Banana Yosimoto. Kaltakesak & Olim Otaxon. Najotsiz umidlar

034    Банана Ёсимотонинг “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинаётган “Калтакесак” ҳикоясининг қаҳрамони ҳақида дабдурустдан бир нима дейиш қийин. Унинг турган-битгани жумбоқлардан иборат. Бир дақиқадан кейин нима дейиши, нима ҳунар кўрсатишини ёзувчининг ўзи ҳам билмайди, гўё!

Олим ОТАХОН
НАЖОТСИЗ УМИДЛАР
«Сарҳадлар» туркумидан
077

056Банана Ёсимотонинг “Калтакесак” ҳикоясини ўқиб, беихтиёр адабиётшунос олим, таржимон Евгений Маевскийнинг 1985 йили нашр этилган “Ҳозирги замон япон ҳикоялари” китобига ёзган сўзбошисидаги фикрлари ёдимга тушди. У дунё халқлари маданиятининг бир-бирига ўхшамаслиги ҳақида мулоҳаза юрита туриб шундай дейди: “… ҳатто энг моҳир мутаржим ҳам маромига етказиб таржима қилолмаслиги мумкин, айтайлик, мана бундай жумлага дуч келганда умидсизликка тушиши аниқ: «Акиконинг ҳикоясидан маълум бўлишича Дзиро ўша сэкитори хэясига кўтарилган, сэкитори сэкивакининг ўртамиёна даражасига эга бўлган усул, у саньякудан юқорига кўтарила олмаган, бироқ хиромакудан қуйига ҳам тушиб кетмаган”.
“Қуш каби озод” ҳикоясидан олинган бу парчадаги ҳар қандай мутаржимни қийнагувчи бундай сўзлар японларнинг сумо деган курашида ишлатиладиган терминлардир”.

Булар-ку, сўзлар-атамалар экан, уларни махсус луғатлардан топиб, маъносини билиб олиш мумкин. Лекин япон халқининг ўзига хос турмуш тарзи-чи?! Масалан, энг оддийси, уйга кираётганда пойабзалини албатта ечиши, хонада биронта стул йўқлигидан заррача хижолат бўлмай, жон-дили билан полда чордона қуриб ўтириши… Бу майда, аҳамият бермаса бўладиган нарсаларга ўхшайди. Ваҳоланки, битта халқнинг кундалик турмушини шунақа урфлар, одатлар – маросим, байрамлардаги рақслар ва ҳоказолар ташкил этмайдими? Лекин уларнинг миллий ўзига хослиги ичида бизни лол қолдирадиган тафаккур тарзи, эътиқоди, дунёқараши, диний-мафкуравий таълимоти, нафақат бизга, балки бутун дунё халқлари учун ақл бовар қилмас санъати, шеърияти-чи!… Маҳдудлик, кўр-кўрона жазмга ўхшаб кетадиган фидойилигини айтинг. Харакири одати қайси миллатда учрайди, яна унинг алоҳида рукнларини ижро этиш шартлигини қаранг! Оддий харсанг тошлардан ҳосил қилинган боғ, мангу фароғат истагида, шу тошларга соатлаб тикилиб ўтиришлар…

Шулар ҳақида озгина бохабар бўлмаган китобхонга бундай адабий асарлар бемаъниликдан бошқа нарса эмасдек туюлиши табиий. Бу ёлғиз таржимон маҳорати билан эмас, китобхонлар савияси, билим доираси билан ҳам боғлиқ муаммо. Ҳафсаласиз, юзаки фикрли китобхон ўқиёлмайди бундай асарларни.

Банана Ёсимотонинг “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинаётган ҳикояси ҳам худди ана ўшандай ҳикоялардан. Ҳолбуки, у жуда оддий ёзилган – енгил ўқилади, сюжети ҳам оддийгина, жумлалари содда-тушунарли. Қават-қават, “гарчи… бўлмаса ҳам, модомики… экан, у ҳолда, то … гунча, … юз бериши даргумонлигига қарамай” қабилидаги жумлалар мутлақо йўқ. Умуман, адибанинг барча асарларида дабдабали, жимжимадор тасвиру баёнлар учрамайди, Лекин, шунга қарамай, ўқувчи ҳикоянинг мағзини тушуниш қийин. Ўқиган дам сезади нимадир жуда муҳим, жуда юракка яқин гап борлигини, афсуски, ўша гапнинг тагига етолмайди. У ғайриоддий. Қанақадир ғаройиб ҳам. Биз муаллифнинг жиллақурса тасвирда ёки иккита қаҳрамон ўртасидаги ўзаро суҳбатда аралашиб қўйиши орқали баъзи нарсаларнинг тагмаъносини сезиб олишга ёрдам беришига кўникиб қолганмиз.

Банана Ёсимото бу йўлдан бормайди. У акс эттиради ёки ички ҳиссиётлар оқимини ифода этади, бироқ шундай ифодалайди ва акс эттиридаки, унинг ана шу маҳорати туфайли нияти, фикри барибир пинҳон қолади. Албатта, мистика ёки фантастик унсурлардан фойдаланади, пировардида ўқувчи унинг тагига етиш учун бош қотиришига тўғри келади.

“Калтакесак” ҳикоясининг қаҳрамони ҳақида дабдурустдан бир нима дейиш қийин. Унинг турган-битгани жумбоқлардан иборат. Бир дақиқадан кейин нима дейиши, нима ҳунар кўрсатишини ёзувчининг ўзи ҳам билмайди, гўё!

Калтакесакнинг кўрган куни ҳақида дабдурустдан ёмон, ўта ғариб, фожиали деёлмайсан, чунки у бошқа одамлар сингари кундалик ташвишларга ўралашиб мечкай, манфаатпарастлик ботқоғига ботиб яшамайди ахир, унинг ўз эътиқоди, ниятлари, энг асосийси, юрагида умид бор, минг ачинганинг билан, ҳатто калтакесакка ўхшашлиги, увоққиналиги, кўримсизлиги, бошига тушган фожиалар, кулфатлар натижасида одамови бўлиб қолгани, ёлғиз яшашни хуш кўриши, қувноқ, шўх-хандон ҳаётдан бебаҳралагига қарамасдан уни бахтиқаро деёлмайди киши. Аксинча, юрагининг яширин тубларида яшаётган катта орзу-умидлари уни бизга яқин қилади, эътиборимизни жалб этади. У одамларга фойданг тегмаса ҳам зараринг тегмасин, деган эътиқодда эмас, билъакс, дард чекаётган кишиларга малҳам бўлгиси келади. Шу маънода унга ўхшаган одамларнинг ҳаёти қанақа – ёмонми ёки яхшими дея мулоҳаза юритмаслик лозим, у бошқача яшай олмаслигини тушуниш керак холос. Мен “Калтакесак” ҳикояси ҳақида мулоҳаза билдиряпман. Шунга қарамай айтаманки, адибнинг зулм ва зуғум, ёмонлик ва фожиалар юз бермайдиган ҳикояларидаги каби “Калтакесак”дан ҳам ночорлик, бедаволик уфуриб туради. Чунки ҳозиргина айтиб ўтганим юрагида жўш урган катта орзу-умидларни, эзгу инсоний интилишларни шафқатсиз ҳаёт тўфонлари ҳар қадамда барбод қилиши мумкин. Таъбир жоиз бўлса, у ҳозир шундай яшаяпти.

Ҳолбуки, шунинг ўзи катта гап эмасми?! Эҳтимол, шунинг ўзи ҳам бахтдир?! Охир-оқибат мана шундай диққат қиладиган, юракни эзадиган фикрларга дуч келишинг учунгина эмас, бутун табиатига кўра Банана Ёсимото асарларини, алоҳида тайёргарлик демайман-ку, лекин одам ўзини чоғлаб, мусаббир кайфиятда ўқиши мумкин. Ўқиганда ҳам шошилмай, мазасини ҳис қилиб ўқиш лозим. Асар қаҳрамонларининг ғариб ва бенаволиги, ночор ва бенажотлиги юрагингизни сиқиб юборади. Лекин шунга қарамай муҳими Ёсимото асарлари жонли, ҳаётий. Уни охиригача ўқиёлмасангиз ҳам, лекин китобни ташлаб юборолмайсиз. У қўйиб юбормайди. Юрагингизнингми, шуурингизнингми аллақайси ерида ўша тақдирлар, ўша қаламга олинган таниш ва нотаниш ҳаёт қандай кечгани, охири  нима билан тугашини билиш истаги сизга барибир тинчлик бермайди.

Банана ЁСИМОТО
КАЛТАКЕСАК
Файзи ШОҲИСМОИЛ таржимаси
044

095Япон адабиётида Банана Ёсимото исми одатда машҳур адиблар билан ёнма-ён қўйилади. Ёзувчининг насри енгил ўқилиши ва ғайриодатий руҳий теранлиги билан ажралиб туради. Кўз илғамайдиган оддий ҳолатларда ҳам, адиба қандайдир муҳим аҳамиятга молик, ҳатто мистик нарсаларни кўра олиш ва турмуш сир-синоатларини ўзича кашф этиш маҳоратига эга.
Банана Ёсимота 1964 йили ижодкорлар хонадонида туғилган. Онаси Кадзуко Ёсимото – шоира. Бир нечта хоккулар китобининг муаллифи. Отаси Такаоки Ёсимото ҳам шоир, адабий танқидчи, публицист. Банананинг “Ошхона” номли илк романи “Энг яхши дебоча (дебют)” мукофотига сазовор бўлган. 1988 йили эълон қилинган “Бошпана” китоби Маориф вазирлиги мукофоти, “Цугуми” китоби 1989 йили Ямомото мукофоти, “NP” китоби 1993 йили   Италиянинг “Сканно” мукофоти, 1995 йили “Амрита” романи Муросаки Сикубу номидаги мукофот, 1996 йил “Калтакесак” китоби италияликларнинг “Фендессиме” мукофотини олган. 1989 йилда адибанинг китоблари 4 миллион 700 минг нусхада тарқалиб ўзига хос рекорд ўрнатган.

044

   Ушбу ҳикоя давомида мен бу хонимни Калтакесак деб атайман. Бордию, сиз сонининг ич томонига чизилган калтакесак расми туфайли шундай демоқчи деб ўйласангиз, хато қиласиз.

Унинг дум-думалоқ қора кўзлари худди калтакесакнинг кўзларига ўхшайди. Қарашлари бирам совуқ-ки… Калтакесак дейсиз. Ўзи ҳам увоққина. Баданининг қаерига қўл теккизманг, шундай совуқ, шундай совуқки, кафтингизга олиб иситгингиз келади. Лекин калтакесак сизга чумчуқ полапони ёки қуён боласи эмас. Типирчилаб кафтингизни тирноқлари билан тимдалаганида этингиз жунжикиб кетади. Унга қараб турганимда бир лаҳзага кўриниб қоладиган қип-қизил тилчасига кўзим тушади. Унинг шишасимон кўзларида менинг кимнидир севиш, ким ҳақидадир қайғуриш истаги рўйи-рост зуҳур этган афт-башарам акс этиб туради…

Бу эса Калтакесакни ҳам менга нисбатан ниманидир ҳис этаётганини кўрсатади.

Ўша кечаси у меникига келганида кўрпага кириб, энди мудрай бошлагандим.
– Жудаям чарчадим, – деди Калтакесак хонамга кирар экан.

Ў-ў нақадар норози овоз. Қоронғида унинг қиёфаси менга кўринмасди, фақат тунги оппоқ ич кўйлагининг шарпаси сезиларди, назаримда унинг кайфияти ҳаддан зиёд ёмон эди.

Соат тунги иккилар эди. Мен чироқни ёқиш учун қўлимни узатганимда, дафъатан унинг баданини ҳис қилдим. У юзини оғритар даражада ўмровимга қаттиқ босиб, муздай қўлларини пижамам остига суқди. Ў-ў ҳароратли жисмингга муздек совуқ қўлларнинг тегиши нақадар ёқимли… туйғу…

Мен йигирма тўққиз ёшга чиқдим. Руҳий касал болалар учун мўлжалланган шифохонада маслаҳатчи ва даволовчи врач бўлиб ишлайман. Калтакесак билан учрашганимга уч йил бўлди. Анчадан бери Калтакесак мендан бошқа ҳеч ким билан гаплашмайди. Умуман олиб қараганда, бошқа одамлар билан гаплашмай яшаш мумкин эмас. Шу боисдан мен Калтакесак учун ўзига хос эҳтиёт чораси сифатида хизмат қиламан.

Хуллас, у бор кучи билан юзини кўксимга босди. У баайни вужудимга сингиб кетгудай бўлади доим, бу ҳам етмагандай шундай куч билан босадики, илк бор шундай қилганида азбаройи йиғлаяпти, деб ўйлаганман. Йўқ, янглишган эканман. Бир оздан сўнг у бошини кўтариб менга қараганди, чеҳрасида осойишталик акс этар, кўзлари эса бир навозиш билан майин боқар эди.

Эҳтимол шу тариқа у кун бўйи юз берган кўнгилсизликлардан (бу баайни ёстиққа юзини буркаб йиғлашдек гап) юрагини бўшатиб олар?! Ёки ҳамма нарсани унутишни истар. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлардим.

Ниҳоят ўша кечаси Калтакесак ҳеч кутилмаганда ҳаммасини айтиб берди.

– Биласанми, болалигимда кўр бўлиб қолгандим, – дея гапини бошлади  у тун оғушида сўник бир овозда.
– Нима, бутунлайми? – мен ҳайратдан қотиб қолдим.
– Ҳа. Бутунлай.
– Нимадан бунақа бўлганди?
– Дўхтир бу руҳий жароҳат асорати деб айтганди. Тасаввур қила олармикансан, беш ёшимдан то саккиз ёшимгача ҳеч нарсани кўрмасдим. Дунё мен учун қоронғи зулмат эди.

– Қандай қилиб тузалиб кетдинг?
– Махсус шифохонада даволангач, яна кўра бошлаганман. У ердаги шифокорлар жуда-жуда меҳрибон эди. Сен ҳам худди шунақа жойда ишлайсан-а?
– Шунақами? – дедим мен ва бир оз ўйлаб туриб, қўшиб қўйдим: – Ноўрин саволим учун узр сўрайман, лекин нима сабабдан кўзинг кўрмай қолувди?
Калтакесак ютинди.
– Нима десам экан, ҳалиги… Уйимизда даҳшатли воқеа юз берганди… кейин эса… хуллас, ҳаммасини ўз кўзим билан кўргандим…
– Агар эслаш малол келса, айтиб беришнинг ҳожати йўқ – дедим унга. Калтакесакнинг ота-онаси соғ-саломат. Аҳил-иноқ яшашади. Мен улар билан учрашганман ҳам. Унинг ака-ука, опа-сингиллари йўқ. Қисқаси, уларнинг оиласида қандайдир жиддий муаммолар бўлганини биринчи марта эшитишим.

– Мана шунақа, болалигимда кўзим ожиз бўлган, шунинг учун ҳам ҳозир ҳар бир нарсани ушлаб кўраман, ўша нарсанинг нима эканлигини билгим келади, акс ҳолда, кейин қийналаман ўзим. Айниқса қаттиқ толиққанимда жудаям асабийлашаман ва то кўзимни юммагунимча ёки нимагадир маҳкам ёпишмагунимча.., чангалламагунимча ўзимни қўлга ололмайман. Оғридими? Илтимос, кечир.
– Ҳечқиси йўқ. Касалхонамизда деярли шу аҳвол, ҳамма болалар қўрққанидан одамга ёпишиб оладилар. Шунинг учун нима ҳақда гапираётганингни яхши тушуниб турибман.
– Буни биламан.
– Менга қара, кел, турмуш қурамиз. Бирон ерга кўчиб бориб, бирга яшаймиз, – анчадан бери ўйлаб юрган ниятим лоп этиб оғзимдан чиқиб кетди.

Мени қучоқлаб ётган Калтакесак индамади. Ажабо, у чурқ этмай ётарди-ю юраги жуда тез урарди. Мен дафъатан унинг жавоб бермаганидан изтиробга тушди, деб ўйладим. Унинг менга қанчалик ёт эканини, борлиғию ички олами тамомила ўзгача эканини англадим. У кечалари менинг тушларимга сира ўхшамайдиган тушлар кўрадиган бегона одам эди.

– Иммм… – деди у паст овозда. Сўнгра: – менинг бир сирим бор, – деганча жим бўлиб қолди.

Мен бу билан нима демоқчи эканини ўзимча таҳлил қилиб кўрдим.

Мен Калтакесак билан спорт клубида танишгандим. Ўша кезлар ҳафтасига икки марта сузиш билан шуғулланардим. У эса ўша клубда аэробика бўйича йўриқчи вазифасини бажарарди.

Уни биринчи марта кўрганимда “Шунақа ғалати аёллар ҳам бўлар экан-да”, – деб ўйлагандим.

Зуваласи пишиққина, паст бўйли, қиймоч кўзларида алланечук ҳасрат яширинган бу аёл ўзи билан ишлайдиган қиз-жувонларнинг биронтасига ўхшамас эди. Уларнинг шўхлиги, ўйинқароқлиги яққол кўзга ташланар, Калтакесакнинг эса ҳатто кайфияти қанақа – яхшими-ёмонлигини ҳам билиб бўлмасди. Уни ғалати деб бўлмасди, лекин алоҳида бир сабабсиз ҳам атрофдагилардан ажралиб турарди. Ҳар сафар машқларни тугатиб, ҳовуздан чиқар эканман, у заллардан бирида дарс ўтаётган бўларди. Унинг кичик гавдаси нотабиий бир ҳолатда қотиб қолгандек турарди. У ўта нафис ҳаракат қилар, истаган ҳолатга кира олиши мумкиндек туюларди. Мусиқа ҳар қанча баланд янграмасин, Калтакесак худди ўзининг шахсий, бутунлай шовқинсиз дунёсида сузаётгандай кўринарди.

Кунлардан бир кун залда бўлаётган ишларни бефарққина кузатиб турганимда эсдан чиқмайдиган бир воқеа юз берди.

Ўш куни (мен машқларни тугатиб, аэробика зали ёнидан ўтиб бораётганимда) у одатдагидек ўзининг иш жойида юмшоқ гиламда ёшлар билан машғулот ўтказаётганди. Мен уни томоша қилгани тўхтадиму бирдан агар кунларнинг бирида бу қиз ишдан бўшаб кетса, жудаям зерикиб қолишим ҳақида ўйлаб қолдим. Мен ҳикоя қилаётган воқеалардан хиёл илгарироқ эри бор аёл билан чўзилиб кетган муносабатларимни узган эдим. Шунинг учун ва қолаверса, ўша аёлнинг ташаббуси билан орамиз бузилган ҳамда унинг мени тўғридан-тўғри ҳайдаб юборганини эътиборга олганда, янги ишқий саргузаштларга берилишим учун менда на куч, на хоҳиш қолгани ғалати туйилмасди. Шундай бўлса ҳам, спорт залидаги қиз ҳусусида ўйлаганимда юрагимда алланечук туйғулар уйғона бошлаётган эди.

Бундай туйғу одам қалбини эрта кўклам кечалари қамраб олади. Кўчада ҳаво ажойиб. Электричкада худди тўлқинлар кафтида ётган қайиқчадек чайқалиб кетарканман, менга майли бор нотаниш ёш аёлни бугун қаерга – қаҳвахонагами ё ресторанга таклиф қилсамми, деб хаёл сурардим. Бугунги кечани у билан қаерда ўтказишимиз, орамизда бирор нарса бўладими, йўқми – мен учун аҳамиятсиз эди. Унга, қилиқларига, атайлаб мен учун бўйнига ўраган рўмолининг нақшларига, пальтосининг этакларига, қувноқ чеҳрасига тикилиб қарар эканман, бамисли ажойиб манзарага дуч келган каби юрагимда бир покиза, эзгу, мунаввар туйғулар туғён ураётганини ҳис қилардим. Шундай дамда ич-ичимда қайдандир элас-элас келаётган ифорга ўхшаш унутилган шодлик ҳисси, беташвиш ҳаёт туйғуси жонланарди…

Хуллас, шунақа гаплар. Мен ниҳоят уйга қайтиш вақти бўлди деган қарорга келиб, бурилиб кетаётганимда; “Вой, оғрияпти!” деган чинқириқ эшитилди. Ўгирилиб қарасам аёллардан бири оёғини чангаллаб турибди. Мен ҳали томири тортишиб қолмадими, бошқа жиддий нарса эмасмикин деб иккиланиб турганимда, Калтакесак ўша аёл ёнига учиб келиб, унинг оёғини кўздан кечира бошлади. Мусиқа чалиниб турган ним қоронғи залда у дўхтир сингари совуққонлик билан ўз шогирдининг тортишиб қолган оёқ мушакларини уқалай бошлади. Назаримда, бу воқеани анчадан бери кузатиб тургандек эдим. Ерда, узатилган қўлини сал пастга тушириб ўтирган Калтакесак ғира-шира ёруғликда ялтираб турган ажойиб ҳайкалга ўхшарди.

Бир оздан сўнг анави аёл енгил тортиб жилмайди. Калтакесакнинг ёрқин қизил лабларида ҳам табассум ўйнади.

Қалин ойна орқали ўтиб келаётган мусиқа оҳанги ва базўр эшитилаётган овозлар шивирлашга айланар ва бу воқеа жуда ғалати кўринарди. Ана шунда мувозанатни сақлаш учун оёқларини бир оз кериб, оҳиста ўрнидан тураётган Калтакесакни кузатар эканман, сонига, қарийб човига чизилган миттигина калтакесак расмига кўзим тушди.

Буни кўриб мен бутунлай ҳушимни йўқотдим. Бизнинг ғайритабиий ишқий қиссамиз ана шундан бошланди.

Ўз-ўзидан маълумки, меники сингари ишда одам баъзан жуда ҳам толиқади. Агар мижозга чин дилдан ёрдам беришни истасанг, уни сира эркалатиб юбормаслик, азобига ҳамдард эканингни билдирмаслик лозим. Бироқ сендан ўзини тушунишни кутаётган, унинг изму ихтиёрига итоат этишингни талаб қилаётган одамга қарши туриш жуда қийин. Айниқса, кўз ўнгингда ноз-неъматга тўла дастурхон тузашаётганини кўриб, бунга қандай чидай оласан. Мен ҳаёти хавф остида қолиб, сендан раҳм-шафқат кутаётган мижозни назарда тутаяпман. Бундай кишилар ўзларининг бутун куч-қувватларини қандай бўлмасин қийноқлардан халос бўлишдек яккаю-ягона мақсадларига эришишга сарфлайдилар. Шунинг учун, устаси фаранг официант сингари ўзингдан воз кеча олишинг лозим. Агар официант – ҳатто оч бўлса ҳам – иш пайтида бирор нарса еб олиш истаги билан ёнса, бундай официант бир тийинга қиммат. У нафсини тийиш тугул ўша хоҳиш-истагини сўндириши керак. “Мен уларни даволашим шарт,” “улар шифо топишлари лозим” – мана мен амал қилишим даркор бўлган асосий ният.

Сенинг жон куйдиришингга лоқайд-бепарво мижозга бор кучинг билан ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилаётганингда айниқса ҳолдан тоясан. Айни ўз ташвишларинг бошингдан ошиб ётганда бу нарса яққол сезилади.

Тушлик пайтида Калтакесакнинг нима сири бор экан, деб ўйланиб қолдим. Менга турмушга чиқишни истамагани учун шу нарсани тўқиб чиқарганига ишонмайман.

Мен ҳар доим битта ерда – чоғроқ ресторанда овқатланаман. У ерда мазали саба (1) тайёрлашади. Бу ресторан мен ишлайдиган томонда жойлашган, лекин касалхонадан анча олис – истироҳат боғининг ёнгинасида, ишончим комил, мижозларимдан бирортаси у ерга кирмайди. Дераза ортидан ўт-ўланлар ҳиди уфуриб туради. Боғ тушки қуёш нурига чўмган. Ўриндиқларда чоллар гурунглашаяпти, уларнинг ёнида келишган ёш йигит, бекорчиликдан юзини офтобга тутиб мудраб ўтирибди. Бенуқсон ишлаб турган мукаммал механизмнинг намунаси сифатида ана шу манзарага назар солинганда, “инсоният” деб аталган муштаракликда акс этган чексиз гўзалликни ҳис қилиш мумкин. Дарҳол ич-ичимизда алланечук азалий, туғма ҳиссиёт уйғонади. Ва онгимизда: “Эҳ, ҳозир бир мириқиб ишлайман” деган фикр чарх уради. Шунда беихтиёр: “Мен билан бир осмон остида яшаётган ва ишлаётган Калтакесак ҳам худди шуни ҳис қилаётгандир” деб ўйлагим келади.

Ўша кеча мен уни дарсдан сўнг кутиб турдим-да, биринчи бор ресторанга таклиф қилдим. У мен ўрганиб қолган спорт кийими ўрнига оддий қора свитер билан жинси кийиб олганди. Одамни сира ҳам жалб қилмайдиган кийим. Худди у мендан бир нимани яширмоқчидай, бирданига бутунлай кўримсиз бўлиб қолганди. Аммо бу нотўғри таассурот эди. Қадам ташлашининг ўзиёқ, унинг ҳеч кимга ўхшамаслигидан дарак берарди. Ноёб хилқат бамисли. Жилмайганида милклари кўриниб кетади. Ёноқларида  ғуж-ғуж сепкил.

Негадир унга қараган пайтимда ҳамиша миямга ярқ этиб “қисмат” сўзи келади. Мен унинг ҳар куни аллақандай оғир вазифани бажаришга сўзсиз рози бўлишининг нақадар жиддийлигини ҳис этардим. Айнан шу нарса мени ҳаммасидан кўпроқ жалб этарди. Бундай одам табассум қилганида милки кўринади, оғзи кенгаяди,чаккалари бўртади – чинакам самимий туйғунинг акс этиши эмасми бу?  “Табассум” сўзининг асл моҳиятини дарҳол ҳис этасан.

Биз чоғроққина япон ресторанига овқатланишга кирдик. Тинчгина,бўм-бўш хонадаги столларнинг бирида рўпарама-рўпара ўтириб олдик – биздан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Мен ҳаётда ҳеч қачон бунчалик ҳаяжонланмагандим. Калтакесак чурқ этмасди. У овқатдан бир-икки чўқилади – саке (япон ароғи)ни лабига астагина теккизиб қўйди.
– Сен жудаям чиройли рақс тушасан, жудаям – дедим ниҳоят мен, Калтакесак ҳам гапга тушиб кетди.
– Чакки эмас, ҳар қалай. Лекин барибир у ердан бўшаб кетмоқчиман. Кейинги ойда.
– Нега энди? – ҳайрон бўлиб сўрадим мен. У жилмайиб жавоб берди:
– Чунки бутунлай бошқа нарса билан шуғулланмоқчиман.

– Нима билан, масалан? – дедим мен ва шошилиб қўшиб қўйдим: – Билмадим, албатта, сўрашга ҳаққим борми, йўқми айбга буюрмайсан, сенинг лаёқатингга ҳавас қиламан. Шу боисдан менга бир оз алам қилади…
– Э, қўйсанг-чи. Мен хафа бўлмайман. Мен муқобил тиббиёт мактабига кирмоқчиман. Игна билан эмлаш, гиёҳлар билан даволаш ва ҳоказо.
– Ана холос… Буни сенга нима кераги бор?
– Чунки бу соҳада истеъдодим кўпроқ эканини тушуниб етдим. Биронта одамга тикилиб қарасам борми, унинг қаери оғриётганини дарҳол сезаман. Қўлимни теккизиш, силаш билан уни даволай олишимга кўзим етади, назаримда. Шу қобилиятимни ривожлантириш маъқул кўринаяпти.
– Қўл билан даволай оласанми?
– Даволай оламан…

Кейин, музқаймоқ еяётган пайтимизда у бамайлихотир деди:
– Танангдан фойдаланганда, ичингдаги мавжуд барча нарсадан халос бўлишинг лозим. Бу жами ташқи ҳолатлардан муҳим. Агар фақат зоҳиран камолотга эришсанг ҳам барибир кўнглинг тўлмайди. Буни аниқ биламан. Бугунги кунга қадар мен тинимсиз машқлар эвазига қоматимни ушлаб турдим. Энди – ўша натижаларга бошқа усуллар билан ҳам эришмоқ вақти етди. Ҳар ҳолда мен ўттиз учга чиқдим.
– Ўттиз уч?! – Мен унга йигирма беш ҳам бермасдим.

Калтакесак кулиб юборди:
– Ишончим комилки, мен сендан каттаман.
Кейинроқ мен уни бекатгача кузатиб қўйганимда, у ёқимли оқшом учун миннатдорчилик билдирди ва ўйчан қўшиб қўйди:
– Менинг умуман дўстим йўқ. Ота-онам билан деярли гаплашмайман.  Бошқалар билан охирги марта ўзим ҳақимда қачон гаплашганимни эслолмайман. Назаримда бугун жуда кўп гапириб юбордим, шекилли.

Ғира-ширада, қоронғулик қўйнида ёнимиздан йўловчилар ўтиб турарди.
Кечки шабада эсар, деразалардан нур тараларди. Қаердадир электричка ўтиб бораётгани эшитиларди. Бекатда поезднинг жўнаши эълон қилинди. Калтакесакнинг қисиқ кўзли юзи ёришди.
– Яна бир бор учрашайлик! – Ҳиссиётим жўш урганидан унинг қўлини маҳкам ушлаб олдим.

“Ё тангрим, уни бирам бағримга босгим келаяптики. Эсимни едимми, жинни бўлаяпман шекилли. Унинг қўлини ушлашим учун ҳар нарсага тайёрман. Ортиқ чидаб туролмайман,” – шундай деб ўйладим ва шундай қилдим ҳам. Шундай бўлиши табиий эди. Шундай қилмаслигим мумкин эмасди. Тушундим: одамлар бекорчиликдан бирга бўлишга келишиб оладилар, учрашадилар, еб-ичадилар, охири ярим кечаси: “Энди нима қиламиз?” деб ўйлаб қоладилар. Бу бир кунлик тасодифий танишув учун хос бўлган жимгина келишув эмасди. Мен унга озгина бўлсин яқинлашгим, ўпгим, уни бағримга босгим келарди.

Ўзимни аранг тийиб турардим. У менинг ҳис -туйғуларимни қабул қиладими, йўқми , мен учун бу муҳим эмасди. Мен уни жуда- жуда хоҳлардим. Ҳозир, айни шу дамда фақат уни, бошқа ҳеч кимни эмас. Агар унинг ўрнида бошқа биров бўлиб қолса – бутун оламдан воз кечишга тайёр эдим. Ҳаммасини тушуниб етдим. Бу муҳаббат эди.

– Майли, кўришгунча, – деди у ва менга телефон рақамини берди. У нари кетди-да, орқасига ўгирилмасдан зинадан кўтарила бошлади, зум ўтмай уни бутунлай кўздан йўқотдим. Тамом. У кетди. Юрагимни аламли йўқотиш туйғуси чулғаб олди. Бу туйғу қиёмат қойим кунидаги ҳиссиётга монанд эди.

Калтакесак тиббиёт мактабига кирди, уни тугатиб рухсатнома олди. Ўқиш жараёнида ярим йил Хитойга малакасини оширгани бориб, табибга шогирд тушди. Японияга қайтгач мўъжазгина бир шифохона очди. Чинданам истеъдоди бор экан шекилли, ишлари юришиб кетди, озгина вақтдан сўнг шифохонага ходимлар ёллаш имконига эга бўлди.

Ҳар куни Япониянинг турли ҳудудларидан унинг шифохонасига мижозлар оқиб кела бошлади. Уларнинг аксари оғир дардга дучор бўлган беморлар эди. Бечораларнинг сўнгги умидлари Калтакесакдан эди. Ҳар қанча куч сарф этмасин, унинг Худо ато этган шифобахш кучи тугамасди. Бироқ иш кунининг охирига бориб гапиришга ҳам ҳоли қолмасди.

Иттифоқо бир куни унинг шифохонасига кирдим. У кўпхонали уйнинг кичкинагина хонасига жойлашганди. У ерда биттагина ўриндиқ – кат бор эди. Мижозлар курсиларда жимгина навбатларини кутиб ўтиришарди. Бундай манзара махфий иш олиб бораётган корхонага хос. Калтакесак оқ халатда остонада пайдо бўлар, навбатдаги мижозни чақирар ва у билан хонага кириб кетарди. Мен жуда хижолат бўлдим. Чунки Калтакесак ҳеч кимга илтифот кўрсатмас, кўнглини кўтармасди . Шунинг учунми “дарди енгил” – ҳамдардлик учунгина келганлар бир зум ўтириб кетиб қолардилар. Лекин чинакам даво истаб келган беморлар албатта оғриқдан, ҳаёт ва ўлим орасида қийналиб азоб тортаётганлар дарддан фориғ бўларди. Хайрлашаётганда, ёш тўла кўзларини халоскордан узолмасдилар. Бир қадам ташлай олмаётган беморни кутиб турган қариндошлари олдига унинг ёрдамида ўз оёғи билан юриб чиққанини кўриб улар ҳайратдан ёқа ушлардилар. Калтакесак эса жилмайиб қўяди-да, навбатдаги мижозни таклиф қиларди.

Ишонтириб айтаман, у шифокор сифатида астойдил ҳаракат қиларди. Нияти чинакамига даволаш. Фақат шуни истарди. Унинг иқтидори бор, иззатталаб эмас, шуҳрат гадоси эмас. Унинг ютуғини кўриб ич-ичимдан қувонаман. У билан фахрланаман. Унга ўхшаб одамларни даволай олмаслигимдан ўкинаман.

Ўша оқшом Калтакесакни мен уйимда кутардим. У телефон қилиб:

– Мен соат саккизларга бораман. Пицца буюриб қўй. Қалампири кўпроқ бўлсин, – деди.

У пиццани уйда ўтириб ейишни яхши кўради. Ресторанга боришни ёқтирмайди. Гапига қараганда, бу одамларга ёмон муносабатда бўлгани учун эмас. Аслида ҳеч кимни кўришни истамаганидан. Мен уни тушунаман. Ҳар куни одамлар билан ишлаганингдан кейин ҳам ўлгудай чарчайсан, ҳам безиб қоласан. Шу сабабдан биз вақтни уйда ўтказамиз, чироқни пасайтириб, деярли гаплашмай ўтирамиз. Мусиқа тинглаймиз. Борди-ю сайр қилгани чиқсак, одам йўқ жойга – тоғ томон борамиз. Бизнинг кўнглимиз шунақа – жуда ғалати.

У соат саккиз тугул, тўққизда ҳам келмади. Мен пиво ичдим, бир парча пицца едим, энди келмаса керак. Гарчи мен унинг қўлини сўраган бўлсам-да, ўзининг аллақандай сири туфайли менга жўяли жавоб қилгани йўқ. Феъл-атворини инобатга олганда, бугун меникига келмадими, демак, тамом, бизнинг яқинлигимиз тугади, дегани.

Менинг туйғуларим аввал бошдагидек жуда эҳтиросли бўлмаса-да, очиғи юрагим сиқилди. Унинг шу ерда, менинг ёнимда бўлишини истардим. Орамизда бўлиб ўтган нарсалар менга енгиллик ҳам, хотиржамлик ҳам бермасди, лекин аниқ билардимки, мен ишлайдиган касалхонадаги нозанин ҳамшираларнинг биронтаси Калтакесак ўрнини босолмайди.

Мен умидсизликка тушдим. Соат ўн бирдан ошди. Энди кутишдан фойда йўқ, деган қарорга келганимда дафъатан эшик шарақлаб очилди ва хонага Калтакесак кириб келди: тўлғанган сочларидан тун эпкини уфурарди.
– Кеч қолдим.
– Келмайсан деб ўйлагандим. Юрагим қон бўлиб кетди.
– Адашиб қолдим, – дея у пиццадан бир бурда ушатиб касир-кусир ея бошлади.
– Шошма, иситиб берай.
– Овора бўлма. – У бир оз жим қолди, сўнг давом этди. – Биласану, ахир мен сендан бошқа ҳеч ким билан гаплаша олмайман.
– Биламан, – бош силкидим мен. – Лекин буни касалликка йўйма. Лоақал мижозларинг билан ҳар куни гаплашсанг-ку. Оз бўлса ҳам гаплашасан-ку, тўғрими?

У менинг гапларимга эътибор бермагандек давом этди:
– Аммо юрагимда бир тугун бор, бу ҳақда сенга сира гапирмаганман. Жуда муҳим нарса.
– Муҳим бўлса, айтиб бер. Айтиб берасанми?

Калтакесак индамади. Девордан кўз узмай туриб, чуқур нафас олди. Мен унинг фақат шарпасинигина кўриб турардим. У менга бутунлай ўхшамаган бир мавжудот эди.
– Эсингдами, болалигимда кўр бўлиб қолганим ҳақида гапириб бергандим? – сўради Калтакесак.
– Шу ҳақда гапириб қоласан деб ўзим ҳам сезиб турувдим…
– Беш яшарлигимда уйимизга бир девона кириб қолганди. У орқа эшикдан билдирмай кирган экан. У аллам-балоларни бақирган кўйи ошхонага кириб, пичоқни олди-да, онамга урди. Онамнинг сонидан қон тирқираб оқа бошлади. У кўчага чиқиб, қочиб кетди. Мен отамнинг ишхонасига қўнғироқ қилдим. Отам: “Тез ёрдам”га қўнғироқ қиламан, сен онанг ёнида кутиб тур”, деди. Мен онамнинг ёнида ўтириб турдим. Уни ўлиб қолади деб қўрқдим. Онамнинг жароҳатига кафтимни босиб қонни тўхтатишга уриндим. Ана ўша лаҳзаларда мен ўзимда табиблик иқтидори борлигини тушуниб етдим.

Қон тўхтади. Кинода кўрсатишади-ку, худди шунақа. Қўлимдан бир нур чиқаётгандай туюлди. Гарчи жароҳат битиб кетмаган бўлса ҳам, менинг даволашим таъсир қилгани кўриниб турарди. Қон оқиши тобора камайиб бораётганини фаҳмладим. Бир оздан сўнг “Тез ёрдам” машинаси етиб келди.

Мени онам билан касалхонага олиб кетишди. Мени ҳам ҳаммаёғим бутунлай қонга беланган эди. Қўрқиб кетганимдан тилим калимага келмасди. Серрайиб турардим. Отам етиб келди, кейин полиция пайдо бўлди. Шунда ҳам лом-мим демасдим. Дўхтир, қон қандай қилиб тўхтаб қолганини тушунмасди. У онамнинг бир мўъжиза билан омон қолганини айтиб, “Бахтингиз бор экан” деди.

Жимгина унинг ҳикоясини эшитяпману кўз ўнгимдан Калтакесакнинг онаси кетмасди. Эсимда у юрганида чап оёғини судраб босарди.
– Ана шу даҳшатли воқеадан ларзага тушган онам ақлдан озди, мен кўр бўлиб қолдим, отам эса таъқиб васвасасига учради. Бу қандайдир даҳшатли тушга ўхшайди. Мана шундай бир кунда, мудҳиш аҳволдан бир пайтнинг  ўзида халос бўлдик: мен кўра бошладим, онам уйдан бир ўзи бемалол чиқа бошлади, отам ниҳоят васвасадан халос бўлиб, ҳар нарсадан қўрқиб уйни қулфлаб юрмайдиган бўлди. Лекин унга қадар қанчадан-қанча оғир кунларни  кўрмадик.

Қайғули йилларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Лекин айнан ўшанда мен ўз вужудим ёрдамида ҳаётнинг сир-асроридан огоҳ бўлдим.  Онам мен учун ҳамиша олий, илоҳий хилқат эди. Гарчи онам отам билан урушиб қолиб, баъзан қон-қон йиғласа-да, барибир нимаси биландир темир иродали аёл бўлиб кўринарди. Ўша мудҳиш кун, уни ерда қонига беланиб, дод солиб ётганини кўрганимда бир зум ичида эврилиш юз берганди – бамисли илоҳий хилқат ожиз бир махлуққа айланиб қолди. Агар жон танани муҳофаза қилмаса, тана бўшаган идишга — бўш бутилкага ўхшаб қолади.

Мен мана шуни тушуниб етгандим. Шунинг учун агар астойдил истасанг, машинани тузатгандай инсон танасини ҳам тузатиш мумкин деган қарорга келдим. Мен ҳатто оломон ичида тез кунлар ичида жони узиладиган одамларни кўрсатиб бера оладиган даражага етдим. Агар кимнингдир жигари хаста бўлса, жигари ўрнида қора доғ кўринади. Тортишиб қолган мушаклар одатда кўкимтир тусга киради. Мен кўпроқ шунга ўхшаган нарсаларни кўра бошладим… Лекин бу энди ҳаддан ташқари. Алоҳа ақлдан озмаслик учун аэробика билан шуғуллана бошладим. Мана бугунга келиб энди-энди бир нималарга қўл ураяпман. Сен билан танишганимнинг шарофатидир балки.

Умидсиз, тушкун хаёллардан халос бўлиб, ниҳоят ўз имкониятларим нимада эканини тушуниб етдим.
– Хўп, бунинг нимаси ёмон? Менимча, бари ажойиб. Орамизда қандай муаммо бўлиши мумкин? – дедим мен енгил тортиб, лекин у гапимни бўлди:
– Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг асосийсини айтганим йўқ, хатто ота-онамга ҳам айтмаганман.

У жим қолди. Сукунат жуда узоқ чўзилди. Калтакесак қирсиллатиб пицца ея бошлади. Шунда мен бирдан ёноқларидан оқиб тушаётган ёшни сезиб қолдим. Мен довдираб қолдим, чунки у илгари бир марта бўлсин йиғламаганди. Ҳаммаси равшан, у чинданам муҳим нарсани гапириб бермоқчи.
– Ҳўш, жиноятчи нима бўлди? Уни ушлашдими? – дея савол бердим сабрим чидамай.

Калтакесак менга паришон кўз ташлади.
Ҳозир мен, мабодо айнан шу лаҳзада шу саволни бермаганимда нима юз беришини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортиб кетди. Лекин нима бўлганда ҳам мен шундай саволни бердим. Чунки мен уни севардим. Ундан  жудо бўлишни истамасдим. Бунга ишончим комил.

У кўз ёшларини оқизиб жавоб берди:
– Ушлашди. Лекин ўз ҳаракатларини бошқаролмайдиган телба эканини эътиборга олиб қўйиб юборишди. Лекин мен уни ўлдирдим.
– Нима? – Бу кутилмаган иқрорни эшитиб қичқириб юбордим. – Ўз қўлинг биланми?
– Йўқ-йўқ. Қўлим билан эмас. Қарғиш орқали. Сен бунинг мумкинлигига ишонасанми? Нима бўлганда ҳам бу ҳақиқат. Мен уни дуойибад қилдим.
– Наҳотки сен шунга қодир бўлсанг?

Биз ҳеч қачон бунақа узоқ ва қизғин гаплашмагандик.
– Уни қандай қилиб ўлдирдинг?
– Мен ҳар куни унга ўлим тилаб дуойибад қилардим. Машина босиб кетсин, деб худодан сўрардим. Ўша пайтда ҳаётимиз азоб-уқубатда ўтарди. Икки йил муттасил уни қарғадим. Охири кунлардан бир кун кечки пайт, қуёш ботар чоғи илтижоларим қабул бўлганини тушундим. Тилагим амалга ошганини ҳис қилдим. У ўлса менинг кўзларим очилишини сезардим. Ўша кун ботишидан бир ҳафта кейин мен янгиликларни тинглаётган эдим. Бир маҳал фалон-писмадон деган одам жиннилиги қўзиган пайтда ўзини юк машинаси тагига ташлаганини эълон қилишди. Бу менинг ишим эканини билардим. “Сен шунга лойиқ эдинг” дедим ичимда. Ёшим улғайгач, бу қилмишимнинг нақадар оғирлигини тушуниб етдим. Ҳатто агар минглаб одамни даволасам ҳам ана шу ўлим доғини юволмайман. Вақт ўтган сари бу юк оғирлашиб бораверди. Мен сен билан танишганимдан сўнг бир нарсани, кимнидир ёмон кўриб қолсам, уни ўлдиришим мумкинлигини англаб етдим… Шунда мен ўзимга қойил қолдим. Ўйлаган ниятимни амалга ошира олганимдан қувондим. Ҳа-ҳа. Қувонганимдан мириқиб кулдим. Лекин бу Эдо (2) даври услубидаги интиқомни акс эттирувчи роман ёки телесериал эмас-ку, ахир. Бугунги Японияда, тинчлик пайтда мен ажали етмаган одамнинг ўлимига сабаб бўлдим. Битта нарсани аниқ биламанки, ажойиб кунларнинг бирида мана шу жиноятим учун жазоланаман. Оиламиз учун оғир бўлган ўша даврда қийналиб кетганимдан ҳар нарсага тайёр эдим. Ўша пайтда мен бир кун келиб, ота-онам ўтмишни эсламай тинч-тотув яшашини, кўзим яна кўра бошлаб вояга етишим, ишга жойлашишим, сен билан танишувимни тасаввур ҳам қилолмасдим… Ўшанда бир-биримизни танимасдик. Ҳар биримиз ўзимизга тегишли оламда яшардик, бошқаси билан ишимиз йўқ эди. Бизнинг ҳаётимиз дўзахдан баттар эди. Мен йўқотадиган ҳеч нимам йўқлиги учун ҳаётимизни лаънатлардим. Энди ҳаммаси ўзгарди. Ҳамма нарса яхши томонга ўзгарди-ю, мен… мен қўрқа бошладим. Ўша одам тушларимга киради. “Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ, сен эса қотилсан…” – дейди у. Унинг гаплари тўғрилигини англаганим учун даҳшатга тушаман…

Калтакесак тинмай ҳасрат қиларди.
Энг осони ўша одамнинг тасодифий ўлимига сенинг айбинг йўқ, десам олам гулистон эди. Лекин шу хусусда ўйлаган сайин ўша одамнинг ўзини юк машинаси ғилдираклари остига ташлашга айнан Калтакесакнинг дуойибадлари мажбур қилганини аниқ-яққол сезардим. Мен илгари ҳам шунга ўхшаш воқеанинг гувоҳи бўлгандим. Гўёки қандайдир қора кучларнинг таъсири остида жонидан жудо бўлган ўсмирлар ҳали-ҳамон кўз ўнгимда кетмайди: улардан бири у парвариш қилиш мажбуриятини олган гул сўлиб қолгандан сўнг ўзини осиб қўйди; бошқаси вақтида ўқимай ибодати қазо бўлгани учун қон томирини кесганди. Улар, ишончим комил, бир нимага қарши турганлари учун шундай қилишган. Аммо улар қанча эзгулик қилсалар, камолотга эришиш учун қанча заҳмат чексалар, гуноҳ юки шунча оғир босарди. Бундай машаққат ҳирсий мойиллик, ҳайз кўриш жараёни ёки ични бўшатмоқ чоғидаги қийналишга ўхшайди. Уни ҳеч ким билан бўлишиб бўлмайди. У фақат сеники ва бошқа ҳеч кимники эмас. Секин-аста қарши салбий кучлар йиғилиб дунёдаги жонига қасд қилишдек ҳолатларни вужудга келтиради…

Ҳар доим мана шундай вазиятларга тушганимда, ҳеч нарсани ўзгартиролмаганим учун ғазабдан ўзимни қўйгани жой тополмасдим. Ожизлигимдан қутуриб кетаман. – Мен ўзимни шунчалик бетайин, урғочи жинсининг ёнидан бир қадам нари жилмайдиган наслдор буқадек ҳис қилардим. Ғазаб ўтида ёна бошлаганимда эса ҳеч нарсага ярамай қоламан…

Калтакесак ҳеч қачон, ҳеч қачон бунақа узоқ гапирмаганди.
– Менга қара, юр, бир оз айланиб келамиз. – Менинг илтимосимни эшитиб унинг қошлари чимирилди.

– Хавотир олма, – дедим уни хотиржам қилиш мақсадида, – сен хоҳлаган ерга борамиз. Уйда, сен билан сира гаплаша олмаяпман.

– Фақат беморларинг мисолида ҳаётда бундан баттар бўлиши ҳам мумкинлигини исботлаш учун касалхонангга олиб боришни ўйлама, хўпми? – деди у пальтосининг тугмасини қадаркан, илтимос оҳангида.
– Бу фикринг маъқул, – ҳазиллашиб унга жавоб бердим ва ўрнимдан турдим.

Пальтосининг тугмасини қадаётган Калтакесакка қараб туриш менга ёқади. Пойабзалини кийиши учун энгашиб бўйнини чўзиб туришини яхши кўраман. Кўзгуга қараганидаги нигоҳи менга айниқса ёқади. Турли вазиятлар Калтакесакнинг кўп қирралигини вужудга келтиради. Унинг ҳужайралари қандай ўлиши ва қайта туғилишини кўраман. Таранг тортилган чаккаларини кўраман. Тирноқларидаги оқ ҳилолларини кўраман. У яшаяпти, оқим бўйлаб сузиб бораяпти. Мен буни сезиб турибман. Унинг ҳар битта ҳаракати менинг инъикосим. У яшаши учун мен яшашим керак.

Шаҳарни ёз ифори тутиб кетган, ўт-гиёҳлар иси гуркирарди.
– Қаёққа борамиз? – қизиқди Калтакесак.
– Иккиламиз айлангани чиқмаганимизга анча бўлди.
– Ахир иккаламиз ҳам ишда бандмиз-ку…

Шу пайт кутилмаганда орамиздаги ҳамма нарса барҳам топса керак, деган ўй кечди кўнглимдан. Энди биргаликда баҳам кўрадиган ҳеч нарсамиз қолмаганди. Иссиқхоналардаги гиёҳлар шиша томларга етгач, ўсишдан тўхтагани каби биз ҳам йўлимиздаги енгиб ўтиш мумкин бўлмаган тўсиққа етиб келгандик. Бир-биримизга ҳар қанча ёрдам бермайлик, биз эркинлик ҳиссини туёлмаймиз, халос бўлишга қурбимиз етмайди.

Энди биз қариялар каби кечаси инқиллаб-синқиллаб, кундузлари қуёш тафтида исиниб ётишдан ўзга иложимиз йўқ. Қўлимиздан бошқа ҳеч нарса келмайди.
Бу фикр аста-секин фикру зикримни бутунлай қамраб олди.

Лекин шу чоқ илкис ҳамма нарсани ўзгартиришга қодир қувончли овоз янгради.
— Топдим. Нарита-сан(3)га чиқамиз!
— Нега энди?
— Нега бўларди? Эртага куннинг иккинчи ярмида ишларсан. Илтимос бора қолайлик. Таксига ўтирса бир соатда элтиб қўяди.
— Нима бор у ерда?
— Негадир ўша ёққа боргим келиб қолди. У ерда бир марта бўлганман. Ибодатхона ёнидаги гавжум бўладиган дўкончаларни яна кўргим келаяпти. Эрталаб эса ибодатхона кўчасида зираворлар, егулик гуруч, печеньелари сотиб олишимиз мумкин, — деди у кўзларини катта-катта очиб.

Тиббий кузатувлар одамни ўта синчков қилиб кўяди. Шунинг учун уни тушундим: жудаям боргиси келяпти. Лекин гап бунда эмас. Калтакесак менга мурожаат қилганидан ниҳоятда ғурурланиб кетдим. Шу илтимос билан бошқаларга эмас, менга мурожаат қилганидан чексиз севиндим.
—  Бўпти, кетдик.
Агар у истаса, кўнгли тусаган ерга борамиз. Фақат иккаламиз.

Биз Нарита-санга соат тунги бирларда етиб бордик. Омадимиз бор экан, меҳмонхонага қўнғироқ қилиб хона буюриб қўйишга муваффақ бўлдим.
Бутунлай зулматга чўмган ибодатхона кўчаси бўйлаб юқори кўтарила бошладик. Йўлнинг икки тарафидаги қатор кулбалардан ёқимли дарахт ҳиди анқирди. Кучли шамол эсарди. Биздан четрокдаги уйлар томи узра юлдузлар милтирарди.
Калтакесакнинг сочлари кучли шамолда ҳилпираб тўлғанарди.

Ибодатхонанинг дарвозаси берк эди. Девор оша шамолда чайқалаётган каттакон чироққа кўзимиз тушди. Чироқнинг нотекис ёруғида дўкончаларнинг ғаройиб соялари тебранади.
Ваҳимали сукунат ҳукмрон эди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Калтакесак кулиб:
—  “Арвоҳлар шаҳри”ни ўзимча шундай тасаввур килардим, — деди.
Деворга суяниб, кута бошладик. Орадан беш дақиқа ўтди — лекин ҳеч ким кўринмади. Ибодатхона кўчасидан ўтмиш иси тараларди. Ана шу кўча бўйлаб одамлар тўдасининг арвохлари билан қўл ушлашиб дайди шамол кезарди холос.

Калтакесак ёрқин кийимда, кўзни қамаштирувчи оппоқ табассум билан зимистон кечада туш бўлиб кўринди.

—  Биласанми, — дедим мен, — ростини айтсам, менинг ҳам ўз сирим бор. Мен ота-онамнинг зурриёди эмасман. Ўгайман.
У гапларимни чурк этмай тинглай бошлади. Ҳатто менга карамади ҳам.

—  Онам бир йигит билан юрар экан. Лекин ўзини севган ўша йигитни рад этиб, унинг акасига — менинг отамга турмушга чиқибди. Бечора йигит бу воқеадан телба бўлиб қолибди. Бир куни у келин-куёвнинг тепасига бостириб кирибди-да, пичоқ билан қўрқитиб уларнинг қўл-оёқларини боғлаб, отамнинг кўз ўнгида онамни зўрлабди. Сўнгра устидан керосин қуйиб, ўзини ёқиб юборибди. Шовқин-суронни эшитиб чиққан қўшнилар ота-онамни зўрға қутқариб қолишибди. Эҳтимол, бу воқеа унутилиб кетган бўларди, лекин афсуски мен дунёга келдим.

—  Нимасини айтасан, ҳар қалай, бизнинг уйдагидан анча даҳшатлироқ экан, — деди паст овозда Калтакесак.
—  Мана кўрдингми… Онам отамнинг илтимоси билан ҳомиласини олдириб ташламади. Аммо кўп ўтмай, мен туғилгач, онам эс-ҳушини йўқотди. Мени тарбиялаш учун қариндошларимизга беришган. Беш ёшга тўлганимдан сўнг ота-онамникига қайтиб келдим. Кейин онам ўз жонига қасд қилди. Ўлаётганда у менга: “Мени кечир, болам” дея шивирлаган эди. У доим ана шундай беозор эди.

—  Демак, сенинг онанг йўқ эканда.
—  Ўгай онам бор. Отам яна уйланган.
—  Шунақами…
—  Ҳаётда ҳар нарса бўларкан: баъзан одамлар ҳалок бўлади, баъзан — сенинг онанг сингари — тирик қолади; айрим оилалар пароканда бўлади, айримлари қийинчиликларни енгиб бирга яшашади. Бу нимага боғлиқ  одамларнинг феъл-атворигами ёки вазиятгами, лекин шуни яхши биламанки, бундай ҳолларда болаларга катта зиён етказилади. Гарчи… Мен, масалан, болалигимда бахтиқаро онамнинг мурдасини кўрганман, лекин шунга қарамай, маза қилиб овқатланишни яхши кўраман, тоза ҳаводан лаззатланаман… Дарвоқе муҳими бу эмас…

—  Демак, шунинг учун дўхтир бўлишга қарор қилган экансан-да?
—  Шундай деса ҳам бўлади, лекин бошқа сабаби ҳам бор… Умуман мен ўлим нималигидан бохабарман. Ҳали она сутим оғзимдан кетмаган пайтдаёқ ўлим шууримда жуда оғир таассурот қолдирган. Мен ўлим ҳидини туйганман.

Унинг мулоҳазалари қалбимни ларзага солди. Ҳаётда Калтакесакка дуч келишим муқаррар эканини энди англадим.
—  Майли, бугунча етарли. Бунақа машъум воқеалар ҳаётда бўлади ва ҳамиша бўлиб ўтган. Кел энди, кўнгилсиз нарсаларни унутайлик-да, яхши ниятлар қилиб юрайлик. Бирга яшаб, гўзал ҳаёт кечириш тўғрисида қайғурайлик. Нима дединг?
—  Менга қара, сен “Қисқа жума” ҳикоясини ўқиганмисан? — сўраб қолди у бирдан.
— Йўқ.

— Бу оддийгина чол-кампирнинг ўлими ҳақидаги ҳикоя. Биз ҳам шундай ўлим топсак зўр бўларди-да. Бу кекса эр-хотин диндор бўлишади. Худонинг тинч, ҳаловатли кунларидан бирида кечкурун ухлагани ётишади. Ошхонадаги плита пиширикхонасида саҳарлик учун нон ёпиб пиширадилар. Ҳамма нарса жойида, нон тайёр, иш битди, аммо газни ўчиришни унутиб қўйдилар. Газ ҳидини сезганларида эса вақт ўтган эди — у бутун хонани тўлдирганди. Шунда улар бирдан ўзларини енгил ҳис этдилар ва бахтли ҳалок бўлдилар.
— Ғалати ҳикоя экан. Ўқиб чиқарман.
—  Зўр-а, тўғрими? Менга умуман бошқа одамларнинг ўлими ҳақида ўйлаш ёқмайди, лекин мана шунақанги ўлим бўлса, ҳасад қилса арзийди…

—  Биласанми, кел, яхшиси ҳамма нарсани ўзимизга олавермайлик. Умуман, бас қилиш керак, ҳадеб шунақа нарсалар тўғрисида ўйлашни. Ишхонадаги кўраётганларимизнинг ўзи етарли. Ҳали ёшмиз, ҳаётимиз ҳали олдинда. Қадамба-қадам ҳаракат қилаверамиз. Аста-секин бўлса ҳам эртанги кундан умид қилиб. Иккаламиз ҳам жуда ғалати бир вазиятга тушиб қолганмиз, лекин ўзимизни қўлга олишимиз керак, акс ҳолда ҳаётимиз издан чиқиб кетади.

Гарчи Калтакесакни шубҳа-гумонлар ўртаётгани кўриниб турган бўлса-да, гапимни тасдиқлаб бош қимирлатди. Унга алоқадор нарсаларга келса, барча нарсада мен ўн беш яшар боладек ғалча бўлиб қолавераман, у билан бирга эканлигимдан мамнун юраман, унинг мени севишидан ғурурланаман.

Кўҳна меҳмонхонага етиб келгач, биз ҳорғин ҳолда каравотга чўкдик. Калтакесак ҳар доимгидек менинг пинжимга кириб ётди, уни ухлаб қолди деб ўйладим. Чарчаганимдан кўзларимни очолмасдим.
Мен мудрай бошлаганимда Калтакесак алланималар деди. Мен қайта сўрадим.
—  Нима?
—  Хуллас, — деди у худди бошлаган гапини давом эттираётгандай, — агар бизнинг ҳаётимизда шундай бир одам …ёки ярим худо бўлиб, одамларнинг диёнат ва инсоф билан яшашларини назорат қилиб турса эди, у оғир вазият вужудга келганида: “Бундай қилиш мумкин эмас ёки тўғри қилдинг” деб огоҳлантириб турарди. Яхшию, тўғрими? Лекин бунақа илоҳ йўқ.  Агар бўлганида эди, бундай қабоҳатларга барҳам берган бўларди. Аммо ҳозирча бари давом этаяпти. Ўзимиз эплашимизга тўғри келади. Бошимизга тушган фожиа ҳар канча даҳшатли бўлмасин, улардан ҳам даҳшатлироқ нарсалар юз бериши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Мана ҳозир, айни пайтда ер юзида юз минглаб бахтикаро одамлар нафас олишаяпти. Шу сонияда одамлар жон бераяпти, қариндошларини йўқотаяпти. Уларга хиёнат қилишяпти, уларни ўлдиришаяпти. Дунё шунчалар фожиаларга кон… Кошки уларнинг бари тўхтатилса… Кошки дунёда бахтсиз болалар камроқ бўлса…

Бу кўҳна, анъанавий услубда қурилган япон меҳмонхонасида ушбу маҳзун сўзлар ғамгин шеър сатрларидек эшитиларди. Ухлаётганимизда, биз ҳозиргина келган коронғи ибодатхона кўчаси одамлар билан тўлади, шовқинга кўмилади, сотувчилар савдони бошлайди, бутхонанинг бош дарвозаси шарақлаб очилади. Ҳаммаси ўзгаради. Шодлик, ўйин-кулги авж олади. Шамол ковурилган балиқ, гуруч қўғирмочининг ҳидини олиб учади. Биз Хитойнинг хушбўй шамчироқларидан харид қиламиз, ибодатхонадан эса янги уйимизга осиб қўйиш учун туморлар сотиб оламиз. Одамлар оқимини кузатамиз; туни билан ҳувиллаб ётган ҳаёт янгидан қайнаётганининг гувоҳи бўламиз.

Лекин мен шундай ҳолдан тойган эдимки, гапиришга мажолим йўқ эди. Бу гапларимни унга эртага айтишга қарор қилдим.
Борди-ю, у ўлиб қолса-чи?
Демак у эртага бўлмайди дегани, бу бинобарин, менга бошқа ҳеч нарса демайди. Менинг пинжимга суқилган хоҳиш манбаи, ҳам унинг хоҳиш- истаклари — ҳаммаси йўқ бўлади-кетади.

Чаккасига тушиб турган сочлари, ёноғига тушиб қолган бир дона киприги бўлмайди. Бўялган тирноғидан сал қуйироқда куйгандан ҳосил бўлган кичкина чандиқ йўқолиб кетади. Ҳамма нарсани ҳаракатга келтириб турган жони узилади. Мен мана шулар ҳақида гаплашмоқчиман. Одамлар одатда гапиришни хоҳпамайдиган нарсалар ҳақида сўзлашмокчиман.
Фақат у яшаса бўлгани.
Эртага шуларнинг ҳаммаси ҳақида гапириб бера оламан.

Шу пайт Калтакесак мулойим овозда:
— Яхши ухлаб тур, — деди.
Мен эса уни ухлаяпти, деб ўйлабман.
Ҳайратланганимдан уйқум қочиб кетди. Унга назар солдим. У кўзларини юмиб ётарди, ҳозир унинг ухламаётганини билсам-да у ухлаётгандек туюларди. Мен ҳам унга хайрли тун тиладим. Бунга жавобан Калтакесак минғирлаб:
— Биласанми, ўлганимдан кейин мен дўзахга тушаман, — деди.
— Ҳеч кўрқинчли жойи йўқ. — Эҳтимол, бу жуда ожиз тасалли эди.
— Менимча ҳам шундай. Дўзахда менинг мижозларим янаям кўпаяди.
Атиги бир неча сониядан сўнг у уйқуга кетган одамлар сингари бир текисда нафас ола бошлади. Унинг чеҳраси маъсум болаларнинг юзига ўхшарди.
Мен яна бир оз уни завқланиб томоша қилиб ётдим, сўнг болалигимизни эслаб йиғлашга тушдим.

Изоҳлар

1 Саба – қора буғдой-маржумак унидан тайёрланадиган угра оши.
2 Эдо даври – Токугава (1600–1867) даври.
3 Нарита-сан — тоғнинг номи.

0045

Olim OTAXON
NAJOTSIZ UMIDLAR
«Sarhadlar» turkumidan
077

Banana Yosimotoning “Kaltakesak” hikoyasini o’qib, beixtiyor adabiyotshunos olim, tarjimon Yevgeniy Maevskiyning 1985 yili nashr etilgan “Hozirgi zamon yapon hikoyalari” kitobiga yozgan so’zboshisidagi fikrlari yodimga tushdi. U dunyo xalqlari madaniyatining bir-biriga o’xshamasligi haqida mulohaza yurita turib shunday deydi: “… hatto eng mohir mutarjim ham maromiga yetkazib tarjima qilolmasligi mumkin, aytaylik, mana bunday jumlaga duch kelganda umidsizlikka tushishi aniq: «Akikoning hikoyasidan ma’lum bo’lishicha Dziro o’sha sekitori xeyasiga ko’tarilgan, sekitori sekivakining o’rtamiyona darajasiga ega bo’lgan usul, u san`yakudan yuqoriga ko’tarila olmagan, biroq xiromakudan quyiga ham tushib ketmagan”.“Qush kabi ozod” hikoyasidan olingan bu parchadagi har qanday mutarjimni qiynaguvchi bunday so’zlar yaponlarning sumo degan kurashida ishlatiladigan terminlardir”.

Bular-ku, so’zlar-atamalar ekan, ularni maxsus lug’atlardan topib, ma’nosini bilib olish mumkin. Lekin yapon xalqining o’ziga xos turmush tarzi-chi?! Masalan, eng oddiysi, uyga kirayotganda poyabzalini albatta yechishi, xonada bironta stul yo’qligidan zarracha xijolat bo’lmay, jon-dili bilan polda chordona qurib o’tirishi… Bu mayda, ahamiyat bermasa bo’ladigan narsalarga o’xshaydi. Vaholanki, bitta xalqning kundalik turmushini shunaqa urflar, odatlar – marosim, bayramlardagi raqslar va hokazolar tashkil etmaydimi? Lekin ularning milliy o’ziga xosligi ichida bizni lol qoldiradigan tafakkur tarzi, e’tiqodi, dunyoqarashi, diniy-mafkuraviy ta’limoti, nafaqat bizga, balki butun dunyo xalqlari uchun aql bovar qilmas san’ati, she’riyati-chi!… Mahdudlik, ko’r-ko’rona jazmga o’xshab ketadigan fidoyiligini ayting. Xarakiri odati qaysi millatda uchraydi, yana uning alohida ruknlarini ijro etish shartligini qarang! Oddiy xarsang toshlardan hosil qilingan bog’, mangu farog’at istagida, shu toshlarga soatlab tikilib o’tirishlar…

Shular haqida ozgina boxabar bo’lmagan kitobxonga bunday adabiy asarlar bema’nilikdan boshqa narsa emasdek tuyulishi tabiiy. Bu yolg’iz tarjimon mahorati bilan emas, kitobxonlar saviyasi, bilim doirasi bilan ham bog’liq muammo. Hafsalasiz, yuzaki fikrli kitobxon o’qiyolmaydi bunday asarlarni.

Banana Yosimotoning “Jahon adabiyoti” jurnalida e’lon qilinayotgan hikoyasi ham xuddi ana o’shanday hikoyalardan. Holbuki, u juda oddiy yozilgan – yengil o’qiladi, syujeti ham oddiygina, jumlalari sodda-tushunarli. Qavat-qavat, “garchi… bo’lmasa ham, modomiki… ekan, u holda, to … guncha, … yuz berishi dargumonligiga qaramay” qabilidagi jumlalar mutlaqo yo’q. Umuman, adibaning barcha asarlarida dabdabali, jimjimador tasviru bayonlar uchramaydi, Lekin, shunga qaramay, o’quvchi hikoyaning mag’zini tushunish qiyin. O’qigan dam sezadi nimadir juda muhim, juda yurakka yaqin gap borligini, afsuski, o’sha gapning tagiga yetolmaydi. U g’ayrioddiy. Qanaqadir g’aroyib ham. Biz muallifning jillaqursa tasvirda yoki ikkita qahramon o’rtasidagi o’zaro suhbatda aralashib qo’yishi orqali ba’zi narsalarning tagma’nosini sezib olishga yordam berishiga ko’nikib qolganmiz.

Banana Yosimoto bu yo’ldan bormaydi. U aks ettiradi yoki ichki hissiyotlar oqimini ifoda etadi, biroq shunday ifodalaydi va aks ettiridaki, uning ana shu mahorati tufayli niyati, fikri baribir pinhon qoladi. Albatta, mistika yoki fantastik unsurlardan foydalanadi, pirovardida o’quvchi uning tagiga yetish uchun bosh qotirishiga to’g’ri keladi.

“Kaltakesak” hikoyasining qahramoni haqida dabdurustdan bir nima deyish qiyin. Uning turgan-bitgani jumboqlardan iborat. Bir daqiqadan keyin nima deyishi, nima hunar ko’rsatishini yozuvchining o’zi ham bilmaydi, go’yo!

Kaltakesakning ko’rgan kuni haqida dabdurustdan yomon, o’ta g’arib, fojiali deyolmaysan, chunki u boshqa odamlar singari kundalik tashvishlarga o’ralashib mechkay, manfaatparastlik botqog’iga botib yashamaydi axir, uning o’z e’tiqodi, niyatlari, eng asosiysi, yuragida umid bor, ming achinganing bilan, hatto kaltakesakka o’xshashligi, uvoqqinaligi, ko’rimsizligi, boshiga tushgan fojialar, kulfatlar natijasida odamovi bo’lib qolgani, yolg’iz yashashni xush ko’rishi, quvnoq, sho’x-xandon hayotdan bebahralagiga qaramasdan uni baxtiqaro deyolmaydi kishi. Aksincha, yuragining yashirin tublarida yashayotgan katta orzu-umidlari uni bizga yaqin qiladi, e’tiborimizni jalb etadi. U odamlarga foydang tegmasa ham zararing tegmasin, degan e’tiqodda emas, bil’aks, dard chekayotgan kishilarga malham bo’lgisi keladi. Shu ma’noda unga o’xshagan odamlarning hayoti qanaqa – yomonmi yoki yaxshimi deya mulohaza yuritmaslik lozim, u boshqacha yashay olmasligini tushunish kerak xolos. Men “Kaltakesak” hikoyasi haqida mulohaza bildiryapman. Shunga qaramay aytamanki, adibning zulm va zug’um, yomonlik va fojialar yuz bermaydigan hikoyalaridagi kabi “Kaltakesak”dan ham nochorlik, bedavolik ufurib turadi. Chunki hozirgina aytib o’tganim yuragida jo’sh urgan katta orzu-umidlarni, ezgu insoniy intilishlarni shafqatsiz hayot to’fonlari har qadamda barbod qilishi mumkin. Ta’bir joiz bo’lsa, u hozir shunday yashayapti.

Holbuki, shuning o’zi katta gap emasmi?! Ehtimol, shuning o’zi ham baxtdir?! Oxir-oqibat mana shunday diqqat qiladigan, yurakni ezadigan fikrlarga duch kelishing uchungina emas, butun tabiatiga ko’ra Banana Yosimoto asarlarini, alohida tayyorgarlik demayman-ku, lekin odam o’zini chog’lab, musabbir kayfiyatda o’qishi mumkin. O’qiganda ham shoshilmay, mazasini his qilib o’qish lozim. Asar qahramonlarining g’arib va benavoligi, nochor va benajotligi yuragingizni siqib yuboradi. Lekin shunga qaramay muhimi Yosimoto asarlari jonli, hayotiy. Uni oxirigacha o’qiyolmasangiz ham, lekin kitobni tashlab yuborolmaysiz. U qo’yib yubormaydi. Yuragingizningmi, shuuringizningmi allaqaysi yerida o’sha taqdirlar, o’sha qalamga olingan tanish va notanish hayot qanday kechgani, oxiri nima bilan tugashini bilish istagi sizga baribir tinchlik bermaydi.

Banana YOSIMOTO
KALTAKESAK
Fayzi SHOHISMOIL tarjimasi
044

065Yapon adabiyotida Banana Yosimoto ismi odatda mashhur adiblar  bilan yonma-yon qo’yiladi. Yozuvchining nasri yengil o’qilishi va g’ayriodatiy ruhiy teranligi bilan ajralib turadi. Ko’z ilg’amaydigan oddiy holatlarda ham, adiba qandaydir muhim ahamiyatga molik, hatto mistik narsalarni ko’ra olish va turmush sir-sinoatlarini o’zicha kashf etish mahoratiga ega.
Banana Yosimota 1964 yili ijodkorlar xonadonida tug’ilgan. Onasi Kadzuko Yosimoto – shoira. Bir nechta xokkular kitobining muallifi. Otasi Takaoki Yosimoto ham shoir, adabiy tanqidchi, publitsist.  Banananing “Oshxona” nomli ilk romani “Eng yaxshi debocha (debyut)” mukofotiga sazovor bo’lgan. 1988 yili e’lon qilingan “Boshpana” kitobi Maorif vazirligi mukofoti, “Tsugumi” kitobi 1989 yili Yamomoto mukofoti, “NP” kitobi 1993 yili Italiyaning “Skanno” mukofoti, 1995 yili “Amrita” romani Murosaki Sikubu nomidagi mukofot, 1996 yil “Kaltakesak” kitobi italiyaliklarning “Fendessime” mukofotini olgan. 1989 yilda adibaning kitoblari 4 million 700 ming nusxada tarqalib o’ziga xos rekord o’rnatgan.

044

Ushbu hikoya davomida men bu xonimni Kaltakesak deb atayman. Bordiyu, siz sonining ich tomoniga chizilgan kaltakesak rasmi tufayli shunday demoqchi deb o’ylasangiz, xato qilasiz.

Uning dum-dumaloq qora ko’zlari xuddi kaltakesakning ko’zlariga o’xshaydi. Qarashlari biram sovuq-ki… Kaltakesak deysiz. O’zi ham uvoqqina. Badanining qaeriga qo’l tekkizmang, shunday sovuq, shunday sovuqki, kaftingizga olib isitgingiz keladi. Lekin kaltakesak sizga chumchuq polaponi yoki quyon bolasi emas. Tipirchilab kaftingizni tirnoqlari bilan timdalaganida etingiz junjikib ketadi. Unga qarab turganimda bir lahzaga ko’rinib qoladigan qip-qizil tilchasiga ko’zim tushadi. Uning shishasimon ko’zlarida mening kimnidir sevish, kim haqidadir qayg’urish istagi ro’yi-rost zuhur etgan aft-basharam aks etib turadi…

Bu esa Kaltakesakni ham menga nisbatan nimanidir his etayotganini ko’rsatadi.

O’sha kechasi u menikiga kelganida ko’rpaga kirib, endi mudray boshlagandim.
– Judayam charchadim, – dedi Kaltakesak xonamga kirar ekan.

O’-o’ naqadar norozi ovoz. Qorong’ida uning qiyofasi menga ko’rinmasdi, faqat tungi oppoq ich ko’ylagining sharpasi sezilardi, nazarimda uning kayfiyati haddan ziyod yomon edi.

Soat tungi ikkilar edi. Men chiroqni yoqish uchun qo’limni uzatganimda, daf’atan uning badanini his qildim. U yuzini og’ritar darajada o’mrovimga qattiq bosib, muzday qo’llarini pijamam ostiga suqdi. O’-o’ haroratli jismingga muzdek sovuq qo’llarning tegishi naqadar yoqimli… tuyg’u…

Men yigirma to’qqiz yoshga chiqdim. Ruhiy kasal bolalar uchun mo’ljallangan shifoxonada maslahatchi va davolovchi vrach bo’lib ishlayman. Kaltakesak bilan uchrashganimga uch yil bo’ldi. Anchadan beri Kaltakesak mendan boshqa hech kim bilan gaplashmaydi. Umuman olib qaraganda, boshqa odamlar bilan gaplashmay yashash mumkin emas. Shu boisdan men Kaltakesak uchun o’ziga xos ehtiyot chorasi sifatida xizmat qilaman.

Xullas, u bor kuchi bilan yuzini ko’ksimga bosdi. U baayni vujudimga singib ketguday bo’ladi doim, bu ham yetmaganday shunday kuch bilan bosadiki, ilk bor shunday qilganida azbaroyi yig’layapti, deb o’ylaganman. Yo’q, yanglishgan ekanman. Bir ozdan so’ng u boshini ko’tarib menga qaragandi, chehrasida osoyishtalik aks etar, ko’zlari esa bir navozish bilan mayin boqar edi.

Ehtimol shu tariqa u kun bo’yi yuz bergan ko’ngilsizliklardan (bu baayni yostiqqa yuzini burkab yig’lashdek gap) yuragini bo’shatib olar?! Yoki hamma narsani unutishni istar. Har holda men shunday deb o’ylardim.

Nihoyat o’sha kechasi Kaltakesak hech kutilmaganda hammasini aytib berdi.

– Bilasanmi, bolaligimda ko’r bo’lib qolgandim, – deya gapini boshladi u tun og’ushida so’nik bir ovozda.
– Nima, butunlaymi? – men hayratdan qotib qoldim.
– Ha. Butunlay.
– Nimadan bunaqa bo’lgandi?
– Do’xtir bu ruhiy jarohat asorati deb aytgandi. Tasavvur qila olarmikansan, besh yoshimdan to sakkiz yoshimgacha hech narsani ko’rmasdim. Dunyo men uchun qorong’i zulmat edi.

– Qanday qilib tuzalib ketding?
– Maxsus shifoxonada davolangach, yana ko’ra boshlaganman. U yerdagi shifokorlar juda-juda mehribon edi. Sen ham xuddi shunaqa joyda ishlaysan-a?
– Shunaqami? – dedim men va bir oz o’ylab turib, qo’shib qo’ydim: – Noo’rin savolim uchun uzr so’rayman, lekin nima sababdan ko’zing ko’rmay qoluvdi?
Kaltakesak yutindi.
– Nima desam ekan, haligi… Uyimizda dahshatli voqea yuz bergandi… keyin esa… xullas, hammasini o’z ko’zim bilan ko’rgandim…
– Agar eslash malol kelsa, aytib berishning hojati yo’q – dedim unga. Kaltakesakning ota-onasi sog’-salomat. Ahil-inoq yashashadi. Men ular bilan uchrashganman ham. Uning aka-uka, opa-singillari yo’q. Qisqasi, ularning oilasida qandaydir jiddiy muammolar bo’lganini birinchi marta eshitishim.

– Mana shunaqa, bolaligimda ko’zim ojiz bo’lgan, shuning uchun ham hozir har bir narsani ushlab ko’raman, o’sha narsaning nima ekanligini bilgim keladi, aks holda, keyin qiynalaman o’zim. Ayniqsa qattiq toliqqanimda judayam asabiylashaman va to ko’zimni yummagunimcha yoki nimagadir mahkam yopishmagunimcha.., changallamagunimcha o’zimni qo’lga ololmayman. Og’ridimi? Iltimos, kechir.
– Hechqisi yo’q. Kasalxonamizda deyarli shu ahvol, hamma bolalar qo’rqqanidan odamga yopishib oladilar. Shuning uchun nima haqda gapirayotganingni yaxshi tushunib turibman.
– Buni bilaman.
– Menga qara, kel, turmush quramiz. Biron yerga ko’chib borib, birga yashaymiz, – anchadan beri o’ylab yurgan niyatim lop etib og’zimdan chiqib ketdi.

Meni quchoqlab yotgan Kaltakesak indamadi. Ajabo, u churq etmay yotardi-yu yuragi juda tez urardi. Men daf’atan uning javob bermaganidan iztirobga tushdi, deb o’yladim. Uning menga qanchalik yot ekanini, borlig’iyu ichki olami tamomila o’zgacha ekanini angladim. U kechalari mening tushlarimga sira o’xshamaydigan tushlar ko’radigan begona odam edi.

– Immm… – dedi u past ovozda. So’ngra: – mening bir sirim bor, – degancha jim bo’lib qoldi.

Men bu bilan nima demoqchi ekanini o’zimcha tahlil qilib ko’rdim.

Men Kaltakesak bilan sport klubida tanishgandim. O’sha kezlar haftasiga ikki marta suzish bilan shug’ullanardim. U esa o’sha klubda aerobika bo’yicha yo’riqchi vazifasini bajarardi.

Uni birinchi marta ko’rganimda “Shunaqa g’alati ayollar ham bo’lar ekan-da”, – deb o’ylagandim.

Zuvalasi pishiqqina, past bo’yli, qiymoch ko’zlarida allanechuk hasrat yashiringan bu ayol o’zi bilan ishlaydigan qiz-juvonlarning birontasiga o’xshamas edi. Ularning sho’xligi, o’yinqaroqligi yaqqol ko’zga tashlanar, Kaltakesakning esa hatto kayfiyati qanaqa – yaxshimi-yomonligini ham bilib bo’lmasdi. Uni g’alati deb bo’lmasdi, lekin alohida bir sababsiz ham atrofdagilardan ajralib turardi. Har safar mashqlarni tugatib, hovuzdan chiqar ekanman, u zallardan birida dars o’tayotgan bo’lardi. Uning kichik gavdasi notabiiy bir holatda qotib qolgandek turardi. U o’ta nafis harakat qilar, istagan holatga kira olishi mumkindek tuyulardi. Musiqa har qancha baland yangramasin, Kaltakesak xuddi o’zining shaxsiy, butunlay shovqinsiz dunyosida suzayotganday ko’rinardi.

Kunlardan bir kun zalda bo’layotgan ishlarni befarqqina kuzatib turganimda esdan chiqmaydigan bir voqea yuz berdi.

O’sh kuni (men mashqlarni tugatib, aerobika zali yonidan o’tib borayotganimda) u odatdagidek o’zining ish joyida yumshoq gilamda yoshlar bilan mashg’ulot o’tkazayotgandi. Men uni tomosha qilgani to’xtadimu birdan agar kunlarning birida bu qiz ishdan bo’shab ketsa, judayam zerikib qolishim haqida o’ylab qoldim. Men hikoya qilayotgan voqealardan xiyol ilgariroq eri bor ayol bilan cho’zilib ketgan munosabatlarimni uzgan edim. Shuning uchun va qolaversa, o’sha ayolning tashabbusi bilan oramiz buzilgan hamda uning meni to’g’ridan-to’g’ri haydab yuborganini e’tiborga olganda, yangi ishqiy sarguzashtlarga berilishim uchun menda na kuch, na xohish qolgani g’alati tuyilmasdi. Shunday bo’lsa ham, sport zalidagi qiz hususida o’ylaganimda yuragimda allanechuk tuyg’ular uyg’ona boshlayotgan edi.

Bunday tuyg’u odam qalbini erta ko’klam kechalari qamrab oladi. Ko’chada havo ajoyib. Elektrichkada xuddi to’lqinlar kaftida yotgan qayiqchadek chayqalib ketarkanman, menga mayli bor notanish yosh ayolni bugun qaerga – qahvaxonagami yo restoranga taklif qilsammi, deb xayol surardim. Bugungi kechani u bilan qaerda o’tkazishimiz, oramizda biror narsa bo’ladimi, yo’qmi – men uchun ahamiyatsiz edi. Unga, qiliqlariga, ataylab men uchun bo’yniga o’ragan ro’molining naqshlariga, pal`tosining etaklariga, quvnoq chehrasiga tikilib qarar ekanman, bamisli ajoyib manzaraga duch kelgan kabi yuragimda bir pokiza, ezgu, munavvar tuyg’ular tug’yon urayotganini his qilardim. Shunday damda ich-ichimda qaydandir elas-elas kelayotgan iforga o’xshash unutilgan shodlik hissi, betashvish hayot tuyg’usi jonlanardi…

Xullas, shunaqa gaplar. Men nihoyat uyga qaytish vaqti bo’ldi degan qarorga kelib, burilib ketayotganimda; “Voy, og’riyapti!” degan chinqiriq eshitildi. O’girilib qarasam ayollardan biri oyog’ini changallab turibdi. Men hali tomiri tortishib qolmadimi, boshqa jiddiy narsa emasmikin deb ikkilanib turganimda, Kaltakesak o’sha ayol yoniga uchib kelib, uning oyog’ini ko’zdan kechira boshladi. Musiqa chalinib turgan nim qorong’i zalda u do’xtir singari sovuqqonlik bilan o’z shogirdining tortishib qolgan oyoq mushaklarini uqalay boshladi. Nazarimda, bu voqeani anchadan beri kuzatib turgandek edim. Yerda, uzatilgan qo’lini sal pastga tushirib o’tirgan Kaltakesak g’ira-shira yorug’likda yaltirab turgan ajoyib haykalga o’xshardi.

Bir ozdan so’ng anavi ayol yengil tortib jilmaydi. Kaltakesakning yorqin qizil lablarida ham tabassum o’ynadi.

Qalin oyna orqali o’tib kelayotgan musiqa ohangi va bazo’r eshitilayotgan ovozlar shivirlashga aylanar va bu voqea juda g’alati ko’rinardi. Ana shunda muvozanatni saqlash uchun oyoqlarini bir oz kerib, ohista o’rnidan turayotgan Kaltakesakni kuzatar ekanman, soniga, qariyb choviga chizilgan mittigina kaltakesak rasmiga ko’zim tushdi.

Buni ko’rib men butunlay hushimni yo’qotdim. Bizning g’ayritabiiy ishqiy qissamiz ana shundan boshlandi.

O’z-o’zidan ma’lumki, meniki singari ishda odam ba’zan juda ham toliqadi. Agar mijozga chin dildan yordam berishni istasang, uni sira erkalatib yubormaslik, azobiga hamdard ekaningni bildirmaslik lozim. Biroq sendan o’zini tushunishni kutayotgan, uning izmu ixtiyoriga itoat etishingni talab qilayotgan odamga qarshi turish juda qiyin. Ayniqsa, ko’z o’ngingda noz-ne’matga to’la dasturxon tuzashayotganini ko’rib, bunga qanday chiday olasan. Men hayoti xavf ostida qolib, sendan rahm-shafqat kutayotgan mijozni nazarda tutayapman. Bunday kishilar o’zlarining butun kuch-quvvatlarini qanday bo’lmasin qiynoqlardan xalos bo’lishdek yakkayu-yagona maqsadlariga erishishga sarflaydilar. Shuning uchun, ustasi farang ofitsiant singari o’zingdan voz kecha olishing lozim. Agar ofitsiant – hatto och bo’lsa ham – ish paytida biror narsa yeb olish istagi bilan yonsa, bunday ofitsiant bir tiyinga qimmat. U nafsini tiyish tugul o’sha xohish-istagini so’ndirishi kerak. “Men ularni davolashim shart,” “ular shifo topishlari lozim” – mana men amal qilishim darkor bo’lgan asosiy niyat.

Sening jon kuydirishingga loqayd-beparvo mijozga bor kuching bilan yordam berishga astoydil harakat qilayotganingda ayniqsa holdan toyasan. Ayni o’z tashvishlaring boshingdan oshib yotganda bu narsa yaqqol seziladi.

Tushlik paytida Kaltakesakning nima siri bor ekan, deb o’ylanib qoldim. Menga turmushga chiqishni istamagani uchun shu narsani to’qib chiqarganiga ishonmayman.

Men har doim bitta yerda – chog’roq restoranda ovqatlanaman. U yerda mazali saba (1) tayyorlashadi. Bu restoran men ishlaydigan tomonda joylashgan, lekin kasalxonadan ancha olis – istirohat bog’ining yonginasida, ishonchim komil, mijozlarimdan birortasi u yerga kirmaydi. Deraza ortidan o’t-o’lanlar hidi ufurib turadi. Bog’ tushki quyosh nuriga cho’mgan. O’rindiqlarda chollar gurunglashayapti, ularning yonida kelishgan yosh yigit, bekorchilikdan yuzini oftobga tutib mudrab o’tiribdi. Benuqson ishlab turgan mukammal mexanizmning namunasi sifatida ana shu manzaraga nazar solinganda, “insoniyat” deb atalgan mushtaraklikda aks etgan cheksiz go’zallikni his qilish mumkin. Darhol ich-ichimizda allanechuk azaliy, tug’ma hissiyot uyg’onadi. Va ongimizda: “Eh, hozir bir miriqib ishlayman” degan fikr charx uradi. Shunda beixtiyor: “Men bilan bir osmon ostida yashayotgan va ishlayotgan Kaltakesak ham xuddi shuni his qilayotgandir” deb o’ylagim keladi.

O’sha kecha men uni darsdan so’ng kutib turdim-da, birinchi bor restoranga taklif qildim. U men o’rganib qolgan sport kiyimi o’rniga oddiy qora sviter bilan jinsi kiyib olgandi. Odamni sira ham jalb qilmaydigan kiyim. Xuddi u mendan bir nimani yashirmoqchiday, birdaniga butunlay ko’rimsiz bo’lib qolgandi. Ammo bu noto’g’ri taassurot edi. Qadam tashlashining o’ziyoq, uning hech kimga o’xshamasligidan darak berardi. Noyob xilqat bamisli. Jilmayganida milklari ko’rinib ketadi. Yonoqlarida g’uj-g’uj sepkil.

Negadir unga qaragan paytimda hamisha miyamga yarq etib “qismat” so’zi keladi. Men uning har kuni allaqanday og’ir vazifani bajarishga so’zsiz rozi bo’lishining naqadar jiddiyligini his etardim. Aynan shu narsa meni hammasidan ko’proq jalb etardi. Bunday odam tabassum qilganida milki ko’rinadi, og’zi kengayadi,chakkalari bo’rtadi – chinakam samimiy tuyg’uning aks etishi emasmi bu? “Tabassum” so’zining asl mohiyatini darhol his etasan.

Biz chog’roqqina yapon restoraniga ovqatlanishga kirdik. Tinchgina,bo’m-bo’sh xonadagi stollarning birida ro’parama-ro’para o’tirib oldik – bizdan bo’lak hech kim yo’q edi. Men hayotda hech qachon bunchalik hayajonlanmagandim. Kaltakesak churq etmasdi. U ovqatdan bir-ikki cho’qiladi – sake (yapon arog’i)ni labiga astagina tekkizib qo’ydi.
– Sen judayam chiroyli raqs tushasan, judayam – dedim nihoyat men, Kaltakesak ham gapga tushib ketdi.
– Chakki emas, har qalay. Lekin baribir u yerdan bo’shab ketmoqchiman. Keyingi oyda.
– Nega endi? – hayron bo’lib so’radim men. U jilmayib javob berdi:
– Chunki butunlay boshqa narsa bilan shug’ullanmoqchiman.

– Nima bilan, masalan? – dedim men va shoshilib qo’shib qo’ydim: – Bilmadim, albatta, so’rashga haqqim bormi, yo’qmi aybga buyurmaysan, sening layoqatingga havas qilaman. Shu boisdan menga bir oz alam qiladi…
– E, qo’ysang-chi. Men xafa bo’lmayman. Men muqobil tibbiyot maktabiga kirmoqchiman. Igna bilan emlash, giyohlar bilan davolash va hokazo.
– Ana xolos… Buni senga nima keragi bor?
– Chunki bu sohada iste’dodim ko’proq ekanini tushunib yetdim. Bironta odamga tikilib qarasam bormi, uning qaeri og’riyotganini darhol sezaman. Qo’limni tekkizish, silash bilan uni davolay olishimga ko’zim yetadi, nazarimda. Shu qobiliyatimni rivojlantirish ma’qul ko’rinayapti.
– Qo’l bilan davolay olasanmi?
– Davolay olaman…

Keyin, muzqaymoq yeyayotgan paytimizda u bamaylixotir dedi:
– Tanangdan foydalanganda, ichingdagi mavjud barcha narsadan xalos bo’lishing lozim. Bu jami tashqi holatlardan muhim. Agar faqat zohiran kamolotga erishsang ham baribir ko’ngling to’lmaydi. Buni aniq bilaman. Bugungi kunga qadar men tinimsiz mashqlar evaziga qomatimni ushlab turdim. Endi – o’sha natijalarga boshqa usullar bilan ham erishmoq vaqti yetdi. Har holda men o’ttiz uchga chiqdim.
– O’ttiz uch?! – Men unga yigirma besh ham bermasdim.

Kaltakesak kulib yubordi:
– Ishonchim komilki, men sendan kattaman.
Keyinroq men uni bekatgacha kuzatib qo’yganimda, u yoqimli oqshom uchun minnatdorchilik bildirdi va o’ychan qo’shib qo’ydi:
– Mening umuman do’stim yo’q. Ota-onam bilan deyarli gaplashmayman. Boshqalar bilan oxirgi marta o’zim haqimda qachon gaplashganimni eslolmayman. Nazarimda bugun juda ko’p gapirib yubordim, shekilli.

G’ira-shirada, qorong’ulik qo’ynida yonimizdan yo’lovchilar o’tib turardi.
Kechki shabada esar, derazalardan nur taralardi. Qaerdadir elektrichka o’tib borayotgani eshitilardi. Bekatda poezdning jo’nashi e’lon qilindi. Kaltakesakning qisiq ko’zli yuzi yorishdi.
– Yana bir bor uchrashaylik! – Hissiyotim jo’sh urganidan uning qo’lini mahkam ushlab oldim.

“YO tangrim, uni biram bag’rimga bosgim kelayaptiki. Esimni yedimmi, jinni bo’layapman shekilli. Uning qo’lini ushlashim uchun har narsaga tayyorman. Ortiq chidab turolmayman,” – shunday deb o’yladim va shunday qildim ham. Shunday bo’lishi tabiiy edi. Shunday qilmasligim mumkin emasdi. Tushundim: odamlar bekorchilikdan birga bo’lishga kelishib oladilar, uchrashadilar, yeb-ichadilar, oxiri yarim kechasi: “Endi nima qilamiz?” deb o’ylab qoladilar. Bu bir kunlik tasodifiy tanishuv uchun xos bo’lgan jimgina kelishuv emasdi. Men unga ozgina bo’lsin yaqinlashgim, o’pgim, uni bag’rimga bosgim kelardi.

O’zimni arang tiyib turardim. U mening his -tuyg’ularimni qabul qiladimi, yo’qmi , men uchun bu muhim emasdi. Men uni juda- juda xohlardim. Hozir, ayni shu damda faqat uni, boshqa hech kimni emas. Agar uning o’rnida boshqa birov bo’lib qolsa – butun olamdan voz kechishga tayyor edim. Hammasini tushunib yetdim. Bu muhabbat edi.

– Mayli, ko’rishguncha, – dedi u va menga telefon raqamini berdi. U nari ketdi-da, orqasiga o’girilmasdan zinadan ko’tarila boshladi, zum o’tmay uni butunlay ko’zdan yo’qotdim. Tamom. U ketdi. Yuragimni alamli yo’qotish tuyg’usi chulg’ab oldi. Bu tuyg’u qiyomat qoyim kunidagi hissiyotga monand edi.

Kaltakesak tibbiyot maktabiga kirdi, uni tugatib ruxsatnoma oldi. O’qish jarayonida yarim yil Xitoyga malakasini oshirgani borib, tabibga shogird tushdi. Yaponiyaga qaytgach mo»jazgina bir shifoxona ochdi. Chindanam iste’dodi bor ekan shekilli, ishlari yurishib ketdi, ozgina vaqtdan so’ng shifoxonaga xodimlar yollash imkoniga ega bo’ldi.

Har kuni Yaponiyaning turli hududlaridan uning shifoxonasiga mijozlar oqib kela boshladi. Ularning aksari og’ir dardga duchor bo’lgan bemorlar edi. Bechoralarning so’nggi umidlari Kaltakesakdan edi. Har qancha kuch sarf etmasin, uning Xudo ato etgan shifobaxsh kuchi tugamasdi. Biroq ish kunining oxiriga borib gapirishga ham holi qolmasdi.

Ittifoqo bir kuni uning shifoxonasiga kirdim. U ko’pxonali uyning kichkinagina xonasiga joylashgandi. U yerda bittagina o’rindiq – kat bor edi. Mijozlar kursilarda jimgina navbatlarini kutib o’tirishardi. Bunday manzara maxfiy ish olib borayotgan korxonaga xos. Kaltakesak oq xalatda ostonada paydo bo’lar, navbatdagi mijozni chaqirar va u bilan xonaga kirib ketardi. Men juda xijolat bo’ldim. Chunki Kaltakesak hech kimga iltifot ko’rsatmas, ko’nglini ko’tarmasdi . Shuning uchunmi “dardi yengil” – hamdardlik uchungina kelganlar bir zum o’tirib ketib qolardilar. Lekin chinakam davo istab kelgan bemorlar albatta og’riqdan, hayot va o’lim orasida qiynalib azob tortayotganlar darddan forig’ bo’lardi. Xayrlashayotganda, yosh to’la ko’zlarini xaloskordan uzolmasdilar. Bir qadam tashlay olmayotgan bemorni kutib turgan qarindoshlari oldiga uning yordamida o’z oyog’i bilan yurib chiqqanini ko’rib ular hayratdan yoqa ushlardilar. Kaltakesak esa jilmayib qo’yadi-da, navbatdagi mijozni taklif qilardi.

Ishontirib aytaman, u shifokor sifatida astoydil harakat qilardi. Niyati chinakamiga davolash. Faqat shuni istardi. Uning iqtidori bor, izzattalab emas, shuhrat gadosi emas. Uning yutug’ini ko’rib ich-ichimdan quvonaman. U bilan faxrlanaman. Unga o’xshab odamlarni davolay olmasligimdan o’kinaman.

O’sha oqshom Kaltakesakni men uyimda kutardim. U telefon qilib:

– Men soat sakkizlarga boraman. Pitstsa buyurib qo’y. Qalampiri ko’proq bo’lsin, – dedi.

U pitstsani uyda o’tirib yeyishni yaxshi ko’radi. Restoranga borishni yoqtirmaydi. Gapiga qaraganda, bu odamlarga yomon munosabatda bo’lgani uchun emas. Aslida hech kimni ko’rishni istamaganidan. Men uni tushunaman. Har kuni odamlar bilan ishlaganingdan keyin ham o’lguday charchaysan, ham bezib qolasan. Shu sababdan biz vaqtni uyda o’tkazamiz, chiroqni pasaytirib, deyarli gaplashmay o’tiramiz. Musiqa tinglaymiz. Bordi-yu sayr qilgani chiqsak, odam yo’q joyga – tog’ tomon boramiz. Bizning ko’nglimiz shunaqa – juda g’alati.

U soat sakkiz tugul, to’qqizda ham kelmadi. Men pivo ichdim, bir parcha pitstsa yedim, endi kelmasa kerak. Garchi men uning qo’lini so’ragan bo’lsam-da, o’zining allaqanday siri tufayli menga jo’yali javob qilgani yo’q. Fe’l-atvorini inobatga olganda, bugun menikiga kelmadimi, demak, tamom, bizning yaqinligimiz tugadi, degani.

Mening tuyg’ularim avval boshdagidek juda ehtirosli bo’lmasa-da, ochig’i yuragim siqildi. Uning shu yerda, mening yonimda bo’lishini istardim. Oramizda bo’lib o’tgan narsalar menga yengillik ham, xotirjamlik ham bermasdi, lekin aniq bilardimki, men ishlaydigan kasalxonadagi nozanin hamshiralarning birontasi Kaltakesak o’rnini bosolmaydi.

Men umidsizlikka tushdim. Soat o’n birdan oshdi. Endi kutishdan foyda yo’q, degan qarorga kelganimda daf’atan eshik sharaqlab ochildi va xonaga Kaltakesak kirib keldi: to’lg’angan sochlaridan tun epkini ufurardi.
– Kech qoldim.
– Kelmaysan deb o’ylagandim. Yuragim qon bo’lib ketdi.
– Adashib qoldim, – deya u pitstsadan bir burda ushatib kasir-kusir yeya boshladi.
– Shoshma, isitib beray.
– Ovora bo’lma. – U bir oz jim qoldi, so’ng davom etdi. – Bilasanu, axir men sendan boshqa hech kim bilan gaplasha olmayman.
– Bilaman, – bosh silkidim men. – Lekin buni kasallikka yo’yma. Loaqal mijozlaring bilan har kuni gaplashsang-ku. Oz bo’lsa ham gaplashasan-ku, to’g’rimi?

U mening gaplarimga e’tibor bermagandek davom etdi:
– Ammo yuragimda bir tugun bor, bu haqda senga sira gapirmaganman. Juda muhim narsa.
– Muhim bo’lsa, aytib ber. Aytib berasanmi?

Kaltakesak indamadi. Devordan ko’z uzmay turib, chuqur nafas oldi. Men uning faqat sharpasinigina ko’rib turardim. U menga butunlay o’xshamagan bir mavjudot edi.
– Esingdami, bolaligimda ko’r bo’lib qolganim haqida gapirib bergandim? – so’radi Kaltakesak.
– Shu haqda gapirib qolasan deb o’zim ham sezib turuvdim…
– Besh yasharligimda uyimizga bir devona kirib qolgandi. U orqa eshikdan bildirmay kirgan ekan. U allam-balolarni baqirgan ko’yi oshxonaga kirib, pichoqni oldi-da, onamga urdi. Onamning sonidan qon tirqirab oqa boshladi. U ko’chaga chiqib, qochib ketdi. Men otamning ishxonasiga qo’ng’iroq qildim. Otam: “Tez yordam”ga qo’ng’iroq qilaman, sen onang yonida kutib tur”, dedi. Men onamning yonida o’tirib turdim. Uni o’lib qoladi deb qo’rqdim. Onamning jarohatiga kaftimni bosib qonni to’xtatishga urindim. Ana o’sha lahzalarda men o’zimda tabiblik iqtidori borligini tushunib yetdim.

Qon to’xtadi. Kinoda ko’rsatishadi-ku, xuddi shunaqa. Qo’limdan bir nur chiqayotganday tuyuldi. Garchi jarohat bitib ketmagan bo’lsa ham, mening davolashim ta’sir qilgani ko’rinib turardi. Qon oqishi tobora kamayib borayotganini fahmladim. Bir ozdan so’ng “Tez yordam” mashinasi yetib keldi.

Meni onam bilan kasalxonaga olib ketishdi. Meni ham hammayog’im butunlay qonga belangan edi. Qo’rqib ketganimdan tilim kalimaga kelmasdi. Serrayib turardim. Otam yetib keldi, keyin politsiya paydo bo’ldi. Shunda ham lom-mim demasdim. Do’xtir, qon qanday qilib to’xtab qolganini tushunmasdi. U onamning bir mo»jiza bilan omon qolganini aytib, “Baxtingiz bor ekan” dedi.

Jimgina uning hikoyasini eshityapmanu ko’z o’ngimdan Kaltakesakning onasi ketmasdi. Esimda u yurganida chap oyog’ini sudrab bosardi.
– Ana shu dahshatli voqeadan larzaga tushgan onam aqldan ozdi, men ko’r bo’lib qoldim, otam esa ta’qib vasvasasiga uchradi. Bu qandaydir dahshatli tushga o’xshaydi. Mana shunday bir kunda, mudhish ahvoldan bir paytning o’zida xalos bo’ldik: men ko’ra boshladim, onam uydan bir o’zi bemalol chiqa boshladi, otam nihoyat vasvasadan xalos bo’lib, har narsadan qo’rqib uyni qulflab yurmaydigan bo’ldi. Lekin unga qadar qanchadan-qancha og’ir kunlarni ko’rmadik.

Qayg’uli yillarni eslasam, yuragim orqaga tortib ketadi. Lekin aynan o’shanda men o’z vujudim yordamida hayotning sir-asroridan ogoh bo’ldim. Onam men uchun hamisha oliy, ilohiy xilqat edi. Garchi onam otam bilan urushib qolib, ba’zan qon-qon yig’lasa-da, baribir nimasi bilandir temir irodali ayol bo’lib ko’rinardi. O’sha mudhish kun, uni yerda qoniga belanib, dod solib yotganini ko’rganimda bir zum ichida evrilish yuz bergandi – bamisli ilohiy xilqat ojiz bir maxluqqa aylanib qoldi. Agar jon tanani muhofaza qilmasa, tana bo’shagan idishga — bo’sh butilkaga o’xshab qoladi.

Men mana shuni tushunib yetgandim. Shuning uchun agar astoydil istasang, mashinani tuzatganday inson tanasini ham tuzatish mumkin degan qarorga keldim. Men hatto olomon ichida tez kunlar ichida joni uziladigan odamlarni ko’rsatib bera oladigan darajaga yetdim. Agar kimningdir jigari xasta bo’lsa, jigari o’rnida qora dog’ ko’rinadi. Tortishib qolgan mushaklar odatda ko’kimtir tusga kiradi. Men ko’proq shunga o’xshagan narsalarni ko’ra boshladim… Lekin bu endi haddan tashqari. Aloha aqldan ozmaslik uchun aerobika bilan shug’ullana boshladim. Mana bugunga kelib endi-endi bir nimalarga qo’l urayapman. Sen bilan tanishganimning sharofatidir balki.

Umidsiz, tushkun xayollardan xalos bo’lib, nihoyat o’z imkoniyatlarim nimada ekanini tushunib yetdim.
– Xo’p, buning nimasi yomon? Menimcha, bari ajoyib. Oramizda qanday muammo bo’lishi mumkin? – dedim men yengil tortib, lekin u gapimni bo’ldi:
– Bu hali hammasi emas. Eng asosiysini aytganim yo’q, xatto ota-onamga ham aytmaganman.

U jim qoldi. Sukunat juda uzoq cho’zildi. Kaltakesak qirsillatib pitstsa yeya boshladi. Shunda men birdan yonoqlaridan oqib tushayotgan yoshni sezib qoldim. Men dovdirab qoldim, chunki u ilgari bir marta bo’lsin yig’lamagandi. Hammasi ravshan, u chindanam muhim narsani gapirib bermoqchi.
– Ho’sh, jinoyatchi nima bo’ldi? Uni ushlashdimi? – deya savol berdim sabrim chidamay.

Kaltakesak menga parishon ko’z tashladi.
Hozir men, mabodo aynan shu lahzada shu savolni bermaganimda nima yuz berishini tasavvur qilib, yuragim orqaga tortib ketdi. Lekin nima bo’lganda ham men shunday savolni berdim. Chunki men uni sevardim. Undan judo bo’lishni istamasdim. Bunga ishonchim komil.

U ko’z yoshlarini oqizib javob berdi:
– Ushlashdi. Lekin o’z harakatlarini boshqarolmaydigan telba ekanini e’tiborga olib qo’yib yuborishdi. Lekin men uni o’ldirdim.
– Nima? – Bu kutilmagan iqrorni eshitib qichqirib yubordim. – O’z qo’ling bilanmi?
– Yo’q-yo’q. Qo’lim bilan emas. Qarg’ish orqali. Sen buning mumkinligiga ishonasanmi? Nima bo’lganda ham bu haqiqat. Men uni duoyibad qildim.
– Nahotki sen shunga qodir bo’lsang?

Biz hech qachon bunaqa uzoq va qizg’in gaplashmagandik.
– Uni qanday qilib o’ldirding?
– Men har kuni unga o’lim tilab duoyibad qilardim. Mashina bosib ketsin, deb xudodan so’rardim. O’sha paytda hayotimiz azob-uqubatda o’tardi. Ikki yil muttasil uni qarg’adim. Oxiri kunlardan bir kun kechki payt, quyosh botar chog’i iltijolarim qabul bo’lganini tushundim. Tilagim amalga oshganini his qildim. U o’lsa mening ko’zlarim ochilishini sezardim. O’sha kun botishidan bir hafta keyin men yangiliklarni tinglayotgan edim. Bir mahal falon-pismadon degan odam jinniligi qo’zigan paytda o’zini yuk mashinasi tagiga tashlaganini e’lon qilishdi. Bu mening ishim ekanini bilardim. “Sen shunga loyiq eding” dedim ichimda. Yoshim ulg’aygach, bu qilmishimning naqadar og’irligini tushunib yetdim. Hatto agar minglab odamni davolasam ham ana shu o’lim dog’ini yuvolmayman. Vaqt o’tgan sari bu yuk og’irlashib boraverdi. Men sen bilan tanishganimdan so’ng bir narsani, kimnidir yomon ko’rib qolsam, uni o’ldirishim mumkinligini anglab yetdim… Shunda men o’zimga qoyil qoldim. O’ylagan niyatimni amalga oshira olganimdan quvondim. Ha-ha. Quvonganimdan miriqib kuldim. Lekin bu Edo (2) davri uslubidagi intiqomni aks ettiruvchi roman yoki teleserial emas-ku, axir. Bugungi Yaponiyada, tinchlik paytda men ajali yetmagan odamning o’limiga sabab bo’ldim. Bitta narsani aniq bilamanki, ajoyib kunlarning birida mana shu jinoyatim uchun jazolanaman. Oilamiz uchun og’ir bo’lgan o’sha davrda qiynalib ketganimdan har narsaga tayyor edim. O’sha paytda men bir kun kelib, ota-onam o’tmishni eslamay tinch-totuv yashashini, ko’zim yana ko’ra boshlab voyaga yetishim, ishga joylashishim, sen bilan tanishuvimni tasavvur ham qilolmasdim… O’shanda bir-birimizni tanimasdik. Har birimiz o’zimizga tegishli olamda yashardik, boshqasi bilan ishimiz yo’q edi. Bizning hayotimiz do’zaxdan battar edi. Men yo’qotadigan hech nimam yo’qligi uchun hayotimizni la’natlardim. Endi hammasi o’zgardi. Hamma narsa yaxshi tomonga o’zgardi-yu, men… men qo’rqa boshladim. O’sha odam tushlarimga kiradi. “Men hech kimni o’ldirganim yo’q, sen esa qotilsan…” – deydi u. Uning gaplari to’g’riligini anglaganim uchun dahshatga tushaman…

Kaltakesak tinmay hasrat qilardi.
Eng osoni o’sha odamning tasodifiy o’limiga sening aybing yo’q, desam olam guliston edi. Lekin shu xususda o’ylagan sayin o’sha odamning o’zini yuk mashinasi g’ildiraklari ostiga tashlashga aynan Kaltakesakning duoyibadlari majbur qilganini aniq-yaqqol sezardim. Men ilgari ham shunga o’xshash voqeaning guvohi bo’lgandim. Go’yoki qandaydir qora kuchlarning ta’siri ostida jonidan judo bo’lgan o’smirlar hali-hamon ko’z o’ngimda ketmaydi: ulardan biri u parvarish qilish majburiyatini olgan gul so’lib qolgandan so’ng o’zini osib qo’ydi; boshqasi vaqtida o’qimay ibodati qazo bo’lgani uchun qon tomirini kesgandi. Ular, ishonchim komil, bir nimaga qarshi turganlari uchun shunday qilishgan. Ammo ular qancha ezgulik qilsalar, kamolotga erishish uchun qancha zahmat cheksalar, gunoh yuki shuncha og’ir bosardi. Bunday mashaqqat hirsiy moyillik, hayz ko’rish jarayoni yoki ichni bo’shatmoq chog’idagi qiynalishga o’xshaydi. Uni hech kim bilan bo’lishib bo’lmaydi. U faqat seniki va boshqa hech kimniki emas. Sekin-asta qarshi salbiy kuchlar yig’ilib dunyodagi joniga qasd qilishdek holatlarni vujudga keltiradi…

Har doim mana shunday vaziyatlarga tushganimda, hech narsani o’zgartirolmaganim uchun g’azabdan o’zimni qo’ygani joy topolmasdim. Ojizligimdan quturib ketaman. – Men o’zimni shunchalik betayin, urg’ochi jinsining yonidan bir qadam nari jilmaydigan nasldor buqadek his qilardim. G’azab o’tida yona boshlaganimda esa hech narsaga yaramay qolaman…

Kaltakesak hech qachon, hech qachon bunaqa uzoq gapirmagandi.
– Menga qara, yur, bir oz aylanib kelamiz. – Mening iltimosimni eshitib uning qoshlari chimirildi.

– Xavotir olma, – dedim uni xotirjam qilish maqsadida, – sen xohlagan yerga boramiz. Uyda, sen bilan sira gaplasha olmayapman.

– Faqat bemorlaring misolida hayotda bundan battar bo’lishi ham mumkinligini isbotlash uchun kasalxonangga olib borishni o’ylama, xo’pmi? – dedi u pal`tosining tugmasini qadarkan, iltimos ohangida.
– Bu fikring ma’qul, – hazillashib unga javob berdim va o’rnimdan turdim.

Pal`tosining tugmasini qadayotgan Kaltakesakka qarab turish menga yoqadi. Poyabzalini kiyishi uchun engashib bo’ynini cho’zib turishini yaxshi ko’raman. Ko’zguga qaraganidagi nigohi menga ayniqsa yoqadi. Turli vaziyatlar Kaltakesakning ko’p qirraligini vujudga keltiradi. Uning hujayralari qanday o’lishi va qayta tug’ilishini ko’raman. Tarang tortilgan chakkalarini ko’raman. Tirnoqlaridagi oq hilollarini ko’raman. U yashayapti, oqim bo’ylab suzib borayapti. Men buni sezib turibman. Uning har bitta harakati mening in’ikosim. U yashashi uchun men yashashim kerak.

Shaharni yoz ifori tutib ketgan, o’t-giyohlar isi gurkirardi.
– Qayoqqa boramiz? – qiziqdi Kaltakesak.
– Ikkilamiz aylangani chiqmaganimizga ancha bo’ldi.
– Axir ikkalamiz ham ishda bandmiz-ku…

Shu payt kutilmaganda oramizdagi hamma narsa barham topsa kerak, degan o’y kechdi ko’nglimdan. Endi birgalikda baham ko’radigan hech narsamiz qolmagandi. Issiqxonalardagi giyohlar shisha tomlarga yetgach, o’sishdan to’xtagani kabi biz ham yo’limizdagi yengib o’tish mumkin bo’lmagan to’siqqa yetib kelgandik. Bir-birimizga har qancha yordam bermaylik, biz erkinlik hissini tuyolmaymiz, xalos bo’lishga qurbimiz yetmaydi.

Endi biz qariyalar kabi kechasi inqillab-sinqillab, kunduzlari quyosh taftida isinib yotishdan o’zga ilojimiz yo’q. Qo’limizdan boshqa hech narsa kelmaydi.
Bu fikr asta-sekin fikru zikrimni butunlay qamrab oldi.

Lekin shu choq ilkis hamma narsani o’zgartirishga qodir quvonchli ovoz yangradi.
— Topdim. Narita-san(3)ga chiqamiz!
— Nega endi?
— Nega bo’lardi? Ertaga kunning ikkinchi yarmida ishlarsan. Iltimos bora qolaylik. Taksiga o’tirsa bir soatda eltib qo’yadi.
— Nima bor u yerda?
— Negadir o’sha yoqqa borgim kelib qoldi. U yerda bir marta bo’lganman. Ibodatxona yonidagi gavjum bo’ladigan do’konchalarni yana ko’rgim kelayapti. Ertalab esa ibodatxona ko’chasida ziravorlar, yegulik guruch, pechen`elari sotib olishimiz mumkin, — dedi u ko’zlarini katta-katta ochib.

Tibbiy kuzatuvlar odamni o’ta sinchkov qilib ko’yadi. Shuning uchun uni tushundim: judayam borgisi kelyapti. Lekin gap bunda emas. Kaltakesak menga murojaat qilganidan nihoyatda g’ururlanib ketdim. Shu iltimos bilan boshqalarga emas, menga murojaat qilganidan cheksiz sevindim.
— Bo’pti, ketdik.
Agar u istasa, ko’ngli tusagan yerga boramiz. Faqat ikkalamiz.

Biz Narita-sanga soat tungi birlarda yetib bordik. Omadimiz bor ekan, mehmonxonaga qo’ng’iroq qilib xona buyurib qo’yishga muvaffaq bo’ldim.
Butunlay zulmatga cho’mgan ibodatxona ko’chasi bo’ylab yuqori ko’tarila boshladik. Yo’lning ikki tarafidagi qator kulbalardan yoqimli daraxt hidi anqirdi. Kuchli shamol esardi. Bizdan chetrokdagi uylar tomi uzra yulduzlar miltirardi.
Kaltakesakning sochlari kuchli shamolda hilpirab to’lg’anardi.

Ibodatxonaning darvozasi berk edi. Devor osha shamolda chayqalayotgan kattakon chiroqqa ko’zimiz tushdi. Chiroqning notekis yorug’ida do’konchalarning g’aroyib soyalari tebranadi.
Vahimali sukunat hukmron edi. Atrofda hech zog’ yo’q. Kaltakesak kulib:
— “Arvohlar shahri”ni o’zimcha shunday tasavvur kilardim, — dedi.
Devorga suyanib, kuta boshladik. Oradan besh daqiqa o’tdi — lekin hech kim ko’rinmadi. Ibodatxona ko’chasidan o’tmish isi taralardi. Ana shu ko’cha bo’ylab odamlar to’dasining arvoxlari bilan qo’l ushlashib daydi shamol kezardi xolos.

Kaltakesak yorqin kiyimda, ko’zni qamashtiruvchi oppoq tabassum bilan zimiston kechada tush bo’lib ko’rindi.

— Bilasanmi, — dedim men, — rostini aytsam, mening ham o’z sirim bor. Men ota-onamning zurriyodi emasman. O’gayman.
U gaplarimni churk etmay tinglay boshladi. Hatto menga karamadi ham.

— Onam bir yigit bilan yurar ekan. Lekin o’zini sevgan o’sha yigitni rad etib, uning akasiga — mening otamga turmushga chiqibdi. Bechora yigit bu voqeadan telba bo’lib qolibdi. Bir kuni u kelin-kuyovning tepasiga bostirib kiribdi-da, pichoq bilan qo’rqitib ularning qo’l-oyoqlarini bog’lab, otamning ko’z o’ngida onamni zo’rlabdi. So’ngra ustidan kerosin quyib, o’zini yoqib yuboribdi. Shovqin-suronni eshitib chiqqan qo’shnilar ota-onamni zo’rg’a qutqarib qolishibdi. Ehtimol, bu voqea unutilib ketgan bo’lardi, lekin afsuski men dunyoga keldim.

— Nimasini aytasan, har qalay, bizning uydagidan ancha dahshatliroq ekan, — dedi past ovozda Kaltakesak.
— Mana ko’rdingmi… Onam otamning iltimosi bilan homilasini oldirib tashlamadi. Ammo ko’p o’tmay, men tug’ilgach, onam es-hushini yo’qotdi. Meni tarbiyalash uchun qarindoshlarimizga berishgan. Besh yoshga to’lganimdan so’ng ota-onamnikiga qaytib keldim. Keyin onam o’z joniga qasd qildi. O’layotganda u menga: “Meni kechir, bolam” deya shivirlagan edi. U doim ana shunday beozor edi.

— Demak, sening onang yo’q ekanda.
— O’gay onam bor. Otam yana uylangan.
— Shunaqami…
— Hayotda har narsa bo’larkan: ba’zan odamlar halok bo’ladi, ba’zan — sening onang singari — tirik qoladi; ayrim oilalar parokanda bo’ladi, ayrimlari qiyinchiliklarni yengib birga yashashadi. Bu nimaga bog’liq
odamlarning fe’l-atvorigami yoki vaziyatgami, lekin shuni yaxshi bilamanki, bunday hollarda bolalarga katta ziyon yetkaziladi. Garchi… Men, masalan, bolaligimda baxtiqaro onamning murdasini ko’rganman, lekin shunga qaramay, maza qilib ovqatlanishni yaxshi ko’raman, toza havodan lazzatlanaman… Darvoqe muhimi bu emas…

— Demak, shuning uchun do’xtir bo’lishga qaror qilgan ekansan-da?
— Shunday desa ham bo’ladi, lekin boshqa sababi ham bor… Umuman men o’lim nimaligidan boxabarman. Hali ona sutim og’zimdan ketmagan paytdayoq o’lim shuurimda juda og’ir taassurot qoldirgan. Men o’lim hidini tuyganman.

Uning mulohazalari qalbimni larzaga soldi. Hayotda Kaltakesakka duch kelishim muqarrar ekanini endi angladim.
— Mayli, buguncha yetarli. Bunaqa mash’um voqealar hayotda bo’ladi va hamisha bo’lib o’tgan. Kel endi, ko’ngilsiz narsalarni unutaylik-da, yaxshi niyatlar qilib yuraylik. Birga yashab, go’zal hayot kechirish to’g’risida qayg’uraylik. Nima deding?
— Menga qara, sen “Qisqa juma” hikoyasini o’qiganmisan? — so’rab qoldi u birdan.
— Yo’q.

— Bu oddiygina chol-kampirning o’limi haqidagi hikoya. Biz ham shunday o’lim topsak zo’r bo’lardi-da. Bu keksa er-xotin dindor bo’lishadi. Xudoning tinch, halovatli kunlaridan birida kechkurun uxlagani yotishadi. Oshxonadagi plita pishirikxonasida saharlik uchun non yopib pishiradilar. Hamma narsa joyida, non tayyor, ish bitdi, ammo gazni o’chirishni unutib qo’ydilar. Gaz hidini sezganlarida esa vaqt o’tgan edi — u butun xonani to’ldirgandi. Shunda ular birdan o’zlarini yengil his etdilar va baxtli halok bo’ldilar.
— G’alati hikoya ekan. O’qib chiqarman.
— Zo’r-a, to’g’rimi? Menga umuman boshqa odamlarning o’limi haqida o’ylash yoqmaydi, lekin mana shunaqangi o’lim bo’lsa, hasad qilsa arziydi…

— Bilasanmi, kel, yaxshisi hamma narsani o’zimizga olavermaylik. Umuman, bas qilish kerak, hadeb shunaqa narsalar to’g’risida o’ylashni. Ishxonadagi ko’rayotganlarimizning o’zi yetarli. Hali yoshmiz, hayotimiz hali oldinda. Qadamba-qadam harakat qilaveramiz. Asta-sekin bo’lsa ham ertangi kundan umid qilib. Ikkalamiz ham juda g’alati bir vaziyatga tushib qolganmiz, lekin o’zimizni qo’lga olishimiz kerak, aks holda hayotimiz izdan chiqib ketadi.

Garchi Kaltakesakni shubha-gumonlar o’rtayotgani ko’rinib turgan bo’lsa-da, gapimni tasdiqlab bosh qimirlatdi. Unga aloqador narsalarga kelsa, barcha narsada men o’n besh yashar boladek g’alcha bo’lib qolaveraman, u bilan birga ekanligimdan mamnun yuraman, uning meni sevishidan g’ururlanaman.

Ko’hna mehmonxonaga yetib kelgach, biz horg’in holda karavotga cho’kdik. Kaltakesak har doimgidek mening pinjimga kirib yotdi, uni uxlab qoldi deb o’yladim. Charchaganimdan ko’zlarimni ocholmasdim.
Men mudray boshlaganimda Kaltakesak allanimalar dedi. Men qayta so’radim.
— Nima?
— Xullas, — dedi u xuddi boshlagan gapini davom ettirayotganday, — agar bizning hayotimizda shunday bir odam …yoki yarim xudo bo’lib, odamlarning diyonat va insof bilan yashashlarini nazorat qilib tursa edi, u og’ir vaziyat vujudga kelganida: “Bunday qilish mumkin emas yoki to’g’ri qilding” deb ogohlantirib turardi. Yaxshiyu, to’g’rimi? Lekin bunaqa iloh yo’q. Agar bo’lganida edi, bunday qabohatlarga barham bergan bo’lardi. Ammo hozircha bari davom etayapti. O’zimiz eplashimizga to’g’ri keladi. Boshimizga tushgan fojia har kancha dahshatli bo’lmasin, ulardan ham dahshatliroq narsalar yuz berishi mumkinligini unutmasligimiz lozim. Mana hozir, ayni paytda yer yuzida yuz minglab baxtikaro odamlar nafas olishayapti. Shu soniyada odamlar jon berayapti, qarindoshlarini yo’qotayapti. Ularga xiyonat qilishyapti, ularni o’ldirishayapti. Dunyo shunchalar fojialarga kon… Koshki ularning bari to’xtatilsa… Koshki dunyoda baxtsiz bolalar kamroq bo’lsa…

Bu ko’hna, an’anaviy uslubda qurilgan yapon mehmonxonasida ushbu mahzun so’zlar g’amgin she’r satrlaridek eshitilardi. Uxlayotganimizda, biz hozirgina kelgan korong’i ibodatxona ko’chasi odamlar bilan to’ladi, shovqinga ko’miladi, sotuvchilar savdoni boshlaydi, butxonaning bosh darvozasi sharaqlab ochiladi. Hammasi o’zgaradi. Shodlik, o’yin-kulgi avj oladi. Shamol kovurilgan baliq, guruch qo’g’irmochining hidini olib uchadi. Biz Xitoyning xushbo’y shamchiroqlaridan xarid qilamiz, ibodatxonadan esa yangi uyimizga osib qo’yish uchun tumorlar sotib olamiz. Odamlar oqimini kuzatamiz; tuni bilan huvillab yotgan hayot yangidan qaynayotganining guvohi bo’lamiz.

Lekin men shunday holdan toygan edimki, gapirishga majolim yo’q edi. Bu gaplarimni unga ertaga aytishga qaror qildim.
Bordi-yu, u o’lib qolsa-chi?
Demak u ertaga bo’lmaydi degani, bu binobarin, menga boshqa hech narsa demaydi. Mening pinjimga suqilgan xohish manbai, ham uning xohish- istaklari — hammasi yo’q bo’ladi-ketadi.

Chakkasiga tushib turgan sochlari, yonog’iga tushib qolgan bir dona kiprigi bo’lmaydi. Bo’yalgan tirnog’idan sal quyiroqda kuygandan hosil bo’lgan kichkina chandiq yo’qolib ketadi. Hamma narsani harakatga keltirib turgan joni uziladi. Men mana shular haqida gaplashmoqchiman. Odamlar odatda gapirishni xohpamaydigan narsalar haqida so’zlashmokchiman.
Faqat u yashasa bo’lgani.
Ertaga shularning hammasi haqida gapirib bera olaman.

Shu payt Kaltakesak muloyim ovozda:
— Yaxshi uxlab tur, — dedi.
Men esa uni uxlayapti, deb o’ylabman.
Hayratlanganimdan uyqum qochib ketdi. Unga nazar soldim. U ko’zlarini yumib yotardi, hozir uning uxlamayotganini bilsam-da u uxlayotgandek tuyulardi. Men ham unga xayrli tun tiladim. Bunga javoban Kaltakesak ming’irlab:
— Bilasanmi, o’lganimdan keyin men do’zaxga tushaman, — dedi.
— Hech ko’rqinchli joyi yo’q. — Ehtimol, bu juda ojiz tasalli edi.
— Menimcha ham shunday. Do’zaxda mening mijozlarim yanayam ko’payadi.
Atigi bir necha soniyadan so’ng u uyquga ketgan odamlar singari bir tekisda nafas ola boshladi. Uning chehrasi ma’sum bolalarning yuziga o’xshardi.
Men yana bir oz uni zavqlanib tomosha qilib yotdim, so’ng bolaligimizni eslab yig’lashga tushdim.

Izohlar

1 Saba – qora bug’doy-marjumak unidan tayyorlanadigan ugra oshi.
2 Edo davri – Tokugava (1600–1867) davri.
3 Narita-san — tog’ning nomi.

0045

(Tashriflar: umumiy 211, bugungi 1)

Izoh qoldiring