Klayv Steyplz Lyuis. Muhabbat & Ilova: Islomda muhabbat

Ashampoo_Snap_2017.04.20_15h39m05s_002_.png    Кўҳна заминда ўзаро самимий муҳаббатга асосланмаган никоҳлар ҳамиша аксариятни ташкил этган. Деярли барча аждодларимиз ота-она ундови билан турмуш қурган ва ёлғиз табиий-ҳайвоний истак-хоҳиш асносида фарзандли бўлишган. Ва бу борада бирон тубанлик содир бўлмаган, фақат итоатгўй, софдил, садоқатли бўлишган ва Худодан қўрқишган…

Клайв Стейплз ЛЬЮИС
МУҲАББАТ
Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
006

35701.jpgКлайв Стейплз Льюис (инглизча. Clive Staples Lewis;1898-1963), инглиз филолог-олими, адабиётшунос ва илоҳиётшунос. Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида туғилиб, Англиянинг Оксфорд шаҳрида вафот этган. Фэнтези жанрида ёзилган «Ажинанинг мактублари», «Нарния солномалари», «Фазовий уч қисса» асарлари жуда машҳур бўлган. Фэнтези адабиётининг энг таниқли адиби Ж. Р. Р. Толкиннинг сабоқдоши ва энг яқин дўсти. Асарлари 30 дан ортиқ тилга таржима бўлган.
Льюис билан унга замондош бўлган машҳур адиб Олдос Хаксли бир кунда — 1963 йилнинг 22 ноябрида вафот этишган. Аммо, ўша куни АҚШ президенти Жон Кеннеди ўлдирилгани учун бу ҳақдаги шов-шувлар таъсирида уларнинг вафот этгани ҳақида матбуотда хабар берилмаган.

006

Ошиқлик, хушторлик, ишқибозлик

007_b.bmp…Мен меҳр туйғусини, меҳрибонликни муҳаббатнинг шундай тури деб атадимки, шу хислат билан жониворларга менгаймиз. Наҳотки? Жинсий майл – олиймақом намуна эмасми? Албатта; бироқ мен муҳаббат ҳақида гапиряпман. Жинсий майл ҳозир ёлғиз шу даражада қизиқтирадики, айни шу кўринишда ошиқлик-хушторлик-ишқибозлик деб аталувчи мураккаб кечинма таркибига киради. Эҳтимол, кирмас; хушторлик-ишқибозлик кўпдан-кўп қирра, хусусиятларга эга эканини исботлашга ҳам уринмайман. Хушторлик-ишқибозликсиз жинсий майл, эскичасига, кўнгил суст кетиши, қўполроқ айтганда, ҳирс-шаҳват. Бу борада аллақандай идрок қилинмаган кечинма-туйғуларни эмас, балки айни туйғуларни бошдан кечираётганларга аён жуда содда, очиқ-ошкора майл тушунилади.

Шундай қилиб, кўнгил суст кетиши, кўнгил тусаши хушторлик-ишқибозлик сирасига ҳам киради, ҳам кирмайди. Ахлоқий нуқтаи назардан эмас, балки соф тадқиқотчи сифатида уларни ўзаро фарқлашимни алоҳида эслатмоқчиман. Хушторлик-ишқибозликсиз жинсий алоқа-қовишув иллат, тубанлик, шармандали гуноҳ деган фикрдан йироқман. Башарти, ошиқ-хуштор бўлмаган ҳолда жимоъ қилувчиларнинг барчаси жирканч-ярамас-разил ва мурдор бўлаверадиган бўлса, келиб чиқишимиз билан ҳеч қайсимиз мақтана олмаймиз. Кўҳна заминда ўзаро самимий муҳаббатга асосланмаган никоҳлар ҳамиша аксариятни ташкил этган. Деярли барча аждодларимиз ота-она ундови билан турмуш қурган ва ёлғиз табиий-ҳайвоний истак-хоҳиш асносида фарзандли бўлишган. Ва бу борада бирон тубанлик содир бўлмаган, фақат итоатгўй, софдил, садоқатли бўлишган ва Худодан қўрқишган. Ўта кучли, олиймақом ошиқлик туфайли қовишув маиший бузуқлик бўлиши, шафқатсизлик, кўзбўямачилик, эрга ёки дўстга хиёнат, меҳмондорчилик қонун-қоидаларини бузиш, фарзандлар учун балойи офат бўлиши ҳеч гап эмас. Гуноҳ ва бурч ўртасидаги тафовут-фарқ туйғулар ранг-баранглигига боғлиқ-муте-қарам бўлишини Парвардигори олам истамайди. Ҳар қандай хатти-ҳаракат сингари қовишув ҳам очиқ-ошкора оқланади ёхуд қораланади. Ҳамма гап вафодорлик ёки бевафолик, меҳрибонлик ёки бағритошлик, ростгўйлик ёки мунофиқлик билан иш тутишда. Фақат мазкур тадқиқот доирасига кирмагани учун ошиқлик-хушторликсиз жимоъни бир четга суриб қўямиз.

Эволюция тарафдорлари учун ошиқлик-хушторлик-ишқибозлик – ҳирсият ҳосиласи, биологик инстинктларнинг камол топиши ва мураккаблашуви. Шундай, бироқ ҳамиша бундай бўлавермайди. Аёл-жувон-қиз – маҳбуба аксарият дастлаб ҳайратлантиради, фикру зикримизни шу даражада эгаллаб оладики, ҳирсият ҳатто хаёлга келмайди. Сенга не даркор? — дея сўрагудай бўлишса: «Эрта-ю кеч маҳбубам ҳақида хаёл суришни истайман» деб жавоб берган бўлардик. Бу, бўйдоқнинг муҳаббати кўзида, деганларидай, нигоҳий, қайсидир маънода, зоҳирий муҳаббат. Ниҳоят, эҳтирос алвон қанотларини парвозга шайлар экан, (агар илму фан панд бермаса,) ёлғиз айни мақсад-муддао билан ошиқлик-хушторлик изтиробларини бошдан кечирганимиз аёнлашади. Қалбимиз кишваридаги неча-неча қоялару қўрғон-қасрларни кунпаякун айлаган ишқу муҳаббат шиддат-шахди ҳамиша соҳил узра узанган мазкур кўлмакка ҳам етиб келганини англаймиз. Ошиқлик-хушторлик-ишқибозлик жисму жонни зобит-жаҳонгир сингари ялпи забт этади ва тасарруфидаги мулку мамлакатни истак-хоҳишига биноан қайта бунёд этади. Бу жаҳонгир жинсий майл сарҳадларига дафъатан етиб боролмайди, бундан қатъий назар унинг тархини ҳам ўзгартиради.

Бу борада Оруэллнинг фикри беназир. Беқиёс «Ҳайвонлар қўраси» романининг қаҳрамонларига нисбатан одамийликдан тамомила йироқ «1984» романининг разил қаҳрамони аёлга шундай дейди: «Жимоъ сенга ёқадими? Бевосита мен билан эмас, умуман айтганда?». Ошиқлик-хушторликсиз кўнгил суст кетиши қовишувга мойил бўлса, ошиқлик-хушторлик – бевосита манзур-маҳбубага талпинади.

«Унга жувон зарур!» — жуда бемаъни ибора. Қатъян айтганда, «унга» жувоннинг кераги йўқ. У роҳат-фароғатталаб, жувонсиз ҳузурланиш даргумон. Манзур-маҳбубани маҳбуб қанчалар қадрлаши, эъзозлашини орадан беш дақиқа ўтгандан кейинги ҳулқ-атворига биноан баҳолаш мумкин. Ошиқ-хушторга эса умуман жувон-аёл эмас, балки айни меҳрини қозонган манзур-маҳбуба зарур. Унга роҳат-фароғат-лаззатланиш эмас, балки манзур-маҳбуба керак. Севимли маҳбубани қучоқлаш қанчалар завқу шавқ бағишлашини ҳеч ким ҳатто ўйламайди. Башарти, шу хусусда мулоҳаза юритсак, бевосита ишонч ҳосил қиламиз; бироқ ошиқлик-хушторлик сарҳадидан чиқиб кетамиз. Мен шундай йўл тутган фақат бир кишини – Лукрецийни биламан, ва у бу борада ошиқ-хуштор бўлмаган. У, хусусан, шундай жавоб берган: ошиқлик-хушторлик роҳатланиш-лаззатланишга монелик кўрсатади, туйғулар чалғитади, росмана ҳузурланиш имконини бермайди (у ажойиб шоир, лекин аҳли Рим шу қадар антиқа бўлганига ақл бовар қилмайди!).

Ошиқлик-хушторлик роҳатланиш эҳтиёжини олиймақом мавқега юксалтиришига китобхоннинг ҳам ишончи комил. Бу борада роҳатланиш-лаззатланиш эҳтиёжи-талаби манзур-маҳбубани бошдан-оёқ қамраб олади ва бу жараён қадр-қиммати эҳтиёж-талабдан бағоят юксак бўлади.

Агар буни ҳис қилмаганимизда, агар четдан кузатганимизда — хулоса чиқарганимизда роҳатланиш, қулайлик, наф-фойда эмас, балки бевосита манзур-маҳбубани кўнгил тусаши, талаб қилишини англамас эдик. Буни, ҳақиқатдан ҳам изоҳлаш мушкул. Ошиқ-хуштор буни: «Сени еб қўяқолгим келяпти!..» дея қўполроқ шаклда бўлса ҳам изоҳлайди. Мильтон нурдан яралган фаришта-ҳурлар ўзаро сингиб кета олишини таъкидлаш асносида буни яна ҳам нуктадонлик билан баён этган. Бу борада Чарльз Уильямс фикри ҳам беназир: «Сени севаманми? Мен, ахир, тимсолингда қайта яралганман, дунёга келганман!».

Ошиқлик-хушторликдан ҳоли кўнгил суст кетиши, бошқа барча истак-хоҳишлар сингари биз билан боғлиқ. Ошиқлик-хушторлик аксарият манзур-маҳбуба билан боғлиқ. Манзур-маҳбубани кўнгил тусаши — қабул қилиш воситаси ва ўзликни намоён этиш омили; шу боис роҳатланиш-лаззатланишни назар писанд қилмайди. Роҳатланиш-лаззатланиш мулоҳазалари ошиқ-хушторни ўз доирасига, маҳдудлиги сарҳадига қайтаради, ўзлиги тутқунига айлантиради. Қолаверса, айнан қай кимсанинг роҳатланиши кўзда тутилмоқда? Ошиқлик-хушторликда «олиш» ва «бериш» каломлари ўртасидаги фарқ йўқолади.

Ҳозирча баён қиляпман, ҳали баҳолаганимча йўқ. Бироқ ахлоқий масалалар ҳам шубҳасиз кўндаланг бўлади, шу боис уларга оид мулоҳазаларимни яширмайман. Бундан буёнги мулоҳазаларнинг барчаси – тахмин-фараз, холос. Мендан яхшироқ яшаганлар, яхшироқ севганлару яхшироқ ишонганлар янглиш фикрларни тўғрилайдилар дея умид қиламан.

Илгари, бинобарин ҳозир ҳам ошиқлик-хушторликнинг маънавий-руҳоний хатари – айни кўнгил суст кетиши дея ҳисобланади. Қадимги илоҳиёт олимлари никоҳ воситасида туйғулар гирдобига тамомила ва тўла-тўкис ғарқ бўлиш хатари борлиги учун хавфли ҳисоблашган. Муқаддас битикларда эса ўзгача талқин мавжуд. Ҳавворий Павел янги қўшилган тақводорларни ўзаро никоҳ муносабатларини йўлга қўймасликка даъват қилгани ҳолда бу борада тайинли гап айтмайди ва ҳатто бир-бирингиздан узоқ вақт воз кечманг, дея маслаҳат беради (1 Кор.7, 5). Унинг важ-карсони бошқа: у эр хотиннинг, хотин эса эрнинг «кўнглини овлашга» зўр беришидан чўчийди. Никоҳ тўшаги эмас, балки никоҳ бизни насронийлик ҳаётидан бегоналаштиради. Ҳаётий тажрибамдан биламанки, — никоҳ ришталари билан боғланганда ҳам, боғланмаганда ҳам – сон-саноқсиз турмуш ташвишлари насронийлик ҳаётидан, насронийларга хос росмана тақводорлик билан яшаш тарзидан бошқа барча монеликларга нисбатан кучлироқ бегонаштиради, йироқлаштиради. Никоҳнинг даҳшатли ва доимий васвасаси – ишратпарастлик, лаззатпарастлик эмас, балки меҳр-муҳаббат таъмагирлигидан иборат. Ошиқлик-хушторлик борасида эса қадимий устозларнинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда айтмоқчиманки, улар, албатта, руҳоний бўлишган ва айни ҳолат жинсий муносабатларга қай асно таъсир кўрсатишидан бехабар бўлишгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Ошиқлик-хушторлик эҳтирос-ҳирсиятни юмшатади, унга таскин-тасалли беради. Истак-хоҳишни камайтирмаган-сусайтирмаган-заифлаштирмаган ҳолда жинсий алоқадан тийилишни анча енгиллаштиради. Албатта, манзур-маҳбуба фикри-зикри қаршисида таъзим бажо келтириш ҳам маънавият борасида монелик қилиши мумкин, лекин бу бошқа омил таъсирида рўй беради.

Ошиқлик-хушторликнинг маънавий хавф-хатари, фикримча, нима билан боғлиқ эканини қуйида баён этаман. Ҳозир жимоъ-қовишувнинг хавф-хатари ҳақида баҳс юритайлик. Бу масала билан боғлиқ мулоҳазаларим бани башарнинг эмас, балки айни инсоният номидан ваъзхонлик қилувчиларнинг фикридан фарқланади. Фикри ожизимча, айни аъмолга беҳуда жиддият билан муносабатда бўлиш керак, дея таълим берадилар. Жимоъ масаласига одамлар тобора жиддий ва хилма-хил тус бераётганига ҳаёт мобайнида тобора кўпроқ ишонч ҳосил қиляпман.

Қайсидир янги китоб ўта шарму ҳаёсиз эканини айтганимда, ёшгина йигит: «Нималар деяпсиз! Бу, ахир, жуда жиддий китоб!» — дея ошкора ажабланди. «Қора-манфур Маъбуда»ларга сиғинувчи дўсти қадрдонларимиз фаллистик маданиятни тиклаш ниятида. Ўта бемаъни пьесаларда мазкур жараён «лаззат гирдоби», қўлга тушмас тақдири азал, диний васваса сифатида талқин қилинаётир. Психоаналитиклар эса физиологик мутаносиблик-мослик-мувофиқликнинг ўта муҳимлиги билан шунчалар қўрқитиб қўйилганки, ёш йигит-қизлар Фрейд, Крафт-Эббинг, Хэвлок Эмис ва доктор Стопснинг китобларини ҳижжалаб ўқиб-ўрганмасдан бир ёстиққа бош қўймайдилар. Сирасини айтганда, уларга бағрикенг Овидий асарлари кўпроқ наф келтирган бўларди, қайсики, ҳатто бирон-бир чивин диққат-эътиборидан четда қолмаган бўлса ҳам бу муҳаббат куйчиси ҳеч қачон пашшадан фил ясамаган. Пировард натижада шу даражага тушиб қолдикки, бизларга даставвал қадимгиларга хос соғлом ҳазил-мутойиба зарур.

«Нега ахир?-дея эътироз билдирадилар менга. – Бу ҳақиқатдан ҳам жуда жиддий масала!» Жиддий экани шубҳасиз! Илоҳий нуқтаи назардан жуда муҳим, илло Парвардигор  иродаси билан никоҳ асосидаги қовишув Парвардигори олам билан инсон ўртасидаги ҳамжиҳатлик тимсоли. Табиат синоати, Ота — Осмон ва Она — Замин никоҳи, табиийлик сифатида муҳим. Ахлоқий нуқтаи назардан муҳим-аҳамиятли, бинобарин дунёда ўта муҳим масъулиятни юклайди. Ниҳоят (ҳамиша эмас, баъзи-баъзида), кечинма-туйғу сифатида жуда муҳим.

Бироқ егулик-таомлар ҳам муҳим. Илоҳий нуқтаи назардан биз Муқаддаслилик доирасида нон тановул қиламиз. Ахлоқий нуқтаи назардан очларни тўйдиришимиз зарур. Ижтимоий жиҳатдан эса дастурхон азалдан одамларнинг бошини қовуштиради. Тиббий нуқтаи назардан – ошқозон-ичак касалига чалинганлар бу айнан нимадан иборат эканини билади. Лекин овқатланиш масаласида шогирд ёлланмайди ва ибодатхонадагидек амаллар талаб қилинмайди. Бундай аъмолларни азиз-авлиё эмас, балки имондан кечган кимсагина қилади.

Эҳтирос-ҳирсиятга жиддий ёндошиб бўлмайди, бунинг имкони ҳам йўқ, бу табиий феъл-атворимизни зўрлаш-зўриқтиришни талаб этади. Жаҳон халқларининг барча тилларию бадиий асарларда шу масалага оид латифалар сон-саноқсиз экани бежиз эмас. Кўплаб латифа-ҳазиллар разилона, жирканч ва барча-барчаси рўйи замин каби азалий, кўҳна. Бироқ бутун масъулиятни зиммамга олган ҳолда айта оламанки, айни ҳазил-латифаларда қовишувга шундай муносабат акс этганки, кўп қиррали жиддийликка нисбатан анчайин бегидир, беғубор. Никоҳ тўшагидан ҳазил-мутойибани қувиб чиқарганингиз ҳамоно меҳробга айланади. Эҳтирос-ҳирсият-шаҳват қалбаки Маъбудага, ҳазил-мутойибани жуда ёқтирган Афродитадан ҳам сохта Маъбудага айланади. Эҳтирос, ҳирсият (афсоналардаги) гном ёки элфлар сингари нисбатан кулгули руҳ эканини идрок қилиш асносида одамлар асло янглишмаган.

Башарти буни ҳис этмасак, унинг ўзи қасос олади. Зудлик билан қасос олади – илло, муҳтарам Томас Браун айтгандек, «эс-хуши жойида бинойидек одам содир этадиган ўта бемаъни ишни қилишга ундайди». Агар мазкур ҳаракатга жиддий ёндошсак, уятга қоламиз ва ҳатто жирканч ҳолатга тушамиз, бу кезда, яна муҳтарам Томас айтгандек, «телбалик хуружи ўтиб кетади, ва биз мулоҳаза юритиб, қанчалар бемаъни ва номуносиб иш тутганимизни англаймиз».

Бироқ бундан даҳшатли қасос ҳам бор. Эҳтирос, ҳирсият – масхарабоз, маккор фармонбардор бўлиб, Тангрига нисбатан эльфларга яқин. У бизларни масхаралашни, эрмак қилишни ёқтиради. Ниҳоят унинг домига илинганимиз ҳамоно жуфтларнинг ҳар иккаласини ёхуд бирини тарк этади. Севишганлар метрода, дўконда, меҳмондорчиликда ўзаро кўз уриштирар эканлар, эҳтирос алангаси тобора кучаяди. Ва дафъатан ғойиб бўлади. Оқибатда қанчалар афсусланиш-энтикишлар, шубҳа-гумонлар, ранжу маломатлар чекилиши ҳар биримизга маълум. Лекин уни илоҳийлаштирмасангиз, муқаддаслаштирмасангиз, оқилона муносабатда бўлсангиз, ёлғиз илжайиб қўя қоласиз. Ва бу одатий ўйин тусини олади.

Ошиқлик-хушторлик сингари даҳшатангез, олиймақом кечинма-туйғуни егуликлар, об-ҳаво, овқат ҳазм бўлишига боғлиқлигини муқаррар ва беҳаёларча намоён этувчи соф жисмоний истак хоҳиш-майл билан чоғиштириш-уйғунлаштириш асносида Парвардигори олам росмана ҳазиломуз иш тутган. Севги дардига чалиниш асносида қанот боғлаб парвоз қиламиз; кўнгил суст кетиши – ипга боғланган ҳаво шари-пуфак эканимизни эслатади. Инсон руҳияту жисм-танадан ташкил топгани, ҳам фариштаю ҳам жонивор эканига қайта-қайта имон келтирамиз. Бу ҳазилга кўникмасак, ҳолимиз вой. Бизларни ёлғиз тутиб туриш учун эмас, балки беқиёс мамнуният бахш этиш учун Парвардигори олам шундай ҳазил қилган.

Одамзот жисми-танасига уч хил нуқтаи назар билан ёндошади. Мажусий-таркидунёчилар уни қалб-руҳ зиндони ёхуд қабри-лаҳади деб аташади, Фишер сингари насронийлар наздида эса — қурт-қумурсқалар учун – емиш-егулик, имонсиз учун шармандали, иркит гуноҳлар воситаси, имонли учун эса ҳақорат манбаи. Мажусийлар (юнончани жуда оз биладиганлар), нудистлар (яъни қип яланғоч  бўлиб бир-бирига кўринишдан уялмайдиган эркаку аёллар жамоаси. ХДК изоҳи) , қора кучларнинг малайлари тана-жисмни баралла алқайди. Авлиё Франциск эса ундайларни «шалпангқулоқ (эшак) биродарим» деб атаган.

«Эшак» — росмана ўринли муқояса. Эсли-хушли бирон бир зот эшакдан нафратланишни эп кўрмайди, уни муқаддаслаштириши ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу кундалик ишлар учун нафли, танбал, қайсар, сабр-бардошли, кулгули маҳлуқ бўлиб, юпатиши ҳам, рантижиши ҳам ҳеч гап эмас. Хизмати учун гоҳ ем-хашак билан сийласак, қайсарлиги учун тегишли жазо ҳам олади. Афт-ангори мақтагудай эмас. тана-жисм ҳам шундай: токи жамики заифликлари ва афзалликлари билан бир қаторда масхарабоз ҳам эканини англаб етмас эканмиз, ўз танамиз-жисмимиз билан тил топишимиз даргумон. Буни барча – эркаклар ҳам, аёллар ҳам ва башарти, назарий таълим ила панд берилмаган, чалғитилмаган бўлса, болалар ҳам – билади. Сизу бизнинг жисму танамиз борлиги — ўта қадимий ҳазил. Ўлим, тасвирий санъат, тиббиётни ўрганиш ва ошиқлик-хушторлик баъзида буни ёдимиздан чиқаради. Бироқ ошиқлик-хушторликда ҳам ҳамиша шундай кечади, деган кимса янглишади. Аслида, агар уларнинг муҳаббати ҳа деганда барҳам топмаса, ошиқ-хушторлар ўйин-майнабозлик-масхарабозликка яқинликни, вазиятнинг кулгули эканини, унинг жисмоний таъсири қанчалар бемаъни эканини қайта-қайта ҳис этадилар. Башарти ҳис қилишмаса, тана-жисм уларни жазолайди. Бундай ваҳшатангез чолғу асбоби ила илоҳий тароналарни ижро этиб бўлмайди; бироқ биз ваҳшатангезлигига ҳам чап берибгина қолмай ҳатто шу ҳолида сева оламиз. Олиймақомлик тубанликдан ҳоли эмас. Жисм-тана ҳам шоирона ҳис-туйғулар ила йўғрилган паллалар, албатта, учрайди, бироқ жисм-тана аксарият назмга бегона. Кўрмаётгандай талмовсирагандан кўра унга кулгули масхарабозликка тикилгандай тўғридан- тўғри қараган афзал.

Масхарабозлик бизга зарур. Ҳадди аълога етказилган ҳузурланиш-лаззатланиш чидаб бўлмас оғриқ сингари азобли. Бахтли муҳаббат бамисоли қайғу сингари қон йиғлатади. Эҳтирос-ҳирсият ҳеч қачон шундай қиёфада намоён бўлмайди, лекин кўпинча шундай бўлади, шу боис биз кулгу-ҳазилни унутмаслигимиз керак. Табиийлик илоҳийдай туюлгани ҳамоно бизларни навбатдаги бурилишда манглайига тавқи лаънат тамғаси босилган Ҳазрати фаришта қарши олади.

Агар эркак ўзини қисқа фурсат мобайнида хукмфармо, музаффар-ғолиб, зобит-жаҳонгир сифатида, аёл эса – кўнгилли, ихтиёрий қурбон тарзида ҳис этса, бегидир муомала жуда керак. Муҳаббат ўйинлари ҳам қўпол, ҳам шафқатсиз. Рисоладагидек зоти шарифлар шундай йўл тута оладиларми? Тақводор насронийларнинг бунга журъати етадими?

Менимча, бу фақат битта шарт эвазига зиён-заҳмат етказмайди. Мажусийларга хос аллақандай «сирли-синоатли» найранг иштирокчиси эканимизни унутмаслигимиз зарур. Дўстона муносабатларда ҳар ким ўзлигини ифода этади, шахсияти вакили ҳисобланади. Муҳаббат муносабатларида ҳам ҳар биримиз вакилмиз, бироқ тамомила ўзгача маънодаги намояндамиз. Оламнинг жамики эрлик ва жамики аёллик ибтидо-бошланмаси, жамики фаоллиги ва жамики сусткашлиги шахсиятимизда ягона-яхлит намоён. Эркак – Само-Ота, Аёл – Замон-Она ролини ижро этади; эркак – шакл, аёл материя-моддият вазифасини ўтайди. Бу борада «ижро этади, вазифасини ўтайди» ибораларини тўғри тушунишга ҳаракат қилинг. Бу ўринда муғомбирлик, айёрлик қилиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз бир жиҳатдан мистерия, яъни диний мавзудаги саҳна томошасида, бошқа томондан эса қувноқ таралла-бедад жумбоқли ўйинда иштирок этамиз.

Аёл ўзлигини тамомила бахшида этиб, қурбон қилиб, маъбудага топинади – Парвардигорга мансуб ашёни эркак ихтиёрига топширади. Эркак муайян лаҳзалар мобайнида ихтиёрига берилган хукмфармолик ва куч-қудрат воситасида сўнгги қамчи тусини олади, боз устига шаккок, худобезорига айланади. Бироқ муайян қоидалар асосида ҳам ўйин кўрсатиш мумкин. Расм-русумлар, жумбоқли масхарабозликсиз аёл ҳам, эркак ҳам – мангу руҳ соҳиблари, эркин фуқаролар, шунчаки балоғат ёшига етган икки инсон. Жимоъ асносида ҳукмфармо эркак ҳаётда ҳам шундай деб ўйламанг; аксинча. расм-русум, маросим асносида эса иккаласи ҳам – Тангрию Маъбуда, ва улар ўртасида бараварлик йўқ, аниқроғи бир-бирига нисбатан асимметрик мақомда.

…Кўнгил суст кетишидан ошиқлик-хушторликка қайтайлик. Бу борада жуда кўп жиҳатлар ўхшаш: маъшуқ-маъшуқаларнинг ўзаро кўнгли суст кетиши лаззатланишга интилмагани сингари ошиқлик-хушторлик моҳиятан бахт-саодатга талпинмайди. Биз айрилиқ дардига гирифтор этишни истаётган одамларни қайғу-ҳасратлар билан қўрқитиш бенаф экани барчага аён. Улар бизга ишонмайди, бироқ гап бунда эмас. Ошиқлик-хушторликнинг шубҳасиз аломати – ошиқ-хуштор манзур-маҳбуба билан биргаликда бошдан кечирадиган бахтсизликни ундан жудоликдаги ҳар қандай бахтиёрликдан афзал деб билади. Ҳатто ёши ўтинқираган эркак-аёл бир-бирига муҳаббат қўйса ҳам, қалб жароҳати вақт соати етгач, даво топишини билишларидан қатъий назар айрилиқ азобига дучор бўлишни мутлақо истамайдилар. Лукрециянинг совуққон ва разилона мўлжали кўнгил суст кетишию тусашига номуносиб бўлгандай, бу ҳисоб-китоблар барчаси ошиқлик-хушторликка мос келмайди. Ошиқона муносабатлар ёлғиз қайғу-ҳасрат келтириши ошиқ-маъшуққа аён бўлса, ошиқлик-хушторлик: «Бу барчаси айрилиқдан афзал» дея қатъий жавоб беради. Башарти, шундай жавоб бўлмаса, бизлар севги дардига чалинмаганмиз.

Муҳаббат улуғворлиги ҳам, бутун даҳшати ҳам айни шунда. Бироқ айни улуғворлик ва даҳшат билан биргаликда қувноқ енгиллик ҳам бақамти қадам ташлайди. Ошиқлик-хушторлик — қовишув сингари – латифа-ҳазилларнинг абадий мавзуи. Ошиқ-маъшуқларнинг мушкул аҳволига гувоҳ бўларкансан кўз ёшларингни тия олмайсан — қашшоқликда, шифохонада, қамоқдаги учрашувда, — уларнинг шоду хуррамлиги, бахтиёрлиги эса қалбини шунчалик шод этадики, ҳатто таърифига сўз топиб бўлмайди. Ҳазил-мутойиба ҳамиша душманлик нишонаси деган фикр тўғри эмас. Агар ошиқ-маъшуқнинг эрмак қилиб, ҳазиллашадиган фарзанди бўлмаса, бир-бири билан ҳазиллашади.

Ошиқлик-хушторлик наф талаб қилмайди, заминий саодатга талпинмайди, ўзлигимиз, шахсиятимиз доирасидан, исканжасидан халос этади. Ошиқлик-хушторлик — бамисли мангулик оламидан мужда.  Ва бундай ҳолат — Муҳаббат эмас. Бутун улуғворлиги ва фидокорлиги билан ёвузлик сабабчиси ҳам бўлиши мумкин. Маърифатсизлик, жаҳолат, разиллик, тубанлик — гуноҳкорлик сабабчиси дея янглишамиз. Шафқатсизлик, адолатсизлик, худкушлик ва қотилликка ўткинчи шаҳватпарастлик эмас, балки юксак, самимий ошиқлик-хушторлик; ҳар қандай мезон-ўлчовдан ортиқ-зиёда самимий ва қурбонликларга шай ошиқлик сабабчи бўлади.

Айрим файласуфлар ошиқлик даъвати илоҳий бўлиб, унинг амри фармонлари абсолют-мутлақ дея ҳисоблаган. Афлотуннинг фикрича, биз ўзаро ошиқ-маъшуқ бўлиш асносида ҳатто таваллудимиздан олдиноқ юлдузи юлдузига мос қалблар соҳиби эканимизни англаймиз. Бу севишганларнинг ҳис-туйғу-кечинмаларини ифодалайдиган афсона сифатида жуда антиқа ва аниқ таъриф. Агар буни бавосита тушунсак, муайян мушкулотлар юзага келади. Мазкур оламдагига нисбатан айни оламдаги ишлар аҳволи ҳавасланарли эмас, деган хулоса чиқаришга тўғри келади. Чунки ошиқлик-хушторлик қатор ҳолатларда феъл-атвори тамомила бир-бирига зид одамлар қисматини бирлаштиради. Кўпгина бахтсиз никоҳлар аввалбошда севги-муҳаббат асосига қурилгани ажаблантиради.

Ҳозир романтик-орзуманд муҳаббат назариясини афзал билишади, шу назария тарафдори Бернард Шоу уни «метабиологик» назария деб атаган. Аён бўлишича, ошиқ-хуштор тил-забони билан бизга тамомила бегона олам эмас, балки унинг тимсолида ҳаётий куч-қудрат, аллақандай ғаройиб «эвалиюция импульси», яъни «тараққиёт омили-воситаси-таъсир кучи» ўзлигини намоён қилади. У ёхуд бу севишган жуфтларни ўз домига тортиши асносида ошиқлик-хушторлик баркамол инсон-шахс, Аъло одам аждодларини саралайди. Бахт-саодат ҳам, ахлоқийлик ҳам – мазкур баркамол шахс-инсон, Аъло одам қаршисида ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас. Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, ахлоқий қонун-қоидаларга риоя қилишимизнинг не ҳожати бор? Баркамол инсон шахсга оид тафсилотларнинг барчаси шу қадар жирканчки, уни дунёга келтириш эҳтимолидан чўчиб, кимсасиз ғорда хилватнишин ҳаёт кечиришдан ҳам тоймайсан. Боз устига, агар шу назарияга ишонилса, ҳаётий куч-қудратнинг кўзи кўр-сўқир-басир бўлиб чиқади. Кучли, азбаройи сидқидилдан севиш асилзолда авлод бу ёқда турсин, ҳатто умуман авлод, насл қолдиришни кафолатламайди. Соғлом фарзанд дунёга келиши учун маъшуқ-маъшуқалар эмас, балки рисоладагидек «насл қолдирувчилар» зарур. Қолаверса, фарзанд кўриш аксарият совчиларга, босқинчиликларга ва қулчиликка боғлиқ, асрлар мобайнида мазкур куч-қудрат қаёққа қараган эди? Эҳтимол у, фақат бизнинг замонамизга келиб инсоният наслини комил қилишни истаётгандир?

Бу борада насроний аҳлига Афлотун ҳам, Шоу ҳам нажот йўлини кўрсата олмайди. Биз Ҳаётий куч-қудратга топинмаймиз ва таваллуддан олдин қай шакл-шамойилга эга бўлганимизни билмаймиз. Ошиқлик-хушторлик ҳукмфармолик билан даъват қилар экан, унга қулоқ тутишимиз шарт эмас. У, албатта, тангримонанд; бироқ Унинг яқинига ҳам йўлай олмайди. Агар биз Ҳаётий куч-қудрат йўлида Парвардигорга муҳаббатни ҳам, раҳму шафқатни ҳам қурбон қилмасак, Арши аълога яқинлаштириши мумкин. Унинг тўла-тўкис ўзлигидан кечиши – муҳаббат хом ашёси, хамиртуруши, нусха-намунаси, биз айни шунга биноан Парвардигорга ва инсонга меҳр қўйишимиз зарур. «Шон-шуҳрат» нима эканини идрок этиш-англашда бизга табиат ёрдам қўлини узатади; ошиқлик-хушторлик ишқ-севги-муҳаббат моҳиятини англатади. Исои Масиҳ айни унинг номидан даъват этади: «Айни шундай – шу асно қувонарли, шу асно беғараз, сен Мени ва Менинг биродарларимдан энг кичик-заифини севишинг зарур».

Бу, албатта, барча севиши керак, дегани эмас. Айримлар ошиқлик-хушторликни қурбон келтиришлари, яъни ундан воз кечишлари (лекин нафратланмасликлари) зарур. Бошқалар никоҳ борасида ундан ёқилғи-тутантириқ сифатида фойдаланишга ҳақли. Никоҳ, оила доирасида ёлғиз унинг ўзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, қолаверса у муттасил поклаш ва эҳтиёжмандлик натижасидагина яшай олади.

Башарти, шубҳасиз сиғинадиган-топинадиган бўлсак, иблисга айланади. У эса шубҳасиз итоатгўйлик ва топиниш-сиғинишни талаб этади. У фариштамонанд ўзлик-шахсият нидосига, иблисона тарзда эса на Парвардигорнинг амри фармонию ва на яқин ёру биродарларининг арзи додига қулоқ тутади. Кўп йиллар муқаддам ўрта асрлар шеърияти ҳақида ёзганимда шу қадар сўқир бўлган эканманки, муҳаббат маъбудасини, муҳаббатга сиғинишни бадиий-адабий шартлилик ҳисоблаган эканман. Ниҳоят англашимча, ошиқлик-хушторлик, муҳаббат ўз табиатига мос маъбудалиликни тақозо этади. Ошиқлик-хушторлик барча муҳаббат турлари орасида олиймақом бўлгани боис Парвардигори оламга айниқса ўхшаш бўлиб, ҳамиша бизни итоатгўй хизматкори-қаролига айлантиришни истайди.

Илоҳиёт олимлари муҳаббатнинг бу тури маъбудапарастликка олиб келишидан ҳамиша қўрқишган; улар севишганлар бир-бирини муқаддаслаштириши, илоҳийлаштиришини назарда тутган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин бундан қўрқиш керак эмас. Оилавий муносабатларда бу тамомила истисно қилинади: оилавий турмушнинг ғаройиб содда-одмилиги ва рўзғорга хос амалийлик бундай маъбудапарастликка асло ўрин қолдирмайди. Эр ва хотиннинг ошиқ-хушторлиги муқаррар дучор бўладиган дилбасталик ҳам унга монелик кўрсатади. Бироқ ўзгача оламдан хабардор ёхуд шундай оламга мойилликни қисман бўлса-да ҳис қила оладиган инсон бундай эҳтиёж-ташналикни ёлғиз манзур-маҳбуба воситасида қондиришини умид қилиши даргумон. Манзур-маҳбуба ҳам айни шундай эҳтиёжманд, яъни чинакам дўст бўлса, бу борада ёрдам қўлини чўзади; бироқ унга маъбудадай сиғиниш фақат одамнинг энсасини (қўполлигим учун маъзур тутасиз) қотиради. Чинакам хавф-хатар бунда эмас, балки ошиқ-хуштор айни ошиқлик-хушторликка сиғиниши-топинишида.

Исойи Масиҳ даъвати қанчалар нотўғри талқин қилинади: «Зиёда севгани боис мазкур заифанинг зиёда гуноҳлари авф этилгай» (Лк.7, 47). Мазкур матндан, айниқса қарздорлар хусусидаги ривоятдан аён бўладики, гап кўплаб зиёда гуноҳларидан кечган Исойи Масиҳга ихлосмандлик муҳаббати ҳақида. Бироқ одатда бундай талқин қилинмайди. Мазкур заифа бокиралик-покдомонликка зид гуноҳи азимлар содир этгану кейинчалик жуда кучли севги дардига мубтало бўлгани боис бузуқлигини Исойи Масиҳ авф этган деб ҳисобланади. Бинобарин, бундан қудратли Эрос ўз номидан содир этилган ҳар қандай тубанлик-ёвузликни кечиради, деган хулосага келиб чиқмайдими?

Севишганлар: «муҳаббат ҳаққи ҳурмати шунга жазм этдик» дея даъво қилишларига синчиклаб қулоқ тутинг. Бу даъво асли «Қўрқоқлигим учун шундай қилдим» ёки «разилликдан ўзимни тия олмадим» деган маънога эга. Улар «ишқ-муҳаббат» сўзини мағрурона, салкам ҳурмат-эътиром ила тилга олади. Улар гуноҳкорликни оқлайдиган важ-карсонлар ҳақида сўз очмайдилар, аксинча муқаддас ишқ-муҳаббатни рўкач қилишади. Бу тавба-тазарру эмас, балки мақтанчоқлик, такаббурлик, баъзида эса уччига чиққан сурбетликдир.

Мильтон қаҳрамонларидан бири Далила муҳаббат қонун-қоидаси нуқтаи назаридан ҳақли эканини даъво қилади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ишқ-муҳаббатнинг ўз қонун-қоидаси бор. Унга итоат-риоя қилмаслик – гуноҳ, муртадлик, Парвардигори олам фарзига зид иш тутиш билан баробар. Ошиқ-маъшуқлар ўзига хос диний таълимот яратади. Бенжамин Констан қайд этишича, ошиқ-маъшуқлар бир неча ҳафта мобайнида муштарак хотиралар силсиласи-мажмуи соҳибига айланадилар, муқаддас битиклар қироатчиси Исроил тарихини илоҳийлаштиргани каби улар ҳам ўз хотираларини муқаддаслаштиради. Бу уларнинг муштарак Буюк Кўҳна Аҳди, Парвардигори оламнинг сийлаган бандарига лутфу марҳаматига оид хотира. Уларнинг янги Аҳди ҳам бор. Топишган ошиқ-маъшуқлар ўзларини бамисоли Яратган паноҳи остида сезадилар, дунёвий қонун-қоидаларни асло тан олмайди.

Улар нимаки қилмасин айни шу тариқа изоҳланади. Мен бу борада ёлғиз бокирлик-покдомонликка зид равишда қилинадиган гуноҳларни эмас, балки «бегоналар»га нисбатан адолатсизлик ва шафқатсизликни ҳам назарда тутяпман. Ошиқ-хуштор айтиши мумкин: «Муҳаббатим ҳаққи-ҳурмати ота-онамни назар писанд қилмайман – фарзандларимдан воз кечаман – дўстимга панд бераман – яқин қариндош-уруғларимдан ўз ўгираман». Буларнинг барчасини муҳаббат қонун-қоидаси оқлайди. Ошиқ-маъшуқлар ҳатто ғурурланадилар. Виждон, Имон, Эътиқоддан азиз-ардоқли нима бор? Улар эса мазкур муқаддас тушунчаларни муҳаббат маъбудаси учун қурбон қиладилар.

Айни пайтда муҳаббат маъбудаси қалтис ҳазил қилади. Ошиқлик-хушторлик – муҳаббатнинг ўта беқарор тури. Бу туйғунинг шамолдай тутқич бермаслигига оид ҳаётий мисоллар истаганча топилади, бироқ бу ошиқ-хушторларнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Ошиқ-хуштордан онт-қасамёд талаб қилишнинг ҳожати йўқ, у ҳамиша қасам ичишга шай. «Муҳаббатим абадий!» — дастлаб деярли шундай даъво қилади ва бунга ишонади. Бу борада ҳеч бир тажриба наф бермайди. Қайта-қайта муҳаббат дардига гирифтор бўладиган ва ҳар гал: «Ниҳоят, ҳақиқий севгимни, бахтимни топдим!» дея даъво қилувчиларни кўп кўрганмиз.

Ва улар ҳақ. Севги дардига мубтало бўлиш асносида кечинма-туйғуларимизнинг бебақо-фонийлигига оид шаъма-даъволарни рад этишга ҳақлимиз. Муҳаббат бир ҳамла билан юксак шахсият-худбинлик деворидан ошиб ўтади, ҳирсиятни фидойилик ила йўғиради, ўткинчи-муваққат-омонат заминий бахт-саодатга нафрат уфуради. Яқинларга меҳр-муҳаббатли бўлишга оид кўҳна панд-насиҳатни лоақал бир инсонга нисбатан бўлса-да, бирон бир заҳмат-машаққатсиз рўёбга чиқарамиз. Башарти оқилона иш тутсак, барча-барчага нисбатан айни шундай меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўламиз ва гўёки шундай муносабатда бўлиш ҳадисини олишга уринамиз. Буларнинг барчасидан мосуво бўлиш ҳақиқатдан ҳам даҳшат, Исойи Масиҳ даъватидан, азалий эзгу чорловдан бўйин товлаб бўладими? Бироқ хушторлик ёлғиз уддалай олмайдиган аъмолларга даъват этади.

Бундай фарахбахш, завқнок ҳолат узоқ давом этадими? Бир ҳафта давом этса ҳам катта гап. Мурожаатдан кейин бўлгандек, кўп ўтмай аён бўладики, кўҳна, нохолис шахсият тамомила барҳам топмаган. У тамомила унутилган, бироқ нафас ростлаб, лоақал қўлларига таяниб қаддини ростлашга уринади ва яна ўз ҳукмини ўтказа бошлайди. Қиёфаси ўзгарган кўнгил суст кетиши, аниқроғи ҳирсият-эҳтирос эса шунчаки нафс қондириш билан қаноатланади.

Бу кўнгилсизликлар барчаси рисоладагидек ва икки оқил инсоннинг ўзаро муносабатларига рахна сололмайди. Ошиқлик-хушторликка муккасидан кетган, айни ҳолатни муқаддаслаштирувчилар учун эса ҳалокатли. Бу кимсалар унга бамисоли нажоткор Тангридай умид боғлашганди; одми ҳис-туйғу-кечинма нимаки зарур бўлса, барча-барчасини бахш этади деган илинжда эди. Бундай умид ўзини оқламагач, ишқ-муҳаббат ёхуд бир-бирини айблашга киришади. Улар ўзларини айбласа бўлади, бироқ ошиқлик-хушторликка тил текказа олмайдилар. Бамисоли тутинган-ўгай онадай ошиқлик-хушторлик биз учун онту қасадёдлар қилади, зиммасига ўта оғир масъулият олади, бизнинг вазифамиз уларни адо этишдан иборат. Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзаси жаннатий жилва акс эттириши учун ҳар ким ўзи интилиши, заҳмат чекиши зарур. Ошиқлик-хушторлик бизга амри фармон беради. Гарчи саноқли кишиларгина айни ҳолатни таърифлай олсалар-да, рисоладагидек севадиганлар барчаси буни билади. Чинакам тақводор насронийлар эса зоҳиран камтарона бу вазифа-хизмат сабру тоқат, раҳму шафқат ва Яратган эгамнинг мадади, пушти паноҳини, яъни чинакам насронийларга, тақводорларга хос ҳаёт кечиришни тақозо этади.

Муҳаббатнинг барча турлари каби ошиқлик-хушторлик ҳам ўз салоҳияти билан яшай олмайди: лекин у шу қадар қақшатқич, шу қадар лаззатли, шу қадар даҳшатли ва юксакки, унинг заволи ҳақиқатдан ҳам даҳшатли кечади. Башарти заволга юз тутиб, нобуд бўлса, нур устига аъло нур. Бироқ заволга юз тутгани асно омон қолиши, оқибатда ҳар икки аламзадани шафқатсиз изтиробга солиши, улар бахшида этиш ўрнига фақат талаб қилишлари, шубҳа-гумон-рашк ўтида ёнишлари, афсус-надомат ўтида ўртанишлари, устунлик ва эркинлик учун жон-жаҳдлари билан олишишлари, ёқалашиш-жанжаллашиш воситасида аламли армонларига таскин-тасалли ахтаришлари ҳеч гап эмас. «Анна Каренина»ни ўқинг ва фақат рус ошиқ-маъшуқлари бошидан шундай «савдолар» кечиши мумкин, деган тахминни хаёлингизга ҳам келтирманг. Ва сийқа: «Сени еб қўя қолардим» деган ибора ҳақ эканига ишонч ҳосил қиласиз.

slide-01.jpg

ИСЛОМДА МУҲАББАТ
Анна Фатима Вердик мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлаган
006

Ҳаётни муҳаббатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ислом – бу ҳаётдир, унда ҳам ҳиссиётларга, муҳаббатга ўрин бор… Муҳаббат асосида оила қуриш, фарзандли бўлиш ва уларни тарбия қилиш, билим олиш ва ҳунарли бўлиш ва ҳоказо. Исломда муҳаббат турли кўринишларга эга, шулар ҳақида батафсил сўз очмоқчимиз.

Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат

Муҳаббатнинг энг юқори даражаси бу Аллоҳ таолога ва унинг Расули соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир” (Моида сураси, 54-оят).

“Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!” (Бақара сураси, 165-оят).
Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат энг олий даражадаги муҳаббат ҳисобланади ва бу муҳаббатда рақобат жуда кучлидир.

Бу муҳаббатнинг муҳим эканини қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар». (Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.

Хўш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак?

Уламоларимизнинг бу саволларга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

Яна бир ҳадисда Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг энг афзали Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир», дедилар». (Абу Довуд ривоят қилган).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган мақомга эришган банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган роббоний бандалар қаторидан жой олган бўлади. Чунки бундай киши ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам четга қўйиб, фақат Аллоҳ таоло учун яшайдиган ҳолга ўтган бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт”дан).

Биродарига муҳаббат

Бу турдаги муҳаббат ҳар бир мусулмон учун шартдир. Имоми Муслим қилган ривоятда эса қуйидагича келтирилади:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир:
1. Йўлиққанда салом бериш;
2. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;
3. Насиҳат талаб қилса, насиҳат қилиш;
4. Агар акса уриб ҳамд айтса, («Ярҳамукаллоҳ», деб) жавоб қайтариш;
5. Касал бўлса, бориб кўриш;
6. Жанозада қатнашиш». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яна бир ҳадисда:
Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримизнинг шарафини билмаган киши биздан эмас», деб айтдилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Ватанга муҳаббат

Эҳтимол, баъзилар Исломда Ватанга муҳаббат йўқ нарса деб тушунар, лекин ундай эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани ўз ихтиёрларисиз, мажбуран тарк қилиб, Мадинага ҳижрат этадилар. Ул зотни Маккадан қавмлари қуваётганди. Шунда, Макка атрофларида Маккага хитоб қиладилар. Унинг тоғлари ва водийларига хитоб қиладилар. Кўчалари ва биноларига хитоб қиладилар. Маҳзунлик қалбларини эзиб, кўзларига ёш тўлиб, шундай хитоб қиладилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганда сендан бошқада яшамасдим!”. (Имом Термизий ривояти)

Маълумки, мамлакат раҳбарининг асосий вазифаларидан бири мамлакат ва унинг фуқароларини ҳимоялашдир. Амалда бу вазифани ватанпарварлик ҳиссиётисиз амалга ошириб бўлмайди. Ватанни ҳимоя қилиш эса Ватанга муҳаббатдан келиб чиқади. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло одамларга ўз уй-жойларини босқинчиларга ташлаб, бошқа ерларга ҳижрат қилиб, Ўзига ибодат қилишга амр қилмасмиди?!

Ота-онага муҳаббат

Ота-онага бўлган муҳаббатни муҳаббатнинг бошқа турлари билан қиёс қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
«Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз», деб айт» (Анъом сураси, 151-оят).

Аллоҳнинг ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги буйруғи Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги амри билан ёнма-ён келганлиги бу ишнинг нақадар юқори ўринга қўйилганига далолат қилади. Қуръон ва Суннат доимо ота-онага яхши муносабатда бўлишга, уларни яхши кўришга, ҳақларини эътироф қилиш ва улардан миннатдор бўлишга ундайди.
Ота-онага ғамхўрлик қилиш ва улар хизматида туриш — Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг бир туридир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юзланиб: «Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онангдан бирорталари тирикми?», дедилар. У киши: «Ҳа, икковлари ҳам тирик», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?», дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Эркак ва аёл ўртасидаги муҳаббат

Эр ва хотин орасидаги муҳаббат бўйича эса Аллоҳ таоло Ўз бандаларига марҳамат солиб қўйиши билан бирга, дейди:
«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 21-оят).

У аёл кишини эркак учун сокинлик қилиб яратди-ки, унда эркак кишининг қалби сокинлик топади, ва улар ораларида соф севгини солиб қўйди-ки, бу севги марҳамат ила қоришгандир. Зеро, Парвардигори олам бизлар учун аёллардан нима ҳалол ва нима ҳаром эканини айтганидан кейин, бундай деган:
«Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳларлар. Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир» (Нисо сураси, 26-28 оятлар).

Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севишганларни никоҳ тузишга буюрганлар.

Муборак ҳадисда айтилганидек: «Севишганлар учун никоҳдан бошқа (яхши нарса) кўринмайди». (Ибн Можа ривояти).

Маҳбубанг ила никоҳланиш – Аллоҳ таоло берган, буюрган ва тақдир қилган муҳаббат дориси эрур.

Муҳаббатнинг бу кўринишига шаръан рухсат этилган. Қарама-қарши жинсга талпиниш инсон ҳулқига хосдир, унинг бор бўлишининг, асл табиатининг ажралмас қисмидир, шунинг учун ҳам инсон уни бошқара олмайди.

Исломда бундай муҳаббат юзага чиқишининг калити никоҳдир.

Манба: www.oilam.uz

Ashampoo_Snap_2017.04.20_15h40m07s_003_.pngKlayv Steyplz LYUIS
MUHABBAT
Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi
006

 Image processed by CodeCarvings Piczard ### FREE Community Edition ### on 2015-12-11 15:36:24Z | http://piczard.com | http://codecarvings.com  Klayv Steyplz Lyuis (inglizcha. Clive Staples Lewis;1898-1963), ingliz filolog-olimi, adabiyotshunos va ilohiyotshunos. Shimoliy Irlandiyaning Belfast shahrida tug‘ilib, Angliyaning Oksford shahrida vafot etgan. Fentezi janrida yozilgan “Ajinaning maktublari”, «Narniya solnomalari», «Fazoviy uch qissa» asarlari juda mashhur bo‘lgan. Fentezi adabiyotining eng taniqli adibi J. R. R. Tolkinning saboqdoshi va eng yaqin do‘sti. Asarlari 30 dan ortiq tilga tarjima bo‘lgan.
Lyuis bilan unga zamondosh bo‘lgan mashhur adib Oldos Xaksli bir kunda — 1963 yilning 22 noyabrida vafot etishgan. Ammo, o‘sha kuni AQSH prezidenti Jon Kennedi o‘ldirilgani uchun bu haqdagi shov-shuvlar ta’sirida ularning vafot etgani haqida matbuotda xabar berilmagan.

006

Oshiqlik, xushtorlik, ishqibozlik

Ashampoo_Snap_2017.04.20_15h39m05s_002_a.png…Men mehr tuyg‘usini, mehribonlikni muhabbatning shunday turi deb atadimki, shu xislat bilan jonivorlarga mengaymiz. Nahotki? Jinsiy mayl – oliymaqom namuna emasmi? Albatta; biroq men muhabbat haqida gapiryapman. Jinsiy mayl hozir yolg‘iz shu darajada qiziqtiradiki, ayni shu ko‘rinishda oshiqlik-xushtorlik-ishqibozlik deb ataluvchi murakkab kechinma tarkibiga kiradi. Ehtimol, kirmas; xushtorlik-ishqibozlik ko‘pdan-ko‘p qirra, xususiyatlarga ega ekanini isbotlashga ham urinmayman. Xushtorlik-ishqibozliksiz jinsiy mayl, eskichasiga, ko‘ngil sust ketishi, qo‘polroq aytganda, hirs-shahvat. Bu borada allaqanday idrok qilinmagan kechinma-tuyg‘ularni emas, balki ayni tuyg‘ularni boshdan kechirayotganlarga ayon juda sodda, ochiq-oshkora mayl tushuniladi.

Shunday qilib, ko‘ngil sust ketishi, ko‘ngil tusashi xushtorlik-ishqibozlik sirasiga ham kiradi, ham kirmaydi. Axloqiy nuqtai nazardan emas, balki sof tadqiqotchi sifatida ularni o‘zaro farqlashimni alohida eslatmoqchiman. Xushtorlik-ishqibozliksiz jinsiy aloqa-qovishuv illat, tubanlik, sharmandali gunoh degan fikrdan yiroqman. Basharti, oshiq-xushtor bo‘lmagan holda jimo’ qiluvchilarning barchasi jirkanch-yaramas-razil va murdor bo‘laveradigan bo‘lsa, kelib chiqishimiz bilan hech qaysimiz maqtana olmaymiz. Ko‘hna zaminda o‘zaro samimiy muhabbatga asoslanmagan nikohlar hamisha aksariyatni tashkil etgan. Deyarli barcha ajdodlarimiz ota-ona undovi bilan turmush qurgan va yolg‘iz tabiiy-hayvoniy istak-xohish asnosida farzandli bo‘lishgan. Va bu borada biron tubanlik sodir bo‘lmagan, faqat itoatgo‘y, sofdil, sadoqatli bo‘lishgan va Xudodan qo‘rqishgan. O‘ta kuchli, oliymaqom oshiqlik tufayli qovishuv maishiy buzuqlik bo‘lishi, shafqatsizlik, ko‘zbo‘yamachilik, erga yoki do‘stga xiyonat, mehmondorchilik qonun-qoidalarini buzish, farzandlar uchun baloyi ofat bo‘lishi hech gap emas. Gunoh va burch o‘rtasidagi tafovut-farq tuyg‘ular rang-barangligiga bog‘liq-mute-qaram bo‘lishini Parvardigori olam istamaydi. Har qanday xatti-harakat singari qovishuv ham ochiq-oshkora oqlanadi yoxud qoralanadi. Hamma gap vafodorlik yoki bevafolik, mehribonlik yoki bag‘ritoshlik, rostgo‘ylik yoki munofiqlik bilan ish tutishda. Faqat mazkur tadqiqot doirasiga kirmagani uchun oshiqlik-xushtorliksiz jimo’ni bir chetga surib qo‘yamiz.

Evolyutsiya tarafdorlari uchun oshiqlik-xushtorlik-ishqibozlik – hirsiyat hosilasi, biologik instinktlarning kamol topishi va murakkablashuvi. Shunday, biroq hamisha bunday bo‘lavermaydi. Ayol-juvon-qiz – mahbuba aksariyat dastlab hayratlantiradi, fikru zikrimizni shu darajada egallab oladiki, hirsiyat hatto xayolga kelmaydi. Senga ne darkor? — deya so‘raguday bo‘lishsa: «Erta-yu kech mahbubam haqida xayol surishni istayman» deb javob bergan bo‘lardik. Bu, bo‘ydoqning muhabbati ko‘zida, deganlariday, nigohiy, qaysidir ma’noda, zohiriy muhabbat. Nihoyat, ehtiros alvon qanotlarini parvozga shaylar ekan, (agar ilmu fan pand bermasa,) yolg‘iz ayni maqsad-muddao bilan oshiqlik-xushtorlik iztiroblarini boshdan kechirganimiz ayonlashadi. Qalbimiz kishvaridagi necha-necha qoyalaru qo‘rg‘on-qasrlarni kunpayakun aylagan ishqu muhabbat shiddat-shaxdi hamisha sohil uzra uzangan mazkur ko‘lmakka ham yetib kelganini anglaymiz. Oshiqlik-xushtorlik-ishqibozlik jismu jonni zobit-jahongir singari yalpi zabt etadi va tasarrufidagi mulku mamlakatni istak-xohishiga binoan qayta bunyod etadi. Bu jahongir jinsiy mayl sarhadlariga daf’atan yetib borolmaydi, bundan qat’iy nazar uning tarxini ham o‘zgartiradi.

Bu borada Oruellning fikri benazir. Beqiyos «Hayvonlar qo‘rasi» romanining qahramonlariga nisbatan odamiylikdan tamomila yiroq «1984» romanining razil qahramoni ayolga shunday deydi: «Jimo’ senga yoqadimi? Bevosita men bilan emas, umuman aytganda?». Oshiqlik-xushtorliksiz ko‘ngil sust ketishi qovishuvga moyil bo‘lsa, oshiqlik-xushtorlik – bevosita manzur-mahbubaga talpinadi.

«Unga juvon zarur!» — juda bema’ni ibora. Qat’yan aytganda, «unga» juvonning keragi yo‘q. U rohat-farog‘attalab, juvonsiz huzurlanish dargumon. Manzur-mahbubani mahbub qanchalar qadrlashi, e’zozlashini oradan besh daqiqa o‘tgandan keyingi hulq-atvoriga binoan baholash mumkin. Oshiq-xushtorga esa umuman juvon-ayol emas, balki ayni mehrini qozongan manzur-mahbuba zarur. Unga rohat-farog‘at-lazzatlanish emas, balki manzur-mahbuba kerak. Sevimli mahbubani quchoqlash qanchalar zavqu shavq bag‘ishlashini hech kim hatto o‘ylamaydi. Basharti, shu xususda mulohaza yuritsak, bevosita ishonch hosil qilamiz; biroq oshiqlik-xushtorlik sarhadidan chiqib ketamiz. Men shunday yo‘l tutgan faqat bir kishini – Lukresiyni bilaman, va u bu borada oshiq-xushtor bo‘lmagan. U, xususan, shunday javob bergan: oshiqlik-xushtorlik rohatlanish-lazzatlanishga monelik ko‘rsatadi, tuyg‘ular chalg‘itadi, rosmana huzurlanish imkonini bermaydi (u ajoyib shoir, lekin ahli Rim shu qadar antiqa bo‘lganiga aql bovar qilmaydi!).

Oshiqlik-xushtorlik rohatlanish ehtiyojini oliymaqom mavqega yuksaltirishiga kitobxonning ham ishonchi komil. Bu borada rohatlanish-lazzatlanish ehtiyoji-talabi manzur-mahbubani boshdan-oyoq qamrab oladi va bu jarayon qadr-qimmati ehtiyoj-talabdan bag‘oyat yuksak bo‘ladi.

Agar buni his qilmaganimizda, agar chetdan kuzatganimizda — xulosa chiqarganimizda rohatlanish, qulaylik, naf-foyda emas, balki bevosita manzur-mahbubani ko‘ngil tusashi, talab qilishini anglamas edik. Buni, haqiqatdan ham izohlash mushkul. Oshiq-xushtor buni: «Seni yeb qo‘yaqolgim kelyapti!..» deya qo‘polroq shaklda bo‘lsa ham izohlaydi. Milton nurdan yaralgan farishta-hurlar o‘zaro singib keta olishini ta’kidlash asnosida buni yana ham nuktadonlik bilan bayon etgan. Bu borada Charlz Uilyams fikri ham benazir: «Seni sevamanmi? Men, axir, timsolingda qayta yaralganman, dunyoga kelganman!».

Oshiqlik-xushtorlikdan holi ko‘ngil sust ketishi, boshqa barcha istak-xohishlar singari biz bilan bog‘liq. Oshiqlik-xushtorlik aksariyat manzur-mahbuba bilan bog‘liq. Manzur-mahbubani ko‘ngil tusashi — qabul qilish vositasi va o‘zlikni namoyon etish omili; shu bois rohatlanish-lazzatlanishni nazar pisand qilmaydi. Rohatlanish-lazzatlanish mulohazalari oshiq-xushtorni o‘z doirasiga, mahdudligi sarhadiga qaytaradi, o‘zligi tutquniga aylantiradi. Qolaversa, aynan qay kimsaning rohatlanishi ko‘zda tutilmoqda? Oshiqlik-xushtorlikda «olish» va «berish» kalomlari o‘rtasidagi farq yo‘qoladi.

Hozircha bayon qilyapman, hali baholaganimcha yo‘q. Biroq axloqiy masalalar ham shubhasiz ko‘ndalang bo‘ladi, shu bois ularga oid mulohazalarimni yashirmayman. Bundan buyongi mulohazalarning barchasi – taxmin-faraz, xolos. Mendan yaxshiroq yashaganlar, yaxshiroq sevganlaru yaxshiroq ishonganlar yanglish fikrlarni to‘g‘rilaydilar deya umid qilaman.

Ilgari, binobarin hozir ham oshiqlik-xushtorlikning ma’naviy-ruhoniy xatari – ayni ko‘ngil sust ketishi deya hisoblanadi. Qadimgi ilohiyot olimlari nikoh vositasida tuyg‘ular girdobiga tamomila va to‘la-to‘kis g‘arq bo‘lish xatari borligi uchun xavfli hisoblashgan. Muqaddas bitiklarda esa o‘zgacha talqin mavjud. Havvoriy Pavel yangi qo‘shilgan taqvodorlarni o‘zaro nikoh munosabatlarini yo‘lga qo‘ymaslikka da’vat qilgani holda bu borada tayinli gap aytmaydi va hatto bir-biringizdan uzoq vaqt voz kechmang, deya maslahat beradi (1 Kor.7, 5). Uning vaj-karsoni boshqa: u er xotinning, xotin esa erning «ko‘nglini ovlashga» zo‘r berishidan cho‘chiydi. Nikoh to‘shagi emas, balki nikoh bizni nasroniylik hayotidan begonalashtiradi. Hayotiy tajribamdan bilamanki, — nikoh rishtalari bilan bog‘langanda ham, bog‘lanmaganda ham – son-sanoqsiz turmush tashvishlari nasroniylik hayotidan, nasroniylarga xos rosmana taqvodorlik bilan yashash tarzidan boshqa barcha moneliklarga nisbatan kuchliroq begonashtiradi, yiroqlashtiradi. Nikohning dahshatli va doimiy vasvasasi – ishratparastlik, lazzatparastlik emas, balki mehr-muhabbat ta’magirligidan iborat. Oshiqlik-xushtorlik borasida esa qadimiy ustozlarning hurmatini joyiga qo‘ygan holda aytmoqchimanki, ular, albatta, ruhoniy bo‘lishgan va ayni holat jinsiy munosabatlarga qay asno ta’sir ko‘rsatishidan bexabar bo‘lishgani ehtimoldan holi emas. Oshiqlik-xushtorlik ehtiros-hirsiyatni yumshatadi, unga taskin-tasalli beradi. Istak-xohishni kamaytirmagan-susaytirmagan-zaiflashtirmagan holda jinsiy aloqadan tiyilishni ancha yengillashtiradi. Albatta, manzur-mahbuba fikri-zikri qarshisida ta’zim bajo keltirish ham ma’naviyat borasida monelik qilishi mumkin, lekin bu boshqa omil ta’sirida ro‘y beradi.

Oshiqlik-xushtorlikning ma’naviy xavf-xatari, fikrimcha, nima bilan bog‘liq ekanini quyida bayon etaman. Hozir jimo’-qovishuvning xavf-xatari haqida bahs yuritaylik. Bu masala bilan bog‘liq mulohazalarim bani basharning emas, balki ayni insoniyat nomidan va’zxonlik qiluvchilarning fikridan farqlanadi. Fikri ojizimcha, ayni a’molga behuda jiddiyat bilan munosabatda bo‘lish kerak, deya ta’lim beradilar. Jimo’ masalasiga odamlar tobora jiddiy va xilma-xil tus berayotganiga hayot mobaynida tobora ko‘proq ishonch hosil qilyapman.

Qaysidir yangi kitob o‘ta sharmu hayosiz ekanini aytganimda, yoshgina yigit: «Nimalar deyapsiz! Bu, axir, juda jiddiy kitob!» — deya oshkora ajablandi. «Qora-manfur Ma’buda»larga sig‘inuvchi do‘sti qadrdonlarimiz fallistik madaniyatni tiklash niyatida. O‘ta bema’ni pyesalarda mazkur jarayon «lazzat girdobi», qo‘lga tushmas taqdiri azal, diniy vasvasa sifatida talqin qilinayotir. Psixoanalitiklar esa fiziologik mutanosiblik-moslik-muvofiqlikning o‘ta muhimligi bilan shunchalar qo‘rqitib qo‘yilganki, yosh yigit-qizlar Freyd, Kraft-Ebbing, Xevlok Emis va doktor Stopsning kitoblarini hijjalab o‘qib-o‘rganmasdan bir yostiqqa bosh qo‘ymaydilar. Sirasini aytganda, ularga bag‘rikeng Ovidiy asarlari ko‘proq naf keltirgan bo‘lardi, qaysiki, hatto biron-bir chivin diqqat-e’tiboridan chetda qolmagan bo‘lsa ham bu muhabbat kuychisi hech qachon pashshadan fil yasamagan. Pirovard natijada shu darajaga tushib qoldikki, bizlarga dastavval qadimgilarga xos sog‘lom hazil-mutoyiba zarur.

«Nega axir?-deya e’tiroz bildiradilar menga. – Bu haqiqatdan ham juda jiddiy masala!» Jiddiy ekani shubhasiz! Ilohiy nuqtai nazardan juda muhim, illo Parvardigor irodasi bilan nikoh asosidagi qovishuv Parvardigori olam bilan inson o‘rtasidagi hamjihatlik timsoli. Tabiat sinoati, Ota — Osmon va Ona — Zamin nikohi, tabiiylik sifatida muhim. Axloqiy nuqtai nazardan muhim-ahamiyatli, binobarin dunyoda o‘ta muhim mas’uliyatni yuklaydi. Nihoyat (hamisha emas, ba’zi-ba’zida), kechinma-tuyg‘u sifatida juda muhim.

Biroq yegulik-taomlar ham muhim. Ilohiy nuqtai nazardan biz Muqaddaslilik doirasida non tanovul qilamiz. Axloqiy nuqtai nazardan ochlarni to‘ydirishimiz zarur. Ijtimoiy jihatdan esa dasturxon azaldan odamlarning boshini qovushtiradi. Tibbiy nuqtai nazardan – oshqozon-ichak kasaliga chalinganlar bu aynan nimadan iborat ekanini biladi. Lekin ovqatlanish masalasida shogird yollanmaydi va ibodatxonadagidek amallar talab qilinmaydi. Bunday a’mollarni aziz-avliyo emas, balki imondan kechgan kimsagina qiladi.

Ehtiros-hirsiyatga jiddiy yondoshib bo‘lmaydi, buning imkoni ham yo‘q, bu tabiiy fe’l-atvorimizni zo‘rlash-zo‘riqtirishni talab etadi. Jahon xalqlarining barcha tillariyu badiiy asarlarda shu masalaga oid latifalar son-sanoqsiz ekani bejiz emas. Ko‘plab latifa-hazillar razilona, jirkanch va barcha-barchasi ro‘yi zamin kabi azaliy, ko‘hna. Biroq butun mas’uliyatni zimmamga olgan holda ayta olamanki, ayni hazil-latifalarda qovishuvga shunday munosabat aks etganki, ko‘p qirrali jiddiylikka nisbatan anchayin begidir, beg‘ubor. Nikoh to‘shagidan hazil-mutoyibani quvib chiqarganingiz hamono mehrobga aylanadi. Ehtiros-hirsiyat-shahvat qalbaki Ma’budaga, hazil-mutoyibani juda yoqtirgan Afroditadan ham soxta Ma’budaga aylanadi. Ehtiros, hirsiyat (afsonalardagi) gnom yoki elflar singari nisbatan kulguli ruh ekanini idrok qilish asnosida odamlar aslo yanglishmagan.

Basharti buni his etmasak, uning o‘zi qasos oladi. Zudlik bilan qasos oladi – illo, muhtaram Tomas Braun aytgandek, «es-xushi joyida binoyidek odam sodir etadigan o‘ta bema’ni ishni qilishga undaydi». Agar mazkur harakatga jiddiy yondoshsak, uyatga qolamiz va hatto jirkanch holatga tushamiz, bu kezda, yana muhtaram Tomas aytgandek, «telbalik xuruji o‘tib ketadi, va biz mulohaza yuritib, qanchalar bema’ni va nomunosib ish tutganimizni anglaymiz».

Biroq bundan dahshatli qasos ham bor. Ehtiros, hirsiyat – masxaraboz, makkor farmonbardor bo‘lib, Tangriga nisbatan elflarga yaqin. U bizlarni masxaralashni, ermak qilishni yoqtiradi. Nihoyat uning domiga ilinganimiz hamono juftlarning har ikkalasini yoxud birini tark etadi. Sevishganlar metroda, do‘konda, mehmondorchilikda o‘zaro ko‘z urishtirar ekanlar, ehtiros alangasi tobora kuchayadi. Va daf’atan g‘oyib bo‘ladi. Oqibatda qanchalar afsuslanish-entikishlar, shubha-gumonlar, ranju malomatlar chekilishi har birimizga ma’lum. Lekin uni ilohiylashtirmasangiz, muqaddaslashtirmasangiz, oqilona munosabatda bo‘lsangiz, yolg‘iz iljayib qo‘ya qolasiz. Va bu odatiy o‘yin tusini oladi.

Oshiqlik-xushtorlik singari dahshatangez, oliymaqom kechinma-tuyg‘uni yeguliklar, ob-havo, ovqat hazm bo‘lishiga bog‘liqligini muqarrar va behayolarcha namoyon etuvchi sof jismoniy istak xohish-mayl bilan chog‘ishtirish-uyg‘unlashtirish asnosida Parvardigori olam rosmana hazilomuz ish tutgan. Sevgi dardiga chalinish asnosida qanot bog‘lab parvoz qilamiz; ko‘ngil sust ketishi – ipga bog‘langan havo shari-pufak ekanimizni eslatadi. Inson ruhiyatu jism-tanadan tashkil topgani, ham farishtayu ham jonivor ekaniga qayta-qayta imon keltiramiz. Bu hazilga ko‘nikmasak, holimiz voy. Bizlarni yolg‘iz tutib turish uchun emas, balki beqiyos mamnuniyat baxsh etish uchun Parvardigori olam shunday hazil qilgan.

Odamzot jismi-tanasiga uch xil nuqtai nazar bilan yondoshadi. Majusiy-tarkidunyochilar uni qalb-ruh zindoni yoxud qabri-lahadi deb atashadi, Fisher singari nasroniylar nazdida esa — qurt-qumursqalar uchun – yemish-yegulik, imonsiz uchun sharmandali, irkit gunohlar vositasi, imonli uchun esa haqorat manbai. Majusiylar (yunonchani juda oz biladiganlar), nudistlar (ya’ni qip yalang‘och bo‘lib bir-biriga ko‘rinishdan uyalmaydigan erkaku ayollar jamoasi. XDK izohi) , qora kuchlarning malaylari tana-jismni baralla alqaydi. Avliyo Fransisk esa undaylarni «shalpangquloq (eshak) birodarim» deb atagan.

«Eshak» — rosmana o‘rinli muqoyasa. Esli-xushli biron bir zot eshakdan nafratlanishni ep ko‘rmaydi, uni muqaddaslashtirishi haqida esa gap ham bo‘lishi mumkin emas. Bu kundalik ishlar uchun nafli, tanbal, qaysar, sabr-bardoshli, kulguli mahluq bo‘lib, yupatishi ham, rantijishi ham hech gap emas. Xizmati uchun goh yem-xashak bilan siylasak, qaysarligi uchun tegishli jazo ham oladi. Aft-angori maqtaguday emas. tana-jism ham shunday: toki jamiki zaifliklari va afzalliklari bilan bir qatorda masxaraboz ham ekanini anglab yetmas ekanmiz, o‘z tanamiz-jismimiz bilan til topishimiz dargumon. Buni barcha – erkaklar ham, ayollar ham va basharti, nazariy ta’lim ila pand berilmagan, chalg‘itilmagan bo‘lsa, bolalar ham – biladi. Sizu bizning jismu tanamiz borligi — o‘ta qadimiy hazil. O‘lim, tasviriy san’at, tibbiyotni o‘rganish va oshiqlik-xushtorlik ba’zida buni yodimizdan chiqaradi. Biroq oshiqlik-xushtorlikda ham hamisha shunday kechadi, degan kimsa yanglishadi. Aslida, agar ularning muhabbati ha deganda barham topmasa, oshiq-xushtorlar o‘yin-maynabozlik-masxarabozlikka yaqinlikni, vaziyatning kulguli ekanini, uning jismoniy ta’siri qanchalar bema’ni ekanini qayta-qayta his etadilar. Basharti his qilishmasa, tana-jism ularni jazolaydi. Bunday vahshatangez cholg‘u asbobi ila ilohiy taronalarni ijro etib bo‘lmaydi; biroq biz vahshatangezligiga ham chap beribgina qolmay hatto shu holida seva olamiz. Oliymaqomlik tubanlikdan holi emas. Jism-tana ham shoirona his-tuyg‘ular ila yo‘g‘rilgan pallalar, albatta, uchraydi, biroq jism-tana aksariyat nazmga begona. Ko‘rmayotganday talmovsiragandan ko‘ra unga kulguli masxarabozlikka tikilganday to‘g‘ridan- to‘g‘ri qaragan afzal.

Masxarabozlik bizga zarur. Haddi a’loga yetkazilgan huzurlanish-lazzatlanish chidab bo‘lmas og‘riq singari azobli. Baxtli muhabbat bamisoli qayg‘u singari qon yig‘latadi. Ehtiros-hirsiyat hech qachon shunday qiyofada namoyon bo‘lmaydi, lekin ko‘pincha shunday bo‘ladi, shu bois biz kulgu-hazilni unutmasligimiz kerak. Tabiiylik ilohiyday tuyulgani hamono bizlarni navbatdagi burilishda manglayiga tavqi la’nat tamg‘asi bosilgan Hazrati farishta qarshi oladi.

Agar erkak o‘zini qisqa fursat mobaynida xukmfarmo, muzaffar-g‘olib, zobit-jahongir sifatida, ayol esa – ko‘ngilli, ixtiyoriy qurbon tarzida his etsa, begidir muomala juda kerak. Muhabbat o‘yinlari ham qo‘pol, ham shafqatsiz. Risoladagidek zoti shariflar shunday yo‘l tuta oladilarmi? Taqvodor nasroniylarning bunga jur’ati yetadimi?

Menimcha, bu faqat bitta shart evaziga ziyon-zahmat yetkazmaydi. Majusiylarga xos allaqanday «sirli-sinoatli» nayrang ishtirokchisi ekanimizni unutmasligimiz zarur. Do‘stona munosabatlarda har kim o‘zligini ifoda etadi, shaxsiyati vakili hisoblanadi. Muhabbat munosabatlarida ham har birimiz vakilmiz, biroq tamomila o‘zgacha ma’nodagi namoyandamiz. Olamning jamiki erlik va jamiki ayollik ibtido-boshlanmasi, jamiki faolligi va jamiki sustkashligi shaxsiyatimizda yagona-yaxlit namoyon. Erkak – Samo-Ota, Ayol – Zamon-Ona rolini ijro etadi; erkak – shakl, ayol materiya-moddiyat vazifasini o‘taydi. Bu borada «ijro etadi, vazifasini o‘taydi» iboralarini to‘g‘ri tushunishga harakat qiling. Bu o‘rinda mug‘ombirlik, ayyorlik qilish haqida so‘z ham bo‘lishi mumkin emas. Biz bir jihatdan misteriya, ya’ni diniy mavzudagi sahna tomoshasida, boshqa tomondan esa quvnoq taralla-bedad jumboqli o‘yinda ishtirok etamiz.

Ayol o‘zligini tamomila baxshida etib, qurbon qilib, ma’budaga topinadi – Parvardigorga mansub ashyoni erkak ixtiyoriga topshiradi. Erkak muayyan lahzalar mobaynida ixtiyoriga berilgan xukmfarmolik va kuch-qudrat vositasida so‘nggi qamchi tusini oladi, boz ustiga shakkok, xudobezoriga aylanadi. Biroq muayyan qoidalar asosida ham o‘yin ko‘rsatish mumkin. Rasm-rusumlar, jumboqli masxarabozliksiz ayol ham, erkak ham – mangu ruh sohiblari, erkin fuqarolar, shunchaki balog‘at yoshiga yetgan ikki inson. Jimo’ asnosida hukmfarmo erkak hayotda ham shunday deb o‘ylamang; aksincha. rasm-rusum, marosim asnosida esa ikkalasi ham – Tangriyu Ma’buda, va ular o‘rtasida baravarlik yo‘q, aniqrog‘i bir-biriga nisbatan asimmetrik maqomda.

…Ko‘ngil sust ketishidan oshiqlik-xushtorlikka qaytaylik. Bu borada juda ko‘p jihatlar o‘xshash: ma’shuq-ma’shuqalarning o‘zaro ko‘ngli sust ketishi lazzatlanishga intilmagani singari oshiqlik-xushtorlik mohiyatan baxt-saodatga talpinmaydi. Biz ayriliq dardiga giriftor etishni istayotgan odamlarni qayg‘u-hasratlar bilan qo‘rqitish benaf ekani barchaga ayon. Ular bizga ishonmaydi, biroq gap bunda emas. Oshiqlik-xushtorlikning shubhasiz alomati – oshiq-xushtor manzur-mahbuba bilan birgalikda boshdan kechiradigan baxtsizlikni undan judolikdagi har qanday baxtiyorlikdan afzal deb biladi. Hatto yoshi o‘tinqiragan erkak-ayol bir-biriga muhabbat qo‘ysa ham, qalb jarohati vaqt soati yetgach, davo topishini bilishlaridan qat’iy nazar ayriliq azobiga duchor bo‘lishni mutlaqo istamaydilar. Lukresiyaning sovuqqon va razilona mo‘ljali ko‘ngil sust ketishiyu tusashiga nomunosib bo‘lganday, bu hisob-kitoblar barchasi oshiqlik-xushtorlikka mos kelmaydi. Oshiqona munosabatlar yolg‘iz qayg‘u-hasrat keltirishi oshiq-ma’shuqqa ayon bo‘lsa, oshiqlik-xushtorlik: «Bu barchasi ayriliqdan afzal» deya qat’iy javob beradi. Basharti, shunday javob bo‘lmasa, bizlar sevgi dardiga chalinmaganmiz.

Muhabbat ulug‘vorligi ham, butun dahshati ham ayni shunda. Biroq ayni ulug‘vorlik va dahshat bilan birgalikda quvnoq yengillik ham baqamti qadam tashlaydi. Oshiqlik-xushtorlik — qovishuv singari – latifa-hazillarning abadiy mavzui. Oshiq-ma’shuqlarning mushkul ahvoliga guvoh bo‘larkansan ko‘z yoshlaringni tiya olmaysan — qashshoqlikda, shifoxonada, qamoqdagi uchrashuvda, — ularning shodu xurramligi, baxtiyorligi esa qalbini shunchalik shod etadiki, hatto ta’rifiga so‘z topib bo‘lmaydi. Hazil-mutoyiba hamisha dushmanlik nishonasi degan fikr to‘g‘ri emas. Agar oshiq-ma’shuqning ermak qilib, hazillashadigan farzandi bo‘lmasa, bir-biri bilan hazillashadi.

Oshiqlik-xushtorlik naf talab qilmaydi, zaminiy saodatga talpinmaydi, o‘zligimiz, shaxsiyatimiz doirasidan, iskanjasidan xalos etadi. Oshiqlik-xushtorlik — bamisli mangulik olamidan mujda. Va bunday holat — Muhabbat emas. Butun ulug‘vorligi va fidokorligi bilan yovuzlik sababchisi ham bo‘lishi mumkin. Ma’rifatsizlik, jaholat, razillik, tubanlik — gunohkorlik sababchisi deya yanglishamiz. Shafqatsizlik, adolatsizlik, xudkushlik va qotillikka o‘tkinchi shahvatparastlik emas, balki yuksak, samimiy oshiqlik-xushtorlik; har qanday mezon-o‘lchovdan ortiq-ziyoda samimiy va qurbonliklarga shay oshiqlik sababchi bo‘ladi.

Ayrim faylasuflar oshiqlik da’vati ilohiy bo‘lib, uning amri farmonlari absolyut-mutlaq deya hisoblagan. Aflotunning fikricha, biz o‘zaro oshiq-ma’shuq bo‘lish asnosida hatto tavalludimizdan oldinoq yulduzi yulduziga mos qalblar sohibi ekanimizni anglaymiz. Bu sevishganlarning his-tuyg‘u-kechinmalarini ifodalaydigan afsona sifatida juda antiqa va aniq ta’rif. Agar buni bavosita tushunsak, muayyan mushkulotlar yuzaga keladi. Mazkur olamdagiga nisbatan ayni olamdagi ishlar ahvoli havaslanarli emas, degan xulosa chiqarishga to‘g‘ri keladi. Chunki oshiqlik-xushtorlik qator holatlarda fe’l-atvori tamomila bir-biriga zid odamlar qismatini birlashtiradi. Ko‘pgina baxtsiz nikohlar avvalboshda sevgi-muhabbat asosiga qurilgani ajablantiradi.

Hozir romantik-orzumand muhabbat nazariyasini afzal bilishadi, shu nazariya tarafdori Bernard Shou uni «metabiologik» nazariya deb atagan. Ayon bo‘lishicha, oshiq-xushtor til-zaboni bilan bizga tamomila begona olam emas, balki uning timsolida hayotiy kuch-qudrat, allaqanday g‘aroyib «evaliyutsiya impulsi», ya’ni «taraqqiyot omili-vositasi-ta’sir kuchi» o‘zligini namoyon qiladi. U yoxud bu sevishgan juftlarni o‘z domiga tortishi asnosida oshiqlik-xushtorlik barkamol inson-shaxs, A’lo odam ajdodlarini saralaydi. Baxt-saodat ham, axloqiylik ham – mazkur barkamol shaxs-inson, A’lo odam qarshisida hech qanday qadr-qimmatga ega emas. Agar haqiqatdan ham shunday bo‘lsa, axloqiy qonun-qoidalarga rioya qilishimizning ne hojati bor? Barkamol inson shaxsga oid tafsilotlarning barchasi shu qadar jirkanchki, uni dunyoga keltirish ehtimolidan cho‘chib, kimsasiz g‘orda xilvatnishin hayot kechirishdan ham toymaysan. Boz ustiga, agar shu nazariyaga ishonilsa, hayotiy kuch-qudratning ko‘zi ko‘r-so‘qir-basir bo‘lib chiqadi. Kuchli, azbaroyi sidqidildan sevish asilzolda avlod bu yoqda tursin, hatto umuman avlod, nasl qoldirishni kafolatlamaydi. Sog‘lom farzand dunyoga kelishi uchun ma’shuq-ma’shuqalar emas, balki risoladagidek «nasl qoldiruvchilar» zarur. Qolaversa, farzand ko‘rish aksariyat sovchilarga, bosqinchiliklarga va qulchilikka bog‘liq, asrlar mobaynida mazkur kuch-qudrat qayoqqa qaragan edi? Ehtimol u, faqat bizning zamonamizga kelib insoniyat naslini komil qilishni istayotgandir?

Bu borada nasroniy ahliga Aflotun ham, Shou ham najot yo‘lini ko‘rsata olmaydi. Biz Hayotiy kuch-qudratga topinmaymiz va tavalluddan oldin qay shakl-shamoyilga ega bo‘lganimizni bilmaymiz. Oshiqlik-xushtorlik hukmfarmolik bilan da’vat qilar ekan, unga quloq tutishimiz shart emas. U, albatta, tangrimonand; biroq Uning yaqiniga ham yo‘lay olmaydi. Agar biz Hayotiy kuch-qudrat yo‘lida Parvardigorga muhabbatni ham, rahmu shafqatni ham qurbon qilmasak, Arshi a’loga yaqinlashtirishi mumkin. Uning to‘la-to‘kis o‘zligidan kechishi – muhabbat xom ashyosi, xamirturushi, nusxa-namunasi, biz ayni shunga binoan Parvardigorga va insonga mehr qo‘yishimiz zarur. «Shon-shuhrat» nima ekanini idrok etish-anglashda bizga tabiat yordam qo‘lini uzatadi; oshiqlik-xushtorlik ishq-sevgi-muhabbat mohiyatini anglatadi. Isoi Masih ayni uning nomidan da’vat etadi: «Ayni shunday – shu asno quvonarli, shu asno beg‘araz, sen Meni va Mening birodarlarimdan eng kichik-zaifini sevishing zarur».

Bu, albatta, barcha sevishi kerak, degani emas. Ayrimlar oshiqlik-xushtorlikni qurbon keltirishlari, ya’ni undan voz kechishlari (lekin nafratlanmasliklari) zarur. Boshqalar nikoh borasida undan yoqilg‘i-tutantiriq sifatida foydalanishga haqli. Nikoh, oila doirasida yolg‘iz uning o‘zi bilan hech narsaga erishib bo‘lmaydi, qolaversa u muttasil poklash va ehtiyojmandlik natijasidagina yashay oladi.

Basharti, shubhasiz sig‘inadigan-topinadigan bo‘lsak, iblisga aylanadi. U esa shubhasiz itoatgo‘ylik va topinish-sig‘inishni talab etadi. U farishtamonand o‘zlik-shaxsiyat nidosiga, iblisona tarzda esa na Parvardigorning amri farmoniyu va na yaqin yoru birodarlarining arzi dodiga quloq tutadi. Ko‘p yillar muqaddam o‘rta asrlar she’riyati haqida yozganimda shu qadar so‘qir bo‘lgan ekanmanki, muhabbat ma’budasini, muhabbatga sig‘inishni badiiy-adabiy shartlilik hisoblagan ekanman. Nihoyat anglashimcha, oshiqlik-xushtorlik, muhabbat o‘z tabiatiga mos ma’budalilikni taqozo etadi. Oshiqlik-xushtorlik barcha muhabbat turlari orasida oliymaqom bo‘lgani bois Parvardigori olamga ayniqsa o‘xshash bo‘lib, hamisha bizni itoatgo‘y xizmatkori-qaroliga aylantirishni istaydi.

Ilohiyot olimlari muhabbatning bu turi ma’budaparastlikka olib kelishidan hamisha qo‘rqishgan; ular sevishganlar bir-birini muqaddaslashtirishi, ilohiylashtirishini nazarda tutgan bo‘lishi ehtimoldan holi emas. Lekin bundan qo‘rqish kerak emas. Oilaviy munosabatlarda bu tamomila istisno qilinadi: oilaviy turmushning g‘aroyib sodda-odmiligi va ro‘zg‘orga xos amaliylik bunday ma’budaparastlikka aslo o‘rin qoldirmaydi. Er va xotinning oshiq-xushtorligi muqarrar duchor bo‘ladigan dilbastalik ham unga monelik ko‘rsatadi. Biroq o‘zgacha olamdan xabardor yoxud shunday olamga moyillikni qisman bo‘lsa-da his qila oladigan inson bunday ehtiyoj-tashnalikni yolg‘iz manzur-mahbuba vositasida qondirishini umid qilishi dargumon. Manzur-mahbuba ham ayni shunday ehtiyojmand, ya’ni chinakam do‘st bo‘lsa, bu borada yordam qo‘lini cho‘zadi; biroq unga ma’budaday sig‘inish faqat odamning ensasini (qo‘polligim uchun ma’zur tutasiz) qotiradi. Chinakam xavf-xatar bunda emas, balki oshiq-xushtor ayni oshiqlik-xushtorlikka sig‘inishi-topinishida.

Isoyi Masih da’vati qanchalar noto‘g‘ri talqin qilinadi: «Ziyoda sevgani bois mazkur zaifaning ziyoda gunohlari avf etilgay» (Lk.7, 47). Mazkur matndan, ayniqsa qarzdorlar xususidagi rivoyatdan ayon bo‘ladiki, gap ko‘plab ziyoda gunohlaridan kechgan Isoyi Masihga ixlosmandlik muhabbati haqida. Biroq odatda bunday talqin qilinmaydi. Mazkur zaifa bokiralik-pokdomonlikka zid gunohi azimlar sodir etganu keyinchalik juda kuchli sevgi dardiga mubtalo bo‘lgani bois buzuqligini Isoyi Masih avf etgan deb hisoblanadi. Binobarin, bundan qudratli Eros o‘z nomidan sodir etilgan har qanday tubanlik-yovuzlikni kechiradi, degan xulosaga kelib chiqmaydimi?

Sevishganlar: «muhabbat haqqi hurmati shunga jazm etdik» deya da’vo qilishlariga sinchiklab quloq tuting. Bu da’vo asli «Qo‘rqoqligim uchun shunday qildim» yoki «razillikdan o‘zimni tiya olmadim» degan ma’noga ega. Ular «ishq-muhabbat» so‘zini mag‘rurona, salkam hurmat-e’tirom ila tilga oladi. Ular gunohkorlikni oqlaydigan vaj-karsonlar haqida so‘z ochmaydilar, aksincha muqaddas ishq-muhabbatni ro‘kach qilishadi. Bu tavba-tazarru emas, balki maqtanchoqlik, takabburlik, ba’zida esa uchchiga chiqqan surbetlikdir.

Milton qahramonlaridan biri Dalila muhabbat qonun-qoidasi nuqtai nazaridan haqli ekanini da’vo qiladi. Ha, haqiqatdan ham ishq-muhabbatning o‘z qonun-qoidasi bor. Unga itoat-rioya qilmaslik – gunoh, murtadlik, Parvardigori olam farziga zid ish tutish bilan barobar. Oshiq-ma’shuqlar o‘ziga xos diniy ta’limot yaratadi. Benjamin Konstan qayd etishicha, oshiq-ma’shuqlar bir necha hafta mobaynida mushtarak xotiralar silsilasi-majmui sohibiga aylanadilar, muqaddas bitiklar qiroatchisi Isroil tarixini ilohiylashtirgani kabi ular ham o‘z xotiralarini muqaddaslashtiradi. Bu ularning mushtarak Buyuk Ko‘hna Ahdi, Parvardigori olamning siylagan bandariga lutfu marhamatiga oid xotira. Ularning yangi Ahdi ham bor. Topishgan oshiq-ma’shuqlar o‘zlarini bamisoli Yaratgan panohi ostida sezadilar, dunyoviy qonun-qoidalarni aslo tan olmaydi.

Ular nimaki qilmasin ayni shu tariqa izohlanadi. Men bu borada yolg‘iz bokirlik-pokdomonlikka zid ravishda qilinadigan gunohlarni emas, balki «begonalar»ga nisbatan adolatsizlik va shafqatsizlikni ham nazarda tutyapman. Oshiq-xushtor aytishi mumkin: «Muhabbatim haqqi-hurmati ota-onamni nazar pisand qilmayman – farzandlarimdan voz kechaman – do‘stimga pand beraman – yaqin qarindosh-urug‘larimdan o‘z o‘giraman». Bularning barchasini muhabbat qonun-qoidasi oqlaydi. Oshiq-ma’shuqlar hatto g‘ururlanadilar. Vijdon, Imon, E’tiqoddan aziz-ardoqli nima bor? Ular esa mazkur muqaddas tushunchalarni muhabbat ma’budasi uchun qurbon qiladilar.

Ayni paytda muhabbat ma’budasi qaltis hazil qiladi. Oshiqlik-xushtorlik – muhabbatning o‘ta beqaror turi. Bu tuyg‘uning shamolday tutqich bermasligiga oid hayotiy misollar istagancha topiladi, biroq bu oshiq-xushtorlarning hatto xayoliga ham kelmaydi. Oshiq-xushtordan ont-qasamyod talab qilishning hojati yo‘q, u hamisha qasam ichishga shay. «Muhabbatim abadiy!» — dastlab deyarli shunday da’vo qiladi va bunga ishonadi. Bu borada hech bir tajriba naf bermaydi. Qayta-qayta muhabbat dardiga giriftor bo‘ladigan va har gal: «Nihoyat, haqiqiy sevgimni, baxtimni topdim!» deya da’vo qiluvchilarni ko‘p ko‘rganmiz.

Va ular haq. Sevgi dardiga mubtalo bo‘lish asnosida kechinma-tuyg‘ularimizning bebaqo-foniyligiga oid sha’ma-da’volarni rad etishga haqlimiz. Muhabbat bir hamla bilan yuksak shaxsiyat-xudbinlik devoridan oshib o‘tadi, hirsiyatni fidoyilik ila yo‘g‘iradi, o‘tkinchi-muvaqqat-omonat zaminiy baxt-saodatga nafrat ufuradi. Yaqinlarga mehr-muhabbatli bo‘lishga oid ko‘hna pand-nasihatni loaqal bir insonga nisbatan bo‘lsa-da, biron bir zahmat-mashaqqatsiz ro‘yobga chiqaramiz. Basharti oqilona ish tutsak, barcha-barchaga nisbatan ayni shunday mehr-muhabbat bilan munosabatda bo‘lamiz va go‘yoki shunday munosabatda bo‘lish hadisini olishga urinamiz. Bularning barchasidan mosuvo bo‘lish haqiqatdan ham dahshat, Isoyi Masih da’vatidan, azaliy ezgu chorlovdan bo‘yin tovlab bo‘ladimi? Biroq xushtorlik yolg‘iz uddalay olmaydigan a’mollarga da’vat etadi.

Bunday faraxbaxsh, zavqnok holat uzoq davom etadimi? Bir hafta davom etsa ham katta gap. Murojaatdan keyin bo‘lgandek, ko‘p o‘tmay ayon bo‘ladiki, ko‘hna, noxolis shaxsiyat tamomila barham topmagan. U tamomila unutilgan, biroq nafas rostlab, loaqal qo‘llariga tayanib qaddini rostlashga urinadi va yana o‘z hukmini o‘tkaza boshlaydi. Qiyofasi o‘zgargan ko‘ngil sust ketishi, aniqrog‘i hirsiyat-ehtiros esa shunchaki nafs qondirish bilan qanoatlanadi.

Bu ko‘ngilsizliklar barchasi risoladagidek va ikki oqil insonning o‘zaro munosabatlariga raxna sololmaydi. Oshiqlik-xushtorlikka mukkasidan ketgan, ayni holatni muqaddaslashtiruvchilar uchun esa halokatli. Bu kimsalar unga bamisoli najotkor Tangriday umid bog‘lashgandi; odmi his-tuyg‘u-kechinma nimaki zarur bo‘lsa, barcha-barchasini baxsh etadi degan ilinjda edi. Bunday umid o‘zini oqlamagach, ishq-muhabbat yoxud bir-birini ayblashga kirishadi. Ular o‘zlarini ayblasa bo‘ladi, biroq oshiqlik-xushtorlikka til tekkaza olmaydilar. Bamisoli tutingan-o‘gay onaday oshiqlik-xushtorlik biz uchun ontu qasadyodlar qiladi, zimmasiga o‘ta og‘ir mas’uliyat oladi, bizning vazifamiz ularni ado etishdan iborat. Hayotimizning har bir lahzasi jannatiy jilva aks ettirishi uchun har kim o‘zi intilishi, zahmat chekishi zarur. Oshiqlik-xushtorlik bizga amri farmon beradi. Garchi sanoqli kishilargina ayni holatni ta’riflay olsalar-da, risoladagidek sevadiganlar barchasi buni biladi. Chinakam taqvodor nasroniylar esa zohiran kamtarona bu vazifa-xizmat sabru toqat, rahmu shafqat va Yaratgan egamning madadi, pushti panohini, ya’ni chinakam nasroniylarga, taqvodorlarga xos hayot kechirishni taqozo etadi.

Muhabbatning barcha turlari kabi oshiqlik-xushtorlik ham o‘z salohiyati bilan yashay olmaydi: lekin u shu qadar qaqshatqich, shu qadar lazzatli, shu qadar dahshatli va yuksakki, uning zavoli haqiqatdan ham dahshatli kechadi. Basharti zavolga yuz tutib, nobud bo‘lsa, nur ustiga a’lo nur. Biroq zavolga yuz tutgani asno omon qolishi, oqibatda har ikki alamzadani shafqatsiz iztirobga solishi, ular baxshida etish o‘rniga faqat talab qilishlari, shubha-gumon-rashk o‘tida yonishlari, afsus-nadomat o‘tida o‘rtanishlari, ustunlik va erkinlik uchun jon-jahdlari bilan olishishlari, yoqalashish-janjallashish vositasida alamli armonlariga taskin-tasalli axtarishlari hech gap emas. «Anna Karenina»ni o‘qing va faqat rus oshiq-ma’shuqlari boshidan shunday «savdolar» kechishi mumkin, degan taxminni xayolingizga ham keltirmang. Va siyqa: «Seni yeb qo‘ya qolardim» degan ibora haq ekaniga ishonch hosil qilasiz.

slide-01.jpg

ISLOMDA MUHABBAT
Anna Fatima Verdik maqolasi asosida
Abu Muslim tayyorlagan
006

Hayotni muhabbatsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Islom – bu hayotdir, unda ham hissiyotlarga, muhabbatga o‘rin bor… Muhabbat asosida oila qurish, farzandli bo‘lish va ularni tarbiya qilish, bilim olish va hunarli bo‘lish va hokazo. Islomda muhabbat turli ko‘rinishlarga ega, shular haqida batafsil so‘z ochmoqchimiz.

Alloh taologa bo‘lgan muhabbat

Muhabbatning eng yuqori darajasi bu Alloh taologa va uning Rasuli sollalohu alayhi vasallamga bo‘lgan muhabbatdir.

Alloh taolo Qur’oni karimda marhamat qilib aytadi:
“Ey iymon keltirganlar! Sizlardan kim dinidan qaytsa, Alloh albatta O‘zi sevadigan va ular ham Allohni sevadigan qavmni keltirur. Ular mo‘minlarga xokisor, kofirlarga qattiqqo‘l, Allohning yo‘lida jihod qilurlar va malomatchining malomatidan qo‘rqmaslar. Bu Allohning fazli bo‘lib, xohlagan odamiga beradir. Alloh fazli-karami keng va biluvchi zotdir” (Moida surasi, 54-oyat).

“Odamlar ichida Allohdan o‘zga tengdoshlarni tutadiganlar va ularni Allohni sevgandek sevadiganlar bor. Iymon keltirganlarning Allohga muhabbatlari qattiqdir. Zulm qilganlar azobni ko‘rgan chog‘larida, albatta, barcha quvvat Allohga xosligini va, albatta, Allohning azobi shiddatli ekanini bilsalar edi!” (Baqara surasi, 165-oyat).
Alloh taologa bo‘lgan muhabbat eng oliy darajadagi muhabbat hisoblanadi va bu muhabbatda raqobat juda kuchlidir.

Bu muhabbatning muhim ekanini quyidagi hadisdan bilib olamiz:
Anas roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Uch narsa borki, ular kimda bo‘lsa, Iymon halovatini topadi; Alloh va Uning Rasuli uning uchun ikkovlaridan o‘zga hamma narsadan mahbub bo‘lmoqlari, bir kishiga–faqat Alloh uchungina muhabbat qilmog‘i va kufrga qaytishni xuddi olovga tashlanishni yomon ko‘rgandek yomon ko‘rishi», dedilar». (Buxoriy, Muslim, Termiziy, Nasaiy rivoyat qilganlar).

Komil iymonga ega bo‘laman, iymon halovatini topaman, degan odam Alloh taoloni va Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamni hammadan ko‘p sevmog‘i lozim. Zotan, busiz iymon bo‘lishi ham mumkin emas.

Xo‘sh, Alloh taolo va Uning Rasuli sollallohu alayhi vasallamni sevish nima bilan bo‘ladi? Bu boradagi muhabbatni qanday tushunmoq kerak?

Ulamolarimizning bu savollarga bergan javoblaridagi iboralari turlicha bo‘lsa ham ma’nosi birdir. U ham bo‘lsa, Allohga muhabbat uning aytganini qilib, qaytarganidan qaytishdir. Alloh yaxshi ko‘rgan narsani yaxshi ko‘rib, Alloh yomon ko‘rgan narsani yomon ko‘rishdir. Shuningdek, Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamga muhabbat ham u zotning shariatlari va sunnatlarini lozim tutmoqdan iboratdir.

Yana bir hadisda Abu Zarr roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Amallarning eng afzali Alloh uchun muhabbat qilmoq va Alloh uchun yomon ko‘rmoqdir», dedilar». (Abu Dovud rivoyat qilgan).

Sharh: Ushbu hadisi sharifda zikr qilingan maqomga erishgan banda Alloh taologa qurbat hosil qilgan robboniy bandalar qatoridan joy olgan bo‘ladi. Chunki bunday kishi o‘zini ham, o‘zgalarni ham chetga qo‘yib, faqat Alloh taolo uchun yashaydigan holga o‘tgan bo‘ladi. (“Hadis va Hayot”dan).

Birodariga muhabbat

Bu turdagi muhabbat har bir musulmon uchun shartdir. Imomi Muslim qilgan rivoyatda esa quyidagicha keltiriladi:

«Musulmonning musulmondagi haqqi oltitadir:
1. Yo‘liqqanda salom berish;
2. (Taom yoki boshqa biror narsaga) chaqirganga javob qilish;
3. Nasihat talab qilsa, nasihat qilish;
4. Agar aksa urib hamd aytsa, («Yarhamukalloh», deb) javob qaytarish;
5. Kasal bo‘lsa, borib ko‘rish;
6. Janozada qatnashish». (Imom Buxoriy va Muslim rivoyatlari).

Yana bir hadisda:
Amr ibn Shu’ayb otalaridan, otalari bobolaridan qilgan rivoyatlarida aytilishicha, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Kichiklarimizga rahm-shafqat qilmagan va kattalarimizning sharafini bilmagan kishi bizdan emas», deb aytdilar. (Abu Dovud va Termiziy rivoyatlari).

Vatanga muhabbat

Ehtimol, ba’zilar Islomda Vatanga muhabbat yo‘q narsa deb tushunar, lekin unday emas.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Makkani o‘z ixtiyorlarisiz, majburan tark qilib, Madinaga hijrat etadilar. Ul zotni Makkadan qavmlari quvayotgandi. Shunda, Makka atroflarida Makkaga xitob qiladilar. Uning tog‘lari va vodiylariga xitob qiladilar. Ko‘chalari va binolariga xitob qiladilar. Mahzunlik qalblarini ezib, ko‘zlariga yosh to‘lib, shunday xitob qiladilar: “Qanday ham yaxshi shaharsan! Qanday ham menga sevimlisan! Agar qavming meni sendan quvmaganda sendan boshqada yashamasdim!”. (Imom Termiziy rivoyati)

Ma’lumki, mamlakat rahbarining asosiy vazifalaridan biri mamlakat va uning fuqarolarini himoyalashdir. Amalda bu vazifani vatanparvarlik hissiyotisiz amalga oshirib bo‘lmaydi. Vatanni himoya qilish esa Vatanga muhabbatdan kelib chiqadi. Aks holda, Alloh taolo odamlarga o‘z uy-joylarini bosqinchilarga tashlab, boshqa yerlarga hijrat qilib, O‘ziga ibodat qilishga amr qilmasmidi?!

Ota-onaga muhabbat

Ota-onaga bo‘lgan muhabbatni muhabbatning boshqa turlari bilan qiyos qilib bo‘lmaydi. Alloh taolo Qur’oni karimda aytadi:
«Keling, Robbingiz sizlarga harom qilgan narsalarni tilovat qilib beraman: «Unga hech narsani shirk keltirmang! Ota-onangizga yaxshilik qiling! Ochlikdan qo‘rqib, bolalaringizni o‘ldirmang. Biz sizlarni ham, ularni ham rizqlantirurmiz. Fahsh–buzuq ishlarning oshkorasiga ham, maxfiysiga ham yaqinlashmang. Alloh harom qilgan jonni o‘ldirmang. Magar haq ila bo‘lsa, mayli. Ushbularni sizga amr qildikki, shoyad aql yuritsangiz», deb ayt» (An’om surasi, 151-oyat).

Allohning ota-onaga yaxshilik qilish haqidagi buyrug‘i Uning yolg‘iz O‘ziga ibodat qilish haqidagi amri bilan yonma-yon kelganligi bu ishning naqadar yuqori o‘ringa qo‘yilganiga dalolat qiladi. Qur’on va Sunnat doimo ota-onaga yaxshi munosabatda bo‘lishga, ularni yaxshi ko‘rishga, haqlarini e’tirof qilish va ulardan minnatdor bo‘lishga undaydi.
Ota-onaga g‘amxo‘rlik qilish va ular xizmatida turish — Alloh taologa ibodat qilishning bir turidir.

Abdulloh ibn Amr ibn Oss roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi. Bir kishi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga yuzlanib: «Men hijrat va jihod qilish uchun sizga bay’at qilaman. Buning savobini esa Allohdan talab etaman», deganida, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Ota-onangdan birortalari tirikmi?», dedilar. U kishi: «Ha, ikkovlari ham tirik», dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Savobini Allohdan talab qilasanmi?», dedilar. U kishi: «Ha», dedi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Unda ota-onang huzurlariga borib, ularga chiroyli muomalada bo‘lib, xizmatlarini qilgin», dedilar. (Imom Buxoriy va Muslim rivoyatlari).

Erkak va ayol o‘rtasidagi muhabbat

Er va xotin orasidagi muhabbat bo‘yicha esa Alloh taolo O‘z bandalariga marhamat solib qo‘yishi bilan birga, deydi:
«Va sizlarga sokinlik topishingiz uchun o‘zingizdan juftlar yaratganligi va oralaringizda sevgi va marhamatni solib qo‘ygani (ham) Uning oyat-belgilaridandir. Albatta, bunda tafakkur qiladigan qavmlar uchun oyat-belgilar bordir» (Rum surasi, 21-oyat).

U ayol kishini erkak uchun sokinlik qilib yaratdi-ki, unda erkak kishining qalbi sokinlik topadi, va ular oralarida sof sevgini solib qo‘ydi-ki, bu sevgi marhamat ila qorishgandir. Zero, Parvardigori olam bizlar uchun ayollardan nima halol va nima harom ekanini aytganidan keyin, bunday degan:
«Alloh sizlarga bayon qilib berishni, sizni oldingilarning yo‘liga hidoyat qilishni va tavbalaringizni qabul etishni xohlaydi. Alloh biluvchi va hikmatli zotdir. Alloh sizning tavbangizni qabul qilishni xohlaydir. Shahvatlarga ergashadiganlar esa, ulkan og‘ishga moyil bo‘lishingizni xohlarlar. Alloh sizdan (yukingizni) yengillatmoqni xohlaydir. Va inson zaif yaratilgandir» (Niso surasi, 26-28 oyatlar).

Ma’lumki, Nabiy sollallohu alayhi vasallam sevishganlarni nikoh tuzishga buyurganlar.

Muborak hadisda aytilganidek: «Sevishganlar uchun nikohdan boshqa (yaxshi narsa) ko‘rinmaydi». (Ibn Moja rivoyati).

Mahbubang ila nikohlanish – Alloh taolo bergan, buyurgan va taqdir qilgan muhabbat dorisi erur.

Muhabbatning bu ko‘rinishiga shar’an ruxsat etilgan. Qarama-qarshi jinsga talpinish inson hulqiga xosdir, uning bor bo‘lishining, asl tabiatining ajralmas qismidir, shuning uchun ham inson uni boshqara olmaydi.

Islomda bunday muhabbat yuzaga chiqishining kaliti nikohdir.

Manba: www.oilam.uz

001

(Tashriflar: umumiy 1 531, bugungi 1)

Izoh qoldiring