Epikur. Minokevsga maktub

022

    Қаноат эса хотиржамлик ва бахтиёрликнинг калитидир. Хоҳишларимизнинг баъзилари табиий. Баъзилари эса асоссиз. Табиий хоҳишларимизнинг ҳам маълум қисмигина зарур. Қолганларига эҳтиёж йўқ. Бунинг фаҳмига етиб, уларни ажрата оладиган киши улардан танасини соғлом тутиш ва тафаккурини бойитишда фойдаланади. Бу аснони ҳаётнинг мазмуни ва умрнинг хайрли давоми деб билади. Биз доимо кўнглимиз ва танамизнинг эҳтиёжини босадиган нарсаларни қидирамиз. Азобланганимиздагина, ҳузур-ҳаловатни истаймиз.

012

021 Эпикур миллоддан аввалги 341-270 йилларда Афинанинг Самос оролида яшаб ижод этган қадимги юнон файласуфи ҳамда эпикурианизм фалсафа мактабининг асосчисидир.
Эпикурианизм таълимотига кўра, фалсафа инсонга бахтга эришиш, осуда ҳаётни қўлга киритиш, тинч ҳамда эркин бўлиш, оғриқлардан қутилиш ва қадрдон дўстлар даврасида ўз ҳаётидан қониқиб яшаши учун йўлланмадир. Эпикурнинг қайд этишича, ҳузур-ҳаловат ва дард эзгулик ҳамда ёвузликни аниқлашдаги ўлчовлар ҳисобланади. Ўлим тана ҳамда қалб ҳаракатининг ниҳоясидир. Инсоннинг эришган ютуқлари ёки унинг бошига ёғиладиган балоларнинг худога дахли йўқ. Булар инсон ҳаракатининг оқибатидир. Борлиқ – ниҳоясиз ва абадийдир. Оламда содир бўлгувчи воқеалар бўш макондаги атомларнинг ўзаро таъсири ҳамда ҳаракатига боғлиқ.

Эпикурнинг қарашлари ўша замон олимларининг у қадар диққатини тортмаган. Айниқса, Демокрит унинг фикрларига шубҳа билан қараган. Боиси, детерминизм (нарса ва ҳодисаларнинг сабабий боғланишлари ҳақидаги материалистик таълимот) борасидаги бир қатор кескин мулоҳазалари Демокритникидан фарқ қилган.
Эпикур асос солган мактаб кичкина бўлса ҳам, бу мактаб ривожи учун у бутун умрини бағишлаган.

Эпикур фалсафаси жамики яхшилик ҳамда ёмонлик ҳузур-ҳаловат ва азоб туфайли туғиладиган туйғулар боис юзага келади, деган назарияга асосланади. Ушбу назарияга кўра, нимаики яхши бўлса, у ҳаловатдир, нимаики ёмон бўлса, у азоблидир. Ҳузур-ҳаловат ҳамда азобни Эпикур яхшилик ҳамда ёмонлик ўртасидаги ахлоқий тофовутнинг асоси, деб ҳисоблайди. Баъзи бир ўринда ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, азобланишни танлаш, янада лаззатлироқ ҳузур-ҳаловатга эришишга хизмат қилишини таъкидлайди. Ҳузур-ҳаловат исташ ҳамда излаш орқали ўлим қўрқувдан ҳамда маъбудалар жазосидан халос бўлиб, хотиржамликка эришиш эпикурианизм таълимоти назариясининг асосий қоидаларидан биридир.

Эпикурнинг учтагина хати тўлиқ ҳолда, Диогеннинг “Машҳур файласуфлар” асари ҳамда Ватикан кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар орқали, шунингдек, унинг папирусга ёзилган “Табиат хусусида” номли асаридан бир нечта парчалар бизгача етиб келган.

Таржимондан

045
Эпикур
МИНОКЕВСГА МАКТУБ
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси
012

   Донолик ёшу қарига бирдек ярашади. Донишмандликни излашда ёшнинг аҳамияти йўқ. Ахир, кўнгилни соғлом тутишнинг эрта-кечи бўлмайди-ку! Ҳаётни ўрганиш, фалсафани англашнинг вақти ҳали етиб келмади ёки ўтиб кетди, дейиш бахтиёрликни бой бериш ё уни кечиктириш билан баробар. Шу сабабли, ёшу қари донишмандликни изламоғи даркор. Ёш бўла туриб ҳам доно бўлиш мумкин. Биз шууримизга бахтиёрлик олиб келадиган иш билан машғул бўлиб, хотиржамликка эришамиз.

Ўлимнинг биз учун хатарли жойи йўқ. Буни тушунишга одатлан. Ўлим биз ўйлаганчалик қўрқинчли эмас. Ундан устун келишнинг ягона йўли – мангу ҳаётга кетишдан олдин умрбоқийликни қўлга киритишдир. Ўлимдан қўрқувчи киши нодондир. У жон оғриғини ўйлаб эмас, ўлим келажак сари тобора жадал илгарилаётгани учун ҳам ундан қўрқади. Аслида, ўлим табиатдаги ҳодиса каби бир кўринишдан иккинчисига ўтишдек гап. Ўлим биз учун ҳеч нарса. Гап шундаки, биз тирик бўлганимизда у бизга яқинлаша олмайди. У келганида эса биз аллақачон кетиб бўлган бўламиз. Бир вақтлар инсонлар ўлимни энг шафқатсиз иблис деб билишган. Вақти келиб эса ўлим уларга ҳаётдаги иблислардан қутулишнинг ягона чораси бўлиб кўринган.

Донишманд одам ҳаётини қадрлайди ва унинг поёнига етишидан у қадар ҳам изтиробга тушмайди. Одамлар мўл-кўл овқатдан кўра, оз бўлса ҳам мазали таомни афзал кўрганлари каби, донишманд одам ҳам узоқ эмас, маъноли ҳамда хушвақт умр кечиришни маъқул кўради.
Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, келажак тамомила бизнинг ихтиёримизда эмас. Унинг келишига қатъий ишониш ёки келмаслигидан ташвишланиб, умидсизлик гирдобига ғарқ бўлишимиз ярамайди.

Унутмайликки, кучли хоҳиш кўп ҳолларда чексиз нафратга сабаб бўлади. Қаноат эса хотиржамлик ва бахтиёрликнинг калитидир. Хоҳишларимизнинг баъзилари табиий. Баъзилари эса асоссиз. Табиий хоҳишларимизнинг ҳам маълум қисмигина зарур. Қолганларига эҳтиёж йўқ. Бунинг фаҳмига етиб, уларни ажрата оладиган киши улардан танасини соғлом тутиш ва тафаккурини бойитишда фойдаланади. Бу аснони ҳаётнинг мазмуни ва умрнинг хайрли давоми деб билади. Биз доимо кўнглимиз ва танамизнинг эҳтиёжини босадиган нарсаларни қидирамиз. Азобланганимиздагина, ҳузур-ҳаловатни истаймиз. Шу сабабли ҳам ҳузурни ҳаётнинг энг муҳим палласи деб биламиз. У бизнинг энг олий истагимиз бўлиб, ҳар қандай танловнинг, шу билан бирга, нафратнинг асосидир. Ҳузур ҳар қандай нарсага баҳо беришда бош ҳакамдир. Афсуски, ҳузур-ҳаловат ҳамиша ҳам ҳақ бўлавермайди. Аммо, дунёдаги энг улуғ ҳузур-ҳаловат қаноатли бўлишдир.

Нон ва сув оч қорин ва қақраб кетган лаблар учунгина ҳаловатлидир. Эҳтиёжларини меъёрида ушлаб турган киши ортиқча муаммоларга дуч келмайди.

Ҳузур-ҳаловат – бу танадан оғриқни даф қилиш ва кўнгил безовталигидан халос бўлишдир. У шоҳона таомлар тортилган тўкин дастурхон эмаслигини ёдимиздан чиқармайлик.
Ҳузур-ҳаловат кўнгилни бесаранжом қилаётган ўй-хаёллардан халос этгувчи, бизни улардан ҳимоя қилгувчи ҳамда олдимиздаги тўсиқларга асосли илож топгувчи идрокдир. Шу сабабли ҳам фазилатлар орасида энг яхшиси мулоҳазакорликдир. Идрок, ифтихор ҳамда адолат фаровон ҳаётнинг ажралмас бўлагидир.

Мана шу фикрларга суянган одам ўлим қўрқувидан батамом халосдир. Бундай одам яхши нарсаларга ва эзгуликка қанчалик тез эришиш мумкинлигини билади ва бунга осон эришади. Шунингдек, иблис кучининг меъёрлари ҳам унга маълум ва у бундан унчалик ҳам хавотирга тушмайди. Баъзилар учун қочиб-қутулиб бўлмайдиган, ҳукмдор ҳисобланган тақдирни у менсимайди. Сабаби, ҳаётдаги воқеликларнинг аксарияти эҳтиёж, қолганлари тасодиф ва яна бир қисми ўзимиз боис рўй беришидан у яхши хабардор. У эҳтиёжни, масъулиятни емирадиган куч ҳамда уни ўткинчи деб билгани сабаб, унга бўйсунмайди. У нодонларча завқу шавққа буркангандан кўра, доно бўлиб, фақир ҳолда ҳаёт кечиришни маъқул кўради.

Сен менинг айтганларимни ёдингда тут. Ўзинг ва сенга ўхшаганлар билан биргаликда, буларга амал қил. Шунда ҳеч қачон: на ўнгингда, на уйқунгда ҳеч нарса сени безовта қилмайди.

012
022

012

Epikur milloddan avvalgi 341-270 yillarda Afinaning Samos orolida yashab ijod etgan qadimgi yunon faylasufi hamda epikurianizm falsafa maktabining asoschisidir.
Epikurianizm ta’limotiga ko’ra, falsafa insonga baxtga erishish, osuda hayotni qo’lga kiritish, tinch hamda erkin bo’lish, og’riqlardan qutilish va qadrdon do’stlar davrasida o’z hayotidan qoniqib yashashi uchun yo’llanmadir. Epikurning qayd etishicha, huzur-halovat va dard ezgulik hamda yovuzlikni aniqlashdagi o’lchovlar hisoblanadi. O’lim tana hamda qalb harakatining nihoyasidir. Insonning erishgan yutuqlari yoki uning boshiga yog’iladigan balolarning xudoga daxli yo’q. Bular inson harakatining oqibatidir. Borliq – nihoyasiz va abadiydir. Olamda sodir bo’lguvchi voqealar bo’sh makondagi atomlarning o’zaro ta’siri hamda harakatiga bog’liq.

Epikurning qarashlari o’sha zamon olimlarining u qadar diqqatini tortmagan. Ayniqsa, Demokrit uning fikrlariga shubha bilan qaragan. Boisi, determinizm (narsa va hodisalarning sababiy bog’lanishlari haqidagi materialistik ta’limot) borasidagi bir qator keskin mulohazalari Demokritnikidan farq qilgan. Epikur asos solgan maktab kichkina bo’lsa ham, bu maktab rivoji uchun u butun umrini bag’ishlagan.

Epikur falsafasi jamiki yaxshilik hamda yomonlik huzur-halovat va azob tufayli tug’iladigan tuyg’ular bois yuzaga keladi, degan nazariyaga asoslanadi. Ushbu nazariyaga ko’ra, nimaiki yaxshi bo’lsa, u halovatdir, nimaiki yomon bo’lsa, u azoblidir. Huzur-halovat hamda azobni Epikur yaxshilik hamda yomonlik o’rtasidagi axloqiy tofovutning asosi, deb hisoblaydi. Ba’zi bir o’rinda huzur-halovatdan voz kechib, azoblanishni tanlash, yanada lazzatliroq huzur-halovatga erishishga xizmat qilishini ta’kidlaydi. Huzur-halovat istash hamda izlash orqali o’lim qo’rquvdan hamda ma’budalar jazosidan xalos bo’lib, xotirjamlikka erishish epikurianizm ta’limoti nazariyasining asosiy qoidalaridan biridir.

Epikurning uchtagina xati to’liq holda, Diogenning “Mashhur faylasuflar” asari hamda Vatikan kutubxonasida saqlanayotgan qo’lyozmalar orqali, shuningdek, uning papirusga yozilgan “Tabiat xususida” nomli asaridan bir nechta parchalar bizgacha yetib kelgan.

Tarjimondan

045
Epikur
MINOKEVSGA MAKTUB
Ingliz tilidan Shuhrat Sattorov tarjimasi
012

Donolik yoshu qariga birdek yarashadi. Donishmandlikni izlashda yoshning ahamiyati yo’q. Axir, ko’ngilni sog’lom tutishning erta-kechi bo’lmaydi-ku! Hayotni o’rganish, falsafani anglashning vaqti hali yetib kelmadi yoki o’tib ketdi, deyish baxtiyorlikni boy berish yo uni kechiktirish bilan barobar. Shu sababli, yoshu qari donishmandlikni izlamog’i darkor. Yosh bo’la turib ham dono bo’lish mumkin. Biz shuurimizga baxtiyorlik olib keladigan ish bilan mashg’ul bo’lib, xotirjamlikka erishamiz.

O’limning biz uchun xatarli joyi yo’q. Buni tushunishga odatlan. O’lim biz o’ylaganchalik qo’rqinchli emas. Undan ustun kelishning yagona yo’li – mangu hayotga ketishdan oldin umrboqiylikni qo’lga kiritishdir. O’limdan qo’rquvchi kishi nodondir. U jon og’rig’ini o’ylab emas, o’lim kelajak sari tobora jadal ilgarilayotgani uchun ham undan qo’rqadi. Aslida, o’lim tabiatdagi hodisa kabi bir ko’rinishdan ikkinchisiga o’tishdek gap. O’lim biz uchun hech narsa. Gap shundaki, biz tirik bo’lganimizda u bizga yaqinlasha olmaydi. U kelganida esa biz allaqachon ketib bo’lgan bo’lamiz. Bir vaqtlar insonlar o’limni eng shafqatsiz iblis deb bilishgan. Vaqti kelib esa o’lim ularga hayotdagi iblislardan qutulishning yagona chorasi bo’lib ko’ringan.

Donishmand odam hayotini qadrlaydi va uning poyoniga yetishidan u qadar ham iztirobga tushmaydi.  Odamlar mo’l-ko’l ovqatdan ko’ra, oz bo’lsa ham mazali taomni afzal ko’rganlari kabi, donishmand odam ham uzoq emas, ma’noli hamda xushvaqt umr kechirishni ma’qul ko’radi. Shuni esdan chiqarmasligimiz kerakki, kelajak tamomila bizning ixtiyorimizda emas. Uning kelishiga qat’iy ishonish yoki kelmasligidan tashvishlanib, umidsizlik girdobiga g’arq bo’lishimiz yaramaydi.

Unutmaylikki, kuchli xohish ko’p hollarda cheksiz nafratga sabab bo’ladi. Qanoat esa xotirjamlik va baxtiyorlikning kalitidir. Xohishlarimizning ba’zilari tabiiy. Ba’zilari esa asossiz. Tabiiy xohishlarimizning ham ma’lum qismigina zarur. Qolganlariga ehtiyoj yo’q. Buning fahmiga yetib, ularni ajrata oladigan kishi ulardan tanasini sog’lom tutish va tafakkurini boyitishda foydalanadi. Bu asnoni hayotning mazmuni va umrning xayrli davomi deb biladi. Biz doimo ko’nglimiz va tanamizning ehtiyojini bosadigan narsalarni qidiramiz. Azoblanganimizdagina, huzur-halovatni istaymiz. Shu sababli ham huzurni hayotning eng muhim pallasi deb bilamiz. U bizning eng oliy istagimiz bo’lib, har qanday tanlovning, shu bilan birga, nafratning asosidir. Huzur har qanday narsaga baho berishda bosh hakamdir. Afsuski, huzur-halovat hamisha ham haq bo’lavermaydi. Ammo, dunyodagi eng ulug’ huzur-halovat qanoatli bo’lishdir.

Non va suv och qorin va qaqrab ketgan lablar uchungina halovatlidir. Ehtiyojlarini me’yorida ushlab turgan kishi ortiqcha muammolarga duch kelmaydi.

Huzur-halovat – bu tanadan og’riqni daf qilish va ko’ngil bezovtaligidan xalos bo’lishdir. U shohona taomlar tortilgan to’kin dasturxon emasligini yodimizdan chiqarmaylik.  Huzur-halovat ko’ngilni besaranjom qilayotgan o’y-xayollardan xalos etguvchi, bizni ulardan himoya qilguvchi hamda oldimizdagi to’siqlarga asosli iloj topguvchi idrokdir. Shu sababli ham fazilatlar orasida eng yaxshisi mulohazakorlikdir. Idrok, iftixor hamda adolat farovon hayotning ajralmas bo’lagidir.

Mana shu fikrlarga suyangan odam o’lim qo’rquvidan batamom xalosdir. Bunday odam yaxshi narsalarga va ezgulikka qanchalik tez erishish mumkinligini biladi va bunga oson erishadi. Shuningdek, iblis kuchining me’yorlari ham unga ma’lum va u bundan unchalik ham xavotirga tushmaydi. Ba’zilar uchun qochib-qutulib bo’lmaydigan, hukmdor hisoblangan taqdirni u mensimaydi. Sababi, hayotdagi voqeliklarning aksariyati ehtiyoj, qolganlari tasodif va yana bir qismi o’zimiz bois ro’y berishidan u yaxshi xabardor. U ehtiyojni, mas’uliyatni yemiradigan kuch hamda uni o’tkinchi deb bilgani sabab, unga bo’ysunmaydi. U nodonlarcha zavqu shavqqa burkangandan ko’ra, dono bo’lib, faqir holda hayot kechirishni ma’qul ko’radi.

Sen mening aytganlarimni yodingda tut. O’zing va senga o’xshaganlar bilan birgalikda, bularga amal qil. Shunda hech qachon: na o’ngingda, na uyqungda hech narsa seni bezovta qilmaydi.

022

(Tashriflar: umumiy 66, bugungi 1)

Izoh qoldiring