Knut Hamsun. Qazo

maxresdefault.jpg      Гланлар оиласи бедарак кетган лейтенант Томас Глан хусусида рўзномаларда кўп эълон бериб, сўраб-суриштиришларига қарамай, ундан бирон-бир хабар бўлмади; у қазо қилгани, ҳатто қандай аҳволда ўлганидан ҳам мен яхшигина воқиф эдим…

Кнут Ҳамсун
ҚАЗО
1861 йил эсдалиги

002

0 knut_hamsun_postwar_cane.jpgТаниқли норвеж адиби Кнут Ҳамсун 1859 йилнинг 4 августида Гудбрандсдален водийсидаги Веге манзилида таваллуд топган. 17 ёшидан ижод билан шуғуллана бошлади. «Сирли одам. Нурланд муҳаббат тарихи» номли илк тўплами 1877 йилда нашр этилган. 1888 йилдан мамлакат пойтахти — Копенгагенда яшай бошлайди. Унга шуҳрат келтирган ва модерн руҳида ёзилган романи «Очлик» 1990 йили босмадан чиқди. Айни шу роман туфайли Ҳамсун Европанинг энг машҳур ёзувчилари қаторига кирди.
1920 йили адиб салмоқли «Замин шарбатлари» асари учун Нобель мукофоти билан тақдирланди. 1943 йили Ҳамсун Нобель мукофоти белгисини Учинчи Рейхнинг ташвиқот вазири Ҳеббелсга тақдим этади ва бу билан ўзининг фашистлар ғояси тарафдори эканини намоён этади. Германияннинг мағлубиятидан кейин адиб маҳкамага тортилади,фақат қариб қолгани учун жазодан қутулади. Кнут Ҳамсун 1952 йилнинг 19 февралида вафот этади.

002

Гланлар оиласи бедарак кетган лейтенант Томас Глан хусусида рўзномаларда кўп эълон бериб, сўраб-суриштиришларига қарамай, ундан бирон-бир хабар бўлмади; у қазо қилгани, ҳатто қандай аҳволда ўлганидан ҳам мен яхшигина воқиф эдим.

Очиғи, оиласидагиларнинг беҳуда бир қатъийлик билан уни қидираётганлари мени ҳайрон қолдирмас, ахир Томас тегирмонга тушса, соғ чиқадиганлар хилидан, яна нафсиламрига уни қадрлашардилар ҳам. Уни ҳамон ўзимга рақиб деб билишга қарамай, эсимга тушганда нафратдан қоним қайнаб кетса-да, ҳа, ҳа, мен гарданимдаги қарздан соқит бўлишим керак. У келишган, истараси иссиқ, навқирон ва яна алламбало фазилатлар кони ноёб нусха бўлганидан ҳар қандай кимсанинг ҳам бошини айлантирар даражада эди. У ичингда нима борлигини ўқиб оладигандай ваҳший, ўтли нигоҳ ташлар, бу ҳолати унинг ўзига-да ҳокими мутлақ эканлиги, шуурингда ярақлаб кетар, қолаверса ўзи ҳам буни хўб ҳис қилиб турарди. Бу хусусда бир аёлнинг ривоятнамо миш-мишини эшитганман: «Қачон у менга кўз ташласа, мен ўзимда бўлмай қоламан, у худди кўринмас қўллари билан менга тегинаётгандай бўлади».

Бироқ, беайб парвардигор. Томас Гланда ҳам ўзига яраша қусурлар қўр тўккан, мадомики, мен ундан нафратланар эканман, бу ноқисликларни яшириб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Ул замонлар Глан шунчалик анойи, шу даражада кўнгилчан эдики, бамисли ёш боладай тегманозик, шу боис теграсида ҳавасманд қадрдонлари гирди капалаклари кўп бўлади. Глан соатларча улар билан ҳар тур аҳмоқона мавзуда баҳслашар, керагидан ортиқча лақиллар, хоҳолар, унга эса фақат шу бемаъниликлар керак эди. Масалан, у бирон-бир семиз одамни таърифласа, уни бир қоп ёғ деб маломатлар ва ўз топқирлигидан маст бўлиб қийқирар, бирон-бир мажбурият боис бу беҳаё гапларни тиншашга тўғри келгацда, мен жуда ҳижолат тортардим. Кейинроқ эса биз бир том остида тирикчилик ўтказишга тўғри келганда унинг қанчалик думбул эканлиги билинди-қолди. Бир эрталаб уйимизнинг хизматчи аёли хонамга кирди-да, нонуштага нима хоҳлашимни сўради. Мен шошиб турардим, ўйлаб ўтирмай: тухумли бир бурда нон, — дедим. Томас Глан ҳам уйимизнинг болахонасида, нақ томнинг тагида яшар, айни паллада менинг олдимда ўтирарди. У бирдан менинг бу луқмамдан завқланиб кетди ва хоҳолашга тушди. «Тухумли бир бурда нон», деб у қайта-қайта такрорлаб, завқланар, бунинг ҳеч бир куладиган ўрни йўқлигидан ҳайратга тушиб ўтирсамда, бир нима деб юбормасликка тиришардим.

Мен бу эски гапларни хотирларканман, унинг беўхшов, дағал, бемаза қилиқлари қаторида, у ғанимим бўлишидан қатъий назар ҳар ҳолда нимадандир мени аянгандай кўринади. Унга нима учун керак эди бу олийжанобликлар? Тўғри, у маст-аласт бўлгандагина, бунақа аҳмоқгарчиликларга берилишини айтишим керак. Бироқ қай ҳолатда бўлганда ҳам бу барибир жиркантирадиган ноқисликлар эмасми?

Мен у билан танишган 1859 йил кузида у ўттиз иккига чиққан, биз ҳамтенг эдик. Ўшанда у бутун юзини қоплаган соқолда, эгнида тўқилган кўйлакда юрар, ёқаси ҳамиша очиқ бўлган бу кўйлагининг юқори тугмаларини ҳам ўтказай демасди. Ўшанда унинг чеҳраси менга фавқулодда келишимли кўринди, аммо уни кўришга кўзим бўлмай қолганда яхшилаб разм солсам, унинг чеҳрасида ҳам меникидан ортиқча ўзига тортадиган ҳеч вақоси йўқ экан, фақат мен ўзимни унингдек намойишкорона тутмайман. Мен у билан кемада учрашиб қолдим, ҳали биз йўлда, кўзлаган манзилимизга етмаган, темирйўлга етмай йўлда қолиб кетмаслик учун дарров арава топишни келишиб олдик. Мен атайин ул жойни айтмаяпман, негаки яна хотирам тирналиб ўтишини истамасдим; Гланнинг оиласидагилар буни виждонан тушунишлари, шунга кўра қидирувни тўхтатганлари дуруст, чунки бор ҳақиқат, Глан мен номини тилга олишни истамаётган манзидда айнан қазо қилгандир.

Хулласи калом, мен Томас Глан билан учрашганимча ҳам у ҳақида нималардир қулоғимга чалинган, шу боис менга унинг асли бир қадар таниш эди. Эшитишимга қараганда, у шимолий норвегиялик ҳеч кими қолмаган, аммо жуда довруқди ва бадавлат бир офатижон ёшгина қизга ишқи тушади, бироқ қизнинг шаъни аллақандай мубҳам тарзда бўлғангач, у билан алоқани узади. У нодонларча қиз қасддан ўзини шундай шармисор ҳолга солган деб лақилларкан. Афтидан, унинг ўзи қизни бунга мажбур қилган бўлиши керак. Чунки бундан Глан ҳеч ютқизмасди. Негаки, ўшанда Томас Глан ишратбоз, ароқхўр, жанжалкаш сифатида отнинг қашқасидек донғи чиққан, шунинг орқасида хизматдан бўшаган пайтлари бўлиб, бу ҳам унга кўнгил очар ўйинларининг қиёмидагидек туюлган, ҳатто аламига бу қасос олишнинг манаман деб турган имкони бўлиб кўринган бўлиши ҳам мумкин.

Ёш жувон билан унинг орасида шунга ўхшаш воқеалар бўлган деб миш-миш қилишар, аммо бошқача гап сўзлар ҳам юрар, айтишларича, у ҳеч ҳам қизнинг насоғига тегмаган, балки қизнинг ота-онаси уни кўрарга кўзлари бўлмаган ва ҳатто уни уйларидан қувиб солишган, қиз бўлса бу муносабатга қарши бирор-бир тадбир ишлатмаган, қайтага уларнинг хоҳиш иродаси билан Глан исмини эшитишдан ҳазар қиладиган, хуллас бир швед графига турмушга чиқиб кетганмиш. Мен бўлса бу гапларга ҳеч ҳам ишонмайман, назаримда Томас Гландан нафратланишим боисми биринчи миш-миш ҳақиқатга яқин, менга бошқалардан кўра, ул воқеа бўлгандай туюлади. Аммо бу воқеалар қай тарзда кечгану унинг машҳури жаҳон маъшуқаси ким эди? Бу хусусда Глан менга лом-лим демаган, мен ҳам бу хусусда ҳеч қачон бирон нарса сўраб-суриштирмаганман. Менга бу зарил қолибдими?

Мен шуни хотирлайманки, кемада гурунглашарканмиз, орамиздан биронтамиз аввал бўлмаган бўлғуси манзилимиз хусусида сўзлашдик.

— Унда меҳмонхона бор экан, — Глан ҳаритадан ўша жойни кўрсата туриб сўзида давом этди, — етганимиз заҳоти дарров жойлашиб олардик. Бу кабилар хусусида менга қони бузуқ инглиз кампир айтиб берган, айтишича борар манзилимиз оқсоқоли қўшни овулда яшаркан, унинг бир гала хотини бўлиб, аёллари 10 ёшдан катта эмас, дёганди.

Очиғи, мен бу ҳақда ҳеч нима эшитмагандим, оқсоқолнинг хотинлари саноғи-ю, қишлоқда меҳмонхона бор-йўқлиги тушимга ҳам кирмаганлигидан лом-лим демадим. Глан бўлса, ғаройиб ҳикояси адоғида ним табассум қилиб қўйди ва бу илжайиш ўшанда менга жуда ҳам ажабтовур кўринганди.

Ҳа, дарвоқе, мен қарийиб унутаёзибман. Унинг келишган қадди-қомати ҳам нуқсондан холи эмасди. Ўзининг айтишича, чап оёғида анча илгаритдан тузалмас ўқ жароҳати бўлиб, оби-ҳаво ўйнаб турар, рутубатли кунларда бу оёғи зирқираб чиқарди.

II

Бир ҳафта ўтиб биз каттагина кулбага жойлашдик. Эшитганимдек, дурагай инглиз кампир уни меҳмонхона, деб атарди. Оҳ, бу меҳмонхонасини! Меҳмонхона деворларининг катта қисми лой шувоқли, баъзи ўринлардан ёғочлар чиқиб турар, бу ёғочли жойларда ҳамиша аллақандай ҳашоратлар ғужғон ўйнар ва одамга ҳеч тинчлик бермасди. Мен яшаган хона залнинг ёнидагиси бўлиб, унинг хира, камбар деразаси кўчага қараганди. Глан бўлса болахонадаги қоронғу бир чалдеворни танлаган, бу хонанинг ўзидан ҳам бешбаттар — гўрнинг оғзидек хунук деразаси борлиги ҳам рост эди. Қуёш кулбамизнинг похол томини аёвсиз қиздирганидан, туну-кун бу азобга Глан маҳкум, чидаб бўлмас бу жазирамадан ташқари унинг хонасига чиқишга росмана зинапоя ҳам йўқ, шунчаки тиркаб қўйилган, ағдарилардай ғариб ёғочларға тирмашиб, унинг ўз хонасига чиқишга мажбурлигини айтмайсизми? Албатта, бунда менинг заррача гуноҳим йўқ. Мен ҳали, жойлашмасимиздан олдин уни гапга солиб, аввало танлаш имконини унга ҳавола қилгандим.

— Бу ерда хона иккита экан. Кўриб турганимиздек бири пастда, иккинчиси тепада, хоҳлаганингизни танланг.

У иккисига ҳам разм солиб, юқоридагисини танлади. Мен рози бўла қолдим, эҳтимол, менга хонанинг яхшиси қолгандир, лекин бу учун унга ташаккур айтишим керакми? Биз шундай рози-ризолик билан орани очиқ қилиб олгандик. Ҳаддан жазирама кунлар биз овга чиқмасдик. Уйда танда қурардик: О, жазираманинг авжини, нақ ёндиради ўзиям. Тунда эса тўрларни қурт-қумурсқа, кемирувчилардан муҳофаза қилардик, ё пирай, бир сафар тўримизга кўршапалак тушиб қолган ва унинг бир бўлагини кемириб ташланганди; Глан билан буцдай тасодифлар кам бўлмас, бунинг устига у бечора иссиқларда болахона деразасини беркитишни ҳам ҳеч иложисини қилолмас, мени бўлса ҳудойимнинг ўзи ёрлақаганди. Қундузлари биз кулба олдидаги бўйрада чўзилиб олардик. Чекишиб, қўшниларнинг ҳаётини кузатардик. Лаблари қалин қора танли маҳаллий аҳолининг қора кўзлари ҳамиша ялтираб турар, қулоқларида сирға; улар қарийб ялонғоч юришар, фақат сонларида латта ё шапалоқ барглардан боғичларгина кўринар, аёлларининг этаклари янада калта бўларди. Болалар туну-кун сарпойчанг чопишар, катта қорнилари ялтираб кўзга ташланарди.

— Аёллари бунчалик сўлқулдоқ бўлмаса-эй, — Глан менга луқма ташлади.

Баҳслашиш шарт эмас, ҳақиқатдан ҳам аёллари семиз, дейилганча бор. Ҳатто, буни Глан эмас, биринчи бўлиб ўзим пайқаган эдим, аммо буни тилга олишни эп кўрмагандим; қолаверса, уларнинг ҳурматини қилиб, бир нима дегим келмаганди. Кейин ҳаммасини ҳам бадбашара ва семиз деб бўлмас, аксинча мен бир ним ҳунду, узун кокил, марварид тишли дилбар билан танишиб қолдимки, у ҳаммасидан аломат эди. Мен унга илк бора дуч келган кечки паллада у шолипоя рошидаги бўлиқ ўтлар устида узала тушиб, чалқанчасига ётганча, оёқларини ликиллатиб ўйнатарди. Биз тил топишгач, у уйига кетмади, ота-онасиға қўшни қишлокда тунаб қолдим, деб ёлғонлашга қарор қилди ва биз субҳи-содиқдагина зўрға ажрашдик. Глан ўша кечни, жуда ёш, ҳали ўнни ҳам тўлдирмаган икки ўсмир қиз билан ўтказибди. Ҳа, мана унинг шу даражада жирканчликка бориши мумкинлигини кўринг, яна бу шоли ороғи тотими, унинг тоти сархушлигидан юз берган. бўлса керак бу.

Икки кун ўтиб, биз овга жўнадик. Биз чой плантацияларини, шолипояларни, ўтлоқларни ортда қолдирдик, қишлоқлардан ўтдик, тобора ўзимиздан узоқроқ жойларга интилардик, шунда бизга қалин ўрмонда мўъжизадай, умримизда ҳеч кўрмаган дарахтлар учради. Бамбук, манго, тамаринд, тик, туз дарахт, камед ва худо билади яна аллақандай дарахтлар, лекин биз улар ҳақида қарийб ўйламасдик. Дарёнинг суви жилдираб оқар, бир томчи ёмғир тушса, билингудек эди. Биз ёввойи каптар ва хўрозлар отдик, аср палла, бошимиз устида иккита тўти учиб борар экан, иккита қоплон кўринди. Глан мўъжизадай нишонга урар, унинг ўқи ҳеч қачон хато кетмасди; мерганликда мен ҳам ундан қолишмасдим, бироқ, сезишимча, унинг милтиғи меникидан тузукроқ эди чоғи, шундаям, мен ҳам нишонга аниқ уриб турдим, лекин лоф уриш, мақтанчоқлик қилишга ҳеч ҳушим келмасди; Глан эса аксига олиб, лақиллашдан қолмасди: «Бунисини бошидан, бунисини думидан уриб тушираман». У навбатдаги ўлжасига ўқ узишдан илгари шундай дер, қачонки, ўлжа қулаб ётганда кўрилса, у айнан боши ё думидан ўққа учгани рост бўлиб чиқарди. Биз икки қоплонга дуч келганда, Глан сочма билан уларни зўрға нарироққа ҳайдади; мен бўлса; қоронғи ҳам тушди; бор патронларни ҳам ишлатиб бўлдик, дея қайтишни хотирлатдим. Шу дамда унинг нигоҳлари ялтираб, кўриб қўй, мен қанчалик довюракман, сочма билан ҳам қоплонларга ҳамла қилавераман, — дегудек эди.

— Эҳ, аттанг, пақиллатиб ташламаганимни — у менга еб қўярдай қараб, сўзида давом этди.
— Бу ҳаммаси сизнинг чидаб бўлмас даражада ақл билан иш тутишингиз оқибати. Бу учун шунчалик бошқотиришнинг нима ҳожати бор? Ё шунчалик ҳам узоқ умр кўришни истайсизми?

— Агар сиз мени ўзингиздан ақллироқ ҳисоблаётган экансиз, бундан ҳурсандман, — дедим кинояомуз.
— Эй, арзимас ишкаллар учун тортишиб ўтирамизми, — деди у шу онда ўзгариб.

Бу менинг эмас унинг луқмалари эди. Овда у мен билан жанжаллашишга муваффақ бўлмади. Ҳолбуки, тез ўзгармаганда, унинг бемаза гапларидан менинг ҳам қоним қайнай бошлаган ва шу тарзда кетса, охири вой бўлиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ниҳоят мен бахайр хотиржам тортиб, ўз соҳибжамолим олдига жўнадим, иккимизнинг ҳам кайфиятимиз жойида деса бўларди. Глан кулба олдида чўкаркан, бизга қараб, бош қимирлатди ва кулиб қўйди. Шундагина Магги унга биринчи марта зингил солиб қаради, менга саволлар бериб, уни роса сўраб-суриштирди. У қизнинг хаёлларини тўзғитиб юбориб, хўб таассурот қолдирганди, бу менга ёмон таъсир этди ва қизга жавобим ҳам шунга яраша бўлгач, тезда бир-биримиздан дилларимиз куйиб, икки томонга ажрашиб кетдик.

Мен буларнинг ҳаммасини оқизмай-томизмай Гланга ҳикоя қилганимда, у буларнинг бари менинг хомхаёлларим эканлигига йўйди. Бироқ, мен унга яна ҳаммасини эслатдим. Чунки, биз кулба ёнидан ўтаётганимизда у менга эмас, айнан Маггига қараб илжайганди. Глан қизиқиб сўради:

— Намунча у кавшангани-кавшанган?
— Билмадим, — дедим мен. — Рост, унинг марварид тишлари ҳеч тинчимайди.

Вой-буй, унинг топган янгилигини; буни менинг ўзим ҳам яхши билардим. Илк бор кўрганимдаёқ диққатимни тортганди — ҳақиқатдан ҳам Магги тўғри келган нарсани оғзига солар, чайнар, унинг оқ марварид тишлари ҳеч тинмас экан, бунда бўлак тот, маза бордек эди. Лекин у нима қулай бўлса пулми, қоғозми, яна аллам бало ҳаммасини чайнаверарди. Балки бунда қандайдир уят бўлиши мумкин-ку. Шунда ҳам у барибир бу ернинг энг олди гўзали эди. Ҳаммаси кундай аниқ, Глан мени ўз мақомига йўрғалатмоқчи бўлган.

Кейинги кеч биз яна Магги билан ярашиб олдик ва Глан ҳақида бошқа чурқ этмадик.

III

Бир ҳафта ўтди, биз ҳар кўни овга борардик ва бир талай ёввойи жониворларни қийратардик. Бир эрталаб эндигина ўрмонга кирган эдик ҳам, Глан мени қўли билан тўхтатиб, шивирлади: «Қимирламанг!» У бир лаҳзада милтиғини олдинга ўқталиб, тепкини босиб юборди. У ёшгина қоплонни жаҳаннамга жўнатгани аниқ эди.

Мен ҳам уни нақд бўғзидан отишим мумкин эди, Глан бу имкониятни бермади, отини эртароқ қамчилаб қолди. «Энди роса кўкрагига уради!» — хаёлимга ярқ этиб шу фикр урилди. Биз йирқичнинг ёнига югургилаб етдик, ўқ уни жойида қулатган, чап биқинини ўпириб кетиб, белига ўрнашганди.

Буни мен ҳам қойиллатардим, шуни билдириб қўйгим келди:
— Мен ҳам сиздақа отаолардим.

Глан менга кўз ташлаб қўйди.

Мен яна қайтардим:
— Ё сиз мерганлигимга шубҳа қиласизми?

Глан яна жавоб қайтармади. У болаларча анойилигини яна бир бор кўрсатди. Ўлик йиртқични яна бир отди ва бу сафар ўқ қоплоннинг бошини мажақлади. Мен унга тамоман ҳайрат билан анқайиб қарадим.

— Қаранг-а, — тушунтира кетди у, — зўрға биқинига текканини, — буям менинг отишга ноқобил чўқчилигимни кўрсатади. Унинг кесатишини, шу оддий юмушда ҳам ўзини мақтанчоқликдан сақлай олмагани кўзида шундоқ шуълаланиб турарди. Мана думбуллик. Бироқ мен ўз дардим билан эдим, уни изза қилиб ўтирмадим

Кечки пайт ортга қайтганимизда, қоплоннинг боши атрофида бир талай шу ерликлар йиғилганди. Глан уларга изоҳ учун биз уни эрталаб отгандик, деб қўйди ва бошқа чайналиб ўтирмади. Одамлар орасида Магги ҳам ҳозир эди.

— Уни ким ўлдирди? — Магги сўраб қолди.
— Эрталаб биз отгандик, мана қара, унинг икки жойида жароҳати бор, — у бирдан йиртқичнинг жасадига ўгирилиб, унинг боши ва биқинидаги жароҳатларни кўрсатди.

— Менинг ўқим накд шу ерига текканди, — деркан у қоплоннинг биқинидаги ўйиқни кўрсатди, унинг ўйламай лақиллашдан шу келиб чиқдики, гўё мен қоплоннинг бошидан отган бўлиб чиқардим. Мен эса билмадим нима учун, унинг бу луқмасини тўғрилайдиган аҳволда эмасдим. Сўнг Глан қоравойларни гуруч ароғи билан сийлади-да, ҳеч қачон ўзида кузатилмаган ҳафсала билан ҳиргойи қилишга тушди.

— Бундан чиқди, қоплонни иккови ўлдирибди-да, — Магги секингина ғулдираб қўяркан, унинг фикри ҳаёли фақат Гланда, унга термулгани-термулган эди.

Мен унга терс бир ҳаракат билан дедим:
— Намунча унга маҳлиёланиб қолдинг? Мени кўрмай қолдингми дейман?

— Кўриб турибман, — қиз истамай жавоб қайтараркан, қўшимча қилди, — мен бугун албатта келаман, эшитдингми.

Глан айнан ўша кунлар хат олганди. Кема орқали келган бу нома таъсири ҳақида шуни ҳис қилгандим-ки, моҳиятдан нома такдирни 180 мил ўзгартирар даражада эди. Хатдан аёлнинг нафаси уфурар, пайқашимча, у Гланнинг бир пайтлардаги қадрдон ҳамрози, олий мақом жувондан келганлиги бегумон эди. Глан номани ўқиркан, асабий хоҳолади ва ўзига нотинчлик келтирган бу ҳолатни унутмоқ мақсадида бўлса керак, босиб-босиб аччиқ чой хўплади. У кўп ўтмай жимиб қолган бўлса-да, чеҳраси тундлашиб, кун бўйи қўлларини бир-бирига халпанжа қилганича, олисдаги бир нуқтага термулиб ўтирди. Глан ўша кечқурун компаниянинг қари ароқхўри, шу ерлик калтабақай ва унинг ўғли билан роса бўкиб ичиб ўтираркан, бир пайт менга кўзи тушиб қолди ва эҳтирос билан бағрига тортиб, ҳоли- жонимга қўймай, ичишга даъват этди:

— Бугун сиз жудаям одамнинг жони бўлиб кетибсиз, сабабини билсак бўладими?! — сўрадим.

Шунда у қаҳқаҳа отиб деди:

— Биз сиз билан дунёнинг бир чеккаси Ҳиндистондаям ўз еримиздек ов қилиб юрмаётирмизми? Бу кулгули эмасми? Келинг, бутун дунёга эгалик қилишимиз учун ва барча-барча офатижон эрли ва боши очиқ аёллар учун, олис ва яқин малаклар учун қадаҳ кўтарамиз. Ҳа-ҳа! Тасаввур қилинг! Эрли аёл-а! Энди бошида эри бўлатуриб номаҳрам эркакка ўзи ўзини таклиф қилаяпти-я!

— Графиниями! — Мен истеҳзо билан дедим. Менинг кесатиғим нишонга бехато текканди. У худди ит каби тишларини иржайтирди, чунки мен ишонч билан гапирган сари, ҳанжар айнан юракни топиб бораётган эди. Бирдан унинг чеҳраси тундлашди, қовоқлари учишга тушди, афтидан у ўз хатосини ортиқча лақиллаб қўйганини пайқаб қолди. Унинг бадбахт сирига ким ҳам зор эди, дейсиз? Бироқ шу пайт айнан бизнинг кулбамизга бир неча болачалар бақир-чақир билан ёпирилишди.

— Уҳ, йўлбарслар, йўлбарслар.

Шундоқ қишлоқнинг четидаги бутазорда, дарёдан ўтадиган жойда йўлбарс бир болага чанг солганди. Глан бўкиб ичганига қарамай яна ичиб олди, ниҳоят, нафси қонди чоғи, шу заҳоти милтиқни олди-да, бошига бирон нарса илмай ҳам, бутазорга отилди. Қизиқ, англаш душвор эди, нега у сочмадан олмай, якка ўқнинг ўзи билангина чиқди ё шунчалик у довюракмиди? У дарёни кечиб ўтди, бу хавфсиз, негаки, ҳамишагидек ёмғир олдидан дарё ўзайи қуп-қуруқ, бўм-бўш эди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан бирин-кетин икки ўқ овозини эшитдим, кетидан учинчи ўқ янгради… «Бир йиртқич учун уч ўқ отилди-я, — ўйлардим, икки ўқ билан, ҳатто шер ҳам қулаши шубҳасиз, бунда эса бор-йўғи йўлбарс…» Бироқ уч ўқ ҳам хато кетган, Глан етиб борганида, йўлбарс болани тилка пора қилиб, қарийб еб бўлаёзган эди; Гланнинг бунчалик маст-аласт кўрилмаганини ҳам хаёлдан соқит қилиб бўлмайди.
Тун бўйи у қўшни ҳужрада, мен кимлигини билмаган бир бева аёл ва унинг икки қизалоғи билан айш-ишрат қилди.

Икки кун кейин ҳам Глан ўзига келмаган, бутун эмин-иҳтиёри шишадоши ихтиёрида эди. У мени кўриб, олдига чорлаганда ўзини ирода қилолмас даражада бўлсаям, дона-дона қилиб рашкчи эканлигимдан сўзлади:

— Сизнинг ақлингизни рашк олиб қўйган!
— Рашк! Мен-а рашк қиладиган!

— Барака топкур, — дейман. — Мен нимани сиздан рашқ қилишим мумкин? Мен-а!
— Йўқ, йўқ, албатта сиз рашк қилмайсиз — жавоб берди ва бу жавобига алоқасиздай деди: — Аксига мен бугун ҳам Маггини кўрдим у ҳамишагидек кавшаниб юрибди.

Мен тилимни тишлаб қолдим ва бундан тезроқ узоқлашдим.

IV

Биз яна овга борадиган бўлдик. Глан менинг олдимда ўзини айбдор ҳис қилганидан кечирим сўради.
— Умуман ҳаммаси жонимга тегди, қандайдир адашган ўқ чаккамни безаса яхши бўларди.

Яна графиниядан келган хат унинг ҳаловатини бузган чоғи, шуни ўйлай туриб унга дедим:
— Нима эксанг, шуни ўрасан-да!

У кун ўтган сари тунд ва камгап бўлиб борар, ичишни бас қилган, миқ этмас, лаб-лунжига эса қараб бўлмасди.

Кунлардан бир куни мен тўсатдан деразам олдида хуррам овозларни эшитиб қолдим, қарасам, тараллабедод Глан Магги билан шакаргуфторлик қилиб ўтирибди. Бари сир-асрорим хаёлимдан кўтарилди. Афтидан, қиз тўғри уйидан келган, енгилтак Глан ғараз билан уни номаъқул бир ишга ундамоқчи бўларди. Ҳа, улар айни менинг деразам тагида дунёни унутиб, бир-бирларига суйкалишарди.

Мен бирдан титраб кетдим, юлқиниб милтиқни олдим-да, тепкини босдим, бироқ у ўқсиз экан. Сўнг ташқарига чикдим-да, Маггининг қўлидан ушлаб, уни бутун посёлка олдидан олиб ўтдим; Глан эса бу орада хонасига кириб, бекинди.

— Нега, сен яна у билан гаплашдинг? — мен Маггидан сўрадим.

У жавоб қилмади.

Бу менинг жонимни ҳиқилдоғимга келтирган, юрагим англовсиз тарзда тез урар, бу ҳолатдан чиқишим жуда машаққат эди. Мен ҳеч қачон Маггини бу даражада гўзал кўрмаган, ҳатто оқ танли хурилиқолар ичида ҳам бунақа кўҳлисини учратмагандайдим, рости мен унинг қора танлиларга мансублигини ҳам унутаёзган, ундан бўлак дунёи дун хаёл имдан абас бўлгацди.

— Айтгин, — дедим мен, — нега сен яна у билан гаплашдинг?
— У менга ёқади.

— У сенга мендан кўра кўпроқ ёқадими?
— Ҳа.

Демак, қизга мендан кўра Глан маъқул экан, менинг Гландан қандай кам жойим ё кусурим бўлиши мумкин? Кундай аёнки, мен ҳамиша очиқ кўнгиллик билан унинг кўнглини овлайман, доим қизни пул ва совғалар билан сийлайман, у-чи?

— Глан сенинг устингдан кулгани-кулган, айтишича, қачон қараса, оғзингга бир нарсани тиқиб, кавшаниб юрармишсан, — дедим ўчимни олаётгандек.

Аввалига қиз бу кулги сабабига тушуна олмади, бироқ мен ҳам уқтиришдан қолмадим. Сенинг бу одатинг Гланга ёқмайди, шу боис у сени мазаҳ қилаётибди. Охири унинг фикри-тасаввурини сал ўзгартиршга муваффақ бўлдим.
— Магги эшитиб ол, — деб давом этдим мен, — сен истасанг, бир умр меники бўласан. Сен мен билан кетасанми? Мен доим шу ҳақда бош қотираман, эшитаяпсанми, мен бундан кетсам сени ҳам бирга ватанимга олиб кетмоқчиман. Сенга уйланмоқчиман. Унда маза қилиб бирга умри гузаронлик қилардик. Қандай, маъқулми?

Бу ваъдалар ҳам унга таъсир этмасдан қолмади. Магги яйраб кетди ва бутун айланиш давомида чакаги тинмади. Гланни у бор-йўғи бир сафар эслади ва сўради: .
— Глан ҳам биз билан борадими?

— Йўқ, у биз билан бормайди! — қатъий қилиб айтарканман, давом этдим. — Ё сен бундан афсусланаётирсанми?
— Йўқ, йўқ, — шошиб-пишиб деди у, — мен хурсандман.

Бошқа у Глан ҳақида гапирмади, мен тинчландим. Ва у мен чорласам бажонидил лаббай дейдиган бўлди.

Икки соатлардан кейин, мен ёлғиз қолганимда, уриниб-суриниб Гланнинг олдига кўтарилдим ва унинг нозик қамиш эшигани қаттиқ тақиллатдим. У хонасида эди. Мен унга:
— Сизни огоҳлантириш учун келдим, эртадан бошлаб бирга овга чиқмасак, — дедим.

— Нима учун?
— Шунинг учунки, ўзимни доим ҳам ирода эта оламан деб айтолмайман, тўсатдан энсангизни нишонга олиб қўйсам ҳам ажаб эмас.

Глан ҳеч нарса демади, мен ҳам ўз хонамга тушиб кетдим. Яна шунча гапдан кейин яна нимага деб сўрашини, бу огоҳлантиришимдан кейин у ҳеч қачон мен билан овга бормаслиги керак, деразам остида бир-бирига суйкалиб, баланд овозда ўйин-кулги қилганини нима деб ўйлаш керак. Умуман, агар хат келиб, ҳақиқатдан ҳам уни чорлашаётган бўлса, бу нега ўз ватанига кета қолмайди? Йўқ, бунақаси ўтмайди. У эса ҳамиша тишини ғичирлатиб, ҳаммасини бой бергандай вишиллайди. «Арзимайди! Арзимайди, менга тўртдан бири бўлгандаям!»

Бироқ бу воқеанинг эртаси куни, огоҳлантиришимга қарамай, тонготарда Глан менинг тўшагим олдида пайдо бўлиб, бақирди.

— У, бобой, қани бўлинг, вақт бўлди. Ҳаво ҳам аъло даражада. Баайни ов учун, кечага сўзларни ҳаёлингизга хам келтирманг. Сиз ўзи гарт беҳуда гап қилдингиз.

Ҳали соат тўрт бўлмаганига қарамай, мен ҳам шу чоғ ўрнимдан сакраб турдим ва кечага гап-сўзларимга бепарво тайёргарлигимни кўрдим. Мен унинг кўз олдида милтиқни ўқладим. У айтгандай ҳаво у қадар эмас, ёмгар томчилаб турар, у айнан таҳқирлаш учун бу гапларни ўйлаб топганди. Бироқ мен ҳам қасди-бастига олиб, чурқ этмадим.

Ҳар ким ўз хаёли билан кун бўйи бутун ўрмоқца тентираб юрилди, биз қанча-қанча хилват, овга қулай жойлар қолиб, бошқа ўринларда, тамоман бошқа бир юмушга машғулдек кезиндик. Кун яримлаб қолганда Глан мендан бироз олдинда, мен уни саранжомлаш учун айни қулай ўринда нима учундир атайин кетиб борарди. У айнан милтиғим оғзига тўфи жойда борар, бу ҳам ўйлашимча, фақат мени таҳқирлаш учун эди.

Ҳар қалай, биз ҳеч бир мажорасиз ортга қайтдик. Ҳеч қиси йўқ, бу ёғига чидаш қийинмас, оз қолди, ҳадемай Маггини кўриш билан буларнинг бари унутилади.

— Ҳаётимдаги энг узун кун бўлди назаримда бугун, — деб қолди Глан кеч палла, биз кулбаларга яқинлашай деб қолганимизда.

Кун бўйи орамизда айтилган гап бор-йўғи шу эди. Кейинги кунларда у жуда тушкун руҳда юрар, эҳтимол буларнинг барига ўша нома боис эди.

— Мен ортиқ чидолмайман. Йўқ, қўлимдан ҳам ҳеч нарса келмайди. — Тунда у шундай деб ҳайқириб юборгани бутун уй ичига эшитилди. У ўзининг бадбин руҳида шу даражага етиб боргандики, соҳибамизнинг энг хушмуомала сўраб-суриштиришларига ҳам жавоб қилмас, уйқусида алақсираб чиқарди.

«Ҳа, рост, унинг виждони тоза эмас! — ўйлардим Мен, — қаранг, уйда ҳам туз тортмади. Қийналишлари тушунарли, ахир уни итдек ҳайдаган Хонадонга яна қандай юз билан кириб боради. Бунда ҳаммадан ҳам кўп ўз такаббурлиги ҳалақит бераётгани аниқ!»

Магги билан ҳамишагадек Гланнинг олдида кўришиб юрсам-да, у бу ҳақда гапирмасди. Бундай қарасам, Маггининг жағи қимирламас, ҳар доимгидек чапиллатиб юришни у ташлабди, мен бундан қувониб кетдим. Хаёлимда ўзимча ўйлардим: қандай яхши бир кусурини ташлабди, мен бўлса уни икки баробар кўпроқ севаман. У бир Глан ҳақида, шунда ҳам эҳтиёткорлик билан сўраб қолди: — У ҳаста эмасми? Бирон ёққа кетгани йўқми?

— Ҳали унинг уни ўчганича йўқ, демак ҳеч қаёкқа ҳозирча гумдон бўлмаган, — қўрслик билан дедим мен, — албаггта, хонасида ағанаб ётгандир. Менинг учун бунинг ҳеч бир қизиғи йўқ. У роса кўнглимга теккан!
Бироқ биз уйга яқинл ашиб келар эканмиз, Гланга кўзимиз тушди, у буйра устида узала тушиб ётар, қўлини боши остага болиш қилиб, осмонга термулиб ўтарарди.

— Бахтга қарши, ана у, ётибди, — дедим мен.

Магги шундай деяр-демасимдан унга қараб чопди, ҳатто мен уни ушлаб қолишга ҳам улгурмадим. Магги севинч билан ҳаллослаб деди:

— Энди мен оғзимга на перо, на пул, на қоғоз тиқаман, қарасангчи, мен оғзимни чапиллатиб, кавшаниб юришни бутунлай ташладим.

Глан зўрға қизга қаради, яна тезда нигоҳини осмонга бурди, биз Магги билан кетдик. Мен эндигина ҳалиги қилиғи учун уни койишга киришган эдимки, у берган ваъдасига ҳилоф равишда яна Гландан гапираверди, унинг ёнида бўлишни хоҳлаётганини билдирди.

— Ҳим, демак, сен — бундан чиқди унинг учунгина чайнашни бас қилибсан-да, шундай эмасми??
— У миқ этмади. Бу қилиғи яна нимаси, менга жавоб беришни ҳам хоҳламаса?

— Жавоб бер, унинг учун шундай қилдингми?
— Йўқ, йўқ, — жавоб қайтарди у, — буни мен сен учун қилдим.

Қани энди мен ҳам шундай деб ўйласам.
Нега у Гланнинг кўнглини олиш учун бунчалар уринади?
Кечқурун Магги келишга ваъда берди ва келдиям.

V

У ўнларда келди, ташрифи қулоғимга чалинган овозидан билинди.

Магги қўлида бола кўтариб олганича, гўдакка қаттиқ-қаттиқ гапирарди. Нега у бола билан келибди? Яна нега уйга ҳам кирай демайди? Мен уни зимдан кузатарканман, унинг гўдакка қаттиқ-қаттиқ сўз айтиши, огоҳлантириш қўнғироғидай менга туюла бошлади ва бунинг устига унинг нигоҳи болахонадаги Гланнинг хонасидан узилмаётганига ҳам кўзим тушди. Глан унга бош ирғаб қўйдими, ё қўлини силкитдими?

Пастдан бунга жавобандай қизнинг овози янгради. У бола билан гаплашар, аммо нигоҳи тепага қадалганди, ўзимча ҳаммасини англаб етдим.

Мен ирғиб туриб, унинг қўлидан ушлаб, хонага олиб киргим келди, бироқ шу пайт унинг ўзи болани қўйнидан бўшатиб йўлакдаги эшигимизга кирди. Мана ниҳоят ҳозир унинг таъзирини бериб қўяман.

Магги қандай қилиб ичкарига кирганини эшитиб турдим. Хато бўлиши мумкйн эмас, у қарийб хонам олдига етиб қолганди. Бироқ, у менинг олдимга кириш ўрнига зинапоя орқали юқорига кўтарилаётганини, бир амаллаб
болахонадаги Гланнинг ҳужрасига етганини жуда аниқ эшитдим. Мен хонам эшигани ланг очганимда, Магги қарийб кўтарилаёзганди.

Сўнг қамиш эшик қаттиқ ёпилди ва ҳеч сас эшитилмай қолди. Буларнинг бари ўнларда бўлди.

Мен хонамга кириб, алламаҳал бўлишига қарамай, милтиқни олиб, ўқладим. Сўнг тепага кўтарилиб, Глан эшигининг ортидан қулоқ солдим. Унда Магги борлига, улар аллақачон апоқ-чапоқ бўлиб кетгани менга билинди. Мен пастга тушдим, бироздан кейин яна тепага чикдим. Бироқ ҳаммаёқ сув қуйгандай жим-жит эди. Мен эшик ортида туриб, улар уйғонишини кутардим. Соат уч бўлди, тўртдан ўтди, бешлардагана улар уйғонишди. Мен ул воқеа ҳақида ўйламасдан фақат ҳозир ҳақида хаёл суриб, «Уларнинг уйғонгани яхши бўлди-да», деб пичирладим. Шу палла хонадон соҳибасининг вағур-вағури эшитилиб қолди, у-бу алфозда менга кўзи тушишидан, хавфсираб, пастга тушишга шошилдим. Қулоғимга ҳамон Глан ва Магги уйғонгани, гаплари кириб турар, мана у кетмоқчилигиям билинди.

«Ҳалигина у шу ердан ўтаркан, елкаси хонам эшигига тегиб, ўтган, бироқ эшикни очмаган, зина бўйича юқорига кўтарилганди. Мана ўша чирик, тўрт ёғочли зина, ҳадемай унинг ўзи шундан пастга тушиб кетади». Хонамда ўтириб ўйлаганим-ўйлаган эди. Тўшагим ғижим бўлиб ётар, мен бир зумга унга чўзилишни хаёлимга ҳам келтирмасдан, дераза олдида ўлтиргунча милтиғим билан машғул эдим. Юрагим титрар, қовлиқар, у кўксимда йўқ даражада эди.

Ярим соатлардан кейин зинада Маггининг қадам товушлари эшитилди. Мен деразадан энгашиб, у қандай уйдан чиқаётганини кузатдим. Унинг этаги тиззасига ҳам келмас, эгнида калта чит кўйлак, елкасида Гланнинг шарфи солинганди. Афти ангорида бирон бир ўзгариш сезилмас, фақат юбкаси ғижим эди. У ҳамишагидек, юрайми-юрмайми дегандек нозли қадам босарди. Ё пирай, у менинг деразамга қиё ҳам боқмади, шундй ўтди-кетди.
Кўп ўтмай Глан олдимга кирди. Унинг ов учун ҳамма жиҳози тахт, милтиғи ўқланган, чеҳраси эса ниҳоят тунд эди. Одатдаги муқоми менга таъзим ҳам қилмади. У дид билан ясан-тусан кийинганди. «Саруполарини, худди куёвларникидек» — ўйлардим мен.

Мен ҳам шошиб-пишиб унинг ортидан чиқдим, жим борардик. Ўйнаб-ўйнаб у икки тус товуқни шафқатсизларча йўқлик оламига жўнатгандиям, дарахт остида нимадир қовуриб, тушлик қилганда ҳам бировимиздан садо чиқмади. Ярим кун шундай адо бўлди.

Ҳеч кутилмаганда Глан бирдан бақириб қолди.

— Сйз ўзи ростдан ҳам милтиғингизни ўқладингизми? Тўсатдан бирортаси ҳамла қилиб қолса, нима қиласиз?!

— Ҳаммаси тахт, хотиржам бўлинг, — жавобига мен ҳам бақириб дедим. У шу он буталар орасига кириб ғойиб бўлди. О, қандай аломат бўларди, шу паллада уни худди итдай отиб ташлаганимда. Бироқ қайга ҳам шошади, афтидан у ҳам хаёлимда нима айланиб юрганини яхши биларди, шу боис ҳам мен милтиқни ўқлаганимни қайта-қайта сўраб, аниқ билмоқчидай эди. Оҳ, янги кўйлагини кийиб олиб, ясан-тусан қилиб олганини; ҳеч бўлмаса бугун ўз калондимоғлигидан қолса эди, бу бўлса қаноти бўлмаса ҳам кўқда учиб юргудек тутади ўзини.

Куннинг белгисиз бир вақтида у ҳаддан қаҳрли, ранггида ранг қолмаган алфозда менга қаради ва деди: Йўқ, йўқ, бунисига ҳеч чидаб бўлмайди! Ҳа! Ҳа, сиз ўзи милтиқни ўқлаганмисиз?

— Сизда ўзи патронлар борми?
— Яхшиси ўз милтиғингизнинг дардини енг, — десамда унинг бетоқатланаётгани менга аён эди.

У яна олд томонга ўтиб кетди. У жимгина, бошини хам қилиб бораркан, мен орамиздаги масофани аниқ белгиладим. Орадан ўтган бир соатлар давомида каптар отдим. Яна милтиғимни ўқлаб олдим. Милтиқни ўқлар эканман, Глан дарахт олдида туриб, менга зингил солди ва ҳақиқатдан ўқ жойлаётганимнинг гувоҳи бўлгач, тасаввур қиласизми, худди тўйлардагидек ҳиргойи қилишга тушди. «Қаранг маракага келгандек, ясан-тусан қилиб олганини. Қўшиқ айтмокда — ўйлардим мен, — кўриниб турибди, бугун у ўзини алоҳида, енгиб бўлмас даражада тутмокда». Кейин у тўғри менинг рўпарамда пайдо бўлиб, бошини кўтариб олди, майда қадам ташлаб, ҳиргойисини давом эттирди. У яна менинг милтиғим оғзида борар, худди шу пайт, тўй ашуласини куйлаётганида ҳаммаси юз бериши керак деб ўйлаётгани шундоқ сезилиб турарди. Бироқ ҳеч нарса юз бермади. У ҳаммасини сайри томошага чиққандай, тугатди. Майли ҳеч қиси йўқ.

— Эй, бугун ҳеч омадимиз юришмади-да, — деркан, у менга гўё ҳиргойи қилгани учун ҳижолатли кулиб қаради. Унинг бу беғубор кулгиси ажойиб, аслида кулгиси ортида кўз ёшлари тиқилиб турганини пирпираб учаётган қовоқларидан ҳам билса бўлар, ҳатто намойишкорона кулиб турган бўлса ҳам бу шубҳасиз эди.

Мен унга бир ожиза эмаслигимни жуда яхши билар, бунақа ҳазиллар ўтмаслигини билгани сари, асабийлашар, атрофда чарх уриб, гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан пайдо бўлар ва тўхтаб, ниманидир аниқ кутарди. Соат бешларда янграган ўқ товушидан бирдан қалқиб тушдим, ўқ менинг чап кулоғим тепасидан чийиллаб ўтганди. Мен нигоҳимни кўтариб олдга қарасам, Глан бир неча қадам нарида туриб, менга термулар ва унинг милтиғи оғзи тутаб турарди. «Нима бало, у мени отмоқчи бўлдими?» Мен унга қараб:

— Шунча ҳам уқувсизлик билан отадиларми, сиз нишонга тегизаолмадингиз-ку, — дедим.

Бироқ, у ҳеч қачон ёмон отмас, нишонга олишда ҳеч ҳам адашмасди, мақсади, мени ғазаблантиришми?

— Оҳ, ярамас-эй, нимага қарайсиз, ўч олсангиз-чи, — у бақириб берди.
— Ҳаммасининг ўз вақти-соати бор, — дедим мен тишимни тишимга кўйиб.

Шундай биз юзма-юз туриб, бир-биримизга қарарканмиз, Глан елкаларини қисиб менга қичқирди:
— Қўрқоқ.

Оҳ, у яна мени «Кўрқоқ» деб ҳам атади- я! Мен милтиғимга ёпишиб, уни нақ юзига тўғриладим-да, тепкини босдим.
Нима эксанг шуни ўрасан!

Глан оиласидагиларнинг бу одамни қидирувни давом эттираётганлари беҳуда. Мени марҳум ҳақидаги алмисоқдан қолган аҳмоқларча маълумотлар жаҳлимни чиқаради. Томас Глан Ҳиндистондаги бир овда, бахтсиз ҳодиса туфайли бир дайди ўқдан паймонаси тўлган. Суд унинг номи ва қазо кунини расмийлаштириб, бир жилдга тикиб қўйибди. Ўша расмий қоғозда ёзилганига кўра у ўлган, айнан бир дайди ўқ зарбидан ўлган, ўлган эшитдингизми?

Вафо Файзулло таржимаси
Манба: «Ёшлик» журнали, 1998 йил, 3-сон

Hamsun, Knut - forfatter

Knut Hamsun
QAZO
1861 yil esdaligi

002

a_c96cca06.jpgTaniqli norvej adibi Knut Hamsun 1859 yilning 4 avgustida Gudbrandsdalen vodiysidagi Vege manzilida tavallud topgan. 17 yoshidan ijod bilan shug’ullana boshladi. «Sirli odam. Nurland muhabbat tarixi» nomli ilk to’plami 1877 yilda nashr etilgan. 1888 yildan mamlakat poytaxti — Kopengagenda yashay boshlaydi. Unga shuhrat keltirgan va modern ruhida yozilgan romani «Ochlik» 1990 yili bosmadan chiqdi. Ayni shu roman tufayli Hamsun Yevropaning eng mashhur yozuvchilari qatoriga kirdi.
1920 yili adib salmoqli «Zamin sharbatlari» asari uchun Nobel` mukofoti bilan taqdirlandi. 1943 yili Hamsun Nobel` mukofoti belgisini Uchinchi Reyxning tashviqot vaziri Hebbelsga taqdim etadi va bu bilan o’zining fashistlar g’oyasi tarafdori ekanini namoyon etadi. Germaniyanning mag’lubiyatidan keyin adib mahkamaga tortiladi,faqat qarib qolgani uchun jazodan qutuladi. Knut Hamsun 1952 yilning 19 fevralida vafot etadi.

002

Glanlar oilasi bedarak ketgan leytenant Tomas Glan xususida ro‘znomalarda ko‘p e’lon berib, so‘rab-surishtirishlariga qaramay, undan biron-bir xabar bo‘lmadi; u qazo qilgani, hatto qanday ahvolda o‘lganidan ham men yaxshigina voqif edim.
Ochig‘i, oilasidagilarning behuda bir qat’iylik bilan uni qidirayotganlari meni hayron qoldirmas, axir Tomas tegirmonga tushsa, sog‘ chiqadiganlar xilidan, yana nafsilamriga uni qadrlashardilar ham. Uni hamon o‘zimga raqib deb bilishga qaramay, esimga tushganda nafratdan qonim qaynab ketsa-da, ha, ha, men gardanimdagi qarzdan soqit bo‘lishim kerak. U kelishgan, istarasi issiq, navqiron va yana allambalo fazilatlar koni noyob nusxa bo‘lganidan har qanday kimsaning ham boshini aylantirar darajada edi. U ichingda nima borligini o‘qib oladiganday vahshiy, o‘tli nigoh tashlar, bu holati uning o‘ziga-da hokimi mutlaq ekanligi, shuuringda yaraqlab ketar, qolaversa o‘zi ham buni xo‘b his qilib turardi. Bu xususda bir ayolning rivoyatnamo mish-mishini eshitganman: «Qachon u menga ko‘z tashlasa, men o‘zimda bo‘lmay qolaman, u xuddi ko‘rinmas qo‘llari bilan menga teginayotganday bo‘ladi».
Biroq, beayb parvardigor. Tomas Glanda ham o‘ziga yarasha qusurlar qo‘r to‘kkan, madomiki, men undan nafratlanar ekanman, bu noqisliklarni yashirib o‘tirishning hech hojati yo‘q. Ul zamonlar Glan shunchalik anoyi, shu darajada ko‘ngilchan ediki, bamisli yosh boladay tegmanozik, shu bois tegrasida havasmand qadrdonlari girdi kapalaklari ko‘p bo‘ladi. Glan soatlarcha ular bilan har tur ahmoqona mavzuda bahslashar, keragidan ortiqcha laqillar, xoholar, unga esa faqat shu bema’niliklar kerak edi. Masalan, u biron-bir semiz odamni ta’riflasa, uni bir qop yog‘ deb malomatlar va o‘z topqirligidan mast bo‘lib qiyqirar, biron-bir majburiyat bois bu behayo gaplarni tinshashga to‘g‘ri kelgatsda, men juda hijolat tortardim. Keyinroq esa biz bir tom ostida tirikchilik o‘tkazishga to‘g‘ri kelganda uning qanchalik dumbul ekanligi bilindi-qoldi. Bir ertalab uyimizning xizmatchi ayoli xonamga kirdi-da, nonushtaga nima xohlashimni so‘radi. Men shoshib turardim, o‘ylab o‘tirmay: tuxumli bir burda non, — dedim. Tomas Glan ham uyimizning bolaxonasida, naq tomning tagida yashar, ayni pallada mening oldimda o‘tirardi. U birdan mening bu luqmamdan zavqlanib ketdi va xoholashga tushdi. «Tuxumli bir burda non», deb u qayta-qayta takrorlab, zavqlanar, buning hech bir kuladigan o‘rni yo‘qligidan hayratga tushib o‘tirsamda, bir nima deb yubormaslikka tirishardim.
Men bu eski gaplarni xotirlarkanman, uning beo‘xshov, dag‘al, bemaza qiliqlari qatorida, u g‘animim bo‘lishidan qat’iy nazar har holda nimadandir meni ayanganday ko‘rinadi. Unga nima uchun kerak edi bu oliyjanobliklar? To‘g‘ri, u mast-alast bo‘lgandagina, bunaqa ahmoqgarchiliklarga berilishini aytishim kerak. Biroq qay holatda bo‘lganda ham bu baribir jirkantiradigan noqisliklar emasmi?
Men u bilan tanishgan 1859 yil kuzida u o‘ttiz ikkiga chiqqan, biz hamteng edik. O‘shanda u butun yuzini qoplagan soqolda, egnida to‘qilgan ko‘ylakda yurar, yoqasi hamisha ochiq bo‘lgan bu ko‘ylagining yuqori tugmalarini ham o‘tkazay demasdi. O‘shanda uning chehrasi menga favqulodda kelishimli ko‘rindi, ammo uni ko‘rishga ko‘zim bo‘lmay qolganda yaxshilab razm solsam, uning chehrasida ham menikidan ortiqcha o‘ziga tortadigan hech vaqosi yo‘q ekan, faqat men o‘zimni uningdek namoyishkorona tutmayman. Men u bilan kemada uchrashib qoldim, hali biz yo‘lda, ko‘zlagan manzilimizga yetmagan, temiryo‘lga yetmay yo‘lda qolib ketmaslik uchun darrov arava topishni kelishib oldik. Men atayin ul joyni aytmayapman, negaki yana xotiram tirnalib o‘tishini istamasdim; Glanning oilasidagilar buni vijdonan tushunishlari, shunga ko‘ra qidiruvni to‘xtatganlari durust, chunki bor haqiqat, Glan men nomini tilga olishni istamayotgan manzidda aynan qazo qilgandir.
Xullasi kalom, men Tomas Glan bilan uchrashganimcha ham u haqida nimalardir qulog‘imga chalingan, shu bois menga uning asli bir qadar tanish edi. Eshitishimga qaraganda, u shimoliy norvegiyalik hech kimi qolmagan, ammo juda dovruqdi va badavlat bir ofatijon yoshgina qizga ishqi tushadi, biroq qizning sha’ni allaqanday mubham tarzda bo‘lg‘angach, u bilan aloqani uzadi. U nodonlarcha qiz qasddan o‘zini shunday sharmisor holga solgan deb laqillarkan. Aftidan, uning o‘zi qizni bunga majbur qilgan bo‘lishi kerak. Chunki bundan Glan hech yutqizmasdi. Negaki, o‘shanda Tomas Glan ishratboz, aroqxo‘r, janjalkash sifatida otning qashqasidek dong‘i chiqqan, shuning orqasida xizmatdan bo‘shagan paytlari bo‘lib, bu ham unga ko‘ngil ochar o‘yinlarining qiyomidagidek tuyulgan, hatto alamiga bu qasos olishning manaman deb turgan imkoni bo‘lib ko‘ringan bo‘lishi ham mumkin.
Yosh juvon bilan uning orasida shunga o‘xshash voqealar bo‘lgan deb mish-mish qilishar, ammo boshqacha gap so‘zlar ham yurar, aytishlaricha, u hech ham qizning nasog‘iga tegmagan, balki qizning ota-onasi uni ko‘rarga ko‘zlari bo‘lmagan va hatto uni uylaridan quvib solishgan, qiz bo‘lsa bu munosabatga qarshi biror-bir tadbir ishlatmagan, qaytaga ularning xohish irodasi bilan Glan ismini eshitishdan hazar qiladigan, xullas bir shved grafiga turmushga chiqib ketganmish. Men bo‘lsa bu gaplarga hech ham ishonmayman, nazarimda Tomas Glandan nafratlanishim boismi birinchi mish-mish haqiqatga yaqin, menga boshqalardan ko‘ra, ul voqea bo‘lganday tuyuladi. Ammo bu voqealar qay tarzda kechganu uning mashhuri jahon ma’shuqasi kim edi? Bu xususda Glan menga lom-lim demagan, men ham bu xususda hech qachon biron narsa so‘rab-surishtirmaganman. Menga bu zaril qolibdimi?
Men shuni xotirlaymanki, kemada gurunglasharkanmiz, oramizdan birontamiz avval bo‘lmagan bo‘lg‘usi manzilimiz xususida so‘zlashdik.
— Unda mehmonxona bor ekan, — Glan haritadan o‘sha joyni ko‘rsata turib so‘zida davom etdi, — yetganimiz zahoti darrov joylashib olardik. Bu kabilar xususida menga qoni buzuq ingliz kampir aytib bergan, aytishicha borar manzilimiz oqsoqoli qo‘shni ovulda yasharkan, uning bir gala xotini bo‘lib, ayollari 10 yoshdan katta emas, dyogandi.
Ochig‘i, men bu haqda hech nima eshitmagandim, oqsoqolning xotinlari sanog‘i-yu, qishloqda mehmonxona bor-yo‘qligi tushimga ham kirmaganligidan lom-lim demadim. Glan bo‘lsa, g‘aroyib hikoyasi adog‘ida nim tabassum qilib qo‘ydi va bu iljayish o‘shanda menga juda ham ajabtovur ko‘ringandi.
Ha, darvoqe, men qariyib unutayozibman. Uning kelishgan qaddi-qomati ham nuqsondan xoli emasdi. O‘zining aytishicha, chap oyog‘ida ancha ilgaritdan tuzalmas o‘q jarohati bo‘lib, obi-havo o‘ynab turar, rutubatli kunlarda bu oyog‘i zirqirab chiqardi.

II

Bir hafta o‘tib biz kattagina kulbaga joylashdik. Eshitganimdek, duragay ingliz kampir uni mehmonxona, deb atardi. Oh, bu mehmonxonasini! Mehmonxona devorlarining katta qismi loy shuvoqli, ba’zi o‘rinlardan yog‘ochlar chiqib turar, bu yog‘ochli joylarda hamisha allaqanday hashoratlar g‘ujg‘on o‘ynar va odamga hech tinchlik bermasdi. Men yashagan xona zalning yonidagisi bo‘lib, uning xira, kambar derazasi ko‘chaga qaragandi. Glan bo‘lsa bolaxonadagi qorong‘u bir chaldevorni tanlagan, bu xonaning o‘zidan ham beshbattar — go‘rning og‘zidek xunuk derazasi borligi ham rost edi. Quyosh kulbamizning poxol tomini ayovsiz qizdirganidan, tunu-kun bu azobga Glan mahkum, chidab bo‘lmas bu jaziramadan tashqari uning xonasiga chiqishga rosmana zinapoya ham yo‘q, shunchaki tirkab qo‘yilgan, ag‘darilarday g‘arib yog‘ochlarg‘a tirmashib, uning o‘z xonasiga chiqishga majburligini aytmaysizmi? Albatta, bunda mening zarracha gunohim yo‘q. Men hali, joylashmasimizdan oldin uni gapga solib, avvalo tanlash imkonini unga havola qilgandim.
— Bu yerda xona ikkita ekan. Ko‘rib turganimizdek biri pastda, ikkinchisi tepada, xohlaganingizni tanlang.
U ikkisiga ham razm solib, yuqoridagisini tanladi. Men rozi bo‘la qoldim, ehtimol, menga xonaning yaxshisi qolgandir, lekin bu uchun unga tashakkur aytishim kerakmi? Biz shunday rozi-rizolik bilan orani ochiq qilib olgandik. Haddan jazirama kunlar biz ovga chiqmasdik. Uyda tanda qurardik: O, jaziramaning avjini, naq yondiradi o‘ziyam. Tunda esa to‘rlarni qurt-qumursqa, kemiruvchilardan muhofaza qilardik, yo piray, bir safar to‘rimizga ko‘rshapalak tushib qolgan va uning bir bo‘lagini kemirib tashlangandi; Glan bilan butsday tasodiflar kam bo‘lmas, buning ustiga u bechora issiqlarda bolaxona derazasini berkitishni ham hech ilojisini qilolmas, meni bo‘lsa hudoyimning o‘zi yorlaqagandi. Qunduzlari biz kulba oldidagi bo‘yrada cho‘zilib olardik. Chekishib, qo‘shnilarning hayotini kuzatardik. Lablari qalin qora tanli mahalliy aholining qora ko‘zlari hamisha yaltirab turar, quloqlarida sirg‘a; ular qariyb yalong‘och yurishar, faqat sonlarida latta yo shapaloq barglardan bog‘ichlargina ko‘rinar, ayollarining etaklari yanada kalta bo‘lardi. Bolalar tunu-kun sarpoychang chopishar, katta qornilari yaltirab ko‘zga tashlanardi.
— Ayollari bunchalik so‘lquldoq bo‘lmasa-ey, — Glan menga luqma tashladi.
Bahslashish shart emas, haqiqatdan ham ayollari semiz, deyilgancha bor. Hatto, buni Glan emas, birinchi bo‘lib o‘zim payqagan edim, ammo buni tilga olishni ep ko‘rmagandim; qolaversa, ularning hurmatini qilib, bir nima degim kelmagandi. Keyin hammasini ham badbashara va semiz deb bo‘lmas, aksincha men bir nim hundu, uzun kokil, marvarid tishli dilbar bilan tanishib qoldimki, u hammasidan alomat edi. Men unga ilk bora duch kelgan kechki pallada u sholipoya roshidagi bo‘liq o‘tlar ustida uzala tushib, chalqanchasiga yotgancha, oyoqlarini likillatib o‘ynatardi. Biz til topishgach, u uyiga ketmadi, ota-onasig‘a qo‘shni qishlokda tunab qoldim, deb yolg‘onlashga qaror qildi va biz subhi-sodiqdagina zo‘rg‘a ajrashdik. Glan o‘sha kechni, juda yosh, hali o‘nni ham to‘ldirmagan ikki o‘smir qiz bilan o‘tkazibdi. Ha, mana uning shu darajada jirkanchlikka borishi mumkinligini ko‘ring, yana bu sholi orog‘i totimi, uning toti sarxushligidan yuz bergan. bo‘lsa kerak bu.
Ikki kun o‘tib, biz ovga jo‘nadik. Biz choy plantatsiyalarini, sholipoyalarni, o‘tloqlarni ortda qoldirdik, qishloqlardan o‘tdik, tobora o‘zimizdan uzoqroq joylarga intilardik, shunda bizga qalin o‘rmonda mo‘‘jizaday, umrimizda hech ko‘rmagan daraxtlar uchradi. Bambuk, mango, tamarind, tik, tuz daraxt, kamed va xudo biladi yana allaqanday daraxtlar, lekin biz ular haqida qariyb o‘ylamasdik. Daryoning suvi jildirab oqar, bir tomchi yomg‘ir tushsa, bilingudek edi. Biz yovvoyi kaptar va xo‘rozlar otdik, asr palla, boshimiz ustida ikkita to‘ti uchib borar ekan, ikkita qoplon ko‘rindi. Glan mo‘‘jizaday nishonga urar, uning o‘qi hech qachon xato ketmasdi; merganlikda men ham undan qolishmasdim, biroq, sezishimcha, uning miltig‘i menikidan tuzukroq edi chog‘i, shundayam, men ham nishonga aniq urib turdim, lekin lof urish, maqtanchoqlik qilishga hech hushim kelmasdi; Glan esa aksiga olib, laqillashdan qolmasdi: «Bunisini boshidan, bunisini dumidan urib tushiraman». U navbatdagi o‘ljasiga o‘q uzishdan ilgari shunday der, qachonki, o‘lja qulab yotganda ko‘rilsa, u aynan boshi yo dumidan o‘qqa uchgani rost bo‘lib chiqardi. Biz ikki qoplonga duch kelganda, Glan sochma bilan ularni zo‘rg‘a nariroqqa haydadi; men bo‘lsa; qorong‘i ham tushdi; bor patronlarni ham ishlatib bo‘ldik, deya qaytishni xotirlatdim. Shu damda uning nigohlari yaltirab, ko‘rib qo‘y, men qanchalik dovyurakman, sochma bilan ham qoplonlarga hamla qilaveraman, — degudek edi.
— Eh, attang, paqillatib tashlamaganimni — u menga yeb qo‘yarday qarab, so‘zida davom etdi.
— Bu hammasi sizning chidab bo‘lmas darajada aql bilan ish tutishingiz oqibati. Bu uchun shunchalik boshqotirishning nima hojati bor? Yo shunchalik ham uzoq umr ko‘rishni istaysizmi?
— Agar siz meni o‘zingizdan aqlliroq hisoblayotgan ekansiz, bundan hursandman, — dedim kinoyaomuz.
— Ey, arzimas ishkallar uchun tortishib o‘tiramizmi, — dedi u shu onda o‘zgarib.
Bu mening emas uning luqmalari edi. Ovda u men bilan janjallashishga muvaffaq bo‘lmadi. Holbuki, tez o‘zgarmaganda, uning bemaza gaplaridan mening ham qonim qaynay boshlagan va shu tarzda ketsa, oxiri voy bo‘lishi ham hech gap emasdi. Nihoyat men baxayr xotirjam tortib, o‘z sohibjamolim oldiga jo‘nadim, ikkimizning ham kayfiyatimiz joyida desa bo‘lardi. Glan kulba oldida cho‘karkan, bizga qarab, bosh qimirlatdi va kulib qo‘ydi. Shundagina Maggi unga birinchi marta zingil solib qaradi, menga savollar berib, uni rosa so‘rab-surishtirdi. U qizning xayollarini to‘zg‘itib yuborib, xo‘b taassurot qoldirgandi, bu menga yomon ta’sir etdi va qizga javobim ham shunga yarasha bo‘lgach, tezda bir-birimizdan dillarimiz kuyib, ikki tomonga ajrashib ketdik.
Men bularning hammasini oqizmay-tomizmay Glanga hikoya qilganimda, u bularning bari mening xomxayollarim ekanligiga yo‘ydi. Biroq, men unga yana hammasini eslatdim. Chunki, biz kulba yonidan o‘tayotganimizda u menga emas, aynan Maggiga qarab iljaygandi. Glan qiziqib so‘radi:
— Namuncha u kavshangani-kavshangan?
— Bilmadim, — dedim men. — Rost, uning marvarid tishlari hech tinchimaydi.
Voy-buy, uning topgan yangiligini; buni mening o‘zim ham yaxshi bilardim. Ilk bor ko‘rganimdayoq diqqatimni tortgandi — haqiqatdan ham Maggi to‘g‘ri kelgan narsani og‘ziga solar, chaynar, uning oq marvarid tishlari hech tinmas ekan, bunda bo‘lak tot, maza bordek edi. Lekin u nima qulay bo‘lsa pulmi, qog‘ozmi, yana allam balo hammasini chaynaverardi. Balki bunda qandaydir uyat bo‘lishi mumkin-ku. Shunda ham u baribir bu yerning eng oldi go‘zali edi. Hammasi kunday aniq, Glan meni o‘z maqomiga yo‘rg‘alatmoqchi bo‘lgan.
Keyingi kech biz yana Maggi bilan yarashib oldik va Glan haqida boshqa churq etmadik.

III

Bir hafta o‘tdi, biz har ko‘ni ovga borardik va bir talay yovvoyi jonivorlarni qiyratardik. Bir ertalab endigina o‘rmonga kirgan edik ham, Glan meni qo‘li bilan to‘xtatib, shivirladi: «Qimirlamang!» U bir lahzada miltig‘ini oldinga o‘qtalib, tepkini bosib yubordi. U yoshgina qoplonni jahannamga jo‘natgani aniq edi.
Men ham uni naqd bo‘g‘zidan otishim mumkin edi, Glan bu imkoniyatni bermadi, otini ertaroq qamchilab qoldi. «Endi rosa ko‘kragiga uradi!» — xayolimga yarq etib shu fikr urildi. Biz yirqichning yoniga yugurgilab yetdik, o‘q uni joyida qulatgan, chap biqinini o‘pirib ketib, beliga o‘rnashgandi.
Buni men ham qoyillatardim, shuni bildirib qo‘ygim keldi:
— Men ham sizdaqa otaolardim.
Glan menga ko‘z tashlab qo‘ydi.
Men yana qaytardim:
— Yo siz merganligimga shubha qilasizmi?
Glan yana javob qaytarmadi. U bolalarcha anoyiligini yana bir bor ko‘rsatdi. O‘lik yirtqichni yana bir otdi va bu safar o‘q qoplonning boshini majaqladi. Men unga tamoman hayrat bilan anqayib qaradim.
— Qarang-a, — tushuntira ketdi u, — zo‘rg‘a biqiniga tekkanini, — buyam mening otishga noqobil cho‘qchiligimni ko‘rsatadi. Uning kesatishini, shu oddiy yumushda ham o‘zini maqtanchoqlikdan saqlay olmagani ko‘zida shundoq shu’lalanib turardi. Mana dumbullik. Biroq men o‘z dardim bilan edim, uni izza qilib o‘tirmadim
Kechki payt ortga qaytganimizda, qoplonning boshi atrofida bir talay shu yerliklar yig‘ilgandi. Glan ularga izoh uchun biz uni ertalab otgandik, deb qo‘ydi va boshqa chaynalib o‘tirmadi. Odamlar orasida Maggi ham hozir edi.
— Uni kim o‘ldirdi? — Maggi so‘rab qoldi.
— Ertalab biz otgandik, mana qara, uning ikki joyida jarohati bor, — u birdan yirtqichning jasadiga o‘girilib, uning boshi va biqinidagi jarohatlarni ko‘rsatdi.
— Mening o‘qim nakd shu yeriga tekkandi, — derkan u qoplonning biqinidagi o‘yiqni ko‘rsatdi, uning o‘ylamay laqillashdan shu kelib chiqdiki, go‘yo men qoplonning boshidan otgan bo‘lib chiqardim. Men esa bilmadim nima uchun, uning bu luqmasini to‘g‘rilaydigan ahvolda emasdim. So‘ng Glan qoravoylarni guruch arog‘i bilan siyladi-da, hech qachon o‘zida kuzatilmagan hafsala bilan hirgoyi qilishga tushdi.
— Bundan chiqdi, qoplonni ikkovi o‘ldiribdi-da, — Maggi sekingina g‘uldirab qo‘yarkan, uning fikri hayoli faqat Glanda, unga termulgani-termulgan edi.
Men unga ters bir harakat bilan dedim:
— Namuncha unga mahliyolanib qolding? Meni ko‘rmay qoldingmi deyman?
— Ko‘rib turibman, — qiz istamay javob qaytararkan, qo‘shimcha qildi, — men bugun albatta kelaman, eshitdingmi.
Glan aynan o‘sha kunlar xat olgandi. Kema orqali kelgan bu noma ta’siri haqida shuni his qilgandim-ki, mohiyatdan noma takdirni 180 mil o‘zgartirar darajada edi. Xatdan ayolning nafasi ufurar, payqashimcha, u Glanning bir paytlardagi qadrdon hamrozi, oliy maqom juvondan kelganligi begumon edi. Glan nomani o‘qirkan, asabiy xoholadi va o‘ziga notinchlik keltirgan bu holatni unutmoq maqsadida bo‘lsa kerak, bosib-bosib achchiq choy xo‘pladi. U ko‘p o‘tmay jimib qolgan bo‘lsa-da, chehrasi tundlashib, kun bo‘yi qo‘llarini bir-biriga xalpanja qilganicha, olisdagi bir nuqtaga termulib o‘tirdi. Glan o‘sha kechqurun kompaniyaning qari aroqxo‘ri, shu yerlik kaltabaqay va uning o‘g‘li bilan rosa bo‘kib ichib o‘tirarkan, bir payt menga ko‘zi tushib qoldi va ehtiros bilan bag‘riga tortib, holi- jonimga qo‘ymay, ichishga da’vat etdi:
— Bugun siz judayam odamning joni bo‘lib ketibsiz, sababini bilsak bo‘ladimi?! — so‘radim.
Shunda u qahqaha otib dedi:
— Biz siz bilan dunyoning bir chekkasi Hindistondayam o‘z yerimizdek ov qilib yurmayotirmizmi? Bu kulguli emasmi? Keling, butun dunyoga egalik qilishimiz uchun va barcha-barcha ofatijon erli va boshi ochiq ayollar uchun, olis va yaqin malaklar uchun qadah ko‘taramiz. Ha-ha! Tasavvur qiling! Erli ayol-a! Endi boshida eri bo‘laturib nomahram erkakka o‘zi o‘zini taklif qilayapti-ya!
— Grafiniyami! — Men istehzo bilan dedim. Mening kesatig‘im nishonga bexato tekkandi. U xuddi it kabi tishlarini irjaytirdi, chunki men ishonch bilan gapirgan sari, hanjar aynan yurakni topib borayotgan edi. Birdan uning chehrasi tundlashdi, qovoqlari uchishga tushdi, aftidan u o‘z xatosini ortiqcha laqillab qo‘yganini payqab qoldi. Uning badbaxt siriga kim ham zor edi, deysiz? Biroq shu payt aynan bizning kulbamizga bir necha bolachalar baqir-chaqir bilan yopirilishdi.
— Uh, yo‘lbarslar, yo‘lbarslar.
Shundoq qishloqning chetidagi butazorda, daryodan o‘tadigan joyda yo‘lbars bir bolaga chang solgandi. Glan bo‘kib ichganiga qaramay yana ichib oldi, nihoyat, nafsi qondi chog‘i, shu zahoti miltiqni oldi-da, boshiga biron narsa ilmay ham, butazorga otildi. Qiziq, anglash dushvor edi, nega u sochmadan olmay, yakka o‘qning o‘zi bilangina chiqdi yo shunchalik u dovyurakmidi? U daryoni kechib o‘tdi, bu xavfsiz, negaki, hamishagidek yomg‘ir oldidan daryo o‘zayi qup-quruq, bo‘m-bo‘sh edi. Hech qancha vaqt o‘tmasdan birin-ketin ikki o‘q ovozini eshitdim, ketidan uchinchi o‘q yangradi… «Bir yirtqich uchun uch o‘q otildi-ya, — o‘ylardim, ikki o‘q bilan, hatto sher ham qulashi shubhasiz, bunda esa bor-yo‘g‘i yo‘lbars…» Biroq uch o‘q ham xato ketgan, Glan yetib borganida, yo‘lbars bolani tilka pora qilib, qariyb yeb bo‘layozgan edi; Glanning bunchalik mast-alast ko‘rilmaganini ham xayoldan soqit qilib bo‘lmaydi.
Tun bo‘yi u qo‘shni hujrada, men kimligini bilmagan bir beva ayol va uning ikki qizalog‘i bilan aysh-ishrat qildi.
Ikki kun keyin ham Glan o‘ziga kelmagan, butun emin-ihtiyori shishadoshi ixtiyorida edi. U meni ko‘rib, oldiga chorlaganda o‘zini iroda qilolmas darajada bo‘lsayam, dona-dona qilib rashkchi ekanligimdan so‘zladi:
— Sizning aqlingizni rashk olib qo‘ygan!
— Rashk! Men-a rashk qiladigan!
— Baraka topkur, — deyman. — Men nimani sizdan rashq qilishim mumkin? Men-a!
— Yo‘q, yo‘q, albatta siz rashk qilmaysiz — javob berdi va bu javobiga aloqasizday dedi: — Aksiga men bugun ham Maggini ko‘rdim u hamishagidek kavshanib yuribdi.
Men tilimni tishlab qoldim va bundan tezroq uzoqlashdim.

IV

Biz yana ovga boradigan bo‘ldik. Glan mening oldimda o‘zini aybdor his qilganidan kechirim so‘radi.
— Umuman hammasi jonimga tegdi, qandaydir adashgan o‘q chakkamni bezasa yaxshi bo‘lardi.
Yana grafiniyadan kelgan xat uning halovatini buzgan chog‘i, shuni o‘ylay turib unga dedim:
— Nima eksang, shuni o‘rasan-da!
U kun o‘tgan sari tund va kamgap bo‘lib borar, ichishni bas qilgan, miq etmas, lab-lunjiga esa qarab bo‘lmasdi.
Kunlardan bir kuni men to‘satdan derazam oldida xurram ovozlarni eshitib qoldim, qarasam, tarallabedod Glan Maggi bilan shakarguftorlik qilib o‘tiribdi. Bari sir-asrorim xayolimdan ko‘tarildi. Aftidan, qiz to‘g‘ri uyidan kelgan, yengiltak Glan g‘araz bilan uni noma’qul bir ishga undamoqchi bo‘lardi. Ha, ular ayni mening derazam tagida dunyoni unutib, bir-birlariga suykalishardi.
Men birdan titrab ketdim, yulqinib miltiqni oldim-da, tepkini bosdim, biroq u o‘qsiz ekan. So‘ng tashqariga chikdim-da, Maggining qo‘lidan ushlab, uni butun posyolka oldidan olib o‘tdim; Glan esa bu orada xonasiga kirib, bekindi.
— Nega, sen yana u bilan gaplashding? — men Maggidan so‘radim.
U javob qilmadi.
Bu mening jonimni hiqildog‘imga keltirgan, yuragim anglovsiz tarzda tez urar, bu holatdan chiqishim juda mashaqqat edi. Men hech qachon Maggini bu darajada go‘zal ko‘rmagan, hatto oq tanli xuriliqolar ichida ham bunaqa ko‘hlisini uchratmagandaydim, rosti men uning qora tanlilarga mansubligini ham unutayozgan, undan bo‘lak dunyoi dun xayol imdan abas bo‘lgatsdi.
— Aytgin, — dedim men, — nega sen yana u bilan gaplashding?
— U menga yoqadi.
— U senga mendan ko‘ra ko‘proq yoqadimi?
— Ha.
Demak, qizga mendan ko‘ra Glan ma’qul ekan, mening Glandan qanday kam joyim yo kusurim bo‘lishi mumkin? Kunday ayonki, men hamisha ochiq ko‘ngillik bilan uning ko‘nglini ovlayman, doim qizni pul va sovg‘alar bilan siylayman, u-chi?
— Glan sening ustingdan kulgani-kulgan, aytishicha, qachon qarasa, og‘zingga bir narsani tiqib, kavshanib yurarmishsan, — dedim o‘chimni olayotgandek.
Avvaliga qiz bu kulgi sababiga tushuna olmadi, biroq men ham uqtirishdan qolmadim. Sening bu odating Glanga yoqmaydi, shu bois u seni mazah qilayotibdi. Oxiri uning fikri-tasavvurini sal o‘zgartirshga muvaffaq bo‘ldim.
— Maggi eshitib ol, — deb davom etdim men, — sen istasang, bir umr meniki bo‘lasan. Sen men bilan ketasanmi? Men doim shu haqda bosh qotiraman, eshitayapsanmi, men bundan ketsam seni ham birga vatanimga olib ketmoqchiman. Senga uylanmoqchiman. Unda maza qilib birga umri guzaronlik qilardik. Qanday, ma’qulmi?
Bu va’dalar ham unga ta’sir etmasdan qolmadi. Maggi yayrab ketdi va butun aylanish davomida chakagi tinmadi. Glanni u bor-yo‘g‘i bir safar esladi va so‘radi: .
— Glan ham biz bilan boradimi?
— Yo‘q, u biz bilan bormaydi! — qat’iy qilib aytarkanman, davom etdim. — Yo sen bundan afsuslanayotirsanmi?
— Yo‘q, yo‘q, — shoshib-pishib dedi u, — men xursandman.
Boshqa u Glan haqida gapirmadi, men tinchlandim. Va u men chorlasam bajonidil labbay deydigan bo‘ldi.
Ikki soatlardan keyin, men yolg‘iz qolganimda, urinib-surinib Glanning oldiga ko‘tarildim va uning nozik qamish eshigani qattiq taqillatdim. U xonasida edi. Men unga:
— Sizni ogohlantirish uchun keldim, ertadan boshlab birga ovga chiqmasak, — dedim.
— Nima uchun?
— Shuning uchunki, o‘zimni doim ham iroda eta olaman deb aytolmayman, to‘satdan ensangizni nishonga olib qo‘ysam ham ajab emas.
Glan hech narsa demadi, men ham o‘z xonamga tushib ketdim. Yana shuncha gapdan keyin yana nimaga deb so‘rashini, bu ogohlantirishimdan keyin u hech qachon men bilan ovga bormasligi kerak, derazam ostida bir-biriga suykalib, baland ovozda o‘yin-kulgi qilganini nima deb o‘ylash kerak. Umuman, agar xat kelib, haqiqatdan ham uni chorlashayotgan bo‘lsa, bu nega o‘z vataniga keta qolmaydi? Yo‘q, bunaqasi o‘tmaydi. U esa hamisha tishini g‘ichirlatib, hammasini boy berganday vishillaydi. «Arzimaydi! Arzimaydi, menga to‘rtdan biri bo‘lgandayam!»
Biroq bu voqeaning ertasi kuni, ogohlantirishimga qaramay, tongotarda Glan mening to‘shagim oldida paydo bo‘lib, baqirdi.
— U, boboy, qani bo‘ling, vaqt bo‘ldi. Havo ham a’lo darajada. Baayni ov uchun, kechaga so‘zlarni hayolingizga xam keltirmang. Siz o‘zi gart behuda gap qildingiz.
Hali soat to‘rt bo‘lmaganiga qaramay, men ham shu chog‘ o‘rnimdan sakrab turdim va kechaga gap-so‘zlarimga beparvo tayyorgarligimni ko‘rdim. Men uning ko‘z oldida miltiqni o‘qladim. U aytganday havo u qadar emas, yomgar tomchilab turar, u aynan tahqirlash uchun bu gaplarni o‘ylab topgandi. Biroq men ham qasdi-bastiga olib, churq etmadim.
Har kim o‘z xayoli bilan kun bo‘yi butun o‘rmoqtsa tentirab yurildi, biz qancha-qancha xilvat, ovga qulay joylar qolib, boshqa o‘rinlarda, tamoman boshqa bir yumushga mashg‘uldek kezindik. Kun yarimlab qolganda Glan mendan biroz oldinda, men uni saranjomlash uchun ayni qulay o‘rinda nima uchundir atayin ketib borardi. U aynan miltig‘im og‘ziga to‘fi joyda borar, bu ham o‘ylashimcha, faqat meni tahqirlash uchun edi.
Har qalay, biz hech bir majorasiz ortga qaytdik. Hech qisi yo‘q, bu yog‘iga chidash qiyinmas, oz qoldi, hademay Maggini ko‘rish bilan bularning bari unutiladi.
— Hayotimdagi eng uzun kun bo‘ldi nazarimda bugun, — deb qoldi Glan kech palla, biz kulbalarga yaqinlashay deb qolganimizda.
Kun bo‘yi oramizda aytilgan gap bor-yo‘g‘i shu edi. Keyingi kunlarda u juda tushkun ruhda yurar, ehtimol bularning bariga o‘sha noma bois edi.
— Men ortiq chidolmayman. Yo‘q, qo‘limdan ham hech narsa kelmaydi. — Tunda u shunday deb hayqirib yuborgani butun uy ichiga eshitildi. U o‘zining badbin ruhida shu darajaga yetib borgandiki, sohibamizning eng xushmuomala so‘rab-surishtirishlariga ham javob qilmas, uyqusida alaqsirab chiqardi.
«Ha, rost, uning vijdoni toza emas! — o‘ylardim Men, — qarang, uyda ham tuz tortmadi. Qiynalishlari tushunarli, axir uni itdek haydagan Xonadonga yana qanday yuz bilan kirib boradi. Bunda hammadan ham ko‘p o‘z takabburligi halaqit berayotgani aniq!»
Maggi bilan hamishagadek Glanning oldida ko‘rishib yursam-da, u bu haqda gapirmasdi. Bunday qarasam, Maggining jag‘i qimirlamas, har doimgidek chapillatib yurishni u tashlabdi, men bundan quvonib ketdim. Xayolimda o‘zimcha o‘ylardim: qanday yaxshi bir kusurini tashlabdi, men bo‘lsa uni ikki barobar ko‘proq sevaman. U bir Glan haqida, shunda ham ehtiyotkorlik bilan so‘rab qoldi: — U hasta emasmi? Biron yoqqa ketgani yo‘qmi?
— Hali uning uni o‘chganicha yo‘q, demak hech qayokqa hozircha gumdon bo‘lmagan, — qo‘rslik bilan dedim men, — albaggta, xonasida ag‘anab yotgandir. Mening uchun buning hech bir qizig‘i yo‘q. U rosa ko‘nglimga tekkan!
Biroq biz uyga yaqinl ashib kelar ekanmiz, Glanga ko‘zimiz tushdi, u buyra ustida uzala tushib yotar, qo‘lini boshi ostaga bolish qilib, osmonga termulib o‘tarardi.
— Baxtga qarshi, ana u, yotibdi, — dedim men.
Maggi shunday deyar-demasimdan unga qarab chopdi, hatto men uni ushlab qolishga ham ulgurmadim. Maggi sevinch bilan halloslab dedi:
— Endi men og‘zimga na pero, na pul, na qog‘oz tiqaman, qarasangchi, men og‘zimni chapillatib, kavshanib yurishni butunlay tashladim.
Glan zo‘rg‘a qizga qaradi, yana tezda nigohini osmonga burdi, biz Maggi bilan ketdik. Men endigina haligi qilig‘i uchun uni koyishga kirishgan edimki, u bergan va’dasiga hilof ravishda yana Glandan gapiraverdi, uning yonida bo‘lishni xohlayotganini bildirdi.
— Him, demak, sen — bundan chiqdi uning uchungina chaynashni bas qilibsan-da, shunday emasmi??
— U miq etmadi. Bu qilig‘i yana nimasi, menga javob berishni ham xohlamasa?
— Javob ber, uning uchun shunday qildingmi?
— Yo‘q, yo‘q, — javob qaytardi u, — buni men sen uchun qildim.
Qani endi men ham shunday deb o‘ylasam.
Nega u Glanning ko‘nglini olish uchun bunchalar urinadi?
Kechqurun Maggi kelishga va’da berdi va keldiyam.

V

U o‘nlarda keldi, tashrifi qulog‘imga chalingan ovozidan bilindi.
Maggi qo‘lida bola ko‘tarib olganicha, go‘dakka qattiq-qattiq gapirardi. Nega u bola bilan kelibdi? Yana nega uyga ham kiray demaydi? Men uni zimdan kuzatarkanman, uning go‘dakka qattiq-qattiq so‘z aytishi, ogohlantirish qo‘ng‘irog‘iday menga tuyula boshladi va buning ustiga uning nigohi bolaxonadagi Glanning xonasidan uzilmayotganiga ham ko‘zim tushdi. Glan unga bosh irg‘ab qo‘ydimi, yo qo‘lini silkitdimi?
Pastdan bunga javobanday qizning ovozi yangradi. U bola bilan gaplashar, ammo nigohi tepaga qadalgandi, o‘zimcha hammasini anglab yetdim.
Men irg‘ib turib, uning qo‘lidan ushlab, xonaga olib kirgim keldi, biroq shu payt uning o‘zi bolani qo‘ynidan bo‘shatib yo‘lakdagi eshigimizga kirdi. Mana nihoyat hozir uning ta’zirini berib qo‘yaman.
Maggi qanday qilib ichkariga kirganini eshitib turdim. Xato bo‘lishi mumkyn emas, u qariyb xonam oldiga yetib qolgandi. Biroq, u mening oldimga kirish o‘rniga zinapoya orqali yuqoriga ko‘tarilayotganini, bir amallab bolaxonadagi Glanning hujrasiga yetganini juda aniq eshitdim. Men xonam eshigani lang ochganimda, Maggi qariyb ko‘tarilayozgandi.
So‘ng qamish eshik qattiq yopildi va hech sas eshitilmay qoldi. Bularning bari o‘nlarda bo‘ldi.
Men xonamga kirib, allamahal bo‘lishiga qaramay, miltiqni olib, o‘qladim. So‘ng tepaga ko‘tarilib, Glan eshigining ortidan quloq soldim. Unda Maggi borliga, ular allaqachon apoq-chapoq bo‘lib ketgani menga bilindi. Men pastga tushdim, birozdan keyin yana tepaga chikdim. Biroq hammayoq suv quyganday jim-jit edi. Men eshik ortida turib, ular uyg‘onishini kutardim. Soat uch bo‘ldi, to‘rtdan o‘tdi, beshlardagana ular uyg‘onishdi. Men ul voqea haqida o‘ylamasdan faqat hozir haqida xayol surib, «Ularning uyg‘ongani yaxshi bo‘ldi-da», deb pichirladim. Shu palla xonadon sohibasining vag‘ur-vag‘uri eshitilib qoldi, u-bu alfozda menga ko‘zi tushishidan, xavfsirab, pastga tushishga shoshildim. Qulog‘imga hamon Glan va Maggi uyg‘ongani, gaplari kirib turar, mana u ketmoqchiligiyam bilindi.
«Haligina u shu yerdan o‘tarkan, yelkasi xonam eshigiga tegib, o‘tgan, biroq eshikni ochmagan, zina bo‘yicha yuqoriga ko‘tarilgandi. Mana o‘sha chirik, to‘rt yog‘ochli zina, hademay uning o‘zi shundan pastga tushib ketadi». Xonamda o‘tirib o‘ylaganim-o‘ylagan edi. To‘shagim g‘ijim bo‘lib yotar, men bir zumga unga cho‘zilishni xayolimga ham keltirmasdan, deraza oldida o‘ltirguncha miltig‘im bilan mashg‘ul edim. Yuragim titrar, qovliqar, u ko‘ksimda yo‘q darajada edi.
Yarim soatlardan keyin zinada Maggining qadam tovushlari eshitildi. Men derazadan engashib, u qanday uydan chiqayotganini kuzatdim. Uning etagi tizzasiga ham kelmas, egnida kalta chit ko‘ylak, yelkasida Glanning sharfi solingandi. Afti angorida biron bir o‘zgarish sezilmas, faqat yubkasi g‘ijim edi. U hamishagidek, yuraymi-yurmaymi degandek nozli qadam bosardi. Yo piray, u mening derazamga qiyo ham boqmadi, shundy o‘tdi-ketdi.
Ko‘p o‘tmay Glan oldimga kirdi. Uning ov uchun hamma jihozi taxt, miltig‘i o‘qlangan, chehrasi esa nihoyat tund edi. Odatdagi muqomi menga ta’zim ham qilmadi. U did bilan yasan-tusan kiyingandi. «Sarupolarini, xuddi kuyovlarnikidek» — o‘ylardim men.
Men ham shoshib-pishib uning ortidan chiqdim, jim borardik. O‘ynab-o‘ynab u ikki tus tovuqni shafqatsizlarcha yo‘qlik olamiga jo‘natgandiyam, daraxt ostida nimadir qovurib, tushlik qilganda ham birovimizdan sado chiqmadi. Yarim kun shunday ado bo‘ldi.
Hech kutilmaganda Glan birdan baqirib qoldi.
— Syz o‘zi rostdan ham miltig‘ingizni o‘qladingizmi? To‘satdan birortasi hamla qilib qolsa, nima qilasiz?!
— Hammasi taxt, xotirjam bo‘ling, — javobiga men ham baqirib dedim. U shu on butalar orasiga kirib g‘oyib bo‘ldi. O, qanday alomat bo‘lardi, shu pallada uni xuddi itday otib tashlaganimda. Biroq qayga ham shoshadi, aftidan u ham xayolimda nima aylanib yurganini yaxshi bilardi, shu bois ham men miltiqni o‘qlaganimni qayta-qayta so‘rab, aniq bilmoqchiday edi. Oh, yangi ko‘ylagini kiyib olib, yasan-tusan qilib olganini; hech bo‘lmasa bugun o‘z kalondimog‘ligidan qolsa edi, bu bo‘lsa qanoti bo‘lmasa ham ko‘qda uchib yurgudek tutadi o‘zini.
Kunning belgisiz bir vaqtida u haddan qahrli, ranggida rang qolmagan alfozda menga qaradi va dedi: Yo‘q, yo‘q, bunisiga hech chidab bo‘lmaydi! Ha! Ha, siz o‘zi miltiqni o‘qlaganmisiz?
— Sizda o‘zi patronlar bormi?
— Yaxshisi o‘z miltig‘ingizning dardini yeng, — desamda uning betoqatlanayotgani menga ayon edi.
U yana old tomonga o‘tib ketdi. U jimgina, boshini xam qilib borarkan, men oramizdagi masofani aniq belgiladim. Oradan o‘tgan bir soatlar davomida kaptar otdim. Yana miltig‘imni o‘qlab oldim. Miltiqni o‘qlar ekanman, Glan daraxt oldida turib, menga zingil soldi va haqiqatdan o‘q joylayotganimning guvohi bo‘lgach, tasavvur qilasizmi, xuddi to‘ylardagidek hirgoyi qilishga tushdi. «Qarang marakaga kelgandek, yasan-tusan qilib olganini. Qo‘shiq aytmokda — o‘ylardim men, — ko‘rinib turibdi, bugun u o‘zini alohida, yengib bo‘lmas darajada tutmokda». Keyin u to‘g‘ri mening ro‘paramda paydo bo‘lib, boshini ko‘tarib oldi, mayda qadam tashlab, hirgoyisini davom ettirdi. U yana mening miltig‘im og‘zida borar, xuddi shu payt, to‘y ashulasini kuylayotganida hammasi yuz berishi kerak deb o‘ylayotgani shundoq sezilib turardi. Biroq hech narsa yuz bermadi. U hammasini sayri tomoshaga chiqqanday, tugatdi. Mayli hech qisi yo‘q.
— Ey, bugun hech omadimiz yurishmadi-da, — derkan, u menga go‘yo hirgoyi qilgani uchun hijolatli kulib qaradi. Uning bu beg‘ubor kulgisi ajoyib, aslida kulgisi ortida ko‘z yoshlari tiqilib turganini pirpirab uchayotgan qovoqlaridan ham bilsa bo‘lar, hatto namoyishkorona kulib turgan bo‘lsa ham bu shubhasiz edi.
Men unga bir ojiza emasligimni juda yaxshi bilar, bunaqa hazillar o‘tmasligini bilgani sari, asabiylashar, atrofda charx urib, goh o‘ngdan, goh chapdan paydo bo‘lar va to‘xtab, nimanidir aniq kutardi. Soat beshlarda yangragan o‘q tovushidan birdan qalqib tushdim, o‘q mening chap kulog‘im tepasidan chiyillab o‘tgandi. Men nigohimni ko‘tarib oldga qarasam, Glan bir necha qadam narida turib, menga termular va uning miltig‘i og‘zi tutab turardi. «Nima balo, u meni otmoqchi bo‘ldimi?» Men unga qarab:
— Shuncha ham uquvsizlik bilan otadilarmi, siz nishonga tegizaolmadingiz-ku, — dedim.
Biroq, u hech qachon yomon otmas, nishonga olishda hech ham adashmasdi, maqsadi, meni g‘azablantirishmi?
— Oh, yaramas-ey, nimaga qaraysiz, o‘ch olsangiz-chi, — u baqirib berdi.
— Hammasining o‘z vaqti-soati bor, — dedim men tishimni tishimga ko‘yib.
Shunday biz yuzma-yuz turib, bir-birimizga qararkanmiz, Glan yelkalarini qisib menga qichqirdi:
— Qo‘rqoq.
Oh, u yana meni «Ko‘rqoq» deb ham atadi- ya! Men miltig‘imga yopishib, uni naq yuziga to‘g‘riladim-da, tepkini bosdim.
Nima eksang shuni o‘rasan!
Glan oilasidagilarning bu odamni qidiruvni davom ettirayotganlari behuda. Meni marhum haqidagi almisoqdan qolgan ahmoqlarcha ma’lumotlar jahlimni chiqaradi. Tomas Glan Hindistondagi bir ovda, baxtsiz hodisa tufayli bir daydi o‘qdan paymonasi to‘lgan. Sud uning nomi va qazo kunini rasmiylashtirib, bir jildga tikib qo‘yibdi. O‘sha rasmiy qog‘ozda yozilganiga ko‘ra u o‘lgan, aynan bir daydi o‘q zarbidan o‘lgan, o‘lgan eshitdingizmi?

Vafo Fayzulloh tarjimasi
«Yoshlik» jurnali, 1998 yil, 3-son

005

(Tashriflar: umumiy 151, bugungi 1)

Izoh qoldiring