Fozil Iskandar. Yurak

016   “Мен рус ёзувчисиман, аммо Абхазия куйчисиман”, дея таъкидлаган эди Фозил Искандар. Рус тилида ижод қилган Чингиз Айтматов асарларида у мансуб қирғиз халқининг ҳаёти ва миллий ўзига хослиги ёрқин акс этганидек (“Оқ кема ”, “Алвидо, Гупсари”, “Момо-Ер”, “Асрга татигулик кун” ва 6.), Фозил Искандар асарларида ҳам абхаз халқининг ҳаёти ва миллий руҳияти кенг эпик миқёсларда ва гўзал шакпларда тараннум этилади.

ҲАМ ФОЗИЛ, ҲАМ ИСКАНДАР
Таржимондан
04

Инсоннинг, айниқса, ёзувчининг исми жисмига ҳамиша ҳам мос келавермайди. Жаҳон шеъриятининг беназир шери, мард паҳлавони Алишер Навоий билан жаҳон насрининг беқиёс шери, тенгсиз паҳлавони Лев Толстойнинг исми шер билан боғлиқлиги бежиз эмас, албатта. Буларнинг ҳар иккиси ғоят фавқулодда ҳодиса, истисно ҳол, Худонинг қудрати…

Рус тилида ижод қилувчи абхаз шоири ва адиби Фозил Искандар ҳам жаҳон адабиётидаги ўзига хос ҳодисалардан бири ҳисобланади.

054Фозил Искандар 1929 йил 6 мартда Абхазиянинг Сухуми шаҳрида туғилган. Унинг асли эронлик (турк) отаси Сухуми шаҳридаги ғишт заводининг эгаси бўлган. У 1938 йилда собиқ иттифоқдан Эронга бадарға қилинган. Бўлажак адиб онасининг қариндошлари қўлида тарбияланган. Ўрта мактабни битиргач, Москвадаги Кутубхоначилик институтига ўқишга кирган. 1951 йилда таҳсилини Горький номидаги Адабиёт институтига кўчириб, уни 1954 йилда битирган. Адибнинг “Горные тропы (“Тоғдаги сўқмоқлар”) номли илк шеърий тўплами 1957 йилда Сухумида нашр этилган. Илк насрий асари — “Хўроз”ҳикояси 1962 йилда “Юность” (“Ёшлик”) журналида эълон қилинган. 1966 йилда машҳур “Новый мир” (“Янги дунё”) журналида эълон қилинган “Дурагай серканинг довруғи” ҳажвий қиссаси билан жаҳонга танила бошлаган. Шундан кейин ёзилган “Қуёнлар ва бўғма илонлар” фалсафий эртаги (1987), “Чегемлик Сандро» эпопеяси (1989), “Инсон ва унинг тевараги», “Шоир”, “Мактаб рақси ёхуд номус кучи”, “Инсон қўрғони”, “О, Марат!” каби бир қатор роман, қисса ва ҳикоялари жаҳон китобхонларида улкан қизиқиш уйғотган. Фозил Искандар сазовор бўлган мукофотлар рўйхатиёқ унинг беқиёс довруғидан яққол далолат бера олади. У собиқ иттифоқ давлат мукофоти (1989), Пушкин мукофоти (1993), Россия Федерациясининг давлат мукофоти (1994), “Триумф”(“Муваффақият”) мукофоти (1999), Абхазиянинг адабиёт соҳасига бериладиган Д. Гулиа номидаги давлат мукофоти (2002), Россия Фанлар Академиясининг рус маданияти тараққиётига қўшилган беқиёс ҳисса учун бериладиган “XX аср рус адабиётининг шоҳ асарлари” хотира нишони (2003), Россия Федерацияси ҳукуматининг махсус мукофоти (2011) билан тақдирланган.

Фозил Искандарнинг, айниқса, Чик туркумидаги ва бошқа, жами икки юзга яқин ҳикоялари, адиб сценарийлари асосида суратга олинган “Время счастливых находок” (“Ажойиб топилдиқлар палласи”, 1969-1970), “Чегемский детектив” (“Чегем детективи”, 1986) ва бошқа бадиий фильмлар машҳур. 2004 йилда Фозил Искандар асарларининг ўн жилдлиги рус тилида нашр этилган.

“Мен рус ёзувчисиман, аммо Абхазия куйчисиман”, дея таъкидлаган эди Фозил Искандар. Рус тилида ижод қилган Чингиз Айтматов асарларида у мансуб қирғиз халқининг ҳаёти ва миллий ўзига хослиги ёрқин акс этганидек (“Оқ кема ”, “Алвидо, Гулсари”, “Момо-Ер”, “Асрга татигулик кун” ва 6.), Фозил Искандар асарларида ҳам абхаз халқининг ҳаёти ва миллий руҳияти кенг эпик миқёсларда ва гўзал шаклларда тараннум этилади. Бу адибнинг ҳаттоки энг ўткир ҳажвий асарларида ҳам ўзи мансуб абхаз халқининг баайни Хўжа Насриддин афандимиздек кула олиш ва ҳар қандай рақибни ўйнаб-кулиб енгиш қобилияти аён кўриниб туради.

Камина 2008 йилда таржима қилган “Қуёнлар ва бўғма илонлар” фалсафий эртаги 2009 йилда “Жаҳон адабиёти” журналида ёруғлик кўрди, 2012 йилда “Шарқ» НМАКда “Ёзувчининг сири” деб номланган жамоа тўпламида Муҳаммад Али Жамолзода, Дино Буццати, Мухтор Мағавин ва Оллоназар Абдиев асарлари қаторида нашр этилди.

Бугунги кунда саксон беш ёшдан саксон олти ёшга ўтаётган, азим Кавказ тоғларининг улуғ фарзандлари каби кавказча умрузоқликни амалда намойиш этиб турган донишманд адибнинг “Юрак” ҳикоясини сизнинг эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Фозил ИСКАНДАР
ЮРАК
Отаули таржимаси
04

“Амра” ресторанининг устки қаватида ҳозирги пайтда нафақат қаҳва ичиб, шароб сипқориб, газак қилинади, айни чоғда, роса шахмат ўйналади. Нона Гаприндашвили, унинг ортидан эргашган бир қатор гуржи шахматчи аёлларининг ажойиб ғалабалари Гуржистон ва Абхазиядаги эркакларда бу қадимий ўйинга қизиқишни кучайтириб юборди.

Ҳарқалай, улар илгарилари зиёфат билан нарда ўйинига сарфлаган вақтларининг каттагина қисмини эндиликда шахматга бахшида этмоқдалар. Эҳтимол, бу муайян даражада аёлларга етиш ва уларга муносиб ўринларини кўрсатиб қўйиш йўлидаги, сирасини айтганда, беҳуда уринишдир. Муносиб ўринларига бўлмаса-да, жиллақурса, аввалги ўринларига қўйиш. Бундай уринишлардан қатъи назар бу ишда эркакларга аёлларга етиш муяссар бўлмаяпти ва афтидан, муяссар бўлиши ҳам даргумондек. Мен ўтган асрда ҳаддан ташқари кўп ичилган демоқчи эмасман, шунчаки умид уйғотувчи далилларнинг йўқлигини эслатмоқчиман холос. Аммо эркаклар ҳаракат қилишяпти. Улар ҳозирги пайтда, жумладан, “Амра” ресторанининг устки қаватида кўп ва қизғин ўйнамокдалар.

Бу ерда Виктор Максимович икковимиз ҳам гоҳида бўшаган шахмат тахтаси олдига жойлашиб ўтириб оламиз. Биз деярли бир хил савияда ўйнаймиз. Виктор Максимович айрим ишқибозлар ва хатто, афсуски, улуғ гроссмейстерлардан одоблироқ (Мана, инсонга хос ақлий кобилиятнинг чексизлиги ва ахлоқий хусусиятларининг чекланганлиги ўртасидаги ҳам кулгили, ҳам қайғули каттакон жарлик!). Демоқчиманки, у ўйин чоғида ниҳоятда хушмуомала бўлади. Бу фазилатни шунинг учун ҳам қадрлаш керакки, Виктор Максимович мағбулиятга учрашни худди ўйинқароқ болакайга ўхшаб жуда ёмон кўради.

Бир куни ўйин чоғида унинг шоҳи мот бўлиш тўрига тушгани аниқ бўлиб қолди. Мен бундай вазиятда шошқалоқлик килмаслик, аҳмоқона йўл юриб кўймаслик ва шоҳнинг тўрдан қутулиб чиқиб кетмаслиги учун баҳузур ўйга чўмдим. Аммо Виктор Максимович одатдагидек енгилишни хоҳламас,  шунинг учун менинг узок ўйга толишимга унинг асаблари дош беролмасдан,  менинг тошимни чангаллаб, ўзаро бир неча юришлар қилгач, эълон қилди:

— Мот!

Шундай қилиб, ўзига ўзи мот кўяр экан, у бу ишни ўз қўли билан қилиб, бир ҳисобда ўзини эмас, мени мот қилди гўё. Мана, у мағлубиятни қанчалик ёмон кўради!

Аммо бу гал ўйинимиз унинг ғалабаси томон кетмоқда эди. Иссик қуёшли кун эди. Биз чодир остидаги стол атрофида ўтирган эдик. Денгиздан енгил эпкин эсиб турибди. Кутилаётган мағлубият мен учун катта фожиа бўлиб туюлмаяпти.

Ёнимиздаги стол атрофида ашаддий шахмат ишқибозлари уймалашиб туришибди. Енгилган ўйиндан чиқиб кетади. Ўрин алмашишга ўйнашар, ўзининг навбати келишини кутиб турганлар ўйнаётганларнинг юришларини таҳлил қилиб, уларга маслаҳатлар беришар, ҳазил-мутойиба қилишарди. Улар орасида Турк деган оддийгина лақабли энг ашаддий ишкибоз алоҳида ажралиб турарди, чунки у аслида ҳам турк эди.

Виктор Максимович ўйинни ғолибона якунга етказди. Мен ўйинни янгидан бошлашга қистамадим. У ўриндиққа ястаниброқ ўтириб, менга шундай бир ҳикоя туҳфа килди:

— Менинг ҳаётимда ўлим даҳшати бутун борлиғимни чангаллаб олган ҳолатлар кўп бўлган. Бу даҳшатни ҳамиша енгиб ўтишга муваффак бўлганман. Чунки мен уни енгиб ўтишга тайёргарлик кўрганман. Ўсмирлигимдан бошлаб ўзимни бунга чиниқтирганман. Мен муайян шароитларда ўлимни муносиб тарзда кутиб олиш, ўлимни ҳақ деб билиш кераклигига ўзимни ўргатдим. Кўп нарса мана шунга боғлиқ. Ҳеч кимнинг ўзимни таҳқирлашига ва мен турган жойда ҳеч кимнинг таҳқирланишига йўл қўймаслик ўсмирлигимнинг энг буюк шиори эди.

Ҳарқалай, бутун вужудимни қамраб олган ҳақиқий ўлим даҳшатини мен жангда эмас, қамоқхонада эмас, шу ерда, тинч-осуда ҳаётимда бошимдан кечирганман. Ўн йилча аввал мен кўпчилик қатори сув ости овига қизиқиб қолдим. Ўзимга шунақанги бакувват қурол ясаб олдимки, бунақаси нафақат ватанимизда ишлаб чиқарилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган қуроллар орасида ҳам йўқ эди. Менинг нафасим аъло даражада эди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: денгиз соҳилида ўсганман, болалигимдан сувга чукур шўнғиганман. Кейинроқ бокс билан, енгил атлетика билан шуғулланганман. Сув ичида  қийналмасдан уч-тўрт дақиқа тура олардим. Овдан камдан-кам ҳолларда балиқсиз қайтиб келар эдим.

Кунлардан бир куни сув ости қоясининг яқинида шўнғиб, кенгпешана лобан балиғини кўриб қолдим. У сув ости қоясидан бир неча сантиметр узоқликда сузгичларини қимирлатиб турар эди. Мен оҳиста сузиб яқинлашдим-да, кўзлаб туриб, тепкини босдим.

Одатда ўқ отилганидан кейин ғаввос сув юзасига сузиб чиқади. Агар ўқ балиқни тешиб ўтган бўлса, уни ўққа боғланган  ип билан тортиб олади. Чиқариб, белига боғлайди-да, қуролини қайта ўқлаб яна шўнғийди. Агар ғаввоснинг ўқи балиқка тегмаса ёки балиқ бир амаллаб ўқдан қутулиб чиқса, ғаввос қайта ўқлаб шўнғийди. Ўққа боғланган пишиқ капрон ип ғаввоснинг белига боғланган бўлади.

Бу гал отган ўқим лобанга тегмагач, мен сув юзасига чиқа бошладим. Сув юзасига тахминан ярим метрча колганида дафъатан сезиб қолдимки, ўқ боғланган ип таранг тортилиб, мени сув юзасига чиқишга  қўймай турибди. Ўқ қоянинг бирон тирқишига қисилиб колгану, у ерда чиқмай турганини тушундим. Белимдаги пичоғимни пайпаслаб уни уйда унутиб қолдирганимни эсладим. Борлиғимни қўрқув чулғаб олди. Мен ипни белимдан узиб ташлашга уриндим, бироқ уддалаёлмадим. Ип жуда маҳкам эди. Мустаҳкам таянчсиз сувда туриб уни узиш мумкин эмас эди.

Мана шунда мен ўлим даҳшатини ҳис килдим. Бир неча лаҳзалардан кейин ҳушимни йўқотаман, яна бир неча дақиқалардан кейин эса, жасадим сув юзасидан ярим метрча пастда чайқалади. Табиийки, қаёққа йўқолиб қолганимни ҳеч ким билмайди. Мен тепага карадим-да, нисбатан юпқагина сув орқали кўзларни қамаштиргувчи тилларанг қуёшни кўрдим. Ғайришуурий тарзда қўлимни сувдан чиқардим, гўё у билан ҳавони тутиб, ўзимни сувдан қутқариб олишга уринардим. Аммо бу мумкин эмас эди.

Шунда, қарийб ҳушимни йўқотар эканман, сўнгги имкониятдан фойдаланиб қолишга уриндим. Қояга қадар шўнғиб, оёқларим билан унга таянган ҳолда бор куч билан ипни тортишим керак. Агар ип узилса — тирик қоламан, агар узилмаса — тамом. Бу ҳам айтишгагина осон! Нафасим қайтиб кетяпти. Шунда ҳам: “Ишқилиб, оёқларим билан қояга таянгунимга қадар ҳушимни йўқотиб қўймасам эди”, деган ўйда шўнғияпман. Фақат шу фикрга, фақатгина шу бир фикрга маҳкам ёпишган ҳолда ипни қўлимда йиғиштирган кўйи қояга қадар шўнғиб бориб, унга оёқларимни тирадим-да, бор кучим билан ипни тортдим-у ҳушимни йўқотдим.

Неча лаҳзалар ёхуд дақиқалардан кейин сув юзасида ҳушимга келганимни билмайман. Аҳволим эрталаб қаттиқ безгак тутиб уйғонганда қандай бўлса, худди шундай: жисмим пачоқлаб ташлангандек. Соҳилга қадар беш юз метрлар бор. Бир амаллаб сузиб бордим. Соҳил томонга сузиб бораётиб ҳаётимда биринчи маротаба сузишга ҳолим келмай чўкиб кетишдан қўрқдим. Ўзимга болаликдан севимли бўлган денгиз биринчи маротаба мени ижирғантирди, гўё илимилиқ ва қўланса бўтана ичида сузиб бораётгандекман.

Қирғоқда ўпкамдаги сувни йўталиб чикардим, ошқозонимдаги сувни қайт қилиб ташладим. Дам олиб ётдим. Сўнг уйга кетдим.

Ўн кунча ўзимни ҳолсиз сезиб юрдим-да, сўнг аслимга қайтдим. Кунлардан бир куни денгизда сузиб кетяпман. Соҳилдан ўн беш-йигирма метрча сузиб бораётиб кутилмаганда юрагимнинг қандайдир қўшалок тарзда уриши-ю бир лаҳза тўхтаб қолишини сездим. Эҳтимол, икки-уч лаҳза тўхтаб ҳам қолаётгандир — билмадим. Аммо шунақанги ёкимсиз бир туйғуки, асти қўяверасиз.

Шунда бир кун аввал ичганимни эсладим-да, сабаби мана шунда бўлса керак деб ўйладим. Бундан аввал бирон марта юрагим панд бермаган эди, биринчи маротаба шундай бўлиши эди. Яна сузиб кетдим. Кутилмаганда тағин юрагим қўшалоқ тарзда уриб, сўнг худди уришдан тўхтагандек бўлди, гўё  ҳозир сув бўғзимга тиқилиб кирадигандек. Юрагимнинг яна безовта бўлишидан қўрқиб, оҳистагина соҳил томонга суза кетдим.

Эртасига эрталаб сувга шўнғидим-да, юрагимнинг уришига қулок солдим. Афтидан, ҳаммаси жойида. Мана шунақа, дейман ўзимча, ёш ўз кучини кўрсатиб бошлади, юрак ҳам ичганимдан кейин безовта бўлишга тушди. Шундай деб ўйлашим билан кечаги ҳол тағин такрорланди. Юрагимдан қаттиқ жаҳлим чиқиб, унинг безовталанишига парво қилмаган ҳолда сузавердим, сузавердим. У безовталанаверди. Мен сузавердим.  У безовталанаверди. Ахийри чидаёлмай қолдим. Муҳими шунақанги ҳолатдаки, юрагим фақат шу икки-уч лаҳзагагина уришдан тўхтаяпти. Узоқроқ фурсатга ҳам тўхтаб қолиши мумкин-ку. Ана ўшанда тамом.

Мен барибир тезда таслим бўлмадим. Шуни сездимки, соҳилдан йигирма-ўттиз метр ичкарига сузиб кирганимдан кейингина юрагим безовталана бошлади. Балки бу кандайдир чуқурликдан ғайришуурий бир қўрқувдир. Атайин денгизга қайиқда сузиб чиқаман, ундан ўзимни сувга отиб сузаман-да, агар бу айнан чуқурликдан қўрқиш ҳисси бўлса, уни енгиб ўтмоқчи бўламан. Аммо у ерда ҳам айни ўша антиқа руҳий ҳолат чулғаб олди. Охирги маротаба минг машакқатлар билан қайиққа қайтиб чиқиб олдим. Юрагимнинг безовталиги ва бир муддатга бўлса-да тўхтаб колиши шу қадар мени қўрқитиб юборди.

Ахийри шифокорга кўринмоқчи бўлдим. Терапевт юрагимнинг уришига қулоқ солиб, электрокардиограммага жўнатди ва ахийри менга:

— Юрагингиз йигирма яшар йигитчанинг юрагидек. Мен ҳеч нимага тушунмаяпман. Сиз руҳшуносга кўринишингиз керак, — деди.

Мени Мухусдаги энг машҳур руҳшунос билан таништириб қўйишди. Суҳбат асносида у бошини жаҳлдор хўроз каби қуйи солиб, қовоғини уйиб ўтирди-да, ҳар бир гапимни энсаси қотиб эшитди.

Гапларимни бўлиб, аллақандай тушунарсиз атамаларни қалаштириб ташлади, бироқ менга нима бўлаётганини тушунтириб беролмади. Менинг сув ости ови ва бошқа сузишларим ҳақидаги жамики ҳикояларимни тинглаб бўлгач, у гўёки энг асосийсини сир сақлаётганимни фош этаётгандек, учар қанотим ҳақида гап қўзғади.

Афтидан, кимдир унга менинг қўл кучи билан ҳаракатланадиган учар ускуна яратишга уринаётганимни айтганга ўхшайди. Қачондан буён бу иш билан шуғулланаётганимни сўради. Учар канот яратиш фикри сизда фронтда контузияга учраганингиздан кейин пайдо бўлмадими мабодо, яхшироқ эслаб кўринг, деб маслаҳат берди. Бундан қандай мақсадларни кўзлаганим, учар қанотдан йиқилиб тушган чоғларимда қандай жароҳатлар олганим, шунга ўхшаш тафсилотларни сўраб-суриштирди.

Мен янгича учоқ билан кўпдан буён шуғулланиб келаётганим, денгизда бошимдан кечирганларим билан унинг ҳеч бир алоқаси йўқлигини босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилдим.

— Ниманинг нимага алоқаси борлигини мен сиздан яхшироқ биламан, — дея гапимни бўлди у.

Шундай дея тағин бошини хўроз каби қуйи солинтирган кўйи мендан жудаям хафалигини изҳор килиб, агар мен учар қанот билан шуғулланишни бас қилмасам, ўзимни аввалига денгизда (бу бошланиши!), кейин қуруқликда тобора ёмонроқ ҳис қила боришим, ана ундан кейин, ҳойнаҳой, буткул ақлдан озгач, ҳавони ўзимнинг ягона яшаш жойим деб эълон қилишимни айтиб огоҳлантирди.

Эҳтимол, мен андак муболаға қилаётгандирман, аммо, ростини айтсам, менинг олдимда кип-қизил жинни ўтирар эди. Мен унинг савол аралаш огоҳлантиришларига жавоб кайтарар эканман, қариндошларимдан ҳеч кимда туғма ақлий ноқислик аломатлари бўлмаганини айтганимда у асабий тарзда ўшқириб берди:

— Бу қанақаси, сиз менинг олдимга даволангани келдингизми, ё ҳаммасини рад килгани?!

Хуллас, бу ё илм, ё беморлар сабаб томи сал кийшайиб колган одамдан базўр қочиб қутулдим. Энди нима қилиш керак? Яна бир-икки марта сузишга қаракат килиб кўрдим, аммо ҳаммаси яна такрорланди. Ана шунда денгизда сузишдан ҳам, сув ости овидан ҳам воз кечишга тўғри келади, деган хулосага келдим. Бу ҳам қарилик аломати, дея ўзимни ўзим овутдим мен, қарилик деганлари ҳар бир одамга ҳар хил тарзда келади.

Мени денгиз билан, ҳарқалай, қайиқ боғлаб турар эди. Бўш пайтларимда қайикда туриб ов қилишим мумкин эди. Шу бир имкониятдан фойдалана бошладим. Орадан бир йил ўтди. Денгизда бошқа чўмилмадим. Сув остидаги ов қуролини бир ишқибозга совға қилиб юбордим. Кунлардан бир куни апрелда, соҳилдан тахминан бир километр ичкарида бир қўшни болакай билан ов қилиб ўтирибман. Бу айёрона чақнаб турган қора кўзли ўн яшар ажойиб болакай отам билан дўст бўлган ўз бобосига жуда-жуда ўхшаб кетар эди. У бобоси ва онаси билан бирга, отасиз яшар эди. Отаси оиласини ташлаб кетганди. Эҳтимол, бир жиҳати шунинг учун ҳам болакай менинг олдимга келиб, учар қанот атрофида гиргиттон бўлаётганимни соатлаб томоша қилиб ўтирар эди. Гоҳида мен уни балиқ овига олиб кетар эдим.

Биз қармоққа балиқни алдаш учун ўйлаб топилган турли рангдаги мунчоқларни илиб, ставрида (балиқ турларидан бирининг номи)  овлаймиз. Овимиз бароридан келиб турибди, бироқ оқим ҳам ўз ишини қиляпти. Натижада биз балиқ галасидан узоклашиб кетамиз. Вақти-вақти билан эшкак эшиб, мўлжалнинг устида тўхтаймиз. Кутилмаганда тобора яқинлашаётган моторли қайиқнинг шовқини  эшитилади. Мана, у бизга сув сачратди ва қайиғимизни катта тўлқинда чайқалтириб шундоққина ёнимиздан ўтиб кетди. Ортидан қарарканман хохолаб кулганча рулни бошқариб кетаётган балиқчини кўраман. Унинг ёнида яна биттаси ўтирибди. Ичиб олганлари аниқ. Уларнинг қайиғи кескин бурилганини кўриб,  ҳозир тўнтарилиб кетади деб ўйладим. Бироқ қайиқнинг мотори кучли экан.

Қармоққа балиқ кетма-кет илиниб турибди. Биз тағин овга шўнғиб кетдик. Мен  маст-аласт балиқчиларни ҳам  буткул унутдим. Тахминан ярим соатлардан кейин тағин мотор товуши эшитилди. Аммо бу гал моторли қайиқ, афтидан, масофани чамалаб кўрмай, бизга шу қадар яқин келдики, қайиғимиз у ҳосил қилган катта тўлқинда тўнтарилиб кетди.

Ҳаммаси бир лаҳзада рўй берди. Қайиғимизни ағдариб кетган ярамаслар нима бўлганини сезмаслиги мумкин эмас эди. Афтидан, қайиғимиз тўнтарилиб тушганини кўриб-билиб, содир бўлган воқеага тегишли жавобгарликдан қўрқиб, улар шаҳар томонга ошиғич сузиб кетдилар. Тез орада мотор овози ўчди.

Ўзимни сувда кўриб, қайиқ тўнтарилганда болакай лат емадими экан, дея қўрқиб кетдим.

— Ҳеч нарса қилмадими? — деб сўрадим ундан.

— Йўқ, — деб жавоб қилди болакай ўта хотиржамлик билан. Унинг балиқдек чаққон суза олишини билар эдим, бироқ апрель ойи — сув ҳали муздек. Биз ўзимизга келиб, мен болакайнинг қошига сузиб келгунимга қадар қайиғимизни тўлқин ўн беш метрча нарига суриб кетди. Нима қилиш мумкин? Мен, албатта, уни қувиб ета оламан. Аммо, биринчидан, болакайни ёлғиз қолдиришдан қўркдим, иккинчидан, энди ундан нима фойда? Барибир уни тағин ағдариб, ўнглаб қўйишга икковимизнинг кучимиз етмайди. Унинг устига чиқиб, бизни топиб олгунларича кутиш — хавфли. Қирғоққа қараб сузишга қарор қилдим. Анови аблаҳлар қайиқни ағдариб юборганларини ақалли кимгадир айтишар, шунинг учун кимдир бизни қидириб келар деган умидда эдим. Табиийки, уларни  сотмайдиган ишончли шерикларига айтишлари аниқ.

Ана шунда мен ўз юрагимни эслаб қолдим. Аммо зумда унутдим. Менинг ёнимда болакайнинг борлиги, уни қандай қилиб бўлмасин соҳилга соғ-омон етказишим кераклиги ҳақидаги фикр бутун борлиғимни банд қилиб олганди. Юрагимни эслар эканман, қарийб шу заҳоти ўша кўксимдаги қўшалоқ уриш ва бир лаҳзалик тўхташни ҳис этдим. Ҳаммаси худди аввалгидек, лекин улардан бир неча баравар кучсизроқ. Гўёки юрагимни безовта қилган куч: “Мен ҳалиям йўқолганим йўқ, аммо шу топда сен менга нисбатан бақувватроқсан”, деб тургандек.

Мен буни яққол ҳис қилдим. Болакай ҳақида қайғуриш бошқа дардларимни миямдан сиқиб чикарди. Мен унинг қошига яқинроқ сузиб келиб, кўйлагининг тугмаларини ечдим. Бир қўлим билан уни кўтариб туриб, “Ечин!” деб буюрдим.

У кўйлагини майкасига қўшиб ечиб ташлади. Мен сувда унинг оёғини пайпаслаб топиб, пойабзалини ечдим. Сўнг унинг шимидаги қайишини пайпаслаб топиб, бўшатдим. Болакайни елкамга олган кўйи шимини ҳам ечиб ташладим. Ўзимнинг кийимларимни ҳам ечдим. Кийимларимиз оқим бағрида биздан тобора узоқлашди. Биз фақат калта иштонда қолдик.

— Сен ҳечам қўрқма, — дедим болакайга ўзимни имкон қадар хотиржам кўрсатиб, — биз албатта соҳилга қадар сузиб борамиз.

— Қўрқаётганим йўқ, — деб жавоб килди у, — фақат мен тушунмаяпман: нега улар қайиғимизни ағдариб кетишди?

Унинг қора кўзлари рўй берган воқеанинг мазмун-моҳиятини англаб етишга уриниб, менга диққат билан тикилиб қаради.

— Ичиб олган тентаклар-да, — дедим мен, — аммо сен ҳечам қўрқма. Биз қирғоққача сузиб бора оламиз.

Айни лаҳзаларда болакайнинг кўриниши яхши, аммо мен биламанки, совуқ тағин ўн беш дақиқалардан кейин ўз кучини кўрсата бошлайди. Қишлоғимиз жойлашган ям-яшил соҳил бу ердан сув бағрида чайқалиб тургандек кўринади. Мен денгиз сатҳига тикилиб карадим. Аммо яқин атрофда биронта қайиқ кўзга ташланмайди. Йилнинг бу пайтида бу ерларда камдан-кам ов қиладилар.

— Витя амаки, — деб сўради болакай орадан бир муддат ўтиб, — қайиғингиз энди тамом қўлдан кетдими?

— Йўқ, — дедим мен, — оқим уни Гулрипшоҳ тарафлардаги қирғоққа чиқариб ташлайди.

Ўн беш дақиқалар ўтиб, кутганимдек, болакайнинг думалоқ юзи оқариб-кўкара бошлади. Аммо у ҳозирча яхшигина сузиб турибди. Мен фақат унинг оёқ томирлари тортишиб қолишидан қўрқяпман. Оғриқ забтидан у ўзини идора қилолмай қолиши мумкин. Бундай тақдирда уни соҳилгача оборишим даргумон. Яна ўн дақиқалар ўтиб, унинг юзи кўкимтир тусга кирганини кўрдим.

— Совқотдингми?

-Йўқ.

Ўзимнинг тишларим такиллай бошлади. Болакай ҳалиям ўзини бардам тутяпти.

— Тўхта, баданингни ишқалайман, — дедим.

Мен унга яқинрок сузиб келиб, бир қўлим билан сувда мувозанатимни сақлаган ҳолда иккинчи қўлим билан кучим борича унинг елкалари, қорни, оёқларини ишқаладим.

— Оғрияпти, — деди у кутилмаганда.
— Чида, — дедим мен, унинг баданини бор кучим билан ишқалар эканман.

— Керак бўлса, чидайман, — деди у ва лабини тишлади.

Мен унинг қовурғалари саналиб турган озғингина баданини ишқалашга шу қадар кўп куч сарфладимки, қўлларим қотиб колди. Аммо унинг юзидан тупроқ ранги кетиб, рангига қон югурди. Биз тағин сузишда давом этдик.

— Чарчамадингми? — сўрадим бир оздан сўнг.

— Йўқ, — деди у ва бир муддат ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: — Барибир сузишимиз керак-да.

Биз сузишда давом этдик. Мен унга аввалбошда қулочкашлаб эмас, ўзим ўргатганимдек, брасс усулида сузишни тайинлаган эдим. Қулочкашлаб сузганда қўллар нисбатан тезроқ толиқиб қолади.

— Витя амаки, — деб сўради болакай менга ғамгинлашган кора кўзларини тикиб, — одам маст бўлганида жиннига ўхшаб қоладими?

Афтидан, у ҳали-ҳануз қайиғимизни ағдариб кетганлар ҳақида ўйлар эди.

— Улар аблаҳ одамлар, — дедим мен, — одам ичиб олганида, агар аблаҳ бўлса, унинг аблаҳлиги юзага чиқади.

Болакай бир бош чайқаб, сузишда давом этди. Унинг юз ифодасидан нима ҳақдадир берилиб ўйлаётгани сезилиб турар эди.

— Улар ҳам қизғанчиқларга ўхшар экан-да, — деди у бир оздан кейин, менга бир кўз ташлаб, — Жорикнинг велосипеди йўқ пайтида мен унинг қизғанчиқлигини билмас эдим, энди бўлса, биламан.

— Тўппа-тўғри, — унинг гапини маъқулладим мен.

Бир оздан кейин ўзим совқотиб кетаётганимни сездим. Болага қарадим. Унинг юзи тағин кўкариб келмоқда эди.

— Тўхтаб тур, — дедим мен ва унинг ёнига сузиб келдим.

Тағин уни бир қўлим билан сув юзасида тутиб, иккинчи қўлим билан баданини ишқаладим. Мен бор кучим билан ишқадим, аммо у чидаб, ингранмади. Бир қўлим қотиб қолганида,  иккинчи кўлим билан ишқаладим.

Яна унинг рангига қон югурди. Биз сузишда давом этдик. У чарчаб қолганини кўриб турган бўлсам-да, тағин совқотиб қолишидан кўрқиб тўхтамадим. Гоҳида бир муддат ўз юрагимга қулоқ солиб кўрдим, аммо мутлақо безовта бўлмаяпти. Ўзим ҳам нимагадир унинг безовта бўлолмаслигини ва безовта бўлмаслиги кераклигини билиб турар эдим.

Соҳилга қадар тўрт юз метрча қолди. Соҳилдаги ям-яшил дарахтлар аниқ-равшан кўзга ташланмокда эди. Кутилмаганда ўнг оёғимнинг томири тортишиб қолаётганини сездим. Оёғимнинг оғриғи билан баравар болакайнинг тақдирига қайғуриш ҳиссини ҳам теран туйдим. Оғриқни сездирмасликка уриниб тағин болакайнинг қошига сузиб келдим-да, унинг баданини ишқалай бошладим. Энди бир оёғим ўзимга мутлако бўйсунмас, шу боис сувда мувозанатни сақлаш анча мушкуллашган эди.

Агар чап оёғимнинг ҳам томири тортиша бошлагудек бўлса, унинг баданини ишқалаб қиздириш имкониятини ҳам қўлдан бой беришим мумкинлиги мени қаттиқ безовта қилмоқда эди. Шунинг учун улгуриб қолишга ҳаракат қилдим. Мен унинг тўпиғигача қўл югуртириб, нимжонгина қовурғалари-ю куракларини пайдар-пай ишқаб, қорнини уқаладим. Афтидан, аҳволнинг нақадар жиддийлигини ҳис қилиб ҳаммасига чидади, фақат гоҳида беихтиёр иҳраб юборар эди.

Ахийри тағин унинг рангига қон югурди, мен енгил нафас олдим. Ўзимнинг чап оёғимнинг ҳам томири тортишиб қолмаслиги учун уқалаб қўйсам ёмон бўлмасди деб ўйлаган ҳам эдимки, беихтиёр чинқириб юборишдан ўзимни базўр сақлаб қолдим: чап оёғимнинг ҳам томири тортиша бошлади.

Иккала оёғим ўзимга бўйсунмаса-да, чўкиб кетмас эдим, чунки уста сузувчи эдим, аммо энди бу ёғи нима бўлишини билмасдим. Томир тортишишу тиришиш агар қорин пайларига қадар етиб келса, одам на ҳаракатланолмай, на қад ростлаёлмай қолади, деб эшитган эдим. Жон-жаҳдим билан ўз қорнимни ишқалаш, чимчилаш, тимдалаш билан машғул бўлдим.

Қирғоққа қадар икки юз метрча қолган эди. Энди мен бир қўллаб сузганимча болакайнинг ортидан базўр улгурмоқда эдим. Соҳил ҳам, денгиз ҳам кимсасиз эди, бинобарин, кўмак кутиб бўлмас эди. Бир қўлда зўриқиб сузганим учун бўлса керак, юрагим бўғзимга келиб тиқилгандек бўлмоқда эди. Э, Худо, дея илтижо қиламан ўзимча, яна юз метрга чидагулик куч ато эт ўзинг, нарёғига менга бир нима бўлган тақдирда ҳам болакайнинг ўзи соҳилгача сузиб бора олади. Шундан кейин мен, афтидан, бир муддат ҳушдан кетганга ўхшадим. Ҳушимга келиб қарасам, гарчи менинг сузиш тезлигим камайса камайгандир, лекин зиғирча ҳам оширишим мумкин бўлмаса-да, болакай ортимда қолиб кетибди. Тўхтаб уни кутиб турдим. У ёнимга етиб келди. Ранги бўздек окариб кетган.

— Онамга ачиняпман, — у кутилмаганда шундай деди-да, гапини давом эттиришдан уялгандек жим қолди.

— Нималар деяпсан! — қичқириб юбордим мен. — Қарасанг-чи, соҳилга қанчалик яқинлашиб колдик.

У менга ҳеч нима деб жавоб қилмади. У ажойиб болакай эди. То сўнгги лаҳзаларга қадар ўзини мардона тутди. Сўнгги метрларни мен ярим беҳуш ҳолатда сузиб ўтдим. Соҳилга чиқараверишда оёққа турмоқчи бўлдим, аммо нега оёқларим гавдамни тутиб туролмаганига дарров тушунмаган ҳолда йиқилиб тушдим. Болакай сувдан чиққан заҳоти ўзини иссиқ қумга ташлади. Мен судралиб соҳилга чикдим. Энди ҳар икки оёғимнинг томири тортишиб акашак бўлиб қолганини яширишимга ҳожат йўқ эди.

Оқим бизни ўз қишлоғимиздан беш юз метр олисга суриб кетибди. Болалик нақадар яшовчан! Ярим соат ўтар-ўтмас болакай қумда бемалол ўйнаб-қувнамоқда эди. Мен бўлсам, икки соатлардан кейингина оёққа тура олдим. Кун жуда иссиқ эди ва мулойимгина денгизга қараб туриб биз ҳалигина у ерда музлаб қолгудек бўлганимизга ишониш мушкул эди.

Биз қирғоқ бўйлаб ўз қишлоғимиз томон йўл олдик. Ўйлашимча, болакай уйида бор ҳақиқатни гапирмагани маъқул. Онасини ранжитишнинг нима кераги бор? Буларнинг ҳаммаси соҳилга яқин жойда бўлиб ўтди дейиш мумкин. Аммо кейин бу фикримдан қайтдим. Яхшиси, нима бўлганини рўйирост айтгани маъқул! Болакайнинг биринчи ҳақиқий ғалабаси, бу — ўзига хос байрам, нега энди сир тутиши керак?

Ўша куни чегарачилар менинг қайиғимни судраб келишди. Аммо мен бу ишни шундоқ қолдирмоқчи эмасман. Бахтимизга, на болакай, на мен шамоллаб қолмадик. Икки-уч кун ўтиб, шаҳарга йўл олдим. Ўша моторли қайиқ рулини бошқарган, бизга қараб масхаралаб кулган одамни эртадир-кечдир топишимни билар эдим. Уларнинг ҳаммаси баайни тухум босиб ётган товуқлардек ҳаттоки денгизга чиқмаган пайтларида ҳам қайиқлар боғлаб қўйиладиган жойга йиғилишади.

Мен у ерга кирганимда унинг домино ўйнаб ўтирганини кўрдим. Балиқчилардан айримлари мени феъл-атвори ғалатироқ зиёли деб билишар, аммо улардан ҳеч бири билмас эдики, мен камоқхона кўрган қирриқман.

Стол қошига келдим. У мени танигани учун эмас, ўзининг жиноятига боғлиқлигимни тахмин қилгандек бошини кўтариб менга маъноли тикилиб колди.

— Милицияга борамизми, ё шундоқ гаплашамизми? — сўрадим ундан.

Мен унинг булардан қай бирини афзал кўришини билар эдим. Мен  ҳам шунисини афзал кўрмоқда эдим.

— Шундоқ гаплашсак гаплашаверамиз, — дея пўнғиллади у, бу суҳбат ўзига неча шишага тушишини яхшигина фаҳмлаб.

— У ҳолда анави ёққа бор, — дедим унга балиқчилар ўз моторлари ва бошқа анжомларини сақлайдиган ҳужрачалардан бирига ишора қилиб. У жимгина ўрнидан туриб, ўша томонга кетди.

Мен балиқчиларга унинг қилмишини қисқача гапириб бердим. Улар эса бунга жавобан қаттиқ таажжубланиб “оҳ-воҳ” қилишди. Уларнинг таажжублари бир пулга қимматлигини мен билар эдим. Таажжублана туриб улардан бири ҳазил аралаш гап қилди:

— Бу ерда, Максимич, ярим литрсиз масалани ҳал қилиб бўлмас экан…

Бошқаси мени муроса-мадорага чақириб деди:

— Ҳа энди, йигитчалар рулни эркинроқ бошқариб, сал ҳазиллашган экан-да…

Барзанги турган ҳужрачанинг қошига келдим-да, уни ичкарига бошлаб кирдим. Ҳаттоки болалик чоғларимда ҳам ҳеч қачон биринчи бўлиб қўл кўтармаганман. Қамоқда кўпинча бошқани ҳимоя қилиб шундай йўл тутишга тўғри келган. Юриб кетаётиб унга бир мушт туширдим. Унинг боши чайқалиб кетди, лекин йиқилиб тушмади. Наҳотки қўлим кучсизланиб қолган, деб ўйладим мен ва унга иккинчи муштни туширдим. Шунда у шохи қайрилган буқадек чўккалаб қолди.

— Нима, мен ёлғиз эдимми?.. — дея минғирлади у бошини чайқаб, оғзидан оқаётган қонни артар экан.

Мен болакайнинг ҳоли не кечиши мумкинлигини дафъатан тасаввур қилдим-да, қаҳр-ғазабдан ўтдек ёниб кетдим: менинг бу ёғи билан ишим йўқ, аблаҳ, сен ўз ҳаётингнинг қадрига ҳам етмас экансан-ку!

— Рул сенинг қўлингда эди, — дедим мен унга, анчагина оғирлашиб қолган гавдасини икки қўлимда тутган кўйи дона-дона килиб, сўнгра тумшуғига яна бир мушт туширдим. У энди узил-кесил сулайиб қолди.

Тахминан бирор ойдан кейин тасодифан ўша қайиқлар қўноғига йўлим тушиб қолди. Домино ўйнаб ўтирганлар қошидан ўтар эканман, ҳаммалари ўринларидан сапчиб туриб, мен билан хурсанд ҳолда саломлашдилар. Бундай қизғин саломлашишнинг тагида қандай маъно борлигини яхши тушунмадим: менга қуйиб берилиши керак бўлган ичкиликдан ҳотамтойлик билан воз кечганимми ёки бу аҳмоқ билан қанчалик жадал ҳисоб-китоб қилганимми? Афтидан, улар масаланинг ҳар икки жиҳатига қойил қолишган.

Мана шундай, денгизда чўмилишдан бир йилгача маҳрум бўлиб, сўнгра болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиб, юрагимнинг сирли безовталикларидан бутунлай халос бўлдим. Ўшандан кейин юрагим бирон марта безовта бўлмади. Қизиқ, буни эшитса, томи қийшайиб қолган руҳшуносим нима деган бўлар эди? Толстой буни, адашмасам, “ўзликдан кечиш” деб атаган. Халқ бундан ҳам аниқроқ айтади: пона пона билан олиб ташланади…

Айтгандай, агар мен қомусий билим эгаси бўлганимда эди, ўз ҳаётимни халқ мақоллари ва маталларида бир тутамгина қилиб ифодалаган, қатъий аминманки, оламшумул фикрларни очиб кўрсатишга бутун ҳаётимни бағишлаган бўлар эдим! Қанақанги мароқли иш бўлар эди бу! Рус тилида, менимча, бунақанги китоб йўқ. Аммо у бошқа халқларда борми экан? Шахсан мен эшитмаганман.

…Шу билан Виктор Максимович ўз ҳикоясини тугатди. Биз яна бир муддат ўриндиқда ёнма-ён ўтирган кўйи қаҳва ичиб ҳам шахмат ўйнаб маза қилишаётган ишқибозларга паришонхотирлик билан тикилиб қолдик.

У ерда энди Турк ўз рақибига қарши дона сурмоқда эди. Атрофида эса, ўйинчилар устидан кулиб ҳам бой берилган имкониятларни қизғин муҳокама қилиб, жонкуяр томошабинлар туришибди.

Музкаймоқ сотувчи аёл аввал ҳам бир неча маротаба келиб, музқаймоқ харид қилишларини сўраб, беҳуда овора бўлган эди. Ҳозир, афтидан, янги, нисбатан унавчанроқ харидорлардан умидвор бўлиб тағин келди. Лекин шунда Туркнинг тоқати тоқ бўлди.

— Шу қутининг ичидаги ҳамма музқаймоқ неча пул туради? — деб сўради у сотувчидан.

— Йигирма сўм, — дея бажонидил жавоб берди аёл.

— Қутининг ўзи-чи? Неча пул туради? — қизиқишда давом этди у.

— Беш сўм, — ўша-ўша алфозда бажонудил жавоб қилди аёл.

Турк чўнтагидан ҳамёнини чиқариб, ундан учта ўн сўмликни олди-да, аёлга узатди.

— Нега? — сўради музқаймоқ сотувчи аёл, аммо нимагадир узатилган пулларни олди.

— Ҳозир кўрасан негалигини, — деди Турк ва унинг қўлидаги ям-яшил музқаймоқ қутисини олиб, денгизга улоқтирди.

Бундай зукколик ва қизиққонлик билан топилган йўлни ҳеч ким кутмаган эди. Шахмат ишқибозларининг баралла кулгилари ва музқаймоқ сотувчисининг “оҳ-воҳ”лари остида биз меҳмондўст “Амра” палубасини тарк этдик. Бундай вазиятларда шахмат оламидаги кутилмаган ноёб ечимнинг туғилиши амримаҳол, албатта. Аммо токи мардлик-тантилик билан қилинган саъй-ҳаракатлар ҳали сақланиб қолган экан, эҳтимолки худди ана шундай саъй-ҳаракатларнинг шарофати билан дунёда тинчлик-тотувлик қарор топиб, олам гулистон бўлади. Сизга сабр-тоқат ва мардлик-тантилик тилайман, дўстлар.

0543

HAM FOZIL, HAM ISKANDAR
Tarjimondan
04

Insonning, ayniqsa, yozuvchining ismi jismiga hamisha ham mos kelavermaydi. Jahon she’riyatining benazir sheri, mard pahlavoni Alisher Navoiy bilan jahon nasrining beqiyos sheri, tengsiz pahlavoni Lev Tolstoyning ismi sher bilan bog’liqligi bejiz emas, albatta. Bularning har ikkisi g’oyat favqulodda hodisa, istisno hol, Xudoning qudrati…

Rus tilida ijod qiluvchi abxaz shoiri va adibi Fozil Iskandar ham jahon adabiyotidagi o’ziga xos hodisalardan biri hisoblanadi.

054Fozil Iskandar 1929 yil 6 martda Abxaziyaning Suxumi shahrida tug’ilgan. Uning asli eronlik (turk) otasi Suxumi shahridagi g’isht zavodining egasi bo’lgan. U 1938 yilda sobiq ittifoqdan Eronga badarg’a qilingan. Bo’lajak adib onasining qarindoshlari qo’lida tarbiyalangan. O’rta maktabni bitirgach, Moskvadagi Kutubxonachilik institutiga o’qishga kirgan. 1951 yilda tahsilini Gor`kiy nomidagi Adabiyot institutiga ko’chirib, uni 1954 yilda bitirgan. Adibning “Gornie tropi (“Tog’dagi so’qmoqlar”) nomli ilk she’riy to’plami 1957 yilda Suxumida nashr etilgan. Ilk nasriy asari — “Xo’roz”hikoyasi 1962 yilda “Yunost`” (“Yoshlik”) jurnalida e’lon qilingan. 1966 yilda mashhur “Noviy mir” (“Yangi dunyo”) jurnalida e’lon qilingan “Duragay serkaning dovrug’i” hajviy qissasi bilan jahonga tanila boshlagan. Shundan keyin yozilgan “Quyonlar va bo’g’ma ilonlar” falsafiy ertagi (1987), “Chegemlik Sandro» epopeyasi (1989), “Inson va uning tevaragi», “Shoir”, “Maktab raqsi yoxud nomus kuchi”, “Inson qo’rg’oni”, “O, Marat!” kabi bir qator roman, qissa va hikoyalari jahon kitobxonlarida ulkan qiziqish uyg’otgan. Fozil Iskandar sazovor bo’lgan mukofotlar ro’yxatiyoq uning beqiyos dovrug’idan yaqqol dalolat bera oladi. U sobiq ittifoq davlat mukofoti (1989), Pushkin mukofoti (1993), Rossiya Federatsiyasining davlat mukofoti (1994), “Triumf”(“Muvaffaqiyat”) mukofoti (1999), Abxaziyaning adabiyot sohasiga beriladigan D. Gulia nomidagi davlat mukofoti (2002), Rossiya Fanlar Akademiyasining rus madaniyati taraqqiyotiga qo’shilgan beqiyos hissa uchun beriladigan “XX asr rus adabiyotining shoh asarlari” xotira nishoni (2003), Rossiya Federatsiyasi hukumatining maxsus mukofoti (2011) bilan taqdirlangan.

Fozil Iskandarning, ayniqsa, Chik turkumidagi va boshqa, jami ikki yuzga yaqin hikoyalari, adib stsenariylari asosida suratga olingan “Vremya schastlivix naxodok” (“Ajoyib topildiqlar pallasi”, 1969-1970), “Chegemskiy detektiv” (“Chegem detektivi”, 1986) va boshqa badiiy fil`mlar mashhur. 2004 yilda Fozil Iskandar asarlarining o’n jildligi rus tilida nashr etilgan.

“Men rus yozuvchisiman, ammo Abxaziya kuychisiman”, deya ta’kidlagan edi Fozil Iskandar. Rus tilida ijod qilgan Chingiz Aytmatov asarlarida u mansub qirg’iz xalqining hayoti va milliy o’ziga xosligi yorqin aks etganidek (“Oq kema ”, “Alvido, Gulsari”, “Momo-Yer”, “Asrga tatigulik kun” va 6.), Fozil Iskandar asarlarida ham abxaz xalqining hayoti va milliy ruhiyati keng epik miqyoslarda va go’zal shakllarda tarannum etiladi. Bu adibning hattoki eng o’tkir hajviy asarlarida ham o’zi mansub abxaz xalqining baayni Xo’ja Nasriddin afandimizdek kula olish va har qanday raqibni o’ynab-kulib yengish qobiliyati ayon ko’rinib turadi.

Kamina 2008 yilda tarjima qilgan “Quyonlar va bo’g’ma ilonlar” falsafiy ertagi 2009 yilda “Jahon adabiyoti” jurnalida yorug’lik ko’rdi, 2012 yilda “Sharq» NMAKda “Yozuvchining siri” deb nomlangan jamoa to’plamida Muhammad Ali Jamolzoda, Dino Butstsati, Muxtor Mag’avin va Ollonazar Abdiev asarlari qatorida nashr etildi.

Bugungi kunda sakson besh yoshdan sakson olti yoshga o’tayotgan, azim Kavkaz tog’larining ulug’ farzandlari kabi kavkazcha umruzoqlikni amalda namoyish etib turgan donishmand adibning “Yurak” hikoyasini sizning e’tiboringizga havola etmoqdamiz.

Fozil ISKANDAR
YURAK
Otauli tarjimasi
04

“Amra” restoranining ustki qavatida hozirgi paytda nafaqat qahva ichib, sharob sipqorib, gazak qilinadi, ayni chog’da, rosa shaxmat o’ynaladi. Nona Gaprindashvili, uning ortidan ergashgan bir qator gurji shaxmatchi ayollarining ajoyib g’alabalari Gurjiston va Abxaziyadagi erkaklarda bu qadimiy o’yinga qiziqishni kuchaytirib yubordi.

Harqalay, ular ilgarilari ziyofat bilan narda o’yiniga sarflagan vaqtlarining kattagina qismini endilikda shaxmatga baxshida etmoqdalar. Ehtimol, bu muayyan darajada ayollarga yetish va ularga munosib o’rinlarini ko’rsatib qo’yish yo’lidagi, sirasini aytganda, behuda urinishdir. Munosib o’rinlariga bo’lmasa-da, jillaqursa, avvalgi o’rinlariga qo’yish. Bunday urinishlardan qat’i nazar bu ishda erkaklarga ayollarga yetish muyassar bo’lmayapti va aftidan, muyassar bo’lishi ham dargumondek. Men o’tgan asrda haddan tashqari ko’p ichilgan demoqchi emasman, shunchaki umid uyg’otuvchi dalillarning yo’qligini eslatmoqchiman xolos. Ammo erkaklar harakat qilishyapti. Ular hozirgi paytda, jumladan, “Amra” restoranining ustki qavatida ko’p va qizg’in o’ynamokdalar.

Bu yerda Viktor Maksimovich ikkovimiz ham gohida bo’shagan shaxmat taxtasi oldiga joylashib o’tirib olamiz. Biz deyarli bir xil saviyada o’ynaymiz. Viktor Maksimovich ayrim ishqibozlar va xatto, afsuski, ulug’ grossmeysterlardan odobliroq (Mana, insonga xos aqliy kobiliyatning cheksizligi va axloqiy xususiyatlarining cheklanganligi o’rtasidagi ham kulgili, ham qayg’uli kattakon jarlik!). Demoqchimanki, u o’yin chog’ida nihoyatda xushmuomala bo’ladi. Bu fazilatni shuning uchun ham qadrlash kerakki, Viktor Maksimovich mag’buliyatga uchrashni xuddi o’yinqaroq bolakayga o’xshab juda yomon ko’radi.

Bir kuni o’yin chog’ida uning shohi mot bo’lish to’riga tushgani aniq bo’lib qoldi. Men bunday vaziyatda shoshqaloqlik kilmaslik, ahmoqona yo’l yurib ko’ymaslik va shohning to’rdan qutulib chiqib ketmasligi uchun bahuzur o’yga cho’mdim. Ammo Viktor Maksimovich odatdagidek yengilishni xohlamas, shuning uchun mening uzok o’yga tolishimga uning asablari dosh berolmasdan, mening toshimni changallab, o’zaro bir necha yurishlar qilgach, e’lon qildi:

— Mot!

Shunday qilib, o’ziga o’zi mot ko’yar ekan, u bu ishni o’z qo’li bilan qilib, bir hisobda o’zini emas, meni mot qildi go’yo. Mana, u mag’lubiyatni qanchalik yomon ko’radi!

Ammo bu gal o’yinimiz uning g’alabasi tomon ketmoqda edi. Issik quyoshli kun edi. Biz chodir ostidagi stol atrofida o’tirgan edik. Dengizdan yengil epkin esib turibdi. Kutilayotgan mag’lubiyat men uchun katta fojia bo’lib tuyulmayapti.

Yonimizdagi stol atrofida ashaddiy shaxmat ishqibozlari uymalashib turishibdi. Yengilgan o’yindan chiqib ketadi. O’rin almashishga o’ynashar, o’zining navbati kelishini kutib turganlar o’ynayotganlarning yurishlarini tahlil qilib, ularga maslahatlar berishar, hazil-mutoyiba qilishardi. Ular orasida Turk degan oddiygina laqabli eng ashaddiy ishkiboz alohida ajralib turardi, chunki u aslida ham turk edi.

Viktor Maksimovich o’yinni g’olibona yakunga yetkazdi. Men o’yinni yangidan boshlashga qistamadim. U o’rindiqqa yastanibroq o’tirib, menga shunday bir hikoya tuhfa kildi:

— Mening hayotimda o’lim dahshati butun borlig’imni changallab olgan holatlar ko’p bo’lgan. Bu dahshatni hamisha yengib o’tishga muvaffak bo’lganman. Chunki men uni yengib o’tishga tayyorgarlik ko’rganman. O’smirligimdan boshlab o’zimni bunga chiniqtirganman. Men muayyan sharoitlarda o’limni munosib tarzda kutib olish, o’limni haq deb bilish kerakligiga o’zimni o’rgatdim. Ko’p narsa mana shunga bog’liq. Hech kimning o’zimni tahqirlashiga va men turgan joyda hech kimning tahqirlanishiga yo’l qo’ymaslik o’smirligimning eng buyuk shiori edi.

Harqalay, butun vujudimni qamrab olgan haqiqiy o’lim dahshatini men jangda emas, qamoqxonada emas, shu yerda, tinch-osuda hayotimda boshimdan kechirganman. O’n yilcha avval men ko’pchilik qatori suv osti oviga qiziqib qoldim. O’zimga shunaqangi bakuvvat qurol yasab oldimki, bunaqasi nafaqat vatanimizda ishlab chiqarilmagan, xorijda ishlab chiqarilgan qurollar orasida ham yo’q edi. Mening nafasim a’lo darajada edi. Buning ajablanarli joyi yo’q: dengiz sohilida o’sganman, bolaligimdan suvga chukur sho’ng’iganman. Keyinroq boks bilan, yengil atletika bilan shug’ullanganman. Suv ichida qiynalmasdan uch-to’rt daqiqa tura olardim. Ovdan kamdan-kam hollarda baliqsiz qaytib kelar edim.

Kunlardan bir kuni suv osti qoyasining yaqinida sho’ng’ib, kengpeshana loban balig’ini ko’rib qoldim. U suv osti qoyasidan bir necha santimetr uzoqlikda suzgichlarini qimirlatib turar edi. Men ohista suzib yaqinlashdim-da, ko’zlab turib, tepkini bosdim.

Odatda o’q otilganidan keyin g’avvos suv yuzasiga suzib chiqadi. Agar o’q baliqni teshib o’tgan bo’lsa, uni o’qqa bog’langan ip bilan tortib oladi. Chiqarib, beliga bog’laydi-da, qurolini qayta o’qlab yana sho’ng’iydi. Agar g’avvosning o’qi baliqka tegmasa yoki baliq bir amallab o’qdan qutulib chiqsa, g’avvos qayta o’qlab sho’ng’iydi. O’qqa bog’langan pishiq kapron ip g’avvosning beliga bog’langan bo’ladi.

Bu gal otgan o’qim lobanga tegmagach, men suv yuzasiga chiqa boshladim. Suv yuzasiga taxminan yarim metrcha kolganida daf’atan sezib qoldimki, o’q bog’langan ip tarang tortilib, meni suv yuzasiga chiqishga qo’ymay turibdi. O’q qoyaning biron tirqishiga qisilib kolganu, u yerda chiqmay turganini tushundim. Belimdagi pichog’imni paypaslab uni uyda unutib qoldirganimni esladim. Borlig’imni qo’rquv chulg’ab oldi. Men ipni belimdan uzib tashlashga urindim, biroq uddalayolmadim. Ip juda mahkam edi. Mustahkam tayanchsiz suvda turib uni uzish mumkin emas edi.

Mana shunda men o’lim dahshatini his kildim. Bir necha lahzalardan keyin hushimni yo’qotaman, yana bir necha daqiqalardan keyin esa, jasadim suv yuzasidan yarim metrcha pastda chayqaladi.
Tabiiyki, qayoqqa yo’qolib qolganimni hech kim bilmaydi. Men tepaga karadim-da, nisbatan yupqagina suv orqali ko’zlarni qamashtirguvchi tillarang quyoshni ko’rdim. G’ayrishuuriy tarzda qo’limni suvdan chiqardim, go’yo u bilan havoni tutib, o’zimni suvdan qutqarib olishga urinardim. Ammo bu mumkin emas edi.

Shunda, qariyb hushimni yo’qotar ekanman, so’nggi imkoniyatdan foydalanib qolishga urindim. Qoyaga qadar sho’ng’ib, oyoqlarim bilan unga tayangan holda bor kuch bilan ipni tortishim kerak. Agar ip uzilsa — tirik qolaman, agar uzilmasa — tamom. Bu ham aytishgagina oson! Nafasim qaytib ketyapti. Shunda ham: “Ishqilib, oyoqlarim bilan qoyaga tayangunimga qadar hushimni yo’qotib qo’ymasam edi”, degan o’yda sho’ng’iyapman. Faqat shu fikrga, faqatgina shu bir fikrga mahkam yopishgan holda ipni qo’limda yig’ishtirgan ko’yi qoyaga qadar sho’ng’ib borib, unga oyoqlarimni tiradim-da, bor kuchim bilan ipni tortdim-u hushimni yo’qotdim.

Necha lahzalar yoxud daqiqalardan keyin suv yuzasida hushimga kelganimni bilmayman. Ahvolim ertalab qattiq bezgak tutib uyg’onganda qanday bo’lsa, xuddi shunday: jismim pachoqlab tashlangandek. Sohilga qadar besh yuz metrlar bor. Bir amallab suzib bordim. Sohil tomonga suzib borayotib hayotimda birinchi marotaba suzishga holim kelmay cho’kib ketishdan qo’rqdim. O’zimga bolalikdan sevimli bo’lgan dengiz birinchi marotaba meni ijirg’antirdi, go’yo ilimiliq va qo’lansa bo’tana ichida suzib borayotgandekman.

Qirg’oqda o’pkamdagi suvni yo’talib chikardim, oshqozonimdagi suvni qayt qilib tashladim. Dam olib yotdim. So’ng uyga ketdim.

O’n kuncha o’zimni holsiz sezib yurdim-da, so’ng aslimga qaytdim. Kunlardan bir kuni dengizda suzib ketyapman. Sohildan o’n besh-yigirma metrcha suzib borayotib kutilmaganda yuragimning qandaydir qo’shalok tarzda urishi-yu bir lahza to’xtab qolishini sezdim. Ehtimol, ikki-uch lahza to’xtab ham qolayotgandir — bilmadim. Ammo shunaqangi yokimsiz bir tuyg’uki, asti qo’yaverasiz.

Shunda bir kun avval ichganimni esladim-da, sababi mana shunda bo’lsa kerak deb o’yladim. Bundan avval biron marta yuragim pand bermagan edi, birinchi marotaba shunday bo’lishi edi. Yana suzib ketdim. Kutilmaganda tag’in yuragim qo’shaloq tarzda urib, so’ng xuddi urishdan to’xtagandek bo’ldi, go’yo hozir suv bo’g’zimga tiqilib kiradigandek. Yuragimning yana bezovta bo’lishidan qo’rqib, ohistagina sohil tomonga suza ketdim.

Ertasiga ertalab suvga sho’ng’idim-da, yuragimning urishiga qulok soldim. Aftidan, hammasi joyida. Mana shunaqa, deyman o’zimcha, yosh o’z kuchini ko’rsatib boshladi, yurak ham ichganimdan keyin bezovta bo’lishga tushdi. Shunday deb o’ylashim bilan kechagi hol tag’in takrorlandi. Yuragimdan qattiq jahlim chiqib, uning bezovtalanishiga parvo qilmagan holda suzaverdim, suzaverdim. U bezovtalanaverdi. Men suzaverdim. U bezovtalanaverdi. Axiyri chidayolmay qoldim. Muhimi shunaqangi holatdaki, yuragim faqat shu ikki-uch lahzagagina urishdan to’xtayapti. Uzoqroq fursatga ham to’xtab qolishi mumkin-ku. Ana o’shanda tamom.

Men baribir tezda taslim bo’lmadim. Shuni sezdimki, sohildan yigirma-o’ttiz metr ichkariga suzib kirganimdan keyingina yuragim bezovtalana boshladi. Balki bu kandaydir chuqurlikdan g’ayrishuuriy bir qo’rquvdir. Atayin dengizga qayiqda suzib chiqaman, undan o’zimni suvga otib suzaman-da, agar bu aynan chuqurlikdan qo’rqish hissi bo’lsa, uni yengib o’tmoqchi bo’laman. Ammo u yerda ham ayni o’sha antiqa ruhiy holat chulg’ab oldi. Oxirgi marotaba ming mashakqatlar bilan qayiqqa qaytib chiqib oldim. Yuragimning bezovtaligi va bir muddatga bo’lsa-da to’xtab kolishi shu qadar meni qo’rqitib yubordi.

Axiyri shifokorga ko’rinmoqchi bo’ldim. Terapevt yuragimning urishiga quloq solib, elektrokardiogrammaga jo’natdi va axiyri menga:

— Yuragingiz yigirma yashar yigitchaning yuragidek. Men hech nimaga tushunmayapman. Siz ruhshunosga ko’rinishingiz kerak, — dedi.

Meni Muxusdagi eng mashhur ruhshunos bilan tanishtirib qo’yishdi. Suhbat asnosida u boshini jahldor xo’roz kabi quyi solib, qovog’ini uyib o’tirdi-da, har bir gapimni ensasi qotib eshitdi.

Gaplarimni bo’lib, allaqanday tushunarsiz atamalarni qalashtirib tashladi, biroq menga nima bo’layotganini tushuntirib berolmadi. Mening suv osti ovi va boshqa suzishlarim haqidagi jamiki hikoyalarimni tinglab bo’lgach, u go’yoki eng asosiysini sir saqlayotganimni fosh etayotgandek, uchar qanotim haqida gap qo’zg’adi.

Aftidan, kimdir unga mening qo’l kuchi bilan harakatlanadigan uchar uskuna yaratishga urinayotganimni aytganga o’xshaydi. Qachondan buyon bu ish bilan shug’ullanayotganimni so’radi. Uchar kanot yaratish fikri sizda frontda kontuziyaga uchraganingizdan keyin paydo bo’lmadimi mabodo, yaxshiroq eslab ko’ring, deb maslahat berdi. Bundan qanday maqsadlarni ko’zlaganim, uchar qanotdan yiqilib tushgan chog’larimda qanday jarohatlar olganim, shunga o’xshash tafsilotlarni so’rab-surishtirdi.

Men yangicha uchoq bilan ko’pdan buyon shug’ullanib kelayotganim, dengizda boshimdan kechirganlarim bilan uning hech bir aloqasi yo’qligini bosiqlik bilan tushuntirishga harakat qildim.

— Nimaning nimaga aloqasi borligini men sizdan yaxshiroq bilaman, — deya gapimni bo’ldi u.

Shunday deya tag’in boshini xo’roz kabi quyi solintirgan ko’yi mendan judayam xafaligini izhor kilib, agar men uchar qanot bilan shug’ullanishni bas qilmasam, o’zimni avvaliga dengizda (bu boshlanishi!), keyin quruqlikda tobora yomonroq his qila borishim, ana undan keyin, hoynahoy, butkul aqldan ozgach, havoni o’zimning yagona yashash joyim deb e’lon qilishimni aytib ogohlantirdi.

Ehtimol, men andak mubolag’a qilayotgandirman, ammo, rostini aytsam, mening oldimda kip-qizil jinni o’tirar edi. Men uning savol aralash ogohlantirishlariga javob kaytarar ekanman, qarindoshlarimdan hech kimda tug’ma aqliy noqislik alomatlari bo’lmaganini aytganimda u asabiy tarzda o’shqirib berdi:

— Bu qanaqasi, siz mening oldimga davolangani keldingizmi, yo hammasini rad kilgani?!

Xullas, bu yo ilm, yo bemorlar sabab tomi sal kiyshayib kolgan odamdan bazo’r qochib qutuldim. Endi nima qilish kerak? Yana bir-ikki marta suzishga qarakat kilib ko’rdim, ammo hammasi yana takrorlandi. Ana shunda dengizda suzishdan ham, suv osti ovidan ham voz kechishga to’g’ri keladi, degan xulosaga keldim. Bu ham qarilik alomati, deya o’zimni o’zim ovutdim men, qarilik deganlari har bir odamga har xil tarzda keladi.

Meni dengiz bilan, harqalay, qayiq bog’lab turar edi. Bo’sh paytlarimda qayikda turib ov qilishim mumkin edi. Shu bir imkoniyatdan foydalana boshladim. Oradan bir yil o’tdi. Dengizda boshqa cho’milmadim. Suv ostidagi ov qurolini bir ishqibozga sovg’a qilib yubordim. Kunlardan bir kuni aprelda, sohildan taxminan bir kilometr ichkarida bir qo’shni bolakay bilan ov qilib o’tiribman. Bu ayyorona chaqnab turgan qora ko’zli o’n yashar ajoyib bolakay otam bilan do’st bo’lgan o’z bobosiga juda-juda o’xshab ketar edi. U bobosi va onasi bilan birga, otasiz yashar edi. Otasi oilasini tashlab ketgandi. Ehtimol, bir jihati shuning uchun ham bolakay mening oldimga kelib, uchar qanot atrofida girgitton bo’layotganimni soatlab tomosha qilib o’tirar edi. Gohida men uni baliq oviga olib ketar edim.

Biz qarmoqqa baliqni aldash uchun o’ylab topilgan turli rangdagi munchoqlarni ilib, stavrida (baliq turlaridan birining nomi) ovlaymiz. Ovimiz baroridan kelib turibdi, biroq oqim ham o’z ishini qilyapti. Natijada biz baliq galasidan uzoklashib ketamiz. Vaqti-vaqti bilan eshkak eshib, mo’ljalning ustida to’xtaymiz. Kutilmaganda tobora yaqinlashayotgan motorli qayiqning shovqini eshitiladi. Mana, u bizga suv sachratdi va qayig’imizni katta to’lqinda chayqaltirib shundoqqina yonimizdan o’tib ketdi. Ortidan qararkanman xoxolab kulgancha rulni boshqarib ketayotgan baliqchini ko’raman. Uning yonida yana bittasi o’tiribdi. Ichib olganlari aniq. Ularning qayig’i keskin burilganini ko’rib, hozir to’ntarilib ketadi deb o’yladim. Biroq qayiqning motori kuchli ekan.

Qarmoqqa baliq ketma-ket ilinib turibdi. Biz tag’in ovga sho’ng’ib ketdik. Men mast-alast baliqchilarni ham butkul unutdim. Taxminan yarim soatlardan keyin tag’in motor tovushi eshitildi. Ammo bu gal motorli qayiq, aftidan, masofani chamalab ko’rmay, bizga shu qadar yaqin keldiki, qayig’imiz u hosil qilgan katta to’lqinda to’ntarilib ketdi.

Hammasi bir lahzada ro’y berdi. Qayig’imizni ag’darib ketgan yaramaslar nima bo’lganini sezmasligi mumkin emas edi. Aftidan, qayig’imiz to’ntarilib tushganini ko’rib-bilib, sodir bo’lgan voqeaga tegishli javobgarlikdan qo’rqib, ular shahar tomonga oshig’ich suzib ketdilar. Tez orada motor ovozi o’chdi.

O’zimni suvda ko’rib, qayiq to’ntarilganda bolakay lat yemadimi ekan, deya qo’rqib ketdim.

— Hech narsa qilmadimi? — deb so’radim undan.

— Yo’q, — deb javob qildi bolakay o’ta xotirjamlik bilan. Uning baliqdek chaqqon suza olishini bilar edim, biroq aprel` oyi — suv hali muzdek. Biz o’zimizga kelib, men bolakayning qoshiga suzib kelgunimga qadar qayig’imizni to’lqin o’n besh metrcha nariga surib ketdi. Nima qilish mumkin? Men, albatta, uni quvib yeta olaman. Ammo, birinchidan, bolakayni yolg’iz qoldirishdan qo’rkdim, ikkinchidan, endi undan nima foyda? Baribir uni tag’in ag’darib, o’nglab qo’yishga ikkovimizning kuchimiz yetmaydi. Uning ustiga chiqib, bizni topib olgunlaricha kutish — xavfli. Qirg’oqqa qarab suzishga qaror qildim. Anovi ablahlar qayiqni ag’darib yuborganlarini aqalli kimgadir aytishar, shuning uchun kimdir bizni qidirib kelar degan umidda edim. Tabiiyki, ularni sotmaydigan ishonchli sheriklariga aytishlari aniq.

Ana shunda men o’z yuragimni eslab qoldim. Ammo zumda unutdim. Mening yonimda bolakayning borligi, uni qanday qilib bo’lmasin sohilga sog’-omon yetkazishim kerakligi haqidagi fikr butun borlig’imni band qilib olgandi. Yuragimni eslar ekanman, qariyb shu zahoti o’sha ko’ksimdagi qo’shaloq urish va bir lahzalik to’xtashni his etdim. Hammasi xuddi avvalgidek, lekin ulardan bir necha baravar kuchsizroq. Go’yoki yuragimni bezovta qilgan kuch: “Men haliyam yo’qolganim yo’q, ammo shu topda sen menga nisbatan baquvvatroqsan”, deb turgandek.

Men buni yaqqol his qildim. Bolakay haqida qayg’urish boshqa dardlarimni miyamdan siqib chikardi. Men uning qoshiga yaqinroq suzib kelib, ko’ylagining tugmalarini yechdim. Bir qo’lim bilan uni ko’tarib turib, “Echin!” deb buyurdim.

U ko’ylagini maykasiga qo’shib yechib tashladi. Men suvda uning oyog’ini paypaslab topib, poyabzalini yechdim. So’ng uning shimidagi qayishini paypaslab topib, bo’shatdim. Bolakayni yelkamga olgan ko’yi shimini ham yechib tashladim. O’zimning kiyimlarimni ham yechdim. Kiyimlarimiz oqim bag’rida bizdan tobora uzoqlashdi. Biz faqat kalta ishtonda qoldik.

— Sen hecham qo’rqma, — dedim bolakayga o’zimni imkon qadar xotirjam ko’rsatib, — biz albatta sohilga qadar suzib boramiz.

— Qo’rqayotganim yo’q, — deb javob kildi u, — faqat men tushunmayapman: nega ular qayig’imizni ag’darib ketishdi?

Uning qora ko’zlari ro’y bergan voqeaning mazmun-mohiyatini anglab yetishga urinib, menga diqqat bilan tikilib qaradi.

— Ichib olgan tentaklar-da, — dedim men, — ammo sen hecham qo’rqma. Biz qirg’oqqacha suzib bora olamiz.

Ayni lahzalarda bolakayning ko’rinishi yaxshi, ammo men bilamanki, sovuq tag’in o’n besh daqiqalardan keyin o’z kuchini ko’rsata boshlaydi. Qishlog’imiz joylashgan yam-yashil sohil bu yerdan suv bag’rida chayqalib turgandek ko’rinadi. Men dengiz sathiga tikilib karadim. Ammo yaqin atrofda bironta qayiq ko’zga tashlanmaydi. Yilning bu paytida bu yerlarda kamdan-kam ov qiladilar.

— Vitya amaki, — deb so’radi bolakay oradan bir muddat o’tib, — qayig’ingiz endi tamom qo’ldan ketdimi?

— Yo’q, — dedim men, — oqim uni Gulripshoh taraflardagi qirg’oqqa chiqarib tashlaydi.

O’n besh daqiqalar o’tib, kutganimdek, bolakayning dumaloq yuzi oqarib-ko’kara boshladi. Ammo u hozircha yaxshigina suzib turibdi. Men faqat uning oyoq tomirlari tortishib qolishidan qo’rqyapman. Og’riq zabtidan u o’zini idora qilolmay qolishi mumkin. Bunday taqdirda uni sohilgacha oborishim dargumon. Yana o’n daqiqalar o’tib, uning yuzi ko’kimtir tusga kirganini ko’rdim.

— Sovqotdingmi?

-Yo’q.

O’zimning tishlarim takillay boshladi. Bolakay haliyam o’zini bardam tutyapti.

— To’xta, badaningni ishqalayman, — dedim.

Men unga yaqinrok suzib kelib, bir qo’lim bilan suvda muvozanatimni saqlagan holda ikkinchi qo’lim bilan kuchim boricha uning yelkalari, qorni, oyoqlarini ishqaladim.

— Og’riyapti, — dedi u kutilmaganda.
— Chida, — dedim men, uning badanini bor kuchim bilan ishqalar ekanman.

— Kerak bo’lsa, chidayman, — dedi u va labini tishladi.

Men uning qovurg’alari sanalib turgan ozg’ingina badanini ishqalashga shu qadar ko’p kuch sarfladimki, qo’llarim qotib koldi. Ammo uning yuzidan tuproq rangi ketib, rangiga qon yugurdi. Biz tag’in suzishda davom etdik.

— Charchamadingmi? — so’radim bir ozdan so’ng.

— Yo’q, — dedi u va bir muddat o’ylanib turib, qo’shib qo’ydi: — Baribir suzishimiz kerak-da.

Biz suzishda davom etdik. Men unga avvalboshda qulochkashlab emas, o’zim o’rgatganimdek, brass usulida suzishni tayinlagan edim. Qulochkashlab suzganda qo’llar nisbatan tezroq toliqib qoladi.

— Vitya amaki, — deb so’radi bolakay menga g’amginlashgan kora ko’zlarini tikib, — odam mast bo’lganida jinniga o’xshab qoladimi?

Aftidan, u hali-hanuz qayig’imizni ag’darib ketganlar haqida o’ylar edi.

— Ular ablah odamlar, — dedim men, — odam ichib olganida, agar ablah bo’lsa, uning ablahligi yuzaga chiqadi.

Bolakay bir bosh chayqab, suzishda davom etdi. Uning yuz ifodasidan nima haqdadir berilib o’ylayotgani sezilib turar edi.

— Ular ham qizg’anchiqlarga o’xshar ekan-da, — dedi u bir ozdan keyin, menga bir ko’z tashlab, — Jorikning velosipedi yo’q paytida men uning qizg’anchiqligini bilmas edim, endi bo’lsa, bilaman.

— To’ppa-to’g’ri, — uning gapini ma’qulladim men.

Bir ozdan keyin o’zim sovqotib ketayotganimni sezdim. Bolaga qaradim. Uning yuzi tag’in ko’karib kelmoqda edi.

— To’xtab tur, — dedim men va uning yoniga suzib keldim.

Tag’in uni bir qo’lim bilan suv yuzasida tutib, ikkinchi qo’lim bilan badanini ishqaladim. Men bor kuchim bilan ishqadim, ammo u chidab, ingranmadi. Bir qo’lim qotib qolganida, ikkinchi ko’lim bilan ishqaladim.

Yana uning rangiga qon yugurdi. Biz suzishda davom etdik. U charchab qolganini ko’rib turgan bo’lsam-da, tag’in sovqotib qolishidan ko’rqib to’xtamadim. Gohida bir muddat o’z yuragimga quloq solib ko’rdim, ammo mutlaqo bezovta bo’lmayapti. O’zim ham nimagadir uning bezovta bo’lolmasligini va bezovta bo’lmasligi kerakligini bilib turar edim.

Sohilga qadar to’rt yuz metrcha qoldi. Sohildagi yam-yashil daraxtlar aniq-ravshan ko’zga tashlanmokda edi. Kutilmaganda o’ng oyog’imning tomiri tortishib qolayotganini sezdim. Oyog’imning og’rig’i bilan baravar bolakayning taqdiriga qayg’urish hissini ham teran tuydim. Og’riqni sezdirmaslikka urinib tag’in bolakayning qoshiga suzib keldim-da, uning badanini ishqalay boshladim. Endi bir oyog’im o’zimga mutlako bo’ysunmas, shu bois suvda muvozanatni saqlash ancha mushkullashgan edi.

Agar chap oyog’imning ham tomiri tortisha boshlagudek bo’lsa, uning badanini ishqalab qizdirish imkoniyatini ham qo’ldan boy berishim mumkinligi meni qattiq bezovta qilmoqda edi. Shuning uchun ulgurib qolishga harakat qildim. Men uning to’pig’igacha qo’l yugurtirib, nimjongina qovurg’alari-yu kuraklarini paydar-pay ishqab, qornini uqaladim. Aftidan, ahvolning naqadar jiddiyligini his qilib hammasiga chidadi, faqat gohida beixtiyor ihrab yuborar edi.

Axiyri tag’in uning rangiga qon yugurdi, men yengil nafas oldim. O’zimning chap oyog’imning ham tomiri tortishib qolmasligi uchun uqalab qo’ysam yomon bo’lmasdi deb o’ylagan ham edimki, beixtiyor chinqirib yuborishdan o’zimni bazo’r saqlab qoldim: chap oyog’imning ham tomiri tortisha boshladi.

Ikkala oyog’im o’zimga bo’ysunmasa-da, cho’kib ketmas edim, chunki usta suzuvchi edim, ammo endi bu yog’i nima bo’lishini bilmasdim. Tomir tortishishu tirishish agar qorin paylariga qadar yetib kelsa, odam na harakatlanolmay, na qad rostlayolmay qoladi, deb eshitgan edim. Jon-jahdim bilan o’z qornimni ishqalash, chimchilash, timdalash bilan mashg’ul bo’ldim.

Qirg’oqqa qadar ikki yuz metrcha qolgan edi. Endi men bir qo’llab suzganimcha bolakayning ortidan bazo’r ulgurmoqda edim. Sohil ham, dengiz ham kimsasiz edi, binobarin, ko’mak kutib bo’lmas edi. Bir qo’lda zo’riqib suzganim uchun bo’lsa kerak, yuragim bo’g’zimga kelib tiqilgandek bo’lmoqda edi. E, Xudo, deya iltijo qilaman o’zimcha, yana yuz metrga chidagulik kuch ato et o’zing, naryog’iga menga bir nima bo’lgan taqdirda ham bolakayning o’zi sohilgacha suzib bora oladi. Shundan keyin men, aftidan, bir muddat hushdan ketganga o’xshadim. Hushimga kelib qarasam, garchi mening suzish tezligim kamaysa kamaygandir, lekin zig’ircha ham oshirishim mumkin bo’lmasa-da, bolakay ortimda qolib ketibdi. To’xtab uni kutib turdim. U yonimga yetib keldi. Rangi bo’zdek okarib ketgan.

— Onamga achinyapman, — u kutilmaganda shunday dedi-da, gapini davom ettirishdan uyalgandek jim qoldi.

— Nimalar deyapsan! — qichqirib yubordim men. — Qarasang-chi, sohilga qanchalik yaqinlashib koldik.

U menga hech nima deb javob qilmadi. U ajoyib bolakay edi. To so’nggi lahzalarga qadar o’zini mardona tutdi. So’nggi metrlarni men yarim behush holatda suzib o’tdim. Sohilga chiqaraverishda oyoqqa turmoqchi bo’ldim, ammo nega oyoqlarim gavdamni tutib turolmaganiga darrov tushunmagan holda yiqilib tushdim. Bolakay suvdan chiqqan zahoti o’zini issiq qumga tashladi. Men sudralib sohilga chikdim. Endi har ikki oyog’imning tomiri tortishib akashak bo’lib qolganini yashirishimga hojat yo’q edi.

Oqim bizni o’z qishlog’imizdan besh yuz metr olisga surib ketibdi. Bolalik naqadar yashovchan! Yarim soat o’tar-o’tmas bolakay qumda bemalol o’ynab-quvnamoqda edi. Men bo’lsam, ikki soatlardan keyingina oyoqqa tura oldim. Kun juda issiq edi va muloyimgina dengizga qarab turib biz haligina u yerda muzlab qolgudek bo’lganimizga ishonish mushkul edi.

Biz qirg’oq bo’ylab o’z qishlog’imiz tomon yo’l oldik. O’ylashimcha, bolakay uyida bor haqiqatni gapirmagani ma’qul. Onasini ranjitishning nima keragi bor? Bularning hammasi sohilga yaqin joyda bo’lib o’tdi deyish mumkin. Ammo keyin bu fikrimdan qaytdim. Yaxshisi, nima bo’lganini ro’yirost aytgani ma’qul! Bolakayning birinchi haqiqiy g’alabasi, bu — o’ziga xos bayram, nega endi sir tutishi kerak?

O’sha kuni chegarachilar mening qayig’imni sudrab kelishdi. Ammo men bu ishni shundoq qoldirmoqchi emasman. Baxtimizga, na bolakay, na men shamollab qolmadik. Ikki-uch kun o’tib, shaharga yo’l oldim. O’sha motorli qayiq rulini boshqargan, bizga qarab masxaralab kulgan odamni ertadir-kechdir topishimni bilar edim. Ularning hammasi baayni tuxum bosib yotgan tovuqlardek hattoki dengizga chiqmagan paytlarida ham qayiqlar bog’lab qo’yiladigan joyga yig’ilishadi.

Men u yerga kirganimda uning domino o’ynab o’tirganini ko’rdim. Baliqchilardan ayrimlari meni fe’l-atvori g’alatiroq ziyoli deb bilishar, ammo ulardan hech biri bilmas ediki, men kamoqxona ko’rgan qirriqman.

Stol qoshiga keldim. U meni tanigani uchun emas, o’zining jinoyatiga bog’liqligimni taxmin qilgandek boshini ko’tarib menga ma’noli tikilib koldi.

— Militsiyaga boramizmi, yo shundoq gaplashamizmi? — so’radim undan.

Men uning bulardan qay birini afzal ko’rishini bilar edim. Men ham shunisini afzal ko’rmoqda edim.

— Shundoq gaplashsak gaplashaveramiz, — deya po’ng’illadi u, bu suhbat o’ziga necha shishaga tushishini yaxshigina fahmlab.

— U holda anavi yoqqa bor, — dedim unga baliqchilar o’z motorlari va boshqa anjomlarini saqlaydigan hujrachalardan biriga ishora qilib. U jimgina o’rnidan turib, o’sha tomonga ketdi.

Men baliqchilarga uning qilmishini qisqacha gapirib berdim. Ular esa bunga javoban qattiq taajjublanib “oh-voh” qilishdi. Ularning taajjublari bir pulga qimmatligini men bilar edim. Taajjublana turib ulardan biri hazil aralash gap qildi:

— Bu yerda, Maksimich, yarim litrsiz masalani hal qilib bo’lmas ekan…

Boshqasi meni murosa-madoraga chaqirib dedi:

— Ha endi, yigitchalar rulni erkinroq boshqarib, sal hazillashgan ekan-da…

Barzangi turgan hujrachaning qoshiga keldim-da, uni ichkariga boshlab kirdim. Hattoki bolalik chog’larimda ham hech qachon birinchi bo’lib qo’l ko’tarmaganman. Qamoqda ko’pincha boshqani himoya qilib shunday yo’l tutishga to’g’ri kelgan. Yurib ketayotib unga bir musht tushirdim. Uning boshi chayqalib ketdi, lekin yiqilib tushmadi. Nahotki qo’lim kuchsizlanib qolgan, deb o’yladim men va unga ikkinchi mushtni tushirdim. Shunda u shoxi qayrilgan buqadek cho’kkalab qoldi.

— Nima, men yolg’iz edimmi?.. — deya ming’irladi u boshini chayqab, og’zidan oqayotgan qonni artar ekan.

Men bolakayning holi ne kechishi mumkinligini daf’atan tasavvur qildim-da, qahr-g’azabdan o’tdek yonib ketdim: mening bu yog’i bilan ishim yo’q, ablah, sen o’z hayotingning qadriga ham yetmas ekansan-ku!

— Rul sening qo’lingda edi, — dedim men unga, anchagina og’irlashib qolgan gavdasini ikki qo’limda tutgan ko’yi dona-dona kilib, so’ngra tumshug’iga yana bir musht tushirdim. U endi uzil-kesil sulayib qoldi.

Taxminan biror oydan keyin tasodifan o’sha qayiqlar qo’nog’iga yo’lim tushib qoldi. Domino o’ynab o’tirganlar qoshidan o’tar ekanman, hammalari o’rinlaridan sapchib turib, men bilan xursand holda salomlashdilar. Bunday qizg’in salomlashishning tagida qanday ma’no borligini yaxshi tushunmadim: menga quyib berilishi kerak bo’lgan ichkilikdan hotamtoylik bilan voz kechganimmi yoki bu ahmoq bilan qanchalik jadal hisob-kitob qilganimmi? Aftidan, ular masalaning har ikki jihatiga qoyil qolishgan.

Mana shunday, dengizda cho’milishdan bir yilgacha mahrum bo’lib, so’ngra bolakayning hayotini saqlab qolib, yuragimning sirli bezovtaliklaridan butunlay xalos bo’ldim. O’shandan keyin yuragim biron marta bezovta bo’lmadi. Qiziq, buni eshitsa, tomi qiyshayib qolgan ruhshunosim nima degan bo’lar edi? Tolstoy buni, adashmasam, “o’zlikdan kechish” deb atagan. Xalq bundan ham aniqroq aytadi: pona pona bilan olib tashlanadi…

Aytganday, agar men qomusiy bilim egasi bo’lganimda edi, o’z hayotimni xalq maqollari va matallarida bir tutamgina qilib ifodalagan, qat’iy aminmanki, olamshumul fikrlarni ochib ko’rsatishga butun hayotimni bag’ishlagan bo’lar edim! Qanaqangi maroqli ish bo’lar edi bu! Rus tilida, menimcha, bunaqangi kitob yo’q. Ammo u boshqa xalqlarda bormi ekan? Shaxsan men eshitmaganman.

…Shu bilan Viktor Maksimovich o’z hikoyasini tugatdi. Biz yana bir muddat o’rindiqda yonma-yon o’tirgan ko’yi qahva ichib ham shaxmat o’ynab maza qilishayotgan ishqibozlarga parishonxotirlik bilan tikilib qoldik.

U yerda endi Turk o’z raqibiga qarshi dona surmoqda edi. Atrofida esa, o’yinchilar ustidan kulib ham boy berilgan imkoniyatlarni qizg’in muhokama qilib, jonkuyar tomoshabinlar turishibdi.

Muzkaymoq sotuvchi ayol avval ham bir necha marotaba kelib, muzqaymoq xarid qilishlarini so’rab, behuda ovora bo’lgan edi. Hozir, aftidan, yangi, nisbatan unavchanroq xaridorlardan umidvor bo’lib tag’in keldi. Lekin shunda Turkning toqati toq bo’ldi.

— Shu qutining ichidagi hamma muzqaymoq necha pul turadi? — deb so’radi u sotuvchidan.

— Yigirma so’m, — deya bajonidil javob berdi ayol.

— Qutining o’zi-chi? Necha pul turadi? — qiziqishda davom etdi u.

— Besh so’m, — o’sha-o’sha alfozda bajonudil javob qildi ayol.

Turk cho’ntagidan hamyonini chiqarib, undan uchta o’n so’mlikni oldi-da, ayolga uzatdi.

— Nega? — so’radi muzqaymoq sotuvchi ayol, ammo nimagadir uzatilgan pullarni oldi.

— Hozir ko’rasan negaligini, — dedi Turk va uning qo’lidagi yam-yashil muzqaymoq qutisini olib, dengizga uloqtirdi.

Bunday zukkolik va qiziqqonlik bilan topilgan yo’lni hech kim kutmagan edi. Shaxmat ishqibozlarining baralla kulgilari va muzqaymoq sotuvchisining “oh-voh”lari ostida biz mehmondo’st “Amra” palubasini tark etdik. Bunday vaziyatlarda shaxmat olamidagi kutilmagan noyob yechimning tug’ilishi amrimahol, albatta. Ammo toki mardlik-tantilik bilan qilingan sa’y-harakatlar hali saqlanib qolgan ekan, ehtimolki xuddi ana shunday sa’y-harakatlarning sharofati bilan dunyoda tinchlik-totuvlik qaror topib, olam guliston bo’ladi. Sizga sabr-toqat va mardlik-tantilik tilayman, do’stlar.

0543

(Tashriflar: umumiy 407, bugungi 1)

Izoh qoldiring