Janni Rodari. Vaqtni qo’yib yuboring!

08

Самолёт 23дан 27 дақиқа ўтганда пойтахт чеккасидаги кичкина ёзги қўнимгоҳга пастлаб қўнди. Янги йил киришига бор-йўғи 33 дақиқа қолган эди. Бу сана одатдагиларидан фарқли ўлароқ муҳим сана эди. Янги йил эшик қоқаётганди, ҳадемай бутун сайёрада 1 январ кириб келади. Айни дам бутун дунё ҳаяжону ҳадикда янги йилни кутиб турганди.

088
Жанни Родари
ВАҚТНИ ҚЎЙИБ ЮБОРИНГ!
Умид Али таржимаси
07

08Италиялик машҳур адиб Жанни Родари (1920-1980) ўзининг юксак иқтидори ва беғубор кўнгли ила жаҳоннинг турли мамлакатларида яшаётган болалар қалбига, онгу шуурига йўл топган ардоқли адиблардан биридир. 1920 йил 23 октябрда Италиянинг Оменья шаҳарчасида ўртаҳол новвой оиласида дунёга келган Жанни гўдаклигидаёқ отасидан айрилади. Ушбу мусибатдан кейин кўп ўтмай онаси уч ўғлини (Жанни оиланинг кенжаси эди) олиб, туғилиб-ўсган қишлоғи – Варесоттога жўнайди. Жанни болалигидан мусиқа ва адабиётга ошно бўлади, скрипка чалиш сирларини қунт билан ўрганади, Ницше, Шопенгауэр, Толстой асарларини севиб мутолаа қилади. Ўрта мактабдан сўнг уч йиллик семинарияни битирган Жанни Родари 17 ёшидан қишлоқ мактабида бошланғич синфларга дарс бера бошлайди. 1939 йилда Милан университетниниг филология факультетига ўқишга киради. Унинг талабалик йиллари Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келганди. Акалари Чезаре ва Марио фашистларга қарши урушга отланади.
Жанни Родари мамлакатда фашистлар тузумига норозилик сифатида юзага келган Қаршилик ҳаракатига аъзо бўлади. Болаликнинг оғир дамлари, кетма-кет келган мусибат, сиёсий ҳаракатдаги фаоллик Родарини эрта улғайтирган бўлса-да, бироқ унинг қалбидаги беғуборликка путур етказолмайди. У дунёни болалардек маъсум нигоҳ билан кўра оларди. Бунинг натижаси ўлароқ, 1948 йилда Родари “Unita” газетасига мухбир бўлиб ишга кириб, ўша йилдан эътиборан кичкинтойларга атаб китоблар ёза бошлайди. 1950 йилдан Римда ташкил этилган “Pioniere” болалар журналига бош муҳаррир этиб тайинланади. 1951 йилда унинг илк китоби “Қувноқ шеърлар” дунё юзини кўради. Сўнг адиб бутун дунё болаларининг меҳрини қозонган “Чиполлинонинг сар- гузаштлари” асарини яратади. Бу асар асосида дастлаб мультфильм, кейин эса бадиий фильмлар суратга олинади.

Тез орада Родарининг “Жельсамино ёлғончилар мамлакатида”, “Осмон ва заминдаги шеърлар”, “Янги йил арчалари сайёраси”, “Самодаги торт”, “Бекорчи лақабли Жованнинонинг саргузаштлари” сингари асарлари болалар китоб жавонидан жой олади. Унинг асарлари бир қатор тилларга таржима қилина бошлайди.
1970 йилда Жанни Родари болалар адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси учун Ганс Христиан Андерсен номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлади. Жанни Родари узоқ давом этган хасталикдан сўнг 1980 йил 14 апрелда, Рим шаҳрида оламдан ўтади.
Адиб асарлари ўзбек тилида ҳам босилиб чиққан. 1990 йилда унинг бир қатор эртак ва қиссалари “Рим эртаклари” номи билан нашр этилган (Бу китобни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

07

011аноб, ҳудудимизга яқинлашаётган бегона самолёт қўнишга рухсат сўраяпти.
— Бегона самолёт дейсизми? Бу ерга қаердан келиб қолди у?
— Билмайман, жаноб. Илгари ҳеч учрамаганди. У билан ҳеч қандай алоқамиз ҳам бўлмаган. У ёқилғим тугаяпти, сизлар қаршилик кўрсатсангиз ҳам барибир қўнишга мажбурман, деб сурбетлик қиляпти. Жуда ғалати, а, жаноб?!
— Қизиқ.
— Тағин у ҳазиллашди ҳам.
— Нима деб ҳазиллашди?
— Мени ҳеч ким тўхтатиб қўёлмайди, деб ҳазиллашди.
— Шундай денг. Майли, қўнаверсинчи.

Самолёт 23дан 27 дақиқа ўтганда пойтахт чеккасидаги кичкина ёзги қўнимгоҳга пастлаб қўнди. Янги йил киришига бор-йўғи 33 дақиқа қолган эди. Бу сана одатдагиларидан фарқли ўлароқ муҳим сана эди. Янги йил эшик қоқаётганди, ҳадемай бутун сайёрада 1 январ кириб келади. Айни дам бутун дунё ҳаяжону ҳадикда янги йилни кутиб турганди.

Нотаниш учувчи самолёт кабинасидан ерга сакраб тушди-да, ҳеч нимадан-ҳеч нима буйруқ бера кетди:
— Юкни туширишга ёрдамлашинглар. Ўн иккита жомадон бор, бирортасини ҳам унутиб қолдирманглар. Кейин такси буюртма беринг. Балки телефонимдан фойдаланарсизлар.
— Шошманг,- мужмаллик билан деди бошлиқ,- Аввал масалага ойдинлик киритиб олсак яхши бўлармиди? Сиз шуни унутмадингизми?
— Шундоқ ҳам ҳаммаси равшандек туйилмаяптими сизга,-жилмайди нотаниш учувчи.
— Йўқ,-асабийлашди бошлиқ, сўнг сўради.-Илтимос, менга ҳужжатларингиз ва бортжурналингизни кўрсатсангиз.
— Кечирасиз, бу талабингизни бажара олмайман.

Нотаниш учувчи бу гапни шундай журъат ва сурбетлик билан айтдики, бошлиқ ғазабдан портлаб кетишига бир баҳя қолди.
— Майли, сиз айтганча бўла қолсин,-ҳовуридан тушди учувчи бошлиқнинг важоҳати ўзгарганини кўриб.-Берироқ келинг.
Учувчи бу гапни шундай сокин ва нафис оҳангда айтдики, бошлиқ наздида билдирилгани бу илтифот меъёридан ошгандек бўлиб туйилди. “Устимдан куляптими бу нусха? Майли, шошмай турсин, танобини тортиб қўяман…”

— Сизнингча мени кимдир кутёган бўлиши муминкми?-давом этди кўриниши жумбоққа лим саёҳатчи.
— Ҳозир ҳамма Янги йилни қарши олишга шай бўлиб ўтирибди. Сиз ҳам байрамни муносиб ўтказиш учун шошилаётгандирсизда?
— Янглишмадингиз, муҳтарам жаноб.
— Кўриб турганингиздек мен хизмат жойимдаман. Янги йилни шу ерда, аэропортда кутиб оламан. Мабодо ўжарлик қилгудай бўлсангиз, ҳужжатларингизни кўрсатмасангиз, сиз ҳам мен билан бирга шу ерда қолишингизга тўғри келади.

Нотаниш учувчи бошлиқ билан бирга унинг бўлмасига кириб келгунча бир оғиз ҳам сўз қотишмади. У бўсағадан ўтиб, илтифот ҳам кутмасдан бошлиқнинг юмшоқ курсисига чўкдида, сигарет тутатиб, сўнг ён-верига аланглади. Ўзига савол назари билан тикилиб турган бошлиққа жилмайиб деди:
— Дарвоқе, ҳужжатларни сўрагандингиза? Уларни сизга бергандим, кўриб бўлдингизми?

Аэропорт бошлиғи тонг қотди.
— Ҳали бунақа ҳунарингиз ҳам борми, лўттибозман денг. Ҳойнаҳой, сездирмай чўнтагимга солиб қўйгандирсизда, а? Эҳтимол қулоқларимдан соат ё бурнимдан тухум илаштириб чиқаришга уриниб кўрарсиз?

Нотаниш йигит бошлиқнинг жиғибийрон бўлаётганини сезди, ортиқ ади-бади айтишни лозим кўрмай, стол устида турган янги тақвимга имо қилди:
— Мана менинг ҳужжатим. Мен – Вақтман. Ходимларингиз ташиб келтирган ўн иккита жомадонимда ўн иккита ой бор. Бу ойлар, хўш, -учувчи билагидаги соатга бир қараб олди,-йигирма тўққиз дақиқадан кейин ҳаракатга тушади.
— Сиз чиндан ҳам Вақт бўлсангиз,-вазмин овозда сўз қотди бошлиқ,-унда мен учқур самолётман. Роса ҳазилкаш экансиз. Сиз билан зерикиб қолмаслигимга имоним комил. Унда Янги йилни бирга кутиб оламиз, нима дедингиз. Телевизорни ёқишимга қарши бўлмасангиз керак, ҳар ҳолда. Байрамбоп кўрсатувлар бўлётгандир.
— Қаршилигим йўқ. Ёқаверинг. Лекин шуни айтиб қўйишим керак. Мени бу ерда ушлаб турар экансиз, ҳеч қандай Янги йил ҳам бўлмайди.

Бошлиқ нотаниш учувчини эшитмадими ё унинг гапларини инобатга олмадими, жавоб бермади.
Телевизорда байрам концерти намойиш этилаётганди. Кўрсатув тугагач, диктор алланималар ҳақида маълумот берди, сўнг саҳна олдида оркестр жамоаси пайдо бўлди.

Нотаниш учувчи сира зерикмади. Телевизордаги оркестр куй-қўшиқларига ҳамоҳанг хиргойи қилди, завқи келиб оёқларини полга секин тапиллатиб урди. Бир-икки латифалар айтиб, бошлиқни кулдирди ҳам.
— Мана, янги йил киришига бор-йўғи бир дақиқа қолди. – жилмайди бошлиқ.- Афсус, сизни шампан виноси билан сийлашни истагандиму, йўқда. Ундан кейин мен хизматдаман, мумкин эмас.
— Илтифотингиз учун раҳмат. Шампан виносига ҳожат йўқ, чунки мен ҳам ичмайман,-нотаниш учувчининг кейинги гаплари барабан садосидан ҳам баланд жаранглади.-Вақт тўхтаб қолди. Ҳеч қандай Янги йил бўлмайди энди. Соатингизга қаранг.

Бошлиқ беихтиёр соати циферблатига қаради, сўнг соат тақилган билагини қулоғига яқин олиб борди.
«Қизиқ,- ўйлади у,- чиқиллаяпти, аммо нега секунд мили қимирламаяпти, бузилдимикан, а?

Бошлиқ бир дақиқани ўтказиш учун олтмишгача санади. Сўнг соатига тағин кўз ташлади. Соатнинг дақиқа мили ҳам қилт этмай, ўша-ўша, бир кам ўн иккилигача турганини кўриб, баттар ажабланди. Телевизордаги вақтни кўрсатаётган соат ҳам ҳаракатдан тўхтаб қолганди. Бир маҳал телевизорда диктор кўринди.
— Техник носозлик юзага келди, сизлардан узр сўраймиз,-хижолат тортган кўйи деди диктор.

Аэропорт бошлиғи қаршисидаги нотаниш меҳмонга хавотиромуз кўз ташлади. Учувчи унга жилмаган кўйи деди.
— Ана, кўрдингизми? Бунга сиз айбдорсиз!
— Мен? Менинг бу техник хатога нима дахлим бор?
— Ахир мен Вақт эканимга ишонмаяпсизку? Мана бу атиргулга қаранг…

Стол устидаги гулдонда қизил атиргуллар барқ уриб очилиб турарди. Бошлиқ гулларни ёқтирарди.
-Ҳозир мана шу гулларга тегинсам, нима ҳодиса рўй беришини сезяпсизми?
Нотаниш учувчи ўрнидан ирғиб туриб, стол ёнига борди ва хиёл энгашиб гулларга худди олов ўчираётгандек каби “пуф” деб юборди. Шунда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа содир бўлди. Баҳор ҳавосини уфуриб турган атиргуллар кўз юмиб-очгунча буришиб, гулбаргаклари бандидан бир-бир узилиб, столга тўкилди ва шу оннинг ўзида бари қовжираб, бир сиқим кулга айланди қолди.

Бошлиқ қўрқув ичида телефон гўшагига ёпишди.
Бир неча дақиқадан сўнг аэропорт бошлиғининг вазирга қилган қўнғироғи сабаб, Америкаю Сингапурда ҳам, Танзания, Новосибирскда ҳам, умуман, ҳамма жойда одамлар кичкина аэропортда талаб қилинган ҳужжат кўрсатилмагани боис вақт тўхтаб қолганлиги ҳақидаги сирдан воқиф бўлишди. Бироқ бу хабар Янги йилни нишонлаш арафасида бўлган миллионлаб одамларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Улар ўз севинчу қувончларини шампан виноси билан “ювишга” киришдилар.
— Вақт тўхтаб қолди!-ҳайқиришарди одамлар.-Биз энди кексаймаймиз. Мангу ёшлигимизча қоламиз. Ўлим биздан чекинди!

Аэропорт бошлиғининг бўлмасида эса телефон узлуксиз жирингларди. Одамлар бошлиққа ўз ниятларини очиқ-ошкор изҳор этишарди:
— Вақтни қўйиб юборманг!
— Уни кишанлаб ташланг!
— Уйқу дорисидан ичиринг!

Бош вазир барча вазирларни йиғиб, кенгаш ўтказибди. Унда Вақт масаласи муҳокама қилинибди. Кенгашдагилардан айрим вазирлар “Вақтни мангу ҳибсда тутиш керак” деб таклиф билдиришса, бошқалар “Вақтга озодлик бериш керак” дейишибди. Шунда Ички ишлар вазири тутоқиб кетибди:
— Озодлик? Ҳеч қачон! Ҳужжати йўқ ҳар қандай одамни қўйиб юбораверсак, оқибати нима бўлишини ўйлаяпсизларми? Бу нусха бизга ўз шахсияти ҳақида тўла-тўкис маълумот берсин: исм-шарифи, таваллуд жойи, турар жойи, фуқаролиги, миллати, паспорти серияси ва ҳоказолар….

Хийла вақт ўтгач (узр, вақт ахир тўхтаб қолганку, нималар деяпман), хуллас шовқину суронларда гап нима ҳақида бораётганини англаган бир болакай ( у мактаб ўқувчиси бўлсада ҳалигача икки карра иккининг ҳисобини билмасди) нинг жаҳли чиқиб кетибди:
— Нима? Энди доим Ҳозир бўлиб қолаверадими? Бундан чиқди, мен улғаймас эканманда? – у вақтнинг тўхтаб қолганидан дарғазаб бўлиб, бир талай орзулари бор ўртоғига сим қоқиб, бўлган воқеани етказибди. Ўз навбатида у бошқа жўрасига айтибди. Шу тариқа вақтнинг тўхтаб қолганига қарши чиққанлар сафи кенгайиб, кўча-кўйда ошкора намойиш ўтказибдилар.
— Вақтни қўйиб юборинглар! — қичқиришибди болалар.- Бир умр шундай болалигимизча қолишни истамаймиз!
— Мен муҳандис бўлишим учун вақт керак!
— Ёз келишини истайман!
-Денгизда чўмилгим келяпти!

Сафда борётганлардан бири бу сўзни эшитиб, кулиб қўйибти.
— Аҳмоқ, дунёда нима гаплар бўляптию, бу бўлса чўмиламан дейдия?
— Тўғри-да,- чўмилишни истаган боланинг фикрини қувватлади бошқа бир болкай,-ахир ҳозир қиш. Вақт шу ҳолича қолиб кетса, ҳеч қачон ёз келмайди, денгизда чўмилиш армонга айланади. Офтоб чиқишини тушингда кўрасан.
— Нима? Унда 31 декабр мутлоқ ва ягона санага айланадими? Истамайман.-Бошини чангаллади бошқа бир бола.
Тўшакда ётган беморлар ҳам нима воқеа юз берганидан дарак топишгач, улар ҳам вақтнинг тўхтаб қолганидан жаµли чиіибди.
— Бир умр тўшакда ётаманми энди? Бу оғриқлар аримайдими? Истамайман!

Шу тариқа панжара ортида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам, баҳор келишини орзиқиб кутётган деҳқонлар ҳам, умуман эртанги кунидан умид қилётган барча умидвор кўзлар тезроқ вақтнинг ҳаракатга келишини сўраб, аэровокзалга бот-бот сим қоқишибди.
— Вақтни тезроқ қўйиб юборинг.
— Вақт бизга жуда зарур.

Халқ ғалаёнга келганидан тинчи бузилди бошлиқнинг.
— Кетишингизга жон-жон деб рухсат берардиму, аммо токи юқоридан буйруқ бўлмаса, иложим йўқ, -Вақтга юзланди бошлиқ қўлимдан ҳеч нарса келмайди деган маънода бўм-бўш кафтларини кўрсатаркан.
— Ихтиёрингиз, бу ер менга ҳам ёқиб қолди, тўғрисини айтсам.

Шу дам тағин телефон жиринглади. Бошлиқ телефон гўшагини кўтарган он кимдир ҳовлиқиб гапира кетди:
— Ўт тушди, ўт. Ҳамма ёқ олов олиб ёняпти. Вақтни қўйиб юбормасангиз, ўт ўчирувчилар келмайди. Кейин ёниб кулга айланади ҳамма ёқ. Ахир, бу ерда ёш болалар, қари-қартанглар бор. Худо ярлақасин сизни, Вақтжонни қўйиб юбора қолинг, илтимос.
Бошлиқ мушти билан стулга урди.
— Нима бўлса бўлди, жавобгарликни зиммамга оламан. Сиз озодсиз. Кетаверинг.

Жаноб Вақт курсидан қаддини ростлаб, бошлиққа яқинлашди.
— Қўлингизни сиқиб қўяй, жаноб. Сиз дунёда тенги йўқ одам экансиз!

Бошлиқ эшик дастасидан тортиб, очди-да Вақтга қаради:
— Қани, имилламанг. Фикримдан қайтмасимдан кетинг, тез.

Шундай қилиб жаноб Вақт бўлмадан ташқарига чиқди. Шу оннинг ўзиёқ соат миллари ҳаракатга тушди. Олтмиш сония ортда қолгач, осмонда мушаклар чақнади, ён-теваракни қувноқ қийқириқлар тутди. Янги йил бошланди.

077

088
Janni Rodari
VAQTNI QO’YIB YUBORING!
Umid Ali tarjimasi
07

06Italiyalik mashhur adib Janni Rodari (1920-1980) o’zining yuksak iqtidori va beg’ubor ko’ngli ila jahonning turli mamlakatlarida yashayotgan bolalar qalbiga, ongu shuuriga yo’l topgan ardoqli adiblardan biridir. 1920 yil 23 oktyabrda Italiyaning Omen`ya shaharchasida o’rtahol novvoy oilasida dunyoga kelgan Janni go’dakligidayoq otasidan ayriladi. Ushbu musibatdan keyin ko’p o’tmay onasi uch o’g’lini (Janni oilaning kenjasi edi) olib, tug’ilib-o’sgan qishlog’i – Varesottoga jo’naydi. Janni bolaligidan musiqa va adabiyotga oshno bo’ladi, skripka chalish sirlarini qunt bilan o’rganadi, Nitsshe, Shopengauer, Tolstoy asarlarini sevib mutolaa qiladi. O’rta maktabdan so’ng uch yillik seminariyani bitirgan Janni Rodari 17 yoshidan qishloq maktabida boshlang’ich sinflarga dars bera boshlaydi. 1939 yilda Milan universitetninig filologiya fakul`tetiga o’qishga kiradi. Uning talabalik yillari Ikkinchi jahon urushi davriga to’g’ri kelgandi. Akalari Chezare va Mario fashistlarga qarshi urushga otlanadi.
Janni Rodari mamlakatda fashistlar tuzumiga norozilik sifatida yuzaga kelgan Qarshilik harakatiga a’zo bo’ladi. Bolalikning og’ir damlari, ketma-ket kelgan musibat, siyosiy harakatdagi faollik Rodarini erta ulg’aytirgan bo’lsa-da, biroq uning qalbidagi beg’uborlikka putur yetkazolmaydi. U dunyoni bolalardek ma’sum nigoh bilan ko’ra olardi. Buning natijasi o’laroq, 1948 yilda Rodari “Unita” gazetasiga muxbir bo’lib ishga kirib, o’sha yildan e’tiboran kichkintoylarga atab kitoblar yoza boshlaydi. 1950 yildan Rimda tashkil etilgan “Pioniere” bolalar jurnaliga bosh muharrir etib tayinlanadi. 1951 yilda uning ilk kitobi “Quvnoq she’rlar” dunyo yuzini ko’radi. So’ng adib butun dunyo bolalarining mehrini qozongan “Chipollinoning sar- guzashtlari” asarini yaratadi. Bu asar asosida dastlab mul`tfil`m, keyin esa badiiy fil`mlar suratga olinadi.

Tez orada Rodarining “Jelsamino yolg’onchilar mamlakatida”, “Osmon va zamindagi she’rlar”, “Yangi yil archalari sayyorasi”, “Samodagi tort”, “Bekorchi laqabli Jovanninoning sarguzashtlari” singari asarlari bolalar kitob javonidan joy oladi. Uning asarlari bir qator tillarga tarjima qilina boshlaydi.
1970 yilda Janni Rodari bolalar adabiyoti rivojiga qo’shgan hissasi uchun Gans Xristian Andersen nomidagi xalqaro mukofotga sazovor bo’ladi. Janni Rodari uzoq davom etgan xastalikdan so’ng 1980 yil 14 aprelda, Rim shahrida olamdan o’tadi.
Adib asarlari o’zbek tilida ham bosilib chiqqan. 1990 yilda uning bir qator ertak va qissalari “Rim ertaklari” nomi bilan nashr etilgan (Bu kitobni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

07

04anob, hududimizga yaqinlashayotgan begona samolyot qo’nishga ruxsat so’rayapti.
— Begona samolyot deysizmi? Bu yerga qaerdan kelib qoldi u?
— Bilmayman, janob. Ilgari hech uchramagandi. U bilan hech qanday aloqamiz ham bo’lmagan. U yoqilg’im tugayapti, sizlar qarshilik ko’rsatsangiz ham baribir qo’nishga majburman, deb surbetlik qilyapti. Juda g’alati, a, janob?!
— Qiziq.
— Tag’in u hazillashdi ham.
— Nima deb hazillashdi?
— Meni hech kim to’xtatib qo’yolmaydi, deb hazillashdi.
— Shunday deng. Mayli, qo’naversinchi.

Samolyot 23dan 27 daqiqa o’tganda poytaxt chekkasidagi kichkina yozgi qo’nimgohga pastlab qo’ndi. Yangi yil kirishiga bor-yo’g’i 33 daqiqa qolgan edi. Bu sana odatdagilaridan farqli o’laroq muhim sana edi. Yangi yil eshik qoqayotgandi, hademay butun sayyorada 1 yanvar kirib keladi. Ayni dam butun dunyo hayajonu hadikda yangi yilni kutib turgandi.

Notanish uchuvchi samolyot kabinasidan yerga sakrab tushdi-da, hech nimadan-hech nima buyruq bera ketdi:
— Yukni tushirishga yordamlashinglar. O’n ikkita jomadon bor, birortasini ham unutib qoldirmanglar. Keyin taksi buyurtma bering. Balki telefonimdan foydalanarsizlar.
— Shoshmang,- mujmallik bilan dedi boshliq,- Avval masalaga oydinlik kiritib olsak yaxshi bo’larmidi? Siz shuni unutmadingizmi?
— Shundoq ham hammasi ravshandek tuyilmayaptimi sizga,-jilmaydi notanish uchuvchi.
— Yo’q,-asabiylashdi boshliq, so’ng so’radi.-Iltimos, menga hujjatlaringiz va bortjurnalingizni ko’rsatsangiz.
— Kechirasiz, bu talabingizni bajara olmayman.

Notanish uchuvchi bu gapni shunday jur’at va surbetlik bilan aytdiki, boshliq g’azabdan portlab ketishiga bir bahya qoldi.
— Mayli, siz aytgancha bo’la qolsin,-hovuridan tushdi uchuvchi boshliqning vajohati o’zgarganini ko’rib.-Beriroq keling.
Uchuvchi bu gapni shunday sokin va nafis ohangda aytdiki, boshliq nazdida bildirilgani bu iltifot me’yoridan oshgandek bo’lib tuyildi. “Ustimdan kulyaptimi bu nusxa? Mayli, shoshmay tursin, tanobini tortib qo’yaman…”

— Sizningcha meni kimdir kutyogan bo’lishi muminkmi?-davom etdi ko’rinishi jumboqqa lim sayohatchi.
— Hozir hamma Yangi yilni qarshi olishga shay bo’lib o’tiribdi. Siz ham bayramni munosib o’tkazish uchun shoshilayotgandirsizda?
— Yanglishmadingiz, muhtaram janob.
— Ko’rib turganingizdek men xizmat joyimdaman. Yangi yilni shu yerda, aeroportda kutib olaman. Mabodo o’jarlik qilguday bo’lsangiz, hujjatlaringizni ko’rsatmasangiz, siz ham men bilan birga shu yerda qolishingizga to’g’ri keladi.

Notanish uchuvchi boshliq bilan birga uning bo’lmasiga kirib kelguncha bir og’iz ham so’z qotishmadi. U bo’sag’adan o’tib, iltifot ham kutmasdan boshliqning yumshoq kursisiga cho’kdida, sigaret tutatib, so’ng yon-veriga alangladi. O’ziga savol nazari bilan tikilib turgan boshliqqa jilmayib dedi:
— Darvoqe, hujjatlarni so’ragandingiza? Ularni sizga bergandim, ko’rib bo’ldingizmi?

Aeroport boshlig’i tong qotdi.
— Hali bunaqa hunaringiz ham bormi, lo’ttibozman deng. Hoynahoy, sezdirmay cho’ntagimga solib qo’ygandirsizda, a? Ehtimol quloqlarimdan soat yo burnimdan tuxum ilashtirib chiqarishga urinib ko’rarsiz?

Notanish yigit boshliqning jig’ibiyron bo’layotganini sezdi, ortiq adi-badi aytishni lozim ko’rmay, stol ustida turgan yangi taqvimga imo qildi:
— Mana mening hujjatim. Men – Vaqtman. Xodimlaringiz tashib keltirgan o’n ikkita jomadonimda o’n ikkita oy bor. Bu oylar, xo’sh, — uchuvchi bilagidagi soatga bir qarab oldi,-yigirma to’qqiz daqiqadan keyin harakatga tushadi.
— Siz chindan ham Vaqt bo’lsangiz,-vazmin ovozda so’z qotdi boshliq,-unda men uchqur samolyotman. Rosa hazilkash ekansiz. Siz bilan zerikib qolmasligimga imonim komil. Unda Yangi yilni birga kutib olamiz, nima dedingiz. Televizorni yoqishimga qarshi bo’lmasangiz kerak, har holda. Bayrambop ko’rsatuvlar bo’lyotgandir.
— Qarshiligim yo’q. Yoqavering. Lekin shuni aytib qo’yishim kerak. Meni bu yerda ushlab turar ekansiz, hech qanday Yangi yil ham bo’lmaydi.

Boshliq notanish uchuvchini eshitmadimi yo uning gaplarini inobatga olmadimi, javob bermadi.
Televizorda bayram kontserti namoyish etilayotgandi. Ko’rsatuv tugagach, diktor allanimalar haqida ma’lumot berdi, so’ng sahna oldida orkestr jamoasi paydo bo’ldi.

Notanish uchuvchi sira zerikmadi. Televizordagi orkestr kuy-qo’shiqlariga hamohang xirgoyi qildi, zavqi kelib oyoqlarini polga sekin tapillatib urdi. Bir-ikki latifalar aytib, boshliqni kuldirdi ham.
— Mana, yangi yil kirishiga bor-yo’g’i bir daqiqa qoldi. – jilmaydi boshliq.- Afsus, sizni shampan vinosi bilan siylashni istagandimu, yo’qda. Undan keyin men xizmatdaman, mumkin emas.
— Iltifotingiz uchun rahmat. Shampan vinosiga hojat yo’q, chunki men ham ichmayman,-notanish uchuvchining keyingi gaplari baraban sadosidan ham baland jarangladi.-Vaqt to’xtab qoldi. Hech qanday Yangi yil bo’lmaydi endi. Soatingizga qarang.

Boshliq beixtiyor soati siferblatiga qaradi, so’ng soat taqilgan bilagini qulog’iga yaqin olib bordi.
«Qiziq,- o’yladi u,- chiqillayapti, ammo nega sekund mili qimirlamayapti, buzildimikan, a?

Boshliq bir daqiqani o’tkazish uchun oltmishgacha sanadi. So’ng soatiga tag’in ko’z tashladi. Soatning daqiqa mili ham qilt etmay, o’sha-o’sha, bir kam o’n ikkiligacha turganini ko’rib, battar ajablandi. Televizordagi vaqtni ko’rsatayotgan soat ham harakatdan to’xtab qolgandi. Bir mahal televizorda diktor ko’rindi.
— Texnik nosozlik yuzaga keldi, sizlardan uzr so’raymiz,-xijolat tortgan ko’yi dedi diktor.

Aeroport boshlig’i qarshisidagi notanish mehmonga xavotiromuz ko’z tashladi. Uchuvchi unga jilmagan ko’yi dedi.
— Ana, ko’rdingizmi? Bunga siz aybdorsiz!
— Men? Mening bu texnik xatoga nima daxlim bor?
— Axir men Vaqt ekanimga ishonmayapsizku? Mana bu atirgulga qarang…

Stol ustidagi guldonda qizil atirgullar barq urib ochilib turardi. Boshliq gullarni yoqtirardi.
-Hozir mana shu gullarga teginsam, nima hodisa ro’y berishini sezyapsizmi?
Notanish uchuvchi o’rnidan irg’ib turib, stol yoniga bordi va xiyol engashib gullarga xuddi olov o’chirayotgandek kabi “puf” deb yubordi. Shunda ko’z ko’rib, quloq eshitmagan voqea sodir bo’ldi. Bahor havosini ufurib turgan atirgullar ko’z yumib-ochguncha burishib, gulbargaklari bandidan bir-bir uzilib, stolga to’kildi va shu onning o’zida bari qovjirab, bir siqim kulga aylandi qoldi.

Boshliq qo’rquv ichida telefon go’shagiga yopishdi.
Bir necha daqiqadan so’ng aeroport boshlig’ining vazirga qilgan qo’ng’irog’i sabab, Amerikayu Singapurda ham, Tanzaniya, Novosibirskda ham, umuman, hamma joyda odamlar kichkina aeroportda talab qilingan hujjat ko’rsatilmagani bois vaqt to’xtab qolganligi haqidagi sirdan voqif bo’lishdi. Biroq bu xabar Yangi yilni nishonlash arafasida bo’lgan millionlab odamlarning kayfiyatini ko’tarib yubordi. Ular o’z sevinchu quvonchlarini shampan vinosi bilan “yuvishga” kirishdilar.
— Vaqt to’xtab qoldi!-hayqirishardi odamlar.-Biz endi keksaymaymiz. Mangu yoshligimizcha qolamiz. O’lim bizdan chekindi!

Aeroport boshlig’ining bo’lmasida esa telefon uzluksiz jiringlardi. Odamlar boshliqqa o’z niyatlarini ochiq-oshkor izhor etishardi:
— Vaqtni qo’yib yubormang!
— Uni kishanlab tashlang!
— Uyqu dorisidan ichiring!

Bosh vazir barcha vazirlarni yig’ib, kengash o’tkazibdi. Unda Vaqt masalasi muhokama qilinibdi. Kengashdagilardan ayrim vazirlar “Vaqtni mangu hibsda tutish kerak” deb taklif bildirishsa, boshqalar “Vaqtga ozodlik berish kerak” deyishibdi. Shunda Ichki ishlar vaziri tutoqib ketibdi:
— Ozodlik? Hech qachon! Hujjati yo’q har qanday odamni qo’yib yuboraversak, oqibati nima bo’lishini o’ylayapsizlarmi? Bu nusxa bizga o’z shaxsiyati haqida to’la-to’kis ma’lumot bersin: ism-sharifi, tavallud joyi, turar joyi, fuqaroligi, millati, pasporti seriyasi va hokazolar….

Xiyla vaqt o’tgach (uzr, vaqt axir to’xtab qolganku, nimalar deyapman), xullas shovqinu suronlarda gap nima haqida borayotganini anglagan bir bolakay ( u maktab o’quvchisi bo’lsada haligacha ikki karra ikkining hisobini bilmasdi) ning jahli chiqib ketibdi:
— Nima? Endi doim Hozir bo’lib qolaveradimi? Bundan chiqdi, men ulg’aymas ekanmanda? – u vaqtning to’xtab qolganidan darg’azab bo’lib, bir talay orzulari bor o’rtog’iga sim qoqib, bo’lgan voqeani yetkazibdi. O’z navbatida u boshqa jo’rasiga aytibdi. Shu tariqa vaqtning to’xtab qolganiga qarshi chiqqanlar safi kengayib, ko’cha-ko’yda oshkora namoyish o’tkazibdilar.
— Vaqtni qo’yib yuboringlar! — qichqirishibdi bolalar.- Bir umr shunday bolaligimizcha qolishni istamaymiz!
— Men muhandis bo’lishim uchun vaqt kerak!
— Yoz kelishini istayman!
-Dengizda cho’milgim kelyapti!

Safda boryotganlardan biri bu so’zni eshitib, kulib qo’yibti.
— Ahmoq, dunyoda nima gaplar bo’lyaptiyu, bu bo’lsa cho’milaman deydiya?
— To’g’ri-da,- cho’milishni istagan bolaning fikrini quvvatladi boshqa bir bolkay,-axir hozir qish. Vaqt shu holicha qolib ketsa, hech qachon yoz kelmaydi, dengizda cho’milish armonga aylanadi. Oftob chiqishini tushingda ko’rasan.
— Nima? Unda 31 dekabr mutloq va yagona sanaga aylanadimi? Istamayman.-Boshini changalladi boshqa bir bola.
To’shakda yotgan bemorlar ham nima voqea yuz berganidan darak topishgach, ular ham vaqtning to’xtab qolganidan jaµli chiіibdi.
— Bir umr to’shakda yotamanmi endi? Bu og’riqlar arimaydimi? Istamayman!

Shu tariqa panjara ortida jazo muddatini o’tayotgan mahkumlar ham, bahor kelishini orziqib kutyotgan dehqonlar ham, umuman ertangi kunidan umid qilyotgan barcha umidvor ko’zlar tezroq vaqtning harakatga kelishini so’rab, aerovokzalga bot-bot sim qoqishibdi.
— Vaqtni tezroq qo’yib yuboring.
— Vaqt bizga juda zarur.

Xalq g’alayonga kelganidan tinchi buzildi boshliqning.
— Ketishingizga jon-jon deb ruxsat berardimu, ammo toki yuqoridan buyruq bo’lmasa, ilojim yo’q, -Vaqtga yuzlandi boshliq qo’limdan hech narsa kelmaydi degan ma’noda bo’m-bo’sh kaftlarini ko’rsatarkan.
— Ixtiyoringiz, bu yer menga ham yoqib qoldi, to’g’risini aytsam.

Shu dam tag’in telefon jiringladi. Boshliq telefon go’shagini ko’targan on kimdir hovliqib gapira ketdi:
— O’t tushdi, o’t. Hamma yoq olov olib yonyapti. Vaqtni qo’yib yubormasangiz, o’t o’chiruvchilar kelmaydi. Keyin yonib kulga aylanadi hamma yoq. Axir, bu yerda yosh bolalar, qari-qartanglar bor. Xudo yarlaqasin sizni, Vaqtjonni qo’yib yubora qoling, iltimos.
Boshliq mushti bilan stulga urdi.
— Nima bo’lsa bo’ldi, javobgarlikni zimmamga olaman. Siz ozodsiz. Ketavering.

Janob Vaqt kursidan qaddini rostlab, boshliqqa yaqinlashdi.
— Qo’lingizni siqib qo’yay, janob. Siz dunyoda tengi yo’q odam ekansiz!

Boshliq eshik dastasidan tortib, ochdi-da Vaqtga qaradi:
— Qani, imillamang. Fikrimdan qaytmasimdan keting, tez.

Shunday qilib janob Vaqt bo’lmadan tashqariga chiqdi. Shu onning o’ziyoq soat millari harakatga tushdi. Oltmish soniya ortda qolgach, osmonda mushaklar chaqnadi, yon-tevarakni quvnoq qiyqiriqlar tutdi. Yangi yil boshlandi.

077

(Tashriflar: umumiy 2 608, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring