Lev Tolstoy. Iqrornoma

Инсоннинг бу дунёга келиб кетишида қандай маъно бор? Умуман, Одамзод умрининг моҳияти нима? Жаҳоннинг буюк мутафаккирлари, машҳур файласуфлари ҳамиша ана шу саволлар устида бош қотирганлар. Буюк адиб Лев Толстой ўзининг “Иқрорнома” асарида инсон умрининг мазмуни ҳақида бош қотирар экан, унинг ҳаётида эътиқод, диннинг ўрни ва роли ҳақидаги теран мушоҳадаларини ўртага ташлайди, улкан даҳоларни қийнаган маънавий муаммоларга жавоб излайди. Асар Лев Толстой ҳаёти ва дунёқарашининг янги қирраларини акс эттирганлиги билан муҳим ва қадирлидир. Забардаст адабиётшунос олимимиз Озод Шарафиддинов таржимасидаги ушбу асар китобхонга кўп маълумот беради.

099
БУЮК АДИБНИНГ ИҚРОРНОМАСИ
Озод Шарафиддинов
Ўзбекистон қаҳрамони

099

Инсоният тарихида ўтган адибу шуарони санаб ҳисобига етиб бўлмайди, аммо уларнинг камдан-ками одамларнинг маънавий ривожида салмоқли из қолдирган. Шундайлардан бири Лев Николаевич Толстойдир. Унинг оламдан ўтганига салкам бир аср бўляпти. Шу муддат мобайнида унинг оламшумул шуҳрати ортса ортдию, сира камайгани йўқ. Бугун бутун ер юзида – ҳамма қитъаларда, ҳамма мамлакатларда унинг асарлари, оташин хитоблари, ўйлари етиб бормаган жой қолмади, десак хато бўлмайди. Ҳар хил ирқдаги, ҳар хил ижтимоий табақага мансуб, ҳар хил эътиқодларга эга одамлар ўз ҳаётларининг мушкул ва мураккаб дамларида Толстой асарларига, унинг бой ва кўп қиррали ижодига мурожаат қиладилар ва ундан маънавият сабоқларини оладилар. Замонлар айланиб ҳаётидаги жуда кўп нарсалар эскириб кетган бўлса-да, бизни қуршаб олган муҳит, ашёлар дунёси тубдан янгиланган бўлса-да, ҳатто, кўпгина анъанавий қадриятлар ўрнини янги қадриятлар, янги тушунчалар, янги эътиқодлар эгаллаётган бўлса-да, ҳаётлигидаёқ «Инсониятнинг устози» сифатида танилган Толстойнинг маънавий сабоқлари мутлоқ эскиргани йўқ. Ўзбеклар ҳам бу улуғ адибни асарлари билан асримиз бошидаёқ танишган эдилар. Толстойнинг болалар учун яратган масаллари, эртаклари, жажжи ҳикоялари ўзбек тилидаги илк дарсликларга киритилган. Айрим ўзбек зиёлилари эса адиб асарларини ўқиш асносида туғилган фикр-мулоҳазаларини бевосита Толстойнинг ўзига ёзиб юборишган ва ундан жавоб ҳам олишган.
Ҳозирги кунда деярли ҳамма бадиий асарлари ўзбек тилига ағдарилган ва аллақачон ўзбек китобхонининг кўнгил мулкига айланиб қолган. Лекин шунга қарамай биз бугун Толстой ҳақида, унинг бой, серқирра ва мураккаб шахсияти тўғрисида тугал тасаввурга эгамиз деб айта олмаймиз. Толстойнинг кўплаб фалсафий, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, адабий-танқидий асарлари ҳали-ҳануз ўзбек китобхонларининг назаридан четда қолиб келмоқда. Бу билан биз ўзимизнинг ҳазрат Толстой шахсиятининг янги қирралари билан танишувдан оладиган жуда катта маънавий бойликдан маҳрум қилиб келмоқдамиз. Шунинг учун бир замонлар «дод саси» келган Қарши чўлининг қоқ ўртасида қад кўтарган том маънодаги замонавий саноат корхонасининг етакчиси «Иқрорнома»дан баҳс юритар экан, демак, ўзбек зиёлиларининг бугунги тафаккурида муайян силжишлар рўй берган экан-да! Улар ҳам умумжаҳон тафаккурининг орбитасида ўз ўринларини излай бошлабдилар-да! Бутун инсониятни жавоб излашга мажбур қилиб келган, ўйлашга, баҳс юритишга, изланишга ундаган «малъун саволлар» эндиликда ҳамма ўзбек зиёлиларининг бўлмаса ҳам-ку, айримларининг олдида кўндаланг бўла бошлапти-да! Ахир, бунга қувонмасдан бўладими?
«Иқрорнома» ҳасби ҳол жанрида ёзилган асар. Жаҳон адабиётида бунақа асарлар унчалик кўп эмас. Энг машҳурлари – Жан Жак Руссо, Оскар Уайльд каби ёзувчиларники. Уларнинг барида муаллифлар ўз ҳаётлари мисолида инсон фаолиятининг энг мураккаб жиҳатларини ёритадилар. Лекин улар биографик ёхуд мемуар асар эмас. Толстой «Иқронома»сининг энг муҳим фазилати шундаки, у асарда қайси муаммо ҳақида баҳс юритмасин ҳамиша бу муаммоларини ўз ҳаёти мисолида таҳлил қилган ва бирор ўринда самимиятдан чекиниб мақтанчоқликка, манманликка, ўзни пардозлаб кўрсатишга уринган эмас. Мана, қуйидаги парчага эътибор беринг: «Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман.
Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас…» Бу парчани ўқиган ўзбек китобхони, албатта, ёқа ушлайди: «Ё алҳазар! Шу ўзимиз билган, соясига салом бериб келган улуғ адибми? Роса бўлган экан-ку! Вой соқолинг кўксингга тўкилгур – эй!» Бундай дейишимизга сабаб шуки, биз («биз» деганда ўзим тенги авлодни назарда тутаяпман) юзаки фикрлашга ўрганганмиз, биз учун фақат оқ ва қора рангларгина мавжуд, биз ҳар қандай одамни баҳолаганда ҳам ё уни мақтаб, фариштага айлантириб юборамиз, ёхуд қоралаб қарғаб, қора ерга киритиб ташлаймиз. Ўрталиқни тан олмаймиз, ҳар қандай инсон ҳам, биринчи навбатда, банда эканини ва банда сифатида адашиш ҳуқуқига эга эканини унутиб қўямиз. Толстой улуғ эди, лекин у айни чоғда инсон ҳам эди ва айни шу жиҳати билан у бошқа инсонларга яқин туради. Кўринадики, «Иқрорнома» юксак самимияти билан, ўзи ҳақида ўта шафқатсиз қалам тебратиш биланоқ бизга инсон тўғрисида фикр юритганда бир томонламаликка йўл қўймаслик зарурлигини, масаланинг ҳамма қирраларига бирдай эътибор билан қараш кераклигини ўргатади. «Иқронома»нинг яна бир фазилати муаллиф фикрларининг ғоятда ўткирлигида. У ҳар гал бетакрор бир синчковлик билан масаланинг моҳиятигача етиб боришга ҳаракат қилади ва натижада китобхон илгари кам эътибор берган жиҳатларни очиб, уни янада қизиқтириб, ўз ортидан етаклайди.
«Иқрорнома»ни муаллиф 1879 йилда, яъни 51 ёшида ёза бошлаган, лекин унинг мазмуни ҳақида, асарда қўйилган ахлоқий-маънавий ва фалсафий масалалар тўғрисида камида 20 ёшидан ўйлай бошлаган. Демак, асар дафъатан туғилган, бирдан эсга тушиб қолган, фикр-мулоҳазаларга асосланган эмас. Эҳтимол, шунинг учундирки, у бугунги китобхон учун ҳам ғоятда ардоқли, унинг маънавий янгиланишида ғоятда сезиларли тиргак бўладиган асардир.

099
Лев Толстой
ИҚРОРНОМА
Таржимон: Озод Шарафиддинов
099

БОСИЛМАГАН АСАРГА МУҚАДДИМА

Мен православ христиан дини руҳида чўқинтирилганман ва тарбия топганман. Болалигимдан бошлаб, кейин эса бутун ўсмирлигим ва ёшлигим мобайнида мени диний руҳда тарбия қилишди. Аммо мен 18 ёшга тўлиб, дорилфунуннинг иккинчи курсини битирганимда менга ўргатган нарсаларининг ҳеч қайсисига ортиқ ишонмай қолгандим.

Баъзи бир хотираларимга қараб ҳукм қилинса, мен ҳеч қачон менга ўргатган нарсаларига ва катталарнинг менинг ҳузуримда қилган иқрорномаларига жиддий ишонган эмасман. Уларга фақат ишонқираб қарардим холос, аммо бу ишонқирашнинг замини жуда бўш эди.
Эсимда, мен ўн бир ёшда эдим — аллақачон оламдан кўз юмган Володенька М. деган бир гимназия талабаси якшанба куни бизникига келиб, гимназияда кашф этган бир гапни катта янгилик сифатида гапириб берди. Кашфиёт шундан иборат эдики, Худо йўқ ва бизга ўргатган нарсаларнинг ҳаммаси беҳуда гаплар (бу 1838 йилда бўлган эди). Эсимда, акаларим бу янгиликка қизиқиб қолишди ва мени маслаҳатга чақиришди. Яна эсимдаки, биз ҳаммамиз анча ҳаяжонга тушдик ва бу гапларни жуда ғалати ва бўлиши мумкин гаплар тарзида баҳоладик.
Яна эсимда — акам Дмитрий дорилфунунда ўқиб юрган кезларида бирдан унинг табиатига хос жўшқинлик билан динга берилиб қолди ва ҳамма ибодатларга қатнай бошлади, рўза тутди, озода ва покиза ҳаёт кечира бошлади. Шунда биз ҳаммамиз, ҳатто катталар ҳам тинимсиз тарзда унинг устидан кулиб юрдик ва уни негадир Нуҳ деб атадик. Эсимда, ўша кезларда Қозон дорилфунунининг мутаваллиси бўлган Мусин-Пушкин ҳаммамизни танца тушгани уйига таклиф қилган эди. Акам боришдан бўйин товлади. Шунда у истеҳзо билан Довуд ҳам кема олдида рақс тушган деб, акамни кўндиришга уриниб кўрди. Ўша кезларда катталарнинг бунақа ҳазил-ҳузуллари менга анча маъқул тушган эди. Мен улардан битта хулоса чиқардим — диний китобларни ўқиш керак, аммо буларнинг барини ҳаддан зиёд жиддий қабул қилмаслик керак. Яна шу нарса хотирамдаки, мен жуда ёшлигимда Вольтерни ўқиганман ва унинг истеҳзоларидан норози бўлиш ўрнига уларни ўқиб, кайфим чоғ бўлар эди.
Менинг диндан қайтишим бизга ўхшаган ўқимишли одамлар ўртасида қандай содир бўлган ва бўлаётган бўлса, худди шундай рўй берди. Менинг назаримда, кўп ҳолларда бу қуйидагича содир бўлади шекилли: ҳамма қандай яшаса, айрим-айрим одамлар ҳам шундай яшайди. Ҳамма эса шундай ибтидолар асосида ҳаёт кечирадики, бу ибтидоларнинг диний эътиқодларга алоқаси йўққина эмас, балки кўп ҳолларда уларга буткул зид ҳамдир, диний эътиқодлар тирикчиликда иштирок этмайди, бошқа одамлар билан мулоқотда бўлганингизда ҳеч қачон диний эътиқодларга рўпара келмайсиз ва ўз ҳаётингизда ҳам ҳеч қачон ундан баҳраманд бўлишингизга тўғри келмайди; диний эътиқодларга кундалик ҳаётдан олисда ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда сиғинасиз. Агар унга тўқнаш келиб қолсангиз, фақат ҳаёт билан боғлиқ бўлмаган ташқи ҳодисадек муомалада бўласиз.
Одамнинг ҳаётига қараб, унинг ишларига қараб, унинг Худога ишониш-ишонмаслигини билиб бўлмайди. Авваллари шунақа эди, ҳозир ҳам шундай. Мабодо борди-ю, православ динидаги одам билан уни инкор этувчи кас ўртасида бирон-бир тафовут бўлса, бу диндор одамнинг фойдасига бўлмайди. Авваллари бўлгани каби ҳозирги пайтда ҳам православ мазҳабини тан олувчилар ва уни ўзларининг имони деб билганларнинг кўпчилиги ақли ноқис, бағритош ва виждонсиз одамлардир. Улар ҳаддан зиёд ўзларига бино қўйишган. Донолик, тўғрилик, номус, очиқкўнгиллилик ва диёнат эса кўпинча ўзларини динга ишонмайдиган деб тан олувчилар ўртасида учрайди.
Мактабларда диний китобларни ўқитадилар ва шогирдларни черковга қатнашга ундайдилар; мансабдорлардан ибодатга қатнашлари ҳақида гувоҳлик талаб қилинади. Аммо ортиқ бирон жойда ўқимайдиган, бирон давлат ишида хизмат қилмайдиган бизнинг тоифамиздаги одам ҳозирги пайтда ҳам, ўтган замонларда эса инчунин, ўнлаб йиллар мобайнида христианлар орасида яшаётганини бирон марта хаёлига келтирмасдан ва ўзи ҳам христиан православ динидаги одам ҳисобланишини эсига олмасдан умр ўтказиши мумкин эди.
Ана шунақа. Ҳозир ҳам худди ўтмишдаги каби ишониб қабул қилганимиз ва ташқи тазйиқ билан қўллаб-қувватланиб туриладиган диний эътиқод диний таълимотга зид бўлган ҳаётий билим ва тажриба таъсирида камдан-кам эриб битмоқда. Одам эса, кўпинча, болалигидан унга сингдирилган диний таълимот ҳамон унинг онгида тўла-тўкис мавжуд деган ўй билан кўп йиллар ўзини-ўзи овутиб юраверади. Ҳолбуки, унинг онгида диний эътиқодларнинг изи ҳам қолмаган бўлади.
С. деган жуда доно ва ростгўй одам қандай қилиб динга ишонмай қўйганини менга гапириб берган эди. Йигирма олти ёшга кирганида, ов қилиб юрган чоғида, болаликдан ўрнашиб қолган одатига кўра кечқурун ибодат қила бошлабди. У билан бирга овга келган акаси пичан устида ётиб, уни кузатибди. С. ибодатни тугатиб, ётишга чоғланаётганда, акаси унга: «Ҳали ҳам шу ишингни қўйганинг йўқми?» дебди. Улар бир-бирларига бундан бошқа бир оғиз ҳам гап айтишмабди. Аммо С. шу кундан бошлаб ибодат қилмай қўйибди ва черковга қатнашни ҳам бас қилибди. Шу кўйи ўттиз йилдан бери ибодат қилмаётган ва черковга бормаётган экан. Бундай қилганига сабаб — у акасининг эътиқодларидан хабардор бўлгани ва уларга қўшилишга тайёрлиги эмас, ўз қалбида бирор қатъий қарорга келгани ҳам эмас. Бор-йўқ сабаб шуки, акасининг оғзидан чиққан гап ўз оғирлигидан қулай-қулай деб турган деворга турткидай бўлган. Бу гап шунга ишора қилганки, у диний эътиқод бор деб ўйлаган жойда аллақачон ҳеч вақо қолмаган экан. Шунинг учун ҳам ибодат вақтида унинг оғзидан чиққан иборалар, чўқинишлари, саждага кетишлари — бари-бариси маъносиз ҳаракатлардан ўзга нарса эмас экан. Уларнинг маъносизлигини англагач, у ортиқ тоат-ибодатини давом эттиролмай қолган.

Мен ўйлайманки, бошқа жуда кўп одам ҳам шу аҳволга тушган ва тушади. Мен бизнинг тоифамизга мансуб ўқимишли одамлар ҳақида, ўз-ўзига рост гапирадиган одамлар тўғрисида сўзлаяпман. Диний эътиқодини биронта вақтинчалик, ўткинчи мақсадга эришиш воситаси қилиб олган одамлар бундан мустасно, албатта. (Бундай одамлар, аслида, уччига чиққан динсизлардир, негаки бундай одамлар учун дин ҳаётда муайян марраларга эришиш воситаси бўлса, бунақа дин дин бўлмайди.) Бизнинг тоифамизга мансуб ўқимишли одамлар шунақа аҳволдаки, ҳаёт ва билим нури сунъий иморатни эритиб юборган ва улар ё буни сезиб, жой бўшатишган ёхуд ҳали уни сезишганларича йўқ.

Болалигимдан менга сингдирилган диний эътиқод бошқаларда қандай бўлса, менда ҳам шундай ғойиб бўлди. Фақат фарқ шунда эдики, мен жуда эрта ўқишга ва фикрлашга бошлаганим сабабидан менинг диндан қайтишим илк қадамларданоқ онгли характер касб этди. Мен ўн олти ёшимдан бошлаб ибодат қилмай қўйдим ва ўз ихтиёрим билан черковга қатнашни бас қилдим. Мен болалигимдан бошлаб менга сингдирилган ақидаларга ишонмай қўйдим. Аммо нимагадир ишонар эдим, бироқ нимага ишонишимни сўзлар билан очиқ-равшан ифодалаб беролмас эдим. Мен Худога ҳам ишонганман, тўғрироғи, Худони инкор этган эмасман, аммо қанақа Худога ишонишимни айтиб беролмас эдим. Мен Исони ҳам, унинг таълимотини ҳам инкор этмадим, бироқ бу таълимотнинг моҳияти нимада эканини билмас эдим.

Эндиликда ўша вақтларни эслар эканман, шу нарса аниқ-равшан аён бўладики, менинг эътиқодим, яъни ҳайвоний инстинктлардан ташқари менинг ҳаётимни ҳаракатга келтирган нарса, менинг ўша кезлардаги яккаю ягона иймоним комил инсон бўлишга ишонч эди. Аммо комилликнинг мазмуни қанақа, унинг қандай мақсадлари бор — буни айтиб беролмасдим. Мен ўзимни ақлий жиҳатдан мукаммаллаштиришга ҳаракат қилдим — қўлимдан келган ҳамма нарсани, ҳаёт мени рўпара қилган нарсаларнинг барини ўрганишга интилдим; мен иродамни мукаммаллаштиришга ҳаракат қилдим — ўз-ўзимга қоидалар яратиб, уларга амал қилишга уриндим; ўзимни жисмонан мукаммаллаштиришга киришдим — ҳар хил машқлар билан кучимни ва чаққонлигимни ўстирдим, ҳар хил муҳтожликларни кўриб, ўзимни бардошга ва сабр-тоқатга ўргатдим. Буларнинг барини мен мукаммаллашув деб ҳисобладим. Албаттаки, ҳамма нарсанинг ибтидоси маънавий мукаммаллашувимда эди, аммо орадан кўп ўтмай, унинг ўрнини умуман мукаммаллашув эгаллади, яъни ўз-ўзимнинг наздимда ёхуд Худонинг қаршисида яхшироқ бўлиш истаги эмас, балки бошқа одамлар олдида яхшироқ бўлиш истаги эгаллади. Орадан кўп ўтмай бошқа одамлар қаршисида яхшироқ бўлишга интилиш ўрнини бошқа одамлардан кучлироқ бўлиш, яъни бошқаларга қараганда шуҳратлироқ, донгдорроқ, бадавлатроқ бўлиш истаги эгаллади.

II

Вақт-соати келса, мен ҳаётим тарихини ҳикоя қилиб бераман — ёшлигимдаги ўн йиллик умрим жуда ибратли ва таъсирчан кечган. Ўйлайманки, менинг кўнглимдан кечган туйғуларнинг кўпи бошқалардан ҳам кечган. Мен бутун қалбим билан яхши бўлишга интилгандим; аммо мен ёш эдим, ҳирсларимга асир эдим, аммо яхши бўлиш йўлларини излаганимда ёлғиз эдим, мутлақо ёлғиз эдим. Ҳар гал қалбимдаги энг яхши майлларимни, яъни маънавий жиҳатдан яхши бўлмоқчи эканимни намойиш қилсам, мени мазах қилишар ва менга нафрат билдиришарди; ёмон эҳтиросларга бериладиган бўлсам, ҳар гал мени мақташар ва рағбатлантиришар эдилар.

Манфаатпарастлик, шуҳратпарастлик, ҳокимиятпарастлик, шаҳвоният, мутакаббирлик, ғазаб, интиқом — буларнинг ҳаммаси ҳурматга сазовор эди. Бу ҳисларга берилганимда мен катта одамларга ўхшаб қолардим ва мендан мамнун эканликларини ҳис қилардим. Мен холажоним билан бирга турардим. Қўй оғзидан чўп олмаган бу покиза аёл ҳамиша менга бир тилак билдириб, «эр кўрган аёл билан алоқада бўлишингни истайман, чунки боадаб аёл билан алоқа қилган йигитнинг саводи тез чиқади» дерди. У менга яна бир тоифа бахт тиларди — менинг адъютант бўлишимни, бўлганга яраша подшонинг адъютанти бўлишимни истарди; унинг менга тилаган энг катта бахти шу эдики, менинг жуда ҳам бадавлат қизга уйланишимни истар, бу уйланиш оқибатида, менда сон-саноқсиз қуллар бўлишини хоҳлар эди.

Даҳшатсиз, ижирғанмасдан, юрак зил кетмасдан шу йилларни эслай олмайман. Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни қартага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, фаҳш ишлар билан шуғулланганман, алдаганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас ва бунинг ҳаммаси учун мени мақташган, тенгдошларим мени нисбатан виждонли одам, деб ҳисоблашган ва ҳозир ҳам ҳисоблашади.
Шу аҳволда ўн йил яшадим.
Бу давр мобайнида шуҳратпарастлигим, манфаатпарастлигим, мутакаббирлигим важидан ёза бошладим. Ҳаётда нима номаъқулчилик қилган бўлсам, ёзганларимда ҳам шуни ёздим. Шуҳратга эришмоқ ва пул топмоқ учун жамики яхши нарсани яшириб, ёмон нарсани ёзмоқ керак эди. Мен шундай қилдим. Мен ёзган нарсаларимда лоқайдлик пардаси остида ва ҳатто, жиндай истеҳзо аралаш яхшиликка интилишларимни неча марталаб яшириб кетганман. Ҳолбуки, яхшиликка интилиш ҳаётимнинг мазмунини ташкил қиларди. Шу йўл билан шуҳратга эришдим — мени мақтадилар.
Йигирма олти ёшга тўлиб, урушдан кейин Петербургга келдим ва ёзувчилар билан топишдим. Мени ўзларига яқин олиб қарши олишди, менга хушомадлар қилишди. Бир айланиб улгурмасимдан мен топишган одамларнинг ҳаётга мутакаббирона қарашларини ўзлаштириб олдим ва яхшироқ бўлиш борасида қилган ҳамма аввалги уринишларим таг-туги билан хаёлимдан учди-кетди. Ушбу қарашлар бебошлик билан кечираётган умримга қўшилиб бу ҳаётни оқлайдиган назарияга айланади.
Ёзувчилик борасидаги бу шерикларимнинг ҳаётга қараши шундан иборат эди: умуман ҳаёт ўз йўлида ривожланиб боради ва унинг бу ривожида биз, яъни фикрловчи одамлар асосий иштирокчилар сифатида кўринамиз; фикрловчи одамлар орасида эса биз — санъаткорлар, шоирлар асосий таъсир кучига эгамиз. Зиммамиздаги бурчимиз — одамларни ўргатиш. Аммо бунда ўз-ўзингга бериладиган савол кўндаланг бўлиши мумкин — хўш, мен ўзим нимани биламану, одамларга нимани ўргатаман? Шу савол кўндаланг бўлмасин учун юқоридаги назариямизда бир гап айтилди — санъаткор бировга бир нарса ўргатмоғи учун ўзи бирон нарса билиши шарт эмас, санъаткор билан шоир ғайришуурий тарзда ўргатишади. Мен жуда ажойиб санъаткор ва шоир ҳисобланардим, шунинг учун ҳам ғоят табиий бир тарзда бу назарияни ўзлаштириб олдим. Мен — шоирман, санъаткорман, ўзим нимани ўргатаётганимни билмаган ҳолда асар ёзиб, одамларга ўргатаман. Бунинг учун менга қалам ҳақи беришади, еганим оддимда, емаганим кетимда, тураржойим соз, аёллар бисёр, улфатларим жойида. Хуллас, шуҳратим юксак. Бундан келиб чиқадики, мен ўргатган нарса жуда яхши экан.

Поэзиянинг аҳамиятига ва ҳаётнинг ривожланишига бўлган бу ишонч — иймон эди ва мен унинг муҳибларидан бири эдим. Бу иймоннинг муҳиби бўлиш қулай ва ёқимли эди. Шу аҳволда шу иймонга сажда қилиб, унинг чинлигига шак келтирмай мен анча яшадим. Аммо икки йил ўтгач ва айниқса, бундай ҳаётимнинг учинчи йили бошлангач, мен бу иймоннинг бенуқсонлигига шубҳа қила бошладим ва уни тадқиқ қилишга киришдим. Менда шубҳа туғилишига туртки бўлган биринчи омил шу бўлдики, бу иймоннинг муҳиблари ҳамма вақт ҳам ўзаро иттифоқ эмас эдилар. Баъзилар дейишарди: биз — энг яхши ва энг фойдали устозлармиз, биз керак нарсани ўргатамиз, бошқалар нотўғри ўргатишади. Бошқалари эса бундай дейишади: йўқ, биз чин устозмиз, сизлар нотўғри ўргатасиз. Шундай деб улар бир-бирлари билан баҳсга киришади, тортишади, сўкишишади, бир-бирларини алдайди, бир-бирларига маккорлик қилишади. Бундан ташқари, уларнинг орасида шунақа одамлар ҳам кўп эдики, улар ким ҳақу ким ноҳакдигини ўйлаб ҳам ўтиришмасди, балки бизнинг шу фаолиятимиздан фойдаланиб, ўзларининг ғаразли ниятларига осонгина эришардилар-қўярдилар. Буларнинг ҳаммаси мени иймонимизнинг чинлигига шак келтиришга мажбур қилди.

Бундан ташқари, ёзувчилик иймонининг чинлигига шубҳа пайдо бўлгандан кейин мен унинг муҳиблари ҳаётини синчиклаб кузата бошладим ва амин бўлдимки, бу иймоннинг деярли ҳамма муҳиблари — ёзувчилар виждонсиз одамлар экан, уларнинг кўпчилиги ярамас одамлар экан, уларни икки пулга арзимайдиган каслар деса ҳам бўлади; улар аввалги бебош ҳаётимда, ҳарбий ҳаётимда учратган одамларнинг кўпидан тубан туради, лекин улар жуда ҳам ўзларига бино қўиган ва ўз-ўзларидан бениҳоя мамнун одамлар. Фақат авлиёларгина ўз-ўзларидан шунақа мамнун бўлишлари мумкин ёки авлиёлик нималигини билмайдиганларгина шунақа бўлсалар, эҳтимол. Мен одамларни ёмон кўриб қолдим, ўзимдан ҳам кўнглим қолди. Шунда англадимки, бу иймон — ёлғон!

Аммо ғалати жойи шундаки, бу иймоннинг ёлғонлигини тушуниб, ундан юз ўгирганимдан кейин шу одамлар томонидан менга берилган рутбадан — санъаткор, шоир, устоз рутбасидан юз ўгирмадим. Гўллик билан ўйлабманки, мен шоирман, санъаткорман, бинобарин, ўзим нимани ўргатаётганимни билмаган ҳолда ҳаммага ақл ўргатавераман. Шундай қилдим ҳам.
Бу одамларга яқин бўлиб мен янги бир гуноҳ орттирдим — менда мутакаббирлик жуда авж олиб кетди ва нима ўргатаётганимни билмаган ҳолда одамларга ақл ўргатиш зиммамдаги бурчимдир, деган мажнунона ишонч пайдо бўлди.
Эндиликда ўша замонларни эсга олар эканман, ўзимнинг ўша пайтдаги кайфиятимни ва ўша одамларнинг (бунақа одамлар ҳозир ҳам беҳисоб) кайфиятини хотирлар эканман, ҳам кулгим келади, ҳам йиғлагим, ҳам раҳмим қўзғалади, ҳам даҳшатга тушаман. Жиннихонага тушган одамнинг кўнглидан шунақа туйғулар кечса керак.

У пайтларда биз ҳаммамиз астойдил ишонган эдикки, биз кўп гапирмоғимиз, тинмай ёзмоғимиз, ёзганимизни бетўхтов чоп этмоғимиз даркор, буни қанча тез ва қанча кўп қилсак, шунча яхши, чунки буларнинг бари инсоният манфаатлари учун зарур. Ва бизга ўхшаганлардан сон мингтаси бир-бирини инкор этиб, бир-бирини сўкиб, бошқаларга ақл ўргатиб тинмай ёздилар ва ёзганларини чоп этдилар. Шундай қилиб, биз ҳеч нарса билмаслигимизни пайқамаган ҳолда, ҳаётнинг «яхши дегани нимаю ёмон дегани нима?» деган энг оддий саволига нима деб жавоб беришни билмаган ҳолда, бир-биримизнинг гапимизни тингламаган ҳолда ҳаммамиз ёппасига гапира кетдик. Аммо баъзан менга ҳам «баракалла» десинлар ва мени ҳам жиндай мақтаб қўйсинлар деган мақсадда, бир-биримизга офаринлар ёғдирдик ва бир-биримизни мақтаб, кўкларга кўтардик. Бу олағовур ичида аҳён-аҳёнда ғазабимиз ҳам қўзиб турар ва бир-биримизнинг овозимизни босиб, қичқиришга тушардик. Бу айни жиннихонанинг ўзи эмасми?!

Минглаб ишчилар, туну кун кучдан қолиб, ҳориб-толиқиб ишлашар, миллионлаб сўзларни теришар ва босишар, почта эса уларни бутун Россия бўйлаб тарқатар эди, биз эса ҳамон узлуксиз равишда жазавага тушиб ўргатар, ўргатар ва яна ўргатар эдик, бу ўргатишимизнинг кети-охири кўринмас эди ва биз яна зарда ҳам қилиб қўярдик — бизнинг гапимизни кам тинглашяпти.
Кўп ғалати эди бу, лекин энди менга ҳаммаси тушунарли. Ҳақиқий, чин юракдан чиққан мулоҳазамиз шу эдики, биз имкони борича кўпроқ пул олишни ва мақтов эшитишни истар эдик. Бу мақсадга эришиш йўлида биз китоб ёзиш ва газета чиқаришдан бошқа ҳеч нарса билмас эдик. Биз шу ишларни қилдик ҳам. Аммо шу қадар беҳуда ишларни қилиб туриб, ўзимизни жуда керакли улкан одамлар деб комил ишонч билан ҳисобламоғимиз учун, бизнинг фаолиятимизни оқлайдиган, унга бирон маъно ато этадиган мулоҳаза ҳам керак эди. Шу сабабдан биз қуйидаги гапни тўқиб чиқардик: мавжуд нарсаки бор, уларнинг ҳаммаси ақлга мувофиқдир. Нимаики мавжуд бўлса, уларнинг ҳаммаси ривож топади. Ривожланиш эса маърифат воситасида амалга ошади. Маърифат деганимизнинг даражаси китоб ва газеталарнинг қай даражада тарқалиши билан ўлчанади. Биз китоб ёзганимиз ва газета чиқарганимиз учун бизга пул тўлашади, шунинг учун ҳам биз энг фойдали ва яхши одамлармиз. Агар биз ҳаммамиз шу мулоҳазага қўшилсак, ундан яхши мулоҳаза бўлмас эди. Аммо бир одам томонидан айтилган битта фикрга қарши бошқа одам ҳар доим бутунлай унга зид бошқа бир фикр айтарди, бу эса бизни ўйланишга мажбур этарди. Аммо биз буни пайқамас эдик. Бизга пул тўлашарди ва фирқамизга мансуб одамлар бизни мақташарди — шундоқ бўлгандан кейин бизнинг ҳар қайсимиз ўзимизни ҳақ деб ҳисоблардик.
Энди менга аёнки, буларнинг бари жиннихонадаги аҳволдан сира ҳам фарқ қилмайди. У пайтларда эса мен буни ғира-шира англардим, холос ва ҳамма жинниларга ўхшаб ўзимдан бошқа ҳаммани жинни деб атар эдим.

III

Ана шу тентаклик қўйнида мен уйлангунимга қадар яна олти йил умр кечирдим. Бу вақт ичида мен хорижга бориб келдим. Оврўподаги ҳаёт ҳақида Оврўподаги илғор, ўқимишли одамлар билан мулоқот шу пайтгача амал қилиб яшаб келганим мукаммаллашув ҳақидаги эътиқодимни янада мустаҳкамлади, чунки бу ердаги одамлар ҳам айни шу эътиқодга сиғинар эканлар. Мендаги эътиқод бизнинг давримиздаги ўқимишли одамларнинг кўпчилигида бўлгани каби одатий бир шаклга кирди. Бу эътиқод «тараққий» деган сўз билан ифодаланар эди. У пайтларда менга бу сўз аллақандай маъно англатадигандай туюлар эди. У пайтларда ҳали тушунмас эдимки, мен «қандай қилиб яхшироқ яшамоғим керак?» деганга ўхшаш саволлар гирдобида изтироб чекаётган ҳар қандай одам каби «тараққийга мувофиқ яшамоқ керак», деб жавоб берар эканман, тўлқинлар юзида шамол ҳар томонга судраётган қайиққа тушиб қолган одам «йўл бўлсин?» деган унинг учун ягона ва асосий саволга жавоб бериш ўрнига «аллақаёққа елиб кетиб боряпмиз» дегандек бўлган эканман.

У пайтларда мен ҳали буни пайқамаган эдим. Бизнинг давримизда ҳаётни тушуниб етмаган одамлар ана шу умумий хурофот қобиғига бурканиб оладилар. Мен аҳён-аҳёнда ақлим билан эмас, туйғуларим билан бундан норози бўлиб қўярдим. Масалан, Парижда бўлган вақтимда қатл манзарасини кўрдиму, мендаги тараққийга эътиқоднинг замини бўш эканини сезиб қолдим. Қатл қилинган одамнинг калласи танасидан жудо бўлиб, иккови ҳам гупиллаб қутига тушгандай бўлганини кўриб, ақлим билан эмас, бутун вужудим билан англадимки, мавжуд нарсанинг ақлга мувофиқлиги ва тараққиёт ҳақидаги ҳеч қандай назария бу ишни сира-сира оқлай олмайди. Агар дунёдаги ҳамма одамлар қандайдир назарияларга амал қилиб, дунё яратилгандан бери шуни зарур деб ҳисоблаб келган эканлар, мен биламанки, бу керак эмас, бу ёмон иш. Шунинг учун нима нарса яхшию нима нарса зарур эканини одамларнинг гап-сўзию қилғилиқлари эмас, тараққиёт эмас, балки мен юрагимнинг амрига кўра белгилайман. Тараққиёт деган нарсага хурофий эътиқод қўйишнинг ҳаёт учун кифоя эмаслигини англашимга сабабчи бўлган яна бир воқеа катта акамнинг ўлими бўлди. Доно, бағрикенг, жиддий одам эди у. У жуда ёш касалга чалинди, бир йилдан ортиқроқ азоб тортди ва қийналиб, нимага яшаганини тушунмай ва нега вафот этаётганига янада камроқ ақли етиб оламдан кўз юмди. У қийналиб узила-узила жон таслим қилаетган кезларда ҳеч қанақа назария бу саволларга на менга, на унга жавоб бера олди.
Аммо бундай шубҳалар аҳён-аҳёндагина юрагимни чулғаб оларди, аслида эса мен тараққиёт ҳақидаги эътиқодга ихлос қўйиб яшашда давом этардим: «Ҳамма нарса ривожланяпти, мен ҳам ривожланяпман, нима учун ҳамма билан бирга мен ҳам ривожланяпман — кейинчалик кўрармиз».
Ўша пайтлардаги эътиқодимни шундай деб ифодаласам бўлар дейман.
Хориждан қайтганимдан кейин мен қишлоқда истиқомат қила бошладим ва деҳқон болалари ўқийдиган мактабда дарс бердим. Мактабдаги машғулотлар менга жуда манзур бўлди, чунки уларда адабий устозлик фаолиятида мен учун аён — ошкор бўлиб қолган, хўб жонимга тегиб улгурган ёлғон йўқ эди. Бу ерда ҳам мен тараққиёт йўлида жонбозлик қилдим, бироқ энди мен тараққиётнинг ўзига танқидий муносабатда бўлиб қолгандим. Мен ўзимга ўзим дедимки, баъзи бир ҳодисаларда тараққиёт нотўғри содир бўлган, эндиликда ибтидоий одамларга, деҳқон болаларга батамом эркин муносабатда бўлмоқ керак, уларга ўзлари хоҳлаган тараққиёт йўлини танлаб олишни таклиф қилмоқ лозим.
Ваҳоланки, мен ҳамон ўша-ўша ҳал қилиб бўлмайдиган битта масала атрофида айланаётган эканман. Бу масала — нимага ўргатаётганингни билмай туриб, бировга ақл ўргатиш эди. Нега десангиз, мен кўрдим — ҳамма ҳар хил нарсани ўргатар экан ва нима ўргатаётганлари ўзлари учун ҳам қоронғи эканини ўзларидан яширмоқ учун бир-бирлари билан баҳслашиб ётишар экан. Мен ўйлайманки, шу заҳотиёқ деҳқон болалари билан биргаликда бу қийинчиликни бартараф қилиш мумкин — бунинг учун болаларга ўзлари хоҳлаган нарсани ўргатиш керак. Эндиликда кўнглимга келган ўша номаъқулчиликни амалга оширмоқ учун қанчалик ўлиб-тирилганимни эсласам, кулгим қистайди. Шунинг учун номаъқулчиликни, мен уларга ҳеч қанақа керакли нарсани ўргата олмаслигимни ич-ичимдан яхши билардим, чунки нима кераклигини ўзим ҳам билмас эдим. Мактабда бир йилча дарс берганимдан кейин яна хорижга жўнадим. Бу гал мақсадим — хорижда ўзи ҳеч нарсани билмаган ҳолда бошқаларга қандай таълим беришнинг йўлларини ўргатмоқ эди.

Менга шундай туюлдики, мен хорижда буни ўрганиб олдим ва хорижнинг бу борадаги жамики донолиги билан қуролланган ҳолда деҳқонлар озодликка чиққан йили Россияга қайтдим ва воситачилик ўрнини эгаллаб, мактаблардаги саводсиз одамларни ҳам, ўзим нашр эта бошлаган журнал орқали эса ўқимишли одамларни ҳам ўқита бошладим. Ишлар юришиб кетгандек кўринган эди, лекин кўп ўтмасдан ақлан унча соғлом эмаслигимни ва бу аҳвол узоқ давом этиши мумкин эканлигини ҳис қилдим. Балки мен ўшандаёқ кейинчалик — эллик ёшимда бошимга тушадиган чуқур тушкунлик дардига гирифтор бўлган бўлардим. Мени бундан фақат бир нарса қутқариб қолди — менинг ҳаётимнинг яна бир томони бор эдики, мен ҳали уни тотиб кўрганим йўқ эди. Ҳаётимнинг шу томони мени қутқаради деган умидда эдим. Бу — оилавий ҳаёт эди.

Бир йил мобайнида мен воситачилик билан шуғулландим, мактабда дарс бердим, журналда ишладим ва ҳаддан ташқари қийналиб кетдим. Мен учун ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди — воситачилик борасидаги курашлар менга жуда оғирлик қилди, мактабдаги   машғулотларимдан ҳам путур кетди, журналдаги мавқеим ўз-ўзимга жуда ёмон кўриниб қолди. Буларнинг барига сабаб ҳамон ўша-ўша эди — нима таълим беришни билмаган ҳолда ҳаммага таълим бермоқчи, ақл ўргатмоқчи бўлардим ва буни ҳаммадан яширмоқни истардим. Шу туфайли мей жисмонан эмас, руҳан хасталикка чалиниб қолдим. Шунда ҳамма нарсадан қўл силтадимда, тоза ҳаводан нафас олиш, тўйиб қимиз ичиш ва ваҳшиёна бир тарзда ҳаёт кечирмоқ учун чўлга, бошқирдлар ҳузурига йўл олдим.

У ердан қайтиб келиб уйландим. Бахтиёр оилавий ҳаётнинг янги шароити мени ҳаётнинг умумий маъносини излаш борасидаги ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан бутунлай қайтарди. Бу вақт мобайнида менинг бутун диққат-эътиборим оиламга, хотинимга, болаларимга қаратилди, шунинг учун тирикчилик йўлида тузукроқ маблағ топиш ташвишлари биринчи ўринга чиқди. Камолотга интилиш ўрнини, аввалроқ, умуман камолотга, тараққиётга интилиш эгаллаган эди. Энди унинг ўрнига тўғридан-тўғри оиламнинг аҳволини бақадри имкон яхшилаш иштиёқи пайдо бўлди.
Шу аҳволда яна ўн беш йил ўтди.
Мен ёзувчиликни ҳеч нарсага арзимайдиган беҳуда иш деб ҳисобласам-да, бу ўн беш йил мобайнида ёзишда давом этдим. Мен энди ёзувчиликнинг мазасини тушуниб қолгандим, арзимаган меҳнат учун олинадиган жарақ-жарақ қалам ҳақига, қарсаклару офаринларга мазахўрак бўлиб қолгандим. Шунинг учун дамимни ичимга ютиб, улардан моддий аҳволимни яхшилаш воситаси сифатида фойдаланишда давом этдим ва улар ёрдамида менинг ҳаётим ва умуман ҳаётнинг маъноси тўғрисидаги кўнглимдаги ҳар қанақа саволларнинг унини ўчиришга ҳаракат қилдим. Бу кезларда мен учун ягона ҳақиқат бор эди — шундай яшагинки, бунинг оқибатида ўзинг оиланг билан бирга ҳузур-ҳаловатда ҳаёт кечир, имкони борича фароғатда яша. Ёзган асарларимда ҳам шундай таълим бердим. Шу аҳволда яшашда давом этдим, аммо бундан беш йилча муқаддам мен ғалати ҳолатларни кечира бошладим — аввалларига бир неча дақиқа давомида ҳаётим тўхтаб қолаётгандай, довдираб қолаётгандай бўладиган бўлиб қолдим. Гўёки қандай яшашим кераклигини, нима қилмоғим кераклигини мутлақо билмас эдим. Бундай ҳолларда эсанкираб, тушкунликка тушиб қолардим. Аммо бу ўтиб кетарди ва менp style=»text-align: justify;» аввалгидай яшашда давом этаверардим. Кейин бу довдираш дақиқалари тез-тез такрор бўла бошлади. Бу ҳар гал бир хил шаклда содир бўларди. Ҳаётнинг бундай тўхтаб қолишлари ҳар гал бир хил — нима учун? Хўш, кейин-чи? — деган саволларда ифодаланарди.
Аввалига менга шундай туюлдики, булар мақсадсиз, ноўрин берилган саволлар. Назаримда буларнинг ҳаммаси маълум гаплар эди, агар мен вақти-соати келиб уларни ҳал қилиш билан шуғулланадиган бўлсам, бу иш мен учун сира-сира қийин бўлмайди, фақат ҳозир бу билан шуғулланишга ортиқча вақтим йўқ, керак бўлганда уларнинг ҳаммасига жавоб топа оламан. Бироқ саволлар устма-уст қалашиб ёғилаверди, борган сари қатъийроқ тарзда уларга жавоб талаб қилинаверди ва устма-уст бир нуқтага тушган каби бу жавобсиз саволлар бирлашиб, каттакон бир қора доғни ташкил қилди.
Одамзод дарди бедаво бир дардга чалинадиган бўлса, одатда шундай бўлади. Аввалига хасталикнинг арзимас белгилари намоён бўлади. Бемор уларга эътибор бермайди. Кейин бу белгилар такрор-такрор учрайверади ва бора-бора бўлинмайдиган, битта яхлит дардга айланади. Дард кучайгандан кучаяди ва бемор бирор тадорикни кўриб улгурмай англайдики, у оддий хасталик деб қабул қилган нарса унинг учун дунёдаги энг муҳим нарса экан. Бу — ажал экан!
Мен ҳам худди шуни бошимдан кечирдим. Мен англадимки, бу тасодифий хасталик эмас, балки бошқа жуда муҳим бир нарса. Модомики бир хил саволлар такрор-такрор кўндаланг бўлавераётган экан, уларга жавоб бермоқ керак. Шунда мен уларга жавоб беришга уннаб кўрдим. Саволлар жуда жўн, болаларникига ўхшаган, бемаъни саволларга ўхшарди. Аммо мен уларни олиб, ҳал қилишга уннашим биланоқ шунга амин бўлдимки, биринчидан, улар болаларнинг саволи эмас, беҳуда эмас, балки ҳаётдаги энг муҳим ва энг теран саволлар экан. Иккинчидан, мен ҳар қанча бошимни қотирмай, уларни сира ҳам ҳал қилолмайман. Самарадаги мулким билан шуғулланишдан аввал, ўғлимнинг тарбиясига киришмоқдан, қўлга қалам олиб китоб ёзишга ўтирмоқдан аввал буларнинг ҳаммасини нима мақсадда қилмоқчи эканлигимни билмоғим керак. Нима мақсадда эканини билмагунимча, мен ҳеч нарса қилолмайман. Ўша кезларда хўжалик ҳақидаги фикрлар жуда ҳам фикру зикримни банд этган эди. Бир куни шу ўйлар ичида бир фикр миямга келди: «Хўп, яхши, Самара губерниясида сенинг 6000 десятина еринг, 300 бош йилқинг бўлсин… Хўш, кейин-чи?..» Менинг жуда Ҳам бошим қотиб қолди. Ундан нари нима деб ўилашни ҳам билмай қолдим. Ёки болаларни қандай тарбиялаётганим ҳақида ўйлай бошлашим биланоқ, ўзимга: «Нима учун?» — дердим. Ёки халқ қандай қилиб фаровонликка эришмоғи мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза юритганда, тўсатдан ўз-ўзимга: «Менинг нима ишим бора!»— деб юборардим. Ёки менинг асарларимни қандай шон-шуҳратлар кутаётгани ҳақида ўйласам, ўзимга ўзим дердим: «Хўп, яхши, сенинг шуҳратинг Гоголникидан, Пушкинникидан, Шекспирникидан, Мольерникидан, дунёдаги жамики ёзувчиларникидан ҳам ортиқроқ бўлади. Хўш, нима бўпти? Иннайкейин-чи?»
Бу саволга жавоб тополмай, тилимни тишлаб қолардим.

IV

Ҳаётим тўхтаб қолди. Мен нафас олишим, овқат ейишим, сув ичишим, ухлашим мумкин эди, нафас олмасам ҳам, овқат емасам ҳам, сув ичмасам ҳам, ухламасам ҳам бўлаверар эди. Лекин, бари бир, ҳаётим тўхтаб қолган эди. Негаки, менда «қондирсам ақлга мувофиқ иш қилган бўламан» деб ҳисоблайдиган биронта хоҳиш қолмаган эди. Агар мен бирор нарсани хоҳлаб қолсам, аввалданоқ билар эдимки, уни қаноатлантираманми ёки йўқми, бари бир, бундан ҳеч нарса чиқмайди.
Агар бирор сеҳргар фаришта келсаю менга ҳамма истакларингни бажо келтираман деса, мен унга нима дейишимни билмаган бўлардим. Агар ширакайф вақтларимда кўнглимда истак эмас, йўқ, аввалги кўникилган истакларнинг қораламаси кўриниб қолса, соғ дақиқаларимда биламанки, буларнинг бари рўё, истайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳатто ҳақиқатни билишни ҳам истамай қўйгандим, ҳақиқат нимада эканини сезиб турардим.
Ҳақиқат шунда эдики, яшашда ҳеч қандай маъно йўқ эди.
Мен гўёки яшаб-яшаб, юриб-юриб бир тубсиз жарлик бўйига келиб қолгандай ва олдинда ҳалокатдан бошқа ҳеч нарса йўқдай эди. Тўхташ ҳам мумкин эмас, орқага қайтиб ҳам бўлмайди, олдинаа ёлғон ҳаёт ва ёлғон бахтдан ўзга, чинакам изтироблар ва чинакам ўлимдан, яъни тўла-тутал маҳв бўлишдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини кўрмаслик учун кўзни юмиб ҳам бўлмайди.

Ҳаёт кўнглимга урди — аллақандай енгиб бўлмайдиган бир куч мени бир амаллаб ундан халос бўлишга ундай бошлади. Менда ўз-ўзимни ўлдириш истаги пайдо бўлди, деб айтолмайман. Мени ҳаётдан халос бўлишга чорлаётган куч хоҳишдан кўра кучлироқ, тўлароқ, умумийроқ эди. Бу куч авваллари менда жўш урган яшаш истагига ўхшарди, фақат унга тескари йўналишга эга эди. Мен бутун кучим билан ҳаётдан мосуво бўлишга интилардим. Авваллари ҳаётни яхшилаш ҳақидаги фикрлар кўнглимга қанчалик табиий келган бўлса, энди ўзимни ўлдириш ҳақидаги фикр ҳам шунақа ўз-ўзидан келди. Бу фикр шунчалар жозибадор эдики, шошиб-пишиб уни амалга ошириб қўймаслик учун мен ўзимга нисбатан баъзи бир чора-тадбирларни кўрмакка мажбур бўлдим. Мен фақат бир боисдангина шошмасликни ихтиёр этдим — калаванинг учини топмоқ учун ҳамма ҳаракатни қилиб кўрмоқчи бўлдим. Калаванинг учини тополмасам, «бу ишни қилишга ҳамма вақт улгураман» дедим ўз-ўзимга. Мен бахтли одам эканман-да — ўшанда ҳар куни оқшомларда ўзим ёлғиз ўтирадиган хонадан тизимчани олиб чиқиб ташладим — ечинаётиб, бехосдан икки жавон ўртасидаги тўсинга ўзимни ўзим осиб қўймай дедим-да. Овга ҳам милтиқ кўтариб бормай қўйдим, чунки тепкини бир босиш билан одам осонгина ҳаётдан маҳрум бўлади-қўяди — шунга лаққа учмай дедим. Нима исташимни ўзим ҳам билмай қолган эдим: бир томондан ҳаётдан безиб бўлган эдим, ундан халос бўлишни истардим ва айни чоғда ундан яна нимадир умидвор эдим.

Бу воқеалар бошимга тушган кезларда мен ҳар жиҳатдан мукаммал бахт эгаси деб ҳисобланишим керак эди, яъни мен ҳали эллик ёшга тўлганим йўқ эди. Менинг олижаноб аёлим бор эди, у мени севарди, мен уни севардим, фарзандларим яхши болалар эди, мулким бор эди — мен сира ҳаракат қилмасам-да, у ўсиб, гуллаб-яшнаб ётарди. Яқинларим ва танишларим мени ҳурмат қилишар, бегоналар мени аввалгига қараганда ўн чандон ортиқроқ мақташар ва ҳеч қандай зўрма-зўракиликсиз мен ўзимни машҳур одам, деб ҳисобласам бўлаверарди. Бунинг устига мен нафақат жисмонан ёки руҳан бирон хасталикка чалинган эдим, балки, аксинча, ҳам жисмонан, ҳам руҳан шунақа бақувват эдимки, бунақа қувватни тенгқурларим орасида камдан-кам ҳолларда учратганман: жисмонан олганда, мен пичан ўримида мужиклар билан тенгма-тенг ишлай олардим, ақлий иш билан эса сурункасига саккиз-ўн соат ишлашим мумкин эди. Ишлаганда ҳам бунақа зўриқиш оқибатида, ҳеч қанақа азият чекмасдим. Ана шундай аҳволда мен шунга келдимки, яшай олмай қолдим ва ўлимдан қўрққанимдан жонимга бехосдан қасд қилиб қўймаслигим учун ўзимга нисбатан баъзи чора-тадбирларни кўриб қўйишга тўғри келди.

Руҳий ҳолатим мен учун шундай ифодаланди: аллаким менга қарши ёмон бир бемаъни ҳазил қилиб, менга шу ҳаётимни ато этган. Мен ўзимнинг «бирор» кимса томонидан яратилганимни тан олмас эдим. Шунга қарамай, бу дунёда мени барпо эта туриб, аллаким устимдан ёмон бир бемаъни ҳазил қилган деган тасаввур мен учун энг табиий тасаввур шакли эди.
Беихтиёр равишда менда шундай тасаввур пайдо бўларди: юқорида — аллақаерда кимдир бор. У менинг оз эмас — кўп эмас, 30 — 40 йил умр кечирганимни, бу йиллар мобайнида ўқиб ўсганимни, жисмонан ва руҳан бақувват тортганимни, энди эса ақлим бутунлай балоғатга етганда, мен ҳаётнинг энг баланд чўққисига етиб келганимни, бу чўққидан бутун ҳаётни кафтдагидек кўриб турганимни ва шу аҳволда шу чўққи устида ҳаётда ҳеч нарса йўқлигини, ҳеч нарса бўлмаганини ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини аниқ-таниқ англаганимча овсарларча қаққайиб турганимни кўриб устимдан роса мазах қилиб куляпти. «У яна кулади-я…»
Аммо менинг устимдан кулаётган бу аллаким борми ё йўқми — бунинг менга фарқи йўқ. Мен на бутун ҳаётимга, на ундаги бирон хатти-ҳаракатимга ақл бовар қиладиган ҳеч қанақа маъно бера олмадим. Мен фақат бир нарсага ҳайрон эдим — қандай қилиб ҳаётимнинг дастлабки фаслларида менинг бунга ақлим етмадийкин? Буларнинг бари кўпдан бери ҳаммага маълум эди-ку? Бугун бўлмаса эртага севган одамларим бошига хасталиклар ёғилиб келади, ажал ғиппа бўғади (баъзиларни олиб ҳам кетди). Хасталиклару ажал менинг бошимга ҳам тушади ва улардан кейин қўланса ҳид билан қуртлардан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Нимаики иш қилган бўлмай уларнинг ҳаммаси унут бўлади, эртами-кечми ўзимнинг хотирам ҳам буткул ўчади. Шундоқ бўлгандан кейин бу сарсону оворагарчиликнинг нима кераги бор? Қандай қилиб одамзод буларнинг барини кўрмаслиги ва яшашда давом этавериши мумкин? Ҳаммадан ҳам ҳайрон қоладиган жойи шунда. Фақат сархуш ҳолатдагина яшасанг бўлади, кайфинг тарқаши билан эса, буларнинг ҳаммаси ёлғон, ўта беҳуда ва бемаъни ёлғон эканини кўрмасликнинг иложи йўқ. Ҳа, шунақа, бу ишнинг ҳеч қанақа куладиган жойи йўқ, мазах қилишнинг ҳам кераги йўқ, бу ўта шафқатсизлик ва бемаъниликдан бошқа нарса эмас.

Кўпдан бери бир сайёҳ ҳақида шарқ масалини айтиб юришади. Сайёҳ дашту биёбонда қаҳру ғазабдан тутаққан йиртқичга рўпара келибди. Ундан халос бўлиш ниятида сайёҳ сувсиз қудуққа сакрабди. Аммо кўрсаки, унинг тубида даҳшатли бир аждаҳо сайёҳни ейман, деб оғзини очиб турибди. Шўрлик сайёҳ нима қилишини билмай қолибди — қудуқдан қайтиб чиқай деса қонсираган йиртқичнинг чангалида ҳалок бўлади, қудуқнинг тубига тушса, аждаҳога ем бўлади. Қудуқ деворидаги ёриқдан бир бута ўсиб чиққан экан — йўловчи шу бутанинг шохига илиниб,
Муаллақ осилиб қолади. Борган сари унинг билакларидан қувват кетади, орадан кўп ўтмай қисмати тугашини, икки томондан уни кутиб турган хатарнинг бирига рўпара келишини ҳис қилади, лекин шундоқ бўлса ҳам, у бутани маҳкам чангаллаганича осилиб тураверади. Бир маҳал сайёҳ осилган ҳолида ўгирилиб қараса, бири қора, бири оқ иккита сичқон у осилиб турган бутанинг теварагида баравар уймаланиб, тагидан кемираётган эмиш. Ана, кўп ўтмай, шох ўз-ўзидан қирсиллаб синади-ю, сайёҳ аждаҳонинг оғзига тушади. Сайёҳ буни кўриб турибди, у биладики, муқаррар ҳалок бўлади. Аммо ҳозирча осилиб турар экан, у теварак-атрофига аланглайди ва шохнинг баргларида бир неча томчи асал кўради. Сўнг бир амаллаб, уни тили билан ялай бошлайди. Мен ҳам уулли шу сайёҳга ўхшайман: мен ҳам ҳаёт бутоғига зўр-базўр осилиб турибман, биламан мени парча-парча қилиб ташлашга тайёр турган ўлим аждаҳоси кутяпти; нима учун мен бу мислсиз қийноқлар чангалига тушиб қолганимни ўзим тушунмайман. Шундай бўлса-да, мен авваллари менга тасалли берган асални ялашга ҳаракат қиламан, лекин бу асал энди менга ортиқ ҳузур бахш этмайди, оқ сичқон билан қора сичқон, яъни тун билан кун мен ушлаб олган шоҳни кемиргандан кемиряпти. Мен аждаҳони аниқ-равшан кўриб турибман ва энди асал менга ширин туюлмаяпти. Кўзим фақат бир нарсани — муқаррар аждаҳонию сичқонларни кўряпти, холос. Ва мен Улардан нигоҳимни айириб ололмаяпман. Бу эса масал эмас, бу чинакам, ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган ва ҳаммага аён бўлган ҳақиқатдир.

Авваллари ёлғон ҳаёт қувончлари аждаҳодан тараладиган даҳшатни босиб турарди, энди бу мени ортиқ алдай олмайди. Менга «сен ҳаётнинг маъносини тушуна олмайсан, бу ҳақда ҳадеб ўйлайверма, яшайвер» деб ҳар қанча уқтиришмасин, мен буни қилолмайман, чунки авваллари буни анча узоқ муддат давомида қилганман. Эндиликда қаршимда югуриб кетаётган ва мени ўлим сари элтаётган кун билан тунни кўрмаслигимнинг иложи йўқ. Мен фақат шуни кўраман, негаки фақат шугина ҳақиқатдир. Қолган нарсаларнинг ҳаммаси — ёлғон!
Менинг кўзларимни шафқатсиз ҳақиқатдан бошқа нарсалардан кўра узоқроқ вақт мобайнида тўсиб турган анави икки томчи асал эса, яъни оилага муҳаббат ва мен санъат деб атаган ёзувчиликка иштиёқ, мен учун ортиқ ширасини йўқотди.
«Оила…» — дердим мен ўз-ўзимга, лекин оила дегани — хотин, фарзандлар… улар ҳам одам. Мен қандай шароитда яшасам, улар ҳам шундай шароитда ҳаёт кечиради; улар ҳам ё ёлғонга ботиб яшамоқлари керак ёки даҳшатли ҳақиқатни кўрмоқлари зарур. Улар нима учун яшамоқлари керак? Нима учун мен уларни севмоғим керак? Уларни авайлаб, уларга ғамхўрлик қилиб, ўстириб нима қиламан? Улар ҳам менга ўхшаш тушкунлик ўтларида қоврилсинми ё ҳамоқат учунми? Уларни яхши кўрадиган бўлсам, мен улардан ҳақиқатни яшира олмайман — билиш бобида қўйилган ҳар бир қадам шу ҳақиқатга олиб боради. Ҳақиқат эса — ўлим!
«Санъат, поэзия?..» Одамларнинг мақтови таъсирида мен узоқ вақт давомида ўз-ўзимни ишонтириб келдимки, бу ишни бажарса бўлади. Ҳа, қай бир сонияда ўлим келади, у ҳамма нарсани — мени ҳам, ишимни ҳам, улар ҳақидаги хотирани ҳам маҳв этади, аммо шунга қарамай, бари бир, у ишни бажариш керак. Бироқ кўп ўтмай кўрдимки, бу ҳам ёлғон экан. Менга шу нарса аён эдики, санъат ҳаётнинг безагидир, китобхонни авраб, ҳаёт қўйнига чорлайди. Аммо ҳаёт мен учун ўзининг жозибасини йўқотиб бўлган, шундай бўлгач, мен қандай қилиб бошқаларни аврашим мумкин? Мен ҳали ўз ҳаётим билан яшай бошламаган кезларда, бегона ҳаёт тўлқинларида сузиб борар эканман, ҳали мен ифодалашни билмасам-да, «ҳаётда маъно бор» деб ишониб юрган пайтларимда ҳар хил тусдаги ҳаётнинг шеъриятда ва санъатда акс этиши менга ҳузур бахш этар эди, мен санъат кўзгусидаги ҳаётни томоша қилиб завқланар эдим, аммо мен ҳаётнинг маъносини қидира бошлаганимдан кейин, мен ўзим яшамоғим зарурлигини ҳис қила бошлагандан сўнг, бу кўзгу мен учун ё ортиқча, кераксиз ва кулгили буюмга айланди ёки менга азоб бера бошлади. Кўзгуда кўрган нарсаларим, унда акс этган аҳволимнинг бемаънилиги ва тушкунлиги менга ортиқ тасалли бермай қўйди. Қалбимнинг ич-ичида менинг ҳаётимда маъно бор деб ишонган пайтимда мен бажонидил бу кўзгудаги нарсаларни кўриб хурсанд бўлардим. У кезларда ана шу нур ва соянинг ўйини — ҳаётдаги кулгили, фожиона, таъсирли, гўзал, даҳшатли нарсаларнинг ҳаммаси менга бир эрмакдай эди. Аммо ҳаёт бемаъни ва даҳшатли нарса эканини билганимдан сўнг кўзгудаги ўйин мени ортиқ машғул қилмай қўиди. Менинг таянчимни кемираётган сичқонлар билан аждаҳони кўрганимдан кейин асалнинг тоти мен учун сира ҳам тотли бўлмай қолди.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Агар мен ҳаётнинг маъноси йўқ эканини шунчаки тушуниб қўя қолганимда, буни билиб хотиржам бўлиб қўя қолишим, «ҳа, энди қисматим шу экан-да» деб кўниб қўя қолишим мумкин эди. Аммо мен шунинг ўзи билан хотиржамланиб қўя қолмас эдим. Агар мен бир ўрмонда истиқомат қилсаму шу ўрмондан чиқиб кетадиган йўл йўқ эканини билсам, яшайверишим мумкин эди. Бироқ мен ўрмонда адашиб қолган бир кимса эдим. У адашганини билиб, янада таҳликага тушади, ҳар томонга бош уриб, йўлни топиб олгиси келади, ҳар бир қадами уни янада чалғитаётганини яхши билади, бироқ шунга қарамай, ўзини ҳар ёнга уришдан тўхтата олмайди.

Ана шуниси даҳшатли эди. Бу даҳшатдан халос бўлмоқ учун мен ўзимни ўзим ўлдирмоқчи бўлдим. Мен бошимга тушажак даҳшатни ўйлаб, бениҳоя даҳшатга тушдим, бу даҳшат юз берадиган ҳолатдан кўра даҳшатлироқ эканини билардим. Аммо бу даҳшатни кўнглимдан қувиб чиқаришга ва унинг поёнини бардош билан кутишга мажолим йўқ эди. Зулмат даҳшати ҳаддан ташқари катта эди ва мен тезроқ, имкони борича тезроқ ўқ билан ёки сиртмоқ ёрдамида ундан халос бўлишни истар эдим. Худди ана шу туйғу мени ўз жонимга қасд қилишга ҳамма нарсадан кучлироқ ундади.

«Йўғ-е, эҳтимол, мен бирон нарсани кўздан очиргандирман ёки бирон нарсани англай олмагандирман? — дердим мен қайта-қайта ўз-ўзимга. — Ана шу тутқунлик ҳолати одамларни доимо чулғаб олган бўлиши сира ҳам мумкин эмас-ку?» Шу важдан мен мени қийнаган саволларга одамлар жамғарган билимларнинг ҳамма соҳаларидан жавоб излай бошладим. Излашларим изтироблар ичида узоқ давом этди, мен шунчаки бекорчи қизиқишимни қондириш учун бўшашибгина излаганим йўқ, балки ҳалок бўлиб бораётган одам нажот излаганидай, туну кун, тиш-тирноғим билан тиришиб, не-не азобларга дош бериб изладим, лекин ҳеч нарса тополмадим.
Мен ҳамма илмлардан жавоб изладим ва жавоб топа олмадимгина эмас, балки амин бўлдимки, менга ўхшаб илмдан жавоб излаган бошқа одамлар ҳам ҳеч нарса тополмаган эканлар. Тополмагангина эмас, балки очиқ-ойдин шуни эътироф қилишганки, мени тушкунликка олиб келган ўша нарса, яъни ҳаётнинг маъносизлиги инсон эришиши мумкин бўлган бирдан-бир хулосадир.
Мен ҳамма жойда изладим. Менинг олимлар дунёси билан алоқаларим жуда яхши эди. Шунинг учун хилма-хил илм соҳаларидаги олимлар билан суҳбатлар қурдим. Улар фақат китоблар орқалигина эмас, жонли суҳбатларида ҳам менинг олдимда ўз билимларини яширмай тўкиб солдилар. Шу туфайли ва яна ҳаётнинг ўзи туфайли мен ҳаёт саволига илм нима, деб жавоб беришини батафсил билиб олдим.
Бироқ илм ҳаёт саволига берган жавобидан бошқа ҳеч нарса деб жавоб беролмас экан. Мен бунга анча вақтгача сира ишонмай юрдим. Илм оҳанглари жуда сипо ва ўта жиддий, унинг кўпгина қонун-қоидаларининг инсон ҳаётига дахли йўқ — илм уларни тасдиқлаш билан овора. Мен буларни кўриб, «анча вақтгача илм соҳасига тишим ўтмаяпти, ҳеч нарса тушунмаяпман» деб юрдим. Менга шундай туюлардики, мен топган жавоблар саволларимга мос келмаётган экан, бунда илмнинг ҳеч қандай айби йўқ, ҳамма гап ўзимнинг нодонлигимда, илмсизлигимда. Аммо бу иш мен учун шунчаки эрмак ёхуд бекорчиликдан шуғулланаётган иш эмас эди, балки ҳаёт-мамот масаласи эди. Шунинг учун хоҳласам-хоҳламасам шундай эътиқодга келдимки, менинг саволларим ҳар қандай илмнинг негизини ташкил қилувчи бирдан-бир саволлардир, шунинг учун бу саволларни қўйган бўлсам, бунинг учун мен айбдор эмас, балки уларга жавоб беролмаган илм айбдор, чунки илм шу саволларга жавоб бераман, деб даъво қилади.

Эллик ёшимда мени ўз-ўзимга суиқасд қилишга ундаган савол оддий гўдакдан тортиб, донишманд қариягача ҳар бир одамнинг қалбидан ўрин олган энг оддий савол эди. Лекин бу саволга жавоб топмаса, яшаб бўлмайди, буни мен ўз ҳаётимда синаб кўрдим. Бу савол қуйидагича турур: «Мен бугун қилаётган ишдан қандай самара чиқади? Эртага қиладиган ишимдан-чи? Менинг жамики ҳаётимдан нима маъно чиқади?»
Бошқача қилиб ифодаласа, савол бундай бўлади: «Мен яшаб нима қиламан? Бирон нарсани исташимдан нима маъно? Бирор иш қилмоғимнинг нима кераги бор?» Яна бошқачароқ саволни бундай ифодаласа бўлади: «Ўлим ҳақ, мен, албатта, бу дунёдан ўтаман. Менинг яшашимда шундай маъно бормики, менинг ўлимим уни маҳв эта олмаса?»
Ҳар хил тарзда ифодаланган, аслида бир хил ўлган ана шу саволга мен инсон тўплаган турли билимлардан жавоб изладим. Оқибатда шундай тўхтамга келдимки, шу саволга нисбатан олганда бутун инсониятнинг билими икки бир-бирига зид ярим доираларга ажралар экан. Бу ярим доираларнинг ниҳояларида бир-бирига зид икки қутб бўлар экан. Уларнинг бири манфий, иккинчиси мусбат; аммо на у қутбда, на бу қутбда ҳаёт масаласига жавоб йўқ.
Бир қатор илмлар бу саволни тан олишмайдиган кўринади, лекин улар ўзлари мустақил қўйган саволларга жуда аниқ ва равшан жавоб беришади. Булар тажрибага асосланган илмлар, уларнинг энг чекка нуқтасида математика туради. Иккинчи қатор илмлар саволни тан олишади, лекин унга жавоб беришмайди. Уларнинг энг чекка нуқтасида метафизика туради.
Илк ёшлигимдан бошлабоқ мен илми ақлияга қизиқиб келганман, кейинчалик эса математик илмлар ҳам, табиий фанлар ҳам эътиборимни тортди. Мен ўз саволимни олдимга аниқ-равшан қилиб кўндаланг қўймагунимча, бу саволнинг ўзи ич-ичимда пишиб ўтмагунча ва қатъият билан ҳал қилинишини талаб қилмагунча, мен бу илмлар ўша саволга берган сохта жавоблар билан қаноатланиб келдим.
Тажриба соҳасида мен ўз-ўзимга дердим: «Ҳамма нарса ривожланади, таркибий қисмларга ажралади, мураккаблашиш ва мукаммаллашиш сари боради. Бу ҳаракатни белгилаб турувчи қонунлар бор. Сен — бутуннинг бир қисмисан. Имкони борича бутунни билсанг, ривожланиш қонунини билсанг, шу билан сен шу бутунликдаги ўз ўрнингни ҳам билган бўласан». Мен учун ҳар қанча хижолатли бўлса ҳам тан олмоғим керакки, бир замонлар мен шу жавобдан қаноат ҳосил қилган эдим. Бу ўша ўзим мураккаблашиб, мукаммаллашиб бораётган кезларимда рўй берган эди. Мускулларим чиниқиб пишиб борар, хотирам бойир, фикрлаш қобилиятим ва идроким ортиб борарди. Мен ўсиб-улғаймоқда эдим ва бутун вужудимда шу ўсиш-улғайишни ҳис қилиб турардим. Табиийки, мен «ўз-ўзидан бутун дунёнинг қонуни айни шунинг ўзи бўлса керак ва ҳаётим саволларига жавобни ҳам шундан топсам керак» деб ўйлагандим. Аммо вақти соати келиб мен ўсишдан тўхтадим, энди ортиқ ўсмаётганимни, қуруқшаб бораётганимни ҳис қилдим, мускулларим заифлаша бошлади, тишларим тўкила бошлади — шунда кўрдимки, бояги қонун менга ҳеч балони тушунтириб беролмас экан. Қолаверса, ҳеч қачон бунақа қонуннинг ўзи бўлмаган экан ва бўлиши ҳам мумкин эмас экан, ҳаётимнинг муайян бир даврида ўзимда топган нарсани мен қонун деб юрган эканман. Энди мен қонунни белгилашга янада талабчанроқ ёндоша бошладим. Шунда менга аён бўлдики, интиҳосиз ривожланиш қонунларининг бўлиши мумкин эмас экан; яна шу нарса аён бўлдики, «интиҳосиз маконда ва замонда ҳамма нарса ривожланади, таркибий қисмларга ажралади, мураккаблашади, мукаммаллашади» дейиш ҳеч нарса демаслик билан баробар экан. Буларнинг ҳаммаси маъносиз сўзлар, негаки интиҳосиз нарсада на мураккаблик, на соддалик, на орқаси, на олди, на яхши, на ёмони бор.
Энг муҳими эса — менинг шахсий саволим, яъни «хоҳишу истакларим билан бирга мен ўзим нимаман?» деган савол ҳали ҳам мутлақо жавобсиз қолмоқда эди. Шунда англадимки, бу илмлар жуда қизиқарли ва жозибали, аммо бу илмларнинг аниқлиги ва равшанлиги уларнинг ҳаёт саволларига татбиқ қилинишига тескари мутаносибдир: улар ҳаёт масалаларига қанча кам татбиқ қилинсалар, шунча аниқроқ ва равшанроқ бўладилар, ҳаёт масалаларини ҳал қилишга қанча кўпроқ ҳаракат қилсалар, шунча мукаммалроқ ва жозибасизроқ бўла борадилар. Агар бу илм соҳаларининг ҳаёт масалаларини ҳал қилишга уринганларига, яъни физиология, психология, биология, социология кабиларга мурожаат қилсанг, бунда кишини лол қолдирадиган фикрий қашшоқликни, уччига чиққан мужмалликни, ҳал қилиб бўлмайдиган масалаларни ҳал қиламан деган беҳуда дағдағаларни кўрасан. Бунда бир мутафаккир бошқаси билан узлуксиз қирпичоқ бўлиб ётади, ҳатто бир мутафаккирнинг ўзида фикрларида чигал зиддиятлар учрайди. Агар борди-ю, ҳаёт масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланмайдиган илм соҳаларига мурожаат қилсанг, улар ўзларининг илмий, махсус саволларига берган жавобларини кўриб, инсон тафаккурининг қудратига лол қоласан, лекин олдиндан биласанки, уларда ҳаёт масалаларига жавоб йўқ. Бу илмлар тўғридан-тўғри ҳаёт саволларини четлаб ўтишади. Улар дейди: «Сенинг ким   эканинг ва нимага яшаётганинг тўғрисидаги саволга бизда жавоб йўқ. Ва, умуман, биз бу билан шуғулланмаймиз. Аммо борди-ю, сен ёруғлик қонунларини, кимёвий бирикмалар қонунларини, организмлар ривожининг қонунларини билмоқчи бўлсанг, мабодо сен жисмлар, уларнинг шаклларининг қонунларини, сонлар ва катталиклар нисбатини билмоқни ихтиёр этсанг ёхуд ўз ақлинг қонунларини билишга зарурият туғилса, буларнинг ҳаммасига бизда аниқ, равшан ва шубҳа туғдирмайдиган жавоблар бор».

Умуман, тажрибага асосланган илмларнинг ҳаёт саволига муносабатини бундай ифодаласа бўлади. Савол: «Мен нима учун яшаяпман?» Жавоб: «Чексиз катта фазода чексиз узоқ вақт давомида чексиз кичкина зарралар чексиз мураккабликда турларини ўзгартирадилар. Агар сен ана шу турлар ўзгаришининг қонунини англасанг, нима учун яшаётганингни ҳам англаб оласан».
Илми ақлияга тааллуқли илмлар соҳасида ўзимга ўзим шундай дердим: «Бутун инсоният маънавий ибтидолар ва уларга раҳнамолик қилувчи идеаллар асосида яшайди ва ривожланади. Бу идеаллар динларда, фанларда, санъатларда, давлатчилик шаклларида ўз ифодасини топади. Бу идеаллар юксалгандан юксала боради ва инсоният энг олий неъматлар сари боради. Мен инсониятнинг бир бўлагиман, шунинг учун ҳам менинг вазифам инсоният идеалларини англаш ва амалга оширишга кўмаклашишдир». Мен ақлим қодир вақтларимда шу гапларга қаноат қилган эдим, аммо кўнглимда ҳаёт саводи аниқ-таниқ ҳолда кўндаланг бўлиши билан бу назария бир зумда бошдан-оёқ кунпаякун бўлди. Аввало шуни айтиш керакки, бунга ўхшаш илмларда муайян ғирромлик бор — улар инсониятнинг кичик бир қисмини ўрганиш оқибатида чиқарган хулосаларини умумий хулосалар ўрнида тақдим этадилар. Бундан ташқари бундай қарашларнинг турфа хил тарафдорлари ўртасида «инсоният идеаллари нимадан иборат», деган масала устида бир-бирига зид фикрлар мавжуд. Аммо энг бемаъниси демайлигу, энг ғалатиси шундаки, бу назарияга кўра ҳар бир одам қаршисида кўндаланг бўлувчи «Мен нимаман?» ёхуд «Мен нима учун яшаяпман?» ёки «Мен нима қилмоғим керак?» деган саволларга жавоб беришдан аввал инсон битта масалага жавоб бермоғи лозим. Бу масала қуйидагича турур: «Бутун бир инсоният бор. Унинг нима экани менга маълум эмас. Мен унинг бир заррасиман, бинобарин, шу зарранинг қисқагина бир муддат мобайнидаги ҳаётини биламан. Шунга қарамай, мен «бутун инсониятнинг ҳаёти нимадир? деган масалани ҳал қилиб беришим керак». Бинобарин, одамзод ўзининг нима эканини англамоқ учун унинг ўзи каби ҳали ўзлигини англаб етмаган айрим-айрим одамлардан ташкил топувчи сирли имкониятнинг нима эканини англаб олмоғи зарур.
Эътироф этмоғим керакки, мен бунга ишонган чоғларим бўлган. У чоғларда мени ўзимнинг севимли идеалларим бор эди, бу идеаллар менинг инжиқликларимни оқлар эди. Ўшанда мен бир назарияни яратиш иштиёқида эдим. Бу назарияга асосланиб, мен ўз инжиқликларимга инсоният қонуни сифатида қарамоғим мумкин бўларди. Аммо менинг кўнглимда ҳаёт саволи бутун равшанлиги билан кўндаланг бўлгани ҳамон, бу жавоб ҳам қоқигулдай тўзиб кетди. Шунда англадимки, худди тажрибага асосланган илмларда ҳақиқий илмлар билан бир қаторда ўзларига тегишли бўлмаган саволларга жавоб беришга уринадиган чала илмлар бўлгани каби, бу соҳада ҳам ўзларига тегишли бўлмаган масалаларга жавоб беришга ҳаракат қиладиган бир қатор илмлар бўлиб, улар анча кенг тарқалган экан. Бу соҳанинг чала илмлари — ҳуқукдгунослик, ижтимоий илмлар, тарихнгунослик — айрим инсон масалаларини ҳал қилишга киришганида у қолиб кетиб, ҳар қайсиси ўзига хос тарзда бутун инсоният ҳаётининг масалаларини ҳал қилишга киришиб кетадилар.
Аммо тажрибага асосланган илмлар соҳасида «қандай яшамоғим керак?» деб чин юракдан сўрайдиган одам «чексиз маконда чексиз замонда чексиз мураккаблик билан содир бўладиган чексиз зарралар ўзгаришини ўрган, шунда сен ўз ҳаётингни англайсан», деган жавобга қаноат ҳосил қилолмайди. Худди шунга ўхшаш самимий одам «биз инсониятнинг на ибтидосини, на интиҳосини биламиз, биз унинг кичик бир қисмини ҳам била олмаймиз. Лекин сен ана шу инсониятни яхлит олиб, унинг нималигини англа. Шунда ўзингнинг кимлигингни англаб оласан» деган жавобга ҳам қаноат қила олмайди. Худди тажрибага асосланган чала илмларда бўлгани каби бу чала илмлар ҳам ўз вазифаларидан нечоғли чалғиб кетсалар, улардаги мужмалликлар, чаЛкашликлар, бемаъниликлар ва зиддиятлар шунчалик кўпайиб бораверади. Тажрибага асосланган илмнинг вазифаси моддий ҳодисалар ўртасидаги сабабий изчилликни ўрганишдир. Аммо бу илм ҳодисалар орасидаги энг сўнгги сабабият масаласини қўйиши билан бемаъни бир ҳол юзага келади. Илми ақлиянинг вазифаси ҳаётнинг бесабабий моҳиятини идрок этишдир. Унда ҳам ҳодисаларни ижтимоий, тарихий деб ажратиб олиб, улар орасидаги сабабий алоқаларни тадқиқ қилишга киришиш билан бемаъни бир вазият юзага келади.
Тажрибага асосланган илм ўз тадқиқоти доирасига энг пировард сабабни киритмаган такдирдагина ижобий самара беради ва инсон ақлининг улуғворлигини намойиш этади. Ва аксинча, илми ақлия сабабий алоқаларнинг мунтазамлиги ҳақидаги масаладан мутлақо юз ўгириб, инсонни пировард сабабга нисбатан олиб тадқиқ қилгандагина ҳақиқий фан бўлади ва инсон ақлининг улуғворлигини намойиш этади. Бу соҳадаги илм, яъни ярим доиранинг қутбини ташкил қилувчи метафизика ёхуд илми ақлия — фалсафа ана шунақа. Бу илм битта масалани аниқ-равшан қўяди: «Мен ва бутун дунё нима? Мен нима учун яшаяпману дунё нима учун мавжуд?» Бу илм вужудга келганидан бери бу саволга бир хил жавоб бериб келади. Файласуф мендаги ва жамики мавжуд нарсадаги ҳаётнинг моҳиятини ғоя дейдими, субстанция деб атайдими ёки руҳ, ирода деб белгилайдими, бари бир, битта гапни айтади: «Бу моҳият мавжуд ва мен ўша моҳиятни ташкил қиламан». Бироқ у аниқ мутафаккир бўладиган бўлса, бу моҳиятнинг нима учун кераклигини билмайди ва бу саволга жавоб бермайди. Мен сўрайман: «Бу моҳиятнинг борлиги нимадан? Бу моҳият мавжуд бўлса ва келгусида ҳам бўлса, бундан нима келиб чиқади?» Фалсафа нафақат бу саволга жавоб бермайди, балки ўзи ҳам қўшилишиб сўрайди. Агар у чинакамига фалсафа бўладиган бўлса, унинг бутун иши шундан иборат бўлмоғи керакки, у шу масалани аниқ-таниқ қўймоғи керак. Агар у ўз вазифасига қаттиқ риоя қиладиган бўлса, «мен нимаман ва бутун дунё нима?» деган саволга «ҳамма нарса ва ҳеч нарса» деб, «дунё нечун мавжуд ва мен нимага яшаяпман»? деган саволга «билмайман» деб жавоб беришдан ўзга иложи бўлмас эди.
Шундай қилиб, фалсафанинг илми ақлия борасидаги жавобларини ҳарчанд айлантириб кўрмайлик, мен улардан жавобга ўхшаган ҳеч нарса тополмайман. Бунинг сабаби нима бўлсайкин? Албатта, тажрибага асосланган фанлардаги каби жавоб саволимга тааллукди бўлмай қолганидан бўлмаса керак. Йўқ, бу ўринда ҳамма ақлий фаолият менинг саволимга жавоб топишга қаратилган, лекин шунда ҳам жавоб берилмади. Негаки, жавобнинг ўзи йўқ. Шунинг учун жавобнинг ўрнига яна ўша саволнинг ўзи кўндаланг бўлаверади. Фақат ҳар гал янги, мураккаблашган шаклда…

VI

Ҳаёт саволига жавоб излар эканман, мен худди ўрмонда адашиб қолган одамда кечадиган туйғуни кечирдим. Юра-юра ўрмон четидаги ялангликка чиқдим. Бир дарахт тепасига чиқиб, олис-олислардаги ҳудудсиз маконни кўрдим, аммо унда биронта ҳам иморат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Қайтиб ўрмон қаърига кирдим, у ерда зулмат ҳукмрон эди, бу ерда ҳам биронта иморат йўқ эди.
Шу аҳволда инсон билимлари ўрмонида тентираб юрдим. Бир томонимда математик билимлар ва тажрибага асосланган билимлар ёғдуси. лар менинг кўз ўнгимда равшан уфқларни намоён этди, бироқ улар шундай уфқлар эдики, уни мўлжаллаб бориб, биронта ҳам иморатга йўлиқа олмасдинг, чунки иморатнинг ўзи йўқ эди. Иккинчи томонимда илми акдияга мансуб илмлар зулмати. Мен бу зулмат қаърига кириб борганим сари зулмат қуюқлашгандан қуюқлаша борарди. Ниҳоят, ишонч ҳосил қилдимки, қутулишнинг иложи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Билимларнинг нурли томонларига маҳлиё бўлиб юриб, англардимки, мен саволдан ўзимни олиб қочяпман, холос. Менинг нигоҳим қаршисида намоён бўлган уфқлар ҳар қанча равшан, ҳар қанча жозибадор бўлмасин, бу интиҳосиз илмлар қўйнига шўнғимоқ ҳар қанча мароқли бўлмасин, мен энди яхши англардимки, улар, яъни бу билимлар менга қанча камроқ керак бўлса, менинг саволимга жавоб беришдан қанча узоқ бўлса, шунчалик равшанроқ эдилар.
«Ҳа, илм-фан шу қадар матонат билан нималарни билишни исташи энди менга маълум», — дердим ўз-ўзиРуҳий ҳолатим мен учун шундай ифодаланди: аллаким менга қарши ёмон бир бемаъни ҳазил қилиб, менга шу ҳаётимни ато этган. Мен ўзимнинг «бирор» кимса томонидан яратилганимни тан олмас эдим. Шунга қарамай, бу дунёда мени барпо эта туриб, аллаким устимдан ёмон бир бемаъни ҳазил қилган деган тасаввур мен учун энг табиий тасаввур шакли эди.
Беихтиёр равишда менда шундай тасаввур пайдо бўларди: юқорида — аллақаерда кимдир бор. У менинг оз эмас — кўп эмас, 30 — 40 йил умр кечирганимни, бу йиллар мобайнида ўқиб ўсганимни, жисмонан ва руҳан бақувват тортганимни, энди эса ақлим бутунлай балоғатга етганда, мен ҳаётнинг энг баланд чўққисига етиб келганимни, бу чўққидан бутун ҳаётни кафтдагидек кўриб турганимни ва шу аҳволда шу чўққи устида ҳаётда ҳеч нарса йўқлигини, ҳеч нарса бўлмаганини ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини аниқ-таниқ англаганимча овсарларча қаққайиб турганимни кўриб устимдан роса мазах қилиб куляпти. «У яна кулади-я…»
Аммо менинг устимдан кулаётган бу аллаким борми ё йўқми — бунинг менга фарқи йўқ. Мен на бутун ҳаётимга, на ундаги бирон хатти-ҳаракатимга ақл бовар қиладиган ҳеч қанақа маъно бера олмадим. Мен фақат бир нарсага ҳайрон эдим — қандай қилиб ҳаётимнинг дастлабки фаслларида менинг бунга ақлим етмадийкин? Буларнинг бари кўпдан бери ҳаммага маълум эди-ку? Бугун бўлмаса эртага севган одамларим бошига хасталиклар ёғилиб келади, ажал ғиппа бўғади (баъзиларни олиб ҳам кетди). Хасталиклару ажал менинг бошимга ҳам тушади ва улардан кейин қўланса ҳид билан қуртлардан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Нимаики иш қилган бўлмай уларнинг ҳаммаси унут бўлади, эртами-кечми ўзимнинг хотирам ҳам буткул ўчади. Шундоқ бўлгандан кейин бу сарсону оворагарчиликнинг нима кераги бор? Қандай қилиб одамзод буларнинг барини кўрмаслиги ва яшашда давом этавериши мумкин? Ҳаммадан ҳам ҳайрон қоладиган жойи шунда. Фақат сархуш ҳолатдагина яшасанг бўлади, кайфинг тарқаши билан эса, буларнинг ҳаммаси ёлғон, ўта беҳуда ва бемаъни ёлғон эканини кўрмасликнинг иложи йўқ. Ҳа, шунақа, бу ишнинг ҳеч қанақа куладиган жойи йўқ, мазах қилишнинг ҳам кераги йўқ, бу ўта шафқатсизлик ва бемаъниликдан бошқа нарса эмас.мга. Аммо бу йўлда менинг ҳаётим маъноси ҳақидаги саволга жавоб йўқ. Илми ақлия соҳасида эса билардимки, илмнинг мақсади тўғридан-тўғри менинг саволимга жавоб беришга қаратилган бўлишига қарамай, балки айни шу қаратилгани туфайли бўлса ҳам ажаб эмас, мен ўз-ўзимга берган жавобдан бошқа жавоб йўқ эди: «Менинг ҳаётимнинг қандай маъноси бор?» — «Ҳеч қандай». Ёки: «Менинг ҳаётимдан нима чиқади?» — «Ҳеч нарса». Ёки: «Ҳамма мавжуд нарса нима учун мавжуд ва мен нима учун мавжудман?» — «Мавжудлигинг учун мавжудсан». Инсоният илмининг бир томонини сўроққа тутиб, мен сўрамаган нарсаларим ҳақида беҳисоб миқдорда аниқ жавоблар олдим. Улар юлдузларнинг кимёвий таркиби, қуёшнинг Геркулес юлдузлари туркуми сари ҳаракати, инсон ва унинг турларининг келиб чиқиши, чексиз кичик атомларнинг шакллари, эфирнинг чексиз кичкина вазнсиз зарраларининг тебраниши ҳақидаги жавоблар эди. Аммо «менинг ҳаётимнинг маъноси нимада?» деган саволимга билимларнинг бу соҳаси берадиган жавоб бир хил эди: «Сен — менинг ҳаётим деб атаётган нарсанинг айнан ўзисан, сен — зарраларнинг муваққат тасодифий қўшилувисан. Бу зарраларнинг бир-бирига таъсири, ўзгариши сен «менинг ҳаётим» деб атайдиган нарсани барпо этади. Бу қўшилув бир неча муддат амал қилиб туради, кейин бу зарраларнинг ўзаро алоқаси тўхтайди — шунда сен «ҳаётим» деб атайдиган нарса ҳам тўхтайди. Ана унда сенинг саволларинг ҳам тўхтайди. Сен — тасодифан қорилиб қолган бир тутам алланимасан. Бу бир тутам алланима чирийди. Шу алланиманинг чиришини сен «ўзимнинг ҳаётим» деб атайсан. Алланима шаталоқ отиб югуриб кетади — шу билан чириш ҳам тугайди, ҳамма саволлар ҳам тўхтайди». Илмларнинг аниқ томони шунақа жавоб беради. Агарда у ўз асосларига қатъий амал қилиш ниятида бўлса, бошқа гап айта олмайди ҳам.
Бунақа жавобдан маълум бўладики, жавоб саволга жавоб бермас экан. Мен ҳаётимнинг маъносини билмоғим керак, «сенинг ҳаётинг чексиз бир нарсанинг заррасидир» деган гап нафақат Ҳаётимга маъно бахш этмайди, балки бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай маънони маҳв этади.
Тажрибага асосланган аниқ илмларнинг бу томони ақли илмия билан ғира-шира тил бириктириб, «ҳаётнинг маъноси тараққий этишда ва бу тараққий этишга кўмаклашувда» дер экан, бу гапни ҳам ўзининг мужмаллиги ва хиралигига кўра жавоб қаторида ҳисоблаб бўлмайди.
Билимларнинг бошқа томони, яъни илми ақлия ўз асосларига қатъий амал қилиб, бу саволга бевосита жавоб берар экан, ҳамма асрлар да ва ҳамма жойда фақат битта жавобни айтиб келган ва ҳозир ҳам шуни айтади: «Дунё чек сиз ва англаб бўлмайдиган бир нарса. Инсо ҳаёти ана шу англаб бўлмайдиган нарсанинг англаб бўлмайдиган бир бўлаги». Мен яна илми ақлия билан тажрибага асосланган илмларнинг тил бириктириши оқибатида пайдо бўладиган ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, тарихшунослик деганга ўхшаш чала илмларнинг кераксиз, ортиқча юкини истисно қиламан. Бу илмларга ҳам яна мутлақо хато қилган ҳолда тараққиётЗ мукаммаллашув тушунчаларини олиб кирадилар! Фақат фарқи шундаки, аниқ фанларда ҳамма нарсанинг тараққиёти ҳақида гапириларди, бу ерда эса гап одамлар ҳаётининг ривожи ҳақида кетади. Аммо ҳар икковидаги хато бир хил: чексиз нарсанинг тараққиёти, мукаммаллашуви на мақсадга, на йўналишга эга бўлолмайди ва ме нинг саволимга нисбатан ҳеч нарса деб жавоб беролмайди. Илми ақлияга хос илмлар чинакам фалсафага ўхшаб, аниқ иш юритадиган бўлса фақат мавжуд ҳодисаларни янги фалсафий ка такларга жойлаб, уларни янги номлар билан аташга хизмат қилувчи ўша Шопенгауэр айтгай профессорона фалсафа бўлмаса, философ энг муҳим масалани назариядан қочирмаса, унинг берадиган жавоби ҳамиша битта бўлади. Бу жсавоб Суқрот, Шопенгауэр, Сулаймон пайғамбар, Будда томонидан берилган жавобдир.
«Биз ҳаётдан қай даражада узоқлашсак, фақат шу даражада ҳақиқатга яқинлашиб борамиз, — деган экан Суқрот ўлимга тайёргарлик кўраётганида. — Ҳақиқатни севгучи бизлар ҳаётда нимага интиламиз? Танимиздан мосуво бўлишга ва тан ҳаётидан келиб чиқувчи жамики ёвузликдан халос бўлишга интиламиз. Шундоқ экан, ажал эшигимизни қоқиб келганда, биз нечук хурсанд бўлмайлик?»
«Донишманд одам бутун умри давомида ўлимни излайди, шунинг учун ўлим унга қўрқинчли эмас».
«Дунёнинг ички моҳиятини ирода деб англаб, — дейди Шопенгауэр, — ва бу ирода табиатнинг кўр кучларининг онгсиз интилишларидан бошлаб инсоннинг онг тўла фаолиятигача ҳамма ҳодисаларда моддий тарзда намоён бўлишини эътироф этган билан биз бир натижани мутлақо четлаб ўтолмаймиз: иродани эркин инкор этиш билан бирга, унинг ўз-ўзини маҳв этиш билан бирга ҳамма ҳодисалар ғойиб бўлади, моддийликнинг ҳамма босқичларидаги доимий интилишлар ҳамда бемақсад ва беистироҳат рўй берадиган майллар (ҳолбуки бутун олам шу интилишлар ва майлларда ҳамда улар орқали воқе бўлади) йўқ бўлади, хилма-хил мунтазам шакллари йўқолади, шакллар билан бирга унинг Ҳамма ҳодисалари ўзининг умумий шакллари билан бирга, макони ва замони билан бирга роииб бўлади ва ниҳоят, унинг энг сўнгги асосини шакли — субъект ва объект ҳам йўқ бўлади. Ирода бўлмаса, тасаввур ҳам йўқ, дунё ҳа; йўқ. Бизнинг қаршимизда, албатта, ёлғиз ҳеч нарса қолади. Аммо ана шу ҳечликка ўтишга тўсқинлик қиладиган нарса бизнинг табиатимизЧ дир. Табиатимиз эса яшашга иштиёқимиздан; иродамиздан ўзга нарса эмас Бизнинг дунёмиз каби ўзимиз ҳам таркибан ана шу иродадан иборатмиз. Биз ҳечликдан қўрқиб даҳшатга тушамизми ёхуд айни шундоқ яшашн ни истаймизми — бунинг фақат битта маъноси бор: бизнинг ўзимиз турган-битганимиз ана шу яшаш иштиёқидан иборатмиз, ундан ўзга нарса эмасмиз ва ундан бошқа ҳеч нарсани билмаймиз. Шунинг учун ўзимиз иродага тўла бўлсак; биз учун ирода мутлақо маҳв этилгандан кейин нима қолади? Ҳеч нарса. Бироқ аксинча ҳам шунақа — агар кимлардадир ирода ўзгариб қолган бўлса ва ўз-ўзидан юз ўгирган бўлса, улар учун бизнинг воқеий дунёмиз жамики қуёшлари ва жамики сомон йўллари билан бирга ҳеч нарсадан ўзга эмас».
«Ҳамма нарса беҳудадир, — дейди Сулаймон пайғамбар, — беҳудадан-беҳуда, нимаики бўлса, бари беҳуда! Одамзод қуёш нурлари остида терга пишиб меҳнат қилади. Бундан унга нима наф? Авлодлар кетади, авлодлар келади, ер эса мангу қолади. Нима бўлган бўлса, ўша бўлади, нима рўй берган бўлса, ўша рўй беради. Бу ёруғ дунёда ҳеч қанақа янги нарса йўқ. Баъзан бирой нарса тилга тушади — «қара, бу янгилик» дейишади. Аммо бу биздан аввал неча асрлар муқаддам рўй берган бўлади. Ўтганларни хотирда сақламаймиз, аммо бундан кейин бўладиган нарсалар ҳам биздан кейин бўладиганларнинг хотирасида сақланиб қолмайди. Мен — Еклезиаст, Қуддуси шарифда Исроил устидан подшо эдим. Кўнглимда бир хоҳиш уйғониб, ер юзида рўй бераётган воқеаларнинг ҳаммасини тадқиқ этмоқчи ва ақл тарозусидан ўтказмоқчи бўлдим. Бани одамга Худо шу оғир машғулотни раво кўради. Бу ёруғ дунёда бўлаётган ишларнинг ҳаммасини кўрдим. Кўрдим — бари беҳуда, бекорга жонни қийнаманг… Юракдан чиқариб ўзимга дедим: мана, сен олий мартабага эришдинг, мендан аввал Қуддуси шарифда мавжуд бўлган жамики доноликдан ортиқроқ доноликка эришдинг. Менинг қалбим ҳам кўп доноликлар кўрди, кўп билимларга ошно бўлди. Шунда мен бутун қудратимни доноликни англашга, фаросатсизлик билан аҳмоқликни англашга бахш этдим. Аммо билдимки, буларнинг бари жонга жабр экан. Сабабки, донолик кўп жойда ғусса кўп бўлар экан: билимли кўп одамнинг боши қайғудан чиқмас экан.
Шунда мен ўзимга дедим: «Қани, сени бир хуррамлик синовидан ўтказай, яхшиликдан лаззатланай». Аммо бу ҳам беҳуда экан. Кулги ҳақида «бу бемаънилик» дедим, хуррамлик тўғрисида эса «у нима қиляпти?» дедим. Кейин ич-ичимдан чиқариб, танамни шароб билан лаззатлантирмоқчи бўлдим. Яна шуни ихтиёр этдимки, кўнглим доноликни раҳнамо деб билгани ҳолда, узим ҳамоқатнинг нималигини ҳам билмай, токи бани одам учун нима яхши эканини ўз кўзим билан кўрай, улар бу ёруғ дунёда кечирадиган Қисқагина умрларида нима ишларни қилмоқлари кераклигини билай. Мен катта ишларни амалга оширдим: ўзимга иморатлар қурдим, токзорлар барпо этдим. Ўзимга боғлар яратдим ва у ерда ҳар хил мевали дарахтлар ўтқаздим, боғ-роғларни, у ерда ўсаётган дарахтларни суғориш учун ҳовузлар қаздирдим, ўзимга мулозимлар ва канизлар олдим, бола-чақаларим ҳам серобгина эди, мендан аввал Қуддуси шарифда ўтганларнинг ҳаммасиникидан кўра мен тўплаган йирик ва майда чорва кўпроқ эди: ҳар хил подшолардан ва вилоятлардан ўзим учун кумушу олтин ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар йиғдим; саройимга хонандаю раққосаларни тўпладим, бани одамга завқ-шавқ ато қилувчи ҳар хил мусиқа асбобларини келтирдим. Шунда мен Қуддуси шарифда мендан аввал ўтганларнинг ҳаммасидан ҳам улуғроқ ва бадавлатроқ бўлиб қолдим. Донолигимга ҳам ҳамма тан берган эди. Кўзим нимани кўрса, мен қайтармай ҳаммасини харид қилар, кўнглим қанақа эрмакни тусаса, мен ҳеч қайсисини рад этмас эдим. Ниҳоят, мен ўз қўлларим билан қилган ҳамма ишларимга, пешона тери тўкиб қилган меҳнатимга назар ташладим. Ва кўрдимки, буларнинг бари беҳуда ва бари жонга жабр. Бу ёруғ дунёда улардан наф йўқ. Мен орқамга ўгирилиб, доноликка ҳам, фаросатсизликка ҳам, аҳмоқликка ҳам назар ташладим. Лекин билдимки, уларнинг барининг қисматй бир экан. Шунда ич-ичимдан чиқариб ўзимга дедим: «Ахир, тентак одамнинг қисмати менинг ҳам бошимга тушар экан, нима учун мен жуда ҳам доно бўлиб юрибман?» Шунда ич-ичимдай ўзимга айтдим: «Бу ҳам беҳуда», Негаки, аҳмоқ одамни хотирда сақламаганларидек, доно одамни хам мангу хотирда тутмайдилар, келажак кунларда уларнинг ҳаммаси унут бўлади ва надоматлар бўлсинки, доно одам ҳам аҳмоқ билан баробар дунёдан ўтади! Шунда мен ҳаётни ёмон кўриб кетдим, чунки ёруғ дунёда қилинадиган ишлар кўзимга ёмон кўриниб кетди, чунки ҳаммаси беҳуда ва жонга жабр эди. Ёруғ дунёда қилган жамики меҳнатим кўзимга ёмон кўриниб кетди, чунки мен уни ўзимдан кейин келадиган одамга қолдирмоғим керак. Чунки одамзод бу ёруғ дунёда меҳнат қилиб, бу меҳнатидан, чеккан ташвишларидан нима кўради? Негаки, унинг ҳамма куни қайғули, ҳамма меҳнати — ташвиш. Ҳатто, кечалари ҳам унинг юраги тиним билмайди. Бу ҳам — беҳуда. Еб-ичмокдай неъмат ҳам, меҳнатдан сўнг роҳату фароғат билан жонини яйратиш ҳам одамнинг ўз ҳукмида эмас.
Ҳамма нарсанинг ва ҳамманинг қисмати бир. Батавфиқ одамнинг ҳам, бетавфиқнинг ҳам, яхши-ёмоннинг ҳам, покиза ва ифлоснинг ҳам, қурбонлик қилган ва қилмаганнинг ҳам, серсаховат ва гуноҳкорнинг ҳам, қасам ичувчи ва Қасамхўрнинг ҳам қисмати битта. Ёруғ дунёдаги ҳамма ишларда қисматнинг битта экани ёмон, шу туфайли бани одамнинг юраги ёмонликка тўла, уларнинг юрагидан ақл қочган, ҳаётларидан ҳам ақл кетган. Шундан кейин улар ўтганлар сафидан ўрин олади. Тириклар орасида қолганлар ҳали нималардандир умидвор бўлса бўлади, негаки, ўлик арслон бўлгандан кўра тирик кУчук бўлган яхши. Тириклар вақт-соати етиб, Қазо топишларини биладилар, ўликлар эса ҳеч нарсани билмайдилар, улар ортиқ иноят ҳа^ кўрмайдилар, негаки, уларнинг хотираси ҳа^ унут бўлган, уларнинг муҳаббати ҳам, уларнинг нафрати ҳам, уларнинг рашки ҳам ғойиб бўлиб бўлган, бу ёруғ дунёда энди улар ҳеч нарса билан шарафланмайдилар».
Сулаймон пайғамбар шундай дейди. Ёхуд шу сўзларни ёзган одам шундай дейди.
Энди ҳинд донишмандлари нима дейишини эшитинг:
«Ёш бахтиёр шаҳзода Сакна-Мунига хасталиклар, қарилик, ўлим бегона эди. Кунлардан бирида у сайлга боради ва тишлари тўкилиб кетган, сўлаклари оқиб ётган, мункиллаган бир чолни кўради. Шу пайтгача қариликни кўрмаган шаҳзода аравакашдан бунинг нималигини, нима сабабдан бу одам шу қадар аянчли ва хунук аҳволга тушганини сўрайди. Бундай қисмат ҳамма одамларнинг бошида бор эканини, ёш шаҳзода ҳам вақт-соати келиб, албатта, шу аҳволга тушажагини эшитиб, шаҳзода сайлга боргиси келмай қолади ва бу гапларнинг ҳаммасини ўйлаб кўрмоқ учун орқага қайтишни буюради. Уйга етиб боргач, ичкарига беркиниб олиб, ўйлашга бошлайди. Бир неча муддат ўтгач, шаҳзода бир нарсадан таскин топади. У яна шоду хуррам ва бахтиёр кайфиятда сайлга йўл олади. Бу гал унга бемор рўпара келади. Унинг кўз ўнгида ўлгудай толиққан, кўкариб кетган, кўзларидан нур кетган, дағ-дағ қалтироқ босган бечораҳол бир одам гавдаланади. Шу пайтгача хасталик нима эканини билмаган шаҳзода тўхтаб, нима гап эканини сўрайди. Шунда бу хасталик эканини, ҳамма одамлар хасталикка учраши мумкинлигини, унинг ўзи, соғлом ва бахтиёр юрган шаҳзода ҳам, эҳтимол, эртага шунақа бемор бўлиб қолиши мумкинлигини эшитиб, қайфи бузилади, кайфичоғлик қилишга хуши қолмайди ва уйга қайтишни буюради. У уйида яна ўзича бирор таскин излайди ва уни топади, шекилли. Чунки у яна бир марта сайру томошага отланади. Аммо учинчи марта ҳам йўлда бир воқеага йўлиқади — одамлар нимадир кўтариб кетишаётганини кўради. «Нима бу?» — «Бандаликни бажо келтирган одам». — «Бандаликни бажо келтириш қанақа бўлади?» — деб сўрайди шаҳзода. — «Бандаликни бажо келтириш шу одамга ўхшаб жон таслим қилиш бўлади», — деб жавоб беришади. Шаҳзода тобутнинг олдига боради, пардани кўтариб майитнинг юзига қарайди. — «Бу одам энди нима бўлади?» — деб сўрайди шаҳзода. — «Уни ерга кўмадилар», — деб жавоб беришади шаҳзодага. — «Нега?» — «Негаки, энди у ҳеч қачон бошқа тирилмайди, у чириб-ирийди, кейин тупроққа айланади». — «Ҳамма одамларнинг ҳам қисмати шунақами? Мен ҳам шу кўйга тушаманми? Мени ҳам кўмишадими? Мен ҳам ириб-чириб, қуртларга ем бўламанми?» — «Ҳа». — «Орқага қайт! Мен сайрга бормайман. Бундан кейин ҳеч қачон ҳеч Қанақа сайрга бормайман».
Шундай қилиб, Сакна-Муни ҳаётдан таскин топа олмади ва «ҳаётнинг турган-битгани улуғ бир ёвузликдир» деган тўхтамга келиб, бутун Қалб кучини ундан халос бўлишга ва бошқаларни Ундан халос этишга сарфлади. «Халос этганда ҳам шундай қилмоқ керакки, одамнинг вафотидан кейин ҳаёт бир амаллаб қайта тикланмасин, уни бутунлай, таг-туги билан тубдан маҳв этигд керак». Ҳинд донишмандлари шундай дейди.
Инсоният донолари ҳаёт саволларига берган бевосита жавоблар бундай турур:
«Жисмнинг ҳаёти ёвузликдан ва ёлғондан иборат. Шунинг учун ҳам бу жисм ҳаётини маҳв этиш неъматдир, биз шу неъматни тиламоғимиз даркор», — дейди Суқрот.
«Ҳаёт шунақа нарсаки, унинг боридан йўғи яхшироқ бўларди. Ҳаёт — ёвузлик, ёвузликдан ҳечликка кўчиш ҳаётдаги бирдан-бир неъматдир», — дейди Шопенгауэр.
«Дунёдаги ҳамма нарса — ҳамоқат ҳам, донолик ҳам, бойлик ҳам, қашшоқлик ҳам, шод-хуррамлик ва қайғу-алам ҳам, ҳаммаси беҳуда ва арзимас нарсалардир. Инсон ўлади ва ундан ҳеч нарса қолмайди. Бу бемаъниликдир», — дейди Сулаймон пайғамбар.
«Азоб-уқубатлар, заифлашиш, қариш ва ўлим муқаррар эканини англаб туриб яшаб бўлмайди, одам ўзини ҳаётдан халос этмоғи, ҳар қандай яшаш имконидан маҳрум этмоғи керак», — дейди Будда.
Ана шу катта ақл эгалари айтган нарсаларни уларга ўхшаган миллион-миллион одамлар ҳам айтган, ўйлаган, ҳис этган. Мен ҳам шундай ўйлайман ва шундай ҳис қиламан.
Шундай қилиб, менинг билимлар ўрмонида довдираб юришим нафақат мени тушкунлик ботқоғидан халос эта олди, аксинча, уни янада чуқурлаштирди. Бир соҳадаги билимлар ҳаёт саволларига жавоб бермади, бошқа соҳадаги билимлар эса жавоб берди-ю, бу жавоби билан тўғридан-тўғри менинг тушкунлигимни тасдиқлади. Бу жавоб яна шуни кўрсатдики, мен чиқарган хулоса адашишларимнинг ҳосиласи эмас, хаста тафаккуримнинг маҳсули эмас, аксинча, у менинг ўйларим тўғри бўлганини тасдиқлади. Менинг ўйларим инсониятнинг энг бақувват ақл эгаларининг хулосаларига тўғри келди.
Ўзини лақиллатишнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси — беҳуда. Туғилмаган одам бахтиёр, ўлим ҳаётдан яхши; шунинг учун ҳаётдан халос бўлмоқ керак.

VII

Саволимга илмлар бобида тузукроқ жавоб тополмагач, мен уни ҳаётдан излай бошладим. Мен бу жавобни теварагимни қуршаган одамлар ҳаётидан топмоққа умид қилдим. Шунинг учун худди ўзимга ўхшаган одамлар ҳаётини кузата бошладим, менинг теварагимдаги одамлар қандай яшаётганини, мени қийноққа солган саволларга муносабати қанақа эканини ўрганишга киришдим.
Шунда маълумот даражаси ва яшаш тарзига кўра мен билан бир хил мавқеда бўлган одамлардан топганим шу бўлди: шуни топдимки, менинг доирамга мансуб одамлар учун ҳаммамиз тушиб қолган даҳшатли аҳволдан қутулишнинг тўрт йўли бор экан.
Бу боши берк кўчадан чиқишнинг биринчи чораси билмаслик экан. Унинг маъноси шундан иборатки, ҳаёт ёвуз нарса эканини ва яшашнинг маъносизлигини билмаслик, англамаслик керак. Бу тоифа одамлар — айниқса, аёлларнинг кўпчилиги, ё ҳали жуда ёш одамлар ёхуд ўта бефаросат кишилар — Шопенгауэр, Сулаймон пайғамбар, Будда қаршисида кўндаланг бўлган ҳаёт масаласини ҳали тушуниб етмайдилар.

(Давомини ўқинг)

(Tashriflar: umumiy 4 278, bugungi 1)

Izoh qoldiring