Hermann Hesse. Soyalar o’yini

Ashampoo_Snap_2017.07.28_19h57m52s_004_.png Саҳифа машҳур адиб Ҳерманн Ҳессе таваллудининг 140 йиллигига бағишланади

     Қаср соҳиби ўша бахтсизлик содир бўлган пайтдан бери бинонинг орқа томонида яшарди. Бу ерда қадимги римликлар замонидан қолган ёлғиз, улкан минора торгина ҳовлига соя ташлаб турар, девор қорайиб, нам тортган, деразалар паст ва энсиз, серкўланка, рутубатли ҳовли кекса заранг дарахтлари, азим тераклар ва қорақайинлар ўсиб ётган қоронғи хиёбонга туташиб кетганди.

Ҳерманн Ҳессе
СОЯЛАР ЎЙИНИ
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
003

004Ҳерманн Ҳессе (1877-1962) — немис адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби Ҳерманн Ҳессе энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан биридир. Унинг кўплаб роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, «Чўл бўриси», «Маржонлар ўйини», «Ғилдираклар остида», «Демиан» каби асарлари алоҳида довруғ қозонган.
Адиб, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзган. Юқорида тилга олинган «Ғилдираклар остида» романи, шунингдек, «Нюрнбергга саёҳат» сафарномаси ва бошқа кўпгина асарлар шулар жумласидандир.

044

Кенг саҳнига ярқироқ тош ётқизилган қасрнинг улкан деразалари Райн дарёси ва қамишзор ботқоқликлар ҳамда қўғазорлар, ўтлоқлар ва сувли баҳаво бир маскан тарафга қараган, муаллақ эгик нафис тоқи янглиғ чўзилиб кетган кўкимтир ўрмон тоғлари узра булутлар карвони сузиб юрар, олисдан катта-кичик қасрлар ва қўрғонлар фён* шамолида гўё енгил тебрангандек, оқаринқираб кўзга ташланади. Улкан бинонинг олд қисми оҳиста оқаётган сув юзида худди шўх жувондек ўйноқлаб, товусдай товланади. Атрофдаги турли хил манзарали буталарнинг оч яшил тусдаги шохлари сувга тегиб осилиб ётар, қаср девори теварагида эса оқ рангга бўялган кўнгилочар гондола (Венеция қайиғи – тарж.)лар енгил чайқалиб турарди. Қасрнинг ана шу очиқ кунгай тарафида ҳозир ҳеч ким яшамасди. Баронесса кетиб қолганидан буён хоналар ҳувиллаб ётар, фақатгина энг кичик ҳужрада ҳамон шоир Флориберт истиқомат қиларди. Хоним ўз эри ва сарой шаънига доғ тушириб ғойиб бўлган, энди унинг илгариги кўп сонли қувноқ аҳли-аъёнларидан, оқ рангли гондолалар-у камгап, камсуқум шоирни ҳисобга олмаганда, деярли ҳеч қандай ном-нишон қолмаганди.

Қаср соҳиби ўша бахтсизлик содир бўлган пайтдан бери бинонинг орқа томонида яшарди. Бу ерда қадимги римликлар замонидан қолган ёлғиз, улкан минора торгина ҳовлига соя ташлаб турар, девор қорайиб, нам тортган, деразалар паст ва энсиз, серкўланка, рутубатли ҳовли кекса заранг дарахтлари, азим тераклар ва қорақайинлар ўсиб ётган қоронғи хиёбонга туташиб кетганди.

Шоир кунгай тарафда, сокин танҳоликда осойишта умр кечирарди. У қаср ошхонасида тамадди қилар, баронни баъзан бир неча кун давомида ҳам кўрмас эди.

– Биз бу қасрда худди соялардек умргузаронлик қиламиз, – деди шоир бир куни уни кўргани келган ёшликдаги дўстига. Дўсти эса ўлик чиққан уйдек бефайз, ёқимсиз бу хонадонда аранг бир кун туриб, жўнаб кетди. Флориберт бир маҳаллар баронессанинг улфат-жўралари учун масаллар тўқиган ва ошиқона қофиялар битган, бироқ бу қувноқ хонадонга кўз тегиб, путур етгач, энди ҳеч кимга керак бўлмай қолганди, шундай бўлса-да, ундаги камтарона қалб, камсуқум кўнгил дунё кезиб, тирикчилик кўчаларида сарсон-саргардон тентирашдан кўра мана шу ғамгин, файзсиз саройдаги тинчгина ёлғизликни афзал деб биларди. У анчадан бери шеър ҳам ёзмай қўйган. Дарё бўйлаб кунботиш тарафдан шамол эсган пайтлар, сарғайган қамишзорлар орасидан кўзга ташланаётган олис кўкиш тоғлар тизмаси ҳамда булутлар карвонини кўздан кечирган ва кечалари қадимий хиёбондаги кекса, дароз дарахтлар алласини тинглаган чоғларида у беихтиёр узун шеърлар тўқир, бироқ уларда ҳеч қанақанги сўз бўлмас ва ҳеч қачон қоғозга ҳам туширолмас эди. Ана шундай шеърлардан бири “Тангри нафаси” деб аталиб, жанубнинг илиқ шамоли ҳақида сўйларди, яна бошқасининг номи эса “Руҳий далда” деб аталган ва ранг-баранг кўклам чечакларига бағишланган эди. Афсуски, Флориберт бу ашъорларни на ўқий ва на куйлай оларди, чунки улар сўзсиз эди, бироқ муттасил хаёлан ўйлар, айниқса, кеч кириши билан уларни чуқур ҳис эта бошларди. Қолган пайтларда эса унинг кунлари кўпинча қишлоқда ўтар, у ерда сарғиш-оқ сариқ сочли болачалар билан ўйнаб-кулишар ё бўлмасам ёш аёллар ёки бокира қизлар олдида уларни худди сарой хонимларига ўхшатиб, бошидан шляпасини олар, таъзим қилиб, кўпчиликни кулдирарди. Агнес хоним, ҳа, гўзал Агнес хоним, соҳибжамол, машҳур Агнес хоним учраган кунлар эса унинг учун энг бахтиёр дамлар ҳисобланарди. Унга дуч келиб қолса борми, таъзим бажо айлаб, қуюқ салом берар, гўзал аёл эса алик олиб, унинг хомуш ва паришон юз-кўзларига бирров назар ташлаб, жилмайганича ёнидан бамисоли қуёш нуридай “лип” этиб ўтиб кетарди.

Агнес хоним бир пайтлар кавалер (ошиқ, хуштор – тарж.) баронларга қарашли бўлган, ўт босиб, қаровсиз ётган қаср хиёбонига туташ уйда ёлғиз ўзи яшарди. Унинг отаси ўрмончи бўлган ва бу уйни унга маълум бир хизматлари эвазига ҳозирги хўжайиннинг падари бузруквори ҳадя этган эди. Жуда эрта эрга тегиб, турмуши бузилиб, ёш бева сифатида уйга қайтгач, отасининг вафотидан сўнг у бир чўри хотин ва кўзи ожиз холаси билан бирга ана шу ҳувиллаган уйда истиқомат қиларди.

Агнес хоним одми бўлса-да, бироқ ҳар доим янги, нафис рангли, чиройли кўйлаклар кийиб юргучи эди. Юз-кўзлари ҳам худди қизларникидек ҳамон ёш ва гўзал кўринар, тўқ жигарранг патила сочлари илондай тўлғаниб, кетворган қадди-қоматига ўзгача ҳусн бағишларди. Барон уни ўз хотини иснодга қолдириб, ташлаб кетмасидан бурун зимдан яхши кўрар, мана энди у соҳибжамол ишқида оташ бўлиб ёнарди. Эрталаб уни ўрмонда учратди-ю, тинчи йўқолди, кеч тушиши билан қўярда-қўймай қайиққа ўтқазиб, ўзи билан тўқайзордаги қамиш капага олиб кетди. Ниҳоят, эрта оқараётган дағал соч-соқол дўндиқ чеҳрага суйкалиб, овчига хос қаттиқ ва бераҳм қўллар нозик-нафис бармоқлар билан ўйнашди…

Агнес хоним дам олиш кунлари мунтазам черковга борар, тоат-ибодатдан сўнг гадойларга садақа улашарди. Шу куни у қишлоқдаги камбағал, бева-бечора хотин-халаж ҳолидан ҳам хабар олар, уларга пойафзаллар инъом қилар, бичиш-тикиш ишларида ёрдамлашар, набираларининг сочларини тараб қўяр ва кетаётиб шу зайл кулбаларда Худонинг суйган бандаси янглиғ, азиз-авлиё каби ўзидан ёқимли таассуротлар қолдирарди.

Яшириб нима қилдик, гўзал Агнес хонимга барча эркакларнинг ҳам кўнгли суст кетарди. Кимки агар ўзига ёқса ва белгиланган вақтда келса, унга наинки қўлини ўпишга, балки ақиқ лабларидан қайноқ бўса олишига ҳам изн берарди, қайсики йигитнинг қадди-қомати келишган, омади чопган бўлса, тунда сездирмай ойимчанинг олдига дераза ошиб тушишга ҳам ҳадди сиғарди.

Буни ҳамма, ҳатто барон ҳам биларди, бироқ гўзал аёл парвойи палак, бокира қизларга хос иболи нигоҳ-ла ўз йўлида давом этар, кўринишдан уни ҳеч қандай эркак зоти йўлдан оздира олишга қодир эмасдек туюларди гўё. Гоҳо йўлида ногоҳ янги маъшуқ пайдо бўлар, худди эришиб бўлмайдиган гўзаллик янглиғ эҳтиёткорлик билан кўнглини овлар, уни ўзига мафтун эта олганидан масъуд ғурурга тўлиб, бошқа эркаклар олдида ўзида йўқ шодланарди. Аёл яшайдиган уй маъюс, ғамгин, ғира-шира хиёбоннинг бир чеккасида жойлашган, худди ўрмон эртаги каби танҳо бу макон ҳамиша ям-яшил бўлиб ўсадиган атиргул билан қопланган эди. У бу уйга бамисоли ёзда тонг маҳал очилган қирмизи атиргулдай яшнаб кириб-чиқаркан, болаларга хос юз-кўзларидаги соф гўзаллик янада тиниқроқ жилва қилар, чамбар қилиб ўрилган сочлари ҳар қадамда товланиб, кўзларни қувнатарди. Қари-қартанг, бева-бечора хотинлар унинг қўлларини ўпиб, дуо қилишар, эркаклар бўлса қуюқ саломлашиб, кетидан жилмайиб қараб қолишар, болалар унинг ортидан чопиб, тиланчилик қилишар, у эса меҳрибонлик билан уларнинг юзларини сийпарди.

– Ҳой, менга қара, нега сен бунақасан-а? – сўрарди барон баъзан, унга қаҳрли кўзлари билан таҳдид қилиб.

– Мен билан ишинг нима? – дерди аёл унга ҳайронлик билан боқиб, тўқ жигарранг сочларини ўришда давом этаркан.

Шоир Флориберт уни ҳаммадан ортиқ севарди. Унга кўзи тушди дегунча, юраги потирлаб ура бошларди. Агар унинг ҳақида бирон ёмон гап эшитгудек бўлса, бирдан маъюс бўлиб қолар, бош чайқаб, ишонгиси келмасди. Болалар уни тилга олишганда, худди қўшиқ тинглаётгандек очилиб, яйраб кетарди. Унинг хаёлот оламидаги энг гўзал ўй, ҳис-туйғулар фақат Агнес хонимга тегишли бўларди. Бунда у севган ва унга гўзал туюлган барча нарсалар, Мағриб шамолидан тортиб, олис мовий кенгликлар-у ярқираган кўклам чечакларигача, барча-барчаси мадад берар, ҳаммаси бир бўлиб, болаларга хос бесамар ҳаётининг бутун соғинчлари-ю бемаъни дилкашликларини мана шу биргина суратга жо этарди.

Ёз эндигина бошланган кезлар эди. Узоқ давом этган жимжитликдан сўнг, ниҳоят, бир куни оқшом жонсиз қасрга бир озгина янги ҳаёт нафаси кириб келди. Қулоқларни қоматга келтириб горн овози янграгач, ҳовлида ҳашаматли арава жаранг-журинг қилиб тўхтади. Қаср соҳибининг туғишган акаси хос хизматкори билан меҳмон бўлиб келганди. Эчки соқолли, аскарий кўзлари ғазабнок чақнаб турадиган, келишган, барваста бўйли бу одам ҳар куни Райн дарёсида сузар, шунчаки эрмак, кўнгилхушлик учун кумушранг балиқчи қушлар – чайкаларга қаратиб ўқ узар, шаҳарга отда сайр қилиб, у ердан кайфи ошиб, маст ҳолда қайтарди. Уйга келгач, беозор шоирни мазах қилиб, жиғига тегар, кечаю кундуз шовқин солиб, укаси билан суришгани-суришган эди. Уни қил, буни қил, у ёқ-бу ёғингни тузатиб, яхшироқ яшасанг-чи, дея унга ўзича минг хил “маслаҳатлар” берарди. Албатта, унга гапириш осон, чунки ўзи бадавлат хонадонга куёв бўлиб, бойиб кетган, укаси – қаср эгаси эса камбағал эди, бунинг устига умри кўпинча дарду ҳасрат, ғам-алам билан ўтган.

Меҳмоннинг ташрифидан мақсади кўпроқ кўнгил хуши бўлган чамаси, биринчи ҳафтадаёқ келганига пушаймон бўла бошлади. Ука акасининг оғзини пойлар, бироқ у кетиш ҳақида сўз ҳам очмасди. Бунинг боиси бор эди – у Агнес хонимни кўриб қолиб, оромини йўқотганди.

Орадан кўп ўтмай, гўзал аёл хизматкорининг эгнида янги кўйлак пайдо бўлди, буни унга албатта, меҳмон барон туҳфа қилган эди. Яна ҳаял вақт ўтмасдан, чўри хотин хиёбон девори ёнида меҳмоннинг шахсий хизматкори қўлидан гулдаста билан мактубларни қабул қилиб олди. Бир-икки кун ўтиб-ўтмай, меҳмон барон ўрмондаги уйчада Агнес хоним билан учрашиб, унинг нозик қўлидан, юпқа лабларидан ва оппоқ бўйнидан ўпа бошлади… Шундан кейин қишлоқ йўлида соҳибжамол аёлни ҳар гал учратганида бошидан қалпоғини олиб саломлашадиган, у эса ўн етти яшар қиз каби уялиб, раҳмат айтадиган бўлди.

Орадан кўп вақт ўтмади, бир куни оқшом меҳмон барон ўзи ёлғиз хаёл суриб ўтирганди, кутилмаганда дарё бўйлаб сузиб бораётган қайиқни кўриб қолди. Унда эшкакчи билан бир аёл ҳам бор эди. Улар ким бўлдийкин? Афсуски, ғира-ширада аниқ таниёлмади. Бир-икки кун ўтиб, сир ошкор бўлди-қўйди. Қорамтиртус Райн дарёси бўйлаб сузиб бориб, соҳилдаги қамишзор ортида кўздан ғойиб бўлганлар… унинг ўз укаси билан ўша… гўзал аёл экан.

Меҳмон барон бундан дарғазаб бўлиб, бадбин хаёлларга берилди. У Агнес хонимни қонундан ташқари деб эълон қилинган беғам, беор шахс эмас, балки азиз ва қимматли маъшуқа сифатида севиб қолган эди. Ундан ҳар гал бўса олганида қувонч ва ҳайратдан ўзида йўқ шодланар, унинг хушомади олдида соф нафосат сўзсиз таслим бўларди. Шунинг учун ҳам унга бошқа аёлларга қараганда кўпроқ меҳр берган, уни миннатдорлик, ҳурмат-эътибор ва илтифот ила оғушига олган пайтлари бўз йигитлик чоғларини эслаган бўлса не ажаб. У нобакор бўлса… Бароннинг ғазабдан кўзлари ёнди, бир тутам соқолини ямлаб, тишларини ғижирлатди.

Бўлиб ўтган бу воқеалардан, саройда юзага келган хавф-хатардан бутунлай бехабар шоир Флориберт эса тинч-осойишта ҳаёт кечиришда давом этарди. Тўғри, унга меҳмон жанобларининг гоҳо жиғига тегиб, қийнашлари ёқмасди, лекин у бунақанги нарсаларга илгаритдан кўникиб қолган эди. Шоир меҳмонга иложи борича кўринмасликка ҳаракат қилар, бутун кун бўйи қишлоқда ёки Райн дарёси бўйида – балиқчилар ҳузурида бўлар, оқшомларни эса хушбўй ҳарорат оғушида бетизгин хаёллар суриш билан ўтказарди.

Бир куни эрталаб туриб қараса, сарой ҳовлиси деворидаги чойгул(атиргулнинг бир тури – тарж.)нинг илк ғунчалари очила бошлабди. У сўнгги уч йилдан буён ҳар ёз фаслида канда қилмай ана шу ноёб атиргул очилди дегунча, ундан гулдаста ясаб, Агнес хонимнинг уйи остонасига билдирмай қўйиб келарди. Мана энди бу йил ҳам тўртинчи бор ушбу камтарона номсиз саломдан хоним хурсанд бўладиган бўлди-да…

Худди шу куни туш пайти азим қорақайинлар ўсиб ётган ўрмон ичида меҳмон барон ва гўзал аёл бир-бири билан учрашишди. Барон маъшуқасидан кеча ва ундан олдинги куни кеч оқшом қаерда бўлганини сўраб-суриштириб ўтирмади. Аёлнинг хотиржам, беозор кулиб турган кўзларига қаттиқ тикиларкан, унга пўписа оҳангида деди:

– Бугун кечқурун қоронғи тушгач, олдингга келмоқчиман. Деразангни очиб қўй!

– Бугун эмас, – деди аёл майин овозда, – йўқ, бугун эмас.

– Мен шуни хоҳлайман, сени қара-ю.

– Бошқа сафар, майлими? Фақат бугун эмас, иложим йўқ.

– Бугун оқшом келаман дедимми, гап тамом. Бугун оқшом ёки бошқа ҳеч қачон, билганингни қил.

Аёл индамади, ортига бурилди-да, кетди.

Кеч бўлиши билан барон дарё ёқасига келиб, қоронғи тушишини кутди. Соҳилда қайиқ кўринмади. Шундан сўнг у маҳбубасининг уйига яқинлашди, бутазор орасига яшириниб, кесма милтиғини тиззаси устига қўйди.

Атроф сукунатга чўмган, ҳаво иссиқ. Оқ гулли хушбўй ўсимлик – ясминнинг муаттар ҳиди димоққа уради, осмонда муаллақ сузиб юрган булутлар орасидан юлдузлар хира милтираб кўринади. Хиёбон ичида қандайдир қуш дам-бадам маҳзун сайрайди.

Ҳаммаёқ қоронғилик чодирига бурканди. Шу пайт уй бурчагида ногоҳ соя кўринди, кимдир оёқ учида аста юриб кела бошлади. Бошидаги шляпасини пешонасигача тушириб олган, нега бундай қилдийкин, ахир ўзи шундоғам қоп-қоронғи, бунга ҳожат йўқ эди-ку. Ўнг қўлида гулдаста кўтарволган, оқ атиргуллар хира йилтирарди. Пойлоқчи ҳушёр тортиб, милтиқ тепкисини кўтарди.

Номаълум киши тўхтаб, ҳадиксирагандай юқорига қаради. Уйнинг ҳеч қаерида чироқ кўринмасди. Сўнг у эшикка яқин борди-да, энгашди ва темир тутқични ўпиб қўйди.

Худди шу лаҳзада гумбурлаб ўқ овози янгради, у то хиёбон ичкарисига қадар акс-садо берди. Қўлида атиргул тутган киши бехосдан тиззалаб, шағал устига чалқанчасига қулади, ётган жойида хиёл типирчилаб, сўнг қимирламай қолди.

Мерган яширинган жойидан жилмай, бир оз кутди, ҳеч зоғ кўринмади. Чор-атрофга яна сукунат чўмди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, аста ерда ётган кимсага яқинлашди, унинг шляпаси сал нарига учиб тушганди. Эгилиб қараган эди, шоир Флорибертни таниб қолди.

– Эҳ, буни қара, ана холос! – ихраб юборди у беихтиёр.

Чойгуллар ҳар томонга сочилиб кетган, бир дона атиргул марҳумнинг қонига булғаниб ётарди. Қишлоқ томонда қўнғироқ бонг чалди. Осмонни оқиш булутлар тўдаси қоплади. Қасрдаги баҳайбат минора гўё тик туриб уйқуга кетган дароз паҳлавондай кўкка бўй чўзиб турар, Райн дарёси аста мавж уриб, доимий қўшиғини куйларди. Қоп-қора хиёбон ичидаги ёлғиз қуш эса то тун ярмидан оққунга қадар тинмай сайраб чиқди.

Манба: “Ёшлик”, 2014 йил 2-сон

002Hermann Hesse
SOYALAR  O’YINI
Asliyatdan Mirzaali Akbarov tarjimalari
003

Hermann Hesse (1877-1962) — nemis adabiyotining ulug’ namoyandalaridan biri, Nobel mukofoti sohibi Hermann Hesse eng ko’p mutolaa qilinadigan olmon adiblaridan biridir. Uning ko’plab roman, qissa, hikoyalari, she’rlari, siyosiy, adabiy-tanqidiy ruhdagi asarlari chop etilgan. Ular orasida, ayniqsa, «Cho’l bo’risi», «Marjonlar o’yini», «G’ildiraklar ostida», «Demian» kabi asarlari alohida dovrug’ qozongan.
Adib, shuningdek, ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishda ham ko’plab asarlar yozgan. Yuqorida tilga olingan «G’ildiraklar ostida» romani, shuningdek, «Nyurnbergga sayohat» safarnomasi va boshqa ko’pgina asarlar shular jumlasidandir.

044

Keng sahniga yarqiroq tosh yotqizilgan qasrning ulkan derazalari Rayn daryosi va qamishzor botqoqliklar hamda qo‘g‘azorlar, o‘tloqlar va suvli bahavo bir maskan tarafga qaragan, muallaq egik nafis toqi yanglig‘ cho‘zilib ketgan ko‘kimtir o‘rmon tog‘lari uzra bulutlar karvoni suzib yurar, olisdan katta-kichik qasrlar va qo‘rg‘onlar fyon* shamolida go‘yo yengil tebrangandek, oqarinqirab ko‘zga tashlanadi. Ulkan binoning old qismi ohista oqayotgan suv yuzida xuddi sho‘x juvondek o‘ynoqlab, tovusday tovlanadi. Atrofdagi turli xil manzarali butalarning och yashil tusdagi shoxlari suvga tegib osilib yotar, qasr devori tevaragida esa oq rangga bo‘yalgan ko‘ngilochar gondola (Venetsiya qayig‘i – tarj.)lar yengil chayqalib turardi. Qasrning ana shu ochiq kungay tarafida hozir hech kim yashamasdi. Baronessa ketib qolganidan buyon xonalar huvillab yotar, faqatgina eng kichik hujrada hamon shoir Floribert istiqomat qilardi. Xonim o‘z eri va saroy sha’niga dog‘ tushirib g‘oyib bo‘lgan, endi uning ilgarigi ko‘p sonli quvnoq ahli-ayonlaridan, oq rangli gondolalar-u kamgap, kamsuqum shoirni hisobga olmaganda, deyarli hech qanday nom-nishon qolmagandi.

Qasr sohibi o‘sha baxtsizlik sodir bo‘lgan paytdan beri binoning orqa tomonida yashardi. Bu yerda qadimgi rimliklar zamonidan qolgan yolg‘iz, ulkan minora torgina hovliga soya tashlab turar, devor qorayib, nam tortgan, derazalar past va ensiz, serko‘lanka, rutubatli hovli keksa zarang daraxtlari, azim teraklar va qoraqayinlar o‘sib yotgan qorong‘i xiyobonga tutashib ketgandi.

Shoir kungay tarafda, sokin tanholikda osoyishta umr kechirardi. U qasr oshxonasida tamaddi qilar, baronni ba’zan bir necha kun davomida ham ko‘rmas edi.

– Biz bu qasrda xuddi soyalardek umrguzaronlik qilamiz, – dedi shoir bir kuni uni ko‘rgani kelgan yoshlikdagi do‘stiga. Do‘sti esa o‘lik chiqqan uydek befayz, yoqimsiz bu xonadonda arang bir kun turib, jo‘nab ketdi. Floribert bir mahallar baronessaning ulfat-jo‘ralari uchun masallar to‘qigan va oshiqona qofiyalar bitgan, biroq bu quvnoq xonadonga ko‘z tegib, putur yetgach, endi hech kimga kerak bo‘lmay qolgandi, shunday bo‘lsa-da, undagi kamtarona qalb, kamsuqum ko‘ngil dunyo kezib, tirikchilik ko‘chalarida sarson-sargardon tentirashdan ko‘ra mana shu g‘amgin, fayzsiz saroydagi tinchgina yolg‘izlikni afzal deb bilardi. U anchadan beri she’r ham yozmay qo‘ygan. Daryo bo‘ylab kunbotish tarafdan shamol esgan paytlar, sarg‘aygan qamishzorlar orasidan ko‘zga tashlanayotgan olis ko‘kish tog‘lar tizmasi hamda bulutlar karvonini ko‘zdan kechirgan va kechalari qadimiy xiyobondagi keksa, daroz daraxtlar allasini tinglagan chog‘larida u beixtiyor uzun she’rlar to‘qir, biroq ularda hech qanaqangi so‘z bo‘lmas va hech qachon qog‘ozga ham tushirolmas edi. Ana shunday she’rlardan biri “Tangri nafasi” deb atalib, janubning iliq shamoli haqida so‘ylardi, yana boshqasining nomi esa “Ruhiy dalda” deb atalgan va rang-barang ko‘klam chechaklariga bag‘ishlangan edi. Afsuski, Floribert bu ash’orlarni na o‘qiy va na kuylay olardi, chunki ular so‘zsiz edi, biroq muttasil xayolan o‘ylar, ayniqsa, kech kirishi bilan ularni chuqur his eta boshlardi. Qolgan paytlarda esa uning kunlari ko‘pincha qishloqda o‘tar, u yerda sarg‘ish-oq sariq sochli bolachalar bilan o‘ynab-kulishar yo bo‘lmasam yosh ayollar yoki bokira qizlar oldida ularni xuddi saroy xonimlariga o‘xshatib, boshidan shlyapasini olar, ta’zim qilib, ko‘pchilikni kuldirardi. Agnes xonim, ha, go‘zal Agnes xonim, sohibjamol, mashhur Agnes xonim uchragan kunlar esa uning uchun eng baxtiyor damlar hisoblanardi. Unga duch kelib qolsa bormi, ta’zim bajo aylab, quyuq salom berar, go‘zal ayol esa alik olib, uning xomush va parishon yuz-ko‘zlariga birrov nazar tashlab, jilmayganicha yonidan bamisoli quyosh nuriday “lip” etib o‘tib ketardi.

Agnes xonim bir paytlar kavaler (oshiq, xushtor – tarj.) baronlarga qarashli bo‘lgan, o‘t bosib, qarovsiz yotgan qasr xiyoboniga tutash uyda yolg‘iz o‘zi yashardi. Uning otasi o‘rmonchi bo‘lgan va bu uyni unga ma’lum bir xizmatlari evaziga hozirgi xo‘jayinning padari buzrukvori hadya etgan edi. Juda erta erga tegib, turmushi buzilib, yosh beva sifatida uyga qaytgach, otasining vafotidan so‘ng u bir cho‘ri xotin va ko‘zi ojiz xolasi bilan birga ana shu huvillagan uyda istiqomat qilardi.

Agnes xonim odmi bo‘lsa-da, biroq har doim yangi, nafis rangli, chiroyli ko‘ylaklar kiyib yurguchi edi. Yuz-ko‘zlari ham xuddi qizlarnikidek hamon yosh va go‘zal ko‘rinar, to‘q jigarrang patila sochlari ilonday to‘lg‘anib, ketvorgan qaddi-qomatiga o‘zgacha husn bag‘ishlardi. Baron uni o‘z xotini isnodga qoldirib, tashlab ketmasidan burun zimdan yaxshi ko‘rar, mana endi u sohibjamol ishqida otash bo‘lib yonardi. Ertalab uni o‘rmonda uchratdi-yu, tinchi yo‘qoldi, kech tushishi bilan qo‘yarda-qo‘ymay qayiqqa o‘tqazib, o‘zi bilan to‘qayzordagi qamish kapaga olib ketdi. Nihoyat, erta oqarayotgan dag‘al soch-soqol do‘ndiq chehraga suykalib, ovchiga xos qattiq va berahm qo‘llar nozik-nafis barmoqlar bilan o‘ynashdi…

Agnes xonim dam olish kunlari muntazam cherkovga borar, toat-ibodatdan so‘ng gadoylarga sadaqa ulashardi. Shu kuni u qishloqdagi kambag‘al, beva-bechora xotin-xalaj holidan ham xabar olar, ularga poyafzallar in’om qilar, bichish-tikish ishlarida yordamlashar, nabiralarining sochlarini tarab qo‘yar va ketayotib shu zayl kulbalarda Xudoning suygan bandasi yanglig‘, aziz-avliyo kabi o‘zidan yoqimli taassurotlar qoldirardi.

Yashirib nima qildik, go‘zal Agnes xonimga barcha erkaklarning ham ko‘ngli sust ketardi. Kimki agar o‘ziga yoqsa va belgilangan vaqtda kelsa, unga nainki qo‘lini o‘pishga, balki aqiq lablaridan qaynoq bo‘sa olishiga ham izn berardi, qaysiki yigitning qaddi-qomati kelishgan, omadi chopgan bo‘lsa, tunda sezdirmay oyimchaning oldiga deraza oshib tushishga ham haddi sig‘ardi.

Buni hamma, hatto baron ham bilardi, biroq go‘zal ayol parvoyi palak, bokira qizlarga xos iboli nigoh-la o‘z yo‘lida davom etar, ko‘rinishdan uni hech qanday erkak zoti yo‘ldan ozdira olishga qodir emasdek tuyulardi go‘yo. Goho yo‘lida nogoh yangi ma’shuq paydo bo‘lar, xuddi erishib bo‘lmaydigan go‘zallik yanglig‘ ehtiyotkorlik bilan ko‘nglini ovlar, uni o‘ziga maftun eta olganidan mas’ud g‘ururga to‘lib, boshqa erkaklar oldida o‘zida yo‘q shodlanardi. Ayol yashaydigan uy ma’yus, g‘amgin, g‘ira-shira xiyobonning bir chekkasida joylashgan, xuddi o‘rmon ertagi kabi tanho bu makon hamisha yam-yashil bo‘lib o‘sadigan atirgul bilan qoplangan edi. U bu uyga bamisoli yozda tong mahal ochilgan qirmizi atirgulday yashnab kirib-chiqarkan, bolalarga xos yuz-ko‘zlaridagi sof go‘zallik yanada tiniqroq jilva qilar, chambar qilib o‘rilgan sochlari har qadamda tovlanib, ko‘zlarni quvnatardi. Qari-qartang, beva-bechora xotinlar uning qo‘llarini o‘pib, duo qilishar, erkaklar bo‘lsa quyuq salomlashib, ketidan jilmayib qarab qolishar, bolalar uning ortidan chopib, tilanchilik qilishar, u esa mehribonlik bilan ularning yuzlarini siypardi.

– Hoy, menga qara, nega sen bunaqasan-a? – so‘rardi baron ba’zan, unga qahrli ko‘zlari bilan tahdid qilib.

– Men bilan ishing nima? – derdi ayol unga hayronlik bilan boqib, to‘q jigarrang sochlarini o‘rishda davom etarkan.

Shoir Floribert uni hammadan ortiq sevardi. Unga ko‘zi tushdi deguncha, yuragi potirlab ura boshlardi. Agar uning haqida biron yomon gap eshitgudek bo‘lsa, birdan ma’yus bo‘lib qolar, bosh chayqab, ishongisi kelmasdi. Bolalar uni tilga olishganda, xuddi qo‘shiq tinglayotgandek ochilib, yayrab ketardi. Uning xayolot olamidagi eng go‘zal o‘y, his-tuyg‘ular faqat Agnes xonimga tegishli bo‘lardi. Bunda u sevgan va unga go‘zal tuyulgan barcha narsalar, Mag‘rib shamolidan tortib, olis moviy kengliklar-u yarqiragan ko‘klam chechaklarigacha, barcha-barchasi madad berar, hammasi bir bo‘lib, bolalarga xos besamar hayotining butun sog‘inchlari-yu bema’ni dilkashliklarini mana shu birgina suratga jo etardi.

Yoz endigina boshlangan kezlar edi. Uzoq davom etgan jimjitlikdan so‘ng, nihoyat, bir kuni oqshom jonsiz qasrga bir ozgina yangi hayot nafasi kirib keldi. Quloqlarni qomatga keltirib gorn ovozi yangragach, hovlida hashamatli arava jarang-juring qilib to‘xtadi. Qasr sohibining tug‘ishgan akasi xos xizmatkori bilan mehmon bo‘lib kelgandi. Echki soqolli, askariy ko‘zlari g‘azabnok chaqnab turadigan, kelishgan, barvasta bo‘yli bu odam har kuni Rayn daryosida suzar, shunchaki ermak, ko‘ngilxushlik uchun kumushrang baliqchi qushlar – chaykalarga qaratib o‘q uzar, shaharga otda sayr qilib, u yerdan kayfi oshib, mast holda qaytardi. Uyga kelgach, beozor shoirni mazax qilib, jig‘iga tegar, kechayu kunduz shovqin solib, ukasi bilan surishgani-surishgan edi. Uni qil, buni qil, u yoq-bu yog‘ingni tuzatib, yaxshiroq yashasang-chi, deya unga o‘zicha ming xil “maslahatlar” berardi. Albatta, unga gapirish oson, chunki o‘zi badavlat xonadonga kuyov bo‘lib, boyib ketgan, ukasi – qasr egasi esa kambag‘al edi, buning ustiga umri ko‘pincha dardu hasrat, g‘am-alam bilan o‘tgan.

Mehmonning tashrifidan maqsadi ko‘proq ko‘ngil xushi bo‘lgan chamasi, birinchi haftadayoq kelganiga pushaymon bo‘la boshladi. Uka akasining og‘zini poylar, biroq u ketish haqida so‘z ham ochmasdi. Buning boisi bor edi – u Agnes xonimni ko‘rib qolib, oromini yo‘qotgandi.

Oradan ko‘p o‘tmay, go‘zal ayol xizmatkorining egnida yangi ko‘ylak paydo bo‘ldi, buni unga albatta, mehmon baron tuhfa qilgan edi. Yana hayal vaqt o‘tmasdan, cho‘ri xotin xiyobon devori yonida mehmonning shaxsiy xizmatkori qo‘lidan guldasta bilan maktublarni qabul qilib oldi. Bir-ikki kun o‘tib-o‘tmay, mehmon baron o‘rmondagi uychada Agnes xonim bilan uchrashib, uning nozik qo‘lidan, yupqa lablaridan va oppoq bo‘ynidan o‘pa boshladi… Shundan keyin qishloq yo‘lida sohibjamol ayolni har gal uchratganida boshidan qalpog‘ini olib salomlashadigan, u esa o‘n yetti yashar qiz kabi uyalib, rahmat aytadigan bo‘ldi.

Oradan ko‘p vaqt o‘tmadi, bir kuni oqshom mehmon baron o‘zi yolg‘iz xayol surib o‘tirgandi, kutilmaganda daryo bo‘ylab suzib borayotgan qayiqni ko‘rib qoldi. Unda eshkakchi bilan bir ayol ham bor edi. Ular kim bo‘ldiykin? Afsuski, g‘ira-shirada aniq taniyolmadi. Bir-ikki kun o‘tib, sir oshkor bo‘ldi-qo‘ydi. Qoramtirtus Rayn daryosi bo‘ylab suzib borib, sohildagi qamishzor ortida ko‘zdan g‘oyib bo‘lganlar… uning o‘z ukasi bilan o‘sha… go‘zal ayol ekan.

Mehmon baron bundan darg‘azab bo‘lib, badbin xayollarga berildi. U Agnes xonimni qonundan tashqari deb e’lon qilingan beg‘am, beor shaxs emas, balki aziz va qimmatli ma’shuqa sifatida sevib qolgan edi. Undan har gal bo‘sa olganida quvonch va hayratdan o‘zida yo‘q shodlanar, uning xushomadi oldida sof nafosat so‘zsiz taslim bo‘lardi. Shuning uchun ham unga boshqa ayollarga qaraganda ko‘proq mehr bergan, uni minnatdorlik, hurmat-e’tibor va iltifot ila og‘ushiga olgan paytlari bo‘z yigitlik chog‘larini eslagan bo‘lsa ne ajab. U nobakor bo‘lsa… Baronning g‘azabdan ko‘zlari yondi, bir tutam soqolini yamlab, tishlarini g‘ijirlatdi.

Bo‘lib o‘tgan bu voqealardan, saroyda yuzaga kelgan xavf-xatardan butunlay bexabar shoir Floribert esa tinch-osoyishta hayot kechirishda davom etardi. To‘g‘ri, unga mehmon janoblarining goho jig‘iga tegib, qiynashlari yoqmasdi, lekin u bunaqangi narsalarga ilgaritdan ko‘nikib qolgan edi. Shoir mehmonga iloji boricha ko‘rinmaslikka harakat qilar, butun kun bo‘yi qishloqda yoki Rayn daryosi bo‘yida – baliqchilar huzurida bo‘lar, oqshomlarni esa xushbo‘y harorat og‘ushida betizgin xayollar surish bilan o‘tkazardi.

Bir kuni ertalab turib qarasa, saroy hovlisi devoridagi choygul(atirgulning bir turi – tarj.)ning ilk g‘unchalari ochila boshlabdi. U so‘nggi uch yildan buyon har yoz faslida kanda qilmay ana shu noyob atirgul ochildi deguncha, undan guldasta yasab, Agnes xonimning uyi ostonasiga bildirmay qo‘yib kelardi. Mana endi bu yil ham to‘rtinchi bor ushbu kamtarona nomsiz salomdan xonim xursand bo‘ladigan bo‘ldi-da…

Xuddi shu kuni tush payti azim qoraqayinlar o‘sib yotgan o‘rmon ichida mehmon baron va go‘zal ayol bir-biri bilan uchrashishdi. Baron ma’shuqasidan kecha va undan oldingi kuni kech oqshom qayerda bo‘lganini so‘rab-surishtirib o‘tirmadi. Ayolning xotirjam, beozor kulib turgan ko‘zlariga qattiq tikilarkan, unga po‘pisa ohangida dedi:

– Bugun kechqurun qorong‘i tushgach, oldingga kelmoqchiman. Derazangni ochib qo‘y!

– Bugun emas, – dedi ayol mayin ovozda, – yo‘q, bugun emas.

– Men shuni xohlayman, seni qara-yu.

– Boshqa safar, maylimi? Faqat bugun emas, ilojim yo‘q.

– Bugun oqshom kelaman dedimmi, gap tamom. Bugun oqshom yoki boshqa hech qachon, bilganingni qil.

Ayol indamadi, ortiga burildi-da, ketdi.

Kech bo‘lishi bilan baron daryo yoqasiga kelib, qorong‘i tushishini kutdi. Sohilda qayiq ko‘rinmadi. Shundan so‘ng u mahbubasining uyiga yaqinlashdi, butazor orasiga yashirinib, kesma miltig‘ini tizzasi ustiga qo‘ydi.

Atrof sukunatga cho‘mgan, havo issiq. Oq gulli xushbo‘y o‘simlik – yasminning muattar hidi dimoqqa uradi, osmonda muallaq suzib yurgan bulutlar orasidan yulduzlar xira miltirab ko‘rinadi. Xiyobon ichida qandaydir qush dam-badam mahzun sayraydi.

Hammayoq qorong‘ilik chodiriga burkandi. Shu payt uy burchagida nogoh soya ko‘rindi, kimdir oyoq uchida asta yurib kela boshladi. Boshidagi shlyapasini peshonasigacha tushirib olgan, nega bunday qildiykin, axir o‘zi shundog‘am qop-qorong‘i, bunga hojat yo‘q edi-ku. O‘ng qo‘lida guldasta ko‘tarvolgan, oq atirgullar xira yiltirardi. Poyloqchi hushyor tortib, miltiq tepkisini ko‘tardi.

Noma’lum kishi to‘xtab, hadiksiraganday yuqoriga qaradi. Uyning hech qayerida chiroq ko‘rinmasdi. So‘ng u eshikka yaqin bordi-da, engashdi va temir tutqichni o‘pib qo‘ydi.

Xuddi shu lahzada gumburlab o‘q ovozi yangradi, u to xiyobon ichkarisiga qadar aks-sado berdi. Qo‘lida atirgul tutgan kishi bexosdan tizzalab, shag‘al ustiga chalqanchasiga quladi, yotgan joyida xiyol tipirchilab, so‘ng qimirlamay qoldi.

Mergan yashiringan joyidan jilmay, bir oz kutdi, hech zog‘ ko‘rinmadi. Chor-atrofga yana sukunat cho‘mdi. U yoq-bu yoqqa alanglab, asta yerda yotgan kimsaga yaqinlashdi, uning shlyapasi sal nariga uchib tushgandi. Egilib qaragan edi, shoir Floribertni tanib qoldi.

– Eh, buni qara, ana xolos! – ixrab yubordi u beixtiyor.

Choygullar har tomonga sochilib ketgan, bir dona atirgul marhumning qoniga bulg‘anib yotardi. Qishloq tomonda qo‘ng‘iroq bong chaldi. Osmonni oqish bulutlar to‘dasi qopladi. Qasrdagi bahaybat minora go‘yo tik turib uyquga ketgan daroz pahlavonday ko‘kka bo‘y cho‘zib turar, Rayn daryosi asta mavj urib, doimiy qo‘shig‘ini kuylardi. Qop-qora xiyobon ichidagi yolg‘iz qush esa to tun yarmidan oqqunga qadar tinmay sayrab chiqdi.

Manba: “Yoshlik”, 2014 yil 2-son

044

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring