Ibrohim Haqqul. Shekspir mash’ali

ўзгартириш муаммоларнинг энг муаммоси эканини у тан олишга мажбур бўлади. Шунда ҳам Ҳамлет инсон ҳақидаги олий тушунча ва иқрорларидан чекинмайди. Ҳамлетнинг мутафаккирлиги ҳам ана шунда. “Сўнгги пайтларда негадир бутун хушчақчақлигим ва машғулотларга бўлган иштиёқимни йўқотиб қўйдим, – дейди у. – Шу қадар шикастаманки, шу коинот гулшани, шу курраи замин кўзларимга унумсиз, тап-тақир бир қоя бўлиб кўринади, самовотга туташган мана шу чексиз ҳаво чодири, заррин шуълалар билан музайян ана шу шоҳона гумбаз назаримда, қўланса ва заҳарли буғларнинг йиғиндисидир, холос. Табиатнинг қандай ажойиб хилқатидир инсон! Унинг заковати қанчалар баланд! Лаёқати нақадар чексиз! Суврат ва сийрати нақадар мумтоз ва мукаммал! Туриш-турмуши фаришталарга нақадар яқин! Назар-ниҳояти Тангри таолога қанчалар қарин! Оламнинг зийнати! Тамоми тирикликнинг тожи давлати…”
Модомики шундай экан, Ҳамлетнинг одамлардан нима учун ҳафсаласи пир бўлади? Офелиядан ҳам совиб, ўлимга – била туриб, нега ажалга қучоқ очади? Ҳаёт ва мамот масаласини у ўзича шундай ҳал қилган эди:

Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ.
Жоизмикин ул жобиру жаббор фалакнинг
Жафосига ҳар дақиқа чидаса юрак?
Ё балолар денгизига кўндаланг бўлиб,
Койишлару ташвишларга чек қўймоқ керак?
Ўлиш. Ўзни унутиш. Бас, тамом – вассалом:
Руҳий изтироблар, таннинг азобларига
Биламизки, чегарадир шу оғир уйқу…

Бу фикрларни ҳар ким ҳар хил қабул қилиши, ақл ва тафаккур даражасига қараб турлича изоҳлаши ёки баҳолаши табиий.
Кимдир “Бу – ғирт ожизлик!” дер. Бошқа биров “Бу – касалманд хаёл ҳукми”, деб айтар. Яна кимдир бундан ҳам кескинроқ гапирар. Ҳамлет эса бундай эътироз ва айбномаларга “Одамнинг энг биринчи вазифаси ва олий бурчи – Одам бўлиш”, деган жавоб билан кифояланарди. Унинг ўзидан ҳам, ўзгалардан ҳам асосий талаби шу. Ихтилофга туб сабаб ҳам мана шу.
Шарқда ақл – ақли кулл, ақли жуз – улуғ ақл ва кичик ақл дея иккига ажратилган. Ақли куллга – илоҳий ақл, ақли жузга – ақли маош, турмуш ва тирикчилик ташвишларидан четга чиқолмайдиган ақл ҳам дейилган. Башариятнинг асосий қисми ҳамиша паст босқичдаги ақли жуз бошқарувида кун ўтказган. Бу ақл одамни моддий оламга боғлаб, парчинлаб ташлаши боис ўзининг тор, биқиқ чегарасидан нарини кўриш, шаҳодат дунёсидан йироқроқдаги ҳодиса ва ҳақиқатлар мушоҳадасига изн бермаган. Ва маърифат, ишқ кашф қилган нарсаларни ёлғонга чиқариб, инкор қилган. Ҳолбуки, фақат суратни кўриб, ёлғиз зоҳирга суяниб, ҳақиқат дейиш – бу тинимсиз зайлда шайтон ишини такрорлашнинг худди ўзи. Агар Иблис Ҳазрати Одамнинг тупроқдан яратилган вужудини кўриш билан чекланмасдан, унинг руҳи, диний салоҳиятини ҳам англай билганда эди, балки, Ҳақнинг қаҳр ва лаънатига йўлиқмасди. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Ҳамлет “Ҳаммамизни қўрқоқ қилиб қўяр тафаккур, Ноқис ақл сочган ўша хира шуъладан, Азму қарор ранги ўчиб, бўзрайиб қолур…”, деганда ақли жуздан юзага келадиган авбошлик, зулм, муноқаша ва майдакашликларга диққатни қаратган.
Машҳур “Утопия” китобининг муаллифи англиялик Томас Мор золим ҳукмдор тўғрисида баҳс юритиб, “Ўзгалар оҳ-воҳ чекиб йиғлаётган бир пайтда дабдаба ва ҳузур-ҳаловатда кун кечириш – бу давлатга эмас, зиндонга қоровул бўлиш демак”, деб таъкидлайди. Ҳамлет эса “Дания – зиндон” дейди. Розенкрацнинг “Унда бутун дунё – зиндон”, деган фикрига жавобан айтадики, “Балли, кўплаб қамоқхоналари, чоҳлари бўлган ғаройиб бир зиндон, лекин энг қулинг ўргилсини – шу Дания”.
Ҳамлет ҳақлимиди шундай дейишга? Ҳа, ҳақли эди. Дания давлати қотил қирол қўлига ўтган. Унинг бутун фикру зикри жиноятни бекитиш, Ҳамлетни авраб-алдаб, ўртадан йўқотиш. Аҳли сарой шу телбасифат ҳукмдор кўнглини овлаш, фармойишини бажариш билан овора. Халқ эзиладими, инграйдими, ўлиб ё тириладими – бу билан бировнинг иши йўқ. Ҳамлетни мана шу даҳшатга солади. Зулм ва разолат занжиридаги Дания уни беҳад бездириб, эзиб юборади. Ҳамлет бир вақтлар: “Замон издан чиқди, о, бу машъум бир алам, Уни изга солмоқ учун туғилгандайман”, деб ўйлаган бўлса, ниҳоят ҳаммасидан чарчайди. Ҳамма-ҳаммасига қўл силтайди: ҳатто севгилисига ҳам.
Издан чиққан замонасини Ҳамлет изга сололмайди. Мурод-мақсадига эришолмайди. Аммо у мағлуб ҳам эмас эди. Тафаккур ва виждонда, тўғрилик ва ҳақиқатда енгилмаган Шахсни мағлуб дейиш ноинсофлик. Шу маънода Ҳамлет ғолиб эди. Музаффар эди. Муҳаббатда ҳам шаҳзода йўлни тўғри танлай билганди.
Ҳамлетнинг кўнгли совиганини сезган Офелия севгилисидан олган ҳадяларни қайтара туриб дейди:

“Энди ола қолинг, чунки номусли қизлар,
Бевафонинг совғасига назар солмаслар.
Марҳамат.

Ҳамлет: О, сиз номусли қизмисиз?
Офелия: Милорд?
Ҳамлет: Яна латофатлисиз?
Офелия: Нима демоқчи бўласиз, шаҳзодам?
Ҳамлет: Демоқчиманки, номусли ва латофатли бўлсангиз, сиздаги номуснинг латофатга сира алоқаси йўқ”.

Наҳотки! Офелияни Ҳамлет яхши кўрганми? Яхши кўрган. Маъсумлигига ишонганми? Ишонган. Нима учун яна ажаблангандай, қизнинг устидан кулгандай, уни калака қилгандай, “О, сиз номусли қизмисиз?” дея сўраш керак? Умуман олганда, Офелия бегуноҳ. Бироқ у кимнинг фарзанди? Қандай муҳитда тарбияланган? “Ҳамлет унда бузуқ сарой муҳрини кўрган… Оддий маънода Офелия покиза, айни пайтда у – қандайдир нопокликнинг бир парчаси ҳам”, дейди инглиз олими Кетти. Офелияга нисбатан Ҳамлет балки ҳаддан зиёд шафқатсизлик қилгандир. Савол ханжари ила маъшуқаси кўнглини тилиб ташлагандир. На чора? Ахир, ким биландир тақдирини боғлаётган кишига насл-насабни унут деб бўлмайди-ку! Айниқса, Ҳамлетга!
Одам қисмати чини билан жуда чигал. Бир “тугун” очилса, иккинчиси очилмайди, бир “ришта” боғланса, бошқа бири чирт узилади. Ҳамлет Офелияга “Мен сизни севмаганман”, деса-да, ундан кўнгил узолмайди. Поклик, мусаффолигингни асра, деган мазмунда: “Ҳеч биримизга ишонма. Яхшиси узлатга чекин… Қордек оқ, муздек мусаффо бўлсанг ҳам, туҳматдан қочиб қутулолмайсан. Узлатга чекин, узлатга…” дейди.
Дарвешлик маслагида узлат гуноҳ ва гуноҳкорлардан, жаҳл ва жоҳиллардан четлашиш. Шунингдек, ўткинчи ва кераксиз ишларга машғул бўлиш билан умр кечирадиган мунофиқ, товламачилардан узоқлашмоқдир. Узлат деганида Ҳамлет шундай маъноларни кўзламаганми? Балки у Офелияни роҳибаликка ундагандир? Нима бўлмасин, Ҳамлетнинг қайта-қайта “Узлатга чекин, узлатга” дейишида шарқлик дарвеш ёки мутасаввиф нуқтаи назарига тескари бир иддао йўқ.
Хуллас, “Ҳамлет”нинг аслиятдан таржимаси, асар моҳияти ва бадиий оламини янада кенгроқ, пухтароқ билиш, унга янада яқинлашишга илҳомлантириши шак-шубҳасиздир.

VIII

Эски манбаларда айтилишича, бир ҳоқон хат ёзганда, ўзини мамнун этадиган даражада гўзал бўлса, дарҳол уни йиртиб ташлаб, бошқа бир мактуб битар экан. Ундан бунинг сабабини сўрашганда, “Чиройли сўз кибр воситаси бўлур”, деган. Қадим Хитой файласуфи Лао Эр эса “Чиройли сўз – ёлғон сўз”, дейди. Бадиий ижодда сўзнинг гўзали – деҳқондай оддийси, табиийси, дард билан топишгани. Маъно агар тоза бўлмаса, чуқурлик касб этмаса, самимиятга инонтиролмаса, сўз жаранги-ю туйғу жилваси ёқимсиздан ёқимсиздир. Шекспирнинг матн устидаги меҳнатини тасаввур этсанг, беихтиёр “Сўзнинг жонига, чидамига балли!” дегинг келади. “Отелло”нинг охирги саҳналаридаги драматик манзаралар, Дездемона ва Отеллонинг ўлим олди ҳолатлари – буларни сўз билан гавдалантирмоқ учун сеҳргарлик керак. Шекспир эса ҳақиқатда сўзнинг магик куч-қувватидан фойдалана билган санъаткор. Ўлмас “Отелло” трагедияси ҳам бунинг бир мисоли. Нечоғлик қайғули, мунгли бўлмасин, у дунёдаги энг гўзал севги қиссаларидан биридир. Бу қисса жозибаси кишини сархуш айлайди. Отеллони ошиқ десангиз – мард ошиқ, Дездемонани маъшуқа десангиз – дилбар маъшуқа. Юрак-юракдан бир-бирига уларнинг талпиниши, ҳис-туйғулардаги муштараклик лаҳзалари бир тушга ўхшайди. Румийнинг бир ажойиб рубоийси бор:

Дилдор зариф аст, гуноҳаш ин аст,
Зебову латиф аст, гуноҳаш ин аст.
Охир ба чи айб мегурезанд аз ў?!
Аз айб афиф аст, гуноҳаш ин аст?

Мазмуни: дилдор нозикфаҳм, зийрак, гўзалдир – гуноҳи шу. Ниҳоятда зебо ва латофатлидир – гуноҳи шу. Ахир, нима айби учун ундан қочишади? У мутлақо беайб мусаффодир – гуноҳи мана шу!

Ушбу сўзлар гўёки Дездемонани ўйлаб, шу санам таърифи учун битилганга ўхшайди. Унинг ҳам “гуноҳи” – латифлиги, “айби” – покизалиги. Отелло дилида қўзғалган ишқ ва номус кураши ҳамма тоза ҳисларни кул қилиб юборишини у ақлига яқин ҳам йўлатолмасди. Ахир, Дездемона аслзода, саркарда араб ўғлонининг жону жаҳони эди. Эри уни мажнун бўлиб севганди.
Туҳмат балоси кутилмаган ёқдан Мавр қалбига чанг солади. Яго отлиғ малъун Отеллони шундоқ аянч бир ҳолатга соладики, у англаб-англолмай, кўриб-кўролмай, эшитиб – ишонолмай қолади. Жангу жадалларда чиниққан, не-не хавфу хатарларни енгиб ўтган софдил, матонатли бир шахс Ягонинг қўғирчоғига айланади. Нима учун? Отелло шарқлик. Шарқ одами инончлидир, қалбга, қалб таассуротларига тез ва осон берилади. Кўнгил, номус дейилдими – ҳаммасини унутади. Кўнгил ҳаётига алоҳида аҳамият берганлигидан у ҳиссиётли. Серҳаяжон. Шу боисдан кўп ҳолларда унинг ҳис-туйғуларини ақл жиловлолмай қолади. Шунда у узоқни кўролмайди. Шунинг оқибатини холис муҳокама этолмайди. Отелло образини яратишда Шекспир масаланинг шу томонларини тўла-тўкис инобатга олган эди. Отеллога Яго ҳужум бошлаган илк “майдон” – Маврнинг ишончи бўлганлиги тасодиф эмасди:

Унинг менга эътимоди, ишончи баланд,
Бу қўл келар ниятимнинг ижроси учун.

Ягонинг Кассиога ҳам адовати бор: у кўз тиккан мартабага Кассио лойиқ кўрилган. Демак, унинг ҳам илдизига болта урмоқ шарт. Флоренциялик Кассио келишган йигит. Дездемонанинг ҳурмат-эътибори унга ёмон эмас. Пайт пойлаб “қора араб”нинг қулоғига “Кассио хотининг билан опоқ-чопоқ…” деб қўйилса – вассалом:

Мавр табиатан софдил, содда эмасми,
Бу гапларга ишонади, лаққа тушади.
Ҳа, муқаррар шундоқ бўлур: жаҳаннам ва тун
Ёпирилиб, босар жумла жаҳонни бутун…

Булар ҳали режа, натижага қадар бўлган йўлни довдирамасдан босиб ўтиш лозим эди. Бу йўлчиликда ўзни қандай тутиш, қандай “ҳунар”лар кўрсатиш, қанчалик тубанлашиш – Шекспир буларни доҳиёна бир санъат билан тасвирлаб берган. Яго характерининг ғоявий-бадиий талқини – инсон моҳиятини очишдаги Шекспирнинг буюк хизмати ҳисобланади. Одам қалби ва номусига Яго ўтказган зулм ва жафо жаҳаннамда ҳам учрамас. Отеллонинг шубҳа оташида ўртаниб ёнишлари, “Мен кўкларга совураман ишқимни буткул, Қўзғол бўм-бўш жаҳаннамдан, қора интиқом!” дея оҳ-фарёд чекишларини тинглаб, дўзах азоби ҳам бунчалик бўлмасов, дегинг келади.
Қабоҳатни Яго макр ва ҳийла ила яшира оладиган кимса. Ғафлат қопқонига тушган Отелло буни на сезади, на гумон қила олади. Унингча, “Яго – ҳалол йигит”. Доно одам. Ягонинг кимлиги ва қилмишларини хаёлга келтирмаса ҳам унга “Мен биламан, оқибатли, номуслидирсан”, дейди. Ҳолбуки, Яго аллақачон унга қарши ичдан жанг эълон қилиб, қасосга бел боғлаган. Сабаб нима интиқомга? Биринчи сабаб – ҳасад. Отелло тагли-тугли мард йигит. Мартаба-мавқеи ҳам баланд. Дездемонадай иффатли, доно, садоқатда тенгсиз бир малакнинг умр йўлдоши. Мана шуларнинг барчаси Яго бағрини тилка-пора этади. Табиатан у ахмоқ, овсар, ҳавоий бир кимса эмас. Қатъиятсизлик, бўшанглик, ўз фойдасини билмаслик, фикрсизликни Яго ёмон кўради. Масалан, Микель Кассиога “Қари бир қизчалик фикр этмайдиган зот. Нари борса, китобий бир билим эгаси… Гап сотишга уста, лекин амалдан йироқ”, дея баҳо беради. Умуман, давлат мулозимлари, амалдорлар тўғрисидаги мулоҳазаларига ҳам эътироз билдиролмайсиз:

Биласизки, қанча содиқ муттаҳамлар бор.
Хўжайинга хизмат қилар, тизза чўкиб хор…
Лекин бордир яна бошқа мулозимлар ҳам –
Кўринишда садоқатнинг тимсоли, аммо
Юраклари ўзларидан ўзгани билмас.
Хўжайини учун куйиб-пишади гўё,
Аслида-чи, ҳамёнини тўлдиради, бас.
Бошқанимас, ўз-ўзини эъзозлайди, ҳа.
Ўйлайманки, бундайларда ақлу тамиз бор.
Тақсир, мен ҳам шундайларнинг бири бўламан…

Ўзгаларни танқид қилиш, айблаш осон. Ўзини иккиюзламачи, ўзидан бошқани ўйламайдиган юлғичлардан бири сифатида эътироф айлаш – бунақаси бениҳоя сийрак учраса керак. Бу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати, тўғрироғи, асосий қирраларини унутмаслик лозим. Юзига ниқоб тортиб яшайдиган кимса асл қиёфасини кўрсатмасликка уринади. Дили ҳасадга таслим кишининг рости нимаю, ёлғони нима – буни фарқлаш мушкул. Яго шунақа махлуқ. Ҳасад ва хусуматдан ичи қорайиб кетган, бироқ ҳеч тап тортмасдан “Мен – бир оқкўнгил одам…”, деб сўзлайверади. Отелло қалбида рашк оловини гуриллатиб, Мавр аҳволига ачингандай “Тангрим, авлодимни асра рашк балосидан!” дея илтижо қилади. Суврат ва сийрат бирлигидан у тамоман йироқ, лекин Отелло ишончига янада чуқурроқ кириб боришни кўзлаб, “Бир хил бўлур эр кишида суврат ва сийрат, Агар бир хил бўлмас эса, унга минг лаънат” демоққа куч топади. Зўр келганда эса ўзни “фош айлаш” орқали яшириниш “усули”ни ишлатади:

… Бир ўлат бор каби гўё табиатимда –
Ҳамма жойда излаганим нуқул хиёнат
Хиёнатни кўргандайман ҳар бир қадамда…

Бу гап ҳам дил қаърида хуруж қилиб ётган хиёнатни хаспўшлаш мақсадида айтилган.
“Қора қўчқор”, “араб айғири”, “қора шайтон” дея таҳқирлагани Отеллодан Ягонинг жабр чеккан бир жойи йўқ. Кассио билан муносабати хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.
Маълумки, шубҳа, гумон ахлоқий кучсизлик, маънавий ожизликнинг асосий “унсур”и. Туҳмат ва бўҳтон ана шуни бекитишнинг жирканч бир усули. Яго ҳам шу усулга ёпишади:

Аён гапки, мен Маврни ёмон кўраман,
Хотиним-ла дон олишган деган гаплар бор.
Аниқ билолмадим, бу гап чинмидир, ёлғон?
Лекин менга кифоядир ана шу гумон…

Ягонинг Маврни ёмон кўриши рост. Хотини билан “дон олишган”лиги ҳақидаги тахмини ёлғон. Бу уйдирмага унинг ишонмаслиги шундоқ билиниб турибди. Асл мақсад Отелло бағридан Дездемонани юлиб олмоқ: “Хотиним-чун хотинини олмагунча то Бирор нарса юрагимга бермас тасалли…”
Хуллас, Яго “универсал” қаҳрамон. Ҳар бир ижтимоий табақанинг – ишчи ёки у хизматчими, ижодкор ё олимми, санъаткор ё дин аҳлими, бундан қатъи назар, ўзининг “яго”лари бўлади. Яго фалсафасининг асосий мазмуни эса, “Мен ёлғиз ўзимга хизмат қиламан! Ўзим учун яшайман…”

IX

Шекспир яратган образларнинг аксарияти – ҳамма давр, барча замонларга мансуб образлар. Давлат ва салтанат бор экан, у ёки бу минтақада, у ё бу тарзда Ҳамлет ғам-кулфати қайтарилаверади. Қирол Лир оламдан ўтиб кетгани билан Лирни йўлдан оздириб, манманлик жарига қулатган майллар ўлмаган… Мустабидлик тарихи – узоқ ва давомли тарих. Демак, Макбетни унутишнинг иложи йўқ. Қанчадан-қанча одамлар сохта саховат, бетайин ҳиммат қурбони бўлишган. Шўрлик Тимон аҳволи уларникидан минг карра аянчли. У бири-биридан риёкор, беоқибат хушомадгўй – нафс бандаларига инониб, бор-будидан ажралади. Одамга қанча ишонган бўлса, ўшанча ундан безади ва қочади. Алалоқибат, унинг кўзига жумлаи жаҳон талончихонага ўхшаб кўринади:

Йўқол ҳамманг! Аямасдан бир-бирин таланг,
Ўзингиздан нафратланинг. Ҳа, мана олтин:
Олинг, яна учраганни сўйинг, бўғизланг,
Унутмангки, учраганнинг бариси – ўғри.

Бойлик ҳукмрон, пул, олтин ҳирси ғалаён айлаган жойда бундан бошқача бўлмайди. Афиналик сармоядорнинг мусибати курраи заминда бир хил.
Тимон образи орқали Шекспир инсон психологиясининг энг мубҳам, айтиш жоизки, энг қоронғу “гўша”ларини ҳам ёритиб берган. Шу қадар реал ёритганки, Тимоннинг “Сенга ёлғиз бир шартим бор: одамлардан қоч! Ҳаммасига лаънат ўқи! Шафқатни унут…” деган сўзлари ўқувчида кескин эътироз туғдирмайди. Зеро, алданган, хушомад ва мақтовга буркаб ташланган, дўст, биродар, улфатим деган кимсалардан чўнг оқибатсизлик кўрган одам “Мен севмайман, жирканаман аҳли башардан!” дейиши ғайритабиий бир иқрор эмас. “Афиналик Тимон” – бу ҳаёт саҳнаси. Ҳаётда Тимонникига монанд саргузашт ва фожиалар тез-тез учраган, ҳозир ҳам бор, кейин ҳам такрорланаверади. Бироқ Тимон айтган юқоридаги фикрларни асло қабул қилиб бўлмайди. Бу образ, инсонни чуқурроқ билмай юракка яқинлатиш, аҳмоқона ҳотамтойлик кишини қандоқ боши берк кўчаларга тортқилаши ва устига қандай бало-қазолар ёғдиришини тушуниш маъносида ибратлидир.
Шекспир трагедияларидаги образлардан кўпчилигининг тақдири ва аҳвол-руҳияси кишини қаттиқ ўйлатади, фикрдан фикрга, зиддиятдан зиддиятга йўл очади. Бунча ёвузлик, бунча ҳасад, хусумат, бунча макр, риё, бу қадар кину адоват, қаҳру ғазаб инсон қалбига қаёндан ва қандай қилиб кириб боради? Қандай томир ёзиб, улғаяди? Бошқа бир юракни қандай маҳв айлайди?
Буюк Шекспир ана шундай саволларга – асрлар мобайнида башариятни қийнаб, қақшатиб келган жумбоқларга жавоб излаган. Унинг изланишлари санъаткор, файлсауф, муаррих ва мутафаккир куйиб-ёнишларини ўзида мужассамлаштирганлиги билан ҳам алоҳида қиймат касб этади. Шекспир учун тарих бир восита. У трагедияларида асосан ўзи яшаган ҳаёт ғам-ғуссалари, одамлар орасидаги тортишув ва курашлардан юзага келган фожиаларни акс эттирган. Шекспир одам бундоқ бўлмоғи керак, мана сенга идеал инсон тимсоли, деб таъкидламаган. Аксинча, кўзни каттароқ очиб қара, фикрла: мана, сен мақтаган, улуғлаган инсоннинг аҳволи, яхши ва ёмонлиги; бир-бирига муносабати, ҳаётдаги ўрни, деган тушунча асосида ижод қилган. Ягони ким дейсиз? Одамми у? Яго жасад ичидаги ҳасад, худпарастликнинг олий тимсоли. Қанча яхшилик, қанча ҳиммат ва меҳрибонлик кўрмасин, барибир Яго разил – ёмонлик қилади. Ҳатто Макбет унчалик мараз ва жирканч эмас. Уни писмиқлик ёки қўрқоқликда айблай олмайсиз. Макбетдаги ҳокимиятпарстлик, мустабидлик ҳирси – даҳшат.
Хуллас, ҳаёт ҳақиқатларига содиқликда, инсон табиатига хос – хоҳ манфий, хоҳ мусбат, хоҳ юксак, хоҳ тубан ва жирканч – ҳар қандай ҳис-туйғу, фикр ва тушунчани бўямай, бежамай характер яратишда Шекспир панжасига панжа урадиган санъаткор жаҳон адабиётида камдан камдир. Вақт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, давр ўзгариб, замон алмашиниб бораверади. Шекспир асарлари мазмун-моҳиятига булар соя ташлай олмагани сингари, ғоявий-мафкуравий тўсиқ ҳам қўёлмайди. Шекспир асрларни бемалол ошиб ўтадиган, инсоният мавжуд экан, таъсири сусаймайдиган ҳис ва ҳақиқатларни тасвирлаб берган. Дездемона – софлик ва садоқат маъбудаси. Ҳеч бир давр кишиси унга бошқача баҳо беролмайди ва уни ўзгача қиёфада тасаввур ҳам этолмайди. Ягочиликни илдиз-илдизидан қуритиш – бу Одам қавми қони ва жонидан ҳасад, адоват, қасос ҳирсини йўқотиш демак. Бунинг эса сираям иложи йўқ. Демак, башарият Шекспирни ўқиб, ўрганиш, унинг инсоншунослик мактабидан таълим олишга ҳамиша муҳтож.

Х

Шекспир таваллудининг тўрт юз йиллиги муносабати билан Москвада босилган бир китобда “Шекспир Чехославакияда”, “Шекспир Эстонияда”, “Шекспир Болгарияда”, “Шекспир Грузияда”, “Шекспир украин адабиётшунослигида” номи остида мақолалар берилган. Шекспирнинг қанча юрт, қанча мамлакатга кириб борганлиги шу йўсинда аниқланадиган бўлса, дунёдаги ҳеч бир йирик давлат, ҳеч бир миллат номи четда қолмайди. Буюклик ва боқийликда бундан зиёд яна қанақа “ҳужжат” лозим? Биз ҳам “Шекспир Ўзбекистонда” дейишга ҳақлимиз.
Шекспир драмалари таржимасига қўл урган ижодкорларни эсланг: Чўлпон, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор…
Дунёга довруғ таратган Шекспир трагедиялари қаҳрамонлари ролини ўзбек театри саҳнасида ижро этган актёрлар кимлар эди? Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурҳон, Наби Раҳимов…
Бундан йигирма икки йил муқаддам Она тилимизда Шекспир асарларининг беш жилдда босилиши маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлган эди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан илк бора инглиз тилидан ўгирилиб, Шекспирнинг беш драмасини ўз ичига олган “Отелло” китоби нашр этилди. Таржимон аслиятдан ўгириш ишига киришиб кетиб, адибнинг ўн иккита энг етук асарини ўзбекчалаштирди. Бу айтишга осон. Бундай меҳнатни уддалаш учун тил билишдан ташқари, Шекспир дунёсига зўр ихлос, юксак дид ва илҳом билан кира билиш ва чинакам шоирона маҳорат зарур. Таржимада аслиятдаги кўнгил оҳанги, руҳий манзара, маъно товланишлари ўзининг ёрқин ифодасини топмаса, китобхон уни қабул қилмайди. Бизнингча, Жамол Камол улуғ Шекспир қаҳрамонларини ўзбекчада нуқсонсиз гапиртира олган. Унда Сиз она тилимизнинг куч-қудрати, гўзал ва латифлиги, сеҳр ва жозибасини чуқур ҳис этиб турасиз. Тил – дилнинг калити, мазкур таржималарга биринчи галда мутахассислар, хусусан таржимашуносларнинг пири Ғайбулла Саломов юқори баҳо берганлиги бежиз эмас. Ўйлаймизки, уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганиш ва фикр айтишга лойиқдир.

ХI

Бизнинг дилкаш, меҳрибон шофирконлик бир акамиз бор. Ҳаётнинг оқу қораси, пасту баландини яхши билгувчи, донишманд инсон. Энг севимли машғулоти – китобхонлик. Фикри меҳнатдан тўхтаб, занглаб қолмаганлиги боис ҳам кўп мутолаа қилади. Тарихчи билан – тарихчидай, файласуф билан – файлсуфдай сўзлаша олади. Мусиқа, адабиёт, хусусан, шеърият – жону дили. Навоий, Бобур, Қодирий ё Ойбекдан гап бошланса, кўзлари ёниб, баъзан ҳатто ёшланиб кетади. Рус адабиёти классикларини чанқоқлик ила ўқиб ўрганган. Масалан, Толстой бобо тўғрисида у киши билан соатлаб гурунглашмоқ мумкин. Ясная Полянага атай бориб, Толстой мозорини зиёрат ҳам қилган…
Хуллас калом, қайси бир мавзуда у киши билан суҳбалашманг, дил яйраб, ақл қаноатланади. Ўтган йил охирларида у киши Жамол Камолнинг иттифоқо бир мақоласини ўқиб қолади. Буюк актёримиз Олим Хўжаевни хотирлаб ёзилган ўша мақолада шундай жумлалар бор: “Сабабдан-сабаб, дейдилар, раҳматли Олим Хўжаев сабабчи бўлди-ю, “Ҳамлет” таржимасига қўл урдим. “Ҳамлет” таржимаси сабаб инглиз тилини ўргандим. Инглиз тилини билганим боис Шекспирнинг энг етук ўн иккита асарини она тилимизга ўгирдим… Ва ниҳоят, мана, уларни яхлит ҳолда китобхонларга тақдим этиш орзусига тушдим. Уч жилдга жамлаб, нашрга тайёрладим…
Аммо, ҳайҳот!… Бугун Олим Хўжаев йўқ… Ҳаттоки уларни нашр этиш учун зарур маблағ ҳам йўқ…”.
Жамол Камолнинг куйинишини ҳам, ҳаяжонини ҳам тушуниш мумкин. Не-не машаққат билан, заҳмат чекиб қилинган таржималар қоғоз папкаларда жамланиб, босилмай ётса, албатта, кўнгилда бундан ачиниш, куйиниш кайфияти уйғонади… Қолаверса, Шекспир халқимиз юрагидан жой олган, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Ҳамлет”, “Макбет”, “Кориолан” каби шоҳ асарларни ўқиган, саҳнада кўрган элнинг бу буюк ижодкорга меҳру ихлоси бағоят баланд. Биз маданиятимиз, маънавиятимизни Шекспир, Данте, Гёте, Бальзак, Пушкин, Толстой, Чехов сингари даҳоларсиз тасаввур қилолмаймиз, мабодо шундай қиладиган бўлсак, унда ихтиёрий равишда маҳдудликка юз тутамиз. Оллоҳ ана шундан асрасин. Менинг ўйлашимча, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Биз энди бировларнинг оғзига термулиб, чизган чизиғи бўйича елиб-югурадиган миллат эмасмиз. Мутелик, ношудлик, қўрқув ва сотқинликдан қутулишга азм этган элмиз. Маданият, маънавият ва адабиёт атрофида бирлашув ҳам муқаррардир. Буни тасдиқлайдиган далиллар етиб ортади.
Мақола сўнгида Жамол Камол “Шекспир нашр этилади. Бу хайрли ишни қўллаб-қувватлайдиган олижаноб инсонлар топилади”, деганда адашмаган. Шунақа одамни бугун Шекспирнинг “ўзи” топганига нима дейсиз?
Биз сизга таърифлаган акамиз Шекспирга ҳам муҳиблигидан, “Отелло” китобини топиб, қайта ўқийди. Бу гал ўқишда “Ҳамлет” кўнглини янада кучлироқ ўртаса, “Афиналик Тимон” уни янги, аммо оғир мушоҳадаю мулоҳазалар билан чулғаб олади. Рости гап, шу одам шарқлик бирор ижодкор китобини чиқазишга пул сарфласа, мен асло ажабланмасдим. Лекин Шекспирнинг уч жилдлик сайланмаси нашрига ҳомийлик қилиш ташаббусини бўйнига оларкан, бундан ҳам қувондим, ҳам ҳайратландим.
Демак, Шекспир биздан йироқ эмас. Демак, Шекспир яратган қаҳрамонларнинг дарди, ҳасрати, қайғу ва қувончлари, адашув ва изтироблари юртдошларимиз қалбида аск-садо бераверади. Зеро, Шекспир мероси – абадий сўнмас машъала. Унинг нури неча асрларким дунё халқларининг кўнглини мунаввар этиб, ўз теграсида бирлаштириб келади, инсонларни инсонларга танитади, элларни элларга яқинлаштиради, ҳеч қачон зулматнинг зиёдан ғолиб келолмаслигига китобхонни ҳам, томошабинни ҳам ишонтиради, йўлдан адашганларга йўл кўрсатади, эзилган, жабр чекканларни суяйди… Кечмиш айёмлар тарихи буни яққол тасдиқлаб турибди.
Ўйлаймизки, маҳдуд мафкура бўғовларидан буткул халос бўлган ҳур ва эркин тафаккур шекспирхонликни янги босқичга кўтаради. Халқимиз Шекспирни ўқийверади. Шекспир асарлари бизга мангу маънавий йўлдош бўлиб қолади. Ва мислсиз ижод замонлар оша барча насллар учун маънавиятнинг юксак манзилларини ёритувчи ёрқин бир машъала ўлароқ, ярқираб, нур сочиб, яшайверади.

(Tashriflar: umumiy 151, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring