Grant Matevosyan. Mesrop. Hikoya

07    Ҳамқишлоқлари — чўпонлар, соғувчилар, бузоқбоқарлар Месропга бир нима дейишолмасди, улар пода боқиш, сигир соғиш, қўйнинг жунини кирқиш ва яна минг бир ташвиш билан овора эдилар. Лео, Ованес Туманян, Зармайр, эрамизгача бўлган вақту эрамизнинг ўзи, 1907 ва бошқа йилларга келсак, бу нарсалар гўё Месропнинг уйидаги ашқол-дашқолларга ўхшарди, истаса бу ёққа осиб қўяди, истаса — бошқа ёққа.

Грант МАТЕВОСЯН
МЕСРОП
Мурод МУҲАММАД ДЎСТ таржимаси
09

09    Арманилар тарихини отбоқар сув қилиб ичган зди. Гўёки ўзининг армани эканини расмона англайдигаи ягона одам ҳам унинг ўзи. Бошқалар ўзларининг анчайин чўпон, подачи, соғувчи, бузоқбоқар эканликларию кеч куз билан водийга тушиб кетишлари ва яна кун исиган паллада тоққа чиқиб келишларини билишарди, холос. Отбоқарга эса, бунақа нарсалар озлик қиларди, унга ҳатто тоғ тепасидан очилгувчи кенг уфқлар ҳам тордек туюларди ва шу боис ўзи сув қилиб ичган армани тарихини оғиздан қўймас эди. Жиндак ёлғон хам қўшарди, негаки, унинг нақлларидаги арманилар тарихи бир қарасанг — ўн минг йил ортдан, яна бир қарасанг — гўёки кечаги кундан, дейлик, 1900 ёки 1907 йилларнннг нари-берисидан бошланарди. «Патриархимиз Зармайр* Троя шаҳрида юнонларга қарши урушган,— деб ҳикоя қиларди у.— Патриархимиз Зармайрни кимсан — Ахиллнинг ўзи ўлдирган. Ишонмасанг, «Илиада»ни ўқи». Сал ўтмай нимадандир жаҳли чиқардию аввалги гапининг бутунлай тескарисини айтиб қичқирарди: «Ҳаммаси бекор! Арманиларни тарихчи Лео ўйлаб чиқарган! Леогача ҳеч қанақа армани-пармани йўқ эди! «Телпакдўз мушук ва кўппак». Бу китобни Ованес Туманян ёзган. Гўё мушук телпакдўз бўлган эмиш! Ҳаммаси уйдирма! Мушук ҳеч маҳал телпакдўз бўлмаган! Кўппакка телпакнинг нима кераги бор! Ованес Туманян деганлари столга ўтиргану ҳаммасини тўқиб-бичган, нариги столда Лео ўтиргану арманилар тарихини ўйлаб топган. Патриарх Зармайр эмиш… Кўнгил қурғур ёмон… Қўйиб берсанг, яна нималарни тусамайди!..»

Ҳамқишлоқлари — чўпонлар, соғувчилар, бузоқбоқарлар Месропга бир нима дейишолмасди, улар пода боқиш, сигир соғиш, қўйнинг  жунини кирқиш ва яна минг бир ташвиш билан овора эдилар. Лео, Ованес Туманян, Зармайр, эрамизгача бўлган вақту эрамизнинг ўзи, 1907 ва бошқа йилларга келсак, бу нарсалар гўё Месропнинг уйидаги ашқол-дашқолларга ўхшарди, истаса бу ёққа осиб қўяди, истаса — бошқа ёққа. Чамаси, отбоқар шу тахлит гаплар билан, пешонасига асли сайислик эмас, балки бошқача бир олижаноб йўсин ёзилганини айтмоқчи бўларди.

— Саркардаи Тигран,— дерди у қўлларини тепага очиб,— у киши нақ шаҳаншоҳ, яъни шоҳларнинг ҳам шоҳи эди.

Шу жойда бирдан қўллари ёнларига шалвираб тушардию бутунлай бошқача, чийилдоқ овозда давом этарди: — Ана шу шоҳ қўшин йиғди. Йиғди, йиғаверди, нақ мингта черик йиғди. Юз минг йиғди. Ярим миллионга етказди. Миллион нафар йиғдию ҳаммасини бой берди. Шоҳларнинг шоҳи, мардларнинг марди… Бунисига нима дейсан?.. Хон, рожа, маҳарожа, шоҳ, ҳарамиям бор, ҳарамида мингта яланғоч хотин билан тиззаси қалтираган қари подшонинг ўзи, яъники ҳукмдоримиз Тигран… Шоҳлар устидан шоҳ эмиш!.. Яна биттаси Ваан бўри*. Келганини урди, келганини урди, яна келишувди, бу киши яна урди, ҳаммасини уриб мажақлаб ташлади. Бу киши урди, бошқалар санаб турди, бу киши яна урди, улар санайверди. Қурбонларни санаб-санаб, нақ миллионга етишди, миллионга етиб қарашсаки, бу дегани бутун бошли бир Эрон экан! Ана шундай! Энди Эрондан асар ҳам йўқ. Уни ўшанда бизнинг Ваан бўримиз тору мор қилган, кулини кўкларга совурган…

Яна бирпас туриб, бутунлай аксини айтарди, Айтганлари, ўша-ўша-ю, лекин маъноси дигар:
— Келганини мот қилди, келганини мот қилди, яна келишувди, 6у киши яна алдади, гўдак қилиб лақиллатди, ахийри, безор бўлиб келмай қўйишдию икки ўртада сулҳ тузилди. Кейин турклар келишди. Кўксимизга ажал бўлиб ташланишди. Улардан кейин тирик қолган одам фахрланса бўлади. Фахрга арзирли бисотимиз бор. Ўзиям жуда ғалати миллат чиқдикми, а? Тўрт минг, йўқ, беш, ўн, роса ўн минг йилдирки, ёруғ дунёда барқарормиз, 6у дейман, яшаш жонимиэга тегмаганиии қаранг-а!

Турган гапки, унинг сўзларига биров чапак чалмасди, лекин унга тузукроқ эътироз билдирадиган кимса ҳам топилмас эди — одамлар ўзларининг ҳар кунги  юмушлари билан овора:  пода боқишарди, сигирларини соғишарди, қўйларнинг жунини қирқишарди, ёмғирда ивиб, офтобда қайтадан қуринишарди, қўшни озарбайжонлар билан уларнинг тилида сўзлашишарди, яхшироқ гаплашолмаганларнинг устидан кулишарди, ишларига яраша меҳнат куни ёзиларди, мукофот олишарди, хуллас, кун ўтказишарди. Бу манзарани тахминан бўлса ҳам тасаввур этсангиз, унда тоғларни, кўм-кўк яйловлар, подалар ва от уюрларини, булутларни ва уларнинг тагида юрган Месроп Казарян отлиғ эллик яшар бир одамни кўрасиз, бу одам ўзи билан ўзи гаплашганича, ана шу подалар ва отлар уюри ўртасида, чўққиларидан бепоён ернинг бир чеккаси — Лори аталмиш ўлканинг парчаси кўринадиган баланд тоғлар бағрида кезиб юрибди.

У атайин озарбайжонча гапирмасди. Гўё, мен сенинг турк тилингни билмайман, деб таъкидламоқ истарди. Қўшни эл чўпонлари у билан арманча гаплашишга мажбур эдилар. Лекин Месропнинг нияти аслида бу эмасди. У қўшниларни турк, деб ҳақорат қилмоқчи бўларди, лекин улар бунга парво қилишса қани! Ахир, турк бўлмагандан кейин яна нимага хафа бўлишсин? Бир ҳисобда, улар озарбайжон ҳам эмасди. Улар ҳам  бизга ўхшаган чўпон, подачи, жун қирқувчи, сигир соғувчи эди, худди бизга ўхшаб қўй боқишарди, жун қирқишарди, вақти келганда ёмғирда ивиб, офтобда қуринишарди ва ҳоказо. Фақат бир ўринда Месропнинг қўли баланд келгандай бўларди. Озарбайжон чўпонлари узоқдаги водийларидан бизнинг  яйловларга кўчиб чиқишарди, бизнинг қишлоғимиз эса шу яйловларнинг нақ биқинида жойлашган бўлиб, атрофдаги барча тоғлар бизга ўз мулкимиздай туюларди. Деярли йил бўйи — кузда, қишда, баҳорда тоғлар ўзимизники эди, кейин ёз чиққанда улар бу тарафларга кўчиб чиқишарди-ю, гўё бизнинг уйимизга келгандай бўлишарди… Шундай пайтларда ўзингдан ўзинг, анави булоқ бошидагн сувохурларни Артёмнииг ўғли Артин ясаган, бугун эса озарбайжонларнииг подалари ўраб олишибди, юз йил бурун Казарнинг ўғли Авет қўйлар туз яласин, деб анави нишабликка ясси тош қалаган, бугун эса уларни озарбайжонларнинг қўйлари мўру малахдай қоплаб, бизнииг қўйларни суриб қўйишибди, деб ўйланиб қолардинг. Сойликда ўсган ўрмондаги ёзувлар ҳам бизники, бизнинг чўпонлар дарахтларга отларини ёзишган, ҳатто ўшандаги об-ҳавонинг қандай бўлганини битишни ҳам унутишмаган: «Қашқиркезар бузуқ бир ҳавода ёзилди». Ана шундай белгили дарахт кўз ўнгингда ўн йил, йигирма йил туради-ю, кейин бир кун келиб қарасанг, уларнинг чўпони шартта йиқитиб, ҳўкизига судратиб кетибди.

— Турклар келишди,— деб куйинарди Месроп,—- Булар қайдан пайдо бўлганини тушунмайсан, Ахир, булардан асар ҳам йўқ эди-ку?—-У сал ўйланиб туриб, яна қўшиб қўярди:— Уларни йигирманчи йилда тузишди. Қайтадан тузишди. Сергей Миронович Киров,— дея маънодор гап қиларди отбоқар,— Қара, ўттиз йил ичида одам сонига қўшилиб қолишди, Социализмнинг қудрати ҳам ана шунда… Уларни яратишди-ю Артиннинг булоғига етаклаб келишди, майли, фойдаланинглар, деб айтишди. Гўринг нурга тўлгур Артинжон, сенинг яшаб ўтганингга шукр, сен бўлмасанг, буларнинг қўйлари қаердан ҳам сув ичарди!.. Менинг таклифим шу: Москвага шикоят ёзамиз, яйловимизни ўзимизга кайтариб беришсин.

Баъзида қўшнилар билан ўртамизда жанжал чиқарди.  Бизнинг подалар уларнинг экинларини топтаб қўйса  борми, ўртада жанг бошланиб кетарди — кимнииг боши ёрилган, кимнииг қўли чиққан, кўйлаклар шир-шир йиртилган, улар бизни арманчасига сўкишади, биз уларни туркчада сўкамиз, кейин ҳар икки тарафнинг итлари келиб қўшилади, хуллас, ур-йиқит…

Сўнг яна бирга тушлик қилгани йиғиламиз. Улар хуржундан лаваш олишади, биз вино тўла хум оламиз, ўзаро алёру мақтовлар; кейин кўнгиллар мойдай эриб, ким биқинида ўтирган одамнинг боши латта билан чирмалганига, ким бошқасинииг қўли чилвир билан бўйнига осиб қўйилганига, ким яна бировнинг кўйлаги йиртилганига ҳайрон бўларди. Жанжал ҳақида  бирор сўз ҳам айтилмасди. Гўё ҳамма бир-бири билан қалин ошнадай, гўё бутун умр дастурхон устида гуфтигў қилиб ўтиришгану кўйлаклари ўз-ўзидан йиртилиб қолгандай….

Шундай кезларда отбоқар ўзимизнинг чўпонларни мазах қиларди:
— Қалай, форс  тили эсдан чиқмаган эканми? Ёки бу сафар ҳиндуча суҳбат қилиндими?

Чўпонлар чурқ этмай туришарди.

—  Ана шунақа бўлади,— дея баттар авж қиларди отбоқар.-—- Қалай, Москва, Кремль, СССР Олий Совети Президиумининг Раисига, деб хат ёзамизми?

Бу гапдан кейии чўпонларга жон киргандай бўларди:
—  Москва, Кремль, Президиум Раисига, хўш, кейин нима деб ёзамиз?
—  Туркларни яйловимиздан ҳайдашларини сўраймиз.

Чўпонлар индамай туришарди.
—  Хўш, қалай, ёзамизми?
—  Ноқулай бўлмасмикин,— дейишарди чўпонлар,—- Бир дастурхондан туз татиганмиз…

Кейин кимдир беғамлик билаи гап қўшарди:
—  Қўявер, Месроп, шундай ҳам бир кунимиз ўтар, одамларни бекорга хафа қилганимиз қолади, нима, ер оз эканми?..
—  Эй, армани!— деб хитоб қиларди Месроп.— Дадилроқ бўлмасанг — ишинг чатоқ, йилқию қорамолинг қуёндай урчияпти. Ер озлик қилади!
— Гапинг рост. Лекин бизники кўпайса, уларники ҳам қараб тургани йўқ-ку?
—  Моли билан  қўшилиб бақир-чақири ҳам кўпаяди.
—  Йилқингни уларнинг ерига қўйма, шунда бақиришмайди.
— Сен ўзингнинг қўйларингни тий!
— Нима бўпти, тияман ҳам!
— Тузукроқ тий!

Лекин мол-қолии тийиб туриш маҳол эди. Яйловлар ўртасида аниқ чегара йўқ, шунчаки яйлов, чексиз-поёнсиз, уларнинг бағрида сон-саноқсиз подаю йилқи уюрлари ёйилиб ўтлаб юрибдики, безовта қилишнинг ўзи гуноҳ. Бир куни уларнимг чўпони бизнииг ўтаримизни опкетиб қолди — қўй зоти тузни хуш кўради, ҳалиги чўпон оқ рўмолчасини силкиб алдабдию уларни ортидан эргаштириб кетибди. Номига бўлса ҳам буғдойзорга бир оралатиб олиб, қўрага қамабди. Сўнг биз тарафга: қўйларинг фалон гектар экинни топтади, фалон сўм жарима, деган нома келди. Ҳақиқий акт тузилди. Улар жарима талаб қилиб келган пайтда, бизнинг Месроп милтиғини созлаб, ёғ суркаб, тепкиларини чиқиллатиб, ўзича ғудурлаб ўтирар эди:

— Жарима тўла эмиш!.. Саводлари чиқиб қолибди, акт тузишни ҳам билишади! — У шундай деб, нарироқда ётган итни нишонга олди.— Чамбар!

Ит қулоқларини динг қилди. Месроп тепкини босди — ит ванг-ванглаб чеккага қочди, кейнн сал ўзига келиб, ўқ тешиб ўтган қулоғини панжалари билаи силай бошлади.

— Кўнгиллари жарима тусаб қолганмиш, буни қа- ра-я..
— Қўй, Месроп, ўзингни бос.
— Нима Месроп дейсан? Нега ўзимни босарканман?

— Э, қизиқмисан, Месроп, ҳаммамиз ҳам тоғда яшагач, ўтимиз бир, сувимиз бир, нима бўпти, аввал биз жарима тўлаймиз, кейин уларга жарима соламиз, бугун сўкишсак, эртага яна ярашамиз, сен ҳар нарсага кўнглингни бузма-да, Месроп, шунгаям гўриқозихона қилиб юрамизми!

Уни тутиб қолишга уринишди, лекин эплашолмади, Месроп ситилиб чиқиб кетди.

— Ушламанглар, битта қўймай отиб ташлайман!— деди Месроп милтиқ ўқталиб, сўнг тағин гапга тушди:-— Арманиларни тарихчи Лео еттинчими ёки йигирма еттинчи йилда ўйлаб топган! Аслида армани-пармани йўк! Яьниким арманилар бор-у, лекин уларда ор-номус деган нарса қолмаган.

Месроп ҳақ эди — ростдан ҳам арманилар йўқ, шунчаки юрган чўпону подачилар бор эди ва улар, энсалари қотиб, бу тентакни қўшниларимиз тутиб олиб, бир адабини берса тузук бўларди, деб қолишди. Месроп кетди. Қирга тирмашиб чиқди, сойликка тушди, сойликдан ўтиб, нариги бетдаги озарбайжонларнинг чодирларига яқинлашиб борди.

Кун зумраддек тиниқ эди. Узоқдаги нишабликлар тубида кўшниларимизнинг молхона томлари қизариб кўринарди. Чодирлар устида кўкиш ҳовур кезиб юрибди. Ёнбағирларда ўроқчиларнинг чалғиси ялтираб кўринади, ўтларнинг ширт-ширт қирқилгани эшитилади, пўлат тиғнинг тиниқ жаранги ўтлар қуюқроқ жойда юмшайди, буткул ютилиб кетади, Ялангликдаги молхоналар ортида ккки буқа сузишиб қолган эди, Кичкина жайдари буқа гавдаси нақ тоғдай, лекин шохлари қисқа ва ўтмас зотдор буқани ҳол-жонига қўймасди. Месроп, ҳар ҳолда, қишлоқ одами эди, зотдор буқа уришса, насли бузилишини биларди. Уларни ҳозироқ ажратиб қўйиш керак. Месроп шу тобда қимирлаган жон йўқлигидан, ҳеч ким бундай бедодликка аҳамият бермаганидан куйинди. У яна яқинроқ бориб, одамларнинг ўт ўраётганини, сигир соғаётганини, қўйларнинг жунини қирқаётганини, хуллас, ишлаб ётганини кўрди.

Аламидан лабини тишлади, негаки, у ўзича, мен милтиғимни созлаб пастга тушиб бораман, пастқамликда озарбайжонлар ҳам, бирор йигирма киши бўлиб, қурол-яроғлари тахт, кутиб туришади, улар тўдаланиб туришса ҳам, мен уларга киприк қоқмай қарши бораман, деб хаёл қилган эди.

Месроп орқага қайтди, зум ўтмай яна яқинроқдаги тепалик устида пайдо бўлди.

— Қайт, қайтақол, — деб чақиришди ўзимизнинг одамлар. Месроп қир устида ўтириб ҳамқишлоқларнииг ҳиринг-ҳиринг кулгиларини эшитди. Тоғ ҳавоси тиниқ, шитир этгаи товуш нақ бир чақиримга етади. Одамлар унинг тугай деб қолган папиросни ташлаб ўрнидан турганини, оғзидаи паға-паға тутун пуфлаб. яна қўшни озарбайжонлар тарафга бостириб кетганини кўришди.

У озарчасита бақириб сўкинганча сойликка гушди ва қўшниларнинг чодирларига яқинлашди. Улар отбоқарнинг бақамти келишини кутиб туришди, сўнг бирдан ҳамла қнлишдию бир қоп ундай кўтариб олиб, чодир ёнига ётқизишди-да, оёқ-қўлини бойлашди. Кейин яна ўз ишларига машғул бўлишди, Месроп — чўпдай ориқ, соч-соқоли ўсган кулгили бир чол — ёнида сочма билан ўқланган милтиқ, молхона ёнида қўллари боғлоғлиқ ётаверди. Милтиғида ростдан ҳам сочма ўк бормикан? Туз эмасмикан?

Кейин унинг юзига сув сепиб, бошини латта билан чирмашди, чодир ичига киритиб дам беришди, озроқ нафасиии ростлаб бўлгач, ҳамма бирдан ёпишиб олиб, биз билан тузу нон баҳам кўрмасанг хафа бўламиз, деб айтишди. Уни узоқдаги полизлардан келтирилган тарвуз билан сийлашди, сўнг яна қўлларини танғиб ётқизиб қўйишди, ахийри Месроп роса уйқуни олгач, иззат-икром билан бу ёққа кузатиб қўйишди. У сойликдан ўғри мушукдай кўзлари олазарак бўлиб, милтиғини ортига яшириб, қўлтиғига каттакон тарвуз қистирганча чиқиб келди.

Шу воқеадан кейин Месроп, афғонлариинг  ўйида меҳмон бўлдим, деб ҳикоя қиладиган бўлди. Афғон деганлари қўли очиқ яхши халқ экан, деб айтди, жуда азамат халқ, тиллари ҳам ўткир.

— Жуда қадимий халқ,— деб гапирарди у,— биз яшаб юрган ерлар ҳам асли уларники. Келиб-келиб бизни ўз жойларига қўйганига ҳайронман. Тузукроқ қўшни топишса ҳам бўларди-ку. Аслини ўйласак, биз ким бўпмиз, бизнинг ер юзида юришга ҳам ҳакқимиз йўқ, ҳаққимиз!.. Биз бўлсак, бемалол юрибмиз, шунисига диқкат бўламан… Ана, Ваан бўрини олайлик, келганини урди, келганини урди, яна келишувди, бу киши яна урди. Урмасдан бўларканми!.. Назар ботирни олсак, у киши битта чапак бнлан юзта жонни чалпак қилдилар!..

Гапнинг шу жойида тарих факультетида ўқийдиган бир мишиқи, яьни мен ўзим,  унинг ғазабидан кулган бўлдим:
— Назар ботир бошқа, Вааи бўри бошқа, уларни чалкаштириб бўлмайди. Ваан бўри—тарихий шахс, Назар ботир — адабий образ.

— Албатта, албатта, муаллиминг хамма нарсани билади, сенгаям бир чеккасини ўргатган чиқар.— Шундай деб, Месроп ҳалиги мишиқига,  яъни менга ўқрайиб қаради.

— Муаллим отбоқар эмас, ўзининг касбини билади,— дедим мен,— Ҳамма гапинг ёлғон, Месроп. Уларни афғон атаб, ўзингча гўё хайрихоҳлик қилган бўласан Улар афғон эмас, бориб турган озарбайжон, билдннгми? Умуман. афғон бўлди нима-ю, озарбайжон бўлди нима’ Миянгни ачитиб юргунча, отларга қарасанг тузук эмасми?

— Уларнинг кимлигини билмадим,— деди Месроп ғазабдан кўзларини сузиб — Мен бир кичкина одамман, йилқининг ортидан юриб шугина нарсанн ўқиб билганимга ҳам шукр кил. Уларнинг кимлигини билмайман, лекин сен қип-қизил турк ялоқхўрисан!..

Мен хафа бўлиб ўтирмадим, негаки, турк ёки турк ялоқхўри деган гаплар ман учун ҳақорат эмасди. Қолаверса, қаршимда ўта аламзада одамни — ўзини салкам профессор унвонига лойиқ санаган, бугун эса шунчаки отбокар эканидан хуноб одамни кўриб турардим.

— Тигран ва Артавазд арман шоҳлари эди,— дедим унга.— Пап, Аршак, Маштоцлар ҳам армани эдилар. Вардам билан Васак — армани. Довуд Сосуний билан Назар ботир. Арманиларнинг бобокалонларидан то Леогача беш минг йил ўтган. Биз шунча вактдан бери ер юзида муқиммиз, Худога шукр, ёмон яшаётганимиз йўқ. Биров от боқади, биров маъруза қилади, бошқа биров отбоқар ёки маьрузачи бўлиш учун ўқийди Бир киши бошқасининг ишини бемалол эпласа бўлади, ҳамма гап машққа боғлиқ. Ҳа, шунақа эмасми? Кел, гаров ўйнаймиз, уч марта машй учун отиб кўраман, кейин тўргинчи ўқ билаи нтнинг қулоғидан ураман. Бўлгани шу. Бекорга ғингшиб юришдан не фойда?

— Балли, тилинг бурро бўп қолибди,— деди Месроп оёқлари остига туфлаб.— Ўн бир ой шаҳарда йилтираган бошмоқ кийиб ялло қиласан, августда бир ойга қишлоққа келиб, бечора Месропни кўрасан-у, «Гапим нотўғри бўлса, итнинг қулоғидан отаман!», деб айтасан. Ботирлигингни қара-ю. Ёмоннииг кучи япалоққа етармиш… Майли, шундай ҳам дейлик. Майли, минг бора шундай бўлақолснн! Шундай, шундай!..— У ҳар таъкид сайин ерга бир мартадан қўндоқ уриб турди, сўнг милтиғини чеккага отиб юборди.

— Ишингни қиласанми ёки йўкми, киласанми-йўқми?..— дея гапга қўшилди ғазабидан бўғриққан ферма мудири.— Сен 6у ерда гап сотиб ўтирасан, ана, отлар қайга кетиб қолди. — Ферма мудири гўё Месропни узоқда кўздан ўчаётган йилқи уюри тарафига йўллагандай бир ҳаракат қилди.

— Левон,—деди Месроп бурун каваклари оқариб.
— Бориб отларми даладан чиқар, кейин таплашамиз.
— Левон,— дея ҳансираб ғўлдиради Месроп.

Левон бирдан овозига эрк берди:
— Кўряпсизларми, одамлар, яна Левон бечора гуноҳкори аэимга чиқди.  Левон бечора бунга бирор ёмон гап айтдими, одамлар? Айтдими, деб сўраяпман? Левон бечора, ишингни қил, деб ҳам айтмасинми, ахир? Левон бечора сенга жарима солмагани учун гуноҳкор, отлар колхознинг даласини топтаётгани, сен бу ерда гап сотиб ўтирганинг учун ҳам Левон бечора гуноҳкор.

— Левон,—- деди Месроп лаблари титраб.

— Нега бунча левонлаб қодинг!— деб бақирди Левон.— Отларга қарагинг келмаса, майли, бориб профессорлик қил, сени биров қўлингдан тутиб тургани йўқ, юрт айвони кенг, уюрга қарагани бирорта одам топармиз! Мана, мен ўзим борман! Ўзим отларга қарайман! Бунинг менда нима касди бор, а, одамлар?! Шунча иш бир ўзимнинг бошимда, лекин нима қилай, чидайман, бу ёғига ҳам чидайман, бунинг ўрнига от ҳам боқаман!

Гўё ҳозир жанжал бўладигандай туюларди. Левон ҳали Месроп мушт туширмай туриб, одамларга ўзининг мусичадек бегуноҳ зканини англатишни истарди. Месроп ҳансираб нафас олганича Левонга зимдам қараб турар, лунж мушаклари у ёқдан бу ёққа бориб келар, гўё бирор қаттиқ нарсани чайнаётгандай эди. Мен булар икковинииг ўртасида колган эдим, биқинимда Месропнииг бўғимлари йирик-йирик муштумини сезардим, гўё унинг чўлтоқ тирноқли қўли айни лаҳзада ўзимнинг бошимга гурзию гаврон бўлиб тушадигандай эди.

Левоннинг гап халтаси очилди, тин олмай гапирди, гапирди, гапираверди, Мосроп ёмон ишлаяпти, деди, ўз ишинии қўйиб фозиллик қилмоқчи бўлади, йилқилар даладаги экинни топтаётган паллада бу киши «Москва—Кремль», деб вайсайди.. Месропнинг лаблари баттар қалтирар, бурун каваклари кенгайгандан кенгайиб борар эди. Левон ундан қўрқарди, шу сабаб қўлларини олдинга силтаб-силтаб гапирар, иш чаппасига кетса бас, қўрққан — олдин, қабилида Месропга биринчи бўлиб мушт тушириши ҳам аниқ эди.

— Уят-е!— деб қичкирдим мен,— Одамлар кулади ҳам демайсизлар!..
— Ким у куладиган?!—ферма мудири айёр одам эди. Месропдан қутулишга баҳона тополганига суюниб кетди.— Ким куляпти! Менга куладиган одамни бир кўрсатиб қўйинглар!..

Гўё у муштлашувдан қўрқмагандек, муштлашишга тайёр эди-ку, лекин манави итваччалар бекорга тирғилиб ишни бузишди.

Левон деганлари ўлгудек айёр эди, Месропга ортиқ қайрилиб қарамай, гўё зарур иш юзасидан шошаётган одамдай, жанжалдан нари кета бошлади. Гўё ораларида ҳеч қандай баҳсу можаро ўтмади, ўттан бўлса ҳам шунчалар арзимаски, бирдан унут бўлди-қўйди. Левон ҳамон ортига қарамасдан, сиртига сув юқтирмайгина гапириб борарди:

— Отларни даладан чиқариш керак, Месроп. Дала ўзимизники, зарари ҳам ўзимизга тегади. Далага сену мен қарамасак, яна ким келиб қарайди. Уят, ёш бола бўлмасак, кирар ақлимиз кириб, чиқари чиққан бўлса, биров айтмаса ҳам қиладиган ишимиз…— У гапиргани кўйи узоклашиб, овози ҳам қадам сайин секинлашиб-сустлашиб борар эди. Нафас олмасдан, сўзларни тиғиз улаб гапириб бордию бирдан қаттиқ ва англашиларли қилиб бақирди:— Айкануш, ҳо Айкануш! Боладан қайчини бериб юбор!..

Левоннинг бу гапи Месропга дахлдор эмасди.

* БИЛАН БЕЛГИЛАНГАН СЎЗЛАР ИЗОҲИ

Зармайр — Троя урушларида иштирок этган ҳукмдорларнинг бири
Лео (Аракел Бабаханян) – XIX асрда яшаган армани тарихчи олими
Ованес Туманян — ХХ асрда яшаган арман шоири
Ваан бўри — 5-асрда яшаган саркарда Ваан Мамиконян назарда тутилмоқда

Ҳикоянинг давомини doc.me ёрдамида ўқинг / Hikoyaning davomini doc.me yordamida o’qing

Grant Matevosyan. Mesrop. Hikoya. Murod Muhammad Do’st tarjimasi

021

(Tashriflar: umumiy 65, bugungi 1)

Izoh qoldiring