Ibrohim Haqqul. Shekspir mash’ali

051

   Вильям Шекспир ҳам “черик чекмай” дунёни забт этган адабиёт қироли эди. Жаҳонда қанча халқ ва элат яшаса, Шекспир айтарли ҳаммасининг меҳр-муҳаббатини қозонган. Дунёдаги бирор-бир миллий тил бўлмаса керакки, Шекспир қаҳрамонлари унда гапирмаган бўлса. Қирол Лир ё Ҳамлет, Отелло ёки Клеопатрасиз қайси юрт театр саҳналарини тасаввур этиш мумкин? Шекспир даҳоси – бу энг олий маданият тарозуси демак. Ўзининг бетакрор гўзаллик оламида дунё санъати, маданияти ва маънавиятини бирлаштириб – марказлаштиришга эришганлардан бири ҳам буюк Шекспир эди.

09

Иброҳим Ҳаққул
ШЕКСПИР МАШЪАЛИ

Драматургия санъатида ҳанузгача Шекспир билан ҳеч ким тенглаша
олгани йўқ. Унинг номи ёнига фақат унинг ўз номинигина ёзи мумкин…

В.Г.Белинский

I

Инсоният тарихи – алоҳида шахс ёки маълум бир миллат хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмайдиган бир тарих. Ўткинчи нарсалар, тасодифий ҳодисаларни четга суриб-супуриб ташлаш – бу тарихнинг адолати эрур. Инсонийлик шон-шарафига дахлдор ҳар бир мақсад ва ҳақиқат унда сараланиб боради. Абадият талаби, боқийлик мезонларига мувофиқ келмайдиган ҳеч бир интилиш, ҳеч қандай зафар бу тарихдан ўрин тополмайди. Тарихий қисматнинг дахлсизлиги, ибратли бир томони ҳам мана шунда. Буни англаш ва баҳолашда тарих билан адабиёт орасида жиддий фарқланиш йўқ. Лекин тарихга қараганда адабиётнинг имконият ва имтиёзи кенгроқ. Чинакам адабиёт борлиқ ва йўқлик ўртасидаги бир мавжудлик. Адабиёт фанони – бақода, бақони – фанода кўрсата олса, ёмонликдан бутунлай йироқ эзгулик, тубанликдан айри юксаклик бўлмаслигига инонтира билса, у – кўнгил меҳнати, сўз санъатидир. Чунки яхшиликни қадрлаш учун – ёмонлик, ёмонликка қарши курашиш учун яхшиликнинг мавжудлиги шартдир. Акс ҳолда ҳаракат сусайиб, завқ барҳам топади. Завқ эса фарқланишдан туғилади. Фарқ йўқолса, унда йўқлик олами бошланади. Шунинг учун буюк ижодкорлар дунёнинг оқу қораси ва беомон зиддиятларига нисбатан бошқача қарашади. Санъат маслаги, энг аввало, илоҳий, ана ундан сўнг ҳаётий, инсоний, миллий ва замонавий маслак эрур. Даҳо ижодкорларни шу маънода пайғамбарларнинг содиқ издошлари, яъни нубувват йўлининг толмас давомчилари деса, янглиш бўлмайди. Виждон карвонига шулар сарбонлик қилишган. Башарият ҳаётидаги энг буюк ғалаба – руҳ ва тафаккур ғалабаси эканига одамларни шулар инонтириб келишган.
Вильям Шекспир ҳам “черик чекмай” дунёни забт этган адабиёт қироли эди. Жаҳонда қанча халқ ва элат яшаса, Шекспир айтарли ҳаммасининг меҳр-муҳаббатини қозонган. Дунёдаги бирор-бир миллий тил бўлмаса керакки, Шекспир қаҳрамонлари унда гапирмаган бўлса. Қирол Лир ё Ҳамлет, Отелло ёки Клеопатрасиз қайси юрт театр саҳналарини тасаввур этиш мумкин? Шекспир даҳоси – бу энг олий маданият тарозуси демак. Ўзининг бетакрор гўзаллик оламида дунё санъати, маданияти ва маънавиятини бирлаштириб – марказлаштиришга эришганлардан бири ҳам буюк Шекспир эди.
Вильям Шекспир 1564 йили Англиянинг Эйвон дарёси соҳилида жойлашган Стратфорд шаҳрида туғилган. Ўзига тўқ, серфарзанд бир оилада учинчи фарзанд эди. Отаси Жон Шекспир Стратфорд ҳокими вазифасида ҳам ишлаган. Вильям оилада яхши тарбияланган, мактабда муҳаббат билан ўқиган. Ўн саккиз ёшида Анна Ҳазавей исмли қизга уйланган. Ундан бир қиз, бир ўғил кўрган. Қизнинг исми Сюзанна, ўғлиники Ҳамлет бўлиб, ўн бир ёшида вафот этган. Шекспир йигирма уч ёшида Лондонга кўчиб кетади. У ерда театр жамоасига яқинлашади. Жеймс Бербеж раҳбарлигидаги труппада фаолият кўрсатиб, кейин “Глобус” театрида ишлайди.
Тасаввур этайликки, тарих бир эврилсаю, тўрт юз йил муқаддам Англияда, хусусан, драматургнинг она диёри Стратфордда яшаган халойиқ йигирманчи аср одамларининг Шекспирга эҳтиромини кўрса, жаҳон аҳлининг Шекспир даҳоси ҳақидаги фикр-мулоҳазасини эшитса – нима бўлурди? “Боқиб бу савдо”га, албатта, улар ҳайрону лол қотишарди. Ёзган асарлари нари турсин, Вильям Шекспир деган хоксор, заҳматкаш ва ўртаҳол бир драматург, шоир борлигини ҳам билмаган кимсалар (ҳатто қирол саройи ходимларидан бири унинг фамилияси қандай ёзилишини билмай – Шахбирт деб ёзган экан) юртдошларининг жаҳонга донг таратиш сабабларини қаёндан тушунишсин?
XVIII аср охирида Шекспир драмаларига муҳаррирлик қилган Жорж Стивенс ёзади: “Бизнинг Шекспир ҳақидаги бор-йўқ билганларимиз шу: у Стратфордда туғилган, уйланган, фарзанд кўрган. Лондонга борган, марказда актёрликни эгаллаган. Пьесалар ва шеърлар ёзган. Стратфордга қайтган. Васиятнома қолдирган ва ўлган”.
Шарқдаги айрим сўфий ва мутасаввифлар шон-шуҳратдан қочиб, ёзган асарларига исми шарифларини ёзишмаган. Шекспир эса китоб нашри билан қизиқмаган. Сонетларидан бўлак ҳеч нима яратмаганида ҳам, у дунёнинг улуғ шоирлари даврасидан ўрин эгалларди. Аммо сонетларни ҳам тириклигида чоп эттирмаган. Умуман, Шекспир шов-шувсиз, кўпчилик назаридан четроқда сокин яшаш, ижодий ишга кўпроқ вақт ажратишни мақбул билган. Унинг шахсиятига доир маълумотлар шунинг учун ҳам оздир. Драмаларининг бошқа муаллифларга нисбат берилиши – Шекспирнинг ҳаддан зиёд камсуқум ва камтаринлиги бунда ҳам “ҳисса” қўшган бўлиши эҳтимолдан холимас.
Ижодининг илк босқичларида Шекспир шеър, достон, комедия, хроникалар битган. Замон, макон, жамият, давлат ва инсон муносабатларини тадрижан, яъни тарихий йўлда бадиий тадқиқ қилишга енгилмас эҳтиёж сезган. Натижада “Ричард III”, “Ричард II”, “Қирол Иоан”, “Генрих IV”, “Генрих V” каби қатор драмаларини яратган. Шунингдек, “Ёз кечасидаги туш”, “Венеция савдогари”, “Бунисига нима дейсиз?” деб номланган ва кўнгилга шодлик, қувноқлик бағишловчи комедиялар ёзган.
Шекспир ҳаёт ва турмуш қувончларидан қайғуга қараб юрган, одам тақдири, руҳиятидаги зиддиятларни бутун кескинлиги, шафқатсизлиги ила ёритишга киришган ижодкор эди. “Ромео ва Жульетта”, “Юлий Цезарь”да бу тамойил дастлабки ифодасини топгандир. 1601-1608 йиллар оралиғида яратилган “Ҳамлет”, “Отелло”, “Қирол Лир”, “Макбет”, “Антоний ва Клеопатра” трагедиялари дунё драматургиясининг мўъжизаси эди.
Шекспир унча узоқ умр кўрмаган – эллик уч йил яшаган, холос. Ҳаётининг йигирма йилдан зиёдроғини ижодий меҳнат билан ўтказиб, ниҳоят “Қиш эртаги”, “Цимбелин”, “Бўрон” деган асарлар ҳам ёзиб қолдирган.
Адабиёт, аслини олганда, нафсдан кўнгулга, кўнгулдан руҳга, руҳдан сирга, ундан маъно ва моҳиятга юксалиш демак. Бу “мақом”ларнинг ҳар бирида талантли ёзувчи инсон шахсиятини янгича кўриб, янги-янги ўзгаришларда мушоҳада этади. Шекспир шуларнинг барига эришган. Ҳис-туйғу “ойна”сида одамнинг асл қиёфасини кўрсатиш, нафс ва қисмат талошларини ҳол тилида акс эттириш Шекспир драматургиясининг энг жозибали хусусиятларидандир. Унинг баъзи қаҳрамонларидаги эҳтирос туғёни – табиат тўфони, борлиқ бўронларидан қолишмайди…
Мавлоно Жалолиддин Румий бир шеърида ёзади:

Ту шаҳвати хешро лақаб ишқ ниҳй,
Аз шаҳват то ишқ раҳи бисёр аст.

Мазмуни: Эй инсон, сен ўз вужудий орзу, нафсоний ҳавойу ҳавасларингга ишқ деб ном бермагил. Шаҳватдан то ишққача бўлган йўл жуда йироқдир.

Инсоннинг оғир хато ва адашувлари ҳирс ё эҳтиросни муҳаббатдан ажрата олмаганлиги туфайли келиб чиққан. “Антоний ва Клеопатра” қаҳрамонларидан бири Марк Антонийга “Агар тақдир сени Миср маликасига учраштирмаганда, дунё мўъжизаларидан бирини кўролмасдинг”, дейди. Ҳақ гап. Жисмоний куч-қудрати ярим дунёни ларзага солишга қодир Антоний эса шаҳват қули эди. Клеопатра ўзини илонга чақтириб ўлади. Чунки ўша илон – аёллик иқболини назарга илмаган ҳукмронлик ғурури, сиёсат ҳирси маликанинг ичида эди. Антонийни йўқотгач, у буни англаб етади:

Йўқ, мен подшо эмасман, бир хотинман, холос.
Ва мени ҳам олақуроқ ҳислар, сезгилар
Урғочи бир махлуқ каби измига солар…
О, қанийди, шу шоҳона тожу асони
Тангриларнинг тумшуғига қараб ирғитсам…

Шуни олдин ўйлаб, аввалроқ малика шундай қарорга келганда олам гулистон бўлурди. Клеопатра унда Миср маликаси эмас, ўзга бир аёлга айланарди…
Бу дунёнинг феъл-атвори ғалати. Негаки найранг ва тушуниксиз ишлари ҳам кўп. Мардни гоҳо номардга муҳтож айласа, гоҳо оқил ё одилни жоҳил дастига топширади. Башар манфаатини ифодалайдиган маданий-маънавий кашфиётларни ҳам баъзан бир пулга арзитмаслиги мумкин. Бу гапни тасдиқлайдиган далил беҳисоб. Хўш, дунё қанақа борлиқ ўзи? Одам иштирокисиз унинг яхши-ёмонлиги, қайғу-қувончи, шафқат ва бешафқатлигини назарга келтириб бўладими? Инсон бошига ёғилган кулфат ва мусибатлар учун “даҳри дун”ни қоралаш Шарқ шеъриятида бир “мода” даражасига олиб чиқилган. Бундай танқидни тўла қабул айлаш тўғри эмас. Қийнаса инсонни – инсон қийнайди, эзса – инсон эзади, бир-бировини азоб-уқубатларга гирифтор қилиш ҳам одамнинг ёзуғи. Бас, шундоқ экан, нимага ҳадеб дунёни сўкиш, қоралаш керак? Айбни ҳам, айбдорни ҳам ўз номи билан айтса бўлмайдими? Бўлади. Таҳлика ва қўрқувни ким енгади? Қаҳр. Жазо. Қийноқ. Ким буларни елкалашни истайди? “Баттол” дунё эса ҳеч кимсанинг ёқасига ёпишмаган, ёпишмайди ҳам, ҳеч бировни зиндонга тиқиб, дорга осмаган, осмайди ҳам. Шекспирнинг тарихий хизматларидан бири шундаки, адабиётни у умумий норозилик, предметсиз, яъни мавҳум айблашлардан қутқазиш учун жон куйдирган. Унинг асарларида айбга – айбдор, гуноҳга – гуноҳкор масъул. Ёмонлик учун ҳам, эзгулик учун ҳам жавобгар инсоннинг ўзидир.

II

Шекспирдан мерос ўттиз етти драмадан ўттиз тўртининг сюжети ва мазмуни ҳар турдаги бошқа асар ё манбалардан олиниб, “Қирол Лир” трагедиясига, Холиншед “хроникалари”га кўпроқ таянилганлиги илмда айтилган.
Бундоқ қаралганда, ушбу трагедиянинг бошланишида фожиа ё бир кулфат нафаси сезилмайди. Қартайган қирол елкасидан “давлат юкини” “ёш, навқирон елкаларга” оширмоқ учун мол-мулкини уч қизига бўлиб беради. Сарой аҳли йиғинида у ёлғиз бир нарсани билмоқ истайди:

Хулласки, қизларим, айтинг, бугун сизни деб
Давлат билан салтанатдан кечар эканмиз,
Ким ортиқроқ ардоқлайди, севади бизни?
Сизда қанча баланд бўлса меҳру оқибат
Бизда шунча юксак бўлур ҳиммат, саховат…

Гапни тўнғич қиз Гонерилья бошлаб, булбули гўёдай сайрашга тушади:

Отажоним, меҳрим нечук баён айлайин?
Ардоқлисиз кўзим нури, эрку нафасдан.
Қимматлисиз жаҳоннинг бор бойликларидан,
Ҳаёт, номус, саломатлик, ҳусну ҳавасдан…

Бу чечанлик замирида манфаат ва риё яширинганини Лир жаноблари фаҳмлолмайди. Қизга катта мулк инъом этади. Ўртанчи қиз – Регана эса сўзни мухтасар қилади:

Опам билан бирдек бизнинг табиатимиз,
Қийматимиз айни. Менинг айтар сўзимни
Опам айтиб бўлди, айтди муҳаббатимни…

Регана ҳам опасиникидан кам бўлмаган ҳиссага эришади. Навбат кичик қиз Карделияники. У жим. Отасининг “Сен нима дейсан, қизалоғим?” деган саволига “Ҳеч нарса, шоҳим”, дея жавоб беради. Хушомад, сунъий лутфу назокатларга ўрганиб, кўникиб кетган қирол бу “совуққонлик”ни қабул қилолмайди. Тийнати топ-тоза фарзандини, хуллас, ҳе йўқ, бе йўқ оқ қилади.
Бийрон тиллар бирданига танглайга ёпишади-қолади. Ҳамма сукутга чўмади. Лекин Кент деган бир зотнинг овозидан жимлик бузилади. Кент – саройдаги яккаю ягона бамаъни, ҳақгўй мулозим. Фожиани олдиндан пайқайди. Қиролни у инсофга чақиради:

Ўзингни бос, ғазабингни жиловла, шоҳим,
Тожу тахтинг берма. Бошим гаров қўяман,
Кенжа қизинг муҳаббати сенга зиёда,
Камсуқумлик – каммеҳрлик дегани эмас…

Аллақачон тўғри сўзга тоқати қолмаган шоҳ Кентни ҳам юртдан бадарға қилади:

Мукофотим, сенга беш кун муҳлат бераман,
Тайёргарлик кўриб, олис сафарга отлан…

Шундай қилиб, Англия қиролига бирин-бирин қора кунлар юзлаша бошлайди. Мамлакатдаги умумий аҳвол ва аянч вазиятга саройдаги нуфузли амалдор, катта ўйинчи Глостер таъриф бериб дейди: “…Муҳаббат сўниб, дўстлик соврилиб, оға-инилар бир-бирлари билан қир-пичоқ бўлишади. Шаҳарда исён, қишлоқларда ғалаён, саройларда хиёнат авж олиб, ўғиллар оталардан юз ўгиради… Қирол билан боғлиқ можарони олиб қаранг – ота қизига мухолиф. Қаҳру-ғазаб, сотқинлик, ҳалокатли ур-сурлар энди қабргача бизга ҳамроҳ бўлади…”.
Шаҳаншоҳ булардан бехабар – ғафлатда. Фақат унга мақбул, қаҳр-ғазаб қўзғамайдиган воқеа-ҳодисалардан хабар берилади. Кўпчилик бир-бирини алдаб-аврайди, айни пайтда сарой маъмурлари бирлашиб битта одамни – Қиролни алдашади. Юқоридаги гапларнинг бир учини Глостер Лирга етказиши мумкин. Йўқ, у миқ этмайди. Ҳамтовоқлари қатори подшоҳнинг тизгинсиз қаҳр-ғазабидан қўрқади.

Ҳокимият борки, менда қудрат, иқтидор,
Оғизларни муҳрлашга етади қурбим…

Лирнинг бош ақидаси, асосий амали шу. Салтанатни у доимо худди шу тарзда бошқарган. Ва сўнгги нафасгача қудрат, иқтидор менда қолади, деб ўйлаган. Уни, аввало, қиз ва куёвлар довдиратади. Ёлғон ҳурмат-эҳтиром деворлари шунда қулаб, меҳру оқибат “парда”лари чок-чокидан сўкилиб, йиртилиб кетади. Алданиш Қирол Лирнинг гирибонига ёпишади. Тожу тахт, шону шуҳрат, иззату икромга ноил айлаган қисмат – қанча баланд кўтарган бўлса, уни ўшанча ерга уради. Қанча сийлаган бўлса, ундан-да ортиқ таҳқирлайди.
Мамлакатни оғзига қаратган, халқу халойиқни сўзсиз-садосиз бўйин эгишга мажбурлаб келган ҳокими мутлақ тахтидан четлашгач, масхарабоз таъбири билан айтганда, “рақамсиз нул”га менгзаб қолади. Ҳийла ва хиёнат кекса қиролни кулфат ўпқонига ирғитади. Шундай жазога у лойиқ эди. Давлат тепасида экан, икки оёқли шайтон киму – одам ким, манманлик, худкомлик оғуси нима-ю, ҳиммат ва виждон кимёси нима – булар хусусида Лир бош қотирмаганди. Унингча, подшоҳлик давр-даврони қандоқ улуғвор бошланса, охиригача шундоқ давом топиши лозим эди. Ёши саксонга борганда руҳида бир бўрон ғалаён солмагунча, ҳақиқатни англай олмаслигини, садоқат дегани – садоқатсизлик, куч-қувват дегани – ожизлик, нотавонлик бўлиб чиқишини у хаёлга ҳам йўлатмаган. Маҳрумият алами Лирни фикр кенглигига олиб чиқади – “тахт бебақо, дунё бевафо”лигини англайди. Оддий одамлар турмушини билгач, кўзи кўр, қулоғи кар бир ҳолатда яшаб, умри хатолик, адашув ичида ўтганлигига ҳаёт уни иқрор қилади. Кечикиб, кутилмаган зарбаларга йўлиқиб – ақл-ҳушни бой бериб бўлса ҳамки, Лир дунёнинг аччиқ ҳақиқатларини, хусусан, давлат ишларида одамийлик, меҳр-садоқат хомхаёлдан унча фарқланмаслигини англашга муваффақ бўлади. Қирол Лир шу жиҳатдан кўнгилга яқин, ачинишга лойиқ қаҳрамон. Мустабидлик уни ҳалокат гирдобига итқитганда, одамийлик, асл одамлар кўмаги уни ҳаётга қайтарди. У ҳеч бўлмаса Кент ва Корделияни қадрлай билганида, азоб оловида эҳтимол бунчалик қоврилмасди. Била-кўра қабоҳатга унинг йўл бериши ҳам ажабланарли. Ахир, салтанатга ҳаром ва ҳаромзодаларни яқинлатиб бўладими?
Шекспир давлат, ҳокимиятдаги ботиний зиддият, кўзга ташланмас талашувларни тасвирлаганда, ақл бовар этавермайдиган ҳодиса ва тақдирларни китобхон муҳокамасига ташлайди. Масалан, “Қирол Лир”даги Эдмундни эслайлик. У – Глостернинг ҳароми ўғли. Жисму жонида шумлик, ифлослик қайнайдиган шу нобакор ҳам отасининг қапталида – сарой хизматчиси. Маккорлик ила калтабин Глостерни ўзига у оғдириб олади. Ҳалол, мард, тадбиркор ўғил Эдгардни отадан ажратиб, ота дилида душманлик ўтини ёқади. Глостер эса “айшу ишрат”дан туғилган болани қонуний ўғлидан кўпроқ суяди. Маълум бир муддат содиқ фарзанд ролини бажаргач, Эдмунднинг асл қиёфаси очилади. У Яго, Ричард III, Макбет қавмидан – ашаддий шуҳратпараст, худбин. Мақсад йўлида ҳар бир нарсани мижжа қоқмай қурбон айлайди. Эдмунд аввал акаси Эдгарга туҳмат қилиб, унинг қувилишига эришади. Сўнгра мартабада баландга чиқиш учун отаси Глостерни дарбадар Лирга хайрихоҳликда қоралаб, иккала кўзини ҳам ўйиб олинишига кўмаклашади. Асирликдаги Лир ва Корделияни ўлимга жўнатади.
Унинг “Ҳаромзодаларни ўзинг қўллагил, Худо!” деган илтижоси ижобат бўлгандай, Лирнинг икки қизини ҳам бошини гангитиб, опа-сингил орасидаги рақобатни душманликка айлантиради. Эдмундни деб Гонерилья бева синглиси Реганани заҳарлайди. Эрига хиёнати фош бўлгач, Гонерилья ҳам ўзини ўлдиради. Булар даҳшат ва қўрқинч эмасми?
Қирол Лирнинг тақдири оила ва фарзанд, давлат ва шахс, амал ва ахлоқ, нафс ва виждон сингари ўнлаб масалалар хусусида тўхтовсиз мулоҳаза-мушоҳада юритишга кенг имкон беради. Бадиий асарнинг боқийлиги ҳам шунда.

III

Қирқ ёшга яқинлашганда Шекспир ижодиётида фожиавийлик пафоси устунлик қила бошлайди. Кўпчилик эътироф этганидек, “Ҳамлет” Шекспир адабий меросининг чўққиси. Бу юксакликни ишғол айлай олган иккинчи бир асарни дунё адабиёти ҳанузгача билмайди. Эҳтимол шу боисдан ҳам энг тилга тушган, энг кўп ўқиб-ўрганилган ва қарама-қарши фикр-мулоҳазалар “бозор”ини энг кўп қизитган китоб ҳам “Ҳамлет”дир. “Ҳамлет”ни Шекспир ўттиз етти ёшида яратган. Демак, у – ижодий куч тўлиб-тошган, фикр-қарашлар тиниқлашиб-теранлашган, руҳоният ҳадди аълосига кўтарилган бир фаслнинг маҳсули.
“Ҳамлет” 1601 йилда саҳнага қўйилади. 1603 йили нашр қилинган. Орадан бир йил ўтгач, қайта босилади. Бу нашрдаги матн жиддий ўзгартирилган ва кенгайтирилган эди. Улкан шекспиршунос А.Аникистнинг ёзишича, айнан иккинчи нашрда асарнинг фалсафий моҳияти чуқурлаштирилиб, Ҳамлетнинг мутафаккир сифатидаги қиёфаси бутун мураккабликлари билан ёритиб берилган.
Ҳамлетнинг “шахсий варақа”сида дунё фарзанди, жаҳон қаҳрамони деб битилган. Унинг руҳи оламни тўлдиришга қодир. Ҳамлетга қўшилиб унсиз фарёд чеккан кишини эъзозлаш лозим. Демак, Ҳамлетни тушунадиган, дунёга файласуф, мутафаккир кўзи билан қарайдиган битта шахс ортган. Ҳамлетдан кўп нарса ўрганса бўлади. Масалан, шоирлик ва файласуфликни, мутафаккирлик ва ҳақпарастликни, тўғрилик ва азоб-уқубатга таҳаммулни, бурчга садоқат ва муросасизликни. Айтаверса, булар бисёрдир.
Ҳамлет фазилатга бой, хислатга кон Шахс бўлмаганида, жаҳон минтақаларида яшай олмас ва инсонлик шарафи, диёнат матлаби учун то ҳануз курашолмасди. Ҳамлет қалбидаги ёлқин Прометей оловидан ёруғ ва ҳароратлироқ. У ботинни нурлантиради, инсонда ўзига ишонч ҳиссини кучайтиради. Аланга ичида куймасликни, “мени писта пўчоғига жойланг, ўшанда ҳам ўзимни сарвари коинот деб ҳис қиламан”, дея олиш сир-асрорини ўргатади. Ҳамлет шахсияти орқали ўзини англашга жаҳд этган кишида ахлоқий заифлик, руҳий ногиронлик, ақлий маҳдудлик билан видолашувдан ўзга чора қолмайди. Чунки у ўзни таҳлил қилиш “тажриба”сини ўргатади. Ҳамлет – давлат одами. Ҳамлет – оила посбони; жамият ғамхўри. Ҳамлет – шараф ва номус қасоскори. Ҳамлет – таназзулга гирифтор бир салтанат келажаги. У – ошиқ, содиқ ва фидоий. Оламни қучоққа сиғдириб бўлмагани сингари, Ҳамлет табиатини тўла-тўкис кашф айлаш имконсиз. Бироқ сиртдан қаралса, Ҳамлетни билишдан осони йўқ: хиёнатдан қақшаган бир валиаҳд. Амакининг қўли қон, она жиноятга шерик… Онг ва идроки унинг қотилликни аниқлаш билан банд. Бироқ ишончли бандани топиш амри маҳол. Ўз ёғига ўзи қоврилавериб умидсизликка тушгач, ўлим – нажот, сукут – фароғат деган қарор ила ниҳоят…
Қўполроқ равишда белгиланганда, булар Шекспир тасвирлаган фожианинг “пўчоғи”. Мағизни пўчоғдан, ботинни зоҳирдан айириш эса ўқувчига ҳавола. “Ҳамлет” матнида фикр, мазмун бир “қатлам”ни ташкил этса, руҳ, туйғу, қайғу, моҳият бир неча қатламда аксини топган. Булардан ҳар бирининг ранг, оҳанг, сир, ҳақиқат, ўзаро бирикиш ва таъсир йўлларини бехато аниқлаш ва англаш – дарё сувини ариққа сиғдиришни кўзлашдай бир гап. “Ҳамлет”нинг такрорланмаслиги балки шундадир.
Асар ғояси – бу! Кўзланган мақсад – мана бу! Илгари сурилмоқчи бўлган сарбон туйғу, бош ҳақиқат ана бундай! Шекспирда бу хил муддао йўқ. Бир рангда камида у тўрт-беш рангни уйғунлаштирган, бир оҳангда оз деганда, ўндан ортиқ нола ва садо аксини берган. Биров қорани тезроқ кўради, бошқаси қизил ёки яшилни. Кимнингдир эшитгани фиғону нола, кимдир абадият симфониясини тинглайди… Ҳамлет образи хусусида сўзлаганда масаланинг ана шу томони билан ҳисоблашиш шарт.

IV

Нақл қилинишича, парилар емак емас, ҳид билан яшашар экан. Бутун умри мобайнида уларнинг иши ёлғиз хаёл суриш бўларкан. Чунки парилар хаёлдан яратилган эмиш. Шу боис пари зоти ҳақиқатни хушламас – хаёлдан яйрашаркан. Севгиси ҳам хаёл экан. Қўрқоқлар ҳам париларга яқин бўлиб, курашдан, жасоратдан эмас, улар тўғрисидаги чиройли, оромбахш ҳикоятлардан завқланишармиш. Бундайларнинг журъат йўли орзу, жангу жадал майдони хаёлдан нари ўтмасмиш. Шайх Фаридиддин Аттор:

Чи доне ту ки мардон дард чи доранд,
Вале донанд дард онҳоки марданд,

Яъни, мардлар дарди, қандай дардлигини сен қаёндан билурсен. Аммо кимларки дардни англаса, ўшалар мард, дейди.

Ҳамлет хаёлда ҳам, дардда ҳам мард. Ҳамлет образини мабодо шарқлик бир ижодкор яратганда эди, ҳол ва фазилатларни албатта, тасаввуфга боғлаб ёритиш зарурияти туғиларди. Шарқлик ориф ва дарвишларга Ҳамлет шу қадар руҳдош. “Мен жон деб сизга бирор нима берардиму, лекин ҳеч вақойим йўқ – жонимдан ўзга, жонимдан ўзга, жонимдан ўзга…”. Унинг бу сўзларини тарки дунё туйғусига соҳиб ҳар бир киши тез тушунади. Таркни ҳам тарк айлаган фақир ё дарвиш эса яна ҳам осон англайди.
Тасаввуф ва Ғарб дунёси, тасаввуфнинг ғарб маданияти, адабиёт ва санъатига таъсири мавзуи бизда деярли ўрганилмаган. Ҳолбуки, XII асрлардаёқ ғарбликлар тасаввуф таълимотига эътибор қаратиб, мутасаввиф олим ва ижодкорларнинг айрим асарларини ўқиб, ўзлаштиришга киришган. Маълумки, тасаввуф маданияти ва тафаккури Ислом маданияти ва тушунчасининг ажралмас бир қисми. Бирор бир шайхга хоҳ мансуб бўлсин, хоҳ мансуб бўлмасин, бу бой ва беқиёс ирфон хазинасидан ҳар бир мусулмон фойдалана олган ва талаб даражасида буни лозим деб билган. Зеро, “Тасаввуф йўли ақл, қуруқ мантиқ, далил ва исбот йўли эмас – кашф ва виждон йўли эрур… Тасаввуф йўлига кириш ва бир тариқат шайхига интисоб этиш Исломда на фарз, на вожиб ва на суннатдир, мусоит шартларга кўра бир фазилат ва камол ҳоли эди” (Ибн Халдун).
Тасаввуф руҳи ва латофати шу боисдан ҳам ғарб зиёлиларини мафтун айлай олганди. Тасаввуфнинг асосий хусусиятлари нима, сўфийлик бўстонидан баҳрамандлик учун, аввало, нималарга диққат қилиш зарур – бундай саволлар Ғарб тадқиқотчиларини ҳанузгача жавоб топишга чорлаб келади. Улардан бири ёзади: “Тасаввуфнинг нима эканлигини аслда очиқ-ойдин таърифлаб бўлмайди. Чунки уни фақат сўфийлик тарбияси ва тажрибаси доирасида англаш мумкиндир.
Нима тасаввуф эмас? Мана шу ҳақида гапириш ўнғай: у афсона аралаш бир ҳикмат, Исломнинг ботиний бир жиҳати, диний бир тизим эмас; арабларнинг яширин бир тариқати, сеҳр, мистизм ёки анъана деб ҳам бўлмайди уни. Аммо булардан ҳар бирида тасаввуфнинг уруғлари бор. Чунки тасаввуф яхлит бир таълимот, махсус бир замон ва маконга хос ҳаракат ҳам эмас. У – шаклсиз ҳаракат. Сўфизм руҳидаги уйғониш жараёнларини бошлайдиган ўзига хос асосдир. Айтиш мумкинки, тасаввуф инсон фарзандининг маънавий-руҳий уйғоқлигини тарғиб ва ташвиқ этувчи комиллик муждасидир” (“Юнг психологияси ва сўфизм”, Истанбул, 1997, 23-24-бет). Чиндан ҳам тасаввуф маънавий-руҳий бедорлик ва комиллик муждасидирки, Ғарбнинг Данте, Гёте, Толстой сингари даҳо санъаткорлари уни кўнгил орқали қабул қилиб, руҳоний юксалишга хизмат эттиришган. Тасаввуф ва Шекспир ижодиёти мавзуи ниҳоятда қизиқарли. Буни ўрганиш Шарқ ва Шекспир деган сарлавҳа билан бошланиши керак. Шунда тахминларга унча ўрин қолмайди.
Шекспир бадиий ижод билан шуғулланаётган пайтларда Ғарб олами Шарқнинг машҳур аллома ва файласуфлари қаторида сўфий ва мутасаввифлари фаолиятидан ҳам яхши хабардор эди. Масалан, Мишель Монтен билан Имом Ғаззолий шахси ва ижодиёти ҳақида бемалол суҳбатлашиш мумкин эди. Муҳиддин Ибн Арабий мероси яна ҳам баланд ҳавас ила ўрганилар, хусусан, комил инсон тушунчасига иштиёқ ортиб борарди. Илм-фан ва санъат орқали инсонни камолга етказиш ғоясига маҳкам ёпишган Ғарб Фаридиддин Аттор, Мавлоно Румий асарлари таъсирида Ишқ ва ирфон тўғрисида ҳам ўйлай бошлаганди. Зеро, ғарбликларнинг нафсга қараши, нафсни таниши тамомила ўзгача эди. Яъни нафс куч-қувват, ҳузур-ҳаловат манбаи, шахсий зафар ва муваффақият гарови саналарди.
Ҳамлет эса инсон ёмон хулқ-атвор, тубан ҳис-туйғулар қули экан, демак, у нафс қули, нафсоний ва шаҳвоний ҳирслар малайи, деган тушунчага таянарди. Бир ўринда у “Дарвеш ўзи орзу қилган роҳатига етади”, дейди. Орзу айлаган роҳат-фароғатга Ҳамлет гарчи эришмаган бўлса-да, моддий дунёнинг қонли, қайғули ҳодисотлари, тахтпарстлик жиноят ва хиёнатлари, бир-биридан жирканч макр ва оқибатсизликлар уни ҳақ йўли, ҳақиқат ишқидан четлаштира олмаганди. У Ғарбнинг дорсиз Мансур Ҳалложи эди…
“Бидъатлардан баланд туриш лозим. Тангри таолонинг иродаси бўлмаса, ҳаттоки чумчуқ ҳам йиқилиб тушмайди”. Ҳамлетнинг ушбу гапларини чуқурроқ ўйлаган киши қонида ҳукмдорлик туйғуси жўшган шаҳзода деб эмас, уни чин маънодаги таваккулчи, вақтнинг кескир қиличидан чўчимайдиган даниялик бир дарвеш деб ўйлайди. Нақл этилишича, бир дарвеш ўлим фурсати етганини сезгач, кўзларини очиб кулибди. Ёнидагилар ҳайрон қолиб, бунинг сабабини сўрашганда, у: “Нима учун кулмайин, дунё, шайтон ва нафсдан ажралиш замони яқинлашди…” деган экан. Навқиронлигига қарамай, Ҳамлетда ҳам шундай майл кучли эди. Ёшига номуносиб бир равишда у тафаккурда илдамлаб, фаҳм-фаросати жуда эрта нурланиб кетганди. Одамлар онгидаги зулмат ва жаҳолат қоронғулигидан қийналиб, бўғилиши унинг сийрат ойдинлигидандир. Ўзгаларда йўқ ва ўзида бор нарса шу боисдан уни азобга солади. Ўзи бошқача бўлолмаганидек, ўзгаларни ўзгартириш осон эмаслигини тан олгиси келмайди.
Дарвеш кўрганини айтади, авом эшитганини – бу фикрнинг Ҳамлетга бевосита алоқадор жиҳати шундаки, у ҳам қалб кўзи ила кўргани, кўриб мушоҳада қилган нарса ва ҳодисалардан сўзлайди. Ҳақиқатни билиш ва одам танишда чин дарвеш хато қилмаганидек, Ҳамлет ҳам бунда адашмайди. Кўрган, таниган, билганлари орасида асл ва самимий инсон ўлароқ у биргина Ҳорациони тан олади:
“Сен – бутун бир одамдирсан, яхлит бир инсон”, –
дейди унга.
Омадсиз, бахтсиз кимсалар дили одатда нафрат, ғазаб ва аламга тўлиб-тошиб ётади. Мавриди келса, келмаса, бировларга нафрат сочиб, алам азобидан қутилмоқ бўлади. Шунга яқин ҳолат Ҳамлетда ҳам бордай туюлади. Агар қотил амаки акасини ўлдириб, тахтни эгаллаб, янгасига уйланмаганда Ҳамлетнинг мавқеи ҳам, аҳвол-руҳияси ҳам бутунлай бошқача бўлиши мумкинмиди?
Клавдий ўрнида Ҳамлет ўтирганда салтанат тарбияли, маърифатли бир Шахс тасарруфига ўтарди. Шундай дейишга асос берадиган далиллар эса бир талай. Ҳамлет – нафсшунос, яъни нафсни жиловлаб, руҳий ва фикрий ҳаёт завқига толиб бир зот. Бизнинг Бобур Мирзо “Нафс тавсанини ром қил ўзунгга” деса, Ҳамлет “Ўз нафсидан устун турган дунёда ким бор?” дейди. Бу – “нафс тавсани”ни жиловлай билган кимсани топмадим, дегани эди.
Тожу тахт, салтанатга эришиш йўли, кўп ҳолларда макр ва ҳийла, ғирромлик ва қабоҳат йўлидир. Ҳасад ва адоват бунда зудлик ила ҳиммат ва садоқат “тўни”га бурканса, ёлғон ва қўрқув мардлик, жасорат қиёфасида майдонга чиққан. Аслида эса бунақа вазиятларда ҳукмдор – амалдорларига, мансаб ва мартаба эгалари – ҳоқону султонларига ишонишмаган. Фитна шундан алангаланган, бири – иккинчисидан қонли ва қўрқинчли фожиалар тахт, амал ҳирсининг ҳосили эди. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шундоқ бўлган. Ҳукмдорлик иддаоси ила ота – болага, бола – отага, оға-ини – қариндошга, ини ва қариндош – оғага қилич кўтариб, қон тўкканки, бу ҳодисанинг совуқ сиёқи дунёнинг ҳамма жойида айтарли бир хилдир. Ёвузлик ва бераҳмлик шу сабабдан у ёки бу давлат тарихининг ажралмас узвига айланиб қолган. Ҳамлетга нечоғлик оғир эди: тириклар жим, тириклар жиноятни хаспўшлаш, яшириш билан овора. Отасининг арвоҳи эса тинчитмайди уни… Кимдан у қасд олади – амакиси ва онасиданми? Ҳасрат ва кулфатини кимга изҳор этади? Полоний ва гумашталаригами? Ўз оловида ўзи ёнади. Ўзи айтиб, у ўзи инграйди. Қалби “Қасос!” дейди. Журъат етишмайди. Журъатсизлик, сусткашлик учун яна ўзини-ўзи айблайди. Ўзига ўзи маломатгўйлик қилади:

О, қасос – интиқом!
Гапнинг пўскалласи шуки, эшшакман, эшшак!
Ахир кимман, ўлдирилган отанинг ўғли,
Дўзах, само интиқомга чорлаб турса-ю,
Мен бу ёқда фоҳишадек кўз ёши тўксам.
Ва қарғасам бир чўрию чувринди каби!7
Туф-ей, лаънат! Уйғон, менинг идроким, уйғон!

Хуллас, Ҳамлет ҳаракатга тушади. Аммо ҳақиқатни охиригача билмоқ учун “маданий” бир тадбир ташкил этади:

Актёрлар амакимнинг кўзи ўнгида
Отам қатли саҳнасини этсинлар ижро.
Ўзим ундан кўз узмайман. Кўраман, қани,
Қандай таъсир этар? Унда ўзим биламан,
Не қилишим лозим бўлса, кейин қиламан…

Ҳаммаси шаҳзода айтган ва талаб қилгандай бўлади: саҳнадаги ижро ҳам, амакининг аҳволи ҳам унга интиқомдан ўзга чора йўқлигини тўла-тўкис тасдиқлайди. Бунда Шекспирнинг трагедия ичида трагедия яратиш, бир трагедия доирасида гўё ўзга бир мустақил фожиани “саҳналаштриш” маҳоратига қойил дейиш керак.
Асарнинг илк саҳнасида онаси билан суҳбатлашаркан, Ҳамлетга у:

Қачонгача марҳум отанг изини излаб,
Тупроқларга кўз тикасан маъюс, гирёна.
Бу азалнинг буйруғидир: тириклик ўлар,
Фонийликдан боқийликка равона бўлар,

дейди. Бундоқ қаралганда, тўғри фикр. Буни шаҳзода “Ҳа, азалнинг буйруғи шу” дея гўё эътироф қилгандай бўлса-да, яна шундай гапни ҳам айтади:

Менинг ғамим бегонадир бўёққа, илло,
Мана мен, деб ўртага ҳам тушмагай асло…

Демак, “мана мен, деб” юз кўрсатмас жиноятни очиш, аниқроғи, уни фош қила билишига шаҳзода аввалданоқ ишонган.

V

Оллоҳ таоло ақл деса – ақл, хотира деса – хотира, мушоҳада деса – мушоҳада – ҳамма-ҳаммасини Ҳамлетга қўшқўллаб берган. Офелия айтмоқчи: у – аъён, у – аскар, у – олим:

Давлат, салтанатнинг умид гули эди ул,
Назокату нафосатнинг тимсоли эди.

Ана шу малакни Ҳамлет севган. Муҳаббат одамни не-не қийинчилик, не-не азоб-уқубат гирдобидан қутқазмайди дейсиз? Ҳамлет эса…
Ҳеч эсимдан чиқмайди: атоқли ва оташин шоир Ҳамид Олимжоннинг Офелия ўлимига бағишланган шеърини биринчи марта ўқиганимда юракка шундоқ бир парча олов ёпишгандай бўлган. Мана бундай сатрлар қандай яралади – сўз билан изоҳлаш душвор:

Фойда йўқдир, гўзал, золим фалакдан
Қанча дод қилсанг – у қанча шикоят,
Қанча ёлворсангу қанча тўксанг ёш,
Барибир, аламга бўлмас ниҳоят.

Қанча маъсум бўлсанг, қанча вафодор,
“Қордай оқ бўлсанг-у муз қадар тоза”,
Ҳеч замон кор этмас, шум фалак бадкор,
Ўқилур севгингга қора жаноза…

Жавоб бериб кўр-чи, номард табиат,
Бунчалар гўзални нечун яратдинг?!
Ўзинг гуноҳкорсан, осийсан беҳад,
Нечун яратдинг-у ўтларга отдинг?

Шеър бир гўзалга эмас, умуман, гўзалликка битилган марсияга ўхшарди. Шоирнинг фалак ва табиатга хитоблари жудоликнинг беҳад қайғули эканини таъкидларди. Аммо ростини айтсам, “Шубҳа оташида ёнар тафаккур”, “Занжирдадир севги, қафасдадир жон”, “Севгувчи йигитни солмишдир йўлга, Тунда эртак айтган бир мудҳиш арвоҳ” сингари гаплар замиридаги ҳасратни мен англай олмасдим. Биринчидан, “Ҳамлет”ни ҳали ўқимаган бўлсам, иккинчидан, Ҳамлет ва Офелиянинг фожиаси ҳам Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширинникига монанд бир фожиа бўлиши керак, деб ўйлаганман. “Ҳамлет”ни кейин ўқидим. Бу – тамомила ўзга бир асар, бошқа бир дунё, англашга кучим ҳали ожиз бир фожиа эди. Аммо Ҳамлетдан ажралиб, энди йироқлашиб бўлмаслигига ақлим етарди.
Ҳамлет ролини саҳнада ижро этган хориж актёрларидан бири “Таассурот – бу пьеса”, дейди. Ўқувчи ва томошабин у ёки бу асарни ўқиганда ё саҳнада кўрганда шахсий таассурот асосида ўз мустақил бир “асари”ни яратолмаса – на шеър, на драма, на насрий китоб – ҳеч нарсани у ўртача миқёсда ҳам ҳис этолмайди. Таассурот тилга кириб, шакл ахтарганда-чи? Зўр китобнинг зўрлиги, бўш ва хомхатала ижод намунасининг яроқсизлиги ўз-ўзидан билиниб қолади. Чунки “эстетик туйғу” дейилган ҳис-туйғу сийратга ташқаридан олиб кирилмайди – руҳ ва кўнгилда бори ҳаракатлантирилади. Худди шу учун малакали адабиётшунос олим, ёзувчига нисбатан баъзан оддий китобхон бадиий асарни нозик ҳис қилиб, пухтароқ англайди. Ушбу фикрга ёрқин бир далил “Ҳамлет”дир. Бу трагедияни тарихчи, адабиётшунос, диншунос, файласуф, психолог, хуллас, жуда кўп фан соҳаси вакиллари тадқиқ ва таҳлил қилишган. Ҳамлетга берилган таъриф-тавсифлар жамланса, “Ҳамлет ўзи ким?” деган саволга жавоб беролмай қоласиз. Бири Ҳамлет – жасур шаҳзода, олим, мутафаккир деса, бошқа бири Ҳамлет – бадбин ва хаёлпараст дейди. Яна бировлар тасаввурида Ҳамлет худбин, қатъиятсиз; норози ва нотавонлар пешвоси қиёфасида кўринади. Уильсон Нойт деган бир олимга кўра, Клавдий “соғлом маънавий ҳаёт” соҳиби, ҳам ўзига, ҳам атрофидагаларига ишонадиган, фаолиятда эркин, яратувчи ҳукмдор – “буюк бир инсон”. Ҳамлет дунёдаги қора кучларнинг тимсоли. Макбет сингари Ҳамлет ҳам “ёвузлик ғояси ва ўлимнинг куч-қудратини ифодаловчи қаҳрамон”. Албатта, бунақа гап-сўзлар танқидга ҳам арзимайди. Ҳамлет номики, ёвузлик ғояси ва ўлим билан боғланса, эзгулик ва ҳақиқат хусусида ўйлашга ҳожат қолмайди.
Қанчадан-қанча шоир, олим, адиб ва актёр “Ҳамлет – бу мен…”, “Ҳамлет – бу биз…”, “Ҳамлетнинг фожиаси – бизнинг фожиамиз…” дейишган. Анатоль Франс хаёлан Ҳамлетга мурожаат қилиб, “Шаҳзодам, Сиз барча аср, барча мамлакатларга мансубсиз. Уч аср мобайнида Сиз зарра қадар қариганингиз йўқ. Сизнинг қалбингиз бизники билан тенгдош…”, дейди. Ҳамлетни тушуниш – унинг идрок оловида ёниш, ўз «Мен»ида Ҳамлетга бир ҳолдошлик борлигига чиппа-чин инонмоқдир. Ҳамлет инсондаги онг ости туйғуларни ўйғотиб юборадиган, виждон ҳали ўлмаган, руҳ кучи ҳали сўнмаган бўлса, кимлигингни ҳар нечук сенга танитадиган Шахс.
“Ҳамлет”ни қайта-қайта ўқигандан сўнг шунга мен амин бўлганманки, ҳассос ва жафокаш шаҳзода “анъанавий” ахлоқчиликка ҳам, якранг фикр-мулоҳазага ҳам қарши. Атрофдагиларга муҳим ва аҳамиятли ҳисобланган нарсалардан аксарияти унга бачкана ва аҳамиятсиз; сарой муҳитидаги ҳар бир турланиш ва тусланиш, ҳар бир маккорлик ва мунофиқлик унинг онгида азоб, идрокида изтироб қўзғайди. Шу учун ҳам фикр ва мушоҳадада Ҳамлет фаолдир.
Бир қатор олим ва тадқиқотчилар ўша давр ҳаётининг бўғиқ, тубан ва даҳшатли томонлари – сотқинлик, биродаркушлик, амалпарастлик; халқ ўртасидаги алоқаларнинг бузилиб кетиши Ҳамлетнинг дунёдан совишига сабаб бўлганини айтишган. Умуман олганда, бу гапни маъқуллаш мумкин. Ҳамлет дунёқараши ва характерига теранроқ нигоҳ ташланса, охирги нафасигача у ҳаётдан юз бурмаганлиги, аксинча, ҳаётни булғаган, унинг табиий, муқаддас ҳақиқатларини оёқости қилганлардан безганлиги маълум бўлади. Ҳаёт ярамас, ҳаёт доғули деган ақида йўқ Ҳамлетда. Асосий мақсади, сўнгсиз ҳасрати унинг ҳаётни, жамият ва муҳитни инсон қавми жавр-жафолари – хору зорлик, адолатсизлик, жинояткорлик, гуноҳкорлик ва ҳайвонликдан ҳар қалай тозалаш. Инсон қиёфасидаги шайтонларга қарши Ҳамлет ўзича жангга киришади. Ҳиссиёт, эҳтирос, ғазаб “лашкари”ни бу жангда олдинга чиқариш ёки тушкунликка берилиш ғаним фойдасига хизмат қилишини у ҳисобга олмайди. Инсоф билан айтганда, Ҳамлетнинг буюклиги исёнкорлигида эди. Ғанимлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, энг аввало, шу исён ўтини ўчиришга интилишади.
Ирода дейилганда, дарвишлар Ҳақ ва ҳақиқатни излаш дарди ила қалбнинг ҳаракат бошлаши ва бундан ҳеч толиқмасликни назарда тутишган. Ибн Халдуннинг таърифлашича, “Ирода – ҳар қандай қўрқувни хасдай куйдириб ташловчи қалбдаги ёнишдир”. Ҳамлет қалбида айнан шундай олов гурилларди…

VI

Ҳамлет – беҳад мураккаб, зидддиятли Шахс. Унинг ақл ва фикр ҳаётини яхшироқ билай десангиз, туйғу, кечинма ва ҳолатларини назардан қочирасиз. Кўнгил аҳволини бундоқ кузатмоқ бўлсангиз, руҳидаги эврилиш, мистик мушоҳадасидаги сирни илғолмай қоласиз.
Ҳамлет туйғу, эҳтирос, хаёл кишисидай кўринса-да, у тадқиқчи, реалист, ростгўй. Офелиянинг “Заҳарсиз, шаҳзодам, заққумсиз”, деган таънаси асосли – Ҳамлетнинг тили аччиқ. Сўзлари қиличдай кескир. Унинг фикр-туйғуларини ифодалаш тарзидан чўчиган тадқиқотчилар ҳам бўлган. “Ҳозир ҳалол киши дегани ўн мингдан биттаси бўлади” дейди у. Юз мингга – ўн, миллионга – юзта ҳалол ва диёнатли киши тўғри келса, бундай жамиятнинг жаҳаннамдан нима фарқи бор?
Бошқаларни яхши билиши учун инсон, аввало, ўзини билмоғи зарур, деган тушунча бизда кенг тарқалган. Бу эса айни пайтда ўзингда ўзгаларни кўриш дегани. Ҳамлетда бунинг тескариси. Унингча, “бировни яхши билдингми, бас, ўзингни ҳам яхши биласан”. Бу “тажриба”дан қайсиси ўнғай ва афзал? Бизнингча, иккинчиси. Негаки, бошқалар билан боғланиш, ўзни қиёслаш, кўпчиликка хос фазилат ёки ахлоқий иллатларнинг “манба”сини аниқлаш кейингисида бир мунча осон кўчади. Чунончи: “У ким?” деган савол айни пайтда “Мен кимман?” деган саволни унутмасликни ҳам талаб этади.
Озрик исмли бир кимса ҳақида Ҳамлетнинг гапини эшитинг: “У эҳтимолки, онасининг кўкрагини ҳам хушомадлар билан оғзига олгандир. Ҳозирги хотинмижозларнинг ҳаммаси ҳам шунақа. Улар юриш-туриш, одоб-назокатнинг фақат ташқи томонларини эгаллаб олишганлари учун беҳад-беҳисоб дид ва майллар гирдобида юзага қалқиб чиқишади, аммо бир пуфласанг, бас, пуфакдек ёрилиб, ғойиб бўлишади”.
Одам ҳам шунча узоқни кўриб, тўхтовсиз урчийдиган маразликни шунча олдиндан таърифлаши мумкинми? Бизнингча, бу ўринда аввало Шекспирга тан бериш керак. Қайсидир бир маънода, Ҳамлетда – Шекспир, Шекспирда – Ҳамлет яшайди. Айрим тушунча ва хусусиятлар Ҳамлетга мансубми ё Шекспирга – буни баъзан ажратолмайсиз. Рақиблардан бирига Ҳамлет бундай дейди: “Сиз мени ўз мақомингизга солиб чалмоқчи бўласиз. Менинг пардаларимни босаман деб ўйлайсиз… Барча паст-баланд пардаларим сизга гўё беш панжадай аён… Мени чолғу деб аташингиз, бузишингиз мумкин. Лекин чалолмайсиз”. Ҳамлет сингари Шекспирнинг “чолғувчи”си ҳам ўзи бўлган. Негаки, дунёда фавқулодда сийрак учрайдиган Шекспир каби зотларнинг «Мен»ига дахл қилиш мумкин эмас. Ўзи ҳаракатга тушмаса, ўзи оҳанг таратмаса, ўзи майдонга чиқмаса, уларга қўл чўзиш, уларни “чалишга” уринишдан ҳеч фойда чиқмайди. Демак, “Ҳамлет – бу Шекспир”, дейилиши ҳам унча эътирозлимас.

VII

Олмон файласуфи Ф.Нитше “Дунёни оптимистлар эмас – пессимистлар қутқазади”, дейди. Нимадан ёки кимдан? Буни Нитше очиқ-ойдин айтмаган. Назаримизда, у риё, ёлғон, ожизлик “лашкар”ларини кўзда тутган. Ҳамлетдаги “бадбинлик”да ҳам шиддатли бир халоскорлик кайфияти бор.
Унингча, инсондаги ҳамма ёмон сифатлар – тамагирлик, хушомад, олчоқлик, корчалонлик ва бошқалар – ўзни камситиш ва ихтиёрий равишда ўзни таҳқирлаш ҳисобланади. Қисмат унга “арслон қудратини” бахш айлаганига инонганидан Ҳамлет ахлоқий-маънавий таназзулни тўхтатса бўлади, деб ўйлайди. Лекин ҳаёт уни шундай аччиқ ҳақиқатларга юзлаштирадики, инсоннинг феъл-атвори, ижтимоий, маданий қиёфасини

(Tashriflar: umumiy 309, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring