Jyul Vern. Samarqand — Jannatning bir bo’lagi

05
8 феврал — Машҳур адиб Жюль Верн таваллуд топган кун

Биз Самарқанднинг катта бозорига яқинлашиб қолдик. Аравамиз эски шаҳарнинг қинғир-қийшиқ кўчаларидан, бир қаватли оддий бинолар орасидан ўтиб, бир улкан доира шаклида қурилган иморат ёнида тўхтади. Мана, бозор. Тўрт тарафда жун матолар, жундан тўқилган гиламлар, гулдор шол рўмоллар тахлаб ташланган. Харидорлар талашиб-тортишиб савдолашмоқда. Матолар орасида бир хил шойи жуда харидоргир экан. Менимча, бу газлама самарқандлик сатанг аёлларнинг кўзини ўйнатса керак.

056

099Улуғ француз ёзувчиси Жюль Верн (1828 — 1905) илмий-саргузашт романлари билан жаҳон адабиётида ном чиқарган ҳассос адиблардан. Қирқ йилдан ортиқроқ ижоди давомида у 65 жилддан иборат романлар мажмуасини ёзиб, мерос қолдирди. Ёзувчининг “Ўн беш ёшли капитан”, “Капитан Грант болалари”, “Сирли орол”, “Остин-устин”, “Антифер тоғанинг ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари”, “Сув остида 80 минг километр”, “Клодиус Бомбарнак” романлари ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилган.
1892 йили адиб “Ажойиб ва ғаройиб саргузаштлар” туркумига кирувчи навбатдаги “Клодиус Бомбарнак” номли романини нашр эттиради. Асар қаҳрамони “XX аср” газетаси мухбири Клодиус Бомбарнак ўша йиллари қурила бошланган Кавказорти ва Марказий Осиё темир йўллари бўйлаб поездда Пекингача боради.
Ўрта Осиёда ҳеч қачон бўлмаган Жюль Верн Туркистон тарихини, географик ўрни ва иқлимини, маҳаллий халқларнинг урф-одатларини ҳақиқатга яқин қилиб тасвирлайди. Асар қаҳрамони тилидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари тасвирига тўхталади, Бухорони «Туркистон Рими» дея таърифлайди, Самарқанднинг тарихий обидаларини, кўча ва маҳаллаларини, боғу роғларини, одамларини тавсифлайди. Қуйида романнинг Самарқанд шаҳри таърифига бағишланган ўн иккинчи боби билан танишасиз.

Таржимон

011
Жюл Верн
САМАРҚАНД — ЖАННАТНИНГ БИР БЎЛАГИ
07

021Самарқанд Суғдиёна воҳасининг Зарафшон дарёси оқиб ўтадиган серунум ҳудудида жойлашган. Вокзалдан сотиб олинган йўлномага кўз югуртирарканман, ақоид олимлар таърифлашган тўрт жаннатнинг бири Самарқандлигини билиб ҳайратга тушдим. Келинг, бу ҳақда лоф уришни ўша зукко ақл эгаларига қолдирайлик.

Самарқанд эрамиздан аввалги 328 йили македониялик истилочилар томонидан ёндирилган. 1219 йили Чингизхон шаҳарни талон-тарож қилиб, вайронага айлантирган. Кейинчалик Самарқандни Амир Темур пойтахт қилди. Бу даврда шаҳар гуллаб-яшнади. Бироқ XV асрга келиб қайта вайрон қилинди. Дарвоқе, ўша асрда Ўрта Осиёдаги энг йирик шаҳарлар қадимий шон-шуҳратини қўлдан бериб, харобаликка юз тутган эди.

Поездимиз Самарқанд вокзалида қарийб беш соат туришини эшитиб, ён дафтаримга шаҳарда кўрганларимни батафсилроқ қайд этишни кўнгилимга тугдим. Вақтни тежаб ишга киришиш лозим эди.

Шаҳар икки қисмга бўлинар экан. Янги шаҳар, яъни руслар яшайдиган қисми ҳозирги замон меъморчилик санъати асосида қурилган бинолари билан ажралиб туради. Атроф ям-яшил боғлар билан ўралган, четига қайин дарахтлари ўтқазилган кўчалар, саройлар, шинам уйлар кишининг ҳавасини келтиради. Айниқса, эски шаҳар мени ўзига мафтун этди. Улуғвор ва ҳашаматли обидаларни синчиклаб ўрганиш учун камида беш-олти ҳафта керак бўлади.

Яхшиямки ёлғиз эмасман. Ёнимда майор Нолтиц ҳам бор. У бўш бўлгани учун мен билан саёҳат қилишга жазм этганди. Биз вокзалдан чиқишимиз биланоқ ёнимизда эр-хотин Катернлар пайдо бўлишди.
— Сизлар шаҳарни томоша қилмоқчисизлар шекилли, жаноб Клодиус? — сўраб қолди қизиқчи артист. У масхарабозларга хос ҳаракат қилиб қўлини боши узра айлантирди. Бу билан гўё Самарқанд харитасини чизиб кўрсатгандек, бизга ҳазиломуз ишора қилди.
— Ҳа, топдингиз, жаноб Катерн, — дедим мен.
— Агар сиз билан Майор Нолтиц рози бўлсангиз, мен ҳам сизлар билан…
— Марҳамат!
— Албатта, Катерна хоним ҳам мен билан бирга, ахир, мен усиз бир одим ҳам…
— Марҳамат, хоним томошамизга файз киритадилар, — деди майор хоним қаршисида тавозе билан.
Мен ҳам қўшимча қилдим:
— Дўстларим, чарчамаслик ва вақтдан унумли фойдаланиш учун арава кира қилишимизга тўғри келади.
— Арава? — деди ажабланиб жаноб Катерн. — Арава деганингиз нимаси?
— Маҳаллий фойтун.
— Ундай бўлса майли, — рози бўлди артист.

Биз вокзал олдида турган ғилдиракли яшиклардан бирига ўтирдик. Аравакашга дурустроқ чойчақа ваъда қилишни ҳам унутмадик, албатта. Аравакаш жониворларини аёвсиз савалаб манзил томон шошилтирди. Мана, бир жуфт чоғроқ от бизни Самарқанд кўчалари бўйлаб олиб кетаётир.
Арава тор кўча бўйлаб юриб, бизни Регистон майдонига олиб чиқди. Бу майдонни қўлимдаги йўлномада таърифланган Бухоро шаҳрининг Регистон майдони билан чалкаштирмаслик лозим.

Регистон майдони чорсу шаклида қурилган. Майдоннинг учала томонида болаларга диний билимлар берувчи учта мадраса қад кўтариб турибди.

Маълум бўлишича, Самарқандда 17 мадраса ва 65 та масжид бўлган экан. Мадраса бинолари бир-бирига жуда ўхшаб кетади… Қаёққа қараманг, сарғиш ва кўкиш рангга бўялган ғиштлардан терилган ва араб ёзуви услубида битилган жимжимадор безакларга кўзингиз тушади. Дунёда бундан-да чиройли ранглар бўлмаса керак. Миноралар энгашиб турган бўлса-да, ҳали-бери қулайдиганга ўхшамайди. Иштиёқманд сайёҳ Уйфалви-Бурдон хоним айтганидек, бунақаси бизда учрамайди. Улар биздагидек оддий эмас, баланд бўйли миноралардир.
— Хўш, жаноб Бомбарнак, сизга Регистон майдони ёқдими? — сўради мендан майор Нолтиц.
— Жуда ажойиб экан! — хитоб қилдим ҳайратимни яширолмай.
— Ҳақиқатан ҳам, — сўзимни маъқуллади жаноб Катерн. — Бу жой балет саҳнаси учун қулинг ўргилсин декорация бўларкан. Гапим тўғрими, Каролина?!
— Сен ҳақсан Адолф, — бош ирғади Катерна хоним. — Менга қолса, мана бу минорани тиклаб, ҳовлисининг ўртасига фаввора ўрнатган бўлардим.
— Ажойиб фикр, Каролина! Менга қаранг, жаноб Бомбарнак, бизга мана шу майдонда саҳналаштиришимиз учун уч пардали пиеса ёзиб беролмайсизми?
— Номини “Буюк Темур” деб атаймиз-да, — жавоб бердим мен унга. Бироқ менинг таклифим артист жанобларига маъқул бўлмади. Афтидан, Осиё ҳукмдори бўлган қудратли шахс қиёфаси “Аср охири”1 санъатига мос тушмайди, деб ўйлади чоғи. У энгашиб, рафиқасининг қулоғига шивирлади:
— Азизим, мен “Порт-Сен-Мартен”2 театрида ўйналган “Тун маликаси” афсонасида бундан ҳам гўзалроқ декорацияни кўрганман.
— Мен эса “Шатле” театридаги “Михаил Строгов”3 пиесасида кўргандим, — маъқуллади уни хотини.
Улар билан тортишишнинг фойдаси йўқ. Ахир, артист халқи ҳамма нарсага театр саҳнасидаги декорацияга қарагандек қараб баҳо беради. Эр-хотин учун моҳир мусаввир чизган тўлқинланиб турган денгиз-у мовий осмон тасвири бўлса бас. Сунъий дарахтлар ҳам улар учун табиийсидан афзалроқ. Тўғрисини айтганда, улар санъатни ҳаётдан, борлиқдан устун қўйишади. Демак, уларга жонли манзаранинг гўзаллигини мажбурлаб тан олдириб бўлмайди.

Буюк Темур ҳақида гурунг бошланганда, мен майор Нолтицга Соҳибқирон мақбарасини зиёрат қилишни таклиф этдим. Майор орқага қайтганимизда кириб ўтамиз, деди.

Биз Самарқанднинг катта бозорига яқинлашиб қолдик. Аравамиз эски шаҳарнинг қинғир-қийшиқ кўчаларидан, бир қаватли оддий бинолар орасидан ўтиб, бир улкан доира шаклида қурилган иморат ёнида тўхтади. Мана, бозор. Тўрт тарафда жун матолар, жундан тўқилган гиламлар, гулдор шол рўмоллар тахлаб ташланган. Харидорлар талашиб-тортишиб савдолашмоқда. Матолар орасида бир хил шойи жуда харидоргир экан. Менимча, бу газлама самарқандлик сатанг аёлларнинг кўзини ўйнатса керак.

Катерна хоним ўзини худди Парижнинг “Бон марше”4 савдо марказида юргандай бемалол тутарди.
— Қанийди, манави матодан бир костюм тиктирсам. “Улуғ герцогиния”даги ролимга зўр кетарди-да.
— Бу туфли “Каид”да Али-Бажу ролида чиқишимга жуда мос тушган бўларди! — унинг гапини илиб кетди жаноб Катерн.

Шундай қилиб, артистнинг рафиқаси ўша шойидан бир неча аршин, эри эса бир жуфт ковуш харид қилди. Савдолашаётганда тил биладиган майорнинг кўмаги асқотди. У эр-хотин Катернлар билан молфурушлар ўртасида даллоллик қиларкан, мол эгалари нуқул “йўқ”, “йўқ” дейишарди.

Аравамиз яна йўлга тушди. Биз Бибихоним масжидига етиб келдик. Гарчи бу кошона жойлашган майдон Регистонга ўхшаш тўғри тўртбурчак бўлмаса ҳам, нақш-у безакларга бойлиги билан кишини ҳайратга соларди. Сақланиб қолган гумбазлар, арклар, ярим очиқ қуббалар ҳануз ўзининг ёрқин, жимжимадор бўёқлари билан кўзни ўй натади. Зангор осмон остида кўзни қамаштирадиган нилуфар тусли бу қадим ёдгорликлар қаршисида артистларимиз оғиз кўпиртириб мақташган опера театрининг саҳна безаклари ҳеч нимага арзимаслиги ўз-ўзидан аён бўлди-қолди.

Ростини айтсам, арава бизни шаҳарнинг шимоли-шарқида жойлашган ва Марказий Осиёнинг тенги йўқ ёдгорлиги ҳисобланмиш Шоҳи Зинда мақбарасига олиб келганида, ҳайратдан лол бўлиб қолдим. Бу ердаги инсон ақл-заковати билан бунёд этилган кошинлар, бино пештоқлари, нақшлар, тахмонларни тасвирлаб беришга умрим етмаса керак, деб қўрқаман. Бу ерда сўз ожиз, фақат мусаввирнинг сержило мўйқаламигина асқотиши мумкин, холос. Бу тенги йўқ меъморчилик ансамбли қаршисида инсон ақли адашади.

Ансамблнинг тўрида, мусулмон иқлимининг азиз-авлиёларидан Қусам ибн Аббос мақбараси жойлашган. Ривоят қилишларича, Қусам ибн Аббос қабри очилгудек бўлса, ул зот тирик ҳолида чиқиб келар эмиш. Аммо бунинг сирини билишга ҳали ҳеч ким журъат этган эмас. Албатта, ҳар қандай тилсимнинг калити бўлганидек, эҳтимол, бунга ҳам ечим топилар. Бахтга қарши, биз бу гўзал кошона билан хайрлашишга мажбурмиз. Эр-хотин Катернлар ҳам Шоҳи Зинда ансамблига мафтун бўлиб қолишди шекилли, театрлар хусусидаги баҳсларини унутишиб томошага берилишди.

Яна аравага тушдик. Аравакаш отларини супириб-сидирилган соя-салқин кўчалар бўйлаб йўрттириб кетди. Кўчадаги йўловчилар турли-туман рангдаги тўнлар кийиб олишган, бошларига салла ўрашган… Самарқандда қирқ мингга яқин аҳоли яшаркан. Уларнинг аксарияти гавдалари чайир, юзлари қуёш тафтидан жигарранг тус олган… Шу ўринда Уйфалви-Бурдон хонимнинг ҳикоясидан бир парча келтириб ўтсам. Хоним шундай ёзади: “Уларнинг сочлари тим қора, соқоллари ҳам қоп-қора ва қалин. Қўй кўз. Бурунлари чиройли бўлиб, лаблари юпқа, тишлари эса майда. Пешоналари кенг ва дўнг. Юз бичимлари чўзинчоқ”.

Жаноб Катерн ажойиб гулдор тўн кийган бир эркакни кўрсатиб, ҳаяжонланиб хитоб қилди:
— О, биринчи ролга айнан мос қадду қомат! Мана буни ҳақиқий Мелинг деса бўлади. Уни Ришпеннинг “Нона-Соҳиб”и ёки Мериснинг “Шамил”ида саҳнада бир тасаввур қилиб кўринг-а!
— Ҳа, у озмунча пул ишламаган бўларди, — қўшимча қилди Катерна хоним.
— Сен яна ҳар доимгидай ҳақсан, Каролина, — деди жаноб Катерн рафиқасига.

Зеро, нафақат у учун, умуман, барча артистлар учун ҳам, ижро этган роллардан тушадиган пул актёрнинг маҳорат ва талант мезонини белгиловчи асосий омил ҳисобланарди.

Мана, соат ҳам беш бўлиб қолибди. Тенги йўқ гўзал Самарқанднинг қаерига борманг, бири-биридан чиройли, ҳашаматли бинолари кишини ўзига мафтун этади. Мен бир мухбир сифатида Амир Темур мақбарасини кўрмасдан кетишни истамасдим. Аравамиз Гўри Амир мақбарасига қараб бурилди. Маҳалла оралаб борардик, сон-саноқсиз пастак гувала уйлар кўз олдимиздан ўтарди.

Гўри Амир мақбараси мен тасаввур қилганимдан кўра улуғвор экан. Мақбара фируза гумбази билан ўз жамолини кўз-кўз қилиб турарди. Тепаси қулаб тушган ягона минорасининг ҳануз сақланиб қолган жимжимадор нақшлари ялт-ялт товланарди.

Гумбаз остидаги асосий залга қадам қўйдик. У ерда жаҳонга машҳур Фотиҳ — Темурнинг қабри турарди. Чиройли ёзувлар битилган қора нефрит тош қўйилган бу қабрда XV аср Осиё тарихида донг таратган ҳоқон Темур жасади қўним топган. Залнинг деворларига сон-саноқсиз нақшлар туширилган фируза тошлар ёпиштирилган бўлиб, учига жун ип боғланган муқаддас устун Маккани кўрсатиб турарди.

Уйфалви-Бурдон хоним ўз ҳикояларида Гўри Амир мақбарасининг бу тарафини саждагоҳга қиёс этади. Биз ҳам унинг фикрига қўшиламиз. Тор йўлакдан зина орқали Амир Темурнинг хотин ва қизлари дафн қилинган пастки даҳмага тушаётганимизда бизни ваҳима босди.
— Ерли халқ тилида номи бу қадар улуғ бўлган ҳоқон Темур аслида ким бўлган? — сўради тоқатсизланиб жаноб Катерн.
— Амир Темур, — жавоб қилди майор, — жаҳонни забт этган энг машҳур фотиҳлардан биридир. Агар унинг қўл остига олган иқлимларини жам этгудай бўлсак, унга тенг келадиган ҳоқон дунёда топилмас. Осиё қитъасининг Каспийдан берисини, Эрон ва унинг шимолидан бошланувчи вилоятларини, Россиянинг Азов денгизигача бўлган қисмини, Ҳиндистон, Сурия, Кичик Осиёни эгаллаган ва ниҳоят бу саркарда ўзининг икки юз минглик қўшинини Хитойга бошлаганди…

Эр-хотин Катернларнинг баъзи ўринсиз мулоҳазаларини эътиборга олмаганда, Самарқанднинг миллий рангларга бой ажойиб обидалари менда катта таассурот қолдирди. Бу гўзаллик оғушида маст бўлиб борарканман, ёнимиздан ғизиллаб ўтиб кетаётган велосипедлар хаёлимни бўлди. Ажабо, Амир Темур пойтахти кўчаларида велосипедлар юрса-я!
— Қаранг! Қаранг! — қичқирди артист ҳамроҳим. — Тўн кийган эркаклар велосипедда кетишаяпти!
Велосипед ҳайдаб бораётганлар ҳақиқатдан ҳам ўзбеклар эди.

Поездимиз кеч соат саккизда Самарқандни тарк этаркан, қадимий шаҳар билан хайрлашишдан ўзга иложимиз ҳам йўқлигини ҳис қилдим.

Французчадан Муҳаммаджон Холбеков таржимаси.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 34-сонидан олинди.

013

(Tashriflar: umumiy 130, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring