Ibrohim Haqqul. Attor kashf etgan asror.

Ashampoo_Snap_2016.11.10_16h41m52s_008_.png     Аттор табиатан илҳом ва ижод кишиси эди. Унинг насри ҳам, назми ҳам илм ва маърифат устида қад ростлаган. У Шарқнинг Форобий, Ибн Синога ўхшаш мутаффкирлари ғоялари билан яхши таниш бўлган. Араб тасаввуф адабиётини пухта ўрганган.  Фирдавсий, Хайём, Ғаззолийлар туғилиб камолга етишган юрт фарзанди эканидан у доимо фахр-ифтихор туйган. Энг муҳими, тасаввуф шеърияти ишқ ва кўнгил ойнаси эканига Аттор ҳаммани бирдай инонтира билганди. Буни инкор қилиш, Абдураҳмон Жомий таъкидлаганидек, зор йиғлашга кўникиш дегани эди.


Иброҳим ҲАҚҚУЛ

АТТОР КАШФ ЭТГАН АСРОР
09

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,
Онча юз Аттор дўконида бор…
Алишер Навоий

I

Ashampoo_Snap_2016.11.10_16h47m24s_009_.pngБуюк санъаткорлар бошқаларга нисбатан кўп билишган ва кенг кўламда мушоҳада юритишган. Уларнинг тафаккур тарзи, ҳақиқат туйғуси ўзгаларникига ўхшамаганлиги сабабли ҳам кўпчиликни қизиқтирган. Айниқса, рост ва мардона фикр юритган, ҳар бир сўзи, ифодасида инсон тақдири сир-асрорини чуқур ёритган ижодкорлар эъзозланган. Адабиёт шундай даҳоларнинг асарларида адабиёт ўлароқ ўзининг куч-қуввати ва фазилатларини намойиш этган. Лекин дунё тарихининг ҳеч бир даврида адабиёт мутлақ эркинлик – дахлсиз ҳурриятни қўлга киритолмаган. У ёки бу шаклда қаршиликларга учраб, баъзан темир тўсиқларни парчалашдек енгиб ўтиш синовларини ўтказган. Адабиётнинг ўткинчи ғам-ғусса, тайинсиз шодликлардан четлашувининг бир сабаби ҳам шу. Муҳаммад Ризо Огаҳий бир ғазалида:

Шодлиғ ҳирси балоларға солибдур барчани,
Воқиф ўл, эй Огаҳий, чекма балойи шодлиғ,

дейди. Ҳавойи қувонч ва сохта шодлик кўпчиликни маънавий ҳалокатга қандоқ гирифтор қилишини чин санъаткоргина фаҳмлайди. Шу ўринда бир файласуфнинг “Кулма! Йиғлама! Лаънатлама! Лекин англа!” деган сўзлари ёдга келди. Бу гапга эътироз билдириш осон: ҳаёт кимнидир қувнатса, кимнидир йиғлатади. Кимлардир дунёдан рози бўлса, яна кимлардир норози яшайди! Бошқача бўлиши мумкин эмас. Худди тун ва кун, нур ва зулматга ўхшаб бахт ила бахтсизлик, шодлик ила қайғу, омад ва надомат узлуксиз тарзда жой алмашади. Ҳаёт аслида шуниси билан қизиқ. Сиртдан қаралганда, унинг адолати ҳам, адолатсизлиги ҳам шунда. Аммо инсоннинг бахт деб билгани ҳақиқатда бахтми? Бахтсизлик дея тасаввур этгани чиндан бахтсизликми? Бу саволларга фақат ўзини англаган кишигина тўғри жавоб топиши мумкин. Қолганлар-чи? Наинки кулиш-йиғлаш, айблаш ва лаънатлашда ҳам адашувчилар кўп. Албатта, тушунган одамга оғир. Англаган андуҳ чекади. Ўзни таниш дастлаб ҳеч кимсага қувонч бағишламаган, бағишламайди ҳам. Энг катта ғанимни ботинида кўра олган кишининг дили, ҳоли, хотири ҳам тубдан ўзгаради.

Яшаш учун фикрлаш бошқаю, фикрлаш учун яшаш бир бошқа нарса. Агар инсон сийратида ғунчадай очилажак чечаклар бўлмаса, ҳаётда яратиладиган ёхуд ҳаётдан оладиган гўзалликлар ҳам йўқ демак. Зеро, ҳаёт “қулфи”ни очадиган калит инсоннинг сийратидадир. Шу боисдан Шарқ тасаввуф адабиёти дунёнинг ҳар қандай мураккаб ва зиддиятли мууммоларини шахснинг ички олами орқали ёритишни бош вазифа этиб белгилаган. Инсон тақдирининг илоҳий асослари қаерда, уларни ҳаққоний мушоҳада қилолмаслик қандай ёмон ва аянчли оқибатларга олиб боришини бу адабиёт аввалданоқ яхши англаган. Форс-тожик шеъриятининг бир неча асрлар мобайнида сўфий ва мутасаввифлар қўлига ўтиб, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби шоирларнинг асарлари жаҳон бўйлаб алоҳида қизиқиш уйғотганлиги тасодиф эмасди. Тасаввуф илмининг улкан билимдони, машҳур “Гулшани роз” китобининг муаллифи Маҳмуд Шабустарийда шундай байт бор:

Маро аз шоири худ ор н-ояд,
Ки дар сад қарн чун Аттор н-ояд.

Мазмуни: мен ўзимнинг шоирлигимдан ор қилиб, уялмайман. Бироқ Аттор сингари шоир юз асрда бир маротаба дунёга келади. Шайх Фариддудин Атторнинг ҳаёти ва шахсини билган, озми-кўпми ижодиётидан хабардор киши Шабустарий таърифини муболағали ҳисобламайди.

“Асрорнома” асарида эса Аттор ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.)га шеъру ғазалларимни кўриб:

Менга шоир дебон солма назарни,

дея илтижо этади. Нега? Динимизнинг муқаддас китоби Қуръони каримнинг олти ўрнида шеър ва шоирлик борасида сўзланган. “Шуаро” сурасида шоирлар танқид қилинган. Шунингдек, Қуръон калималари билан шоирларнинг сўзларини аралаштирмаслик, яъни ваҳий ва илҳом ила шеър орасида туб моҳиятда аввалдан фарқланиш мавжудлиги қатъиян таъкидланган. Айрим набавий ҳадисларда эса манбаси илҳоми раббоний бўлган шеър ҳикматни акс эттирса, асоси нафсонийликдан иборат шеър сеҳр хусусиятига эгалиги, қалбни сеҳрлаб, зеҳнига таъсир ўтказгани билан мутлақ ҳақиқатга ошно этолмаслиги айтилган. Сўнгра маъно хусусидаги баҳсу мунозаралар ўртага чиққан. Ва тасаввуфий истилоҳ сифатида “маъно”нинг моҳияти бойитилиб, руҳ, илоҳий бирлик мазмунларини ифодалашда фаол қўлланилган. Абдулазиз Даббоғ “ал-Ибриз” китобида ёзади: “Жаноби Ҳақ валилари учун маънавий шароблар ҳозирламиш. Валилар ул шаробдан қониб-қониб ичгач, нафс чиркинликларидан покланадилар. Кейин эса вужуд юкларини енгиллатиб, ҳақойиқ тарафга парвоз қиладилар. Бу парвоздан улар нашъаланадилар ва маъно оламида мутаҳаййир бўладилар…”. Фаридиддин Аттор шундай вали зотларнинг султонларидан бири эди. Руҳониятда Атторга тенглашиш, ишқда Аттор каби ёниш ва қалам тебратишга шоирлик таланти кучсизлик қиларди. Унинг шуури – валийлик шуури. Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавий”нинг биринчи дафтарида, агар сен башарий сифатларингдан ўзингни тозаласанг, зоти покинг мусаффолигини кўра билурсан деганлар:

Хешро софй куни аз авсофи худ,
То бибинй зоти поки софи худ.

Азоб ва изтиробли бу маънавий-ахлоқий “тажриба”нинг ранг-баранг бадиий талқинларини яратган Шарқ шоирларининг пирларидан бири ҳам Фаридиддин Аттордир.

Маълумки, Эронда мавқе топган мутасаввифларнинг аксарияти шоир бўлиб, ирфоний фикрларни шеърий шаклларда ифодалашнинг зўр мактабларини яратишган. Тасаввуфий мазмундаги уларнинг шундай рубоийлари борки, қатрада чиндан ҳам бир дарё акс этган дейсиз. Нафсга шафқатсиз нигоҳ ила қарашга тарафдор шоирлардан бири ёзади:

Эй фисқу фужур кори ҳар рўзйи мо.
В-эй пур зи ҳаром кисаву кўзаи мо.
Механдад рўзгору мегиряд умр,
Бар тоату бар намозу бар рўзаи мо.

Мазмуни: Бизнинг ҳар кунлик ишимиз, афсуски, фисқу фужурдир. Кисса ва кўзамиз ҳаром билан тўлади. Бизнинг тоатимиз, намозу рўзамиздан эса рўзгор кулади ва умр йиғлайди. Рўзгор ва турмуш кулгусига қолиб, умрни йиғлатмасликнинг илк чорасини сўфийлар ўзни тадқиқ ва тафтиш айлаш, ўзи ҳақида нотўғри тасаввурга кўникиб қолмаслик деб белгилашган. Чунки ўз аҳволини хато англаш дунёдаги барча ҳақсизлик, зиддият, зўравонлик ва ёмонликларнинг замини бўлиб, бунда ҳамиша жаҳл – ақлу донишнинг, уятсизлик – уят ва андишанинг, зулм – адолат ва ҳимматнинг ўрнига даъвогарлик қилади. Бунақа ҳолатда ўзининг хасталиги билан одам ўзи олишиб, ўзининг разолати ва маккорлигидан ўзи безор бўлмаса, ўзгаларнинг асабини қақшатиш ёки ошига оғу қўшишдан асло толиқмайди. Абдусаид Абулхайрнинг қуйидаги рубоийсини ўқиган Ҳақ ошиқлари нафс измидаги «Мен»ликни танишга янада кўпроқ уринишган:

Ё Раб, мани бечоро гирифтори худам,
Гардида табиби хешу бемори худам.
Абнои жаҳон зи ман ҳама безоранд,
Ман низ аз эшонаму безори худам.

Мазмуни: Ё Раб, мен бечора ўзим билан ўзим гирифторман. Бемор ҳам, табиб ҳам менинг ўзимман. Аҳли жаҳоннинг бари мендан безордирлар. Мен ҳам ўшалардан бириман – чунки ўзим ўзимдан безорман.

Хуллас, агар шеър билан тасаввуф ич-ичдан ўзаро тил топишиб, узоқ пайт бир-биридан ажралмаган бўлса, бунинг ёрқин манзараси форс-тожик шеъриятидир. Шоҳдан гадогача, олиму уламодан то оддий фуқарогача – айтарли ҳамма шу туфайли ҳам тасаввуфий шеърият билан қизиққан. Умуман, қадимий Шарқда тасаввуф завқ-шавқидан йироқ қолиш бир ноқислик саналган. Чунки мутасаввиф ижодкорларнинг асарларини ўқиб-ўрганиш, энг аввало, нафсга жило бериш, руҳий ҳаётни гўзаллаштиришга илҳомлантирган.

Қанот ёз, маънилар осмонига уч,
Фалакнинг етти юксак қопқасин қуч,

дейди Аттор. Бундай чорловларга лоқайд қолиш мумкинми?

Бир қанча адабиёт тарихчиларининг эътирофларига қараганда, энг самимий, вақт синовларига бемалол дош беришга қодир санъат асарлари – бу тасаввуфий ижод намуналаридир. Бундай асарларда шоир Шахсиятига мутлақо уйғун равишда ишонч-эътиқод, содиқлик, самимият гуркираб туради. Аттор ижодиёти шу гапнинг ростлигини тўлиқ тасдиқлайди.

Аттор жуда маҳсулдор шоир. Ризоқулихон Ҳидоят шоир асарлари сонини 190 та деб кўрсатган экан. Бошқа бир олимлар 114 та, 140 та деб қайд қилишган. “Энциклопедияи адабиёт ва санъати точик”да ўқиймиз: “Атторнинг шеърий меросидан сўз юритган Лутфалибек Озар “Оташкада”да “фақир унинг эллик минг байтини мутолаа қилдим”, дейди. “Мантиқ ут-тайр” ҳозирги ҳолида 4600, “Илоҳийнома” 6511, “Мусибатнома” 7535, “Асрорнома” 3305, “Хусравнома” 7838 байтдан иборат. Буларнинг жами 29789 байтни ташкил этади. Агар бунга 5000 байтлик “Мухторнома” ва турли жанрдаги шеърларни ўз ичига олган 9943 байт ҳажмидаги девони қўшилса, Аттор шеърий меросининг умумий сони 44 732 байтга етадики, Лутфалибек Озарнинг шоирнинг икки китоби етиб келмаганлиги хусусидаги гапи ҳам тўғри чиқади” (Душанбе, 1988, Чилд I, саҳ. 194.).

Аттор табиатан илҳом ва ижод кишиси эди. Унинг насри ҳам, назми ҳам илм ва маърифат устида қад ростлаган. У Шарқнинг Форобий, Ибн Синога ўхшаш мутаффкирлари ғоялари билан яхши таниш бўлган. Араб тасаввуф адабиётини пухта ўрганган.

Фирдавсий, Хайём, Ғаззолийлар туғилиб камолга етишган юрт фарзанди эканидан у доимо фахр-ифтихор туйган. Энг муҳими, тасаввуф шеърияти ишқ ва кўнгил ойнаси эканига Аттор ҳаммани бирдай инонтира билганди. Буни инкор қилиш, Абдураҳмон Жомий таъкидлаганидек, зор йиғлашга кўникиш дегани эди:

Тутди Аттор назмидин оламни буткул атри ишқ,
Хожа, ким Атторни инкор айласа зор йиғлагай…

Атторга қарши чиққан замонлар ҳали олисда эди.

II

017Тарихга айланган асрлардан бирортаси ҳам башар фарзандларини бахт ва саодатга эриштирдим ёки хотиржам эта олдим, дея мақтанолмаса керак. Олдинги асрнинг қайғу ва кулфатлари кейингисига ўхшамайди. Бирининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий муаммолари бошқасиникидан ортиқроқ. Ёхуд кескинроқ. Шу маънода ХХ аср ўзидан аввалги деярли барча юзйилликлардан фарқланади. Тараққиёт ва тамаддуни нечоғлик юқори бўлса, таназзул ва қаттоллиги шунчалик чексиз-чегарасиз. Бир замонлар Оврупода илгари сурилган “инсонни тангрилаштириш” ғояси худди шу асрда чўққисига кўтарилиб, К.Маркснинг “Бутун тангриларга ўчим бор”, Ф.Нитшенинг “Тангри ўлди!” деган фикрлари амалда исботини топди. Оллоҳга қарши очиқ-ошкора жанг, даҳрийлик уруши Ғарб таъсирида Шарқ минтақаларида ҳам авж олдириб юборилди. Бу – ахлоқий-сиёсий телбалик ва бузғунлик эди, албатта. Марксизм-ленинизм таълимоти ва тарғиботи наинки давлат, наинки “буржуазия”га, миллий, диний муассасаларга қарши адоват, нафрат ва душманликни талқин қиларди. Мистикани қоралаб ўзи “мистик бир ҳол тусини олган марксизм ғайриинсоний бир тарзда қулоч ёзиб, инсонларни, бутун бошли миллатларни шахсиятсиз, ҳурриятсиз, динсиз, ахлоқсиз, исмсиз ва маданиятсиз “тўда”га эврилтиришга бел боғлаганди” .

Октябрь тўнтаришидан кейин Оллоҳ, Пайғамбар ва диндан юз ўгириш, уларни таҳқирлаш фахр-ифтихор мартабасига кўтарилган эди. Давлат, сиёсат арбоблари қатори бунда шоир, ёзувчи, олимлар жамоаси ҳам ташаббускорлик қилишарди. Мана бунақа байт тўқиш омманинг янги фикр-қарашларини акс эттириш саналарди:

Кишти фатҳам ба соҳил мерасад бо инқилоб,
Нохудои хеш дорам ман, худо даркор нест.

Мазмуни: фатҳ ва зафар кемам инқилоб туфайли соҳилга омон-эсон етиб боради. Мен худосизликни мақбул кўраман, худонинг ҳеч кераги йўқдир.

Бу энди тарихда мисли кўрилмаган бир маънавий фалокат эди. Бу –шайтонни ҳам қўрқувга солган имонсизлик ғалаёни, инсонни ҳайвонлаштириш жараёнидан ўзга бир нима эмасди. Ақл ва тафаккур илоҳий илдизидан узилгач, илм-фан фойдадан кўра қаттиқ зиён етказиши, бора-бора қўрқинч нарсага айланиши хусусида чурқ этиб бўлмасди. Ваҳоланки…

Қадим замонларда Ҳиндистон томонларда тўртта брахман яшаб ўтган – учтаси олим, биттаси холис бир ақл эгаси бўлган экан. Ҳалиги уч олим шу даражада кўп илмга етишишибдики, охири ўзларининг заковату салоҳиятларини кўрсатиш учун олампаноҳ саройига боришга қарор қилишибди. Тўртинчи одам эса уларга шунчаки шерик бўлибди. Кетаётиб улар ўлган бир шер жасадига дуч келибди. Шунда биринчи олим “Мен шу шер жасадига гўшт пайдо қила оламан”, дебди. Қарангки, айтганининг уддасидан чиқибди. Иккинчи олим, “Мен гўшт устига тери қоплайман”, дебди. Бу иш ҳам бажарилибди. Учинчи олим эса “Энди шерга мен жон киритаман”, деганда ақлли одам “Илтимос, бир пас шошманглар. Дарахтга чиқиб олай”, — дебдию бир зумда юқорига кўтарилибди. Хуллас, учинчи олим шерни тирилтиргач, учовини ҳам ебди. Ақлли одам дарахтдан тушиб омон-эсон уйига қайтибди.

Ривоят жуда ибратли ва Оллоҳ ато этган соғлом ақлга асосланмаган илм олимнинг ўзини аввало ҳалокатга гирифтор қилади, деган маъно унда чиройли ифодаланган. Қолаверса, ўша уч худпараст олимнинг суякларини тўрт оёқли шери даррон ғажигани йўқ – ўз нафсу ҳавосига улар қурбон бўлишган.

Бирор жон билмади: жон не эмишдир?
Бирор тан билмади: тан не эмишдир?

Қулоқ сир уқмади гар тинглади мўл,
Хабардор бўлмади кўз кўрса ҳам ул.

Нечун гўё эрур тил, билмагай, бас,
Нечун қувватлидир тан, доғи билмас…

Атторнинг бу сўзлари айримларни ажаблантирса ажабмас: наҳотки дунёда бирор кимса огоҳ ўтмаган бўлса? Наҳотки, одам қисматида ғафлат ва ожизликдан бўлак бир нима ёзилмаса? Нафс ахлоқ ва қалбга ҳукмронлик қилганида ҳамиша шундай бўлган.

Яхши ҳамки, жаҳонда руҳ ва имонни асраб-авайлайдиган илоҳий калима, муқаддас тушунчалар бор. Инсонни шулар Ҳақ ва ҳақиқат йўлига бошлайди, ахлоқ ва қалб хасталикларини даволайди, шулар осий бандасини куфру гуноҳдан асрайди. Руҳ ва тафаккурда уларга суянилмаса, улардаги маъно-моҳият тўхтовсиз кашф этиб борилмаса, ихтиёрий равишда одамзод ўзини азоб-уқубат, мусибат ва бадбахтликларга маҳкум этаверади.

Дунёда нима кўп – сир-синоат кўп. Бириси очилса, бошқаси яширин қолади; бирининг моҳияти англанса, бошқа бирларига ақлу идрок кучсизлик қилади. Олам буюк ва муҳташам бир китобга ўхшайди. Фикр, савиясига яраша ҳар ким бу “китоб”ни варақлайди, ўқийди. Тушунса тушуниб, тушунмаса, тушунмасдан юраверади. Бироқ борлиқни мушоҳада этиш, англаш, у ҳақда ҳукм чиқаришда умумий бирлик, тўла-тўкис ҳамжиҳатлик йўқ. Аксинча, дин, дунёқараш, турли-туман назария ва таълимотда фарқланиш, гоҳида ҳеч мувофиқ келмас зиддиятлар бор. Ҳанузгача ҳар хил ихтилофлар мавжуд. Аслида, улкан сир маҳзани зоҳирий олам эмас – одам ва одамийлик олами эрур. Дунёнинг энг яширин, энг нозик сир-асрорини фақат одам кашф айлашга қодир. Холиқни билиш ва танишга лаёқатли яккаю ягона махлуқ инсондир. Унинг зиммасига фавқулодда масъулиятли вазифа юклатилган: Ўзни таниш. Ўз вужудида яширин маънавий-руҳоний сирларни англаш орқали Ҳаққа яқинлашиш. Инсон қавми учун бундан муҳим, бундан қийин ва шарафли иш топилмайди. Шу мақсадда йўл ахтарилган, кўп фикр-мулоҳазалар билдирилган. Натижа эса қаноатланарли бўлмаган. Маслак, эътиқод, мафкура жабҳасидаги тортишув ва ихтилофлар кучайса, кучайиб борганки, пасаймаган.

Алишер Навоий:

Сўзунгники яхши кўрарсен ўзунг,
Кўрунмас ёмон, чун эрур ўз сўзунг,

деганидек, ҳар мазҳаб, ҳар гуруҳ ва ҳар таълимот вакиллари ўзини ҳақ ҳисоблаб, ўз ақида ё ғояларига қаттиқ ёпишиб олишган. Мана шунда динни айблаш, инсондаги ахлоқий ожизлик, фикрий қуллик ва мутелик каби нуқсонларни динга тўнкаш кучайган. Фожиа шундаки, дин ва шариат арбобларидан аксарияти ўша вазиятларда маҳдудлик, жоҳиллик ва шафқатсизлик намойишидан бошқага ярамай, не-не шахсларнинг умрини қурбон қилишган: бировнинг номига кофир тамғаси босилиб қамоққа тиқилган, кимдир қатл этилган, маърифат соҳибларидан қанчасининг ҳаёти азоб-уқубатда ўтган. Бу фикрнинг далили шу қадар кўпки, бирма-бир эсланса, диндан қўрқиш, баъзан очиқдан-очиқ динга қарши бош кўтариш тасодифан юзага қалқмагани дарров равшанлашади. Характерли битта мисолга эътиборни қаратсак.

Улуғ озарбайжон шоири Ҳусайн Жовиднинг “Шайх Санъон” драмасида бир дарвеш образи бор. Санъон дарвеш билан учрашгач, ундаги диний шубҳачилик туйғуси янада кучаяди. Наинки динларни, тариқатларни ҳам у “бир рўё” – асоси бўш афсонага чиқаради. Айни пайтда, бутун моддий борлиқ унинг нигоҳида маъносиз бўшлиқ, тамалсиз кўлка бўлиб кўринади. Дарвеш ёлғиз бир нарсага – Оллоҳ нури тазаҳҳур айловчи руҳ ва руҳнинг абадийлигига ишонади. Қолган барча мавжудлик: олам, ҳақиқат, ҳаёт ҳодисаларини у руҳ ва ғоялар дунёсининг зуҳрланишидан бошқа бир нима эмас, деб ҳисоблайди. Унингча, ўзни камолга етказмоқ учун имкони бўлгани қадар “жинси башар”дан йироқлашишга жаҳд айлаш лозим. Эран ва ҳол соҳибларини у ўзига ўхшаб фавқулбашар бўлишга чорлайди:

Агар фавқулбашар бўлмоқ тиларсен,
Йироқ бўл доимо жинси башардин.

Ана шу нуқтаи назарга маҳкам ёпишган дарвеш Шайх Санъонни ҳам рад этади. Чунки унда ҳаётга, борлиққа боғланиш кўради, шон-шуҳрат, ҳузур-ҳаловат туйғуларидан ҳали унинг бутунлай қутилмаганини ҳис этади. Санъон эса сиғинадиган, иштибоҳсиз суяниладиган идеал бир ҳақиқатни ахтарарди. Бу ҳақиқат – инсон қадр-қийматини баланд кўтарадиган маънавий руҳий ҳақиқат эди. Шу билан бирга Санъон қалбида икки ҳис, икки тушунча ўзаро курашар ва тортишарди. Бири – ҳаёт, тириклик севгиси, иккинчиси, илоҳий ишқ. Санъон диний қарама-қаршилик, маҳдудлик ва мутаассибликлардан баҳс юритиб, дарвеш билан фикр алмашади:

Дарвеш: Бир сабабсиз эмас бу ҳиддату кин!
Шайх Санъон: Ихтилоф мазҳабу дин.
Дарвеш: Ана кўрдингми дин нелар туғдирар?
Не балолар, не фитналар туғдирар?
Дин бир бўлсайди ер юзида агар
Жуда масъуд бўлурди жинси башар.

Хуллас, дунёдаги барча диндан Санъон шубҳаланади. Халқ ва миллатларни бир-биридан дин йироқлаштиради, орада ихтилофлар қўзғайди, ақл бовар этмас фитна ва ғавғоларга бошлайди, деб ўйлайди.

Аттор яратган Шайх Санъон образи билан Ҳусайн Жовиднинг Санъони қарашларида умумий бир монандлик мавжуд бўлса-да, Аттор на “Мантиқ ут-тайр”, на бошқа бир асарида шахс камоли, умуминсоний бирлик масаласи, исломни четлаб ҳал қилишга қаратилган ҳеч қанақа бир гап айтмаган. Бундай фикр унинг хаёлига ҳам келмаган. Бизнинг бу ҳақда тўхталишимиздан мақсад, шўро замонида яратилган тадқиқотларда Атторни исломга мухолиф шоир қиёфасида кўрсатишга уринишнинг тамоман асоссизлигини таъкидлашдир. Аттор бўлмаса ҳам ислом бор эди. Аммо ислом бўлмаса, тасаввуф ҳам, Аттор ва унга ўхшаш шоирлар ҳам бўлмасди. Пайғамбар ё авлиё зотига Аттор паст назар билан қарамаган. Айни пайтда, Ҳазрат Муҳаммад саллОллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ҳеч бир пайғамбар таърифида:

Икки олам сарвари султони ул,
Икки олам жони ул, иймони ул…

Улки султон, қул ва маҳрамдир ҳама,
Улки шоҳ, тобе, мусалламдир ҳама.

Чун азиз бошиға тож қўндирди Ҳақ,
Эшиги олдида тупроқ бўлди халқ –

дея сатрлар тизмаган. Аттор илмсиз диндорлик ва зоҳидликни (“Илмсиз зоҳид эрмиш деву шайтон, Илм сорига юр, эй ғўру нодон”) ёқламаганидек, илму маърифатдан узоқ сўфийлик ва дарвешликка янада қатъият-ла қарши турган:

Илмсиз йўлга тушма, бўлма гумроҳ,
Йўлинг олис, қоронғу, дамба-дам чоҳ…

III

011Ҳаётда ҳар кўрган, ҳар англаган нарсани ёзавериш шеър эмас – фикрни вазн ва қофияга мувофиқлаштиришдир. Шеър – кўриш, англаш, энг муҳими, ҳис қилиш зарур бўлганни ифодалаш санъати. Ўқувчи шеър ўқиганда олдин билмаганни билиши, мушоҳада этмаганни мушоҳада қилиши шарт.

Шеър ёзганда, ўзи ўйламаган бир ҳолда шоир дард ва изтиробдан қутулишга интилади. Ички азоб ва ғам-ғуссадан озод бўлиш кайфияти баланд бир нуқтага кўтарилгач, шоир дили вайрон, кўзи гирён одамга айланади. Шунда у на ўзини, на бошқани – ҳеч кимни аямайди: ҳақиқат ҳисси ҳар нимадан устун келади. Оқни – оқ, қорани – қора, дейди. Бундоқ десам нима бўларкан, ундоқ қилсам не бўлар экан – бундай иккиланиш ёки эҳтиёткорлик ўртадан қалқийди. Бироқ шуурда зиё, руҳда шаффофлик бўлмаса-чи? Ҳақгўйлик айблаш, қоралаш ва нафрат сочиш билан чекланади – вассалом. Ваҳоланки, қаҳр-ғазаб ва нафрат шуурнинг пастлиги, азобнинг сустлигидан далолатдир. Камоли Форсий деган бир шоир ёзади:

Чист дунё? – Сарбасар вайронае,
Ҳасратободе, мусибатхонае.
Мо дар ў чун мурғ монда дар қафас,
Гашта дастомўзи обу донае.
Хосу ому шайху шобу неку бад,
Ҳар яке машғули решу шонае.
Пеши оқил марди дунёдор кист?
Ҳарзакоре, аблаҳе, девонае.

Мазмуни: Дунё нима? – бошдан-охир бир вайронадир. Биз унда худди қафасдаги қушмиз. Сув ва дон учун ҳам бировларнинг қўлига қараймиз. Хос ҳам, авом ҳам, шайху ўсмир, яхши ёмон, ҳар бири соқолу тароқ ила машғул. Оқил одамнинг назарида бой-бадавлат кимса ким? Ёлғончи, аблаҳ ва девонадир…

Бу фикрларда бирорта ҳам ғалат сўз йўқ – бари тўғри. Лекин дунёнинг аҳволини билган, ранжу азобини ҳар кун сувдай симириб юрган кишига ушбу шеър нима беради? Ғазабга ғазаб, ҳасратга ҳасрат қўшишдан ўзга айтарли ҳеч нима бермайди. Эзилганни эзиш, ғуссакашга ғусса инъом айлаш учун шеър ёзилмайди. Истаган бир кимса дунёни сўкиб, бетига лой суртиши мумкин. Бу билан камбағал – бой, бадавлат – мурувватли, золим – одил бўлиб қолмайди. Билъакс, ночорлик, бадбинлик кўникмаси чуқурлашади.

Дунёдан нолиш ва шикоят, зулм ва ҳақсизлкидан фиғон чекиш, ғам-кулфатдан фарёд – асрлар мобайнида ана шу мавзу ва оҳанглар Шарқ адабиётида етакчилик қилган. Қайси шоир сўзига қулоқ тутманг: айрилиқ, ночорлик, ёлғизлик, мискинлик… Чор тарафдан нуқул алам, йиғи овози эшитилади. Бу камлик қилгандай баъзи шоирлар унга ўлим нолаларини ҳам қўшишган. Масалан, Аттор фанони хотирлаш ва хотирлатишни хушлайди. Бироқ у фанода тириклик ва тириклар манфаатини ёқлаган, тирикликда ўлимдан баттар, ундан-да мусибатли ҳодиса ва ҳолатлар мавжудлигига диққатни қаратган.

Фаридиддин Аттор инсон онги, ботиний ҳаётини ўзгартирмай, зоҳирий дунёда олий орзу-умидларга етишиб бўлмаслигига тўла инонган ва бадиий талқинларида буни исботлаган мутасаввиф шоирлардандир. Ахлоқ хасталиги, тафаккур турғунликлари, руҳият ожизликларидан у шу сабаб кенг баҳс юритади. Аттор буюк салафлари Мансур Ҳаллож, Аҳмад Ғаззолий тушунчаларидан илҳомланиб инсон ва шайтон муносабати хусусида ҳам кутилмаган фикрларни ўртага ташлайди. Бошқа жонзотлар нима сифатлари билан инсонга яқин ва қайси фазилатлар одамни улардан ажратади – мутафаккир Аттор буни ўзича таснифлаштиради:

Овозим бор дея кўп бўлма мафтун,
Қамишлар ҳам, ипаклар ҳам чекар ун.

Эшитгайман дея мақтанмагил, тин,
Қуён тинглай олур бир тош йироқдин.

Кўрармен дема, чумчуқ кам эмас, кўп,
Йигирма фарсанг олисдин кўрар хўп.

Сезарман деб дам урма, ўзни ўксит,
Ки сичқон ҳам узоқлардин олур ҳид.

Хаёл бирлан ўзингни устун этма,
Ки ҳудҳуд ҳам солур тунга ваҳима.

Улардин ортиғу афзалмидурсен?
Улардин покиза, акмалмидурсен?

Бу саволга жавоб қайтаришга шошилманг. “Асрорнома”ни ўқигач, ажабмаски…

IV

021Шўро замонида ким нимани хоҳласа, ким нима деб қоралашга майл сезса, тасаввуф ва тасаввуф адабиёти тўғрисида бемалол гапирган ва ёзган. Масалан, тасаввуф ва сўфийлик адабиётидан баҳс юритган деярли ҳар бир китоб ёки мақолада мана бундай фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкиндир: “Тасаввуф адабиёти тасаввуфнинг ўзи каби ижтимоий ҳаётда тамомила реакцион роль ўйнади, бадбинлик ва таркидунёчиликни, “тақдир”га тан бериш ва золимларга итоаткор бўлишни тарғиб қилди, маданият ва маърифат тараққиётига қарши шафқатсиз кураш олиб борди”. Ҳолбуки, бундай бўлмаган. Тўғри, тасаввуфда ҳам, тасаввуфий адабиётда ҳам маълум бир камчилик, турғун ва якранг ақидалар бўлган. Бундан ҳеч кўз юммаслик лозим. Аммо ҳеч қачон тасаввуф адабиёти ижтимоий ҳаётда “реакцион роль” ўйнамаган. Ишқ ва маърифат нури ила чулғанган бу адабиёт инсонни нафсу ҳавога қуллик, замонга қарамликдан қутқазишга куч бағишлаган. Аттор ёзади:

Фиғон, эй ҳирс ила овора жонлар,
Кучуксиз, олдингизда устухонлар.

Агар нафс шунча хунхор бўлмас эрди,
Халойиқ мунча абгор бўлмас эрди.

Чопарсиз кеча-кундуз, кун демай, тун,
Қоринни бир балога тўлдириш-чун…

Башар дунёсида не дарду ғам йўқ,
Қорин дардича лек дарду алам йўқ…

Қорин дарди ростдан-да бедаво. Уни даволашнинг сира иложи йўқ. Қашшоқлик, йўқсиллик гирдобига ташланган шўрлик инсон дунёга “қорин кўзи” билан қарамасдан нима қилсин? Боз устига, у илмдан, одамдай фикрлашдан мосуво этилган бўлса – комиллик орзусини кўнгилга қандай сиғдирсин? Шуни ўйлай билишнинг ўзи катта ютуқ. Афсуски, ғафлат, қўрқув ва авомлик шунга ҳам йўл қўймаган. Атторнинг “ҳирс ила овора жонлар”дан фиғон чекиши, бизнингча, башариятни хунхорликдан, моддий манфаат учун ночор халқу халойиқни ғажиб абгор этишдан тийилишга ундовчи улуғ фиғондир. Бироқ унга ким қулоқ солган? Ким унга амал қилади? Асосий фожиа ва кулфат шунда.

Кечиб ўздин, диёнат йўлига кир,
Шу нафсинг бут эрур, синдир, улоқтир, –

дейди Аттор. Нечоғлик қийин ва қийноқли иш бу. Нафс балосидан қутулиш осон кечганида, бут ўлароқ нафсига топинмайдиган одамларни замонасида кўпроқ учратганида мана бу ҳасрату андуҳларни Аттор қоғозга сувратлантирмасди:

Тополмасмен бирор улфат мувофиқ,
Фиғонким, дўсту ҳамдамлар мунофиқ.

Мунофиқларки бизга ҳамнишиндир,
Азоби дўзах ул баским яқиндир.

Дило, жим тур, магарким маҳраминг йўқ,
Дам урма, баски ёру ҳамдаминг йўқ.

Оллоҳга сиғинган, кўнглини содиқ улфат ва марҳам сифатида таний олган ҳар бир ошиқ ё ориф худди шундай танҳолик ҳолига тушиши табиийдир. Бундай ҳол ичида бекаслик ва ғарибликдан қанча шикоят қилиниб, юрак ғам ва изтиробга тўлмасин, ботинда шодлик, хотиржамлик нури порлаб туради. Ва фавқулодда гўзал бир йироқликдан инсон кўнглига томон яқинлашиб келинади. Албатта, ғусса ва армон бу юрак саёҳатида ортса ортадики, камаймайди. Бунинг сир-асрори нимада?

Ибн Халдуннинг ёзишича, вужуд воситасида одамлар ҳайвонот оламига, руҳи орқали малаклар дунёсига боғланар экан. Руҳонияти бақувват шахситяларгина жисмоний борлиқ тузоқларидан қутулиб оламнинг ғайбий сирларидан ҳам воқиф бўлишаркан. Ибн Халдун шу жиҳатдан одамларни уч тоифага ажратади: биринчиси, ҳис ва тушунчаси моддиёт чегарасидан нарига ўтолмайдиганлар. Зоҳирбин олимларнинг идрок тарзи ҳам ана шу чегара билан чекланади. Иккинчи тоифа, ботиний мушоҳада ва виждоний англашга соҳиб кишилар. Аммо улардаги бу ҳол ҳам унча узоқ чўзилмаскан. Учинчи гуруҳ, вужудий ва жисмоний борлиқ зулматидан халос бўлиб руҳоният оламига юксалган ва ҳаёт ҳодисотларини шу юксакликдан туриб талқин қилишга қодир зотлар. Аттор кўзлаган бош мақсад ва идеал ҳам аслида мана шу бўлган.

Бир сафар чоғида машҳур шайх Иброҳим Хаввоснинг ётадиган тўшагида чаён ўрмалаб қолибди. Буни кўриб сафардошларидан бири чаённи ўлдиришга чоғланганида, Иброҳим Хаввос унга “Тўхта! Ўлдирма уни. Ҳамма нарса бизга муҳтождир, биз эса ҳеч нимага муҳтож эмасмиз”, деган экан. Бунақа холислик мақомини эгаллаш учун ранжу риёзатдан ташқари, инсонда валийлик салоҳияти ҳам бўлиши лозим. Агар бу нарса инобатга олинмаса, Атторнинг фано таърифидаги фикрларини англаш нари турсин, қуйидаги сингари сўзларидан нотўғри хулоса чиқарилиши муқаррардир:

Ҳама ҳечдир, фанодир, чанг, кукундир,
Ҳама тилсимга ўхшаб юз тугундир.

Хаёлдир улки билдинг, ҳайрат этдинг,
Садодир улки оламда эшитдинг…

Бу ваҳм ва хаёл чангалидан инсон халос бўлиб биладими? Билади, фақат пайғамбар, улуғ шайхлар таълимотини сидқи дилдан ўрганиб, ўзлаштира олса, дейди Аттор. Ва барча сўфий ва мутасаввифларни бир хилда қизиқтирган ҳадисларга амал қилишни тавсия этади.

“Ўлмасдан бурун ўлинг!” ҳадисининг мухтасар мазмуни – маънавий ҳаётда ўлмайин десанг, кофир нафсингни забун қил, яъни: “Эшак бил нафсни, унга банда бўлма, Тириклик кўйида шарманда бўлма”, деганидир. Шу боисдан ҳам Аттор:

Агар ўлмасдин олдинроқ ўларсен,
Ҳисобсиз фойдага ноил бўларсен,

деб ёзади. Буюк шайхларнинг тажрибаларини эса ўрнак ҳисоблайди:

Азизларким жаҳонда бор эмишлар,
Улар ўз нафсидан безор эмишлар.

Уларким урмади нафс йўлида гом,
Йироқ эрди улардин айшу ором…

Биз нафс ва нафсга қарши кураш хусусида кўп гапирамиз-у, аммо бу ишнинг нақадар оғирлиги ва натижасини етарлича тасаввур ҳам этолмаймиз.
Абу Наср Саррожга кўра, “Нафс муҳтож ўлароқ яратилмишдир. У фақирликни асло хушламайди… Нафс бойликни севади. Бой-бадавлатлик кибру ҳавога ҳам мувофиқ келади. Чунки бойлик “ҳузуз”, яъни лаззатланиш туридандир”.

Тасаввуф аҳли беқиёс нафсшунос бўлгани каби, дунёнинг турли-туман ҳоллари, ҳаво ва ҳавас найранглари, нафснинг яширин орзуларидаги тубанлик, ёмонлик ва ўткинчи лаззатларини чуқур билгувчилардир. Уларнинг эътиқоди бўйича, нафсга қарши жанг ва уни поклашдан кўзда тутилган асосий муддао ёки натижа кашф ва илҳом эди. Боязид Бистомий нафс мужоадаласи ниҳоясида кашфга қандай етишганлигини изоҳлаб дейди: “Ўн икки йил нафсимга қўриқбонлик қилдим. Беш йил ўз қалбимнинг ойнаси бўлдим. Бир йил мобайнида шу иккиси орасидаги нарсага қараб юрдим. Сўнгра ботинимда бир зуннор кўрдим. Ўн икки йил шу зуннорни кесишга куч сарфладим. Уни қандай кесиб ташлашни англагач, менда кашф пайдо бўлди. Шунда одамларга назар ташладим ва барчасини ўлик кўрдим”. Бистомий айтган “зуннор” алдамчи дунё билан боғланиш ва алоқа, уни узиб ташлашга уриниш – мужоҳада, кашфдан сўнг одамларни ўлик аҳволда кўриш эса, “дунёпараст ножинслардан” робитани тамоман кесиш. Акс ҳолда, ҳақ ва ҳақиқатга доир ҳар қанақа гап нисбий ёки алдам-қалдам бўлиб қолаверади.

Абу Ҳафс Шаҳобиддин Умар Сухравардийнинг эътирофича, “Сўфийлар бошқа мусулмонлар орасида Расулуллоҳга том маъноси ила садоқат кўрсатишга муваффақ бўлган кимсалардир. Чунки улар, Пайғамбарнинг сўзларига қайтсиз бўйин эгганларидек, унинг амрларини ҳарф-ҳарфигача бажо қилганлар”. Бу фикр Атторга ҳам тегишли. У ҳақшуносликнинг тамали – ҳақни-ҳақ, ботилни-ботил сифати ва шаклида кўришни Пайғамбардан ўрганиш зарурлигини таъкидлайди:

Кўринса нарсаларнинг асли ҳоли,
Не эрди Мустафонинг ул саволи?

Деди у юзланиб Ҳақ сори: Эй Ҳақ,
Менга ҳар нарсани аслича кўрсат…

Одам боласи ҳар нарсани қандоқ бўлса, худди шундай тарзда кўриб, билганида эди, дунё аллақачон ҳақиқат ва диёнат, тинчлик ва ҳуррамлик кошонасига айланарди. Шунингдек, фикр, тушунча, ақида торта-тортлари-ю, ғавғолари ҳам кескин барҳам топарди. Мана шунда инсон ўткинчи орзу-ҳавас, беҳуда ва бетайин ташвишларга умрини камроқ қурбон этарди.

“Асрорнома” инсон моҳияти сирларини бадиий талқин қилишга бағишланган асар, яъни ирфон китоби. Ундаги деярли ҳар бир калима, ҳар бир фикр ва ифода Ўзлик, ўзни англаш, «Мен»лик изтиробини теранлаштириш истаги меҳварида айланади. Одам шахсиятига Аттор наинки башарий, балки илоҳий қудрат манбаи деб қарайди. Унингча, кўнглида ишқ ва маърифат чарақлаган инсоннинг Ҳақдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарсага таслим бўлишга ҳаққи йўқ. Зеро, инсон эрки ва ҳуқуқининг таянч нуқтаси ҳам шудир. Одам агар ўзига ўзи маърифатсизлик, ҳайвонлик ва шайтонликни раво кўрмаса, бошқа биров уни ҳирс ва манфаат маҳбуси, тубанлик ё жаҳолат малайига айлантиролмайди. Нафсини у қўрқита билмагани сабаб зўравонлик ва ўлимдан қўрқиб-қақшайди, ботинидаги “ганжи ниҳон”ни тополмаганидан зоҳирий бойлик ғамида ўзини дару деворга уради. Нимага эришди, нимани йўқотди, заволи нима, камоли не – ғофил, гумроҳ банда буларни очиқ-ойдин сарҳисоб этолмайди. Натижада, умр кундан-кун рўёга дўнади. Ғафлат пардалари кўпайиб, қалинлашади. Ҳақ, ҳақиқат, дин, диёнат, юрт, миллат – ҳамма-ҳаммаси амалдан айри гап – қуруқ иддао бўлиб қолади. Бу ҳолатларни Аттор мантиқий-психологик бир узвийликда таҳлил қилар экан, улардан қутулиш – вужуд “зиндони”дан озод бўлиш чораларини ҳам асослаб беради:

Ўзинг ганжсен, вале кон ичра маҳбус,
Ўзинг жонсен, вале тан ичра маҳбус.

Палидлик, гушналик бирлан адосен,
Вале билгаймусен, кимдан жудосен?

Албатта, Ҳақдан. Шоир “Илоҳийнома”да Ҳақни эслашни ўзни эслаш билан тенг қўяди: “Уни ёд айласанг ҳар лаҳза, эй қул, Ўзингни ҳар нафас ёд этганинг ул”. “Мусибатнома”да эса:

Холиқо, то ин сагам дар ботин аст,
Роҳи чонам сўи ту ноэмин аст,

яъни: Холиқо, токи бу итим ботинимда экан, Сен томонга элтадиган жонимнинг йўли таҳликалидир, дейди.

V

088Аттор – ишқ ва ирфон, хаёл ва ҳуррият шоири. Ишқ, илоҳиёт, руҳоният сирларини ёритиш – Аттор учун энг муҳими ва қизиқарлиси ана шу. Бу дегани – Аттор воқеликдан ажралиб, ҳаёт ва турмуш муаммоларидан ҳеч баҳс юритмаган дегани эмас, албатта. Қай шоирки, инсон ҳақида ўйлаб, унинг дарди билан куйиб-ёндими, демак, у зарур нарсани ўйлайди. Фақат буни ҳамма ҳам билолмаслиги ёки фаҳмламаслиги мумкин. Аттор “Хусравнома”да қизиқ бир гапни айтади: “Ба маъни нав кун ин чони кўҳанро” – “Маъни ила бу эски жонни янгила”. Шоир маънонинг куч-қувватига шунчалик ишонган ва уни покизалаштирганидан фахрланган: “Маонй гуфтаму покиза гуфтам”. “Асрорнома”нинг йигирма биринчи мақоласидаги сўзлар бошдан-оёқ онг ва ахлоқни тозалашга сафарбар этилган деса, хато бўлмас. Ундаги асосий фикрлар: куйган бандага ҳеч адоват қилмаслик; ҳасад ва хусуматдан халос бўлиш; дўст танлашда адашмаслик; гўл ва нодон кимсалар билан ҳеч улфат бўлмаслик; ҳовлиқмалик ва шаҳватдан сақланиш; тил ва сир одобини билиш; синовдан ўтган одамга шубҳа билан қарамаслик; бошқаларга беҳуда дашном бермаслик; ҳар турли тортишув ва талашувларга бош қўшмасдан иш билан шуғулланиш кабилардан иборат. Шоир ҳатто таом ейиш одобини ҳам назардан четда қолдирмайди:

Таомга ружу қилма, гар эсанг эр,
Таомни сен емайсан, ул сени ер…

Баъзи бировлар сўфий ё мутасаввиф ижодкор деганда оёғи ердан узилган, самовий туйғуларга тутқун, оддий инсоний ҳақиқатларни ҳеч назарга илмайдиган қаламкаш қиёфасини тасаввур қилишади. Аслида эса ҳаммаси ўзгача. Сўфийман деб ота-онадан меҳр риштасини узиб бўладими? Ёр ишқидан маҳрум кимсанинг Ҳақ дардида ўртанишида бир ноқислик ва маҳдудлик акс этмайдими?

Аттор “Асрорнома”нинг охирида ота-онасини хотирлайди ва шуларнинг дуоси шарофатидан мени суягил, дея Оллоҳга ёлворади:

Агар бўйнимда кўп айбу гуноҳдир,
Улар этган дуо менга паноҳдир.

Худойим, кўрдинг икки бериёни,
Уларни деб суя мен бенавони.

Ривоятга кўра, Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) Мадинанинг бир маҳалласида асҳоблари билан кезиб юрганда, бир аёл келиб, у кишини уйига таклиф қилибди. Сарвари коинот ичкари киргач, олов ёнаётган ўчоқ ва унинг атрофида ўйнаб юришган болаларни кўрибдилар. Аёл эса Пайғамбардан сўрабди:

– Эй Оллоҳнинг расули. Парвардигори олам қулларига марҳаматлими ёки мен болаларимгами?
– Албатта, Оллоҳ марҳаматли, – дебдилар Расулуллоҳ.
Аёл яна сўрабди:
– Болаларимни мен ҳеч вақт оташга ташлашни истамайман. Оллоҳ шу қадар марҳаматли бўлса, унда қулларини нечун оташга ташлар?
Бу воқеани ҳикоя қилган саҳоба сўз охирида: “Пайғамбар йиғладилар ва айтдиларки: “Менга ҳам шундай ваҳий этилган эди”, – деган экан.

Онанинг фарзанд ҳаёти ва тақдиридаги марҳамати, илоҳий мавқеини бундан ошириб таърифлаш қийин. Гап шундаки, Аттор ҳам онасини қарийб ана шу даражада шарафлайди, ёши олтмишни қоралаганига қарамай, онасини эслаб, тасалли топади:

Маро гар буд унсе дар замона,
Ба модар буду ў рафт аз миёна…

Агарчи анкабуте нотавон буд,
Ва лекин бар сари ман пилбон буд.

На чандон аст бар чонам ғами ў,
Ки битвон кард ҳаргиз мотами ў?!..

Чу маҳрам нест ин ғам, ба кй гўям,
Маро ў буд маҳрам, бо ки гўям?!

Мазмуни: Агар менга бир замон энг яқин киши бўлган бўлса – у онам эди. Мана у ҳам дунёни ташлаб кетди. Гарчи у чумолидай кучсиз кўринса ҳам, менинг бошимдаги филбоним эди. Унинг ғами ила жоним қанча тўла бўлмасин, ҳамон мотамидан ажралолмайди. Бу ғам-ҳасратни кимга очай? Кўнгилга яқин киши йўқ. Менинг маҳрамим фақат онам эди – ахир бошқа кимни тилга олай?!

Шайх Санъон образи орқали, қайси бир маънода Аттор ўз ишқи ва тақдирини ҳикоя қилганлигини билиш ҳам мароқлидир.

Атторшуносликда ёзилишича, мўғул лашкарлари Эрон сарҳадларига яқинлашиб қолганда, Атторнинг отаси Иброҳим бин Исҳоқ ўғлининг ҳаётини хавф-хатардан омон сақлаш мақсадида бир ҳинд тужжори билан уни Ҳиндистонга жўнатади. Атторни у Панжобга олиб бориб, Пирони Розий деган бир олим ва табиб қўлига топширади. Илк учрашувдаёқ Розий унга шундай дейди; “Ўғлим, Оллоҳ бирор нарсани ҳам беҳуда яратмаганига инонмоқ зарур. Одамзот, ҳайвонот, набототни Оллоҳ яратган ва ҳар бирининг ўз хусусияти, сир-асрори бор. Инсоннинг ҳунари ана шу сирларни очиш, алоҳида илм ўлароқ ўша хусусият ва фазилатларни ҳаётга татбиқ қилмоғи жоиз”.

Бу сўзлар бир умрга Атторнинг хотирасида ўранишиб қолганди. У маълум бир муддат Пирони Розий қўлида таҳсил кўргач, ватанига қайтишга тайёрланади. Шунда кутилмаган воқеа рўй беради: Аттор бир дўконда Аҳди Жаҳон номли гўзал бир санамни учратиб, уни севиб қолади. Ва Эронга қайтиш ниятидан кечади. Хуллас, оташпарастлик динига мансуб бўлган шу қизга у уйланиб, анча вақт Панжобда яшайди. Бу албатта, мусулмонлар ҳаётида учрайдиган сийрак ҳодиса эди. Шунинг учун ёш келин-куёвни ота-она, қариндош-уруғ қандай кутиб олгани ва шоирнинг юртдошлари ўртасида қандоқ гап-сўзлар қўзғалганини тасаввур этиш қийин эмас. Шак-шубҳа йўқки, ўшанда кимлардир Аттор севгисини қоралаган, бировлар унга таъна-маломат тошларини отган, бошқа бир тоифа кимсалар эса уни кофирликда айблашган. Балки булар Аҳди Жаҳон хонимнинг қалбига қаттиқ озор етказгандир. Балки эрининг табиатидаги қатъият ва содиқлик янада нурланганини кўриб қувончига қувонч қўшилгандир. Нима бўлмасин ва нималар дейилмасин, Аттор Шайх Санъонга ўхшаб чин ошиқлик тариқидан чекинмаган. Ишқ унинг бутун борлиғига куч-қувват бағишлаган. Ишқ-муҳаббат – бу, мағлубликдаги ғолиблик, шикасталикдаги бутунлик эканини ошиқ шоир чуқур англаган:

Кимда дард эрса, у дармон топмасин,
Кимки дармон истаса, жон топмасин…

Ким бу сўзни жонига этмас ҳабиб,
Унга етмас ишқ тарийқидин насиб.

Хуллас, ғавғолар тинчиб, фисқу фужурлар тўхтайди. Аҳди Жаҳоннинг билими, ғайрати, фаҳм-фаросатига кўпчилик тан беради. Атторга у бир ўғил ва бир қиз туғиб беради. Лекин оила, бола-чақа ташвиши билан ўралашиб қолмасликни ўйлаб отаси Атторни хонақоҳда яшашга юборади. Атторга у ерда яшаш маъқул келмайди ва кўп ўтмай оиласига қайтади. Орадан беш йил ўтгач, тақдир унга ўзининг иккинчи – жуда шафқатсиз қиёфасини очади. Хотини оғир хасталикка йўлиқиб, 1145 йилда вафот этади. Бу – Аттор учун кутиламган зарба ва сўнгсиз айрилиқ эди. Шу мусибатдан кейин шоирнинг соғлиги ёмонлашади. Ҳаётга қараши ҳам, ижод йўналиши ҳам кескин ўзгаради. Энди у нажот ва тасаллини тасаввуфдан ахтаради. Отасининг кўрсатмаси билан машҳур шайхлар даргоҳига боради. Шундай қилиб, Аттор олам ва одам қисмати сирларини Ҳақ ишқи ила мушоҳада қилишга қодир беқиёс санъаткор даражасига кўтарилади. У тафаккурнинг энг қийин ва ўзни англашнинг энг машаққатли йўлини танлаган, рост гапни ҳам аввало ўзи ҳақида айта олган эди:

На марди хирқамен, на марди зуннор,
Гаҳи масжид, гаҳи дайр ичра мен зор.

Ўзим киммен, анов ким, бехабармен,
Яна яхши, ёмон ким, бехабармен.

Неча пуч нарсаларга, во дариғким,
Совурдим, сарфлдим умри азизим…

Сочим оппоқ оқарди, кўр сифотим,
Ҳамон ҳирс ичрадирмен, йўқ нажотим…

“Ба умри хеш мадҳи кас нагуфтам” – “Ўз умримда бирор бир кимсани мадҳ этмадим”, дейди Аттор. Дарвоқе, у ҳеч бир шоҳ ё султон ҳузурига бўйин эгиб, қасидаю мадҳиялар тўқимаган. Бойлик тўплашни ўйламган. Шон-шуҳрат ортидан қувмаган. Мунофиқлик, риё, хушомаднинг ҳар қандай туридан умр бўйи ҳазар қилган. Хоксор ва қаноат ила яшаган. Шундай одамки, “Ҳамон ҳирс ичрадирмен, йўқ нажотим”, деб ҳасратга берилгандан кейин ўзгаларнинг кишилигини кўз олдингизга келтираверинг…

VI

025Фаридиддин Аттор моҳир ва беназир ҳикоятнавис. Тасаввуф адабиётида у ҳикоят, ривоят мавқеини баланд кўтарган ижодкор эди. Буюк шоирнинг қайси асарини ўқиманг, гўё ҳикоятлар бўстонида сайр этиб, ҳикмат ва донишмандлик атридан ақл-идрокни яйратасиз. Ҳар бир ҳикоятда бир маъно, ҳар бир маънода бир гўзал оҳанг, ёрқин ранг, руҳий тароват. Тасвир ва таъсир йўллари ҳам ҳар хил. Ҳикоятни ҳикоятга боғловчи “ҳалқа”лар, “қиссадан ҳисса” чиқариш усуллари ҳам бўлакча. Зўриқиш, зериктириш, сунъийлик, атайинлик йўқ. Ҳикоят ортидан ҳикоят худди муҳташам хотира чашмасидан оқиб-қайнаб чиқаётганга ўхшайди. Шоир эса бу ҳолатга етгунча дин, ахлоқ ва тасаввуфга доир неча юзлаб китобларни кўриб, варақлаб чиққан; халқ оғзаки ижодиёти хазинаси билан такрор-такрор қизиққан. “Асрорнома”даги ҳикоятлар тўғрисида, афсуски, кенгроқ тўхталиш имкони йўқлиги учун биз улардан фақат биттасига диққатни қаратмоқчимиз.

Оддий халққа бирор бир нимани тушунтириш, шу орқали ўзини билишга рағбатлантириш енгил иш эмас. Шунинг учун фақат мутасаввиф шоирлармас, олим файласуфлар ҳам фикр-мулоҳазаларини оммага қандай етказиш масаласини назардан соқит қилмаганлар. Масалан, машҳур файласуф Ибн Рушд икки турли сўзлашувни, яъни халққа бошқа, закий, қобилиятли ва билимдон олимларга бошқа тарзда гапиришни бир ақидага айлантирган. Умумий фикр-қарашларини билолмаганлар, баъзан унга бутунлай нотўғри муносабатда бўлишган. Бундан эса у ҳеч ажабланмаган ва халққа имон талқинчиси, зиёли, савияси юқори кишиларга мутафаккир қиёфасида сўзлашда давом этаверган. Умуман, Ибн Рушднинг дин фалсафасида у ёки бу маънони тамсил ила англатиш ва мисол келтириш жуда муҳим ўрин тутган. Унга кўра, “халқ назарий, мавҳум тушунчаларни англашга қодир эмас… Мавжуд бўлган ҳар бир нарсани халқу халойиқ туйғулар ила идрок этиладиган борлиқлар шаклида тасаввур ва тахайюл қилур. Шунинг учун моддий бўлмаган борлиқларни халққа мисол воситасида ва тамсилий суратда ифодалаш шартдир” . Унингча, сўфийлар танлаган йўл ҳам назарий бўлмасдан, нафс ва қалбга асосланган. Бу фикрнинг тўғрилигини “Асрорнома”даги катта-кичик – деярли ҳар бир ҳикоят тўла тасдиқлайди. Буни билиш ва хатосиз тасаввур айлаш учун эса “Ҳақиқий сўфий ким?” деган савол жавобида адашмаслик керак. Чунки Абдураззоқ Кошоний таъриф берганидек, “сўфий қалби тубдан покланган, фикр ила тўлган… олтин ила тошни теппа-тенг кўргувчи зотдир… Сўфий икки гўзал ҳол ёки иш қаршисида энг гўзалини амалга оширгувчи одам эрур. У кирлардан тозаланган ахлоқ эгаси…. Шу боис у ҳақда “Сўфий барча чиркин хулқлардан тозаланиб, тубанликлардан қутулгани ва гўзал хўйлар ила безангани туфайли сўфий дея исмлантирилмишдир”, дейилган. Масалага конкретроқ нигоҳ ташланса, чин сўфий ва сўфийликни қоралаш ҳамда айблаш – гўзаллик, латифлик ҳис-туйғуларини инсонга раво кўрмаслик, нафс ботқоғига ботиб-булғаниб яшашни қўллаб-қувватлаш, ҳайвоний ва шайтоний майллар ривожига хайрихоҳ бўлиш дейишга тўғри келади.

Холис ақл ила бир ўйланг: хаста ва мажруҳ одам ўзи истаган ёки орзу қилган нарсаларни ўрганиб биладими? Билмайди. Негаки, касаллик яхши таҳсил йўлидаги тўсиқдир. Руҳий ва ахлоқий беморликдаги аҳвол ҳам худди шундай. Ҳавойи, демакки, ўткинчи завқу сафо билан кун кечирган, шодлик ва хурсандликни маслак даражасига кўтарган, нафсоний орзу-истакларини қондирмоқ учун жонини жабборга берган кимса, албатта, ахлоқан хаста, руҳан касалдир. Уни даволамасдан туриб билимли қилиш ёки таҳсил кўришга шароит яратиш бесамар уриниш эрур. Шу учун сўфийлар адаб, тарбия, тазкия ва тасфия йўли билан аввал ички – нафс, қалб, руҳ хасталикларини даволаб, ана ундан сўнг одамларни билимли қилиш зарур деб ҳисоблашган. Аттор эса бу жиҳатдан ақлни танг аҳволга соладиган даражада илгарилагандир. Мен ҳамиша бир нарсага ҳайрон қолиб юрардим: баъзи кимсалар бор, умр бўйи илм ва ижод билан шуғулланишади. Лекин жонини иши сиққандай, гоҳо ёзғиради, гоҳ кимнидир янчиб-ютиб юборгиси келади. Баъзан оғзидан ҳасад, адоват тутунидан бошқа бир нима чиқмайди. Хуллас, табиатида на илм, на ижоднинг заррача ҳам ижобий таъсири сезилмайди. Бунинг сири нима? Бу саволга ўзимча жавоб топгандай эдим. Аммо Атторнинг фаррош ҳақидаги ҳикоятини ўқиб, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир ғалати бўлиб кетдим.

Кунлардан бир куни фаррош атторлик дўкони сари йўл олади. Дўконга кириб боргач, ажиб ҳодиса юз беради: мушку анбар ҳиди бурнига урилиши замон у бехуш бўлиб йиқилади. Бундан чўчиб кетган шўрлик аттор дарҳол гулоб олиб келади, уд тутатади. Фаррошнинг аҳволи баттар бўлади. Яна нима ёрдам кўрсатишни билмай аттор довдираб турганда, қаёндандир ўзга бир фаррош етиб келади-да, касбдошининг бурнига нажосат суркайди.
Қарангки:

Нажосатнинг ҳиди урган замони,
Кўзини очди фаррош, кирди жони.

Шоир ушбу воқеадан хулоса чиқариб дейди:

Кишиким этди бадбўйликка одат,
Анга нохуш эрур атру тароват.

Агар мушк атрини олса димоғи,
Кўнгилда шу замон сўнгай чароғи.

Басе ахлат уйидир нафси носоз,
Камайтар гоҳ киши, гоҳ тўлдирар боз.

Агар жиндак етишса бўйи асрор,
Кетиб ҳушдин, йиқилгай ул нигунсор.

Шу ҳикоятни ўқигунча, гўзаллик ва нафосат кимларгадир нега ҳалокатли таъсир ўтказиши-ю, нима учун уларнинг ҳеч бир гўзал, кўркам нарсадан завқланолмасликларининг туб сабабини мен бунчалик аниқ билмасдим. Демак, гўзалликнинг мадад ва ҳимояга муҳтожлиги бежиз эмас экан. “Оламни гўзаллик қутқазади” деган гапни ҳам иштибоҳсиз қабул қилинадиган гап деб бўлмас экан, Атторнинг “Эй инсон, ўз нафсинг, чиркин табиатинг фарроши бўл” деган даъватида сир ва ҳикмат кўп экан.

VII

044Хожа Аҳмад Яссавий адабий меросини ўқиб-ўрганмай, Аттор, Румий, Саноий сингари мутасаввифлар ижодиёти билан танишмай мумтоз адабиёт мутахассисиман деб юрган пайтларни эсласам, кўксимга хижолат пичоғи санчилгандай бўлади. Дин ва тасаввуф хусусида-ку, гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Инсон онгида бир бузғунлик ва иллат пайдо этилса, унинг дили, идроки, тили ҳам соғ қолмас, энг ёмони, билмаганни – билгандай, тушунмаганни – тушунгандай бўлиб вағиллаб юравераркан. Маънавий ҳаётда эришганимиздан кўра, эришилмаган ва бой берилгани кўпроқ эканини мустақилликдан буён кундан-кунга ойдинроқ англаётирмиз. Тасаввуф адабиёти намуналарига иштиёқнинг ортиши шу ҳолат билан ҳам боғлиқ деб ўйлайман. Мана, Аттор асарларини олайлик. Учта китоби ўзбекчага таржима қилиниб нашр этилди. “Мантиқ ут-тайр” ва “Илоҳийнома”, адади унча кўп бўлмаса ҳамки, ҳар қалай ўқувчиларини топди, дейиш мумкин. Тил ва адабиёт институтида ўтказилган “Илоҳийнома”нинг тақдимот йиғинида мумтоз адабиёт бўлими номидан Атторнинг “Асрорнома”сини ҳам таржима қилишни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолдан илтимос қилган эдик… Шоир бу ишни ғайрат ва илҳом ила охирига етказди. Аттор ижодиёти муҳиблари номидан таржимонга миннатдорлик билдирамиз.

Аслият билан таржимани мен қиёслаб ўқиб чиқдим. Маъно ва ифодада нуқсонли туюлган байтларни белгилаб, таржимонга кўрсатдим. Қайта кўздан кечирилиб, улар сайқал топди. Бизнингча, Аттор сўзларининг руҳи, фикрларининг ёлқини, тасвирдаги таъсирчанлик ўзбекчада ҳам сусаймаган.

Ҳақиқат чист? Пеш андиш будан
З-худ бигузштану бо хеш будан.

Бу байт:

Ҳақиқат не? Тафаккурга тўлиш ул,
Кечиб ўздин, ўзинг бирлан бўлиш ул –

тарзида ўзбекчалаштирилганки, бунда бирор бир иштибоҳ ё эътирозга ҳожат сезилмайди. Ўзга исталган байтни олиб қиёсланг, қаноат ортаверади.

Шайх Аттор “Асрорнома”ни шундай мисралар ила тугатади:

Сухан бо дардтар з-ин касе надийдаст,
К-з-ин ҳар байт хуне мечакидаст.

Яъни:

Бу янглиғ дарду сўз кўрмишми инсон,
Ки ҳар бир байтидин хун томчилар, қон…

Асарни она тилида ўқиган ўзбек китобхони бу гапнинг ҳақлигига ишонади ва шоир дардига бир умр ҳамдард бўлиб қолади. Бизнингча, таржиманинг энг муҳим ютуғи ҳам ана шундан иборат.

008
Ibrohim HAQQUL
ATTOR KASHF ETGAN ASROR
09

Har ne gardun bahr ila konida bor,
Oncha yuz Attor do’konida bor…

Alisher Navoiy.

I

008Buyuk san’atkorlar boshqalarga nisbatan ko’p bilishgan va keng ko’lamda mushohada yuritishgan. Ularning tafakkur tarzi, haqiqat tuyg’usi o’zgalarnikiga o’xshamaganligi sababli ham ko’pchilikni qiziqtirgan. Ayniqsa, rost va mardona fikr yuritgan, har bir so’zi, ifodasida inson taqdiri sir-asrorini chuqur yoritgan ijodkorlar e’zozlangan. Adabiyot shunday daholarning asarlarida adabiyot o’laroq o’zining kuch-quvvati va fazilatlarini namoyish etgan. Lekin dunyo tarixining hech bir davrida adabiyot mutlaq erkinlik – daxlsiz hurriyatni qo’lga kiritolmagan. U yoki bu shaklda qarshiliklarga uchrab, ba’zan temir to’siqlarni parchalashdek yengib o’tish sinovlarini o’tkazgan. Adabiyotning o’tkinchi g’am-g’ussa, tayinsiz shodliklardan chetlashuvining bir sababi ham shu. Muhammad Rizo Ogahiy bir g’azalida:

Shodlig’ hirsi balolarg’a solibdur barchani,
Voqif o’l, ey Ogahiy, chekma baloyi shodlig’,

deydi. Havoyi quvonch va soxta shodlik ko’pchilikni ma’naviy halokatga qandoq giriftor qilishini chin san’atkorgina fahmlaydi. Shu o’rinda bir faylasufning “Kulma! Yig’lama! La’natlama! Lekin angla!” degan so’zlari yodga keldi. Bu gapga e’tiroz bildirish oson: hayot kimnidir quvnatsa, kimnidir yig’latadi. Kimlardir dunyodan rozi bo’lsa, yana kimlardir norozi yashaydi! Boshqacha bo’lishi mumkin emas. Xuddi tun va kun, nur va zulmatga o’xshab baxt ila baxtsizlik, shodlik ila qayg’u, omad va nadomat uzluksiz tarzda joy almashadi. Hayot aslida shunisi bilan qiziq. Sirtdan qaralganda, uning adolati ham, adolatsizligi ham shunda. Ammo insonning baxt deb bilgani haqiqatda baxtmi? Baxtsizlik deya tasavvur etgani chindan baxtsizlikmi? Bu savollarga faqat o’zini anglagan kishigina to’g’ri javob topishi mumkin. Qolganlar-chi? Nainki kulish-yig’lash, ayblash va la’natlashda ham adashuvchilar ko’p. Albatta, tushungan odamga og’ir. Anglagan anduh chekadi. O’zni tanish dastlab hech kimsaga quvonch bag’ishlamagan, bag’ishlamaydi ham. Eng katta g’animni botinida ko’ra olgan kishining dili, holi, xotiri ham tubdan o’zgaradi.

Yashash uchun fikrlash boshqayu, fikrlash uchun yashash bir boshqa narsa. Agar inson siyratida g’unchaday ochilajak chechaklar bo’lmasa, hayotda yaratiladigan yoxud hayotdan oladigan go’zalliklar ham yo’q demak. Zero, hayot “qulfi”ni ochadigan kalit insonning siyratidadir. Shu boisdan Sharq tasavvuf adabiyoti dunyoning har qanday murakkab va ziddiyatli muummolarini shaxsning ichki olami orqali yoritishni bosh vazifa etib belgilagan. Inson taqdirining ilohiy asoslari qaerda, ularni haqqoniy mushohada qilolmaslik qanday yomon va ayanchli oqibatlarga olib borishini bu adabiyot avvaldanoq yaxshi anglagan. Fors-tojik she’riyatining bir necha asrlar mobaynida so’fiy va mutasavviflar qo’liga o’tib, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Abdurahmon Jomiy kabi shoirlarning asarlari jahon bo’ylab alohida qiziqish uyg’otganligi tasodif emasdi. Tasavvuf ilmining ulkan bilimdoni, mashhur “Gulshani roz” kitobining muallifi Mahmud Shabustariyda shunday bayt bor:

Maro az shoiri xud or n-oyad,
Ki dar sad qarn chun Attor n-oyad.

Mazmuni: men o’zimning shoirligimdan or qilib, uyalmayman. Biroq Attor singari shoir yuz asrda bir marotaba dunyoga keladi. Shayx Fariddudin Attorning hayoti va shaxsini bilgan, ozmi-ko’pmi ijodiyotidan xabardor kishi Shabustariy ta’rifini mubolag’ali hisoblamaydi.

“Asrornoma” asarida esa Attor hazrat Payg’ambar (s.a.v.)ga she’ru g’azallarimni ko’rib:

Menga shoir debon solma nazarni,

deya iltijo etadi. Nega? Dinimizning muqaddas kitobi Qur’oni karimning olti o’rnida she’r va shoirlik borasida so’zlangan. “Shuaro” surasida shoirlar tanqid qilingan. Shuningdek, Qur’on kalimalari bilan shoirlarning so’zlarini aralashtirmaslik, ya’ni vahiy va ilhom ila she’r orasida tub mohiyatda avvaldan farqlanish mavjudligi qat’iyan ta’kidlangan. Ayrim nabaviy hadislarda esa manbasi ilhomi rabboniy bo’lgan she’r hikmatni aks ettirsa, asosi nafsoniylikdan iborat she’r sehr xususiyatiga egaligi, qalbni sehrlab, zehniga ta’sir o’tkazgani bilan mutlaq haqiqatga oshno etolmasligi aytilgan. So’ngra ma’no xususidagi bahsu munozaralar o’rtaga chiqqan. Va tasavvufiy istiloh sifatida “ma’no”ning mohiyati boyitilib, ruh, ilohiy birlik mazmunlarini ifodalashda faol qo’llanilgan. Abdulaziz Dabbog’ “al-Ibriz” kitobida yozadi: “Janobi Haq valilari uchun ma’naviy sharoblar hozirlamish. Valilar ul sharobdan qonib-qonib ichgach, nafs chirkinliklaridan poklanadilar. Keyin esa vujud yuklarini yengillatib, haqoyiq tarafga parvoz qiladilar. Bu parvozdan ular nash’alanadilar va ma’no olamida mutahayyir bo’ladilar…”. Farididdin Attor shunday vali zotlarning sultonlaridan biri edi. Ruhoniyatda Attorga tenglashish, ishqda Attor kabi yonish va qalam tebratishga shoirlik talanti kuchsizlik qilardi. Uning shuuri – valiylik shuuri. Mavlono Jaloliddin Rumiy “Masnaviy”ning birinchi daftarida, agar sen bashariy sifatlaringdan o’zingni tozalasang, zoti poking musaffoligini ko’ra bilursan deganlar:

Xeshro sofy kuni az avsofi xud,
To bibiny zoti poki sofi xud.

Azob va iztirobli bu ma’naviy-axloqiy “tajriba”ning rang-barang badiiy talqinlarini yaratgan Sharq shoirlarining pirlaridan biri ham Farididdin Attordir.

Ma’lumki, Eronda mavqe topgan mutasavviflarning aksariyati shoir bo’lib, irfoniy fikrlarni she’riy shakllarda ifodalashning zo’r maktablarini yaratishgan. Tasavvufiy mazmundagi ularning shunday ruboiylari borki, qatrada chindan ham bir daryo aks etgan deysiz. Nafsga shafqatsiz nigoh ila qarashga tarafdor shoirlardan biri yozadi:

Ey fisqu fujur kori har ro’zyi mo.
V-ey pur zi harom kisavu ko’zai mo.
Mexandad ro’zgoru megiryad umr,
Bar toatu bar namozu bar ro’zai mo.

Mazmuni: Bizning har kunlik ishimiz, afsuski, fisqu fujurdir. Kissa va ko’zamiz harom bilan to’ladi. Bizning toatimiz, namozu ro’zamizdan esa ro’zgor kuladi va umr yig’laydi. Ro’zgor va turmush kulgusiga qolib, umrni yig’latmaslikning ilk chorasini so’fiylar o’zni tadqiq va taftish aylash, o’zi haqida noto’g’ri tasavvurga ko’nikib qolmaslik deb belgilashgan. Chunki o’z ahvolini xato anglash dunyodagi barcha haqsizlik, ziddiyat, zo’ravonlik va yomonliklarning zamini bo’lib, bunda hamisha jahl – aqlu donishning, uyatsizlik – uyat va andishaning, zulm – adolat va himmatning o’rniga da’vogarlik qiladi. Bunaqa holatda o’zining xastaligi bilan odam o’zi olishib, o’zining razolati va makkorligidan o’zi bezor bo’lmasa, o’zgalarning asabini qaqshatish yoki oshiga og’u qo’shishdan aslo toliqmaydi. Abdusaid Abulxayrning quyidagi ruboiysini o’qigan Haq oshiqlari nafs izmidagi «Men»likni tanishga yanada ko’proq urinishgan:

Yо Rab, mani bechoro giriftori xudam,
Gardida tabibi xeshu bemori xudam.
Abnoi jahon zi man hama bezorand,
Man niz az eshonamu bezori xudam.

Mazmuni: YO Rab, men bechora o’zim bilan o’zim giriftorman. Bemor ham, tabib ham mening o’zimman. Ahli jahonning bari mendan bezordirlar. Men ham o’shalardan biriman – chunki o’zim o’zimdan bezorman.

Xullas, agar she’r bilan tasavvuf ich-ichdan o’zaro til topishib, uzoq payt bir-biridan ajralmagan bo’lsa, buning yorqin manzarasi fors-tojik she’riyatidir.
Shohdan gadogacha, olimu ulamodan to oddiy fuqarogacha – aytarli hamma shu tufayli ham tasavvufiy she’riyat bilan qiziqqan. Umuman, qadimiy Sharqda tasavvuf zavq-shavqidan yiroq qolish bir noqislik sanalgan. Chunki mutasavvif ijodkorlarning asarlarini o’qib-o’rganish, eng avvalo, nafsga jilo berish, ruhiy hayotni go’zallashtirishga ilhomlantirgan.

Qanot yoz, ma’nilar osmoniga uch,
Falakning yetti yuksak qopqasin quch,

deydi Attor. Bunday chorlovlarga loqayd qolish mumkinmi?
Bir qancha adabiyot tarixchilarining e’tiroflariga qaraganda, eng samimiy, vaqt sinovlariga bemalol dosh berishga qodir san’at asarlari – bu tasavvufiy ijod namunalaridir. Bunday asarlarda shoir Shaxsiyatiga mutlaqo uyg’un ravishda ishonch-e’tiqod, sodiqlik, samimiyat gurkirab turadi. Attor ijodiyoti shu gapning rostligini to’liq tasdiqlaydi.

Attor juda mahsuldor shoir. Rizoqulixon Hidoyat shoir asarlari sonini 190 ta deb ko’rsatgan ekan. Boshqa bir olimlar 114 ta, 140 ta deb qayd qilishgan.
“Entsiklopediyai adabiyot va san’ati tochik”da o’qiymiz: “Attorning she’riy merosidan so’z yuritgan Lutfalibek Ozar “Otashkada”da “faqir uning ellik ming baytini mutolaa qildim”, deydi. “Mantiq ut-tayr” hozirgi holida 4600, “Ilohiynoma” 6511, “Musibatnoma” 7535, “Asrornoma” 3305, “Xusravnoma” 7838 baytdan iborat. Bularning jami 29789 baytni tashkil etadi. Agar bunga 5000 baytlik “Muxtornoma” va turli janrdagi she’rlarni o’z ichiga olgan 9943 bayt hajmidagi devoni qo’shilsa, Attor she’riy merosining umumiy soni 44 732 baytga yetadiki, Lutfalibek Ozarning shoirning ikki kitobi yetib kelmaganligi xususidagi gapi ham to’g’ri chiqadi” (Dushanbe, 1988, Child I, sah. 194.).

Attor tabiatan ilhom va ijod kishisi edi. Uning nasri ham, nazmi ham ilm va ma’rifat ustida qad rostlagan. U Sharqning Forobiy, Ibn Sinoga o’xshash mutaffkirlari g’oyalari bilan yaxshi tanish bo’lgan. Arab tasavvuf adabiyotini puxta o’rgangan.

Firdavsiy, Xayyom, G’azzoliylar tug’ilib kamolga yetishgan yurt farzandi ekanidan u doimo faxr-iftixor tuygan. Eng muhimi, tasavvuf she’riyati ishq va ko’ngil oynasi ekaniga Attor hammani birday inontira bilgandi. Buni inkor qilish, Abdurahmon Jomiy ta’kidlaganidek, zor yig’lashga ko’nikish degani edi:

Tutdi Attor nazmidin olamni butkul atri ishq,
Xoja, kim Attorni inkor aylasa zor yig’lagay…

Attorga qarshi chiqqan zamonlar hali olisda edi.

II

001Tarixga aylangan asrlardan birortasi ham bashar farzandlarini baxt va saodatga erishtirdim yoki xotirjam eta oldim, deya maqtanolmasa kerak. Oldingi asrning qayg’u va kulfatlari keyingisiga o’xshamaydi. Birining ijtimoiy, iqtisodiy, siyosiy va madaniy muammolari boshqasinikidan ortiqroq. Yoxud keskinroq. Shu ma’noda XX asr o’zidan avvalgi deyarli barcha yuzyilliklardan farqlanadi. Taraqqiyot va tamadduni nechog’lik yuqori bo’lsa, tanazzul va qattolligi shunchalik cheksiz-chegarasiz. Bir zamonlar Ovrupoda ilgari surilgan “insonni tangrilashtirish” g’oyasi xuddi shu asrda cho’qqisiga ko’tarilib, K.Marksning “Butun tangrilarga o’chim bor”, F.Nitshening “Tangri o’ldi!” degan fikrlari amalda isbotini topdi. Ollohga qarshi ochiq-oshkora jang, dahriylik urushi G’arb ta’sirida Sharq mintaqalarida ham avj oldirib yuborildi. Bu – axloqiy-siyosiy telbalik va buzg’unlik edi, albatta. Marksizm-leninizm ta’limoti va targ’iboti nainki davlat, nainki “burjuaziya”ga, milliy, diniy muassasalarga qarshi adovat, nafrat va dushmanlikni talqin qilardi. Mistikani qoralab o’zi “mistik bir hol tusini olgan marksizm g’ayriinsoniy bir tarzda quloch yozib, insonlarni, butun boshli millatlarni shaxsiyatsiz, hurriyatsiz, dinsiz, axloqsiz, ismsiz va madaniyatsiz “to’da”ga evriltirishga bel bog’lagandi” .

Oktyabr to’ntarishidan keyin Olloh, Payg’ambar va dindan yuz o’girish, ularni tahqirlash faxr-iftixor martabasiga ko’tarilgan edi. Davlat, siyosat arboblari qatori bunda shoir, yozuvchi, olimlar jamoasi ham tashabbuskorlik qilishardi. Mana bunaqa bayt to’qish ommaning yangi fikr-qarashlarini aks ettirish sanalardi:

Kishti fatham ba sohil merasad bo inqilob,
Noxudoi xesh doram man, xudo darkor nest.

Mazmuni: fath va zafar kemam inqilob tufayli sohilga omon-eson yetib boradi. Men xudosizlikni maqbul ko’raman, xudoning hech keragi yo’qdir. Bu endi tarixda misli ko’rilmagan bir ma’naviy falokat edi. Bu –shaytonni ham qo’rquvga solgan imonsizlik g’alayoni, insonni hayvonlashtirish jarayonidan o’zga bir nima emasdi. Aql va tafakkur ilohiy ildizidan uzilgach, ilm-fan foydadan ko’ra qattiq ziyon yetkazishi, bora-bora qo’rqinch narsaga aylanishi xususida churq etib bo’lmasdi. Vaholanki…
Qadim zamonlarda Hindiston tomonlarda to’rtta braxman yashab o’tgan – uchtasi olim, bittasi xolis bir aql egasi bo’lgan ekan. Haligi uch olim shu darajada ko’p ilmga yetishishibdiki, oxiri o’zlarining zakovatu salohiyatlarini ko’rsatish uchun olampanoh saroyiga borishga qaror qilishibdi. To’rtinchi odam esa ularga shunchaki sherik bo’libdi. Ketayotib ular o’lgan bir sher jasadiga duch kelibdi. Shunda birinchi olim “Men shu sher jasadiga go’sht paydo qila olaman”, debdi.

Qarangki, aytganining uddasidan chiqibdi. Ikkinchi olim, “Men go’sht ustiga teri qoplayman”, debdi. Bu ish ham bajarilibdi. Uchinchi olim esa “Endi sherga men jon kiritaman”, deganda aqlli odam “Iltimos, bir pas shoshmanglar. Daraxtga chiqib olay”, — debdiyu bir zumda yuqoriga ko’tarilibdi. Xullas, uchinchi olim sherni tiriltirgach, uchovini ham yebdi. Aqlli odam daraxtdan tushib omon-eson uyiga qaytibdi.

Rivoyat juda ibratli va Olloh ato etgan sog’lom aqlga asoslanmagan ilm olimning o’zini avvalo halokatga giriftor qiladi, degan ma’no unda chiroyli ifodalangan. Qolaversa, o’sha uch xudparast olimning suyaklarini to’rt oyoqli sheri darron g’ajigani yo’q – o’z nafsu havosiga ular qurbon bo’lishgan.

Biror jon bilmadi: jon ne emishdir?
Biror tan bilmadi: tan ne emishdir?

Quloq sir uqmadi gar tingladi mo’l,
Xabardor bo’lmadi ko’z ko’rsa ham ul.

Nechun go’yo erur til, bilmagay, bas,
Nechun quvvatlidir tan, dog’i bilmas…

Attorning bu so’zlari ayrimlarni ajablantirsa ajabmas: nahotki dunyoda biror kimsa ogoh o’tmagan bo’lsa? Nahotki, odam qismatida g’aflat va ojizlikdan bo’lak bir nima yozilmasa? Nafs axloq va qalbga hukmronlik qilganida hamisha shunday bo’lgan.

Yaxshi hamki, jahonda ruh va imonni asrab-avaylaydigan ilohiy kalima, muqaddas tushunchalar bor. Insonni shular Haq va haqiqat yo’liga boshlaydi, axloq va qalb xastaliklarini davolaydi, shular osiy bandasini kufru gunohdan asraydi. Ruh va tafakkurda ularga suyanilmasa, ulardagi ma’no-mohiyat to’xtovsiz kashf etib borilmasa, ixtiyoriy ravishda odamzod o’zini azob-uqubat, musibat va badbaxtliklarga mahkum etaveradi.

Dunyoda nima ko’p – sir-sinoat ko’p. Birisi ochilsa, boshqasi yashirin qoladi; birining mohiyati anglansa, boshqa birlariga aqlu idrok kuchsizlik qiladi. Olam buyuk va muhtasham bir kitobga o’xshaydi. Fikr, saviyasiga yarasha har kim bu “kitob”ni varaqlaydi, o’qiydi. Tushunsa tushunib, tushunmasa, tushunmasdan yuraveradi. Biroq borliqni mushohada etish, anglash, u haqda hukm chiqarishda umumiy birlik, to’la-to’kis hamjihatlik yo’q. Aksincha, din, dunyoqarash, turli-tuman nazariya va ta’limotda farqlanish, gohida hech muvofiq kelmas ziddiyatlar bor. Hanuzgacha har xil ixtiloflar mavjud. Aslida, ulkan sir mahzani zohiriy olam emas – odam va odamiylik olami erur. Dunyoning eng yashirin, eng nozik sir-asrorini faqat odam kashf aylashga qodir. Xoliqni bilish va tanishga layoqatli yakkayu yagona maxluq insondir. Uning zimmasiga favqulodda mas’uliyatli vazifa yuklatilgan: O’zni tanish. O’z vujudida yashirin ma’naviy-ruhoniy sirlarni anglash orqali Haqqa yaqinlashish. Inson qavmi uchun bundan muhim, bundan qiyin va sharafli ish topilmaydi. Shu maqsadda yo’l axtarilgan, ko’p fikr-mulohazalar bildirilgan. Natija esa qanoatlanarli bo’lmagan. Maslak, e’tiqod, mafkura jabhasidagi tortishuv va ixtiloflar kuchaysa, kuchayib borganki, pasaymagan.
Alisher Navoiy:

So’zungniki yaxshi ko’rarsen o’zung,
Ko’runmas yomon, chun erur o’z so’zung,

deganidek, har mazhab, har guruh va har ta’limot vakillari o’zini haq hisoblab, o’z aqida yo g’oyalariga qattiq yopishib olishgan. Mana shunda dinni ayblash, insondagi axloqiy ojizlik, fikriy qullik va mutelik kabi nuqsonlarni dinga to’nkash kuchaygan. Fojia shundaki, din va shariat arboblaridan aksariyati o’sha vaziyatlarda mahdudlik, johillik va shafqatsizlik namoyishidan boshqaga yaramay, ne-ne shaxslarning umrini qurbon qilishgan: birovning nomiga kofir tamg’asi bosilib qamoqqa tiqilgan, kimdir qatl etilgan, ma’rifat sohiblaridan qanchasining hayoti azob-uqubatda o’tgan. Bu fikrning dalili shu qadar ko’pki, birma-bir eslansa, dindan qo’rqish, ba’zan ochiqdan-ochiq dinga qarshi bosh ko’tarish tasodifan yuzaga qalqmagani darrov ravshanlashadi. Xarakterli bitta misolga e’tiborni qaratsak.

Ulug’ ozarbayjon shoiri Husayn Jovidning “Shayx San’on” dramasida bir darvesh obrazi bor. San’on darvesh bilan uchrashgach, undagi diniy shubhachilik tuyg’usi yanada kuchayadi. Nainki dinlarni, tariqatlarni ham u “bir ro’yo” – asosi bo’sh afsonaga chiqaradi. Ayni paytda, butun moddiy borliq uning nigohida ma’nosiz bo’shliq, tamalsiz ko’lka bo’lib ko’rinadi. Darvesh yolg’iz bir narsaga – Olloh nuri tazahhur aylovchi ruh va ruhning abadiyligiga ishonadi. Qolgan barcha mavjudlik: olam, haqiqat, hayot hodisalarini u ruh va g’oyalar dunyosining zuhrlanishidan boshqa bir nima emas, deb hisoblaydi. Uningcha, o’zni kamolga yetkazmoq uchun imkoni bo’lgani qadar “jinsi bashar”dan yiroqlashishga jahd aylash lozim. Eran va hol sohiblarini u o’ziga o’xshab favqulbashar bo’lishga chorlaydi:

Agar favqulbashar bo’lmoq tilarsen,
Yiroq bo’l doimo jinsi bashardin.

Ana shu nuqtai nazarga mahkam yopishgan darvesh Shayx San’onni ham rad etadi. Chunki unda hayotga, borliqqa bog’lanish ko’radi, shon-shuhrat, huzur-halovat tuyg’ularidan hali uning butunlay qutilmaganini his etadi. San’on esa sig’inadigan, ishtibohsiz suyaniladigan ideal bir haqiqatni axtarardi. Bu haqiqat – inson qadr-qiymatini baland ko’taradigan ma’naviy ruhiy haqiqat edi. Shu bilan birga San’on qalbida ikki his, ikki tushuncha o’zaro kurashar va tortishardi. Biri – hayot, tiriklik sevgisi, ikkinchisi, ilohiy ishq. San’on diniy qarama-qarshilik, mahdudlik va mutaassibliklardan bahs yuritib, darvesh bilan fikr almashadi:

Darvesh: Bir sababsiz emas bu hiddatu kin!
Shayx San’on: Ixtilof mazhabu din.
Darvesh: Ana ko’rdingmi din nelar tug’dirar?
Ne balolar, ne fitnalar tug’dirar?
Din bir bo’lsaydi yer yuzida agar
Juda mas’ud bo’lurdi jinsi bashar.

Xullas, dunyodagi barcha dindan San’on shubhalanadi. Xalq va millatlarni bir-biridan din yiroqlashtiradi, orada ixtiloflar qo’zg’aydi, aql bovar etmas fitna va g’avg’olarga boshlaydi, deb o’ylaydi.

Attor yaratgan Shayx San’on obrazi bilan Husayn Jovidning San’oni qarashlarida umumiy bir monandlik mavjud bo’lsa-da, Attor na “Mantiq ut-tayr”, na boshqa bir asarida shaxs kamoli, umuminsoniy birlik masalasi, islomni chetlab hal qilishga qaratilgan hech qanaqa bir gap aytmagan. Bunday fikr uning xayoliga ham kelmagan. Bizning bu haqda to’xtalishimizdan maqsad, sho’ro zamonida yaratilgan tadqiqotlarda Attorni islomga muxolif shoir qiyofasida ko’rsatishga urinishning tamoman asossizligini ta’kidlashdir. Attor bo’lmasa ham islom bor edi. Ammo islom bo’lmasa, tasavvuf ham, Attor va unga o’xshash shoirlar ham bo’lmasdi.

Payg’ambar yo avliyo zotiga Attor past nazar bilan qaramagan. Ayni paytda, Hazrat Muhammad sallOllohu alayhi vasallamdan o’zga hech bir payg’ambar ta’rifida:

Ikki olam sarvari sultoni ul,
Ikki olam joni ul, iymoni ul…

Ulki sulton, qul va mahramdir hama,
Ulki shoh, tobe, musallamdir hama.

Chun aziz boshig’a toj qo’ndirdi Haq,
Eshigi oldida tuproq bo’ldi xalq –

deya satrlar tizmagan. Attor ilmsiz dindorlik va zohidlikni (“Ilmsiz zohid ermish devu shayton, Ilm soriga yur, ey g’o’ru nodon”) yoqlamaganidek, ilmu ma’rifatdan uzoq so’fiylik va darveshlikka yanada qat’iyat-la qarshi turgan:

Ilmsiz yo’lga tushma, bo’lma gumroh,
Yo’ling olis, qorong’u, damba-dam choh…

III

003Hayotda har ko’rgan, har anglagan narsani yozaverish she’r emas – fikrni vazn va qofiyaga muvofiqlashtirishdir. She’r – ko’rish, anglash,eng muhimi, his qilish zarur bo’lganni ifodalash san’ati. O’quvchi she’r o’qiganda oldin bilmaganni bilishi, mushohada etmaganni mushohada qilishi shart.

She’r yozganda, o’zi o’ylamagan bir holda shoir dard va iztirobdan qutulishga intiladi. Ichki azob va g’am-g’ussadan ozod bo’lish kayfiyati baland bir nuqtaga ko’tarilgach, shoir dili vayron, ko’zi giryon odamga aylanadi. Shunda u na o’zini, na boshqani – hech kimni ayamaydi: haqiqat hissi har nimadan ustun keladi. Oqni – oq, qorani – qora, deydi. Bundoq desam nima bo’larkan, undoq qilsam ne bo’lar ekan – bunday ikkilanish yoki ehtiyotkorlik o’rtadan qalqiydi. Biroq shuurda ziyo, ruhda shaffoflik bo’lmasa-chi? Haqgo’ylik ayblash, qoralash va nafrat sochish bilan cheklanadi – vassalom. Vaholanki, qahr-g’azab va nafrat shuurning pastligi, azobning sustligidan dalolatdir. Kamoli Forsiy degan bir shoir yozadi:

Chist dunyo? – Sarbasar vayronae,
Hasratobode, musibatxonae.
Mo dar o’ chun murg’ monda dar qafas,
Gashta dastomo’zi obu donae.
Xosu omu shayxu shobu neku bad,
Har yake mashg’uli reshu shonae.
Peshi oqil mardi dunyodor kist?
Harzakore, ablahe, devonae.

Mazmuni: Dunyo nima? – boshdan-oxir bir vayronadir. Biz unda xuddi qafasdagi qushmiz. Suv va don uchun ham birovlarning qo’liga qaraymiz. Xos ham, avom ham, shayxu o’smir, yaxshi yomon, har biri soqolu taroq ila mashg’ul. Oqil odamning nazarida boy-badavlat kimsa kim? Yolg’onchi, ablah va devonadir…

Bu fikrlarda birorta ham g’alat so’z yo’q – bari to’g’ri. Lekin dunyoning ahvolini bilgan, ranju azobini har kun suvday simirib yurgan kishiga ushbu she’r nima beradi? G’azabga g’azab, hasratga hasrat qo’shishdan o’zga aytarli hech nima bermaydi. Ezilganni ezish, g’ussakashga g’ussa in’om aylash uchun she’r yozilmaydi. Istagan bir kimsa dunyoni so’kib, betiga loy surtishi mumkin. Bu bilan kambag’al – boy, badavlat – muruvvatli, zolim – odil bo’lib qolmaydi. Bil’aks, nochorlik, badbinlik ko’nikmasi chuqurlashadi.

Dunyodan nolish va shikoyat, zulm va haqsizlkidan fig’on chekish, g’am-kulfatdan faryod – asrlar mobaynida ana shu mavzu va ohanglar Sharq adabiyotida yetakchilik qilgan. Qaysi shoir so’ziga quloq tutmang: ayriliq, nochorlik, yolg’izlik, miskinlik… Chor tarafdan nuqul alam, yig’i ovozi eshitiladi. Bu kamlik qilganday ba’zi shoirlar unga o’lim nolalarini ham qo’shishgan. Masalan, Attor fanoni xotirlash va xotirlatishni xushlaydi. Biroq u fanoda tiriklik va tiriklar manfaatini yoqlagan, tiriklikda o’limdan battar, undan-da musibatli hodisa va holatlar mavjudligiga diqqatni qaratgan.

Farididdin Attor inson ongi, botiniy hayotini o’zgartirmay, zohiriy dunyoda oliy orzu-umidlarga yetishib bo’lmasligiga to’la inongan va badiiy talqinlarida buni isbotlagan mutasavvif shoirlardandir. Axloq xastaligi, tafakkur turg’unliklari, ruhiyat ojizliklaridan u shu sabab keng bahs yuritadi. Attor buyuk salaflari Mansur Halloj, Ahmad G’azzoliy tushunchalaridan ilhomlanib inson va shayton munosabati xususida ham kutilmagan fikrlarni o’rtaga tashlaydi. Boshqa jonzotlar nima sifatlari bilan insonga yaqin va qaysi fazilatlar odamni ulardan ajratadi – mutafakkir Attor buni o’zicha tasniflashtiradi:

Ovozim bor deya ko’p bo’lma maftun,
Qamishlar ham, ipaklar ham chekar un.

Eshitgayman deya maqtanmagil, tin,
Quyon tinglay olur bir tosh yiroqdin.

Ko’rarmen dema, chumchuq kam emas, ko’p,
Yigirma farsang olisdin ko’rar xo’p.

Sezarman deb dam urma, o’zni o’ksit,
Ki sichqon ham uzoqlardin olur hid.

Xayol birlan o’zingni ustun etma,
Ki hudhud ham solur tunga vahima.

Ulardin ortig’u afzalmidursen?
Ulardin pokiza, akmalmidursen?

Bu savolga javob qaytarishga shoshilmang. “Asrornoma”ni o’qigach, ajabmaski…

IV

Sho’ro zamonida kim nimani xohlasa, kim nima deb qoralashga mayl sezsa, tasavvuf va tasavvuf adabiyoti to’g’risida bemalol gapirgan va yozgan. Masalan, tasavvuf va so’fiylik adabiyotidan bahs yuritgan deyarli har bir kitob yoki maqolada mana bunday fikr-mulohazalarni uchratish mumkindir:

“Tasavvuf adabiyoti tasavvufning o’zi kabi ijtimoiy hayotda tamomila reaktsion rol` o’ynadi, badbinlik va tarkidunyochilikni, “taqdir”ga tan berish va zolimlarga itoatkor bo’lishni targ’ib qildi, madaniyat va ma’rifat taraqqiyotiga qarshi shafqatsiz kurash olib bordi”. Holbuki, bunday bo’lmagan. To’g’ri, tasavvufda ham, tasavvufiy adabiyotda ham ma’lum bir kamchilik, turg’un va yakrang aqidalar bo’lgan. Bundan hech ko’z yummaslik lozim. Ammo hech qachon tasavvuf adabiyoti ijtimoiy hayotda “reaktsion rol`” o’ynamagan. Ishq va ma’rifat nuri ila chulg’angan bu adabiyot insonni nafsu havoga qullik, zamonga qaramlikdan qutqazishga kuch bag’ishlagan.

Attor yozadi:

Fig’on, ey hirs ila ovora jonlar,
Kuchuksiz, oldingizda ustuxonlar.

Agar nafs shuncha xunxor bo’lmas erdi,
Xaloyiq muncha abgor bo’lmas erdi.

Choparsiz kecha-kunduz, kun demay, tun,
Qorinni bir baloga to’ldirish-chun…

Bashar dunyosida ne dardu g’am yo’q,
Qorin dardicha lek dardu alam yo’q…

Qorin dardi rostdan-da bedavo. Uni davolashning sira iloji yo’q. Qashshoqlik, yo’qsillik girdobiga tashlangan sho’rlik inson dunyoga “qorin ko’zi” bilan qaramasdan nima qilsin? Boz ustiga, u ilmdan, odamday fikrlashdan mosuvo etilgan bo’lsa – komillik orzusini ko’ngilga qanday sig’dirsin?

Shuni o’ylay bilishning o’zi katta yutuq. Afsuski, g’aflat, qo’rquv va avomlik shunga ham yo’l qo’ymagan. Attorning “hirs ila ovora jonlar”dan fig’on chekishi, bizningcha, bashariyatni xunxorlikdan, moddiy manfaat uchun nochor xalqu xaloyiqni g’ajib abgor etishdan tiyilishga undovchi ulug’ fig’ondir. Biroq unga kim quloq solgan? Kim unga amal qiladi? Asosiy fojia va kulfat shunda.

Kechib o’zdin, diyonat yo’liga kir,
Shu nafsing but erur, sindir, uloqtir, –

deydi Attor. Nechog’lik qiyin va qiynoqli ish bu. Nafs balosidan qutulish oson kechganida, but o’laroq nafsiga topinmaydigan odamlarni zamonasida ko’proq uchratganida mana bu hasratu anduhlarni Attor qog’ozga suvratlantirmasdi:

Topolmasmen biror ulfat muvofiq,
Fig’onkim, do’stu hamdamlar munofiq.

Munofiqlarki bizga hamnishindir,
Azobi do’zax ul baskim yaqindir.

Dilo, jim tur, magarkim mahraming yo’q,
Dam urma, baski yoru hamdaming yo’q.

Ollohga sig’ingan, ko’nglini sodiq ulfat va marham sifatida taniy olgan har bir oshiq yo orif xuddi shunday tanholik holiga tushishi tabiiydir. Bunday hol ichida bekaslik va g’ariblikdan qancha shikoyat qilinib, yurak g’am va iztirobga to’lmasin, botinda shodlik, xotirjamlik nuri porlab turadi.

Va favqulodda go’zal bir yiroqlikdan inson ko’ngliga tomon yaqinlashib kelinadi. Albatta, g’ussa va armon bu yurak sayohatida ortsa ortadiki, kamaymaydi. Buning sir-asrori nimada?

Ibn Xaldunning yozishicha, vujud vositasida odamlar hayvonot olamiga, ruhi orqali malaklar dunyosiga bog’lanar ekan. Ruhoniyati baquvvat shaxsityalargina jismoniy borliq tuzoqlaridan qutulib olamning g’aybiy sirlaridan ham voqif bo’lisharkan. Ibn Xaldun shu jihatdan odamlarni uch toifaga ajratadi:  birinchisi, his va tushunchasi moddiyot chegarasidan nariga o’tolmaydiganlar. Zohirbin olimlarning idrok tarzi ham ana shu chegara bilan cheklanadi. Ikkinchi toifa, botiniy mushohada va vijdoniy anglashga sohib kishilar. Ammo ulardagi bu hol ham uncha uzoq cho’zilmaskan. Uchinchi guruh, vujudiy va jismoniy borliq zulmatidan xalos bo’lib ruhoniyat olamiga yuksalgan va hayot hodisotlarini shu yuksaklikdan turib talqin qilishga qodir zotlar. Attor ko’zlagan bosh maqsad va ideal ham aslida mana shu bo’lgan.

Bir safar chog’ida mashhur shayx Ibrohim Xavvosning yotadigan to’shagida chayon o’rmalab qolibdi. Buni ko’rib safardoshlaridan biri chayonni o’ldirishga chog’langanida, Ibrohim Xavvos unga “To’xta! O’ldirma uni. Hamma narsa bizga muhtojdir, biz esa hech nimaga muhtoj emasmiz”, degan ekan. Bunaqa xolislik maqomini egallash uchun ranju riyozatdan tashqari, insonda valiylik salohiyati ham bo’lishi lozim. Agar bu narsa inobatga olinmasa, Attorning fano ta’rifidagi fikrlarini anglash nari tursin, quyidagi singari so’zlaridan noto’g’ri xulosa chiqarilishi muqarrardir:

Hama hechdir, fanodir, chang, kukundir,
Hama tilsimga o’xshab yuz tugundir.

Xayoldir ulki bilding, hayrat etding,
Sadodir ulki olamda eshitding…

Bu vahm va xayol changalidan inson xalos bo’lib biladimi? Biladi, faqat payg’ambar, ulug’ shayxlar ta’limotini sidqi dildan o’rganib, o’zlashtira olsa, deydi Attor. Va barcha so’fiy va mutasavviflarni bir xilda qiziqtirgan hadislarga amal qilishni tavsiya etadi.

“O’lmasdan burun o’ling!” hadisining muxtasar mazmuni – ma’naviy hayotda o’lmayin desang, kofir nafsingni zabun qil, ya’ni: “Eshak bil nafsni, unga banda bo’lma, Tiriklik ko’yida sharmanda bo’lma”, deganidir. Shu boisdan ham Attor:

Agar o’lmasdin oldinroq o’larsen,
Hisobsiz foydaga noil bo’larsen,

deb yozadi. Buyuk shayxlarning tajribalarini esa o’rnak hisoblaydi:

Azizlarkim jahonda bor emishlar,
Ular o’z nafsidan bezor emishlar.

Ularkim urmadi nafs yo’lida gom,
Yiroq erdi ulardin ayshu orom…

Biz nafs va nafsga qarshi kurash xususida ko’p gapiramiz-u, ammo bu ishning naqadar og’irligi va natijasini yetarlicha tasavvur ham etolmaymiz.

Abu Nasr Sarrojga ko’ra, “Nafs muhtoj o’laroq yaratilmishdir. U faqirlikni aslo xushlamaydi… Nafs boylikni sevadi. Boy-badavlatlik kibru havoga ham muvofiq keladi. Chunki boylik “huzuz”, ya’ni lazzatlanish turidandir”.

Tasavvuf ahli beqiyos nafsshunos bo’lgani kabi, dunyoning turli-tuman hollari, havo va havas nayranglari, nafsning yashirin orzularidagi tubanlik, yomonlik va o’tkinchi lazzatlarini chuqur bilguvchilardir. Ularning e’tiqodi bo’yicha, nafsga qarshi jang va uni poklashdan ko’zda tutilgan asosiy muddao yoki natija kashf va ilhom edi. Boyazid Bistomiy nafs mujoadalasi nihoyasida kashfga qanday yetishganligini izohlab deydi: “O’n ikki yil nafsimga qo’riqbonlik qildim. Besh yil o’z qalbimning oynasi bo’ldim. Bir yil mobaynida shu ikkisi orasidagi narsaga qarab yurdim. So’ngra botinimda bir zunnor ko’rdim. O’n ikki yil shu zunnorni kesishga kuch sarfladim. Uni qanday kesib tashlashni anglagach, menda kashf paydo bo’ldi. Shunda odamlarga nazar tashladim va barchasini o’lik ko’rdim”. Bistomiy aytgan “zunnor” aldamchi dunyo bilan bog’lanish va aloqa, uni uzib tashlashga urinish – mujohada, kashfdan so’ng odamlarni o’lik ahvolda ko’rish esa, “dunyoparast nojinslardan” robitani tamoman kesish. Aks holda, haq va haqiqatga doir har qanaqa gap nisbiy yoki aldam-qaldam bo’lib qolaveradi.

Abu Hafs Shahobiddin Umar Suxravardiyning e’tiroficha, “So’fiylar boshqa musulmonlar orasida Rasulullohga tom ma’nosi ila sadoqat ko’rsatishga muvaffaq bo’lgan kimsalardir. Chunki ular, Payg’ambarning so’zlariga qaytsiz bo’yin egganlaridek, uning amrlarini harf-harfigacha bajo qilganlar”. Bu fikr Attorga ham tegishli. U haqshunoslikning tamali – haqni-haq, botilni-botil sifati va shaklida ko’rishni Payg’ambardan o’rganish zarurligini ta’kidlaydi:

Ko’rinsa narsalarning asli holi,
Ne erdi Mustafoning ul savoli?

Dedi u yuzlanib Haq sori: Ey Haq,
Menga har narsani aslicha ko’rsat…

Odam bolasi har narsani qandoq bo’lsa, xuddi shunday tarzda ko’rib, bilganida edi, dunyo allaqachon haqiqat va diyonat, tinchlik va hurramlik koshonasiga aylanardi. Shuningdek, fikr, tushuncha, aqida torta-tortlari-yu, g’avg’olari ham keskin barham topardi. Mana shunda inson o’tkinchi orzu-havas, behuda va betayin tashvishlarga umrini kamroq qurbon etardi.

“Asrornoma” inson mohiyati sirlarini badiiy talqin qilishga bag’ishlangan asar, ya’ni irfon kitobi. Undagi deyarli har bir kalima, har bir fikr va ifoda O’zlik, o’zni anglash, «Men»lik iztirobini teranlashtirish istagi mehvarida aylanadi. Odam shaxsiyatiga Attor nainki bashariy, balki ilohiy qudrat manbai deb qaraydi.

Uningcha, ko’nglida ishq va ma’rifat charaqlagan insonning Haqdan o’zga hech kim va hech narsaga taslim bo’lishga haqqi yo’q. Zero, inson erki va huquqining tayanch nuqtasi ham shudir. Odam agar o’ziga o’zi ma’rifatsizlik, hayvonlik va shaytonlikni ravo ko’rmasa, boshqa birov uni hirs va manfaat mahbusi, tubanlik yo jaholat malayiga aylantirolmaydi. Nafsini u qo’rqita bilmagani sabab zo’ravonlik va o’limdan qo’rqib-qaqshaydi, botinidagi “ganji nihon”ni topolmaganidan zohiriy boylik g’amida o’zini daru devorga uradi. Nimaga erishdi, nimani yo’qotdi, zavoli nima, kamoli ne – g’ofil, gumroh banda bularni ochiq-oydin sarhisob etolmaydi.

Natijada, umr kundan-kun ro’yoga do’nadi. G’aflat pardalari ko’payib, qalinlashadi. Haq, haqiqat, din, diyonat, yurt, millat – hamma-hammasi amaldan ayri gap – quruq iddao bo’lib qoladi. Bu holatlarni Attor mantiqiy-psixologik bir uzviylikda tahlil qilar ekan, ulardan qutulish – vujud “zindoni”dan ozod bo’lish choralarini ham asoslab beradi:

O’zing ganjsen, vale kon ichra mahbus,
O’zing jonsen, vale tan ichra mahbus.

Palidlik, gushnalik birlan adosen,
Vale bilgaymusen, kimdan judosen?

Albatta, Haqdan. Shoir “Ilohiynoma”da Haqni eslashni o’zni eslash bilan teng qo’yadi: “Uni yod aylasang har lahza, ey qul, O’zingni har nafas yod etganing ul”. “Musibatnoma”da esa:

Xoliqo, to in sagam dar botin ast,
Rohi chonam so’i tu noemin ast,

ya’ni: Xoliqo, toki bu itim botinimda ekan, Sen tomonga eltadigan jonimning yo’li tahlikalidir, deydi.

V

attor

Attor – ishq va irfon, xayol va hurriyat shoiri. Ishq, ilohiyot, ruhoniyat sirlarini yoritish – Attor uchun eng muhimi va qiziqarlisi ana shu. Bu degani – Attor voqelikdan ajralib, hayot va turmush muammolaridan hech bahs yuritmagan degani emas, albatta. Qay shoirki, inson haqida o’ylab, uning dardi bilan kuyib-yondimi, demak, u zarur narsani o’ylaydi. Faqat buni hamma ham bilolmasligi yoki fahmlamasligi mumkin. Attor “Xusravnoma”da qiziq bir gapni aytadi: “Ba ma’ni nav kun in choni ko’hanro” – “Ma’ni ila bu eski jonni yangila”. Shoir ma’noning kuch-quvvatiga shunchalik ishongan va uni pokizalashtirganidan faxrlangan: “Maony guftamu pokiza guftam”. “Asrornoma”ning yigirma birinchi maqolasidagi so’zlar boshdan-oyoq ong va axloqni tozalashga safarbar etilgan desa, xato bo’lmas. Undagi asosiy fikrlar: kuygan bandaga hech adovat qilmaslik; hasad va xusumatdan xalos bo’lish; do’st tanlashda adashmaslik; go’l va nodon kimsalar bilan hech ulfat bo’lmaslik; hovliqmalik va shahvatdan saqlanish; til va sir odobini bilish; sinovdan o’tgan odamga shubha bilan qaramaslik; boshqalarga behuda dashnom bermaslik; har turli tortishuv va talashuvlarga bosh qo’shmasdan ish bilan shug’ullanish kabilardan iborat. Shoir hatto taom yeyish odobini ham nazardan chetda qoldirmaydi:

Taomga ruju qilma, gar esang er,
Taomni sen yemaysan, ul seni yer…

Ba’zi birovlar so’fiy yo mutasavvif ijodkor deganda oyog’i yerdan uzilgan, samoviy tuyg’ularga tutqun, oddiy insoniy haqiqatlarni hech nazarga ilmaydigan qalamkash qiyofasini tasavvur qilishadi. Aslida esa hammasi o’zgacha. So’fiyman deb ota-onadan mehr rishtasini uzib bo’ladimi? Yor ishqidan mahrum kimsaning Haq dardida o’rtanishida bir noqislik va mahdudlik aks etmaydimi?
Attor “Asrornoma”ning oxirida ota-onasini xotirlaydi va shularning duosi sharofatidan meni suyagil, deya Ollohga yolvoradi:

Agar bo’ynimda ko’p aybu gunohdir,
Ular etgan duo menga panohdir.

Xudoyim, ko’rding ikki beriyoni,
Ularni deb suya men benavoni.

Rivoyatga ko’ra, Hazrat Payg’ambar (s.a.v.) Madinaning bir mahallasida as’hoblari bilan kezib yurganda, bir ayol kelib, u kishini uyiga taklif qilibdi. Sarvari koinot ichkari kirgach, olov yonayotgan o’choq va uning atrofida o’ynab yurishgan bolalarni ko’ribdilar. Ayol esa Payg’ambardan so’rabdi:

– Ey Ollohning rasuli. Parvardigori olam qullariga marhamatlimi yoki men bolalarimgami?
– Albatta, Olloh marhamatli, – debdilar Rasululloh.

Ayol yana so’rabdi:
– Bolalarimni men hech vaqt otashga tashlashni istamayman. Olloh shu qadar marhamatli bo’lsa, unda qullarini nechun otashga tashlar?
Bu voqeani hikoya qilgan sahoba so’z oxirida: “Payg’ambar yig’ladilar va aytdilarki: “Menga ham shunday vahiy etilgan edi”, – degan ekan.

Onaning farzand hayoti va taqdiridagi marhamati, ilohiy mavqeini bundan oshirib ta’riflash qiyin. Gap shundaki, Attor ham onasini qariyb ana shu darajada sharaflaydi, yoshi oltmishni qoralaganiga qaramay, onasini eslab, tasalli topadi:

Maro gar bud unse dar zamona,
Ba modar budu o’ raft az miyona…

Agarchi ankabute notavon bud,
Va lekin bar sari man pilbon bud.

Na chandon ast bar chonam g’ami o’,
Ki bitvon kard hargiz motami o’?!..

Chu mahram nest in g’am, ba ky go’yam,
Maro o’ bud mahram, bo ki go’yam?!

Mazmuni: Agar menga bir zamon eng yaqin kishi bo’lgan bo’lsa – u onam edi. Mana u ham dunyoni tashlab ketdi. Garchi u chumoliday kuchsiz ko’rinsa ham, mening boshimdagi filbonim edi. Uning g’ami ila jonim qancha to’la bo’lmasin, hamon motamidan ajralolmaydi. Bu g’am-hasratni kimga ochay? Ko’ngilga yaqin kishi yo’q. Mening mahramim faqat onam edi – axir boshqa kimni tilga olay?!

Shayx San’on obrazi orqali, qaysi bir ma’noda Attor o’z ishqi va taqdirini hikoya qilganligini bilish ham maroqlidir.

Attorshunoslikda yozilishicha, mo’g’ul lashkarlari Eron sarhadlariga yaqinlashib qolganda, Attorning otasi Ibrohim bin Is’hoq o’g’lining hayotini xavf-xatardan omon saqlash maqsadida bir hind tujjori bilan uni Hindistonga jo’natadi. Attorni u Panjobga olib borib, Pironi Roziy degan bir olim va tabib qo’liga topshiradi. Ilk uchrashuvdayoq Roziy unga shunday deydi; “O’g’lim, Olloh biror narsani ham behuda yaratmaganiga inonmoq zarur. Odamzot, hayvonot, nabototni Olloh yaratgan va har birining o’z xususiyati, sir-asrori bor. Insonning hunari ana shu sirlarni ochish, alohida ilm o’laroq o’sha xususiyat va fazilatlarni hayotga tatbiq qilmog’i joiz”.

Bu so’zlar bir umrga Attorning xotirasida o’ranishib qolgandi. U ma’lum bir muddat Pironi Roziy qo’lida tahsil ko’rgach, vataniga qaytishga tayyorlanadi. Shunda kutilmagan voqea ro’y beradi: Attor bir do’konda Ahdi Jahon nomli go’zal bir sanamni uchratib, uni sevib qoladi. Va Eronga qaytish niyatidan kechadi. Xullas, otashparastlik diniga mansub bo’lgan shu qizga u uylanib, ancha vaqt Panjobda yashaydi. Bu albatta, musulmonlar hayotida uchraydigan siyrak hodisa edi. Shuning uchun yosh kelin-kuyovni ota-ona, qarindosh-urug’ qanday kutib olgani va shoirning yurtdoshlari o’rtasida qandoq gap-so’zlar qo’zg’alganini tasavvur etish qiyin emas.

Shak-shubha yo’qki, o’shanda kimlardir Attor sevgisini qoralagan, birovlar unga ta’na-malomat toshlarini otgan, boshqa bir toifa kimsalar esa uni kofirlikda ayblashgan. Balki bular Ahdi Jahon xonimning qalbiga qattiq ozor yetkazgandir. Balki erining tabiatidagi qat’iyat va sodiqlik yanada nurlanganini ko’rib quvonchiga quvonch qo’shilgandir. Nima bo’lmasin va nimalar deyilmasin, Attor Shayx San’onga o’xshab chin oshiqlik tariqidan chekinmagan. Ishq uning butun borlig’iga kuch-quvvat bag’ishlagan. Ishq-muhabbat – bu, mag’lublikdagi g’oliblik, shikastalikdagi butunlik ekanini oshiq shoir chuqur anglagan:

Kimda dard ersa, u darmon topmasin,
Kimki darmon istasa, jon topmasin…

Kim bu so’zni joniga etmas habib,
Unga yetmas ishq tariyqidin nasib.

Xullas, g’avg’olar tinchib, fisqu fujurlar to’xtaydi. Ahdi Jahonning bilimi, g’ayrati, fahm-farosatiga ko’pchilik tan beradi.

Attorga u bir o’g’il va bir qiz tug’ib beradi. Lekin oila, bola-chaqa tashvishi bilan o’ralashib qolmaslikni o’ylab otasi Attorni xonaqohda yashashga yuboradi.

Attorga u yerda yashash ma’qul kelmaydi va ko’p o’tmay oilasiga qaytadi. Oradan besh yil o’tgach, taqdir unga o’zining ikkinchi – juda shafqatsiz qiyofasini ochadi. Xotini og’ir xastalikka yo’liqib, 1145 yilda vafot etadi. Bu – Attor uchun kutilamgan zarba va so’ngsiz ayriliq edi. Shu musibatdan keyin shoirning sog’ligi yomonlashadi. Hayotga qarashi ham, ijod yo’nalishi ham keskin o’zgaradi. Endi u najot va tasallini tasavvufdan axtaradi. Otasining ko’rsatmasi bilan mashhur  shayxlar dargohiga boradi. Shunday qilib, Attor olam va odam qismati sirlarini Haq ishqi ila mushohada qilishga qodir beqiyos san’atkor darajasiga ko’tariladi. U tafakkurning eng qiyin va o’zni anglashning eng mashaqqatli yo’lini tanlagan, rost gapni ham avvalo o’zi haqida ayta olgan edi:

Na mardi xirqamen, na mardi zunnor,
Gahi masjid, gahi dayr ichra men zor.

O’zim kimmen, anov kim, bexabarmen,
Yana yaxshi, yomon kim, bexabarmen.

Necha puch narsalarga, vo darig’kim,
Sovurdim, sarfldim umri azizim…

Sochim oppoq oqardi, ko’r sifotim,
Hamon hirs ichradirmen, yo’q najotim…

“Ba umri xesh madhi kas naguftam” – “O’z umrimda biror bir kimsani madh etmadim”, deydi Attor. Darvoqe, u hech bir shoh yo sulton huzuriga bo’yin egib, qasidayu madhiyalar to’qimagan. Boylik to’plashni o’ylamgan. Shon-shuhrat ortidan quvmagan. Munofiqlik, riyo, xushomadning har qanday turidan umr bo’yi hazar qilgan. Xoksor va qanoat ila yashagan. Shunday odamki, “Hamon hirs ichradirmen, yo’q najotim”, deb hasratga berilgandan keyin o’zgalarning
kishiligini ko’z oldingizga keltiravering…

VI

Farididdin Attor mohir va benazir hikoyatnavis. Tasavvuf adabiyotida u hikoyat, rivoyat mavqeini baland ko’targan ijodkor edi.

Buyuk shoirning qaysi asarini o’qimang, go’yo hikoyatlar bo’stonida sayr etib, hikmat va donishmandlik atridan aql-idrokni yayratasiz. Har bir hikoyatda bir ma’no,har bir ma’noda bir go’zal ohang, yorqin rang, ruhiy tarovat. Tasvir va ta’sir yo’llari ham har xil. Hikoyatni hikoyatga bog’lovchi “halqa”lar, “qissadan hissa” chiqarish usullari ham bo’lakcha. Zo’riqish, zeriktirish, sun’iylik, atayinlik yo’q. Hikoyat ortidan hikoyat xuddi muhtasham xotira chashmasidan oqib-qaynab chiqayotganga o’xshaydi. Shoir esa bu holatga yetguncha din, axloq va tasavvufga doir necha yuzlab kitoblarni ko’rib, varaqlab chiqqan; xalq og’zaki ijodiyoti xazinasi bilan takror-takror qiziqqan. “Asrornoma”dagi hikoyatlar to’g’risida, afsuski, kengroq to’xtalish imkoni yo’qligi uchun biz ulardan faqat bittasiga diqqatni qaratmoqchimiz.

Oddiy xalqqa biror bir nimani tushuntirish, shu orqali o’zini bilishga rag’batlantirish yengil ish emas. Shuning uchun faqat mutasavvif shoirlarmas, olim faylasuflar ham fikr-mulohazalarini ommaga qanday yetkazish masalasini nazardan soqit qilmaganlar. Masalan, mashhur faylasuf Ibn Rushd ikki turli so’zlashuvni, ya’ni xalqqa boshqa, zakiy, qobiliyatli va bilimdon olimlarga boshqa tarzda gapirishni bir aqidaga aylantirgan. Umumiy fikr-qarashlarini bilolmaganlar, ba’zan unga butunlay noto’g’ri munosabatda bo’lishgan. Bundan esa u hech ajablanmagan va xalqqa imon talqinchisi, ziyoli, saviyasi yuqori kishilarga mutafakkir qiyofasida so’zlashda davom etavergan. Umuman, Ibn Rushdning din falsafasida u yoki bu ma’noni tamsil ila anglatish va misol keltirish juda muhim o’rin tutgan. Unga ko’ra, “xalq nazariy, mavhum tushunchalarni anglashga qodir emas… Mavjud bo’lgan har bir narsani xalqu xaloyiq tuyg’ular ila idrok etiladigan borliqlar shaklida tasavvur va taxayyul qilur. Shuning uchun moddiy bo’lmagan borliqlarni xalqqa misol vositasida va tamsiliy suratda ifodalash shartdir” .

Uningcha, so’fiylar tanlagan yo’l ham nazariy bo’lmasdan, nafs va qalbga asoslangan. Bu fikrning to’g’riligini “Asrornoma”dagi katta-kichik – deyarli har bir hikoyat to’la tasdiqlaydi. Buni bilish va xatosiz tasavvur aylash uchun esa “Haqiqiy so’fiy kim?” degan savol javobida adashmaslik kerak. Chunki Abdurazzoq Koshoniy ta’rif berganidek, “so’fiy qalbi tubdan poklangan, fikr ila to’lgan… oltin ila toshni teppa-teng ko’rguvchi zotdir… So’fiy ikki go’zal hol yoki ish qarshisida eng go’zalini amalga oshirguvchi odam erur. U kirlardan tozalangan axloq egasi…. Shu bois u haqda “So’fiy barcha chirkin xulqlardan tozalanib, tubanliklardan qutulgani va go’zal xo’ylar ila bezangani tufayli so’fiy deya ismlantirilmishdir”, deyilgan. Masalaga konkretroq nigoh tashlansa, chin so’fiy va so’fiylikni qoralash hamda ayblash – go’zallik, latiflik his-tuyg’ularini insonga ravo ko’rmaslik, nafs botqog’iga botib-bulg’anib yashashni qo’llab-quvvatlash, hayvoniy va shaytoniy mayllar rivojiga xayrixoh bo’lish deyishga to’g’ri keladi.

Xolis aql ila bir o’ylang: xasta va majruh odam o’zi istagan yoki orzu qilgan narsalarni o’rganib biladimi? Bilmaydi. Negaki, kasallik yaxshi tahsil yo’lidagi to’siqdir. Ruhiy va axloqiy bemorlikdagi ahvol ham xuddi shunday. Havoyi, demakki, o’tkinchi zavqu safo bilan kun kechirgan, shodlik va xursandlikni maslak darajasiga ko’targan, nafsoniy orzu-istaklarini qondirmoq uchun jonini jabborga bergan kimsa, albatta, axloqan xasta, ruhan kasaldir. Uni davolamasdan turib bilimli qilish yoki tahsil ko’rishga sharoit yaratish besamar urinish erur. Shu uchun so’fiylar adab, tarbiya, tazkiya va tasfiya yo’li bilan avval ichki – nafs, qalb, ruh xastaliklarini davolab, ana undan so’ng odamlarni bilimli qilish zarur deb hisoblashgan. Attor esa bu jihatdan aqlni tang ahvolga soladigan darajada ilgarilagandir. Men hamisha bir narsaga hayron qolib yurardim: ba’zi kimsalar bor, umr bo’yi ilm va ijod bilan shug’ullanishadi. Lekin jonini ishi siqqanday, goho yozg’iradi, goh kimnidir yanchib-yutib yuborgisi keladi. Ba’zan og’zidan hasad, adovat tutunidan boshqa bir nima chiqmaydi. Xullas, tabiatida na ilm, na ijodning zarracha ham ijobiy ta’siri sezilmaydi. Buning siri nima? Bu savolga o’zimcha javob topganday edim. Ammo Attorning farrosh haqidagi hikoyatini o’qib, xoh ishoning, xoh ishonmang, bir g’alati bo’lib ketdim.

Kunlardan bir kuni farrosh attorlik do’koni sari yo’l oladi. Do’konga kirib borgach, ajib hodisa yuz beradi: mushku anbar hidi burniga urilishi zamon u bexush bo’lib yiqiladi. Bundan cho’chib ketgan sho’rlik attor darhol gulob olib keladi, ud tutatadi. Farroshning ahvoli battar bo’ladi. Yana nima yordam ko’rsatishni bilmay attor dovdirab turganda, qayondandir o’zga bir farrosh yetib keladi-da, kasbdoshining burniga najosat surkaydi.
Qarangki:

Najosatning hidi urgan zamoni,
Ko’zini ochdi farrosh, kirdi joni.

Shoir ushbu voqeadan xulosa chiqarib deydi:

Kishikim etdi badbo’ylikka odat,
Anga noxush erur atru tarovat.

Agar mushk atrini olsa dimog’i,
Ko’ngilda shu zamon so’ngay charog’i.

Base axlat uyidir nafsi nosoz,
Kamaytar goh kishi, goh to’ldirar boz.

Agar jindak yetishsa bo’yi asror,
Ketib hushdin, yiqilgay ul nigunsor.

Shu hikoyatni o’qiguncha, go’zallik va nafosat kimlargadir nega halokatli ta’sir o’tkazishi-yu, nima uchun ularning hech bir go’zal, ko’rkam narsadan zavqlanolmasliklarining tub sababini men bunchalik aniq bilmasdim. Demak, go’zallikning madad va himoyaga muhtojligi bejiz emas ekan. “Olamni go’zallik qutqazadi” degan gapni ham ishtibohsiz qabul qilinadigan gap deb bo’lmas ekan, Attorning “Ey inson, o’z nafsing, chirkin tabiating farroshi bo’l” degan da’vatida sir va hikmat ko’p ekan.

VII

008Xoja Ahmad Yassaviy adabiy merosini o’qib-o’rganmay, Attor, Rumiy, Sanoiy singari mutasavviflar ijodiyoti bilan tanishmay mumtoz adabiyot mutaxassisiman deb yurgan paytlarni eslasam, ko’ksimga xijolat pichog’i sanchilganday bo’ladi. Din va tasavvuf xususida-ku, gapirishga ham hojat yo’q.

Inson ongida bir buzg’unlik va illat paydo etilsa, uning dili, idroki, tili ham sog’ qolmas, eng yomoni, bilmaganni – bilganday, tushunmaganni – tushunganday bo’lib vag’illab yuraverarkan. Ma’naviy hayotda erishganimizdan ko’ra, erishilmagan va boy berilgani ko’proq ekanini mustaqillikdan buyon kundan-kunga oydinroq anglayotirmiz. Tasavvuf adabiyoti namunalariga ishtiyoqning ortishi shu holat bilan ham bog’liq deb o’ylayman. Mana, Attor asarlarini olaylik. Uchta kitobi o’zbekchaga tarjima qilinib nashr etildi. “Mantiq ut-tayr” va “Ilohiynoma”, adadi uncha ko’p bo’lmasa hamki, har qalay o’quvchilarini topdi, deyish mumkin. Til va adabiyot institutida o’tkazilgan “Ilohiynoma”ning taqdimot yig’inida mumtoz adabiyot bo’limi nomidan Attorning “Asrornoma”sini ham tarjima qilishni O’zbekiston xalq shoiri Jamol Kamoldan iltimos qilgan edik… Shoir bu ishni g’ayrat va ilhom ila oxiriga yetkazdi. Attor ijodiyoti muhiblari nomidan tarjimonga minnatdorlik bildiramiz.

Asliyat bilan tarjimani men qiyoslab o’qib chiqdim. Ma’no va ifodada nuqsonli tuyulgan baytlarni belgilab, tarjimonga ko’rsatdim. Qayta ko’zdan kechirilib, ular sayqal topdi. Bizningcha, Attor so’zlarining ruhi, fikrlarining yolqini, tasvirdagi ta’sirchanlik o’zbekchada ham susaymagan.

Haqiqat chist? Pesh andish budan
Z-xud biguzshtanu bo xesh budan.

Bu bayt:

Haqiqat ne? Tafakkurga to’lish ul,
Kechib o’zdin, o’zing birlan bo’lish ul –

tarzida o’zbekchalashtirilganki, bunda biror bir ishtiboh yo e’tirozga hojat sezilmaydi. O’zga istalgan baytni olib qiyoslang, qanoat ortaveradi. Shayx Attor “Asrornoma”ni shunday misralar ila tugatadi:

Suxan bo dardtar z-in kase nadiydast,
K-z-in har bayt xune mechakidast.

Ya’ni:

Bu yanglig’ dardu so’z ko’rmishmi inson,
Ki har bir baytidin xun tomchilar, qon…

Asarni ona tilida o’qigan o’zbek kitobxoni bu gapning haqligiga ishonadi va shoir dardiga bir umr hamdard bo’lib qoladi. Bizningcha, tarjimaning eng muhim yutug’i ham ana shundan iborat.

003

(Tashriflar: umumiy 1 266, bugungi 1)

Izoh qoldiring