Ivan Turgenev. Ikki hikoya-naql (Nodon & Ablah).

032
Иван Сергеевич  Тургенев  [1818.28.10 (9.11), Орёл — 1883.22.8 (3.9), Париж яқинидаги Буживал қишлоғи] — рус ёзувчиси. Петербург университетининг фалсафа факултетини тугатган (1837). Тургеневнинг дастлабки романтик шеърлари ва «Стено» драматик достони (1834) талабалик йилларида ёзилган. Тургенев Петербургдаги ўқишни тугатгач, Берлинга бориб (1838), фалсафа ва классик филология бўйича маърузалар тинглаган. 1841 йил Москвага қайтиб келган, Н.В.Гоголь, С.Т.Аксаков сингари ёзувчилар билан танишиб, бадиий ижод билан шуғуллана бошлаган. Тургеневнинг шу кезларда ёзган «Параша» достони (1843) ёш ёзувчининг романтизмдан узоқлашиб, оддий халқ ҳаётига яқинлашганидан дарак беради.

080Тургенев 1844 йилда «Андрей Колосов» қиссасини, кейинроқ крепостнойлик хулқ-атворини тасвирловчи «Помешчик» достони (1846), «ғайритабиий» ҳисобланган кишининг қипқизил худбин эканлигини фош этувчи «Уч сурат» (1846) ва «Бретер» (1847), шунингдек, гоголона ҳажвий руҳ билан йўғрилган «Петушков» (1848) қиссаларини эълон қилган. Тургенев 1847 йилдан бошлаб Парижда яшайди. Шу йили «Современник» («Замондош») журналида чоп этила бошлаган «Овчининг мактублари» асари билан Тургенев ижодида янги давр бошланган. Тургенев туркум ҳикоялардан иборат бу асарида рус деҳқонларига хос эзгу ва олижаноб фазилатларни тасвирлаган. У тасвир этилаётган қаҳрамон ёки воқеанинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда маиший очерк, ҳикоя, психологик новелла, лирик этюд сингари насрий жанр шаклларидан унумли фойдаланган. Тургенев айни пайтда драматургия жанрларида ҳам калам тебратиб, «Сармоясизлик» (1846), «Йўлбошловчининг нонуштаси» (1849 йилда саҳналаштирилган) бир пардали ҳажвий пьесаларини, «Бўйдоқ» комедияси (1849), «Текинхўр» маиший драмаси (1849) ва «Қишлоқда бир ой» лиро-психологик драмаси (1850) ни ёзган. Шундан сўнг «Муму» (1855), «Ортиқча кишининг кундалиги» (1850), «Яков Пасинков», «Карвонсарой» (1855) ва «Ёзишма» (1856) сингари қиссаларини яратган.

1852 йил «Икки авлод» романи устида иш олиб борган, аммо асар ниҳоясига етмаган. Россияга қайтгач (1850), Спасск-Луговиново қишлоғида яшаб, энг яхши асарларидан бири — «Рудин» романи(1856) ни ёзиб тугатган. Ушбу романда Гегель фалсафасига маҳлиё бўлган дворян зиёлиларининг 30—40-йилларда рус жамиятининг маънавий ҳаётида тутган ўрни бадиий таҳлил этилган.

50-йилларнинг ўрталарида ёзилган «Фауст» (1856) ва «Полесье сафари» (1857) қиссалари Тургеневнинг «Дворянлар уяси» романи (1859) нинг майдонга келишида этюд вазифасини бажарган. Тургенев бу асарида Пётр I дан кейинги дворянлар Россиясидаги тарихий тараққиётнинг турли даврларига назар ташлаган ва Лаврецкийлар сулоласи тарихи мисолида авлодларнинг алмашиниш жараёнини кузатган. Шахсий бахт ва бурч ўртасидаги зиддиятлар асарнинг маънавий коллизияси сифатида тасвирлаган. «Дворянлар уяси» Тургенев ижодининг баркамол намуналаридан бири бўлиб, унда 2 ой ичида бўлиб ўтган воқеалар Тургеневга хос катта маҳорат билан акс эттирилган.

Тургенев «Рудин» ва «Дворянлар уяси» романлари билан рус реализмининг машхур намояндаларидан бири сифатида шуҳрат қозонган. У 60-йилларнинг бошларида, аввалги романларидан фарқли ўлароқ, «Арафа» (1860) да замонавий мавзуга мурожаат этган ва рус жамиятида бошланган руҳий уйғониш жараёнини бадиий кузатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тургенев «Оталар ва болалар» романи (1862)да бу ғояни янада ривожлантирган. Бош қаҳрамон Базаров образида ДМ.Писаревга хос хурфикрлилик ва янгилик сари интилиш каби фазилатларни мужассамлантирган. Мазкур асар рус жамиятида илгор синф ҳисобланиб келинган дворянлар синфига қарши қаратилган. Базаров жамиятни шунчаки ислоҳ этиш эмас, балки шу чирий бошлаган жамият пойдеворини тагтуги билан бузиш ва янгисини барпо этиш тарафдоридир. Тургенев Базаровдаги ана шу нигилизм (барча нарсаларни инкор этиш)ни тасвирлаш орқали рус инқилобчилигига хос салбий жиҳатларни, биринчи навбатда, тарихий жараён қонуниятлари билан ҳисоблашмасликни Октябрь тунтаришидан 55 йил муқаддам башорат қилган. «Оталар ва болалар» романи рус адабиётшунослигида Тургенев ижодининг чўққиси сифатида талқин этилади. Мазкур асарда рус воқелиги, Тургенев нинг бошқа асарларига қараганда, айниқса, кенг қамраб олинган.

1861 йилда креспостнойлик ислоҳотининг ўтказилиши рус жамиятини иккига ажратиб юборди. Чор генераллари ва аристократларидан иборат дворянлар гуруҳи ислоҳотга қарши чиқиб, эски крепостнойлик тартибларининг тикланишини орзу қилди. Тургенев «Тутун» романи (1867)да зодагонлар муҳитида авж олган ана шу аксилҳаракатни асарга мавзу қилиб олган.

Тургенев ҳаётининг сўнгги 20 йили хорижда ўтган: дастлаб Баден-Баденда, сўнгра Парижда яшаган. У шу даврда машҳур француз ёзувчилари ва санъаткорлари билан яқин ижодий алоқада бўлиб, ҳатто 1878 йилда Парижда ўтказилган халқаро ёзувчилар анжуманига В. Гюго билан бирга раҳбарлик қилган. 60-йилларнинг 2-ярми — 70-йилларда Тургенев «Бригадир» (1868), «Чўл қироли Лир» (1870), «Баҳор тошқинлари» (1871) сингари қиссаларини, «Қўриқ» (1877) романи ва бошқа бир қанча асарларини ёзган.

047
Иван ТУРГЕНЕВ
ИККИ ҲИКОЯНАҚЛ
Мирзиёд Мирзоидов таржимаси
011

НОДОН

Дунёда бир нодон бўлган экан.
Шу нодон узоқ вақт давру даврон сурибди, бироқ у тез орада одамлар ҳамма ерда уни калтафаҳм, пайтавақулоқ деб аташларини билиб қолибди.

Бундан нодон қаттиқ изтиробга тушибди ва бу кўнгилсиз гапларга чек қўйишга бел боғлабди.
Хўп ўйлабди, ниҳоят, унинг қовоқ калласига бир фикр келибди… Нодон ўйламай-нетмай шу фикрини амалга оширмоқчи бўлибди…

Кўчада кетаётса, олдидан бир таниши чиқиб қолибди ва машҳур бир рассомни мақтаб гапирибди.
Шунда нодон шартта унинг гапини бўлибди:
— Э, қўйинг-э! У рассом аллақачон оёқдан қолган… Шуниям билмайсизми? Сиздан кутмаган эдим буни… Эссиз, ҳаётдан орқада қо­либ кетибсиз.

Нодоннинг таниши бу гапни эшитиб, ваҳимага тушибди ва дарҳол унинг гапини маъқуллабди.
Бошқа таниши унга бир ёзувчини мақтабди:
— Биласизми, қойилмақом китоб ёзибди, ўқиб чиқдим, антиқа!

Бу гапдан нодоннинг фиғони фалакка чиқиб кетибди:
— Суф сизга-е! Уялмайсизми шундай дегани? Ўша сиз мақтаган китоб уч пулга қиммат, ундан аллақачон ҳамма юз ўгирган. Ҳали хабарингиз йўқми? Жуда орқада қолган одам экансиз.

Бу гапдан нодоннинг таниши қўрқиб кетиб, унинг гапига қўшилибди.
Нодон терисига сиғмай кетаётса, учинчи танишини кўриб қолибди. Таниши унга бир дўстини мақтабди:

— Фалончи баҳоси йўқ одам-да! Бунақа олийжаноб одам дунёга бир келади.

— Э, оғзингизга қараб гапиринг! — дебди нодон унинг оғзига уриб. — Ўша сиз кўкларга кўтариб мақтаётган одам учига чиққан муттаҳам! Бутун қариндош-уруғини кафангадо қилди. Ким билмайди буни? Сиз орқада қолиб кетибсиз!

Бу таниш ҳам қўрқиб кетибди-ю, нодоннинг гапига қўшилиб, дўстидан тонибди. Хуллас, шу-шу нодоннинг олдида кимни ва нимани мақташмасин, ҳаммасини қоралаб ёмонга чиқараверибди.

Баъзан денг у ўксиб:
— Сиз ҳали фозил одамлар борлигига ишонасизми? — деркан. Ниҳоят, танишлари нодон тўғрисида:
— Заҳар! Запти тез! Лекин калласи жойида! — деб гапира бошлашибди.

Баъзилар:

— Тили-чи, тили, тилини айтмайсизми?! Балои азимда ўзиям! — деб қўшимча қилибди.

Иш шу даражага бориб етибдики, бир газетанинг ношири нодонга танқид бўлимини бош­қаришни таклиф этибди.
Энди унинг куни туғибди. Каттани катта, кичикни кичик демай — ҳаммани баробар танқид қила бошлабди.

Бир вақтлар фозилларга қарши айюҳаннос сол­ган нодон эндиликда фозил бўлиб қолди, ёш-яланг ундан ҳайиқади, унинг олдида қўл қовуштириб туради.

Хўш, шўрлик ёшлар нима ҳам қилсин? Гапнинг пўст-калласини айтганда, бунчалик иззат-ҳурмат қилмасликлари керак эди… бироқ шундай қилмай кўришсин-чи, қолоққа чиқиб қолишади!

Нодоннинг жойи қўрқоқлар орасида.

АБЛАҲ

Бор экан-да, йўқ экан, бир аблаҳ бўлган экан.

У узоқ вақт хуш-хандон, егани олдида, емагани кетида яшабди, бироқ, бора-бора унинг қулоғига мияси айниб қолиб, муттаҳамлик қилаётгани ҳақида гап-сўзлар кела бошлабди.

Аблаҳ бундан ғазабга келибди ва нохуш гап-сўзларнинг қандай қилиб олдини олиш ҳақида чуқур ўйга толгандан толибди. Ниҳоят, тўсатдан миясига “лип” этиб келиб қолган фикр унинг машъум ниятларини амалга ошириш учун йўл очиб берадигандек туюлибди. У бир зум ҳам кечиктириб ўтирмай ғаразли ниятини рўёбга чиқаришга ошиқибди. Йўлда кетаётса, унга бир таниши учраб қолибди ва таниқли рассомни мақтай кетибди.
— Мени маъзур тутасиз! — дея шанғиллабди аблаҳ. — Ўша рассомингиз аллақачон архивга суриб ташланган… Сиз буни ҳалиям билмайсизми?! Мен сиздан буни ҳеч ҳам кутмаган эдим… Сиз — қолоқ одам экансиз.

Таниши қўрқиб кетибди ва дарҳол аблаҳнинг сўзларига қўшилибди.
Мен бугун шундай ажойиб бир китоб ўқидимки, — деди унга бошқа таниши учраб.
— Маъзур тутасиз! — шанғиллабди аблаҳ. — Наҳотки шундай дейишдан уялмасангиз. Ўша сиз ўқиган китоб бир пулга қиммат-ку, ахир! Аллақачон ҳамма ундан қўлини ювиб, қўлтиққа урган! Сиз шуниям билмайсизми? Сиз — қолоқ одам экансиз.

Қарабсизки, унинг бу таниши ҳам қўрқиб кетиб, аблаҳнинг сўзларига қўшилибди.
— Менинг Н. Н. деган дўстим ажойиб инсон-да! — деди учинчи таниши аблаҳга. — Ҳақиқий одамохун инсон!
— Маъзур тутасиз! — дея минғирлабди аблаҳ. — Н. Н. деганингиз учига чиққан муттаҳам! Барча қариндош-уруғларини талаб, адои тамом қилди. Буни ким билмайди, дейсиз? Сиз — қолоқ одам экансиз.
Аблаҳнинг учинчи таниши ҳам қўрқиб кетганидан унинг сўзларига ишонибди ва ўша дўстидан узоқлашибди.
Аблаҳнинг ҳузурида ким бўлмасин, мақталса бас, унда ҳаммасига битта таъна тоши тахт тураркан.

Баъзан эътирозли оҳангда қўшиб қўяркан:
— Сиз ҳалиям обрў-эътибор деган нарсага ишонасизми?
Танишлари аблаҳ ҳақида:
— Баджаҳл! Нақ чаённинг ўзи! — дея сўз бошлашаркан, қўшиб қўйишарди: — Аммо мияси зўр ишлайди!
— Тилини айтмайсизми? — дея сўз қистириб қўйишаркан бошқалари. — Ҳа, у чинакам истеъдод!

Бу воқеа шу билан тугабдики, бир газета ношири аблаҳга танқидий бўлимни бошқаришни таклиф этибди.
Шундан кейин десангиз, аблаҳ деганингиз на ўз хатти-ҳаракатларини, на товуш оҳангларини тариқча бўлсин ўзгартирмаган ҳолда барча-барчага таъна тошларини ёғдира бошлабди.
Қачонлардир “обрў-эътибор”га қарши қичқирган аблаҳ — ўзи энди обрў-эътиборга айланибди-қолибди. Ёшлар эса уни кўкларга кўтарадиган ва ундан қўрқадиган бўлишибди.

Ҳа, бечора ёшлар нимаям қилишсин, энди? Умуман, айтганда, кўкларга кўтариш шарт бўлмаса-да… қани, кўкларга кўтармай кўр-чи.
— Қолоқлар сафига қўшилиб қолишинг ҳеч гапмас!
Ҳа: қўрқоқлар орасида аблаҳлар ҳузур топар эканлар!

011

080Turgenev Ivan Sergeevich [1818.28.10 (9.11), Oryol — 1883.22.8 (3.9), Parij yaqinidagi Bujival qishlog’i; Sankt-Peterburgdagi Volkovo qabristoniga dafn etilgan] — rus yozuvchisi. Peterburg universitetining falsafa fakultetini tugatgan (1837). Turgenevning dastlabki romantik she’rlari va «Steno» dramatik dostoni (1834) talabalik yillarida yozilgan. Turgenev Peterburgdagi o’qishni tugatgach, Berlinga borib (1838), falsafa va klassik filologiya bo’yicha ma’ruzalar tinglagan. 1841 yil Moskvaga qaytib kelgan, N.V.Gogol`, S.T.Aksakov singari yozuvchilar bilan tanishib, badiiy ijod bilan shug’ullana boshlagan. Turgenevning shu kezlarda yozgan «Parasha» dostoni (1843) yosh yozuvchining romantizmdan uzoqlashib, oddiy xalq hayotiga yaqinlashganidan darak beradi.
Turgenev 1844 yilda «Andrey Kolosov» qissasini, keyinroq krepostnoylik xulq-atvorini tasvirlovchi «Pomeshchik» dostoni (1846), «g’ayritabiiy» hisoblangan kishining qipqizil xudbin ekanligini fosh etuvchi «Uch surat» (1846) va «Breter» (1847), shuningdek, gogolona hajviy ruh bilan yo’g’rilgan «Petushkov» (1848) qissalarini e’lon qilgan. Turgenev 1847 yildan boshlab Parijda yashaydi.
Shu yili «Sovremennik» («Zamondosh») jurnalida chop etila boshlagan «Ovchining maktublari» asari bilan Turgenev ijodida yangi davr boshlangan. Turgenev turkum hikoyalardan iborat bu asarida rus dehqonlariga xos ezgu va olijanob fazilatlarni tasvirlagan. U tasvir etilayotgan qahramon yoki voqeaning mazmun-mohiyatidan kelib chiqqan holda maishiy ocherk, hikoya, psixologik novella, lirik etyud singari nasriy janr shakllaridan unumli foydalangan. Turgenev ayni paytda dramaturgiya janrlarida ham kalam tebratib, «Sarmoyasizlik» (1846), «Yo’lboshlovchining nonushtasi» (1849 yilda sahnalashtirilgan) bir pardali hajviy p`esalarini, «Bo’ydoq» komediyasi (1849), «Tekinxo’r» maishiy dramasi (1849) va «Qishloqda bir oy» liro-psixologik dramasi (1850) ni yozgan. Shundan so’ng «Mumu» (1855), «Ortiqcha kishining kundaligi» (1850), «Yakov Pasinkov», «Karvonsaroy» (1855) va «Yozishma» (1856) singari qissalarini yaratgan.

1852 yil «Ikki avlod» romani ustida ish olib borgan, ammo asar nihoyasiga yetmagan. Rossiyaga qaytgach (1850), Spassk-Lugovinovo qishlog’ida yashab, eng yaxshi asarlaridan biri — «Rudin» romani(1856) ni yozib tugatgan. Ushbu romanda Gegel` falsafasiga mahliyo bo’lgan dvoryan ziyolilarining 30—40-yillarda rus jamiyatining ma’naviy hayotida tutgan o’rni badiiy tahlil etilgan.

50-yillarning o’rtalarida yozilgan «Faust» (1856) va «Poles`e safari» (1857) qissalari Turgenevning «Dvoryanlar uyasi» romani (1859) ning maydonga kelishida etyud vazifasini bajargan. Turgenev bu asarida Pyotr I dan keyingi dvoryanlar Rossiyasidagi tarixiy taraqqiyotning turli davrlariga nazar tashlagan va Lavretskiylar sulolasi tarixi misolida avlodlarning almashinish jarayonini kuzatgan. Shaxsiy baxt va burch o’rtasidagi ziddiyatlar asarning ma’naviy kolliziyasi sifatida tasvirlagan. «Dvoryanlar uyasi» Turgenev ijodining barkamol namunalaridan biri bo’lib, unda 2 oy ichida bo’lib o’tgan voqealar Turgenevga xos katta mahorat bilan aks ettirilgan.

Turgenev «Rudin» va «Dvoryanlar uyasi» romanlari bilan rus realizmining mashxur namoyandalaridan biri sifatida shuhrat qozongan. U 60-yillarning boshlarida, avvalgi romanlaridan farqli o’laroq, «Arafa» (1860) da zamonaviy mavzuga murojaat etgan va rus jamiyatida boshlangan ruhiy uyg’onish jarayonini badiiy kuzatishni o’z oldiga maqsad qilib qo’ygan. Turgenev «Otalar va bolalar» romani (1862)da bu g’oyani yanada rivojlantirgan. Bosh qahramon Bazarov obrazida DM.Pisarevga xos xurfikrlilik va yangilik sari intilish kabi fazilatlarni mujassamlantirgan. Mazkur asar rus jamiyatida ilgor sinf hisoblanib kelingan dvoryanlar sinfiga qarshi qaratilgan. Bazarov jamiyatni shunchaki isloh etish emas, balki shu chiriy boshlagan jamiyat poydevorini tagtugi bilan buzish va yangisini barpo etish tarafdoridir. Turgenev Bazarovdagi ana shu nigilizm (barcha narsalarni inkor etish)ni tasvirlash orqali rus inqilobchiligiga xos salbiy jihatlarni, birinchi navbatda, tarixiy jarayon qonuniyatlari bilan hisoblashmaslikni Oktyabr` tuntarishidan 55 yil muqaddam bashorat qilgan. «Otalar va bolalar» romani rus adabiyotshunosligida Turgenev ijodining cho’qqisi sifatida talqin etiladi. Mazkur asarda rus voqeligi, Turgenev ning boshqa asarlariga qaraganda, ayniqsa, keng qamrab olingan.

1861 yilda krespostnoylik islohotining o’tkazilishi rus jamiyatini ikkiga ajratib yubordi. Chor generallari va aristokratlaridan iborat dvoryanlar guruhi islohotga qarshi chiqib, eski krepostnoylik tartiblarining tiklanishini orzu qildi. Turgenev «Tutun» romani (1867)da zodagonlar muhitida avj olgan ana shu aksilharakatni asarga mavzu qilib olgan.

Turgenev hayotining so’nggi 20 yili xorijda o’tgan: dastlab Baden-Badenda, so’ngra Parijda yashagan. U shu davrda mashhur frantsuz yozuvchilari va san’atkorlari bilan yaqin ijodiy aloqada bo’lib, hatto 1878 yilda Parijda o’tkazilgan xalqaro yozuvchilar anjumaniga V. Gyugo bilan birga rahbarlik qilgan. 60-yillarning 2-yarmi — 70-yillarda Turgenev «Brigadir» (1868), «Cho’l qiroli Lir» (1870), «Bahor toshqinlari» (1871) singari qissalarini, «Qo’riq» (1877) romani va boshqa bir qancha asarlarini yozgan.

047
Ivan TURGENEV
IKKI HIKOYA-NAQL
Mirziyod Mirzoidov tarjimasi
011

NODON

Dunyoda bir nodon bo’lgan ekan.
Shu nodon uzoq vaqt davru davron suribdi, biroq u tez orada odamlar hamma yerda uni kaltafahm, paytavaquloq deb atashlarini bilib qolibdi.

Bundan nodon qattiq iztirobga tushibdi va bu ko’ngilsiz gaplarga chek qo’yishga bel bog’labdi.
Xo’p o’ylabdi, nihoyat, uning qovoq kallasiga bir fikr kelibdi… Nodon o’ylamay-netmay shu fikrini amalga oshirmoqchi bo’libdi…

Ko’chada ketayotsa, oldidan bir tanishi chiqib qolibdi va mashhur bir rassomni maqtab gapiribdi.
Shunda nodon shartta uning gapini bo’libdi:
— E, qo’ying-e! U rassom allaqachon oyoqdan qolgan… Shuniyam bilmaysizmi? Sizdan kutmagan edim buni… Essiz, hayotdan orqada qo­lib ketibsiz.

Nodonning tanishi bu gapni eshitib, vahimaga tushibdi va darhol uning gapini ma’qullabdi.
Boshqa tanishi unga bir yozuvchini maqtabdi:
— Bilasizmi, qoyilmaqom kitob yozibdi, o’qib chiqdim, antiqa!

Bu gapdan nodonning fig’oni falakka chiqib ketibdi:
— Suf sizga-ye! Uyalmaysizmi shunday degani? O’sha siz maqtagan kitob uch pulga qimmat, undan allaqachon hamma yuz o’girgan. Hali xabaringiz yo’qmi? Juda orqada
qolgan odam ekansiz.

Bu gapdan nodonning tanishi qo’rqib ketib, uning gapiga qo’shilibdi.
Nodon terisiga sig’may ketayotsa, uchinchi tanishini ko’rib qolibdi. Tanishi unga bir do’stini maqtabdi:

— Falonchi bahosi yo’q odam-da! Bunaqa oliyjanob odam dunyoga bir keladi.

— E, og’zingizga qarab gapiring! — debdi nodon uning og’ziga urib. — O’sha siz ko’klarga ko’tarib maqtayotgan odam uchiga chiqqan muttaham! Butun qarindosh-urug’ini
kafangado qildi. Kim bilmaydi buni? Siz orqada qolib ketibsiz!

Bu tanish ham qo’rqib ketibdi-yu, nodonning gapiga qo’shilib, do’stidan tonibdi. Xullas, shu-shu nodonning oldida kimni va nimani maqtashmasin, hammasini qoralab yomonga chiqaraveribdi.

Ba’zan deng u o’ksib:
— Siz hali fozil odamlar borligiga ishonasizmi? — derkan. Nihoyat, tanishlari nodon to’g’risida:
— Zahar! Zapti tez! Lekin kallasi joyida! — deb gapira boshlashibdi.

Ba’zilar:

— Tili-chi, tili, tilini aytmaysizmi?! Baloi azimda o’ziyam! — deb qo’shimcha qilibdi.

Ish shu darajaga borib yetibdiki, bir gazetaning noshiri nodonga tanqid bo’limini bosh­qarishni taklif etibdi.
Endi uning kuni tug’ibdi. Kattani katta, kichikni kichik demay — hammani barobar tanqid qila boshlabdi.

Bir vaqtlar fozillarga qarshi ayyuhannos sol­gan nodon endilikda fozil bo’lib qoldi, yosh-yalang undan hayiqadi, uning oldida qo’l qovushtirib turadi.

Xo’sh, sho’rlik yoshlar nima ham qilsin? Gapning po’st-kallasini aytganda, bunchalik izzat-hurmat qilmasliklari kerak edi… biroq shunday qilmay ko’rishsin-chi, qoloqqa chiqib qolishadi!

Nodonning joyi qo’rqoqlar orasida.

ABLAH

Bor ekan-da, yo’q ekan, bir ablah bo’lgan ekan.

U uzoq vaqt xush-xandon, yegani oldida, yemagani ketida yashabdi, biroq, bora-bora uning qulog’iga miyasi aynib qolib, muttahamlik qilayotgani haqida gap-so’zlar kela
boshlabdi.

Ablah bundan g’azabga kelibdi va noxush gap-so’zlarning qanday qilib oldini olish haqida chuqur o’yga tolgandan tolibdi. Nihoyat, to’satdan miyasiga “lip” etib kelib qolgan fikr uning mash’um niyatlarini amalga oshirish uchun yo’l ochib beradigandek tuyulibdi. U bir zum ham kechiktirib o’tirmay g’arazli niyatini ro’yobga chiqarishga oshiqibdi. Yo’lda ketayotsa, unga bir tanishi uchrab qolibdi va taniqli rassomni maqtay ketibdi.
— Meni ma’zur tutasiz! — deya shang’illabdi ablah. — O’sha rassomingiz allaqachon arxivga surib tashlangan… Siz buni haliyam bilmaysizmi?! Men sizdan buni hech ham kutmagan edim… Siz — qoloq odam ekansiz.

Tanishi qo’rqib ketibdi va darhol ablahning so’zlariga qo’shilibdi.
Men bugun shunday ajoyib bir kitob o’qidimki, — dedi unga boshqa tanishi uchrab.
— Ma’zur tutasiz! — shang’illabdi ablah. — Nahotki shunday deyishdan uyalmasangiz. O’sha siz o’qigan kitob bir pulga qimmat-ku, axir! Allaqachon hamma undan qo’lini yuvib, qo’ltiqqa urgan! Siz shuniyam bilmaysizmi? Siz — qoloq odam ekansiz.

Qarabsizki, uning bu tanishi ham qo’rqib ketib, ablahning so’zlariga qo’shilibdi.
— Mening N. N. degan do’stim ajoyib inson-da! — dedi uchinchi tanishi ablahga. — Haqiqiy odamoxun inson!
— Ma’zur tutasiz! — deya ming’irlabdi ablah. — N. N. deganingiz uchiga chiqqan muttaham! Barcha qarindosh-urug’larini talab, adoi tamom qildi. Buni kim bilmaydi, deysiz? Siz — qoloq odam ekansiz.
Ablahning uchinchi tanishi ham qo’rqib ketganidan uning so’zlariga ishonibdi va o’sha do’stidan uzoqlashibdi.
Ablahning huzurida kim bo’lmasin, maqtalsa bas, unda hammasiga bitta ta’na toshi taxt turarkan.

Ba’zan e’tirozli ohangda qo’shib qo’yarkan:
— Siz haliyam obro’-e’tibor degan narsaga ishonasizmi?
Tanishlari ablah haqida:
— Badjahl! Naq chayonning o’zi! — deya so’z boshlasharkan, qo’shib qo’yishardi: — Ammo miyasi zo’r ishlaydi!
— Tilini aytmaysizmi? — deya so’z qistirib qo’yisharkan boshqalari. — Ha, u chinakam iste’dod!

Bu voqea shu bilan tugabdiki, bir gazeta noshiri ablahga tanqidiy bo’limni boshqarishni taklif etibdi.
Shundan keyin desangiz, ablah deganingiz na o’z xatti-harakatlarini, na tovush ohanglarini tariqcha bo’lsin o’zgartirmagan holda barcha-barchaga ta’na toshlarini yog’dira boshlabdi.
Qachonlardir “obro’-e’tibor”ga qarshi qichqirgan ablah — o’zi endi obro’-e’tiborga aylanibdi-qolibdi. Yoshlar esa uni ko’klarga ko’taradigan va undan qo’rqadigan bo’lishibdi.

Ha, bechora yoshlar nimayam qilishsin, endi? Umuman, aytganda, ko’klarga ko’tarish shart bo’lmasa-da… qani, ko’klarga ko’tarmay ko’r-chi.
— Qoloqlar safiga qo’shilib qolishing hech gapmas!
Ha: qo’rqoqlar orasida ablahlar huzur topar ekanlar!

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 441, bugungi 1)

Izoh qoldiring