Sergey Dovlatov. Chemodan. Yettinchi hikoya: Haydovchi qo’lqopi

004 Г   азетадагилар ундан ҳайиқишарди. Шлиппенбах жуда қўрс одам эди. Эҳтимол бу швед генераллари бўлмиш аждодларидан ўтган бир хислатдир. Бироқ ён беришни, пастга тушишни у сира-сира ёқтирмасди. Эсимда, Матюшкин деган кекса журналист вафот этганди. Дафн маросимига пул йиға бошлаганлардан бири Шлиппенбаҳдан ҳам сўраган, у эса пул бериш ўрнига бор овозда қичқирган эди: — Мен ўлик тугул, тирик Матюшкинга ҳам бир сўм бермасдим. Ўлигига эса беш тийин ҳам хайф. Айғоқчиларини КГБнинг ўзи кўмаверсин.

Сергей ДОВЛАТОВ
ҲАЙДОВЧИ ҚЎЛҚОПИ
«Чемодан»дан еттинчи ҳикоя
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
034

   Юрий Шлиппенбах билан биз Таврия саройидаги анжуманда, тўғрироғи, кўп нусхали газета муҳаррирларининг йиғилишида танишгандик. Мен “Турбостроител”дан, Шлиппенбах эса Ленфильмнинг “Кадр” деб номланган кўп нусхали газетасидан вакил эдик.
Вилоят партия ташкилотининг иккинчи котиби Болотников маъруза қилиб, сўзининг охирида шундай деганди:
— Бизда “Тараққиёт байроғи”га ўхшаш ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган газеталар ҳам бор, “Адмиралтейц”га ўхшаш ўртамиёналари ҳам, “Турбостроител” каби ёмонлари ҳам бор. Ва ниҳоят “Кадр”га ўхшаш ажабтовурлари ҳам учрайди. Бу ниҳоятда уқувсиз ва жуда зерикарли бир газета.
Мен секин энгашдим. Шлиппенбах эса аксинча мағрурланаётгандек қаддини ростлади. Афтидан, ўзини қувғинди диссидентдек ҳис қилган, сўнг бор овози билан қичқирганди:
— Ленин, танқид асосли бўлиши керак, деб ўргатган!
— Сенинг газетанг, Юра, ҳар қандай танқиддан паст туради, — жавоб берди котиб.
Танаффусда Шлиппенбах мени тўхтатиб сўрай бошлади:
— Кечирасиз, Сизнинг бўйингиз қанча?
Мен ҳайрон бўлмадим. Унга аллақачон ўрганиб қолгандим. Мен бундан кейин бу бўлмағур гаплар қай йўсинда кечишини ҳам билардим: “Сенинг бўйинг қанча? — Юз тўқсон тўрт. Баскетбол ўйнамайсан-да. — Нега энди ўйнамас эканман? Ўйнайман. — Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим…”
— Бўйингиз қанча? — сўради Шлиппенбах.
— Бир метру тўқсон тўрт. Нима эди?
— Гап шундаки, мен ҳаваскор сифатида кино суратга олаётгандим. Сизни бош ролга таклиф қилмоқчи эдим.
— Менда актёрлик қобилияти йўқ.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими, бизбопсиз.
Бизбопсиз деганингиз нимаси?
— Ташқи кўринишингизни назарда тутяпман.
Биз эртасига учрашишга қарор қилдик.
Шлиппенбахнинг газета соҳасида ишлашини илгари ҳам билардим. Фақат биз шахсан таниш эмасдик. Узун кирчил сочли, озғин ва асабий бир киши эди.
У ўз аждодларининг номи тарихий ҳужжатларда ҳам қайд қилинганини айтарди. Бундан ташқари тўрвахалтасида доим Пушкиннинг бир жилдини кўтариб юрар, “Полтара” шеъри ёзилган саҳифага конфет қоғози қўйилган бўларди.
— Ўқинг, — дерди асабий оҳангда Шлиппенбах.
Жавобини ҳам кутиб ўтирмай, чийилдоқ товушда бақиришга тушарди.
Газетадагилар ундан ҳайиқишарди. Шлиппенбах жуда қўрс одам эди. Эҳтимол бу швед генераллари бўлмиш аждодларидан ўтган бир хислатдир. Бироқ ён беришни, пастга тушишни у сира-сира ёқтирмасди.
Эсимда, Матюшкин деган кекса журналист вафот этганди. Дафн маросимига пул йиға бошлаганлардан бири Шлиппенбаҳдан ҳам сўраган, у эса пул бериш ўрнига бор овозда қичқирган эди:
— Мен ўлик тугул, тирик Матюшкинга ҳам бир сўм бермасдим. Ўлигига эса беш тийин ҳам хайф. Айғоқчиларини КГБнинг ўзи кўмаверсин.
Бироқ Шлиппенбахнинг ўзи касбдошларидан тўхтовсиз қарз олишни қўймас, қайтаришни эса хаёлига ҳам келтирмасди. Қарз берганларнинг рўйхати унинг ён дафтарида икки вараққа яқинлашиб қолганди.
Унга қарз ҳақда оғиз очганларида у пўписа қилишга тушарди:
— Жонимга тегаверсанг, рўйхатдан ўчириб ташлайман!..
Анжумандан сўнг кечқурун у менга бир-икки марта қўнғироқ қилди. Ҳеч қандай сабабсиз, шунчаки ўзи. Гап оҳангадан муносабатларимиз тобора дўстона тус олаётгани сезилиб турарди. Ахир киши ўз дўстигагина шундай қўнғироқ қилавериши мумкин.
— Жуда зерикдим, — шикоят қилди у, — чанқовбосдига ҳам ҳеч нарса йўқ, чўзилиб диванда ётибман, хотиним билан…
Суҳбатини тугата туриб, у эслатиб қўйди.
— Эртага бафуржа гаплашиб оламиз.
Тушгача газета бўлимида қолишимизга тўғри келди. Мен терилган матнни ўқидим, Шлиппенбах эса навбатдаги сонни тайёрлар, баъзан асабий қичқириб қоларди:
— Қайчи қаёққа кетди? Менинг чизғичимни ким олди?
“Жанубий Африка республикаси” қандай ёзилади — тире биланми ёки қўшибми?
Сўнгра биз тушликка чиқдик.
Олтмишинчи йилларда матбуот уйининг ошхонаси юқори табақаларга мўлжалланган эди. Унда янги келтирилган сосиска, консерва, икралар, тансиқ балиқ ҳам сотиларди.
Аслида ошхона матбуот уйи ходимларига, жумладан, кўп нусхали газета ходимларига ҳам хизмат кўрсатиши керак эди. Бироқ кўчадан бу ерга хоҳлаган киши кираверарди. Мисол учун муҳарририятга ташриф буюрганлар ҳам. Ошхонага четдан келувчилар кундан-кунга кўпайиб, тансиқ маҳсулотлар эса тобора камайиб бораверди. Охир-оқибатда илгарига мўл-кўлчилиқдан фақат “Жигули” пивоси қолганди, холос.
Ошхона олтинчи қаватнинг шимолий тарафини буткул эгаллаган. Деразалари фавворалар тарафга қараган эди. Уч залга бирданига юз кишилар чамаси сиғарди.
Шлиппенбах мени пастга етаклаб тушди. Стол икки кишига мўлжалланган бўлиб, суҳбат афтидан ўта махфий ҳолда ўтиши керак эди.
Биз пиво ва пишлоқ буюрдик. Шлиппенбах овозини бир оз пасайтириб гап бошлади:
— Сизга мурожаат қилганимнинг сабаби, мен зиёли кишиларни ҳурмат қиламан. Чунки ўзим зиёлиман. Биз жуда озчиликмиз. Тўғрисини айтсам, биз бундан ҳам оз бўлишимиз керак эди. Оқсуяк кишилар худди ноёб жониворларга ўхшаб қирилиб кетаяпти. Бироқ ҳозир гап бу ҳақда эмас. Мен ҳаваскор сифатида фильм суратга олишга қарор қилдим. Умримизни шундоқ ҳам бўлмағур журналистикага сарфлаб юрганимиз етар. Ҳақиқий ижод билан шуғулланиш керак. Хуллас, мен эртага суратга олишга киришаман. Фильм ўн дақиқаларга мўлжалланган. У худди ҳажвий памфлет каби бўлади. Воқеа шундай. Ленинградда сирли, нотаниш кимса пайдо бўлади. Кўринишидан Пётрга ўхшайди, яъни бундан икки юз олтмиш йил муқаддам Петербургни бунёд этган ўша подшоҳнинг айнан ўзи. Буюк император совет воқелигини кўриб гангиб қолади. Миршаблар ундан жарима ундирмоқчи бўлади. Икки ароқхўр эса унга учинчи шерик бўлишни таклиф қилади. Чайқовчилар унинг туфлисига харидор бўлишади. Бузуқилар эса уни чет эллик бойвачча деб ўйлашади. КГБ ходимлари уни айғоқчига чиқаришади. Ва ҳоказо. Хуллас, ҳамма ерда ичкиликбозлик ва тартибсизлик. Подшоҳ ваҳимага тушиб қичқиради:
— Мен ўзи нима қилдим? Бу бузуқи шаҳарни нега бунёд этдим?!
Шлиппенбах шундай хахолаб кулдики, ҳатто столдаги қоғоз салфеткалар ҳам ҳар ёққа сочилиб кетди. Кейин қўшиб қўйди.
— Фильм, юмшоқроқ қилиб айтганда, сиёсатдан йироқ бўлади. Уни фақат хонадонлардагина қўйиш мумкин. Фильмни менимча, ғарб журналистлари ҳам кўришади, чунки халқаро миқёсда яхши шов-шув бўлади. Кутилмаган ҳодисалар юз бериши мумкин. Шундай экан, яхшилаб ўйлаб, чамалаб кўринг. Хўш, розимисиз?
— Ахир ўйлаб кўр деб айтдингиз-ку?
— Нимасини ўйлайсиз? Рози бўлаверинг.
— Асбоб-ускунани қаердан топасиз?
— Бу ёғидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Мен ахир “Ленфильм”да ишлайман-ку. У ердагиларнинг ҳаммаси — Герберт Раппопортдан тортиб, чироқ устасигача менинг дўстларим. Техника менинг зиммамда. Камерани эса болаликдан биламан. Хуллас, ўйлаб, ҳал қилинг. Сиз менга ёқасиз. Ахир бу ролни мен фақат ўз яқинимгагина ишонишим мумкин. Эртага студияга борамиз. Керакли нарсаларни ажратиб оламиз. Гримчи билан маслаҳатлашиб кўрамиз, кейин бошлаймиз.
— Мен ўйлаб кўришим керак, — дедим.
— Сизга эртага қўнғироқ қиламан.
Биз овқат ҳақини тўлаб, газета бўлимига йўл олдик. Зеро, ота-онам театр арбоблари бўлишса-да, менда актёрлик маҳорати ростдан ҳам йўқ эди. Отам режиссёр, онам актриса эди. Тўғри, театр тарихида улар ёрқин из қолдиришмаганди. Эҳтимол, шуниси ҳам яхши бўлгандир…
Менга келсак, мен саҳнага икки марта чиққанман. Мактабда ўқиб юрганимда, эсимда, биз “Чук ва Гек” ҳикоясини саҳналаштираётган эдик. Бўйим узун бўлгани учун, менга, қутбчи ота роли насиб қилганди. Мен тундрадан чанғида келиб, сўнг якуний монологни ўқишим керак эди.
Тундрани парда орқасидан иккинчи шеригим Прокопович акс этгириши керак эди. У тинмай қағиллар, увлар, ўкирар эди. I
Мен оёқларимни шапиллатиб, қўлимни силкитиб саҳнада пайдо бўлдим. Шу тахлит чанғичини акс этгирмоқчи эдим. Бу менинг режиссёрлик топилмам бўлиб, театр тилига асосланган эди. Бироқ, афсуски, томошабинлар бу топилмани тушунишмади. Прокоповичнинг чинқириғини эшитиб ва менинг сирли ҳаракатимни кузатиб, улар мени безори деб ўйлашди. Безорилик эса урушдан кейин мактаб ўқувчилари орасида роса авжига чиққанди.
Қизларнинг жаҳли чиқиб, ўғил болалар чапак чала бошлашди. Мактаб директори саҳнага югуриб чиқиб, мени парда орқасига тортиб кетди. Оқибатда якуний монологни адабиёт ўқитувчиси ўқишига тўғри келди.
Иккинчи маротаба актёрлик қилишим бундан тўрт йиллар муқаддам содир бўлганди. Мен у пайтлари республика партия газетасида ишлар ва янги йилга “Қорбобо” қилиб тайинлангандим. Бунинг учун менга уч кунлик ҳордиқ ва ўн беш сўм ваъда қилишганди.
Таҳрир ҳайъати ўзининг қарамоғидаги интернат учун Арча байрами ўтказишаётганди. Бу ерда ҳам энг бўйи узун мен эдим. Менга ясама соқол елимлашиб, телпак, пўстин кийгизишди-да, совға солинган халтани қўлимга тутқазишди, сўнг саҳнага чиқаришди.
Пўстин калта эди. Телпакдан эса балиқнинг ҳиди келарди. Чекаман деб, соқолни куйдириб қўйишимга оз қолди.
Ҳамма жим бўлиб қолгач, мен уларга мурожаат қилдим:
— Салом, қадрли болалар! Мени танияпсизларми?
— Ленин! Ленин! — қичқиришди биринчи қатордагилар.
Шунда ўзимни тутолмай кулиб юбордим, ясама соқолим кўчиб кетди…
Мана энди Шлиппенбах менга бош ролни таклиф қилаётганди. Албатта, мен рад қилишим ҳам мумкин эди. Бироқ нима учундир хўп дея қолдим. Доим ўзим шундай бўлмағур таклифларга рози бўлиб юраман. Шунинг учун хотиним доим:
— Сени ҳамма нарса қизиқтиради, фақат эр-у хотин мажбурияти эмас, — деб тўғри айтади.
Хотиним эрнинг бурчини энг аввало ичкилик ичмаслик деб тушунади.
Хуллас, биз “Ленфильм”га қараб жўнадик. Шлиппенбах бутафор цехидаги қандайдир Чипага қўнғироқ қилгач, бизга рухсатнома ёзиб беришди.
Биз ташриф буюрган бинода шкаф ва яшиклар қалашиб ётарди. Бу ер зах ва ундан нафталин ҳиди анқирди. Бошимиз узра кундузги чироқлар ёниб, чарсиллаб ўчарди. Бурчакда катта қўғирчоқ айиқ қорайиб кўринар, узун столда эса мушук ўйнаб юрарди.
Парда орқасидан Чипа пайдо бўлди. У ўрта ёшлардаги киши бўлиб, йўл-йўл мўйна пальто ва цилиндирда эди.
У менга узоқ тикилиб қолди-да, сўнг сўради:
— Сен қўриқчи бўлиб хизмат қилганмисан?
— Нима эди?
— Ропчидаги жазо махбусхонаси эсингдами?
— Хўш.
— Бир эркак ўзини ўзи осиб қўйгани-чи?
— Ғира-шира эсимда.
— Ўша мен эдим. Икки соат уринишиб, зўрға ўзимга келтиришганди ярамаслар.
Чипа бизни қўлда тайёрланган спирт билан сийлади. Умуман, ҳурматимизни жойига қўйди.
— Мана, ўртоқ бошлиқ, — деб у стол устига бир уюм эски-тускиларни қўйди. Улар орасида қора узун этик, камзул, енгсиз ёпинғич ва шляпа ҳам бор эди. Сўнг Жаргон, махбус маъносида.
Чипа қаердандир худди россиялик илк ҳайдовчиларникига ўхшаш узун енгли қўлқоп топди.
— Шим-чи? — сўради Шлиппенбах.
Чипа қутидан зар жиякли бахмал шим чиқарди.
Шимни бир илож қилиб кийишга муваффақ бўлдим. Бироқ тугмасини ўтказишнинг иложи бўлмади.
— Бўлади, — ишонтирди Чипа, — қилич тақишингиз ҳам мумкин.
Хайрлашар эканмиз, бирдан у жавраб қолди:
— Ўтирганимда озодликни соғинардим. Ҳозир эса ўлай агар — лагерни қўмсаяпман. Олачипор, Дўмбоқ, Паровозлар қандай одамлар эди-я!..
Биз нарсаларни чемоданга жойлаб, лифтда грим хонасига, тўғрироғи, Людмила Борисовна деган гримчи аёлнинг олдига тушдик.
Дарҳақиқат, “Ленфильм”да мен биринчи марта бўлишим эди. Мен бу ерда жуда қизиқарли, ижодий бир жараённинг гувоҳи бўламан; мисол учун, Чурсинани хорижий чўмилиш кийимини кийиб кўраётган, ёнида эса Тенякованинг ҳасади келиб турган бир ҳолда учратаман, деб ўйлагандим.
Аслида эса “Ленфильм” улкан бир идорани эслатарди. Йўлакларда кўримсиз аёллар қоғоз кўтариб юришар, ҳамма ёқни ёзув машинкаларнинг шовқини босиб кетганди. Бу ерда ўзига хос, машҳур бирор-бир шахсни учратолмадик. Қайтага, менинг назаримда, Чипа ўзининг йўл-йўл кийими ва цилиндри билан бизда катта таассурот қолдирганди.
Гримчи аёл Людмила Борисовна мени тошойнанинг ёнига ўтқазиб қўйди. Бир оз вақт орқамда туриб, разм сола бошлади.
— Хўш, қандай? — қизиқсинди Шлиппенбах.
— Очиғи, боши унчаликмас. Учга арзийди. Бироқ, кўриниши жуда боп нусха.
Шундай дея туриб, Людмила Борисовна лабимни ушлаб кўрди, бурнимни тортди, қулоқларимни сийпади.
Сўнг менга қора ясама соч кийгазди. Мўйлов елимлаб ёпиштирди. Қаламда секин лунжимга айлантириб чизди.
— Жуда зўр! — деди ҳайратланиб Шлиппенбах — Подшоҳнинг айни ўзи! Буюк Петрнинг хабаши!..
Сўнг мен кийиниб бўлгач, такси буюрдик. Студиядан императорнинг шохона кийимида чиқиб келдим. Қаршимиздан келаётганларнинг айримларигина бизга қайрилиб қарашарди.
Шлиппенбах яна бир танишининг хонасига бош суқди. У бизга икки қути асбобларни тутқазди. Бироқ бу гал — текинга эмасди.
— Қанча, — сўради Шлиппенбах.
— Тўрт сўм-у, ўн икки тийин, — дея жавоб бўлди.
— Менга сени мусалласга ўтган деб айтишганди.
— Сен ишондингми?
Таксида Шлиппенбах менга тушунтира бошлади:
— Сценарийни ўқимаса ҳам бўлади. Худди Антонионига ўхшаб ўзингдан қўшиб кетаверасан. Шоҳ Петр замонавий Ленинград шаҳрида пайдо бўлади. Бу ерда ҳамма нарса унга бегона ва ёқимсиз. У озиқ-овқат магазинига киради. “Қани стерлядь балиғи, асал, икралар, анис ароғи? Мамлакатни кимлар талон-торож қилди, келгиндиларми?” — дея қичқира бошлайди. Ва ҳоказо. Ҳозир биз Васильев оролига борамиз. Кечирасиз, “сиз”лашганимиз маъқулми, ё?
— Албатта, “сен”лаш маъқул.
— Васильев оролига борамиз. У ерда Букина бизни машинаси билан кутиб турибди.
— Букина дегани ким?
— “Ленфильм”да экспедитор. Унинг ўзига берилган микроавтобуси бор. Ишдан кейин бўламан деган. Жуда зиёли аёл. Сценарийни биргаликда ёзганмиз. Дастлабки кадрларни суратга туширамиз. Шоҳ курантдан Невский хиёбони томон юради. У гангиб қолган. Қадамини секинлатиб, атрофга синчиклаб назар солади. Тушундингми?.. Машиналар унга қўрқинчли. Ёзувларга тикил. Телефон қутиларини чўчиб айланиб ўт. Агар кимдир туртиб кетса — қиличингга ёпиш. Ҳаммасига бемалол ижодий ёндашавер…
Қилич тиззамда ётарди. Учи қирқиб ташланган бўлиб, уни бор-йўғи уч сантиметргагина чиқариш мумкин эди.
Шлиппенбах ҳаяжон билан тушунтирар, шофёр эса миқ этмасди. Фақат етиб келганимиздан сўнг, қизиқсиниб, дўстона оҳангда сўради:
— Эй, хариф, қайси ҳайвонот боғидан қочиб келаяпсан?
— Қойил! — қийқирди Шлиппенбах. — Тайёр кадр!..
Биз қутиларни олиб таксидан тушдик. Йўлакнинг нариги томонида кичик автобус турарди. Ёнида эса бир бойвучча жинсида айланиб юрарди. Мени кўриб у ҳайрон ҳам бўлмади.
— Галина, жуда ажойибсан-да, — деди Шлиппенбах. — Ўн дақиқадан сўнг бошлаймиз.
— Доим ташвиш орттириб юрасан-да, — жавоб берди аёл ҳам.
Кейин улар йигирма дақиқача аппарат билан овора бўлишди. Мен эса илгариги музей биносининг олдида айланиб юрдим. Йўловчилар менга қизиқсиниб қарашарди.
Невадан совуқ шамол эсар, қуёш юзини дам-бадам булут қоплаб оларди. Ниҳоят, Шлиппенбах, тайёр бўлди, деди. Галина термосдан ўзига кофе қуяр
экан, унинг қопқоғи ёқимсиз овоз чиқарди.
— Анави ёққа, — деди Шлиппенбах, — бурчакка бор. Қўлимни силкишим билан, девор бўйлаб юрасан.
Мен йўлни кесиб ўтиб, бурчакка бордим. Бу вақтда оёғимдаги этик буткул нам бўлган, Шлиппенбах эса ҳамон имиллар эди. Галина унга стакан узатаётганига кўзим тушди. Мен эса ҳўл этикда айланиб юрибман.
Ниҳоят, Шлиппенбах қўлини силкиди. Камерани юзига яқинлаштирди.
Мен сигаретни ўчириб, бурчақдан чиқдим-да, кўприкка қараб юрдим. Суратга олишаётганини билсанг, юриш ноқулай экан. Мен нима бўлса ҳам қоқилиб тушмасликка ҳаракат қилардим. Шамол турганда, шляпамни ушлаб олдим.
Бирдан Шлиппенбах нимадир деб, қичқира бошлади. Шамол туфайли эшитмаганим учун, тўхтаб, йўлакни кесиб ўтдим.
— Ҳа, нима гап? — сўради Шлиппанбах.
— Мен эшитмадим.
— Нимани эшитмадинг?
— Сиз нимадир деб қичқирдингиз-ку?
— “Сиз” эмас, “сен”.
— Сен менга нима деб қичқирдинг?
— Мен жуда зўр деб қичқирдим! Бошқа ҳеч нарса. Қани, яна бор.
— Кофе ичасизми? — ниҳоят сўради Галина.
— Кейин, — тўхтатди уни Шлиппенбах, — учинчи дублдан сўнг.
Мен яна бурчақдан чиқиб, кўприкка қараб йўл олдим. Шлиппенбах яна нимадир деб қичқирди, бироқ мен эътибор қилмадим. Шу тахлит еттинчи тўсиққача индамай кетавердим. Ниҳоят, ортимга ўгирилдим. Шлиппенбах ва унинг таниш машинада ўтиришарди. Мен шошиб изимга қайтдим.
— Бирдан-бир эътироз, — деди Шлиппенбах. — кўпроқ ҳаяжонланишинг керак. Ҳамма нарса сенга ҳайратомуз туюлсин. Шиорлар ва ёрлиқларни таажжубланиб ўқи.
— У ерда шиорлар йўқ.
— Фарқи йўқ. Мен кейин ҳам монтаж қилиб қўшавераман. Муҳими — кўпроқ ҳайратлан. Уч қадам юрдингми, қўлларингни шапиллатиб қўй…
Оқибатда Шлиппанбех мени етти марталар овора қилди. Мен ўлгудай чарчадим. Камзул тагидаги шим тинмай тушиб кетар, қўлқопда чекиш жуда ноқулай эди. Ниҳоят, бу азоблар ҳам тугагач, Галина менга термосни тутди. Сўнг биз Таврическийга қараб кетдик.
— У ерда пиво дўкони бор, — деди Шлиппенбах, — ҳатто икки, уч жойда. Атрофида маст-аласт кишилар изғиб юришади. Бу зўр манзара бўлади. Шоҳ гадолар тўдасида…
Мен бу жойни илгаритдан ҳам билардим. Икки пиво дўкони… Ўртасида қадаҳга қуйиб сотишади. Театршунослик институтидан сал нарида эди. Ҳақиқатдан ҳам маст-аласт хоҳлаганча топиларди.
Автобусни дарвоза тагида тўхтатдик. У ерда зарур тайёргарлик кўрилгач, Шлиппенбах шивирлади:
— Саҳна жуда оддий. Сен дўконга яқинлашасан. Бу оломонга таажжубланиб тикиласан. Сўнг гапира бошлайсан.
— Нима дейишим керак?
— Нима бўлса ҳам гапиравер. Бунинг фарқи йўқ. Муҳими, оғзинг қимирласа бўлди…
— Мени тентак деб ўйлашади.
— Жуда яхши. Нима десанг де. Нарх-навони сўра.
— Унда ростдан ҳам тентак дейишади. Нархни ким билмайди деб ўйлайсан, бунинг устига яна пиво бўлса.
— Унда ким охири деб сўра, фақат лабинг қимирласа бўлди, у ёғини ўзим монтаж қиламан. Матн эса кейин магнитафон лентасига ёзилади. Хуллас, бошлайвер.
— Дадиллик учун отиб олинг, — деди Галина.
У бир шиша ароқ чиқарди. Кофедан бўшаган стаканга тўлдириб ароқ қуйди. Барибир ароқнинг дадилликка нафи бўлмади. Бироқ дўконга бориш учун машинадан тушдим.
Яшил бўёққа чапланган пиво дўкони Раков ва Мохов кўчалари туташган жойдаги бурчақда эди. Навбат майсазор бўйлаб то туман озиқ-овқат бирлашмаси биносига қадар чўзилган эди.
Пештахта ёнида одамлар жуда тирбанд, берироқда эса бир оз сийракроқ эди. Охирида эса беш-ўнта хўмрайган кишилар тумтайиб туришарди.
Одамлар кўк пиджакда ва йўл-йўл майкада, худди бегонанинг қабри ёнида тургандек бефарқ ва жиддий қиёфада эдилар. Баъзилари чойнак ва бидонларини кўтариб олишганди.
Тўда орасида аёллар камчил, беш-олтита чамаси, бўлса-да, сабрсизлик билан шовқин солишарди. Улардан бири тинмай, нимадир деб қичқирарди:
— Кампир онангизни ҳурмат қилиб ўтказиб юборинглар!..
Мақсадга эришгач, одамлар ичиб ҳузур қилиш учун секин четга чиқишарди. Майсазорга гўё кўпик ёпирилгандек эди.
Ҳаммасининг гўё ичи ёнаётгандек, лаблари тамшаниб кетганди. Ҳовири босилгач, одамлар секин жонланиб, чекишганча, суҳбат қуришнинг пайига тушарди.
Ҳали навбатда турганлар қизиқсиниб сўрашарди.
— Пиво яхшимикан?
— Афтидан ёмонмасга ўхшайди, — жавоб беришарди улар.
Бутун Россияда бундай дўконлардан яна қанчаси бор? Ҳар куни қанча одам ўлиб, қанча одам тирилар экан?
Тўдага яқинлашавергач, негадир қўрқа бошладим. Нима учун бу ишга рози бўлдим? Мен бу — эзилган, телбасифат, тунд одамларга нима дейман.
Бу бемаъни томоша ўзи кимга керак?!
Навбатнинг охирига мен ҳам қўшилдим. Икки-уч киши менга шунчаки қараб қўйишди. Қолганлари ҳатто эътибор ҳам қилишмади.
Менинг олдимда темирйўлчилар кийимидаги, кавказликларга ўхшаш киши турарди. Чапроқда эса — елканчиларнинг боғичлари узилиб қолган бошмоғини кийиб олган жулдирвоқи турарди. Мендан икки қадам нарида гугурт чўпини майдалаб, бир зиёли чекиб турар, бўш портфелини эса, оёқлари орасига қисиб олганди.
Вазият тобора беўхшов бўлиб борарди. Ҳамма жим, ҳеч ким ҳайрон бўлмас ва менга савол ҳам бермасди. Қандай савол бўлиши мумкин? Ҳаммани ўйлатган бир нарса — чанқоқни босиш эди, холос.
Мен уларга нима дейишим мумкин? Ким охири деб сўрайманми? Охири менинг ўзим.
Дарвоқе, ёнимда пулим ҳам йўқ, пул ўзимнинг шимимда қолганди.
— Қарасам — дарвоза ёнида Шлиппенбах қўлини силкиб, буйруқ қилаяпти.
Афтидан, келишиб олганимиздек ҳаракат қилишимни, яъни идиш билан бошимга уришларини кутаётгандек эди.
Турибман. Аста-секин пештахтага яқинлашаяпмиз.
Темирйўлчи кимгадир тушунтираётганини эшитиб қолдим:
— Мен Ялтирбошдан кейин. Шоҳ — орқамда. Сен эса шоҳдан кейин бўласан…
Зиёли менга мурожаат қилди:
— Кечирасиз. Шердаковни биласизми?
— Шердаковни?
— Сиз Долматовмисиз?
— Шунга яқинроқ.
— Жуда хурсандман. Мен сиздан бир сўм қарзман. Эсингиздами, учувчилар куни биз Шердаковникидан тарқалишдик? Ўшанда таксига сиздан бир сўм олгандим.
Ушланг.
Чўнтагим бўлмагани учун, мен пулни қўлқопга тиқдим.
Шердаковни ростдан ҳам танирдим. Марксча-ленинча эстетика мутахассиси, театршунослик институти доценти эди. Бу ердаги қаҳвахонага тез-тез ташриф буюриб турарди…
— Агар кўрсангиз, — дедим, — қуюқ саломимни етказинг.
Шу пайт Шлиппенбах ёнимизга етиб келди. Орқасидан халлослаб Галина келарди.
Бу вақтга келиб мен деярли пештахтага яқинлашиб қолгандим. Тўда тобора тирбандлашиб қолганди. Мен темирйўлчи ва жулдирвоқининг ўртасида қисилиб қолгандим. Қиличимнинг бир учи зиёлининг сонига қадалиб турарди.
Шлиппенбах қичқиришга тушди:
— Саҳнавийликни кўрмаяпман! Конфликт қани? Сен оломоннинг қаҳрини қўзғашинг керак!
Навбатдагилар сергакланишди. Ҳаракатчан кинокамерали одам оломонни ғазаб ва тахликага солганди.
— Кечирасиз, — дея мурожаат қилди темирйўлчи Шлиппенбахга, — сиз бу ерда турмагандингиз!
— Мен ўз хизмат вазифамни бажараяпман, — аниқ жавоб берди Шлиппенбах.
— Ҳамма хизмат вазифасида, — дейишди навбатдагилар.
Норозилик тобора ортиб борар, овозлар эса тобора таҳдидона тус оларди.
— Бу ер ҳар хил қаланғи-қасанғи чоллар, фоҳишалар, масхарабозларнинг жойи бўлиб қолди…
— Суратга олишади-да, сўнг тахтага “Улар бизнинг яшашимизга халақит қилишаяпти”, деб осиб қўйишади…
— Ахир, маданий чанқовбосди қилишаяпти дейиш ҳам мумкин-ку, бу эса бизнинг бошимизни қотираяпти…
— Бундай олифталарнинг жойи ахлатхонада…
Оломон энди ғимирлаб қолганди. Бироқ Шлиппенбах ҳам бирдан жаҳл отига минди:
— Россияни ичиб тугатдиларинг, аблаҳлар! Заррача ҳам виждон қолмади сизларда! Эрта тонгданоқ кўзингизни очиб, шу заҳри қотилга ёпишасизлар!..
— Юрка, бас қил! Юрка, тентак бўлма, кетдик! — кўндирмоқчи бўларди Галина Шлиппенбахни.
Бироқ у оёқ тираб туриб олди. Шу пайт навбат менга етди. Мен қўлқопдан эзғиланган бир сўмни олгач, сўрадим:
— Қанча олайин?
Шлиппенбах бирдан ўзини босиб, жавоб қилди:
— Менга кўпроқ — иситадигандан. Галкага эса кичикроғи.
Галина қўшиб қўйди:
— Мен пивони ёқтирмайман. Бироқ жоним билан ичаман…
Унинг сўзида мантиқ камроқ эди.
Кимдир норози бўла бошлаганди, жулдирвоқи унга тушунтирди.
— Шоҳ мендан олдин эди, ўзим гувоҳ. Манави фонарли ифлос эса — унинг дўсти. Хуллас, ҳаммаси қонундагидек!
Навбатдагилар бир оз ғала-ғовурдан сўнг жим бўлиб қолишди.
Шлиппенбах камерани чап қўлига олиб, кружкани кўтарди.
— Бўлғуси киномизнинг муваффақияти учун ичамиз! Ҳақиқий истеъдод қачондир барибир ўзига йўл очади.
— Менинг таъвиягинам, — эркалади Галя уни…
Дарвоза олдидан орқа билан чиқар эканмиз, Шлиппенбах гап бошлади:
— Ана сенга томошабин! Ана сенга халқ! Ҳатто қўрқиб ҳам кетдим. Бу худди…
— Полтава жанги каби, — гапни тугатдим мен.
Автобусда кийим алмаштиришнинг иложи бўлмади. Мени императорнинг кийимида уйга олиб келишди.
Эртасига Шлиппенбахни касса ёнида учратдим. У менга ҳуқуқий ҳимоя масалалари билан шуғулланаётганини айтди. Шу тахлит, ҳаваскорлик фильмини суратга олиш тўхтади.
Театр камзули менда икки йилларча ётди. Қилич қўшни болага насиб қилди. Шляпа билан полни артардик. Камзулни эса Регина Бритгерман деган ғалати аёл пальто ўрнига кийиб юрди. Бахмал шимдан эса хотиним ўзига юбка тикиб олди.
Шофёрлик қўлқопини эса муҳожирликка олиб кетдим. Мен энг аввало машина сотиб оламан деб ўйлагандим. Шу-шу сотиб ололмадим. Ўзим истамадим.
Мен ахир бошқалардан нимам биландир ажралиб туришим керак-ку! Майли бутун Форест Хиллс “Ўша машинаси йўқ Довлатов” деб таний қолсин!

072

Sergey DOVLATOV
HAYDOVCHI QO’LQOPI
«Chemodan»dan yettinchi hikoya
Ortiqboy Abdullaev tarjimasi
034

Yuriy Shlippenbax bilan biz Tavriya saroyidagi anjumanda, to’g’rirog’i, ko’p nusxali gazeta muharrirlarining yig’ilishida tanishgandik. Men “Turbostroitel”dan, Shlippenbax esa Lenfilmning “Kadr” deb nomlangan ko’p nusxali gazetasidan vakil edik.
Viloyat partiya tashkilotining ikkinchi kotibi Bolotnikov ma’ruza qilib, so’zining oxirida shunday degandi:
— Bizda “Taraqqiyot bayrog’i”ga o’xshash har jihatdan o’rnak bo’ladigan gazetalar ham bor, “Admiralteyts”ga o’xshash o’rtamiyonalari ham, “Turbostroitel” kabi yomonlari ham bor. Va nihoyat “Kadr”ga o’xshash ajabtovurlari ham uchraydi. Bu nihoyatda uquvsiz va juda zerikarli bir gazeta.
Men sekin engashdim. Shlippenbax esa aksincha mag’rurlanayotgandek qaddini rostladi. Aftidan, o’zini quvg’indi dissidentdek his qilgan, so’ng bor ovozi bilan qichqirgandi:
— Lenin, tanqid asosli bo’lishi kerak, deb o’rgatgan!
— Sening gazetang, Yura, har qanday tanqiddan past turadi, — javob berdi kotib.
Tanaffusda Shlippenbax meni to’xtatib so’ray boshladi:
— Kechirasiz, Sizning bo’yingiz qancha?
Men hayron bo’lmadim. Unga allaqachon o’rganib qolgandim. Men bundan keyin bu bo’lmag’ur gaplar qay yo’sinda kechishini ham bilardim: “Sening bo’ying qancha? — Yuz to’qson to’rt. Basketbol o’ynamaysan-da. — Nega endi o’ynamas ekanman? O’ynayman. — O’zim ham shunday deb o’ylagandim…”
— Bo’yingiz qancha? — so’radi Shlippenbax.
— Bir metru to’qson to’rt. Nima edi?
— Gap shundaki, men havaskor sifatida kino suratga olayotgandim. Sizni bosh rolga taklif qilmoqchi edim.
— Menda aktyorlik qobiliyati yo’q.
— Buning ahamiyati yo’q. Muhimi, bizbopsiz.
Bizbopsiz deganingiz nimasi?
— Tashqi ko’rinishingizni nazarda tutyapman.
Biz ertasiga uchrashishga qaror qildik.
Shlippenbaxning gazeta sohasida ishlashini ilgari ham bilardim. Faqat biz shaxsan tanish emasdik. Uzun kirchil sochli, ozg’in va asabiy bir kishi edi.
U o’z ajdodlarining nomi tarixiy hujjatlarda ham qayd qilinganini aytardi. Bundan tashqari to’rvaxaltasida doim Pushkinning bir jildini ko’tarib yurar, “Poltara” she’ri yozilgan sahifaga konfet qog’ozi qo’yilgan bo’lardi.
— O’qing, — derdi asabiy ohangda Shlippenbax.
Javobini ham kutib o’tirmay, chiyildoq tovushda baqirishga tushardi.
Gazetadagilar undan hayiqishardi. Shlippenbax juda qo’rs odam edi. Ehtimol bu shved generallari bo’lmish ajdodlaridan o’tgan bir xislatdir. Biroq yon berishni, pastga tushishni u sira-sira yoqtirmasdi.
Esimda, Matyushkin degan keksa jurnalist vafot etgandi. Dafn marosimiga pul yig’a boshlaganlardan biri Shlippenbahdan ham so’ragan, u esa pul berish o’rniga bor ovozda qichqirgan edi:
— Men o’lik tugul, tirik Matyushkinga ham bir so’m bermasdim. O’ligiga esa besh tiyin ham xayf. Ayg’oqchilarini KGBning o’zi ko’maversin.
Biroq Shlippenbaxning o’zi kasbdoshlaridan to’xtovsiz qarz olishni qo’ymas, qaytarishni esa xayoliga ham keltirmasdi. Qarz berganlarning ro’yxati uning yon daftarida ikki varaqqa yaqinlashib qolgandi.
Unga qarz haqda og’iz ochganlarida u po’pisa qilishga tushardi:
— Jonimga tegaversang, ro’yxatdan o’chirib tashlayman!..
Anjumandan so’ng kechqurun u menga bir-ikki marta qo’ng’iroq qildi. Hech qanday sababsiz, shunchaki o’zi. Gap ohangadan munosabatlarimiz tobora do’stona tus olayotgani sezilib turardi. Axir kishi o’z do’stigagina shunday qo’ng’iroq qilaverishi mumkin.
— Juda zerikdim, — shikoyat qildi u, — chanqovbosdiga ham hech narsa yo’q, cho’zilib divanda yotibman, xotinim bilan…
Suhbatini tugata turib, u eslatib qo’ydi.
— Ertaga bafurja gaplashib olamiz.
Tushgacha gazeta bo’limida qolishimizga to’g’ri keldi. Men terilgan matnni o’qidim, Shlippenbax esa navbatdagi sonni tayyorlar, ba’zan asabiy qichqirib qolardi:
— Qaychi qayoqqa ketdi? Mening chizg’ichimni kim oldi?
“Janubiy Afrika respublikasi” qanday yoziladi — tire bilanmi yoki qo’shibmi?
So’ngra biz tushlikka chiqdik.
Oltmishinchi yillarda matbuot uyining oshxonasi yuqori tabaqalarga mo’ljallangan edi. Unda yangi keltirilgan sosiska, konserva, ikralar, tansiq baliq ham sotilardi.
Aslida oshxona matbuot uyi xodimlariga, jumladan, ko’p nusxali gazeta xodimlariga ham xizmat ko’rsatishi kerak edi. Biroq ko’chadan bu yerga xohlagan kishi kiraverardi. Misol uchun muharririyatga tashrif buyurganlar ham. Oshxonaga chetdan keluvchilar kundan-kunga ko’payib, tansiq mahsulotlar esa tobora kamayib boraverdi. Oxir-oqibatda ilgariga mo’l-ko’lchiliqdan faqat “Jiguli” pivosi qolgandi, xolos.
Oshxona oltinchi qavatning shimoliy tarafini butkul egallagan. Derazalari favvoralar tarafga qaragan edi. Uch zalga birdaniga yuz kishilar chamasi sig’ardi.
Shlippenbax meni pastga yetaklab tushdi. Stol ikki kishiga mo’ljallangan bo’lib, suhbat aftidan o’ta maxfiy holda o’tishi kerak edi.
Biz pivo va pishloq buyurdik. Shlippenbax ovozini bir oz pasaytirib gap boshladi:
— Sizga murojaat qilganimning sababi, men ziyoli kishilarni hurmat qilaman. Chunki o’zim ziyoliman. Biz juda ozchilikmiz. To’g’risini aytsam, biz bundan ham oz bo’lishimiz kerak edi. Oqsuyak kishilar xuddi noyob jonivorlarga o’xshab qirilib ketayapti. Biroq hozir gap bu haqda emas. Men havaskor sifatida fil`m suratga olishga qaror qildim. Umrimizni shundoq ham bo’lmag’ur jurnalistikaga sarflab yurganimiz yetar. Haqiqiy ijod bilan shug’ullanish kerak. Xullas, men ertaga suratga olishga kirishaman. Fil`m o’n daqiqalarga mo’ljallangan. U xuddi hajviy pamflet kabi bo’ladi. Voqea shunday. Leningradda sirli, notanish kimsa paydo bo’ladi. Ko’rinishidan Pyotrga o’xshaydi, ya’ni bundan ikki yuz oltmish yil muqaddam Peterburgni bunyod etgan o’sha podshohning aynan o’zi. Buyuk imperator sovet voqeligini ko’rib gangib qoladi. Mirshablar undan jarima undirmoqchi bo’ladi. Ikki aroqxo’r esa unga uchinchi sherik bo’lishni taklif qiladi. Chayqovchilar uning tuflisiga xaridor bo’lishadi. Buzuqilar esa uni chet ellik boyvachcha deb o’ylashadi. KGB xodimlari uni ayg’oqchiga chiqarishadi. Va hokazo. Xullas, hamma yerda ichkilikbozlik va tartibsizlik. Podshoh vahimaga tushib qichqiradi:
— Men o’zi nima qildim? Bu buzuqi shaharni nega bunyod etdim?!
Shlippenbax shunday xaxolab kuldiki, hatto stoldagi qog’oz salfetkalar ham har yoqqa sochilib ketdi. Keyin qo’shib qo’ydi.
— Fil`m, yumshoqroq qilib aytganda, siyosatdan yiroq bo’ladi. Uni faqat xonadonlardagina qo’yish mumkin. Fil`mni menimcha, g’arb jurnalistlari ham ko’rishadi, chunki xalqaro miqyosda yaxshi shov-shuv bo’ladi. Kutilmagan hodisalar yuz berishi mumkin. Shunday ekan, yaxshilab o’ylab, chamalab ko’ring. Xo’sh, rozimisiz?
— Axir o’ylab ko’r deb aytdingiz-ku?
— Nimasini o’ylaysiz? Rozi bo’lavering.
— Asbob-uskunani qaerdan topasiz?
— Bu yog’idan xavotir olmasangiz ham bo’ladi. Men axir “Lenfil`m”da ishlayman-ku. U yerdagilarning hammasi — Gerbert Rappoportdan tortib, chiroq ustasigacha mening do’stlarim. Texnika mening zimmamda. Kamerani esabolalikdan bilaman. Xullas, o’ylab, hal qiling. Siz menga yoqasiz. Axir bu rolni men faqat o’z yaqinimgagina ishonishim mumkin. Ertaga studiyaga boramiz. Kerakli narsalarni ajratib olamiz. Grimchi bilan maslahatlashib ko’ramiz, keyin boshlaymiz.
— Men o’ylab ko’rishim kerak, — dedim.
— Sizga ertaga qo’ng’iroq qilaman.
Biz ovqat haqini to’lab, gazeta bo’limiga yo’l oldik. Zero, ota-onam teatr arboblari bo’lishsa-da, menda aktyorlik mahorati rostdan ham yo’q edi. Otam rejissyor, onam aktrisa edi. To’g’ri, teatr tarixida ular yorqin iz qoldirishmagandi. Ehtimol, shunisi ham yaxshi bo’lgandir…
Menga kelsak, men sahnaga ikki marta chiqqanman. Maktabda o’qib yurganimda, esimda, biz “Chuk va Gek” hikoyasini sahnalashtirayotgan edik. Bo’yim uzun bo’lgani uchun, menga, qutbchi ota roli nasib qilgandi. Men tundradan chang’ida kelib, so’ng yakuniy monologni o’qishim kerak edi.
Tundrani parda orqasidan ikkinchi sherigim Prokopovich aks etgirishi kerak edi. U tinmay qag’illar, uvlar, o’kirar edi. I
Men oyoqlarimni shapillatib, qo’limni silkitib sahnada paydo bo’ldim. Shu taxlit chang’ichini aks etgirmoqchi edim. Bu mening rejissyorlik topilmam bo’lib, teatr tiliga asoslangan edi. Biroq, afsuski, tomoshabinlar bu topilmani tushunishmadi. Prokopovichning chinqirig’ini eshitib va mening sirli harakatimni kuzatib, ular meni bezori deb o’ylashdi. Bezorilik esa urushdan keyin maktab o’quvchilari orasida rosa avjiga chiqqandi.
Qizlarning jahli chiqib, o’g’il bolalar chapak chala boshlashdi. Maktab direktori sahnaga yugurib chiqib, meni parda orqasiga tortib ketdi. Oqibatda yakuniy monologni adabiyot o’qituvchisi o’qishiga to’g’ri keldi.
Ikkinchi marotaba aktyorlik qilishim bundan to’rt yillar muqaddam sodir bo’lgandi. Men u paytlari respublika partiya gazetasida ishlar va yangi yilga “Qorbobo” qilib tayinlangandim. Buning uchun menga uch kunlik hordiq va o’n besh so’m va’da qilishgandi.
Tahrir hay’ati o’zining qaramog’idagi internat uchun Archa bayrami o’tkazishayotgandi. Bu yerda ham eng bo’yi uzun men edim. Menga yasama soqol yelimlashib, telpak, po’stin kiygizishdi-da, sovg’a solingan xaltani qo’limga tutqazishdi, so’ng sahnaga chiqarishdi.
Po’stin kalta edi. Telpakdan esa baliqning hidi kelardi. Chekaman deb, soqolni kuydirib qo’yishimga oz qoldi.
Hamma jim bo’lib qolgach, men ularga murojaat qildim:
— Salom, qadrli bolalar! Meni taniyapsizlarmi?
— Lenin! Lenin! — qichqirishdi birinchi qatordagilar.
Shunda o’zimni tutolmay kulib yubordim, yasama soqolim ko’chib ketdi…
Mana endi Shlippenbax menga bosh rolni taklif qilayotgandi. Albatta, men rad qilishim ham mumkin edi. Biroq nima uchundir xo’p deya qoldim. Doim o’zim shunday bo’lmag’ur takliflarga rozi bo’lib yuraman. Shuning uchun xotinim doim:
— Seni hamma narsa qiziqtiradi, faqat er-u xotin majburiyati emas, — deb to’g’ri aytadi.
Xotinim erning burchini eng avvalo ichkilik ichmaslik deb tushunadi.
Xullas, biz “Lenfil`m”ga qarab jo’nadik. Shlippenbax butafor sexidagi qandaydir Chipaga qo’ng’iroq qilgach, bizga ruxsatnoma yozib berishdi.
Biz tashrif buyurgan binoda shkaf va yashiklar qalashib yotardi. Bu yer zax va undan naftalin hidi anqirdi. Boshimiz uzra kunduzgi chiroqlar yonib, charsillab o’chardi. Burchakda katta qo’g’irchoq ayiq qorayib ko’rinar, uzun stolda esa mushuk o’ynab yurardi.
Parda orqasidan Chipa paydo bo’ldi. U o’rta yoshlardagi kishi bo’lib, yo’l-yo’l mo’yna pal`to va silindirda edi.
U menga uzoq tikilib qoldi-da, so’ng so’radi:
— Sen qo’riqchi bo’lib xizmat qilganmisan?
— Nima edi?
— Ropchidagi jazo maxbusxonasi esingdami?
— Xo’sh.
— Bir erkak o’zini o’zi osib qo’ygani-chi?
— G’ira-shira esimda.
— O’sha men edim. Ikki soat urinishib, zo’rg’a o’zimga keltirishgandi yaramaslar.
Chipa bizni qo’lda tayyorlangan spirt bilan siyladi. Umuman, hurmatimizni joyiga qo’ydi.
— Mana, o’rtoq boshliq, — deb u stol ustiga bir uyum eski-tuskilarni qo’ydi. Ular orasida qora uzun etik, kamzul, yengsiz yoping’ich va shlyapa ham bor edi. So’ng Jargon, maxbus ma’nosida.
Chipa qaerdandir xuddi rossiyalik ilk haydovchilarnikiga o’xshash uzun yengli qo’lqop topdi.
— Shim-chi? — so’radi Shlippenbax.
Chipa qutidan zar jiyakli baxmal shim chiqardi.
Shimni bir iloj qilib kiyishga muvaffaq bo’ldim. Biroq tugmasini o’tkazishning iloji bo’lmadi.
— Bo’ladi, — ishontirdi Chipa, — qilich taqishingiz ham mumkin.
Xayrlashar ekanmiz, birdan u javrab qoldi:
— O’tirganimda ozodlikni sog’inardim. Hozir esa o’lay agar — lagerni qo’msayapman. Olachipor, Do’mboq, Parovozlar qanday odamlar edi-ya!..
Biz narsalarni chemodanga joylab, liftda grim xonasiga, to’g’rirog’i, Lyudmila Borisovna degan grimchi ayolning oldiga tushdik.
Darhaqiqat, “Lenfil`m”da men birinchi marta bo’lishim edi. Men bu yerda juda qiziqarli, ijodiy bir jarayonning guvohi bo’laman; misol uchun, Chursinani xorijiy cho’milish kiyimini kiyib ko’rayotgan, yonida esa Tenyakovaning hasadi kelib turgan bir holda uchrataman, deb o’ylagandim.
Aslida esa “Lenfil`m” ulkan bir idorani eslatardi. Yo’laklarda ko’rimsiz ayollar qog’oz ko’tarib yurishar, hamma yoqni yozuv mashinkalarning shovqini bosib ketgandi. Bu yerda o’ziga xos, mashhur biror-bir shaxsni uchratolmadik. Qaytaga, mening nazarimda, Chipa o’zining yo’l-yo’l kiyimi va silindri bilan bizda katta taassurot qoldirgandi.
Grimchi ayol Lyudmila Borisovna meni toshoynaning yoniga o’tqazib qo’ydi. Bir oz vaqt orqamda turib, razm sola boshladi.
— Xo’sh, qanday? — qiziqsindi Shlippenbax.
— Ochig’i, boshi unchalikmas. Uchga arziydi. Biroq, ko’rinishi juda bop nusxa.
Shunday deya turib, Lyudmila Borisovna labimni ushlab ko’rdi, burnimni tortdi, quloqlarimni siypadi.
So’ng menga qora yasama soch kiygazdi. Mo’ylov yelimlab yopishtirdi. Qalamda sekin lunjimga aylantirib chizdi.
— Juda zo’r! — dedi hayratlanib Shlippenbax — Podshohning ayni o’zi! Buyuk Petrning xabashi!..
So’ng men kiyinib bo’lgach, taksi buyurdik. Studiyadan imperatorning shoxona kiyimida chiqib keldim. Qarshimizdan kelayotganlarning ayrimlarigina bizga qayrilib qarashardi.
Shlippenbax yana bir tanishining xonasiga bosh suqdi. U bizga ikki quti asboblarni tutqazdi. Biroq bu gal — tekinga emasdi.
— Qancha, — so’radi Shlippenbax.
— To’rt so’m-u, o’n ikki tiyin, — deya javob bo’ldi.
— Menga seni musallasga o’tgan deb aytishgandi.
— Sen ishondingmi?
Taksida Shlippenbax menga tushuntira boshladi:
— Stsenariyni o’qimasa ham bo’ladi. Xuddi Antonioniga o’xshab o’zingdan qo’shib ketaverasan. Shoh Petr zamonaviy Leningrad shahrida paydo bo’ladi. Bu yerda hamma narsa unga begona va yoqimsiz. U oziq-ovqat magaziniga kiradi. “Qani sterlyad` balig’i, asal, ikralar, anis arog’i? Mamlakatni kimlar talon-toroj qildi, kelgindilarmi?” — deya qichqira boshlaydi. Va hokazo. Hozir biz Vasil`ev oroliga boramiz. Kechirasiz, “siz”lashganimiz ma’qulmi, yo?
— Albatta, “sen”lash ma’qul.
— Vasil`ev oroliga boramiz. U yerda Bukina bizni mashinasi bilan kutib turibdi.
— Bukina degani kim?
— “Lenfil`m”da ekspeditor. Uning o’ziga berilgan mikroavtobusi bor. Ishdan keyin bo’laman degan. Juda ziyoli ayol. Stsenariyni birgalikda yozganmiz. Dastlabki kadrlarni suratga tushiramiz. Shoh kurantdan Nevskiy xiyoboni tomon yuradi. U gangib qolgan. Qadamini sekinlatib, atrofga sinchiklab nazar soladi. Tushundingmi?.. Mashinalar unga qo’rqinchli. Yozuvlarga tikil. Telefon qutilarini cho’chib aylanib o’t. Agar kimdir turtib ketsa — qilichingga yopish. Hammasiga bemalol ijodiy yondashaver…
Qilich tizzamda yotardi. Uchi qirqib tashlangan bo’lib, uni bor-yo’g’i uch santimetrgagina chiqarish mumkin edi.
Shlippenbax hayajon bilan tushuntirar, shofyor esa miq etmasdi. Faqat yetib kelganimizdan so’ng, qiziqsinib, do’stona ohangda so’radi:
— Ey, xarif, qaysi hayvonot bog’idan qochib kelayapsan?
— Qoyil! — qiyqirdi Shlippenbax. — Tayyor kadr!..
Biz qutilarni olib taksidan tushdik. Yo’lakning narigi tomonida kichik avtobus turardi. Yonida esa bir boyvuchcha jinsida aylanib yurardi. Meni ko’rib u hayron ham bo’lmadi.
— Galina, juda ajoyibsan-da, — dedi Shlippenbax. — O’n daqiqadan so’ng boshlaymiz.
— Doim tashvish orttirib yurasan-da, — javob berdi ayol ham.
Keyin ular yigirma daqiqacha apparat bilan ovora bo’lishdi. Men esa ilgarigi muzey binosining oldida aylanib yurdim. Yo’lovchilar menga qiziqsinib qarashardi.
Nevadan sovuq shamol esar, quyosh yuzini dam-badam bulut qoplab olardi. Nihoyat, Shlippenbax, tayyor bo’ldi, dedi. Galina termosdan o’ziga kofe quyar
ekan, uning qopqog’i yoqimsiz ovoz chiqardi.
— Anavi yoqqa, — dedi Shlippenbax, — burchakka bor. Qo’limni silkishim bilan, devor bo’ylab yurasan.
Men yo’lni kesib o’tib, burchakka bordim. Bu vaqtda oyog’imdagi etik butkul nam bo’lgan, Shlippenbax esa hamon imillar edi. Galina unga stakan uzatayotganiga ko’zim tushdi. Men esa ho’l etikda aylanib yuribman.
Nihoyat, Shlippenbax qo’lini silkidi. Kamerani yuziga yaqinlashtirdi.
Men sigaretni o’chirib, burchaqdan chiqdim-da, ko’prikka qarab yurdim. Suratga olishayotganini bilsang, yurish noqulay ekan. Men nima bo’lsa ham qoqilib tushmaslikka harakat qilardim. Shamol turganda, shlyapamni ushlab oldim.
Birdan Shlippenbax nimadir deb, qichqira boshladi. Shamol tufayli eshitmaganim uchun, to’xtab, yo’lakni kesib o’tdim.
— Ha, nima gap? — so’radi Shlippanbax.
— Men eshitmadim.
— Nimani eshitmading?
— Siz nimadir deb qichqirdingiz-ku?
— “Siz” emas, “sen”.
— Sen menga nima deb qichqirding?
— Men juda zo’r deb qichqirdim! Boshqa hech narsa. Qani, yana bor.
— Kofe ichasizmi? — nihoyat so’radi Galina.
— Keyin, — to’xtatdi uni Shlippenbax, — uchinchi dubldan so’ng.
Men yana burchaqdan chiqib, ko’prikka qarab yo’l oldim. Shlippenbax yana nimadir deb qichqirdi, biroq men e’tibor qilmadim. Shu taxlit yettinchi to’siqqacha indamay ketaverdim. Nihoyat, ortimga o’girildim. Shlippenbax va uning tanish mashinada o’tirishardi. Men shoshib izimga qaytdim.
— Birdan-bir e’tiroz, — dedi Shlippenbax. — ko’proq hayajonlanishing kerak. Hamma narsa senga hayratomuz tuyulsin. Shiorlar va yorliqlarni taajjublanib o’qi.
— U yerda shiorlar yo’q.
— Farqi yo’q. Men keyin ham montaj qilib qo’shaveraman. Muhimi — ko’proq hayratlan. Uch qadam yurdingmi, qo’llaringni shapillatib qo’y…
Oqibatda Shlippanbex meni yetti martalar ovora qildi. Men o’lguday charchadim. Kamzul tagidagi shim tinmay tushib ketar, qo’lqopda chekish juda noqulay edi. Nihoyat, bu azoblar ham tugagach, Galina menga termosni
tutdi. So’ng biz Tavricheskiyga qarab ketdik.

— U yerda pivo do’koni bor, — dedi Shlippenbax, — hatto ikki, uch joyda. Atrofida mast-alast kishilar izg’ib yurishadi. Bu zo’r manzara bo’ladi. Shoh gadolar to’dasida…
Men bu joyni ilgaritdan ham bilardim. Ikki pivo do’koni… O’rtasida qadahga quyib sotishadi. Teatrshunoslik institutidan sal narida edi. Haqiqatdan ham mast-alast xohlagancha topilardi.
Avtobusni darvoza tagida to’xtatdik. U yerda zarur tayyorgarlik ko’rilgach, Shlippenbax shivirladi:
— Sahna juda oddiy. Sen do’konga yaqinlashasan. Bu olomonga taajjublanib tikilasan. So’ng gapira boshlaysan.
— Nima deyishim kerak?
— Nima bo’lsa ham gapiraver. Buning farqi yo’q. Muhimi, og’zing qimirlasa bo’ldi…
— Meni tentak deb o’ylashadi.
— Juda yaxshi. Nima desang de. Narx-navoni so’ra.
— Unda rostdan ham tentak deyishadi. Narxni kim bilmaydi deb o’ylaysan, buning ustiga yana pivo bo’lsa.
— Unda kim oxiri deb so’ra, faqat labing qimirlasa bo’ldi, u yog’ini o’zim montaj qilaman. Matn esa keyin magnitafon lentasiga yoziladi. Xullas, boshlayver.
— Dadillik uchun otib oling, — dedi Galina.
U bir shisha aroq chiqardi. Kofedan bo’shagan stakanga to’ldirib aroq quydi. Baribir aroqning dadillikka nafi bo’lmadi. Biroq do’konga borish uchun mashinadan tushdim.
Yashil bo’yoqqa chaplangan pivo do’koni Rakov va Moxov ko’chalari tutashgan joydagi burchaqda edi. Navbat maysazor bo’ylab to tuman oziq-ovqat birlashmasi binosiga qadar cho’zilgan edi.
Peshtaxta yonida odamlar juda tirband, beriroqda esa bir oz siyrakroq edi. Oxirida esa besh-o’nta xo’mraygan kishilar tumtayib turishardi.
Odamlar ko’k pidjakda va yo’l-yo’l maykada, xuddi begonaning qabri yonida turgandek befarq va jiddiy qiyofada edilar. Ba’zilari choynak va bidonlarini ko’tarib olishgandi.
To’da orasida ayollar kamchil, besh-oltita chamasi, bo’lsa-da, sabrsizlik bilan shovqin solishardi. Ulardan biri tinmay, nimadir deb qichqirardi:
— Kampir onangizni hurmat qilib o’tkazib yuboringlar!..
Maqsadga erishgach, odamlar ichib huzur qilish uchun sekin chetga chiqishardi. Maysazorga go’yo ko’pik yopirilgandek edi.
Hammasining go’yo ichi yonayotgandek, lablari tamshanib ketgandi. Hoviri bosilgach, odamlar sekin jonlanib, chekishgancha, suhbat qurishning payiga tushardi.
Hali navbatda turganlar qiziqsinib so’rashardi.
— Pivo yaxshimikan?
— Aftidan yomonmasga o’xshaydi, — javob berishardi ular.
Butun Rossiyada bunday do’konlardan yana qanchasi bor? Har kuni qancha odam o’lib, qancha odam tirilar ekan?
To’daga yaqinlashavergach, negadir qo’rqa boshladim. Nima uchun bu ishga rozi bo’ldim? Men bu — ezilgan, telbasifat, tund odamlarga nima deyman.
Bu bema’ni tomosha o’zi kimga kerak?!
Navbatning oxiriga men ham qo’shildim. Ikki-uch kishi menga shunchaki qarab qo’yishdi. Qolganlari hatto e’tibor ham qilishmadi.
Mening oldimda temiryo’lchilar kiyimidagi, kavkazliklarga o’xshash kishi turardi. Chaproqda esa — yelkanchilarning bog’ichlari uzilib qolgan boshmog’ini kiyib olgan juldirvoqi turardi. Mendan ikki qadam narida gugurt cho’pini maydalab, bir ziyoli chekib turar, bo’sh portfelini esa, oyoqlari orasiga qisib olgandi.
Vaziyat tobora beo’xshov bo’lib borardi. Hamma jim, hech kim hayron bo’lmas va menga savol ham bermasdi. Qanday savol bo’lishi mumkin? Hammani o’ylatgan bir narsa — chanqoqni bosish edi, xolos.
Men ularga nima deyishim mumkin? Kim oxiri deb so’raymanmi? Oxiri mening o’zim.
Darvoqe, yonimda pulim ham yo’q, pul o’zimning shimimda qolgandi.
— Qarasam — darvoza yonida Shlippenbax qo’lini silkib, buyruq qilayapti.
Aftidan, kelishib olganimizdek harakat qilishimni, ya’ni idish bilan boshimga urishlarini kutayotgandek edi.
Turibman. Asta-sekin peshtaxtaga yaqinlashayapmiz.
Temiryo’lchi kimgadir tushuntirayotganini eshitib qoldim:
— Men Yaltirboshdan keyin. Shoh — orqamda. Sen esa shohdan keyin bo’lasan…
Ziyoli menga murojaat qildi:
— Kechirasiz. Sherdakovni bilasizmi?
— Sherdakovni?
— Siz Dolmatovmisiz?
— Shunga yaqinroq.
— Juda xursandman. Men sizdan bir so’m qarzman. Esingizdami, uchuvchilar kuni biz Sherdakovnikidan tarqalishdik? O’shanda taksiga sizdan bir so’m olgandim.
Ushlang.
Cho’ntagim bo’lmagani uchun, men pulni qo’lqopga tiqdim.
Sherdakovni rostdan ham tanirdim. Markscha-lenincha estetika mutaxassisi, teatrshunoslik instituti dotsenti edi. Bu yerdagi qahvaxonaga tez-tez tashrif buyurib turardi…
— Agar ko’rsangiz, — dedim, — quyuq salomimni yetkazing.
Shu payt Shlippenbax yonimizga yetib keldi. Orqasidan xalloslab Galina kelardi.
Bu vaqtga kelib men deyarli peshtaxtaga yaqinlashib qolgandim. To’da tobora tirbandlashib qolgandi. Men temiryo’lchi va juldirvoqining o’rtasida qisilib qolgandim. Qilichimning bir uchi ziyolining soniga qadalib turardi.
Shlippenbax qichqirishga tushdi:
— Sahnaviylikni ko’rmayapman! Konflikt qani? Sen olomonning qahrini qo’zg’ashing kerak!
Navbatdagilar sergaklanishdi. Harakatchan kinokamerali odam olomonni g’azab va taxlikaga solgandi.
— Kechirasiz, — deya murojaat qildi temiryo’lchi Shlippenbaxga, — siz bu yerda turmagandingiz!
— Men o’z xizmat vazifamni bajarayapman, — aniq javob berdi Shlippenbax.
— Hamma xizmat vazifasida, — deyishdi navbatdagilar.
Norozilik tobora ortib borar, ovozlar esa tobora tahdidona tus olardi.
— Bu yer har xil qalang’i-qasang’i chollar, fohishalar, masxarabozlarning joyi bo’lib qoldi…
— Suratga olishadi-da, so’ng taxtaga “Ular bizning yashashimizga xalaqit qilishayapti”, deb osib qo’yishadi…
— Axir, madaniy chanqovbosdi qilishayapti deyish ham mumkin-ku, bu esa bizning boshimizni qotirayapti…
— Bunday oliftalarning joyi axlatxonada…
Olomon endi g’imirlab qolgandi. Biroq Shlippenbax ham birdan jahl otiga mindi:
— Rossiyani ichib tugatdilaring, ablahlar! Zarracha ham vijdon qolmadi sizlarda! Erta tongdanoq ko’zingizni ochib, shu zahri qotilga yopishasizlar!..
— Yurka, bas qil! Yurka, tentak bo’lma, ketdik! — ko’ndirmoqchi bo’lardi Galina Shlippenbaxni.
Biroq u oyoq tirab turib oldi. Shu payt navbat menga yetdi. Men qo’lqopdan ezg’ilangan bir so’mni olgach, so’radim:
— Qancha olayin?
Shlippenbax birdan o’zini bosib, javob qildi:
— Menga ko’proq — isitadigandan. Galkaga esa kichikrog’i.
Galina qo’shib qo’ydi:
— Men pivoni yoqtirmayman. Biroq jonim bilan ichaman…
Uning so’zida mantiq kamroq edi.
Kimdir norozi bo’la boshlagandi, juldirvoqi unga tushuntirdi.
— Shoh mendan oldin edi, o’zim guvoh. Manavi fonarli iflos esa — uning do’sti. Xullas, hammasi qonundagidek!
Navbatdagilar bir oz g’ala-g’ovurdan so’ng jim bo’lib qolishdi.
Shlippenbax kamerani chap qo’liga olib, krujkani ko’tardi.
— Bo’lg’usi kinomizning muvaffaqiyati uchun ichamiz! Haqiqiy iste’dod qachondir baribir o’ziga yo’l ochadi.
— Mening ta’viyaginam, — erkaladi Galya uni…
Darvoza oldidan orqa bilan chiqar ekanmiz, Shlippenbax gap boshladi:
— Ana senga tomoshabin! Ana senga xalq! Hatto qo’rqib ham ketdim. Bu xuddi…
— Poltava jangi kabi, — gapni tugatdim men.
Avtobusda kiyim almashtirishning iloji bo’lmadi. Meni imperatorning kiyimida uyga olib kelishdi.
Ertasiga Shlippenbaxni kassa yonida uchratdim. U menga huquqiy himoya masalalari bilan shug’ullanayotganini aytdi. Shu taxlit, havaskorlik fil`mini suratga olish to’xtadi.
Teatr kamzuli menda ikki yillarcha yotdi. Qilich qo’shni bolaga nasib qildi. Shlyapa bilan polni artardik. Kamzulni esa Regina Britgerman degan g’alati ayol pal`to o’rniga kiyib yurdi. Baxmal shimdan esa xotinim o’ziga yubka tikib oldi.
Shofyorlik qo’lqopini esa muhojirlikka olib ketdim. Men eng avvalo mashina sotib olaman deb o’ylagandim. Shu-shu sotib ololmadim. O’zim istamadim.
Men axir boshqalardan nimam bilandir ajralib turishim kerak-ku! Mayli butun Forest Xills “O’sha mashinasi yo’q Dovlatov” deb taniy qolsin!

072

(Tashriflar: umumiy 79, bugungi 1)

Izoh qoldiring