Maksim Gorkiy. Ona qasidasi & Mening musohabalarim

14.png    Шарафлайлик аёл — Онани, ғолиб ҳаётнинг мангу оби чашмасидир ул! Биз бу гал сизга Темурбек ҳақида ҳикоя сўзлаб берурмиз, ҳа, ўша, оқсоқ йўлбарс, соҳиби қирон ҳақида, малъун кимсалар Темурланг деб атайдиган, аммо бутун жаҳонга донғи ёйилган инсон тўғрисидадир бу қиссамиз.

Максим ГОРЬКИЙ
ОНА ҚАСИДАСИ
033

Дунё адабиётида Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ёзилган асарлар сон-саноқсиз. Уларни қайси даврда ёзилганига қараб, жанрларига кўра ва ҳоказо тарзда хилма-хил тасниф этиш мумкин. Аммо менимча, бу буюк тарихий сиймонинг фаолиятини реалистик ёритиш мақсадида битилган асарлар ҳамда унинг образидан фойдаланиб, муайян ғояни илгари суриш (адабиётшунослар таърифича, “бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин”) учун битилган асарларга бўлиб ўрганиш илм нуқтаи назаридан фойдалироқ.

Рус адабиётида Амир Темур образи акс этган илк намуна бўлмиш бу ҳикоя, мазкур таснифимизга кўра, иккинчи гуруҳга мансуб. Максим Горький Соҳибқироннинг буюк муҳорабалари мотивини тўнғич фарзанди, йигирма ёшида оламдан ўтган Жаҳонгир мирзо ўлимининг аламини босиш учун эди, деган жўн бир баҳона билан изоҳлайдики, бу тарихий ҳақиқатга ҳам, оддий мантиққа ҳам тўғри келмайди, албатта. Аммо адиб Амир Темурнинг улуғ фазилатларга эга бўлган, беқиёс шон қозонган маҳали ҳам оддий одамларнинг дардларини ҳис эта оладиган, шу хислатлари билан ўз теварагидаги калондимоғ баъзи шоҳлару вазирлардан аллақанча поғона юксакда турадиган инсон бўлганини ишонарли тарзда кўрсата олган.

“Италия ҳақида эртаклар”туркумига мансуб бу ҳикоя Капри оролида ёзилган. Аммо асар матнидан Салерно шаҳри, Италия деган иккита сўзни олиб ташласангиз, унинг моҳиятан бу туркумга алоқаси йўқ экани маълум бўлади. Шарқ мавзуидаги, шарқона руҳдаги бу ҳикоя хамиртурушини Горький қайси манбадан олган экан, буни аниқлашнинг иложи бўлмади, аммо кўп деталлар, жумладан, Самарқанд яқинидаги Конигил тасвири, Соҳибқирон нутқига хос “Мен — Тангрининг қули Темурмен» деган ифоданинг 1912 йили Италияда туриб ўзбек тилида ёзилгани шоёни таажжубдир.

Амир Темур ҳузурида бўлиб ўтган бир воқеа тарзида битилган бу ҳикояда она зоти шарафланиб, муаззам бир қўшиқ сингари мадҳ этилганлиги ҳам бизни шу асарни ўзбек тилига таржима қилишга ундади. Бу ҳикоя, шунингдек, рус ижтимоий тафаккуридаги янглиш бир тасаввур — Шарқда аёлларга паст назар билан қараш ҳукмрон эди, деган таги пуч ақидани йўққа чиқариши билан ҳам аҳамиятли.

Таржимон

033

Шарафлайлик аёл — Онани, ғолиб ҳаётнинг мангу оби чашмасидир ул! Биз бу гал сизга Темурбек ҳақида ҳикоя сўзлаб берурмиз, ҳа, ўша, оқсоқ йўлбарс, соҳиби қирон ҳақида, малъун кимсалар Темурланг деб атайдиган, аммо бутун жаҳонга донғи ёйилган инсон тўғрисидадир бу қиссамиз.

У ер юзи бўйлаб эллик йил жаҳонгашталик этди, темир товони шаҳарлару давлатларни, баайни фил оёғи қумурсқаларни эзиб ўтгандек янчди; зеро у ажал билан олишмоққа чоғланган эди — нуридийдаси Жаҳонгир мирзони ўлим навқирон ёшида бағридан юлиб олгани боис, ўлимга иш қолмасин, бекорчиликдан хуноб бўлсин, дея қурбон устига қурбонлар топар эди у.

Фарзанди аржуманди вафот этган, Самарқанд аҳли эса ёвуз Жета эли устидан ғалаба қозониб қайтаётган жаҳонгирни қора ва кўк жандалар кийиб, бошига кул ва тупроқ сочиб, мотамсаро кутиб олган кундан — Ажал билан Ўтрорда рўбарў келган ва мағлуб бўлган ўша наҳс кундан бошлаб у бирон марта ҳам кулмади, ҳамиша лабларини қимтиб, мағрур бошини ҳеч кимнинг олдида хам қилмай яшади, ўшандан бери оз эмас, кўп эмас, ўттиз йил ўтди, изтиробларга жой қолмаган эди унинг қалбида!

Шарафлайлик бу дунёда аёл — Онани, унинг қошида ожиз бўлиб юкунади ҳатто Ажал ҳам! Бу нақлимизда эса Ажалнинг ўзи билан баҳс боғлаган, замину замонни зор титратган Темурбекдай зот ҳам Она қошида бош эгиб таъзим бажо айлагани ҳақида ҳақиқат баён этилур.

Алқисса, ҳикояга қулоқ бергайсиз.

Темурбек гул-чечаклар ва ёсуманлар қулф уриб ўсган Конигил водийсида базм қуриб ўлтирмиш эрди. Мафтункор бул водийни шоирлар Конигил эмас, Конигул деб таъриф этарди. Бу ердан азим Самарқанднинг мовий миноралари, масжиду мадрасаларнинг нилий гумбазлари кафтдагидек кўриниб турарди.
Ўн беш мингта думалоқ ўтов кенг водийда чамбар шаклида тизилган, уларнинг ҳар бири лолага менгзайди, ҳар бирининг  устида алвон рангдаги шойи байроқлар ҳилпирар эди.

Кўрагоннинг чодири эса уларнинг ўртасида қизлар мажлисидаги малика янглиғ яшнаб кўринади. Чорбурчак, ҳар томони юз қадамдан, баландлиги уч найза бўйи, ўртасида одам белидай йўғон ўн икки тилла устун; қора, сариқ, мовий шойи матолардан қуралиб, тепасига мовий гумбаз ўрнатилган бу чодир, шамол учирмаслиги учун беш юз қизил арқон билан қозиқларга тортилган, тўртала бурчагида биттадан кумуш бургут қанот ёзиб турибди, чодирнинг қоқ ўртасида, бирмунча баландроқ жойда сор бургутнинг ўзи — енгилмас Темур Кўрагон, шаҳаншоҳ масрур қўр тўккан.

Устидаги осмонранг шойи чакмонига беш юзта дур қадалган, ҳа, ишонаверинг! Кўнгилларга даҳшат солувчи бошига оппоқ қалпоқ кийган, қалпоғининг чўққисига қадалган ёнғоқдай ёқут эса жимир-жимир қилади, катта қизил кўз соққаси янглиғ бу ёқут теваракка шуъла сочиб қалқийди.

Соҳибқироннинг юзи сарғиш-жигарранг, кўзлари гарчи қисиқ бўлса-да, ҳамма нарсани кўриб-билиб туради, бу кўзларнинг шуъласи араблар яхши кўрадиган сарамут тошининг — тутқаноқ касалига эм бўладиган бу қимматбаҳо тошни маъжусийлар зумрад деб атайдилар — совуқ товланишини эслатади. Ҳукмдорнинг қулоғида эса зебо қизлар лабининг ол ранги каби Сарандиб ёқутидан ясалган исирға йилтирайди.

Ерга ёйилган гиламлар устида… э, бунақа гиламлар энди йўқ, уч юзта кўзада мусаллас ҳамда шоҳона базми жамшид учун нимаики лозим бўлса бари муҳайё. Темурбекнинг ортида созандалар тизилган, ёнида ҳеч ким йўқ, оёқ томонидан эса қавм-қариндош, шоҳлару беклар, саркардалар жой эгаллаган, бироқ ҳаммадан яқинроқ ўтирган одам — кайфдан кўзлари сузилган шоир Кирмоний эди. Бир куни шаҳаншоҳ шоирнинг тилини қичитиш учун унга:

— Кирмоний! Агар мени бозорга олиб чиқиб сотсалар, сен қанча оқча берар эдинг? — деб савол бериб қолади.

— Йигирма беш аскарий берардим, олампаноҳ!

— Қизиқмисан, белимдаги тилло камарнинг ўзи шунча туради-ку?!

— Мен ҳам камарнинг нархини айтяпман-да, бўлмаса, ўзингизни ҳемирига ҳам олмасдим!

Ана шундай деган эди Кирмоний подшоҳнинг ўзига. Шоирларга шараф муносиб, зеро улар бадиий йўсинда айтилган ҳақ сўзни ҳақдан деб билади.

Ҳа, мана шу базму ишрат, ўйин-кулги, хурсандчилик айёмида, жанг-жадаллар ва қозонилган зафарлар ғурур ила эсга олинаётган, машшоқлар дилтортар наво чалаётган ва буюк ҳукмдор чодири олдидаги майдонда ола-қуроқ кийинган сон-саноқсиз масхаралар  сакраб-сакраб нағма кўрсатаётган, паҳлавонлар гўштигирлик қилаётган, муаллақчилар эса дор узра чир айланиб, кўрган кўзларни лол қолдириб, буларнинг суяги йўқ бўлса керак, деб ўйлашга мажбур этаётган, моҳир жангчилар қилич ўйнатиш ҳунарини намойиш этаётган, нарироқда эса танаси қизил ва яшил тусга бўялгани туфайли бири қўрқинчли ва иккинчиси кулгили бўлиб кўринган икки фил ўйнатилаётган мана шу шоду хуррамлик онида — Темур Кўрагоннинг одамлари шаҳаншоҳнинг салобатидан эсанкираб, унинг шон-шарафидан ғурурланиб, ғалабалар ҳордиғини чиқариш учун тин олиб, май ва қимиз симириб, сархуш ҳолда хушчақчақпик билан шовқин солиб, чуввос кўтараётган бир паллада қора булутлар аро чақнаган яшиндай бўлиб, мода бургутнинг қичқириғи янглиғ бир аёлнинг чинқирган товуши Боязидни мағлуб этган Соҳибқироннинг динг қулоқларига етиб келдики, бундайин товуш унинг Ажал поралаган, шу боис, одамларга ҳам, ҳаётнинг ўзига нисбатан ҳам шафқат ҳислари бегоналашган қалбига чандон ошно ва ҳамоҳанг эди!

Темурбекнинг ким фарёд чекаётгани ҳақидаги сўроғига мулозимлар афт-ангори чанг, кийимлари пора-пора, ўзи телбасифат бир аёл келгани, арабча сўзлаётгани, дунёнинг ярмини қаламравига киритган подшоҳи аъзамнинг ҳузурига кириш талабида эканини етказишди.

— Олиб кирингиз уни! — деди ҳукмдор.

033Зум ўтмай қаршисида бояги аёл пайдо бўлди, оёқяланг, эгнида ранги ўнгиб кетган жулдур кийим, қоп-қора сочлари очиқ кўксини ёпиб турибди, юзи жездан қуйилган каби, кўзлари эса амирона боқади, Соҳибқирон сари чўзган қорамтир қўллари титрамайди.

— Султон Боязидни мағлуб этган сенмисан? — деб сўради аёл.

— Ҳа, шундай. Мен кўпларни енгдим, аммо ғалабага ҳали тўйганим йўқ. Хўш, ўзинг кимсан, нечун ҳузуримга келдинг, эй аёл?

— Унда, эшит! — деди аёл. — Сен неларга эришган бўлсанг ҳам, бир одамсан, холос. Мен эса — Онаман! Сен жон оласан, мен ҳаёт бахш этаман. Сен қошимда гуноҳкорсан, шу сабаб, мана, келдим айбларингни ювмоғинг учун. Айтдиларки, сен “Куч — адолатда!” дер эмишсан, аммо бунга ишонмоғим учун менга адолат қилмоғинг лозим, ахир мен — Онаман!

Подшоҳ хўб доно эди, бу сўзларнинг ортидаги мубҳам маъноларни қалби сезиб:
— Аввал ўтир-да, бир бошдан сўзла, мен эшитай, — дея амр этди.

Аёл ўнғай ерга — шоҳларнинг ғуж даврасига жойлашиб олди-да, саргузаштларини баён қилди:

— Мен Салерно отлиқ шаҳар яқинида яшар эдим. Бу жуда олисда, Италия мамлакатида, у ерларни сен билмайсан. Отам — балиқчи эди, эрим ҳам, барча бахтиёр одамлар каби жуда хушрўй эди. Мен унинг уйини бахтга лиммо-лим тўлдирган эдим-да. Боз, ўғилчам ҳам бор эди, ер юзидаги энг чиройли бола ўша эди.

— Менинг Жаҳонгир ўғлим каби, — дея пичирлади кекса жангчи.

— Дунёда ҳусн ва ақлда менинг ўғлимга тенг келадиган бола йўқ эди! Аммо у энди олти ёшга тўлганида юртимизни қароқчилар босди, отам билан эримни ўлдиришди, ўғлимни эса олиб қочишди. Мана тўрт йилдирки, уни қидираман, бормаган жойим қолмади. Ҳозир у сенинг қўлингда, чунки Боязиднинг аскарлари бояги қароқчиларни тутқун қилган, сен эса Боязидни маҳв этдинг, унга тегишли бисотнинг бари энди сенинг қўлингда. Сен ўғлим қаерда эканини биласан, уни менга қайтариб беришинг лозим!

Ўтирганларнинг бари кулиб юборди, айниқса шоҳлар — ўзини ҳаммадан ақлли деб билгувчилар — қаҳ-қаҳ уриб, мазахлашди.

— Телба бўпти бу! — дея шоҳлардан сўнг Темурнинг бошқа яқинлари, аъёнлару лашкарбошилар ҳам хандон уриб кулишди.

Фақат Кирмоний аёлга жиддий, Амир Темур эса ҳайрат ила боқиб турарди.

— Бу аёл — Она, у ақлга бегона! — деди оҳиста Кирмоний, аммо Амир Темур Кўрагон, жумла жаҳондан аламнок бу инсон савол берди:

— Ҳой хотин, сен қандай қилиб, мен отини ҳам эшитмаган олис мамлакатдан денгизлар ошиб, дарёю тоғларни ортда қолдириб, ўрмонлар оралаб бу ерларгача етиб келдинг? Нега ваҳший даррандалар сени тилка-пора этмади, қандай қилиб, ҳайвондан ҳам баттар бўлган одамлар йўлда сенга зиён етказмади? Сен, ҳимояга муҳтож одамларнинг ягона дўсти, содиқ ҳамроҳи бўлмиш бирон яроғинг бўлмагани ҳолда, йироқ-йироқлардан қандай қилиб омон етиб кела олдинг? Менга бор гапни айтиб бергилки, тақдирингга ажабланиб, ҳақиқатдан ғофил қолмайин!

Шарафлайлик аёл — Онани, унинг меҳри чексиз, бепоён. Бутун олам унинг кўксидан сут эмиб улғаяди! Инсондаги жами олижаноблик — қуёш нури ва она сути шарофатидандирки, биз ҳаётни ана шулар сабаб севамиз!

Аёл Темурбекка боқиб деди:
— Мен фақат бир денгизни ошиб келдим, унда ороллар кўп, балиқчиларнинг қайиғи эса сон-саноқсиз экан. Суюклигингни қидирсанг, ҳатто йўловчи шамоллар ҳам сенга кўмаклашади. Денгиз қирғоғида туғилиб-ўсган мендай мунглуғ учун дарёлардан сузиб ўтиш иш бўптими! Тоғлар десанг, мен тоғларни кўрмадим ҳам.

— Агар бутун вужудинг билан севсанг, тоғлар водийга айланади! — деди қувноқ оҳангда сархуш шоир Кирмоний.

— Ўрмонлар бор эди йўлда, ҳа, бор эди! — дея сўзини давом эттирди аёл. — Ўрмонларда менга қозиқ тишли тўнғизлар, силовсинлар, айиқлар, шохи билан ер сузган ваҳимали буқалар учради. Ҳатто икки бор сен каби ўткир нигоҳли қоплонга дуч келдим. Аммо ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам юраги бор, мен улар билан худди ҳозир сен-ла сўзлашаётгандай сўзлашдим ва улар менинг Она эканимга иқрор бўлиб, хўрсиниб-пишқириб, нари кетишди. Улар менга ачинди. Ахир, биларсан, ҳайвонлар ҳам боласини суяди, зурриётининг  тирик, озод юрмоғи учун одамлардан кўра кўпроқ курашади.

— Ҳақиқатни сўйладинг, эй аёл! — деди Темур. — Менинг билувимга кўра, жониворлар одамларга қараганда кучлироқ  севади, боласи учун жонини ҳам аямайди!

— Одамлар бола-да, — дея давом этди аёл. — Чунки ҳар бир аёл юз карра бола, одамлар эса, ҳамиша онасининг фарзанди. Ахир ҳар кимнинг Онаси бор, ҳар бир эркакни қайсидир аёл туққан, ҳатто сен ҳам, мана шу ёшингда, яхши биласанки, сени аёл ёруғ дунёга келтирган. Эҳтимол сен худони тан олмассан, лекин сени она туққанини рад эта олмайсан, тўғрими, эй мўйсафид?

— Худди шундай, эй аёл! — деди ҳассос шоир Кирмоний. — Ҳаққаст, мингта буқа тўплангани билан, битта бузоқ ҳам оламга келмайди, қуёшни кўрмаса, гул очилмайди, Она бўлмаса, шоир ҳам, ботир ҳам туғилмайди!

— Шундай экан, — деди аёл, — менга боламни топиб бер, чунки мен унинг Онасиман, уни жонимдан ҳам ортиқ яхши кўраман!

Таъзимлар айлайлик аёл — Онага: Мусо калимуллони, Исо руҳуллони, Муҳаммад ҳабибуллони дунёга келтирган зот — унинг ўзи.

Таъзимлар айлайлик, ҳеч толмасдан буюк мутафаккирларни туғиб бизга тортиқ айлагувчи хилқатга! Арасту унинг ўғлидир, Фирдавсий ҳам, шеърлари асал каби тотли Саъдий ҳам, ашъори хушбўй шаробга заҳри ҳалоҳил омухта бўлган Умар Хайём ҳам унинг фарзанди. Искандар Зулқарнайнни ҳам, сўқир шоир Ҳомерни ҳам — барини у дунёга келтирган, ҳаммалари унинг сутини эмиб улғайган, уларнинг барини шу Она деб аталмиш зот, ҳали бўйи бир лолақизғалдоқча ҳам келмайдиган чоғида қўлидан етаклаб, ёруғ олам билан таништирган, алҳосил, дунёнинг бор шон-шарафи — шу она туфайли!

Бу сўзлардан сўнг оқсоқ йўлбарс, шаҳарларни забт этиб, шоҳларни қул айлагувчи Соҳибқирон Темур Кўрагон, сочлари оқарган бошини қуйи солиб, узоқ ўйга чўмди, сўнг барчага юзланиб:

-Мен, Тангрининг қули Темурмен* — деди.

— Сўзумни қулоқларингизга исирға қилиб  тоқиб олғайсиз. Барингизга аён, худо берган кунни яшадим, кўп замонларки, оёқларим остида рўйи замин титрайдир, ўттуз йилдин буён ажал ҳосилини мана шу қўлларим йиғиб толмайдир, чунки ўғлим Жаҳонгир мирзонинг ўлими учун, бу ўлим қалбимнинг қуёшини сўндиргани учун аламим босилмайдир! Менинг билан салтанатлар ва шаҳарларни талашиб ҳарб қилдилар, бироқ ҳеч ким мен билан одам талашмади, шу боис, аларнинг ҳам қошимда қадри бўлмади, билмас эдим  — кимдир ул ва нечун йўлимда турур? Мен, Темурбек, Боязидни енггач, анга юзланиб дедимки: “Аё Боязид, кўргил, худонинг оллида давлатлару одамлар ҳеч эканини, қара, биру бор Эгам ҳукмдорликни бир сендайин қийшиғу бир мендайин маймоққа бериб қўйибтур”. Мен бу гапларни анга кишанбанд қилиб, ҳузуримга олиб келганларида айтдим. Ул бадбахт кишанларнинг оғирлигидан аранг оёғида турар, мен эсам бу аччиғ сўзларни унинг учун энг манҳус бир кунда юзига айтар эдим, айтар эканман, кўнглим сездики, бу ҳаёт деган неъматнинг ўзи вайроналарда ўсадиган эрман ўти каби, какра каби аччиғ эркан!

— Мен, Тангрининг қули Темурбек сўзум! Мана, қошимда бир аёл ўтирибди. Бундай аёллар бисёр, аммо у менинг қалбимда ўзимга ҳам ноаён ҳисларни қўзғатди. У мен ила ўз тенги билан сўзлашган каби сўзлашади, у мендан сўрамайди, талаб этади. Шундан сўнг анга боқиб, унинг не сабабдан  бу қадар қўрқмас экани боисини англадим: у севади, дилидаги муҳаббат боис, фарзанди — ҳаёт учқуни эканини, бу учқундан талай асрларга татигулик олов алангаланишини англайди. Ахир, жами пайғамбарлар ҳам бир пайт бола бўлмаганми, не-не паҳлавонлар ўз вақтида бир парча эт эмасми эди! Аё, Жаҳонгир ўғлим, кўзимнинг нури, балки тирик бўлганингда, сен бу курраи заминни меҳр нуринг-ла илитиб, саодатга йўғирармидинг?! Мен эсам, уни қон ила суғордим, ерлар қорайди қаҳримдан, оҳ фарзанди аржумандим!

Соҳибқирон яна узоқ ўйга толди, сўнг бош кўтариб, фармон берди:
— Мен, Амир Темур Кўрагон сўзум! Дарҳол уч юз нафар отлиқ чопар қаламравимдаги барча музофотларга жўнатилсин ва улар мана шу аёлнинг ўғлини топиб келтирсинлар, бу аёл эса, унга қадар шу ерда кутиб ўтиради, мен ҳам ҳеч ерга жилмай, у билан бирга кутаман хушхабарни; кимда-ким бу аёлнинг ўғлини отига мингаштириб келса, зарга белагайман, Темурбек сўзум! Шундай бўлсинми, эй аёл?

Аёл юзини тўсиб турган сочларини орқага сурди, Темурбекка қараб табассум қилди ва бош ирғаб деди:
-Худди шундай, подшоҳим!

Бу сўзни эшитгач, оламни зир титратган қария ўрнидан туриб, бир сўз демай аёлга таъзим қилди, шодлиги ичига сиғмаган шоир Кирмоний эса абёт ўқиди:

Энг гўзал қўшиқ — чечаклар, юлдузу ой ҳақдадир,
Йўқ, адашдинг, қадди шамшод, ҳуснга бой ҳақдадир.

Энг ажиб дам — ёз аввалидир, кўкда порлар офтоб,
Бул ажаброқтур менга  боқса кулиб ул моҳтоб!

Тун қоронғу осмонда миптирар юлдуз гўзал!
Офтобли ёз аввали — жавзодаги кундуз гўзал!

Меҳр ила боқса нигорим, гуллар хижолатдан сўлар!
Бир табассум этса дилдор, офтоб шамгин бўлар!

…Бир қўшиқ бордир валекин, куйланмаган, маҳбуб эрур,
Ул қўшиқ борча қўшиққа бош эрур, марғуб эрур.

Бул наво — энг сеҳркор, олам юраги ҳақдадир,
Биз она деб айтган ул дунё тираги ҳақдадир!

Буни эшитган Амир Темур шоирга қараб:
— Балли, Кирмоний! — деди. — Оллоҳ таоло ўз донолигини аён этиш учун бежиз сени шоир қилиб танламаган экан!

— Худонинг ўзи — энг яхши шоир-да! — дея каловланди сархуш адиб.

Аёл эса табассум қилди, шоҳлару вазирлар, лашкарбошилару бошқалар — ҳамма болалар эса унга — Онага қараб жилмайдилар.

Бу гапларнинг бари — чин, нимаики деган бўлсак, ҳаммаси — ҳақиқат, буни оналаримиз яхши билади, ишонмасангиз сўраб кўринг, ўзлари ҳам айтади:

— Ҳа, буларнинг барчаси ҳаққи рост, бизлар ажалдан кучли зотмиз, бу ёруғ олам яралибдики, биз доҳийлар, шоирлару қаҳрамонларни дунёга келтирамиз, бу ёруғ олам нимаики билан шараф топган бўлса, барининг сарзамини бизда!

*Аслиятда бу сўзлар ўзбек тилида ёзилган (тарж).

Манба: «Тафаккур» журнали, 2016/1

032  Sharaflaylik ayol — Onani, g‘olib hayotning mangu obi chashmasidir ul! Biz bu gal sizga Temurbek haqida hikoya so‘zlab berurmiz, ha, o‘sha, oqsoq yo‘lbars, sohibi qiron haqida, mal’un kimsalar Temurlang deb ataydigan, ammo butun jahonga dong‘i yoyilgan inson to‘g‘risidadir bu qissamiz.

Maksim GORKIY
ONA QASIDASI
Zuhriddin Isomiddinov tarjimasi
033

Dunyo adabiyotida Sohibqiron Amir Temur haqida yozilgan asarlar son-sanoqsiz. Ularni qaysi davrda yozilganiga qarab, janrlariga ko’ra va hokazo tarzda xilma-xil tasnif etish mumkin. Ammo menimcha, bu buyuk tarixiy siymoning faoliyatini realistik yoritish maqsadida bitilgan asarlar hamda uning obrazidan foydalanib, muayyan g’oyani ilgari surish (adabiyotshunoslar ta’rificha, “badiiy haqiqat tarixiy haqiqatga to’g’ri kelmasligi mumkin”) uchun bitilgan asarlarga bo’lib o’rganish ilm nuqtai nazaridan foydaliroq.

Rus adabiyotida Amir Temur obrazi aks etgan ilk namuna bo’lmish bu hikoya, mazkur tasnifimizga ko’ra, ikkinchi guruhga mansub. Maksim Gorkiy Sohibqironning buyuk muhorabalari motivini to’ng’ich farzandi, yigirma yoshida olamdan o’tgan Jahongir mirzo o’limining alamini bosish uchun edi, degan jo’n bir bahona bilan izohlaydiki, bu tarixiy haqiqatga ham, oddiy mantiqqa ham to’g’ri kelmaydi, albatta. Ammo adib Amir Temurning ulug’ fazilatlarga ega bo’lgan, beqiyos shon qozongan mahali ham oddiy odamlarning dardlarini his eta oladigan, shu xislatlari bilan o’z tevaragidagi  kalondimog’ ba’zi shohlaru vazirlardan allaqancha pog’ona yuksakda turadigan inson bo’lganini ishonarli tarzda ko’rsata olgan.

“Italiya haqida ertaklar”turkumiga mansub bu hikoya Kapri orolida yozilgan. Ammo asar matnidan Salerno shahri, Italiya degan ikkita so’zni olib tashlasangiz, uning mohiyatan bu turkumga aloqasi yo’q ekani ma’lum bo’ladi. Sharq mavzuidagi, sharqona ruhdagi bu hikoya xamirturushini Gor`kiy qaysi manbadan olgan ekan, buni aniqlashning iloji bo’lmadi, ammo ko’p detallar, jumladan, Samarqand yaqinidagi Konigil tasviri, Sohibqiron nutqiga xos “Men — Tangrining quli Temurmen» degan ifodaning 1912 yili Italiyada turib o’zbek tilida yozilgani shoyoni taajjubdir.

Amir Temur huzurida bo’lib o’tgan bir voqea tarzida bitilgan bu hikoyada ona zoti sharaflanib, muazzam bir qo’shiq singari madh etilganligi ham bizni shu asarni o’zbek tiliga tarjima qilishga undadi. Bu hikoya, shuningdek, rus ijtimoiy tafakkuridagi yanglish bir tasavvur — Sharqda ayollarga past nazar bilan qarash hukmron edi, degan tagi puch aqidani yo’qqa chiqarishi bilan ham ahamiyatli.

Tarjimon

033

Sharaflaylik ayol — Onani, g’olib hayotning mangu obi chashmasidir ul! Biz bu gal sizga Temurbek haqida hikoya so’zlab berurmiz, ha, o’sha, oqsoq yo’lbars, sohibi qiron haqida, mal’un kimsalar Temurlang deb ataydigan, ammo butun jahonga dong’i yoyilgan inson to’g’risidadir bu qissamiz.

U yer yuzi bo’ylab ellik yil jahongashtalik etdi, temir tovoni shaharlaru davlatlarni, baayni fil oyog’i qumursqalarni ezib o’tgandek yanchdi; zero u ajal bilan olishmoqqa chog’langan edi — nuridiydasi Jahongir mirzoni o’lim navqiron yoshida bag’ridan yulib olgani bois, o’limga ish qolmasin, bekorchilikdan xunob bo’lsin, deya qurbon ustiga qurbonlar topar edi u.

Farzandi arjumandi vafot etgan, Samarqand ahli esa yovuz Jeta eli ustidan g’alaba qozonib qaytayotgan jahongirni qora va ko’k jandalar kiyib, boshiga kul va tuproq sochib, motamsaro kutib olgan kundan — Ajal bilan O’trorda ro’baro’ kelgan va mag’lub bo’lgan o’sha nahs kundan boshlab u biron marta ham kulmadi, hamisha lablarini qimtib, mag’rur boshini hech kimning oldida xam qilmay yashadi, o’shandan beri oz emas, ko’p emas, o’ttiz yil o’tdi, iztiroblarga joy qolmagan edi uning qalbida!

Sharaflaylik bu dunyoda ayol — Onani, uning qoshida ojiz bo’lib yukunadi hatto Ajal ham! Bu naqlimizda esa Ajalning o’zi bilan bahs bog’lagan, zaminu zamonni zor titratgan Temurbekday
zot ham Ona qoshida bosh egib ta’zim bajo aylagani haqida haqiqat bayon etilur.

Alqissa, hikoyaga quloq bergaysiz.

Temurbek gul-chechaklar va yosumanlar qulf urib o’sgan Konigil vodiysida bazm qurib o’ltirmish erdi. Maftunkor bul vodiyni shoirlar Konigil emas, Konigul deb ta’rif etardi. Bu yerdan azim Samarqandning moviy minoralari, masjidu madrasalarning niliy gumbazlari kaftdagidek ko’rinib turardi.

O’n besh mingta dumaloq o’tov keng vodiyda chambar shaklida tizilgan, ularning har biri lolaga mengzaydi, har birining ustida alvon rangdagi shoyi bayroqlar hilpirar edi.

Ko’ragonning chodiri esa ularning o’rtasida qizlar majlisidagi malika yanglig’ yashnab ko’rinadi. Chorburchak, har tomoni yuz qadamdan, balandligi uch nayza bo’yi, o’rtasida odam beliday yo’g’on o’n ikki tilla ustun; qora, sariq, moviy shoyi matolardan quralib, tepasiga moviy gumbaz o’rnatilgan bu chodir, shamol uchirmasligi uchun besh yuz qizil arqon bilan qoziqlarga tortilgan, to’rtala burchagida bittadan kumush burgut qanot yozib turibdi, chodirning qoq o’rtasida, birmuncha balandroq joyda sor burgutning o’zi — yengilmas Temur Ko’ragon, shahanshoh masrur qo’r to’kkan.

Ustidagi osmonrang shoyi chakmoniga besh yuzta dur qadalgan, ha, ishonavering! Ko’ngillarga dahshat soluvchi boshiga oppoq qalpoq kiygan, qalpog’ining cho’qqisiga qadalgan yong’oqday yoqut esa jimir-jimir qiladi, katta qizil ko’z soqqasi yanglig’ bu yoqut tevarakka shu’la sochib qalqiydi.

Sohibqironning yuzi sarg’ish-jigarrang, ko’zlari garchi qisiq bo’lsa-da, hamma narsani ko’rib-bilib turadi, bu ko’zlarning shu’lasi arablar yaxshi ko’radigan saramut toshining — tutqanoq kasaliga em bo’ladigan bu qimmatbaho toshni ma’jusiylar zumrad deb ataydilar — sovuq tovlanishini eslatadi. Hukmdorning qulog’ida esa zebo qizlar labining ol rangi kabi Sarandib yoqutidan yasalgan isirg’a yiltiraydi.

Yerga yoyilgan gilamlar ustida… e, bunaqa gilamlar endi yo’q, uch yuzta ko’zada musallas hamda shohona bazmi jamshid uchun nimaiki lozim bo’lsa bari muhayyo. Temurbekning ortida sozandalar tizilgan, yonida hech kim yo’q, oyoq tomonidan esa qavm-qarindosh, shohlaru beklar, sarkardalar joy egallagan, biroq hammadan yaqinroq o’tirgan odam — kayfdan ko’zlari suzilgan shoir Kirmoniy edi. Bir kuni shahanshoh shoirning tilini qichitish uchun unga:

— Kirmoniy! Agar meni bozorga olib chiqib sotsalar, sen qancha oqcha berar eding? — deb savol berib qoladi.

— Yigirma besh askariy berardim, olampanoh!

— Qiziqmisan, belimdagi tillo kamarning o’zi shuncha turadi-ku?!

— Men ham kamarning narxini aytyapman-da, bo’lmasa, o’zingizni hemiriga ham olmasdim!

Ana shunday degan edi Kirmoniy podshohning o’ziga. Shoirlarga sharaf munosib, zero ular badiiy yo’sinda aytilgan haq so’zni haqdan deb biladi.

Ha, mana shu bazmu ishrat, o’yin-kulgi, xursandchilik ayyomida, jang-jadallar va qozonilgan zafarlar g’urur ila esga olinayotgan, mashshoqlar diltortar navo chalayotgan va buyuk hukmdor chodiri oldidagi maydonda ola-quroq kiyingan son-sanoqsiz masxaralar sakrab-sakrab nag’ma ko’rsatayotgan, pahlavonlar go’shtigirlik qilayotgan, muallaqchilar esa dor uzra chir aylanib, ko’rgan ko’zlarni lol qoldirib, bularning suyagi yo’q bo’lsa kerak, deb o’ylashga majbur etayotgan, mohir jangchilar qilich o’ynatish hunarini namoyish etayotgan, nariroqda esa tanasi qizil va yashil tusga bo’yalgani tufayli biri qo’rqinchli va ikkinchisi kulgili bo’lib ko’ringan ikki fil o’ynatilayotgan mana shu shodu xurramlik onida — Temur Ko’ragonning odamlari shahanshohning salobatidan esankirab, uning shon-sharafidan g’ururlanib, g’alabalar hordig’ini chiqarish uchun tin olib, may va qimiz simirib, sarxush holda xushchaqchaqpik bilan shovqin solib, chuvvos ko’tarayotgan bir pallada qora bulutlar aro chaqnagan yashinday bo’lib, moda burgutning qichqirig’i yanglig’ bir ayolning chinqirgan tovushi Boyazidni mag’lub etgan Sohibqironning ding quloqlariga yetib keldiki, bundayin tovush uning Ajal poralagan, shu bois, odamlarga ham, hayotning o’ziga nisbatan ham shafqat hislari begonalashgan qalbiga chandon oshno va hamohang edi!

Temurbekning kim faryod chekayotgani haqidagi so’rog’iga mulozimlar aft-angori chang, kiyimlari pora-pora, o’zi telbasifat bir ayol kelgani, arabcha so’zlayotgani, dunyoning yarmini qalamraviga kiritgan podshohi a’zamning huzuriga kirish talabida ekanini yetkazishdi.

— Olib kiringiz uni! — dedi hukmdor.

Zum o’tmay qarshisida boyagi ayol paydo   bo’ldi, oyoqyalang, egnida rangi o’ngib ketgan juldur kiyim, qop-qora sochlari ochiq ko’ksini yopib turibdi, yuzi jezdan quyilgan kabi, ko’zlari esa amirona boqadi, Sohibqiron sari cho’zgan qoramtir qo’llari titramaydi.

— Sulton Boyazidni mag’lub etgan senmisan? — deb so’radi ayol.
— Ha, shunday. Men ko’plarni yengdim, ammo g’alabaga hali to’yganim yo’q. Xo’sh, o’zing kimsan, nechun huzurimga kelding, ey ayol?

— Unda, eshit! — dedi ayol. — Sen nelarga erishgan bo’lsang ham, bir odamsan, xolos. Men esa — Onaman! Sen jon olasan, men hayot baxsh etaman. Sen qoshimda gunohkorsan, shu sabab, mana, keldim ayblaringni yuvmog’ing uchun. Aytdilarki, sen “Kuch — adolatda!” der emishsan, ammo bunga ishonmog’im uchun menga adolat qilmog’ing lozim, axir men — Onaman!

Podshoh xo’b dono edi, bu so’zlarning ortidagi mubham ma’nolarni qalbi sezib:
— Avval o’tir-da, bir boshdan so’zla, men eshitay, — deya amr etdi.

Ayol o’ng’ay yerga — shohlarning g’uj davrasiga joylashib oldi-da, sarguzashtlarini bayon qildi:

— Men Salerno otliq shahar yaqinida yashar edim. Bu juda olisda, Italiya mamlakatida, u yerlarni sen bilmaysan. Otam — baliqchi edi, erim ham, barcha baxtiyor odamlar kabi juda xushro’y edi. Men uning uyini baxtga limmo-lim to’ldirgan edim-da. Boz, o’g’ilcham ham bor edi, yer yuzidagi eng chiroyli bola o’sha edi.

— Mening Jahongir o’g’lim kabi, — deya pichirladi keksa jangchi.

— Dunyoda husn va aqlda mening o’g’limga teng keladigan bola yo’q edi! Ammo u endi olti yoshga to’lganida yurtimizni qaroqchilar bosdi, otam bilan erimni o’ldirishdi, o’g’limni esa olib qochishdi. Mana to’rt yildirki, uni qidiraman, bormagan joyim qolmadi. Hozir u sening qo’lingda, chunki Boyazidning askarlari boyagi qaroqchilarni tutqun qilgan, sen esa Boyazidni mahv etding, unga tegishli bisotning bari endi sening qo’lingda. Sen o’g’lim qaerda ekanini bilasan, uni menga qaytarib berishing lozim!

O’tirganlarning bari kulib yubordi, ayniqsa shohlar — o’zini hammadan aqlli deb bilguvchilar — qah-qah urib, mazaxlashdi.

— Telba bo’pti bu! — deya shohlardan so’ng Temurning boshqa yaqinlari, a’yonlaru lashkarboshilar ham xandon urib kulishdi.

Faqat Kirmoniy ayolga jiddiy, Amir Temur esa hayrat ila boqib turardi.

— Bu ayol — Ona, u aqlga begona! — dedi ohista Kirmoniy, ammo Amir Temur Ko’ragon, jumla jahondan alamnok bu inson savol berdi:

— Hoy xotin, sen qanday qilib, men otini ham eshitmagan olis mamlakatdan dengizlar oshib, daryoyu tog’larni ortda qoldirib, o’rmonlar oralab bu yerlargacha yetib kelding? Nega vahshiy darrandalar seni tilka-pora etmadi, qanday qilib, hayvondan ham battar bo’lgan odamlar yo’lda senga ziyon yetkazmadi? Sen, himoyaga muhtoj odamlarning yagona do’sti, sodiq hamrohi bo’lmish biron yarog’ing bo’lmagani holda, yiroq-yiroqlardan qanday qilib omon yetib kela olding? Menga bor gapni aytib bergilki, taqdiringga ajablanib, haqiqatdan g’ofil qolmayin!

Sharaflaylik ayol — Onani, uning mehri cheksiz, bepoyon. Butun olam uning ko’ksidan sut emib ulg’ayadi! Insondagi jami olijanoblik — quyosh nuri va ona suti sharofatidandirki, biz hayotni ana shular sabab sevamiz!

Ayol Temurbekka boqib dedi:
— Men faqat bir dengizni oshib keldim, unda orollar ko’p, baliqchilarning qayig’i esa son-sanoqsiz ekan. Suyukligingni qidirsang, hatto yo’lovchi shamollar ham senga ko’maklashadi. Dengiz qirg’og’ida tug’ilib-o’sgan menday munglug’ uchun daryolardan suzib o’tish ish bo’ptimi! Tog’lar desang, men tog’larni ko’rmadim ham.

— Agar butun vujuding bilan sevsang, tog’lar vodiyga aylanadi! — dedi quvnoq ohangda sarxush shoir Kirmoniy.

— O’rmonlar bor edi yo’lda, ha, bor edi! — deya so’zini davom ettirdi ayol. — O’rmonlarda menga qoziq tishli to’ng’izlar, silovsinlar, ayiqlar, shoxi bilan yer suzgan vahimali buqalar uchradi. Hatto ikki bor sen kabi o’tkir nigohli qoplonga duch keldim. Ammo har qanday hayvonning ham yuragi bor, men ular bilan xuddi hozir sen-la so’zlashayotganday so’zlashdim va ular mening Ona ekanimga iqror bo’lib, xo’rsinib-pishqirib, nari ketishdi. Ular menga achindi. Axir, bilarsan, hayvonlar ham bolasini suyadi, zurriyotining tirik, ozod yurmog’i uchun odamlardan ko’ra ko’proq kurashadi.

— Haqiqatni so’ylading, ey ayol! — dedi Temur. — Mening biluvimga ko’ra, jonivorlar odamlarga qaraganda kuchliroq sevadi, bolasi uchun jonini ham ayamaydi!

— Odamlar bola-da, — deya davom etdi ayol. — Chunki har bir ayol yuz karra bola, odamlar esa, hamisha onasining farzandi. Axir har kimning Onasi bor, har bir erkakni qaysidir ayol tuqqan, hatto sen ham, mana shu yoshingda, yaxshi bilasanki, seni ayol yorug’ dunyoga keltirgan. Ehtimol sen xudoni tan olmassan, lekin seni ona tuqqanini rad eta olmaysan, to’g’rimi, ey mo’ysafid?

— Xuddi shunday, ey ayol! — dedi hassos shoir Kirmoniy. — Haqqast, mingta buqa to’plangani bilan, bitta buzoq ham olamga kelmaydi, quyoshni ko’rmasa, gul ochilmaydi, Ona bo’lmasa, shoir ham, botir ham tug’ilmaydi!

— Shunday ekan, — dedi ayol, — menga bolamni topib ber, chunki men uning Onasiman, uni jonimdan ham ortiq yaxshi ko’raman!

Ta’zimlar aylaylik ayol — Onaga: Muso kalimulloni, Iso ruhulloni, Muhammad habibulloni dunyoga keltirgan zot — uning o’zi.

Ta’zimlar aylaylik, hech tolmasdan buyuk mutafakkirlarni tug’ib bizga tortiq aylaguvchi xilqatga! Arastu uning o’g’lidir, Firdavsiy ham, she’rlari asal kabi totli Sa’diy ham, ash’ori xushbo’y sharobga zahri halohil omuxta bo’lgan Umar Xayyom ham uning farzandi. Iskandar Zulqarnaynni ham, so’qir shoir Homerni ham — barini u dunyoga keltirgan, hammalari uning sutini emib ulg’aygan, ularning barini shu Ona deb atalmish zot, hali bo’yi bir lolaqizg’aldoqcha ham kelmaydigan chog’ida qo’lidan yetaklab, yorug’ olam bilan tanishtirgan, alhosil, dunyoning bor shon-sharafi — shu ona tufayli!

Bu so’zlardan so’ng oqsoq yo’lbars, shaharlarni zabt etib, shohlarni qul aylaguvchi Sohibqiron Temur Ko’ragon, sochlari oqargan boshini quyi solib, uzoq o’yga cho’mdi, so’ng barchaga yuzlanib:

-Men, Tangrining quli Temurmen* — dedi.

— So’zumni quloqlaringizga isirg’a qilib toqib olg’aysiz. Baringizga ayon, xudo bergan kunni yashadim, ko’p zamonlarki, oyoqlarim ostida ro’yi zamin titraydir, o’ttuz yildin buyon ajal hosilini mana shu qo’llarim yig’ib tolmaydir, chunki o’g’lim Jahongir mirzoning o’limi uchun, bu o’lim qalbimning quyoshini so’ndirgani uchun alamim bosilmaydir! Mening bilan saltanatlar va shaharlarni talashib harb qildilar, biroq hech kim men bilan odam talashmadi, shu bois, alarning ham qoshimda qadri bo’lmadi, bilmas edim — kimdir ul va nechun yo’limda turur? Men, Temurbek, Boyazidni yenggach, anga yuzlanib dedimki: “Ayo Boyazid, ko’rgil, xudoning ollida davlatlaru odamlar hech ekanini, qara, biru bor Egam hukmdorlikni bir sendayin qiyshig’u bir mendayin maymoqqa berib qo’yibtur”. Men bu gaplarni anga kishanband qilib, huzurimga olib kelganlarida aytdim. Ul badbaxt kishanlarning og’irligidan arang oyog’ida turar, men esam bu achchig’ so’zlarni uning uchun eng manhus bir kunda yuziga aytar edim, aytar ekanman, ko’nglim sezdiki, bu hayot degan ne’matning o’zi vayronalarda o’sadigan erman o’ti kabi, kakra kabi achchig’ erkan!

— Men, Tangrining quli Temurbek so’zum! Mana, qoshimda bir ayol o’tiribdi. Bunday ayollar bisyor, ammo u mening qalbimda o’zimga ham noayon hislarni qo’zg’atdi. U men ila o’z tengi bilan so’zlashgan kabi so’zlashadi, u mendan so’ramaydi, talab etadi. Shundan so’ng anga boqib, uning ne sababdan bu qadar qo’rqmas ekani boisini angladim: u sevadi, dilidagi muhabbat bois, farzandi — hayot uchquni ekanini, bu uchqundan talay asrlarga tatigulik olov alangalanishini anglaydi. Axir, jami payg’ambarlar ham bir payt bola bo’lmaganmi, ne-ne pahlavonlar o’z vaqtida bir parcha et emasmi edi! Ayo, Jahongir o’g’lim, ko’zimning nuri, balki tirik bo’lganingda, sen bu kurrai zaminni mehr nuring-la ilitib, saodatga yo’g’irarmiding?! Men esam, uni qon ila sug’ordim, yerlar qoraydi qahrimdan, oh farzandi arjumandim!

Sohibqiron yana uzoq o’yga toldi, so’ng bosh ko’tarib, farmon berdi:
— Men, Amir Temur Ko’ragon so’zum! Darhol uch yuz nafar otliq chopar qalamravimdagi barcha muzofotlarga jo’natilsin va ular mana shu ayolning o’g’lini topib keltirsinlar, bu ayol esa, unga qadar shu yerda kutib o’tiradi, men ham hech yerga jilmay, u bilan birga kutaman xushxabarni; kimda-kim bu ayolning o’g’lini otiga mingashtirib kelsa, zarga belagayman, Temurbek so’zum! Shunday bo’lsinmi, ey ayol?

Ayol yuzini to’sib turgan sochlarini orqaga surdi, Temurbekka qarab tabassum qildi va bosh irg’ab dedi:
-Xuddi shunday, podshohim!

Bu so’zni eshitgach, olamni zir titratgan qariya o’rnidan turib, bir so’z demay ayolga ta’zim qildi, shodligi ichiga sig’magan shoir Kirmoniy esa abyot o’qidi:

Eng go’zal qo’shiq — chechaklar, yulduzu oy haqdadir,
Yo’q, adashding, qaddi shamshod, husnga boy haqdadir.

Eng ajib dam — yoz avvalidir, ko’kda porlar oftob,
Bul ajabroqtur menga boqsa kulib ul mohtob!

Tun qorong’u osmonda miptirar yulduz go’zal!
Oftobli yoz avvali — javzodagi kunduz go’zal!

Mehr ila boqsa nigorim, gullar xijolatdan so’lar!
Bir tabassum etsa dildor, oftob shamgin bo’lar!

…Bir qo’shiq bordir valekin, kuylanmagan, mahbub erur,
Ul qo’shiq borcha qo’shiqqa bosh erur, marg’ub erur.

Bul navo — eng sehrkor, olam yuragi haqdadir,
Biz ona deb aytgan ul dunyo tiragi haqdadir!

Buni eshitgan Amir Temur shoirga qarab:
— Balli, Kirmoniy! — dedi. — Olloh taolo o’z donoligini ayon etish uchun bejiz seni shoir qilib tanlamagan ekan!

— Xudoning o’zi — eng yaxshi shoir-da! — deya kalovlandi sarxush adib.

Ayol esa tabassum qildi, shohlaru vazirlar, lashkarboshilaru boshqalar — hamma bolalar esa unga — Onaga qarab jilmaydilar.

Bu gaplarning bari — chin, nimaiki degan bo’lsak, hammasi — haqiqat, buni onalarimiz yaxshi biladi, ishonmasangiz so’rab ko’ring, o’zlari ham aytadi:

— Ha, bularning barchasi haqqi rost, bizlar ajaldan kuchli zotmiz, bu yorug’ olam yaralibdiki, biz dohiylar, shoirlaru qahramonlarni dunyoga keltiramiz, bu yorug’ olam nimaiki bilan sharaf topgan bo’lsa, barining sarzamini bizda!

*Asliyatda bu so’zlar o’zbek tilida yozilgan (tarj).

Manba: «Tafakkur» jurnali, 2016/1

032

(Tashriflar: umumiy 4 089, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шаркнинг шайдолари каторида М. Горький кизикарли хикоя езган экан. Аввало, жонкуяр таржимон ва сайт ижодкорларига ташаккур! Хикоядаги соф узбекча сузлар мени рухлантирди.Бирок ТЕМУР портрети ва фотихлик сиесати муаллифнинг хира тасаввури махсули булиб колибди да…

Izoh qoldiring