингиз керак бўлади, албатта. Руҳият зондини ишлатган жиноятчини топиш лозим ва келажакда бундай ишлар қайтарилмаслигини кафолат берувчи қонунларни жорий этиш зарур.
— Гап бу ёқда денг! — заҳарханда кулди Файф. — Ниятингиз нималигини билиб турибман. Бу одамни сизга берсам натижа қандай бўлишини айтишим мумкин. Аввало, ЮКТБ бу одамдан қидираётган нарсасини топади. ЮКТБ ўзини юлдузлараро ташкилот деб атайди, бироқ унинг бир йиллик сарф-харажатларининг учдан икки қисмини Трантор таъминлаши маълум.
Хўш, ЮКТБ нимани топади?
Бу яққол кўриниб турибди. Коинот тадқиқотчиси деб аталаётган кишининг эс-ҳуши аста-секинлик билан қайтади. ЮКТБ ҳар куни хабарнома чиқариб туради. У эса янги ва янги керакли тафсилотларни ёдига тушира бошлайди. Аввалига менинг номим янграйди. Кейин эса ташқи кўринишим эсланади. Сўнгра гапларим аниқ шаклга киради. Ва тантанали равишда мен айбдор деб эълон қилинаман. Етказилган зарарлар тўлансин, деган талаблар туғилади. Натижада, Трантор Саркни босиб олишга мажбур бўлади. Вақтинча, албатта. Бу кейинроқ ноаниқ даврга қадар чўзилади.
Ҳар қандай товламачиликнинг чеки-чегараси бор. Сизнинг товламачилигингиз, жаноби элчи, ана шу нуқтага етиб келди. Агар сизга шу одам керак бўлса, Транторнинг бутун ҳарбий кучлари билан бирга келинг!
— Куч ишлатиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, — деди Эбл. — Сиз коинот тадқиқотчисининг охирги айтганларини рад этишга ботинолмай, бу мавзудан қочишга уринаётганингизни сезиб турибман.
— Бу сўзнинг ҳеч қандай маъноси йўқ. Файф — Саркдаги энг буюк ном. Коинот тадқиқотчиси деб аталаётган кимса фақат ҳақиқатни гапиряпти, десак ҳам, у роппа-роса бир йил Флоринада яшаганини эътиборга олиш зарур. У Файф номини ҳар қадамда эшитиши мумкин. Бу номнинг мавҳум эсдаликлар билан уйғунлашиб кетган табиий эмасми? У ҳақиқатни гапирмаётган бўлса-чи? Аста-секинлик билан юзага чиқаётган янгиликлар ёдлаб олингандир.
Валонанинг чайир қўлларидан бўшашга интилиб:
— Қулоқ солинг! — қичқириб юборди Рик.
— Мана, яна бир янгилик туғилганга ўхшайди, — қайд қилиб қўйди Файф.
— Қулоқ солинг. Биз стол ортида ўтирардик. Баҳслашардик. Нима сабабданлиги ёдимда йўқ. Чойга гиёҳ солиб қўйилган экан. Шунинг учун, бир оз ўтгач, мен қимир этолмай қолдим. Гапиролмасдим. Фақат, «Ё, Буюк Коинот, менга нима ичиришди?!», деб ўйлай олардим холос. Мен ўрнимдан туришни, қичқиришни ва қочишни истардим, лекин бу қўлимдан келмасди. Кейин, нариги киши, Файф, менга яқинлашди. У ёнимда турганча, менга энгашиб қарарди. Мен эса лом-мим деёлмасдим. Ҳеч нарса қилолмасдим. Фақат нигоҳимни юқорига — унга қаратиб туришим мумкин эди.
— Бу ёққа ўгирилинг-да, мана бу кишига боқинг! — деди жонҳолатда Жунц. — Сиз уни танийсизми?
Рик Сквайр Файфга тикилди. Бу ҳол бир дақиқа давом этди, кейин у тескари ўгирилди.
— Эсладингизми?
— Йўқ! Йўқ!
— Файф нохуш жилмайди.
— Тайёрлаган одамингиз ўз ролини ўзи унутиб қўйдими ёки у мени келгуси сафар танийдими?
— Мен бу кишини биринчи марта кўриб турибман, у билан қеч қачон гаплашмаганман, — эътироз билдирди Салим Жунц. — Мен фақат ҳақиқат излаяпман.
— У ҳолда мен бир неча савол берсам бўладими?
— Бемалол.
— Ташаккур. Энди эса Рик, ёки бошқа исмингиз бормиди…
— Гапираверинг, жаноб.
— Сиз гангиб, мажолсиз ўтирганингизда столнинг нариги томонидан бир киши яқинлашиб келгани ёдингизда, шундайми?
— Ҳа, жаноб,
— Ўша одам сизга юқоридан пастга эгилиб қараган, тўғрими?
— Ҳа, жаноб,
— Сиз эса пастдан юқорига қарагансиз ёки шундай қилишга интилгансиз-а?
— Ҳа, жаноб.
— Ўтиринг-чи.
Рик Файфнинг илтимосини қондирди.
Файф бир қанча муддат сукут сақлади. Ингичка лаблари қимтилди, юз ва дақан мушаклари таранг тортилди. Кейин у оромкурсидан пастга тушди.
Пастга тушди! Гўёки у стол тагида тиззаси билан тургандек эди. Бироқ у четга ўтгач, оёқларида тургани равшан бўлди.
Жунцнинг боши гангиб қолди. Шундай катта ва буюк одам тўсатдан ожизгина паканага айланганди.
Файфнинг маймоқ оёқлари йирик танасини ва катта бошини зўрға кўтариб турарди. Файфнинг юзи қип-қизил бўлиб кетди, кўзлари эса бояги-бояги такаббурона боқарди.
Рик ўтирар, Файф тик турар, уларнинг нигоҳлари бир хил баландликда тўқнашарди.
— Мен ўша одам бўлишим мумкинми? — хотиржам сўради Файф.
— Йўқ, жаноб.
— Ишончингиз комилми?
— Ҳа, жаноб.
— Шу ҳолда ҳам, сиз “Файф” номи эсимда деяверасизми?
— Ҳа, бу ном ёдимда, — ўжарлик қилди Рик.
— Демак, кимдир менинг исмимдан фойдаланган.
— Шундай бўлса керак.
Файф қайрилди-да, аста-секин, виқор билан столга яқинлашиб, оромкурсига чиқиб олди.
— Мен балоғат ёшига етганимдан буён ҳеч ким менинг тик турганимни кўрмаган эди. Мажлисни давом эттиришдан маъно борми?
Бу гапга Салим Жунц эътироз билдирди.
— Назаримда мажлисни давом эттириш зарур. Ахир Рикни фақат коинот тадқиқотчиси бўлгани учун руҳият зонди таъсирига дучор қилишмаган-ку!
— Унинг ўзидан сўранг, нега уни бу аҳволга солишди, — деди Файф.
— Албатта, бу нарса унинг ёдида йўқ, — жаҳли чиқди Жунцнинг.
— Руҳият зонди мияда сақланаётган мантиқий фикрлар заҳирасига айниқса, қаттиқ таъсир ўтказади. Шундай бўлса-да, ундан Флоринага қандай хавф таҳдид қилаётгани тўғрисида сўраб кўриш жоиз. Хўш, Рик, бу ҳақда нима дея оласиз?
— Фақатгина хавф мавжудлигини ва унинг коинот оқимлари билан боғлиқлигини эслайман, — ғўлдиради Рик.
Атрофга сукунат чўмди. Буни яна Жунц бузди.
— Сиз флориналик маҳаллий кишиларнинг сўзларига ишонмайман, деб айтдингиз. Лекин орамизда бир киши борки, у ўзини мутеларча қўл қовуштириб турувчи флориналикларга ўхшамаслигини исботлаб берган. Менимча, унга ҳам бир неча савол билан мурожаат этсак, ёмон бўлмайди. Агар у ўжарлик қилса ёки ишончсизлик туғдирса, уни Саркка қайтариш масаласини кўриб чиқамиз.
Анча пайтдан бери мушт бўлиб тугилган қўлларига тикилиб ўтирган Теренс гапираётган Жунцга кескин нигоҳ ташлади.
— Рик Флоринада топилгандан буён сизнинг қишлоғингизда яшади, шундайми?
— Ҳа.
— Сиз мана шу муддат давомида қишлоқда узлуксиз бўлганмисиз? Яъни, айтмоқчиманки, турар жойингизни бирор иш билан узоқ вақтга тарк этмаганмисиз?
— Резидентлар иш билан у ёқ-бу ёқларга югурмайдилар. Уларнинг барча юмушлари қишлоқда.
— Ўтган йили қайси сквайр сизнинг қишлоққа ташриф буюрди?
— Мен қаердан билай? Бу саволга жавоб бера олмайман: сквайрлар қаёқда-ю, маҳаллий аҳоли қаёқда! Сиз учун мен Резидентман, улар учун эса оддий флориналик. Мен дарбоза ёнида туриб олиб, уларнинг ҳужжатини текширишга ҳуқуқим йўқ.
— Сизнинг ерларингиз кимга қарашли?
— Сквайр Файфга.
Тўсатдан орадаги гапга Стин аралашди.
— Менга қаранг! Доктор Жунц, сиз бу саволларингиз билан узоққа боролмайсиз, балки Файфга ёрдам берарсиз. Наҳотки, Файф бу кишининг ортидан жосус қўйишдан манфаатдор бўлса, наҳотки унинг ўзи Флоринага бориб юрса? Назоратчилар нимага чақирилган?
— Бундай шароитда, — деди Жунц, — яъни сайёранинг иқтисодиёти ва балки, умуман бор-йўқлиги биргина одамнинг миясига боғлиқ бўлиб қолганда, табиийки, руҳият зондини қўллаган кимса назоратчиларга суяниб ўтирмайди.
— Ҳаттоки у ўша мияни ишдан чиқарган бўлса ҳамми? — жилмайди Файф.
Эблнинг пастки лаби осилиб, қовоғи солинди. Унинг энг охирги тиккан дови Файф томонга ўтиб кетаётган эди.
Бироқ тўсатдан, маъюсланиб ўтирган Валона тилга кириб, ёрдамга келди:
— Мен гапирсам майлими?
— Гапиринг, яхши қиз, тортинманг, — деди Жунц.
— Мен оддий деҳқон қизиман. Жаҳлингиз чиқмасин. Менинг назаримда, ҳамма нарса бошқача бўлиши керакдек. Рик ҳақиқатдан ҳам катта одам эдими? Айтмоқчиманки, коинот тадқиқотчисимиди?
— Менимча, ҳа.
— У ҳолда, менинг фикрим мана бундай. Рикни Флоринага олиб келган киши, уни бирон дақиқа ҳам кўздан қочирмаслиги зарур эди. Айтмоқчиманки, уни фабрикадаги бошлиқлар урмаслигини, болалар тош отмаслигини, у касалланиб, ўлиб қолмаслиги учун назорат қилиб туриш керак эди. Уни майдонда ҳам ожиз ҳолда ташлаб кетолмасди, тўғрими? Унинг тирик қолишини тасодифга ишониб ташлаб қўёлмасди. — Қиз ҳаяжонланиб, ҳовлиқиб сўзларди.
— Давом этаверинг, — деди Жунц, диққат билан уни кузатар экан.
— Рикни энг бошдан кузатиб юрган бир одам бор. У Рикни майдондан топиб олган, қараб туришни менга топширган, унинг ҳар бир куни қандай ўтганини билиб юрган. У доктор тўғрисида ҳам барча ахборотдан хабардор эди, буни мен ўзим айтиб бергандим. Ана у! Ана у! — Қиз деярли қичқириб юборди, унинг кўрсаткич бармоғи эса Мирлин Теренсга — Резидентга ишора қиларди.
Бу ҳаттоки ўта хотиржам Файфга таъсир қилди. Унинг қўллари оромкурсидан кўтарилди, боши эса кескин Резидент томонга бурилди.

ҒОЛИБЛАР

Ҳамма ҳайкалдек қотиб қолганди.
Кейин Стиннинг чинқироқ кулгиси эшитилди.
— Жуда тўғри, — хаҳолашга ўтди Стин. — Мен доимо шу ҳақда гапирганман. Файф бу флориналикни ёллаган. Мана, Файфнинг асл қиёфасини кўриб турибсиз, унинг мақсади…
— Бу ғирт туҳмат!
Бу хитобни Файф эмас, Резидент айтди. У ўрнидан дик этиб туриб кетди. Кўзлари ёнарди.
— Нима туҳмат? — сўради Эбл.
Теренс каловланиб, бир муддат унга қараб турди-да, тез-тез нафас оларкан, жавоб берди:
— Сквайрнинг гаплари. Ҳеч қандай сарклик менга пул тўлаётгани йўқ.
— Қизнинг гаплари-чи? Улар ҳам туҳматми?
— Йўқ. Валона тўғри айтди. Руҳият зондини мен қўлладим. Менга бундай қарама, Лона! Мен Рикка зиён-заҳмат етказмоқчи эмасдим. Мен бундай бўлишини ҳеч қачон истамаганман.
— Ҳаммаси уюштирилган, — норозилик билдирди Файф. — Эбл, мен сизнинг ниятингизни, аниқ билмайман, лекин мана бу шахснинг жиноятлари рўйхатига яна янгисини қўшиш мумкин эмас. Ҳаммага маълумки, фақат Буюк Сквайргина керакли билим ва имкониятларга эга бўла олади. Стин, балки сиз, йўқ айбни бўйнига олиш усули билан ёллаган одамингизни қутқариб қолмоқчидирсиз?
— Бу масалада мен ҳеч кимдан, ҳатто Трантордан ҳам пул олмайман, — деди Резидент. — Агар бутун воқеани эшитгингиз келса, мен айтиб бераман. Мен учун Сарк нима-ю, Трантор нима?! Ҳаммаси жонга тегди! Майли, ҳеч бўлмаса кўнглимни бўшатаман. — У Файфга ишора қиларкан, гапида давом этди. — Мана бу киши — Буюк Сквайр Файфнинг айтиши бўйича, бир жиноятчининг қилган ишларини бажаришга, фақат Буюк Сквайрдагина етарли билим ва имконият мавжуд экан. У бунга чин дилдан ишонади. Бироқ, унинг бир ўзи нима ҳам қиларди? Барча саркликлар қўшилиб ҳам ҳеч нарса қилолмайдилар. Улар бошқарув ишларида қатнашмайдилар. Мамлакатни флориналиклар бошқарадилар! Флорина Фуқаролик хизмати бошқаради! Барча қоғозбозлик ишлари флориналиклар бўйнида. Қоғозлар эса, маълумки, Саркни бошқарадилар. Албатта, кўпчилик флориналиклар муте бўлиб қолишган, бироқ агар истасак, лаънати сквайрлар тумшуғининг тагида қандай ишларни амалга оширишимиз мумкинлигини биласизми? Мана, менинг ишларимга назар ташланг.
Бир йил аввал мен вақтинчалик фазо бекатида ҳаракат бошлиғи эдим. Бу ҳақда қоғозларда қайд этилган. Расмий томондан ҳаракат бошлиғи сарклик бўлгани учун, озроқ қоғоз титкилашингизга тўғри келади. Лекин у расмий бошлиқ бўлгани билан, барча иш менинг зиммамда эди. Менинг номимни фақат «Флориналик ходимлар» деб аталмиш алоҳида бўлимдан топасиз. Ҳеч бир сарклик у ерга нигоҳ ташлашни ўзига эп кўрмайди.
ЮКТБнинг маҳаллий ходимлари коинот тадқиқотчисининг хабарномасини юбориб, унинг кемасини “Тез ёрдам” билан кутиб олишни таклиф қилганларида, бу ахборот менга келиб тушган. Флорина ҳалокати ҳақида эшитиш ҳар куни ҳам насиб қилавермайди, шундай эмасми? Шунинг учун, мен коинот тадқиқотчиси билан шаҳар ташқарисидаги кичкина бекатда учрашишга келишдим. Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ эди. Саркни ҳаракатга келтирувчи барча мурват ва дастаклар менинг қўлимда эди.
Мен коинот тадқиқотчисини кутиб олиб, уни ЮКТБдан ҳам, Саркдан ҳам беркитдим. Ундан барча ахборотни қўлимдан келганча сиқиб олдим ва уларни Флорина учун ва Саркка қарши ишлатишга қарор қилдим. Файф беихтиёр савол берди:
— Биринчи хатларни сиз юборганмидингиз?
— Буюк Сквайр, — хотиржам давом этди Теренс, — биринчи хатларни мен жўнатганман. Мен кирт майдонларининг катта қисмига эга бўлсам, Транторга ўз шартларимни қўйиб, саркликларни ўз сайёрамиздан ҳайдаб чиқара оламан, деб ўйлагандим.
— Сиз ақлдан озибсиз?
— Балки. Ҳар ҳолда бундан ҳеч нарса чиқмади. Коинот тадқиқотчисига ўзимни Файф деб таништирдим. Чунки, у сайёрадаги энг катта одам Файф эканлигини билар ва мени шу киши деб таниса очиқ-ойдин гапириши маълум эди.
Афсуски, унинг сабр-тоқати меникидан ҳам кам экан. У ЮКТБ ходими билан учраштирасан, деб туриб олди. Мен уни тинчлантира олмай руҳият зондини ишлатишга мажбур бўлдим. Руҳият зондини амаллаб топдим. Унинг қандай ишлатилишини касалхоналарда кўрган эдим. Бу соҳадаги билимим жуда саёз эди. Бахтга қарши, шундай бўлиб чиқди. Мен зондни унинг онги юқори қатламларидаги қўрқув ва хавотирлик ҳиссини олиб ташлашга мўлжаллаб мосладим. Бу жуда оддий операция эди. Нима бўлганини ҳалигача тушунмайман. Эҳтимол, қўрқув ва хавотирлик анча пастки қатламларда ётган бўлса кераг-у, зонд эса уларни қидириб, йўл-йўлакай ақлни ҳам вайрон қилиб кетган. Натижада, менинг қўлимда ақлсиз жонзот пайдо бўлиб қолди… Рик, мени кечир, жуда афсусланаман… Шундай қилиб коинот тадқиқотчиси бутунлай ожиз кимсага айланади. Уни бирор кимса таниб қолиши мумкин бўлган шарт-шароитдан асраш лозим эди. Ўлдириб ҳам бўлмасди. Унинг билимлари менга керак эди, эс-ҳушининг қайтишига ишонардим.
Мени Флоринага Резидент сифатида жўнатишларига эришдим-да, қалбаки ҳужжатлар билан коинот тадқиқотчисини ҳам ола кетдим. Кейин, уни даладан топиб олишларини уюштирдим ва Лонанинг қўлига топширдим. У доктор билан учрашмагунча ҳеч қандай хавф туғилгани йўқ. Шунда мен Юқори Шаҳарнинг кучланиш станцияларига боришга мажбур бўлдим. У ердаги инженерлар саркликлардан иборат эди, лекин кириш-чиқиш назоратини флориналиклар эгаллагандилар. Саркда юрган пайтимда қувват олиш йўлларини етарли даражада билиб олганим учун кучланиш симларини туташтириш қийин бўлмади. Ўшандан бери одам ўлдиришга кўникиб қолдим. У пайтда докторнинг қоғозлари нусхаси ҳам сақланишини билмасдим. Бу ҳақда ўйлаб кўриш керак экан. Кейин, юз соатча аввал, — назаримда юз йилга ўхшайди, — Рикнинг эс-ҳуши қайта бошлади. Бор гап шу. Жунц жаноблари тўғри айтдилар.
Энди бир нарсага эътибор қилинг. Рикнинг қоғозлари қаердалигини фақат мен биламан. Ҳеч бир сарклик, ҳеч бир транторлик уларни тополмайди. Агар ўша ҳисоб-китоблар сизга керак бўлса, менга сиёсий бошпана беришингиз зарур. Сарклик ёки транторлик ўзини ватанпарвар деб аташи мумкин-у, нега флориналик бундай қилмаслиги керак?
— Биз сизни Саркка бермаймиз, — деди Жунц. — Сиз коинот тадқиқотчисига етказган жисмоний заҳматингиз учун суд қилинасиз. Натижа қандай тугашини билмайман, лекин ҳозир бизга ёрдам берсангиз, бу айбингизни енгиллаштиради.
Теренс доктор Жунцга синовчан нигоҳ ташлади.
— Доктор, сизга ишонишга ҳаракат қиламан… Коинот тадқиқотчисининг гапига қараганда, Флоринанинг қуёши янги юлдуз портлаши даврига кирган.
— Йўғ-е! — Бу хитоб Валонадан бўлак барчанинг оғзидан чиқди.
— Қуёш пақ этиб портлашга тайёр турибди, — истеҳзо билан жилмайди Теренс. — Бу рўй бериши билан Флорина тамаки тутунидек йўқ бўлиб кетади.
— Мен коинот тадқиқотчиси эмасман, лекин юлдузнинг қачон портлашини олдиндан айтиш мумкин эмас, деб эшитгандим, — сўз қотди Эбл.
— Жуда тўғри. Айтинг-чи, Теренс, сизга Рик нега шундай хулосага келганини тушунтирмаганмиди? — сўради Жунц.
— Эҳтимол, бу нарса унинг қоғозларида ёзилгандир. Менинг ёдимда фақат углерод оқимлари тўғрисидаги гаплар қолган.
— Нима деяпсиз?
— У доимо бир гапни қайтарарди: “Углеродли коинот оқими. Углеродли коинот оқими…». Бундан ташқари, қандайдир “каталик эффект” ҳақида ҳам сўзлаганди. Бошқа ҳеч нарса билмайман.
Стин ҳиринглади, Файф хўмрайди. Жунцнинг кўзлари катта-катта очилди.
Кейин Жунц ғўлдиради:
— Мени кечиринг. Мен ҳозир қайтаман.
У уч ўлчамли тасвирни тарк этди. Жунц чорак соатдан сўнг қайтди. Ҳайратланиб атрофга боқди. Хонада фақат Эбл билан Файф ўтиришарди.
— Биз сизни кутаётгандик, доктор Жунц, — деди Эбл. — Коинот тадқиқотчиси билан қиз элчихонага йўл олишди. Мажлис тугади.
— Тугади? Ё Буюк Коинот, биз энди бошладик-ку! Мен сизга янги юлдуз портлаш шарт-шароитларини тушунтирмоқчи эдим.
Эбл хижолатдан қимирлаб қўйди.
— Бунинг зарурияти йўқ, доктор.
— Бу жуда муҳим. Менга беш дақиқа вақт беринг.
— Майли, гапира қолинг, — сўз қотди Файф. У жилмаярди.
— Бошидан бошлай қолай. Галактика тараққиётининг дастлабки илмий мақолаларида таъкидланганки, юлдузлар қувватни ўз таркибларидаги ядровий ўзгаришлардан оладилар. Шунингдек маълум эдики, бу қувватнинг вужудга келиш шарти фақат икки хил ядровий реакция натижасидир. Иккала ҳолда ҳам водород гелийга айланиши керак. Биринчи реакция тўғридан-тўғри рўй беради, водороднинг икки ядроси икки нейтрон билан бирлашиб, гелийнинг битта ядросига айланадилар. Иккинчиси эса билвосита, бир неча жараённи босиб ўтади. Бу ҳолда ҳам водород гелийга айланади, лекин оралиқ жараёнлардаги ўзгаришларда углерод ядролари ҳам иштирок этади. Бу ядролар бирон-бир ўзгаришга учрамайди, унинг учун оз миқдордаги углерод ҳам жуда кўп водороднинг гелийга айланиши жараёнида қайта-қайта иштирок этаберади. Бошқача қилиб айтганда, катализатор бўлиб хизмат қилади. Бу нарсалар тарихий даврларда, инсоният фақатгина бир сайёрада яшаётган пайтида ҳам маълум эди.
— Бу ҳаммага маълум бўлса, — эътибор қилди Файф, — сиз вақтни беҳуда ўтказяпсиз.
— Бироқ, биз бундан бошқа ҳеч нарса билмаймиз. Юлдузларда бу икки хил реакциянинг қайси бири рўй бериши ҳеч қачон маълум бўлмаган. У ёки бу йўналишни асосий деб олган турли илмий йўналишлар доимо мавжуд бўлган. Лекин, одатда умуман фикр оддий бир хулосага — водороднинг гелийга айланишига келиб тақалган. Менимча, Рикнинг назарияси мана бундай бўлган. Водороднинг гелийга айланиши жараёнида, баъзан шундай шарт-шароит вужудга келадики, бунда углерод ҳам иштирок эта бошлайди. Натижада, айтилган реакция жараёни тезлашиб, юлдуз қизий бошлайди.
Коинотда турли оқимлар мавжуд. Буни яхши биласиз. Уларнинг баъзилари углеродлидир. Юлдузлар бу оқимларга дуч келиб қолганда, улардан катта миқдордаги атомларни юлиб оладилар. Лекин бу атомларнинг умумий миқдори юлдузнинг моддалари миқдори олдида билинмас даражада кам, ва улар юлдузга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайдилар. Бироқ, углероддан ташқари! Углеродга бой оқимлар орасидан ўтган юлдуз мувозанатдан чиқади. Мен, углерод атомларининг юлдуз бағрига кириб олиши учун неча йил — юз йилми ёки миллион йилми кетишини билмайман, лекин ҳар ҳолда, анча вақт керак бўлади. Бу нарса рўй бериши учун, оқим жуда кенг бўлиши, юлдуз эса унга кичик бурчак ҳосил қилиб кириши лозим. Юлдуз бағрига ўрнашган углерод миқдори маълум тўйиниш даражасига етгандан сўнг, юлдузнинг нурланиши тўсатдан ва кескин кўпаяди. Ташқи қатламлар даҳшатли портлашдан учиб кетадилар ва янги юлдуз туғилади. Хўш, бунга нима дейсиз?
Жунц жавоб кутди.
— Сиз, коинот тадқиқотчисининг бир йил илгариги сўзларини эслашга уринган Резидентнинг мавҳум гапларига асосланиб мана шуларни ўйлаб топдингизми?
— Ҳа, ҳа. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Коинот тадқиқи ана шу назарияни қабул қилишга тайёр. Агар Рик бу фикрни олға сурмаса, тез орада бошқа бир кимса албатта асослаши мумкин эди. Бу хилдаги назариялар авваллари ҳам таклиф қилинган, лекин улар жиддий қабул қилинмаган. Коинот тадқиқи техникаси яхши ривожланмаганлиги сабабли, ҳеч бир назария юлдуз таркибидаги углероднинг нега тўсатдан ошиб кетишини тушунтириб беролмаган. Угелеродли оқимлар мавжудлиги ҳозир маълум. Биз харитага унинг йўлини чизишимиз, охирги ўн минг йилликда қайси юлдузлар оқимдан ўтганлигини аниқлашимиз ва бу ахборотни янги юлдузларнинг пайдо бўлиши, уларнинг нурланиш оқими билан таққослашимиз мумкин. Худди шу ишларни Рик бажарган бўлиши керак. Унинг Резидентга кўрсатишга уринган ҳисоб-китоблари ва кузатишлари асосида ҳам менимча, ана шу назария ётади. Лекин ҳозир бошқа муҳимроқ иш бор: зудлик билан Флорина аҳолисини кўчириш зарур.
— Иш мана шунга бориб етади, деб ўйлагандим, — деди вазминлик билан Файф.
— Кечирасиз, Жунц, бунинг асло иложи йўқ, — деди Эбл.
— Нега иложи йўқ?
— Флорина қуёши қачон портлайди?
— Билмайман. Рикнинг бир йил олдинги ташвишли хабарига кўра, жуда оз вақт қолган.
— Сиз бу муддатни аниқлай оласизми?
— Йўқ.
— Қачон бундай имконият туғилади?
— Айтиш қийин. Рикнинг ҳисоб-китобларини топган тақдиримизда ҳам, уларни қайта текшириб чиқиш керак.
— Сиз коинот тадқиқотчисининг назарияси тўғрилигига кафил бўла оласизми?
Жунц қовоқларини уйди.
— Менинг ишончим комил, лекин ҳеч бир олим назариянинг тўғрилигига олдиндан кафил бўла олмайди.
— Демак, сиз далилланмаган қуруқ гап асосида Флорина аҳолисини кўчирмоқчимисиз?
— Бутун сайёра аҳолисининг ҳаёти қандайдир мол-матоҳ эмаски, уни хавфга қўйиб далил-исбот қидириб юрсак.
— Агар Флорина оддий сайёра бўлганда, мен таклифингизга шу заҳотиёқ розилик билдирардим. Флорина бутун Галактикани кирт билан таъминлайди. Сизнинг талабингизни қондириш жуда мушкул.
— Жаноблар, арзон таннархли киртнинг сири тез орада бизнинг қўлимизда бўлади. Бир йилдан сўнг кирт яккаҳокимлигига чек қўйилади.
— Аниқроқ тушунтириб бера оласизми?
— Мана энди, Файф, мажлисимиз асосий нуқтасига етиб келди. Кирт барча аҳоли яшайдиган сайёраларнинг ичида фақат Флоринада ўсади. Киртнинг ўсиш имконияти билан портлашолди жараёни бир-бирига боғлиқлиги эҳтимоли жуда катта. Ўйлаб кўринг, Галактикада портлай деб турган бошқа қуёшнинг бўлмагани каби, кирт ўсадиган бошқа сайёра ҳам йўқ, — тушунтирди Салим Жунц.
— Сафсата, — деди Файф.
— Наҳотки? Нега бўлмаса, кирт Флоринада кирт сифатида ўсади-ю, ўзга ҳар қандай сайёрада эса фақат пахта бўлиб кўкаради? Олимлар қанча даврдан бери уни бошқа сайёраларда сунъий ўстиришга, етиштириш шарт-шароитларини аниқлашга беҳуда уриниб келишаётир. Бунга портлашолди жараёни билан боғлиқ омиллар таъсир этиши мумкинлиги энди бизга аён.
— Улар Флорина қуёшининг нурланишини қайтаришга ҳаракат ҳам қилишган, — деди жаҳл билан Файф.
— Ҳа, фақат нурланиш спектрининг кўзга кўринувчи ва ультрабинафша қисмини такрорлай олувчи электр ёйи ёрдамида уринишган. Инфрақизил қисми-чи? Бундан ҳам ташқаридагиси-чи? Магнит майдонлари тўғрисида нима дейиш мумкин? Электронлар эмиссияси ҳақида-чи? Коинот нурларининг таъсири бўйича қандай хулоса бор? Мен физик йўналишдаги биокимёгар эмасман, бу ерда мен билмайдиган ўзга омиллар ҳам мавжуддир. Тез орада бутун Галактикадаги физик йўналишдаги биокимёгарлар бу муаммони ҳал этишга киришадилар. Ишонтириб айтишим мумкин-ки, бир йил ўтгач масала ечилади.
— Лоф қиляпсиз? — ғўлдиради Файф.
— Сквайр Файф, бир йилдан сўнг сизнинг Флоринадаги ерларингиз янги юлдуз биланми ёки йўқми, ўз қадрини йўқотади. Сиз уни сотинг. Бутун Флоринани сотиб юборинг! Трантор пулини тўлайди.
— Бутун сайёрани сотиб олиш! — ажабланди Эбл.
— Нима, мумкин эмасми? Транторнинг маблағи етарли. Бутун Галактика аҳолисининг сизга нисбатан туғилувчи меҳр-муҳаббати чиқимларингизни минг маротаба орттириб қоплайди. Сиз юз миллионлаб ҳаётни сақлаб қоласиз, ҳаммани арзон кирт билан таъминлайсиз.
— Мен ўйлаб кўраман, — деди Эбл.
У Файфга боқди. Сквайр кўзларини пастга қаратди. Бир оз сукут сақлагач, у ҳам сўз қотди:
— Мен ҳам ўйлаб кўраман.
Салим Жунц жилмайди.
— Жуда узоқ ўйламанг. Кирт воқеаси тез орада овоза бўлади. Уни тўхтатиб қололмайсиз. Унда эркин ҳаракат қилолмайсиз. Шу ернинг ўзида савдолашганингиз маъқул!

***

Резидент жуда маъюс эди.
— Наҳотки, ҳаммаси чин бўлса? — такрорларди у. — Наҳотки шундай? Флорина энди йўқоладими?
— Афсуски шундай, — деди Жунц.
Теренс бир қўли билан иккинчисини ушлади.
— Агар сизга Рикнинг ҳисоб-китоблари керак бўлса, уларни уйимдаги менинг статистик қоғозларим орасидан топиш мумкин. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаслиги учун, эски, юз йил илгариги статистик маълумотлар ичига тиқиб қўйганман.
— Менга қаранг, — деди Жунц. — Бир таклиф бор. Биз ЮКТБ билан келиша олсак керак. Бизнинг ишларимизда Флоринада ёрдам бера оладиган одам зарур, у флориналикларни яқиндан билиши, барча шарт-шароитларни уларга тушунтира олиши, аҳоли кўчиришни уюштириши, бунинг учун қайси сайёралар тўғри келишини аниқлаши керак. Менимча, сиз ўша одамсиз.
— Яъни, сизга подачи зарур экан-да?! Шу билан ўз жонимни қутқараманми? Нега энди йўқ дейишим керак? — Резидентнинг кўзлари тўсатдан ёшга тўлди. — Мен ахир йўқотяпман. Менинг на уйим, на сайёрам бўлади. Ҳаммамиз йўқотяпмиз. Флориналиклар сайёрасини, саркликлар бойлигини, Трантор эса бу бойликни қўлга киритиш имкониятини йўқотяпти. Ҳеч ким ҳеч нарса ютмаяпти.
— Агар бир нарсани ҳисобга олмасак, — деди юмшоқлик билан Жунц — Янги Галактикада, мувозанатдан чиққан юлдузларсиз ҳам ҳаммага етарли кирт бўлади ва сиёсий бирдамликка яқинлашган Галактикада, барибир ғолиблар бўлади. Уларнинг сони квадрильондан ҳам ортиқ. Улар Галактиканинг аҳолиси — ўшалар ютди, мана ўшалар ғолиб!

ХОТИМА.
БИР ЙИЛДАН СЎНГ

— Рик! Рик! — Салим Жунц кема томон интилар экан, қўлларини силкитарди. — Лона! Сизларни таниб ҳам бўлмайди-я! Яхшимисизлар? Қалай яшаяпсиз?
— Жуда яхши. Хатимизни олганга ўхшайсиз, — деди Рик жилмаяр экан.
— Албатта. Хўш, охирги ишлар тўғрисида нима дейсиз?
Улар махсус машинага ўтириб, Жунцнинг ишхонаси томон йўл олишди. Фақат шундангина Валона маъюслик билан жавоб берди:
— Бугун эрталаб қишлоғимизга боргандик. Ҳамма ёқ, ҳатто далалар ҳам бўм-бўш.
Валонанинг кийиниши ўзгарганди. У флориналик деҳқон қизга асло ўхшамас, энди унинг Империя аёлларидан фарқи йўқ эди.
— Бир йил ўтар-ўтмас шунча аҳоли кўчирилибди-я! — деди Рик.
— Иложи борича ҳаракат қиляпмиз, Рик. О, мени кечирасиз, энди сизни ҳақиқий исмингиз билан аташ керак-ку!
— Раҳмат, шарт эмас. Эски номимга кўниколмадим. Менинг номим — Рик. Мен фақат шу исмни эслай оламан.
— Коинот тадқиқотига қайтиш масаласини ҳал қилдингизми? Рик бош чайқади.
— Ҳа, ҳал қилдим. Энди бу соҳада ишламайман. Эс-ҳушимнинг бу қисми бутунлай йўқолган. Лекин афсус қилаётганим йўқ. Мен Ерга қайтаман. У сайёра менинг ватаним… Айтгандай, мен Резидент билан учрашаман деб умид қилгандим.
— Учрашолмасангиз керак. У бугун жўнаб кетиш ниятида юрибди. У сизни кўришни истамаяпти. Ўзини олдингизда айбдор ва гуноҳкор деб билади. Сиз унга нисбатан душманлик кайфиятида эмасмисиз?
— Йўқ. У менга яхшилик қилмоқчи бўлган, ва ҳақиқатдан ҳам менинг ҳаётимни яхши томонга ўзгартирди. Энг аввало, мен Лонани топдим. — У қизнинг елкаларидан қучди. Валона унга майин нигоҳ ташлади ва жилмайди. — Резидент руҳият зондини хавотирлик ҳиссини олишга мослаган, бироқ кучланишни тўғри қўймаган. Ҳа, мен энди коинот тадқиқотчиси бўлолмайман. Аммо мен Ерга қайтаман. У ерда ҳам одамлар керак.
— Энди мен — Ер аёлиман, — деди Валона.
Рик уфққа боқди. Юқори Шаҳар ҳар доимгидек ёрқин эди, лекин у ерда ҳеч ким яшамасди.
— Флоринада қанча одам қолди? — сўради у.
— Йигирма миллион атрофида, — жавоб берди Жунц. — Кўчириш бошланғич жараёнда турибди. Кўпчилик қўшни сайёралардаги вақтинчалик тураргоҳларда яшаяпти. Бу қийинчиликлардан қочиб бўлмайди.
— Энг охирги одам бу ердан қачон кетади?
— Ҳеч қачон.
— Тушунмадим.
— Резидент бу ерда қолиш учун норасмий илтимос билан мурожаат қилди. Унга норасмий рухсат берилди. Жамоатчиликка бу ҳақда хабар қилинмайди.
— Бу ерда қолмоқчи? — ҳайратланди Рик. — Бутун Галактика ҳаққи, нега?
— Билмадим, — жавоб берди Салим Жунц, — менимча, бу нарсани ўзингиз Ер ҳақида сўзлаганингизда тушунтирдингиз. Унда ҳам шундай ҳислар бор. «Мен Флоринанинг ёлғиз ҳалок бўлишига йўл қўёлмайман», деяпти у.

ИЗОҲЛАР

1. Сквайр – олий табақа одами.
2. Интроверт – (ингл) — одамовилик.
3. Клерк — энг паст мавқедаги идора ходими.
4. Фермент — организмдаги кимёвий ўзгаришларга ёрдам берувчи мураккаб органик модда.
5. Инертлик – кимёвий реакцияга киришмаслик.
6. С п е к т р — ёруғлнк нурининг тўлкин узунликлари бўйича ёйилмаси.
7. Каталик эффект — бирон-бир физик ёки кимёвий жараённи тезлатувчи эффект.

006Ayzek AZIMOV
KOINOT OQIMLARI (2)
Ozod Mo‘’min Xo‘ja tarjimasi
005

OLIYZOT XONIM

007Samiya bir narsani yaxshi bilardi: Samiya Fayf qizining ilm bilan shug‘ullanishiga, Sarkning oqsuyak oliyzot xonimlarining asosiy vazifasi — jamiyatda dabdaba bilan ko‘zga tashlanib yurishi va ikkitadan kam bo‘lmagan (lekin ko‘p ham emas) sarklik skvayrni dunyoga keltirishdan iborat, deb biluvchilar, g‘ijinib boqardilar.
Ular qizning oldiga kelib:
— Samiya, siz haqiqatan ham kitob yozyapsizmi? — deb so‘rashardi va ko‘rsatishni iltimos qilishardi, so‘ng qiqirlab kulardilar.
Bular ayollar edi. Erkaklar esa o‘zlarining shirin so‘zlari, o‘tli nigohlari yoki qizning nozik belidan bir martagina quchib, Samiyani bunday ahmoqgarchilikdan qaytarish hamda uning diqqatini haqiqiy muhim ishlarga jalb etish mumkin, degan aqidalari bilan yanada jirkanchroq ko‘rinardilar.
Buning boshlanganiga ancha bo‘lgandi. Ko‘pchilik kirtni faqat zaruriy narsagina deb hisoblasa-da, Samiya esini tanigandan beri unga butun mehr-muhabbatini bag‘ishlagandi. Kirt! Matolarning eng oliysi!
Kimyoviy tomondan u faqat sellyulozaning bir turi edi. Kimyogarlar bu haqda hatto qasam ichishlari mumkin edi. Biroq, o‘zlarining barcha asbob-uskunalari-yu, nazariyalari bilan, nega butun Galaktika qa’ridagi barcha sayyoralar orasida Florinada, faqat Florinada sellyulozaning kirtga aylanishini tushuntirib berolmasdilar. Hamma balo fizik holatda, derdilar ular. Ammo ulardan, kirtning sellyulozadan farqi nima, deb so‘rang-chi, og‘izlariga talqon solib olardilar.
Qachonlardir u kirt tolalarining jilosidan hayratlanib, o‘z enagasidan so‘ragandi:
— Ena, nega u yaltiraydi?
— Chunki, u — kirt, Samiya begim.
— Ena, nega boshqa narsalar bunchalik yaltiramaydi?
— Boshqa narsalar kirt emas, Samiya begim.
Xullas, bor savol-javob shunaqa bo‘lardi. Bu mavzuga bag‘ishlangan ikki jildlik risola uch yilgina avval chop etilgandi. Qiz uni diqqat bilan o‘qib chiqdi. Undan chiqarilgan xulosa enaga fikri bilan bir xil edi. Kirt — bu kirt, chunki u kirt.
To‘g‘ri, kirt o‘z-o‘zicha yaltiramasdi, maxsus usul qo‘llab to‘qilsa, quyosh nurida istalgan rang yoki birato‘la kamalakning barcha ranglarida tovlanardi. Boshqa bir usul esa tolaga olmos jilosini berardi. Oddiygina ishlov berish orqali matoni 600 gradusgacha chidamli va barcha kimyoviy moddalarga nisbatan inert holiga keltirish mumkin edi. Tolalardan yupqa mato to‘qish uchun uni o‘ta ingichka ipga ham aylantirardilar, bu tolalarning mustahkamligiga hech bir po‘lat qotishma tenglasholmasdi. Odamzotga ma’lum bo‘lgan narsalarning ichida kirt o‘zining turli-tuman jabhalarda va juda keng qo‘llanilishi bilan ajralib turardi. Agar kirt bunchalik qimmat bo‘lmaganida uni behisob texnika sohalarida qo‘llaniluvchi shisha, plastmassa yoki metall o‘rniga ishlatish mumkin edi. U optik asboblarda yagona ipli xoch sifatida, giperatomli yuritgichlarda ishlatiluvchi gidroxron qoliplar uchun, xullas, qaysi jabhada temir haddan ziyod mo‘rt va og‘ir deb hisoblansa, o‘sha yerda xizmat qilardi.
Lekin kirt oz edi, juda ham oz edi. Kirt xirmonining asosiy qismi Galaktikadagi eng antiqa kiyimlar tikiluvchi matolarga sarf bo‘lardi. Florina millionlab sayyoralardagi aslzodalarni kiyintirardi, shuning uchun yetishtirilgan hosil juda oz-ozdan tarqatilardi.
Samiyaning yoshi ulg‘aygach, u otasiga murojaat qildi.
— Dada, kirt nima?
— U — non bilan yog‘, Samiya.
— Men uchunmi?
— Faqat sen uchun emas, Samiya. U — butun Sark uchun non bilan yog‘.
Qiz Galaktikadagi har bir sayyora o‘z yerida kirt o‘stirishga urinib ko‘rganini bilib oldi. Avvaliga, Sark kim kirt urug‘ini o‘g‘irlagan bo‘lsa, uni o‘lim jazosiga hukm qilish haqida qonun chiqardi. Biroq, bu kontrabandani to‘xtatolmadi va Sark qonunni bekor qilish lozimligini anglab yetdi. Endi, har bir kimsa, u qayerdan kelgan bo‘lmasin, kirt urug‘ini sotib olishi mumkin edi, lekin kirt matosining og‘irligi narxida pul to‘lashi shart edi. Chunki, Galaktikadagi Florinadan boshqa sayyorada kirt o‘rniga oddiygina oppoq, jozibasiz, tolasi bo‘sh, befoyda paxta o‘sib chiqardi.
Ming xil usul qo‘llab ko‘rilgandi. Florina tuprog‘idan namunalar olindi. Florina quyoshi nurlari spektr ini beruvchi sun’iy yorug‘lik manbalari qurildi. Tuproqlarga Florina bakteriyalari yuqtirildi. Kirt esa pinak buzmay oppoq, jozibasiz, tolasi bo‘sh va oddiy paxta bo‘lib o‘sib chiqaverdi.
Besh yildirki, Samiya Fayf qizi kirt haqida, ya’ni u o‘sayotgan sayyora, uni undirayotgan kishilar to‘g‘risida kitob bitishni orzu qilardi.
Bu orzu atrofdagilarning masxaraomuz kulgusiga sabab bo‘lsa ham, Samiya uchun ezgu niyat edi. U Florinaga uchaman deb turib oldi. Florinada qiz butun mavsumni dalada o‘tkazib, so‘ngra fabrikadagi ishlarni kuzatmoqchi edi. U istardiki…
Uning nimalarni istash-istamasligining nima farqi bor? Qizga qaytish buyurilgandi. Hozir uning Sarkka uchishdan bo‘lak iloji yo‘q. Lekin, — u — Samiya Fayf qizi, Florinaga albatta qaytadi. Balki bir kun, balki ikki kun, balki bir haftadan so‘ng!
Samiya, Florina to kichkina ilg‘ar-ilg‘amas pufakchadek bo‘lib ko‘ringuncha illyuminatordan qarab turdi…

***

— Xonim, siz o‘z bo‘lmangizga kirmaysizmi?
Qiz kapitan Reystiga qaradida, kinoya bilan javob berdi:
—Kapitan, yana qanday buyruqlar oldingiz? Mabodo, men asira emasmanmi?
— Yo‘q, albatta. Bu faqat ehtiyotkorlik. Uchishimiz arafasida fazo bekati negadir bo‘m-bo‘sh edi. Ehtimol, anavi florinalik yana kimnidir o‘ldirgan bo‘lsa, fazo bekati bo‘linmasi ham nazoratchilarga qo‘shilib jinoyatchini qidirayotgandir.
— Bunga mening qanday daxlim bor?
— Menimcha, kemamizga begona shaxslar kirib olishgan.
— Nega?
— Hozircha, bu menga noma’lum.
— Kapitan, siz bularni to‘qib chiqaryapsiz.
— Unchalik emas, xonim. Bizning quvvat o‘lchagichlarimiz Florina quyoshi burji, ya’ni sayyoraviy masofalar ichida funksiyalarini bajarolmas edilar, hozir esa aniq ishlayaptilar va nazarimda, ehtiyot qismlar omboridan ortiqcha issiqlik taralyapti.
— Jiddiy gapiryapsizmi?
— Taralayotgan quvvatning kattaligi, ikki kishi vujudidan chiqishi mumkin bo‘lgan issiqlik miqdoriga teng.
— Bu balki, kimdir o‘chirishni unutib qo‘ygan isitish qurilmasidir.
— Xonim, bizning ehtiyot quvvatlarimiz zarracha ishlatilmagan. Har holda, biz tekshiruv o‘tkazishga tayyormiz, biroq avval siz o‘z bo‘lmangizga kirishingiz kerak.
Qiz indamay bosh irg‘adi-da, ichkariga kirib ketdi.

***

Nazoratchilar kiyimidagi Mirlin Terens ko‘chada Novvoyni, Rikni va Valonani birga ko‘rib qolganida tez va keskin harakat qilish lozimligini angladi. Uning boshqa iloji yo‘q edi: qo‘liga qurolni olgan zahoti Novvoy til tortmay halok bo‘ldi va yerga quladi.
Keyin, xaloyiq orasida g‘ala-g‘ovur ko‘tarilib, Rik bilan Valona olomon ichida yo‘qolib ketdilar. Yuqorida esa haqiqiy nazoratchilarning uchar mashinalari kalxatdek charx ura boshladi, u esa nima qilishni bilolmay gangib qoldi.
Avvaliga u Rik bilan Valonaga yetib olmoqchi bo‘ldi, biroq bu rejadan tezda voz kechishga to‘g‘ri keldi. Esini yo‘qotgan olomon orasidan o‘tib bo‘larmidi? Buning ustiga xavf katta, uni birpasda tutib olardilar! Rezident qarama-qarshi tomonga — novvoyxonaga qarab yo‘l oldi.
U erta tongda nazorat stansiyasiga yaqinlashdi. Zerikib o‘tirgan yolg‘izgina navbatchida bee’tiborlik bilan qahr-g‘azabning aralashmasidan iborat kayfiyat zohir edi. Terensga o‘z shaxsini va ish joyini tasdiqlash buyurildi. Rezident cho‘ntagidan hujjat o‘rniga shahar atrofidagi qandaydir yarim xaroba kulbadan sug‘urib olgan plastmassa bo‘lagini chiqardi.
U nazoratchining boshiga ana shu bo‘lak bilan tushirdi va uning kiyimlari bilan qurolini yechib oldi. U, nazoratchi hushini yo‘qotdigina emas, o‘lganini ham sezib uncha tashvishlanmadi, chunki shundoq ham jinoyatlari ko‘payib qolgandi.
U hamon ozodlikda yurar, nazorat oliy sudining zanglagan mashinasi uni qidirib bekorga g‘irchillardi.
Terens novvoyxonaga yaqinlashdi. Novvoyning ostonada turgan keksa yordamchisi nazoratchining dahshatli kiyimini ko‘rib, chinqirdi-da, o‘zini lip etib do‘konga urdi. Rezident unga otilib, xamir yuqi yoqasidan ushlab tortdi.
— Novvoy qani?
Chol lablarini juftladi-yu, ammo tovush chiqarolmadi.
— Gapir. Ikki daqiqa ilgari men odam o‘ldirdim. Yana bir kishini gumdon qilish menga hech gap emas.
— Shafqat qiling, janob! Men bilmayman.
— Bilmasang, o‘lasan.
— U menga hech narsa demadi. Men faqat uning Voteks va qandaydir fazoviy kema to‘g‘risida gapirganini eshitib qoldim.
Terens uni itarib yubordi.
Demak, Novvoy ularga patta olib bergan. Kema kutib turadi. Rik bilan Valona o‘sha yoqqa yo‘l olishgan. Bormasliklarining iloji yo‘q. Ammo qanday qilib u — Rezident, kuppa-kunduzi hech kimga bilintirmay fazo bekatiga boradi?… Vaziyat juda mushkul edi. Agar u Rikdan, ya’ni Sark istibdodiga qaratilgan katta qudratli quroldan ayrilsa, uning hayoti sarkliklar uchun pashsha umridek arzimas bo‘lib qoladi. Shuning uchun hozir eng ahamiyatlisi Rik…
Shuning uchun, u nazoratchilar o‘zlari kabi kiyingan kimsani qidirishayotgani, havo mashinalari hamon uchib yurishgan bo‘lsa-da, aslo hayajonlanmay ko‘chaga chiqdi.
Terensga manzil ma’lum edi. Florinaning fazo bekatlari orasida faqat bittaginasi oddiy sayohatchilarga, kambag‘alroq sarkliklarga, florinalik xizmatchilarga va Florinaga ruxsat olishga muvaffaq bo‘lgan o‘zga sayyoraliklarga mo‘ljallangan.
Bekat darbozasi yonida turgan tekshiruvchi yaqinlashib kelayotgan Terensga qiziqsinib qarab turardi.
— Salom, janob, — dedi u. Uning tovushida jur’atsizlik ohangi sezilib turardi. — Shaharda katta g‘alayon bo‘lyaptimi?
Terens qarmoqqa ilinmadi. U shlyapasining qayrilgan ayvonini pastroqqa tushirib, ko‘ylagining yuqori tugmasini taqib oldi.
— Bu yerdan Voteksga yo‘l olgan ikki kishi — erkak va ayol o‘tmadimi? — so‘radi u do‘q aralash.
Tekshiruvchi hayratga tushdi. U bir tomoq qirib oldi-da, itoatkorona so‘z qotdi:
— O‘tdi, ofitser. Yarim soatcha bo‘ldi. Balki undan kamroqdir. — U birdan qizardi. — Ularning anavi… ishlarga aloqasi yo‘qmi? Ofitser, ularning pattasi joyida edi. Men begonalarni tegishli ruxsatnomasiz o‘tkazmayman.
Terens unga boshqa e’tibor qilmadi. Tegishli ruxsatnoma! Novvoy uni bir kechada topibdi. “O, Galaktika!”, o‘yladi u, Trantorning josuslari Sark ma’muriyati orasiga shunchalik darajada kirib olishganmi?
— Ularning ismi qanday ekan?
— Xaret va Xansa Barn.
— Kema uchib ketdimi? Tez ayt!
— Yo‘q, janob.
— U qaysi maydonda?
— O‘n yettinchida.
Kemaning asosiy eshigi oldida ofitser kiyimidagi sayyoralararo parvoz xizmatchisi turardi. Terens harsillab nafas olar ekan, xizmatchini savolga tutdi:
— Kemaga Xaret va Xansa Bern chiqishdimi?
— Yo‘q, chiqishmadi, — dedi sovuqqonlik bilan ofitser. U sarklik bo‘lgani uchun nazoratchi — bor-yo‘g‘i maxsus kiyimli oddiy odam edi.
— Nahotki, chiqishmagan bo‘lsa? — betoqatlibetoqatlik bilan qayta so‘radi Terens.
— Aytdim bor gapni. Biz ularni kutmaymiz. Kema jadval bo‘yicha uchadi. Terens yana tekshiruvchining yoniga qaytdi.
— Ular uchib ketishdimi?
— Uchib ketishdi? Kim, o‘zi ular, janob?
— Barnlar. Voteksdan kelganlar. Ular kemaga chiqishmabdi. Orqaga qaytib ketishmadimi?
— Bu yerdan hech kim chiqmadi, janob!
— Ular o‘tib ketishgan paytdan beri biron-bir kema uchmadimi? Tekshiruvchi jadvalga qaradi.
— Uchdi, — dedi u. — “Dovyurak” kemasi. — Va tutoqib turgan nazoratchining kayfiyatini yaxshilash niyatida qo‘shimcha ma’lumot berdi. — “Dovyurak” maxsus reys bilan oliyzot Samiya Fayf qizini Florinadan Sarkka olib ketyapti.
Terens shoshilmay nari ketdi. Umuman iloji yo‘q ishlarni amalga oshirsang, boshqa har qanday mo‘’jiza haqiqatga aylanadi. Rik bilan Valona fazo bekatiga kirishgan. Ular qo‘lga tushishmagan, aks holda buni tekshiruvchi bilgan bo‘lardi. Ular pattalariga yozilgan kemaga chiqishmagan. Ular bekatdan ham qaytib o‘tishmagan. O‘sha damdan beri uchgan yakka-yu yagona kema — “Dovyurak”. Demak, Rik va Valona o‘sha kemaga chiqib olishtan. Ular yo asirga tushishgan, yo berkinib yotishibdi.
Ikkala taxminning ma’nosi bir. Agar ular berkinishgan bo‘lishsa ham, bari-bir tez orada asirga aylanardilar. Zamonaviy kemalarga yashirinib olishning iloji yo‘qligini faqat florinalik dehqon qiz bilan esi og‘gan kishigina bilmaydi. Ammo, eng hayratlanarlisi shuki, ular shuncha fazoviy kemalarning ichidan kelib-kelib Skvayr Fayfning qizi uchayotganini tanlashibdi!

SKVAYR

Skvayr Fayf Sarkning eng birinchi kishisi edi, shuning uchun tikka turishni yoqtirmasdi. Uning yelkalari keng, boshi, shubhasiz, katta bo‘lib, faqat oyoqlari kalta edi, oyoqlar katta og‘irlikni ko‘tarib yurganliklari uchun lapanglardi.
Xuddi shuning uchun Buyuk Skvayr stol ortida o‘tirar, uni boshqa holatda qizi, shaxsiy xizmatkori, to vafotiga qadar, xotinidan bo‘lak hech kim ko‘rmagan edi.
Skvayr o‘zini boshqalarga faqat shu alfozda ko‘rsatardi. Uning yuzida biron-bir ifoda sezilmas, kalta-kalta barmoqli katta va kuchli qo‘llari sirti silliq, usti bo‘m-bo‘sh — na qog‘oz, na eshitish asbobi, na bir bezak qo‘yilgan stol qirrasini ohista ushlab turardi.
U o‘zining rangpar, baliq go‘shtidek oppoq yuzli kotibiga faqat mexanik yordamchilar va florinalik xizmatchilarga nisbatan ishlatiladigan maxsus, hissiz ohangda so‘z qotdi:
— Xo‘sh, takliflarimning hammasi qabul qilindimi? Kotib ham xuddi shundek hissizlik bilan javob berdi:
— Skvayr Bort aytdiki, avvalgi ishlar yuzasidan olgan majburiyatlari uni soat uchdan oldinroq kelishga imkon bermas ekan.
— Siz unga qanday javob qildingiz?
— Bu maqsadga aslo muvofiq kelmaydi, dedim.
— Natija qanday bo‘ldi?
— U o‘z vaqtida shu yerda bo‘ladi, janob. Boshqalar esa so‘zsiz rozilik bildirishdi.
Fayf jilmaydi. Buyuk Skvayrlar o‘z mustaqilliklarini juda e’zozlaydilar.
U kuta boshladi. Xona katta — joy hammaga yetardi. Ushoqdekkina radioaktiv nurlanish uchqunchasiga ega bo‘lgan, ming yildan beri to‘xtamagan katta vaqt o‘lchagich — xronometr sovuqqonlik bilan aniq vaqtni ko‘rsatib turardi.
Ming yil ichida u nimalarni ko‘rmadi. U o‘zining birinchi daqiqalarini sanayotganda, Sark — shaharlari inson qo‘li bilan qurilgan, eski sayyoralar orasida o‘zining shubhali aloqalari mavjudligi bilan ajralib turgan yangi oshiyon edi. Vaqt o‘lchagich o‘sha paytlarda g‘ishtdan qurilgan eski binoning devorida osig‘liq turardi, u g‘ishtlar allaqachon uvalanib, tuproqqa qorishib ketgan. Bu orada Sarkning askarlari besh-oltita qo‘shni sayyoralarni bosib oldi, bir qancha vaqt ular ustidan hukmronlik qildilar. Besh yuz yil avval, u tinch davrni o‘lchayotgan vaqtda, Sark o‘ziga eng yaqin sayyora bo‘lgan Florinada hisobsiz boylik mavjudliginn kashf qildi. So‘ngra ikkita muvaffaqiyatli urush ro‘y berdi va tantanali ravishda g‘alaba sulhiga qo‘l qo‘yildi. Sark o‘zining boshqa mustamlakalaridan voz kechib, bor changalini Florinaga botirdi, natijada u shunchalik buyuk kuchga aylandiki, hatto Trantor ham bas kelolmay qoldi.
Florina barcha davlatlarga, shuningdek, Trantorga ham kerak edi. O‘tgan bir necha yuz yilliklar mobaynida Florina — koinotdan turli ochko‘z qo‘llar intilayotgan yoqimli o‘lja edi. Uni birinchi bo‘lib Sark changalladi. Sark bu o‘ljani qo‘ldan chiqarishdan ko‘ra, Butun Galaktika Urushini boshlashga tayyor edi.
Trantor buni bilardi!
Vaqt o‘lchagichning bir tekisdagi unsiz maqomi Skvayrning ongida xuddi shu naqarotni qaytarayotgandek edi.
Vaqt —2.23 edi.

***

Bir yilcha avval ham bu boshliqlarning uchrashuvi bo‘lib o‘tgandi. O‘shanda, Sayyora yuzasidagi qit’alarga egalik qilayotgan Skvayrlar hozirgidek uch o‘lchamli tasvirda uchrashgandilar.
Skvayr Runening haqiqiy vujudi hozirgi paytda sayyora shari yuzasining qarama-qarshi tomonidagi tun qa’riga cho‘kkan yagona qit’ada edi. Fayfning katta xonasida uning tasvirini o‘rab turgan to‘g‘ri to‘rt burchak shakldagi fazo tibbiy yorug‘likka nisbatan sovuqroq nur bilan yoritilgandi.
Bu katta xonada haqiqiy vujudi yoki tasviri bilan Sarkning barcha egalari yig‘ilgandi. Rune — xo‘ppa semiz, qip-qizil, ustiga-ustak, kal edi. Balle esa sochlari oq, yuzlarini ajin bosgan, qoqsuyak odam edi. Stinning upa-elik surtilgan, bir oz qizartirilgan yuzlarida kuchdan qolgan, biroq o‘zini bardam ko‘rsatishga urinayotgan odamning jonsiz tabassumi mung‘ayib turar, Bort bo‘lsa o‘zining ikki kundan beri olinmagan soqoli va iflos tirnoqlari bilan sarishtalikka yoqtirmaydigan, tozalikka befarqlik bilan qaraydigan kimsa tasavvurini berardi.
Beshovlon Buyuk Skvayr edi.
Ular Sarkdagi uch pog‘onali boshqaruv kuchlarining eng yuqorisi hisoblanardilar. Pastkisi — Florinaning Fuqarolik Xizmati — eng mustahkam hisoblanib, Sarkdagi ayrim oliyzot xonadonlarning muvaffaqiyatlari yoki inqirozlari unga ta’sir o‘tkazmas edi. Aslini olganda ayni shu Xizmat boshqaruv o‘qini moylab, g‘ildiragini aylantirardi. Undan yuqorida, otameros qoluvchi Davlat Boshlig‘i (g‘oyat beziyon kimsa) tomonidan tayinlanuvchi Vazirlar va departament boshliqlari turardilar. Ularning, shu xususda Boshliqning ham bor-yo‘q xizmati faqat rasmiy qog‘ozlarga o‘z ism-shariflarini chekishdan iborat edi. Va nihoyat, mana bular — beshta qit’ani o‘zaro bo‘lishib olgan kishilar — so‘nggi pog‘ona edilar. Ular kirt savdosi bilan shug‘ullanuvchi xonadonlar boshlig‘i edilar. Sarkda amalga o‘tirish ham, siyosatni qanday yuritish ham faqat pulga bog‘liq edi. Ular puldor odamlar edilar. Besh kishining ichida eng badavlati Fayf hisoblanardi…
O‘tgan galdagi uchrashuvda Skvayr Fayf Galaktikada badavlatlik bo‘yicha ikkinchi o‘rinda turuvchi sayyoraning (birinchilikni, yarim million olamlardan boj va xiroj olib turuvchi Trantor egallardi) o‘zidan boshqa xo‘jayinlariga shunday degandi:
— Men juda g‘alati xabar oldim. Qarshi bo‘lmasangiz, uni o‘qib beraman. — U hayajonlanib, o‘zining mayin ovozi bilan o‘qiy boshladi: «Siz — Sarkning Buyuk Skvayrisiz. Boyligingiz va amalingiz barchanikidan a’lo. Biroq bu amal va boylikning tagi omonat. Siz, balki, butun umr dunyodagi kirt yetishtirishning yagona xo‘jayini bo‘lib qolaman deb o‘ylayotgandirsiz. Biroq o‘zingizdan so‘rab ko‘ring: Florina yana qancha yashaydi? Eh! Cheksizmi?.. Yo‘q! Florina ertagayoq halok bo‘lishi mumkin. Bunga mening daxlim yo‘q, lekin u shunday ro‘y beradiki, siz buning na oldini ololasiz, na biror chora topasiz. Florina halokati to‘g‘risida o‘ylab ko‘ring. Shuningdek, o‘z boyligingiz va ta’siringizning yo‘qolib bo‘lgani haqida ham fikr yuriting. Hali o‘ylashga vaqt bor, lekin ko‘p emas.
Agar paysallasangiz, men butun Galaktikaga bu haqda xabar qilaman, va ayniqsa, butun Florinaga uning halokati yaqinligi to‘g‘risidagi haqiqatni yetkazaman. Shundan so‘ng sizda na kirt, na amal, na boylik qoladi. Bu narsalar menda ham bo‘lmaydi, lekin men azob chekmayman, chunki ularga o‘rganmaganman.
Talabim shu: mulkingizning katta qismini menga berasiz. Shundan so‘ng, o‘zingizda qolgan mulkka bexavotir egalik qilishingiz mumkin. Bu, har holda, hechdan ko‘ra yaxshiroq. Shunday qilsangiz, Florina mangu yashaydi, siz esa juda dabdabali bo‘lmasa ham, ancha yaxshi hayot kechirasiz».
— Alomat maktub, — tugatdi Skvayr Fayf. — Imzo yo‘q, ohangi esa, eshitganingizdek, takabburona hamda juda g‘ayritabiiy. Xo‘sh, Skvayrlar, siz bu xat to‘g‘risida nima deysiz?
— Shunisi aniqki, bu xatni telbanamo odam yozgan. — Runening qip-qizil yuzida norozilik ifodalandi. — U xuddi tarixiy roman bitishga o‘rganayotgan kishiga o‘xshaydi. To‘g‘risini aytsam, Fayf, qit’alar muxtoriyatini buzib, shunday bo‘lmag‘ur narsa tufayli nega bizni bezovta qilganingizni aslo tushuna olmadim.
Fayf kalta barmoqlarini musht qilib tugdi.
— Men sizlarni bir telbaning xatini o‘qib berish uchun yig‘ganim yo‘q. Buni yaxshi anglayotgan bo‘lsangiz kerak. Oldimizda jiddiy muammo tug‘ilganga o‘xshaydi. Nega endi bu ish faqat menga tegishli bo‘lishi kerak? Albatta, men Skvayrlarning eng badavlatiman, biroq men kirt savdosining faqat uchdan bir qismini boshqaraman. Qolgan qismi esa sizlarniki. Ushbu xabar bitilgan nomani bir nusxa yozish nima-yu, besh nusxa tayyorlash nima?!
— Ko‘p gap — eshakka yuk, — g‘o‘ldiradi Bort. — Men ham bu xatning bir nusxasini oldim va ishonchim komil, qolganlarda ham bu maktub mavjud. Bilasizmi, men o‘zimdagi nusxani nima qildim? Tashlab yubordim. Qayerga? Axlatga! Sizga ham shuni maslahat beraman. Bo‘pti. Tugata qolaylik. Men charchadim.
Uning qo‘li aloqani uzish va Fayfning xonasidagi tasvirni o‘chirish tugmasiga cho‘zildi.
— Shoshmang, Bort! — Fayfning keskin tovushi yangradi. — O‘chirmay turing. Gapim hali tugamadi. Ko‘riladigan chora-tadbir va chiqariladigan qarorlar maslahatida ishtirok etmaslikni istamasangiz kerak. Ishonchim komil, istamaysiz.
— Skvayr Bort, sabr qilib turaylik-chi, — maslahatomuz, yumshoqqina so‘z qotdi Rune, lekin uning kichik, yog‘ bosgan ko‘zlari aslo muloyim emasdi. — Skvayr Fayf arzimas narsaga bunchalar qattiq bezovtalanayotganiga g‘oyat taajjubdaman.
— Xo‘sh, — dedi Balle quruqqina qilib, — balki, Fayf bizga noma bitgan do‘stimizda Trantorning Florinaga uyushtirajak hujumi haqida ma’lumot berar, deb o‘ylayotgandir.
— Fu, — jahl bilan so‘z qotdi Fayf. — U kimki, bu narsadan xabardor bo‘lsin? Bizning xufiyalarimiz o‘z ishiga pishiq, ishonavering. U bizdan urush talab qilar ekan, hujumni qanday qilib to‘xtatadi? Yo‘q. U Florinaning halokati haqida so‘z yuritar ekan, siyosiy inqiroz emas, tabiiy falokat to‘g‘risida gapirayotganga o‘xshaydi.
— Bu g‘irt telbalik, — dedi Stin.
— Rostdanmi? — e’tiroz bildirdi Fayf. — Demak, siz oxirgi ikki hafta mobaynidagi voqealar mag‘zini chaqolmabsiz!
— Qanday voqealar? — so‘radi Bort.
— Bir koinot tadqiqotchisi yo‘qolgan. Bundan hammaning xabari bor. Siz, uning yo‘qolib qolishi oldidan Sarkdagi bazaga yuborgan xabarini o‘qidingizmi?
— Menga ko‘rsatishgandi. Ahamiyat bermadim.
— Boshqalar-chi? — Fayf navbatma-navbat o‘tirganlarga nigoh tashladi. — Bir hafta ilgarigi xat-xabarlarni eslay olasizmi?
— Men o‘qidim, — dedi Rune. — Mening esimda. Haqiqatan ham, xabarda halokat haqida so‘z yuritilgandi. Siz shuni ko‘zda tutyapsizmi?
— Menga qarang, — chinqirayozdi Stin, — u yerda turli noxush shamalar ko‘p, ma’no esa umuman yo‘q. Bu haqda gaplashish aslo shart emas.
— Ilojimiz yo‘q, Stin, — dedi Fayf. — Biz bu haqda yana gaplashishimiz lozim. Koinot tadqiqotchisi Florinaning halokati to‘g‘risida xabar qilgan. U yo‘qolgan zahotiyoq, biz yana Florinaga xavf solinayotganligi haqidagi maktubni oldik. Nahotki, bu tasodif bo‘lsa?
— Siz, koinot tadqiqotchisi do‘q-po‘pisali xatlar yuborgan demoqchimisiz? —shivirladi qariya Balle.
— Ehtimoli kam. Nega endi u avvaliga o‘z nomini ochiq ko‘rsatdi-yu, keyin yashirdi?
— Avvaliga, — javob berdi Balle, — u bizlar bilan emas, mahalliy boshliqlar bilan muloqotda bo‘lgan.
— Shunday ham bo‘lsin. Biroq, tovlamachi faqat o‘z qurboni bilangina muzokaraga kirishadi.
— Xo‘sh, u holda nima?
— U yo‘qoldi. Koinot tadqiqotchisini sofdil deb hisoblaylik. U yuborgan xavfli ma’lumotlar yaramas kimsalarning qo‘liga tushib qolgan, ana o‘shalar bizga do‘q-po‘pisa qilib, qo‘rqitmoqchi bo‘lishdi.
— Xo‘sh, ular kim?
Fayf oromkursiga suyanib ma’yuslashdi-da, sezilar-sezilmas so‘z qotdi.
— Siz jiddiy savol berayapsizmi? Bu axir kunday ravshanku. U — Trantor!
— Trantor!
— Nega ajablanasiz? Florinaga ega chiqishga bundan yaxshiroq usul bormi? Trantor tashqi siyosatining asosiy maqsadlaridan biri shu-ku. Biron urush-purushsiz niyatga yetish, ayni muddao emasmi? Agar biz ushbu po‘pisa ta’siriga tushsak, Florinadan ajralamiz. Ular bizga biron narsa qoldirishga va’da berishmoqda, biroq uni qancha vaqt asrashga qurbimiz yetarkin? Boshqa tomondan, xatga e’tibor qilmadik deylik, ayni paytda bundan boshqa ilojimiz yo‘q. U holda, Trantor florinaliklar orasida qiyomat qoyim yaqinligi to‘g‘risida mish-mish tarqatadi. Natija ma’lum — odamlar vahimaga tushishadi, buning orqasidan esa halokat yugurib keladi! Ertaga qiyomat qoyim bo‘ladi, deb ishongan kimsani qaysi kuch ishlashga majbur eta oladi? Kirt terilmaydi. Xirmonlar bo‘shaydi. Trantor esa kun-uzzukun Florinada to‘polon chiqishini poylayapti. Agar Sark kirt yetkazib turishni eplolmas ekan, ular o‘zlaricha tartib deb ataydigan holatni saqlash uchun bor kuchlarini tashlaydilar. Galaktikaning boshqa ozod dunyolari esa kirt tufayli til tishlab turaberadilar. Ayniqsa, Trantor kirtga bo‘lgan yakkahokimlikni tugatishga, bahoni pasaytirishga qaror qilsa, lom-mim demaydilar. Keyinchalik, albatta va’dalar unutiladi, biroq bu paytda kech bo‘ladi. Yagona mantiqiy xulosa shu: Trantor Florinani egallab olishi mumkin. Agar, ular boshqa yo‘ldan borsalar, ya’ni to‘g‘ridan-to‘g‘ri hujum uyushtirsalar, Trantor tasarrufiga o‘tmagan butun ozod Galaktika o‘zlarini kelgusida saqlash uchun ham biz tomonga o‘tadilar.
— Bu narsalarga koinot tadqiqotchisining qanday aloqasi bor? — so‘radi Rune. — Agar taxminingiz to‘g‘ri bo‘lsa, siz buni ochiqroq tushuntirishingiz lozim.
— Taxminim to‘g‘ri. Koinot tadqiqotchilari odatda betayin bo‘ladilar, bu tadqiqotchi esa ahmoqona xomxayolini o‘rtaga tashlayapti. Trantor buni e’lon qilolmaydi, aks holda Koinot Tadqiqoti Byurosi uning dabdalasini chiqarishi turgan gap. Biroq, agar ular tadqiqotchini ushlab olib, qandaydir tafsilotlarni bilib olishgan bo‘lsa, bu narsa ularga — nomutaxassis kishilarga katta ahamiyatga molik hodisadek tuyulgan taxminni aniqlash imkonini beradi. Ular ana shu uydirmaga haqiqat to‘nini kiydirib, undan foydalanishadi. Ilmiynamo mish-mishlar tarqalgach, Byuroning rad javoblari bu yolg‘onga qarshi kurashda yetarli kuchga ega bo‘lmay qoldi. Lekin biz xavfdan o‘z vaqtida xabar topdik. Eplolsak, koinot tadqiqotchisini topamiz. Biz, barcha o‘zimiz bilgan Trantor josuslarini o‘zlariga sezdirmay sinchiklab kuzatib borishimiz zarur. Shu yo‘l bilan ularning maqsadlarini aniqlash mumkin. Florinadagi sayyora halokati to‘g‘risida paydo bo‘lgan har qanday mish-mishni tag-tugi bilan quritish lozim. Birinchi shivir-shivirdayoq biz keskin harakat qilmog‘imiz darkor. Hozircha, anavilarning keyingi yurishini kuzatamiz…

***

Bu suhbat bir yil avval bo‘lib o‘tgandi. Ular tarqalishdi, shundan so‘ng Skvayr Fayf hayotida hech vaqt duch kelmagan sirli, kutilmagan muvaffaqiyatsizlik ro‘y berdi.
Ikkinchi yurish qilishmadi. Hech kim boshqa hech qanday xat-xabar olmadi. Koinot tadqiqotchisi topilmadi, Trantor esa soxta qidirishlarini davom ettira berardi. Florinada qiyomat-qoyim yaqinligi to‘g‘risidagi mish-mishlardan asar ham yo‘q edi. Kirt terimi va qayta ishlanishi har doimdagidek bekamu-ko‘st borardi.
Fayf yana majlis chaqirdi. Skvayrlar o‘z vaqtida paydo bo‘ldilar. Birinchi navbatda lablari qimtilgan, ikki-uch kundan beri olinmagan soqolini bir chekkasi singan qalin tirnog‘i bilan qashlayotgan Bort yetib keldi. Keyin, yuzidagi upa-elikni hozirgina yuvib tashlagan, rangpar, kasalvon Stin o‘z o‘rnini egalladi. So‘ngra, vujudini charchoq hamda loqaydlik qamrab, iyaklari ichiga botgan, yostiqqa suyangan Balle kosadagi suti bilan birga paydo bo‘ldi. Oxirgi navbatda, ikki daqiqaga kechikib, nimadandir norozi qiyofada lablari nam Rune yetib keldi. Fayf so‘z boshladi:
— Skvayrlar! O‘tgan gal men sirli va uzoq kelajakda ro‘y berishi mumkin bo‘lgan xavf to‘g‘risida gapirgandim. Men yanglishgan ekanman. Xavf mavjud, lekin u bizdan uzoq emas ekan. U juda, juda ham yaqin. Men nima haqda so‘zlayotganimdan har biringiz xabardorsiz. Qolganlar ham tez orada buni biladilar.
— Siz nima to‘g‘risvda gapiryapsiz o‘zi? — keskin so‘radi Bort.
— Davlat miqyosidagi xiyonat haqida!

QOCHQOQ

Mirli Terens fazo bekatini tark etgach, nihoyat Pastki Shaharga tushib oldi. U neyrotayoqni mahkam ushlab, nazoratchilarga xos takabburlik va o‘ziga ishonch bilan qadam tashlardi. Ko‘chalar bo‘m-bo‘sh. Mahalliy xalq kulbalarga yashirinib olgan. Bu qaytaga yaxshi. Uni hech kim bezovta qilmaydi. Hech kim uni florinaliklarga xos oq yuziga tuzukroq nazar tashlash uchun to‘xtatmaydi. Sababi, u qopqora, kumush tugmali xos kiyimda.
Biroq endi nazoratchilik qiyofasidan chiqish zarur.
Shu damdan boshlab, u Florinaning hech bir yerida bexavotir yura olmaydi. Nazoratchining joniga qasd qilish — buyuk jinoyat, hatto ellik yildan keyin ham, agar shu vaqtgacha omon-eson qolsa, qidiruv ishlari keng ko‘lamda davom etaberadi. Demak, Florinani tark etishi kerak.
Qanday qilib?
U shunday tavakkal qilishi kerakki, aqli-hushi joyida odam bunday qila olmasin…
U yana Yuqori Shaharga yo‘naldi. Rezident chiqqan liftning eshiklari yopilar ekan, u nazoratchilar bo‘linmasi ayni shu ko‘chaga qarab kelayotganini payqadi. Demak, keng ko‘lamli qidiruv boshlanibdi.
U Yuqori Shaharning tashqari ko‘chasiga chiqdi. Bu yerda uni — Mirlin Terensni berkitib turishi mumkin bo‘lgan ustunlar, temir-beton qotishma yo‘q edi.
Biron-bir nazoratchi ko‘rinmas, yonidan o‘tayotgan skvayrlar unga parvo qilishmasdi. U Yuqori Shahar bino, ko‘chalarining joylashishi to‘g‘risida mavhum tasavvurga ega edi. Shu atrofda istirohat bog‘i bo‘lishi kerak. Eng oddiysi —duch kelgan kimsadan yo‘lni so‘rash, keyingisi balandroq binoga ko‘tarilib pastga qarab ko‘rish edi. Birinchisi aslo mumkin emas. Nazoratchiga ko‘rsatmalarning zaruriyati yo‘q. Ikkinchisi haddan tashqari xavfli. Bino ichida nazoratchi tez ko‘zga tashlanadi.
Qachonlardir uning ko‘zi Yuqori Shahar xaritasiga tushib qolgandi. U o‘sha bilimi bo‘yicha taxminan yo‘l tanladi. Bu to‘g‘ri bo‘lib chiqdi. Terens tez orada istirohat bog‘iga yetdi.
Florina iqlimining mo‘’tadilligi tufayli istirohat bog‘i doimo yashil libosda edi. U yerda o‘tloqlar, daraxtzorlar, qoyatoshlar ichiga kirib ketgan g‘orlar hamda tilla baliqlar suzib yuradigan kichkina hovuzcha bilan bolalar cho‘miladigan kattaroq hovuz mavjud edi. Kechalari, to yomg‘ir yog‘gunga qadar rang-barang nurlar jilva sochib o‘ynar, odamlar raqsga tushishar, uch o‘lchamli kino tomosha qilishar, daraxtzor ichidagi so‘qmoqlarda esa yoshlar juft-juft bo‘lib sayr etishardi.
Terens yarim soatcha sandiraqlab yurdi. Unga hech kim e’tibor qilmas, biror kishi nazar tashlamasdi. Agar ertaga manavi yonidan o‘tayotgan skvayrlardan “Siz kecha istirohat bog‘ida nazoratchini ko‘rdingizmi?” deb so‘rashsa, ularning ko‘zlari hayratdan chaqchayadi. Bu savol, ulardan so‘qmoqdan sakrab o‘tgan chigirtkani payqadingizmi deb so‘rash bilan barobar.
Shu payt uning nazari o‘zi izlayotgan kimsaga tushdi.
Skvayr! U bir chekkada u yoq-bu yoqqa yurar, og‘zidagi sigara tutunini tez-tez ichiga tortardi. Skvayr chekib bo‘lib, sigara qoldig‘ini qoya yorig‘iga tiqdi, qoldiq bir nafasdan keyin lov etib yondi-yu, kulga aylandi. U soatiga qaradi. Terens undan ko‘zini uzib atrofni kuzatdi. Hech kim yo‘q. Ayni muddao!
U skvayrga tez yaqinlashar ekan, neytrotayoqni chiqardi. Skvayr buni ko‘rishga ham ulgurmadi. Tayoq ohista vizilladi va skvayr shu ondayoq qotdi-qoldi-da, yerga quladi.
Atrofda hech kim paydo bo‘lmadi. Terens ko‘zlari chaqchayib, qotib qolgan jasadni yaqin oradagi g‘orning ichiga olib kirdi-da, bir amallab yechintirdi. U o‘zining ter shimgan, chang yuqqan kiyimini yechib tashladi va Skvayrning ust-boshini kiyib oldi. Uning tanasi umrida birinchi marta kirt matosini his qildi.
Terens ust-boshdan tashqari qalpoqchani ham kiydi. Bu narsa hozirgi vaqtda yoshlar ichida rasmdan chiqib qolayozgandi, lekin ba’zi birlar, baxtiga mana bu skvayr ham, hamon bosh yalang yurishga o‘rganishmagandi. Terensning sochlari oq bo‘lgani uchun qalpoqcha bilan ularni berkitish shart edi. Aks holda florinalik ekanligi sezilib qolardi.
Keyin u to‘pponcha quvvatini eng yuqori qiymatga to‘g‘riladi-da, uchini skvayrga yo‘naltirdi. Bir ozdan so‘ng jasaddan faqat bir hovuch kul qoldi – bu ish qidiruvni mushkullashtiradi.
U nazoratchi kiyimini ham yoqdi, kul ichidan qorayib qolgan kumush halqalar va tugmalarni terib oldi. Bu ham qidiruvni mushkullashtiradi.
U istirohot bog‘idan chiqdi-da, yana yarim soatcha sandiraqlab yurdi.
Xo‘sh, endi nima qilish kerak?
U o‘rtasida kichkinagina favvora otilib turgan hovuz oldida to‘xtadi. Mayda zarralarga parchalanib tushayotgan suvda rango-rang kamalak jilolanardi. U botayotgan quyoshga orqasini o‘tirgancha panjaraga suyanib turar ekan, qorayib ketgan kumush tugmalarni ohista, bittalab hovuzga tashladi. Keyin Pastki Shahar haqida o‘y sura boshladi va qalbida paydo bo‘layotgan afsus-nadomatlar yo‘qoldilar.
Terens o‘z harakatlarining tabiiyroq chiqishiga intilar ekan, egnidagi kiyim cho‘ntaklarini titkilab chiqdi. Yassi kalitlar shodasi, mayda pullar va shaxsiy guvohnoma chiqdi. (Yo Sark, bu narsa hatto skvayrlarda ham bor ekan! Biroq, ular uni duch kelgan nazoratchiga ko‘rsatishlari shart emas.)
Terensning yangi nomi Alster Dimon ekan. Balki bu nom kerak bo‘lmas. Dimonni shaxsan tanuvchi kimsani uchratib qolish ehtimoli juda kam, lekin bu narsani e’tibordan chetda qoldirish mumkin emas.
Yoshi 29 da ekan. G‘ordagi qilgan ishidan Terensning qalbi g‘ashlandi, biroq bu uzoqqa cho‘zilmadi. Skvayr — bu skvayr. Ularning buyrug‘i bilan qanchadan-qancha 29 yoshli florinaliklar halok bo‘lmagan deysiz?! Kim buning hisobini biladi?!
U cho‘ntak titkilashda davom etdi. Bu gal yaxta-kema haydovchisi guvohnomasi topildi. Hamma badavlat sarkliklarning yaxtalari bor, barchalari uni boshqarishni biladilar. Bu hozir rasm bo‘lgan… Keyin bir nechta sark qog‘oz puli chiqdi. Kerak bo‘lib qolishi mumkin.
U novvoyxonada ovqatlangandan beri tuz totmaganini esladi. Shu zahotiyoq unda ajoyib fikr uyg‘ondi: yaxta-kema joyida turibdi, egasi esa asfalasofilinga ketgan. Demak, yaxta o‘ziniki! 29-angar, 9-bekatda turar ekan. Juda soz…
Aytganday, 9-bekat qayerda ekan? Terens bu haqda umuman hech narsa bilmasdi.
U hovuz atrofidagi panjaraga boshini qo‘ydi. Nima qilsin? Nima qilish kerak?
Tepasida jaranglagan tovush uni seskantirib yubordi.
— Kechirasiz, — dedi kimdir, — mazangiz qochdimi?
Terens boshini ko‘tardi. Gapirayotgan qari skvayr ekan. U ichiga xushbo‘y barglar o‘ralgan uzun papiros chekar, qo‘lidagi tilla bilaguzugidan esa yarq etib chaqnayotgan qandaydir katta yashil tosh osilib turardi.
— Men dam olyapman, — dedi Rezident. — Aylanib yurib, vaqt o‘tganini ham sezmay qolibman. Majlisga kechikmasam bo‘ldi hali.
U qo‘polroq qilib qo‘l silkidi. Terens sarkcha talaffuzda so‘zlashishni o‘rniga qo‘yardi — har holda ular bilan juda ko‘p muloqotda bo‘lgan, biroq buni bo‘rttirmaslikka intilardi. Yetishmovchilikdan ko‘ra bo‘rttirish ko‘zga yaqqolroq tashlanadi.
U Terensga g‘alatiroq qaramayaptimi? Balki kiyimi yopishib turmayotibdimi? Rezident darhol so‘z qotdi:
— To‘xtang! Nazarimda adashib qolgandekman. Yordam berolmaysizmi? Menga 9-bekat kerak edi. Qaraylik-chi… U atrofga alangladi.
— Qarang. Bu Rekket ko‘chasi. Siz to‘g‘ri Triffis ko‘chasiga tushib, chapga qayilsangiz, bekatgacha yurib borishingiz mumkin, — u beixtiyor qo‘li bilan yo‘nalishni ko‘rsatdi.
Terens jilmaydi.
— Juda to‘g‘ri. Men xayolparastlikni yig‘ishtirib, o‘z fikrlarimni jamlab olishim lozim. Rahmat, janob.
— Siz mening xaritamni olishingiz mumkin.
— Katta rahmat, kerak emas, — dedi Terens qo‘l silkib undan uzoqlashar ekan.
Skvayr uning ortidan qarab qoldi.
Balki, ertaga, g‘ordagi kuydirilgan jasad qoldiqlari topilib, qidiruv boshlanganda, skvayr hozirgi uchrashuvni albatta eslaydi. U mana bunday deyishi mumkin: “U qandaydir g‘alatiroq edi. Gaplari poyintar-soyintar, qayerda yurganini o‘zi bilmasdi. Uning Triffis ko‘chasi qayerdaligini bilmasligiga ham kafil bo‘la olaman”.
Bu ertaga bo‘ladigan gap.
U skvayr ko‘rsatgan tarafga shaxdam qadamlar bilan yurib ketdi. “Triffis ko‘chasi” deb yozilgan yaltiroq, zarg‘aldoq rangda jilolanayotgan binoga yopishtirilgan belgiga yetgach, chapga qayrildi.
9-bekat sport kiyimidagi, uchli qalpoqcha va yuqorisi shishib turadigan ishton kiygan yosh-yalangga to‘lgan edi. Terensga hamma unga tikilib qarayotgandek tuyular, biroq aslida hech kimning u bilan ishi yo‘q edi. Atrofda esa unga noma’lum turli atamalarga to‘la gangur-gungur suhbatlar hukmron edi.
— U 26-angarni topib, unga yaqinlashishidan oldin bir qancha daqiqa kutib turdi. Uning uchun, angar ichiga kirganda, qo‘shni angarda Alster Dimonni taniydigan biror kimsa bo‘lishi va uning Dimon yaxtasiga chiqib olgan Terensni ko‘rib qolib, hayratga tushishi aslo kerak emas edi.
Nihoyat, u uzun-uzun yaxtalar cho‘zilib turgan angarga kirdi.
Xo‘sh, endi nima qilsin?
Oxirgi 12 soat ichida u uch kishini o‘ldirdi. U avvaliga Florina rezidentligidan nazoratchilikka, so‘ngra skvayrlikka ko‘tarildi. Pastki Shahardan Yuqoriga, Yuqoridan esa Fazo bekatiga bordi. Barcha belgilarga qaraganda, uning yaxtasi, Galaktikaning mana shu qismidagi har qanday sayyoraga bexavotir eltuvchi, ishonchli kemasi bor.
Biroq, boshqa muammo ham bor.
U yaxta boshqarishni bilmaydi.
U juda charchagan va o‘lguday och edi. Bu yerga kelishga keldi, lekin endi nima qilsin? U fazo chegarasida turibdi, biroq u yog‘iga qanday o‘tsin?
Hozirgi damda nazoratchilar Pastki Shaharni titi-piti qilib, Terensning u yerda yo‘q ekanligiga ishonch hosil qilishgandir. Florinalik ham jur’at etishi mumkin ekan, degan fikr ularning qovoq kallalariga kelgach, Yuqorini qidirishga tushishadi. Kuydirilgan jasadni topishgach esa, qidiruv yangi yo‘nalishga o‘tadi-nazoratchilar soxta skvayrni izlashni boshlashadi. Va uni topadilar. U boshi berk ko‘chaning eng oxiriga borib, devorga orqasi bilan suyanib oladi-da, kuta boshlaydi. Uning qo‘lidan faqat shu keladi: kutish, kutish… to quvayotganlarning tovushlari balandroq, yana balandroq chiqquncha va iskovichlar oxir-oqibatda unga tashlangunlariga qadar kutish.
36 soat ilgari ixtiyorida uning butun hayotidagi eng buyuk imkoniyat mavjud edi. Endi bu imkoniyat yo‘q. Tez orada esa hayoti ham yo‘qlik girdobiga cho‘kishi mumkin.

KAPITAN

— Xonim, sizning ular bilan yolg‘iz qolishingiz, menimcha nojoiz.
— Ularda qurol bormi, kapitan?
— Yo‘q, albatta. Biroq, ular o‘zlarini yaxshi tutadilar deb o‘ylash ham to‘g‘ri emas.
— Yo‘qsa nega ularni qo‘rqityapsiz? Siz u bechoralarni to‘pponcha taqqan davangir fazogirlar orasiga tiqib qo‘yganingizni men aslo unutmayman.
— Agar otangiz, men sizni ikki ashaddiy jinoyatchi oldida qo‘riqchilarsiz qo‘yib qo‘yganimni bilib qolsalar, men nima degan odam bo‘laman, xonim?
— Ashaddiy jinoyatchi! Yo Buyuk Koinot!
O‘z sayyorasidan qochmoqchi bo‘lgan va kelib-kelib Sarkka uchayotgan kemaga berkinib olgan ikki bechorahol odam ashaddiy jinoyatchi bo‘ldimi?!
Kapitan bo‘shashdi.
— Mayli, xonim. Lekin bu suhbatda hech bo‘lmaganda men o‘zim qatnashishim zarur. Men to‘pponcha taqqan davangir yigit emasman. Aks holda… — U o‘z tovushiga qat’iylik ohanglarini qo‘shdi. — Aks holda, men iltimosingizni qondira olmayman.
— Juda soz. Lekin, bilib qo‘ying, ular sizni deb ochiq-yoriq gapirisha olishmasa, yana biron-bir kemada kapitanlik qilaman deb umid qilmang. Men buning chorasini ko‘raman.

***

Samiya bo‘lmaga kirishi bilan, Valona tezda Rikning ko‘zlarini berkitdi.
— Uning esi past, xonim. U sizning Oliyzot Xonim ekanligingizni bilmaydi. U sizga tik qarashi mumkin.
— Siz florinalikmisiz, yaxshi qiz? — so‘radi Samiya. Valona bosh chayqadi.
— Biz Voteks sayyorasidanmiz.
— Siz cho‘chimang. Florinalik bo‘lsangiz ham hech kim sizni xafa qilmaydi.
— Biz votekslikmiz.
— U holda nega yigitning ko‘zlarini berkitdingiz?
— Oliyzot Xonimga tik qarash mumkin emas.
— Votekslik bo‘lsa hammi?
Valona indamadi.
—Faqat florinaliklarga Oliyzot Xonimga tik qarash mumkin emas. Demak, siz florinalik ekanligingizni tan oldingiz, —ta’kidladi Samiya.
Valona jonholatda so‘z qotdi:
— U florinalik emas!
— Siz-chi?
— Men florinalikman. U — yo‘q. Unga hech narsa qilmang! U chindan ham bizning sayyoralik emas. Uni kunlardan bir kun Florinadan topib olishgan. Men uning qayerlik ekanini bilmayman, lekin u florinalik emas.
Samiya hayrat bilan boqdi.
— Yaxshi, men u bilan so‘zlashib ko‘raman. Yaxshi yigit, ismingiz nima?
— Rik. Menimcha, Rik.
— Siz florinalikmisiz?
— Yo‘q. Men kemada edim. Men bu yerlarga boshqa joylardan kelganman. — Rik nigohini Samiyadan uzolmas, biroq qiz bilan birga kichkinagina shinam kemani ko‘rayotgandek edi. — Men Florinaga kemada kelganman, avvallari esa o‘zga sayyorada yashaganman.
— Qaysi sayyorada?
Esdaliklar juda tor hayol tomirlari bo‘ylab og‘rinib kelardilar. Nihoyat, Rik qichqirib yubordi, bu qichqiriqdan o‘zi ham quvnab ketdi.
— Yer! Men Yerdan kelganman!
Rik Valonaga qayrilib, uning tirsaklaridan ushlab oldi.
— Lona, ularga ayt, men Yerdan kelganman! Ha, ha! Yerdan kelganman.
Xavotirga tushgan Valonaning ko‘zlari kattalashdi.
— Xonim, biz uni topib olganimizda umuman esi yo‘q edi. U yurishni ham, gapirishni ham, kiyinishni ham bilmasdi. Hech nima qilolmasdi. O‘sha paytdan beri asta-sekin eslab, yodiga tushirib kelyapti. — Qiz cho‘chinqirab kapitanga qarab qo‘ydi.
— Uning Yerdan kelganligi haqiqatmikan?
— Bu juda g‘aroyib hodisa, — dedi Samiya ayollarga xos romantik ruhga berilar ekan. — Ishonchim komil… Yaxshi qiz, nega u topilganda bunchalik ojiz bo‘lgan? U yaradormidi?
— Doktorning aytishicha, Rik ruhiyat zondi ta’siriga uchratilgan.
— Ruhiyat zondi! — Samiya yengil jirkanish hislarini tuydi. — Demak, u jinni bo‘lganmi? — U o‘rnidan turib, ishonchsizlik bilan Rikka qaradi.
Rik sapchib o‘rnidan turib ketdi.
— To‘xtang.
— Xonim, iltimos. Hamma narsa aniqlandi, — dedi kapitan, eshikni ochar ekan. — Yigitlarim ularni tinchlantirishadi.
— Xonim! Xonim! — qichqirdi Rik. — Men buni isbotlashim mumkin! Men Yerlikman! Samiya ikkilanib to‘xtadi.
— Eshitaylik-chi, u nima derkin.
Rik qizarib ketgan, qattiq hayajonda edi. U eslashga tirishayotganidan lablari jilmayayotgandek holda qotib qolgandi.
— Yer mening yodimda. U radioaktiv edi. Ta’qiq maydonlari va tunlari ufqda jilolanuvchi zangori yog‘dular ham esimda. Tuproq nurlangan, hech narsa o‘smasdi. Odamlar yashashi uchun juda kam joy qolgandi. Xuddi mana shuning uchun men koinot tadqiqotchisi kasbini tanlagandim. Mana shuning uchun doimo fazo qa’rida edim. Chunki sayyoramiz jonsiz edi.
— Ketdik, kapitan. U aldayapti, — dedi Samiya.
Biroq, kapitan Reysti og‘zini ochgancha, qotib qolgandi.
— Radiaktiv sayyora? — g‘o‘ldiradi u, — u bu narsalarni qayerdan bilgan ekan?
— Sayyora qanday qilib radioaktiv va kimsasiz bo‘lib qolishi mumkin? — hayron bo‘ldi Samiya.
— Xuddi shunday sayyora mavjud. U — Yer.
— U — Yer! — dedi Rik ham ishonch va g‘urur bilan. — Galaktikadagi eng qadimiy makon. Insoniyat mana shu sayyorada vujudga kelgan.
— Xuddi shunday! — shivirladi kapitan. U to‘satdan Rikka yaqinlashdi.
— Yana nimalar yodingda bor?
— Asosan, kema, — dedi Rik, — Va koinot tadqiqi.
— Demak, bu gaplar rostmi? — dedi hamon hayrati tarqalmagan Samiya, — u holda, nega unga ruhiyat zondi bilan ta’sir ko‘rsatishgan?
— Xo‘sh, o‘zga sayyoralikmisan yoki boshqamisan, menga ayt-chi! — dedi kapitan Reysti. — Seni nega ruhiyat zondi ta’siriga duchor qilishgan?
Rik xijolat tortgandek yerga boqdi.
— Hammangiz shu gapni aytayapsiz. Hattoki Lona ham. Men bu ifoda qanday ma’no anglatishini ham bilmayman… Men kemada edim… Katta xavf mavjudligini aniqladim. Ishonchim komil. Bu xavf Florinaga yo‘nalgan edi, boshqa narsalar esimda yo‘q.
— Sayyoraga yo‘nalgan xavf? — Samiya nigoqini kapitanga qaratdi.
— Ha. Oqimlarda xavf bor edi.
— Qanday oqimlarda? — so‘radi kapitan.
— Koinot oqimlarida.
Kapitan ikki qo‘lini keng yoydi-da, pastga tushirdi.
— Bu g‘irt aqlsizlik!
— Yo‘q, yo‘q! Mayli, davom etsin! — Samiyaning ko‘zlari chaqnar, og‘zi hiyol ochilib qolgandi. — Koinot oqimlari nima degani?
— Turli elementlar, — mavhum javob berdi Rik. U yaqinda bu narsani Valonaga tushuntirgandi. Yana qaytargisi kelmadi. U kelayotgan fikrlarni tez-tez, pala-partish qilib tushuntirishga intildi:
— Men Sarkdagi mahalliy idoraga xabar yubordim. Bu mening aniq esimda. Florinaga katta xavf yo‘nalgandi. Ha. Faqat Florinaga emas, butun Galaktikaga. Juda ehtiyotkorlik zarur edi.
— Negadir, — davom etdi u, — mening xabarim Sarkdagi qandaydir bir xizmatchi qo‘liga tushibdi. Bilmadim, bu qanday ro‘y berdi ekan. Lekin katta anglashilmovchilik bo‘lgan… Men xabarni mahalliy Byuroga maxsus to‘lqin uzunligida yuborganimga ishonchim komil edi. Siz nima deb o‘ylaysiz, subradio to‘lqinlarini boshqalar tutishi mumkinmi? — Rik “subradio” degan so‘zni osongina eslaganiga ortiqcha ajablanmadi. — Har qolda, men Sarkka qo‘nganimda, kutib turishgan ekan.
U uzoq va chuqur o‘yga cho‘mdi. Kapitan bu sukutni buzmadi.
— Kim kutib turgan ekan? Kim? — so‘radi chidolmay Samiya.
— Bil… bilmadim. Eslay olmayapman. Bu uchrashuv Byuroda ro‘y bermagandi. Sarkning boshqa bir yerida edi. U kishi bilan so‘zlashganim esimda. Uning xavfdan xabari bor edi. U xuddi shu xaqda gapirdi. Ishonchim komil. Biz stol atrofida o‘tirdik. Stol mening yodimda. U menga qarama-qarshi tomonda o‘tirardi. Bularning hammasi Koinot singari aniq-taniq esimda. Biz so‘zlashardik. Nazarimda, men mufassal javob berishni istamadim. Ishonchim komil. Men avval Byuroda gapirmoqchi bo‘lgandim. O‘shanda u…
— Nima qildi? — shoshirdi Rikni Samiya.
— U nimadir qildi. U… Yo‘q, bu yog‘i yodimda emas. Hech narsa eslolmayapman! Rik oxirgi ifodani qichqirib aytdi va hamma sukutga cho‘mdi. Lekin sukunatni kapitanning qo‘lidagi aloqa qurilmasining g‘ing‘illashi buzdi.
— Kapitan uchun Sarkdan xabar bor. O‘ta maxfiy. Shaxsan qabul qilinsin.
Aloqa qurilmasidan qizil rangdagi harflar bitilgan yupqa va shaffof zarqog‘oz ohista chiqa boshladi. Samiya kapitanning qo‘liga engashdi.
“Ikki florinalik berkinib, noqonuniy ravishda kemangizga chiqib olishgan. Ularni tezda ushlang. Ularning biri o‘zini florinalik bo‘lmagan koinot tadqiqotchisi deb tanishtiradi. Ularga nisbatan hech qanday chora ko‘rmang. Siz bu odamlarga boshingiz bilan javob berasiz. Ularni xavfsizlik xizmatiga topshirishingiz lozim. O‘ta maxfiy. O‘ta shoshilinch”.

IZQUVAR

To‘rt Buyuk Skvayr — hammalari Skvayr Fayfga turlicha nigoh bilan qaradilar. Bort jahl aralash, Rune kulimsirab, Balle afsuslanib, Stin esa cho‘chinqiragan holda.
Birinchi bo‘lib Rune gap boshladi:
— Davlatga xiyonat! Siz bizni bu ifoda bilan qo‘rqitmoqchimisiz? Aniqroq ayting! Kimga xiyonat qilinibdi? Bortgami? Mengami? Kim qanday xiyonatga yo‘l qo‘yibdi? Butun Sark haqqi, Fayf, bunday majlislar mening halovatimni, uyqumni buzyapti!
— Mendagi ma’lumotlar bir umrga sizni uyqungizni qochirib qo‘yishi mumkin, — javob berdi Fayf. — Men biror kimsaga nisbatan bo‘lgan xiyonatni emas, Rune, Sarkka qilingan xiyonatni ko‘zda tutyapman.
— Sarkka xiyonat? — dedi Bort. — Sark degani nima, u axir, biz emasmi?
— Uni nima desangiz, deng. Oddiy sarkliklar ishonuvchi biror so‘z bilan atang.
— Men tushunolmayapman, — ihradi Stin. — Siz hammangiz bir-biringazga gap bermaslik payidasiz. Yetar, bas! Bu safsatabozlikni yig‘ishtiraylik.
— Men Stinning taklifiga qo‘shilaman, — dedi Balle.
Fayf so‘z qotdi:
— Men sizga bor gapni aytishni istayman. Siz Florinada ro‘y bergan tartibsizliklar to‘g‘risida eshitgan bo‘lsangiz kerak. Demak…
Kutilmaganda koinot tadqiqiga oid kitoblar talab qilingan. Keyin katta yoshli nazoratchiga hujum qilingan. Uning bosh suyagi pachoqlanib, ikki soat o‘tgach, vafot etgan. Jinoyatchilar iziga tushilgach, ular Trantor josusining xilvatgohi oldida g‘oyib bo‘lishgan. So‘ngra yana bir nazoratchi o‘ldirilgan, qotil uning kiyimini egallab qochgan, bir necha soat o‘tgach, o‘z navbatida Trantor josusi ham yo‘q qilingan.
— Agar eng oxirgi axborotni eshitmoqchi bo‘lsangiz, — dedi Fayf nutqini tugatishga taraddudlanar ekan, — bu arzimas xabarlarga mana buni ham qo‘shib qo‘ying: bir necha soat ilgari Florinadagi istirohat bog‘ida jasad, aniqrog‘i, jasad qoldiqlari topilgan.
Menda suyaklar tuzilishini tadqiq qilgan tibbiyot xodimlarining ilmiy xulosasi bor. Suyaklar nazoratchining ham emas, florinalikniki ham emas. Ular sarklik kishiniki.
Stin qichqirib yubordi: “Yo‘g‘-ye!”. Balle xiralashib qolgan ko‘zlarini katta-katta ochdi; Runening o‘z qiyofasi joylashgan to‘g‘ri to‘rt burchakli hajmga qandaydir jilva bag‘ishlab turgan tilla tishlari lablari ortiga berkindi. Bort esa qotib qolganga o‘xshardi.
— Davom etaman, — dedi Fayf. — Sarklikni o‘ldirgan odam, u yerda qolgan kulni o‘sha sarklikning yondirilgan kiyim-kechaklari qoldig‘i va qotillikni o‘z joniga qasd qilish yoxud qandaydir dushmanlik natijasi deb o‘ylashsin, degan umidda bo‘lgan. Kul tarkibini tadqiq qilish, sarkliklarning kirtdan tikilgan kiyimining nazoratchilarning sellyulitdan iborat maxsus kiyimidan farqlab berishi mumkinligini qotil bilmagan.
Demak, Yuqori shaharning qayeridadir sarklik kiyimidagi Rezident berkinib yotibdi. Bu florinalik nazoratchi qiyofasida uzoq yurish xavf-xatardan holi etmasligini sezib, skvayr qiyofasiga kirgan. Bu ishni o‘zi amalga oshira olishi mumkin bo‘lgan yagona usul bilan bajargan.
— U qo‘lga tushganmi? — xirilladi Bort.
— Yo‘q, hali ushlanmagan.
— Nega? Sark haqqi, nega?
— U qo‘lga tushadi, — dedi befarqlik bilan Fayf. — Hozir bizning muhimroq ishlarimiz bor. Uning jinoyati boshqa muammolar oldida holva.
— Maqsadga o‘ting! — talab qildi Rik.
— Sabr tagi — sariq oltin. Avvalo ayting-chi, o‘tgan yili koinot tadqiqotchisining yo‘qolgani esingizdami? Bu hodisalar bir-biriga bog‘liq. Hamma ish Florina kutubxonasidan koinot tadqiqiga oid kitoblarni so‘rashdan boshlangandi-ku!.. Men kutubxonadagi mojaroda qatnashgan uch kishini tasvirlashdan boshlamoqchiman, so‘zlarimni bo‘lmay turishingizni iltimos qilaman.
Birinchisi — Rezident. Uchlikning eng xavflisi. Sarkdagi xizmati bo‘yicha ishonchli va idrokli kimsa degan fikr uyg‘otgan. Afsuski, u o‘z iste’dodini bizga qarshi ishlatibdi. To‘rt kishining o‘limiga, shubhasiz, u aybdor. Bu ish har qanday kimsa uchun yuqori natija.
Ikkinchi shaxs — ayol kishi. U oddiy mehnatkash, chiroyli emas va savodsizroq. Biroq, uning ota-onasi, agar esingizda bo‘lsa, bundan yigirma yil ilgari osonlik bilan bostirilgan kulgili dehqonlar fitnasini uyushtirgan “Kirt dillari” uyushmasining a’zosi bo‘lganlar. Endi, esa eng g‘aroyib hisoblanuvchi uchinchi kishiga o‘taman.
Biz faqat uning oxirgi o‘n yarim oy mobaynidagi hayoti to‘g‘risida ma’lumotgagina egamiz. U Florina paytaxti yaqinidagi qishloqdan g‘irt telba holida topib olingan. Bu paytda, u na yurishni, na gapirishni, hattoki na ovqat yeyishni bilmas edi. Uning koinot tadqiqotchisi yo‘qolgandan so‘ng bir necha hafta o‘tgach paydo bo‘lganiga diqqat qiling. Va bir necha oy davomida gapirishga va hatto kirt fabrikasida ishlashga o‘rganib olganiga ham e’tibor bering. Qaysi telba bunday tez es- hushini yig‘ib oladi? Buning sababi bitta — u ruhiyat zondi ta’siriga uchratilgan.
Bu ishni faqat Sarkda yoki Florinadagi Yuqori shaharda bajarish mumkin. Tadqiqotning to‘liq bo‘lishi uchun Yuqori shahardagi barcha tabobatxonalar tekshirib chiqilgan. Shundan so‘ng odamlarimizdan biri ushbu telba paydo bo‘lgandan keyin vafot etgan barcha doktorlarning yozuvlarini qarab chiqish ham lozim, degan fikrga kelgan. Men bu kimsaning yuqoriroq lavozimga ko‘tarilishiga yordam beraman. Natijada, tabobatxonalarning birida telba haqidagi yozuvlarni topdik. U olti oy ilgari sog‘lig‘ini tekshirtirish uchun olib kelingan. Uni uchlikdagi ikkinchi kishi — ayol olib kelgan. Bu xufiyona qilingan bo‘lsa kerak. Doktor telbani tekshirib, uning ruhiyat zondi ta’sirida ekanligini aniqlagan.
Shu yerda qiziq bir holat bor. Doktor Yuqori va Pastki shaharlarda ham tabobatxona ochganlarning biri edi. Bu hayolparast mahalliy aholi ham birinchi darajali tibbiy yordamga loyiq deb hisoblagan. U haddan tashqari pishiq-puxta bo‘lgani uchun ikkala tabobatxonaga, qaytaraman, ikkala tabobatxonaga keluvchilar haqidagi ma’lumotlarni, ularning florinalik yoxud sarklik bo‘lishlaridan qat’iy nazar, erinmay yozib borgan. Xullas, boyagi aytgan odamimiz bir tabobatxonadagi yozuvlarni ikkinchi tabobatxonadagi nusxalari bilan solishtirgan. Natija qanday deysizmi? Anavi telba haqidagi yozuvning nusxasi topilmagan! Bu yozuv Yuqori Shahar tabobatxonasidagina mavjud bo‘lgan. Pastkida-chi? O‘sha odam florinalik edi, chunki uni florinalik ayol olib kelgan, u sog‘lig‘ini Pastki shaharda tekshirtirgan — bularning barchasi daftarga bitilgan. Endi savol tug‘iladi: bu yozuvning u yerdagi nusxasi qayerda?
Bunga faqat birgina javob berilishi mumkin. Kimdir uning boshqa nusxasi borligini bilmay turib yo‘q qilgan. Bu haqda keyinroq so‘z ochaman…
Telba haqida xavfsizlik xizmatiga ma’lum qilish darkorligi to‘g‘risidagi yozuv doktorning qog‘ozlarida qayd etilgan. To‘g‘ri tadbir mo‘ljallangan, chunki ruhiyat zondining qo‘llanilishi yo jinoyatchilikka, yo buzuqlikka ishora. Lekin, axborot tegishli joyga yetkazilmay qolgan. Bir hafta o‘tar-o‘tmas baxtsiz hodisa tufayli o‘sha doktor halok bo‘lgan. Bu o‘ta detektiv voqea, shunday emasmi?
Endi bu hodisaga boshqa tomondan nazar tashlaylik. Ya’ni, telbani unutaylik-da, koinot tadqiqotchisini eslaylik. Yodingizda bo‘lsa, tadqiqotchi haqidagi ilk xabar, uning kemasining sayyoraga qo‘nishga tayyorlanayotganligi to‘g‘risidagi axborotning Transport Byurosiga yuborilishi bilan bog‘liq edi. Keyinroq, uning bundan avvalgi yuborgan xabari ham mavjudligi aniqlangandi.
O‘shanda koinot tadqiqotchisi hadeganda qo‘nabermadi. Yaqin fazoda izlari ham topilmadi. Buning ustiga, uning yuborgan xabari yo‘qolgan. YUKTB bizni bu xabarni berkitishda aybladi. Xavfsizlik xizmatimiz esa bu xabarni tashviqot maqsadida atayin to‘qib chiqarilgan uydirma, deb hisobladi. Hozirgi paytda, men ikkala tomonning nohaqligiga amin bo‘lyapman. Haqiqatda ham, xabar yuborilgan, lekin u Sark hukumatiga yetib kelmagai.
Tasavvur qilaylik, biron-bir kimsa, unga hozircha Iks deb nom beraylik, Transport byurosi daftarlarini o‘qish imkoniyatiga ega. O‘sha Iks ma’lum vaqtda koinot tadqiqotchisining axborotnomasidan voqif bo‘ladi. Shundan so‘ng, u tadqiqotchi kemasiga maxfiy subradioxabar yuborib, uni uncha ko‘zga ilinmas shaxsiy fazo bekatiga yo‘naltiradi. Iks koinot tadqiqotchisini o‘sha yerda kutib oladi. Telba tadqiqotchi shu zahotiyoq dilidagi gaplarni to‘kib sola boshlaydi. Uning so‘zlari qanchalik betayin, telbanamo, tomdan tarasha tushgandek bo‘lmasin, Iks ulardan o‘zining tashviqot maqsadlarida foydalanish mumkinligini anglaydi. U o‘zining do‘q-po‘pisali maktublarini bizga — Buyuk Skvayrlarga jo‘natadi. Ilgari men Trantorga to‘nkagan ayb-maqsadlar uniki bilan mos tushadi. Agar biz u bilan kelisha olmasak, u Florinada halokat haqida mish-mish tarqatib, butun ishlab chiqarishni izdan chiqarishni va bizni taslim etishni niyat qilgan.
Iks koinot tadqiqotchisini o‘ldirishi mumkin edi, biroq, menimcha, tadqiqotchi unga axborot manbai sifatida keyinroq ham kerak edi, chunki u koinot tadqiqi bo‘yicha hech vaqoni tushunmas, o‘z do‘q-po‘pisasini usiz asoslay olmasdi, yoki mabodo yengilgan taqdirda, tadqiqotchi evaziga qutulib ketishni o‘ylab qo‘ygandi. Xullas, niyati qanday bo‘lishidan qat’iy nazar, u ruhiyat zondini ishlatadi. Bundan so‘ng, uning ixtiyorida o‘jar koinot tadqiqotchisi emas, beozorgina telba paydo bo‘ladi. Ma’lum muddat o‘tgach, uning es-hushi joyiga kelishi mumkin edi.
Xo‘sh, keyin-chi? Shunday qilish kerak ediki, butun yil bo‘yi lavozimli kishilarning bitta-yarimtasi uni ko‘rib qolmasin. Shuning uchun, u daholarcha oddiy yo‘l tanlaydi. U o‘z asirini Florinaga olib o‘tadi, koinot tadqiqotchisi u yerda kirt fabrikasida ishlovchi esi yarim ishchiga aylanadi.
Menimcha, o‘tgan yil davomida Iks yoki uning ishonchli vakili, koinot tadqiqotchisi “tashlangan” joyga borib uning sog‘lig‘i va xavfsizligidan xabar olib turgan. Ana shunday safarlarning birida, u telbani doktorga ko‘rsatilganini bilib qoladi, tibbiyot vakili esa albatta bu haqda yuqoriga xabar qilish zarurligini anglaydi Shuning uchun, o‘sha doktor halok bo‘ladi, kasallik varaqasi Pastki Shahar tabobatxonasidan yo‘qoladi. Bu Iksning birinchi xatosi edi, u yana qayerdadir bu yozuvlarnnng nusxasi mavjud bo‘lishi ehtimoli borligini o‘ylab ham ko‘rmagandi.
Shunday vaqtda Iks yana bir xatoga yo‘l qo‘yadi. Telbaning es-hushi tezlikda qayta boshlaydi, mahalliy Rezident esa uning gaplari shunchaki valdirash emasligini darhol anglaydi. Balki, telbani doktorga ko‘rsatgan qiz, uning ruhiyat zondi ta’siriga duchor etilganligini Rezidentga aytgandir. Bu faqat gumon.
Bor-yo‘q voqea mana shundan iborat.
Fayf kuchli qo‘llarini birlashtirib tinglovchilardan javob kutdi.
— Mening fikri ojizimcha, — dedi Balle ohista, — siz bir yil ilgarigidek, kurakda turmaydigan voqeani to‘qib chiqardingiz. Gaplaringizning o‘ndan to‘qqizi gumon.
— Hammasi uydirma! — dedi keskin Bort.
— Iks deganingiz kim? — so‘radi Stin. — Siz uning kimligini aniqlamaguningizcha, gaplaringiz asossizdir. — U esnar ekan, barmoqlari bilan og‘zini to‘sdi.
— Har holda, orangizdagi bir kishi gap nimada ekanligini yaxshi biladi! — qichkirdi Fayf. — Gap Iks shaxsi haqida ketyapti. Agar mening mulohazam to‘g‘ri bo‘lsa, Iks — ushbu xislatlarga ega shaxs. Eng avvalo Iks — kuzatuv bo‘limi bilan bog‘langan kishi. U — tovlamachilikni keng miqyosda uyushtira oluvchi shaxs. U — koinot tadqiqotchisini Sarkdan Florinaga biron-bir qiyinchiliksiz jo‘nata oluvchi kimsa.
U — doktorni “baxtsiz tasodif”ga uchrata olgan kimsa. U — duch kelgan oddiy kishi emas. Demak, u Buyuk Skvayr bo‘lishi kerak. Shunday emasmi?
Bort o‘rnidan turib ketdi. Stin jazavaga tushib kuldi. Runening yog‘ bosgan ko‘zlari yona boshladilar. Balle esa ohista bosh chayqadi.
— Koinot haqqi, Fayf, kimni ayblayapsiz? — chiyilladi Bort.
— Hozircha hech kimni, — Fayf pinagini buzmasdi, — alohida olganda hech kimni. Keling, o‘ylab ko‘raylik. Biz besh kishimiz. Iksning qilgan ishini Sarkda hech kim bajara olmaydi. Bu faqat bizning qo‘limizdan keladi. Bu fikrni isbotlash shart emas. Lekin besh kishining qaysi biri aybdor? Eng avvalo, men emasman.
— Biz sizning so‘zlaringizga biron-bir isbotsiz ishonishimiz kerak, shundaymi? — zaharhanda qildi Rune.
— Siz mening so‘zimga ishonishingiz shart emas, — e’tiroz bildirdi Fayf. — Aytilgan ishlardan faqat mening manfaatdorligim yo‘q. Iks kirt sanoatini o‘z nazoratiga olmoqchi. Menda bunday nazorat bor. Florina yerlarining uchdan biri qonunan meniki. Zavod, fabrikalarim, fazoviy kemalarim qo‘shilmasi shunchalik kuchliki, agar istasam hammangizni kirt sanoatidan siqib chiqara olaman. Buning uchun tovlamachilik, do‘q-po‘pisa qilishim zarur emas. Boshqalarda esa manfaatdorlik bor. Masalan, Runening ixtiyorida faqat eng kichik qit’a mavjud. Uning hissasi hammanikidan kam. Bu hol unga yoqmaydi, men yaxshi bilaman. U mening gapimni inkor qilolmaydi. Balle tagli-taxtli zotlardan. Uning ajdodlari ma’lum davr Sarkka hukmronlik qilishgan. Bu narsalarni u yoddan chiqarmagan bo‘lishi kerak. Bortga esa kengash paytida doimo kamchilik tomonda qolishi va natijada o‘z yerlarida istaganicha qamchi va to‘pponcha siyosatini o‘tkazolmasligi yoqmaydi. Stin bo‘lsa isrofgar, moddiy tomondan qiyin ahvolda. Mablag‘ topish zaruriyati — kuchli zaruriyat. Bor-yo‘q manfaatdorlik — mana shulardan iborat. Ko‘rolmaslik. Amalparastlik. Ochko‘zlik. Obro‘ga intilish. Xo‘sh, qaysi biringiz shu ishga qo‘l urdingiz?
Ballening ko‘zlarida jahl uchqunlari chaqnadi.
— Siz bizdan shubhalanyapsizmi? Kimdanligini aniq ayting?!
— Bu muhim emas. Bizning yakdillik bilan harakat qilishimiz lozimligi aytilgan birinchi majlisimiz Iksni cho‘chitib yuborgan. Iks majlisda ishtirok etgan. Iks bizlarning oramizda, u yakdillik bilan harakat qilish o‘zi uchun mag‘lubiyat ekanligini anglagan.
Biz yakdil bo‘lishimiz lozim. Iksning oramizdaligini hisobga olganda, buning birgina bexatar yo‘li bor. Biz qit’alar muxtoriyatini tugatishimiz kerak. Muxtoriyat hozirgi sharoitda ortiqcha dabdaba va hatto dahmazadir, chunki Iksning nayranglari faqat bizning iqtisodiy tushkunligimiz yoki ishlarimizga Trantorning aralashuvi bilan tugaydi. Men, ishonishim mumkin bo‘lgan yagona odamman, shuning uchun, bugundan boshlab birlashgan Sarkning boshlig‘iman. Rozimisiz?
Ular o‘rinlaridan turib ketdilar, qo‘llarini paxsa qilib qichqira boshladilar. Biroq, afsuski, jismonan hech narsa qila olmasdilar. Fayf jilmaydi. Ularning har biri o‘z qit’asida edi. U o‘z stoli oldida o‘tirib, og‘izlari ko‘piklanayotganlarni kuzatishi mumkin edi.
— Sizning boshqa ilojingiz yo‘q. Birinchi majlisimizdan beri o‘tgan yil davomida kerakli tayyorgarlikni ko‘rib qo‘yganman. Siz bu yerda, yig‘ilishda ishtirok etayotgan paytingizda, menga sodiq harbiylar barcha kema qo‘shinmalarini egallab oldilar.
— Xiyonat! — bab-barobar qichqirishdi ular.
— Qit’alar muxtoriyatiga xiyonat, — e’tiroz bildirdi Fayf. — Sarkka sodiqlikdir. Yigirma to‘rt soatdan keyin men Iksning kim ekanligini aniqlayman. Boyadan beri gapirilayotgan koinot tadqiqotchisi mening qo‘limda.
Fayf hiringladi.
— Qaysi birimiz Iks ekanmiz, deb hayron bo‘lyapsizmi? Xotirjam bo‘ling, hozir buni oramizdan kimdir biladi. Bir kundan so‘ng boshqalar ham bundan voqif bo‘ladilar. Janoblar, esingizda tursin: sizda kuch yo‘q. Harbiy kemalar faqat menga bo‘ysunadilar. Xayr, bo‘lmasa.
U xayrlashish ishorasini qildi.

YAXTA HAYDOVCHISI

Og‘zining bir chekkasiga o‘chib qolayozgan sigareta qistirib olib olgan Xenro ohista qadam tashlardi.
U band qilingan har bir angarning oldida to‘xtar, ichkariga sinchiklab nazar tashlardi.
26-angarga u juda qiziqib qoldi. Pastak panjara ortidan so‘z qotdi:
— Skvayr?
Ichkaridan chiqib kelgan skvayrning ko‘rinishi juda antiqa edi. Eng avvalo uning egnida sport kiyimi yo‘q edi. Ikkinchidan, uning soqoli anchadan beri olinmagan, boshidagi ko‘rimsiz qalpoqcha beo‘xshov kiyilgan, go‘yo u yuzini berkitishga tirishayotgandek edi. Nihoyat, u skvayrlarga xos bo‘lmagan haddan tashqari ehtiyotkorlik bilan harakat qilardi.
— Men Markis Henroman. Bu sizning yaxtangizmi, janob?
— Ha, meniki. — Bu so‘zlar ohista, zo‘riqib aytildi.
— Ichkariga kirsam maylimi?
Skvayr ikkilanib yo‘l berdi. Henro ichkariga qadam tashladi.
— Kemangizning yuritkichi qanaqa, janob?
— Nega so‘rayapsiz?
— Ochig‘ini aytsam, men yangi kema sotib olmoqchiman.
— Sizni ana shu yaxta qiziqtiryaptimi?
— Bilmadim. Aniq aytolmayman, balki narxi to‘g‘ri kelsa, o‘ylab ko‘rarman. Biroq, ne bo‘lsa ham, agar yo‘q demasangiz, men yuritkichni va boshqaruv qismlarini ko‘zdan kechirmoqchiydim.
Skvayr o‘ylanib qoldi.
— Istamasangiz, o‘zingiz bilasiz. — Xenro ketmoqchi bo‘lib ortiga burildi.
— Balki sotarman, — dedi skvayr. — Mayli, kemaga kirishingiz mumkin.
— Rahmat. Yo‘lni ko‘rsatasizmi?
Skvayr cho‘ntaklarini titkilab bir dasta kalit chiqardi-da, tashrif buyuruvchiga tutdi.
— O‘zingiz kiravering, janob.
Henro dastani olib, kalitlardan kema belgilarini izlay boshladi. Kema egasi unga yordam beray demasdi.
— Mana bu bo‘lsa kerak, — dedi u nihoyat.
Eshik ohista, shovqinsiz ochildi va Henro qorong‘ulikka qadam qo‘ydi…
Mirlin Terensning boshqa bir iloji yo‘q edi. U Dimonning kemasi atrofida nima qilishni bilmay uch soat yurdi. Endi bo‘lsa manavi kishi kelib kemani tekshiryapti. U bilan muloqot qilish g‘irt ahmoqgarchilik. Bir ozdan so‘ng, u Mirlin Terensning qalloblik qilayotganini bilib qoladi.
Bu temir-tersakning ichidan ovqat topilgani, har holda yaxshi bo‘ldi. Xira xaridor kema ichida izg‘iyotganidan foydalanib, Terens konservalangan go‘sht va mevalarni paqqos tushira boshladi. Keyin maza qilib suv ichdi. Oshxonaning ro‘parasida dush bor ekan. Uni ichkaridan qulflab, yaxshilab yuvinib oldi. Boshini siqayotgan qalpoqchani qisqa vaqtga bo‘lsa ham yechish rohat baxsh etdi. Javondan yangi kiyimlar topdi. Nihoyat, Henro qaytib chiqdi.
— Ayting-chi, men bu kemani haydab ko‘rsam, qarshilik qilmaysizmi?
— Bemalol, Siz bu xildagi toychoqlarni boshqara olasizmi? — so‘radi Terens yasama beparvolik bilan.
— Haydolsam kerak, — dedi xaridor jilmayar ekan. — Men hozirgi barcha xildagi kemalarni jilovlay olaman. Har holda, nazorat minorasidan ruxsat so‘rashni o‘z zimmamga yuklamoqchiman. Mana, mening yaxta haydashga huquq beruvchi hujjatim, parvozdan oldin ko‘rib oling…
Bir oz o‘tib ular fazo qa’riga chiqdilar. Avvaliga, yaxta haydovchisining uzun-uzun, ingichka barmoqlari boshqarish tugmalarini o‘ynar ekan, ekrandagi yulduzlar u yoq, bu yoqqa borib-kelib turdilar. Keyin, ekran yuzasini zarg‘aldoq sayyoraning bir bo‘lagi egallab oldi.
— Yomon emas, — dedi Xenro. — Dimon, siz kemaga yaxshi qarar ekansiz. Yaxta uncha katta bo‘lmasa ham, afzal tomonlari ko‘p ekan.
— Istasangiz, uning tezligini va boshqaruvchanligini tekshirishingiz mumkin, — dedi ehtiyotkorlik bilan Terens. — Qarshiligim yo‘q.
— Juda soz. Sizningcha, qaysi tomonga yo‘l olsa yaxshi bo‘ladi? Agar… — U ikkilanib turdi-da, so‘zini davom etdirdi: — Sarkka borishga qalaysiz?
Terensning nafas olishi sezilar-sezilmas tezlashdi. U mo‘’jizalar olamiga tushib qolganiga ishongisi kelardi.
— Yo‘q deyishga asosim yo‘q, Henro! — javob qildi u shavq bilan.
— Demak, Sarkka ketdik.
Florinaning ekrandagi tasviri tezlik oshgan sari kichraya boshladi…
Terens juda og‘ir, ko‘z oldi xiralashgan holda uyg‘ondi. Bir necha daqiqa atrof-borliqni yaxshi his qila olmadi.
— Uxlab qolibman-a, — dedi u esnar ekan.
— Shunaqaga o‘xshaydi. Mana, Sarkka ham yetib keldik. — Henro ekrandagi yarimoyga ishora qildi.
— Qachon qo‘namiz?
— Taxminan bir soat bor.
To‘satdan Terens Henroning qo‘ynida kul rang metall jismni — igna-miltiqning mo‘’jaz tumshug‘ini ko‘rib qoldi.
— O‘zi nima gap? — so‘radi Terens o‘rnidan turishga chog‘lanar ekan.
— O‘tiring, — dedi bosiq ohangda Henro. U boshqa qo‘lida qalpoqcha ushlab turardi. Terens beixtiyor qo‘lini boshiga yugurtirdi, barmoqlari yorqin sochlarni his qildi.
— Ha, — aniq xulosa chiqardi Henro. — Bu yaqqol ko‘rinib turibdi. Siz florinaliksiz.
Terens indamay oldiga qarab tura berdi.
— Sizning mahalliy kishi ekanligingizni, bechora Dimonning kemasiga chiqishdan avval ham bilgandim. Sizning asosiy xatoingiz shu bo‘ldiki, Rezident, siz yaxshi tashkil etilgan politsiya kuchlarini betinim aldab yura olaman, deb o‘ylabsiz. Sovuqqonlik bilan biror kimsani, aytaylik, Dimonni o‘ldirgan odam qanday hissiyotga chulg‘anadi, Rezident?
— Men uni qasddan tanlaganim yo‘q, — xirilladi Terens. Uning nafas olishi tezlashdi. U achchiq alam va jahl bilan g‘o‘ldiradi: — Siz, sarkliklar, millionlab florinaliklarni shu xususda, ayollarni, bolalarni ham o‘ldirgansiz. Ularning qoni sizga boylik keltirdi. Bu yaxta…
— Dimon xizmatkor emas, xo‘jayin sifatida tug‘ilgani uchun aybdor emas, — dedi Henro. — Agar, siz sarklik bo‘lsangiz nima qilardingiz? Butun mol-mulkingizdan voz kechib kirt maydonida javlon urib ishlarmidingiz?
— Unday bo‘lsa, otib tashlang! — qichqirdi Terens. — Nimani kutyapsiz?
— Shoshib qayoqqa ham borardim. Mening vaqtim ko‘p. Hikoyani tugatib olay. Xullas, o‘ldirilgan kishi va qotilning shaxslari haqida bizning aniq ma’lumotimiz yo‘q edi, biroq menda ba’zi gumonlar mavjud edi. Men jinoyatchini Sarkka yetkazib kelaman, deb Xavfsizlik Xizmatini ishontirdim. Bu ishni biron-bir to‘polonsiz, tinch bajaraman, deb aytdim. So‘zimning ustidan chiqqanimga amin bo‘lgandirsiz. Tan olishim kerak, avvaliga, men rosa ikkilandim, siz-qidirilayotgan kimsamisiz yoki yo‘qmi. Siz bekat maydonida oddiy kiyimda yurardingiz. Bu o‘taketgan didsizlik. Hech kim, maxsus kiyimsiz, o‘zini yaxta haydovchisi qilib ko‘rsatmaydi, deb o‘yladim.
Sizni atayin ko‘z-ko‘z qilib qo‘yishgan, siz qidiruvni chalg‘itish maqsadida qamoqqa olinishni istayapsiz, deb ham o‘yladim.
Men ikkilanib, sizni turli yo‘llar bilan sinab ko‘rdim. Mutlaqo zaruriyati bo‘lmagan hollarda kalitlarni tanlay boshladim. Havo almashtiriladigan tirqishlarning o‘ng tomonidan hech qachon kemaga chiqilmaydi, bilib qo‘ying, bunday kemalar umuman yo‘q. Eshiklar doimo chap tomonda joylashadilar. Mening xato qilganimdan hayron bo‘lmadingiz. Aslo!
Keyin, men sizdan, kemangiz Florinadan Sarkka olti soatda bora oladimi, deb so‘radim. Ha, dedingiz. Bu ajoyib yangilik! Axir, eng tez uchish muddati to‘qqiz soatdan ko‘proq-ku!
Shundan so‘ng, siz ko‘z-ko‘z qilinayotgan odam emassiz, degan xulosaga keldim. Sizning bilimsizligingiz haddan tashqari edi… Aytganday, nega bularni erinmay hikoya qilayotganimni bilasizmi? — to‘satdan yumshadi Henro.
Terens indamadi.
— Birinchidan, — dedi Henro, — sizning qiynalayotganingizni ko‘rish menga huzur baxsh etadi. Men qotillarni yoqtirmayman, ayniqsa, sarkliklarni o‘ldirgan florinaliklarni. Menga sizni tirik tutib kelish buyurilgan, biroq ko‘rsatmalarda jinoyatchini yayratib-quvnatib borish haqida gap-so‘z yo‘q. Ikkinchidan, siz shart-sharoit bilan tanishishingiz kerak, chunki kema Sarkka qo‘ngach, keyingi qadamlarni o‘zingiz tashlashingiz zarur.
Terens unga yarq etib qaradi.
— Tushunolmadim.
— Xavfsizlik Xizmati kelayotganingizdan xabardor. Biz sayyora atmosferasidan chiqishimiz bilanoq, Florina bo‘limi bu haqda axborot bergan.
— Baribir tushunolmadim, — dedi umidsiz ohangda Terens.
— Aytayapman-ku: sizni Sarkda kutishyapti. Lekin, men uning Xavfsizlik Xizmatini emas… Trantorning odamlarini ko‘zda tutyapman.

MURTAD

Kofe ichish mobaynida Ebl qarshisida o‘tirgan Junsga oxirgi 36 soat mobaynida ro‘y bergan voqealarni aytib berdi.
Junsni hayrat qamradi. U yarimlab qolgan piyolasini chetga qo‘yib so‘z qotdi:
— Aytaylik, ular barcha kemalar orasida kelib-kelib xuddi shunisiga yashirinishga muvaffaq bo‘lishgan bo‘lsin. Biroq, ularni bilmasliklari ham mumkin-ku. Kema qo‘nayotgan paytda, o‘z odamlaringizni yuborsangiz…
— E-e! O‘zingiz yaxshi bilasiz: zamonaviy kemalarda issiq jonni sezmaslik mumkin emas.
— Balki mumkindir. Asboblar, albatta, xato qilmaydilar, biroq odamlar to‘g‘risida bunday deya olmayman.
— Bunday o‘ylasangiz, xato qilasiz. Menga yetib kelgan ma’lumotga ko‘ra, shu daqiqada koinot tadqiqotchisi kirib olgan kema Sarkka yaqinlashyapti, Skvayr Fayf esa boshqa Buyuk Skvayrlarni chaqirib majlis quryapti. Bunday qit’alararo bo‘ladigan majlis Galaktika kengliklarida yulduzlar qanchalik siyrak uchrasa shunchalik kamdan-kam uyushtiriladi. Bu tasodifmi? Juda g‘alati tasodif!
— Bularning hammasini qanday bildingiz?
— “Hammasi” nima deganingiz?
— Hammasimi? Aytaylik, koinot tadqiqotchisining qanday va qachon berkinganini, Rezidentning qanday qilib ta’qibdan qochib ulgurganini. Siz meni aldayapsiz.
— Qimmatli Juns!
— Siz o‘z kishilaringizning mendan yashirincha koinot tadqiqotchisini kuzatganliklarini tan oldingiz. Siz tasodiflardan saqlash uchun meni ziyon-zahmatsiz ohistagina chetga chiqarish tadbirlarini ham ko‘rib qo‘ydingiz.
— O‘tgan tun bo‘yi men ba’zi bir xufiyalarim bilan aloqada bo‘lib turdim…
— Bu ma’lumotlarni faqat Sark hukumati a’zosi bilan muloqotga kirisha oladigan kishigina qo‘lga kiritishi mumkin.
— Ha, albatta… Bir kishi bor, u mening eng zo‘r xufiyalarimdan. U Sarkning Xavfsizlik Xizmatida ishlaydi. Aytganday, u hozir Rezidentini bu yerga olib kelyapti.
— Rezident ushlangan deyayotgan edingiz-ku.
— Ha. Xavfsizlik Xizmati tomonidan. Mening xufiyam Xavfsizlikning ham xufiyasi.
— Endi nima qilmoqchisiz?
— Hozircha bilmayman. Rezidentni olib kelaylik-chi, keyin ko‘ramiz. Men faqat bir narsani aniq bilaman, u bekatga qo‘nadi. Biroq, skvayrlar ham Rezidentga orziqib ko‘z tikib turishibdi. Asosiy masala — uning kimga nasib qilishida!
O‘zga sayyoralar elchixonalari butun Galaktikada xususiy maydonlariga ega bo‘lishga haqli edilar. Amalda esa, faqat Trantor elchixonalari bunday huquqdan foydalana olardilar.
Trantor elchixonasi maydoni taxminan bir mil kvadratni egallagan, bu yerni maxsus kiyimli, Trantor belgisini taqqan nazoratchilar qo‘riqlardilar. Bu maydonga sarkliklar faqat taklifnoma orqaligina kira olar, qurollangan sarklik esa qorasini ham ko‘rsatolmasdi. Nazoratchilar ortida butun kuch-qudratlarini birlashtirgan milliondan ortiq sayyoralar uyushmasi turardi. Elchixonaga taqdid qilishga qech kimning yuragi betlamasdi.
U hatto Sarkning fazo bekatlarini inkor etib, Trantor bilan to‘g‘ridan-to‘g‘ri aloqa qilardi. “Sayyora fazosi” bilan “Ozod fazo”ni chegaralab turuvchi yuz milya balandlikka Trantorning “Ona kema”si kelib turar, undan havoda ham uchishga mo‘ljallangan, qanotli kichkina Girokemalar elchixona hududidagi maydonga kelib-ketib turardilar. Xavf-xatar xabari yangragach, havoga elchixonaning qiruvchi tayyoralari ko‘tarildi. Ignato‘pning yoqimsiz tumshug‘i osmonga qaratildi. Energetik himoya ekranlari ko‘tarilib qo‘yildi.
— Boshpana so‘rayman! Qo‘nishga ruxsat bermasangiz, meni ikki daqiqadan so‘ng urib tushirishadi.
— Siz kimsiz?
— Menga elchini chaqiring! — qisqa to‘lqinli radio shig‘illadi va yana asabiy chinqiroq tovush yangradi: — Bu yerda kim bor? Bo‘ldi, men pastlayapman! Bir soniya ham kutolmayman deyapman-ku!
Girokema tikkasiga odatdagidan ancha yuqori tezlik bilan pastga yo‘naldi, chunki boshqaruvchining qo‘llari dahshatdan qaltirardi. O‘n daqiqalardan so‘ng yetib kelgan Sark kemalarining eskadrilyasi ikki soatcha xavf solib turgach, qo‘riqchilikni bas qildi.

***

Ular ovqatlanardilar: ya’ni Ebl, Salim Juns va yangi kimsa — Skvayr Stin. Ebl o‘zini bamaylixotir tutishga intilar, Buyuk Skvayrga nima uchun boshpana zarur bo‘lib qolgani sababini so‘rashga istihola qilardi. May ichishga o‘tilgach, nihoyat Stinning o‘zi gap boshladi.
— Men o‘z qit’amni nega tark etganimga ajablanmayapsizmi?
— Haqiqatdan sira tushunmayapman, — tasdiqladi Ebl, — Nega Skvayr Stin Sark kemalaridan qochishga majbur bo‘ldi?
— Bugun qit’alararo majlis o‘tkazildi.
— Rostdanmi? — yasama ajablandi Ebl.
U majlis tafsilotlarini pinak buzmay tingladi.
— U bizga yigirma to‘rt soatlik muhlat berdi, — g‘azablandi, gapini yakunlar ekan Stin. — Biroq, hali o‘n olti soat bor! Ha!
— Demak, siz Ikssiz! — qichqirib yubordi Juns, u butun hikoya davomida betoqatlanib o‘tirgandi. — Ha, ha, siz — Ikssiz! Siz qo‘lga tushishdan cho‘chib, bu yerga uchib kelgansiz. Bu juda zo‘r ish bo‘libdi! Ebl, mana sizga koinot tadqiqotchisi to‘g‘risidagi gapning isboti. Biz ularni o‘z odamimizni qaytarishga majbur qilamiz.
— To‘xtang! Yetar! Aqldan ozibsiz? Bas qiling! Gapirishga qo‘yasizmi, yo‘qmi… Janobi oliylari, bu kishini hech eslay olmayapman.
— Skvayr, bu janob — doktor Salim Juns bo‘ladilar.
— Menga qarang, doktor Salim Juns, men umrimda anavi siz aytayotgan esi pastni yoki koinot tadqiqotchisini ko‘rmaganman, bilmayman ham… Men — Iks emasman. To‘g‘risi! Meni ahmoqona harf bilan atashni bas qilsangiz, g‘oyat minnatdor bo‘lardim. Nahotki, siz Fayfning kulgili uydirmasiga ishondingiz! U bizni ahmoq va esi past deb hisoblaydi. Ha! U esi pastlar va koinot tadqiqotchilari haqidagi bema’ni safsatani to‘qib chiqargan. Agar, go‘yoki o‘ntalab nazoratchilarni gumdon qilib yuruvchi florinalik Fayfning yasama malla soch kiyib olgan josusi bo‘lib chiqsa, aslo ajablanmayman. Gapning po‘stkallasi: hech qanday Iks yo‘q, biroq Fayf to‘xtatilmasa, u ertagayoq butun subradioni turli fitnalar haqidagi xabarlarga to‘ldirib tashlaydi, so‘ng favqulodda holat joriy etishga chaqiradi va, nihoyat, o‘zini Dohiy deb e’lon qiladi. Mana, besh yuz yildirki, Sarkda Dohiy yo‘q, lekin bu narsa Fayfni to‘xtatolmaydi. U Asosiy Qonun — konstitutsiyani ham mensimaydi… Majlis tugashi bilanoq, men o‘zimning shaxsiy fazo bekatimni tekshirishni buyurdim, va bilasizmi, uni Fayfning odamlari ishg‘ol qilishga ulgurshibdi. Bu qit’alar muxtoriyati qonunining juda qo‘pol buzilishidir. Bu, axir, pastkashlik emasmi? Biroq, u — yaramas ayyor tulki bo‘lgani bilan, unchalik aqlli emas. U bitta-yarimtamizning qochishimizdan cho‘chib, fazo bekatlarini qo‘riqlashni buyuribdi, ammo… Stin miyig‘ida jilmayib, hiringladi, uning hayoliga girobekatlarni nazorat qilish kelmabdi. U sayyorada aslo qochishga joy yo‘q, deb o‘ylagan bo‘lsa kerak. Trantor elchixonasini unutibdi. Shunday qilib, men huzuringizdaman.
— Siz oilangizni tashlab kelibsiz, — dedi ohista Ebl. — Fayf sizga qarshi har qanday qurolni ishlatishi mumkinligini o‘ylamadingizmi?
— O‘yladim, biroq men barcha sevikli kishilarimni girokemaga tiqa olmasdim. — Stin qizargandek bo‘ldi. — Fayf ularga tegishga jazm qila olmaydi! Bundan tashqari, men ertaga o‘z qit’amga qaytaman.
— Qanday qilib? — so‘radi Ebl.
Skvayr bir zum unga sarosima bilan boqdi-da, ingichka lablarini ochdi:
— Janobi oliylari, men ittifoq tuzishni taklif qilaman. Siz, Trantor Sark bilan aslo qiziqmaydi, deya olmaysiz. Siz, Sark konstitutsiyasining o‘zgarishi Trantor aralashuviga sabab bo‘ladi, deb Fayfga aniq-taniq aytsangiz ham kerak.
Ebl uzun-uzun barmoqlarini birlashtirdi-da, ularga tikilib qoldi.
— Skvayr Stin, siz haqiqatan ham o‘z kuchlaringizni Trantor bilan birlashtirishni istayotganingizga ishona olmayman.
Stinning yengil jilmayish ifodalagan chehrasiga bir soniyagina kuchli nafrat ko‘lanka soldi.
— Fayfdan ko‘ra Trantor durust! — xitob qildi u.
— Men kuch bilan tahdid solishni istamayman. Biz voqealar rivojini bir oz kutib tura olmaymizmi?
— Yo‘q, yo‘q, — qichqirayozdi Stin. — Bir kun xam kutish mumkin emas. Agar, masalani hozir, tezda hal qilmasangiz, keyin kech bo‘ladi. Vaqt o‘tishi bilan uning obro‘ saqlab ortga qaytishi qiyinlashadi. Hozir siz menga yordam bersangiz, qolgan Buyuk Skvayrlar bizga qo‘shilishadi. Agar bir kungina hayallasak, Fayfning tashviqot mashinasi ishlay boshlaydi. Menga esa qochoq degan tamg‘a bosiladi.
— Agar undan biz koinot tadqiqotchisi bilan suhbatlashishga ruxsat so‘rasak-chi?
— Nima foyda? U ikki xil o‘yin boshlaydi. U, bizga, florinalik esi past-koinot tadqiqotchisidir, deydi, sizga esa, koinot tadqiqotchisi — bu florinalik esi past deb javob qiladi. Siz u kishini bilmaysiz. U juda dahshatli odam!
Ebl mulohaza yurita boshladi. U barmoqlari bilan stolni ohista urgancha qandaydir qo‘shiqni asta xirgoyi qilardi. Nihoyat, u so‘z qotdi:
— Rezident bizning qo‘limizga tushdi. Xabaringiz bormi?
— Qanaqa Rezident?
— Nazoratchilar bilan bir sarklikni o‘ldirgan kimsani aytyapman.
— A? Rostdanmi? Butun Sarkni ishg‘ol qilishga tayyorlanayotgan Fayf uchun buning qizig‘i bor deysizmi?
— Ha. Hamma gap Rezidentning bizning qo‘limizda ekanligida emas, balki uni qanday ushlaganimizda. Nazarimda Skvayr Fayf gaplarimga quloq tutadi, tutgan-da ham qo‘l qovushtirib tutadi.
Salim Juns qariya Eblni tanigan chog‘dan beri birinchi marta uning tovushidagi sovuqqonlik kamayganini va qoniqish, hattoki shodlik ohanglari paydo bo‘lganini his qildi.

TUTQUN

Zoti oliy Samiya Fayf qizi, nihoyat, o‘z xohishlarini ifoda etishni to‘xtatib, oddiy sarklik ayol kabi o‘z huquqlarini talab qilishga o‘tdi.
— Istagan kemani kutib olishga mening haqqim bor, — dedi u g‘azab aralash.
Bekat boshlig‘i aniq javob qaytardi.
— Xonim, biz sizni aslo xafa qilmoqchi emasmiz. Hamma gap shundaki, biz Skvayrdan, ya’ni, otangizdan alohida topshiriq olganmiz: sizga bu kemani kutib olishga aslo izn bermasligimiz zarur.
— Balki, siz menga bekatni tark etishni ham buyurarsiz?
— Yo‘q, xonim. Sizni bekatdan haydash haqida topshiriq bo‘lmadi. Istasangiz, qolishingiz mumkin. Lekin, kema qo‘nuvchi quduqlarga yaqinlashsangiz, sizni hibsga olishga majburmiz.
U ketdi. Samiya bekat darbozasi oldida to‘xtagan o‘zining hashamdor mashinasida qolaberdi.
Otasining bu ishi o‘taketgan vijdonsizlik edi. U qiziga doimo yosh boladek qaraydi. Mana bugun ham…

***

…Samiya otasiga ruhiyat zondi ta’siriga duchor qilingan koinot tadqiqotchisi va Florinaga tahdid qilayotgan xavf to‘g‘risida so‘z ochishi bilanoq, otasi uning gapini keskin bo‘ldi:
— Uning koinot tadqiqotchisi ekanligini qayerdan bilasan?
— Uning o‘zi aytdi.
— Xavfning qanday xildaligini gapirmadimi?
— Uni bilmaydi. U ruhiyat zondi ta’siriga duchor qilingan. Buning axir eng yaxshi isbot ekanligani ko‘rmayapsizmi? U haddan ziyod narsalarni bilgan. Bu, albatta, kimgadir yoqmagan! — Qizning tovushi beixtiyor pasaydi. — Agar uning fikr-g‘oyalari noto‘g‘ri bo‘lganda, ruhiyat zondini ishlatishga zarurat tug‘ilmasdi.
— Unday bo‘lsa, nega uni o‘ldirishmabdi?
— Siz Xavfsizlik Xizmatiga aytib, u bilan gaplashishga ijozat olib bersangiz edi, shu narsani aniqlardim. U menga ishonadi. Buni bilaman. Xavfsizlik Xizmati ham undan menchalik ko‘p axborot ololmasa kerak. Dada, buyruq bering, men u bilan so‘zlashay. Bu juda muhim.
Fayf qizining mushtum qilib tugilgan qo‘llarini mehr bilan ushladi-da, jilmaydi.
— Keyinroq, Samiya. Hozir emas. Tez orada qo‘limizga uchinchi odam tushishi lozim. O‘shanda, balki imkoniyat tug‘ilar.
— Uchinchi odam? Florinalik qotil emasmi?
— Xuddi o‘sha. Uni olib kelayotgan kema bir soatlardan so‘ng qo‘nadi.
— Ungacha koinot tadqiqotchisi bilan florinalik ayolga hech narsa tahdid qilmaydimi?
— Yo‘q.
— Yaxshi. U holda men kemani kutib olaman.
— U kimsaning kelayotgani haqida hech kim hech narsa bilmasligi kerak. Sening borishing nojoiz.
— Nima qilibdi?
— Samiya, men senga davlat siyosatini tushuntirib berolmayman.
— Siyosatmi, fi! — Qiz engashib otasining qoq peshonasidan o‘pdi-da, ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Hozir esa qiz bekat maydonidagi mashinasida ojizona o‘tirar edi. Nihoyat u tushdan keyingi yorqin nurli osmonda qora nuqta paydo bo‘lganini, uning kattalashayotganini sezdi.

***

Samiya tugmani bosib g‘aladondan binokl oldi. Uni ko‘zlariga tutdi va osmondagi qora nuqta kattalashib, kichkinagina kemaning shakl-shamoyiliga aylandi.

***

Ekranning butun yuzasini Sark egallab turardi.
— Fazo bekati qattiq qo‘riqlanmaydi, — dedi Henro, kemani boshqarar ekan. — Bu taklifni ham men kiritdim. Har qanday nooddiy kutib olish Trantorni shubhalantirishi mumkin, deb aytdim. Yana aytdimki, Trantor qanchalik haqiqiy ahvolni bilmasa, biz shunchalik muvaffaqiyat qozonamiz.
— Sarkmi, Trantormi, — dedi xo‘mrayib Terens, — nima farqi bor?
— Siz uchun farqi katta. Men sharqiy darboza yaqinidagi quduqqa qo‘naman. Shu zahotiyoq siz kema tumshug‘idagi ehtiyot eshikdan chiqing va darboza tomon jadallang, faqat shoshmang. Agar to‘siq uchrasa, o‘z bilganingizcha ish qiling. Siz buni qotirasiz, o‘tgan voqealar aytib turibdi. Darboza yaqinida sizni mashina kutib turadi, biror elchixonaga yetib olasiz…
Henro sovuqqina iljaydi.
— Qochganingizni bilishgach, eng yomon holda, meni sotqin sifatida otib tashlashlari mumkin. Agar meni behush holda topishsa, faqatgina ishdan haydashadi — bunday ahmoqning kimga keragi bor. Ayni shu hol men uchun ma’qulroq. Shuning uchun, ketishingizdan oldin menga nisbatan neyrotayoq ishlating. Ular qo‘na boshladilar. Illyuminatordan Sark shahrining ba’zi belgilarini payqash mumkin edi.
— O‘zboshimchalik, — qo‘shimcha qildi Henro, — bu yaxshi oqibatga olib kelmasligini tushunsangiz kerak. Sizda ikki yo‘l bor: yo Trantor, yoki Skvayrlar. Agar bir soatdan so‘ng Trantor ixtiyorida bo‘lmasangiz, siz baribir kechgacha Skvayrlar qo‘liga tushasiz. Unda holingiz ne kechishini gapirib o‘tirishning hojati bo‘lmasa kerak. Buni o‘zingiz juda yaxshi bilasiz…
Ekranda bekat namoyon bo‘ldi. Biroq Henro endi unga qaramay qo‘ygan, qo‘llari boshqarish tugmalarini ildam bosib, kemani qo‘ndirishga tayyorlardi.
Kema pastdan bir mill yuqorilikda ohista aylanar ekan, dum tomoni bilan Sark yuzasiga yaqinlasha boshladi.
Quduqdan yuzlarcha yard yuqorida yuritgichlar chiyillashga tushdilar. Terens yumshoq, gidravlik prujinali o‘rindiqqa joylashganiga qaramay butun vujudi bilan kema titrashini his qilardi. Boshi aylanardi.
— Tayoqni oling. Tez! Har bir soniya hisobda, ehtiyot eshik orqangizdan yopiladi. Bizni kutib turganlar asosiy eshik nega ochilmayotganiga besh daqiqalardan so‘ng ajablana boshlaydilar, yana besh daqiqa bu yerga kirishga ketadi, yana besh daqiqa esa sizni topishga sarf bo‘ladi. Ixtiyoringizda o‘n besh daqiqa bor: siz bekatdan chiqib mashinaga o‘tirishga ulgurishingiz lozim…
Terens Sark kuzinnng sovuq havosini his qildi. U ushbu sovuq iqlimda yillab yashadi, lekin Florinaning issiq va yumshoq obi-havosida buni unutibdi. To‘satdan miyasida xotiralar jonlana boshladi, go‘yoki u skvayrlar sayyorasini tark etmaganday edi.
Lekin Terens hozir qochoq edi, unga skvayrni o‘ldirishdek buyuk jinoyat tamg‘asi bosilgandi.
Uning kemadan chiqqanini hech kim ko‘rmadimikan?
Terens qalpoqchasiga qo‘l tekkizib qo‘ydi — u boshini quloqlarigacha berkitib turardi. Bo‘yniga osig‘liq yaltiroq va tekis medalonga nazar tashladi —uni Henro alohida belgi sifatida bergandi. Trantorliklar xuddi shu medalon orqali uni tanib olishlari kerak.
Terensning uni yechib tashlab, qandaydir boshqa kemaga amallab chiqib olish imkoni bor edi. U Sarkni bir amallab tark etishi mumkin. Bir amallab qutulib qolishi ham ehtimol.
Biroq, hammasi “amallab”! Oxirgi nuqtaga yetganini u qalban his qilardi. Ha, Henro to‘g‘ri aytdi: yo Trantor, yoki Sark! U Trantordan cho‘chir hamda nafratlanardi, lekin o‘zga iloji yo‘q: u aslo Sarkni tanlay olmaydi.
— Hey, menga qarang! — yoshgina ayol hashamatli mashina derazasidan unga qarab turardi. — Bu yoqqa keling.
Terens yaqinlashdi.
— Siz hozirgina qo‘ngan kemada keldingizmi?
U sukut saqlashni lozim ko‘rdi.
— Nega indamaysiz?
— Ha… — dedi zo‘rg‘a Terens. — U holda o‘tiring.
Ayol mashina eshigini ochdi. Mashnnaning ichki qismi yana ham hashamdor edi.
— Siz boshqaruv guruhidanmisiz?
“ Sinayapti!”, o‘yladi Terens. Shuning uchun xotirjam javob qildi:
— Siz mening kimligimni bilasiz. — Qo‘llari bilan bir soniyagina medalonga ishora qildi.
Mashina keskin burildi.
Qo‘riqlanayotgan darboza yaqinida Terens yumshoq, kirt g‘ilofli o‘rindiqqa singib ketay dedi. Lekin xavotirga o‘rin yo‘q edi. Uning najotkori xotirjamona buyruq berdi:
— Bu kishi men bilan ketyapti. Men Samiya Fayf qizi bo‘laman.
Horib-charchab turgan Terensga bu so‘zlarning ma’nosi kech yetib bordi. U jonholatda oldinga intilganida mashina ekspress-yo‘l bo‘ylab soatiga yuzlab milni tashkil qiluvchi katta tezlikda uchib borardi.
Ularning chiqib ketishganini bekat maydonida turgan ishchi ko‘rdi. Va o‘sha zahotiyoq kamzuli yoqasiga bir nimalar dedi. Ko‘p o‘tmay bekatdan tashqarida ketayotgan mashinadagi Trantor xufiyalaridan biri sherigiga alam bilan yuzlandi:
— Medalonli kishi hozirgina hashamatli mashinada bekatni tark etibdi. Mashina oliyzot xonim Samiya Fayf qiziniki ekan. Biz chapak chalib qolaveribmiz. O, Buyuk Koinot, endi nima qilamiz?
— Ta’qib qilaveramiz.
— Biroq, oliyzot xonim…
— U menga hech kim emas. Senga ham shunday bo‘lishi lozim. Yo‘qsa, bu yerda nima qilib yuribsan?
— Skvayrlar qotili xonim bilan birga ketayotgani aniq emas-ku. Balki, bu bizni kuzatish joynmizdan ketishimiz uchun qilingan nayrangdir?
— Fayf bizni yo‘qotish uchun o‘z qizini yubormaydi. Bir guruh nazoratchilar bemalol yetadi.
— Balki u Samiya emasdir…
— Kim bo‘lishidan qat’iy nazar, olg‘a! Tezroq! Yana tezroq!..

***

— Siz bilan gaplashib olishim kerak, — dedi qiz.
— Men tayyorman.
— Siz qotillikda ayblanayotgan florinalikni olib kelgan kemadansiz-a?
— “Ha”, dedim-ku.
— Juda soz. Men sizni bu yerga hech kim halaqit qilmasligi uchun olib keldim. Aytingchi, florinalik yo‘lda so‘roq qilindimi?
“Bunday soddalik yolg‘ondan bo‘la olmaydi”, o‘yladi Terens. Samiya haqiqatdan ham uni tanimaydi.
U ehtiyotkorona javob qildi:
— Ha.
— Siz so‘roqda ishtirok etdingizmi?
— Ha.
— Yaxshi. Men shundaydir, deb o‘ylagandim. Aytganday, nega siz kemani shoshilinch tark etdingiz?
— Men maxsus axborot olib borishim kerak…
U yana nima deyishni bilmay kalovlandi. Qiz darhol bu gapni ilib oldi.
— Mening dadamgami? Xavotir olmang. Men sizning yoningizni olaman. Buyrug‘imni bajardi, deyman.
— Mayli, xonim.
Uning “xonim” deb aytgan so‘zi, hattoki o‘zini ham hayratga soldi. Qiz, mamlakatdagi eng oliyzotlardan edi, o‘zi esa florinalik. Lekin nazoratchilarni o‘ldira olgan odam osonlik bilan skvayrlarni asfalasofilinga jo‘natishi mumkin, bu ishni bajargan kimsa esa hech cho‘chimay oliyzot xonim yuziga tik boqa oladi.
U qizga sinovchan va o‘tkir nigoh tashladi.
Qiz go‘zallikda beqiyos edi. Bunday chiroydan bahramand bo‘lish uchun butun hayotini qurbon qilsa ham arzirdi.
Shu daqiqada, u skvayrni o‘ldirish uncha katta jinoyat emasligini angladi.
U nima qilayotganini ham bilmay qoldi. Qizning nozik navnihol tanasi uning quchog‘iga tushdi. U qarshilik ko‘rsatishga urinib, bir soniyagina qichqirishga ulgurdi xolos. Terens g‘uncha lablardan chiqayotgan ohni o‘z lablari bilan o‘chirdi…
Mashinaning eshigi ochilib, Terensning orqasiga sovuq shabada ufurganda, qizning qo‘llari uning yelkalarini quchib turardi.
Jahldan tutoqqan sarklik Terensni mashinadan tortib chiqarar ekan, Samiya indamay, og‘zini ochgancha hayratda qotib qoldi.
— Shunday qiz shunga yo‘l qo‘ysa-ya, — g‘o‘ldiradi sarklik. — Yo‘l qo‘ysa-ya…
Samiya beholgina chetga surildi-da, yuzlarini ikki qo‘li bilan changallab oldi, rangi oqardi.
— Qizni nima qilamiz?
— Hech narsa.
— U bizni ko‘rdi-ku. Biz bir mil yurmasimizdan, butun sayyora orqamizdan izga tushadi.
— Sen oliyzot xonimni o‘ldirmoqchimisan?
— Yo‘q. Lekin, biz uning mashinasini buzib qo‘yishimiz mumkin. Qiz yaqin oradagi radiofonga yetib borguncha, biz qochishga ulguramiz.
— Kerak emas, — xufiya mashina ichiga engashdi. — Xonim, mening aslo vaqtim yo‘q. Eshityapsizmi?
Qiz g‘iq etmadi.
— So‘zlarimni qulog‘ingizga quyib oling. Baxtli daqiqalaringizda xalaqit qilib qo‘yganim uchun uzr, biroq men sizning xolatingizni stereofotoapparat orqali suratga tushirib ulgurdim. Angladingizmi? — xufiya sherigiga yuzlandi. — Xonim bu haqda hech kimga hech narsa aytmaydilar. Rezident, biz bilan yuring.
Terens bo‘shashib ular ortidan ketdi.
U mashinadagi rangi oqarib, g‘amgin bo‘lib qolgan chehraga qayta qaray olmadi. Endi ne bo‘lsa ham, u mo‘’jiza yaratdi. U Sarkning eng mag‘rur, eng go‘zal xonimidan bo‘sa oldi, uning nozik, yumshoq va shirin lablarining haroratini tuydi.

AYBLANUVCHI

Ebl o‘zining shaxsiy hayotida mavhum diplomatik gaplarni ishlatmaslikni afzal ko‘rardi. Aloqa nuri orqali Fayf bilan so‘zlashar ekan, o‘zini bir qadah may oldida o‘tirgan mo‘ysafiddek tutdi.
— Sizni topish qiyin bo‘ldi, Fayf.
Fayf jilmaydi. U xotirjam va beparvodek edi.
— Men band edim, Ebl.
— Bundan oz-moz xabarim bor.
— Nomini aytdimi?
— Qisman. Stin biz bilan yetti soatcha bo‘ldi.
— Bilaman. Bu mening xatoim. Siz uni bizga qaytarasizmi?
— Bunday qilolmasak kerak.
— U jinoyatchi.
Ebl miyig‘ida kulib qo‘ydi-da, shaffof va tiniq may ichidan chiqayotgan pufakchalarga boqib qadahni chekkaroqqa surib qo‘ydi.
— Menimcha, uni siyosiy qochoq, deb atash mumkin. Koinot qonuni bo‘yicha, u Trantor yerida daxlsizdir.
— Hukumatingiz sizni qo‘llab-quvvatlaydimi?
— Bunga shubham yo‘q, Fayf. Men qirq yilcha vatandan chetda xizmat qildim, Trantor nimani ma’qullaydi, nimadan norozi bo‘ladi, bularni juda yaxshi bilaman.
— Nazarimda, sizning taklifingiz borga o‘xshaydi…
— Ha. Sizning qo‘lingizda bizning odam bor.
— U kim?
— Koinot tadqiqotchisi. Trantor mulkiga qarashli Yer sayyorasining vakili. Menda Stin bor, sizda esa yerlik. Qandaydir ma’noda muvozanatda turibmiz. Siz o‘z rejalaringizni amalga oshirishni boshlamay, ultimatumingiz tugamay va davlat to‘ntarishingiz ro‘y bermay turib, kirt masalasini hal qilib olsak bo‘lardi.
— Bunga aslo hojat yo‘q. Hozirgi vaqtda ro‘y berayotgan hodisalar Sarkning ichki ishidir. Hech qanday siyosiy voqealar kirt sanoatiga ta’sir qilmaydi deb kafil bo‘la olaman. Nazarimda, bu Trantorning qonuniy talab va ehtiyojlarini qanoatlantirsa kerak.
Ebl o‘yga tolgancha so‘z qotdi:
— Bizda yana bir siyosiy qochoq borga o‘xshaydi. Antiqa hodisa. Aytganday, u — florinalik Rezident. O‘zini Mirlin Terens deb atayapti.
Fayfning ko‘zlarida o‘t chaqnadi.
— Bizda shunday shubha bor edi. Sark haqqi, Ebl, sayyoramiz ishlariga Trantorning ochiqdan-ochiq aralashishining cheki-chegarasi bo‘lishi kerak. Siz o‘g‘irlagan odam — qotil. Unga siyosiy boshpana berishga haqqingiz yo‘q.
— Bu odam sizga kerakmi?
— Uni almashtirishni taklif qilmoqchimisiz? Nima istaysiz?
— Eslatib o‘tilgan majlisning butun mazmuni kerak.
— Bitta florinalik qotil uchun-a? Albatta, yo‘q!
— Biroq, Rezidentning qo‘lga tushish tarixi juda qiziq. Buning shaxsan siz uchun katta ahamiyati bor…

***

— Men bu majlisda o‘z xohishim bilan qatnashayotganim yo‘q, — xo‘mrayib so‘z qotdi Fayf. — Shuning uchun, sizlarga biror nima deyishni aslo istamayman. Men faqat eshitmoqchiman.
— Nazarimda, birinchi so‘zni Stin olmoqchi, — dedi Ebl.
Stin darhol qichqira boshladi:
— Fayf! Siz meni Trantorga murojaat qilishga majbur etdingiz! Siz muxtoriyat qonunini buzdingiz. Buning uchun mendan yaxshilik kutmang. Men Skvayr Fayf kabi izquvar nomiga ega bo‘lmoqchi emasman, balki menda bunday iste’dod yo‘qdir, lekin men mantiqiy fikr yuritishga qodirman. Ha! Men o‘ylab ko‘rdim. Kecha bizga Fayf o‘zi “Iks” deb atayotgan sirli bir jinoyatchi haqida gapirdi. Xulosam shunday: Bu uydirmadan maqsad Sarkda favqulodda holat e’lon qilishdir. U meni alday olmadi!
— Demak, hech qanday Iks yo‘qmi? — so‘radi xotirjamlik bilan Fayf. — Unda siz nega qochdingiz? Bu axir kim gunohkorligini aytib turibdi-ku!
— Hali shunaqami? — qichqirdi yana Stin. — Men o‘zim o‘t qo‘yuvchi bo‘lmasam ham, yong‘in tushgan uydan qochishim mumkinmi, yo‘qmi?..
— Ha, men endi sukut saqlamayman. Barcha o‘y-fikrlarimni oshkor etaman. Iks kimligini ham aytishim mumkin! Mening bir narsaga shubham yo‘q: sotqinlik qilgan Buyuk Skvayrlarning biri. Ularning ichida eng xabardor kishi kim? Kim koinot tadqiqotchisi bilan bog‘liq voqeadan qolganlarni qo‘rqitish uchun, Fayf diktaturasiga xizmat qiluvchi “birlashish” uchun foydalanishga intildi? Men sizga Iksning haqiqiy nomini oshkor etaman. — Stin o‘rnidan turdi, boshi tasvir hajmining yuqorisiga tegib qolgani uchun tep-tekis ko‘rinardi. U ko‘rsatkich barmog‘i bilan ishora qildi. — Ana Iks! U — Skvayr Fayf! Koinot tadqiqotchisini o‘sha topgan. U birinchi majlisdagi o‘zining ahmoqona uydirmalari bilan bizga ta’sir qilolmaganini ko‘rib, uni qayergadir berkitib qo‘ygandi, endi esa, harbiy to‘ntarish tayyorlab, uni yana yuzaga chiqaribdi!
Fayf ensasi qotgancha Eblga yuzlandi.
— U gapini tugatdimi? Agar shunday bo‘lsa, unga ayting: gaplari har qanday vijdonli, or-nomusli odam uchun qattiq haqoratdir.
— Stin ko‘nglidagi gapni aytdi, — javob berdi Ebl. — Keling, muddaoga o‘taylik. Biz koinot tadqiqotchisini ko‘rishni istaymiz.
— Qo‘limizda o‘zini koinot tadqiqotchisi deb atayotgan aqli noqis kimsa bor. Yaxshi, men uni olib kelishni buyuraman.

***

Bunday voqealar Valona Marchning tushiga xech kirmagan edi. Ular sayyoraga qo‘nganlariga bir kundan oshganiga qaramay, u hamon tinmay hayratlanardi. Hatto Rikni tiqib qo‘yishgan alohida qamoqxonalar ertakdagidek ajoyib tuyulardi. Tugmani bossang jo‘mrakdan suv tushadi. Devorlardan esa issiqlik tarqaladi. Tashqaridagi havoning sovuqligi esa, yanada ajablantirardi: havo ham shunchalik past haroratli bo‘ladimi? U bilan muloqotda bo‘layotgan har bir kimsa esa juda po‘rim kiyingandi.
Mana endi uni katta va yorug‘ xonaga olib kelishdi. Bu yerda bir qancha odamlar bor ekan. Bittasi o‘ta jiddiy, qovog‘i solinib stol ortida o‘tirar, boshqasi ancha yoshi ulug‘, serajin bo‘lib oromkursini egallagandi. Va yana uch kishi…
Ularning biri Rezident edi!
Qiz jonholatda unga otildi.
— Rezident! Rezident!
Valona uning tanasini bosib-yanchib o‘tib ketdi.
Oyoqlari Rezident o‘tirgan og‘ir oromkursini sezmadi ham. U titrayotgan qo‘llarini ohista uzatdi. Qiz yigitni aniq-taniq ko‘rib turgan bo‘lsa-da, ular hech narsani his qilmadilar.
Valona oh urdi-da, yerga quladi. Rezident beixtiyor uni ushlab qolish uchun qo‘llarini cho‘zdi, biroq qo‘llar baribir qizni tutib qololmasdilar.
Bir ozdan so‘ng, Valona oromkursida o‘tirar, Rik qo‘llarini ushlab olgan, serajin qariya esa unga engashib turardi.
— Qo‘rqmang, jonginam. Bu faqat tasvir. Xuddi fotosuratga o‘xshash. Qiz Rezidentga ishora qildi.
— U hozir bu yerda yo‘qmi?
— Bu uch o‘lchamli tasvir, Lona, — gapga aralashdi to‘satdan Rik. — Rezident hozir boshqa yerda o‘tiribdi, biroq biz uni shu xonada ko‘ryapmiz.
Valona boshini liqillatdi. Rik buni tasdiqlayotgan ekan, demak, shunday bo‘lishi kerak. Qiz yerga qarab oldi. U, ayni paytda ham bor, ham yo‘q odamlarga boqishga jazm qila olmasdi.
Ebl koinot tadqiqotchisi Rikka yuzlandi.
— Siz uch o‘lchamli tasvirni bilasizmi?
— Ha, janob.
Bugungi kun Rik uchun ham ajablanarli edi, biroq bundan Valona cheksiz hayratlanayotgan bo‘lsa, Rik borgan sari o‘ziga tanish hayot ichiga kirib borardi.
— Qayerdan bilasiz?
— Aniq aytolmayman. Ilgari bilardim. Hamma narsa esimdan chiqmasdan avval.
— E’tibor qiling, Fayf! — dedi Ebl. — Sizning aqli noqis florinalik odamingiz, uch o‘lchamli tasvir haqida yetarli ma’lumotga ega ekan.
— Nazarimda, uni yaxshilab tayyorlashgan, — cho‘rt kesdi Fayf.
— Uni Sarkka kelgandan beri so‘roq qilishdimi?
— Albatta.
— Natija qanday?
— Yangilik yo‘q.
Ebl yana Rikka yuzlandi.
— Sizning ismingiz nima?
— Meni Rik deb atashlarigina yodimda bor, — xotirjamlik bilan dedi u.
— Bu yerdagilardan kimlarni taniysan?
Rik hammaga bir-bir qarab chiqdi.
— Faqat Rezidentni. Valonani ham albatta.
— Bu kishi, — dedi Ebl Fayfga ishora qilib, — Skvayrdir. Unga butun boshli bir sayyora qaraydi. Siz u haqda nima deya olasiz?
— Men yerlikman, — javob berdi Rik. — Men unga qaram emasman.
— Quloq soling, Rik, — dedi yana Ebl. — Hozir men sizga bir voqeani aytib beraman. Siz butun vujudingiz bilan tinglang va o‘ylab ko‘ring. Qayta-qayta o‘ylang! Meni tushunyapsizmi?
Rik “ha” deganday bosh silkidi.
Ebl shoshilmay ro‘y bergan hodisalarni hikoya qila boshladi. U kelayotgan xavf haqidagi xabar, uni kimdir tutib olgani, Rikning Iks bilan uchrashuvi, ruhiyat zondi, qanday qilib Rikni topib olishgani-yu, boqishgani, hamda uning kasalligini aniqlagan, so‘ngra halok bo‘lgan doktor va boshqa voqealar to‘g‘risida so‘zlab berdi.
— Mana, bor-yo‘q hikoya shu, Rik. Siz shulardan xabardormisiz?
— Hikoyangizning oxirgi qismi yodimda bor, — dedi ohista Rik. — So‘nggi bir necha kun… O‘tgan voqealarning ham ba’zilari esimga kelay deyapti-yu, biroq… juda noaniq…
— Siz o‘tgan voqealarni eslashingiz mumkinmi? Florinaga tahdid qilayotgan xavfni yodingizga tushira olasizmi?
— Ha, ha. Ayni shu narsa esimda.
— Keyin-chi? Siz Sarkka qo‘ndingiz va bir kishi bilan uchrashdingiz.
— Yo‘q. Boshqa eslay olmayman! — ingradi Rik.
— Siz urining! Urining!
Rik ranglari oqarib, yuzlaridan ter quyilarkan Eblga boqdi.
— Men bir so‘zni esladim.
— Qanday so‘z, Rik?
— Uning ma’nisi yo‘q.
— Baribir ayting.
— Bu so‘z stol bilan bogliq. Juda-juda mavhum… Men o‘tirardim. Boshqa bir kimsa ham o‘tirardi. Keyin u o‘rnidan turdi-da, menga yuqoridan pastga qaradi. Shu payt so‘z yangradi.
Ebl o‘zini bosib yana so‘radi.
— Qanday so‘z?
Rik mushtlarini tugib pichirladi:
— Fayf!

AYBLOVCHI

— Bu tomoshani bas qilaylik! — bo‘kirdi Fayf.
— Nega endi tomosha bo‘larkan? — baqirayozdi Ebl.
— Bo‘lmasa nima? Siz Florinaga yo‘nalgan xavf haqida suhbatlashamiz deganingiz uchun men bu uchrashuvga rozilik bergandim. Agar majlisda qoralovchi va qozi sifatida o‘tirgan sotqinlar va qotillar meni sud qshgishlarini bilganimda gaplashib ham o‘tirmasdim.
Ebl sovuqqina mulozimat qildi.
— Bu sud emas, Skvayr. Doktor Juns YUKTB a’zosini qutqargani kelgan — bu uning huquqi va burchi. Men alg‘ov-dalg‘ov paytlarda Trantor manfaatlarini himoya qilish niyatida tashrif buyurganman. Mana bu kishi — Rik esa, yo‘qolgan koinot tadqiqotchisi ekaniga mening hech qanday shubham yo‘q. Agar siz Rikni tekshirish va tibbiy ko‘rikdan o‘tkazish uchun doktor Juns ixtiyoriga topshirsangiz, majlisning bu qismini darhol tugatamiz. Bundan keyin ham sizning yordamingiz kerak bo‘ladi, albatta. Ruhiyat zondini ishlatgan jinoyatchini topish lozim va kelajakda bunday ishlar qaytarilmasligini kafolat beruvchi qonunlarni joriy etish zarur.
— Gap bu yoqda deng! — zaharxanda kuldi Fayf. — Niyatingiz nimaligini bilib turibman. Bu odamni sizga bersam natija qanday bo‘lishini aytishim mumkin. Avvalo, YUKTB bu odamdan qidirayotgan narsasini topadi. YUKTB o‘zini yulduzlararo tashkilot deb ataydi, biroq uning bir yillik sarf-xarajatlarining uchdan ikki qismini Trantor ta’minlashi ma’lum.
Xo‘sh, YUKTB nimani topadi?
Bu yaqqol ko‘rinib turibdi. Koinot tadqiqotchisi deb atalayotgan kishining es-hushi asta-sekinlik bilan qaytadi. YUKTB har kuni xabarnoma chiqarib turadi. U esa yangi va yangi kerakli tafsilotlarni yodiga tushira boshlaydi. Avvaliga mening nomim yangraydi. Keyin esa tashqi ko‘rinishim eslanadi. So‘ngra gaplarim aniq shaklga kiradi. Va tantanali ravishda men aybdor deb e’lon qilinaman. Yetkazilgan zararlar to‘lansin, degan talablar tug‘iladi. Natijada, Trantor Sarkni bosib olishga majbur bo‘ladi. Vaqtincha, albatta. Bu keyinroq noaniq davrga qadar cho‘ziladi.
Har qanday tovlamachilikning cheki-chegarasi bor. Sizning tovlamachiligingiz, janobi elchi, ana shu nuqtaga yetib keldi. Agar sizga shu odam kerak bo‘lsa, Trantorning butun harbiy kuchlari bilan birga keling!
— Kuch ishlatish haqida hech qanday gap yo‘q, — dedi Ebl. — Siz koinot tadqiqotchisining oxirgi aytganlarini rad etishga botinolmay, bu mavzudan qochishga urinayotganingizni sezib turibman.
— Bu so‘zning hech qanday ma’nosi yo‘q. Fayf — Sarkdagi eng buyuk nom. Koinot tadqiqotchisi deb atalayotgan kimsa faqat haqiqatni gapiryapti, desak ham, u roppa-rosa bir yil Florinada yashaganini e’tiborga olish zarur. U Fayf nomini har qadamda eshitishi mumkin. Bu nomning mavhum esdaliklar bilan uyg‘unlashib ketgan tabiiy emasmi? U haqiqatni gapirmayotgan bo‘lsa-chi? Asta-sekinlik bilan yuzaga chiqayotgan yangiliklar yodlab olingandir.
Valonaning chayir qo‘llaridan bo‘shashga intilib:
— Quloq soling! — qichqirib yubordi Rik.
— Mana, yana bir yangilik tug‘ilganga o‘xshaydi, — qayd qilib qo‘ydi Fayf.
— Quloq soling. Biz stol ortida o‘tirardik. Bahslashardik. Nima sababdanligi yodimda yo‘q. Choyga giyoh solib qo‘yilgan ekan. Shuning uchun, bir oz o‘tgach, men qimir etolmay qoldim. Gapirolmasdim. Faqat, “Yo, Buyuk Koinot, menga nima ichirishdi?!”, deb o‘ylay olardim xolos. Men o‘rnimdan turishni, qichqirishni va qochishni istardim, lekin bu qo‘limdan kelmasdi. Keyin, narigi kishi, Fayf, menga yaqinlashdi. U yonimda turgancha, menga engashib qarardi. Men esa lom-mim deyolmasdim. Hech narsa qilolmasdim. Faqat nigohimni yuqoriga — unga qaratib turishim mumkin edi.
— Bu yoqqa o‘giriling-da, mana bu kishiga boqing! — dedi jonholatda Juns. — Siz uni taniysizmi?
Rik Skvayr Fayfga tikildi. Bu hol bir daqiqa davom etdi, keyin u teskari o‘girildi.
— Esladingizmi?
— Yo‘q! Yo‘q!
— Fayf noxush jilmaydi.
— Tayyorlagan odamingiz o‘z rolini o‘zi unutib qo‘ydimi yoki u meni kelgusi safar taniydimi?
— Men bu kishini birinchi marta ko‘rib turibman, u bilan qech qachon gaplashmaganman, — e’tiroz bildirdi Salim Juns. — Men faqat haqiqat izlayapman.
— U holda men bir necha savol bersam bo‘ladimi?
— Bemalol.
— Tashakkur. Endi esa Rik, yoki boshqa ismingiz bormidi…
— Gapiravering, janob.
— Siz gangib, majolsiz o‘tirganingizda stolning narigi tomonidan bir kishi yaqinlashib kelgani yodingizda, shundaymi?
— Ha, janob,
— O‘sha odam sizga yuqoridan pastga egilib qaragan, to‘g‘rimi?
— Ha, janob,
— Siz esa pastdan yuqoriga qaragansiz yoki shunday qilishga intilgansiz-a?
— Ha, janob.
— O‘tiring-chi.
Rik Fayfning iltimosini qondirdi.
Fayf bir qancha muddat sukut saqladi. Ingichka lablari qimtildi, yuz va daqan mushaklari tarang tortildi. Keyin u oromkursidan pastga tushdi.
Pastga tushdi! Go‘yoki u stol tagida tizzasi bilan turgandek edi. Biroq u chetga o‘tgach, oyoqlarida turgani ravshan bo‘ldi.
Junsning boshi gangib qoldi. Shunday katta va buyuk odam to‘satdan ojizgina pakanaga aylangandi.
Fayfning maymoq oyoqlari yirik tanasini va katta boshini zo‘rg‘a ko‘tarib turardi. Fayfning yuzi qip-qizil bo‘lib ketdi, ko‘zlari esa boyagi-boyagi takabburona boqardi.
Rik o‘tirar, Fayf tik turar, ularning nigohlari bir xil balandlikda to‘qnashardi.
— Men o‘sha odam bo‘lishim mumkinmi? — xotirjam so‘radi Fayf.
— Yo‘q, janob.
— Ishonchingiz komilmi?
— Ha, janob.
— Shu holda ham, siz “Fayf” nomi esimda deyaverasizmi?
— Ha, bu nom yodimda, — o‘jarlik qildi Rik.
— Demak, kimdir mening ismimdan foydalangan.
— Shunday bo‘lsa kerak.
Fayf qayrildi-da, asta-sekin, viqor bilan stolga yaqinlashib, oromkursiga chiqib oldi.
— Men balog‘at yoshiga yetganimdan buyon hech kim mening tik turganimni ko‘rmagan edi. Majlisni davom ettirishdan ma’no bormi?
Bu gapga Salim Juns e’tiroz bildirdi.
— Nazarimda majlisni davom ettirish zarur. Axir Rikni faqat koinot tadqiqotchisi bo‘lgani uchun ruhiyat zondi ta’siriga duchor qilishmagan-ku!
— Uning o‘zidan so‘rang, nega uni bu ahvolga solishdi, — dedi Fayf.
— Albatta, bu narsa uning yodida yo‘q, — jahli chiqdi Junsning.
— Ruhiyat zondi miyada saqlanayotgan mantiqiy fikrlar zahirasiga ayniqsa, qattiq ta’sir o‘tkazadi. Shunday bo‘lsa-da, undan Florinaga qanday xavf tahdid qilayotgani to‘g‘risida so‘rab ko‘rish joiz. Xo‘sh, Rik, bu haqda nima deya olasiz?
— Faqatgina xavf mavjudligini va uning koinot oqimlari bilan bog‘liqligini eslayman, — g‘o‘ldiradi Rik.
Atrofga sukunat cho‘mdi. Buni yana Juns buzdi.
— Siz florinalik mahalliy kishilarning so‘zlariga ishonmayman, deb aytdingiz. Lekin oramizda bir kishi borki, u o‘zini mutelarcha qo‘l qovushtirib turuvchi florinaliklarga o‘xshamasligini isbotlab bergan. Menimcha, unga ham bir necha savol bilan murojaat etsak, yomon bo‘lmaydi. Agar u o‘jarlik qilsa yoki ishonchsizlik tug‘dirsa, uni Sarkka qaytarish masalasini ko‘rib chiqamiz.
Ancha paytdan beri musht bo‘lib tugilgan qo‘llariga tikilib o‘tirgan Terens gapirayotgan Junsga keskin nigoh tashladi.
— Rik Florinada topilgandan buyon sizning qishlog‘ingizda yashadi, shundaymi?
— Ha.
— Siz mana shu muddat davomida qishloqda uzluksiz bo‘lganmisiz? Ya’ni, aytmoqchimanki, turar joyingizni biror ish bilan uzoq vaqtga tark etmaganmisiz?
— Rezidentlar ish bilan u yoq-bu yoqlarga yugurmaydilar. Ularning barcha yumushlari qishloqda.
— O‘tgan yili qaysi skvayr sizning qishloqqa tashrif buyurdi?
— Men qayerdan bilay? Bu savolga javob bera olmayman: skvayrlar qayoqda-yu, mahalliy aholi qayoqda! Siz uchun men Rezidentman, ular uchun esa oddiy florinalik. Men darboza yonida turib olib, ularning hujjatini tekshirishga huquqim yo‘q.
— Sizning yerlaringiz kimga qarashli?
— Skvayr Fayfga.
To‘satdan oradagi gapga Stin aralashdi.
— Menga qarang! Doktor Juns, siz bu savollaringiz bilan uzoqqa borolmaysiz, balki Fayfga yordam berarsiz. Nahotki, Fayf bu kishining ortidan josus qo‘yishdan manfaatdor bo‘lsa, nahotki uning o‘zi Florinaga borib yursa? Nazoratchilar nimaga chaqirilgan?
— Bunday sharoitda, — dedi Juns, — ya’ni sayyoraning iqtisodiyoti va balki, umuman bor-yo‘qligi birgina odamning miyasiga bog‘liq bo‘lib qolganda, tabiiyki, ruhiyat zondini qo‘llagan kimsa nazoratchilarga suyanib o‘tirmaydi.
— Hattoki u o‘sha miyani ishdan chiqargan bo‘lsa hammi? — jilmaydi Fayf.
Eblning pastki labi osilib, qovog‘i solindi. Uning eng oxirgi tikkan dovi Fayf tomonga o‘tib ketayotgan edi.
Biroq to‘satdan, ma’yuslanib o‘tirgan Valona tilga kirib, yordamga keldi:
— Men gapirsam maylimi?
— Gapiring, yaxshi qiz, tortinmang, — dedi Juns.
— Men oddiy dehqon qiziman. Jahlingiz chiqmasin. Mening nazarimda, hamma narsa boshqacha bo‘lishi kerakdek. Rik haqiqatdan ham katta odam edimi? Aytmoqchimanki, koinot tadqiqotchisimidi?
— Menimcha, ha.
— U holda, mening fikrim mana bunday. Rikni Florinaga olib kelgan kishi, uni biron daqiqa ham ko‘zdan qochirmasligi zarur edi. Aytmoqchimanki, uni fabrikadagi boshliqlar urmasligini, bolalar tosh otmasligini, u kasallanib, o‘lib qolmasligi uchun nazorat qilib turish kerak edi. Uni maydonda ham ojiz holda tashlab ketolmasdi, to‘g‘rimi? Uning tirik qolishini tasodifga ishonib tashlab qo‘yolmasdi. — Qiz hayajonlanib, hovliqib so‘zlardi.
— Davom etavering, — dedi Juns, diqqat bilan uni kuzatar ekan.
— Rikni eng boshdan kuzatib yurgan bir odam bor. U Rikni maydondan topib olgan, qarab turishni menga topshirgan, uning har bir kuni qanday o‘tganini bilib yurgan. U doktor to‘g‘risida ham barcha axborotdan xabardor edi, buni men o‘zim aytib bergandim. Ana u! Ana u! — Qiz deyarli qichqirib yubordi, uning ko‘rsatkich barmog‘i esa Mirlin Terensga — Rezidentga ishora qilardi.
Bu hattoki o‘ta xotirjam Fayfga ta’sir qildi. Uning qo‘llari oromkursidan ko‘tarildi, boshi esa keskin Rezident tomonga burildi.

G‘OLIBLAR

Hamma haykaldek qotib qolgandi.
Keyin Stinning chinqiroq kulgisi eshitildi.
— Juda to‘g‘ri, — xaholashga o‘tdi Stin. — Men doimo shu haqda gapirganman. Fayf bu florinalikni yollagan. Mana, Fayfning asl qiyofasini ko‘rib turibsiz, uning maqsadi…
— Bu g‘irt tuhmat!
Bu xitobni Fayf emas, Rezident aytdi. U o‘rnidan dik etib turib ketdi. Ko‘zlari yonardi.
— Nima tuhmat? — so‘radi Ebl.
Terens kalovlanib, bir muddat unga qarab turdi-da, tez-tez nafas olarkan, javob berdi:
— Skvayrning gaplari. Hech qanday sarklik menga pul to‘layotgani yo‘q.
— Qizning gaplari-chi? Ular ham tuhmatmi?
— Yo‘q. Valona to‘g‘ri aytdi. Ruhiyat zondini men qo‘lladim. Menga bunday qarama, Lona! Men Rikka ziyon-zahmat yetkazmoqchi emasdim. Men bunday bo‘lishini hech qachon istamaganman.
— Hammasi uyushtirilgan, — norozilik bildirdi Fayf. — Ebl, men sizning niyatingizni, aniq bilmayman, lekin mana bu shaxsning jinoyatlari ro‘yxatiga yana yangisini qo‘shish mumkin emas. Hammaga ma’lumki, faqat Buyuk Skvayrgina kerakli bilim va imkoniyatlarga ega bo‘la oladi. Stin, balki siz, yo‘q aybni bo‘yniga olish usuli bilan yollagan odamingizni qutqarib qolmoqchidirsiz?
— Bu masalada men hech kimdan, hatto Trantordan ham pul olmayman, — dedi Rezident. — Agar butun voqeani eshitgingiz kelsa, men aytib beraman. Men uchun Sark nima-yu, Trantor nima?! Hammasi jonga tegdi! Mayli, hech bo‘lmasa ko‘nglimni bo‘shataman. — U Fayfga ishora qilarkan, gapida davom etdi. — Mana bu kishi — Buyuk Skvayr Fayfning aytishi bo‘yicha, bir jinoyatchining qilgan ishlarini bajarishga, faqat Buyuk Skvayrdagina yetarli bilim va imkoniyat mavjud ekan. U bunga chin dildan ishonadi. Biroq, uning bir o‘zi nima ham qilardi? Barcha sarkliklar qo‘shilib ham hech narsa qilolmaydilar. Ular boshqaruv ishlarida qatnashmaydilar. Mamlakatni florinaliklar boshqaradilar! Florina Fuqarolik xizmati boshqaradi! Barcha qog‘ozbozlik ishlari florinaliklar bo‘ynida. Qog‘ozlar esa, ma’lumki, Sarkni boshqaradilar. Albatta, ko‘pchilik florinaliklar mute bo‘lib qolishgan, biroq agar istasak, la’nati skvayrlar tumshug‘ining tagida qanday ishlarni amalga oshirishimiz mumkinligini bilasizmi? Mana, mening ishlarimga nazar tashlang.
Bir yil avval men vaqtinchalik fazo bekatida harakat boshlig‘i edim. Bu haqda qog‘ozlarda qayd etilgan. Rasmiy tomondan harakat boshlig‘i sarklik bo‘lgani uchun, ozroq qog‘oz titkilashingizga to‘g‘ri keladi. Lekin u rasmiy boshliq bo‘lgani bilan, barcha ish mening zimmamda edi. Mening nomimni faqat “Florinalik xodimlar” deb atalmish alohida bo‘limdan topasiz. Hech bir sarklik u yerga nigoh tashlashni o‘ziga ep ko‘rmaydi.
YUKTBning mahalliy xodimlari koinot tadqiqotchisining xabarnomasini yuborib, uning kemasini “Tez yordam” bilan kutib olishni taklif qilganlarida, bu axborot menga kelib tushgan. Florina halokati haqida eshitish har kuni ham nasib qilavermaydi, shunday emasmi? Shuning uchun, men koinot tadqiqotchisi bilan shahar tashqarisidagi kichkina bekatda uchrashishga kelishdim. Buning hech qiyin joyi yo‘q edi. Sarkni harakatga keltiruvchi barcha murvat va dastaklar mening qo‘limda edi.
Men koinot tadqiqotchisini kutib olib, uni YUKTBdan ham, Sarkdan ham berkitdim. Undan barcha axborotni qo‘limdan kelgancha siqib oldim va ularni Florina uchun va Sarkka qarshi ishlatishga qaror qildim. Fayf beixtiyor savol berdi:
— Birinchi xatlarni siz yuborganmidingiz?
— Buyuk Skvayr, — xotirjam davom etdi Terens, — birinchi xatlarni men jo‘natganman. Men kirt maydonlarining katta qismiga ega bo‘lsam, Trantorga o‘z shartlarimni qo‘yib, sarkliklarni o‘z sayyoramizdan haydab chiqara olaman, deb o‘ylagandim.
— Siz aqldan ozibsiz?
— Balki. Har holda bundan hech narsa chiqmadi. Koinot tadqiqotchisiga o‘zimni Fayf deb tanishtirdim. Chunki, u sayyoradagi eng katta odam Fayf ekanligini bilar va meni shu kishi deb tanisa ochiq-oydin gapirishi ma’lum edi.
Afsuski, uning sabr-toqati menikidan ham kam ekan. U YUKTB xodimi bilan uchrashtirasan, deb turib oldi. Men uni tinchlantira olmay ruhiyat zondini ishlatishga majbur bo‘ldim. Ruhiyat zondini amallab topdim. Uning qanday ishlatilishini kasalxonalarda ko‘rgan edim. Bu sohadagi bilimim juda sayoz edi. Baxtga qarshi, shunday bo‘lib chiqdi. Men zondni uning ongi yuqori qatlamlaridagi qo‘rquv va xavotirlik hissini olib tashlashga mo‘ljallab mosladim. Bu juda oddiy operatsiya edi. Nima bo‘lganini haligacha tushunmayman. Ehtimol, qo‘rquv va xavotirlik ancha pastki qatlamlarda yotgan bo‘lsa kerag-u, zond esa ularni qidirib, yo‘l-yo‘lakay aqlni ham vayron qilib ketgan. Natijada, mening qo‘limda aqlsiz jonzot paydo bo‘lib qoldi… Rik, meni kechir, juda afsuslanaman… Shunday qilib koinot tadqiqotchisi butunlay ojiz kimsaga aylanadi. Uni biror kimsa tanib qolishi mumkin bo‘lgan shart-sharoitdan asrash lozim edi. O‘ldirib ham bo‘lmasdi. Uning bilimlari menga kerak edi, es-hushining qaytishiga ishonardim.
Meni Florinaga Rezident sifatida jo‘natishlariga erishdim-da, qalbaki hujjatlar bilan koinot tadqiqotchisini ham ola ketdim. Keyin, uni daladan topib olishlarini uyushtirdim va Lonaning qo‘liga topshirdim. U doktor bilan uchrashmaguncha hech qanday xavf tug‘ilgani yo‘q. Shunda men Yuqori Shaharning kuchlanish stansiyalariga borishga majbur bo‘ldim. U yerdagi injenerlar sarkliklardan iborat edi, lekin kirish-chiqish nazoratini florinaliklar egallagandilar. Sarkda yurgan paytimda quvvat olish yo‘llarini yetarli darajada bilib olganim uchun kuchlanish simlarini tutashtirish qiyin bo‘lmadi. O‘shandan beri odam o‘ldirishga ko‘nikib qoldim. U paytda doktorning qog‘ozlari nusxasi ham saqlanishini bilmasdim. Bu haqda o‘ylab ko‘rish kerak ekan. Keyin, yuz soatcha avval, — nazarimda yuz yilga o‘xshaydi, — Rikning es-hushi qayta boshladi. Bor gap shu. Juns janoblari to‘g‘ri aytdilar.
Endi bir narsaga e’tibor qiling. Rikning qog‘ozlari qayerdaligini faqat men bilaman. Hech bir sarklik, hech bir trantorlik ularni topolmaydi. Agar o‘sha hisob-kitoblar sizga kerak bo‘lsa, menga siyosiy boshpana berishingiz zarur. Sarklik yoki trantorlik o‘zini vatanparvar deb atashi mumkin-u, nega florinalik bunday qilmasligi kerak?
— Biz sizni Sarkka bermaymiz, — dedi Juns. — Siz koinot tadqiqotchisiga yetkazgan jismoniy zahmatingiz uchun sud qilinasiz. Natija qanday tugashini bilmayman, lekin hozir bizga yordam bersangiz, bu aybingizni yengillashtiradi.
Terens doktor Junsga sinovchan nigoh tashladi.
— Doktor, sizga ishonishga harakat qilaman… Koinot tadqiqotchisining gapiga qaraganda, Florinaning quyoshi yangi yulduz portlashi davriga kirgan.
— Yo‘g‘-ye! — Bu xitob Valonadan bo‘lak barchaning og‘zidan chiqdi.
— Quyosh paq etib portlashga tayyor turibdi, — istehzo bilan jilmaydi Terens. — Bu ro‘y berishi bilan Florina tamaki tutunidek yo‘q bo‘lib ketadi.
— Men koinot tadqiqotchisi emasman, lekin yulduzning qachon portlashini oldindan aytish mumkin emas, deb eshitgandim, — so‘z qotdi Ebl.
— Juda to‘g‘ri. Ayting-chi, Terens, sizga Rik nega shunday xulosaga kelganini tushuntirmaganmidi? — so‘radi Juns.
— Ehtimol, bu narsa uning qog‘ozlarida yozilgandir. Mening yodimda faqat uglerod oqimlari to‘g‘risidagi gaplar qolgan.
— Nima deyapsiz?
— U doimo bir gapni qaytarardi: “Uglerodli koinot oqimi. Uglerodli koinot oqimi…». Bundan tashqari, qandaydir “katalik effekt” haqida ham so‘zlagandi. Boshqa hech narsa bilmayman.
Stin hiringladi, Fayf xo‘mraydi. Junsning ko‘zlari katta-katta ochildi.
Keyin Juns g‘o‘ldiradi:
— Meni kechiring. Men hozir qaytaman.
U uch o‘lchamli tasvirni tark etdi. Juns chorak soatdan so‘ng qaytdi. Hayratlanib atrofga boqdi. Xonada faqat Ebl bilan Fayf o‘tirishardi.
— Biz sizni kutayotgandik, doktor Juns, — dedi Ebl. — Koinot tadqiqotchisi bilan qiz elchixonaga yo‘l olishdi. Majlis tugadi.
— Tugadi? Yo Buyuk Koinot, biz endi boshladik-ku! Men sizga yangi yulduz portlash shart-sharoitlarini tushuntirmoqchi edim.
Ebl xijolatdan qimirlab qo‘ydi.
— Buning zaruriyati yo‘q, doktor.
— Bu juda muhim. Menga besh daqiqa vaqt bering.
— Mayli, gapira qoling, — so‘z qotdi Fayf. U jilmayardi.
— Boshidan boshlay qolay. Galaktika taraqqiyotining dastlabki ilmiy maqolalarida ta’kidlanganki, yulduzlar quvvatni o‘z tarkiblaridagi yadroviy o‘zgarishlardan oladilar. Shuningdek ma’lum ediki, bu quvvatning vujudga kelish sharti faqat ikki xil yadroviy reaksiya natijasidir. Ikkala holda ham vodorod geliyga aylanishi kerak. Birinchi reaksiya to‘g‘ridan-to‘g‘ri ro‘y beradi, vodorodning ikki yadrosi ikki neytron bilan birlashib, geliyning bitta yadrosiga aylanadilar. Ikkinchisi esa bilvosita, bir necha jarayonni bosib o‘tadi. Bu holda ham vodorod geliyga aylanadi, lekin oraliq jarayonlardagi o‘zgarishlarda uglerod yadrolari ham ishtirok etadi. Bu yadrolar biron-bir o‘zgarishga uchramaydi, uning uchun oz miqdordagi uglerod ham juda ko‘p vodorodning geliyga aylanishi jarayonida qayta-qayta ishtirok etaberadi. Boshqacha qilib aytganda, katalizator bo‘lib xizmat qiladi. Bu narsalar tarixiy davrlarda, insoniyat faqatgina bir sayyorada yashayotgan paytida ham ma’lum edi.
— Bu hammaga ma’lum bo‘lsa, — e’tibor qildi Fayf, — siz vaqtni behuda o‘tkazyapsiz.
— Biroq, biz bundan boshqa hech narsa bilmaymiz. Yulduzlarda bu ikki xil reaksiyaning qaysi biri ro‘y berishi hech qachon ma’lum bo‘lmagan. U yoki bu yo‘nalishni asosiy deb olgan turli ilmiy yo‘nalishlar doimo mavjud bo‘lgan. Lekin, odatda umuman fikr oddiy bir xulosaga — vodorodning geliyga aylanishiga kelib taqalgan. Menimcha, Rikning nazariyasi mana bunday bo‘lgan. Vodorodning geliyga aylanishi jarayonida, ba’zan shunday shart-sharoit vujudga keladiki, bunda uglerod ham ishtirok eta boshlaydi. Natijada, aytilgan reaksiya jarayoni tezlashib, yulduz qiziy boshlaydi.
Koinotda turli oqimlar mavjud. Buni yaxshi bilasiz. Ularning ba’zilari uglerodlidir. Yulduzlar bu oqimlarga duch kelib qolganda, ulardan katta miqdordagi atomlarni yulib oladilar. Lekin bu atomlarning umumiy miqdori yulduzning moddalari miqdori oldida bilinmas darajada kam, va ular yulduzga hech qanday ta’sir o‘tkaza olmaydilar. Biroq, ugleroddan tashqari! Uglerodga boy oqimlar orasidan o‘tgan yulduz muvozanatdan chiqadi. Men, uglerod atomlarining yulduz bag‘riga kirib olishi uchun necha yil — yuz yilmi yoki million yilmi ketishini bilmayman, lekin har holda, ancha vaqt kerak bo‘ladi. Bu narsa ro‘y berishi uchun, oqim juda keng bo‘lishi, yulduz esa unga kichik burchak hosil qilib kirishi lozim. Yulduz bag‘riga o‘rnashgan uglerod miqdori ma’lum to‘yinish darajasiga yetgandan so‘ng, yulduzning nurlanishi to‘satdan va keskin ko‘payadi. Tashqi qatlamlar dahshatli portlashdan uchib ketadilar va yangi yulduz tug‘iladi. Xo‘sh, bunga nima deysiz?
Juns javob kutdi.
— Siz, koinot tadqiqotchisining bir yil ilgarigi so‘zlarini eslashga uringan Rezidentning mavhum gaplariga asoslanib mana shularni o‘ylab topdingizmi?
— Ha, ha. Buning ajablanadigan joyi yo‘q. Koinot tadqiqi ana shu nazariyani qabul qilishga tayyor. Agar Rik bu fikrni olg‘a surmasa, tez orada boshqa bir kimsa albatta asoslashi mumkin edi. Bu xildagi nazariyalar avvallari ham taklif qilingan, lekin ular jiddiy qabul qilinmagan. Koinot tadqiqi texnikasi yaxshi rivojlanmaganligi sababli, hech bir nazariya yulduz tarkibidagi uglerodning nega to‘satdan oshib ketishini tushuntirib berolmagan. Ugelerodli oqimlar mavjudligi hozir ma’lum. Biz xaritaga uning yo‘lini chizishimiz, oxirgi o‘n ming yillikda qaysi yulduzlar oqimdan o‘tganligini aniqlashimiz va bu axborotni yangi yulduzlarning paydo bo‘lishi, ularning nurlanish oqimi bilan taqqoslashimiz mumkin. Xuddi shu ishlarni Rik bajargan bo‘lishi kerak. Uning Rezidentga ko‘rsatishga uringan hisob-kitoblari va kuzatishlari asosida ham menimcha, ana shu nazariya yotadi. Lekin hozir boshqa muhimroq ish bor: zudlik bilan Florina aholisini ko‘chirish zarur.
— Ish mana shunga borib yetadi, deb o‘ylagandim, — dedi vazminlik bilan Fayf.
— Kechirasiz, Juns, buning aslo iloji yo‘q, — dedi Ebl.
— Nega iloji yo‘q?
— Florina quyoshi qachon portlaydi?
— Bilmayman. Rikning bir yil oldingi tashvishli xabariga ko‘ra, juda oz vaqt qolgan.
— Siz bu muddatni aniqlay olasizmi?
— Yo‘q.
— Qachon bunday imkoniyat tug‘iladi?
— Aytish qiyin. Rikning hisob-kitoblarini topgan taqdirimizda ham, ularni qayta tekshirib chiqish kerak.
— Siz koinot tadqiqotchisining nazariyasi to‘g‘riligiga kafil bo‘la olasizmi?
Juns qovoqlarini uydi.
— Mening ishonchim komil, lekin hech bir olim nazariyaning to‘g‘riligiga oldindan kafil bo‘la olmaydi.
— Demak, siz dalillanmagan quruq gap asosida Florina aholisini ko‘chirmoqchimisiz?
— Butun sayyora aholisining hayoti qandaydir mol-matoh emaski, uni xavfga qo‘yib dalil-isbot qidirib yursak.
— Agar Florina oddiy sayyora bo‘lganda, men taklifingizga shu zahotiyoq rozilik bildirardim. Florina butun Galaktikani kirt bilan ta’minlaydi. Sizning talabingizni qondirish juda mushkul.
— Janoblar, arzon tannarxli kirtning siri tez orada bizning qo‘limizda bo‘ladi. Bir yildan so‘ng kirt yakkahokimligiga chek qo‘yiladi.
— Aniqroq tushuntirib bera olasizmi?
— Mana endi, Fayf, majlisimiz asosiy nuqtasiga yetib keldi. Kirt barcha aholi yashaydigan sayyoralarning ichida faqat Florinada o‘sadi. Kirtning o‘sish imkoniyati bilan portlasholdi jarayoni bir-biriga bog‘liqligi ehtimoli juda katta. O‘ylab ko‘ring, Galaktikada portlay deb turgan boshqa quyoshning bo‘lmagani kabi, kirt o‘sadigan boshqa sayyora ham yo‘q, — tushuntirdi Salim Juns.
— Safsata, — dedi Fayf.
— Nahotki? Nega bo‘lmasa, kirt Florinada kirt sifatida o‘sadi-yu, o‘zga har qanday sayyorada esa faqat paxta bo‘lib ko‘karadi? Olimlar qancha davrdan beri uni boshqa sayyoralarda sun’iy o‘stirishga, yetishtirish shart-sharoitlarini aniqlashga behuda urinib kelishayotir. Bunga portlasholdi jarayoni bilan bog‘liq omillar ta’sir etishi mumkinligi endi bizga ayon.
— Ular Florina quyoshining nurlanishini qaytarishga harakat ham qilishgan, — dedi jahl bilan Fayf.
— Ha, faqat nurlanish spektrining ko‘zga ko‘rinuvchi va ultrabinafsha qismini takrorlay oluvchi elektr yoyi yordamida urinishgan. Infraqizil qismi-chi? Bundan ham tashqaridagisi-chi? Magnit maydonlari to‘g‘risida nima deyish mumkin? Elektronlar emissiyasi haqida-chi? Koinot nurlarining ta’siri bo‘yicha qanday xulosa bor? Men fizik yo‘nalishdagi biokimyogar emasman, bu yerda men bilmaydigan o‘zga omillar ham mavjuddir. Tez orada butun Galaktikadagi fizik yo‘nalishdagi biokimyogarlar bu muammoni hal etishga kirishadilar. Ishontirib aytishim mumkin-ki, bir yil o‘tgach masala yechiladi.
— Lof qilyapsiz? — g‘o‘ldiradi Fayf.
— Skvayr Fayf, bir yildan so‘ng sizning Florinadagi yerlaringiz yangi yulduz bilanmi yoki yo‘qmi, o‘z qadrini yo‘qotadi. Siz uni soting. Butun Florinani sotib yuboring! Trantor pulini to‘laydi.
— Butun sayyorani sotib olish! — ajablandi Ebl.
— Nima, mumkin emasmi? Trantorning mablag‘i yetarli. Butun Galaktika aholisining sizga nisbatan tug‘iluvchi mehr-muhabbati chiqimlaringizni ming marotaba orttirib qoplaydi. Siz yuz millionlab hayotni saqlab qolasiz, hammani arzon kirt bilan ta’minlaysiz.
— Men o‘ylab ko‘raman, — dedi Ebl.
U Fayfga boqdi. Skvayr ko‘zlarini pastga qaratdi. Bir oz sukut saqlagach, u ham so‘z qotdi:
— Men ham o‘ylab ko‘raman.
Salim Juns jilmaydi.
— Juda uzoq o‘ylamang. Kirt voqeasi tez orada ovoza bo‘ladi. Uni to‘xtatib qololmaysiz. Unda erkin harakat qilolmaysiz. Shu yerning o‘zida savdolashganingiz ma’qul!

***

Rezident juda ma’yus edi.
— Nahotki, hammasi chin bo‘lsa? — takrorlardi u. — Nahotki shunday? Florina endi yo‘qoladimi?
— Afsuski shunday, — dedi Juns.
Terens bir qo‘li bilan ikkinchisini ushladi.
— Agar sizga Rikning hisob-kitoblari kerak bo‘lsa, ularni uyimdagi mening statistik qog‘ozlarim orasidan topish mumkin. Hech kimning xayoliga kelmasligi uchun, eski, yuz yil ilgarigi statistik ma’lumotlar ichiga tiqib qo‘yganman.
— Menga qarang, — dedi Juns. — Bir taklif bor. Biz YUKTB bilan kelisha olsak kerak. Bizning ishlarimizda Florinada yordam bera oladigan odam zarur, u florinaliklarni yaqindan bilishi, barcha shart-sharoitlarni ularga tushuntira olishi, aholi ko‘chirishni uyushtirishi, buning uchun qaysi sayyoralar to‘g‘ri kelishini aniqlashi kerak. Menimcha, siz o‘sha odamsiz.
— Ya’ni, sizga podachi zarur ekan-da?! Shu bilan o‘z jonimni qutqaramanmi? Nega endi yo‘q deyishim kerak? — Rezidentning ko‘zlari to‘satdan yoshga to‘ldi. — Men axir yo‘qotyapman. Mening na uyim, na sayyoram bo‘ladi. Hammamiz yo‘qotyapmiz. Florinaliklar sayyorasini, sarkliklar boyligini, Trantor esa bu boylikni qo‘lga kiritish imkoniyatini yo‘qotyapti. Hech kim hech narsa yutmayapti.
— Agar bir narsani hisobga olmasak, — dedi yumshoqlik bilan Juns — Yangi Galaktikada, muvozanatdan chiqqan yulduzlarsiz ham hammaga yetarli kirt bo‘ladi va siyosiy birdamlikka yaqinlashgan Galaktikada, baribir g‘oliblar bo‘ladi. Ularning soni kvadrilondan ham ortiq. Ular Galaktikaning aholisi — o‘shalar yutdi, mana o‘shalar g‘olib!

XOTIMA.
BIR YILDAN SO‘NG

— Rik! Rik! — Salim Juns kema tomon intilar ekan, qo‘llarini silkitardi. — Lona! Sizlarni tanib ham bo‘lmaydi-ya! Yaxshimisizlar? Qalay yashayapsiz?
— Juda yaxshi. Xatimizni olganga o‘xshaysiz, — dedi Rik jilmayar ekan.
— Albatta. Xo‘sh, oxirgi ishlar to‘g‘risida nima deysiz?
Ular maxsus mashinaga o‘tirib, Junsning ishxonasi tomon yo‘l olishdi. Faqat shundangina Valona ma’yuslik bilan javob berdi:
— Bugun ertalab qishlog‘imizga borgandik. Hamma yoq, hatto dalalar ham bo‘m-bo‘sh.
Valonaning kiyinishi o‘zgargandi. U florinalik dehqon qizga aslo o‘xshamas, endi uning Imperiya ayollaridan farqi yo‘q edi.
— Bir yil o‘tar-o‘tmas shuncha aholi ko‘chirilibdi-ya! — dedi Rik.
— Iloji boricha harakat qilyapmiz, Rik. O, meni kechirasiz, endi sizni haqiqiy ismingiz bilan atash kerak-ku!
— Rahmat, shart emas. Eski nomimga ko‘nikolmadim. Mening nomim — Rik. Men faqat shu ismni eslay olaman.
— Koinot tadqiqotiga qaytish masalasini hal qildingizmi? Rik bosh chayqadi.
— Ha, hal qildim. Endi bu sohada ishlamayman. Es-hushimning bu qismi butunlay yo‘qolgan. Lekin afsus qilayotganim yo‘q. Men Yerga qaytaman. U sayyora mening vatanim… Aytganday, men Rezident bilan uchrashaman deb umid qilgandim.
— Uchrasholmasangiz kerak. U bugun jo‘nab ketish niyatida yuribdi. U sizni ko‘rishni istamayapti. O‘zini oldingizda aybdor va gunohkor deb biladi. Siz unga nisbatan dushmanlik kayfiyatida emasmisiz?
— Yo‘q. U menga yaxshilik qilmoqchi bo‘lgan, va haqiqatdan ham mening hayotimni yaxshi tomonga o‘zgartirdi. Eng avvalo, men Lonani topdim. — U qizning yelkalaridan quchdi. Valona unga mayin nigoh tashladi va jilmaydi. — Rezident ruhiyat zondini xavotirlik hissini olishga moslagan, biroq kuchlanishni to‘g‘ri qo‘ymagan. Ha, men endi koinot tadqiqotchisi bo‘lolmayman. Ammo men Yerga qaytaman. U yerda ham odamlar kerak.
— Endi men — Yer ayoliman, — dedi Valona.
Rik ufqqa boqdi. Yuqori Shahar har doimgidek yorqin edi, lekin u yerda hech kim yashamasdi.
— Florinada qancha odam qoldi? — so‘radi u.
— Yigirma million atrofida, — javob berdi Juns. — Ko‘chirish boshlang‘ich jarayonda turibdi. Ko‘pchilik qo‘shni sayyoralardagi vaqtinchalik turargohlarda yashayapti. Bu qiyinchiliklardan qochib bo‘lmaydi.
— Eng oxirgi odam bu yerdan qachon ketadi?
— Hech qachon.
— Tushunmadim.
— Rezident bu yerda qolish uchun norasmiy iltimos bilan murojaat qildi. Unga norasmiy ruxsat berildi. Jamoatchilikka bu haqda xabar qilinmaydi.
— Bu yerda qolmoqchi? — hayratlandi Rik. — Butun Galaktika haqqi, nega?
— Bilmadim, — javob berdi Salim Juns, — menimcha, bu narsani o‘zingiz Yer haqida so‘zlaganingizda tushuntirdingiz. Unda ham shunday hislar bor. “Men Florinaning yolg‘iz halok bo‘lishiga yo‘l qo‘yolmayman”, deyapti u.

IZOHLAR

1. Skvayr – oliy tabaqa odami.
2. Introvert – (ingl) — odamovilik.
3. Klerk — eng past mavqedagi idora xodimi.
4. Ferment — organizmdagi kimyoviy o‘zgarishlarga yordam beruvchi murakkab organik modda.
5. Inertlik – kimyoviy reaksiyaga kirishmaslik.
6. S p ye k t r — yorug‘lnk nurining to‘lkin uzunliklari bo‘yicha yoyilmasi.
7. Katalik effekt — biron-bir fizik yoki kimyoviy jarayonni tezlatuvchi effekt.

005

(Tashriflar: umumiy 20, bugungi 1)

Izoh qoldiring