Sergey Dovlatov. Chemodan. Sakkizinchi hikoya: Qishki telpak

004    Ноябрь ойи байрамларида Ленинградда қаттиқ совуқ бўлди. Муҳарририятга отланар эканман, қайсидир меҳмон унутиб қолдирган, чанғичилар шапкасини бошимга кийиб олдим. Бўлар, дея ўйладим, бунинг устига ойнага қарамай қўйганимга ҳам ўн беш йилча бўлганди. Муҳарририятга ҳар доимгидек қирқ дақиқалар чамаси кечикиб келаман. Шунга мувофиқ қатьий ва дадил кўринишга ҳаракат қиламан…

Сергей ДОВЛАТОВ
ҚИШКИ ТЕЛПАК
«Чемодан»дан саккизинчи ҳикоя
034

Ноябрь ойи байрамларида Ленинградда қаттиқ совуқ бўлди. Муҳарририятга отланар эканман, қайсидир меҳмон унутиб қолдирган, чанғичилар шапкасини бошимга кийиб олдим. Бўлар, дея ўйладим, бунинг устига ойнага қарамай қўйганимга ҳам ўн беш йилча бўлганди. Муҳарририятга ҳар доимгидек қирқ дақиқалар чамаси кечикиб келаман. Шунга мувофиқ қатьий ва дадил кўринишга ҳаракат қиламан.

Адабий ходимларнинг хонасида вазият жуда қайғули эди. Воробьев — тинмай чекар, Сидоровский кўзларини бир нуқтага қадаганча ўтирарди. Делюкин телефонда шивирлаб гаплашар, Мила Дорошенконинг кўзлари эса йиғидан қизариб кетганди.

— Салом, — дейман. — Нега бунча ғамгинсизлар. Тузум маддоҳлари?!

Ҳамма жим. Фақат Сидоровский хўмрайиб жавоб қилади:
— Сенинг сурбетлигингни, Довлатов, чеки-чегараси йўқ.

Аниқ, ўйладим ўзимча, нимадир бўлганга ўхшайди. Эҳтимол, ҳаммамизни ишдан олишгандир?..
— Кимга мотам бу, — сўрадим, — марҳум қани?
— Куйбишев ўликхонасида, — жавоб берди Сидоровский. — Кўмиш маросими эртага.

Ҳали ҳам англолмадим. Ниҳоят, Делюкин яна аввалгидай шивирлаб гапга қўшилди:
— Раиса уч қути нембутални еб заҳарланиб ўлибди.
— Шундайми, — дедим, — тушунарли. Жонидан тўйдириб юборишган!..

Раиса бизда машинкачи, бунинг устига ўз касбини яхши биладиганлардан эди.

У тез ёзар, ҳатто қараб ҳам ўтирмас, хатоларни эса йўл-йўлакай тўғрилаб кетаверарди.

Тўғри, Раиса кўпроқ қоғоздаги хатоларни тўғрилар, ҳаётда эса тинмай хато қиларди.

Оқибатда у бирор-бир диплом ҳам ололмаган. Бу камлик қилгандай, йигирма беш ёшида ёлғиз аёлга айланган. Ниҳоят, ўзининг эски антисемит ақидалари билан Раиса ишлаб чиқариш газетасига келиб қолганди.

Асли яҳудий бўлгани учун бунга кўниколмасди. У ҳар хил бўёқларни юзига чаплаб, гоҳ ичиб, тинмай муҳаррирнинг ғашига тегарди. Хуллас, ўзининг яҳудий аёли экани билан қаноатланмас, сира ҳаддини билмасди.

Раисага ҳам бошқа сомлар каби муносабатда бўлиш мумкин эди. Бироқ у ўзини бир оз босиқроқ тутиши, яъни, ўзини чуқур фикрли, оддий ва бир оз айбдордек тутса бўлди эди. У эса христианликка хос бўлган заифалигини тинмай намойиш қиларди.

Октябрдан эътиборан Раисани эза бошлашди. Уни ишдан бўшатиш учун бирор-бир асос бўлиши керак эди. Бунинг учун уч ёки тўртта ҳайфсаннинг ўзи кифоя қиларди.

Муҳаррир Богомолов ҳаракатга тушган, у Раисани қўполликда айблаганди. Эрталаблари қўлида соат билан Раяни эшик олдида кутлар, уни бирор-бир иш устида қўлга туширишни, ҳеч бўлмаса муҳарририятга ичиб келишини пойларди.

Бунинг ҳаммаси чурқ этиб оғиз очолмаган атрофдагиларнинг кўзи ўнгида юз берди. Зеро, биздаги эркакларнинг ҳаммаси Раисага илакишиб юришар, у муҳарририятимиздаги бирдан-бир боши очиқ аёл эди.

Мана, ниҳоят Рая ҳам заҳарланди. Уззукун ҳамма қайғули ва жиддий бир кайфиятда юрди. Секин, шивирлашиб гаплашишарди. Фан бўлимидаги Воробьев менга кўнгил ёриб қолди:
— Мен жуда қўрқиб кетаяпман! Қария! Тушун, қўрқиб кетаяпман! Бизнинг муносабатимиз шу даражада чалкаш ва мураккаб эдики, асти қўяверасан. Мисоли, минг бир кечадагидай… Биласанми, мен уйланганман, Рая эса, ўзига яраша феъли бор эди… Ҳар хил тушунмовчиликлар шундан… Сен мени тушунсанг керак?.. Ошхонада эса ёнимга Делюкин келиб ўтирди. Унинг иягидан тухумнинг сариғи кетмаганди.

— Раиса-я? Ўзинг ўйла! У, — деди у, — ҳали ёш, соғлом аёл бўлса!
— Ҳа, — дедим, — даҳшат.

— Даҳшат… Ахир биз Рая билан шунчаки дўст эмасдик. Нима деяётганимни, англаётган бўлсанг керак. Бизнинг муносабатимиз ғалати-да, тушунарсиз эди. Мен тажрибали, романтик, бир одам эдим. Рая эса ақидапарастлигини қўймасди. Баъзи нарсаларни турлича тушунардик…

Ҳатто бизнинг фельетончимиз Сидоровский ҳам мени тўхтатди:
— Тўғри тушун, мен динпараст эмасман, бироқ ўзини-ўзи ўлдириш бу гуноҳ-ку! Биз ким бўлибмизки, ўзимизнинг ҳаётимизга ҳукм чиқарсак?! Раиса бундай қилмаслиги керак эди. Муҳарририятимизни қандай уятга қўйишини ҳеч ўйладимикан?!

Бирдан кўнглим беҳузур бўла бошлади. Ҳатто бу шу даражага етдики, бошим ҳам оғрий бошлади. Мен ишдан кетишни, тўғрироғи, тушликдан сўнг ўзимнинг қоғозларимни олиш учун ҳам қайтиб муҳарририятга бормай, ҳеч кимга ҳеч нарса демай, индамай кетворишни ўйладим. Худди шундай қилиш керак, кўчани кесиб ўтиб, автобусга ўтириш… Хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлса бўлар, унинг аҳамияти йўқ. Фақат темир принципли, ёлғондакам кўтаринки руҳли, биродарлик ҳақидаги орзулари амалга ошмас муҳарририятдан тезроқ кетиш керак эди…

Мен катта акамга қўнғироқ қилдим. Биз Таврический озиқ-овқат дўкони ёнида учрашдик. Керакли нарсаларни сотиб олгач, Боря:
— “Советская” меҳмонхонасига кетдик, у ерда мени Львовдан келган ўртоқларим кутишаяпти, — деди.

Ўртоқлари нисбатан ёш аёллар экан. Уларни — Софа, Рита ва Галина Павловна деб аташар экан. Улар суратга олаётган ҳужжатли фильм “Кучли оҳанг” деб аталар экан. Унда гап чўчқаларнинг тўйимли озуқаси ҳақида борарди.

“Советлар” меҳмонхонасини олти йил олдин қуришганди. Дастлаб бу ерда чет элликлар яшашди. Кейин уларни бирдан бошқа ёққа кўчиришди. Гап шунда эдики, охирги қаватнинг деразасидан “Адмиралтеец” кемасозлик заводининг цехларини бемалол суратга олиш мумкин эди.

Баъзи тили қичиганлар уни “Советлар”ники эмас, “Антисоветлар”ники деб номлашганди…

Суратга олиш гуруҳи аёллари менга маъқул бўлди. Улар қатьий ва чаққон ҳаракат қилишарди. Курсилар келтиришди, идишларни ва қадаҳларни олишди, колбасани кесишди. Яъни дам олиб, кўнгил очиш учун дастурхонга нима зарур бўлса, борини муҳайё қилишди. Ҳатто Софа тирноқ оладиган қайчида консерва ҳам очди. Акам:
— Қани олдик! — деди.

У ичиб, қизаргач, пиджагини ечиб қўйди. Мен ҳам ечинмоқчи эдим, бироқ Рита мени тўхтатди-да:
— Лимонадга тушиб келинг, — деди.

Мен ошхонага тушиб, уч дақиқадан сўнг қайтиб келдим. Бу вақт орасида аёллар учаласи бараварига акамни ялаб-юлқаб бўлишганди. Бунинг устига уларнинг муносабати менга оғир ботарди. Агар дудланган балиққа қўл узатсам, Софа:

— Нима учун килькидан емаяпсиз? Дудланганини Боря яхши кўради! — дерди. Агар ўзимга ароқ қуядиган бўлсам, Рита ташвишланган оҳангда:
— “Московский”дан ичинг. Боря “Столичная”дан бошқасини ёқтирмайди! » — дерди.

Ҳатто босиқроқ кўринган Галина Павловна ҳам гапга аралашди:
— “Аврора”дан чекинг. Чет элники Боряга ёқади.
— Менга ҳам, — дедим, — чет элники ёқади.
— Олифтагарчиликни қаранг, — аччиқланди Галина Петровна.

Акамнинг оғзидан нима чиқмасин, аёллар ўзларини тутолмай хахолаб кулишарди. Мисол учун, қовоқли аччиқ-чучикдан ея туриб, акам:
— Менимча, бу таом еб бўлинганди, — дейиши билан аёллар гурра кулишарди. Мен, бизнинг машинистка аёлимиз заҳарланиб ўлибди, деб гап бошлаганимда, ҳаммаси бирданига:
— Бас қилинг!.. — деб бақиришди.

Орадан икки соатлар чамаси ўтди. Мен охир-оқибат аёллар акамни талашиб, бир-бири билан уришиб қолишади, деган умидда эдим. Аксинча улар, кекса мусулмоннинг хотинларига ўхшаб, жуда аҳил эдилар.

Боря киноактерлар тўғрисида миш-мишларни айтиб берди. Бўлмағур қўшиқларни айтди. Кайфи ошиб Галина Павловнанинг тугмаларини ечди. Мен нима қилишимни билмай, кечаги газетани варақлай бошладим.

Кейин Рита:
— Мен аэропортга боришим керак. Картина директорини кутиб олишим керак. Сергей, сиз мен билан борасиз, — деди.

Ана сенга, ўйладим мен. Дудланган балиқни Боря ейди, “Жебел”ни Боря чекади. “Столичний”ни Боря ичади. Бу эски калишни эса мен кузатиб қўяр эканман-да?
— Бора қол, барибир газета ўқияпсан-ку, — деди акам.

— Бўпти, — дедим. — Кетдик. Ҳақоратлангандан кейин охиригача бўлсин-да. Мен чанғичилар шапкасини бошимга кийдим. Рита пўстинни елкасига ташлаб олди. Лифтда пастга тушиб, такси бекатига келдик.

Қоронғи туша бошлаган, қор босиб ёғарди. Ғира-ғира қоронғиликда Машиналарнинг чироқлари ёниб келарди.

Бекатга биз биринчи бўлиб келдик. Рита йўл бўйи оғиз очмасдан, фақат бир марта:
— Худди ялангоёқлардай кийиниб олибсиз, — деди.

Мен шундай жавоб бердим:
— Ҳечқиси йўқ. Мени ё монтёр, ё сув қувури хизматчиси, деб тасаввур қилаверинг. Оқсуяк ойим электромонтёр ҳамроҳлигида уйига ошиқаяпти. Ҳаммаси кўнгилдагидек.

Машина келди. Мен энди тутқичдан ушлаган эдим, қаердандир иккита гавдали йигитлар пайдо бўлишди. Улардан бири:
— Соқол, биз шошиб турибмиз! — деди. Мени четга сурмоқчи бўлди. Иккинчиси эса орқа ўриндиққа ўтирди.

Буниси энди ортиқча эди. Кун бўйи бўлиб ўтган воқеалар шундоғам асабимга теккан эди. Энди эса кўчада сурбетлик қилишаётганди. Ичимдаги бор қаҳру ғазабим юзага отилиб чиқди. Мен бутун хафагарчилигимни шулардан олмоқчи эдим.

Ҳаммаси Рая, газетадаги иккиюзламачиликлар, бўлмағур чанғичилар қалпоғи ва ҳатто акамнинг хотинларни ўзига оғдириб олиши айнан шу нуқтада жамланаётган эди.

Мен оғир вазнли курашчи Шарафутдиновнинг ўгитларини эслаб, бор куч билан қўлимни силтадим. Қўлимни силтадим-у, ерга юзтубан қуладим.

Миршабларнинг ҳуштагидан ўзимга келганимда, ахлат қутисига суяниб ўтирардим. Ўнг томонда одамлар тўдаланиб туришарди. Чап кўзим эса ҳеч нарсани кўрмасди.

Рита миршабларнинг каттасига ниманидир тушунтирарди. Уни кўрган киши, масъул лавозимда ишлайдиган кишининг хотини, мени эса ҳайдовчиси, деб ўйлаши мумкин эди. Шунинг учун бўлса керак, миршаб уни диққат билан эшитар эди.

Мен қўлларимни қорга тиқдим. Бир илож қилиб ўрнимдан турмоқчи бўлдиму, довдираб кетдим. Бахтимга, Рита югуриб келди.

Биз қайтиб лифтда тепага кўтарилдик. Уст кийимим ифлос, қараб бўлмасди.

Чанғичилар қалпоғи эса йўқ эди. Юзимнинг шилинган жойидан қон оқарди.

Рита белимдан қучоқлаб олган, мен юришга ҳаракат қилардим. Энди ростакамига унга иснод келтиришим мумкин эди. Бироқ, Рита қаттиқроқ қучоқлаб, секин шивирлади:

— Қанчалар чиройлисан-а, шумтака!

Лифт секин овоз чиқариб, сўнгги қаватда тўхтади. Биз яна олдинги хонага кирдик. Акам Галина Павловна билан ўпишишар, Софа эса унинг кўйлагидан тортиб:
— Жиннивой, ахир у онанг тенги-ку, — деб тинмай такрорларди.

Мени кўриб акам даҳшатли қичқириб юборди. Ҳатто қаёққадир қочиб қолмоқчи ҳам бўлди-ю, ўйланиб, тўхтаб қолди. Аёллар мени ўраб олишганди.

Нима бўлаётганини тушуниб бўлмасди. Туппа-тузуклик пайтимда мени назар-писанд ҳам қилишмаганди. Энди, салкам яримжон бўлганимда эса аёллар мендан нари кетишмасди. Улар гўё менинг кўзимни тузатишга қатъий қарор қилишганди.

Рита нам латта олиб келиб пешонамга босди. Галина Павловна ботинкамнинг ипларини ечди. Софа эса шимимнинг тугмаларини ечиб, ҳаммасидан ўтказиб юборди.

Акам нимадир демоқчи, ё маслаҳат бермоқчи бўлар, бироқ унга қулоқ солишмасди. Агар бирор бир таклиф айтмоқчи бўлса, аёллар жўр бўлиб:
— Жим бўл! Ароғингни ўзинг ич, консервангни ўзинг е! Сенсиз ҳам эплаймиз! Орага бир оз сукут чўкканида мен бир илож қилиб машинкачи аёлимизнинг ўлими ҳақида айтиб бердим. Бу гал улар мени жуда катта қизиқиш билан тингладилар. Галина Павловна эса ҳатто йиғлаб юборай деди:

— Эътибор қилинглар-а! Серёжанинг бир кўзи кўради. Бироқ у шу бир кўзи билан бошқалар кўролмаган нарсаларни кўра олади…
— Мен аэропортга бормайман. Биз Жароҳатларни даволаш марказига борамиз. Картина директорини эса Боря кутиб олади, — деди Рита.

— Мен уни танимайман, — деди акам.
— Ҳечқиси йўқ. Радио орқали чақиртирасан.

— Мен ахир мастман-ку?
— Нима, у ҳушёр келади, деб ўйлаяпсанми?..

Биз Рита билан Гогол кўчаси 9-уйга жойлашган Жароҳатларни даволаш марказига қараб жўнадик. Қабулхонада юзлари кўкарган бир неча одам кутиб туришар, баъзилари тинмай инграшарди.

Рита кутиб ҳам ўтирмай тўғри врачга йўналди. Унинг қимматбаҳо пўстини бу ерда ҳам иш берди.

Мен унинг қаттиқ-қаттиқ гапираётганини эшитиб турардим.
— Агар менинг хушторимнинг башарасига туширишган бўлса, мен қаерга мурожаат қилишим керак? — деди-ю қўл силкиб, мени чақирди:
— Киравер!

Врач ёнида йигирма дақиқаларча ўтирдим. Врач, жуда осон қутулибсиз, деди. Мия чайқалмаган, қорачиққа зиён етмаган экан. Кўкаргани эса бир ҳафтада тузалиб кетади, деди.

Кейин у сўради:
— Нима билан уришди — ғишт биланми?
— Туфлида, — дедим.

Врач яна сўради:
— Ҳойнаҳой, чанғичилар ботинкасидадир? Сўнг қўшиб қўйди:
— Қачон биз совет туфлисини бежирим қилиб чиқарар эканмиз?!

Хуллас, унчалик хавотир оладиган жойи йўқ эди. Энг катта йўқотиш, албатта, чанғичилар қалпоғи эди.

Уйга мен ўн икки яримларда қайтдим. Лена пичинг қилиб:
— Табриклайман, — деди.

Мен нима бўлганини айтиб бердим.
— Ҳамиша шундай бўлмағур нарсаларга илакишиб юрасан, — деди у.

Эрта тонгда яна акам қўнғироқ қилди. Кайфиятим йўқ, муҳарририятга боргим келмас, пул эса қолмаганди. Келажак худди бир саробдай туюларди.

Бунинг устига юзимга қараб бўлмас, чап томони буткул қорайиб кетган. Кўкарган жойи эса товланар эди. Кўчага чиқишни эса хаёлимга ҳам келтирмасдим. Бироқ акам қўймасди:
— Сенда зарур ишим бор. Бир муҳим иқтисодий режани амалга оширишимиз керак. Мен қарзга рангли телевизор сотиб олиб, уни бир нусхага нақд пулга пулламоқчиман. Бу билан эллик сўмга ютқазаман.

Бироқ мен нақд оладиган уч юз сўмни бир йилдан кейин тўласам ҳам бўлаверади. Тушундингми?
— Унчаликмас.

— Бу жуда оддий. Бу уч юз сўмни худди бировдан қарз олгандай бўламан. Майда-чуйда қарзларимни узаман. Иқтисодий тангликдан қутулиб, бир оз ўзимни ўнглаб оламан. Телевизор қарзини эса бир йил давомида секин узиб бораман. Тушунарлими? Донишмандлар тили билан айтадиган бўлсак, юзта майда-чуйда қарздан, битта катта қарз афзалроқ. Икки-уч кундан кўра биратўла бир йилга қарз олиш бошқа гап. Бунинг устига, танишларингдан қарз бўлганингдан кўра, давлатдан қарз бўлиш яхшироқ.

— Тушундим, — дедим, — фақат бунинг менга нима алоқаси бор?
— Сен мен билан бирга борасан.
— Менга ўзи шу етмай турганди!

— Сенинг ёрдаминг керак. Сен жуда пухта ўйлайсан. Пулни сарфлаб қўймаслигим учун кўз-қулоқ бўлиб турасан.
— Бироқ менинг юзим дабдала-ку.
— Қўйсанг-чи! Юзингга ким қараб ўтирибди. Сенга қуёшдан тўсадиган кўзойнак олиб бераман.

— Ҳозир феврал-ку?
— Фарқи йўқ. Сени Хабашистондан учиб келгандир деб ўйлашлари ҳам мумкин… Дарвоқе, юзинг нега кўкарганини одамлар билишмайди-ку. Эҳтимол, сен аёллар шаънини ҳимоя қилгандирсан?

— Аслида ҳам ўзи шундайроқ бўлганди.
— Ана кўрдингми…

Мен хотинимга муолажахонага бормоқчиман, деб баҳона қилиб чиқиб кетмоқчи бўлдим. Лена:
— Мана бир сўм, бир шиша ёғ ола кел, — деди.

Акам билан Отбоқарлар майдонида учрашдик. У мушук терили эскирган телпакда эди. Чўнтагидан қуёшдан тўсадиган кўзойнакни чиқарди. Мен унга:
— Кўзойнакнинг фойдаси йўқ. Яхшиси, телпагингни бер, — дедим.

— Телпакнинг фойдаси борми?
— Телпакда жиллақурса қулоғим совуқ қотмайди.
— Тўғри айтасан. Биз уни галма-галдан киямиз.

Биз троллейбус бекатига бордик. Акам:
— Такси тўхтатамиз. Агар биз троллейбусда борсак бу адолатдан бўлмайди. Чўнтагимиз тўла пул бўладиган бўлса. Бир сўм пулинг борми?

— Бор. Бироқ мен бир шиша ёғ олишим керак.
— Сенга пул бўлади, деб айтаяпман-ку. Агар истасанг сенга бир челак ёғ сотиб оламан?

— Челак кўплик қиладику-я, бироқ бир сўмни албатта қайтаргин.
— Шу эскирган бир сўминг чўнтагимда деб ҳисоблайвер…

Акам машина тўхтатди. Биз “Меҳмонхона ҳовлиси”га ўтиб, радиомоллар бўлимига кирдик.

Боря Миша дегани билан пештахта орқасига ўтиб кетди. Кетатуриб телпакни менга узатди.
— Сенинг навбатинг, кия қол.

Мен приёмник ва телевизорларни томоша қилганимча йигирма дақиқалар чамаси кутдим. Телпак қўлимда, афтидан ҳамма кўзимга қараётгандек эди. Агар чиройлироқ аёл ўтадиган бўлса, мен ўнг томонга бурилиб турардим.

Шу пайт акам келиб, ҳаяжон ва қувонч билан менга деди:
— Ҳаммаси жойида. Мен қарз ҳужжатларига қўл қўйдим. Ҳозиргина олувчи ҳам келди. Ҳозир унга телевизорни беришади. Кутиб тур…

Мен яна кута бошладим. Радиотоварлар бўлимидан сўнг болалар бўлимига ўтдим. Сотувчи бўлиб ишлаётган синфдошим Лев Гиршовични таниб қолдим. Лев менинг кўзимга разм солиб:
— Нима билан уришди, — деб сўради.
— Ботинкада, — жавоб қилдим.

— Нима, индамай қараб туравердингми?
— Бўлмаса-чи…

Лев менга ғалати воқеани айтиб берди. Болалар ўйинчоқлари фабрикасида катта миқдордаги давлат мулкини ўғирлаганларни ушлашибди. Ўзи юрадиган айиқлар, танклар, экскаваторлар фабрикада ўз-ўзидан йўқолиб қолаверибди. Бунинг устига катта миқдорда. Милиция бир йил изига тушса ҳам, ҳеч қандай натижа бўлмабди.

Яқинда жиноят ошкор бўлибди. Фабриканинг икки оддий ишчиси унга катта бўлмаган хандақ қазишибди. У фабрикадан бошланиб, Котовский кўчасидан чиқар экан. Ишчилар ўйинчоқларни олиб, калитини бураб ерга қўйиб юборишар экан. У ёғига айиқлар, танклар, экскаваторлар ўзи кетар экан. Фабрикадан узлуксиз равишда чиқиб турган…

Шу пайт дераза ортидаги акамга кўзим тушиб, унинг олдига бордим.

Борянинг туси бошқача. Ўзини тутишлари пулдорларга хос. Тўйган қўзичоқдек кеккайиб турарди. Гапиргиси келмай, терс бир оҳангда сўради:
— Қаёққа йўқолиб қолдинг?

Мен ҳатто у менга бегона бўлган тақдирда ҳам пул одамларни қандай ўзгартириб юборишини ўйладим.
Биз кўчага чиқдик. Акам чўнтагига уриб қўйди:
— Овқатлангани борамиз!
— Ахир қарзларимни узаман дегандинг-ку.

— Ҳа, қарзларимни узаман дегандим. Бироқ оч юрамиз демагандим. Ёнимизда уч юз ўттиз сўму, олтмиш тўрт тийин бор. Агар овқатланмасак, бу адолатдан бўлмайди. Ичиш эса шарт эмас. Ичмаймиз.
— Бир оз исидингми? Телпагимни чўз, — деди у менга.

Йўл-йўлакай у ўзича ғудурланиб борарди:
— Ҳозир танқис таомлардан буюрамиз. Танқис таомни ўлгудай яхши кўришимни билгандирсан.
— Ҳа, — дедим, — мисол учун “Столичний” ароғини.

Боря елкамдан тортди.
— Сурбет бўлма! Ароқ — бошқа нарса.

Кейин бир ғамгин оҳангда қўшиб қўйди:
— Бундай нарсаларга унчалик жиддий қарамаслик лозим…

Биз йўлакни кесиб ўтиб, кабобхонанинг олдидан чиқиб қолдик. Мен сутли таомлар ошхонасига бормоқчи бўлгандим, бироқ акам тўхтатди:
— Кабобхона — бу калтакланган танани эпақайга келтирадиган бирдан-бир жойдир…

Кабобхонада хўррандалар камчил эди. Кийим илгичда қишки пальтолар осиғлиқ турар, ичкарида эса олдига пешбанд боғлаган келишган қизлар хизмат қилиб юрарди. Мусиқа автоматидан “Каптарлар” куйи тараларди.

Кираверишда пештахтада бир неча турдаги шишалар тизилиб турар, ичкарироқдаги кичикроқ жойга стол қўйилганди.
Акам дарҳол спиртли ичимликларни суриштира бошлади.

Мен уни тўхтатмоқчи бўлдим.
— Берган ваъдангни унутма.

— Мен нима дегандим! Мен, ичмаймиз, яъни ошиқча ичмаймиз, дегандим. Стаканлаб ичиш шарт эмас. Биз ахир зиёли одамлармиз. Шунчаки кайфият учун оз-оздан ичамиз. Агар умуман ичмайдиган бўлсак бу адолатдан бўлмайди.

Акам ярим литр арман конягини буюрди.

Мен:
— Бир сўм бер. Бир шиша ёғ сотиб олишим керак, — дедим.

Унинг жаҳли чиқди:
— Бундай пасткаш бўлма. Ҳозир бир сўмим йўқ, ҳаммаси ўнталик. Майдалайин, кейин сенга бир дунё ёғ сотиб оламиз…

Ечинар экан, телпакни менга тутди:
— Ма, ушла, сенинг навбатинг.

Биз бурчакка ўтирдик.
Бундан кейинги воқеалар шиддатли тус олди. Кабобхонадан чиқиб, “Астория”га бордик. У ердан чиқиб — музда балет ўйнайдиган танишларимизникига. Танишларимизникидан чиқиб, журналистлар уюшмасининг барига қараб жўнадик. Қаерга бормайлик акам тинмай такрорларди:

— Агар биз ҳозир тўхтасак, бу адолатдан бўлмайди. Илгари пулимиз йўқлигида ҳам ичар эдик. Энди эса пул борида ичмаслик ғирт аҳмоқлик бўлади…

Ҳар гал навбатдаги ресторанга кирар эканмиз, Боря менга телпагини узатарди. Кўчага чиққанимизда эса, ундан миннатдор бўлиб мен телпакни қайтариб берардим.

Кейин у Рилеев кўчасидаги театр дўконига кириб — Буратинонинг тасқара ниқобини сотиб олди. Шу ниқобни кийиб мен “Ёшлик” барининг ёнида бир соат ўтиришимга тўғри келди. Бу вақтга келиб кўзимнинг кўкаргани газак ола бошлаганди.

Кечга бориб акам шилқимлик қилгиси келиб қолди. Унинг ким биландир муштлашгиси келарди.

Тўғрироғи, кеча мени калтаклаганларнинг ҳақини бермоқчи эди. Боряга гўё кўпчиликнинг орасида ҳам уларни бемалол таниш мумкиндек эди.
— Ахир, — дедим, — сен уларни кўрганинг йўқ-ку?
— Сенинг-ча, нима, ҳис қилиш мумкин эмасми?..

У нотаниш кишиларга тегажоқлик қила бошлади. Бахтимизга, ҳамма ўзини олиб қочарди. Бироқ, “Атторлик” дўкони ёнида бир баҳайбат нусханинг жаҳли чиқди.

У қўрқмади, аксинча:
— Арақхўр жуҳудни биринчи кўришим! — деди.

Акам бирдан ҳушёр тортди. Гўё умр бўйи бундан ортиқроқ ҳақорат эшитмагандек эди. Бунинг устига у жуҳуд ҳам эмасди. Жуҳуд қайсидир маънода мен эдим. Қисмат шундай бўлган, оиламиз тарихи жуда чалкаш эди. Гапириш ортиқча…

Дарвоқе қизлиқдаги фамилияси Файнцимлер бўлган Борянинг хотини, доим бир гапни такрорлашни яхши кўрарди: “Боря менинг қонимни ичавериб охири жуҳуд бўлди”.

Илгарилари мен Борядаги худди кавказликларга хос ватанпарварликни кўрмагандим. Ҳозир у ҳатто грузинча лахчада гапира бошлади.
— Мен — жуҳудманми? Демак, мен сенингча жуҳуд эканман-да? Ранжитаяпсан, биродор!..

Хуллас, улар дарвоза ортига, чеккароққа ўтишадиган бўлишди. Мен унга:
— Бас қил, одамларни ўз ҳолига қўй. Юр кетдик, — дедим.

Бироқ, акам бурчакка қайрилиб, менга қичқирди.
— Кетмайтур. Агар миршаблар келса, ҳуштак чал…

Дарвоза ортида нима бўлаётгани менга қоронғу эди. Фақат ўтаётган йўловчиларнинг ура қочиб қолаётганликларини кўриб турардим.

Бир неча дақиқадан сўнг акам пайдо бўлди. Пастки лаби ёрилиб кетганди. Қўлида эса яп-янги мушук терили телпак… Биз тез-тез юриб, Владимир майдонига қараб кетдик.

Боря нафас ростлаб, киноя қила бошлади:
— Мен унинг башарасига туширдим. У меникига, унинг телпаги тушиб кетди. Сўнг меники тушди. Қарасам, телпаги янгироқ экан, шарт эгилдим-да, телпагини олдим. У эса, албатта меникига ёпишди.

Мен уни сўкдим. У мени сўкди. Кейин тарқалишдик. Бу телпакни эса сенга бераман, ола қол.
— Яхшиси, бир шиша ёғ сотиб олиб бер.
— Албатта, — жавоб қилди у, — фақат олдин ичмасак бўлмайди. Микробларни тозалаш учун.

Гапига ишонтириш учун ёрилган лабига ишора қилди…

Уйга ярим тунда бордим. Лена ҳатто қаерда эдинг, деб сўрамади ҳам, фақат у:
— Ёғ қани? — деб сўради.

Мен нимадир деб ўзимча ғудурландим.
— Дўстларинг доим сенинг пулингга ичишади!
— Бироқ, — дедим мен, — энди янги телпакли бўлдим.

Мен яна нима ҳам дердим?

Ювиниш хонасида эса хотинимнинг тинмай жавраётгани эшитилиб турарди:
— Эй, худойим, охири нима билан тугар экан-а? Охири нима бўлар экан?..

Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

055

Sergey DOVLATOV
QISHKI TELPAK
«Chemodan»dan sakkizinchi hikoya
034

Noyabr` oyi bayramlarida Leningradda qattiq sovuq bo’ldi. Muharririyatga otlanar ekanman, qaysidir mehmon unutib qoldirgan, chang’ichilar shapkasini boshimga kiyib oldim. Bo’lar, deya o’yladim, buning ustiga oynaga qaramay qo’yganimga ham o’n besh yilcha bo’lgandi. Muharririyatga har doimgidek qirq daqiqalar chamasi kechikib kelaman. Shunga muvofiq qat`iy va dadil ko’rinishga harakat qilaman.

Adabiy xodimlarning xonasida vaziyat juda qayg’uli edi. Vorob`ev — tinmay chekar, Sidorovskiy ko’zlarini bir nuqtaga qadagancha o’tirardi. Delyukin telefonda shivirlab gaplashar, Mila Doroshenkoning ko’zlari esa yig’idan qizarib ketgandi.

— Salom, — deyman. — Nega buncha g’amginsizlar. Tuzum maddohlari?!

Hamma jim. Faqat Sidorovskiy xo’mrayib javob qiladi:
— Sening surbetligingni, Dovlatov, cheki-chegarasi yo’q.

Aniq, o’yladim o’zimcha, nimadir bo’lganga o’xshaydi. Ehtimol, hammamizni ishdan olishgandir?..
— Kimga motam bu, — so’radim, — marhum qani?
— Kuybishev o’likxonasida, — javob berdi Sidorovskiy. — Ko’mish marosimi ertaga.

Hali ham anglolmadim. Nihoyat, Delyukin yana avvalgiday shivirlab gapga qo’shildi:
— Raisa uch quti nembutalni yeb zaharlanib o’libdi.
— Shundaymi, — dedim, — tushunarli. Jonidan to’ydirib yuborishgan!..

Raisa bizda mashinkachi, buning ustiga o’z kasbini yaxshi biladiganlardan edi.

U tez yozar, hatto qarab ham o’tirmas, xatolarni esa yo’l-yo’lakay to’g’rilab ketaverardi.

To’g’ri, Raisa ko’proq qog’ozdagi xatolarni to’g’rilar, hayotda esa tinmay xato qilardi.

Oqibatda u biror-bir diplom ham ololmagan. Bu kamlik qilganday, yigirma besh yoshida yolg’iz ayolga aylangan. Nihoyat, o’zining eski antisemit aqidalari bilan Raisa ishlab chiqarish gazetasiga kelib qolgandi.

Asli yahudiy bo’lgani uchun bunga ko’nikolmasdi. U har xil bo’yoqlarni yuziga chaplab, goh ichib, tinmay muharrirning g’ashiga tegardi. Xullas, o’zining yahudiy ayoli ekani bilan qanoatlanmas,
sira haddini bilmasdi.

Raisaga ham boshqa somlar kabi munosabatda bo’lish mumkin edi. Biroq u o’zini bir oz bosiqroq tutishi, ya’ni, o’zini chuqur fikrli, oddiy va bir oz aybdordek tutsa bo’ldi edi. U esa xristianlikka xos bo’lgan zaifaligini tinmay namoyish qilardi.

Oktyabrdan e’tiboran Raisani eza boshlashdi. Uni ishdan bo’shatish uchun biror-bir asos bo’lishi kerak edi. Buning uchun uch yoki to’rtta hayfsanning o’zi kifoya qilardi.

Muharrir Bogomolov harakatga tushgan, u Raisani qo’pollikda ayblagandi. Ertalablari qo’lida soat bilan Rayani eshik oldida kutlar, uni biror-bir ish ustida qo’lga tushirishni, hech bo’lmasa muharririyatga ichib kelishini poylardi.

Buning hammasi churq etib og’iz ocholmagan atrofdagilarning ko’zi o’ngida yuz berdi. Zero, bizdagi erkaklarning hammasi Raisaga ilakishib yurishar, u muharririyatimizdagi birdan-bir boshi ochiq ayol edi.

Mana, nihoyat Raya ham zaharlandi. Uzzukun hamma qayg’uli va jiddiy bir kayfiyatda yurdi. Sekin, shivirlashib gaplashishardi. Fan bo’limidagi Vorob`ev menga ko’ngil yorib qoldi:
— Men juda qo’rqib ketayapman! Qariya! Tushun, qo’rqib ketayapman! Bizning munosabatimiz shu darajada chalkash va murakkab ediki, asti qo’yaverasan. Misoli, ming bir kechadagiday… Bilasanmi, men uylanganman, Raya esa, o’ziga yarasha fe’li bor edi… Har xil tushunmovchiliklar shundan… Sen meni tushunsang kerak?.. Oshxonada esa yonimga Delyukin kelib o’tirdi. Uning iyagidan tuxumning sarig’i ketmagandi.

— Raisa-ya? O’zing o’yla! U, — dedi u, — hali yosh, sog’lom ayol bo’lsa!
— Ha, — dedim, — dahshat.

— Dahshat… Axir biz Raya bilan shunchaki do’st emasdik. Nima deyayotganimni, anglayotgan bo’lsang kerak. Bizning munosabatimiz g’alati-da, tushunarsiz edi. Men tajribali, romantik, bir odam edim. Raya esa aqidaparastligini qo’ymasdi. Ba’zi narsalarni turlicha tushunardik…

Hatto bizning fel`etonchimiz Sidorovskiy ham meni to’xtatdi:
— To’g’ri tushun, men dinparast emasman, biroq o’zini-o’zi o’ldirish bu gunoh-ku! Biz kim bo’libmizki, o’zimizning hayotimizga hukm chiqarsak?! Raisa bunday qilmasligi kerak edi. Muharririyatimizni qanday uyatga qo’yishini hech o’yladimikan?!

Birdan ko’nglim behuzur bo’la boshladi. Hatto bu shu darajaga yetdiki, boshim ham og’riy boshladi. Men ishdan ketishni, to’g’rirog’i, tushlikdan so’ng o’zimning qog’ozlarimni olish uchun ham qaytib muharririyatga bormay, hech kimga hech narsa demay, indamay ketvorishni o’yladim. Xuddi shunday qilish kerak, ko’chani kesib o’tib, avtobusga o’tirish… Xo’sh, keyin-chi? Keyin nima bo’lsa bo’lar, uning ahamiyati yo’q. Faqat temir printsipli, yolg’ondakam ko’tarinki ruhli, birodarlik haqidagi orzulari amalga oshmas muharririyatdan tezroq ketish kerak edi…

Men katta akamga qo’ng’iroq qildim. Biz Tavricheskiy oziq-ovqat do’koni yonida uchrashdik. Kerakli narsalarni sotib olgach, Borya:
— “Sovetskaya” mehmonxonasiga ketdik, u yerda meni L`vovdan kelgan o’rtoqlarim kutishayapti, — dedi.

O’rtoqlari nisbatan yosh ayollar ekan. Ularni — Sofa, Rita va Galina Pavlovna deb atashar ekan. Ular suratga olayotgan hujjatli fil`m “Kuchli ohang” deb atalar ekan. Unda gap cho’chqalarning to’yimli ozuqasi haqida borardi.

“Sovetlar” mehmonxonasini olti yil oldin qurishgandi. Dastlab bu yerda chet elliklar yashashdi. Keyin ularni birdan boshqa yoqqa ko’chirishdi. Gap shunda ediki, oxirgi qavatning derazasidan “Admiralteets” kemasozlik zavodining sexlarini bemalol suratga olish mumkin edi.

Ba’zi tili qichiganlar uni “Sovetlar”niki emas, “Antisovetlar”niki deb nomlashgandi…

Suratga olish guruhi ayollari menga ma’qul bo’ldi. Ular qat`iy va chaqqon harakat qilishardi. Kursilar keltirishdi, idishlarni va qadahlarni olishdi, kolbasani kesishdi. Ya’ni dam olib, ko’ngil ochish uchun dasturxonga nima zarur bo’lsa, borini muhayyo qilishdi. Hatto Sofa tirnoq oladigan qaychida konserva ham ochdi. Akam:
— Qani oldik! — dedi.

U ichib, qizargach, pidjagini yechib qo’ydi. Men ham yechinmoqchi edim, biroq Rita meni to’xtatdi-da:
— Limonadga tushib keling, — dedi.

Men oshxonaga tushib, uch daqiqadan so’ng qaytib keldim. Bu vaqt orasida ayollar uchalasi baravariga akamni yalab-yulqab bo’lishgandi. Buning ustiga ularning munosabati menga og’ir botardi. Agar dudlangan baliqqa qo’l uzatsam, Sofa:

— Nima uchun kil`kidan yemayapsiz? Dudlanganini Borya yaxshi ko’radi! — derdi. Agar o’zimga aroq quyadigan bo’lsam, Rita tashvishlangan ohangda:
— “Moskovskiy”dan iching. Borya “Stolichnaya”dan boshqasini yoqtirmaydi! » — derdi.

Hatto bosiqroq ko’ringan Galina Pavlovna ham gapga aralashdi:
— “Avrora”dan cheking. Chet elniki Boryaga yoqadi.
— Menga ham, — dedim, — chet elniki yoqadi.
— Oliftagarchilikni qarang, — achchiqlandi Galina Petrovna.

Akamning og’zidan nima chiqmasin, ayollar o’zlarini tutolmay xaxolab kulishardi. Misol uchun, qovoqli achchiq-chuchikdan yeya turib, akam:
— Menimcha, bu taom yeb bo’lingandi, — deyishi bilan ayollar gurra kulishardi. Men, bizning mashinistka ayolimiz zaharlanib o’libdi, deb gap boshlaganimda, hammasi birdaniga:
— Bas qiling!.. — deb baqirishdi.

Oradan ikki soatlar chamasi o’tdi. Men oxir-oqibat ayollar akamni talashib, bir-biri bilan urishib qolishadi, degan umidda edim. Aksincha ular, keksa musulmonning xotinlariga o’xshab, juda ahil edilar.

Borya kinoakterlar to’g’risida mish-mishlarni aytib berdi. Bo’lmag’ur qo’shiqlarni aytdi. Kayfi oshib Galina Pavlovnaning tugmalarini yechdi. Men nima qilishimni bilmay, kechagi gazetani varaqlay boshladim.

Keyin Rita:
— Men aeroportga borishim kerak. Kartina direktorini kutib olishim kerak. Sergey, siz men bilan borasiz, — dedi.

Ana senga, o’yladim men. Dudlangan baliqni Borya yeydi, “Jebel”ni Borya chekadi. “Stolichniy”ni Borya ichadi. Bu eski kalishni esa men kuzatib qo’yar ekanman-da?
— Bora qol, baribir gazeta o’qiyapsan-ku, — dedi akam.

— Bo’pti, — dedim. — Ketdik. Haqoratlangandan keyin oxirigacha bo’lsin-da. Men chang’ichilar shapkasini boshimga kiydim. Rita po’stinni yelkasiga tashlab oldi. Liftda pastga tushib, taksi bekatiga keldik.

Qorong’i tusha boshlagan, qor bosib yog’ardi. G’ira-g’ira qorong’ilikda Mashinalarning chiroqlari yonib kelardi.

Bekatga biz birinchi bo’lib keldik. Rita yo’l bo’yi og’iz ochmasdan, faqat bir marta:
— Xuddi yalangoyoqlarday kiyinib olibsiz, — dedi.

Men shunday javob berdim:
— Hechqisi yo’q. Meni yo montyor, yo suv quvuri xizmatchisi, deb tasavvur qilavering. Oqsuyak oyim elektromontyor hamrohligida uyiga oshiqayapti. Hammasi ko’ngildagidek.

Mashina keldi. Men endi tutqichdan ushlagan edim, qaerdandir ikkita gavdali yigitlar paydo bo’lishdi. Ulardan biri:
— Soqol, biz shoshib turibmiz! — dedi. Meni chetga surmoqchi bo’ldi. Ikkinchisi esa orqa o’rindiqqa o’tirdi.

Bunisi endi ortiqcha edi. Kun bo’yi bo’lib o’tgan voqealar shundog’am asabimga tekkan edi. Endi esa ko’chada surbetlik qilishayotgandi. Ichimdagi bor qahru g’azabim yuzaga otilib chiqdi. Men butun xafagarchiligimni shulardan olmoqchi edim.

Hammasi Raya, gazetadagi ikkiyuzlamachiliklar, bo’lmag’ur chang’ichilar qalpog’i va hatto akamning xotinlarni o’ziga og’dirib olishi aynan shu nuqtada jamlanayotgan edi.

Men og’ir vaznli kurashchi Sharafutdinovning o’gitlarini eslab, bor kuch bilan qo’limni siltadim. Qo’limni siltadim-u, yerga yuztuban quladim.

Mirshablarning hushtagidan o’zimga kelganimda, axlat qutisiga suyanib o’tirardim. O’ng tomonda odamlar to’dalanib turishardi. Chap ko’zim esa hech narsani ko’rmasdi.

Rita mirshablarning kattasiga nimanidir tushuntirardi. Uni ko’rgan kishi, mas’ul lavozimda ishlaydigan kishining xotini, meni esa haydovchisi, deb o’ylashi mumkin edi. Shuning uchun bo’lsa kerak, mirshab uni diqqat bilan eshitar edi.

Men qo’llarimni qorga tiqdim. Bir iloj qilib o’rnimdan turmoqchi bo’ldimu, dovdirab ketdim. Baxtimga, Rita yugurib keldi.

Biz qaytib liftda tepaga ko’tarildik. Ust kiyimim iflos, qarab bo’lmasdi.

Chang’ichilar qalpog’i esa yo’q edi. Yuzimning shilingan joyidan qon oqardi.

Rita belimdan quchoqlab olgan, men yurishga harakat qilardim. Endi rostakamiga unga isnod keltirishim mumkin edi. Biroq, Rita qattiqroq quchoqlab, sekin shivirladi:

— Qanchalar chiroylisan-a, shumtaka!

Lift sekin ovoz chiqarib, so’nggi qavatda to’xtadi. Biz yana oldingi xonaga kirdik. Akam Galina Pavlovna bilan o’pishishar, Sofa esa uning ko’ylagidan tortib:
— Jinnivoy, axir u onang tengi-ku, — deb tinmay takrorlardi.

Meni ko’rib akam dahshatli qichqirib yubordi. Hatto qayoqqadir qochib qolmoqchi ham bo’ldi-yu, o’ylanib, to’xtab qoldi. Ayollar meni o’rab olishgandi.

Nima bo’layotganini tushunib bo’lmasdi. Tuppa-tuzuklik paytimda meni nazar-pisand ham qilishmagandi. Endi, salkam yarimjon bo’lganimda esa ayollar mendan nari ketishmasdi. Ular go’yo mening ko’zimni tuzatishga qat’iy qaror qilishgandi.

Rita nam latta olib kelib peshonamga bosdi. Galina Pavlovna botinkamning iplarini yechdi. Sofa esa shimimning tugmalarini yechib, hammasidan o’tkazib yubordi.

Akam nimadir demoqchi, yo maslahat bermoqchi bo’lar, biroq unga quloq solishmasdi. Agar biror bir taklif aytmoqchi bo’lsa, ayollar jo’r bo’lib:
— Jim bo’l! Arog’ingni o’zing ich, konservangni o’zing ye! Sensiz ham eplaymiz! Oraga bir oz sukut cho’kkanida men bir iloj qilib mashinkachi ayolimizning o’limi haqida aytib berdim. Bu gal ular meni juda katta qiziqish bilan tingladilar. Galina Pavlovna esa hatto yig’lab yuboray dedi:

— E’tibor qilinglar-a! Seryojaning bir ko’zi ko’radi. Biroq u shu bir ko’zi bilan boshqalar ko’rolmagan narsalarni ko’ra oladi…
— Men aeroportga bormayman. Biz Jarohatlarni davolash markaziga boramiz. Kartina direktorini esa Borya kutib oladi, — dedi Rita.

— Men uni tanimayman, — dedi akam.
— Hechqisi yo’q. Radio orqali chaqirtirasan.

— Men axir mastman-ku?
— Nima, u hushyor keladi, deb o’ylayapsanmi?..

Biz Rita bilan Gogol ko’chasi 9-uyga joylashgan Jarohatlarni davolash markaziga qarab jo’nadik. Qabulxonada yuzlari ko’kargan bir necha odam kutib turishar, ba’zilari tinmay ingrashardi.

Rita kutib ham o’tirmay to’g’ri vrachga yo’naldi. Uning qimmatbaho po’stini bu yerda ham ish berdi.

Men uning qattiq-qattiq gapirayotganini eshitib turardim.
— Agar mening xushtorimning basharasiga tushirishgan bo’lsa, men qaerga murojaat qilishim kerak? — dedi-yu qo’l silkib, meni chaqirdi:
— Kiraver!

Vrach yonida yigirma daqiqalarcha o’tirdim. Vrach, juda oson qutulibsiz, dedi. Miya chayqalmagan, qorachiqqa ziyon yetmagan ekan. Ko’kargani esa bir haftada tuzalib ketadi, dedi.

Keyin u so’radi:
— Nima bilan urishdi — g’isht bilanmi?
— Tuflida, — dedim.

Vrach yana so’radi:
— Hoynahoy, chang’ichilar botinkasidadir? So’ng qo’shib qo’ydi:
— Qachon biz sovet tuflisini bejirim qilib chiqarar ekanmiz?!

Xullas, unchalik xavotir oladigan joyi yo’q edi. Eng katta yo’qotish, albatta, chang’ichilar qalpog’i edi.

Uyga men o’n ikki yarimlarda qaytdim. Lena piching qilib:
— Tabriklayman, — dedi.

Men nima bo’lganini aytib berdim.
— Hamisha shunday bo’lmag’ur narsalarga ilakishib yurasan, — dedi u.

Erta tongda yana akam qo’ng’iroq qildi. Kayfiyatim yo’q, muharririyatga borgim kelmas, pul esa qolmagandi. Kelajak xuddi bir sarobday tuyulardi.

Buning ustiga yuzimga qarab bo’lmas, chap tomoni butkul qorayib ketgan. Ko’kargan joyi esa tovlanar edi. Ko’chaga chiqishni esa xayolimga ham keltirmasdim. Biroq akam qo’ymasdi:
— Senda zarur ishim bor. Bir muhim iqtisodiy rejani amalga oshirishimiz kerak. Men qarzga rangli televizor sotib olib, uni bir nusxaga naqd pulga pullamoqchiman. Bu bilan ellik so’mga yutqazaman.

Biroq men naqd oladigan uch yuz so’mni bir yildan keyin to’lasam ham bo’laveradi. Tushundingmi?
— Unchalikmas.

— Bu juda oddiy. Bu uch yuz so’mni xuddi birovdan qarz olganday bo’laman. Mayda-chuyda qarzlarimni uzaman. Iqtisodiy tanglikdan qutulib, bir oz o’zimni o’nglab olaman. Televizor qarzini esa bir yil davomida sekin uzib boraman. Tushunarlimi? Donishmandlar tili bilan aytadigan bo’lsak, yuzta mayda-chuyda qarzdan, bitta katta qarz afzalroq. Ikki-uch kundan ko’ra birato’la bir yilga qarz olish boshqa gap. Buning ustiga, tanishlaringdan qarz bo’lganingdan ko’ra, davlatdan qarz bo’lish yaxshiroq.

— Tushundim, — dedim, — faqat buning menga nima aloqasi bor?
— Sen men bilan birga borasan.
— Menga o’zi shu yetmay turgandi!

— Sening yordaming kerak. Sen juda puxta o’ylaysan. Pulni sarflab qo’ymasligim uchun ko’z-quloq bo’lib turasan.
— Biroq mening yuzim dabdala-ku.
— Qo’ysang-chi! Yuzingga kim qarab o’tiribdi. Senga quyoshdan to’sadigan ko’zoynak olib beraman.

— Hozir fevral-ku?
— Farqi yo’q. Seni Xabashistondan uchib kelgandir deb o’ylashlari ham mumkin… Darvoqe, yuzing nega ko’karganini odamlar bilishmaydi-ku. Ehtimol, sen ayollar sha’nini himoya qilgandirsan?

— Aslida ham o’zi shundayroq bo’lgandi.
— Ana ko’rdingmi…

Men xotinimga muolajaxonaga bormoqchiman, deb bahona qilib chiqib ketmoqchi bo’ldim. Lena:
— Mana bir so’m, bir shisha yog’ ola kel, — dedi.

Akam bilan Otboqarlar maydonida uchrashdik. U mushuk terili eskirgan telpakda edi. Cho’ntagidan quyoshdan to’sadigan ko’zoynakni chiqardi. Men unga:
— Ko’zoynakning foydasi yo’q. Yaxshisi, telpagingni ber, — dedim.

— Telpakning foydasi bormi?
— Telpakda jillaqursa qulog’im sovuq qotmaydi.
— To’g’ri aytasan. Biz uni galma-galdan kiyamiz.

Biz trolleybus bekatiga bordik. Akam:
— Taksi to’xtatamiz. Agar biz trolleybusda borsak bu adolatdan bo’lmaydi. Cho’ntagimiz to’la pul bo’ladigan bo’lsa. Bir so’m puling bormi?

— Bor. Biroq men bir shisha yog’ olishim kerak.
— Senga pul bo’ladi, deb aytayapman-ku. Agar istasang senga bir chelak yog’ sotib olaman?

— Chelak ko’plik qiladiku-ya, biroq bir so’mni albatta qaytargin.
— Shu eskirgan bir so’ming cho’ntagimda deb hisoblayver…

Akam mashina to’xtatdi. Biz “Mehmonxona hovlisi”ga o’tib, radiomollar bo’limiga kirdik.

Borya Misha degani bilan peshtaxta orqasiga o’tib ketdi. Ketaturib telpakni menga uzatdi.
— Sening navbating, kiya qol.

Men priyomnik va televizorlarni tomosha qilganimcha yigirma daqiqalar chamasi kutdim. Telpak qo’limda, aftidan hamma ko’zimga qarayotgandek edi. Agar chiroyliroq ayol o’tadigan bo’lsa, men o’ng tomonga burilib turardim.

Shu payt akam kelib, hayajon va quvonch bilan menga dedi:
— Hammasi joyida. Men qarz hujjatlariga qo’l qo’ydim. Hozirgina oluvchi ham keldi. Hozir unga televizorni berishadi. Kutib tur…

Men yana kuta boshladim. Radiotovarlar bo’limidan so’ng bolalar bo’limiga o’tdim. Sotuvchi bo’lib ishlayotgan sinfdoshim Lev Girshovichni tanib qoldim. Lev mening ko’zimga razm solib:
— Nima bilan urishdi, — deb so’radi.
— Botinkada, — javob qildim.

— Nima, indamay qarab turaverdingmi?
— Bo’lmasa-chi…

Lev menga g’alati voqeani aytib berdi. Bolalar o’yinchoqlari fabrikasida katta miqdordagi davlat mulkini o’g’irlaganlarni ushlashibdi. O’zi yuradigan ayiqlar, tanklar, ekskavatorlar fabrikada o’z-o’zidan yo’qolib qolaveribdi. Buning ustiga katta miqdorda. Militsiya bir yil iziga tushsa ham, hech qanday natija bo’lmabdi.

Yaqinda jinoyat oshkor bo’libdi. Fabrikaning ikki oddiy ishchisi unga katta bo’lmagan xandaq qazishibdi. U fabrikadan boshlanib, Kotovskiy ko’chasidan chiqar ekan. Ishchilar o’yinchoqlarni
olib, kalitini burab yerga qo’yib yuborishar ekan. U yog’iga ayiqlar, tanklar, ekskavatorlar o’zi ketar ekan. Fabrikadan uzluksiz ravishda chiqib turgan…

Shu payt deraza ortidagi akamga ko’zim tushib, uning oldiga bordim.

Boryaning tusi boshqacha. O’zini tutishlari puldorlarga xos. To’ygan qo’zichoqdek kekkayib turardi. Gapirgisi kelmay, ters bir ohangda so’radi:
— Qayoqqa yo’qolib qolding?

Men hatto u menga begona bo’lgan taqdirda ham pul odamlarni qanday o’zgartirib yuborishini o’yladim.
Biz ko’chaga chiqdik. Akam cho’ntagiga urib qo’ydi:
— Ovqatlangani boramiz!
— Axir qarzlarimni uzaman deganding-ku.

— Ha, qarzlarimni uzaman degandim. Biroq och yuramiz demagandim. Yonimizda uch yuz o’ttiz so’mu, oltmish to’rt tiyin bor. Agar ovqatlanmasak, bu adolatdan bo’lmaydi. Ichish esa shart emas. Ichmaymiz.
— Bir oz isidingmi? Telpagimni cho’z, — dedi u menga.

Yo’l-yo’lakay u o’zicha g’udurlanib borardi:
— Hozir tanqis taomlardan buyuramiz. Tanqis taomni o’lguday yaxshi ko’rishimni bilgandirsan.
— Ha, — dedim, — misol uchun “Stolichniy” arog’ini.

Borya yelkamdan tortdi.
— Surbet bo’lma! Aroq — boshqa narsa.

Keyin bir g’amgin ohangda qo’shib qo’ydi:
— Bunday narsalarga unchalik jiddiy qaramaslik lozim…

Biz yo’lakni kesib o’tib, kabobxonaning oldidan chiqib qoldik. Men sutli taomlar oshxonasiga bormoqchi bo’lgandim, biroq akam to’xtatdi:
— Kabobxona — bu kaltaklangan tanani epaqayga keltiradigan birdan-bir joydir…

Kabobxonada xo’rrandalar kamchil edi. Kiyim ilgichda qishki pal`tolar osig’liq turar, ichkarida esa oldiga peshband bog’lagan kelishgan qizlar xizmat qilib yurardi. Musiqa avtomatidan “Kaptarlar” kuyi taralardi.

Kiraverishda peshtaxtada bir necha turdagi shishalar tizilib turar, ichkariroqdagi kichikroq joyga stol qo’yilgandi.
Akam darhol spirtli ichimliklarni surishtira boshladi.

Men uni to’xtatmoqchi bo’ldim.
— Bergan va’dangni unutma.

— Men nima degandim! Men, ichmaymiz, ya’ni oshiqcha ichmaymiz, degandim. Stakanlab ichish shart emas. Biz axir ziyoli odamlarmiz. Shunchaki kayfiyat uchun oz-ozdan ichamiz. Agar umuman ichmaydigan bo’lsak bu adolatdan bo’lmaydi.

Akam yarim litr arman konyagini buyurdi.

Men:
— Bir so’m ber. Bir shisha yog’ sotib olishim kerak, — dedim.

Uning jahli chiqdi:
— Bunday pastkash bo’lma. Hozir bir so’mim yo’q, hammasi o’ntalik. Maydalayin, keyin senga bir dunyo yog’ sotib olamiz…

Yechinar ekan, telpakni menga tutdi:
— Ma, ushla, sening navbating.

Biz burchakka o’tirdik.
Bundan keyingi voqealar shiddatli tus oldi. Kabobxonadan chiqib, “Astoriya”ga bordik. U yerdan chiqib — muzda balet o’ynaydigan tanishlarimiznikiga. Tanishlarimiznikidan chiqib, jurnalistlar uyushmasining bariga qarab jo’nadik. Qaerga bormaylik akam tinmay takrorlardi:

— Agar biz hozir to’xtasak, bu adolatdan bo’lmaydi. Ilgari pulimiz yo’qligida ham ichar edik. Endi esa pul borida ichmaslik g’irt ahmoqlik bo’ladi…

Har gal navbatdagi restoranga kirar ekanmiz, Borya menga telpagini uzatardi. Ko’chaga chiqqanimizda esa, undan minnatdor bo’lib men telpakni qaytarib berardim.

Keyin u Rileev ko’chasidagi teatr do’koniga kirib — Buratinoning tasqara niqobini sotib oldi. Shu niqobni kiyib men “Yoshlik” barining yonida bir soat o’tirishimga to’g’ri keldi. Bu vaqtga kelib ko’zimning ko’kargani gazak ola boshlagandi.

Kechga borib akam shilqimlik qilgisi kelib qoldi. Uning kim bilandir mushtlashgisi kelardi.

To’g’rirog’i, kecha meni kaltaklaganlarning haqini bermoqchi edi. Boryaga go’yo ko’pchilikning orasida ham ularni bemalol tanish mumkindek edi.
— Axir, — dedim, — sen ularni ko’rganing yo’q-ku?
— Sening-cha, nima, his qilish mumkin emasmi?..

U notanish kishilarga tegajoqlik qila boshladi. Baxtimizga, hamma o’zini olib qochardi. Biroq, “Attorlik” do’koni yonida bir bahaybat nusxaning jahli chiqdi.

U qo’rqmadi, aksincha:
— Araqxo’r juhudni birinchi ko’rishim! — dedi.

Akam birdan hushyor tortdi. Go’yo umr bo’yi bundan ortiqroq haqorat eshitmagandek edi. Buning ustiga u juhud ham emasdi. Juhud qaysidir ma’noda men edim. Qismat shunday bo’lgan, oilamiz tarixi juda chalkash edi. Gapirish ortiqcha…

Darvoqe qizliqdagi familiyasi Fayntsimler bo’lgan Boryaning xotini, doim bir gapni takrorlashni yaxshi ko’rardi: “Borya mening qonimni ichaverib oxiri juhud bo’ldi”.

Ilgarilari men Boryadagi xuddi kavkazliklarga xos vatanparvarlikni ko’rmagandim. Hozir u hatto gruzincha laxchada gapira boshladi.
— Men — juhudmanmi? Demak, men seningcha juhud ekanman-da? Ranjitayapsan, birodor!..

Xullas, ular darvoza ortiga, chekkaroqqa o’tishadigan bo’lishdi. Men unga:
— Bas qil, odamlarni o’z holiga qo’y. Yur ketdik, — dedim.

Biroq, akam burchakka qayrilib, menga qichqirdi.
— Ketmaytur. Agar mirshablar kelsa, hushtak chal…

Darvoza ortida nima bo’layotgani menga qorong’u edi. Faqat o’tayotgan yo’lovchilarning ura qochib qolayotganliklarini ko’rib turardim.

Bir necha daqiqadan so’ng akam paydo bo’ldi. Pastki labi yorilib ketgandi. Qo’lida esa yap-yangi mushuk terili telpak… Biz tez-tez yurib, Vladimir maydoniga qarab ketdik.

Borya nafas rostlab, kinoya qila boshladi:
— Men uning basharasiga tushirdim. U menikiga, uning telpagi tushib ketdi. So’ng meniki tushdi. Qarasam, telpagi yangiroq ekan, shart egildim-da, telpagini oldim. U esa, albatta menikiga yopishdi.

Men uni so’kdim. U meni so’kdi. Keyin tarqalishdik. Bu telpakni esa senga beraman, ola qol.
— Yaxshisi, bir shisha yog’ sotib olib ber.
— Albatta, — javob qildi u, — faqat oldin ichmasak bo’lmaydi. Mikroblarni tozalash uchun.

Gapiga ishontirish uchun yorilgan labiga ishora qildi…

Uyga yarim tunda bordim. Lena hatto qaerda eding, deb so’ramadi ham, faqat u:
— Yog’ qani? — deb so’radi.

Men nimadir deb o’zimcha g’udurlandim.
— Do’stlaring doim sening pulingga ichishadi!
— Biroq, — dedim men, — endi yangi telpakli bo’ldim.

Men yana nima ham derdim?

Yuvinish xonasida esa xotinimning tinmay javrayotgani eshitilib turardi:
— Ey, xudoyim, oxiri nima bilan tugar ekan-a? Oxiri nima bo’lar ekan?..

Ortiqboy Abdullaev tarjimasi

055

(Tashriflar: umumiy 422, bugungi 1)

Izoh qoldiring