Ezop. Masallar (1)

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h39m11s_010_.png     Пешонасига қул бўлиб туғилиб, қулликда ҳаёт кечириш ёзилган Эзоп қадимги Юнонистонда яшаб ижод қилган. У бутун жаҳон масалнависларининг бобокалони сифатида тарихда қолди. Эзопнинг бундан уч минг йилча бурун яратган содда ва ажойиб масаллари ҳозир, бизнинг давримизда ҳам ўзининг ҳаётийлигини йўқотмаган, улар ҳанузгача одамзодга энг ноёб ва ибратли сабоқ бўлиб хизмат қилмоқдалар….

ЭЗОП
МАСАЛЛАР
Русчадан Қ. Мирмуҳамедов таржимаси
055

055    Эзоп (мил. ав. 6-аср) — юнон масалчиси. Ривоятларга қараганда, Эзоп фригиялик қул бўлиб, сўнг озод қилинган. Лидия шоҳи Крез саройида хизматда бўлган, Дельфада ўлдирилган. Антик даврда маълум бўлган деярли барча масалларнинг сюжети Эзопники деб ҳисобланган. Улар милоддан аввалги 4-3 асрлардан бошлаб тўпланган ва «Эзоп масаллари» китобига киритилган. Милодий 10-15-асрлардаги қўлёзмаларда 300 дан ортиқ шундай масал сақланиб қолган.
Эзоп масаллари ғоявий жиҳатдан тушкунлик ва умидсизлик руҳида ёзилган, персонажлари (асосан, ҳайвонлар) ўта шартли, воқеалар ихчам баён қилинган; тили содда, жонли тилга яқин. Эзоп масаллари сюжети Европа масалчилиги сюжетининг асосини ташкил этган. Лотин масалчиси Федр (1-аср) ва юнон масалчиси Бабрий (2-аср)дан тортиб француз Ж. Лафонтен ва рус Иван Криловгача Эзоп масаллари сюжетини даврга мослаб ижодий ривожлантирганлар.

055

1. БУРГУТ БИЛАН ТУЛКИ

Бургут билан Тулки дўст тутинишди ва қўшни бўлиб яшашга аҳд қилишди. Бургут азим дарахтнинг қир учига уя қурди. Тулки эса, шу дарахт тагида, буталар орасида болалади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, кунларнинг бирида Тулки овга чиқди. Шунда ўз полапонларини нима билан боқишни билмай, очиқиб ўгирган Бургут пастга учиб тушиб, буталар орасида ётган тулкиваччаларии чангалига илиб уясига олиб чиқди-да, уларни ўз полапонлари билан баҳам кўрди. Мана, Тулки инига қайтиб келди, келдию бир қарашда не ҳол юз берганини фаҳмлади. У жуда қаттиқ қайғурди — нафақат болаларининг нобуд бўлганидан, балки қотилдан қасос ололмаслигидан ич-этини еб изтироб чекди, зеро ердаги ҳайвон осмондаги қушни тута олмаслигини у яхши билар эди. Нотавон ва ночор ҳайвон нима ҳам қила оларди? Ғанимини фақат узоқдан туриб қарғашгагина кучи етарди унинг. Бироқ орадан кўп ҳам вақт ўтмай Бургуг дўстлик аҳдига хиёнат қилгани учун жазосини олди. Бир одам далада эчки сўйиб, худолар йўлига қурбонлик қилди; Бургут буни кўриб, учиб келди-да, курбонгоҳда лаққа чўғ бўлиб ёнаётган калла-поччаларни ўғирлаб уясига олиб чиқиб кетди. Худди шу пайт бирдан қаттиқ шамол туриб, нозик шох-шаббалардан қурилган уя бояги калла-почалар орасидаги чўғлардан «лов» этиб аланга олди. Ҳали учишни ўрганмаган темирқанот, жиш полапонлар кабоб бўлиб ерга тушишди; шунда Тулки югуриб келиб Бургутнинг кўзи олдида унинг полапонларини ямламай ютиб юборди.

Масалдан ҳисса шуки, дўстликка хиёнат қилган одам дили оғриган дўстининг қасосидан қутулиб қолган тақдирда ҳам худолар қаҳридан қочиб қутула олмагай.

2. БУРГУТ, ЗОҒЧА ВА ЧЎПОН

Бир Бургут баланд қоя бошидан учиб тушиб, яйловда ўтлаб юрган қўзичоқни чангалига илиб учиб кетди. Буни кўрган Зоғча Бургутга ҳасад қилди ва у ҳам шундай иш тутмоқчи бўлди. Мана, у ҳаммаёқни бошига кўтарганча қағиллаб, бир қўчқорга ташланди. Бироқ унинг тирнокдари Қўчқорнинг қалин юнгига илашиб, нуқул қанот қоқиб қағиллайверди-ю, аммо учиб кетолмади. Бу ҳолни кўрган Чўпон масала нимада эканлигини тушунди: югуриб келиб Зоғчани ушлаб олди-да, қанотларини кесиб, кечқурун болаларига олиб бориб берди. Болалари: «Бу қанақа қуш?» деб сўрашди. Чўпон бўлса: «Мен-ку бунинг Зоғча эканини биламан, лекин у ўзини Бургут деб ҳисоблаётибди-ёв»,— деди.

Иқтидорли одамлар билан тенглашмоқчи бўлганлар ҳеч нимага эриша олмайдилар, аксинча, уларнинг ношудлиги бошқаларнинг кулгисини келтиради.

3. БУРГУТ ВА ҚЎНҒИЗ

Бургут бир қуённинг пайига тушди. Жон сақлаш учун кимдан ёрдам сўрашини билмаган қуён йўлида рўпара келган ягона жонзотга — гўнг Кўнғизига ёлворди. Қўнғиз унга далда берди ва қаршисида пайдо бўлган йиртқич қушга, мендан паноҳ излаб келган жониворга тегма, дея илтижо қилди Бургут бу жинқарча ҳимоячининг гапига парво ҳам қилмай қуённи тутиб еди. Лекин Қўнғиз бу разилона таҳқирни унутмади: энди у кун-уззукун Бургутнинг уясини қидириб, ҳар сафар у тухум қўйган пайтда тухумларини думалатиб ерга тушириб синдираверди. Ниҳоят, ҳеч ердан паноҳ топа олмаган Бургут олий тангри Зевсга илтижо қилиб, тухум қўйиб бола очиши учун бехавотирроқ жой кўрсатишни сўради. Зевс Бургутнинг бола очиши учун ўз қўйнини очиб берди. Буни кўрган Кўнғиз бир парча гўнгни думалатиб соққа қилди-да Зевс олдига — арши аълога учиб чиқиб, ўшал соққани бузург тангрининг қўйнига ташлаб юборди. Зевс қўйнидаги гўнг парчасини қоқиб юбориш учун бирданига ўрнидан туриб кетди ва Бургутнинг тухумларини тушириб юборди. Турган гапки, барча тухумлар синган эди. Айтишларича, шу пайтдан бошлаб бургутлар қўнғизлар тухумдан чиққан чоғда уя қурмайдиган ва тухум очмайдиган бўлишганмиш.

Масалдан ҳисса шуки, кичкиналарни менсимаслик яхши эмас, зеро ўзини таҳқирлагандан ўч олмоқчи бўлган жониворни заиф деб бўлмайди. Ахир айтганлар-ку: «Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил», деб.

4. БУЛБУЛ ВА ҚАРЧИҒАЙ

Булбул дарахт шохига қўниб олиб, ўз одати бўйича хониш қиларди. Уни қорни оч бир Қарчиғай кўриб қолди ва «шув» этиб учиб келиб бечора қушчани чангалига олди. Шунда куни битиб, ажали етган Булбул Қарчиғайга ёлвориб, деди: «Жон ака, мени еманг, ахир мен зиғирдаккинаман — тишингизнинг кавагида йўқ бўлиб кетаман. Агар қорнингиз очган бўлса, яхшиси, йирикроқ қушларни тутиб енг». Лекин Қарчиғай унга эътироз билдириб деди: «Агар чангалимдаги ўлжани ташлаб, қорасиям кўринмаган ўлжани қидирадиган бўлсам, ғирт аҳмоқ бўлган бўлардим».

Бу масал аҳмоқ одамларгина мавҳум каттакон ўлжа илинжида ўз қўлига туширган бойликдан воз кечади, демоқчи. Ахир айтганлар-ку: «Эртанги товуқдан бугунги тухум яхши», деб.

5. ҚАРЗДОР

Афинада бир одам бошқа бир одамдан қарз олади. Мана, фурсат етиб, қарз берган одам, қарзни тўла, деб талаб қила бошлайди. Қарздор аввалига ҳозирча ёнида пули йўқлиги сабабли қарзни тўлаш учун яна бир оз муҳлат сўрайди. Лекин илтимоси ерда қолади. Шунда қарздор одам биттаю битта сигирини бозорга олиб чиқиб сотмоқчи бўлади ва қарз берган одамнинг кўзи олдида сигирини харидорларга мақтай бошлайди. Бир харидор келиб ундан: «Сигиринг қисир эмасми?» деб сўрайди. «Йўқ, — дейди қарздор, — ҳар йили қиш чилласида танача туғиб беради, ҳайит кунларига борганда буқача туғади». Харидор бу гапни эшитиб ҳайрон қолади. Шунда қарз берган одам қарздорнинг гапини илиб кетиб, дейди: «Нега ҳайрон бўляпсиз? Шошмай туринг, ҳали бу сигир айёми ажузга* бориб қўзичоқ ҳам туғиб беради».

Ҳа, шундай одамлар борки, улар ўз фойдаларини кўзлаб, ҳар қандай ёлғон-яшиқ гапларни қасам ичиб тасдиқлашдан ҳам тоймайдилар.

* А й ё м и  а ж у з (халқ тилида: аямажуз) — қишнинг охирги ҳафтаси.

6. ЁВВОЙИ ЭЧКИЛАР ВА ЧЎПОН

Бир чўпон эчкиларини ҳар куни яйловга ҳайдар ва кечқурун уларни яна қўрасига қайтариб келарди. Мана, у эчкиларини қўрага қайтаргани ўтлоққа борди. Қараса, бир гала ёввойи тоғ эчкилари унинг эчкилари билан ўтлаб юрганмиш. Чўпон уларни ҳам ўз эчкиларига қўшиб қўрага ҳайдаб киритибди. Эртаси куни ҳаво айниб, жала қуя бошлабди, шу боис у жониворларни қўрадан чиқармай, шу ерда боқа бошлабди. Қизиғи шундаки, у ўзининг эчкиларига номига бир сиқим-бир сиқимдан хашак солса, бегона эчкилар олдига, уларни қўлга ўргатиш ниятида, пичан ва емни уйиб ташлабди. Лекин эртаси куни ҳаво юришиб кетиб, у барча эчкиларни ўтлоққа ҳайдаб чиққанида, ёввойи эчкилар тоғ томон шаталоқ отиб чопиб кетибдилар. Бу ҳолни кўрган чўпон таъна қилиб, уларга дебди: «Эҳ ношукур махлуқлар, ахир мен сизларни яхшилаб боқдим, парвариш қилдим-ку, нега мендан қочиб кетяпсизлар?» Шунда ёввойи эчкилар орқаларига ўгирилиб чўпонга дебдилар: «Биз сеникига кечагина келгандик, сен бизни ўзингнинг қадрдон эчкиларингдан афзал кўриб роса сийладинг. Бундан чиқадики, агар сеникига яна янги эчкилар келгудек бўлса, бизни назардан қолдириб, уларни эъзозлар экансан-да? Мана шунинг учун ҳам ўзимизни сендан эҳтиёт қилмоқдамиз».

Масал дейдики, ўзига янги дўст орттирганида эски қадрдон дўстларини менсимай қўядиган одам билан дўст тутинмаслик керак, зеро ундай одам ҳар гал янги дўст топганида эскиларидан юз ўгираверади.

7. МУШУК ВА ТОВУҚЛАР

Бир Мушук товуқхонадаги товуқларнинг касал эканлигини эшитиб қолди. У дарҳол эгнига табиб либосини кийиб қўлига муолажа ашёларини олди-да, товуқхона эшиги олдига келди ва товуқлардан, аҳволинглар қалай, деб сўради «Аҳволимиз яхши! — деб жавоб қилишди товуқлар. — Лекин сен бу ердан қорангни ўчирсанг янаям яхши бўларди».

Ҳа, донишманд кишилар ўзини яхши хулқ соҳиби қилиб кўрсатувчи бадният шахсларни бир қарашдаёқ таниб оладилар.

9. ТУЛКИ БИЛАН ТАКА

Бир Тулки бехосдан кудуққа тушиб кетди ва у ердан чиқолмай, ноилож ҳап ўтираверди. Шу пайт қудуқ бошига чанқаган бир Така келди; у қудуқ ичида турган Тулкини кўриб, ундан, «Сув қалай экан, муздайми?» деб сўради. Айёр Тулки сувни оғиз кўпиртириб мақтай кетди ва уни ҳам қудуқ ичига таклиф қилди. Чанқоғини қондиришдан ўзга нарсани ўйламаган Така қудуққа сакраб тушди ва мириқиб сув ичди Ана шундан кейингина бу ердан қандай қугулиб чиқиш ҳақида Тулки билан маслаҳатлаша бошлади. Тулки: «Менда ажойиб бир фикр пайдо   бўлди, агар уни амалга оширсак, иккаламиз ҳам бу ердан эсон-омон қутулиб чиқиб кетамиз, — деди.

— Бундай қиламиз: сен олдинги оёқларингни кўтариб деворга тирайсан ва шохларингни эгиб турасан. Мен сенинг елкангдан тирмашиб юқорига чиқаман; кейин сени ҳам тортиб оламан». Тулкининг бу таклифини ҳам Така ўйлаб-нетиб ўтирмай қабул қилди; Тулки Таканинг думғазасига, кейин елкасига чиқиб, орқа оёқларини унинг шохларига тиради-да, олд оёқлари билан қудуқ оғзига тирмашиб, бир ирғишда юқорига чиқиб олди ва орқасига қайрилиб ҳам қарамай, ўз йўлида кетаверди. Така лафзида турмаган Тулкини бўралаб сўка бошлади, Тулки эса орқасига ўгирилиб деди: «Вой овсар-е! Агар миянгда соқолингнинг тукичалик ақл бўлганида, қудуққа тушишдан олдин у ердан қандай чиқишни ўйлаган бўлардинг».

Шунингдек, ақли расо одам ҳам бир ишни бошлашдан олдин унинг оқибати қандай туташи ҳақида ўйлаб кўриши керак.

10. ТУЛКИ ВА ШЕР

   Тулки ҳеч қачон Шерни кўрмаган эди. Бир куни у тасодифан унга рўпара келиб қолди ва кўриб шунақанги қўрқиб кетдики, юраги ўйнаб, сал бўлмаса ўлаёзди; у Шерни иккинчи марта кўрганида ҳам анча ваҳимага тушди-ю, биринчи галдагичалик қаттиқ қўрқмади; мана, Тулки Шерни учинчи марта учратди ва энди ўзини дадил тутиб, у билан суҳбатлашишга ҳам журъат этди.

Масал демоқчики, энг қўрқинчли нарсага  ҳам бора-бора кўникиш мумкин.

11. БАЛИҚЧИ

Бир балиқчи қамиш най чалишда беқиёс уста эди. Бир куни у шу найини ва балиқ тутадиган ёйма тўрини олиб денгиз бўйига борди-да, қоя устига чиқиб олиб най чала бошлади — балиқлар найим навосига маст бўлиб сувдан сакраб-сакраб чиқишади, деб ўйлаган эди у. Лекин қанча тер тўкиб най чалмасин, балиқлардан дарак бўлмади. Шунда у найни бир четга қўйиб, ёйма тўрини сувга ташлади ва бир зумда анча-мунча турфа тоифа баликдарни сувдан тортиб чиқарди. У тўрдаги балиқларни қирғоққа ағдарган эди, улар жонҳолатда питирлашиб дик-дик сакрай бошладилар. Буни кўрган балиқчи деди: «Оббо ярамас махлуқлар-е, атайлаб сизлар учун най чалганимда ўйнамовдинглар, энди бўлса най чалмаганимда рақс тушиб ётибсизлар».

Бу масал ҳаётда бутун қилмиши телба-тескари бўлган одамларга қаратилган.

12. ТУЛКИ БИЛАН ҚОПЛОН

Тулки билан Қоплон, қай биримиз гўзалроқмиз, деб тортиша бошлашди. Қоплон ўз терисининг нақадар бежирим эканлиги ҳақида роса мақтанди; шунда Тулки унга жавобан деди: «Тўғри, менинг вужудим сеникичалик бежирим эмас, лекин ақплу заковатим беназирдирки, шу боис юз чандон гўзалроқман сендан!»

Бу билан масал ақлнинг теранлиги жисмнинг кўркамлигидан афзал эканлигини билдиради.

13. БАЛИҚЧИЛАР

Бир жамоа балиқчилар сувга ташлаган тўрларини торта бошлабдилар; тўр жуда оғир эмиш. Буни кўрган балиқчилар, овимиз бароридан келди, деб ўйлашиб, қўшиқ айта, ўйин туша бошлашибди. Лекин тўрни тортиб чиқаришгандан кейин қарашса, унга балиқ эмас, тошлар ва сув ўтлари илашган экан. Балиқчилар қатгиқ куюна бошлашибди; улар нафақат овлари юрмаганидан, балки умидлари пучга чиққанидан хафа бўлишибди. Бу балиқчилар жамоасида бир кекса одам бор экан, пгу одам уларга дебди: «Қайғуни бас қилинг, биродарлар: билишимча, қувонч билан қайғу — ака-ука, бинобарин, биз қанча қувонган бўлсак, шунча қайғуришимиз ҳам керак».

Шу сингари, бизлар ҳам ҳаётнинг ўзгарувчан эканлигини унутмаслигимиз ва башарти бирон ютуққа эришгудек бўлсак, энди умрбод саодат бизни тарк этмайди, деб ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз лозим. Ахир айтганлар-ку: «Ҳар тонгнинг бир шоми бўлади», деб.

14. ТУЛКИ БИЛАН МАЙМУН

Йўлда ҳамроҳ бўлиб кетаётган Тулки билан Маймун, қай биримиз машҳурроқмиз, деб баҳслаша бошлашибди. Униси ҳам, буниси ҳам роса оғиз кўпиртириб мақтанибди. Шу маҳал улар бир қабристон ёнидан ўта бошлашибди. Маймун у ердаги сағаналарга кўз ташлаб, оғир-оғир хўрсина бошлабди. «Ҳа, нима бўлди, нега хўрсиняпсан?» — деб сўрабди ундан Тулки; шунда Маймун қабртошларини кўрсатиб: «Нега хўрсинмай! — дебди. — Ахир мана шу қабр тошлари тагига ота-боболаримнинг куллари дафн этилган». Тулки унга  жавобан дебди: «Ҳа, мақтан-а, мақтан! Ахир бу майитларнинг биронтаси ҳам қайта тирилиб сени ёлғончига чиқара олмайди-да».

Одамлар орасида ҳам шундай ёлғончилар топиладики, улар сирларини фош қиладиган киши йўқ пайтида мақтанишади. Шунинг учун ҳам, мақтанишга мусофир юрт яхши, деб бекорга айтишмаган.

15. ТУЛКИ ВА УЗУМ

Қорни оч Тулки бир боғ ёнидан ўтиб кета туриб, узумлари шовул бўлиб осилиб турган токни кўрди; кўрдию узумини емоқчи бўлди. Лекин қанча уринса, қанча сакраса ҳам узумга бўйи етмади. Шунда ҳафсаласи пир бўлиб нари кетаркан, ўзига ўзи деди: «Ҳали хом — еб бўлмайди».

Одамлар ичида ҳам баъзи бировлар борки, жазм қилган ишларини уддалай олмасалар вазиятни, шароитни баҳона қилиб кўрсатадилар.

16. МУШУК БИЛАН ХЎРОЗ

Мушук бир Хўрозни тутиб олди ва чиройли баҳона ишлатиб, уни емоқчи бўлди. Аввалига уни, кечалари бемаҳалда қичқириб одамларни безовта қиласан, уларни ухлагани қўймайсан, деб койиди. Лекин Хўроз бу таънага жавобан: «Ахир мен айнан ўша одамларнинг фойдасини кўзлаб қичқираман-ку, уларни уйғотиб, ишга боришга ундайман», деди. Шунда топган баҳонаси ўтмаган Мушук: «Аммо сен гуноҳга ботган муртадсан: табиат қонунига риоя  қилмай, онангниям, опа- сингилларингниям патира-путир босаверасан», деб Хўрозга  яна айб Қўйди. Хўроз бўлса: «Мен бу ишни ҳам одамларнинг манфаатини кўзлаб қиламан — шундай қилсам товуқлар кўпроқ  тухум туғиб беришади», деди. Бу жавобдан эсанкираб гап тополмай қолган Мушук Хўрозга ўшқириб берди —  Нима  «али» десам, «бали» деб мендан қочиб қутулмоқчимисан? Овора бўласан!

Масал демоқчики, нияти бузуқ одам бирон ёвуз ишга жазм қилдими, хоҳ қандайдир «олижаноб» важни баҳона қилиб, хоҳ дангал очиқчасига иш кўриб, кўзлаган шум ниятини амалга оширмай қўймайди.

17. ДУМСИЗ ТУЛКИ

Тулки бир тузоққа тушиб думидан айрилиб қолди-ю бундай шарманда бўлиб яшашдан истиҳола қилди. Шунда у айёрлик қилиб, ҳамма тулкиларни ўз думларини кесиб ташлашга ундамоқчи бўлди: кўп қатори бўлсам айбим сезилмайди деб ўйлаган-да. Мана, у бутун тулки қавмини йиғиб: «Келинглар, биродарлар, думларимизни кесиб ташлайлик Сабабки биринчидан, қоматимизни бузади; иккинчидан, у биз учуп ортиқча юк», деди. Бу ваъзни эшитган тулкилардан бири деди: «Сени қара-ю! Агар ўз фойдангни кўзламаганингда бизларга бундай маслаҳат бермаган бўлардинг».

Бу масал ўз яқин хешларига чин дилдан эмас, балки ўз шахсий манфаатини кўзлаб маслаҳат берувчи одамларга қаратилган.

18. БАЛИҚЧИ БИЛАН БАЛИҚЧА

Балиқчи сувга ташлаган тўрини тортган экан, унга битга кичкина балиқ илинибди. Шўрлик Балиқча тилга кириб Балиқчига ёлвора бошлабди: «Эй саховатли Балиқчи, сен ҳозир мени қўйиб юбор — ҳали жуда кичкинаман, кейинроқ ўсиб катта бўлганимда тутсанг, ўзингга фойда бўлади» Лекин Балиқчи унга жавобан дебди: «Қўлимга илиниб турган ўлжани ташлаб, йўқ ердаги нарсага умид боғлайдиган аҳмоқ эмасман'»

Бу масал, келажакдаги катга фойдадан, кичкина бўлса ҳам қўлга кириб турган ўлжа афзал, деб сабоқ беради. Ахир айтганлар-ку, узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, деб.

19. ТУЛКИ ВА ТИКАНЛИ БУТА

Тулки деворга чиқмоқчи бўлди ва йиқилиб кетмаслик учуи тиканли Бутадан ушлади. Бутанинг ўткир тиканлари унинг баданини тилиб оғритди, шунда Тулки Бутага маломат қилиб, деди: «Ахир мен сендан ёрдам тилаб қўл чўзган эдим-ку, сен бўлсанг ёрдам кўрсатиш ўрнига баданимни тилка- пора қилдинг». Бута унга эътироз билдирди: «Сен, тасаддуқ, менга ёпишиб хато қилдинг, сабабки, мен ўзим ўтгангаям, кетгангаям ёпишишга одатланганман».

Ҳа, одамлар орасида ҳам касби фақат зиён етказиш бўлган бадният кишилардан ёрдам сўрайдиган нодонлар топилади.

21. БАЛИҚЧИЛАР

Балиқчилар жамоа бўлиб балиқ овлагани денгизга чиқишди, лекин қанча уринишмасин, қанча кутишмасин, қармоқларига биронта ҳам балиқ илинмади. Улар қайиқда кайфиятлари бузилиб ўтиришаркан, шу ердан сузиб ўтаётиб нимадандир чўчиб кетган Тунес* бир сакраб балиқчилар қайиғига тушди. Балиқчилар уни бозорга олиб бориб пулладилар.

Шунақа, ҳунар ва касб билан эришиб бўлмаган ишни кўпинча тасодиф амалга оширади.

* Т у н е с — йирик йиртқич денгиз балиғи.

22. ТУЛКИ ВА ДАРАХТ КЕСУВЧИ

Овчилар таъқибидан қочиб келаётган Тулки ўрмонда бир дарахт кесувчига рўпара келади ва унга, «Мени яшир», деб илтижо қилади. Дарахт кесувчи унга, «Бор, кулбамга кириб беркинақол», дейди. Бир оздан сўнг бу ерга овчилар етиб келишади ва дарахт кесувчидан: «Кўрмадингми, шу ердан бир Тулки югуриб ўтмадими?» деб сўрайдилар. Дарахт кесувчи баланд овоз билан: «Кўрмадим», деб айтади, аммо айни пайтда Тулкининг қаерга беркинганини қўли билан кўрсата бошлайди. Лекин овчилар унинг ишорасини тушунишмайди; қисқаси, овчилар унинг гапига ишонишиб, жўнаб кетишади. Ниҳоят, Тулки овчиларнинг от чоптириб кетишганини эшитиб кулбадан чиқади ва чурқ этмай кета бошлайди. Бу ҳолни кўрган дарахт кесувчи унга: «Ҳой, ношукур жонзот, ахир мен сени ўлимдан қутқариб қолдим- ку! Сен бўлсанг менга раҳмат ҳам айтмай, жуфтакни ростлаб қоляпсан-а!» деб маломат қилади. Унга жавобан Тулки дейди: «Раҳмат айтардим, агар айтган сўзинг билан имо-ишоранг бир- бирига мос бўлганида».

Бу масални тили билан бир гапни айтиб, қўли билан мутлақо тескари ишни қилувчи одамларга нисбатан қўлласа бўлади.

23. ХЎРОЗЛАР ВА КАКЛИК

Бир одам бозордан қўлга ўргатилган Каклик сотиб олиб, уни уйидаги Хўрозлари орасига қўйиб юборади. Лекин Хўрозлар уни тепкилай, чўқий бошлайдилар. Шунда Каклик қаттиқ хафа бўлиб, ўзига ўзи дейди: «Хўрозлар мени ёқтиришмаяпти, чунки уларнинг қавмидан эмасман-да». Аммо сал вақтдан кейин Хўрозлар бир-бирларини аямай, ўзаро қонли жанг қила бошлайдилар. Буни кўрган Каклик ўзига таскин бериб дейди: «Йўқ, Хўрозлар мени чўқилашди, деб нолимайман энди, қарасам, улар ўзларини ҳам аямас эканлар».

Бу масални тили билан бир гапни айтиб, дилида бошқа нарсани ният қилувчи одамларга татбиқ этиш мумкин.

24. БЕМАВРИД СЕМИРГАН ТУЛКИ

Бир куни қорни оч Тулки дарахт кавагида подачилар эҳтиёт шарт қўйиб кетган нон билан гўштни кўриб қолди. Шу заҳоти кавакка кириб олиб ҳамма егуликни еб тугатди. Кейин ташқарига чиқмоқчи бўлган эди, кўп овқат егани учун қорни дўмбира бўлиб шишиб кетганидан, қанча кучаниб ихрамасин, инграмасин, ҳеч кавак оғзига сиғмади. Шу маҳал бу ердан чопиб ўтиб кетаётган бошқа бир Тулки унинг оҳу ноласини эшитиб қолди ва яқин келиб кавакдаги Тулкидан ҳол-аҳвол сўради; нима бўлганини билгач, ҳамжинсига шундай деди: «Энди кавакка кираётганингдаги ҳолингга қайтгунингча шу ерда ўтирасан. Фақат шундагина кавакдан чиқа оласан».

Бу масалдан хулоса шуки, қийин вазиятлар ҳам фурсати келганда ўзидан-ўзи енгиллашиши мумкин.

25. КЎКТОРҒОҚ

Кўкторғоқ — хилват жойларни ёқтирадиган қуш, шу сабабли у ҳамиша денгизда яшайди. Айтишларича, у ўзини қуш овловчилардан олиб қочиш мақсадида уясини соҳилдаги қоя  тошлар устига қўяр экан. Мана, унинг тухум қўйиб бола очадиган пайти келибди; у денгиз узра туртиб чиқиб турган бир қояни танлаб, ўшанинг устига ин қурибди. Лекин кунларнинг бирида у овқат излаб учиб кетганида, кўтарилган кучли шамолдан денгиз қаттиқ тўлқинланиб, Кўкторғоқнинг инигача кўтарилибди ва уни ювиб юборибди; ҳамма полапонлар сувга чўкиб нобуд бўлибди. Кўкторғоқ инига қайтиб келиб юз берган фалокатни кўрибди ва дебди: «Шўргинам қурсин! Мен қуруқликдаги хатардан қўрқиб, денгиздан паноҳ излагандим, аммо денгиз янада қабиҳроқ, маккорроқ бўлиб чиқди».

Одамлар ҳам шундай, душмани таъқибидан қочиб қутулиш учун, билмасдан, ичиқора, бадният дўстларидан паноҳ излайдилар.

28. АЛДАМЧИ

Бир камбағал одам касал бўлиб қолди. У кун сайин дарди оғирлашаётганини сезиб, агар тангрилар дардимга шифо берсалар, уларга ҳекатомба*  қурбонлик қилган бўлардим, деб қасам ичди. Тангрилар бу одамни синаб кўрмоқчи бўлдилар ва дардини енгиллаштирдилар. Камбағал соғайиб оёққа турди ва қурбонлик қилиш учун биронта ҳам буқаси бўлмагани сабабли, чўчқа ёғидан юзта буқанинг ҳайкалчаларини ясади- да, уларни қурбонгоҳда куйдираркан, деди: «Ё тангрилар, қилган қурбонлигимни қабул қилинглар!» Ана шунда тангрилар ҳам бу ёлғончини алдамоқчи бўлдилар ва у ухлаб ёгганида, тушида, агар денгиз бўйига борсанг, минг драхма пул топасан, дедилар. Севинчи ичига сиғмаган камбағал денгиз бўйига югуриб борди ва қароқчилар қўлига тушди. Кейин қароқчилар уни олиб кетиб, бошқа юртда қул қилиб сотдилар.

Бу масал қаллоб одамларни фош қилади.

* Ҳ е к а т о м б а — тангриларга аталган энг йирик қурбонлик; бу сўз «ютга буқа» деган маънони билдиради. Лекин одамлар, одатда, номига, биргина танани қурбонлик қилиш билан чекланадилар.

29. КЎМИРЧИ БИЛАН БЎЗЧИ

Кўмирчи бир уйда ижарага турарди. Бир куни у ўз таниши Бўзчини учратиб қолиб, унга: «Мен билан бирга турсанг-чи, — деб таклиф қилди, — бир-биримизга ҳамдам бўлардик, ижара ҳақи ҳам икки марга арзонлашарди». Лекин Бўзчи унга эътироз билдириб, деди: «Йўқ, ўртоқ, бундай қилолмайман: мен оқлаган бўзга сен қора юқтириб қўясан».

Бу масал номувофиқ  нарсаларнинг ҳеч ҳам ўзаро қовуша олмаслигини билдиради.

36. КЕМА ҲАЛОКАТИГА УЧРАГАН ОДАМ

Афиналик бир бадавлат одам кўпчилик йўловчилар билан денгизда сузиб борарди. Бир пайт қаттиқ тўфон кўтарилиб, кемани ағдариб юборди. Кемада бўлган барча йўловчилар жон сақлаб сувда суза бошладилар; фақат афиналик бой тангри Зевсга сиғиниб, унга бемисл ваъдалар қила бошлади. Шу пайт унинг ёнидан сузиб ўтаётган йўловчилардан бири: «Зевсдан мадад сўрашга сўра-ю, лекин ўзинг ҳам ҳаракат қилгин-да», деди.

Бизлар ҳам худоларга сиғинишга сиғинайлик, аммо ўзимиз ҳам ҳаракат қилайлик-да. Ҳаракатда баракат, деганлар ахир.

32. ҚОТИЛ

Бир одам қотиллик содир этди. У ўлдирган одамнинг қариндошлари уни таъқиб қила бошладилар. Қотил қочиб Нил дарёси бўйига келди, лекин бу ерда у бир бўрини учратиб, қўрққанидан шохлари дарё узра эгилган каттакон дарахтга тирмашиб чиқиб олди ва унинг қалин новдалари орасига яширинди. Қараса… шундоққина кўзи олдида каттакон бир илон тебраниб турганмиш. У илондан қочиб ўзини сувга отди; лекин сувда уни тимсоҳ пойлаб турган эди — шу заҳоти уни ютиб юборди.

Масал дейдики, жиноят қилиб гуноҳга ботган одам ерда ҳам, кўкда қам, сувда ҳам ўзига паноҳ топа олмайди.

33. МАҚГАНЧОҚ СПОРТЧИ

Бешкураш* мусобақасида қатнашувчи бир спортчини ҳамюртлари «қўрқоқ» деб мазах қилишади. Шунда у ўз шаҳридан бош олиб чиқиб кетади ва анча вақтдан кейин қайтиб келиб, бошқа шаҳарларда кўп ютуқларга эришганини, Родос шаҳрида эса, биронта ҳам олимпиада ғолиби сакрай олмаган масофага сакраб, ҳамманинг оғзини очириб қўйганини айтиб мақтанади; кейин: «Агар ўша сакраганимни кўрган одамлар бу ерга кела олишганда эди, гапимнинг ростлигини тасдиқлаган бўлишарди», дейди. Лекин спортчининг гапини эшитиб турганлардан бири унга дейди: «Тасаддуқ, агар гапинг рост бўлса, уни тасдиқлашга на ҳожат? Кел, яхшиси, сен бу ерни Родос деб ҳисоблагин-да, кўрсат ўша узоққа сакрашингни».

Масал дейдики, агар бирон ҳаракатни амалда исботлаш мумкин экан, уни ижро этиш ўрнига оғиз кўпиртириб мақтаниш шарт эмас.

* Б е ш к у р а ш — Юнонистонда гимнастик ўйинларнинг асосий мажмуаси ҳисобланган; унинг таркибига: югуриш, баландга сакраш, кураш, лаппак отиш ва найза отиш мусобақалари кирган.

34. ВАЪДАБОЗ ОДАМ

Бир ғариб одам касал бўлиб ётиб қолди ва ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Бора-бора шу аҳволга тушдики, ҳатто табиблар ҳам уни даволашдан бош товладилар; ана шунда Ғариб тангриларга ёлвориб, агар соғайиб кетса, улар учун ҳекатомба қурбонлик қилишга, яна кўп бойликларини тангриларга бахшида қилишга сўз берди. Шу ерда эрининг ваъдаларини эшитиб турган хотини ундан: «Вой, қайси пулингга қиласан бу қурбонлик ва эҳсонларни?» деб сўради. Эр хотинига: «Нима, менинг соғайиб кетишимдан мақсад фақат тангриларга қурбонлик қилишим экан-да, сенингча?» деди.

Масал дейдики, баъзи одамлар аслида бажаришни хаёлларига ҳам келтирмаган нарсаларни ижро этишга осонликча ваъда қилаверадилар.

36. МАККОР

Бир маккор одам, Делфадаги илоҳий башоратгоҳнинг ҳамма кароматлари ёлғон ва сохта; мен буни исботлайман, деб ўртоғи билан гаров ўйнабди. Кейин у бир чумчуқни тутиб олиб, эгнидаги ридоси енгига яширганча ибодатгоҳга кирибди-да, кароматгўй илоҳ қаршисида туриб сўрабди: «Қўлимдаги нарса нима — жонлими ё жонсизми?» Бундай саволдан мақсад: агар тангридан, «жонсиз», деган калом эшитилса, у тирик чумчуқни кўрсатмоқчи, борди-ю «жонли», деган ваҳий келса, чумчуқни ўлдириб, ўлигини кўрсатмоқчи эди. Вале тангри бу маккорнинг нопок ниятини фаҳмлаб шундай жавоб қилибди: «Бас қил муғамбирликни, нодон банда! Қўлингдаги нарсанинг жонли ё жонсиз бўлиши ўз ихтиёрингда- ку».

Бу масал, тангриларни алдаб бўлмайди, демоқчи.

37. СЎҚИР ОДАМ

Кўзи кўрмайдиган бир одам қўлига тутқазилган ҳар қандай жониворни пайпаслаб туриб, унинг қандай жонзот эканини аниқ айта оларди. Мана, бир куни унинг қўлига бўри боласини тутқазишди; сўқир уни пайпаслаб кўрди-да, сал ўйланиб туриб, деди: «Аниқ айтолмайман, балки бу бўрининг, тулкининг ё шу тоифадаги бошқа бир жониворнинг боласидир; лекин шуни яхши биламанки, буни қўй-қўзилар сурувига яқин йўлатмаганлари маъқул».

Масал, ичиқора одамнинг ёвуз эканлигини унинг сиртига қараб ҳам билиш мумкин, демоқчи.

40. ЮЛДУЗШУНОС

Бир юлдузшунос олим ҳар куни кечқурун уйидан чиқиб, осмондаги юлдузларни кузатарди. Мана, бир куни у шундай сайрга чиқиб, бутун хаёли осмондаги юлдузлар билан банд бўлган ҳолда йўл ёқалаб кетаверди ва бехосдан бир қудуққа тушиб кетди. Шу заҳоти у уввос солиб, одамларии ёрдамга чақира бошлади. Бу ердан ўтиб кетаётган бир киши олимнинг дод-войини эшитиб, қудуқбошига келди ва не ҳол юз берганини билиб, унга деди: «Сени қара-ю! Осмонда нималар бўлаётганини билмоқчи бўласан-у, ерда, оёғинг остида нималар борлигини кўрмайсан».

Бу масални ҳамма осонгина бажара оладиган энг оддий ишни ҳам уддалай олмайдиган, лекин оламшумул мўъжизалар ҳақида билағонлик қилиб, катта нутқлар сўзлайдиган одамларга нисбатан қўлласа бўлади.

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h36m07s_008_.png      Peshonasiga qul bo’lib tug’ilib, qullikda hayot kechirish yozilgan Ezop qadimgi Yunonistonda yashab ijod qilgan. U butun jahon masalnavislarining bobokaloni sifatida tarixda qoldi. Ezopning bundan uch ming yilcha burun yaratgan sodda va ajoyib masallari hozir, bizning davrimizda ham o’zining hayotiyligini yo’qotmagan, ular hanuzgacha odamzodga eng noyob va ibratli saboq bo’lib xizmat qilmoqdalar….

EZOP
MASALLAR
Ruschadan Q. Mirmuhamedov tarjimasi
055

Ashampoo_Snap_2016.09.11_13h47m17s_012_.jpg Ezop (mil. av. 6-asr) — yunon masalchisi. Rivoyatlarga qaraganda, Ezop frigiyalik qul bo’lib, so’ng ozod qilingan. Lidiya shohi Krez saroyida xizmatda bo’lgan, Del`fada o’ldirilgan. Antik davrda ma’lum bo’lgan deyarli barcha masallarning syujeti Ezopniki deb hisoblangan. Ular miloddan avvalgi 4-3 asrlardan boshlab to’plangan va «Ezop masallari» kitobiga kiritilgan. Milodiy 10-15-asrlardagi qo’lyozmalarda 300 dan ortiq shunday masal saqlanib qolgan.
Ezop masallari g’oyaviy jihatdan tushkunlik va umidsizlik ruhida yozilgan, personajlari (asosan, hayvonlar) o’ta shartli, voqealar ixcham bayon qilingan; tili sodda, jonli tilga yaqin. Ezop masallari syujeti Yevropa masalchiligi syujetining asosini tashkil etgan. Lotin masalchisi Fedr (1-asr) va yunon masalchisi Babriy (2-asr)dan tortib frantsuz J. Lafonten va rus Ivan Krilovgacha Ezop masallari syujetini davrga moslab ijodiy rivojlantirganlar.

055

1. BURGUT BILAN TULKI

Burgut bilan Tulki do’st tutinishdi va qo’shni bo’lib yashashga ahd qilishdi. Burgut azim daraxtning qir uchiga uya qurdi. Tulki esa, shu daraxt tagida, butalar orasida bolaladi. Oradan bir qancha vaqt o’tib, kunlarning birida Tulki ovga chiqdi. Shunda o’z polaponlarini nima bilan boqishni bilmay, ochiqib o’girgan Burgut pastga uchib tushib, butalar orasida yotgan tulkivachchalarii changaliga ilib uyasiga olib chiqdi-da, ularni o’z polaponlari bilan baham ko’rdi. Mana, Tulki iniga qaytib keldi, keldiyu bir qarashda ne hol yuz berganini fahmladi. U juda qattiq qayg’urdi — nafaqat bolalarining nobud bo’lganidan, balki qotildan qasos ololmasligidan ich-etini yeb iztirob chekdi, zero yerdagi hayvon osmondagi qushni tuta olmasligini u yaxshi bilar edi. Notavon va nochor hayvon nima ham qila olardi? G’animini faqat uzoqdan turib qarg’ashgagina kuchi yetardi uning. Biroq oradan ko’p ham vaqt o’tmay Burgug do’stlik ahdiga xiyonat qilgani uchun jazosini oldi. Bir odam dalada echki so’yib, xudolar yo’liga qurbonlik qildi; Burgut buni ko’rib, uchib keldi-da, kurbongohda laqqa cho’g’ bo’lib yonayotgan kalla-pochchalarni o’g’irlab uyasiga olib chiqib ketdi. Xuddi shu payt birdan qattiq shamol turib, nozik shox-shabbalardan qurilgan uya boyagi kalla-pochalar orasidagi cho’g’lardan «lov» etib alanga oldi. Hali uchishni o’rganmagan temirqanot, jish polaponlar kabob bo’lib yerga tushishdi; shunda Tulki yugurib kelib Burgutning ko’zi oldida uning polaponlarini yamlamay yutib yubordi.

Masaldan hissa shuki, do’stlikka xiyonat qilgan odam dili og’rigan do’stining qasosidan qutulib qolgan taqdirda ham xudolar qahridan qochib qutula olmagay.

2. BURGUT, ZOG’CHA VA CHO’PON

Bir Burgut baland qoya boshidan uchib tushib, yaylovda o’tlab yurgan qo’zichoqni changaliga ilib uchib ketdi. Buni ko’rgan Zog’cha Burgutga hasad qildi va u ham shunday ish tutmoqchi bo’ldi. Mana, u hammayoqni boshiga ko’targancha qag’illab, bir qo’chqorga tashlandi. Biroq uning tirnokdari Qo’chqorning qalin yungiga ilashib, nuqul qanot qoqib qag’illayverdi-yu, ammo uchib ketolmadi. Bu holni ko’rgan Cho’pon masala nimada ekanligini tushundi: yugurib kelib Zog’chani ushlab oldi-da, qanotlarini kesib, kechqurun bolalariga olib borib berdi. Bolalari: «Bu qanaqa qush?» deb so’rashdi. Cho’pon bo’lsa: «Men-ku buning Zog’cha ekanini bilaman, lekin u o’zini Burgut deb hisoblayotibdi-yov»,— dedi.

Iqtidorli odamlar bilan tenglashmoqchi bo’lganlar hech nimaga erisha olmaydilar, aksincha, ularning noshudligi boshqalarning kulgisini keltiradi.

3. BURGUT VA QO’NG’IZ

Burgut bir quyonning payiga tushdi. Jon saqlash uchun kimdan yordam so’rashini bilmagan quyon yo’lida ro’para kelgan yagona jonzotga — go’ng Ko’ng’iziga yolvordi. Qo’ng’iz unga dalda berdi va qarshisida paydo bo’lgan yirtqich qushga, mendan panoh izlab kelgan jonivorga tegma, deya iltijo qildi Burgut bu jinqarcha himoyachining gapiga parvo ham qilmay quyonni tutib yedi. Lekin Qo’ng’iz bu razilona tahqirni unutmadi: endi u kun-uzzukun Burgutning uyasini qidirib, har safar u tuxum qo’ygan paytda tuxumlarini dumalatib yerga tushirib sindiraverdi. Nihoyat, hech yerdan panoh topa olmagan Burgut oliy tangri Zevsga iltijo qilib, tuxum qo’yib bola ochishi uchun bexavotirroq joy ko’rsatishni so’radi. Zevs Burgutning bola ochishi uchun o’z qo’ynini ochib berdi. Buni ko’rgan Ko’ng’iz bir parcha go’ngni dumalatib soqqa qildi-da Zevs oldiga — arshi a’loga uchib chiqib, o’shal soqqani buzurg tangrining qo’yniga tashlab yubordi. Zevs qo’ynidagi go’ng parchasini qoqib yuborish uchun birdaniga o’rnidan turib ketdi va Burgutning tuxumlarini tushirib yubordi. Turgan gapki, barcha tuxumlar singan edi. Aytishlaricha, shu paytdan boshlab burgutlar qo’ng’izlar tuxumdan chiqqan chog’da uya qurmaydigan va tuxum ochmaydigan bo’lishganmish.

Masaldan hissa shuki, kichkinalarni mensimaslik yaxshi emas, zero o’zini tahqirlagandan o’ch olmoqchi bo’lgan jonivorni zaif deb bo’lmaydi. Axir aytganlar-ku: «O’zingni er bilsang, o’zgani sher bil», deb.

4. BULBUL VA QARCHIG’AY

Bulbul daraxt shoxiga qo’nib olib, o’z odati bo’yicha xonish qilardi. Uni qorni och bir Qarchig’ay ko’rib qoldi va «shuv» etib uchib kelib bechora qushchani changaliga oldi. Shunda kuni bitib, ajali yetgan Bulbul Qarchig’ayga yolvorib, dedi: «Jon aka, meni yemang, axir men zig’irdakkinaman — tishingizning kavagida yo’q bo’lib ketaman. Agar qorningiz ochgan bo’lsa, yaxshisi, yirikroq qushlarni tutib yeng». Lekin Qarchig’ay unga e’tiroz bildirib dedi: «Agar changalimdagi o’ljani tashlab, qorasiyam ko’rinmagan o’ljani qidiradigan bo’lsam, g’irt ahmoq bo’lgan bo’lardim».

Bu masal ahmoq odamlargina mavhum kattakon o’lja ilinjida o’z qo’liga tushirgan boylikdan voz kechadi, demoqchi. Axir aytganlar-ku: «Ertangi tovuqdan bugungi tuxum yaxshi», deb.

5. QARZDOR

Afinada bir odam boshqa bir odamdan qarz oladi. Mana, fursat yetib, qarz bergan odam, qarzni to’la, deb talab qila boshlaydi. Qarzdor avvaliga hozircha yonida puli yo’qligi sababli qarzni to’lash uchun yana bir oz muhlat so’raydi. Lekin iltimosi yerda qoladi. Shunda qarzdor odam bittayu bitta sigirini bozorga olib chiqib sotmoqchi bo’ladi va qarz bergan odamning ko’zi oldida sigirini xaridorlarga maqtay boshlaydi. Bir xaridor kelib undan: «Sigiring qisir emasmi?» deb so’raydi. «Yo’q, — deydi qarzdor, — har yili qish chillasida tanacha tug’ib beradi, hayit kunlariga borganda buqacha tug’adi». Xaridor bu gapni eshitib hayron qoladi. Shunda qarz bergan odam qarzdorning gapini ilib ketib, deydi: «Nega hayron bo’lyapsiz? Shoshmay turing, hali bu sigir ayyomi ajuzga* borib qo’zichoq ham tug’ib beradi».

Ha, shunday odamlar borki, ular o’z foydalarini ko’zlab, har qanday yolg’on-yashiq gaplarni qasam ichib tasdiqlashdan ham toymaydilar.

* A y yo m i a j u z (xalq tilida: ayamajuz) — qishning oxirgi haftasi.

6. YOVVOYI ECHKILAR VA CHO’PON

Bir cho’pon echkilarini har kuni yaylovga haydar va kechqurun ularni yana qo’rasiga qaytarib kelardi. Mana, u echkilarini qo’raga qaytargani o’tloqqa bordi. Qarasa, bir gala yovvoyi tog’ echkilari uning echkilari bilan o’tlab yurganmish. Cho’pon ularni ham o’z echkilariga qo’shib qo’raga haydab kiritibdi. Ertasi kuni havo aynib, jala quya boshlabdi, shu bois u jonivorlarni qo’radan chiqarmay, shu yerda boqa boshlabdi. Qizig’i shundaki, u o’zining echkilariga nomiga bir siqim-bir siqimdan xashak solsa, begona echkilar oldiga, ularni qo’lga o’rgatish niyatida, pichan va yemni uyib tashlabdi. Lekin ertasi kuni havo yurishib ketib, u barcha echkilarni o’tloqqa haydab chiqqanida, yovvoyi echkilar tog’ tomon shataloq otib chopib ketibdilar. Bu holni ko’rgan cho’pon ta’na qilib, ularga debdi: «Eh noshukur maxluqlar, axir men sizlarni yaxshilab boqdim, parvarish qildim-ku, nega mendan qochib ketyapsizlar?» Shunda yovvoyi echkilar orqalariga o’girilib cho’ponga debdilar: «Biz senikiga kechagina kelgandik, sen bizni o’zingning qadrdon echkilaringdan afzal ko’rib rosa siylading. Bundan chiqadiki, agar senikiga yana yangi echkilar kelgudek bo’lsa, bizni nazardan qoldirib, ularni e’zozlar ekansan-da? Mana shuning uchun ham o’zimizni sendan ehtiyot qilmoqdamiz».

Masal deydiki, o’ziga yangi do’st orttirganida eski qadrdon do’stlarini mensimay qo’yadigan odam bilan do’st tutinmaslik kerak, zero unday odam har gal yangi do’st topganida eskilaridan yuz o’giraveradi.

7. MUSHUK VA TOVUQLAR

Bir Mushuk tovuqxonadagi tovuqlarning kasal ekanligini eshitib qoldi. U darhol egniga tabib libosini kiyib qo’liga muolaja ashyolarini oldi-da, tovuqxona eshigi oldiga keldi va tovuqlardan, ahvolinglar qalay, deb so’radi «Ahvolimiz yaxshi! — deb javob qilishdi tovuqlar. — Lekin sen bu yerdan qorangni o’chirsang yanayam yaxshi bo’lardi».

Ha, donishmand kishilar o’zini yaxshi xulq sohibi qilib ko’rsatuvchi badniyat shaxslarni bir qarashdayoq tanib oladilar.

9. TULKI BILAN TAKA

Bir Tulki bexosdan kuduqqa tushib ketdi va u yerdan chiqolmay, noiloj hap o’tiraverdi. Shu payt quduq boshiga chanqagan bir Taka keldi; u quduq ichida turgan Tulkini ko’rib, undan, «Suv qalay ekan, muzdaymi?» deb so’radi. Ayyor Tulki suvni og’iz ko’pirtirib maqtay ketdi va uni ham quduq ichiga taklif qildi. Chanqog’ini qondirishdan o’zga narsani o’ylamagan Taka quduqqa sakrab tushdi va miriqib suv ichdi Ana shundan keyingina bu yerdan qanday qugulib chiqish haqida Tulki bilan maslahatlasha boshladi. Tulki: «Menda ajoyib bir fikr paydo bo’ldi, agar uni amalga oshirsak, ikkalamiz ham bu yerdan eson-omon qutulib chiqib ketamiz, — dedi.

— Bunday qilamiz: sen oldingi oyoqlaringni ko’tarib devorga tiraysan va shoxlaringni egib turasan. Men sening yelkangdan tirmashib yuqoriga chiqaman; keyin seni ham tortib olaman». Tulkining bu taklifini ham Taka o’ylab-netib o’tirmay qabul qildi; Tulki Takaning dumg’azasiga, keyin yelkasiga chiqib, orqa oyoqlarini uning shoxlariga tiradi-da, old oyoqlari bilan quduq og’ziga tirmashib, bir irg’ishda yuqoriga chiqib oldi va orqasiga qayrilib ham qaramay, o’z yo’lida ketaverdi. Taka lafzida turmagan Tulkini bo’ralab so’ka boshladi, Tulki esa orqasiga o’girilib dedi: «Voy ovsar-ye! Agar miyangda soqolingning tukichalik aql bo’lganida, quduqqa tushishdan oldin u yerdan qanday chiqishni o’ylagan bo’larding».

Shuningdek, aqli raso odam ham bir ishni boshlashdan oldin uning oqibati qanday tutashi haqida o’ylab ko’rishi kerak.

10. TULKI VA SHER

Tulki hech qachon Sherni ko’rmagan edi. Bir kuni u tasodifan unga ro’para kelib qoldi va ko’rib shunaqangi qo’rqib ketdiki, yuragi o’ynab, sal bo’lmasa o’layozdi; u Sherni ikkinchi marta ko’rganida ham ancha vahimaga tushdi-yu, birinchi galdagichalik qattiq qo’rqmadi; mana, Tulki Sherni uchinchi marta uchratdi va endi o’zini dadil tutib, u bilan suhbatlashishga ham jur’at etdi.

Masal demoqchiki, eng qo’rqinchli narsaga ham bora-bora ko’nikish mumkin.

11. BALIQCHI

Bir baliqchi qamish nay chalishda beqiyos usta edi. Bir kuni u shu nayini va baliq tutadigan yoyma to’rini olib dengiz bo’yiga bordi-da, qoya ustiga chiqib olib nay chala boshladi — baliqlar nayim navosiga mast bo’lib suvdan sakrab-sakrab chiqishadi, deb o’ylagan edi u. Lekin qancha ter to’kib nay chalmasin, baliqlardan darak bo’lmadi. Shunda u nayni bir chetga qo’yib, yoyma to’rini suvga tashladi va bir zumda ancha-muncha turfa toifa balikdarni suvdan tortib chiqardi. U to’rdagi baliqlarni qirg’oqqa ag’dargan edi, ular jonholatda pitirlashib dik-dik sakray boshladilar. Buni ko’rgan baliqchi dedi: «Obbo yaramas maxluqlar-ye, ataylab sizlar uchun nay chalganimda o’ynamovdinglar, endi bo’lsa nay chalmaganimda raqs tushib yotibsizlar».

Bu masal hayotda butun qilmishi telba-teskari bo’lgan odamlarga qaratilgan.

12. TULKI BILAN QOPLON

Tulki bilan Qoplon, qay birimiz go’zalroqmiz, deb tortisha boshlashdi. Qoplon o’z terisining naqadar bejirim ekanligi haqida rosa maqtandi; shunda Tulki unga javoban dedi: «To’g’ri, mening vujudim senikichalik bejirim emas, lekin aqplu zakovatim benazirdirki, shu bois yuz chandon go’zalroqman sendan!»

Bu bilan masal aqlning teranligi jismning ko’rkamligidan afzal ekanligini bildiradi.

13. BALIQCHILAR

Bir jamoa baliqchilar suvga tashlagan to’rlarini torta boshlabdilar; to’r juda og’ir emish. Buni ko’rgan baliqchilar, ovimiz baroridan keldi, deb o’ylashib, qo’shiq ayta, o’yin tusha boshlashibdi. Lekin to’rni tortib chiqarishgandan keyin qarashsa, unga baliq emas, toshlar va suv o’tlari ilashgan ekan. Baliqchilar qatgiq kuyuna boshlashibdi; ular nafaqat ovlari yurmaganidan, balki umidlari puchga chiqqanidan xafa bo’lishibdi. Bu baliqchilar jamoasida bir keksa odam bor ekan, pgu odam ularga debdi: «Qayg’uni bas qiling, birodarlar: bilishimcha, quvonch bilan qayg’u — aka-uka, binobarin, biz qancha quvongan bo’lsak, shuncha qayg’urishimiz ham kerak».

Shu singari, bizlar ham hayotning o’zgaruvchan ekanligini unutmasligimiz va basharti biron yutuqqa erishgudek bo’lsak, endi umrbod saodat bizni tark etmaydi, deb o’zimizni o’zimiz aldamasligimiz lozim. Axir aytganlar-ku: «Har tongning bir shomi bo’ladi», deb.

14. TULKI BILAN MAYMUN

Yo’lda hamroh bo’lib ketayotgan Tulki bilan Maymun, qay birimiz mashhurroqmiz, deb bahslasha boshlashibdi. Unisi ham, bunisi ham rosa og’iz ko’pirtirib maqtanibdi. Shu mahal ular bir qabriston yonidan o’ta boshlashibdi. Maymun u yerdagi sag’analarga ko’z tashlab, og’ir-og’ir xo’rsina boshlabdi. «Ha, nima bo’ldi, nega xo’rsinyapsan?» — deb so’rabdi undan Tulki; shunda Maymun qabrtoshlarini ko’rsatib: «Nega xo’rsinmay! — debdi. — Axir mana shu qabr toshlari tagiga ota-bobolarimning kullari dafn etilgan». Tulki unga javoban debdi: «Ha, maqtan-a, maqtan! Axir bu mayitlarning birontasi ham qayta tirilib seni yolg’onchiga chiqara olmaydi-da».

Odamlar orasida ham shunday yolg’onchilar topiladiki, ular sirlarini fosh qiladigan kishi yo’q paytida maqtanishadi. Shuning uchun ham, maqtanishga musofir yurt yaxshi, deb bekorga aytishmagan.

15. TULKI VA UZUM

Qorni och Tulki bir bog’ yonidan o’tib keta turib, uzumlari shovul bo’lib osilib turgan tokni ko’rdi; ko’rdiyu uzumini yemoqchi bo’ldi. Lekin qancha urinsa, qancha sakrasa ham uzumga bo’yi yetmadi. Shunda hafsalasi pir bo’lib nari ketarkan, o’ziga o’zi dedi: «Hali xom — yeb bo’lmaydi».

Odamlar ichida ham ba’zi birovlar borki, jazm qilgan ishlarini uddalay olmasalar vaziyatni, sharoitni bahona qilib ko’rsatadilar.

16. MUSHUK BILAN XO’ROZ

Mushuk bir Xo’rozni tutib oldi va chiroyli bahona ishlatib, uni yemoqchi bo’ldi. Avvaliga uni, kechalari bemahalda qichqirib odamlarni bezovta qilasan, ularni uxlagani qo’ymaysan, deb koyidi. Lekin Xo’roz bu ta’naga javoban: «Axir men aynan o’sha odamlarning foydasini ko’zlab qichqiraman-ku, ularni uyg’otib, ishga borishga undayman», dedi. Shunda topgan bahonasi o’tmagan Mushuk: «Ammo sen gunohga botgan murtadsan: tabiat qonuniga rioya qilmay, onangniyam, opa- singillaringniyam patira-putir bosaverasan», deb Xo’rozga yana ayb Qo’ydi. Xo’roz bo’lsa: «Men bu ishni ham odamlarning manfaatini ko’zlab qilaman — shunday qilsam tovuqlar ko’proq tuxum tug’ib berishadi», dedi. Bu javobdan esankirab gap topolmay qolgan Mushuk Xo’rozga o’shqirib berdi — Nima «ali» desam, «bali» deb mendan qochib qutulmoqchimisan? Ovora bo’lasan!

Masal demoqchiki, niyati buzuq odam biron yovuz ishga jazm qildimi, xoh qandaydir «olijanob» vajni bahona qilib, xoh dangal ochiqchasiga ish ko’rib, ko’zlagan shum niyatini amalga oshirmay qo’ymaydi.

17. DUMSIZ TULKI

Tulki bir tuzoqqa tushib dumidan ayrilib qoldi-yu bunday sharmanda bo’lib yashashdan istihola qildi. Shunda u ayyorlik qilib, hamma tulkilarni o’z dumlarini kesib tashlashga undamoqchi bo’ldi: ko’p qatori bo’lsam aybim sezilmaydi deb o’ylagan-da. Mana, u butun tulki qavmini yig’ib: «Kelinglar, birodarlar, dumlarimizni kesib tashlaylik Sababki birinchidan, qomatimizni buzadi; ikkinchidan, u biz uchup ortiqcha yuk», dedi. Bu va’zni eshitgan tulkilardan biri dedi: «Seni qara-yu! Agar o’z foydangni ko’zlamaganingda bizlarga bunday maslahat bermagan bo’larding».

Bu masal o’z yaqin xeshlariga chin dildan emas, balki o’z shaxsiy manfaatini ko’zlab maslahat beruvchi odamlarga qaratilgan.

18. BALIQCHI BILAN BALIQCHA

Baliqchi suvga tashlagan to’rini tortgan ekan, unga bitga kichkina baliq ilinibdi. Sho’rlik Baliqcha tilga kirib Baliqchiga yolvora boshlabdi: «Ey saxovatli Baliqchi, sen hozir meni qo’yib yubor — hali juda kichkinaman, keyinroq o’sib katta bo’lganimda tutsang, o’zingga foyda bo’ladi» Lekin Baliqchi unga javoban debdi: «Qo’limga ilinib turgan o’ljani tashlab, yo’q yerdagi narsaga umid bog’laydigan ahmoq emasman'»

Bu masal, kelajakdagi katga foydadan, kichkina bo’lsa ham qo’lga kirib turgan o’lja afzal, deb saboq beradi. Axir aytganlar-ku, uzoqdagi quyruqdan yaqindagi o’pka yaxshi, deb.

19. TULKI VA TIKANLI BUTA

Tulki devorga chiqmoqchi bo’ldi va yiqilib ketmaslik uchui tikanli Butadan ushladi. Butaning o’tkir tikanlari uning badanini tilib og’ritdi, shunda Tulki Butaga malomat qilib, dedi: «Axir men sendan yordam tilab qo’l cho’zgan edim-ku, sen bo’lsang yordam ko’rsatish o’rniga badanimni tilka- pora qilding». Buta unga e’tiroz bildirdi: «Sen, tasadduq, menga yopishib xato qilding, sababki, men o’zim o’tgangayam, ketgangayam yopishishga odatlanganman».

Ha, odamlar orasida ham kasbi faqat ziyon yetkazish bo’lgan badniyat kishilardan yordam so’raydigan nodonlar topiladi.

21. BALIQCHILAR

Baliqchilar jamoa bo’lib baliq ovlagani dengizga chiqishdi, lekin qancha urinishmasin, qancha kutishmasin, qarmoqlariga bironta ham baliq ilinmadi. Ular qayiqda kayfiyatlari buzilib o’tirisharkan, shu yerdan suzib o’tayotib nimadandir cho’chib ketgan Tunes* bir sakrab baliqchilar qayig’iga tushdi. Baliqchilar uni bozorga olib borib pulladilar.

Shunaqa, hunar va kasb bilan erishib bo’lmagan ishni ko’pincha tasodif amalga oshiradi.

* T u n ye s — yirik yirtqich dengiz balig’i.

22. TULKI VA DARAXT KESUVCHI

Ovchilar ta’qibidan qochib kelayotgan Tulki o’rmonda bir daraxt kesuvchiga ro’para keladi va unga, «Meni yashir», deb iltijo qiladi. Daraxt kesuvchi unga, «Bor, kulbamga kirib berkinaqol», deydi. Bir ozdan so’ng bu yerga ovchilar yetib kelishadi va daraxt kesuvchidan: «Ko’rmadingmi, shu yerdan bir Tulki yugurib o’tmadimi?» deb so’raydilar. Daraxt kesuvchi baland ovoz bilan: «Ko’rmadim», deb aytadi, ammo ayni paytda Tulkining qaerga berkinganini qo’li bilan ko’rsata boshlaydi. Lekin ovchilar uning ishorasini tushunishmaydi; qisqasi, ovchilar uning gapiga ishonishib, jo’nab ketishadi. Nihoyat, Tulki ovchilarning ot choptirib ketishganini eshitib kulbadan chiqadi va churq etmay keta boshlaydi. Bu holni ko’rgan daraxt kesuvchi unga: «Hoy, noshukur jonzot, axir men seni o’limdan qutqarib qoldim- ku! Sen bo’lsang menga rahmat ham aytmay, juftakni rostlab qolyapsan-a!» deb malomat qiladi. Unga javoban Tulki deydi: «Rahmat aytardim, agar aytgan so’zing bilan imo-ishorang bir- biriga mos bo’lganida».

Bu masalni tili bilan bir gapni aytib, qo’li bilan mutlaqo teskari ishni qiluvchi odamlarga nisbatan qo’llasa bo’ladi.

23. XO’ROZLAR VA KAKLIK

Bir odam bozordan qo’lga o’rgatilgan Kaklik sotib olib, uni uyidagi Xo’rozlari orasiga qo’yib yuboradi. Lekin Xo’rozlar uni tepkilay, cho’qiy boshlaydilar. Shunda Kaklik qattiq xafa bo’lib, o’ziga o’zi deydi: «Xo’rozlar meni yoqtirishmayapti, chunki ularning qavmidan emasman-da». Ammo sal vaqtdan keyin Xo’rozlar bir-birlarini ayamay, o’zaro qonli jang qila boshlaydilar. Buni ko’rgan Kaklik o’ziga taskin berib deydi: «Yo’q, Xo’rozlar meni cho’qilashdi, deb nolimayman endi, qarasam, ular o’zlarini ham ayamas ekanlar».

Bu masalni tili bilan bir gapni aytib, dilida boshqa narsani niyat qiluvchi odamlarga tatbiq etish mumkin.

24. BEMAVRID SEMIRGAN TULKI

Bir kuni qorni och Tulki daraxt kavagida podachilar ehtiyot shart qo’yib ketgan non bilan go’shtni ko’rib qoldi. Shu zahoti kavakka kirib olib hamma yegulikni yeb tugatdi. Keyin tashqariga chiqmoqchi bo’lgan edi, ko’p ovqat yegani uchun qorni do’mbira bo’lib shishib ketganidan, qancha kuchanib ixramasin, ingramasin, hech kavak og’ziga sig’madi. Shu mahal bu yerdan chopib o’tib ketayotgan boshqa bir Tulki uning ohu nolasini eshitib qoldi va yaqin kelib kavakdagi Tulkidan hol-ahvol so’radi; nima bo’lganini bilgach, hamjinsiga shunday dedi: «Endi kavakka kirayotganingdagi holingga qaytguningcha shu yerda o’tirasan. Faqat shundagina kavakdan chiqa olasan».

Bu masaldan xulosa shuki, qiyin vaziyatlar ham fursati kelganda o’zidan-o’zi yengillashishi mumkin.

25. KO’KTORG’OQ

Ko’ktorg’oq — xilvat joylarni yoqtiradigan qush, shu sababli u hamisha dengizda yashaydi. Aytishlaricha, u o’zini qush ovlovchilardan olib qochish maqsadida uyasini sohildagi qoya toshlar ustiga qo’yar ekan. Mana, uning tuxum qo’yib bola ochadigan payti kelibdi; u dengiz uzra turtib chiqib turgan bir qoyani tanlab, o’shaning ustiga in quribdi. Lekin kunlarning birida u ovqat izlab uchib ketganida, ko’tarilgan kuchli shamoldan dengiz qattiq to’lqinlanib, Ko’ktorg’oqning inigacha ko’tarilibdi va uni yuvib yuboribdi; hamma polaponlar suvga cho’kib nobud bo’libdi. Ko’ktorg’oq iniga qaytib kelib yuz bergan falokatni ko’ribdi va debdi: «Sho’rginam qursin! Men quruqlikdagi xatardan qo’rqib, dengizdan panoh izlagandim, ammo dengiz yanada qabihroq, makkorroq bo’lib chiqdi».

Odamlar ham shunday, dushmani ta’qibidan qochib qutulish uchun, bilmasdan, ichiqora, badniyat do’stlaridan panoh izlaydilar.

28. ALDAMCHI

Bir kambag’al odam kasal bo’lib qoldi. U kun sayin dardi og’irlashayotganini sezib, agar tangrilar dardimga shifo bersalar, ularga hekatomba* qurbonlik qilgan bo’lardim, deb qasam ichdi. Tangrilar bu odamni sinab ko’rmoqchi bo’ldilar va dardini yengillashtirdilar. Kambag’al sog’ayib oyoqqa turdi va qurbonlik qilish uchun bironta ham buqasi bo’lmagani sababli, cho’chqa yog’idan yuzta buqaning haykalchalarini yasadi- da, ularni qurbongohda kuydirarkan, dedi: «YO tangrilar, qilgan qurbonligimni qabul qilinglar!» Ana shunda tangrilar ham bu yolg’onchini aldamoqchi bo’ldilar va u uxlab yogganida, tushida, agar dengiz bo’yiga borsang, ming draxma pul topasan, dedilar. Sevinchi ichiga sig’magan kambag’al dengiz bo’yiga yugurib bordi va qaroqchilar qo’liga tushdi. Keyin qaroqchilar uni olib ketib, boshqa yurtda qul qilib sotdilar.

Bu masal qallob odamlarni fosh qiladi.

* H ye k a t o m b a — tangrilarga atalgan eng yirik qurbonlik; bu so’z «yutga buqa» degan ma’noni bildiradi. Lekin odamlar, odatda, nomiga, birgina tanani qurbonlik qilish bilan cheklanadilar.

29. KO’MIRCHI BILAN BO’ZCHI

Ko’mirchi bir uyda ijaraga turardi. Bir kuni u o’z tanishi Bo’zchini uchratib qolib, unga: «Men bilan birga tursang-chi, — deb taklif qildi, — bir-birimizga hamdam bo’lardik, ijara haqi ham ikki marga arzonlashardi». Lekin Bo’zchi unga e’tiroz bildirib, dedi: «Yo’q, o’rtoq, bunday qilolmayman: men oqlagan bo’zga sen qora yuqtirib qo’yasan».

Bu masal nomuvofiq narsalarning hech ham o’zaro qovusha olmasligini bildiradi.

36. KEMA HALOKATIGA UCHRAGAN ODAM

Afinalik bir badavlat odam ko’pchilik yo’lovchilar bilan dengizda suzib borardi. Bir payt qattiq to’fon ko’tarilib, kemani ag’darib yubordi. Kemada bo’lgan barcha yo’lovchilar jon saqlab suvda suza boshladilar; faqat afinalik boy tangri Zevsga sig’inib, unga bemisl va’dalar qila boshladi. Shu payt uning yonidan suzib o’tayotgan yo’lovchilardan biri: «Zevsdan madad so’rashga so’ra-yu, lekin o’zing ham harakat qilgin-da», dedi.

Bizlar ham xudolarga sig’inishga sig’inaylik, ammo o’zimiz ham harakat qilaylik-da. Harakatda barakat, deganlar axir.

32. QOTIL

Bir odam qotillik sodir etdi. U o’ldirgan odamning qarindoshlari uni ta’qib qila boshladilar. Qotil qochib Nil daryosi bo’yiga keldi, lekin bu yerda u bir bo’rini uchratib, qo’rqqanidan shoxlari daryo uzra egilgan kattakon daraxtga tirmashib chiqib oldi va uning qalin novdalari orasiga yashirindi. Qarasa… shundoqqina ko’zi oldida kattakon bir ilon tebranib turganmish. U ilondan qochib o’zini suvga otdi; lekin suvda uni timsoh poylab turgan edi — shu zahoti uni yutib yubordi.

Masal deydiki, jinoyat qilib gunohga botgan odam yerda ham, ko’kda qam, suvda ham o’ziga panoh topa olmaydi.

33. MAQGANCHOQ SPORTCHI

Beshkurash* musobaqasida qatnashuvchi bir sportchini hamyurtlari «qo’rqoq» deb mazax qilishadi. Shunda u o’z shahridan bosh olib chiqib ketadi va ancha vaqtdan keyin qaytib kelib, boshqa shaharlarda ko’p yutuqlarga erishganini, Rodos shahrida esa, bironta ham olimpiada g’olibi sakray olmagan masofaga sakrab, hammaning og’zini ochirib qo’yganini aytib maqtanadi; keyin: «Agar o’sha sakraganimni ko’rgan odamlar bu yerga kela olishganda edi, gapimning rostligini tasdiqlagan bo’lishardi», deydi. Lekin sportchining gapini eshitib turganlardan biri unga deydi: «Tasadduq, agar gaping rost bo’lsa, uni tasdiqlashga na hojat? Kel, yaxshisi, sen bu yerni Rodos deb hisoblagin-da, ko’rsat o’sha uzoqqa sakrashingni».

Masal deydiki, agar biron harakatni amalda isbotlash mumkin ekan, uni ijro etish o’rniga og’iz ko’pirtirib maqtanish shart emas.

* B ye sh k u r a sh — Yunonistonda gimnastik o’yinlarning asosiy majmuasi hisoblangan; uning tarkibiga: yugurish, balandga sakrash, kurash, lappak otish va nayza otish musobaqalari kirgan.

34. VA’DABOZ ODAM

Bir g’arib odam kasal bo’lib yotib qoldi va o’zini juda yomon his qila boshladi. Bora-bora shu ahvolga tushdiki, hatto tabiblar ham uni davolashdan bosh tovladilar; ana shunda G’arib tangrilarga yolvorib, agar sog’ayib ketsa, ular uchun hekatomba qurbonlik qilishga, yana ko’p boyliklarini tangrilarga baxshida qilishga so’z berdi. Shu yerda erining va’dalarini eshitib turgan xotini undan: «Voy, qaysi pulingga qilasan bu qurbonlik va ehsonlarni?» deb so’radi. Er xotiniga: «Nima, mening sog’ayib ketishimdan maqsad faqat tangrilarga qurbonlik qilishim ekan-da, seningcha?» dedi.

Masal deydiki, ba’zi odamlar aslida bajarishni xayollariga ham keltirmagan narsalarni ijro etishga osonlikcha va’da qilaveradilar.

36. MAKKOR

Bir makkor odam, Delfadagi ilohiy bashoratgohning hamma karomatlari yolg’on va soxta; men buni isbotlayman, deb o’rtog’i bilan garov o’ynabdi. Keyin u bir chumchuqni tutib olib, egnidagi ridosi yengiga yashirgancha ibodatgohga kiribdi-da, karomatgo’y iloh qarshisida turib so’rabdi: «Qo’limdagi narsa nima — jonlimi yo jonsizmi?» Bunday savoldan maqsad: agar tangridan, «jonsiz», degan kalom eshitilsa, u tirik chumchuqni ko’rsatmoqchi, bordi-yu «jonli», degan vahiy kelsa, chumchuqni o’ldirib, o’ligini ko’rsatmoqchi edi. Vale tangri bu makkorning nopok niyatini fahmlab shunday javob qilibdi: «Bas qil mug’ambirlikni, nodon banda! Qo’lingdagi narsaning jonli yo jonsiz bo’lishi o’z ixtiyoringda- ku».

Bu masal, tangrilarni aldab bo’lmaydi, demoqchi.

37. SO’QIR ODAM

Ko’zi ko’rmaydigan bir odam qo’liga tutqazilgan har qanday jonivorni paypaslab turib, uning qanday jonzot ekanini aniq ayta olardi. Mana, bir kuni uning qo’liga bo’ri bolasini tutqazishdi; so’qir uni paypaslab ko’rdi-da, sal o’ylanib turib, dedi: «Aniq aytolmayman, balki bu bo’rining, tulkining yo shu toifadagi boshqa bir jonivorning bolasidir; lekin shuni yaxshi bilamanki, buni qo’y-qo’zilar suruviga yaqin yo’latmaganlari ma’qul».

Masal, ichiqora odamning yovuz ekanligini uning sirtiga qarab ham bilish mumkin, demoqchi.

40. YULDUZSHUNOS

Bir yulduzshunos olim har kuni kechqurun uyidan chiqib, osmondagi yulduzlarni kuzatardi. Mana, bir kuni u shunday sayrga chiqib, butun xayoli osmondagi yulduzlar bilan band bo’lgan holda yo’l yoqalab ketaverdi va bexosdan bir quduqqa tushib ketdi. Shu zahoti u uvvos solib, odamlarii yordamga chaqira boshladi. Bu yerdan o’tib ketayotgan bir kishi olimning dod-voyini eshitib, quduqboshiga keldi va ne hol yuz berganini bilib, unga dedi: «Seni qara-yu! Osmonda nimalar bo’layotganini bilmoqchi bo’lasan-u, yerda, oyog’ing ostida nimalar borligini ko’rmaysan».

Bu masalni hamma osongina bajara oladigan eng oddiy ishni ham uddalay olmaydigan, lekin olamshumul mo»jizalar haqida bilag’onlik qilib, katta nutqlar so’zlaydigan odamlarga nisbatan qo’llasa bo’ladi.

002

(Tashriflar: umumiy 8 422, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ezopning Chumoli va chigirtka haqida yozgan masali kerak edi. Oldindan rahmat!

Izoh qoldiring