Erix Fromm. Sevgi san’ati (III)

Ashampoo_Snap_2017.02.21_23h48m22s_004_.png   Ҳозирги замон кишиси ўзлигидан, яқин ёру биродарларидан, табиатдан бегоналашган. У товарга айлантирилган ва ҳаётий куч-қувватини мавжуд бозор муносабатлари шароитида имкон қадар кўп даромад келтирувчи капитал-сармоя деб билади. Инсоний муносабатлар, моҳиятан, бир-биридан бегоналаштирилган автоматлар муносабати тусини олиб, ҳар бири оломондан ажралмасдан, фикр-мулоҳазалари, ҳис-туйғулари, хатти-ҳаракатлари билан фарқланмасдан хавфсизлигини таъминлайди. Бошқалардан имкон қадар фарқ қилмасликка интилиб, ҳар бири тамомила якка-ёлғиз бўлиб қолади; оқибатда ўзига ишонмайди, ваҳима ичра гуноҳкордай изтироб чекади, инсон ёлғизликни енголмаганида ҳамиша шу кўйга тушади.

Эрих ФРОММ
СЕВГИ САНЪАТИ (III)
Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
009

III. МУҲАББАТ ВА УНИНГ ЗАМОНАВИЙ 
ҒАРБ ЖАМИЯТИДАГИ БУЗИЛИШИ

Муҳаббат етук, фаол феъл-атвор соҳибларига хос хусусият бўлгани боис индивиднинг муайян маданият шароитидаги севиш қобилияти айни маданиятнинг ўртача одам феъл-атворига таъсирига боғлиқ. Замонавий Ғарб маданиятда муҳаббат ҳақида гапирганда, шундай савол туғилади: ғарбона тамаддуннинг ижтимоий тузилиш-тартиботи ва у юзага келтирган руҳий муҳит муҳаббатнинг равнақ топишига хизмат қиладими? Саволни шу тарзда қўйиш унга рад жавоби бериш учун кифоя. Бародарона, оналик, эротик-шаҳвоний муҳаббат бизда камёб ҳодисага айлангани, унинг ўрнини хилма-хил сохта муҳаббат шакллари эгаллаганию, улар аслида муҳаббатнинг бузилган шакллари эканига ғарбона ҳаётимизнинг бирорта ҳам вазмин кузатувчиси шубҳа қилмайди.

Капиталистик жамият бир томондан, сиёсий эркинлик қоидасига, бошқа томондан, барча иқтисодий, бинобарин, ижтимоий муносабатларнинг регулятори, тартибга солувчиси сифатида бозор муносабатлари қоидаларига асосланган. Товар-маҳсулотлар бозори товарлар алмашинуви шартларини белгилайди; меҳнат бозори ишчи кучи харид қилиш ва сотишни тартибга солади. Фойдали ашё-буюмлар сингари фойдали инсоний куч-қувват ва қобилиятлар ҳам товарга айланиб, бозор шартларига биноан мажбурлашларсиз ва алдовларсиз айирбошланади. Қанчалик зарур ва фойдали эканидан қатъий назар, башарти, бозорда талаб бўлмаса, ҳеч қандай иқтисодий (айирбошлаш) қийматига эга бўлмайди; башарти мавжуд бозор муносабатларида талаб қилмаса, инсоний куч-қувват ва қобилиятлар айирбошлаш қийматидан маҳрум. Сармоя эгаси ундан самарали фойдаланиш мақсадида ишчи кучи харид қилиши ва уларни ишлатиши мумкин. Ишчи куч эгаси уни бозор шартларига биноан капиталистга сотиши керак, аксинча оч қолади. Бу иқтисодий структура-тизим қиймат иерархиясида ҳам акс этган. Ишчи кучини капитал-сармоя тасарруф этади, яъни жамғарма ашёлар – жонсиз-ўлик маҳсулотлар жонли меҳнат, жонли инсон кучига нисбатан юқори баҳоланади, қадрланади.

Капитализмнинг асосий тизими азал-азалдан шундай. Бу унинг ҳозирги босқичи учун ҳам хос, бироқ айрим омиллар ўзгарган, ва бу замонавий капитализмга айрим специфик хусусиятлар бахш этган ва замонамиз одамлари феъл-атворига жиддий таъсир қилган-ўзгартирган. Капитализм ривожланиши натижасида капитал-сармоя тобора марказлашаётгани ва концентрациялашаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Йирик корхоналар кичик корхоналарни синдириб, муттасил кенгаймоқда-кучаймоқда. Шу корхоналарга сарфланган капитал-сармояни тасарруф этиш уларни бошқаришдан тобора йироқлашаётир. Корхоналарга юз минглаб «ҳиссадорлар» эгалик қилаётир, уларни эса яхшигина маош оладиган, бироқ корхоналар эгаси бўлмаган бюрократия-мансабдорлар бошқараётир. Бу бюрократия-мансабдорлар максимал даромад олишга нисбатан корхоналарнинг кенгайиши ва раҳбарлик доираси яна ҳам ортишидан манфаатдор. Сармоя концентрациялашуви ва бошқарув бюрократиясининг куч-қудрати ортиши билан бирга ишчилар ҳаракати ҳам авж олмоқда. Ишчилар касаба уюшмаларига бирикишлари туфайли ҳар бир ишчи — ишчи кучи бозорида шахсан бевосита битим-шартномалар тузишининг ҳожати йўқ; у йирик ишчилар ҳаракатига аъзо бўлади, бу ҳаракатга ҳам кучли бюрократия раҳбарлик қилиб, йирик саноат корхоналарида ишчилар манфаатларини ёқлайди. Бу яхшими-ёмонми, бироқ ташаббус сармоя соҳасида ҳам, ишчи кучи соҳасида ҳам индивиддан бюрократия томон силжийди-кўчади-ўтади. Тобора кўпроқ одамлар улкан иқтисодий империя-салтанатлар бошқарувидан халос бўла борадилар.

Замонавий капитализмнинг яна бир жиддий ўзига хос хусусияти – сармоя концентрациялашуви натижасида юзага келган меҳнатни ташкил қилишнинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Юксак даражадаги марказлашув, корхоналардаги такомиллашган меҳнат тақсимоти ишлаб чиқаришнинг шундай ташкил қилинишига олиб келадики, бунда индивид индивидуаллигини бой беради-йўқотади, маҳобатли ишлаб чиқариш машинасининг тез ишдан чиқадиган ва осон алмаштириладиган эҳтиёт қисмига айланади. Замонавий капиталистик жамиятда инсон муаммосини қуйидагича таърифлаш мумкин:

Замонавий капитализм биргаликда монелик-узилишларсиз ишлайдиган одамларга, боз устига сон-саноқсиз ишчи-хизматчиларга муҳтож; тобора кўп истеъмол қилиш-тасарруф этишга интиладиган одамларга, диди-таъби бараварлаштирилган, мутаносиблашган, таъсирга осон-енгил берилувчан ва шундай осонлик билан ўзгарадиган тоифага муҳтож. Ўзларини эркин ва мустақил ҳисоблайдиган, ҳеч қандай ҳокимиятга ёки виждон қоидаларига бўйсинмайдиган, бироқ буйруқ-фармойишлар олишни, нимани талаб қилсалар, шуни амалга оширувчи одамларга муҳтож; ижтимоий тартиб-тизимга қойил-мақом мослаштирилган, мажбарламасдан ҳам бошқараса-идора қилса бўладиган, раҳнамосиз ҳам йўналтирса бўладиган, бирон бир мақсадсиз ҳаракатга келтирса бўладиган одамлар тоифасига муҳтож: капитализмга ёлғиз бир мақсад: нимадир ишлаб чиқариш, ҳаракатда бўлиш, фаолият юритиш, қаёққадир бориш кифоя.

Бунинг оқибати қандай? Ҳозирги замон кишиси ўзлигидан, яқин ёру биродарларидан, табиатдан бегоналашган. У товарга айлантирилган ва ҳаётий куч-қувватини мавжуд бозор муносабатлари шароитида имкон қадар кўп даромад келтирувчи капитал-сармоя деб билади. Инсоний муносабатлар, моҳиятан, бир-биридан бегоналаштирилган автоматлар муносабати тусини олиб, ҳар бири оломондан ажралмасдан, фикр-мулоҳазалари, ҳис-туйғулари, хатти-ҳаракатлари билан фарқланмасдан хавфсизлигини таъминлайди. Бошқалардан имкон қадар фарқ қилмасликка интилиб, ҳар бири тамомила якка-ёлғиз бўлиб қолади; оқибатда ўзига ишонмайди, ваҳима ичра гуноҳкордай изтироб чекади, инсон ёлғизликни енголмаганида ҳамиша шу кўйга тушади. Замонамиз тамаддун-маданияти инсон ёлғизликни ҳис қилмаслиги учун сон-саноқсиз кўнгилхушлик воситалари таклиф қилади. Даставвал бу бюрократлашган, механик ишнинг бир асно илдамлаши бўлиб, буннг оқибатида инсон асосий саъй-ҳаракатлари: бегоналикни бартараф этиб, эҳтиросли бирлашиш-қовушиш истагини идрок қила олмайдилар. Бир тарздаги, ўзгармас иш кифоя қилмагани боис инсон онгсиз қасос-ўчини бир тарздаги, айнан ўхшаш кўнгилхушлик хизматлари таклиф қилувчи товушлар ва томошаларни пассив тасарруф этиш воситасида бартараф этади; бундан ташқари тобора янгидан янги ашё-нарсалар харид қилиш ва уларни бошқаларига алмаштириш асносида ҳам қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Моҳиятан замонамиз кишининг қиёфаси Хаксли «Ажойиб янги дунё» асарида тасвирлаган манзарага яқин: қорни тўқ, яхши кийинган, жинсий эҳтирослари қондирилган, бироқ ўз «Мен»идан маҳрум, яқин ёру биродарлари билан ўта юзаки муносабатларни истисно қилганда, самимий муносабат-муомалага бегона. Хакслининг лўнда таърифлашича: «Башарти ҳис қиладиган бўлсанг, жамиятнинг бошига етасан», ёҳуд: «Бугунги ҳузур-ҳаловатни эртага қўйма» ёки (жуда топиб айтилган ақида): «Давримизда барча бахтиёр» сингари шиорларга амал қилади. Товар-маҳсулотлар, томошалардан таъсирланиш, озиқ-овқатлар, ичимликлар, сигареталар, одамлар, маърузалар, китоблар, кинофильмларни тасарруф этиш ва «ямламай ютиш»дан қониқиш ҳосил қиладилар – буларнинг барчаси истеъмол қилинади, ямламасдан ютилади. Дунё – иштаҳамизни қондирадиган якка йирик манбаа, улкан олма, улкан шиша идиш, улкан она кўкси; бизлар барчамиз –муттасил кўзлари тўрт, муттасил алланарсалардан умидвор ва муттасил ҳафсаласи пир — кўкракдан ажралмаган норасида гўдаклармиз. Шахсиятимиз айирбошлаш ва олишга, олди-сотди қилишга ва истеъмол қилишга мослашган; барча-барчаси – моддият ҳам, маънавият ҳам – айирбошлаш ва истеъмол ашё-воситаси.

Замонавий одамнинг бундай ижтимоий типи муҳаббат масаласида ҳам намоён бўлмаслиги мумкин эмас. Автоматлар севолмайди; улар шахсий «сифат хоссалари»ни айирбошлаши ва адолатли битим-шартномага умид боғлай оладилар, халос. Бундай бегоналашган муҳаббат хоссаси – ва айниқса никоҳ хусусияти – «команда» ғоясида ҳам ҳаммасига нисбатан ёрқинроқ намоён бўлади. Бахтли никоҳга оид кўплаб мақолаларда ғоя яхши ўйнаган команда кўринишида талқин қилинади. Бундай таърифлаш узлуксиз фаолият юритувчи хизматчи тимсолидан деярли фарқ қилмайди; у «оқилона доирада мустақил бўлиши» ва ҳамкорлик қила олиши, сабр-тоқатли бўлиши – ва айни пайтда шахсиятпараст ҳамда тажовузкор бўлиши зарур. Шундай қилиб: «никоҳ мутахассислари» эр ўз хотинини тушуниши ва унга кўмаклашишга ҳамиша тайёр туриши керак, дея таълим берадилар. Янги кўйлаги ярашганию овқати жуда ширин бўлганини тилёғламалик билан маликаи дилозорга маълум қилиши жоиз. Ўз навбатида хотин ишдан хориб-чарчаб, норози кайфиятда келган эрининг кўнглига қараши, хизмат жойидаги кўнгилсизларга оид арзи додини хайрихоҳлик билан тинглаши, туғилган кунини унутиб қўйса, аразламаслиги, балки эрини тушуниши зарур. Айни шундай ўзаро муносабатлар типи қамровига кирувчи хоссаларнинг барчаси – умрбод бир-бирига бегона, ҳеч қачон «сидқидилдан самимий муносабатда бўла олмайдиган», бироқ ўзаро хушмуомала бўлиб, бир-бирининг кўнглини овлашга уринадиган икки инсоннинг рисоладагидек силлиқ муносабати, халос.

Муҳаббат ва никоҳнинг бундай концепциясида ёлғизлик туйғусидан нажот топишга алоҳида урғу берилади, аксинча ёлғизлик азобига чидаш мушкул. Инсон ёлғизликдан ниҳоят «муҳаббат» оғушида нажот топади. У иковлашиб бутун дунёга қарши иттифоқ тузади ва a deux – жуфтларнинг бу эгоизм-шахсиятпарастлиги муҳаббат ва яқинлик сифатида янглиш талқин этилади.

«Команда»- «кўплашиш»-«гуруҳланиш», ўзаро сабр-тоқатли-кечиримли бўлиш сингари хусусиятга эга муҳитга бундай урғу бериш – нисбатан янги ҳолат. Биринчи жаҳон урушидан кейинги йилларда рисоладагидек ишқий муносабатларнинг, айниқса бахтли никоҳнинг асосини ўзаро жинсий қониқиш ташкил этади, деган нуқтаи назар устунлик қилган. Бахтсиз никоҳлар тез-тез учраётганининг сабабини жинсий жиҳатдан «бир-бирига мослаша» олмасликда деб билишган; оқилона жинсий алоқа усулини билмаслик, яъни келин ёки куёвнинг ёҳуд ҳар иккаласининг бу борада ғўрлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Мана шу нуқсонни «тўғрилаш» ва бахти очилмаган жуфтларга кўмаклашиш мақсадида оқилона жинсий алоқа усулларига оид кўплаб рисола-китоблар пайдо бўлган; бундай насиҳатомуз асарларда кўрсатилган усулларга оғишмай амал қилинса, шубҳасиз ўзаро муҳаббат ва бахту саодат қарор топиши ошкора ёки пинҳона ваъда қилинган. Бунинг негизини муҳаббат – шаҳвоний лаззат ҳосиласи ва башарти келин-куёв бир-бирини жинсий қондириб-қанотлантира олса, бир-бирларига муҳаббат қўядилар, бир-бирларини севадилар, деган ғоя ташкил этган. Бу ўша даврнинг хомхаёлдан иборат муштарак ақидасига мос бўлиб, унга кўра оқилона техникавий усуллар воситасида наинки саноат ишлаб чиқариши муаммоларини, балки умуман инсоний муносабатларни ҳам ҳал қилиш мумкин. Аслида эса бунинг акси тўғри.

Муқобил жинсий усуллар воситасида муҳаббат юзага келмайди; аксинча, жинсий муносабатлардаги бахт-саодат ва ҳатто жинсий алоқа усулларини эгаллаш муҳаббат натижасида қўлга киритилади. Башарти бу фикр яна бирон бир исбот талаб қилса, уларни кўпдан кўп психоанализ маълумотларидан топса бўлади. Тез-тез учрайдиган жинсий муаммоларни – аёлларнинг фригидлиги ҳамда эркакларнинг ҳам енгил, ҳам сурункали импотенциясини — ўрганиш кўрсатишича, бунинг сабаби жинсий алоқа усулларини етарли даражада билмасликда эмас, балки севги-муҳаббатга имкон бермайдиган тўхталишдадир. Маъшуқ-маъшуқага ўзлигини тўла-тўкис бахшида этишга, ғайриоддий хатти-ҳаракатлар қилмасликка, бавосита ва бевосита жисмоний яқинлик чоғида жинсий жуфтига ишонишга монелик қилувчи бундай мушкулотлар негизини қарама-қарши жинс вакилидан хадиксариш-қўрқиш ёки ундан нафратланиш ташкил қилади. Башарти жинсий сезгилари карахт ҳолатдаги шахс қўрқув ва нафратдан халос бўлса, ва пировард натижада сева олса, жинсий муаммоларни ҳал этади. Аксинча — жинсий алоқа усулларини қанчалик зўр бериб ўрганмасин, ҳеч қандай наф бермайди.

Рисоладагидек жинсий алоқа усулларини пухта ўзлаштириш жинсий алоқа ва муҳаббат борасида бахт-саодатни таъминлашига оид тахмин-тасаввур нотўғри эканини психоаналитик таҳлил маълумотлари исботлашидан қатъий назар муҳаббат ўзаро жинсий қониқиш ҳосиласи экани тўғрисида эслатилган тахмин Фрейд назариясининг кучли таъсири натижасида пайдо бўлган. Фрейднинг наздида муҳаббат моҳиятан жинсий хосса-хусусиятга эга. Жинсий (жинсий аъзолар воситасидаги) алоқа воситасидаги муҳаббат натижасида инсон ўта кучли қониқиш ҳосил қилиши ва унга, моҳиятан, ҳар қандай бахт-саодат намунасини бахш этишига оид кашфиёт инсонни бундан буён ҳам жинсий алоқа воситасида бахт-саодат ва қониқиш излашга ундаши ва шаҳвониятни ҳаёт мазмун-моҳияти деб билиши керак (Изоҳ: 1. Freud S. Unbehagen in der Kultur (Маданиятдаги ёқимсиз кечинмалар) Freud S. Gesammelte Werke. Bd. XIV. L., 1948. S. 461.). Биродарона муҳаббат туйғуси, Фрейднинг талқинига кўра, жинсий майл натижаси, бироқ жинсий инстинкт бу борада «бўғилган мақсадли импульс»га айланади. «Бўғилган мақсадли муҳаббат (zielgehemmte Liebe) даставвал, шубҳасиз, ҳиссий (vjllsinnliche) муҳаббат бўлган ва инсон онгостида шундайлигича қолмоқда» (Изоҳ: Ўша асар, 462-бет.). Моҳиятан мистик кечинма ҳисобланувчи ва ўта кучли туйғу негизини ташкил қилувчи саросима, бирлик ҳиссини Фрейд патологик ҳолат, бошланғич «чексиз нарциссизм» ҳолатига нисбатан регрессия-бузилиш ҳисоблаган (Изоҳ: Ўша асар, 430-бет).

Фрейд яна бир қадам ташлаб, ҳисоблайдики, муҳаббат – иррационал ҳодиса. Унинг наздида иррационал муҳаббат билан шахс баркамоллиги ҳосиласи ҳисобланувчи муҳаббат ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Кўчма-муҳаббатга (Изоҳ: Freud S. Gesammelte Werke. L., 1940-1952, Bd. X. 461. (Кўчма муҳаббат деганда психоаналитик даволаш чоғида бемор шифокорга муҳаббат қўйиши назарда тутилади) оид мақоласида кўрсатишича, кўчма-муҳаббат, моҳиятан, одатий муҳаббатдан фарқ қилмайди. Маҳлиёлик-севиш ҳамиша телбалик-девоналик билан чегарадош, ошиқнинг кўзи кўр, ошиқлик – мажбурийлик, болаликка хос муҳаббат манбааларининг кўчиб юриши демак. Онгли муҳаббат, баркамоллик-етукликнинг олий намунаси сифатидаги муҳаббат тадқиқоти билан Фрейд шуғулланмаган, чунки шундай муҳаббат борлигига ишонмаган.

Бироқ Фрейд ғояларининг жинсий майл натижаси, ёҳуд, тўғрироғи, онгли туйғуда акс этган жинсий қониқишга ўхшаш ҳолат сифатидаги муҳаббат концепциясига таъсирини ортиқча баҳолаш хато бўларди. Бу борада асосий алоқадорлик сабаби бошқача. Фрейд ғояси асосан XIX асрнинг умумий руҳи таъсири остида шаклланган; бу ғояларнинг омма орасида машҳурлиги эса Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳукм сурган кайфият билан қисман изоҳланади. Умумэътироф этган концепцияга ҳам, Фрейд концепциясига ҳам таъсир қилган омиллардан бири Викториан даврининг қатъий ахлоқига муносабат бўлганди. Фрейд назариясига таъсир кўрсатган иккинчи омил капиталистик жамият тизим-тартиботига асосланувчи инсон тўғрисидаги тасаввур кенг тарқалганида. Инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжларига капитализм жавоб бера олишини исботлаш учун инсон табиатан рақобат ва ғанимликка мойил эканини исботлаш керак эди. Буни иқтисодчилар иқтисодий фойда-даромад орттиришга одамзод муккасидан кетгани билан, давринпарастлар эса – энг яхши мослаша олганлар яшашига оид наботот қонунияти билан исботлаган бир паллада Фрейд ҳам ўхшаш хулосага келди: эркакнинг кўнгли барча аёлларни эҳтиросли равишда тусайди ва фақат жамият тазйиқи истак-хоҳишига мос хатти-ҳаракат қилишига имкон бермайди. Шу боис одамлар бир-бирига ҳасад қилмай яшай олмайди ва айни шу ўзаро ҳасад-кўролмаслик-рашк ҳамда рақобат-беллашув барча ижтимоий ва иқтисодий оқлайдиган важ-карсонлари барҳам топган ҳолда ҳам давом этаверади(Изоҳ: Фрейддан ҳеч қачон ажралмаган, бироқ ҳаётининг сўнгги йилларида муҳаббатга оид мулоҳазаларини барибир ўзгартирган ягона шогирди Шандор Ференци бўлган. Бу масала Izette de Forest, Leaven of Love (Муҳаббат хамиртуришлари)N. Y. 1954. асарида батафсил таҳлил қилинган).

Фрейднинг тафаккур тарзи пировард натижада XIX асрда кенг удумга айланган материализм типи таъсири остида талай даражада шаклланган. Унга биноан, барча психик ҳолатлар илдизини физиологик кўринишларда топиш мумкин; бинобарин муҳаббат, нафрат, шуҳртапарастлик-иззатталаблик, рашкни Фрейд жинсий инстинкт турли шаклларининг кўпдан-кўп намоён бўлиши дея изоҳлаган. Бу борада чинакам негизни умуман бутун инсон ҳаётидан – даставвал умуман барча одамларга хос хусусиятлардан, кейин эса муайян жамият тартиб-тартиботининг тақозоси бўлган турмуш тарзидан қидириш кераклигини Фрейд тушунмаган. (Шу типдаги материализм доирасидагн ёриб чиқиш борасида Маркс «тарихий материализм» концепцияси билан ҳал қилувчи қадам ташлади, унга кўра инсон танаси ҳам, овқатланиш ёки мол-мулкка эгалик қилиш сингари инстинктлари ҳам эмас, балки унинг бутун ҳаёти, «ҳаётий тажрибаси» уни англаш воситаси бўла олади.) Фрейд концепциясига биноан, барча инстинктив истак-хоҳишларнинг тўла-тўкис ва монеликларсиз қондирилиши руҳий саломатлик ва бахт-саодатни таъминлаши зарур. Бироқ шубҳасиз клиник далилларнинг гувоҳлик беришича, ҳаётини чекланмаган жинсий-шаҳвоний қониқиш-лаззатланишга бахшида этган эркаклар – аёллар ҳам – бахтли бўла олмайдилар ҳамда аксарият шафқатсиз асабий келишмовчилар ёҳуд хасталиклардан азоб чекадилар. Жамики инстинктив истак-хоҳишларнинг тўла-тўкис қондирилиши наинки бахт-саодат асоси, аксинча ҳатто руҳий саломатликни кафолатлай олмайди. Бироқ Фрейднинг бу ғояси фақат Биринчи жаҳон урушидан кейин оммавийлаша олди, ўша кезларда капитализм руҳияти ўзгарган эди: иқтисодиётга эмас, балки сарф-харажатга урғу берила бошлади, иқтисодий ютуқ воситаси сифатида ўз-ўзини чеклаш, яъни тежамкорликка урғу бериш – бозор муттасил кенгайишининг негизи ҳамда безовта, автоматга айланган индивид учун асосий қаноатланиш манбаи сифатида истеъмолга урғу бериш билан алмаштирилди. Исталган истак-хоҳишни зудлик билан қондириш-қаноатлантириш жинсий-шаҳвоний соҳада ҳам, шунингдек исталган моддий истеъмол соҳасида ҳам устувор тамойил тусини олди.

ХХ аср бошларида ўзгариб улгурмаган каптализм руҳига мос Фрейд концепциясини давримизнинг буюк психоаналитикларидан бири, марҳум Г.С.Салливэн концепцияси билан қиёслаганда антиқа ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. Фрейд тизимидан фарқланувчи Салливэн концепциясида шаҳвоният билан муҳаббатнинг аниқ ажратилганини кўрамиз.

Муҳаббат ва жинсий-жисмоний яқинликнинг Салливэн концепциясидаги аҳамияти қандай? Жинсий-жисмоний яқинлик – шундай ҳаётий ҳолатки, унда шахсга хос хусусият-фазилатларнинг барчаси намоён бўлиши мумкин. Бундай хусусият-фазилатларнинг юзага чиқиши ўзаро муносабатни, яъни ҳамкорликни тақозо этади; бу борада ўз хатти-ҳаракатларингни ўзаро уйғун – яъни ўзаро яқинликка тобора яқинлашувчи — қониқишга эришиш ҳамда хавфсизликка эришиш учун қаратилган хатти-ҳаракатларнинг тобора ўхшашлигини таъминлаш учун бошқа инсоннинг ошкора талаб-эҳтиёжларига ёрқин идрок қилинган мослашувни назарда тутаман» (Изоҳ: 1. Sullivan N S The Interpersjnal Theoru of Psychiatry (Шахслараро психиатрия назарияси). N. Y., 1953. Р.246. Қайд этиш жоизки, Салливэн бу таърифни ўсмирлик арафасидаги болаларга хос истак-хоҳиш ва саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ тарзда берган бўлса ҳам, улар ҳақида айни ёшда илк бор намоён бўладиган яхлит тамойиллар ҳақида гапиради, “булар тўлалигича юзага чиққанидан кейин “муҳаббат” деб атаймиз ва айтадики, ўсмирлик бўсағасидаги бу муҳаббат “психатрия таърифи билан айтганда, тўлақонли муҳаббатга жуда ҳам ўхшайдиган алланарсанинг ибтидоси хизматини ўтайди”.). Агар Салливэн эътирофини анча ғализ ифода тарзидан халос қиладиган бўлсак, муҳаббат моҳияти ҳамкорлик муносабатлари бўлиб чиқиб, бунда «одамлар обрў-эътибори, устунлик туйғуси ва шаъни, қадр-қимматини сақлаб қолиш учун «қоидаларга биноан» ўйнаётганларини ҳис этадилар (Изоҳ: Салливэннинг муҳаббатга яна бир таърифига кўра, бошқа одамнинг талаб-эҳтиёжлари бамисоли шахсий талаб-эҳтиёжлар – аввалгидек «бозор» билан боғлиқ талаб-эҳтиёжлар эмас — сингари муҳим эканини ҳис қилинганда муҳаббат ғунча очади.).

Фрейднинг XIX аср капитализми руҳига мос патриархал оила бошлиғи кечинмаларини таърифловчи муҳаббат концепцияси сингари Салливэннинг таърифи ҳам ХХ асрнинг «бозор«га мослашган бегоналашган шахси кечинмаларига тааллуқли. Бу муштарак мақсадларга интилаётган ҳамда ғаним ва бегона дунёга бақамти қарши турган «икки, жуфт инсон эгоизми-шахсиятпарастлиги»нинг таърифи. Унинг жинсий-жисмоний яқинликка берган таърифи, моҳиятан, «ҳар бир аъзо феъл-атвори, хатти-ҳаракатларини муштарак мақсадга эришиш йўлида бошқа инсоннинг ошкора талаб-эҳтиёжларига мослаштирувчи» исталган команда аъзоларининг ҳис-туйғуларига нисбатан берса бўлади. (Эътиборга молик жиҳати шундаки, Салливэн ошкора талаб-эҳтиёжлар ҳақида гапиради, ҳолбуки муҳаббат икки инсон муносабатларидаги пинҳона-хуфья талаб-эҳтиёжларини назарда тутишни ҳамиша билдириб келган.)

Ўзаро жинсий қониқиш сифатидаги муҳаббат ва «команда таркибида ишлаш» ва ёлғизликдан нажот топиш сифатидаги муҳаббат – булар замонавий Ғарб жамиятида айниган муҳаббатнинг икки шакли, ижтимоий тақозо этилган намуналарга эргашувчи муҳаббат патологияси. Муҳаббат патологиясининг яна кўплаб нисбатан оз стандарт шакллари мавжуд бўлиб, улар англанган азоб-уқубатларга олиб келади; ҳозир тобора кўпайиб бораётган психиатр ва ҳаваскорлар уларни неврозлар, асабий хасталиклар сифатида талқин этадилар. Уларнинг нисбатан кўп учрайдиган айрим турларини муайян мисоллар воситасида қисқача баён этамиз.

Невротик, асабий муҳаббатнинг асосий шарти – севишларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам балоғат ёшида бўлсалар-да, отаси ёки онасининг тимсолига ҳамон боғланган бўладилар ва отаси ва онасига нисбатан ҳис этган туйғулари, орзу-умиди ва қўрқув ҳиссини севган кишисига «кўчирадилар»; балоғат ёшида эканидан қатъий назар улар болаларча боғланганликдан қутила олмаганлар ва ҳиссий эҳтиёжларида айни шу намунага интиладилар. Бундай ҳолатда инсон ақл-тафаккури ва ижтимоий маънода ўз ёшига мутаносиб бўлса-да, ҳиссий жиҳатдан икки-беш ёшли ёки ўн икки ёшли бола бўлиб қолаверади. Ўта жиддий ҳолатларда туйғуларнинг бундай етилмаганлиги, думбул бўлиб қолгани ижтимоий фаолиятдаги бузилишларга, нисбатан юмшоқроқ ҳолатларда эса яқин ёру биродарлар билан шахсий муносабатлар соҳасидаги келишмовчилик-кўнгилсизликлар билан чекланади.

Отаси ёки онасидан андоза олган шахс тўғрисида юқорида айтилганларни эслайгудай бўлсак, бундай асабий муҳаббатнинг яна бир намунаси давримизда кенг тарқалган ҳис-туйғулар такомил-тадрижида онасига болалардек боғлиқлик даражасида қолиб кетган эркак типини намоён этади, — бу инсон, моҳиятан, онаси кўкрагидан ҳамон ажралмаган. Бундай эркаклар ўзини гўё гўдак сингари тутадилар; улар она ҳимоясига, меҳрибончилигига, муҳаббатга, меҳрга, ғамхўрлиги ва эркалашига муҳтож; улар шубҳасиз она муҳаббатини – ўз онасининг фарзанди бўлганию норасида-нотавонлиги боис муҳтож меҳр-муҳаббатни, меҳрибончиликни тусайдилар. Бундай эркаклар бирон жувонни маҳлиё қилишни хоҳлаб қолсалар, аксарият ёқимтой ва жозибадор бўлишади ва ҳатто ниятига эришганидан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверадилар. Бироқ улар аёлга (моҳиятан, бошқа инсонларга ҳам) юзаки ва масъулиятсиз муносабатда бўлади. Улар севимли бўлишни хоҳлайдилару севишни истамайдилар. Бундай эркаклар одатда ўта тортинчоқ, одамови бўлиб, ижобий ёки салбий «буюк ғоялар» — орзу-умидлар билан яшайдилар. Ўзларига маъқул аёлни топа олсалар, ўзларини хавф-хатардан холи, еттинчи осмонда сезадилар ва бағоят ёқимтой ва жозибадор бўладилар – ва айни шу боис аксарият аслиятига нисбатан бошқача туюлади. Бироқ бироз фурсат ўтгач, самовий орзу-истакларига аёл мос келмагач, хафсаласи пир бўладию келишмовчилар бошланади. Агар аёл жозибадорлигидан ҳамиша ҳайратланмаса, агар эмин-эркин, мустақил яшашни даъво қилса, агар ўзини севишлари ва ҳимоя қилишларини истаса, ўта оғир ҳолатларда эса – бегона жувонлар билан илакишига (ёки уларга шунчаки маҳлиё бўлишига) бефарқ қарай олмаса, — эркак ўзини чинакамига ҳақоратланган ва хафсаласи пир бўлган ҳисоблайди ҳамда одатда бу туйғулари кучайиб, хотиним «мени яхши кўрмайди», «шахмиятпараст» ёки «бағри тош, золим» дейишгача бориб етади. Она жигарбандига меҳрибончилигига ўхшаш муҳаббатдаги ҳар қандай нуқсон-камчилик уни севмасликларининг исботи сифатида талқин қилинади. Бундай эркаклар одатда аффектив хулқ-атворини, манзур бўлиш истагини чинакам севги ҳисоблайдилар ва шу боис ўзларига нисбатан ўта адолатсизларча муносабатда бўлиняпти, деб ўйлайдилар; уларнинг тасаввурида сидқидилдан, бор вужуди билан севгани ҳолда маъшуқаси муҳаббатини қадрламаётганидан шикоят қиладилар.

Онасининг эркатой-арзандаси бўлган бундай кимса айрим кам учрайдиган ҳолатларда бирон-бир жиддий нуқсонларсиз балоғатга етиши мумкин. Агар «меҳрибон» она уни ўта эркалатиб юборган бўлса (эҳтимол, она ўта хукмфармо бўлгандир, бироқ бу унга ҳалокатли таъсир кўрсатмаган) ва агар айни онасига ўхшаш жувонни топа олса, агар унинг салоҳияти жозибадорлигини бирон бир соҳада ишга солиб, ўзгаларни ҳайратлантириш имконини берса (баъзан омади юришган сиёсатчиларда шундай бўлади), гарчи янада юксак етуклик мақомига мутлақо чиқа олмаган бўлса ҳам, ижтимоий жиҳатдан «рисоладагидек мослашган» деб ҳисоблаш мумкин. Лекин нисбатан ноқулай шарт-шароитларда – бу эса, шубҳасиз, тез-тез учрайди, — муҳаббат борасида, эҳтимол, умуман одамлар орасидаги ҳаётда жиддий тўсиқ-монеликларга дуч келади; бундай шахс ёлғизланиб қолса, кўнгилсизликлар юзага келади ва аксарият – ўта безовталаниб, руҳан сиқилади.

Яна ҳам жиддий патологик шаклларида онага боғлиғлик янада теран ва янада онгсиз бўлади. Бундай ҳолатда ифодали айтганда, кулфатлардан асровчи она бағри ва унинг ҳаёибахш кўкрагига эмас, балки унинг барча-барчасини бағрига жо қила олувчи қурсоғига қайтиш истаги туғилади. Руҳий саломатлик табиати ҳомила сифатида ўсиб, она қурсоғидан ёруғ дунёга чиқишдан иборат бўлса, жиддий ақлий заифликларнинг табиати-хоссалари одамни она қурсоғи домига тортиши, қайта бағрига олиши – ҳаётдан муҳофаза қилиши истагидан иборат. Оналар болаларига ўта бешафқат бўлса, одатда шундай боғлиғлик типи учрайди. Баъзан меҳр-муҳаббати ҳаққи, гоҳ оналик бурчи ила бола, ўспирин, эркакни қурсоғида сақлашга уринади; у дунёга фақат онасининг нигоҳи билан назар ташлаши керак, бошқа барча аёлларни хўрлаб, юзаки шаҳвоний маънодагина севиши зарур; ҳеч қачон эркин ва мустақил бўлмаслиги керак, аксинча абадий майиб ёки гуноҳкор.

Бу хусусият – бешафқатлик, тамомила ром этувчи ҳалокатли муҳаббат – она тимсолининг салбий жиҳати. Она ҳаёт бахш этади ва уни тортиб олиши ҳам ҳеч гап эмас. У қайта жон бахш этиши ҳам, аксинча нобуд қилиши ҳам мумкин; она меҳри, меҳрибончилиги беқиёс – ва ҳеч ким она сингари зиён-заҳмат етказа олмайди. Онанинг шу икки зиддиятли хусусияти кўпгина диний тимсолларда (Кали маъбудаси сингари) ва тушлар таъбирида кузатилади.

Неврологик патологиянинг бошқа шакли – отага алоҳида, айрича боғлилик, боғланганлик.

Бу борада шундай эркаклар назарда тутилади: уларнинг онаси бефарқ ва совуққон бўлгани ҳолда отаси (қисман хотини бефарқ бўлгани боис) бутун диққат-эътиборини ўғлига қаратадилар. У «бинойидек ота», бироқ айни пайтда ўта қаттиққўл. Феъл-атворидан мамнун бўлса, ўғлини эркалайди-мақтайди, турли ўйинчоқлар олиб беради, меҳрибончилик қилади, ўғлидан кўнгли тўлмаса, тўнини тескари кийиб олади ёки қийин-қистовга олади. Ота муҳаббати – ягона таянчи бўлган ўғил падари бузрукворига мутеларча боғланади. Ҳаётининг асосий мақсади – отасининг кўнглини топишдан иборат, қачонки бунинг уддасидан чиқса, ўзини бахтиёр, хотиржам ва бехатар сезади. Бироқ хато қилса, омад юз ўгирса ёки отасининг кўнглини топа олмаса, рад этилган, муҳаббатдан маҳрум ва ҳақоратланган билади. Келгуси ҳаётида бундай эркак отасига ўхшаш сиймони қидиради ва башарти топа олса, унга отасидай боғланади. Бутун ҳаёти отасининг хайрихоҳлигини қозиниши билан боғлиқ юксалишлару таназзуллар силсиласидан таркиб топади. Бундай эркакнинг кўпинча омади чопади. У ҳалол, инсофли, виждонли, серғайрат, башарти танлаган «ота»сини қўлга олишни уддалай олса – унга ишонса бўлади. Бироқ аёллар билан муносабатда бефарқ ва ёт-бегона бўлиб қолаверади. Аёл уни ҳаётий жиҳатдан қизиқтирмайди; ота ёш қизалоғига қандай муносабатда бўлса, аёлга ҳам, одатда, шундай беписандлик билан, аксарият буни ошкор қилмасдан қарайди. Даставвал эркаклик фазилатлари билан аёлда кучли таассурот қолдириши мумкин; бироқ у уйланган аёл эрининг дастлабки боғланган сиймоси – ҳаётида ҳамиша ҳозиру нозир ота тимсолига нисбатан иккинчи даражали мавқеда эканини англагач, , башарти унинг ўзи ҳам отасига ҳамон боғланган ҳолатда бўлмаса, ва шу боис инжиқ болага қарагандай муносабатда бўладиган эри билан ўзини бахтиёр ҳисобламаса, — тобора хафсаласи пир бўлиб, ихлоси қайтади.

Ота-она бир-бирини севмайдиган, бироқ жанжаллашмасликка ва бирон-бир норозилик аломатларини ошкор қилмасликка имкон борича уринадиган бошқача оилавий шароитга асосланган муҳаббат шаклидаги неврологик-асабий бузилиш типи бирмунча мураккаб. Айни пайтда бундай эр-хотин сийратан бир-бирига бегона бўлгани боис уларнинг болаларга муносабати бегидир самимийликни йўқотади. Ва ёшгина қизалоқ оилавий сохта самимийлик муҳитини пайқайди, бу айни пайтда отаси ёки онаси билан яқин самимий муносабатларни истисно этади ва шу боис уни ташвишлантириб, хавотирга солади. Ота-онасининг туйғулари ва ўй-хаёлларини у ҳеч қачон билолмайди; бундай муҳитда аллақандай мавҳумот ва сирлилик хукм суради. Оқибатда қизалоқ ўз ички оламига шунғийди, одамови бўлиб қолади, хаёлга толади, ота-онасидан йироқлашади-бегоналашади ва кейинчалик муҳаббатда ҳам айни шундай йўл тутади.

Боз устига, бундай бегоналашув кучли хавотирланиш ва таянчдан, суянадиган негизнинг йўқлиги оқибатида муаллақлик туйғусини келтириб чиқаради, ва бу аксарият мазохистик ақидаларни юзага келтирадики, улар кучли ҳиссиётларнинг ягона манбаига айланади. Бундай аёллар аксарият эрлари ўзларини рисоладагидек оқилона тутишлари эмас, балки ҳурмача қилиқлар кўрсатиб, жанжал қилишларини афзал биладилар, чунки шундай қилсалар, феъл-атворидаги асабий таранглик ва қўрқувдан камида енгил тортадилар; изтиробли мавҳум бетарафлик азобига барҳам бериш илинжида талай ҳолатларда эрларини шундай йўл тутишга гиж-гижлайдилар.

Навбатдаги саҳифаларда иррационал муҳаббатнинг бошқа тез-тез учрайдиган шаклини баён этамиз, айни пайтда шу шаклнинг негизини ташкил қилувчи болаликда ривожланадиган специфик омилларни таҳлил қилмаймиз.

Анча кенг тарқалган ва кўпинча «буюк муҳаббат» сифатида талқин (кинофильмлар ва романларда яна ҳам кўпроқ васф) қилинадиган сохта муҳаббат шаклларидан бири – маъбудапарастлик муҳаббати. Агар одам камолоти давомида куч-қуввати, фаҳм-фаросати, ақл-идроки самарали камол топишига таянувчи ўзлигини, индивидуаллигини англайдиган, идрок қила оладиган даражага юксала олмаса, севган кишисини «илоҳийлаштиришга», ундан маъбуда ясашга мойил бўлади. У куч-қуввати, имконият-салоҳиятидан йироқлашиб-бегоналашиб, уларни севган кишисига summum bonum (Изоҳ: лотинча илоҳий саодат) нисбат бериб, ҳар қандай муҳаббат тажассуми, ҳар қандай ёруғлик-рўшнолик, ҳар қандай роҳат-фароғат тимсоли сифатида сиғинади-топинади. Шу асно ўз имкониятларини ҳис этишдан маҳрум бўлади, ўзлигига эга бўлиш ўрнига, севган кишиси тимсолида бой беради. Ўзига сиғинувчи кимсанинг умидларини узоқ муддат қондириш одатда ҳеч кимнинг қўлидан келмагани учун, эртами-кечми бундай “ошиқ”нинг ихлоси қайтади ва дардига таскин ахтариб, янги маъбуда қидира бошлайди, бундай қидириш баъзан узлуксиз давом этаверади. Бундай будпарастларча севишда айниқса дастлабки кезларда муҳаббат кечинмалари ўта эҳтиросли ва қайноқ кечади. Бундай муҳаббатни кўпинча чинакам, ҳақиқий муҳаббат сифатида тасвирлайдилар; бироқ бундай муҳаббатнинг “қудрати” ва “теранлиги” ҳиссий ташналик ҳамда будпарастнинг афсус-надоматидан далолат, холос. Айрим ҳолатларда ҳатто ошиқ ҳам, маъшуқа ҳам бир-бирларига шундай муҳаббат қўядилар – ва ўшанда жуда бўлмаганда уларнинг муҳаббати folie a deux га (Изоҳ: французча: жуфтларнинг ёки жуфтлашган эҳтирос (биргаликдаги ёки жуфтлашган телбалик) айланади.

Сохта муҳаббатнинг яна бир шакли қўштирноқ ичидаги муҳаббат бўлиб, уни “сентименталь” муҳаббат дейиш мумкин. Унинг моҳияти шундаки, муҳаббат кечинмалари мавжуд маъшуқ-маъшуқа билан эмас, балкий хаёлий тарзда кечади. Шундай муҳаббатнинг энг кўп тарқалган шакли – суррогат ишқий қониқиш бўлиб, уни ойнаи жаҳон орқаи намойиш қилинадиган ва журналларда чоп этиладиган муҳаббат савдолари ва ишқий қўшиқларнинг мухлислари ҳис қиладилар. Бундай кишилар айни шу воситалар кўмагида амалга ошмаган ишқий истак-хоҳишлари, қовушиш ва яқинлик туйғуларини ҳис этадилар. Турмуш ўртоғи билан ўртасидаги бегоналик деворини-ётсирашни мутлақо бартараф қила олмайдиган эркак ёки аёл ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинган бахтли ёки бахтсиз муҳаббат савдоларини томоша қилиш асносида нақ йиғлагудай бўлади. Ойнаи жаҳонда рўй берадиган бундай муҳаббат савдоларида бавосита иштирок этиш кўпгина эр-хотинлар учун бир-бирига эмас, балки биргаликда, бегона “муҳаббат” кузатувчилари, томошабини сифатида севги-муҳаббатни ҳис этишнинг ягона воситаси. Токи муҳаббат хаёлий экан, уни ҳис эта оладилар; бироқ ҳаётий муносабатлар доирасига тушганлари ҳамоно меҳр-муҳаббатдан мосуво совуққонга айланадилар.

Сентиментал муҳаббатнинг яна бир кўриниши – даврий кўчма муҳаббат. Ўтмишдаги муҳаббатни – бу ўтмиш ҳам, севги-муҳаббат ҳам ҳақиқатдан бўлган-бўлмаганидан қатъий назар — эслаш ёки келгуси муҳаббатга оид орзу-умидларгина эр-хотинни ҳаяжонлантиради. Кўпгина келин-куёвлар унаштирилгач ёки никоҳ кечасидан кейин ҳам келгуси муҳаббат сурури ҳақида орзу қиладилар, ҳолбуки тақдирларини эндигина боғлаганликларидан қатъий назар даҳанаки жангларни бошлаб юборадилар! Бу тамойил ҳозирги замон кишиларининг умумий хусусиятига мос. Бинобарин айни замонда эмас, аксинча ўтмиш ёки келажак хаёли билан яшайди. Болалиги ёки онасини ҳайратланиб эслайди – ёҳуд келажакка оид бахт-саодат режаларини тузади. Бошқаларнинг кечинмаларида хаёлан қатнашиш асносида муҳаббатни ҳис этиб бўладими-бўлмайдими, хотиралар ёки орзу-умидлар воситасида муҳаббат бобида бахтиёр бўлиш-бўлмасликдан қатъий назар бундай идеаллаштирилган ва бегоналашган муҳаббат шакли индивиднинг ҳаётий изтиробларини, ёлғизлигини ва бегоналашганлигини енгиллаштирувчи ўзига хос гиёванд вазифасини ўтайди.

Невротик-асабий муҳаббатнинг яна бир шакли – ўз муаммоларидан қутилиш ва бунинг ўрнига “севимли” маъшуқ-маъшуқанинг камчиликлари ва “заифликлари” билан шуғулланиш учун режалаштириш омилларидан фойдаланиш ҳисобланади. Шу маънода айрим одамлар бамисоли гуруҳлар, миллат-элатлар ёки динлар сингари иш тутади. Улар бошқа одамнинг ҳаттоки арзимас камчилигини ҳам пайқайдилар ва ўзга кимсани муттасил айблаб, минг битта нуқсон топгани ҳолда ўзларининг асли қандай кимса эканини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Агар ҳар икки томон шундай маломат тошлари отиш билан шуғулланса – кўпинча шундай бўлади ҳам – уларнинг ишқий муносабатлари ўзаро айблашга айланади. Агар мен хукмфармо, қатъиятсиз ёки очкўз бўлсам, “севган” одамимни айни шундай иллатлар соҳиби сифатида айблайман ва феъл-атворимга боғлиқ ҳолда уни тарбиялаш ёки жазолашни истайман. Бундай кимсанинг жуфти ҳам айни шундай йўл тутади ва шу асно ҳар иккаласи ўз муаммоларидан халос бўладилар; айни шу боис ўз шахсиятларини баркамол қилиш учун бирон-бир иш қилолмайдилар.

Режалаштириш ёки ўз айбини бошқаларга тиркашнинг яна бир шакли – шахсий муаммоларнинг болаларга нисбат берилишидир. Бу, аввало, қатор ҳолларда одам ўз болалари учун ниманидир раво кўришида намоён бўлади. Бундай ҳолатларда мазкур истак даставвал ҳаётий муаммоларини боланинг ҳаётига нисбат бериш тақозоси бўлади. Одам ҳаёт маъносини топа олмаганида айни шу мазмун-маънони фарзандлари ҳаётига сингдирмоқчи бўлади. Бироқ бундай уриниш ўзи учун ҳам, болалари учун ҳам нафсиз. Ўзи учун шунинг учун ҳам самарасизки, ҳаётий муаммоларини ҳеч кимнинг зиммасига юкламасдан ҳар ким ўзи ҳал қилиши керак; болалар учун шунинг учун ҳам нафсизки, бундай кимса ҳаётий муаммолар ечимларини топишга болаларни йўналтириш фазилатидан маҳрум. Ўзаро келиша олмай ажралишга аҳд қилган эр-хотин ҳам болаларга нисбатан шундай йўл тутади. Фарзандларни ягона оилавий бахтдан маҳрум қилмаслик учунгина ажрала олмасликлари улар учун асосий важ-карсон бўлади. Бироқ исталган шундай вазиятни батафсил таҳлил қилсак, бундай “ягона-яхлит” оилалардаги диққатпазлик ва бахтсизлик муҳити болалар руҳиятига кўпроқ зиён етказади. Шундай вазиятларда эр-хотиннинг ўзаро муносабатларга қатъиян узил-кесил чек қўйишлари қатъий қарор воситасида одам чидаб бўлмайдиган вазиятга барҳам бериши мумкинлигини, кам деганда, болаларга исботлайди.

Яна бир кенг тарқалган янглиш тушунчани ҳам эслаш жоиз. Бу муҳаббат келишмовчилик-можароларини шубҳасиз истино қилиш билан боғлиқ хомхаёл. Исталган вазиятда азоб-уқубат ва ғам-ғуссага чек бериш керак, деган фикрга одамлар кўникиб қолгани сингари улар севги-муҳаббат бор жойда ҳеч қандай келишмовчилик бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайдилар. Ва улар ҳаётида рўй бераётган можаролар, афтидан, қатнашчиларнинг ҳеч бирига наф келтирмайдиган даҳанаки жанглар эканига оид ғоя учун ишонарли асослар топадилар. Бироқ бунинг сабаби шундаки, кўпчилик одамларнинг “можаролари” – аслида росмана-чинакам келишмовчиларга чап беришга уриниш, холос. Булар бор-йўғи арзимас ва юзаки масалаларга оид келишмовчиликлар бўлиб, уларни хусусиятига кўра ойдинлаштириш ёки ҳал қилиш мумкин эмас. Икки инсон ўртасидаги ётсираш ёки кимгадир тўнкаш воситаси бўлмайдиган, ўзлари мансуб теран ботиний оламда ҳис қилинадиган чинакам келишмовчилик ҳалокатли хусусиятга эга эмас. Бундай келишмовчилик муаммоларнинг ойдинлаштириб, билимларни кўпайтиради ва куч-қувват бахш этади. Бу юқорида айтилганларни яна бир карра тасдиқлайди.

Икки инсон ботиний уйғунлик билан муомалада бўлгандагина муҳаббат туғилади ва айни шу боис ҳар иккаласи шундай уйғунликни чин дилдан ҳис этади. Фақат айни шундай «теран ботиний самимийликда» инсоний иоҳият, ҳаётийлик, муҳаббат негизи мавжуд. Шу асно ҳис қилинган муҳаббат – доимий даъват; бу роҳат-фароғат манбаи эмас, балки саъй-ҳаракат, ривожланиш, ҳамкорликдаги фаолият; ва ҳатто шундай жуфтлар муносабатларида уйғунлик ёки зиддият, шоду хуррамлик ёки қайғу-хасрат хукмронлик қилишидан қатъий назар ҳар иккаласи ўзлигидан қочмасдан, аксинча аслияти билан муштарак бўлгани туфайли бир тану бир жон бўлганликлари, иккаласи ҳам ҳаётий теранлик нуқтаи назаридан ўзларини ҳис қилганлари, яъни муҳим жиҳатга нисбатан иккиламчи аҳамиятга эга. Муҳаббатнинг атиги битта исботи – ўзаро муносабатларнинг самимий теранлиги, ҳар иккаласининг ҳаётийлиги ва куч-қувватидир; айни мана шу самара-натижага асосланган ҳолда муҳаббат аниқланади.

Автоматлар бир-бирини сева олмагани сингари, улар Худони ҳам сева олмайдилар. Худога муҳаббат-ихлос-эътиқоднинг айниши инсонга меҳр-муҳаббат айниши даражасигача етган. Бу гўё биз давримизда диний қайта тикланиш гувоҳи бўлаётганимизга оид эътирофни инкор этади. Ҳақиқатдан айни эътирофдай йироқ фикр бўлиши мумкин эмас. Биз гувоҳ бўлаётган воқелик (гарчи, айрим истиснолар ҳам йўқ эмас) – бу регрессия, Худони маъбуда сифатида англашга қайтиш, ва шу билан бирга Худога муҳаббатни бегоналашган шахс хусусиятларига мутаносиб муносабатга айлантирилишидир. Бундай маъбудапарастликка қайтиш яққол кўзга ташланади. Одамлар хадик-хавотирда, на қатъий ҳаётий қоидалари, на эътиқоди бор, уларнинг шунчаки илгарилашдан бўлак бирон бир мақсади йўқ; бинобарин, ҳамон банди ожиз, ҳамон болалик давридан чиқолмаяптилар, бирон кўмак-ёрдам зарур бўлиб қолса, отаси ёки онаси ёрдам қўлини узатишига ҳамон умид боғлаяптилар.

Тўғри, ўрта асарларга хос оддий инсон типи ҳам диний нуқтаи назардан Худога ҳамиша ёрдам қўлини узатадиган отаси ёки онасидек муносабатда бўлган. Бироқ айни пайтда у Худони шу маънода жиддий тасаввур қилганки, ҳаётининг олий мақсади Худо буюрган амалларга биноан яшашдан иборат бўлган ва энг муҳим бурчи «илоҳий нажот топиш» бўлган, унга қиёсан барча бошқа фаолият турлари иккинчи даражали ҳисобланган. Бизнинг давримизда бундай эзгу саъй-ҳаракатлардан ном-нишон қолмаган. Кундалик ҳаёт бирон бир диний қадриятдан маҳрум. Замонамиз кишиларининг ҳаёти моддий қулайликлар ва шахслар бозори-беллашувида муваффақият қозонишга сафарбар этилган. Кундалик турмушимизда бефарқлик-бепарволик ва шахсиятпарастлик (буни кўпинча «индивидуаллик» ёки «шахсий ташаббускорлик» деб атайдилар) ақидаларига амал қиламиз. Чинакам диний қадриятларга амал қилувчи инсон саккиз ёшли болага ўхшайди, у отасининг ёрдамига муҳтож, бироқ айни пайтда отасининг ҳаётий қоидалари ва панд-насиҳатларини қўллай бошлайди. Замонамиз кишиси аксарият уч ёшли болакайга ўхшайди, у зарур пайтда йиғига зўр бериб, отасини кўмакка чақиради, керак бўлмаганида эса – ёлғиз бемалол ўйнайверади.

Шу маънода антроморф Худо тимсолига гўдакларча боғлиқ биз бандаи ожизлар ва ҳаётини илоҳий андозалар асосида ўзгартиришга интилмайдиганлар ўртаасарларга хос диний эътиқодга нисбатан ибтидоий маъбудапараст қабилаларга яқинроқмиз. Бошқа жиҳатдан бизнинг диний мақомимизда фақат замонавий Ғарб капиталистик жамиятига хос янги хусусиятлар кўзга чалинади. Бу борада мазкур китобнинг олдинги бобларида айтилганларни мисол қилиб келтириш мумкин. Замонамиз кишиси ўзини товарга айлантирган: ҳаётий куч-қувватига капитал-сармоя сифатида қарайди, ундан шахслар бозоридаги мақоми ва конюктурасини ҳисобга олган ҳолда имкон қадар кўп даромад олишни мўлжаллайди. У ўзлигидан, ёру биродарлари ва табиатдан бегоналашган. Асосий мақсади – маҳорати-қобилияти, билимлари ва ўзлигини фойдали айирбошлашдан иборат, бунинг шарти — ҳамкорлари ҳам адолатли ва фойдали айирбошлашдан айни шу асно манфаатдор. Ҳаётда саъй-ҳаракатдан бўлак мақсад йўқ, адолатли айирбошлашдан бўлак ҳеч қандай принцип йўқ, истеъмол қилиш-тасарруф этишдан бўлак ҳеч қандай қониқиш-қаноатланиш йўқ.

Шундай аҳволда Худо тушунчаси нимани англата олади? Унинг аввалбошдаги диний мазмун-моҳияти муваффақият қозонишга йўналтирилган бегоналашган маданият-турмуш тарзи талаб-эҳтиёжларига мувофиқ ўзгаради. Ва сўнгги пайтларда кузатилаётган диний жонланишнинг моҳияти шундаки, Худога ишонч-эътиқод рақобат курашига жуда яхши мослашишда кўмаклашувчи психологик механизмга айланаётир.

Дин ўз ўзини ишонтириш ва психотерапия билан биргаликда бизнес-тадбиркорлик-карчалонликда инсонга ёрдам беради. 20-йилларда одамлар «шахсий баркамоллик» мақсадида ҳали Худога мурожаат қилмаган. 1938 йилда чоп этилган бестселлерда, Дэйл Карнегининг «Дўст бўлиш усули ва одамларга таъсир кўрсатиш» китобида муваффақият муаммоси фақат дунёвий нуқтаи назардан талқин этилган. Ўша пайтда Карнегининг китоби тутган мавқени ҳозир давримизнинг энг машҳур бестселлери – «Ижобий тафаккур қудрати» китоби ўйнаётир. Бу диний китобда дастввал муваффақият қозониш билан боғлиқ ўй-ташвишларимиз монотеистик дин руҳига мос келиш-келмаслиги масаласи ҳатто қўйилмаган. Аксинча, мазкур олий мақсад ҳеч қандай шубҳа остига олинмайди, Худога ишонч-эътиқод ва тоат-ибодат эса муваффақият қозониш қобилиятини оширишда кўмаклашувчи восита сифатида тавсия қилинади. Замонавий психиатрлар мижозларни оханрабодек жалб этиш учун хизматчиларга бахтиёр бўлишни маслаҳат берганлари сингари руҳонийлар ҳам яна ҳам салмоқли муваффақиятга эришиш учун Худога ихлос қўйишни тавсия этадилар. «Худони ҳабибга айлантир» деган шиор «Худони тарбиркорлик-карчалонликда ҳамкорга айлантир» деган маънони билдиради, ҳолбуки «Меҳр-муҳаббат, адолат ва ҳақгўйликда Худонинг ҳақ йўлидан бир қадам ҳам четга чиқма» деган маънони билдириши зарур. Биродарона муҳаббат ўрнини қиёфасиз амалий ҳалоллик эгаллагани каби Парвардигори олам бизлардан олис «Коинот, Инкорпорэйтэд» фирмасининг Бош Директорига айланган. Унинг мавжудлигини, у томоша-спектаклнинг режиссёри эканини биласиз (гарчи, эҳтимол, усиз ҳам ҳаммасининг уддасидан чиқса бўлармиди?), ҳеч қачон уни кўрмайсиз, бироқ «ўз ролингизни бажараётганда» Унинг раҳнамолигини эътироф этасиз.

IV.МУҲАББАТ АМАЛИЁТИ

Муҳаббат санъатининг назарий жиҳати билан танишгач, яна ҳам мураккаб муаммо – муҳаббат амалиёти-тажрибасига рўбарў бўламиз. Бирон-бир санъатда «тажриба қилмай» амалиётни билиш мумкинми?

Бу муаммо яна шу жиҳат билан мураккаблашадики, ҳозир кўплаб одамлар – бинобарин, мазкур китобни ўқувчилар ҳам – «буни қай асно уддалашга» оид қўлланма берилади, деб кутадилар, бизнинг ҳолатимизда эса уларни севишга ўргатади, дея умидвор бўладилар. Мазкур сўнгги бобни айни шундай умид билан ўқишга киришадиганлар хафсаласи пир бўлади, дея қўрқаман. Муҳаббат – шахсий тажриба, инсон фақат ва фақат ўзи ва ўзи учун бошдан кечиради; ҳақиқатдан ҳам лоақал ҳомилалик даврида, болалигида, ўсмирликда ёки балоғатга етганида муҳаббатни бошдан кечирмаган кимсани топиш амри маҳол. Муҳаббатнинг амалий жиҳати ҳақида гапирганда қўлимиздан келадигани шуки, севги санъатининг илдиз-негизлари, унга ўзига хос санъат сифатида ёндошиш, шунингдек айни шу илдиз-негизлару ёндошувларни амалда қўллаш тўғрисида ҳикоя қилишимиз мумкин. Бу мақсад сари йўлни ҳар ким ўзи босиб ўтиши, ва турли гап-сўзлар ҳал қилувчи қадам қўйилишидан олдин тўхтатилиши керак. Бундан қатъий назар умид қиламанки, севги санъатига ёндошувнинг муҳокамаси муҳаббатни ўрганиш учун – камида бунга оид «йўл-қўриқ»ни кутишга чек қўйганлар учун нафли бўлади.

Исталган санъат амалиёти – дурадгорлик ёҳуд шифокорлик ёки севги санъати эканидан қатъий назар — муайян умумий талабларга таячнади. Ҳар қандай санъат амалиёти, даставвал, тартиб-интизом талаб этади. Башарти тартиб-интизомга риоя қилмас эканман, ўзим машғул соҳада ҳеч қачон бирон-бир натижага эриша олмайман; фақат «кайфиятимга» кўра қиладиган ишларимнинг барчаси менга хуш ёқиши ёки мароқли бўлиши мумкин, бироқ айни шу борада ҳеч қачон мукаммалликка, баркамолликка эриша олмайман. Бироқ бирон-бир санъатни эгаллаш-ўзлаштиришда ёлғиз тартиб-интизомга (масалан, ҳар куни бирон бир ҳунар билан муайян соатлар мобайнида шуғулланишгагина) эмас, балки бутун инсон ҳаётининг тартиб-интизомга бўйсиндирилишига боғлиқ. Замонавий киши учун тартиб-тнтизомга риоя қилишдан осони йўқдай туюлиши мумкин. Ахир у қатъий тартиб-интизомга, қатъий иш тартиби-жадвалига оғишмай амал қилиб, кунига саккиз соатлаб ишламайдими? Бироқ замонамиз кишиси ишдан ташқари барча-барчасида деярли тамомила тартибсиз-интизомсиз дея оламиз. Ишдан бўш вақтларда ялқов, лоқайд бўлишни, ёки ифодали қилиб айтганда, «енгил тортиш, тин олишни» хоҳлайди. Бундай ялқовликка интилиш-мойиллик зиммасига мажбуран юкланган монотон – бир тусдаги рангсиз турмуш тарзига салбий муносабатининг ифодаси. Инсонни ёт-бегона мақсадлар учун куч-қувватини ўзи учун хос усуллар билан эмас, балки иш мароми талаб қилувчи усуллар воситасида сарфлашга кунига айни саккиз соатлаб ишлашга мажбурлашгани боис исён қилади ва унинг исёни истак-хоҳишларига болаларча эрк бериши шаклини олади. Бундан ташқари, авторитаризмга қарши исён асносида ҳар қандай тартиб-интизомга юқоридан тиқиштирилган бемаъни тартиб-интизомга ҳам, шунингдек ўзининг оқилона тартиб-интизомига ҳам ишончни йўқотган. Бироқ тартиб-интизомсиз ҳаёт пала-партиш, тартибсиз тусга кириб, диққат-эътиборни жамлашдан маҳрум бўлади.

Диққат-эътиборлилик исталган санъатни эгаллашда ниҳоятда зарур эканини исботлашнинг ҳожати йўқ. Бу бирон-бир санъатни эгаллашга уринган ҳар бир одамга аён. Бироқ диққат-эътиборлилик шахсий тартиб-интизомга нисбатан ҳам бизларда камроқ учрайди. Аксинча, турмуш тарзимиз айни шундай лоқайдлик ва бепарволик сари бораётирки, тарихда бундай ҳолни топиш амри маҳол. Сиз бир пайтнинг ўзида бир йўла бир неча ишларни қиласиз – ўқийсиз, радио тинглайсиз, суҳбатлашасиз, еб-ичасиз. Сиз – тасвирий санъат асарими, ичимликми, билимми – нима эканидан қаъий назар ямламай ютишга тайёр ташна-оч — оғзи ланг очилган истеъмолчисиз. Бундай диққат-эътибор етишмовчилиги ёлғиз бўла олиш, ёлғизланиш, узлатга чекинишнинг қийинлигида ҳам ёрқин намоён бўлади. Аксарият одамлар суҳбатлашмасдан, чекмасдан, ўқимасдан, еб-ичмасдан хотиржам ўтира олмайдилар. Улар асабийлашадилар, ўзларини ноқулай сезадилар, лаб-лунжи ёки қўллари билан алланималардир қилгиси келади. (Чекиш – диққат-эътиборни жамлай олмаслик аломатларидан; чекиш — қўллар, оғиз, кўз ва бурунни бирйўла ҳаракатлантиради.)

Учинчи талаб – сабр-тоқат, бардош. Бирон бир санъатни ўзлаштиришга қасд қилган ҳар бир одам шуни ҳам биладики, башарти ниманидир ўрганиш ниятингиз бўлса, сабр-тоқатли, чидамли бўлишингиз керак. Шошган қиз эрга ёлчимас деганларидай, шашқолоқлик билан ҳеч қандай санъатни ўргана олмайсиз. Бироқ замонамиз кишиси учун тартиб-интизомли, диққат-эътиборли бўлиш сингари сабр-тоқатли бўлиш ҳам муаммо. Бутун ишлаб чиқариш тизимимиз бунинг акси: шошма-шошарликни авж олдиришга йўналтирилган. Машиналарнинг барчаси тезлик мақсадида ишлаб чиқарилади: автомобиль ва самолёт манзилга тез етказади – тезлиги қанча юқори бўлса, шунча яхши. Айни миқдор-ҳажмли маҳсулотни икки карра тез ишлаб чиқарувчи машина секин ишловчи эскисидан, албатта, афзал. Бунинг муҳим иқтисодий сабаблари борлиги тушунарли. Лекин бу борада ҳам бошқа барча соҳаларда бўлганидек, инсоний қадриятлар иқтисодий қадр-қимматлар билан ўлчанаётир. Машиналар учун нимаики яхши-афзал бўлса, инсон учун ҳам афзал бўлиши керак – мантиқ шундай. Замонамиз кишиси бирон ишни секин қилса, вақтни бой беряпман, деб ўйлайди; бироқ тежаган вақтидан унумли фойдаланишни билмайди, турли беъманиликларга беҳуда сарфлайди, холос.

Ниҳоят, исталган санъатни эгаллашнинг яна бир шарти — мукаммал ўзлаштиришдан фавқулодда манфаатдорлик. Агар санъат фавқулодда аҳамиятга молик бўлмаса, шогирд уни ҳеч қачон ўзлаштириб-эгаллай олмайди. Жуда нари борганда бинойидек ишқибоз бўлади, бироқ ҳеч қачон маҳоратли санъаткор бўлолмайди. Бу шарт исталган бошқа санъат сингари муҳаббат санъати учун ҳам муҳим. Бироқ, бошқа санъатлардагига нисбатан муҳаббат санъатида қизиқувчи-ишқибозлар кўплиги шубҳасиздай туюлаверади.

Исталган санъатни эгаллаш-ўзлаштиришнинг умумий шарт-қоидаларини эътибордан соқит қилмаган ҳолда яна бир жиҳатни ҳам қўшимча қилиш жоиз. Санъатни ўрганиш учун бевосита, яъни тўғридан-тўғри эмас, балки бавосита киришилади. Бевосита санъатни ўрганишдан олдин юзаки қараганда ҳеч қандай боғлиқ бўлмаган жуда кўп илмларни ўрганиш, қатор малакаларни ҳосил қилиш керак. Дурадгор шогирди даставвал тахтани йўнишни ўрганади: фортепиано чалишни ўрганишга киришган эса аввалига гамма-товушлар мажмуни ўзлаштиради; камондан ўқ узиш япон санъатини ўрганувчилар эса машғулотларни нафас олиш машқларидан бошлайди (Изоҳ: Э.Херригелнинг «Дзен камондан ўқ узиш санъатида» (Herrigel E. Zen in der Kunst des BogenschieBens. Konstanz, 1948. Бу асар инглиз тилига таржима қилинган: Herrigel T. Zen in the Art of Archery. N. Y., 1953). Бирон бир санъатни мукаммал ўрганишни истаган одам бутун ҳаётини унга бағишлаши ёки лоақал у билан ҳаётини боғлаши зарур. Инсон шахси санъатдаги фаолият воситаси бўлиб, бажариши зарур специфик вазифаларга ҳамиша мутаносиб бўлиши талаб қилинади. Севги санъати ҳақида гапирганда, бу шуни билдирадики, мазкур санъатни мукаммал эгаллашни истовчи ҳар қандай одам даставвал ҳаётининг исталган дақиқасида тартиб-интизомли, диққат-эътиборли ва сабр-тоқатли бўлишдан бошлаши зарур.

Тартиб-интизомли бўлиш учун нима қилиш керак? Боболаримиз бу саволга осон жавоб берган бўларди. Улар саҳарлаб уйғониш, беҳуда зеб-зийнатларга учмаслик, астойдил меҳнат қилишни насиҳат қилишган. Бундай тартиб-интизом шубҳасиз нуқсонларга эга. Хусусан, шафқатсиз ва авторитар, асосан қаноат ва тежамкорлик сингари фазилатларга урғу бергани ҳолда аксарият ҳаётга қарама-қарши бўлган. Бундай тартиб-интизом исталган тартиб-интизомга шуҳба билан ёндошишни юзага келтириб, саккиз соатли иш жадвали воситасида зиммамизга юклатилган якранг турмуш тарзига мазмун-маъно бахш этишга уриниб, ишдан бўш пайтларимизда ялқовланиб, тартиб-интизомга риоя қилмасликни одат қилганмиз. Ҳар куни эрталаб айни бир вақтда уйғониш, муайян вақтни мулоҳаза юритиш, мутоала, мусиқа тинглаш, сайр қилишга мунтазам бахш этиш, детектив ҳикоялар ўқиш ва фильмлар томоша қилиш сингари ҳаётдан қочиш-чекиниш ҳисобланувчи кўнгилхушликларга берилмаслик – ёки бу борада одам ўзини чеклай билиши, ҳаддан ташқари кўп еб-ичмаслик – булар оддий ва равшан қоидалар. Лекин шуниси муҳимки, тартиб-интизомлилик кимнингдир мажбурлаши натижасида муайян қоидаларга риоя қилиш бўлмасдан, шахсий ташаббус, шахсий хоҳиш-ирода ифодаси бўлиши керак; шундай хоҳиш-ирода одамга манзур бўлиши ва шундай тартиб-интизомга, хулқ-атворга бора-бора инсон шунчалар кўникиб қоладики, башарти ўзини бошқача тута бошласа, нимадир етишмаётгандек, ниманидир йўқотгандек туюлаверади. Тартиб-интизомга (исталган бошқа фазилат сингари) оид ғарбона тасаввурнинг бемаъни жиҳатларидан бири шундан иборатки, тартиб-интизомли бўлиш машаққатлидай туюлади ва фақат машаққатли бўлсагина, «яхши» ҳисобланиши мумкин. Шарқда аллақачон англаб етганларки, инсон учун – унинг танаси ва руҳияти учун — нимаики яхши бўлса, ҳатто дастлаб айрим қаршиликларни енгишга тўғри келса ҳам, шунингдек ёқимли-ҳузурбахш ҳам бўлиши зарур.

Бизнинг маданий шароитимизда диққат-эътиборни жамлаш яна ҳам қийин: унда ҳамма-ҳаммаси гўё шундай қобилиятга қарши қаратилгандай. Диққат-эътиборли бўлишда энг муҳим қадам – ёлғиз қола билиш кўникмасини ҳосил қилиш ва бунда ўқимаслик, радио тингламаслик, чекмаслик, ичмасликдан иборат. Аслида диққат-эътиборлилик — ёлғиз қола билиш ва айни мана шу хислатсиз севиб бўлмайди. Агар ўзимни қатъий эплай олмаганим боис фақат суяниш, нажот топиш илинжида бошқа эркак ёки аёлга ихлос қўйсам, бу муҳаббат муносабати бўлолмайди. Қанчалар ғалати бўлмасин, кимки ёлғизланишни синаб кўрса, бунинг қанчалар мушкул эканига гувоҳ бўлади. У тоқатсизланиб, безовта бўла бошлайди ва ҳатто кўнглига ғулғула-ваҳима тушади. У ёлғизликни давом эттира олмаслигини бундай қилишнинг қизиғи йўқлиги, бемаъни экани, вақтни беҳуда сарфлаш сингари сон-саноқсиз важ-карсонлар билан оқлашга уринади. Шунингдек хаёлида турли фикрлар чарх уриб, асло тинчлик бермаётганини қўшимча қилади. У айни кунга оид навбатдаги режаларни ўйлаётгани ёки ишдаги қандайдир қийинчиликлар ёҳуд кечки пайт қаерга боришни ё фикру зикри барча ўй-ташвишлардан халос бўлишига уриниш ўрнига, хилма-хил бемаъниликларни ўйлаб топади. Ўзни бўш қўйган ҳолда (ўта бўшашмай, лекин зўриқмасдан), кўзларни юмиб, оппоқ экранни тасаввур қилишга интилиш ва ҳар хил ўй-фикр-тимсоллардан халос бўлишга интилиш керак; сўнг нафас олишга диққат эътибор қаратиш зарур, уни бирон маромга келтиришнинг ҳожати йўқ, фақат нафас олиб, нафас чиқаришни кузатиш ва шу асно бу жараённи ҳис этиш керак; сўнг шахсий «Мен»ни идрок этишга интилиш керак; «Мен» (менинг ўзим) – куч-қувватимнинг қалби, ўз оламимнинг яратувчиси. Бундай диққат-эътиборни жамлаш машқини ҳар куни эрталаб, камида йигирма дақиқа (иложи бўлса, яна ҳам кўпроқ) ва кечқурун ётишдан олдин қилиш керак (Шарқий маданий муҳитда, айниқса Ҳиндистонда бундай машқларга ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамият берилади. Кейинги пайтда Ғарбда ҳам шундай мақсадларни кўзловчи оқимлар пайдо бўлди. Менимча, бу борада ўз танасини тинглашни мақсад қилиб қўйган Гиндлер (Gindler) мактаби диққатга сазовор. Унинг усулини яхшироқ англаш учун, шунингдек Шарлотта Сельвернинг (Sharlotte Selver) ишларини, унинг Нью-Йоркдаги «Янги мактаб»даги (New School) маърузалари ва курсларини қиёсий таҳлил қилишингиз мумкин.)

Бундай машқлардан ташқари қилаётган ишингизга: мусиқа тинглаяпсизми, китоб ўқияпсизми, ким биландир суҳбатлашяпсизми ёки нимадир томоша қиляпсизми бутун диққат-эътиборингизни жамлашга ҳаракат қилинг. Айни лаҳза қилаётган ишингиз сиз учун муҳим бўлиши, айни ишга борлиғингизни бахшида этишингиз лозим. Диққат-эътиборингизни жамлай олсанги, бас, нима билан шуғулланаётганингизнинг аҳамияти йўқ; муҳим ва айни пайтда муҳим бўлмаган ашё-нарсалар ҳам, янги ўлчамдаги воқеликни ташкил қилади, чунки бутун диққат-эътиборингизни маҳлиё этган. Диққат-эътиборни жамлашни ўрганиш учун имкон борича беҳуда сафсатабозлик қилмаслиги, яъни аравани қуруқ олиб қочишга йўл қўймаслиги керак. Агар суҳбатдошлар иккаласи ҳам биладиган дарахт ҳақида ёки ҳозиргина ейилган нон ҳақида ёҳуд умумий иш борасида гаплашаётган бўлса, бундай суҳбат хўжакўрсинга, юзаки бўлмасдан, айни самимий бўлгани боисгина аҳамиятга молик бўлади; бошқа жиҳатдан суҳбат сиёсат ёки дин ҳақида ҳам бўлиши мумкин, бироқ бундан қатъий назар аҳамиятсиз бўлиши мумкин; одатий сийқа иборалар воситасида суҳбатлашилганда шундай бўлади, яъни муҳокама қилинаётган мавзу суҳбатдошлар учун қизиқарли эмас, уларни ҳаяжонлантирмайди. Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, бемаъни суҳбатларга аралашиш сингари бемаъни даврага қўшилмаслик ҳам муҳим. «Бемаъни давра» деганда нафақат қаланғи-қасанғиларни назарда тутаяпман — бундай давраларга шунинг учун ҳам қўшилмаслик керакки, улар ўта салбий ва ҳалокатли таъсир кўрсатади. Мен шунингдек, «зомби» — тирик мурдалар даврасини ҳам назарда тутаяпманки, бундай кимсалар фикри ҳам, гап-сўзи ҳам пуч, улар гапирмайдилар, балки валдирайдилар, мулоҳаза юритмайдилар, балки кўчанинг фикр-мулоҳазасини тўтиқушдай такрорлайдилар. Бироқ бундай кимсалар билан суҳбатга ҳамиша ҳам чап бериб бўлмайди, ва бу ҳар доим ҳам шарт эмас. Агар уларга кутганларидек – умумий ва юзаки иборалар билан эмас, балки ҳаққоний ва самимий жавоб берсангиз, кўпинча бундай кимсаларнинг хулқ-атвори ўзгаради; бундай жавобни кутмаганидан ажабланиши оқибатида шундай ҳолга тушадилар.

Бошқалар билан муносабатларда диққат-эътиборлилик – даставвал уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглашдан иборат. Аксарият одамлар бошқаларнинг фикр-мулоҳахзаларини тинглайди ва ҳатто аслида тингламасдан ҳам насиҳат қилади. Улар бошқаларни гап-сўзларини жиддий қабул қилмайди ва айни шундай ўзлари ҳам эътиборсизлик билан жавоб берадилар. Шу боис суҳбатдан безор бўладилар. Агар диққат билан тингласалар, тез толиқадигандай туюлади. Бироқ аслида бунинг акси тўғри. Диққат-эътибор билан берилиб қилинган ҳар қандай машғулот инсонни жунбушга келтиради (гарчи шундан кейин табиий ва раҳотбахш толиқишни ҳис этса ҳам), айни пайтда хафсаласизлик билан қилинадиган ҳар қандай иш оқибатида мудроқ босади – ва айни пайтда кечаси уйқу бермайди.

Диққат-эътиборлилик – айни замон, айни маконда ва айни ҳозирги паллада бутун вужудинг ила берилиб яшаш-ҳаёт кечириш ва бирон иш билан мушғул бўлган ҳолда кейин нима қилишинг ҳақида ўйламасликдир. Бир-бирини севадиган одамлар бошқа барча одамларга нисбатан диққат-эътиборли бўлишлари керак эканини таъкидлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Улар ўзаро яқинликнинг кўплаб усулларини қўлламасдан ҳам бир тану бир жон бўлишлари зарур. Диққат-эътиборлиликни ўрганиш дастлаб қийин кечади; бунга эришиб бўлмайдигандай туюлади. Бунинг учун, албатта, сабр-тоқат, чидам керак. Ҳар бир ишнинг вақти-соати борлигини билмасангиз, шошма-шошарлик қилсангиз, ҳеч қачон диққат-эътиборли бўлолмайсиз, бинобарин ҳеч қачон севги санъатини эгаллай олмайсиз. Сабр-тоқат, чидам нима эканини англаш учун юришни ўрганаётган тетапоя болакай хатти-ҳаракатларини кузатиш, кифоя. У юришни ўрганиш асносида қайта-қайта йиқилганидан қатъий назар токи астойдил юриб кетмагунча, узлуксиз уринаверади. Катта ёшли одам муҳим иш билан шуғулланаётганда болакай сингари диққат-эътиборли ва қатъиятли бўлса, фавқулодда натижаларни қўлга киритиши шубҳасиз!

Ўз ўзингни, ўзлигингни ҳис этиш кўникмасини ҳосил қилмай диққат-эътиборли бўлиш амри маҳол. Бу нима? Балки, ҳамиша ўзингни ўйлашинг, феъл-атворингни «тафтиш-таҳлил қилишинг» ёки шунга ўхшаш нимадир қилиш керакдир? Машинани англаш нима эканини тушунтириш, эҳтимол, бу қадар қийинчилик туғдирмас. Чунки ҳар бир ҳайдовчи машинани ҳис этади. У машина моторидаги носозлик оқибатида чиқадиган ҳар қандай шубҳали овозни илғайди. Ҳайдовчи айни пайтда йўл сатҳи ўзгаргани, олдинда кетаётган ва ортда келаётган машина ҳаракатланишини пайқайди. Ва шу билан бирга бўларнинг барчаси ҳақида ўйламайди; унинг онги «бўшашган хушёрлик» ҳолатида бўлиб, у диққат-эътиборини қаратган ҳолатнинг – автомобилни хавфсиз ҳайдаш ҳолатининг барча жиддий ўзгаришларига хушёр муносабатда бўлади.

Онанинг фарзандига эътибори ва ғамхўрлиги — бошқа одамга эътиборлилик борасида эса энг ёрқин мисол. Фарзандининг танасидаги ҳар қандай ўзгаришни, унинг талаб-эҳтиёжи ёки безовталанишини олдиндан сезади. Чақалоқнинг йиғисидан она уйғонади, ҳолбуки ундан ҳам қаттиқроқ шовқиндан уйғонмаслиги мумкин. Буларнинг барчаси чақалоқ-гўдакнинг ҳаётига онанинг сезгирлик билан муносабатда бўлишидан далолат; у безовта ҳам, ҳаловатсиз ҳам эмас, бироқ хушёр мувозанат ҳолатида бўлиб, фарзандидан чиқадиган ҳар қандай нишон-аломатни сезгирлик билан пайқайди. Одам айни шу асно ўзига нисбатан хушёр ва сезгир бўла олади. Дейлик, толиққанингиз ва кўнглингиз сиқилаётганини пайқайсиз – ва шу ҳолатга кўникиш ва оғир хаёлларга толиш ўрнига, «Нима бўлди?», «Нега юрагим сиқиляпти?» дея ажабланасиз. Ранжисангиз ёки ғазаблансангиз, хаёлпарастликка ёҳуд воқеликдан узилиш имконини берадиган бошқа фаолиятга мойил бўлсангиз ҳам шундай ҳолга тушасиз. Муҳими – шундай ҳолатларни минг хил кўйга йўймасдан, рўй бераётган жараёнларни идрок этиш керак; ботиниятдан келаётган нидога қулоқ тутиш ҳам муҳим, айни шу ботиний нидо – аксарият зудлик билан – нима учун безовта бўлаётганимиз, юрагимиз сиқилаётгани, ранжиганимиз сабабини аён этади.

Ўртача одам танасидаги физиологик ўзгаришларга сезгирлик билан муносабатда бўлади; танасидаги ўзгаришларни ва ҳатто салгина оғриқни ҳам сезади; ўз танасига нисбатан бундай сезгир бўлиш унча қийин эмас, чунки аксарият одамлар ҳаммаси кўнглидагидек бўлса, ўзларини қандай ҳис қилишларини яхши биладилар. Руҳиятдаги жараёнларни айни шундай сезлик билан пайқаш-сезиш – анча қийин, чунки кўпчилик руҳиятидаги жараёнлар оптимал кечадиган одамни ҳеч қачон учратмаган. Улар ота-онаси ёки қариндош-уруғларининг ёҳуд ўзлари мансуб ижтимоий гуруҳ психикасини меъёрий ҳолат сифатида талқин этадилар ва токи улардан фарқ қилмас экан, ўзларини бир маромда рисоладагидек ҳис этадилар ва кузатиш эҳтиёжини сезмайдилар. Жумладан, севадиган одамни ёки жасур, мард, қатъиятли шахсни ҳеч қачон учратмаган одамлар кўп. Ўз ўзингга диққат-эътиборли бўлиш учун тўла-тўкис соғлом инсоний фаолиятга оид тасаввурга эга бўлиш шахсий сезгирлик учун зарур экани шак-шубҳасиз – бироқ болалигида ҳам, ҳаётининг кейинги босқичларида ҳам шундай тажрибага эга бўлмаган одам уни қаердан олсин? Бунга, албатта, содда жавоб йўқ; лекин бу савол тарбия ишларидаги заифликларни фош этади.

Биз илму фанларни ўргатамиз, бироқ инсон камолоти учун жуда муҳим таълим турини эътибордан соқит қиламиз: бу баркамол, меҳр-муҳаббатли шахснинг фақат шунчаки ҳозирлиги туфайли рўй берадиган таълим-тарбия. Башарий тамаддунинг аввалги босқичларида, кўҳна Хитой ва Ҳиндистон маданий ҳаётида беназир маънавий фазилатлар соҳиби жуда қадрланган. Муаллим-устоз нафақат ва ҳаттоки наинки даставвал билим-маълумотлар манбаи бўлган: у муайян инсоний қадриятларни сингдириш билан шуғулланган. Замонавий капиталистик жамиятда – коммунистик тузумда ҳам –фақат буюк маънавий фазилатлар соҳибидан ташқари исталган соҳа кишиларига ҳайратланиб қарайдилар ва уларга эргашадилар. Ўртача одамга суррогат қаноатланиш туйғуси бахш этувчи кимсалар асосан жамоатчилик диқғқат-эътиборини қозонади. Киноюлдузлар, оммавий радиоэшиттиришлар муаллифлари, газета фелъетончилари ва шарҳловчилари, йирик давлат арбоблари ва бизнесменлар – айни шундай кимсалардан андоза олиб, эргашадилар. Бу вазифани уддалашга имкон берувчи асосий хислат аксарият шундаки, улар янгиликларни тайёрлай биладилар. Лекин тамомила тушкунликка берилишимиз керак эмас. Агар Альбер Швейцер каби оддий одам Америка Қўшма Штатларида нималар эвазига машҳур бўлганини эсга олсак, агар инсон турли кўнгилхушликлар (кенг маънода, албатта,)ташкилотчиси сифатида эмас, балки инсон сифатида нималарга эриша олиши мумкинлигини исботлаган тарихий сиймолар ва ҳозир яшаётган шахслар билан ёшларни муттасил ва батафсил таништириш имкониятлари ҳақида ўйласак, агар барча замон-маконларнинг буюк бадиий ва санъат асарларини бирма-бир хаёлимиздан ўтказсак, чинакам инсоний фаолиятга оид тасаввуримиз ойдинлашади ва бинобарин, рисоладагидек фаолиятни патологик хатти-ҳаракатлардан фарқлаймиз. Башарти, тўлақонли ҳаёт қандай кечишига оид тасаввурни сақлай олмасангиз, у ҳолда маданий анъана-тамойилларимиз батамом завол топиши хавфи пайдо бўлади. Бу анъана-тамойиллар даставвал у ёки бу билимларни эмас, балки муайян инсоний фазилатларни авлоддан авлодга узатишга асосланган. Агар келгуси авлодлар шу фазилатларни афзал билмасалар, билимлар аввалгидек авлоддан-авлодга ўтиши ва бойиб боришидан қатъий назар беш мингинчи йил маданияти ҳалокатга юз тутади.

Шу пайтгача исталган санъатни ўзлаштириш-эгаллаш учун зарур восита-омиллар ҳақида баҳс юритдим. Энди бавосита севиш қобилияти учун муҳим фазилатларни кўздан кечирамиз. Муҳаббатнинг хоссалари ҳақида айтганларимга биноан унга эришишнинг асосий шарти инсон ўз табиатидаги, хулқ-атворидаги нарциссизм-бокираликни бартараф этиши, унга чек қўйиши билан боғлиқ. Нарцистик йўналган одам фақат ички оламида мавжуд тасаввурий воқеликни реал-амалий воқелик сифатида ҳис этади, ҳолбуки ташқи олам воқеа-ҳодисотлари реаллик-амалийлик аҳамиятини йўқотган, фақат айни одам учун нафли ёки хатарли экани нуқтаи назаридан ҳис қилиниши мумкин. Нарциссизм акси объективлик-холислик; бу одамлар ва ашё-нарсалар аслида қандай бўлса, шундай холисона кўриш-идрок қилиш ва айни шу холисона манзарани шахсий хавфсираш-қўрқувлар ва истак-хоҳишлар асосида шаклланадиган манзарадан ажрата-фарқлай билиш қобилияти. Барча шаклдаги психозларда нохолислик юқори даражада намоён бўлади. Руҳий хаста кимса учун ягона воқелик – ўй-фикрлари, ботиниятида шаклланган, қўрқув ва истак-хоҳишлари шакллантирган воқелик ҳисобланади. У ташқи оламни ички оламининг акси-тажаллиси сифатида, ўзи яратган олам сифатида тасаввур этади. Туш кўриш асносида барчамиз шу ҳолатга тушамиз. Туш кўриш асносида истак-хоҳишларимизни (баъзида фикр-мулоҳазаларимиз ва тахмин-фаразлармизни) акс эттирувчи воқеаларни содир этамиз, машмаша-савдоларда қатнашамиз ва тушда кўраётганларимиз уйғоқ пайтимиздаги воқеа-ҳодисалар сингари ҳаққоний эканига ишонамиз.

Руҳий хаста-телба ёки ухлаётган одам ташқи-мавжуд оламни ҳеч қачон холисона идрок қилолмайди; бироқ барчамиз у ёки бу даражада руҳий хаста-телба ёки мудроқ-ғафлатзада бандалармиз; барчамиз олам-дунё тўғрисида нохолис-сохта тасаввурга эгамиз – нарцистик йўналланлигимиз боис сохталаштирган тасаввурга эгамиз. Мисол келтириш шартмикан? Ҳар бир одам ўзини ва қўни-қўшнисини кузатиб, газеталарни ўқиб, истаганча мисол топа олади. Бу борада патологиянинг теранлиги воқеликнинг нарцистик сохталаштирилишига боғлиқ равишда турлича бўлиши мумкин. Маслан, аёл шифокорга қўнғироқ қилиб, бугун кун мобайнида қабулига бормоқчи эканини айтади. Шифокор эса, бугун банд эканини, лекин эртага қабул қилишим мумкин, дея жавоб беради. Бунга жавобан аёл зорланади: «Қабулхонангиздан атиги беш дақиқалик масофада яшайман, ҳозироқ етиб боришим мумкин». Масофанинг қисқалиги шифокорнинг вақтини тежаш имконини бермаслигига оид эътирозини аёл тушунмайди. Аёл бу ҳолатни нарцистик ҳис этади: башарти аёл вақтини тежар экан, шифокор ҳам вақтини тежай олиши зарур: аёл учун ягона мавжуд воқелик – ёлғиз ўзи.

Шахслараро муносабатлардаги келишмовчиликлар бу борада нисбатан кам учрайдиган – ёки, эҳтимол, нисбатан камроқ шубҳасиз – бўлиши мумкин. Қанчадан-қанча ота-оналар фарзанди чизгин чизиғидан чиқмаслиги ёки ўзбошимчалигига биноан хулоса чиқариб, ўғил-қизи юзини ёруғ қилиши- қилмаслиги хусусида бош қотирадилар, ҳолбуки фарзанди нимани хоҳлаши ва қандай ўй-хаёллар билан яшаётганини тушуниши ёки лоақал қизиқиши зарур. Қанчадан қанча эркаклар хотини онасига меҳрибончилиги билан боғлиқ ҳар бир илтимоси билан иззат-нафсимни ерга ураяпти, деган ғаразли бадгумонликка бериладилар. Қанчадан-қанча аёллар, эҳтимол, болалигидаёқ орзу қилган афсонавий шаҳзода тимсолига мос келмагани боис эрларини уқувсиз ва овсарга чиқариб қўйган.

Бошқа миллатлар ва элатлар ҳақида қанчалар юзаки мулоҳаза юритилиши барчага аён. Бошқа миллат ва элат тобора ўта шафқатсиз ва бемаъни туюлади, айни пайтда ҳар кимга ўз миллати жамики эзгуликлар ва олижанбликлар тимсоли. Ғанимнинг ҳар қандай хатти-ҳаракати ўзгача андозалар билан, ҳар қандай шахсий саъй-қаракатлар эса ўзгача ўлчовлар билан баҳоланади. Ғанимнинг ҳатто эзгу амаллари ҳам бизга ва бутун аҳли башарга панд бериш билан боғлиқ шайтоний маккорлик нишонаси сифатида талқин этилади, айни пайтда ўзимизнинг бемаъни хатти-ҳаракатларимиз зарурият тақозоси ҳамда аллақандай олижаноб мақсад-муддаолар билан оқланади. Давлатлар, шунингдек индивидлар-шахслар ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилугай бўлса, моҳиятан, холислик истисною, нарцистик сохталаштирш – у ёки бу даражада — қонун-қоида тусини олган, деган хулоса чиқариш мумкин.

Оқилона хукм-хулоса чиқариш қобилияти ақл-тафаккур иши-нишонаси; ақл-идрокка таянувчи ҳиссий нуқтаи назар, камтарона нақтаи назар. Фақат камтарлик-камсуқумлик воситасида, фақат болаларча билимдонлик ва қудратлилик орзу-ҳавасидан халос бўлиб, холис бўлиш, соғлом ақл-идрокка таянган ҳолда иш тутиш мумкин.

Бу севги санъати амалиёти нуқтаи назаридан шуни билдиради: муҳаббат нарциссизмнинг нисбий истиносига боғлиқ бўлгани боис камтарлик, холислик ва оқиллик камолотини тақозо этади. Бутун ҳаётни шу мақсадга бағишлаш зарур. Камтарлик ва холислик муҳаббат сингари яхлит-ягона. Башарти бегоналарга холисона ёндоша олмасам, оила аъзоларимга ҳам холиноса муносабати бўла олмайман — ва худди шундай бунинг акси. Башарти севги санъатини эгаллаш-ўзлаштиришни хоҳласам, ҳар қандай вазиятда холис бўлишга интилишишим ва нохолислик қилган вазиятларимни англашга кўникишим зарур. Инсон ва унинг хулқ-атворига оид сохта нарцистик тасаввурим билан манфаатларим, талаб-эҳтиёжларим ва хавфсираш-қўрқувларимдан ҳоли равишда айни инсоннинг мавжудлиги ўртасидаги фарқни кўра билишга интилишим лозим. Холислик ва оқиллик қобилияти – севги санъатини эгаллашнинг ярим йўлига тенг, бироқ ҳар бир инсон билан шундай муаомалада бўлиш керак. Агар бирон бир кимса фақат севган кишиси билан холисона муносабатда бўлишни кифоя ҳисоблаб, бошқалар билан айни шундай муносабатнинг ҳожати йўқ деб ўйласа, ҳар икки ҳолатда ҳам алдангани тезда аён бўлади.

Севги-муҳаббат қобилияти-иқтидори сизнинг нарциссизм ҳамда она ва –қариндош-уруғлар билан қон-қариндошлик муносабатларидан узоқлаша олишингизга боғлиқ; сизнинг камол топишингиз, дунёга ва ўз ўзингизга ижобий талабчанликни камол топтиришингизга боғлиқ. Бу ёруғлик-рўшноликка чиқиш, янгидан таваллуд топиш, ғафлатдан уйғониш-қалб кўзининг очилиши жараёни шахсдан яна бир шарт — ишонч-эътиқод талаб этади.

Ишонч-эътиқод нима? Ишонч-эътиқод, албатта, Худога ёки диний таълимотларга эътиқод бўлиши керакми? Ишонч-эътиқод ҳақиқатдан ҳам ақл-идрок ва оқилона мулоҳазакорликка қаршими ёки улардан ҳолими? Ишонч-эътиқод муаммосини ойдинлаштириш учун даставвал рационал-оқилона ва иррационал-оқилона бўлмаган ишонч-эътиқод ўртасидаги фарқни аниқлаб олиш керак. Иррационал эътиқод (инсон ёки ғояга эътиқод) деганда иррационал авторитетга итоатгўйликка асосланувчи эътиқодни тушунаман. Рационал-оқилона эътиқод, аксинча, шундай ишончки, унинг илдизлари – шахсий фикр-мулоҳазаларимизни ҳис этиш ёки ҳис-туйғуларимизга бориб тақалади. Рационал ишонч-эътиқод – бу, аввало, наинки бирон бир нарсага ишонч-эътиқод, балки ишонч-эътиқодимизга хос қатъиятлилик ва собитқадамлик. Бирон-бир аниқ нарса-ашёга ишонч-эътиқоддан фарқли ишонч-эътиқод – шахсни бошдан –оёқ қамраб олувчи ўзига хос феъл-атвор хусусиятидан иборат.

Рационал-оқилона ишонч-эътиқод илдизи – самарали ақлий ва ҳиссий фаолиятда. Ишонч-эътиқоднинг ҳожати йўқдай туюладиган рационал мушоҳада учун рационал ишонч-эътиқод муҳим жиҳат ҳисобланади. Дейлик, олим янги ихтирони қандай кашф этади? Нима кашф этишни билмасдан тажриба устига тажриба ўтказиб, далил устига далил йиғаверадими? Ҳақиқатдан ҳам, муҳим кашфиётлар қайси соҳада эканидан қатъий назар бу тариқа жуда камдан-кам қилинади. Бироқ одамлар шунчаки хаёл сурган пайтда ҳам муҳим хулоса чиқармайди. Инсоний фаолиятнинг исталган соҳасида ижодий мушоҳада жараёни аксарият «рационал ақлий некбинлик» натижасида бошланади, бундай ҳолат инсон айни пайтгача кўп шуғулланган, мушоҳада юритган, кузатган мавзу-муаммолар негизида юзага келади. Олим етарли маълумотлар тўпласа ёки дастлабки тасаввурни анча мослаштириш учун кашфиётини математик формулаларда баён қилса, дастлабки тахминий хулосалар чиқарди, деб айтиш мумкин. Бу тахмин мазмун-моҳиятини теран англаш имконини берадиган тарзда синчиклаб таҳлил қилиниши ҳамда уни исботловчи далилларнинг тўпланиши фаразнинг яна ҳам аниқ тус олади, ва, эҳтимол, бу тахмин-фараз пировард-натижада бирон умумий назариянинг таркибий қисмига айланади.

Илм-фан тарихида ақл-идрокка ва ҳақиқатни олдиндан кўра билишга оид мисоллар кўп. Коперник, Кеплер, Галилей ва Ньютон ақл-идрок, тафаккурга қатъий ишонган. Айни шундай эътиқоди боис Бруно гулханда ёқилган, айни шундай қатъияти туфайли Спиноза дахрий дея эълон қилинган. Рационал некбинликдан назария яратилишига қадар ҳар бир босқичда ишонч-эътиқод зарур: онгли ва асосли кўзланган мақсадга ишониш, гипотеза-фаразга эҳтимолий ва ҳақиқатга ўхшаш тахмин сифатида ишониш ва якуний назарияга, камида, токи бу назарияни барча эътироф этмагунча, якуний назарияга ишониш зарур. Бундай ишонч-эътиқод манбаи – шахсий тажрибамиз, фикр-мулоҳазаларимиз, кузатишларимиз ва хулосаларимизнинг шубҳасизлигига имонимизнинг комил экани. Агар иррационал ишонч-эътиқод – авторитетлар ва аксарият одамлар фикрига биноан тўғри дея талқин қилинса, рационал ишонч-эътиқод илдизлари — кўпчилик фикрига зид равишда шахсий самарали кузатувлар ва фикр-мулоҳазаларга асосланган мустақил ишончга таянади.

Фикр-мулоҳаза – рационал-оқилона ишонч-эътиқод юзага чиқувчи ягона соҳа эмас. инсоний муносабатлар соҳасида ишонч-эътиқод ҳар қандай чинакам дўстлик ва муҳаббатнинг таркибий ажралмас қисми. Бошқа одамга «ишониш» — ишонарли эканию асосий фазилатилари-хулқ-атворининг қатъийлигига, шахсияти ва муҳаббатининг шубҳасиз эканига ишониш демак. Бу билан инсон ўз фикр-мулоҳазасини ўзгартирмаслиги керак, демоқчи эмасман, лекин унинг асосий фазилатлари ўзгармайди; жумладан, ҳаётни ва инсоний қадр-қимматни ҳурмат қилиши феъл-атворининг таркибий қисми бўлиб, ўзгармас ҳисобланади.

Айни шу маънода ўзимизга ишонамиз. Биз шахсий «Мен»имиз мавжудлигига ишонамиз, шахсий моҳиятимиз ўзгармаслигига ишонамиз, айни шу моҳиятимиз вазиятларнинг ўзгариши ва фикр-мулоҳазаларимиз, ҳис-туйғуларимиздаги айрим ўзгаришлардан қатъий назар бутун ҳаётимиз давомида сақланиб қолади. Айни шу моҳият «Мен» каломида мужассам шахс мавжудлигини ташкил этади, шахсий индивидуаллигимизга ишонч-эътиқодимиз шу «Мен»га таянади. Агар шахсий «Мен»имиз ўзгармаслигига ишонмасак, индивидуаллик туйғумиз хавф остида қолади, ва биз бошқа одамлар таъсири остига тушиб қоламиз, уларнинг маъқуллашлари бизнинг индивидуаллик туйғумизнинг асос-негизини ташкил этади. Фақат ўзига ишонган одам бошқаларга ишонади, чунки айни шундай одам ҳозир қандай бўлса, келгусида ҳам шу тарзда қолажагига ишонади ва шу боис айни пайтдагидек ҳис этади ва фаолият юритади. Ўзимизга ишонч – ваъда бериш имкониятимиз шарти, чунки Ничше айтгандек, инсоннинг қадр-қиммати ваъда қилиш қобилияти билан белгиланади, ишонч-эътиқод инсоний мавжудлик-ҳаёт шартларидан бири. Муҳаббат борасида эса ҳар ким севги-муҳаббатига, ўзгаларда ҳам меҳр-муҳаббат уйғота олишига, унинг ишонарли мустаҳкам-барқарорлигига ишониши зарур.

Инсонга ишонишнинг бошқа томони – ўзгаларнинг имкониятларига ишончимиз. Бундай ишончнинг энг ибтидоий-содда шакли онанинг янги туғилган гўдагига ишончи: она чақалоғининг яшаши, улғайиши, юриб кетиши ва сўзлашига ишонади. Бироқ болакайнинг ўсиб-улғайиши шу қадар табиий рўй берадики, бунинг учун ҳеч қандай ишонч-эътиқоднинг ҳожати йўқдай туюлади. Севиш, бахтли бўлиш, мулоҳазакорлик сингари айрим хислат-фазилатларнинг, шунингдек алоҳида иқтидор ва қобилиятларнинг шаклланмаслиги-камол топмаслиги бошқа масала. Булар фақат қулай шарт-шароитларда ўсиб-улғаядиган уруғлар бўлиб, аксинча гўё болада бундай қобилиятлар мутлақо бўлмагандай руҳиятида мудраганча пинҳон қолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Бу шартларнинг энг муҳими — бола учун жуда аҳамиятли инсон унга ишониши зарур. Шундай ишончнинг борлиги таҳсил билан манипуляция-ҳийла-найранг ўртасидаги фарқни ташкил этади. Таҳсил бериш – имкониятларини англаб-идрок қилишида болага кўмаклашиш. Таҳсилга зид, қварама-қарши ҳийла-найранг шунга асосланадики, бунда бола табиатидаги қобилиятлар нишонаси камол топишига ишонилмайди ва катталар ўзлари лозим топган ақидаларни сингдириб, номаъқул ҳисобловчи хислатларнинг барчасини йўққа чиқарсаларгина, бола тўғри камолотга етадигандай туюлади. Жонсиз роботга ишониишнинг ҳожати йўқ, дегандай иш тутилади.

Башариятга ишонч-эътиқод — бошқаларга ишонишнинг энг олий шакли. Бундай эътиқод Ғарбда яҳудий-насронийлик динида акс этган, бундан ташқари кейинги юз эллик йил мобайнидаги сиёсий ва ижтимоий инсонпарварона ғояларда ёрқин ифодасини топган. Болага ишониш сингари бундай ишонч-эътиқод негизида шундай тасавуур борки, унга кўра, инсоннинг потенциал имкониятлари муайян шарт-шароит бўлса, тенглик, адолат ва меҳр-муҳаббат қоидалирга амал қилувчи ижтимоий тартиб яратиш имконини беради. Инсон шу пайтгача шундай ижтимоий тартибни ярата олмади, ва шу боис уни юзага келтириш учун ишонч-эътиқод зарур. Бироқ ҳар қандай рационал эътиқот сингари бу шунчаки эзгу истак-хоҳиш эмас; бу эътиқод негизини инсоннинг аввалги ютуқлари кафолати ва ҳар бир индивиднинг ички-ботиний тажрибаси, унинг шахсий ақл-идроки ва меҳр-муҳаббатини ҳис этиш ташкил этади.

Иррационал эътиқоднинг илдизлари – шундаки, инсон кучли тазйиқ, ҳар ерда ҳозиру нозир ва қудратли ҳокимиятга итоат этади ва шахсий куч-қудратидан юз ўгиради. Рационал-оқилона эътиқод аксинча тасаввур-ҳиссиётларга асосланади. Бундай эътиқод онгимизда, идрокимизда мавжуд, чунки шахсий кузатишларимиз ва мулоҳазаларимиз аососида шаклланади, юзага келади. Биз ўз имкониятларимиз, шахсий камолотининг амалийлиги, ақл-идрокимиз ва меҳр-муҳаббатимиз ўсишини ҳис этганимиз боис ва фақат айни шу даражада бошқаларнинг, ўзимизнинг ва инсониятнинг имкониятларига ишонамиз. Оқилона ишонч-эътиқод негизи – самарадорлик. Ишонч-эътиқодли ҳаёт – самарали ҳаёт. Бундан келиб чиқадики, ҳокимиятга ишониш ва ҳокимиятни тасарруф этиш ишонч-эътиқодга зид. Мавжуд ҳокимиятга ишониш ҳали юзага чиқмаган имкониятларнинг равнақ топишига ишонмасликка тенг. Бу кундай равшан «шубҳасиз» айни ҳозирги замонга асосланган ҳолда келажакни башорат қилиш; лекин у инсон камолоти ва унинг имкониятлари камолотини янглиш равишда теран иррационал нотўғри баҳолашда жиддий хато бўлиб чиқади. Ҳокимиятга оқилона ишонч бўлмайди. Ҳокимиятга бўйсинилади ёки – ҳокимият эгалари – уни сақлаб қолишга интилишга бўйсинадилар. Гарчи ҳокимиятнинг яна ҳам мустаҳкамланиши барча имкониятлардан энг ҳаётийси бўлиб туюлса ҳам тарихнинг гувоқлик беришича, бу инсон қўлга киритган ўта омонат ютуқ саналади. Ишонч-эътиқод ва ҳокимият бир-бирини истисно-инкор этгани боис даставвал рационал-оқилона ишонч-эътиқодга таянган барча динлар ва сиёсий тузумлар башарти ҳокимиятга суянса ёки у билан тил бириктирса, таназзулга юз тутадилар ва секин-аста куч-қудратини бой беради.

Эътиқод – мардлик, таваккалчилик, ҳатто азоб-уқубатлар ва афсус-надоматларга чидашни талаб этади. Фаровонлик ва хавфсизлик ҳаётнинг муҳим шарти эканига ишончи комил кимсанинг ишонч-эътиқоди бўлмайди; кимки яккаланиш ва мол-мулк билан таъминланувчи хавфсизлик ҳимоясига биқиниб олса, ўзини маҳбусга айлантиради. Севимли бўлиш ва севиш учун мардлик зарур, мардлик айрим қадриятларга бошқаларига нисбатан фавқулодда аҳамият бахш этади ва айни уларга барча масалаларда таянади.

Бу мардлик – «хавф-хатар исканжасида яшаш» шиорини эълон қилган машҳур мақтанчоқ Муссолини айтган мардликдан тубдан фарқ қилади. Бу «мардлик» нигилистик мардлик. Унинг илдизлари – ҳаётга нисбатан ҳалокатли ақидаларга тақалади, унга кўра инсон ҳаётни рад этишга ҳозиру нозир, чунки уни севаолмайди. Ҳокимиятга ишониш ҳаётга ишонч-эътиқодга қарама-қарши бўлганидек тушкунлик-умидсизликка таянувчи мардлик муҳаббат мардлиги-жасоратига қарама-қарши, зид.

Ишонч-эътиқод ва мардлик-жасоратни бирон бир соҳада қўллаш мумкинми? Ишонч-эътиқод ҳаётнинг исталган лаҳзасида қўл келиши мумкин. Фарзанд ўстириш учун ишонч керак; эзгу ишни бошлаш учун ҳам ишонч зарур. Бироқ барчамиз ҳар биримизда шундай ишонч-эътиқод борлигига кўникиб қолганмиз. Кимдаки шундай ишонч-эътиқод бўлмаса, фарзанди билан боғлиқ беҳуда хавотирланишдан ёки уйқусизликдан, ёҳуд бирон бир самарали фаолиятга яроқсизлигидан изтироб чекади; у ёҳуд бадгумон, бирон бир кимса билан яқин муносабатга киришишдан чўчийди, ёҳуд ўта тушкун кайфиятда бўлади, ёки олисни кўзловчи режаларни туза олмайди. Ҳатто жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ёки қандайдир кутилмаган шарт-шароитлар инкор этган тақдирда ҳам инсон тўғрисидаги хулосага содиқлик, ҳатто ялпи эътироф қилинмаган фикр-мулоҳазаларга қатъий содиқлик — буларнинг барчаси ишонч-эътиқод ва мардлик талаб қилади.

Ишонч-эътиқод ва мардлик кундалик майда, аҳамиятсиздай туюлган аъмоллардан бошланади. Даставвал эътиқод қачон ва қаерда қай йўсин бой берилганини қайд этиш, бундай бой беришга оид шахсий изоҳни, қўрқоқлик аломатларини ва ҳақиқий ҳолатни ўзингиздан яшириб, қай асно изоҳлашингизни таҳлил қилишингиз керак. Ўз эътиқодингизга хиёнат қилиб, ҳар гал руҳониятингизни заифлаштиришингизни ва тобора кучайиб бораётган заифлашув янги хиёнатларга сабабчи бўлаётганини ва шу асно аҳлоқсизлик силсиласи юзага келаётганини англашингиз лозим. Сўнгра, шунингдек, сизни севмасликларидан онгли даражада қўрққанингиз ҳолда гарчи тан олгингиз келмаса ҳам аслида севишдан хавфсирашингиз-қўрқишингизни пайқайсиз. Севмоқ, муҳаббат кафолатлар талаб қилмасдан зиммага масъулият олиш, муҳаббатингиз туфайли севган кишингизда ҳам муҳаббат пайдо бўлишига тўла-тўкис ишонишдан иборат. Муҳаббат – ишонч-эътиқод аъмоли ва ишонч-эътиқоди заиф-суст кимсанинг муҳаббати ҳам заиф-суст бўлади. Ишонч-эътиқод амалиёти ҳақида бундан ортиқ яна нима деса бўлади? Эҳтимол, кимдир: башарти шоир ёки руҳоний бўлганимда, нималарнидир қўшимча қилишга уринар эдим, деб айтар. Мен на шоир, на руҳоний бўлганим боис бундан яхшироқ айтишга уринмадим ҳам; лекин ишончим комилки, кимки бунга сидқидилдан қизиқса, гўдак юришни ўргана олгани сингари ишонч-эътиқод кўникмасини, ишониш хислатини ўзлаштиради.

Севги санъатини ўзлаштириш-эгаллаш учун зарур яна бир нуқтаи назарни батафсил кўздан кечириш зарур, чунки бу севги санъатида муҳим, — шу пайтгача уни бевосита тилга олдик, холос. Мен фаолиятни (Изоҳ: инглизча матнда – activity, нафақат «фаолият»ни, балки «фаоллик»ни ҳам билдиради) назарда тутяпман. «Фаолият» деганда «бирон бир иш билан шуғулланиш» эмас, балки ботиний фаоллик, руҳоний безовталик, куч-қувват, имкониятларни самарали сарфлаш назарда тутилаётганини юқорида қайд этгандим. Муҳаббат – бу фаолият; севиш асносида севимли маъшуқ-маъшуқа билан мунтазам фаол қизиқаман, бироқ ёлғиз маъшуқа ёки маъшуқ билан кифояланмайман. Агар танбал-ялқов бўлсам, агар ҳамиша хушёр, сезгир, фаол бўлмасам, севимли маъшуқ-маъшуқага нисбатан «фаол-фаолиятли» бўлолмайман. Ҳаракатсизлик, муаллақлик хос ягона ҳолат – уйқу; токи бедор, хушимиз ўзимизда экан, ялқовлик-танбалликка ўрин бўлмаслиги керак. Ҳозир кўплаб одамларнинг парадоксал вазиятда экани шундаки, улар бедор бўлгани ҳолда ярим уйқусираб-мудрайди ва ухлаётганларида ёки ухламоқчи бўлаётганларида ярим бедор бўладилар. Тўла-тўкис бедорлик-хушёрлик зерикмаслигингиз ва бошқалар учун зерикарли бўлмаслигингиз учун шарт-шароит яратади ва ҳақиқатдан ҳам зерикмаслик ва зериктирмаслик-энсани қотириб, хафсалани пир қилмаслик севгининг муҳим шарти. Фаол фикрлаш ва ҳис этиш, кун давомида барча-барчасини хушёрлик билан кўриш ва эшитиш, ботиний ялқовликка – хоҳ сусткашликда ва юҳоликда ёки хоҳ вақтни ошкора беҳуда сарфлашда намоён бўлишидан қатъий назар – йўл қўймаслик севги санъатини эгаллашнинг зарурий шартларини ташкил этади. Муҳаббат борасида самарали-фаол ҳаёт кечирган ҳолда ҳаётнинг бошқа соҳаларида хўжакўрсинга иш тутса ҳам бўлаверади, деган ақидага ишониш — хомхаёл. Фаол турмуш тарзи бундай меҳнат «тақсимоти»га йўл қўймайди. Муҳаббат қобилияти куч-қувват, хушёр бедорлик, юксак ҳаётийликни талаб этади, булар фақат шахснинг ҳаётнинг бошқа кўплаб соҳаларида самарали ва фаол иш юритиши натижасидагина юзага келади. Башарти инсон ҳаётнинг бошқа соҳаларида самарали-фаол бўлмаса, севги-муҳаббат бобида ҳам кўзлаган мақсадига етиша олмайди.

Севги санъатига оид суҳбатни харид қилиш соҳаси ва шахснинг мазкур бобда қайд этилган феъл-атвори ва қоидалар негизида камол топиши доиралари билан чегаралаб бўлмайди. Шахсий феъл-атвор ижтимоий тартиб-қоидалар билан чамбарчас боғлиқ. Башарти севги-муҳаббат барчага меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлишни англатса, башарти муҳаббат – феъл-атвор хусусияти бўлса, у ҳолда меҳр-муҳаббат — инсоннинг наинки оила аъзолари ва ёру биродарлари билан муносабатларида, балки ишда, амалий масалалар юзасидан муоалага киришадиган, сизнинг касбдошлар доирасида ҳам ҳукм суриши зарур. Ўз ёру биродарларингизга муҳаббат ва бегоналарга муҳаббат ўртасида «меҳнат тақсимоти» бўлмайди. Аксинча, ўзгаларга меҳр-муҳаббат – ўз ёру биродарларингизга меҳр-муҳаббатнинг шарти-гарови. Бу нуқтаи назарни жуда жиддий қабул қилиш, теран англаш, моҳиятан, одатий ижтимоий муносабатларни тубдан ўзгартиради. Яқин ёру биродарларга диний муҳаббат идели ҳақида жуда кўп баландпарвоз гаплар айтилади, лекин бизнинг ўзаро муносабатларимиз жуда нари борганда адолатлилик қоидаси билан белгиланади. Ўзаро адолатли муносабат — ўзаро маҳсулот ва хизматлар айирбошлашда, шунингдек туйғуларни ўзаро баҳам кўришда ҳам айёрлик-маккорлик ва алдов-ёлғонни истисно этишни билдиради. «Менга қанча берган бўлсанг, сенга ҳам шунча бераман» қоидаси – моддий неъматлар масаласида ҳам, севги-муҳаббат бобида ҳам – капиталистик жамиятда устун аҳлоқий ақида. Ҳатто айтиш мумкинки, адолатлилик қоидасининг қарор топиши – капиталистик жамият аҳлоқининг хизмати.

Бу ҳол капиталистик жамиятнинг хусусияти билан боғлиқ. Ундан олдинги ижтимоий тузумларда товар айирбошлаш ёки шунчаки куч ишлатиш ёҳуд анъана-тамойиллар ёки шахсий меҳр-муҳаббат ва дўстона муносабатлар билан белгиланган. Капитализмда барча-барчаси бозордаги айирбошлаш билан белгиланади. Товарлар бозори ҳақида гап борадими, ёки ишчи кучи бозори ҳақида бўладими, ё хизматлар бозори хусусида бўладими, ҳар бир киши бозор шартларига биноан зўравонлик ҳам, айёрлик ҳам қилмасдан ўзи сотмоқчи бўлган маҳсулотни харид қилмоқчи бўлган маҳсулотга айирбошлайди.

Адолатлилик аҳлоқини олтин қоидаси аҳлоқи билан осонгина чалкаштириш ҳеч гап эмас. «Одамлар сизга қандай муносабатда бўлишларини хоҳласангиз, уларга айни шундай муносабатда бўлинг» (Мф. 7:12) панд-насиҳатини «бошқалар билан айирбошда ҳалол бўл» маъносида талқин қилса ҳам бўлади. Бу қоида аслида Кўҳна Аҳднинг «Ўзингни севганинг сингари яқинларига меҳр-муҳаббатли бўл» ҳикмати сифатида дастлаб шаклланган. Ҳақиқатдан ҳам бародарлик муҳаббатининг яҳудий-насроний меъёр-андозалари адолатлилик қоидасидан тубдан фарқ қилади. Яқин ёру биродарларни севиш, меҳр қўйиш – улар учун масъулиятни сезиш ва ўзингни улар билан бир тану бир жон деб билишдан иборат, адолатлилик қоидаси эса масъулият ва бирдамлик туйғусини эмас, балки улардан йироқ, бегоналашган муносабатларни билдиради; бу қоида яқин кишини севишни эмас, балки ҳурмат қилишни тақозо этади. олтин қоида давримизда энг кўп ёйилган диний максима – ҳикмат тусини олгани бежиз эмас; бунинг боиси адолатлилик қоидаси маъносида талқин қилинишида барча учун тушунарли ва барча бажонидил унга амал қилади. Бироқ муҳаббат амалиёти адолат ва муҳаббат ўртасидаги фарқни англашдан бошланиши керак.

Бу борада, айни пайтда, савол туғилади. Башарти бутун жамиятимиз ва иқтисодиётимиз ҳар ким ўзи учун наф-фойда топишига асосланган бўлса, башарти ҳар ким асосан аҳлоқий адолат қоидаси билан юмшатилган шахсиятпарастлик қоидасига амал қилса, инсон мавжуд ижтимоий тузум доирасида меҳнат фаолияти билан қандай шуғулланиб, қандай яшайди ва ишлайди ҳамда айни пайтда қандай қилиб чинакамига сева олади? Адолат қоидаси барча дунёвий манфаатлардан воз кечишни ва ғарибона ҳаёт кечиришни билдирмайдими? Насроний руҳонийлар ва Лев Толстой, Альберт Швейцер ва Симона Вей сингари шахслар бу масалани кўтариб, унга қатъий жавоб берган. Яна бошқалар ҳам (Изоҳ: Герберт Маркузнинг «Психоаналитик ревизионизмнинг социал илдизлари» асарига қаранг) борки, улар жамиятимиздаги одатий дунёвий ҳаёт билан муҳаббат мутлақо қовушмайди деган фикрни маъқуллайдилар. Улар бугунги кунда муҳаббат ҳақида гапириш – атиги ялпи алданишда иштирок этиш, деган хулосага келган; улар бугунги дунёда фақат жафокаш ёки телба севиши мумкин, бинобарин севги-муҳаббат ҳақидаги гап-сўзларнинг барчаси қуруқ сафсата. Бу тўла эътироф ва эҳтиромга лойиқ нуқтаи назар сурбетликни оқилона изоҳлайди. Амалда ҳам «Мен намунали насроний бўлишга қарши эмасман, лекин бу масалага жиддий қарайдиган бўлсам, оч қолишимга тўғри келади» деб ўйлайдиган ўртача одам бу ақидага сўзсиз қўшилади. «Радикал-кескин кайфиятдагилар» ҳам, ўртача одамлар ҳам автоматлар бўлиб, сева олмайдилар ва улар ўртасидаги фарқ шундаки, ўртача одамлар буни тушунмайди, айни пайтда радикал кайфиятдагилар буни биладилар ва мазкур далилни «тарихий зарурият» ҳисоблайди.

Муҳаббат ва «меъёрий» ҳаёт мутлақо қовушмаслигини эътироф этиш фақат кўчма маънода тўғри эканига ишончим комил. Капиталистик жамият таянувчи ижтимоий тартиб-низомлар ва муҳаббат қоидаси қовушмайди. Бироқ аниқ тарзда олинган замонавий жамият кўпқиррали. Кераксиз маҳсулот сотувчиси, дейлик, ёлғонсиз яшай олмайди; тажрибали ишчи, кимёгар ёки шифокор –яшай олади. Айни шундай фермер, ишчи, ўқитувчи ва кўплаб бизнесменлар иқтисодий ҳаётга барҳам бермаган ҳолда севишга уринишлари мумкин. Каптитализм қоидаси муҳаббат қоидаси билан қовушмаслигини эътироф этган ҳолда ҳам мураккаб ва муттасил ўзгарувчан тартиботларга эга «капитализм» моҳиятан барибир етарли даражада «но-конформизм»лар ва шахс эркинликларига йўл беришини тан олиш керак.

Мен бу билан мавжуд тартиб-қоидалар узлуксиз давом этиши ва айни пайтда яқинларга муҳаббат идеали ҳам бўлиши керак демоқчи эмасман. Мавжуд ижтимоий тузум шароитида сева оладиган одамлар шубҳасиз истисно тарзида учрайди; замонавий Ғарб жамиятида муҳаббат, одатда, энг сўнгги ўринга суриб қўйилган. Муҳаббат пайдо бўлишига кўпдан-кўп бошқа иш-ташвишлар монелик кўрсатгани учунгина эмас, балки бутун диққат-эътиборини ишлаб чиқаришга қаратган ва фақат истеъмолчилик кайфиятига муккасидан кетган жамиятдаги муҳит шундайки, ёлғиз «но-комформист» унга қарши тура олади. Инсоний муаммоларни ҳал қилиш воситаси сифатида муҳаббатга мурожаат қилувчи одам бундай шароитда муҳаббат жамият томонидан сўнгги ўринга суриб қўйиладиган индивидуал ҳодиса бўлмасдан, ижтимоий ҳодиса бўлиши учун ижтимоий тартиботимизда муҳим ва туб ўзгаришлар қилиниши керак, деган хулосага келиши зарур. Мазкур китоб доирасида умумий тарздаги шундай ўзгаришларга ишонч ҳосил қила оламиз, холос (Изоҳ: «Соғлом жамият» деган китобимда бу масалани батафсил таҳлил қилишга уринганман). Жамиятимизнинг юқори қисмида бошқарув бюрократияси, малакали сиёсатдонлар турибди; одамлар оммавий таъсир тазйиқи остида фаолият юритяпти, уларнинг мақсади ва шахсий мақсади – кўпроқ ишлаб чиқариш ва кўпроқ истеъмол қилишдан иборат. Ҳар қандай фаолият иқтисодий мақсадларга бўйсиндирилган, воситалар мақсадга айланди; инсон — қорни тўқ ва кийинтирилган автоматга дўнди, бироқ специфик инсоний фазилатлари ва вазифаларига ҳар қандай қизиқишдан маҳрум. Башарти инсон севишга қодир-қобилиятли бўлса, олий мақомини эгаллаши зарур. Иқтисодиёт машинасига инсон эмас, балки бу машина унга хизмат қилиши лозим. Инсон жуда нари борганда фойда-даромадни эмас, балки ҳиссиётлар ва меҳнат завқу сурурини ҳис этиш қобилиятига эга бўлиши жоиз. Жамият шундай бўлиши керакки, инсоннинг ижтимоий, «меҳр-муҳаббатли» моҳияти жамиятдаги ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ, унинг таркибий қисми бўлиши зарур. Мен исботлашга уринганимдек, башарти муҳаббат инсоний мавжудлик муоммоларини ягона оқилона ва соғлом ҳал қилиш воситаси экани тўғри бўлса, у ҳолда муҳаббат камолини у ёки бу даражада чекловчи ҳар қандай жамият инсоний табиатнинг асосий талаб-эҳтиёжларига тўқнашиб, эртами-кечми муқаррар ҳалокатга юз тутади. Муҳаббат ҳақидаги суҳбат – шунчаки ваъзхонлик эмас. Чунки бу ҳар бир инсонга хос олий ва ҳаётий талаб-эҳтиёж тўғрисидаги баҳс. Ва бу талаб-эҳтиёжнинг пинҳон экани муҳаббат йўқ дегани эмас. Муҳаббат хоссаларининг таҳлили кўрсатишича, муҳаббат, бугунги шарт-шароитда мавжуд эмас; бунинг сабаби — ижтимоий илдизлари қораланиши керак. Фақат индивидуал воқелик сифатида эмас, балки умумижтимоий ҳодиса сифатидаги муҳаббатга ишонч-эътиқод – оқилона бўлиб, унинг негизини – инсоннинг энг беназир моҳияти ташкил этади.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА

ФРОММ (Fromm) Эрих (1900.23.3, Франкфурт-Майн — 1980.18.3, Муральто, Швейцария) — америкалик немиснажод файласуф, психолог, социолог, неофрейдизм асосчиси. 1929- 32 йилларда Франкфурт-Майндаги Ижгимоий тадқиқотлар институтида ишлаган. 1933 йили АҚШга муҳожир бўлиб кетган, ҳаётининг сўнгги ўн йилида Швейцарияда яшаган. Фалсафа, психология, антропология, дин социологияси ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ўз таълимотини «гуманистик психоанализ» деб атаган. Фрейд биологизмидан чекиниб, шахс шаклланишида психологик ва ижтимоий омилларнинг ўзаро алоқаларини очиб беришга интилган. Гуманизм нуқтаи назаридан психоаналитик ижтимоий соғломлаштириш усуллари ёрдамида, хусусан, АҚШда, ҳар томонлама уйғун бўлган, «соғлом жамият»ни вужудга келтиришни таклиф этган. Асосий асарлари: «Эркинликдан қочиш» (1941), «Психоанализ ва дин» (1950), «Унутилган тил» (1951), «Севиш санъати» (1956), «Инсон қалби» (1964), «Инсон вайронкорлигининг анатомияси» (1973), «Эга бўлмоқ ёки бор бўлмоқ» (1976).

maxresdefault.jpgErix FROMM
SЕVGI SAN’ATI (III)
Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi
009

III. MUHABBAT VA UNING ZAMONAVIY
G‘ARB JAMIYATIDAGI BUZILISHI

Muhabbat yetuk, faol fe’l-atvor sohiblariga xos xususiyat bo‘lgani bois individning muayyan madaniyat sharoitidagi sevish qobiliyati ayni madaniyatning o‘rtacha odam fe’l-atvoriga ta’siriga bog‘liq. Zamonaviy G‘arb madaniyatda muhabbat haqida gapirganda, shunday savol tug‘iladi: g‘arbona tamaddunning ijtimoiy tuzilish-tartiboti va u yuzaga keltirgan ruhiy muhit muhabbatning ravnaq topishiga xizmat qiladimi? Savolni shu tarzda qo‘yish unga rad javobi berish uchun kifoya. Barodarona, onalik, erotik-shahvoniy muhabbat bizda kamyob hodisaga aylangani, uning o‘rnini xilma-xil soxta muhabbat shakllari egallaganiyu, ular aslida muhabbatning buzilgan shakllari ekaniga g‘arbona hayotimizning birorta ham vazmin kuzatuvchisi shubha qilmaydi.

Kapitalistik jamiyat bir tomondan, siyosiy erkinlik qoidasiga, boshqa tomondan, barcha iqtisodiy, binobarin, ijtimoiy munosabatlarning regulyatori, tartibga soluvchisi sifatida bozor munosabatlari qoidalariga asoslangan. Tovar-mahsulotlar bozori tovarlar almashinuvi shartlarini belgilaydi; mehnat bozori ishchi kuchi xarid qilish va sotishni tartibga soladi. Foydali ashyo-buyumlar singari foydali insoniy kuch-quvvat va qobiliyatlar ham tovarga aylanib, bozor shartlariga binoan majburlashlarsiz va aldovlarsiz ayirboshlanadi. Qanchalik zarur va foydali ekanidan qat’iy nazar, basharti, bozorda talab bo‘lmasa, hech qanday iqtisodiy (ayirboshlash) qiymatiga ega bo‘lmaydi; basharti mavjud bozor munosabatlarida talab qilmasa, insoniy kuch-quvvat va qobiliyatlar ayirboshlash qiymatidan mahrum. Sarmoya egasi undan samarali foydalanish maqsadida ishchi kuchi xarid qilishi va ularni ishlatishi mumkin. Ishchi kuch egasi uni bozor shartlariga binoan kapitalistga sotishi kerak, aksincha och qoladi. Bu iqtisodiy struktura-tizim qiymat iyerarxiyasida ham aks etgan. Ishchi kuchini kapital-sarmoya tasarruf etadi, ya’ni jamg‘arma ashyolar – jonsiz-o‘lik mahsulotlar jonli mehnat, jonli inson kuchiga nisbatan yuqori baholanadi, qadrlanadi.

Kapitalizmning asosiy tizimi azal-azaldan shunday. Bu uning hozirgi bosqichi uchun ham xos, biroq ayrim omillar o‘zgargan, va bu zamonaviy kapitalizmga ayrim spesifik xususiyatlar baxsh etgan va zamonamiz odamlari fe’l-atvoriga jiddiy ta’sir qilgan-o‘zgartirgan. Kapitalizm rivojlanishi natijasida kapital-sarmoya tobora markazlashayotgani va konsentratsiyalashayotganining guvohi bo‘lyapmiz. Yirik korxonalar kichik korxonalarni sindirib, muttasil kengaymoqda-kuchaymoqda. Shu korxonalarga sarflangan kapital-sarmoyani tasarruf etish ularni boshqarishdan tobora yiroqlashayotir. Korxonalarga yuz minglab «hissadorlar» egalik qilayotir, ularni esa yaxshigina maosh oladigan, biroq korxonalar egasi bo‘lmagan byurokratiya-mansabdorlar boshqarayotir. Bu byurokratiya-mansabdorlar maksimal daromad olishga nisbatan korxonalarning kengayishi va rahbarlik doirasi yana ham ortishidan manfaatdor. Sarmoya konsentratsiyalashuvi va boshqaruv byurokratiyasining kuch-qudrati ortishi bilan birga ishchilar harakati ham avj olmoqda. Ishchilar kasaba uyushmalariga birikishlari tufayli har bir ishchi — ishchi kuchi bozorida shaxsan bevosita bitim-shartnomalar tuzishining hojati yo‘q; u yirik ishchilar harakatiga a’zo bo‘ladi, bu harakatga ham kuchli byurokratiya rahbarlik qilib, yirik sanoat korxonalarida ishchilar manfaatlarini yoqlaydi. Bu yaxshimi-yomonmi, biroq tashabbus sarmoya sohasida ham, ishchi kuchi sohasida ham individdan byurokratiya tomon siljiydi-ko‘chadi-o‘tadi. Tobora ko‘proq odamlar ulkan iqtisodiy imperiya-saltanatlar boshqaruvidan xalos bo‘la boradilar.

Zamonaviy kapitalizmning yana bir jiddiy o‘ziga xos xususiyati – sarmoya konsentratsiyalashuvi natijasida yuzaga kelgan mehnatni tashkil qilishning o‘ziga xos xususiyati hisoblanadi. Yuksak darajadagi markazlashuv, korxonalardagi takomillashgan mehnat taqsimoti ishlab chiqarishning shunday tashkil qilinishiga olib keladiki, bunda individ individualligini boy beradi-yo‘qotadi, mahobatli ishlab chiqarish mashinasining tez ishdan chiqadigan va oson almashtiriladigan ehtiyot qismiga aylanadi. Zamonaviy kapitalistik jamiyatda inson muammosini quyidagicha ta’riflash mumkin:

Zamonaviy kapitalizm birgalikda monelik-uzilishlarsiz ishlaydigan odamlarga, boz ustiga son-sanoqsiz ishchi-xizmatchilarga muhtoj; tobora ko‘p iste’mol qilish-tasarruf etishga intiladigan odamlarga, didi-ta’bi baravarlashtirilgan, mutanosiblashgan, ta’sirga oson-yengil beriluvchan va shunday osonlik bilan o‘zgaradigan toifaga muhtoj. O‘zlarini erkin va mustaqil hisoblaydigan, hech qanday hokimiyatga yoki vijdon qoidalariga bo‘ysinmaydigan, biroq buyruq-farmoyishlar olishni, nimani talab qilsalar, shuni amalga oshiruvchi odamlarga muhtoj; ijtimoiy tartib-tizimga qoyil-maqom moslashtirilgan, majbarlamasdan ham boshqarasa-idora qilsa bo‘ladigan, rahnamosiz ham yo‘naltirsa bo‘ladigan, biron bir maqsadsiz harakatga keltirsa bo‘ladigan odamlar toifasiga muhtoj: kapitalizmga yolg‘iz bir maqsad: nimadir ishlab chiqarish, harakatda bo‘lish, faoliyat yuritish, qayoqqadir borish kifoya.

Buning oqibati qanday? Hozirgi zamon kishisi o‘zligidan, yaqin yoru birodarlaridan, tabiatdan begonalashgan. U tovarga aylantirilgan va hayotiy kuch-quvvatini mavjud bozor munosabatlari sharoitida imkon qadar ko‘p daromad keltiruvchi kapital-sarmoya deb biladi. Insoniy munosabatlar, mohiyatan, bir-biridan begonalashtirilgan avtomatlar munosabati tusini olib, har biri olomondan ajralmasdan, fikr-mulohazalari, his-tuyg‘ulari, xatti-harakatlari bilan farqlanmasdan xavfsizligini ta’minlaydi. Boshqalardan imkon qadar farq qilmaslikka intilib, har biri tamomila yakka-yolg‘iz bo‘lib qoladi; oqibatda o‘ziga ishonmaydi, vahima ichra gunohkorday iztirob chekadi, inson yolg‘izlikni yengolmaganida hamisha shu ko‘yga tushadi. Zamonamiz tamaddun-madaniyati inson yolg‘izlikni his qilmasligi uchun son-sanoqsiz ko‘ngilxushlik vositalari taklif qiladi. Dastavval bu byurokratlashgan, mexanik ishning bir asno ildamlashi bo‘lib, bunng oqibatida inson asosiy sa’y-harakatlari: begonalikni bartaraf etib, ehtirosli birlashish-qovushish istagini idrok qila olmaydilar. Bir tarzdagi, o‘zgarmas ish kifoya qilmagani bois inson ongsiz qasos-o‘chini bir tarzdagi, aynan o‘xshash ko‘ngilxushlik xizmatlari taklif qiluvchi tovushlar va tomoshalarni passiv tasarruf etish vositasida bartaraf etadi; bundan tashqari tobora yangidan yangi ashyo-narsalar xarid qilish va ularni boshqalariga almashtirish asnosida ham qoniqish hosil qilish mumkin. Mohiyatan zamonamiz kishining qiyofasi Xaksli «Ajoyib yangi dunyo» asarida tasvirlagan manzaraga yaqin: qorni to‘q, yaxshi kiyingan, jinsiy ehtiroslari qondirilgan, biroq o‘z «Men»idan mahrum, yaqin yoru birodarlari bilan o‘ta yuzaki munosabatlarni istisno qilganda, samimiy munosabat-muomalaga begona. Xakslining lo‘nda ta’riflashicha: «Basharti his qiladigan bo‘lsang, jamiyatning boshiga yetasan», yohud: «Bugungi huzur-halovatni ertaga qo‘yma» yoki (juda topib aytilgan aqida): «Davrimizda barcha baxtiyor» singari shiorlarga amal qiladi. Tovar-mahsulotlar, tomoshalardan ta’sirlanish, oziq-ovqatlar, ichimliklar, sigaretalar, odamlar, ma’ruzalar, kitoblar, kinofilmlarni tasarruf etish va «yamlamay yutish»dan qoniqish hosil qiladilar – bularning barchasi iste’mol qilinadi, yamlamasdan yutiladi. Dunyo – ishtahamizni qondiradigan yakka yirik manbaa, ulkan olma, ulkan shisha idish, ulkan ona ko‘ksi; bizlar barchamiz –muttasil ko‘zlari to‘rt, muttasil allanarsalardan umidvor va muttasil hafsalasi pir — ko‘krakdan ajralmagan norasida go‘daklarmiz. Shaxsiyatimiz ayirboshlash va olishga, oldi-sotdi qilishga va iste’mol qilishga moslashgan; barcha-barchasi – moddiyat ham, ma’naviyat ham – ayirboshlash va iste’mol ashyo-vositasi.

Zamonaviy odamning bunday ijtimoiy tipi muhabbat masalasida ham namoyon bo‘lmasligi mumkin emas. Avtomatlar sevolmaydi; ular shaxsiy «sifat xossalari»ni ayirboshlashi va adolatli bitim-shartnomaga umid bog‘lay oladilar, xalos. Bunday begonalashgan muhabbat xossasi – va ayniqsa nikoh xususiyati – «komanda» g‘oyasida ham hammasiga nisbatan yorqinroq namoyon bo‘ladi. Baxtli nikohga oid ko‘plab maqolalarda g‘oya yaxshi o‘ynagan komanda ko‘rinishida talqin qilinadi. Bunday ta’riflash uzluksiz faoliyat yurituvchi xizmatchi timsolidan deyarli farq qilmaydi; u «oqilona doirada mustaqil bo‘lishi» va hamkorlik qila olishi, sabr-toqatli bo‘lishi – va ayni paytda shaxsiyatparast hamda tajovuzkor bo‘lishi zarur. Shunday qilib: «nikoh mutaxassislari» er o‘z xotinini tushunishi va unga ko‘maklashishga hamisha tayyor turishi kerak, deya ta’lim beradilar. Yangi ko‘ylagi yarashganiyu ovqati juda shirin bo‘lganini tilyog‘lamalik bilan malikai dilozorga ma’lum qilishi joiz. O‘z navbatida xotin ishdan xorib-charchab, norozi kayfiyatda kelgan erining ko‘ngliga qarashi, xizmat joyidagi ko‘ngilsizlarga oid arzi dodini xayrixohlik bilan tinglashi, tug‘ilgan kunini unutib qo‘ysa, arazlamasligi, balki erini tushunishi zarur. Ayni shunday o‘zaro munosabatlar tipi qamroviga kiruvchi xossalarning barchasi – umrbod bir-biriga begona, hech qachon «sidqidildan samimiy munosabatda bo‘la olmaydigan», biroq o‘zaro xushmuomala bo‘lib, bir-birining ko‘nglini ovlashga urinadigan ikki insonning risoladagidek silliq munosabati, xalos.

Muhabbat va nikohning bunday konsepsiyasida yolg‘izlik tuyg‘usidan najot topishga alohida urg‘u beriladi, aksincha yolg‘izlik azobiga chidash mushkul. Inson yolg‘izlikdan nihoyat «muhabbat» og‘ushida najot topadi. U ikovlashib butun dunyoga qarshi ittifoq tuzadi va a deux – juftlarning bu egoizm-shaxsiyatparastligi muhabbat va yaqinlik sifatida yanglish talqin etiladi.

«Komanda»- «ko‘plashish»-«guruhlanish», o‘zaro sabr-toqatli-kechirimli bo‘lish singari xususiyatga ega muhitga bunday urg‘u berish – nisbatan yangi holat. Birinchi jahon urushidan keyingi yillarda risoladagidek ishqiy munosabatlarning, ayniqsa baxtli nikohning asosini o‘zaro jinsiy qoniqish tashkil etadi, degan nuqtai nazar ustunlik qilgan. Baxtsiz nikohlar tez-tez uchrayotganining sababini jinsiy jihatdan «bir-biriga moslasha» olmaslikda deb bilishgan; oqilona jinsiy aloqa usulini bilmaslik, ya’ni kelin yoki kuyovning yohud har ikkalasining bu borada g‘o‘rligi sabab qilib ko‘rsatilgan. Mana shu nuqsonni «to‘g‘rilash» va baxti ochilmagan juftlarga ko‘maklashish maqsadida oqilona jinsiy aloqa usullariga oid ko‘plab risola-kitoblar paydo bo‘lgan; bunday nasihatomuz asarlarda ko‘rsatilgan usullarga og‘ishmay amal qilinsa, shubhasiz o‘zaro muhabbat va baxtu saodat qaror topishi oshkora yoki pinhona va’da qilingan. Buning negizini muhabbat – shahvoniy lazzat hosilasi va basharti kelin-kuyov bir-birini jinsiy qondirib-qanotlantira olsa, bir-birlariga muhabbat qo‘yadilar, bir-birlarini sevadilar, degan g‘oya tashkil etgan. Bu o‘sha davrning xomxayoldan iborat mushtarak aqidasiga mos bo‘lib, unga ko‘ra oqilona texnikaviy usullar vositasida nainki sanoat ishlab chiqarishi muammolarini, balki umuman insoniy munosabatlarni ham hal qilish mumkin. Aslida esa buning aksi to‘g‘ri.

Muqobil jinsiy usullar vositasida muhabbat yuzaga kelmaydi; aksincha, jinsiy munosabatlardagi baxt-saodat va hatto jinsiy aloqa usullarini egallash muhabbat natijasida qo‘lga kiritiladi. Basharti bu fikr yana biron bir isbot talab qilsa, ularni ko‘pdan ko‘p psixoanaliz ma’lumotlaridan topsa bo‘ladi. Tez-tez uchraydigan jinsiy muammolarni – ayollarning frigidligi hamda erkaklarning ham yengil, ham surunkali impotensiyasini — o‘rganish ko‘rsatishicha, buning sababi jinsiy aloqa usullarini yetarli darajada bilmaslikda emas, balki sevgi-muhabbatga imkon bermaydigan to‘xtalishdadir. Ma’shuq-ma’shuqaga o‘zligini to‘la-to‘kis baxshida etishga, g‘ayrioddiy xatti-harakatlar qilmaslikka, bavosita va bevosita jismoniy yaqinlik chog‘ida jinsiy juftiga ishonishga monelik qiluvchi bunday mushkulotlar negizini qarama-qarshi jins vakilidan xadiksarish-qo‘rqish yoki undan nafratlanish tashkil qiladi. Basharti jinsiy sezgilari karaxt holatdagi shaxs qo‘rquv va nafratdan xalos bo‘lsa, va pirovard natijada seva olsa, jinsiy muammolarni hal etadi. Aksincha — jinsiy aloqa usullarini qanchalik zo‘r berib o‘rganmasin, hech qanday naf bermaydi.

Risoladagidek jinsiy aloqa usullarini puxta o‘zlashtirish jinsiy aloqa va muhabbat borasida baxt-saodatni ta’minlashiga oid taxmin-tasavvur noto‘g‘ri ekanini psixoanalitik tahlil ma’lumotlari isbotlashidan qat’iy nazar muhabbat o‘zaro jinsiy qoniqish hosilasi ekani to‘g‘risida eslatilgan taxmin Freyd nazariyasining kuchli ta’siri natijasida paydo bo‘lgan. Freydning nazdida muhabbat mohiyatan jinsiy xossa-xususiyatga ega. Jinsiy (jinsiy a’zolar vositasidagi) aloqa vositasidagi muhabbat natijasida inson o‘ta kuchli qoniqish hosil qilishi va unga, mohiyatan, har qanday baxt-saodat namunasini baxsh etishiga oid kashfiyot insonni bundan buyon ham jinsiy aloqa vositasida baxt-saodat va qoniqish izlashga undashi va shahvoniyatni hayot mazmun-mohiyati deb bilishi kerak (Izoh: 1. Freud S. Unbehagen in der Kultur (Madaniyatdagi yoqimsiz kechinmalar) Freud S. Gesammelte Werke. Bd. XIV. L., 1948. S. 461.). Birodarona muhabbat tuyg‘usi, Freydning talqiniga ko‘ra, jinsiy mayl natijasi, biroq jinsiy instinkt bu borada «bo‘g‘ilgan maqsadli impuls»ga aylanadi. «Bo‘g‘ilgan maqsadli muhabbat (zielgehemmte Liebe) dastavval, shubhasiz, hissiy (vjllsinnliche) muhabbat bo‘lgan va inson ongostida shundayligicha qolmoqda» (Izoh: O‘sha asar, 462-bet.). Mohiyatan mistik kechinma hisoblanuvchi va o‘ta kuchli tuyg‘u negizini tashkil qiluvchi sarosima, birlik hissini Freyd patologik holat, boshlang‘ich «cheksiz narsissizm» holatiga nisbatan regressiya-buzilish hisoblagan (Izoh: O‘sha asar, 430-bet).

Freyd yana bir qadam tashlab, hisoblaydiki, muhabbat – irratsional hodisa. Uning nazdida irratsional muhabbat bilan shaxs barkamolligi hosilasi hisoblanuvchi muhabbat o‘rtasida hech qanday farq yo‘q. Ko‘chma-muhabbatga (Izoh: Freud S. Gesammelte Werke. L., 1940-1952, Bd. X. 461. (Ko‘chma muhabbat deganda psixoanalitik davolash chog‘ida bemor shifokorga muhabbat qo‘yishi nazarda tutiladi) oid maqolasida ko‘rsatishicha, ko‘chma-muhabbat, mohiyatan, odatiy muhabbatdan farq qilmaydi. Mahliyolik-sevish hamisha telbalik-devonalik bilan chegaradosh, oshiqning ko‘zi ko‘r, oshiqlik – majburiylik, bolalikka xos muhabbat manbaalarining ko‘chib yurishi demak. Ongli muhabbat, barkamollik-yetuklikning oliy namunasi sifatidagi muhabbat tadqiqoti bilan Freyd shug‘ullanmagan, chunki shunday muhabbat borligiga ishonmagan.

Biroq Freyd g‘oyalarining jinsiy mayl natijasi, yohud, to‘g‘rirog‘i, ongli tuyg‘uda aks etgan jinsiy qoniqishga o‘xshash holat sifatidagi muhabbat konsepsiyasiga ta’sirini ortiqcha baholash xato bo‘lardi. Bu borada asosiy aloqadorlik sababi boshqacha. Freyd g‘oyasi asosan XIX asrning umumiy ruhi ta’siri ostida shakllangan; bu g‘oyalarning omma orasida mashhurligi esa Birinchi jahon urushidan keyin hukm surgan kayfiyat bilan qisman izohlanadi. Umume’tirof etgan konsepsiyaga ham, Freyd konsepsiyasiga ham ta’sir qilgan omillardan biri Viktorian davrining qat’iy axloqiga munosabat bo‘lgandi. Freyd nazariyasiga ta’sir ko‘rsatgan ikkinchi omil kapitalistik jamiyat tizim-tartibotiga asoslanuvchi inson to‘g‘risidagi tasavvur keng tarqalganida. Insonning tabiiy talab-ehtiyojlariga kapitalizm javob bera olishini isbotlash uchun inson tabiatan raqobat va g‘animlikka moyil ekanini isbotlash kerak edi. Buni iqtisodchilar iqtisodiy foyda-daromad orttirishga odamzod mukkasidan ketgani bilan, davrinparastlar esa – eng yaxshi moslasha olganlar yashashiga oid nabotot qonuniyati bilan isbotlagan bir pallada Freyd ham o‘xshash xulosaga keldi: erkakning ko‘ngli barcha ayollarni ehtirosli ravishda tusaydi va faqat jamiyat tazyiqi istak-xohishiga mos xatti-harakat qilishiga imkon bermaydi. Shu bois odamlar bir-biriga hasad qilmay yashay olmaydi va ayni shu o‘zaro hasad-ko‘rolmaslik-rashk hamda raqobat-bellashuv barcha ijtimoiy va iqtisodiy oqlaydigan vaj-karsonlari barham topgan holda ham davom etaveradi(Izoh: Freyddan hech qachon ajralmagan, biroq hayotining so‘nggi yillarida muhabbatga oid mulohazalarini baribir o‘zgartirgan yagona shogirdi Shandor Ferensi bo‘lgan. Bu masala Izette de Forest, Leaven of Love (Muhabbat xamirturishlari)N. Y. 1954. asarida batafsil tahlil qilingan).

Freydning tafakkur tarzi pirovard natijada XIX asrda keng udumga aylangan materializm tipi ta’siri ostida talay darajada shakllangan. Unga binoan, barcha psixik holatlar ildizini fiziologik ko‘rinishlarda topish mumkin; binobarin muhabbat, nafrat, shuhrtaparastlik-izzattalablik, rashkni Freyd jinsiy instinkt turli shakllarining ko‘pdan-ko‘p namoyon bo‘lishi deya izohlagan. Bu borada chinakam negizni umuman butun inson hayotidan – dastavval umuman barcha odamlarga xos xususiyatlardan, keyin esa muayyan jamiyat tartib-tartibotining taqozosi bo‘lgan turmush tarzidan qidirish kerakligini Freyd tushunmagan. (Shu tipdagi materializm doirasidagn yorib chiqish borasida Marks «tarixiy materializm» konsepsiyasi bilan hal qiluvchi qadam tashladi, unga ko‘ra inson tanasi ham, ovqatlanish yoki mol-mulkka egalik qilish singari instinktlari ham emas, balki uning butun hayoti, «hayotiy tajribasi» uni anglash vositasi bo‘la oladi.) Freyd konsepsiyasiga binoan, barcha instinktiv istak-xohishlarning to‘la-to‘kis va moneliklarsiz qondirilishi ruhiy salomatlik va baxt-saodatni ta’minlashi zarur. Biroq shubhasiz klinik dalillarning guvohlik berishicha, hayotini cheklanmagan jinsiy-shahvoniy qoniqish-lazzatlanishga baxshida etgan erkaklar – ayollar ham – baxtli bo‘la olmaydilar hamda aksariyat shafqatsiz asabiy kelishmovchilar yohud xastaliklardan azob chekadilar. Jamiki instinktiv istak-xohishlarning to‘la-to‘kis qondirilishi nainki baxt-saodat asosi, aksincha hatto ruhiy salomatlikni kafolatlay olmaydi. Biroq Freydning bu g‘oyasi faqat Birinchi jahon urushidan keyin ommaviylasha oldi, o‘sha kezlarda kapitalizm ruhiyati o‘zgargan edi: iqtisodiyotga emas, balki sarf-xarajatga urg‘u berila boshladi, iqtisodiy yutuq vositasi sifatida o‘z-o‘zini cheklash, ya’ni tejamkorlikka urg‘u berish – bozor muttasil kengayishining negizi hamda bezovta, avtomatga aylangan individ uchun asosiy qanoatlanish manbai sifatida iste’molga urg‘u berish bilan almashtirildi. Istalgan istak-xohishni zudlik bilan qondirish-qanoatlantirish jinsiy-shahvoniy sohada ham, shuningdek istalgan moddiy iste’mol sohasida ham ustuvor tamoyil tusini oldi.

XX asr boshlarida o‘zgarib ulgurmagan kaptalizm ruhiga mos Freyd konsepsiyasini davrimizning buyuk psixoanalitiklaridan biri, marhum G.S.Salliven konsepsiyasi bilan qiyoslaganda antiqa holatning guvohi bo‘lamiz. Freyd tizimidan farqlanuvchi Salliven konsepsiyasida shahvoniyat bilan muhabbatning aniq ajratilganini ko‘ramiz.

Muhabbat va jinsiy-jismoniy yaqinlikning Salliven konsepsiyasidagi ahamiyati qanday? Jinsiy-jismoniy yaqinlik – shunday hayotiy holatki, unda shaxsga xos xususiyat-fazilatlarning barchasi namoyon bo‘lishi mumkin. Bunday xususiyat-fazilatlarning yuzaga chiqishi o‘zaro munosabatni, ya’ni hamkorlikni taqozo etadi; bu borada o‘z xatti-harakatlaringni o‘zaro uyg‘un – ya’ni o‘zaro yaqinlikka tobora yaqinlashuvchi — qoniqishga erishish hamda xavfsizlikka erishish uchun qaratilgan xatti-harakatlarning tobora o‘xshashligini ta’minlash uchun boshqa insonning oshkora talab-ehtiyojlariga yorqin idrok qilingan moslashuvni nazarda tutaman» (Izoh: 1. Sullivan N S The Interpersjnal Theoru of Psychiatry (Shaxslararo psixiatriya nazariyasi). N. Y., 1953. R.246. Qayd etish joizki, Salliven bu ta’rifni o‘smirlik arafasidagi bolalarga xos istak-xohish va sa’y-harakatlar bilan bog‘liq tarzda bergan bo‘lsa ham, ular haqida ayni yoshda ilk bor namoyon bo‘ladigan yaxlit tamoyillar haqida gapiradi, “bular to‘laligicha yuzaga chiqqanidan keyin “muhabbat” deb ataymiz va aytadiki, o‘smirlik bo‘sag‘asidagi bu muhabbat “psixatriya ta’rifi bilan aytganda, to‘laqonli muhabbatga juda ham o‘xshaydigan allanarsaning ibtidosi xizmatini o‘taydi”.). Agar Salliven e’tirofini ancha g‘aliz ifoda tarzidan xalos qiladigan bo‘lsak, muhabbat mohiyati hamkorlik munosabatlari bo‘lib chiqib, bunda «odamlar obro‘-e’tibori, ustunlik tuyg‘usi va sha’ni, qadr-qimmatini saqlab qolish uchun «qoidalarga binoan» o‘ynayotganlarini his etadilar (Izoh: Sallivenning muhabbatga yana bir ta’rifiga ko‘ra, boshqa odamning talab-ehtiyojlari bamisoli shaxsiy talab-ehtiyojlar – avvalgidek «bozor» bilan bog‘liq talab-ehtiyojlar emas — singari muhim ekanini his qilinganda muhabbat g‘uncha ochadi.).

Freydning XIX asr kapitalizmi ruhiga mos patriarxal oila boshlig‘i kechinmalarini ta’riflovchi muhabbat konsepsiyasi singari Sallivenning ta’rifi ham XX asrning «bozor«ga moslashgan begonalashgan shaxsi kechinmalariga taalluqli. Bu mushtarak maqsadlarga intilayotgan hamda g‘anim va begona dunyoga baqamti qarshi turgan «ikki, juft inson egoizmi-shaxsiyatparastligi»ning ta’rifi. Uning jinsiy-jismoniy yaqinlikka bergan ta’rifi, mohiyatan, «har bir a’zo fe’l-atvori, xatti-harakatlarini mushtarak maqsadga erishish yo‘lida boshqa insonning oshkora talab-ehtiyojlariga moslashtiruvchi» istalgan komanda a’zolarining his-tuyg‘ulariga nisbatan bersa bo‘ladi. (E’tiborga molik jihati shundaki, Salliven oshkora talab-ehtiyojlar haqida gapiradi, holbuki muhabbat ikki inson munosabatlaridagi pinhona-xufya talab-ehtiyojlarini nazarda tutishni hamisha bildirib kelgan.)

O‘zaro jinsiy qoniqish sifatidagi muhabbat va «komanda tarkibida ishlash» va yolg‘izlikdan najot topish sifatidagi muhabbat – bular zamonaviy G‘arb jamiyatida aynigan muhabbatning ikki shakli, ijtimoiy taqozo etilgan namunalarga ergashuvchi muhabbat patologiyasi. Muhabbat patologiyasining yana ko‘plab nisbatan oz standart shakllari mavjud bo‘lib, ular anglangan azob-uqubatlarga olib keladi; hozir tobora ko‘payib borayotgan psixiatr va havaskorlar ularni nevrozlar, asabiy xastaliklar sifatida talqin etadilar. Ularning nisbatan ko‘p uchraydigan ayrim turlarini muayyan misollar vositasida qisqacha bayon etamiz.

Nevrotik, asabiy muhabbatning asosiy sharti – sevishlarning bittasi yoki ikkalasi ham balog‘at yoshida bo‘lsalar-da, otasi yoki onasining timsoliga hamon bog‘langan bo‘ladilar va otasi va onasiga nisbatan his etgan tuyg‘ulari, orzu-umidi va qo‘rquv hissini sevgan kishisiga «ko‘chiradilar»; balog‘at yoshida ekanidan qat’iy nazar ular bolalarcha bog‘langanlikdan qutila olmaganlar va hissiy ehtiyojlarida ayni shu namunaga intiladilar. Bunday holatda inson aql-tafakkuri va ijtimoiy ma’noda o‘z yoshiga mutanosib bo‘lsa-da, hissiy jihatdan ikki-besh yoshli yoki o‘n ikki yoshli bola bo‘lib qolaveradi. O‘ta jiddiy holatlarda tuyg‘ularning bunday yetilmaganligi, dumbul bo‘lib qolgani ijtimoiy faoliyatdagi buzilishlarga, nisbatan yumshoqroq holatlarda esa yaqin yoru birodarlar bilan shaxsiy munosabatlar sohasidagi kelishmovchilik-ko‘ngilsizliklar bilan cheklanadi.

Otasi yoki onasidan andoza olgan shaxs to‘g‘risida yuqorida aytilganlarni eslayguday bo‘lsak, bunday asabiy muhabbatning yana bir namunasi davrimizda keng tarqalgan his-tuyg‘ular takomil-tadrijida onasiga bolalardek bog‘liqlik darajasida qolib ketgan erkak tipini namoyon etadi, — bu inson, mohiyatan, onasi ko‘kragidan hamon ajralmagan. Bunday erkaklar o‘zini go‘yo go‘dak singari tutadilar; ular ona himoyasiga, mehribonchiligiga, muhabbatga, mehrga, g‘amxo‘rligi va erkalashiga muhtoj; ular shubhasiz ona muhabbatini – o‘z onasining farzandi bo‘lganiyu norasida-notavonligi bois muhtoj mehr-muhabbatni, mehribonchilikni tusaydilar. Bunday erkaklar biron juvonni mahliyo qilishni xohlab qolsalar, aksariyat yoqimtoy va jozibador bo‘lishadi va hatto niyatiga erishganidan keyin ham shunday bo‘lib qolaveradilar. Biroq ular ayolga (mohiyatan, boshqa insonlarga ham) yuzaki va mas’uliyatsiz munosabatda bo‘ladi. Ular sevimli bo‘lishni xohlaydilaru sevishni istamaydilar. Bunday erkaklar odatda o‘ta tortinchoq, odamovi bo‘lib, ijobiy yoki salbiy «buyuk g‘oyalar» — orzu-umidlar bilan yashaydilar. O‘zlariga ma’qul ayolni topa olsalar, o‘zlarini xavf-xatardan xoli, yettinchi osmonda sezadilar va bag‘oyat yoqimtoy va jozibador bo‘ladilar – va ayni shu bois aksariyat asliyatiga nisbatan boshqacha tuyuladi. Biroq biroz fursat o‘tgach, samoviy orzu-istaklariga ayol mos kelmagach, xafsalasi pir bo‘ladiyu kelishmovchilar boshlanadi. Agar ayol jozibadorligidan hamisha hayratlanmasa, agar emin-erkin, mustaqil yashashni da’vo qilsa, agar o‘zini sevishlari va himoya qilishlarini istasa, o‘ta og‘ir holatlarda esa – begona juvonlar bilan ilakishiga (yoki ularga shunchaki mahliyo bo‘lishiga) befarq qaray olmasa, — erkak o‘zini chinakamiga haqoratlangan va xafsalasi pir bo‘lgan hisoblaydi hamda odatda bu tuyg‘ulari kuchayib, xotinim «meni yaxshi ko‘rmaydi», «shaxmiyatparast» yoki «bag‘ri tosh, zolim» deyishgacha borib yetadi. Ona jigarbandiga mehribonchiligiga o‘xshash muhabbatdagi har qanday nuqson-kamchilik uni sevmasliklarining isboti sifatida talqin qilinadi. Bunday erkaklar odatda affektiv xulq-atvorini, manzur bo‘lish istagini chinakam sevgi hisoblaydilar va shu bois o‘zlariga nisbatan o‘ta adolatsizlarcha munosabatda bo‘linyapti, deb o‘ylaydilar; ularning tasavvurida sidqidildan, bor vujudi bilan sevgani holda ma’shuqasi muhabbatini qadrlamayotganidan shikoyat qiladilar.

Onasining erkatoy-arzandasi bo‘lgan bunday kimsa ayrim kam uchraydigan holatlarda biron-bir jiddiy nuqsonlarsiz balog‘atga yetishi mumkin. Agar «mehribon» ona uni o‘ta erkalatib yuborgan bo‘lsa (ehtimol, ona o‘ta xukmfarmo bo‘lgandir, biroq bu unga halokatli ta’sir ko‘rsatmagan) va agar ayni onasiga o‘xshash juvonni topa olsa, agar uning salohiyati jozibadorligini biron bir sohada ishga solib, o‘zgalarni hayratlantirish imkonini bersa (ba’zan omadi yurishgan siyosatchilarda shunday bo‘ladi), garchi yanada yuksak yetuklik maqomiga mutlaqo chiqa olmagan bo‘lsa ham, ijtimoiy jihatdan «risoladagidek moslashgan» deb hisoblash mumkin. Lekin nisbatan noqulay shart-sharoitlarda – bu esa, shubhasiz, tez-tez uchraydi, — muhabbat borasida, ehtimol, umuman odamlar orasidagi hayotda jiddiy to‘siq-moneliklarga duch keladi; bunday shaxs yolg‘izlanib qolsa, ko‘ngilsizliklar yuzaga keladi va aksariyat – o‘ta bezovtalanib, ruhan siqiladi.

Yana ham jiddiy patologik shakllarida onaga bog‘lig‘lik yanada teran va yanada ongsiz bo‘ladi. Bunday holatda ifodali aytganda, kulfatlardan asrovchi ona bag‘ri va uning hayoibaxsh ko‘kragiga emas, balki uning barcha-barchasini bag‘riga jo qila oluvchi qursog‘iga qaytish istagi tug‘iladi. Ruhiy salomatlik tabiati homila sifatida o‘sib, ona qursog‘idan yorug‘ dunyoga chiqishdan iborat bo‘lsa, jiddiy aqliy zaifliklarning tabiati-xossalari odamni ona qursog‘i domiga tortishi, qayta bag‘riga olishi – hayotdan muhofaza qilishi istagidan iborat. Onalar bolalariga o‘ta beshafqat bo‘lsa, odatda shunday bog‘lig‘lik tipi uchraydi. Ba’zan mehr-muhabbati haqqi, goh onalik burchi ila bola, o‘spirin, erkakni qursog‘ida saqlashga urinadi; u dunyoga faqat onasining nigohi bilan nazar tashlashi kerak, boshqa barcha ayollarni xo‘rlab, yuzaki shahvoniy ma’nodagina sevishi zarur; hech qachon erkin va mustaqil bo‘lmasligi kerak, aksincha abadiy mayib yoki gunohkor.

Bu xususiyat – beshafqatlik, tamomila rom etuvchi halokatli muhabbat – ona timsolining salbiy jihati. Ona hayot baxsh etadi va uni tortib olishi ham hech gap emas. U qayta jon baxsh etishi ham, aksincha nobud qilishi ham mumkin; ona mehri, mehribonchiligi beqiyos – va hech kim ona singari ziyon-zahmat yetkaza olmaydi. Onaning shu ikki ziddiyatli xususiyati ko‘pgina diniy timsollarda (Kali ma’budasi singari) va tushlar ta’birida kuzatiladi.

Nevrologik patologiyaning boshqa shakli – otaga alohida, ayricha bog‘lilik, bog‘langanlik.

Bu borada shunday erkaklar nazarda tutiladi: ularning onasi befarq va sovuqqon bo‘lgani holda otasi (qisman xotini befarq bo‘lgani bois) butun diqqat-e’tiborini o‘g‘liga qaratadilar. U «binoyidek ota», biroq ayni paytda o‘ta qattiqqo‘l. Fe’l-atvoridan mamnun bo‘lsa, o‘g‘lini erkalaydi-maqtaydi, turli o‘yinchoqlar olib beradi, mehribonchilik qiladi, o‘g‘lidan ko‘ngli to‘lmasa, to‘nini teskari kiyib oladi yoki qiyin-qistovga oladi. Ota muhabbati – yagona tayanchi bo‘lgan o‘g‘il padari buzrukvoriga mutelarcha bog‘lanadi. Hayotining asosiy maqsadi – otasining ko‘nglini topishdan iborat, qachonki buning uddasidan chiqsa, o‘zini baxtiyor, xotirjam va bexatar sezadi. Biroq xato qilsa, omad yuz o‘girsa yoki otasining ko‘nglini topa olmasa, rad etilgan, muhabbatdan mahrum va haqoratlangan biladi. Kelgusi hayotida bunday erkak otasiga o‘xshash siymoni qidiradi va basharti topa olsa, unga otasiday bog‘lanadi. Butun hayoti otasining xayrixohligini qozinishi bilan bog‘liq yuksalishlaru tanazzullar silsilasidan tarkib topadi. Bunday erkakning ko‘pincha omadi chopadi. U halol, insofli, vijdonli, serg‘ayrat, basharti tanlagan «ota»sini qo‘lga olishni uddalay olsa – unga ishonsa bo‘ladi. Biroq ayollar bilan munosabatda befarq va yot-begona bo‘lib qolaveradi. Ayol uni hayotiy jihatdan qiziqtirmaydi; ota yosh qizalog‘iga qanday munosabatda bo‘lsa, ayolga ham, odatda, shunday bepisandlik bilan, aksariyat buni oshkor qilmasdan qaraydi. Dastavval erkaklik fazilatlari bilan ayolda kuchli taassurot qoldirishi mumkin; biroq u uylangan ayol erining dastlabki bog‘langan siymosi – hayotida hamisha hoziru nozir ota timsoliga nisbatan ikkinchi darajali mavqeda ekanini anglagach, , basharti uning o‘zi ham otasiga hamon bog‘langan holatda bo‘lmasa, va shu bois injiq bolaga qaraganday munosabatda bo‘ladigan eri bilan o‘zini baxtiyor hisoblamasa, — tobora xafsalasi pir bo‘lib, ixlosi qaytadi.

Ota-ona bir-birini sevmaydigan, biroq janjallashmaslikka va biron-bir norozilik alomatlarini oshkor qilmaslikka imkon boricha urinadigan boshqacha oilaviy sharoitga asoslangan muhabbat shaklidagi nevrologik-asabiy buzilish tipi birmuncha murakkab. Ayni paytda bunday er-xotin siyratan bir-biriga begona bo‘lgani bois ularning bolalarga munosabati begidir samimiylikni yo‘qotadi. Va yoshgina qizaloq oilaviy soxta samimiylik muhitini payqaydi, bu ayni paytda otasi yoki onasi bilan yaqin samimiy munosabatlarni istisno etadi va shu bois uni tashvishlantirib, xavotirga soladi. Ota-onasining tuyg‘ulari va o‘y-xayollarini u hech qachon bilolmaydi; bunday muhitda allaqanday mavhumot va sirlilik xukm suradi. Oqibatda qizaloq o‘z ichki olamiga shung‘iydi, odamovi bo‘lib qoladi, xayolga toladi, ota-onasidan yiroqlashadi-begonalashadi va keyinchalik muhabbatda ham ayni shunday yo‘l tutadi.

Boz ustiga, bunday begonalashuv kuchli xavotirlanish va tayanchdan, suyanadigan negizning yo‘qligi oqibatida muallaqlik tuyg‘usini keltirib chiqaradi, va bu aksariyat mazoxistik aqidalarni yuzaga keltiradiki, ular kuchli hissiyotlarning yagona manbaiga aylanadi. Bunday ayollar aksariyat erlari o‘zlarini risoladagidek oqilona tutishlari emas, balki hurmacha qiliqlar ko‘rsatib, janjal qilishlarini afzal biladilar, chunki shunday qilsalar, fe’l-atvoridagi asabiy taranglik va qo‘rquvdan kamida yengil tortadilar; iztirobli mavhum betaraflik azobiga barham berish ilinjida talay holatlarda erlarini shunday yo‘l tutishga gij-gijlaydilar.

Navbatdagi sahifalarda irratsional muhabbatning boshqa tez-tez uchraydigan shaklini bayon etamiz, ayni paytda shu shaklning negizini tashkil qiluvchi bolalikda rivojlanadigan spesifik omillarni tahlil qilmaymiz.

Ancha keng tarqalgan va ko‘pincha «buyuk muhabbat» sifatida talqin (kinofilmlar va romanlarda yana ham ko‘proq vasf) qilinadigan soxta muhabbat shakllaridan biri – ma’budaparastlik muhabbati. Agar odam kamoloti davomida kuch-quvvati, fahm-farosati, aql-idroki samarali kamol topishiga tayanuvchi o‘zligini, individualligini anglaydigan, idrok qila oladigan darajaga yuksala olmasa, sevgan kishisini «ilohiylashtirishga», undan ma’buda yasashga moyil bo‘ladi. U kuch-quvvati, imkoniyat-salohiyatidan yiroqlashib-begonalashib, ularni sevgan kishisiga summum bonum (Izoh: lotincha ilohiy saodat) nisbat berib, har qanday muhabbat tajassumi, har qanday yorug‘lik-ro‘shnolik, har qanday rohat-farog‘at timsoli sifatida sig‘inadi-topinadi. Shu asno o‘z imkoniyatlarini his etishdan mahrum bo‘ladi, o‘zligiga ega bo‘lish o‘rniga, sevgan kishisi timsolida boy beradi. O‘ziga sig‘inuvchi kimsaning umidlarini uzoq muddat qondirish odatda hech kimning qo‘lidan kelmagani uchun, ertami-kechmi bunday “oshiq”ning ixlosi qaytadi va dardiga taskin axtarib, yangi ma’buda qidira boshlaydi, bunday qidirish ba’zan uzluksiz davom etaveradi. Bunday budparastlarcha sevishda ayniqsa dastlabki kezlarda muhabbat kechinmalari o‘ta ehtirosli va qaynoq kechadi. Bunday muhabbatni ko‘pincha chinakam, haqiqiy muhabbat sifatida tasvirlaydilar; biroq bunday muhabbatning “qudrati” va “teranligi” hissiy tashnalik hamda budparastning afsus-nadomatidan dalolat, xolos. Ayrim holatlarda hatto oshiq ham, ma’shuqa ham bir-birlariga shunday muhabbat qo‘yadilar – va o‘shanda juda bo‘lmaganda ularning muhabbati folie a deux ga (Izoh: fransuzcha: juftlarning yoki juftlashgan ehtiros (birgalikdagi yoki juftlashgan telbalik) aylanadi.

Soxta muhabbatning yana bir shakli qo‘shtirnoq ichidagi muhabbat bo‘lib, uni “sentimental” muhabbat deyish mumkin. Uning mohiyati shundaki, muhabbat kechinmalari mavjud ma’shuq-ma’shuqa bilan emas, balkiy xayoliy tarzda kechadi. Shunday muhabbatning eng ko‘p tarqalgan shakli – surrogat ishqiy qoniqish bo‘lib, uni oynai jahon orqai namoyish qilinadigan va jurnallarda chop etiladigan muhabbat savdolari va ishqiy qo‘shiqlarning muxlislari his qiladilar. Bunday kishilar ayni shu vositalar ko‘magida amalga oshmagan ishqiy istak-xohishlari, qovushish va yaqinlik tuyg‘ularini his etadilar. Turmush o‘rtog‘i bilan o‘rtasidagi begonalik devorini-yotsirashni mutlaqo bartaraf qila olmaydigan erkak yoki ayol oynai jahon orqali namoyish qilingan baxtli yoki baxtsiz muhabbat savdolarini tomosha qilish asnosida naq yig‘laguday bo‘ladi. Oynai jahonda ro‘y beradigan bunday muhabbat savdolarida bavosita ishtirok etish ko‘pgina er-xotinlar uchun bir-biriga emas, balki birgalikda, begona “muhabbat” kuzatuvchilari, tomoshabini sifatida sevgi-muhabbatni his etishning yagona vositasi. Toki muhabbat xayoliy ekan, uni his eta oladilar; biroq hayotiy munosabatlar doirasiga tushganlari hamono mehr-muhabbatdan mosuvo sovuqqonga aylanadilar.

Sentimental muhabbatning yana bir ko‘rinishi – davriy ko‘chma muhabbat. O‘tmishdagi muhabbatni – bu o‘tmish ham, sevgi-muhabbat ham haqiqatdan bo‘lgan-bo‘lmaganidan qat’iy nazar — eslash yoki kelgusi muhabbatga oid orzu-umidlargina er-xotinni hayajonlantiradi. Ko‘pgina kelin-kuyovlar unashtirilgach yoki nikoh kechasidan keyin ham kelgusi muhabbat sururi haqida orzu qiladilar, holbuki taqdirlarini endigina bog‘laganliklaridan qat’iy nazar dahanaki janglarni boshlab yuboradilar! Bu tamoyil hozirgi zamon kishilarining umumiy xususiyatiga mos. Binobarin ayni zamonda emas, aksincha o‘tmish yoki kelajak xayoli bilan yashaydi. Bolaligi yoki onasini hayratlanib eslaydi – yohud kelajakka oid baxt-saodat rejalarini tuzadi. Boshqalarning kechinmalarida xayolan qatnashish asnosida muhabbatni his etib bo‘ladimi-bo‘lmaydimi, xotiralar yoki orzu-umidlar vositasida muhabbat bobida baxtiyor bo‘lish-bo‘lmaslikdan qat’iy nazar bunday ideallashtirilgan va begonalashgan muhabbat shakli individning hayotiy iztiroblarini, yolg‘izligini va begonalashganligini yengillashtiruvchi o‘ziga xos giyovand vazifasini o‘taydi.

Nevrotik-asabiy muhabbatning yana bir shakli – o‘z muammolaridan qutilish va buning o‘rniga “sevimli” ma’shuq-ma’shuqaning kamchiliklari va “zaifliklari” bilan shug‘ullanish uchun rejalashtirish omillaridan foydalanish hisoblanadi. Shu ma’noda ayrim odamlar bamisoli guruhlar, millat-elatlar yoki dinlar singari ish tutadi. Ular boshqa odamning hattoki arzimas kamchiligini ham payqaydilar va o‘zga kimsani muttasil ayblab, ming bitta nuqson topgani holda o‘zlarining asli qanday kimsa ekanini hatto xayoliga ham keltirmaydi. Agar har ikki tomon shunday malomat toshlari otish bilan shug‘ullansa – ko‘pincha shunday bo‘ladi ham – ularning ishqiy munosabatlari o‘zaro ayblashga aylanadi. Agar men xukmfarmo, qat’iyatsiz yoki ochko‘z bo‘lsam, “sevgan” odamimni ayni shunday illatlar sohibi sifatida ayblayman va fe’l-atvorimga bog‘liq holda uni tarbiyalash yoki jazolashni istayman. Bunday kimsaning jufti ham ayni shunday yo‘l tutadi va shu asno har ikkalasi o‘z muammolaridan xalos bo‘ladilar; ayni shu bois o‘z shaxsiyatlarini barkamol qilish uchun biron-bir ish qilolmaydilar.

Rejalashtirish yoki o‘z aybini boshqalarga tirkashning yana bir shakli – shaxsiy muammolarning bolalarga nisbat berilishidir. Bu, avvalo, qator hollarda odam o‘z bolalari uchun nimanidir ravo ko‘rishida namoyon bo‘ladi. Bunday holatlarda mazkur istak dastavval hayotiy muammolarini bolaning hayotiga nisbat berish taqozosi bo‘ladi. Odam hayot ma’nosini topa olmaganida ayni shu mazmun-ma’noni farzandlari hayotiga singdirmoqchi bo‘ladi. Biroq bunday urinish o‘zi uchun ham, bolalari uchun ham nafsiz. O‘zi uchun shuning uchun ham samarasizki, hayotiy muammolarini hech kimning zimmasiga yuklamasdan har kim o‘zi hal qilishi kerak; bolalar uchun shuning uchun ham nafsizki, bunday kimsa hayotiy muammolar yechimlarini topishga bolalarni yo‘naltirish fazilatidan mahrum. O‘zaro kelisha olmay ajralishga ahd qilgan er-xotin ham bolalarga nisbatan shunday yo‘l tutadi. Farzandlarni yagona oilaviy baxtdan mahrum qilmaslik uchungina ajrala olmasliklari ular uchun asosiy vaj-karson bo‘ladi. Biroq istalgan shunday vaziyatni batafsil tahlil qilsak, bunday “yagona-yaxlit” oilalardagi diqqatpazlik va baxtsizlik muhiti bolalar ruhiyatiga ko‘proq ziyon yetkazadi. Shunday vaziyatlarda er-xotinning o‘zaro munosabatlarga qat’iyan uzil-kesil chek qo‘yishlari qat’iy qaror vositasida odam chidab bo‘lmaydigan vaziyatga barham berishi mumkinligini, kam deganda, bolalarga isbotlaydi.

Yana bir keng tarqalgan yanglish tushunchani ham eslash joiz. Bu muhabbat kelishmovchilik-mojarolarini shubhasiz istino qilish bilan bog‘liq xomxayol. Istalgan vaziyatda azob-uqubat va g‘am-g‘ussaga chek berish kerak, degan fikrga odamlar ko‘nikib qolgani singari ular sevgi-muhabbat bor joyda hech qanday kelishmovchilik bo‘lishi mumkin emas, deb o‘ylaydilar. Va ular hayotida ro‘y berayotgan mojarolar, aftidan, qatnashchilarning hech biriga naf keltirmaydigan dahanaki janglar ekaniga oid g‘oya uchun ishonarli asoslar topadilar. Biroq buning sababi shundaki, ko‘pchilik odamlarning “mojarolari” – aslida rosmana-chinakam kelishmovchilarga chap berishga urinish, xolos. Bular bor-yo‘g‘i arzimas va yuzaki masalalarga oid kelishmovchiliklar bo‘lib, ularni xususiyatiga ko‘ra oydinlashtirish yoki hal qilish mumkin emas. Ikki inson o‘rtasidagi yotsirash yoki kimgadir to‘nkash vositasi bo‘lmaydigan, o‘zlari mansub teran botiniy olamda his qilinadigan chinakam kelishmovchilik halokatli xususiyatga ega emas. Bunday kelishmovchilik muammolarning oydinlashtirib, bilimlarni ko‘paytiradi va kuch-quvvat baxsh etadi. Bu yuqorida aytilganlarni yana bir karra tasdiqlaydi.

Ikki inson botiniy uyg‘unlik bilan muomalada bo‘lgandagina muhabbat tug‘iladi va ayni shu bois har ikkalasi shunday uyg‘unlikni chin dildan his etadi. Faqat ayni shunday «teran botiniy samimiylikda» insoniy iohiyat, hayotiylik, muhabbat negizi mavjud. Shu asno his qilingan muhabbat – doimiy da’vat; bu rohat-farog‘at manbai emas, balki sa’y-harakat, rivojlanish, hamkorlikdagi faoliyat; va hatto shunday juftlar munosabatlarida uyg‘unlik yoki ziddiyat, shodu xurramlik yoki qayg‘u-xasrat xukmronlik qilishidan qat’iy nazar har ikkalasi o‘zligidan qochmasdan, aksincha asliyati bilan mushtarak bo‘lgani tufayli bir tanu bir jon bo‘lganliklari, ikkalasi ham hayotiy teranlik nuqtai nazaridan o‘zlarini his qilganlari, ya’ni muhim jihatga nisbatan ikkilamchi ahamiyatga ega. Muhabbatning atigi bitta isboti – o‘zaro munosabatlarning samimiy teranligi, har ikkalasining hayotiyligi va kuch-quvvatidir; ayni mana shu samara-natijaga asoslangan holda muhabbat aniqlanadi.

Avtomatlar bir-birini seva olmagani singari, ular Xudoni ham seva olmaydilar. Xudoga muhabbat-ixlos-e’tiqodning aynishi insonga mehr-muhabbat aynishi darajasigacha yetgan. Bu go‘yo biz davrimizda diniy qayta tiklanish guvohi bo‘layotganimizga oid e’tirofni inkor etadi. Haqiqatdan ayni e’tirofday yiroq fikr bo‘lishi mumkin emas. Biz guvoh bo‘layotgan voqelik (garchi, ayrim istisnolar ham yo‘q emas) – bu regressiya, Xudoni ma’buda sifatida anglashga qaytish, va shu bilan birga Xudoga muhabbatni begonalashgan shaxs xususiyatlariga mutanosib munosabatga aylantirilishidir. Bunday ma’budaparastlikka qaytish yaqqol ko‘zga tashlanadi. Odamlar xadik-xavotirda, na qat’iy hayotiy qoidalari, na e’tiqodi bor, ularning shunchaki ilgarilashdan bo‘lak biron bir maqsadi yo‘q; binobarin, hamon bandi ojiz, hamon bolalik davridan chiqolmayaptilar, biron ko‘mak-yordam zarur bo‘lib qolsa, otasi yoki onasi yordam qo‘lini uzatishiga hamon umid bog‘layaptilar.

To‘g‘ri, o‘rta asarlarga xos oddiy inson tipi ham diniy nuqtai nazardan Xudoga hamisha yordam qo‘lini uzatadigan otasi yoki onasidek munosabatda bo‘lgan. Biroq ayni paytda u Xudoni shu ma’noda jiddiy tasavvur qilganki, hayotining oliy maqsadi Xudo buyurgan amallarga binoan yashashdan iborat bo‘lgan va eng muhim burchi «ilohiy najot topish» bo‘lgan, unga qiyosan barcha boshqa faoliyat turlari ikkinchi darajali hisoblangan. Bizning davrimizda bunday ezgu sa’y-harakatlardan nom-nishon qolmagan. Kundalik hayot biron bir diniy qadriyatdan mahrum. Zamonamiz kishilarining hayoti moddiy qulayliklar va shaxslar bozori-bellashuvida muvaffaqiyat qozonishga safarbar etilgan. Kundalik turmushimizda befarqlik-beparvolik va shaxsiyatparastlik (buni ko‘pincha «individuallik» yoki «shaxsiy tashabbuskorlik» deb ataydilar) aqidalariga amal qilamiz. Chinakam diniy qadriyatlarga amal qiluvchi inson sakkiz yoshli bolaga o‘xshaydi, u otasining yordamiga muhtoj, biroq ayni paytda otasining hayotiy qoidalari va pand-nasihatlarini qo‘llay boshlaydi. Zamonamiz kishisi aksariyat uch yoshli bolakayga o‘xshaydi, u zarur paytda yig‘iga zo‘r berib, otasini ko‘makka chaqiradi, kerak bo‘lmaganida esa – yolg‘iz bemalol o‘ynayveradi.

Shu ma’noda antromorf Xudo timsoliga go‘daklarcha bog‘liq biz bandai ojizlar va hayotini ilohiy andozalar asosida o‘zgartirishga intilmaydiganlar o‘rtaasarlarga xos diniy e’tiqodga nisbatan ibtidoiy ma’budaparast qabilalarga yaqinroqmiz. Boshqa jihatdan bizning diniy maqomimizda faqat zamonaviy G‘arb kapitalistik jamiyatiga xos yangi xususiyatlar ko‘zga chalinadi. Bu borada mazkur kitobning oldingi boblarida aytilganlarni misol qilib keltirish mumkin. Zamonamiz kishisi o‘zini tovarga aylantirgan: hayotiy kuch-quvvatiga kapital-sarmoya sifatida qaraydi, undan shaxslar bozoridagi maqomi va konyukturasini hisobga olgan holda imkon qadar ko‘p daromad olishni mo‘ljallaydi. U o‘zligidan, yoru birodarlari va tabiatdan begonalashgan. Asosiy maqsadi – mahorati-qobiliyati, bilimlari va o‘zligini foydali ayirboshlashdan iborat, buning sharti — hamkorlari ham adolatli va foydali ayirboshlashdan ayni shu asno manfaatdor. Hayotda sa’y-harakatdan bo‘lak maqsad yo‘q, adolatli ayirboshlashdan bo‘lak hech qanday prinsip yo‘q, iste’mol qilish-tasarruf etishdan bo‘lak hech qanday qoniqish-qanoatlanish yo‘q.

Shunday ahvolda Xudo tushunchasi nimani anglata oladi? Uning avvalboshdagi diniy mazmun-mohiyati muvaffaqiyat qozonishga yo‘naltirilgan begonalashgan madaniyat-turmush tarzi talab-ehtiyojlariga muvofiq o‘zgaradi. Va so‘nggi paytlarda kuzatilayotgan diniy jonlanishning mohiyati shundaki, Xudoga ishonch-e’tiqod raqobat kurashiga juda yaxshi moslashishda ko‘maklashuvchi psixologik mexanizmga aylanayotir.

Din o‘z o‘zini ishontirish va psixoterapiya bilan birgalikda biznes-tadbirkorlik-karchalonlikda insonga yordam beradi. 20-yillarda odamlar «shaxsiy barkamollik» maqsadida hali Xudoga murojaat qilmagan. 1938 yilda chop etilgan bestsellerda, Deyl Karnegining «Do‘st bo‘lish usuli va odamlarga ta’sir ko‘rsatish» kitobida muvaffaqiyat muammosi faqat dunyoviy nuqtai nazardan talqin etilgan. O‘sha paytda Karnegining kitobi tutgan mavqeni hozir davrimizning eng mashhur bestselleri – «Ijobiy tafakkur qudrati» kitobi o‘ynayotir. Bu diniy kitobda dastvval muvaffaqiyat qozonish bilan bog‘liq o‘y-tashvishlarimiz monoteistik din ruhiga mos kelish-kelmasligi masalasi hatto qo‘yilmagan. Aksincha, mazkur oliy maqsad hech qanday shubha ostiga olinmaydi, Xudoga ishonch-e’tiqod va toat-ibodat esa muvaffaqiyat qozonish qobiliyatini oshirishda ko‘maklashuvchi vosita sifatida tavsiya qilinadi. Zamonaviy psixiatrlar mijozlarni oxanrabodek jalb etish uchun xizmatchilarga baxtiyor bo‘lishni maslahat berganlari singari ruhoniylar ham yana ham salmoqli muvaffaqiyatga erishish uchun Xudoga ixlos qo‘yishni tavsiya etadilar. «Xudoni habibga aylantir» degan shior «Xudoni tarbirkorlik-karchalonlikda hamkorga aylantir» degan ma’noni bildiradi, holbuki «Mehr-muhabbat, adolat va haqgo‘ylikda Xudoning haq yo‘lidan bir qadam ham chetga chiqma» degan ma’noni bildirishi zarur. Birodarona muhabbat o‘rnini qiyofasiz amaliy halollik egallagani kabi Parvardigori olam bizlardan olis «Koinot, Inkorporeyted» firmasining Bosh Direktoriga aylangan. Uning mavjudligini, u tomosha-spektaklning rejissyori ekanini bilasiz (garchi, ehtimol, usiz ham hammasining uddasidan chiqsa bo‘larmidi?), hech qachon uni ko‘rmaysiz, biroq «o‘z rolingizni bajarayotganda» Uning rahnamoligini e’tirof etasiz.

IV.MUHABBAT AMALIYOTI

Muhabbat san’atining nazariy jihati bilan tanishgach, yana ham murakkab muammo – muhabbat amaliyoti-tajribasiga ro‘baro‘ bo‘lamiz. Biron-bir san’atda «tajriba qilmay» amaliyotni bilish mumkinmi?

Bu muammo yana shu jihat bilan murakkablashadiki, hozir ko‘plab odamlar – binobarin, mazkur kitobni o‘quvchilar ham – «buni qay asno uddalashga» oid qo‘llanma beriladi, deb kutadilar, bizning holatimizda esa ularni sevishga o‘rgatadi, deya umidvor bo‘ladilar. Mazkur so‘nggi bobni ayni shunday umid bilan o‘qishga kirishadiganlar xafsalasi pir bo‘ladi, deya qo‘rqaman. Muhabbat – shaxsiy tajriba, inson faqat va faqat o‘zi va o‘zi uchun boshdan kechiradi; haqiqatdan ham loaqal homilalik davrida, bolaligida, o‘smirlikda yoki balog‘atga yetganida muhabbatni boshdan kechirmagan kimsani topish amri mahol. Muhabbatning amaliy jihati haqida gapirganda qo‘limizdan keladigani shuki, sevgi san’atining ildiz-negizlari, unga o‘ziga xos san’at sifatida yondoshish, shuningdek ayni shu ildiz-negizlaru yondoshuvlarni amalda qo‘llash to‘g‘risida hikoya qilishimiz mumkin. Bu maqsad sari yo‘lni har kim o‘zi bosib o‘tishi, va turli gap-so‘zlar hal qiluvchi qadam qo‘yilishidan oldin to‘xtatilishi kerak. Bundan qat’iy nazar umid qilamanki, sevgi san’atiga yondoshuvning muhokamasi muhabbatni o‘rganish uchun – kamida bunga oid «yo‘l-qo‘riq»ni kutishga chek qo‘yganlar uchun nafli bo‘ladi.

Istalgan san’at amaliyoti – duradgorlik yohud shifokorlik yoki sevgi san’ati ekanidan qat’iy nazar — muayyan umumiy talablarga tayachnadi. Har qanday san’at amaliyoti, dastavval, tartib-intizom talab etadi. Basharti tartib-intizomga rioya qilmas ekanman, o‘zim mashg‘ul sohada hech qachon biron-bir natijaga erisha olmayman; faqat «kayfiyatimga» ko‘ra qiladigan ishlarimning barchasi menga xush yoqishi yoki maroqli bo‘lishi mumkin, biroq ayni shu borada hech qachon mukammallikka, barkamollikka erisha olmayman. Biroq biron-bir san’atni egallash-o‘zlashtirishda yolg‘iz tartib-intizomga (masalan, har kuni biron bir hunar bilan muayyan soatlar mobaynida shug‘ullanishgagina) emas, balki butun inson hayotining tartib-intizomga bo‘ysindirilishiga bog‘liq. Zamonaviy kishi uchun tartib-tntizomga rioya qilishdan osoni yo‘qday tuyulishi mumkin. Axir u qat’iy tartib-intizomga, qat’iy ish tartibi-jadvaliga og‘ishmay amal qilib, kuniga sakkiz soatlab ishlamaydimi? Biroq zamonamiz kishisi ishdan tashqari barcha-barchasida deyarli tamomila tartibsiz-intizomsiz deya olamiz. Ishdan bo‘sh vaqtlarda yalqov, loqayd bo‘lishni, yoki ifodali qilib aytganda, «yengil tortish, tin olishni» xohlaydi. Bunday yalqovlikka intilish-moyillik zimmasiga majburan yuklangan monoton – bir tusdagi rangsiz turmush tarziga salbiy munosabatining ifodasi. Insonni yot-begona maqsadlar uchun kuch-quvvatini o‘zi uchun xos usullar bilan emas, balki ish maromi talab qiluvchi usullar vositasida sarflashga kuniga ayni sakkiz soatlab ishlashga majburlashgani bois isyon qiladi va uning isyoni istak-xohishlariga bolalarcha erk berishi shaklini oladi. Bundan tashqari, avtoritarizmga qarshi isyon asnosida har qanday tartib-intizomga yuqoridan tiqishtirilgan bema’ni tartib-intizomga ham, shuningdek o‘zining oqilona tartib-intizomiga ham ishonchni yo‘qotgan. Biroq tartib-intizomsiz hayot pala-partish, tartibsiz tusga kirib, diqqat-e’tiborni jamlashdan mahrum bo‘ladi.

Diqqat-e’tiborlilik istalgan san’atni egallashda nihoyatda zarur ekanini isbotlashning hojati yo‘q. Bu biron-bir san’atni egallashga uringan har bir odamga ayon. Biroq diqqat-e’tiborlilik shaxsiy tartib-intizomga nisbatan ham bizlarda kamroq uchraydi. Aksincha, turmush tarzimiz ayni shunday loqaydlik va beparvolik sari borayotirki, tarixda bunday holni topish amri mahol. Siz bir paytning o‘zida bir yo‘la bir necha ishlarni qilasiz – o‘qiysiz, radio tinglaysiz, suhbatlashasiz, yeb-ichasiz. Siz – tasviriy san’at asarimi, ichimlikmi, bilimmi – nima ekanidan qa’iy nazar yamlamay yutishga tayyor tashna-och — og‘zi lang ochilgan iste’molchisiz. Bunday diqqat-e’tibor yetishmovchiligi yolg‘iz bo‘la olish, yolg‘izlanish, uzlatga chekinishning qiyinligida ham yorqin namoyon bo‘ladi. Aksariyat odamlar suhbatlashmasdan, chekmasdan, o‘qimasdan, yeb-ichmasdan xotirjam o‘tira olmaydilar. Ular asabiylashadilar, o‘zlarini noqulay sezadilar, lab-lunji yoki qo‘llari bilan allanimalardir qilgisi keladi. (Chekish – diqqat-e’tiborni jamlay olmaslik alomatlaridan; chekish — qo‘llar, og‘iz, ko‘z va burunni biryo‘la harakatlantiradi.)

Uchinchi talab – sabr-toqat, bardosh. Biron bir san’atni o‘zlashtirishga qasd qilgan har bir odam shuni ham biladiki, basharti nimanidir o‘rganish niyatingiz bo‘lsa, sabr-toqatli, chidamli bo‘lishingiz kerak. Shoshgan qiz erga yolchimas deganlariday, shashqoloqlik bilan hech qanday san’atni o‘rgana olmaysiz. Biroq zamonamiz kishisi uchun tartib-intizomli, diqqat-e’tiborli bo‘lish singari sabr-toqatli bo‘lish ham muammo. Butun ishlab chiqarish tizimimiz buning aksi: shoshma-shosharlikni avj oldirishga yo‘naltirilgan. Mashinalarning barchasi tezlik maqsadida ishlab chiqariladi: avtomobil va samolyot manzilga tez yetkazadi – tezligi qancha yuqori bo‘lsa, shuncha yaxshi. Ayni miqdor-hajmli mahsulotni ikki karra tez ishlab chiqaruvchi mashina sekin ishlovchi eskisidan, albatta, afzal. Buning muhim iqtisodiy sabablari borligi tushunarli. Lekin bu borada ham boshqa barcha sohalarda bo‘lganidek, insoniy qadriyatlar iqtisodiy qadr-qimmatlar bilan o‘lchanayotir. Mashinalar uchun nimaiki yaxshi-afzal bo‘lsa, inson uchun ham afzal bo‘lishi kerak – mantiq shunday. Zamonamiz kishisi biron ishni sekin qilsa, vaqtni boy beryapman, deb o‘ylaydi; biroq tejagan vaqtidan unumli foydalanishni bilmaydi, turli be’maniliklarga behuda sarflaydi, xolos.

Nihoyat, istalgan san’atni egallashning yana bir sharti — mukammal o‘zlashtirishdan favqulodda manfaatdorlik. Agar san’at favqulodda ahamiyatga molik bo‘lmasa, shogird uni hech qachon o‘zlashtirib-egallay olmaydi. Juda nari borganda binoyidek ishqiboz bo‘ladi, biroq hech qachon mahoratli san’atkor bo‘lolmaydi. Bu shart istalgan boshqa san’at singari muhabbat san’ati uchun ham muhim. Biroq, boshqa san’atlardagiga nisbatan muhabbat san’atida qiziquvchi-ishqibozlar ko‘pligi shubhasizday tuyulaveradi.

Istalgan san’atni egallash-o‘zlashtirishning umumiy shart-qoidalarini e’tibordan soqit qilmagan holda yana bir jihatni ham qo‘shimcha qilish joiz. San’atni o‘rganish uchun bevosita, ya’ni to‘g‘ridan-to‘g‘ri emas, balki bavosita kirishiladi. Bevosita san’atni o‘rganishdan oldin yuzaki qaraganda hech qanday bog‘liq bo‘lmagan juda ko‘p ilmlarni o‘rganish, qator malakalarni hosil qilish kerak. Duradgor shogirdi dastavval taxtani yo‘nishni o‘rganadi: fortepiano chalishni o‘rganishga kirishgan esa avvaliga gamma-tovushlar majmuni o‘zlashtiradi; kamondan o‘q uzish yapon san’atini o‘rganuvchilar esa mashg‘ulotlarni nafas olish mashqlaridan boshlaydi (Izoh: E.Xerrigelning «Dzen kamondan o‘q uzish san’atida» (Herrigel E. Zen in der Kunst des BogenschieBens. Konstanz, 1948. Bu asar ingliz tiliga tarjima qilingan: Herrigel T. Zen in the Art of Archery. N. Y., 1953). Biron bir san’atni mukammal o‘rganishni istagan odam butun hayotini unga bag‘ishlashi yoki loaqal u bilan hayotini bog‘lashi zarur. Inson shaxsi san’atdagi faoliyat vositasi bo‘lib, bajarishi zarur spesifik vazifalarga hamisha mutanosib bo‘lishi talab qilinadi. Sevgi san’ati haqida gapirganda, bu shuni bildiradiki, mazkur san’atni mukammal egallashni istovchi har qanday odam dastavval hayotining istalgan daqiqasida tartib-intizomli, diqqat-e’tiborli va sabr-toqatli bo‘lishdan boshlashi zarur.

Tartib-intizomli bo‘lish uchun nima qilish kerak? Bobolarimiz bu savolga oson javob bergan bo‘lardi. Ular saharlab uyg‘onish, behuda zeb-ziynatlarga uchmaslik, astoydil mehnat qilishni nasihat qilishgan. Bunday tartib-intizom shubhasiz nuqsonlarga ega. Xususan, shafqatsiz va avtoritar, asosan qanoat va tejamkorlik singari fazilatlarga urg‘u bergani holda aksariyat hayotga qarama-qarshi bo‘lgan. Bunday tartib-intizom istalgan tartib-intizomga shuhba bilan yondoshishni yuzaga keltirib, sakkiz soatli ish jadvali vositasida zimmamizga yuklatilgan yakrang turmush tarziga mazmun-ma’no baxsh etishga urinib, ishdan bo‘sh paytlarimizda yalqovlanib, tartib-intizomga rioya qilmaslikni odat qilganmiz. Har kuni ertalab ayni bir vaqtda uyg‘onish, muayyan vaqtni mulohaza yuritish, mutoala, musiqa tinglash, sayr qilishga muntazam baxsh etish, detektiv hikoyalar o‘qish va filmlar tomosha qilish singari hayotdan qochish-chekinish hisoblanuvchi ko‘ngilxushliklarga berilmaslik – yoki bu borada odam o‘zini cheklay bilishi, haddan tashqari ko‘p yeb-ichmaslik – bular oddiy va ravshan qoidalar. Lekin shunisi muhimki, tartib-intizomlilik kimningdir majburlashi natijasida muayyan qoidalarga rioya qilish bo‘lmasdan, shaxsiy tashabbus, shaxsiy xohish-iroda ifodasi bo‘lishi kerak; shunday xohish-iroda odamga manzur bo‘lishi va shunday tartib-intizomga, xulq-atvorga bora-bora inson shunchalar ko‘nikib qoladiki, basharti o‘zini boshqacha tuta boshlasa, nimadir yetishmayotgandek, nimanidir yo‘qotgandek tuyulaveradi. Tartib-intizomga (istalgan boshqa fazilat singari) oid g‘arbona tasavvurning bema’ni jihatlaridan biri shundan iboratki, tartib-intizomli bo‘lish mashaqqatliday tuyuladi va faqat mashaqqatli bo‘lsagina, «yaxshi» hisoblanishi mumkin. Sharqda allaqachon anglab yetganlarki, inson uchun – uning tanasi va ruhiyati uchun — nimaiki yaxshi bo‘lsa, hatto dastlab ayrim qarshiliklarni yengishga to‘g‘ri kelsa ham, shuningdek yoqimli-huzurbaxsh ham bo‘lishi zarur.

Bizning madaniy sharoitimizda diqqat-e’tiborni jamlash yana ham qiyin: unda hamma-hammasi go‘yo shunday qobiliyatga qarshi qaratilganday. Diqqat-e’tiborli bo‘lishda eng muhim qadam – yolg‘iz qola bilish ko‘nikmasini hosil qilish va bunda o‘qimaslik, radio tinglamaslik, chekmaslik, ichmaslikdan iborat. Aslida diqqat-e’tiborlilik — yolg‘iz qola bilish va ayni mana shu xislatsiz sevib bo‘lmaydi. Agar o‘zimni qat’iy eplay olmaganim bois faqat suyanish, najot topish ilinjida boshqa erkak yoki ayolga ixlos qo‘ysam, bu muhabbat munosabati bo‘lolmaydi. Qanchalar g‘alati bo‘lmasin, kimki yolg‘izlanishni sinab ko‘rsa, buning qanchalar mushkul ekaniga guvoh bo‘ladi. U toqatsizlanib, bezovta bo‘la boshlaydi va hatto ko‘ngliga g‘ulg‘ula-vahima tushadi. U yolg‘izlikni davom ettira olmasligini bunday qilishning qizig‘i yo‘qligi, bema’ni ekani, vaqtni behuda sarflash singari son-sanoqsiz vaj-karsonlar bilan oqlashga urinadi. Shuningdek xayolida turli fikrlar charx urib, aslo tinchlik bermayotganini qo‘shimcha qiladi. U ayni kunga oid navbatdagi rejalarni o‘ylayotgani yoki ishdagi qandaydir qiyinchiliklar yohud kechki payt qayerga borishni yo fikru zikri barcha o‘y-tashvishlardan xalos bo‘lishiga urinish o‘rniga, xilma-xil bema’niliklarni o‘ylab topadi. O‘zni bo‘sh qo‘ygan holda (o‘ta bo‘shashmay, lekin zo‘riqmasdan), ko‘zlarni yumib, oppoq ekranni tasavvur qilishga intilish va har xil o‘y-fikr-timsollardan xalos bo‘lishga intilish kerak; so‘ng nafas olishga diqqat e’tibor qaratish zarur, uni biron maromga keltirishning hojati yo‘q, faqat nafas olib, nafas chiqarishni kuzatish va shu asno bu jarayonni his etish kerak; so‘ng shaxsiy «Men»ni idrok etishga intilish kerak; «Men» (mening o‘zim) – kuch-quvvatimning qalbi, o‘z olamimning yaratuvchisi. Bunday diqqat-e’tiborni jamlash mashqini har kuni ertalab, kamida yigirma daqiqa (iloji bo‘lsa, yana ham ko‘proq) va kechqurun yotishdan oldin qilish kerak (Sharqiy madaniy muhitda, ayniqsa Hindistonda bunday mashqlarga ham nazariy, ham amaliy jihatdan katta ahamiyat beriladi. Keyingi paytda G‘arbda ham shunday maqsadlarni ko‘zlovchi oqimlar paydo bo‘ldi. Menimcha, bu borada o‘z tanasini tinglashni maqsad qilib qo‘ygan Gindler (Gindler) maktabi diqqatga sazovor. Uning usulini yaxshiroq anglash uchun, shuningdek Sharlotta Selverning (Sharlotte Selver) ishlarini, uning Nyu-Yorkdagi «Yangi maktab»dagi (New School) ma’ruzalari va kurslarini qiyosiy tahlil qilishingiz mumkin.)

Bunday mashqlardan tashqari qilayotgan ishingizga: musiqa tinglayapsizmi, kitob o‘qiyapsizmi, kim bilandir suhbatlashyapsizmi yoki nimadir tomosha qilyapsizmi butun diqqat-e’tiboringizni jamlashga harakat qiling. Ayni lahza qilayotgan ishingiz siz uchun muhim bo‘lishi, ayni ishga borlig‘ingizni baxshida etishingiz lozim. Diqqat-e’tiboringizni jamlay olsangi, bas, nima bilan shug‘ullanayotganingizning ahamiyati yo‘q; muhim va ayni paytda muhim bo‘lmagan ashyo-narsalar ham, yangi o‘lchamdagi voqelikni tashkil qiladi, chunki butun diqqat-e’tiboringizni mahliyo etgan. Diqqat-e’tiborni jamlashni o‘rganish uchun imkon boricha behuda safsatabozlik qilmasligi, ya’ni aravani quruq olib qochishga yo‘l qo‘ymasligi kerak. Agar suhbatdoshlar ikkalasi ham biladigan daraxt haqida yoki hozirgina yeyilgan non haqida yohud umumiy ish borasida gaplashayotgan bo‘lsa, bunday suhbat xo‘jako‘rsinga, yuzaki bo‘lmasdan, ayni samimiy bo‘lgani boisgina ahamiyatga molik bo‘ladi; boshqa jihatdan suhbat siyosat yoki din haqida ham bo‘lishi mumkin, biroq bundan qat’iy nazar ahamiyatsiz bo‘lishi mumkin; odatiy siyqa iboralar vositasida suhbatlashilganda shunday bo‘ladi, ya’ni muhokama qilinayotgan mavzu suhbatdoshlar uchun qiziqarli emas, ularni hayajonlantirmaydi. Shuni ham qo‘shimcha qilish kerakki, bema’ni suhbatlarga aralashish singari bema’ni davraga qo‘shilmaslik ham muhim. «Bema’ni davra» deganda nafaqat qalang‘i-qasang‘ilarni nazarda tutayapman — bunday davralarga shuning uchun ham qo‘shilmaslik kerakki, ular o‘ta salbiy va halokatli ta’sir ko‘rsatadi. Men shuningdek, «zombi» — tirik murdalar davrasini ham nazarda tutayapmanki, bunday kimsalar fikri ham, gap-so‘zi ham puch, ular gapirmaydilar, balki valdiraydilar, mulohaza yuritmaydilar, balki ko‘chaning fikr-mulohazasini to‘tiqushday takrorlaydilar. Biroq bunday kimsalar bilan suhbatga hamisha ham chap berib bo‘lmaydi, va bu har doim ham shart emas. Agar ularga kutganlaridek – umumiy va yuzaki iboralar bilan emas, balki haqqoniy va samimiy javob bersangiz, ko‘pincha bunday kimsalarning xulq-atvori o‘zgaradi; bunday javobni kutmaganidan ajablanishi oqibatida shunday holga tushadilar.

Boshqalar bilan munosabatlarda diqqat-e’tiborlilik – dastavval ularning fikr-mulohazalarini tinglashdan iborat. Aksariyat odamlar boshqalarning fikr-mulohaxzalarini tinglaydi va hatto aslida tinglamasdan ham nasihat qiladi. Ular boshqalarni gap-so‘zlarini jiddiy qabul qilmaydi va ayni shunday o‘zlari ham e’tiborsizlik bilan javob beradilar. Shu bois suhbatdan bezor bo‘ladilar. Agar diqqat bilan tinglasalar, tez toliqadiganday tuyuladi. Biroq aslida buning aksi to‘g‘ri. Diqqat-e’tibor bilan berilib qilingan har qanday mashg‘ulot insonni junbushga keltiradi (garchi shundan keyin tabiiy va rahotbaxsh toliqishni his etsa ham), ayni paytda xafsalasizlik bilan qilinadigan har qanday ish oqibatida mudroq bosadi – va ayni paytda kechasi uyqu bermaydi.

Diqqat-e’tiborlilik – ayni zamon, ayni makonda va ayni hozirgi pallada butun vujuding ila berilib yashash-hayot kechirish va biron ish bilan mushg‘ul bo‘lgan holda keyin nima qilishing haqida o‘ylamaslikdir. Bir-birini sevadigan odamlar boshqa barcha odamlarga nisbatan diqqat-e’tiborli bo‘lishlari kerak ekanini ta’kidlashning hojati bo‘lmasa kerak. Ular o‘zaro yaqinlikning ko‘plab usullarini qo‘llamasdan ham bir tanu bir jon bo‘lishlari zarur. Diqqat-e’tiborlilikni o‘rganish dastlab qiyin kechadi; bunga erishib bo‘lmaydiganday tuyuladi. Buning uchun, albatta, sabr-toqat, chidam kerak. Har bir ishning vaqti-soati borligini bilmasangiz, shoshma-shosharlik qilsangiz, hech qachon diqqat-e’tiborli bo‘lolmaysiz, binobarin hech qachon sevgi san’atini egallay olmaysiz. Sabr-toqat, chidam nima ekanini anglash uchun yurishni o‘rganayotgan tetapoya bolakay xatti-harakatlarini kuzatish, kifoya. U yurishni o‘rganish asnosida qayta-qayta yiqilganidan qat’iy nazar toki astoydil yurib ketmaguncha, uzluksiz urinaveradi. Katta yoshli odam muhim ish bilan shug‘ullanayotganda bolakay singari diqqat-e’tiborli va qat’iyatli bo‘lsa, favqulodda natijalarni qo‘lga kiritishi shubhasiz!

O‘z o‘zingni, o‘zligingni his etish ko‘nikmasini hosil qilmay diqqat-e’tiborli bo‘lish amri mahol. Bu nima? Balki, hamisha o‘zingni o‘ylashing, fe’l-atvoringni «taftish-tahlil qilishing» yoki shunga o‘xshash nimadir qilish kerakdir? Mashinani anglash nima ekanini tushuntirish, ehtimol, bu qadar qiyinchilik tug‘dirmas. Chunki har bir haydovchi mashinani his etadi. U mashina motoridagi nosozlik oqibatida chiqadigan har qanday shubhali ovozni ilg‘aydi. Haydovchi ayni paytda yo‘l sathi o‘zgargani, oldinda ketayotgan va ortda kelayotgan mashina harakatlanishini payqaydi. Va shu bilan birga bo‘larning barchasi haqida o‘ylamaydi; uning ongi «bo‘shashgan xushyorlik» holatida bo‘lib, u diqqat-e’tiborini qaratgan holatning – avtomobilni xavfsiz haydash holatining barcha jiddiy o‘zgarishlariga xushyor munosabatda bo‘ladi.

Onaning farzandiga e’tibori va g‘amxo‘rligi — boshqa odamga e’tiborlilik borasida esa eng yorqin misol. Farzandining tanasidagi har qanday o‘zgarishni, uning talab-ehtiyoji yoki bezovtalanishini oldindan sezadi. Chaqaloqning yig‘isidan ona uyg‘onadi, holbuki undan ham qattiqroq shovqindan uyg‘onmasligi mumkin. Bularning barchasi chaqaloq-go‘dakning hayotiga onaning sezgirlik bilan munosabatda bo‘lishidan dalolat; u bezovta ham, halovatsiz ham emas, biroq xushyor muvozanat holatida bo‘lib, farzandidan chiqadigan har qanday nishon-alomatni sezgirlik bilan payqaydi. Odam ayni shu asno o‘ziga nisbatan xushyor va sezgir bo‘la oladi. Deylik, toliqqaningiz va ko‘nglingiz siqilayotganini payqaysiz – va shu holatga ko‘nikish va og‘ir xayollarga tolish o‘rniga, «Nima bo‘ldi?», «Nega yuragim siqilyapti?» deya ajablanasiz. Ranjisangiz yoki g‘azablansangiz, xayolparastlikka yohud voqelikdan uzilish imkonini beradigan boshqa faoliyatga moyil bo‘lsangiz ham shunday holga tushasiz. Muhimi – shunday holatlarni ming xil ko‘yga yo‘ymasdan, ro‘y berayotgan jarayonlarni idrok etish kerak; botiniyatdan kelayotgan nidoga quloq tutish ham muhim, ayni shu botiniy nido – aksariyat zudlik bilan – nima uchun bezovta bo‘layotganimiz, yuragimiz siqilayotgani, ranjiganimiz sababini ayon etadi.

O‘rtacha odam tanasidagi fiziologik o‘zgarishlarga sezgirlik bilan munosabatda bo‘ladi; tanasidagi o‘zgarishlarni va hatto salgina og‘riqni ham sezadi; o‘z tanasiga nisbatan bunday sezgir bo‘lish uncha qiyin emas, chunki aksariyat odamlar hammasi ko‘nglidagidek bo‘lsa, o‘zlarini qanday his qilishlarini yaxshi biladilar. Ruhiyatdagi jarayonlarni ayni shunday sezlik bilan payqash-sezish – ancha qiyin, chunki ko‘pchilik ruhiyatidagi jarayonlar optimal kechadigan odamni hech qachon uchratmagan. Ular ota-onasi yoki qarindosh-urug‘larining yohud o‘zlari mansub ijtimoiy guruh psixikasini me’yoriy holat sifatida talqin etadilar va toki ulardan farq qilmas ekan, o‘zlarini bir maromda risoladagidek his etadilar va kuzatish ehtiyojini sezmaydilar. Jumladan, sevadigan odamni yoki jasur, mard, qat’iyatli shaxsni hech qachon uchratmagan odamlar ko‘p. O‘z o‘zingga diqqat-e’tiborli bo‘lish uchun to‘la-to‘kis sog‘lom insoniy faoliyatga oid tasavvurga ega bo‘lish shaxsiy sezgirlik uchun zarur ekani shak-shubhasiz – biroq bolaligida ham, hayotining keyingi bosqichlarida ham shunday tajribaga ega bo‘lmagan odam uni qayerdan olsin? Bunga, albatta, sodda javob yo‘q; lekin bu savol tarbiya ishlaridagi zaifliklarni fosh etadi.

Biz ilmu fanlarni o‘rgatamiz, biroq inson kamoloti uchun juda muhim ta’lim turini e’tibordan soqit qilamiz: bu barkamol, mehr-muhabbatli shaxsning faqat shunchaki hozirligi tufayli ro‘y beradigan ta’lim-tarbiya. Bashariy tamadduning avvalgi bosqichlarida, ko‘hna Xitoy va Hindiston madaniy hayotida benazir ma’naviy fazilatlar sohibi juda qadrlangan. Muallim-ustoz nafaqat va hattoki nainki dastavval bilim-ma’lumotlar manbai bo‘lgan: u muayyan insoniy qadriyatlarni singdirish bilan shug‘ullangan. Zamonaviy kapitalistik jamiyatda – kommunistik tuzumda ham –faqat buyuk ma’naviy fazilatlar sohibidan tashqari istalgan soha kishilariga hayratlanib qaraydilar va ularga ergashadilar. O‘rtacha odamga surrogat qanoatlanish tuyg‘usi baxsh etuvchi kimsalar asosan jamoatchilik diqg‘qat-e’tiborini qozonadi. Kinoyulduzlar, ommaviy radioeshittirishlar mualliflari, gazeta felyetonchilari va sharhlovchilari, yirik davlat arboblari va biznesmenlar – ayni shunday kimsalardan andoza olib, ergashadilar. Bu vazifani uddalashga imkon beruvchi asosiy xislat aksariyat shundaki, ular yangiliklarni tayyorlay biladilar. Lekin tamomila tushkunlikka berilishimiz kerak emas. Agar Alber Shveyser kabi oddiy odam Amerika Qo‘shma Shtatlarida nimalar evaziga mashhur bo‘lganini esga olsak, agar inson turli ko‘ngilxushliklar (keng ma’noda, albatta,)tashkilotchisi sifatida emas, balki inson sifatida nimalarga erisha olishi mumkinligini isbotlagan tarixiy siymolar va hozir yashayotgan shaxslar bilan yoshlarni muttasil va batafsil tanishtirish imkoniyatlari haqida o‘ylasak, agar barcha zamon-makonlarning buyuk badiiy va san’at asarlarini birma-bir xayolimizdan o‘tkazsak, chinakam insoniy faoliyatga oid tasavvurimiz oydinlashadi va binobarin, risoladagidek faoliyatni patologik xatti-harakatlardan farqlaymiz. Basharti, to‘laqonli hayot qanday kechishiga oid tasavvurni saqlay olmasangiz, u holda madaniy an’ana-tamoyillarimiz batamom zavol topishi xavfi paydo bo‘ladi. Bu an’ana-tamoyillar dastavval u yoki bu bilimlarni emas, balki muayyan insoniy fazilatlarni avloddan avlodga uzatishga asoslangan. Agar kelgusi avlodlar shu fazilatlarni afzal bilmasalar, bilimlar avvalgidek avloddan-avlodga o‘tishi va boyib borishidan qat’iy nazar besh minginchi yil madaniyati halokatga yuz tutadi.

Shu paytgacha istalgan san’atni o‘zlashtirish-egallash uchun zarur vosita-omillar haqida bahs yuritdim. Endi bavosita sevish qobiliyati uchun muhim fazilatlarni ko‘zdan kechiramiz. Muhabbatning xossalari haqida aytganlarimga binoan unga erishishning asosiy sharti inson o‘z tabiatidagi, xulq-atvoridagi narsissizm-bokiralikni bartaraf etishi, unga chek qo‘yishi bilan bog‘liq. Narsistik yo‘nalgan odam faqat ichki olamida mavjud tasavvuriy voqelikni real-amaliy voqelik sifatida his etadi, holbuki tashqi olam voqea-hodisotlari reallik-amaliylik ahamiyatini yo‘qotgan, faqat ayni odam uchun nafli yoki xatarli ekani nuqtai nazaridan his qilinishi mumkin. Narsissizm aksi obyektivlik-xolislik; bu odamlar va ashyo-narsalar aslida qanday bo‘lsa, shunday xolisona ko‘rish-idrok qilish va ayni shu xolisona manzarani shaxsiy xavfsirash-qo‘rquvlar va istak-xohishlar asosida shakllanadigan manzaradan ajrata-farqlay bilish qobiliyati. Barcha shakldagi psixozlarda noxolislik yuqori darajada namoyon bo‘ladi. Ruhiy xasta kimsa uchun yagona voqelik – o‘y-fikrlari, botiniyatida shakllangan, qo‘rquv va istak-xohishlari shakllantirgan voqelik hisoblanadi. U tashqi olamni ichki olamining aksi-tajallisi sifatida, o‘zi yaratgan olam sifatida tasavvur etadi. Tush ko‘rish asnosida barchamiz shu holatga tushamiz. Tush ko‘rish asnosida istak-xohishlarimizni (ba’zida fikr-mulohazalarimiz va taxmin-farazlarmizni) aks ettiruvchi voqealarni sodir etamiz, mashmasha-savdolarda qatnashamiz va tushda ko‘rayotganlarimiz uyg‘oq paytimizdagi voqea-hodisalar singari haqqoniy ekaniga ishonamiz.

Ruhiy xasta-telba yoki uxlayotgan odam tashqi-mavjud olamni hech qachon xolisona idrok qilolmaydi; biroq barchamiz u yoki bu darajada ruhiy xasta-telba yoki mudroq-g‘aflatzada bandalarmiz; barchamiz olam-dunyo to‘g‘risida noxolis-soxta tasavvurga egamiz – narsistik yo‘nallanligimiz bois soxtalashtirgan tasavvurga egamiz. Misol keltirish shartmikan? Har bir odam o‘zini va qo‘ni-qo‘shnisini kuzatib, gazetalarni o‘qib, istagancha misol topa oladi. Bu borada patologiyaning teranligi voqelikning narsistik soxtalashtirilishiga bog‘liq ravishda turlicha bo‘lishi mumkin. Maslan, ayol shifokorga qo‘ng‘iroq qilib, bugun kun mobaynida qabuliga bormoqchi ekanini aytadi. Shifokor esa, bugun band ekanini, lekin ertaga qabul qilishim mumkin, deya javob beradi. Bunga javoban ayol zorlanadi: «Qabulxonangizdan atigi besh daqiqalik masofada yashayman, hoziroq yetib borishim mumkin». Masofaning qisqaligi shifokorning vaqtini tejash imkonini bermasligiga oid e’tirozini ayol tushunmaydi. Ayol bu holatni narsistik his etadi: basharti ayol vaqtini tejar ekan, shifokor ham vaqtini tejay olishi zarur: ayol uchun yagona mavjud voqelik – yolg‘iz o‘zi.

Shaxslararo munosabatlardagi kelishmovchiliklar bu borada nisbatan kam uchraydigan – yoki, ehtimol, nisbatan kamroq shubhasiz – bo‘lishi mumkin. Qanchadan-qancha ota-onalar farzandi chizgin chizig‘idan chiqmasligi yoki o‘zboshimchaligiga binoan xulosa chiqarib, o‘g‘il-qizi yuzini yorug‘ qilishi- qilmasligi xususida bosh qotiradilar, holbuki farzandi nimani xohlashi va qanday o‘y-xayollar bilan yashayotganini tushunishi yoki loaqal qiziqishi zarur. Qanchadan qancha erkaklar xotini onasiga mehribonchiligi bilan bog‘liq har bir iltimosi bilan izzat-nafsimni yerga urayapti, degan g‘arazli badgumonlikka beriladilar. Qanchadan-qancha ayollar, ehtimol, bolaligidayoq orzu qilgan afsonaviy shahzoda timsoliga mos kelmagani bois erlarini uquvsiz va ovsarga chiqarib qo‘ygan.

Boshqa millatlar va elatlar haqida qanchalar yuzaki mulohaza yuritilishi barchaga ayon. Boshqa millat va elat tobora o‘ta shafqatsiz va bema’ni tuyuladi, ayni paytda har kimga o‘z millati jamiki ezguliklar va olijanbliklar timsoli. G‘animning har qanday xatti-harakati o‘zgacha andozalar bilan, har qanday shaxsiy sa’y-qarakatlar esa o‘zgacha o‘lchovlar bilan baholanadi. G‘animning hatto ezgu amallari ham bizga va butun ahli basharga pand berish bilan bog‘liq shaytoniy makkorlik nishonasi sifatida talqin etiladi, ayni paytda o‘zimizning bema’ni xatti-harakatlarimiz zaruriyat taqozosi hamda allaqanday olijanob maqsad-muddaolar bilan oqlanadi. Davlatlar, shuningdek individlar-shaxslar o‘rtasidagi munosabatlarni tahlil qilugay bo‘lsa, mohiyatan, xolislik istisnoyu, narsistik soxtalashtirsh – u yoki bu darajada — qonun-qoida tusini olgan, degan xulosa chiqarish mumkin.

Oqilona xukm-xulosa chiqarish qobiliyati aql-tafakkur ishi-nishonasi; aql-idrokka tayanuvchi hissiy nuqtai nazar, kamtarona naqtai nazar. Faqat kamtarlik-kamsuqumlik vositasida, faqat bolalarcha bilimdonlik va qudratlilik orzu-havasidan xalos bo‘lib, xolis bo‘lish, sog‘lom aql-idrokka tayangan holda ish tutish mumkin.

Bu sevgi san’ati amaliyoti nuqtai nazaridan shuni bildiradi: muhabbat narsissizmning nisbiy istinosiga bog‘liq bo‘lgani bois kamtarlik, xolislik va oqillik kamolotini taqozo etadi. Butun hayotni shu maqsadga bag‘ishlash zarur. Kamtarlik va xolislik muhabbat singari yaxlit-yagona. Basharti begonalarga xolisona yondosha olmasam, oila a’zolarimga ham xolinosa munosabati bo‘la olmayman — va xuddi shunday buning aksi. Basharti sevgi san’atini egallash-o‘zlashtirishni xohlasam, har qanday vaziyatda xolis bo‘lishga intilishishim va noxolislik qilgan vaziyatlarimni anglashga ko‘nikishim zarur. Inson va uning xulq-atvoriga oid soxta narsistik tasavvurim bilan manfaatlarim, talab-ehtiyojlarim va xavfsirash-qo‘rquvlarimdan holi ravishda ayni insonning mavjudligi o‘rtasidagi farqni ko‘ra bilishga intilishim lozim. Xolislik va oqillik qobiliyati – sevgi san’atini egallashning yarim yo‘liga teng, biroq har bir inson bilan shunday muaomalada bo‘lish kerak. Agar biron bir kimsa faqat sevgan kishisi bilan xolisona munosabatda bo‘lishni kifoya hisoblab, boshqalar bilan ayni shunday munosabatning hojati yo‘q deb o‘ylasa, har ikki holatda ham aldangani tezda ayon bo‘ladi.

Sevgi-muhabbat qobiliyati-iqtidori sizning narsissizm hamda ona va –qarindosh-urug‘lar bilan qon-qarindoshlik munosabatlaridan uzoqlasha olishingizga bog‘liq; sizning kamol topishingiz, dunyoga va o‘z o‘zingizga ijobiy talabchanlikni kamol toptirishingizga bog‘liq. Bu yorug‘lik-ro‘shnolikka chiqish, yangidan tavallud topish, g‘aflatdan uyg‘onish-qalb ko‘zining ochilishi jarayoni shaxsdan yana bir shart — ishonch-e’tiqod talab etadi.

Ishonch-e’tiqod nima? Ishonch-e’tiqod, albatta, Xudoga yoki diniy ta’limotlarga e’tiqod bo‘lishi kerakmi? Ishonch-e’tiqod haqiqatdan ham aql-idrok va oqilona mulohazakorlikka qarshimi yoki ulardan holimi? Ishonch-e’tiqod muammosini oydinlashtirish uchun dastavval ratsional-oqilona va irratsional-oqilona bo‘lmagan ishonch-e’tiqod o‘rtasidagi farqni aniqlab olish kerak. Irratsional e’tiqod (inson yoki g‘oyaga e’tiqod) deganda irratsional avtoritetga itoatgo‘ylikka asoslanuvchi e’tiqodni tushunaman. Ratsional-oqilona e’tiqod, aksincha, shunday ishonchki, uning ildizlari – shaxsiy fikr-mulohazalarimizni his etish yoki his-tuyg‘ularimizga borib taqaladi. Ratsional ishonch-e’tiqod – bu, avvalo, nainki biron bir narsaga ishonch-e’tiqod, balki ishonch-e’tiqodimizga xos qat’iyatlilik va sobitqadamlik. Biron-bir aniq narsa-ashyoga ishonch-e’tiqoddan farqli ishonch-e’tiqod – shaxsni boshdan –oyoq qamrab oluvchi o‘ziga xos fe’l-atvor xususiyatidan iborat.

Ratsional-oqilona ishonch-e’tiqod ildizi – samarali aqliy va hissiy faoliyatda. Ishonch-e’tiqodning hojati yo‘qday tuyuladigan ratsional mushohada uchun ratsional ishonch-e’tiqod muhim jihat hisoblanadi. Deylik, olim yangi ixtironi qanday kashf etadi? Nima kashf etishni bilmasdan tajriba ustiga tajriba o‘tkazib, dalil ustiga dalil yig‘averadimi? Haqiqatdan ham, muhim kashfiyotlar qaysi sohada ekanidan qat’iy nazar bu tariqa juda kamdan-kam qilinadi. Biroq odamlar shunchaki xayol surgan paytda ham muhim xulosa chiqarmaydi. Insoniy faoliyatning istalgan sohasida ijodiy mushohada jarayoni aksariyat «ratsional aqliy nekbinlik» natijasida boshlanadi, bunday holat inson ayni paytgacha ko‘p shug‘ullangan, mushohada yuritgan, kuzatgan mavzu-muammolar negizida yuzaga keladi. Olim yetarli ma’lumotlar to‘plasa yoki dastlabki tasavvurni ancha moslashtirish uchun kashfiyotini matematik formulalarda bayon qilsa, dastlabki taxminiy xulosalar chiqardi, deb aytish mumkin. Bu taxmin mazmun-mohiyatini teran anglash imkonini beradigan tarzda sinchiklab tahlil qilinishi hamda uni isbotlovchi dalillarning to‘planishi farazning yana ham aniq tus oladi, va, ehtimol, bu taxmin-faraz pirovard-natijada biron umumiy nazariyaning tarkibiy qismiga aylanadi.

Ilm-fan tarixida aql-idrokka va haqiqatni oldindan ko‘ra bilishga oid misollar ko‘p. Kopernik, Kepler, Galiley va Nyuton aql-idrok, tafakkurga qat’iy ishongan. Ayni shunday e’tiqodi bois Bruno gulxanda yoqilgan, ayni shunday qat’iyati tufayli Spinoza daxriy deya e’lon qilingan. Ratsional nekbinlikdan nazariya yaratilishiga qadar har bir bosqichda ishonch-e’tiqod zarur: ongli va asosli ko‘zlangan maqsadga ishonish, gipoteza-farazga ehtimoliy va haqiqatga o‘xshash taxmin sifatida ishonish va yakuniy nazariyaga, kamida, toki bu nazariyani barcha e’tirof etmaguncha, yakuniy nazariyaga ishonish zarur. Bunday ishonch-e’tiqod manbai – shaxsiy tajribamiz, fikr-mulohazalarimiz, kuzatishlarimiz va xulosalarimizning shubhasizligiga imonimizning komil ekani. Agar irratsional ishonch-e’tiqod – avtoritetlar va aksariyat odamlar fikriga binoan to‘g‘ri deya talqin qilinsa, ratsional ishonch-e’tiqod ildizlari — ko‘pchilik fikriga zid ravishda shaxsiy samarali kuzatuvlar va fikr-mulohazalarga asoslangan mustaqil ishonchga tayanadi.

Fikr-mulohaza – ratsional-oqilona ishonch-e’tiqod yuzaga chiquvchi yagona soha emas. insoniy munosabatlar sohasida ishonch-e’tiqod har qanday chinakam do‘stlik va muhabbatning tarkibiy ajralmas qismi. Boshqa odamga «ishonish» — ishonarli ekaniyu asosiy fazilatilari-xulq-atvorining qat’iyligiga, shaxsiyati va muhabbatining shubhasiz ekaniga ishonish demak. Bu bilan inson o‘z fikr-mulohazasini o‘zgartirmasligi kerak, demoqchi emasman, lekin uning asosiy fazilatlari o‘zgarmaydi; jumladan, hayotni va insoniy qadr-qimmatni hurmat qilishi fe’l-atvorining tarkibiy qismi bo‘lib, o‘zgarmas hisoblanadi.

Ayni shu ma’noda o‘zimizga ishonamiz. Biz shaxsiy «Men»imiz mavjudligiga ishonamiz, shaxsiy mohiyatimiz o‘zgarmasligiga ishonamiz, ayni shu mohiyatimiz vaziyatlarning o‘zgarishi va fikr-mulohazalarimiz, his-tuyg‘ularimizdagi ayrim o‘zgarishlardan qat’iy nazar butun hayotimiz davomida saqlanib qoladi. Ayni shu mohiyat «Men» kalomida mujassam shaxs mavjudligini tashkil etadi, shaxsiy individualligimizga ishonch-e’tiqodimiz shu «Men»ga tayanadi. Agar shaxsiy «Men»imiz o‘zgarmasligiga ishonmasak, individuallik tuyg‘umiz xavf ostida qoladi, va biz boshqa odamlar ta’siri ostiga tushib qolamiz, ularning ma’qullashlari bizning individuallik tuyg‘umizning asos-negizini tashkil etadi. Faqat o‘ziga ishongan odam boshqalarga ishonadi, chunki ayni shunday odam hozir qanday bo‘lsa, kelgusida ham shu tarzda qolajagiga ishonadi va shu bois ayni paytdagidek his etadi va faoliyat yuritadi. O‘zimizga ishonch – va’da berish imkoniyatimiz sharti, chunki Nichshe aytgandek, insonning qadr-qimmati va’da qilish qobiliyati bilan belgilanadi, ishonch-e’tiqod insoniy mavjudlik-hayot shartlaridan biri. Muhabbat borasida esa har kim sevgi-muhabbatiga, o‘zgalarda ham mehr-muhabbat uyg‘ota olishiga, uning ishonarli mustahkam-barqarorligiga ishonishi zarur.

Insonga ishonishning boshqa tomoni – o‘zgalarning imkoniyatlariga ishonchimiz. Bunday ishonchning eng ibtidoiy-sodda shakli onaning yangi tug‘ilgan go‘dagiga ishonchi: ona chaqalog‘ining yashashi, ulg‘ayishi, yurib ketishi va so‘zlashiga ishonadi. Biroq bolakayning o‘sib-ulg‘ayishi shu qadar tabiiy ro‘y beradiki, buning uchun hech qanday ishonch-e’tiqodning hojati yo‘qday tuyuladi. Sevish, baxtli bo‘lish, mulohazakorlik singari ayrim xislat-fazilatlarning, shuningdek alohida iqtidor va qobiliyatlarning shakllanmasligi-kamol topmasligi boshqa masala. Bular faqat qulay shart-sharoitlarda o‘sib-ulg‘ayadigan urug‘lar bo‘lib, aksincha go‘yo bolada bunday qobiliyatlar mutlaqo bo‘lmaganday ruhiyatida mudragancha pinhon qolib ketishi hech gap emas.

Bu shartlarning eng muhimi — bola uchun juda ahamiyatli inson unga ishonishi zarur. Shunday ishonchning borligi tahsil bilan manipulyatsiya-hiyla-nayrang o‘rtasidagi farqni tashkil etadi. Tahsil berish – imkoniyatlarini anglab-idrok qilishida bolaga ko‘maklashish. Tahsilga zid, qvarama-qarshi hiyla-nayrang shunga asoslanadiki, bunda bola tabiatidagi qobiliyatlar nishonasi kamol topishiga ishonilmaydi va kattalar o‘zlari lozim topgan aqidalarni singdirib, noma’qul hisoblovchi xislatlarning barchasini yo‘qqa chiqarsalargina, bola to‘g‘ri kamolotga yetadiganday tuyuladi. Jonsiz robotga ishoniishning hojati yo‘q, deganday ish tutiladi.

Bashariyatga ishonch-e’tiqod — boshqalarga ishonishning eng oliy shakli. Bunday e’tiqod G‘arbda yahudiy-nasroniylik dinida aks etgan, bundan tashqari keyingi yuz ellik yil mobaynidagi siyosiy va ijtimoiy insonparvarona g‘oyalarda yorqin ifodasini topgan. Bolaga ishonish singari bunday ishonch-e’tiqod negizida shunday tasavuur borki, unga ko‘ra, insonning potensial imkoniyatlari muayyan shart-sharoit bo‘lsa, tenglik, adolat va mehr-muhabbat qoidalirga amal qiluvchi ijtimoiy tartib yaratish imkonini beradi. Inson shu paytgacha shunday ijtimoiy tartibni yarata olmadi, va shu bois uni yuzaga keltirish uchun ishonch-e’tiqod zarur. Biroq har qanday ratsional e’tiqot singari bu shunchaki ezgu istak-xohish emas; bu e’tiqod negizini insonning avvalgi yutuqlari kafolati va har bir individning ichki-botiniy tajribasi, uning shaxsiy aql-idroki va mehr-muhabbatini his etish tashkil etadi.

Irratsional e’tiqodning ildizlari – shundaki, inson kuchli tazyiq, har yerda hoziru nozir va qudratli hokimiyatga itoat etadi va shaxsiy kuch-qudratidan yuz o‘giradi. Ratsional-oqilona e’tiqod aksincha tasavvur-hissiyotlarga asoslanadi. Bunday e’tiqod ongimizda, idrokimizda mavjud, chunki shaxsiy kuzatishlarimiz va mulohazalarimiz aososida shakllanadi, yuzaga keladi. Biz o‘z imkoniyatlarimiz, shaxsiy kamolotining amaliyligi, aql-idrokimiz va mehr-muhabbatimiz o‘sishini his etganimiz bois va faqat ayni shu darajada boshqalarning, o‘zimizning va insoniyatning imkoniyatlariga ishonamiz. Oqilona ishonch-e’tiqod negizi – samaradorlik. Ishonch-e’tiqodli hayot – samarali hayot. Bundan kelib chiqadiki, hokimiyatga ishonish va hokimiyatni tasarruf etish ishonch-e’tiqodga zid. Mavjud hokimiyatga ishonish hali yuzaga chiqmagan imkoniyatlarning ravnaq topishiga ishonmaslikka teng. Bu kunday ravshan «shubhasiz» ayni hozirgi zamonga asoslangan holda kelajakni bashorat qilish; lekin u inson kamoloti va uning imkoniyatlari kamolotini yanglish ravishda teran irratsional noto‘g‘ri baholashda jiddiy xato bo‘lib chiqadi. Hokimiyatga oqilona ishonch bo‘lmaydi. Hokimiyatga bo‘ysiniladi yoki – hokimiyat egalari – uni saqlab qolishga intilishga bo‘ysinadilar. Garchi hokimiyatning yana ham mustahkamlanishi barcha imkoniyatlardan eng hayotiysi bo‘lib tuyulsa ham tarixning guvoqlik berishicha, bu inson qo‘lga kiritgan o‘ta omonat yutuq sanaladi. Ishonch-e’tiqod va hokimiyat bir-birini istisno-inkor etgani bois dastavval ratsional-oqilona ishonch-e’tiqodga tayangan barcha dinlar va siyosiy tuzumlar basharti hokimiyatga suyansa yoki u bilan til biriktirsa, tanazzulga yuz tutadilar va sekin-asta kuch-qudratini boy beradi.

E’tiqod – mardlik, tavakkalchilik, hatto azob-uqubatlar va afsus-nadomatlarga chidashni talab etadi. Farovonlik va xavfsizlik hayotning muhim sharti ekaniga ishonchi komil kimsaning ishonch-e’tiqodi bo‘lmaydi; kimki yakkalanish va mol-mulk bilan ta’minlanuvchi xavfsizlik himoyasiga biqinib olsa, o‘zini mahbusga aylantiradi. Sevimli bo‘lish va sevish uchun mardlik zarur, mardlik ayrim qadriyatlarga boshqalariga nisbatan favqulodda ahamiyat baxsh etadi va ayni ularga barcha masalalarda tayanadi.

Bu mardlik – «xavf-xatar iskanjasida yashash» shiorini e’lon qilgan mashhur maqtanchoq Mussolini aytgan mardlikdan tubdan farq qiladi. Bu «mardlik» nigilistik mardlik. Uning ildizlari – hayotga nisbatan halokatli aqidalarga taqaladi, unga ko‘ra inson hayotni rad etishga hoziru nozir, chunki uni sevaolmaydi. Hokimiyatga ishonish hayotga ishonch-e’tiqodga qarama-qarshi bo‘lganidek tushkunlik-umidsizlikka tayanuvchi mardlik muhabbat mardligi-jasoratiga qarama-qarshi, zid.

Ishonch-e’tiqod va mardlik-jasoratni biron bir sohada qo‘llash mumkinmi? Ishonch-e’tiqod hayotning istalgan lahzasida qo‘l kelishi mumkin. Farzand o‘stirish uchun ishonch kerak; ezgu ishni boshlash uchun ham ishonch zarur. Biroq barchamiz har birimizda shunday ishonch-e’tiqod borligiga ko‘nikib qolganmiz. Kimdaki shunday ishonch-e’tiqod bo‘lmasa, farzandi bilan bog‘liq behuda xavotirlanishdan yoki uyqusizlikdan, yohud biron bir samarali faoliyatga yaroqsizligidan iztirob chekadi; u yohud badgumon, biron bir kimsa bilan yaqin munosabatga kirishishdan cho‘chiydi, yohud o‘ta tushkun kayfiyatda bo‘ladi, yoki olisni ko‘zlovchi rejalarni tuza olmaydi. Hatto jamoatchilikning fikr-mulohazalari yoki qandaydir kutilmagan shart-sharoitlar inkor etgan taqdirda ham inson to‘g‘risidagi xulosaga sodiqlik, hatto yalpi e’tirof qilinmagan fikr-mulohazalarga qat’iy sodiqlik — bularning barchasi ishonch-e’tiqod va mardlik talab qiladi.

Ishonch-e’tiqod va mardlik kundalik mayda, ahamiyatsizday tuyulgan a’mollardan boshlanadi. Dastavval e’tiqod qachon va qayerda qay yo‘sin boy berilganini qayd etish, bunday boy berishga oid shaxsiy izohni, qo‘rqoqlik alomatlarini va haqiqiy holatni o‘zingizdan yashirib, qay asno izohlashingizni tahlil qilishingiz kerak. O‘z e’tiqodingizga xiyonat qilib, har gal ruhoniyatingizni zaiflashtirishingizni va tobora kuchayib borayotgan zaiflashuv yangi xiyonatlarga sababchi bo‘layotganini va shu asno ahloqsizlik silsilasi yuzaga kelayotganini anglashingiz lozim. So‘ngra, shuningdek, sizni sevmasliklaridan ongli darajada qo‘rqqaningiz holda garchi tan olgingiz kelmasa ham aslida sevishdan xavfsirashingiz-qo‘rqishingizni payqaysiz. Sevmoq, muhabbat kafolatlar talab qilmasdan zimmaga mas’uliyat olish, muhabbatingiz tufayli sevgan kishingizda ham muhabbat paydo bo‘lishiga to‘la-to‘kis ishonishdan iborat. Muhabbat – ishonch-e’tiqod a’moli va ishonch-e’tiqodi zaif-sust kimsaning muhabbati ham zaif-sust bo‘ladi. Ishonch-e’tiqod amaliyoti haqida bundan ortiq yana nima desa bo‘ladi? Ehtimol, kimdir: basharti shoir yoki ruhoniy bo‘lganimda, nimalarnidir qo‘shimcha qilishga urinar edim, deb aytar. Men na shoir, na ruhoniy bo‘lganim bois bundan yaxshiroq aytishga urinmadim ham; lekin ishonchim komilki, kimki bunga sidqidildan qiziqsa, go‘dak yurishni o‘rgana olgani singari ishonch-e’tiqod ko‘nikmasini, ishonish xislatini o‘zlashtiradi.

Sevgi san’atini o‘zlashtirish-egallash uchun zarur yana bir nuqtai nazarni batafsil ko‘zdan kechirish zarur, chunki bu sevgi san’atida muhim, — shu paytgacha uni bevosita tilga oldik, xolos. Men faoliyatni (Izoh: inglizcha matnda – activity, nafaqat «faoliyat»ni, balki «faollik»ni ham bildiradi) nazarda tutyapman. «Faoliyat» deganda «biron bir ish bilan shug‘ullanish» emas, balki botiniy faollik, ruhoniy bezovtalik, kuch-quvvat, imkoniyatlarni samarali sarflash nazarda tutilayotganini yuqorida qayd etgandim. Muhabbat – bu faoliyat; sevish asnosida sevimli ma’shuq-ma’shuqa bilan muntazam faol qiziqaman, biroq yolg‘iz ma’shuqa yoki ma’shuq bilan kifoyalanmayman. Agar tanbal-yalqov bo‘lsam, agar hamisha xushyor, sezgir, faol bo‘lmasam, sevimli ma’shuq-ma’shuqaga nisbatan «faol-faoliyatli» bo‘lolmayman. Harakatsizlik, muallaqlik xos yagona holat – uyqu; toki bedor, xushimiz o‘zimizda ekan, yalqovlik-tanballikka o‘rin bo‘lmasligi kerak. Hozir ko‘plab odamlarning paradoksal vaziyatda ekani shundaki, ular bedor bo‘lgani holda yarim uyqusirab-mudraydi va uxlayotganlarida yoki uxlamoqchi bo‘layotganlarida yarim bedor bo‘ladilar. To‘la-to‘kis bedorlik-xushyorlik zerikmasligingiz va boshqalar uchun zerikarli bo‘lmasligingiz uchun shart-sharoit yaratadi va haqiqatdan ham zerikmaslik va zeriktirmaslik-ensani qotirib, xafsalani pir qilmaslik sevgining muhim sharti. Faol fikrlash va his etish, kun davomida barcha-barchasini xushyorlik bilan ko‘rish va eshitish, botiniy yalqovlikka – xoh sustkashlikda va yuholikda yoki xoh vaqtni oshkora behuda sarflashda namoyon bo‘lishidan qat’iy nazar – yo‘l qo‘ymaslik sevgi san’atini egallashning zaruriy shartlarini tashkil etadi. Muhabbat borasida samarali-faol hayot kechirgan holda hayotning boshqa sohalarida xo‘jako‘rsinga ish tutsa ham bo‘laveradi, degan aqidaga ishonish — xomxayol. Faol turmush tarzi bunday mehnat «taqsimoti»ga yo‘l qo‘ymaydi. Muhabbat qobiliyati kuch-quvvat, xushyor bedorlik, yuksak hayotiylikni talab etadi, bular faqat shaxsning hayotning boshqa ko‘plab sohalarida samarali va faol ish yuritishi natijasidagina yuzaga keladi. Basharti inson hayotning boshqa sohalarida samarali-faol bo‘lmasa, sevgi-muhabbat bobida ham ko‘zlagan maqsadiga yetisha olmaydi.

Sevgi san’atiga oid suhbatni xarid qilish sohasi va shaxsning mazkur bobda qayd etilgan fe’l-atvori va qoidalar negizida kamol topishi doiralari bilan chegaralab bo‘lmaydi. Shaxsiy fe’l-atvor ijtimoiy tartib-qoidalar bilan chambarchas bog‘liq. Basharti sevgi-muhabbat barchaga mehr-muhabbat bilan munosabatda bo‘lishni anglatsa, basharti muhabbat – fe’l-atvor xususiyati bo‘lsa, u holda mehr-muhabbat — insonning nainki oila a’zolari va yoru birodarlari bilan munosabatlarida, balki ishda, amaliy masalalar yuzasidan muoalaga kirishadigan, sizning kasbdoshlar doirasida ham hukm surishi zarur. O‘z yoru birodarlaringizga muhabbat va begonalarga muhabbat o‘rtasida «mehnat taqsimoti» bo‘lmaydi. Aksincha, o‘zgalarga mehr-muhabbat – o‘z yoru birodarlaringizga mehr-muhabbatning sharti-garovi. Bu nuqtai nazarni juda jiddiy qabul qilish, teran anglash, mohiyatan, odatiy ijtimoiy munosabatlarni tubdan o‘zgartiradi. Yaqin yoru birodarlarga diniy muhabbat ideli haqida juda ko‘p balandparvoz gaplar aytiladi, lekin bizning o‘zaro munosabatlarimiz juda nari borganda adolatlilik qoidasi bilan belgilanadi. O‘zaro adolatli munosabat — o‘zaro mahsulot va xizmatlar ayirboshlashda, shuningdek tuyg‘ularni o‘zaro baham ko‘rishda ham ayyorlik-makkorlik va aldov-yolg‘onni istisno etishni bildiradi. «Menga qancha bergan bo‘lsang, senga ham shuncha beraman» qoidasi – moddiy ne’matlar masalasida ham, sevgi-muhabbat bobida ham – kapitalistik jamiyatda ustun ahloqiy aqida. Hatto aytish mumkinki, adolatlilik qoidasining qaror topishi – kapitalistik jamiyat ahloqining xizmati.

Bu hol kapitalistik jamiyatning xususiyati bilan bog‘liq. Undan oldingi ijtimoiy tuzumlarda tovar ayirboshlash yoki shunchaki kuch ishlatish yohud an’ana-tamoyillar yoki shaxsiy mehr-muhabbat va do‘stona munosabatlar bilan belgilangan. Kapitalizmda barcha-barchasi bozordagi ayirboshlash bilan belgilanadi. Tovarlar bozori haqida gap boradimi, yoki ishchi kuchi bozori haqida bo‘ladimi, yo xizmatlar bozori xususida bo‘ladimi, har bir kishi bozor shartlariga binoan zo‘ravonlik ham, ayyorlik ham qilmasdan o‘zi sotmoqchi bo‘lgan mahsulotni xarid qilmoqchi bo‘lgan mahsulotga ayirboshlaydi.

Adolatlilik ahloqini oltin qoidasi ahloqi bilan osongina chalkashtirish hech gap emas. «Odamlar sizga qanday munosabatda bo‘lishlarini xohlasangiz, ularga ayni shunday munosabatda bo‘ling» (Mf. 7:12) pand-nasihatini «boshqalar bilan ayirboshda halol bo‘l» ma’nosida talqin qilsa ham bo‘ladi. Bu qoida aslida Ko‘hna Ahdning «O‘zingni sevganing singari yaqinlariga mehr-muhabbatli bo‘l» hikmati sifatida dastlab shakllangan. Haqiqatdan ham barodarlik muhabbatining yahudiy-nasroniy me’yor-andozalari adolatlilik qoidasidan tubdan farq qiladi. Yaqin yoru birodarlarni sevish, mehr qo‘yish – ular uchun mas’uliyatni sezish va o‘zingni ular bilan bir tanu bir jon deb bilishdan iborat, adolatlilik qoidasi esa mas’uliyat va birdamlik tuyg‘usini emas, balki ulardan yiroq, begonalashgan munosabatlarni bildiradi; bu qoida yaqin kishini sevishni emas, balki hurmat qilishni taqozo etadi. oltin qoida davrimizda eng ko‘p yoyilgan diniy maksima – hikmat tusini olgani bejiz emas; buning boisi adolatlilik qoidasi ma’nosida talqin qilinishida barcha uchun tushunarli va barcha bajonidil unga amal qiladi. Biroq muhabbat amaliyoti adolat va muhabbat o‘rtasidagi farqni anglashdan boshlanishi kerak.

Bu borada, ayni paytda, savol tug‘iladi. Basharti butun jamiyatimiz va iqtisodiyotimiz har kim o‘zi uchun naf-foyda topishiga asoslangan bo‘lsa, basharti har kim asosan ahloqiy adolat qoidasi bilan yumshatilgan shaxsiyatparastlik qoidasiga amal qilsa, inson mavjud ijtimoiy tuzum doirasida mehnat faoliyati bilan qanday shug‘ullanib, qanday yashaydi va ishlaydi hamda ayni paytda qanday qilib chinakamiga seva oladi? Adolat qoidasi barcha dunyoviy manfaatlardan voz kechishni va g‘aribona hayot kechirishni bildirmaydimi? Nasroniy ruhoniylar va Lev Tolstoy, Albert Shveyser va Simona Vey singari shaxslar bu masalani ko‘tarib, unga qat’iy javob bergan. Yana boshqalar ham (Izoh: Gerbert Markuzning «Psixoanalitik revizionizmning sotsial ildizlari» asariga qarang) borki, ular jamiyatimizdagi odatiy dunyoviy hayot bilan muhabbat mutlaqo qovushmaydi degan fikrni ma’qullaydilar. Ular bugungi kunda muhabbat haqida gapirish – atigi yalpi aldanishda ishtirok etish, degan xulosaga kelgan; ular bugungi dunyoda faqat jafokash yoki telba sevishi mumkin, binobarin sevgi-muhabbat haqidagi gap-so‘zlarning barchasi quruq safsata. Bu to‘la e’tirof va ehtiromga loyiq nuqtai nazar surbetlikni oqilona izohlaydi. Amalda ham «Men namunali nasroniy bo‘lishga qarshi emasman, lekin bu masalaga jiddiy qaraydigan bo‘lsam, och qolishimga to‘g‘ri keladi» deb o‘ylaydigan o‘rtacha odam bu aqidaga so‘zsiz qo‘shiladi. «Radikal-keskin kayfiyatdagilar» ham, o‘rtacha odamlar ham avtomatlar bo‘lib, seva olmaydilar va ular o‘rtasidagi farq shundaki, o‘rtacha odamlar buni tushunmaydi, ayni paytda radikal kayfiyatdagilar buni biladilar va mazkur dalilni «tarixiy zaruriyat» hisoblaydi.

Muhabbat va «me’yoriy» hayot mutlaqo qovushmasligini e’tirof etish faqat ko‘chma ma’noda to‘g‘ri ekaniga ishonchim komil. Kapitalistik jamiyat tayanuvchi ijtimoiy tartib-nizomlar va muhabbat qoidasi qovushmaydi. Biroq aniq tarzda olingan zamonaviy jamiyat ko‘pqirrali. Keraksiz mahsulot sotuvchisi, deylik, yolg‘onsiz yashay olmaydi; tajribali ishchi, kimyogar yoki shifokor –yashay oladi. Ayni shunday fermer, ishchi, o‘qituvchi va ko‘plab biznesmenlar iqtisodiy hayotga barham bermagan holda sevishga urinishlari mumkin. Kaptitalizm qoidasi muhabbat qoidasi bilan qovushmasligini e’tirof etgan holda ham murakkab va muttasil o‘zgaruvchan tartibotlarga ega «kapitalizm» mohiyatan baribir yetarli darajada «no-konformizm»lar va shaxs erkinliklariga yo‘l berishini tan olish kerak.

Men bu bilan mavjud tartib-qoidalar uzluksiz davom etishi va ayni paytda yaqinlarga muhabbat ideali ham bo‘lishi kerak demoqchi emasman. Mavjud ijtimoiy tuzum sharoitida seva oladigan odamlar shubhasiz istisno tarzida uchraydi; zamonaviy G‘arb jamiyatida muhabbat, odatda, eng so‘nggi o‘ringa surib qo‘yilgan. Muhabbat paydo bo‘lishiga ko‘pdan-ko‘p boshqa ish-tashvishlar monelik ko‘rsatgani uchungina emas, balki butun diqqat-e’tiborini ishlab chiqarishga qaratgan va faqat iste’molchilik kayfiyatiga mukkasidan ketgan jamiyatdagi muhit shundayki, yolg‘iz «no-komformist» unga qarshi tura oladi. Insoniy muammolarni hal qilish vositasi sifatida muhabbatga murojaat qiluvchi odam bunday sharoitda muhabbat jamiyat tomonidan so‘nggi o‘ringa surib qo‘yiladigan individual hodisa bo‘lmasdan, ijtimoiy hodisa bo‘lishi uchun ijtimoiy tartibotimizda muhim va tub o‘zgarishlar qilinishi kerak, degan xulosaga kelishi zarur. Mazkur kitob doirasida umumiy tarzdagi shunday o‘zgarishlarga ishonch hosil qila olamiz, xolos (Izoh: «Sog‘lom jamiyat» degan kitobimda bu masalani batafsil tahlil qilishga uringanman). Jamiyatimizning yuqori qismida boshqaruv byurokratiyasi, malakali siyosatdonlar turibdi; odamlar ommaviy ta’sir tazyiqi ostida faoliyat yurityapti, ularning maqsadi va shaxsiy maqsadi – ko‘proq ishlab chiqarish va ko‘proq iste’mol qilishdan iborat. Har qanday faoliyat iqtisodiy maqsadlarga bo‘ysindirilgan, vositalar maqsadga aylandi; inson — qorni to‘q va kiyintirilgan avtomatga do‘ndi, biroq spesifik insoniy fazilatlari va vazifalariga har qanday qiziqishdan mahrum. Basharti inson sevishga qodir-qobiliyatli bo‘lsa, oliy maqomini egallashi zarur. Iqtisodiyot mashinasiga inson emas, balki bu mashina unga xizmat qilishi lozim. Inson juda nari borganda foyda-daromadni emas, balki hissiyotlar va mehnat zavqu sururini his etish qobiliyatiga ega bo‘lishi joiz. Jamiyat shunday bo‘lishi kerakki, insonning ijtimoiy, «mehr-muhabbatli» mohiyati jamiyatdagi hayoti bilan chambarchas bog‘liq, uning tarkibiy qismi bo‘lishi zarur. Men isbotlashga uringanimdek, basharti muhabbat insoniy mavjudlik muommolarini yagona oqilona va sog‘lom hal qilish vositasi ekani to‘g‘ri bo‘lsa, u holda muhabbat kamolini u yoki bu darajada cheklovchi har qanday jamiyat insoniy tabiatning asosiy talab-ehtiyojlariga to‘qnashib, ertami-kechmi muqarrar halokatga yuz tutadi. Muhabbat haqidagi suhbat – shunchaki va’zxonlik emas. Chunki bu har bir insonga xos oliy va hayotiy talab-ehtiyoj to‘g‘risidagi bahs. Va bu talab-ehtiyojning pinhon ekani muhabbat yo‘q degani emas. Muhabbat xossalarining tahlili ko‘rsatishicha, muhabbat, bugungi shart-sharoitda mavjud emas; buning sababi — ijtimoiy ildizlari qoralanishi kerak. Faqat individual voqelik sifatida emas, balki umumijtimoiy hodisa sifatidagi muhabbatga ishonch-e’tiqod – oqilona bo‘lib, uning negizini – insonning eng benazir mohiyati tashkil etadi.

MUALLIF HAQIDA

Erich-Fromm-500x464.jpgFROMM (Fromm) Erix (1900.23.3, Frankfurt-Mayn — 1980.18.3, Muralto, Shveysariya) — amerikalik nemisnajod faylasuf, psixolog, sotsiolog, neofreydizm asoschisi. 1929- 32 yillarda Frankfurt-Mayndagi Ijgimoiy tadqiqotlar institutida ishlagan. 1933 yili AQSHga muhojir bo‘lib ketgan, hayotining so‘nggi o‘n yilida Shveysariyada yashagan. Falsafa, psixologiya, antropologiya, din sotsiologiyasi rivojlanishiga katta hissa qo‘shgan. O‘z ta’limotini «gumanistik psixoanaliz» deb atagan. Freyd biologizmidan chekinib, shaxs shakllanishida psixologik va ijtimoiy omillarning o‘zaro aloqalarini ochib berishga intilgan. Gumanizm nuqtai nazaridan psixoanalitik ijtimoiy sog‘lomlashtirish usullari yordamida, xususan, AQSHda, har tomonlama uyg‘un bo‘lgan, «sog‘lom jamiyat»ni vujudga keltirishni taklif etgan. Asosiy asarlari: «Erkinlikdan qochish» (1941), «Psixoanaliz va din» (1950), «Unutilgan til» (1951), «Sevish san’ati» (1956), «Inson qalbi» (1964), «Inson vayronkorligining anatomiyasi» (1973), «Ega bo‘lmoq yoki bor bo‘lmoq» (1976).

0 content.JPG

(Tashriflar: umumiy 1 989, bugungi 1)

Izoh qoldiring