Fridrix Dyurrenmatt. It. Hikoya / Ulug’bek Saidov. Fridrix Dyurrenmattning evrilishlar olami

012
Фридрих Дюрренматт (1921 йил 5 январ, Конольфинген — 1990 йил 14 декабр ) ХХ аср мумтоз сиймолари қаторидан муносиб ўрин олган швейцариялик адиб. ХХ асрнинг катта адабиётининг детектив хусусияти ҳақида фикр юритиб немис адиби Бертольд Брехт шундай ёзган эди: “Биз фалокатлар шароитида ўз ҳаётий тажрибаларимизни орттирамиз. Фалокатлар асосида ўзимизнинг биргаликдаги ижтимоий ҳаётимиз амалга ошадиган қиладиган усулни англашимизга тўғри келади. Фикрлаш орқали биз инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак. Газеталарни ўқиётгандаёқ биз фалокат содир бўлиши учун кимдир нимадир қилганини ҳис этамиз. Хўш, нимани ва ким содир қилди? Бизни хабардор қилишган ходисалар ортида биз бошқа, бизга хабар қилинмаган ҳодисалар рўй берганини фараз қиламиз. Айни шулар ҳақиқий ходисалардир”.
Дюрренматтнинг асарларида, унинг кулгуси ва аччиқ истеҳзоси, алам ва дардлари, тилак ва ниятлари, изланиш ва кашфиётлари ортида, айни ХХ аср фожеа ва фалокатлари, ёзувчининг дардчил қалби ва тафаккурида уларнинг қолдирган чуқур из ва жароҳатлари бўй-басти билан намоён бўлади.

055

    Фридрих Дюрренматт ХХ аср мумтоз сиймолари қаторидан муносиб ўрин олган швейцариялик адиб. ХХ асрнинг катта адабиётининг детектив хусусияти ҳақида фикр юритиб немис адиби Бертольд Брехт шундай ёзган эди: “Биз фалокатлар шароитида ўз ҳаётий тажрибаларимизни орттирамиз. Фалокатлар асосида ўзимизнинг биргаликдаги ижтимоий ҳаётимиз амалга ошадиган қиладиган усулни англашимизга тўғри келади. Фикрлаш орқали биз инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак. Газеталарни ўқиётгандаёқ биз фалокат содир бўлиши учун кимдир нимадир қилганини ҳис этамиз. Хўш, нимани ва ким содир қилди? Бизни хабардор қилишган ходисалар ортида биз бошқа, бизга хабар қилинмаган ҳодисалар рўй берганини фараз қиламиз. Айни шулар ҳақиқий ходисалардир”.
Дюрренматтнинг асарларида, унинг кулгуси ва аччиқ истеҳзоси, алам ва дардлари, тилак ва ниятлари, изланиш ва кашфиётлари ортида, айни ХХ аср фожеа ва фалокатлари, ёзувчининг дардчил қалби ва тафаккурида уларнинг қолдирган чуқур из ва жароҳатлари бўй-басти билан намоён бўлади. “Мен христиан эътимоди муҳитида ўсиб улғайдим, — ёзади у ўзининг ёшлик ва ўспиринлик йиллари ҳақида. Албатта, унинг атрофидаги одамларнинг бари ҳам идеал эмасди, ҳар бир кишининг ўз нуқсони, иллати, яширин гуноҳи бор. Аммо ҳар ҳолда ҳали тажрибасиз, ҳаётнинг пасту-баландини кўрмаган навқирон болага дунёнинг асосини ташкил этган ва инсон ҳаётини белгилаб берадиган умумий тартиб мустаҳкам бўлиб туюларди. Дин, ахлоқ, ватанпарварлик, сиёсат ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, гўё. Олам ажойиботларга тўла. У туғилган қишлоқда ҳатто театр ҳам бор эди. Вокзалда эса узоқ-яқин шаҳарлардан келаётган поездлар югуришдан чарчагандек, “уф” торта-торта тўхтаб ўтишарди. ªишлоқда болалар учун кўнгил очар жойлар йўқлиги туфайли ҳар қандай ходиса томошага айланарди. Атрофда эса, кўзларни қувнатгувчи, дилларни яйратгувчи ям-яшил тоғлар, кўкда яқинлигидан ерга кулай-қулай деб тургандек туюлган юлдузлар. Онасидан эшитган инжилдаги мўжизаларга тўла ривоятлар дунёсига ўхшарди борлиқ.
Ана шу тинч ва осуда, қадимдан ўзгаришсиз сақланиб келаётган одат ва удумлар билан яшайдиган оламни уруш остин-устун қилиб юборди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Дунё ҳақидаги илк тасаввурларга мутлақо ёт, тамомила бегона — алғов-далғовларга, даҳшатли воқеаларга тўла, аччиқ дуд иси-ю, ўлим ва қон таъми келиб турган воқелик уни ўз исканжасига олди. Шу дамгача гўзалликка муҳтож кўзлар илғаган, эзгуликка чанқоқ дил туйган ҳаёт энди зулм, адоват, ғайр, шаҳват аксланган бадбуруш қиёфасини намойиш этди. Энди бутун борлиқ чирик ва ёлғон бўлиб туюла бошлади унга.
Айни шундай бир шароитда, Дюрренматт қўлига қалам олди. Унинг илк асарларига норозилик ва дилҳасталик доялик қилди. Дюрренматтнинг дастлабки ҳикояларида унинг назаридаги таянгчини йўқотган дунё сингари мудҳиш, ғалати, фантастик оламнинг сурати намоён бўлади.
Вақт ўтиши билан Фридрих Дюрренматтнинг услубида муайян ўзгариш содир бўлди, хусусан беҳад, давосиз дард ўрнини юмор эгаллади. Юмор, кулгу ёзувчи учун ҳаётнинг у англаган даҳшатли ҳақиқатидан йироқлашиш ҳамда бу ҳақиқатнинг оғир юки остида руҳий эврилишдан ўзини асраш воситасига айланди. Кулгуда у инсон руҳий-маънавий эркинлигининг ифодасини кўрди. Дюрренматт асарларидаги юмор ҳалос этувчи кучга айланди, ҳимояланиш воситаси вазифасини бажариб келди.
Бироқ у ҳар бир асарида тилга олинган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун моҳиятини очишга ҳаракат қилар экан, ҳаётдаги аллақандай парчаланишга, эврилишларга эътиборни қаратади. Масалан, “Шаҳар” ҳикояси қаҳрамонига қамоқхона қўриқчиси ишини таклиф этишади. Иш жойига, қоронғу ертўлага келганда, у ўзини шаҳар бошқарувига даҳлдор, қудратли кишидек ҳис қилади. Бироқ, аста-секин ўзи ва гўё у қўриқлаётган маҳбуслар ўртасидаги фарқ йўқолиб боради, ўзининг ҳам маҳбусга айланганлиги ҳақидаги ҳавотир ўй-ҳаёлини банд этади, бошлиқларнинг унинг эркинлиги ҳақидаги гаплари ҳам ёлғон бўлиб туюлади. Маҳбус ва қўриқчиларни ажратиб турган чегара ҳаёлий бўлиб чиқади.
Дюрренматт ижодида “лабиринт” мотиви етакчилик қилади. Лабиринт мотиви ўз ибтидосини қадим юнон мифларидан олган. Уларда ҳикоя қилинишича, лабиринтни афсонавий меъмор Дедал шоҳ Миноснинг амри билан афсонавий Минотаврни қамаш учун қурган. Швейцариянинг пойтахти Берндаги бинолар, бир-бири билан кесишиб, чалкашиб кетган кўчалар, уларни ўз исканжасига олган сон-саноқсиз аркалар, Швейцария тоғларининг бағрини ёриб тилка-пора қилган ва йўловчиларни ўз оғушига олиб, ёруғ оламдан айирадиган туннеллар ёзувчи ҳаёлотида лабиринт образининг пайдо бўлишига туртки берган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳар қандай ижодкор яратган образда унинг ўй-ташвишлари, ҳаётининг у илғаган қонуниятлари аксланади. Аксланади, ривожланади, шаклга киради, ўзгача мазмун касб этади. Лабиринт унинг асарларида инсонни ўз домига тортиб, маҳбусга айлантирган, ҳалос бўлишнинг асло иложи бўлмаган мудҳиш воқеликнинг рамзига айланди. Ва яна ёзувчи учун лабиринт ҳаёт ва инсон ҳақида чиқарган хулосаси — инсон қалбининг зоҳирий дунёсидаги нотурғунлик, унинг хатти-ҳаракатларидаги сабаб-оқибат муносабатларининг ноаниқлиги, ботин ва зоҳирнинг айрилиги, ёлғон ва ҳақиқат, эзгулик ва разолат ўртасидаги чегаранинг ўта мавҳумлиги, сурат ва сийрат маконсизлигининг ифодасидир. Унинг асарларида маънолар осонлик билан ўзгаришга учрайди, ўзининг зиддига айланади, кетма-кет яна ва яна ўгирилиб, аниқ хулоса чиқаришга, баҳолашга, бир тўхтамга келишга йўл қўймайди. Шу тариқа “ªўриқчи хотиралари” ҳикояси қаҳрамони бошпана деб билган ғор унинг учун қамоққа айланади, “Шаҳар” ҳикоясида ташқаридаги – шаҳардаги алғов-далғовлардан қутулиш ва хатто Шаҳарни бошқарувига даҳлдорлик туйғусини берган ертўла, айни пайтда қаҳрамон учун қамоққа, қайтиб чиқишнинг имкони бўлмаган лабиринтга айланади. Лабиринт ичида одам – қўриқчи, маъмурият, ҳокимият вакили, айни пайтда у – маҳбус, қурбон. Инсон ҳолатидаги бу ноаниқлик фақат унинг ҳаёлидагина бўлмай, реалликка айланади. “ªўриқчи хотиралари” ҳикоясининг сўнгида асар қаҳрамони арқонга осилган кишини кўради. Уни маҳбус, жиноятчи деб ўйлайди. Командир унинг қўриқчи эканлигини айтади. “Нима учун уни остирганимни биласанми? Чунки, бу қўланса ит ўзини қўриқчи эмас деб ўйлай бошлади. – Ўзини ким деб ҳисоблайди бўлмаса? – Маҳбус деб – жавоб берди командир”.
1976 йили Дюрренматтнинг “Мувофиқликлар” китоби чоп этилди. Кейинчалик матни қайта-қайта ишланган мазкур китобда муаллифнинг ҳозирги замон дунёси ҳақидаги тасаввурларини ифода этувчи фикрлар баён этилган.
Китоб гарчи “Мувофиқликлар” деб номланган бўлса-да, аслида унда номувофиқликлар ҳақида, ҳаётнинг мунофиқона ўзгарувчи қиёфаси ҳақида гап боради. Дюрренматт ҳаёт ва у ҳақидаги тасаввурларнинг ўзаро номувофиқлиги, реал воқелик ва одамлар онгида ўрнашиб қолган тушунчалар ўртасидаги ажралиш ҳақида ёзади.
Дюрренматт турли муносабат билан айрим давлатлар ва жаҳон сиёсати ҳақида кўп фикр билдирган. Замонавий сиёсий муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақидаги ўз ғоялари билан ўртоқлашган. Бир-биридан беҳад узоқлашиб кетган давлат сиёсати билан халқ манфаатларини яқинлаштириш ҳақида қайғурган. Аммо уни, санъаткор сифатида, сиёсий муаммолар эмас, аввало инсон қизиқтиради. Инсон, унинг табиати ёзувчи наздида барча нарсанинг, хусусан, ўша сиёсий муаммоларнинг асосини, ўзак томирини ташкил этади. ²озирги замон дунёсининг мунофиқ қиёфаси, аслини олганда, инсоннинг англанган ёки англанмаган мунофиқлигининг инъикосидир. Ёзувчи учун истеҳзо — бироз бўлса-да, ана шу қиёфасини тинимсиз ўзгартириб борадиган дунё ва инсонни англашнинг ягона воситасига айланади.
Истеҳзоли кулгу Дюрренматт ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У бир қатор комедия жанрида ёзилган асарларнинг муаллифи. Айнан комедия, унинг фикрича, ҳозирги замон дунёсининг гротескона қиёфасини очишга қодир, айнан комедия ҳақиқатни бироз бўлса-да, аён қилишга ёрдам беради.

067Аслини олганда, комедия Дюрренматт ижодининг мазмун-моҳиятини ташкил этади — “Грек йигит грек қизни излайди” қиссасига иккинчи сарлавҳа сифатида “Насрий комедия” деган сўзлар танлангани бежиз эмас.
Бир қарашда Дюрренматт асарларида интрига одатий — икки қарама-қарши кучни зидлантириш асосида қурилгандек. Ахлоқ ахлоқсизликка, эзгулик разолатга қарши қўйилган. Шунга мувофиқ қаҳрамонлар танланган ва жойлаштирилган. Аммо Дюрренматтнинг мумтоз драматургия қоидаларига риоя этишининг ўзи ҳам истеҳзо кўринишини касб этади — эзгулик ва разолат ўртасидаги кураш тарзида талқин этилган дунё мантиғи унинг асарларида парчаланади. Унинг ўрнини ёзувчининг ўзгача, хушёр торттирувчи мантиғи эгаллайди. ²аёт, воқелик унсурлари ўша-ўша, лекин худди болаларнинг “калейдоскоп” ўйинчоғини озгина силжитса, озгина бурилса, унинг ичидаги рангли шишачалардан бутунлай бошқа безак пайдо бўлганидек, бу унсурлардан ёзувчининг бир ҳаракати билан буткул ўзгача манзара ҳосил бўлади. Дюрренматт қалами остида дунё бошқа маъно-мазмун касб этади. Аниқроғи, ёзувчи ўз ўқувчисини икки ва ундан ҳам ортиқ талқин томон етаклайди. Бу талқинлар бир пайтнинг ўзида ҳам бир-бирини инкор этади, ҳам қўшилиб кетиб, ажабтовур яхлитликни намойиш этади. ²икоянинг ривожи воқеалар алмашинуви асносида эмас, муаллифнинг аллақандай фантастик мантиғи асосида кечади. Фантастик эврилиш мантиғи истеҳзо воситасида ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборади ва реал воқеликка айланади. Масалан, “Мистер Ш таътилда” ҳикоясида шайтон эзгу ишлар қилиш учун ерга тушади. У иштиёқ билан эзгулик уруғларини сочади. Аммо оҳир-оқибат маълум бўлиб қоладики, дунё разолатсиз бўлиши мумкин эмас экан: иллатлар ҳаётни илгари силжитади, коррупция камайган сари эса иқтисодиёт инқирози кучайиб боради.
Биринчи қарашда бу ҳикоя ХVIII аср инглиз файласуфи ва ёзувчиси Бернард Мандевилнинг инсон ва жамият борасидаги қарашларини эслатгандек бўлади. Ўзининг машҳур “Асаларилар ҳақидаги масал ёҳуд алоҳида шахсларнинг иллатлари – жамият учун фойда” асарида у жамиятдаги гармонияни эзгу ишлар эмас, айни иллатлар сақлашга ёрдам беришини асослашга ҳаракат қилади. Асалари уяси тимсолида ўз даври жамиятини тасвирлаган адиб уни идеаллаштирмайди, хусусан, унинг наздида, одамларнинг хатти-ҳаракатларини шахсий манфаат ва даромадга интилиш белгилайди. Аммо бундай ҳол унинг учун табиийгина бўлиб қолмай, ақлга ҳам мувофиқдир, зеро унинг наздида жамият иллатларсиз барбот бўлади.
Мендевилдан фарқли ўлароқ, Дюрренматтнинг мақсади, иллатларни оқлаш эмас, балки нафақат ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар, ҳаётнинг ўзи ҳам омонатлигини кўрсатиш. Бу омонатлик ҳақида у ҳар бир асарида ўзгача ёзади, лекин хулоса ўзгаришсиз қолади: бизга мустаҳкам замин бўлиб туюлган исталган жойда ҳар дақиқа тубсиз жарлик пайдо бўлиши, шаклланган тасаввурлар чил-чил бўлиши ва тартиб ўрнида тартибсизлик намоён бўлиши мумкин.
Дюрренматтнинг ижодий меросида ғалати бир асар бор. Унинг тўлиқ номи: “Топшириқ ёҳуд назоратчининг назоратчилар устидан назорати. 24 жумладан иборат новелла”. Уни ташкил этган бу 24 жумланинг ҳар бири– битта боб. Бир неча саҳифага чўзилган боб–жумлаларда биронта нуқта йўқ. Улкан жумлаларнинг бўлаклари бир-бирига маҳорат билан боғланган ва Дюрренматтнинг Дунё ва инсон ҳақидаги тасаввурлари сингари, бири биридан келиб чиқади, бир-бири билан боғлиқ, бир-бирини тақазо этади. Унинг бошқа асарларида ҳам бир воқеа-ҳодисанинг турланган талқинлари узлуксиз бир жумлага бирлашиб кетади, зиддиятли яхлитликни ташкил этади. Бу яхлитлик чарчоқ ва чорасизлик омиҳтасидан дунёга келган. Аммо ўзи яратган оламдаги турланишлар сингари Дюрренматт ўқувчисини оҳиста, шошилмай, эҳтиросга берилмай, чарчоқ ва чорасизлик уммонидан охир-оқибат умид қирғоғига олиб чиқади. “²ақиқий ёзувчилик юмуши ҳар доим инсон имкониятларини англаш ва амалда синаб кўриш ишида иштирок этишдан иборат”, — деган эди бир ерда Дюрренматт.
Дюрренматт кўпинча яхши маълум бўлган тарихий ёки афсонавий сюжетларга мурожаат этади ва уларни бутунлай бошқача талқин этиш, улардан ўзгача хулосалар чиқариш мумкинлиги кўрсатади. “Пифиянинг ўлими” ҳикояси ҳам ана шундай асарлардан бири. ªадимий юнон афсонаси ва ундаги воқеа-ҳодисалар ёзувчининг истеҳзоли қалами остида турланиб, ўзгача мазмун касб этади. Дюрренматт қаҳрамонларининг ички оламига ғаввос каби шўнғийди, инсон руҳиятининг энг чуқур, қоронғу бурчакларини ёритади, гўё уларнинг вужудини ағдариб, ботиний қатламларни зоҳирга олиб чиқади. Дюрренматтнинг психологизми қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларида намоён бўлгувчи яширин, баъзан сир тутилган, баъзан англанмаган ниятларни юзага чиқаради.
Китобхон Дюрренматт талқинидаги дунёни қабул қиладими, йўқми, бундан қатъий назар, бир нарсани тан олиши тайин – ҳаёт баъзан ўзининг даҳшатла иршайган, бадбуруш томони билан инсон томон юзланади. Айни шундай дамлар синов дамларига айланади. Ана шундай дамларда бир елкасида раҳмон, бир елкасида шайтон ўтирган инсон уларнинг қай бирига қулоқ тутиши, умид ёки ноумидлик, эзгулик ёки жоҳиллик йўлини танлаши, ўзлигини сақлаб қолиши, ўзини ким деб идрок этиши ўзига боғлиқ. “Шаҳар” ҳикояси сўнгида айнан шунга ишоратни кўрамиз: “… ªўриқчи эмас, маҳбус бўлиб чиқишнинг ҳақиқатга айланиши мумкинлиги мен учун ҳаётимни чинакам дўзахга айлантирди. Зеро, билинтирмай ер қаърида чуқурлашган, деворларидаги даҳшатли башараларни ёритиб турувчи кўкиш нурга тўлган бу йўлакда ким ҳам яшай оларди? Бу мен учун дош бериб бўлмас бир ўйга айланган эди… Аммо чеки йўқ ўйларим ана шу ерга келганда, калламга ҳал қилувчи бир ғоя келди, Коперникнинг эътирофига ўхшаш: қўриқчиларнинг жойлашишини бошқача тасаввур қилиб кўриш керак…”

055

     Бу шаҳарга келган дастлабки кунимдаёқ Библиядан баланд овозда қироат қилиб турган абгор қиёфадаги киши ва унинг атрофида тўпланган кичик бир тўда эътиборимни тортди. Унинг оёқлари ёнида ётган итни – жуда хунук ва мумдай қоп-қора, тердан юнглари намиқиб ва силлиқланиб турган маҳлуқни – дафъатан кўрмаганимга ажабландим. Итнинг кўзлари худди олтингугуртдек сапсариқ, даҳшатли оғзини очаркан, иккита бўритиши ҳам шу рангдалигини кўриб титраб кетдим, унинг бутун кўриниши шундай эдики, дунёдаги бошқа бирорта жонзотга таққослашдан ожиз эдим. Бу даҳшатли махлуққа узоқроқ қараб туролмадим ва ундан кўз узиб, яна итнинг эгасига қарадим. У йиртиқ либосли норғул бир киши эди. Шунга қарамай унинг кийимлари йиртиғидан кўриниб турган бадани тоза эди, камбағалмонанд либослари ҳам одатдан ташқари тозалиги билан ажралиб турарди. Қўлидаги Библия эса ҳақиқий хазина; муқовасида олтин ва бриллиантлар жилоланарди. Воизнинг овози кескин ва хотиржам, сўзлари одатдан ташқари аниқ бўлиб, нутқида оддийлик ва ишонч ҳукмрон. Яна шуни ҳам пайқадимки, унинг нутқида мутлақо киноя йўқ. Бу Библиянинг хотиржам тарздаги қироати бўлиб, ҳар қандай фанатизмдан холи, мабодо қандай этиб сўзларида ишончсизлик сезилса, бу оёқлари остида ётиб, сап-сариқ кўзларини тингловчилардан узмай қараб турган итнинг таъсири эди. Ит ва унинг хўжайини билан боғлиқ ғалати уйғунлик мени ўзига ром этиб қўйди ва бутун эътиборимни шу одамнинг шахсиятини билиб олишга ундади. У шаҳарда ҳар куни ваъзхонлик қиларди. Бироқ ўз иши билан кечгача шуғулланса-да, унинг кимлигини билиб олиш осон кечмади. Шаҳар режа асосида аниқ ва оддий қурилганига қарамай, унда адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Бунинг устига воиз ўз қароргоҳидан маълум бир вақтда чиқмас ва умуман, унинг хатти-ҳаракатидан нима қилмоқчи эканлигини айтиш қийин эди. Баъзида у кун бўйи бир жойда туриб олиб бетиним сухандонлик қилар, баъзида эса ҳар чорак соатда жойини ўзгартирарди. Улкан қора ит ҳамиша унинг ёнида юриб, кўча бўйлаб кузатиб борар ва ваъзхонлик бошланиши ҳамон оғир гавдаси билан ерга ўмганларди. Унинг ваъзларини тингловчилар унчалик кўп бўлмас, гоҳида ёлғиз ўзи турганини кўриш мумкин эди. Лекин менинг билишимча, бундай ҳолдан хижолат тортмасди ҳам. Турган жойидан жилмай қироатини давом эттираверарди. Ногоҳ чоғроққина кўча ўртасида туриб олиб, баланд овозда ибодат қила бошлаганини кўп марта кўрганман. Ваҳоланки, яқингинасида унинг ваъзларидан бехабар одамлар ўтиб-қайтишаётган катта кўча бор эди. Унинг ортидан сездирмай кузатиш имкони бўлмагани сабабли ҳар доим тасодифий учрашувга умид боғладим ва бу одамнинг қароргоҳини излаб топишга ҳаракат қилдим, бироқ ҳеч ким воизнинг манзилини кўрсатиб бера олмади. Шу боис, бир сафар кун бўйи унинг ортидан юрдим. Бир неча кун шундай ўтди. Ҳар доим оқшомга яқин у изсиз йўқолиб қоларди, мен эса мақсадимни сездириб қўймаслик учун унинг ортидан билдирмай боришга уринардим. Мана, ниҳоят, бир куни оқшом палласи унинг шаҳар кўчаларидан бирига, билишимча, шаҳарнинг энг бадавлат кишилари яшайдиган уйга кириб кетаётганини кўриб таажжубим ошди. Шу лаҳзадан эътиборан мен одатимни ўзгартириб, энди унинг ортидан яширин равишда кузатишни тўхтатдим. Мени кўрсин учун атайлаб унинг рўпарасида турадиган бўлдим, бу билан унга ҳеч ҳам халақит бермасдим, аммо ит мени кўриши билан ириллай бошларди. Шу тарзда бир неча ҳафта ўтди. Ниҳоят, ёзнинг охирларида Иоанн Инжили тўғрисидаги шарҳини тамомлаган воиз менинг олдимга келиб, уйига кузатиб қўйишимни сўради. Йўл давомида оғиз очмади. Уйга етганимизда борлиққа қоронғулик чўккан эди. Биз кирган катта хонада чироқ ёниб турарди. Xона йўл сатҳидан қуйида бўлгани сабабли эшикдан кирарканмиз, зина бўйлаб бир неча поғона пастга тушишга тўғри келди. Xонада китоб-лар шу қадар кўп эдики, деворлар ҳам кўринмасди. Осмачироқ остида арча ёғочидан ишланган катта ва оддий стол бўлиб, унинг ёнида тўқ мовийранг кўйлакли бир қиз китоб мутолааси билан машғул эди. У бизга эътибор қилмади. Xонанинг иккита деразаси бўлиб, уларга қалин матоҳдан парда тутилган, деразалардан бирининг тагига одмигина тўшама ташлаб қўйилган, деразага қарама-қарши томондаги девор тагида каравот, стол ёнида эса иккита стул турарди. Эшик ёнида печка. Яқинлашиб борарканмиз, қиз биз томонга қаради ва шунда мен унинг юзини кўрдим. Қиз мен билан қўл бериб кўришди-да, стуллардан бирига таклиф этди. Бу пайтда уй соҳиби тўшагига узала тушган, ит эса унинг оёқлари ёнидан жой олганди.
– Бу менинг отам, – баён этди қиз, – ухлаяпти, бизни эшитмайди. Итнинг номи йўқ. Бир кун оқшом отам ибодат қилаётганда пайдо бўлиб қолди. Эшик қулфланмаганди. У панжалари билан тутқични босиб, эшикни ўзи очди-да, хонага кириб келди.

Мен қизнинг рўпарасида лол бўлиб турардим, кейин пастроқ овозда отасининг ким бўлганлигини сўрадим.
– У жуда бадавлат киши эди. Кўплаб фабрикалари бўлган, – деди қиз кўзларини ерга тикиб. – Лекин у онамни ва акаларимни ташлаб чиқиб кетган. Ҳақиқатни халққа етказиш учун шундай қилган.
– Отанг қилаётган ваъз-насиҳатлар ҳақиқат деб ўйлайсанми? – деб сўрадим.
– Ҳа, ҳақиқат, – жавоб қилди қиз, – бунинг ҳақиқат эканлигини аввалдан билардим. Шу сабабли отам билан мана шу тагхонада яшаяпман. Лекин у ҳақиқатни баён эта бошлаши билан итнинг пайдо бўлиб қолиши сира ақлимга сиғмайди.

Қиз жимиб қолди ва менга шундай қарадики, гўё мендан ниманидир сўрамоқчи-ю, буни овоз чиқариб айтишга журъати етмаётганга ўхшарди.
– Сен бу итни ҳайдаб юбор, – дегандим, қиз бунга жавобан бош тебратиб қўйди.
– Унинг номи йўқ ва шунинг учун ҳам ҳеч қаёққа кетмайди, – деди қиз шивирлашга яқин овозда. Сўнг менинг ўнғайсизланиб турганимни пайқаб, стуллардан бирига ўтирди, мен ҳам шундай қилдим.
–Нима, сен ундан қўрқасанми?–деб сўрадим.
–Ундан ҳамиша қўрқардим, – жавоб қилди қиз, – бир йил аввал мени ва отамни уйга қайтариш учун онам адвокат ва укаларим билан келишган эди, улар ҳам бу номсиз итдан жуда қўрқиб кетишди, ит бўлса отамнинг олдида туриб олиб, уларга қараб ирилларди. Мен, ҳатто тўшакда ётганимда ҳам ундан қўрқардим, лекин энди ҳаммаси ўзгарди, чунки сен келдинг ва энди мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сенинг келишингни билардим. Албатта, қиёфангни тасаввур қилолмаганман, аммо кунлардан бир кун отам билан бирга, оқшом чўкиб чироқлар ёнганда ва кўчалар тинчиб қолганда шундай бўлишини ва бу оқшом пайти рўй беришини тасаввур қилардим. Билардимки, сен келасан. Мана шу ярми ер остида турган хонада, менинг тўшагимда, мана шу китоблар олдида мени никоҳ туни билан сийлаш учун келишингни билардим. Биз — аёл ва эркак шундайгина ёнма-ён ётамиз, анави ерда, ўз тўшаги устида эса отам. У қоронғуда бир гўдак янглиғ ухлайди, улкан қора ит эса бизнинг бахциз севгимизга посбонлик қилади.

Бу муҳаббатни қандай унутай! Дераза, торгина тўртбурчакдай бўлиб, гўё бизнинг яланғоч танларимиз узра кенгликларда учиб юрарди. Биз бир-биримизга чирмашиб, бир-биримизга қўшилиб кетганча ётар, арава судраб ўтаётган от туёқларининг жарангдор товуши, кўча шовқинлари эҳтиросларга қоришиқ овозимизга қўшилиб кетган эди. Баъзида уйига қайтаётган маст одамнинг қатъияциз қадам ташлаши, баъзан бузуқ аёлларнинг бедана юриши, гоҳида колонна бўлиб ўтаётган аскарлар этигининг оғир ва бир маромдаги гурсиллаши эшитиларди. Биз тагхонада илиққина қоронғуликка бурканиб, бошқа ҳеч нарсадан ҳадиксирамай ётардик, бурчакда – худди ўликдек сас чиқармай ўз тўшамаси узра ухлаётган уй соҳиби ёнида – сап-сариқ худди иккита сариқ ой доирасидек кўзларини бизга қадаганча ит ётар, унинг кўзлари бизнинг севгимизни қўриқларди.

Олтиндай алангаланиб ва яллуғланиб куз келди. Кейин аввалги йиллардаги афсонавий совуқли қишдан фарқли ўлароқ, кечиккан ва юмшоққина қиш бошланди. Дўстларим билан таништириш учун қизни тагхонадан чиқаришга кўндириш, театрга олиб бориш (улуғвор ишлар пишиб етилаётган жойга) ёки тепалик бўйлаб тўлқинсимон кўриниш олган ва шаҳар остонасига қадар бостириб келган нимқоронғу ўрмонга бирга сайр қилишга кўндиришнинг уддасидан чиқмадим – у уйдан чиқмас ва токи отаси ўша баҳайбат ит билан қайтмагунча, арчадан ясалган стол олдидан жилмас ва фақат шундан кейингина сарғиш нур сочиб турган деразалар остидаги тўшаги томон мени етакларди.

Ҳали шаҳардан шилта ва киррати қор аримаган, соя жойларда бир метр қалинликда қор уюмлари сақланиб турган эрта баҳорда, кутилмаганда, қиз хонамга кириб келди. Деразадан қуёшнинг нурлари қиялаб тушиб турарди. Вақт кечга томон оғган ва мен печкага тараша ўтин қалаётгандим. Xудди шу лаҳзада у эшик олдида пайдо бўлди; ранги қув учган, қалтираб турар, палтосиз, эгнидаги ўзининг ўша тўқ кўк кўйлагида совқотаётгандай кўринарди. Фақат оёғида мен аввал кўрмаган қизил мўйнали бошмоқчаси бор эди.
– Итни ўлдир, – деди қиз эшикдан кўриниши билан, – ҳали нафасини ҳам ростламай туриб. Унинг сочлари ёйилган, кўзлари катта-катта очилган ҳолатда эди. Қизнинг бутун қиёфаси шу қадар хаёлий эдики, унга қўлимни тегдиришга ҳам ботинмадим. Жавон олдига бориб, револверимни олдим.
– Қачон бўлмасин мендан шундай қилишимни сўрашингни билардим. Шунинг учун қурол сотиб олгандим. Буни қачон бажаришим керак?
– Ҳозир, пайсалга солмай, – жавоб берди у. – Отам ҳам ундан қўрқади. У итдан азалдан қўрқаркан, буни энди англадим.

Мен револверимни кўздан кечирдим-да, палтомни кийдим.
–Улар тагхонада, – маълум қилди қиз нигоҳини ерга тикканича. – Отам ўзининг тўшагида қимирлашга журъат қилолмай ётибди. Чунки итдан қўрқади. Ҳатто ибодат ҳам қилолмайди, ит бўлса эшик олдида ётиб олган.

Биз дарё томонга эндик, тош кўприкдан ўтдик. Осмон худди ёнғин пайтидагидай қўнғир-қизил рангда. Қуёш эндигина бота бошлаган. Шаҳар одатдагидан гавжум, кўчаларда одамлар ва машиналар. Улар гўёки қандайдир қонли денгиз қобиғи бўйлаб бораётгандай, чунки деворлар ва деразаларда ботаётган қуёш шафақлари ҳали-ҳамон аксланиб турарди. Биз оломон ичига ўзимизни урдик. Ҳаракат борган сари кучаярди. Қатор бўлиб ўтаётган машиналар, силкиниб турган, зулмкор сутранг шиша кўзли баҳайбат маҳлуқларга ўхшаш омнибуслар, қўллари билан ишорат қилиб турган кулранг шлёмли полициячилар олдидан югургилаганча ўтиб борардик. Мен шунчалик қатъият билан олға интилардимки, қиз анча узоқда қолиб кетди. Ниҳоят, палтонинг тугмалари ечиб қўйилганига қарамай, қуюқлашиб бораётган сиёҳранг оқшом чоғида ҳансираганча юқорига, керакли кўча томонга ўтиб олгандим. Лекин жуда кечиккан эдим. Ўша лаҳзада револверни маҳкам ушлаб, эшикни оёғим билан бир тепиб очганча, чаққонлик билан ертўлага тушарканман, ўзини деразага отиб уни синдирганча кўчага сакраётган маҳлуқнинг баҳайбат соясини кўриб қолдим.

Ерда эса ит таниб бўлмас даражада бурдалаб ташлаган уй соҳибининг оппоқ гавдаси қон ҳалқобида ётарди.

* * *

Мен бутун вужудим билан титраб, китобларга кўмилганча деворга суяниб турарканман, машина сигнали эшитилди. Замбил кўтарган одамлар кириб келишди. Марҳумнинг жасади олдида турган врач менга ғира-шира кўринарди. Ранги учган, тиш-тирноғигача қуролланган полициячилар ҳам жасад олдида туришарди. Атроф тўла одам. Баралла овоз билан қизни чорлаганча ўзимни шаҳар бағрига отдим. Кўприкдан ўтиб уйимга етиб олдим. Лекин қиз у ерда йўқ эди. Мен жон аччиғида, уйқусиз, ейиш-ичишни, дам олишни унутиб, уни изладим. Полиция ҳам оёққа турган эди. Баҳайбат махлуқсимон ит ҳамманинг юрагини ваҳимага тўлдирган. Қизни қидираётганларга ёрдам сифатида сафарбар этилган маҳаллий гарнизон аскарлари занжир ҳалқаларидай тизилишиб, атрофдаги ўрмоннинг тити-питисини чиқаришди. Сарғиш ифлос сувли дарёда қайиқлар сузар, қўлида узун хода тутган кишилар дарё тубини титкилашарди. Шаҳар ва унинг атрофида баҳорнинг илиқ ёмғири тўхтовсиз ёғиб тургани сабабли қидирув ишини тошконларнинг ғорларида олиб боришарди. Улар ёниб турган машъалаларни бош узра кўтариб, қизнинг номини айтиб баланд овозда чақиришарди. Уни канализация тунелларидан, ҳатто маҳаллий кафедрал черков томларидан ҳам излашди. Лекин у сув остига чўккандай дом-дараксиз кетган, ит ҳам ғойиб бўлганди.

Орадан уч кун ўтиб, тунда уйимга қайтдим-да, ҳориган, бўшашган бир ҳолатда кийимларимни ҳам ечмасдан ўзимни каравотга ташларканман, худди шу лаҳзада пастда, кўча томонда, қадам товушлари эшитилди. Югурганча дераза олдига бордим, уни очиб юбордим ва деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ярим тунгача қуйган ёмғирдан ҳўл бўлган йўл қора тасмага ўхшарди. Ҳўл асфалтда кўча чироқларининг нури нотекис бир тарзда олтин рангда жимирларди, кўчадан қатор дарахтлар бўйлаб, эгнида қора кўйлак, оёғида қизил бошмоқчаси, узун сочининг толалари кўкимтир рангларга йўғрилиб одимларди қиз. Унинг ёнида эса тундай қоп-қора, сариқ думалоқ, ялтироқ кўзли ўша ит гўё бегуноҳ қўзичоқдек енгил ва шарпасиз югургилаб келарди.

Неъмат Арслон таржимаси

(Tashriflar: umumiy 43, bugungi 1)

Izoh qoldiring