Bertran Rassel. Skeptiklikning ahamiyati haqida

02   Тақлидчилик ва ишонувчанликка энг катта зарба берувчи хусусият инсондаги скептикликдир. Тўғри, баъзилар скептиклик деганда ҳар нарсага ҳуда-беҳуда шубҳаланаверишни тушунади. Бироқ Рассел тақлидчилик ва ишонувчанликка зиддизаҳар сифатида таклиф қилаётган скептиклик етарли асослар бўлмагани ҳолатда ҳар қанақа ғоя, фикр ёки таълимотга ишонишни номақбул ҳисоблашни англатади.

ТАРЖИМОНДАН
01

Миллатчи, ирқчи, диний мутаассиблар ўз тарафдорларини инсонларнинг ақлига йўналган фикрлар орқали эмас, уларнинг ҳиссиётига қаратилган мантиқан саёз, етарлича асосланмаган шиорлар орқали кўпайтиришга уринади. Инсоннинг муайян гуруҳ (миллат, дин, ирқ, партия)га мансублик туйғуси (инстинкти) уни мудом ақлини хиралаштириб, ёлғон ғояларга ишонишга ундайди. Душман қанчалик мудҳиш бўлса, гуруҳ шунчалар жипслашади. Шунинг учун ҳам раҳнамолар душман тарафнинг қанчалар ғаддорлиги ҳақида тинмай бонг уради. Муштарак жиҳатлар, умумий манфаатлар унутилиб, фарқли жиҳатларга урғу берила бошлайди. Одамлар ўз миллатдошлари, диндошлари ҳақидаги бор гапни ҳазм қила олмайди. Оқибатда эса миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби умуминсониятга хизмат қилувчи ғоялар ўрнини тоқатсизлик, мутаассиблик эгаллай боради. Хўш, бундай вазиятда йўлни йўқотмаслик, лўттибозларнинг алдовига учмаслик учун нима қилмоқ лозим?

13Инглиз математиги ва файласуфи Бертран Рассел (1872-1970) икки жаҳон урушига гувоҳ бўлган инсон сифатида одамларда гуруҳий эмас, балки индивидуал ўзига хосликларни шакллантириш орқали биз юқорида эслатган иллатларнинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди. Бу индивидуал ўзига хослик ва масъулият туйғуси қандай шаклланади? Инсонларга фикрни эмас, фикрлашни ўргатиш орқали. Фикрлаш эса муайян туртки бўлмаса, ўз ўзидан юзага келмайди. Агар сиз ёш болага маълум бир фикрни мутлақ асосланган ҳақиқат ўлароқ ўргатсангиз, унинг фикрлашига эҳтиёж йўқ. Унинг учун ўзгалар бош қотириб масалани ҳал қилиб бўлган.

Инсон табиатан тақлидчи бўлиб туғилади. Зеро бола ўзи туғилган миллатнинг тилини ўрганиши, ижтимоий зарур меъёрларни ўзлаштириши учун тақлидчилик жуда зарур. Тақлид қила олиш қобилиятисиз боланинг ижтимоий адаптацияси тўхтайди. Бироқ бу хусусият баъзиларда барвақт йўқолса, баъзиларда умр бўйи сақланиб қолади. Айримларда эса қисман. Инсон эволюцияси жараёнида пайдо бўлган бу хусусият ёш бола учун фойдали, катта одам учун эса зарарли. Таълим гўдакни шахсга айлантириши учун ундаги тақлидчилик инстинктини заифлаштириши керак. Бу қандай бўлади? Тақлидчилик ва ишонувчанликка энг катта зарба берувчи хусусият инсондаги скептикликдир. Тўғри, баъзилар скептиклик деганда ҳар нарсага ҳуда-беҳуда шубҳаланаверишни тушунади. Бироқ Рассел тақлидчилик ва ишонувчанликка зиддизаҳар сифатида таклиф қилаётган скептиклик етарли асослар бўлмагани ҳолатда ҳар қанақа ғоя, фикр ёки таълимотга ишонишни номақбул ҳисоблашни англатади. Яъни фикр, ғоя унинг асоси билан бирга берилиши зарур. Асосларсиз айтилган фикр эътиборсиз қолдирилади. Бир қарашда содда кўринган бу принцип инсонни мустақил шахсга айлантиришда қўл келади.

Нима учун оддий одамлар скептиклик, шубҳаланишни хуш кўрмайди? Чунки одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб давр даврон сураётганлар буни истамайди. Барча нарсага даво “дори-дармон”ларнинг, харид қилмасангиз ҳаётингиз мазмунини йўқотадиган матоҳларнинг сотилиши, хайрия ҳисобига кун кўрувчи, керак бўлса, жаннатдан жой ваъда қилувчи лўттибозларнинг тақдири ишонувчан, содда инсонларнинг борлигига чамбарчас боғлиқ. Улар скептикларга қарши тинимсиз курашади, ишонувчанликни эса инсоний фазилат сифатида кишилар онгига сингдиради. Ишонувчанлик эътиқод ва садоқат билан, шубҳакорлик эса эътиқодсизлик, принципсизлик ва бетайинлик билан боғлаб тушунтирилади. Оқибатда китоб, газета, журналда нима ёзилса, обрўлироқ шахс нимани айтса, шунга сўзсиз ишонадиган ақлан сўқир авлод пайдо бўлади.

Кўр-кўрона эргашиш инсонда масъулият ҳиссини ўлдиради. Қарорни мен чиқармаганман, таълимотни мен яратмаганман, умуман, мен туғилганимда ҳаммаси шундай эди, ҳамма нарса бизгача қилиб бўлинган қабилидаги баҳоналар тараққиёт кушандасидир.

Ўқувчи эътиборига ҳавола этилаётган ушбу эссе 1928 йили ёзилган (Қаранг: Bertrand Russell. Sceptical Essays. London: Routledge, 2004, 1-14 pp). Унда ўша давр Европадаги ижтимоий-сиёсий кайфият сезилса-да, муаллифнинг рационаллик ва иррационаллик, ишонч ва унинг асосланганлиги масаласида билдирган фикрлари ва ёндашуви бугунги кун учун ҳам аҳамиятини сақлаб қолган. Зеро инсон табиати бир-икки асрда ўзгариб қоладиган ҳодиса эмас.

Бертран РАССЕЛ
СКЕПТИКЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА
01

009Сиртдан қараганда хийла парадоксал ва зарарлидек туюлиши мумкин бўлган таълимотни муҳокама учун ўқувчи эътиборига ҳавола этиш истагидаман. Унинг моҳияти шундай: тўғри деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос бўлмаган мулоҳазага (пропозиция) ишониш номақбулдир. Бироқ бу каби қоидага барча бирдек амал қилиши ижтимоий ҳаётимиз ва сиёсий тизимимизни – улар ҳатто мукаммал шаклланган бўлса ҳам – ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса ушбу таълимотни рад этишга имкон беради. Яна шунга аминманки (буниси янада жиддийроқ), мазкур қоида – хоҳ ҳозир, хоҳ келажакда бўлсин – тақдирланишга арзигулик иш қилмаган содда кишиларнинг иррационал орзу-умидларидан фойда фойда ундириб кун кўрувчи башоратгўйлар, букмейкерлар, епископлар ва бошқаларнинг нонини яримта қилиши мумкин. Ана шу каби муҳолиф аргументларга қарамай, ўз нуқтаи назаримни ҳимоя қилишга уриниб кўраман.

Аввало, мени кескин мавқени тутганликда айблайдиганларга жавоб берсам. Мен муросасозлик ва мўътадилликка инглизларга хос севгиси бўлган британ вигиман (либералиман). Пирронизм (скептицизм авваллари шундай номланарди) асосчиси Пиррон таъкидлайдики, бир хатти-ҳаракат бошқасидан яхшироқ эканини ҳеч қачон била олмаймиз. У ҳақда шундай ҳикоя бор. Бир куни кечки сайрга чиққанида, фалсафа муаллими (у шу муаллимдан таълим олган эди) ариққа йиқилиб, чиқолмай ётганини кўриб қолибди. Бир оз мулоҳаза қилиб, уни ариқдан тортиб олиш яхши ишлигига ҳеч қандай асос йўқлигини ўйлаб, йўлида давом этибди. Нисбатан мўътадилроқ скептиклар эса, муаллимни ариқдан чиқарволиб, Пирронни бераҳмликда айблашибди. Бироқ шунда ҳам ўз принципларига содиқ қолган муаллим Пиррондаги фикр ва амал бирлигини мақтабди. Мен бу каби “қаҳрамонона” скептицизмни ёқламайман. Мен оддий кундалик соғлом фикрга таянган ишончни, назарий жиҳатдан бўлмаса-да, амалий жиҳатдан маъқуллайман; фаннинг мукаммал асосланган хулосаларини шубҳадан холи ҳақиқат деб билмасам-да, улар хатти-ҳаракатимизни рационал йўлга солишимиз учун етарлича тўғри дейман. Агар фалон куни ой тутилади дейилса, бу башорат ўша кунни кутишга арзийди. Пиррон эса бошқача ўйлаган бўларди. Айни шу нуқтаи назардан ўрталиқдаги мавқени ҳимоя қилишимни оқлаш мумкин.

Баъзи масалаларда, дейлик, Ойнинг тутилиш вақтини аниқлашда мутахассислар қийинчиликсиз бир тўхтамга кела олади. Яна шундай масалалар борки, улар ҳақида мутахассислар хулосалари бир жойдан чиқиши душвор. Ҳатто барча мутахассислар фикри бир жойдан чиққанда ҳам улар хато қилаётган бўлишлари мумкин. Эйнштейннинг гравитация ёруғлик нури йўналишини ўзгартириши ҳақидаги хулосасини бир неча йил аввал деярли барча мутахассислар инкор қилган эди. Бироқ у бу борада ҳақ бўлиб чиқди. Шунга қарамай, мутахассислар муайян масала юзасидан ягона хулосага келса, ўша соҳага алоқаси бўлмаган кишилар уларнинг хулосасини нисбатан ҳақиқатга яқинроқ деб қабул қилиши мақсадга мувофиқ. Бинобарин, мен ёқлайдиган скептиклик қуйидагичадир: 1) мутахассислар якдил фикрда бўлишса, унга қарама-қарши фикр шубҳасиз тўғри деб қаралмайди; 2) агар улар якдил бўлишмаса, ҳеч бир фикрнинг ҳақиқатлиги аниқ эмас; 3) агар улар хулоса чиқариш учун етарли асос йўқ дея ягона тўхтамга келса, мутахассис бўлмаганлар ҳам бу борада хулоса чиқаришга шошилмай, уни ортга суради.

Бу қоидалар бир қарашда қатъий туюлмаса-да, амалга татбиқ этилса, инсон ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

Одамлар астойдил ишонадиган ва, кези келганда, ўзгача фикрдагиларнинг таъқиб этилишига сабаб бўладиган таълимотлар скептицизмнинг мазкур уч қоидасидан бирига тушади. Агар етарлича далилланган бўлса, одамлар фикрни шунчаки ифодалаш ва у амалда қанчалик тўғри чиқишини текшириш билан кифояланади. Бундай фикрлар кучли ҳис-туйғуга берилмай ҳимоя қилинади. Уларга бўлган ишонч ҳиссиз, асослар эса хотиржамлик билан келтирилади. Кучли эҳтирос-ла ишониладиган фикрлар эса одатда асоссиз бўлади. Эҳтирос ишончнинг норационал эканига далолат қилади. Сиёсат ва динга дахлдор фикрлар амалда доимо ҳиссиётга қоришиб кетади. Хитойни истисно қилганда, бошқа ерларда инсоннинг дин ва сиёсат борасида қатъий қарашга эга бўлмаслиги унинг ожизлигини кўрсатади деб ҳисоблайдилар;[1] одамлар ўз эътиқодларига мухолиф таълимотларнинг мутаассиб тарафдорларидан ҳам кўпроқ скептиклардан нафратланади. Улар реал ҳаёт бу каби масалаларда аниқ мавқега эга бўлишни талаб қилади, ҳар бир нарсада ақлга таянсак, жамият ҳаёти издан чиқади, деб ишонишади. Мен бу каби гапларга қўшилмайман.

1920-йиллардаги ишсизлик масаласини олайлик. Бир тараф буни касаба уюшмаларининг бузғунчилигидан кўрди. Бошқа тараф уни қитъадаги беқарор вазият билан боғлади. Учинчи тараф эса, аввалги икки тараф келтирган сабабларни тан олган ҳолда, асосий айбдор сифатида фунт стерлинг қадрини оширишга уринган Англия Банкини кўрсатарди. Учинчи тараф, менга билдиришларича, асосан мутахассислардан иборат эди. Сиёсатдонлар партия баёнотларига киритиб бўлмайдиган фикрларга қўшила олмасди. Оддий одамлар эса айбни душманларнинг ҳийла-найрангига тақайдиган томонни маъқулларди. Оқибатда кимдир номувофиқ чора-тадбирларни ёқлаш, яна кимдир уларга қарши курашиш билан овора бўлди. Нисбатан рационал нуқтаи назарни тутган озчиликни ҳеч ким эшитмасди, чунки улар айтаётган гап ҳиссиёт уйғотмас эди-да! Улар одамларни ўз фикрларига ишонтиришлари учун Англия Банкини бузғунчи қилиб тасвирлашлари керак бўларди. Лейбористларни ишонтириш учун Банк директорларини касаба уюшмаларига душман деб, Лондон епископини ишонтириш учун эса уларни “ахлоқсиз” деб айблашлари лозим бўларди. Шундан кейингина Банк валюта масаласида хатога йўл қўйганига уларнинг эътиборини қаратиш мумкин эди.

Бошқа бир мисолни олайлик. Социализмнинг инсон табиатига зидлиги ҳақида кўп гапирилади. Бу фикр қанчалик ҳиссиёт билан ҳимоя қилинса, социалистлар ҳам уни ўшандай қизғинлик билан инкор қилади. Доктор Риверс ¬¬– унинг вафотидан қайғумни сўз билан ифодалаш қийин – ҳаётининг сўнгги дамларида мазкур масала борасида Коллеж Университетида ўқиган маъруза унинг вафотидан кейин “Психология ва сиёсат” номли китоб бўлиб босилиб чиқди. Бу ҳозирча мен билган ягона илмий таҳлилдир. Унда социализм инсон табиатига зид эмаслигини кўрсатувчи меланезияликлар ҳаётидан антропологик маълумотлар келтирилган. Шунингдек, муаллиф меланезиялик ва европалик инсоннинг табиати бир хил ёки турличалиги бизга номаълумлигини таъкидлайди. Сўнгида шундай хулоса чиқаради: социализм европалик инсон табиатига мувофиқ келадими ёки йўқ – буни амалда синаб кўргачгина биламиз. Бу хулосаси билан доктор Риверс лейбористларнинг номзоди бўлишга жазм қилса, ажабмас. Бироқ сиёсий баҳсларда алангаланган ҳиссиётлар оловини айтарли кучайтира олмаслиги тайин.

Одамлар босиқлик билан муносабат билдириши қийин бўлган никоҳ мавзусини олайлик. Ҳар бир юрт аҳолиси ўзиникига ўхшамаган никоҳ шаклини ахлоқсиз деб билади. Баъзилар ўзларининг тийиқсиз ҳаёт тарзларини оқлаш учун ҳукмрон қарашларга қарши курашадилар. Ҳиндлар беванинг қайта турмуш қилиши ҳақидаги ўйданоқ даҳшатга тушади. Католик мамлакатларида никоҳдан чиқишни бузуқлик деб билсалар-да, бироқ баъзида жуфтига хиёнат қилишга, йўқ деганда бу эркак томонидан содир этилса, тоқат қилинади. Америкада ажралиш эркин, бироқ никоҳдан ташқари муносабатлар қаттиқ қораланади. Мусулмонлар эса биз зарарли ҳисоблайдиган кўпхотинликка ижобий қарайди. Бу каби турфа фикрлар таассуб-ла ҳимоя қилинади, тақиқларни бузганлар оғир жазога дучор этилади. Бироқ бу давлатлардаги бирор кимса ўз халқининг удумлари ўзга халқларнинг удумларига нисбатан инсонни кўпроқ бахтлироқ қила олишини асослашга уринмайди.

Ушбу масала юзасидан илмий адабиётларни, дейлик, Уэстермаркнинг “Никоҳ тарихи”ни варақласак, омманинг хурофий ишончидан мутлақо фарқли манзарага дуч келамиз. Инсон табиатига мутлақо зид деб ўйлаганимиз одатлар инсоният тарихида кўплаб бўлганини кўрамиз. Биз кўпхотинликни золим эркаклар аёлларга мажбурлаб ўтказган деб ўйлаймиз. Бироқ Тибетдаги “бир хотинга кўп эркак” одатини қандай изоҳлаш мумкин? Тибетга саёҳат қилганлар у ердаги оилалар Европадагидек бир маромда, уйғун ҳаёт кечиришини айтишади. Бу каби адабиётлар билан танишиш холис фикрловчи ҳар қандай инсонни скептикка айлантириб қўяди. Зеро бир никоҳ шакли бошқа биридан яхши ёки ёмонроқлигини асослаш учун афтидан далил йўқ. Жамиятдаги деярли барча кишилар умумқабул қилинган меъёрларга итоат этмайдиганларга нисбатан шафқатсиз ва тоқатсиз муносабатда бўлади. Шуни ҳисобга олмаганда, уларни боғлаб турувчи бошқа умумий жиҳатлар йўқ. Афтидан гуноҳ ҳам жўғрофий ҳудудга боғлиқ, яъни нисбийдир. Ана шу хулосадан “гуноҳ” ҳам бир иллюзия экан, уни содир этганларни шафқатсиз жазолаш эса ортиқча, деган хулосага томон бир қадам қолади. Айнан ана шу хулосани кўпчиликнинг онги қабул қила олмайди. Шафқатсизлик билан жазолаш ва айни дамда виждонни “тоза” сақлаб қолиш моралистларга завқ бағишлайди. Мана шунинг учун улар дўзахни ўйлаб топишган.

Мужмал масалалар қаторига кирувчи ўта кучли эътиқодларнинг ёрқин намунаси миллатчиликдир. Дангал айтиш мумкинки, Жаҳон уруши ҳақида илмий асар ёзаётган тарихчи ҳозир чиқараётган хулосаларини ўша даврда айтганда борми, урушаётган қайси давлатда бўлмасин, уни шубҳасиз қамоққа тиқишарди. Хитойни ҳисобга олмаганда, ўзи ҳақидаги ҳақиқатга чидаб берувчи бирорта халқ йўқ. Тинчлик вақтида ҳақиқатни рўйи-рост айтиш шунчаки одобсизлик, уруш даврида эса жиноят деб ҳисобланади. Ўзаро қарама-қарши эътиқодларнинг ёлғонлигини уларнинг фақат муштарак миллий манфаатларга эга кишиларгагина маъқул келганидан ҳам билса бўлади. Ўтмишда диний эътиқодларни мантиқан таҳлил қилиш қанчалик бузғунчилик деб ҳисобланган бўлса, бугун миллатчилик руҳидаги эътиқодларга “тош отган”ларга шундай айб қўйилмоқда. Агар одамлардан бундай масалалардаги скептицизмга салбий муносабати боиси нимадалигини сўрасангиз, жавоб битта – миф урушларда ғалаба қозонишга ёрдам беради, ақлга таянган миллатлар ўлдирмайдилар, аксинча, ўлдириладилар. Хорижликлар ҳақида турли ёлғон-яшиқ уйдирмаларни тарқатиш орқали ўз нуқсонини яширишга уриниш шармандалик эканлигини, билишимча, квакерларни истисно қилсак, профессионал моралистлар ҳозирча тан олмаяпти. Оқил миллат барибир урушдан тийилиш йўлини топади, деган фикр олға сурилса, ҳақоратли жавоблар янграйди, холос.

Хўш, оқил скептицизмнинг одамлар орасида кенг ёйилиши қандай оқибатларга элтиши мумкин? Инсоннинг хатти-ҳаракатлари эҳтирослар ва уларга эш бўлиб келувчи мифлар таъсирида бўлади. Психоаналитиклар лунатикларда ушбу жараённинг очиқ ва яширин намоён бўлишини ўрганишган. Ҳаётида қаттиқ таҳқирланган, хўрланган инсон турли уйдирма фаразларни ўйлаб топади. Масалан, ўзини Англия қироли деб атайди ва ўз мақомига муносиб эътибор берилмаётганини асослашга уринади. Бироқ яқинлари унинг иллюзиясига ишонмайди ва бир хонага қамаб қўядилар. Агар у ўзининг эмас, ўз миллати, синфи ёки эътиқодининг буюклигини таъкидлаганда эди, ҳаттоки унинг гаплари холис кузатувчида жиннихона аҳлининг бемаъни валдирашидек туюлса ҳам, саноқсиз тарафдорларга эга бўлар, сиёсий ёки диний раҳнамога айланарди. Шу тарзда жамоавий ақлдан озиш индивидуал шахснинг ақлдан озишида кўринадиган қонуният асосида пишиб етилади. Ўзини Англия қироли санайдиган лунатик билан тортишиш хавфли эканини ҳамма билади, жуда бўлмаганда уни бир хонага қамаб енгиш мумкин. Агар бутун бошли халқ шундай ёлғонга ишониб қолган бўлса-чи, даъволари инкор қилинса, ўша лунатик ғазаблангандек ғазабланса-чи – бунақа вазиятда урушдан бошқаси бу халқнинг ақлини киритиб қўёлмайди.

Инсон феъл-атворида интеллектуал омил қанчалик роль ўйнаши масаласида психологлар орасида ягона бир қараш йўқ. Икки тур савол бор: 1) эътиқодлар хатти-ҳаракатларга қанчалик таъсир этади? 2) эътиқод қанчалик мантиқан изчил далилларга таянади ёки умуман далилга таяниши мумкинми? Ҳар икки саволга жавоб берар экан, психологлар интеллектуал омил таъсири ўйлаганимиздан кучсиз эканини таъкидлайдилар. Ушбу омилнинг таъсири озлиги масаласида умумий қараш мавжудлигига қарамай, умумийлик манзарасида турлича муносабатлар ҳам бор. Келинг, бу икки саволни кетма-кет кўриб чиқайлик.

1) Эътиқод хатти-ҳаракатларга қанчалик таъсир этади? Саволни назарий таҳлил қилмайин-да, оддий инсоннинг кундалик ҳаётидан сўз очай. У бирор нарсага ишонгани учун эмас, балки одат бўлиб қолгани учун ҳам эрталаб ўрнидан туради, нонушта қилади, поездга шошилади, газета ўқийди, ишига боради. Ҳаммаси одатга мувофиқ бўлади. Қачонлардир бу одатлар шаклланаётганда, камида иш жойини танлаётганида эътиқоди роль ўйнаган. Эҳтимол, у ўша дамда унга таклиф қилинаётган иш ўзи истагандек эканига ишонган. Аксарият кишиларда ишонч илк бор касб танлаётганда ўзини намоён қилади. Қолганлари шу танловнинг ҳосиласи ўлароқ келаверади.

Агар у оддий ходим бўлса, унинг фаолияти одатга кўра, ҳеч қандай ортиқча истак, ишонч-эътиқодга таянмай, аввалдан белгиланган маромда давом этаверади. Эътироз билдириш мумкин, агар у ҳисоб-китоб билан шуғулланса, ўзи қўллаётган арифметик қоидаларнинг тўғрилигига ишонади. Бироқ бу ишонч эмас, теннисчининг ҳаракатлари каби шунчаки одат, кўникма. Бу қоидалар уларнинг ҳақиқатлигига бўлган интеллектуал ишончдан эмас, муаллимга ёқиш истаги сабабли ўзлаштирилган. Бу худдики кучукнинг ўз эгасидан овқат ундириш илинжида қандай ўтиришни ўрганишига ўхшайди. Таълим доимо шу тарзда бўлади демоқчи эмасман, лекин ўқиш, ёзиш ва арифметика таълими асосан шундай.

Шундай қилиб, бизнинг дўстимиз, раҳбар ҳодимми ёки йўқ, муҳим масала юзасидан қарор қабул қилиши лозим бўлиб қолди дейлик. Бундай қарорларда ишонч роль ўйнаши эҳтимоли бор. У қайси ишлар яхши, қайси бири кўнгилдагидек эмаслиги, кимлар бойиб, кимлар хонавайрон бўлиш арафасида турганини тахмин қилади. Шу каби ишончлар асосида ҳукм чиқаради. У оддий ходимдан кўра масъулияти юқори бўлгани боис одатга кўра эмас, айнан ўз ишончига кўра ҳаракат қилиши лозим. Башарти унинг ишончи тўғри чиқса, мўмайгина пул ишлаб олиши мумкин.

Оилада ҳам ишончнинг феълга таъсири айни шу нисбатда кечади. Унинг хотини ёки болаларига муносабати шаклланган одатга ёки одат таъсирида бир қадар ўзгарган инстинктга мувофиқ келади. Бироқ муҳим масалалар – уйланиш, ўғлини қайси мактабга бериш ёки хотинининг садоқатига шубҳаланганида бунга асос топиш кўпинча одатга мувофиқ бўлмайди. Инстинкт таъсирида ёки бой деб ҳисоблагани учун бирор аёлнинг қўлини сўраши мумкин. Агар бу инстинктив бўлса, у ўша аёлнинг энг фазилатли эканига шубҳасиз ишонади. Айни шу нарса ўша аёлни танлашининг асл сабабидек туюлади унга. Ваҳоланки, бу ўринда ишонч инстинкнинг навбатдаги аксидирки, унинг танловини ишончни ўртага қўшмасдан бевосита инстинкт орқали ҳам изоҳлаш мумкин. Болага мактаб танлаш ҳам муҳим бизнес қарорларини қабул қилишга ўхшаш жараёндир. Бунда ишонч каттароқ роль ўйнайди. Агар у хотинининг хиёнатига доир бирор далил топса, у ўзини инстинктларига тобе ҳолатда тута бошлайди. Бироқ бунда, аксинча, инстинкт ишонч таъсирида ҳаракатга келади.

Демак, ишонч-эътиқод феъл-атворимизнинг жуда оз қисмига бевосита таъсир ўтказса-да, у ҳаётимизнинг энг аҳамиятли дақиқаларида ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Хусусан, диний ва сиёсий амалларимиз ишонч-эътиқод билан чамбарчас боғлиқ.

2) Энди иккинчи саволга ўтсам. Бу саволни яна икки қисмга ажратиб таҳлил қилса бўлади: а) ишонч-эътиқод қанчалик далилга таянади?

б) далилга таяниши мумкинми ёки бу қанчалик зарур?

а) Ишончнинг далилланганлик даражаси ишонувчиларнинг ўзлари тасаввур қилганларидан анча паст.

Нисбатан рационал ҳисобланувчи бир ҳолатни олайлик. Лондон-ситилик йирик бир молиячи муайян бир соҳага инвестиция киритади. Унинг, дейлик, француз франки қийматининг тушиши ёки кўтарилиши ҳақидаги фикри сиёсий симпатиясига ва катта миқдордаги маблағини ана шундай қалтис ишга тика олишига боғлиқ. Банкротликка олиб борувчи энг кучли сабаблардан бири одатда қай бир даражада сентиментал омиллардир. Сиёсатга дахлдор фикрларини билдиришлари тақиқланган давлат хизматчиларининг қарашларини эътиборга олмасак, сиёсий фикрлар камдан-кам ҳолларда далилга таянади. Истиснолар бор, албатта. Бир неча йил муқаддам тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ тортишувларда аксарият ишлаб чиқарувчилар олаётган фойдаларини оширувчи тадбирларни қувватлаб чиқишди ва ўз фикрларини, гарчи айтаётган гаплари тингловчини у қадар ишонтира олмаса ҳам, етарлича далилланган деб даъво қилишди. Шу ерда вазият мураккаблашади. Фройдчилар бизга ўз хулқимизни “рационализациялаш”ни, яъни аслида иррационал бўлган фикр ва қарорларимизга рационал тус бериш механизмини ўргатишди. Шунингдек, айниқса, инглиззабон мамлакатларда, бунинг акси – “иррационаллаштириш” деб номласа бўладиган жараён мавжуд. Зийрак одам ўзи англамаган тарзда ўз эгоистик нуқтаи назаридан масаланинг кучли ва заиф жиҳатларини таққослаши мумкин. (Болаларига дахлдор масала бўлмаса, одам англанмаган тарзда эгоистик бўлмаган йўсинда мулоҳаза юритиши камдан-кам учрайди.) Англанмаганликнинг қўллови билан мақбул эгоистик қарорга келингач, одам жамият учун қанчалар катта қурбонликлар бераётганини кўрсатиш учун турли-туман сўз ва ибораларни ўйлаб топади ёки бошқалардан ўзлаштириб олади. Айтаётган гапига чиндан ишонаётган одам, ҳамонки унинг ҳаракатларидан жамият у даъво қилаётганчалик наф кўрмаётган экан, далилларни тўғри баҳолай олмаётганини тахмин қилиши лозим. Бу ҳолатда киши аслидагидан ҳам кўра кўпроқ ақлсиз бўлиб кўринади. Қизиғи шундаки, унинг иррационал жиҳати англанган, рационал жиҳати эса англанмагандир. Айни шу нарса инглиз ва америкаликларни омадли одамларга айлантирган.

Чинакам зийраклик табиатимизнинг англанган эмас, англанмаган тарафига тааллуқлидир. Бу, менимча, бизнесда муваффақият келтирувчи зарур фазилат. Ахлоқий нуқтаи назардан эса, у худбинлик билан боғлангани учун мақтагулик эмас. Шунга қарамай, у одамларни жуда оғир жиноятлардан тияди. Агар бу хусусият олмонларда бўлганда эди, улар сувости кемаларидаги жангларга асосий эътиборни қаратмас, агарда французларда бўлганида Рурдагига ўхшаш қилмишларини қилишмас, агарда Наполеонда бўлганида Амьен шартномасидан сўнг урушни қайта бошламасди. Баъзи бир истиснолар билан шундай умумий қоидани баён қилса бўлади: қачонки одам ўз манфаати нимада экани борасида хато қилса ва хатоларини тан олмай уни маъқул деб ҳисобласа, бу ўзгалар учун янада зарарлироқдир. Бинобарин, инсон ўз манфаатлари нимада эканини билиши фақат яхшиликка хизмат қилади. Ўз манфаатига терс эканига ишонса ҳам, ахлоқий асосларга кўра бирор ишга қўл уриб бахтли ҳаётга эришган инсонлар оз эмас. Масалан, аввалги квакерлар орасида бошқаларга ўхшаб харидор билан савдолашиш ўрнига, ўз товарлари учун у бера оладиганидан ортиқ ҳақ талаб қилмасдан сотиб юборадиган кўплаб савдогарлар бор эди. Улар фойда олиш учун керагидан ортиқ сўрашни алдов деб билишарди. Харидорларга қулай бўлганидан ҳамма уларнинг дўконига борарди, улар эса борган сари бойиб кетди. (Ҳозир буни қаерда ўқиганимни аниқ эслолмайман, лекин ишонарли манбадан эканига аминман.) Ҳар ким ўз заковатига таяниб шу йўлни тутиши мумкин эди, бироқ амалда ҳеч ким бу қадар закий эмасди. Онг остимиз ўзимиз ўйлаганимиздан кўра бизга кўп зарар келтиради. Шунинг учунми, ахлоқий талаблардан келиб чиқиб, ўзига зарар бўлишига ишонса ҳам танлаган йўлидан қайтмайдиганлар аслида ўз манфаатларига ҳизмат қилаётган бўлиб чиқади. Бошқа бир тоифа одамлар онгли ва рационал фикрлашга, имкон қадар эҳтирослар оловини ўчиришга уринадиганлардир. Яна бошқа бир тоифа инстинктив тарзда заковатлилардир. Яна бири ўзгаларни хароб қилиб, сўнгида ўзлари ҳам хонавайрон бўладиган, ёвуз ниятлари заковатларига халал берадиганлардир. Бу охирги синф Европа аҳолисининг 90 фоизини ташкил этади.

Мавзудан бироз четга чиққандек туюлишим мумкин. Бироқ закийлик дея аталмиш англанмаган ақлни (англанмаган тарзда воқе бўлувчи – тарж.) унинг англанган турларидан фарқлаб олишимиз лозим. Ўқитишнинг анъанавий методлари англанмаганликка амалда деярли таъсир этмайди. Яъни закийликни ҳозирги мавжуд таълим усуллари орқали шакллантириб бўлмайди. Ахлоқни ҳам, унинг одатлардан ташкил топган қисмини ҳисобга олмасак, мавжуд усулларда ўқитиб бўлмайди. Доимий насиҳат ва ундовлар инсон феълида ижобий асар қолдирганини кузатмаганман. Шунинг учун мазкур соҳалардаги ижобий ўзгариш фақатгина интеллектуал воситалар орқалигина амалга ошиши мумкин. Инсонни қандай қилиб фазилатли ва заковатли қилиб тарбиялашни билмаймиз, бироқ уни қандай рационал, ақлга мувофиқ иш юритувчи инсон қилиб тарбиялашни бир қадар биламиз. Таълимга муносабатни ўзгартириш зарур. Балки келажакда инсон танасидаги турли гармонларнинг нисбатини манипуляция қилиш орқали инсонларда зарур фазилатларни рўёбга чиқара олармиз. Лекин ҳозир ахлоқий фазилатни тарбиялашдан кўра рационалликни, яъни ўз қилмишимизнинг оқибатини аввалдан кўра билиш малакасини камол топтириш қулайроқ.

б) Юқоридаги мулоҳазалардан қуйидагича савол туғилади: инсон хатти-ҳаракати қанчалик ақлга мувофиқ бўла олади ёки бўлиши керак?

Келинг, “бўлиши керак”ни аввал муҳокама қилайлик. Менимча, рационалликда муайян чегара бўлиши лозим. Ҳаётимизнинг баъзи жиҳатлари керагидан ортиқ рационаллик таъсирида зарар кўради. Лейбниц қариган чоғида ёзган бир мактубида ҳаётида атиги бир марта – ёши элликка борганда бир аёлнинг қўлини сўраганини айтади. “Бахтимга, ўша аёл ўйлаб кўриш учун муҳлат сўради. Бу орада мен ҳам ўз таклифимни яна бир бор мулоҳаза қилиб кўришим мумкин эди. Оқибатда фикримдан қайтдим”, дейди у. Унинг бу мулоҳазакорлиги рационал эканига шубҳа йўқ. Бироқ мен унинг қилмишини ёқламайман.

Шекспир яхлит тасаввур пайдо қилиш учун “лунатик, ошиқ ва шоир”ни ёнма-ён эслайди. Муаммо шоир ва ошиқни лунатикдан ажратиб, алоҳида сақлаб қола олишимизда. 1919 йили “Олд Вик” театрида “Троялик аёл” спектаклини томоша қилдим. Унда Астианактнинг юнонлар томонидан келажакда иккинчи бир Ҳектор бўлиб етишмаслиги учун жуда таъсирли ўлдирилиш саҳнаси бор. Томошабинлар орасида кўзидан ёш чиқмаган одам қолмади. Айни пайтда аудитория юнонларнинг ҳаддан зиёд шавқатсизлигини ишонарсиз деб топди. Театрда кўзёш тўккан ўша одамлар Еврипиднинг хаёлига ҳам келмаган шавқатсизликларга қўл уришди. Улар урушдан сўнг Германияни ва Россияни блокада қилган ҳукуматга овоз беришди. Бу блокадалар сон-саноқсиз болаларнинг ўлимига сабаб бўлди. Бироқ душман давлатлар аҳолисини камайтириш мақбул иш деб кўрилди. Астианактга ўхшаган болакайлар бир кун келиб оталарига тақлид қилишлари, ҳатто улардан ўзиб кетишлари мумкин эди-да. Шоир Еврипид аудитория қалбида муҳаббатни уйғотди, аммо одамлар театр дарвозасидан ташқари чиқиши билан ошиқ ва шоир унутилди, (қотил маниак қиёфасидаги) лунатик ахлоқий фазилат ва эзгулик ҳақида ўй сурган бу эркаку аёлларнинг сиёсий истакларини назорат қила бошлади.

Лунатикни йўқ қилиб шоир ва ошиқни сақлаб қолиш мумкинми? Бу уч хусусият ҳар биримизда турлича даражада бор. Ёки улар бир-бирига шу қадар мустаҳкам боғланганки, ажратиш имконсизми? Мен бундай деб ўйламайман. Ҳар биримизда санъатда, эҳтиросли муҳаббатда ёки эҳтиросли нафратда ўзини намоён қиладиган муайян энергия мавжуд. Обрў-эътибор, давомийлик ва изчиллик – замонавий саноатлашган жамиятнинг темир интизоми ҳур ва яратувчан бўлмаслиги, турғун ва сирли қолиши учун артистик импульсларни ўлдириб, муҳаббатни турмага тиқди. Озод бўлиши керак ҳар соҳа назоратга олинди, ҳасад, шафқатсизлик ва нафрат епископларнинг узун ўриндиқларида ҳам ястаниб ётибди. Бизнинг инстинктив қурилмамиз икки қисмдан иборат: бири, яшашга ва авлод қолдиришга, иккинчиси, душманларимизни йўқ қилишга йўналган. Биринчиси ҳаётдан завқ олиш, севги ва унинг бир бутоғи бўлмиш санъатга, иккинчиси эса рақобат, патриотизм ва урушга ундайди. Анъанавий ахлоқ биринчисини жиловлаб, иккинчисини рағбатлантириш билан овора. Чинакам ахлоқ эса бунинг акси бўлмоғи лозим. Севганларимиз билан муносабатларимиз инстинктларимиз ихтиёрида, нафратланадиганларимиз билан муносабатларимиз эса ақлимиз назоратида қолгани маъқул. Замонавий дунёда биз жуда нафратланадиганлар асосан хорижликлардир. Улар ҳақидаги тасаввурларимиз мавҳумдир. Ўз нафратимизни эса адолат ва яна қандайдир юксак қадриятлар йўлидаги кураш дея хаспўшлаймиз, ўз-ўзимизни алдаймиз. Ҳақиқатни кўзимиздан яшириб ётган пардаларни йиртиб ташлаш учун эса фақат скептиклик ёрдам беради. Шундагина ўзга инсонлар йўлимиздаги тўсиқ эмаслигини тушуниш, тўлақонли ҳаётга интилиш асосига қурилган, нафрат ва кераксиз чекловлардан холи янгича ахлоқни ярата олишимиз мумкин. Шундагина ҳасад деган хасталикдан фориғланамиз. Бу утопия эмас. Елизабета даврида унга қисман эришилган. Агар одамлар ўзгаларнинг оёғидан чалишдан кўра ўзининг бахти ҳақида кўпроқ ўйласа, бу эртагаёқ амалга ошади. Бу ахлоқ ҳаддан зиёд оғир ахлоқ эмас, бунга эриша олсак, курраи заминимиз жаннатга айланади.

[1] Муаллифнинг Хитой ҳақидаги фикрлари кейинчалик ўзгарган. – Тарж.

Инглиз тилидан Хуршид ЙЎЛДОШЕВ таржимаси

Mанба: www. khyuldoshev.wordpress.com

003Taqlidchilik va ishonuvchanlikka eng katta zarba beruvchi xususiyat insondagi skeptiklikdir. To‘g‘ri, ba’zilar skeptiklik deganda har narsaga huda-behuda shubhalanaverishni tushunadi. Biroq Rassel taqlidchilik va ishonuvchanlikka ziddizahar sifatida taklif qilayotgan skeptiklik yetarli asoslar bo‘lmagani holatda har qanaqa g‘oya, fikr yoki ta’limotga ishonishni nomaqbul hisoblashni anglatadi.

TARJIMONDAN
01

Millatchi, irqchi, diniy mutaassiblar o‘z tarafdorlarini insonlarning aqliga yo‘nalgan fikrlar orqali emas, ularning hissiyotiga qaratilgan mantiqan sayoz, yetarlicha asoslanmagan shiorlar orqali ko‘paytirishga urinadi. Insonning muayyan guruh (millat, din, irq, partiya)ga mansublik tuyg‘usi (instinkti) uni mudom aqlini xiralashtirib, yolg‘on g‘oyalarga ishonishga undaydi. Dushman qanchalik mudhish bo‘lsa, guruh shunchalar jipslashadi. Shuning uchun ham rahnamolar dushman tarafning qanchalar g‘addorligi haqida tinmay bong uradi. Mushtarak jihatlar, umumiy manfaatlar unutilib, farqli jihatlarga urg‘u berila boshlaydi. Odamlar o‘z millatdoshlari, dindoshlari haqidagi bor gapni hazm qila olmaydi. Oqibatda esa millatlararo totuvlik, dinlararo bag‘rikenglik kabi umuminsoniyatga xizmat qiluvchi g‘oyalar o‘rnini toqatsizlik, mutaassiblik egallay boradi. Xo‘sh, bunday vaziyatda yo‘lni yo‘qotmaslik, lo‘ttibozlarning aldoviga uchmaslik uchun nima qilmoq lozim?

08Ingliz matematigi va faylasufi Bertran Rassel (1872-1970) ikki jahon urushiga guvoh bo‘lgan inson sifatida odamlarda guruhiy emas, balki individual o‘ziga xosliklarni shakllantirish orqali biz yuqorida eslatgan illatlarning oldini olish mumkin deb hisoblaydi. Bu individual o‘ziga xoslik va mas’uliyat tuyg‘usi qanday shakllanadi? Insonlarga fikrni emas, fikrlashni o‘rgatish orqali. Fikrlash esa muayyan turtki bo‘lmasa, o‘z o‘zidan yuzaga kelmaydi. Agar siz yosh bolaga ma’lum bir fikrni mutlaq asoslangan haqiqat o‘laroq o‘rgatsangiz, uning fikrlashiga ehtiyoj yo‘q. Uning uchun o‘zgalar bosh qotirib masalani hal qilib bo‘lgan.

Inson tabiatan taqlidchi bo‘lib tug‘iladi. Zero bola o‘zi tug‘ilgan millatning tilini o‘rganishi, ijtimoiy zarur me’yorlarni o‘zlashtirishi uchun taqlidchilik juda zarur. Taqlid qila olish qobiliyatisiz bolaning ijtimoiy adaptatsiyasi to‘xtaydi. Biroq bu xususiyat ba’zilarda barvaqt yo‘qolsa, ba’zilarda umr bo‘yi saqlanib qoladi. Ayrimlarda esa qisman. Inson evolyutsiyasi jarayonida paydo bo‘lgan bu xususiyat yosh bola uchun foydali, katta odam uchun esa zararli. Ta’lim go‘dakni shaxsga aylantirishi uchun undagi taqlidchilik instinktini zaiflashtirishi kerak. Bu qanday bo‘ladi? Taqlidchilik va ishonuvchanlikka eng katta zarba beruvchi xususiyat insondagi skeptiklikdir. To‘g‘ri, ba’zilar skeptiklik deganda har narsaga huda-behuda shubhalanaverishni tushunadi. Biroq Rassel taqlidchilik va ishonuvchanlikka ziddizahar sifatida taklif qilayotgan skeptiklik yetarli asoslar bo‘lmagani holatda har qanaqa g‘oya, fikr yoki ta’limotga ishonishni nomaqbul hisoblashni anglatadi. Ya’ni fikr, g‘oya uning asosi bilan birga berilishi zarur. Asoslarsiz aytilgan fikr e’tiborsiz qoldiriladi. Bir qarashda sodda ko‘ringan bu prinsip insonni mustaqil shaxsga aylantirishda qo‘l keladi.

Nima uchun oddiy odamlar skeptiklik, shubhalanishni xush ko‘rmaydi? Chunki odamlarning ishonuvchanligidan foydalanib davr davron surayotganlar buni istamaydi. Barcha narsaga davo “dori-darmon”larning, xarid qilmasangiz hayotingiz mazmunini yo‘qotadigan matohlarning sotilishi, xayriya hisobiga kun ko‘ruvchi, kerak bo‘lsa, jannatdan joy va’da qiluvchi lo‘ttibozlarning taqdiri ishonuvchan, sodda insonlarning borligiga chambarchas bog‘liq. Ular skeptiklarga qarshi tinimsiz kurashadi, ishonuvchanlikni esa insoniy fazilat sifatida kishilar ongiga singdiradi. Ishonuvchanlik e’tiqod va sadoqat bilan, shubhakorlik esa e’tiqodsizlik, prinsipsizlik va betayinlik bilan bog‘lab tushuntiriladi. Oqibatda kitob, gazeta, jurnalda nima yozilsa, obro‘liroq shaxs nimani aytsa, shunga so‘zsiz ishonadigan aqlan so‘qir avlod paydo bo‘ladi.

Ko‘r-ko‘rona ergashish insonda mas’uliyat hissini o‘ldiradi. Qarorni men chiqarmaganman, ta’limotni men yaratmaganman, umuman, men tug‘ilganimda hammasi shunday edi, hamma narsa bizgacha qilib bo‘lingan qabilidagi bahonalar taraqqiyot kushandasidir.

O‘quvchi e’tiboriga havola etilayotgan ushbu esse 1928 yili yozilgan (Qarang: Bertrand Russell. Sceptical Essays. London: Routledge, 2004, 1-14 pp). Unda o‘sha davr Yevropadagi ijtimoiy-siyosiy kayfiyat sezilsa-da, muallifning ratsionallik va irratsionallik, ishonch va uning asoslanganligi masalasida bildirgan fikrlari va yondashuvi bugungi kun uchun ham ahamiyatini saqlab qolgan. Zero inson tabiati bir-ikki asrda o‘zgarib qoladigan hodisa emas.

Bertran RASSЕL
SKЕPTIKLIKNING AHAMIYATI HAQIDA
01

007Sirtdan qaraganda xiyla paradoksal va zararlidek tuyulishi mumkin bo‘lgan ta’limotni muhokama uchun o‘quvchi e’tiboriga havola etish istagidaman. Uning mohiyati shunday: to‘g‘ri deb hisoblash uchun hech qanday asos bo‘lmagan mulohazaga (propozitsiya) ishonish nomaqbuldir. Biroq bu kabi qoidaga barcha birdek amal qilishi ijtimoiy hayotimiz va siyosiy tizimimizni – ular hatto mukammal shakllangan bo‘lsa ham – o‘zgartirib yuborishi mumkin. Bu esa ushbu ta’limotni rad etishga imkon beradi. Yana shunga aminmanki (bunisi yanada jiddiyroq), mazkur qoida – xoh hozir, xoh kelajakda bo‘lsin – taqdirlanishga arzigulik ish qilmagan sodda kishilarning irratsional orzu-umidlaridan foyda foyda undirib kun ko‘ruvchi bashoratgo‘ylar, bukmeykerlar, yepiskoplar va boshqalarning nonini yarimta qilishi mumkin. Ana shu kabi muholif argumentlarga qaramay, o‘z nuqtai nazarimni himoya qilishga urinib ko‘raman.

Avvalo, meni keskin mavqeni tutganlikda ayblaydiganlarga javob bersam. Men murosasozlik va mo‘tadillikka inglizlarga xos sevgisi bo‘lgan britan vigiman (liberaliman). Pirronizm (skeptitsizm avvallari shunday nomlanardi) asoschisi Pirron ta’kidlaydiki, bir xatti-harakat boshqasidan yaxshiroq ekanini hech qachon bila olmaymiz. U haqda shunday hikoya bor. Bir kuni kechki sayrga chiqqanida, falsafa muallimi (u shu muallimdan ta’lim olgan edi) ariqqa yiqilib, chiqolmay yotganini ko‘rib qolibdi. Bir oz mulohaza qilib, uni ariqdan tortib olish yaxshi ishligiga hech qanday asos yo‘qligini o‘ylab, yo‘lida davom etibdi. Nisbatan mo‘tadilroq skeptiklar esa, muallimni ariqdan chiqarvolib, Pirronni berahmlikda ayblashibdi. Biroq shunda ham o‘z prinsiplariga sodiq qolgan muallim Pirrondagi fikr va amal birligini maqtabdi. Men bu kabi “qahramonona” skeptitsizmni yoqlamayman. Men oddiy kundalik sog‘lom fikrga tayangan ishonchni, nazariy jihatdan bo‘lmasa-da, amaliy jihatdan ma’qullayman; fanning mukammal asoslangan xulosalarini shubhadan xoli haqiqat deb bilmasam-da, ular xatti-harakatimizni ratsional yo‘lga solishimiz uchun yetarlicha to‘g‘ri deyman. Agar falon kuni oy tutiladi deyilsa, bu bashorat o‘sha kunni kutishga arziydi. Pirron esa boshqacha o‘ylagan bo‘lardi. Ayni shu nuqtai nazardan o‘rtaliqdagi mavqeni himoya qilishimni oqlash mumkin.

Ba’zi masalalarda, deylik, Oyning tutilish vaqtini aniqlashda mutaxassislar qiyinchiliksiz bir to‘xtamga kela oladi. Yana shunday masalalar borki, ular haqida mutaxassislar xulosalari bir joydan chiqishi dushvor. Hatto barcha mutaxassislar fikri bir joydan chiqqanda ham ular xato qilayotgan bo‘lishlari mumkin. Eynshteynning gravitatsiya yorug‘lik nuri yo‘nalishini o‘zgartirishi haqidagi xulosasini bir necha yil avval deyarli barcha mutaxassislar inkor qilgan edi. Biroq u bu borada haq bo‘lib chiqdi. Shunga qaramay, mutaxassislar muayyan masala yuzasidan yagona xulosaga kelsa, o‘sha sohaga aloqasi bo‘lmagan kishilar ularning xulosasini nisbatan haqiqatga yaqinroq deb qabul qilishi maqsadga muvofiq. Binobarin, men yoqlaydigan skeptiklik quyidagichadir: 1) mutaxassislar yakdil fikrda bo‘lishsa, unga qarama-qarshi fikr shubhasiz to‘g‘ri deb qaralmaydi; 2) agar ular yakdil bo‘lishmasa, hech bir fikrning haqiqatligi aniq emas; 3) agar ular xulosa chiqarish uchun yetarli asos yo‘q deya yagona to‘xtamga kelsa, mutaxassis bo‘lmaganlar ham bu borada xulosa chiqarishga shoshilmay, uni ortga suradi.

Bu qoidalar bir qarashda qat’iy tuyulmasa-da, amalga tatbiq etilsa, inson hayotini butunlay o‘zgartirib yuborishi mumkin.

Odamlar astoydil ishonadigan va, kezi kelganda, o‘zgacha fikrdagilarning ta’qib etilishiga sabab bo‘ladigan ta’limotlar skeptitsizmning mazkur uch qoidasidan biriga tushadi. Agar yetarlicha dalillangan bo‘lsa, odamlar fikrni shunchaki ifodalash va u amalda qanchalik to‘g‘ri chiqishini tekshirish bilan kifoyalanadi. Bunday fikrlar kuchli his-tuyg‘uga berilmay himoya qilinadi. Ularga bo‘lgan ishonch hissiz, asoslar esa xotirjamlik bilan keltiriladi. Kuchli ehtiros-la ishoniladigan fikrlar esa odatda asossiz bo‘ladi. Ehtiros ishonchning noratsional ekaniga dalolat qiladi. Siyosat va dinga daxldor fikrlar amalda doimo hissiyotga qorishib ketadi. Xitoyni istisno qilganda, boshqa yerlarda insonning din va siyosat borasida qat’iy qarashga ega bo‘lmasligi uning ojizligini ko‘rsatadi deb hisoblaydilar;[1] odamlar o‘z e’tiqodlariga muxolif ta’limotlarning mutaassib tarafdorlaridan ham ko‘proq skeptiklardan nafratlanadi. Ular real hayot bu kabi masalalarda aniq mavqega ega bo‘lishni talab qiladi, har bir narsada aqlga tayansak, jamiyat hayoti izdan chiqadi, deb ishonishadi. Men bu kabi gaplarga qo‘shilmayman.

1920-yillardagi ishsizlik masalasini olaylik. Bir taraf buni kasaba uyushmalarining buzg‘unchiligidan ko‘rdi. Boshqa taraf uni qit’adagi beqaror vaziyat bilan bog‘ladi. Uchinchi taraf esa, avvalgi ikki taraf keltirgan sabablarni tan olgan holda, asosiy aybdor sifatida funt sterling qadrini oshirishga uringan Angliya Bankini ko‘rsatardi. Uchinchi taraf, menga bildirishlaricha, asosan mutaxassislardan iborat edi. Siyosatdonlar partiya bayonotlariga kiritib bo‘lmaydigan fikrlarga qo‘shila olmasdi. Oddiy odamlar esa aybni dushmanlarning hiyla-nayrangiga taqaydigan tomonni ma’qullardi. Oqibatda kimdir nomuvofiq chora-tadbirlarni yoqlash, yana kimdir ularga qarshi kurashish bilan ovora bo‘ldi. Nisbatan ratsional nuqtai nazarni tutgan ozchilikni hech kim eshitmasdi, chunki ular aytayotgan gap hissiyot uyg‘otmas edi-da! Ular odamlarni o‘z fikrlariga ishontirishlari uchun Angliya Bankini buzg‘unchi qilib tasvirlashlari kerak bo‘lardi. Leyboristlarni ishontirish uchun Bank direktorlarini kasaba uyushmalariga dushman deb, London yepiskopini ishontirish uchun esa ularni “axloqsiz” deb ayblashlari lozim bo‘lardi. Shundan keyingina Bank valyuta masalasida xatoga yo‘l qo‘yganiga ularning e’tiborini qaratish mumkin edi.

Boshqa bir misolni olaylik. Sotsializmning inson tabiatiga zidligi haqida ko‘p gapiriladi. Bu fikr qanchalik hissiyot bilan himoya qilinsa, sotsialistlar ham uni o‘shanday qizg‘inlik bilan inkor qiladi. Doktor Rivers ¬¬– uning vafotidan qayg‘umni so‘z bilan ifodalash qiyin – hayotining so‘nggi damlarida mazkur masala borasida Kollej Universitetida o‘qigan ma’ruza uning vafotidan keyin “Psixologiya va siyosat” nomli kitob bo‘lib bosilib chiqdi. Bu hozircha men bilgan yagona ilmiy tahlildir. Unda sotsializm inson tabiatiga zid emasligini ko‘rsatuvchi melaneziyaliklar hayotidan antropologik ma’lumotlar keltirilgan. Shuningdek, muallif melaneziyalik va yevropalik insonning tabiati bir xil yoki turlichaligi bizga noma’lumligini ta’kidlaydi. So‘ngida shunday xulosa chiqaradi: sotsializm yevropalik inson tabiatiga muvofiq keladimi yoki yo‘q – buni amalda sinab ko‘rgachgina bilamiz. Bu xulosasi bilan doktor Rivers leyboristlarning nomzodi bo‘lishga jazm qilsa, ajabmas. Biroq siyosiy bahslarda alangalangan hissiyotlar olovini aytarli kuchaytira olmasligi tayin.

Odamlar bosiqlik bilan munosabat bildirishi qiyin bo‘lgan nikoh mavzusini olaylik. Har bir yurt aholisi o‘zinikiga o‘xshamagan nikoh shaklini axloqsiz deb biladi. Ba’zilar o‘zlarining tiyiqsiz hayot tarzlarini oqlash uchun hukmron qarashlarga qarshi kurashadilar. Hindlar bevaning qayta turmush qilishi haqidagi o‘ydanoq dahshatga tushadi. Katolik mamlakatlarida nikohdan chiqishni buzuqlik deb bilsalar-da, biroq ba’zida juftiga xiyonat qilishga, yo‘q deganda bu erkak tomonidan sodir etilsa, toqat qilinadi. Amerikada ajralish erkin, biroq nikohdan tashqari munosabatlar qattiq qoralanadi. Musulmonlar esa biz zararli hisoblaydigan ko‘pxotinlikka ijobiy qaraydi. Bu kabi turfa fikrlar taassub-la himoya qilinadi, taqiqlarni buzganlar og‘ir jazoga duchor etiladi. Biroq bu davlatlardagi biror kimsa o‘z xalqining udumlari o‘zga xalqlarning udumlariga nisbatan insonni ko‘proq baxtliroq qila olishini asoslashga urinmaydi.

Ushbu masala yuzasidan ilmiy adabiyotlarni, deylik, Uestermarkning “Nikoh tarixi”ni varaqlasak, ommaning xurofiy ishonchidan mutlaqo farqli manzaraga duch kelamiz. Inson tabiatiga mutlaqo zid deb o‘ylaganimiz odatlar insoniyat tarixida ko‘plab bo‘lganini ko‘ramiz. Biz ko‘pxotinlikni zolim erkaklar ayollarga majburlab o‘tkazgan deb o‘ylaymiz. Biroq Tibetdagi “bir xotinga ko‘p erkak” odatini qanday izohlash mumkin? Tibetga sayohat qilganlar u yerdagi oilalar Yevropadagidek bir maromda, uyg‘un hayot kechirishini aytishadi. Bu kabi adabiyotlar bilan tanishish xolis fikrlovchi har qanday insonni skeptikka aylantirib qo‘yadi. Zero bir nikoh shakli boshqa biridan yaxshi yoki yomonroqligini asoslash uchun aftidan dalil yo‘q. Jamiyatdagi deyarli barcha kishilar umumqabul qilingan me’yorlarga itoat etmaydiganlarga nisbatan shafqatsiz va toqatsiz munosabatda bo‘ladi. Shuni hisobga olmaganda, ularni bog‘lab turuvchi boshqa umumiy jihatlar yo‘q. Aftidan gunoh ham jo‘g‘rofiy hududga bog‘liq, ya’ni nisbiydir. Ana shu xulosadan “gunoh” ham bir illyuziya ekan, uni sodir etganlarni shafqatsiz jazolash esa ortiqcha, degan xulosaga tomon bir qadam qoladi. Aynan ana shu xulosani ko‘pchilikning ongi qabul qila olmaydi. Shafqatsizlik bilan jazolash va ayni damda vijdonni “toza” saqlab qolish moralistlarga zavq bag‘ishlaydi. Mana shuning uchun ular do‘zaxni o‘ylab topishgan.

Mujmal masalalar qatoriga kiruvchi o‘ta kuchli e’tiqodlarning yorqin namunasi millatchilikdir. Dangal aytish mumkinki, Jahon urushi haqida ilmiy asar yozayotgan tarixchi hozir chiqarayotgan xulosalarini o‘sha davrda aytganda bormi, urushayotgan qaysi davlatda bo‘lmasin, uni shubhasiz qamoqqa tiqishardi. Xitoyni hisobga olmaganda, o‘zi haqidagi haqiqatga chidab beruvchi birorta xalq yo‘q. Tinchlik vaqtida haqiqatni ro‘yi-rost aytish shunchaki odobsizlik, urush davrida esa jinoyat deb hisoblanadi. O‘zaro qarama-qarshi e’tiqodlarning yolg‘onligini ularning faqat mushtarak milliy manfaatlarga ega kishilargagina ma’qul kelganidan ham bilsa bo‘ladi. O‘tmishda diniy e’tiqodlarni mantiqan tahlil qilish qanchalik buzg‘unchilik deb hisoblangan bo‘lsa, bugun millatchilik ruhidagi e’tiqodlarga “tosh otgan”larga shunday ayb qo‘yilmoqda. Agar odamlardan bunday masalalardagi skeptitsizmga salbiy munosabati boisi nimadaligini so‘rasangiz, javob bitta – mif urushlarda g‘alaba qozonishga yordam beradi, aqlga tayangan millatlar o‘ldirmaydilar, aksincha, o‘ldiriladilar. Xorijliklar haqida turli yolg‘on-yashiq uydirmalarni tarqatish orqali o‘z nuqsonini yashirishga urinish sharmandalik ekanligini, bilishimcha, kvakerlarni istisno qilsak, professional moralistlar hozircha tan olmayapti. Oqil millat baribir urushdan tiyilish yo‘lini topadi, degan fikr olg‘a surilsa, haqoratli javoblar yangraydi, xolos.

Xo‘sh, oqil skeptitsizmning odamlar orasida keng yoyilishi qanday oqibatlarga eltishi mumkin? Insonning xatti-harakatlari ehtiroslar va ularga esh bo‘lib keluvchi miflar ta’sirida bo‘ladi. Psixoanalitiklar lunatiklarda ushbu jarayonning ochiq va yashirin namoyon bo‘lishini o‘rganishgan. Hayotida qattiq tahqirlangan, xo‘rlangan inson turli uydirma farazlarni o‘ylab topadi. Masalan, o‘zini Angliya qiroli deb ataydi va o‘z maqomiga munosib e’tibor berilmayotganini asoslashga urinadi. Biroq yaqinlari uning illyuziyasiga ishonmaydi va bir xonaga qamab qo‘yadilar. Agar u o‘zining emas, o‘z millati, sinfi yoki e’tiqodining buyukligini ta’kidlaganda edi, hattoki uning gaplari xolis kuzatuvchida jinnixona ahlining bema’ni valdirashidek tuyulsa ham, sanoqsiz tarafdorlarga ega bo‘lar, siyosiy yoki diniy rahnamoga aylanardi. Shu tarzda jamoaviy aqldan ozish individual shaxsning aqldan ozishida ko‘rinadigan qonuniyat asosida pishib yetiladi. O‘zini Angliya qiroli sanaydigan lunatik bilan tortishish xavfli ekanini hamma biladi, juda bo‘lmaganda uni bir xonaga qamab yengish mumkin. Agar butun boshli xalq shunday yolg‘onga ishonib qolgan bo‘lsa-chi, da’volari inkor qilinsa, o‘sha lunatik g‘azablangandek g‘azablansa-chi – bunaqa vaziyatda urushdan boshqasi bu xalqning aqlini kiritib qo‘yolmaydi.

Inson fe’l-atvorida intellektual omil qanchalik rol o‘ynashi masalasida psixologlar orasida yagona bir qarash yo‘q. Ikki tur savol bor: 1) e’tiqodlar xatti-harakatlarga qanchalik ta’sir etadi? 2) e’tiqod qanchalik mantiqan izchil dalillarga tayanadi yoki umuman dalilga tayanishi mumkinmi? Har ikki savolga javob berar ekan, psixologlar intellektual omil ta’siri o‘ylaganimizdan kuchsiz ekanini ta’kidlaydilar. Ushbu omilning ta’siri ozligi masalasida umumiy qarash mavjudligiga qaramay, umumiylik manzarasida turlicha munosabatlar ham bor. Keling, bu ikki savolni ketma-ket ko‘rib chiqaylik.

1) E’tiqod xatti-harakatlarga qanchalik ta’sir etadi? Savolni nazariy tahlil qilmayin-da, oddiy insonning kundalik hayotidan so‘z ochay. U biror narsaga ishongani uchun emas, balki odat bo‘lib qolgani uchun ham ertalab o‘rnidan turadi, nonushta qiladi, poyezdga shoshiladi, gazeta o‘qiydi, ishiga boradi. Hammasi odatga muvofiq bo‘ladi. Qachonlardir bu odatlar shakllanayotganda, kamida ish joyini tanlayotganida e’tiqodi rol o‘ynagan. Ehtimol, u o‘sha damda unga taklif qilinayotgan ish o‘zi istagandek ekaniga ishongan. Aksariyat kishilarda ishonch ilk bor kasb tanlayotganda o‘zini namoyon qiladi. Qolganlari shu tanlovning hosilasi o‘laroq kelaveradi.

Agar u oddiy xodim bo‘lsa, uning faoliyati odatga ko‘ra, hech qanday ortiqcha istak, ishonch-e’tiqodga tayanmay, avvaldan belgilangan maromda davom etaveradi. E’tiroz bildirish mumkin, agar u hisob-kitob bilan shug‘ullansa, o‘zi qo‘llayotgan arifmetik qoidalarning to‘g‘riligiga ishonadi. Biroq bu ishonch emas, tennischining harakatlari kabi shunchaki odat, ko‘nikma. Bu qoidalar ularning haqiqatligiga bo‘lgan intellektual ishonchdan emas, muallimga yoqish istagi sababli o‘zlashtirilgan. Bu xuddiki kuchukning o‘z egasidan ovqat undirish ilinjida qanday o‘tirishni o‘rganishiga o‘xshaydi. Ta’lim doimo shu tarzda bo‘ladi demoqchi emasman, lekin o‘qish, yozish va arifmetika ta’limi asosan shunday.

Shunday qilib, bizning do‘stimiz, rahbar hodimmi yoki yo‘q, muhim masala yuzasidan qaror qabul qilishi lozim bo‘lib qoldi deylik. Bunday qarorlarda ishonch rol o‘ynashi ehtimoli bor. U qaysi ishlar yaxshi, qaysi biri ko‘ngildagidek emasligi, kimlar boyib, kimlar xonavayron bo‘lish arafasida turganini taxmin qiladi. Shu kabi ishonchlar asosida hukm chiqaradi. U oddiy xodimdan ko‘ra mas’uliyati yuqori bo‘lgani bois odatga ko‘ra emas, aynan o‘z ishonchiga ko‘ra harakat qilishi lozim. Basharti uning ishonchi to‘g‘ri chiqsa, mo‘maygina pul ishlab olishi mumkin.

Oilada ham ishonchning fe’lga ta’siri ayni shu nisbatda kechadi. Uning xotini yoki bolalariga munosabati shakllangan odatga yoki odat ta’sirida bir qadar o‘zgargan instinktga muvofiq keladi. Biroq muhim masalalar – uylanish, o‘g‘lini qaysi maktabga berish yoki xotinining sadoqatiga shubhalanganida bunga asos topish ko‘pincha odatga muvofiq bo‘lmaydi. Instinkt ta’sirida yoki boy deb hisoblagani uchun biror ayolning qo‘lini so‘rashi mumkin. Agar bu instinktiv bo‘lsa, u o‘sha ayolning eng fazilatli ekaniga shubhasiz ishonadi. Ayni shu narsa o‘sha ayolni tanlashining asl sababidek tuyuladi unga. Vaholanki, bu o‘rinda ishonch instinkning navbatdagi aksidirki, uning tanlovini ishonchni o‘rtaga qo‘shmasdan bevosita instinkt orqali ham izohlash mumkin. Bolaga maktab tanlash ham muhim biznes qarorlarini qabul qilishga o‘xshash jarayondir. Bunda ishonch kattaroq rol o‘ynaydi. Agar u xotinining xiyonatiga doir biror dalil topsa, u o‘zini instinktlariga tobe holatda tuta boshlaydi. Biroq bunda, aksincha, instinkt ishonch ta’sirida harakatga keladi.

Demak, ishonch-e’tiqod fe’l-atvorimizning juda oz qismiga bevosita ta’sir o‘tkazsa-da, u hayotimizning eng ahamiyatli daqiqalarida hal qiluvchi rolni o‘ynaydi. Xususan, diniy va siyosiy amallarimiz ishonch-e’tiqod bilan chambarchas bog‘liq.

2) Endi ikkinchi savolga o‘tsam. Bu savolni yana ikki qismga ajratib tahlil qilsa bo‘ladi: a) ishonch-e’tiqod qanchalik dalilga tayanadi?

b) dalilga tayanishi mumkinmi yoki bu qanchalik zarur?

a) Ishonchning dalillanganlik darajasi ishonuvchilarning o‘zlari tasavvur qilganlaridan ancha past.

Nisbatan ratsional hisoblanuvchi bir holatni olaylik. London-sitilik yirik bir moliyachi muayyan bir sohaga investitsiya kiritadi. Uning, deylik, fransuz franki qiymatining tushishi yoki ko‘tarilishi haqidagi fikri siyosiy simpatiyasiga va katta miqdordagi mablag‘ini ana shunday qaltis ishga tika olishiga bog‘liq. Bankrotlikka olib boruvchi eng kuchli sabablardan biri odatda qay bir darajada sentimental omillardir. Siyosatga daxldor fikrlarini bildirishlari taqiqlangan davlat xizmatchilarining qarashlarini e’tiborga olmasak, siyosiy fikrlar kamdan-kam hollarda dalilga tayanadi. Istisnolar bor, albatta. Bir necha yil muqaddam tariflarni isloh qilish bilan bog‘liq tortishuvlarda aksariyat ishlab chiqaruvchilar olayotgan foydalarini oshiruvchi tadbirlarni quvvatlab chiqishdi va o‘z fikrlarini, garchi aytayotgan gaplari tinglovchini u qadar ishontira olmasa ham, yetarlicha dalillangan deb da’vo qilishdi. Shu yerda vaziyat murakkablashadi. Froydchilar bizga o‘z xulqimizni “ratsionalizatsiyalash”ni, ya’ni aslida irratsional bo‘lgan fikr va qarorlarimizga ratsional tus berish mexanizmini o‘rgatishdi. Shuningdek, ayniqsa, inglizzabon mamlakatlarda, buning aksi – “irratsionallashtirish” deb nomlasa bo‘ladigan jarayon mavjud. Ziyrak odam o‘zi anglamagan tarzda o‘z egoistik nuqtai nazaridan masalaning kuchli va zaif jihatlarini taqqoslashi mumkin. (Bolalariga daxldor masala bo‘lmasa, odam anglanmagan tarzda egoistik bo‘lmagan yo‘sinda mulohaza yuritishi kamdan-kam uchraydi.) Anglanmaganlikning qo‘llovi bilan maqbul egoistik qarorga kelingach, odam jamiyat uchun qanchalar katta qurbonliklar berayotganini ko‘rsatish uchun turli-tuman so‘z va iboralarni o‘ylab topadi yoki boshqalardan o‘zlashtirib oladi. Aytayotgan gapiga chindan ishonayotgan odam, hamonki uning harakatlaridan jamiyat u da’vo qilayotganchalik naf ko‘rmayotgan ekan, dalillarni to‘g‘ri baholay olmayotganini taxmin qilishi lozim. Bu holatda kishi aslidagidan ham ko‘ra ko‘proq aqlsiz bo‘lib ko‘rinadi. Qizig‘i shundaki, uning irratsional jihati anglangan, ratsional jihati esa anglanmagandir. Ayni shu narsa ingliz va amerikaliklarni omadli odamlarga aylantirgan.

Chinakam ziyraklik tabiatimizning anglangan emas, anglanmagan tarafiga taalluqlidir. Bu, menimcha, biznesda muvaffaqiyat keltiruvchi zarur fazilat. Axloqiy nuqtai nazardan esa, u xudbinlik bilan bog‘langani uchun maqtagulik emas. Shunga qaramay, u odamlarni juda og‘ir jinoyatlardan tiyadi. Agar bu xususiyat olmonlarda bo‘lganda edi, ular suvosti kemalaridagi janglarga asosiy e’tiborni qaratmas, agarda fransuzlarda bo‘lganida Rurdagiga o‘xshash qilmishlarini qilishmas, agarda Napoleonda bo‘lganida Amyen shartnomasidan so‘ng urushni qayta boshlamasdi. Ba’zi bir istisnolar bilan shunday umumiy qoidani bayon qilsa bo‘ladi: qachonki odam o‘z manfaati nimada ekani borasida xato qilsa va xatolarini tan olmay uni ma’qul deb hisoblasa, bu o‘zgalar uchun yanada zararliroqdir. Binobarin, inson o‘z manfaatlari nimada ekanini bilishi faqat yaxshilikka xizmat qiladi. O‘z manfaatiga ters ekaniga ishonsa ham, axloqiy asoslarga ko‘ra biror ishga qo‘l urib baxtli hayotga erishgan insonlar oz emas. Masalan, avvalgi kvakerlar orasida boshqalarga o‘xshab xaridor bilan savdolashish o‘rniga, o‘z tovarlari uchun u bera oladiganidan ortiq haq talab qilmasdan sotib yuboradigan ko‘plab savdogarlar bor edi. Ular foyda olish uchun keragidan ortiq so‘rashni aldov deb bilishardi. Xaridorlarga qulay bo‘lganidan hamma ularning do‘koniga borardi, ular esa borgan sari boyib ketdi. (Hozir buni qayerda o‘qiganimni aniq eslolmayman, lekin ishonarli manbadan ekaniga aminman.) Har kim o‘z zakovatiga tayanib shu yo‘lni tutishi mumkin edi, biroq amalda hech kim bu qadar zakiy emasdi. Ong ostimiz o‘zimiz o‘ylaganimizdan ko‘ra bizga ko‘p zarar keltiradi. Shuning uchunmi, axloqiy talablardan kelib chiqib, o‘ziga zarar bo‘lishiga ishonsa ham tanlagan yo‘lidan qaytmaydiganlar aslida o‘z manfaatlariga hizmat qilayotgan bo‘lib chiqadi. Boshqa bir toifa odamlar ongli va ratsional fikrlashga, imkon qadar ehtiroslar olovini o‘chirishga urinadiganlardir. Yana boshqa bir toifa instinktiv tarzda zakovatlilardir. Yana biri o‘zgalarni xarob qilib, so‘ngida o‘zlari ham xonavayron bo‘ladigan, yovuz niyatlari zakovatlariga xalal beradiganlardir. Bu oxirgi sinf Yevropa aholisining 90 foizini tashkil etadi.

Mavzudan biroz chetga chiqqandek tuyulishim mumkin. Biroq zakiylik deya atalmish anglanmagan aqlni (anglanmagan tarzda voqe bo‘luvchi – tarj.) uning anglangan turlaridan farqlab olishimiz lozim. O‘qitishning an’anaviy metodlari anglanmaganlikka amalda deyarli ta’sir etmaydi. Ya’ni zakiylikni hozirgi mavjud ta’lim usullari orqali shakllantirib bo‘lmaydi. Axloqni ham, uning odatlardan tashkil topgan qismini hisobga olmasak, mavjud usullarda o‘qitib bo‘lmaydi. Doimiy nasihat va undovlar inson fe’lida ijobiy asar qoldirganini kuzatmaganman. Shuning uchun mazkur sohalardagi ijobiy o‘zgarish faqatgina intellektual vositalar orqaligina amalga oshishi mumkin. Insonni qanday qilib fazilatli va zakovatli qilib tarbiyalashni bilmaymiz, biroq uni qanday ratsional, aqlga muvofiq ish yurituvchi inson qilib tarbiyalashni bir qadar bilamiz. Ta’limga munosabatni o‘zgartirish zarur. Balki kelajakda inson tanasidagi turli garmonlarning nisbatini manipulyatsiya qilish orqali insonlarda zarur fazilatlarni ro‘yobga chiqara olarmiz. Lekin hozir axloqiy fazilatni tarbiyalashdan ko‘ra ratsionallikni, ya’ni o‘z qilmishimizning oqibatini avvaldan ko‘ra bilish malakasini kamol toptirish qulayroq.

b) Yuqoridagi mulohazalardan quyidagicha savol tug‘iladi: inson xatti-harakati qanchalik aqlga muvofiq bo‘la oladi yoki bo‘lishi kerak?

Keling, “bo‘lishi kerak”ni avval muhokama qilaylik. Menimcha, ratsionallikda muayyan chegara bo‘lishi lozim. Hayotimizning ba’zi jihatlari keragidan ortiq ratsionallik ta’sirida zarar ko‘radi. Leybnis qarigan chog‘ida yozgan bir maktubida hayotida atigi bir marta – yoshi ellikka borganda bir ayolning qo‘lini so‘raganini aytadi. “Baxtimga, o‘sha ayol o‘ylab ko‘rish uchun muhlat so‘radi. Bu orada men ham o‘z taklifimni yana bir bor mulohaza qilib ko‘rishim mumkin edi. Oqibatda fikrimdan qaytdim”, deydi u. Uning bu mulohazakorligi ratsional ekaniga shubha yo‘q. Biroq men uning qilmishini yoqlamayman.

Shekspir yaxlit tasavvur paydo qilish uchun “lunatik, oshiq va shoir”ni yonma-yon eslaydi. Muammo shoir va oshiqni lunatikdan ajratib, alohida saqlab qola olishimizda. 1919 yili “Old Vik” teatrida “Troyalik ayol” spektaklini tomosha qildim. Unda Astianaktning yunonlar tomonidan kelajakda ikkinchi bir Hektor bo‘lib yetishmasligi uchun juda ta’sirli o‘ldirilish sahnasi bor. Tomoshabinlar orasida ko‘zidan yosh chiqmagan odam qolmadi. Ayni paytda auditoriya yunonlarning haddan ziyod shavqatsizligini ishonarsiz deb topdi. Teatrda ko‘zyosh to‘kkan o‘sha odamlar Yevripidning xayoliga ham kelmagan shavqatsizliklarga qo‘l urishdi. Ular urushdan so‘ng Germaniyani va Rossiyani blokada qilgan hukumatga ovoz berishdi. Bu blokadalar son-sanoqsiz bolalarning o‘limiga sabab bo‘ldi. Biroq dushman davlatlar aholisini kamaytirish maqbul ish deb ko‘rildi. Astianaktga o‘xshagan bolakaylar bir kun kelib otalariga taqlid qilishlari, hatto ulardan o‘zib ketishlari mumkin edi-da. Shoir Yevripid auditoriya qalbida muhabbatni uyg‘otdi, ammo odamlar teatr darvozasidan tashqari chiqishi bilan oshiq va shoir unutildi, (qotil maniak qiyofasidagi) lunatik axloqiy fazilat va ezgulik haqida o‘y surgan bu erkaku ayollarning siyosiy istaklarini nazorat qila boshladi.

Lunatikni yo‘q qilib shoir va oshiqni saqlab qolish mumkinmi? Bu uch xususiyat har birimizda turlicha darajada bor. Yoki ular bir-biriga shu qadar mustahkam bog‘langanki, ajratish imkonsizmi? Men bunday deb o‘ylamayman. Har birimizda san’atda, ehtirosli muhabbatda yoki ehtirosli nafratda o‘zini namoyon qiladigan muayyan energiya mavjud. Obro‘-e’tibor, davomiylik va izchillik – zamonaviy sanoatlashgan jamiyatning temir intizomi hur va yaratuvchan bo‘lmasligi, turg‘un va sirli qolishi uchun artistik impulslarni o‘ldirib, muhabbatni turmaga tiqdi. Ozod bo‘lishi kerak har soha nazoratga olindi, hasad, shafqatsizlik va nafrat yepiskoplarning uzun o‘rindiqlarida ham yastanib yotibdi. Bizning instinktiv qurilmamiz ikki qismdan iborat: biri, yashashga va avlod qoldirishga, ikkinchisi, dushmanlarimizni yo‘q qilishga yo‘nalgan. Birinchisi hayotdan zavq olish, sevgi va uning bir butog‘i bo‘lmish san’atga, ikkinchisi esa raqobat, patriotizm va urushga undaydi. An’anaviy axloq birinchisini jilovlab, ikkinchisini rag‘batlantirish bilan ovora. Chinakam axloq esa buning aksi bo‘lmog‘i lozim. Sevganlarimiz bilan munosabatlarimiz instinktlarimiz ixtiyorida, nafratlanadiganlarimiz bilan munosabatlarimiz esa aqlimiz nazoratida qolgani ma’qul. Zamonaviy dunyoda biz juda nafratlanadiganlar asosan xorijliklardir. Ular haqidagi tasavvurlarimiz mavhumdir. O‘z nafratimizni esa adolat va yana qandaydir yuksak qadriyatlar yo‘lidagi kurash deya xaspo‘shlaymiz, o‘z-o‘zimizni aldaymiz. Haqiqatni ko‘zimizdan yashirib yotgan pardalarni yirtib tashlash uchun esa faqat skeptiklik yordam beradi. Shundagina o‘zga insonlar yo‘limizdagi to‘siq emasligini tushunish, to‘laqonli hayotga intilish asosiga qurilgan, nafrat va keraksiz cheklovlardan xoli yangicha axloqni yarata olishimiz mumkin. Shundagina hasad degan xastalikdan forig‘lanamiz. Bu utopiya emas. Yelizabeta davrida unga qisman erishilgan. Agar odamlar o‘zgalarning oyog‘idan chalishdan ko‘ra o‘zining baxti haqida ko‘proq o‘ylasa, bu ertagayoq amalga oshadi. Bu axloq haddan ziyod og‘ir axloq emas, bunga erisha olsak, kurrai zaminimiz jannatga aylanadi.

[1] Muallifning Xitoy haqidagi fikrlari keyinchalik o‘zgargan. – Tarj.

Ingliz tilidan Xurshid YO‘LDOSHЕV tarjimasi

Manba: www. khyuldoshev.wordpress.com

88

(Tashriflar: umumiy 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring