Leonardo da Vinchi. Hikoyatlar (02).

022
Итальян рассоми ва олими, ёзувчи, Уйғониш даври санъатининг ёрқин намояндаси Леонардо да Винчи 1452 йили Флоренция яқинидаги Винчи шаҳарчасида туғилган. Гарчи у ўзини ёзувчи деб ҳисобламаса-да, умри давомида итальян тилини лотин тили билан муқояса қилиб, унинг афзалликларини исботлашга интилган. Асарларининг асосини дидактика ташкил этади, болалар адабиётида унинг ёзувчи сифатидаги ўрни яна-да яққол кўзга ташланади.

022

ЛЕОНАРДО ДА ВИНЧИ
ҲИКОЯТЛАР
Рус тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси

033

ҚОПЛОН

— Ойи! — деди дарахтнинг учига чиқиб олган маймун боласи, ҳансираб қичқирганча. — Анови она шерни кўряпсизми? У бағоят гўзал экан!

Она маймун ўлжасини пойлаётган йиртқични кўздан пана қилаётган новдани секин суриб, унга разм солди.
— Бу шер эмас, қоплон-ку, — изоҳ берди она. — Терисининг рангтига қара.
— Ажабо, жудаям чиройли экан! Кўз узолмайсан-а, — хитоб қилди маймун боласи. — худди қора атиргуллар сочилганга ўхшайди.

Чиндан ҳам олисдан жазирама офтоб тиғида сарғайган ўт орасида кутилмаганда ажиб пахмоқ гуллар ўсиб чиққандай туюларди.
— Қоплон ўзининг қанчалар мафтункорлигини билади ва бундан тузоқ сифатида фойдаланади, — давом этди она маймун. — Нотаниш жониворнинг ёрқин териси жилосини кўрганлар унинг ортидан эргашадилар ва йиртқичнинг ўлжасига айланадилар.

Гўзаллик баъзида ёвузлик учун хизмат қилади.

АЙИҚЧА ВА АРИЛАР

Она айиқ юмушига андармон бўлиб, орқасини ўгиришга улгурмаган маҳал жонсарак ўғли, волидаси томонидан бетайин шўхлиги учун жазо тариқасида уйда ўтиришга маҳкум қилинганини унутиб, ён-верига қарамасдан ўрмонга отилди. Бу ерда мафтункор ифорлар бор! Ҳарқалай, табиат қўйни диққинафас кулба эмас. Қувончдан терисига сиғмай кетаётган айиқчанинг ғайрати жўшиб, то бурунни қитиқдайдиган ёқимли ҳид анқиб турган дарахт ковагига дуч келмагунга қадар капалаклар ортидан кувиб юраверди.

Атрофга олазарак нигоҳ ташлаган айиқча кўз илғар-илғамас учиб юрган асалариларга диққат қилди. Баъзилари ковак атрофида юракка ғулғула соладиган овоз билан худди соат милидай ғўнғиллаб айланар, баъзилари инларига тўлиб-тошиб қайтар, лип этиб, ковакка кириб кетарди-да, тағин ортга қайтиб ўрмон томон ошиқарди. Бу манзарага мафтун айиқчанинг қизиқиши устунлик қилиб, ўзини гунохдан тийиб туролмади. Тезроқ ковак ичкарисида нималар юз бераётганини ўз кўзи билан кўрмоққа шошди. Аввалига айиқча бурнини суқиб ҳидлади, сўнг кўлини узатиб, иссиқ ва ёпишқоқ нарсани ҳис қилди. У қўлини тортиб олганида панжалари асалга бўкканди.

Қўлидаги ширин болни ялаб, ҳузурланишга улгурмаган ҳам эди, қутурган асаларилар галаси бурни, оғзи, кулоғи демай ёпирилишди…

Чидаб бўлмас оғриқдан дарғазаб айиқча панжалари билан асалариларни ҳайдаб, ноилож ўзини ҳимоя қилмоқликка уринди. Бундан ариларнинг баттар важоҳати қўзиб, айиқчага аямай, найза санчишди. Азоблаётган дард дастидан бечорагина нима қиларини билмай, ерга думалади ва оғриқдан халос бўлишга интилди, бироқ бу фойда бермади.

Қўрқувдан буткул ўзини унутиб, уйи томон тум-тарақай қочди. У йиғлаганча она бағрига отилди. Она айиқ қулоқсиз боласини шўхлиги учун тартибга чақириб, хўжакўрсинга бир койиган бўлди-ю, тағин оналик меҳри ийиб, ари чаққанидан шишиб, ачишаётган жойларига лой суртиб кўйди.

Ўшандан буён айиқча ширин болнинг аччиқ бадали борлигини яхши билади.

ДАҲШАТЛИ ҲАЙВОН

Ўрмондаги ҳатто энг жасур ва дадил жониворлар тушкунликка тушиб, анчадан бери кенг қулоч ёйган сершох, қари дарахт ёнидан ўтганларнинг бари нега ақл бовар қилмас балоларга гирифтор бўлаётгани ҳақида ўйлаб-ўйлаб ўйларига етолмас ва бу жумбоқни ечолмай гаранг эдилар.

Бир-биридан даҳшатли миш-мишлар ўрмалаб қолганди. Айтишларича, ўрмонда бутун жониворларга қирон келтирадиган махлуқ пайдо бўлганмиш.

Бутун ўрмон ахли машваратга йиғилиб маслаҳатлашгач, тулкига мурожаат этди:

— Тулкижон, орамизда энг айёри ва эпчили ўзингсан. Илтимос, бунда қандай синоат яширин? Сендан ўзгаси қари дарахтда ким ин қуриб олганини билишни удда қилолмайди.

Бундай ҳурмат-эътибордан боши кўкка етган тулки кўп ялинтириб ўтирмади. Гарчанд таклифга бажонидил кўнган бўлса-да, эл манфаати учун ўз жонини қурбон қилмокни асло хоҳламасди.

Бироз бош қотирган малла ҳийлагар машьум дарахт ёнига қадрдон дугонаси тиниб-тинчимас зағизғонни юборишга қарор қилди.

Дарахт гирдидан айланган зағизғон қалин барглар орасидан икки алангани, ора-орада тез-тез қанотларини қоқиб қўяётган махлуқни илғади.

Тулки ўша ондаёқ барчани йиғиб, янгиликни эълон қилди:
— Бошимизга кулфат ёғилибди, дўстларим. Бу махлуқнинг номи аждаҳо деб аталади. Ҳали ҳеч ким унинг сўйлоқ тишларини кўрмаган ва ёввойи чинқириғини эшитмаган. Бу аччиқ қисматни мен татиб кўришни истамасдим, сизга ҳам маслаҳат бермайман, — дея қўшни ўрмонга яшагани кетибди. Унинг ортидан индамай бошқалар ҳам эргашибди.

Азим дарахтнинг қалин шохлари орасига сингиб кетган катта кўзли укки гўё барча жониворлар қирилиб кетгандай, ўрмоннинг нега жим-жит бўлиб қолганига ҳеч ақли етмай қунишиб ўтирарди.

Ҳа, қўрққанга қўша кўринар, деб тўғри айтган экан.

ОНА ШЕР

Ўткир учли найзаларини маҳкам ушлаганча оёқ учида илдамлаётган овчилар тўдаси тобора ўлжага яқинлашиб келарди. Болаларини эмизаётган она шер нотаниш исни дарҳол олди ва хатар яқинлигини сезди. Бироқ кеч бўлганди. Овчилар аллақачон уни ўраб олишганди.

Қуролланган одамларни кўрган она шер шошиб қолди. Қочиб қолмоқчи бўлди-ю, бироқ бу ниятидан қайтди: гўдакларининг овчиларга осон ўлжа бўлишини ўйлаб, уларни кўзи қиймади.

Она болаларини ўз ҳаёти эвазига қутқариб бўлса-да, асраб қолишга қарор қилди. Жонивор ўзига қараб отилган ўткир найзалардан довдирамаслик учун бошини эгди ва одамлар томон дадил сакради, гўё ўзини қочаётган қилиб кўрсатиб, овчиларни боплаб чалғитди.

Пировардида, ожиз шерваччаларнинг жони омон қолди.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2014,июнь

005

008Жаҳон маданияти, санъати ва илм-фани тарихида Леонардо да Винчи (1452 – 1519) нафақат Уйғониш даврининг буюк рассоми, ҳайкалтароши, меъмори, балки истеъдодли ихтирочи муҳандис, математик, анатом сифатида ҳам ёрқин из қолдирган.
Леонардо унча катта бўлмаган Винчи шаҳри яқинида дунёга келди. У 14 ёшга тўлганда отаси уни Флоренсияга олиб келади ва Уйғониш даврининг кўпгина маърифатли кишилари қатори ҳар томонлама иқтидор соҳиби, ўз даврининг таниқли рассоми, ҳайкалтароши ва меъмори Андреа Веррокионинг бадиий устахонасига шогирдликка беради. Тез орада Леонардо нафақат тенгқурлари, балки устозини ҳам ортда қолдириб, моҳир рассом бўлиб етишади. Рассомнинг бу қадар тез камол топишида унинг табиатга, атроф муҳитдаги воқеа ва ҳодисаларга нисбатан ўта синчковлиги сабаб бўлди. У ёшлигидан бошлаб хотира дафтари тутиб, унда уйлар ва кўчалар, қир-адирлар ва боғлар, гуллар ва дарахтлар, гўзал қизларнинг юз тузилиши, юзини юваётган мушук, отнинг туёқлари, матонинг букламалари каби деталларни синчковлик ва сабот билан тасвирлаб борди. Ундан ўз ҳаёти давомида битилган 7 минг саҳифага яқин хотира дафтари қолган. Унинг қўлёзмалари орасида учиш аппаратлари, парашют, сув ости кемаси, автомат тўқув станоги каби ажойиб нарсаларнинг лойиҳаларини топдилар. Бир неча юз йиллардан сўнг буларнинг барчаси қайтадан ихтиро этилди. Самолёт пайдо бўлмасдан юз йиллар аввал Леонардо да Винчи қушни эслатувчи учиш аппаратини яратди.
Лекин рассом – Леонардонинг асарларига анчагина бахтли тақдир насиб этди. У яратган асарлардан унинг замондошлари ҳам, уларнинг авлодлари ҳам завқланишган.
Леонардо да Винчи ҳаётининг охирги икки ўн йиллигини дарбадарликда, жойдан жойга кўчиб юриб ўтказишга мажбур бўлди. Шу даврда яратган энг машҳур асари «Мона Лиза» портретидир (бу асарни яна «Жоконда» деб ҳам аташади). Унда шаҳарлик бадавлат аёл бироз жилмайган, хаёлга чўмган, ғамгинроқ ҳолатда тасвирланган. Бу гўзал қиёфага қараб аёлнинг бой ва мураккаб ички дунёсини, унинг ўткир ақлини ҳис этиш мумкин. Мона Лиза табиат манзараси фонида тасвирланган. Олисдаги тоғлар, осмон, дарё ва дарахтлар – буларнинг ҳаммаси енгилгина туман билан қопланган.
Дарбадарликда ҳаёт кечирган рассом умрининг сўнгги йилларини Францияда ўтказди ва Амбауза шаҳри яқинида вафот этди.
Буюк рассомнинг ўлмас асарлари ҳамон келажак авлодларга завқ бағишламоқда. Рассом ижодий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш бугун ҳам сўнган эмас. Рассомнинг ҳеч бўлмаганда биргина асарини томоша қилиш учун кишилар соатлаб навбат кутишади.

08Jahon madaniyati, san’ati va ilm-fani tarixida Leonardo da Vinchi (1452 – 1519) nafaqat Uyg’onish davrining buyuk rassomi, haykaltaroshi, me’mori, balki iste’dodli ixtirochi muhandis, matematik, anatom sifatida ham yorqin iz qoldirgan.
Leonardo uncha katta bo’lmagan Vinchi shahri yaqinida dunyoga keldi. U 14 yoshga to’lganda otasi uni Florensiyaga olib keladi va Uyg’onish davrining ko’pgina ma’rifatli kishilari qatori har tomonlama iqtidor sohibi, o’z davrining taniqli rassomi, haykaltaroshi va me’mori Andrea Verrokioning badiiy ustaxonasiga shogirdlikka beradi. Tez orada Leonardo nafaqat tengqurlari, balki ustozini ham ortda qoldirib, mohir rassom bo’lib yetishadi. Rassomning bu qadar tez kamol topishida uning tabiatga, atrof muhitdagi voqea va hodisalarga nisbatan o’ta sinchkovligi sabab bo’ldi. U yoshligidan boshlab xotira daftari tutib, unda uylar va ko’chalar, qir-adirlar va bog’lar, gullar va daraxtlar, go’zal qizlarning yuz tuzilishi, yuzini yuvayotgan mushuk, otning tuyoqlari, matoning buklamalari kabi detallarni sinchkovlik va sabot bilan tasvirlab bordi. Undan o’z hayoti davomida bitilgan 7 ming sahifaga yaqin xotira daftari qolgan. Uning qo’lyozmalari orasida uchish apparatlari, parashyut, suv osti kemasi, avtomat to’quv stanogi kabi ajoyib narsalarning loyihalarini topdilar. Bir necha yuz yillardan so’ng bularning barchasi qaytadan ixtiro etildi. Samolyot paydo bo’lmasdan yuz yillar avval Leonardo da Vinchi qushni eslatuvchi uchish apparatini yaratdi.Lekin rassom – Leonardoning asarlariga anchagina baxtli taqdir nasib etdi. U yaratgan asarlardan uning zamondoshlari ham, ularning avlodlari ham zavqlanishgan.
Leonardo da Vinchi hayotining oxirgi ikki o’n yilligini darbadarlikda, joydan joyga ko’chib yurib o’tkazishga majbur bo’ldi. Shu davrda yaratgan eng mashhur asari «Mona Liza» portretidir (bu asarni yana «Jokonda» deb ham atashadi). Unda shaharlik badavlat ayol biroz jilmaygan, xayolga cho’mgan, g’amginroq holatda tasvirlangan. Bu go’zal qiyofaga qarab ayolning boy va murakkab ichki dunyosini, uning o’tkir aqlini his etish mumkin. Mona Liza tabiat manzarasi fonida tasvirlangan. Olisdagi tog’lar, osmon, daryo va daraxtlar – bularning hammasi yengilgina tuman bilan qoplangan.Darbadarlikda hayot kechirgan rassom umrining so’nggi yillarini Frantsiyada o’tkazdi va Ambauza shahri yaqinida vafot etdi.Buyuk rassomning o’lmas asarlari hamon kelajak avlodlarga zavq bag’ishlamoqda. Rassom ijodiy merosini o’rganishga bo’lgan qiziqish bugun ham so’ngan emas. Rassomning hech bo’lmaganda birgina asarini tomosha qilish uchun kishilar soatlab navbat kutishadi.

022

LEONARDO DA VINCHI
HIKOYATLAR
Rus tilidan Shahnoza Rahmonova tarjimasi

033

QOPLON

— Oyi! — dedi daraxtning uchiga chiqib olgan maymun bolasi, hansirab qichqirgancha. — Anovi ona sherni ko’ryapsizmi? U bag’oyat go’zal ekan!

Ona maymun o’ljasini poylayotgan yirtqichni ko’zdan pana qilayotgan novdani sekin surib, unga razm soldi.
— Bu sher emas, qoplon-ku, — izoh berdi ona. — Terisining rangtiga qara.
— Ajabo, judayam chiroyli ekan! Ko’z uzolmaysan-a, — xitob qildi maymun bolasi. — xuddi qora atirgullar sochilganga o’xshaydi.

Chindan ham olisdan jazirama oftob tig’ida sarg’aygan o’t orasida kutilmaganda ajib paxmoq gullar o’sib chiqqanday tuyulardi.
— Qoplon o’zining qanchalar maftunkorligini biladi va bundan tuzoq sifatida foydalanadi, — davom etdi ona maymun. — Notanish jonivorning yorqin terisi jilosini ko’rganlar uning ortidan ergashadilar va yirtqichning o’ljasiga aylanadilar.

Go’zallik ba’zida yovuzlik uchun xizmat qiladi.

AYIQCHA VA ARILAR

Ona ayiq yumushiga andarmon bo’lib, orqasini o’girishga ulgurmagan mahal jonsarak o’g’li, volidasi tomonidan betayin sho’xligi uchun jazo tariqasida uyda o’tirishga mahkum qilinganini unutib, yon-veriga qaramasdan o’rmonga otildi. Bu yerda maftunkor iforlar bor! Harqalay, tabiat qo’yni diqqinafas kulba emas. Quvonchdan terisiga sig’may ketayotgan ayiqchaning g’ayrati jo’shib, to burunni qitiqdaydigan yoqimli hid anqib turgan daraxt kovagiga duch kelmagunga qadar kapalaklar ortidan kuvib yuraverdi.

Atrofga olazarak nigoh tashlagan ayiqcha ko’z ilg’ar-ilg’amas uchib yurgan asalarilarga diqqat qildi. Ba’zilari kovak atrofida yurakka g’ulg’ula soladigan ovoz bilan xuddi soat miliday g’o’ng’illab aylanar, ba’zilari inlariga to’lib-toshib qaytar, lip etib, kovakka kirib ketardi-da, tag’in ortga qaytib o’rmon tomon oshiqardi. Bu manzaraga maftun ayiqchaning qiziqishi ustunlik qilib, o’zini gunoxdan tiyib turolmadi. Tezroq kovak ichkarisida nimalar yuz berayotganini o’z ko’zi bilan ko’rmoqqa shoshdi. Avvaliga ayiqcha burnini suqib hidladi, so’ng ko’lini uzatib, issiq va yopishqoq narsani his qildi. U qo’lini tortib olganida panjalari asalga bo’kkandi.

Qo’lidagi shirin bolni yalab, huzurlanishga ulgurmagan ham edi, quturgan asalarilar galasi burni, og’zi, kulog’i demay yopirilishdi…

Chidab bo’lmas og’riqdan darg’azab ayiqcha panjalari bilan asalarilarni haydab, noiloj o’zini himoya qilmoqlikka urindi. Bundan arilarning battar vajohati qo’zib, ayiqchaga ayamay, nayza sanchishdi. Azoblayotgan dard dastidan bechoragina nima qilarini bilmay, yerga dumaladi va og’riqdan xalos bo’lishga intildi, biroq bu foyda bermadi.

Qo’rquvdan butkul o’zini unutib, uyi tomon tum-taraqay qochdi. U yig’lagancha ona bag’riga otildi. Ona ayiq quloqsiz bolasini sho’xligi uchun tartibga chaqirib, xo’jako’rsinga bir koyigan bo’ldi-yu, tag’in onalik mehri iyib, ari chaqqanidan shishib, achishayotgan joylariga loy surtib ko’ydi.

O’shandan buyon ayiqcha shirin bolning achchiq badali borligini yaxshi biladi.

DAHSHATLI HAYVON

O’rmondagi hatto eng jasur va dadil jonivorlar tushkunlikka tushib, anchadan beri keng quloch yoygan sershox, qari daraxt yonidan o’tganlarning bari nega aql bovar qilmas balolarga giriftor bo’layotgani haqida o’ylab-o’ylab o’ylariga yetolmas va bu jumboqni yecholmay garang edilar.

Bir-biridan dahshatli mish-mishlar o’rmalab qolgandi. Aytishlaricha, o’rmonda butun jonivorlarga qiron keltiradigan maxluq paydo bo’lganmish.

Butun o’rmon axli mashvaratga yig’ilib maslahatlashgach, tulkiga murojaat etdi:

— Tulkijon, oramizda eng ayyori va epchili o’zingsan. Iltimos, bunda qanday sinoat yashirin? Sendan o’zgasi qari daraxtda kim in qurib olganini bilishni udda qilolmaydi.

Bunday hurmat-e’tibordan boshi ko’kka yetgan tulki ko’p yalintirib o’tirmadi. Garchand taklifga bajonidil ko’ngan bo’lsa-da, el manfaati uchun o’z jonini qurbon qilmokni aslo xohlamasdi.

Biroz bosh qotirgan malla hiylagar mash`um daraxt yoniga qadrdon dugonasi tinib-tinchimas zag’izg’onni yuborishga qaror qildi.

Daraxt girdidan aylangan zag’izg’on qalin barglar orasidan ikki alangani, ora-orada tez-tez qanotlarini qoqib qo’yayotgan maxluqni ilg’adi.

Tulki o’sha ondayoq barchani yig’ib, yangilikni e’lon qildi:
— Boshimizga kulfat yog’ilibdi, do’stlarim. Bu maxluqning nomi ajdaho deb ataladi. Hali hech kim uning so’yloq tishlarini ko’rmagan va yovvoyi chinqirig’ini eshitmagan. Bu achchiq qismatni men tatib ko’rishni istamasdim, sizga ham maslahat bermayman, — deya qo’shni o’rmonga yashagani ketibdi. Uning ortidan indamay boshqalar ham ergashibdi.

Azim daraxtning qalin shoxlari orasiga singib ketgan katta ko’zli ukki go’yo barcha jonivorlar qirilib ketganday, o’rmonning nega jim-jit bo’lib qolganiga hech aqli yetmay qunishib o’tirardi.

Ha, qo’rqqanga qo’sha ko’rinar, deb to’g’ri aytgan ekan.

ONA SHER

O’tkir uchli nayzalarini mahkam ushlagancha oyoq uchida ildamlayotgan ovchilar to’dasi tobora o’ljaga yaqinlashib kelardi. Bolalarini emizayotgan ona sher notanish isni darhol oldi va xatar yaqinligini sezdi. Biroq kech bo’lgandi. Ovchilar allaqachon uni o’rab olishgandi.

Qurollangan odamlarni ko’rgan ona sher shoshib qoldi. Qochib qolmoqchi bo’ldi-yu, biroq bu niyatidan qaytdi: go’daklarining ovchilarga oson o’lja bo’lishini o’ylab, ularni ko’zi qiymadi.

Ona bolalarini o’z hayoti evaziga qutqarib bo’lsa-da, asrab qolishga qaror qildi. Jonivor o’ziga qarab otilgan o’tkir nayzalardan dovdiramaslik uchun boshini egdi va odamlar tomon dadil sakradi, go’yo o’zini qochayotgan qilib ko’rsatib, ovchilarni boplab chalg’itdi.

Pirovardida, ojiz shervachchalarning joni omon qoldi.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali, 2014,iyun

011

(Tashriflar: umumiy 172, bugungi 1)

Izoh qoldiring