Gabriyel Garsia Markes. To’kilayotgan yaproqlar. Qissa

09    Ҳаётимда илк бора ўлган одамни кўрдим. Мактабга юбормай, эгнимга бир жойимни ачиштираётган кўм-кўк чийдухоба костюм-шим кийдириб, ясантиришди. Шу учун ҳафтанинг чоршанбаси менга бозор кунига ўхшаб туюляпти. Бирон буюмга урилиб кетишдан ҳайиққанидан ҳассаси билан тимирскиланиб, ўзига йўл топиб, секин одимлаётган шабкўр, боз устига бироз оқсоқ бувамнинг ортидан эргашиб келардик.

Габриэль Гарсиа МАРКЕС
ТЎКИЛАЁТГАН ЯПРОҚЛАР
07

fb72b0d8e30582e6092ca4559e84fc05.jpgГабриель Гарсиа Маркес (1928, Аракатака — 2014, Мехико) — колумбиялик ёзувчи. Нобель мукофоти лауреати (1982). Дастлаб «Эль Эспектадор» газетасининг Богота ва Европадаги репортёри. 1959—60 йилларда Куба «Пренса Латина» агентлигининг мухбири. Дастлаб сценарийлар ёзган. «Тўкилган япроқлар» (1955), «Полковникка ҳеч ким ёзмайди» (1958), «Ғаразли соат» (1962) повестлари реалистик руҳда ёзилган, «Гранде-Она дафн маросими» (1962) тўпламига кирган ҳикоялари фантастикага бой. «Юз йил танҳоликда» (1967—70) роман эпопеяси Колумбия тарихига бағишланган. «Вабо ва муҳаббат» (1985) романида фольклор ва мифологиядан фойдаланиб, ўзига хос миллий онгни тиклашга ҳаракат қилган. Габриэль Маркеснинг бир неча асари, хусусан, «Юз йил танҳоликда», «Бузрук кузи» романлари, «Ошкора қотиллик қиссаси» ва жуда кўп ҳикоялари  ўзбек тилига таржима қилинган.

011

  Айтишларича, итдек ўлим топган Полиникнинг жасади масаласида Креонт (1) шундай ҳукм чиқарганмиш: шаҳар аҳлидан бирор кимса ўликни қабрга қўймасин, ўлимига қайғуриб аза тутмасин, танаси одамга ўхшаб кўмилмай, қузғунларга ем қилинсин. Эмишки, одил Креонт бу фармонни ошкора айлаб, сену мени, айниқса, мени ўйлаб ҳалиям бағрикенглик қилибди, ўзи шу ерга келиб ҳукмдан бехабарларга сабоқ бўлиши учун кўмиш маросими ўтказилмаслигини такрор ўқиб  эшиттиргай, ғолибо, унинг амрига қарши борганни халқ тошбўрон қилади.
(“Антигона”дан)

Сокин қишлоқ ўртасида кутилмаганда кўтарилган уюрмали шамолдай ёпирилган банан кампанияси (2) чириган хазонларни олиб келди. Ҳавода баравж айланаётган барглар бегона жойларнинг супуриндисию тобора афсонага айланаётган фуқаролар урушининг кулидай туюларди. Қовжираган япроқлар тўрт томонга сочилиб кетди. У ҳали-ҳануз одамларни бевош оломон, қаттол ажалнинг бадбўй ҳиди билан заҳарларди. Бундан қарийб бир йил бурун у адоқсиз кулфатларни ёғдиргани важҳидан қишлоқ боши фалокатдан чиқмай қолди, кўчаларга чиркин адоват уруғларини экиб чиқди. Саркаш тўфон нафасида йиғилган бу адоват уруғлари уюми сочилиб, соҳилининг бир томони қабристону иккинчиси бегона қишлоқлардан йиғилган ахлат уюмидан манзум жин кўчага айланди.

Қўлида ё бир жомадон, ё тугун кўтарган жулдур кийимли ёлғиз мусофир эркагу аёллар қишлоққа олдинма-кейин кириб келишар, хачирларининг безакли арқонини мусофирхона устунига боғлашар ва қишлоқдан муқим қўним топишарди, хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ, уруш майдонига қачон кирганию қандай жанг қилганига қарамай, ҳукумат бўйнидаги қарз – ҳарбий унвон, уй-жой, икки маъшуқага эга бўлгач, аввалги одамларнинг шиддатли нафаси кучли гирдобга айландию бу ерда сериздиҳом жойлар: баққоллик дўконлари, касалхона, ишратхона, электростанция қолдиқларини қайта ростлади.

Катта шаҳарлардаги аламли муҳаббат салқитлари боши айланиб, хазон барглар гирдобида биз томонларга қадами етиши ҳамоноқ, ёғоч кулбаларни барпо этди, аввалида бу хилват гўшалардаги жаҳолат ботқоғига ботган зулмат тўшаклар кунжаги бир кечага яширин бошпанадек хизмат қилган бўлса, кейин нотаниш рафтори бузуқларнинг сершовқин кўчасига ва бора-бора бутун қишлоқ фоҳишахонага айланди.

Серқатнов йўлдаги ўтовлар, йўловчи қиёфасидаги эркаклар, соябонлари ила юзларини тўсиб, бўхчасини бошида кўтарган аёллар, нотаниш чеҳралар, мусофирхона сайисхонасида очликдан эти устахонига ёпишган хачирлар – бу тўс-тўполон орасида сургун қилинганларнинг биринчию охиргиси биз бўлганмиз ва боз устига ҳаммамиз бир думалаб катта амалдаги мансабдорларга айланган жўжахўрозлар эдик.

Халқ силласини қуритган урушдан сўнг унумдор Макондога қадам қўйганимизда, бир кунмас-бир кун бу заминга ҳам тараққиёт оташнафаси етиб келиши эҳтимоли ҳақида элбурутдан тўн бичгандиг-у, бироқ кучини чамаламагандик. Ёпирилиб келаётган оқим шиддатини ҳис қилганимизда эса у кўпга қўшиб бизни ғарқ қилишини остонада қўл қовуштириб кутишу қирқ йил қирон келганда ҳам ажали етган ўлади, дея тақдирга тан беришдан бўлак чора қолмаганди. Мана, поезднинг илк ҳуштаги янгради. Хазонлар поезд истиқболига чиқди, бироқ улар оғирлашиб, кучдан қолганди, вақт маҳв этган қовжираган япроқлар аста-секин ерга қўниб, манглайига битилган кўргилик
– чиришни бошдан кечириб, ерга сингиб кетдилар.
(Макондо, 1909 йил.)

1

Ҳаётимда илк бора ўлган одамни кўрдим. Мактабга юбормай, эгнимга бир жойимни ачиштираётган кўм-кўк чийдухоба костюм-шим кийдириб, ясантиришди. Шу учун ҳафтанинг чоршанбаси менга бозор кунига ўхшаб туюляпти. Бирон буюмга урилиб кетишдан ҳайиққанидан ҳассаси билан тимирскиланиб, ўзига йўл топиб, секин одимлаётган шабкўр, боз устига бироз оқсоқ бувамнинг ортидан эргашиб келардик. Ойимнинг қўлидан тутиб, меҳмонхонадаги кўзгу қаршисидан ўтаётганимда, ўзимни бошдан-оёқ кўм-кўк уст-бошу бўйнимни қичиштираётган оҳори тўкилмаган оппоқ бўйинбоғда кўрдим. Чанг босган тошойнадаги аксимга термилиб: “Ҳа, бу мен, тавба, бугун худди бозор кунига ўхшайди-я”, – дедим ўзимга-ўзим.

Ўлган одам ётган хонага кирдик.

Диққинафас тўрт девор орасида бўғилиб қолиш ҳеч гапмас. Ташқарида гармсел ғувиллашидан бўлак сас қулоққа чалинмайди. Жазирама офтоб шунчалар тобига олганки, оташи гўё чивиқни эритишга тайёрдай туюларди. Хонани эски сандиқ иси тутиб кетганди. Теварак-атрофга синчиклаб қарадим, бироқ ўлган одамга кўзим тушмади. Бурчакдаги ҳалқаларнинг бирида беланчак осиғлиқ. Хонадан ахлатнинг қўланса ҳиди бурқсирди. Кийгулиги йўқ, тўзиб, адо бўлган эски-туски лаш-лушлардандир, деган хаёлга борувдим, билъакс уларда мутлақо бошқача ҳид ўрнашганди.

Илгарилари ўлган одамларни тасаввуримга шляпадан айро сиғдиролмасдим. Ҳозир эса бунинг аксини кўриб турибман. Гувоҳи бўлганим: улар мўйсафид, жағи рўмол билан танғиб қўйиларкан. Очилиб қолган оғиз, кўкимтир лаблар орасидан сарғайган ажи-бужи тишлар кўзга ташланяпти. Қўллар арқонни тортиши ҳамон тишлар орасида қисилганидан шишиб, юзидан ҳам баттар қорайган бир парча тил ён томон осилиб ётибди. Шу чоққача ўлган одам жим ухлаётган одамга ўхшаса керак, деб юрардим. Алҳол кўз олдимда бунинг акси намоён: бедор, боз устига муштлашувдан сўнг ҳам ҳовури босилмаган одамдай экан.

Ойим ҳам бозор кундагига ўхшаб ясанган. У бошига юзини тўсган эски похол шляпани илиб, эгнига бўйнию билагигача ёпиқ, узун ёқалию енгли қора кўйлагини кийган. Бугун чоршанбалиги-чун бу кийимда кўзимга ойимнинг истараси сира иссиқ кўринмас, негадир мутлақо бегонадай туюлмоқда эди. Бувам тобуткашлар истиқболига чиқиб сўрашаётганда, у мен томонга ғалати қараб қўйди, чамамда нимадир демоқчи эди-ю, тағин индамай қўя қолди. Деразага орқасини ўгирган ойим, гарчи шундоқ қўл чўзсам етадиган жойда турганига қарамай, бугун илк бора кўз илғамас даражада мендан олислагандек. У оғир-оғир нафас олар, шошилинчда бошига қўндирган шляпаси остидан титилиб, ташқарига отилиб чиқаётган сочларини йиғиштиришга уринарди. Бувам одамларга тобутни ўлик ётган тўшак олдига қўйишни буюрди. Шундан кейингина мурда унинг ичига сиғишига кўзим етди. Тобутни кўтариб кириш- ганида, хаёлимда у бу тана учун ғоят кичкиналик қиладигандай эди.

Нега мени бу ғариб хонадонга эргаштириб келишдийкан, ҳайронман. Илгари бу катта уйга сира қадам босмаганман, у кўзимга кимсасиз хароба бўлиб кўринган. Муюлишдаги уй атрофида эсимни таниганимдан бери тирик жон қора берганини эслолмайман. Қишлоқдаги ҳеч зоғ яшамайдиган ягона хонадон шу эканига амин эдим. Онам: “Тушдан сўнг мактабга бормайсан!” деганида, ҳар доимгидек кутилмаган бахтдан бошим осмонга етгани йўқ, сабаби у бу гапни мунгли оҳангда айтди ва индамай эгнимга чийдухоба костюм-шимимни кийдирди, бувамга эргашиб, уйимиздан уч ҳовли наридаги уйга етганимизда- гина унда кимдир яшаганини англадим. Ўз уйимиздан чиқаётганимизда ойим: “Қулоғингга яхшилаб қуйиб ол, бола, дўхтирнинг дафн маросимида мўмин- қобилгина бўлиб ўтир!” дея қаттиқ тайинлаганди, демак, ўша дўхтир деганлари бугун вафот этган ва умана шу хароб кулбада умргузаронлик қилган кўринади. Ростдан, ичкарида ҳеч қандай мурдага кўзим тушмади. Дарвоза ёнида бу- вамдан бўлак тик турган одамнинг ўзи йўқ. У ўтган-кетган таниш-билишлар билан сўрашиб, мезбондай ҳаммани ичкарига манзират қиларди. Бу хонадонда биров бордир девдим, бироқ остонага қарабоқ, юрагим орқага тортди. Уй ҳувиллаб қаровсиз ётган зимистон, овлоқ гўшанинг ўзгинаси. Иссиқ таффот1 бошимдан аямай мушт туширгандай бўлди. Кўз олдим қоронғилашиб, гўё қирғоқ ўпиб, тағин ортига қайтаётган тўлқин каби димоғимга “гуп” этиб урил- ган ўткиру ўтиришиб қолган қўланса ҳид оташи баланд жазирама таффотга қоришиб нафас олгани қўймасди.

1 Таффот – кўнгилни беҳузур қилувчи иссиқ шамол.

Ойим қўлимдан тутганча хона бўйлаб юр- гиздию бурчакка, ёнига ўтқазиб қўйди. Бироз вақтдан кейин мен буюмларни ажрата бошладим. Бир маҳал бувамга қарасам, у ҳасса ёрдамида очилмагани- дан шишиб, худди елимлангандай ёпишиб, қайишган ёғоч дераза лўкидонини суришга уриняпти. Эгнидаги яктаги ёғоч тирқишларидан кўтарилаётган чангдан оппоқ оқариб қолди. У ортиқ кучи қолмаганини айтганида, бошимни кўтардим, нигоҳим беихтиёр тўшакка қадалди, унда биров бордай туюлди. Бошдан-оёқ қоп-қора кийимдаги эркак узала тушиб ётган жойида қимирламас, мутлақо ҳаракатсиз эди. Ойимга ўгирилдим, у ҳамон жиддий ва бегона, бошқа томонга қараб хаёл сурарди. Оёқларим ер ўпмай, ҳавода муаллақ осилиб турарди. Бармоқларимни соним остига қўйиб, кафтимда сиққанча ҳеч нарса ҳақида ўйламай, уларни ўйнатиб ўтиришга қарор қилдим. Ҳайтовур ойимнинг гапларини эсладим: “Дўхтирнинг дафн маросимида мўмин-қобилгина бўлиб ўтир!” деган. Биқинимга совуқ нарса теккандай бўлди. Ортимга ўгирилдим, аммо ёғоч девордан бўлак ҳеч нима кўзга ташланмади, девор орасидан ким- нингдир товуши эшитилди: “Оёқларингни ўйнатма. Тўшакда ётган одам ўша дўхтирнинг худди ўзгинаси ва у чиндан ҳам жонсиз!”. Мен ўлган одамга бошдан-оёқ разм солдим. У хотиржам ухлаётган одам эмас, балки чиндан ҳам жони чиққан мурдалигига фаҳмим етди.

Ўша лаҳзадан бошлаб, жонимни жабборга бериб, бор кучим билан ортга қарамасликка тиришардим, кимдир бошимдан маҳкам тутиб орқага тор- тар, нигоҳим қаерга тушмасин, ҳар жойдан ўлган одамнинг дўлайиб кетган кўзларию кўкимтир юзи кўриниш берарди.

Қизиқ, негадир дафн маросимига ҳеч ким келмади – буваму қўл остида ишлайдиган тўрт нафар гуахиро-ҳиндудан бўлак… Улар оғир қопда оҳак олиб келишди ва тобут ичига сочиб чиқишди. Ойим ҳозиргидек ғалатию паришонхотир ўтирмаганида эди, буни сўраб-билиб олардим. Қизиқ, нима учун тобутга оҳак тўкиб чиқишдийкан? Эркаклардан бири оҳакдан бўшаган қопни қоққанида, охирида ундан оҳакдан кўра, кўпроқ қипиққа ўхшаш сариқ хашак сочилди. Ҳиндулар ўлган одамнинг оёқ-қўлидан тутишди. Ўлик эгнида кулранг кўйлак, иштонбоғи белига маҳкам тугилган кенг шим, қизиқ, негадир бир, яъни фақат чап оёғидагина пойабзал бор эди, холос. Аданинг: “Бир оёқ ҳукмдору иккинчиси қул”, – дегани шудир, балки. Пойабзалнинг иккинчи пойи каравотнинг бир бурчагида ётибди. Тўшакда ўлган одам азият чекаётгандай эди, тобутда сокину осудаликка эришгандай туюлди. Қовоғидан қор ёғаётган ўлик юзи ўз ўрнини топганидан бўлса керак, андак ёришиб, юмшагандай, ишонч топгандай ўзгарди.

Бувам хона бўйлаб айланарди. У қўлига илинган нарсани тобут ичига жойлаштирарди. Унинг хатти-ҳаракатидан тузук-қуруқ бирор нима англама- ганим боис, изоҳ берар, дея тағин ойимга илинж билан тикилдим. У пинагини бузмай, тобутдаги ўлган одамга қарамасликка зўр бериб тиришарди. Мен ҳам ўгирилмасликни хоҳлайман, аммо қўлимдан келмасди. Бу истак шунчалар устун эдики, беихтиёр ўликнинг қиёфасини ўрганардим. Бувам тобутга қора муқовали ён дафтарни қўйиши ҳамоноқ, ҳиндуларга ишора қилди ва учовлон унинг оғзини ёпишди. Мана энди қушдай енгил бўлдим, бошимни маҳкам тутиб, орқага қарашга мажбур қилган қўллар секин-аста қўйиб юборди.

Ойимга тикилдим. У бу ерга келганимиздан бери илк бора менга қараб, зўрма-зўраки маъносиз илжайди. Муюлиш ортига ўтиб кетаётган поезд ҳуштаги қулоғимга чалинди. Тобут ётган жойда бир нима қимирлагандай бўлди. Ҳиндулардан бири унинг оғзини очгач, бувам ичига унутиб қолдирилган ўша бир пой пойабзални жойлаштирди. Тағин поезд ҳуштак чалди, бироқ энди овоз олислардан эшитилди, туйқус “уч ярим”, деган фикр лип этиб хаёлимдан ўтди. Баайни шу чоғ – поезд ҳуштак чалиб, Макондони айланиб ўтганида – болалар жуфт-жуфт бўлиб тизилиб, тушдан кейинги биринчи дарсга боришларини эсладим.

“Абрам”, – дейман ичимда…

* * *

Мен болани эргаштириб, келмаслигим керак эди. Тавба, ўликнинг юки тушади, демабман ҳам. Ўттизга яқинлашаётганимга қарамай, ўзим азанинг юракни эзадиган муҳитига аранг чидайман-ку, бу она сути оғзидан кетмаган гўдаккинадан нима гина. Э Худо, ҳалиям эртароқ бу бехосият остонадан оёғимизни узсак бўларди-я. Ўн етти йил биров билан борди-келди қилмай, қалби меҳр-муҳаббат, одамгарчиликка ўхшаш туйғулардан мосуво одамнинг уйида нафас олиш оғирлиги баҳонаси билан отамга узр-маъзур айтиб, она- бола кета қолсакмикан? Отамни кўзим қиймайди-да. Эҳтимол, бу ғайриоддий одамга қишлоқда яккаш ундан бўлак бирор хайрихоҳ топилмас. Тушунуксиз хайрихоҳлик шарофати билан бугун мана шу ўлган одам тўрт девор орасида чириб кетишга маҳкум этилмасдан одамга ўхшаб кўмилади.
Мени хавотирга солаётгани – буларнинг бари бошдан-оёқ худди кулгили ҳангомага ўхшаб бораётганида. Боз устига бир дақиқадан кейин ўлган одам- ни сўнгги манзилга кузатиш баҳонасида тобут кўтариб, остона ҳатлашимиз ҳамон бу издиҳомга йиғилганлар ачинишга ўхшаш туйғуни эмас, билъакс, қувончу қониқиш ҳиссини туймоқликларидан қўрқаман. Макондода отнинг қашқасидай маълуму машҳур қишлоқ аҳли нафратига сазовор, халқ қарғишига дучор, ҳамма юз ўгирган, тобутда чириётган мурдага мурувват кўрсатишга қарор қилган уч одам – отаси, отасига эргашган қизию онасининг кетидан қолмаган ғўр боласига аёллар деразага қўлларини тираб, қандай боқишларини, сўнг сазойи қилишларини элбурутдан тасаввур қилаяпман. Отамнинг мана шу қайсарлигини деб, бошга бало орттириб олишимиз тайин, башарти эртага ўзимизни сўнгги манзилга кузатувчи бир кўнгилли топилмаса, ажабланмасдим. Ўзимам тузук эмасман, отамдан қолар жойим йўқ, ундан ўтиб, гўр бўлармидим, у мени аямаганидай, мен ҳам боламни андиша қилмадим. Отам: “Мен билан бирга борасан!” – деганида, ҳайтовур “Ўғлимни ўзим билан олиб кетишим керак!” – хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди, бу ўзимни ожиз ҳис қилмаслик учун эди. Мана энди сентябрь жазирамасида шу хосиятсиз уйнинг бузуқ ҳавосидан сиқилиб, душманларнинг қаҳрли нигоҳига нишон бўлган маҳкумлардай ўтирибмиз. Отамга нима, хавотир олишига ҳожат йўқ, оламни сув босса тўпиғига чиқмайди. Аслини олганда, у умр бўйи одамлар фикрини бир пулга олмай, гап-сўзларига бепарво, юраги нимани буюрса, онги маъқуллаганини бурч дея адоғига етказиб, шу зайл кўнгил майли ила умргузаронлик қилди. Адашмасам, чамаси йигирма беш йил аввал бу кимса илк бора уйимизга қадам босганида юриш-туришига қараб, отам элдан бурун ҳали шундай кун келадики, унинг ўлиги кўчада хор-зор бўлади, қишлоқ аҳли, ҳатто танасини қузғунларга ем қилишдан тоймасликларини хаёлга чўмган кўйи айтганди. Эҳтимол, у ўшандаёқ барчасини аввалдан кўриб-билиб, яхши- ёмонини чамалаб, оғир-енгилини торозига қўйиб, вақти-соати етганида қандай йўл тутса, тўғри бўлишини ўйлаб қўйган, алҳол йигирма йил ўтиб, шубҳасиз, аввалдан кўнглига тукканини поёнига етказишни бурчи деб билгани учун ҳам қурби етса, майитни Макондо кўчалари бўйлаб қўлида кўтариб юришга тайёр. Ўлимдан хабарим бор-у, лекин отамнинг ҳеч бир қолипга сиғмайдиган ушбу фарзни адо этмоқликни қачон бўйнига олганидан бехабарман, боз устига мени ҳам бу ишга бош қўшишга мажбурлашга азму қарор қилгани етти ухлаб тушимгаям кирмаган, бироқ шуни биламанки, шубҳасиз, буни англаганимдан анча илгари ўйлаб қўйганига кўзим етяпти. У: “Мен билан бирга борасан!” деганида ҳали сўзлар маънисини англамай, барча ўз маъвосида ўлиб-чириб ё куйиб кулга айланишини истаган одамни ҳурмат-эҳтиром ила қабрга қўйиш қанчалар кулгилию шармандали эканини ўйлаб ҳам кўрмабман.

Қишлоқ аҳли, нафақат умид қилувди, балки шу кунни изо чекмай, виждон азобисиз андишасизларча интиқ кутар ва ҳаттоки, бир ажойиб кунда қишлоқда тўрт девор орасида кўмишларига маҳтал жасад хор-зор бўлишига ишончи комил, устига устак бирор кимса унинг ўлимидан хавотирга тушмаслиги, кўз-ёшию дийдиё қилмасдан, аксинча, зориқиб кутилган соат етганидан яй- раб, жирканч тана ўзининг кул саройида етти олам қаҳри-ғазабини қайнатар даражада сасиб, бижғиб кетишига амин эди.

Биз сувни кўрмай этик ечган Макондони бу бахтдан мосуво этдик. “Ҳафсаласи пир бўлган бутун қишлоқ аҳлининг қайғую қаҳрга тўла қалби буни асло мағлубият деб тан олмасдан, аксинча, фараҳбахш онларнинг бироз муддат ортга сурилиши дея қабул қилгай”, – миямда чарх ураётган ўйдан вужудимни ваҳм босяпти.

Аслида боламни уйда қолдириб, ўн йилдан буён қишлоқ аҳлию табиб ўртасида гуркираб ёниб, авжига чиқса чиқар, пасаймай келаётган душманлик олови ўчоғига бу гўдаккинани рўпара қилмаслигим керакмиди? Норасидамни эргаштириб, хато қилдим. Бечора таъзияга нега олиб келишганию бу ивирсиган хонада нима учун ўтирганининг фаҳмига бормайдиям. Болагинам ўриндиқда кафтида сонини сиқиб, оёқларини ўйнатганича, уқтирилгандай сукут сақлаб, гарангсиб, атрофда рўй бераётганлар ўнгми-тушми, ақли етмай, биров бу душвор бошқотирмани ечишга ёрдамлашишини кутаяпти. Мен эса туйғулар оламига ичкари киришга қўймаётган ўша кўринмас эшикни ҳеч ким унга очмаслигига амин бўлмоқчиман.

У менга қайта-қайта назар ташлади, қоп-қора кўйлакда ва ўз туйғуларимдан беркиниш ниятида бошимга илган кенг соябонли бу эски шляпада кўзига нотаниш, мутлақо бегонадай туюлаётганимни сезиб турибман.

Меме ҳаёт бўлиб, шу уйда яшаганидаям майлийди. Одамлар жилла қурса унинг ҳурмати учун қайғусини енгиллатгани келганга йўйиб, рўйхотир қилишармиди? Бу кўргиликдан Меме чуқур изтиробга ботмаса-да, барибир ўшанда ҳозиргидек ич-этимни итдай тирнаётган ўйлардан бироз қутулган ё бунчалик қайғурмаган, шу йўл билан макондоликлар кўзини осонгина шамғалат қилган бўлардик, ўшанда сих ҳам кабоб ҳам куймасди. Меме қарийб ўн бир йил бурун ерга кирдими, осмонга учдими – йўқ, дом-дараксиз кетганди. Мана энди докторни асфаласофилинга жўнатиб, ҳинду хотин қаерга кўмилгани, жилла қурса суяклари беркитилган жойни билиш имкониятидан маҳруммиз. Шу чоққача қаердалиги мавҳум Меме ҳозир шу ерда бўлганидами, эҳтимол, у олти йил бир ёстиққа бош қўйгани ҳиссиз эшагу дардсиз кесакдан фарқи йўқ – совуқ, қўрс, қўпол, қайсару қаҳрли ёстиқдошинингмас, балки қишлоқдошлари томонига ўтиб олиши турган гап эди, бироқ, таассуфки, у бу ерда йўқ.

Муюлишдан поезд ҳуштаги қулоғимга чалиняпти. Соат “Уч ярим” бўлди. Мана шу хосиятсиз уйга қадалган Макондонинг қаҳрли нигоҳи нима жин уриб, ичкарида куймаланиб юрган биз уч жонсаракнинг ниятини англолмай гаранг. У аста-секин ғазаб отига минмоқда. Хаёлимга елимдай ёпишган ўйдан қутулишга бор кучим билан тиришяпман. Ўзимча уззукун вентилятор олдида ўтирадиган, кўринишидан арвоҳга ўхшаш қотмаю қаримсиқ Ребека хоним қиёфасини хаёлимда тасаввур қиламан. Деразани тўсган симтўр кўланкаси унинг юзини қорайтириб кўрсатади. Жазирамадан азобланаётган Ребека жиғибийрон бўлиб, парраклари безовта юрагидай бетиним айланаётган вен- тилятор томон эгилади, қартайган хонимни шу туришда чириган томирлари ила ҳаётга илиниб, тирик қолишга интилаётган қари эманга қиёслаш мумкин, уолислаб кетаётган поезд ҳуштаги остида яшашга ташна оҳангда шивирларди: “Бари иблиснинг ҳийла-найранги”.

Фалаж Агида бўлса, қаллиғини бекатга довур жўнатиб қайтаётган Солитани кузатаркан, кимсасиз қоронғи бурчакка биқинадию рўмоли билан юзини ёпади. Бир замонлар ўзини тўлқинлантирган завқу шавқини солга ўтқазиб, олислар- га оқизган, алалоқибат, зардобга айланган ундаги хурофот дарди сўзлайди: “Чўчқадай балчиққа ботиб юргандан кўра, тўшакка михланган яхши”.

Бу ўйлардан қандай халос бўлсам экан? Ҳозир соат “уч ярим”лигини тезроқ хаёлимдан чиқарсам эди. Почта ташувчи хачирлар туёқлари остидан юқорига ўрлаётган чанг шамолда аста-секин гирдобдай айланарди, жониворлар ортидан сўнгги чошгоҳ соатларини бузиб, янги газета сотиб олгани икки эркак изма-из келарди.

Катта, ларзон қорни устида дуолар китобини очиб қўйган Анхель ота пинак- ка кетган. У хачирлар дупур-дупурини эшитяпти, ухлагани халақит қилаётган чивинларни ҳайдаркан, гоҳ-гоҳида: “Эҳ, яшшамагурлар, қонимга ташна қилиб юборишди-ку-а?” – дея хуноби ошганидан ғудурлаб қўяди.

Бундай фикрлар отамнинг бошини оғритаётгани йўқ. Тавба, ҳамманинг ёди- дан кўтарилган бир пой пойабзални қўйишга тобутнинг оғзини қайта очгани эринмади, марҳумга энди уларнинг боридан йўғи… Ўлганни орқасидан ёмон гапирмайдилар-ку, аммо бу мижғовни одамдай кўмишга Макондода яккаш ундан бўлак кимам журъат қиларди. Тобутни кўтариб ташқарига чиқишимиз билан кўзига қон қуйилган оломон раъйига қарши борганимиз учун тошбўрон қилса, асло ёқа ушламайман. Қанийди отам бу ниятидан қайтса. Хосиятсиз уй яқинидан ўтаётганда бардавом иссиқ, жазирама кунларда эркагу аёллар тасаввурида бирдай жонланган ҳузурбахш хаёллар рўёбидан маҳрум этишга жазм қилганимизнинг охири бахайр эмас. “Эртами-кечми алалоқибат биз бу ҳиддан сармаст бўламиз”, – дейишарди улар ишонч билан. Буни бутун Ма- кондо сўзлар, қишлоқ этагидаги уйдан тортиб, нариги бурчагидаги, ҳу ўша, охирги кулбасида яшайдиганларнинг бари бир гапни тўтиқушдай бетиним такрорлайди.

Ҳозир соат уч ярим бўлди. Сеньорита аллақачон бохабар. Сеньора Ребека уни дарҳол илғайди ва лаҳза ўтмай, тинимсиз айланаётган вентилятор парра- клари остидан узилиб, симтўрдан ўзи кўринмаса-да, саси ташқарига отилиб чиқади: “Синьорита, биласиз-ку, ахир у иблис”. Эртага мактабга ўғлим эмас, билъакс мутлақо бошқа бола боради. У улғаяди, бир қанча болаларнинг от- аси бўлади, ниҳоят вақт-соати етиб, жони узилганида, бу қишлоқда ҳеч ким уни насронийларга хос тарзда сўнгги манзилга кузатишни фарз, дея бўйнига илмаса керак.

Сарғиш иткўзлари аёлларга ютиб юборишга тайёр йиртқичдай боқувчи, келиб чиқишию қаерданлиги номаълум кимса бундан йигирма беш йил илгари қўлида тавсифнома кўтариб, отамга учрамаганида ва шу қишлоқда қолиб кет- маганида эди, ҳозир тинчгина уйимда ўтирардим-ку-я. Тавба, гўё тавқилаънат дейсиз ва у туғилмасимданоқ манглайимга битилган кўринади. Бу ёзғириқ
– мана шу оташи одамни ўлдирадиган даражада иссиқ кабиса йилида, айни ўттизга яқинлашаётганимда, отам ёнимга келиб: “Мен билан бирга борасан!”
– деб айтмаганига довур ўзини маълум қилмаган. У ҳассасида хонтахтани чертиб қўяркан, ҳали сўрашга улгурмасимдан: “Азонда дўхтир ўзини осиб қўйибди, бошқа йўли йўқ, уни сўнгги манзилга кузатамиз!” – дея оғзимга урди.

* * *

Ҳиндулар хонадан чиқиб, мих қутию болға кўтариб киришди. Бироқ тобут- ни михлашга шайланмасларидан бурун ўлган одам ётган тўшакка чўкдилар. Бувам кўринишидан вазмин эди, лек бу вазминликда тугал хотиржамлик сезилмасди. Руҳи тобутдаги ўлган одам сингари сокинликка эришмаган, аксинча пайтавасига қурт тушган одамдай бесабр ва безовталигини беркитишга уринаётгани кундай равшан. Унга итоаткорлигу лоқайдлик бегона. Бувам оқсоқланиб, хона бўйлаб айланаркан, ерда ётган нарсаларни йиғиштириб, ён-атрофни тартибга келтиряпти.

Хонадаги чивинлар тобутдан учиб чиққан чиқар, девдим. Ғўнғиллаган овоз қўшни уйдаги вентилятор товуши эканига амин эдим, адашибман, бу тобут деворига урилиб, ичкарига интилаётган чивинларники экан. Кўзларимни юмиб, бошимни чайқайман. Бувам жомадонни очиб, қандайдир буюмларни қўлига олди, улар айнан нималигини кўролмай қолдим. Тўшак узра тўрт учқун ялтирар, чекаётганларнинг юзи кўринмасди. Одам силласини қуритар дара- жадаги жазирама, мангуликка чўзилган оғир лаҳзалар, чивинларнинг бетиним ғувиллаши остида кимдир: “Шундай ўтираверасанми? Тобутда чивинлар билан бирга ётган мурдадай. Ҳозир боласан, бироқ шундай кун келадики, сениям мана шу ўлик сингари чивинлар измига топшириб, тобутга соладилару оғзини маҳкамлайдилар”, – дегандай бўлди. Беихтиёр сесканиб кетдим ва оёғимдаги ялтироқ пойабзалга боқдим. “Ипи ечилиб кетибди-ку”, – дея кўнглимдан ўтказарканман, нигоҳим ойимга қадалди. У ҳам менга бошдан-оёқ разм солиб, пойабзал ипини боғлаб қўйгани эгилди.

Ойимнинг бошидан ўткир нафталину эски ёғоч сандиқ ҳиди димоғимга урилди, бу ифор тағин менга тор тобут ичини эслатди. Нафасим бўғилиб, дамим ичимга қайтиб кетди. Бу ердан тезроқ қуёнинг расмини чизиб, жуфтакни ростлашни, иссиқ бўлса-да, кўча ҳавосидан ўпкамни тўлдириб, тўйиб-тўйиб нафас олишни истайман ва синалган усулимни қўллайман. Ойим қаддини ростлаганида, секингина:
– Ойи! – дея титраб аранг шивирладим.
– Ҳа, болам, – сўради ойим беозоргина жилмайиб.
Унинг терлаб-пишиб кетган юзига боқиб, журъатсизлик билан:
– Ташқарига чиқишим керак, – дедим.
Ойим бувамни чақириб, ниманидир тушунтириб кетди. Кўзойнак остидан каминага қадалган қисиқ кўзларнинг ўткир нигоҳини сезаман.
– Ҳозир мумкин эмас! – мендан кўз узмай, қатъий жавоб қилди у.
Сўнгги умидларим узилиб, омадсизлигимга лоқайд ҳолда тағин жимиб қолдим. Воқеалар ривожи аранг эмаклаб ўтаётгандек. Ҳайтовур нимадир шиддат билан лип этиб, тезлашгандай бўлади-ю, тағин чумолидай одимлайди. Ойим эгилиб, қулоғимга шивирлайди:
– Ўтиб кетдими?!
Бироқ у шундай оҳангда сўрадики, ўзимни худди гуноҳкордек ҳис этдим. Қовоқларим бўм-бўш бўлишига қарамай, ойимнинг саволидан оғирлашиб қолган эди, қаттиққўллигига жавобан атай аччиғимни яширмасдан ғазабимни сочдим:
– Ўтиб кетгани йўқ!
Бир кўнглим: “Қўлингни қорнингга тира! Оёғингни ерга ур! Дунёни бо- шингга кўтар!” – деди-ю, афсуски, оёғим ҳавода муаллақ осилиб тургани панд берди-да, боз устига дафн маросимидалигимизни андиша қилиб, беадаблик бўлмасин учун тағинам индамадим.
Ўлик ётган хонада ўлик сукунат ҳукмрон, ташқаридан кириб келган- ларнинг товуши бу сукунатни бузиб юборди. Бири бувам қўлида ишлайди- ганлардан, у бошлаб келган кенг каноп шалвару белидаги қалин камарига қурол осган одам эса нозир ҳамроҳлигида ташриф буюрганди. Бувам унга пешвоз чиқди. Яшил шалвардаги одам бувамга нималарнидир сўзлаётиб, қоронғиликка ўтиб, тағин йўталиб қўйди ва нозирга деразани очишни буюрди. Ёғоч деворлар ғоят хароб, гўё кулдан ясалганга ўхшарди. Нозир қўлидаги қўндоқ зарбидан лўкидон сурилиб, дераза очилишига улгурмасидан бурун деворлар қулаб тушади-ю, кўз очиб-юмгунча кул сарой кўкка совурилади, кейинги зарбадан сўнг очиқ осмон остида уст-бошимиз чангга ботган, ранг-рўйимизга гард юқиб, сувга тушган мушукдай бир аҳволда шумшайиб қолишимизга иймоним комил эди, бироқ чучварани хом санаган эканман, ҳарнечук кул сарой бус-бутун қолди. Деразалар ланг очилиб, хонага ёруғлик тушди. Офтобнинг заррин нури гўё қафасга итариб киритилган ҳуркак ёввойи ҳайвон боласи сингари сўлагини оқизганича хонага югуриб кирди-ю, қаерга бош суқишини билолмай, деворларга урилди, уларни тимдалаб юлиб ўтиб, ниҳоят энг бехавотир бурчакка бориб биқинди.
Деразалар очилганда ғалатию ғайритабиий буюмлар қиёфаси кўрина бошлади. Онам чуқур “уҳ” тортиб, хўрсиниб қўяркан:
– Шу ердан уйимизни кўришни истайсанми? – дея мен томон қўлини чўзди.
Ойимнинг панжалари орасидан Макондога тикилдим, негадир шу тобда ўзимни олис сайёрадан келган ўзга сайёраликдай сездим. Салқин бодом сояси остидаги мўъжазгина нураган эски кулбамиз нақадар йироқ. Бу хайри бара- касиз уйда ўтирарканман, гўё бутун умрга ўзимни шу ўриндиққа михланиб, тўрт девор орасида қамалган бандидай ҳис қилдим, кўнгилга хушёқувчи яшил далалар олислашган, гўё ўша кенгликларни энди ҳеч қачон кўролмайдигандек руҳимни тушкун кайфият қамраб олди, улар кўзимга мутлақо ёт кўринар, кечалари алоқ-чалоқ тушлар кўриб, алаҳсираб, даҳшат ичра уйғонганимда, ойим ҳикоя қиладиган, яккаш тасвири руҳимга ором бахшида этувчи эртак- даги сўлим Сусамбилдаги сарой шу тобда Макондодаги тинчу осуда кул- бамизнинг ўзи бўлиб туюлмоқда эди. Шу яқин орадан паришонхотир Пепе ҳуштак чалиб ўтаётиб, бизни пайқамадиям. Қўшни боланинг қиёфаси худди ҳозиргина сочини олдиргандай мутлақо ўзгариб кетганди.
Тердан жиққа ҳўл кўйлаги тугмалари кўкрагига қадар очиқ алькальд (шаҳар ҳокими) ғоят жиддий қиёфада ўрнидан турди. У ўйлаб топган баҳоналаридан ўзи ҳайратга тушиб, мен томонга яқинлашди.
– Тана ҳали совиб улгурмагандир, шундай экан, ўлимини тасдиқлолмаймиз,
– деди у тугмаларини ўтқазаркан, бамайлихотир тамаки тутатди, кейин то- бутга беписанд кўз қирини ташлаб, хаёлида ўйларди: “Мана энди каминани ҳеч ким қонунни бузганликда айблолмайди”.
Унга юзма-юз келиб, бор куч-ғайратимни нигоҳимга тўпладим-да, кўзларига тик боқиб, тумтароқ ўйларининг тубига етишга интилдим. Тўқнашган нигоҳлар тилга кирди.
– Сиз бошқаларга ҳузур-ҳаловат бахшида этиш учун қонунни бузяпсиз,
– дейман.
У шу гапни кутиб тургандай, жавобни пайсалга солмасдан оғзимдан чиққанини илиб олиб:
– Ўзингиздан қолар гап йўқ, кўпга қарши бориш – аҳмоқлик, сизам баша- рият раъйига қараб, иш тутсангиз бўларди. – деди.
– Кўпни кўрган, одамсиз-ку, ахир, унинг вафот этгани сўқирга ҳасса-ку…
– дейман асабим қўзиб.
– Тўғри, тўғри, лекин нима қилай, камина қонунга бўйсунувчи мансабдор бўлса, бир парча қоғоз, жон халос. Ўлимини тасдиқлагувчи ягона қонуний ҳужжат, яъни доктор хулосаси кифоя, бир гап кам, олам гулистон, ҳа, лаббай?
– дея тағин аравани қуруқ олиб қочади у.
Шаштимни синдиргани йўл қўймайман:
– Майли, қонун чегарасидан чиқолмас экансиз, чақира қолинг докторин- гизни, ўша ордона қолгур гувоҳномани ёзиб берсин сизга!
У бу гапимдан жонланди, бошини қимирлатаркан, ғоятда камтару сокин оҳангда, ишончу дадилликни йўқотмай, сўзлашда давом этади:
– Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди, мана бу бошқа гап.
Алькальднинг жавобини тингларканман, у ароқдан эмас, қўрқоқлигидан эс-ҳушидан айрилганини ҳис қилдим. Ўша заҳоти алькальд қишлоқ аҳлининг нафратини баттар оловлантиришини тушуниб етдим. Бу туйғу бўронли ке- чада ярадорлар мана шу остонага олиб келиниб, уни қичқириб чорлашган лаҳзадан бошлаб, гиж-гижланиб келинди (у дарвозани очмай, ичкаридан чиқмай сўзлаган).
– Доктор, илтимос, ярадорларга ёрдам беринг, дея эшигингизга бош уриб келдик… – одамларнинг таваллоларига эшик қурғур очилай демасди. – Бизга сиздан бўлак, ҳеч ким ёрдам беролмайди, бир одамгарчилик қилинг.
Шунча ялиниб-ёлворишлар ҳавога учди (эшикни очмаган) гувоҳлар сўзига қараганда, у хона ўртасида сарғиш иткўзларини ташқарига яққол кўрсатиб турган чироқни юқорига кўтариб:
– Мен одамгарчиликдан чиққанман, ҳаммасини унутдим, ҳатто андишани ҳам, уларни бошқа жойга олиб боринг, – дебди юрагига тош боғлаб. Ичкаридан тамбаланган эшик лўкидони ўша тун сурилмади (уй эшиклари ўшандан буён фақат бугун очилди). Халқнинг қаҳру ғазаби ўсиб, томир ёйиб, маддалаган касалликка, оғир дард Макондо юрагидаги сўнмас нафратга айланди. Тўрт девор ичида ириб-чириб кетишини сўраб, йўғрилган қарғишлар эса ўша тун ҳукм каби янгради ва у умр охирига қадар макондоликлар кўкрагига шамол тегишига асло йўл қўймагай.
Роппа-роса ўн йил у заҳарлашларидан қўрқиб, жамоат жойидан сув ичма- ди. Ҳинду хотин ила бир тану бир жон бўлиб, томорқасида тер тўкиб етиш- тирган сабзавотлар билан кун кўрарди. Ўн йил бурун у Макондога шафқат қилмаганидай, Макондо ҳам унга омонлик йўқ, дея икки оёғини бир этикка тиққан. Қишлоқдагиларнинг каттасидан тортиб, кичигигача унинг ўлимидан хабар топган (қарисидан ёшигача бу қувончли хабардан терисига сиғмайди, елкасидан тоғ қулагандай енгиллашиб қолишгани аниқ) ва ҳузурбахш завқни туйишга ҳозирланмоқда, кўпчиликнинг фикрича, улар бунга тўла ҳақли. Макондоликлар доктор уйи унга аслида қабр бўлишини, унда чириб кети- шини, фақат ўша куни сурилмаган лўкидону очилмаган эшик туфайлигина хоҳлашаяпти.
Эзгу ниятим – қутурган дарғазаб оломон ёвузлиги олдида ожиз, халқ на- фрати уни бурчакка тақаб, деворга михлаб қўядиганга ўхшайди, ҳатто черков ҳам шаштимдан қайтариш йўлини топди-я.
Анхель ота:
– Олтмиш йил эътиқодсиз яшаб, ўзини осган даҳрийни икки дунё бир бўлганда ҳам бу табаррук тупроққа асло қўйдирмайман! Кўп тихирлик қилаверманг! Маслаҳатим: халқ раъйига қарши бормасангиз, Худо сизни ёрлақагай, ҳозир бир гўртортмас кофиру бетавфиқни насроний каби кўмишга жазм этишингиз, марҳамат эмас, балки куфр, гуноҳи азимдир, уни тупроқ қабул қилмагай, – дея ўз таъсирини ўтказмоқчи бўлди.
Мен пинагимни бузмай:
– Муқаддас китобларда ёзилганидек ўтганларни қабрга қўймоқлик тири- кларнинг бурчи. Бурчни адо этмоқлик иймондандир, – дедим.
Анхель ота:
– Тўғри-ку-я, лекин бу вазиятда уни кўмиш бизнинг эмас, ҳукуматнинг бўйнида! – дея важ-тақал қилиб, майитни қабрга қўйишдан очиқчасига бош тортди.
Шунча қаршиликка қарамай, барибир ярим йўлдан қайтмадим. Ўзим билан бирга уйимда ўсиб-улғайган тўрт гуахирони эргаштириб келдим. Қизим Исабелниям ёнимда ҳамроҳ бўлишга мажбурладим. Шунингдек, Макондо кўчаларидан мана шу қўлларим билан майитни қабристонгача судраб боришдан бурун, бу кирдикорлар одатий, оммавий, энг ёмони, ҳамма томондан маъқулланиб, кўзга ташланадиган даражада улкан шаклу шамойил ола бошлаяпти. Ҳа, бунақасини фақат даққиюнусда кўришимга тўғри келган, Макондо ҳар нарсага қодир. Башарти, улар оқсоқлигим, пировардида мам- лакатнинг соф виждонли, қариб қолган палковнигини андиша қилишмаса, ҳарнечук қизгинамнинг ожизалигини рўйхотир қилиб, омонлик беришар. Уни бу ерга ўзимни ўйлаб олиб келмадим ахир. Ўлганнинг хотиржамлиги учун бўлмаган тақдирда ҳам, адо этиш – ҳам фарз, ҳам қарз, дея бўйнимга олганимни охирига етказишни кўзладим, холос. Исабелни қўрққанимдан эмас, балки оқибат юзасидан чорладим. У эса боласини етаклади (мен уни яхши тушунаман), мана энди учовлон шу ерда сўппайиб ўтирибмиз, гарда- нимизга илган кечмиш юки Макондо тоғларидан ҳам залварли.
Ичкарига киришдан бурун, уни шифтга осилган ҳолда кўрсам керак, деб ўйловдим, бироқ ҳиндулар, ҳарқалай, чаққонлик қилиб қолишибди, бўйнини арқондан озод этиб, бечоралар ўликни кўмиш бир соатдан ортиққа чўзилмаса керак, дея умид ила майитни маросимга ҳозирлаб, расамадига кўра кафанлик кийдирибдилар ҳам. Марҳумнинг хонасига кирганимдан кейин тобутни олиб келишларини кутган бўлсам, қизиму неварам атрофга обдан разм солиб, раҳматлининг аҳмоқона қарорини изоҳловчи жўяли жавоб бўладиган ишора излашганини сездим. Ёзув столида пала-партиш сочилган қоғозларга қараб бўлмагай, бироқ бирортаси унинг дасхати билан ёзилмаган. Мана, йигир- ма беш йил бурун уйимизда келган куни ҳай-ҳай демаса, Макондони ҳам жойлаштирса бўладиган қўлидаги ўша катта бесўнақай жомадон. Шундай катта жомадонда атиги икки дона кўйлак, унга тегишли бўлмаган сунъий жағ, зотан тишлари бус-бутунлигини ҳисобга олганда, буни тахмин қилмоқ қийинмасди, кимнингдир сурати ва мана шу муқоваси қора ён дафтар. Мен жомадонни тортиб чиқардим, ичида чанг босиб, эскирган эски тамғали қоғозларгаю қути тагида ишлатилмаганидан сарғайган ўша сунъий жағга кўзим тушди. Кичик столда жин чироқ ёнида ҳали тахию муҳри бузилмаган газеталар қалашиб ётибди. Мен уларни кўздан кечирдим. Уч ой аввал йи- гирма саккизинчи июлга довур олинган француз тилидаги нашрлар. Бу ерда бошқа йилги худди шундай ўқилмаган газеталари ҳам қалашган, йигирма еттинчи январь, йигирма олтинчи ноябрь… алмисоқдан қолган энг эски ок- тябрь йигирмасида чиққан газеталарам бор… “Ана холос, одамлар ихлоси ундан қайтиб, ташқи оламдан узилиб, якка моховдай яшай бошлашидан бир йил ўтиб, у умуман газета ўқимаган чоғидан. Ўша пайтлардаёқ у ватанию ватандошлари билан барча ришталарни узгани аниқ”, – хаёлимда шундай ўйлар чарх уради.
Одамлар тобутни ичкарига олиб кириб, ичига майитни қўйдилар. У Ат- лантика соҳилларида генерал-интендант лавозимини эгаллаган полковник Аурелиано Буэндианинг йигирма беш йил бурун уруш даврида Панамада менга тавсиянома тариқасида йўллаган номасини олиб келган кун тағин ёдимга тушди. Титилиб адо бўлган жомадонни зулматдан тортиб чиқараману қолган- қутган лаш-лушларига яна бир бора назар соламан. Жомадон бир бурчакда оғзи очиқ ҳолда ётар, йигирма беш йил олдинги буюмлар ҳамон ўз жойида. “Иккита кўйлак, сунъий жағ, сурату қора муқовали ён дафтар” ҳеч нима ўзгармаган ва бари кечагидай ёдимда. Мен уларни бирма-бир териб, тобут оғзи михланма- сидан илгари ичига солиб қўяпман. Сурат ҳам қўл теккизилмагандай – асло жойидан силжимаган. Ундаги нусха бошдан-оёқ орденларга кўмилган ҳарбий эди. Суратни тобутга қўйишим билан, сунъий жағу қора муқовали ён дафтар- ни ҳам жойлаштирдим. Энди тобут оғзини михлаб ташлашсаям бўлади, дея одамларга ишора қилдим. “У тағин сафарга ҳозирланмоқда. Дорилфанодан дорилбақога рихлат қилиш, яъни сўнгги манзилга етиш олдидан бурунги сафар чоғида ҳамроҳ бўлган буюмларни олиб кетиш, менимча, мантиқлироқ, лекин бу дунёда мантиқли нима бор ўзи?” деб ўйлайман. Майитнинг ором топган юзига боқиб, ахири у чин хотиржамликка эришганини пайқадим.
Хонага разм солиб, бир пой пойабзали қолиб кетганига кўзим тушди. Одамларимга бир имо қилгандим, барака топгурлар тобут оғзини дарҳол қайта очишди, айни шу маҳал поезд ҳуштаги эшитилди, у ҳам Макондони тарк этаётир.
“Уч ярим” бўлди дея хаёлимдан ўтказдим. 1928 йил 12 сентябрь соат уч ярим. 1903 йилда адашмасам айни мана шу лаҳзаларда у илк марта биз би- лан бир дастурхонга ўтириб, ўтшўрва келтиришларини сўраганди. Аделаида меҳмон иззатини жойига қўйиб:
– Қанақасидан бўлсин, доктор? – деб сўраганида:
У ҳайвонларга хос ваҳимали, йўғон, қулоққа ўрнашиб қолгувчи ёқимсиз чўзиқ манқа товушда жавоб қилганди:
– Қанақасидан бўларди, янга, оддий, эшаклар бош тортмайдиганидан-да.

2

Гап шундаки, Меме бу ерда йўқ, қаердалиги тирик жонга маълум эмас. Охирги марта биз у билан ўн бир йил аввал кўришганмиз. У кулбаси ёни- да шароб дўконини очиб, ишини кенгайтирди, сўнг аста-секин қишлоқ аҳлининг эҳтиёжларини қондирувчи турли озиқ-овқат, рўзғорга керакли ул- бул нарсалар билан савдо қила бошлади. Сажиясига эринчоқлик ёт Меменинг меҳнатсеварлигию тонгдан тунгача тиним билмаслиги туфайли дўконда ҳамма нарса саранжом-саришта, ичкарию ташқариси ёғ тушса ялагудек тоза-озода турар, боз устига барчага беминнат хизмат қиларди, ўша вақтларда қишлоқда тўрттадан биттанинг уйида ҳам йўқ, ниҳоятда камчилу ноёб “Дометик” тикув машинаси яккаш унга тегишли, савдодан бўшаганида чеварликка ҳам вақт топар ва барига бирдек улгурарди. Уддабуро, чаққон Меме дўконга ташриф буюрувчиларни ҳам ҳиндуларга хос очиқ самимият билан қарши олар, бу босиқлигу ҳотамтойлик одамлар қалбидаги барча шубҳа-гумонларни тарқатиб, қаҳру ғазабини кўкка совуриб юборарди.
У бизни ташлаб кетмагунига қадар кўришиб турардик. Ўлимдан хабарим бор-у, бироқ уйимизда ўсиб-улғайган қиз узоқ йиллар ишончли оқсоч, доктор эса ҳамиша ҳурмат-иззатга шоён меҳмондай қадрланганига қарамай, отамнинг кўзига туз сепиб, иккиси қачон ошиқ-мошиққа айланганидан ва опам деб эъзозлаганим боши ёстиққа текканида бир бор кўриб қўйишга арзитмаган одамнинг маъшуқаси бўлишга қандай рози-ризолик билдирганию қишлоқ этагидаги уйга нима учун кўчиб ўтганидан ҳали-ҳамон бехабарман. Ўгай онамнинг сўзларига қараганда, доктордан сира яхшилик чиқмаскан, “Зиғирча одамгарчилиги йўқ”, дегани деган. Меменинг тоби қочганида қасам ичиб, отамни қизнинг дарди оғир эмаслигига ишонтирганмиш. У текшириб кўриш у ёқда турсин, ҳатто буни бемор бетига қарамай хулоса қилган экан. Меме шунчаки дармонсизланган тақдирда ҳам саккиз йил давомида елиб-югуриб оғирини енгиллатган оқсоч хизматини назарига илиб, миннатдорчилик юза- сидан бир кўриб қўйса ҳам ҳақи кетмасди.
Воқеалар ривожидан хабарим йўғ-у, бироқ бир кун саҳармардонда Меме уйимиздан ғойиб бўлди, у ҳам. Ўгай онам докторнинг хонасини қулфлаб қўйишни буюрди ва биз ўн икки йил бурун, тўй кўйлагини тиккан кунда бу мавзуга нуқта қўйдик.
Уйимизни тарк этган Мемени уч ҳафталардан сўнг, тонг чоғи, черковдаги якшанба ибодатида ялтир-юлтир безаклари кўзга ташланадиган, юрганда этаклари шиғирлайдиган узун шоҳи кўйлакда ва сигирга эгар ярашмагандай сунъий гуллари келишмаган кенг айвонли шляпада кўриб қолиб, ўлай агар, танимабман. Одми усти-бошу узуккун ялангоёқ юришига кўникканимдан, уни бу қиёфада кўриш менга эриш туюлди. Гарчи у олдинги қаторда олий насаб аёллар сафида тонгги ибодатни кибор хонимларга тақлидан жиддий қиёфада эшитаётган бўлса-да, ҳашамдор кўйлакдаям кимлиги барибир шундоқ сезилиб турарди. Ҳинду хотин саждага бош қўйиб, жонини жабборга бериб, барча расм- русумларни бажаришга ҳарчанд уринмасин, буларнинг бари унга шу қадар ёт эдики, бечорагинанинг бир-бирига ёпишмаган, беўхшов ҳаракатларини қабул қилиш – насронийликдан бехабар ҳинду оқсочни кўришга одатланмаганидан ҳанг-манг бўлиб қолган таниш-билишларига, боз устига ўзига ҳам осон кеч- маётганини сезиш қийин эмасди.
Мен (ўшанда ўн уч ёшда эдим) ҳайратдан ёқа ушладим, нима учун Меме уйимиздан изсиз кетиб, нега сатанг хонимлардек, ибодатга кийиладиган кўйлакда эмас, ёқасию кўкрагидаги безаклари ила яна икки аёлнинг кўйлагини, ҳай-ҳай демаса учинчисини ҳам безашга етгулик ҳашамдор либосда черковга келганини асло англолмасдим. Ибодат адоғига етиши ҳамоноқ, эркагу аёллар дарҳол икки қатор бўлиб тизилиб, бўсағада унинг қадамини пойлаб, байра- мона тарзда ясанган ҳинду аёлнинг истиқболига чиқдилар, йиғилганларнинг сукут сақлаб туришидан қандайдир даҳшатли воқеа юз беражагини тахмин қилиш мумкин эди. Меме остонада пайдо бўлди, қаршисида уни ҳозироқ шар- мандасини чиқаришга ҳозиру нозир оломонни кўриб, кўзларини чирт юмиб олди, тағин очди, иложсизликдан ҳафранг соябонини юзига тутди. Баланд пошнали пойабзалда аранг қадам ташлаб, икки қатор тизилган эркагу аёллар тўдасини ёриб ўтаётганида, кимдир унинг йўлини тўсди ва оломон уни ўраб олди. Меме қафасга солинган қушдай типирчиларди. Аёл ҳайратланганидан нима қиларини билмай боши қотган, қаддини тик тутиб, кибр-ла жилмайишга уринди, аммо табассуми шу қадар сохта чиқдики, юзи бир томонга қийшайиб қолди. Меме соябонини очгани учун отамни пайқамаганди. Уятдан ер ёрилсаю ерга кириб кетса, қўрқув ичида сичқоннинг ини минг танга бўлиб кўринаётган иложсиз ожиза одамлар орасидан қутулиб чиқиш чорасини тополмасди. Отам қўлимдан маҳкам тутдию ўқдай отилиб, шу қадар эпчиллик билан Мемени тортиб чиқардики, йиғилганлар, ҳатто нима юз берганининг фаҳмига боришга ҳам улгурмадилар. Отам бошқалар билан ҳамфикр бўлмаган пайтларидаги- дек, ўртабиатига мос қиёфасига ўта жиддий тус бериб, димоқ-фироқ билан шахдам одимлади.
Меме докторнинг ўйнашига айланганидан хабар топганимда орадан анча вақт ўтганди. У уйи яқинида дўкон очиб, аввалгидай савдо қилар, одамларнинг гап-сўзларига парвойи фалак, гўё бозор кунидаги хунук воқеа ҳеч қачон юз бермаганидай кибор хонимлар каби ясан-тусан қилиб, ибодатга борарди. Икки ой… икки ой ўтиб, уни черковда қайта учратмадим.
Мен қора мурти қайириб қўйилган, сарғиш иткўзлари аёл зотига икки ямлаб, бир ютишга тайёр йиртқич каби тикилувчи докторни яхши эслайман. Ўйлаб қарасам, фотиҳадан қолган арвоҳдай, дастурхонга дуо ўқилганидан сўнг ўтирадиган шўртумшуқ, ўтшўрвага ўч одати билан менга ёввойи эшакни эслатувчи бу одамга зинҳор-базинҳор яқинлашмаган эканман. У ярадорларга ёрдам беришдан бўйин товлаган кечадан бошлаб, атиги бир бора ҳам кўчада кўринмади. Дўкон қишлоқ аҳли докторга ҳукм ўқишидан бурунроқ ёпилди. Меме савдони тўхтатганига қарамай, яна бир неча ой шу уйда яшаганига аминман. Афтидан, у анча илгари йўқолган, ҳарқалай дарахтда ҳақоратнома пайдо бўлмагунга қадар ҳеч зоғга тириклигининг иссиқ-совуғи йўқ эди. Унга кўра, доктор маъшуқасини одамлар у орқали ўзини заҳарлаб ўлдирмасликлари ёхуд маҳв этмасликларидан бурун ўлдириб, ўз томарқасида кўмганмиш. Мемени ўн бир йил олдин турмушга чиқаётган пайтларда учратдим. Кечга яқин черковдан қайтаётганимда ҳинду хотин дўкон остонасига чиқиб, ҳазил оҳангида: “Чабелла, опа-сингиллик шу бўлдими энди, менга бир сўз демай, эрга тегяпсанми?” деганди.

* * *

– Мана, – дедим мен. – У буни худди шундай қилган. Бугун пичоқ билан кесилган арқонни тортиб кўрарканман, у ҳали бус-бутун,
анчагина пишиқлигига ишонч ҳосил қилдим ва одамларим танани бўшатиш учун кесган сиртмоқни қайта шифтдаги тўсиндан ўтказиб жойига боғладим. Гарданида неча бегуноҳлар хуни бор, айби зил-замбил одамни кўтаришга шундан бошқаси ярамасди. Иссиқдан терлаб-пишиб юзи шолғомдай қизарган алькальд қўлидаги шляпаси билан юзини елпиркан, сархуш нигоҳини арқонга қадаб:
– Шундай майин чилвир қандай қилиб, одам гавдасини кўтардийкин, бўлиши мумкин эмас, – деди.
Мен эса:
– Ишонаверинг, бу чилвир узоқ йиллар мана шу танани беланчакда кўтаравериб, кўникиб кетган, – дея кўнглидаги шубҳаларини тарқатишга урин- дим. У шляпани қўлимга тутқазиб, курсига чиқдию осилиб турган сиртмоққа бош суқди. Алькалд курсида туриб, ўйнаб турган арқоннинг учига кўз тикди:
– Бўлиши мумкинмас, бу чилвир одам зотини кўтармайди.
Бундайларни кўравериб, кўзим пишиб кетганидан ниятини дарҳол англа- дим. У бу аҳмоқгарчиликни кўмиш маросимини уюштирмаслик мақсадида қилаётган эди.
Унинг юзига ишонч-ла боқдим.
– У сиздан бир бошга катталигини назардан қочирдингиз, шекилли? У тобутга разм соларкан:
– Шундай бўлган тақдирда ҳам, унинг айнан шу чилвирдан фойдаланганига ишонолмаяпман.
Шубҳасиз, алькальднинг мақсадини тушуниб турибман – вақтни имкон борича чўзиш, чунки у ёки бу мажбурият билан ўзини боғлаб қўймоқчи эмас. Хонада тимирскиланиб мақсадсиз изғиши, ҳовлиқмалиги – қўрқоқлигидан дарак бериб турибди. Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам дейдиганлар хилидан, вой мулойимоғриғ-ей, маросимни ўтказишни очиқча ман ҳам этолмайди-ку-я, бироқ йўл бермаётгани ҳам унинг икки карра қўрқоқлигини кўрсатяпти. У тобут олдида тўхтаб, мен томонга қайрилди:
– Ўлганига ишонч ҳосил қилишим учун, ҳеч бўлмаганда майитнинг қандай осилиб турганини яна бир бор кўришим керак. – деди у томдан тараша тушгандай.
Бундайин бўлмағур шартга кўнган бўлардим. Одамларимга бир имо қилсам бас, ҳаял ўтмай, тобут оғзи очилиб, майитни қандай турган бўлса, ўшандай ўз жойига осилтириб қўйишарди. Алҳол бу ерда эмас, уйда ўтириши керак бўлган болани аядим. Устига устак, қаршимдаги жанобга арқон эгасини кўтара олишини исботлаш учунгина жойини топганидан хотиржамлик туйиб, фоний дунёни тарк этган, ўзини ҳимоя қилолмай жонсиз танани хўрлаб, руҳини чирқиратиш кўзимга ғирт пасткашлик бўлиб туюлди. Тирик эканман, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Мен аниқ ва қатъий жавоб бердим:
– Мабодо, шундай аҳмоқона буйруқни қўл остидагиларига буюради, деб ўйласангиз, бекорларнинг бештасини айтибсиз. Ўлганни шунчалар қийнаш қўлингиздан келар экан, марҳамат бу иш ўзингизга сийлов, аммо оқибатига каллангиз билан жавоб берасиз. Бироқ билиб қўйинг, унинг қачон ўлганию бунга қанча бўлгани бизга қоронғи.
У қимир этмади. Алькальд тобут ёнида тик турган жойидан жилмай, бир менга, бир болага, бир Исабелга тикилиб, сўнг тағин тобутга назар таш- лади. Қўрқоқ биринчи мушт кўтаради, унинг юзи қорайиб, чанг солишга ҳозирлангандай, кўзлари дўлайиб, афт-ангори ўзгариб кетди. Алькальд:
– Бу ишингизнинг оқибати айнан қаерга олиб бориши мумкинлигини тушуниб турган бўлсангиз, керак деб умид қиламан! – деди овозини атай баландлатиб.
Бу сўзлар замирида нима ётгани фаҳмига етиб, асло бўш келмайман:
– Хотиржам бўлинг, юки менинг бўйнимда.
Бу гап дард устига чипқон бўлди, ранги-рўйи гезариб, лаблари титрар, таҳдид оҳанги икки карра кучайганди:
– Аслини олганда, полковник, сизга саволни бошқача қўйишим мумкин эди: бу одам кечқурун ўзини осиб қўйганидан қандай бохабар бўлдингиз?
У ёнимга яқинроқ келгунича жавоб бергани шошилмадим. Бор аламини шляпасидан олаётгандай қўлида ғижимлаб, қаршимда тўхтаганида, иссиқ нафаси бурнимга урилди. Мен пинагимниям бузмадим:
– Бу саволни расамадига кўра сўрасангиз, мен ҳам хонаси келганида жоним билан жавоб қиламан.
У ўша жойида қимир этмай тураверди. Жавобим унинг-чун кутилмаган бўлди-ю, бироқ ҳайратга солди деёлмайман.
– Шубҳасиз, полковник, мен сиздан бу саволни қоидасига биноан сўрайман. Ҳар бир саволига дадил ва тугал жавоб беришим лозим эди, у ўзини ҳарчанд хотиржам тутишга, мени қўрқитишга уриниб, гапни айлантирмасин, барибир метин иродамни буккани ожизлигини ҳис қилганидан сабр косаси тўлиб
борарди.
– Одамларим танани арқондан бўшатдилар, қачон хаёлингиз товлаб, бу ерга келишингизни қўл қовуштириб кутиб ўтиролмасдим, ахир, қадамингизнинг ўзи тўтиё бўлди-ку. Сизни икки соат бурун чақиргандим. Атиги икки кўчани босиб келишингизга шунча вақт керак бўлибди-да.

У гапларимга жўяли жавоб тополмай, каловланиб қолди. Мен эса алькальд қаршисида ҳассамга суяниб, бироз олдинга эгилган куйи сўзлашда давом этдим.
– Иккинчидан у менинг биродарим.
Мен ҳали гапимни тугатмасимдан у юзимга тупугини сачратиб, истеҳзо билан масхараомуз кулиб юборди.
– Бундан осони йўғ-а? – ҳайтовур унинг табассуми дарҳол ғойиб бўлди.
– Бундан чиқди, сиз унинг ўзини осмоқчи бўлганидан хабарингиз бор экан- да-а! – дейди у дабдурустдан.
Ер тагида илон қимирласа сезаман, у барини чувалаштириб, оёғини ос- мондан қилишга интилаётганини фаҳмлаганим боис, оғир-босиқ ва хотиржам оҳангда:
– Қулоғингиз оғирми, дейман, унинг жонига қасд қилганидан хабар топи- шим билан биринчи қилган ишим сизга одам юбориш бўлди, яъни бундан икки соат бурун, – дедим.
У гўё унга арз билан эмас, балки савол билан мурожаат қилгандай оддий- гина жавоб берди:
– Мен тушлик қилаётгандим.
– Хабарим бор, бироқ хаёлимда тушлик соатлари анчага чўзилиб кетганга ўхшайди, бафуржа чошгоҳгача дам олган кўринадилар, – дейман.
У энди сўзламоққа гап тополмай қолди. Ноилож алькальд ён берди. У бир болага, бир қаршисида ўтирган Исабелга, бир ҳиндуларга ва тағин ўзимга бошдан-оёқ разм солди. Унинг башараси ўзгарди. Қўлидаги қарталарини очишга ҳозир қиморбоздай, аввалдан ўйлаб юрганларини амалга оширишга ва кўнглини ёришга жазм этган кўринади. У менга орқасини ўгириб, нозир томон йўналди. Нозир чапдастлик билан орқасига ўгирилдию хонани тарк этди.
Алькальд ортига қайтиб, қўлимдан тутди:
– Полковник, сиз билан яккама-якка гаплашишим керак. – Унинг сўзлашиш оҳанги мутлақо ўзгарди. Уятдан ерга кириб кетгудек бўлиб, аранг муроса йўлига ўтди. Алькальд билан нариги хонага ўтарканмиз, елкамга биродарларча қоқиб қўйди, унинг нима ҳақда сўзлашмоқчи бўлаётганини сезиб турибман. Ётоқхона қаршисидаги хона салқину нурафшон. Чорбоғдан тушаётган офтоб нури хонани ёритиб турганди. Оёғи куйган товуқдай бесаранжом Аль-
кальднинг юз қиёфасига хос безовта нигоҳидан ниятини уқяпман.
– Полковник, биз бу ишни бошқача ҳал қилишимиз мумкин… – чайна- либ сўзлайди у айёрона илжайиб. Гапининг бисмиллосидан нима демоқчи бўлаётганини маълум.
– Қанча? – деб сўрадим дангалига.
Унинг юзи буқаламун терисига ўхшаб ўзгардию суякни кўрган итдай ялтоқланиб, мутлақо бошқа одамга айланди-қолди.

Меме бир лаган ширинлигу бир вақтлар онамдан ёпишни ўрганиб, тайёр- лаган юпқа патирини олиб чиқди. Соат тўққиз эди. Пештахта орқасида бир- биримизга бақамти ўтирдик, менинг шарафимга камтарона дастурхон тузалди. Ҳинду хотиннинг юзи ёришиб, ҳарчанд ҳазил-ҳузил қилиб сўзламасин, бу зўрма-зўраки сохта қувноқлик ортида улкан қайғу яширинлиги, хаёллари ўтмишнинг зулмат кўчаларида саргардон кезиниши сезиларди. Пештахта остидаги жинчироқ ёруғида черковнинг якшанба ибодатига баланд пошнаю серҳашам кўйлакда келган Мемедан анча улғайган аёлни кўриб турардим. Кечмишни хотирлаш унинг учун чексиз азоб эди. Ухотираларини варақлаётиб, узоқ йиллар кўравериб, кўришга одатланган қиёфаси, шу вақтга довур ўзгармай келаётган ёшлиги ҳақида ўйлардим, фақат ҳозир ўша хотиралар тўхтаб қолган нуқтасидан силжиб юриб кетганида, унинг кеч бўлса-да, бироқ шиддат-ла қариганини ҳис қилдим.
Меме ўтган асрнинг сўнгги йилларида, урушдан бурун хонадонимиздаги тўкин-сочин ҳаёт тўғрисида ҳазин товушда, сокин бир маромда сўзларди. Меме ойимни кўпу хўп эслади, у ҳақда, айниқса, ўша кеч мен черковдан қайтаётганимда: “Чабелла, менга бир оғиз лом-мим демай, эрга тегяпсанми?”, – ҳазиллашиб сўраганида тилидан қўймади. Ўша вақтларда мен ойимни қўмсаб, бетиним ўйлаётган кезлар эди. “Умринг ўхшамасину онагинангнинг ўзисан”,
– деди Меме. Мен эса унинг гапларига ишондим. Ҳинду аёлининг бир-бирига қовушмаган пойинтар-сойинтар сўзлардан манзум бичиб-тўқилган дудмал ҳикояси ҳақиқатдан кўра кўпроқ афсона ё чўпчакка яқин, аслиятдан бир қадар узоқ бўлишига қарамай, ғоят самимию сокин оҳангда сўзлагани боис ўша тун, ҳаётимдаги узоқ ўтмишнинг унутилмас кечасига айлаганди. У уруш давридаги ота-онамнинг дарбадарликлари, йўл азоби гўр азобига айланиб улгургани ва у Макондонинг барпо этилишига тамал бўлиб хизмат қилганини айтиб берди. Ота-онам уруш асоратларидан қочиб, қўним топиш мумкин бўлган тинч-осуда бошпанаю сўлим макон қидиришган, олтин жунли қўй териси (Олтин жунли қўй териси – юнон мифологиясида учрайди.) ҳақида эшитиб, уни излаб топиш ниятида келгиндилар жамулжам бу жой секин-аста сўлим қишлоққа айланибди: қишлоқ аҳлининг айрими омонлик илинжида манзилу мўлжалсиз ҳижрат қилиб, шу ерларга қадами етган қочоқ, айрими тараққиёт таъсиридан анъанаю диний урф-одатини сақлаб қолишни истовчи нияти холис, айрими мол-ҳолини боқишу бойиш муродидаги умидворларданмиш. Макондо ота-онам учун ўзлари орзу қилгандек бутун борлиқ, чин жаннату сўлим гўша эди. Улар бу ерда муносиб жой топдилар, бир неча йил ичида уч отхонаю бир эмас, икки меҳмонхонага эга қаср қурдилар. Меме энди ҳикоясига шу қадар чуқур сингиб кетдики, икир-чикир тафсилотлару энг ғайритабиий воқеаларни гўё кечагина бошдан кечиргандай ва ҳамон ўша замонда яшаётган одам каби сўйлаб берарди. Туш ҳам ўнгга айланаётгандай эди хаёлимда. Бу ишда ҳеч ким йўл азобидан бўлак уқубат чекмаганига ишонтирарди у. Ҳаттоки отлар ҳам чайлада чивинлардан ҳимоя қиладиган тўр ёпинчиқ остида ётар, бу отамнинг тентаклиги ё пули ошиб-тошиб ётганидан эмас, балки онам шунақа меҳрибону одамгарчиликни ўринлатадиган аёл бўлганидан экан, у забонсиз ҳайвонни ҳам одам ўрнида кўриш керак, дея ҳисобларкан. Ҳар сафар дам олгани қулай жойда тўхтаганларида кийимлар жойланган жомадонлар, туғилмасларидан бурун ўлиб кетган ота-боболарига тегишли лаш-лушлар, яроқлилик мудда- ти аллақачон ўтиб кетган ошхонанинг ашқол-дашқоли, авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган меҳробга қўйиладиган буту санамлар, бор буд-шуд кўч-кўроннинг бари авайлаб ерга қўйиларди. Отлар, товуқлар, болаликдан ота-онамнинг қўлида улғайган тўрт ҳинду-гуахиро (Меменинг ўртоқлари) гўё ҳайвон ўргатувчиси билан бутун ўлка бўйлаб, дарбадар юрган ҳақиқий кўчма циркнинг ўзгинасига ўхшармиш.
Меме ҳаммасини ҳаминқадар ғуссага ботган куйи сўйларди. Менда эса вақтнинг олдинга ҳаракатланиши унинг учун ҳақиқий йўқотиш бўлгандай таассурот уйғотар, қалбининг туб-тубидан отилиб чиқаётган бу хотиралар булоғи – Мемега ҳақиқий бахт сувини ичиргани, чайлаю тўр ёпинчиққа ўралган отларни томоша қилиш чин байрамга айланганини туйганим қадар, ота-онамга бу саёҳат ҳақиқий жазою жаҳаннам азобидай туюлганини англардим.
Кейин бари чаппасига кетибди. Янги туғилган Макондо қишлоғига ўтган аср охирларида уруш ҳузур-ҳаловатидан айириб, хонавайрон қилган, бироқ ҳали1 Олтин жунли қўй териси – юнон мифологиясида учрайди.ҳамон ҳашамат қолдиқларини сақлаб қолишга интилаётган оила кўчиб келди. Ҳинду хотин қишлоққа ойимнинг қандай қадам босганини эслайди. Ойим иккиқат, ранг-рўйи қум ўчган, безгак асоратидан кўзларининг ости қорайган, боз устига оёқлари шишганидан аянчли аҳволда хачирга ёнбош ўтқазилган кўйи қишлоққа кириб келганмиш. Эҳтимол, ўшандаёқ отам қалбига шубҳа- гумон илони ўрмалаб киргану ойимдан умидини узгандир, нима бўлганда ҳам у охир-оқибат шу ерда лангар ташлашга қарор қилган ва саргардонликда қорнида ўсиб, тўлғоқ онлари яқинлашгани сайин уни секин-аста ўлдириб бораётган чақалоқнинг эсон-омон дунёга келишини кутаркан.
Чироқ ҳинду хотин юзининг бир томонинигина ёритиб турарди. Кенг юзи, от ёлига ўхшаш текису қалин сочлари бу диққинафас камбар дўкончада бут ё арвоҳ тилга кирганда ўтмиш ҳақида қандай сўзласа, худди шундай ҳикоя қиларди. У билан бурун сира яқин бўлмаганман, ғолибо, ўша сирли тунда ку- тилмаган самимий гурунгдан сўнг мен қариндошу қондошлик ришталаридан ҳам мустаҳкам ришталар билан боғланганимизни англадим.
Орага чўккан сукунатни унинг йўтали бузди. Овоз ҳозир мен отаму болам билан ўтирган хонадан келаётганди. Қуруқ, узуқ-юлуқ, сўнг узлуксиз йўтал эгасини танидим, уни ҳеч кимники билан адаштириб бўлмасди, у ётган тўшагининг бу ёнига ағдарилганини пайқаш мумкин эди. Меме дарҳол жимиб қолди, унинг юзини қоп-қора булут қоплади. Мен у ҳақда бутунлай унут- гандим. Шунча вақтдан буён (кеч соат 10 лар атрофида) биз бу ерда ўтирган бўлсак, хаёлимда Меме билан ёлғиздек эдик. Ҳали қўл теккизишга улгурмаган ширинлигу патир солинган товоқчани тутиб турган қўлимда оғриқ ҳис қилдим. Олдинга эгилиб, унинг қулоғига секингина:
– У ухламаганмиди? – дея шивирладим.
Меме мутлақо ҳаяжонланмай бефарқ жавоб қилди:
– Тонггача ухламайди.
Кутилмаганда нега Меме оиламиз ўтмиши тўғрисида бу қадар чуқур қайғуга ботиб, сўзлаётганини тушуниб етдим. Ҳаёт буткул ўзгарди, Макондо дам олиш кунларида пулга баҳс бойлашиб, гаров ўйналадиган кичик гавжум шаҳарчага айланганда, яккаш Мемегина ўзининг бахтли болалиги хотираларига қоришиб яшарди. Тўрт девор орасида туни билан мижжа қоқмай, каламушдай у ердан- бу ерга ғимирлаб чиқадиган, ҳамон унутолмаган иткўзларию ёввойи йиртқич ҳайвон товушидай ёқимсиз овоз эгаси билан унинг ҳаёти қайғую ғамга ботган кўйи рангсиз ўтарди. Бир замонлар боши ёстиққа текканида бир бора кўриб қўйишга арзитмаган, бир жонсараклигидан уйнинг у бурчидан-бу бурчигача бетиним сандироқлаб юраверганидан ҳар қандай оғир-босиқ аёлни ҳам жаза- вага туширишга қодир қайғую қувонч бегона, ҳиссиз эркак билан яшаётганига ачиниб кетдим.
Ҳар сафар овозларимиз баландлашганда, унинг сарғиш иткўзлари каттароқ очилиб, чақнашини тасаввур қиларканман, сўзлашиш қобилиятимни қайта топганимдан кейин суҳбатни бошқа томонга буришга уриндим.
– Савдо қалай? – сўрайман ундан.
Меме жилмайди. Унинг ғамгину нурсиз тубассуми туйғу билан эмас, худди хонтахта остига яширилган, фақат эҳтиёж туғилганидагина қўллаш мумкину деярли керак бўлмаганидан ундан қандай фойдаланишни унутгани учун ҳам бечора шу лаҳзада уни ноўрин ишлатиб қўйди. “Ҳа… мана…” – у мужмал жавоб қилдию тағин мутлақо бегона одамдай жимиб қолди. Мемега товоқни тутқазиб кетишим кераклигини дарҳол фаҳмладим. У индамай ўрнидан туриб, товоқни пештахта ёнига олиб борди. Ўша ердан менга қараб туриб такрорлади: “Умринг ўхшамасин-у, ойингнинг худди ўзгинасисан” – деди. Билмадим, у чин айтдими ё ёлғон, ҳарқалай суҳбат чоғида мен чироққа орқамни ўгириб ўтиргандим, шу боис юзимни аниқ кўрганига шубҳам бор. Бироқ у товоқни пештахта ёнига элтганида ва чироққа яқин келиб, юзимга синчиклаб боқдию тағин: “Умринг ўхшамасин-у, ойингнинг худди ўзгинасисан”, – дея ўтириб олди.
Меме ойимни қандай Макондога олиб келишгани тўғрисида сўзлашда давом этди. Онамни хачирдан тушириб, тебранма курсида ётқизиб қўйишган. У ўша ерда қимирламай, олдига қўйилганини иштаҳасиз, аранг ютарди. Баъ- зан оёқларидан мадор кетиб, Азроил жонини секин суғуриб олаётган маҳал кун ярмига қадар, тебранма курсида биров қўлидан совиган нонуштани олиб қўймагунича тутиб туравераркан. Тўққиз ой давомида маҳв этган ажалнинг унсиз азоблари туфайли ой-куни яқинлашганда айвондан ётоқхонагача бўлган масофани босиб ўтолмай, ўн икки қадам юрмасдан йиқилади ва уни қўлда кўтариб кетишга тўғри келади. Тебранма курсидан тўшакка довур бўлган оралиқ дарбадар кечган оғир кунлар машаққатидан аччиқ эди, бироқ у барибир бу ҳаётда зиммасига юкланган охирги вазифасини адо этади.
Меменинг айтишича, ойимнинг ўлими отамни қайғуга ботирган экан, бироқ ғам буткул мағлуб этиб, иродасини буколмади. “Шу эркакнинг уйини саришталайдиган хотини йўқ”, десалар, ҳеч ким ишонмаскан. Қайсидир ки- тобда суюкли одамини унутмаслигу ҳар кеч эслаш учун хотирасига райҳон ўтқазиш кераклиги тўғрисида ўқиб билгач, у чорбоғ девори олдида қаторлатиб гул эктирдию бир йил ўтиб, иккинчи марта ўгай онам Аделаидага уйланибди. Баъзида Меме ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборгудай бўларди. Бироқ у ўзини тийиб турар, чин пушмонлик туйғуси ила гуноҳларини ювиш мумкинлигига сидқидил ишонарди, ахир у ўз хоҳиши билан бахтдан воз кечди-ку. Кейин у жилмайиб қўйди ва ўриндиқнинг суянчиғига суяниб, бир қадар узоқлашгандай туюлди. У қайғу булутларини қувиб, қуёшнинг ёрқин нурлари каби нураф- шон хотираларини уйғота олганидан бахтиёр эди, шу тобда Меменинг лабида жилванаётган меҳрибон, майин табассумини танидим. Беш йилдан кейин отам дастурхон бошида овқатланаётган маҳал: “Полковник, ҳой, полковник, сизни остонада бир келгинди йўқлаяпти”, – дея бўйқизнинг болаларча соддадиллик билан югуриб келиб, хабарни етказганидан кейинги воқеалар эса мутлақо
бошқа ҳикоя эди.

3

Бу биз ўтган аср охирида Макондога энди кўчиб келган йилларда ҳали ибо- датхона қурилиши бошланмасдан бурун юз берганди. Ибодатхона ортидан узун кўча ўтган, у ерда номига бўлсаям битта дарахт кўринмасди. Кун чошгоҳдан ошгач, мактабдан қайтган қишлоқ болалари девор ёнида ўйнашарди. Ибодатхона бунёд қилинганидан сўнг, девор охирида ерга тўрт симёғочни қоқиб қўйдилар, қозиққа ўхшаб қолган симёғоч атрофини ўраб, жойни омборхонага айлантирса бўларкан, худди шундай қилдилар ҳам. Тўрт гирди ўралган кулбада турли қурилиш анжомлари сақланарди.
Ибодатхонадаги иш якунлангач, кимдир унинг деворига оҳак суриб, оқлаб қўйибди, тош девордан иборат қуруқ омборхонага одам яшайдигандай қилиб эшик қурдилар. Бир йил ўтиб, бу жой икки киши яшаши мумкин бўлган мўъжазгина икки хонали кулбага айланди-қолди. Ичкаридан ҳали қуримаган оҳак ҳиди келарди. Кўнгилни яйратган ягона, ёқимли покиза туйғулар ифо- ри, бирдамлик руҳи айни шу ерда тирик эди. Деворлар оқланганидан кейин ҳашарчиларнинг беминнат хизмат қилган қўллари омборхонанинг ички қурилишини ҳам адоғига етказди, ичкаридаги эшикка лўкидонни ўрнатиб, кўчага қараган эшикка қулф ўрнатишди.

Омборхона қоровулсиз, унга қоровул тайинланмаганди. Ҳеч ким бу мулкка эгалик ҳуқуқини даъво қилгани шошилмасди. Қишлоққа келган илк руҳоний Макондонинг энг кўзга кўринган ўзига тўқ оилаларнинг бириникида жойлаш- ди. Кейин уни бошқа ибодатхонага кўчирдилар. Ўша вақтда (ғолибо бу ҳали биринчи руҳонийнинг кетишидан илгари бўлгандир) қоровулхонани қўлида эмизикли бир гўдаги билан қандайдир аёл эгаллаб олганди. Аёл эшикни қай тариқа очганию қайси йўл билан бу ерда қўним топгани қишлоқдаги тирик жонга маълум эмас. Бурчакда қора косов, михда эса кувача осилганди. Де- ворлардаги оҳакни ёмғир сувлари ювиб кетди. Чорбоғдаги тошлар сиртида ёмғирдан қолган лой қотиб қолганди. Аёл қуёшдан сақланиш-чун новдалар- дан соябон тўқиди ва кулбанинг гирдини токлар билан ўраб, эшик теппасига тумору думалоқ нон осиб қўйди.
1903 йилда руҳонийнинг келаётгани тўғрисидаги миш-мишлар тўрт то- монга овоза бўлганида аёл ҳамон ўша қоровулхонада яшарди. Макондонинг ярим аҳли дин хизматчисини оркестрнинг оромбахш куйлари остида кутиб олгани марказий кўчага чиқди. Дафъатан бир бола ҳаллослаб югуриб келдию руҳонийнинг хачири аллақачон муюлишга етганини хабар қилди. Мусиқачилар бир сафга тизилиб, куйни бошлаб юбордилар.
Вакил минбарга чиқиб, руҳонийни эсон-омон етиб келгани билан табри- клаб, нутқ ирод қилмоқликка тайёрланаётган эди. Хачирга арқон билан маҳкам боғлаб қўйилган бу қадар катта жомадонни умри бино бўлиб кўрмаган Макондо аҳли уни орқалаб келаётган нотанишга кўзи тушгани ҳамоноқ, мардонавор қадам ташлаётган ҳарбийлар қатори минбар вазифасини ўтаган столдан ту- шиб, жойида тек қотган нотиққача ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Гарчи олис сафарга чиқаётганда, ҳатто руҳонийларнинг ҳам одий одамлардай кийиниши ҳақиқатга яқин бўлишига қарамай, бироқ ҳарбийларга хос кийинган қиёфаси совуқ одамни ридо кийган руҳонийга ўхшатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Ҳа, бу ўша эди. Қишлоқнинг у бурчагидан тортиб, бу бурчагигача йиғилган каттаю кичик айланма сўқмоқ бўйлаб, келаётган эти устухонига ёпишган қотма, ориқ, офтобда қорайган қорамағиз чувак юзи чўзинчоқ, уст-боши далва-далва, қўлида тутгулик сиёҳи қолмаган илма-тешик соябон кўтарган ғалати руҳонийдан кўз узмасди. Ибодатхонага яқинлашгани ҳамон, у бировдан қоровулхонани кўрсатиб: “Бу нима?” деб сўради-ю, ҳали ўзига келишга улгур- маган одамнинг: “Черков ортидаги кулба, авлиё ота”, – дея ғудранишидан бирор нимани англамай, тўғри қоровулхона томон йўналди. Аёл қаёққадир ғойиб бўлди, бола эса ичкарида қия очиқ эшик ортида ўйнарди. Руҳоний тамбалан- маган бесўнақай жомадонини арқонидан бўшатиб, хачирини эргаштирганча ҳовли саҳнидан ўтдию токлар соясига боғлади ва иморатга бошдан-оёқ разм солди. Кейин жомадонини очиб, ичидан тўрбеланчакни олгач, хонанинг у бурчидан-бу бурчига қадар арқон тортди, ва тўрбеланчагини илди. Оёғидаги этикларини ечиши ҳамоноқ, кўзларини катта-катта очиб, қўрқув ичра тикилиб
турган болага эътибор қилмасдан пинакка кетди.
Аёл юзидан нур ёғиб турувчи истараси иссиқ дилкаш одам эмас, балки ғалати руҳонийни кўриб, нафақат лол қолди, балки кутилмаган меҳмон ташрифидан ноқулай аҳволга тушди. У оёқ учида юриб, лаш-лушларини йиғиштирганча темир косову кувачасини унутиб, ҳовлига йиғма каравотини олиб чиқиб, тўрт томонга дор тортди-да, кийимларини ёйиб, тўсиб чиқди. Бир соатдан сўнг келгиндилар билан шуғулланадиган оқсоқоллар кенгаши вакиллари бир тўда ҳарбийча юришга тақлид қилаётган ўйинқароқ болалар қуршовида оркестр кетидан эргашиб, Макондо бўйлаб савлат тўкиб юриб келишаркан, руҳонийни ёлғизликда топишди. У беланчакда қорнини ерга бериб, ялангоёқ ҳолда уст-бошини ечиб ётарди. Бу одамнинг катта йўлдан қишлоққа кириб келиши барчани тонг қолдирганидан, ундан қоровулхонада нима қилаётганини сўрашга ҳеч кимнинг ақли етмади. Афтидан ҳамма уни икки йилдан буён ҳе йўқ-бе йўқ, бировнинг рухсатсизу ҳеч қандай ҳужжатсиз ўзига хон, кўланкаси майдон бўлиб, беташвиш яшаб келаётган аёлнинг қон- қариндоши чиқар, энди бу келгинди бутун уруғ-аймоғини йиғиб, омборхонани буткул эгаллаб олади, деб ўйлашди. Шу боис аёл меҳмонни руҳонийга йўйиб, уялганидан беркинганини, “қўрққанидан яширинди”га чиқаришди. Қулнинг ақли чошгоҳдан кейин киради, деганларидай, келгиндиларни жойлаштириш билан шуғулланадиган оқсоқоллар кенгаши аввалига ундан бирор изоҳ сўрашни кўнглига келтирмай, кириб келишига индамади, у эса ҳеч кимнинг гурунгини эшитишга рўйхушлик бермай, остонадан кирганларни “Кеча туни билан мижжа қоқмаганман”, – деб совуқ муомала билан қарши олди.
Янги мезбоннинг очиқча сиғиштирмаганидан андак кўнгли оғринган қишлоқ оқсоқоллар кенгаши вакиллари норозиликларини яширмай, аста-се- кин тарқалдилар. Бу қадар ғайриоддий руҳонийни ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Озғин танасига ярашмаган тақир боши сигирнинг калласидек катта, лаб дегани мутлақо сезилмайди, туғилганида гўё оғизсиз туғилгану биров оғиз ўрнига ўша жойни қандайдир тирқиш, пичоқ билан тиртиб қўйганга ўхшарди. Бу нота- ниш йўловчи ҳаммага кимнидир эслатарди, азонда бари ойдай равшанлашди. Оёғига калиш илиб, бошига шляпани қўндирганича палахмону қайроқларни қийратиб, қочоқларнинг сўлим қишлоғига айланган Макондо кўчаларини чан- гитиб юрган даврларини эсладилар. Чоллар саксон бешинчи йилларда унинг фуқаролик урушидаги иштирокини эсладилар. У полковникликка эришгач, ўн етти йил адолатсиз ҳукуматга қарши курашган қўрқмасу жасур, қайсару ўжар жангчи эди. У ортига қайтмагунча, қишлоқдагилар у ҳақда бошқа бир оғиз ҳам гап эшитишмаган, ўзиям хабар бермаганди. Уни чўқинтиришаётганда берилган исмни хотирлайдиганлар оз эди. Бироқ қарияларнинг аксарияти онаси берган лақабни (у ўзбошимчаю ўжар эди) яхши хотирлашарди, уруш пайтларидаям уни шундай чақиришарди. Ўр… Букрини гўр тузатади, табиатига хос қайсарлиги боис, умрининг охирига довур “Ўр, ҳой, Ўр” дея уни номгир қилардилар.
Бу одам ҳам ўша маҳал, ўша соат ва ўша аҳволда баайни Ўр Макондога кириб келган куни бизникига ташриф буюрди. У ҳам етти пушти ва қўлидан қандай иш келиши номаълум руҳоний сингари қишлоқнинг дунёбехабар содда, оми одамлари йиғилиб, илҳақ кутган катта кўчадан эмас, ҳаммани ҳайратда қолдирган ҳолда ҳеч зоғнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган айланма йўлдан келди.
Қабулдан сўнг, тушлик чоғи уйга қайтдим. Дастурхонга ўтиришимиз билан Меме ҳовлиқиб кириб келди-ю:
– Полковник, ҳой, полковник, сизни бир келгинди йўқлаяпти, – деди.
– Шу ерга чақираверинглар.
– У сизни қабулхонада кутяпти. Айтишича, пайсалга солиб бўлмайдиган бир муҳим юмуши бормиш.
Аделаида Исабелни овқатлантиришдан тўхтади (у ҳали унда беш ёшда эди)
ва меҳмонга пешвоз чиқди. Хотиним ташвиш ичра ортига қайтди.
– У бир жойда ўтиролмай, хонада худди оёғи куйган товуқдай юрибди.
– деди.
Чилчироқ ёруғида аёлим ўз жойига қандай қайтаётганини кузатиб турдим. Унинг ҳаяжонланаётгани шундоққина сезилиб турарди. Майда-чуйда юмуш- ларидан бўшаб, тағин Исабелни овқатлантиришга тушди.

– Уни дастурхонга чақирсанг бўлармиди? – дедим ҳар доимги каби хотир- жам овқатланишга уринарканман.
– Аслида шунинг учун чиқувдим. Сўрашганимга эътиборам қилмади, бети- ним у ёқдан-бу ёққа юриб, хонани бошдан-оёқ синчиклаб кўздан кечираркан, жавондаги бурама балерина ҳайкалчасидан кўз узолмай қолди. Саломимни эшитмади-ёв, деб ўйлаб, қайта сўрашдим. У тағин алик олмай, балеринани олиб, ёзув столига қўйди-да, бошдан-оёқ синчиклаб, рақсга тушишини томо- ша қилди, балки мусиқа унга халал бергандир, деб ўйладим, аммо мен игна эмасман-ку, кўз илғамаса, ёзув столи олдида ғўддайиб туравердим. Ғалати одам экан, у ўйинчоқни бир неча бор бураб, рақсини томоша қилиб, пинагини ҳам бузмай ўтираверди.
Аделаида шу гапларни айтаркан, Исабелни овқатлантиришда давом этарди.
– Ўйинчоққа андармон бўлиб, саломингни эшитмагандир.
– Билмадим. Бироқ биринчи марта сўрашганимда ҳали мусиқа янграма- ётганди, сўнг у раққосага назари тушгани ҳамон, жавондан олиб, худди уни илгари кўриб-билиб ишлатгандай керак жойидан буради-да, ундан кўз узмай ҳиссиз кузатди, ҳатто мийиғида жилмайганиям йўқ, гўё уни рақс эмас, балки фақат ишлаш механизми қизиқтираётгандай эди.
У ҳеч қачон менга уйга келганлар хатти-ҳаракатлари тўғрисида бу қадар батафсил сўзламаганди. Гарчи уйимизда келим-кетим кўп, деярли ҳар кун та- ниш-билишлардан бири меҳмон бўлар, улар тунаб қолишганида ҳам ортиқча гап-сўз эшитмаганман. Меҳмонлар бемалол отини сайисхонага боғлаб, овоз бериб ичкарига худди ўз уйларидай кириб келаверардилар.
– Бирор юмуш билан келган ё биров омонатини топширмоқчидир, эъ- тибор қилма, – дедим меҳмоннинг беиззатлигидан оғринган хотинимни тинчлантириб.
– Барибир ғалати одам экан, салом Худонинг қарзи, алик банданинг фарзи эмасми, нима бўлган тақдирдаям, ким бўлишидан қатъи назар бировнинг эши- гига иши тушиб келган одам бироз камтарроқ бўлмайдими? Мусиқа тугаса, сўрашар деб кутиб турсам, раққоса бир сакраб яна чиройли ҳаракатлар ила ўйинни давом эттирганини кўриб, қизиқишини яширмай, курсига ўтирмасдан эгилиб, унга синчиклаб разм солди, кейин менга ўйинчоқ қанча вақт ўйнашини билиш учунгина мурожаат қилди. Меҳмон хонада борлигимни кўра-била ўзини билмасликка солганидан жаҳлим чиққанидан худбинлигим тутиб, тўнимни тескари кийдиму қайта сўрашмадим, расамадига кўра совуққина жилмайиб қўйдим. У катта сариқ кўзлари билан одамга бошдан-оёқ андиша қилмай, разм соларкан. Ниҳоят меҳмон ўзидан ҳам совуқ товушда ва ғоят расмий оҳангда:
– Полковникни кўрсам бўладими? Ҳузурига муҳим иш юзасидан кел- ганман. – деди. Товуши ҳам ғалатию синиқ, сўзлари тушунуксиз, гўё оғзи маҳкамлангану сўзлашга қийналадиган одамдай эди.
Қошлари чимирилган хотиним қизимни овқатлантирар, мен эса бу нотаниш қандай юмуш билан келганини олдиндан чамалаётгандим, бироқ бу воқеалар ўша куни бошланиб, бугун ниҳоясига етишини билмаган эканман.
– У хонада тинимсиз айлангани-айланган, – такрорларди Аделаида қизимнинг овқатини едираркан. Бу нотаниш хотинимда шундай ғалати бир та- ассурот қолдиргандики, у ғайритабиий бу одамни тезроқ қабул қилиб, муддао- сини билишимни истарди. Менинг эса негадир нариги хонага чиқишга юрагим дов бермаётганди, дастурхон бошида ўтириб, бамайлихотир овқатланардим.
Мен унга қараб:
– Дастурхонга марҳамат, ўша ерда бафуржа гаплашиб оларсиз, меҳмон, –
дедим. У гапимга жавоб бериш тугул мутлақо эшитмагандай, қовоғини солиб,орқасини ўгириб олди-да, тағин раққосага андармон бўлиб ҳарбийларга хос тарзда тек қотиб тураверди. Мен оёғидаги қўнжи узун этиги, эгнидаги махсус кийимию охирги тугмасигача ўтказилган кўйлагидан ҳарбий бўлса керак, деган хаёлга борувдим. У қўлида ўйинчоқни олиб, гўё чиқиб туришимни кутиб тур- ган одамдай, жавоб бермай ўтиравергани учун сўзлашга гап топмадим. Тавба, ўлай-да кетай, одам деганам шунақа бўларканда-а. Қизиқ, афт-ангоридан уни кимгадир ўхшатдим-у, аммо эслолмаяпман.
– Бирор жиддий иш чиққан-ов? – мен унга синовчан назар ташладим.
– Тўғрисини айтсам, билмайман. У аввал бошини эгиб, орқасини ўгириб тургани учун юзини яхши кўролмагандим, бироқ сизга учрашмоқлигини айтиб, кўзимга тик боққанида: “Хўжайиним билан гувоҳларсиз, юзма-юз гаплашмоқчимисиз?” – деб сўраганимда қиёфасига бир бора разм солдим. У бир кишига жудаям ўхшаркан, уни бировга, тўғрироғи, унинг ўзию фақат не- гадир ўзлигини яширишга уринаётганини бир айтай дедим-у, тағин тилимни тийдим.
Унинг гапларини пинагимни бузмай, шамдонларга тикилган кўйи жимгина тинглаб турдим. У болани овқатлантиришдан тўхтаб, менга тикилди:
– Оламни сув босса, тўпиғингизга чиқмайдиган одамсиз-да, лекин ўрнингизда бўлсам, аллақачон унинг нега келганини билиб қайтган бўлардим. У топшириқ билан келганига аминман. Ўзини кўрсатаётгани каби эмас, балки кимга ўхшаса худди ўшанинг ўзи. Ҳарбийлигига ишончим комил. Мўйловининг учи велосипед рули мисол юқорига қайириб қўйилган, юзи мой сурилгандай ялтиллайди. Қўнжи узун этикдаги одам ўзини кўрсатаётгани каби эмас, билъакс кўрингани, яъни аниқ ўшалигига шубҳа қилмайман.
Бу гапни у беихтиёр ҳайрат ичра қатъий ишонч билан айтди. Ҳаво димли- гидан нафас ололмай жиғибийрон бўлиб борардим.
– Хўш, кимга ўхшаркан?
– Тўғрисини айтсам… Гапи оғзида қолди. Мен:
– Яхши, у билан дастурхонга дуо ўқиганимиздан кейин кўришаман. – дедим сабр косам тўлиб, суҳбатга нуқта қўярканман.
– У қўғирчоқдан кўз узмай, ўйинчоқни қўлида тутиб турганидаёқ кимга ўхшашини эсладиму сизни бундан хабардор қилгани ортга қайтдим. Бироқ эшикни очарканман, сўнгги бор орқамга ўгирилганимда, унинг косасидан чиққудек катта иткўзлари оёғимга боқиб турганини пайқадим.
У шундай дея тилини тишлаб қолди ва болани овқатлантириб бўлгунча миқ этмади. Юракни эзадиган сукунатда фақат темир қошиқлар овози эшитиларди, холос. Дастурхонга дуо ўқишим билан қўлсочиқни товоқ тагига қўйдим.
Шу маҳал хонадан таралаётган бурама ўйинчоқнинг қувноқ мусиқаси қулоғимга чалинди.

4

Ошхонамиздаги суянчиғи йўқ синган курсини бувам печка ёнига олиб, бошмоқларини қуритгани қўяди.
Кеча худди шу маҳал Тобиас, Абрам, Хильберто ва мен мактабдан чиқиб, далага бордик. Ўзимиз билан қушларни отишга тош, тухумини териб олгани қалпоғу буклама пичоқ олдик. Йўлда мен ошхонанинг бир бурчагига тиркаб қўйилган курсини эсладим. Бир вақтлар унда меҳмонлар ўтиришарди, энди у ўша арвоҳга тегишли. У ҳар тун курсига ўтириб, шляпасини ечмай, ўчган ўчоқ кулидан кўз узмайди.

Тобиас ва Хильберто ариқнинг энг қоронғи бурчагига бориб қолишди. Эрталаб майдалаб ёмғир ёққани учун лой ўтзорда оёқ тойиб кетарди. Кимдир орамиздан ҳуштак чалиб юборди. Баланд, кескин овоз кўм-кўк тоғ оралиғида худди бочка тубидан келаётгандай туюлди. Абрам мен билан орқама-кейин борарди. У қўлида тошларни, мен эса буклама пичоқни тутиб турардим.
Кутилмаганда тунука том тирқишидан худди тирик қушдай патирлаб, офтоб нури баргу ўтлар юзини сийпалаб ўтди.
– Кўрдингми? – деди Абрам. Мен олдинга боқдим ва зовур охирида Хиль- бертою Тобиасдан ўзга тирик жонга кўзим тушмади.
– Бу қуш эмас, – дедим. – Қуёш нури-ку.
Қорамтир сувга оёқларини шалоплатиб, соҳил томон юриб кетяпмиз. Биродарларимга бир четдан разм соламан, сачраётган сув гўё улар танасини намлантирмаётгандай туюларди.
– Бугун бирорта ҳам ўлжа кўзга ташланмаяпти, тутолмасак керак, – ўзимдан чиққан гапга, энг аввало, ўзим ишондим. Абрам кулиб юборди. Унинг аҳмоқона кулгиси новадан сирғалиб тушаётган сувнинг шалоплаган товушига ўхшарди. У кийимларини ечди.
– Сен бўлмасанг, санамжон, чумчуқ тутмасак, сув тубига шўнғиб, қалпоқни балиқдан тўлдираман, нима дединг? – сўради у.
Абрам қаршимда яланғоч ҳолда шўнғишга тайёр турар, у қўлимдаги пичоққа қўл чўзаётганди. Мен қўлимни орқага қилиб туравердим. Пичоқни кафтимда сиқарканман, унинг майину таранг тиғини ҳис қилдим.
– Пичоқни унга бермайман, – деб ўйладим ичимда ва бу сўзлар тилимга кўчди. – Сенга пичоқни бермайман. Менга кечагина совға қилишди, уни бугун кун бўйи ўйнагим келяпти. Абрам ҳамон қўлини чўзиб турарди. Мен унга шундай дедим: “Тихирлик қилаверма, ҳали бунга ёшлик қиласан”.
Абрам мени тушунди. Дўстларим орасидан фақат у сўзларимни яхши англайди.
– Майли, зорим бору зўрим йўқ, бермасанг берма, ўзи тўймаганнинг салқити ҳаром, – деди у бироз оғриниб. – Нарсаларингни еч, биз сени тош устида ку- тамиз. У сувга калла ташладию гўё катта ялтироқ балиқдай сузиб кетди, сув эса худди унинг тегинишидан суюқлашиб қолгандай эди.
Қирғоқда қолиб, иссиқ ерга ётиб олдим. Мен тағин пичоқни ёйдим ва Абрамдан кўзимни олиб, дарахтларга, чошгоҳдан кейин отхона мисол ёнаётган даҳшатли, ғаройиб, гўзал шафаққа тикилдим.
– Тезроқ, – деб қичқирди у бошқа соҳилдан. Тобиас тошнинг устига ўтириб, ҳуштак чалди.
– Бугун чўмилмайман. Эртага. – деб ўйладим.
Абрам қайтишда чакалакзорга ўзини урди. Унинг ортидан бораётгандим:
– Бу ерга келмаганинг маъқул. Бандман, – деди.
Мен сўқмоқда ер билан битта бўлиб ётган хазонлар устига ўтириб, самода ёлғиз қалдирғоч қийшиқ йўл чизаётганидан кўз узолмай қолдим.
– Бугун атиги битта қалдирғоч, – дедим мен.
Абрам анчагача овоз бермади. У худди мени эшитмаётгандай барглар орқасида жим ўтирарди. Унинг жимлиги ғоят сирли эди. Узоқ сукунатдан сўнг, у чуқур “уҳ” тортиб:
– Қалдирғочлар, – дея сўз қотди.
– Бугун негадир фақат битта? – такрорладим. Абрам ҳамон барглар ора- сида менга кўриниш берай демасди. У тағин жимиб қолди, бу сукунатда тиқ этган товуш эшитилмасди. Юракни эзадиган, зерикарли сокинлик. Бироз вақт ўтгандан сўнг у тағин тилга кирди:

– Нега фақат битта? Ҳа албатта.
Мен индамай ўтиравердим. У ўтлар орасида қимирлаб қўйди. Барглар шитирлашидан дўстимнинг қаердалигини билиш қийин эмасди. Орага тағин ўлик сукунат чўкди, Абрам бутунлай кетиб қолгандай туюлди. Кейин яна чуқур “уҳ” тортдию сўради:
– Нима дединг?
– Бугун атиги битта қалдирғоч, – дея такрорладим ва самода қанотлари ёйилган қушнинг чизаётган айланасига боқдим. – У баланд-баландларга қадар уча оларкан, – дея қўшиб қўйдим.
Абрам ўша ондаёқ овоз берди.
– Балки шунинг учун биттадир, унга етадигани топилмаган.
У барглар орасидан иштонбоғини боғлаб чиқди. Мен қалдирғоч осмонда чизаётган айланасига тикилиб турганимда, у юзимга тикилмасдан сўзларини эшитмагандай қайта сўради:
– Қалдирғочлар хусусида бир нима дедингми?
Қалдирғочнинг самодаги ҳаракатига андармон бўлиб, узоқ қолиб кетдик. Макондога қайтганимизда ҳамон самода олов ёнарди. Мен уйга қараб югур- дим, ойимнинг сўзларига кўра, ҳали дунёга келмасимдан бурун, куйлагани бобомнинг олдига келиб кетишни канда қилмайдиган семиз, кўзи ожиз аёлу Сан-Херонимолик эгизаклар ила тўқнашиб кетдим.
Бугун тунда биз Хильбертою Тобиассиз тағин дарёга борамиз, деб ўйловдим. Чучварани хом санаган эканман. Мен Абрам билан ёлғиз бориб, у сувга калла ташлаб юзасига қалқиб чиқишинию унинг бадани олтин балиқнинг териси сингари ялтиллаб, сузишини томоша қилишни истайман.
Башарти бувам уйга келган меҳмон билан суҳбатлашгани қўшни хонага чиқса, ҳали-бери қайтмайди, балки биз унгача ҳаммасига улгурармиз. Ўшанда мен Абрам билан дарёга бораман.

У уйимизда яшаб қолди. Мен бундай инжиқ одамга ҳовли бурчагидан хона ажратиш катта хато бўлишини англаб, унга пешайвондаги кўчага қараган бир хонани таклиф қилдим. У эшикка эълон осди (уйимиз деворларини қайта оқламагунимизга қадар, эгри-бугри ҳарфлар ила ёзилган эълоннинг ёзув тахтаси узоқ йиллар осилиб турарди) бир ҳафта ўтмай, кети узилмайдиган мижозларга курси ташишдан бўшамай қолдик.
У Аурелиано Буэндианинг хатини берганида суҳбатимиз чўзилиб кетди. Аделаида уни уйимизга муҳим иш билан келган мансабдор ҳарбийга ёйиб, дастурхонни байрамдагидай безади. Биз полковник Буэндианинг етти ойлик қизию тентакнамо тўнғичи тўғрисида чақчақлашдик. Гап-сўзларидан бу одам генерал интендантни жуда яхши танишини англадим, бироқ шуни ҳам тушун- димки, ишончини суиистеъмол қилмоқлигу номидан шунчаки фойдаланиш учун ҳурмати юксаклигини пайқадим. Меме ичкарига дастурхон тузалганини билдирганида хотиним меҳмонни қабул қилгани қўлига нима илган бўлса, шуни дастурхонга қўйгандир, деб ўйловдим. Бироқ не кўз билан кўрайки, янги йилу Рождество байрамларида тузаладиган шоҳона дастурхон ёзилиб, хитой чинниларида сузилган таомларни кўриб, кутганимдан ортиғи муҳайё бўлганидан ҳайратда эдим.
Аделаида тўйимизга қадар пойтахтдаги оилавий йиғину маъракаларда киядиган тик ёқали духоба кўйлагини кийибди. Унинг олий насабларга хос назокатли одатлари бор эдики, бу турмуш қурганимиздан буён оиламиздаги баъзи тартиб-қоидаларга бир мунча ўз таъсирини ҳам ўтказарди. Бўйнида аждодларимизга тегишли тумор ялтирар, меҳмонхонадаги муҳиту дастурхондаги тўкислик сингари у ҳам бенуқсон эди. Биз ичкарига кирганимизда меҳмон ўзининг чанг, афтодаҳол кийимидан ўнғайсизланди, бир муддат каловланиб, нима қилишни билмай, худди бўйинбоғини тўғрилаб қўяётган одамдай кўйлагининг ёқасига қўл теккизди. Ноқулай аҳволга тушишда ўзим ҳам меҳмондан қолишмагандим, Аделаида ва бу шоҳона дастурхон учун ғоятда оддий кийинганимни ҳис қилдим.
Лаганлардаги гўшт – уйда пиширилган ўрдак ҳар доимгидан фарқланмаса- да, чилчироқлар ёруғида хитой чинниларида янада ўзгача қиёфа касб этиб турганди. Хотиним меҳмоннинг ёлғизлигини билса-да, уни машҳур ҳарбий арбобга йўйиб, иззатига дастурхонга саккиз жуфт товоқ қўйганди. Уйимдаги муҳит ҳеч қачон бу қадар сохта кўринмаганди.
Магарда барини табиийу одатий даражада чиройли кўрсатишга қодир моҳир қўллари (ҳақиқатдан ғаройибу ғайриоддий даражада оппоқ қўллари бор эди) бўлмаганда Аделаиданинг кўриниши ғоят даражада кулгили кўринган бўлар эди. У дастурхонга ўтиришга ийманиб, иккиланаётган маҳал мен шошиб:
– Аёлим, яъни янгангиз, доктор, – дедим.
Аделаиданинг офтобдай чарақлаб турган юзини дарҳол қора булут қопладию ранг-рўйи ўзгариб, таъби намозшом бўлди. Бироқ шунга қарамай, у кибор хонимларга хос тарзда қўлини узатиб, расамадига кўра сўрашди.
Меҳмон ҳам ҳарбийлардек юриб келиб, шунчаки хўжакўрсинга саломлашди.
– Яхшимисиз, янга, – деди у номини номгир қилишни эп кўрмай.
Аделаида билан ўлганнинг кунидан саломлашаётган докторнинг ғалати ва қўрслигини ҳис қилдим.
Меҳмон атойи Худо, уни ишлатилмаган биллур идишлару хитойнинг сара чиннилари кўзни қамаштириб турган қисми, шоҳона дастурхон тўрига ўтқазиб қўйдик, бироқ асти қовоғидан қор ёғиб турган меҳмон гўё оппоқ дастурхон оҳорини бузиб турган шўрванинг доғидай таассурот уйғотарди.
Аделаида майни қадаҳларга қуйди. Аввалги ҳаяжон ўрнини энди тажанглик эгаллаган, ҳафсаласи пир бўлганидан зўр-базўр илжайиб турган хотинимнинг чеҳрасига боқиб: “Ҳаммаси ҳозирча ўз ҳолича кетаверсин-чи, аммо кейин ўзингиз барини бир бошдан изоҳлайсиз”, – деяётганини уқдим. У майни қуйиб бўлганидан кейин, Меме овқат сузилган косаларни келтираётганди, у курсига ястаниб ўтирган кўйи жилмайганича:
– Яхши қиз, менга гўшт шўрва ўрнига, илтимос, ўтшўрва олиб келсангиз,
– деди.
Меме жойида қотиб қолди. У қақиллаб кулиб юборишдан ўзини аранг тийиб, Аделаидага боқди. Аделаида ҳам жилмайдию ийманибгина сўради:
– Ўтшўрва? Қанқасидан бўлсин, доктор? Ўзига хос чўзиқ овоз билан:
– Қанақасидан бўларди, янга, оддийсидан, эшаклар бош тортмайдиганидан- да, – дея жавоб қилганди.

5

Чошгоҳдан сўнг Макондоликлар айни пинакка кетадиган маҳал бари адоғига етар, балки. Алҳол сирли, кўринмас ҳашароту қурт-қумурсқаларнинг ғимир-ғимири бир муддат тинчиб, ҳатто табиат ҳаракатдан тўхтагандай тую- лади, бутун коинот тартибсизлик чегарасида айланаётгандай гўё, жазирамадан нафас ололмай, уйғонган аёллар иссиқдан қаҳри жўшиб: “Макондода ҳали ҳам чоршанба” – дейишади. Кейин бутун Макондо аёллари ўз бурчакларига биқиниб олиб, бир-бирларининг қулоқларига шивир-шивир қиладилар.
Агар уйдаги гап ҳар доим ташқарига тўғри келганда биз аллақачон тобут орқалаб, қабристонга етардик. Афсуски, ҳар доим ҳам биз ўйлаганимиздай бўлавермайди, бунақада кечга довур ҳам бу иш адоғига етмаса керак. На- фас олиб бўлмайдиган даражада иссиқ ҳавода, шу вақтгача майитни кўмиб қайтган, дарвоза тагида ўтириб, биз уч мардумни лаънатлаётган аёллар наза- ридан тезроқ панароққа қочиш ниятида уйга томон йўл олаётган бўлармидик. Кўмиш маросимини ҳеч ким ман этолмайди. Ҳеч бўлмаганда бу латтачайнар алькальд қатъиятли бўлганда ҳам гўрга эди, алҳол отам – ўз юмушларига қайтган, болам мактабда, мен эса уйда муз солинган шарбатимни ичиб ўтирардим. Бироқ барининг оёғи осмондан бўлди. Отам қатъияти алькальд шаштини синдирди. Қишлоқ аҳли шу маҳал кўзимизга кўринмаётган бўлса-да, унинг қони қайнаётгани, узун, узлуксиз, аёвсиз ивир-шивир, қаҳрли қарашлар бизни таъқиб қилаётгани сезилади, гармсел ҳам одамлар қаҳри кўланкасидай ҳали у ён, ҳали бу ёнга айланиб ўтиб, оч бўридай увиллагани-увиллаган. Гўё қишлоқда тирик жон қолмагандай, кўчада одам зоти кўринмайди, ҳаммаси юрагига тош бойлаб, дарчасини ичкаридан тамбалаган. Хонада бир бола пойабзалидан кўз узмай, жимгина ўтирибди, теварагида бўлаётган воқеаларни ақлига сиғдиришга уринар, нигоҳини ҳали шифтга, ҳали газеталарга, ҳали деворларга қадаб, жон-жаҳди билан қарамасликка қанчалик тиришмасин, тили тишланган, сарғиш кўзлари итдай боқишдан буткул маҳрум ўлик кўзларига кўзи тушганида нима қилишни билмасди. Бола мурдага тикилиб, тўрт томони маҳкамланган тахта тобут остида қандай ётганини ўзича тасаввур қилар, тағин бари чувалашиб кўз олдида курси, сой, соҳилдаги дўстлари билан кечган илиқ хотиралари гавдаланарди. Кун келиб у улғаяди, сепкилларга тўла қўллари ҳозирги каби беозор беғубор боладан устараю тиғ тутишга мослашиб, кунора соқол олишга қодир билаклари кучга тўлган баққувват эркакка айланадию кўнглида: “Бугун-эрта келишса керак, ахир Макондода чоршанба”, деган фикр ғужғон ўйнайверади. Ҳадемай, улар келишади, зах даҳлиз остонасидаги курсида ястаниб ўтирган қовоғидан қор ёғаётган қиёфалар қаршисидаги Ре- бека хонимнинг ҳувиллаган, кимсасиз, ғариб кулбаси деразасидан кўз узмай, оёқларини чалиштириб, тиззаларини қучоқлаганча, сигараларининг учини тишлаб, бир хилда тўтиқушдай сайрайдилар. У доим қўйган буюмларининг жойини унутиб, бесаранжом юради, алҳол вентиляторни ёқиш хотирасидан кўтарилган, деразалари ёпиқ уйда бетиним сарсон айлангани-айланган, бу саргашта кампир асабий, дарғазаб, бепуштлиги ҳосиласи – ёлғизликка маҳкум кунларини қарғагани қарғаган, у ҳали ўлмаган, сўнгги соатларини кутиб яша- япти. У хоналарнинг эшигини очиб-ёпиб, чошгоҳдан кейин соат уч марта бонг уришини сабрсизлик билан кутяпти. Бола қўлини тушириб, ўриндиғида бир қимирлаб, тағин аввалгидай қулай ўтириб олгунича, аёл тикув машинасида сўнгги чокни тикиб, бошини кўтаришга кетадиган вақтдан кўра, икки баравар оз вақт сарф бўлади. Бола тўғрига паришонхотир тикилиб турганида, аёл ти- кув машинасини остона бурчагига тақаб қўяди, икки эркак эса бамайлихотир сигаралари учини тишлаганча гурунглашишар, нотавон Агеда жонсиз тизза- ларини умид-ла тағин бир карра қимирлатишга уринарди, тўрт девор орасида жазирамадан қийналаётган синьора Ребека: “Макондода бугун чоршанба. Иблисни қабрга қўйишнинг айни мавриди”, – дея бидирлагани-бидирлаган. Бола тағин қимирлади, у юз бераётганларни идрок этишга, ўзгаришларга кўникишга уринарди. Нимадир қимирласа вақт оқими ҳайтовур олдинга қараб илдамлаётганини пайқайсан. Унгача бу мутлақо билинмайди. Тердан жиққа ҳўл кўйлак, дим ҳаво, юракни сиқувчи мангуликка қадар чўзилган аросатдаги лаҳзалар ва мана шу тили тишланган ўлик. Мурда учун бола қимирлади нимаю қимирламади нима, вақт ўтди нимаю тўхтаб қолди нима, энди ҳеч нарса- нинг аҳамияти йўқ, содир бўлаётганлардан бехабар тобутда чўзилиб ётибди. Дорилбақога йўл олган руҳнинг жонсиз танаси абил-сабил бўлаётган маҳал (бола тағин қўлини қимирлатди) фалаж Агеда ётган жойида аранг у ёғидан-бу ёғига ағанади, сеньора Ребека тебранма курсисида ястаниб, соатдан кўз узмай турарди, ўтиши қийин бўлаётган сонияларда Агеда бўйнидаги маржонини қимирлатаркан: “Агарда юра олганимда Анхел ота ёнига борган бўлардим”,
– дея хаёлидан ўтказарди. Боланинг қўли пастга тушди, эркаклар айвонда ўтириб: “Ҳозир чиндан ҳам соат уч ярим бўлдими?” , – дея соатларига назар ташлаб қўйишди. Қўллар жойида қотади. Соат миллари кейинги дақиқага ўтиш учун ўртадаги соҳилда тўхтаб қолгандек гўё, Агеда қўлларининг янги ҳаракатларини кутяпти, у қулочини кенг ёйиб: “Авлиё ота, авлиё ота!”, дейди умид билан. Анхел ота даҳшатли тушдан қўрқиб уйғонган боладай бир муддат алаҳлаб, Агедага кўзи тушди-ю: “Ҳақиқий мўъжиза ишончдир” ,– дея ғудранди ва тағин бу ёғига ағанаб, чошгоҳдан кейинги уйқунинг қолган еридан давом эттираркан: “Агеда, ҳозир қалбларини тозалашга ташналар учун истагини қондирмоқликнинг вақти эмас, бемаҳал чақирма!”, – дейди. Бироқ қўллар тушишга улгурмайин, хонага авлиё ота кирди ва бари шу онда чувалашган- дай, сеньора Ребеканинг соати боланинг секин ҳаракати, беванинг бесабрлиги орасида адашиб қолгандай, ниҳоят миллар ўз соҳилига келиб урилган улкан тўлқинлардай кейинги дақиқа адоғига етиши билан виқору салобат ила бонг уриб: “Соат роппа-роса иккидан қирқ беш дақиқа ўтди” – дея эълон қилди. Отам: “Вақт оқимига қарши сузаётган одам, вақт оралиғида адашиб қолиши ҳеч гап эмас,” дея айтгани-айтган. Ҳозир биз шундай, йўлни йўқотган одамдай гарангсиб турибмиз.
– Осмонларда учиб юрибсан ҳали, қизим, – дейди отам хаёлларим тубига етишга уринаркан.
– Ота, кўнглим ғаш, нимадир юз беради-ёв. – дейман хавотиримни яширмай.
– Кўнглингга олмасанг, ҳеч нима бўлмайди, иймоним комил, ҳозир кўпгина хонадонларда сут ичида гуруч айланиб пишаяпти, ҳеч кимнинг биз билан иши йўқ, хотиржам бўл, – дейди аслида эса ичини ит тирнарди ўзидан ўтганини ўзи билади.

Тобутнинг қопқоғи ёпилиши билан ўлган одамнинг юзи эсимдан чиқмаяпти. У шунчалар хотирамга муҳрланиб қолдики, деворга қараб туриб, унинг совуқ, даҳшатли, очиғу чўкик сарғиш иткўзларини ва тишланган тилини унутол- маяпман. Эсласам, бутун вужудимни ваҳм босяпти. Шим почаси оёғимни қичитгани-қичитган.
Бувам онамнинг ёнига чўкди. Қўшни хонадан қайтгач, курсини тортиб, ойимга яқин жойда оқсоқ оёғини чўзиб, жим, ўйчан ўтирибди. Бувам кутяпти. Ойим ҳам… Ўлган одамнинг тўшагида бамайлихотир ўтириб, сигара чекаётган ҳиндулар ҳам кутяптилар.
Магар кўзларимни бойлаб, қўлимдан тутиб, бутун Макондони айлантириб, бошқа уйларга ва тағин шу хонага олиб киришса, сон-саноқсиз хоналар ора- сидан бу ҳидни дарҳол таниган бўлардим.
Ушбу хонадаги ахлату эски сандиқлардаги нафталин ҳидини ҳеч қачон унутолмасам керак, гарчи бу ерда мену Абрам яшириниб, тағин Тобиасгаям жой қоладиган даражадаги каттагина антиқа жомадон бўлса ҳам. Хоналар ҳидидан ажрата олиш қобилиятига эгаман.
Ўтган йили Ада қўлимдан тутиб, мени тиззасига ўтқазганди. Кўзларимни юмиб, киприкларим орасидан чеҳрасини кўриб турибман. Каминани тиззасида тебратиб, меҳр-ла алла айтаётганидаги аёлнинг сокин қиёфаси ғира-шира маълум. Кўзим илинай-илинай деганда тағин ўша ҳид.
Уйда менга нотаниш ифорнинг ўзи йўқ. Пешайвонда ёлғиз қолганимда кўзларимни юмиб, қўлларимни олдинга чўзиб юраман. Ўзим ҳақимда ўйлайман: “Бувамнинг хонасидан майу малҳам ҳиди келади”. Қўлларимни чўзиб, тағин олдинга одимлайман. Хаёлимда ойим хонасига яқинлашаман. Унинг хонасидан янги қарталару хушбўй атирларга қоришиқ нафталин анқийди. Худди кўнглимдан ўтказганимдай, қўшиқ айтаётган ойим хонасидан янги қарталар иси димоғимга урилди. Устига устак атиру нафталин ифорини туяман. Унинг хонаси олдидан чапга бурилганимда аниқ биламан очилма- ган деразалару ювилган кийимлар ҳиди келади. Тағин яна уч қадам юрдим, нотаниш ис, жойимда тош қотдим, кўзларимни очмасимдан Аданинг овози қулоғимга чалинади: “Болажоним, нега кўзларингни юмиб юрибсан?”
Ўша тун ухлашдан бурун ҳали ҳеч қачон ҳеч қайси хонадан туймаган ҳиддан ҳамон ўзимга келолмайман. Райҳон гулининг кучли, ўткир ифори. Мен кўзларимни очиб, баланд муаттар бўйдан маст бўлган кўйи: “Сиз ҳам сезаяпсизми?”, деб сўрадим. Ада менга бир кўз қирини ташладию нигоҳини олиб қочди. Саволимни тағин такрорладим: “Сиз ҳам сезяпсизми? Қаердандир райҳон иси келаяпти”. “Ҳа чиндан ҳам райҳон ифори, у тўққиз йил бурун мана шу деворлар яқинида хушбўй ҳид таратиб, очилиб ётарди”. Мен қаддимни ростладиму ўтириб олдим.
– Аммо гул туплари кўринмаяпти-ку, – дедим.
– Ҳозир чиндан ҳам йўқ, бироқ тўққиз йил аввал сен туғилган вақтларда райҳон ҳовлини тўлдириб турарди. Иссиқ жазирама кечаларда у худди ҳозиргидек муаттар ҳид таратарди.
Мен унинг елкасига бош қўйиб, оғзига анграйиб қараб қолгандим.
– Бироқ бу менинг туғилишимга қадар бўлган-ку, – дедим.
– Қиш қаттиқ келганида гулларни совуқ уриб кетди, сўнг уларни илдизи билан ковлаб ташлашга тўғри келди.
Тунда бошқа ифорларни кесиб ташлагувчи бу ўткир ҳид йўқолмасди. Адага:
– Бу ҳақда менга гапириб беринг, – деб оёқ тираб олдим.
У жим туриб, ой ёруғида оҳакланган деворга термилиб деди:
– Райҳон қандай гуллигинию ундан таралаётган ҳид нега бу қадар ўткиру муаттарлигини англаб етадиган кун улғайганингда келади.
Мен тушунмадим, лекин биров бағрига босгандай, кутилмаганда сесканиб кетдим.
– Ҳм, – дедим.
– Райҳон тобутида тинч ётолмаган безовта руҳга ўхшаб, тунлари кезинади. Мен унинг елкасига суяниб, сукут сақлаб турардим ва ҳамон ўзимни чалғитишга уринардим, печка ёнидаги бувам пайпоқларию бошмоқларини қуритадиган эски курси тўғрисида хаёлимдан ўтди. Ошхонада шляпасини ечмай, ўчиб қолган ўчоқ кулига тикилиб ўтирадиган кимса безовта руҳ эканини
тушундим. Бир зум тўхтаб, туриб дедим:
– Балки бу ўша ошхонадаги арвоҳдир-а?
Ада менга кўзларини чақчайтириб боқди ва сўради:
– Қанақа арвоҳ?
– Бувам пайпоғию бошмоғини қўйиб қуритадиган курси бор-ку, унда арвоҳ ўтирганини кўрдим.
– Йўғ-ей, курси пайпоғу бошмоқларни қуритишдан бўлак бошқасига яра- майди, унда арвоҳ нима қилсин.
Бу ўтган йилда юз берганди. Энди барининг оёғи осмондан бўлиб кетди, қоронғида кўзларимни қисиб, қарашим ҳам шарт эмас. Тун чўкканига қарамай, арвоҳ кўзларининг тубига қадар кўринади. Бу ҳақда ойимга айтмоқчи бўлувдим-у, бироқ у бувамга айтади, деб индамай қўя қолдим.
– Бунга нима дейсиз?
– Хавотирланишга ҳожат йўқ, Макондода ҳаммаёқ тинч, тинч оқаётган сувдан сокин, ўйлайманки, ҳар бир хонадонда ҳозир сутда гуруч бир маромда айланиб пишяпти.

6

Аввалида у еттигача ухларди. Ошхонага тугмалари юқорисигача ўтқазилган, кир енглари тирсагига довур шимарилган, ёқасиз кўйлакда, юқориси кўкрагига қадар баланд кўтарилган шимларда, ранги униқиб, йиртилиб-титилиб адо бўлган эски камарини тақиб кириб келарди. Эти йўқлигидан шими тушиб кетадигандай туюларди. Бироқ қиёфасидаги ҳарбийларга хос жиддияту виқор, тинмасаклигу жонсараклик, толиқиш нималигини билмайдиган ҳали унга, ҳали бунга қизиқиб бажаришга уринадиган кимсага озғинлиги асло ёт кўринмас, бари табиийдек эди. Шом маҳали у қора қаҳва ичар, ташқарига чиқиб, ўтган-қайтган билан лоқайд сўрашиб, тағин хонасига қайтарди.
У уйимизда саккиз йил яшади, кутилмаган ва ғалати одатлари бошқаларда ҳурматдан кўра, қўрқув уйғотадиган бу одам Макондонинг энг яхши доктори эди.
Банан ширкатию темир йўл қурилишига довур у қишлоқдаги ягона қўли енгил эди. Хонасидаги курсилар ўша кунлардан хотира. Ширкат ишчиларига тиббий хизматни ташкил қилганидан кейин Макондода докторнинг ҳузурига келувчиларнинг бари остонасидан оёғини узиб, боз устига уникига олиб борадиган йўлни унутиб қўйдилар. У ўзидан ўтганини ўзи билади, бироқ бу ҳақда бировга миқ этган эмас. У аввалгидек эшигини кўчага қаратиб, катта очиб қўяр, чарм курсида кун бўйи ҳузурига шифо истаб келувчиларни кутарди, бироқ уни ит ҳам йўқламагач, эшигини маҳкам беркитиб, лўкидонни ичкаридан суриб қўйиб, якдилликка юз тутганча, беланчагида хаёлга мустағрақ бўлганча кунни тунга уларди.
Ўша кезларда Меме унинг хонасига нонуштага банану апельсинларни олиб бориб беришни одат қилганди. У меваларни ерди-да, пўчоғини бурчакка отарди, ҳинду аёл бўлса, шанба кунлари хонасини беминнат тозалаб, ювиб саранжом-саришталарди. Юриш-туришидан бу одамнинг кимлиги маълум эди, мабодо Меме бир ҳафта хонасини йиғиштирмаса, ҳақиқий молхонага айланиши турган гап эди, унга эса бари бир эди.
Энди у тайинли бирор иш қилмасди. Соатлаб беланчагида чўзилиб тебран- ганича хаёл суриб ётиши мумкин эди. Қия очиқ эшикдан хона ичи ғира-шира кўринар, озғин ҳиссиз қиёфа, таралмаган сочлару беморларникидай сарғиш иткўзларидан, шубҳасиз, курашдан чекинган одамнинг чексиз қайғуси жисмию руҳига қаттиқ азоб бераётганини сезиш қийин эмасди.
Аввалида Аделаида унинг бизникида яшашига кўникиб, ҳатто бу қароримга чинданам хайрихоҳдай кўринди. Бироқ тушлик маҳали ҳамма қатори бир дастурхонга ўтиришдан бўйин товлаб, фотиҳадан қолган арвоҳдай, дуо ўқилганидан кейин овқатланиши аёлимнинг сабр косасини тўлдириб юборарди.
– Савоб учун бир коса овқатни кучукка ҳам тутадилар, бироқ бу одамга уйимиздан жой бериб, Худога шак келтиряпмиз, ахир, у нақ ажина, иблиснинг ўзгинаси, – дерди у тап тортмай.
Мен унга қизиқиш, ҳавас ё савоб учун эмас, балки раҳмим келганидан мадад қўлини чўзгим келарди (чунки бу ғайритабиий одамга бошқа бировнинг шафқат қилиши амри маҳол эди).
– Мусофирга марҳаматлироқ бўлиш керак. У дунёда ёлғиз ва кимсасиз, боз устига кўмагимизга муҳтож. – дея хотинимни шаштидан туширардим.
Темир йўл ишга тушди. Макондонинг қиёфаси ўзгариб, янги одамлар пайдо бўлди, кинотеатр ва шунга ўхшаш кўнгилочар жойлар кўпайди. Ҳамма бир ишнинг этагидан тутган, яккаш угина бекор. У одамовидай уйидан чиқмай яшарди, бир кун нонуштага ҳамма дастурхонга йиғилган пайт келди-да, севинчдан терисига сиғмаётган одам каби самимий оҳангда: “Макондони ёрқин келажак кутяпти”, – дея элбурутдан башорат қилди. Ўшанда ундан илк бора бундай гапни эшитиб тургандим. “Ҳаммаси ўтиб кетади-ю, бироқ барча тараққиёт қулига айланишга улгуради”, – деб қўшиб қўйди у.
Кейинги ойдан у намозшомлари кўчага чиқишни одат қилди. Кечгача сар- тарошхона олдида мижозлар даврасида салқин ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олишлари учун қўйилган ўриндиққа ўтирарди.
Ширкат докторлари уни тирикчилигидан маҳрум этмоқликдан йироқ эди- лар. 1907 йилда макондодаликлар докторнинг борлигини хотирасидан фаро- муш айлаб, остонага истаб келишни канда қилганда, ўзиям бемор кутишдан мутлақо умидини узган маҳал, банан ширкатидан қандайдир бир “ақлли” доктор табибнинг даволашга ижозат берадиган махсус ҳужжати бўлиши кераклигини алькальд миясига қуйибди. Душанба куни майдоннинг тўрт томонида фармойиш пайдо бўлди. Мен унга фармойишга амал қилмоқлик шартлигини айтувдим.
– Нима кераги бор, полковник, мен бу ишни қилмаётганимга минг йил бўлди, – деди у пинагини бузмай.
Шу-шу мен унинг ҳужжати бор ё йўқлигини билолмадим. Боз устига чин- данам французлиги, ҳеч қачон тилга олмаган яқинлари борми ё йўқми, келиб чиқиши ким, булар бари менга қоронғилигича қолди. Бир неча ҳафталардан кейин алькальд ва ёрдамчиси уйимга одамларни даволашга ҳақ-ҳуқуқ беради- ган ҳужжатларни талаб қилиб келишганида у хонасидан чиқишни истамади. Ўша вақтда ўйлаб қарасам беш йил бир том остида яшаб, бир дастурхонда ўтириб, ҳатто исминиям билмас эканмиз.

Уйимиздаги чиқиш эшиги ташқарига қараган хонанинг нега ҳеч очил- маслигини айни ўн еттига кирганимда, Меме билан дўконида гурунглашиб қолган тунда билишим керак бўлган экан. Доктор тежаб-тергаб йиққанларига (у уйимизда яшаган пайтларида пулини ҳеч нарсага сарф қилмаган, йиққани нафақат уй, балки Меме учун уйи яқинида дўконча очиб беришга ҳам етган экан) муюлишдаги уйни сотиб олиб, ўзига тегишли нарсалари тўр беланчак, дори-дармон териб қўйиладиган хонтахтани олиб чиқиб кетганидан кейин, онам хонанинг эшигига катта қулф уриб, қайта очгани рухсат бермаган. Худди доктордан қолган лаш-лушларнинг бари у ётган тўшаккача онам наздида бир балога йўлиққан, лаънатлангандай туюларди.
Эсимни таний бошлаганимда тамбаланган хона эътиборимни торта бош- лади. Қовун пишиғи маҳалида (Меме ва доктор уйимизни тарк этганидан беш йил ўтиб) келгуси йилнинг бошидан Мартин билан ўша ерга кўчиб ўтишини орзу қилаётгандим-да. Турмушга чиққанимдан кейин бўлажак умр йўлдошим билан ўша хонада яшашни тасаввур қиларканман, уйимизнинг энг сўлим хонасига айлантирмоқчийдим ва бу ҳақда онамга секин-аста ётиғи билан ту- шунтириб, гап орасида хонани очиш кераклигига бир-икки шама қилиб ҳам қўйдим. Келин кўйлагимни тикишга қўл урганимизга қадар менга ҳали ҳеч ким доктор, хонадонимизда мулкига айланган хона тўғрисида оғиз очмаган, зеро уйимизда тирик бор жон борки, унинг борлигини эсламасди ҳам.
Менга беш йилдан сўнг эрга тегиш тақдир қилди. Болалик воқеаларнинг бари эсимда йўғ-у, бироқ ғира-шира хотиралар, баъзи нарсалар тўғрисида мужмал қарашларим бор эди. Хуллас калом, тўйимга ҳозирлик кўрилаётган вақтда кўп нарсалар мен учун сирлигича қолганди. Турмушга чиқишимдан бир йил бурун ҳам Мартин орзуларимда гўё саробга ўхшаб туюларди. Мен унинг шунчаки фақат тушларимга кириб чиқадиган алп баҳодирнинг кўланкаси эмас, балки қонию жони бор одамлигига ишонч ҳосил қилмоғим керак эди. Бироқ юрак ютиб, онамга режаларим тўғрисида оғиз очиб сўзлолмасдим. “Қулфни олиб ташлайман, деразанинг олдига стол қўяман, уй бурчагига каравотни жойлаштираман. Айвонга чиннигулларни туваги билан келтираман. Шифт- га қалампирмунчоқларни илиб чиқаман”. Таассуфки, буларнинг бари хаёл, тақдиримга битилган кимса билан кечадиган абадий берк хонадаги лаҳзалар ширин орзулардагина тирик эди, холос. Кўз олдимда тасвирланадиган тасав- вурларда яшайдиган, қўл чўзганимда сирғалиб чиқиб ғойиб бўладиган, тўрт тугмали чарм камзулини чап елкасига ташлаган қурч елкалари кенг, қоп-қора мўйловли йигит шарпаси кўриниш бериб турарди.
Июль охирида у бизникида меҳмон бўлди. Улар кун бўйи уйда отам хонаси- да қандайдир сирли, менга мавҳумлигича қолган молиявий масалани муҳокама қилишарди. Намозшом Мартин ва мен, онам ҳамроҳлигида далага айланишга чиқдик. Қайтишда ботаётган қуёшнинг ғира-шира ёруғлиги тушаётган маҳал, у ёнимда бирга одимлар, гарчи шундоқ қўл чўзсам етадиган жойда бўлишига қарамай, кўзимга саробдай кўринар, бармоғим тегиши ҳамоноқ тумандай тарқаб кетадиганга ўхшарди. Уни тасаввурим маҳсули деб билар, борлигига тўла ишончим бўлмагани учун, ўгай онамга: “Мен ўша хонани тозалаб, Мар- тинга тайёрлаб бераман”, – деб айтолмасдим.
Тўйимдан бир йил муқаддам унга турмушга чиқаман, деган ўйнинг ўзи ҳақиқатга яқин эмасдек эди. Мен у билан февралда чақалоқ Палокемадони хотирлаш маросимида танишувдим. Қишлоқ қизлари тўпланиб, қўшиқ айтиб, чапак чалишдангина ҳузурланардик. Макондода кинотеатр, оммавий грамма- фон ва бошқа кўнгилочар жойлар бор эди, бироқ отам-онам қиз боланинг у ерга боришига қарши эдилар, “Бу эрмак қаланғи-қасанғилар учун”, – дердилар. Февралда кундуз кунлари ҳаво исиб борарди. Тушликдан сўнг отам дам олар, биз онам билан пешайвонда кашта тикардик. У ўрнидан туриб, бошидан шариллатиб сув қуяётган маҳал, ишни бир бурчакка йиғиштириб қўярдик. Фев- ралда кечқурунлари совуқ бўлар, қишлоқда марҳум чақалоқларни хотирлаб,
аёлларнинг куйлаётган ҳазин, дардли нолалари қулоққа чалинарди.
Ўша оқшом биз чақалоқ Палокемадони хотирлаш маросимига йиғилганимизда, Меме Оросконинг худодод (Худо берган) овози ҳамманикидан чиройли ва ёқимли эшитилди. У жуда озғин, қўпол, қаҳри қаттиқдай туюлар, бироқ қўшиқ куйлаётганда ширину ширали товуши уни ҳаммадан гўзал кўрсатарди. Илк бора тин олганмизда Гарсиа Хенонева: “Дарахт ортида бир нотаниш йигит ўтирибди” – деди. Менимча, шу куни ҳеч ким Ремедиос Ороскодай маромига етказиб, қўшиқ куйлай олмаганди. “Устидаги калта камзули ўзига ниҳоятда ярашган, – дейди Гарсиа Хенонева. – У тун бўйи бетиним сўзлади ва барча анграйганча уни тинглади. Йигит камзули тугмасини ечиб, оёғини чалиштириб ўтирганида, пойабзалининг ипи ва пайпоғи кўзга ташланди”. Меме Ороско ҳали-ҳамон куйлар, биз эса чапак чалиб: “Кел унга турмушга чиқамиз!” – дея ҳазил-ҳузил қилардик.

Уйга қайтганимдан кейин қиёфасини эслаганимда, бу сўзлар орасида ҳеч қандай боғлиқлик кўрмадим ва улар ҳақиқатга яқин эмасди. Мартин билан боғлиқ хотираларим худди бировнинг чўпчаги, гўё бемаврид вафот этган чақалоқ руҳини шодлаш учун ўқиладиган қўшиқ каби ўткинчи туюларди. Ортимиздаги аёллар қонимизга ташна қилиб юбордилар. Ўлаксахўр қушларга ўхшаб, биз томон узун бўйниларини чўзиб, кулгани қўймай, жиддий қиёфада тергашарди. Кираверишдаги зах даҳлизда бошига қора рўмол ёпинган аёл қаҳва қайнашини кутарди. Кутилмаганда орага эркак кишининг йўғон тову- ши қўшилди. У қандай тўғри келса шундай айқаш-уйқаш куйлар, сўзлари пойинтар-сойинтар, бир-бирига мутлақо ёпишмасди, ниҳоят эплолмаганини ичдан тан олди, шекилли, жимиб қолди. Вева Гарсиа мени елкаси билан туртиб, ён томонга қарашга ишора қилди. Ёш, хушбичиму хушқомат, соқоли қиртишланган юзи арчилган тухумдай силлиқ, елкалари кенг, тўрт тугмали чарм камзули эса ўзига ғоят ярашган. Нотаниш йигит мендан кўз узмайди.
Мартиннинг қайтиши ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимга чалиниши ҳамон, хаёлимда уйимиздаги энг тинч гўша – ўша тамбаланган хонани унга мўлжалладим-у, лекин тимсолини кўз олдимга келтиролмасдим. Мен ўзимга “Мартин, Мартин, Мартин”, дея бетиним такрорлашга ва шууримга номини сингдиришга ҳарчанд интилмай, ҳақиқий қиёфаси, ички дунёсини тасвир- лашга қилган ҳаракатларим беҳуда кетар, бўлажак умр йўлдошим сиймосига интилишу ҳавас ўз маънисини йўқотарди.
Биз қўшиқни тугатишимиз билан у қаршимда турган қуруқ пиёлани олди. “Қаҳва қуйқасида тақдирингизни ўқидим”. Мен уялиб, бошқа қизлар қатори чиқиш эшиги томон йўналдим, ортимдан ҳар қандай қизнинг эс-ҳушини ўғирлайдиган даражада ёқимли, айёр, юмшоқ, оҳанрабо товушини эшит- дим: “Осмонга тикилиб, етти юлдузни сананг ва ўша тун мени тушингизда кўргайсиз”. Остонада мўъжаз тобутда чақалоқ Палокемадо ётибди. Унинг юзига гуруч сепилган, оғзига эса атиргул қўйилганди, дунёга келиб, ҳали ҳаёт неъматининг нелигини англамаган, уни татимоқчи бўлган-у, бироқ таъмини билолмай, очиқ кетган кўзларига таёқча тиралганди. Февраль болани сўнгги бора ожиз нафаси ила куйдираётганди, хонада эса иссиқда букилиб қолган райҳону хушбўй бинафшанинг оғир ифори тараларди. Мана шу гулларнинг ўткир ҳиди ва ўлик сукунат ҳукмрон хонага таъсирли ягона овоз ёриб кирди: “Эсингиздан чиқмасин. Фақат етти юлдуз, ундан ошиб кетмасин”.
Июлда у бизникида меҳмон бўлди. Унга катта гултувакларга суяниб сўзлаш ёқарди. “Мен ҳеч кўзларингга боқмадим. Бу эса қаршингдаги эркак севиб қолишдан қўрқишнинг сирли белгиси”, – деди у. Чинданам мен унинг кўзларини сира эслолмайман. Июлда, ҳатто декабрда турмушга чиқаётган одам кўзларининг ранги қандайлигини айтолмасдим. Шунингдек, олти ой бурун февраль чоғи кун ярмидаги сукунатда бир жуфт мингоёқ бир-бирига буралиб, ҳаммомда оёқостида ухлаб ётар, гулдан-гулга қўниб юрган болари- лар қуруқ қайтаётганидан жиғибийрон, у бўлса пўрим камзулида керилиб: “Сиз бетиним мен ҳақимда ўйлайсиз. Руҳинингиз жо бўлган қўғирчоқни хонамнинг меҳробига илиб, кўзларига нина санчиб қўйганман”, дея такрор- лагани-такрорлаган. Бу ҳақда Хеновева Гарсиага оғиз очганимда у устимдан қотиб-қотиб кулди: “Соддасан-да, соддасан, бу бўлмағур ирим-сиримларга эркаклар ҳиндулар чўпчаги деб қарайди”, – деди.
Март адоғида у отамнинг хонасида соатлаб ўтириб, менга ҳамон мавҳум сирли ишнинг муҳимлигини уқтирарди. Турмушга чиққан кунимдан – ўн бир йил, қайтгунича ўғлимизга яхши қарашимни тайинлаб, поезднинг деразаси- дан хайрлашган кундан – тўққиз йил ўтди. Олдинда тўққиз йил… мен у ҳақда бирор хабар эшитмаган тўққиз йил бор эди… Мартин билан шубҳали сафар тўғрисида тил бириктирган отам бетиним куёвининг қайтишидан сўзлайди. Чақалоқ Палокемадони хотирлаш маросимидаги илк учрашувимизда у кўзимга қандай сирли кўринган бўлса, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармаган, мен учун ҳамиша шундай бўлиб қолаверган, ҳатто уч йил бирга яшаб, эримнинг аслида қандай одамлигини билолмадим. Ўша тун у тўрт тугмали камзулининг чўнтагига қўлини суқиб, меҳмонхона эшиги олдида турарди. “Энди тинимсиз мен ҳақимда ўйлайсиз, руҳингиз жо бўлган қўғирчоқнинг кўзларига нина санчиб қўйдим”, деди у. Унинг таъсирли, ёқимли, сирли овози худди чин ҳақиқатни сўзлаётгандай, бироқ бу ҳақиқатда ғалатию ғайритабиий нимадир бор эди. Хеновеванинг гаплари ҳар на шубҳалардан бир муддат халос қиларди: “Бари ҳиндуларнинг бўлмағур уйдирмалари”. Кесакдан ўт чиқди, писмиқ қиз ўлгур уч ой ўтиб, ҳе йўқ-бе йўқ қўғирчоқ театрининг директори билан қочиб кетди. “Макондода жилла қурса бир киши мен ҳаққимда ўйлаши ва ҳар дақиқа хотирлаши ҳақидаги ўйлар кўнгилга таскин беради”, изсиз ғойиб бўлган Мар- тин сўзлари қулоғим остида ҳамон жаранглайди. Хенонева Мартинга тикилиб, афтини бужмайтиргани бужмайтирган эди.
– Уф! жонга тегди, бунинг эгнидаги тўрт тугмали камзули чириб кетса ҳам ечмайдиганга ўхшайди, – дерди менсимай.

7

Гарчанд табиатидаги ғалатилигию лоқайдлигини яширишга, ўзини одамохун ва самимий кўрсатишга уринмасин, у барибир қишлоқда бегона эди, балки аксини истагандир. Макондоликлар орасида яшаса-да, қалбан одамлар- дан олисда ўз хотиралари оламида виждон азобига гирифтор, тузатиб бўлмас хатолари хаёлларига ғарқ бўлган кўйи умргузаронлик қиларди. Унга одамлар гўё қоронғиликда яшаб, ҳайтовур ёруғликка чиқиб кўниколмай, оёқларида тик туролмаганидан атрофдагилардан ҳуркаётган ҳайвончага қарагандай қарашарди.
У сартарошхонадан қайтар ва тун чўкканида ўз хонасига биқиниб оларди. Кечки овқатдан воз кечганига анча бўлди, уйдагилар аввалига уни кеч қайтганида чарчаб, ўз хонасига кириб чўзилиши билан эрталабга қадар ухласа керак, дея тахмин қилишарди. Мен эса кечалари унинг ботиний дунёсида ўтмишдаги ёвуз руҳ билан бугунгиси чинаккам барқарорликка етгани муросага келолмай, савдойи қайсарлик ила кураш олиб бораётганини ва бу икки руҳнинг сирли сийдам кураши вужудини буткул ҳолдан тойдириб, ич-этини куйдириб юборишини тушундим. Икки ёғий орасида аросатда қолган бечора тана то буткул оёқдан қолиб, тўшакка йиқулгунича бетиним юриб чиқишини билдим. Доктордаги ўзгаришни мен қўнжли қўлқоп кийиш одатини канда қилган кун кийимларини алмаштириб, атир сепиб ўзига қараб, юришни бошлаганидан сездим. Тишимни-тишимга босиб, оғир феълига аранг бардош бериб юрга- нимда туйғуларим ўрнини раҳм-шафқат эгаллади. Кўчаларда санғиган янги қиёфаси эмас, балки уйга қайтганидан кейин хонасига қамалиб, тағин аввалги ҳолига қайтиши, пойабзалини тозалаб, кийгулик сиёҳи қолмаганидан титилиб адо бўлган пайпоғини юваётганидаги афтодаҳол юзи тасаввуримда гавдала- ниб, раҳмимни келтирарди. Одатда докторнинг тенгдошлари тиниб-тинчиб, руҳий камолотга эришган бўлади, улар учун бу майда-чуйда юмушларни уйини тўлдириб юрган болалари ё хотини бажаради, у бўлса пойабзалини тозалаганидан кейин, лаш-лушларини оёқостидан кўздан панароққа олиб қўйиш каби майда-чуйда юмушларгача ўзи қилишини ўйласам, эзилиб ке- тардим. Тўғриси, у ҳар тун уст-бошини дазмолсиз текисларди, тирноққа зор, Яратган бу томондан қисгани етмагандай, ёнида суянадигани, ғам-қайғусини бўлишадиган дардкаши йўқлигидан қалби ўксик ва азобда эди.
Қишлоқ аҳли ундаги ўзгаришни пайқаб, дарҳол сартарош қизини суйиб қолганга чиқардилар. Миш-мишлар нечоғлик асосли эди билмадим-у, лек ғийбатлар менга уни қийнаётган ёлғизлик уқубати, ҳеч кимга керак бўлмай яшаш ҳисси ва аламзадалиги нечоғлик оғирлигини пайқашга ёрдам берди.
Ҳар кун у кундан-кун пўрим кийиниб, сартарошхонага борарди. Қоплама ёқали кўйлак, енгларидаги зарҳал тугмалар, тоза дазмолланган шим, шимнинг тугмасини бурун ҳам ёпмаган камар. Шу туришда у уст-боши камтарона абадий омадсиз куёвга, шўрпешона жазманга, гулсиз булбул, унсиз булбул бўлиб, биринчи учрашувга гул кўтариб боришга ақли етмаган бефаросат йигитга ўхшарди.
1909 йил бошида доктор ҳақда шундай гаплар юрарди, бироқ бу бўлмағур иғвога ягона асос, унинг ҳар кун кийиниб-тараниб сартарошхона остонасида ўтган-кетган билан пича гурунг берганидан бўлак, сартарош қизи ила жилла қурса бир бора учрашганини далилловчи пичоққа илинадиган атиги битта жўяли исбот йўқ эди. Миш-мишларда қандайдир ёвуз ният бордай туюлди. Макондода сартарош қизи йил бўйи қандайдир руҳ таъқибига йўлиқиб, эси кирди-чиқди бўлиб, турмушга чиқмаслигидан барча хабардор эди. Кўринмас ошиқ, қизга кесак отар, хумчадаги сувни ўйнатар, сартарошхонадаги кўзгуни қорага бўяб қўяр ва ожизани шундай урардики, бечорагинанинг юзи кўкариб шишиб кетарди. Ўжар руҳга қилинган чоралар бари кўкка соврулди, черковда- ги қурбонлик маросими, илоҳий сув муолажаси, алас қилишу жоду олдириш, тинимсиз дуо ўқитишларнинг бирортаси кор қилмади. Ахири, сартарошнинг хотини енгилди, сўнгги чора – қизини ётоқхонага қамаб, оёқостига келин-ку- ёвлар ўзидан кўпайсин, дея гуруч сепиб, хонани ясатди, қилинадиган ирим- сиримларни ўринлатиб, кўринмас, тилсиз куёвга қизини узатди. Уларга асал ойи уюштирганидан кейин Макондода, ҳатто эркаклар сартарош қизининг ҳомиладорлигига ишонишди. Бироқ бир йил ўтар-ўтмас, унинг руҳдан енгил бўлиши каби даҳшатли воқеадан умид узиб, ортиқ кутмай ҳам қўйишди, бироқ тиниб-тинчимас одамлар ғийбатлари, ҳайтовур бошқа йўналиш олди: доктор ва сартарош қизи ҳақида қишлоқда дув-дув гап тарқалди, бироқ тутқунликдаги асира ошиқларидан бирини бахтиёр қилишидан бурун ўзи кулга айланиши тайинлигини улар яхши билишарди.
Шу боис бу гап-сўзлар тагида кимнингдир ёвуз мақсади бор, деб тахмин қилаётгандим. 1909 йил охирида у ҳали сартарошхонага қатнаб юрганида, одамлар яқинлашаётган тўйдан шивирлашар, бироқ биров қизнинг этаги унга теккани тугул, ёнидан ўтгани тўғрисида бирор тайинли гап айтолмасди.

Ўн уч йил бурун офтоби жағ-жағ, яъни бугунгидай қуёш тиккага олиб, аямай қиздирадиган сентябрь кунида онам билан холис ниятлар билан тўй кўйлагини тикишга бел боғладик. Ҳар кун тушдан кейин отам ухлагани кирганида, биз онаю қиз гултуваклар қаторлатиб терилган пешайвонга ўтириб, ундан-бундан чақчақлашиб, кўйлак тиккани ўтирардик. Сентябрь доим шундай эди, ўн уч йил аввал ҳам, даққиюнусда ҳам. Тўй тор оилавий даврада ўтказилиши ол- диндан бичиб қўйилганди (бу отамнинг қарори эди), шундай бўлса-да, биз ҳафсала билан тўй кўйлагини эринмай, ғоят антиқа ва чиройли безаклар билан тикишга бел боғлагандик, шошадиган жойимиз йўқ, тўйгача ҳали бор эди. Тикишдан кўра гурунглашишга кўп вақт кетарди. Фикр-зикрим ўша хонада, онамга қандай қилиб, Мартинга мос жойлигини қандай тушунтирсам экан-а, дея жуфт-тоқ қилардим. Ниҳоят юрак ютиб, бу ҳақда оғиз очдим.
Онам меҳр билан битай деб қолган кўйлакнинг орқасини ўгириб, жазирама сентябрь осмонидай мусаффо, ҳарир шлейфни елкасига қадаётганди.
– Йўқ, – деди у қатъий, таъби намозшом бўлганини яширмай, саккиз йил бурунги хотиралари санжобида қовоғидан қор ёғиб, сўзлашда давом этди: – Худо кўрсатмасин, бирор кимса ўша хонада яшамасин-ей, Худойи Худовандо, илло, билло мен ўша кунларни кўрмай кетай.
Мартин июлда қайтиб келиб, бизникида турди. У гултуваклар терилган токчага тирсагини тираб, суянганича атрофни томоша қилишни ёқтирарди. “Мен Макондода бутун умр қолган бўлардим”, дея такрор-такрор айтишни хуш кўрарди. Кечга яқин онам билан далага бордик. Қишлоқда чироқлар ёнишига оз қолганида кеч тушаётган маҳал қайтдик. “Сен бўлмасанг ҳам Макондода барибир умргузаронлик қилардим”, деди у. Овозининг оҳангидан бу сўзларни самимий айтаётгани сезиларди.
Доктор уйимизни тарк этганига беш йил бўлиб қолганди. Биз пешайвонда ўтириб, кўйлак тикаётганимизда ўгай онамга илк маротаба Мартинга мос хона ҳақида сўзладим ва у илк маротаба ўзини ҳайратга солган докторнинг ғалати табиати ҳақида ёрилди.
– Беш йил аввал, – дея ҳикоясини бошлади у– одамлардан ўзини олиб қочиб, ҳуркак ёввойи ҳайвондай яшарди. Ҳа, ҳақиқий одам кўрмаган ёввойи, қайсар, ўтхўр эшак. Агар у бутун қишлоқ аҳлининг қулоғига лағмон илиб, кўринмас, руҳдан ҳомиладор бўлиб қолганига лаққа ишонтирган писмиқ сартарош қизига уйланганида, балки буларнинг бари содир ҳам бўлмасди. Бироқ у бирдан сартарошхонадан оёғини узди-қўйди, охирги дақиқада ниятини ўзгартирди, аммо бу тубан истакларининг янги босқичи эди. Одамлар нафратига дучор бу ёввойи эшакнинг шунча ишдан кейин ҳам уйимизда яшашига имкон бериб, тағин бу билан бағрикенглик ва одамгарчиликка тўғри келишига бошқаларни ишонтиришу кўндириш яккаш отангнинг қўлидан келади. У Мемени домига илинтириб, уйдан олиб кетишгача бориб етди. Шунда ҳам отанг янглишганини тан олган эмас, қайсар-да қайсар.
– Булардан бехабар эканман. – дедим.
Боғда чигирткаларнинг чириллаши қулоқни қоматга келтирарди. Онам ишидан чалғимай, бир маромда кўйлакка зеб бериб, кўкрагига маржон қадарди. Устига-устак бир маромдаю бир оҳангда ҳикоя қиларди:
– Усартарошхонадан қайтган сўнгги оқшом, биз овқатланишга йиғилгандик (ундан бўлак, у умуман дастурхонга ўтирмасди) Меме овқат сузди. Унинг ранги қум ўчган. “Сенга нима бўлди, Меме?” – сўрадим ҳовлиқиб. “Ҳеч нима бўлгани йўқ, хоним”, деб кўзларини олиб қочди. Шундай дейишига қарамай, чироқ ёруғида у ёқдан-бу ёққа ўтиб қайтаётганида юзидан бетоблигини сездим. “Худойим, Меме сенга нима бўлди, тобинг йўқ-ку!” – дедим. Дастурхон бошида у ўзини амаллаб тутиб турди. Ошхонага патнисни олиб бораётганида отанг: “Мазангиз бўлмаса, дамингизни ола қолинг”, – деди. Унинг овози чиқмади, билъакс патнисдаги идиш-товоқлар тарақлаб ерга тушиб, чилпарчин синаёт- ганини эшитдик. Меме деворга суяниб қолди. Отанг хавотирланиб югуриб ўрнидан турдию шу заҳоти доктор ҳузурига югурди. Саккиз йил ичида ҳали бирор маротаба унга ишимиз тушиб, тинчини бузмовдик. Мемени хонаси- га олиб бориб, билганимча, спирт суриб, эшикка кўз тикиб турдим. Бироқ ҳадеганда улардан дарак бўлмади, Исабель, билмасанг билиб қўй, у саккиз йил хонасини тозалаб, заҳармаргига бир коса овқат тутиб, кўрпа-тўшагини ювган қиз хизматини назарига илмай, боши ёстиққа текканида келиб, бир назар кўришдан бош тортди. Саккиз йиллик бошпана, нон-намак, қон-қариндошдай кўрганимиз андишаси бўлмади. Ўзини билган одам, еган оғиз уялар, деб шунча йил еган-ичганини оқлаш учун ҳам илтимосимизни ерда қолдирмасди. “Йўқ” дейишга қандай юзи чидади, ҳайронман. Доктор ҳақида ўйласам, негадир Яратган эгам бизга уни жазо тариқасида юборган, деб ўйлаб қоламан, бу билан ҳаммага ишониш керакмаслигини уқтирмоқчи бўлганга ўхшайди. Яхшилик қил сувга от, билса балиқ, билмаса холиқ, деб шунга айтсалар керак… Майли, оқибат оламдан кўтарилганига минг йил бўлди, дейлик, бироқ беморга ёрдам бериш, жонини сақлаб қолиш докторнинг бурчи, манглайига битилган қисмати эмасми, Меме ўларди (ҳарҳолда биз шундай деб ўйлагандик), унинг эса пар- войи фалак, оламни сув босса тўпиғига чиқмайди, хонасига қамалиб олган.
Отанг ёлғиз қайтди: “Унга спирт суриб қўйинглар, аммо оғриқ қолдирувчи малҳам берманглар”, – докторнинг буд-шуд тайинли гапи шу экан, сўзлашда давом этарди онам. – Отанг бу гапи билан юзимга тарсаки туширгандай бўлди. Билиб-билмай қилган муолажаларимиздан Меменинг аҳволи бироз яхшилан- ганди. Жаҳл отига миниб, ҳовуримни босолмадим. “Ҳа, албатта спирт билан! Аллақачон қилдик, ўзимизам биламиз, бунинг-чун доктор бўлиш ёдоктор бўла туриб, бировга тириктовон бўлиб яшаш шарт эмас”. Отанг дарғазаблигимни сезиб, ақлга таянди, хотиржамлигу донишмандлик ила жавоб қилди: “Ҳай-ҳай, онаси, сал вазмин бўлинг. Шайтонга ҳай, дарёга қилган яхшиликни биёбондан топасиз, барини кейин тушунасиз”, – олдиндан кўриб-билиб қўйган башорат- чидай дадил сўзлади у.
Ўша тун ташвишларини қайта туяётган онамнинг овоз оҳангида чексиз на- фрат сезилар, Мемега қарашдан бўйин товлаган доктордан бутунлай ихлоси қайтгани шундоқ кўриниб турарди. Жазирама сентябрь кунида ҳаммаёқни олманинг ёқимли ифори тутиб кетганди.
– Кўп ўтмай, бозор куни кибор ойимчаларга тақлидан сахт-сумбати ке- лишмай, ясан-тусан қилган Меменинг черковда пайдо бўлиши ғоят кулгили эди. – деди у. – Айниқса, қўнғироқчали соябони эсимдан чиқмайди. Меме, Меме… Бу қиз Худонинг жазоси бўлди. Биз уни гўдаклигида, ота-онаси боқолмай, тирик етим қилиб ташлаб кетганда, очликдан ўлиб қолмасин учун қарамоғимизга олувдик, асраб-авайлаб, кўпдан кам қилмай ўстирдик, унга номимизни бердик, у бизга тўнғичимиздай гап эди, бироқ эскилар билиб ай- таркан, етим бола боққунча, етим қўзи боқиш керак, деб. Эртасига эрталаб унга барча лаш-лушларини йиғиб, бўхчаларини ташигани ҳинду ёрдамлашишини кутиб ўтирган вақтда остонада тўқнаш келиб қолдим. Мутлақо бошқа одамга айланиб қолган, қаҳрли қиёфасидан (ҳозир ҳам кечагидай ёдимда) отанг би- лан қандайдир жиддий масала хусусида гаплашаётганга ўхшарди. Чабелла, у ҳаммасини бичиб-тўқиб қўйибди, сувни кўрмай этик ечган овсар, менга бир оғиз ҳам айтишни лозим топмаганини қара, худди мен ҳеч ким, деворда чизиб қўйилган жонсиз сурат, одаммас, унинг учун онаям эмас эканман. Уйимизда содир бўлаётганларига ақлим етмай, асл моҳиятини сўрагани оғиз очган ҳам эдимки, отанг гапиргани қўймай: “Мемедан ҳеч нима сўрама. У бизникидан кетяпти, балки бироз вақтдан сўнг қайтар”, – шу гап билан оғзимга урди. Мен ўзидан қаёққа отланганини сўровдим, унинг қилиғи оқсочникидан ошиб тушди, у индамай ортига ўгирилди-да, кетворди. Ҳайкалдай турган жойимда тош қотдим.
Икки кундан кейин, – дейди у, – мен ҳалиги сўхтаси совуқ ҳам бизникидан Меме кетган тонгда ипни узганини ва буни билдиришга фурсат тополмай, хайр-хўшни насия қилиб, ғойиб бўлганини эшитдим. Тавба, одам дегани ҳам шунақа бўладими, саккиз йил бир ҳовлида туриб, раҳмат, демай кетиш, бу қанақаси, шундайларни кўрганингда қандай қилиб ёқа ушламайсан. Ме- нимча, ўғриларгина хонадонингга ана шундай кириб келади ва ишончингни қозониши ҳамон сени ғафлатда қолдириб, уйингни шип-шийдам қилиб, пусиб тарк этадилар. Мен отанг Мемега ёрдам кўрсатишдан бўйин товлагани учун уни уйдан ҳайдагандир девдим. Бироқ бу ҳақда отангдан сўраганимда: “Бу узун ҳикоя, кейин бафуржа гаплашамиз”, –қуруққина жавоб берди қўйди. Беш йилдирки, бу мавзуда оғиз очгани йўқ.
Отангга ўхшаган кўнгли бўш одамгаю бошбошдоқлик ҳукмрон бизники- дек уйдагина ҳар ким миясига келганини қилиши ва шунга ўхшаган воқеа юз бериши тайин эди. Макондода Меменинг черковга ясан-тусан қилиб, кибор хонимларга ўхшаб келгани яшин тезлигида тарқалди, отанг эса ўша кун уялмай-нетмай, унинг қўлидан тутиб оломон орасидан олиб чиқаётган маҳал аввалига ҳеч нарсага ақлим етмай гарангсиб турдим, ўзимга келганимдан кейин ер ёрилмадию кириб кетмадим. Ана холос, ўша кун бизнинг Меме узоққа эмас, балки қишлоқ муюлишидаги уйда доктор билан яшаётганлигидан бохабар бўлдим. Ҳайвонларга ўхшамай кетсин, никоҳсиз, ҳаром-хариш яшашдан ор қилмаганини қара, кесакдан ўт чиққарканда, Меме тақводор бўлмаганида майлийди. Отангга: “Кун келиб, Тангри Мемени айни шу гуноҳи учун жазо- лайди, ахир, бу яратганга хуш ёқмайди”, – дедим, аммо ўшанда ҳам у қовоғини ўйиб, мум тишлаб олди. Узоқ йиллар давомида одамлардан ёрдамини аямади. Синалмаган тойнинг сиртидан ўтма, дейдилар, отанг гапимга кирмай, ҳамиша хато қилади. Биродарим, дея қўлини чўзгани уни эл орасида шарманда қилиб, панд бериб кетади. Гарчанд одамзоддан ихлоси қайтганига қарамай, ҳамон ҳаётга қарашлари ўзгармаган, хотиржамлиги заррача тарк этмаган.
Мен бўлсам бари шундай тугаганига ва доктор уйимиздан кўчиб кетганига хурсанд эдим. Агар ўша кечадаги воқеалар юз бермаганида, у ҳозирам ўша хонада яшаб юрарди. Худога шукрки, бесўнақай жомадонига лаш-лушларини жойлаб, шу дарвозадан қайта турқини кўрсатмайдиган бўлиб кетганидан бо- шим осмонга етди. Борар эшигингни қаттиқ ёпма, дейишади, у эса ҳаммасига тупуриб кетди, бу кунни мен саккиз йил кутгандим ва у худди мен айтгандай юз берди, отанг эса тилини тишлаб қолди.
Икки ҳафталардан кейин Меме ўша муюлишдаги уй ёнида дўкон очди, боз устига тикув машиналик ҳам бўлиб олди. У янги “Доместик” машинасини бизникида яшаб, йиққан пулларига харид қилган. Мен учун бу ҳақорат эди, отангга худди шундай дедим. Бироқ у сўзларимга индамади. Отангнинг сабр- тоқатлилиги, ҳурфикрлилиги, раҳмдиллиги мен учун телбаликдан бошқа нарса эмасди, хонадонимиз шаънини ерга уриб бўлса-да, уларнинг оёққа туришга ёрдам берганидан кўнгли хотиржам эди, назаримда. Унинг хотиржам юзига тикилиб, жаҳлим чиққанидан: “Сиз эътиқодингиздаги барча юксак нарсаларни чўчқаларга едириб бўлдингиз”, – дедим. Отанг индамади, бироқ “Вақти-соати билан барини англайсан” – дея гапини қисқа қилди.

8

Бир китобда айтилганидек, декабрь худди кутилмаган баҳор каби кириб келди. У билан бирга Мартин ҳам. У бизнинг уйимизда тушдан кейин қўлида чарм саквояж, эгнида ўша тўрт тугмали камзул, бу сафар у тоза, дазмоллан- ганидан теп-текис эди. Менга ҳеч нима демай, тўғри отамнинг хонасига ўтиб кетди. Тўйимиз куни июлга белгиланганди. Бироқ икки кундан сўнг отам онамни чақириб: “Душанба куни тўй!” дебди. Ўша кун эса шанба эди.
Кўйлагим битай деб қолувди. Мартин кун бўйи отам билан суҳбатлашар, дастурхон бошида нонушта маҳали ҳам, тушлик чоғи ҳам, кечки овқат вақтидаям таассуротларидан сўйлашдан чарчамасди. Бўлажак умр йўлдошимни мутлақо билмасдим. Ҳали у билан бирор марта ёлғиз қолиб суҳбатлашмаганман. Бироқ отам иккаласини қалин дўстлик, биродарлик ришталари боғлаб турар, отам унинг орқасига кўрпача солиб, шундай берилиб, мақтаб сўзлардики, худди мен эмас, ўзи унга турмушга чиқаётгандай туюларди.
Гарчи тўй бугун-эрта ўтиши маълум бўлса-да, мен унга нисбатан ҳеч нима ҳис қилмасдим, қалбим бўм-бўш эди. Кўз олдимни кулранг туман қамраб олар, ичидан йўл-йўлакай тўрт тугмали камзулининг тугмаларини тинимсиз ечиб- ўтқазиб Мартин чиқиб келар, қандайдир маъноли ишоралар қилар, бироқ бу маъноли ишораларни тушуниш тугул, юзини ҳам тузук-қуруқ кўролмасдим. Бозор куни у биз билан овқатланди. Ўгай онам дастурхон бошида иккимиз- нинг жойимизни шундай белгилагандики, Мартин мендан уч курси нарида отамнинг ёнида ўтирарди. Биз онам билан бир-икки оғиз луқма ташлаб қўйганимизни ҳисобга олмаганда, асосан отам ва Мартин фақат иш хусусида гурунглашардилар. Уч курси нарида мен бир йил ўтиб, боламнинг отасига айланадиган одамни кўриб турардим, бироқ бизни лоақал юзаки бўлса-да, дўстлик ришталариям боғламасди.
Бозор куни кечга ўгай ойимнинг ётоғида тўй кўйлагимни кийиб кўрдим. Кўзгудаги оппоқ ҳарир кўйлакда эмас, балки булутларга бурканган рангпар аксимдан кўз узмай, ўз-ўзимга гўё онамнинг руҳига ўхшаб туюлардим. Гарчи: “Бу мен Исабель, эгнимда эса оппоқ булут эмас, балки тўй кўйлаги, эртага тонг саҳарда турмушга чиқаман”, – деб қайта-қайта таъкидласам-да, ойимнинг руҳи танамга ўрнашиб, қиёфаси менда қайта тирилгандай бўлар, энг қизиғи, ўзимни танимаётгандим. Меме менга у ҳақда шу уй олдида бундан бир неча кун бурун сўзлаб берувди. Айтишича, у мени ёруғ дунёга келтирибоқ, жони узилган, тўй кўйлагида танасини келинчаклардай ясатиб, тобутга қўйишган экан. Кўзгуга тикилсам, кўз олдимда қаро зах ерда моғорлаб кетган тобут ичра чириб адо бўлган келинлик кўйлагидаги ойимнинг суякларини кўрардим. Ойнадаги менинг аксим эмасди. Ойим ўз оламидан қўл чўзиб, мени келин кўйлакда кўриш, бир бора қиё боқгани ва тўйимни ўз кўзи билан кўргани қайта тирилиб келганга ўхшарди. Ортимда ётоқхонанинг ўртасида ғамга ботган отам ҳайрату ҳавасни яширмай жиддий қиёфада: “Бу кўйлакда қуйиб қўйгандай, унинг ўзисан”, деди.
Ўша тун ҳаётимдаги илк, сўнгги ва ягона муҳаббат номасини олдим. Бу кинотасманинг орқасига қириб ёзилган Мартиннинг мактуби эди. Унда “Бугун боришга улгурмайман, бир қошиқ қонимдан кечинг. Полковникка келишилган иш қарийб битганини айтиб қўйсангиз, бугун шу сабаб деб келолмаяпман. Сиз жуда ҳам қўрқаяпсизми? М” Бу нома менда ғалати туйғуларни уйғотди, бўғзимга алам қадалиб, ётоғимга кириб кетдим, бир неча соатдан кейин онам уйғотганида ҳали ҳамон алам тарқалмаган, осмонда қора булутлар сузиб юрар, қовоғи очилмаганини туярдим.
Аслини олганда, чиндан уйғонгунимга қадар, кўп вақт ўтиб кетди. Мен келин кўйлакда мушки анбар ифори анқиб турган очиқ нам ҳаводан тўйиб- тўйиб нафас олардим. Худди узоқ йўлга чиққану ҳориб-чарчаган одамдай толиқдим. Вакиллар меҳмонхонада тўрт соатдан буён кутишарди. Мен барини танирдим, бироқ айни дамда ясан-тусан қилиб, катта соябонли шляпалардаги аёллару қиммат костюмлардаги эркаклар мутлақо бегона, ўзи шундоғам дим меҳмонхонада уларнинг бемаъни сафсаталари бор ҳавони сўриб олаётгандай туюлар, дамим ортга қайтиб, бари ҳушимдан айирадиган даражага келганди. Черков гавжум эмасди. Қандайдир аёллар ортларига ўгирилиб, марказий йўлак томондан кириб келишимни кузатишаркан қурбонликка аталган қўзичоққа қарагандай қарашарди. Қайсар, озғин, бу сукунат ҳукмрон даҳшатли тунда ягона ўткир одам – айтгани-айтган, дегани деган жиддий қиёфали шахс қўлимдан тутганича зиналардан тушиб, мени Мартинга топширди. Мартин фақат калта қилиб, сочини қирқтирмаганини айтмаганда илк учрашувимизда- ги каби хотиржам жилмайиб турар, у бу билан менга муносиб ягона, тенгсиз эркаклигини намоён этмоқчи бўлаётгандай эди.
Ўша тонг вакиллар дастурхон бошига йиғилиб, расамадига кўра, ўтириб, нонушта қилаётган маҳал менинг умр йўлдошим ташқарига чиқдию чошгоҳдан кейингина қайтди. Ота-онам ғалати ҳолатимни сезмаганликка олишарди. Улар ўрнатилган тартибларга кўра, бу душанба бошқаларига мутлақо ўхшамаслигини билинтирмасликка интилардилар. Эгнимдаги кўйлагимни ечиб, жавоннинг бурчагига тиқиб қўярканман: “Бир кун онамга керак бўлганидай, менга ҳам кафанликка ярар”, дея кўнглимдан ўтказдим.
Хаёлий куёв чошгоҳдан кейин қайтиб, тушлик қилганини маълум қилди. Илиқ декабрь кунида у сочини калталатиб, ичкарига киришини кўришим ҳамоноқ кўз олдимда хиралашди. Мартин олдимда ўтирар, бир мунча вақт индамай сукут сақлардик. Ҳаётимда илк маротаба мен тун чўкишидан қўрқдим. Ўз қўрқувимни нима биландир билинтириб қўйганимданми, у се- кин эгилиб қулоғимга шивирлади: “Нима ҳақда ўйлаяпсан?”. Бир бегонанинг “сен”лашидан юрагимнинг остидан бир нима “чирт” этиб узилгандай бўлди. Мен худди тўлғоқ тутиб, туғолмай, қийналаётган аёлдай қизариб-бўзариб турган осмонга боқиб: “Ёмғир ёғса қанийди, деяпман”, – дедим.

Пешайвонда сўнгги бор суҳбатлашганимизда ҳаво ғайриоддий даражада иссиқ эди. У сартарошхонадан буткул оёғини узиб, хонасига қамалиб ол- ган вақтлар. Уйимиздан кетишдан аввал, у мени пешайвонга чорлади. Ўша сўнгги тунда докторга бақамти ўтирдим, камдан-кам ҳоллардаги каби у менга кўнглини ёрди. Тун – бу чексиз дўзахда ягона тирикликдан далолат бергувчи обиҳаётнинг жилоланиши, табиатнинг ҳақиқий мўъжизаси эди. Аввалига биз терга ботиб, иссиқдан нафас олишга қийналганча жим турдик. У юлдузларга боқиб, ёздан баҳра олаётган одамдай қаршимда сукут сақлар, гўё дим тун ҳавоси уни гапириш қобилиятидан ҳам буткул маҳрум этган. Биз қарама-қарши мана шундай тебранма курсиларда ўз хаёлларимизга ғарқ, паришонхотир ўтирардик. Кутилмаганда чақмоқнинг йилт этганинию унинг маъюс бир томон- га бошини экканини кўриб қолдим. Ёлғизлик, юрагидаги бошбошдоқлик азо- блари тинка-мадорини қуритган, унга ҳам яшаш осон эмасди. Ҳаёт саҳнасида у ўзини қанчалар лоқайду бадқовоқ кўрсатишга уринмасин, бундан, энг аввало, руҳи қийналаётгани сезиларди. Илгари илғамаган ришталар мени унга боғлаб тураркан, баъзан қалбимдаги туйғулар докторнинг феълига ўхшаб ўзгарарди. Бироқ, шуни англадимки, шубҳасиз, бу ғайритабиий одамни ўзига хос тарзда яхши кўрарканман. Мен қандайдир сирли кучни, унинг қоронғи хонадан ҳам қоронғироқ, зулмат босган қалбини, руҳию вужудини азоблаётган ёлғизлик дардини ҳис этардим, ўша дақиқадан бошлаб, мен уни ўз ҳимоямга олишга қарор қилдим. У қаршимда синган, енгилган, эзилган қиёфада ўтирарди. Бироқ у ўткир нигоҳини менга қадаганида адашган, аросатдаги ёлғизлигида қайта топилган ишончни илк бора кўриб турадим. Мен англаб-англамай ундан:
– Доктор, Худога ишонасизми? – дея сўрадим.
У кўзларимга тик боқди. Сочлари юзларига тегиб турар, кўзлари чақиндай чақнар, юзида ташвишу ҳаяжон акс этганди. Унинг овози аввалгидай йиртқич ҳайвонларникидай чўзиқ ва даҳшатли чиқди:

– Бу савол менга илк маротаба бериляпти.
– Ўз-ўзингиздан сўраб кўрганмисиз ҳеч?
У ташвишга тушганини намоён этмасликка уринарди. Гарчи у саволимни “Коса тагида ним косадай” тагдор тушунган бўлса-да, қизиқиш уйғотган эмас ва бундан заррача ташвишга тушмади.
– Бу ҳақда муҳокамаю мушоҳада юритиш мушкул, – деди у.
– Бундай тунда совуқдан дилдираш бироз эриш туюлади, шундай эмас- ми? Агар бир одам тўғрию текис йўл қолиб, ҳаммадан олдинда дала оралаб, бошқаларни ҳам, ўзини ҳам қийнаб эгатлардан ҳатлаб юрса, унинг ғайритабиий қилиқларидан ҳайратдан ёқа ушлайдилар-ку шундай эмасми?
У дарҳол жавоб берди. Чигирткалар товуши, хотиним хотирасига атаб, ўтқазилган райҳон ифори борлиққа қандайдир маъно, тириклик бахшида этиб турарди. Буюк одам зулмат тунда ёлғиз тантана қиларди.
– Йўқ, полковник, бу мени сираям ташвишга солаётгани йўқ. – Хаёлимда у олмаю райҳон ҳидидан ҳузурланаётганди. – Мени бошқа масала мушоҳадага чорлайди, масалан, кўзларимга дадил ишонч билан боқиб, зулмат ичра эгат- лардан ҳатлаб бораётган одам кимлигини яхши биламан, дедингиз.
– Ҳаммамиз, аввало, руҳимизни қутқаришга уринаётган хом сут эмган бандалармиз, доктор ва моҳият ҳам аслида шунда, – мен кутилганидан ва керагидан ортиқ чуқурлашдим. – сиз Худони эшитмайсиз ва борлигига ишон- майдиган кофирсиз, – дедим.
У энди ўзини босиб олганди, шу сабаб, хотиржам ортиқча ҳаяжонга бе- рилмай жавоб қилди:
– Ишонинг, полковник киму ким, аммо мен кофир эмасман. Ҳамма гап шундаки, Худонинг бор, ё йўқлиги ҳақидаги ўй мени ташвишга солмайди, бу ҳақда бош қотирмасликка ҳаракат қиламан, холос.
Билмадим нега, бироқ мен унинг худди шундай жавоб қилишини аввалдан сезгандай эдим. “Бу одам, ҳақ йўлидан адашган”, – ўйладим унинг қайсидир китобда ўқиган иборасини такрор тингларканман. Оромбахш тун ифори ик- кимизниям маст қилди. Айни дамда хаёлимда барча қиёфалар жамулжам бу издаҳомнинг марказида тургандай эдим.
Панжаралар ортида қизалоғим ва Аделаида томонидан пайҳон қилинган чаманзор ётарди. Олма ифори кечалари нафас олгани ёрдам берар, ҳар тонг завқ улашиб, кўнгилга ором бағишларди, муаттар бўйдан ғаму ташвишлар унутиларди. Райҳон иси эса бошқача, у Исабель ёшидаги қизларга хуш ёқади, унинг ифорида ўз онасининг ҳаёти давом этаётганга ўхшайди. Барглар ора- сидан эшитилаётган чигирткаларнинг овози борган сари қулоқни қоматга келтиради, ёмғирдан кейин эгатларни бегона ўтлардан тозалаб, ягана қилишни унутганимиз учун ҳашаротларнинг куни туққанди. У қаршимда терлаган пешонасини рўмолчаси ила бетиним артар, юзи ой нурида ялтирар, бу эса ғайритабиийу ғаройиб кўринаётганди.
У бироз тин олди:
– Нега бу саволни бераяпсиз?
– Шунчаки хаёлимга келиб қолди-да, – жавоб бердим. – Балки узоқ йиллар- дан буён сизга ўхашаган одам бу борада нима деркин, деган истак устунлик қилгандир.
Мен ҳам терлаган юзимни артдим.
– Ёлғизликдан қийналаётганингиз мени ташвишга солаётгани учундир, эҳтимол. – унинг жавобини кутмай давом этдим. У қаршимда мунгли, хароб, руҳан ёлғизу синиқ аҳволда турарди. Мен Макондони, унинг телбанамо одамларию савдойи қилиқларини эсладим. Тўйу маъракаларда, байрамларда худди кул сепгандай, пулни аямай сочиб, маъносиз завқланишлари эсимга тушди, бу бемаъни одатлардан нафратланардим, буларнинг бари нафсни қондиришдан бўлак нарса эмас. Бундан нафратланар, бу ботқоққа ботиб, ғарқу осон бўлмасликка тиришардим. Шу тобда унинг ҳаёти кўзимга ана шу пуллар каби беҳуда совурилаётгандай, мабодо яна шундай давом этаверса, унинг танаси ҳам мана шу ёлғизликда чириб кетишини ҳозирдан ҳис қилдим.
– Доктор, уйланиш ҳақида ҳеч ўйламаганмисиз? – деб сўровдим ҳамки, у худди шу саволни кутиб турган одамдай ҳандаҳан:
– Қизингизни жонингиздан ортиқ суясиз-а, полковник? – саволга-савол билан мурожаат қилди у.
Табиийки, мен ҳамма оталар каби унга шамолни ҳам раво кўрмаслигимни айтдим. У давом этарди:
– Табиий. Бироқ сиз бошқача одамсиз. Бу уйни ўз қўлингиз ила қурганингиз учунам, бошқалардан фарқли ўлароқ, ундаги ҳар битта мих сиз учун қадрли. Мен ўзингиз эшик деразаларни тўғрилаб юрганингизни кўраман, зотан бир оғиз сўзингиз кифоя, уйда бу ишни қилишга қодир одам етарлича, уларга ишон- маганингиздан эмас, балки бу ўзингизга ёққанидан юмушларни қилишдан эринмаслигингизни тушунаман. Мен учун бахт бу бирор иш билан машғул бўлмоқ, яъни “Дилба ёру, даст ба кор” дейдиганлардансиз. Уйингизда бирор ишкал чиқариб, сизга юмуш топиб берадиган одамдан миннатдор бўласиз, полковник.
– Тарки одат амри маҳол, – дедим унинг нима ҳақида сўзламоқчи бўлаётганини тушунгандай, – сут билан кирган жон билан чиқар, айтишларича, онам бир жойда бекор ўтиролмайдиган аёл бўлган экан.
У бошини қимирлатиб, гапим маъқул келганлигини билдирди. Бироқ у ўз фикрини, бафуржа тинчлик-хотиржамлик билан сингдиришга уринарди.
– Бекорчидан Худо безор, – деди у. – Ҳавас қилса арзийдиган одат. Боз усти- га ҳақиқий бахт, агар у бу ҳаётда бор бўлса, ана шунда деб биламан. Шунинг учун сизда шундай уй ва шундай қиз бор.
Мен бу билан у нимага шама қилаётганидан бехабар эдим. Лекин тушун- масам ҳам сўрадим:
– Ўзингизчи, доктор, сиз ҳам меникига ўхшаган қиз ўстиришингиз мумкин?
– Менми … йўқ, полковник, – деди у кулиб, бироқ ўша дақиқанинг ўзида жиддий тортди. – Менинг болаларим асло сизникидек бўлмайди.
Унинг самимий сўзлаётганига заррача шубҳа қилмадим, бироқ бу жиддий вазият мени даҳшатга сола бошлаганди. “У ачинишдан бошқасига лойиқ эмас. Чиндан бу одамни ҳам ҳимоя қилиш керак”, – дея ўйлардим.
– Доктор, Ўр ҳақида эшитганмисиз ҳеч? У бош чайқади.
– Ўр бу – келгинди руҳоний. Унинг Руҳонийлиги бир томону ҳаммага эл, чин инсонийлиги бир томон. Сизни у билан таништириб қўйишим керак. – дедим.
– Ҳа ҳа, майли – кутилмаганда муҳим гап ёдига тушгандай шошилиб сўзлади у. – Гапингизнинг маънисига кўра, руҳоний бўла туриб, болалари бор десангиз?
– Ҳозир мени бу ўйлантирмаяпти, – жавоб қилдим мен. – Одамлар уни яхши кўришади, биласизми, нега у ўзи ҳақида бўлган-бўлмаган гапларни бичиб- тўқишларига индамайди. Мана, сизга тирик мисол, доктор. Ўр мунофиқ ҳам эмас, авлиё ҳам. У чин эркак, расамадига кўра, эркак киши қандай йўл тутиши мумкин бўлса, худди шундай вазифасини сидқидил адо этаётган ҳақиқий эркак.
У мени диққат билан хотиржам тингларди. Унинг сариқ иткўзлари кўзимга тик боқиб турарди.
– Бу яхши, – деди у.
– Ўйлайманки, Ўр бора-бора авлиёга айланса керак. – самимий сўзлашда давом этдим. – Макондомизда ҳали ҳеч ким ҳеч қачон бунақасини кўрмаганди. Дастлаб, биз унга ишондик, зотан у ўзимизникига айланганди, чоллар унинг болаларга қўшилиб, қушларни овлагани бориб, шаталоқ отиб юрган кезларини ҳамон эслайдилар. Уруш вақтида у мардонавор жанг қилган ва у полковник даражасига етишган. Уруш фахрийсининг қўли қон, дея қадрламайдилар, бироқ руҳонийнинг эл орасида ҳурмати бор. Боз устига биз инжил ўрнига “Бристоль асарлар тўплами”ни ўқиб беришларига кўникдик.
У жилмайди. Афтидан бу ҳикоя унга ҳам илк кунларда бизга завқлию кул- гили туюлгани каби туюлмоқда эди.
– Қизиқ, – деди у.
– Ўр шунақа. У одамларни борича қабул қилади. Ғалаёнларга ўз илмий қарашлари бор. У улар ҳақида ҳар бозор куни сўзлаб беради. Шу сабаб унинг ваъзлари Инжилдаги матнларга эмас, балки “Бристоль асарлар тўплами”га асосланган.
У кулиб, ҳамма гапларимни завқланиб тинглади. Менам анча жонланиб қолдим.
– Бироқ бир гап бор, доктор, – дедим мен. – Ўрнинг қачон Макондога кел- гани сизга маълумми?
У бош чайқаб қўйди.
– Тасодифни қарангки, у ҳам сиз Макондога кириб келган кунда пайдо бўлганди. Энг қизиғи, мабодо катта акангиз дунёда бор бўлса, гаров ўйнашим мумкинки, у худди Ўрнинг ўзгинасига ўхшарди. Ташқи кўринишини назарда тутяпман.
Ҳамсуҳбатим энди бошқа нарса ҳақида ўйлаши мумкин эмасди. Унинг сувга тушган бўлка нондай бўшашиб, юмшаб қолганидан ниятимни очиқ билдирадиган вақт етганини англадим.
– Хуллас, доктор, – дедим мен. Ўрнинг ёнига боринг ва дунё сиз ўйлаётганингиз ҳамда сизга кўринаётгани каби хароб эмаслигини англайсиз.
У ортиқча тихирлик қилмай, руҳоний ила кўришишга майл билдирди.

9

Хона эшигига осилган қулф қандайдир файзсиз, ҳай-ҳай, демаса ютиб юбораман, дейдиган даражада совуқ эди. Аделаида уни доктор Меме билан бирга яшаётганини билган куни осиб қўйди. Мен унинг бизникида туришига изн берган кунимдан бошлаб, хотиним уни уйдан ҳайдаб чиқаришга саботу матонат ила тинимсиз кураш олиб боргани ва у кўчиб чиққан кунни ғалаба онларининг тантанасига ёйди. Орадан ўн етти йил ўтди ҳамки, ўша қулф ҳали ҳамон ўша хонани қўриқлайди.
Башарти менинг саккиз йил давомида ўзгармаган қарорим одамларга ва яратганга хуш келмаган экан, бунинг учун бериладиган жазони паймонам тўлишидан анча бурун тортдим. Ҳаётлигимда одамгарчилик ҳамда иймондан деб билганларим гуноҳ бўлса, афтидан бунинг бадалини тўлаш манглайимга битилган экан. Қулф зангламасидан олдин остонада қўлида мен ҳақиқийлигини тўла аниқлашга улгурмаган бир тўда лойиҳалар ила пайдо бўлган Мартин яккаю ягона қизимга уйланиш ниятида эди. У бизникига тўрт тугмали камзу- лида атрофдагиларни ҳайратлантириб, ғайрати жўш урган ёш бургут мисоли кириб келди. Бундан ўн бир йил илгари у Исабелга уйланди. У мен мажбури- ятларини бўйнимга олиб, имзолаган ҳужжатларни портфелга солиб, бойлигим ила таъминланадиган битимни тасдиқлаши билан ортга қайтишга ваъда берган кундан тўққиз йил ўтиб кетди. Тўққиз йил ўтган бўлса ҳамки, унинг ишончимга кириб, кўзларимни шамғалат қилиб, ниятига эришган қаллоб дея ўйлашга ҳаққим йўқ.
Саккиз йиллик тажриба ҳавога учди-я. Агар Аделаида қаршилик қилмаганида ўша хонани Мартин эгаллаган бўларди. У бу сафар қайсарлик ила қаршилик кўрсатди. Бу масалада хотиним билан тортишиш бефойдалигини англадим, у ўлса-ўладики, керак бўлса келин-куёвларни сайисхонага жойлаш- тириши мумкинки, фақат ўша хонага эмас. Бу сафар бу ишнинг моҳиятини аниқ-таниқ кўриб турардим. Шу билан бирга мен саккиз йил мобайнида кечик- кан ғалабани тан олмоқликка мажбур эдим. Мартинга ишониб, иккимиз ҳам адашдик, бу умумий хатога киради, бунда ҳеч ким ғолиб ҳам, мағлуб ҳам эмас. Бироқ пешонага битилганидан қочиб қутулиб бўлмагай, “Альманах”ларда ёзилгани каби ташқи таъсирлар, борлиқ воқеа-ҳодисалар ўз вақтида, керак пайтда биз истасак ҳам, истамасак ҳам бари бир пайдо бўлаверади.
Мемега ҳаёт йўлини танлаб, ўзига зарур билганини қилиши мумкинлигини, бунинг учун уйимизниям тарк этишига қарши эмаслигимни билдирганимда, Аделаида мени кўнгли бўшликда ва бўшангликда айблади (мен доим шун- дай қилардим) мен айтганимдан қолмай, сўзимни ўтказишга, ишларимни хоҳишимча бажаришга интилардим. Воқеалар чаппасига айланаётганидан ичимдан зил кетса-да, ожизлигимни сездирмасдим. Баъзан ўз уйимда гўё мен эмас, қандайдир сирли куч ҳукмронлик қилар, у ҳаётимизни шундай йўлга тўғрилаб қўярдики, гўё унинг қўлида ожиз ўйинчоққа ўхшаб кўринардим. Бари табиий, навбатма-навбат худди шундай бўлиши керакдай давом этарди. Ҳаял ўтмай, Меме май дўкон очди (аслида бу мени у қадар ҳам ҳайрон қолдиргани ҳам йўқ, чунки сажиясига бекорчилик ёт аёл, ҳаддан ташқари инжиқ маҳаллий докторнинг ўйнаши охир-оқибат май дўкон очиши табиий эди). Мен тушундимки, у бизникида яшаган даврда вақтини ҳавога совурмаган экан, қоғоз пулларини кўпайтириб, ҳатто кутилганидан ҳам ортиқроқ бойлик йиға олганига ақлим етди, керакли маблағни тўплагунича уларга қўл учини
ҳам теккизмаган.
Меме дўкон очиб, у билан бирга яшаётганига қарамай, аёлга тўла ишонч билдирмаган. Бирор марта бўлса ҳамки, уни кўздан қочирмасдан, дўкон ортида худди ёв истеҳкомни қамал қилган ёғийдан аёлнинг хатти-ҳаракатларини куза- тарди. У ташқаридан бирор нима сотиб олмасди, уйида томорқасида етишти- рилган сабзавотлар ила озиқланарди, дастлабки ойларда Меме ўзи учун гўшт харид қиларди, бир йил ўтиб, у бу одатидан воз кечди, балки, бу одам билан яқин алоқалар униям охир-оқибат вегетарианга айлантиргандир, эҳтимол. Улар ўз оламларида ўралашиб, худди шундай яшаётгандилар, то бошқармадагилар Меменинг танасини излаб, томорқани ағдар-тўнтар қилишмагунга қадар.
У тўрбеланчагида тебранганича ёлғизлиги билан қўшмазор бўлиб, ўз ёғида ўзи қовурилиб ётгандир, деб ўйлашганди. Ҳали ҳеч кимнинг тириклар дунёсига қайтиши етти ухлаб тушига кирмаган маҳал, бу якдилликда у ўлимидан аввал ички ботиний дунёсида Худога бўлган ишончи устун келиб, юқори чўққига етишини билардим. Эртами кечми, у барибир бу сургундан озодликка, зулмат- дан яхдиликка чиқиши тайин, бироқ ярим ҳаётини Худосиз ўтказган одамни қамчину қайиш билан ҳам, ё кўзига қўрғошин қуйиш, ёки тилини кесиб, туз босиш, ё бўлмасам, оташга куйдириш каби зўрловлар ҳам биринчи учраган- га дардини достон қилгани мажбур этолмаган, ҳаттоки муҳаббат алангаси ҳам бунда ўз таъсирини ўтказолмаган бўларди. Таассуфки, ўлимидан бироз олдинроқ кўзлари очилди.

Бу вақт бир кунмас бир кун етиб келажагини Меменининг тоби қочиб қолган куни, ундан хонасига илтимос билан кирганимдаёқ билганман. Уларнинг муно- сабати чуқурлашмасидан аввалроқ билганимда, иккисининг никоҳсиз яшашига кўнмаган бўлармидим? Шундай бўлиши тайин эди. Тақдирлар китобида янги боб очилганининг фаҳмига борганимда, бу ишимга мункир келган бўлардим. У беланчакда эмас, балки тўшакда ёруғлик қаердан кўп тушаётган бўлса, шу ерга қараб ётарди. Хонасида электр лампаси бўлса ҳам у ундан сира фойдаланмас, шамлар билан кифояланиб қўя қоларди. У ним қоронғи хонага кўзларини ўргатиб, ёлғиз уккидай ўтирарди. Мен ичкарига кирганимда жойи- дан қўзғолмади, бироқ ичкарига қадам қўйганимда, у хонада якка эмаслигини
сезди. Ўшанда мен:
– Доктор, агар сизга малол келмаса, мазаси қочган ҳинду қизимизни кўриб қўйсангиз, девдим.
У ўрнидан югуриб турдию каравотига тикка ўтириб олди. Бир неча муддат бурун у хонага кирганимда кимдир ичкарилаганини сезди-ю, бироқ бу бошқа биров эмас, айнан менлигимга ақли кейин етди. Афтидан бу таассуротлар мутлақо ҳар хил эди, чунки у қиёфасини дарҳол ўзгартирди, сочларини тўғрилаб, ўрнидан қўзғалмай қараб турарди.
– Аделаиданинг айтишича, уни кўриб қўймасангиз бўлмайдиганга ўхшаяпти.
У жойидан қимир этмади ҳам, ҳайвонга хос чўзиқ ва ёқимсиз манқа товуши билан:
– Бунга ҳожат йўқ. Гап шундаки, у ҳомиладор. – деди ва кейин ўрнидан турибоқ юзимга тик боқиб, сўзлашда давом этди. – Меме анча йиллардан бери мен билан бирга ётади.
Тўғрисини айтмоғим керакки, бундан ҳайратга тушмадим. Мен бундан уялмадим ҳам, ҳатто миямда бари айқаш-уйқаш ҳам бўлган эмас, боз устига негадир жаҳлим ҳам чиқмади, фақат унинг ошкора тан олиши ҳаддан ортиқ беадаблик ва бу барча чегаралардан ўтиб тушгандай туюлгани учун ғазабимни қўзғатгандир. Мен негадир ҳиссиз эдим, боисини ўзимам билмайман. Мен жойимда қотиб турардим, бутун танам ҳаракатсиз унинг кавшанадиган ҳайвоникидай чўзиқ ва ёқимсиз товушидан жойимда тош қотгандим. Орага узоқ сукунат чўккан, у биринчи қадамни қўйишимни кутар ва ҳамон тўшагида қимир этмай ўтирарди, бу жимликдан унинг нима демоқчилигини англардим. Бироқ уялишга кеч эди.
– Вазиятни тушуниб тўғри баҳолаяпсиз, дея умид қиламан, доктор. –Шун-
дан бошқа тайинли бир гап айтмоқликка ожиз эдим.
– Одамзод – онгли мавжудот. У етти ўйлаб бир кесиши керак, демоқчисиз-а, полковник? Таваккал қилаётган пайтдаёқ барини олдиндан билади. Ўйиндан ўт чиқдими, демак барининг жилови қўлдан чиққан.
Бу киноялар таниш эди. Аммо бу билан ниятини англай олмасдим. Одатда у шундай сирли сўзлардики, бу жумбоқда калаванинг учини топмоқлигу асл мақсадини англамоқлик мушкул эди. Курсини суриб, қаршисига чўкдим. У ўрнидан туриб, шимининг камарини ўтқазиб, тўғрилаб олди. Кейин тағин ҳеч нима бўлмагандай давом этди:
– Мен эҳтиёт чораларини кўриб қўйгандим, чунки у иккинчи марта иккиқат бўляпти. Биринчи марта бир ярим йил аввал эди. Бироқ ҳеч ким ундаги ўзгаришни сезган эмас.
У ортиқча ҳис-туйғуларга берилмай сўзлар, шу тобда одам эмас, эшакдан фарқи йўқ эди, сўзлари совуқдан совуқ эди. Ўрнидан туриб, хона бўйлаб юраркан, қоронғида қадам товушларини эшитиб турадим.

– Биринчи марта у ҳамма нарсага рози эди. Ҳозир эса ақлини таниган. Икки ой олдин тағин бўйида бўлиб қолганини айтганида, мен унга кечқурун келса, биринчи сафарги доридан беришимни айтгандим. У бугун эмас, эрта девди. Ошхонага қаҳва ичгани кирибоқ, бу ҳақда эслатгандим, келмаслигини айтиб қолди.
У тағин тўшагига яқин келди, бироқ ўтирмади, кўзимга тик боқишга юзи чидамаганиданми, ортимда у хона бўйлаб, тинмай юргани-юрган эди. Унинг сўзларини тинглаб турардим, хаёлимда гўёки беланчакда тебраниб сўйлаётганга ўхшарди. Бу нуқтда ҳаяжон бегона, ишонч сингиб кетганди. Гапини бўлиш бемаънилик. Шу важ мен фақат тингладим.
– Барибир икки кун ўтиб у келди, – деди у. Мен ҳаммасини ҳозирлагандим. Унга ўтириб туришни буюрдим, ўзим эса идиш олиб келишга бордим. Бироқ “Ич” деганимда у бош тортди ва тушундимки, бу сафар уни бу ишга кўндириб бўлмагай. У менга тик боқиб: “Мен ичмайман, бунисини ўлдирмайман…” деди Бир докторнинг доктор бўла туриб, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ўрнига, дунёга келмаган гўдакнинг умр шамчироғини сўндиришга жазм қилгани – улкан шафқатсизлик бўлиб туюлди ва жаҳлимни чиқариб юборди. Ахийри,
ўзимни тутиб туролмадим:
– Доктор, боланинг уволи тутишидан қўрқмайсизми? Сизнинг…. бу … ишингиз… ҳайвон бу қадар ваҳший бўлмайди-ёв. Ахир, бу жиноят-ку, сиз икки карра жиноятга қўл ургансиз… ва менинг уйимда… фарзандимдай азиз қизни йўлдан уриш… боз устига уни ҳомилани туширишга мажбурлаш… бу ваҳшийлик… Тирноққа зор бўласиз, бу ҳаракатингизни ҳеч нима оқламайди.
– Мен ахир қўлимдан келганини қилдим, полковник. Бошқасига илож- сизман. Бунинг фаҳмига боришим билан сизга учрашдим ва шу кунларда гаплашмоққа шайлангандим.
– Ҳозирги вазиятни юмшатувчи бошқа йўллар ҳам бор, ният холис бўлса, манзил бир қадам, доктор. Уйимиздаги қонун-қоидалардан хабарин- гиз бор, ошинг ҳалол бўлса кўчада е, деганлар, – дедим секин ётиғи билан тушунтирарканман.
– Сизга ташвиш туғдиришни истамайман, полковник, ишонинг. Ҳинду қизни ўзим билан муюлишдаги уйга олиб кетаман. Барибир у бўш ётибди.
– Одамлар кўз ўнгида никоҳсиз яшаш, доктор, – қоним қайнади – Тақводор қишлоқ аҳли олдида очиқ-ойдин бундай иш қилиш аслида нима эканини биласизми?
У қаршимда ўтиришга қарор қилди, шекилли, қўлларини тиззаларига ти- раганича кўзини лўқ қилиб, нигоҳини менга тикди. Унинг овоз оҳанги совуқ эди, фақат бироз ўзгариб, дарғазаблиги сезиларди.
– Полковник, сизга маъқул ва ноқулайлик туғдирмайдиган ягона йўлни айтаяпман, бошқа йўлу манзилни, чораю усулни билмайман, шунда ҳам сизни ўйладим. Акс ҳолда бола меники эмас, дея мункир келаман.
– Меме бола сизникилигини айтади, – менам бўш келмадим. Унинг гапла- шиш оҳангги мени шунга мажбур қилди.
Бироқ у ҳамма-ҳаммасини йиғиштириб, қатъий ва шафқатсиз жавоб қилди:
– Полковник, хотирингиз жам бўлсин. Меме ўлса-ўладики, бу гапни айт- майди. Шундай экан, ягона йўли мен кўч-кўронимни йиғиштираман, эртагаёқ муюлишдаги уйга кўчиб, Мемени ўзим билан бирга олиб кетаману, сизни ташвишдан қутқараман! Истамасангиз, марҳамат катта кўча, полковник.
Меме боланинг отаси у эканини айтолмаслигини рўкач қилган докторнинг сўзлари мени чиндан ҳам боши берк кўчага олиб кирди. Бу ишонч остида чуқур асос бордек кўринди.

– Бу қанақаси, доктор, бундай оҳангда сўзлашишга ҳаққингиз йўқ, биз Мемега ўз қизимизга ишонгандек ишонамиз ва иймонингиз комил бўлсинки, қизимизни асло ёлғизлатиб қўймаймиз.
– Сиз мен билган нарсаларни билганингизда эди, доктор, бундай демасдин- гиз. Қўполлигим учун кечиринг, бироқ қандайдир ҳиндуни ўз қизингиз билан қиёслаб уни ҳақорат қиляпсиз.
– Сизда бундай сўзлашга ҳеч қандай асос йўқ. Лекин у алам ва қатъий ишонч билан сўзлади:
– Йўқ бор. У боланинг отаси айнан мен эканимни айтолмаслигига етарлича асос бор, буни ўзиям билади.– У бошини эгди ва чуқур тин олди. – Кечқурунлари Меме уйдан чиқиб қаерларга боришини билганингизда эди, мендан ҳатто уни бирга олиб кет дегани юзингиз чидамаган бўларди. Ҳозирги вазиятда барча оғирлик менинг бўйнимда, полковник. Бола уйингизда туғилгудай бўлса, кейин кўрасиз томошани, сизни ташвишдан қутқазмоқчиман, холос.
Шунда мен у Меме билан черковнинг яқинигаям йўламаслигини тушундим. Ҳаммасидан охирги гапларни эшитиш оғир бўлди, бир ҳисобда у ҳақ эди, агар бола менинг уйимда отасиз туғилса, бу қишлоқда қандай бош кўтариб юраман. Унинг қўлида зўр қарталари бор. Бу сафар уларнинг атиги биттаси ҳам менинг виждонимни маҳв этишга қодир эди.
– Майли, сиз айтганча бўла қолсин, доктор, – тилга кирдим ахири таслим бўлиб, сулҳ шартларини қабул қилмоқликка кўнарканман. – Бугуноқ муюлиш- даги уйни кўчиб чиқишингизга ҳозирлашларининг ҳаракатини қиламан. Лекин шуни билиб қўйинг, бошқа бу уйда қорангизни ҳам кўришни истамайман. Ишончиму сизга бўлган ҳурматимнинг барини поймол қилдингиз, тузимни еб, тузлиғимга тупурдингиз. Полковник Аурелиано Буэндиа буларнинг баридан бохабар бўлганида эди, бу қилмишларингиз бадалини бурнингиздан тортиб чиқарган бўлардику-я, ё раб, бу замонда ўзи бировга ишониб бўлармикин?! Начора, бошга тушганни кўз кўради.
Мен бу сўзларимдан жаҳли чиқиб ёқалашар, дея кутдим, титраб қақшаб, аламимдан нима қиларимни билмайман, зотан ўзим муштлашиб барининг хуморидан чиқмоқчи эдим, бироқ у шундай сўзладики, мен виждон азобида қолдим.
– Кўпни кўрган, тушунган одамсиз, полковник. – деди у. – Сизникида узоқ қолдим, сизга тирик товонга айланиб қолганимни биламан, меҳмондорчилик керагидан ортиқ чўзилдию меҳмон иззати тугади, бироқ буни юзимга солиш шарт эмасди.
Доктор шу гапни айтиб, ўрнидан турганида, ғолиблигини тан олмай иложим йўқ эди. Унинг юзида саккиз йиллик меҳмондорчилик учун чуқур миннатдорчилик билдира олганидан қониқиш ҳисси акс этганди. Аксинча, ўша тун ўша вазиятда юзи қора мен бўлиб қолувдим. Унинг сариқ кўзларига боқишдан уяламан, шунча йил қилган-қилмаганимни бир тийин қилиб, миннат қилганимдан уялиб кетдим, қанийди ер ёрилсаю кириб кетсам, деб кўзларимни яширгани жой тополмайман, мени нима жин урди ҳайронман. Энди мана шу гуноҳимни деб, умримнинг охирига қадар виждон азобига гирифторман. У кўнглида заррача ғаразли ният келтирмасидан:
– Ҳа, айтганча, Мемени спирт билан яхшилаб артиб қўйинглар, бироқ оғриқ қолдирувчи дори бермаганингиз маъқул, – деди.

10

Бувам онамнинг олдига борди. Бечоранинг кўрнишидан ҳолдан тойгани шундоқ сезиларди. Курсида фақат кўйлагу шляпа, ичида ойимнинг бор- йўқлиги асло билинмайди. Бувам унинг жойида қимир этмай турганидан таш- вишланиб, “Уйғон, қизалоқ”, – деди кўзи олдидан ҳассасини айлантираркан. Ойим кўзларини пирпиратди, қаерлардадир учиб юрган руҳи танасига қайта киргандай бўлди. “Нима ҳақида ўйлаяпсан?” – сўради бобом. Ойим ўлганнинг кунидан жилмайиб: “Ўр ҳақида”, дея жавоб қилди.
Бувам унинг ёнига чўкди. Ҳассасига икки қўлини қўйиб, сўнг иягига тиради. “Тасодифни қара, мен ҳам айни ўша ҳақда ўйлаётгандим!”
Уларга бу сўзларнинг маъниси тушунарли эди. Ота-бола бир-бирларига қараб гурунглашардилар. Ойим бугун бошқача, ҳассасига суянган бувам ҳам ўйчан. Улар худди Абрам иккимиз Лукрециянинг ёнига аҳил-иноқ бўлиб борганимиздай бир-бирларига шундай яқин.
Мен Абрамга “Тик-так”, дея ишора қиламан. Абрам, одатдагидай, камина- дан уч қадам олдинда борарди. У ортига ўгирилмай:
– Ҳали эрта, сал кечроқ, – дея жавоб берди.
– Ҳозир айни вақти, борайлик, бўйин товлама!
Абрам юзимга қарамай, аҳмоқларга ўхшаб кулади, овози худди қувурдан отилаётган сув товушига ўхшайди. Қувурдан тағин сас келади:
– Соат бешларда, майлими? Бир неча қадам югуриб, қўшиб қўяди. –Агар биз ҳозир кетсак, уйдагилар хавотирдан ёрилиб ўлишади.
– Беш ниҳоятда кеч, боргунимизча вақт ўтган бўлади. Ҳайит ўтгандан кейин, бординг нимаю бормадинг нима. – Икки оёғимни бир этикка тиқиб оламан мен.
Абрам танг аҳволда қолди, кўнгли бўш бола-да, раъйимни қайтаришга бети чидамайди.
– Майли, унда кетдик, – югуришга тушиб кетди у.
Лукрецияни кўриш учун дарахтлари қалин шох-шаббали беш кўчадан ва ариқчалардан кечиш керак. Овоз чиқармай, яшил эчкиэмалардан манзум тўсин орқали ўтилади. Абрам ёрқин қуёш нурлари остида ўқдай учиб бораяпти, унинг ортидан эса итлар галаси қолмайди. Кейин у тўхтайди. Унинг қаршисида эса дераза. Биз “Лекреция”, дея қизни уйғотиб юборишга чўчигандай, секин ши- вирлаб чақирамиз. Бироқ у уйғоқ, ухламай ўз тўшагида оёқяланг тўпиғигача ёпиб олган оҳори тўкилмаган кўйлакда ўтирарди.
Шивирлаган товушимизни эшитган Лукреция кўзларини кўтариб, хонага кўз югуртиради, япалоққушники каби катта кўзларини деразага қадаб, бизга лўқ қилиб қараб турибди. Унинг оғзи очилиб, митти тишлари кўринди… Боши айлана, сочи ўғил болаларникидай тақир қилиб олинган. У ўртага чиқиб, ку- лишдан тўхтади ва эгилиб эшикка қаради. Қизнинг қўллари тўпиғига тегдию кўйлагининг этаги секин-аста юқорига кўтарилаверди. Абрам билан деразадан кўз узмаймиз. У тез-тез нафас олар, чанқаган одамдай қуруқшаган лабларини ялаб қўяр, қадалиб қолган катта кўзлари эса ёнарди. Унинг оппоқ мармардай ялтираётган қорни ва ундан юқорисини ҳам кўрамиз. Лукреция юзини кўйлаги билан ёпиб, қаршимизда тик туриб, оёғини полга шу қадар қаттиқ тираб олар- дики, натижада оёғининг учигача титраб тургани сезилади. Кутилмаганда у кўйлагини ечиб, чақиндай чақнаб турган кўзларини ўйнатганича, кўрсаткич бармоғини чўзиб шундайин бақирдики, овози бутун уйни тутиб кетди. Эшик очилиб, ичкаридан аёл югуриб чиқиб келди ва: “Ҳей, она сути оғзидан кетма- ган, зумрашалар, қани тез туёқларингни шиқиллатиб қолларинг-чи, бўлмаса, онангга айтиб бераман!”
Биз анчадан буён Лукрецияни кўргани бормабмиз. Бугун далалар оралаб дарё бўйига ўтамиз. Агар булар бари эрта тугаса, Абрам мени кутиб туради. Бироқ бувам жойидан қўзғалай демайди. У ҳассасига иягини тираб, онамнинг ёнида ҳайкалдай тош қотган. Мен ундан кўз узмай турибман, балки у менинг нигоҳимни сезаётгандир ва чуқур хўрсиниб, ғамгин овози билан: “Ўр барини хипчин билан савалаб бўлса-да, дафн маросимига олиб келардику-я”, – деди.
Шундан сўнг у ўрнидан туриб, тағин тобутга яқинлашди.
Бу хонада иккинчи марта бўлишим. Ўн йил бурун қандай бўлса, худди шундайлигича турибди. У ўн йил аввал ҳаётига қўл силкиб, Меме билан шу уйга кўчиб ўтганидан бери, ҳеч нарсага қўлининг учини теккизмаган кўринади. Газеталар ўша жойида турар, стол устидаги буюмлар силжимаган. Одам қўли унга тегмаса, ўзи оёқ чиқариб юриб кетолмайди-ку. Худди кечагина Ўр икков- лон ҳукумат ва бу одам ўртасида сулҳ тузиб, тинчлик ўрнатгани элчи бўлиб келгандаймиз.
Ўша кунга қадар банан компанияси қишлоққа эргаштириб келган иф- лослар бизни сиқиб сувимизни чиқарди. 1915 йилда гуллаётган Макондо салқитларигача куйиб кулга айландию ҳар томонга сочилиб кетди. Саҳрога ўхшаб сарғайиб қолган қишлоқдаги пана-пастқам уйларда роҳат-фароғат бахш этган ўтмиш хотираларидан кечолмай, бугуннинг хосиятсизлигидан азобла- наётган аламзада халқ бор. Келажакда эса зулматга чўмган даҳшатли сайлов тунидан бўлак ҳеч нима кутиб турмасди, ёруғ кундан дарак йўқ.
Бир кун тунда ўша хосиятсиз кечадан олти ой бурун кимдир туҳмат тош- лари ёғдирилган ҳақоратномани шу уй эшигига ёпиштириб кетибди. Узоқ вақт – то сўнгги февраль шамоллари қора ҳарфларни ювиб, қоғозини йиртиб юбормагунигача – у билан ҳеч ким қизиқмаганди. 1918 йилда сайловларнинг яқинлашуви ҳукуматдан сайловчиларни ўз таъсирида тутиб туриш керакли- гини талаб қиларди, кимдир янги ҳукуматга қишлоқда тарки дунё қилган зоҳид яшашини, унинг ўлигиям-тиригиям маълум эмас, мабодо ўлган бўлса, вафотини тасдиқлаш кераклигини шипшипди. Устига-устак ҳукуматдагиларга у билан бурун бирга яшаган ҳинду аёл вино дўконини очганинию у ўша пайтларда Макондода гуллаб-яшнаганини ҳам яшириб ўтирмабди. Бироқ бир куни (ҳеч ким ўша санаю йилни аниқ эслолмайди) дўкон очилмабди. Одамлар Меме ҳали ҳамон доктор билан бирга аввалгидай тарки дунё қилиб, томорқада ўстирилган сабзавоту меваларни еб кун кўришади, дея хиёл қилиб юришарди. Бироқ муюлишдаги ҳақоратномада доктор маъшуқасини қишлоқ аҳли аёли орқали уни заҳарлаб қўймасликларидан қўрққанидан ваҳшийларча ўлдириб, томорқасига кўмгани ёзилганди. Бироқ ўша пайтларда ҳеч кимда докторни ошкора айблашга жўяли асос йўқ эди. Менимча, ҳукумат ишончли одамлардан иборат қўриқлаш хизматию полицияни бирлаштирмагунига қадар бу ҳеч ким- нинг етти ухлаб тушига кирмаган. Буни қарангки, ҳақоратнома билан боғлиқ эски ҳикояни аввалдан ўйлаб, бирдан Меменинг мурдасини топиш илинжида бутун томорқаю ташландиқ, кўздан пана жойларни ковлаб ташлашди. Бироқ ҳеч нима топишолмади.
Акс ҳолда докторни уйидан судраб чиқишган, турган гапки, майдон ўртасида ҳукумат шарафига яна бир қурбонлик келтирилган бўлур эдилар. Бу ишга Ўр аралашди. У доктордан жўяли жавоб олишига шубҳа қилмай, меникига келиб, бирга боришни таклиф қилди.
Биз уйнинг орқа эшигидан кирдик, тўрбеланчакда чўзилиб, афтодаҳол ётган одамга, тўғрироғи, ундан қолган салқитга кўзим тушди. Дунёда бундан даҳшатлироқ нарса бўлмаса керак. Айниқса, кимлигию зоти номаълум келгин- дининг хонадаги буюмларга қўшилиб, чанг босиб ётгани ваҳимага соларди. Унинг сочлари оппоқ қордай оқарган очиқ қолган сарғиш кўзларида уйимизда яшаб юрган даврларидаги каби ҳали ҳамон енгилмаган куч уқубати зоҳир эди. Ҳозир унга қўл теккизсам, кўзимга сомонга ўхшаб титилиб кетадиган- дай туюлди. Унинг мўйлови калталанган, қайчи ёрдамида сийраклашган жун остидан ияги кўзга ташланарди. Бир нуқтага қадалган очиқ кўзларидан уни ҳали оёғидан жони чиқиб улгурмаган чалажон одамга ўхшатдим.
Кутилмаганда у тилга кирди, овози илк марта хонадонимизга ташриф буюр- ганидаги каби ёввойи, чўзиқ ва манқа чиқди. У бошқа айтар гапи йўқлигини билдирди. Тушунишимча, у бизни полиция уйига сўроқсизу рухсатсиз кириб, боғни ағдар-тўнтар қилганидан бохабар деб ўйлаётганди. Бироқ бу инкор эмас, балки ғамга ботган, хўрланган одам иқрорию шикояти эди.
Меме қаерда, деган саволга изоҳи, болалар ўйлаб топган чўпчакка ўхшар, бироқ у ишончли оҳангда гапирди. Меме кетди, тамом вассалом. У дўконни ёпганидан кейин бу уйдан буткул кўнгли қолибди. Меме ҳеч ким билан бор- ди-келди қилмасди, тўғрироғи ташқи оламдан у каби узилиб қолганди. Бир маҳал қараса, у лаш-лушларини йиғиштириб, тугунлаётганини кўрибди-ю, бироқ бир оғиз “йўл бўлсин” демабдиям. Ҳинду хотин ҳам индамай, баланд пошнали пойабзалда қўлига бўхчасини тугиб, эгнига оҳори тўкилмаган кий- имларини кийиб, хайр-хўшлашмасдан эшик томон йўналди. “Мен ўрнимдан турдим-у, – деди у. – қутидаги қолган-қутган пулларни олиб қўлига тутқаздим”.
Мен ундан “Бунга қанча бўлди, доктор?” деб сўрадим.
“Сочларимга қараб билаверинг. Чунки охирги марта у сочларимни калталаганди”.
Ўр меҳмондорчиликда деярли оғиз очмади. У хонага кириб, ўн беш йилдан буён танишмаган одамини кўриб, ҳангу манг эди. Менга (доктор аввалгидан ҳам кўра кўпроқ мўйловини калталатганди) бу иккаласининг икки томчи сув- дай, бир-бирига нақадар ўхшашлиги сезилди. Табиатан икки дунё, бироқ бир қориндан талашиб тушган экизак дейсиз. Бирининг ёши каттароқ кўринар, озғин, тинка мадори қуриган эди. Бироқ иккисининг юз тузилишию юзидаги чизиқларигача бир хил, ҳатто қондош ака-укалар ҳам бу икки ёт кимсалар ўхшашлигидан ёқа тутиб қолиши тайин эди. Мен оқшом чоғи айвонда ўтириб, бирга суҳбатлашган кечани эсладим.
– Бу ўша, мен сизга сўзлаган Ўр, доктор. Бир вақтлар унинг ҳузурига бориб, танишишга ваъда берувдингиз.
У руҳонийга тикилдию жилмайди:
– Эсимда. Билмадим нимага, бироқ бу иш ваъдалигича қолиб кетди. – У бошдан-оёқ унга разм солди ва то Ўр унга қараб:
– Хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ. Сиз билан жон деб дўстлашардим, биродар, – деб айтмагунича кўз узмай турди.
Бу ғалати одам ҳузурида Ўр бир муддат ишончини йўқотгандай туюлди. У “Бристоль альманахи”ни ўқиганида черковнинг устунларигача гумбурлаб кетадиган баланд овозининг салобатини йўқотгандай, секин-секин талмовси- раб, бироз ийманиб сўзлади.
Бу уларнинг илк учрашуви эди, боз устига охиргиси ҳам. Доктор ярадор- ларга ёрдам беришдан бўйин товлаган кечадан шу бугунга қадар яшаб кела- ётганининг ягона сабабчиси ҳам бу Ўр эди, у ўртага тушмаганида оломон ўша тундаёқ, муюлишдаги уйнинг кулини кўкка совуриб, уни бурда-бурда қилиб ташлаган бўларди.
Биз кетишга чоғландик, ҳайтовур, ундан анчадан бери сўрамоқчи бўлган бир гап эсимга тушди. Мен Ўрга докторнинг ёнида бир муддат қолишимни, у эса вақт йўқотмай, бу ердаги гаплардан ҳукуматни хабардор қилишини илтимос қилдим. Ёлғиз қолганимизда мен ундан сўрадим:
– Айтингчи, доктор, болани нима қилдингиз?

Унинг юзи бироз ўзгарди ва ҳайратини яшириб ҳам ўтирмади.
– Қанақа бола, полковник?
– Меме ва сизнинг болангиз-да. Ахир, у уйимиздан кетганида икки қат эди-ку.
У ғоят хотиржам, ортиқча ҳаяжонларга берилмай сўзларди:
– Ҳа ҳомиладор эди-я. Тўғри, сиз ҳақсиз, полковник. Мен буни аллақачон унитибман…
Отам ўз хаёлларига чўмиб ўтираркан кутилмаганда: “Ўр бўлганида-ку, ҳаммасини каттасидан тортиб кичигигача хивич билан савалаб, бўлсаям бур- нидан судраб кирардику-я”. Ҳарчанд хотиржам тутишга уринмасин, кўзлари ташвишли. Мангуликка чўзилган кутиш соатлари (ҳозир адашмасам соат уч) да мени отамдан кўра, боламнинг ўйчанлиги хавотирга солаяпти, паришонхо- тир, хаёллари ёввойи каптардай қаерлардадир учиб юрибди, унинг ҳеч нарса сўрамай, шундай совуғу бефарқ ўтириши худди отасини эслатади. Бугун чор- шанба, болагинам хаёлимда тағин тўққиз йилга каттариб қолгандай кўринар, у отаси поезд деразасидан боқиб, бир умрга ғойиб бўлган кундагидай бир марта қўл силикиб қўйди. Агар болам отасига тортса, шунча йил ўзимни қурбон қилганим кўкка совурилади. Ҳақиқий эркак бўлиб, вояга етишини тилаб, дуо ўқийман, наҳот таваллоларим бари саҳв кетса? Наслига тортса, нима қиламан. Беш йил бурун бу мени сира ташвишга солган эмас, бироқ қишлоққа орқасида эгизаги билан олти сағирини эргаштириб, Хеновева Гарсиа қайтганидан бери унда отасини кўраяпман. Хеновева анча семириб, қариб қолганди. Кўзларининг остидаги халтачалари осилиб турар, ичидаги юзига ур- ган турқи совуққа ўхшарди. Оппоқ бошмоқларию қўш этакларини ҳилпиратиб, қишлоқни тўлдириб юрар, сохта бахтини ўзича кўз-кўз қиларди. Хеновеванинг қўғирчоқ театри директори билан қочиб кетганидан хабарим бор эди, нега- дир олти боласига қарасам, қалбимда ғалати ҳислар пайдо бўлар, уларнинг ҳаракатларини кузата туриб, кўнглим ҳеч ийимас, бир-бирига ўхшаш бу бо- лачалар бир хилда оналаридай қўш этаклару оппоқ бошмоқларда юрадилар. Хеновеванинг тизгинсиз, саркаш бахти, гарчи у аксини кўрсатишга уринса-да, аллақачон пароканда бўлган, аслида мустаҳкам нарсанинг ўзи йўқ, бу бахт гўё пойдевори йўқ иморат, ипсиз тизилиб турган маржонга ўхшар, бир марта қаттиқроқ пуфласа мувозанатини йўқотиши элбурутдан маълум эди. Қишлоққа шаҳарга хос сохта ҳавони олиб кирган аёлнинг рафторига қарасам, негадир тўдани бузган бегона бузоқ, тўғрироғи, қишлоққа шаҳарлик бўлиб қайтган эчки кўз ўнгимда гавдаланарди. Театр қўғирчоқларига хос сохта ҳаракатлари кўнглимга чуқур қайғу олиб кирар, ёшликнинг бемаъни шўхлиги, дея бой берилган умрга ачиниш туйғусини уйғотар, гарчи Макондолик бўлса-да, ҳаёт тарзи мутлақо бу ерга ёт эди.
Уни кўриб, ўтмишни эсладим. У эса маъюс тортиб, боламга тикилганча: –
Тўрт тугмали башоратчи қаерда? – деб сўради.
Мен қисқагина жавоб бердим.
– Кетди.
– Сенга эса фақат шугинани қолдириб кетдими? Мен қуруққина “Ҳа”дея жавоб қилдим.
Хеновева одобсизларча қаҳ-қаҳ отиб кулди.
– Буни қара-я, шунчалар ҳам лапашанг бўладими? Беш йилда атиги битта. Мен бўлсам уни деб эсимни йўқотиб юрибман тағин. Агар хотирлаш маро- симида у билан яқинроқ танишганимда, қасам ичиб айтишим мумкинки, уни сендан тортиб олардим. Бироқ у пайтларда Худотарс қиз эдим-да.
У хайрлашаркан, тағин боламга бир бора назар ташлади ва деди: “Қасам ичиб айтишим мумкинки, отасининг худди ўзи, фақат тўрт тугмали камзул етишмайди, холос”. Ўша кундан берики, боламга қарасам, отаси кўзимга кўриниб кетяпти, Хеновева худди менга кинна солиб қўйгандай. У бошини елкасига эгиб, стол устига кафтлари билан шапатиларкан: “Сен бўлмаганингда ҳам бир умрга Макондода қолардим”, дерди. Болам худди шундай қилади, баъзан у ҳозир шу сўзни айтиб юборадигандай туюлади. Ёнимда ўтириб, отасидай офтобда қизарган қизил бурнига тегиб қўйди. “Оғрияптими, ўғлим?” – сўрайман ташвишланиб. Шунчаки, бурни кўзойнакни тутиб тура оладими-йўқми, дея текшириб кўраётганини айтади. Бўйнидаги бўйинбоғини ечарканман: “Бу ҳақда қайғурмасанг ҳам бўлади. Уйга қайтганимиздан кейин ўзим сени чўмилтириб қўяман, бугунги чарчоғинг чиқиб, кўрмагандай бўлиб кетасан”, – дейман. “Катауре” ҳиндуларнинг каттасига шундай дея мурожа- ат қилаётган отамга боқдим. Ўз исмини эшитган Катауре бошини кўтариб, уйқусираган кўзлари ила отамга тикилди. У уни чақиришидан муддаосини айтишга улгурмай қолди, қадам товушлари эшитилди ва ичкарига алькальд кириб келди.

11

Бугунги кун даҳшатнинг ўзгинаси бўлди. Гарчи бу кунга ҳозирлик кўраётганимга қарамай, докторнинг ўлими бари бир мени довдиратиб қўйди. Уни кўмиш шунчалар қийин кечади ва бу оиламни ташвишга қўяди, деб сира ўйламовдим. Дафн маросимида кимдир ёнимда бўлиши керак эди, мен бу, шубҳасиз, хотинимлигига ишончим комил эди. Уч йил бурун бетоб бўлиб, бошим ёстиққа текканида, у ёзув столидаги буюмларимни титкилаб, бурама раққосани топиб олди. Бу ўйинчоқ ҳақида буткул унутиб юборувдик. Кали- тини бураб, унинг рақсга тушишига маҳлиё эдик, у баъзи хотираларни ёдга солди. Аделаида раққосага қараб, чуқур хаёлга чўмди.
– Кимни хотирлаяпсан? – сўради у.
Қайғуга ботирадиган ғамгин мусиқага рақсга тушаётган раққосадан кўз узмасам-да, кимни назарда тутаётганини билиб турувдим.
– Унга нима бўлдийкин? – сўради ўйланиб. Шу тобда хотинимнинг кўз олдидан хотиралар кино тасмадай бетиним айланиб ўтаётгани аниқ.
– У муюлишдаги уйда яшайди, – дедим мен. – Фақат суратигина қолган, яқин орада ўлимхабар келади, биз уни қабрга қўйишимиз керак, бу бизнинг бўйнимиздаги қарз, онаси.
Аделаида индамади, унинг вужудини меники каби ўтмишнинг ширин хотиралари қамраб олганди.
– Қизиқ, ҳар доим у уйимизга кириб келган кеча сен уни ким биландир адаштириб юбординг, дея ўйлайман, шуни билгим келади. Уни ўша деб ўйлаб, шоҳона дастурхон ҳам тузаганинг ёдимда.
Аделаида жилмайиб жавоб берди:
– Қўйинг, шу ҳақда гаплашмайлик. У бурчакда раққосани қўлида тутиб турганида кимга ўхшатганимни айтсам кулиб юборишингиз аниқ, – аёлим шундай дея йигирма тўрт йил олдин у ўтирган бурчакни кўрсатди.
Мен ўша кун ярашиб, келишиб олдик, деб ўйладим ва у азадор либосда шу бугун қафталимда туришига умид қилувдим. Бироқ ўша ўйинчоқ қутидан қайта ўрин эгаллаши билан, сеҳрли мусиқа ҳам ўз кучини йўқотди. Аделаи- да ўз-ўзини тириклайин кўмиб боряпти. У ўз хонасидаги бурчакка биқиниб олиб, туну кун ибодат билан машғул. “Фақат сизнинг каллангизга шундай бўлмағур фирклар келади. Энди бир ками шу Худо урган “гўрсўхта”ни тупроққа қўйишимиз қолувди. Ўшаям одам бўлди-ю. Яхшидан боғ, ёмондан доғ. Бунингизнинг турган-битгани кулфат. Бошимни қотирманг”.
– Унинг олдида қарздорман, хотин, қарзимни узишим керак. – юрагида раҳм-шафқат уйғотишга интилдим.
– Қанақа қарз, аслида у биздан қарз. Агар у ҳаётингизни сақлаб қолган бўлса, бу саккиз йил уйимизда еган-ичгани билан бараввар. – дея курсини гуллар томонга қаратиб қўйди.
Адашмасам, ҳозир ҳам у ўша ерда бўғзидаги аччиқ аламини унутолмай ўтирибди. У билан сан-манга бориш бефойда, шунинг учун таскин бермай, ортимга қайтдим.
– Майли бормасанг борма, зорим бору зўрим йўқ. Мен Исабелни олиб кетаман. – дедим.
У индамади. Биз чиқаётганимизда Аделаида ҳамон яшин урган одамдай жойида тек қотиб ўтирарди. Уни тинчлантиргани:
– Майли бор, қайтгунимизча ибодатингни қила қол, чала қолиб кетмасин.
– дедим.
– Хаёлимгаям келтирмайман. Иблисни кўмгани остонасига бораётганин- гизда, бу уйда мен қилган ибодатлар бир пул. Қиёмат қойим бўлгунга қадар жойимдан қўзғолмайман. Унгача ҳашароту қурт-қумурсқалар бу курсини еб битиришмаса агар! – унинг овоз оҳангида ғазаб бор эди.
Таниш қадам товушини эшитиб, отам сергак тортди. У Катаурега нимадир демоқчи эди-ю, тағин дами ичига тушиб кетди, худди айтмоқчи бўлган гапи- ни унутгандай эди. У ўрнидан турди, ҳар доимгидай, оқсоқ оёғи айтганини қилавермай, панд беради, бечоранинг ҳассаси бўлмаса, аҳволи ҳавас қилгулик эмас, уч йил бурун ёрилган кўзадан сизиб оққан шарбатга оёғи тойиб юзту- бан йиқилиб, шундай аҳволга тушди. Отам шунчалар ўнғайсиз йиқилганки, воқеани кузатиб турган ягона одам, яъни бешикдаги бола қўрққанидан чинқириб йиғлаб юборган.
Ўшандан бери уни оқсоқ оёғи қийнайди, оёғини буколмай, дўзах азобла- рига аранг чидаётганини сезиб тураман. Ёдимда ўша пайтларда биз у ўзини ўнглолмаса керак, деган хаёлга борувдик. Бугун у алькальднинг қўлидан тутиб ўрнидан туришга интилиб, оқсоқ оёғини қимирлатаётганига қараб туриб, уни қабрга қўйишга интилиб, оқимга қарши сузиб, ғарқ бўлишдан қўрқмаётгани сабабини энди тушуниб турибман.
Отам қарзини узмоқчи бўлаётир. Ўзининг сўзларига кўра, айвонда йиқилиб тушганида, худди Макондо тоғларидан қулагандай бўлган экан, ўшанда докторлар: “Тайёргарликни кўраверинглар, яшаб қолишидан умид йўқ” дей- ишувди. Отам ҳушсиз ётганининг бешинчи кунида Макондо аҳли бир йил бурун Ўрни сўнгги манзилга кўзёш тўкканича, гуллар ила чексиз ҳурмату эҳтиромини намоён қилгани каби кузатиб, уни ҳам қабрга қўйишга ҳозирлик кўраёганди. Отамнинг қонсиз юзига боқиб, тақдирга тан берган куйи ёнида ўтирардим, у алаҳлаб чиқар ва уйни бошига кўтариб, кечалари 85-йиллардаги уруш воқеаларини хотирларди. Тушларида уни эгнидан йўлбарс терисидан тикилган ва йиртқич тиш-тирноқлари ила безатилган мўйна тушмайдиган, оёғидаги қўнжи узун этиги ялтиллаб турадиган полковник Аурелиано Буэн- диани бетиним чақирарди. ““Кимсиз?” деган сўровни у жавобсиз қолдирди, “Қаердасиз?” у ҳамон жим эди, “Ким томонда курашаяпсиз?” бу сафар ҳам ундан тайинли гап эшитмадилар. Шунда соқчи машъалани нотанишнинг юзига тутди ва: “Жин урсин! Ахир бу герцог Мальборо-ку”, – деб бақириб юборди.” Мана шу алаҳсирашни эшитган докторлар, бечора отагинамнинг бошидан совуқ сув қуйишни буюришди. Чиқмаган жондан умид, уларнинг оғзидан чиққани биз учун амри вожиб. Эртасига отамнинг аҳволи баттар ёмонлашди. Докторлар: “Энди умид йўқ, қўлимиздан келганини қилдик, дафн маросимига ҳозирлик кўраверинглар”, – дея остонадан оёқларини узишди.
Ётоқхонада ажал кўланкаси кезиниб юрар, хонани ўлик сукунат қамраб олганди. Бу сирли ўлим сукунати, менимча, ҳар бир жон талвасасидаги одам ёнида изғиса керак. Анхель ота бемор баданини зайтун мойи билан мойла- ганидан кейин у бутунлай қимирламай қўйди. Сўнгги нафаси тарк этаётган чалажон бемордан кўз узмай турардик. Онам унга дори бергани қўзғалди. Биз бошини кўтариб турдик, у отамнинг оғзини аранг очиб, қошиқдаги дорини ичирди. Шу пайт айвондан оғир қадам товушларини эшита бошладик. Онам гўё азроил яқинлашаётганидай, қўрққанидан шивирлаб дуо ўқирди: “Ё раб, наҳот, охирги дақиқалар, наҳот эримнинг паймонаси тўлган бўлса-я, раҳминг келсин!” Бироқ ортимизга ўгирилганимизда азроил эмас, балки доктор турарди. У остонада ўтириб, биздан кўз узмасди.
Қизимга: “Агар раҳматли Ўр тирик бўлганида-ку, барини хипчин билан савалаб бўлса-да, шу ерга бурнидан тортиб, судраб олиб келардику-я”, деб айтаман. Қишлоқда одамларнинг бошини қовуштирадиган бир одам топилмаса қийин, кўнглимдан шуларни ўтказарканман, тобутга яқинлашаман. “Доктор уйимизни тарк этганидан бери, ўз қобиғимизга ўзимиз ўралиб қолиб, беҳуда яшаётгандаймиз, яхшими-ёмонми, ҳар бир одамнинг ўз ўрни бор экан. Уй- имизда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Аделаиданинг бидъатлари ҳудудидан ташқарига чиқиб кетолмай қолганимизни мана энди англаяпман.
Тўшакда ўтирган одамларнинг ҳиссиз чеҳрасига боқдим. Тобутдаги зулмату хонадаги ёруғлик орасидаги масофани чамалайман, тавба, бир нафас – ҳаёту ўлим орасидаги оралиқ атиги бир қадам. Бу жонсабил одамнинг мурдаси кўмилса, хайрли саналган иш Макондонинг ғалабага бўлган ишончни маҳв этиб, қанчалар қайғуга ботишини кўз олдимга келтиряпман. Энди алькальд лафзида туриб, кўмишга рухсатномани пайсалга солмаса гўрга эди. Ташқарида ҳам бу ишнинг қай тариқа адоғига етишини кузатаётганлар анчалигини била- ман. Қозонда ширгуруч қайнатаётгани ёдидан кўтарилган аёллар кўзларини деразадан узмай, абил-сабил бўлган бу майитни қачон кўмишаркин, дея кўз тикиб тургани тайин. Ишончим комил, тобут кўчага чиқиши билан кўзига қон қайнаган оломон унинг йўлига чиқиб, қабрга қўйишга қаршилик қилиш каби пасткашликкача боради, ҳеч ким уни аямайди. Одамларнинг урушга ташналиги ҳамон сўнмаган ва бу сайлов ўтказилган бозор кунидан буён оловлантирилган. Ўз ҳаётига ўзи ҳукмрон халқ ҳокимият жилови қўлимда, деб ўйлаб чучварани хом санаганининг фаҳмига етганидан, умидлари чилпарчин синганидан бери аламзада. Бироқ буларнинг бари олдиндан бичиб-тўқиб қўйилганди, воқеалар ривожи худди шундай йўлга қўйилган. Улар шундай йўлга қўйилганки, бир ота-онадан тарқалган одамлар охир-оқибат бир-бирини ўлдириб, ўзини-ўзини йўқ қилиб юборади.
Ўн йил бурун қўққисдан инқироз юз берганида, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, Макондони сақлаб қолишимиз мумкин эди. Хонавайрон бўлган банан компаниясининг қолдиқлари йиғилганида-ку, у барини қайтадан бошлашгаю тиклашга етиб ортардику-я. Бироқ одамларни сабрсизликка ўргатиб, уларни ўтмишу келажакка бўлган умидларидан айирдилар. У бугунини ўйлайдиган, қорин ғамидан бўлак қайғуси йўқ манқуртга айланди. Кўз олдимда одам эмас, балки кул турганига амин эдим, у тўрт томонга сочилиб бўлди, уни йиғиш ва қайта одам шакл-шамойилига келтириш асло мумкин эмас. Бу кул Макондога ҳаммасини олиб келдию тағин барини супуриб кетди. Ундан сўнг гуллаётган қолдиқлар орасида фақат бозор куни, Макондодаги сўнгги сайлов бошбошдоқлиги, тўс-тўполонлар, шиша идишда жим турган лаиннинг одам ичига кирганидан кейин кўрсатган қонли томошалари ва нозиру ҳарбийлар томонидан исён бостирилган ўша даҳшатли кеча қолди.
Башарти Ўр бугун ҳаёт бўлганида ўша тун оломон исёнини бостиришга эришганидек, бугун мана шу одамни кўмишга Макондо аҳлини керак бўлса қамчиси билан ўз уйидан қувиб чиқарар, каттасидан тортиб, кичигигача дафн маросимига йиғиб келарди. Руҳоний одамларни ўз таъсирида тутиб тура оларди. У бундан тўрт йил муқаддам, бошим ёстиққа тегиб, ўсал бўлганидан бир йил олдин ўлганига қарамай, қишлоқ аҳли уни ҳамон қадрлайди. Эсимда, руҳини шоду хуррам этиш мақсадида Ўрни сўнгги манзилга гуллар билан кузатган халқ бурчини охирига қадар адо этувди.
Доктор унинг дафн маросимида қатнашмаган қишлоқдаги ягона одам эди. Иймон-инсофли руҳоний измидан чиқмаган макондоликлар Ўрнинг ҳай- ҳайлашидан ўша оқшом ёвуз ниятидан калта қайтган. Доктор эса руҳоний олдида ҳаётига қарздор қишлоқдаги бирдан-бир инсон эканини ҳам рўйхотир қилмади. Ўша қўрқинчли тунда майдонда қуролланган бир неча маст-аласт ваҳшийларнинг қонли тўқнашувларида шаҳид кетган мурдаларни қўрқув ичра битта қабрга бирваракайига кафансиз кўмаётганларида, ҳайтовур муюлишда доктор яшаётгани кимнингдир эсига тушиб қолди. Шунда чалажон ярадор- ларни унинг остонасига келтириб, қулоқни қоматга келтирадиган оҳангда бақириб-чақириб:
– Доктор, ёрдам беринг, илтимос, биродарларимиз ҳаётини сақлаб қолинг. Бола-чақасига раҳм айланг, бошқа докторларнинг қўли бўш эмас, –дея бети- ним ёлвориб-ўтиниб сўрашган (чунки у эшикни очмай, ичкаридан сўзлаган).
У эса пинагиниям бузмаган.
– Бошқасига олиб боринг, бунда иложсизман, сизга ҳеч қандай ёрдамим тегмайди.
– Ҳозир қишлоқда ягона докторсиз, шунга бир одамгарчилик қилинг. Агар керак бўлмаганингизда, эшингизга бош уриб келмасдик.
У (бу гаплар унинг юрагини ийитиб юборган эмас) жинчироқни баланд кўтарганида, сарғиш иткўзлари ташқаридагиларга яққол кўриниб турган.
– Бу ишни қилмаганимга минг йиллар бўлди, орадан қанча сувлар оқиб ўтди, ҳаммасини унутганман, қўлим бари бир келишмайди, уларни бошқа жойга олиб бораверинг. – Сичқоннинг ажали қистаса, мушук билан ўйнашаркан, у ҳам қўзғалган халқ ғазабидан ҳайиқмай, эшик лўкидонини сурмади. Осто- насида Макондонинг ярадор бир неча аёлию эркаги қора қонига бўялиб, жон таслим қилди (ўша тундан буён бу уйнинг эшиклари бугунга қадар мутлақо ташқарига очилган эмас). Ўша кеча дарғазаб оломон кўзига ҳеч нима кўринмасди. Бу уйнинг кулини кўкка совуриб, эгасини бурда-бурда қилишга шай эдилар. Лек ўша лаҳзада Худо қаердандир Ўрни етказди. Айтишларича, остонага ётиб, уйни остин-устин қилиб, яна бир одамнинг бошига етишмасин уй эгасини жон-жаҳди билан ҳимоя қилган экан. “Шу уйга тегмоқчи экансиз- лар, аввал менинг ўлигимни босиб ўтишларингга тўғри келади. Шунчалик ваҳшиймисизлар, бўлақолларинг бўлмаса!” – дебди у. У Анхель отага ўхшаб, узундан-узоқ маза-матрасиз маъруза ўқимасди. Ўр шундан бошқа гап айтмай, фақат қулочини кенг ёйиб, хочга ўхшаб туриб олган. Оломон эса руҳоний қонига қўлини ботиришни истамай, ортига қайтган экан. Халқ сал бўлса-да, ҳовуридан тушган, бироқ барибир унга ҳукм ўқиб қўйилганди, у ўз маъвосида ириб-чириб кетмагунича зинҳор-базинҳор Макондо тупроғига қўйилмагай.
Мен тўшак олдига яқинлашарканман, ўликхонанинг эшигини расама- дига кўра, катта очиб қўйиш керак, дея кўнглимдан ўтказаман: “Алькальд ҳали замон қайтади”. Мабодо у беш дақиқа ичида қайтмаса, майитни кўчага чиқараман-да, ҳамманинг кўз ўнгида шундоқ остона тагига кўмиб юбораман.
– Катауре, – ҳиндуларнинг каттасини чақиришга улгурмасимдан, қўшни хонадан алькальд овози эшитилди.
Биламан, у ҳозир тўғри ёнимга келади. Ҳассага таяниб тургани интиламан, бироқ оқсоқ оёқ қурғур панд беради, мувозанатимни сақлолмай, юзтубан йиқилишимга оз қолди. Башарти шундай бўлганида тобутга бошим урилган ва бу уйдан халқ қаршилик кўрсатмаса, қўш тобут чиқиши тақдир қиларди, бироқ яхши одам ўз уйида ўлади, ҳартугул пешонамга Худо бир нима ёзган экан, алькальд мени тутиб қолди: “Хотиржам бўлинг, полковник, гаров бойла- шим мумкинки, бугун ҳеч нарса содир бўлмайди”. Гарчи у бу сўзларни ўзига таскин учун айтаётса-да унга ишонаман. “Ҳар нарса содир бўлиши мумкин”, дея кўнглимдан ўтказаман, у эса кўмиш маросими ҳақида узундан-узоқ маъруза ўқиб, қўлимга уни тупроққа қўйиш учун рухсатномани тутқазди. Ҳужжатга кўз ҳам югуртирмай, тўрт буклаб шундоқ қўйнимга урдиму: “Худога шукр, алалоқибат, бўлиши керак бўлгани барибир юз беради. Қисматдан қочиб бўлмайди. Келажак “Альманах”ларда ёзилган”, – дедим.
Алькальд ҳиндуларга яқинлашиб, эшикни очиб, тобутни олиб чиқишни буюрди. Ҳиндулар қўлига болғаю мих тутиб, ҳафсала билан келиб чиқишининг тайини йўғ, ном-нишони номаълум мусофирни тобут ичига абадий михлаб ташлашларини кузатиб тураман. Сўнгги бора мен уни бундан уч йил бурун ўз тўшагимда соғайиб оёққа турганимда кўргандим. У қариб-қартайган, тин- ка мадори қуриб, эти устухонига ёпишган, кўзлари ичкарисига ботиб-ботиб кетганди. Яхшими-ёмонми, у барибир менинг жонимни сақлаб қолган. Ўзи дармонсиз бўлишига қарамай, мени оёққа қўйгунига довур, дафъатан боши ёстиққа тегишини истамас, тик оёқда юриши учун кучли бўлишга интиларди. У доим: “Оёқни даволаш керак, ҳассага таяниб қоласизми, дея қўрқаман”, – деб сувни олдиндан боғлаб, мени бу тақдирга кўндиришу кўниктиришга эришди. Икки кун ўтгач, қарзимни қандай узишим мумкинлигини сўрадим, у эса: “Полковник, буни қарз деб ҳисобламайман. Кўнглингизга келмаса бир илтимо- сим бор холос, паймонам тўлган кун кўзимга тупроқ сепсангиз. Қузғунларга
ем бўлмай, одамга ўхшаб кўмилсам дейман”.
Оғирлашиб қолган қадам товушлари, мунгли кўзлари, мадори қуриган озғин танаси, ўша кунги илтимоси билан қўлимни бойлаб қўйгандаги овоз оҳанггига кўра, олдинда баб-баравар уч йил бўлишига қарамай, бу одам аллақачон ўлиб бўлган, руҳи аллақачон танасидан чиққану яккаш эту суяк қолганди, холос. Бугун ўша тана дунё азобларидан қутулди. Унинг сарғиш иткўзларидаги мил-мил ёниб турган ҳаёт оловини ўчирмоқликка арқоннинг ҳожати йўқ эди, шунчаки бир бора пуфласа, етиб ортарди. Мен буни аллақачон, у Меме билан муюлишдаги уйга кўчиб ўтмасидан бурун, ўша кеча хонасида суҳбатлашганимдаёқ билганман. Илтимоси мени ҳайратга солган эмас: “Буни сўрамасангиз ҳам бўлади, доктор. Танамда жоним бор экан, сизни қабрга қўйиб, биродаримни кўмгандай кўмардим, ҳатто ҳаётим эвазига бўлса ҳам. Буёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин”.
Унинг сарғиш иткўзлари илк маротаба юмшади ва жилмайди: “Ҳеч қачон лафзингиздан қайтмаслигингиз маълум, полковник, бироқ билиб қўйинг, ўлган одам мени кўмолмайди. Мендан бурун омонатни топширишни ўйламанг”.

* * *

Мана энди бу шармандаликни ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди. Алькальд отамга кўмишга рухсатномани топширганида у: “Худога шукр, алалоқибат, бўлиши керак бўлгани бари бир юз беради. Қисматдан қочиб бўлмайди. Келажак “Альманахлар”да битилган”, – деди. У бу гапни шунчалар бефарқ ҳолда, мен туғилмасимдан бурун Макондога қуръа ташланиб, ўрнатилган эски қонун-қоидалару урф-одатларига ва иймон-эътиқодига собит одамдай айтди. Ўшандан буён ҳеч бир иш ўз йўлидан кетганмаган. Одамлар эътиқодидан оғишди. Ҳатто онамнинг метин иродаси букилиб, қуввати соп бўлди. У бугун айвондаги курсида ўтириб, қаҳру ғазабини яширмай: “Қиёмат қойим бўлмагунига қадар, ўрнимдан турмайман!”, – деганидаёқ буни билдим.
Отам ҳамиша ўз айтганидан қолмай, истагига эришган. Мана, ҳозирам у бу ишнинг фожиали оқибатларини назар-писанд қилмай, бурч дея билиб, адоғига етказишга бел боғлаган. Ҳиндулардан бири дарвоза, бири тобут томонга йўналди. Улар яқинлашаётганда менам ўрнимдан туриб, курсини панароққа тортдиму болагинамнинг қўлидан маҳкам тутдим. Эшик очилганида ҳамманинг кўз ўнгида бўлишни истамайман.
Бола ўйчан. Ўрнимдан қўзғалганимда у гарангсиб, афтимга тикилиб турди, тағин ўз ўйларига ғарқ, ҳиндулар ҳатти-ҳаракатидан кўз узмайди. Улкан дарвоза юракка ваҳима солгувчи овоз чиқариб, ташқарига очилди, ташқарида офтоб нурида чангнинг ялтиллашию ичкаридаги омонат жиҳозларнинг ғариблиги кўзга ташланди. Худди тангри бу оламга фойда келтиришдан тўхтаган шаҳару қишлоқларнинг бурчагидаги Макондо энди керак эмас, деётгандай эди.
Кутилмаганда ичкарига ёруғликнинг югуриб кириши бола кўзларини шамғалат қилди (эшик очилганида, унинг қўли қалтиради), бошини кўтариб, диққат билан тинглади. “Сизнинг ҳам қулоғингизга чалинаяптими?” – сўрайди у мендан. Шу он қўшни боғдан япалоққушнинг овози келди. “Вақти-соати етди, кутилган дақиқалар келгани учун сайраётгандир”, дейман. Мих қоқаётган болғанинг товуши эшик-деразаларни ларзага келтирди.
Болға тобутга эмас, гўё юрагимга мих қоқаётгандай, бутун вужудимни жунжиктираётган овозни эшитмасликка интиляпман. Қалбимдагиларни ёнимдаги гўдакка билдирмай, деразадан ташқарига кўз тикдим. Ташқарида қуриб-қовжираб чанг босиб ётган бодом дарахтлари ғамга чўмган маъюс келинчак каби эгилиб турибди. Кўринмас кучли шамол секин-аста бари- нинг оёғини осмондан қилиб, билдирмасдан адо қилиб бораётир, сўлим гўша –бугун қуп-қуруқ саҳрога айланди. Банан компанияси сиқиб сувини чиқарганидан Макондо мана шундай хароб аҳволда. Уйларининг шифтларини печак босган, девор тирқишларига ўргимчаклар уя қўйгани-қўйган. Куппа- кундузи ётоқхонага калтакесаклар ўрмалаб кириб келаверади. Бари биз дарахт ўтқазишни канда қилганимиз ва номаълум сирли руҳ жавондаги рождество чиннисини синдиргани важ, алалоқибат у жавонда эмас, хачирлар охурига айланиб, оғилхонага қўйилганидан буён бу қишлоқдан хайри-бараканинг қадами ариди. Эшик қайишиб ёпилмай қолгудек бўлса, ҳафсала қилиб уни тўғрилайдиган қўл топилмайди. Отамни қарилик енгиб бораётир, оқсоқланиб юраётган кундан бошлаб, кучдан ҳам қолди. Ёшлик қуввати гўё шу оёққа жам бўлгану ундан мадор кетгандан бери танасини ҳам қувват тарк этган. Моҳир қўллари энди бундай ишларга ярамайди. Сеньора Ребека тул қолгани етмага- нидай, устига-устак қисирлигидан нолиб, вентилятор ёнидан жилмайди, қўли бирор ишга бормасдан ўтиргани-ўтирган. Агеда фалажлигию нотавонлигидан ўкинганича, Анхел отанинг бидъатлари ила аллақачон ўзини тириклай кўмган. Қорин ғамидан бошқаси қизиқтирмайдиган Анхел ота эса тушлик чоғи тўйиб қийма шўрвани қоринга уриши билан чошгоҳгача орқасини ўгириб, ётишдан ҳузурланади. Қадимдан яккаш Сан-Херонимолик эгизакларнинг “Сирли гадой қиз” қўшиғигина ўзгармай қолган, мана йигирма йилдирки, у эскирмайди.

Бир-бирига ўхшайдиган кунлар сукунатини бу қишлоқдан ҳеч ким ҳеч ерга кетмаса-да, кун бўйи поезднинг чорлагувчи тўрт ҳуштаги, тун оромини эса банан компанияси Макондога мерос қолдирган электростанциянинг шовқини бузади, холос.
Мен деразадан ташқарига боқиб, ўз уйимизга тикиламан. Онам уйга қайтишимиздан аввал кучли бўрон кўтарилиб, Макондони ер юзидан супу- риб кетса керак, дея хиёл қилаётгандир. Ўшанда бу ердан ҳамма нарса ғойиб бўлади, фақат биздан бўлак, чунки биз шу муҳитда улғайганмиз, ота-онам уруш фожиаларидан қочиб, Макондога келганида бу қишлоқ чин жаннат эди. Унинг тоза ҳавоси ила ўпкамизни тўлдириб, тўйиб-тўйиб нафас олганмиз, тараққиётнинг сохта нафаси ҳали қалбимизда сақланаётган чин самимий туйғуларни ўлдиришга муваффақ бўлмаган. Бу тупроқ ва унда оламдан ўтиб кетганлар хотираси узилмас ришталар ила чамбарчас боғлиқ. Жамадонлар уруш охирлаганидан буён ҳамон мана шундай йиғиб қўйилган аҳволда туради, ким билади, тағин уруш бошланса ғафлатда қолмайлик. Дафн маросимидан қайтганимизда Маконда ер юзидан ғойиб бўлса-да, унинг калтакесакларга тўла ётоғи барибир ҳозиргидек бус-бутун қолишига аминман, фақат хотираларгина ўчиб кетади. Ёмон хотиралар изсиз ғойиб бўлгани яхши.
Бувам ўрнидан турди, ҳассасига таяниб, бўйнини қушга ўхшаб чўзганида ҳам кўзойнаги гўё юзининг бир бўлагидай жойидан силжимайди. Менимча, кўзойнак тақиб юролмасдим. Ҳар бир ҳаракатимдан бу матоҳ қулоғимдан тушиб кетаверса керак. Шу ҳақда ўйларканман, бурнимга тегиб қўйдим. Онам ташвишланиб: “Оғрияптими?”, – деб сўрайди. “Йўқ, шунчаки, мен кўзойнак тақиб юролмасам керак”, – деб ўйлаяпман. У жилмайиб, чуқур тин олди. “Болажоним-ей, терлаб жиққа ҳўл бўлиб кетгандирсан?”, – дейди меҳр билан астойдил раҳми келиб. Чинданам бу қалин духоба жома бутун танамни ачиштириб ташлади. Тернинг ёқимсиз ҳидидан кўнглим беҳузур бўла бошлаганидан: “Ҳа”, – дедим. Ойим менга эгилиб: “Уйга қайтганимизда, ўзим сени ювинтириб қўяман, шунда енгил тортиб қоласан”. “Катауре” – дея ҳиндуларнинг каттасини чорлади бувам…
Худди шу маҳал орқа эшикдан тағин ўша қуролланган одам кириб келди. У шляпасини ечиб, оёқ учида қадам ташлаб, гўё полковникни уйғотиб юбо- ришдан чўчигандай секин туртди, аслида эса бу билан бувамни қўрқитмоқчи эди. Кутилмаган ташқи таъсирдан бувам мувозанатини йўқотиб, қўлини чўзиб тутиб қолмаганида йиқилиб тушиши тайин эди. Бошқалар чекишни ташлаб, ҳамон тўшакда тобутдан кўз узмай туришибди. Қурол кўтарган одамни кўришган заҳоти бир-бирининг қулоғига нимадир, дея шивирлашди. Улардан бири қўзғалиб, қутидан болғаю мих олди.
Бувам ҳамон қуролли одам билан гурунглашарди. “Хавотирланманг, полков- ник, бари тинч-осуда ўтишига кафилман”, – дейди ҳалиги киши. Бувам: “Ким билади, яна нималар содир бўлиши мумкин”, – хотиржамлигини йўқотмай сўзлайди. – Балки уни қабристоннинг ташқи томонидан баланд чўққиларнинг чап томонига кўмсакмикан, нима дейсиз?”. У бувамга қандайдир қоғозни узатаркан: “Ҳали кўрасиз, ҳаммаси кутганингиздан аъло даражада ниҳоясига етади”, – дейди у. Бувам бир қўли билан ҳассага таяниб, иккинчиси билан қоғозни олди ва уни қўйнига, тилла занжирли соати осиғлиқ турадиган кис- сасига солди. “Худога шукр, алалоқибат, бўлиши керак бўлгани бари бир юз беради. Қисматдан қочиб бўлмайди. Келажак “Альманахлар”да битилган”. Бу сўзларни бувам ғурур ила айтди. “Деразага қадалган кўзлардан кўрқманг, қўлидан ҳеч иш келмайди. Шунчаки қизиқиши устун келган бекорчи гапсотар тўрт-беш аёл, уларнинг эса бу қишлоқда бурнини суқмаган бирор иш йўқ”

Бувам бу гапларни гўё эшитмагандай деразадан кўз узмай, ташқарига қарайди. Ҳалиги одам ҳиндуларга яқинлашиб: “Тобутни михлашингиз мумкин, дарво- зани катта очинглар, ичкарига тоза ҳаво кирсин”, – дейди.
Одамлар ҳаракатга келдилар. Бири тобут михлагани, иккинчиси дарвозани очишга қўзғалди. Ойим ҳам ўрнидан турди. У терлаб, ранг-рўйи мурдадай оқариб кетган. Ойим дарвозани очишга бораётганларга йўл бераркан, курсини ичкарироққа тортиб, қўлимдан тутди.
Аввалига лўкидонни суришга уриндилар, у занглаб кетганидан жойидан сурилай демасди. Улардан бири бор кучи ила дарвозани ташқарига итарди, хона қисирлаётган эски ёғоч ва темирнинг товушидан ларзага келди ва ниҳоят дарвоза ташқарига очилди. Ҳали биз атрофда нима бўлаётганига ақлимиз етмасдан бурун хонага икки юз йил тутқунликда сақланиб, сўнг эркинлик- ка эришган қорамол тўдасидай ёруғлик шиддат билан ёпирилиб кирди ва неча йиллардан буён офтоб нурини кўрмаган буюмлар кўланкаси шошиб қолганидан тартибсиз ҳаракатланмоқда, улар худди қувончдай сакраётган болакайга ўхшайди. Осмонда чақмоқ чаққандай, одамлар бир сесканиб тушиш- ди, агар бир-бирларининг қўлларидан тутиб туришмаганида, балки йиқилиб тушган бўлардилар.
Эшик очилганида қаердандир япалоққушнинг овози келди. Мана энди ташқари кўриняпти. Кўчада оппоқ, иссиқ чанг кўтарилган. Бир неча эр- каклар қўлларини орқага қилиб, биз томонга ўқрайиб қараб туришибди. Тағин япалоққушнинг товушини ойимдан: “Сиз ҳам эшитаяпсизми?”, – деб сўраганимда, у вақти-соати етгани учун қайта-қайта сайраётгандир, – деб қўя қолди. Ада эса менга япалоққуш ўлган одам ҳидидан сайрашга тушади, де- ганди. Энди шу ҳақда ойимга оғиз очмоқчи эдим, тобут қопқоғига урилаётган биринчи мих овози янгради. Болға михни охиригача ёғочга қадаб, бир муддат тин олади-да, тағин бошқасини уради. У ёғочни аямай, шундай олти жойидан яралайди, ойим бунга қараб туролмай, юзини ташқарига бурди.
Болғанинг овози тиниши билан жўр бўлиб сайраётган япалоққушларнинг саси кўпайгандан кўпайиб, кучайиб бораверади. Бувам одамларга имо қилди. Улар эгилиб, тобутни бир томонга қийшайтириб кўтаришди. Шляпадаги одам бурчакда туриб, бувамга бетиним:
– Хотиржам бўлинг, полковник, барининг жилови қўлимда, – дерди, бироқ бу билан у кўпроқ ўзини тинчлантирмоқчидай эди.
Бувам дарғазаб бўлиб, алькальд томонга қайрилди, жангари хўроздай қизариб кетганига қарамай, ҳамсуҳбатига индамади. Бурчакдаги одам эса унга ва ўзига тағин таскин берди:
– Ўйлайманки, Макондода эртага бу ҳақда ҳеч ким эсламайди.
Худди шу пайт қорнимда титроқ турди. Мана энди чинданам ташқарига чиқмасам бўлмайди, лекин, афсуски, кеч эди. Одамлар охирги ҳаракат билан тобутни ердан кўтардилар ва у худди ўлик кема руҳидай ҳавода муаллақ сузиб борарди.
“Бойқушларнинг бурни ҳид олди-ёв. Ҳозир ҳаммаси жўр бўлиб сайрашга тушади”, дея кўнглимдан ўтказаман.

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси

МанБа: “Жаҳон адабиёти” 2015 / 7

Qissani lotin alifbosida mutolaa qiling

007

(Tashriflar: umumiy 1 615, bugungi 1)

Izoh qoldiring