Hermann Hesse. Bo’ri

Ashampoo_Snap_2017.07.28_19h42m16s_001_.png Саҳифа машҳур адиб Ҳерманн Ҳессе таваллудининг 140 йиллигига бағишланади

  Немис адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби Ҳерманн Ҳессе энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан биридир. Унинг кўплаб роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, «Чўл бўриси», «Маржонлар ўйини», «ўилдираклар остида», «Демиан» каби асарлари алоҳида довруғ қозонган. Адиб, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзган. Юқорида тилга олинган «Ғилдираклар остида» романи, шунингдек, «Нюрнбергга саёҳат» сафарномаси ва бошқа кўпгина асарлар шулар жумласидандир.

Ҳерманн ҲЕССЕ
БЎРИ
Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
08

031     Фарангистон тоғларида ҳали ҳеч қачон бундай қаҳратон қиш бўлмаган ва бунчалик узоқ чўзилмаган эди. Бир неча ҳафтадирки, ҳаво очиқ, тиниқ, қуруқ совуқ забтига олган. Кундузлари очиқ, тиниқ мовий осмон остида қор босган кенг, қия далалар нурсиз, оқиш йилтираб, поёнсиз ястаниб ётар, кечалари эса кичкинагина Ой янада тиниқлашиб, сариқ ёғду сочар, унинг ўткир нурлари қирчиллама қиш совуғида қор узра хира аксланарди. Одамлар тепалик тугул, ҳатто кўчаларга ҳам чиқишмас, уйларга биқиниб олишган, тунда кўкимтир Ой нурида қишлоқ кулбаларининг ёниқ деразалари ис босгандек хира кўринар ва тезда ўчиб қолар эди.

Теварак-атрофда яшовчи жониворлар учун ҳам оғир давр бошланган эди. Майдароқлари тўп-тўп бўлиб музлаб қолар, қушлар ҳам қаҳратон қиш совуғига дош беролмай ҳалок бўлиб, қирғий ва бўриларга ем бўларди. Бироқ аёз ва очликдан барчанинг силласи қуриган эди. Бўриларнинг ҳам жуда озгинаси омон қолган, кулфат уларни бир-бирига янада жипслаштирганди. Кундузлари емиш топиш илинжида улар якка-якка изғир эдилар. Дам-бадам қор узра озиб-тўзиб кетган, шарпа янглиғ унсиз пусиб бораётган оч, бироқ ўта ҳушёр бўри кўзга чалиниб қоларди. Қор босган далада кафтдек соя унга эргашади.

Шамолда бир нимани сездими, ўткир тумшуғини чўзиб, тинка- мадори қуриб, қисқа-қисқа увлаб қўяди. Кечалари улар гала-гала бўлиб овга чиқар, бўғиқ увиллаб, қишлоқлар атрофида изғирди. У ерларда мол ва паррандалар оғилларга маҳкам беркитилган, деразаларнинг дарчаларига ов милтиқлари суяб қўйилганди. Онда-сонда итми, шунга ўхшаш майда ўлжани ҳисобга олмаганда аҳвол танг, шундоғам гала ичидан икки бўри отиб ўлдирилган эди Совуқ ҳамон забтига оларди. Бўрилар иссиқроқ бўлиши учун кўпинча ёнма-ён ётар, ҳувиллаган далаларда унсиз, маъюс термилиб, қулай пайт келишини пойлашарди. Шунда улардан бири очлик азобига дош беролмай, кутилмаганда ваҳимали увлаб юборди. Унга бошқалари ҳам қўшилди, бир зумда чор-атрофни бўриларнинг даҳшатли увиллаган овозлари тутиб кетди.

Ниҳоят, галанинг чоғроққина қисми йўлга отланишга аҳд қилди. Эрта тонгда уяларини тарк этиб, бир ерга тўпланган бўрилар совуқ ҳавони безовта искай бошлади. Сўнг чамаси баравар қўзғалди. Ортда қолганлар олдиндагилар кетидан анча жойгача эргашиб чопиб борди, сўнг иккиланиб тўхтаб, уларга мажолсиз қараб тургач, секин ин-инига қайтди.

Йўлда бораётганлар қиём пайти бир-бирларидан ажралдилар. Учтаси шарқ тарафга – Швейцариянинг Юра тоғлари томон, қолганлари эса жанубга қараб кетди. Учала бўри келишган, кучли бироқ ниҳоятда озиб-тўзиб кетган эди. Оқимтир қоринлари камардек тортилган, қовурғалари аянчли тарзда туртиб чиққан, ҳалқумлари қуруқшаб, қўзлари маъюс ва тушкин боқарди.

Учовлон Юрага етиб боргандан сўнг иккинчи куниёқ битта қўй, учинчи куни эса ит билан қулунни ўлжа олди, бундан дарғазаб бўлган қишлоқ аҳолиси йиртқичларни ҳар томондан таъқиб қила бошлади. Чор атрофдаги қишлоқлар ва шаҳарчаларда ваҳимали гап-сўзлар тарқалди. Почта ташувчи чаналар қуроллантирилди, милтиқсиз ҳеч ким кўчага чиқмайдиган бўлди. Учала йиртқич бегона жойда аввалига бироз ҳайиққан бўлишса-да, шундай ажойиб ўлжадан сўнг ўзларини қўйиб юборишди; улар энди ҳар қачонгидан кўра таптортмас бўлиб, қишлоқ ҳовлиларидан биридаги молхонага куппа-кундузи ҳужум қилди. Тор оғил бир зумда ари уясидек тўзиди, сигирлар аянчли мў-мўлар, ёғоч қўралар қарсиллаб синар, от туёқлари ерни титратиб дупурларди. Бироқ бу гал одамлар етиб келди. Бўриларни ким ўлдирса, унга мукофот эълон қилинган, бундан деҳқонлар жасоратига жасорат қўшилганди. Улар шу заҳоти икки бўрини тинчитишди, бирининг бўғзига ов милтиғидан отилган ўқ теккан бўлса, бошқасини ойболта билан бир ёқлик қилишди.

Учинчиси чап бериб қочиб қолди, жони ҳалқумига келиб, қор устига қуламагунга қадар орқа олдига қарамай югурди. Бўрилар ичида у энг навқирони, энг келишгани эди, шу билан бирга бу мағрур жонивор бақувват, кучли, эпчил ва чаққон ҳам эди. У оғир-оғир нафас олиб, узоқ ётди. Кўз ўнгида қонли қизил доиралар гир-гир айланар, оғриқ азобидан аҳён-аҳёнда тўлғаниб қўярди. Елкаси ойболта зарбидан жароҳатланган. Барибир бир оз тин олгач, у яна ўрнидан қўзғалди. Шундагина у жуда узоқ масофага югуриб борганига амин бўлди. Атрофда на бирон уй, на одам зоти кўринарди. Рўпарасида қалин қор босган тоғ савлат тўкиб турарди. У Шассерал тоғи эди. Тоғни айланиб ўтишга аҳд қилди. Ташналик азоби устун келиб, бўри қорнинг музлаган устки қатламидан бир парча синдириб еди.

Тоғнинг нариги томонига ўтган ҳам эдики, у бир қишлоққа дуч келди. Кеч кириб борарди. Бўри қалин ўсган арчазор ичига кириб, нафасини ростлади. Қишлоқ молхоналарининг илимилиқ ҳиди димоғига урилди-ю, аста боғқўралар устидан ошиб ўтди. Кўчада ҳеч зоғ йўқ. Оғзидан сўлаги оқиб, қўрқа-писа ўзини уйлар орасига урди. Шу заҳоти ўқ овози янгради. У ўзини тутиб, энди югурмоқчи бўлган ҳам эдики, қарсиллаб иккинчи ўқ узилди. Оқиш қорнининг қуйи қисмидан йирик қон томчилари тирқирай бошлади. Бўри бор кучини тўплаб, ҳаккалай-ҳаккалай ниҳоят, нариги тарафдаги тоғ бағрида жойлашган ўрмонзорга етиб борди. У ерда бир зум теварак-атрофга диққат билан қулоқ солди, иккала тарафдан ҳам одамларнинг овозлари ва қадам товушлари эшитилди. Қўрқа-писа тоққа разм солди. Тоғ нишаб, сердарахт, унга чиқиб бориш анча мушкул эди. Бироқ бошқа йўл ҳам йўқ эди. Бўри нафаси бўғзига тиқилиб, қия тоғ бағрига қапишганча аста юқорига ўрмалаб чиқа бошлади, пастда эса яқинлашиб келаётган оломоннинг ғала-ғовур овозлари эшитилиб, дам-бадам фонуслар ялтиллаб қоларди. Ярадор бўри нимқоронғу арчазордан дир-дир қалтираб юриб борар, ярасидан жигарранг қон тизиллаб отиларди.

Совуқ сал ташлади. Ғарб томондан осмон ғуборли эди – бу қор ёғишидан дарак эди. Ҳолдан тойган, тинка-мадори қуриган бўри ниҳоят бир амаллаб тепаликка чиқиб олди. У энди Моnt Crosin деган жой яқинида, ўзи аранг қочиб чиқиб келган қишлоқ узра чўзилган қия, қалин қор билан қопланган кенг майдонда турарди. Очликни сезмас, бироқ жароҳати симиллаб оғриб, қаттиқ азоб бераётганди. Осилиб қолган бўғзидан аста, билинар-билинмас нидо келди, юраги оғир ура бошлади, муқаррар ўлим зилдек босиб келаётгандек туюлди. Шунда бехосдан шохлари тарвақайлаб ўсган ёлғиз арчага кўзи тушди; арча тагига бориб, ғира-шира тун қаърига маъюс тикилиб қолди. Орадан ярим соат вақт ўтди. Кутилмаганда қор устида ғалати ва майин, хира қизил нур пайдо бўлди. Бўри инграб, жойидан қўзғалди, ёруғлик томон интилди. Бу жануби-шарқ томондан катта ва қип-қизил бўлиб чиққан, тунги осмон узра тобора кўтарилиб келаётган Ой нури эди. Анча вақтдан бери у бу қадар қизариб, тўлишмаганди. Аста-секин жон таслим қилаётган жонивор хира, туссиз Ой гардишига маъюсланиб боқаркан, заиф хириллаган овозда увиллаб қўйди, овоз сассиз тун қаърига сингиб кетди.

Ҳадемай қўлларида фонус кўтарган одамлар етиб келди. Қалин пальто кийган деҳқонлар, бошларига мўйна телпак, оёқларига иссиқ пайпоқли этик кийган овчилар, йигит-яланглар қорни бир-бир босиб, яқинлашиб келишарди. Ҳамма шодон қийқириб юборди. Ҳаром қотаётган бўрига кўзлари тўйиб, унга икки марта ўқ узишди, иккала ўқ ҳам нишонга тегмади. Кейин келиб кўришсаки, ўзи жон талвасасида ётибди. Улар таёқ ва сўйилларини ўйнатиб, бўрига ёпирилишди. Бўри буни ортиқ сезмади ҳам.

Тилка-пора бўлган бўри жасадини Санкт Иммер томон судраб олиб кетишди. Ҳаммалари кулишар, бир-бирларига мақтанишар, ароқ ва қаҳва ичиб, хурсандчилик қилишар, ашула айтишар, сўкинишарди. Қалин қор қоплаган гўзалликни, баланд ясси тоғ ёғдусини, ов милтиқларининг миллари, биллур қор зарралари ҳамда ўлдирилган бўрининг сўник кўзларини ғира-шира ёритиб, Шассерал тоғи узра осилиб турган ёруғ Ойни эса ҳеч ким кўрмас эди.

044 Hermann HESSE
BO’RI
Olmon tilidan Mirzaali Akbarov tarjimasi
08

Farangiston tog‘larida hali hech qachon bunday qahraton qish bo‘lmagan va bunchalik uzoq cho‘zilmagan edi. Bir necha haftadirki, havo ochiq, tiniq, quruq sovuq zabtiga olgan. Kunduzlari ochiq, tiniq moviy osmon ostida qor bosgan keng, qiya dalalar nursiz, oqish yiltirab, poyonsiz yastanib yotar, kechalari esa kichkinagina Oy yanada tiniqlashib, sariq yog‘du sochar, uning o‘tkir nurlari qirchillama qish sovug‘ida qor uzra xira akslanardi. Odamlar tepalik tugul, hatto ko‘chalarga ham chiqishmas, uylarga biqinib olishgan, tunda ko‘kimtir Oy nurida qishloq kulbalarining yoniq derazalari is bosgandek xira ko‘rinar va tezda o‘chib qolar edi.

Tevarak-atrofda yashovchi jonivorlar uchun ham og‘ir davr boshlangan edi. Maydaroqlari to‘p-to‘p bo‘lib muzlab qolar, qushlar ham qahraton qish sovug‘iga dosh berolmay halok bo‘lib, qirg‘iy va bo‘rilarga yem bo‘lardi. Biroq ayoz va ochlikdan barchaning sillasi qurigan edi. Bo‘rilarning ham juda ozginasi omon qolgan, kulfat ularni bir-biriga yanada jipslashtirgandi. Kunduzlari yemish topish ilinjida ular yakka-yakka izg‘ir edilar. Dam-badam qor uzra ozib-to‘zib ketgan, sharpa yanglig‘ unsiz pusib borayotgan och, biroq o‘ta hushyor bo‘ri ko‘zga chalinib qolardi. Qor bosgan dalada kaftdek soya unga ergashadi.

Shamolda bir nimani sezdimi, o‘tkir tumshug‘ini cho‘zib, tinka- madori qurib, qisqa-qisqa uvlab qo‘yadi. Kechalari ular gala-gala bo‘lib ovga chiqar, bo‘g‘iq uvillab, qishloqlar atrofida izg‘irdi. U yerlarda mol va parrandalar og‘illarga mahkam berkitilgan, derazalarning darchalariga ov miltiqlari suyab qo‘yilgandi. Onda-sonda itmi, shunga o‘xshash mayda o‘ljani hisobga olmaganda ahvol tang, shundog‘am gala ichidan ikki bo‘ri otib o‘ldirilgan edi

Sovuq hamon zabtiga olardi. Bo‘rilar issiqroq bo‘lishi uchun ko‘pincha yonma-yon yotar, huvillagan dalalarda unsiz, ma’yus termilib, qulay payt kelishini poylashardi. Shunda ulardan biri ochlik azobiga dosh berolmay, kutilmaganda vahimali uvlab yubordi. Unga boshqalari ham qo‘shildi, bir zumda chor-atrofni bo‘rilarning dahshatli uvillagan ovozlari tutib ketdi.

Nihoyat, galaning chog‘roqqina qismi yo‘lga otlanishga ahd qildi. Erta tongda uyalarini tark etib, bir yerga to‘plangan bo‘rilar sovuq havoni bezovta iskay boshladi. So‘ng chamasi baravar qo‘zg‘aldi. Ortda qolganlar oldindagilar ketidan ancha joygacha ergashib chopib bordi, so‘ng ikkilanib to‘xtab, ularga majolsiz qarab turgach, sekin in-iniga qaytdi.

Yo‘lda borayotganlar qiyom payti bir-birlaridan ajraldilar. Uchtasi sharq tarafga – Shveysariyaning Yura tog‘lari tomon, qolganlari esa janubga qarab ketdi. Uchala bo‘ri kelishgan, kuchli biroq nihoyatda ozib-to‘zib ketgan edi. Oqimtir qorinlari kamardek tortilgan, qovurg‘alari ayanchli tarzda turtib chiqqan, halqumlari quruqshab, qo‘zlari ma’yus va tushkin boqardi.

Uchovlon Yuraga yetib borgandan so‘ng ikkinchi kuniyoq bitta qo‘y, uchinchi kuni esa it bilan qulunni o‘lja oldi, bundan darg‘azab bo‘lgan qishloq aholisi yirtqichlarni har tomondan ta’qib qila boshladi. Chor atrofdagi qishloqlar va shaharchalarda vahimali gap-so‘zlar tarqaldi. Pochta tashuvchi chanalar qurollantirildi, miltiqsiz hech kim ko‘chaga chiqmaydigan bo‘ldi. Uchala yirtqich begona joyda avvaliga biroz hayiqqan bo‘lishsa-da, shunday ajoyib o‘ljadan so‘ng o‘zlarini qo‘yib yuborishdi; ular endi har qachongidan ko‘ra taptortmas bo‘lib, qishloq hovlilaridan biridagi molxonaga kuppa-kunduzi hujum qildi. Tor og‘il bir zumda ari uyasidek to‘zidi, sigirlar ayanchli mo‘-mo‘lar, yog‘och qo‘ralar qarsillab sinar, ot tuyoqlari yerni titratib dupurlardi. Biroq bu gal odamlar yetib keldi. Bo‘rilarni kim o‘ldirsa, unga mukofot e’lon qilingan, bundan dehqonlar jasoratiga jasorat qo‘shilgandi. Ular shu zahoti ikki bo‘rini tinchitishdi, birining bo‘g‘ziga ov miltig‘idan otilgan o‘q tekkan bo‘lsa, boshqasini oybolta bilan bir yoqlik qilishdi. Uchinchisi chap berib qochib qoldi, joni halqumiga kelib, qor ustiga qulamagunga qadar orqa oldiga qaramay yugurdi. Bo‘rilar ichida u eng navqironi, eng kelishgani edi, shu bilan birga bu mag‘rur jonivor baquvvat, kuchli, epchil va chaqqon ham edi. U og‘ir-og‘ir nafas olib, uzoq yotdi. Ko‘z o‘ngida qonli qizil doiralar gir-gir aylanar, og‘riq azobidan ahyon-ahyonda to‘lg‘anib qo‘yardi. Yelkasi oybolta zarbidan jarohatlangan. Baribir bir oz tin olgach, u yana o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Shundagina u juda uzoq masofaga yugurib borganiga amin bo‘ldi. Atrofda na biron uy, na odam zoti ko‘rinardi. Ro‘parasida qalin qor bosgan tog‘ savlat to‘kib turardi. U Shasseral tog‘i edi. Tog‘ni aylanib o‘tishga ahd qildi. Tashnalik azobi ustun kelib, bo‘ri qorning muzlagan ustki qatlamidan bir parcha sindirib yedi.

Tog‘ning narigi tomoniga o‘tgan ham ediki, u bir qishloqqa duch keldi. Kech kirib borardi. Bo‘ri qalin o‘sgan archazor ichiga kirib, nafasini rostladi. Qishloq molxonalarining ilimiliq hidi dimog‘iga urildi-yu, asta bog‘qo‘ralar ustidan oshib o‘tdi. Ko‘chada hech zog‘ yo‘q. Og‘zidan so‘lagi oqib, qo‘rqa-pisa o‘zini uylar orasiga urdi. Shu zahoti o‘q ovozi yangradi. U o‘zini tutib, endi yugurmoqchi bo‘lgan ham ediki, qarsillab ikkinchi o‘q uzildi. Oqish qornining quyi qismidan yirik qon tomchilari tirqiray boshladi. Bo‘ri bor kuchini to‘plab, hakkalay-hakkalay nihoyat, narigi tarafdagi tog‘ bag‘rida joylashgan o‘rmonzorga yetib bordi. U yerda bir zum tevarak-atrofga diqqat bilan quloq soldi, ikkala tarafdan ham odamlarning ovozlari va qadam tovushlari eshitildi. Qo‘rqa-pisa toqqa razm soldi. Tog‘ nishab, serdaraxt, unga chiqib borish ancha mushkul edi. Biroq boshqa yo‘l ham yo‘q edi. Bo‘ri nafasi bo‘g‘ziga tiqilib, qiya tog‘ bag‘riga qapishgancha asta yuqoriga o‘rmalab chiqa boshladi, pastda esa yaqinlashib kelayotgan olomonning g‘ala-g‘ovur ovozlari eshitilib, dam-badam fonuslar yaltillab qolardi. Yarador bo‘ri nimqorong‘u archazordan dir-dir qaltirab yurib borar, yarasidan jigarrang qon tizillab otilardi.

Sovuq sal tashladi. G‘arb tomondan osmon g‘uborli edi – bu qor yog‘ishidan darak edi. Holdan toygan, tinka-madori qurigan bo‘ri nihoyat bir amallab tepalikka chiqib oldi. U endi Mont Crosin degan joy yaqinida, o‘zi arang qochib chiqib kelgan qishloq uzra cho‘zilgan qiya, qalin qor bilan qoplangan keng maydonda turardi. Ochlikni sezmas, biroq jarohati simillab og‘rib, qattiq azob berayotgandi. Osilib qolgan bo‘g‘zidan asta, bilinar-bilinmas nido keldi, yuragi og‘ir ura boshladi, muqarrar o‘lim zildek bosib kelayotgandek tuyuldi. Shunda bexosdan shoxlari tarvaqaylab o‘sgan yolg‘iz archaga ko‘zi tushdi; archa tagiga borib, g‘ira-shira tun qa’riga ma’yus tikilib qoldi. Oradan yarim soat vaqt o‘tdi. Kutilmaganda qor ustida g‘alati va mayin, xira qizil nur paydo bo‘ldi. Bo‘ri ingrab, joyidan qo‘zg‘aldi, yorug‘lik tomon intildi. Bu janubi-sharq tomondan katta va qip-qizil bo‘lib chiqqan, tungi osmon uzra tobora ko‘tarilib kelayotgan Oy nuri edi. Ancha vaqtdan beri u bu qadar qizarib, to‘lishmagandi. Asta-sekin jon taslim qilayotgan jonivor xira, tussiz Oy gardishiga ma’yuslanib boqarkan, zaif xirillagan ovozda uvillab qo‘ydi, ovoz sassiz tun qa’riga singib ketdi.

Hademay qo‘llarida fonus ko‘targan odamlar yetib keldi. Qalin palto kiygan dehqonlar, boshlariga mo‘yna telpak, oyoqlariga issiq paypoqli etik kiygan ovchilar, yigit-yalanglar qorni bir-bir bosib, yaqinlashib kelishardi. Hamma shodon qiyqirib yubordi. Harom qotayotgan bo‘riga ko‘zlari to‘yib, unga ikki marta o‘q uzishdi, ikkala o‘q ham nishonga tegmadi. Keyin kelib ko‘rishsaki, o‘zi jon talvasasida yotibdi. Ular tayoq va so‘yillarini o‘ynatib, bo‘riga yopirilishdi. Bo‘ri buni ortiq sezmadi ham.

Tilka-pora bo‘lgan bo‘ri jasadini Sankt Immer tomon sudrab olib ketishdi. Hammalari kulishar, bir-birlariga maqtanishar, aroq va qahva ichib, xursandchilik qilishar, ashula aytishar, so‘kinishardi. Qalin qor qoplagan go‘zallikni, baland yassi tog‘ yog‘dusini, ov miltiqlarining millari, billur qor zarralari hamda o‘ldirilgan bo‘rining so‘nik ko‘zlarini g‘ira-shira yoritib, Shasseral tog‘i uzra osilib turgan yorug‘ Oyni esa hech kim ko‘rmas edi.

08

(Tashriflar: umumiy 1 371, bugungi 1)

Izoh qoldiring