G’ovtiy Farovon. Kutish

033     У эрини соат санаб кута бошлади. Эрини олиб кетишга ҳеч қандай асос йўқ эди. Ҳатто энг ҳасадгўй қўшнилар ҳам, ҳеч кимга гап бермайдиган, ҳаммомда учрашиб қолишсада доим фисқу фасод гап сотадиган, ўтакетган ғийбатчи хотинлар ҳам бу одам ҳақида ҳурмат билан ­гапиришарди.

Ғовтий ФАРОВОН (Жазоир)
КУТИШ
Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси
012

– Хавотирланма, хотин. Мен, албатта, қайтаман. Бу шунчаки англашилмовчилик…

Уни олиб кетишди.
Хотин эса ағдар-тўнтар бўлиб ётган уйни йиғиштиришга тушди.

Шундан сўнг аёл эрини интизорлик билан кута бошлади.

Кунлар, ойлар ўтди. Биринчи қишдан чиқиш анча қийин кечди. Эри ташлаб кетган озгина пулнинг ҳам таги кўринди. Ўғлининг иштаҳаси жуда яхши эди. Аллоҳга шукурки, йигитча анча бақувват чиқди. “Ўғлимга кўз тегмаса бўлгани”, – она ичида ўз-ўзига такрорларди.

У сабрли эди. Ахир, эри унга кетишидан аввал: “Қайтаман…” демаганмиди? Бекорга бундай демайди-ку. Эри ҳеч қачон ҳеч кимни алдамас эди. Уни ростгўйлиги учун ҳам қўшнилари ҳурмат қилишарди.

У эрини соат санаб кута бошлади. Эрини олиб кетишга ҳеч қандай асос йўқ эди. Ҳатто энг ҳасадгўй қўшнилар ҳам, ҳеч кимга гап бермайдиган, ҳаммомда учрашиб қолишсада доим фисқу фасод гап сотадиган, ўтакетган ғийбатчи хотинлар ҳам бу одам ҳақида ҳурмат билан ­гапиришарди.

Албатта, у тез орада қайтиб келади…­

Иккинчи қиш яна ҳам оғир келди. Аёл бирин-кетин зеб-зийнатларини сота бошлади, ҳар бир буюми билан юрагининг бир парчаси қўшилиб кетганга ўхшарди. Чунки бу тақинчоқларни эри ҳаётининг энг бахтли кунларида: никоҳ тўйларида, суюкли ўғли туғилганида совға қилганди. Аёл ҳам бу қимматбаҳо ­буюмларни фарзандининг тўйига асраб қўйганди. Бироқ нима ҳам қила оларди, ахир, яшаш керак! Ўғли ҳам катта бўлиб қолди, ўқишини ташламаслиги лозим. Тағин унга китоб сотиб олиш керак.

Тез орада эри қайтиб келади ва ҳаммаси ўз ўрнига тушади, яна тақинчоқлар олиб беради. Олиб бермаса ҳам майли, ўйлаб қараса, зеб-зийнатсиз ҳам бемалол бахтли яшаса бўлади. “Мендайин қари аёлни безак яшартира олмайди.”, деб ўз-ўзига таскин беради.

У чидам билан кутарди. Баъзида эшикни кимдир оҳиста тақиллатгандай бўлар, шунда аёлнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзарди. Чунки фақат эригина шундай эшик қоқарди. Бироқ у ҳар сафар янглишар, бу бошқа биров бўлиб чиқарди. Нега эри бунчалик ҳаяллаб қолди экан? Ҳарчанд ўйласа ҳам сабабини топа олмасди.

Уйи унинг учун бутун бир олам эди. Ҳаммомга борса хотинлар билан лақиллаб қолиб кетмас, дўконга кирса, шошиб харид қилганча чиқиб кетарди. Таниш-билишлари эса бармоқ билан санагулик эди.
“Тартибли аёл оиласи ва уйига қараши керак!”, – эри доимо шундай дерди ва у ҳақ эди. Хотини эса миқ этмай унга итоат қиларди…

Биринчидан, саводи йўқ, иккинчидан, ўғли ярим тунгача эшитадиган радиодан нимани гапиришаётганининг фарқига бормасди.

Кейинги қишда ўғли ҳам кетди. Она ҳеч нарсани билмасди. Қаёқдан ҳам билсин?

Охирги пайтларда ўғли ўзгариб қолди: ўртоқлари билан учрашмас, аввалгидек кулмасди (авваллари ўғли доимо онасининг кўнглини кўтариш учун ҳазил қиларди), онаси тайёрлаган мазали таомларга базўр қўл урарди.

Ўғли хонасида ўтириб, радио тинглар ва мутолаа қиларди; газеталарнинг шитирлаши қулоққа чалинарди. “Ўғлимга нимадир бўлди, – ўйларди она, – балки, севиб қолгандир? Ростдан ҳам, балоғатга етиб қолди, тезроқ уйлантириш керак…” Она шундай ўй билан уйқуга кетар, тушига невараларига энагалик қилаётгани кирарди.

Бир куни ўғли уйга турли егулик­лар билан қайтди. Ўзида йўқ хурсанд эди.
– Китобларимни сотдим, – деди у, – энди уларнинг менга кераги йўқ. Ўқишни ташладим…

Она ўғлини бироз койиди. Ахир китоблар унинг учун қанчалик қадрли эди-да. Кейин овқат тайёрлашга тутинди. У шундай бахтиёр эдики, ҳатто бир зумгагина эрини ёдидан чиқарди!

Анчадан бери бундай лаззатли таомни татиб кўришмаганди. Овқатдан сўнг ўғил онасидан чой дамлаб беришини ва у билан бирга ўтиришини сўради. Она ўғли маҳбубаси ҳақида гапирса керак, деб ўйлади. Негаки фақат севиб қолган ўсмиргина шундай жиддий бўлиб қолади, севган кишининггина кўзлари шундай чақнайди…

Ўғлининг гапларидан унинг юраги қинидан чиққудек бўлди. У жимгина тингларди. Йўқ, тўғрироғи, ўғлининг оғзига шунчаки термулиб турарди. Чунки бу оғиздан чиқаётган сўзлар гўё анҳорга қуйилаётган тошқиндай нотаниш ва бегона эди.
– Тушунинг, ойи, шундай қилиш керак. Озодлик… Жазоир мустақиллиги…

Ўғил завқ-шавқ билан тўхтовсиз гапирар, тушунтиргандек бўларди. Аёл уни сира бундай ҳолатда кўрмаганди.
– Тушунинг, ойи. Ватан мустамлакачиликдан қутулиши керак. Агар отам ҳозир шу ерда бўлганида бизга қўшилган бўларди.
Лекин она бу нарсаларни тушунишга қодир эмасди.

Кўнгли чилпарчин бўлган бир алфозда ўйга толарди: отаси қайтсагина ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Эҳ, фақат тезроқ қайта қолсайди! Қулоқларида эрининг хотиржам товуши ҳамон янграрди: “Хавотирланма, мен қайтаман”. Ахир, шундай деганидан кейин…

Эрталаб, одатдагидек, ўғлига қаҳва олиб кирди. Хона бўм-бўш эди. Онанинг кўнгли чил-чил бўлди. Эри, фарзандини интиқ кутаётган ёлғиз она учун энди кунлар бир-бирига ўхшайди: совуқ, рангсиз, бўм-бўш…

У доим ўғлига атаб бирор бир ширинлик олиб қўяр, унга қандай таом тайёрласам экан, дея ўйланиб қоларди. “Бугун кечаси, албатта, уйга қайтади”, – дерди ўзига ўзи дас­турхон тузаётган маҳали ёки ўчоқ бошида куймаланаётиб. Аммо тайёрлаган таомлари қандай қўйган бўлса, шундайича қолиб кетарди. Бегона кишиларникида хизмат қилишга, кир ювишга, супур-сидир қилишга тўғри келди. Барибир тирикчилик қилиш керак, ахир, битта ўзи бўлса-да, жиғилдонини тикиб қўйиб бўлмайди-ку.

Шу зайлда яшашда давом этди, гўё соядек, жимгина. Йиллар эса бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнарди. Гоҳо қулоғига узуқ-юлуқ гап-сўзлар чалиниб қоларди: “Бечора… ёлғиз қолди… ўйлаб кўргин, ахир, эри ҳам, ўғли ҳам… улардан бирон бир хабар йўқ…”.

У кексайиб, кучдан қолди. Кечалари исиниш учун қимир этмай ўчоқ ёнида ўтирар, қалбида биргина милтиллаб турган кучсиз умид уни ҳаётга боғлаб турган илинж эди: у ҳануз эри ва ўғлининг қайтишини кутар, агар шу умид бўлмаганида, ҳаёт унинг учун ўз маънисини йўқотган бўларди.

Бир тонг шаҳар аҳолиси ҳаяжон билан уйғонди. Пастак томлардан аёлларнинг шод-хуррам қийқириқлари янгради. Тинмай куйлаб, бутун шаҳарни бошларига кўтаришди. Ҳар ёқдан оломоннинг: “Улар қайтишди! Бизнинг жасур қаҳрамонларимиз! Яшасин, озод Жазоир! Аллоҳ шаҳидларни раҳматига олсин!..” деган хитоблари ­эшитилди.

Кейин ҳаммаси сув қуйгандек тинчиди.

… Яна кумуш қиш оппоқ тўшагини ёйди. Энди у аёл эмас, кўзлари хиралашган, серажин кампир эди. У ҳамон кутарди.

Оналар доим кутишади. Оналарнинг қисмати шундай. Кутишдан чарчайдиган она топилармикин?!

Қулоқлари остида ҳануз эрининг овози жаранглайди. Ўғлига насиҳат қилаётганлари ёдида: “Кўчада бошингни тик кўтариб юр, бу ернинг асл эгаси сенсан, ўғлим’’. Ўғли эса диққат билан тинглайди. Ахир, оталар доимо ҳақиқатни гапирадилар…

Қайсидир оқшом кўчадан, дераза тагидан кампирнинг қулоғига таниш қадам товушлари чалинди, балки, шундай туюлгандир.

“Бу аниқ икковининг қадам олишлари… мен биламан-ку… Мана, ота­сининг оғир, бир маромда қадам босиши, мана ўғлимники… Ҳа, албатта, уларники, бошқа кимники ҳам бўлсин! Қодир эгам, ўзингга шукур, ичимдаги ўт сўнай деб қолганди-я…”

* * *

– Энди у ғам-андуҳ бўлмайдиган масканда, – дейишди тонгда кампирнинг вафотидан хабар топган қўшнилари. – Ниҳоят, яқин­ларининг ёнига борадиган бўлди…

012

G’ovtiy FAROVON (Jazoir)
KUTISH
Saidjalol SAIDMURODOV tarjimasi
012

– Xavotirlanma, xotin. Men, albatta, qaytaman. Bu shunchaki ang­lashilmovchilik…

Uni olib ketishdi.
Xotin esa ag’dar-to’ntar bo’lib yotgan uyni yig’ishtirishga tushdi.

Shundan so’ng ayol erini intizorlik bilan kuta boshladi.

Kunlar, oylar o’tdi. Birinchi qishdan chiqish ancha qiyin kechdi. Eri tashlab ketgan ozgina pulning ham tagi ko’rindi. O’g’lining ishtahasi juda yaxshi edi. Allohga shukurki, yigitcha ancha baquvvat chiqdi. “O’g’limga ko’z tegmasa bo’lgani”, – ona ichida o’z-o’ziga takrorlardi.

U sabrli edi. Axir, eri unga ketishidan avval: “Qaytaman…” demaganmidi? Bekorga bunday demaydi-ku. Eri hech qachon hech kimni aldamas edi. Uni rostgo’yligi uchun ham qo’shnilari hurmat qilishardi.

U erini soat sanab kuta boshladi. Erini olib ketishga hech qanday asos yo’q edi. Hatto eng hasadgo’y qo’shnilar ham, hech kimga gap bermaydigan, hammomda uchrashib qolishsada doim fisqu fasod gap sotadigan, o’taketgan g’iybatchi xotinlar ham bu odam haqida hurmat bilan ­gapirishardi.

Albatta, u tez orada qaytib keladi…­

Ikkinchi qish yana ham og’ir keldi. Ayol birin-ketin zeb-ziynatlarini sota boshladi, har bir buyumi bilan yuragining bir parchasi qo’shilib ketganga o’xshardi. Chunki bu taqinchoqlarni eri hayotining eng baxtli kunlarida: nikoh to’ylarida, suyukli o’g’li tug’ilganida sovg’a qilgandi. Ayol ham bu qimmatbaho ­buyumlarni farzandining to’yiga asrab qo’ygandi. Biroq nima ham qila olardi, axir, yashash kerak! O’g’li ham katta bo’lib qoldi, o’qishini tashlamasligi lozim. Tag’in unga kitob sotib olish kerak.

Tez orada eri qaytib keladi va hammasi o’z o’rniga tushadi, yana taqinchoqlar olib beradi. Olib bermasa ham mayli, o’ylab qarasa, zeb-ziynatsiz ham bemalol baxtli yashasa bo’ladi. “Mendayin qari ayolni bezak yashartira olmaydi.”, deb o’z-o’ziga taskin beradi.

U chidam bilan kutardi. Ba’zida eshikni kimdir ohista taqillatganday bo’lar, shunda ayolning yuragi qinidan chiqib ketayozardi. Chunki faqat erigina shunday eshik qoqardi. Biroq u har safar yanglishar, bu boshqa birov bo’lib chiqardi. Nega eri bunchalik hayallab qoldi ekan? Harchand o’ylasa ham sababini topa olmasdi.

Uyi uning uchun butun bir olam edi. Hammomga borsa xotinlar bilan laqillab qolib ketmas, do’konga kirsa, shoshib xarid qilgancha chiqib ketardi. Tanish-bilishlari esa barmoq bilan sanagulik edi.
“Tartibli ayol oilasi va uyiga qarashi kerak!”, – eri doimo shunday derdi va u haq edi. Xotini esa miq etmay unga itoat qilardi…

Birinchidan, savodi yo’q, ikkinchidan, o’g’li yarim tungacha eshitadigan radiodan nimani gapirishayotganining farqiga bormasdi.

Keyingi qishda o’g’li ham ketdi. Ona hech narsani bilmasdi. Qayoqdan ham bilsin?

Oxirgi paytlarda o’g’li o’zgarib qoldi: o’rtoqlari bilan uchrashmas, avvalgidek kulmasdi (avvallari o’g’li doimo onasining ko’nglini ko’tarish uchun hazil qilardi), onasi tayyorlagan mazali taomlarga bazo’r qo’l urardi.

O’g’li xonasida o’tirib, radio tinglar va mutolaa qilardi; gazetalarning shitirlashi quloqqa chalinardi. “O’g’limga nimadir bo’ldi, – o’ylardi ona, – balki, sevib qolgandir? Rostdan ham, balog’atga yetib qoldi, tezroq uylantirish kerak…” Ona shunday o’y bilan uyquga ketar, tushiga nevaralariga enagalik qilayotgani kirardi.

Bir kuni o’g’li uyga turli yegulik­lar bilan qaytdi. O’zida yo’q xursand edi.
– Kitoblarimni sotdim, – dedi u, – endi ularning menga keragi yo’q. O’qishni tashladim…

Ona o’g’lini biroz koyidi. Axir kitoblar uning uchun qanchalik qadrli edi-da. Keyin ovqat tayyorlashga tutindi. U shunday baxtiyor ediki, hatto bir zumgagina erini yodidan chiqardi!

Anchadan beri bunday lazzatli taomni tatib ko’rishmagandi. Ovqatdan so’ng o’g’il onasidan choy damlab berishini va u bilan birga o’tirishini so’radi. Ona o’g’li mahbubasi haqida gapirsa kerak, deb o’yladi. Negaki faqat sevib qolgan o’smirgina shunday jiddiy bo’lib qoladi, sevgan kishininggina ko’zlari shunday chaqnaydi…

O’g’lining gaplaridan uning yuragi qinidan chiqqudek bo’ldi. U jimgina tinglardi. Yo’q, to’g’rirog’i, o’g’lining og’ziga shunchaki termulib turardi. Chunki bu og’izdan chiqayotgan so’zlar go’yo anhorga quyilayotgan toshqinday notanish va begona edi.
– Tushuning, oyi, shunday qilish kerak. Ozodlik… Jazoir mustaqilligi…

O’g’il zavq-shavq bilan to’xtovsiz gapirar, tushuntirgandek bo’lardi. Ayol uni sira bunday holatda ko’rmagandi.
– Tushuning, oyi. Vatan mustamlakachilikdan qutulishi kerak. Agar otam hozir shu yerda bo’lganida bizga qo’shilgan bo’lardi.
Lekin ona bu narsalarni tushunishga qodir emasdi.

Ko’ngli chilparchin bo’lgan bir alfozda o’yga tolardi: otasi qaytsagina hammasi joy-joyiga tushib ketadi. Eh, faqat tezroq qayta qolsaydi! Quloqlarida erining xotirjam tovushi hamon yangrardi: “Xavotirlanma, men qaytaman”. Axir, shunday deganidan keyin…

Ertalab, odatdagidek, o’g’liga qahva olib kirdi. Xona bo’m-bo’sh edi. Onaning ko’ngli chil-chil bo’ldi. Eri, farzandini intiq kutayotgan yolg’iz ona uchun endi kunlar bir-biriga o’xshaydi: sovuq, rangsiz, bo’m-bo’sh…

U doim o’g’liga atab biror bir shirinlik olib qo’yar, unga qanday taom tayyorlasam ekan, deya o’ylanib qolardi. “Bugun kechasi, albatta, uyga qaytadi”, – derdi o’ziga o’zi das­turxon tuzayotgan mahali yoki o’choq boshida kuymalanayotib. Ammo tayyorlagan taomlari qanday qo’ygan bo’lsa, shundayicha qolib ketardi. Begona kishilarnikida xizmat qilishga, kir yuvishga, supur-sidir qilishga to’g’ri keldi. Baribir tirikchilik qilish kerak, axir, bitta o’zi bo’lsa-da, jig’ildonini tikib qo’yib bo’lmaydi-ku.

Shu zaylda yashashda davom etdi, go’yo soyadek, jimgina. Yillar esa bir-birlari bilan quvlashmachoq o’ynardi. Goho qulog’iga uzuq-yuluq gap-so’zlar chalinib qolardi: “Bechora… yolg’iz qoldi… o’ylab ko’rgin, axir, eri ham, o’g’li ham… ulardan biron bir xabar yo’q…”.

U keksayib, kuchdan qoldi. Kechalari isinish uchun qimir etmay o’choq yonida o’tirar, qalbida birgina miltillab turgan kuchsiz umid uni hayotga bog’lab turgan ilinj edi: u hanuz eri va o’g’lining qaytishini kutar, agar shu umid bo’lmaganida, hayot uning uchun o’z ma’nisini yo’qotgan bo’lardi.

Bir tong shahar aholisi hayajon bilan uyg’ondi. Pastak tomlardan ayollarning shod-xurram qiyqiriqlari yangradi. Tinmay kuylab, butun shaharni boshlariga ko’tarishdi. Har yoqdan olomonning: “Ular qaytishdi! Bizning jasur qahramonlarimiz! Yashasin, ozod Jazoir! Alloh shahidlarni rahmatiga olsin!..” degan xitoblari ­eshitildi.

Keyin hammasi suv quygandek tinchidi.

… Yana kumush qish oppoq to’shagini yoydi. Endi u ayol emas, ko’zlari xiralashgan, serajin kampir edi. U hamon kutardi.

Onalar doim kutishadi. Onalarning qismati shunday. Kutishdan charchaydigan ona topilarmikin?!

Quloqlari ostida hanuz erining ovozi jaranglaydi. O’g’liga nasihat qilayotganlari yodida: “Ko’chada boshingni tik ko’tarib yur, bu yerning asl egasi sensan, o’g’lim’’. O’g’li esa diqqat bilan tinglaydi. Axir, otalar doimo haqiqatni gapiradilar…

Qaysidir oqshom ko’chadan, deraza tagidan kampirning qulog’iga tanish qadam tovushlari chalindi, balki, shunday tuyulgandir.

“Bu aniq ikkovining qadam olishlari… men bilaman-ku… Mana, ota­sining og’ir, bir maromda qadam bosishi, mana o’g’limniki… Ha, albatta, ularniki, boshqa kimniki ham bo’lsin! Qodir egam, o’zingga shukur, ichimdagi o’t so’nay deb qolgandi-ya…”

* * *

– Endi u g’am-anduh bo’lmaydigan maskanda, – deyishdi tongda kampirning vafotidan xabar topgan qo’shnilari. – Nihoyat, yaqin­larining yoniga boradigan bo’ldi…

012

(Tashriflar: umumiy 6, bugungi 1)

Izoh qoldiring