Lev Tolstoy. “Iqrornoma”dan

09     Буюк рус адиби Лев Толстой мазкур асарини 51 ёшида ёза бошлаган, аммо ундаги фикрлар 20 ёшиданоқ миясида ғужғон ўйнаган. Бу инсон қисмати, унинг ҳаёт фалсафаси ҳақидаги теран фикрларнинг узоқ йиллик мазмуни…

Л.Н. ТОЛСТОЙ
“ИҚРОРНОМА”ДАН ОСТИГА
ЧИЗИЛГАН ПАРЧАЛАР
004

Tolstoy.jpgЛев Николаевич Толстой [1828.28.8 (9.9), Тула губерняси Ясная Поляна қишлоғи — 1910.7 (20).11, Липецк вилояти, ҳоз. Лев Толстой бекати; Ясная Полянада дафн этилган] — рус ёзувчиси. Россиядаги қадимий дворянлар сулоласидан, граф. Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873), фахрий академиги. (1900). 1844—47 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. 1851—53 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган; илтимосига кўра, қамалдаги Севастополга ўтказилган. Қрим урушида қатнашган.

Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернишевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С. Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши Толстойнинг «Севастополь ҳикоялари» (1855) тўпламига кирган ҳикоя ва очеркларида ўз ифодасини топган. 50-йиллар Толстой руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Бу асарда ўз инъикосини топган халқ ҳаёти мавзуи ва воқеликнинг эпик тасвири Толстойнинг 60-йиллар ижодида янада теранлашади.

Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси (ўзбек тилига Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова таржимаси) Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсаларда, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга қарши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.

Толстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. «Уруш ва тинчлик»дан бу романни ёзгунига қадар бўлган даврда Толстойнинг рус жамиятидаги ижтимоий тенглик ва адолат тўғрисидаги орзу-умидлари рўёбга чиқмади. 60-йиллардаги ислоҳот ёзувчи кутган натижани бермади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат уч оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига катта эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг диний қарашлари жамият ва шу жамиятда яшовчи кишиларга, бинобарин, у ёки бу қаҳрамонига бўлган муносабатига, шак-шубҳасиз, таъсир ўтказган. Толстойнинг оила масаласига, чунончи, Каренинлар оиласида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувида ҳам диний қарашлари сезилади. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади.

70-йилларда руҳий изтироб иқлимида яшаган Толстой ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказди ва шу жараёнда ижтимоий келиб чиқиши, тарбияси ва ҳаёт йўли билан боғлиқ жамият қатламининг маънавий асослари ёлғонга асосланган, деган хулосага келди. Унинг бундай қарашлари «Иқрорнома» (1880) ва «Эътиқодим нимада?» (1884) асарларида ўз ифодасини топди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида «Иван Ильичнинг ўлими» (1886), «Крейцер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ. Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган.

Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романи (1889—99)да ўз аксини топди. Ҳаётда бўлиб ўтган оддий воқеа — бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги масаласи «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган. Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда» (1890); «Балдан сўнг» (1903) ва бошқа.) да ҳам акс этган. Толстой ҳаётининг Ясная Полянадаги сўнгги кунлари руҳий изтироблар пўртанасида кечди. У яқин кишилари тўқиган иғво ва фасод тўридан қочиб, 1910 йил Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетади ва йўлда шамоллаб, вафот этади.

Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» мақолалари 1887-1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таниқли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) сингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.Толстой нафақат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

004

* * *

Одамнинг ҳаётига қараб, унинг ишларига қараб, унинг худога ишониш- ишонмаслигини билиб бўлмайди.

(4-бет).

* * *

Ҳамма шундай ибтидолар асосида ҳаёт кечирадики, бу ибтидоларнинг диний эътиқодларига алоқаси йўққина эмас, балки кўп ҳолларда уларга буткул зидҳамдир.

(4-бет).

* * *

Донолик, тўғрилик, номус, очиқ кўнгиллилик ва диёнат кўпинча ўзларини динга ишонмайдиган деб тан олувчилар ўртасида учрайди.

(4-бет).

* * *

Одамлар учун дин ҳаётда муайян марраларга эришиш воситаси бўлса, бунақа дин дин бўлмайди.

(5-бет).

* * *

Бизнинг тоифамизга мансуб ўқимишли одамлар шундай аҳволдаки, ҳаёт ва билим нури сунъий иморатни эритиб юборган ва улар ё буни сезиб жой бўшатишган, ёхуд ҳали уни сезишганларича йўқ.

(5-6-бет).

* * *

Мен ўзимни ақлий жаҳатдан мукаммаллаштиришга ҳаракат қилдим-қўлимдан келган ҳамма нарсани, ҳаёт мени рўпара қилган нрасаларнинг барини ўрганишга интилдим; мен иродамни мукаммаллаштиришга ҳаракат қилдим- ўз-ўзимга қоидалар яратиб, уларга амал қилишга уриндим; ўзимни жисмонан мукаммаллаштиришга киришдим- ҳар хил машқлар билан кучимни ва чаққонлигимни ўстирдим, ҳар хил муҳтожликларни кўриб, ўзимни бардошга ва сабр-тоқатга ўргатдим. Буларнинг барини мен мукаммаллашув деб ҳисобладим.

(6-бет).

* * *

Менинг ҳаётимни ҳаракатга келтирган нарса, менинг ўша кезлардаги якаю-ягона имони комил инсон бўлишга ишонч эди.

(6-бет).

* * *

Умуман ҳаёт ўз йўлида ривожланиб боради ва унинг бу ривожида биз, яъни фикрловчи одамлар асосий иштирокчилар сифатида кўринамиз; фикрловчи одамлар орасида биз- санъаткорлар, шоирлар асосий таъсир кучига эгамиз. Зиммамиздаги бурчимиз- одамларни ўргатиш.

(8-бет).

* * *

Агар дунёдаги ҳамма одамлар қандайдир назарияларга амал қилиб, дунё аратилгандан бери шуни зарур деб ҳисоблаб келган эканлар, мен биламанки, бу керак эмас, бу ёмон иш. Шунинг учун нима нарса яшши-ю нима нарса зарур эканини одамларнинг гап сўзи-ю қилғиликлари эмас, тараққиёт эмас, балки мен юрагимнинг амрига кўра белгилайман.

(12-бет).

* * *

Мен кўрдим ҳамма ҳар хил нарсани ўргатар экан ва нима ўргатаётганларини ўзлари учун ҳам қоронғу эканини ўзларидан яширмоқ учун бир-бирлари билан ба4слашиб ётишар экан.

(13-бет).

* * *

Шундай яшагингки, бунинг оқибатида оиланг билан бирга ҳузур ҳаловатда ҳаёт кечир, имкони борича фароғатда яша.

(14-бет).

* * *

Одамзод дарди бедаво дардга чалинадиган бўлса, одатда шундай бўлади. Аввалига хасталикнинг арзимас белгилари намоён бўлади. Беъмор уларга эътибор бермайди. Кейин бу белгилар такрор- такрор учрайверади ва бора-бора бўлинмайдиган, бита яхлит дардга айланади. Дард кучайгандан кучаяди ва бемор бирор тадорикни кўриб улгурмай англайдики, у оддий хасталик деб қабул қилган нарса унинг учун дунёдаги энг муҳим нарса экан. Бу- ажал экан!

(15-бет)

* * *

Мадомики бир хил саволлар такрор-такрор кўндаланг бўлавераётган экан уларга жавоб бермоқ керак.

(15-бет).

* * *

Санъат ҳаётнинг безагидир, китобхонни авраб, ҳаёт қўйнига чорлайди.

(20-бет).

* * *

Ҳаётнинг маъносизлиги инсон эришиши мумкин бўлган бирдан-бир хулосадир.

(22-бет).

* * *

Мен бугун қилаётган ишдан қандай Самара чиқади, эртаги қиладиган ишимданчи? Менинг жамики ҳаётимдан нима маъно чиқади?

(23-бет)

* * *

Ўлим ҳақ, мен албатта бу дунёдан ўтаман. Менинг яшашимда шундай маъно бормики менинг ўлимим уни маҳв этолмаса.

(23-бет).

* * *

Ҳамма нарса ривожланади, таркибий қисмларга ажралади, мураккаблашиш ва мукаммаллашиш сари боради. Бу ҳақиқатни белгилаб турувчи қонунлар бор.

(23-бет).

* * *

Сен бутуннинг бир қисмисан имкони борича бутунни билсанг шу билан сен шу бутундаги ўз ўрнингни ҳам билган бўласан.

(23-24-бет).

* * *

Умуман тажрибага асосланган илмларнинг ҳаёт саволига муносабатини бундай ифодаласа бўлади: Савол: «мен нима учун яшаяпман». Жавоб: «чексиз катта фазода чексиз узоқ вақт давомида чексиз кичкина заррачалар чексиз мураккабликда турларини ўзгартирадилар. Агар сен ана шу турлар ўзгаришининг қонунини англасанг нима учун яшаётганингни ҳам англаб оласан».

(25-бет).

* * *

Бутун инсоният маънавий ибтидолар ва уларга раҳнамолик қилувчи идеаллар асосида яшайди ва ривожланади. Бу идеаллар динларда, фанларда, санъатларда, давлатчилик шаклларида ўз ифодасини топади.

(25-бет).

* * *

Чексиз маконда, чексиз замонда, чексиз мураккаблик билан содир бўладиган чексиз заррачалар ўзгаришини ўрган, шунда сен ўз ҳаётингни англайсан.

(26-бет).

* * *

Одамзод ўзини нима эканини англамоқ учун унинг ўзи каби ҳали ўзлигини англаб етмаган айрим-айрим одамлардан ташкил топувчи сирли имкониятнинг нима эканини англаб олмоғи зарур.

(26-бет).

* * *

Файласуф мендаги ва жамики мавжуд нарсадаги ҳаётнинг моҳиятини ғоя дейдими, субстанция деб атайдими ёки руҳ, ирода деб белгилайдими, барибир битта гапни айтади: «Бу моҳият мавжуд ва мен ўша моҳиятни ташкил қиламан».

(27-бет).

* * *

Ҳаётнинг маъноси тараққий этишда ва бу тараққий этишга кўмаклашувда.

(30-бет).

* * *

Биз ҳаётдан қай даражада узоқлашсак, фақат шу даражада ҳақиқатга яқинлашиб борамиз, ҳақиқатни севгувчи бизлар нимага интилами? Танимиздан мосуво бўлишга ва тан ҳаётидан келиб чиқувчи жамики ёвузликдан халос бўлишга интиламиз.

(30-бет).

* * *

Ҳамма нарса беҳудадир, беҳудадан беҳуда, нимаики бўлса, бари беҳуда! Одамзод қуёш нурлари остида терга пишиб меҳнат қилади. Бундан унга нима наф? Авлодлар кетади, авлодлар келади ер эса мангу қолади. Нима бўлган бўлса, ўша бўлади, ним арўй берган бўлса ўша рўй беради. Бу ёруғ дунёда ҳеч қанақа янги нарса йўқ.

(31-бет).

* * *

Азоб – уқубатлар, заифлашиш, қариш ва ўлим муқаррар эканини англаб туриб яшаб бўлмайди, одам ўзини ҳаётдан халос этмоғи ҳар қандай яшаш имконидан маҳрум этмоғи керак.

(35-бет).

* * *

Дунёдаги ҳамма нарса – донолик ҳам, бойлик ҳам, қашшоқлик ҳам шод – хуррамлик ҳам ва қайғу- алам ҳам, ҳаммаси беҳуда ва арзимас нарсалардир. Инсон ўлади ва ундан ҳеч нарса қолмайди бу бемаъниликдир.

(35-бет).

* * *

Ҳаёт шунақа нарсаки, унинг боридан йўғи яхшироқ бўларди. Ҳаёт ёвузлик, ёвузликдан ҳечликка кўчиш ҳаётдаги бирдан –бир неъматдир.

(35-бет).

* * *

Ҳаётнинг турган битгани улуғ бир ёвузликдир.

(35-бет).

* * *

Жисмнинг ҳаёти ёвузликдан ва ёлғондан иборат. Шунинг учун ҳам бу жисм ҳаётини мавҳ этиш неъматдир, биз шу неъматни тиламоғимиз даркор.

(35-бет).

* * *

Туғилган одам – бахтиёр.

(36-бет).

* * *

Ҳаёт ҳамма нарса. Ақл ҳаётнинг самараси ваш у ақл ҳаётнинг ўзини инкор этади.

(39-бет).

* * *

Мен «қандай яшамоғим керак?» деган саволни қўйишим билан «Худонинг қонунларига амал қилиб» деган жавобни оламан. «Менинг ҳаётимдан қанақа бир чинакам нарса келиб чиқади?» дуган сўроққа «Мангу азоб-уқубат ёки мангу роҳат- фароғат» деган жавоб оламан.

«Ҳаётимда ўлим мавҳ этолмайдиган қандай маъно бор?» «Ҳақнинг жамолига эришиш, чексиз худога қўшилиш, жаннат».

(46-бет).

* * *

Авваллари оқилона билимлар менга ягона нарса сифатида туюларди, эди эса муқаррар тарзда шуни эътироф этишга мажбур бўлдимки, ҳозир ҳаёт кечираётган жамики инсониятда яна бошқа Аллақандай билим бор бу- нооқилона билим – иймон.

(46-бет).

* * *

Қаердаки ҳаёт бўлса, ўша жойда инсоният пайдо бўлгандан бери унга яшаш имконини берадиган иймон бор. ва иймоннинг асосий белгилари ҳамма жойда ва ҳамиша бир хил.

(47-бет).

* * *

Ҳар қандай имон кимга бўлмасин ва қандай бўлмасин жавоб берган бўлса, имоннинг ҳар қандай жавоби инсоннинг чекланган ҳаётига чекланмаган нарсанинг маъносини бахш этади ва бу маънони азоб-уқубатлар, муҳтожликлар, ўлим мавҳ этолмайди.

(47-бет).

* * *

Иймон инсон ҳаётининг маъносининг билишдир ва шу билимнинг важидан инсон ўз-ўзини мавҳ этмайди, балки яшайди.

(47-бет).

* * *

Худо орқали иймонни белгилаш керак эмас, аввал иймонни белгилаб олиб сўнгра худони белгилаш лозим.

(47-бет).

* * *

Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, имон келтиради. Агар у «нима учундир яшамоқ керак» деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда яшамас эди.

(47-бет).

* * *

Мен нимаман ўзи?

Чексиз нарсанинг бир қисмиман.

(48-бет).

* * *

Чексиз худо тушунчаси, руҳнинг илоҳийлиги, одамзод қилмишларининг худога боғлиқлиги, яхшилик ва ёмонлик, маънавият тушунчалари инсоният ҳаётининг кўзларимиздан яширин олисликлари қаърида ишлаб чиқилган тушунчалардир.

(49-бет).

* * *

Имон томонидан бериладиган жавобларда инсониятнинг жуда теран донолиги мавжуд, ақл асосида уларни инкор этишга мен ҳақли эмасман. Энг муҳими эса фақат шу жавобларидагина ҳаёт саволларига жавоб мавжуд.

(49-бет).

* * *

Мен англадимки, ҳаётнинг маъносини тушунмоқ учун ҳаммадан аввал ҳаётнинг ўзи маъносиз ва ёвуз бўлмаслиги керак, шундан кейингина ақл билан уни тушуниб лса бўлади.

(54-бет).

* * *

Мен кейинчалик Инжилда топганим ҳақиқатни англадим-унга кўра одамлар ёруғликдан кўра кўпроқ зулматни яхши кўрганлар, негаки улар ёвуз ишларни кўп қилишган сабабки, ёмон иш қиладиган ҳар бир одам ёруғликни жуда ёмон кўради ва ишлари фош бўлишидан қўрқиб, ёруғлик сари бормайди.

(54-бет).

* * *

Инсониятнинг ҳаёти тўғрисида гапириб, ўйлайдиган бўлсанг, ҳаётдаги бир нечта текинхўрларнинг эмас, инсониятнинг ҳаёти тўғрисида ўйлаш ва гапириш керак.

(55-бет).

* * *

Дунёнинг ҳаёти кимнингдир иродаси билан содир бўлади- мана шу дунёнинг ҳаёти ва бизнинг ҳаётимиз орқали кимдир ўзининг Аллақандай ишини рўёбга чиқаради. Бу ироданинг маъносини англашга умидвор бўлмоқ учун даставвал уни бажармоқ керак, яъни биздан истаётган ишларини қилмоғимиз керак.

(56-бет).

* * *

Агар мен мавжуд эканман, демак бунинг сабаби бор ва сабабининг сабаби бор. Анна шу ҳамма нарсанинг сабаби, сабабларнинг сабаби-Худо деб аталмиш нарсадир.

(58-бет).

* * *

Худони танимоқ ва яшамоқ- айнан бир нарса.

Худо-ҳаётдир.

(60-бет).

* * *

Ҳар бир одам бу дунёга худонинг иродаси билан келади.

Худо одамзодни шундай яратганки, ҳар бир одам ўзининг жонини нобуд қилиши ёки асраб қолиши мумкин. Одамнинг ҳаётдаги вазифаси ўз жонини сақлаб қолишдир. Ўз жонини сақлаб қолиш учун Худонинг буюрганларига амал қилиб яшамоқ лозим.

(62-бет).

* * *

Ҳар қандай имоннинг моҳияти шундан иборатки, у ҳаётга ўлим ҳам мавҳ этолмайдиган маъно беради.

(63-бет).

* * *

Имонни билиш ҳам бутун инсоният ва унинг ақли каби сирли бир ибтидодан келиб чиқади. Бу ибтидо Худодир, бу- инсон жисмининг ҳам, ақлининг ҳам ибтидоси.

(63-бет).

* * *

Худонинг ҳақиқатга бир одам ёлғиз ўзи эриша олмайди, у бир-бирлари билан муҳаббат орқали боғланган одамлар мажмуигагина намоён бўлиши мумукин.

(64-бет).

* * *

Ҳақиқатни танимоқ учун бўлинмаслик керак; бўлинмаслик учун эса, бир-бирларимизни севмоқ лозим ва ўзинг рози бўлмаган нарса билан муроса қилмоқ зарур.

(64-бет).

* * *

Ҳақиқат севги қаршисида жамол кўрсатади.

(64-бет).

* * *

Севги орқали бирлашиш жуда улуғ севгини келтириб чиқариши мумкин.

(65-бет).

* * *

Ибодатдаги энг муҳим гап- «бир-биримизни севиб ҳамфикр бўлайлик»,- деган гап эди.

(65-бет).

* * *

Ҳақиқат одамларнинг севги орқали бирлашувидадир.

(70-бет).

* * *

Ҳамма нарсанинг изоҳи ҳамма нарсанинг ибтидоси сифатида чексизлик ичида яширинган бўлмоғи керак.

(74-бет).

* * *

Нима мақсадда эканини билмагунимча, мен ҳеч нарса қилолмайман.

(315-бет).

Манба: «Тафаккур жавҳари».Тошкент, «Фан» нашриёти. 2010 (Тўпловчи ва сўз боши муаллифи, ф.ф.д. И.М.Ғаниев)

Ashampoo_Snap_2017.03.03_13h17m55s_003_.pngИНСОН УМРИНИНГ МОҲИЯТИ ҲАҚИДАГИ АСАР
Лев Толстойнинг “Иқрорнома”cидан
002

Инсон умрининг моҳияти нимада ва бу дунёга келиб-кетишимиздан қандай маъно бор? Буюк рус адиби Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асарида айни шу саволга жавоб изланади. Шунингдек, “Иқрорнома” бахт ва бахтсизлик чегарасини аниқ белгилаб берган асар сифатида ҳам қадрли.

Муаллиф мазкур асарини 51 ёшида ёза бошлаган, аммо ундаги фикрлар 20 ёшиданоқ миясида ғужғон ўйнаган. Бу инсон қисмати, унинг ҳаёт фалсафаси ҳақидаги теран фикрларнинг узоқ йиллик мазмуни. Улардан айримларини сизга ҳавола этамиз.

***

Агар дунёдаги ҳамма одамлар қандайдир назарияларга амал қилиб, дунё яратилганидан бери шуни зарур деб ҳисоблаб келган эканлар, мен биламанки, бу керак эмас, бу ёмон иш. Шунинг учун нима яхшию нима зарур эканини одамларнинг гап-сўзларию қилиқлари эмас, тараққиёт эмас, балки мен юрагимнинг амрига кўра белгилайман.

***

Ҳар гал қалбимдаги энг яхши майлларимни, яъни маънавий жиҳатдан яхши бўлмоқчи эканимни намойиш қилсам, мени мазах қилишар ва нафрат билдиришарди; ёмон эҳтиросларга бериладиган бўлсам, ҳар гал мени мақташар ва рағбатлантирар эдилар.

***

Одамзод дарди бедаво бир дардга чалинадиган бўлса, одатда шундай бўлади. Аввалига хасталикнинг арзимас белгилари намоён бўлади. Бемор уларга эътибор бермайди. Кейин бу белгилар такрор-такрор учрайверади ва бора-бора бўлинмайдиган, битта яхлит дардга айланади. Дард кучайгандан-кучаяди ва бемор бирор тадорикни кўриб улгурмай англайдики, у оддий хасталик деб қабул қилган нарса унинг учун дунёдаги энг муҳим нарса экан.

***

Агар мен бир ўрмонда истиқомат қилсаму шу ўрмондан чиқиб кетадиган йўл йўқ эканини билсам, яшайверишим мумкин эди. Бироқ мен ўрмонда адашиб қолган бир кимса эдим. У адашганини билиб, янада таҳликага тушади, ҳар томонга бош уриб, йўлни топиб олгиси келади, ҳар бир қадами уни янада чалғитаётганини яхши билади, бироқ шунга қарамай, ўзини ҳар ёнга уришдан тўхтата олмайди.

***

Ҳамма нарса ривожланади, таркибий қисмларга ажралади, мураккаблашиш ва мукаммаллашиш сари боради. Бу ҳаракатни белгилаб турувчи қонунлар бор. Сен – бутуннинг бир қисмисан. Имкони борича бутунни билсанг, ривожланиш қонунини билсанг, шу билан сен шу бутунликдаги ўз ўрнингни ҳам билган бўласан.

***

Фалсафа нафақат бу саволга жавоб бермайди, балки ўзи ҳам қўшилишиб сўрайди. Агар у чинакамига фалсафа бўладиган бўлса, унинг бутун иши шундан иборат бўлмоғи керакки, у шу масалани аниқ-тиниқ қўймоғи керак. Агар у ўз вазифасига қаттиқ риоя қиладиган бўлса, “мен нимаман ва бутун дунё нима?” деган саволга “ҳамма нарса ва ҳеч нарса” деб, “дунё нечун мавжуд ва мен нимага яшаяпман?” деган саволга “билмайман” деб жавоб беришдан ўзга иложи бўлмас эди.

***

Агар менинг тафаккурим бўлмаса, мен учун ҳаёт ҳам бўлмас эди. Аммо тафаккурнинг ўзи, ақлнинг ўзи ҳаётнинг ижодкори бўлса, у қандай қилиб, нечук ҳаётни инкор этади. Ёки бошқа томондан олиб кўрайлик: агар ҳаёт бўлмаса эди, менинг тафаккурим, ақлим ҳам бўлмас эди. Бинобарин, ақл — ҳаётнинг фарзанди экан-да! Ҳаёт — ҳамма нарса. Ақл ҳаётнинг самараси ва шу ақл ҳаётнинг ўзини инкор этади.

***

Агар у бирон нарсани билмаса, билмаган нарсасини бемаъни, ахмоқона нарса деб атайди.

***

Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, иймон келтиради. Агар у “нима учундир яшамоқ керак” деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда у яшамас эди. Агар у чекланган нарсани кўрмаса ва унинг хаёлий бир нарса эканини англамаса, у ана шу чекланган нарсага ишонарди; агар у чекланган нарсанинг хаёлий эканини англаса, унда у чексиз нарсага ишонмоғи керак. Иймонсиз яшаб бўлмайди.

***

Англадимки, агар мен ҳаётни ва унинг маъносини англамоқчи бўлсам, мен текинхўрга хос ҳаёт кечирмоғим керак эмас, балки чинакам ҳаёт қўйнида яшамоғим зарур, ҳақиқий инсоният бу ҳаётга қандай маъно бераётган бўлса, шу маънони қабул қилиб, шу ҳаётга сингиб кетмоғим ва уни текшириб кўрмоғим шарт.

***

Одамлар чинакамига ишонган нимаики бўлса, у ҳақиқат бўлмоғи керак; у ҳар хил йўсинда ифодаланмоғи мумкин, бироқ у ёлғон бўлмоғи мумкин эмас, шунинг учун ҳам мабодо у менга ёлғон бўлиб туюлса, бунинг маъноси шундан иборатки, уни мен англамабман.

***

Дарҳақиқат, қуш шундай ҳаёт кечирадики, у учмоғи, овқат жамғармоғи, ин қурмоғи керак. Қуш шундай қилаётганини кўрсам қушдан хурсанд бўламан. Эчки, қуён, бўри шундай ҳаёт кечиришадики, улар қоринларини тўйғазиши, оилаларини боқишлари керак. Уларнинг шундай қилаётганларини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, улар бахтиёр ва уларнинг ҳаёти оқилона. Хўш, инсон нима қилмоғи керак? У ҳам худди жониворлар қилган ишларни қилиб ҳаёт кечирмоғи керак, фақат фарқ шундаки, бу ишларни инсон ёлғиз ўзи қилса, у муқаррар тарзда ҳалок бўлади, у фақат ўзи учун эмас, ҳамма учун қилмоғи зарур. У ҳамма учун бу ишларни қилаётганини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, у бахтиёр ва унинг ҳаёти оқилона.

Замира РЎЗИЕВА тайёрлаган.

Манба: www.qashqadaryogz.uz/

Buyuk rus adibi Lev Tolstoy mazkur asarini 51 yoshida yoza boshlagan, ammo undagi fikrlar 20 yoshidanoq miyasida g’ujg’on o’ynagan. Bu inson qismati, uning hayot falsafasi haqidagi teran fikrlarning uzoq yillik mazmuni…

L.N. TOLSTOY
“IQRORNOMA”DAN OSTIGA
CHIZILGAN PARCHALAR
004

L.N.Tolstoy_Prokudin-Gorsky.jpgLev Nikolayevich Tolstoy [1828.28.8 (9.9), Tula gubernyasi Yasnaya Polyana qishlog‘i — 1910.7 (20).11, Lipesk viloyati, hoz. Lev Tolstoy bekati; Yasnaya Polyanada dafn etilgan] — rus yozuvchisi. Rossiyadagi qadimiy dvoryanlar sulolasidan, graf. Peterburg Fanlar Akademiyasi muxbir a’zosi (1873), faxriy akademigi. (1900). 1844—47 yillarda Qozon universitetining arab-turk va huquqshunoslik fakultetlarida o‘qigan. 1851—53 yillarda Kavkazda bo‘lib, janglarda ishtirok etgan. 1854 yil Dunay armiyasiga yuborilgan; iltimosiga ko‘ra, qamaldagi Sevastopolga o‘tkazilgan. Qrim urushida qatnashgan.

Tolstoy 1855 yilda Peterburgga borib, N. A. Nekrasovnnng «Sovremennik» («Zamondosh») jurnali va jurnal atrofidagi yozuvchilar (I. S. Turgenev, I. A. Goncharov, N. G. Chernishevskiy va b.) bilan hamkorlik qilgan. Bolalik kezlarida rus va arab xalq ertaklari, A.S. Pushkin she’rlari, shuningdek, Yusuf haqidagi Injil rivoyati ta’sirida she’rlar yozgan. Birinchi yirik asari — «Inson kamolotining to‘rt davri» avtobiografik asari («Bolalik», 1852; «O‘smirlik», 1852-54; «Yoshlik», 1855-57; «Yigitlik», yozilmay qolgan). Urush lavhalari va askarlarning maishiy turmushi Tolstoyning «Sevastopol hikoyalari» (1855) to‘plamiga kirgan hikoya va ocherklarida o‘z ifodasini topgan. 50-yillar Tolstoy ruhiy hayot lavhalari va maishiy turmush tafsillarini tarixiy voqealarning keng manzarasi, hayotning axloqiy-falsafiy asoslari tasviri bilan uyg‘unlashtirishga harakat qiladi. Tolstoy ijodida shakllana boshlagan bu ijodiy tamoyil «Kazaklar» qissasi (1863)da, ayniqsa, yaqqol ko‘rinadi. Bu asarda o‘z in’ikosini topgan xalq hayoti mavzui va voqelikning epik tasviri Tolstoyning 60-yillar ijodida yanada teranlashadi.

Rus va jahon adabiyoti xazinasidan mustahkam o‘rin olgan «Urush va tinchlik» (1863—69) epopeyasi (o’zbek tiliga Abdulla Qahhor va Kibriyo Qahhorova tarjimasi) Tolstoyning 60-yillarda ijodiy kamolotga erishganidan shahodat beradi. Ayrim sovet adabiyotshunoslari garchand bu asarni Tolstoyning o‘z davri muammolaridan qochishi, deb baholagan bo‘lsalarda, yozuvchi «Urush va tinchlik» romani bilan o‘z davrida ro‘y bergan va o‘zi shaxsan guvoh bo‘lgan voqealarga faol munosabat bildirgan. Eng muhimi, u Napoleonning 1805—07 va 1812—14 yillardagi harbiy yurishlari mavzuiga murojaat etib, ko‘plab qahramonlar ishtirok etgan epik voqealar bilan birga qahramonlarning ruhiy tasvirlari ilk bor katta mahorat bilan uyg‘unlashgan tarixiy roman janrini yaratdi. Holbuki, 19-asr o‘rtalarida epik asarlar davri o‘tdi, degan fikrlar keng tarqalgan, 60-yillarda rus jamiyatida kuch ola boshlagan sinfiy ziddiyat va kurashlar esa «Urush va tinchlik»dek epopeyaning maydonga kelishi uchun unumli zamin bo‘la olmas edi. 1812 yilda Rossiyaning Napoleon qo‘shinlari tomonidan bosib olinishi mumkinligi bir-biri bilan kelisha olmagan turli tabaqa va sinflarni dushmanga qarshi kurash shiori ostida birlashtirdiki, Tolstoyning rus xalqi ongidagi ana shu uyg‘onishga murojaat etishi «Urush va tinchlik» romanining yuzaga kelishi uchun hayotbaxsh zamin vazifasini o‘tadi.

Tolstoyning 70-yillar ijodida «Anna Karenina» romani alohida mavqega ega. «Urush va tinchlik»dan bu romanni yozguniga qadar bo‘lgan davrda Tolstoyning rus jamiyatidagi ijtimoiy tenglik va adolat to‘g‘risidagi orzu-umidlari ro‘yobga chiqmadi. 60-yillardagi islohot yozuvchi kutgan natijani bermadi. Mazkur romanda Tolstoyning jamiyat hayotida kechayotgan noxush jarayonlar haqidagi iztirobli o‘ylari aks etdi. Romanda Kareninlar, Oblonskiylar va Levinlardan iborat uch oilaning bir-biri bilan chatishgan, ammo mustaqil syujet chizig‘iga ega bo‘lgan tarixi tasvir etilgan. Tolstoy, aksar rus yozuvchilaridek, nasroniy diniga katta e’tiqod qo‘ygan, hayotda ro‘y berayotgan voqealarga va kishilarning xatti-harakatlariga ham shu din nuqtai nazaridan yondashgan. Uning diniy qarashlari jamiyat va shu jamiyatda yashovchi kishilarga, binobarin, u yoki bu qahramoniga bo‘lgan munosabatiga, shak-shubhasiz, ta’sir o‘tkazgan. Tolstoyning oila masalasiga, chunonchi, Kareninlar oilasida sodir bo‘layotgan voqealarga yondashuvida ham diniy qarashlari seziladi. U jamiyat a’zolarida qanday chirkin xislatlar mavjud bo‘lmasin, kishilar diniy qonun-qoidalar doirasida harakat qilishlari lozim, aks holda jamiyat halokat sari boradi, degan fikrdan kelib chiqib, qahramonlar obrazini yaratadi.

70-yillarda ruhiy iztirob iqlimida yashagan Tolstoy o‘z hayot yo‘lini qayta nazardan o‘tkazdi va shu jarayonda ijtimoiy kelib chiqishi, tarbiyasi va hayot yo‘li bilan bog‘liq jamiyat qatlamining ma’naviy asoslari yolg‘onga asoslangan, degan xulosaga keldi. Uning bunday qarashlari «Iqrornoma» (1880) va «E’tiqodim nimada?» (1884) asarlarida o‘z ifodasini topdi. Tolstoyning shu davrda yozgan asarlari orasida «Ivan Ilichning o‘limi» (1886), «Kreyser sonatasi» (1889) qissalari, ayniqsa, e’tiborga loyiq. Tolstoy 80-yillarda dramaturgiya janrlarida ham ijod qilib, «Zulmat hokimiyati» (1886) dramasi va «Ma’rifat mevalari» (1890) komediyasini yozadi. Bu asarlarda qishloq ahlidagi jaholat, shahar madaniyatining qishloqqa ko‘rsatayotgan salbiy ta’siri katta badiiy kuch bilan tasvirlangan.

Tolstoy dunyoqarashida tobora kuchayib borayotgan ziddiyatlar uning so‘nggi yirik asarlaridan biri — «Tirilish» romani (1889—99)da o‘z aksini topdi. Hayotda bo‘lib o‘tgan oddiy voqea — bir sud jarayoni asosida yaratilgan bu asarda Tolstoy ijtimoiy adolatsizlikka asoslangan jamiyatning ichki, ma’naviy asoslarini ochib tashlaydi. Mazkur asardagi kishilar taqdiri bilan voqealarning o‘zaro chambarchas bog‘likligi masalasi «Hojimurod» (1896— 1904) qissasining ham asosini tashkil etgan. Tolstoy dindor yozuvchi sifatida kishilar ruhiyatidagi ziddiyatlarni tasvir etibgina qolmay, o‘zi ham jamiyat va kishilar hayotidagi bunday ziddiyat va mayllardan jarohatlanib yashagan. Yozuvchidagi murakkab ruhiy holat uning so‘nggi asarlari («Tirik murda» (1890); «Baldan so‘ng» (1903) va boshqa.) da ham aks etgan. Tolstoy hayotining Yasnaya Polyanadagi so‘nggi kunlari ruhiy iztiroblar po‘rtanasida kechdi. U yaqin kishilari to‘qigan ig‘vo va fasod to‘ridan qochib, 1910 yil Yasnaya Polyanadan bosh olib chiqib ketadi va yo‘lda shamollab, vafot etadi.

O‘zbekistonda Tolstoy ijodiga qiziqish u hayot paytlardayoq boshlangan. Uning «Odamlar nima bilan tirik?», «Xudo haqiqatni ko‘rsa ham tezda ayta olmaydi» maqolalari 1887-1902 yillarda «Turkiston viloyatining gazeti»da o‘zbek tilida nashr etilgan. Tolstoy haqidagi «Rossiya mamlakatining mashhur yozuvchisi» degan maqola esa 1889 yil shu gazetada taniqli ma’rifatparvar Sattorxon Abdug‘afforov tarjimasida bosilgan. Tolstoyning bolalar uchun yozgan qator hikoyalari Saidrasul Aziziy («Ustodi avval», 1902), Aliasqar Kalinin («Muallimi soniy», 1903), Abdulla Avloniy («Birinchi muallim», 1909; «Ikkinchi muallim», 1912) singari jadid ma’rifatparvarlarining o‘quv qo‘llanmalari va darsliklarida e’lon qilingan hamda usuli savtiya maktablarida o‘qitilgan.Tolstoy nafaqat buyuk yozuvchi, balki adolatparvar va xalqparvar inson sifatida ham o‘zbek jadidlarining e’tiborini o‘ziga jalb etgan. Birinchi o‘zbek advokati Ubaydulla Xo‘jayev 1909 yilda Tolstoyga uning yomonlikka yomonlik bilan javob bermaslik haqidagi ta’limoti yuzasidan xat yozib, o‘sha yilning 5 iyunida undan javob olgan. Islom dinining taniqli arboblaridan biri Abduvohid Qoriyev esa 1910 yil Yasnaya Polyanaga maxsus borib, Tolstoy bilan bir necha marta muloqotda bo‘lgan. Ammo o‘zbek xalqining Tolstoy ijodi bilan yaqindan tanishishi 20-asrning 30-yillaridan boshlangan va uning barcha asosiy asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.

004

* * *

Odamning hayotiga qarab, uning ishlariga qarab, uning xudoga ishonish- ishonmasligini bilib bo‘lmaydi.

(4-bet).

* * *

Hamma shunday ibtidolar asosida hayot kechiradiki, bu ibtidolarning diniy e’tiqodlariga aloqasi yo‘qqina emas, balki ko‘p hollarda ularga butkul zidhamdir.

(4-bet).

* * *

Donolik, to‘g‘rilik, nomus, ochiq ko‘ngillilik va diyonat ko‘pincha o‘zlarini dinga ishonmaydigan deb tan oluvchilar o‘rtasida uchraydi.

(4-bet).

* * *

Odamlar uchun din hayotda muayyan marralarga erishish vositasi bo‘lsa, bunaqa din din bo‘lmaydi.

(5-bet).

* * *

Bizning toifamizga mansub o‘qimishli odamlar shunday ahvoldaki, hayot va bilim nuri sun’iy imoratni eritib yuborgan va ular yo buni sezib joy bo‘shatishgan, yoxud hali uni sezishganlaricha yo‘q.

(5-6-bet).

* * *

Men o‘zimni aqliy jahatdan mukammallashtirishga harakat qildim-qo‘limdan kelgan hamma narsani, hayot meni ro‘para qilgan nrasalarning barini o‘rganishga intildim; men irodamni mukammallashtirishga harakat qildim- o‘z-o‘zimga qoidalar yaratib, ularga amal qilishga urindim; o‘zimni jismonan mukammallashtirishga kirishdim- har xil mashqlar bilan kuchimni va chaqqonligimni o‘stirdim, har xil muhtojliklarni ko‘rib, o‘zimni bardoshga va sabr-toqatga o‘rgatdim. Bularning barini men mukammallashuv deb hisobladim.

(6-bet).

* * *

Mening hayotimni harakatga keltirgan narsa, mening o‘sha kezlardagi yakayu-yagona imoni komil inson bo‘lishga ishonch edi.

(6-bet).

* * *

Umuman hayot o‘z yo‘lida rivojlanib boradi va uning bu rivojida biz, ya’ni fikrlovchi odamlar asosiy ishtirokchilar sifatida ko‘rinamiz; fikrlovchi odamlar orasida biz- san’atkorlar, shoirlar asosiy ta’sir kuchiga egamiz. Zimmamizdagi burchimiz- odamlarni o‘rgatish.

(8-bet).

* * *

Agar dunyodagi hamma odamlar qandaydir nazariyalarga amal qilib, dunyo aratilgandan beri shuni zarur deb hisoblab kelgan ekanlar, men bilamanki, bu kerak emas, bu yomon ish. Shuning uchun nima narsa yashshi-yu nima narsa zarur ekanini odamlarning gap so‘zi-yu qilg‘iliklari emas, taraqqiyot emas, balki men yuragimning amriga ko‘ra belgilayman.

(12-bet).

* * *

Men ko‘rdim hamma har xil narsani o‘rgatar ekan va nima o‘rgatayotganlarini o‘zlari uchun ham qorong‘u ekanini o‘zlaridan yashirmoq uchun bir-birlari bilan ba4slashib yotishar ekan.

(13-bet).

* * *

Shunday yashagingki, buning oqibatida oilang bilan birga huzur halovatda hayot kechir, imkoni boricha farog‘atda yasha.

(14-bet).

* * *

Odamzod dardi bedavo dardga chalinadigan bo‘lsa, odatda shunday bo‘ladi. Avvaliga xastalikning arzimas belgilari namoyon bo‘ladi. Be’mor ularga e’tibor bermaydi. Keyin bu belgilar takror- takror uchrayveradi va bora-bora bo‘linmaydigan, bita yaxlit dardga aylanadi. Dard kuchaygandan kuchayadi va bemor biror tadorikni ko‘rib ulgurmay anglaydiki, u oddiy xastalik deb qabul qilgan narsa uning uchun dunyodagi eng muhim narsa ekan. Bu- ajal ekan!

(15-bet)

* * *

Madomiki bir xil savollar takror-takror ko‘ndalang bo‘laverayotgan ekan ularga javob bermoq kerak.

(15-bet).

* * *

San’at hayotning bezagidir, kitobxonni avrab, hayot qo‘yniga chorlaydi.

(20-bet).

* * *

Hayotning ma’nosizligi inson erishishi mumkin bo‘lgan birdan-bir xulosadir.

(22-bet).

* * *

Men bugun qilayotgan ishdan qanday Samara chiqadi, ertagi qiladigan ishimdanchi? Mening jamiki hayotimdan nima ma’no chiqadi?

(23-bet)

* * *

O‘lim haq, men albatta bu dunyodan o‘taman. Mening yashashimda shunday ma’no bormiki mening o‘limim uni mahv etolmasa.

(23-bet).

* * *

Hamma narsa rivojlanadi, tarkibiy qismlarga ajraladi, murakkablashish va mukammallashish sari boradi. Bu haqiqatni belgilab turuvchi qonunlar bor.

(23-bet).

* * *

Sen butunning bir qismisan imkoni boricha butunni bilsang shu bilan sen shu butundagi o‘z o‘rningni ham bilgan bo‘lasan.

(23-24-bet).

* * *

Umuman tajribaga asoslangan ilmlarning hayot savoliga munosabatini bunday ifodalasa bo‘ladi: Savol: «men nima uchun yashayapman». Javob: «cheksiz katta fazoda cheksiz uzoq vaqt davomida cheksiz kichkina zarrachalar cheksiz murakkablikda turlarini o‘zgartiradilar. Agar sen ana shu turlar o‘zgarishining qonunini anglasang nima uchun yashayotganingni ham anglab olasan».

(25-bet).

* * *

Butun insoniyat ma’naviy ibtidolar va ularga rahnamolik qiluvchi ideallar asosida yashaydi va rivojlanadi. Bu ideallar dinlarda, fanlarda, san’atlarda, davlatchilik shakllarida o‘z ifodasini topadi.

(25-bet).

* * *

Cheksiz makonda, cheksiz zamonda, cheksiz murakkablik bilan sodir bo‘ladigan cheksiz zarrachalar o‘zgarishini o‘rgan, shunda sen o‘z hayotingni anglaysan.

(26-bet).

* * *

Odamzod o‘zini nima ekanini anglamoq uchun uning o‘zi kabi hali o‘zligini anglab yetmagan ayrim-ayrim odamlardan tashkil topuvchi sirli imkoniyatning nima ekanini anglab olmog‘i zarur.

(26-bet).

* * *

Faylasuf mendagi va jamiki mavjud narsadagi hayotning mohiyatini g‘oya deydimi, substansiya deb ataydimi yoki ruh, iroda deb belgilaydimi, baribir bitta gapni aytadi: «Bu mohiyat mavjud va men o‘sha mohiyatni tashkil qilaman».

(27-bet).

* * *

Hayotning ma’nosi taraqqiy etishda va bu taraqqiy etishga ko‘maklashuvda.

(30-bet).

* * *

Biz hayotdan qay darajada uzoqlashsak, faqat shu darajada haqiqatga yaqinlashib boramiz, haqiqatni sevguvchi bizlar nimaga intilami? Tanimizdan mosuvo bo‘lishga va tan hayotidan kelib chiquvchi jamiki yovuzlikdan xalos bo‘lishga intilamiz.

(30-bet).

* * *

Hamma narsa behudadir, behudadan behuda, nimaiki bo‘lsa, bari behuda! Odamzod quyosh nurlari ostida terga pishib mehnat qiladi. Bundan unga nima naf? Avlodlar ketadi, avlodlar keladi yer esa mangu qoladi. Nima bo‘lgan bo‘lsa, o‘sha bo‘ladi, nim aro‘y bergan bo‘lsa o‘sha ro‘y beradi. Bu yorug‘ dunyoda hech qanaqa yangi narsa yo‘q.

(31-bet).

* * *

Azob – uqubatlar, zaiflashish, qarish va o‘lim muqarrar ekanini anglab turib yashab bo‘lmaydi, odam o‘zini hayotdan xalos etmog‘i har qanday yashash imkonidan mahrum etmog‘i kerak.

(35-bet).

* * *

Dunyodagi hamma narsa – donolik ham, boylik ham, qashshoqlik ham shod – xurramlik ham va qayg‘u- alam ham, hammasi behuda va arzimas narsalardir. Inson o‘ladi va undan hech narsa qolmaydi bu bema’nilikdir.

(35-bet).

* * *

Hayot shunaqa narsaki, uning boridan yo‘g‘i yaxshiroq bo‘lardi. Hayot yovuzlik, yovuzlikdan hechlikka ko‘chish hayotdagi birdan –bir ne’matdir.

(35-bet).

* * *

Hayotning turgan bitgani ulug‘ bir yovuzlikdir.

(35-bet).

* * *

Jismning hayoti yovuzlikdan va yolg‘ondan iborat. Shuning uchun ham bu jism hayotini mavh etish ne’matdir, biz shu ne’matni tilamog‘imiz darkor.

(35-bet).

* * *

Tug‘ilgan odam – baxtiyor.

(36-bet).

* * *

Hayot hamma narsa. Aql hayotning samarasi vash u aql hayotning o‘zini inkor etadi.

(39-bet).

* * *

Men «qanday yashamog‘im kerak?» degan savolni qo‘yishim bilan «Xudoning qonunlariga amal qilib» degan javobni olaman. «Mening hayotimdan qanaqa bir chinakam narsa kelib chiqadi?» dugan so‘roqqa «Mangu azob-uqubat yoki mangu rohat- farog‘at» degan javob olaman.

«Hayotimda o‘lim mavh etolmaydigan qanday ma’no bor?» «Haqning jamoliga erishish, cheksiz xudoga qo‘shilish, jannat».

(46-bet).

* * *

Avvallari oqilona bilimlar menga yagona narsa sifatida tuyulardi, edi esa muqarrar tarzda shuni e’tirof etishga majbur bo‘ldimki, hozir hayot kechirayotgan jamiki insoniyatda yana boshqa Allaqanday bilim bor bu- nooqilona bilim – iymon.

(46-bet).

* * *

Qayerdaki hayot bo‘lsa, o‘sha joyda insoniyat paydo bo‘lgandan beri unga yashash imkonini beradigan iymon bor. va iymonning asosiy belgilari hamma joyda va hamisha bir xil.

(47-bet).

* * *

Har qanday imon kimga bo‘lmasin va qanday bo‘lmasin javob bergan bo‘lsa, imonning har qanday javobi insonning cheklangan hayotiga cheklanmagan narsaning ma’nosini baxsh etadi va bu ma’noni azob-uqubatlar, muhtojliklar, o‘lim mavh etolmaydi.

(47-bet).

* * *

Iymon inson hayotining ma’nosining bilishdir va shu bilimning vajidan inson o‘z-o‘zini mavh etmaydi, balki yashaydi.

(47-bet).

* * *

Xudo orqali iymonni belgilash kerak emas, avval iymonni belgilab olib so‘ngra xudoni belgilash lozim.

(47-bet).

* * *

Iymon hayotning qudratidir. Inson yashar ekan, u biror narsaga ishonadi, imon keltiradi. Agar u «nima uchundir yashamoq kerak» deb biron narsaga ishonmasa, iymon keltirmasa, unda yashamas edi.

(47-bet).

* * *

Men nimaman o‘zi?

Cheksiz narsaning bir qismiman.

(48-bet).

* * *

Cheksiz xudo tushunchasi, ruhning ilohiyligi, odamzod qilmishlarining xudoga bog‘liqligi, yaxshilik va yomonlik, ma’naviyat tushunchalari insoniyat hayotining ko‘zlarimizdan yashirin olisliklari qa’rida ishlab chiqilgan tushunchalardir.

(49-bet).

* * *

Imon tomonidan beriladigan javoblarda insoniyatning juda teran donoligi mavjud, aql asosida ularni inkor etishga men haqli emasman. Eng muhimi esa faqat shu javoblaridagina hayot savollariga javob mavjud.

(49-bet).

* * *

Men angladimki, hayotning ma’nosini tushunmoq uchun hammadan avval hayotning o‘zi ma’nosiz va yovuz bo‘lmasligi kerak, shundan keyingina aql bilan uni tushunib lsa bo‘ladi.

(54-bet).

* * *

Men keyinchalik Injilda topganim haqiqatni angladim-unga ko‘ra odamlar yorug‘likdan ko‘ra ko‘proq zulmatni yaxshi ko‘rganlar, negaki ular yovuz ishlarni ko‘p qilishgan sababki, yomon ish qiladigan har bir odam yorug‘likni juda yomon ko‘radi va ishlari fosh bo‘lishidan qo‘rqib, yorug‘lik sari bormaydi.

(54-bet).

* * *

Insoniyatning hayoti to‘g‘risida gapirib, o‘ylaydigan bo‘lsang, hayotdagi bir nechta tekinxo‘rlarning emas, insoniyatning hayoti to‘g‘risida o‘ylash va gapirish kerak.

(55-bet).

* * *

Dunyoning hayoti kimningdir irodasi bilan sodir bo‘ladi- mana shu dunyoning hayoti va bizning hayotimiz orqali kimdir o‘zining Allaqanday ishini ro‘yobga chiqaradi. Bu irodaning ma’nosini anglashga umidvor bo‘lmoq uchun dastavval uni bajarmoq kerak, ya’ni bizdan istayotgan ishlarini qilmog‘imiz kerak.

(56-bet).

* * *

Agar men mavjud ekanman, demak buning sababi bor va sababining sababi bor. Anna shu hamma narsaning sababi, sabablarning sababi-Xudo deb atalmish narsadir.

(58-bet).

* * *

Xudoni tanimoq va yashamoq- aynan bir narsa.

Xudo-hayotdir.

(60-bet).

* * *

Har bir odam bu dunyoga xudoning irodasi bilan keladi.

Xudo odamzodni shunday yaratganki, har bir odam o‘zining jonini nobud qilishi yoki asrab qolishi mumkin. Odamning hayotdagi vazifasi o‘z jonini saqlab qolishdir. O‘z jonini saqlab qolish uchun Xudoning buyurganlariga amal qilib yashamoq lozim.

(62-bet).

* * *

Har qanday imonning mohiyati shundan iboratki, u hayotga o‘lim ham mavh etolmaydigan ma’no beradi.

(63-bet).

* * *

Imonni bilish ham butun insoniyat va uning aqli kabi sirli bir ibtidodan kelib chiqadi. Bu ibtido Xudodir, bu- inson jismining ham, aqlining ham ibtidosi.

(63-bet).

* * *

Xudoning haqiqatga bir odam yolg‘iz o‘zi erisha olmaydi, u bir-birlari bilan muhabbat orqali bog‘langan odamlar majmuigagina namoyon bo‘lishi mumukin.

(64-bet).

* * *

Haqiqatni tanimoq uchun bo‘linmaslik kerak; bo‘linmaslik uchun esa, bir-birlarimizni sevmoq lozim va o‘zing rozi bo‘lmagan narsa bilan murosa qilmoq zarur.

(64-bet).

* * *

Haqiqat sevgi qarshisida jamol ko‘rsatadi.

(64-bet).

* * *

Sevgi orqali birlashish juda ulug‘ sevgini keltirib chiqarishi mumkin.

(65-bet).

* * *

Ibodatdagi eng muhim gap- «bir-birimizni sevib hamfikr bo‘laylik»,- degan gap edi.

(65-bet).

* * *

Haqiqat odamlarning sevgi orqali birlashuvidadir.

(70-bet).

* * *

Hamma narsaning izohi hamma narsaning ibtidosi sifatida cheksizlik ichida yashiringan bo‘lmog‘i kerak.

(74-bet).

* * *

Nima maqsadda ekanini bilmagunimcha, men hech narsa qilolmayman.

(315-bet).

Manba: “Tafakkur javhari”.Toshkent, «Fan» nashriyoti. 2010 (To‘plovchi va so‘z boshi muallifi, f.f.d. I.M.G‘aniyev)

INSON UMRINING MOHIYATI HAQIDAGI ASAR
Lev Tolstoyning “Iqrornoma”cidan
002

Inson umrining mohiyati nimada va bu dunyoga kelib-ketishimizdan qanday ma’no bor? Buyuk rus adibi Lev Tolstoyning “Iqrornoma” asarida ayni shu savolga javob izlanadi. Shuningdek, “Iqrornoma” baxt va baxtsizlik chegarasini aniq belgilab bergan asar sifatida ham qadrli.

Muallif mazkur asarini 51 yoshida yoza boshlagan, ammo undagi fikrlar 20 yoshidanoq miyasida g’ujg’on o’ynagan. Bu inson qismati, uning hayot falsafasi haqidagi teran fikrlarning uzoq yillik mazmuni. Ulardan ayrimlarini sizga havola etamiz.

***

Agar dunyodagi hamma odamlar qandaydir nazariyalarga amal qilib, dunyo yaratilganidan beri shuni zarur deb hisoblab kelgan ekanlar, men bilamanki, bu kerak emas, bu yomon ish. Shuning uchun nima yaxshiyu nima zarur ekanini odamlarning gap-so’zlariyu qiliqlari emas, taraqqiyot emas, balki men yuragimning amriga ko’ra belgilayman.

***

Har gal qalbimdagi eng yaxshi mayllarimni, ya’ni ma’naviy jihatdan yaxshi bo’lmoqchi ekanimni namoyish qilsam, meni mazax qilishar va nafrat bildirishardi; yomon ehtiroslarga beriladigan bo’lsam, har gal meni maqtashar va rag’batlantirar edilar.

***

Odamzod dardi bedavo bir dardga chalinadigan bo’lsa, odatda shunday bo’ladi. Avvaliga xastalikning arzimas belgilari namoyon bo’ladi. Bemor ularga e’tibor bermaydi. Keyin bu belgilar takror-takror uchrayveradi va bora-bora bo’linmaydigan, bitta yaxlit dardga aylanadi. Dard kuchaygandan-kuchayadi va bemor biror tadorikni ko’rib ulgurmay anglaydiki, u oddiy xastalik deb qabul qilgan narsa uning uchun dunyodagi eng muhim narsa ekan.

***

Agar men bir o’rmonda istiqomat qilsamu shu o’rmondan chiqib ketadigan yo’l yo’q ekanini bilsam, yashayverishim mumkin edi. Biroq men o’rmonda adashib qolgan bir kimsa edim. U adashganini bilib, yanada tahlikaga tushadi, har tomonga bosh urib, yo’lni topib olgisi keladi, har bir qadami uni yanada chalg’itayotganini yaxshi biladi, biroq shunga qaramay, o’zini har yonga urishdan to’xtata olmaydi.

***

Hamma narsa rivojlanadi, tarkibiy qismlarga ajraladi, murakkablashish va mukammallashish sari boradi. Bu harakatni belgilab turuvchi qonunlar bor. Sen – butunning bir qismisan. Imkoni boricha butunni bilsang, rivojlanish qonunini bilsang, shu bilan sen shu butunlikdagi o’z o’rningni ham bilgan bo’lasan.

***

Falsafa nafaqat bu savolga javob bermaydi, balki o’zi ham qo’shilishib so’raydi. Agar u chinakamiga falsafa bo’ladigan bo’lsa, uning butun ishi shundan iborat bo’lmog’i kerakki, u shu masalani aniq-tiniq qo’ymog’i kerak. Agar u o’z vazifasiga qattiq rioya qiladigan bo’lsa, “men nimaman va butun dunyo nima?” degan savolga “hamma narsa va hech narsa” deb, “dunyo nechun mavjud va men nimaga yashayapman?” degan savolga “bilmayman” deb
javob berishdan o’zga iloji bo’lmas edi.

***

Agar mening tafakkurim bo’lmasa, men uchun hayot ham bo’lmas edi. Ammo tafakkurning o’zi, aqlning o’zi hayotning ijodkori bo’lsa, u qanday qilib, nechuk hayotni inkor etadi. Yoki boshqa tomondan olib ko’raylik: agar hayot bo’lmasa edi, mening tafakkurim, aqlim ham bo’lmas edi. Binobarin, aql — hayotning farzandi ekan-da! Hayot — hamma narsa. Aql hayotning samarasi va shu aql hayotning o’zini inkor etadi.

***

Agar u biron narsani bilmasa, bilmagan narsasini bema’ni, axmoqona narsa deb ataydi.

***

Iymon hayotning qudratidir. Inson yashar ekan, u biror narsaga ishonadi, iymon keltiradi. Agar u “nima uchundir yashamoq kerak” deb biron narsaga ishonmasa, iymon keltirmasa, unda u yashamas edi. Agar u cheklangan narsani ko’rmasa va uning xayoliy bir narsa ekanini anglamasa, u ana shu cheklangan narsaga ishonardi; agar u cheklangan narsaning xayoliy ekanini anglasa, unda u cheksiz narsaga ishonmog’i kerak. Iymonsiz yashab bo’lmaydi.

***

Angladimki, agar men hayotni va uning ma’nosini anglamoqchi bo’lsam, men tekinxo’rga xos hayot kechirmog’im kerak emas, balki chinakam hayot qo’ynida yashamog’im zarur, haqiqiy insoniyat bu
hayotga qanday ma’no berayotgan bo’lsa, shu ma’noni qabul qilib, shu hayotga singib ketmog’im va uni tekshirib ko’rmog’im shart.

***

Odamlar chinakamiga ishongan nimaiki bo’lsa, u haqiqat bo’lmog’i kerak; u har xil yo’sinda ifodalanmog’i mumkin, biroq u yolg’on bo’lmog’i mumkin emas, shuning uchun ham mabodo u menga yolg’on bo’lib tuyulsa, buning ma’nosi shundan iboratki, uni men anglamabman.

***

Darhaqiqat, qush shunday hayot kechiradiki, u uchmog’i, ovqat jamg’armog’i, in qurmog’i kerak. Qush shunday qilayotganini ko’rsam qushdan xursand bo’laman. Echki, quyon, bo’ri shunday hayot
kechirishadiki, ular qorinlarini to’yg’azishi, oilalarini boqishlari kerak. Ularning shunday qilayotganlarini ko’rsam, men qat’iyan ishonamanki, ular baxtiyor va ularning hayoti oqilona. Xo’sh, inson nima qilmog’i kerak? U ham xuddi jonivorlar qilgan ishlarni qilib hayot kechirmog’i kerak, faqat farq shundaki, bu ishlarni inson yolg’iz o’zi qilsa, u muqarrar tarzda halok bo’ladi, u faqat o’zi uchun emas, hamma uchun qilmog’i zarur. U hamma uchun bu ishlarni qilayotganini ko’rsam, men qat’iyan ishonamanki, u baxtiyor va uning hayoti oqilona.

Zamira RO’ZIEVA tayyorlagan.

Manba: www.qashqadaryogz.uz/

Lev Tolstoy. Iqrornoma by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 5 125, bugungi 6)

1 izoh

Izoh qoldiring