Gi de Mopassan. Tazarru’

003

    Камина сизни икки маротаба Париждаги ўз уйингизда кўрмоққа ҳаракат қилган эдим, ноилож, энди хат ёзишга мажбур бўлдим. Фавқулодда қувонч билан шуни айтишим жоизки, мен сизнинг “Баҳор еллари” романингиздан нақадар чуқур, қанчалар чек-чегараси йўқ таассуротлар олганимни таърифлашга сўз топа олмайман. Бу мен мутолаа қилган барча улуғ китоблар ичидаги энг ажойибидир. Ва у ўзининг ботиний дунёси, одамлар ва предметлардаги теран фалсафаси билан, мазмун-моҳияти билан мени ларзага солди (Мопассаннинг Иван Тургеневга ёзган мактубидан).

007
ГИ ДЕ МОПАССАН
ТАЗАРРУЪ
Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси
044

091 МОПАССАН (Maupassant) Ги (тўлиқ номи Анри Рене Альбер Ги) де (1850.5.8, Турвилясюр-Арк яқинидаги Миромениль қалъаси —1893.6.7, Париж) — француз ёзувчиси, Руан лицейини тугатган. 1870—71 й.ларда франко-прус урушида қатнашган, Ги де Мопассан Флобернинг шогирди, рус алиби Иван Тургеневни устоз санаб, унга бағишлаб мақолалар ёзган. Адабиётга 1880 й.да шеърлар тўплами ва «Дўндиқ» новелласи б-н кириб келган. У 6 роман,18 ҳикоялар тўплами, очерк ва пьесалар, кўплаб мақолалар ва б. асарлар муаллифи. Мопассан ижоди учун турмушни объектив тасвирлаш, тилининг содда (табиий) ва таъсирчанлиги, «ҳаётни ўзиданда ишончли тасвирлаш», қаҳрамонлар образини уларнинг характер ва хис-туйғулари орқали яратишга интилиш характерли. Мопассан маънавий қашшоқ, мунофиқ кишилар образининг бутун бир силсиласини яратган («Жавоҳирот», «Оила бағрида»,«Васиятнома» «Бочкача», «Иблис» ва б.). Унинг «Дайди», «Шкаф», «Гадой» каби новеллаларида турмуш қаърига улоқтирилган нотавонлар ҳаёти тасвирланган. Муҳаббатни мол-дунёдан иборат деб билувчи, шу боис ҳар қадамда ўзини сотишга тайёр аёллар образи «Иветта»,«Ҳаққоний тарих» ва б. асарларида маҳорат б-н чизилган. Мопассан соф муҳаббат («Ой ёғдуси», «Бахт»)ни куйлайди ва маънавий юксак оддий кишиларни қадрлайди («Симон ота», «Мартен қизалоғи»), ватанпарвар ва жасоратли инсонларни тараннум этади («Дўндиқ», «Мадмуазель Фифи», «Милон амаки»). Унинг «Ҳаёт» (1883), «Азизим» (1885), «Монт-Ориоль» (1886), «Пьер ва Жан» (1887—88) каби романларида умумбашарий мавзулар, мансабпарастлар қисмати, бойлик орттиришга хуруж қилиш юксак маҳорат билан тасвирлаб берилган. «Ўлимдек кучли» (1889), «Бизнинг қалб» (1890) романларида эса психологик руҳ кучли. «Ҳаёт»,«Азизим» романлари (Иброҳим Ғафуров таржимаси) ва бир қанча ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган (Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан).

07

Маргарита де Терел ўлим тўшагида ётарди. У эллик олти ёшда бўлса-да, уни кўрганлар етмиш бешни урган деб ўйлашарди.У базўр нафас олар, юзлари чойшабдек оқарган, аъзойи бадани иситма ичида безгак тутгандек қалтирар, кўзлари олайиб кетган эди.

Ундан олти ёш катта опаси каравот ёнида чўккалаб олганча, йиғлаб ўтирарди. Беморнинг бошарисига кичкина ёпқич ташлаб қўйилган столча устида руҳонийнинг келиши олдидан иккита шам ёқиб қўйилган эди.

Ётоқхона ўта тартибсиз эди. Стол ва жавонлар устида дори қобиқлари, бурчакларда эса, сочиқлар сочилиб ётарди. Стул ва курсилар худди нимадандир қўрқиб ҳар тарафга сочилиб кетгандек эди. Ажал қайсидир пучмоқда бекиниб олганча ўлжасига чанг солмоққа пайт пойларди, гўё.

Опа-сингилларнинг қисмати ўта ғалати кечди. Улар ҳақида бутун музофотда гапириб юришар, уларнинг дардли кечмиши борасида эшитганлар кўз-ёшларини тийиб тура олмасдилар.

Бир пайтлар опа-сингилнинг каттаси Сузанна бир йигит билан қаттиқ севишиб қолган, улар ҳатто унашиб ҳам қўйилган, тўй куни белгиланган, аммо куёв бўлмиш Анри де Сампиер ногаҳон фано мулкини тарк қилганди.

Тамоман ғам-андуҳ гирдобида қолган қиз энди ҳеч қачон турмуш қурмасликка аҳд қилди. Ва у сўзида собит қолди. Бевалик либосини бутун умр ечмай ўтди.

Кунлардан бир кун унинг ўн икки ёшли синглиси Маргарита опасининг бағрига ўзини отди ва айтдики:
— Опажон, сенинг бахтсиз бўлишингни, бутун умр йиғлаб-сиқтаб ўтишингни истамайман. Ҳеч качон, ҳеч қачон сени ташлаб кетмайман. Мен ҳам эрга тегмаганим бўлсин. Сен билан бир умр, бир умр қоламан, опажон.

Болаларча садоқат ва самимиятдан кўнгли эриб кетган опа унинг пешнасидан ўпиб қўйди, аммо унинг гапларига ишонгиси келмади.

Синглиси ҳам гапида турди, ота-онасининг дағдағасига-ю, катталарнинг дод-муомаласига қарамай эр қилмади. У жуда-жуда гўзал, латофатли эди. Унинг ишқида девона бўлганлар оз эмасди. аммо, у барчасини рад этди. Опасини ташлаб кетмади.

Улар бир умр битта том остида аҳил-иноқ яшадилар. Улар бу адоқсиз йўлни елкадош бўлиб босиб ўтишди. Фақат синглиси опасига қараганда ғамгинроқ, кайғулироқ бўлиб кўринарди.

У опасидан тезроқ қариди, ўттиз ёшида сочлари оқариб кетди. Мана, ўлим ҳам биринчи бўлиб уни олиб кетяпти.

У бир кеча кундузки, бир оғиз ҳам гапиргани йўқ. Фақат саҳарга яқин тилга кирди:
— Вақт бўлди, руҳонийни чақиринглар.

У ҳамон дағ-дағ қалтирар, шифтга термилиб ётаркан, унинг лаблари асабий пичирлар, гўёки, дил тубида ётган қандайдир махфий бир гапни сиртига чиқармоқчи бўлар, аммо уни тилига кўчиролмай қийналар, кўзлари қўрқувдан маъносиз боқарди.

Опаси тўшакнинг бир чеккасига пешонасини босганча, ўксибгина пиқ-пиқ йиғларди.
— Марго, жигарим, болажоним!

У синглисин «болажоним« деб аташга ўрганиб олган эди. Синглиси эса, уни »опачам» деб чақирарди.

Зинапояда қадам товушлари эшитилди. Эшик очилди. Бўсағада аввал югурдак бола, кейин салобатли кекса руҳоний кўринди. Уларни кўриб, бемор бор кучини тўплаб, ўрнидан қўзғалди, аранг оғзини очиб, тирноқлари билан чойшабни йиртиб юборгудек тирнади ва бир неча оғиз гапга тили айланди.

Аббат Симон унинг қўлидан тутиб, пешонасидан ўпди ва ҳалимлик билан деди:
— Парвардигор сизни афу этгай, бўтам. Ўзингизни қўлга олинг, тавба қилмоқ фурсатидир.

Шу чоқ Маргаритани шундайин титроқ тутдики, ҳатто каравот ҳам силкиниб кетгандай бўлди.
— Опажон, ўтир бу ёққа, эшит мени.

Руҳоний тўшакда парри бўлиб ётган Сузаннанинг қўлидан тутиб қаршидаги стул устига ўтқизди ва опа-сингилларнинг қўлларин ушлаб муножот қилди:
— Парвардигор! Бандаларингга ўзинг мадад бер. Улардан ўз марҳаматингин аяма!

Маргарита гап бошларкан, унинг оғзидан ҳар бир калима катта машаққат билан ташқари чиқарди.
— Кечир, опажон, кечир мени! Мен умримнинг ана шу сўнгги соатидан қанчалар қўрққанимни билмайсан!

Сузанна намли кўзларини артди:
— Нега мендан кечирим сўрайсан, болажоним? Ахир сен бутун ҳаётингни мени деб қурбон қилдинг. Сен фариштасан…

Маргарита унинг гапини шарт кесди:
— Жим, жим бўл! Гапимни бўлмай эшит. Қандай даҳшат?! Гапимни охирига етказгунимча индамай тур, илтимос. Қимирлама… Эшит… Эсингдами… Эсингдами… Анри?

Сузанна сесканиб синглисига юзланди. У эса гапида давом этарди:
— Мени тингла, ҳаммасини билиб оласан. Ўшанда мен эндигина ўн иккида эдим, ўн иккида, эсингдами? Ўшанда жуда эрка эдим. Хаёлимга келган ишни қилардим. Мени қандай эркалатиб ўстиришганини биласанми? Эшитсанг-чи?.. У биринчи марта бизникига келанида, ялтирок этик кийиб олганди, эшигимиз олдида отдан тушиб, отамга муҳим гапи борлигини айтди. Ҳаммаси ёдингда бордир? Жимм.. Эшит… Мен унинг барнолигини кўриб, ҳайратдан донг қотдим, ва отам билан гаплашиб бўлгунича бир бурчакда ундан кўз узмай ўтирдим. Болалар жуда нозик ва хавфли мавжудотдир. Эҳ, мен у ҳақида қанча-қанча ширин хаёлларга бормадим.

У яна бир марта келди. Ўйимизда меҳмон бўлди. Мен унга бутун борлиғим, қалбим, вужудим билан тикилардим. Мен ўз ёшимга қараганда анча каттароқ ва ақллироқ эдим. У бизникига тез-тез келадиган бўлди. Мен фақат у ҳақида ўйлардим. Тинимсиз унинг номини пичирлардим: «Анри, Анри де Сампиер!»

Кейин унинг сенга уйланаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Опажон, ўшанда дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Қанчалик қайғуга ғарк бўлганимни биласанми? Уч кеча ухламасдан йиғлаб чиқдим. У ҳар куни тушдан кейин келиб турарди… Эсингдами? Жавоб беришга ошиқма… Сен унга ун, ёғ ва сутдан ўзи ёқтирган пирожнилар пишириб берардинг. Мен ҳам билардим пиширишни.. Керак бўлса, ҳозир ҳам пиширишим мумкин. У пирожнийлар чайнамасдан ютар, орқасидан бир қадаҳ шароб ҳўпларди, ва «зўр!» деб қўярди.

Мен уни сендан шунақа қизғанардим, шунақа рашк қилардим. Сен тўйинг куни яқинлашиб келарди. Атиги икки ҳафта қолганди. Мен эса жинни бўлаёзгандим. Мен ҳамма вақт ўзимга ўзим «У Сузаннага ҳеч качон уйланмайди, мен буни истамайман, у катта бўлсам, менга уйланиши керак. Мен умримда уни севганчалик ҳеч кимни севиб қололмайман», деб юрардим.

Тўйингизга ўн кун қолган эди. Ўша куни кечқурун икковингиз ой шуъласи остида қаср атрофини айлангани чиқиб кетдингиз. У.. ўша каттакон арча остида сенинг қўлларингдан тутиб, бағрига тортди. Узо-оқ ўпишдиларинг. Эсингдами, айт.. йўқ, айтма! Бу сизнинг илк бўсангиз эди, адашмасам. Ҳа.. Сен меҳмонхонага қайтганингда рангинг бўздек окариб кетганди.

Мен сизни кўриб тургандим, мен боғда, буталар орасидан сизни кузатиб турардим. Ўшанда бутун вужудимга бир ёввойи истак оқиб кирди. Қутуриб кетгандек бўлдим, гўёки. Ўшанда қўлимдан келса, иккингизни ҳам ўлдиришга тайёр эдим.

«У ҳеч қачон Сузанага уйланмайди, У ҳеч кимга уйланмаслиги керак. Мен бундай аламни кўтара олмайман», дедим ўз-ўзимга. Ўшанда қалбимда унга нисбатан сўнгсиз нафрат уйғонди.

Кейин биласанми, мен нима килдим? Эшит. Боғбонимизни эслайсанми, у ҳар доим дайди итларни заҳарлаб ўлдириш учун шишани тош билан эзиб, кукунини гўшт парчасига қўшиб уларга егизарди.

Мен ойим ичган дорининг бўш шишасини топдим-да, болғача билан обдан майдаладим. Кейин кукунини қоғозга ўраб, чўнтагимга солиб қўйдим. Эртасига сен пирожний тайёрлаётганингда билдирмай, хамир орасига ҳалиги кукунни жойлаштириб қўйдим. У пишириқдан учтасини пок-покиза туширди. Биттасини мен едим… Қолган олтитасини ҳовузга ташлаб юбордим. Уч кундан кейин учта оққушимиз ўлиб қолгани эсингдами? Жим деяпман… эшит гапимни! Фақат мен тирик колдим, фақат бир умр касалланиб юрдим. У эса… ўлди… Биласанми… Эшит… Бу ҳали ҳаммаси эмас… ҳар доим… Энг даҳшатлиси… эшит.

Бутун умр.. бутун умрим давомида… Оҳ бу қанчалар азоб эди. Мен ҳар доим ўзимга, хеч қачон опамни ташлаб кетмайман, ўлимим олдидан эса, ҳаммасини унга айтиб бераман, дердим. Ҳа… Бутун умр барчасига иқрор бўлишим керак бўлган шу сўнгги соат ҳақида ўйлаб келдим. Вақт-соати етиб келди… Қандай даҳша-ат. О, Опажон!

Эрта-ю кеч, шому саҳар факат шу ҳақда ўйлардим. Ҳали вақт келади, ҳаммасини бўйнимга оламан, дердим.

Мана, ҳаммасини сенга айтиб бердим… Жим… Бир оғиз ҳам… Энди. энди мен қўрқаман… жуда-жуда қўрқаман. Мен ҳозир уни кўрсам, у билан юзлашсам. Ўзинг ўйлаб кўр. Ахир уни нариги дунёда мен биринчи бўлиб кўраман. Сен мени кечирмасанг, мен унинг ёнига қандай бораман? Унга айтинг, ҳазрат. Мени кечирсин! Айтинг, ўтинаман. Бўлмаса, мен ўлолмайман.

У жим қолди ва тирноқлари билан чойшабни тимдалай бошлади.

Сузанна юзларини бекитиб олганча, қимирламай турарди. У айни дамда умр бўйи севиб ўтгани хақида ўй сурарди. Улар қанчалик бахтли яшашлари мумкин эди-я? У яна кўрди Анрини? Уни олис-олисдан, итиб-битаёзган ўтмишни қатларида кўрди. О, муҳтарам марҳумлар! Сиз юракларга канчалар яқинсиз? Ҳалиги бўса-чи?

Умридаги ягона бўса! Бу бўса йиллар оша унинг қалбида ардоқ ила сақланиб келаётир. Унинг ҳаётдаги бор-йўқ юпанчи, давлати ҳам шу хотирот парчаси эди, холос.

Бирдан руҳоний қалтироқ ва баланд овозда қичқириб юборди:
— Сузанна бону! Синглингиз ўлаяпти.

Сузанна кўз-ёш ивитиб юборган юзларидан кафтни олди-да, ўзини синглисиниг қучоғига отди ва унинг сўлғин юзларидан ўпиб оҳиста пичирлади:
— Кечирдим, болажоним, кечирдим!

077

007
GI DE MOPASSAN
TAZARRU’
Rus tilidan Rustam Jabborov tarjimasi
044

091 MOPASSAN (Maupassant) Gi (to’liq nomi Anri Rene Al`ber Gi) de (1850.5.8, Turvilyasyur-Ark yaqinidagi Miromenil` qal’asi —1893.6.7, Parij) — frantsuz yozuvchisi, Ruan litseyini tugatgan. 1870—71 y.larda franko-prus urushida qatnashgan, Gi de Mopassan Floberning shogirdi, rus alibi Ivan Turgenevni ustoz sanab, unga bag’ishlab maqolalar yozgan. Adabiyotga 1880 y.da she’rlar to’plami va «Do’ndiq» novellasi b-n kirib kelgan. U 6 roman,18 hikoyalar to’plami, ocherk va p`esalar, ko’plab maqolalar va b. asarlar muallifi. Mopassan ijodi uchun turmushni ob’ektiv tasvirlash, tilining sodda (tabiiy) va ta’sirchanligi, «hayotni o’zidanda ishonchli tasvirlash», qahramonlar obrazini ularning xarakter va xis-tuyg’ulari orqali yaratishga intilish xarakterli. Mopassan ma’naviy qashshoq, munofiq kishilar obrazining butun bir silsilasini yaratgan («Javohirot», «Oila bag’rida»,«Vasiyatnoma» «Bochkacha», «Iblis» va b.). Uning «Daydi», «Shkaf», «Gadoy» kabi novellalarida turmush qa’riga uloqtirilgan notavonlar hayoti tasvirlangan. Muhabbatni mol-dunyodan iborat deb biluvchi, shu bois har qadamda o’zini sotishga tayyor ayollar obrazi «Ivetta»,«Haqqoniy tarix» va b. asarlarida mahorat b-n chizilgan. Mopassan sof muhabbat («Oy yog’dusi», «Baxt»)ni kuylaydi va ma’naviy yuksak oddiy kishilarni qadrlaydi («Simon ota», «Marten qizalog’i»), vatanparvar va jasoratli insonlarni tarannum etadi («Do’ndiq», «Madmuazel` Fifi», «Milon amaki»). Uning «Hayot» (1883), «Azizim» (1885), «Mont-Oriol`» (1886), «P`er va Jan» (1887—88) kabi romanlarida umumbashariy mavzular, mansabparastlar qismati, boylik orttirishga xuruj qilish yuksak mahorat bilan tasvirlab berilgan. «O’limdek kuchli» (1889), «Bizning qalb» (1890) romanlarida esa psixologik ruh kuchli. «Hayot»,«Azizim» romanlari (Ibrohim G’afurov tarjimasi) va bir qancha hikoyalari o’zbek tiliga tarjima qilingan (O’zbekiston Milliy entsiklopediyasidan).

07

Margarita de Terel o‘lim to‘shagida yotardi. U ellik olti yoshda bo‘lsa-da, uni ko‘rganlar yetmish beshni urgan deb o‘ylashardi.U bazo‘r nafas olar, yuzlari choyshabdek oqargan, a’zoyi badani isitma ichida bezgak tutgandek qaltirar, ko‘zlari olayib ketgan edi.
Undan olti yosh katta opasi karavot yonida cho‘kkalab olgancha, yig‘lab o‘tirardi. Bemorning bosharisiga kichkina yopqich tashlab qo‘yilgan stolcha ustida ruhoniyning kelishi oldidan ikkita sham yoqib qo‘yilgan edi.
Yotoqxona o‘ta tartibsiz edi. Stol va javonlar ustida dori qobiqlari, burchaklarda esa, sochiqlar sochilib yotardi. Stul va kursilar xuddi nimadandir qo‘rqib har tarafga sochilib ketgandek edi. Ajal qaysidir puchmoqda bekinib olgancha o‘ljasiga chang solmoqqa payt poylardi, go‘yo.
Opa-singillarning qismati o‘ta g‘alati kechdi. Ular haqida butun muzofotda gapirib yurishar, ularning dardli kechmishi borasida eshitganlar ko‘z-yoshlarini tiyib tura olmasdilar.
Bir paytlar opa-singilning kattasi Suzanna bir yigit bilan qattiq sevishib qolgan, ular hatto unashib ham qo‘yilgan, to‘y kuni belgilangan, ammo kuyov bo‘lmish Anri de Sampier nogahon fano mulkini tark qilgandi.
Tamoman g‘am-anduh girdobida qolgan qiz endi hech qachon turmush qurmaslikka ahd qildi. Va u so‘zida sobit qoldi. Bevalik libosini butun umr yechmay o‘tdi.
Kunlardan bir kun uning o‘n ikki yoshli singlisi Margarita opasining bag‘riga o‘zini otdi va aytdiki:
— Opajon, sening baxtsiz bo‘lishingni, butun umr yig‘lab-siqtab o‘tishingni istamayman. Hech kachon, hech qachon seni tashlab ketmayman. Men ham erga tegmaganim bo‘lsin. Sen bilan bir umr, bir umr qolaman, opajon.
Bolalarcha sadoqat va samimiyatdan ko‘ngli erib ketgan opa uning peshnasidan o‘pib qo‘ydi, ammo uning gaplariga ishongisi kelmadi.
Singlisi ham gapida turdi, ota-onasining dag‘dag‘asiga-yu, kattalarning dod-muomalasiga qaramay er qilmadi. U juda-juda go‘zal, latofatli edi. Uning ishqida devona bo‘lganlar oz emasdi. ammo, u barchasini rad etdi. Opasini tashlab ketmadi.
Ular bir umr bitta tom ostida ahil-inoq yashadilar. Ular bu adoqsiz yo‘lni yelkadosh bo‘lib bosib o‘tishdi. Faqat singlisi opasiga qaraganda g‘amginroq, kayg‘uliroq bo‘lib ko‘rinardi.
U opasidan tezroq qaridi, o‘ttiz yoshida sochlari oqarib ketdi. Mana, o‘lim ham birinchi bo‘lib uni olib ketyapti.
U bir kecha kunduzki, bir og‘iz ham gapirgani yo‘q. Faqat saharga yaqin tilga kirdi:
— Vaqt bo‘ldi, ruhoniyni chaqiringlar.
U hamon dag‘-dag‘ qaltirar, shiftga termilib yotarkan, uning lablari asabiy pichirlar, go‘yoki, dil tubida yotgan qandaydir maxfiy bir gapni sirtiga chiqarmoqchi bo‘lar, ammo uni tiliga ko‘chirolmay qiynalar, ko‘zlari qo‘rquvdan ma’nosiz boqardi.
Opasi to‘shakning bir chekkasiga peshonasini bosgancha, o‘ksibgina piq-piq yig‘lardi.
— Margo, jigarim, bolajonim!
U singlisin «bolajonim» deb atashga o‘rganib olgan edi. Singlisi esa, uni «opacham» deb chaqirardi.
Zinapoyada qadam tovushlari eshitildi. Eshik ochildi. Bo‘sag‘ada avval yugurdak bola, keyin salobatli keksa ruhoniy ko‘rindi. Ularni ko‘rib, bemor bor kuchini to‘plab, o‘rnidan qo‘zg‘aldi, arang og‘zini ochib, tirnoqlari bilan choyshabni yirtib yuborgudek tirnadi va bir necha og‘iz gapga tili aylandi.
Abbat Simon uning qo‘lidan tutib, peshonasidan o‘pdi va halimlik bilan dedi:
— Parvardigor sizni afu etgay, bo‘tam. O‘zingizni qo‘lga oling, tavba qilmoq fursatidir.
Shu choq Margaritani shundayin titroq tutdiki, hatto karavot ham silkinib ketganday bo‘ldi.
— Opajon, o‘tir bu yoqqa, eshit meni.
Ruhoniy to‘shakda parri bo‘lib yotgan Suzannaning qo‘lidan tutib qarshidagi stul ustiga o‘tqizdi va opa-singillarning qo‘llarin ushlab munojot qildi:
— Parvardigor! Bandalaringga o‘zing madad ber. Ulardan o‘z marhamatingin ayama!
Margarita gap boshlarkan, uning og‘zidan har bir kalima katta mashaqqat bilan tashqari chiqardi.
— Kechir, opajon, kechir meni! Men umrimning ana shu so‘nggi soatidan qanchalar qo‘rqqanimni bilmaysan!
Suzanna namli ko‘zlarini artdi:
— Nega mendan kechirim so‘raysan, bolajonim? Axir sen butun hayotingni meni deb qurbon qilding. Sen farishtasan…
Margarita uning gapini shart kesdi:
— Jim, jim bo‘l! Gapimni bo‘lmay eshit. Qanday dahshat?! Gapimni oxiriga yetkazgunimcha indamay tur, iltimos. Qimirlama… Eshit… Esingdami… Esingdami… Anri?
Suzanna seskanib singlisiga yuzlandi. U esa gapida davom etardi:
— Meni tingla, hammasini bilib olasan. O‘shanda men endigina o‘n ikkida edim, o‘n ikkida, esingdami? O‘shanda juda erka edim. Xayolimga kelgan ishni qilardim. Meni qanday erkalatib o‘stirishganini bilasanmi? Eshitsang-chi?.. U birinchi marta biznikiga kelanida, yaltirok etik kiyib olgandi, eshigimiz oldida otdan tushib, otamga muhim gapi borligini aytdi. Hammasi yodingda bordir? Jimm.. Eshit… Men uning barnoligini ko‘rib, hayratdan dong qotdim, va otam bilan gaplashib bo‘lgunicha bir burchakda undan ko‘z uzmay o‘tirdim. Bolalar juda nozik va xavfli mavjudotdir. Eh, men u haqida qancha-qancha shirin xayollarga bormadim.
U yana bir marta keldi. O‘yimizda mehmon bo‘ldi. Men unga butun borlig‘im, qalbim, vujudim bilan tikilardim. Men o‘z yoshimga qaraganda ancha kattaroq va aqlliroq edim. U biznikiga tez-tez keladigan bo‘ldi. Men faqat u haqida o‘ylardim. Tinimsiz uning nomini pichirlardim: «Anri, Anri de Sampier!»
Keyin uning senga uylanayotgani haqida eshitib qoldim. Opajon, o‘shanda dunyo ko‘zimga qorong‘u ko‘rinib ketdi. Qanchalik qayg‘uga g‘ark bo‘lganimni bilasanmi? Uch kecha uxlamasdan yig‘lab chiqdim. U har kuni tushdan keyin kelib turardi… Esingdami? Javob berishga oshiqma… Sen unga un, yog‘ va sutdan o‘zi yoqtirgan pirojnilar pishirib berarding. Men ham bilardim pishirishni.. Kerak bo‘lsa, hozir ham pishirishim mumkin. U pirojniylar chaynamasdan yutar, orqasidan bir qadah sharob ho‘plardi, va «zo‘r!» deb qo‘yardi.
Men uni sendan shunaqa qizg‘anardim, shunaqa rashk qilardim. Sen to‘ying kuni yaqinlashib kelardi. Atigi ikki hafta qolgandi. Men esa jinni bo‘layozgandim. Men hamma vaqt o‘zimga o‘zim «U Suzannaga hech kachon uylanmaydi, men buni istamayman, u katta bo‘lsam, menga uylanishi kerak. Men umrimda uni sevganchalik hech kimni sevib qololmayman», deb yurardim.
To‘yingizga o‘n kun qolgan edi. O‘sha kuni kechqurun ikkovingiz oy shu’lasi ostida qasr atrofini aylangani chiqib ketdingiz. U.. o‘sha kattakon archa ostida sening qo‘llaringdan tutib, bag‘riga tortdi. Uzo-oq o‘pishdilaring. Esingdami, ayt.. yo‘q, aytma! Bu sizning ilk bo‘sangiz edi, adashmasam. Ha.. Sen mehmonxonaga qaytganingda ranging bo‘zdek okarib ketgandi.
Men sizni ko‘rib turgandim, men bog‘da, butalar orasidan sizni kuzatib turardim. O‘shanda butun vujudimga bir yovvoyi istak oqib kirdi. Quturib ketgandek bo‘ldim, go‘yoki. O‘shanda qo‘limdan kelsa, ikkingizni ham o‘ldirishga tayyor edim.
«U hech qachon Suzanaga uylanmaydi, U hech kimga uylanmasligi kerak. Men bunday alamni ko‘tara olmayman», dedim o‘z-o‘zimga. O‘shanda qalbimda unga nisbatan so‘ngsiz nafrat uyg‘ondi.
Keyin bilasanmi, men nima kildim? Eshit. Bog‘bonimizni eslaysanmi, u har doim daydi itlarni zaharlab o‘ldirish uchun shishani tosh bilan ezib, kukunini go‘sht parchasiga qo‘shib ularga yegizardi.
Men oyim ichgan dorining bo‘sh shishasini topdim-da, bolg‘acha bilan obdan maydaladim. Keyin kukunini qog‘ozga o‘rab, cho‘ntagimga solib qo‘ydim. Ertasiga sen pirojniy tayyorlayotganingda bildirmay, xamir orasiga haligi kukunni joylashtirib qo‘ydim. U pishiriqdan uchtasini pok-pokiza tushirdi. Bittasini men yedim… Qolgan oltitasini hovuzga tashlab yubordim. Uch kundan keyin uchta oqqushimiz o‘lib qolgani esingdami? Jim deyapman… eshit gapimni! Faqat men tirik koldim, faqat bir umr kasallanib yurdim. U esa… o‘ldi… Bilasanmi… Eshit… Bu hali hammasi emas… har doim… Eng dahshatlisi… eshit.
Butun umr.. butun umrim davomida… Oh bu qanchalar azob edi. Men har doim o‘zimga, xech qachon opamni tashlab ketmayman, o‘limim oldidan esa, hammasini unga aytib beraman, derdim. Ha… Butun umr barchasiga iqror bo‘lishim kerak bo‘lgan shu so‘nggi soat haqida o‘ylab keldim. Vaqt-soati yetib keldi… Qanday dahsha-at. O, Opajon!
Erta-yu kech, shomu sahar fakat shu haqda o‘ylardim. Hali vaqt keladi, hammasini bo‘ynimga olaman, derdim.
Mana, hammasini senga aytib berdim… Jim… Bir og‘iz ham… Endi. endi men qo‘rqaman… juda-juda qo‘rqaman. Men hozir uni ko‘rsam, u bilan yuzlashsam. O‘zing o‘ylab ko‘r. Axir uni narigi dunyoda men birinchi bo‘lib ko‘raman. Sen meni kechirmasang, men uning yoniga qanday boraman? Unga ayting, hazrat. Meni kechirsin! Ayting, o‘tinaman. Bo‘lmasa, men o‘lolmayman.
U jim qoldi va tirnoqlari bilan choyshabni timdalay boshladi.
Suzanna yuzlarini bekitib olgancha, qimirlamay turardi. U ayni damda umr bo‘yi sevib o‘tgani xaqida o‘y surardi. Ular qanchalik baxtli yashashlari mumkin edi-ya? U yana ko‘rdi Anrini? Uni olis-olisdan, itib-bitayozgan o‘tmishni qatlarida ko‘rdi. O, muhtaram marhumlar! Siz yuraklarga kanchalar yaqinsiz? Haligi bo‘sa-chi?
Umridagi yagona bo‘sa! Bu bo‘sa yillar osha uning qalbida ardoq ila saqlanib kelayotir. Uning hayotdagi bor-yo‘q yupanchi, davlati ham shu xotirot parchasi edi, xolos.
Birdan ruhoniy qaltiroq va baland ovozda qichqirib yubordi:
— Suzanna bonu! Singlingiz o‘layapti.
Suzanna ko‘z-yosh ivitib yuborgan yuzlaridan kaftni oldi-da, o‘zini singlisinig quchog‘iga otdi va uning so‘lg‘in yuzlaridan o‘pib ohista pichirladi:
— Kechirdim, bolajonim, kechirdim!

021

(Tashriflar: umumiy 526, bugungi 2)

Izoh qoldiring