Jorj Simenon. Uch Rembrandt

Ashampoo_Snap_2016.12.07_18h17m27s_007_.png   Кунларнинг бирида шов-шувга сабаб бўладиган кимошди савдоси ҳақида эълон берилди. Гап кимсан Рембрандтнинг шу пайтгача номаълум асари устида бораётган эди. Валь фамилияли қандайдир антиквар то сотишга қарор қилмагунча – роппа-роса ўн беш йил уни ўз уйида сақлаб келган экан.

Жорж Сименон
УЧ РЕМБРАНДТ
005

Simenonzhorzh.jpgЖорж Сименон (1903.13.2, Льеж — 1989) — француз ёзувчиси. Бельгия қироллик академияси аъзоси (1952 й.дан). 1921 й.да Жорж Сим тахаллуси б-н «Аркали кўприк» дастлабки романини эълон қилган. 1931 йилда «Питерлатиш» романи босилган. Полиция комиссари Мегрэнинг саргузаштлари ҳақидаги «Мегрэнинг ёзишмалари» (1950), «Мегрэ саёҳат қилади» (1958), «Мегрэ ва дайди» (1963), «Мегрэ иккиланмоқда» (1968), «Мегрэ ва Шарль» (1972) туркум романлари чоп этила бошлаган. Мазкур романлар детектив сюжети билангина эмас, балки, биринчи навбатда, инсон характерининг бадиий тадқиқи, жиноятни келтириб чиқарувчи сабабларни очиши билан аҳамиятлидир. Жорж Сименон бу романлари билан жаҳон детектив-саргузашт адабиётининг машҳур вакиллари қаторидан ўрин олган. Сименон комиссар Мэгрэ ҳақидаги романларидан ташқари, «Бир қашшоқ ҳаётининг тўрт куни» (1949),«Президент» (1958), «Қамоқхона» (1968) сингари ижтимоий-психологик, мустамлакачилик сиёсати ва фашизм мафкурасини қораловчи «Ой зарбаси» (1933),«Ҳабашлар маҳалласи» (1935), «Қор устида ғубор» (1948), «Акаука Риколар» (1952) романларини ёзган. Сименон, шунингдек, автобиографик «Хотирлайман» (1945),«Ибтидо» (1948), «Онамга хат» (1974) ва бошқа китоблар муаллифи. Сименон асарлари жаҳондаги кўплаб тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

005

Ashampoo_Snap_2016.12.07_18h19m51s_009_.png– «Друо отел»ини биласизми? – сўради мендан Жозеф Леборнь.
– Уни ҳамма билади-ю!

– Унда «Друо отел»и билан боғлиқ бир воқеани эшитинг. Кунларнинг бирида шов-шувга сабаб бўладиган кимошди савдоси ҳақида эълон берилди. Гап кимсан Рембрандтнинг шу пайтгача номаълум асари устида бораётган эди. Валь фамилияли қандайдир антиквар то сотишга қарор қилмагунча – роппа-роса ўн беш йил уни ўз уйида сақлаб келган экан.

У рассомнинг автопортрети бўлиб, муаллиф имзоси ёнидаги «1669» санаси унинг баҳосини ниҳоятда ошириб юборган эди. Чунки Рембрандт шу санада вафот этган ва унинг ўша йили чизилган бошқа портрети йўқ.

Валь бир неча санъатшуносни таклиф қилиб, шоҳ асарни кўрсатади. Улар бир овоздан сурат асл нусха эканини тасдиқлашади. Аммо ҳар нарсадан шубҳалангичларнинг «бунга экспертлар нима дейишаркин?» қабилидаги шивир-шивирлари тўхтамайди.

Кутилмаганда ҳаммани ҳаяжонга солган хабар тарқалди: шанба куни чошгоҳда башанг кийинган қандайдир йигит картинани қўлтиғига қистириб Друо галереясига кириб келади ва уни Валь номидан отел директорига топширади. Шунингдек, у қимматбаҳо сурат қўйиладиган залда эртадан бошлаб детектив навбатчилик қилишини ҳам маълум қилади.

Суратнинг ўлчами олтмиш сантиметрга етмиш бўлиб, қора эмандан ясалган ромга жойланган бўлган. Йигит ҳали кетиб улгурмай, почтачи келиб, директорга худди шу ўлчамдаги ўрамни топшириб, ғойиб бўлади.

Ниҳоят, соат бешда «Друо отел»ига гул-гул ёниб Валнинг ўзи кириб келади ва бақа бўлиб қолган директорнинг кўз ўнгида шунча машмашага сабаб бўлган суратни очади.

Бундай томошанинг таърифига тил ожиз! Директорнинг олдида Рембрандтнинг бир эмас, нақд учта сурати турарди. Улар тамомила бир хил, ҳатто ромлариям бир хиллигидан Валь ҳам ўз картинасини нариги иккитасидан ажратолмай қолади.

Зудлик билан полицияга хабар қилишади. Биринчи суратни олиб келган йигит ва иккинчи суратни олиб келган шотирни қидиришга тушадилар. Друо суратлар галереясининг мўъжазгина олами алғов-далғов бўлиб кетади.

Буям етмагандай, суратларни энг яхшисини топиш илинжида бир жойдан бошқа жойга илаверишганидан, Рембрандтнинг эгаси Валь ҳам, онт ичиб тасдиқлашича, энди улардан қай бири асл нусха эканини аниқ кўрсатолмайди.

Уч кун кўргазмалар залида танқидчи ва таниқли антикварлар уймалашади. Уларнинг хулосалари ҳар хил эди. Баҳсга киришганларга қулай бўлсин учун ҳар бир картина ромига бир, икки, уч рақамлари ёзилган қоғоз ёпиштириб ҳам қўйишади.

Бировлар биринчи, бошқалар иккинчи рақамли сурат асл нусха эканини айтиб туриб олишади. Учинчи рақамли сурат тарафдорлари эса негадир камчиликни ташкил қилади.

Кимошди савдосини ўтказиш, турган гапки, номаълум муддатга кечиктирилади. Тергов иши давом этади. Аммо на ўша ёш йигитни, на почтачини топа олишади.

Жозеф Леборнь кулимсираб ҳар учала сурат остидаги имзонинг катталаштирилган фотосуратини менга узатди.

– Экспертиза-чи?.. – деб сўрадим.
Леборнь энди хохолаб кулиб юборди.

– Соддасиз-да! Нима, бунақа ишларга ҳеч дуч келмаганмисиз? Яқинда Германияда Ван Гог асарининг қалбаки нусхаси билан боғлиқ можаро юз берди. Ишга жалб қилинган ўн нафар экспертнинг фикри бир жойдан чиқмади. Даҳанаки тортишувлар ҳам уларни муросага келтиролмаган. Икки йил олдин эса Америкада Рафаэл асарининг сохталаштирилиши билан боғлиқ афера шов-шувга сабаб бўлган эди. Экспертлар сурат эгасининг ҳисобидан Лондон, Берлин, Париж ва Римни айланиб чиқишган. Ҳамма нарсани очиқ-сочиқ ёзаверадиган Қўшма Штатлар матбуотининг хабар беришича, экспертиза ҳақиқий митингга айланиб кетган: экспертлар бир-бирларини соябонлари билан уриб-туртишгача бориб етишган.

– Рентген-чи?
– Баҳслашишга каттароқ бир баҳона, холос. Мен айтаётган ҳолатда ҳар учала сурат бўйича олинган натижа бир хил бўлган.

– А, суратнинг микроскоп таҳлили?..
– Ҳеч қандай натижа бермади.

– Учала имзони синчиклаб ўрганиш ҳам натижа бермадими?
– Ўзингиз бир қаранг… Хулоса чиқариб кўринг қани?

– Друо галереясига келтирилгунга қадар сурат қаерда турган?
– Қайси сурат?

– Қайси бўларди, ўша, Валь олиб келгани. Асл нусха.

– Валнинг Суффен кўчасидаги уйида. У ҳатто осилмаган ҳам, шундоқ эгасининг кабинетига қўшилиб кетган кичкина хонада қулфлоғлиқ турган.

– Қанча вақт турган экан у ерда?

– Ўн беш йил. Валь уни қайсидир провинциядаги кимошди савдосидан қидириб топган вақтдан буён. Сурат қурум босиб, иркит бир аҳволдалигидан ундаги тасвирни ажратиш мушкул бўлган. Имзо эса ўчиб кетган. Аммо Валнинг диди нозик. У портретни реставрация қилдиради… Бироқ энг яқин одамларидан бошқа ҳеч кимга топилмаси ҳақида оғиз очмайди. Саноқли одамларгагина уни кўриш насиб қилган. Валь нуқул «Куним қуруқ нонга қолсаям Рембрандтни сотмайман» деб такрорлайверар экан.

– Валь деганингиз нима иш қилади ўзи?

– Расман ҳеч нима. Қачон қарама «Друо отел»ида ўралашиб юради, аммо бирор арзирли иш қилмаган. Нималарнидир сотиб олади, яна сотади…

– Нега Рембрандтни сотувга қўядиган бўп қопти? Уни бунга нима мажбур қилдийкин?

– У қизини узатаяпти.
– Бундан чиқди, оилали экан-да?

– Хотини ўлган. Йигирма иккига кирган ёлғиз қизи бор. Куёви қимматбаҳо тошлар савдоси билан шуғулланади.

– Валь бадавлатми?

– Унча қиммат бўлмаган квартирада камтаргина кун кечиради. Икки оқсочи бор экан. Унинг айтишича, ягона бойлиги ўша, ҳеч ажралгиси келмаётган Рембрандтнинг портрети бўлган. Шунинг учун ҳам у уч суратни кўрганида жазавага тушиб, адои тамом бўлдим дея ўзини ҳар кўйга солган. Ҳатто жонига қасд қилмоқчиям бўлганмиш.

– Наҳотки, қандай қилиб?
– Веронал ичган, бироқ қизи ундаги заҳарланиш аломатини сезган заҳоти врач чақириб, ҳаётини сақлаб қолган.

– Хуллас, кимошди савдоси ўтказилмабди-да?

– Ўтказилди. Уч ҳафтадан кейин. Унгача эса узундан узоқ баҳслар тўхтамади, одатий ва назорат экспертизалари ўтказилди. Бир-бирини инкор этувчи хулосалардан иборат мақолалар пойма-пой чоп этилди. Мутахассислар жиддий мунозарага киришиб кетишди. Полиция, биринчи навбатда, бўлажак куёвдан шубҳаланган, чунки суратни кўриш учун рухсат фақат унга берилган экан. Бироқ у бу ишларга умуман дахли йўқлигини исботлаб берибди. Ҳатто мутлақо айбсиз икки-уч баҳоловчи ҳам терговга тортилган.

– Оқсочларданам бирон гап чиқмабдими?

– Йўқ, бири қари кампир, ошхонадан бошқа нарсани билмайди. Саволларга пойинтар-сойинтар, тушуниксиз жавоб берган. Умуман, эси унчалик жойидамасдай таассурот уйғотган. Иккинчи оқсоч люксембурглик ёш қиз. Унинг еттинчи қаватдаги каталакда ухлаши терговда маълум бўлиб қолган.

У қиз хўжайинининг хонадонига ҳеч қачон бирон кимни эргаштириб келмаган, сурат ҳақида ҳам ҳеч нима билмаган.

– Шундай қилиб, иш нима билан тугади?

– Ҳар тугул, эсдан чиқмайдиган аукцион ўтказилди. «Друо отел»ининг кунда-шундалари ҳаммаси бирдай йиғилди. Берлин ва Амстердамдан ҳам коллекционеру тасвирий санъат шинавандалари етиб келишди.

Энг майда деталларигача бир хил уч сурат ёнма-ён осиғлиқ турар, Валь эса адои тамом бўлган эди. У ташриф буюрганларнинг гоҳ у, гоҳ бу тўдасига бориб ўзининг мусибати ҳақида қайта-қайта такрорлаб чарчамасди. «Мен хонавайрон бўлдим, – минғирларди Валь. – Бандитлар қизгинамнинг сепини ўғирлашди. Аммо лекин сурат шу ерда… ҳа-ҳа, шу ерда, мен шўрлик эса уни таниб ололмаяпман…».

Аукциондаги нархларни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Энг қизиғи, сотувга учала сурат ҳам қўйилди. Ҳолбуки, улардан иккитасининг ҳеч қанақа қадри йўқ, қалбаки. Лекин уларнинг қайси бири ҳақиқий? Шунинг учун аукцион аукцион эмас, лотерея ўйинини эслатар эди. Биринчи рақамли сурат роппа-роса икки юз минг франкка баҳоланди. Харидорларнинг бири америкалик йирик коллекционернинг агенти бўлиб чиқди. Ҳаммани шошириб қўйган ўша бўлди.

Иккинчи рақамли сурат уч юз минг франкка сотилди. Харидор яна ўша эканини ҳамма билиб ўтирар, афтидан, у учала суратни қўлга киритиш орқали асл нусхага ҳам эга чиқмоқчи эди. Бу унга анча қимматга тушди.

«Друо отел»ида дагарларга ўрин йўқ. Америкаликнинг бекорга шунча пул сарфламаётганини аукционга келганлар дарров тушунишди. Бу ҳолатда фақат икки суратни сотиб олишдан маъни йўқ. Демак, қанча пул кетишидан қатъи назар, унинг ҳар учала суратни сотиб олишига тўғри келади. Эҳтирослар жунбушга келди. Учинчи суратнинг нархи кўз очиб юмгунча тўрт юз минг франкка, сўнг ярим миллионга чиқди. Ниҳоят, у ўша америкаликнинг агентига етти юз минг франкка сотилди.

Бояқиш терлаблар кетди. Фақат биттаси асл нусха бўлган бу уч сурат унга бир миллион икки юз минг франкка тушган эди.

– Охир-оқибат асл нусха қайсилиги аён бўлдими?
– Йўқ, албатта! Ҳозир уларнинг учовиям ўша бой америкаликка сурур бағишлаб, галереясини безаб турибди.

– Бундан чиқди, бу ҳамма учун сирлигича қолибди-да?
– Икки кишини айтмаганда, шундай.

– Ким улар?
– Бу фирибгарликнинг бошида турган одам ва… мен.

– Демак, сиз суратнинг асл нусхасини кўргансиз?
– Йўқ. Менга фақат сиз қўлингизда ушлаб турган фотосуратларни ишлаш топширилган…

– Унда айтинг-чи, булардан қайси бири асл нусха? – сўрадим имзоларни яна бир кўздан кечириб.
– Асл нусха йўқ, – деди Леборнь. – Учала сурат ҳам қалбаки.

Ҳайронликдан оғзим очилиб қолди. Леборнь бунга эътибор ҳам бермай давом этди:

– Таваккалга қўл ураётган одамни бир тасаввур қилиб кўринг-а. Умуман олганда, бу одам майда антикварлардан эди. Аммо у бир уринишда миллионни қўлга киритишни истади. Кунларнинг бирида у сохтакорликдан қўрқмай, Рембрандт автопортретини уч нусхада, айнан бир хил қилиб чиздиради. Бир муддат уларни ҳеч кимга кўрсатмай юради. Кейинчалик ўша нусхалардан бирини ўзининг ғира-шира хонасида яқинларидан бирига кўрсатади. Қарабсизки, Рембрандтнинг ноёб асари – сотилмайдиган картина ҳақидаги миш-миш пайдо бўлади. Бу қадар тилга тушишига унинг сотилмайдиган суратлардан экани, бунинг устига, Валь санъат ихлосмандларидан ҳали ҳеч кимнинг унга кўз ташлашига ҳам имкон бермагани сабаб эди.

Вақт ўтаверди. Ниҳоясиз фикр-мулоҳазалар учун мавзу бўлган картинага ҳаёт инди. Шундан буён ҳамманинг оғзида ўша сурат!

Кутилмаганда Валь картинани сотмоқчи эканини эълон қилади. Гўёки, қизининг сепи учун.

Таҳликали вақт келди! Номаълум суратни томоша қилган экспертлар сохтакорликни сезиб қолишса нима бўлади? Лекин Валь ўзини йўқотиб қўймади. Унинг ихтиёрида яна икки сурат бор экан, экспертларда «Сурат ҳақиқийми?» деган савол туғилмайди. Уларни фақат «Уч суратдан қайси бири ҳақиқатан Рембрандт мўйқаламига мансуб?» деган савол қизиқтиради.

Кураш бошланди. Тарафкашлар ўртасида тортишув бўлиши муқаррар эди. Улар биринчи, иккинчи рақамли суратлар учун аёвсиз жанг олиб боришди. Ҳатто учинчи рақамли сурат ҳам ўз тарафдорларини топган эди. Инсон табиати шунақа…

Русчадан Шавкат Ёдгоров таржимаси

Rembrandt-Harmenszoon-van-Rijn-1.jpgJorj Simenon
UCH RЕMBRANDT
005

Jorj Simenon (1903.13.2, Lyej — 1989) — fransuz yozuvchisi. Belgiya qirollik akademiyasi a’zosi (1952 y.dan). 1921 y.da Jorj Sim taxallusi b-n «Arkali ko‘prik» dastlabki romanini e’lon qilgan. 1931 yilda «Piterlatish» romani bosilgan. Politsiya komissari Megrening sarguzashtlari haqidagi «Megrening yozishmalari» (1950), «Megre sayohat qiladi» (1958), «Megre va daydi» (1963), «Megre ikkilanmoqda» (1968), «Megre va Sharl» (1972) turkum romanlari chop etila boshlagan. Mazkur romanlar detektiv syujeti bilangina emas, balki, birinchi navbatda, inson xarakterining badiiy tadqiqi, jinoyatni keltirib chiqaruvchi sabablarni ochishi bilan ahamiyatlidir. Jorj Simenon bu romanlari bilan jahon detektiv-sarguzasht adabiyotining mashhur vakillari qatoridan o‘rin olgan. Simenon komissar Megre haqidagi romanlaridan tashqari, «Bir qashshoq hayotining to‘rt kuni» (1949),«Prezident» (1958), «Qamoqxona» (1968) singari ijtimoiy-psixologik, mustamlakachilik siyosati va fashizm mafkurasini qoralovchi «Oy zarbasi» (1933),«Habashlar mahallasi» (1935), «Qor ustida g‘ubor» (1948), «Akauka Rikolar» (1952) romanlarini yozgan. Simenon, shuningdek, avtobiografik «Xotirlayman» (1945),«Ibtido» (1948), «Onamga xat» (1974) va boshqa kitoblar muallifi. Simenon asarlari jahondagi ko‘plab tillarga, shu jumladan, o‘zbek tiliga ham tarjima qilingan.

005

simenon.jpg– «Druo otel»ini bilasizmi? – so‘radi mendan Jozef Leborn.
– Uni hamma biladi-yu!

– Unda «Druo otel»i bilan bog‘liq bir voqeani eshiting. Kunlarning birida shov-shuvga sabab bo‘ladigan kimoshdi savdosi haqida e’lon berildi. Gap kimsan Rembrandtning shu paytgacha noma’lum asari ustida borayotgan edi. Val familiyali qandaydir antikvar to sotishga qaror qilmaguncha – roppa-rosa o‘n besh yil uni o‘z uyida saqlab kelgan ekan.

U rassomning avtoportreti bo‘lib, muallif imzosi yonidagi «1669» sanasi uning bahosini nihoyatda oshirib yuborgan edi. Chunki Rembrandt shu sanada vafot etgan va uning o‘sha yili chizilgan boshqa portreti yo‘q.

Val bir necha san’atshunosni taklif qilib, shoh asarni ko‘rsatadi. Ular bir ovozdan surat asl nusxa ekanini tasdiqlashadi. Ammo har narsadan shubhalangichlarning «bunga ekspertlar nima deyisharkin?» qabilidagi shivir-shivirlari to‘xtamaydi.

Kutilmaganda hammani hayajonga solgan xabar tarqaldi: shanba kuni choshgohda bashang kiyingan qandaydir yigit kartinani qo‘ltig‘iga qistirib Druo galereyasiga kirib keladi va uni Val nomidan otel direktoriga topshiradi. Shuningdek, u qimmatbaho surat qo‘yiladigan zalda ertadan boshlab detektiv navbatchilik qilishini ham ma’lum qiladi.

Suratning o‘lchami oltmish santimetrga yetmish bo‘lib, qora emandan yasalgan romga joylangan bo‘lgan. Yigit hali ketib ulgurmay, pochtachi kelib, direktorga xuddi shu o‘lchamdagi o‘ramni topshirib, g‘oyib bo‘ladi.

Nihoyat, soat beshda «Druo otel»iga gul-gul yonib Valning o‘zi kirib keladi va baqa bo‘lib qolgan direktorning ko‘z o‘ngida shuncha mashmashaga sabab bo‘lgan suratni ochadi.

Bunday tomoshaning ta’rifiga til ojiz! Direktorning oldida Rembrandtning bir emas, naqd uchta surati turardi. Ular tamomila bir xil, hatto romlariyam bir xilligidan Val ham o‘z kartinasini narigi ikkitasidan ajratolmay qoladi.

Zudlik bilan politsiyaga xabar qilishadi. Birinchi suratni olib kelgan yigit va ikkinchi suratni olib kelgan shotirni qidirishga tushadilar. Druo suratlar galereyasining mo‘’jazgina olami alg‘ov-dalg‘ov bo‘lib ketadi.

Buyam yetmaganday, suratlarni eng yaxshisini topish ilinjida bir joydan boshqa joyga ilaverishganidan, Rembrandtning egasi Val ham, ont ichib tasdiqlashicha, endi ulardan qay biri asl nusxa ekanini aniq ko‘rsatolmaydi.

Uch kun ko‘rgazmalar zalida tanqidchi va taniqli antikvarlar uymalashadi. Ularning xulosalari har xil edi. Bahsga kirishganlarga qulay bo‘lsin uchun har bir kartina romiga bir, ikki, uch raqamlari yozilgan qog‘oz yopishtirib ham qo‘yishadi.

Birovlar birinchi, boshqalar ikkinchi raqamli surat asl nusxa ekanini aytib turib olishadi. Uchinchi raqamli surat tarafdorlari esa negadir kamchilikni tashkil qiladi.

Kimoshdi savdosini o‘tkazish, turgan gapki, noma’lum muddatga kechiktiriladi. Tergov ishi davom etadi. Ammo na o‘sha yosh yigitni, na pochtachini topa olishadi.

Jozef Leborn kulimsirab har uchala surat ostidagi imzoning kattalashtirilgan fotosuratini menga uzatdi.

– Ekspertiza-chi?.. – deb so‘radim.
Leborn endi xoxolab kulib yubordi.

– Soddasiz-da! Nima, bunaqa ishlarga hech duch kelmaganmisiz? Yaqinda Germaniyada Van Gog asarining qalbaki nusxasi bilan bog‘liq mojaro yuz berdi. Ishga jalb qilingan o‘n nafar ekspertning fikri bir joydan chiqmadi. Dahanaki tortishuvlar ham ularni murosaga keltirolmagan. Ikki yil oldin esa Amerikada Rafael asarining soxtalashtirilishi bilan bog‘liq afera shov-shuvga sabab bo‘lgan edi. Ekspertlar surat egasining hisobidan London, Berlin, Parij va Rimni aylanib chiqishgan. Hamma narsani ochiq-sochiq yozaveradigan Qo‘shma Shtatlar matbuotining xabar berishicha, ekspertiza haqiqiy mitingga aylanib ketgan: ekspertlar bir-birlarini soyabonlari bilan urib-turtishgacha borib yetishgan.

– Rentgen-chi?
– Bahslashishga kattaroq bir bahona, xolos. Men aytayotgan holatda har uchala surat bo‘yicha olingan natija bir xil bo‘lgan.

– A, suratning mikroskop tahlili?..
– Hech qanday natija bermadi.

– Uchala imzoni sinchiklab o‘rganish ham natija bermadimi?
– O‘zingiz bir qarang… Xulosa chiqarib ko‘ring qani?

– Druo galereyasiga keltirilgunga qadar surat qayerda turgan?
– Qaysi surat?

– Qaysi bo‘lardi, o‘sha, Val olib kelgani. Asl nusxa.

– Valning Suffen ko‘chasidagi uyida. U hatto osilmagan ham, shundoq egasining kabinetiga qo‘shilib ketgan kichkina xonada qulflog‘liq turgan.

– Qancha vaqt turgan ekan u yerda?

– O‘n besh yil. Val uni qaysidir provinsiyadagi kimoshdi savdosidan qidirib topgan vaqtdan buyon. Surat qurum bosib, irkit bir ahvoldaligidan undagi tasvirni ajratish mushkul bo‘lgan. Imzo esa o‘chib ketgan. Ammo Valning didi nozik. U portretni restavratsiya qildiradi… Biroq eng yaqin odamlaridan boshqa hech kimga topilmasi haqida og‘iz ochmaydi. Sanoqli odamlargagina uni ko‘rish nasib qilgan. Val nuqul «Kunim quruq nonga qolsayam Rembrandtni sotmayman» deb takrorlayverar ekan.

– Val deganingiz nima ish qiladi o‘zi?

– Rasman hech nima. Qachon qarama «Druo otel»ida o‘ralashib yuradi, ammo biror arzirli ish qilmagan. Nimalarnidir sotib oladi, yana sotadi…

– Nega Rembrandtni sotuvga qo‘yadigan bo‘p qopti? Uni bunga nima majbur qildiykin?

– U qizini uzatayapti.
– Bundan chiqdi, oilali ekan-da?

– Xotini o‘lgan. Yigirma ikkiga kirgan yolg‘iz qizi bor. Kuyovi qimmatbaho toshlar savdosi bilan shug‘ullanadi.

– Val badavlatmi?

– Uncha qimmat bo‘lmagan kvartirada kamtargina kun kechiradi. Ikki oqsochi bor ekan. Uning aytishicha, yagona boyligi o‘sha, hech ajralgisi kelmayotgan Rembrandtning portreti bo‘lgan. Shuning uchun ham u uch suratni ko‘rganida jazavaga tushib, adoi tamom bo‘ldim deya o‘zini har ko‘yga solgan. Hatto joniga qasd qilmoqchiyam bo‘lganmish.

– Nahotki, qanday qilib?
– Veronal ichgan, biroq qizi undagi zaharlanish alomatini sezgan zahoti vrach chaqirib, hayotini saqlab qolgan.

– Xullas, kimoshdi savdosi o‘tkazilmabdi-da?

– O‘tkazildi. Uch haftadan keyin. Ungacha esa uzundan uzoq bahslar to‘xtamadi, odatiy va nazorat ekspertizalari o‘tkazildi. Bir-birini inkor etuvchi xulosalardan iborat maqolalar poyma-poy chop etildi. Mutaxassislar jiddiy munozaraga kirishib ketishdi. Politsiya, birinchi navbatda, bo‘lajak kuyovdan shubhalangan, chunki suratni ko‘rish uchun ruxsat faqat unga berilgan ekan. Biroq u bu ishlarga umuman daxli yo‘qligini isbotlab beribdi. Hatto mutlaqo aybsiz ikki-uch baholovchi ham tergovga tortilgan.

– Oqsochlardanam biron gap chiqmabdimi?

– Yo‘q, biri qari kampir, oshxonadan boshqa narsani bilmaydi. Savollarga poyintar-soyintar, tushuniksiz javob bergan. Umuman, esi unchalik joyidamasday taassurot uyg‘otgan. Ikkinchi oqsoch lyuksemburglik yosh qiz. Uning yettinchi qavatdagi katalakda uxlashi tergovda ma’lum bo‘lib qolgan.

U qiz xo‘jayinining xonadoniga hech qachon biron kimni ergashtirib kelmagan, surat haqida ham hech nima bilmagan.

– Shunday qilib, ish nima bilan tugadi?

– Har tugul, esdan chiqmaydigan auksion o‘tkazildi. «Druo otel»ining kunda-shundalari hammasi birday yig‘ildi. Berlin va Amsterdamdan ham kolleksioneru tasviriy san’at shinavandalari yetib kelishdi.

Eng mayda detallarigacha bir xil uch surat yonma-yon osig‘liq turar, Val esa adoi tamom bo‘lgan edi. U tashrif buyurganlarning goh u, goh bu to‘dasiga borib o‘zining musibati haqida qayta-qayta takrorlab charchamasdi. «Men xonavayron bo‘ldim, – ming‘irlardi Val. – Banditlar qizginamning sepini o‘g‘irlashdi. Ammo lekin surat shu yerda… ha-ha, shu yerda, men sho‘rlik esa uni tanib ololmayapman…».

Auksiondagi narxlarni tasavvur ham qilolmaysiz. Eng qizig‘i, sotuvga uchala surat ham qo‘yildi. Holbuki, ulardan ikkitasining hech qanaqa qadri yo‘q, qalbaki. Lekin ularning qaysi biri haqiqiy? Shuning uchun auksion auksion emas, lotereya o‘yinini eslatar edi. Birinchi raqamli surat roppa-rosa ikki yuz ming frankka baholandi. Xaridorlarning biri amerikalik yirik kolleksionerning agenti bo‘lib chiqdi. Hammani shoshirib qo‘ygan o‘sha bo‘ldi.

Ikkinchi raqamli surat uch yuz ming frankka sotildi. Xaridor yana o‘sha ekanini hamma bilib o‘tirar, aftidan, u uchala suratni qo‘lga kiritish orqali asl nusxaga ham ega chiqmoqchi edi. Bu unga ancha qimmatga tushdi.

«Druo otel»ida dagarlarga o‘rin yo‘q. Amerikalikning bekorga shuncha pul sarflamayotganini auksionga kelganlar darrov tushunishdi. Bu holatda faqat ikki suratni sotib olishdan ma’ni yo‘q. Demak, qancha pul ketishidan qat’i nazar, uning har uchala suratni sotib olishiga to‘g‘ri keladi. Ehtiroslar junbushga keldi. Uchinchi suratning narxi ko‘z ochib yumguncha to‘rt yuz ming frankka, so‘ng yarim millionga chiqdi. Nihoyat, u o‘sha amerikalikning agentiga yetti yuz ming frankka sotildi.

Boyaqish terlablar ketdi. Faqat bittasi asl nusxa bo‘lgan bu uch surat unga bir million ikki yuz ming frankka tushgan edi.

– Oxir-oqibat asl nusxa qaysiligi ayon bo‘ldimi?
– Yo‘q, albatta! Hozir ularning uchoviyam o‘sha boy amerikalikka surur bag‘ishlab, galereyasini bezab turibdi.

– Bundan chiqdi, bu hamma uchun sirligicha qolibdi-da?
– Ikki kishini aytmaganda, shunday.

– Kim ular?
– Bu firibgarlikning boshida turgan odam va… men.

– Demak, siz suratning asl nusxasini ko‘rgansiz?
– Yo‘q. Menga faqat siz qo‘lingizda ushlab turgan fotosuratlarni ishlash topshirilgan…

– Unda ayting-chi, bulardan qaysi biri asl nusxa? – so‘radim imzolarni yana bir ko‘zdan kechirib.
– Asl nusxa yo‘q, – dedi Leborn. – Uchala surat ham qalbaki.

Hayronlikdan og‘zim ochilib qoldi. Leborn bunga e’tibor ham bermay davom etdi:

– Tavakkalga qo‘l urayotgan odamni bir tasavvur qilib ko‘ring-a. Umuman olganda, bu odam mayda antikvarlardan edi. Ammo u bir urinishda millionni qo‘lga kiritishni istadi. Kunlarning birida u soxtakorlikdan qo‘rqmay, Rembrandt avtoportretini uch nusxada, aynan bir xil qilib chizdiradi. Bir muddat ularni hech kimga ko‘rsatmay yuradi. Keyinchalik o‘sha nusxalardan birini o‘zining g‘ira-shira xonasida yaqinlaridan biriga ko‘rsatadi. Qarabsizki, Rembrandtning noyob asari – sotilmaydigan kartina haqidagi mish-mish paydo bo‘ladi. Bu qadar tilga tushishiga uning sotilmaydigan suratlardan ekani, buning ustiga, Val san’at ixlosmandlaridan hali hech kimning unga ko‘z tashlashiga ham imkon bermagani sabab edi.

Vaqt o‘taverdi. Nihoyasiz fikr-mulohazalar uchun mavzu bo‘lgan kartinaga hayot indi. Shundan buyon hammaning og‘zida o‘sha surat!

Kutilmaganda Val kartinani sotmoqchi ekanini e’lon qiladi. Go‘yoki, qizining sepi uchun.

Tahlikali vaqt keldi! Noma’lum suratni tomosha qilgan ekspertlar soxtakorlikni sezib qolishsa nima bo‘ladi? Lekin Val o‘zini yo‘qotib qo‘ymadi. Uning ixtiyorida yana ikki surat bor ekan, ekspertlarda «Surat haqiqiymi?» degan savol tug‘ilmaydi. Ularni faqat «Uch suratdan qaysi biri haqiqatan Rembrandt mo‘yqalamiga mansub?» degan savol qiziqtiradi.

Kurash boshlandi. Tarafkashlar o‘rtasida tortishuv bo‘lishi muqarrar edi. Ular birinchi, ikkinchi raqamli suratlar uchun ayovsiz jang olib borishdi. Hatto uchinchi raqamli surat ham o‘z tarafdorlarini topgan edi. Inson tabiati shunaqa…

Ruschadan Shavkat Yodgorov tarjimasi

009

(Tashriflar: umumiy 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring