F.M.Dostoevskiy: Hammasi odamning o’z qo’lida («Jinoyat va jazo» asaridan ostiga chizilgan parchalar).

01111 ноябрь — Фёдор Достоевский таваллуд топган куннинг 195 йиллиги

     Кўп китобхонлар, одатда, асардаги эсда қоларли жойларнинг, мўлжалга урилган ибора-ю кутилмаган ташбеҳларнинг остига чизиб ўқийди. Ҳатто айрим «китобхўр»ларнинг китоб ҳошиясига ўзининг фикрларини ҳам ёзиб қўйишганини кўрганман. Баъзи китоблардан кўра, уларнинг ҳошиясига битилган «изоҳ»лар, ўқиш асносида келиб чиққан фикрлар, ғоялар қизиқроқ, ҳатто аҳамиятлироқ…    Бугун дунё кутубхонасида салмоқли ўрин эгаллаган Ф.М.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асаридаги остига чизиб ўқиладиган фикрларга кўз югуртирамиз. Бу фикрларнинг мағзини чақиш кимгадир оғирлик қилар, бошқа бировга маёқ янглиғ таъсир этар. Яна кимдир асарнинг ўзини тўлиғича ўқиб чиқишга ошиқар…

 

ҲАММАСИ ОДАМНИНГ ЎЗ ҚЎЛИДА…
Ф.М.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»
асаридан остига чизилган парчалар

032

09Достоевский Фёдор Михайлович [1821.30.10(11.11), Москва —1881.28.1 (9.2), Санкт-Петербург] — рус ёзувчиси. Ижодий фаолияти 1844 й.да бошланган. Биринчи романи — «Бечора одамлар»да (1846) хўрланган, ижтимоий адолатсизликка дучор бўлган «кичкина одамлар»нинг қисмати ҳикоя қилинган. «Қиёфадош» (1846), «Оқ тунлар» (1848) қиссалари ҳам ижтимоий мавзуда. Н. Добролюбов, В. Белинский каби демократ зиёлиларнинг инқилобий ғояларига маҳлиё бўлиб қолган Достоевский 1847 й.дан рус инқилобчиси ва хаёлий социалисти М.В. Петрашевский тўгарагига фаол қатнашиб, хаёлий социализм ғоясини қўллаб-қувватлайди. Мазкур тўгаракда қатнашиб, мавжуд давлат тузумини куч ишлатиб ўзгартиришга ҳаракат қилгани учун Достоевский ўлим жазосига хукм қилинади (1849). Нуфузли давлат ва жамоат арбобларининг аралашувидан сўнг, подшо Александр II ўлим жазосини 4 йиллик каторга сургуни б-н алмаштиради. Ёзувчи Омск каторга қамоқхонасида (1850—54) ва Семипалатинскда интизомий ҳарбий хизматда бўлди (1854—59). 1859 й.дан Петербургда яшайди.
Узоқ муддатли тутқунлик ва сургун Достоевский ижодида ўз ифодасини топади, тушкунлик устувор мавзуга айланади. «Степанчиков қишлоғи ва унинг аҳолиси» (1859), «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар» (1861), «Ўлик хоҳнадондан мактублар» (1861—62) асарҳлари жаҳолат ботқоғига ботиб, инсоний қиёфасини йўқотган руслар ҳаётига бағишланган.
Акаси М.М. Достоевский билан ҳамкорликда «Время» (1861—63), «Эпоха» (1864—65) журналларини нашр этади. Буларда Россиядаги крепостнойлик тартиби, аслзода (дворян)ларнинг маънавий-ахлоқий тубанлиги, меҳнаткашлар шафқатсиз эксплуатация қилинишини фош этишдан ташқари, миллатчилик, буюк давлатчилик (шовинизм) ғоялари, хусусан, чор Россияси томонидан Туркистоннинг забт этилиши тарғиб қилинади. «Биз Европага бостириб борсак, улар бизни варварлар сифатида қарши олади, Осиёда эса бизни маданиятли миллат каби кутиб олишади», деб, Кауфман, Скобелев сингари ҳарбийлар Туркистонни босиб олишга даъват этилади.
«Жиноят ва жазо» (1866), «Телба» (1868) романларида рус халқининг маънавий муаммолари бадиий бўёқларда яққол акс эттирилган. «Жинлар» (1871—72), «Ўсмир» (1875) романларида эса рус «оқсуяклари» табақаси, амалдорлари орасида маънавий қашшоқлик, амалпарастлик, очкўзлик ва худбинлик каби иллатлар чуқур илдиз отгани кўрсатилган, ички-миллий муаммоларни бошқа бир халқ ҳисобига ҳал этиб бўлмаслиги эътироф этилган. «Оға-ини Карамазовлар» (1879—80) романида жамият ва шахс ўртасидаги чуқур зиддият, руҳий инқироз ва фожиа ўз ифодасини топган.
Достоевский ижоди, гарчи зиддиятли бўлса-да, рус ва жаҳон адабиётига катта таъсир кўрсатган. Достоевский 19-асрдаги реалистик роман жанрини янги ўзига хос томонлар билан бойитди. Адиб тўлақонли бадиий образларда нафақат воқеалар оқимини, инсонлар тақдирини, қалб курашини, балки жамият маънавий ҳаётидаги фожиавий конфликтларни ҳам бера олди. Ўзининг интеллектуал романларида фикрларнинг кескин курашини, ғоя ва дунёқарашнинг фожиавий тўқнашувини маҳорат билан тасвирлади. Достоевский романлари вазмин тасвир услуби эмас, аксинча, соф драматик жанрларга хос кескинлиги ва лиро-публицистик пафоси билан ажралади.
Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба» ва бошқа асарлари Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

032

Мен мангу тошга ҳаммасини ўйиб ёздим.
Култегин битиги.

Кўп китобхонлар, одатда, асардаги эсда қоларли жойларнинг, мўлжалга урилган ибора-ю кутилмаган ташбеҳларнинг остига чизиб ўқийди. Ҳатто айрим «китобхўр»ларнинг китоб ҳошиясига ўзининг фикрларини ҳам ёзиб қўйишганини кўрганман. Баъзи китоблардан кўра, уларнинг ҳошиясига битилган «изоҳ»лар, ўқиш асносида келиб чиққан фикрлар, ғоялар қизиқроқ, ҳатто аҳамиятлироқ…Бугун дунё кутубхонасида салмоқли ўрин эгаллаган Ф.М.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асаридаги остига чизиб ўқиладиган фикрларга кўз югуртирамиз. Бу фикрларнинг мағзини чақиш кимгадир оғирлик қилар, бошқа бировга маёқ янглиғ таъсир этар. Яна кимдир асарнинг ўзини тўлиғича ўқиб чиқишга ошиқар…

* * *

Ҳаёт менга бир марта берилади ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келмайди: мен «умум бахти» қачон келаркин, деб кутиб ўтиришни истамадим ва истамайман. Мен ўзим ҳам яшашни истайман, бўлмаса, яшашнинг ҳам кераги йўқ.

* * *

…ҳаммаси одамнинг ўз қўлида, юрагинг дов бермагандан кейин бурнингнинг тагидаги нарсадан қуруқ қоласан. Қизиқ, одамлар ҳаммадан кўпроқ нимадан қўрқадилар? Бир янги ишга жазм қилишдан, бир янги сўз айтишдан ҳаммадан кўра кўпроқ қўрқадилар…

* * *

Одамни ўзингдан нари итарганинг билан уни тузатиб бўлмайди, бунинг устига яна у ёш бола бўлса. Ёш бола билан яна ҳам эҳтиёткорроқ бўлиб муомала қилиш керак.

* * *

Камбағаллик айб эмас, бироқ йўқчилик бу – иллат. Сиз камбағалчиликда ҳали ўзингизнинг туғма олижаноб фазилатларингизни сақлаб қолган бўласиз, йўқчиликда эса уларни ҳеч қачон ва ҳеч ким сақлаб қола билмайди.

* * *

Ёлғон гапни ҳар доим ҳам кечириб юбориш мумкин; ёлғончилик ширин нарса, чунки у тўғри гапни топиб беради.

* * *

Одамнинг табиатини бир чеккага йиғиштириб қўйиб мантиқнинг ўзи билан иш кўриб бўлмайди! Мантиқ билан ҳодисанинг уч томонини кўриш мумкин, инсон табиати эса миллионлаб кўринишларга эга!

* * *

Бир ўлимга ҳукм этилган одам қатл этилмасидан бир соат олдин, агар мен жуда ҳам баланд бир ерда, қоянинг тепасида, фақат иккита оёқ сиғадиган бир жойда яшашимга тўғри келганда, атрофим эса зимистон қоронғулик, тубсиз, интиҳосиз океан, абадий зулмат, абадий ёлғизлик ва абадий бўрон эсиб ётган бир муҳит бўлса-ю, шу бир қарич ерда тик туриб, бир умр, минг йил, миллион йил яшашга тўғри келса, шунда ҳам шу ҳаёт ўлиб кетганга қараганда минг марта афзал, деб билардим! – деган экан. Фақат яшамоқ, яшамоқ ва яна яшамоқ!

* * *

Беркитадиган нарсаси бўлмаган кишилар ўзларини бахтли деб билсалар арзийди.

* * *

Ҳаётнинг бутун сир-асрорлари икки табоқ ҳажмли китобча ичига бемалол сиғиб кетади!

* * *

Кимда виждон бўлса, хатосини англаса, ўзи азобини тортаверади. Бу жазо унинг учун каторгадан ҳам баттар.

* * *

Бошқалар нима деркин, деб ўтириш ожизликнинг биринчи белгисидир!

* * *

Кенг фикрли қалби теран одамлар учун азоб ва дард чекиш шарт доимо. Менимча, чинакам буюк одамлар ёруғ дунёга келиб улуғ бир азоб туйсалар ажабмас.

* * *

Ҳамма нарсада чек-чегара деган нарса борки, ундан нарёғига ўтиш хатарлидир. Зотан, бир марта чегарадан чиқдингми, кейин орқага қайтиш керак бўлади.

* * *

…омад келмагандан кейин ҳамма нарса бемаъни бўлиб кўринади!

* * *

Табиат қонунларига кўра, одамлар умуман икки тоифага бўлинадилар: паст тоифа (одми одамлар), ўзига ўхшаганларни урчитишдан бошқа нарсага ярамайдилар, улар урчиш материалидирлар ва иккинчиси, одам деб санаса арзийдиган ва ҳаётда, ўз муҳитида янгилик, янги сўз барпо қилиш иқтидорига, қудратига эга бўлганлар (фавқулодда). Биринчи тоифадагилар – бугунги куннинг соҳиблари, иккинчидагилар эса келажакнинг эгаларидир. Биринчилар дунёни эминликда сақлаб турадилар, моддий борлиқни миқдоран кўпайтирадилар, иккинчилар эса дунёни ҳаракатга келтирадилар ва уни мақсад сари олиб борадилар.

* * *

Ёшлар учун энг хатарли нарса ҳам шу, ғайратнинг ўзига йўл тополмай бўғилиб қолиши, мағрур интилишларнинг ўзига йўл тополмаслиги!

* * *

Бу дунё яралгандан бери оламда фикрлар ва назариялар туғилиб, ғалаён қилиб, бир-бири билан тўқнашиб келади, хўш, менинг фикрим нимаси, нимаси билан уларнинг фикрларидан жўнроқ экан, қани? Агарда бу ишга анъанавий қарашлардан қутулиб кенг назар ташланганда эди, албатта, унда менинг фикрим у қадар… ғалати бўлиб туюлмасди. О, сиз чақага арзимайдиган донишманду мункирлар, нега ярим йўлга етмасдан таппа-тақ тўхтаб қоласиз!

Б.Ўктам тайёрлаган
«Қашқадарё» газетаси веб—саҳифасидан олинди
04

HAMMASI ODAMNING O’Z QO’LIDA…
F.M.Dostoevskiyning «Jinoyat va jazo»
asaridan ostiga chizilgan parchalar

032

013Dostoevskiy Fyodor Mixaylovich [1821.30.10(11.11), Moskva —1881.28.1 (9.2), Sankt-Peterburg] — rus yozuvchisi. Ijodiy faoliyati 1844 y.da boshlangan. Birinchi romani — «Bechora odamlar»da (1846) xo’rlangan, ijtimoiy adolatsizlikka duchor bo’lgan «kichkina odamlar»ning qismati hikoya qilingan. «Qiyofadosh» (1846), «Oq tunlar» (1848) qissalari ham ijtimoiy mavzuda. N. Dobrolyubov, V. Belinskiy kabi demokrat ziyolilarning inqilobiy g’oyalariga mahliyo bo’lib qolgan Dostoevskiy 1847 y.dan rus inqilobchisi va xayoliy sotsialisti M.V. Petrashevskiy to’garagiga faol qatnashib, xayoliy sotsializm g’oyasini qo’llab-quvvatlaydi. Mazkur to’garakda qatnashib, mavjud davlat tuzumini kuch ishlatib o’zgartirishga harakat qilgani uchun Dostoevskiy o’lim jazosiga xukm qilinadi (1849). Nufuzli davlat va jamoat arboblarining aralashuvidan so’ng, podsho Aleksandr II o’lim jazosini 4 yillik katorga surguni b-n almashtiradi. Yozuvchi Omsk katorga qamoqxonasida (1850—54) va Semipalatinskda intizomiy harbiy xizmatda bo’ldi (1854—59). 1859 y.dan Peterburgda yashaydi.
Uzoq muddatli tutqunlik va surgun Dostoevskiy ijodida o’z ifodasini topadi, tushkunlik ustuvor mavzuga aylanadi. «Stepanchikov qishlog’i va uning aholisi» (1859), «Xo’rlanganlar va haqoratlanganlar» (1861), «O’lik xohnadondan maktublar» (1861—62) asarhlari jaholat botqog’iga botib, insoniy qiyofasini yo’qotgan ruslar hayotiga bag’ishlangan.
Akasi M.M. Dostoevskiy bilan hamkorlikda «Vremya» (1861—63), «Epoxa» (1864—65) jurnallarini nashr etadi. Bularda Rossiyadagi krepostnoylik tartibi, aslzoda (dvoryan)larning ma’naviy-axloqiy tubanligi, mehnatkashlar shafqatsiz ekspluatatsiya qilinishini fosh etishdan tashqari, millatchilik, buyuk davlatchilik (shovinizm) g’oyalari, xususan, chor Rossiyasi tomonidan Turkistonning zabt etilishi targ’ib qilinadi. «Biz Yevropaga bostirib borsak, ular bizni varvarlar sifatida qarshi oladi, Osiyoda esa bizni madaniyatli millat kabi kutib olishadi», deb, Kaufman, Skobelev singari harbiylar Turkistonni bosib olishga da’vat etiladi.
«Jinoyat va jazo» (1866), «Telba» (1868) romanlarida rus xalqining ma’naviy muammolari badiiy bo’yoqlarda yaqqol aks ettirilgan. «Jinlar» (1871—72), «O’smir» (1875) romanlarida esa rus «oqsuyaklari» tabaqasi, amaldorlari orasida ma’naviy qashshoqlik, amalparastlik, ochko’zlik va xudbinlik kabi illatlar chuqur ildiz otgani ko’rsatilgan, ichki-milliy muammolarni boshqa bir xalq hisobiga hal etib bo’lmasligi e’tirof etilgan. «Og’a-ini Karamazovlar» (1879—80) romanida jamiyat va shaxs o’rtasidagi chuqur ziddiyat, ruhiy inqiroz va fojia o’z ifodasini topgan.
Dostoevskiy ijodi, garchi ziddiyatli bo’lsa-da, rus va jahon adabiyotiga katta ta’sir ko’rsatgan. Dostoevskiy 19-asrdagi realistik roman janrini yangi o’ziga xos tomonlar bilan boyitdi. Adib to’laqonli badiiy obrazlarda nafaqat voqealar oqimini, insonlar taqdirini, qalb kurashini, balki jamiyat ma’naviy hayotidagi fojiaviy konfliktlarni ham bera oldi. O’zining intellektual romanlarida fikrlarning keskin kurashini, g’oya va dunyoqarashning fojiaviy to’qnashuvini mahorat bilan tasvirladi. Dostoevskiy romanlari vazmin tasvir uslubi emas, aksincha, sof dramatik janrlarga xos keskinligi va liro-publitsistik pafosi bilan ajraladi.
Dostoevskiyning «Jinoyat va jazo», «Telba» va boshqa asarlari Ibrohim G’afurov tomonidan o’zbek tiliga tarjima qilingan.

032

Men mangu toshga hammasini o’yib yozdim.
Kultegin bitigi

Ko’p kitobxonlar, odatda, asardagi esda qolarli joylarning, mo’ljalga urilgan ibora-yu kutilmagan tashbehlarning ostiga chizib o’qiydi. Hatto ayrim «kitobxo’r»larning kitob hoshiyasiga o’zining fikrlarini ham yozib qo’yishganini ko’rganman. Ba’zi kitoblardan ko’ra, ularning hoshiyasiga bitilgan «izoh»lar, o’qish asnosida kelib chiqqan fikrlar, g’oyalar qiziqroq, hatto ahamiyatliroq…Bugun dunyo kutubxonasida salmoqli o’rin egallagan F.M.Dostoevskiyning «Jinoyat va jazo» asaridagi ostiga chizib o’qiladigan fikrlarga ko’z yugurtiramiz. Bu fikrlarning mag’zini chaqish kimgadir og’irlik qilar, boshqa birovga mayoq yanglig’ ta’sir etar. Yana kimdir asarning o’zini to’lig’icha o’qib chiqishga oshiqar…

* * *

Hayot menga bir marta beriladi va boshqa hech qachon qaytib kelmaydi: men «umum baxti» qachon kelarkin, deb kutib o’tirishni istamadim va istamayman. Men o’zim ham yashashni istayman, bo’lmasa, yashashning ham keragi yo’q.

* * *

…hammasi odamning o’z qo’lida, yuraging dov bermagandan keyin burningning tagidagi narsadan quruq qolasan. Qiziq, odamlar hammadan ko’proq nimadan qo’rqadilar? Bir yangi ishga jazm qilishdan, bir yangi so’z aytishdan hammadan ko’ra ko’proq qo’rqadilar…

* * *

Odamni o’zingdan nari itarganing bilan uni tuzatib bo’lmaydi, buning ustiga yana u yosh bola bo’lsa. Yosh bola bilan yana ham ehtiyotkorroq bo’lib muomala qilish kerak.

* * *

Kambag’allik ayb emas, biroq yo’qchilik bu – illat. Siz kambag’alchilikda hali o’zingizning tug’ma olijanob fazilatlaringizni saqlab qolgan bo’lasiz, yo’qchilikda esa ularni hech qachon va hech kim saqlab qola bilmaydi.

* * *

Yolg’on gapni har doim ham kechirib yuborish mumkin; yolg’onchilik shirin narsa, chunki u to’g’ri gapni topib beradi.

* * *

Odamning tabiatini bir chekkaga yig’ishtirib qo’yib mantiqning o’zi bilan ish ko’rib bo’lmaydi! Mantiq bilan hodisaning uch tomonini ko’rish mumkin, inson tabiati esa millionlab ko’rinishlarga ega!

* * *

Bir o’limga hukm etilgan odam qatl etilmasidan bir soat oldin, agar men juda ham baland bir yerda, qoyaning tepasida, faqat ikkita oyoq sig’adigan bir joyda yashashimga to’g’ri kelganda, atrofim esa zimiston qorong’ulik, tubsiz, intihosiz okean, abadiy zulmat, abadiy yolg’izlik va abadiy bo’ron esib yotgan bir muhit bo’lsa-yu, shu bir qarich yerda tik turib, bir umr, ming yil, million yil yashashga to’g’ri kelsa, shunda ham shu hayot o’lib ketganga qaraganda ming marta afzal, deb bilardim! – degan ekan. Faqat yashamoq, yashamoq va yana yashamoq!

* * *

Berkitadigan narsasi bo’lmagan kishilar o’zlarini baxtli deb bilsalar arziydi.

* * *

Hayotning butun sir-asrorlari ikki taboq hajmli kitobcha ichiga bemalol sig’ib ketadi!

* * *

Kimda vijdon bo’lsa, xatosini anglasa, o’zi azobini tortaveradi. Bu jazo uning uchun katorgadan ham battar.

* * *

Boshqalar nima derkin, deb o’tirish ojizlikning birinchi belgisidir!

* * *

Keng fikrli qalbi teran odamlar uchun azob va dard chekish shart doimo. Menimcha, chinakam buyuk odamlar yorug’ dunyoga kelib ulug’ bir azob tuysalar ajabmas.

* * *

Hamma narsada chek-chegara degan narsa borki, undan naryog’iga o’tish xatarlidir. Zotan, bir marta chegaradan chiqdingmi, keyin orqaga qaytish kerak bo’ladi.

* * *

…omad kelmagandan keyin hamma narsa bema’ni bo’lib ko’rinadi!

* * *

Tabiat qonunlariga ko’ra, odamlar umuman ikki toifaga bo’linadilar: past toifa (odmi odamlar), o’ziga o’xshaganlarni urchitishdan boshqa narsaga yaramaydilar, ular urchish materialidirlar va ikkinchisi, odam deb sanasa arziydigan va hayotda, o’z muhitida yangilik, yangi so’z barpo qilish iqtidoriga, qudratiga ega bo’lganlar (favqulodda). Birinchi toifadagilar – bugungi kunning sohiblari, ikkinchidagilar esa kelajakning egalaridir. Birinchilar dunyoni eminlikda saqlab turadilar, moddiy borliqni miqdoran ko’paytiradilar, ikkinchilar esa dunyoni harakatga keltiradilar va uni maqsad sari olib boradilar.

* * *

Yoshlar uchun eng xatarli narsa ham shu, g’ayratning o’ziga yo’l topolmay bo’g’ilib qolishi, mag’rur intilishlarning o’ziga yo’l topolmasligi!

* * *

Bu dunyo yaralgandan beri olamda fikrlar va nazariyalar tug’ilib, g’alayon qilib, bir-biri bilan to’qnashib keladi, xo’sh, mening fikrim nimasi, nimasi bilan ularning fikrlaridan jo’nroq ekan, qani? Agarda bu ishga an’anaviy qarashlardan qutulib keng nazar tashlanganda edi, albatta, unda mening fikrim u qadar… g’alati bo’lib tuyulmasdi. O, siz chaqaga arzimaydigan donishmandu munkirlar, nega yarim yo’lga yetmasdan tappa-taq to’xtab qolasiz!

B.O’ktam tayyorlagan

Fedor Dostoevskiy. Jinoyat va jazo (roman)

хдк

(Tashriflar: umumiy 488, bugungi 1)

Izoh qoldiring